Alisher Nazar «She’r sehri» teleloyihasida & Vido. She’rlar ktobi

045     «Алишернинг шеърларини унинг ўзи тўғрисидаги иқрорлардан иборат дейиш мумкин. У оламу одамиятга йўл фақат ўзи, ўзининг кўнглию амаллари орқали ўтишига иймон келтирган ижодкор», деб эътироф этади мунаққид Қозоқбой Йўлдошев шоирнинг «Видо» тўпламига ёзган сўзбошисида.

02

Алишер НАЗАР
ШЕЪРЛАР
02

    Алишер Назар 1976-йили Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида туғилган. 1998-йили Халқаро Гуманитар академиясини тамомлаган. «Бизга аталган тонглар» шеърий мажмуаси (1999) ва «Холислик эҳтиёжи» публитсистик тўплами (2012) чоп этилган. Айни пайтда «Ёшлик» журналида хизмат қилмоқда.

02

ОЖИЗ ОДАМ ҲАҚИДА
03
Бу одамга алам қилади,
Қаршисида мудом бир тилсим:
Нега унинг душмани йўқдир?
Нега унга қаршимас ҳеч ким?

Нега унга ҳасад қилишмас?
Ёки ҳеч ким келиб урмас дўқ?
Кўчалардан карвони ўтар,
Ҳурадиган бирорта ит йўқ!

Узун-узун режалар тузмас,
Уйқу қочмас олис тунлари.
Сочларида бирорта оқ йўқ,
Юрагида йўқ санчиқлари.

Алам қилар унга шуниси,
Ўтиб борар беғалва, бесас.
Курашгиси келар унинг ҳам,
Лек арзирли ғаним топилмас.

ЙЎЛОВЧИ

Кетиб борар ҳорғин йўловчи,
Ёлғизоёқ сўқмоқлар аро.
Рутубатли самоватлардан,
Шом қўйилиб келар таборо.

Олисларда бойқушлар сайрар,
Чорлагандек бўлади кимдир.
Йўл четига ташлаб жандасин,
Чўзилади ҳорғин мусофир.

Самоларга кетар хаёллар,
Тушиб келар юлдузлар бари.
Сукунатни бузади гоҳо,
Туннинг оғир хурсиниқлари.

ЯШАШНИНГ ЙЎЛИ

Келдингми,
бас, энди ортга йўл йўқ,
Тошга айлантиргил энди бардошни.
Бошингни кўтарма,
токи бошқалар,
Кўрмасин сендаги бу мағрур бошни.

Юлдузлар меники,
ой меники де,
Кўнгил тўлиб турсин,
киролмасин ғам.
Совуқ болишларга юзингни босма,
Жилмайишни ўрган оғир бўлса ҳам.

Саволлар бермагил,
саволлардан қўрқ,
Аччиқ жавобларнинг баридан воз кеч.
Ҳаёт — шу, йўллари равонмас, бироқ
Кўзни юмиб юрсанг қоқилмайсан ҳеч.

БОЗОРДАМАН

Бозор тўла тужжор…
бозор тўла ғам,
Расталарга териб қўйибман кўнглим.
Бозор тўла тужжор қайрилиб боқмас,
Бунда харидордан даллол кўп Тангрим.

Бозор тўла тужжор…
кузатади Вақт,
— Кўнгил йўқ… тугаган… оввора бўбсиз.
О, менинг азизим, о, харидорим,
— Юрагимни қанча нархлаяпсиз сиз?!

Бозор тўла тужжор…
тиззагача лой,
Тортқилайди биров,
тортар аллаким.
Аллоҳим, бозоринг қанақа бозор?
Ахир қолмаяпман ўзимга ўзим.

* * *
Қор ёғар.
Оқликка чўлғанар дунё,
Кимдир шивирлади, кўкка зорланди:
— Ё Раб, тирикликнинг айёмларида,
Кўрармиканман яна қорларни!

Қор эса ёғарди майин ва масъум,
Кимдир шивирлади, чақнаб кўзлари:
— Яхшиям қор ёғди, қутқарди толе,
Энди босилади изларнинг бари!

ХАТО

Мўлжаллаб тепкига борди бармоқлар,
Қўрқардим, қўллари титрарди дир-дир.
Оҳ, тепки босилди!
Мен эса тирик!
Кўксини чангаллаб йиқилди кимдир.

Ай ношуд сайёдим, ай, ношуд сайёд.
Шунчалар эдими мендаги қасдинг?
Ўқинг юрагимга қадалганида,
Мен бунча ўлмасдим,
Бундай ўлмасдим!

* * *
Қадаҳдаги — дунё — тахир, азизим.
Ичмоққа маҳкуммиз ахир, азизим.

Энди саҳарларда кўксингни очгил,
Оғриқларга тўлсин бағир, азизим.

Самоларга туташ битта йўл ахтар,
Ердаги йўллари чағир, азизим.

Яшашга маҳкуммиз, яшаш-чи, эвоҳ,
Яшамасликдайин оғир, азизим.

ЁЛҒИЗ АЁЛ

Кеча узун.
Тонг ҳали узоқ.
Жовдирайди аёлнинг кўзи.
Неча йилки, шу узоқ йўлни,
Босиб ўтар унинг бир ўзи.

Кўринмайди йўлнинг поёни,
Кетиб борар мунгли ва музтар.
Тошдек қаттиқ кечаларда гоҳ,
Тушларига чимилдиқ кирар.

Хумраяди кўкда юлдузлар,
Тўлғонади,
болишлар ботар.
Қаро тундек бир қучоқ сочлар,
Кечаларга сочилиб ётар.

Чорлагандек бўлади кимдир,
Титраб кетар у хавотир-ла.
Имлар уни михлаб қўйилган,
Девордаги мунгли хотира.

Хурсинади бепоён кеча,
Юраккача бир оғриқ етар.
Сўнгра кеча ёлғиз аёлнинг,
Нафратидан оқариб кетар.

* * *

Нега сизнинг бунча бошингиз эгик?
Саратон тафтида кўзларингиз — муз?
Айтинг-чи, қолдими бисотингизда,
Бирорта ҳайқириқ,
бирор тирик сўз?

Ўрнингизга биров яшаётгандай,
Чиқиб кетолмайсиз нега бу издан?
Бунча тинч ухлайсиз тушагингизда,
Чўчиб тушинг ахир,
илтимос сиздан!

* * *

Сизга нима бўлди,
бунча бахтлисиз?
Нега бошингиздан баҳорлар кетмас?
Заминнинг фарзанди эмасмисиз ё?
Бунчалар юксаксиз овоз ҳам етмас.

Бироқ ҳар парвознинг қайтажаги бор,
Қарзга олгансиз-ку ахир бу жонни!
Тутиб қолай деса бирор қўл етмас,
Шунча юксаклардан қулаш осонми?

* * *

Ишонманг бу кўнгил эртакларига,
Унда хиёнатнинг кўп нишонаси.
Шу маъюс термулган нигоҳлар асли,
Қанча нигоҳларнинг оғриқхонаси.

Унинг юрагига ачинасиз сиз,
Кўксингизни юлиб “ол” дейсиз — малҳам.
Аслида бу юрак бир мозорхона,
Битта лаҳадида ётибман мен ҳам.

* * *

Бир осмон бўлсайди юлдузлари мўл,
Ва унда ой бўлса кимса кўрмаган.
Сен шундай покиза дунёлар аро,
Битта йўл кўрсатсанг ҳеч ким юрмаган.
Кетсам…
Самоларга туташса бу йўл,
Кетсам…
Дунёларга юмиб кўзимни.
Шу азим йўлларнинг сўнггида бир кун,
Ё Раб, кўриб қолсам ногоҳ ўзимни.

* * *

Келдингми, бас, энди ортга йўл йўқ,
Тошга айлантиргил энди бардошни.
Бошингни кўтарма, токи бошқалар,
Кўрмасин сендаги бу мағрур бошни.

Юлдузлар меники, ой меники де,
Кўнгил тўлиб турсин, киролмасин ғам.
Совуқ болишларга юзингни босма,
Жилмайишни ўрган оғир бўлса ҳам.

Саволлар бермагил, саволлардан қўрқ,
Аччиқ жавобларнинг баридан воз кеч.
Ҳаёт – шу, йўллари равонмас, бироқ
Кўзни юмиб юрсанг қоқилмайсан ҳеч.

ДАРАХТ

1. Замҳарирда гуллаган дарахт,
Маъюс турар, ҳайрона турар.
Унинг юпун новдаларида,
Болталарнинг изи кўринар.
Бироқ унинг япроқларида,
Яшар умид, ишонч, илтижо.
Гуркирамоқ, гулламоқ ҳисси,
Кириб борган илдизгача то.
Шундан кўкка талпиниб яшар,
Шу умид тарк этмаса бўлди.
Тирикликнинг бўронларида,
Ўтин бўлиб кетмаса бўлди.

2. Умирим – муаззам дарахт,
Бағрида яшар оташ.
Илдизлари самода,
Шохлари ерга туташ.
Узанган ҳар қўл етар,
Кўкданми ёки ердан.
Муҳаббатдан сув ичиб,
Озиқланар меҳрдан.
Қадди эгилган бироз,
Шамоллар силкиб кетган.
Шохларига булбуллар,
Қарғалар қўниб ўтган.
Қисматда мангулик йўқ,
Омонатдир у ерга.
Соя берсам дер фақат,
Бирорта мусофирга.

Умирим – муаззам дарахт…

УМР

Туғилди…
қолгани кўп оғир кечди,
Буюк муҳораба бошланди бирдан.
Гоҳ ғолиб, гоҳ мағлуб фасллар аро,
Етмиш йил курашди тириклик билан.
Сарғайди умиди, сарғайди умри,
Бахт излаб бахтсизлик ҳижрон чоҳида.
Гоҳо қаҳратонда баҳорни қучди,
Саратонда қорлар ёғди гоҳида.
Ниҳоят йиқилди, кетди мадори,
Юрмоққа йўли-да қолмади бошқа.
Барига улгурди дунёда, аммо
Улгуролмай қолди фақат яшашга.

* * *

Сен ҳақингда айтишар фақат,
Ўша маъюс, маъсума толлар.
Сен томонга бошлаб кетишар,
Ойнинг сутин ичган хаёллар.
Сенга сафар қиламан яна,
Бисотимда умид ва кадар.
Сени излаб сомон йўлидан –
Борурман то юракка қадар.
Шунда бирдан музлайди руҳим,
Хаёлларга урилар бир оҳ…
Ҳувиллаган юракда сенинг,
Қабринг кўриб қоламан ногоҳ.

* * *

Хаёл эдинг қанчалар яхши,
Нега хаёл бўлиб қолмадинг?
Нега келдинг ғуссалар аро?
Нега ачинмадинг,
тонмадинг?
Тушларимда қолмадинг абад,
Ўнгларимга бағри қон келдинг.
Сенсизликдан тўлган бағримга,
Ёмон келдинг,
беомон келдинг.
Олис эдинг, юлдузлар мисол,
Орзу эдинг,
мусаффо, сўлим.
Шундай буюк бахтни қолдириб,
Нега менга келдинг,
айт, гулим?

* * *

Қисматнинг қиличи “ялт” этди ногоҳ,
Анор палласидай бўлиниб кетдик.
Орзулар юзига сачраб кетди қон,
Бу қадим йўллардан биз хато ўтдик.
Мен сени ҳеч кимга бермоқчимасдим,
Бироқ ҳаммада сен, фақат менда йўқ.
Мен бахтни мўлжалга ола билмадим,
Бугун кўксимдадир ўзим отган ўқ.

Т А В А Л Л О Л А Р

1
Ҳар неки сўрадим, бердингу фақат…
Сен менга ўзимни жуда оз бердинг.
Яшашдек жазони берган Худойим,
Куйини бермасанг, нега соз бердинг?

2
Тўлиб бормоқдаман, тўкилмай туриб,
Аллоҳим, қалбимга наззора эт бир.
Ахир саҳройингда ташна бир қулман,
Мусофирман, мусофирман, мусофир!

3
Келдим… кетмоғимнинг нишонаси бу,
Кетар йўлларимни кўрсатгин Жаббор!
Ўзим бу йўлларда бош урай десам,
На девор бор менда, на пешона бор.

4
Чарчадим, назар сол бу йўллар аро,
Ўзимни йўқотдим, Сени йўқотдим.
Ишон, йўлсизликдан қийналмадим мен,
Йўлим кўплигидан қийналиб кетдим.

5
Бўм-бўшман, кел, Ўзинг тўлғаз,
Кўксимга кир, кўнглимга киргин.
Тангрим, ахир яшашим учун
Йўқотишга нимадир бергин.

6
Бағримдан самолар кўчиб кетгандай,
Ерда қолган кўнгил бўм-бўш, нотавон.
Аллоҳим, Аллоҳим, айт, қачонгача
Бир сиқим буғдойга тўлайман товон.

7
Шундайин дард берсанг, шундай ташналик,
Дунёни бир қултум сув каби ютсам.
Ўзимга кирсамда сарҳадларимда,
Сени излавериб йўқолиб кетсам.

8
Дунё оқиб борар беун, бесамар,
Тошдай қаттиқ кунлар бошларим ёрар.
Аллоҳим, Аллоҳим менга аён эт,
Кўксимда нимадир ўртаниб борар.

9
Қўлларим дуода, ҳовучим тўлмас,
Самон йўлларида ўлтираман жим.
Илҳақман, интизорман, лек имдод бўлмас,
Сабрим тўлиб борар, тўлмайди кўнглим.

10
Умримни бесамар кунларга сотдим,
Бунда топганларим ҳаммаси — рўё.
Сенинг омонатинг асрай олмадим,
Қимматга тушди-ку менга бу дунё!

11
Букун бозоримиз қизиб бородур,
Ғаддор дунё биздан ўзиб бородур.
Рўёга харидор нафси баломиз,
Икки дунёмизни бузиб бородур.

12
Кўнглимда йиғлайди минг йиллик фироқ,
Сен менга яқинсан, мен Сендан йироқ.
Саҳарларда туриб сасинг излайман,
Эй дўст, айрилиқдан бағрим минг қўроқ.

13
Қўлларим узанган яна Сен томон,
Кўнглимда кўклардан ёғилган ҳукм.
Бу чағир йўллардан юраолмайман,
Ўзинг йўлла энди йўлчингни, Тангрим!

14
Гоҳида сиғмайди ёдимга ёдинг,
Бир оғриқ бошланар бағримда сим-сим.
Ахир Сенга қандай бахшида этай,
Ўзимга етмаган ўзимни Тангрим?

15
Манам мусофирман, соғинчларим мўл,
Васлинг умидида кўзёшларим кўл.
Сенга етолмайман туманлар аро,
Агар кўрсатмасанг Ўзинг тўғри йўл.

ҚУЁНБОТИР ҚИССАСИ

Унча олис эмас, яқин замонда,
Аниқ билолмадим қайси томонда.

Дарёларга туташ ўрмон бор эди,
Унда жонзотларга дармон бор эди.

Яшардилар тулки, бўри, олмахон,
Ҳамма ўз ризқин еб сақлар эди жон.

Яшар эди ҳар ким ҳаёти билан,
Ўзининг қўшиғи, баёти билан.

Ана шу мўъжиза ўрмон четида,
Оппоқ қайинларнинг кунгай бетида —

Кўм-кўк майсазорда шодумон, қувноқ,
Бир гала қуёнлар яшарди иноқ.

Ўртада оқибат шоҳона эрди,
Битта сабзи топса, қирқ бўлиб ерди.

Нима жин урди-ю билмадим уни,
Қуёнлардан ботир чиқди бир куни.

— Бас, етар хавотир, қўрқув, ҳақорат!
Қачонгача ғурур этилгай ғорат!

Барини енгамиз ҳамжиҳат бўлсак,
Ахир буюк шараф шу йўлда ўлсак!

Қуёнботир ёниб нутқ этар эди,
Майсазорни шовқини тутар эди.

Ўт чақнаб кетарди унинг кўзидан,
Жасорат томарди ҳар бир сўзидан.

Минбарда турарди гўё жаҳонгир,
Қавм эса бу сўздан титрарди дир-дир.

— Овозингни ўчир, — деди бир қуён. —
Бўрихон эшитса қолгани аён!

— Бўри бўлса нима, ўзига, — деди. —
Кўрсатиб қўяман кўзига, — деди.

Қавм аҳли қўрқувдан донг қотиб қолди,
Шунда бир донишманд қуён сўз олди:

— Болам, бизни қўрқоқ деганлари чин,
Бироқ бундан хафа бўлмоғлик нечун?

Ахир бу қисматга доим шерикмиз,
Асли биз шу қўрқув билан тирикмиз.

Азалий ҳақиқат ўлмайди, болам,
Қуённинг ботири бўлмайди, болам!

Қўрқув билан бутун бу ҳаёт жоми,
Қўрқув яратганнинг буюк инъоми!

Аччиқ ҳақиқат шу: дунё тургунча
Қанча қўрқоқ бўлсанг, яшайсан шунча!

Қуёнботир аламдан қаҳ-қаҳа отди,
Сўнгра Шер акадек бир наъра тортди:

— Мангу ҳақиқатлар синади энди,
Бўрилар ҳам бунга кўнади энди!

Минбарни тарк этди қуёнлар зўри,
Пастда уни кутиб турарди бўри.

— Сенми ҳали, — деди бўри тутоқиб,
Йиртқич тишларидан сўлаги оқиб, —

Бунча ҳайқирасан, жондан тўйдингми?
Ёки бизни писанд қилмай қўйдингми?

Шартта бўғизлади қуёнботирни,
Аслида ўлмоғи аён ботирни.

Қолганлар ҳам тегирмон тошида эди,
Аччиқ ҳақиқатнинг қошида эди.

Оч бўри ғажирди қоқ устихонни,
Шер бўламан деган шўрлик қуённи.

Шунда не бўлди-ю, ака бўрихон,
Тишини синдириб олди ногаҳон.

Аҳли қавм фалокатдан титраб кетди,
Кўзлари жовдираб марҳамат кутди.

Шу пайт кўпни кўрган донишманд қуён,
Журъат билан чиқиб ҳайқирди:

— Эълон!!!

— Дўстлар бошимизга тушди яна иш,
Бўрининг ташвиши бизнинг ҳам ташвиш!

Бу савдодан қайга қочамиз дўстлар!
Синган тишга аза очамиз дўстлар!

Alisher NAZAR
SHE’RLAR
02

Alisher Nazar 1976-yili Qashqadaryo viloyatining Chiroqchi tumanida tug’ilgan. 1998-yili Xalqaro Gumanitar akademiyasini tamomlagan. «Bizga atalgan tonglar» she’riy majmuasi (1999) va «Xolislik ehtiyoji» publitsistik to’plami (2012) chop etilgan. Ayni paytda «Yoshlik» jurnalida xizmat qilmoqda.

02

OJIZ ODAM HAQIDA

Bu odamga alam qiladi,
Qarshisida mudom bir tilsim:
Nega uning dushmani yo’qdir?
Nega unga qarshimas hech kim?

Nega unga hasad qilishmas?
Yoki hech kim kelib urmas do’q?
Ko’chalardan karvoni o’tar,
Huradigan birorta it yo’q!

Uzun-uzun rejalar tuzmas,
Uyqu qochmas olis tunlari.
Sochlarida birorta oq yo’q,
Yuragida yo’q sanchiqlari.

Alam qilar unga shunisi,
O’tib borar beg’alva, besas.
Kurashgisi kelar uning ham,
Lek arzirli g’anim topilmas.

YO’LOVCHI

Ketib borar horg’in yo’lovchi,
Yolg’izoyoq so’qmoqlar aro.
Rutubatli samovatlardan,
Shom qo’yilib kelar taboro.

Olislarda boyqushlar sayrar,
Chorlagandek bo’ladi kimdir.
Yo’l chetiga tashlab jandasin,
Cho’ziladi horg’in musofir.

Samolarga ketar xayollar,
Tushib kelar yulduzlar bari.
Sukunatni buzadi goho,
Tunning og’ir xursiniqlari.

YASHASHNING YO’LI

Keldingmi,
bas, endi ortga yo’l yo’q,0334
Toshga aylantirgil endi bardoshni.
Boshingni ko’tarma,
toki boshqalar,
Ko’rmasin sendagi bu mag’rur boshni.

Yulduzlar meniki,
oy meniki de,
Ko’ngil to’lib tursin,
kirolmasin g’am.
Sovuq bolishlarga yuzingni bosma,
Jilmayishni o’rgan og’ir bo’lsa ham.

Savollar bermagil,
savollardan qo’rq,
Achchiq javoblarning baridan voz kech.
Hayot — shu, yo’llari ravonmas, biroq
Ko’zni yumib yursang qoqilmaysan hech.

BOZORDAMAN

Bozor to’la tujjor…
bozor to’la g’am,
Rastalarga terib qo’yibman ko’nglim.
Bozor to’la tujjor qayrilib boqmas,
Bunda xaridordan dallol ko’p Tangrim.

Bozor to’la tujjor…
kuzatadi Vaqt,
— Ko’ngil yo’q… tugagan… ovvora bo’bsiz.
O, mening azizim, o, xaridorim,
— Yuragimni qancha narxlayapsiz siz?!

Bozor to’la tujjor…
tizzagacha loy,
Tortqilaydi birov,
tortar allakim.
Allohim, bozoring qanaqa bozor?
Axir qolmayapman o’zimga o’zim.

* * *
Qor yog’ar.
Oqlikka cho’lg’anar dunyo,
Kimdir shivirladi, ko’kka zorlandi:
— YO Rab, tiriklikning ayyomlarida,
Ko’rarmikanman yana qorlarni!

Qor esa yog’ardi mayin va mas’um,
Kimdir shivirladi, chaqnab ko’zlari:
— Yaxshiyam qor yog’di, qutqardi tole,
Endi bosiladi izlarning bari!

XATO

Mo’ljallab tepkiga bordi barmoqlar,
Qo’rqardim, qo’llari titrardi dir-dir.
Oh, tepki bosildi!
Men esa tirik!
Ko’ksini changallab yiqildi kimdir.

Ay noshud sayyodim, ay, noshud sayyod.
Shunchalar edimi mendagi qasding?
O’qing yuragimga qadalganida,
Men buncha o’lmasdim,
Bunday o’lmasdim!

* * *
Qadahdagi — dunyo — taxir, azizim.
Ichmoqqa mahkummiz axir, azizim.

Endi saharlarda ko’ksingni ochgil,
Og’riqlarga to’lsin bag’ir, azizim.

Samolarga tutash bitta yo’l axtar,
Yerdagi yo’llari chag’ir, azizim.

Yashashga mahkummiz, yashash-chi, evoh,
Yashamaslikdayin og’ir, azizim.

YOLG’IZ AYOL

Kecha uzun.
Tong hali uzoq.
Jovdiraydi ayolning ko’zi.
Necha yilki, shu uzoq yo’lni,
Bosib o’tar uning bir o’zi.

Ko’rinmaydi yo’lning poyoni,
Ketib borar mungli va muztar.
Toshdek qattiq kechalarda goh,
Tushlariga chimildiq kirar.

Xumrayadi ko’kda yulduzlar,
To’lg’onadi,
bolishlar botar.
Qaro tundek bir quchoq sochlar,
Kechalarga sochilib yotar.

Chorlagandek bo’ladi kimdir,
Titrab ketar u xavotir-la.
Imlar uni mixlab qo’yilgan,
Devordagi mungli xotira.

Xursinadi bepoyon kecha,
Yurakkacha bir og’riq yetar.
So’ngra kecha yolg’iz ayolning,
Nafratidan oqarib ketar.

* * *

Nega sizning buncha boshingiz egik?
Saraton taftida ko’zlaringiz — muz?
Ayting-chi, qoldimi bisotingizda,
Birorta hayqiriq,
biror tirik so’z?

O’rningizga birov yashayotganday,
Chiqib ketolmaysiz nega bu izdan?
Buncha tinch uxlaysiz tushagingizda,
Cho’chib tushing axir,
iltimos sizdan!

* * *

Sizga nima bo’ldi,
buncha baxtlisiz?
Nega boshingizdan bahorlar ketmas?
Zaminning farzandi emasmisiz yo?
Bunchalar yuksaksiz ovoz ham yetmas.

Biroq har parvozning qaytajagi bor,
Qarzga olgansiz-ku axir bu jonni!
Tutib qolay desa biror qo’l yetmas,
Shuncha yuksaklardan qulash osonmi?

* * *

Ishonmang bu ko’ngil ertaklariga,
Unda xiyonatning ko’p nishonasi.
Shu ma’yus termulgan nigohlar asli,
Qancha nigohlarning og’riqxonasi.

Uning yuragiga achinasiz siz,
Ko’ksingizni yulib “ol” deysiz — malham.
Aslida bu yurak bir mozorxona,
Bitta lahadida yotibman men ham.

* * *

Bir osmon bo’lsaydi yulduzlari mo’l,
Va unda oy bo’lsa kimsa ko’rmagan.
Sen shunday pokiza dunyolar aro,
Bitta yo’l ko’rsatsang hech kim yurmagan.
Ketsam…
Samolarga tutashsa bu yo’l,
Ketsam…
Dunyolarga yumib ko’zimni.
Shu azim yo’llarning so’nggida bir kun,
YO Rab, ko’rib qolsam nogoh o’zimni.

* * *

Keldingmi, bas, endi ortga yo’l yo’q,
Toshga aylantirgil endi bardoshni.
Boshingni ko’tarma, toki boshqalar,
Ko’rmasin sendagi bu mag’rur boshni.

Yulduzlar meniki, oy meniki de,
Ko’ngil to’lib tursin, kirolmasin g’am.
Sovuq bolishlarga yuzingni bosma,
Jilmayishni o’rgan og’ir bo’lsa ham.

Savollar bermagil, savollardan qo’rq,
Achchiq javoblarning baridan voz kech.
Hayot – shu, yo’llari ravonmas, biroq
Ko’zni yumib yursang qoqilmaysan hech.

DARAXT

1. Zamharirda gullagan daraxt,
Ma’yus turar, hayrona turar.
Uning yupun novdalarida,
Boltalarning izi ko’rinar.
Biroq uning yaproqlarida,
Yashar umid, ishonch, iltijo.
Gurkiramoq, gullamoq hissi,
Kirib borgan ildizgacha to.
Shundan ko’kka talpinib yashar,
Shu umid tark etmasa bo’ldi.
Tiriklikning bo’ronlarida,
O’tin bo’lib ketmasa bo’ldi.

2. Umirim – muazzam daraxt,
Bag’rida yashar otash.
Ildizlari samoda,
Shoxlari yerga tutash.
Uzangan har qo’l yetar,
Ko’kdanmi yoki yerdan.
Muhabbatdan suv ichib,
Oziqlanar mehrdan.
Qaddi egilgan biroz,
Shamollar silkib ketgan.
Shoxlariga bulbullar,
Qarg’alar qo’nib o’tgan.
Qismatda mangulik yo’q,
Omonatdir u yerga.
Soya bersam der faqat,
Birorta musofirga.

Umirim – muazzam daraxt…

UMR

Tug’ildi…
qolgani ko’p og’ir kechdi,
Buyuk muhoraba boshlandi birdan.
Goh g’olib, goh mag’lub fasllar aro,
Yetmish yil kurashdi tiriklik bilan.
Sarg’aydi umidi, sarg’aydi umri,
Baxt izlab baxtsizlik hijron chohida.
Goho qahratonda bahorni quchdi,
Saratonda qorlar yog’di gohida.
Nihoyat yiqildi, ketdi madori,
Yurmoqqa yo’li-da qolmadi boshqa.
Bariga ulgurdi dunyoda, ammo
Ulgurolmay qoldi faqat yashashga.

* * *

Sen haqingda aytishar faqat,
O’sha ma’yus, ma’suma tollar.
Sen tomonga boshlab ketishar,
Oyning sutin ichgan xayollar.
Senga safar qilaman yana,
Bisotimda umid va kadar.
Seni izlab somon yo’lidan –
Borurman to yurakka qadar.
Shunda birdan muzlaydi ruhim,
Xayollarga urilar bir oh…
Huvillagan yurakda sening,
Qabring ko’rib qolaman nogoh.

* * *

Xayol eding qanchalar yaxshi,
Nega xayol bo’lib qolmading?
Nega kelding g’ussalar aro?
Nega achinmading,
tonmading?
Tushlarimda qolmading abad,
O’nglarimga bag’ri qon kelding.
Sensizlikdan to’lgan bag’rimga,
Yomon kelding,
beomon kelding.
Olis eding, yulduzlar misol,
Orzu eding,
musaffo, so’lim.
Shunday buyuk baxtni qoldirib,
Nega menga kelding,
ayt, gulim?

* * *

Qismatning qilichi “yalt” etdi nogoh,
Anor pallasiday bo’linib ketdik.
Orzular yuziga sachrab ketdi qon,
Bu qadim yo’llardan biz xato o’tdik.
Men seni hech kimga bermoqchimasdim,
Biroq hammada sen, faqat menda yo’q.
Men baxtni mo’ljalga ola bilmadim,
Bugun ko’ksimdadir o’zim otgan o’q.

T A V A L L O L A R

1
Har neki so’radim, berdingu faqat…
Sen menga o’zimni juda oz berding.
Yashashdek jazoni bergan Xudoyim,
Kuyini bermasang, nega soz berding?

2
To’lib bormoqdaman, to’kilmay turib,
Allohim, qalbimga nazzora et bir.
Axir sahroyingda tashna bir qulman,
Musofirman, musofirman, musofir!

3
Keldim… ketmog’imning nishonasi bu,
Ketar yo’llarimni ko’rsatgin Jabbor!
O’zim bu yo’llarda bosh uray desam,
Na devor bor menda, na peshona bor.

4
Charchadim, nazar sol bu yo’llar aro,
O’zimni yo’qotdim, Seni yo’qotdim.
Ishon, yo’lsizlikdan qiynalmadim men,
Yo’lim ko’pligidan qiynalib ketdim.

5
Bo’m-bo’shman, kel, O’zing to’lg’az,
Ko’ksimga kir, ko’nglimga kirgin.
Tangrim, axir yashashim uchun
Yo’qotishga nimadir bergin.

6
Bag’rimdan samolar ko’chib ketganday,
Yerda qolgan ko’ngil bo’m-bo’sh, notavon.
Allohim, Allohim, ayt, qachongacha
Bir siqim bug’doyga to’layman tovon.

7
Shundayin dard bersang, shunday tashnalik,
Dunyoni bir qultum suv kabi yutsam.
O’zimga kirsamda sarhadlarimda,
Seni izlaverib yo’qolib ketsam.

8
Dunyo oqib borar beun, besamar,
Toshday qattiq kunlar boshlarim yorar.
Allohim, Allohim menga ayon et,
Ko’ksimda nimadir o’rtanib borar.

9
Qo’llarim duoda, hovuchim to’lmas,
Samon yo’llarida o’ltiraman jim.
Ilhaqman, intizorman, lek imdod bo’lmas,
Sabrim to’lib borar, to’lmaydi ko’nglim.

10
Umrimni besamar kunlarga sotdim,
Bunda topganlarim hammasi — ro’yo.
Sening omonating asray olmadim,
Qimmatga tushdi-ku menga bu dunyo!

11
Bukun bozorimiz qizib borodur,
G’addor dunyo bizdan o’zib borodur.
Ro’yoga xaridor nafsi balomiz,
Ikki dunyomizni buzib borodur.

12
Ko’nglimda yig’laydi ming yillik firoq,
Sen menga yaqinsan, men Sendan yiroq.
Saharlarda turib sasing izlayman,
Ey do’st, ayriliqdan bag’rim ming qo’roq.

13
Qo’llarim uzangan yana Sen tomon,
Ko’nglimda ko’klardan yog’ilgan hukm.
Bu chag’ir yo’llardan yuraolmayman,
O’zing yo’lla endi yo’lchingni, Tangrim!

14
Gohida sig’maydi yodimga yoding,
Bir og’riq boshlanar bag’rimda sim-sim.
Axir Senga qanday baxshida etay,
O’zimga yetmagan o’zimni Tangrim?

15
Manam musofirman, sog’inchlarim mo’l,
Vasling umidida ko’zyoshlarim ko’l.
Senga yetolmayman tumanlar aro,
Agar ko’rsatmasang O’zing to’g’ri yo’l.

QUYONBOTIR QISSASI

Uncha olis emas, yaqin zamonda,
Aniq bilolmadim qaysi tomonda.

Daryolarga tutash o’rmon bor edi,
Unda jonzotlarga darmon bor edi.

Yashardilar tulki, bo’ri, olmaxon,
Hamma o’z rizqin yeb saqlar edi jon.

Yashar edi har kim hayoti bilan,
O’zining qo’shig’i, bayoti bilan.

Ana shu mo»jiza o’rmon chetida,
Oppoq qayinlarning kungay betida —

Ko’m-ko’k maysazorda shodumon, quvnoq,
Bir gala quyonlar yashardi inoq.

O’rtada oqibat shohona erdi,
Bitta sabzi topsa, qirq bo’lib yerdi.

Nima jin urdi-yu bilmadim uni,
Quyonlardan botir chiqdi bir kuni.

— Bas, yetar xavotir, qo’rquv, haqorat!
Qachongacha g’urur etilgay g’orat!

Barini yengamiz hamjihat bo’lsak,
Axir buyuk sharaf shu yo’lda o’lsak!

Quyonbotir yonib nutq etar edi,
Maysazorni shovqini tutar edi.

O’t chaqnab ketardi uning ko’zidan,
Jasorat tomardi har bir so’zidan.

Minbarda turardi go’yo jahongir,
Qavm esa bu so’zdan titrardi dir-dir.

— Ovozingni o’chir, — dedi bir quyon. —
Bo’rixon eshitsa qolgani ayon!

— Bo’ri bo’lsa nima, o’ziga, — dedi. —
Ko’rsatib qo’yaman ko’ziga, — dedi.

Qavm ahli qo’rquvdan dong qotib qoldi,
Shunda bir donishmand quyon so’z oldi:

— Bolam, bizni qo’rqoq deganlari chin,
Biroq bundan xafa bo’lmog’lik nechun?

Axir bu qismatga doim sherikmiz,
Asli biz shu qo’rquv bilan tirikmiz.

Azaliy haqiqat o’lmaydi, bolam,
Quyonning botiri bo’lmaydi, bolam!

Qo’rquv bilan butun bu hayot jomi,
Qo’rquv yaratganning buyuk in’omi!

Achchiq haqiqat shu: dunyo turguncha
Qancha qo’rqoq bo’lsang, yashaysan shuncha!

Quyonbotir alamdan qah-qaha otdi,
So’ngra Sher akadek bir na’ra tortdi:

— Mangu haqiqatlar sinadi endi,
Bo’rilar ham bunga ko’nadi endi!

Minbarni tark etdi quyonlar zo’ri,
Pastda uni kutib turardi bo’ri.

— Senmi hali, — dedi bo’ri tutoqib,
Yirtqich tishlaridan so’lagi oqib, —

Buncha hayqirasan, jondan to’ydingmi?
Yoki bizni pisand qilmay qo’ydingmi?

Shartta bo’g’izladi quyonbotirni,
Aslida o’lmog’i ayon botirni.

Qolganlar ham tegirmon toshida edi,
Achchiq haqiqatning qoshida edi.

Och bo’ri g’ajirdi qoq ustixonni,
Sher bo’laman degan sho’rlik quyonni.

Shunda ne bo’ldi-yu, aka bo’rixon,
Tishini sindirib oldi nogahon.

Ahli qavm falokatdan titrab ketdi,
Ko’zlari jovdirab marhamat kutdi.

Shu payt ko’pni ko’rgan donishmand quyon,
Jur’at bilan chiqib hayqirdi:

— E’lon!!!

— Do’stlar boshimizga tushdi yana ish,
Bo’rining tashvishi bizning ham tashvish!

Bu savdodan qayga qochamiz do’stlar!
Singan tishga aza ochamiz do’stlar!

04

(Tashriflar: umumiy 671, bugungi 1)

Izoh qoldiring