Самарқанддан келган хабар: беғубор инсон, Мавлоно Хумий тахаллуси билан битган қувноқ ғазаллари юзларга табассум, кўзларга шуур улашган истеъдодли шоир Жамол Сирожиддиннинг вафот этгани юрагимни сирқиратиб юборди. Яқиндагина, ёз ўртасида 60 ёшга тўлган куни нишонланган эди. Самарқандда яшаб ижод қилаётган шоирларнинг энг пешқадами эди. Ўз авлодининг ўзбек шеъриятига қўшган ҳиссасида унинг улуши салмоқли эди. Жамолдан «Бинафша бўй сочлигим”,»Танбур”, «Сиёб оқшомлари”, «Менинг касбим чўпонлик”, «Заҳҳок салтанатинда” каби бир қатор шеърий китоблар, «Асрлар қаҳқаҳаси”, «Меҳр-мурувват чашмаси”, «Ал-иксир – Жон малҳами”, «Асалари ибрати” каби драматик асарлар қолди.
Мен Жамолни Тошкентга ўқишга келганидан бери танирдим. 1981 йили Тошкент Университетининг журналистика факультетини битиргач, республика радиосида ишлади. Кейин Самарқандга қайтди. Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимида адабий маслаҳатчи, «Сўғдиёна” нашриёти директори, «Зиёкор” журнали ва «Самарқанд” газетаси муҳаррири вазифаларида ишлади. Бутун мамлакатга танилган «Халқ ҳаваскорлик жамоаси” унвонини олган Самарқанд вилоят Тайлоқ тумани Марказий маданият уйи қошидаги «Сиржиддиновлар оилавий ансамбли”нинг раҳбари сифатида болалари, укалари ва уларнинг фарзандлари билан фаолият кўрсатди. Беш фарзанднинг отаси ва кўплаб набиранинг бобоси эди.
Ишончим комилки, Жамол Сирожиддиннинг хотираси нафақат фарзандлари ва набиралари-ю чеваралари юрагида, шеъриятни ардоқлаган ўзбек халқи қалбида узоқ йиллар сақланиб қолади.
Аллоҳим мўмин бандасини, азиз укамни раҳматига олсин! Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун.
Хуршид ДАВРОН
АЛВИДО, ЯХШИ ОДАМ!
У шунақа одам эди: тилидан ҳам, қўлидан ҳам биров ёмонлик кўрмади. Чунки унинг тийнатида ёмонликнинг ўзи йўқ эди. “Мусулмон киши тили билан ҳам, қўли билан ҳам бировга ёмонлик қилмайди” (Ҳадис).
У шунақа одам эди: юрган йўлида тинимсиз садақа улашарди. “Биродарингнинг юзига табассум билан боқишинг ҳам ибодатдир” (Ҳадис). Унинг инсон зотига хумрайиб боққанини ҳеч ким кўрмаган.
У шунақа одам эди: жуда катта сабр эгаси! “Бир куни қиёмат бўлиши аниқ, унда уй қуриб нима қиламан”, дерди у кулиб.
Ана шу одам бугун оламдан ўтди. Шоир Жамол Сирожиддин! Алвидо, устоз! Бу улуғ ойлар шарофатидан меҳрибон Аллоҳ таоло сизни жаннатлари билан сийласин!
Алишер НАЗАР
АЛВИДО,БИРОДАРИМ!
Истеъдодли шоир, ажойиб биродарим Жамол Сирожиддинов — Хумий вафот этди.
Самарқандда чиқадиган “Зиёкор” журнали бош муҳаррирлигидан ариза бериб кетганимда, журнал мутасаддилари “ўрнингизга бирор яхши мутахассисни таклиф қилинг”, дейишди. Яхши мутахассис Жамол Сирожиддинов, дедим. Жамол журналга бош муҳаррирликка қабул қилинди. Орадан уч ойлар ўтганида, ўша мутасаддилардан бири қўнғироқ қилиб, “Ака, Жамол Сирожиддинов жуда зўр одам экан-у, шоир экан-да. Икки ҳафтадан буён тополмаймиз. Кеча қўл телефонига бир амаллаб, қўнғироқ қилиб, қаердасиз? десам, “Фарғонада шеърхонлик қилиб юрибман”, дейди. Журнални бутунлай эсидан чиқарибди…”, деди. Ҳа, шеър деса, Жамол ҳамма нарсани эсидан чиқарарди.
Сентябрнинг сўнгги кунларида ишхонам эшиги олдида Жамолни учратиб, хонамга таклиф қилдим. Бир соатлар суҳбатлашдик. Гап туғилиб ўсган қишлоғим — Пазда (халқ Фазли дейди) ҳақида борди. “Қишлоғингиз тўғрисида қизиқ маълумотлар ўқидим. Ажойиб тарихи бор экан”, деди у. Яқинда бормоқчиман, истасангиз, олиб кетай, дея манзират қилдим. “Худо хоҳласа, бир бораман”, деди, азалий жилмайиши билан.
10 октябрь куни – Паздадан қўнғироқ қилиб, янгамнинг миясига қон қуйилгани ҳақида хабар бердилар. Шошиб, йўлга чиқдим. Кешдарё (Қашқадарё)дан ўтганимда, ёмғир ёғди. Шаҳарга кираверишдаги биринчи светофорга бориб тўхтадим. Яшил чироқ ёнди. Олдинги машина юрди, ортидан жўнаб, энди тезликни оширгандим, у тўсатдан тўхтади. Тормозни босдим, машинам сирғаниб бориб, олдинги машинани туртди. Автоуловлар шикастланди. Айбни бўйнимга олдим ва автомобиль назорати ходимини чақириш керак эмас, машинангизни таъмирлатиб бераман, дея, олдиндаги машина ҳайдовчисига ёлвордим. “Мени алдаб, қочиб кетасиз”, деб, автомобиль назорати ходимини таклиф қилди. ДАН ходими шикастланган машина соҳибини инсофга чақирди: “ҳозир далолатнома тузиб, иккала машинани ҳам қамаб қўяман, яхшиси, бу кишининг (каминанинг) таклифига кўнинг”, деганидан сўнг, устахонага бордик ва машинани таъмирлатиб бердим. Кеч кирганда, толиқиб, ҳовлига кириб бордим. Ҳовлимизнинг тўридаги (бир девор наридаги) ҳовлига келин туширишаётган экан. Дангур-дунгур бошланди. Қўшни тўйга таклиф қилди. Жуда толиққанимни айтиб, узр сўрадим. Меҳмонхонамизда тўйхонадаги ҳамма гап-сўзларни эшитиб ўтирдим. Укамни тўйхонадан чақириб келишди. “Ака, ажойиб шоирлар келишган, тўйга ўтсангиз бўларди-да”, деди. Чиндан ҳам ажабтавр бамаъни ва мен кутмаган гаплар, шеърхонликлар бўлди. Тўйга ўтмаганимдан афсусландим…
11 октябрь куни шогирдларимдан бири қўнғироқ қилиб, “Жамол Сирожиддинов вафот этди”, деди. Юрагим увишиб қолди…Кечга яқин Самарқандга келдим.
12 октябрда Жамолникига таъзия билдиргани бордим. Чоршаъм Рўзи, Яҳё Тоға ва бошқа бир қанча шоирларни учратдим. Чоршаъм “10 октябрда Қашқадарёнинг Фазли (Паздани халқ шундай атайди) қишлоғида жиянимнинг тўйида Жамол роса шеър айтиб, ўйинга тушди. Тонготарда уйқидан туриб, ювинди-да, қишлоғимда ишларим кўп, йўлга чиқаман”, деди. Уй эгаси, бир оз дам олинг, нонушта қилиб кетасиз, дея, изига қайтарди. Жамол уйга кириб, ётди ва ўрнидан бошқа турмади”, деди.
Жамол сўнгги суҳбатимиз чоғида: “Худо хоҳласа, (қишлоғингизга) бир бораман”, деб, деҳамга қадам қўйибди, ҳовлим девори ортида шеър айтибди-ю, банда бехабар қолибман. Меҳмонхонамда ўтириб, шеърларини эшитибман-у, уни Жамол айтаётганини англамабман. Қишлоғимизда қанақа ажойиб шоирлар бор-а, деб укаларимга мақтанибман. ..
Ўша куни ёмғир ёғмаса нетарди? Ўша куни машинам бошқасини туртмаса, осмон узиб тушармиди?
Алвидо, биродарим!
Миршариф ХЎЖАЕВ
МАНГУЛИК ЙЎЛИ
Шоир Жамол Сирожиддин хотирасига
Бугун далалари таёқ суянган,
Бугун боғларини қучар аччиқ сас.
Ариқлар, шамоллар, қалдирғочлар ҳам
Бир шоир умрини узайтиролмас.
Қоғозларин тахлаб, қаламин йўниб,
Хумларнинг ичидан овоза солди.
Оёқлари қонаб, юраги куйиб,
Йўлдаги карвонга қўшилиб олди.
Карвон мангуликка йўлини солган,
Битта-битта танлаб олади тақдир.
Жиловни тутганча Усмон Носир ва
Олдинда боради Абдулла Қодир.
Яна ким тупроққа бағрини берган,
Заминга экилгач ундирган шонлар.
Адолат яловин силкитаётган,
Рауф Парфими. ё Шавкат Раҳмонлар?!..
Норлари қўнғироқ чалиб боради,
Ҳушёрликка чорлаб, сабоқлар тутар.
Оппоқ орзуларин учирма қилиб,
Яна битта шоир кетмоқда дўстлар.
Бугун далалари таёқ суянган,
Бугун боғларини қучар аччиқ сас.
Бугун бу дунёнинг ҳеч бир амали,
Мангулик йўлини тўсиб чиқолмас!..
Жумагул СУВОНОВА
11. 10. 2015 й.
Жамол Сирожиддин
ШЕЪРЛАР
БОРА БИЛМАСМАН
«Иложим йўқ ёра бора билмасман».
«Шохсанам ва Ғариб» достонидан.
Лолдир бунда забоним, дардим ёра билмасман,
Теграмда ҳамнишин кўп, ғаним, ёра билмасман,
Кўп эзилдинг, аё руҳ, борму чора билмасман,
Талпинмагил ул ёра, ёра бора билмасман.
Сен ҳам соғинмагил ёр, соғинчларинг азобим,
Балки сенга аёндир бунда қочгани тобим?
Бедорлигимда такбир излатаберма, хобим,
Қирқ тошча йўл масофа ора бора билмасман.
Гоҳи «куйдирди офтоб», гоҳида эзди ёмғир,
Васлингга ташна лабман, чўллабман безди ёмғир,
Ёхуд дилим азобин ўзича сезди ёмғир,
Милдир-милдир осилди дора бора билмасман.
Сен бор бўл-эй суюклим, соғинчларинг бор бўлсин,
Бу тоғ тан абгор бўлсин, руҳим анда сор бўлсин,
Кошки қаро сочларинг бу бўйнима дор бўлсин,
Жон берарға ҳузурбахш дора бора билмасман.
Сўрамадимку, дунё, сендан ганжу аъмолинг,
Майлига хор этавер, бериб фазлу камолинг.
Фақат ёржон, ёрижон, ета билмас Жамолинг,
Ҳайҳотки, менга мендек зора бора билмасман.
ХАЙРИЯТ… ХАЙРИЯТ…
Қувончдан кўзларинг порлади бехос.
Сезяпман, юрагинг зарби чирманда.
Кафтингда ёндирар мени эҳтирос,
Мен бугун — китобман, сен-чи — хонанда .
Энди яширмайсан туйғуларингни,
Ҳуркак нигоҳларинг суйканар менга.
Келдим, бузай дея уйқуларингни
Мен бугун — китобман, сен-чи — хонанда.
Энди уялмассан бегона кўздан,
Жовдираб боқмайсан ҳар тўрт томонга.
Бугун юксакроқмиз турфа гап-сўздан,
Мен бугун — китобман, сен-чи — хонанда.
Кетгандинг, чорламай тўйингга мени,
Аяганмидинг ё жоним ўшанда?
Мана, бошлаб келдинг уйингга мени,
Мен бугун — китобман, сен-чи — хонанда.
Истасанг бағрингга босмоғинг мумкин.
Не-не азоб чекдим сенга етгунча…
О, била олсайдинг бу йўл азобин…
Мен бугун — китобман, сен-чи — хонанда.
Мен ҳаёт!
Бормисан, қадди шамшодим?
Кафтннгда бандингман шу ҳур ватанда,
Сенга боғлиқ энди қолган ҳаётим,
Мен бугун — китобман, сен-чи — хонанда.
ИЖОД
Кул, лабларим мулойим,
Юрак, йиғла шашқатор.
Бу оламда зўр ғаннм
Бўлган азиз дўстим бор.
Аста-аста бўғар у
Пўлатдан ҳар панжаси.
Ҳам ҳаётбахш лаҳзалар
Бахш этар исканжаси.
У шундайин ғанимки,
Ўзга ғанимлар бекор.
У шундай дўст, дунёда
Йўқ ундайин вафодор.
Бир кун унинг панжаси
Баҳоримни сўлдирар.
Сўнгги йўқ исканжаси
Мени шаксиз ўлдирар.
Ва бошимда қон йиғлаб,
Тутар юлиб юз мотам.
Бундай аза тутмагаи
Суҳроб ўлганда Рустам.
Ким билади, балки у
Қуримай кўзда нами,
Бевафодай бўлғайму
Номаҳрамнинг маҳрами.
Неки бўлса у — ғаним!
Нега ахир, қадрдон!
Неки бўлса, энг лазиз
Якун топдим сўнгги он.
Ҳозир эса кул лабим,
Юрак йиғла шашқатор.
Бу оламда зўр ғаним
Бўлган азиз дўстим бор.
КОШКИ…
Кошки кўрмасайдим
Мен сени зинҳор,
Кошки севмасайдим
Мен сени дилдор,
Кошки кўр бўлсайдим,
Кошки ўлсайдим,
Кошки қабрим узра
Ёғсайди шу қор.
Ҳеч нарсани сезмай,
Ҳеч нарса кўрмай,
Эҳ, чириб ётсайдим
Бўлиб еми мор ,
Бунча ўртанмасдим,
Бунча ёнмасдим,
Бунчалар қийналиб,
Битмасдим ашъор.
Оҳ, ёниқ бўсалар,
Оҳ, хумор кўзлар!..
Кўз ёшдай мусаффо
Кўринган, эй ёр!
Бу тун боз кимгадир
Бахшида улар!
Кўксим юрагимга,
Олам менга тор!
Кўзёшдай мусаффо,
Кўзёшдайин шўр,
Кўзларда ёшимсан,
Қуйилдинг бисёр.
Қувон,
қаҳ-қаҳа от!
Ғолибсан сайёд,
Мўлжалинг бехато,
Ўқларинг хунхор!
Оҳу боласидай
Тетапоя ишқ
Оёғинг остида
Мажруҳ, ётар хор,
Истасанг қиймала,
Истасанг топта,
Сендан қутилолмас
Севгим ярадор!
«Қийналишчун сев!» деб
Манглайимга ё
Ёзиб қўйганмиди
Азалдан Қаҳҳор?!
Кошки кўрмасайдим…
Кошки севмасайдим…
Жамол, гар ўлсайдим,
Эдим — бахтиёр!
ЎРИМ СОЧИНГ
Унинг битта ўриб орқасига ташлаган сочи танбурга ўхшарди.
Ўрим сочинг — латиф танбур
Мани созанда қилсанг-чи,
Бошинг кўксимға жо айлаб,
Чалай оҳимни, билсанг-чи.
Мўйинг пардаларин бир-бир
Босиб тунлар наво қилсам,
Мани дардимга зор йиғлаб,
Мани шодимға кулсанг-чи.
Кесилди, бандидин синди
Жами дутор ила танбур,
Бугун ман танҳо машшоқам,
Санам ёдгора қолсанг-чи.
Қўлимдин қўймайин бир дам,
Садафкор айлайин буткул.
Номингдай мўътабар, оппоқ
Жилоларға чўмилсанг-чи.
Неча йиллар суриб даврон,
Жамолингдин жудо бўлсанг,
Бўлиб садпоралар, танбур,
Совуқ юзға сочилсанг-чи.
ЧАНДИҚЛАР
(Туркумдан)
1
Бир уммонда
беш наҳанг
бир-бирила
қилгай жанг.
Бир-бирининг
гўштини
емоқ учун
оғзи ланг.
Ҳар бирининг
балиқхўр
қушлари бор,
сафарбар.
Чўқиланиб
ўзи ҳам,
рақибларин
чўқитар.
Ҳар бири ҳам
ўзини
«Кўк китман», — деб
ўйлайди,
Эт кетган жой
додлатар,
этхўр оғиз
тинмайди.
Дод солганча
эт емоқ
қисматингму,
айт, наҳанг?
Бир уммонда
луқмахўр —
бешта луқма
қилгай жанг.
2
Олма шохларига айни навбаҳор
Болаларни осди фашистлар қатор.
Осмон тунд боқарди, чақин чақарди,
Тонггача олманинг сочи оқарди.
3
«Партизан боласи» деб айб тақдилар,
Исодай ёғочга тирик қоқдилар.
Ва жажжи мўлжалга отдилар беҳад…
…Синиб тушди ёғоч қилолмай тоқат.
4
Борлиқни қоплади
Мотор овозн.
Учиб келаверди
Кумушқанот қуш.
Ангиллаб қишлоққа
йўл олди този,
Болакай куйларди
Гуёки сархуш:
«Самолёт,
самолёт,
Қанотингни
пастлаб ўт.
Дадамларнинг
хатларин
Сен бизларга
ташлаб ўт».
Пастлаб ўтди самолёт,
Қўл узатса етарди.
Ташлаб ўтди самолёт!!!
…Ташламаса нетарди?!
5
Мени кутяпсанми,
покиза тўшак,
Тирқишида ойни
тишлаган эшик?
Мени кутяпсанми,
сомонхонада
Шир яланғоч ҳолда
осилган бешик?
Мени кутяпсанмн,
дардим, ширин тил
«Қайсида, қачон?» деб
сўралган сўроқ?
Мени кутяпсанмн,
гуллаган беда,
Пахса ёриғида
занглаган ўроқ?
Мени кутяпсанми,
яккачўп кўприк,
Даричамга томон
ўтган камбар йўл?
Мени кутяпсанми,
падар белбоғи,
Онамнинг чап енги
бўлганингча ҳўл?
Мен эсам хаёлнинг беланчагида
Куларман
атрофга таратиб ваҳм.
Мени кутяпсиз-а,
умрим тонгида
Барчангизни кўрай,
кўрай илоҳим.
6
Жангчидан «қорахат» келди. Бева аёл эридан ёдгор қолган ҳар бир нарсани жонидан ортиқ асраб-авайлайди. Эри урушга кетаётиб. «Турли бало-қазолардан асрайди», деб ёзиб бериб кетган туморни эса еру-кўкка ишонмас эди. Тумордаги оддийгина шеър энди аёл учун муқаддас шеърга айланган эди:
ТУМОРГА
Сен юрагим шаклисан,
Сен тилагим рамзисан,
Ёргинамнинг бўйнидан
Нозла қучган, ҳой, тумор.
Ёр не диллар армони,
Сен номусим посбони.
Ғаразли, ёт қўлларға
Бермағайсан жой тумор.
7
Китобларнинг гуноҳи наднр?!
Манфур бўлса таълимотинг гар!
Инсонларнинг гуноҳи надир?!
«Бол» дея тутганинг бўлса гар заҳар’
Китобларни ёқдилар!
Ёқдилар:
Китобларга киражак қаҳрамонлару,
Китоблар битажак муаллифларин,
Абадиятнинг салбий қаҳрамонлари!
8
МУСО ЖАЛИЛНИНГ ЁЗИЛМАЙ ҚОЛГАН ШЕЪРИ
Паймонамни тўлдирдингку
Қоракўлча шеърим менинг.
Иккимизни ўлдирдинг-ку,
Кимлар шилар теринг сенинг.
Кимга телпак, кимга ёқа
Бўлиб қолғай пўстинг қўзим.
Бошим тутдим мен пичоққа
Сени барпо этгач ўзим.
ШОҲИ ЗИНДА ҚАБРИСТОНИДА
Кўкат чиқмиш тарс ёрганча
Сағананинг тошини.
Бир қария гўр бошида
Тўхтатолмас ёшини.
Мен сўрадим: — Бобо нечун
Юрак-бағринг тиғлайсан
Бу ётган ким, нечун унинг
Қабри узра йиғлайсан?
Ғам қиличи «ажин-ажин»
Қилиб чопган юзини —
Менга буриб, минг азоб-ла
Бобо айтди сўзини:
— Бу келиним, — нурсиз кўзин
Яна қайта ёшлади, —
Ўғлим жангдан қайтмади, — деб
Дардин айта бошлади:
— Болаликдан севишарди,
Шўрлик келин кўп кутди.
Йигирма йил «келади» деб,
Йўлларига кўз тутди.
У келмади… Сўнг бу кетди,
Фарёд солиб қалбимга.
Мен тирикман, сил касали
Солди уни қабримга.
Жон беролмай қийналганди,
Келиб қолар дея ёр.
Очиқ кетди ҳатто кўзи
Бу дунёдан умидвор.
Қара, болам, у кутмоқда —
Ёриб қабр тошини!
Чол кўкатни кўзга суртиб,
Тошга босди бошини.
ТОКИОЛИК СИГИЕХО КОБАЯСИ ВАСИЯТИ
Сенга на тоза ер,
на тоза само,
на тоза сув қолди,
на тоза ҳаво,
на бир удум қолди
сенга азаллик,
сенга биздан мерос
турфа касаллик…
Билсанг олиб кетди
мени ушбу ғам: —
нега сен туғилдинг,
нега, набирам?!
МАВЛОНО ХУМИЙ ҒАЗАЛЛАРИДАН
Сен бир дуторнинг торисан, мен бир дуторнинг тори,
Сен бир яхшининг ёрисан, мен бир яхшининг ёри.
На сен унга жўр бўлдингу, на ман мунга жўр бўлдим,
Жисму жонда замон отлиғ чолғучини озори.
Гоҳо қулоқ бурайди у, гоҳо харрак тузайди,
“Куйлай”, деса юрагида ножўрликнинг ғубори.
Била туриб сени менга жўра этмас бу гардун,
Жўра эсак тутар эди оламни ишқ уфори.
Жўрасига ножўр жўрам манам сандек бу дунда,
Иккимизни куйдирмасдан қизимас ишқ бозори.
* * *
Аё яхши, ёмон ўлдим санингсиз,
Бошоқсиз бир сомон ўлдим санингсиз.
Ўзим зору кўзим гирён йўлингда,
Ўз-ўзимга зиён ўлдим санингсиз.
Сен бор эдинг, кўк эрди жисму жоним
Кўкармаслар томон ўлдим санингсиз.
“Унсон” эрдим ўшал жаннат аро дўст
Юзингга зор “инсон” ўлдим санингсиз.
Қабирғаммас, ўзим қилдим ўзимга
Зикринг айтар забон ўлдим санингсиз.
* * *
Асҳоби Каҳф бу бахтим бедор бўлоди бир кун,
Маст Байқаро давлатим ҳушёр бўлоди бир кун.
Поён топар азоблар, пойим ўпар гулоблар,
Алпомишга Ёдгор ҳам ғамхор бўлоди бир кун.
Аҳмад сардор хору-зор кўрмоқ истар Авазни,
Ани кибор кўзига ҳам хор бўлоди бир кун.
Ҳасад ўтига тоблар минг бир макру ҳиллосин,
Бор у макру ҳиллоси бекор бўлоди бир кун.
Очар эшик қулфини тундай ёйиб зулфини,
Шу дилбари яктойим дилдор бўлоди бир кун.
Ошиқма, дил талпинма, сабр эт, паймона синма,
Ақлу шуурим тинма, дилдор бўлоди бир кун.
Ҳумий Низомийёна куйла ёниб тарона,
Дунё келин шеърим-ла бордор бўлоди бир кун.
Азал Жамол ҳаёт шу ашъор бу қочган уйқу
Эй, ёр сенга бу туйғу даркор бўлоди бир кун.
БУ ОҚШОМ
Дўст маст бўлди бу оқшом, аласт бўлди бу оқшом,
Ўр, жанжалкаш, гап эмас, онг паст бўлди бу оқшом.
Душман ҳушёр бу оқшом, маккор, ғаддор бу оқшом,
Ўзни улфат кўрсатган жон қасд бўлди бу оқшом.
Кулиб ҳоли харобдан, бот-бот тутар шаробдан,
Ўзи ичар гулобдан, чапдаст бўлди бу оқшом.
Дўст дам урар абрордан, ёвдан ниҳон асрордан,
Душман махфий қарордан гўшрас бўлди бу оқшом.
Шерхор ичиб паланг, шер, бири лолу бири ер,
Сиртлонлар бир-бирга дер: ”Гўшт ҳаст бўлди бу оқшом”.
Бир ён дўсти нодондан, бир ён душмани жондан
Ёвга қулай макондан даст паст бўлди бу оқшом.
“Ҳай дўст, ҳай дўст, ҳай дўстим…” – дея минг ёшга ўсдим,
Илон кирган қўш қушли қафас бўлди бу оқшом.
Майни ичиб бўлмайди, дўстдан кечиб бўлмайди,
Ёвдан қочиб бўлмайди, кўп наҳс бўлди бу оқшом.
Дерлар: “Ҳамалми, Саври тугар Қамарий даври,
Мен билганим шу Гаври барас бўлди бу оқшом.
Душман ҳушёр бу оқшом, дўст маст бўлди бу оқшом
Маккор, ғаддор бу оқшом, қасас бўлди бу оқшом.
* * *
Раҳмонсан, Раҳим, Олим… аёна баён на ҳожат?
Маълум ўзингга ҳолим аёна баён на ҳожат?
Қишлоқдаги жонимни, ҳоли паришонимни
Айтмоққа йўқ мажолим, аёна баён на ҳожат?
Сенсиз бирор оним йўқ, Сендек нигоҳбоним йўқ,
Огоҳ шамсу-ҳилолим, аёна баён на ҳожат?
Менга ишқ бер, иймон бер, болаларимга нон бер,
Кўпаймасун уволим, аёна баён на ҳожат?
Нега келдим огоҳ эт, яхшиларга ҳамроҳ эт,
Кесма бевақт ниҳолим, аёна баён на ҳожат?
Зулматларда чирой тут, ёмонлардан йироқ тут,
Эй мунаввар жамолим, аёна баён на ҳожат?
Бир кун кетсам фанодан сероб айла дуодан,
Хумийингман, Кулолим, аёна баёна на ҳожат?
Rahmat Xurshid aka!..Olloh shoir Jamol Sirojiddinning joylarini jannatdan qilsin
МАНГУЛИК ЙЎЛИ
Самарқандлик шоир Жамол Сирожиддин хотирасига
Бугун далалари таёқ суянган,
Бугун боғларини қучар аччиқ сас.
Ариқлар, шамоллар, қалдирғочлар ҳам
Бир шоир умрини узайтиролмас.
Қоғозларин таҳлаб, қаламин йўниб,
Хумларнинг ичидан овоза солди.
Оёқлари қонаб, юраги куйиб,
Йўлдаги карвонга қўшилиб олди.
Карвон мангуликка йўлини солган,
Битта-битта танлаб олади тақдир.
Жиловни тутганча Усмон Носир ва
Олдинда боради Абдулла Қодир.
Яна ким тупроққа бағрини берган,
Заминга экилгач ундирган шонлар.
Адолат яловин силкитаётган,
Рауф Парфими ё, Шавкат Раҳмонлар?!..
Норлари қўнғироқ чалиб боради,
Хушёрликка чорлаб, сабоқлар тутар.
Оппоқ орзуларин учирма қилиб,
Яна битта шоир кетмоқда дўстлар.
Бугун далалари таёқ суянган,
Бугун боғларини қучар аччиқ сас.
Бугун бу дунёнинг ҳеч бир амали,
Мангулик йўлини тўсиб чиқолмас!..
11. 10. 2015U U kishiga mehr va hurmatimiz cheksiz.
OXIRATI OBOD BO‘LSIN.
Жамол ака билан мен ҳам бирга ишлаганман. Ўзи сингари кўп яхши инсонлар билан таништирган. Алпомишдай басавлат бўлганига қарамай мусичадай беозор эди. Гап қанча умр кўришда эмас, балки зиммадаги шарафли бурчни мардонавор, сидқидилдан адо этишда. Бу борада минг шукурки, Жамол Аканинг ҳам юзи ёруғ. Ҳаммамизга мана шундай безавол саодат насиб этсин. Омин.