Nozima Habibullayeva. She’rlar

Ashampoo_Snap_2018.02.15_22h05m10s_001_.png   Ўтган йил охирларида Нозиманинг шеърлари билан танишдим.  Йўл бошида турган навқирон қаламкашларга хос барча камчилигу тажрибасизликлари ортида ўз сўзини излаётган, адабиёт майдонини чигиртка галасидай босган давлат мукофоти нишонли ўсмир «шоира»ларнинг умумий хорига қўшилмай, ўз овозини созлаётган баланд руҳни,  ўзлигини истаган  юракни кўрганим учун унинг  шеърларини веб-саҳифамизда тақдим этиш учун тайёрлай бошладим.

  Худди ўша кунлари мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан Тошкент шаҳар ҳокимияти бир гуруҳ ижодкорларни «Наврўз» тўйхонасига янги йил айёмини нишонлаш учун даъват этган эди. Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим билан бир даврада ўтириб, одатдагидек адабиёт шеър, хусусан ёш шоирлар ижоди ҳақида гурунг бошладик. Ана шу суҳбат пайти Усмон ака:

— Яқинда телевидениеда бир қизнинг шеър ўқиганини кўрдим, жуда яхши шоира экан, — деди. Кейин қўшиб қўйди: — Композиторликка ўқиётган экан…

Бу гапни эшитишим билан Нозима эсимга келди. Мен Усмон акага ўша шоира қизнинг исми Нозима эканини, шеърларини сайтга ҳозирлаётганимни айтдим. Усмон аканинг гапи сабаб, Нозима ҳақидаги фикрларим тўғри эканига қатъий ишондим.

Бугун Нозиманинг шеърларини сизга тақдим этар эканман, шоира қизимга шеъриятнинг машаққатли йўлидан кашшофона йўл босишини, ижодий йўли ҳам мусиқа, ҳам шеър ҳаяжонларига уйғун бўлишини тилаб қоламан.

Хуршид Даврон

Нозима Ҳабибуллаева
ШЕЪРЛАР
09

***

Ортга буриб қўйдим соат милларин,Nozima.png
Қулоғимга асрий бонглар тақилган 
Ва Эгамдан фақат хайр тиланиб
Ёстиқни топширдим ақлга.

Сочимни турмаклаб қўйди шаббода,
Майсалар тўшадим киприкларимдан.
Ўчмайдиган чироқ — Қуёшни ёқа,
Вақтни туртиб қўйдим кулгичим билан.

Ёмғирлар тиланиб ювдим йўлларни 
Кўтарилган ифор-атрим, қасидам.
Соқчилик қилишар тераклар далли
Боши кўкка етган вазифасидан.

Покиза кўнглим-ла артдим Осмонни,
Узооқ таёрландим, шафақлар қайтди.
Тун — пиёланинг тўнтарилган томони 
Унга ўсмам сиқдим, қошим қорайди.

Шу шаффоф оламни асраган пайтим, 
Ниманидир кутдим, нени билмадим. 
Капалак пичирлаб нелардир айтди,
Шундан бери кулмадим…

***

Осмон мовий, денгиз мовий, сенсиз мовий
Ўйларимнинг уйларининг калити йўқ.
Юрагимни мавжлантирган дард илоҳий, 
Миллион йиллик ҳарир соғинч унга маёқ.

Мен мовийни хуш кўраман. Ҳушларимдан
айирса ишқ, мусаффодек туюламан.
Денгизларни туш кўраман. Тушларимда
Мен денгизман — осмонларга қуйиламан.

Мен денгизман — осмонларга қуйиламан,
Найсонларнинг арғимчоғи каби қадим.
Сен менсизман. Қуримасин деб соҳилга
Кўйлагимнинг этаклари туташади.

Масофа ва мусаффолик сўзи эгиз, 
Ҳатто кекса соғинч ушбу рангда қарир .
Мен ўшаман, ўша мовий кўйлакли қиз,
Таниб қолсанг мени мовий рангда чақир.

ЧОРЛОВ

Қаламим , кел, илҳомим
Келмоқчига ўхшайди.
Юракда ислоҳатлар,
Бўлмоқчига ўхшайди.

Турткидир суюк дардлар,
Ойнинг юзида гардлар,
Ёрқинлик сари баттар,
Тўлмоқчига ўхшайди.

Ғам чекмоқдадир ғамлар,
Армонлар армон ғамлар,
Аламидан аламлар,
Ўлмоқчига ўхшайди.

Зумдадур зумлигимиз,
Жим бўлсин жимлигимиз.
Кимлардир кимлигимиз,
Билмоқчига ўхшайди.

Ишонганим Худодир,
Ва шубхасиз дуодир.
Шундан ёруғ саболар,
Елмоқчига ўхшайди.

Салом, хуш келгин омад!
Ғалабалар – мархамат!
Кулиб боқсам менга бахт
Кулмоқчига ўхшайди!

Кимлардир кимлигимиз,
Билмоқчига ўхшайди!

МУРОЖААТ

Савол берсам бўлмагин хафа,
Айт, бағрингга тош оласанми?
Билмам қандай тўласан аммо,
Ҳисларимдай тошоласанми,
Анҳор?

Мен ўзимни кашф этдим қайта,
Тасдиқла сен энди мендайман!
Тонглар энди янгидан-янги-
Худди қайта туғилгандайман!
Наҳор!

Қонимдадир наволар сеҳри,
Томирларим торингдан таранг.
Сени кимдир чертади, менинг
Вужудимда оқади оҳанг-
Дутор!

Тоғни қучар қуёш нурлари,
Сен уларнинг бошида туриб,
Мендай эрий оласанми айт-
Бойчечакнинг бўйларин кўриб?
Оҳ қор!

Бегонадир бегона ҳислар,
Ҳайратимдан ҳайратда ҳайрат!
Ёнгинамга йўламоқ учун-
Журъатсизлик қилолмас журъат,
Зинҳор!

Бари гўзал, бари самимий,
Ишонавер ўжар қизингга.
Ҳаммасига ягона сабаб —
Келаябман ўнсаккизингга!
Баҳор!

***

Алангалар алангаланар,
Совқотади ёнаётган ҳис.
Хаёл кезар оловмуз юртни,
Кўтарганча орзуранг фонус.

Юрагига қорлар ағдариб,
Ғарчиллатиб эзиб боради.
Эзғиланар оппоқ оғриқлар,
Неларнидир сезиб боради.

Бунда фалак кавокибзор-у,
Аммо, фақат бири порлади.
Қизгинанинг кўксида бу кеч
Хўрсиниқлар портлади!…

ИРМОҚ

Шабнамлар гулга тушди,
Супурги қўлга тушди.
Кўчам чанг бўлмасин деб,
Ёшларим йўлга тушди.

Ой ўзин нимталади,
Тун кунни тимталади.
Жимлик жонимга тегди,
Жонимни жим талади.
Овозим ким талади?

Шеър десам қалам ёнди,
Бўғзимда алам ёнди.
Кўнгил оғритиб кўнглим
Виждоним қалаб ёнди.

Кўк бепардоз эмасди,
Юлдуз ғаввос змасди.
Узримни айт, мажнунтол,
Бу менга хос змасди…

Сабрлар ёғаверсин,
Сабрлар ёғаверсин.
Барча кўнгиллар обод
Даврлар ёғаверсин!

Шошганча ариқ оқар,
Ариқда балиқ оқар.
Охир қуйилар жойин
Сўраб, ахтариб оқар.

Тупроққа гул тақяпман,
Қуёшга ўт ёқяпман!
Мен нурдан бунёд ирмоқ,
Мен қумдан бунёд ирмоқ —
Қай тарафга оқяпман?

Навога оқиб боргум,
Садога оқиб боргум.
Хулқи гўзал-у, қалби
Гадога оқиб боргум.

Халқим ҳовучидаги
Дуога оқиб боргум.
Қалбим, ўзинг йўл кўрсат
Худога оқиб боргум!
Худога оқиб боргум!

Шабнамлар гулга тушди,
Ишқимиз Улга тушди.
Ғуборлардан авайлаб,
Ёшларим дилга тушди,
Ёшларим дилга тушди.

ЕРДАН ОСМОНГА ҚАДАР

Мени ташқаридан кўриб турибман,
Садпора кезади руҳим дарбадар.
Мен ўзимни сочиб- териб юрибман
Ердан осмонга қадар.

Сочдан тирноққача бурканган кўйи,
Ҳар бир ҳужайрамда уйғонди зафар.
Унинг номи ғурур, ғурурнинг бўйи —
Ердан осмонга қадар.

Хотирам дорига осилган ким у?
Танимадим, ёлғон айтсин шамс-қамар.
Сиздан менга келар масофа ушбу —
Ердан осмонга қадар.

Дуолар аршгача ўсгандек бешак,
Соғинчдан тўкилган киприклар саҳар
Уйингизда майса бўлиб унажак
Ердан осмонга қадар!

Устихоним, қоним ичра у тилсим,
Дарддор шуаролар тирик бўлса гар,
Дунёни энг эзгу сўз босиб кетсин
Ердан осмонга қадар!!!…

ҲАТИКО
Вафот этган эгасини вокзалда 10 йил кутган қаҳрамон япон ити – Ҳатикога бағишлов

Бунчалар вафодор бўлмасанг,
Бунчалар ичимдан йиғлайман…
Одамлар унутган ҳисларни
Сен қайдан биласан билмайман.

Ўша жой. Изғирин,саратон,
Кутасан, гўё фасллар дайди.
Умидлар ялтирар кўзингда…
Ва йиллар қалтирар кўзингда —
Ичингда изғирин гуллайди…

Ачиниб қарайди одамлар,
Эҳтимол, кимлардир кулади.
Ўзингни тилингда айтасан:
У келади, албатта келади…

Айланай Ҳатико, айланай,
Кўзмунчоқ қилардим кўзимни.
Беғубор кўзингла айтасан
Садоқат сўзини.

Қаҳратон.
Бағримга бир боссам,
Силасам қировли юнгингни.
Кўзмунчоқ бўлсайдим Ҳатико,
Меҳрингга кўз тегиб ўлдингми?…

Шунчалар бўлурми садоқат,
Кўнглимни йиғлатиб ўтасан.
Хаттоки кутасан ўлиб ҳам,
Ҳайкалларингда ҳам кутасан!…

***

“Илтимос, платформанинг (йўлнинг) четида турманг!”
(Метродаги эълондан)

Илтимос, дил четида турманг!
Беҳудага қўзғатманг уни.
У сезади олиб-олмай тан
Менинг эртам —  унинг бугуни.

Илтимос, дил четида турманг!
Бас, шунчаки ачинманг ахир.
Мен ҳам бехос ачиниб қўйсам
Ўз-ўзимга қилурман жабр.

Илтимос, дил четида турманг!
Бўронларни тўсиб қўйяпсиз.
Қаранг, ҳатто четда туриб ҳам
Шамсга қадар ўсиб қўйяпсиз.

Иккиланманг, киринг ё кетинг,
Энг яхши дўст — энг яхши ағёр
Бўлолсангиз марҳамат!
Яъни
Нафақат дўст, саралаб олар
Ғанимликка арзийдиганни.

Вақтин олманг бекорга бекор,
Тошқинларга йўлаб бормоқда.
Унда гуллар алангаланиб,
Алангалар гуллаб бормоқда!

Илтимос, дил четида турманг!
Довулларни тўсиб қўйяпсиз.

КУМУШГА МАКТУБ

Аламни сиёҳга кўмишга,
Қаламни сиёҳлаб юмушга.
Юздаги холимга ботириб,
Мактублар ёзаман Кумушга.

Кўзгу-ла паришон каломлар,
Ва ўйчан нигоҳларимни ичдим.
Настарин ифорли саломлар,
Кўтариб бормокда соғинчим.

Моможон, кўрсайдим ўнгимда,
Тушларим сизликка чоғланган.
Оғришга яралган кўнгилга,
Саволгул рўмоллар боғланган

Оҳларим оқланса оҳлардим,
Беркитдим дил деган кўзага.
Кўзёшмас ичишни хоҳлардим,
Ой нурин тўлдириб косага.

Юракка пардалар тортилди,
Юракка зардалар тортилди.
Сабабсиз сабабларни излаб,
Ва нега, нега?лар ортилди.

Отабек бобом қай томонда?
Сиз қайда? Борми мактаби ишқ?
Дил ўйим — дил ўйин замонда,
Етишмас сизларнинг каби ишқ.

Юрагим кўзимда қалқиган,
Булут сув ичиб юм йиғлайди.
Мана бу кулгичим ҳаққига,
Энди табассум йиғлайди.

Бир эртак,
Эртакдир шунчаки,
Билмаски, ибо, орпарастман
Жим келди,жим кетди. Демакки,
Жимликка муносиб эмасман!

БЕТХОВЕН ФОЖИАСИГА

Буюк композитор қизамиқ касаллиги туфайли кар бўлиб қолади.
Бу ҳақиқий фожеа эди…

Чалкашади қирқта чок — ҳайрат,
Қисматнинг қирқ қуроқларида.
Дод солганда, бақирганда дард
Бетховеннинг қулоқларида.

Чақмоқдай дил чақиб келади,
Ой нуридай оқиб келади,
“Тақдир эшик қоқиб келади”
Бетховеннинг қулоқларига.

Чорасизлик симфониясин
Гилам қилар нина зиналар.
Ўз-ўзини чалолмас ахир
Унга муштоқ пианиналар…

Қисмат уни танлади, гарчи
Оёғидан дунё чалади.
Таслим бўлмас, эшитмаса ҳам
Пианино чалади.

Яраларди дилни дард, аммо,
Ижод гуллади ташвишларда.
Яраларди рангин асарлар
Оқ ва қора клавишларда.

Тўхтамади қонида оҳанг
Томиридай бойланган эди.
Энди бутун вужуди, қалби
Қулоғига айланган эди…

САВОЛЛАР

Кўнгилдаги туйғулар жанги,
Айтилган ҳар сўзнинг оҳанги.
Фаслларнинг тафовут ранги,
Ҳароратми?

Қадрлаган топмаса қадр,
Кимга яшаш, турмуш барибир.
Капалакка бир кунлик умр,
Адолатми?

Эзгуликка интилса юрак,
Икки дунё бўлгувчи тиргак.
Яратганга элтувчи йўлак –
Ибодатми?

Одамларга лол балки очун,
Қондош, жондош дилин этиб хун.
Дўст дўстни сотса манфаат учун
Тижоратми?

Дунё асли ҳаром-ҳалолдан,
Мақсад, орзу, армон, хаёлдан.
Поёни йўқ сўнгсиз саволдан
Иборатми?

ВАТАН ТАСВИРИ!

Ховлимизда рангин-рангин тонглар отар,
Меҳмон бўлиб, сайроқилар тўхтаб ўтар.
Онам эккан гул- у райҳон ифорларин,
Ўшал, ўғри шаббодалар мақтаб ўтар.

Бу ҳовлида етилмаган бир мева йўқ,
Кўчатлар-у экинларни шартмас айтиш.
Қаранг, тилла узумларнинг осилганин,
Токда титроқ япроқларни қилар тафтиш.

Четда дўмбоқ тандирнинг ҳам ўз ўрни бор,
Унда пишган ширмой, патир ризқ рўзимиз.
Хиром айлаб шарқираган жилғалар-эй,
Атрофидан кетмай юзин ювар ялпиз!

Бизникида меҳмон бўлса қалдирғочлар,
О, ўзгача сўйлашларин кўрганмисиз?!
Бошда дурра, отам ишга чоғлансалар,
Кетмонлари куйлашларин кўрганмисиз?!

Пахса девор, бобо мерос – ота ҳовлим,
Менга азиз ҳар қандайин кошонадан,
Меҳрим бўлак қайда бўлсам соғинарман,
Асли шудир, — Ватан ичра кичик Ватан!

Ховлимизда рангин – рангин тонглар отар…

ЮРАК КЎТАРГИЧ

Паришон, ҳорғин бўлдим,
Бетобландим, тобландим.
Ўзимдан қувғин бўлдим,
Менсизликка боғландим.

Узоқланди бу ҳолат,
Бувим хавотир эди.
Юрак кўтаргич хола
«Юраги тушган» — деди.

Кўтариш ҳаракатин
Қоидаси йўқдек эди.
Уч кун қатнадим, лекин
Фойдаси йўқдек эди.

Ўйларим ўйлантирар,
Ўйларни соғлаш керак.
Рўмолни кўксимгамас
Кўнгилга боғлаш керак.

Қачон? Ва қандай қилиб
Қайда тушган чала жон.
Кўтармоқликдан аввал
Топиш керак, холажон…

Шундан бери дарбадар,
Биёбон, чорбоғдаман.
Замин, фалакка қадар
Жар солиб бормоқдаман:

Ҳай одамла-ар, одамла-ар!
Босиб юрмадингизми?
Ичи тўкилиб кетган
Юрак кўрмадингизми?

Ҳай одамла-ар, одамлаар!

АТИРГУЛ

Атиргулнинг қават- қават кўйлаги бор,
Қават-қават оғриқлари бордир дилнинг.
Зарбалардан ҳимоя йўқ дилга бирор,
Қалқон-тиканлари бордир атиргулнинг.

Қонранг- дилранг қават ичра ёшлар саф-саф,
Недир агар тўкмоқ бўлса, чўкмоқ бўлса,
Умид шулки, гар бандидан узилмаса
Яшил елканлари бордир атиргулнинг.

Дилга ҳамон йўқдир дарак яшилликдан,
Ё юракка айлансамикан дилликдан.
Қочиб қайга, кўчиб қайга борарди ҳам,
Тушунмаганлари бордир атиргулнинг.

Вайроналик – дилдан таралётган ифор,
Бунёд этса эди иси атиргулнинг.
Атиргулнинг қават-қават кўйлаги бор,
Орасига беркингиси бордир дилнинг…

ЁМҒИР

Ёмғиржон, сен мени яхши кўрасан,
Ёмғиржон, мен сени яхши кўраман.
Сен билан тўкилиб ёғишаман ва
Момақалдироқла додлашиб кўраман.

Замин сенсизликка кўнажакми, айт,
Сендан кейин майса унажакми, айт.
Кўзим соҳилида киприклар унди,
Дилга кўклам фасли келажакми, айт.

Атроф минглаб юлдуз бўла туриб ҳам,
Қуёш ёндирмоғин била туриб ҳам,
Кундузга талпинаверар оймомо,
Доғланиб, гоҳ ярим, тўлиб туриб ҳам.

Кўргин овчи кўкка ўқ отганини,
Оловранг ҳисларим совқотганини.
Бу жойлар саҳро-ю англаб етмади —
Кимни топиб-кимни йўқотганини!…

Кел, шаррос қуямиз, бирга ёғамиз,
Осмон-у, тўрт томон-у ҳам ерга ёғамиз.
Томчи-томчи эмас, тошиб, сел бўлиб,
Шалабболар бўлиб шеърга ёғамиз.

Рассом камалакни бўёқ қилар шарт,
Нотага айланар ҳар томчи, ҳар дард.
Сен бўлиб ёғётган менинг ҳақимда,
Олисда симфония ёзади Моцарт….

Ёмғиржон, мен сени яхши кўраман.

АКС САДО

Қалбнинг айтганлари энг гўзал нутқ-да,
Вале нафасига етгандир путур.
Бунда ишончимга қўйишган нуқта,
Энг оғриқли нуқтам, қон нуқтам шудир.

Дўстлик… дўстлар…
Кейин… мана шу жойдан,
Боладек ҳиқиллар, дилми бу,  найми?
Сен янги жумлани бошламоқчисан
Ишонаверайми?

Илоҳим чинлигинг рост бўлсин ростим,
Бир зарба йиқитар ҳолдаман рост гап.
Бўлсанг шундай бўлки, бир умр, бир дам
Эзтиёж сезмайин бошқа бир дўстга.

Акс-садо қайтаргум энг гўзал нутқда,
Сўроқлар ўроқлаб кетмасин, ўлсин.
Бизнинг дўстликка ҳеч келмасин нуқта,
Фақат вергуллардан иборат бўлсин!

ТАШРИФ

Тушингга кирганимни тушимда кўриб турсам…
Носир Аббос

Тушингизга кирганим тушимда кўриб турдим,
Кўзимда кўзингизнинг муҳаббат денгизими?
Сочларим учи сўроқ бўлдилар, ўриб турдим,
Келдингизми?

Юрагингиз зарбида қочқин қадамиммиди,
Терган олмаларингиз ёноғи ол, жиммиди?
Олмадан ол юзларим сабабчиси ким эди?
Келдингизми?

Фасли хазон ёмонмас, боғларни сийлагайдир,
Тангри саломатликла соғларни сийлагайдир,
Телбаларни телбалик чоғларла сийлагайдир…
Келдингизми?

“Сиздан кейин хеч ким”денг, олдин бўлмаган деманг,
Ўзимни олиб қочсам тушунинг ва ранжиманг.
Ахир мингта саволдан айта олганим аранг —
Келдингизми?

Чунки юзим яшнатиб, ҳаёдан парда насиб
Айлади, шу гўзаллик ногоҳ кўтарилмасин,
Ташрифингиз Худо, мен билдим, ҳижрон билмасин,
Келдингизми.

Настарин ифорлари йўлкангиздамиди ё?
Яратган яратган қалб ўлкангиздамиди ё?
Учирган киприкларим елкангиздамиди ё?…
Келдингизми?

Анҳорнинг сочи узун, оймомо йиқилгандир,
Маҳзуна бу кўзларга ишқ ила тикилгани,
Фақат ростини айтинг , фақат бахтли қилгани
Келдингизми?

Кулгичимдан кулгулар тўккани сармаст бўлиб,
Меҳрингиздан қуёшнинг ҳарорати паст бўлиб,
Ишқилиб бир умрга, ҳеч қачон кетмас бўлиб,
Келдингизми?

УММОНДА

Қуёш сузар осмонда,
Кўзимга ташлаб лангар.
Нур нигохим соҳил ва
Ўзимга ташлар лангар.

Баъзан оқимла оқдим,
Суздим хасга илашиб.
То қаламу сўзим бор,
Юрмам эшкак талашиб.

Сал қолди чўкишимга,
Кўзёшимни эркалаб.
Кемалар ўтиб кетди,
Елканларин елкалаб.

Машаққатсиз етганлар,
Кулса хам мийиғида.
Минг шукурким сузмадим,
Бировнинг қайиғида,

Бундан сўнг хам сузмайман,
Бировнинг қайиғида!

ҚЎРҚАДУРМАН

Бекам-у кўст кўрсатган кўзгудан қўрқадурман,
Ношудлик ила қилган орзудан қўрқадурман.

Юракни арслонлардан сўраб борябман, лекин,
Ҳимоясиз, беозор  оҳудан қўрқадурман.

Эртакларда ўқирман чин ошиқлар қиссасин,
Ҳаётдаги алдамчи туйғудан қўрқадурман.

Ажабки, дард-у ҳам бахт  кўзёшда мужассамдир,
Кинояли, шайтонваш кулгудан қўрқадурман.

Беюз сўзлар ортимдан, тузоқлар қўйса-қўйсин —
Аммо, бувим юзида қайғудан қўрқадурман.

Ағёр нима? ХАҚ десам асрагай паноҳида,
Шарбат дея дўст тутган оғудан қўрқадурман.

Кеча ойга шеър айтсам, ишонтириб тушларга —
Илҳомимни ҳайдаган уйқудан қўрқадурман!

Қўрқувдан қўрқадурман…

КУЗ САҲНАСИДА

Кузнинг саҳнасида ажиб томоша,
Чиптаси ҳар дамнинг мезонига тенг,
Туман кўтарилар парда мисоли,
Фасл мусаввири шимаради енг.

Ўйнайди, маошсиз раққоса япроқ,
Дайди шамолларнинг нағорасига,
Навбатчи қуёшнинг нури хирароқ,
Қисилиб қолгандек тоғ орасига.

Мактабга кеч қолган бебош боладай,
Томларда сирпанчиқ учади ёмғир,
Қорлар туғро бўлиб келади кўкдан,
Одобнома битар юмшоқ дил — абр.

Бошқарувни олган инжиқ табиат,
Кутилмаган ишга қўлин узатар,
Илҳом тўлқинига ғарқ бўлиб бунда,
Қаламин қучоқлаб бир қалб кузатар.

КЎНГИЛГА САФАР ҚИЛСАМ

Мувашшаҳ

Асрларнинг кўзгусида кўзим маним,
Ҳайбатига хайкал бўлсин сўзим маним,
Мунажжим ул бобом шуҳрат шони қадар.
Аё кўпни кўрган дунё, ўрган дунё,
Дунё бобом юлдузларни ўрган дунё,
Асли шундан юлдуз яқин ёним қадар,
Лаҳзаларим тинмас туртиб Фарғонажон,
Фарғонажон, бобом юрти Фарғонажон,
Аслиятим сингиб борар қоним қадар.
Рўйи замин юрт тупроғи бахтдек қучсам,
Ғурур, агар муносиблик сувин ичсам,
Осмон баттар юксалгайдир жоним кадар!
Номингизга муносиблик орим маним,
Икки дунё сўз бўлгайдир борим маним,
Йўлингиздан боргум сўнги оним қадар.

ТАНЛОВ

Покликла парвоз этмоқ,
Ва пок манзилга етмоқ,
Орзулардек оппоқ, оқ —
Қушни яхши кўраман

Кимлардур нолиб борар,
Хотирда қолиб борар,
Баҳорга олиб борар
Қишни яхши кўраман.

Ўша оқ қушимдаги,
Баҳору қишимдаги,
Баридан тушимдаги,
Тушни яхши кўраман.

МАКТУБ

Ҳаммаси жойида, жойида…
А Сабриддинов

Қўнғироқ қиласиз, аяжон,
Юрибман осмоннинг пойида.
Ҳаммасин айтмайман, айтаман:
— Ҳаммаси жойида, жойида.

Иссиқроқ кий дейсиз, кийиндим,
Кўзимга қайноқи куй инди.
Яхши ёлғонимдан куюндим —
Ҳаммаси жойида, жойида.

Лек юрак юпундир, музлади
Ва келиб хазонлар кузлади,
Беркитиб, яхшилаб тузладим —
Ҳаммаси жойида, жойида.

Пойтахтнинг пой , тахти бошқадир,
Аввлги аҳд-шахдим бошқадир,
Мен, қувонч, бахт бошқа –бошқами,
Ёки ўз жойида, жойида?

Бунча кўп кўнгли чанг одамлар?
Мен ҳамон кўнгилчанг одамман.
Сизлардек кўнгилчан одамман…
Ҳай майли,
Муҳими покиза ҳар қадам,
Яхшими бувижоним, дадам?

Соғиндим сизларни, укамни,
Сўрайсиз у камми, бу камми?
Менга мен етишмаяпти жами,
Бошқаси жойида, жойида.

Ҳар лаҳза Фарғонажондаман,
Қайларга тўкилдим онда ман.
Гоҳи шом, гоҳи тун, тонгдаман —
Қолгани жойида, жойида…

***

Кўкка чиқсам ёмғирларга тирмашганча,
Соғган каби шаррос қуйса, ёғса кўпроқ.
Яшилликлар жой талашса, гуллар кулса,
Сойлар куйлаб, сураткашлик қилса чақмоқ.
Соз ўшами?

Келар чоғи, кетар чоғи обод этса,
Ва тафтидан ўзига ўт қўйса шамс ҳам,
Тунда ашъор битсанг дил дарчасин очиб —
Оловини тебрантириб йиғласа шам…
Сўз ўшами?

Бир он борким, киприкларим даст кўтарсам
Ўтин бўлиб ёнгай лов-лов юзимни деб.
Юрагимда пойга ўйнар юз минг тулпор,
Мен ўзимни унутяпман ўзимни деб.
Сиз ўшами?

БАҲОР

Қаҳратон қахридан юрак безганди,
Киприкда шабнамлар қалбим эзганди,
Охир келишингни кўнглим сезганди,
Соғинч-у, севинч-ла дилда борсан-да,
Баҳорим, онамдай беғуборсан-да!

Шўх ўйнаб, рақс тушиб оқар жилғалар,
Орзулар бахт томон илдам йўрғалар,
Дарахтлар шохида кўрдим сирғалар,
Нафосат бобида бетакрорсан-да,
Баҳорим, онамдай беғуборсан-да.

Оламга қуёшнинг сочини тортиб,
Келдингми гўзаллик карвонин ортиб,
Наврўзни элимга эттингми тортиқ,
Заминим бағрига гул тумор сан-да,
Баҳорим, онамдай беғуборсан-да.

Кўкларда турналар баётлар айтди,
Келдингу айвонга қалдирғоч қайтди,
Боғларни сайр этай, шу ҳамал пайти,
Юрагимни чертган нафис торсан-да,
Баҳорим, онамдай беғуборсан-да…

МУХАММАД ЮСУФГА….

Кийик сўқмоқ узра боряпман….
Рангин хаво наво ўраган
Кийикчалар қўлимдан ушлаб —
Сизни сўрагани сўраган…

Кўк сўрайман кўкламдан чимдим,
Ялпизларга кўёлмайман бош.
Хеч ким сиздай овутолмади —
Жайронларнинг кўзларида ёш…

Юрак ўзи озғиндан озғин,
Очкўз армон яна тишлади.
Эгасини қўмсаган ночор,
Бир тулпорга кўзим тушади….

Кўнглим бўшда …. нима ҳам дердим
Дейман кўнгил тўқламоқ учун:
— Жаннатларга сафарга кетган
Оналарни йўқламоқ учун!

Бу рост! Аммо руҳим тўкилар
Қизғалдоқлар тўкилган сари
Ва ўзимни тутаман зўрға
Келар тўйиб йиғлагиларим.

Не учундир капалак рақси
Юрагимга ўтлар қалади.
Ўзим, сўзим ва шеърларимни –
Шеърларингиз тарбиялади.

Гарчи ҳали ғўр ёшман, бироқ
Бахтдир – қалам дўстим деганим
Менинг учун осмонинг боши –
Қизингизга адаш эканим!….

Кийик сўқмоқ узра боряпман….

ТАРАДДУД

Оқ дўппили, ҳамиша мағрур?
Кўргин, тоғлар қандайин ўктам.
Қучоғида лолага қўшиб
Кўкни олиб келмоқда кўклам.

Ҳув ирмоқлар – қувноқ, беғубор,
Умрим бўйи қониб яшасам.
Қуёшга тик боқолмам, қани
Унинг каби ёниб яшасам.

Қизғалдоқлар очилар ҳали,
Ушламоққа қиймайди кўзим.
Варракларнинг парвози баланд,
Варракларга айлансам ўзим.

Дошқозонда қайнар сумалак,
Унда яшар тилакларим-эй,
Камалакнинг рангларин кўриб,
Жилваланар юракларим-эй.

Далаларда куйлар кетмонлар,
Жарангига бойланяпман.
Бунда замин, дарахтлар қолиб,
Гулламоққа шайланаяпман!!

Гулламоққа шайланаяпман!!!

МУВОЗАНАТ

Фурсатнинг оёғин синдиргим келиб,
Ортингга қайт дея ортидан чопдим.
Ўн етти ёшимни келмоғи яқин,
Нимадир йўқотсам, нимадир топдим.

Дўстдан ёлчимадим, бездим ўксиниб,
Йиқилсам қўлиммас, юрагим синиб.
Ўзимни ахтариб, ўзимдан тониб,
Нимадир йўқотсам, нимадир топдим.

Айбим шу – кўнглимни бепоён қилдим,
Дунёни, дунёни торлиги учун.
Борлиқни бошқача кўрарман балки,
Кўзларимда ойнак борлиги учун.

Айтсам айтарим кўп, қайтарим йўқдир,
Ўрин алмашади қаҳратон – баҳор.
Агарда ҳеч нимам бой берилмаса,
Ҳеч нима топмасдим эҳтимол…

Кўп нарса йўқотиб, кўп нарса топдим!

БОЛАЛИК

Хотиримда жамланган бари,
Эслаб-эслаб оғринавердим.
Ўсдим – йиллар чўккани сари,
Фақат, сени соғинавердим.

Гулзорларда қувнаб, яйрардим,
Танимасдим хали ақлимни.
Капалаклар тутқич бермайин,
Чиқаришар эди жаҳлимни!

Қўғирчоғим бўларди бир пайт,
Кўйлакчали, тароқли эди.
Эртакларни тинглаб ухламоқ,
Қандай ширин, мароқли эди…

Хотиримда жамланиб бари,
Ўйлаб-ўйлаб оғринавердим.
Чўкдим, йиллар ўтгани сари,
Чунки, сени соғинавердим.

Ёқтирардим беркинмачоқни,
Шу ўйинга боғланиб қолдим.
Била олмай юрибмиз ҳамон,
Ё сен, ё мен беркиниб олдим?

Истасамда тополмаяпман,
Қайлардандир изладим сени.
Қаердаман билмайман, аммо
Топгин мени, топақол мени.

Билмас эдим чинакам ҳаёт,
Эртакларга ўхшамаслигин.

Болалигим …

КИТОБ

Дўстим, нурга тирмашган дунё,
Юрагимда кўз очган, билсанг.
Ва ундаги мен билмас қаср –
Қулфларини сўз очган, билсанг.

Ўз-ўзимни танитди китоб,
Кимлигимни англамаган пайт.
Дил сўзимни танитди китоб,
Етаклади шеърларим ва байт.

Устозим у, тарбиячим у,
Сабоғидан йиғлаб, кулганман.
Билмам, у сиз ким бўлар эдим?
Унинг сабаб одам бўлганман.

БИЛГАНЛАРИМ

Устоз,
Шогирдингиз ўзгарган анча.
Юрагини сенламай қўйган.
Қайғу, ўкинч яна бир қанча,
Туйғуларни тенгламай қўйган.

Билдимки, мен билгандай эмас.
Бошқачароқ порларкан қуёш.
Қалбинг нурга ошино бўлса,
Ҳузурига чорларкан қуёш.

Сут-ку майли қатиқдан куйган,
Музқаймоқни пуфлаб ер экан.
Муқовага боғлиқмас китоб,
Лолада ҳам бўларкан тикан.

Минг шукурки фурсати етиб,
Юқорига оқаркан ариқ.
Мени жуда қувонтиргани,
Осмонда ҳам сузаркан балиқ.

Кўрдим терак шохида олма,
Шафтолида пишмоқда гилос.
Мени фақат бўйимдан аввал,
Қарашларим улғайди холос.

Дунё содда, дунё сиристон,
Мушкул жумбоқ тугунлар каби.
Булар ҳақда сўзламасдингиз,
Тушуняпман энди сабабин.

Билганимдан билмаганим кўп,
Балки айбдир балки айб эмас.
Фақат барин англагунимча,
Қарашларим қаримаса бас…

ЙЎЛЛАР

Қадам босиб келар мен томон,
Узоқлари тор кўринса ҳам.
Мен-чи, юриб чарчамам ҳамон,
Синоатлар ёр кўринса ҳам.
О, йўллар!

Англаяпман англаганимча,
Ўйлар шунча олис бўларму?
Бувим, отам юзига ўтмиш,
Тортиқ этган ҳотиралар у.
О, йўллар!

Мен-ку аниқ биламан маррам,
Оҳ онажон! Кўзламам ойни.
Лек қўш-қўллаб топшириб қўймас,
Осмон ва ер туташган жойни.
— бу йўллар!

Ортимда ҳам олдда ҳам узоқ,
Машаққатлар бисёрдир билгум.
Ҳалол мағрур енгиб ўтгум лек,
Чорраҳалар чиқса не қилгум?
О, йўллар…

ДАСТУРХОН

Борсам унутаман барини,
Қувонасиз, дастурхон ёзиб.
Ва қоқасиз ушоқларини,
Чумчуқларга бўлсин деб озиқ.

Босиқлигим эркалик қилгай,
Борми сиздай мехрибон буви?
Меҳрингиздай, юрагингиздай,
Менинг дилим дастурхон, буви.

Ота онам кўнгли тўқ мендан,
Аммо гоҳи ўйлар қийнайди.
Шукур Тангри сийлови чиндан,
Мени адабиёт сийлайди.

Бундан ортиқ бахт борми ахир,
Набирангиз содда қиз учун?
Тортиқ бўлсин муҳаббат меҳр,
Муқаддас юрт ҳамда сиз учун.

Орзуларнинг дастурхони – кўк,
Баъзан қуёш ботиб олади.
Дардлашганда унга ой ила,
Юлдузлари ётиб олади.

Илхом берар  неъматлари мўл,
Унга қоғоз қалам дастурхон.
Мақсадларга очар экан йўл,
Баъзан ҳалол алам дастурхон.

Тушим тинглаб кўп сувлар оққан
Фалсафага кўмиб онини
Дўстлар эса шамолга қоққан
Ишончимнинг дастурхони….

Борсам унутаман барини
Қувонасиз дастурхон ёзиб.

***

Айтилмаган гаплар бугун очилмаган ғунча бўлди,
Шабнамлардек тўкилолмай, дардлар анча-мунча бўлди.

Капалакнинг сабоқлари кунларимга ранг улашиб,
Ҳамда унинг шу-у-нча умри бир жону бир танча бўлди.

Аммо бу кун ухлаб ётар, жоним ичра хайқириқлар,
Сукутимга ўралашиб, сўзларим бўлганча бўлди.

Булутлари тарқамаган қуёш қачон кўрингандур?
Ахир шеър ёзмаганимга, айт кўнгилжон, қанча бўлди?

ЎЗИМНИ АЛДАШ

Хотира — кўчмас мулк, ғалат тилсимдир,
Сим-симдир,тизимдир қароқда қалқиб.
“Ўзгарибсиз…”- деди ногаҳон кимдир,
Эҳтимол… балки…

Ўзгардим ўзгарди ўзгармаслигим,
Таажубларингиздан таажубман бугун.
Нега, қувончларга лойиқмасмидим?
Ёки яралдимми кўзёшлар учун?

Маҳзунлик ёшлигим чунон кемирар,
Бахтиёрлик аро сўрадим ҳаққим.
Юзимга, сўзимга кийдим-у лекин,
Юракка минг ёниб кийгизолмадим
Бу ниқобни…

ОҒРИҚ

Чироқ ўчган.
Ёруғ китоблар.
Шамчироқда дарс қиламан жим.
Илҳом келмас… ёзилмайди шеър,
Ҳеч нимани келмас ўйлагим.

Юз бор чорлаб, чоғландим чоғи,
Билмадим бу ненинг белгиси.
Балки ўчган дилим чироғи,
Балким шундан келмас келгиси.

Ёғаверар ёмғирлар ёз деб,
Хазонлар ўт қўяр ўзига.
Қанча бўлди қуллуқ қилмадим,
Қаролмайман тонгнинг юзига.

Шеър бўлмаган шамол яралар,
Деразамга уравериб бош.
Қоғозларим бетоб ётибди –
Бир бирига ўраниб бўм-бўш …

Бас чидолмам қалам додига,
Нечун қуёш нурин қизғонар?
Амаллаймиз дил чироғимни,
Эгам ёқиб қўйгунга қадар!

Шам қидириб йўлдаман йўлда …

***

Фақат менга бўлади олам,
Ухламайди онам, хонам ҳам —
Тунда шеър ёзишни бошласам.

Тин билмасди раҳматли бобом,
Икки дунё раҳматли бобом,
Қанийди уларга ўхшасам.

Ватан деб, юрт дея ёнганнинг
Навоий ёнига борганнинг,
Жонига жонимни тўшасам.

Хотирларим жаммас, қўймайман,
Гарчи ташвиш каммас, қўймай ман
Не бўларкин жиндай бўшасам?

Капалакнинг бағри бўлди қон,
Қанотида ўйнайди виждон,
Бир кунгина шошмай яшасам.

У бобомнинг руҳи эҳтимол …

ТОНГ

Туни билан куйлайди ёмғир,
Ифорини учирар тупроқ.
Кўз очганда нозик ғунчалар,
Шабнамларга чўмилар япроқ.

Уйғонмаган ҳали қадамлар,
Хур нигоҳлар этмаган парвоз.
Ҳали қушлар уйғонмаган пайт,
Бунда бувим ўқийди намоз…

Юртга тинчлик сўралган дуо —
Ҳовучларда отаётир тонг!

ОГОҲЛАНТИРИШ

Андуҳни осишга уриндим,
Ўзимни босишга уриндим.
Ҳаммага қайғуриб юриб ҳам,
Кимга кўп, кимга кам кўриндим.

Нишонга олишди қадримни,
Олдинга чопишга уриндим.
Мендан кўп хатолар излашса ,
Бир ҳикмат топишга уриндим…

Тошмоқда сабримнинг дарёси.
Ғурурий бир ҳукм ўқилди.
Дунёнинг юзини кўрмасдан.
Кўзёшлар кўнглимга тўкилди!

Энди хотирамга тўлайман маош,
Мени қуёш чорлар, ўзга нур рўё,
Тақдим этаёган ҳар дақиқангни,
Унутмаслигимни унутма дунё…!

***

Хуввиллар кўнглимнинг боғлари,
Мен уни не кўйга соляпман.
Ёшликнинг энг гўзал чоғлари,
Ўзимга ўхшамай қоляпман.

Қўл ургим келмайин бир ишга,
Бошимни кўп қўйдим ташвишга.
Она, сиз ҳақлисиз ранжишга,
Ўзимга ўхшамай қоляпман.

Чанг босган қоғоз-у қаламлар,
Ғалаён кўтарар аламдан.
Ҳеч нима келмайин қўлимдан,
Ўзимга ўхшамай қоляпман.

Омадни кулгиси келмайди,
Илҳомим келгиси келмайди.
Хонамдан шеър иси келмайди,
Ўзимга ўхшамай қоляпман.

Эй юрак, уйғонгин бўлма доғ,
Олов бўл, оташ бўл, бўлгин чўғ.
Ўзгармоқ истама ҳаққинг йўқ,
Ўзинга ўхшамай қоляпсан!

***

Қишни ёмон кўрмайман сира,
Ёқтираман демайман, бироқ
Қийноқларга кўмиб негадир,
Мени севар ҳаммадан кўпроқ.

Йўлиқтирса бўронларга
Нафасимга оламан қамаб.
Зулматлардан кемтик дилимни,
Хира қуёш қўяди ямаб.

Оёғимни силаб йиқитар,
Мен ялтироқ деган ул музлар.
Мени қишга ишониб кетган,
Барисига айбдор кузлар.

Аммо мен ҳам бўш келмайман ҳеч,
Нигоҳ солсам синади чақмоқ.
Бошимдан тош ёғдирмоқ истаб,
Тўколмайди момақалдироқ.

Барисидан чарчаб кетаман,
Мен баҳорни севаман аҳир.
Қиш мен кетар йўлларни тўсиб,
Қорлар билан сийлар бирма бир.

Майли, бўлсин синов – машаққат,
Қийноқларда ўртансин юрак.
Баҳорларни қадрлаш учун,
Қаҳратонлар бўлмоғи керак.

ТАҚҚОСЛАШ

Наво — кўнгил учундир ҳаво,
Нафис қудрат созларнинг бари.
Менга азиз пианинонинг
Оқ ва қора клавишлари.

Ҳеч замонда бўлолмас айро,
Бир-бирини тўлдирар улар.
Чунки шундан гўзаллик пайдо,
Оҳангларга ранглар қуйилар.

Пианино — севимли чолғум,
Ундан кучу  ҳикмат оламан.
Кунларимнинг куйи ранг-баранг,
Чунки ҳар кун ҳар хил чаламан.

Англаганим:  ҳамма ижрочи,
Тундай, кундай, мендай чалади.
Пианино – берилган тақдир —
Уни ҳар ким қандай  чалади?

Дунё эса томошабиндир,
Фақат қарсак чалади…

АЙРИЛИҚ ОНИ
Устоз Эркин Вохидов хотирасига

Ҳайқираман, довон ортидан
Фарёднафас садо келади.
Фарғонажон тарафдан “болам,
Ўғли-им..”деган нидо келади.

Кўз олдимга келур сўнг баҳор,
Тароватдан айро, телбавор,
Адабиёт аталмиш чинор
Илдизидан жудо келади.

Ғарибланган ул лаҳза сингай,
Айро тушдинг тилла зарингдан.
Кўзёшларинг тўлиб оқсин-ай
Олтиариқ, ариқларингда…

Тиловатга айлангай шеърлар,
Меҳринг дуоларда эт талқин.
Эркин ўғлингни қўмсаб, халқим
Саволларинг гадо келади.

Руҳларин шод айласин эгам,
Жаннатларга жойласин эгам…
Буюк шоир кетди оламдан,
Энди сиёҳ кўрмас қаламдан
Фақатгина видо келади….

ЗУЛФИЯХОНИМГА

Сиз деб ёзсам, соғинчларим
Бўзлаб келмоқдадир, момо
Ва гулларни ёпинганча
Сўзлар келмоқдадир, момо.

Баҳорларнинг хуш ифори
Илҳомимга қанот бўлгач,
Ибо, садоқат деб азиз
Ҳислар келмоқдадир, момо.

Не саволким, оғринар дил,
Сиз кетган йил — мен келган йил.
Кўришмоққа кечикдинг деб
Кузлар келмоқдадир, момо

Минг шукрким, чорловингиз
Руҳлантиргай, мадад бергай.
Қалам тутсам, “Ёзгин қизим! —
«Ёз!”лар келмоқдадир, момо.

Чин аёллик тимсоли – сиз,
Изингиздадир бахтимиз.
Қўллаб туринг, ортингиздан
Қизлар келмоқдадир, момо!

* * *

Қуёш уфққа ботмоғи бор —
Кундан кейин
Ва қайта тонг отмоғи рост —
Тундан кейин.

Ё талофот кўрилади,
Ё бўлмаса
Музаффарлик насиб этар
Жангдан кейин.

Ҳаёлимни тинч қўймайди
Безори ўй,
Ва безовта этаверар
Бундан кейин:

Арзигулик нима қолар
МЕНдан кейин?

О, Шеърият…!

27973063_125769534908124_2242895946194370354_n.jpgO‘tgan yil oxirlarida Nozimaning she’rlari bilan tanishdim. Yo‘l boshida turgan navqiron qalamkashlarga xos barcha kamchiligu tajribasizliklari ortida o‘z so‘zini izlayotgan, adabiyot maydonini chigirtka galasiday bosgan davlat mukofoti nishonli o‘smir “shoira”larning umumiy xoriga qo‘shilmay, o‘z ovozini sozlayotgan baland ruhni, o‘zligini istagan yurakni ko‘rganim uchun uning she’rlarini veb-sahifamizda taqdim etish uchun tayyorlay boshladim.

Xuddi o‘sha kunlari mamlakatimiz rahbari tashabbusi bilan Toshkent shahar hokimiyati bir guruh ijodkorlarni “Navro‘z” to‘yxonasiga yangi yil ayyomini nishonlash uchun da’vat etgan edi. O‘zbekiston xalq shoiri Usmon Azim bilan bir davrada o‘tirib, odatdagidek adabiyot she’r, xususan yosh shoirlar ijodi haqida gurung boshladik. Ana shu suhbat payti Usmon aka:

— Yaqinda televideniyeda bir qizning she’r o‘qiganini ko‘rdim, juda yaxshi shoira ekan, — dedi. Keyin qo‘shib qo‘ydi: — Kompozitorlikka o‘qiyotgan ekan…

Bu gapni eshitishim bilan Nozima esimga keldi. Men Usmon akaga o‘sha shoira qizning ismi Nozima ekanini, she’rlarini saytga hozirlayotganimni aytdim. Usmon akaning gapi sabab, Nozima haqidagi fikrlarim to‘g‘ri ekaniga qat’iy ishondim.

Bugun Nozimaning she’rlarini sizga taqdim etar ekanman, shoira qizimga she’riyatning mashaqqatli yo‘lidan kashshofona yo‘l bosishini, ijodiy yo‘li ham musiqa, ham she’r hayajonlariga uyg‘un bo‘lishini tilab qolaman.

Xurshid Davron

Nozima Habibullayeva
SHE’RLAR
09

27752108_599897383684119_1366860731060648369_n.jpgNozima Xayrullo qizi Habibullayeva 1996-yilning 4-noyabrida Farg‘ona shahrida tug‘ilgan. Hozirda O‘zbekiston Davlat Konservatoriyasi “Bastakorlik san’ati” yo‘nalishining 3-boskich talabasi. 
Farg‘ona Yozuvchilar Uyushmasi qoshidagi “Oltin Qalam” to‘garagi a’zosi. ”Marg‘ilon mushoirasi”, “Shahrixonsoy mavjlari” adabiy anjumanlarida ishtirok etgan.”Zomin” -2017 Yosh ijodkorlar seminari ishtirokchisi. Ijod namunalari shahar,viloyat va respublika matbuotlarida chop etilib kelinmoqda.

09

***

Ortga burib qo‘ydim soat millarin,
Qulog‘imga asriy bonglar taqilgan 
Va Egamdan faqat xayr tilanib
Yostiqni topshirdim aqlga.

Sochimni turmaklab qo‘ydi shabboda,
Maysalar to‘shadim kipriklarimdan.
O‘chmaydigan chiroq — Quyoshni yoqa,
Vaqtni turtib qo‘ydim kulgichim bilan.

Yomg‘irlar tilanib yuvdim yo‘llarni 
Ko‘tarilgan ifor-atrim, qasidam.
Soqchilik qilishar teraklar dalli
Boshi ko‘kka yetgan vazifasidan.

Pokiza ko‘nglim-la artdim Osmonni,
Uzooq tayorlandim, shafaqlar qaytdi.
Tun — piyolaning to‘ntarilgan tomoni 
Unga o‘smam siqdim, qoshim qoraydi.

Shu shaffof olamni asragan paytim, 
Nimanidir kutdim, neni bilmadim. 
Kapalak pichirlab nelardir aytdi,
Shundan beri kulmadim…

2018

***

Osmon moviy, dengiz moviy, sensiz moviy
O‘ylarimning uylarining kaliti yo‘q.
Yuragimni mavjlantirgan dard ilohiy,
Million yillik harir sog‘inch unga mayoq.

Men moviyni xush ko‘raman. Hushlarimdan
ayirsa ishq, musaffodek tuyulaman.
Dengizlarni tush ko‘raman. Tushlarimda
Men dengizman — osmonlarga quyilaman.

Men dengizman — osmonlarga quyilaman,
Naysonlarning arg‘imchog‘i kabi qadim.
Sen mensizman. Qurimasin deb sohilga
Ko‘ylagimning etaklari tutashadi.

Masofa va musaffolik so‘zi egiz,
Hatto keksa sog‘inch ushbu rangda qarir .
Men o‘shaman, o‘sha moviy ko‘ylakli qiz,
Tanib qolsang meni moviy rangda chaqir.

2018

CHORLOV

Qalamim , kel, ilhomim
Kelmoqchiga o‘xshaydi.
Yurakda islohatlar,
Bo‘lmoqchiga o‘xshaydi.

Turtkidir suyuk dardlar,
Oyning yuzida gardlar,
Yorqinlik sari battar,
To‘lmoqchiga o‘xshaydi.

G‘am chekmoqdadir g‘amlar,
Armonlar armon g‘amlar,
Alamidan alamlar,
O‘lmoqchiga o‘xshaydi.

Zumdadur zumligimiz,
Jim bo‘lsin jimligimiz.
Kimlardir kimligimiz,
Bilmoqchiga o‘xshaydi.

Ishonganim Xudodir,
Va shubxasiz duodir.
Shundan yorug‘ sabolar,
Yelmoqchiga o‘xshaydi.

Salom, xush kelgin omad!
G‘alabalar – marxamat!
Kulib boqsam menga baxt
Kulmoqchiga o‘xshaydi!

Kimlardir kimligimiz,
Bilmoqchiga o‘xshaydi!

MUROJAAT

Savol bersam bo‘lmagin xafa,
Ayt, bag‘ringga tosh olasanmi?
Bilmam qanday to‘lasan ammo,
Hislarimday tosholasanmi,
Anhor?

Men o‘zimni kashf etdim qayta,
Tasdiqla sen endi mendayman!
Tonglar endi yangidan-yangi-
Xuddi qayta tug‘ilgandayman!
Nahor!

Qonimdadir navolar sehri,
Tomirlarim toringdan tarang.
Seni kimdir chertadi, mening
Vujudimda oqadi ohang-
Dutor!

Tog‘ni quchar quyosh nurlari,
Sen ularning boshida turib,
Menday eriy olasanmi ayt-
Boychechakning bo‘ylarin ko‘rib?
Oh qor!

Begonadir begona hislar,
Hayratimdan hayratda hayrat!
Yonginamga yo‘lamoq uchun-
Jur’atsizlik qilolmas jur’at,
Zinhor!

Bari go‘zal, bari samimiy,
Ishonaver o‘jar qizingga.
Hammasiga yagona sabab —
Kelayabman o‘nsakkizingga!
Bahor!

***

Alangalar alangalanar,
Sovqotadi yonayotgan his.
Xayol kezar olovmuz yurtni,
Ko‘targancha orzurang fonus.

Yuragiga qorlar ag‘darib,
G‘archillatib ezib boradi.
Ezg‘ilanar oppoq og‘riqlar,
Nelarnidir sezib boradi.

Bunda falak kavokibzor-u,
Ammo, faqat biri porladi.
Qizginaning ko‘ksida bu kech
Xo‘rsiniqlar portladi!…

IRMOQ

Shabnamlar gulga tushdi,
Supurgi qo‘lga tushdi.
Ko‘cham chang bo‘lmasin deb,
Yoshlarim yo‘lga tushdi.

Oy o‘zin nimtaladi,
Tun kunni timtaladi.
Jimlik jonimga tegdi,
Jonimni jim taladi.
Ovozim kim taladi?

She’r desam qalam yondi,
Bo‘g‘zimda alam yondi.
Ko‘ngil og‘ritib ko‘nglim
Vijdonim qalab yondi.

Ko‘k bepardoz emasdi,
Yulduz g‘avvos zmasdi.
Uzrimni ayt, majnuntol,
Bu menga xos zmasdi…

Sabrlar yog‘aversin,
Sabrlar yog‘aversin.
Barcha ko‘ngillar obod
Davrlar yog‘aversin!

Shoshgancha ariq oqar,
Ariqda baliq oqar.
Oxir quyilar joyin
So‘rab, axtarib oqar.

Tuproqqa gul taqyapman,
Quyoshga o‘t yoqyapman!
Men nurdan bunyod irmoq,
Men qumdan bunyod irmoq —
Qay tarafga oqyapman?

Navoga oqib borgum,
Sadoga oqib borgum.
Xulqi go‘zal-u, qalbi
Gadoga oqib borgum.

Xalqim hovuchidagi
Duoga oqib borgum.
Qalbim, o‘zing yo‘l ko‘rsat
Xudoga oqib borgum!
Xudoga oqib borgum!

Shabnamlar gulga tushdi,
Ishqimiz Ulga tushdi.
G‘uborlardan avaylab,
Yoshlarim dilga tushdi,
Yoshlarim dilga tushdi.

YERDAN OSMONGA QADAR

Meni tashqaridan ko‘rib turibman,
Sadpora kezadi ruhim darbadar.
Men o‘zimni sochib- terib yuribman
Yerdan osmonga qadar.

Sochdan tirnoqqacha burkangan ko‘yi,
Har bir hujayramda uyg‘ondi zafar.
Uning nomi g‘urur, g‘ururning bo‘yi —
Yerdan osmonga qadar.

Xotiram doriga osilgan kim u?
Tanimadim, yolg‘on aytsin shams-qamar.
Sizdan menga kelar masofa ushbu —
Yerdan osmonga qadar.

Duolar arshgacha o‘sgandek beshak,
Sog‘inchdan to‘kilgan kipriklar sahar
Uyingizda maysa bo‘lib unajak
Yerdan osmonga qadar!

Ustixonim, qonim ichra u tilsim,
Darddor shuarolar tirik bo‘lsa gar,
Dunyoni eng ezgu so‘z bosib ketsin
Yerdan osmonga qadar!!!…

HATIKO
Vafot etgan egasini vokzalda 10 yil kutgan qahramon yapon iti – Hatikoga bag‘ishlov

Bunchalar vafodor bo‘lmasang,
Bunchalar ichimdan yig‘layman…
Odamlar unutgan hislarni
Sen qaydan bilasan bilmayman.

O‘sha joy. Izg‘irin,saraton,
Kutasan, go‘yo fasllar daydi.
Umidlar yaltirar ko‘zingda…
Va yillar qaltirar ko‘zingda —
Ichingda izg‘irin gullaydi…

Achinib qaraydi odamlar,
Ehtimol, kimlardir kuladi.
O‘zingni tilingda aytasan:
U keladi, albatta keladi…

Aylanay Hatiko, aylanay,
Ko‘zmunchoq qilardim ko‘zimni.
Beg‘ubor ko‘zingla aytasan
Sadoqat so‘zini.

Qahraton.
Bag‘rimga bir bossam,
Silasam qirovli yungingni.
Ko‘zmunchoq bo‘lsaydim Hatiko,
Mehringga ko‘z tegib o‘ldingmi?…

Shunchalar bo‘lurmi sadoqat,
Ko‘nglimni yig‘latib o‘tasan.
Xattoki kutasan o‘lib ham,
Haykallaringda ham kutasan!…

***

“Iltimos, platformaning (yo‘lning) chetida turmang!”
(Metrodagi e’londan)

Iltimos, dil chetida turmang!
Behudaga qo‘zg‘atmang uni.
U sezadi olib-olmay tan
Mening ertam — uning buguni.

Iltimos, dil chetida turmang!
Bas, shunchaki achinmang axir.
Men ham bexos achinib qo‘ysam
O‘z-o‘zimga qilurman jabr.

Iltimos, dil chetida turmang!
Bo‘ronlarni to‘sib qo‘yyapsiz.
Qarang, hatto chetda turib ham
Shamsga qadar o‘sib qo‘yyapsiz.

Ikkilanmang, kiring yo keting,
Eng yaxshi do‘st — eng yaxshi ag‘yor
Bo‘lolsangiz marhamat!
Ya’ni
Nafaqat do‘st, saralab olar
G‘animlikka arziydiganni.

Vaqtin olmang bekorga bekor,
Toshqinlarga yo‘lab bormoqda.
Unda gullar alangalanib,
Alangalar gullab bormoqda!

Iltimos, dil chetida turmang!
Dovullarni to‘sib qo‘yyapsiz.

KUMUSHGA MAKTUB

Alamni siyohga ko‘mishga,
Qalamni siyohlab yumushga.
Yuzdagi xolimga botirib,
Maktublar yozaman Kumushga.

Ko‘zgu-la parishon kalomlar,
Va o‘ychan nigohlarimni ichdim.
Nastarin iforli salomlar,
Ko‘tarib bormokda sog‘inchim.

Momojon, ko‘rsaydim o‘ngimda,
Tushlarim sizlikka chog‘langan.
Og‘rishga yaralgan ko‘ngilga,
Savolgul ro‘mollar bog‘langan

Ohlarim oqlansa ohlardim,
Berkitdim dil degan ko‘zaga.
Ko‘zyoshmas ichishni xohlardim,
Oy nurin to‘ldirib kosaga.

Yurakka pardalar tortildi,
Yurakka zardalar tortildi.
Sababsiz sabablarni izlab,
Va nega, nega?lar ortildi.

Otabek bobom qay tomonda?
Siz qayda? Bormi maktabi ishq?
Dil o‘yim — dil o‘yin zamonda,
Yetishmas sizlarning kabi ishq.

Yuragim ko‘zimda qalqigan,
Bulut suv ichib yum yig‘laydi.
Mana bu kulgichim haqqiga,
Endi tabassum yig‘laydi.

Bir ertak,
Ertakdir shunchaki,
Bilmaski, ibo, orparastman
Jim keldi,jim ketdi. Demakki,
Jimlikka munosib emasman!

BЕTXOVЕN FOJIASIGA

Buyuk kompozitor qizamiq kasalligi tufayli kar bo‘lib qoladi.
Bu haqiqiy fojea edi…

Chalkashadi qirqta chok — hayrat,
Qismatning qirq quroqlarida.
Dod solganda, baqirganda dard
Betxovenning quloqlarida.

Chaqmoqday dil chaqib keladi,
Oy nuriday oqib keladi,
“Taqdir eshik qoqib keladi”
Betxovenning quloqlariga.

Chorasizlik simfoniyasin
Gilam qilar nina zinalar.
O‘z-o‘zini chalolmas axir
Unga mushtoq pianinalar…

Qismat uni tanladi, garchi
Oyog‘idan dunyo chaladi.
Taslim bo‘lmas, eshitmasa ham
Pianino chaladi.

Yaralardi dilni dard, ammo,
Ijod gulladi tashvishlarda.
Yaralardi rangin asarlar
Oq va qora klavishlarda.

To‘xtamadi qonida ohang
Tomiriday boylangan edi.
Endi butun vujudi, qalbi
Qulog‘iga aylangan edi…

SAVOLLAR

Ko‘ngildagi tuyg‘ular jangi,
Aytilgan har so‘zning ohangi.
Fasllarning tafovut rangi,
Haroratmi?

Qadrlagan topmasa qadr,
Kimga yashash, turmush baribir.
Kapalakka bir kunlik umr,
Adolatmi?

Ezgulikka intilsa yurak,
Ikki dunyo bo‘lguvchi tirgak.
Yaratganga eltuvchi yo‘lak –
Ibodatmi?

Odamlarga lol balki ochun,
Qondosh, jondosh dilin etib xun.
Do‘st do‘stni sotsa manfaat uchun
Tijoratmi?

Dunyo asli harom-haloldan,
Maqsad, orzu, armon, xayoldan.
Poyoni yo‘q so‘ngsiz savoldan
Iboratmi?

VATAN TASVIRI!

Xovlimizda rangin-rangin tonglar otar,
Mehmon bo‘lib, sayroqilar to‘xtab o‘tar.
Onam ekkan gul- u rayhon iforlarin,
O‘shal, o‘g‘ri shabbodalar maqtab o‘tar.

Bu hovlida yetilmagan bir meva yo‘q,
Ko‘chatlar-u ekinlarni shartmas aytish.
Qarang, tilla uzumlarning osilganin,
Tokda titroq yaproqlarni qilar taftish.

Chetda do‘mboq tandirning ham o‘z o‘rni bor,
Unda pishgan shirmoy, patir rizq ro‘zimiz.
Xirom aylab sharqiragan jilg‘alar-ey,
Atrofidan ketmay yuzin yuvar yalpiz!

Biznikida mehmon bo‘lsa qaldirg‘ochlar,
O, o‘zgacha so‘ylashlarin ko‘rganmisiz?!
Boshda durra, otam ishga chog‘lansalar,
Ketmonlari kuylashlarin ko‘rganmisiz?!

Paxsa devor, bobo meros – ota hovlim,
Menga aziz har qandayin koshonadan,
Mehrim bo‘lak qayda bo‘lsam sog‘inarman,
Asli shudir, — Vatan ichra kichik Vatan!

Xovlimizda rangin – rangin tonglar otar…

YURAK KO‘TARGICH

Parishon, horg‘in bo‘ldim,
Betoblandim, toblandim.
O‘zimdan quvg‘in bo‘ldim,
Mensizlikka bog‘landim.

Uzoqlandi bu holat,
Buvim xavotir edi.
Yurak ko‘targich xola
“Yuragi tushgan” — dedi.

Ko‘tarish harakatin
Qoidasi yo‘qdek edi.
Uch kun qatnadim, lekin
Foydasi yo‘qdek edi.

O‘ylarim o‘ylantirar,
O‘ylarni sog‘lash kerak.
Ro‘molni ko‘ksimgamas
Ko‘ngilga bog‘lash kerak.

Qachon? Va qanday qilib
Qayda tushgan chala jon.
Ko‘tarmoqlikdan avval
Topish kerak, xolajon…

Shundan beri darbadar,
Biyobon, chorbog‘daman.
Zamin, falakka qadar
Jar solib bormoqdaman:

Hay odamla-ar, odamla-ar!
Bosib yurmadingizmi?
Ichi to‘kilib ketgan
Yurak ko‘rmadingizmi?

Hay odamla-ar, odamlaar!

ATIRGUL

Atirgulning qavat- qavat ko‘ylagi bor,
Qavat-qavat og‘riqlari bordir dilning.
Zarbalardan himoya yo‘q dilga biror,
Qalqon-tikanlari bordir atirgulning.

Qonrang- dilrang qavat ichra yoshlar saf-saf,
Nedir agar to‘kmoq bo‘lsa, cho‘kmoq bo‘lsa,
Umid shulki, gar bandidan uzilmasa
Yashil yelkanlari bordir atirgulning.

Dilga hamon yo‘qdir darak yashillikdan,
Yo yurakka aylansamikan dillikdan.
Qochib qayga, ko‘chib qayga borardi ham,
Tushunmaganlari bordir atirgulning.

Vayronalik – dildan taralyotgan ifor,
Bunyod etsa edi isi atirgulning.
Atirgulning qavat-qavat ko‘ylagi bor,
Orasiga berkingisi bordir dilning…

YOMG‘IR

Yomg‘irjon, sen meni yaxshi ko‘rasan,
Yomg‘irjon, men seni yaxshi ko‘raman.
Sen bilan to‘kilib yog‘ishaman va
Momaqaldiroqla dodlashib ko‘raman.

Zamin sensizlikka ko‘najakmi, ayt,
Sendan keyin maysa unajakmi, ayt.
Ko‘zim sohilida kipriklar undi,
Dilga ko‘klam fasli kelajakmi, ayt.

Atrof minglab yulduz bo‘la turib ham,
Quyosh yondirmog‘in bila turib ham,
Kunduzga talpinaverar oymomo,
Dog‘lanib, goh yarim, to‘lib turib ham.

Ko‘rgin ovchi ko‘kka o‘q otganini,
Olovrang hislarim sovqotganini.
Bu joylar sahro-yu anglab yetmadi —
Kimni topib-kimni yo‘qotganini!…

Kel, sharros quyamiz, birga yog‘amiz,
Osmon-u, to‘rt tomon-u ham yerga yog‘amiz.
Tomchi-tomchi emas, toshib, sel bo‘lib,
Shalabbolar bo‘lib she’rga yog‘amiz.

Rassom kamalakni bo‘yoq qilar shart,
Notaga aylanar har tomchi, har dard.
Sen bo‘lib yog‘yotgan mening haqimda,
Olisda simfoniya yozadi Motsart….

Yomg‘irjon, men seni yaxshi ko‘raman.

***

Oh, yurtimning chinorlari qanday azim,
Ildizlari yuksaltgandir tuproq quchib.
Nihollarga quvvat berar, madad berar,
Yashayapman shams-u qamar nurin ichib.

G‘urur osmon, mustahkamdir bel-bog‘larda,
Polvonlarning ori asli belbog‘larda,
Barchinlari qolishmaylik bel bog‘larda,
Umr o‘tsin xalqim deya zafar quchib!

Ortga boqsam yurak bag‘rim ado kelar,
Lek qadamda kimsan degan sado kelar,
Hayqirsam “Men borman!”degan nido kelar
Va tog‘larning haybatlari kelar ko‘chib.

Vatan desam, bolam deysan, oh onajon,
Ko‘nglim bu kun gurkiragan bog‘, onajon,
Yulduz bo‘lib uchsam edim men bearmon,
Bayrog‘ingga qo‘nsam edim baxtdek uchib.

Shaxd bog‘lagum tashlanajak qadamlarga,
Naqd bog‘lagum maqsadlarni alamlarga,
Baxt bog‘lagum, taxt bog‘lagum qalamlarga
She’riyatning saroyiga yo‘llar ochib.
Yashayapman shams-u qamar nurin ichib!
Baxtni quchib…

AKS SADO

Qalbning aytganlari eng go‘zal nutq-da,
Vale nafasiga yetgandir putur.
Bunda ishonchimga qo‘yishgan nuqta,
Eng og‘riqli nuqtam, qon nuqtam shudir.

Do‘stlik… do‘stlar…
Keyin… mana shu joydan,
Boladek hiqillar, dilmi bu, naymi?
Sen yangi jumlani boshlamoqchisan
Ishonaveraymi?

Ilohim chinliging rost bo‘lsin rostim,
Bir zarba yiqitar holdaman rost gap.
Bo‘lsang shunday bo‘lki, bir umr, bir dam
Eztiyoj sezmayin boshqa bir do‘stga.

Aks-sado qaytargum eng go‘zal nutqda,
So‘roqlar o‘roqlab ketmasin, o‘lsin.
Bizning do‘stlikka hech kelmasin nuqta,
Faqat vergullardan iborat bo‘lsin!

TASHRIF

Tushingga kirganimni tushimda ko‘rib tursam…
Nosir Abbos

Tushingizga kirganim tushimda ko‘rib turdim,
Ko‘zimda ko‘zingizning muhabbat dengizimi?
Sochlarim uchi so‘roq bo‘ldilar, o‘rib turdim,
Keldingizmi?

Yuragingiz zarbida qochqin qadamimmidi,
Tergan olmalaringiz yonog‘i ol, jimmidi?
Olmadan ol yuzlarim sababchisi kim edi?
Keldingizmi?

Fasli xazon yomonmas, bog‘larni siylagaydir,
Tangri salomatlikla sog‘larni siylagaydir,
Telbalarni telbalik chog‘larla siylagaydir…
Keldingizmi?

“Sizdan keyin xech kim”deng, oldin bo‘lmagan demang,
O‘zimni olib qochsam tushuning va ranjimang.
Axir mingta savoldan ayta olganim arang —
Keldingizmi?

Chunki yuzim yashnatib, hayodan parda nasib
Ayladi, shu go‘zallik nogoh ko‘tarilmasin,
Tashrifingiz Xudo, men bildim, hijron bilmasin,
Keldingizmi.

Nastarin iforlari yo‘lkangizdamidi yo?
Yaratgan yaratgan qalb o‘lkangizdamidi yo?
Uchirgan kipriklarim yelkangizdamidi yo?…
Keldingizmi?

Anhorning sochi uzun, oymomo yiqilgandir,
Mahzuna bu ko‘zlarga ishq ila tikilgani,
Faqat rostini ayting , faqat baxtli qilgani
Keldingizmi?

Kulgichimdan kulgular to‘kkani sarmast bo‘lib,
Mehringizdan quyoshning harorati past bo‘lib,
Ishqilib bir umrga, hech qachon ketmas bo‘lib,
Keldingizmi?

UMMONDA

Quyosh suzar osmonda,
Ko‘zimga tashlab langar.
Nur nigoxim sohil va
O‘zimga tashlar langar.

Ba’zan oqimla oqdim,
Suzdim xasga ilashib.
To qalamu so‘zim bor,
Yurmam eshkak talashib.

Sal qoldi cho‘kishimga,
Ko‘zyoshimni erkalab.
Kemalar o‘tib ketdi,
Yelkanlarin yelkalab.

Mashaqqatsiz yetganlar,
Kulsa xam miyig‘ida.
Ming shukurkim suzmadim,
Birovning qayig‘ida,

Bundan so‘ng xam suzmayman,
Birovning qayig‘ida!

QO‘RQADURMAN

Bekam-u ko‘st ko‘rsatgan ko‘zgudan qo‘rqadurman,
Noshudlik ila qilgan orzudan qo‘rqadurman.

Yurakni arslonlardan so‘rab boryabman, lekin,
Himoyasiz, beozor ohudan qo‘rqadurman.

Ertaklarda o‘qirman chin oshiqlar qissasin,
Hayotdagi aldamchi tuyg‘udan qo‘rqadurman.

Ajabki, dard-u ham baxt ko‘zyoshda mujassamdir,
Kinoyali, shaytonvash kulgudan qo‘rqadurman.

Beyuz so‘zlar ortimdan, tuzoqlar qo‘ysa-qo‘ysin —
Ammo, buvim yuzida qayg‘udan qo‘rqadurman.

Ag‘yor nima? XAQ desam asragay panohida,
Sharbat deya do‘st tutgan og‘udan qo‘rqadurman.

Kecha oyga she’r aytsam, ishontirib tushlarga —
Ilhomimni haydagan uyqudan qo‘rqadurman!

Qo‘rquvdan qo‘rqadurman…

KUZ SAHNASIDA

Kuzning sahnasida ajib tomosha,
Chiptasi har damning mezoniga teng,
Tuman ko‘tarilar parda misoli,
Fasl musavviri shimaradi yeng.

O‘ynaydi, maoshsiz raqqosa yaproq,
Daydi shamollarning nag‘orasiga,
Navbatchi quyoshning nuri xiraroq,
Qisilib qolgandek tog‘ orasiga.

Maktabga kech qolgan bebosh boladay,
Tomlarda sirpanchiq uchadi yomg‘ir,
Qorlar tug‘ro bo‘lib keladi ko‘kdan,
Odobnoma bitar yumshoq dil — abr.

Boshqaruvni olgan injiq tabiat,
Kutilmagan ishga qo‘lin uzatar,
Ilhom to‘lqiniga g‘arq bo‘lib bunda,
Qalamin quchoqlab bir qalb kuzatar.

G‘AZALNAMO

Ko‘ngilga safar aylamoq ming oh, ming bir oh, og‘ajon,
Safar chog‘i shubxa shaksiz ko‘zyosh xayrihox, og‘ajon,

Ki bu yo‘lning oqligiga ashklar sabab bo‘lsa zarra
Yuvar daryo oqib unda poklik beadog‘, og‘ajon.

Shakli noma’lum ko‘ngilning xaritasi qaroqlarda,
Ko‘rsam ko‘zgular darz ketib qololmadi sog‘, og‘ajon.

Unda har joydin avvalroq, yashnab,o‘sib kundan-kunga
Taraqqiy etib borodur dardbog‘, sabrtog‘, og‘ajon.

Har qadamda mehr chashmasi qondirib ming-minglarni,
O‘ziga bir tomchi qaytmay qurigan buloq, og‘ajon.

Uning o‘z osmoni borki, onam duo qilgan mahal,
Yetti qavat osmon unda parvozga mushtoq og‘ajon.

Yana bir so‘qmoq ko‘rdimki, intihosini bilmasman,
Vale bunda so‘zlar — qanot, qalamim — mayoq, og‘ajon.

Nafas olmay yashab bo‘lmas, havosidir sof soddalik,
Bunda shoxdir samimiylik, o‘zgarsin qandoq, og‘ajon.

Ming pand yesin, g‘olibdir u, diydiyolar etmasin hech,
Baxt-ku axir o‘zdin o‘zga dilni etmas dog‘, og‘ajon.

Ko‘k va yer tutashgan joyni tavoflar aylarga shayman,
Qorlar qorib Xaqqa borsam poklik beadog‘, og‘ajon.

Bu kun Tangrim siylamishdir singillik martabasi-la,
Undan o‘zga ayro etsa bo‘lgaydir gunoh, og‘ajon.

Onam deya, o g‘am deya, og‘am deya ash’or bitgum,
O‘zni asrang, so‘zni asrang, bo‘ling omon-sog‘, og‘ajon.

Mening Yaratganga ishqim fursatni yugurtirmoqda,
Shundan quyosh yonib, kuyib yulduzlar porloq, og‘ajon.

KO‘NGILGA SAFAR QILSAM

Muvashshah

Asrlarning ko‘zgusida ko‘zim manim,
Haybatiga xaykal bo‘lsin so‘zim manim,
Munajjim ul bobom shuhrat shoni qadar.
Ayo ko‘pni ko‘rgan dunyo, o‘rgan dunyo,
Dunyo bobom yulduzlarni o‘rgan dunyo,
Asli shundan yulduz yaqin yonim qadar,
Lahzalarim tinmas turtib Farg‘onajon,
Farg‘onajon, bobom yurti Farg‘onajon,
Asliyatim singib borar qonim qadar.
Ro‘yi zamin yurt tuprog‘i baxtdek quchsam,
G‘urur, agar munosiblik suvin ichsam,
Osmon battar yuksalgaydir jonim kadar!
Nomingizga munosiblik orim manim,
Ikki dunyo so‘z bo‘lgaydir borim manim,
Yo‘lingizdan borgum so‘ngi onim qadar.

TANLOV

Poklikla parvoz etmoq,
Va pok manzilga yetmoq,
Orzulardek oppoq, oq —
Qushni yaxshi ko‘raman

Kimlardur nolib borar,
Xotirda qolib borar,
Bahorga olib borar
Qishni yaxshi ko‘raman.

O‘sha oq qushimdagi,
Bahoru qishimdagi,
Baridan tushimdagi,
Tushni yaxshi ko‘raman.

MAKTUB

Hammasi joyida, joyida…
A Sabriddinov

Qo‘ng‘iroq qilasiz, ayajon,
Yuribman osmonning poyida.
Hammasin aytmayman, aytaman:
— Hammasi joyida, joyida.

Issiqroq kiy deysiz, kiyindim,
Ko‘zimga qaynoqi kuy indi.
Yaxshi yolg‘onimdan kuyundim —
Hammasi joyida, joyida.

Lek yurak yupundir, muzladi
Va kelib xazonlar kuzladi,
Berkitib, yaxshilab tuzladim —
Hammasi joyida, joyida.

Poytaxtning poy , taxti boshqadir,
Avvlgi ahd-shaxdim boshqadir,
Men, quvonch, baxt boshqa –boshqami,
Yoki o‘z joyida, joyida?

Buncha ko‘p ko‘ngli chang odamlar?
Men hamon ko‘ngilchang odamman.
Sizlardek ko‘ngilchan odamman…
Hay mayli,
Muhimi pokiza har qadam,
Yaxshimi buvijonim, dadam?

Sog‘indim sizlarni, ukamni,
So‘raysiz u kammi, bu kammi?
Menga men yetishmayapti jami,
Boshqasi joyida, joyida.

Har lahza Farg‘onajondaman,
Qaylarga to‘kildim onda man.
Gohi shom, gohi tun, tongdaman —
Qolgani joyida, joyida…

***

Ko‘kka chiqsam yomg‘irlarga tirmashgancha,
Sog‘gan kabi sharros quysa, yog‘sa ko‘proq.
Yashilliklar joy talashsa, gullar kulsa,
Soylar kuylab, suratkashlik qilsa chaqmoq.
Soz o‘shami?

Kelar chog‘i, ketar chog‘i obod etsa,
Va taftidan o‘ziga o‘t qo‘ysa shams ham,
Tunda ash’or bitsang dil darchasin ochib —
Olovini tebrantirib yig‘lasa sham…
So‘z o‘shami?

Bir on borkim, kipriklarim dast ko‘tarsam
O‘tin bo‘lib yongay lov-lov yuzimni deb.
Yuragimda poyga o‘ynar yuz ming tulpor,
Men o‘zimni unutyapman o‘zimni deb.
Siz o‘shami?

BAHOR

Qahraton qaxridan yurak bezgandi,
Kiprikda shabnamlar qalbim ezgandi,
Oxir kelishingni ko‘nglim sezgandi,
Sog‘inch-u, sevinch-la dilda borsan-da,
Bahorim, onamday beg‘uborsan-da!

Sho‘x o‘ynab, raqs tushib oqar jilg‘alar,
Orzular baxt tomon ildam yo‘rg‘alar,
Daraxtlar shoxida ko‘rdim sirg‘alar,
Nafosat bobida betakrorsan-da,
Bahorim, onamday beg‘uborsan-da.

Olamga quyoshning sochini tortib,
Keldingmi go‘zallik karvonin ortib,
Navro‘zni elimga ettingmi tortiq,
Zaminim bag‘riga gul tumor san-da,
Bahorim, onamday beg‘uborsan-da.

Ko‘klarda turnalar bayotlar aytdi,
Keldingu ayvonga qaldirg‘och qaytdi,
Bog‘larni sayr etay, shu hamal payti,
Yuragimni chertgan nafis torsan-da,
Bahorim, onamday beg‘uborsan-da…

MUXAMMAD YUSUFGA….

Kiyik so‘qmoq uzra boryapman….
Rangin xavo navo o‘ragan
Kiyikchalar qo‘limdan ushlab —
Sizni so‘ragani so‘ragan…

Ko‘k so‘rayman ko‘klamdan chimdim,
Yalpizlarga ko‘yolmayman bosh.
Xech kim sizday ovutolmadi —
Jayronlarning ko‘zlarida yosh…

Yurak o‘zi ozg‘indan ozg‘in,
Ochko‘z armon yana tishladi.
Egasini qo‘msagan nochor,
Bir tulporga ko‘zim tushadi….

Ko‘nglim bo‘shda …. nima ham derdim
Deyman ko‘ngil to‘qlamoq uchun:
— Jannatlarga safarga ketgan
Onalarni yo‘qlamoq uchun!

Bu rost! Ammo ruhim to‘kilar
Qizg‘aldoqlar to‘kilgan sari
Va o‘zimni tutaman zo‘rg‘a
Kelar to‘yib yig‘lagilarim.

Ne uchundir kapalak raqsi
Yuragimga o‘tlar qaladi.
O‘zim, so‘zim va she’rlarimni –
She’rlaringiz tarbiyaladi.

Garchi hali g‘o‘r yoshman, biroq
Baxtdir – qalam do‘stim deganim
Mening uchun osmoning boshi –
Qizingizga adash ekanim!….

Kiyik so‘qmoq uzra boryapman….

TARADDUD

Oq do‘ppili, hamisha mag‘rur?
Ko‘rgin, tog‘lar qandayin o‘ktam.
Quchog‘ida lolaga qo‘shib
Ko‘kni olib kelmoqda ko‘klam.

Huv irmoqlar – quvnoq, beg‘ubor,
Umrim bo‘yi qonib yashasam.
Quyoshga tik boqolmam, qani
Uning kabi yonib yashasam.

Qizg‘aldoqlar ochilar hali,
Ushlamoqqa qiymaydi ko‘zim.
Varraklarning parvozi baland,
Varraklarga aylansam o‘zim.

Doshqozonda qaynar sumalak,
Unda yashar tilaklarim-ey,
Kamalakning ranglarin ko‘rib,
Jilvalanar yuraklarim-ey.

Dalalarda kuylar ketmonlar,
Jarangiga boylanyapman.
Bunda zamin, daraxtlar qolib,
Gullamoqqa shaylanayapman!!

Gullamoqqa shaylanayapman!!!

MUVOZANAT

Fursatning oyog‘in sindirgim kelib,
Ortingga qayt deya ortidan chopdim.
O‘n yetti yoshimni kelmog‘i yaqin,
Nimadir yo‘qotsam, nimadir topdim.

Do‘stdan yolchimadim, bezdim o‘ksinib,
Yiqilsam qo‘limmas, yuragim sinib.
O‘zimni axtarib, o‘zimdan tonib,
Nimadir yo‘qotsam, nimadir topdim.

Aybim shu – ko‘nglimni bepoyon qildim,
Dunyoni, dunyoni torligi uchun.
Borliqni boshqacha ko‘rarman balki,
Ko‘zlarimda oynak borligi uchun.

Aytsam aytarim ko‘p, qaytarim yo‘qdir,
O‘rin almashadi qahraton – bahor.
Agarda hech nimam boy berilmasa,
Hech nima topmasdim ehtimol…

Ko‘p narsa yo‘qotib, ko‘p narsa topdim!

BOLALIK

Xotirimda jamlangan bari,
Eslab-eslab og‘rinaverdim.
O‘sdim – yillar cho‘kkani sari,
Faqat, seni sog‘inaverdim.

Gulzorlarda quvnab, yayrardim,
Tanimasdim xali aqlimni.
Kapalaklar tutqich bermayin,
Chiqarishar edi jahlimni!

Qo‘g‘irchog‘im bo‘lardi bir payt,
Ko‘ylakchali, taroqli edi.
Ertaklarni tinglab uxlamoq,
Qanday shirin, maroqli edi…

Xotirimda jamlanib bari,
O‘ylab-o‘ylab og‘rinaverdim.
Cho‘kdim, yillar o‘tgani sari,
Chunki, seni sog‘inaverdim.

Yoqtirardim berkinmachoqni,
Shu o‘yinga bog‘lanib qoldim.
Bila olmay yuribmiz hamon,
Yo sen, yo men berkinib oldim?

Istasamda topolmayapman,
Qaylardandir izladim seni.
Qayerdaman bilmayman, ammo
Topgin meni, topaqol meni.

Bilmas edim chinakam hayot,
Ertaklarga o‘xshamasligin.

Bolaligim …

KITOB

Do‘stim, nurga tirmashgan dunyo,
Yuragimda ko‘z ochgan, bilsang.
Va undagi men bilmas qasr –
Qulflarini so‘z ochgan, bilsang.

O‘z-o‘zimni tanitdi kitob,
Kimligimni anglamagan payt.
Dil so‘zimni tanitdi kitob,
Yetakladi she’rlarim va bayt.

Ustozim u, tarbiyachim u,
Sabog‘idan yig‘lab, kulganman.
Bilmam, u siz kim bo‘lar edim?
Uning sabab odam bo‘lganman.

BILGANLARIM

Ustoz,
Shogirdingiz o‘zgargan ancha.
Yuragini senlamay qo‘ygan.
Qayg‘u, o‘kinch yana bir qancha,
Tuyg‘ularni tenglamay qo‘ygan.

Bildimki, men bilganday emas.
Boshqacharoq porlarkan quyosh.
Qalbing nurga oshino bo‘lsa,
Huzuriga chorlarkan quyosh.

Sut-ku mayli qatiqdan kuygan,
Muzqaymoqni puflab yer ekan.
Muqovaga bog‘liqmas kitob,
Lolada ham bo‘larkan tikan.

Ming shukurki fursati yetib,
Yuqoriga oqarkan ariq.
Meni juda quvontirgani,
Osmonda ham suzarkan baliq.

Ko‘rdim terak shoxida olma,
Shaftolida pishmoqda gilos.
Meni faqat bo‘yimdan avval,
Qarashlarim ulg‘aydi xolos.

Dunyo sodda, dunyo siriston,
Mushkul jumboq tugunlar kabi.
Bular haqda so‘zlamasdingiz,
Tushunyapman endi sababin.

Bilganimdan bilmaganim ko‘p,
Balki aybdir balki ayb emas.
Faqat barin anglagunimcha,
Qarashlarim qarimasa bas…

YO‘LLAR

Qadam bosib kelar men tomon,
Uzoqlari tor ko‘rinsa ham.
Men-chi, yurib charchamam hamon,
Sinoatlar yor ko‘rinsa ham.
O, yo‘llar!

Anglayapman anglaganimcha,
O‘ylar shuncha olis bo‘larmu?
Buvim, otam yuziga o‘tmish,
Tortiq etgan hotiralar u.
O, yo‘llar!

Men-ku aniq bilaman marram,
Oh onajon! Ko‘zlamam oyni.
Lek qo‘sh-qo‘llab topshirib qo‘ymas,
Osmon va yer tutashgan joyni.
— bu yo‘llar!

Ortimda ham oldda ham uzoq,
Mashaqqatlar bisyordir bilgum.
Halol mag‘rur yengib o‘tgum lek,
Chorrahalar chiqsa ne qilgum?
O, yo‘llar…

DASTURXON

Borsam unutaman barini,
Quvonasiz, dasturxon yozib.
Va qoqasiz ushoqlarini,
Chumchuqlarga bo‘lsin deb oziq.

Bosiqligim erkalik qilgay,
Bormi sizday mexribon buvi?
Mehringizday, yuragingizday,
Mening dilim dasturxon, buvi.

Ota onam ko‘ngli to‘q mendan,
Ammo gohi o‘ylar qiynaydi.
Shukur Tangri siylovi chindan,
Meni adabiyot siylaydi.

Bundan ortiq baxt bormi axir,
Nabirangiz sodda qiz uchun?
Tortiq bo‘lsin muhabbat mehr,
Muqaddas yurt hamda siz uchun.

Orzularning dasturxoni – ko‘k,
Ba’zan quyosh botib oladi.
Dardlashganda unga oy ila,
Yulduzlari yotib oladi.

Ilxom berar ne’matlari mo‘l,
Unga qog‘oz qalam dasturxon.
Maqsadlarga ochar ekan yo‘l,
Ba’zan halol alam dasturxon.

Tushim tinglab ko‘p suvlar oqqan
Falsafaga ko‘mib onini
Do‘stlar esa shamolga qoqqan
Ishonchimning dasturxoni….

Borsam unutaman barini
Quvonasiz dasturxon yozib.

***

Aytilmagan gaplar bugun ochilmagan g‘uncha bo‘ldi,
Shabnamlardek to‘kilolmay, dardlar ancha-muncha bo‘ldi.

Kapalakning saboqlari kunlarimga rang ulashib,
Hamda uning shu-u-ncha umri bir jonu bir tancha bo‘ldi.

Ammo bu kun uxlab yotar, jonim ichra xayqiriqlar,
Sukutimga o‘ralashib, so‘zlarim bo‘lgancha bo‘ldi.

Bulutlari tarqamagan quyosh qachon ko‘ringandur?
Axir she’r yozmaganimga, ayt ko‘ngiljon, qancha bo‘ldi?

ARCHA

Archa, archajon archa
Qor yog‘di, parcha-parcha.
Bolalarcha quvonchni,
Sog‘indim bolalarcha.

Sening makoning tog‘u,
Mening osmon bo‘ldi.
Ammo hammaga yaxshi
Bo‘lganim yomon bo‘ldi.

Yulduzing sababmidi,
Yasalgansan, yashnaysan.
Men to‘rt fasl seningdek
Bo‘lolmam haligacha .

Archa archajon archa,
Kipriklarim ninacha.
Yig‘latar, sabab turfa —
Aytsam bo‘ladi ancha,

Archa, archa, jon archa,
Nega dil parcha-parcha.
Yulduzingni berib tur
Quyoshni taqqinumcha!

QORQIZNING TILAGI

G‘ururqizman, orqizman,
Eski dardi bor qizman.
Besh yilki yangi yilda
Qorbobosiz qorqizman.

Besh yilki tilagim shu,
Yolg‘on-u g‘avg‘o qilar.
Yangi yil menga qachon
Bobomni sovg‘a qilar?

Ularsizlik osonmi?
Yolg‘onku bayram zavqi.
Qaniydi bolalikka,
Bir zumda qolsam qaytib.

Suratim siyratimdir,
Oqliklar ovoz aylar.
Nigohim kiyiklardir
Ko‘k o‘zra parvoz aylar.

Qorqizman-u zorqizman,
Armonga yetmas kuchim.
Nechta yangi yil kerak
Sovg‘a olishim uchun?

O‘ZIMNI ALDASH

Xotira — ko‘chmas mulk, g‘alat tilsimdir,
Sim-simdir,tizimdir qaroqda qalqib.
“O‘zgaribsiz…”- dedi nogahon kimdir,
Ehtimol… balki…

O‘zgardim o‘zgardi o‘zgarmasligim,
Taajublaringizdan taajubman bugun.
Nega, quvonchlarga loyiqmasmidim?
Yoki yaraldimmi ko‘zyoshlar uchun?

Mahzunlik yoshligim chunon kemirar,
Baxtiyorlik aro so‘radim haqqim.
Yuzimga, so‘zimga kiydim-u lekin,
Yurakka ming yonib kiygizolmadim
Bu niqobni…

OG‘RIQ

Chiroq o‘chgan.
Yorug‘ kitoblar.
Shamchiroqda dars qilaman jim.
Ilhom kelmas… yozilmaydi she’r,
Hech nimani kelmas o‘ylagim.

Yuz bor chorlab, chog‘landim chog‘i,
Bilmadim bu nening belgisi.
Balki o‘chgan dilim chirog‘i,
Balkim shundan kelmas kelgisi.

Yog‘averar yomg‘irlar yoz deb,
Xazonlar o‘t qo‘yar o‘ziga.
Qancha bo‘ldi qulluq qilmadim,
Qarolmayman tongning yuziga.

She’r bo‘lmagan shamol yaralar,
Derazamga uraverib bosh.
Qog‘ozlarim betob yotibdi –
Bir biriga o‘ranib bo‘m-bo‘sh …

Bas chidolmam qalam dodiga,
Nechun quyosh nurin qizg‘onar?
Amallaymiz dil chirog‘imni,
Egam yoqib qo‘ygunga qadar!

Sham qidirib yo‘ldaman yo‘lda …

***

Ancha vaqt turib qolding
Derazamning oldida.
Men ancha qolgum qog‘oz,
Va qalamning oldida.

Derazamku mayliya,
Yoqqan edi chamasi.
Ammo buvim sochiga
Qo‘nganlaring nimasi?
Oq kabutar…

***

Faqat menga bo‘ladi olam,
Uxlamaydi onam, xonam ham —
Tunda she’r yozishni boshlasam.

Tin bilmasdi rahmatli bobom,
Ikki dunyo rahmatli bobom,
Qaniydi ularga o‘xshasam.

Vatan deb, yurt deya yonganning
Navoiy yoniga borganning,
Joniga jonimni to‘shasam.

Xotirlarim jammas, qo‘ymayman,
Garchi tashvish kammas, qo‘ymay man
Ne bo‘larkin jinday bo‘shasam?

Kapalakning bag‘ri bo‘ldi qon,
Qanotida o‘ynaydi vijdon,
Bir kungina shoshmay yashasam.

U bobomning ruhi ehtimol …

TONG

Tuni bilan kuylaydi yomg‘ir,
Iforini uchirar tuproq.
Ko‘z ochganda nozik g‘unchalar,
Shabnamlarga cho‘milar yaproq.

Uyg‘onmagan hali qadamlar,
Xur nigohlar etmagan parvoz.
Hali qushlar uyg‘onmagan payt,
Bunda buvim o‘qiydi namoz…

Yurtga tinchlik so‘ralgan duo —
Hovuchlarda otayotir tong!

OGOHLANTIRISH

Anduhni osishga urindim,
O‘zimni bosishga urindim.
Hammaga qayg‘urib yurib ham,
Kimga ko‘p, kimga kam ko‘rindim.

Nishonga olishdi qadrimni,
Oldinga chopishga urindim.
Mendan ko‘p xatolar izlashsa ,
Bir hikmat topishga urindim…

Toshmoqda sabrimning daryosi.
G‘ururiy bir hukm o‘qildi.
Dunyoning yuzini ko‘rmasdan.
Ko‘zyoshlar ko‘nglimga to‘kildi!

Endi xotiramga to‘layman maosh,
Meni quyosh chorlar, o‘zga nur ro‘yo,
Taqdim etayogan har daqiqangni,
Unutmasligimni unutma dunyo…!

***

Xuvvillar ko‘nglimning bog‘lari,
Men uni ne ko‘yga solyapman.
Yoshlikning eng go‘zal chog‘lari,
O‘zimga o‘xshamay qolyapman.

Qo‘l urgim kelmayin bir ishga,
Boshimni ko‘p qo‘ydim tashvishga.
Ona, siz haqlisiz ranjishga,
O‘zimga o‘xshamay qolyapman.

Chang bosgan qog‘oz-u qalamlar,
G‘alayon ko‘tarar alamdan.
Hech nima kelmayin qo‘limdan,
O‘zimga o‘xshamay qolyapman.

Omadni kulgisi kelmaydi,
Ilhomim kelgisi kelmaydi.
Xonamdan she’r isi kelmaydi,
O‘zimga o‘xshamay qolyapman.

Ey yurak, uyg‘ongin bo‘lma dog‘,
Olov bo‘l, otash bo‘l, bo‘lgin cho‘g‘.
O‘zgarmoq istama haqqing yo‘q,
O‘zinga o‘xshamay qolyapsan!

ODAMLAR O‘ZGARAR

Boshqacharoq emish, hozirgi yoshlar
Yer shari aylangan emish, teskari
“Madaniyat, farosat, axloq, andisha
Yo‘qolib ketyapti borgani sari.

Yigitlar, qizlarga odob begona”,
Kattalar nazdida shundayin fikr.
Qaysidir ma’noda to‘g‘ridir biroq,
Besh barmoq barobar emasku axir.

Hamma bir-biriga o‘rnak bo‘lsin-da,
Ko‘ngil so‘zlarimni tanqidga yo‘ymang.
Ko‘pincha salomim aliksiz qolsa –
Besh barmoq barobar emasku deyman!

Mayli, gap aylanib egasin topar,
Lek ta’sir etmasa bari bir tiyin.
Haqiqiy “qahramon” bir yoqda qolib,
Aybsiz aybdor zamonga qiyin!

***

Qishni yomon ko‘rmayman sira,
Yoqtiraman demayman, biroq
Qiynoqlarga ko‘mib negadir,
Meni sevar hammadan ko‘proq.

Yo‘liqtirsa bo‘ronlarga
Nafasimga olaman qamab.
Zulmatlardan kemtik dilimni,
Xira quyosh qo‘yadi yamab.

Oyog‘imni silab yiqitar,
Men yaltiroq degan ul muzlar.
Meni qishga ishonib ketgan,
Barisiga aybdor kuzlar.

Ammo men ham bo‘sh kelmayman hech,
Nigoh solsam sinadi chaqmoq.
Boshimdan tosh yog‘dirmoq istab,
To‘kolmaydi momaqaldiroq.

Barisidan charchab ketaman,
Men bahorni sevaman ahir.
Qish men ketar yo‘llarni to‘sib,
Qorlar bilan siylar birma bir.

Mayli, bo‘lsin sinov – mashaqqat,
Qiynoqlarda o‘rtansin yurak.
Bahorlarni qadrlash uchun,
Qahratonlar bo‘lmog‘i kerak.

TAQQOSLASH

Navo — ko‘ngil uchundir havo,
Nafis qudrat sozlarning bari.
Menga aziz pianinoning
Oq va qora klavishlari.

Hech zamonda bo‘lolmas ayro,
Bir-birini to‘ldirar ular.
Chunki shundan go‘zallik paydo,
Ohanglarga ranglar quyilar.

Pianino — sevimli cholg‘um,
Undan kuchu hikmat olaman.
Kunlarimning kuyi rang-barang,
Chunki har kun har xil chalaman.

Anglaganim: hamma ijrochi,
Tunday, kunday, menday chaladi.
Pianino – berilgan taqdir —
Uni har kim qanday chaladi?

Dunyo esa tomoshabindir,
Faqat qarsak chaladi…

AYRILIQ ONI
Ustoz Erkin Voxidov xotirasiga

Hayqiraman, dovon ortidan
Faryodnafas sado keladi.
Farg‘onajon tarafdan “bolam,
O‘g‘li-im..”degan nido keladi.

Ko‘z oldimga kelur so‘ng bahor,
Tarovatdan ayro, telbavor,
Adabiyot atalmish chinor
Ildizidan judo keladi.

G‘ariblangan ul lahza singay,
Ayro tushding tilla zaringdan.
Ko‘zyoshlaring to‘lib oqsin-ay
Oltiariq, ariqlaringda…

Tilovatga aylangay she’rlar,
Mehring duolarda et talqin.
Erkin o‘g‘lingni qo‘msab, xalqim
Savollaring gado keladi.

Ruhlarin shod aylasin egam,
Jannatlarga joylasin egam…
Buyuk shoir ketdi olamdan,
Endi siyoh ko‘rmas qalamdan
Faqatgina vido keladi….

ZULFIYAXONIMGA

Siz deb yozsam, sog‘inchlarim
Bo‘zlab kelmoqdadir, momo
Va gullarni yopingancha
So‘zlar kelmoqdadir, momo.

Bahorlarning xush ifori
Ilhomimga qanot bo‘lgach,
Ibo, sadoqat deb aziz
Hislar kelmoqdadir, momo.

Ne savolkim, og‘rinar dil,
Siz ketgan yil — men kelgan yil.
Ko‘rishmoqqa kechikding deb
Kuzlar kelmoqdadir, momo

Ming shukrkim, chorlovingiz
Ruhlantirgay, madad bergay.
Qalam tutsam, “Yozgin qizim! —
«Yoz!”lar kelmoqdadir, momo.

Chin ayollik timsoli – siz,
Izingizdadir baxtimiz.
Qo‘llab turing, ortingizdan
Qizlar kelmoqdadir, momo!

* * *

Quyosh ufqqa botmog‘i bor —
Kundan keyin
Va qayta tong otmog‘i rost —
Tundan keyin.

Yo talofot ko‘riladi,
Yo bo‘lmasa
Muzaffarlik nasib etar
Jangdan keyin.

Hayolimni tinch qo‘ymaydi
Bezori o‘y,
Va bezovta etaverar
Bundan keyin:

Arzigulik nima qolar
MЕNdan keyin?

O, She’riyat…!

045

(Tashriflar: umumiy 1 738, bugungi 1)

Izoh qoldiring