Alisher Nazar. Vola. She’rlar kitobi

021

Алишер Назар. Вола. Шеърлар — Тошкент, Akademnasr, 2014 — 96 бет / Alisher Nazar. Vola. She’rlar — Toshkent, Akademnasr, 2014 — 96 bet

    Алишер Назарнинг шеърларини унинг ўзи тўғрисидаги иқрорлардан иборат дейиш мумкин. У – оламу одамиятга йўл фақат ўзи, ўзининг кўнглию амаллари орқали ўтишига иймон келтирган ижодкор. Кўпчилик шеърларда ё туйғу, ё фикр босимлик қилади. Алишер Назар лирикаси ўйларнинг туйғулар, туйғуларнинг эса ўйлар билан уйғунлашуви натижасидир. У туйғунинг фикр етовида юришини истамаганидек, ўйнинг туйғулар ортида қолиб кетишини ҳам хоҳламайди .

ОҒРИҚЛИ ЎЙЛАРНИНГ ПОЭТИК МАНЗАРАСИ
Қозоқбой Йўлдош
Педагогика фанлари доктори, профессор
054

05йчил одамга ҳамиша оғир. Агар у истеъдодли ижодкор ҳам бўлса, оғирлик даражаси яна ортади. Эл бежизга: “Эси борнинг шўри бор”, демайди. Бугунги ўзбек шеъриятида ўйга йўғрилган туйғуларни тасвирлаш етакчилик қилмоқда. Алишер Назар – битганларида кўпроқ ўйчил туйғулар ёки туйғусол ўйлар акс этадиган шоир. Менимча, Алишер роҳатланиб шеър ёзмайди. Унинг битиклари мудом оғриқли изтиробдан азоб билан дунёга келади. Шундай бўлиши табиий ҳам. Қувончдан ким шеър ёзарди? Қувончдан қувониб юрилаверади, шеър ёзиб ўтирилмайди. Чин шеър ҳамиша дарддан туғилади. Олдинлари шоирлар кўпроқ дунё ҳақида ўйлардилар ва шу жўнда ёзардилар. Улар очунни нуқсонсиз кўрмоқ истагини ифода этишга уринишарди. Чунки одамни оламнинг маҳсули деб билардилар. Бугун шоирлар кўпроқ одамлар тўғрисида ўй сурадилар. Негаки, оламнинг қандайлиги одамларга кўпроқ боғлиқ экани англаб етилди.

Алишернинг шеърларини унинг ўзи тўғрисидаги иқрорлардан иборат дейиш мумкин. У – оламу одамиятга йўл фақат ўзи, ўзининг кўнглию амаллари орқали ўтишига иймон келтирган ижодкор. Кўпчилик шеърларда ё туйғу, ё фикр босимлик қилади. Алишер Назар лирикаси ўйларнинг туйғулар, туйғуларнинг эса ўйлар билан уйғунлашуви натижасидир. У туйғунинг фикр етовида юришини истамаганидек, ўйнинг туйғулар ортида қолиб кетишини ҳам хоҳламайди.

“Озодлик” шеърида лирик қаҳрамон олдига муқаддас тушунчаю туйғуларга лойиқ бўлишдай юксак талабни ўта таъсирли йўсинда қўяди:

Ахир ҳеч бўлмаса пичирлаб айтгил,
Бўғзингда музласин изтироб, қайғу.
Бир марта яшагин, поклангин ахир,
Илдизи иймонга туташ сўздир бу!

Бу сатрларда озодлик тушунчасининг иймонга туташлиги, демакки, инсонликнинг асл моҳиятини ифодалаши, унга интилиш одам вужудидаги изтиробу қайғуларни музлатиб, покланиш, демакки, чинакамига яшаш имконини бериши акс этади. Шеърнинг кейинги бандида озодлик замиридаги маънолар янада кучайтирилган ва қабариқ ҳолда кўрсатилади:

Шу сўзга ўхшайди асли тириклик,
Асл саодат ҳам шундан бошланар.
Бу сўзни шунчаки айта кўрмагил,
Ортидан қон туфлай олмасанг, агар…

Ушбу мисраларда озодликнинг шунчаки бир сўз эмас, балки асл тириклик (ҳаёт)нинг мояси, инсон саодатининг ибтидоси бўлгани учун ҳам у юрак қони билан айтилиши кераклиги ифода этилади.

Шеърда озодликка интилиш, ундагина мавжуд бўлиш одамни очунга қул эмас, хожа бўлиб очиқ назар ташлашининг бирламчи шарти экани “Сен уни уйғонмоқ учун айтавер, Қанча шаҳидларни уйғотган сўз – бу!” мисраларида янада кучлантирилади. Озодликнинг шунчаки сўз эмас, балки одамнинг шахс бўлиш сари босиб ўтадиган олис жанговор йўли экани “Бу сўзни тинглаб кўр, лек ажабланма, Қиличлар жарангин эшитсанг ногоҳ” шеърий қаторларида ёддан чиқмайдиган йўсинда муҳрланади. Озод бўлиш одам бўлишнинг ягона шарти экани “Муқаддас каломдай такрорла уни, Ҳаққа олиб борар буюк сўздир – бу!” мисраларида акс эттирилади. Бу хил қаноатларда озодлик тушунчасининг залвори тўлиқ намоён бўлади.

Одатда, лирик шеърларга сарлавҳа қўйиш оғир кечади. Чунки сарлавҳа йўналганлик, қаратилганлик, бағишланганликни тақозо қилади. Шу боис кўпчилик лирик шеърларда сарлавҳа бўлмайди. Шоирлар шеърда акс этадиган туйғуларини мавзунинг йўналишига солиб, улардаги табиий порлоқлик ва жозибани йўқотгилари келмайди. Аксарият лирик яратиқларнинг номланмаслиги сабаби, бизнингча, шунда. Алишер Назар – шеърларини номлашга уста. Буни, эҳтимол, поэтик туйғуларига йўналиш беришга моҳирлик дейиш тўғрироқ бўлар. Шоир “Яшашнинг йўли” тарзида номлаган аччиқ кинояга тўла аламангиз шеърда кўзга ташланиб қолмаслик, элқатори кун ўтказиш учун ўзининг ўзлигини, шахслигини синдириб яшашга маҳкум кимса ҳолатини “Бошингни кўтарма токи бошқалар, Кўрмасин сендаги бу мағрур бошни” сатрларида акс эттирилади. Бундай одамнинг руҳий олами “Совуқ болишларга юзингни босма, Жилмайишни ўрган оғир бўлса ҳам” сингари киноявий ифодалар орқали манзаралаштирилади. Шеърнинг якунловчи бандидаги:

Саволлар бермагил, саволлардан қўрқ,
Аччиқ жавобларнинг баридан воз кеч.
Ҳаёт – шу, йўллари равонмас, бироқ
Кўзни юмиб юрсанг, қоқилмайсан ҳеч!

тўхтами воситасида номаълум суҳбатдошга берилган “доно маслаҳат” битикнинг таъсир даражасини оширган. Шоир поэтик ниятига эришишда парадоксал тафаккур йўсинидан ўринли фойдалана билган. Тасвир оқимининг муайян бир йўналишга солингани таъсирчанликни таъминлаган.

“Ҳақиқат” шеърида “Занглаб ётар ичимда бир сўз, Ёвқур баҳодирлар қиличи мисол” тасвири орқали ўта таҳликали руҳий ҳолат ифода этилган. Айтилмагани учун ишлатилмаган қилич каби занглаб ётган ҳақ сўз юки сабаб лирик қаҳрамоннинг: “Елкам оғирлашиб боради, бироқ Уйғотиб қўйишдан қўрқаман уни” тарзидаги иқрор шеърда акс этган фожиа кўламини кенгайтиради. Шеърда қаҳрамоннинг боши борлиги айтилмай, билдирилади. Қандайдир мудроқ яратиқ сабаб унинг елкаси “оғирлашиб боради”. Лирик қаҳрамон ана шу мудроқ мавжудликни уйғотиб қўйишдан қўрқади. Бундай кимсанинг бир умр ўзидан айрилиб яшашга маҳкум экани шеърда “Ўзимга паналаб кетиб борурман, Ўнгларимни мудом тушларга йўйиб… Ва яна ҳеч қачон оғзимни очмай, Тишларимни тишимга қўйиб” сатрлари орқали бутун фожиаси билан акс этади. Муҳими шундаки, шеърда одатдаги “лирик қаҳрамон”нинг шунчаки лаҳзалик руҳий ҳолати тасвирланмаган, балки чоғдошлар маънавий қиёфасидаги турғун бир иллат аёвсиз ифодасини топган.

Алишер Назарнинг деярли барча шеърларига оғир ахлоқий-маънавий юк ортилган бўлади. Унинг битганларида инжиқ руҳиятнинг инжа ҳолати ифодаси эмас, балки масъул юракнинг оғриқли иқрорлари акс этади. Шоир битикларида ахлоқсизлик ахлоқ, мослашув яшовчанлик, хиёнат садоқат ўрнида қилинаётган замонда асл инсоний туйғуларни қўмсаш, бу сезимларнинг ҳаммада бўлишини исташ ҳолатлари акс этган.

Алишер изтироб, соғинч, ёлғизлик сингари мавҳум туйғуларни таъсирли ифодалар орқали моддийлаштира билади. Унинг: “Шом қуйилиб, аста чўкар кўнгилга, Тош ота бошлайди кўкда юлдузлар” тарзида бошланадиган “Изтироб” шеъри Ницшенинг: “Дунёда менинг тасаввурларимдан бўлак ҳеч нарса йўқ”,- деган ғалати қаноатига ғоят мос келади. Яъни одам борлиқни боридай эмас, балки кўринаётгани ёхуд туюлганидай идрок этади. Нафақат фикр ва туйғу ҳақиқати, балки борлиқни кўриш ва ундан таъсирланиш ҳақиқати ҳам одамнинг ҳолату кайфиятига қараб хилма-хил бўлади. Лирик қаҳрамон айнан изтироб чекаётгани учун ҳам шом қуйилиб унинг кўнглига чўккандай бўлади. Маълумки, шом – қоронғулик. Унинг кўнгилга қуйилиши кўнгилнида қоронғулаштиради. Бир-бир потраётган юлдузлар хушбахт одамга тун чаманзорида чечаклар очилиши бўлиб туюлиши шаксиз эди. Кўнглига “шом қуйилган” шоирга эса отилаётган тош бўлиб кўринади.

Чайқалар, тўлғонар, мавжланар кеча,
Юраккача борар туннинг титроғи.
Гўё кўзларига санчилмоқчидай,
Кўкда ялтирайди ойнинг ўроғи.

Одамнинг қаноатлари унинг туйғулари каби омонат. У ўз ҳолати ва кайфиятидан келиб чиқиб, оқни қора тарзида қабул қилиши мумкин ва бу табиий. Дилгир ҳолати боис кўкда ялтираётган ой ўроғи (ҳилол) унинг кўзига санчилмоқчидай таассурот қолдиради. Шеър тасвирнинг умумий руҳига монанд йўсинда: “Қуёш чиқиб келар, тонг отмас сира” тарзида якунланади. Кўнгилнинг ёришмагани лирика тили билан шундай ифода этилади.

Поэтик тасвир тажрибасида ёлғизлик борасида муайян қараш шаклланган: кўпчилик унга интилади. Чунки ёлғизликдагина ўзи билан қолиш имкони туғилади. Ўзига хос назарга эга шоир сифатида Алишер “Ёлғизлик” шеърида ёлғизликнинг бошқалар кўрмаган қиррасини кутилмаган йўсинда тасвирлайди: “Ёлғизликдан жуда қўрқаман, Ёлғизликда адолат йўқдир. Кўзларингга тикилиб туриб, Ҳақиқатни айтар бирма-бир”. Муаллиф пародоксал фикрлаш йўсинидан фойдаланади. Яъни ҳақиқатни бирма-бир айтишни адолат йўқлиги тарзида изоҳлайди. Шоир ёлғизлик ҳақида ахборот бериб ўтирмай, унинг ички моҳиятини кўрсатишга уринади. Кўрсатгандаям шунчаки мавҳум йўсинда эмас, балки мубҳам ёлғизлик оғушидаги инсон ҳолати орқали моддийлаштиради: “Ҳеч нарсадан тўлмайди кўнглинг, Юрагингни нимадир ўртар. Юзларингда синиқ табассум Кулгуларинг йиғидан баттар”. Шеър қай йўсин кутилмаганда бошланган бўлса, шундай фавқулодда тугалланади:

Ёлғиз қолган одамга қийин,
Енгиб бўлмас сукунат юкин.
Ёлғиз қолган одам, ҳаттоки,
Сен ҳақингда ўйлаши мумкин.

Бу сатрларда ёлғизлик қўйнидаги одам ҳолати тасвирланиш ўрнига унинг иқрори келтирилгандай бўлади. Шоирни эса ёлғиз каснинг сукунат юкини кўтара олмай, у ҳақда ўйлаб қолиши “чўчитади”. Фожеий ҳолат ифодасининг авж нуқтасини сезилар-сезилмас юмор билан уйғунлаштириб тасвирлаш – Алишер Назар лирикасининг ўзига хос қирраси.

Алишер Назар ўз битикларида воқеаларни тасвирламайди. Унинг шеърларида кўпроқ руҳий ҳолат ва оний кайфиятнинг ғоят ўзгарувчан ҳамда ўткинчи манзаралари акс этади. Одам воқеалар фонида эмас, балки борлиқ одамнинг руҳий ҳолат ва кайфияти фонида тасвирланади. Борлиқнинг муайян ҳолати турли интеллектуал даража ва руҳий кайфиятдаги одамга тамомила ўзгача кўриниши ва таъсир кўрсатиши шоир битикларида яққол акс этади.

Алишер – изтироб ва ўй оғушидаги одам ҳолатини тасвирлашга моҳир. Номсиз бир шеъридаги: “Дардларингни ёрмоқ истайсан, Ёрилмас у – пишмаган яра. Симиллаган оғриқли кеча Кириб борар ичингга, қара. Вужудингга санчилади ел, Сен сесканиб тушасан ногоҳ” сатрларида номаълум изтироблар исканжасидаги кишининг руҳий ҳолати ўта рангин ифода этилган. Дардлари ёрилмас ярага айланган одам вужудига ел ҳам игнадай санчилиши тасвирга ишонарлилик бағишлаган.

Алишер жонлантириш, ташхис санъатлари ёрдамида лирик қаҳрамон руҳиятидаги сезилмас ўзгаришларнида қабариқ бера олади: “Билмам, қачон ўтдинг бу йўлдан, Оғрийди қалбимда оёқ изларинг”. Бу тасвирда юракни билдирмай забт этган фотиҳ музаффариятининг оғриқли оқибати ифода этилган.

Шоир “Кўнгил” шеъри ғоят аламангиз, оғир руҳий ҳолатни ўта енгил йўсинда ифодалаш орқали кучли бадиий эффектга эришган:

Сотилади… кўнгил бор,
Ҳали тирик, ўлмаган.
Фақат у меҳрга зор,
Бирор марта кулмаган.
Бир жойида доғи бор,
Шундан нархи баланддир…

Меҳрга зор, бирор марта кулмаган, лекин ҳали тирик, кераксизлиги учун кўнгилнинг сотилиши, бир жойида доғи борлиги унинг нархини баланд қилиши йўсинидаги аралаш, хаотик тасвир бу ифодаларга собит интизом ва таъсирчанлик бахш этади. Шеърда тилга олинган иллатлар фазилатга эврилади. Битикнинг ўйноқи ва енгил оҳанги руҳий фожианинг залворини оширади.

“Куз” шеърида шоир тасвир объектининг ташқи жиҳатларини унинг ички ҳолати билан уйғунлаштириш орқали поэтик маънони кучайтиришга эришган: “Мағрур бошларин силкиб, Шовуллайди тераклар. Пойимда ётар беҳол Ловуллаган юраклар”. Бу сатрларда кузда йўқликка кетаётган табиат унсурлари ҳолатини тасвирлаш орқали ўзининг умр кузаги тўғрисида оғир ўйларга толган замондош ҳолати акс этади. Теракларнинг кузги оловранг япроқларининг ловуллаган юракларга менгзалиши бир вақтнинг ўзида ҳам ташқи ўхшашлик, ҳам мағрур бош эгалари юраги кундалик тирикчилик оёғи остида қолишини кўрсатишдай функционал яқинликни ифодалаш имконини берган. Шоир умрнинг беаёв ва шафқатсизлигини куз образи орқали ғоят таъсирли ҳамда оригинал акс эттиради: “Куз бешафқат, беаёв Ғорат этар барини. Теграмда ўйнар шамол Вақтнинг синиқларини”.

Алишер Назар шеърларида ўта нозик руҳий ҳолатлар манзарасини чизишни хуш кўради. “Бир одам” шеърида умри беғалва, беташвиш ўтаётган кимсанинг армонли руҳияти акс этади. Одатда, одамлар душмани кўплигидан хуноб бўлиб, ёзғириб юришади. Ушбу шеър қаҳрамони эса душмани йўқлиги, унга ҳеч ким қарши эмаслиги, ҳасад қилмаётгани, ўтаётган карвонига итлар ҳуриб ташланмаётгани, душмандан қутулишни ўйлаб узун кечалар ўй суришга мажбур бўлмаётгани, юрагида санчиқ йўғидан қийналади. Кимгадир, негадир қарши бориш, тўсиқларга йўлиқиш ва уларни енгиб ўтиш, бу йўлда қийинчиликларга учраш ҳам инсоний умр деб аталмиш кечимнинг безаги экани шу йўсин яширин тарзда акс этади. Шеър ўзига хос ҳазиломуз шаклда тугалланади:

Алам қилар унга шуниси,
Ўтиб борар беғалва, бесас.
Курашгиси келар унинг ҳам
Лек арзирли ғаним топилмас.

Алишернинг лирик шеърларида руҳият ташқи безак эмас, балки ички моҳият сифатида намоён бўлади. У тасвир асносида ҳодисадан кўра ҳолат ва кайфиятни теранроқ акс эттиради. Буни қўлингиздаги китобга кирган шеърларни ўқиш асносида ўзингиз ҳам пайқайсиз деб ўйлайман.

Алишер Назар битикларининг фазилатлари борасида янаям кўпроқ сўзлаш мумкин эди. Лекин бир пайтлар у мен билан қилган суҳбатидаги: “…сўнгги пайтларда бадиий асарлар ва уларнинг ижодкорлари ҳақида фикр билдирганда, бироз муболағага ва юзхотирликка берилаётгандексиз…”, деган эътирози ёдимга тушиб қолди ва сўзбошини бироз қисқароқ қилақолдим.

2014 йил 25 июн – 11 июл.

Алишер НАЗАР
«ВОЛА» КИТОБИДАН ШЕЪРЛАР
054

   Алишер Назар 1976 йили Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида туғилган. 1998-йили Халқаро Гуманитар академиясини тамомлаган. «Бизга аталган тонглар» шеърий мажмуаси (1999) ва «Холислик эҳтиёжи» публицистик тўплами (2012) чоп этилган. Айни пайтда «Ёшлик» журналининг шеърият бўлими мудири лавозимида хизмат қилмоқда.

06

ҲАЁТ

Ярим кеча.04
Ярим дил…
Шамоллар бошлар хониш.
Орзуга тилаб оқ йўл,
Мудраб ётади ташвиш.

Оқ от келар… тушида,
Қадрдон от, ювош от.
Воажаб, у тишида
Келтиради бир сават.

Ногоҳ чўчиб уйғонар,
Ҳуркиб кетади оти.
Не умид билан қарар,
Бўм-бўш турар савати.

Кўкка термулар гирён
Ғижимлаб у дунёни…
Ахир қирқ йилдан буён
Кўради шу рўёни.

Қирқ йилдирки дил нолон,
Орзулар боши эгик.
Бу сават тўлар қачон?
Ҳой, оқ отли — тириклик!

ЙЎЛОВЧИ

Кетиб борар ҳорғин йўловчи,
Ёлғизоёқ сўқмоқлар аро.
Рутубатли самоватлардан,
Шом қўйилиб келар тобора.

Олисларда бойқушлар сайрар,
Чорлагандек бўлади кимдир.
Йўл четига ташлаб жандасин,
Чўзилади ҳорғин мусофир.

Самоларга кетар хаёллар,
Тушиб келар юлдузлар бари.
Сукунатни бузади гоҳо,
Туннинг оғир хўрсиниқлари.

ЯШАШНИНГ ЙЎЛИ

Келдингми,
бас, энди ортингга йўл йўқ,
Тошга айлантиргил энди бардошни.
Бошингни кўтарма,
токи бошқалар
Кўрмасин сендаги бу мағрур бошни.

Юлдузлар меники,
ой меники де,
Кўнгил тўлиб турсин,
киролмасин ғам.
Совуқ болишларга юзингни босма,
Жилмайишни ўрган оғир бўлса ҳам.

Саволлар бермагил,
саволлардан қўрқ,
Аччиқ жавобларнинг баридан воз кеч.
Ҳаёт — шу, йўллари равонмас, бироқ
Кўзни юмиб юрсанг қоқилмайсан ҳеч.

* * *

Ҳар не ўтди, ичимга ютдим,
Ютавердим…
Ва тўлдим лим-лим.
Энди тошиб боряпман, қара,
Ахир Айюб эмасман, Тангрим!

Кўзларимга санчилар кунлар,
Кечаларнинг шароби тахир.
Мен Юнусдек кетолмам бундан,
Қутқазгувчи балиқ йўқ ахир!

Ҳар не борки унинг амрида,
Шамоллар ҳам тинглар эди жим.
У Сулаймон эди… менинг-чи,
Ўзимга ҳам етмайди кучим.

Кўзларимга солмоқда қутқу,
Бу фанонинг ёлғон жилваси.
Мен дунёга чўкиб боряпман,
Келмайдими Нуҳнинг кемаси?

ШАВҚ

Ҳой девона, йўлдан қоч
Келадир руҳи мастим.

Ҳалима Аҳмедова

Мен Уни топсам, ўзга
Ёрлар билан ишим йўқ.
Бу йўлда бошга ёққан
Қорлар билан ишим йўқ.

Қоч йўлдан, руҳи мастман,
У баландда, мен пастман.
Маломат этсанг этгил,
Орлар билан ишим йўқ.

Ай, осмон бунча узоқ,
Юрагим олақуроқ.
Қанотсиз учиб кетгум
Сорлар билан ишим йўқ.

Воҳ, умрим бунча талаш,
Қачон қилдим хомталаш?
Энди бўйнимда турган
Дорлар билан ишим йўқ.

Билгум, бу йўл узоқдир,
Қаршимда минг тузоқдир.
Бироқ йўлимда ётган
Морлар билан ишим йўқ.

Мен сени топсам бўлди…

ИЗТИРОБ

Шом қуйилиб аста чўкар кўнгилга,
Тош ота бошлайди кўкда юлдузлар.
Жунжиккан боғларни оралаб келган
Девона шамоллар нимадир сўзлар.

Чайқалар,
тўлғонар,
мавжланар кеча,
Юраккача борар туннинг титроғи.
Гўё кўзларига санчилмоқчидай,
Кўкда ялтирайди ойнинг ўроғи.

У тунни сипқорар — қисмат майини,
Кўзларида бедор мунгли хотира.
Осмон эшикларин очади аста,
Қуёш чиқиб келар…
тонг отмас сира.

ҲАҚИҚАТ

Занглаб ётар ичимда бир сўз,
Ёвқур баҳодирлар қиличи мисол.
Шунинг учун ҳам мен сенинг кўзингга,
Тик қаролмам эҳтимол.
Шунинг учун ҳам мен бесас, бесадо,
Яшаб ўтмоқдаман ҳар битта кунни.
Елкам оғирлашиб боради, бироқ
Уйғотиб қўйишдан қўрқаман уни.
Ўзимга паналаб кетиб борурман,
Ўнгларимни мудом тушларга йўйиб…
Ва яна ҳеч қачон оғзимни очмай,
Тишларимни тишимга қўйиб…

* * *

Туш кўраман.
Бирам оғир туш кўраман,
Рўпарамда бир қанотсиз қуш кўраман.
Бечорага дон берай деб аста очсам,
Елкамдаги хуржунимни бўш кўраман.

Уфқларда кимдир чорлар, етолмайман,
Айрилиқдан сира ҳатлаб ўтолмайман.
Сен маломат қилишингни қўймайсан ҳеч,
Ғафлат босиб ётар, туриб кетолмайман.

Ҳар на қилсам, кўксимдаги азалий сир,
“Аё нодон, сим-симларга очилмас” дер.
Бу эшикни очиб бергил энди менга,
Ўнгларимни, тушларимни тўғрилаб бер!

Сени қандоқ топай сўқир кўзим билан?
Боролмайман бундай қаро юзим билан.
Йўл четида турибман мен бегонадай,
Таништириб қўйгин энди ўзим билан.

ВОЛА
(Туркум)

* * *

Эй Сен, қара, яшамоққа бермас изн,
Ортимдаги армонларим тизим-тизим.
Сен маломат қилаверма нолишимни,
Кўрмадингми, қалбимдаги оёқ изин?

* * *

Эй Сен, хавотирим ортар кун сайин,
Борар йўлларимни айлагил тайин.
Мен ношуд сайёдман, қўлимдан тутгил,
Ўзимни нишонга олиб қўймайин!

* * *

Эй Сен, менинг ошиқлигим билмайсанму?
Қуруқ даъволарни кўзга илмайсанму?
Дунёнинг дорида турибман, қара,
Қутқазмоққа келмайсанму, келмайсанму?!

* * *

Эй Сен, менга кўрсатганинг борса келмас,
Бу не савдо, берганингдан кўнгил тўлмас.
Ахир, менга қанақа соз узатдинг Сен,
Айрилиқдан бошқасини чалиб бўлмас.

* * *

Эй Сен, Соқий, карам этгил, тўлдириб қуй,
Хобгоҳида дунё ётар — бир парирўй.
Қара, унинг қучоғида мудраб борар,
Ухламасдан бурун уни уйғотиб қўй.

* * *

Эй Сен, айтгил, олисми бу йўл ораси?
Тузалмасми энди сира дил яраси?
Сенга қандай юзланаман Маҳшар куни,
Бўм-бўш турса тарозининг бир палласи!

* * *

Эй Сен, мендан сўрама ҳеч, кечириб қўй,
Қон дилимни дафтаримга кўчириб қўй.
Ёзиқларим очиб кўрмай, қалбимдаги
Муҳаббатдан бошқасини ўчириб қўй.

* * *

Эй Сен, қара, кўзларимни ковлар бир кас,
Яна бири туя ютиб кўрдим демас.
Келганимдан буён излаб тополмайман,
Нега бунинг биронтаси бутун эмас?

* * *

Эй, Сен айтган томонда кўп йўлни кўрдим,
Ўнгни ғажиб бораётган сўлни кўрдим.
Бунча ажиб томонларга йўлладинг Сен,
Оташларда музлаб ётган дилни кўрдим.

* * *

Эй Сен, ахир биласан-ку бехабарман,
Билмаганим учун бунда бехатарман.
Қара, қандай ошиқ бўлдим дунёга мен,
Бу савдони энди қандай тўхтатарман?

* * *

Эй Сен, энди бу уйқуни бузмоқ керак,
Дунё билан ришталарни узмоқ керак.
Ер остида тинч ётишни истаганлар,
Ер устида бугун режа тузмоқ керак.

* * *

Эй Сен, Ўзинг карам этгил, тоатим йўқ,
Бу юкингни кўтармоққа саботим йўқ.
Парвонадай ўзим шамга урай дейман,
Лек шамгача олиб борар қанотим йўқ.

* * *

Эй Сен, мени яратдинг минг бир озор ичинда,
Хомталаш бўлиб ётур умрим бозор ичинда.
Бу шундай қимор бўлди, жонимни тикиб қўйдим:
Арқон учи Сенда-ю, бошим шу дор ичинда.

* * *

Эй Сен, қара, сабрим тўла, кўнгил ярим,
Ахир менинг тугаб борар имконларим.
Мен ҳам ерда ишқ овлаган сайёд эдим,
Лек нишонга тегмас сира пайконларим.

006

OG’RIQLI O’YLARNING POETIK MANZARASI
Qozoqboy Yo’ldosh
Pedagogika fanlari doktori, professor
054

O’ychil odamga hamisha og’ir. Agar u iste’dodli ijodkor ham bo’lsa, og’irlik darajasi yana ortadi. El bejizga: “Esi borning sho’ri bor”, demaydi. Bugungi o’zbek she’riyatida o’yga yo’g’rilgan tuyg’ularni tasvirlash yetakchilik qilmoqda. Alisher Nazar – bitganlarida ko’proq o’ychil tuyg’ular yoki tuyg’usol o’ylar aks etadigan shoir. Menimcha, Alisher rohatlanib she’r yozmaydi. Uning bitiklari mudom og’riqli iztirobdan azob bilan dunyoga keladi. Shunday bo’lishi tabiiy ham. Quvonchdan kim she’r yozardi? Quvonchdan quvonib yurilaveradi, she’r yozib o’tirilmaydi. Chin she’r hamisha darddan tug’iladi. Oldinlari shoirlar ko’proq dunyo haqida o’ylardilar va shu jo’nda yozardilar. Ular ochunni nuqsonsiz ko’rmoq istagini ifoda etishga urinishardi. Chunki odamni olamning mahsuli deb bilardilar. Bugun shoirlar ko’proq odamlar to’g’risida o’y suradilar. Negaki, olamning qandayligi odamlarga ko’proq bog’liq ekani anglab yetildi.

Alisherning she’rlarini uning o’zi to’g’risidagi iqrorlardan iborat deyish mumkin. U – olamu odamiyatga yo’l faqat o’zi, o’zining ko’ngliyu amallari orqali o’tishiga iymon keltirgan ijodkor. Ko’pchilik she’rlarda yo tuyg’u, yo fikr bosimlik qiladi. Alisher Nazar lirikasi o’ylarning tuyg’ular, tuyg’ularning esa o’ylar bilan uyg’unlashuvi natijasidir. U tuyg’uning fikr yetovida yurishini istamaganidek, o’yning tuyg’ular ortida qolib ketishini ham xohlamaydi.

“Ozodlik” she’rida lirik qahramon oldiga muqaddas tushunchayu tuyg’ularga loyiq bo’lishday yuksak talabni o’ta ta’sirli yo’sinda
qo’yadi:

Axir hech bo’lmasa pichirlab aytgil,
Bo’g’zingda muzlasin iztirob, qayg’u.
Bir marta yashagin, poklangin axir,
Ildizi iymonga tutash so’zdir bu!

Bu satrlarda ozodlik tushunchasining iymonga tutashligi, demakki, insonlikning asl mohiyatini ifodalashi, unga intilish odam vujudidagi iztirobu qayg’ularni muzlatib, poklanish, demakki, chinakamiga yashash imkonini berishi aks etadi. She’rning keyingi bandida ozodlik zamiridagi ma’nolar yanada kuchaytirilgan va qabariq holda ko’rsatiladi:

Shu so’zga o’xshaydi asli tiriklik,
Asl saodat ham shundan boshlanar.
Bu so’zni shunchaki ayta ko’rmagil,
Ortidan qon tuflay olmasang, agar…

Ushbu misralarda ozodlikning shunchaki bir so’z emas, balki asl tiriklik (hayot)ning moyasi, inson saodatining ibtidosi bo’lgani uchun ham u yurak qoni bilan aytilishi kerakligi ifoda etiladi.

She’rda ozodlikka intilish, undagina mavjud bo’lish odamni ochunga qul emas, xoja bo’lib ochiq nazar tashlashining birlamchi sharti ekani “Sen uni uyg’onmoq uchun aytaver, Qancha shahidlarni uyg’otgan so’z – bu!” misralarida yanada kuchlantiriladi. Ozodlikning shunchaki so’z emas, balki odamning shaxs bo’lish sari bosib o’tadigan olis jangovor yo’li ekani “Bu so’zni tinglab ko’r, lek ajablanma, Qilichlar jarangin eshitsang nogoh” she’riy qatorlarida yoddan chiqmaydigan yo’sinda muhrlanadi. Ozod bo’lish odam bo’lishning yagona sharti ekani “Muqaddas kalomday takrorla uni, Haqqa olib borar buyuk so’zdir – bu!” misralarida aks ettiriladi. Bu xil qanoatlarda ozodlik tushunchasining zalvori to’liq namoyon bo’ladi.

Odatda, lirik she’rlarga sarlavha qo’yish og’ir kechadi. Chunki sarlavha yo’nalganlik, qaratilganlik, bag’ishlanganlikni taqozo qiladi. Shu bois ko’pchilik lirik she’rlarda sarlavha bo’lmaydi. Shoirlar she’rda aks etadigan tuyg’ularini mavzuning yo’nalishiga solib, ulardagi tabiiy porloqlik va jozibani yo’qotgilari kelmaydi. Aksariyat lirik yaratiqlarning nomlanmasligi sababi, bizningcha, shunda. Alisher Nazar – she’rlarini nomlashga usta. Buni, ehtimol, poetik tuyg’ulariga yo’nalish berishga mohirlik deyish to’g’riroq bo’lar. Shoir “Yashashning yo’li” tarzida nomlagan achchiq kinoyaga to’la alamangiz she’rda ko’zga tashlanib qolmaslik, elqatori kun o’tkazish uchun o’zining o’zligini, shaxsligini sindirib yashashga mahkum kimsa holatini “Boshingni ko’tarma toki boshqalar, Ko’rmasin sendagi bu mag’rur boshni” satrlarida aks ettiriladi. Bunday odamning ruhiy olami “Sovuq bolishlarga yuzingni bosma, Jilmayishni o’rgan og’ir bo’lsa ham” singari kinoyaviy ifodalar orqali manzaralashtiriladi. She’rning yakunlovchi bandidagi:

Savollar bermagil, savollardan qo’rq,
Achchiq javoblarning baridan voz kech.
Hayot – shu, yo’llari ravonmas, biroq
Ko’zni yumib yursang, qoqilmaysan hech!

to’xtami vositasida noma’lum suhbatdoshga berilgan “dono maslahat” bitikning ta’sir darajasini oshirgan. Shoir poetik niyatiga erishishda paradoksal tafakkur yo’sinidan o’rinli foydalana bilgan. Tasvir oqimining muayyan bir yo’nalishga solingani ta’sirchanlikni ta’minlagan.

“Haqiqat” she’rida “Zanglab yotar ichimda bir so’z, Yovqur bahodirlar qilichi misol” tasviri orqali o’ta tahlikali ruhiy holat ifoda etilgan. Aytilmagani uchun ishlatilmagan qilich kabi zanglab yotgan haq so’z yuki sabab lirik qahramonning: “Elkam og’irlashib boradi, biroq Uyg’otib qo’yishdan qo’rqaman uni” tarzidagi iqror she’rda aks etgan fojia ko’lamini kengaytiradi. She’rda qahramonning boshi borligi aytilmay, bildiriladi. Qandaydir mudroq yaratiq sabab uning yelkasi “og’irlashib boradi”. Lirik qahramon ana shu mudroq mavjudlikni uyg’otib qo’yishdan qo’rqadi. Bunday kimsaning bir umr o’zidan ayrilib yashashga mahkum ekani she’rda “O’zimga panalab ketib borurman, O’nglarimni mudom tushlarga yo’yib… Va yana hech qachon og’zimni ochmay, Tishlarimni tishimga qo’yib” satrlari orqali butun fojiasi bilan aks etadi. Muhimi shundaki, she’rda odatdagi “lirik qahramon”ning shunchaki lahzalik ruhiy holati tasvirlanmagan, balki chog’doshlar ma’naviy qiyofasidagi turg’un bir illat ayovsiz ifodasini topgan.

Alisher Nazarning deyarli barcha she’rlariga og’ir axloqiy-ma’naviy yuk ortilgan bo’ladi. Uning bitganlarida injiq ruhiyatning inja holati ifodasi emas, balki mas’ul yurakning og’riqli iqrorlari aks etadi. Shoir bitiklarida axloqsizlik axloq, moslashuv yashovchanlik, xiyonat sadoqat o’rnida qilinayotgan zamonda asl insoniy tuyg’ularni qo’msash, bu sezimlarning hammada bo’lishini istash holatlari aks etgan.

Alisher iztirob, sog’inch, yolg’izlik singari mavhum tuyg’ularni ta’sirli ifodalar orqali moddiylashtira biladi. Uning: “Shom quyilib, asta cho’kar ko’ngilga, Tosh ota boshlaydi ko’kda yulduzlar” tarzida boshlanadigan “Iztirob” she’ri Nitsshening: “Dunyoda mening tasavvurlarimdan bo’lak hech narsa yo’q”,- degan g’alati qanoatiga g’oyat mos keladi. Ya’ni odam borliqni boriday emas, balki ko’rinayotgani yoxud tuyulganiday idrok etadi. Nafaqat fikr va tuyg’u haqiqati, balki borliqni ko’rish va undan ta’sirlanish haqiqati ham odamning holatu kayfiyatiga qarab xilma-xil bo’ladi. Lirik qahramon aynan iztirob chekayotgani uchun ham shom quyilib uning ko’ngliga cho’kkanday bo’ladi. Ma’lumki, shom – qorong’ulik. Uning ko’ngilga quyilishi ko’ngilnida qorong’ulashtiradi. Bir-bir potrayotgan yulduzlar xushbaxt odamga tun chamanzorida chechaklar ochilishi bo’lib tuyulishi shaksiz edi. Ko’ngliga “shom quyilgan” shoirga esa otilayotgan tosh bo’lib ko’rinadi.

Chayqalar, to’lg’onar, mavjlanar kecha,
Yurakkacha borar tunning titrog’i.
Go’yo ko’zlariga sanchilmoqchiday,
Ko’kda yaltiraydi oyning o’rog’i.

Odamning qanoatlari uning tuyg’ulari kabi omonat. U o’z holati va kayfiyatidan kelib chiqib, oqni qora tarzida qabul qilishi mumkin va bu tabiiy. Dilgir holati bois ko’kda yaltirayotgan oy o’rog’i (hilol) uning ko’ziga sanchilmoqchiday taassurot qoldiradi. She’r tasvirning umumiy ruhiga monand yo’sinda: “Quyosh chiqib kelar, tong otmas sira” tarzida yakunlanadi. Ko’ngilning yorishmagani lirika tili bilan shunday ifoda etiladi.

Poetik tasvir tajribasida yolg’izlik borasida muayyan qarash shakllangan: ko’pchilik unga intiladi. Chunki yolg’izlikdagina o’zi bilan qolish imkoni tug’iladi. O’ziga xos nazarga ega shoir sifatida Alisher “Yolg’izlik” she’rida yolg’izlikning boshqalar ko’rmagan qirrasini kutilmagan yo’sinda tasvirlaydi: “Yolg’izlikdan juda qo’rqaman, Yolg’izlikda adolat yo’qdir. Ko’zlaringga tikilib turib, Haqiqatni aytar birma-bir”. Muallif parodoksal fikrlash yo’sinidan foydalanadi. Ya’ni haqiqatni birma-bir aytishni adolat yo’qligi tarzida izohlaydi. Shoir yolg’izlik haqida axborot berib o’tirmay, uning ichki mohiyatini ko’rsatishga urinadi. Ko’rsatgandayam shunchaki mavhum yo’sinda emas, balki mubham yolg’izlik og’ushidagi inson holati orqali moddiylashtiradi: “Hech narsadan to’lmaydi ko’ngling, Yuragingni nimadir o’rtar. Yuzlaringda siniq tabassum Kulgularing yig’idan battar”. She’r qay yo’sin kutilmaganda boshlangan bo’lsa, shunday favqulodda tugallanadi:

Yolg’iz qolgan odamga qiyin,
Yengib bo’lmas sukunat yukin.
Yolg’iz qolgan odam, hattoki,
Sen haqingda o’ylashi mumkin.

Bu satrlarda yolg’izlik qo’ynidagi odam holati tasvirlanish o’rniga uning iqrori keltirilganday bo’ladi. Shoirni esa yolg’iz kasning sukunat yukini ko’tara olmay, u haqda o’ylab qolishi “cho’chitadi”. Fojeiy holat ifodasining avj nuqtasini sezilar-sezilmas yumor bilan uyg’unlashtirib tasvirlash – Alisher Nazar lirikasining o’ziga xos qirrasi.

Alisher Nazar o’z bitiklarida voqealarni tasvirlamaydi. Uning she’rlarida ko’proq ruhiy holat va oniy kayfiyatning g’oyat o’zgaruvchan hamda o’tkinchi manzaralari aks etadi. Odam voqealar fonida emas, balki borliq odamning ruhiy holat va kayfiyati fonida tasvirlanadi. Borliqning muayyan holati turli intellektual daraja va ruhiy kayfiyatdagi odamga tamomila o’zgacha ko’rinishi va ta’sir ko’rsatishi shoir bitiklarida yaqqol aks etadi.

Alisher – iztirob va o’y og’ushidagi odam holatini tasvirlashga mohir. Nomsiz bir she’ridagi: “Dardlaringni yormoq istaysan, Yorilmas u – pishmagan yara. Simillagan og’riqli kecha Kirib borar ichingga, qara. Vujudingga sanchiladi yel, Sen seskanib tushasan nogoh” satrlarida noma’lum iztiroblar iskanjasidagi kishining ruhiy holati o’ta rangin ifoda etilgan. Dardlari yorilmas yaraga aylangan odam vujudiga yel ham ignaday sanchilishi tasvirga ishonarlilik bag’ishlagan.

Alisher jonlantirish, tashxis san’atlari yordamida lirik qahramon ruhiyatidagi sezilmas o’zgarishlarnida qabariq bera oladi: “Bilmam, qachon o’tding bu yo’ldan, Og’riydi qalbimda oyoq izlaring”. Bu tasvirda yurakni bildirmay zabt etgan fotih muzaffariyatining og’riqli oqibati ifoda etilgan.

Shoir “Ko’ngil” she’ri g’oyat alamangiz, og’ir ruhiy holatni o’ta yengil yo’sinda ifodalash orqali kuchli badiiy effektga erishgan:

Sotiladi… ko’ngil bor,
Hali tirik, o’lmagan.
Faqat u mehrga zor,
Biror marta kulmagan.
Bir joyida dog’i bor,
Shundan narxi balanddir…

Mehrga zor, biror marta kulmagan, lekin hali tirik, keraksizligi uchun ko’ngilning sotilishi, bir joyida dog’i borligi uning narxini baland qilishi yo’sinidagi aralash, xaotik tasvir bu ifodalarga sobit intizom va ta’sirchanlik baxsh etadi. She’rda tilga olingan illatlar fazilatga evriladi. Bitikning o’ynoqi va yengil ohangi ruhiy fojianing zalvorini oshiradi.

“Kuz” she’rida shoir tasvir ob’ektining tashqi jihatlarini uning ichki holati bilan uyg’unlashtirish orqali poetik ma’noni kuchaytirishga erishgan: “Mag’rur boshlarin silkib, Shovullaydi teraklar. Poyimda yotar behol Lovullagan yuraklar”. Bu satrlarda kuzda yo’qlikka ketayotgan tabiat unsurlari holatini tasvirlash orqali o’zining umr kuzagi to’g’risida og’ir o’ylarga tolgan zamondosh holati aks etadi. Teraklarning kuzgi olovrang yaproqlarining lovullagan yuraklarga mengzalishi bir vaqtning o’zida ham tashqi o’xshashlik, ham mag’rur bosh egalari yuragi kundalik tirikchilik oyog’i ostida qolishini ko’rsatishday funktsional yaqinlikni ifodalash imkonini bergan. Shoir umrning beayov va shafqatsizligini kuz obrazi orqali g’oyat ta’sirli hamda original aks ettiradi: “Kuz beshafqat, beayov G’orat etar barini. Tegramda o’ynar shamol Vaqtning siniqlarini”.

Alisher Nazar she’rlarida o’ta nozik ruhiy holatlar manzarasini chizishni xush ko’radi. “Bir odam” she’rida umri beg’alva, betashvish o’tayotgan kimsaning armonli ruhiyati aks etadi. Odatda, odamlar dushmani ko’pligidan xunob bo’lib, yozg’irib yurishadi. Ushbu she’r qahramoni esa dushmani yo’qligi, unga hech kim qarshi emasligi, hasad qilmayotgani, o’tayotgan karvoniga itlar hurib tashlanmayotgani, dushmandan qutulishni o’ylab uzun kechalar o’y surishga majbur bo’lmayotgani, yuragida sanchiq yo’g’idan qiynaladi. Kimgadir, negadir qarshi borish, to’siqlarga yo’liqish va ularni yengib o’tish, bu yo’lda qiyinchiliklarga uchrash ham insoniy umr deb atalmish kechimning bezagi ekani shu yo’sin yashirin tarzda aks etadi. She’r o’ziga xos hazilomuz shaklda tugallanadi:

Alam qilar unga shunisi,
O’tib borar beg’alva, besas.
Kurashgisi kelar uning ham
Lek arzirli g’anim topilmas.

Alisherning lirik she’rlarida ruhiyat tashqi bezak emas, balki ichki mohiyat sifatida namoyon bo’ladi. U tasvir asnosida hodisadan ko’ra holat va kayfiyatni teranroq aks ettiradi. Buni qo’lingizdagi kitobga kirgan she’rlarni o’qish asnosida o’zingiz ham payqaysiz deb o’ylayman.

Alisher Nazar bitiklarining fazilatlari borasida yanayam ko’proq so’zlash mumkin edi. Lekin bir paytlar u men bilan qilgan suhbatidagi: “…so’nggi paytlarda badiiy asarlar va ularning ijodkorlari haqida fikr bildirganda, biroz mubolag’aga va yuzxotirlikka berilayotgandeksiz…”, degan e’tirozi yodimga tushib qoldi va so’zboshini biroz qisqaroq qilaqoldim.

2014 yil 25 iyun – 11 iyul.

Alisher Nazar
«VOLA» KITOBIDAN SHE’RLAR
054

Alisher Nazar 1976 yili Qashqadaryo viloyatining Chiroqchi tumanida tug’ilgan. 1998-yili Xalqaro Gumanitar akademiyasini tamomlagan. «Bizga atalgan tonglar» she’riy majmuasi (1999) va «Xolislik ehtiyoji» publitsistik to’plami (2012) chop etilgan. Ayni paytda «Yoshlik» jurnalining she’riyat bo’limi mudiri lavozimida xizmat qilmoqda.

06

HAYOT

Yarim kecha.045
Yarim dil…
Shamollar boshlar xonish.
Orzuga tilab oq yo’l,
Mudrab yotadi tashvish.

Oq ot kelar… tushida,
Qadrdon ot, yuvosh ot.
Voajab, u tishida
Keltiradi bir savat.

Nogoh cho’chib uyg’onar,
Hurkib ketadi oti.
Ne umid bilan qarar,
Bo’m-bo’sh turar savati.

Ko’kka termular giryon
G’ijimlab u dunyoni…
Axir qirq yildan buyon
Ko’radi shu ro’yoni.

Qirq yildirki dil nolon,
Orzular boshi egik.
Bu savat to’lar qachon?
Hoy, oq otli — tiriklik!

YO’LOVCHI

Ketib borar horg’in yo’lovchi,
Yolg’izoyoq so’qmoqlar aro.
Rutubatli samovatlardan,
Shom qo’yilib kelar tobora.

Olislarda boyqushlar sayrar,
Chorlagandek bo’ladi kimdir.
Yo’l chetiga tashlab jandasin,
Cho’ziladi horg’in musofir.

Samolarga ketar xayollar,
Tushib kelar yulduzlar bari.
Sukunatni buzadi goho,
Tunning og’ir xo’rsiniqlari.

YASHASHNING YO’LI

Keldingmi,
bas, endi ortingga yo’l yo’q,
Toshga aylantirgil endi bardoshni.
Boshingni ko’tarma,
toki boshqalar
Ko’rmasin sendagi bu mag’rur boshni.

Yulduzlar meniki,
oy meniki de,
Ko’ngil to’lib tursin,
kirolmasin g’am.
Sovuq bolishlarga yuzingni bosma,
Jilmayishni o’rgan og’ir bo’lsa ham.

Savollar bermagil,
savollardan qo’rq,
Achchiq javoblarning baridan voz kech.
Hayot — shu, yo’llari ravonmas, biroq
Ko’zni yumib yursang qoqilmaysan hech.

* * *

Har ne o’tdi, ichimga yutdim,
Yutaverdim…
Va to’ldim lim-lim.
Endi toshib boryapman, qara,
Axir Ayyub emasman, Tangrim!

Ko’zlarimga sanchilar kunlar,
Kechalarning sharobi taxir.
Men Yunusdek ketolmam bundan,
Qutqazguvchi baliq yo’q axir!

Har ne borki uning amrida,
Shamollar ham tinglar edi jim.
U Sulaymon edi… mening-chi,
O’zimga ham yetmaydi kuchim.

Ko’zlarimga solmoqda qutqu,
Bu fanoning yolg’on jilvasi.
Men dunyoga cho’kib boryapman,
Kelmaydimi Nuhning kemasi?

SHAVQ

Hoy devona, yo’ldan qoch
Keladir ruhi mastim.

Halima Ahmedova

Men Uni topsam, o’zga
Yorlar bilan ishim yo’q.
Bu yo’lda boshga yoqqan
Qorlar bilan ishim yo’q.

Qoch yo’ldan, ruhi mastman,
U balandda, men pastman.
Malomat etsang etgil,
Orlar bilan ishim yo’q.

Ay, osmon buncha uzoq,
Yuragim olaquroq.
Qanotsiz uchib ketgum
Sorlar bilan ishim yo’q.

Voh, umrim buncha talash,
Qachon qildim xomtalash?
Endi bo’ynimda turgan
Dorlar bilan ishim yo’q.

Bilgum, bu yo’l uzoqdir,
Qarshimda ming tuzoqdir.
Biroq yo’limda yotgan
Morlar bilan ishim yo’q.

Men seni topsam bo’ldi…

IZTIROB

Shom quyilib asta cho’kar ko’ngilga,
Tosh ota boshlaydi ko’kda yulduzlar.
Junjikkan bog’larni oralab kelgan
Devona shamollar nimadir so’zlar.

Chayqalar,
to’lg’onar,
mavjlanar kecha,
Yurakkacha borar tunning titrog’i.
Go’yo ko’zlariga sanchilmoqchiday,
Ko’kda yaltiraydi oyning o’rog’i.

U tunni sipqorar — qismat mayini,
Ko’zlarida bedor mungli xotira.
Osmon eshiklarin ochadi asta,
Quyosh chiqib kelar…
tong otmas sira.

HAQIQAT

Zanglab yotar ichimda bir so’z,
Yovqur bahodirlar qilichi misol.
Shuning uchun ham men sening ko’zingga,
Tik qarolmam ehtimol.
Shuning uchun ham men besas, besado,
Yashab o’tmoqdaman har bitta kunni.
Yelkam og’irlashib boradi, biroq
Uyg’otib qo’yishdan qo’rqaman uni.
O’zimga panalab ketib borurman,
O’nglarimni mudom tushlarga yo’yib…
Va yana hech qachon og’zimni ochmay,
Tishlarimni tishimga qo’yib…

* * *

Tush ko’raman.
Biram og’ir tush ko’raman,
Ro’paramda bir qanotsiz qush ko’raman.
Bechoraga don beray deb asta ochsam,
Yelkamdagi xurjunimni bo’sh ko’raman.

Ufqlarda kimdir chorlar, yetolmayman,
Ayriliqdan sira hatlab o’tolmayman.
Sen malomat qilishingni qo’ymaysan hech,
G’aflat bosib yotar, turib ketolmayman.

Har na qilsam, ko’ksimdagi azaliy sir,
“Ayo nodon, sim-simlarga ochilmas” der.
Bu eshikni ochib bergil endi menga,
O’nglarimni, tushlarimni to’g’rilab ber!

Seni qandoq topay so’qir ko’zim bilan?
Borolmayman bunday qaro yuzim bilan.
Yo’l chetida turibman men begonaday,
Tanishtirib qo’ygin endi o’zim bilan.

VOLA
(Turkum)

* * *

Ey Sen, qara, yashamoqqa bermas izn,
Ortimdagi armonlarim tizim-tizim.
Sen malomat qilaverma nolishimni,
Ko’rmadingmi, qalbimdagi oyoq izin?

* * *

Ey Sen, xavotirim ortar kun sayin,
Borar yo’llarimni aylagil tayin.
Men noshud sayyodman, qo’limdan tutgil,
O’zimni nishonga olib qo’ymayin!

* * *

Ey Sen, mening oshiqligim bilmaysanmu?
Quruq da’volarni ko’zga ilmaysanmu?
Dunyoning dorida turibman, qara,
Qutqazmoqqa kelmaysanmu, kelmaysanmu?!

* * *

Ey Sen, menga ko’rsatganing borsa kelmas,
Bu ne savdo, berganingdan ko’ngil to’lmas.
Axir, menga qanaqa soz uzatding Sen,
Ayriliqdan boshqasini chalib bo’lmas.

* * *

Ey Sen, Soqiy, karam etgil, to’ldirib quy,
Xobgohida dunyo yotar — bir pariro’y.
Qara, uning quchog’ida mudrab borar,
Uxlamasdan burun uni uyg’otib qo’y.

* * *

Ey Sen, aytgil, olismi bu yo’l orasi?
Tuzalmasmi endi sira dil yarasi?
Senga qanday yuzlanaman Mahshar kuni,
Bo’m-bo’sh tursa tarozining bir pallasi!

* * *

Ey Sen, mendan so’rama hech, kechirib qo’y,
Qon dilimni daftarimga ko’chirib qo’y.
Yoziqlarim ochib ko’rmay, qalbimdagi
Muhabbatdan boshqasini o’chirib qo’y.

* * *

Ey Sen, qara, ko’zlarimni kovlar bir kas,
Yana biri tuya yutib ko’rdim demas.
Kelganimdan buyon izlab topolmayman,
Nega buning birontasi butun emas?

* * *

Ey, Sen aytgan tomonda ko’p yo’lni ko’rdim,
O’ngni g’ajib borayotgan so’lni ko’rdim.
Buncha ajib tomonlarga yo’llading Sen,
Otashlarda muzlab yotgan dilni ko’rdim.

* * *

Ey Sen, axir bilasan-ku bexabarman,
Bilmaganim uchun bunda bexatarman.
Qara, qanday oshiq bo’ldim dunyoga men,
Bu savdoni endi qanday to’xtatarman?

* * *

Ey Sen, endi bu uyquni buzmoq kerak,
Dunyo bilan rishtalarni uzmoq kerak.
Yer ostida tinch yotishni istaganlar,
Yer ustida bugun reja tuzmoq kerak.

* * *

Ey Sen, O’zing karam etgil, toatim yo’q,
Bu yukingni ko’tarmoqqa sabotim yo’q.
Parvonaday o’zim shamga uray deyman,
Lek shamgacha olib borar qanotim yo’q.

* * *

Ey Sen, meni yaratding ming bir ozor ichinda,
Xomtalash bo’lib yotur umrim bozor ichinda.
Bu shunday qimor bo’ldi, jonimni tikib qo’ydim:
Arqon uchi Senda-yu, boshim shu dor ichinda.

* * *

Ey Sen, qara, sabrim to’la, ko’ngil yarim,
Axir mening tugab borar imkonlarim.
Men ham yerda ishq ovlagan sayyod edim,
Lek nishonga tegmas sira paykonlarim.

To’plamni mutolaa qiling yoki yuklab oling
02

006

(Tashriflar: umumiy 839, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring