Isajon Sulton. Tosh kelinchak

122

Таниқли ёзувчи Исажон Султоннинг шу кунларда қоғозга тушган яп-янги ҳикоясини эътиборингизга ҳавола этаман. Ҳикояда севгининг кучи, унинг инсон тақдирини, характерини нечоғли ўзгартириб юбориши акс этган. Биламизки, ишқ-муҳаббат тоғларнинг белини букади, кўкка мағрур бўй чўзган азамат дарахтларни ерга энкайтириб қўяди, ишқ дардига чалинган дарё ўзанини ўзгартириб юборади. Хуллас, севгига дуч келган инсон гўё бошқатдан яралгандек бўлади (Раҳимжон Раҳматнинг FB саҳифасидаги ёзувдан).

021
Исажон Султон
ТОШ КЕЛИНЧАК
Ҳикоя
022

09излардан бир-икки ёш катта Назар бақувват, чайир, қуюқ қошлари чимирилган, қора кўзларида ўт чақнаб турадиган шижоатли йигитча эди. У жўрабошимиз бўлиб, ҳаммамиз нима деса итоат қилардик. Чунки ақлда ҳам, кучда ҳам бир поғона баланд турарди-да. Бизлар чиқолмайдиган дарахтлар устига бирпасда чиқиб кетарди, баланд шохлари орасида кўринмай, ахийри қуш полапонини ёки тухумини олиб тушарди.

Ўзғирликда ва безориликда ҳам унга бас келадиган кимса йўқ. Кимнингдир товуғини ўғирлаб кетган ҳам шу Назар. Бировнинг итини урган ҳам шу. Бизга ўхшаган болалар бирор номаъқул иш қилсак, ҳаммадан дакки эшитардик, аммо ўша номаъқулни Назар қилса, катталар “Ҳа, энди” деб бош чайқаб қўяқолишарди.

Назарнинг отаси далада сувчи, онаси уйда, меҳнаткаш кишилар эдилар. Бизлар гоҳида ота-онамизнинг буюрган ишларидан бўйин товласак ҳам, Назар сира ундай қилмасди, қайтанга, юмушларни жон жаҳди билан, берилиб бажарарди. Шу сабабли отаси ҳам, онаси ҳам уни жуда яхши кўришарди.

Ҳаммамиз эндигина мўйлови сабза уриб, овози дўриллай бошлаган йигитчалар, синфдош қизларга ёки ёндош синфдагиларга ўзимизча гап отиб юрганимизга куларди.

Мускулларини ўйнатиб, гаплашиб турганларнинг ёнига келиб атай баланд овозда гапирар, сўкинар, бундан қизгина бечоранинг ўтакаси ёрилиб, шоша-пиша йўлига жўнаб қоларди. Атай даф қилгани учун унга қарши чиқишга ҳеч кимнинг шаҳди етмасди. Хуллас, бало эди бу Назар деганлари.

Отларга бир ирғишда миниб олар, гоҳо икки отни ёнма-ён чоптириб, биридан иккинчисига сакраб ўтар, тойларни арқонлашни яхши кўрарди. Унинг бақувват қўлларида асов тойлар тезда ювош тортиб қолар эдилар.

Ўн еттига кириб-кирмаган ўсмирларнинг деярли барчасининг кўз остига олиб қўйган қизи бўлади. Кўпинча қиз бехабар, уни талашиб ўзаро муштлашиб ҳам юришади.

Менинг ҳам танлаб қўйган қизим бор эди. Биргалашиб мактабдан қайтаётсак, лоп этиб олдимиздан Назар чиқиб қолишидан ҳадиксираб аланглаб борардик.

Оталаримиз “Уйлантириб қўяман” деб пўписа қилардилар. Мўйлов чиқиб овоз дўриллагач, шунақа ҳазиллашишарди-да. У ҳазилга нима деб жавоб қилишингниям билмасдинг, кулиб қўяқолсанг бир дард, индамасанг бошқа бир дард. Ҳар ҳолда, шунақа деб ҳазиллашган кишига қовоқ уйган маъқулроқ кўринарди.

Назар эса ҳазилга жавобан хохолаб куларди. Катталар билан бемалол, ўз тенгидай гаплашиб кетаверарди, биз эса улар қаршисида қисиниб-қимтиниброқ туришга одатланган эдик.
Биргина у шунақа эди: ҳеч кимни назар-писанд қилмайдиган, мағрур, чақноқ, жасур Назар.

* * *

Бир куни тенгқурларимиздан бири ғалати гап топиб келди.
– Айтсам, оғзинг очилиб қолади.
– Қанақа гап экан?
– Назар, – деди у, атрофига аланглаб. – Назар биттасини яхши кўриб қолибди.
– Йўғ-э, кимни?
– Ўзидан сўраёлмадим.
– Унда қайдан билдинг?
– Сой бўйида сувга термилиб ўтирибди, – деди у, гапига ишонмаганимни кўриб. – Юр, ўзинг ҳам кўр.

Эргашиб боряпману худди Назарнинг аччиғи чиқадигандай ўзимни ноқулай сезаман. Ниҳоят, айтилган сув ёқасига келсак, ҳақиқатан ҳам Назар! Сувга қараб ўтирибди.
Бизни сезиб, бошини буриб қаради. Нигоҳи аввалгидай эмас, шашти сўникроқ.
– Ҳа? – деди қовоқ уйиб.
– Ўзимиз, айланиб, – дедик.
– Майли, бораверинглар, – деди жойига ўтириб.

Бизлар унинг дарров бир нима ўйлаб топишини, “Юр ҳамманг, ортимдан” деб балиқ тутишга киришиб кетишини ёки зовур дўнгларидаги сувсар инларига ўт ёқиб, жониворларни қўрқитишини кутган эдик. Ундай бўлмади, туриб-туриб, изимизга қайтдик.

Орадан бир неча кун ўтди.
Назарнинг кимни яхши кўриб қолгани маълум бўлди: нариги кўчадаги Самад новчанинг қизи Уммугулсум экан. Э, дедим ҳафсалам пир бўлиб. Чўпдай озғин, сочи калта бир қиз-ку? Нимаси Назарни маҳлиё қилганини билолмас эдим.

Назар унга севги изҳор ҳам қилибди.
Қиз булоқ бошидан сув олиб уйига қайтаётган экан, қараса, тол тагида турганмиш.
– Ҳой, тўхта, – дебди қизга.

Қиз тўхтабди.
– Сен менга ёқасан, – дебди. – Сенга уйланаман!
– Э бор, тошингни тер, – дебди қиз. Назарнинг аччиғи чиқибди.
– Нима дединг?
– Тошингни тер, дедим, – дебди қиз ҳам. – Кет бу ердан! Кетмасанг, отамга айтиб бераман!
– Ҳе сени ўша отангни!..

Ўша куни Назар қўшнининг ғўзапоясини ёқиб юборди, кейин Самаднинг сигирининг қорнига паншаха тиқиб олди. Дарахтларнинг мевали катта шохларини синдириб-синдириб ташлади, кучук-мушукларни урди. Бекор қилди, шу тўс-тўполон туфайли ҳамма Назарнинг севгисидан хабар топди.

Отасига ҳам, онасига ҳам гап қайтариб ташлабди.
Унинг важоҳатини кўрганлар индамас бўлдилар.
Уммугулсумнинг акалари бор эди, ўшалар Назарни ургани келишибди.

Назар уларнинг олдига ҳайиқмай, хотиржам чиқибди. Ўша ерда ётган катта кетмонни олиб, сопини бир уриб синдирибди-да:
– Гулсумни акаси бўлганингиз учун индамайман. Аммо тез кетинглар, ҳозир белингизни мана шу кетмонсопидай синдириб қўяман, – дебди.

Шаҳдини кўрган акалар чўчиб, ўзларича бир-икки таҳдид қилган бўлишиб, ортга қайтишибди.
Воқеани энди бутун қишлоқ билар эди. Шу болага бир-икки оғиз гапириб, эпақага келтириб қўя оладиган кимса йўқмикин, дер эдилар. Назарни-я? Унга биров бир нима дея олармиди? Бузоқни кўтариб шартта сувга отворган ҳам шу-ку? Бу бола кейинчалик ё ўлиб кетади ё катта одам бўлади, дер эдилар.

Булоқ бўйида Назарни ҳайдаб юборгани билан, қизнинг бир-икки дугонаси унинг ҳам Назарга беэътибор эмаслигини айтишибди. Тўғри-да! Тегирмонга тушса бутун чиқадиган, шаҳду шиддати жисмига сиғмай тошиб турган Назарга тегмасдан, кимга ҳам тегарди? Йўқни йўндирадиган, борни бор қиладиган бундай йигитга қайси қиз йўқ дерди? Ўн етти ёшида қайси қизнинг ақли кирибди, қайси қиз севги ҳаваслари билан чин муҳаббатни ажрата олибди? Баҳорнинг гул ислари таралган илиқ кечаларида бахтли-саодатли ҳаёт ҳақидаги орзулари оғушида ётар экан, ҳам Назарнинг севгиси бошини айлантирган, ҳам жидду жаҳдидан ҳайиққан бўлса бордир. Нимасини айтасиз, лекин ишни қизнинг ота-онаси бузибди. “Ўлсин, шу болани кўрсам доим қўрқаман, қизим ҳам бир умр қўрқиб яшасинми? Қачон қарама, соч-тирноғи ўсиб, ўзи пахмоқ бўлиб юради” деганидан кейин қиз бўйсунибди. “Ота-онам нима деса шу” деб тураверибди. Назар буни эшитгач, анча ўйланиб ўтирди. Кейин тирноқларини олиб, сал ўзига қараб юрса-да, қиз томон барибирам фикридан қайтмади.

Одамлар ишларини қўйиб Назарнинг қилмишларини томоша қилар бўлдилар. Қачонки унинг ҳайқириғи эшитилса, бир нимани бошлаган бўлиб чиқар эди. Уммугулсумнинг оиласи ўзига тўқроқ бўлгани учун Назарнинг оиласини менсимабди, “Қизимни тагли-тугли, ўқиган болага бераман” дебди.
Шунда Назар Муродни чақирибди.
– Вей, ўқишга қандай кирса бўлади?
– Қайси бирига?
– Билмадим, – дебди. – Қайси бирига бўлса ҳам.

Мурод кириш тартибини тушунтирибди.
– Сен менга ўша китобларни топиб бер, – дебди Назар. Мурод топиб берибди.
Кириш синовларигача анча-мунча вақт бор эди. Шу кунларда уни фақат китоб ўқиб ўтирган ҳолида кўрдик. Ҳеч ким билан гаплашмади, ўқийверди. Синов куни кетди институтига, суюниб қайтиб ҳам келди, аввалги шўхликлари, шиддати қайтиб келгандек эди. То жавоблар чиққунига қадар шодон юрди. Жавоблар чиққач эса хомуш бўлиб қолди: киролмабди.
Бизлар ҳам ўз ҳаётимизда давом этардик. Кимлардир ўқишга кирди, кимлардир киролмай, қайлардандир иш топишди.

Назар эса… назардан қола бошлади.
Ишлагиси келмас, ҳафсаласи пир эди. Ҳеч қаерга сиғмасди, кечалари дайдиб юраверарди. Орадан анча-мунча вақт ўтгани учун кишилар кўникиб ҳам қолишди. Кучук ҳурса, бир нима тарақласа “Ҳа, Назардир-да” дейдиган бўлишди. Аввал хотинлар унинг устидан кулгани ботинмас эдилар, Назар сезиб қолса бўралаб сўкар ёки кесак ғириллатарди, энди эса индамас, парво қилмас бўлди.
– Йигит уйланса эси киради, дейишарди. Қаранг-а, қанақа безори бола эди, кўнгил қўйдию босилди-қолди, – дейишарди кишилар.
Уйидагилар унга уни-буни рўпара қилиб кўришди, қани кўнса? Ё уйга кириб бағрини ерга бериб ётволади, ё қайгадир кетади. Тўқайлару далалар орасида юриб-юриб қайтиб келади.

Ўз кўнгил қўйган қизларимиз билан гоҳ-гоҳ бекитиқча гаплашиб турганимизда, шу ҳолимизга шукр қиладиган, Назар гўё биздан кўра бахтсизроғу ўзимизни бахтлироқ ҳис қила бошлаган эдик. Лекин муҳаббатимиз ҳам унақа шиддатли эмас эди-да. Назар эса тобора кучлироқ ёнарди севги оловида. Мисоли парвона эди, ўзини тинмай ўтга урарди. Қизнинг кўчаларини айланиб юраверарди. Жонига тегса, шартта тўқайга кетворарди. Нимагадир одамлар йўқ жойларга кетарди.
У ёқларда нима қиларди? Болалар бир-икки марта узоқдан кўришибди: ҳеч нима қилмасдан тентираб юраверар экан. Кимдир бўғилиб-бўғилиб йиғлаганини ҳам кўрганини айтса-да, биров ишонмади. Назар-а? Ҳар не бўлса бўлар, аммо Назар йиғлармиди?
Кейин яна бир гап эшитдик. Назар қизнинг отаси билан гаплашибди!

Бировнинг қизини яхши кўриб қолган йигитнинг қиз отаси билан гаплашиши ақлга сиғадими? Лекин, у – Назар-да!
Самад новча ишидан қайтаётган экан, бир маҳал олдидан чиқибди.
Сочлари ўсиб кетган, кўзларида жунун ёлқинланиб турганмиш.
Самад новча ҳамма гапни сезибди, ўзича кўрмаганга олиб ўтиб кетмоқчи экан, Назар тўхтатибди.
– Ҳой Самад ака, – депти. – Қизингизни яхши кўриб қолганман. Усиз яшагим келмай қолди. Айтган хизматингизни қиламан, шу қизингизни менга берсангиз бас.

Ота уни бошини эгиб туришини кўриб, сал баланддан келиб койибди:
– Қанақа одобсиз боласан? Юриш-туришингни қара, турқингни қара. Олдимга чиқиб безрайиб айтган гапингни қара, ким тарбия берган сенга ўзи?
Шунда Назар дебди:
– Менга ўдағайлама. Ота бўлсанг ўзингга. Ҳурматингни қилиб, эл қатори қизингни сўрадим, нимангга дўқ урасан? Ҳозир жағингни иккига айириб қўяман!
Хулласки, яна бўлмапти.

Руҳи кўз ўнгимизда сўниб бормоқда эди. Кўрсангиз, аввалги Назардан асар ҳам қолмаган, юриш-туришидаги шиддати йўқолган, ҳардамхаёл, бир ўзига келиб атрофга алангласа, бир хаёллари ичига ғарқ бўлиб кетадиган йигитга айланиб бормоқда эди. Насиҳатлар, ўгитлар, мисоллар кор қилмас бўлди.

Ниҳоят, бир маҳаллар калтакдан чўчиб қайтиб кетган акалар яна бир бора журъат қилиб, олдидан чиқиб роса савалашибди.
Назар бу сафар индамабди. Гап ҳам қайтармабди. Жим тураверибди. Калтак зарбидан ерга йиқилганида ғужанак бўлиб олибди. Акалар ўзларича бир ишни қойиллатган каби, ётган жойида ҳам бир-икки тепишибди, кейин “Яна у-бу десанг, ўласан” деб пўписа қилиб жўнашибди.

У томон аҳвол шундай давом этаерса, яхшилик билан тугамаслигини билиб, шошилинчда қизларини узатиш пайига тушишди. Аслида ҳар доим рўй берадиган воқеа эмасми бу? Қиз узатилиб, Назар ҳам уйланақолса – олам гулистон, шу билан ҳаммаси ўз ўрнига тушади. Аммо, қанийди Назарни кўндириб бўлса? Бу совчилар ҳам аввалгилари каби Назардан ҳайиқишибди, анави телба яна бир балони бошлаб юрмасмикин деб ташвиш билдиришибди. Ниҳоят, ишни ими-жимида битиришга келишиб олишибди.

Қиз эса “Отам нима деса шу” деб турганмиш. Назардан гапиришса, индамамишу аммо кўзидан ёши дув-дув оқиб кетаверармиш.
“Қиз бола йиғлайди-да, – дейишибди амма-холалари. – Бу умр савдоси, эрга тегаётганида йиғламаган қиз бор эканми?”
Бир куни ўша амма-холалари билан бозордан қайтиб келишаётса, Назар олдиларидан чиқибди.
– Ҳой, жон болам, қўйинг, кетинг энди, – дебди хотинларнинг ёши каттароғи. – Нима қиласиз бечорани қийнаб? Оғзидан қора қонини келтирдингиз-ку қиз шўрликни?
Шунда Назар шунақанги гапларни гапирибдики, ҳамма ҳайрон қолибди.
– Ахир, мен сен билан битта бўлиб қолганман-ку, қандай қилиб кетай, – дермиш.
– Ахир, кўзим сендан бошқани кўрмайди-ку? Шафақни рангига қарасам ҳам сени кўраман. Ойга қарасам ҳам, қуёшга қарасам ҳам сени кўраман. Қайга боқсам, сен борсан.

Сенсиз мен қуп-қуруқ ғилоф бўлиб қоламан-ку, ахир, ичим сен билан лиммо-лим тўлган-ку?
Юришингни, кулишингни, қовоқ уйишингни ҳеч кимга ўхшатолмайман-ку? Кўча-кўйда зор бўлиб қоламан-ку сенга?
Билсанг, ҳатто итинг бўлиб қолишни орзу қиламан-ку, ўша ит ҳам мендан кўра тузукроқ, тепсанг ҳам, урсанг ҳам мендан бахтлироқ дея?

Сен… нима қилиб қўйдинг… мени? – дермиш.
– Эҳ-ҳе, қаранглар, – дейишарди кишилар. – Муҳаббат ҳам одамни шунчалар хор қиладими?
– Ҳой, эркаксан-ку? – дейишибди унга. – Ўзини қўлга ол, номусинг йўқми?
– Номус нима ўзи? – дебди.
– Ҳой бадбахтлар, тушуняпсизларми, усиз яшай олмайман ахир!

Шундай деб йиғлаб юборибди Назар.
– Ҳе ўл, – дейишибди кишилар, ботирланиб. – Кўзингни ёшини оқизишга уялмаганингни қара.
– Жон оғалар, бир нима қилинглар, – дермиш Назар. – Худонинг тақдири шу экан, қандай қилиб бузишга ақлим етмаяпти. Сизлар ёрдам беринглар менга, ахир?
– Сенга қандай ёрдам берардик, ўзи истамай турган бўлса?
– Нима қилсам рози бўларкин? – дея тирноқларини тишлаб-тишлаб гапирармиш Назар. – Нима қилсам, менга у совуқ, ёқтирмас нигоҳи билан қарамас экан? Нима қилсам бир дам тўхтаб, гапимга қулоқ солар экан?
– Ҳеч нима қилолмайсан, – дейишибди одамдар. – Ҳа, тўғри айтдинг. У тақдирни Худо яратди, бузолармидинг?

* * *

Ниҳоят, хавотирлару ташвишлар аро тўй ҳам бўлиб ўтди.
Одамлар Назар жунбушга келиб тўйни бузади деб ўйлашган, паҳлавон акалару жўралар қўр тўкиб, тўйхона атрофини айланиб кезишган эди. Йўқ, Назар келмади. Ўша куниям, эртасигаям, индинигаям уни биров кўрмади.

Ҳофиз “Тўйлар муборак”ни айтганида, давра шоён қизиди.

Тўйлар муборак,
эй ёри жоним,
Тўёна бўлсин-а
тан бирла жоним…

Тавба, битта жону бир таним борийди, шуни энди сен олақол, деганими бу? Бу дунёда кезиб юришимнинг ҳеч маъниси қолмади, ҳар иккиси ҳам тўйингга тўёна бўлақолсин, деганими бу?
Кишилар шундагина неча йиллардан бери эшитиб юрганлари шу қўшиқнинг аслида жуда дардли эканига эътибор беришди:

Ойдек юзингни
кўргони келдим,
Ҳасрат ўтида-ё
куйгони келдим…

Ҳам ҳасратли, ҳам шодон, ўзи йўқ ошиқ тилидан айтилаётгандай бу қўшиқ шу тарзда тўйхона узра мавжланиб қанот қоқаверди, Ҳамма ўйнаб-кулгани келган, вақтичоғлик қилишни истарди, Назар бировнинг эсига ё келди, ё келмади. “Борган жойингга тошдай тушгин. Тошдай тушгину тошдай қолгин” деган тилаклар айтилди.

Қишлоқнинг юқори қисмида теварагида жингулу чакалаклар ўсган Тошкелинчак деган қаровсиз бир жой бор эди. У асли тош эмас, суйганига етолмасдан, одамлардан қочиб бориб тошга айланиб қолган бир келинчак дер эдилар. Назар ўша жойда тунни ўтказибди.

Қўшиқчига ҳам бир нима бўлганми? Назар Тошкелинчакда бағрини ерга бериб ётаверди-ю, бу ёқда барча алёрлар Назар тилидан айтилаверди:

Бу мусофир даштида ҳар дам тутошиб ёнаман,
Ҳар қаён борсам бу кун, йўлдан адошиб бораман.

На отам бор, на онам, ҳеч кишим йўқдир манинг,
Ҳар таги деворларда зору саргардонаман.

Не гуноҳ қилдим, Худо, дунёда мен бўлдим ғариб,
Ҳар қаерда бекасу бечорага ҳамхонаман.

Доғлаб қўйди юракни бу фалакнинг гардиши,
Қисматим шундоқ экан, мен жумладин бегонаман.

Тошкелинчакнинг Уммугулсумга нима дахли бор? Ота-она иродасига бўйсуниб, бошқа бир хонадонга палахмон тошидай отилиб кетаётган бўлса? Шу куни Назарнинг умид гавҳари ҳам тошга урилгандай чил-чил синди, шодон давра унинг ҳолидан кейинроқ хабар топди.

Ҳаҳ қизгина-я, ота-онангни гапларига қарамасдан, шу Назарга тегиб қўяқолсанг, осмон узилиб, ерга тушармиди? Сени еру кўкка ишонмай, умрини охиригача авайлаб ўтмасмиди, тош келса кемириб, сув келса симирмасмиди?
Тўйдан анча вақт ўтгач, уни яна Уммугулсумларнинг уйи кўчасида кўришибди. Яқинлашиб бораверса, қиз хонадонининг кучуги югуриб чиқиб, оёқларига суйканибди, бошини ишқаб ангиллабди, шу-шу, ёнидан сира кетмас, изидан қолмас бўлибди. Қайга борса лўкиллаб борармиш, ўтирса ўтирармиш, юрса юрармиш.

Назар кўчанинг катта йўлга туташадиган ерида соатлаб тураверибди, Уммугулсум боласини етаклаб келишини пойлабди. Уммугулсум келсаям, унга қарамай ўтибди. Назар ҳам қарамабди, аммо юзи тўсатдан яшнаб, худди сув остида узоқ қолиб ҳавога чиққандай ютоқиб нафас олармиш.

Ўшанда жунуни қайтибди, росмана одам бўлиб қолибди. Кейин Уммугулсум ўтган йўлларга интизор-интизор термилиб, қумоқ йўлда қолган иккита изга тегиб кетмаслик учун эҳтиёт бўлиб, ёнида бир-бир одимлабди: бири бежирим, иккинчиси – миттигина изча.
Ҳа, бўлар иш бўлиб, бўёғи сингди, энди орадан қанчадир вақт ўтгач, ҳар нарса ўз маромига тушади, деб ўйлаган эдик. Ахир, “Ўламан, саттор” деб дунёни бузишга чоғланган не-не кишиларни измига солмаган у? Уммугулсум ўз рўзғорида бола-чақали бўлиб яшаб кетади, Назар ҳам юриб-юриб, ахийри бир кун уйланадию ҳаёт ўз ўзанига тушади, деган эдик.

Воқеа шу билан тугаса майлийди. Аммо ҳаёт турли тасодифу балоларни киши бошига кутилмаганда солар экан. Ҳар ким ўз иши билан овора бўлиб юргани маҳал, бир куни Уммугулсум иккинчи боласини туғолмай оламдан ўтибди, деган хабар келди.
Фалакнинг ёзуғини кўринг! Куёв тараф “Келин эмас, қиз бўлиб тушган эди, келинлик уйидан чиқарамиз” деса, ота тараф “Туғилиб-ўсган уйи ватани бўлади, ўз уйидан чиқарайлик” деб тортишиб қолишди. Ниҳоят, ўз уйидан чиқаришга рози бўлишди.
Келган ҳам, кетган ҳам ачинар эди Уммугулсумга. Шўрлик, ҳаётга келиб нима кўрди? Гулдай очилган эди, гулдайлигича кетди-я!
Таъзия-маросимларга Назар ҳам келди. Одамлар тўпланмасидан дарвозахона ёнига туриб олар, издиҳом узилгунча қимирламас эди. Фотиҳа ўқилса дуога қўл очмас, бировлар билан гаплашмас, жим турарди, холос.

Таъзияга биз ҳам бордик, унга бир нима дейишга сўз тополмай, кўришиб, ўтиб кетавердик.
Энди Назарни кўрган одам Назар демасди. Ҳақиқатан ҳам, бу тана ичидаги Назар қайгадир кетиб қолгандай, кўриниши Назару ичи бўм-бўшдай эди. Кўзлари ҳам бўм-бўш, теварагига қайрилиб қарамасди, ўз дунёсига ғарқ бўлиб, боши оққан томонга кетаверарди.

Теварагида жингулу чакалаклар ўсган ўша Тошкелинчакка бориб, тошга ўтириб оларди.
Телбага ўхшардию аммо телба деб бўлмасди. Эс-ҳуши жойида, аммо у малакнинг сеҳри ақлини чулғаган эди-да.
Не қисматки, малак энди йўқ эди!

Ҳа, энди унга ҳеч ким тегмай қўйди. Биров сўз ҳам қотмади. Ўз ихтиёрича, нима қилгиси келса шуни қилиб юраверди. Парвардигори Олам шу бандасининг жонини олмади, у яна анча яшади. Аммо буни яшаш деб бўлармиди? Руҳи ҳақиқатан ҳам Уммугулсум билан бирга кўмилгандай эди.

Маросимларга, гап-гаштакларга келиб қоларди. Маросимда кексалар хуш кўрадиган сўзлар айтилса, жон қулоғи билан тингларди:

У нимадир, хаволарда дўланган?
У нимадир, ер юзини сув олган?
У нимадир, сув ичида жони бор?
У нимадир, пўсти йўғу дони бор?

– У менман, ҳой одамлар, – дер эди Назар. – Менман-ку ахир?

Ривоят эса давом этаверарди:

У нимадир, яшил-қизил ўсадир?
У нимадир, оёғи йўқ кезадир?
У нимадир, етти дарё сузадир?
У нимадир, ёқаси бор, ёни йўқ?
У нимадир, қаноти бор, қони йўқ?
У нимадир, одам ютар, жони йўқ?
У нимадир, емадилар, тўйдилар?
У нимадир, қиёматга қўйдилар?

Мана шу ерга келганида Назар ҳўнграб-ҳўнграб йиғлар эди.

* * *

Паҳлавон Назар ҳикояси мана шу.
У маҳалдан бери кўп сувлар оққан, кўп нарсалар унут бўлган. Аммо Назар ўтирган тош ҳалиям бор, оёқларининг изи шундоққина турибди.

Айтадиларки, Назар мана шу ерда, Тошкелинчак қабри ёнида жонини ҳаққа топширган экан.
Уммугулсум ўтганидан кейин Назар келиб ўтирган жойлар ҳозир зиёратгоҳ. Одамлар келиб у ердаги бодомга латталар бойлашади, дуолар қилишади.

Ҳикоя шу билан тугаса-ку майлийди, аммо ҳали яна бир гап бор.

Назарни дала-даштда итини эргаштириб юрганини кўришган эмиш. Ҳар замонда Уммугулсумнинг қабри тепасига келганини, бошида кунлаб ўтирганини айтишади. Уни Уммугулсумнинг эри ҳам, қариндошлари ҳам ҳайдашмабди, зора шунинг дуоси тегсаю марҳумага савоб етса, деб индамай қўйиб беришибди.

Индамай қўйиб беришибди деймиз-у… Аслида бу кишилар учун шуям катта нарса. Ҳаётда эканида қўйиб беришмади-ку? Шунга қарамасдан, Уммугулсум ўтганидан кейин ҳам Назарга гўё катта яхшилик қилишаётгандай мамнун кетишганига нима дейсиз?
Назар ҳақидаги гап-сўзлар эл орасида ҳалиям бор.

Ҳа, бу – мана шундай қайғули, ҳасратли ишқ достонидир. Аслида қайси бир ишқ достони қайғули ва ҳасратли бўлмаган? Қайси ишқ шодликлару қувончларни етаклаб келибдики, бу етаклаб келсин? Қачонки ишқ оташи туташса, одам сўзона бўлади. Жигари лахта-лахта қон бўлади. Индамаса, ичи лов-лов ёнади. Айтай деса, тили куяди, айтмай деса, дили…
Ишқсизлар эса бемалол яйраб-яшнаб, тўсатдан Назарнинг ҳасратларини ифодалай бошлаган ўша ажойиб қўшиқ остида, тўй-тўйчиқларда дастурхондаги нарсалардан бемалол еб-ичиб, маза қилиб яйрашади.

Битта Назар йўқ.
Битта Уммугулсум йўқ.

* * *

Тошкелинчак, қалби тош келинчак ҳикояси – мана шу.
Қишлоқдан чиқаверишда, бепоён далалар орасида у зиёратгоҳ ҳалиям бор. Бир қисми ҳозир чойхонага айланган, баъзи кишилар ўша жойга келиб, базму жамшид қилиб ўтиришади.

Зиёратгоҳ ёнидан катта йўл ўтган, бир ёғи Ўшдан Эргаштомга, бу ёғи Қамчиқ довони оралаб Тошкентдан Қозоғистоннинг бепоён чўлларига қараб кетади. Турли-туман узун-қисқа аробалар қатнови бир зум бўлсин тинмайди.

Эй яхшилар! Мабодо ўша ёққа йўлингиз тушиб қолса, Тошкелинчак олдида озгина тин олинг. Булоғидан бир ютум сув ичиб, Назару Уммугулсум ҳақига дуо қилиб ўтинг. Шояд, савоби тегса ажабмас.

2015

09

Isajon Sulton
TOSH KELINCHAK
Hikoya
022

09izlardan bir-ikki yosh katta Nazar baquvvat, chayir, quyuq qoshlari chimirilgan, qora ko’zlarida o’t chaqnab turadigan shijoatli yigitcha edi. U jo’raboshimiz bo’lib, hammamiz nima desa itoat qilardik. Chunki aqlda ham, kuchda ham bir pog’ona baland turardi-da. Bizlar chiqolmaydigan daraxtlar ustiga birpasda chiqib ketardi, baland shoxlari orasida ko’rinmay, axiyri qush polaponini yoki tuxumini olib tushardi.

O’zg’irlikda va bezorilikda ham unga bas keladigan kimsa yo’q. Kimningdir tovug’ini o’g’irlab ketgan ham shu Nazar. Birovning itini urgan ham shu. Bizga o’xshagan bolalar biror noma’qul ish qilsak, hammadan dakki eshitardik, ammo o’sha noma’qulni Nazar qilsa, kattalar “Ha, endi” deb bosh chayqab qo’yaqolishardi.

Nazarning otasi dalada suvchi, onasi uyda, mehnatkash kishilar edilar. Bizlar gohida ota-onamizning buyurgan ishlaridan bo’yin tovlasak ham, Nazar sira unday qilmasdi, qaytanga, yumushlarni jon jahdi bilan, berilib bajarardi. Shu sababli otasi ham, onasi ham uni juda yaxshi ko’rishardi.

Hammamiz endigina mo’ylovi sabza urib, ovozi do’rillay boshlagan yigitchalar, sinfdosh qizlarga yoki yondosh sinfdagilarga o’zimizcha gap otib yurganimizga kulardi.

Muskullarini o’ynatib, gaplashib turganlarning yoniga kelib atay baland ovozda gapirar, so’kinar, bundan qizgina bechoraning o’takasi yorilib, shosha-pisha yo’liga jo’nab qolardi. Atay daf qilgani uchun unga qarshi chiqishga hech kimning shahdi yetmasdi. Xullas, balo edi bu Nazar deganlari.

Otlarga bir irg’ishda minib olar, goho ikki otni yonma-yon choptirib, biridan ikkinchisiga sakrab o’tar, toylarni arqonlashni yaxshi ko’rardi. Uning baquvvat qo’llarida asov toylar tezda yuvosh tortib qolar edilar.

O’n yettiga kirib-kirmagan o’smirlarning deyarli barchasining ko’z ostiga olib qo’ygan qizi bo’ladi. Ko’pincha qiz bexabar, uni talashib o’zaro mushtlashib ham yurishadi.

Mening ham tanlab qo’ygan qizim bor edi. Birgalashib maktabdan qaytayotsak, lop etib oldimizdan Nazar chiqib qolishidan hadiksirab alanglab borardik.

Otalarimiz “Uylantirib qo’yaman” deb po’pisa qilardilar. Mo’ylov chiqib ovoz do’rillagach, shunaqa hazillashishardi-da. U hazilga nima deb javob qilishingniyam bilmasding, kulib qo’yaqolsang bir dard, indamasang boshqa bir dard. Har holda, shunaqa deb hazillashgan kishiga qovoq uygan ma’qulroq ko’rinardi.

Nazar esa hazilga javoban xoxolab kulardi. Kattalar bilan bemalol, o’z tengiday gaplashib ketaverardi, biz esa ular qarshisida qisinib-qimtinibroq turishga odatlangan edik.
Birgina u shunaqa edi: hech kimni nazar-pisand qilmaydigan, mag’rur, chaqnoq, jasur Nazar.

* * *

Bir kuni tengqurlarimizdan biri g’alati gap topib keldi.
– Aytsam, og’zing ochilib qoladi.
– Qanaqa gap ekan?
– Nazar, – dedi u, atrofiga alanglab. – Nazar bittasini yaxshi ko’rib qolibdi.
– Yo’g’-e, kimni?
– O’zidan so’rayolmadim.
– Unda qaydan bilding?
– Soy bo’yida suvga termilib o’tiribdi, – dedi u, gapiga ishonmaganimni ko’rib. – Yur, o’zing ham ko’r.

Ergashib boryapmanu xuddi Nazarning achchig’i chiqadiganday o’zimni noqulay sezaman. Nihoyat, aytilgan
suv yoqasiga kelsak, haqiqatan ham Nazar! Suvga qarab o’tiribdi.

Bizni sezib, boshini burib qaradi. Nigohi avvalgiday emas, shashti so’nikroq.
– Ha? – dedi qovoq uyib.
– O’zimiz, aylanib, – dedik.
– Mayli, boraveringlar, – dedi joyiga o’tirib.

Bizlar uning darrov bir nima o’ylab topishini, “Yur hammang, ortimdan” deb baliq tutishga kirishib ketishini yoki zovur do’nglaridagi suvsar inlariga o’t yoqib, jonivorlarni qo’rqitishini kutgan edik. Unday bo’lmadi, turib-turib, izimizga qaytdik.

Oradan bir necha kun o’tdi.
Nazarning kimni yaxshi ko’rib qolgani ma’lum bo’ldi: narigi ko’chadagi Samad novchaning qizi Ummugulsum ekan. E, dedim hafsalam pir bo’lib. Cho’pday ozg’in, sochi kalta bir qiz-ku? Nimasi Nazarni mahliyo qilganini bilolmas edim.

Nazar unga sevgi izhor ham qilibdi.
Qiz buloq boshidan suv olib uyiga qaytayotgan ekan, qarasa, tol tagida turganmish.
– Hoy, to’xta, – debdi qizga.

Qiz to’xtabdi.
– Sen menga yoqasan, – debdi. – Senga uylanaman!
– E bor, toshingni ter, – debdi qiz. Nazarning achchig’i chiqibdi.
– Nima deding?
– Toshingni ter, dedim, – debdi qiz ham. – Ket bu yerdan! Ketmasang, otamga aytib beraman!
– He seni o’sha otangni!..

O’sha kuni Nazar qo’shnining g’o’zapoyasini yoqib yubordi, keyin Samadning sigirining qorniga panshaxa tiqib oldi. Daraxtlarning mevali katta shoxlarini sindirib-sindirib tashladi, kuchuk-mushuklarni urdi. Bekor qildi, shu to’s-to’polon tufayli hamma Nazarning sevgisidan xabar topdi.

Otasiga ham, onasiga ham gap qaytarib tashlabdi.
Uning vajohatini ko’rganlar indamas bo’ldilar.
Ummugulsumning akalari bor edi, o’shalar Nazarni urgani kelishibdi.

Nazar ularning oldiga hayiqmay, xotirjam chiqibdi. O’sha yerda yotgan katta ketmonni olib, sopini bir urib sindiribdi-da:
– Gulsumni akasi bo’lganingiz uchun indamayman. Ammo tez ketinglar, hozir belingizni mana shu ketmonsopiday sindirib qo’yaman, – debdi.

Shahdini ko’rgan akalar cho’chib, o’zlaricha bir-ikki tahdid qilgan bo’lishib, ortga qaytishibdi.
Voqeani endi butun qishloq bilar edi. Shu bolaga bir-ikki og’iz gapirib, epaqaga keltirib qo’ya oladigan kimsa yo’qmikin, der edilar. Nazarni-ya? Unga birov bir nima deya olarmidi? Buzoqni ko’tarib shartta suvga otvorgan ham shu-ku? Bu bola keyinchalik yo o’lib ketadi yo katta odam bo’ladi, der edilar.

Buloq bo’yida Nazarni haydab yuborgani bilan, qizning bir-ikki dugonasi uning ham Nazarga bee’tibor emasligini aytishibdi. To’g’ri-da! Tegirmonga tushsa butun chiqadigan, shahdu shiddati jismiga sig’may toshib turgan Nazarga tegmasdan, kimga ham tegardi? Yo’qni yo’ndiradigan, borni bor qiladigan bunday yigitga qaysi qiz yo’q derdi? O’n yetti yoshida qaysi qizning aqli kiribdi, qaysi qiz sevgi havaslari bilan chin muhabbatni ajrata olibdi? Bahorning gul islari taralgan iliq kechalarida baxtli-saodatli hayot haqidagi orzulari og’ushida yotar ekan, ham Nazarning sevgisi boshini aylantirgan, ham jiddu jahdidan hayiqqan bo’lsa bordir. Nimasini aytasiz, lekin ishni qizning ota-onasi buzibdi. “O’lsin, shu bolani ko’rsam doim qo’rqaman, qizim ham bir umr qo’rqib yashasinmi? Qachon qarama, soch-tirnog’i o’sib, o’zi paxmoq bo’lib yuradi” deganidan keyin qiz bo’ysunibdi. “Ota-onam nima desa shu” deb turaveribdi. Nazar buni eshitgach, ancha o’ylanib o’tirdi. Keyin tirnoqlarini olib, sal o’ziga qarab yursa-da, qiz tomon baribiram fikridan qaytmadi.

Odamlar ishlarini qo’yib Nazarning qilmishlarini tomosha qilar bo’ldilar. Qachonki uning hayqirig’i eshitilsa, bir nimani boshlagan bo’lib chiqar edi. Ummugulsumning oilasi o’ziga to’qroq bo’lgani uchun Nazarning oilasini mensimabdi, “Qizimni tagli-tugli, o’qigan bolaga beraman” debdi.
Shunda Nazar Murodni chaqiribdi.
– Vey, o’qishga qanday kirsa bo’ladi?
– Qaysi biriga?
– Bilmadim, – debdi. – Qaysi biriga bo’lsa ham.

Murod kirish tartibini tushuntiribdi.
– Sen menga o’sha kitoblarni topib ber, – debdi Nazar. Murod topib beribdi.
Kirish sinovlarigacha ancha-muncha vaqt bor edi. Shu kunlarda uni faqat kitob o’qib o’tirgan holida ko’rdik. Hech kim bilan gaplashmadi, o’qiyverdi. Sinov kuni ketdi institutiga, suyunib qaytib ham keldi, avvalgi sho’xliklari, shiddati qaytib kelgandek edi. To javoblar chiqquniga qadar shodon yurdi. Javoblar chiqqach esa xomush bo’lib qoldi: kirolmabdi.
Bizlar ham o’z hayotimizda davom etardik. Kimlardir o’qishga kirdi, kimlardir kirolmay, qaylardandir ish topishdi.

Nazar esa… nazardan qola boshladi.
Ishlagisi kelmas, hafsalasi pir edi. Hech qaerga sig’masdi, kechalari daydib yuraverardi. Oradan ancha-muncha vaqt o’tgani uchun kishilar ko’nikib ham qolishdi. Kuchuk hursa, bir nima taraqlasa “Ha, Nazardir-da” deydigan bo’lishdi. Avval xotinlar uning ustidan kulgani botinmas edilar, Nazar sezib qolsa bo’ralab so’kar yoki kesak g’irillatardi, endi esa indamas, parvo qilmas bo’ldi.
– Yigit uylansa esi kiradi, deyishardi. Qarang-a, qanaqa bezori bola edi, ko’ngil qo’ydiyu bosildi-qoldi, – deyishardi kishilar.
Uyidagilar unga uni-buni ro’para qilib ko’rishdi, qani ko’nsa? YO uyga kirib bag’rini yerga berib yotvoladi, yo qaygadir ketadi.
To’qaylaru dalalar orasida yurib-yurib qaytib keladi.

O’z ko’ngil qo’ygan qizlarimiz bilan goh-goh bekitiqcha gaplashib turganimizda, shu holimizga shukr qiladigan, Nazar go’yo bizdan ko’ra baxtsizrog’u o’zimizni baxtliroq his qila boshlagan edik. Lekin muhabbatimiz ham unaqa shiddatli emas edi-da. Nazar esa tobora kuchliroq yonardi sevgi olovida. Misoli parvona edi, o’zini tinmay o’tga urardi. Qizning ko’chalarini aylanib yuraverardi. Joniga tegsa, shartta to’qayga ketvorardi. Nimagadir odamlar yo’q joylarga ketardi.
U yoqlarda nima qilardi? Bolalar bir-ikki marta uzoqdan ko’rishibdi: hech nima qilmasdan tentirab yuraverar ekan. Kimdir bo’g’ilib-bo’g’ilib yig’laganini ham ko’rganini aytsa-da, birov ishonmadi. Nazar-a? Har ne bo’lsa bo’lar, ammo Nazar yig’larmidi?
Keyin yana bir gap eshitdik. Nazar qizning otasi bilan gaplashibdi!

Birovning qizini yaxshi ko’rib qolgan yigitning qiz otasi bilan gaplashishi aqlga sig’adimi? Lekin, u – Nazar-da!
Samad novcha ishidan qaytayotgan ekan, bir mahal oldidan chiqibdi.
Sochlari o’sib ketgan, ko’zlarida junun yolqinlanib turganmish.
Samad novcha hamma gapni sezibdi, o’zicha ko’rmaganga olib o’tib ketmoqchi ekan, Nazar to’xtatibdi.
– Hoy Samad aka, – depti. – Qizingizni yaxshi ko’rib qolganman. Usiz yashagim kelmay qoldi. Aytgan xizmatingizni qilaman, shu qizingizni menga bersangiz bas.

Ota uni boshini egib turishini ko’rib, sal balanddan kelib koyibdi:
– Qanaqa odobsiz bolasan? Yurish-turishingni qara, turqingni qara. Oldimga chiqib bezrayib aytgan gapingni qara, kim tarbiya bergan senga o’zi?
Shunda Nazar debdi:
– Menga o’dag’aylama. Ota bo’lsang o’zingga. Hurmatingni qilib, el qatori qizingni so’radim, nimangga do’q urasan? Hozir jag’ingni ikkiga ayirib qo’yaman!
Xullaski, yana bo’lmapti.

Ruhi ko’z o’ngimizda so’nib bormoqda edi. Ko’rsangiz, avvalgi Nazardan asar ham qolmagan, yurish-turishidagi shiddati yo’qolgan, hardamxayol, bir o’ziga kelib atrofga alanglasa, bir xayollari ichiga g’arq bo’lib ketadigan yigitga aylanib bormoqda edi. Nasihatlar, o’gitlar, misollar kor qilmas bo’ldi.

Nihoyat, bir mahallar kaltakdan cho’chib qaytib ketgan akalar yana bir bora jur’at qilib, oldidan chiqib rosa savalashibdi.
Nazar bu safar indamabdi. Gap ham qaytarmabdi. Jim turaveribdi. Kaltak zarbidan yerga yiqilganida g’ujanak bo’lib olibdi. Akalar o’zlaricha bir ishni qoyillatgan kabi, yotgan joyida ham bir-ikki tepishibdi, keyin “Yana u-bu desang, o’lasan” deb po’pisa qilib jo’nashibdi.

U tomon ahvol shunday davom etaersa, yaxshilik bilan tugamasligini bilib, shoshilinchda qizlarini uzatish payiga tushishdi. Aslida har doim ro’y beradigan voqea emasmi bu? Qiz uzatilib, Nazar ham uylanaqolsa – olam guliston, shu bilan hammasi o’z o’rniga tushadi. Ammo, qaniydi Nazarni ko’ndirib bo’lsa? Bu sovchilar ham avvalgilari kabi Nazardan hayiqishibdi, anavi telba yana bir baloni boshlab yurmasmikin deb tashvish bildirishibdi. Nihoyat, ishni imi-jimida bitirishga kelishib olishibdi.

Qiz esa “Otam nima desa shu” deb turganmish. Nazardan gapirishsa, indamamishu ammo ko’zidan yoshi duv-duv oqib ketaverarmish.
“Qiz bola yig’laydi-da, – deyishibdi amma-xolalari. – Bu umr savdosi, erga tegayotganida yig’lamagan qiz bor ekanmi?”
Bir kuni o’sha amma-xolalari bilan bozordan qaytib kelishayotsa, Nazar oldilaridan chiqibdi.
– Hoy, jon bolam, qo’ying, keting endi, – debdi xotinlarning yoshi kattarog’i. – Nima qilasiz bechorani qiynab? Og’zidan qora qonini keltirdingiz-ku qiz sho’rlikni?
Shunda Nazar shunaqangi gaplarni gapiribdiki, hamma hayron qolibdi.
– Axir, men sen bilan bitta bo’lib qolganman-ku, qanday qilib ketay, – dermish.
– Axir, ko’zim sendan boshqani ko’rmaydi-ku? Shafaqni rangiga qarasam ham seni ko’raman. Oyga qarasam ham, quyoshga qarasam ham seni ko’raman. Qayga boqsam, sen borsan.

Sensiz men qup-quruq g’ilof bo’lib qolaman-ku, axir, ichim sen bilan limmo-lim to’lgan-ku?
Yurishingni, kulishingni, qovoq uyishingni hech kimga o’xshatolmayman-ku? Ko’cha-ko’yda zor bo’lib qolaman-ku senga?
Bilsang, hatto iting bo’lib qolishni orzu qilaman-ku, o’sha it ham mendan ko’ra tuzukroq, tepsang ham, ursang ham mendan baxtliroq deya?

Sen… nima qilib qo’yding… meni? – dermish.
– Eh-he, qaranglar, – deyishardi kishilar. – Muhabbat ham odamni shunchalar xor qiladimi?
– Hoy, erkaksan-ku? – deyishibdi unga. – O’zini qo’lga ol, nomusing yo’qmi?
– Nomus nima o’zi? – debdi.
– Hoy badbaxtlar, tushunyapsizlarmi, usiz yashay olmayman axir!

Shunday deb yig’lab yuboribdi Nazar.
– He o’l, – deyishibdi kishilar, botirlanib. – Ko’zingni yoshini oqizishga uyalmaganingni qara.
– Jon og’alar, bir nima qilinglar, – dermish Nazar. – Xudoning taqdiri shu ekan, qanday qilib buzishga aqlim yetmayapti. Sizlar yordam beringlar menga, axir?
– Senga qanday yordam berardik, o’zi istamay turgan bo’lsa?
– Nima qilsam rozi bo’larkin? – deya tirnoqlarini tishlab-tishlab gapirarmish Nazar. – Nima qilsam, menga u sovuq, yoqtirmas nigohi bilan qaramas ekan? Nima qilsam bir dam to’xtab, gapimga quloq solar ekan?
– Hech nima qilolmaysan, – deyishibdi odamdar. – Ha, to’g’ri aytding. U taqdirni Xudo yaratdi, buzolarmiding?

* * *

Nihoyat, xavotirlaru tashvishlar aro to’y ham bo’lib o’tdi.
Odamlar Nazar junbushga kelib to’yni buzadi deb o’ylashgan, pahlavon akalaru jo’ralar qo’r to’kib, to’yxona atrofini aylanib kezishgan edi. Yo’q, Nazar kelmadi. O’sha kuniyam, ertasigayam, indinigayam uni birov ko’rmadi.

Hofiz “To’ylar muborak”ni aytganida, davra shoyon qizidi.

To’ylar muborak,
ey yori jonim,
To’yona bo’lsin-a
tan birla jonim…

Tavba, bitta jonu bir tanim boriydi, shuni endi sen olaqol, deganimi bu? Bu dunyoda kezib yurishimning hech ma’nisi qolmadi, har ikkisi ham to’yingga to’yona bo’laqolsin, deganimi bu?
Kishilar shundagina necha yillardan beri eshitib yurganlari shu qo’shiqning aslida juda dardli ekaniga e’tibor berishdi:

Oydek yuzingni
ko’rgoni keldim,
Hasrat o’tida-yo
kuygoni keldim…

Ham hasratli, ham shodon, o’zi yo’q oshiq tilidan aytilayotganday bu qo’shiq shu tarzda to’yxona uzra mavjlanib qanot qoqaverdi, Hamma o’ynab-kulgani kelgan, vaqtichog’lik qilishni istardi, Nazar birovning esiga yo keldi, yo kelmadi. “Borgan joyingga toshday tushgin. Toshday tushginu toshday qolgin” degan tilaklar aytildi.

Qishloqning yuqori qismida tevaragida jingulu chakalaklar o’sgan Toshkelinchak degan qarovsiz bir joy bor edi. U asli tosh emas, suyganiga yetolmasdan, odamlardan qochib borib toshga aylanib qolgan bir kelinchak der edilar. Nazar o’sha joyda tunni o’tkazibdi.

Qo’shiqchiga ham bir nima bo’lganmi? Nazar Toshkelinchakda bag’rini yerga berib yotaverdi-yu, bu yoqda barcha alyorlar Nazar tilidan aytilaverdi:

Bu musofir dashtida har dam tutoshib yonaman,
Har qayon borsam bu kun, yo’ldan adoshib boraman.

Na otam bor, na onam, hech kishim yo’qdir maning,
Har tagi devorlarda zoru sargardonaman.

Ne gunoh qildim, Xudo, dunyoda men bo’ldim g’arib,
Har qaerda bekasu bechoraga hamxonaman.

Dog’lab qo’ydi yurakni bu falakning gardishi,
Qismatim shundoq ekan, men jumladin begonaman.

Toshkelinchakning Ummugulsumga nima daxli bor? Ota-ona irodasiga bo’ysunib, boshqa bir xonadonga palaxmon toshiday otilib ketayotgan bo’lsa? Shu kuni Nazarning umid gavhari ham toshga urilganday chil-chil sindi, shodon davra uning holidan keyinroq xabar
topdi.

Hah qizgina-ya, ota-onangni gaplariga qaramasdan, shu Nazarga tegib qo’yaqolsang, osmon uzilib, yerga tusharmidi? Seni yeru ko’kka ishonmay, umrini oxirigacha avaylab o’tmasmidi, tosh kelsa kemirib, suv kelsa simirmasmidi?
To’ydan ancha vaqt o’tgach, uni yana Ummugulsumlarning uyi ko’chasida ko’rishibdi. Yaqinlashib boraversa, qiz xonadonining kuchugi yugurib chiqib, oyoqlariga suykanibdi, boshini ishqab angillabdi, shu-shu, yonidan sira ketmas, izidan qolmas bo’libdi. Qayga borsa lo’killab borarmish, o’tirsa o’tirarmish, yursa yurarmish.

Nazar ko’chaning katta yo’lga tutashadigan yerida soatlab turaveribdi, Ummugulsum bolasini yetaklab
kelishini poylabdi. Ummugulsum kelsayam, unga qaramay o’tibdi. Nazar ham qaramabdi, ammo yuzi to’satdan yashnab, xuddi suv ostida uzoq qolib havoga chiqqanday yutoqib nafas olarmish.

O’shanda jununi qaytibdi, rosmana odam bo’lib qolibdi. Keyin Ummugulsum o’tgan yo’llarga intizor-intizor termilib, qumoq yo’lda qolgan ikkita izga tegib ketmaslik uchun ehtiyot bo’lib, yonida bir-bir odimlabdi: biri bejirim, ikkinchisi – mittigina izcha.
Ha, bo’lar ish bo’lib, bo’yog’i singdi, endi oradan qanchadir vaqt o’tgach, har narsa o’z maromiga tushadi, deb o’ylagan edik. Axir, “O’laman, sattor” deb dunyoni buzishga chog’langan ne-ne kishilarni izmiga solmagan u? Ummugulsum o’z ro’zg’orida bola-chaqali bo’lib yashab ketadi, Nazar ham yurib-yurib, axiyri bir kun uylanadiyu hayot o’z o’zaniga tushadi, degan edik.

Voqea shu bilan tugasa mayliydi. Ammo hayot turli tasodifu balolarni kishi boshiga kutilmaganda solar ekan. Har kim o’z ishi bilan ovora bo’lib yurgani mahal, bir kuni Ummugulsum ikkinchi bolasini tug’olmay olamdan o’tibdi, degan xabar keldi.
Falakning yozug’ini ko’ring! Kuyov taraf “Kelin emas, qiz bo’lib tushgan edi, kelinlik uyidan chiqaramiz” desa, ota taraf “Tug’ilib-o’sgan uyi vatani bo’ladi, o’z uyidan chiqaraylik” deb tortishib qolishdi. Nihoyat, o’z uyidan chiqarishga rozi bo’lishdi.
Kelgan ham, ketgan ham achinar edi Ummugulsumga. Sho’rlik, hayotga kelib nima ko’rdi? Gulday ochilgan edi, guldayligicha ketdi-ya!
Ta’ziya-marosimlarga Nazar ham keldi. Odamlar to’planmasidan darvozaxona yoniga turib olar, izdihom uzilguncha qimirlamas edi. Fotiha o’qilsa duoga qo’l ochmas, birovlar bilan gaplashmas, jim turardi, xolos.

Ta’ziyaga biz ham bordik, unga bir nima deyishga so’z topolmay, ko’rishib, o’tib ketaverdik.
Endi Nazarni ko’rgan odam Nazar demasdi. Haqiqatan ham, bu tana ichidagi Nazar qaygadir ketib qolganday, ko’rinishi Nazaru ichi bo’m-bo’shday edi. Ko’zlari ham bo’m-bo’sh, tevaragiga qayrilib qaramasdi, o’z dunyosiga g’arq bo’lib, boshi oqqan tomonga ketaverardi.

Tevaragida jingulu chakalaklar o’sgan o’sha Toshkelinchakka borib, toshga o’tirib olardi.
Telbaga o’xshardiyu ammo telba deb bo’lmasdi. Es-hushi joyida, ammo u malakning sehri aqlini chulg’agan edi-da.
Ne qismatki, malak endi yo’q edi!

Ha, endi unga hech kim tegmay qo’ydi. Birov so’z ham qotmadi. O’z ixtiyoricha, nima qilgisi kelsa shuni qilib yuraverdi. Parvardigori Olam shu bandasining jonini olmadi, u yana ancha yashadi. Ammo buni yashash deb bo’larmidi? Ruhi haqiqatan ham Ummugulsum bilan birga ko’milganday edi.

Marosimlarga, gap-gashtaklarga kelib qolardi. Marosimda keksalar xush ko’radigan so’zlar aytilsa, jon qulog’i bilan tinglardi:

U nimadir, xavolarda do’langan?
U nimadir, yer yuzini suv olgan?
U nimadir, suv ichida joni bor?
U nimadir, po’sti yo’g’u doni bor?

– U menman, hoy odamlar, – der edi Nazar. – Menman-ku axir?

Rivoyat esa davom etaverardi:

U nimadir, yashil-qizil o’sadir?
U nimadir, oyog’i yo’q kezadir?
U nimadir, yetti daryo suzadir?
U nimadir, yoqasi bor, yoni yo’q?
U nimadir, qanoti bor, qoni yo’q?
U nimadir, odam yutar, joni yo’q?
U nimadir, yemadilar, to’ydilar?
U nimadir, qiyomatga qo’ydilar?

Mana shu yerga kelganida Nazar ho’ngrab-ho’ngrab yig’lar edi.

* * *

Pahlavon Nazar hikoyasi mana shu.
U mahaldan beri ko’p suvlar oqqan, ko’p narsalar unut bo’lgan. Ammo Nazar o’tirgan tosh haliyam bor, oyoqlarining izi shundoqqina turibdi.

Aytadilarki, Nazar mana shu yerda, Toshkelinchak qabri yonida jonini haqqa topshirgan ekan.
Ummugulsum o’tganidan keyin Nazar kelib o’tirgan joylar hozir ziyoratgoh. Odamlar kelib u yerdagi bodomga lattalar boylashadi, duolar qilishadi.

Hikoya shu bilan tugasa-ku mayliydi, ammo hali yana bir gap bor.

Nazarni dala-dashtda itini ergashtirib yurganini ko’rishgan emish. Har zamonda Ummugulsumning qabri tepasiga kelganini, boshida kunlab o’tirganini aytishadi. Uni Ummugulsumning eri ham, qarindoshlari ham haydashmabdi, zora shuning duosi tegsayu marhumaga
savob yetsa, deb indamay qo’yib berishibdi.

Indamay qo’yib berishibdi deymiz-u… Aslida bu kishilar uchun shuyam katta narsa. Hayotda ekanida qo’yib berishmadi-ku? Shunga qaramasdan, Ummugulsum o’tganidan keyin ham Nazarga go’yo katta yaxshilik qilishayotganday mamnun ketishganiga nima deysiz?
Nazar haqidagi gap-so’zlar el orasida haliyam bor.

Ha, bu – mana shunday qayg’uli, hasratli ishq dostonidir. Aslida qaysi bir ishq dostoni qayg’uli va hasratli bo’lmagan? Qaysi ishq shodliklaru quvonchlarni yetaklab kelibdiki, bu yetaklab kelsin? Qachonki ishq otashi tutashsa, odam so’zona bo’ladi. Jigari laxta-laxta qon bo’ladi. Indamasa, ichi lov-lov yonadi. Aytay desa, tili kuyadi, aytmay desa, dili…
Ishqsizlar esa bemalol yayrab-yashnab, to’satdan Nazarning hasratlarini ifodalay boshlagan o’sha ajoyib qo’shiq ostida, to’y-to’ychiqlarda dasturxondagi narsalardan bemalol yeb-ichib, maza qilib yayrashadi.

Bitta Nazar yo’q.
Bitta Ummugulsum yo’q.

* * *

Toshkelinchak, qalbi tosh kelinchak hikoyasi – mana shu.
Qishloqdan chiqaverishda, bepoyon dalalar orasida u ziyoratgoh haliyam bor. Bir qismi hozir choyxonaga aylangan, ba’zi kishilar o’sha joyga kelib, bazmu jamshid qilib o’tirishadi.

Ziyoratgoh yonidan katta yo’l o’tgan, bir yog’i O’shdan Ergashtomga, bu yog’i Qamchiq dovoni oralab Toshkentdan Qozog’istonning bepoyon cho’llariga qarab ketadi. Turli-tuman uzun-qisqa arobalar qatnovi bir zum bo’lsin tinmaydi.

Ey yaxshilar! Mabodo o’sha yoqqa yo’lingiz tushib qolsa, Toshkelinchak oldida ozgina tin oling. Bulog’idan bir yutum suv ichib, Nazaru Ummugulsum haqiga duo qilib o’ting. Shoyad, savobi tegsa ajabmas.

2015

09

(Tashriflar: umumiy 1 595, bugungi 1)

Izoh qoldiring