Ma’mura Zohidova. Boychechak. Qissa (1) & Qozoqboy Yo’ldosh. Dunyolarga sig’magan ko’ngil odami

07Қозоқбой ака «Бойчечак» қиссаси ҳақида ёзган мақоласини «Мен Маъмура Зоҳид деган ёзувчи қизнинг борлигини билмас эканман» , деб бошлаганидек, мен ҳам Маъмура ижодидан бехабар эдим. Ўтган йил «Бойчечак»ни ўқиб бўлгач, жуда қаттиқ ҳаяжонланган ва Маъмурани асар билан қутлаган эдим.

  Айни шундай асарлар ўзбек адабиётининг келажагига бўлган ишончни ловуллатиб юборади. Гап фақат асарда акс эттирилган воқеалар табиатига сингдирилган мунгда эмас, гап ўнлаб йилларким юракларни эзиб келаётган изтироб — она тилимизнинг ночор аҳволи сафсатасиз аён этилганида, бемор онага ёрдам беришдан маҳрум фарзанднинг иложсиз ҳаёти нечоғли аниқ тасвир этилганида.

  Асар ҳақида мақола ёзган яна бир синчи — Зуҳриддин Исомиддиновга қўшилиб такрорлагим келади: «Тилимизнинг чин бойлигини мен Маъмура Зоҳидованинг шу асарида кўрдим. Гарчи, бошқа бир қанча адибларнинг асарларида ҳам тил ширали, бой,  аммо “Бойчечак” шу нарсани махсус кўрсатиш учун ҳам ёзилгандай…»

  Ўзимдан биламан, «Бойчечак» ўқибоқ унитиладиган асар эмас. У бугунги адабиётимизнинг улкан ютуғидир.

Хуршид Даврон

Қозоқбой ЙЎЛДОШ
ДУНЁЛАРГА СИҒМАГАН КЎНГИЛ ОДАМИ


Ўзбек адабиёти катта адабиёт бўлгани учун ҳам ундаги барча истеъдод эгаларини пайқаш ва кузатиб юриш қийин кечади. Мен Маъмура Зоҳид деган ёзувчи қизнинг борлигини билмас эканман. Тўғрироғи, яқиндан бери ўзини танирдим, уюшмадаги турли йиғинларда кўришиб-сўрашиб юрардим, лекин унинг қалами кучи “Бойчечак” қиссаси ва беш-олти ҳикоясини ўқигандан кейингина менга маълум бўлди. Битиклари тилининг ширадорлиги, мақолу айтимлардан жуда ўринли фойдаланилгани, тасвирнинг самимийлиги, қаҳрамонлар руҳияти товланишлари табиийлиги, маҳаллий колорит ёрқин акс этгани билан кишини ўзига ром қилади.
098 “Бойчечак” қиссаси қаҳрамони – кўнгил кишиси ўқитувчи Турғун. Кўнгил одамига яшаш ҳамиша қийин бўлади. Бундай шахснинг кўнгил дунёси бегидир ва муҳташам, носамимийликдан холи ва ёрқин бўлади. Ташқи олам эса унга тамомила тескари: одамни нафс қутқулари сари етаклайдиган кепатада. Турғун ана шу икки олам зиддияти орасида изтироб чекади. У ўз касбини, болаларни яхши кўради. Бу ҳолат қиссада: “Мактаб ҳовлисига кирди дегунча ҳамма нарсани: бувисининг кексарганда келиндан ёлчимай қийналаётганини, ўзининг тенг-тўшлари билан сўзи чиқишмаслигини, акасини тез-тез бориб кўролмаётганини, Ойдиннинг давқур-давқур кўз олдига келиб турадиган қиёфасини унутиб юборади. Орқада қолади бари. Синфхонага қадам қўйганида эса ўқитувчи опахонлар кўрсатадиган нағмалару баланднинг остидан, пастнинг устидан ўтишларини, битириш керак бўлган бир ғарам қоғоз-поғозларни, икки ойлаб кечикадиган ва ҳали олмаган маоши устида бўлиб ётадиган тўлов-ўлпон машмашаларини ёддан чиқаради. Рўпарасида дунё дардларидан неча йиллар масофасида йироқ, ҳар бири бир олам болалар” тарзида акс эттирилади.
Ўзи эзгу ўйли, эзгу сўзли, эзгу амалли бўлгани, болаларга-да шу сифатларни сингдиришга урингани, бошқаларда-да шу фазилатлар бўлишини истагани учун ҳамиша зарбалар остида юриши, ички олами бузилган кўпчилик томонидан ёлғизлантириши асарда жуда таъсирли акс эттирилган. Бунинг устига, ўзи суйиб уйланган қиз илк кечадаёқ унга: “Сизни яхши кўрмайман. Севганим бор эди, ваъдалашгандик. Дадам кўнмадилар. Дадамнинг юраги яна ушлаб қолмасин, дедим. Ўзимни ўлдиролмадим”, – дейди. Ёзувчи бировга айтиб бўлмайдиган дардга йўлиққан йигит кўнглида кечаётган муҳаббат ва орият ўртасидаги олишувни кишини эмрантирар даражада таъсирли ифода қилади.
Маълумки, ўзбек йигити аёлининг бугунигагина эмас, балки ўтмишига ҳам уйланади. Никоҳидаги аёлнинг қачондир кимнидир севганининг ўзи ўзбек эркаги учун унутиладиган ва кечириладиган ҳолат эмас. Бундай ҳолатга тушган эркак чексиз изтироб оғушида қолади. Агар йигит аёлини яхши кўрса, изтиробнинг даражаси янада ортади. Турғун ана шундай ҳолат исканжасида. Буни Маъмура ўта ишонарли йўсинда тасвирлайди: “Узоқ ўйлади. Тонг-ла Ойдинни олиб келиш учун боришга қарор қилди. Бироқ тонг – тонг эди. Буткул бошқа рангларда эди. Турғун оқшом ўзига берган ваъдаси учун ўзини ёмон кўриб кетди. Соқол қираётганда ойнадан уялди. Кўчада Ойдин билан етаклашиб юриши-ю орқасидан Йигиталининг етиб олиб, ўтиб кетишини кўз олдига келтирди”. Икки ўт ўртасида қолган йигитнинг: “Ўзинг суйганни олгунча, ўзингни суйганни олгин экан” тарзидаги тўхтамга келиши ўқирманни ишонтиради.
Ори туфайли Ойдинни кетказиб юборган, у эланиб келганида ҳам қабул қилмаган Турғун айни вақтда келинчагини ҳаддан ташқари яхши кўради. Шу боис йигитнинг: “Бунча ҳам чиройли бўлмаса Ойдин. Нега у… Нега жонига офат қилиб яралган экан-а? Нега у бошқани севди? У юрагини очмасидан севиб улгурди? Кўнглини бировга берди? Севиб қўйди? Нега? Кафтларида тутмасмиди? Истаганини муҳайё қилмасмиди? Чўғдай ясантириб, ҳамма қизларнинг кўзини куйдириб олиб юрмасмиди?” тарзида пойма-пойроқ андуҳли ўйлар суриши кишини ишонтиради.
Бир томондан шахсий ҳаётининг ўхшамагани, иккинчи ёқдан, ўз ишига лоқайд ва саводсиз касбдошларининг зуғуми, учинчи тарафдан, йигитга қилинган туҳмат туфайли у шаҳарга кетиб, қурилишда ишлашга мажбур бўлади. Кўнглига бутун дунё муҳаббатини сиғдирган йигит олдин қишлоғига, кейин ёруғ оламга сиғмай қолади.
Қисса фақат чигал тақдирлар баённомаси бўлиб қолмай, балки унда ҳар қандай миллатнинг миллатлигини белгилайдиган тилга муносабат, уни бегона таъсирлардан асраш, ривожлантириш, чексиз бойликларидан ўринли фойдалана билиш зарурати акс этган. Тилни йўқотиш, уни зарарли таъсирлар чангалида қолдириш оқибатда миллат қиёфасизланиши экани асарда жуда таъсирли кўрсатилган. Тилимиз фанидан ёшларга сабоқ бергувчилар нутқи билан халқ вакилининг нутқи ўртасидаги контрастлар маҳорат билан ҳавола этилган.
Қиссанинг барча ўрнида тасвир табиий ва зўриқишсиз боради. Муаллиф асардаги ҳар бир персонаж тилининг ўзига хос бўлишига эришади. Шу сабаб мақолсиз гапирмайдиган буви, нутқининг пала-партишлигидан савияси қандайлиги кўриниб турадиган ўқитувчилар, бадиий сўз сеҳридан лол қоладиган Турғун сингари тимсолларнинг тили бир-бириникидан кескин ажралиб туради.
Асарда жуда ўринли ишлатилган “Балоқ турилмай балиқ тутиб бўлмас”, “Йўлни йўлчи енгади”, “Кўк йиғламаса ер кулмайди”, “Қозоннинг кичкинаси тошади” каби неча ўнлаб мақоллар учрайди.
Азиз ўқирман! Ушбу қиссада сиз қизиқарли ва чигал тақдирли кишилар билан учрашасиз. Умид қиламанки, изтиробли учрашувингиз тозариш маъносида кўнгилли ўтади.

2019 йил 25 декабрь – 2020 йил 2 январь

Маъмура Зоҳидова
БОЙЧЕЧАК
Ққисса


– Нима истайсан мендан?
Шундай деди-ю, болохонадор сўкиниб, пишқирганча бетма-бет келиб тикка сакраётган рўпарасидаги йигит ўрнида бир маҳалдаги нимжон, сариқдан келган аразчи болакайни кўрди. Ана, ошнасининг кўзлари баттар хунуклашиб кетди. Тишини тишига қаттиқ босибди. Ўрганган қилиқ ўлганда қоларкан-да.
– Нима истайсан?! Ўчир овозингни! Тилингни омбурда суғуриб оламан! Э сенга диплом берганларингниям!.. Домлачилигингга тупурдим сени!
– Қаёқдаги бўлмағур гапларга ишониб бекор қиляпсан. Одамларни билмайсанми?
– Кетасан! Ғовадан бошингни олиб чиқиб кетасан! Барибир тинч қўймайман! Гулдай синглимнинг номини чиқардинг! Ҳаммаёқни расво қилдинг! Эркак деб адашиб юрган эканман сени! Йўқол! Қайтиб кўзимга кўринма!
Ёқа бўғишишдан бошланиб, аччиқ-тиззиқ шартлашишга ўтган можаро, асли можаро деган от бу айтди-дедига кўплик қилаётган, оғайнисининг иссиқ юзини қилиб паст келувидан якун топай деб турган эди-ю…
– Ёшгина қиз, алдасам бўлади дедингми?! Ит! Ифлос! Яхши кўраман деб йўлдан урдингми?! Шунақа дедингми?! – ёқаси ошнасининг қўлида тортилиб бориб-кела бошлади.
– Йўқ! Бас қил!
– Айт, ифлос! Нима гапинг бор унга?! Ўлдираман сени ҳозир!
Оғзидан икки оғиз гап учиб чиқди. Чиқмаганига қўймади-да ўзи.
– Яхши кўраман, нимайди?
“Келиб-келиб мен билан талашасанми орингни? Сенга қанча бўлса менга ҳам шунча оғир, ошна. Бунча тезикишма. Мушт солсам ўнгланмасанг-чи”.
– Ифлос-с!!!
– Ҳаммасини яхши кўраман. Бўлмаса бунақа қилиб… Имм!
Икки қайта мушт тушди. Кўзидан ўт чиқди. Тепки зарбидан нарига силтаниб кетди. Уриб бўлмаса. Айб ўзида-ку. Шу ишларни кўнгли сезиб юрганди.
– Ит эмган! Марраз! Ошна дема мени!
…Бирови келди. Бегона эди келган. Судраб кетди синфдошини, яна неча йиллик даврадошини. Бурнидан келган қон оч ҳаворанг кўйлагига томди. Четга ўтди. Ана, болалик оғайниси бир умрлик юзкўрмас бўлди, бировнинг қўлида тортилиб-тортилиб, худди қўйиб юборса аждарҳога айлангудек важоҳат солиб наригача борди, сўкинди, чирт бурилиб, тупуриб кетди. Сўкингани ҳам майли, тупургани ёмон бўлди. Ўринсиз қилиқдан ўринли юмруқ (1; изоҳлар асардан кейин берилган ) яхшийди.
Нарида, тошгузар муюлишида томошаталаб уч-тўрттаси ярим-ёрти қараб, қулоғини диккайтириб турарди.
Ариқчада юз ювди, рўмолчасини бурнига босиб бошини кўтарди, кийими барларини текислади, ёқасини тўғрилади. Қайтар дунё. Рўпарасидаги қоратолга унинг тикка-тикка хивичларини санаётгандек тикилиб турди. Кейин бир силтаниб йўлга тушди. Уйга қайтди. Боғдан чиқиб келаётган бувисини кўриб ичи жиғиллади, болалигидаги каби қўйнига отилгиси, қалампирмунчоқ исига тўйиб, кўз юмиб, эркалангиси келди. Ярим-ёрти сўрашди-да, чап берди.
Бу тун ҳам кўзига уйқу илинмади.
Эрталаб яна ишга. Аввалги ҳафсалалар қани, боши баттар эгилиб жинкўчанинг тошларини санаб борди.
Келишиб олгандай, дарвозадан кириши билан йўлига қараб турган завуч (2) дейдиганлари қўл силкиб имлади, хонасига бошлади, ортидан етгунича жойига ўтирди-да ранг-қути ўчганча жиддий кутиб олди. Бу галги тараддудланиши бошқача.
– Турғунбой, нима қиламиз энди?
– Нимани нима қиламиз?
– Энди, ўқитувчилик осон иш эмас-да. Мактаб эгасиз ҳам эмас. Кеча селектор дан чиққанимизда заврайоно директор билан менга алоҳида топшириқ қилди. Битта ариза қилиб, тинчгина бўшаб олаверинг. Энг биринчи ўзингизга яхши бўлади. Минг айтдим, нармалний ишламадингиз. Каттани катта демайсиз, кичикни кичик демайсиз.
У тили тинмай сайрагани билан кўзини нари-бери олиб қочаётган бошлиқ бўлмишга бирпас тикди-да, қоши ўртасига кириб олган тугунчакни ёзмоқчидай пешонасини силади. Завуч дейдиганлари деразадан ташқарига қараб турган бўлса ҳам, ҳеч нарсани кўрмас, афтидан, кўзида шаҳардаги мажлисдами ё мудирнинг рўпарасида тик турганлари айланарди. Кейин у бир чўчигандек бош силкиб Турғунга ўгирилди.
– Ўзингиздаям бор. Дарс тартибини унутиб қўясиз. Пала-партиш ўтасиз. Тилчи бўлмасангиз ҳам майли эди. Қаёқдаги нарсаларни ўйлаб топасиз. Алмисоқдан қолган мақол-соқолга осилганингиз нимаси? Айниқса, ана у кунги ишингиз… бошим кетишига сал қолди-я. ҚВЗнинг нима кераги бор эди? Иши йўқ одамдек… Жипириқ болаларни халқ артисти деб эълон қилдирасизми-ей. Ҳамманинг олдига пахта масаласини олиб чиқишга бало бормиди? Қанча ота-оналар келган экан.
Турғун қўзғалди: “навбатдаги пўписа”.
– Дарс бор эди. Ўн биринчи “Г”да.
– Ие, сиз қизиқмисиз?! Вапше дарсга кирмайсиз энди! Директор кечасиёқ чақириб аризасини ол деганиди ўзи. Ўтиринг! Биздаям бошқа виход қолмади. Қолдирмадингиз.
– Директорнинг ўзи айтсин, ёзаман.
– Энди директор сиз билан гаплашмоқчимас. Ўзбошимчаликларингиз униям мана бу ерига келтирди.
Ўриндиққа гурс этиб қайта ўтирди. Завуч дейдиганларининг столидаги айлана органайзерми алламбало дейишадиган матоҳ ичидан кўк рангли ёзғични суғурди, кўзи баттар олайиб, хавотирда хунук йилтирай бошлаган раҳбарнинг шундоқ олдида турган қоғозни ҳам бир узалиб юлқиб олди.
Ёзди.
Бу бешинчи марта ариза ёзиши. Шундоқ ҳам туни билан нима қилсам деб ўйлаб чиққан эди.
Жонқутқарар қоғозни осонгина ёздириб олганидан хурсанд бўлиб кетган завуч дейдиганлари энди унинг олдига айланиб ўтиб, елкасига қўл қўйганча, гапга тушган, панг овозда, асли Турғунни яхши кўриши, бир вақтлар аввалги директорга ўзи айттириб ишга олдиргани, ҳали бир отамлашиб ўтиришлари, ариза ёзиб тўғри қилгани, пайсалга солганда заврайоно ўзи келиб қайтиб ўқитувчиликда ишлолмайдиган қилиб ёздириб кетиши мумкинлиги, фурсати келиб замон айланса, яна ишга кириши-ю, терим ётоқ билан ягана пайтлари болаларни олиб ётишда туриб бериши, яна эҳҳе.
Мактабнинг жинкўчага олиб чиқадиган дарвозасига етганда бир титради.
Тор кўчадан катта-катта қадам ташлаб қайтди. Елкалари қунишган, оёқлари зилдек эди. Қулоқ-чаккаси қизиб борарди. Ҳар бутага ўт тушса ўзи куйиб ўзи ёнаркан-да.
Ёнида шерик бўлиб бир ариқ сув оқиб боряпти. Бижирлаб нималардир деётгандек.
Барибир чақириб олишади. Аввалги сафарлардагидек, “Майли, энди кўзингизни каттароқ очинг, тирикчилик бор”, “Кампирнинг ҳурматларини қилдик. Уруш беваси бўлсалар. У кишига раҳмат денг. Бошқа хато қилманг”, ё бўлмаса, “Энди тўғри ишланг. Шу шарт билан қайтариб оламиз сизни”, дейишади. Ишга қайтганида ҳа-ҳу қилишадиган ўқитувчилардан бир эмас бир нечтаси якка дуч келган маҳалда, “Мен директорга айтдим, ишлайверсин, ўзи яхши домла бўлса, дедим”, дейди. Ўн биринчиларнинг синфбошилари ғурур билан гапиришади: “Устоз, биз синф билан йиғилишиб ариза қилдик”. Уч-тўрт кун ўтиб, ягана ётоқ бошланади. Болаларни олиб ётиш унинг чекига тушгандек, тайёргарлигини кўраверади. Шунақа. Бугун ариза буюрган директор ҳам ҳеч бир алоҳида чақириб ё ҳеч йўқса оғзидан чиққанини икки юмалаб бажарадиган завуч дейдиганлари орқали бўлсин, ётоққа ҳозирлик кўришини тайинлаб ўтирмайди.
Йўқ. Бас.
Қайтмайди энди. Бу гал ҳам хўрознинг учгани томгача бўлмасин.
Уйга юрмади. Бувисига баҳона қидиргандан кўра бошқа борар жой ахтарди. Йўлни далага солди.
Ё Худо! Шундоқ рўпарасидан Шомирза келиб турибди. Қозоққа, кейин Тошкентга қурилиш ишига ёш-ёш йигитларни юбориб жойлаб ташлайди. Фарғонага ҳам одам жўнатади. Қаёқларгадир бориб, қайтишда машинасига аллақандай бегона кишиларни солиб келади. У кўча, бу кўча бошида, озиқ-овқат дўкони олдида, ошхонада, гузарда ўша бегоналар аралаш қишлоқ одамлари билан давра қуриб нималарнидир гаплашади, нималарнидир белгилайди, кейин уларга уч-тўрт йигитни бириктириб ё ўзининг машинасида туман марказига ташлаб келади, ёки гузардаги бекатдан автобусгами, енгил машинагами солиб юборади. Тиббиёт пунктида ҳар куни беш-олти одамни кўриб касалига ул-бул даво ёзиб берадиган Ҳусан дўхтирдан, идорада ўтириб нимадир ишларни ишлаб кейин оқ кўйлак-қора шимининг тахини бузмай жиддийгина бўлиб Шайх кўчадаги уйига қараб бораётганда бола-бақранинг саломини эшитмаганга олиб, сал одам бўла бошлаган каттароқларникига эса билинар-билинмас бош силкиб ўтадиган Тилаш юристдан ҳам унинг обрўси баланд. Ана Шомирза, қаппайиб чиқа бошлаган қорнини аранг беркитиб турган кўйлак тугмалари қуёшда ялтираб кўзни олганча яқинлашиб келаётир.
Турғун тараддудланди. Балоқ (3) турилмай балиқ тутиб бўлмаса. Бир-иккида тузук-қуруқ гаплашмаган экан. Салом берди. Шомирза ҳайронланиб қўл узатди.
– Ака, сизда бир оғизлик гап бор эди.
– Ҳа, домла, тинчликми ишқилиб?
– Иш бўлса кетай девдим, Тошкентга.
Шомирза бирпас оғзини очиб турди, кейин юзига кулги ёйилиб:
– Ҳа-а, мен бирорта мактабболангизни билмай бир ёққа жўнатворибманми деб, – деди, кейин кўзларини каттароқ очиб унга тикилди. – Ўзингиз ишламоқчимисиз?
Турғун бош силкиди. Шомирза меровланиб бирпас турди.
– Ҳа, бу, домлачилик нима бўлади?
Турғун елка қисган бўлди:
– Шу бугун-эртаёқ жўнасам яхши бўларди. Қанақа иш бўлса ҳам майли.
Устомон бўлгани билан бировни эшитаётганда оғзи хиёл очилиб турадиган ўртакаш кўз қорачиғини пешонасига тортиб, ўйлаб кўрган бўлди.
– Қурилишда ишлайверасизми? Сал оғир-ку? – Шомирза унинг дазмолланган кўйлаги енгидан чиқиб турган оппоқ қўлларига қаради. Оғзи яна хиёл очилиб борар экан, яқиндагина қорин тўйдирганини сездириб кекириб юборди.
– Ишлайман. Қачон энди?
– Бўлди. Ўзим хабарини бераман. Ҳозир сиз билан икки киши бўлди. Яндаш аканинг ўғли ҳам айтган. Тўрт киши бўлинглар, дарров Тошкент билан гаплашиб жўнатвораман.
Турғун раҳмат айтиб ундан узоқлашди. Шомирза ортида ҳайрон-ҳайрон лаби бурилганча қолиб кетди.
* * *
Хулласи, мана бундоқ бўлувди. Яқинги гап. Узун гап. Айтмаса бўлмайдиган.
Охирги аризадан тўрт йиллар бурунгими…
Лекин минг йилги гаплар десаям бўлади.
Чўзмаса бўлмайди гапни.
Бор гапни айтиб олмаса ҳеч бўлмайди. Ҳеч.

* * *

Бойчечагим бойланди,
Қозон тўла айронди,
Айронингдан бермасанг,
Қозон-товоғинг вайронди.

Ишга элтадиган жинкўчага тушгани заҳоти кўнглига шу айтимнинг оҳанги келаверади. Одамда икки хаёл бўлиши рост экан. Бири билан хиргойи қилиб йўл босяпти-ю, иккинчи хаёли Ойдинда эди. Бирам сулув-да ўзиям. Ҳозир нима қилаётган экан. Бунақа қилиб уйида юраверса, харидори яна кўпаяди. Кел, ярашайлик, деёлмаса. Хаёлидан қуволмаса.
Қайтиб кел деса қайтмасмиди.
Энди аввалги Ойдин эмас у.
Лекин энди ўзи ҳам аввалги эмас…
Ҳолини нима деб чамаласин. Тиш синса – оғиз ичида.
Ўзинг суйганни олгунча, ўзингни суйганни олгин экан.
Бувисининг тез-тез такрор қиладиган гапини эслади: тирик бўлиб сонда йўқ, ўлик бўлиб гўрда йўқ. Кампир буни тўртта боласини етим қолдириб ўттиз олтисида ўлган қизини ерга қўйганидан кейинги доғ-доғ аҳволидан ўз-ўзига бирда бир сўзланганида айтарди.
Яхшиям иш бор, чалғиб кетади.
Ҳар куни бориб-келишига битта йўл. Энтиган-тентиган биров ўтмаса, кимсасиз. Лекин хаёл зерикишга қўймайди. Йўлни йўлчи енгади, дейдилар-ку.
Мактаб дарвозасига етгунча тўрт юз ўттиз қадам атрофича йўл босади. Бошида санаб кўрган. Йўртиб юрса йўл унаркан. Шу йўл устида баъзан айрича ғала-ғовурга, тасодифларга, кулги ортига яширинган ғамгинликка, ҳайратга, яна алланечук ажиб, номлаб бўлмайдиган туйғуларга қоришиб ўтган болалигини эслайди. Эслаганида эса ҳозиргина чиқиб келгани – баланд кўтариб солинган, таъмир қилинган уйни, супачаси, ошхонаси, товуқхонаси тартиб билан жойига ўрнаган ҳовлини эмас, бутунлай бошқа манзарани кўради. Манзара эдики, кўнгил кўзлари бедор-бедор чоғларда юрагининг тўр-тўридан жой эгаллаб, энди хотирасининг доимгилик ҳамроҳига айланганди. Ўша паст деворли ҳовли бутун дунёдан кенг эди. Унинг эски ҳовли саҳнида айланадиган тасаввурлари ҳозирги ўчоқхонадан бошланиб кетарди. Негаки, ўчоқ ҳозир ҳам жойида турибди. Уни бувиси бузишига қўймай опқолган: “Қўй, исли ўчоғим – ризқли ўчоғим”.
У ҳамон йўл кечиб юриб борарди. Йўл – йўл эди. Ортдагиси ортда қолган эди. Юрган йўлдан топади, ўтирган қайдан топади.
Гоҳ-гоҳ ён-веридан мактаб болалари урро кетди қилиб ўтишади.
“Болам бояқиш бўзчининг мокисидай ишга қатнайди”, дейди бувиси.
Бежизгамас.
Бир кетиб, бир келганидан кўра, уйига у-бу иш билан бир ё икки-уч бориб қайтган кунлари кўпроқ.
Мактабнинг ўқишдан бошқа ишлари анча-мунча. Даҳмаза дегандек. Давлат ҳамма жойга шанбалик айтганми ё катталар эртага текширув келаридан потраб қолган кунлари Турғун қайтиб келиб бошқа кийиниб, зарур асбобларни олиб чиқиб кетади. Бошқа пайт белкуракми, кетмонми, замбилми, аравами, чўлтоқ ё ойим, ё қизил супургими, “Турғун ака” деб чақириб келган болалар нима сўраса, кампир бериб юборади. Кейин оралатиб мактабни, гапи орқасида Турғунни яниб қўяди: “Қўшниси мактаб бўлгандан кейин ҳар йили меҳим(4)ларини янгилаб қўяверсин экан одам. У қўшнининг рўзғорида на эга бор, на барака. Бир нарса сўрайди, йўқ деб бўладими. Шўрлик нарса боради-келмайди, боради-келмайди”.
Турғун дамини ичига ютади. Нима десин? Ёшлигида резавор тагини чопадигани, сопиям темирдан кетмонча бўларди, ерни чаққон ўядиган бир учи ингичка метин, сал букри бўлсаям, лўм, беш-олти кетмон, битта устақўли теша, кичкина арра – ҳаммаси мактабнинг шанбаликларида йўқолиб кетди. Супургининг-ку, саноғи йўқ.
Э-э, бу майда-чуйда гаплар.
Сўқмоқ эса барибир қадрдон эди.
Тинглангиз бу қиссани эй, дўсти ёр,
Бу – ҳақиқат, ҳолимиздан ошкор.

Дунёда айтиб бўлмайдиган қиссалар қанча.
Ойдин кўнглини ўтга солиб бир ўйнатиб, бир келиб, бир ҳайё-ҳуйт деб кетгандан бери алланарсаларни такрор қилиб юрадиган бўлди.
Мактаб ҳовлисига кирди дегунча ҳамма нарсани – бувисининг кексайганда келиндан ёлчимай қийналаётганини, ўзининг тенг-тўшлари билан сўзи чиқишмаслигини, акасини тез-тез бориб кўролмаётганини, Ойдиннинг давқур-давқур кўз олдига келиб турадиган қиёфасини унутиб юборади. Орқада қолади бари. Синфхонага қадам қўйганида эса ўқитувчи опахонлар кўрсатадиган нағмаларни, аёлликларига бориб, баланднинг остидан, пастнинг устидан ўтишларини, ёзиш керак бўлган бир ғарам қоғоз-поғозларни, икки ойлаб кечикадиган ва ҳали олмаган маоши устида бўлиб ётадиган тўлов-ўлпон машмашаларини ёддан чиқаради. Уям орқада қолади. Рўпарасида дунё дардларидан йироқ, ҳар бири бир олам болалар. Бола бўлиб келаркан одам, бола бўлиб кетаркан, орада би-ир чалғиркан. Чалғир чоғларида Одам дегани боланиям, кексаниям ожиз кўраркан, “бола – бола-да”, “қаричилик шу-да” деб парвосизгина қараркан.
Асли одам дегани бола дегани экан. Ҳали айниб улгурмагани одамлигини бой бермагани экан. Қариб ўлар бўлгани одам бўлгани экан.
Бир болани катта қилгунча бир шаҳар пайдо бўлармиш.
Қарчиғай қариса чумчуққа майна бўларкан.
Иккинчи соат дарсдан кейин ўнинчилар билан ўн биринчиларни ташқари ҳовлига тўплашди. Директор ўринбосари, асли у ҳам бир неча йил аввал адабиёт ўқитувчиси эди, кўпларнинг наздида омади келиб, раҳбар бўлиб олган. Бир қошиқ ошим, ғалвасиз бошим деб ўтирмаганидан бирда бир ичидан зил кетадиган ўша ўринбосар зинага чиқиб ваъз ўқиди:
– Так, значит, сизларга бугунги бешинчи-олтинчи соат дарсдан жавоб берамиз. Ҳамма уйига бориб, ётоққа тайёргарлик кўради. Эрта-индин срочна команда бўп қолиши мумкин. Иссиқ кийимми, кружка-пружками, пастел-мастелми, майиз-туршакми, тахт қилиб қўйинг! Фақат шийпон, тоест, штаб белгиланишини кутяпмиз. Тағин команда бўлганда, этагим йўқ эди, раскладушкам синган, касалман, деган баҳоналар бўлмасин. Этак запаси билан бўлсин. Военний ҳолатда тайёр турамиз. Сурункали касалман, деб юрганлар бўлса, айтиб қўяй, мундоққина қоғоздаги справка-миправка ўтмайди. Фақат ВКК олиб келса, пахтадан озод қилиниши мумкин. Ҳа, айтганча, ВКК район баниссасиники бўлиши шарт. А то барибир проблема бўлади. Эртадан яна ўқишга! Дарсдан прогул қилиш йўқ!
Тушдан кейинги дарслар, яхшики, бузилмади. Лекин, барибир еттинчиларни ҳам сал кечиктириб ётоққа олишади. Ундан қуйи икки синф қатновга боради. Ундан қуйиси ҳам ишсиз қолармиди. Кеч кузакда мактаб ҳовлисида тариллаб трактор юриб қолади. Бу вақт мактабда фақат бошланғич дейиладиган синфларгина қолган маҳал. Доимги мактаб формасидан бошқача, ҳар турли кийиниб келиб, мактабҳовлининг у ер-бу ерида тўпланиб ўтира-ўтира охири туш маҳал сариқ автобусни тўлдириб узоқ-узоқларга жўнаган ака-опаларини “тезроқ катта бўлсам, мен ҳам пахтага борардим”, деб ҳавасланиб кузатиб қолган кичкиналар аввалига трактор овози негалигини тушунмай, кўринармикан деб деразадан мўралаб қўядилар. Ўқитувчилар эса уф тортадилар. Мана, неча кундан бери ана келади-мана келади деб турилган кўсакни спорт зал эшигига тўкишади. Энди уни ташиш керак. Кейин ўқишга келган шўрлик болапақирларни бир соат-ярим соат дарс билан алдаб, залга опчиқиш. Қуруқ полга чўккалатиб кўсак чувитиш. Бирортаси ўрнидан турса, гапнинг қуюғини эшитади. Керак бўлса елкасидан босиб, керак бўлса алдаб-сулдаб жойига ўтирғизишади. Ахир оёғи увишган ҳамма болалар туриб кетиши мумкин. Кейин иш расво бўлади.
Қўнғироқ жаранглар-жарангламас ҳовлига отилган майда болалар спортзал рўпарасида тўхтаб турган тракторни ўраб олиб, ичларига сиғмай севинадилар. Унинг яшил кабинасию панжарали судрамаси, каттакон ғилдираклари, улама темирлари ғоят антиқа. Лекин трактор кўп қолмайди. Юкини ағдаради-ю, катталар ҳайҳайлаб болаларни ҳар ён қилиб очган йўлдан тариллаб жўнаб қолади. Ҳўл кўк кўсакни энди кўраётган, ўқитувчиларнинг кўзини шамғалат қилиб ичидан сув аралаш пахта чиқадиган антиқа думалоқ нарсадан бир-иккитасини чўнтагига тиқиб олган биринчи синф болалар дарс маҳали секингина синфдошларига кўрсатиб мақтанадилар. Хулласи, бунақа гапларга икки ойлар бор. Ҳали биринчи терим ҳам бошланмаган, юқори синфларни олиб кетиш учун автобуслару кўрпасини босиш учун юк машиналар мактаб дарвозаси рўпарасига терилиб турмаган бўлса-да, сув кўрмай ечилган этикнинг эгаси етказган эълон сабаб ичкарида об-ҳаво ўзгарган эди. Янги ўқув йилини шашт билан бошлаган ўқитувчилар энди ҳафсаласизгина дарсларга кириб чиқишмоқда, ўқувчиларнинг ҳам кайфияти алмашган, кўчанамо кўриниш олган.
Мажлис ҳам ҳар бир ўқитувчи пахта “сезон” киришига тахт туриши, ётоққа борадиганлардан ташқари ҳамма қатновга чиқиши, ётоқ бўлсин, қатновда бўлсин, пахта “норма”ни бажариш шартлиги, мактабда бир ярим минг ўқувчию бир юз ўн ўқитувчи борлиги учун кунлик терилган пахта тўғрисида юқорига “информация” етказишда уялиб қолмаслик лозимлиги борасида бўлди.
Мажлисдан кейин у йўл билан йўллашиб уйга қайтди. Ҳа-я, бу кичик йўлдан домлалар ичида битта ўзи юраркан.
Ҳовлига оёқ қўйди. Тилаб азиз қиладигани, тафтини оладигани – бувисининг юзига нур югурди.
Кампир неварасини ҳар кечикканидаги каби яна учиб-қўниб кутиб олди, чўғда туриб анжирнак (5) бўлган чойдан қуйиб узатди.
– Болам-эй, кўзим тешилиб кетди. Мунча кечикдинг? – деди тагидаги чўғ беҳолгина милтираётган қозондан сопол лаганга икковора овқат сузаётиб. – Қачон эди пишгани, совийди деб ичим тушди.
– Мажлис бўлди.
– Йўқ кўраман(6)-да шу майлисингни. Нима гап экан? Пахта-махтага айтишдими? – деди кампир дастурхон ёнига чўкаркан кенг кўйлаги енгларини ҳимариб (7).
– Ҳозирча йўқ.
– Акаларинг устудентларини олиб ётоққа кетганига шу бугун бир ҳафта бўлибди. Яхши сизларни айтмай турибди. Зора катталарнинг эсидан чиқиб қолсанглар.
– У ёқларда эртароқ очилади-да. Бу якшанба кўриб келаман акамни. Агар кетиб қолмасак.
Кампирнинг кўзи чўғланди. Томоғини енгил қирди, Турғун томонга қиялаб олди.
– Ўқиган жойида қолавермади шу болаям. Узоққа кетади. Кетса келолмайди, келса кетолмайди. Ойлигингдан акангга бирорта кўйлакми, обборгин, болам, йўқ, яхшиси биронта бўтик олақол. Бу ёғи совуқ тушади. Ўрдак есанг, ғоз бойла. Сенга ашулақўяр опкепберди-ку. Нимайди оти? Майнатопон. Янаям одамжонликкина аканг. Ўзининг уст-бошига қарамай, сани ҳўйлабди. Ишини унуми йўқ, кетини тиними йўқ. У матоҳни опкелган куни устудентлигида обераман, дувдим, битириб қўйдиям оберомадим, деб бир ўкинади.
– Ҳмм, олинг ўзингиз ҳам, – Турғун бувисига маъюс тикилди. Ичи гапга тўлиб кетган. Бечора, куни билан якка ўтиради.
– Акангнинг бутун умри мардикорда ўтиб кетди. Эр бошига иш тушса, этик билан сув кечар, қиз бошига иш тушса, қизилоёқ қир кечар. Шанба бўлса кўзим яйнаб (8) йўл қарардим. Икки кўзим эшикда бўларди. У бўлса ўзимни ўзим эплайин деб, кўрган кўчада ишлаб юраркан. Сан-ку оралатиб бўлса ҳам, ироқ(9)да ўқидинг. Аканг ҳафтасига келадиган бир қадам жойдайди.
– Сиз қаёқдан биласиз мардикор ишлаганларини? Айтмасдилар-ку?
– Билмай ўламанми, – кампир сўзлай туриб, сўри тагидаги ариқчада қўл чайди. Бошидан сирғалаётган рўмолини қўли учида тортар экан, ийманиб набираси томонга ўгирилди. Унинг бошқа ёққа қараб турганини кўриб рўмолини шошқин ечиб, қайта ўради. – Мени кўнглим топади. Акангни ҳўй-феъли яхши. Ҳозир илгариги оқибат қоптими? Ҳамма ўз кўмочига кул тортади.
– Ишлариям бошидан ошиб ётибди.
– Секин айтасанми. Умринг узоқ бўлгур ишини тиғнаб қиладиган чиқди-да. Бунақа ўқишни битирган ёшлар ҳозир давлатига дам беради. Бошлиғи бўшаб кетиб битта хотин киши келганмиш-ку. Жиринкоз(10)гинами дейман, тиндирмайди-я. Хотиндан оқсоқол чиқса, эчкини икки қирқтираркан.
– Ҳамма гапга бир мақол-а, буви.
– Ҳа, энди жойи келса айтарлик-да. Акангни қадрига етавур. Укаларим деб ўт келса ўтга киради, сув келса сувга. Қуллуғчага анча ёрдам қилди. Ман бор-йўқ, ишқилиб… Опангниям якка ташлаб қўйманглар.
– Ҳм, сафарга чиқдингизми?
– Ҳаммамиз сафарга чиққанмиз, болам. Мени мазгилим яқин. Шунча кун кўрдим, ер босдим. Ўлсам ғиқ этиб йиғламанглар. Қуллуғниям ўзинг уришиб тургин. Ризвонга қийин бўладими дейман-да. Салга вой-вой қилади.
– Сиз ҳам холабувимни битта синглим деб нақ жон берворасиз-а?
– Айтганча, эрта ишдан чиқиб, холабувингга бозор қилиб кеббергин. Униям қораси қоратоғ. Бектурди акаларинг даладан келолмайди, шекилли. Сув талаш эмиш. Кейин ужув(11)ини топсанг, уларданам хабар оласан. Бирам кўргим келади йўқ бўлмагур Бектойнией. Мениям, Ризвонниям кичигидан хола дейдиган бўлди. Лекигин чол бўлиб ётибди-ку, ақли кирмайди.
– Ўзингизни оборайинми?
– Мен этагимни оғирини зўрға кўтараман, болам. Ораси анча-да. Йўл қаёқда-ю мен қаёқда. Укам раҳматлик тирик бўлса, Бектойнинг олдига унча-мунчаси тушолмасиди. Йўқ бўлди кетди-ей. Бирам меҳрибон эди, – кампир кўзига ёш олди. Қисилган томоғида овози хирқираб деди. – Икки товоқ мош шопириб қўйдим. Оборасан.
– Дайсан товоқдами?
– Дайсан товоқ қоптими ҳозир. Елпиштовоқда.
– Буви, дайсан товоқ дегани нима ?
– Яна сўроқ-саволингни бошладингми?
– Ҳа, нима қипти, айтинг. Ҳов анави куни Мели тоғамнинг қизини чиқиб кетиши билан “дайсан товоққа ўхшамай қол”ми дедингиз-ку.
– Билмадим-э. Мен нима дейман-у. Ўшани эсимга солдинг-да. Кўрсам, худди мижиб (12) ўлдириб қўйсам дейман. Кеннойинг ёмонам бошига чиқариб олган-да. Сиртини силашдан бошқа иши йўқ.
– Битта қиз деб папалайди-да, – Турғун ўз гапи ўзига нашъа қилиб кулди.
– Қизнинг эркаси – итнинг серкаси. Ҳингир-ҳингир кулади, шу кулгисини йўқ кўраман. Айёрлигини айтгин. Орқам тутиб турган бўлса, қаттиққина уришиб бераман-да. Тилининг тагида тил бор бу қизнинг.
– Ие, зўр гап-да шу. Тилининг тагида тил бор дегани нима? Гапириб туриб бошқа нарса…
– Бўлди, сен бола. Ундан кўра, хотинингни опкелишниям ўйла. Қанчадан бери юрибсан. Талоқ тушиб бўлди аллақачон. Ҳали ярашадиган бўлсанг, эшонлар сўратиб олинглар, дейди.
Турғуннинг кўзидаги париллаб турган завқ аллақаёққа йўқолди. Сўрига чўкиб, уф тортди.
– Ҳў бола, уф тортгунча Худо дегин, тавба дегин.
– Намозингиз кечикяпти.
Кампир аччиқ хўрсиниб, намозга кириб кетди. Турғун гулзорча томонга назар ташлаб, хаёлга берилди.
Ҳовли барча тоза туйғуларнинг, баланд ва ширин орзуларнинг учи эди. Ҳовли бугун унинг саҳнида айланиб уриниб юрган серажин кампир бувисидан аллақачонларда эшитгани, қулоғига ўрнашиб қолгани ва кейинроқ эсига олганида уларнинг нима маъно билдириши тўғрисидан кўп ўйлагани – тагдор сўзларини қай пучмоқларида яшириб тургандек, агар қазноқ(13)қа осилган кувани, шоли солинадиган ёғоч идишни, жавдар туйиладиган келини, бир пайтлар сувидишлик вазифасини қойил қилиб, энди тепага осиб қўйилган чети учиқ таррақовоқни ва унинг ичига солинганича қолган чўмичқовоқни, қорни пачоқ бўлган кичкина мисқозонни яна нима-нималарни олиб чиқиб ичига бошни солгудек қилиб гапирилса, ўша бирда доно, бирда пардасизроғу нимҳазил, бирда узун-узун оҳангларга қоришиқ, не-не одамларнинг тилида узоқ-узоқ кун кўрган, не-не йиллар, балки ўнлаб асрлар, балки, ундан ҳам кўпроқ вақтлар оғизларда яйраган ўйноқи жумлаларни сайраб юборадигандек. Бувиси яна ҳам аввалги айтганларини айтмай қўйди. Унда шугина кампирнинг кекса онаси ҳам тирик эди-да, кўпини ўша билан гаплашганида айтарди.
Хаёлдаги ҳовли этагида қийшайиб ўсгану, худди меҳнат қила-қила қариб бели букчайганга ўхшаб қолган, кексанинг куни қурсинми ё шунга ўхшаш айтилмиш сўзларни эслатадиган олманинг бўйнига, кетгунингча бекор турма дегандек, ҳайинчак осилганди. Олмадан уч-тўрт қадам наридаги ярми ерга ботган, сирти силлиқлашиб кетган, ер асли кимники, бизларники, ишонмасанг келиб кўр дегувчи улкан кўкиш тошлар атрофида сўқмоқ йўлчалар кўринар, уларнинг бири ўнг томондаги сойга, бири чап ёқдаги анҳорга, яна бири қадим, бир ёнга энгаш қийшиқ эшиклари очилиб ётган уйга, бошқаси олма дарахти тагига элтар эди. Йўлларнинг ҳаммаси ўзиники. Изларнинг ҳаммаси ҳам ўз-ўзиники эди. Ўз дунёси бор эди. Биров аралашмасди. Биров индамасди. Онасининг ўрнини босай деб, не-не кунларни бошидан кечирган ўзгинаси бояқишнинг табарругу ғаниматлигини унутган, балки унутган эмас-у, билмайдигандир, бувисидан бўлак ҳеч кимнинг у билан иши йўқ эди. Бувиси қиладиган ишнинг ҳам мағиз-мағзи у эди.
Юрагида олиб юрадиган тоза-тоза дунёси ҳам шу ҳовли эди. Ундан қараганда ҳамма катталар яхши, ақлли кўринарди.
Энг зўр одамларгина раисми бошлиқ бўлишига ишонтирарди ҳовли.
Кейинги хотини билан Задарё томонларга кўчиб кетган отасини ҳам бирда-бир келиб чақиртирганида кўрарди. Келиб-кетганидан кейин бувисининг ич-ичдан пишиб бир нарсалар деб пичирлаб, юзига фотиҳа тортишини, яланбуви уйига кириб кетганича ё боғ этагига кетганича кўзини қизартириб чиқишини билганидан отасини тумтайиб кутиб олиб, тумтайиб кузатар, лекин барибир уни ҳам энг зўр одам деб биларди, яхши кўрарди.
Дунёси ғоят гўзал эди.
Эрта турмушга узатилган, ора-чора эшикдан йиғлабми-йиғламсиб кириб келадиган опаси Қутлибека ётиб қолган кунлари ҳовли тўлиб кетарди. Акасини дадаси ҳали онаси ҳаётлигида катта шаҳардаги ётоқ-мактабга олим бўлсин деб берган, шунинг учун акаси билан тўйиб ўйнаган кунларини эслолмасди. Ёш бошидан мусофирлик заҳматини тортган ака ҳозир учма-уч яшаса ҳам, оилали, битта болали бўлиб олганича шаҳарда ишлар, ишга ботиб, кам келарди.
Бувисининг Соттиби холага йиғлаб қилган ҳасратини қулоғи илиб қолиб, қўй боққан кимсасиз жойларида кўзига жиқ-жиқ ёш олиб юрганида Турғун тўртинчига борарди. Кампир боғдан чиқиб келган неварасини пайқамай ҳасратга тушди: “Эри қаёқдан ҳам ўгай холам қизимизни сўраяпти, берайлик, дебди. Мана, гулдай болам йўқ бўлиб кетди. Холаси қурсин, бир марта биттасини беринг деб сўрадими. Бировга жавдиратмасдим ҳам-ку. Болам шўрлик қизимни берсам, яна битта қиз туғай, бермай десам, эрим ёмон кўриб қолади, деб, қўй, яримжонсан деганимга қулоқ солмай иккиқат бўлди. Барибир қизи турмади-ку. Бола жонга ора кирармиди. Эри ёмон кўрса кўрсин эди, эрсиз ўтса ўтсин эди, эшигимда юрса бўлмасмиди”.
Бир гаплар ёдида қолди. Кейин неча-неча кечаларни уйқусиз, қоронғи деразага тикилиб ўтказди. Сеҳргар бўлиб қолсам эди, дейдиган бўлди.
Худди ўша ёз доим келиб турадиган тиланчи билан қизиқ иш бўлди. Кампир бу гал ҳам унга нимадир узатгач, “Қачонгача йигит нарса бунақа қилиб юрасан, битта ҳунарнинг бошини тутсанг бўларди”, яна ул-бул дакки берди. Тиланчи шундоққина очиқ эшик остонасига кетини қўйди-да, пешонасига шапиллатиб урганча ҳўнг-ҳўнг йиғламоққа тушди. “Э эна, ишла-ишламиш-а, қисматкитобни битмалари битган. Пешонам ҳам ёзуғдан нарисини кўрмайди”. Кейин унга юзланганди: “Ҳой бола, пичоқ опке. Бор анграйма, опке, шу пешонамни кесаман. Ёзиғини хатосини мўманг тўғрилаб берсин-чи. Бор, опке.Ўҳў-ўҳў, увв-увв”.
Турғун урра қочиб кетди.
Ўшандаёқ қисматнинг билгисиз ёқларда – осмоннинг қай бир томонларида битилишию ўзгармас эканини болачасига бўлса ҳам ўй қилди, ишонди.
Онасидан кейин синглиси Лолахон ҳам икки ёшга тўлай деганда ўлиб қолди. Ўша кунларда Турғунни Бектурди акасининг олдида ушлаб туришди. Кейинроқ эшитиб ақли етишича, қаттиқ ичикканидан ўлибдимиш.
Ғам-ҳасрат эрта келса эрта чарчатар экан. Юракни безиллатиб қўяркан. Ғамдан нари бўлишга уринар экан одам тушмагур. Бир-икки йўлини топар экан. Ўзини қувноқ тутиб баридан бирйўла қутулмоқ бўлди. Ҳар нарсадан кулги чиқарди, бошқаларнинг кўзига хушчақчақ, елҳак (14) кўринди. Ичидагиси ичида бўлди.
Бир умр ўзини шундай тутиб юришга ҳозиру рози эди.
Кейинроқ бўлса… яна бари чирпирак бўлиб кетди.
Ўшандоқ бўлгунича у вайрону талқон кўнглини овутмоқ бўлибми, ўзини китобга андармон қилди. Эски кутубхонада ўқимагани кам қолди.
Энг катта китоб умрнинг ўзи экан. Бирам бетлари бўларкан, суратлари билан, эсдан чиқмайдиган, чиқариб бўлмайдиган.
Уқдим деганнинг уқмагани шу экан.
Синамасиз фариштадан синашта шайтон яхши бўларкан-а.
Шундоқ-шундоқ бўлди-ю, ҳар нарсадан кулги ясаб бўлмай қолди.
Кўнглининг қат-қатларига бедаво дард чўкди.
Юрагига бирам чандиқ ёпишди.
Кўксига чанг солганни бевафо деб бўлмаса, вафодор деб бўлмаса.
Юрагингга қўнган ғубор ҳам давлатингдай гап экан.
Кампир намоздан чиқиб сўрига чўкди.
– Бурунда икки қўшни уришиб қопти, болам. Айтмаган сўзи қолмапти. Ҳеч бири бирини енголмасмиш. Ахийри биттаси томга чиқиб наригисини, “Э, у кунингдан баттар бўл, нонида кулчаси йўқ, кирида кўйлакчаси”, деб мот қилибдимиш.
Турғун ён берган бўлиб мийиғида кулди.
– Сиз ҳам, ҳар куни мени мот қиласиз. Кўп нарса биласиз-а? Айтмаганларингиз қанча экан? Ах, кундузгида ўқимадим-да, институтда қолармидим? Қадимги қанча гапларни тўплаб китоб қилардим, олим бўлардим.
Кампир кўзини ариққа қадади. Нимадир дейишга чоғланди, лекин набирасининг уй томон шайланганини кўриб, кўзлари мўлтиради, гапини ичига ютди.

* * *

Қуёш ҳар кунгидан қаттиқроқ қиздирарди. Асфальти ўйдим-чуқур бўлиб ётган катта йўлда машинаю мотоцикллар тариллаб у ёқдан-бу ёққа ўтиб турарди. Дарвозаси устига “Добро пожаловать”, кейин эса “Хуш келибсиз” ёзувлари осилган мактаб ҳовлиси айни пешин бўлганидан ғала-ғовурга тўла.
“Мактаб боғи” деб аталадиган тарафда – уч қаватли бинонинг шундоқ ортида ҳали кузни тан олгиси келмаётган дарахтларнинг тўқ яшил барглари орасида охирги шираларга тўйинган рангдор олмалар кўринади. Қатор-қатор дарахтлар тагида уч-тўрт бола хира тортган ажриқларни тепкилаб айланишиб юришарди.
– Бу бешюлдуз дейилади, тўғрими? – деди бир бола иккинчисига ҳозиргина шохни эгиб узиб олгани – қип-қизил олмани кўрсатиб.
– Ҳм, шунақа, шекилли. Мен бунақасини яхши кўрмайман. Оқ олма бўлса экан.
– Голден дегин. Оқ олмани голден дейилади.
– Ҳи, ўша.
Бола олманинг чангини қўллари билан артиб, карс этиб тишлади.
– Вой, бунинг ширинлигини қара.
– Ботир, маралний дегани нима дегани?
– Нима дейсан?
– Маралний?
– Билмасам, қаердан эшитволдинг?
– Арслон акам армиядан келди-ку, кеча шунақа деди-да.
– Э, билмиман, ошна. Зўр бўп кептиларми?
– Ҳа-да, армия кийимини кўрсанг. Менга айтдилар, шапкаларини кийдириб, расмга туширтирарканлар.
– Шаҳарга обориб-а?
– Ҳа-да.
– Ў-ў, мазза экан-ку.
– Ҳм, кейин ҳар куни эрталаб заниматса қиляпмиз.
– Нима қиляпмиз?
– Заниматса. Тушунмийсан-да. Тринирофкаям дейдилар. Машқ қилиш дегани.
– Ва-а, ўзингам билмасдинг-ку. Энди акангдан ўрганволиб айтяпсан-да.
– Русчани анча билволдим. Энди Яйрахон устоздан “беш” оламан, кўрасан-ку.
– Хи-и, кўрамиз-ку.
Болаларга зимдан қулоқ бериб, наридаги ўриндиқда ўйга ботиб ўтирган Турғун энди бинонинг ўнг четидаги қизлар ўйнаётган саҳнга қаради. Маҳмадона бир қизалоқ тенглари орасидан чиқиб, беш-олти қадам нарида турган бошқа бир қизчага қараб деди:

Зарифахон ойим,
“Икки” олар ҳар доим.
Пешонаси тиришган,
Ҳамма билан уришган.

Зарифа деганлари лабини бурди, мазахлагувчининг аламини келтирадиган сўз қидириб лабини ўнглади, аланглади, кейин “э бор-е”, дея узунгина жамалакларини силкиб-силкиб чопганича нари кетди. Қиз шу томонга яқинлаб келаётган бошқа қизга яна шеър ўқиди:

Муслимахон ойим,
“Икки” олар ҳар доим.
Пешонаси тиришган,
Ҳамма билан уришган.

Турғун завқи келиб кулимсиради. Дарсга қўнғироқ чалинди.
Мактабнинг кенг ҳовлиси томонда эса болаларнинг қий-чуви ҳали босилмаган, лекин ҳамма бирдек кириш эшиги томон юрибми чопиб келарди.
Она тили дарсида олтинчи “А”га атоқли отларни ўтиб берди-ю, гап исмларнинг маъносидан очилди. Ҳамма ўз исмининг маъносини сўраб билиб ола бошлади.
– Устоз, кўп отларимиз арабча экан-ку.
– Ҳа, шундай. Лекин тожикча исмлар ҳам бор. Мана, Феруз, Умидаларнинг исми тожик тилидан олинган. Ҳа, Бахтигулникиям.
– Устоз ўзи ўзбекча исмлардан ичимизда борми?
– Сизларда камроқ. Ўткирники ўзбекча. Учқун, Қизлархон, Тилак, Турсун, кейин Юлдуз ҳам бор экан.
Исмларнинг эгалари синфдошларига ғурурланиб қараган бўлдилар.
– Ўзбекча отни ҳозир кам қўйишадими?
–Ҳа, кам қўйишади. Кўпи эскирган сўз ҳисоб бўлиб қолган. Оймомо, Пошшахон, Туроб, Мели – шунга ўхшашлар ўзбекча отлар.
–Устоз, мени отим нима маънони билдиради? – сўради охирги партада ўтирган бола.
– Бурҳон… Бурҳон… Сеники арабча эди… Бурҳон… Сен менга шуни вазифа қилиб бергин-а. Ҳозир қўлимда исмлар китоби йўқ эди. Эртага айтиб бераман. Сизларга эса уй иши бор. Мана, мана бу – соф ўзбекча отлар луғати. Буни “Исмлар китоби”дан ажратиб, ўзим тузиб чиқдим, – Турғун ўн-ўн беш варақли, муқова дейдиган жойи ҳам оқ-қора ёзувдаги китобчани кўрсатди. – Ҳаммангиз навбат билан олиб кетасиз-да, ўтган боболарингиз, момоларингизнинг исмларидан ўзбекчасини топиб келасизлар, топилганича. Қани, ким кўпроқ ёзиб келаркин. Бунда сизга ота-оналарингиз ёрдам беришади. Биласизларми, “қариндош-уруғ” деган жуфт сўзнинг қариндош қисми она томон қариндошларингизни, уруғ қисми ота томонингизни билдиради. Чунки қариндош – қориндош дегани. Тушунарлими? Сиз ҳар икки томондан аждодларингизнинг отларини, сизга қандай қариндошлигини билиб оласиз.
Болалар эртага зўр бир ишни қойил қилиб келишларига ишонганча, кўзларини катта-катта очиб, ўқитувчиларига тикилиб туришарди.
Бола-бақранинг ҳам салобати бўларкан. Ишга келибдики, уни ҳаммадан қаттиқ ботгани шу бўлади. Бўлмаса не-не текширар одамлар келиб-кетди, не-не селектор отлик йиғилишларда директори билан бориб тик турган вақтлари бўлди. Ҳаяжон дегани болани ўқитаётганда бир бошқа бўлади. Болаларнинг увоққиналиклари раҳминими, бир нарсани қўзғайди, беғуборликлари эс-ҳушини андармон қилади. “Бугун нима ўрганамиз?” деб туришлари-чи, кўнглига бир нималар беради. Партақаторлар оралаб юрганида кўзига мўлтираган жужуқчаларнинг оппоқ кўнгилларини кафтига олиб эҳтиётлагиси келиб кетадими-ей. Қани эди, бир умр шундоқ беғубор бўлиб қолишса. Беш-олти йил ўтиб, катта одам бўлиб кетишади. Кейин…
Барибир ҳозир ҳаммаси яхши…
Шунча бола ўқитувчисининг ҳар бир ҳаракатидан индиёт ( 5) олиб турса, қилт этиб кўрсин-чи.
Танаффусда бино йўлаги бўйлаб кетаётганди, ортидан ўқувчилар чопиб келишди:
– Устоз, китобни Тилак олволди. Бизга берсин. Биз еттитамиз бир маҳалладанмиз-ку. Душанбагача ҳаммамиз вазифани бажариб келиб, кейин бошқаларга берардик.
– Хўп, чақиринглар. Ана ўзи. Тилакжон, буларга берақол. Сен душанбада олиб кетасан.
Тилак китобни маҳкам тутганча, қувлик билан деди:
– Устоз мен олиб кетаверай. Эртага олиб бориб бераман.
– Йўқ, айтганни қил. Бер. Индинга оласан.
– Хўп, – бола бўйи ўзидан баландроқ қақажон қизга китобни зарда аралаш узатди, кейин чирт бурилиб чопиб кетди.
Болалар ўқитувчисидан узоқлашишди.
Уйга тараддудланиб турган чоғ Жўравой мажлис хабарини бериб қолди. Ҳа, рост шекилли, ана, ошхонадан берироқда бир қанча аёллар тўпланиб туришибди. У ўқитувчилар хонасига қайтиб кириб, текширадиган дафтарларини қўлига олди. “Мажлиси бошлангунча…”
Шу мактабда ўқиб юрган вақтларида ўқитувчилари авлиё кўринарди. Жуссаси майда бўлганидан бошқа бола-бақра қатори катталарни улуғвор, ҳайбатли кўрарди. Кейинроқ қараса, жуда унақа эмас экан. География ўқитувчиси увоққина, математика, физика домлалари, синф раҳбари – ҳаммасининг бўйидан ўзиники баландлаб кетган, назарида уларнинг ҳаммаси ёши улғайган сари чўкиб қолгандек. Ўн биринчи синфда ўқишнинг охирги ойларини мактабни битирганларига ишониб-ишонмай ўтказишар экан, бир-бирларига ҳам, ўқитувчиларига ҳам доимгидан хушмуомала, меҳрибон бўлиб қолгандилар. Сўнгги қўнғироқ куни синфдошлари Қорахўжа тоғига чиқиб кетган, у эса уйга келиб, олма тагидаги каравотда ёстиққа ўзини ташлаб, осмонга қараб хўрсиниб-хўрсиниб ётганди.
Ўқитувчилар анча кўпайиб, у жой-бу жойда тўп бўлиб суҳбатлашиб турган хонага котиба кириб мажлис жиддийлигию тумандан одам келишини, ҳамма шунга яраша ҳозирлик кўришини, ҳатто, эркаклар галстук топиб тақиб туришларини тайинлаб кетди. Ҳамма мажлис ўтадиган синфхонага йўналди. Яна орадан бир ош пишар вақт ўтди.
– Нима дейишарди. Ётоққа ўқувчиларни тортиш ҳақида бўлади-да. Маҳаллама-маҳалла бола сурамиз энди. Уфф.
– Менимча, мажлис унгамас. Бу йилги пахта яна йигирма кунда етилармиш. Кечки сорти экан. Жа недаволен бўлавермайлик. Шунчалик кечикканигаям шукур. Қор ёғса барибир тугайди. Бизни вақтимизда қорини силкитиб ҳам териларди. Ҳозирги ўқувчиларга осон бўп қолди.
– Бўлмаса нега кеча ўн-ўн бирларга дарсдан рухсат берворишди? Шуни касрига, мана, давомат ҳам етмиш процентга тушди. Кўп болалар пахта бошланди, деб ўйлаяпти.
– Тайёргарлик дейишди-ку, эшитмадингизми?
Бошқа бир ўқитувчи дафтаридан бошини кўтарди.
– Йўғ-а, мана, Санобар опа айтдики, кеча эрталаб “эртага районодан сизларга одам боради”, дейишса, булар “энди дарслар отмен бўлади, пахта бошланди”, деб тайёргарлик эълон қиворишибди-да.
– Барибир энди пахта бир ёқли бўлмагунча дарсларнинг тутуриғи бўлмайди. Любой время ётоқ бошланади.
– Бошқа нима гап бўлса экан.
– Кеча мажлис, бугун мажлис. Настренияниям расво қиляпсизлар лекин.
Хона ғала-ғовурга тўлганди. Ҳали раҳбарлар йўқлигидан ҳамма бемалол эди. Бувиси айтганидек, ҳар бору ҳайдар йўқ.
Ниҳоят, бошланди. Унгача Турғун ўн биринчи “А” синфнинг диктантини текшириб, баҳоларини журналга туширди. Ҳар галгидек охирги партага ўтириб олди, кейин кечагина шу хонада ўн биринчи “В” синфга дарс ўтгани, дарсда қизиқ гаплар бўлиб ўқувчиларнинг ичак узилгудек кулишгани, қўшни хонадан Доно опанинг “Тинчликми?” дея чимирилиб чиқиб келгани, ўқувчилар шунда ҳам ўзларини кулгидан тийолмаганларини эслади. Ўша қизиқ гапларни яна ёдига келтириб, кулгисини кафти билан яшириб ўтирган эди, бирдан ўринбосар чопиб келиб, ҳаммани тик туришга ундаб қолди. Ҳар турли ёшдаги муаллимлар буйруқни бирдай бажо қилдилар. Директор туман бўлимининг ёшгина вакилини эргаштириб кириб келди. Вакил ҳаммани бир кўздан кечирган бўлди-да, пакана бўйини баланд кўрсатишга интилгандек кўкка чўзилиб, кейин ўзини виқорли тутишга беҳуда уриниб, такаллуф қилди:
– Ўтиринглар, домлалар, – сўнг ёнидаги директорга юзланди. – Мажлисни протоколлаштириб боришсин, нимаики гап бўлса, полний ҳаммасини ёзишсин.
Ўқитувчилар шувиллаб чўкишди. Хона қўшимча стуллар қўйилиб тўқсон чоғли одамни сиғдирган бўлса-да, сув қуйгандек жимжит эди.
Ниҳоят, президиум мақомидаги ўқитувчи столидан туриб, директор янги вакилнинг шу мактабга “районодан куратор” этиб тайинланганини эълон қилди ҳамда унинг бўлим билан мактабга қўйган пойқадамига бир вақтнинг ўзида қарсак чалиб қўйилди. Орқадаги бир-икки ўқитувчилар қўлларини бир-бирига икки-уч бор енгил уриб, юзларида аччиқ истеҳзо кўрсата бошлашди. Кейин мактабда (худди шу раҳбарлар юқорига ўтирмагунча) носоғлом муҳит ҳукм сургандек, соғлом муҳитни юзага келтириш, юқори орган топшириқларини сўзсиз ва бехато бажаришга чорловчи қисқагина нутқ сўзланди.
Янги вакилга навбат берилди.
Янги вакил, айни вақтда янги куратор ўз наздида янги гаплар айтар, лекин бу гаплар шу – мажлис учун мақбул деб қачон танланганини ҳеч ким эслолмайдиган хонада нечанчи бор қайтариқ қилинаётир эди. “Бундан кейин янгича ишлаймиз”, дея таъкидлади нотиқ. Баландқанот сўзлар пешоналарга тириш солиб, қулоқларни ғувиллатди. Гап билан ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмаслигига ақлими, тажрибасими, фаросатими етиб турганидан кўзларнинг ифодаси ўзгармади. Қайтага қотган чаккалардан юзларга нишон қалқиди.
Ҳамма жим, айримлар шунча одам олдида тик туриб қолишга тўғри келмасин деб, олазарак бўлишар, кейинги вақтлардаги ҳужжатларидан ўзлари камчилик қидириб, нима эътибордан қолганини эслашга тиришишарди.
Гап гапга уланди. Ёшгина ваъзхон насиҳат билан даккига ўхшаш дарслардан яхши баҳо олгандек, мактабнинг бош вазифаси борасида тўлқинланиб, тошиқиб гапирар, дарслар сифатини яхшилашнинг усулларини истиҳола деган нарсанинг бўйнини узганча уқтирарди.
Давоматнинг пастлиги, якка тартибда дарс оладиган ўқувчилар, уларга дарс беришга борувчи ўқитувчиларнинг ялло қилиб юришгани, тарбияси оғир болалар, “спид” деган балога чалиниш билан ўз жонига қасд қилишнинг олдини олишга ундовчи ёзма ишлар йиғма маълумотларининг ҳануз туман бўлимига бормагани масалаларига қаратилган нутқ узайиб, алла бўла бошлади.
Бирдан вакил: “Кимнинг шу масалалар юзасидан гапи бўлса, районога таклифларми бўлса, марҳамат, биз борлигимизда айтсин”, деб қолди. Айримларга бу гап “мажлис тамом” деган маънони билдирди, бир-икки елимхалталар шитирлай бошлади.
Шу чоғ Турғун ҳаммани ўзига қаратиб, “Менда бор”, деди. Директор шошиб ўрнидан турди, савол назари билан вакилга қаради. Вакилнинг ишораси билан,
– Марҳамат, Юлдашев, – деди сўзига сирли маъно бериб: “Кимнинг рўпарасидалигингни унутма, оғзингга ҳушёр бўл”.
– Ассалому алайкум. Мен демоқчиманки… Хуллас буни таклиф деб тумангами, вилоятгами, етказилса ё бир раддия деб билсалар ҳам майли. Мен шу кунда талаб қилинган иншоларнинг ўқувчиларга ёздирилишига қаршиман. Ўзим умуман ёздирмадим.
– Тушунмадим, қайси иншони назарда тутяпсиз?
– Ўзингни ёқма, дори ичиб қўйма, дорга осма, дегандек иншолар ҳақида.
Директор баттар шошди, ўнғайсизланди, вакилга яна бир қаради-да, деди:
– Юлдашев, сиз бунга ўхшаш шахсий фикрларингизни ўзимизга битта қоғозга тушириб берсангиз, биз районодаги тегишли отделга тақдим қиламиз. Ҳамма гапниям бунақа мажлисга олиб чиқилмайди.
Турғун тик қараб тураверди. Кўнглидан бошқа гаплар ҳам ўтди. Энди бирор ой орасида унинг яхши ўқитувчи эмаслигини таъкидлашлар, дарсларини кузатишга кириб-кирмай, ҳужжатларини сўраб олиб, кейин уларга қараб-қарамай пўстак қоқишлар, танобини тортишлар, ҳайфсанбало билан пўписалар… Лекин гапнинг хонаси келди-да.
– Ахир, биз болаларнинг хаёлида йўқ нарсаларни айтавериб, эсига солсак, мияларига жойлаб қўямиз. Кейин улар кимдан сал аччиқланган вақтда биз таништирган йўлларнинг биридан…
– Юлдашев, нима, сиз бу ерда юқоридагиларнинг топшириғини муҳокама қилиш учун ишлаяпсизми? Бу сизнинг фикрингиз. Ҳозир майда гапларга вақт йўқ дедим сизга.
– Воҳид ака, менимча, бу майда гап эмас. Чунки…
– Мана, ўзингиз айтиб турибсиз, “менимча”, деб. Тушунганингиз яхши. Значит, фикр ўзингизники. Нега топшириқ келганда сразу олдимга кириб айтмадингиз? Иккаламиз районога боғланиб, таклифларингизни айтардик. Ҳозир бошқа гап бўляпти. Инспекторнинг қимматли вақтларини олиб ўтирмайлик.
Қимматли вақти олинаётган инспектор, афтидан, ўз вақти баҳосини чамалаб кўрдими қошини бир кўтариб қўйди, янаям виқор билан ўтирганларга қараб чиқди, кейин, ўрнидан туриб, директорга юзланди.
– Воҳид Ибрагимович, аслида ҳали иккимиз мажлис темасида сўзлашганимизда бу ерга ташриф буюришимга ким сабаб бўлганини билдирмоқчи эдим. Лекин унинг масаласини сизнинг хонангизда, мен, сиз ва ўқитувчи – уч киши ўтириб, бирга разбор қилсак керак, деб ўйлагандим. Ситуация шундай бўлдики, именно ўша ўқитувчининг ўзи жуда калта ўйлашини, зиёли одамларга хос фикрга эга эмаслигини кўрсатиб, проблемани ҳозирнинг ўзида, ҳамманинг ичида ҳал этишимизга олиб келди.
Кўплар мажлис эълон қилинганида шундоқ ҳам, “Турғун бирор нарса бошламадимикан”, деб ўйлаб қўйишган эди. Ҳамма унга ўгирилди. Уйга эртароқ кетсам эди, деб ўтирганларнинг уфлари тортилган, тинчгина ишлаш ўрнига ғалва қўзғайверадиган касбдошларидан хафа, бугун то тўққиз-ўнларгача қолиб кетиш хавфи ортганидан хавотирда эдилар. Кимдир районо инспекторини ишлаб турган тинч ўрнидан бетинч қилган, шошилинч мажлис чақирилишига боис бўлган маҳмадонани дўнғиллаб койиди. Бу ёғи нима бўларкин, дейдиганлар эса мажлис қизиқ бўлиб бораётганидан оёқларини типирчилатиб қўйишмоқда эди.
Вакил давом этди:
– Бу ўқитувчингиз, ўрганишимизча, она тили-адабиётидан дарс берибгина қолмай, ўзича янгиликлар қилар экан. Ўқувчиларни, дарс планини бузиб, қаерларгадир олиб борар экан. Тўғрими?
Турғун бирдан қаддини тик тутди-да, вакилнинг кўзига ботириб тикилди. Ўтирганларнинг кўпи партага икки қарич қапишиб кетишди. “Ўрлиги қурсин шунинг”. Ён қаторда ўтирган Муҳаббат опа Турғуннинг қўлини силкиб ўзига қаратди, ишора қилди: “Қўй, шуларга гап ҳайф. Ўзингга ёмон қилиб қўясан”.
– Ҳа, олиб чиққанман. Ўзимиздаги ижодкорлар билан учрашув ташкил қилдим. Лекин режадан чиққаним йўқ.
– Ўртоқ директор, бу ўқитувчингиз бир йил аввал нимадир “чп” қилиб ишдан кетадиган бўлган эканлар. Шунда ҳам ўтган йилнинг ўзида экскурсиялар қилган эканлар. Бу йил ҳали янги ўқув йилига уч ҳафта бўлмай, яна. Рухсат олганмилар ё бу мактабда дарс вақтида сайр нармалний ҳолат ҳисобланадими?
Директор ваҳимада олайган кўзлари билан биринчи қатордаги ўринбосарини қидириб топди ва қош кўтарди. Ўринбосар уқди: “жавобини сен берасан».
– Юлдашев экскурсия қилишда ҳеч ким билан келишмадилар. Умуман, бу киши тартиб-қоидаларни чақагаям олмайдилар. Мактаб программасига кўпда амал қилмайдилар. Ўша куни нотўғри чиқиб кетяпсиз, десам, “Дарс соатимиз бажариляпти, ўқувчилар ўзимиздаги шоирларни ҳам ўрганишсин, режага икки соатгача мустақил ўзгартириш киритиш мумкинлигини биламан”, деб менга ҳам ақл ўргатдилар. Ўзи бу ўқитувчимизни нима қилсам экан, деб…
Ўринбосарнинг охирги сўзлари орасида титроқ сезилди. Вакил деди:
– Нега нима қилсам дейсиз? Так, тўхтаб туринг, шу кейинги гаплар отделно ёзилсин. Бу бошқа протокол бўлади, – завуч дейдиганлари қоғоз шитирлатиб, ёзаяпман, дегандек ручкасини бир кўтариб қўйди, вакил давом этди. – Воҳид Ибрагимович, дарсларни контрол қилиш шу кишидами?
Директор бош силкиб, ўринбосарга жавоб беришини ишора қилди. Ўринбосар сал довдиради. Кейин томоқ қириб олиб, тик қолган Турғунга қараб қўйди-да, гапга тушди:
– Бу кишининг паспортларида фамилиялари Юлдашев. Ўзларининг дакументларини тан олмасдан, ўқувчиларнинг олдида бизни уялтириб, саводсизга чиқаргандек ё устимиздан кулгандек, журналнинг ҳамма саҳифасига Турғун Йўлдош ўғли деб ёзиб чиқибдилар. Ўқувчиларга ҳам, “Мени Юлдашев деманглар. Турғун ака, денглар, фамилиям Йўлдош ўғли”, дер эканлар. Унда дакументларини ўнглаб келсинлар, ўнглолмадиларми, тегинмасинлар эди дейман-да. Эртага генералний комиссия келса, мен жавоб бераман. Кейин бу киши бутун ўқувчиларни ўзларига оғдириб олиб, кружок ўтаман, дейдиларми, бешинчи синфдан ўн биринчигача “Бизга она тилидан шу устоз кирсинлар, бошқаси бўлмайди”, деб ариза қилгани-қилган.
Вакил уч сўқмоққа рўпара келиб, маъқулини танлаётган қаҳрамондек, бир ўринбосарга, бир Турғунга, бир мажлис аҳлига қараб ўйланиб турди-да, нимадир ёдига тушди, чамаси, деди:
– Сиз бу ерга направление билан келганмисиз?
– Йўқ.
– Хўш? Унда қандай?
– Шундоқ катта йўл билан диплом кўтариб келганман.
– Саволга тўғри жавоб беринг! Илмоқ гапларингизни ўқувчиларингизга айтасиз!
– …
– Ким ишга олган? Воҳид Ибрагимович, сизми?
Директор бир силкинди:
– Ййўқ, менгача олинган.
Ўтирганлардан бири луқма ташлади:
– Олдинги директор.
– Олдинги директор? Қариндошмисизлар?
– Йўқ, қариндош эмасмиз.
– Мен бу ёққа келишда сизнинг делонгизни ўргандим. Нега дарс соатингиз биринчи йил келганингиздаёқ кўп бўлган? Директорга крупнийроқ потхот қилганмисиз? Яширманг. Эски раҳбарингиз энди йўқ-ку.
– Ундай эмас. Билмадим.
– Ўртоқ завуч, бу ўқитувчингизнинг меҳнат интизоми қандай? Дарс қолдириш, прогул, кечикишга ўхшаш нарушениеларга йўл қўйиб турадими?
Завуч ёзишдан тўхтаб ўрнидан турди.
– Унақа ҳолат кузатилмаган. Меҳнат интизомига юз процент амал қиладилар, дейолмайман-у, лекин вақтида келиб, вақтида кетадилар. Мана, мен ўзимга метка қилиб бораман. Бизда юздан ортиқ ўқитувчи бор-ку, шунга ҳар кунлик кечикиш, дарс қолдириш, балничнийга кетиш, ҳаммасини белгилаймиз.
Вакил узатилган дафтарга тикилди.
– Птичка қўйган экансиз. Икки марта. Нима бу?
Завуч изоҳ берди. Вакил яна Турғунга юзланди
– Нега шунча она тили фани ўқитувчилари бўла туриб шу ерга ишга кирдингиз? Бошқа мактабларга борсангиз бўлмасмиди?
Олдинги парталардан Муҳаммад аканинг овози чиқди:
– Энди… Дарс ҳаммага етади. Бу йигитнинг уйиям яқинда-да. Кейин ўзи ўқиган мактаб. Гапнинг очиғи, менимча, анча-мунчасидан яхши дарс беради. Ўзи золотой бола лекин.
Директор уни тўхтатди:
– Холматов, сиз рухсат берилганда гапиришни ўрганинг. Кераксиз жойда нима қиласиз бурун тиқиб? Золотойми, бошқами. Доим падвадит қилиб юрасиз.
Муҳаммад ака жойига ўтирди.
Вакил қовоқ уйиб деди:
– Юлдашев аттестациядан неча балл билан ўтган? Фанини яхши биладими?
– Ўзларини предметлари бўйича баллари 94 балл.
Касбдошлари орасида кўрсаткичдан бехабарлар бор экан, чоғи, томоқ тақиллатишлар эшитилди. Амалдор давом этди:
– Лекин педагогик психологиядан билимлари яхши эмас.
Вакил директорга юзланди.
– Вот, кўрдингизми, проблеманинг илдизи қаерда? Сиз ўқитувчиларнинг маънавий саводхонлигини ошириш учун махсус соатлар ташкил этишингиз керак. Бу бир-икки марта эмас, пастаянно ўтказилиши керак. Ҳали бунақа ёш, практикаси кам ўқитувчилар орамизда қанча экан. Давр билан ҳамнафас бўлмаган, педагогикани билмаган ўқитувчи оқсайди. Энг ёмони, ёш авлод тарбиясини ҳам чўлоқ қилади. Бу ўқитувчики, дакументлар бўйича иш юритилишини тан олмаяптими, демак, у маънавий бузғунчилик қилишга қодир. Тем более, она тили-адабиёт ўқитувчиси! Бунақаларни тартибга чақириш, ўз вақтида хурмачасига тиқиб қўйиш ҳаммамизнинг бурчимиз! – вакил Турғунга қаради. – Сизнинг дарс вақтида қандайдир одамнинг уйига ўқувчиларни бошлаб борганингиз бўйича бизга жалоба тушган. “Бу ўқитувчи билганини қилади, хоҳлаганда мактаб программасини бузади”, деган мазмунда.
– Айтдим-ку, биз бир соатлик дарсни саёҳат дарси қилиб шоир билан учрашишга бордик. Бор гап шу, – у қовоғини солиб олди, овози ҳам одатдагидан баттар дўриллади.
Вакил директорга ўгирилди.
– Қишлоқларингда шунақа знаменитий ёзувчилар кўпми жа?
Директор истеҳзо аралаш деди:
– Йўғ-э, агар арзиганида китобга киритишган бўларди-ку.
Вакил Турғунга қаради.
– Нега китобдаги темалар қолиб, ўқувчиларни бошқа нарсаларга чалғитяпсиз? Шаҳар бедарвозами сизга?
– Чалғитганим йўқ. Ҳамма мавзуларни ўрганамиз. Фақат шу Вали Дархон шоир болалар учун яхши шеърлар ёзганига у киши билан учрашиб, ўқувчиларимни суҳбатлаштириб келдим.
Орада чироқ ўчди. Кимдир ёндиргичидаги фонарчани ёқди. Мактаб қоровули иккита шам ўрнатиб кетди. “Свет шунақа кўп ўчадими?” деб сўради вакил оғриниб. Директор чайналди. “Ҳар куни”, деди кимдир. Яна бошқаси, “Кунда икки маҳал бир соатдан ўчиришади, пахта сушилкалари ишлашни бошласа, умуман свет беришмайди”, деди, чамаси, қоронғидан куч олиб.
Ёш вакил яна Турғунга қаради:
– Шоирингиз билан учрашувни мактабда крупний планда ташкил қилсангиз бўлмасмиди?
– Шоирим анча қариганлар. Кейин пойтахтдан келиб, шеърларини олиб, қўшиқ қилиб айтишганида, биз ўлиб кетишларини кутмасдан суҳбатларини олсак, ёмон ери йўқ шекилли.
– Жуда зарур бўлса, абетдан кейин экскурсия қилдириб олиб бормайсизми?
– Ахир дарс режада ҳам саёҳат соатлари бор-ку? Мен уни ўзимизга маъқул мавзуга мослаштириб олдим, холос. Ўқувчилар жиддий ўрганишсин, дедим.
– Қойил, агар ҳамма ўқитувчи иш планини ўзига мослаштирадиган бўлса, районо билан облонода ўтирганларга иш қолмабди-да, – вакилнинг кўзларида хавотирми, нимадир йилтиллади. – Может планларимизни полности кўриб берарсиз?
Турғун мажлисда бўйнидан боғлангандек ўтирганларнинг деворда акс этиб турган катта-кичик сояларига қаради.
– Битта синфни олиб борганмисиз?
– Йўқ, учта ўн биринчи синфни.
Кимдир пиқ этиб, ким овозсиз кулди.
– Бир кундами? Жа зўр бўпти-ку. Шундай қилиб неча соат дарс ўтилмади?
Турғуннинг ўрнига завуч дейдиганлари жавоб берди
– Йўқ, икки кун ичида. Уч соат.
– Уч соат? Вапше кашмар! Бориб турган виждонсизлик бўлибди.
Ўзини кайвонилардан санаб юрадиган, ҳалидан бери ким нима деса ўша томонга ўгирилиб, кўзойнагини бир ечиб, бир тақиб ўтирган ўқитувчи аёл ёнидаги ҳампартасини туртиб, “Ана, кўрдингизми?” дегандек ишора қиларди. Ёнидагининг ғаши келар, лекин нимадир дейишдан тийилиб, бурнини жийириб қўярди. Кайвони анча тадорик кўриб турган эди, шарт туриб гап бошлади:
– Воҳид Ибрагимович, Майлими мен гапирсам?
Директор бетартиб ўқитувчиларидан хижолатланган қиёфасига рухсатми деган яна бир ифодани қўшиб, вакилга юзланди. Вакилнинг боши ирғалди.
– Мен бу мактабда ўттиз йилдан бери она тили-адабиёт фанидан дарс бериб келаман. Руқия Юсупбаеваман. Шунча йил постепенна бир жойда ишлаб унча-мунча тажриба орттирдим. Бу касбнинг иссиқ-совуғидан, мактабнинг баланд-пастидан яхши хабардорман. Ҳали ўқитувчи кам вақтларда икки смена ишлаган, Огоҳлик бўйича ишхонамизни қўриқлаш учун ночнойга дежурлик қилиб қолган кунларимиз ҳам бўлган. Беш йил аввал, у маҳалда директор Ориф Исанов эдилар, ўзи бизга она тили дарслари етишмай ётган пайтлар эди, шу Турғун Юлдашев иш сўраб келдилар. Директор бир оғиз маслаҳат қилмай, бу кадр қанақа экан, деб ўтирмай, ўн битта она тили ўқитувчиси устига ишга олдилар.
Вакил иягини ушлаб турган қўлини бирдан юқори кўтарди.
– Тўхтанг, опа. Нега ўшанда директорингизга тушунтирмадингиз?
– Йў-ўқ, кирганман. Янги ўқитувчи олманг, ўзи декретнойда ўтирган иккита ўқитувчимиз бор. Биттаси яқинда ишга чиқар экан, деб дарсини замешение қилиб ўтиб юрибмиз, дедим. Қулоқ солмадилар. Битирувчиларнинг дарсини полний шу кишига ишондилар. Ҳайрон қоладигани – Юлдашев ўшандан бери ўн биринчиларга дарс бериб келяптилар. Мана аҳволимиз. Бу киши бўлса… Манимча, уже ўзларига иш план тузиб ҳам олгандирлар. Бир куни “Шу программаларимизни ким тузади ўзи? Янгилашга таклиф киритсак бўларкан”, деб мениям тортмоқчи бўлдилар. Менинг ўз фикрим бор, ким нима деса кетаверармидим. У куни дарс маҳалда хоналарида шовқи-и-ин-сурон бўлиб кетди. Кирсам ўзлари кўринмайди. Қанилар ўқитувчи десам, ўқувчилар доскада турган бир портретни кўрсатишяпти. “Бу нима майнавозчилик?” десам, “Майнавозчилик эмас, янгича дарс. Эсда сақлаб қолиш учун зўр усул”, дейди ўқитувчи столига ўтириб олган ўқувчи. Кейин орқа партадан бу киши туриб келдилар. Кап-катта одам ўқувчи ролини ўйнаётган эканлар. Доскадаги портрет ўзи ҳақидаги маълумотларнинг тўғри-нотўғрилигини ўқувчилар билан бирга тасдиқлаб ё инкор қилиб турармиш. Қанақа қилиб, десам, айтишмади. Бирпас кириб ўтирингмиш. Бировнинг дарсига бунақа дуч келган вақтда киролмайман ахир. Агар раҳбарият вақтида қараб, виговорми берганда, бугунгидек…
Вакил сўради:
– Юлдашевнинг дарсига неча марта киргансиз?
– Уч-тўрт марта.
– Хўп, сиз нима дейсиз, ўқувчиларга бирор нарса бера оладиларми?
– Мен ёнларидаги хонада дарс ўтиб турганимда шовқин бўлиб кетгани учун ё нимадир иш билан кирганман. Ҳалиги… ўқувчиларнинг кругозорини…
– Йўқ, дарс анализига кирганмисиз, баҳолаб беринг, демоқчиман.
– А… анализга… йўқ. Чунки… Бу кишининг дарсларида ўқувчи билан ўқитувчи орасидаги субординация йўқолиб кетади. Тўғриси, дарс ҳам бир ўйин бўлиб туюлади. Шунгами, киргиси келмайди одамнинг.
– Ўртоқ директор, яна она тили фан ўқитувчиларингиздан кимлар бор? Бошқалар билан ҳам Юлдашевнинг муносабатлари яхши эмасми?
Ҳаммани севинтириб бирдан чироқ яна ёнди.
Директор тағин ўринбосарига қаради. Ўринбосар ёнга аланглаб, ўттиз беш ёшлардаги баланд бўйли аёлга ишора қилди. Аёл сирғалиб секин турди.
– Хўп, кимлигингизни таништиринг.
– Мен Алимова Клара, она тили адабиётдан 8-синфларга дарс бераман.
– Хўп, Юлдашев билан муносабатингиз қандай?
– Олдин… ёмон эди, ҳозир яхши. Ишга янги келган вақтларидаёқ директоримиз менинг хонамни бу кишига бериб қўйдилар. Мен бир йил аввал ўша хонага катта пул расход қилувдим. Плакатларим анча билан битувди. Юлдашев кузги каникулдан кейин мен бюллетенга чиқиб, баниссада бўлганимда ҳаммасини янгилаб, мен қўйган жиҳозларни ташлаб юборибдилар.
– Юлдашев, шу тўғрими? Нега ташлаб юборасиз? Ўзларига қайтариб берсангиз бўлмайдими?
– Тўғри. Қайтариб берганим билан барибир ишлатолмасдилар. Паннолардаги ёзувлар ўзгарган алифбе бўйича ёзилмаган экан. Нотўғри алифбе ўқувчилар хотирасида сақланиб қолиши мумкин. Шунинг учун олиб ташлаганман. Орқа томони ҳам ишланган паннолар эди, – Турғун чимирилиб жавоб қилди.
– Барибир одобсизлик бўлибди.
– Хоналарини жиҳозлашда ёрдам беришимни айтганман. Лекин ҳали жиҳозламадилар
– Хона тегмаяпти-ку, қанақа қилиб жиҳозлайман?
Вакил яна директорга қаради:
– Тушунмадим, хоналарни қандай тақсимлайсизлар ўзи?
Завуч деганлари ўрнидан турди:
– Хоналар кураторлиги бор ўқитувчиларга берилади. Ўша синф билан бирга жиҳозигаям, тозалиги, пожарний ҳолатидан тортиб ҳаммасига жавоб беради.
– Тушунарли. Воҳид Ибрагимович, сиздан сўрамоқчиман. Нега ёш кадрга сиз битирувчиларнинг она тили-адабиёт дарсини ишониб топширдингиз? Ахир, опитний ўқитувчиларнинг ҳурмати бўлиши керак-ку?
– Ҳа-ҳа, тўғри. Очиғи, бу кадрни ҳар йили пахта мавсумида қийинчилик бўлавергани учун юқори синфларга дарсга қўйганмиз. Чтоб эртага ётоқда ўқувчилар ўқитувчимиз деб тан олсин деганмиз. Олдинги директор ҳам шуни кўзлагандир. Аёлларимиз – яхши ўқитувчи. Лекин на ягана, на теримда буларнинг бирортаси болаларни олиб ётоқда ётолмайди. Айниқса, ўтган йили битирувчиларимиз тўқсон кун пахтада бўлишди. Шу вақтда мана шу эркак домлаларимиз туриб беришади. Лекин, агар… Ҳали педсовет ҳам чақириб Юлдашевнинг масаласини кўриб чиқамиз. Бизга муҳими – дарс, тарбия. Ўқитувчиликка муносиб бўлмаса, иш планни бузса, бунақа ўзбошимчалик қилаверса, албатта чорасини кўрамиз, – деди у.
– Бу масала нетолка мактабда, районодаям кўрилади. Кейинги ҳафта сешанба куни Юлдашевни соат ўнда районога етказишга масъулсиз. Мудирнинг шахсан ўзлари билан ҳал қиламиз. Тушунарли-а, Юлдашев?
Бирдан ўртада ўтирган аёллардан бири шартта ўрнидан турди.
– Воҳид ака, майлими икки оғиз гапирсам? Узр, вақтингларни олмайман. Мен ҳам она тили ўқитувчисиман. Турғунжоннинг дарсларига кўп кирганман. Таҳлил дафтар тўлдиришгамас, дарс техникаларини ўрганишга. У билан бемалол фахрлансак арзийди. Агар бола ўқитиш масаласи биринчи планга чиққанида бу ўқитувчимизнинг олдига мактабимиздагина эмас, райондаям ҳеч ким тушолмасди. Билими кучли. Ўқувчиларки шу кишини танлаяптими, демак, биздан кўра болаларнинг кўнглига кўпроқ у йўл топяпти. Шуни ҳам ҳисобга…
Директор уни ҳам сўзлашдан тўхтатди:
– Ҳозир биз бу ерда ким кимнинг кўнглига йўл топаётганини муҳокама қилмаяпмиз. Проблема қаерда? Тартиб-қоидаларнинг бузилганида. Билими яхши бўлса, ютуқ ўзиники. Ундан ҳеч ким тортиб олиб қўймайди. Лекин зўр эканман деб билган ишини қилмайди-ку. Юқоридан олинсин деган иншоларни олмаса, дарс вақтида кўчама-кўча юрса. Кейин сиз ҳам навбат берилганда гапиришни ўрганинг. Ўзи аёллар кўп жойда ишлаш бизга қанчалик қийинлигини ўзимиз биламиз. Ўтиринг, сизга тушунарлими, Юлдашев?
Аёл тап этиб жойига ўтирди. Турғун “ҳа”га ишора қилди, стулга чўкиб, қандайдир китобнинг букилган саҳифасини очганча, ўқимаса ҳам тикилиб олди. Бироқ вакил уни яна турғизди.
– Ҳозир экскурсияларингиз ҳақида заврайонога битта обеснителний ёзасиз. Қаранг, менга қаранг, сизга қандай ёзишни ўргатаман, туман халқ таълими бўлими мудири Н. К. Пашшахаджаевга деб бошлайсиз. Фамилияни тўғри ёзинг лекин. У киши чўткий ишлаб ўрганганлар. Хатингиз қайтиб келиб ишни кўпайтирманг тағин.
Турғун қовоғи уйилганича билинар-билинмас бош ирғади.
– Энди бошқа масалаларга ўтсак. Бу йилги олимпиадани ҳар доимгидан ҳам самарали ўтказиш тўғрисида облонодан алоҳида топшириқ бор. Энди танлаб олинган ўқувчи билан индивидуалний ишлаш…
Мажлис кеч тарқалди. Роса чўзилгани билан бир тузук мавзуси ҳам, якуни ҳам бўлмади. Турғун ҳамманинг кетидан чиқар экан, директорнинг Жўравойга имо-ишора қилаётганини кўрди. У қанча орқада қолиб раҳбарларга кўринмасликка тиришмасин, бўлмади. “Машинаниям мактабига малай қилиб олган булар. Бирортаси беш тийин пул қўшибмиди. Эшшакарава қиворади”. Жўравой Турғунни бир туртиб, зарда билан директор томон кетди. Айримлар тушунарсиз тўнғиллар эдилар. Ёмон бўлди-да, Жўравой энди неча кун гапириб юради. Ахир ана у маҳмадона вакилни шаҳарга элтиб қўйиш керак.
У жинкўча томон юрди.
Туни билан ҳайҳотдай ҳовлида ёлғиз қолган бувисини ўйлаб чиқди. Авваллари қўни-қўшнилар билан узоқ-узоқ суҳбатлашиб ўтирарди. Энди тенглари тугул, ундан беш-ўн ёш кичикроқлар ҳам бир-бир ўтиб кетишяпти.
Қайси куни деразадан кузатиб турди: бувисининг ҳаракатлари чаққон, ғайрати кўп, лекин белини ушлаб-ушлаб қўяди. Шу ёшида хизматини қилиб дуо оладиган келин бўлмади-да Ойдин.
Узоқ ўйлади. Тонг-ла Ойдинни олиб келиш учун боришга қарор қилди.
Бироқ тонг – тонг эди. Буткул бошқа рангларда эди у. Турғун оқшом ўзига берган ваъдаси учун ўзини ёмон кўриб кетди. Соқол қираётганда ойнадан уялди. Кўчада Ойдин билан етаклашиб юриши-ю орқасидан Йигиталининг етиб олиб ўтиб кетишини кўз олдига келтирди.
Тушгача у-бу ишлар билан андармон бўлди. Кун пешиндан оққанда бувиси неча кунки, қиблага қараб, “Ҳаво ёғиб қўймаса бўлди”, деб ташвишга тушаётгани учун томдаги шафтоли қоқисини йиғиб олишга уринди. Нарвонга оёқ қўйди. Уч-тўрт қадам юқорилагач, бирпас тўхтаб турди-да, бир поғона пастга энди.
– Томнинг кандигида (16) илон бор экан, буви.
– Илон дейсанми?
– Ҳа, тилини чиқариб мени масхара қиляпти.
– Тилини чиқаргани менга тегма дегани. “Жонивор, сенга зиён етказмийман, сен ҳам менга зиён етказма”, дегин. Туш, бўлди, бошқа вақт чиқасан. Уям бола-чақасига ул-бул опкираман, деб чиққан-да.
– Ўлдирсам-чи?
– Нима қиласан ўлдириб?
– Ўзи нима қилади бизнинг уйда?
– Ким айтди сенга бу уй сеники деб? Бир ўйла-чи, биров шунақа дедими?
– Хўп, тавба қилдим, сизники, – Турғун мийиғида кулган бўлди.
– Меникияммас, – кампир пешайвон қирғоғидаги ёғочғалтак атрофида ғинғиллаб юрган сариқ арига ишора қилди. – Пашшадир, чивиндир, чигиртка, қурт-қумурсқадир – ҳаммасининг уйи.
– Қаёқдаги гапларни айтасиз-а, буви.
– Нимага қаёқдаги гап бўлсин? – кампир кўрсаткич бармоғини васса терилган шифт тўсинига тўғрилади. – Ҳу анави ваҳмакни кўрдингми, удир, ана у куни ертўладан олиб чиқиб ташлаганинг бор-ку, чаёндир, итдир, мушукдир, ана у айвондаги сигир борми, эчки-улоқми – ўшаларнинг уйи.
– Буви-и.
– Ҳа!
– Ҳалиям ёш бола деб биласиз-а?
– Ёш боласан ҳали.
– Э-э, мени роса боплагансиз ўзиям. Илгари музқаймоқ олиб берганингизда, уни қаердан опкелишади, десам, булутларни кўрсатардингиз. “Самолётда оптушишадими”, десам, “Ҳа”, дердингиз.
– Нима бўпти?
– Энди эртакларингиз ҳам катталарга мос бўлиб ўзгарипти-да.
– Сен ҳали ишонмай юрибсанми? Ростданам музқаймоғинг булутдан бўлади.
– Роса кулгига қолганман. Иккинчи синфмидим, Бойқўзи домламиз кулиб-кулиб айтиб берган, “Музқаймоқ сут билан шакардан бўлади”, деб.
– Нодонсан ҳали. Олийга ўқиб диплом олганинг билан менинг мактабимни битиролмайсан. Ўша шакар ҳам, сут ҳам булутдан бўлади.
Турғун хахолаб кулди. Кейин жиддий тортиб, бир нималарни эслади.
– Буви, ўшанда музқаймоқни бидонда опкелишарди-а? Бидон ёғоч бочкада бўларди. Бочка билан бидоннинг орасида катта-катта музлари бўларди. Музқаймоғи шунақа мазалийдики. Биз ошналарим билан оролни айланиб ароқ, пиво ичиб кетган одамлардан қолган шиша идишларни йиғиштириб келардик. Тўртта шишага битта музқаймоқ олса бўларди. Самижон ака бидони ичидан қошиқда олиб қоғоз идишга солиб берарди. Менинг ўша музқаймоқчига роса ҳавасим келарди. Унга мазза, музқаймоқ егиси келса, идиши тўла, дердим. Лекин шунча пойлаб, еганини ҳеч кўролмаганман. Гавдали, баланд бўйли одам эди.
– Секин гапирасанми. Раҳматли Бодомчанинг бешта ўғли бориди. Туронбой, Сувонбой, Тешавой, Самижон, Валижон. Ҳаммасиям гавдали йигитлар бўлган. Нақ арслон дейсан.
– Бирор нарса эсингиздан чиқмайди-я. Отларида адашмаганингизни-чи. Ҳозир ҳам Самижон акадан бошқа ҳаммалари борми?
– Йўқ-да. Тешавой билан Валижон икковиси бор, Лайлакуяда дадаси экиб қўрғонча қилиб кетган боғда қўшни ўтиради. Самижон тушмагур сойга оқиб ўлиб қолди. Тўнғичлари Туронбой бўйнига битта кўк яра чиққани баҳона, эрта кунда уям омонатини топширувди. Сувонбойи ўзига жавр қилиб катталар билан олишиб, мана, қаро ерда ётибди. Болам, умрниям уволи бор. Ўзининг жонини асрамаса, одам деганга бу бошни нимага берибди. Биров билан олишиб, сира бўйни йўғонлик қилмагин. Худо у дунёга бир жойи эзилиб борганларни сўроқ қилармиш. “Мен сенга бутун тана берганидим, қани?” дермиш.
– Буви, бўйни йўғонлик қилсам нима бўлади?
– Дард бўлади, бало бўлади.
– Бўлди, айтинг. Нега тили узун ё бошқа нарса демай шунақа дейишаркин-а?
– Дорга осар замонларнинг гапи бу. Пошшо билан унинг одамларига терс гапирадиганларни, “Жа гапирдинг, осса ўлмайсанми, бўйнинг шунча йўғонми?” ё “Бу дорга оссаям ўлмайди, бўйни йўғон-да”, дейишаркан. Шу. Бўлди, гапни кўпайтирмай илонга қара-чи, кетган бўлса, қоқини оптуш.
Турғун нарвонга оёқ қўйди.
– Кетибди.
– Одам бор жойда илон бўлади-да, – кампир томга чиққан неварасига далда қилиб овозини кўтарди. – Жони қаттиқ бўлади илонларнинг. Илон одамни кўрганда, “Бўйи қурсин-эй, мунча баланд бўлмаса, тикка туришини-чи, турқиям бирам совуқ”, дермиш.
– Қовоқпешнинг орасида пўсти қопти, олиб тушайми?
– Янгими?
– Билмасам.
– Қўлингни теккиз-чи, синиб кетмаса ҳозир ташлаган бўлади. Йўқ. Кўпам ҳозир ташламаган. Вақти эмас.
– Вақти қачон экан? – Турғун кулди.
– Бир ой-бир ярим ойча бор.
– Эски экан, қуриб ётибди.
– Ҳа, тузук. Кўкламгиси яхшироқ эм бўлади. Худонинг бергани буям. Қоқингни ташлаб тушавер. Мен бўздан халтача тикиб берай, ўшанга соласан, эзибички қип қўяман, – кампир ичкаридан игна-ип, оқ латта олиб чиқди.
Турғун қопни пастга ирғитиб, томдан тушди. Бувисининг қўлидан янги битган халтачани олиб яна чиқди, илон пўстини халтага жойлаб, бандини тортиб, оғзини ёпди. Нарвондан туша туриб деди:
– Илгари бедазорларда мол боқиб юрганимизда ошналарим илонларни роса кўп ўлдиришарди. Думидан ушлаб симёғоч симига ирғитишарди. Нечтаси тепада ток уриб ёпишиб осилиб қолган, нечтаси икки бўлиниб тушиб келган.
– Сен-чи, қўшилармидинг?!
– Йўқ. Ўлдирмаганман.
– Томошасини кўрганман, дегин.
– …
– Худо яратган махлуқнинг жонини олиб нима топиш(17)? Ҳаммасининг сўрови бор. Бир жонга азоб берсанг, ўзинг ҳам азобингни тортасан. Бир маҳали, унда аянг иккинчида ўқирди, Хузрум томондаги сигирларга касал келиб, беш-олтитаси ўлибди. Кейин эгалари кўмишга жой тополмай тоққа чиқариб пат-пат юрар жойгача оббориб, қарға-қузғунгаям овқат керак деб чуқурроқ жойга ташлаб келаверишибди. Эртаси яна бир сигир билан бузоқ ўлган экан, Яндашали тегирмончи бўларди-ку. Кўтарманинг бошидаги. Эслайсанми?
– Ҳа, ҳа.
– Ўшанинг гурсиллаган бир акаси бўларди. Гапирса ҳаммаёқ гулдираб кетарди. Ўша ўзим ташлаб келаман, деб борибди. Қараса йўғонлиги мана шу кувидай келадиган илон уч-тўрт кунлигида ўлган бузоқчани ютаётганмиш. Оғзи юмилгунча қараб турибди. Ютиб бўлганда ўзини эплолмай бирпас-яримпас туради шекилли-да, трахтиридан паншаха опкелиб илонга тиқиб-тиқиб қийнабди. Кўзи қотиб, думи буралмай қолганда қайтибди. Келиб, “Ўлдирдим”, деб ҳаммага мақтанибди. Беш-олти кун ўтиб қизиқибми, нечаям киши атай кўргани боришса, илон ётганмиш-у, еганини ҳал қиворганмиш, дўппайган жойи йўқмиш. Боши ҳам қаерда қолган бўлса, ўша ердан қимирламаганмиш.
– Ўлмабдимикан?!
– Энди бу ёғини эшит. Ён-веридаги ўн чоғли ўлик молларнинг бирортаси йўқмиш.
– Илоннинг шериклари келиб егандир-да, а?
– Ҳа-да. Яна ким билсин, қайси махлуқ келиб еган. Тилов подачи илонлар одам иси йўқ жойга судраб кетган деган эди. Билмасам энди. Кейин уч кун ўтиб, Яндашалининг акасини, оти Болтавой эди, қидир-қидир қип қолишди. Бирови даштга кетганмикан, шу ёққа қараб ўтирадиган бўп қолувди, бирови ғалатироқ гапириб юрувди, дейди. Ота-энаси доғида одош бўп кетди. Худо кўрсатмасин. Болам, илонниям Худо яратган. Униям уйи, жойи, бола-чақаси бор. Худо берган умри бор. Кўзини кўргандирсан, шуни Худо даргоҳимни кўрсин деб яратганмасми? Кўзини юмдирган одам Худодан зўрман дегани-да.
Турғун ҳовли четидаги буралиб ётган ток зангларига тикилиб қолди.
– Биз томонларда ҳам шунақа катта илонлар бор экан-да?
– Бўлган дейишади-ку. Бўлсаям тоғи тошдадир. Бир емишлиги сероб жойларда бўлмаса, ҳамма ердаям катта илон бўлмайди. Қорни осон тўймаса.
Кампир сўрига чиқиб, чордона қурди.
– Турғунбой, кўк териб келмайсанми?
– Куз кунида қанақа кўк тераман?
– Ана, Сотимбойнинг кечки маккасига бор, учинчи экинга бачки1 (пояси учунгина экилган маккажўхори) эккан, ичи тўла шўра.
– Йўқ, буви, ўзимизнинг боғдан бўлса майли эди, биров кўриб қолса, нима дейди? Уятга ўлайми? Эркак кишига… Мен энди кўкат терармидим.
– Эркакмиш. Кўчада пешоб қилсанглар уят эмас-ку, кўкат териш уятми? Ўғирликмиди, ғарликмиди, уяласан? Эрта-индин ётоққа кетиб қолсанг, кўк сомсага тўйдирай дувдим. Ўзимниям бир кўнглим кетди.
– Сомса ёпмай қўяверинг. Кўчадан Тўйчивой тоғанинг ошхонасидан олиб келайин, еймиз.
– Қўй-э, ёш-ёш болаларни ишлатиб юради. Қўлини ювиб қиладими, ювмай қиладими. Ҳалқумимни булғама.
– Тоза қилади, буви, ўзлариям ейди-ку.
– Тўйчивойинг ҳам пул топай деб қанақа гўшт ишлатаркин? Тоғда касалдан ўлиб-нетган, ичи ўтиб чалиш-палиш бўлган молларнинг гўштими, дейман. Пулни човлаб чотига, пуфлаб путига уради.
– Майли, опкелаверай.
– Йигит тушмагур-эй, алакни палак билмайсан-а. Ўзи ойлигингни неча вақт кечиктириб оласан. Қўй, қора қозонни қайнатганимиз яхши. Ис чиқиб турмаса, барака кетади. Озгина тоза пахта опчиқ, ёғ қизиганда чироқ қўйиб юбораман.
– Ўтганларимизгами?
– Ҳа. Ер-сув эгаларигаям. Ўлик тўймагунча тирик тўймайди, болам.
Кампир ўчоқбошига кетди. Қозон тагига хашак қалаб ёқишга тайёрлади, чойгумни сувга тўлдириб ўчоқ оғзига қўйди. Ариқ сувига солиб бўғзидан ип билан боғлаб ток зангига тортиб қўйилган ёғоч идишдан гўшт олиб ёнғоқдек-ёнғоқдек қилиб тўғради. Пиёз парраклади, картошка арчиди, бир бўлак қовоқ майдалади. Ўчоқ ёнига ташланган гўзапоя боғини ечиб, ичидан танлаб синдириб олган калтагига тоза пахтани ўраб, тирсакча узунликда чироқпилик ясади. Уни қозондаги ёғга ботириб олди-да, оловга тутди. Чироқпилик ўт олди. Кампир уни ўчоқ четига тиклаб ўрнатди. Шу жойга келганда Турғун ҳар галгидек, яқинлашиб, чўккалади. Кампир Қуръон тортди. Омин қилдилар. Яна оловни баландлатиб, қозонга гўшт ташлади. Димламанинг оловини пасайтириб, чўғни чойгумнинг қорнига сурди.
– Турғунбой болам, сигирни эртароқ олиб кириб қўяқол. Жағи жарда қолсин-а. Пичанини сопқўйдим. Сениям бир кўрсин. Мол эгасининг кўзидан сув ичармиш.
Турғун мол-ҳолни тинчитди. Сигирнинг узун-узун товуши тўхтади, подадан маърашиб келиб жойига кирган эчки-улоқлар жимиб қолди. Катакка терилган товуқлардан бир-иккиси оҳиста “қуқ” деб қўйди.
Ҳалигина қушларнинг ҳовлини тутиб, ариқдаги сув овозини ҳам босиб кетган чуғури ўрнини чигирткаларнинг узоқ-яқин чириллаши эгаллади.
Пешайвон саҳнини хира ёритиб турган чироқ атрофида капалакчалару чивинлар айланиб учиб юрарди. Ўртада ярми ейилмаган овқат, дами чиққан чой турар, икки четдаги яккақават кўрпачада буви билан невара ўз хаёлига берилиб ўтиришарди.
Турғун пиёласида илиб қолган чойни хўриллатди.
– Буви.
– Ҳм?
– Қурбақанинг қуриллашини қаранг.
– Ҳм?
– Энди тушуняпман тилини. Ўзимнинг уйимдаман, хоҳлаганимча қуриллайман, деяпти, шекилли.
– Ҳа-да.
– Хах.
– Нега куласан? Бори шу, – кампир дастурхоннинг ўзи томонда қайрилиб турган четини очиб текислади.
– Болам, шуни еб қўйгин. Ёмондан ёрти қошиқ қилмайлик.
– Йўқ, емайман, буви, тўйиб кетдим. Сал тузини паст қилибсиз.
– Овқатга нато (18) ўқима. Овқат дастурхонга келганда, ўтирганлар мени ёмон демасмикан, деб қалтираб турармиш. Ёқмаса емагин эди.
– Йўқ, ёқди. Яхши-ю…
Буви чимирилди.
– Ит бақага тўйди, житта-житта қўйди.
– Э-э, буви.
– Суммат сенга нўкор(19)ми? Жинимни келтирсанг, очингдан тириштирвораман.
Кампир шақир-шуқур қилиб йиғиштирган бўлди. Кейин қўлини дуога очди:
– Омин, еган-ичган, тўкилган сочилганнинг савобини аввало ўзингга, жами пайғамбарларга, Муҳаммад пайғамбаримизга, аҳли муслимларга, жами ўтганларга, шаҳидларга, аввалги ер-сув эгаларига, еттидан етмиш авлодгача умидвор бўлиб ётганларга, шу қаторда, ўзинг бериб ўзинг олганинг – Олмахон қизимнинг руҳи покига бағишладик. Гўри тўла нур бўлсин, йўлдошлари ҳур бўлсин. Кетидан борган гўдаккина Лолахон неварамниям қоронғу гўрини ёруғ қилгин. Иккисиниям раҳматиларинг қаторида қилгин. Бу дунёда кўрмаганини у дунёда кўрсатгин. Художон, кўпга бергин, кўпни қаторида шу мунглиғгина болаларимга кенг феъл, кетмас савлат, танисиҳатлик, хотиржамлигини бергин. Ўзинг ўт балоси, сув балосидан, иллату фалокатлардан, оби азоб кунларидан, вабои жонлардан асрагин. Ғийбатдан, бўҳтондан, ҳасаддан, жин ҳамласи, шайтон васвасаларидан сақлагин. Болаларим тупроқ олса олтин бўлсин, кул олса кумуш бўлсин. Яхши кунларингни кўрсатгин. Омин Оллоҳу акбар.
– Мен юваман, буви.
– Қўявур. Намозга ҳали бор. Ўзим юваман. Сен ёзарингни ёз. Дарсингни қил.
– Даладан пичан ўриб келайми? Эчкиларни ўти қолмапти.
– Вой тавба. Шомдан кейин-а? Далага боргунингча икки хуфтон бўлади-ку?
– Ой чиқяпти, қаранг. Ёп-ёруғ.
– Қўй, қурт-қумурсқа қишлик жой ахтариб карахт бўлган пайт. Қўл-пўлингни бирор нарса чақиб олади.
– Телевизорда айтишибди. Эртага совуқ тушаркан. Хазонак эртароқ келадими дейман.
– Йўқ, болам, қорақарғанинг қайи (20-21). Яна ҳаволар жўнашиб кетади. Дала-тузда экин-тикин бор. Давлатнинг пахтаси бор. Қантароғди(22)гача қанча иш бор ҳали.
– Ҳмм.
Дарвоза тўсатдан тарақлади.
– Сумматби хола, Ҳо Сумматби хола!
– Вой, Чаманми, югур қара, келавер, Чамангул! – деди кампир шундоқ ҳам дик туриб, дарвоза ёққа отилган неварасига.
– Нима бўлди? Якка келдингми?
– Йўқ, кўчада Элбек бор. Хола, Азлар холамникига юраркансиз. Айтадиган гаплари бормиш.
– Вой мангина ўлай. Ўсал бўпқолмадими, ишқилиб?
– Йўқ, олдингидан анча яхшилар. Кеча бир табибни чақиришган экан. Шундан, шекилли. Икки кундан бери кўзларини очмаётган эканлар. Бугун яхши бўлиб, сизни сўрабдилар.
Хабарчи жувон ийманибгина кўрпача четига ўтирди. Пешайвон дамидаги човгун томонга шошиб кетаётган кампирнинг тайёр бўлишини кута бошлади.
– Яхши бўлдилар деб қўрқитмагин, қизим. Оёғимнинг қалтираганини қара. Икки кундан бери ана-мана дейман. Вой-ей, қилча кучим қолмади-я.
Турғун сўритокка қайрилма сим билан осилган челакдан човгунга сув қуяркан, деди:
– Нега оёғингиз қалтирайди? Яхши деяптилар-ку.
– Ҳа, бола-я. Қуй, қуй тезроқ. Қочақол, ариқда юваман. Азларби қандоқ эди-я. Даладан бери келмай ишларди. Айғиротдай кучи бор эди.
Чиқиб кетишди.
Ҳовли жимжит бўлиб қолди.
Турғун ўчоқбошини йиғиштирди. Идишларни ариқда ювиб тандир ёнида симга осилган ёғоч узумқутига тўнкариб қўйди. Қозон устини маҳкамлади. Ўчоқ оғзига кирпитикан кириб чўғда куймасин учун тунука лаппак ўрнатди. Кейин ўн бир тўсинлик “дарсхона” уйга кириб, портфелини титкилади. Сал мизғийман, деб ухлаб қолибди.
Тушида худди шу ўзи ухлаётган уй деразасига Ойдин яқин келиб, унга энгашиб қараётганмиш.
“Нега кечасида келдинг?” дебди Турғун. “Шундоқ, ўзим. Токчада исирғам қопкетибди”, дермиш Ойдин. “Қайтиб келмайсанми?” дебди у. “Сизга юз марта айтаманми? Барибир сизни яхши кўрмайман. Ваъдалашганим бор. Кузда у билан қочиб кетамиз”, дермиш хотини. “Йигит тарра биланми?” деса, “Йўқ, Эргашали-ку”, дермиш.
Чўчиб уйғонди. Аввал деразага, ундан оша дарвозага ошиқиб қаради. Уйланганида тўлдирилган, кейин бир йил ўтиб келиннинг сеплари олиб кетилган икки хонали уйи томон отилди. Калитини туширолмай аранг очди. Ичкаридан Ойдиннинг бўйи юзига ургандек бўлди. Ипор иси сандиқдан кетмас деганча бор экан-да.
Оёғи тагига ўриндиқ олиб келиб чиқди-да, баланддаги кичик токчага қаради. Йўқ, исирға йўқ. Фақат бир қоғоз кўринди. Сурат. Тескари бўлиб ётган экан. Тўйдаги. Ёнларида иккитадан ошнаю дугоналар билан. Ана, хотини. Чиро-о-ойли. Келин либоси бирам ярашган. Лекин чимрилган. Суратдаги ўзи хижолатда турибди. Сочлари қоп-қора бўлган экан. Хотининг яхши бўлса ёқанг оқаради, ёмон бўлса сочинг, дерди бувиси Бектурди акасига.
Ўксиниб кетди. Ҳовлига чиқди, сўрига оғир чўкди, кейин чўзилди, юлдузларга тикилди.
Дарвоза очилди. Кампир қовоқлари шишган, кўзлари қизарганча кириб келди. Турғун у томон юрди.
– Азларби бўлмай қолди, хуфтондан кейин омонатини топширди.
Турғун омин қилди.
– Худо раҳмат қилсин.
– Ҳа, Шокаптардаги қизи шу ерда экан. Катта қизини эри Русияга опкетган. Энди етиб келолмайди. Азбонаси бор эди-ку. Яхши кўрган қизи ўшайди-я.
– Азбона дейсизми?
– Ҳа. Ҳаммага топилган нон шуларга топилмадими, ўша ёқларга кетди. Қорни қопдек, ичаги енгдек бўлмаса. Азлар тушмагур, энди юрган-тургани бир пул бўлади.
– Тоблари йўқмиди шунчалик?
– Ётиб қолувди-да. Бу кеча нега тушим булғашди дедим-а, – кампир юзидан оқаётган ёшларни қўли билан сидирди, овози бузилди. – Эртароқ борсам айтадиганининг ҳаммасини айтармиди.
– Сизга бирор нарса дедиларми?
– Деди-да. Аввалига ҳол сўраб инқиллаб ўтирди. Вақтини ўтказиб қўйди-да. Қўшниси бор эди. Ҳадеганда чиқавермайди. Ёлғиз қолишга илҳақ бўлдиёв. Кейин бир-икки оғиз гапирди. Яна бир нима айтар бўлувди, тилдан қолди. Э Худойим-эй. Ўргилайин жонимнинг эгаси, Яратганим! Сен нима десанг шу бўлади. Дам ўтказганингга шукур.
– Азлар хола қизларига ул-бул мерос васият қилдиларми?
– Ўлма-я, хаёлинг меросдами? Нимаси борки, васият қилса. “Асалбидан ўзингиз хабар оптуринг. Ювгани ўзингиз киринг. Асалби қўрқади”, деди.
Кампир йиғлади.
– Нега, кап-катта хотин-ку, Асалби хола ҳам?
– Катта бўлган билан эридан калтак ейвериб чўчийдиган бўпқолган.
– Эрлари ҳалиям ичиб юраркан.
– Шуни айтгин.
– Катта қизларининг оти ғалати-а?
– Нимаси ғалати?
– Азбонаям отми энди?
– Тилга шунақа ўрнаб қолган-да. Бошпитида Азизабону.
– Ҳа, шунақамиди? Мен бўлса…
– Раҳматли билан кўздай қўшни эдик. Шу уйимиздан бизни ҳақсиз қилиб чиқарганда тўққиз ёш эдим. Дадамни қулоқ қилиб опкетишди. Бувим билан ўзимизнинг жойимиздан жой беринглар, деб ялиниб ўн саккизга бўлинган ҳовли-ерларимиздан шу бўлдакни олиб қолганмиз. Келин бўлиб тушган жойимнинг тепа томонида Азларбиларнинг уйи бор эди. Гапимиз тугамасди. Худо раҳмати-ей, яллага бирам устайди. Овози ўткир, ёқимлик эди. Бировга сира эшиттирмаган. “Опа, ичкарига киринг, ўзингизга айтиб бераман”, дерди.
– Эрлари бобомга ўхшаб урушдан келмаганми?
– Йўқ, болам, Азларби мендан ўн ёш кичик-ку. Эри япон урушга борган. Бир бурдагина бўлиб қайтиб келганиди. Кейин бир кеча ухлаб ётсам, қаттиқ товуш келяпти. “Опа-опа, чиқинг, Келсинбойингиз хириллаб қолди”, дейди. Кириб борган жойимда ғўлдираб-ғўлдираб жони узилди. Нимадан ўлди, кўрган-кечирганига юраги дош бермадими, билолмадик. Болам, дамингни олақолгин. Саҳар туриб ун ошига жаз қилиб, хамир кесиб кетаман. Қарашасан. Азларби ун ошини яхши кўрарди. Ўзиям кўп пиширарди. Маъракасида уринганларга опчиқайин Ҳали қирсан-барақсан (23) бўлганда суюқ ош керак.
– Яна чиқиб кетасизми?
– Ҳа, чиқайин, болаларига далда бериб турмасам, эрталабгача икки букилиб қолади. Худойим-эй, шоти тинмай қолди-я.
Кампир пешайвон тахмонига яқин келди. Турғун дик турди.
– Ўзим солволаман. Энди ёш бола қилиб жойимниям солиб берасизми?
– Дарвозага ташқаридан калтак тиқиб кетаман. Мен бориб тайёрлик қилишай. Латта-путта, бозор-ўчари бор. У-бу ёқни йиғармиз. Саҳар келиб ўзим турғизаман сени. Ўт ёқиб берасан, мол-ҳолни эрта тинчит, кейин ўзинг ҳам бориб эшигининг оғзида тургин. Дўппи-мўппингни тайёрлаб қўй. Чироқни ўчирма.

Туни билан уйқуси ўчди.
Калима келтирди.
Уч юзгача санади.
Кейин осмоннинг кўриниб турган бир парчасидан яна Ойдиннинг юзини ахтарди, топди, ширин энтикди.
Кўзга яқин, кўнгилга яқинсан, Ойдин… Сен… яхши кўриб боғланиб қолиш нималигини… Йўқ, билмайсан эмас-ку… Уфф…
Сенга уйланаман деб эски уйимизни бузиб уй солдирдим. Бувим мендан беркитиб қанча йиғлади. Бувимнинг оталари, эналари яшаган уй-да. Кўп ўтганларимизни кўрган. Ўша эски паст томли уйлар, чорбурчак хоналарида шифтигача кичкина-кичкина токчалари бор деворлар менгаям қадрли эди. Шундоқ кўзимда турибди. Ичкарида бир уй бор эди. Дарчаси кичкина, чироғи йўқ. Пешиндагина ичи сал ёришарди. Яланбувининг уйи деб мени Полвон акам қўрқитган эди. Каттароқ бўлгунимча киролмасдим. Яланбуви кимлигини билмайман.
Ойдин, бир куни, “Менга қачон кўнгил қўювди ё сўз берган жойим бормиди? Шунақа қилиб ҳам уйланадими?” деб аччиқ сўз қилдинг. Биласанми, “Фарҳод Ширин”да Фарҳод, “Ишққа чалинганимда ҳали руҳим танам билан бирлашмаган эди”, деркан. Кўрдингми, бизнинг руҳимизда севги ўзи бўларкан. Фақат биз ундан кечроқ хабар топарканмиз. Худо вақти билан билдираркан.
Ойдин, сенга кўнглим бойланганда энди ўн бешга кетаётгандим. Еттинчини битирган йилим Кенжавой ошнам билан эчки боқаман, деб бир кунгина подасига подамни қўшибман. “Тоққа борамиз, мен ҳар куни тоғда боқаман”, деди Кенжа. Эчки дегани тоққа ўч бўларкан. Фақат қояга ўрлайди. Отақўзи тоғанинг қўрғончасига ўтиб кетмасин деб олдини қайтаргани югурибман. Тоғда югуриб бўлмас экан-да, Ойдин, одам қуйига эниб кетаркан, ўзини тўхтатолмай қоларкан.
Эчкилардан қанча ўтиб кетдим ҳамки, оёғим югураверади. Охири учиб кетдим. Неча думалаб тушдим. Иккала қўлим синган, чап оёғим ҳам. Юзим шилинган. Уйга Отақўзи тоғанинг иккита ўғли замбилга солиб осилтириб олиб келишди. Қўл-оёқ пастга осилиб турса, синган жой оғримас экан. Бувимнинг войвойлаганини кўрганингда эди. Ўша замбилда Бадалвой тоғанинг пат-патига юклашди. Ёнимга бувим ўтирдилар. Бир ярим соатда шаҳарга касалхонага олиб боришган, Ойдин. Пат-пат трахтирни биласанми? Тескари бўлади. Олдинда кажаваси, орқада калласи. Ўшанда бориб, ўшанда келдик. Иккала қўлим тахтакачланган, оёғим қотириб қўйилган, шу ҳолимда… Сени кўрганман. Ўзи аввал ҳам кўрардим, лекин ўшанда бошқача бўлиб қолганингни, юзингнинг тип-тиниқлигини, қошларинг қоп-қора, қайрилмалигини, киприкларингнинг узун-узунлигини кўриб…
Варақи сомса олиб чиқдинг. У вақтда бизга яқин жойдаги ҳовлингларда турардинглар. “Аям бериб юбордилар”, дединг. Бувим ўчоқда қўйласим (24) қайнатаётганди. Кувидан олган сариёғини юмалоқлаб, устига туз сепиб турганди. “Вой бўйларингдан айнанай. Аянг жон қўшним-да, бугун овқат қилолмаганимни билибди-я. Она қизим, шу акангга совуқчой ичириб қўй. Менинг қўлим ёғ”, деди. Сен аввал менга, кейин сўридаги чойнак-пиёлага қарадинг. Пиёлага чой тўлатаётганингда худди катта бир ишни бажараётгандек, қунтингни қўйиб, паст лабингни тишлаб, чойга қаттиқ тикилиб турдинг. Кейин жилмайиб менга яқин келдинг. Эҳтиётлаб ичирдинг. “Яна берайми?” дединг кўзларинг жавдираб. Мен уялиб бошимни сарак-сарак қилдим, йўқ дедим, лекин чанқоғим қонмаган эди. Томоғим ёнаётган эди. Оқ докада бойланган оёқ-қўлларимга қараб бир сесканиб кетдинг. Раҳминг келиб яна кўзимга қарадинг. Ўша кунги мўмиёни эртароқ ичиб қўйибман-да. Эсимдан чиқиб қолмасин, дебман. Сенинг шомдан кейин мени кўришга чиқишингни бунақа чиройли бўлиб ёнимга келишингни билганимдами!
Мўмиё ичган одам гапирмай ухлаши керак экан. Чунки овоз суякдан чиқармиш, Ойдин. Сен ақалли раҳмат ҳам айтмади, деб хафа бўлгандирсан-а?
Э йўқ, бу ўзим ўйлаб топган баҳонам. Барибир ўша куни бир оғиз гапиролмасдим. Ҳушимни шундоқ олиб қўйгандинг. Айтайми, ҳали ҳам томоғим қақрайди. Ҳали ҳам совуқ чой тилайман. Лекин унақа чойни қайтиб ичмадим, Ойдин.
Сенга айтадиганим кўп эди.
Энди бу ғози йўқ гаплардан нима фойда. Қуйруқни ейсанми, буйруқними, дейишади-ку.
Сенинг бир умрлик дард бўлишингни билганимда… Қўлингдан қайтиб куюгимни босар чой ичолмаслигимни ҳам билган бўлармидим.
Ойдин, мен энди сен минг марта ўтинсанг ҳам қўлингдан чой ичмайман.
Лекин минг уринсам ҳам, кўзимдан кетмайсан…
Уфф…
Юкингга келгунларича токчалардаги қанча идишларингни синдириб ташладим. Тошойнани майдалаб қўлимни қирқиб олдим. Фойдасиз, биламан. Бувимни адо қилдим холос. Идишларингни бошқатдан бозордан келтирдим.
Одам ўзининг ичиниям, хаёлиниям шунақа янгилаб ололса экан.
* * *

Сап-сариқ автобус илонизи йўлда пўр-пўр овоз чиқариб қишлоқ сари кетиб борар, узумзорлар орасидан ўтаётгани учун уловнинг ичига олтингугурт иси тўлиб олганди. Одам тиқилинч, орқа томонда тик турганлар қаторида темир устунга осилгудек келаётган Турғун ҳозиргина катталар билан бўлган майда гапларнинг дудини эсхонасидан қуволмай, охири оғзидан чиқариб юборадигандек, уф тортиб қўярди.
– Отпунктда ташлаб кетинг, шопир ака.
Йўловчилардан бирининг ҳайдовчига хитобини эшитиб севиниб кетди. Хайрият, тушадиган бор экан, нариги бекатдан қайтиб келишнинг ҳожати йўқ. Йўлкира узатди.
– Ий, сизам тушасизми, домла? Бугун дарс йўқми?
Турғун бошини сарак-сарак қилиб автобусдан тушди.
Дарвозадан кирганда бувиси қўшнининг қизи Чароснинг сочларини майдалаб ўриб ўтирарди.
– Ҳа, болам, ётоққа эканми?
– Йўқ, шаҳарга жўнатишувди. Келяпман.
– Дарсинг-чи?
– Бугун сизга рухсат дейишди. Бошқалар ўтишаркан.
– Эрта кунда кепсан. Бориб дарсингни ўтавермайсанми? Бировнинг ишига бировнинг саратонда қўли музлайди. Пулингниям ҳалоллаб оласан, болам. Вақт топсанг, бошқаларни иши чиқадими, тоби қочадими, дарси бўлса ўтиб кетавургин, Турғунбой. Юк кўтарган юзага чиқади.
Ўйланиб қолди. Ростдан ҳам мактабга боргиси келди. Лекин яна дарсхонаси томонга қадам қўйди.
– Энди борсам ғалати. Даламизга бориб келарман.
Турғун кийиниб чиқди. Кампир қатор-қатор терилган кокилларни иккига ажратиб, ўнг ёғидагисини чапга, чап ёғидагисини ўнгга тортди-да, деди:
– Худойим, шу қизгинанинг жамалаги ойда қулоч-қулоч, кунда қарич-қарич ўссин. Бахтли-тахтли бўлсин. Тенгини ичида сўз бермасин, қайнанасига суюмлик бўлсин.
Турғун сўри четига чўкиб, оёқ кийимини кия бошлади.
– Жичча эртамасми бунингизга қайнана тилашга?
– Тилакка ҳеч эртамас. Бола ўнга киргани – ота сонга киргани.
– Соч ўришгаям ас (25) бўп кетгансиз-а, буви, майинлигини-чи, буғдойбошоққа ўхшайди-я.
– Не-не узун сочларни ўрганман. Тўпа аммам раҳматлининг бир невараси бориди. Ҳулкарби деган. Унақа чиройли қиз бу яқин орада яна бино бўлмас. Сочи бирам қалин, бирам узун эди-ей. Раҳматлик. Тўланбой тегирмончининг ўғлига кўнгил бериб, иккаласи аҳди-паймон қилиб юраркан. Отасининг сўзини қайтармай, йиғлаб-йиғлаб бошқага тегди-ю, беш-олти йил яшаб юрак оғриғидан ўлиб қолди. Болаям кўрмади. Шунинг сочини ўриб чарчардим.
Турғун оғир хўрсинди, кейин ўрнидан турди.
– Далага дедингми? Ғилдиржўрангни дами чиқиб ётибди-ку?
– Ҳа-я. Эсимдан чиқиб кетибди. Ҳозир янгисини қўяман.
– Кўрпачаларни ювиб қўювдим. Қоплашсанг-чи ундан кўра?
Турғун ўзига жавдираб қараб турган қўшни қизга қош учирди.
– Ана, Чаросча бор-ку.
– Вой, бу гўдак-ку. Сен ўлмагур ё хотинингни опкелиб бермайсан, ё ишларга хотин иши деб қарашмайсан.
Турғун симтўрга, дорга осилган авра-астар қуроқ кўрпача жилдларига қараб бирпас турди-да, пешонасини тириштирди.
– Асқар акамнинг қизини чақиринг, қарашади. Мен…
– Нима бўлса ўша бечорани чақираман. Ўзи ўтчи-элакчи биттагина қизи бўлса Асқарнинг. Тағинам очиққина. Чақмоқни ўти дейверасан. Нима иш айтсам, индамай қилади, умринг узоқ бўлгур бирор марта, “Ишим бор эди, чиқиб кетаверайми?” демайди-я. У куни бирам сепма юпқа пиширди. Ҳа-я, единг-ку. Товонидан ўт чақнайди. Қарсиллайди. Бирни айтиб ўнни кулади. Бу йил эрга берармиш, оқлик берворибди. Онаси сеп йиғиб юрибди.
– Ўлмасойни-я? Ҳали ёшмасми?
– Болам, вақтида бергани яхши. Қиз асрагунча туз асра. Аммо мен чўлоқ бўламан. Ўтимдан кириб кулимдан чиқади-я.
– Яхши-да, ўргангани ўзига, қилиб бергани сизга, – Турғун кулимсиради.
– Мани гапимни такрорлама. Ҳали Сумматби бўлишингга анча бор. Иш қаёқда-ю мен қаёқда, деган. Кеча онаси, “Ўлмасойни Турғунжонга бераман, деб юрардим, хола, бир оғиз сўрамадингиз ҳам”, дейди.
Кампир сўридан тушиб жўмрак олдидаги ойнага оёғи учида интилиб сочларини кўрмоқ бўлган Чарос томонга Турғунни ишора қилиб қаратди. Турғун бориб қизни кўтариб ойна кўрсатди. Қизча хурсанд бўлиб сочларини селкиллатиб чопиб чиқиб кетди.
– Куннинг ўтишини қара, кечагина эмасмиди, шу қизни бешиксолди қилгани. Чочалоққа қанд олиб келайми, деб турсам, Бектой умринг узоқ бўлгур бир калла печак билан кириб келди. Ўшани опчиқувдим.
Турғун қизча ортидан ёпилган дарвозадан кўзини узди.
– Буви, “Бойчечак”ни ўзингиз ҳам бешик устида айтганмисиз?
Кампир аввал бироз жавдиради, ниманидир эслатадигандай, ҳовли деворига, кейин қари олма дарахтига, ундан нари ҳозир қазноққа айланган эски уй эшигига қаради.
– Йўқ, мен айтмаганман. Бешикка яқин келсам бошқа нарсаларни айтгим келарди. Ҳамманиям айтадигани дард эди-да, болам. Ўзи дадам қайтмаганларидан кейин бувим ҳам укаларимга “Тор кўчанинг бошида жовдираган етимлар”ни айтардилар.
– Айтиб бермайсизми?
– Қўй, мани йиғлатасанми?
– Ҳадеб йиғлайверармидингиз, айтинг. Бир марта, буви.
– Йўқ, кел энди, ишингни қил.
– Ишим шу-да, буви.
– Ҳа, жа ишинг шу! Ҳали алла, ҳали ёр-ёр дейсан! Маман чолдан бир нарса ёзиб келодирман деб ўн кун қатнадинг. Ёғи чиқармиди. Нима қиласан оворайи сарсон бўлиб? Дарсингни бер. Болалар орқангдан югуриб юрибди. Дарди-фикринг эски мақол, эски ашула. Ўзингнинг ишингни қилмасдан газитга ёзганингга сўроқ-савол бериб юрибсан-ку.
Турғун кўзларини олайтириб, бувисига ўгирилди. Ёзнинг бошида ҳам шаҳарга бориб бир-икки катталар билан тортишиб келганди. Маман чол мардикордан омон келган Ўнарвой деган киши билан тоғавачча бўлиб ундан эшитганларини Турғунга айтиб берганди. Ўнарвой чол айтган эканки, “Қарғалар учса қарайлик” қўшиғи Марғилондан борган мардикорларнинг қўшиғиймиш. Ўрмон ичида тўп-тўп бўлиб узоқлаб кетиб йўқолиб қолган, бир ҳафталаб топилмаганларни ўлигини дарахтларнинг тепасига чиқиб, қаердан гала-гала қарға учса ўша жойдан қидиришганмиш. Ўшанда улар гала учган қарғаларга қараб, “Биз Марғилонга етармиканмиз”, деб қўшиқ айтишганмиш. Шуни вилоят ҳокимлик газетасига мақола қилиб берган эди.
Бувиси барибир бугунгисиниям билади ҳали.
– Мен… Сиз қаёқдан эшита қоласиз-а?
– Гап беркитиб қаёққа борасан? Ерни тагида илон қимирласа биламан. Шаҳарга чақирганиди-а ўшандаям?
– Чақирганиди-да.
– Нимага?
Турғун қувлик билан кулди.
– Ўшанга.
– Унақа дамхапа бўлмай айтмайсанми? Ўтган галги гапгами?
– Йўқ, унда газетадан келишган эди. Босмахонада гаплашувдик.
– Нима қилиб қўювдинг ўзи?
– Бир олим илмий иш қилган экан. Мен нотўғри мақола ёзганмишман. Шуни қайтадан ёзиб, бўлмаган гап эди, аслида бунақа дейсан, бўлмаса ўзимиз алланарса ёзамиз дейишганди.
– Нима қилдинг кейин?
– Ҳеч нарса. Айтганман уларга ҳам. Мен унақа қилмайман, эркакман деганман. Мана, ёзмадим-ку. Қанча вақт ўтди.
– Тавба, ҳар турлик одамлар бор-да. Бир тўпори ўқитувчи бўлсанг. Менга қара, бугун ҳам ўша босмахонасига боргансан, шекилли-а?
– Йўқ, бугун районога бордим.
– Раянада нима иш бор экан сенга? Хайрликми ахир?
– Хайрлик, хайрлик.
– Ишқилиб, шунақа бўлсин. Қўй, унга-бунга суқилмай тинчгина ишлагин, болам. Домлаликдан яхши иш йўқ. Савобиям катта. Чин дунёга ҳаммамиз ҳам кетамиз. Одам у дунёга борганда олдига дастурхон қилиб қилган ишларини қўяркан. Илойим, дастурхонимиз бўш бўлмасин. Аммо ҳушёр бўлгин. Ҳозир у кўзинг бу кўзингга панд берадиган замон.
– Мактабда ишлагим келмаяпти.
– Энди элпа-телпа (26) бўпсан. Шунча бола ҳурматингни қилса, орқангдан эргашиб уйгача келса. Илминг бутун бўлса.
– Ишхонада эркаклар қолмаяпти, буви. Ҳаммаси аёллар. Одамга ноқулай.
– Ўв, бола, қулай жой гўрда бўлади. Тутам-тутам ойлик олсанг. Кети бир чироқ ёғ элтмаган одам ана шунақа у шохгамас бу шохга сакраб юради. Текин мўнталоқ (27) бир жойда қараб ётибдими?
– Эрали яхши қилди, савдога чиқиб кетди. Менам…
– Гапирма ўшани! Илмини хўр қилиб, топган пулида хайр борми унинг? Жойидан кўчган дарахт кеч авж олади, болам. Мактабда битта бўлсаям эркак домла бўлса ёмонми? Қайтанга қарқара (28) бўлиб юрасан, – кампир сағал хаёл қилди. – Сандан бошқа ҳеч ким қолмаптими? Тўхтарвой домла-чи? Дарси нимайди?
– У жисмонийдан беради. Эркаклар тўрттамиз. Муҳаммад ака, Жўравой.
– Ий, ана, Турсимат бор, Валижон, Тўравой. Кеча учаласини ароқхонанинг олдида кўрдим. Пиво оламиз деб турган эканми.
– Улар биттаси қоровул, бошқаси уста, монтёр-понтёр-ку, буви.
– Ҳа, нима бўпти? Қоровул одаммасми? Мантўр-пантўрмиш. Жа ўзингга бинойинг баланд-ку. Амал тегди хундига, бошини суқди мўндига. Ҳамма одам бир одам.
Бувиси қовоқ уйиб олди. Турғун ҳар доимгидек:
– Хўп, буви, – деди.
– Эркак домлаям жуда керак, болам. Бизла лотин ёзув ўқиганмиз. Ҳамма домлаларимиз эркак эди. Кўчада паранжи ёпиниб бориб, мактабхона ичида йиғиб қўярдик. Бир синфда ҳар турлик ёшда ўқийверардик. Эшимбой деган домламиз бўларди. Болалар кўпайганида парталарни орқага суриб, тахтадан қатор қилиб парта ясаттирганиди. Ўшанда ўтирардик. Ўн беш кун ўқиганимдан кейин, дадамда савод чиқарганмасманми, Эшим домламиз Бузрук Яшин деган коттаконимизга менинг ёзувимни кўрсатганда, қўлимдан етаклаб учинчи синфга қўшиб қўйган. Эндиги домлалар хотин киши бўп кетди. Тарбия беришга эркак одам тузук ўзи. Хотин киши – рўзғорнинг одами. Домлачиликни эркаклар қилса, ўғилу қизниям тамизи бутун бўлади, майда-чуйда билан экалашмайдиган, дали-ғули бўлади. Рўзғордаям ҳадеб хотинини теварагида айланишаверган эркак сийқа бўп кетади.
– Муҳаммад акаям кечаги кун, “Хотинлар билан ишлайвериб майдагап бўпқолдим шекилли”, дейди.
– У Муҳаммад акангни бир хотини бор-эй. Битини сиқиб қонини ялаган. Ўшанинг нағмасига ўйнаб шунақа бўлдим, деса ишонаман. Лекигин-чи, ўзи ўқишни битириб келганда бирам қилич-қилич йигит эди. Худди мирзаларга ўхшарди. Олчину қамчин қизлар турганда шу ўгай аммасининг қизига унаштириб, уч кунда тушириб беришди.
– Йўғ-э, Салтанат хола Муҳаммад аканинг аммасининг қизими?
– Ҳа-да. Она кўриб қиз ол. Санталатнинг онасини қара – Умрижон. Бургадан пайшанбалик олади. Чолиниям нақ ўзига ўхшатган-олган. Кўча-кўйда бирор боланинг ўйинчоғи қопкетса, ўшаниям уйига опкириб кетади. Умрижоннинг раҳматли онасиям текин кафан бўлса ўлиб оладиган хилидан эдилар.
– Шунақа денг. Ёш кетгандирлар-а?
– Нимага?
– Текин кафан чиқиб қолган бўлса, дейман-да, – Турғун қаҳ-қаҳ отиб кулди.
– Кулма! Икки қўлим ёқамда, тавба қилдим, ер бориб айтмасин, ердан уялмасинлар.
– Аттанг, шу Муҳаммад аканинг бирорта қизи йўқ-да. Ўзим уйланиб олардим. Бой-бадавлат бўпкетармидик. Хўп, буви, ўтириб туринг.
– Кўп қолиб кетмагин.
– Даладан хабар оламан, сув бўлса суғорарман. Қайтишда ўт ўриб келаман, –деди Турғун велосипед баллонига камер ўрнатар экан. Кейин не-не қисматларга гувоҳ улкан тошларни айланиб ўтиб, қазноқдан ўроқ олиб чиқди-да, ташқарилади.

* * *

Мактаб янги машмаша топиб қўйган экан. Завуч хонасига чақириб, бир хатни ўқиб берди: “Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўн уч йиллиги муносабати билан вилоятда йиғилиш…”
– Тил-адабиётдан тажрибали ўқитувчи бориши керак экан, Турғунбой. Ўзингиз энг яхши кадримизсиз, – деди завуч, – бирров қатнашиб, борми-бор қилиб келинг.
– Ёши каттароқларни жўнатмайсизларми? Ҳарқалай…
– Ҳа, биз ҳам ўйладик. Руқия опага айтсам, боролмайман, бугун қудаларим келади, деяпти. Салима опа билан Фотимага айтдим, районда бўлса бошқа гап эди, област узоқ дейишди, эрлари қўймасмиш. Энди… бориб келаверинг. Зато етти соат дарсингизни бошқалар ўтади, сиз шаҳарлаб келасиз.
– Ким ўтади?
– Э, ўтиладими, йўқми, нима ишингиз бор? Сиз ҳам сал левий (29) қилинг-да.
– У ёқда сўзга чиқишга тўғри келмайдими?
– Бораверинг-чи, хоҳ сўзга чиқинг, хоҳ йўқ, менга не парқует, районога йиғилишда биздан қатнашилгани информациясини етказсак бўлди. Агар эпласангиз рўйхатдан ўтиб, плюс қилдиринг-у, бабулянинг ёнларига қайтиб келиб, ишингизни қилаверинг.
– Боришга бораман, лекин…
– Ўзим ҳам директорга айтдим, спортсменларнинг семинаригаям шу йигитни жўнатдик. Таниб қолишса-чи, десам, танимайди, бораверсин, деди.
Остонада Руқия муаллима пайдо бўлди.
– Турғунжон, яхши келдингизми? Энди ҳаммамизга келган тўй-да бу семинар дегани. Ўзингиз бормасангиз бўлмайди. Билимингиз зўр, ёшсиз, ўсадиган кадрсиз. Тилчиларимизнинг суянган устунисиз. Бу ёқда биз дарсингизни ҳашар қиворамиз.
Борди. Бошланишига нима янгилик бўлса экан деб, тиғнаб ўтирди, лекин оворайи сарсончиликка арзийдиган бирор тайинли гап топилмади. Икки-уч илғор ўқитувчилар навбати билан чиқиб тайёрлаб келган маърузаларини ўқидилар. Ниҳоят, вилоятнинг катта тилшуноси, фан докторига сўз берилди. Унинг овози жуда пастлигидан анжуманхонада йиғилганлар эшита олмай ҳомуза торта бошладилар. Шивирлашишлар кучайди. Ниҳоят, унинг қўлидаги тах-тах қоғозда ёзувлар тугади. У қоғозларни икки буклади-да, йиғилганларга юзланди. Овозлар тиниб, ҳамма жимиб қолди:
– Азизлар, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилганига, мана, уже ўн уч йил бўлибди. Хўш, биз бу вақт орасида нималарга эришдик, келгусида қандай вазифаларни бажаришимиз лозим? Бунақа саволларга ҳаммамиз ҳар доим ўзимизнинг олдимизда жавоб бера олишимиз керак. Тил масаласи бу бирор одам панжа орасидан қарайдиган масала эмас. Лекин ҳамиша она тилимизнинг амалда қўлланишида қандай хатоликка йўл қўйилса, калтак именно она тили ва адабиёт фани ўқитувчиларининг бошида синади. Мана, институтимизнинг университет мақомини олиши билан кўп ютуқларга эришдик. Мукаммал дарсликлар яратилди, чоп қилинди. Энди алоҳида луғатлар устида ишлашга бел боғлаганмиз. Барчангизга раҳмат.
Йиғиндан мақсад нималигини англолмаган ё англашга уриниб ҳам ўтирмаган иштирокчилар қутулганларига шукур қилиб, ўзларини ташқарига урдилар.
Уйга етиб келганида кун чошгоҳдан ўтганди. Чой ичиб олди-ю, бувисининг кийимлари турадиган токча пардаси учун сим тортиб беришга уринди. Ишни битириб, ёғоч курсига чўкди. Хаёли кетиб қанча вақт ўтганини ҳам билмади. Эшикдан бувиси мўралади, ҳайрон бўлди.
– Нима қилиб ўтирибсан?
Турғун бувисига бошини ликиллатиб жилмайди.
– Ўзи сенда бир қамчи бор-да.
Турғун яна кулди. Кампирнинг ортидан ҳовлига чиқди.
– Буви, шу… бир қамчи дегани қаёқдан чиққан?
– Худди ўлдираман сени. Бир оғиз гапиришга безорман. “Бу нима дегани, у нима дегани”.
– Уришаверманг. Ҳали қарзингиз кўп. Ўзингиз Николай пошшо даврида айтган ашулалардан айтиб берарман дувдингиз.
– Нима бўпти деган бўлсам?
– Энди… концерт қачон, дейман-да.
– Тозаям хира бўлдинг. Ёш боладек ғишава қилишингни-чи. Бурнингни ерга ишқаб қўйсамми.
– Э, бувим-а, бабушка бўп қоляпсиз-ку кун сайин.
– Бабишка дема мени! – кампир сўрига ёйилган белбоғ устига бир чангал пахтани ирғитиб, ўзи чиқиб ўтирди-да, чивишга тушди.
– Каттабувим ҳам қизиқ гапларни айтардилар. Ақлим бўлганда ҳаммасини ёзиб қўярдим. Ахир кўп гапларимизни йўқотиб қўйяпмиз. Ичим куйиб кетади.
Кампир ўйланиб қолди. Бир чети кўриниб турган боғ томонга, кейин ўчоқхонага узоқ қараб турди.
– Не-не лапарлар бўларди. Йиғлатса жонинг ўртайдиган, кулдирса танинг яйрайдиган. Ёзганингда нима бўларди. Биров ишлатармиди?
– Ҳозир одамлар анчагина бошқача гапиришади. Буви, бўлди, гапни айлантирмасдан айтинг. Бир қамчи бор дедингиз-ку. Ўша нима дегани?
– Илгарилари йўядиган йўйимчилар, қушночлар, орқасида одами бор бахшиларга ҳамма касалини қаратарди. Қўрққан, чўчиган, ёнғоқнинг тагида ухлаб жин чалганларнинг жинини ҳайдаб савалашарди. Ўша бахшилар касалнинг жини маҳкам бўлса бешта қамчи билан, жуда маҳкам чалмаган бўлса озроқ, иккитами, биттами, қамчи билан уриб ҳайдашганда, болам. Шунга сенга ўхшаш довдир-совдир гапирадиганларни “бир қамчи” дейди.
Турғун қошларини кўтариб, баралла кулди.
– Ҳа-а, унда Ризвон холабувимга ўнта қамчиям кам экан-да.
– Нимага унақа дейсан?
– Гаплари телба-тескари-ку. Ўзи зўрға юрибдилар. Иккинчи қамчидаёқ нарёққа жўнаворсалар керак.
Кампирнинг юзига бирдан мунг инди.
– Болам, боласан-да. Ҳаҳ илойим, юрган йўлингга йўргам (30) юқсин. Ниманиям билардинг. Бошига қандоқ кунлар тушмади унинг.
– Нега билмас эканман, саккизта болалари турмаган. Битта шу Самсоқ тоғам яшаб қолган.
– Бола-я, биз кўрган кунларнинг оғирини туя кўтаролмасди, туя. Самсоқ тоғанг холангни ўз боласимас, Турғунбой. Самсоқ тоғангнинг насабини тоза дейишгаям, тайинсиз дейишгаям ҳайрон бўламан, Худо кечирсин.
– Нима деганингиз бу?
– Аввалини айтайми сенга? Кенагасни ўрис пошшони одамлари босганда битта каттаси Мулла кўзанинг ойдай чиройли қизини берасан, деб сўраган.
– Мулла кўзангиз ким?
– Муллавой бутун Қўқон бозорига кўза чиқарган ҳунарванд (31) экан. Донғи дарвоза бўлган дейишади. Хотини Хива хонининг кичкина хотинидан бўлган қизининг қизиймиш.
– Вой-бў, қизининг қизи бўлса…
– Ҳа, нима? Зоти тоза-да. Отасиям қайсидир хон авлодидан бўлганмиш. Палаги бутунлардан дейишарди. Жуда кўҳлик бўлган экан. Хотинининг бобоси Қўқондан кўзагар уста чақиртириб уйида хум ясаттирганда шу набираси билан бир-бирига мойил бўлиб қолганаканлар. Хива томонлар тинч бўлмаганигами, бобоси уйида тўй қилиб, неварасини кўзагарга бериб юборибдимиш. Раҳматли энамдан эшитганман-да. Ўрисни каттаси шуларнинг Жавҳарнисо қизининг таърифини эшитиб, уйигача бостириб борган экан.
– Хотинликками?
– Турғунбой, лодонсан-а. Ўрис сартни хотин қилиб юрадими. Кўнгилхушликка-да. Аммо жа чиройли бўлганакан, қурғур. Йўқ деганига Муллавойни кечаси қопқасини олдига чақириб оғзини бекитиб, бошига қоп кийғизиб далага олиб чиқиб кетиб калтаклатган, кейин қопининг оғзини бўғиб Тентаксойга ташлатиб ўлдирворган дейишади.
– Кўзагарни-я?
– Ҳа-да.
– Кейин-чи?
– Кейин қизини Қўқонга опкетган экан. У қиз беш ой ўтиб, ғала-ғовур вақтларда қорнида бола билан қочиб келган экан. Шўрлик Жавҳарнисо туғруқдан ўлибди. Қариндошлари боласини никоҳсиз деб қарашмай кимга керак бўлса олсин деганидан кейин Тошлоққирдаги еттита ўғли, бир қизи бор Бўривой амаки савобга боқиб олган экан. Бола катта бўлиб жуда адабли, яхши йигит бўлганидан Бўривой: “Сени боқиб олганман, шунга сенга қизимни бераман”, дебди. Уям кўнибди. Болали бўпти. Лекин қурғур Бўривой ҳам, боқиб олган, ўғли, яна бошқа икки ўғли ҳам урушдан беш-олти йил ўтганда хатга тушиб қамалиб кетди. Нимадан – биров билмади. Қизи бўлса эри билан дадасининг кетидан шаҳардаги қайсидир турмахонага тушганда араванинг тагидами ё аравани кўтаролмаган кўприкнинг тагидами қолиб кетиб ўлибди. Туриб-туриб танг қоламан: бир ёзгиликлар бор – ўтганларида бўлса қайтиб келадиган. Самсоқ тоғанг ўша Бўривойнинг жувонмарг кетган болаларининг ўғли, билдингми?
– Во, буви-и, Самсоқ тоғам холабувимга роса ўхшайди-ку.
– Ҳа энди, Худонинг иродаси-да, болам. Тағин бировга гапириб юрма. Билган бор, билмаган бор. Самсоқ тоғанг жуда кўнгилдагидек бола бўлмади. Аввалига яхши эди. Кейинроқ қайси бир қилбир етказиб қўйди, шекилли, онасига қайишмай қўйди. Болалиям бўлмади-я, қурғур. Ҳозир ҳисобласам, саратонда эллик иккига киради.
– Ҳа, кейинги вақтларда Ризвон холабувим паришонроқ бўлиб қолганлар. Ҳеч нарса билан ишлари йўқ. Ҳов бир куни, зоғора берганингизда, ҳовлиларига кириб, олдиларига етиб бордим ҳамки, хаёллари бир жойда, мени кўрмадилар.
– Шу ароқхона ўлгурлар аввал йўқ эди. Қаёқдан ҳам чиқди. Кимни кўрсанг, байрам қилиб олган. Дадаларим бир хум-бир хум мусаллас қилиб, ўшани ичишарди. Ични қизитади, шамоллашдан асрайди, дейишарди. Лекин бунақа гандираклаб қолишмасди, бўлар-бўлмасни гапиришмасдиям. Ризвон холанг энди кун кўраман деганда… Ёш умри хазон бўлди-я, синглим бечоранинг. Ўн еттисида эр қилувди. Ўттиз бирида кейинги эри ҳам, “Ичингда заҳаринг борми, уч боламни ўлдирдинг”, деб ҳайдади. Чиқиб кетиб, “Энди эрнинг юзини тескари қилсин, бола боқиб оламан”, деб талама-тақдирни қўйди. Шу Самсоқ ер қитиқлагурни икки ойлик чоғидан эшигига ётиб ялиниб олган. Пуф-пуфлаб, ерга қўйсам чанг бўлади, осмонга қўйсам гард бўлади деб катта қилди-я. Бир йили баҳор сарида, унда кучим ҳам кўп эди-да – олтмишдан ўтувдим, борсам, Ризвон бояқиш олдидаги патинжон экадиган бўлдак ерни кетмончада чопиб юрибди. “Ўғлинг қани?” десам. “Кўчага кетди. Уришсам ёлғиз, уришмасам, ялмоғиз, опа, нима қилай энди”, дейди.
– Самсоқ тоғам нега ҳашар-пашарларда илашмай бир четда туради десам…
– Ҳа, йўнмаган таёқ дегин. Меҳнатга тоқат йўқ. Тайёр ошга баковул бўлишни билади. Холангнинг елкаси офтоб кўрмади-я.
Турғун бувисига яқинроқ сурилди.
– Буви, шу… нега кўкрагига шамол тегди, дейишади-ю, елкасига офтоб тегди, дейишади?
– Сал ақлингниям ишлатиб юборавер, болам, барибир бекор ётибди.
– Буви-и.
– Энди исинаман деган одам елкасини тутади, шабадалайман деган одам кўксини тутади-да, болам.
– Ҳа-а. Лекин… Шугинамас, шекилли.
– Билиб айтасан-а. Зирак(32)сан-эй. Шундайгина бўлса экан. Бу гаплар пошшо замонидан қолган. Зиндонларда пишган гап, болам. Зиндондагилар тирик чиқмаса ҳам гапи чиққан-да.
– Зиндонда?
– Ҳа, ким ётади чуқурда? Беайб ётади. Ўлпон бериб жонини қутқаришни удда қилмаган ётади. Ётгандаям юраги куйиб, кўкраги оташхона бўлиб, бағридагиси оғзидан оҳ бўлиб тутаб ётади. Кўкрагимга шамол тегармикан, дейди. Шамолнинг қадрини ўша қоронғи чоҳларда димиққанлар билади. Кўкси ачишганлар билади. Беайбгина ётганда ёмонам билинади, болам. Ташдагиларнинг куюгини ўчирса бўлар, бири бировига ёрилар, тўкилар, лекигин чуқурдагиларникини йўқ. Дард-ҳасрати ошиб-тошган билан деворларга урилади. Елкалари ерга ботиб музлайди. Кураклари зах тортиб ачишади. Елкамга офтоб тегармикан, деб тепага умид тикади.
Кампир кўйлагининг енгини қайириб, намланган кўзига босди.
Турғун хўрсинди.
– Қанча нарса биласиз-а?
– Туянинг ташиши тилла, ейиши янтоқ бўлади, болам. Тур. Дард жоймонимни очмасимдан ишингни қил.
Турғун михдон билан тешани жойлаш учун ертўлага тушди. Ёнтокчада қатор терилган шиша идишларга кўз югуртириб, Ойдин билан шарбат идишларни битталаб терганларини эслади.
Ўлақолса Ойдин бор ертўлага тушмасди у. Аксига олиб икки кун аввал олча билан қизилсултондан тайёрланган шарбатларни бувиси, “Иккингиз ташиб қўйинглар”, деб қолди.
Ертўла тўйда омборхона бўлганди. Гўштни мана бу тўсинга мих қоқиб илиб чиқишувди.
Эҳ….
Тўй жуда чиройли бўлганди, тинч ўтганди. Ўзи жанжал чиқмаган тўй кам.
Эртаси минг ҳаяжон ичида ёнига кирганда пиқ-пиқ йиғлади у. “Сизни ёмон кўраман, чиқиб кетинг. Барибир яшамайман сиз билан, кетаман”, деди.
Ўзига келар деди.
Янгаларни гал (33)бериб алдади.
Кутар бўлди.
Лекин, кейин…
“Барибир кетаман. Сизни яхши кўрмайман. Севганим бор эди, ваъдалашгандик. Дадам кўнмадилар. Дадамнинг юраги яна ушлаб қолмасин, дедим. Ўзимни ўлдиролмадим”.
Келиннинг сири келган ерида билинаркан-да.
Ҳар кимнинг томига қор ёғса ўзи кураркан.
Кенгашмаган ишнинг пушаймони кўп экан.
Аввалига раҳми келди.
Кейин…
Жирканди.
Кейин…
Номус! Номус!
Икки номус бир ўлим бўлса.
Юраги ўпирилиб тушди.
Ор! Ор!
Чиппа-чин экан-да йигитнинг хўрлиги ўлимдан қаттиқ деганлари.
Бағри жаз-жаз ачишди. Куйиб қолганда ачишгандан баттар.
Қаёқдан келган бу ўт?
Биров билмасин-эй!
Қирқ кун…
Яна амал-тақал ўн кун…
Ўтнинг тафти сағал пастлади.
Лекин битта ингичка ип узилиб кетмай азоб бергани берган.
Тортими қаттиқ. Тортими нозик.
Ҳеч узилмайди.
Ингичка тортганлари қурсин.
Ингичка тортган сари ичида ғалати-ғалати оҳанг чалиб юргандек.
Тинғ-тинғ.
Дард бўлди, бало бўлди.
Ойдиннинг оппоқ юзи, қошу кўзи, ғунчани қизартириб қўядиган лаблари, қуюқ қайрилма киприклари…
Борлигию борда йўқлиги.
Йўқлигию бордеклиги.
Ойдин…
Шундоқлар қиласанми?
Шу ҳовлида уч ойлаб уриниб юрди, юраверди-я.
Бувиси лол-лол қараб қўяр, кўзини ерга олар, қанча гапини ичига ютиб, камгап бўлиб кетганди. Қарқара қилиб олиб юраман, деганда келини бунақа қилиб ўтирса. Ўртадаги ижробозликни аллақачоноқ англаганди у. Рисолага келтиришга чора ахтарди. Ўзини айбдор билдими, ҳарқалай, икки кунда бир ҳали Қутлибеканикига, ҳали кексариб мункиллабгина қолган синглисининг уйига кетарди. Қутлибеканикига куним бориб, куним келар, синглисиникида неча кунлаб қолиб кетарди. Бирданига Тошкентдаги, Бўкадаги, Фарғонадаги, Чустдаги офтобда қатиқ ялашмаган қариндошларини соғинганини эълон қилиб, жўнаб юборар, шу кетганича неча кунлаб келмасди. Қўшнилар ҳам кексарганда юримсак бўлиб қолган кампирдан ҳайрон эди. Кутиб олгувчилар ҳам ҳайрон бўлган-да. Келин-куёвнинг ораларидаги совуқчиликни шу йўл билан кўтармоқчи бўлар, лекин бу чоралар тескарига ишлар, кеч тортиб, кампирнинг шу кун келмаслигига кўзи етган Ойдин уйига ётиб келиш учун жўнаб юборар, эртаси бўйнидан боғлагандек ижирғаниб кириб келар, гап йўқ, сўз йўқ, тақир-туқур уринар, шом маҳалиёқ ичкари уйга кириб кетиб, эшигини қарс ёпарди.
Турғун сўрида муштдек йиғилиб ўтириб қолади.
Аччиқ кулимсирайди.
“Бу нима жазо бўлди ўзи? Чил беришди менга.
Азоб чекишимни қара, Ойдин. Кўкайимга мушт солган ўзинг бўлсанг.
Азоб чекишингни-чи, Ойдин.
Ўзингни ҳаммага бахтли қилиб токай кўрсатасан? Қадаминг боғда, юрагинг доғда.
Нодонсан.
Отангни ўйладинг.
Йигиталини севдинг.
Мен-чи, менинг ҳаётимни нега бундай қилдинг?..
Шуям гапми, қўйиб берса, эр бошимга йиғлагулик ҳолим бор. Бектурди акам, “Турғунни олиб кетаман. Сиз билан юрса қиз боладек юмшоқ бўп қолади”, деганда бувим шунақа хафа бўлгандики. “Менга сўконғич бола керакмас? Ўлар чоғимда қарасин. Чироғимни ёқсин. Қўй, сен аралашма”.
Майли, У азобланмасин. Шу кўйларга мен солдим. Кетгиси келганда кетар. Рангида ранг йўқ. Келин бўлиб очилиб-сочилмаган қиз”.
Тонглар деразадан ҳовли супуришга уринган Ойдинни кузатади, шалоп-шалоп сув сепиб юрибди.
“Сенга урилган совуқ шамоллар кўксимни тешиб ўтади”.
Ишқилиб, ел еб қолмаса эди.
Ичи куяди, олдига чиқиб гапиришга… Нима дейди. Кет уйингга дейдими? Ё бўлмаса, майли, Йигитдан қолган бўлсанг қолибсан, энди менга хотин бўл, дейдими? Кесакдан ўт чиққандай бўлади-да агар… Шу… ўзини оёқ учида кўрсатувчи қизни, шу калтаўй келинни, ҳамиша қош чимириб турадиган сулувни оддийгина… яхши кўрди, холос. Ўзга ҳеч ким унинг хаёлини… Хуллас, кейин худди ҳаёти бундан ўзгача бўлиши мумкин эмасдек бўлиб қолди, юрак ютиб бир сўз демади. Фақат, бувисини аяб жим юргани, ичида ўт куйгани бир сари, шугина – ўз қадр-қимматини унутган деса унутмаган, унутмаган деса, унутган келинчак, бутун хаёлини банд этган Ойдиннинг ўзини, севгисини қурбон қилганидан бешбаттар бўлди.
Ишқилиб, шу бегонани тенг-тепасидан Худо уриб қўймаса бўлди.
Ич-ичидан, юрагининг нозик бир жойидан туриб жирканди: ҳеч нарса бўлмагандай юрибди.
Ҳаёт давомда эди.
Кун тун бўларди, тун кун бўларди.
Бедаво дард, ёрилмаган хўппоз яра.
Кўкайида ишқи қаттиқ.
Кўксида нафрати ундан баланд.
Бол деди, балога қолди.
Икки қўли бошида энди.
Беғалва бош бош бўлармиди.
Охири бир баҳонани пуфлаб-пуфлаб шиширган келинчак отасини бир ойга дам олиб ҳаво алмаштиришга жўнатишган куни қўлидаги пушти рўмолчасини маҳкам сиқимлаганча отланди. Бошқача отланди. Ҳовлидан чиқарда ўчоққа олов қалаётган кампирга анчагина қараб олди. Ортида турган, ҳамманинг назарида эри, ўз наздида ёвга зардасини кўрсатиб кўча эшикдан чиқди.
Кампир қайрилиб қараб ҳайрон бўлди.
Кампир… энди кеч бўлгунча бир жойда ўрнамай юз марта эшикка чиқади, юз марта киради.
У эса ҳеч нарса бўлмагандай ишга жўнади. Ранги бўзлади, кўнгли бўзлади.
Йўлга тушганда эса…
Тавба, яшаш шунчалик осон экан. Елкангда юкинг бўлмаса, пардек бўлиб юравераркансан-ку одам.
Ростдан ҳам қушдай енгил эди.
Кўзларида аламни яширолмаган ёш айланди. Бир томчи тўкилмаса ҳам, ҳарнечук бир ғуборларни олиб чиқди. Ғуборлар осмондаги билгисиз ёқларга парлаб кетди. Юракда аламлар янги қат очди.

* * *

Чоршанбани неча кунки кутиб юрганди. Олтинчиларда дарси бор. Биттагина синфга киради. Яна энг қизиқ дарс.
Дарслар ичида ҳеч бири адабиётчалик бўлмас.
– Турғун ака, мен гапирай.
– Мен айтаман, мен янги мавзуниям ўқиб келдим.
– Мендан сўранг. “Бошгинам оғрийди”ни ёдлаганман.
– Турғун ака, мен “Халқ қўшиқлари”даги ҳамма қўшиқларни ёддан айтиб бераман. Мен чиқай доскага.
Турғуннинг бир хаёли кун сайин этагининг оғирини ҳам зўрға кўтариб юрганини бот-бот айтар бўлган бувисида, бир хаёли Ойдинда, кейин бугун тунқоронғисида унинг никоҳли хотини билан учрашишга борадиган Йигиталида эди.
“Нималар қилиб қўйдинг, Ойдин?
Йигиталинг менинг олдимга келмади. Нега келмади? Тўй бўлмасдан бурун қаердайди? Оти ҳам йўқ эди-ку? Ҳа, ҳали ҳам биз ёқларда ўзи йўқ, фақат оти бор. Иккимизнинг ўртамизда унинг ўша кунда айтилган, бир мартагина айтилган оти бор. Энди ҳаммамизнинг номимиз қора. Сенинг, менинг, унинг.
Э, қаёқда. Ойдиннинг юрагида-ку ўша Йигит. Наҳот шундай кўнглинг билан келиб-келиб Йигитни севдинг. Бошқаси бўлса алам қилмасмиди.
Ойдин! Йигит сенга жонини берар бўлса, қани ўзи?! Бир марта бўлсин сиёғини кўрсатмади-ку!
Йигит ҳув аввал Пўлатвойнинг қизи билан кўз қисишиб юрарди-ку! Қачон Ойдин билан топишди? Ойдин қачон уни бунчалар қаттиқ севди? Қаттиқ севмаса, бугун кетмасди. Кетолмасди.
Эҳ, бир рўпара келмади-да Йигит.
Аҳдлашганинг сени деб, мана, нималарга тайёр, сен-чи, дермидим?
Бувим айтгандай, бошим тошдан бўлсин-да. Оғришни бошлаворди-ку”.
– Ойижон, ойижон-эй!
Бошгинам оғрийди-я!
– Бошгинангдан онанг ўргилсин,
Нималарга оғрийди-я?
Бу болаларга қачон хўп деди, иккита қиз ёзувтахта ёнига чиқиб олиб бир-бирига қараб олиб чунон берилиб куйлашяптики.
Кетидан “синфком” дейдиганлари ўрнидан туриб бидирлаб кетди:
– “Бойчечак” қўшиғи, одатда, баҳор фаслида ижро этилган. Бу гул – баҳор даракчиси. “Ҳамён-ҳамён тиллоли” деганда халқимиз бойчечакни кўтариб борган болаларга катталар пул беришганига ишора қилади.
– Тўхта, ўтир, Кумушой. Китобдан ҳеч ким “Бойчечак” қўшиғи ҳақидаги жойни ишланма қилиб ёзиб ўтирмасин. Ҳамма менинг айтганларимни ёзади. Бошладик: “Бойчечак” – аслида топишмоқ шеър. Халқ қўшиқларини ҳам узоқ ўтмишдаги энг яхши шоирлар яратган. Фақат ким ёзгани унутилган. “Бойчечак”ни момоларимиз чақалоқни биринчи марта бешикка белашганда айтишган. Кейинроқ у кўкламда айтиладиган қўшиққа айланган. Кўкламда айтилиши бойчечак гулининг кўкламда очилиши билан боғлиқ”.
– Бўлди, яна икки оғиз гапни дарснинг охирида ёзиб қўямиз. Бу қўшиқнинг мазмуни анчагина чуқур. Мазмунини яхши билиб олиш учун катталардек тушунча керак бўлади. Ҳозир тушунмасанглар каттароқ бўлганингизда чуқурроқ билиб оласиз.
– Турғун ака, китобда унақа дейилмаган-ку, – биринчи партада ўтирган сарғиш сочли бола дарслигидан ўқишга тушди. – “Бойчечак” баҳорга етиб келганлик, шукроналик белгиси сифатида қабул қилинган. Қўшиқ болаларга хос содда, самимий, ҳазил-мутойиба тарзидаги мисралар билан бошланади”.
– Ҳа, китобда шундай дейилган. Лекин “Бойчечак”нинг қандай қўшиқлиги айтилмаган.
– Китобимизда хатоми, Турғун ака?
– Китобимизда айтилмаган жойлар бор. Уни ҳозир бирга ўрганиб оламиз, келишдикми?
Болалар бош силкишди.
– Мен ўтган дарсда ҳулла нималигини билиб келинглар, дегандим. Эсингиздами?
– Ҳа, ҳа, – деди бир қиз шоша-пиша дафтарини варақлаб, – мана, ёзиб келдим. Каттабувим айтдилар. Ҳулла – бешикнинг ёзги ёпқичи экан. Юпқа бўларкан. Ичи кўринадиган матодан тикиларкан.
– Қойил, энди ўзинг “Бойчечак” қўшиғидаги “ҳулла” сўзи бор бандини айтиб бер-чи.
Қиз дик этиб ўрнидан турди. Бирйўла қўшиқ қилиб айта кетди. Ҳамма уни мийиғида кулганча тинглади. Кўпларнинг боши оҳанг ортидан силкинди.

Бойчечагим ҳуллоли,
Ҳамён-ҳамён тиллоли,
Ҳамма бозор – бир бозо-ор,
Атрофлари лолазор.

Қаттиқ ердан қаталаб чиққан бойчечак,
Юмшоқ ердан юмалаб чиққан бойчечак.

– Яхши ўқибсан, Ўғилой. Сенга ҳулла нималигини билиб олганинг учун ҳам “беш” баҳо қўяман. Энди, болалар, китобдаги биз ўрганишимиз зарур бўлган биттагина маълумотга диққат қилинглар. Ўқийман.
“Қўшиқ матнидаги “Бойчечакни тутдилар, тут ёғочга осдилар”, деган жойнинг маъносига эътибор берайлик. Бойчечак халқ орасида рамзий аҳамиятга эга бўлиб, унда чуқур маъно бор. Уни “тутадилар”, “тут ёғочга осадилар”, “қилич билан чопадилар”, “бахмал билан ёпадилар”. Халқда ўз кучи билан қийналиб мақсадига эришса, “Ахир у қаттиқ ердан қаталаб чиққан бойчечак-да”, дейишади. Буларнинг барчасида бойчечак меҳнаткаш инсон рамзи эканига ишора қилинади».
Эшик очилди. Директор ўринбосари бир ўқитувчи билан кириб келди. Ўқувчилар салом беришди.
– Нечта прогул бугун?
– Учта келмаган.
– Касал бўлганлар ҳам борми?
– Битта Эргашев Ойбек касал. Эртадан чиқади.
– Справкасини класкомга бериб қўйсин. Сен, тур учинчи партадаги, йўқ, сен. Нега сочинг ўсган? Нармалний қилиб олсанг бўлади-ку, тўғрими? Қиласанми? Ўтир. Эртага ўзим кўрволаман. Формасизлар ўрнидан турсин. Вой-бў, синф раҳбари вапше ишламай қўйибди. Сиз ҳам, Юлдашев, дарсни қуруқ ўтиб кетмасдан, ўқувчиларнинг тарбияси билан шуғулланиб турсангиз бўлади-ку. Ё шунчалик қийинми? Сен, Далабоевмидинг? Бу ёққа чиққин. Қизим, сенам бу ёққа кел. Мана, мана шунақа аккуратний кийиниб келамиз, келишдикми?
Болалар бир овоздан, “Хўп”, дейишди, бош силкишди. Ўринбосар давом этди:
– Эҳ-ҳе, ҳаммаёқ мусор-а? Қоғоз ташлабсизлар. Уборшицанинг меҳнатини ҳам қадрлаш керак, болалар. Уям одам. Дарров тозалаб қўямиз. Синфда дежур нима иш қилади? Тозаликкаям қарасин-да. Ҳамма жой чистий турсин.
Болалар у ёқ-бу ёққа эгилиб, парталар тагидаги қоғозларни ола бошлашди.
– Ҳа, кейин олимпиадага қатнашадиганлар метрикасидан кўпия опкелиб кураторига бериб қўйсин. Срочна, лекин. Кейин кўчамиздаги киоскадан қарзинглар бор экан. Эртагаёқ раччёт қилиб қўйинглар, хўпми? Юлдашев, шу масалани ўзингиз тугатиб беринг. Киоскачимиз растрата бўлиб қолдим деяпти.
Турғун бош ирғади.
Эндиги гал ростдан ҳам чиқиб кетишди.
Майда гап катта ишни ғарқ қиларкан.
Орқа партадан кимдир “растрата” деди-да, бошини пасайтирди, овози ўчди.
Аълочи қизлардан бири Турғунга деди:
– Устоз, адабиёт дарсида ҳам фақат она тилимизда гаплашамиз-а? Аралаштирмаслигимиз керак-а?
– Ҳа, энди ёзамиз, ўқувчилар.
“Бойчечак” қўшиғидаги Бойчечак – аслида чақалоқдир. “Бойчечакни тутдилар” – чақалоқнинг икки билагидан тутиб, елкаси аралаш силкиб олиб, кейин бешикка белаш ҳақида. Қўшиқнинг нақароти инсонни дунёга келтириш энг қийин жараён эканига ишорадир”.
Болалар, халқнинг бу қўшиғи бешик маросими билан боғлиқлигини ёддан чиқармаймиз-да, охирги бандга эътибор қиламиз. Ким охирги бандини яна бир эслатиб юборади?
Болаларнинг ярми тенгдан қўл кўтаришди.
– Сен айтақол, Комилжон.

– Бойчечагим ҳуллоли,
Ҳамён-ҳамён тиллоли.
Ҳамма бозор – бир бозор,
Атрофлари лолазор.

– Ана, энди ўйлаб кўрамиз. Бешикнинг ҳамён-ҳамён тилласи қаерда экан?
– Ҳа, устоз, топдим. Ҳамён тилласи тувагида бўлади.

Болалар жавоб бериш учун ўрнидан туриб кетган қизга қараб баравар кулиб юборишди.
Турғун уларни тинчлантирди.
– Э, қойил, яна ҳар доимгидек топқирлик қилдинг, чиндан ҳам ҳамёни тувагида. Сенга, Малоҳат, “беш” баҳо қўяман.
Турғун бу гал анча ғира-шира қилиб уйга қайтди. Мактабдан чиққанида бувисининг кўзига қандай қарашини ўйлади. Осмоннинг бир томонида сузилиб чиққан ойга тикилди. Бирпас тўхтаб қолди. Кейин ён-верига аланг-жаланг қараб, йўлига тушди.
Ойлар ортда қолди. Ой неча тўлиб, неча ингичка тортаркан, бу иккига ҳайрон бўлгандир. Униси унда, буниси бунда юрибди, дегандир.

ИЗОҲЛАР

1. Юмруқ – мушт.
2. Ўзга тилдан кириб, ўз тилимизда муқобили бўлса-да, нутқимиздан кенг ўрин олган шу ва бошқа сўзлар ажратилган.
3. Балоқ – шимнинг почаси.
4. Меҳим – рўзғор буюм.
5. Анжирнак – ранги тўқ.
6. Йўқ кўраман – ёмон кўраман.
7. Ҳимариб – шимариб.
8. Яйнаб – жавдираб, кўз тутиб.
9. Ироқ – йироқ, узоқ.
0. Жиринкоз – баджаҳл, феъли тор.
1. Ужув – барор.
2. Мижиб – ғажиб.
3. Қазноқ – рўзғор буюмлари сақланадиган омборхона.
4. Елҳак – беғам, беғубор.
5. Индиёт – кўчирма.
6. Кандик – томга чиқиш жойидаги тщсинлар ораси, қовоқпеш.
7. Топиш – фойда.
8. Нато – нақл.
9. Нўкор – қарол.
20. Қорақарға – октябрь ойи кириши ўнкунлиги.
21. Қай – кириш вақти, мавсум қайрилиши.
22. Қантароғди – декабрь бошидаги ўнкунлик.
23. Қирсан-барақсан – ғала-ғовур.
24. Қўйласим – ёғи олинган айрон.
25. Ас – уста
26. Элпа-телпа – эси оғган.
27.Мўнталоқ – пул.
28. Қарқара – эъзозли.
29. Левий – фойда, маошдан бошқа йўл билан топиладиган даромад ёки ишламай топилган пул.
30. Йўргам – ишни юритувчи яхшилик.
31. Ҳунарванд – ҳунарманд.
32. Зираксан – зийрак.
33. Гал – алдов.

ДАВОМИ БОР

05Qozoqboy aka «Boychechak» qissasi haqida yozgan maqolasini «Men Ma’mura Zohid degan yozuvchi qizning borligini bilmas ekanman» , deb boshlaganidek, men ham Ma’mura ijodidan bexabar edim. O‘tgan yil «Boychechak»ni o‘qib bo‘lgach, juda qattiq hayajonlangan va Ma’murani asar bilan qutlagan edim.

Ayni shunday asarlar o‘zbek adabiyotining kelajagiga bo‘lgan ishonchni lovullatib yuboradi. Gap faqat asarda aks ettirilgan voqealar tabiatiga singdirilgan mungda emas, gap o‘nlab yillarkim yuraklarni ezib kelayotgan iztirob — ona tilimizning nochor ahvoli safsatasiz ayon etilganida, bemor onaga yordam berishdan mahrum farzandning ilojsiz hayoti nechog‘li aniq tasvir etilganida.

Asar haqida maqola yozgan yana bir sinchi — Zuhriddin Isomiddinovga qo‘shilib takrorlagim keladi: «Tilimizning chin boyligini men Ma’mura Zohidovaning shu asarida ko‘rdim. Garchi, boshqa bir qancha adiblarning asarlarida ham til shirali, boy, ammo “Boychechak” shu narsani maxsus ko‘rsatish uchun ham yozilganday…»

O‘zimdan bilaman, «Boychechak» o‘qiboq unitiladigan asar emas. U bugungi adabiyotimizning ulkan yutug‘idir.

Xurshid Davron

Qozoqboy YO’LDOSH
DUNYOLARGA SIG’MAGAN KO’NGIL ODAMI


O’zbek adabiyoti katta adabiyot bo’lgani uchun ham undagi barcha iste’dod egalarini payqash va kuzatib yurish qiyin kechadi. Men Ma’mura Zohid degan yozuvchi qizning borligini bilmas ekanman. To’g’rirog’i, yaqindan beri o’zini tanirdim, uyushmadagi turli yig’inlarda ko’rishib-so’rashib yurardim, lekin uning qalami kuchi “Boychechak” qissasi va besh-olti hikoyasini o’qigandan keyingina menga ma’lum bo’ldi. Bitiklari tilining shiradorligi, maqolu aytimlardan juda o’rinli foydalanilgani, tasvirning samimiyligi, qahramonlar ruhiyati tovlanishlari tabiiyligi, mahalliy kolorit yorqin aks etgani bilan kishini o’ziga rom qiladi.
031“Boychechak” qissasi qahramoni – ko’ngil kishisi o’qituvchi Turg’un. Ko’ngil odamiga yashash hamisha qiyin bo’ladi. Bunday shaxsning ko’ngil dunyosi begidir va muhtasham, nosamimiylikdan xoli va yorqin bo’ladi. Tashqi olam esa unga tamomila teskari: odamni nafs qutqulari sari yetaklaydigan kepatada. Turg’un ana shu ikki olam ziddiyati orasida iztirob chekadi. U o’z kasbini, bolalarni yaxshi ko’radi. Bu holat qissada: “Maktab hovlisiga kirdi deguncha hamma narsani: buvisining keksarganda kelindan yolchimay qiynalayotganini, o’zining teng-to’shlari bilan so’zi chiqishmasligini, akasini tez-tez borib ko’rolmayotganini, Oydinning davqur-davqur ko’z oldiga kelib turadigan qiyofasini unutib yuboradi. Orqada qoladi bari. Sinfxonaga qadam qo’yganida esa o’qituvchi opaxonlar ko’rsatadigan nag’malaru balandning ostidan, pastning ustidan o’tishlarini, bitirish kerak bo’lgan bir g’aram qog’oz-pog’ozlarni, ikki oylab kechikadigan va hali olmagan maoshi ustida bo’lib yotadigan to’lov-o’lpon mashmashalarini yoddan chiqaradi. Ro’parasida dunyo dardlaridan necha yillar masofasida yiroq, har biri bir olam bolalar” tarzida aks ettiriladi.
O’zi ezgu o’yli, ezgu so’zli, ezgu amalli bo’lgani, bolalarga-da shu sifatlarni singdirishga uringani, boshqalarda-da shu fazilatlar bo’lishini istagani uchun hamisha zarbalar ostida yurishi, ichki olami buzilgan ko’pchilik tomonidan yolg’izlantirishi asarda juda ta’sirli aks ettirilgan. Buning ustiga, o’zi suyib uylangan qiz ilk kechadayoq unga: “Sizni yaxshi ko’rmayman. Sevganim bor edi, va’dalashgandik. Dadam ko’nmadilar. Dadamning yuragi yana ushlab qolmasin, dedim. O’zimni o’ldirolmadim”, – deydi. Yozuvchi birovga aytib bo’lmaydigan dardga yo’liqqan yigit ko’nglida kechayotgan muhabbat va oriyat o’rtasidagi olishuvni kishini emrantirar darajada ta’sirli ifoda qiladi.
Ma’lumki, o’zbek yigiti ayolining bugunigagina emas, balki o’tmishiga ham uylanadi. Nikohidagi ayolning qachondir kimnidir sevganining o’zi o’zbek erkagi uchun unutiladigan va kechiriladigan holat emas. Bunday holatga tushgan erkak cheksiz iztirob og’ushida qoladi. Agar yigit ayolini yaxshi ko’rsa, iztirobning darajasi yanada ortadi. Turg’un ana shunday holat iskanjasida. Buni Ma’mura o’ta ishonarli yo’sinda tasvirlaydi: “Uzoq o’yladi. Tong-la Oydinni olib kelish uchun borishga qaror qildi. Biroq tong – tong edi. Butkul boshqa ranglarda edi. Turg’un oqshom o’ziga bergan va’dasi uchun o’zini yomon ko’rib ketdi. Soqol qirayotganda oynadan uyaldi. Ko’chada Oydin bilan yetaklashib yurishi-yu orqasidan Yigitalining yetib olib, o’tib ketishini ko’z oldiga keltirdi”. Ikki o’t o’rtasida qolgan yigitning: “O’zing suyganni olguncha, o’zingni suyganni olgin ekan” tarzidagi to’xtamga kelishi o’qirmanni ishontiradi.
Ori tufayli Oydinni ketkazib yuborgan, u elanib kelganida ham qabul qilmagan Turg’un ayni vaqtda kelinchagini haddan tashqari yaxshi ko’radi. Shu bois yigitning: “Buncha ham chiroyli bo’lmasa Oydin. Nega u… Nega joniga ofat qilib yaralgan ekan-a? Nega u boshqani sevdi? U yuragini ochmasidan sevib ulgurdi? Ko’nglini birovga berdi? Sevib qo’ydi? Nega? Kaftlarida tutmasmidi? Istaganini muhayyo qilmasmidi? Cho’g’day yasantirib, hamma qizlarning ko’zini kuydirib olib yurmasmidi?” tarzida poyma-poyroq anduhli o’ylar surishi kishini ishontiradi.
Bir tomondan shaxsiy hayotining o’xshamagani, ikkinchi yoqdan, o’z ishiga loqayd va savodsiz kasbdoshlarining zug’umi, uchinchi tarafdan, yigitga qilingan tuhmat tufayli u shaharga ketib, qurilishda ishlashga majbur bo’ladi. Ko’ngliga butun dunyo muhabbatini sig’dirgan yigit oldin qishlog’iga, keyin yorug’ olamga sig’may qoladi.
Qissa faqat chigal taqdirlar bayonnomasi bo’lib qolmay, balki unda har qanday millatning millatligini belgilaydigan tilga munosabat, uni begona ta’sirlardan asrash, rivojlantirish, cheksiz boyliklaridan o’rinli foydalana bilish zarurati aks etgan. Tilni yo’qotish, uni zararli ta’sirlar changalida qoldirish oqibatda millat qiyofasizlanishi ekani asarda juda ta’sirli ko’rsatilgan. Tilimiz fanidan yoshlarga saboq berguvchilar nutqi bilan xalq vakilining nutqi o’rtasidagi kontrastlar mahorat bilan havola etilgan.
Qissaning barcha o’rnida tasvir tabiiy va zo’riqishsiz boradi. Muallif asardagi har bir personaj tilining o’ziga xos bo’lishiga erishadi. Shu sabab maqolsiz gapirmaydigan buvi, nutqining pala-partishligidan saviyasi qandayligi ko’rinib turadigan o’qituvchilar, badiiy so’z sehridan lol qoladigan Turg’un singari timsollarning tili bir-birinikidan keskin ajralib turadi.
Asarda juda o’rinli ishlatilgan “Baloq turilmay baliq tutib bo’lmas”, “Yo’lni yo’lchi yengadi”, “Ko’k yig’lamasa yer kulmaydi”, “Qozonning kichkinasi toshadi” kabi necha o’nlab maqollar uchraydi.
Aziz o’qirman! Ushbu qissada siz qiziqarli va chigal taqdirli kishilar bilan uchrashasiz. Umid qilamanki, iztirobli uchrashuvingiz tozarish ma’nosida ko’ngilli o’tadi.

2019 yil 25 dekabrь – 2020 yil 2 yanvarь

Ma’mura Zohidova
BOYCHECHAK
Qqissa


– Nima istaysan mendan?
Shunday dedi-yu, boloxonador so’kinib, pishqirgancha betma-bet kelib tikka sakrayotgan ro’parasidagi yigit o’rnida bir mahaldagi nimjon, sariqdan kelgan arazchi bolakayni ko’rdi. Ana, oshnasining ko’zlari battar xunuklashib ketdi. Tishini tishiga qattiq bosibdi. O’rgangan qiliq o’lganda qolarkan-da.
– Nima istaysan?! O’chir ovozingni! Tilingni omburda sug’urib olaman! E senga diplom berganlaringniyam!.. Domlachiligingga tupurdim seni!
– Qayoqdagi bo’lmag’ur gaplarga ishonib bekor qilyapsan. Odamlarni bilmaysanmi?
– Ketasan! G’ovadan boshingni olib chiqib ketasan! Baribir tinch qo’ymayman! Gulday singlimning nomini chiqarding! Hammayoqni rasvo qilding! Erkak deb adashib yurgan ekanman seni! Yo’qol! Qaytib ko’zimga ko’rinma!
Yoqa bo’g’ishishdan boshlanib, achchiq-tizziq shartlashishga o’tgan mojaro, asli mojaro degan ot bu aytdi-dediga ko’plik qilayotgan, og’aynisining issiq yuzini qilib past keluvidan yakun topay deb turgan edi-yu…
– Yoshgina qiz, aldasam bo’ladi dedingmi?! It! Iflos! Yaxshi ko’raman deb yo’ldan urdingmi?! Shunaqa dedingmi?! – yoqasi oshnasining qo’lida tortilib borib-kela boshladi.
– Yo’q! Bas qil!
– Ayt, iflos! Nima gaping bor unga?! O’ldiraman seni hozir!
Og’zidan ikki og’iz gap uchib chiqdi. Chiqmaganiga qo’ymadi-da o’zi.
– Yaxshi ko’raman, nimaydi?
“Kelib-kelib men bilan talashasanmi oringni? Senga qancha bo’lsa menga ham shuncha og’ir, oshna. Buncha tezikishma. Musht solsam o’nglanmasang-chi”.
– Iflos-s!!!
– Hammasini yaxshi ko’raman. Bo’lmasa bunaqa qilib… Imm!
Ikki qayta musht tushdi. Ko’zidan o’t chiqdi. Tepki zarbidan nariga siltanib ketdi. Urib bo’lmasa. Ayb o’zida-ku. Shu ishlarni ko’ngli sezib yurgandi.
– It emgan! Marraz! Oshna dema meni!
…Birovi keldi. Begona edi kelgan. Sudrab ketdi sinfdoshini, yana necha yillik davradoshini. Burnidan kelgan qon och havorang ko’ylagiga tomdi. Chetga o’tdi. Ana, bolalik og’aynisi bir umrlik yuzko’rmas bo’ldi, birovning qo’lida tortilib-tortilib, xuddi qo’yib yuborsa ajdarhoga aylangudek vajohat solib narigacha bordi, so’kindi, chirt burilib, tupurib ketdi. So’kingani ham mayli, tupurgani yomon bo’ldi. O’rinsiz qiliqdan o’rinli yumruq (1; izohlar asardan keyin berilgan ) yaxshiydi.
Narida, toshguzar muyulishida tomoshatalab uch-to’rttasi yarim-yorti qarab, qulog’ini dikkaytirib turardi.
Ariqchada yuz yuvdi, ro’molchasini burniga bosib boshini ko’tardi, kiyimi barlarini tekisladi, yoqasini to’g’riladi. Qaytar dunyo. Ro’parasidagi qoratolga uning tikka-tikka xivichlarini sanayotgandek tikilib turdi. Keyin bir siltanib yo’lga tushdi. Uyga qaytdi. Bog’dan chiqib kelayotgan buvisini ko’rib ichi jig’illadi, bolaligidagi kabi qo’yniga otilgisi, qalampirmunchoq isiga to’yib, ko’z yumib, erkalangisi keldi. Yarim-yorti so’rashdi-da, chap berdi.
Bu tun ham ko’ziga uyqu ilinmadi.
Ertalab yana ishga. Avvalgi hafsalalar qani, boshi battar egilib jinko’chaning toshlarini sanab bordi.
Kelishib olganday, darvozadan kirishi bilan yo’liga qarab turgan zavuch (2) deydiganlari qo’l silkib imladi, xonasiga boshladi, ortidan yetgunicha joyiga o’tirdi-da rang-quti o’chgancha jiddiy kutib oldi. Bu galgi taraddudlanishi boshqacha.
– Turg’unboy, nima qilamiz endi?
– Nimani nima qilamiz?
– Endi, o’qituvchilik oson ish emas-da. Maktab egasiz ham emas. Kecha selektor dan chiqqanimizda zavrayono direktor bilan menga alohida topshiriq qildi. Bitta ariza qilib, tinchgina bo’shab olavering. Eng birinchi o’zingizga yaxshi bo’ladi. Ming aytdim, narmalniy ishlamadingiz. Kattani katta demaysiz, kichikni kichik demaysiz.
U tili tinmay sayragani bilan ko’zini nari-beri olib qochayotgan boshliq bo’lmishga birpas tikdi-da, qoshi o’rtasiga kirib olgan tugunchakni yozmoqchiday peshonasini siladi. Zavuch deydiganlari derazadan tashqariga qarab turgan bo’lsa ham, hech narsani ko’rmas, aftidan, ko’zida shahardagi majlisdami yo mudirning ro’parasida tik turganlari aylanardi. Keyin u bir cho’chigandek bosh silkib Turg’unga o’girildi.
– O’zingizdayam bor. Dars tartibini unutib qo’yasiz. Pala-partish o’tasiz. Tilchi bo’lmasangiz ham mayli edi. Qayoqdagi narsalarni o’ylab topasiz. Almisoqdan qolgan maqol-soqolga osilganingiz nimasi? Ayniqsa, ana u kungi ishingiz… boshim ketishiga sal qoldi-ya. QVZning nima keragi bor edi? Ishi yo’q odamdek… Jipiriq bolalarni xalq artisti deb e’lon qildirasizmi-ey. Hammaning oldiga paxta masalasini olib chiqishga balo bormidi? Qancha ota-onalar kelgan ekan.
Turg’un qo’zg’aldi: “navbatdagi po’pisa”.
– Dars bor edi. O’n birinchi “G”da.
– Ie, siz qiziqmisiz?! Vapshe darsga kirmaysiz endi! Direktor kechasiyoq chaqirib arizasini ol deganidi o’zi. O’tiring! Bizdayam boshqa vixod qolmadi. Qoldirmadingiz.
– Direktorning o’zi aytsin, yozaman.
– Endi direktor siz bilan gaplashmoqchimas. O’zboshimchaliklaringiz uniyam mana bu yeriga keltirdi.
O’rindiqqa gurs etib qayta o’tirdi. Zavuch deydiganlarining stolidagi aylana organayzermi allambalo deyishadigan matoh ichidan ko’k rangli yozg’ichni sug’urdi, ko’zi battar olayib, xavotirda xunuk yiltiray boshlagan rahbarning shundoq oldida turgan qog’ozni ham bir uzalib yulqib oldi.
Yozdi.
Bu beshinchi marta ariza yozishi. Shundoq ham tuni bilan nima qilsam deb o’ylab chiqqan edi.
Jonqutqarar qog’ozni osongina yozdirib olganidan xursand bo’lib ketgan zavuch deydiganlari endi uning oldiga aylanib o’tib, yelkasiga qo’l qo’ygancha, gapga tushgan, pang ovozda, asli Turg’unni yaxshi ko’rishi, bir vaqtlar avvalgi direktorga o’zi ayttirib ishga oldirgani, hali bir otamlashib o’tirishlari, ariza yozib to’g’ri qilgani, paysalga solganda zavrayono o’zi kelib qaytib o’qituvchilikda ishlolmaydigan qilib yozdirib ketishi mumkinligi, fursati kelib zamon aylansa, yana ishga kirishi-yu, terim yotoq bilan yagana paytlari bolalarni olib yotishda turib berishi, yana ehhe.
Maktabning jinko’chaga olib chiqadigan darvozasiga yetganda bir titradi.
Tor ko’chadan katta-katta qadam tashlab qaytdi. Yelkalari qunishgan, oyoqlari zildek edi. Quloq-chakkasi qizib borardi. Har butaga o’t tushsa o’zi kuyib o’zi yonarkan-da.
Yonida sherik bo’lib bir ariq suv oqib boryapti. Bijirlab nimalardir deyotgandek.
Baribir chaqirib olishadi. Avvalgi safarlardagidek, “Mayli, endi ko’zingizni kattaroq oching, tirikchilik bor”, “Kampirning hurmatlarini qildik. Urush bevasi bo’lsalar. U kishiga rahmat deng. Boshqa xato qilmang”, yo bo’lmasa, “Endi to’g’ri ishlang. Shu shart bilan qaytarib olamiz sizni”, deyishadi. Ishga qaytganida ha-hu qilishadigan o’qituvchilardan bir emas bir nechtasi yakka duch kelgan mahalda, “Men direktorga aytdim, ishlayversin, o’zi yaxshi domla bo’lsa, dedim”, deydi. O’n birinchilarning sinfboshilari g’urur bilan gapirishadi: “Ustoz, biz sinf bilan yig’ilishib ariza qildik”. Uch-to’rt kun o’tib, yagana yotoq boshlanadi. Bolalarni olib yotish uning chekiga tushgandek, tayyorgarligini ko’raveradi. Shunaqa. Bugun ariza buyurgan direktor ham hech bir alohida chaqirib yo hech yo’qsa og’zidan chiqqanini ikki yumalab bajaradigan zavuch deydiganlari orqali bo’lsin, yotoqqa hozirlik ko’rishini tayinlab o’tirmaydi.
Yo’q. Bas.
Qaytmaydi endi. Bu gal ham xo’rozning uchgani tomgacha bo’lmasin.
Uyga yurmadi. Buvisiga bahona qidirgandan ko’ra boshqa borar joy axtardi. Yo’lni dalaga soldi.
Yo Xudo! Shundoq ro’parasidan Shomirza kelib turibdi. Qozoqqa, keyin Toshkentga qurilish ishiga yosh-yosh yigitlarni yuborib joylab tashlaydi. Farg’onaga ham odam jo’natadi. Qayoqlargadir borib, qaytishda mashinasiga allaqanday begona kishilarni solib keladi. U ko’cha, bu ko’cha boshida, oziq-ovqat do’koni oldida, oshxonada, guzarda o’sha begonalar aralash qishloq odamlari bilan davra qurib nimalarnidir gaplashadi, nimalarnidir belgilaydi, keyin ularga uch-to’rt yigitni biriktirib yo o’zining mashinasida tuman markaziga tashlab keladi, yoki guzardagi bekatdan avtobusgami, yengil mashinagami solib yuboradi. Tibbiyot punktida har kuni besh-olti odamni ko’rib kasaliga ul-bul davo yozib beradigan Husan do’xtirdan, idorada o’tirib nimadir ishlarni ishlab keyin oq ko’ylak-qora shimining taxini buzmay jiddiygina bo’lib Shayx ko’chadagi uyiga qarab borayotganda bola-baqraning salomini eshitmaganga olib, sal odam bo’la boshlagan kattaroqlarnikiga esa bilinar-bilinmas bosh silkib o’tadigan Tilash yuristdan ham uning obro’si baland. Ana Shomirza, qappayib chiqa boshlagan qornini arang berkitib turgan ko’ylak tugmalari quyoshda yaltirab ko’zni olgancha yaqinlashib kelayotir.
Turg’un taraddudlandi. Baloq (3) turilmay baliq tutib bo’lmasa. Bir-ikkida tuzuk-quruq gaplashmagan ekan. Salom berdi. Shomirza hayronlanib qo’l uzatdi.
– Aka, sizda bir og’izlik gap bor edi.
– Ha, domla, tinchlikmi ishqilib?
– Ish bo’lsa ketay devdim, Toshkentga.
Shomirza birpas og’zini ochib turdi, keyin yuziga kulgi yoyilib:
– Ha-a, men birorta maktabbolangizni bilmay bir yoqqa jo’natvoribmanmi deb, – dedi, keyin ko’zlarini kattaroq ochib unga tikildi. – O’zingiz ishlamoqchimisiz?
Turg’un bosh silkidi. Shomirza merovlanib birpas turdi.
– Ha, bu, domlachilik nima bo’ladi?
Turg’un yelka qisgan bo’ldi:
– Shu bugun-ertayoq jo’nasam yaxshi bo’lardi. Qanaqa ish bo’lsa ham mayli.
Ustomon bo’lgani bilan birovni eshitayotganda og’zi xiyol ochilib turadigan o’rtakash ko’z qorachig’ini peshonasiga tortib, o’ylab ko’rgan bo’ldi.
– Qurilishda ishlayverasizmi? Sal og’ir-ku? – Shomirza uning dazmollangan ko’ylagi yengidan chiqib turgan oppoq qo’llariga qaradi. Og’zi yana xiyol ochilib borar ekan, yaqindagina qorin to’ydirganini sezdirib kekirib yubordi.
– Ishlayman. Qachon endi?
– Bo’ldi. O’zim xabarini beraman. Hozir siz bilan ikki kishi bo’ldi. Yandash akaning o’g’li ham aytgan. To’rt kishi bo’linglar, darrov Toshkent bilan gaplashib jo’natvoraman.
Turg’un rahmat aytib undan uzoqlashdi. Shomirza ortida hayron-hayron labi burilgancha qolib ketdi.
* * *
Xullasi, mana bundoq bo’luvdi. Yaqingi gap. Uzun gap. Aytmasa bo’lmaydigan.
Oxirgi arizadan to’rt yillar burungimi…
Lekin ming yilgi gaplar desayam bo’ladi.
Cho’zmasa bo’lmaydi gapni.
Bor gapni aytib olmasa hech bo’lmaydi. Hech.

* * *

Boychechagim boylandi,
Qozon to’la ayrondi,
Ayroningdan bermasang,
Qozon-tovog’ing vayrondi.

Ishga eltadigan jinko’chaga tushgani zahoti ko’ngliga shu aytimning ohangi kelaveradi. Odamda ikki xayol bo’lishi rost ekan. Biri bilan xirgoyi qilib yo’l bosyapti-yu, ikkinchi xayoli Oydinda edi. Biram suluv-da o’ziyam. Hozir nima qilayotgan ekan. Bunaqa qilib uyida yuraversa, xaridori yana ko’payadi. Kel, yarashaylik, deyolmasa. Xayolidan quvolmasa.
Qaytib kel desa qaytmasmidi.
Endi avvalgi Oydin emas u.
Lekin endi o’zi ham avvalgi emas…
Holini nima deb chamalasin. Tish sinsa – og’iz ichida.
O’zing suyganni olguncha, o’zingni suyganni olgin ekan.
Buvisining tez-tez takror qiladigan gapini esladi: tirik bo’lib sonda yo’q, o’lik bo’lib go’rda yo’q. Kampir buni to’rtta bolasini yetim qoldirib o’ttiz oltisida o’lgan qizini yerga qo’yganidan keyingi dog’-dog’ ahvolidan o’z-o’ziga birda bir so’zlanganida aytardi.
Yaxshiyam ish bor, chalg’ib ketadi.
Har kuni borib-kelishiga bitta yo’l. Entigan-tentigan birov o’tmasa, kimsasiz. Lekin xayol zerikishga qo’ymaydi. Yo’lni yo’lchi yengadi, deydilar-ku.
Maktab darvozasiga yetguncha to’rt yuz o’ttiz qadam atroficha yo’l bosadi. Boshida sanab ko’rgan. Yo’rtib yursa yo’l unarkan. Shu yo’l ustida ba’zan ayricha g’ala-g’ovurga, tasodiflarga, kulgi ortiga yashiringan g’amginlikka, hayratga, yana allanechuk ajib, nomlab bo’lmaydigan tuyg’ularga qorishib o’tgan bolaligini eslaydi. Eslaganida esa hozirgina chiqib kelgani – baland ko’tarib solingan, ta’mir qilingan uyni, supachasi, oshxonasi, tovuqxonasi tartib bilan joyiga o’rnagan hovlini emas, butunlay boshqa manzarani ko’radi. Manzara ediki, ko’ngil ko’zlari bedor-bedor chog’larda yuragining to’r-to’ridan joy egallab, endi xotirasining doimgilik hamrohiga aylangandi. O’sha past devorli hovli butun dunyodan keng edi. Uning eski hovli sahnida aylanadigan tasavvurlari hozirgi o’choqxonadan boshlanib ketardi. Negaki, o’choq hozir ham joyida turibdi. Uni buvisi buzishiga qo’ymay opqolgan: “Qo’y, isli o’chog’im – rizqli o’chog’im”.
U hamon yo’l kechib yurib borardi. Yo’l – yo’l edi. Ortdagisi ortda qolgan edi. Yurgan yo’ldan topadi, o’tirgan qaydan topadi.
Goh-goh yon-veridan maktab bolalari urro ketdi qilib o’tishadi.
“Bolam boyaqish bo’zchining mokisiday ishga qatnaydi”, deydi buvisi.
Bejizgamas.
Bir ketib, bir kelganidan ko’ra, uyiga u-bu ish bilan bir yo ikki-uch borib qaytgan kunlari ko’proq.
Maktabning o’qishdan boshqa ishlari ancha-muncha. Dahmaza degandek. Davlat hamma joyga shanbalik aytganmi yo kattalar ertaga tekshiruv kelaridan potrab qolgan kunlari Turg’un qaytib kelib boshqa kiyinib, zarur asboblarni olib chiqib ketadi. Boshqa payt belkurakmi, ketmonmi, zambilmi, aravami, cho’ltoq yo oyim, yo qizil supurgimi, “Turg’un aka” deb chaqirib kelgan bolalar nima so’rasa, kampir berib yuboradi. Keyin oralatib maktabni, gapi orqasida Turg’unni yanib qo’yadi: “Qo’shnisi maktab bo’lgandan keyin har yili mehim(4)larini yangilab qo’yaversin ekan odam. U qo’shnining ro’zg’orida na ega bor, na baraka. Bir narsa so’raydi, yo’q deb bo’ladimi. Sho’rlik narsa boradi-kelmaydi, boradi-kelmaydi”.
Turg’un damini ichiga yutadi. Nima desin? Yoshligida rezavor tagini chopadigani, sopiyam temirdan ketmoncha bo’lardi, yerni chaqqon o’yadigan bir uchi ingichka metin, sal bukri bo’lsayam, lo’m, besh-olti ketmon, bitta ustaqo’li tesha, kichkina arra – hammasi maktabning shanbaliklarida yo’qolib ketdi. Supurgining-ku, sanog’i yo’q.
E-e, bu mayda-chuyda gaplar.
So’qmoq esa baribir qadrdon edi.
Tinglangiz bu qissani ey, do’sti yor,
Bu – haqiqat, holimizdan oshkor.

Dunyoda aytib bo’lmaydigan qissalar qancha.
Oydin ko’nglini o’tga solib bir o’ynatib, bir kelib, bir hayyo-huyt deb ketgandan beri allanarsalarni takror qilib yuradigan bo’ldi.
Maktab hovlisiga kirdi deguncha hamma narsani – buvisining keksayganda kelindan yolchimay qiynalayotganini, o’zining teng-to’shlari bilan so’zi chiqishmasligini, akasini tez-tez borib ko’rolmayotganini, Oydinning davqur-davqur ko’z oldiga kelib turadigan qiyofasini unutib yuboradi. Orqada qoladi bari. Sinfxonaga qadam qo’yganida esa o’qituvchi opaxonlar ko’rsatadigan nag’malarni, ayolliklariga borib, balandning ostidan, pastning ustidan o’tishlarini, yozish kerak bo’lgan bir g’aram qog’oz-pog’ozlarni, ikki oylab kechikadigan va hali olmagan maoshi ustida bo’lib yotadigan to’lov-o’lpon mashmashalarini yoddan chiqaradi. Uyam orqada qoladi. Ro’parasida dunyo dardlaridan yiroq, har biri bir olam bolalar. Bola bo’lib kelarkan odam, bola bo’lib ketarkan, orada bi-ir chalg’irkan. Chalg’ir chog’larida Odam degani bolaniyam, keksaniyam ojiz ko’rarkan, “bola – bola-da”, “qarichilik shu-da” deb parvosizgina qararkan.
Asli odam degani bola degani ekan. Hali aynib ulgurmagani odamligini boy bermagani ekan. Qarib o’lar bo’lgani odam bo’lgani ekan.
Bir bolani katta qilguncha bir shahar paydo bo’larmish.
Qarchig’ay qarisa chumchuqqa mayna bo’larkan.
Ikkinchi soat darsdan keyin o’ninchilar bilan o’n birinchilarni tashqari hovliga to’plashdi. Direktor o’rinbosari, asli u ham bir necha yil avval adabiyot o’qituvchisi edi, ko’plarning nazdida omadi kelib, rahbar bo’lib olgan. Bir qoshiq oshim, g’alvasiz boshim deb o’tirmaganidan birda bir ichidan zil ketadigan o’sha o’rinbosar zinaga chiqib va’z o’qidi:
– Tak, znachit, sizlarga bugungi beshinchi-oltinchi soat darsdan javob beramiz. Hamma uyiga borib, yotoqqa tayyorgarlik ko’radi. Erta-indin srochna komanda bo’p qolishi mumkin. Issiq kiyimmi, krujka-prujkami, pastel-mastelmi, mayiz-turshakmi, taxt qilib qo’ying! Faqat shiypon, toyest, shtab belgilanishini kutyapmiz. Tag’in komanda bo’lganda, etagim yo’q edi, raskladushkam singan, kasalman, degan bahonalar bo’lmasin. Etak zapasi bilan bo’lsin. Voyenniy holatda tayyor turamiz. Surunkali kasalman, deb yurganlar bo’lsa, aytib qo’yay, mundoqqina qog’ozdagi spravka-mipravka o’tmaydi. Faqat VKK olib kelsa, paxtadan ozod qilinishi mumkin. Ha, aytgancha, VKK rayon banissasiniki bo’lishi shart. A to baribir problema bo’ladi. Ertadan yana o’qishga! Darsdan progul qilish yo’q!
Tushdan keyingi darslar, yaxshiki, buzilmadi. Lekin, baribir yettinchilarni ham sal kechiktirib yotoqqa olishadi. Undan quyi ikki sinf qatnovga boradi. Undan quyisi ham ishsiz qolarmidi. Kech kuzakda maktab hovlisida tarillab traktor yurib qoladi. Bu vaqt maktabda faqat boshlang’ich deyiladigan sinflargina qolgan mahal. Doimgi maktab formasidan boshqacha, har turli kiyinib kelib, maktabhovlining u yer-bu yerida to’planib o’tira-o’tira oxiri tush mahal sariq avtobusni to’ldirib uzoq-uzoqlarga jo’nagan aka-opalarini “tezroq katta bo’lsam, men ham paxtaga borardim”, deb havaslanib kuzatib qolgan kichkinalar avvaliga traktor ovozi negaligini tushunmay, ko’rinarmikan deb derazadan mo’ralab qo’yadilar. O’qituvchilar esa uf tortadilar. Mana, necha kundan beri ana keladi-mana keladi deb turilgan ko’sakni sport zal eshigiga to’kishadi. Endi uni tashish kerak. Keyin o’qishga kelgan sho’rlik bolapaqirlarni bir soat-yarim soat dars bilan aldab, zalga opchiqish. Quruq polga cho’kkalatib ko’sak chuvitish. Birortasi o’rnidan tursa, gapning quyug’ini eshitadi. Kerak bo’lsa yelkasidan bosib, kerak bo’lsa aldab-suldab joyiga o’tirg’izishadi. Axir oyog’i uvishgan hamma bolalar turib ketishi mumkin. Keyin ish rasvo bo’ladi.
Qo’ng’iroq jaranglar-jaranglamas hovliga otilgan mayda bolalar sportzal ro’parasida to’xtab turgan traktorni o’rab olib, ichlariga sig’may sevinadilar. Uning yashil kabinasiyu panjarali sudramasi, kattakon g’ildiraklari, ulama temirlari g’oyat antiqa. Lekin traktor ko’p qolmaydi. Yukini ag’daradi-yu, kattalar hayhaylab bolalarni har yon qilib ochgan yo’ldan tarillab jo’nab qoladi. Ho’l ko’k ko’sakni endi ko’rayotgan, o’qituvchilarning ko’zini shamg’alat qilib ichidan suv aralash paxta chiqadigan antiqa dumaloq narsadan bir-ikkitasini cho’ntagiga tiqib olgan birinchi sinf bolalar dars mahali sekingina sinfdoshlariga ko’rsatib maqtanadilar. Xullasi, bunaqa gaplarga ikki oylar bor. Hali birinchi terim ham boshlanmagan, yuqori sinflarni olib ketish uchun avtobuslaru ko’rpasini bosish uchun yuk mashinalar maktab darvozasi ro’parasiga terilib turmagan bo’lsa-da, suv ko’rmay yechilgan etikning egasi yetkazgan e’lon sabab ichkarida ob-havo o’zgargan edi. Yangi o’quv yilini shasht bilan boshlagan o’qituvchilar endi hafsalasizgina darslarga kirib chiqishmoqda, o’quvchilarning ham kayfiyati almashgan, ko’chanamo ko’rinish olgan.
Majlis ham har bir o’qituvchi paxta “sezon” kirishiga taxt turishi, yotoqqa boradiganlardan tashqari hamma qatnovga chiqishi, yotoq bo’lsin, qatnovda bo’lsin, paxta “norma”ni bajarish shartligi, maktabda bir yarim ming o’quvchiyu bir yuz o’n o’qituvchi borligi uchun kunlik terilgan paxta to’g’risida yuqoriga “informatsiya” yetkazishda uyalib qolmaslik lozimligi borasida bo’ldi.
Majlisdan keyin u yo’l bilan yo’llashib uyga qaytdi. Ha-ya, bu kichik yo’ldan domlalar ichida bitta o’zi yurarkan.
Hovliga oyoq qo’ydi. Tilab aziz qiladigani, taftini oladigani – buvisining yuziga nur yugurdi.
Kampir nevarasini har kechikkanidagi kabi yana uchib-qo’nib kutib oldi, cho’g’da turib anjirnak (5) bo’lgan choydan quyib uzatdi.
– Bolam-ey, ko’zim teshilib ketdi. Muncha kechikding? – dedi tagidagi cho’g’ beholgina miltirayotgan qozondan sopol laganga ikkovora ovqat suzayotib. – Qachon edi pishgani, soviydi deb ichim tushdi.
– Majlis bo’ldi.
– Yo’q ko’raman(6)-da shu maylisingni. Nima gap ekan? Paxta-maxtaga aytishdimi? – dedi kampir dasturxon yoniga cho’karkan keng ko’ylagi yenglarini himarib (7).
– Hozircha yo’q.
– Akalaring ustudentlarini olib yotoqqa ketganiga shu bugun bir hafta bo’libdi. Yaxshi sizlarni aytmay turibdi. Zora kattalarning esidan chiqib qolsanglar.
– U yoqlarda ertaroq ochiladi-da. Bu yakshanba ko’rib kelaman akamni. Agar ketib qolmasak.
Kampirning ko’zi cho’g’landi. Tomog’ini yengil qirdi, Turg’un tomonga qiyalab oldi.
– O’qigan joyida qolavermadi shu bolayam. Uzoqqa ketadi. Ketsa kelolmaydi, kelsa ketolmaydi. Oyligingdan akangga birorta ko’ylakmi, obborgin, bolam, yo’q, yaxshisi bironta bo’tik olaqol. Bu yog’i sovuq tushadi. O’rdak yesang, g’oz boyla. Senga ashulaqo’yar opkepberdi-ku. Nimaydi oti? Maynatopon. Yanayam odamjonlikkina akang. O’zining ust-boshiga qaramay, sani ho’ylabdi. Ishini unumi yo’q, ketini tinimi yo’q. U matohni opkelgan kuni ustudentligida oberaman, duvdim, bitirib qo’ydiyam oberomadim, deb bir o’kinadi.
– Hmm, oling o’zingiz ham, – Turg’un buvisiga ma’yus tikildi. Ichi gapga to’lib ketgan. Bechora, kuni bilan yakka o’tiradi.
– Akangning butun umri mardikorda o’tib ketdi. Er boshiga ish tushsa, etik bilan suv kechar, qiz boshiga ish tushsa, qiziloyoq qir kechar. Shanba bo’lsa ko’zim yaynab (8) yo’l qarardim. Ikki ko’zim eshikda bo’lardi. U bo’lsa o’zimni o’zim eplayin deb, ko’rgan ko’chada ishlab yurarkan. San-ku oralatib bo’lsa ham, iroq(9)da o’qiding. Akang haftasiga keladigan bir qadam joydaydi.
– Siz qayoqdan bilasiz mardikor ishlaganlarini? Aytmasdilar-ku?
– Bilmay o’lamanmi, – kampir so’zlay turib, so’ri tagidagi ariqchada qo’l chaydi. Boshidan sirg’alayotgan ro’molini qo’li uchida tortar ekan, iymanib nabirasi tomonga o’girildi. Uning boshqa yoqqa qarab turganini ko’rib ro’molini shoshqin yechib, qayta o’radi. – Meni ko’nglim topadi. Akangni ho’y-fe’li yaxshi. Hozir ilgarigi oqibat qoptimi? Hamma o’z ko’mochiga kul tortadi.
– Ishlariyam boshidan oshib yotibdi.
– Sekin aytasanmi. Umring uzoq bo’lgur ishini tig’nab qiladigan chiqdi-da. Bunaqa o’qishni bitirgan yoshlar hozir davlatiga dam beradi. Boshlig’i bo’shab ketib bitta xotin kishi kelganmish-ku. Jirinkoz(10)ginami deyman, tindirmaydi-ya. Xotindan oqsoqol chiqsa, echkini ikki qirqtirarkan.
– Hamma gapga bir maqol-a, buvi.
– Ha, endi joyi kelsa aytarlik-da. Akangni qadriga yetavur. Ukalarim deb o’t kelsa o’tga kiradi, suv kelsa suvga. Qullug’chaga ancha yordam qildi. Man bor-yo’q, ishqilib… Opangniyam yakka tashlab qo’ymanglar.
– Hm, safarga chiqdingizmi?
– Hammamiz safarga chiqqanmiz, bolam. Meni mazgilim yaqin. Shuncha kun ko’rdim, yer bosdim. O’lsam g’iq etib yig’lamanglar. Qullug’niyam o’zing urishib turgin. Rizvonga qiyin bo’ladimi deyman-da. Salga voy-voy qiladi.
– Siz ham xolabuvimni bitta singlim deb naq jon bervorasiz-a?
– Aytgancha, erta ishdan chiqib, xolabuvingga bozor qilib kebbergin. Uniyam qorasi qoratog’. Bekturdi akalaring daladan kelolmaydi, shekilli. Suv talash emish. Keyin ujuv(11)ini topsang, ulardanam xabar olasan. Biram ko’rgim keladi yo’q bo’lmagur Bektoyniyey. Meniyam, Rizvonniyam kichigidan xola deydigan bo’ldi. Lekigin chol bo’lib yotibdi-ku, aqli kirmaydi.
– O’zingizni oborayinmi?
– Men etagimni og’irini zo’rg’a ko’taraman, bolam. Orasi ancha-da. Yo’l qayoqda-yu men qayoqda. Ukam rahmatlik tirik bo’lsa, Bektoyning oldiga uncha-munchasi tusholmasidi. Yo’q bo’ldi ketdi-ey. Biram mehribon edi, – kampir ko’ziga yosh oldi. Qisilgan tomog’ida ovozi xirqirab dedi. – Ikki tovoq mosh shopirib qo’ydim. Oborasan.
– Daysan tovoqdami?
– Daysan tovoq qoptimi hozir. Yelpishtovoqda.
– Buvi, daysan tovoq degani nima ?
– Yana so’roq-savolingni boshladingmi?
– Ha, nima qipti, ayting. Hov anavi kuni Meli tog’amning qizini chiqib ketishi bilan “daysan tovoqqa o’xshamay qol”mi dedingiz-ku.
– Bilmadim-e. Men nima deyman-u. O’shani esimga solding-da. Ko’rsam, xuddi mijib (12) o’ldirib qo’ysam deyman. Kennoying yomonam boshiga chiqarib olgan-da. Sirtini silashdan boshqa ishi yo’q.
– Bitta qiz deb papalaydi-da, – Turg’un o’z gapi o’ziga nash’a qilib kuldi.
– Qizning erkasi – itning serkasi. Hingir-hingir kuladi, shu kulgisini yo’q ko’raman. Ayyorligini aytgin. Orqam tutib turgan bo’lsa, qattiqqina urishib beraman-da. Tilining tagida til bor bu qizning.
– Ie, zo’r gap-da shu. Tilining tagida til bor degani nima? Gapirib turib boshqa narsa…
– Bo’ldi, sen bola. Undan ko’ra, xotiningni opkelishniyam o’yla. Qanchadan beri yuribsan. Taloq tushib bo’ldi allaqachon. Hali yarashadigan bo’lsang, eshonlar so’ratib olinglar, deydi.
Turg’unning ko’zidagi parillab turgan zavq allaqayoqqa yo’qoldi. So’riga cho’kib, uf tortdi.
– Ho’ bola, uf tortguncha Xudo degin, tavba degin.
– Namozingiz kechikyapti.
Kampir achchiq xo’rsinib, namozga kirib ketdi. Turg’un gulzorcha tomonga nazar tashlab, xayolga berildi.
Hovli barcha toza tuyg’ularning, baland va shirin orzularning uchi edi. Hovli bugun uning sahnida aylanib urinib yurgan serajin kampir buvisidan allaqachonlarda eshitgani, qulog’iga o’rnashib qolgani va keyinroq esiga olganida ularning nima ma’no bildirishi to’g’risidan ko’p o’ylagani – tagdor so’zlarini qay puchmoqlarida yashirib turgandek, agar qaznoq(13)qa osilgan kuvani, sholi solinadigan yog’och idishni, javdar tuyiladigan kelini, bir paytlar suvidishlik vazifasini qoyil qilib, endi tepaga osib qo’yilgan cheti uchiq tarraqovoqni va uning ichiga solinganicha qolgan cho’michqovoqni, qorni pachoq bo’lgan kichkina misqozonni yana nima-nimalarni olib chiqib ichiga boshni solgudek qilib gapirilsa, o’sha birda dono, birda pardasizrog’u nimhazil, birda uzun-uzun ohanglarga qorishiq, ne-ne odamlarning tilida uzoq-uzoq kun ko’rgan, ne-ne yillar, balki o’nlab asrlar, balki, undan ham ko’proq vaqtlar og’izlarda yayragan o’ynoqi jumlalarni sayrab yuboradigandek. Buvisi yana ham avvalgi aytganlarini aytmay qo’ydi. Unda shugina kampirning keksa onasi ham tirik edi-da, ko’pini o’sha bilan gaplashganida aytardi.
Xayoldagi hovli etagida qiyshayib o’sganu, xuddi mehnat qila-qila qarib beli bukchayganga o’xshab qolgan, keksaning kuni qursinmi yo shunga o’xshash aytilmish so’zlarni eslatadigan olmaning bo’yniga, ketguningcha bekor turma degandek, hayinchak osilgandi. Olmadan uch-to’rt qadam naridagi yarmi yerga botgan, sirti silliqlashib ketgan, yer asli kimniki, bizlarniki, ishonmasang kelib ko’r deguvchi ulkan ko’kish toshlar atrofida so’qmoq yo’lchalar ko’rinar, ularning biri o’ng tomondagi soyga, biri chap yoqdagi anhorga, yana biri qadim, bir yonga engash qiyshiq eshiklari ochilib yotgan uyga, boshqasi olma daraxti tagiga eltar edi. Yo’llarning hammasi o’ziniki. Izlarning hammasi ham o’z-o’ziniki edi. O’z dunyosi bor edi. Birov aralashmasdi. Birov indamasdi. Onasining o’rnini bosay deb, ne-ne kunlarni boshidan kechirgan o’zginasi boyaqishning tabarrugu g’animatligini unutgan, balki unutgan emas-u, bilmaydigandir, buvisidan bo’lak hech kimning u bilan ishi yo’q edi. Buvisi qiladigan ishning ham mag’iz-mag’zi u edi.
Yuragida olib yuradigan toza-toza dunyosi ham shu hovli edi. Undan qaraganda hamma kattalar yaxshi, aqlli ko’rinardi.
Eng zo’r odamlargina raismi boshliq bo’lishiga ishontirardi hovli.
Keyingi xotini bilan Zadaryo tomonlarga ko’chib ketgan otasini ham birda-bir kelib chaqirtirganida ko’rardi. Kelib-ketganidan keyin buvisining ich-ichdan pishib bir narsalar deb pichirlab, yuziga fotiha tortishini, yalanbuvi uyiga kirib ketganicha yo bog’ etagiga ketganicha ko’zini qizartirib chiqishini bilganidan otasini tumtayib kutib olib, tumtayib kuzatar, lekin baribir uni ham eng zo’r odam deb bilardi, yaxshi ko’rardi.
Dunyosi g’oyat go’zal edi.
Erta turmushga uzatilgan, ora-chora eshikdan yig’labmi-yig’lamsib kirib keladigan opasi Qutlibeka yotib qolgan kunlari hovli to’lib ketardi. Akasini dadasi hali onasi hayotligida katta shahardagi yotoq-maktabga olim bo’lsin deb bergan, shuning uchun akasi bilan to’yib o’ynagan kunlarini eslolmasdi. Yosh boshidan musofirlik zahmatini tortgan aka hozir uchma-uch yashasa ham, oilali, bitta bolali bo’lib olganicha shaharda ishlar, ishga botib, kam kelardi.
Buvisining Sottibi xolaga yig’lab qilgan hasratini qulog’i ilib qolib, qo’y boqqan kimsasiz joylarida ko’ziga jiq-jiq yosh olib yurganida Turg’un to’rtinchiga borardi. Kampir bog’dan chiqib kelgan nevarasini payqamay hasratga tushdi: “Eri qayoqdan ham o’gay xolam qizimizni so’rayapti, beraylik, debdi. Mana, gulday bolam yo’q bo’lib ketdi. Xolasi qursin, bir marta bittasini bering deb so’radimi. Birovga javdiratmasdim ham-ku. Bolam sho’rlik qizimni bersam, yana bitta qiz tug’ay, bermay desam, erim yomon ko’rib qoladi, deb, qo’y, yarimjonsan deganimga quloq solmay ikkiqat bo’ldi. Baribir qizi turmadi-ku. Bola jonga ora kirarmidi. Eri yomon ko’rsa ko’rsin edi, ersiz o’tsa o’tsin edi, eshigimda yursa bo’lmasmidi”.
Bir gaplar yodida qoldi. Keyin necha-necha kechalarni uyqusiz, qorong’i derazaga tikilib o’tkazdi. Sehrgar bo’lib qolsam edi, deydigan bo’ldi.
Xuddi o’sha yoz doim kelib turadigan tilanchi bilan qiziq ish bo’ldi. Kampir bu gal ham unga nimadir uzatgach, “Qachongacha yigit narsa bunaqa qilib yurasan, bitta hunarning boshini tutsang bo’lardi”, yana ul-bul dakki berdi. Tilanchi shundoqqina ochiq eshik ostonasiga ketini qo’ydi-da, peshonasiga shapillatib urgancha ho’ng-ho’ng yig’lamoqqa tushdi. “E ena, ishla-ishlamish-a, qismatkitobni bitmalari bitgan. Peshonam ham yozug’dan narisini ko’rmaydi”. Keyin unga yuzlangandi: “Hoy bola, pichoq opke. Bor angrayma, opke, shu peshonamni kesaman. Yozig’ini xatosini mo’mang to’g’rilab bersin-chi. Bor, opke.O’ho’-o’ho’, uvv-uvv”.
Turg’un urra qochib ketdi.
O’shandayoq qismatning bilgisiz yoqlarda – osmonning qay bir tomonlarida bitilishiyu o’zgarmas ekanini bolachasiga bo’lsa ham o’y qildi, ishondi.
Onasidan keyin singlisi Lolaxon ham ikki yoshga to’lay deganda o’lib qoldi. O’sha kunlarda Turg’unni Bekturdi akasining oldida ushlab turishdi. Keyinroq eshitib aqli yetishicha, qattiq ichikkanidan o’libdimish.
G’am-hasrat erta kelsa erta charchatar ekan. Yurakni bezillatib qo’yarkan. G’amdan nari bo’lishga urinar ekan odam tushmagur. Bir-ikki yo’lini topar ekan. O’zini quvnoq tutib baridan biryo’la qutulmoq bo’ldi. Har narsadan kulgi chiqardi, boshqalarning ko’ziga xushchaqchaq, yelhak (14) ko’rindi. Ichidagisi ichida bo’ldi.
Bir umr o’zini shunday tutib yurishga hoziru rozi edi.
Keyinroq bo’lsa… yana bari chirpirak bo’lib ketdi.
O’shandoq bo’lgunicha u vayronu talqon ko’nglini ovutmoq bo’libmi, o’zini kitobga andarmon qildi. Eski kutubxonada o’qimagani kam qoldi.
Eng katta kitob umrning o’zi ekan. Biram betlari bo’larkan, suratlari bilan, esdan chiqmaydigan, chiqarib bo’lmaydigan.
Uqdim deganning uqmagani shu ekan.
Sinamasiz farishtadan sinashta shayton yaxshi bo’larkan-a.
Shundoq-shundoq bo’ldi-yu, har narsadan kulgi yasab bo’lmay qoldi.
Ko’nglining qat-qatlariga bedavo dard cho’kdi.
Yuragiga biram chandiq yopishdi.
Ko’ksiga chang solganni bevafo deb bo’lmasa, vafodor deb bo’lmasa.
Yuragingga qo’ngan g’ubor ham davlatingday gap ekan.
Kampir namozdan chiqib so’riga cho’kdi.
– Burunda ikki qo’shni urishib qopti, bolam. Aytmagan so’zi qolmapti. Hech biri birini yengolmasmish. Axiyri bittasi tomga chiqib narigisini, “E, u kuningdan battar bo’l, nonida kulchasi yo’q, kirida ko’ylakchasi”, deb mot qilibdimish.
Turg’un yon bergan bo’lib miyig’ida kuldi.
– Siz ham, har kuni meni mot qilasiz. Ko’p narsa bilasiz-a? Aytmaganlaringiz qancha ekan? Ax, kunduzgida o’qimadim-da, institutda qolarmidim? Qadimgi qancha gaplarni to’plab kitob qilardim, olim bo’lardim.
Kampir ko’zini ariqqa qadadi. Nimadir deyishga chog’landi, lekin nabirasining uy tomon shaylanganini ko’rib, ko’zlari mo’ltiradi, gapini ichiga yutdi.

* * *

Quyosh har kungidan qattiqroq qizdirardi. Asfalьti o’ydim-chuqur bo’lib yotgan katta yo’lda mashinayu mototsikllar tarillab u yoqdan-bu yoqqa o’tib turardi. Darvozasi ustiga “Dobro pojalovatь”, keyin esa “Xush kelibsiz” yozuvlari osilgan maktab hovlisi ayni peshin bo’lganidan g’ala-g’ovurga to’la.
“Maktab bog’i” deb ataladigan tarafda – uch qavatli binoning shundoq ortida hali kuzni tan olgisi kelmayotgan daraxtlarning to’q yashil barglari orasida oxirgi shiralarga to’yingan rangdor olmalar ko’rinadi. Qator-qator daraxtlar tagida uch-to’rt bola xira tortgan ajriqlarni tepkilab aylanishib yurishardi.
– Bu beshyulduz deyiladi, to’g’rimi? – dedi bir bola ikkinchisiga hozirgina shoxni egib uzib olgani – qip-qizil olmani ko’rsatib.
– Hm, shunaqa, shekilli. Men bunaqasini yaxshi ko’rmayman. Oq olma bo’lsa ekan.
– Golden degin. Oq olmani golden deyiladi.
– Hi, o’sha.
Bola olmaning changini qo’llari bilan artib, kars etib tishladi.
– Voy, buning shirinligini qara.
– Botir, maralniy degani nima degani?
– Nima deysan?
– Maralniy?
– Bilmasam, qayerdan eshitvolding?
– Arslon akam armiyadan keldi-ku, kecha shunaqa dedi-da.
– E, bilmiman, oshna. Zo’r bo’p keptilarmi?
– Ha-da, armiya kiyimini ko’rsang. Menga aytdilar, shapkalarini kiydirib, rasmga tushirtirarkanlar.
– Shaharga oborib-a?
– Ha-da.
– O’-o’, mazza ekan-ku.
– Hm, keyin har kuni ertalab zanimatsa qilyapmiz.
– Nima qilyapmiz?
– Zanimatsa. Tushunmiysan-da. Trinirofkayam deydilar. Mashq qilish degani.
– Va-a, o’zingam bilmasding-ku. Endi akangdan o’rganvolib aytyapsan-da.
– Ruschani ancha bilvoldim. Endi Yayraxon ustozdan “besh” olaman, ko’rasan-ku.
– Xi-i, ko’ramiz-ku.
Bolalarga zimdan quloq berib, naridagi o’rindiqda o’yga botib o’tirgan Turg’un endi binoning o’ng chetidagi qizlar o’ynayotgan sahnga qaradi. Mahmadona bir qizaloq tenglari orasidan chiqib, besh-olti qadam narida turgan boshqa bir qizchaga qarab dedi:

Zarifaxon oyim,
“Ikki” olar har doim.
Peshonasi tirishgan,
Hamma bilan urishgan.

Zarifa deganlari labini burdi, mazaxlaguvchining alamini keltiradigan so’z qidirib labini o’ngladi, alangladi, keyin “e bor-e”, deya uzungina jamalaklarini silkib-silkib chopganicha nari ketdi. Qiz shu tomonga yaqinlab kelayotgan boshqa qizga yana she’r o’qidi:

Muslimaxon oyim,
“Ikki” olar har doim.
Peshonasi tirishgan,
Hamma bilan urishgan.

Turg’un zavqi kelib kulimsiradi. Darsga qo’ng’iroq chalindi.
Maktabning keng hovlisi tomonda esa bolalarning qiy-chuvi hali bosilmagan, lekin hamma birdek kirish eshigi tomon yuribmi chopib kelardi.
Ona tili darsida oltinchi “A”ga atoqli otlarni o’tib berdi-yu, gap ismlarning ma’nosidan ochildi. Hamma o’z ismining ma’nosini so’rab bilib ola boshladi.
– Ustoz, ko’p otlarimiz arabcha ekan-ku.
– Ha, shunday. Lekin tojikcha ismlar ham bor. Mana, Feruz, Umidalarning ismi tojik tilidan olingan. Ha, Baxtigulnikiyam.
– Ustoz o’zi o’zbekcha ismlardan ichimizda bormi?
– Sizlarda kamroq. O’tkirniki o’zbekcha. Uchqun, Qizlarxon, Tilak, Tursun, keyin Yulduz ham bor ekan.
Ismlarning egalari sinfdoshlariga g’ururlanib qaragan bo’ldilar.
– O’zbekcha otni hozir kam qo’yishadimi?
–Ha, kam qo’yishadi. Ko’pi eskirgan so’z hisob bo’lib qolgan. Oymomo, Poshshaxon, Turob, Meli – shunga o’xshashlar o’zbekcha otlar.
–Ustoz, meni otim nima ma’noni bildiradi? – so’radi oxirgi partada o’tirgan bola.
– Burhon… Burhon… Seniki arabcha edi… Burhon… Sen menga shuni vazifa qilib bergin-a. Hozir qo’limda ismlar kitobi yo’q edi. Ertaga aytib beraman. Sizlarga esa uy ishi bor. Mana, mana bu – sof o’zbekcha otlar lug’ati. Buni “Ismlar kitobi”dan ajratib, o’zim tuzib chiqdim, – Turg’un o’n-o’n besh varaqli, muqova deydigan joyi ham oq-qora yozuvdagi kitobchani ko’rsatdi. – Hammangiz navbat bilan olib ketasiz-da, o’tgan bobolaringiz, momolaringizning ismlaridan o’zbekchasini topib kelasizlar, topilganicha. Qani, kim ko’proq yozib kelarkin. Bunda sizga ota-onalaringiz yordam berishadi. Bilasizlarmi, “qarindosh-urug’” degan juft so’zning qarindosh qismi ona tomon qarindoshlaringizni, urug’ qismi ota tomoningizni bildiradi. Chunki qarindosh – qorindosh degani. Tushunarlimi? Siz har ikki tomondan ajdodlaringizning otlarini, sizga qanday qarindoshligini bilib olasiz.
Bolalar ertaga zo’r bir ishni qoyil qilib kelishlariga ishongancha, ko’zlarini katta-katta ochib, o’qituvchilariga tikilib turishardi.
Bola-baqraning ham salobati bo’larkan. Ishga kelibdiki, uni hammadan qattiq botgani shu bo’ladi. Bo’lmasa ne-ne tekshirar odamlar kelib-ketdi, ne-ne selektor otlik yig’ilishlarda direktori bilan borib tik turgan vaqtlari bo’ldi. Hayajon degani bolani o’qitayotganda bir boshqa bo’ladi. Bolalarning uvoqqinaliklari rahminimi, bir narsani qo’zg’aydi, beg’uborliklari es-hushini andarmon qiladi. “Bugun nima o’rganamiz?” deb turishlari-chi, ko’ngliga bir nimalar beradi. Partaqatorlar oralab yurganida ko’ziga mo’ltiragan jujuqchalarning oppoq ko’ngillarini kaftiga olib ehtiyotlagisi kelib ketadimi-ey. Qani edi, bir umr shundoq beg’ubor bo’lib qolishsa. Besh-olti yil o’tib, katta odam bo’lib ketishadi. Keyin…
Baribir hozir hammasi yaxshi…
Shuncha bola o’qituvchisining har bir harakatidan indiyot ( 5) olib tursa, qilt etib ko’rsin-chi.
Tanaffusda bino yo’lagi bo’ylab ketayotgandi, ortidan o’quvchilar chopib kelishdi:
– Ustoz, kitobni Tilak olvoldi. Bizga bersin. Biz yettitamiz bir mahalladanmiz-ku. Dushanbagacha hammamiz vazifani bajarib kelib, keyin boshqalarga berardik.
– Xo’p, chaqiringlar. Ana o’zi. Tilakjon, bularga beraqol. Sen dushanbada olib ketasan.
Tilak kitobni mahkam tutgancha, quvlik bilan dedi:
– Ustoz men olib ketaveray. Ertaga olib borib beraman.
– Yo’q, aytganni qil. Ber. Indinga olasan.
– Xo’p, – bola bo’yi o’zidan balandroq qaqajon qizga kitobni zarda aralash uzatdi, keyin chirt burilib chopib ketdi.
Bolalar o’qituvchisidan uzoqlashishdi.
Uyga taraddudlanib turgan chog’ Jo’ravoy majlis xabarini berib qoldi. Ha, rost shekilli, ana, oshxonadan beriroqda bir qancha ayollar to’planib turishibdi. U o’qituvchilar xonasiga qaytib kirib, tekshiradigan daftarlarini qo’liga oldi. “Majlisi boshlanguncha…”
Shu maktabda o’qib yurgan vaqtlarida o’qituvchilari avliyo ko’rinardi. Jussasi mayda bo’lganidan boshqa bola-baqra qatori kattalarni ulug’vor, haybatli ko’rardi. Keyinroq qarasa, juda unaqa emas ekan. Geografiya o’qituvchisi uvoqqina, matematika, fizika domlalari, sinf rahbari – hammasining bo’yidan o’ziniki balandlab ketgan, nazarida ularning hammasi yoshi ulg’aygan sari cho’kib qolgandek. O’n birinchi sinfda o’qishning oxirgi oylarini maktabni bitirganlariga ishonib-ishonmay o’tkazishar ekan, bir-birlariga ham, o’qituvchilariga ham doimgidan xushmuomala, mehribon bo’lib qolgandilar. So’nggi qo’ng’iroq kuni sinfdoshlari Qoraxo’ja tog’iga chiqib ketgan, u esa uyga kelib, olma tagidagi karavotda yostiqqa o’zini tashlab, osmonga qarab xo’rsinib-xo’rsinib yotgandi.
O’qituvchilar ancha ko’payib, u joy-bu joyda to’p bo’lib suhbatlashib turgan xonaga kotiba kirib majlis jiddiyligiyu tumandan odam kelishini, hamma shunga yarasha hozirlik ko’rishini, hatto, erkaklar galstuk topib taqib turishlarini tayinlab ketdi. Hamma majlis o’tadigan sinfxonaga yo’naldi. Yana oradan bir osh pishar vaqt o’tdi.
– Nima deyishardi. Yotoqqa o’quvchilarni tortish haqida bo’ladi-da. Mahallama-mahalla bola suramiz endi. Uff.
– Menimcha, majlis ungamas. Bu yilgi paxta yana yigirma kunda yetilarmish. Kechki sorti ekan. Ja nedavolen bo’lavermaylik. Shunchalik kechikkanigayam shukur. Qor yog’sa baribir tugaydi. Bizni vaqtimizda qorini silkitib ham terilardi. Hozirgi o’quvchilarga oson bo’p qoldi.
– Bo’lmasa nega kecha o’n-o’n birlarga darsdan ruxsat bervorishdi? Shuni kasriga, mana, davomat ham yetmish protsentga tushdi. Ko’p bolalar paxta boshlandi, deb o’ylayapti.
– Tayyorgarlik deyishdi-ku, eshitmadingizmi?
Boshqa bir o’qituvchi daftaridan boshini ko’tardi.
– Yo’g’-a, mana, Sanobar opa aytdiki, kecha ertalab “ertaga rayonodan sizlarga odam boradi”, deyishsa, bular “endi darslar otmen bo’ladi, paxta boshlandi”, deb tayyorgarlik e’lon qivorishibdi-da.
– Baribir endi paxta bir yoqli bo’lmaguncha darslarning tuturig’i bo’lmaydi. Lyuboy vremya yotoq boshlanadi.
– Boshqa nima gap bo’lsa ekan.
– Kecha majlis, bugun majlis. Nastreniyaniyam rasvo qilyapsizlar lekin.
Xona g’ala-g’ovurga to’lgandi. Hali rahbarlar yo’qligidan hamma bemalol edi. Buvisi aytganidek, har boru haydar yo’q.
Nihoyat, boshlandi. Ungacha Turg’un o’n birinchi “A” sinfning diktantini tekshirib, baholarini jurnalga tushirdi. Har galgidek oxirgi partaga o’tirib oldi, keyin kechagina shu xonada o’n birinchi “V” sinfga dars o’tgani, darsda qiziq gaplar bo’lib o’quvchilarning ichak uzilgudek kulishgani, qo’shni xonadan Dono opaning “Tinchlikmi?” deya chimirilib chiqib kelgani, o’quvchilar shunda ham o’zlarini kulgidan tiyolmaganlarini esladi. O’sha qiziq gaplarni yana yodiga keltirib, kulgisini kafti bilan yashirib o’tirgan edi, birdan o’rinbosar chopib kelib, hammani tik turishga undab qoldi. Har turli yoshdagi muallimlar buyruqni birday bajo qildilar. Direktor tuman bo’limining yoshgina vakilini ergashtirib kirib keldi. Vakil hammani bir ko’zdan kechirgan bo’ldi-da, pakana bo’yini baland ko’rsatishga intilgandek ko’kka cho’zilib, keyin o’zini viqorli tutishga behuda urinib, takalluf qildi:
– O’tiringlar, domlalar, – so’ng yonidagi direktorga yuzlandi. – Majlisni protokollashtirib borishsin, nimaiki gap bo’lsa, polniy hammasini yozishsin.
O’qituvchilar shuvillab cho’kishdi. Xona qo’shimcha stullar qo’yilib to’qson chog’li odamni sig’dirgan bo’lsa-da, suv quygandek jimjit edi.
Nihoyat, prezidium maqomidagi o’qituvchi stolidan turib, direktor yangi vakilning shu maktabga “rayonodan kurator” etib tayinlanganini e’lon qildi hamda uning bo’lim bilan maktabga qo’ygan poyqadamiga bir vaqtning o’zida qarsak chalib qo’yildi. Orqadagi bir-ikki o’qituvchilar qo’llarini bir-biriga ikki-uch bor yengil urib, yuzlarida achchiq istehzo ko’rsata boshlashdi. Keyin maktabda (xuddi shu rahbarlar yuqoriga o’tirmaguncha) nosog’lom muhit hukm surgandek, sog’lom muhitni yuzaga keltirish, yuqori organ topshiriqlarini so’zsiz va bexato bajarishga chorlovchi qisqagina nutq so’zlandi.
Yangi vakilga navbat berildi.
Yangi vakil, ayni vaqtda yangi kurator o’z nazdida yangi gaplar aytar, lekin bu gaplar shu – majlis uchun maqbul deb qachon tanlanganini hech kim eslolmaydigan xonada nechanchi bor qaytariq qilinayotir edi. “Bundan keyin yangicha ishlaymiz”, deya ta’kidladi notiq. Balandqanot so’zlar peshonalarga tirish solib, quloqlarni g’uvillatdi. Gap bilan hech narsani o’zgartirib bo’lmasligiga aqlimi, tajribasimi, farosatimi yetib turganidan ko’zlarning ifodasi o’zgarmadi. Qaytaga qotgan chakkalardan yuzlarga nishon qalqidi.
Hamma jim, ayrimlar shuncha odam oldida tik turib qolishga to’g’ri kelmasin deb, olazarak bo’lishar, keyingi vaqtlardagi hujjatlaridan o’zlari kamchilik qidirib, nima e’tibordan qolganini eslashga tirishishardi.
Gap gapga ulandi. Yoshgina va’zxon nasihat bilan dakkiga o’xshash darslardan yaxshi baho olgandek, maktabning bosh vazifasi borasida to’lqinlanib, toshiqib gapirar, darslar sifatini yaxshilashning usullarini istihola degan narsaning bo’ynini uzgancha uqtirardi.
Davomatning pastligi, yakka tartibda dars oladigan o’quvchilar, ularga dars berishga boruvchi o’qituvchilarning yallo qilib yurishgani, tarbiyasi og’ir bolalar, “spid” degan baloga chalinish bilan o’z joniga qasd qilishning oldini olishga undovchi yozma ishlar yig’ma ma’lumotlarining hanuz tuman bo’limiga bormagani masalalariga qaratilgan nutq uzayib, alla bo’la boshladi.
Birdan vakil: “Kimning shu masalalar yuzasidan gapi bo’lsa, rayonoga takliflarmi bo’lsa, marhamat, biz borligimizda aytsin”, deb qoldi. Ayrimlarga bu gap “majlis tamom” degan ma’noni bildirdi, bir-ikki yelimxaltalar shitirlay boshladi.
Shu chog’ Turg’un hammani o’ziga qaratib, “Menda bor”, dedi. Direktor shoshib o’rnidan turdi, savol nazari bilan vakilga qaradi. Vakilning ishorasi bilan,
– Marhamat, Yuldashev, – dedi so’ziga sirli ma’no berib: “Kimning ro’parasidaligingni unutma, og’zingga hushyor bo’l”.
– Assalomu alaykum. Men demoqchimanki… Xullas buni taklif deb tumangami, viloyatgami, yetkazilsa yo bir raddiya deb bilsalar ham mayli. Men shu kunda talab qilingan insholarning o’quvchilarga yozdirilishiga qarshiman. O’zim umuman yozdirmadim.
– Tushunmadim, qaysi inshoni nazarda tutyapsiz?
– O’zingni yoqma, dori ichib qo’yma, dorga osma, degandek insholar haqida.
Direktor battar shoshdi, o’ng’aysizlandi, vakilga yana bir qaradi-da, dedi:
– Yuldashev, siz bunga o’xshash shaxsiy fikrlaringizni o’zimizga bitta qog’ozga tushirib bersangiz, biz rayonodagi tegishli otdelga taqdim qilamiz. Hamma gapniyam bunaqa majlisga olib chiqilmaydi.
Turg’un tik qarab turaverdi. Ko’nglidan boshqa gaplar ham o’tdi. Endi biror oy orasida uning yaxshi o’qituvchi emasligini ta’kidlashlar, darslarini kuzatishga kirib-kirmay, hujjatlarini so’rab olib, keyin ularga qarab-qaramay po’stak qoqishlar, tanobini tortishlar, hayfsanbalo bilan po’pisalar… Lekin gapning xonasi keldi-da.
– Axir, biz bolalarning xayolida yo’q narsalarni aytaverib, esiga solsak, miyalariga joylab qo’yamiz. Keyin ular kimdan sal achchiqlangan vaqtda biz tanishtirgan yo’llarning biridan…
– Yuldashev, nima, siz bu yerda yuqoridagilarning topshirig’ini muhokama qilish uchun ishlayapsizmi? Bu sizning fikringiz. Hozir mayda gaplarga vaqt yo’q dedim sizga.
– Vohid aka, menimcha, bu mayda gap emas. Chunki…
– Mana, o’zingiz aytib turibsiz, “menimcha”, deb. Tushunganingiz yaxshi. Znachit, fikr o’zingizniki. Nega topshiriq kelganda srazu oldimga kirib aytmadingiz? Ikkalamiz rayonoga bog’lanib, takliflaringizni aytardik. Hozir boshqa gap bo’lyapti. Inspektorning qimmatli vaqtlarini olib o’tirmaylik.
Qimmatli vaqti olinayotgan inspektor, aftidan, o’z vaqti bahosini chamalab ko’rdimi qoshini bir ko’tarib qo’ydi, yanayam viqor bilan o’tirganlarga qarab chiqdi, keyin, o’rnidan turib, direktorga yuzlandi.
– Vohid Ibragimovich, aslida hali ikkimiz majlis temasida so’zlashganimizda bu yerga tashrif buyurishimga kim sabab bo’lganini bildirmoqchi edim. Lekin uning masalasini sizning xonangizda, men, siz va o’qituvchi – uch kishi o’tirib, birga razbor qilsak kerak, deb o’ylagandim. Situatsiya shunday bo’ldiki, imenno o’sha o’qituvchining o’zi juda kalta o’ylashini, ziyoli odamlarga xos fikrga ega emasligini ko’rsatib, problemani hozirning o’zida, hammaning ichida hal etishimizga olib keldi.
Ko’plar majlis e’lon qilinganida shundoq ham, “Turg’un biror narsa boshlamadimikan”, deb o’ylab qo’yishgan edi. Hamma unga o’girildi. Uyga ertaroq ketsam edi, deb o’tirganlarning uflari tortilgan, tinchgina ishlash o’rniga g’alva qo’zg’ayveradigan kasbdoshlaridan xafa, bugun to to’qqiz-o’nlargacha qolib ketish xavfi ortganidan xavotirda edilar. Kimdir rayono inspektorini ishlab turgan tinch o’rnidan betinch qilgan, shoshilinch majlis chaqirilishiga bois bo’lgan mahmadonani do’ng’illab koyidi. Bu yog’i nima bo’larkin, deydiganlar esa majlis qiziq bo’lib borayotganidan oyoqlarini tipirchilatib qo’yishmoqda edi.
Vakil davom etdi:
– Bu o’qituvchingiz, o’rganishimizcha, ona tili-adabiyotidan dars beribgina qolmay, o’zicha yangiliklar qilar ekan. O’quvchilarni, dars planini buzib, qayerlargadir olib borar ekan. To’g’rimi?
Turg’un birdan qaddini tik tutdi-da, vakilning ko’ziga botirib tikildi. O’tirganlarning ko’pi partaga ikki qarich qapishib ketishdi. “O’rligi qursin shuning”. Yon qatorda o’tirgan Muhabbat opa Turg’unning qo’lini silkib o’ziga qaratdi, ishora qildi: “Qo’y, shularga gap hayf. O’zingga yomon qilib qo’yasan”.
– Ha, olib chiqqanman. O’zimizdagi ijodkorlar bilan uchrashuv tashkil qildim. Lekin rejadan chiqqanim yo’q.
– O’rtoq direktor, bu o’qituvchingiz bir yil avval nimadir “chp” qilib ishdan ketadigan bo’lgan ekanlar. Shunda ham o’tgan yilning o’zida ekskursiyalar qilgan ekanlar. Bu yil hali yangi o’quv yiliga uch hafta bo’lmay, yana. Ruxsat olganmilar yo bu maktabda dars vaqtida sayr narmalniy holat hisoblanadimi?
Direktor vahimada olaygan ko’zlari bilan birinchi qatordagi o’rinbosarini qidirib topdi va qosh ko’tardi. O’rinbosar uqdi: “javobini sen berasan».
– Yuldashev ekskursiya qilishda hech kim bilan kelishmadilar. Umuman, bu kishi tartib-qoidalarni chaqagayam olmaydilar. Maktab programmasiga ko’pda amal qilmaydilar. O’sha kuni noto’g’ri chiqib ketyapsiz, desam, “Dars soatimiz bajarilyapti, o’quvchilar o’zimizdagi shoirlarni ham o’rganishsin, rejaga ikki soatgacha mustaqil o’zgartirish kiritish mumkinligini bilaman”, deb menga ham aql o’rgatdilar. O’zi bu o’qituvchimizni nima qilsam ekan, deb…
O’rinbosarning oxirgi so’zlari orasida titroq sezildi. Vakil dedi:
– Nega nima qilsam deysiz? Tak, to’xtab turing, shu keyingi gaplar otdelno yozilsin. Bu boshqa protokol bo’ladi, – zavuch deydiganlari qog’oz shitirlatib, yozayapman, degandek ruchkasini bir ko’tarib qo’ydi, vakil davom etdi. – Vohid Ibragimovich, darslarni kontrol qilish shu kishidami?
Direktor bosh silkib, o’rinbosarga javob berishini ishora qildi. O’rinbosar sal dovdiradi. Keyin tomoq qirib olib, tik qolgan Turg’unga qarab qo’ydi-da, gapga tushdi:
– Bu kishining pasportlarida familiyalari Yuldashev. O’zlarining dakumentlarini tan olmasdan, o’quvchilarning oldida bizni uyaltirib, savodsizga chiqargandek yo ustimizdan kulgandek, jurnalning hamma sahifasiga Turg’un Yo’ldosh o’g’li deb yozib chiqibdilar. O’quvchilarga ham, “Meni Yuldashev demanglar. Turg’un aka, denglar, familiyam Yo’ldosh o’g’li”, der ekanlar. Unda dakumentlarini o’nglab kelsinlar, o’nglolmadilarmi, teginmasinlar edi deyman-da. Ertaga generalniy komissiya kelsa, men javob beraman. Keyin bu kishi butun o’quvchilarni o’zlariga og’dirib olib, krujok o’taman, deydilarmi, beshinchi sinfdan o’n birinchigacha “Bizga ona tilidan shu ustoz kirsinlar, boshqasi bo’lmaydi”, deb ariza qilgani-qilgan.
Vakil uch so’qmoqqa ro’para kelib, ma’qulini tanlayotgan qahramondek, bir o’rinbosarga, bir Turg’unga, bir majlis ahliga qarab o’ylanib turdi-da, nimadir yodiga tushdi, chamasi, dedi:
– Siz bu yerga napravleniye bilan kelganmisiz?
– Yo’q.
– Xo’sh? Unda qanday?
– Shundoq katta yo’l bilan diplom ko’tarib kelganman.
– Savolga to’g’ri javob bering! Ilmoq gaplaringizni o’quvchilaringizga aytasiz!
– …
– Kim ishga olgan? Vohid Ibragimovich, sizmi?
Direktor bir silkindi:
– Yyo’q, mengacha olingan.
O’tirganlardan biri luqma tashladi:
– Oldingi direktor.
– Oldingi direktor? Qarindoshmisizlar?
– Yo’q, qarindosh emasmiz.
– Men bu yoqqa kelishda sizning delongizni o’rgandim. Nega dars soatingiz birinchi yil kelganingizdayoq ko’p bo’lgan? Direktorga krupniyroq potxot qilganmisiz? Yashirmang. Eski rahbaringiz endi yo’q-ku.
– Unday emas. Bilmadim.
– O’rtoq zavuch, bu o’qituvchingizning mehnat intizomi qanday? Dars qoldirish, progul, kechikishga o’xshash narusheniyelarga yo’l qo’yib turadimi?
Zavuch yozishdan to’xtab o’rnidan turdi.
– Unaqa holat kuzatilmagan. Mehnat intizomiga yuz protsent amal qiladilar, deyolmayman-u, lekin vaqtida kelib, vaqtida ketadilar. Mana, men o’zimga metka qilib boraman. Bizda yuzdan ortiq o’qituvchi bor-ku, shunga har kunlik kechikish, dars qoldirish, balnichniyga ketish, hammasini belgilaymiz.
Vakil uzatilgan daftarga tikildi.
– Ptichka qo’ygan ekansiz. Ikki marta. Nima bu?
Zavuch izoh berdi. Vakil yana Turg’unga yuzlandi
– Nega shuncha ona tili fani o’qituvchilari bo’la turib shu yerga ishga kirdingiz? Boshqa maktablarga borsangiz bo’lmasmidi?
Oldingi partalardan Muhammad akaning ovozi chiqdi:
– Endi… Dars hammaga yetadi. Bu yigitning uyiyam yaqinda-da. Keyin o’zi o’qigan maktab. Gapning ochig’i, menimcha, ancha-munchasidan yaxshi dars beradi. O’zi zolotoy bola lekin.
Direktor uni to’xtatdi:
– Xolmatov, siz ruxsat berilganda gapirishni o’rganing. Keraksiz joyda nima qilasiz burun tiqib? Zolotoymi, boshqami. Doim padvadit qilib yurasiz.
Muhammad aka joyiga o’tirdi.
Vakil qovoq uyib dedi:
– Yuldashev attestatsiyadan necha ball bilan o’tgan? Fanini yaxshi biladimi?
– O’zlarini predmetlari bo’yicha ballari 94 ball.
Kasbdoshlari orasida ko’rsatkichdan bexabarlar bor ekan, chog’i, tomoq taqillatishlar eshitildi. Amaldor davom etdi:
– Lekin pedagogik psixologiyadan bilimlari yaxshi emas.
Vakil direktorga yuzlandi.
– Vot, ko’rdingizmi, problemaning ildizi qayerda? Siz o’qituvchilarning ma’naviy savodxonligini oshirish uchun maxsus soatlar tashkil etishingiz kerak. Bu bir-ikki marta emas, pastayanno o’tkazilishi kerak. Hali bunaqa yosh, praktikasi kam o’qituvchilar oramizda qancha ekan. Davr bilan hamnafas bo’lmagan, pedagogikani bilmagan o’qituvchi oqsaydi. Eng yomoni, yosh avlod tarbiyasini ham cho’loq qiladi. Bu o’qituvchiki, dakumentlar bo’yicha ish yuritilishini tan olmayaptimi, demak, u ma’naviy buzg’unchilik qilishga qodir. Tem boleye, ona tili-adabiyot o’qituvchisi! Bunaqalarni tartibga chaqirish, o’z vaqtida xurmachasiga tiqib qo’yish hammamizning burchimiz! – vakil Turg’unga qaradi. – Sizning dars vaqtida qandaydir odamning uyiga o’quvchilarni boshlab borganingiz bo’yicha bizga jaloba tushgan. “Bu o’qituvchi bilganini qiladi, xohlaganda maktab programmasini buzadi”, degan mazmunda.
– Aytdim-ku, biz bir soatlik darsni sayohat darsi qilib shoir bilan uchrashishga bordik. Bor gap shu, – u qovog’ini solib oldi, ovozi ham odatdagidan battar do’rilladi.
Vakil direktorga o’girildi.
– Qishloqlaringda shunaqa znamenitiy yozuvchilar ko’pmi ja?
Direktor istehzo aralash dedi:
– Yo’g’-e, agar arziganida kitobga kiritishgan bo’lardi-ku.
Vakil Turg’unga qaradi.
– Nega kitobdagi temalar qolib, o’quvchilarni boshqa narsalarga chalg’ityapsiz? Shahar bedarvozami sizga?
– Chalg’itganim yo’q. Hamma mavzularni o’rganamiz. Faqat shu Vali Darxon shoir bolalar uchun yaxshi she’rlar yozganiga u kishi bilan uchrashib, o’quvchilarimni suhbatlashtirib keldim.
Orada chiroq o’chdi. Kimdir yondirgichidagi fonarchani yoqdi. Maktab qorovuli ikkita sham o’rnatib ketdi. “Svet shunaqa ko’p o’chadimi?” deb so’radi vakil og’rinib. Direktor chaynaldi. “Har kuni”, dedi kimdir. Yana boshqasi, “Kunda ikki mahal bir soatdan o’chirishadi, paxta sushilkalari ishlashni boshlasa, umuman svet berishmaydi”, dedi, chamasi, qorong’idan kuch olib.
Yosh vakil yana Turg’unga qaradi:
– Shoiringiz bilan uchrashuvni maktabda krupniy planda tashkil qilsangiz bo’lmasmidi?
– Shoirim ancha qariganlar. Keyin poytaxtdan kelib, she’rlarini olib, qo’shiq qilib aytishganida, biz o’lib ketishlarini kutmasdan suhbatlarini olsak, yomon yeri yo’q shekilli.
– Juda zarur bo’lsa, abetdan keyin ekskursiya qildirib olib bormaysizmi?
– Axir dars rejada ham sayohat soatlari bor-ku? Men uni o’zimizga ma’qul mavzuga moslashtirib oldim, xolos. O’quvchilar jiddiy o’rganishsin, dedim.
– Qoyil, agar hamma o’qituvchi ish planini o’ziga moslashtiradigan bo’lsa, rayono bilan oblonoda o’tirganlarga ish qolmabdi-da, – vakilning ko’zlarida xavotirmi, nimadir yiltilladi. – Mojet planlarimizni polnosti ko’rib berarsiz?
Turg’un majlisda bo’ynidan bog’langandek o’tirganlarning devorda aks etib turgan katta-kichik soyalariga qaradi.
– Bitta sinfni olib borganmisiz?
– Yo’q, uchta o’n birinchi sinfni.
Kimdir piq etib, kim ovozsiz kuldi.
– Bir kundami? Ja zo’r bo’pti-ku. Shunday qilib necha soat dars o’tilmadi?
Turg’unning o’rniga zavuch deydiganlari javob berdi
– Yo’q, ikki kun ichida. Uch soat.
– Uch soat? Vapshe kashmar! Borib turgan vijdonsizlik bo’libdi.
O’zini kayvonilardan sanab yuradigan, halidan beri kim nima desa o’sha tomonga o’girilib, ko’zoynagini bir yechib, bir taqib o’tirgan o’qituvchi ayol yonidagi hampartasini turtib, “Ana, ko’rdingizmi?” degandek ishora qilardi. Yonidagining g’ashi kelar, lekin nimadir deyishdan tiyilib, burnini jiyirib qo’yardi. Kayvoni ancha tadorik ko’rib turgan edi, shart turib gap boshladi:
– Vohid Ibragimovich, Maylimi men gapirsam?
Direktor betartib o’qituvchilaridan xijolatlangan qiyofasiga ruxsatmi degan yana bir ifodani qo’shib, vakilga yuzlandi. Vakilning boshi irg’aldi.
– Men bu maktabda o’ttiz yildan beri ona tili-adabiyot fanidan dars berib kelaman. Ruqiya Yusupbayevaman. Shuncha yil postepenna bir joyda ishlab uncha-muncha tajriba orttirdim. Bu kasbning issiq-sovug’idan, maktabning baland-pastidan yaxshi xabardorman. Hali o’qituvchi kam vaqtlarda ikki smena ishlagan, Ogohlik bo’yicha ishxonamizni qo’riqlash uchun nochnoyga dejurlik qilib qolgan kunlarimiz ham bo’lgan. Besh yil avval, u mahalda direktor Orif Isanov edilar, o’zi bizga ona tili darslari yetishmay yotgan paytlar edi, shu Turg’un Yuldashev ish so’rab keldilar. Direktor bir og’iz maslahat qilmay, bu kadr qanaqa ekan, deb o’tirmay, o’n bitta ona tili o’qituvchisi ustiga ishga oldilar.
Vakil iyagini ushlab turgan qo’lini birdan yuqori ko’tardi.
– To’xtang, opa. Nega o’shanda direktoringizga tushuntirmadingiz?
– Yo’-o’q, kirganman. Yangi o’qituvchi olmang, o’zi dekretnoyda o’tirgan ikkita o’qituvchimiz bor. Bittasi yaqinda ishga chiqar ekan, deb darsini zamesheniye qilib o’tib yuribmiz, dedim. Quloq solmadilar. Bitiruvchilarning darsini polniy shu kishiga ishondilar. Hayron qoladigani – Yuldashev o’shandan beri o’n birinchilarga dars berib kelyaptilar. Mana ahvolimiz. Bu kishi bo’lsa… Manimcha, uje o’zlariga ish plan tuzib ham olgandirlar. Bir kuni “Shu programmalarimizni kim tuzadi o’zi? Yangilashga taklif kiritsak bo’larkan”, deb meniyam tortmoqchi bo’ldilar. Mening o’z fikrim bor, kim nima desa ketaverarmidim. U kuni dars mahalda xonalarida shovqi-i-in-suron bo’lib ketdi. Kirsam o’zlari ko’rinmaydi. Qanilar o’qituvchi desam, o’quvchilar doskada turgan bir portretni ko’rsatishyapti. “Bu nima maynavozchilik?” desam, “Maynavozchilik emas, yangicha dars. Esda saqlab qolish uchun zo’r usul”, deydi o’qituvchi stoliga o’tirib olgan o’quvchi. Keyin orqa partadan bu kishi turib keldilar. Kap-katta odam o’quvchi rolini o’ynayotgan ekanlar. Doskadagi portret o’zi haqidagi ma’lumotlarning to’g’ri-noto’g’riligini o’quvchilar bilan birga tasdiqlab yo inkor qilib turarmish. Qanaqa qilib, desam, aytishmadi. Birpas kirib o’tiringmish. Birovning darsiga bunaqa duch kelgan vaqtda kirolmayman axir. Agar rahbariyat vaqtida qarab, vigovormi berganda, bugungidek…
Vakil so’radi:
– Yuldashevning darsiga necha marta kirgansiz?
– Uch-to’rt marta.
– Xo’p, siz nima deysiz, o’quvchilarga biror narsa bera oladilarmi?
– Men yonlaridagi xonada dars o’tib turganimda shovqin bo’lib ketgani uchun yo nimadir ish bilan kirganman. Haligi… o’quvchilarning krugozorini…
– Yo’q, dars analiziga kirganmisiz, baholab bering, demoqchiman.
– A… analizga… yo’q. Chunki… Bu kishining darslarida o’quvchi bilan o’qituvchi orasidagi subordinatsiya yo’qolib ketadi. To’g’risi, dars ham bir o’yin bo’lib tuyuladi. Shungami, kirgisi kelmaydi odamning.
– O’rtoq direktor, yana ona tili fan o’qituvchilaringizdan kimlar bor? Boshqalar bilan ham Yuldashevning munosabatlari yaxshi emasmi?
Hammani sevintirib birdan chiroq yana yondi.
Direktor tag’in o’rinbosariga qaradi. O’rinbosar yonga alanglab, o’ttiz besh yoshlardagi baland bo’yli ayolga ishora qildi. Ayol sirg’alib sekin turdi.
– Xo’p, kimligingizni tanishtiring.
– Men Alimova Klara, ona tili adabiyotdan 8-sinflarga dars beraman.
– Xo’p, Yuldashev bilan munosabatingiz qanday?
– Oldin… yomon edi, hozir yaxshi. Ishga yangi kelgan vaqtlaridayoq direktorimiz mening xonamni bu kishiga berib qo’ydilar. Men bir yil avval o’sha xonaga katta pul rasxod qiluvdim. Plakatlarim ancha bilan bituvdi. Yuldashev kuzgi kanikuldan keyin men byulletenga chiqib, banissada bo’lganimda hammasini yangilab, men qo’ygan jihozlarni tashlab yuboribdilar.
– Yuldashev, shu to’g’rimi? Nega tashlab yuborasiz? O’zlariga qaytarib bersangiz bo’lmaydimi?
– To’g’ri. Qaytarib berganim bilan baribir ishlatolmasdilar. Pannolardagi yozuvlar o’zgargan alifbe bo’yicha yozilmagan ekan. Noto’g’ri alifbe o’quvchilar xotirasida saqlanib qolishi mumkin. Shuning uchun olib tashlaganman. Orqa tomoni ham ishlangan pannolar edi, – Turg’un chimirilib javob qildi.
– Baribir odobsizlik bo’libdi.
– Xonalarini jihozlashda yordam berishimni aytganman. Lekin hali jihozlamadilar
– Xona tegmayapti-ku, qanaqa qilib jihozlayman?
Vakil yana direktorga qaradi:
– Tushunmadim, xonalarni qanday taqsimlaysizlar o’zi?
Zavuch deganlari o’rnidan turdi:
– Xonalar kuratorligi bor o’qituvchilarga beriladi. O’sha sinf bilan birga jihozigayam, tozaligi, pojarniy holatidan tortib hammasiga javob beradi.
– Tushunarli. Vohid Ibragimovich, sizdan so’ramoqchiman. Nega yosh kadrga siz bitiruvchilarning ona tili-adabiyot darsini ishonib topshirdingiz? Axir, opitniy o’qituvchilarning hurmati bo’lishi kerak-ku?
– Ha-ha, to’g’ri. Ochig’i, bu kadrni har yili paxta mavsumida qiyinchilik bo’lavergani uchun yuqori sinflarga darsga qo’yganmiz. Chtob ertaga yotoqda o’quvchilar o’qituvchimiz deb tan olsin deganmiz. Oldingi direktor ham shuni ko’zlagandir. Ayollarimiz – yaxshi o’qituvchi. Lekin na yagana, na terimda bularning birortasi bolalarni olib yotoqda yotolmaydi. Ayniqsa, o’tgan yili bitiruvchilarimiz to’qson kun paxtada bo’lishdi. Shu vaqtda mana shu erkak domlalarimiz turib berishadi. Lekin, agar… Hali pedsovet ham chaqirib Yuldashevning masalasini ko’rib chiqamiz. Bizga muhimi – dars, tarbiya. O’qituvchilikka munosib bo’lmasa, ish planni buzsa, bunaqa o’zboshimchalik qilaversa, albatta chorasini ko’ramiz, – dedi u.
– Bu masala netolka maktabda, rayonodayam ko’riladi. Keyingi hafta seshanba kuni Yuldashevni soat o’nda rayonoga yetkazishga mas’ulsiz. Mudirning shaxsan o’zlari bilan hal qilamiz. Tushunarli-a, Yuldashev?
Birdan o’rtada o’tirgan ayollardan biri shartta o’rnidan turdi.
– Vohid aka, maylimi ikki og’iz gapirsam? Uzr, vaqtinglarni olmayman. Men ham ona tili o’qituvchisiman. Turg’unjonning darslariga ko’p kirganman. Tahlil daftar to’ldirishgamas, dars texnikalarini o’rganishga. U bilan bemalol faxrlansak arziydi. Agar bola o’qitish masalasi birinchi planga chiqqanida bu o’qituvchimizning oldiga maktabimizdagina emas, rayondayam hech kim tusholmasdi. Bilimi kuchli. O’quvchilarki shu kishini tanlayaptimi, demak, bizdan ko’ra bolalarning ko’ngliga ko’proq u yo’l topyapti. Shuni ham hisobga…
Direktor uni ham so’zlashdan to’xtatdi:
– Hozir biz bu yerda kim kimning ko’ngliga yo’l topayotganini muhokama qilmayapmiz. Problema qayerda? Tartib-qoidalarning buzilganida. Bilimi yaxshi bo’lsa, yutuq o’ziniki. Undan hech kim tortib olib qo’ymaydi. Lekin zo’r ekanman deb bilgan ishini qilmaydi-ku. Yuqoridan olinsin degan insholarni olmasa, dars vaqtida ko’chama-ko’cha yursa. Keyin siz ham navbat berilganda gapirishni o’rganing. O’zi ayollar ko’p joyda ishlash bizga qanchalik qiyinligini o’zimiz bilamiz. O’tiring, sizga tushunarlimi, Yuldashev?
Ayol tap etib joyiga o’tirdi. Turg’un “ha”ga ishora qildi, stulga cho’kib, qandaydir kitobning bukilgan sahifasini ochgancha, o’qimasa ham tikilib oldi. Biroq vakil uni yana turg’izdi.
– Hozir ekskursiyalaringiz haqida zavrayonoga bitta obesnitelniy yozasiz. Qarang, menga qarang, sizga qanday yozishni o’rgataman, tuman xalq ta’limi bo’limi mudiri N. K. Pashshaxadjayevga deb boshlaysiz. Familiyani to’g’ri yozing lekin. U kishi cho’tkiy ishlab o’rganganlar. Xatingiz qaytib kelib ishni ko’paytirmang tag’in.
Turg’un qovog’i uyilganicha bilinar-bilinmas bosh irg’adi.
– Endi boshqa masalalarga o’tsak. Bu yilgi olimpiadani har doimgidan ham samarali o’tkazish to’g’risida oblonodan alohida topshiriq bor. Endi tanlab olingan o’quvchi bilan individualniy ishlash…
Majlis kech tarqaldi. Rosa cho’zilgani bilan bir tuzuk mavzusi ham, yakuni ham bo’lmadi. Turg’un hammaning ketidan chiqar ekan, direktorning Jo’ravoyga imo-ishora qilayotganini ko’rdi. U qancha orqada qolib rahbarlarga ko’rinmaslikka tirishmasin, bo’lmadi. “Mashinaniyam maktabiga malay qilib olgan bular. Birortasi besh tiyin pul qo’shibmidi. Eshshakarava qivoradi”. Jo’ravoy Turg’unni bir turtib, zarda bilan direktor tomon ketdi. Ayrimlar tushunarsiz to’ng’illar edilar. Yomon bo’ldi-da, Jo’ravoy endi necha kun gapirib yuradi. Axir ana u mahmadona vakilni shaharga eltib qo’yish kerak.
U jinko’cha tomon yurdi.
Tuni bilan hayhotday hovlida yolg’iz qolgan buvisini o’ylab chiqdi. Avvallari qo’ni-qo’shnilar bilan uzoq-uzoq suhbatlashib o’tirardi. Endi tenglari tugul, undan besh-o’n yosh kichikroqlar ham bir-bir o’tib ketishyapti.
Qaysi kuni derazadan kuzatib turdi: buvisining harakatlari chaqqon, g’ayrati ko’p, lekin belini ushlab-ushlab qo’yadi. Shu yoshida xizmatini qilib duo oladigan kelin bo’lmadi-da Oydin.
Uzoq o’yladi. Tong-la Oydinni olib kelish uchun borishga qaror qildi.
Biroq tong – tong edi. Butkul boshqa ranglarda edi u. Turg’un oqshom o’ziga bergan va’dasi uchun o’zini yomon ko’rib ketdi. Soqol qirayotganda oynadan uyaldi. Ko’chada Oydin bilan yetaklashib yurishi-yu orqasidan Yigitalining yetib olib o’tib ketishini ko’z oldiga keltirdi.
Tushgacha u-bu ishlar bilan andarmon bo’ldi. Kun peshindan oqqanda buvisi necha kunki, qiblaga qarab, “Havo yog’ib qo’ymasa bo’ldi”, deb tashvishga tushayotgani uchun tomdagi shaftoli qoqisini yig’ib olishga urindi. Narvonga oyoq qo’ydi. Uch-to’rt qadam yuqorilagach, birpas to’xtab turdi-da, bir pog’ona pastga endi.
– Tomning kandigida (16) ilon bor ekan, buvi.
– Ilon deysanmi?
– Ha, tilini chiqarib meni masxara qilyapti.
– Tilini chiqargani menga tegma degani. “Jonivor, senga ziyon yetkazmiyman, sen ham menga ziyon yetkazma”, degin. Tush, bo’ldi, boshqa vaqt chiqasan. Uyam bola-chaqasiga ul-bul opkiraman, deb chiqqan-da.
– O’ldirsam-chi?
– Nima qilasan o’ldirib?
– O’zi nima qiladi bizning uyda?
– Kim aytdi senga bu uy seniki deb? Bir o’yla-chi, birov shunaqa dedimi?
– Xo’p, tavba qildim, sizniki, – Turg’un miyig’ida kulgan bo’ldi.
– Menikiyammas, – kampir peshayvon qirg’og’idagi yog’ochg’altak atrofida g’ing’illab yurgan sariq ariga ishora qildi. – Pashshadir, chivindir, chigirtka, qurt-qumursqadir – hammasining uyi.
– Qayoqdagi gaplarni aytasiz-a, buvi.
– Nimaga qayoqdagi gap bo’lsin? – kampir ko’rsatkich barmog’ini vassa terilgan shift to’siniga to’g’riladi. – Hu anavi vahmakni ko’rdingmi, udir, ana u kuni yerto’ladan olib chiqib tashlaganing bor-ku, chayondir, itdir, mushukdir, ana u ayvondagi sigir bormi, echki-uloqmi – o’shalarning uyi.
– Buvi-i.
– Ha!
– Haliyam yosh bola deb bilasiz-a?
– Yosh bolasan hali.
– E-e, meni rosa boplagansiz o’ziyam. Ilgari muzqaymoq olib berganingizda, uni qayerdan opkelishadi, desam, bulutlarni ko’rsatardingiz. “Samolyotda optushishadimi”, desam, “Ha”, derdingiz.
– Nima bo’pti?
– Endi ertaklaringiz ham kattalarga mos bo’lib o’zgaripti-da.
– Sen hali ishonmay yuribsanmi? Rostdanam muzqaymog’ing bulutdan bo’ladi.
– Rosa kulgiga qolganman. Ikkinchi sinfmidim, Boyqo’zi domlamiz kulib-kulib aytib bergan, “Muzqaymoq sut bilan shakardan bo’ladi”, deb.
– Nodonsan hali. Oliyga o’qib diplom olganing bilan mening maktabimni bitirolmaysan. O’sha shakar ham, sut ham bulutdan bo’ladi.
Turg’un xaxolab kuldi. Keyin jiddiy tortib, bir nimalarni esladi.
– Buvi, o’shanda muzqaymoqni bidonda opkelishardi-a? Bidon yog’och bochkada bo’lardi. Bochka bilan bidonning orasida katta-katta muzlari bo’lardi. Muzqaymog’i shunaqa mazaliydiki. Biz oshnalarim bilan orolni aylanib aroq, pivo ichib ketgan odamlardan qolgan shisha idishlarni yig’ishtirib kelardik. To’rtta shishaga bitta muzqaymoq olsa bo’lardi. Samijon aka bidoni ichidan qoshiqda olib qog’oz idishga solib berardi. Mening o’sha muzqaymoqchiga rosa havasim kelardi. Unga mazza, muzqaymoq yegisi kelsa, idishi to’la, derdim. Lekin shuncha poylab, yeganini hech ko’rolmaganman. Gavdali, baland bo’yli odam edi.
– Sekin gapirasanmi. Rahmatli Bodomchaning beshta o’g’li boridi. Turonboy, Suvonboy, Teshavoy, Samijon, Valijon. Hammasiyam gavdali yigitlar bo’lgan. Naq arslon deysan.
– Biror narsa esingizdan chiqmaydi-ya. Otlarida adashmaganingizni-chi. Hozir ham Samijon akadan boshqa hammalari bormi?
– Yo’q-da. Teshavoy bilan Valijon ikkovisi bor, Laylakuyada dadasi ekib qo’rg’oncha qilib ketgan bog’da qo’shni o’tiradi. Samijon tushmagur soyga oqib o’lib qoldi. To’ng’ichlari Turonboy bo’yniga bitta ko’k yara chiqqani bahona, erta kunda uyam omonatini topshiruvdi. Suvonboyi o’ziga javr qilib kattalar bilan olishib, mana, qaro yerda yotibdi. Bolam, umrniyam uvoli bor. O’zining jonini asramasa, odam deganga bu boshni nimaga beribdi. Birov bilan olishib, sira bo’yni yo’g’onlik qilmagin. Xudo u dunyoga bir joyi ezilib borganlarni so’roq qilarmish. “Men senga butun tana berganidim, qani?” dermish.
– Buvi, bo’yni yo’g’onlik qilsam nima bo’ladi?
– Dard bo’ladi, balo bo’ladi.
– Bo’ldi, ayting. Nega tili uzun yo boshqa narsa demay shunaqa deyisharkin-a?
– Dorga osar zamonlarning gapi bu. Poshsho bilan uning odamlariga ters gapiradiganlarni, “Ja gapirding, ossa o’lmaysanmi, bo’yning shuncha yo’g’onmi?” yo “Bu dorga ossayam o’lmaydi, bo’yni yo’g’on-da”, deyisharkan. Shu. Bo’ldi, gapni ko’paytirmay ilonga qara-chi, ketgan bo’lsa, qoqini optush.
Turg’un narvonga oyoq qo’ydi.
– Ketibdi.
– Odam bor joyda ilon bo’ladi-da, – kampir tomga chiqqan nevarasiga dalda qilib ovozini ko’tardi. – Joni qattiq bo’ladi ilonlarning. Ilon odamni ko’rganda, “Bo’yi qursin-ey, muncha baland bo’lmasa, tikka turishini-chi, turqiyam biram sovuq”, dermish.
– Qovoqpeshning orasida po’sti qopti, olib tushaymi?
– Yangimi?
– Bilmasam.
– Qo’lingni tekkiz-chi, sinib ketmasa hozir tashlagan bo’ladi. Yo’q. Ko’pam hozir tashlamagan. Vaqti emas.
– Vaqti qachon ekan? – Turg’un kuldi.
– Bir oy-bir yarim oycha bor.
– Eski ekan, qurib yotibdi.
– Ha, tuzuk. Ko’klamgisi yaxshiroq em bo’ladi. Xudoning bergani buyam. Qoqingni tashlab tushaver. Men bo’zdan xaltacha tikib beray, o’shanga solasan, ezibichki qip qo’yaman, – kampir ichkaridan igna-ip, oq latta olib chiqdi.
Turg’un qopni pastga irg’itib, tomdan tushdi. Buvisining qo’lidan yangi bitgan xaltachani olib yana chiqdi, ilon po’stini xaltaga joylab, bandini tortib, og’zini yopdi. Narvondan tusha turib dedi:
– Ilgari bedazorlarda mol boqib yurganimizda oshnalarim ilonlarni rosa ko’p o’ldirishardi. Dumidan ushlab simyog’och simiga irg’itishardi. Nechtasi tepada tok urib yopishib osilib qolgan, nechtasi ikki bo’linib tushib kelgan.
– Sen-chi, qo’shilarmiding?!
– Yo’q. O’ldirmaganman.
– Tomoshasini ko’rganman, degin.
– …
– Xudo yaratgan maxluqning jonini olib nima topish(17)? Hammasining so’rovi bor. Bir jonga azob bersang, o’zing ham azobingni tortasan. Bir mahali, unda ayang ikkinchida o’qirdi, Xuzrum tomondagi sigirlarga kasal kelib, besh-oltitasi o’libdi. Keyin egalari ko’mishga joy topolmay toqqa chiqarib pat-pat yurar joygacha obborib, qarg’a-quzg’ungayam ovqat kerak deb chuqurroq joyga tashlab kelaverishibdi. Ertasi yana bir sigir bilan buzoq o’lgan ekan, Yandashali tegirmonchi bo’lardi-ku. Ko’tarmaning boshidagi. Eslaysanmi?
– Ha, ha.
– O’shaning gursillagan bir akasi bo’lardi. Gapirsa hammayoq guldirab ketardi. O’sha o’zim tashlab kelaman, deb boribdi. Qarasa yo’g’onligi mana shu kuviday keladigan ilon uch-to’rt kunligida o’lgan buzoqchani yutayotganmish. Og’zi yumilguncha qarab turibdi. Yutib bo’lganda o’zini eplolmay birpas-yarimpas turadi shekilli-da, traxtiridan panshaxa opkelib ilonga tiqib-tiqib qiynabdi. Ko’zi qotib, dumi buralmay qolganda qaytibdi. Kelib, “O’ldirdim”, deb hammaga maqtanibdi. Besh-olti kun o’tib qiziqibmi, nechayam kishi atay ko’rgani borishsa, ilon yotganmish-u, yeganini hal qivorganmish, do’ppaygan joyi yo’qmish. Boshi ham qayerda qolgan bo’lsa, o’sha yerdan qimirlamaganmish.
– O’lmabdimikan?!
– Endi bu yog’ini eshit. Yon-veridagi o’n chog’li o’lik mollarning birortasi yo’qmish.
– Ilonning sheriklari kelib yegandir-da, a?
– Ha-da. Yana kim bilsin, qaysi maxluq kelib yegan. Tilov podachi ilonlar odam isi yo’q joyga sudrab ketgan degan edi. Bilmasam endi. Keyin uch kun o’tib, Yandashalining akasini, oti Boltavoy edi, qidir-qidir qip qolishdi. Birovi dashtga ketganmikan, shu yoqqa qarab o’tiradigan bo’p qoluvdi, birovi g’alatiroq gapirib yuruvdi, deydi. Ota-enasi dog’ida odosh bo’p ketdi. Xudo ko’rsatmasin. Bolam, ilonniyam Xudo yaratgan. Uniyam uyi, joyi, bola-chaqasi bor. Xudo bergan umri bor. Ko’zini ko’rgandirsan, shuni Xudo dargohimni ko’rsin deb yaratganmasmi? Ko’zini yumdirgan odam Xudodan zo’rman degani-da.
Turg’un hovli chetidagi buralib yotgan tok zanglariga tikilib qoldi.
– Biz tomonlarda ham shunaqa katta ilonlar bor ekan-da?
– Bo’lgan deyishadi-ku. Bo’lsayam tog’i toshdadir. Bir yemishligi serob joylarda bo’lmasa, hamma yerdayam katta ilon bo’lmaydi. Qorni oson to’ymasa.
Kampir so’riga chiqib, chordona qurdi.
– Turg’unboy, ko’k terib kelmaysanmi?
– Kuz kunida qanaqa ko’k teraman?
– Ana, Sotimboyning kechki makkasiga bor, uchinchi ekinga bachki1 (poyasi uchungina ekilgan makkajo’xori) ekkan, ichi to’la sho’ra.
– Yo’q, buvi, o’zimizning bog’dan bo’lsa mayli edi, birov ko’rib qolsa, nima deydi? Uyatga o’laymi? Erkak kishiga… Men endi ko’kat terarmidim.
– Erkakmish. Ko’chada peshob qilsanglar uyat emas-ku, ko’kat terish uyatmi? O’g’irlikmidi, g’arlikmidi, uyalasan? Erta-indin yotoqqa ketib qolsang, ko’k somsaga to’ydiray duvdim. O’zimniyam bir ko’nglim ketdi.
– Somsa yopmay qo’yavering. Ko’chadan To’ychivoy tog’aning oshxonasidan olib kelayin, yeymiz.
– Qo’y-e, yosh-yosh bolalarni ishlatib yuradi. Qo’lini yuvib qiladimi, yuvmay qiladimi. Halqumimni bulg’ama.
– Toza qiladi, buvi, o’zlariyam yeydi-ku.
– To’ychivoying ham pul topay deb qanaqa go’sht ishlatarkin? Tog’da kasaldan o’lib-netgan, ichi o’tib chalish-palish bo’lgan mollarning go’shtimi, deyman. Pulni chovlab chotiga, puflab putiga uradi.
– Mayli, opkelaveray.
– Yigit tushmagur-ey, alakni palak bilmaysan-a. O’zi oyligingni necha vaqt kechiktirib olasan. Qo’y, qora qozonni qaynatganimiz yaxshi. Is chiqib turmasa, baraka ketadi. Ozgina toza paxta opchiq, yog’ qiziganda chiroq qo’yib yuboraman.
– O’tganlarimizgami?
– Ha. Yer-suv egalarigayam. O’lik to’ymaguncha tirik to’ymaydi, bolam.
Kampir o’choqboshiga ketdi. Qozon tagiga xashak qalab yoqishga tayyorladi, choygumni suvga to’ldirib o’choq og’ziga qo’ydi. Ariq suviga solib bo’g’zidan ip bilan bog’lab tok zangiga tortib qo’yilgan yog’och idishdan go’sht olib yong’oqdek-yong’oqdek qilib to’g’radi. Piyoz parrakladi, kartoshka archidi, bir bo’lak qovoq maydaladi. O’choq yoniga tashlangan go’zapoya bog’ini yechib, ichidan tanlab sindirib olgan kaltagiga toza paxtani o’rab, tirsakcha uzunlikda chiroqpilik yasadi. Uni qozondagi yog’ga botirib oldi-da, olovga tutdi. Chiroqpilik o’t oldi. Kampir uni o’choq chetiga tiklab o’rnatdi. Shu joyga kelganda Turg’un har galgidek, yaqinlashib, cho’kkaladi. Kampir Qur’on tortdi. Omin qildilar. Yana olovni balandlatib, qozonga go’sht tashladi. Dimlamaning olovini pasaytirib, cho’g’ni choygumning qorniga surdi.
– Turg’unboy bolam, sigirni ertaroq olib kirib qo’yaqol. Jag’i jarda qolsin-a. Pichanini sopqo’ydim. Seniyam bir ko’rsin. Mol egasining ko’zidan suv icharmish.
Turg’un mol-holni tinchitdi. Sigirning uzun-uzun tovushi to’xtadi, podadan ma’rashib kelib joyiga kirgan echki-uloqlar jimib qoldi. Katakka terilgan tovuqlardan bir-ikkisi ohista “quq” deb qo’ydi.
Haligina qushlarning hovlini tutib, ariqdagi suv ovozini ham bosib ketgan chug’uri o’rnini chigirtkalarning uzoq-yaqin chirillashi egalladi.
Peshayvon sahnini xira yoritib turgan chiroq atrofida kapalakchalaru chivinlar aylanib uchib yurardi. O’rtada yarmi yeyilmagan ovqat, dami chiqqan choy turar, ikki chetdagi yakkaqavat ko’rpachada buvi bilan nevara o’z xayoliga berilib o’tirishardi.
Turg’un piyolasida ilib qolgan choyni xo’rillatdi.
– Buvi.
– Hm?
– Qurbaqaning qurillashini qarang.
– Hm?
– Endi tushunyapman tilini. O’zimning uyimdaman, xohlaganimcha qurillayman, deyapti, shekilli.
– Ha-da.
– Xax.
– Nega kulasan? Bori shu, – kampir dasturxonning o’zi tomonda qayrilib turgan chetini ochib tekisladi.
– Bolam, shuni yeb qo’ygin. Yomondan yorti qoshiq qilmaylik.
– Yo’q, yemayman, buvi, to’yib ketdim. Sal tuzini past qilibsiz.
– Ovqatga nato (18) o’qima. Ovqat dasturxonga kelganda, o’tirganlar meni yomon demasmikan, deb qaltirab turarmish. Yoqmasa yemagin edi.
– Yo’q, yoqdi. Yaxshi-yu…
Buvi chimirildi.
– It baqaga to’ydi, jitta-jitta qo’ydi.
– E-e, buvi.
– Summat senga no’kor(19)mi? Jinimni keltirsang, ochingdan tirishtirvoraman.
Kampir shaqir-shuqur qilib yig’ishtirgan bo’ldi. Keyin qo’lini duoga ochdi:
– Omin, yegan-ichgan, to’kilgan sochilganning savobini avvalo o’zingga, jami payg’ambarlarga, Muhammad payg’ambarimizga, ahli muslimlarga, jami o’tganlarga, shahidlarga, avvalgi yer-suv egalariga, yettidan yetmish avlodgacha umidvor bo’lib yotganlarga, shu qatorda, o’zing berib o’zing olganing – Olmaxon qizimning ruhi pokiga bag’ishladik. Go’ri to’la nur bo’lsin, yo’ldoshlari hur bo’lsin. Ketidan borgan go’dakkina Lolaxon nevaramniyam qorong’u go’rini yorug’ qilgin. Ikkisiniyam rahmatilaring qatorida qilgin. Bu dunyoda ko’rmaganini u dunyoda ko’rsatgin. Xudojon, ko’pga bergin, ko’pni qatorida shu munglig’gina bolalarimga keng fe’l, ketmas savlat, tanisihatlik, xotirjamligini bergin. O’zing o’t balosi, suv balosidan, illatu falokatlardan, obi azob kunlaridan, vaboi jonlardan asragin. G’iybatdan, bo’htondan, hasaddan, jin hamlasi, shayton vasvasalaridan saqlagin. Bolalarim tuproq olsa oltin bo’lsin, kul olsa kumush bo’lsin. Yaxshi kunlaringni ko’rsatgin. Omin Ollohu akbar.
– Men yuvaman, buvi.
– Qo’yavur. Namozga hali bor. O’zim yuvaman. Sen yozaringni yoz. Darsingni qil.
– Daladan pichan o’rib kelaymi? Echkilarni o’ti qolmapti.
– Voy tavba. Shomdan keyin-a? Dalaga borguningcha ikki xufton bo’ladi-ku?
– Oy chiqyapti, qarang. Yop-yorug’.
– Qo’y, qurt-qumursqa qishlik joy axtarib karaxt bo’lgan payt. Qo’l-po’lingni biror narsa chaqib oladi.
– Televizorda aytishibdi. Ertaga sovuq tusharkan. Xazonak ertaroq keladimi deyman.
– Yo’q, bolam, qoraqarg’aning qayi (20-21). Yana havolar jo’nashib ketadi. Dala-tuzda ekin-tikin bor. Davlatning paxtasi bor. Qantarog’di(22)gacha qancha ish bor hali.
– Hmm.
Darvoza to’satdan taraqladi.
– Summatbi xola, Ho Summatbi xola!
– Voy, Chamanmi, yugur qara, kelaver, Chamangul! – dedi kampir shundoq ham dik turib, darvoza yoqqa otilgan nevarasiga.
– Nima bo’ldi? Yakka keldingmi?
– Yo’q, ko’chada Elbek bor. Xola, Azlar xolamnikiga yurarkansiz. Aytadigan gaplari bormish.
– Voy mangina o’lay. O’sal bo’pqolmadimi, ishqilib?
– Yo’q, oldingidan ancha yaxshilar. Kecha bir tabibni chaqirishgan ekan. Shundan, shekilli. Ikki kundan beri ko’zlarini ochmayotgan ekanlar. Bugun yaxshi bo’lib, sizni so’rabdilar.
Xabarchi juvon iymanibgina ko’rpacha chetiga o’tirdi. Peshayvon damidagi chovgun tomonga shoshib ketayotgan kampirning tayyor bo’lishini kuta boshladi.
– Yaxshi bo’ldilar deb qo’rqitmagin, qizim. Oyog’imning qaltiraganini qara. Ikki kundan beri ana-mana deyman. Voy-ey, qilcha kuchim qolmadi-ya.
Turg’un so’ritokka qayrilma sim bilan osilgan chelakdan chovgunga suv quyarkan, dedi:
– Nega oyog’ingiz qaltiraydi? Yaxshi deyaptilar-ku.
– Ha, bola-ya. Quy, quy tezroq. Qochaqol, ariqda yuvaman. Azlarbi qandoq edi-ya. Daladan beri kelmay ishlardi. Ayg’irotday kuchi bor edi.
Chiqib ketishdi.
Hovli jimjit bo’lib qoldi.
Turg’un o’choqboshini yig’ishtirdi. Idishlarni ariqda yuvib tandir yonida simga osilgan yog’och uzumqutiga to’nkarib qo’ydi. Qozon ustini mahkamladi. O’choq og’ziga kirpitikan kirib cho’g’da kuymasin uchun tunuka lappak o’rnatdi. Keyin o’n bir to’sinlik “darsxona” uyga kirib, portfelini titkiladi. Sal mizg’iyman, deb uxlab qolibdi.
Tushida xuddi shu o’zi uxlayotgan uy derazasiga Oydin yaqin kelib, unga engashib qarayotganmish.
“Nega kechasida kelding?” debdi Turg’un. “Shundoq, o’zim. Tokchada isirg’am qopketibdi”, dermish Oydin. “Qaytib kelmaysanmi?” debdi u. “Sizga yuz marta aytamanmi? Baribir sizni yaxshi ko’rmayman. Va’dalashganim bor. Kuzda u bilan qochib ketamiz”, dermish xotini. “Yigit tarra bilanmi?” desa, “Yo’q, Ergashali-ku”, dermish.
Cho’chib uyg’ondi. Avval derazaga, undan osha darvozaga oshiqib qaradi. Uylanganida to’ldirilgan, keyin bir yil o’tib kelinning seplari olib ketilgan ikki xonali uyi tomon otildi. Kalitini tushirolmay arang ochdi. Ichkaridan Oydinning bo’yi yuziga urgandek bo’ldi. Ipor isi sandiqdan ketmas degancha bor ekan-da.
Oyog’i tagiga o’rindiq olib kelib chiqdi-da, balanddagi kichik tokchaga qaradi. Yo’q, isirg’a yo’q. Faqat bir qog’oz ko’rindi. Surat. Teskari bo’lib yotgan ekan. To’ydagi. Yonlarida ikkitadan oshnayu dugonalar bilan. Ana, xotini. Chiro-o-oyli. Kelin libosi biram yarashgan. Lekin chimrilgan. Suratdagi o’zi xijolatda turibdi. Sochlari qop-qora bo’lgan ekan. Xotining yaxshi bo’lsa yoqang oqaradi, yomon bo’lsa soching, derdi buvisi Bekturdi akasiga.
O’ksinib ketdi. Hovliga chiqdi, so’riga og’ir cho’kdi, keyin cho’zildi, yulduzlarga tikildi.
Darvoza ochildi. Kampir qovoqlari shishgan, ko’zlari qizargancha kirib keldi. Turg’un u tomon yurdi.
– Azlarbi bo’lmay qoldi, xuftondan keyin omonatini topshirdi.
Turg’un omin qildi.
– Xudo rahmat qilsin.
– Ha, Shokaptardagi qizi shu yerda ekan. Katta qizini eri Rusiyaga opketgan. Endi yetib kelolmaydi. Azbonasi bor edi-ku. Yaxshi ko’rgan qizi o’shaydi-ya.
– Azbona deysizmi?
– Ha. Hammaga topilgan non shularga topilmadimi, o’sha yoqlarga ketdi. Qorni qopdek, ichagi yengdek bo’lmasa. Azlar tushmagur, endi yurgan-turgani bir pul bo’ladi.
– Toblari yo’qmidi shunchalik?
– Yotib qoluvdi-da. Bu kecha nega tushim bulg’ashdi dedim-a, – kampir yuzidan oqayotgan yoshlarni qo’li bilan sidirdi, ovozi buzildi. – Ertaroq borsam aytadiganining hammasini aytarmidi.
– Sizga biror narsa dedilarmi?
– Dedi-da. Avvaliga hol so’rab inqillab o’tirdi. Vaqtini o’tkazib qo’ydi-da. Qo’shnisi bor edi. Hadeganda chiqavermaydi. Yolg’iz qolishga ilhaq bo’ldiyov. Keyin bir-ikki og’iz gapirdi. Yana bir nima aytar bo’luvdi, tildan qoldi. E Xudoyim-ey. O’rgilayin jonimning egasi, Yaratganim! Sen nima desang shu bo’ladi. Dam o’tkazganingga shukur.
– Azlar xola qizlariga ul-bul meros vasiyat qildilarmi?
– O’lma-ya, xayoling merosdami? Nimasi borki, vasiyat qilsa. “Asalbidan o’zingiz xabar opturing. Yuvgani o’zingiz kiring. Asalbi qo’rqadi”, dedi.
Kampir yig’ladi.
– Nega, kap-katta xotin-ku, Asalbi xola ham?
– Katta bo’lgan bilan eridan kaltak yeyverib cho’chiydigan bo’pqolgan.
– Erlari haliyam ichib yurarkan.
– Shuni aytgin.
– Katta qizlarining oti g’alati-a?
– Nimasi g’alati?
– Azbonayam otmi endi?
– Tilga shunaqa o’rnab qolgan-da. Boshpitida Azizabonu.
– Ha, shunaqamidi? Men bo’lsa…
– Rahmatli bilan ko’zday qo’shni edik. Shu uyimizdan bizni haqsiz qilib chiqarganda to’qqiz yosh edim. Dadamni quloq qilib opketishdi. Buvim bilan o’zimizning joyimizdan joy beringlar, deb yalinib o’n sakkizga bo’lingan hovli-erlarimizdan shu bo’ldakni olib qolganmiz. Kelin bo’lib tushgan joyimning tepa tomonida Azlarbilarning uyi bor edi. Gapimiz tugamasdi. Xudo rahmati-ey, yallaga biram ustaydi. Ovozi o’tkir, yoqimlik edi. Birovga sira eshittirmagan. “Opa, ichkariga kiring, o’zingizga aytib beraman”, derdi.
– Erlari bobomga o’xshab urushdan kelmaganmi?
– Yo’q, bolam, Azlarbi mendan o’n yosh kichik-ku. Eri yapon urushga borgan. Bir burdagina bo’lib qaytib kelganidi. Keyin bir kecha uxlab yotsam, qattiq tovush kelyapti. “Opa-opa, chiqing, Kelsinboyingiz xirillab qoldi”, deydi. Kirib borgan joyimda g’o’ldirab-g’o’ldirab joni uzildi. Nimadan o’ldi, ko’rgan-kechirganiga yuragi dosh bermadimi, bilolmadik. Bolam, damingni olaqolgin. Sahar turib un oshiga jaz qilib, xamir kesib ketaman. Qarashasan. Azlarbi un oshini yaxshi ko’rardi. O’ziyam ko’p pishirardi. Ma’rakasida uringanlarga opchiqayin Hali qirsan-baraqsan (23) bo’lganda suyuq osh kerak.
– Yana chiqib ketasizmi?
– Ha, chiqayin, bolalariga dalda berib turmasam, ertalabgacha ikki bukilib qoladi. Xudoyim-ey, shoti tinmay qoldi-ya.
Kampir peshayvon taxmoniga yaqin keldi. Turg’un dik turdi.
– O’zim solvolaman. Endi yosh bola qilib joyimniyam solib berasizmi?
– Darvozaga tashqaridan kaltak tiqib ketaman. Men borib tayyorlik qilishay. Latta-putta, bozor-o’chari bor. U-bu yoqni yig’armiz. Sahar kelib o’zim turg’izaman seni. O’t yoqib berasan, mol-holni erta tinchit, keyin o’zing ham borib eshigining og’zida turgin. Do’ppi-mo’ppingni tayyorlab qo’y. Chiroqni o’chirma.

Tuni bilan uyqusi o’chdi.
Kalima keltirdi.
Uch yuzgacha sanadi.
Keyin osmonning ko’rinib turgan bir parchasidan yana Oydinning yuzini axtardi, topdi, shirin entikdi.
Ko’zga yaqin, ko’ngilga yaqinsan, Oydin… Sen… yaxshi ko’rib bog’lanib qolish nimaligini… Yo’q, bilmaysan emas-ku… Uff…
Senga uylanaman deb eski uyimizni buzib uy soldirdim. Buvim mendan berkitib qancha yig’ladi. Buvimning otalari, enalari yashagan uy-da. Ko’p o’tganlarimizni ko’rgan. O’sha eski past tomli uylar, chorburchak xonalarida shiftigacha kichkina-kichkina tokchalari bor devorlar mengayam qadrli edi. Shundoq ko’zimda turibdi. Ichkarida bir uy bor edi. Darchasi kichkina, chirog’i yo’q. Peshindagina ichi sal yorishardi. Yalanbuvining uyi deb meni Polvon akam qo’rqitgan edi. Kattaroq bo’lgunimcha kirolmasdim. Yalanbuvi kimligini bilmayman.
Oydin, bir kuni, “Menga qachon ko’ngil qo’yuvdi yo so’z bergan joyim bormidi? Shunaqa qilib ham uylanadimi?” deb achchiq so’z qilding. Bilasanmi, “Farhod Shirin”da Farhod, “Ishqqa chalinganimda hali ruhim tanam bilan birlashmagan edi”, derkan. Ko’rdingmi, bizning ruhimizda sevgi o’zi bo’larkan. Faqat biz undan kechroq xabar toparkanmiz. Xudo vaqti bilan bildirarkan.
Oydin, senga ko’nglim boylanganda endi o’n beshga ketayotgandim. Yettinchini bitirgan yilim Kenjavoy oshnam bilan echki boqaman, deb bir kungina podasiga podamni qo’shibman. “Toqqa boramiz, men har kuni tog’da boqaman”, dedi Kenja. Echki degani toqqa o’ch bo’larkan. Faqat qoyaga o’rlaydi. Otaqo’zi tog’aning qo’rg’onchasiga o’tib ketmasin deb oldini qaytargani yuguribman. Tog’da yugurib bo’lmas ekan-da, Oydin, odam quyiga enib ketarkan, o’zini to’xtatolmay qolarkan.
Echkilardan qancha o’tib ketdim hamki, oyog’im yuguraveradi. Oxiri uchib ketdim. Necha dumalab tushdim. Ikkala qo’lim singan, chap oyog’im ham. Yuzim shilingan. Uyga Otaqo’zi tog’aning ikkita o’g’li zambilga solib osiltirib olib kelishdi. Qo’l-oyoq pastga osilib tursa, singan joy og’rimas ekan. Buvimning voyvoylaganini ko’rganingda edi. O’sha zambilda Badalvoy tog’aning pat-patiga yuklashdi. Yonimga buvim o’tirdilar. Bir yarim soatda shaharga kasalxonaga olib borishgan, Oydin. Pat-pat traxtirni bilasanmi? Teskari bo’ladi. Oldinda kajavasi, orqada kallasi. O’shanda borib, o’shanda keldik. Ikkala qo’lim taxtakachlangan, oyog’im qotirib qo’yilgan, shu holimda… Seni ko’rganman. O’zi avval ham ko’rardim, lekin o’shanda boshqacha bo’lib qolganingni, yuzingning tip-tiniqligini, qoshlaring qop-qora, qayrilmaligini, kipriklaringning uzun-uzunligini ko’rib…
Varaqi somsa olib chiqding. U vaqtda bizga yaqin joydagi hovlinglarda turardinglar. “Ayam berib yubordilar”, deding. Buvim o’choqda qo’ylasim (24) qaynatayotgandi. Kuvidan olgan sariyog’ini yumaloqlab, ustiga tuz sepib turgandi. “Voy bo’ylaringdan aynanay. Ayang jon qo’shnim-da, bugun ovqat qilolmaganimni bilibdi-ya. Ona qizim, shu akangga sovuqchoy ichirib qo’y. Mening qo’lim yog’”, dedi. Sen avval menga, keyin so’ridagi choynak-piyolaga qarading. Piyolaga choy to’latayotganingda xuddi katta bir ishni bajarayotgandek, quntingni qo’yib, past labingni tishlab, choyga qattiq tikilib turding. Keyin jilmayib menga yaqin kelding. Ehtiyotlab ichirding. “Yana beraymi?” deding ko’zlaring javdirab. Men uyalib boshimni sarak-sarak qildim, yo’q dedim, lekin chanqog’im qonmagan edi. Tomog’im yonayotgan edi. Oq dokada boylangan oyoq-qo’llarimga qarab bir seskanib ketding. Rahming kelib yana ko’zimga qarading. O’sha kungi mo’miyoni ertaroq ichib qo’yibman-da. Esimdan chiqib qolmasin, debman. Sening shomdan keyin meni ko’rishga chiqishingni bunaqa chiroyli bo’lib yonimga kelishingni bilganimdami!
Mo’miyo ichgan odam gapirmay uxlashi kerak ekan. Chunki ovoz suyakdan chiqarmish, Oydin. Sen aqalli rahmat ham aytmadi, deb xafa bo’lgandirsan-a?
E yo’q, bu o’zim o’ylab topgan bahonam. Baribir o’sha kuni bir og’iz gapirolmasdim. Hushimni shundoq olib qo’yganding. Aytaymi, hali ham tomog’im qaqraydi. Hali ham sovuq choy tilayman. Lekin unaqa choyni qaytib ichmadim, Oydin.
Senga aytadiganim ko’p edi.
Endi bu g’ozi yo’q gaplardan nima foyda. Quyruqni yeysanmi, buyruqnimi, deyishadi-ku.
Sening bir umrlik dard bo’lishingni bilganimda… Qo’lingdan qaytib kuyugimni bosar choy icholmasligimni ham bilgan bo’larmidim.
Oydin, men endi sen ming marta o’tinsang ham qo’lingdan choy ichmayman.
Lekin ming urinsam ham, ko’zimdan ketmaysan…
Uff…
Yukingga kelgunlaricha tokchalardagi qancha idishlaringni sindirib tashladim. Toshoynani maydalab qo’limni qirqib oldim. Foydasiz, bilaman. Buvimni ado qildim xolos. Idishlaringni boshqatdan bozordan keltirdim.
Odam o’zining ichiniyam, xayoliniyam shunaqa yangilab ololsa ekan.
* * *

Sap-sariq avtobus ilonizi yo’lda po’r-po’r ovoz chiqarib qishloq sari ketib borar, uzumzorlar orasidan o’tayotgani uchun ulovning ichiga oltingugurt isi to’lib olgandi. Odam tiqilinch, orqa tomonda tik turganlar qatorida temir ustunga osilgudek kelayotgan Turg’un hozirgina kattalar bilan bo’lgan mayda gaplarning dudini esxonasidan quvolmay, oxiri og’zidan chiqarib yuboradigandek, uf tortib qo’yardi.
– Otpunktda tashlab keting, shopir aka.
Yo’lovchilardan birining haydovchiga xitobini eshitib sevinib ketdi. Xayriyat, tushadigan bor ekan, narigi bekatdan qaytib kelishning hojati yo’q. Yo’lkira uzatdi.
– Iy, sizam tushasizmi, domla? Bugun dars yo’qmi?
Turg’un boshini sarak-sarak qilib avtobusdan tushdi.
Darvozadan kirganda buvisi qo’shnining qizi Charosning sochlarini maydalab o’rib o’tirardi.
– Ha, bolam, yotoqqa ekanmi?
– Yo’q, shaharga jo’natishuvdi. Kelyapman.
– Darsing-chi?
– Bugun sizga ruxsat deyishdi. Boshqalar o’tisharkan.
– Erta kunda kepsan. Borib darsingni o’tavermaysanmi? Birovning ishiga birovning saratonda qo’li muzlaydi. Pulingniyam halollab olasan, bolam. Vaqt topsang, boshqalarni ishi chiqadimi, tobi qochadimi, darsi bo’lsa o’tib ketavurgin, Turg’unboy. Yuk ko’targan yuzaga chiqadi.
O’ylanib qoldi. Rostdan ham maktabga borgisi keldi. Lekin yana darsxonasi tomonga qadam qo’ydi.
– Endi borsam g’alati. Dalamizga borib kelarman.
Turg’un kiyinib chiqdi. Kampir qator-qator terilgan kokillarni ikkiga ajratib, o’ng yog’idagisini chapga, chap yog’idagisini o’ngga tortdi-da, dedi:
– Xudoyim, shu qizginaning jamalagi oyda quloch-quloch, kunda qarich-qarich o’ssin. Baxtli-taxtli bo’lsin. Tengini ichida so’z bermasin, qaynanasiga suyumlik bo’lsin.
Turg’un so’ri chetiga cho’kib, oyoq kiyimini kiya boshladi.
– Jichcha ertamasmi buningizga qaynana tilashga?
– Tilakka hech ertamas. Bola o’nga kirgani – ota songa kirgani.
– Soch o’rishgayam as (25) bo’p ketgansiz-a, buvi, mayinligini-chi, bug’doyboshoqqa o’xshaydi-ya.
– Ne-ne uzun sochlarni o’rganman. To’pa ammam rahmatlining bir nevarasi boridi. Hulkarbi degan. Unaqa chiroyli qiz bu yaqin orada yana bino bo’lmas. Sochi biram qalin, biram uzun edi-ey. Rahmatlik. To’lanboy tegirmonchining o’g’liga ko’ngil berib, ikkalasi ahdi-paymon qilib yurarkan. Otasining so’zini qaytarmay, yig’lab-yig’lab boshqaga tegdi-yu, besh-olti yil yashab yurak og’rig’idan o’lib qoldi. Bolayam ko’rmadi. Shuning sochini o’rib charchardim.
Turg’un og’ir xo’rsindi, keyin o’rnidan turdi.
– Dalaga dedingmi? G’ildirjo’rangni dami chiqib yotibdi-ku?
– Ha-ya. Esimdan chiqib ketibdi. Hozir yangisini qo’yaman.
– Ko’rpachalarni yuvib qo’yuvdim. Qoplashsang-chi undan ko’ra?
Turg’un o’ziga javdirab qarab turgan qo’shni qizga qosh uchirdi.
– Ana, Charoscha bor-ku.
– Voy, bu go’dak-ku. Sen o’lmagur yo xotiningni opkelib bermaysan, yo ishlarga xotin ishi deb qarashmaysan.
Turg’un simto’rga, dorga osilgan avra-astar quroq ko’rpacha jildlariga qarab birpas turdi-da, peshonasini tirishtirdi.
– Asqar akamning qizini chaqiring, qarashadi. Men…
– Nima bo’lsa o’sha bechorani chaqiraman. O’zi o’tchi-elakchi bittagina qizi bo’lsa Asqarning. Tag’inam ochiqqina. Chaqmoqni o’ti deyverasan. Nima ish aytsam, indamay qiladi, umring uzoq bo’lgur biror marta, “Ishim bor edi, chiqib ketaveraymi?” demaydi-ya. U kuni biram sepma yupqa pishirdi. Ha-ya, yeding-ku. Tovonidan o’t chaqnaydi. Qarsillaydi. Birni aytib o’nni kuladi. Bu yil erga berarmish, oqlik bervoribdi. Onasi sep yig’ib yuribdi.
– O’lmasoyni-ya? Hali yoshmasmi?
– Bolam, vaqtida bergani yaxshi. Qiz asraguncha tuz asra. Ammo men cho’loq bo’laman. O’timdan kirib kulimdan chiqadi-ya.
– Yaxshi-da, o’rgangani o’ziga, qilib bergani sizga, – Turg’un kulimsiradi.
– Mani gapimni takrorlama. Hali Summatbi bo’lishingga ancha bor. Ish qayoqda-yu men qayoqda, degan. Kecha onasi, “O’lmasoyni Turg’unjonga beraman, deb yurardim, xola, bir og’iz so’ramadingiz ham”, deydi.
Kampir so’ridan tushib jo’mrak oldidagi oynaga oyog’i uchida intilib sochlarini ko’rmoq bo’lgan Charos tomonga Turg’unni ishora qilib qaratdi. Turg’un borib qizni ko’tarib oyna ko’rsatdi. Qizcha xursand bo’lib sochlarini selkillatib chopib chiqib ketdi.
– Kunning o’tishini qara, kechagina emasmidi, shu qizni beshiksoldi qilgani. Chochaloqqa qand olib kelaymi, deb tursam, Bektoy umring uzoq bo’lgur bir kalla pechak bilan kirib keldi. O’shani opchiquvdim.
Turg’un qizcha ortidan yopilgan darvozadan ko’zini uzdi.
– Buvi, “Boychechak”ni o’zingiz ham beshik ustida aytganmisiz?
Kampir avval biroz javdiradi, nimanidir eslatadiganday, hovli devoriga, keyin qari olma daraxtiga, undan nari hozir qaznoqqa aylangan eski uy eshigiga qaradi.
– Yo’q, men aytmaganman. Beshikka yaqin kelsam boshqa narsalarni aytgim kelardi. Hammaniyam aytadigani dard edi-da, bolam. O’zi dadam qaytmaganlaridan keyin buvim ham ukalarimga “Tor ko’chaning boshida jovdiragan yetimlar”ni aytardilar.
– Aytib bermaysizmi?
– Qo’y, mani yig’latasanmi?
– Hadeb yig’layverarmidingiz, ayting. Bir marta, buvi.
– Yo’q, kel endi, ishingni qil.
– Ishim shu-da, buvi.
– Ha, ja ishing shu! Hali alla, hali yor-yor deysan! Maman choldan bir narsa yozib kelodirman deb o’n kun qatnading. Yog’i chiqarmidi. Nima qilasan ovorayi sarson bo’lib? Darsingni ber. Bolalar orqangdan yugurib yuribdi. Dardi-fikring eski maqol, eski ashula. O’zingning ishingni qilmasdan gazitga yozganingga so’roq-savol berib yuribsan-ku.
Turg’un ko’zlarini olaytirib, buvisiga o’girildi. Yozning boshida ham shaharga borib bir-ikki kattalar bilan tortishib kelgandi. Maman chol mardikordan omon kelgan O’narvoy degan kishi bilan tog’avachcha bo’lib undan eshitganlarini Turg’unga aytib bergandi. O’narvoy chol aytgan ekanki, “Qarg’alar uchsa qaraylik” qo’shig’i Marg’ilondan borgan mardikorlarning qo’shig’iymish. O’rmon ichida to’p-to’p bo’lib uzoqlab ketib yo’qolib qolgan, bir haftalab topilmaganlarni o’ligini daraxtlarning tepasiga chiqib, qayerdan gala-gala qarg’a uchsa o’sha joydan qidirishganmish. O’shanda ular gala uchgan qarg’alarga qarab, “Biz Marg’ilonga yetarmikanmiz”, deb qo’shiq aytishganmish. Shuni viloyat hokimlik gazetasiga maqola qilib bergan edi.
Buvisi baribir bugungisiniyam biladi hali.
– Men… Siz qayoqdan eshita qolasiz-a?
– Gap berkitib qayoqqa borasan? Yerni tagida ilon qimirlasa bilaman. Shaharga chaqirganidi-a o’shandayam?
– Chaqirganidi-da.
– Nimaga?
Turg’un quvlik bilan kuldi.
– O’shanga.
– Unaqa damxapa bo’lmay aytmaysanmi? O’tgan galgi gapgami?
– Yo’q, unda gazetadan kelishgan edi. Bosmaxonada gaplashuvdik.
– Nima qilib qo’yuvding o’zi?
– Bir olim ilmiy ish qilgan ekan. Men noto’g’ri maqola yozganmishman. Shuni qaytadan yozib, bo’lmagan gap edi, aslida bunaqa deysan, bo’lmasa o’zimiz allanarsa yozamiz deyishgandi.
– Nima qilding keyin?
– Hech narsa. Aytganman ularga ham. Men unaqa qilmayman, erkakman deganman. Mana, yozmadim-ku. Qancha vaqt o’tdi.
– Tavba, har turlik odamlar bor-da. Bir to’pori o’qituvchi bo’lsang. Menga qara, bugun ham o’sha bosmaxonasiga borgansan, shekilli-a?
– Yo’q, bugun rayonoga bordim.
– Rayanada nima ish bor ekan senga? Xayrlikmi axir?
– Xayrlik, xayrlik.
– Ishqilib, shunaqa bo’lsin. Qo’y, unga-bunga suqilmay tinchgina ishlagin, bolam. Domlalikdan yaxshi ish yo’q. Savobiyam katta. Chin dunyoga hammamiz ham ketamiz. Odam u dunyoga borganda oldiga dasturxon qilib qilgan ishlarini qo’yarkan. Iloyim, dasturxonimiz bo’sh bo’lmasin. Ammo hushyor bo’lgin. Hozir u ko’zing bu ko’zingga pand beradigan zamon.
– Maktabda ishlagim kelmayapti.
– Endi elpa-telpa (26) bo’psan. Shuncha bola hurmatingni qilsa, orqangdan ergashib uygacha kelsa. Ilming butun bo’lsa.
– Ishxonada erkaklar qolmayapti, buvi. Hammasi ayollar. Odamga noqulay.
– O’v, bola, qulay joy go’rda bo’ladi. Tutam-tutam oylik olsang. Keti bir chiroq yog’ eltmagan odam ana shunaqa u shoxgamas bu shoxga sakrab yuradi. Tekin mo’ntaloq (27) bir joyda qarab yotibdimi?
– Erali yaxshi qildi, savdoga chiqib ketdi. Menam…
– Gapirma o’shani! Ilmini xo’r qilib, topgan pulida xayr bormi uning? Joyidan ko’chgan daraxt kech avj oladi, bolam. Maktabda bitta bo’lsayam erkak domla bo’lsa yomonmi? Qaytanga qarqara (28) bo’lib yurasan, – kampir sag’al xayol qildi. – Sandan boshqa hech kim qolmaptimi? To’xtarvoy domla-chi? Darsi nimaydi?
– U jismoniydan beradi. Erkaklar to’rttamiz. Muhammad aka, Jo’ravoy.
– Iy, ana, Tursimat bor, Valijon, To’ravoy. Kecha uchalasini aroqxonaning oldida ko’rdim. Pivo olamiz deb turgan ekanmi.
– Ular bittasi qorovul, boshqasi usta, montyor-pontyor-ku, buvi.
– Ha, nima bo’pti? Qorovul odammasmi? Manto’r-panto’rmish. Ja o’zingga binoying baland-ku. Amal tegdi xundiga, boshini suqdi mo’ndiga. Hamma odam bir odam.
Buvisi qovoq uyib oldi. Turg’un har doimgidek:
– Xo’p, buvi, – dedi.
– Erkak domlayam juda kerak, bolam. Bizla lotin yozuv o’qiganmiz. Hamma domlalarimiz erkak edi. Ko’chada paranji yopinib borib, maktabxona ichida yig’ib qo’yardik. Bir sinfda har turlik yoshda o’qiyverardik. Eshimboy degan domlamiz bo’lardi. Bolalar ko’payganida partalarni orqaga surib, taxtadan qator qilib parta yasattirganidi. O’shanda o’tirardik. O’n besh kun o’qiganimdan keyin, dadamda savod chiqarganmasmanmi, Eshim domlamiz Buzruk Yashin degan kottakonimizga mening yozuvimni ko’rsatganda, qo’limdan yetaklab uchinchi sinfga qo’shib qo’ygan. Endigi domlalar xotin kishi bo’p ketdi. Tarbiya berishga erkak odam tuzuk o’zi. Xotin kishi – ro’zg’orning odami. Domlachilikni erkaklar qilsa, o’g’ilu qizniyam tamizi butun bo’ladi, mayda-chuyda bilan ekalashmaydigan, dali-g’uli bo’ladi. Ro’zg’ordayam hadeb xotinini tevaragida aylanishavergan erkak siyqa bo’p ketadi.
– Muhammad akayam kechagi kun, “Xotinlar bilan ishlayverib maydagap bo’pqoldim shekilli”, deydi.
– U Muhammad akangni bir xotini bor-ey. Bitini siqib qonini yalagan. O’shaning nag’masiga o’ynab shunaqa bo’ldim, desa ishonaman. Lekigin-chi, o’zi o’qishni bitirib kelganda biram qilich-qilich yigit edi. Xuddi mirzalarga o’xshardi. Olchinu qamchin qizlar turganda shu o’gay ammasining qiziga unashtirib, uch kunda tushirib berishdi.
– Yo’g’-e, Saltanat xola Muhammad akaning ammasining qizimi?
– Ha-da. Ona ko’rib qiz ol. Santalatning onasini qara – Umrijon. Burgadan payshanbalik oladi. Choliniyam naq o’ziga o’xshatgan-olgan. Ko’cha-ko’yda biror bolaning o’yinchog’i qopketsa, o’shaniyam uyiga opkirib ketadi. Umrijonning rahmatli onasiyam tekin kafan bo’lsa o’lib oladigan xilidan edilar.
– Shunaqa deng. Yosh ketgandirlar-a?
– Nimaga?
– Tekin kafan chiqib qolgan bo’lsa, deyman-da, – Turg’un qah-qah otib kuldi.
– Kulma! Ikki qo’lim yoqamda, tavba qildim, yer borib aytmasin, yerdan uyalmasinlar.
– Attang, shu Muhammad akaning birorta qizi yo’q-da. O’zim uylanib olardim. Boy-badavlat bo’pketarmidik. Xo’p, buvi, o’tirib turing.
– Ko’p qolib ketmagin.
– Daladan xabar olaman, suv bo’lsa sug’orarman. Qaytishda o’t o’rib kelaman, –dedi Turg’un velosiped balloniga kamer o’rnatar ekan. Keyin ne-ne qismatlarga guvoh ulkan toshlarni aylanib o’tib, qaznoqdan o’roq olib chiqdi-da, tashqariladi.

* * *

Maktab yangi mashmasha topib qo’ygan ekan. Zavuch xonasiga chaqirib, bir xatni o’qib berdi: “O’zbek tiliga davlat tili maqomi berilganining o’n uch yilligi munosabati bilan viloyatda yig’ilish…”
– Til-adabiyotdan tajribali o’qituvchi borishi kerak ekan, Turg’unboy. O’zingiz eng yaxshi kadrimizsiz, – dedi zavuch, – birrov qatnashib, bormi-bor qilib keling.
– Yoshi kattaroqlarni jo’natmaysizlarmi? Harqalay…
– Ha, biz ham o’yladik. Ruqiya opaga aytsam, borolmayman, bugun qudalarim keladi, deyapti. Salima opa bilan Fotimaga aytdim, rayonda bo’lsa boshqa gap edi, oblast uzoq deyishdi, erlari qo’ymasmish. Endi… borib kelavering. Zato yetti soat darsingizni boshqalar o’tadi, siz shaharlab kelasiz.
– Kim o’tadi?
– E, o’tiladimi, yo’qmi, nima ishingiz bor? Siz ham sal leviy (29) qiling-da.
– U yoqda so’zga chiqishga to’g’ri kelmaydimi?
– Boravering-chi, xoh so’zga chiqing, xoh yo’q, menga ne parquyet, rayonoga yig’ilishda bizdan qatnashilgani informatsiyasini yetkazsak bo’ldi. Agar eplasangiz ro’yxatdan o’tib, plyus qildiring-u, babulyaning yonlariga qaytib kelib, ishingizni qilavering.
– Borishga boraman, lekin…
– O’zim ham direktorga aytdim, sportsmenlarning seminarigayam shu yigitni jo’natdik. Tanib qolishsa-chi, desam, tanimaydi, boraversin, dedi.
Ostonada Ruqiya muallima paydo bo’ldi.
– Turg’unjon, yaxshi keldingizmi? Endi hammamizga kelgan to’y-da bu seminar degani. O’zingiz bormasangiz bo’lmaydi. Bilimingiz zo’r, yoshsiz, o’sadigan kadrsiz. Tilchilarimizning suyangan ustunisiz. Bu yoqda biz darsingizni hashar qivoramiz.
Bordi. Boshlanishiga nima yangilik bo’lsa ekan deb, tig’nab o’tirdi, lekin ovorayi sarsonchilikka arziydigan biror tayinli gap topilmadi. Ikki-uch ilg’or o’qituvchilar navbati bilan chiqib tayyorlab kelgan ma’ruzalarini o’qidilar. Nihoyat, viloyatning katta tilshunosi, fan doktoriga so’z berildi. Uning ovozi juda pastligidan anjumanxonada yig’ilganlar eshita olmay homuza torta boshladilar. Shivirlashishlar kuchaydi. Nihoyat, uning qo’lidagi tax-tax qog’ozda yozuvlar tugadi. U qog’ozlarni ikki bukladi-da, yig’ilganlarga yuzlandi. Ovozlar tinib, hamma jimib qoldi:
– Azizlar, o’zbek tiliga davlat tili maqomining berilganiga, mana, uje o’n uch yil bo’libdi. Xo’sh, biz bu vaqt orasida nimalarga erishdik, kelgusida qanday vazifalarni bajarishimiz lozim? Bunaqa savollarga hammamiz har doim o’zimizning oldimizda javob bera olishimiz kerak. Til masalasi bu biror odam panja orasidan qaraydigan masala emas. Lekin hamisha ona tilimizning amalda qo’llanishida qanday xatolikka yo’l qo’yilsa, kaltak imenno ona tili va adabiyot fani o’qituvchilarining boshida sinadi. Mana, institutimizning universitet maqomini olishi bilan ko’p yutuqlarga erishdik. Mukammal darsliklar yaratildi, chop qilindi. Endi alohida lug’atlar ustida ishlashga bel bog’laganmiz. Barchangizga rahmat.
Yig’indan maqsad nimaligini anglolmagan yo anglashga urinib ham o’tirmagan ishtirokchilar qutulganlariga shukur qilib, o’zlarini tashqariga urdilar.
Uyga yetib kelganida kun choshgohdan o’tgandi. Choy ichib oldi-yu, buvisining kiyimlari turadigan tokcha pardasi uchun sim tortib berishga urindi. Ishni bitirib, yog’och kursiga cho’kdi. Xayoli ketib qancha vaqt o’tganini ham bilmadi. Eshikdan buvisi mo’raladi, hayron bo’ldi.
– Nima qilib o’tiribsan?
Turg’un buvisiga boshini likillatib jilmaydi.
– O’zi senda bir qamchi bor-da.
Turg’un yana kuldi. Kampirning ortidan hovliga chiqdi.
– Buvi, shu… bir qamchi degani qayoqdan chiqqan?
– Xuddi o’ldiraman seni. Bir og’iz gapirishga bezorman. “Bu nima degani, u nima degani”.
– Urishavermang. Hali qarzingiz ko’p. O’zingiz Nikolay poshsho davrida aytgan ashulalardan aytib berarman duvdingiz.
– Nima bo’pti degan bo’lsam?
– Endi… kontsert qachon, deyman-da.
– Tozayam xira bo’lding. Yosh boladek g’ishava qilishingni-chi. Burningni yerga ishqab qo’ysammi.
– E, buvim-a, babushka bo’p qolyapsiz-ku kun sayin.
– Babishka dema meni! – kampir so’riga yoyilgan belbog’ ustiga bir changal paxtani irg’itib, o’zi chiqib o’tirdi-da, chivishga tushdi.
– Kattabuvim ham qiziq gaplarni aytardilar. Aqlim bo’lganda hammasini yozib qo’yardim. Axir ko’p gaplarimizni yo’qotib qo’yyapmiz. Ichim kuyib ketadi.
Kampir o’ylanib qoldi. Bir cheti ko’rinib turgan bog’ tomonga, keyin o’choqxonaga uzoq qarab turdi.
– Ne-ne laparlar bo’lardi. Yig’latsa joning o’rtaydigan, kuldirsa taning yayraydigan. Yozganingda nima bo’lardi. Birov ishlatarmidi?
– Hozir odamlar anchagina boshqacha gapirishadi. Buvi, bo’ldi, gapni aylantirmasdan ayting. Bir qamchi bor dedingiz-ku. O’sha nima degani?
– Ilgarilari yo’yadigan yo’yimchilar, qushnochlar, orqasida odami bor baxshilarga hamma kasalini qaratardi. Qo’rqqan, cho’chigan, yong’oqning tagida uxlab jin chalganlarning jinini haydab savalashardi. O’sha baxshilar kasalning jini mahkam bo’lsa beshta qamchi bilan, juda mahkam chalmagan bo’lsa ozroq, ikkitami, bittami, qamchi bilan urib haydashganda, bolam. Shunga senga o’xshash dovdir-sovdir gapiradiganlarni “bir qamchi” deydi.
Turg’un qoshlarini ko’tarib, baralla kuldi.
– Ha-a, unda Rizvon xolabuvimga o’nta qamchiyam kam ekan-da.
– Nimaga unaqa deysan?
– Gaplari telba-teskari-ku. O’zi zo’rg’a yuribdilar. Ikkinchi qamchidayoq naryoqqa jo’navorsalar kerak.
Kampirning yuziga birdan mung indi.
– Bolam, bolasan-da. Hah iloyim, yurgan yo’lingga yo’rgam (30) yuqsin. Nimaniyam bilarding. Boshiga qandoq kunlar tushmadi uning.
– Nega bilmas ekanman, sakkizta bolalari turmagan. Bitta shu Samsoq tog’am yashab qolgan.
– Bola-ya, biz ko’rgan kunlarning og’irini tuya ko’tarolmasdi, tuya. Samsoq tog’ang xolangni o’z bolasimas, Turg’unboy. Samsoq tog’angning nasabini toza deyishgayam, tayinsiz deyishgayam hayron bo’laman, Xudo kechirsin.
– Nima deganingiz bu?
– Avvalini aytaymi senga? Kenagasni o’ris poshshoni odamlari bosganda bitta kattasi Mulla ko’zaning oyday chiroyli qizini berasan, deb so’ragan.
– Mulla ko’zangiz kim?
– Mullavoy butun Qo’qon bozoriga ko’za chiqargan hunarvand (31) ekan. Dong’i darvoza bo’lgan deyishadi. Xotini Xiva xonining kichkina xotinidan bo’lgan qizining qiziymish.
– Voy-bo’, qizining qizi bo’lsa…
– Ha, nima? Zoti toza-da. Otasiyam qaysidir xon avlodidan bo’lganmish. Palagi butunlardan deyishardi. Juda ko’hlik bo’lgan ekan. Xotinining bobosi Qo’qondan ko’zagar usta chaqirtirib uyida xum yasattirganda shu nabirasi bilan bir-biriga moyil bo’lib qolganakanlar. Xiva tomonlar tinch bo’lmaganigami, bobosi uyida to’y qilib, nevarasini ko’zagarga berib yuboribdimish. Rahmatli enamdan eshitganman-da. O’risni kattasi shularning Javharniso qizining ta’rifini eshitib, uyigacha bostirib borgan ekan.
– Xotinlikkami?
– Turg’unboy, lodonsan-a. O’ris sartni xotin qilib yuradimi. Ko’ngilxushlikka-da. Ammo ja chiroyli bo’lganakan, qurg’ur. Yo’q deganiga Mullavoyni kechasi qopqasini oldiga chaqirib og’zini bekitib, boshiga qop kiyg’izib dalaga olib chiqib ketib kaltaklatgan, keyin qopining og’zini bo’g’ib Tentaksoyga tashlatib o’ldirvorgan deyishadi.
– Ko’zagarni-ya?
– Ha-da.
– Keyin-chi?
– Keyin qizini Qo’qonga opketgan ekan. U qiz besh oy o’tib, g’ala-g’ovur vaqtlarda qornida bola bilan qochib kelgan ekan. Sho’rlik Javharniso tug’ruqdan o’libdi. Qarindoshlari bolasini nikohsiz deb qarashmay kimga kerak bo’lsa olsin deganidan keyin Toshloqqirdagi yettita o’g’li, bir qizi bor Bo’rivoy amaki savobga boqib olgan ekan. Bola katta bo’lib juda adabli, yaxshi yigit bo’lganidan Bo’rivoy: “Seni boqib olganman, shunga senga qizimni beraman”, debdi. Uyam ko’nibdi. Bolali bo’pti. Lekin qurg’ur Bo’rivoy ham, boqib olgan, o’g’li, yana boshqa ikki o’g’li ham urushdan besh-olti yil o’tganda xatga tushib qamalib ketdi. Nimadan – birov bilmadi. Qizi bo’lsa eri bilan dadasining ketidan shahardagi qaysidir turmaxonaga tushganda aravaning tagidami yo aravani ko’tarolmagan ko’prikning tagidami qolib ketib o’libdi. Turib-turib tang qolaman: bir yozgiliklar bor – o’tganlarida bo’lsa qaytib keladigan. Samsoq tog’ang o’sha Bo’rivoyning juvonmarg ketgan bolalarining o’g’li, bildingmi?
– Vo, buvi-i, Samsoq tog’am xolabuvimga rosa o’xshaydi-ku.
– Ha endi, Xudoning irodasi-da, bolam. Tag’in birovga gapirib yurma. Bilgan bor, bilmagan bor. Samsoq tog’ang juda ko’ngildagidek bola bo’lmadi. Avvaliga yaxshi edi. Keyinroq qaysi bir qilbir yetkazib qo’ydi, shekilli, onasiga qayishmay qo’ydi. Bolaliyam bo’lmadi-ya, qurg’ur. Hozir hisoblasam, saratonda ellik ikkiga kiradi.
– Ha, keyingi vaqtlarda Rizvon xolabuvim parishonroq bo’lib qolganlar. Hech narsa bilan ishlari yo’q. Hov bir kuni, zog’ora berganingizda, hovlilariga kirib, oldilariga yetib bordim hamki, xayollari bir joyda, meni ko’rmadilar.
– Shu aroqxona o’lgurlar avval yo’q edi. Qayoqdan ham chiqdi. Kimni ko’rsang, bayram qilib olgan. Dadalarim bir xum-bir xum musallas qilib, o’shani ichishardi. Ichni qizitadi, shamollashdan asraydi, deyishardi. Lekin bunaqa gandiraklab qolishmasdi, bo’lar-bo’lmasni gapirishmasdiyam. Rizvon xolang endi kun ko’raman deganda… Yosh umri xazon bo’ldi-ya, singlim bechoraning. O’n yettisida er qiluvdi. O’ttiz birida keyingi eri ham, “Ichingda zaharing bormi, uch bolamni o’ldirding”, deb haydadi. Chiqib ketib, “Endi erning yuzini teskari qilsin, bola boqib olaman”, deb talama-taqdirni qo’ydi. Shu Samsoq yer qitiqlagurni ikki oylik chog’idan eshigiga yotib yalinib olgan. Puf-puflab, yerga qo’ysam chang bo’ladi, osmonga qo’ysam gard bo’ladi deb katta qildi-ya. Bir yili bahor sarida, unda kuchim ham ko’p edi-da – oltmishdan o’tuvdim, borsam, Rizvon boyaqish oldidagi patinjon ekadigan bo’ldak yerni ketmonchada chopib yuribdi. “O’g’ling qani?” desam. “Ko’chaga ketdi. Urishsam yolg’iz, urishmasam, yalmog’iz, opa, nima qilay endi”, deydi.
– Samsoq tog’am nega hashar-pasharlarda ilashmay bir chetda turadi desam…
– Ha, yo’nmagan tayoq degin. Mehnatga toqat yo’q. Tayyor oshga bakovul bo’lishni biladi. Xolangning yelkasi oftob ko’rmadi-ya.
Turg’un buvisiga yaqinroq surildi.
– Buvi, shu… nega ko’kragiga shamol tegdi, deyishadi-yu, yelkasiga oftob tegdi, deyishadi?
– Sal aqlingniyam ishlatib yuboraver, bolam, baribir bekor yotibdi.
– Buvi-i.
– Endi isinaman degan odam yelkasini tutadi, shabadalayman degan odam ko’ksini tutadi-da, bolam.
– Ha-a. Lekin… Shuginamas, shekilli.
– Bilib aytasan-a. Zirak(32)san-ey. Shundaygina bo’lsa ekan. Bu gaplar poshsho zamonidan qolgan. Zindonlarda pishgan gap, bolam. Zindondagilar tirik chiqmasa ham gapi chiqqan-da.
– Zindonda?
– Ha, kim yotadi chuqurda? Beayb yotadi. O’lpon berib jonini qutqarishni udda qilmagan yotadi. Yotgandayam yuragi kuyib, ko’kragi otashxona bo’lib, bag’ridagisi og’zidan oh bo’lib tutab yotadi. Ko’kragimga shamol tegarmikan, deydi. Shamolning qadrini o’sha qorong’i chohlarda dimiqqanlar biladi. Ko’ksi achishganlar biladi. Beaybgina yotganda yomonam bilinadi, bolam. Tashdagilarning kuyugini o’chirsa bo’lar, biri biroviga yorilar, to’kilar, lekigin chuqurdagilarnikini yo’q. Dard-hasrati oshib-toshgan bilan devorlarga uriladi. Yelkalari yerga botib muzlaydi. Kuraklari zax tortib achishadi. Yelkamga oftob tegarmikan, deb tepaga umid tikadi.
Kampir ko’ylagining yengini qayirib, namlangan ko’ziga bosdi.
Turg’un xo’rsindi.
– Qancha narsa bilasiz-a?
– Tuyaning tashishi tilla, yeyishi yantoq bo’ladi, bolam. Tur. Dard joymonimni ochmasimdan ishingni qil.
Turg’un mixdon bilan teshani joylash uchun yerto’laga tushdi. Yontokchada qator terilgan shisha idishlarga ko’z yugurtirib, Oydin bilan sharbat idishlarni bittalab terganlarini esladi.
O’laqolsa Oydin bor yerto’laga tushmasdi u. Aksiga olib ikki kun avval olcha bilan qizilsultondan tayyorlangan sharbatlarni buvisi, “Ikkingiz tashib qo’yinglar”, deb qoldi.
Yerto’la to’yda omborxona bo’lgandi. Go’shtni mana bu to’singa mix qoqib ilib chiqishuvdi.
Eh….
To’y juda chiroyli bo’lgandi, tinch o’tgandi. O’zi janjal chiqmagan to’y kam.
Ertasi ming hayajon ichida yoniga kirganda piq-piq yig’ladi u. “Sizni yomon ko’raman, chiqib keting. Baribir yashamayman siz bilan, ketaman”, dedi.
O’ziga kelar dedi.
Yangalarni gal (33)berib aldadi.
Kutar bo’ldi.
Lekin, keyin…
“Baribir ketaman. Sizni yaxshi ko’rmayman. Sevganim bor edi, va’dalashgandik. Dadam ko’nmadilar. Dadamning yuragi yana ushlab qolmasin, dedim. O’zimni o’ldirolmadim”.
Kelinning siri kelgan yerida bilinarkan-da.
Har kimning tomiga qor yog’sa o’zi kurarkan.
Kengashmagan ishning pushaymoni ko’p ekan.
Avvaliga rahmi keldi.
Keyin…
Jirkandi.
Keyin…
Nomus! Nomus!
Ikki nomus bir o’lim bo’lsa.
Yuragi o’pirilib tushdi.
Or! Or!
Chippa-chin ekan-da yigitning xo’rligi o’limdan qattiq deganlari.
Bag’ri jaz-jaz achishdi. Kuyib qolganda achishgandan battar.
Qayoqdan kelgan bu o’t?
Birov bilmasin-ey!
Qirq kun…
Yana amal-taqal o’n kun…
O’tning tafti sag’al pastladi.
Lekin bitta ingichka ip uzilib ketmay azob bergani bergan.
Tortimi qattiq. Tortimi nozik.
Hech uzilmaydi.
Ingichka tortganlari qursin.
Ingichka tortgan sari ichida g’alati-g’alati ohang chalib yurgandek.
Ting’-ting’.
Dard bo’ldi, balo bo’ldi.
Oydinning oppoq yuzi, qoshu ko’zi, g’unchani qizartirib qo’yadigan lablari, quyuq qayrilma kipriklari…
Borligiyu borda yo’qligi.
Yo’qligiyu bordekligi.
Oydin…
Shundoqlar qilasanmi?
Shu hovlida uch oylab urinib yurdi, yuraverdi-ya.
Buvisi lol-lol qarab qo’yar, ko’zini yerga olar, qancha gapini ichiga yutib, kamgap bo’lib ketgandi. Qarqara qilib olib yuraman, deganda kelini bunaqa qilib o’tirsa. O’rtadagi ijrobozlikni allaqachonoq anglagandi u. Risolaga keltirishga chora axtardi. O’zini aybdor bildimi, harqalay, ikki kunda bir hali Qutlibekanikiga, hali keksarib munkillabgina qolgan singlisining uyiga ketardi. Qutlibekanikiga kunim borib, kunim kelar, singlisinikida necha kunlab qolib ketardi. Birdaniga Toshkentdagi, Bo’kadagi, Farg’onadagi, Chustdagi oftobda qatiq yalashmagan qarindoshlarini sog’inganini e’lon qilib, jo’nab yuborar, shu ketganicha necha kunlab kelmasdi. Qo’shnilar ham keksarganda yurimsak bo’lib qolgan kampirdan hayron edi. Kutib olguvchilar ham hayron bo’lgan-da. Kelin-kuyovning oralaridagi sovuqchilikni shu yo’l bilan ko’tarmoqchi bo’lar, lekin bu choralar teskariga ishlar, kech tortib, kampirning shu kun kelmasligiga ko’zi yetgan Oydin uyiga yotib kelish uchun jo’nab yuborar, ertasi bo’ynidan bog’lagandek ijirg’anib kirib kelar, gap yo’q, so’z yo’q, taqir-tuqur urinar, shom mahaliyoq ichkari uyga kirib ketib, eshigini qars yopardi.
Turg’un so’rida mushtdek yig’ilib o’tirib qoladi.
Achchiq kulimsiraydi.
“Bu nima jazo bo’ldi o’zi? Chil berishdi menga.
Azob chekishimni qara, Oydin. Ko’kayimga musht solgan o’zing bo’lsang.
Azob chekishingni-chi, Oydin.
O’zingni hammaga baxtli qilib tokay ko’rsatasan? Qadaming bog’da, yuraging dog’da.
Nodonsan.
Otangni o’ylading.
Yigitalini sevding.
Men-chi, mening hayotimni nega bunday qilding?..
Shuyam gapmi, qo’yib bersa, er boshimga yig’lagulik holim bor. Bekturdi akam, “Turg’unni olib ketaman. Siz bilan yursa qiz boladek yumshoq bo’p qoladi”, deganda buvim shunaqa xafa bo’lgandiki. “Menga so’kong’ich bola kerakmas? O’lar chog’imda qarasin. Chirog’imni yoqsin. Qo’y, sen aralashma”.
Mayli, U azoblanmasin. Shu ko’ylarga men soldim. Ketgisi kelganda ketar. Rangida rang yo’q. Kelin bo’lib ochilib-sochilmagan qiz”.
Tonglar derazadan hovli supurishga uringan Oydinni kuzatadi, shalop-shalop suv sepib yuribdi.
“Senga urilgan sovuq shamollar ko’ksimni teshib o’tadi”.
Ishqilib, yel yeb qolmasa edi.
Ichi kuyadi, oldiga chiqib gapirishga… Nima deydi. Ket uyingga deydimi? Yo bo’lmasa, mayli, Yigitdan qolgan bo’lsang qolibsan, endi menga xotin bo’l, deydimi? Kesakdan o’t chiqqanday bo’ladi-da agar… Shu… o’zini oyoq uchida ko’rsatuvchi qizni, shu kaltao’y kelinni, hamisha qosh chimirib turadigan suluvni oddiygina… yaxshi ko’rdi, xolos. O’zga hech kim uning xayolini… Xullas, keyin xuddi hayoti bundan o’zgacha bo’lishi mumkin emasdek bo’lib qoldi, yurak yutib bir so’z demadi. Faqat, buvisini ayab jim yurgani, ichida o’t kuygani bir sari, shugina – o’z qadr-qimmatini unutgan desa unutmagan, unutmagan desa, unutgan kelinchak, butun xayolini band etgan Oydinning o’zini, sevgisini qurbon qilganidan beshbattar bo’ldi.
Ishqilib, shu begonani teng-tepasidan Xudo urib qo’ymasa bo’ldi.
Ich-ichidan, yuragining nozik bir joyidan turib jirkandi: hech narsa bo’lmaganday yuribdi.
Hayot davomda edi.
Kun tun bo’lardi, tun kun bo’lardi.
Bedavo dard, yorilmagan xo’ppoz yara.
Ko’kayida ishqi qattiq.
Ko’ksida nafrati undan baland.
Bol dedi, baloga qoldi.
Ikki qo’li boshida endi.
Beg’alva bosh bosh bo’larmidi.
Oxiri bir bahonani puflab-puflab shishirgan kelinchak otasini bir oyga dam olib havo almashtirishga jo’natishgan kuni qo’lidagi pushti ro’molchasini mahkam siqimlagancha otlandi. Boshqacha otlandi. Hovlidan chiqarda o’choqqa olov qalayotgan kampirga anchagina qarab oldi. Ortida turgan, hammaning nazarida eri, o’z nazdida yovga zardasini ko’rsatib ko’cha eshikdan chiqdi.
Kampir qayrilib qarab hayron bo’ldi.
Kampir… endi kech bo’lguncha bir joyda o’rnamay yuz marta eshikka chiqadi, yuz marta kiradi.
U esa hech narsa bo’lmaganday ishga jo’nadi. Rangi bo’zladi, ko’ngli bo’zladi.
Yo’lga tushganda esa…
Tavba, yashash shunchalik oson ekan. Yelkangda yuking bo’lmasa, pardek bo’lib yuraverarkansan-ku odam.
Rostdan ham qushday yengil edi.
Ko’zlarida alamni yashirolmagan yosh aylandi. Bir tomchi to’kilmasa ham, harnechuk bir g’uborlarni olib chiqdi. G’uborlar osmondagi bilgisiz yoqlarga parlab ketdi. Yurakda alamlar yangi qat ochdi.

* * *

Chorshanbani necha kunki kutib yurgandi. Oltinchilarda darsi bor. Bittagina sinfga kiradi. Yana eng qiziq dars.
Darslar ichida hech biri adabiyotchalik bo’lmas.
– Turg’un aka, men gapiray.
– Men aytaman, men yangi mavzuniyam o’qib keldim.
– Mendan so’rang. “Boshginam og’riydi”ni yodlaganman.
– Turg’un aka, men “Xalq qo’shiqlari”dagi hamma qo’shiqlarni yoddan aytib beraman. Men chiqay doskaga.
Turg’unning bir xayoli kun sayin etagining og’irini ham zo’rg’a ko’tarib yurganini bot-bot aytar bo’lgan buvisida, bir xayoli Oydinda, keyin bugun tunqorong’isida uning nikohli xotini bilan uchrashishga boradigan Yigitalida edi.
“Nimalar qilib qo’yding, Oydin?
Yigitaling mening oldimga kelmadi. Nega kelmadi? To’y bo’lmasdan burun qayerdaydi? Oti ham yo’q edi-ku? Ha, hali ham biz yoqlarda o’zi yo’q, faqat oti bor. Ikkimizning o’rtamizda uning o’sha kunda aytilgan, bir martagina aytilgan oti bor. Endi hammamizning nomimiz qora. Sening, mening, uning.
E, qayoqda. Oydinning yuragida-ku o’sha Yigit. Nahot shunday ko’ngling bilan kelib-kelib Yigitni sevding. Boshqasi bo’lsa alam qilmasmidi.
Oydin! Yigit senga jonini berar bo’lsa, qani o’zi?! Bir marta bo’lsin siyog’ini ko’rsatmadi-ku!
Yigit huv avval Po’latvoyning qizi bilan ko’z qisishib yurardi-ku! Qachon Oydin bilan topishdi? Oydin qachon uni bunchalar qattiq sevdi? Qattiq sevmasa, bugun ketmasdi. Ketolmasdi.
Eh, bir ro’para kelmadi-da Yigit.
Ahdlashganing seni deb, mana, nimalarga tayyor, sen-chi, dermidim?
Buvim aytganday, boshim toshdan bo’lsin-da. Og’rishni boshlavordi-ku”.
– Oyijon, oyijon-ey!
Boshginam og’riydi-ya!
– Boshginangdan onang o’rgilsin,
Nimalarga og’riydi-ya?
Bu bolalarga qachon xo’p dedi, ikkita qiz yozuvtaxta yoniga chiqib olib bir-biriga qarab olib chunon berilib kuylashyaptiki.
Ketidan “sinfkom” deydiganlari o’rnidan turib bidirlab ketdi:
– “Boychechak” qo’shig’i, odatda, bahor faslida ijro etilgan. Bu gul – bahor darakchisi. “Hamyon-hamyon tilloli” deganda xalqimiz boychechakni ko’tarib borgan bolalarga kattalar pul berishganiga ishora qiladi.
– To’xta, o’tir, Kumushoy. Kitobdan hech kim “Boychechak” qo’shig’i haqidagi joyni ishlanma qilib yozib o’tirmasin. Hamma mening aytganlarimni yozadi. Boshladik: “Boychechak” – aslida topishmoq she’r. Xalq qo’shiqlarini ham uzoq o’tmishdagi eng yaxshi shoirlar yaratgan. Faqat kim yozgani unutilgan. “Boychechak”ni momolarimiz chaqaloqni birinchi marta beshikka belashganda aytishgan. Keyinroq u ko’klamda aytiladigan qo’shiqqa aylangan. Ko’klamda aytilishi boychechak gulining ko’klamda ochilishi bilan bog’liq”.
– Bo’ldi, yana ikki og’iz gapni darsning oxirida yozib qo’yamiz. Bu qo’shiqning mazmuni anchagina chuqur. Mazmunini yaxshi bilib olish uchun kattalardek tushuncha kerak bo’ladi. Hozir tushunmasanglar kattaroq bo’lganingizda chuqurroq bilib olasiz.
– Turg’un aka, kitobda unaqa deyilmagan-ku, – birinchi partada o’tirgan sarg’ish sochli bola darsligidan o’qishga tushdi. – “Boychechak” bahorga yetib kelganlik, shukronalik belgisi sifatida qabul qilingan. Qo’shiq bolalarga xos sodda, samimiy, hazil-mutoyiba tarzidagi misralar bilan boshlanadi”.
– Ha, kitobda shunday deyilgan. Lekin “Boychechak”ning qanday qo’shiqligi aytilmagan.
– Kitobimizda xatomi, Turg’un aka?
– Kitobimizda aytilmagan joylar bor. Uni hozir birga o’rganib olamiz, kelishdikmi?
Bolalar bosh silkishdi.
– Men o’tgan darsda hulla nimaligini bilib kelinglar, degandim. Esingizdami?
– Ha, ha, – dedi bir qiz shosha-pisha daftarini varaqlab, – mana, yozib keldim. Kattabuvim aytdilar. Hulla – beshikning yozgi yopqichi ekan. Yupqa bo’larkan. Ichi ko’rinadigan matodan tikilarkan.
– Qoyil, endi o’zing “Boychechak” qo’shig’idagi “hulla” so’zi bor bandini aytib ber-chi.
Qiz dik etib o’rnidan turdi. Biryo’la qo’shiq qilib ayta ketdi. Hamma uni miyig’ida kulgancha tingladi. Ko’plarning boshi ohang ortidan silkindi.

Boychechagim hulloli,
Hamyon-hamyon tilloli,
Hamma bozor – bir bozo-or,
Atroflari lolazor.

Qattiq yerdan qatalab chiqqan boychechak,
Yumshoq yerdan yumalab chiqqan boychechak.

– Yaxshi o’qibsan, O’g’iloy. Senga hulla nimaligini bilib olganing uchun ham “besh” baho qo’yaman. Endi, bolalar, kitobdagi biz o’rganishimiz zarur bo’lgan bittagina ma’lumotga diqqat qilinglar. O’qiyman.
“Qo’shiq matnidagi “Boychechakni tutdilar, tut yog’ochga osdilar”, degan joyning ma’nosiga e’tibor beraylik. Boychechak xalq orasida ramziy ahamiyatga ega bo’lib, unda chuqur ma’no bor. Uni “tutadilar”, “tut yog’ochga osadilar”, “qilich bilan chopadilar”, “baxmal bilan yopadilar”. Xalqda o’z kuchi bilan qiynalib maqsadiga erishsa, “Axir u qattiq yerdan qatalab chiqqan boychechak-da”, deyishadi. Bularning barchasida boychechak mehnatkash inson ramzi ekaniga ishora qilinadi».
Eshik ochildi. Direktor o’rinbosari bir o’qituvchi bilan kirib keldi. O’quvchilar salom berishdi.
– Nechta progul bugun?
– Uchta kelmagan.
– Kasal bo’lganlar ham bormi?
– Bitta Ergashev Oybek kasal. Ertadan chiqadi.
– Spravkasini klaskomga berib qo’ysin. Sen, tur uchinchi partadagi, yo’q, sen. Nega soching o’sgan? Narmalniy qilib olsang bo’ladi-ku, to’g’rimi? Qilasanmi? O’tir. Ertaga o’zim ko’rvolaman. Formasizlar o’rnidan tursin. Voy-bo’, sinf rahbari vapshe ishlamay qo’yibdi. Siz ham, Yuldashev, darsni quruq o’tib ketmasdan, o’quvchilarning tarbiyasi bilan shug’ullanib tursangiz bo’ladi-ku. Yo shunchalik qiyinmi? Sen, Dalaboyevmiding? Bu yoqqa chiqqin. Qizim, senam bu yoqqa kel. Mana, mana shunaqa akkuratniy kiyinib kelamiz, kelishdikmi?
Bolalar bir ovozdan, “Xo’p”, deyishdi, bosh silkishdi. O’rinbosar davom etdi:
– Eh-he, hammayoq musor-a? Qog’oz tashlabsizlar. Uborshitsaning mehnatini ham qadrlash kerak, bolalar. Uyam odam. Darrov tozalab qo’yamiz. Sinfda dejur nima ish qiladi? Tozalikkayam qarasin-da. Hamma joy chistiy tursin.
Bolalar u yoq-bu yoqqa egilib, partalar tagidagi qog’ozlarni ola boshlashdi.
– Ha, keyin olimpiadaga qatnashadiganlar metrikasidan ko’piya opkelib kuratoriga berib qo’ysin. Srochna, lekin. Keyin ko’chamizdagi kioskadan qarzinglar bor ekan. Ertagayoq rachchyot qilib qo’yinglar, xo’pmi? Yuldashev, shu masalani o’zingiz tugatib bering. Kioskachimiz rastrata bo’lib qoldim deyapti.
Turg’un bosh irg’adi.
Endigi gal rostdan ham chiqib ketishdi.
Mayda gap katta ishni g’arq qilarkan.
Orqa partadan kimdir “rastrata” dedi-da, boshini pasaytirdi, ovozi o’chdi.
A’lochi qizlardan biri Turg’unga dedi:
– Ustoz, adabiyot darsida ham faqat ona tilimizda gaplashamiz-a? Aralashtirmasligimiz kerak-a?
– Ha, endi yozamiz, o’quvchilar.
“Boychechak” qo’shig’idagi Boychechak – aslida chaqaloqdir. “Boychechakni tutdilar” – chaqaloqning ikki bilagidan tutib, yelkasi aralash silkib olib, keyin beshikka belash haqida. Qo’shiqning naqaroti insonni dunyoga keltirish eng qiyin jarayon ekaniga ishoradir”.
Bolalar, xalqning bu qo’shig’i beshik marosimi bilan bog’liqligini yoddan chiqarmaymiz-da, oxirgi bandga e’tibor qilamiz. Kim oxirgi bandini yana bir eslatib yuboradi?
Bolalarning yarmi tengdan qo’l ko’tarishdi.
– Sen aytaqol, Komiljon.

– Boychechagim hulloli,
Hamyon-hamyon tilloli.
Hamma bozor – bir bozor,
Atroflari lolazor.

– Ana, endi o’ylab ko’ramiz. Beshikning hamyon-hamyon tillasi qayerda ekan?
– Ha, ustoz, topdim. Hamyon tillasi tuvagida bo’ladi.

Bolalar javob berish uchun o’rnidan turib ketgan qizga qarab baravar kulib yuborishdi.
Turg’un ularni tinchlantirdi.
– E, qoyil, yana har doimgidek topqirlik qilding, chindan ham hamyoni tuvagida. Senga, Malohat, “besh” baho qo’yaman.
Turg’un bu gal ancha g’ira-shira qilib uyga qaytdi. Maktabdan chiqqanida buvisining ko’ziga qanday qarashini o’yladi. Osmonning bir tomonida suzilib chiqqan oyga tikildi. Birpas to’xtab qoldi. Keyin yon-veriga alang-jalang qarab, yo’liga tushdi.
Oylar ortda qoldi. Oy necha to’lib, necha ingichka tortarkan, bu ikkiga hayron bo’lgandir. Unisi unda, bunisi bunda yuribdi, degandir.

IZOHLAR
1. Yumruq – musht.
2. O’zga tildan kirib, o’z tilimizda muqobili bo’lsa-da, nutqimizdan keng o’rin olgan shu va boshqa so’zlar ajratilgan.
3. Baloq – shimning pochasi.
4. Mehim – ro’zg’or buyum.
5. Anjirnak – rangi to’q.
6. Yo’q ko’raman – yomon ko’raman.
7. Himarib – shimarib.
8. Yaynab – javdirab, ko’z tutib.
9. Iroq – yiroq, uzoq.
0. Jirinkoz – badjahl, fe’li tor.
1. Ujuv – baror.
2. Mijib – g’ajib.
3. Qaznoq – ro’zg’or buyumlari saqlanadigan omborxona.
4. Yelhak – beg’am, beg’ubor.
5. Indiyot – ko’chirma.
6. Kandik – tomga chiqish joyidagi tщsinlar orasi, qovoqpesh.
7. Topish – foyda.
8. Nato – naql.
9. No’kor – qarol.
20. Qoraqarg’a – oktyabrь oyi kirishi o’nkunligi.
21. Qay – kirish vaqti, mavsum qayrilishi.
22. Qantarog’di – dekabrь boshidagi o’nkunlik.
23. Qirsan-baraqsan – g’ala-g’ovur.
24. Qo’ylasim – yog’i olingan ayron.
25. As – usta
26. Elpa-telpa – esi og’gan.
27.Mo’ntaloq – pul.
28. Qarqara – e’zozli.
29. Leviy – foyda, maoshdan boshqa yo’l bilan topiladigan daromad yoki ishlamay topilgan pul.
30. Yo’rgam – ishni yurituvchi yaxshilik.
31. Hunarvand – hunarmand.
32. Ziraksan – ziyrak.
33. Gal – aldov.

DAVOMI BOR

021

(Tashriflar: umumiy 1 976, bugungi 2)

1 izoh

  1. Juda zor man hali oqib kormadim lekin bokalikman qiziqishim ortib ketti. Katta raxmat hozir oqishni boshladim

Izoh qoldiring