Ma’mura Zohidova. Boychechak. Qissa (2) & Zuhriddin Isomiddinov. Boshqa tilga o’girib bo’lmaydigan asar

09Тилимизнинг чин бойлигини мен Маъмура Зоҳидованинг шу асарида кўрдим. Гарчи, бошқа бир қанча адибларнинг асарларида ҳам тил ширали, бой, аммо “Бойчечак” шу нарсани махсус кўрсатиш учун ҳам ёзилгандай (Зуҳриддин Исомиддиновнинг қисса ҳақидаги мақоласидан).

Маъмура Зоҳидова
БОЙЧЕЧАК
Қиссанинг давоми


* * *

098Яна йўл. Овлоқ йўлда, катта сада тагида… ўшами? Ўзими? Кимни кутиб турган экан?
Ер остидан унга қараб тараддудланяпти.
Наҳотки уни кутяпти?
Унга интиқ бўлиб турибди.
Ойдин-а?
Кўпдан турганми?
Турғуннинг кўзларидан олов чиқди.
Вужудини қалтироқ тутди. Яқин келди. Ойдиннинг оқ юзлари баттар оқарди.
Недир ҳаяжонларни англатганча қимтилиб, қандайдир сўзларни аранг тутиб турган қизил лаблар енгил титраб олди.
– Ях-шимисиз? Сизда г-гапим бор.
Турғун аллақаерларга қараса ҳам, унинг ойдай юзини кўриб турарди. Жисмига нимадир ерданми, кўкданми, сирғалиб кириб борар, оёқларининг учида яшин ургандек сезги бўлар, нафасидан елкалари кўтарилиб тушар эди.
– Нима дейсиз? Исирғангизни йўқотдингизми?
– Йў-ў… А?. Нима деганингиз бу? Унгамас.
– Нима унда?
– Мен… ҳалиги… Уйга қайтмоқчиман. Кечирсангиз агар…
Орқадан мактаб болаларнинг овози келди.
– Энди онангизни ўлимдан опқолмоқчимисиз? Йўқ, борманг. Биз яшаб бўлдик. Сиз билан ажи-ажи ўйнамоқчимасман.
Орқадаги болалар яқинлаб қолишди.
Ойдин шошиб нари кетди.
У уйга юрди. Юраги гурс-гурс тепарди.
Бунча ҳам чиройли бўлмаса Ойдин. Нега у… Нега жонига офат қилиб яралган экан-а? Нега у бошқани севди? У юрагини очмасидан севиб улгурди? Кўнглини бировга берди? Севиб қўйди? Нега? Кафтларида тутмасмиди? Истаганини муҳайё қилмасмиди? Чўғдай ясантириб, ҳамма қизларнинг кўзини куйдириб олиб юрмасмиди?
Йигиталига сира рўпара келмади-я. Нима дерди экан у? Ўзи-чи?

* * *

Тунлар шундай узун бўларканми. Аввал билинмасди. Бувиси ҳам ухлолмай у ёқдан-бу ёққа ағдарилиб ётибди. Ҳали эрталаб барибир “мижжа қоқмадинг-а, болам”, дейди. Бир нарсани яшириб бўлса экан.
Нималар қилиб қўйдим.
Хатонинг йўлдоши жазо бўларкан.
Мол-ҳолни тинчитиб, чойга ўтирди. Кампир ҳам намоздан чиқиб, сўрига қадам қўйди.
– Болам келинга бир бориб-келсанг бўларди. Изига ёниб қолгандир. У куни бувисешанбада Қантижон ҳамманинг ичида ярашишмадими, деб сўради. Ер ёрилмади-да.
– Келмайди энди, буви. Керакмас.
– Оғзингни ёп. Бўлар-бўлмасни гапирма. Ҳар гапга фаришта омин дейди-я, ўлмагур. Ҳали шунақаям бирга яшайсанки. Қорлар ёғилади – излар босилади. Куй-куй бошқадан бўлиб, жа …
– Йўқ, буви, у…
– Санга сиёсат қилади-да. Шунақа ўқимишли эрни қаттан топади?
Турғун хўрсинди.
– Энди бўлди. Кўча-кўйда гапириб юрманг. Уйигаям борманг.
– Ҳа, сен бола уни бирорта билан сўрашиб қўйганини кўргандирсан-да. Қўй, бир юзинг билан пишгин. Кейинги хотин – чопоннинг ямоғи. У-бу ерга чақириб гапиргин, йўлга сол. Бирам кўҳлик-эй, қурмағур.
– Ора очди бўлган. Уйига одам қатнаяпти. Эрга беришади энди.
– Гумон қилма, болам. Ёмон бўлади. Гумон имондан айиради. Сенга ким айтди?
– Билдим-да.
– Ким экан?
– …
– Энди этаксиз жинни бўпти хотининг. Жинни хатига тушипти. Бунақа қилиб ошни қайноқ ичиб қўймаса бўларди.
Турғун даст ўрнидан турди.
– Аммо бир оғиз бўлсин, хотинингга тегишлик қилт-пилт гап эшитмадим. Тўғри юрган кийикнинг кўзидан бошқа айби йўқ.
Буви бармоғини тишлади. Сўри четига тикилиб, оғир хўрсинди.
– Менга қара, кел ўтир. Ўй-ўйлайверма. Дунёни бир қавати, болам.
– Ўйламайман, буви. Фақат, шу… Қайтиб гапирманг шуни.
Турғун дарвозага қаради. Кампир ҳам ўша ёққа кўз ташлади.
– Келиб қолса, Худодан умидим бор. Битта тирноқ бериб қўйса эди, ўшанга овуниб қоларди хотининг жонивор. Худо бир йўлга солар.
– Буви шундан гапирманг, бошқа қиладиган ишимиз йўқми?
– Кўзим очиғида бола-чақа қилсанг, ёним ерга тегарди. Ўттизга кирган йигитнинг ўтин олгудай ўғли бўлсин экан. Ётган-турганимни, еган-ичганимни билмайман.
– Энди келмасин… Керак эмас. У… Биз бошқа-бошқа йўлдамиз. Шаҳарга кетамиз, буви.
– Ҳўв, бола, эна – кетингга қараб чена. Шаҳарда нима бор? Мени ташлаб-а? Ёлғиз ўчоқ – Тўхта чўлоқ бўламанми? Қаёққа борасан?
– Сиз ҳам кетасиз.
Турғуннинг вужудида енгил титроқ турганди. Янги дамлаб келган чойдан ўзига қуяётиб беихтиёр тўкиб юборди, пиёлани қўйиб, қўлини силкий кетди.
– Ана, кўрдингми, бемаза гапириб, куйдинг. Куйиш арвоҳлардан. Арвоҳлар ҳозир. Кесакдевор бўлса ҳам ўз уйингнинг чироғини ёқ. У ёқда хешинг бўлмаса.
– Танишлар бор. Кел, иш кўп, дейишяпти, – деди Турғун қўлига пуфларкан.
– Бегонани ошнаси этигимни пошнаси, билдингми? Қўй, ўзим ҳимога йиқиламан деб юрибман. Ёним ер тортгани тортган. Этагимнинг кириям оғирлик қилади менга. Мунча энди қўлингни силкитдинг? Ёмон куйдими?
– Э-э.
– Ачишиши қолмадими? Ариқдан лой олиб бос. Ўзим опкепберай.
Кампир кенг-мўл этагини бир қўлига йиғиб олиб қўзғалди.
– Керакмас, ўтиринг-э. Куйгани йўқ.
– Мени қимирлатаман деб хомтама бўлма. Қариганимда бегона жойда йўқкўримчиқ (34) бўлишим қолувди. Мизоннинг устида турибман ўзи. Тўримдан гўрим яқин бўлса.
Турғун бўйнини ён томонга чўзди.
– Мана бу деворни ҳар йили бузиб ярим қаричдан сурадиган қўшниларингиз билан олишиб юрасизми? Кетамиз.
– Ким олишибди? Майли, Худо кўриб турибди. Ер қисганни гўр қисармиш. Худо булар билан уй қўшни қилди, ер қўшни қилди, ишқилиб гўр қўшни қилмасин.
– Ҳа-я, еримиз ҳам ёнма-ён. У ёқдаям шу аҳвол. Тош теришса, бизникига ирғитишади. Ариқнинг у бетидан чим кўчириб, бу бетига босишади. Кетиш керак. Бунақа майда-чуйдаларга чалғийвермасдан. Каллак буғдой эккан йилимиз эсингиздами, боғлаб терак билан олмаларга тиклаган жойимизда қанча буғдойни товуқларига едириб юборишди. Борардим, ҳайрон бўлардим. Нега бу буғдойбоғларнинг оёғи осмондан бўпқопти. Шуниям тўғри қўёлмабманми, деб. Кейин тушунсам, эллик-олтмиш товуқларини боққани олиб чиқиб, мен тиклаган буғдойпояларни бошоғини пастга қилиб қўйиб беришаркан.
– Болам, майли, куюнма, ўтган ишга салавот. Гапириб оғзингни чарчатганинг қолади. Қиличвойлар ўлиб кўрмаган, холос. Шунақа қилгани билан қўрага қўй ёйиб юргани йўқ. Ит ҳам баҳра олмайди. Битта рўзғорини зўрға қимирлатади. Бир хотинни ҳайдаб олган хотини шу. Уям бурганинг кетини кўрган хотин. Қайнонасига қариганда заҳар косада ош бериб безиллатди-да. Ким этмагай – ким тортмагай. Бировни гапирдим-а, Ўзи кечирсин. Сен қўшничиликни бузма. Сув ичирмасга сут ичир деган.
– Олдинги хотинлари ким дегандингиз?
– Пардавойни катта қизи бўларди. Қилич қўйиб юборгандан кейин беш-олти йил ўтиб Кўктошга ўзларини қариндошларига тегиб, тиниб-тинчиб кетди.
– Кунимизни шунақалар билан олишиб ўтказамизми энди? Алам қилади-да. Кетганимиз яхши. Ўримпош холам билан топиштириб қўяман. Зерикмайсиз.
– Қийинчиликдан, сиқлиятдан қочма, болам. Кўк йиғламаса ер кулмайди. Нолима, Худога ётишмай қолмасин. Борақол ишингга, кечикма.

* * *

– Домла, ассалому алайкум.
Олтинчи синфнинг йигитчалари чопиб келишди.
– Ваалайкум ассалом.
– Домла, сумкангизни беринг, мен кўтариб оламан.
– Йўқ, менга беринг. Элтишиб қўяман.
– Қўяверинглар. Оғир. Ўзим кўтараман.
– Келинг, бераверинг. Менинг кучим кўп. Даламизда пиёзни тўрхалтада ўзим ташийман.
– Йўғ-э, зўр экансан-ку.
Орқада эргашиб келаётганлари чуғурлашди.
– Бугун бизга иккинчи соат адабиёт.
– Домла, бугун мендан сўра-анг. Ҳаммасини ўқиб келдим.
– Хўп, хўп.
Ўқитувчилар хонасида муаллимлар кўп экан. Завуч рўпара келди.
– Юлдашев, какраз сизни қидираётувдим. Энди келяпсизми? Уйингиз бир қадам-ку, эртароқ келавермайсиз. Мана, Лобар билан Фотима икковиси Шарғилдоқдан пешком келишади. Бир соат бурун шу ерда бўлишади. Иш план янги бўлди. Кеча районодан опкелдим. Руқия опадан олиб, ёзволинг. Бугуноқ. А-то улгуролмайсиз. Конспектларниям тайёрланг. Обший ҳаммасига биттада қўл қўйиб бераман.
Турғун бош ирғади.
Биринчи дарсдан кейин ўқитувчилар хонасига кирди. Уни кўрмаганга олиб ўтиб кетаётган Руқия муаллимага салом берди.
– Опа, иш режа сизда экан.
– Нима?
– Иш режани сизга беришибди. Шуни бераркансиз, кўчириб оларканман.
– Ўзим энди олдим-ку. Аввал мен кўрай, ёзиб олай, намунча ўпкангизни қўлтиқлаб?
Турғун елка қисди. Йўлакка чиққан эди, ортидан учган пичинг сўзлар қулоғини ловуллатиб, ўзини тўхтатиб қўйди.
– Одамда сал юз бўлсин. Баъзилар тайёр ошга баковул бўлмоқчи бўлади-я.
– Кимни айтасиз, Руқия опа?
– Кимни бўларди, Юлдашевни. Мен бўлмасам, мактаб тушиб кетади, деб ўйлайдими, дейман.
– Ҳозир ёшлар роса ўзидан кетиб қоляпти. Каттамисан, аёл кишимисан, фарқи йўқ.
– Мактаб ҳам мактабга ўхшамайди. Илгари эсингиздами? Аҳмедов домла, Саидов, Ўролов, Валиев домлалар ишларди. Усмонова, Кабирова муаллималар дарс берарди. Мактабни обрўсиям анча баланд эди. Бизла катталар бор бўлса, ўқитувчилар хонасига киролмасдик. Ҳозиргилар тап тортмай кириб ўтирволади. Яна тўрга. Кейин бемалол гап талашишади. Туф десанг, бет дейди.
– Қозоннинг кичкинаси тошаркан-да ўзи. Ўқитувчи дегани ҳамма томонлама болаларга намуна бўлиши керакмасми? Аслида бир-иккита ажрашиб, уришиб юрган ёшларимизга аввал оиланг бут бўлсин деб шарт қўйилса экан. Маҳаллакомитет билан билла профсоюзимиз яраштириш комиссия қилиб, ишласин, нима энди? Ўқувчилардан гап яшириб бўладими, ҳаммасини билади. Ўзининг боласини тарбияламаган, эридан ё хотинидан аразлаб ажрашиб юрганларнинг ўқувчиларга тарбия беришга қанақа қилиб ҳаққи бўлсин?
Турғун ҳафсаласиз дарсга кирди. Гарангсиб юрди. Кун бўйи кўнгли очилмади. Қайтарда шаҳар томон йўл олган кичик сариқ автобусга дуч келди. Ҳаммасини ташлаб узоқ-узоқларга кетса, барини унутса. Ҳеч кимни кўрмаса, бировга ҳисоб бермаса, миннатсиз ишласа. Ҳеч кимга оғирлиги тушмаса. Биров нега хотинсиз юрибсан, деб сўроқ қилмаса. Ойдинни… Буткул хаёлидан ўчирса.
Ҳовлига қадам қўйди, бувисига юзма-юз келди-ю, енгил тортди. Йўлига термилиб ўтирибди.
Кечда бувиси қўшниникига эртанги кун бериладиган тўйни йўқлаб чиқиб кетди.
Турғун эзгин-эзгин хаёллардан қочолмай уй ичида шифтга тикилганча кўрпачага чўзилиб ётарди. Чала юмуқ кўзлари олдига яна Ойдиннинг қиёфаси яқинлашди. Турғун бошини силкиди. Барисидан бир лаҳзада қутулгиси, хотиридаги ўша тоза бўлиб тоза бўлмаган, кир бўлиб кир бўлмаган хотираларни чиқариб ташлагиси келди… Қиёфа кетмади, хаёл тарқамади.
Остонада Ойдин турарди.
Бу гал ҳаммаси ўнгда эди.
– Мен келайин, ҳайдаманг, мени ҳам ўйланг, – деди.
– Сиз… Кечда қандай келдингиз?
– Кечиринг. Қўлимни бировга ушлатганим йўқ. Ҳаммаси қаёқдаги гап экан. Кетганим баравари уйимдан чиқмадим. Чиқсам сизга йўлайин деб чиқдим. Эрли хотин деб у… келмади. Сизни алдамайман, жиянимдан хат юборсам, “Сени ҳеч яхши кўрмаганман”, дебди. Уйланяпти.
Турғун қалтираб кетди. Кўзлари қаҳрли оловланди.
“У!!! Ахир…”
Ойдиннинг кўнглини оёқости қиладими?
“Йигит, сени… Нима қилсам экан?”
– Кетинг. Мен сизга захира ўйинчимидим.
– Турғун ака, орамиздаги гапни сиз билан мендан бошқа ҳеч ким билмайди. А-ана у ҳам, “Бировга гапириб юрма. Ҳаётим тинч бўлсин”, дебди. Мени кечиринг. Энди аввалгидек… Ҳеч қачон айтганингиздан чиқмайман.
– Айтганимга кирган вақтингиз бўлганмиди?
– Турғун ака, ахир қайтиб келсам, ҳайрон бўларлик жойи йўқ-ку.
– Чиққани пастаккина том яхши, дебсиз-да.
– Орада никоҳ бор.
– Никоҳни сиз айтманг, Ой… Ярашмайди. Гуноҳ бўлади. Никоҳимиз сиз сачраниб чиқиб кетганда бузилган. Йўқ ундан ҳам аввалроқ. Бўлди, тезроқ кетинг. Тезроқ совчи чиқади сизга.
– Ахир ҳалигача уйланганингиз йўқ.
– Қачондан менга раҳмингиз келадиган бўлди? Кетинг. Биров кўрмасин.
Ойдин ҳиқ-ҳиқ йиғлади. Оппоқ юзларини узун бармоқлари ортига яширди. Ўрнидан турди, ўша аввалги ифорларини таратиб шундоқ ёнидан, бир вақтлар зардали-зардали бўлса ҳам уриниб юрадиган пешайвондан оҳиста ўтиб бошини эгганча чиқиб кетди.
Ростдан кетдими?
Ҳа, кетибди.
Йиғлабгина кетаётгандир. Бирпас шу ерда йиғлайвермайдими?
Оёқларига йиқилиб, синамоқчийдим, ҳаммаси ёлғон эди, деса экан. Ишонтирса экан.
Буларга қандоқ чидаш мумкин? Бир дарди икки бўлибди-ку. Бундан кўра Йигит билан аҳду паймон қилиб юз йил юрмасмиди. Юз йил чидамасмиди бу балоларга. Юз йил ўртаниб… Угинага яна азобми? Қандай яшасин севмагани билан? Қандай кечирсин Йигитдек номардни? Бой бердими бутун ёшлиги, чиройи, тоза севгисини?
Эртаси маҳаллада тўй бўлди. Саҳарда эшикдан биров чақирди. Турғунга каттакон ерқумғонларни тўлдиришни тайинлашди. Челак билан ташқари йўлакка чиққан эди, ариқ бўйида яна Ойдинни кўрди. Қўшнининг қариндоши у. Сесканиб тушди. Қалтираб кетди.
Ана, атрофда ҳеч ким йўқ. Унга айтсинми, бутун ўртанишлари, усиз изтироб чекаётганлари, ҳамма уларнинг ярашишини истаётганини? Ҳозир айтади.
Атай шу ерда турибди. Яна нимадир демоқчи. Ўз уйига қайтмоқчи. Уй унинг ҳам уйими? Уйи-да. Қанча жонзотга бошпана бўлган бу боғ, бу уй шугинани жон деб бағрига олмайдими?
“Ойдин, сен ялин. Мендан ўтин. Мен хўп, дейин. Кўнглимдаги азоблардан бирйўла қутулай.
Сени кўриб турсам, дунё меники бўлади, Ойдин.
Ҳаммадан чиройлисан.
Ҳаммадан бошқачасан.
Ҳаммадан ёқимлисан.
Сени хор қилганлар хор бўлади, Ойдин.
Бувим, келинимнинг ой деганда оғзи бор, кун деганда кўзи бор, дерди. Сенинг поклигингга Йигит ишонмайди, холос. Бутун дунё ишонади. Мен ҳам, Ойдин.
Нега ариқ бўйида кўпроқ ўтирмадинг? Нега дарров кириб кетдинг? Мендан тортиндингми? Одамлардан уялдингми?
Сени оёқости қиляпманми, Ойдин?
Менга кўнглинг исидими ё раҳминг келяптими, ё яна дадангни ўйлаяпсанми?
Уч ойлаб уринган рўзғорингни соғиндингми, Ойдин?
Айбнинг каттаси ўзимда. Нега сенга совчи жўнатдим? Эшигингдан юз ўтганим, кўришишга зор бўлганим билан, бир оғиз гапингни олмаган бўлсам. Неча бор юзлашиб келганда ҳам ер чизиб ўтиб кетган бўлсам. Нимамга ишондим, нега бундай таваккал қилдим? Ўқиган йигитман, мени ҳамма қизлар орзу қилади, деб ўйладимми? Эҳҳ! Сени Йигитдан айирдим. Ё севгингдан айирдимми? Балки, асраб қолгандирман. Ҳа, у Йигит-пигит эмас, сенга мос эмас. Лекин сен уни марвариддек тоза кўнглинг билан… Уни бахтли қилардинг. Ўзинг ҳам бахтли бўлардинг. Уфф!
Қайтиб кел, Ойдин!
“Келдим-ку, ўзингиз қабул қилмадингиз”, дейсанми?
Сен ўн марта қайтиб кел! Юз марта!
Келевергин! Зора юрагимдаги рашк ўтлари ўчса. Зораки сени кечирсам, зора ҳаддимни билсам.
Ширин-ширин суҳбатлар қурамиз. Сенга латифалар айтиб бераман. Эсингдами, сўри устида ўтирганимизда бувим биз иккимизнинг ёлғондакам ижро ўйнаб юрганимизни сезмасинлар деб бир латифа айтгандим. Сен бувим боққа кириб кетганида, “Менинг олдимда анекдот айтманг. Кулмайман, кейин бувингиз ҳайрон бўладилар”, дегандинг. Майли, анекдот дейсанми, айтинг дейсанми, айтманг, дейсанми. Фақат кел.
Келмасанг, сени олгани ўзим бораман.
Эртагаёқ.
Ё индингами?”
Бориб бўларканми.
Кун неча бор чиқиб ботди.
Бормади.

* * *

– Болам, кечқурунги кулчатой бағир бўп қопти. Халфананг борлиги эсимда йўқ, овқат қипман. Ўзи озгина экан. Ичиб қўя қолгин.
– Эрталабда ичмайман.
– Ичасан! Шу билан пешингача томоғингни йиртиб дарс берсанг, қорнинг пиёзпўсти бўпкетади. Юмшоққина бўлса. Лиқ-лиқ ют-қўй.
– Бугун ойлигимизни олсакмикан, – Турғун ҳафсаласизгина сўзлар, қарашлари паришон эди.
– Ҳа, тузук. Болам, ойлик олган кунларинг кўчада шашлик-пашлик еб олгин. Топганда товонингни ёғла деган.
– Уйга опкелайми? Бирга еймиз.
– Йўқ-йўқ-йўқ. Мен сира емайман, биласан-ку.
– Олтинчидан пахтага олиб кетишади, дейишяпти.
– Ҳа, энди юртга келган тўй, борасан-да. Шеригинг ким бўларкин?
– Билмасам, Муҳаммад акадир.
– Муҳаммад аканг-ку, тузук. Анави Тўравой билан ўтган йили сал жиқиллашиб қолувдинг.
Турғун кампир томон қайрилиб, ажаб-ажаб қаради.
– Буви, билмайман, айғоқчиларингиз қандай ишлашади, ҳеч нарсани сиздан яшириб бўлмайди. Аммо-лекин бир жойда шунақа бўлган экан, деб юрманг. Уялиб қолмайин.
– Эсимни ебманми. Ёмон билан ётма, эрта туриб айтма. Ўзи Тўравой нега борди? Қоровуллигини қилмайдими?
– Эркаклар кам-ку. Шунга болаларга қарайди, деб жўнатишди-да.
– Болам, ўшанақа бетамизлар билан хаттинг-хуттунг қилма. Орқангда ўзи йўқнинг юзи йўқ қилиб гапириб юради. Пайингни қирқади. Элни элагидан ўтиш осонми. Ўзи уятни билмаганлар бошқаниям уялтириб қўяди.
Тўравой қоровул ётоқда пахта тортиш вақтигача ҳали у, ҳали бу ёққа бориб табелчими, бригадирми, сувчими билан сўзлашиб кетар, гап айлантиришдан муддаоси ё бир чеким нос, ё бир калтак сигарет бўларди. Бунинг устига ўн биринчи синфнинг кўҳликроқ қизлари атрофида айланиб, ундоқ-бундоқ деб гап сотгани-сотган. Ҳазил-ҳузулни авжига чиқаради. Бир-икки шўхроқлари билан гапи келишиб қолдими, пахтазорни қаҳқаҳага тўлдириб торттиришгача даладан чиқмай юрадиган бўлди.
Бир куни қайтарда Турғун Дилобар деган қизнинг ўзига қараб-қараб қўяётганини сезиб, гапи борлигини пайқади, етиб олди. Қиз атай қадам секинлатиб, тўп-тўп бўлиб шийпонга чиқаётганлардан ортда қолди. Овозини биров эшитмас бўлганда ёрилди:
– Турғун ака, ану қоровулимиз ёмон одам эканлар. Кеча орқадан келаётсак, дераза парданинг очиқ жойидан қизларнинг кийинишига қараб ўтирибди. Кейин… ану… Эгатдалигимизда… Э, ишқилиб ёмон одам эканлар-да.
Турғун оғзини очиб қолди. Кейин тишини тишига босди.
– Хўп, сен боравер, мен гаплашаман.
Кечаси болаларни уйқуга ётқизишган маҳал шийпон пешайвонида ёнма-ён ётишаркан, нимадан гап очишни билмай турган эди, Тўравойнинг ўзи бирдан овозига сир қўшиб маслаҳат бериб қолди:
– Турғунбой, йигит киши бунақа қилиб юрманг. Бирорта қиз билан яқин бўлиб гаплашинг. Эрмакка-да. Ёш нарсасиз. Келишган йигитсиз. Эҳ, қани мен ҳам шундоқ эркинчиликда сиздай бўлиб қолсам. Хотиндан узоқда-я, эссиз. Ах, ёшлигим ўтди-кетди. Чарс эдим, чарс. Мен сизнинг ўрнингизда бўлсам, нечтасининг қаймоғини ялаб қўярдим.
– Ака, ўзингизнинг ўрнингизда ҳам тинчгина юрганингиз йўқ-ку. Анов куни пахтазордан бу ёққа келиб олдингиз. Ҳа, десам овқатдан хабар оламан эмиш. Кўриб турибман-ку, ошпаз қизларнинг биттаси ловия теришга борганини кўриб, иккинчисини олдига келдингиз. Кап-катта одам бўлсангиз. Бизга бу бўй етган болаларни ишониб топширишди ахир.
– Ие, ғалатимисиз, Турғунбой? Мен сизни туппа-тузук йигит деб юрсам хотиндан баттар гапчи экансиз-ку! Носвойим кастумимда қолгани учун чиқдим шийпонга! Қизларингизда неча пуллик ишим бор?
– Қизларда ишингиз бўлмаса, кийинаётган вақтда пойламанг! Ҳаммаси болангиз тенги бўлса.
Тўравой ўрнидан гурс туриб кетди, устидаги чойшабни қўлига бураб олиб ерга урди.
– Манга қара, сен валламат! Қаерда кўрдинг пойлаганимни? Мактабда қисибгина юрардинг! Бу ёққа келиб олиб-а, ўзингни каттакон хаёл қиляпсанми? Ҳа-а, рашкинг келяптими?! Ўзингни бил сен! Ҳамма болалар гапиряпти. Болта кални қизи билан ажи-ажи қилиб юрибсан-ку!
– Нима деяпсиз? Секинроқ гапиринг, болалар уйғониб кетади.
– Ҳа-а, ёлғонми?
– Иккинчи бировнинг қизини оти билан атаманг. Билмай-кўрмай! Эркак одам!
– Ана, қалай, сен кўриб-нетибмидинг мени?! Мендан нечта кўйлакни кўп йиртгансанки, ақл ўргатасан?! Юрибсан-да, битта хотинни эплаб тутолмай нонни нанна, кавушни ванна деб. Э, сен, шошилмай тур! Ҳали эрталаб бригадир келсин, хонасидан директорга телефон қилиб, қилғиликларингни битта-битта айтиб бермасам юрганаканман!
Турғун бошини амаллаб ёстиққа босди. Шундоқ ҳам тўртта хонада ётган икки юз чоғли ўқувчиларнинг ғўнғир-ғўнғирлари тинган, эшитиб ётишарди.
Йўқ, ҳарқалай ўшанда эртаси эрталаб директор ўз оёғи билан келганда Тўравой сийпаланиб, атрофида мушукдек суйкалиб айланиб юрди, ўзининг жонбозликларидан оғиз кўпиртирди – ўша гаплардан оғиз очолмади. Лекин Турғун билан уч кунлаб гаплашмади. Ундан кейин ҳам совуққина салом-аликдан ўтмай қўйишди.
Бувиси ҳамон ўша Тўрани гапирмоқдайди.
– Ўтган йили куз охирида бир кўрувдим. Бурнидан қурт ёғилади. Сўрашай десам, терс қарайди. Худо олсин, дедим. Бошлиқлар пахта вақтида бунақаларга иши тушиб ялинади, кейин улар ўзидан кетади-да. Майли. Ёмонга ёғ ярашмайди, калга – пиёздоғ. Шу бизни қишлоқларгаям пахта экилса, шўрлик болалар ёш бошидан ётоқларда ётмасмиди?
– Э, буви, нима қиласиз пахтани? Ўзи қаёққа қараманг, ҳаммаёқда пахта. Ундан буғдой экилса, дейман. Халқ тўқ бўлади.
– Майли, давлатни иши бизга қоптими. Ўтган йилги пахта терганингларнинг пули нима бўлди? Болаларнинг ҳеч йўқ калишининг пули чиқармиди. Олдингларми?
– Йўқ. Ўзи бу ётоқ деганига борибманки, иккинчи теримдан бошлаб терилган пахтага бир сўм пул олиб бўлганини билмадим. Тайсаллаб туришади, кейин ётоқдан қайтиш бўлиб, қопкетади. Бола бечоралар берган уч-тўрт сўм пулига бирам севинадики. Бу йил ҳам ўша Ёрқишлоқнинг далаларида ётарканмиз. Директор ҳақларингни олиб бераман, деди-ку. Яна билмадим.
– Майли, олақарғада олимсоғинг бўлса, бир куни тегади. Дириктирингни хафа қилма. Уям бир жойни ўмариб ейман, деб бошлиқ бўлмагандир. Султон суягини хўрламабди. Болаларни яхши ўқитсанг, ҳурматингни топаверасан.
Турғун кийинишга кирди.
Кўча томондан эчки-қўйларнинг, кетидан подачининг “ҳушт-ҳушт” овози келди. Кампир шоша-пиша қўйхона эшигига кетди. Така-улоқ, қўй-қўзи аралаш ўн тўрт чоғли жонлиқ кўча томонга отилди. Кампир уларнинг орасини ёриб ўтар экан, дуррасини ечиб бошига ташлаб чакка сочларини тугалай ёпиб танғиди, ҳимарилган енгларини туширди-да, дарвозани очди.
– Суммат хола, ўғлингиз кечқурун подажойига чиқмади. Бугун нон навбати сизларники, – деди подачи белбоғини узун податаёғи учида кампирга узатиб.
– Вой, хўп, болам, ҳозир, – кампир уйга шошди. Нонқутидан иккита нон олиб, бетига токчадаги ликобда турган майизни солди, оғзи очиқ халтадан беш-олти ёнғоқ олиб майиз устига ташлади. Белбоғни тугумлади. Маҳалладагилар қўй-эчкисини подага кечиктирмай чиқаришларию ўзбошимча эчкиларнинг бировлар эшигини шохламаслиги учун “Ҳайё-ҳай” деб турган подачи нонни олиб, халтага солар экан, тугунни силкитиб кўрди.
– Ёнғоқми, қуруқлигидан билса бултурги-да-а? Ҳалиям сақлаб юрибсизми? Бойхотинсиз, Суммат хола. Аммо битта нон етарди.
Кампир мамнун қиёфада бош ирғаб, дарвозасига юрди. Чўпон, эгасини подага етказмоқ учун тепиниб турган отининг жиловини яна тортиб, кампир ортидан қичқирди:
– Суммат хола, ўғилга айтинг, бирорта китоб берсин. Ўқиб қайтараман. Иккита бўлса яна яхши.
– Ҳозир, – кампир эшикдан кириб кетди. Бирпасдан сўнг қўлтиғига иккита китоб қистирган Турғун кўйлаги енгларининг тугмасини қадаганча чиқиб келди. Подачи от устидан унга жилмайиб тикилди. Сўрашишга қўл узатди.
– Саломатмисиз, домла? Ишлар билан чарчамай? – деди китобларни олиб халтасига жойларкан. – Домла, ишқилиб бор бўлинг. Ўғлим бирам мақтайди. олло илмингизни оширавурсин. Шу ўғилни ўқитаман деганман. Сизам маҳкам туринг. Насиб қилса, бир касбга эга бўлсин. Сизга ўхшаб оқяктак бўлиб юрсин.
Турғун қўлини кўксига қўйиб, бош ирғади.
Папкасини қўлтиқлаб, мактабга отланар экан, кўнгилхираликлари тарқаган, кўзлари порлаб турар эди.

* * *

Ажаб, пахта ётоқ бу йил бир ойгина бўлди. Сира бунақа бўлмаган-а.
Хайрият, пахта ётоқ бу йил бир ойгина бўлди. Шунча йил пахтада бола олиб ётиб, сира бунақа ҳолга тушмаганди.
Ҳозиргиларнинг дадиллигини-чи. Бирови – Янгибой тоғанинг кенжа қизи, Долим ошнасининг синглиси Жамила синфдош дугонасидан салом юборибди.
Домласини саккизинчидан бери яхши кўрармиш. Олса тегардим, деганмиш. Чип-чиройли, бир ақлли, олийда ўқийман, деса билими боргина қиз.
Бир-бировига сир ишониб айтиб юрибдими бу қизлар. Ўзини ўзи гапга тиқиб қўймаса бўлгани-да. Муҳаммад ака невараси касалхонага тушиб қолгани сабаб Ғовага кетганича келмади. Мактабнинг янги ошпазини қизларга қарайди, деб жўнатишган эди, беш кунда эри машинада келиб олиб кетди. Шунча боланинг жавобгарлиги ўзига қолиб, дала билан шийпон орасида чопавериб, тунлар ухлаб-ухламай чўпдек озди. Бунинг устига анави қиз. Уч кун кўзини нари-берига олиб қочиб чарчаганида, қизнинг ҳам қизариб кўзини ерга тикиб ўтаётганини илғаганида, энди нима қилсам деб боши қотиб юрган эди, бирдан шошилинч йиғилиш чақирилди. Эгатларга сочилиб кетган болаларни ўзи чақириб чиқиб тўплади. Ўн биринчиларни бир томонга, ўнинчиларни бир томонга сафлантирди.
Эски Карл Маркс колхози Машъал жамоа хўжалигига айлантирилган, лекин ҳозир шийпон супасида теримчиларга қараб ваъз айтаётган бу шляпали кишини ҳамма Карл Маркснинг раиси дерди. У ёнига Турғунни чорлади. Табелчи дегани орқадан шипшиди: “Кетаркансизлар, қаердадир бола ўлибди. Ҳаммага отбой экан”.
– Пахта терим бугундан одош бўлди, болалар. Ҳаммангларга катта раҳмат. Энди дала шароити. Камчилик бўлган бўлса узр. Кассир келиб қолса, нарядни ёпиб, пулингларни берворади. Ҳозир иккита аптобус билан иккита трахтир келади. Нарсангларни йиғаверинглар. Бугун уйга кетсанглар, шанба-отдих дам олиб душанбадан свежий калла билан дарсга чиқасизлар. Мана бу сизларга қараб ётган домлаларингга ҳам раҳмат. Военний йигит экан. Ҳамиша сизлар билан бирга бўлди. Круглий сутка қаттиқ ишлади. Ман просто беш кетдим. Маладес. Соғ бўлсин. Бола-чақаси кўпаявурсин.

* * *

– Болам-эй, ётоқларинг ҳам бор бўлсин. Муҳаммад домла икки марта кепкетганда, бир марта келмадинг-а. Ўзининг онаси бор бўлса кўргани келармиди, дедим, – кампир кўзидан тинмай тўкилаётган ёшларини артди, тириш лабларининг титроғи босилмади.
Турғун сўрига чўкди. Бошини қуйи эгди.
– Иложи бўлмади, буви. Қизлар бор, ўғил болалар ўрлиги ортган вақти, ташлаб кетсам бўлмасди. Муҳаммад ака уйқучи одам. Борлигида ҳам… Ишқилиб яхшимисиз?
– Ўтган пайшанба кечаси худди нари бориб-бери келдим, болам.
– Нима бўлди? Мазангиз қочдими?
– Ошқозоним тошдай бўлиб, жоним чиқиб кетай деди.
– Бирорта ёқмаган нарса еганмидингиз?
– Ким билсин, бирпасда кўнглим озиб… Қутлуғни боласиям бор бўлсин. Кичкина бўлган билан ҳушёр. Кечаси билан беш марта уйғониб, ҳол сўради. Шукур, бугун учлашиб ётарканмиз.
Ариқ лабида чўлтоқ супургини ушлаганча тоғасига кўзи жавдираб Яшнар турар, кир қўлларидан хижолатланиб, орқасига яширар, қандай сўрашишни билмай каловланар, мол тагини тозалаб, ҳовлиларни супуриб юрганидан бурнининг ости қорайиб кетган эди. Турғун унга жилмайди. Қўлини чўзди. Яқинлаб келган жиянининг бошини кўксига босиб, ияк тиради, оқиш чанг ёпишган сочларини силади.
Яна бир оқшом борлиққа бош қўйиб келар, тун кўрпаси ҳамма томонни тугалай энлаб бўлганди. Қурбақалар қуриллар, чигирткалар чириллар, сув шилдирар, ора-сира кўчадан ўтаётган отларнинг туёғи бирдек тақирлар, ҳамма-ҳаммаси сокинликнинг, хотиржамликнинг ўзга-ўзга оҳангли алласи бўлиб туюларди. Неча кунлик ҳушёр тунларни ўтказиб келган йигит ўз уйидаги осуда оромни соғинган, боши ёстиққа етмай, қотиб ухлаб қолган эди.

* * *
Душанбадан дарслар бошланди.
Мана, бугун ўша қиз ўқийдиган ўн биринчи синфда аранг дарс ўтди. Энди ҳар кирганида шунақа бўладими? Ўғринча син солса, қиз бечораям замбилбоп бўлиб ўтирибди. Бир нуқтадан кўзини узмайди. Кўнгил иши қийин экан-да. Бошқа болалар бўлса домласига ўйчан-ўйчан қарашади. Орада бир-бирларига ҳам маъноли разм солиб қўйишади.
Шивирлашган уч бўлса сир ётмас дейишган-ку.
Дард бўлди, бало бўлди.
Нима қилсин энди?
Йўл дегани бир яхши нарса. Ниманики мушкулга чора қилиб топган бўлса, шу йўл билан бирга-бирга, шу йўл билан ҳамроҳ-ҳамроҳ бўлиб топган.
Манзилларни манзилларга, чанқоқни сувга, ҳожатмандни ҳожатбарорга, беморни табибга, ошиқни маъшуқага етказгувчи йўл бўлмай нима?
Бироқ бугун йўл ҳам йўл кўрсата олмади.
Кампир маккасоқол ивитилган сувни катта пиёлада сузиб олиб ҳўплаб ўтирарди.
– Қандоқ эдим-а, отлиққа йўл, пиёдага сўз бермасдим. Эндигитдан бери мени ёлғиз ташлаб ётоқларга бормагин, болам.
– Яшнар қани?
– Болагина уйини соғинди-я. Борақолгин, онангга ҳам кераксан, дедим, сал бурун чўмилиб, сочини тараб, чиқиб кетди. Ўғил бола бўлса ҳам, бир покиза. Ҳамма ишни билади, қўғирмочдеккина-я.
Турғун ариқ сувига қўлини солганча жимиб кетди. Жияни билан кеча тузукроқ гаплашмаганига ўкинди. Битта китобни унга атаб қўйганди. Бериб юбормабди-да – хурсанд бўларди.
– Битта овқатнинг кўчасидан ўтайлик.
– Нима егингиз келяпти? Ўзим зўр қилиб пишириб бераман.
– Менинг иқим овқат тиламайди, болам. Сен ишдан келдинг, ўзингга ёққан бирор нарса…
Тарақлаб эшик очилди-да, Бектурди кириб келди.
– Толик, холапошша, қалайсизлар?!
– Бектурди-и-им, келдингми? Бормисан сен ҳам?
Кампир сўри ёғочига таяниб ўрнидан турмоқ бўлди.
– Эй, эй, қани, ўтиринг-чи. Қимирлаш йўқ!
– Бу арвоҳчи лўли холам бор эди, хабар олай демасанг. Кун-кун кўзим эшикда бўлди-я, – кампир томоғи ҳирқираб йиғлади.
Бектурди Турғун билан бағирлашиб кўришгач, кампирнинг елкасидан қучганча сўрига чордона қурди.
– Бўлди, бўлди, нима йиғи-сиғи, холаш? Ўзимам роса соғиндим. Келдим-ку.
– Болаларинг тузукми? – кампир овози қисилиб юзини рўмолига яширди.
– Рўзғор қурсин-да. Шундан ортмай ўлиб кетасан, бор бугун, хабар ол Сумматбидан дедим ўзимга. Юрибсизми чигирткадай сакраб? Қандоқсиз энди? Чолларни йўлдан урмаяпсизми? Бемалол уровринг. Тушимда опоқдадамни кўрдим. Ўша ошнаси айтгани рост экан. Битта ўрмонда военний кийимида юрибди. Беларусмикан шу ер дедим. “Холабувимни эрга бероврайинми, харидори кўпайиб кетяпти?” десам, “Беровир, толка пенсаси бақувватига бер”, дедилар. Хах-хах-ха. “Ҳайт, бу ёғи ош ерканмиз” дедим, “Ўв раҳматли, раҳмат сизга”, дедим. Қалай?
– Сен жўнаган куни ўлиб қоламанми деб қўрқдим. Бек гўрга қўярди. Энди Турғуним шунча кўргилиги камдай, ёшгина бошига ўзи қўядими дедим. Дийдорини кўролмийман, келгунича қаро ерга кириб кетаман шекиллик, дедим.
Бектурдининг лаблари аянчли бурилди. Кампирнинг елкасини бўшатиб, сўри қирғоғига мушт урди:
– Санларга нима бўлган ўзи, ҳамманг келишиб олганмисанлар? Ана у ёқда Ризвониям шунча йўл босиб келдим, борайин ёнида бирпас чўзилиб дамимни оламан, бир пиёла қайноқ чой ичаман, десам, юрган-турганимни бурнимдан чиқариб, ўламан дувдим, ўлмадим, дейди. Бу ёқда буниси! Хе ўлмай ўл ҳамманг. Ўлмай ўл! Ўлмай ўлиб кет-а!
Кампир жиянининг гапига ҳам кулар, ҳам йиғлар, Турғуннинг ҳам кўзига ёш мийиғига кулги келган, меҳмон эса жағи тинмай ёзғирар, юзларидан данакдек-данакдек ёш юмаларди.
Кампир амаллаб йиғисини босди. Енгига қайириб жойлаган рўмолчасини олиб, юз-кўзини артди:
– Тошкентларингга бориб-келдингми?
Турғун хола-жиянни ёлғиз қўйиб, гузарга шошди, гўшт олиб келиб қозонга босди. Бувиси то суюмли жияни билан аймоқилашгунча дастурхон тузатди. Бектурди ўзи олиб келган иккита қўқон патири билан бир ўрам ҳолвани дастурхонга қўйди. Боғ томонларга айланиб, мол-ҳолга ул-бул деган бўлди. Кейин то Турғун чой дамлагунича сўритокда осилиб пишиб ётган кишмишдан бир бош узиб келди. Энди у ҳар икки гапида хахолаб кулар, кампирнинг ҳам чеҳраси очиқ, ажинлари ёйилиб кетгандек эди.
– Холаш, битта антиқа одам билан келдим, денг. “Ким бўлиб ишлайсиз”, десам, “Устаман”, дейди. “Уй соласизми?” десам “Ҳа”, дейди. Жа ажойиб топишмоқ одам экан. “Мен ҳам уй солдирмоқчиман, биз томонларга бормайсизми?” дебман. “Йўқ, мен ўзимиз томонга соламан, холос”, дейди. “Менга яхши уста керак эди-да, битта уйни қанчада битирасиз?” дедим. “Менга ўхшаган усталар ҳамма жойда бор. Соладиган уйимга кўп вақт кетмайди. Мен шошилинч уйларни соламан. Биткизиб киритиб ҳам қўяман. Қоронғи-ёруғлигига жавоб бермайман. Дераза-пераза ўрнатмайман. Не-не устолда ўтирган коттаконлар ҳам ўзимга уй солдиради”, дейди. Нима дейсиз шунга, Сумматбиби?
– Гўрков эканми?
– Во, – Бектурди бош бармоғини баланд кўтарди, – ҳар балога ақли етади. Эс-ҳуши жойида. Кўриши тўй, ейиши қўй, бу холашкани, ўламан деса, миям ачийди-да.
– Ҳа энди деразаси йўқ уй гўр бўлмай нима бўлсин, болам.
– Э, маладес. Лекин биттаси машина сотаркан. “Жигули”. Ўшани оладиган бўп турибман. Индинга опкелади.
Кампирнинг пешонаси тиришди. Бектурдини нуқилаб, бошига ёлғон мушт босди.
– Мошинни нима қиласан, ақли паст? Ғалва кўпайтириб. Нарса ташиб сотмасанг. Пул топиб ҳисоб топмайсанми? Қўй, чигал соқолга темир тароқ қилиб олма. Дарров қайтар. Ўзича юрадими у жонивор. Эскини тузаб эсинг кетади.
– Воҳ, жа гапирасиз-да. Қандоқ қилиб оламан, деб қўйдим, билмайман, – Бектурди пешонасига шапиллатди. – Лафз кетди, бабуля, уже опоздали. Майли, энди. Ўзи эски мотоциклим ўлгур ҳеч қаёққа сиғмай ётибди. Э-э, бўлари бўлди. Толик бу ёққа ўтир. Биз тарафда бир гап юрибди. Сенга тегишлик. Янгивой оқпалакнинг қизини олармишмисан? Мактабда топишиб қолганмишсан. Ростми?
Турғун кўзига қадалган икки жуфт кўзнинг тиғидан қочолмай сўри суянчиғига ўзини ташлади.
– Ййўқ, қанақа қиз?
– Танимийман демагин тағин. Ўзинг дарс бераркансан-ку?
Кампир ўнғайсиз қолган неварасига ачиниб қаради-да, ўзи жавоб қилди:
– Ҳа, ана у куни хотинлар бир шама қилгандек бўлди. Айтдим, булар жуда ўсмоқчилаб қолди. Атай гапни уздим, йўқ нарсага йўлкарчи бўлмай деб. Шип этганга олам жаҳон гап.
– Жиян, агар кўнглингга ўтиришган бўлса, шартта бориб ҳал қилайлик. Бир тоқа бўлиб юрибсан, энди бундан бу ёғи холабибишкаям олвали билан ғайрали бўлармиди. Кун сайин пайкалдан кетяпти, тўғрими Сумматби? Энди бу шўрлик уруш эридан жудо қилган старуха Изергилга иссиқ-иссиқ овқат керак, қаров керак. Йўқ деб кўр-чи.
Кампир Турғун томонга ўғринча қараб лабини тишлади. Бектурди сўзига амрона тус берди:
– Бунақа бўшашма! Хотинингга манаман деганлардан жовчи чиқиб ётганмиш. Раиснинг кичкина келини туғолмай қора босиб ўлди-ку, шунга битта жовчиси раисмиш. Нега рангинг оқаради? Э, ука, бу дунёда милтиқ билан хотинга ишониб бўлмайди…
Бошқа гапларни эшитмади.
Овқат сузиб келганида, сўзлашув бошқа бир нарсаларга бурилганидагина тилга кирди.
Бектурдини кузатиб юборгач, бувисидан кўзини олиб қочиб, аланглаб турди-да, магнитофон қулоғини бураб, қўшиқ қўйди, ҳовли этагига юриб, ишларига тутинди.

* * *

Бу гал мактаб эшигида дуч келдик. Гапиролмай узоқлаб кетдинг.
Атай у ёқ-бу ёққа ўтиб юргандирсан-да.
Намунча озиб-тўздинг, Ойдин? Кўзларинг лак-лак бўлиб, бувимнинг сўзича, қаҳрига тортиб кетибди.
Кўп сиқиляпсанми?
Э-э, ер ҳам юмалаб юрибди-да. Силлиққина. Сакраб юрганда менга ўхшаганлар битта-битта тушиб қоларди.

* * *

– Болам, Қаюм тоғангни тушимда кўрибман. Ҳассамни йўлга тўғрилаб қўй. Эгнимни кийиб чиқай. Хабар олмасам бўлмайди.
– Нима қиласиз? Тинчгина уйда ўтиринг, буви. Уйлари қаёқда ётибди-ю. Ўтган ҳафта автобусда кўрдим Қаюм тоғамни. Сизни сўраб қўйдилар.
– Менга айтганинг йўқ-ку, хах ўлмагур.
– Эсимдан чиқибди-да.
– Биров бировни сўраб юборса, ўша заҳоти “Сиз ҳам саломат бўлинг”, деб қўйгин. Шундоқ қилсанг, эсингдан чиқсаям, бўйнингга қарз бўлмайди.
– Хўп, хўп. Лекин, буви, керак бўлса ўзлари сизни кўргани келишсин. Жиянларингиз бўлса. Узоққа овора бўласизми?
– Энди буниси менинг ишим. Катта уйда токчага тугунча қилиб қўйганман. Қора атлас белбоғда. Бор, опчиқ. Ишинг бўлмаса юр сен ҳам. Қариндош-уруғинг билан мундоқ яқин бўлишни ўргангин. Шўртумшуқ бўлмагин бунақа.
– Шаҳарга тушаман. Битта этик оладиганман. Кейин печкага чеканак ҳам.
– Мўрилиги бор эканми?
– Ҳа, иккита чеканак (35) опкелсам бўлди. Сизни машинага солвораман.
– Йўқ-йўқ. Ўзим бораман. Мошинлари қурсин. Ҳали кучим бор.
Кампир ҳеч таянмайдиган, лекин узоқ йўлга эҳтиётдан олволадиган ҳассасини қўлтиқлаб, бошига Турғуннинг эски кўйлагини ташлаб олган, бир қўлида тугуни, кўчага чиқди.

* * *

Юмалаб юрган ерда яна учрашдик-а, Ойдин. Ўзи у кун кўрганимдан бери ўзимга келолмай юрганимда…
Бу гал шаҳарда, бозорда.
Бизни ҳеч ким танимас эди.
Яқин келдинг. Жилмайдинг.
“Юрибсизми? Сизни кўрсам эзилиб кетаман, виждоним қийналади. Нималар бўлди-я ўзи?” дединг. Кейин кўзингга ёш олиб, одамзорга сингиб кетдинг.
Нега йиғлайсан?
Бозорга нимага келганимни унутиб, “Форд” дейдиган уловга чиқиб олибман.
Энди бу тун мен ҳам йиғлайман. Йиғламасдан йиғлаш нималигини биласанми? Билмайсан-да, ўқиб юрган йилларим, учинчи курслигимда кўз олдимизда бир қизни автобус босиб кетди. Тўрт киши эдик. Миямда бир нарса чарсиллади, кўзим бирпас ҳеч нарсани кўрмай қолди. Ёмғирли кун эди. Одам кам жой. Автобусчи қалтираб тушиб келди. Беш-олти йўловчиси ойнага ёпишиб бошини сарак-сарак қилади, юзини юлади. Одам тўпланди. Нечталарининг юраги ёмон бўлиб қолди. Ердан кўтариб четга олдик, ҳамма ёқ қон. Милиционерлар билан дўхтирлар: “патанатомга” деб жўнатишди. Курсдошларим ҳаммаси вой-войлаб йиғлади Мен эса, йўқ. Ичимда йиғи бошланса, сиртимга чиқмайди.
Йўқ, асли кичиклигимдан йиғламаган эканман. Дадам уйланаётганда бувим, “Бориб дадангнинг этагига осилиб йиғла, зора сенга ачиниб бирор йил туратурса”, деди. Сира тушунмайман. Нега бувим дадамнинг ҳеч бўлмаса бирор йил уйланмай туришини истади экан. Барибир, йиғлолмадим. Этагига осилиш тугул, яқинига боролмадим. Нега бундай бўлди, буниям билмайман. Эртаси бувим йиғлаб-йиғлаб онамнинг бошига сув қуйиб келди. Келиб ҳам ҳовлини айланиб, овозсиз-овозсиз йиғлади, ичкари яланбувининг уйига кириб увиллаб-увиллаб йиғлади. Мен эса, йўқ.
Сен бир кўриниб кетасан. Мен туни билан йиғлайман.
Тўйимиз ёдингдами?
Менга бир марта бўлсин, қарамадинг. Қарамаганинг ҳам қанчалик ёқимли эди-да, Ойдин. Жон-жонимни ширин-ширин ўртантирарди. Сен фақат меникисан, менгагина муносибсан, деб ўйлардим. Қара, ўзимни қандай баландга қўярдим. Кўлмак ўзини кўл санаркан.
Келиндек юрган кунларингда, “Ҳеч йўқса уйимда-ку, бировнинг қўли етмайди”, деб ўзимни овутган чоғим ҳам бўларди.
Сен эса бировга…
Ҳа, буям пешона экан-да. Нодонман, ҳеч нарсани англамабман. Ҳали уйимда яйраб-яшнаб юрасан, ҳали дўмбиллаган болаларимиз бўлади деб ўйлабман.
Опам биринчи жиянимга бошқоронғилигида ғўра сўрагани-сўраган эди. Шунча дарахти бор боғимизда аксига олиб битта қўтиру битта аччиқ данакдан бошқа ўрик йўқ экан. Бувим мени Сойвали тоғанинг боғига юборди. “Болам, онанг бор бўлса, ўз боғингларга ўзинглар эгалик қилардинглар. Ўриги ҳам кўп эди, – деб кўзига ёш олди. – Бор ғўра топиб кел. Жиянинг пучуқ бўлиб қолмасин тағин”.
Бир халта олиб келдим. Опам кеч тушгунча тузга ботириб, ғирс-ғирс чайнаб ўтирди.
Сен ҳам ғўрага бошқоронғи бўлардинг. Мен Сойвали тоғанинг боғидан бўйлаб-бўйлаб киролмай қайтиб келардим. Чунки энди ёш бола эмасман, боғнинг ҳам деворлари баланд бўлиб кетган. Сен бувимга менинг эртадан кечгача куттириб тўрттагина ғўра топиб келолмаганимдан шикоят қилардинг. Бувим сенга, “Ҳа, қизим-а. Бекорга айтганларми, эрингга ишонгунча эрганак эшигингга ишон, деб. Қўявур. Турғунбойимнинг бунақа ишларга уқуви йўқ. Дарвозаси баста бўлса нима қилай, деб ўтирибди. Ўзим ҳозир топиб келаман. Камбағалга битта эшик ёпиқ бўлса, биттаси очиқ. Бу домлалигини қилсин”, дерди. Кейин Ойимби холанинг уйига чиқиб, неварасига айтиб бир коса уздириб чиқарди.
Ҳали биринчи боламизни бешикка белаганда сенга “Бойчечак”ни айттираман, дердим, Ойдин. Айтмасанг ўзим айтаман, дердим. Биринчи боламиз қиз бўлармиди?

Бойчечагим бойланди,
Қозон тўла айронди,
Айронингдан бермасанг,
Қозон-товоғинг вайронди.

Ҳа, менинг болам, менинг қизим бойнинг чечагидек гап. Ўзингга ўхшаган чип-чиройли бўларди. Бойланиши билан сен унга насибасини бермасанг, қозон-товоғингни вайрон қилиб чирилларди. Мен қотиб-қотиб кулардим.

Бойчечакни тутдилар,
Тут ёғочга осдилар.
Қилич билан чопдилар,
Бахмал билан ёпдилар.

Ҳа-ҳа, маҳалланинг бешиксолдига йиғилган болачалари менинг оғзимдан илиб кетиб атрофингда шуни айтарди.
Биласанми, Маман чолнинг айтишича, қилич билан чопди дегани бешикка солинган боланинг устига иримига пичоқ теккизиб қўйганини билдираркан. Яна кейингиси ўғил бўлсин дегани экан. Яхши тушунолмадим, балки, ўғил бўлса чипронтўй бўлади, деб шунақа дейишганми. Яна у айтадики, бўй дегани кичкина маросимни, тўй дегани катта маросимни билдираркан. Бойчечак бўйчечак бўлган экан. Кичкина маросим кўпда янги туғилган болага аталар экан. Яна ким билсин.
Бувим боламизнинг икки елкасидан тутиб енгил силкитиб, тут бешикка ётқизарди.

Бойчечакни тутдилар,
Тутёғочга осдилар…

Қўлпеч билан оёқпечларини боғларди. Бешик устига бахмал ёпқич ёпарди. Сени имлаб ёнига ўтқазарди.

Бойчечагим ҳуллоли,
Ҳамён-ҳамён тиллоли…

“Ҳа, энди тушундим, – дердинг сен, – ҳамён-ҳамён тилласи тувагида бўладими?” Кейин кулардинг.

Мен сочқи сочардим. Сен қизимиз боғланаётганда нон тишлаб турардинг. Жияним Яшнар нонни олиб қочарди. Сен уни қувардинг. “Етолмайсан”, дердим орқаларингдан юриб. Яшнарга тайинлардим, у қаттиқ қочмасди. Ахир йигирма кун аввал туққан бўлсанг. Секин юриб ҳам етиб олишинг керак. Етиб олардинг, кўзларинг чарақлаб, лабларингдан аввал куларди. Нонга қўл узатардинг. У бермасдан тихирлик қилиб бир-икки айланарди. Боламиз ёнига қайтардик. Бувим этагингга солган сочқини бешик устидан сочардинг. Кейин қанд териб юрган болаларга нонни ушатиб-ушатиб берардинг. Мен ҳам нарида турган бир калла қандни олиб сочардим. Тишлаган жойингни ушатиб ўзингга қолдирардинг, кейин ея олмай, менга узатардинг, Ойдин. Тишлаган нонингни тишласам ҳам, биз уришиб қолмасдик. Яхши эдинг, ҳаммадан яхши, Ойдин.
Кейин бувим кулчатой пишириб келарди. Эварам кулчатойлоқдай бўлиб ётсин, дерди. Сен бир коса кулчатойни ичиб олардинг. Мен боламнинг ризқи бутун бўлганидан севиниб тўйиб қолардим. “Ишга кетдим”, деб сенга кўз қисиб қўярдим. Сен бувим томонга кўз ғилдиратиб, унинг қилиғимни кўрмай қолганига хотиржам бўлардинг, жилмаярдинг. Оппоқ юзингдаги кулгичларинг ўйнарди.
Ишдан келсам, “Боламиз кучаняпти. Бувим кигиздан бақа кесиб бераман, дедилар”, дердинг. Кейин бувим бешик кўрпачалар тагига бақага ўхшатиб кесилган кигиз бўлакчасини солиб қўярди. “Энди кучанмайди. Турғунбой, эсингдами, опангнинг каттасиям шунақа кучаноқ бўлганиди. Иримини қилганимиздан кейин яхши бўпкетган”, дерди бувим.
Сен кир ювишга тутинардинг. Бувим ўчоқбошига кетарди. Боламиз бешикда йиғласа, бувим, “Отаям қарасин-да, ҳўкки(36)дек сўппаймасдан, ўтир ҳуйё-ҳуй (37) айтиб овутиб тур”, дерди.
Боламизни бувим тўлпоқдай қилиб катта қиларди, Ойдин. У опамнинг болаларини ҳам жуда папалаб тетилтириб (38) берган. Опам ҳеч қийналмади. Сал иситма чиқиб қолса, югургилаб олиб келаверади. Бувим аввал бола билан экалашади-да, охири тинчиб кўзларини мўлтиратиб турганда, боланинг тилидан: “Таттабуви, биз яна телдик. Ойқамизга туқум қисилиб полди. Яқши оқат еданда сиззи эсламадик. Энди кейак бўлдиндиз. Чунақа гаплай”, деб қўярди ҳазил-чин аралаш. Эртасига мени хабар олишга жўнатарди. “Боласи куюгига кулча бўлсин. Бориб хабар ол, – дерди, кейин яна тайинларди. – Сигир соққан номи бор, ён-вери қўшни тугул ким сўраса пул олмай берсин. Шу сут-қатиқ сотиш бир вақтлар уят эди. Бир-бирига узатмаган одам бўлмасди. Айтиб қўй, қўлининг хайрини қилиб, қари-қартангга сўрамасидан бериб турсин. Оқликка чиққанлардан сира-сира айирбош олмасин. Оқлик сотган оқармайди”.
Ана, дарвозамизга ҳам келибман.
Турғун хаёлини йиғди, кўча эшик сув сепиб, супурилибди. Кўнгли бир ағдарилди, ўйноқлаб тушди. Елкаси бир босилди. Ҳалқага қўл юборди.
Сўрида жиянлари ўтирибди экан. Юзига севинч ёйилди. Ана, уй тўлибди. Ҳали хаёлидан ўтувди. Опаси Турғунни кўриб, ўчоқбошида шошиб ўрнидан турди. Жиянлари чопиб келишди. Кичиги сўрида ўтирган жойида қўлини чўзди.
Сўрашиб бўлиб, кўрпача четига чўкди.
– Ишлаяпсанми? – деди опаси кўзида ёш айланганча жилмайиб.
– Ҳа, бўп турибди.
– Бўйинг янаям баландлаб кетибдими, ё кўзимгами?
Турғун жиянининг сочларини қўли билан тўзғитаркан, елка қисди.
– Буви, ўтираверинг, ўзим сузиб келаман, – опаси ўчоқда куйманиб юрган кампир томонга кетди. Кампир сўрига яқинлашди.
– Калнинг нимаси бор – темирдан тароғи. Тўрвангни қўй, ҳадеб қучоқлаб ўтирмасдан.
– Кийиниб чиқарман.
– Манави қорамайизни қара. Сени кўтаради деб интила бўлиб мўлтираб ўтирибди. Ол қўлингга.
Турғун йўлга кирмаган жиянини кўтариб олди-да, бир қўлида сумкаси билан уйга кириб кетди.
Қайтиб чиққанда дастурхонда бир оштовоқ палов турарди. Кампир ўчоқбошидан туриб Турғунга хабар берди:
– Тарғил сигирни тоби йўқми, кўпам тертга қарамади. Яшнар этаккача бир қур юргизиб келди.
Қутлибека бошини тебратди:
– Буви-ей, қариганда мол-ҳол ҳам ўзингизга қолиб ўтирибди. Турғунингиз бунақа кеч келса, қийин экан.
– Кучим етганини қиламан, болам. Эртаман бостирмани тагига чиқармаган экан. Шунга емишини соп қўя қолай девдим. Уканг ўзи етиб келарди. Бугун кечикди-да.
Қутлибека пиёлаларни ариқ сувида чайиб келди. Боласига сузган овқати билан қошиқларни олишга кетди. Дамлаб ўчоқ оғзига чўғ устига қўйилган чойнакни кўтарганча, сўри томон келаётган кампир бирдан тўхтади.
– Ий, оймомо янги бўптилар-ку. Бу жужуқларим шунга момасини уйига йўрғалаган экан-да.
Кампир чойнакни Турғуннинг олдига қўйиб, ой томонга ўгирилди, тик турганча қўлини фотиҳага очди.
– Омин, Яратган Худоё, кўрсатган кунингга шукур. Етказган янги ойларингга шукур. Келар шунақа ой, келар шунақа кунларга тўрт кўз тугал, қатордан камимасдан, саноқдан ўчирилмасдан ўйнаб-кулиб етайлик.
Кампир пичирлаб яна бир нарсалар деди-да, қўлини юзига сийпаб, сўрида қатор ўтирган болаларни чақириб, битта-битта бағрига босди. Кичик эвараси ҳали бувиси чақирмасидан кети билан судралиб ачом-ачомдан қолмаслик учун интилди. Кампир ҳар бирини қучоқлаганда, “Боладай беғам бўлайлик”, деди. Кейин невараларига хитоб қилди:
– Сенлар ҳам ачомлаб қўй, янги ойни кўрганда бола қучоқлайди.
Турғун жилмайди, бувисининг ўзи ҳали болалигида ҳам шундай қилганларини эслади.
Кампир икки катта эварасига буюрди.
– Қани, туринглар, бу ер тор. Ана у супага бориб у ёқ-бу ёққа юмалаб келинглар. Боринглар.
Болаларнинг бири онасига, бири тоғасига осилиб, сўридан тушиб, палос солинган супага чопиб кетдилар.
– Нон кўтариб келмасанг, эшикдан киритмасмидик, – деди бувиси нон синдираркан Қутлибекага.
– Йўқ, энди… Бугун ёпувдим. Сингиб пишибди. Қизаравермади. Кўпроқ хашак қалаб қўйибман, шекилли.
– Ўтинингни аяма, нонингни таяма, деган. Ғўзапоянг қолмадими?
– Тугаб кетди-да.
– Бошидаёқ аралаштириб ёққин эди. Хала хўп, кунжара кўп қилаверсанг, шунақа бўлади-да. Ҳовли-ҳарамни супурганда, ер-андизни йиғганда тишковлагичдек калтакни ҳам йиғиб тандирга тиқиб қўй. Уволга йўл бермасанг, барака келаверади.
– Ҳа, йиғаман. Аввал ҳам айтгансиз-ку.
– Таг-тагини тозалаб ишлат ўтинни. Ўйганники ўн кунга, қирганники қирқ кунга.
– Ҳури қайнисинглимнинг ўртоқлари қайноналаримникида сумалак пиширганда ғўзапоялари йўқ экан, бизникидан опкетишувди-да, қатлама-бўғирсоқ пиширишга деб. Шунгаям сал етмай қолди.
– Майли, эрингга ғиқ этиб ғишава қилма. Қайнотанг солиб берган уйида ўтирибсан. Ис-тис қилмагин, оғзингни очма, болам.
Қутлибека енгил кулди.
– Оғзимни очиб бўлганман-ку.
– Қўй-а, эси йўқ, тугади, деб айтсанг, келтириб беради. Қўли тошни орасида бўлмаса. Ишли бўлса. Мана, Қамбар акангни қара, бекорчи. Ишлагани ор – егани зор бўлиб ўтирибди. Кечаги кун хотини, “Мол-ҳолингизни тагида хашаги бўлса опчиқиб кетай, нон ёпишга ўтинимиз йўқ эди”, дейди шўрлик. Яшнарни бостирмага чиқариб ўн-ўн беш боғ ғўзапоя ташлаттириб бердим. Эридан гапирсам, “Йўқ, мана, душанбадан ишга чиқадилар, қурилишда иш бор экан”, дейди. Кошки Қамбарни билмасам. Булар қишдан қанақа чиқар экан. Ўғли ҳали кичкина. Янаям хотини бечора пишиққина, кепагини сичқонга олдирмайди. Учма-уч кун кўрсаям кулиб тураверганини айтгин.
– Қишнинг иши қийин экан, буви. Печка гумбурлаб турмаса, овқат пишмайди.
– Қаттиқ ўтинни эҳтиёт қилгин. Ёз ичи тўнгалак топсанг қазноққами, томгами отиб қўявур. Кир-пирга сув иситсанг, ўтинни увол қилмай тезак-пезак, эски калиш-палиш қалагин.
– Ҳа, ўтган қиш боғдаги олмурутни ҳам кесворганмиз. Яхшиям кунлар исиб кетиб, ўшандан оз-моз қолган.
– Ҳа, оқпон(39)дан кейин илиб қолди. Олмурутни бекор кестирибсан-да. Ўзи қуриб тўкиларди, қориноғриққа дорийди-я. Одамлар ёзи билан қоқисини ахтариб юради. Сенларга қайнотанг боғ қилиб берган бўлса, кесиб битирасанларми энди?
Қутлибека кулди.
– Дадам ўзлари келиб кестирдилар, буви. Тепасида тераклар бор. Шира босиб қоляпти. Бир-иккита олма кўчат экиб бердилар.
– Ҳа, тузук. Ўзимизни нондан ол сен. Жизза солганман.
– Вой-вў, намунча жиззаси кўп?
– Камбағалнинг бир тўйгани – бир бой бўлгани, – деди Турғун опасига кўзини қисганча, бувисининг жавобини чамалаб.
Кампир кичик эварасини этагига солиб оёғига тиклади-да, икки қўлидан дам-дамаки тортди: “Ўроқчи, кетмончи, қу-қу қушни болоси, пўпалагим, пўпалагим”. Бола қиқир-қиқир кулди. Кампир болани ёнига ўтқазди. Қиёфаси бирдан жиддийлашди.
– Мен камбағал бўлсам ҳам, хуржунимнинг икки кўзи тўла. Пичоғим ёғ устида. Ҳар йил иккита жонлиқ сўймасам, қиш чиқарганча бўлмайман.
– Ҳа, буви, қўлингизда барака бор. Ўзимдан қиёс, бир кун ёғим тугаб қолади, бир кун гуручим. Бир куни битта гугурт тополмай Дамариққача кеп-кетдим, – деди Қутлибека.
– Аввал рўзғорни бутлаб олинглар. Ҳайҳаяк(40)ни кейин қиласизлар. Йўқ кўрганим – кетида шими йўқ, оти Шоҳжаҳон бўлганлар.
Опа-ука бир-бирларига қараб хахолаб кулиб юборишди.
– Куёвингиз битта сотиладиган ер чиқди, пул бўлса олардик, дейди. Ўзи рўзғорга аранг етказамиз-ку, ер олармиш.
– Майли, ният қилиб юравурса, эртами кеч ажабмас. Мол-ҳол қилиб олди-ку. Уйни қути хотиндан. Минг айтдим, намоз ўқигин, саҳарлари онангга, синглингга, яқинда ўтди – эрингнинг момосига бағишлагин деб. Ер-сув эгаларини эсдан чиқармасанг, уйингга шайтон доримайди. Болаларинг ҳам дастурхондан оминсиз турмасин. Ҳадигиринг қилиб чопавурмасин. Каттангга алҳамдулилло билан калимани ўргатдим. Ўйинини ўйнаб келгандан кейин Худо дейишсин. Ота-онасига умр тиласин, олим бўлай деб ният қилсин.
– Менга ўхшабми? – гап ташлади Турғун.
– Ношукурсан, болам, сендай бўлолмаганлар қанча. Хотинлар тўй-тўйчиқда домла неварангиз ҳам ишлаб юрибдими деса ҳузур-ҳузур қиламан.
Қутлибека укасига мамнун тикилди.
– Нон ёпишга қийналмаяпсизми? Кўз дўхтири иссиқдан эҳтиётланг деганиди-я, нима қиляптилар экан, деб ҳар тандирда сизни ўйлайман, буви.
– Хамирини Асқарнинг қизи ишлаб беради. Нон ёпиштирганда кўзимни юмиб-юмиб кираман. Кўпда Санамби ёпиб беряпти. Иккита калла қанча нон ердик. Кичкинангни бу ёққа узат. Ўзинг униси билан оворасан. Томоғи тушиб кетди аялимнинг, – кампир гапни бошқа ёққа айлантирди. – Қайнисинглингни ўша Туроббойнинг ўғлига берадиган бўлишдими?
– Ҳм, шунақа, шекилли.
– Энам чойдиш қўйдила, Қайнамасин дедила, Мани чолга бердила, Ўйнамасин дедила.
Қутлибека укасига қаради. Иккиси яна кулишдилар.
– Энди биз ҳам қиз бермасак, Эркинбой ёлғиз ўтмасин дедик-да.
– Туроббойни ўғли ўзи пасманда, кўнгли осмонда бола бўлган экан. Э, Худо, ўзинг кечир. Бировнинг устидан гапириб қўйдим-а. Кулгилик эмас, тақдир-да, болам. Ҳукмида нима бўлса шу бўлади. Раҳматлик энам айтардилар, ўзингда турибди бир айб, кишига кулмагин қинқайиб.
Неваралар ерга қарашди. Қутлибека жимликни бузди.
– Сен ҳам юравермай, турмушингни бир изга солишни ўйласанг бўларди, ука. Кўрганга сўроқ бераман. Нега ажрашишган, дейишади. Анов куни Ортиқпошша опа ҳамманинг ичида, “Ишқилиб, укангнинг тани соғми? Бувингга саксондан ўтган чоғларида қийин бўлди-да. Янаям кучлари бор экан”, деди. Биров билан бизнинг қилдек ишимиз йўқ. Одамлар изза бўлсанг, мазза қилишадими дейман.
Кичкинанинг нон тўғралган сутини қошиқда ичираётган Турғун пиёлани дастурхонга қўйди-да, ўрнидан туриб кетди.
– Бувим ҳам рўзғорга қийналяптилар ахир. Бизни шу умидда катта қилганмилар? Келинимизнинг аммаси гапириб юрибдимиш. Ярашаман, деса, сен кўнмаётганмишсан. Ўзингмасмиди, бошқа ҳеч ким, бўлса шу, деган? Нега энди бунақа қилиб юрибсан?
– Бўлди, Қуллуғча, еган овқатини заҳар қилмагин, Худо бир йўлга солар. Тақдири чала бўлмаса, ярашиб кетади. Келгунича қачон келади, деб эсинг кетди. Энди сиркадек сидирганинг нимаси? – Кейин оёқлигини кияётган Турғунга қаради, – ўтир, ноннинг юзини қил.
– Ўзингиз қийналяпсиз-да, буви.
– Мен нимага қийналаман? Бўлди. Кўп дакки берма, қоқбош.
– Эртага нон ёпиб бериб кетайми?
– Қўй, йўлдан чиққан йўлдош бўлармиди. Нонимиз бор. Сен ёш бола билан ўзингни эпла. Ўзи кўзимдан нари у ёқда юрасан, тағин дастёрини олиб қўйдим, бир ойлаб ишимни қилдирдим, деб ичим тўкилди.
– Нега энди? Қийналадиган ишим йўқ.
– Онанг раҳматлик бор бўлса, бола туққанингни ҳам, қандай катта бўпқолганини ҳам билмай қолардинг. Бирам болани яхши кўрарди-я. Кичкинангни олакунга ўтирғизиб тургин. Гулофтобпараст бўпти. Ғилмаккина-я. Рангида қони йўқ, танасида жони йўқ бўлмасин. Ҳадемай йўлўргамчик бўлади.
Қутлибека бош силкиди.
Кампир катта қиз неварасига тикилди.
– Олдингдаги тишинг қани?
– Қимиллатдим-қимиллатдим, тушди. Жичча қонади.
– Аянгга бердингми?
– Беювдим, “Аййа тишим сенга, болта тишинг менга”, дегин дувдила, дедим, кейин томга о-отвойдила.
Қизча қўлини том томонга силкиди.
– Қайтиб тушмадими?
– Йў-ўқ. Каттабуви, – қизча ҳалидан бери аясию тоғаси билан бир нималарни гаплашиб тўхтамаётган каттабувисининг ўзига қараганидан севиниб кетди, чоғи, кўзи чақнаб ялинди, – битта топишмоқ айти-инг.
– Оғилдан чиққан оқ эшак қайтиб жойига кирмас. Нима?
– Эшакни боласими?
– Йўқ.
– Эчкими? Улоқми?
– Сенинг тушиб кетган тишинг-ку, билмасвой.
– Тишимми? Ҳа-а. Яна айтинг.
– Тополмасанг-чи?
– Топаман.
– Акасини укаси қитиқлайди, чиққунимча топ буни.
Кампир шом намозини ўқиш учун уйга кирди. Қизча тоғасининг тиззасига уриб, ёрдам сўради. Турғун унинг қулоғига пичирлаб, “Қулф-калит”, деди. Жияни митти қўлчаларини бир-бирига уриб, чапак чалди.
Ойсиз кечада у ёқ-бу ёққа ағдарилиб ётган Турғун, охири, секин ўрнидан турди-да, пиш-пиш ухлаётган жиянларининг оёқ томонидан оҳиста қадамлаганча, ҳовлига чиқди. Сўрига чўкиб, суянчиғига елкасини тиради. Юлдузлар чарақлаб ётган кўкка тикилиб турди-ю, Ойдиннинг юзларини топиб олди. Ана у! Жилмайиб турибди. Кўйлаги ҳарир-ҳарир.
Қулоғига ғамгин бир куй эшитилгандек бўлди.
Тинглагил, най не ҳикоят айлагай,
Айрилиқлардан шикоят айлагай.
“Ойдин, энгингга бирор нарса ташла, шамол тегиб қолади. Нега куласан? Одам ҳам ўзидан-ўзи куладими? Биласанми, сен менинг ҳув ўшанда топган бойчечагим эдинг. Болалигимда қўй боқиб юриб, бойчечак топиб олдим. Олдидан сира кетолмасдим. Узай десам, қуриб қолади, узмай десам бирам чиройли. Ёнида ўтираверибман, ўтираверибман. Эчки-қўйларим кетиб қолибди. Икки кун қидирганмиз. Янаям инсофли одамнинг уйига бориб қолган экан.
Ойдин, ҳа-ҳа, сен ўшандай бойчечаксан. Узса қурийдиган, узмаса бўлмайдиган…
Эй, нима ўзи? Бойчечак болами, гулми?
Бола, ҳа, аввал бола, кейин гул. Гул – одам дегани.
Ойдин, бугун опамнинг алла айтишини роса кутдим. У бўлса яна бир хилда ғинғиллаб боласини ухлатди. Эшитяпсанми, мен аллаларни ҳам билардим. Агар сен айтолмасанг, ўзим ўргатардим. Бувим, “Болага яхши-яхши ният қўшиб алла айтиш керак, чин-чиноғичи билан айтиш керак”, дейдилар.
Агар сен Йигитни эмас, мени яхши кўрганингда эди…
Биз ой ёруғида сўрида боламизни ухлатардик. Сенга ривоятлар айтиб берардим. “Шарқ ривоятлари” китоби эсингдами? Бир куни ишдан келсам, сен уни ўқиётган экансан. Кўриб қолганимдан ғашланиб, китобни нарига итқидинг”.
Катталар ухламаган эса ҳам, жим ётишарди. Кўча томондан магнитофон кўтариб юрадиганлардан бири ўта бошлади, чоғи.

Севганим бир ёр эди,
Ҳурматим бисёр эди.
Бевафо эркан малак,
Мен эса жони ҳалак…

Эшитгувчиларнинг бариси осуда оқшомда баралла таралаётган қўшиқни тинглаб, бир одам ҳақида ўйлашар, бирида афсус билан тадбирга, бирида ўкинч билан умидга, бирида муҳаббат билан нафратга қоришиқ ўйлар эди.

Риштани узди ўшал,
Аҳдини бузди ўшал,
Янги ой чиққан кеча.
Янги ой чиққан кеча.

Оҳанрабо овоз кўча бошига етди. Чала-чала эшитилар бўлди:

Эски дард янги бўлар,
Янги ой чиққан кеча…

* * *

Жума – қишлоқда бозор ёйиладиган кун бўлади.
Саҳардан машиналарнинг у ёқ-бу ёққа ғизиллаши кўпайди.
Бувиси тайинлаган енгилгина бозорликни қилиб, тор кўчага йўналган эди, шундоқ гўшт дўкони олдида турган Ботирга кўзи тушди. Ботир ҳам уни кўриб яқинлаб келди-да деди:
– Домла, бугун гап меникида, эсдан чиқмасин-а.
– Ҳа, бораман.
– Домлавой, пулли каттароқ оббораверинг. Ҳозир зарил ишлар бор. Ўзингизникида крупнийроқ тушади.
Қўрсгина жавоб қилди:
– Майли, кўрайин-чи.
Аллақачон ойнинг охирги шанбаси кепти-ку.
Кўнгли алланечук ғашланди. Бу гал Ботирникида. Долим билан юзма-юз келиш бор. Бир ой ичида қанча гап-сўз айланди. Яқинда ўзини кўрмаганга солиб ўтиб кетди Долим. Уфф!
Мактаб йиллари синфдошлари бири “агроном”, бири “буғалтир”, бири “дўхтир” бўламан, деб юрганлари-ю, ҳеч бири айтганидек бўлолмаганларидан, ҳали шаҳарда ўқиб юрганида, “Қишлоққа қайтсам, синфдошларим ҳаммаси менинг оғзимга қарайди, тўй-тўйчиқни қачон ўтказишдан тортиб, кекса ўқитувчими, бетоб бўлган синфдош ё ота-онасини кўришми, маслаҳатим билан бўлади”, деб ўйлаганди. Тўдаланишса, савобли бир-икки ишларни дилига тугиб юрганди. Қаёқда. Ўнгмаганнинг ўқи қия кетаркан.
Мактабда энди иш бошлаган йили биринчи гал Тошмирзаникидаги гапга борди. Бу синфдошлар ичишни қачон бунча яхшилаб ўрганиб олишибди экан. Тошмирза отига мос дағал йигит, ўзининг уйида бўлса ҳам аяб ўтирмади, тап тортмади.
– Дарс беряпсанми? Эркак кишиям она тили муаллими бўладими? Ўқиркансан, юристми, прокурорми, дўхтирми бўлмийсанми?
Иззаси ичига тушди. Гапиргувчи бурнини жийирди. Бошқа бир-иккиси ҳиринг-ҳиринг кулиб, гапга аралашди. Бировлари кўзини олиб қочиб ўнғайсизланди.
– Бирортаси сўраса математикадан бераман, деб қўявур. Бизниям уятга ўлдирасан бўлмаса.
– Йўқ, яхшиси, ота тилидан дарс бераман, десин.
– Вах-хах-ха!
– Бўлди эй, она тили ўқитса нима, яхши-ку?!
Ўшанда бир-икки тузук муомала қиладиган синфдошларининг-да нописандлиги ошган бўлди. Шу-шу зиёфат деган жойда тикан устида ўтиради.
Шанбадаги дарсларини ҳам ҳузур қилиб ўтди. Ўқувчилар пахта мавсум эрта тугаб қолганидан хурсанд, яна ўқишга зўр беришган эди. Адабиёт дарси бор кунни доимгидек кута-кута ўтказишган олтинчилар пешиндан кейинги охирги соатни тугатиб, энди қизиқдан-қизиқ дарсда кечган гапларни бир-бирига қайтадан айтиб, тасдиқлатиб, “Менга ундоқ дедилар”, “Сенга бундоқ дедилар”, деб дарвозадан чиқиб боришарди.
Турғун уларга аралашмай бирпас кутиб турди-да, ташқарилаб, уйи томонгамас, ўнг томонга, Ботирларнинг уйига қайрилди.
Ботирнинг ўзи ташқарида экан. Қўшнисидан нимадир сўраб турибди. Уни кўриб, шу ёққа юриб келди.
– Э домла, хайрият, кеп турибсизми? Саломат, – қўл узатиб сўрашди. Эшик олдиданоқ кўтарилган сўри бўйлаб юриб зиёфат қизиётган уйга олиб кирди.
– Турғунбой домла, келинг, келинг.
Қартабозлик авжида эди. Синфдошлар икки тўп бўлишибди. Бировининг ичи тўкилган, бирови ғолиб бўлаётганидан кўзлари ўйнаган, бирови норизоланиб писинғ (41) отмоққа ўтган.
– Ий, домламиз кептилар-ку. Қани, тўрга ўтинг, тўрга.
– Тўрда бало борми? Кеч қолиб ўтирибди-ку. Ўзи болаларни нима қилади – бурчакка турғизади. Домла, туринг бурчакка!
Долимни кўриб ранги ўчди, талмовсиради. Бирови елкасига қоқди.
– Бунча бўшашасиз? Маҳкамроқ бўлинг. Бунақада хотин эшигингизга оёқ босмайди. Юрасиз орқасидан ялини-иб.
– Бўлди, эй, гап кўпайтирмай… – бирининг гапи оғзида қолди.
– Унақамас. Домла гордий. Ўзимиздан. Тўғри қилади, ялинмайди.
Зиёфат эгаси изза қилгувчиларга ишора қилиб, жимитган бўлди.
Турғун кўз қири билан тўр томонда ранги бўзариб ўтирган Долимга қаради. Ичи зирқиради.
Бириси ўтираётган жойида шарт ўгирилди:
– Бошқа бир гап эшитдим-ку мен. Мактабда бекор юрмаган экансиз-а, домла? Тўй қачон энди?
Кимдир гапиргувчини туртиб тахмон пардага тикилиб турган Долимга ишора қилди. Ботир гапни чалғитмоқ бўлиб “Ҳой, қани, у ёққа”, деб турган эдики, Долим шартта ўрнидан турди:
– Сен нега хотинингни ҳайдаб энди ҳамма ёқни булғаб юрибсан? А? Кимсанки, қиз болани йўлдан урасан? – оғзида гапи, дастурхон бўйлаб Турғунга яқинлаша бошлади.
– Ҳеч кимни йўлдан урганим йўқ. Жамила ўқувчим, холос. Ўйлаб гапир!
– Менга қара, ўв, отиниям атама! Нима, сенга масхарамизми?! Хотинингни эплолмасанг, қиз боланинг номига доғ тушириб янгитдан уйланаверасанми?
– Ким сенга мени уйланмоқчи деди? Мен ҳеч ким…
– Менинг синглимда нима айб? Хотининг бирортаси билан искашиб қўйганки, ҳайдайсан?
– Ҳайдаганим йўқ. Ўзи кетган. Бас қил, Долим, ноҳақсан!
– Нўхтасини тортолмаганингдан кейин юрармиди? Ўша ўқишингда хотин билан қанақа гаплашишдан ўқитмабди-да-а?
– Аралашма, бу менинг ишим!
Йигитлар ўзлари билиб-билмай ўринларидан туриб кетиб, ҳай-ҳай қилишга ўтишганди.
– Ие, сенинг ишинг нима ўзи?! Мактабда қизларнинг номига қора ёпиштириш ҳам сенинг ишинг!!! Сен ўзи бола ўқитасанми ё қиз пойлайсанми?! Опкелиб яша хотинингни! Эплолмаяпсанми?! Менга айт, сакраб кетмайдиган қилиб нўхталаб бериб тураман!
Турғун қачон Долимнинг ёқасига қўл юборди, қачон уни ерга босди, қачон юзига муштлади, билмади. Кўзи кўра бошлаганда, қарасаки, икки елкасию қўлидан оғайнилари тутиб турарди Ярим гавдаси дастурхон устига чўзилиб қолган Долимнинг оғиз-бурни қон, ўртага қўйилган нарсалар сочилиб тўкилган, сингани синган, қон томчилари дастурхонда ҳам, сочилган егуликлар устида ҳам кўринар эди.
Турғун ташқарига юрди. Долим оғзини тўлдирди:
– Ҳе, онангни… !
У сапчиб ортига қайтган эдики, синфдошлари икки елкасидан ушлаб, куч билан ҳовлига чиқарди. “Бор, уйингга кет!”
– Тўхта! – деди орқадан бирови. Буниси ичкарида синфдошлари елкасидан босиб турган Долимнинг оғайниси Кенжа эди. Чопиб келди-ю, қорнига мушт солди, ўнглангунича бошига ҳам зарб тушди. Турғун рўпарасидаги синфдошини ўхшатиб тепди. Қўллари бўшалди. Шу пайтда Самад етиб келди. Турғуннинг қўлини куч билан қайириб турганларни силтаб ташлади. Икки синфдош энди бўралаб сўкинаётган Кенжани ичкарига судрашди. Бирови анча нарига боргач, бақирди: “Бор дедим сенга! Ўлмайин десанг, тезроқ кет!!! Самат, юр!”
– Ҳа, кетади, йўқол сенлар! Ҳамманг тварсан! Ажратишнинг ўрнига ушлаб бериб ўтирибсан! Одаммисан сенлар?! Тварлар!
У ёқдагилар сўкинди.
– Ким ушлаб берди?
Ботир уларнинг ҳовурини босиб, Самад иккиси томонга чопиб келди. Тинчитишга уринди. Зиёфати бузилганидан ранжиган эди. Қовоқ осиб, “кетманглар”, деган бўлди.
Узун йўлакдан гандираклаб кўчага йўл олди. Самад Ботирга узрхоҳлик қилди. Ортларидан аёл кишининг қарғангани эшитилди: “Худоё домла бўлмай ўл! Ҳамма ёқни ҳаром қипти. Келмай ҳам ўл!”
Кўча бошидаги майдонда ўтирдилар.
– Қайтиб кир, ошна, сениям гапдан қолдирмайин.
– Йўқ, бўлди. Жа мазза қивордим ўзиям. Ёмон тепиб қўймадими?
– Йўқ.
– Парво қилма. Ўзи ҳаммаси аҳмоқ. Ана у… Долим сен билан бирор марта якка гаплашмадими?
– Йўқ.
– Хотиндан фарқи йўқ униям. Сен ўйлама. Юр, Тўйчи тоғада ўтирамиз.
– Йўқ, – Турғун лабини тишлаб, ингроқни қайтарди, – уйга бораман. Сен кир.
Ошнаси кўчасининг бошигача шерик бўлди. Ўнғай келмаса ҳам далда қилиб у-бу деган бўлди-да, уйига кетди. Турғун ариқ бўйида ажриққа ўтирди.
Куз осмони жунжикканидан булутларга бурканган, фақат бир томонда, худди кўрпанинг бир четидан мўралаётгани каби, икки юлдуз кўринарди.
Оғир хўрсинди.
Шундоқлар қиласанми, Ойдин.
Ор талашсам, оримиз бошқа-бошқа бўлса.
Кўзида ёш айланди, лекин юзларини ювиб тушмади. Кўнглининг ғуборларини ҳам…
Туни билан боши қовоқдек бўлди. Бу зарбданмиди, алам ё ғазабданмиди, билолмади.
Ағанайверди, ағанайверди.
Ниҳоят, уфқ томон қизариб келди.
Тонг отди.
Нимқоронғи уйда жойнамозга чўккан кампир қўлидаги тасбеҳнинг шиқир-шиқири билан Турғуннинг ора-сира оҳ аралаш уф тортгани эшитиларди. Ниҳоят, кампир оғиргина қўзғалди. Меҳробга жойнамоз билан тасбеҳни қўйиб, Турғуннинг очилиб ётган елкасини ёпди-да, бир хўрсинди, ташқарилади. Молхонага кириб кетди. Соққан сутини қозонга сузди, кечқурунгисини ҳам устига оқ дока ташлаб чангакка илиб қўйилган жойидан олиб қозонга қуйди. Тагига хас-хашакни ҳаволгина ташлаб гугурт чақди, ўтин қалади. Сут тошмасин деб хўқачадан сариёғ олиб, қозон четига суртди. Қора қумғонни оловга яқин суриб қўйди.
Эчкихона қийини супуриб, ташқарига олиб чиқиб тўдага қўшди. Сигирнинг янги гўнгини қўлқоп билан деворга ёпиштирди. Қайтиб келиб ариқ бўйида уч қадамча жойда барқ уриб ётган совунўтдан бир тутам юлиб олди-да, устига тунука ёпилган чуқурча ёнига ўтириб, човгумдан сув қуйиб, қўлига ишқалади. Ўчоққа яқин келди. Олов гуриллатди. Чой тайёрлаб, Турғунни чақирди.
Сўрида чордона қурган Турғунга косада сут олиб келаркан, деди:
– Бугун тузук ухламадинг? Саҳардан кейин кўзинг илинди, шекилли?
Турғун кўзини олиб қочди.
– Бир еринг оғридими дейман? Инградинг. Гапирай десам…
– Йўқ, яхши. Ҳаммаёқни тинчитиб бўлдингизми?
– Бунақа қилиб юравургунча хотинингни олиб кел, гап-сўз ҳам тамом, бошқасиям.
– …

* * *

– Эшитдингизми, Юлдуз, Турғун домланинг хотини дори ичиб қўйибди. Кечаси скорий опкетибди.
– Во-ой, ростданми? Нимага дори ичади? Жинними? Эри ярашмаганигамикин?
– Билмасам, ҳозир ҳамма ҳар хил гапиряпти. Ҳали миси чиқади. Ҳушига келмаган эмиш. Домла бўлса ҳеч гап бўлмагандай юрибди.
– Нимага бунақа қилдийкин-а?
– Ўладиганмасаканми?
– Ўлмабди-ю, ундан сал бери бўпти.
– Булар ўзи қанча яшади?
– Яшаб-яшамади.
– Бай-бай-бай, шунча гап бўлдими? Қўшни, нимага мен шунақа гапларни эшитолмай қолавераман-а?!
– Кеча чиқинг, гаплашамиз деб имо қилдим, чиқмадингиз-да. Вой, жим. Қаранглар. Эшакни гапирсанг қулоғи кўринади.
– Домла-ку.. Баниссадан келаётган бўлмасин.
– Кўргани борганмикан?
– Кўргани бориш ҳам гапми. Кеча Тўтихон медсестрани кўрувдим. Эри уч кун кечасию кундузи реанимассионнийни эшигида турди. Бугун эрталаб камисса келади, деб ҳаммасини кетказворишди, дейди.
Хотинларнинг бириси олдинга чиқиб, ҳамроҳларига ўгирилди-да, шивирлаб сўради:
– Бу бетинг қургурни Ойдинни опалари юлиб ташламабдими?
– Йўқ, кўряпсизлар-ку, Деви Сафиддай юрибди. Уруғингга шумғия чиққур. Азларнинг кўнгли қуртова тилар деб, шундоқ қизни увол қилди. Ўзи юз марта совчи қўйиб олувди-ку.
– Жим.
Четлаб Турғунни ўтказиб юборишди.
– Тавба-тавба.
– У келин роса чиройли-а? Тентак бўлмаса, битта эрни деб дори ичадими? Бошқасига тегмайдими ё эрсиз юравермайдими? Дунёнинг бир қавати-я!
– Домланглар ҳам ғалати экан. Хотин олдингми, яша. Бир мусулмоннинг қизини бунақа қилиб ташлаб қўядими. Туяга минма, жазига бекинма деган.
Тор йўлакка сиғиб-сиғмай орқа-олдин бўлиб келаётганлардан бири, ҳалидан бери қулоқ солиб индамай юриб тургани, ўйланибгина гапга қўшилди:
– Менимча, бу ерда бошқа гап бор.
– Ҳамма бало хотинларга-да, туғиб жони оғриган ҳам, бола қараган ҳам, эрни жаврига чидаган ҳам хотинлар.
– Йўқ, барибир бошқа гап бор.
– Бу тўнка ўзи ҳеч кимга қўшилмас экан. Ошналари билан гапдан ҳам чиқиб кетган экан. Тавба-ю, агар мени куёвим шунақа қилиб қизимни кўчага ҳайдаб қўйса, бир кунда пилта-поғонасини битта қилиб ташлайман.

* * *

Ой олти бор янги бўлди. Орада кампир Турғундан сўраб ўтирмай касалхонада икки ой ётиб чиққан невара-келинини олишга борди. “Ажрашишмасин. Арқоқ кўриб бўз олдик, она кўриб қиз олдик”.
Биринчи гал қудалари андалар (42) билан аралашиб ўтиришган экан. Ойдиндан сўрайдиган бўлиб, яхши гаплар ясаб кузатишди. Кейингисида узр-маъзур айтишди. Кампирнинг ёши ҳурматига аччиқ-тиззиқ сўзларини ҳам ўраб-чирмаб билдиришди. “Сиз учун жон деб юборардик. Лекин бизга боламизнинг боридан фойда. Узатибмизки, бўларимизча бўлдик. Неварангизнинг бир оғиз гапини чиқариб ёмонотлиқ қилган бўлса, уни айтинг. Тағинам қизимиз оғиркарвон. Қўйинг, ёпиғлиқ қозон ёпиғлиқ. Эртага яна икки ўт орасида куйиб юрмасин. Қон қон билан топишади, ётга бало ёпишади. Майли, неварангиз биронта иси чиқмаган гулғунчага уйланаверсинлар. Шунақа экан деган гап ҳам бўлувди кузакда. Уйланиб кетганларида бунақа кўргиликлар йўқмиди. Орада қизимизнинг шаъни сингани ёмон бўлди. Пешонаси экан-да. Одам балога ўз ихтиёри билан кирармиш”.

* * *

Май ойи яқинлашганидан мактабда дарсларнинг таъсири қолмаган эди. Болалар ўйнайдиган қатор-қатор мажнунтоллар тагида уч-тўрт ёш жувонлар сўзлашишар, энг қизиқ гапларнинг жони кираётган эди.
– Обручалкангизни қачон тақишган? Тўйингиздами?
– Йўқ, у вақтда обручалка тақишмасди-ку. Ўғлим туғилганда роддомдан чиқишимга қайнонам таққанлар, – ғурур билан дейди ўртароқда ўтиргани.
– Зўр-ку. Мана буниси-чи?
– Буни дадам ўқишни битирган йилим оберганлар. Мана буниси қайинсинглимники. Уйга кепқолди-ку.
– Ҳа-я, уйингларда экан-а? Боласи қизмиди?
Жувон бурнини жийиради:
– Ҳа, қиз.
– Ким билан уришишибди?
– Билмасам, ҳали ундоқ гапиришади, ҳали бундоқ. Қайнонам, эримга бир оғиз гапирганимга қўймай, “Уйдан фаришта қочади-фаришта қочади”, дердилар. “Энди урушсиз уй йўқ, азобсиз гўр йўқ”, дейишга ўтволганлар.
– Ий, айтганча, битта гап эшитдим. Ану домланинг хотини бор-ку, Ойдин, яхши бўп қопти-ю, эридан одам борган экан ярашмайман деганмиш.
– Яхши бўлиб қаёққа боради. Ич-бағри эриб тугаган унинг, уксус ичган-ку. Анув куни кўчага сувга чиққан экан, кўрдим, ит ғажиган қошиққа ўхшаб қопти.
– Ярашмаса, буниси бошқа хотин олиб, ануниси эрга тегмайдими. Булар ўзи соғми?
– Билмасам.
– Домлангиз ҳам анчагина писмиқ шекилли. Ўн биринчи “Б” даги Жамила бор-ку, шунинг бошини айлантириб юрганмиш. Буниси оларман, униси тегарман бўпти, деб эшитдим. Мактаб тугай деб қолди, кейинги ойларга тўй бўлсамикин.
– Э, ҳув қачонги гап-ку. Сиз анча орқада қолиб кетибсиз. Минг қилмаса даштда ўтирасиз-да. Ишгаям яқинда чиқдингиз. Бу қиз билан эскитдан гаплашарди. Домлаям домла номига доғ тушириб юрибди. Пазор, а? Яхши бўлганда ўша Ойдин ҳам кетмасди. Бир гап бўлгандирки, ажрашган-да.

* * *

Каттакон шаҳарнинг қоқ ўртасида ўн олти қаватли бино қурилишида бригада ишлар, ишчилар орасида камгапгина, кўп ишларга уқувсизлигидан юк ташиб юрадиган оқиш юзли, баланд бўйли, қора қошли йигит ҳам бор эди. У қурилишга учинчи қаватга балкалар ётқизилаётган чоғдан келганди. Қўлида ё цемент ташийдиган челак, ё замбил, ё қоп. Бир-икки ишбилар, бақироқ усталар билан тезикишиб қолган вақти ҳам бўлган. Тинмай қимирчилаб юрса ҳам, қилган ишининг прорабга кўрсатарли жойи йўқлигидан, ҳамма ердагидек майда иши сонга кирмасди. Бир иш хато бўлса, қатиқ ичган қутулиб, хурмача ялаган тутилганидек, айб кўпда унга тушарди.
Катта йўлнинг нариги юзидаги мактабда чалинган қўнғироқ ҳар гал унинг юрагини дукурлатарди.
Тушлик маҳали Толик лақабли бу йигит дастурхонга мактаб эшиги кўринадиган томонда ўтирар, ўқувчиларнинг гурас-гурас чиқишларини кузатарди. Уларни, ўғилми, қизми, кимларгадир ўхшатиб юборар, кўзлари жавдирар, хўрсинар, баъзан қўлидаги косасини ҳам унутиб қўярди. Қўнғироқ чалинганда болалар орасида ҳар турли ёшдаги ўқитувчилар, кўпроқ аёллар чиқиб келишарди.
Баланд бўйли камгап йигит тушликдан сўнг ҳар кун осмонга қараб қишлоғининг ҳам осмони шу экани, анави булутлар у ерда ҳам сузиб юрганини ўйлар, бувисини соғиниб энтикиб қўяр, ҳар гал ой охирида бутунлай кетарман деб диллар, ўзининг ўрнига бувисини ёлғиз қўймай қарашиб юрган жиянига ҳар турли ўйинчоқми, китобми олишни мўлжал қиларди. Иш кун сайин кўпайиб, қишлоғига икки-икки ярим ойларда бир – шанбадами ё байрамдами, бирров бориб келар, кўзлари сўник бўлгани билан ўзи ҳали тетик кампир йиғламсираб кутиб олар, ўтқизгани жой топмасди. Лекин энди уни кетма деб қистамас, келган куни гузарга чиқишини ҳам, тўй-тўйчиққа қўшилишини ҳам унча хушламас, “Болам, ишингга бор, бошинг омон бўлса бўлгани”, деб тезгина жўнатиб юбориш пайидан бўларди. Ҳатто кейинги ой охирида келолмаслигини эшитиб, андак хотиржам тортганини сездириб қўярди. Кампир сафари қаригани важидан чоғини чоғлаб қўйган, ҳар кунни даргоҳида яшатиб юрганига шукуру, кўп қатори невара-эвараларига тилак тилаш билан бошлаб, ўзига оз оғриқ, осон ўлим беришини сўраш билан тугатарди.
Турғун эса туш кўраётгандек карахт эди. Вақт дегани, кесик дарахтнинг халқаси каби, болалик хотираларини энг ичкарида қолдириб юборганди. Хотираларнинг теграсини яна-яна бошқа ҳалқалар ўраб ташлаганди. Ҳалқалар гўё уни бардошли этиб борарди. Дарахтнинг пўсти ичидагини кўрсатмаганидек, унинг нигоҳлари ҳам, қиёфаси ҳам ичидагиларни англатмасди.
Улар ўн учинчи қаватда ишлай бошлашди.
Энди мактаб болалари кўринмас, уларнинг овози ҳам пастда қолиб кетган эди. Оқшомлари ишчилар ҳар нима билан андармон бўлгани чоғда у бувиси, Ойдин, яна ўша уни севиб қолган қизнинг тинчини бузганидан ўз-ўзидан-да қочгиси келар, ўз кунидан ўйлай-ўйлай бир яхши томон топиб юраги тафтини босарди. Баъзан кун сайин юқорилаб бораётган зиналар ҳеч тугамайдигандек, бино юз қаватли бўлиб, шунақаси осмондан яна бир қайси дунёларга бориб етадигандек туюларди.
Ҳазилакамдек бир йилу етти ой ўтиб кетди. Бир оқшом прораб дейдиганлари туғилган кунига зиёфат қилиб берадиган бўлди.
Ётар жойни қишда ярмининг ён девори битирилган тўққизинчи қаватга кўчиришганидан ҳаммани пастга туширгандан кўра зиёфатни ўша қаватда уюштиришга келишилди.
– Бундоқ қилсак-чи, энг тепага чиқақолайлик, Баха, сен ўзинг айт прорабга. Ҳамма ёқни кўриб ўтирамиз. Бу ерда девор тўсиб қолади.
– Билмасам, энди айтган жойида қилиб бераверсин-да. Қандоқ айтаман?
– Бирор нарсага бош қўшоласанми ўзи? Бўлди, айтолмадингми, энди вечерни нарсаларини ташишасан. Всё. Ўзимиз айтамиз.
Сал ўтиб беш йигит егуликлар, ичимликлар солинган елимхалталарни тўққизинчи қаватга ташиб чиқа бошладилар.
Охирги гал кўтарилишларида бири бошқасига деди:
– Сашка, бу, оқининг чўғи камми? Бир ўзим жойлаворадиган бор-ов.
– Ҳа, тепада тинчгина деб камроқ олишганмиш. Ўзи тепада ўтирамиз деган гап кимдан чиқди? Аҳмоқлар. Индамай турсаларинг, “Подснежник”да қилиб берарди.
– Ана у пастимиздаги ресторанда-я?
– Канешна, ўзи айтувди. Класс бўларди.
– Толик, подснежник нимайди, бинафшамиди?
– Бойчечак, – Турғун шундай деди-ю, ўзининг ғалати чиққан овозидан боши айланиб, тебраниб кетди.
– Во, зўрсан, Толик. Бекор илмингни хўр қилиб юрибсан бу ерда.
Ҳамма қизил елим човгумларга катта сувдондан сув қуйиб олиб, юз-қўлини юва кетди.
Зиёфат қизиди. Унинг эса негадир боши оғрир, буни чарчашдан деб билганидан тезроқ кеч бўлиб уйқуга ётишни ўйлар, эрталабгача тарқаб кетишидан умид қиларди.
– Толик, эркакмисан ўзи? Буни эркаклар олади. Қани, битта кўтаргин-чи. Бе, шуям олиш бўлди-ю.
Уялди. Пиёлани лабига теккизди. Бунақа заҳарни қандай ичишади-я.
Гангир-гунгир суҳбат авжига чиқди. Ора-чора кўтарилувчи хахолаган овозлар осмон кенгликларига сингиб кетарди. Дастурхон соявурлашди (43). Елимидишлар, кетидан шиша идишлар одамларнинг ён-верида юмалади. Юмалаш навбати одамларга келди.
Энди ким нима чекса, шунга ёпишиб, суҳбат авж олди.
Турғун иккинчи зина томонга бориб, пастдаги чироқлар, кичкинароқ кўринаётган машиналар, одамларга қаради. Ер чексиз кенгликлар аро ястаниб ётармиди ё кенгликлар ер узра ястаниб ётармиди, ишқилиб шунақа эди. Ҳалигина қуёш ботиб кетган томонларда антиқа ранглар жилваланар, улар борлиқнинг мангу қиёфасини яна бир яхлитлик бағрида, бир ибтидонинг интиҳосида намоён қилганча, аста яқинлаб келаётган тун қоронғилиги қаърига сингиб боришарди. Кеч бўлса ҳам одамлар тинмай ғимирлашар, тирикчилик кўйидами, шошиб юришар, кийимларидан аллакимларга ўхшаб кетишарди. Турғун жомакорини икки тахлаб оёғи остига ташлади-да, устига ўтирди. Яна пастга тикилди. Симёғочлар, қават-қават хонадонлар, дўконлар, машиналар – ҳамма-ҳаммасининг чироқлари секин-секин уйқашиб кетди, ажиб чароғонлик ичида ҳеч нарса кўринмай қолди. Сал ўтиб бир-бирлари билан бийрон-бийрон сўзлашаётган яқинларини таниди. Топди. Дакки бериб ва ҳам кўзига ёш олиб турган Қутлибекани, мўлтираган Яшнарни, кичкинтой жиянларини, битта гапни ўн марта ўлчаб гапирадиган акасини, нарсаларини йиғиштирган куни қўлидан тортиб мактаб ҳовлисидан чиқишига қўймай анча ушлаб қолиб кўп ялинган Жўравойни, ўша куни нари-берида кўзлари қизариб гапини айтолмай турган тўда-тўда ўқувчи болалар, қизларни, хонаси деразасидан қораси кўриниб ҳайронгина турган мактаб директорини, ишшайиб кузатган Тўравой қоровулни, кечда уйига келиб тушунтириш ишлари олиб бормоқ бўлган Муҳаммад акани, Асқар аканинг хотинидан узр айттириб юборган Руқия муаллимани, хонасига бир кеп-кетсин деб чақиртирган қишлоқ оқсоқолини, жўнар куни бекатга, “Туни билан ухламадим, Турғун”, деб чиққан, қучоқлаша туриб аччиқ йиғлаб юборган Самадни кўрди. Кейин эса уйга, ёнингизга қайтай деб ялиниб юрганида кўрганича қайтиб кўрмагани… – Ойдинни! Ҳа, уни ҳам топди. Ота уйи супасида рўмолча тўқиб ўтирибди. Ўша-ўша – чиройли, юзлари лўппигина.
Кўчада эса одамлар тинимсиз у ёқ-бу ёққа ўтиб юришибди.
Ҳамма тириклик кўйида эди, кимлардир зерикканларидан бир нарсаларни гапиришар, кўргандек ишонтиришар, бировни маҳлиё қилганларидан хушнуд бўлишар, шу билан ўз вақтларини чоғ этишарди. Яна кимлар ернинг одам яшайдиган жойларидагина юз бериши мумкин бўлган ва юз бераётган мудҳиш одамкушликлар, ўт бало, сув бало, темирбало, одамбалолар олиб келган ҳалокатларни биринчи бўлиб эшитиб, бир-бирларига етказганларидан ўз кўнгилларида мамнун эдилар.
Ана, қадрдон ҳовлиси. Ие, аввалгидек эски бўп қоптими? Яхши-да, эскилигича қолгани яхши. Эски уйга кирганида Ойдин қўшни бўлиб кирганди, дард бўлиб эмас.
Шу ҳовлида Турғун деган неварасига бир олам умид тиккан бувисидан у кўп билгисизларини билган эди.
Одам деганининг иккита юзи борлигини, бегона бўз эмас, сўз беришини, ёт отган тошдан жигар отган увада қаттиқ тегишини, ўзингдан ўтганни ўзагинг билишини, ёлғиз қиз – ялама тузлигини, болали қўрғонга боғ етмаслигини, жиннини жинни деса бир пичоқ дами ошишини, бир қўлтиққа икки тарвуз сиғмаслигини, ит гадой билан чиқишмаслигини, қуруқ қўлга қуш қўнмаслигини, кўз ўзига, қулоқ бошқага ишонишини, дастурхон устида душман ҳам дўст кўринишини, қорачанинг қори қор бўлмаслигини, талашган ерда тариқ битмаслигини, ҳаром қўл бор жойда барака бўлмаслигини, қора булутдан тиниқ сув томишини, ўртага тушгандан ўт ушлаган яхшилигини, игнанинг ишини найза қилолмаслигини, номус ярим ўлим эканини… яна анчайин гапларни уққан эди.
Қават бино ҳеч экан-ку. Баландга чиқсанг, бир учи уйингга қараб йўл экан-ку. Ана, уй, ўчоқхона, товуқхона. Ана, бувиси, ўчоқбошида нимадир пиширяпти. Кейин сўрига келди. Этак ёйиб устига бир челак қуруқ ўрик тўкди-да, тозасини ажрата бошлади
“Ах, топдим, сизни, буви! Бир қўлимни узатоламан сизга! Буниси билан мана бу темирни ушлаб турай. Ҳарқалай керакка ўхшайди. Буви, нималар қиляпсиз? Мен келдим. Қаранг, мана мен. Елкамга қоқиб кўришасизми? Мана, кўришинг. Юзимдан ўпасизми? Хўп. Қалампирмунчоғингизнинг ҳиди мунча ёқимлик? Шунақа соғиндимки. Бугун билла ухлаймиз. Гапчи қишлоқда қолиб нима қилади, деб мени жўнатасиз, кетақолганимдан севиниб ҳам қўясиз, кейин роса йиғлайсиз-а, буви? Ҳаммасини биламан. “Пайкалдан анча кетиб қолдим”, дейсизми, буви? Кетманг пайкалдан. Сира кетманг. Умрингиз болаларингизнинг болаларини боқиб ўтаркан-да, буви. Энди эвара боқяпсиз. Эварам менга қарайди, дейсиз. Ким кимга қараркин ўзи. Ётар бўлсам, икки кун ётай, оз оғриқ билан ўлай деб юрган бўлсангиз. Бораман, буви, бораман, кейин яна келаман, бошқа нима ҳам қиламан. Боққанларингизнинг эвази шу бўлди. Етим боққаннинг етти томири қурир экан-да.
Бошимга савдолар орттирдим. Атай қилгандек…
Ғалвасиз бош бош бўлибдими.

* * *

Даврада хахолашаётганлар саросималаниб қолишди.
– Ана у ким? Сатторми?
– Нега осилиб турибди?!
– Домла-ку! Ҳа, домла! Иий, қаранглар! Кетди!!!
– То-о-ли-ик!!!
– Жин-н-н-ни!!!
– Во-о-ой!!!
– Ҳе-ей!!!
Қўли юмалоқ темирқозиқдан чиқиб кетди ё қозиқ қўлидан чиқиб кетдими. Ўзи учиб бора бошлади. Қулоғида ҳув ўша оҳанглар янгради, қаватма-қават, бир унинггина атрофида янграйверди:
Бола-бола-бола-бола,
бола-бола-бола-бола,
бойчечак,
Бо-о-й-че-е-ча-а-к…

Тамом

ИЗОҲЛАР

33. Гал – алдов.
34. Йўқкўримчиқ – ортиқча кўриб қараладиган одам.
35. Чеканак – печка мўрисининг тирсаксимон қисми.
36. Ҳўкки – эгилолмайдиган букри.
37. Ҳуйё ҳуй – ота алласиТетилтириб – тетик қилиб.
38. Тетилтирмоқ – тетик қилмоқ, оёққа қўймоқ.
39. Оқпон – январдаги олти кун.
40. Ҳайҳаяк – янги кийим кийиб юриш, ўйин-кулги, байрам.
4 . Писинғ – пичинг.
42.Анда – қуданинг қудаси.
43. Соявурлашди – егулиги камайди.

Зуҳриддин Исомиддинов
БОШҚА ТИЛГА ЎГИРИБ БЎЛМАЙДИГАН АСАР


Мен Маъмура Зоҳидованинг “Бойчечак” қиссасини мароқ билан ўқиб чиқдим. Муаллиф асар бошида “Бу асар она тилимизга давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллигига бағишланади”, деб қайд этадики, шунинг ўзиёқ ўқувчини ҳушёр торттиради. Дарвоқе, шу йил она тилимиз мақомига 30 йил тўлади.
Биз ҳар йили 21 октябрда “она тилимиз бой, ширали тил” деб мақтаймиз. Аммо унинг бойлиги қанақа, қай даражада, буни амалда исбот қилишга ҳафсаламиз келмайди, шу мақтовнинг ўзи кифоя, деб ўйлаймиз.
Тилимизнинг чин бойлигини мен Маъмура Зоҳидованинг шу асарида кўрдим. Гарчи, бошқа бир қанча адибларнинг асарларида ҳам тил ширали, бой, аммо “Бойчечак” шу нарсани махсус кўрсатиш учун ҳам ёзилгандай. Мана бу жумлалар эса айни асар руҳининг ифодаси ҳам бўла олади: “…тагдор сўзларини қай пучмоқларида яшириб тургандек, агар қазноққа осилган кувани, шоли солинадиган ёғоч идишни, жавдар туйиладиган келини, бир пайтлар сувидишлик вазифасини қойил қилиб, энди тепага осиб қўйилган чети учиқ таррақовоқни ва унинг ичига солинганича қолган чўмичқовоқни, қорни пачоқ бўлган кичкина мисқозонни яна нима-нималарни олиб чиқиб ичига бошни солгудек қилиб гапирилса, ўша бирда доно, бирда пардасизроғу нимҳазил, бирда узун-узун оҳангларга қоришиқ, не-не одамларнинг тилида узоқ-узоқ кун кўрган, не-не йиллар, балки ўнлаб асрлар, балки, ундан ҳам кўп вақтлар оғизларда яйраган ўйноқи жумлаларни сайраб юборадигандек”.
Қисса бир қишлоқдаги оддий ўқитувчи йигит ҳақида. Унинг ҳаёти, тақдиридаги, афсуски, фожиали. Нимагаки, бу самимий, ҳалол муаллим атрофидаги оламга сиғмайди, тўғрироғи – қалбида гўзалликка, олижанобликка жой қолмаган жоҳил одамлар уни сиғдирмайдилар, унинг ўз олами борлиги, у ҳам нималаргадир ҳақли эканини тан олишни исташмайди. Шулар унинг умрига зомин бўлишади. Иккинчи ёқдан, уйланган хотини уни хушламайди, кўнгли бошқада эканини айтади. Бу эса унинг тийра кўнгил уйини ёритиб турган сўнгги чироқнинг ҳам ўчиши эди. Унинг дунёда биттаю битта бувиси бор – бу содда, умри меҳнат билан ўтган кампир эса хазина, ганжина. Бу кампирнинг оғзидан ҳар онда тўкиладиган мақол ва маталлар, топишмоқлар ҳеч бир адибнинг тил хазинасида топилмайди. Турғун муаллим шу бувиси билан овунади, ундан юқтирган она тилимизга, сўз санъатимизга меҳрни ўқувчиларга ҳам илинади, ижодий дарслар ўтади. Бу эса “районо” деган даққи ташкилотнинг расмиятчи вакилларига ўлақолса ёқмайди.
Мана шундай ўринларда ёзувчининг маҳорати яққол кўринади – у кампир билан районочиларнинг нутқидаги контрастларни “билинтирмай” биз китобхонларга пеш тутади:
Кампир: “Синамасиз фариштадан синашта шайтон яхши”. “Шу Самсоқ ер қитиқлагурни бир кунлигидан олиб, пуфлаб, ерга қўйсам чанг бўлади, осмонга қўйсам гард бўлади деб катта қилди-я. “Ўғлинг қани”, десам, “Кўчага кетди. Уришсам – ёлғиз, уришмасам – ялмоғиз, опа, нима қилай энди”, дейди. “Қизнинг эркаси – итнинг серкаси”.
Мактаб вакили: “Так, значит, сизларга бугунги бешинчи-олтинчи соат дарсдан жавоб берамиз. Ҳамма уйига бориб, ётоққа тайёргарлигини кўради. Эрта-индин срочна команда бўлиб қолиши мумкин. Иссиқ кийимми, кружка-пружками, пастел-мастелми, майиз-туршакми, тахт қилиб қўйинг! Фақат шийпон, тоест, штаб белгиланишини кутяпмиз. Тағин команда бўлганда, этагим йўқ эди, раскладушкам синган, касалман, деган баҳоналар бўлмасин. Этак запаси билан бўлсин. Военний ҳолатда тайёр турамиз”.
Ёзувчи унча-мунча тилчи, фольклорчи ёки адибнинг хаёлига келмаган, аммо асосли кашфиётларини ҳам асар персонажлари тилидан баён қилади. Масалан, “қариндош-уруғ” сўзи. Бунда қариндош – она томондан (қориндош) бўлган, уруғ эса – ота томондан бўлган яқин жигарга айтилиши, “Бойчечак” қўшиғи эса шунчаки ялла эмас, балки символларга тўлиб тошган топишмоқ эканини ҳамма ҳам инкишоф этавермайди…
Асар ниҳоятда реал. Муаллиф қишлоқ ҳаётини, айниқса мактаблар аҳволини, ўқитувчиларнинг турмушини жуда яхши билади, шунинг учун ҳам воқеликни “ичидан” туриб тасвирлашнинг уддасидан чиққан.
Муболаға қиляпти, деб айтишларидан қўрқмаганимда, мен “Бойчечак” қиссасини “XXI асрнинг “Зарбулмасал”и бўпти, деб баҳолаган бўлар эдим. Аслида, “Бойчечак”да бундай тил дурдоналари Гулханийнинг Кулонкир султон билан Гунашбонунинг тўйи можароларидан иборат тамсилий асаридаги мақолу маталларга қараганда кўпроқ ҳам. Қолаверса, асосий нарса – бир софдил, ҳалол ва камтар йигитни ажал чоҳига судраб келган ижтимоий воқеликнинг реал тасвири.
Қиссада халқимизгагина тегишли, фақат халқимиз вакиллари яхши тушуниб ҳис қиладиган мақол ва иборалар шундай кўпки, уни бошқа тилга ўгириш анча мушкул кечади, деган фикрдаман.
Маъмура Зоҳидованинг “Бойчечак” қиссаси тилимиз мақомининг 30 йиллиги олдидан чоп этилса, айни муддао бўлар эди. Бироқ, билишимча, асар битирилиб тақдим этилганига бир ярим йил бўлган бўлса-да, ҳафсаласизликданми, вақт йўқлигиданми, нашриётда ҳам, бошқа жойларда ҳам ўзига эътибор қилишларини кутиб ётибди. Ўзбек тили жозибасини бир бошқача ҳис этишимиз учун ҳам асарни чоп этиш ва халқимизга ҳавола қилиш керак.

2019

03Tilimizning chin boyligini men Ma’mura Zohidovaning shu asarida ko’rdim. Garchi, boshqa bir qancha adiblarning asarlarida ham til shirali, boy, ammo “Boychechak” shu narsani maxsus ko’rsatish uchun ham yozilganday (Zuhriddin Isomiddinovning qissa haqidagi maqolasidan).

Ma’mura Zohidova
BOYCHECHAK
Qissaning davomi


* * *

Yana yo’l. Ovloq yo’lda, katta sada tagida… o’shami? O’zimi? Kimni kutib turgan ekan?
Yer ostidan unga qarab taraddudlanyapti.
Nahotki uni kutyapti?
Unga intiq bo’lib turibdi.
Oydin-a?
Ko’pdan turganmi?
Turg’unning ko’zlaridan olov chiqdi.
Vujudini qaltiroq tutdi. Yaqin keldi. Oydinning oq yuzlari battar oqardi.
Nedir hayajonlarni anglatgancha qimtilib, qandaydir so’zlarni arang tutib turgan qizil lablar yengil titrab oldi.
– Yax-shimisiz? Sizda g-gapim bor.
Turg’un allaqayerlarga qarasa ham, uning oyday yuzini ko’rib turardi. Jismiga nimadir yerdanmi, ko’kdanmi, sirg’alib kirib borar, oyoqlarining uchida yashin urgandek sezgi bo’lar, nafasidan yelkalari ko’tarilib tushar edi.
– Nima deysiz? Isirg’angizni yo’qotdingizmi?
– Yo’-o’… A?. Nima deganingiz bu? Ungamas.
– Nima unda?
– Men… haligi… Uyga qaytmoqchiman. Kechirsangiz agar…
Orqadan maktab bolalarning ovozi keldi.
– Endi onangizni o’limdan opqolmoqchimisiz? Yo’q, bormang. Biz yashab bo’ldik. Siz bilan aji-aji o’ynamoqchimasman.
Orqadagi bolalar yaqinlab qolishdi.
Oydin shoshib nari ketdi.
U uyga yurdi. Yuragi gurs-gurs tepardi.
Buncha ham chiroyli bo’lmasa Oydin. Nega u… Nega joniga ofat qilib yaralgan ekan-a? Nega u boshqani sevdi? U yuragini ochmasidan sevib ulgurdi? Ko’nglini birovga berdi? Sevib qo’ydi? Nega? Kaftlarida tutmasmidi? Istaganini muhayyo qilmasmidi? Cho’g’day yasantirib, hamma qizlarning ko’zini kuydirib olib yurmasmidi?
Yigitaliga sira ro’para kelmadi-ya. Nima derdi ekan u? O’zi-chi?

* * *

Tunlar shunday uzun bo’larkanmi. Avval bilinmasdi. Buvisi ham uxlolmay u yoqdan-bu yoqqa ag’darilib yotibdi. Hali ertalab baribir “mijja qoqmading-a, bolam”, deydi. Bir narsani yashirib bo’lsa ekan.
Nimalar qilib qo’ydim.031
Xatoning yo’ldoshi jazo bo’larkan.
Mol-holni tinchitib, choyga o’tirdi. Kampir ham namozdan chiqib, so’riga qadam qo’ydi.
– Bolam kelinga bir borib-kelsang bo’lardi. Iziga yonib qolgandir. U kuni buviseshanbada Qantijon hammaning ichida yarashishmadimi, deb so’radi. Yer yorilmadi-da.
– Kelmaydi endi, buvi. Kerakmas.
– Og’zingni yop. Bo’lar-bo’lmasni gapirma. Har gapga farishta omin deydi-ya, o’lmagur. Hali shunaqayam birga yashaysanki. Qorlar yog’iladi – izlar bosiladi. Kuy-kuy boshqadan bo’lib, ja …
– Yo’q, buvi, u…
– Sanga siyosat qiladi-da. Shunaqa o’qimishli erni qattan topadi?
Turg’un xo’rsindi.
– Endi bo’ldi. Ko’cha-ko’yda gapirib yurmang. Uyigayam bormang.
– Ha, sen bola uni birorta bilan so’rashib qo’yganini ko’rgandirsan-da. Qo’y, bir yuzing bilan pishgin. Keyingi xotin – choponning yamog’i. U-bu yerga chaqirib gapirgin, yo’lga sol. Biram ko’hlik-ey, qurmag’ur.
– Ora ochdi bo’lgan. Uyiga odam qatnayapti. Erga berishadi endi.
– Gumon qilma, bolam. Yomon bo’ladi. Gumon imondan ayiradi. Senga kim aytdi?
– Bildim-da.
– Kim ekan?
– …
– Endi etaksiz jinni bo’pti xotining. Jinni xatiga tushipti. Bunaqa qilib oshni qaynoq ichib qo’ymasa bo’lardi.
Turg’un dast o’rnidan turdi.
– Ammo bir og’iz bo’lsin, xotiningga tegishlik qilt-pilt gap eshitmadim. To’g’ri yurgan kiyikning ko’zidan boshqa aybi yo’q.
Buvi barmog’ini tishladi. So’ri chetiga tikilib, og’ir xo’rsindi.
– Menga qara, kel o’tir. O’y-o’ylayverma. Dunyoni bir qavati, bolam.
– O’ylamayman, buvi. Faqat, shu… Qaytib gapirmang shuni.
Turg’un darvozaga qaradi. Kampir ham o’sha yoqqa ko’z tashladi.
– Kelib qolsa, Xudodan umidim bor. Bitta tirnoq berib qo’ysa edi, o’shanga ovunib qolardi xotining jonivor. Xudo bir yo’lga solar.
– Buvi shundan gapirmang, boshqa qiladigan ishimiz yo’qmi?
– Ko’zim ochig’ida bola-chaqa qilsang, yonim yerga tegardi. O’ttizga kirgan yigitning o’tin olguday o’g’li bo’lsin ekan. Yotgan-turganimni, yegan-ichganimni bilmayman.
– Endi kelmasin… Kerak emas. U… Biz boshqa-boshqa yo’ldamiz. Shaharga ketamiz, buvi.
– Ho’v, bola, ena – ketingga qarab chena. Shaharda nima bor? Meni tashlab-a? Yolg’iz o’choq – To’xta cho’loq bo’lamanmi? Qayoqqa borasan?
– Siz ham ketasiz.
Turg’unning vujudida yengil titroq turgandi. Yangi damlab kelgan choydan o’ziga quyayotib beixtiyor to’kib yubordi, piyolani qo’yib, qo’lini silkiy ketdi.
– Ana, ko’rdingmi, bemaza gapirib, kuyding. Kuyish arvohlardan. Arvohlar hozir. Kesakdevor bo’lsa ham o’z uyingning chirog’ini yoq. U yoqda xeshing bo’lmasa.
– Tanishlar bor. Kel, ish ko’p, deyishyapti, – dedi Turg’un qo’liga puflarkan.
– Begonani oshnasi etigimni poshnasi, bildingmi? Qo’y, o’zim himoga yiqilaman deb yuribman. Yonim yer tortgani tortgan. Etagimning kiriyam og’irlik qiladi menga. Muncha endi qo’lingni silkitding? Yomon kuydimi?
– E-e.
– Achishishi qolmadimi? Ariqdan loy olib bos. O’zim opkepberay.
Kampir keng-mo’l etagini bir qo’liga yig’ib olib qo’zg’aldi.
– Kerakmas, o’tiring-e. Kuygani yo’q.
– Meni qimirlataman deb xomtama bo’lma. Qariganimda begona joyda yo’qko’rimchiq (34) bo’lishim qoluvdi. Mizonning ustida turibman o’zi. To’rimdan go’rim yaqin bo’lsa.
Turg’un bo’ynini yon tomonga cho’zdi.
– Mana bu devorni har yili buzib yarim qarichdan suradigan qo’shnilaringiz bilan olishib yurasizmi? Ketamiz.
– Kim olishibdi? Mayli, Xudo ko’rib turibdi. Yer qisganni go’r qisarmish. Xudo bular bilan uy qo’shni qildi, yer qo’shni qildi, ishqilib go’r qo’shni qilmasin.
– Ha-ya, yerimiz ham yonma-yon. U yoqdayam shu ahvol. Tosh terishsa, biznikiga irg’itishadi. Ariqning u betidan chim ko’chirib, bu betiga bosishadi. Ketish kerak. Bunaqa mayda-chuydalarga chalg’iyvermasdan. Kallak bug’doy ekkan yilimiz esingizdami, bog’lab terak bilan olmalarga tiklagan joyimizda qancha bug’doyni tovuqlariga yedirib yuborishdi. Borardim, hayron bo’lardim. Nega bu bug’doybog’larning oyog’i osmondan bo’pqopti. Shuniyam to’g’ri qo’yolmabmanmi, deb. Keyin tushunsam, ellik-oltmish tovuqlarini boqqani olib chiqib, men tiklagan bug’doypoyalarni boshog’ini pastga qilib qo’yib berisharkan.
– Bolam, mayli, kuyunma, o’tgan ishga salavot. Gapirib og’zingni charchatganing qoladi. Qilichvoylar o’lib ko’rmagan, xolos. Shunaqa qilgani bilan qo’raga qo’y yoyib yurgani yo’q. It ham bahra olmaydi. Bitta ro’zg’orini zo’rg’a qimirlatadi. Bir xotinni haydab olgan xotini shu. Uyam burganing ketini ko’rgan xotin. Qaynonasiga qariganda zahar kosada osh berib bezillatdi-da. Kim etmagay – kim tortmagay. Birovni gapirdim-a, O’zi kechirsin. Sen qo’shnichilikni buzma. Suv ichirmasga sut ichir degan.
– Oldingi xotinlari kim degandingiz?
– Pardavoyni katta qizi bo’lardi. Qilich qo’yib yuborgandan keyin besh-olti yil o’tib Ko’ktoshga o’zlarini qarindoshlariga tegib, tinib-tinchib ketdi.
– Kunimizni shunaqalar bilan olishib o’tkazamizmi endi? Alam qiladi-da. Ketganimiz yaxshi. O’rimposh xolam bilan topishtirib qo’yaman. Zerikmaysiz.
– Qiyinchilikdan, siqliyatdan qochma, bolam. Ko’k yig’lamasa yer kulmaydi. Nolima, Xudoga yotishmay qolmasin. Boraqol ishingga, kechikma.

* * *

– Domla, assalomu alaykum.
Oltinchi sinfning yigitchalari chopib kelishdi.
– Vaalaykum assalom.
– Domla, sumkangizni bering, men ko’tarib olaman.
– Yo’q, menga bering. Eltishib qo’yaman.
– Qo’yaveringlar. Og’ir. O’zim ko’taraman.
– Keling, beravering. Mening kuchim ko’p. Dalamizda piyozni to’rxaltada o’zim tashiyman.
– Yo’g’-e, zo’r ekansan-ku.
Orqada ergashib kelayotganlari chug’urlashdi.
– Bugun bizga ikkinchi soat adabiyot.
– Domla, bugun mendan so’ra-ang. Hammasini o’qib keldim.
– Xo’p, xo’p.
O’qituvchilar xonasida muallimlar ko’p ekan. Zavuch ro’para keldi.
– Yuldashev, kakraz sizni qidirayotuvdim. Endi kelyapsizmi? Uyingiz bir qadam-ku, ertaroq kelavermaysiz. Mana, Lobar bilan Fotima ikkovisi Sharg’ildoqdan peshkom kelishadi. Bir soat burun shu yerda bo’lishadi. Ish plan yangi bo’ldi. Kecha rayonodan opkeldim. Ruqiya opadan olib, yozvoling. Bugunoq. A-to ulgurolmaysiz. Konspektlarniyam tayyorlang. Obshiy hammasiga bittada qo’l qo’yib beraman.
Turg’un bosh irg’adi.
Birinchi darsdan keyin o’qituvchilar xonasiga kirdi. Uni ko’rmaganga olib o’tib ketayotgan Ruqiya muallimaga salom berdi.
– Opa, ish reja sizda ekan.
– Nima?
– Ish rejani sizga berishibdi. Shuni berarkansiz, ko’chirib olarkanman.
– O’zim endi oldim-ku. Avval men ko’ray, yozib olay, namuncha o’pkangizni qo’ltiqlab?
Turg’un yelka qisdi. Yo’lakka chiqqan edi, ortidan uchgan piching so’zlar qulog’ini lovullatib, o’zini to’xtatib qo’ydi.
– Odamda sal yuz bo’lsin. Ba’zilar tayyor oshga bakovul bo’lmoqchi bo’ladi-ya.
– Kimni aytasiz, Ruqiya opa?
– Kimni bo’lardi, Yuldashevni. Men bo’lmasam, maktab tushib ketadi, deb o’ylaydimi, deyman.
– Hozir yoshlar rosa o’zidan ketib qolyapti. Kattamisan, ayol kishimisan, farqi yo’q.
– Maktab ham maktabga o’xshamaydi. Ilgari esingizdami? Ahmedov domla, Saidov, O’rolov, Valiyev domlalar ishlardi. Usmonova, Kabirova muallimalar dars berardi. Maktabni obro’siyam ancha baland edi. Bizla kattalar bor bo’lsa, o’qituvchilar xonasiga kirolmasdik. Hozirgilar tap tortmay kirib o’tirvoladi. Yana to’rga. Keyin bemalol gap talashishadi. Tuf desang, bet deydi.
– Qozonning kichkinasi tosharkan-da o’zi. O’qituvchi degani hamma tomonlama bolalarga namuna bo’lishi kerakmasmi? Aslida bir-ikkita ajrashib, urishib yurgan yoshlarimizga avval oilang but bo’lsin deb shart qo’yilsa ekan. Mahallakomitet bilan billa profsoyuzimiz yarashtirish komissiya qilib, ishlasin, nima endi? O’quvchilardan gap yashirib bo’ladimi, hammasini biladi. O’zining bolasini tarbiyalamagan, eridan yo xotinidan arazlab ajrashib yurganlarning o’quvchilarga tarbiya berishga qanaqa qilib haqqi bo’lsin?
Turg’un hafsalasiz darsga kirdi. Garangsib yurdi. Kun bo’yi ko’ngli ochilmadi. Qaytarda shahar tomon yo’l olgan kichik sariq avtobusga duch keldi. Hammasini tashlab uzoq-uzoqlarga ketsa, barini unutsa. Hech kimni ko’rmasa, birovga hisob bermasa, minnatsiz ishlasa. Hech kimga og’irligi tushmasa. Birov nega xotinsiz yuribsan, deb so’roq qilmasa. Oydinni… Butkul xayolidan o’chirsa.
Hovliga qadam qo’ydi, buvisiga yuzma-yuz keldi-yu, yengil tortdi. Yo’liga termilib o’tiribdi.
Kechda buvisi qo’shninikiga ertangi kun beriladigan to’yni yo’qlab chiqib ketdi.
Turg’un ezgin-ezgin xayollardan qocholmay uy ichida shiftga tikilgancha ko’rpachaga cho’zilib yotardi. Chala yumuq ko’zlari oldiga yana Oydinning qiyofasi yaqinlashdi. Turg’un boshini silkidi. Barisidan bir lahzada qutulgisi, xotiridagi o’sha toza bo’lib toza bo’lmagan, kir bo’lib kir bo’lmagan xotiralarni chiqarib tashlagisi keldi… Qiyofa ketmadi, xayol tarqamadi.
Ostonada Oydin turardi.
Bu gal hammasi o’ngda edi.
– Men kelayin, haydamang, meni ham o’ylang, – dedi.
– Siz… Kechda qanday keldingiz?
– Kechiring. Qo’limni birovga ushlatganim yo’q. Hammasi qayoqdagi gap ekan. Ketganim baravari uyimdan chiqmadim. Chiqsam sizga yo’layin deb chiqdim. Erli xotin deb u… kelmadi. Sizni aldamayman, jiyanimdan xat yuborsam, “Seni hech yaxshi ko’rmaganman”, debdi. Uylanyapti.
Turg’un qaltirab ketdi. Ko’zlari qahrli olovlandi.
“U!!! Axir…”
Oydinning ko’nglini oyoqosti qiladimi?
“Yigit, seni… Nima qilsam ekan?”
– Keting. Men sizga zaxira o’yinchimidim.
– Turg’un aka, oramizdagi gapni siz bilan mendan boshqa hech kim bilmaydi. A-ana u ham, “Birovga gapirib yurma. Hayotim tinch bo’lsin”, debdi. Meni kechiring. Endi avvalgidek… Hech qachon aytganingizdan chiqmayman.
– Aytganimga kirgan vaqtingiz bo’lganmidi?
– Turg’un aka, axir qaytib kelsam, hayron bo’larlik joyi yo’q-ku.
– Chiqqani pastakkina tom yaxshi, debsiz-da.
– Orada nikoh bor.
– Nikohni siz aytmang, Oy… Yarashmaydi. Gunoh bo’ladi. Nikohimiz siz sachranib chiqib ketganda buzilgan. Yo’q undan ham avvalroq. Bo’ldi, tezroq keting. Tezroq sovchi chiqadi sizga.
– Axir haligacha uylanganingiz yo’q.
– Qachondan menga rahmingiz keladigan bo’ldi? Keting. Birov ko’rmasin.
Oydin hiq-hiq yig’ladi. Oppoq yuzlarini uzun barmoqlari ortiga yashirdi. O’rnidan turdi, o’sha avvalgi iforlarini taratib shundoq yonidan, bir vaqtlar zardali-zardali bo’lsa ham urinib yuradigan peshayvondan ohista o’tib boshini eggancha chiqib ketdi.
Rostdan ketdimi?
Ha, ketibdi.
Yig’labgina ketayotgandir. Birpas shu yerda yig’layvermaydimi?
Oyoqlariga yiqilib, sinamoqchiydim, hammasi yolg’on edi, desa ekan. Ishontirsa ekan.
Bularga qandoq chidash mumkin? Bir dardi ikki bo’libdi-ku. Bundan ko’ra Yigit bilan ahdu paymon qilib yuz yil yurmasmidi. Yuz yil chidamasmidi bu balolarga. Yuz yil o’rtanib… Uginaga yana azobmi? Qanday yashasin sevmagani bilan? Qanday kechirsin Yigitdek nomardni? Boy berdimi butun yoshligi, chiroyi, toza sevgisini?
Ertasi mahallada to’y bo’ldi. Saharda eshikdan birov chaqirdi. Turg’unga kattakon yerqumg’onlarni to’ldirishni tayinlashdi. Chelak bilan tashqari yo’lakka chiqqan edi, ariq bo’yida yana Oydinni ko’rdi. Qo’shnining qarindoshi u. Seskanib tushdi. Qaltirab ketdi.
Ana, atrofda hech kim yo’q. Unga aytsinmi, butun o’rtanishlari, usiz iztirob chekayotganlari, hamma ularning yarashishini istayotganini? Hozir aytadi.
Atay shu yerda turibdi. Yana nimadir demoqchi. O’z uyiga qaytmoqchi. Uy uning ham uyimi? Uyi-da. Qancha jonzotga boshpana bo’lgan bu bog’, bu uy shuginani jon deb bag’riga olmaydimi?
“Oydin, sen yalin. Mendan o’tin. Men xo’p, deyin. Ko’nglimdagi azoblardan biryo’la qutulay.
Seni ko’rib tursam, dunyo meniki bo’ladi, Oydin.
Hammadan chiroylisan.
Hammadan boshqachasan.
Hammadan yoqimlisan.
Seni xor qilganlar xor bo’ladi, Oydin.
Buvim, kelinimning oy deganda og’zi bor, kun deganda ko’zi bor, derdi. Sening pokligingga Yigit ishonmaydi, xolos. Butun dunyo ishonadi. Men ham, Oydin.
Nega ariq bo’yida ko’proq o’tirmading? Nega darrov kirib ketding? Mendan tortindingmi? Odamlardan uyaldingmi?
Seni oyoqosti qilyapmanmi, Oydin?
Menga ko’ngling isidimi yo rahming kelyaptimi, yo yana dadangni o’ylayapsanmi?
Uch oylab uringan ro’zg’oringni sog’indingmi, Oydin?
Aybning kattasi o’zimda. Nega senga sovchi jo’natdim? Eshigingdan yuz o’tganim, ko’rishishga zor bo’lganim bilan, bir og’iz gapingni olmagan bo’lsam. Necha bor yuzlashib kelganda ham yer chizib o’tib ketgan bo’lsam. Nimamga ishondim, nega bunday tavakkal qildim? O’qigan yigitman, meni hamma qizlar orzu qiladi, deb o’yladimmi? Ehh! Seni Yigitdan ayirdim. Yo sevgingdan ayirdimmi? Balki, asrab qolgandirman. Ha, u Yigit-pigit emas, senga mos emas. Lekin sen uni marvariddek toza ko’ngling bilan… Uni baxtli qilarding. O’zing ham baxtli bo’larding. Uff!
Qaytib kel, Oydin!
“Keldim-ku, o’zingiz qabul qilmadingiz”, deysanmi?
Sen o’n marta qaytib kel! Yuz marta!
Kelevergin! Zora yuragimdagi rashk o’tlari o’chsa. Zoraki seni kechirsam, zora haddimni bilsam.
Shirin-shirin suhbatlar quramiz. Senga latifalar aytib beraman. Esingdami, so’ri ustida o’tirganimizda buvim biz ikkimizning yolg’ondakam ijro o’ynab yurganimizni sezmasinlar deb bir latifa aytgandim. Sen buvim boqqa kirib ketganida, “Mening oldimda anekdot aytmang. Kulmayman, keyin buvingiz hayron bo’ladilar”, deganding. Mayli, anekdot deysanmi, ayting deysanmi, aytmang, deysanmi. Faqat kel.
Kelmasang, seni olgani o’zim boraman.
Ertagayoq.
Yo indingami?”
Borib bo’larkanmi.
Kun necha bor chiqib botdi.
Bormadi.

* * *

– Bolam, kechqurungi kulchatoy bag’ir bo’p qopti. Xalfanang borligi esimda yo’q, ovqat qipman. O’zi ozgina ekan. Ichib qo’ya qolgin.
– Ertalabda ichmayman.
– Ichasan! Shu bilan peshingacha tomog’ingni yirtib dars bersang, qorning piyozpo’sti bo’pketadi. Yumshoqqina bo’lsa. Liq-liq yut-qo’y.
– Bugun oyligimizni olsakmikan, – Turg’un hafsalasizgina so’zlar, qarashlari parishon edi.
– Ha, tuzuk. Bolam, oylik olgan kunlaring ko’chada shashlik-pashlik yeb olgin. Topganda tovoningni yog’la degan.
– Uyga opkelaymi? Birga yeymiz.
– Yo’q-yo’q-yo’q. Men sira yemayman, bilasan-ku.
– Oltinchidan paxtaga olib ketishadi, deyishyapti.
– Ha, endi yurtga kelgan to’y, borasan-da. Sheriging kim bo’larkin?
– Bilmasam, Muhammad akadir.
– Muhammad akang-ku, tuzuk. Anavi To’ravoy bilan o’tgan yili sal jiqillashib qoluvding.
Turg’un kampir tomon qayrilib, ajab-ajab qaradi.
– Buvi, bilmayman, ayg’oqchilaringiz qanday ishlashadi, hech narsani sizdan yashirib bo’lmaydi. Ammo-lekin bir joyda shunaqa bo’lgan ekan, deb yurmang. Uyalib qolmayin.
– Esimni yebmanmi. Yomon bilan yotma, erta turib aytma. O’zi To’ravoy nega bordi? Qorovulligini qilmaydimi?
– Erkaklar kam-ku. Shunga bolalarga qaraydi, deb jo’natishdi-da.
– Bolam, o’shanaqa betamizlar bilan xatting-xuttung qilma. Orqangda o’zi yo’qning yuzi yo’q qilib gapirib yuradi. Payingni qirqadi. Elni elagidan o’tish osonmi. O’zi uyatni bilmaganlar boshqaniyam uyaltirib qo’yadi.
To’ravoy qorovul yotoqda paxta tortish vaqtigacha hali u, hali bu yoqqa borib tabelchimi, brigadirmi, suvchimi bilan so’zlashib ketar, gap aylantirishdan muddaosi yo bir chekim nos, yo bir kaltak sigaret bo’lardi. Buning ustiga o’n birinchi sinfning ko’hlikroq qizlari atrofida aylanib, undoq-bundoq deb gap sotgani-sotgan. Hazil-huzulni avjiga chiqaradi. Bir-ikki sho’xroqlari bilan gapi kelishib qoldimi, paxtazorni qahqahaga to’ldirib torttirishgacha daladan chiqmay yuradigan bo’ldi.
Bir kuni qaytarda Turg’un Dilobar degan qizning o’ziga qarab-qarab qo’yayotganini sezib, gapi borligini payqadi, yetib oldi. Qiz atay qadam sekinlatib, to’p-to’p bo’lib shiyponga chiqayotganlardan ortda qoldi. Ovozini birov eshitmas bo’lganda yorildi:
– Turg’un aka, anu qorovulimiz yomon odam ekanlar. Kecha orqadan kelayotsak, deraza pardaning ochiq joyidan qizlarning kiyinishiga qarab o’tiribdi. Keyin… anu… Egatdaligimizda… E, ishqilib yomon odam ekanlar-da.
Turg’un og’zini ochib qoldi. Keyin tishini tishiga bosdi.
– Xo’p, sen boraver, men gaplashaman.
Kechasi bolalarni uyquga yotqizishgan mahal shiypon peshayvonida yonma-yon yotisharkan, nimadan gap ochishni bilmay turgan edi, To’ravoyning o’zi birdan ovoziga sir qo’shib maslahat berib qoldi:
– Turg’unboy, yigit kishi bunaqa qilib yurmang. Birorta qiz bilan yaqin bo’lib gaplashing. Ermakka-da. Yosh narsasiz. Kelishgan yigitsiz. Eh, qani men ham shundoq erkinchilikda sizday bo’lib qolsam. Xotindan uzoqda-ya, essiz. Ax, yoshligim o’tdi-ketdi. Chars edim, chars. Men sizning o’rningizda bo’lsam, nechtasining qaymog’ini yalab qo’yardim.
– Aka, o’zingizning o’rningizda ham tinchgina yurganingiz yo’q-ku. Anov kuni paxtazordan bu yoqqa kelib oldingiz. Ha, desam ovqatdan xabar olaman emish. Ko’rib turibman-ku, oshpaz qizlarning bittasi loviya terishga borganini ko’rib, ikkinchisini oldiga keldingiz. Kap-katta odam bo’lsangiz. Bizga bu bo’y yetgan bolalarni ishonib topshirishdi axir.
– Ie, g’alatimisiz, Turg’unboy? Men sizni tuppa-tuzuk yigit deb yursam xotindan battar gapchi ekansiz-ku! Nosvoyim kastumimda qolgani uchun chiqdim shiyponga! Qizlaringizda necha pullik ishim bor?
– Qizlarda ishingiz bo’lmasa, kiyinayotgan vaqtda poylamang! Hammasi bolangiz tengi bo’lsa.
To’ravoy o’rnidan gurs turib ketdi, ustidagi choyshabni qo’liga burab olib yerga urdi.
– Manga qara, sen vallamat! Qayerda ko’rding poylaganimni? Maktabda qisibgina yurarding! Bu yoqqa kelib olib-a, o’zingni kattakon xayol qilyapsanmi? Ha-a, rashking kelyaptimi?! O’zingni bil sen! Hamma bolalar gapiryapti. Bolta kalni qizi bilan aji-aji qilib yuribsan-ku!
– Nima deyapsiz? Sekinroq gapiring, bolalar uyg’onib ketadi.
– Ha-a, yolg’onmi?
– Ikkinchi birovning qizini oti bilan atamang. Bilmay-ko’rmay! Erkak odam!
– Ana, qalay, sen ko’rib-netibmiding meni?! Mendan nechta ko’ylakni ko’p yirtgansanki, aql o’rgatasan?! Yuribsan-da, bitta xotinni eplab tutolmay nonni nanna, kavushni vanna deb. E, sen, shoshilmay tur! Hali ertalab brigadir kelsin, xonasidan direktorga telefon qilib, qilg’iliklaringni bitta-bitta aytib bermasam yurganakanman!
Turg’un boshini amallab yostiqqa bosdi. Shundoq ham to’rtta xonada yotgan ikki yuz chog’li o’quvchilarning g’o’ng’ir-g’o’ng’irlari tingan, eshitib yotishardi.
Yo’q, harqalay o’shanda ertasi ertalab direktor o’z oyog’i bilan kelganda To’ravoy siypalanib, atrofida mushukdek suykalib aylanib yurdi, o’zining jonbozliklaridan og’iz ko’pirtirdi – o’sha gaplardan og’iz ocholmadi. Lekin Turg’un bilan uch kunlab gaplashmadi. Undan keyin ham sovuqqina salom-alikdan o’tmay qo’yishdi.
Buvisi hamon o’sha To’rani gapirmoqdaydi.
– O’tgan yili kuz oxirida bir ko’ruvdim. Burnidan qurt yog’iladi. So’rashay desam, ters qaraydi. Xudo olsin, dedim. Boshliqlar paxta vaqtida bunaqalarga ishi tushib yalinadi, keyin ular o’zidan ketadi-da. Mayli. Yomonga yog’ yarashmaydi, kalga – piyozdog’. Shu bizni qishloqlargayam paxta ekilsa, sho’rlik bolalar yosh boshidan yotoqlarda yotmasmidi?
– E, buvi, nima qilasiz paxtani? O’zi qayoqqa qaramang, hammayoqda paxta. Undan bug’doy ekilsa, deyman. Xalq to’q bo’ladi.
– Mayli, davlatni ishi bizga qoptimi. O’tgan yilgi paxta terganinglarning puli nima bo’ldi? Bolalarning hech yo’q kalishining puli chiqarmidi. Oldinglarmi?
– Yo’q. O’zi bu yotoq deganiga boribmanki, ikkinchi terimdan boshlab terilgan paxtaga bir so’m pul olib bo’lganini bilmadim. Taysallab turishadi, keyin yotoqdan qaytish bo’lib, qopketadi. Bola bechoralar bergan uch-to’rt so’m puliga biram sevinadiki. Bu yil ham o’sha Yorqishloqning dalalarida yotarkanmiz. Direktor haqlaringni olib beraman, dedi-ku. Yana bilmadim.
– Mayli, olaqarg’ada olimsog’ing bo’lsa, bir kuni tegadi. Diriktiringni xafa qilma. Uyam bir joyni o’marib yeyman, deb boshliq bo’lmagandir. Sulton suyagini xo’rlamabdi. Bolalarni yaxshi o’qitsang, hurmatingni topaverasan.
Turg’un kiyinishga kirdi.
Ko’cha tomondan echki-qo’ylarning, ketidan podachining “husht-husht” ovozi keldi. Kampir shosha-pisha qo’yxona eshigiga ketdi. Taka-uloq, qo’y-qo’zi aralash o’n to’rt chog’li jonliq ko’cha tomonga otildi. Kampir ularning orasini yorib o’tar ekan, durrasini yechib boshiga tashlab chakka sochlarini tugalay yopib tang’idi, himarilgan yenglarini tushirdi-da, darvozani ochdi.
– Summat xola, o’g’lingiz kechqurun podajoyiga chiqmadi. Bugun non navbati sizlarniki, – dedi podachi belbog’ini uzun podatayog’i uchida kampirga uzatib.
– Voy, xo’p, bolam, hozir, – kampir uyga shoshdi. Nonqutidan ikkita non olib, betiga tokchadagi likobda turgan mayizni soldi, og’zi ochiq xaltadan besh-olti yong’oq olib mayiz ustiga tashladi. Belbog’ni tugumladi. Mahalladagilar qo’y-echkisini podaga kechiktirmay chiqarishlariyu o’zboshimcha echkilarning birovlar eshigini shoxlamasligi uchun “Hayyo-hay” deb turgan podachi nonni olib, xaltaga solar ekan, tugunni silkitib ko’rdi.
– Yong’oqmi, quruqligidan bilsa bulturgi-da-a? Haliyam saqlab yuribsizmi? Boyxotinsiz, Summat xola. Ammo bitta non yetardi.
Kampir mamnun qiyofada bosh irg’ab, darvozasiga yurdi. Cho’pon, egasini podaga yetkazmoq uchun tepinib turgan otining jilovini yana tortib, kampir ortidan qichqirdi:
– Summat xola, o’g’ilga ayting, birorta kitob bersin. O’qib qaytaraman. Ikkita bo’lsa yana yaxshi.
– Hozir, – kampir eshikdan kirib ketdi. Birpasdan so’ng qo’ltig’iga ikkita kitob qistirgan Turg’un ko’ylagi yenglarining tugmasini qadagancha chiqib keldi. Podachi ot ustidan unga jilmayib tikildi. So’rashishga qo’l uzatdi.
– Salomatmisiz, domla? Ishlar bilan charchamay? – dedi kitoblarni olib xaltasiga joylarkan. – Domla, ishqilib bor bo’ling. O’g’lim biram maqtaydi. ollo ilmingizni oshiravursin. Shu o’g’ilni o’qitaman deganman. Sizam mahkam turing. Nasib qilsa, bir kasbga ega bo’lsin. Sizga o’xshab oqyaktak bo’lib yursin.
Turg’un qo’lini ko’ksiga qo’yib, bosh irg’adi.
Papkasini qo’ltiqlab, maktabga otlanar ekan, ko’ngilxiraliklari tarqagan, ko’zlari porlab turar edi.

* * *

Ajab, paxta yotoq bu yil bir oygina bo’ldi. Sira bunaqa bo’lmagan-a.
Xayriyat, paxta yotoq bu yil bir oygina bo’ldi. Shuncha yil paxtada bola olib yotib, sira bunaqa holga tushmagandi.
Hozirgilarning dadilligini-chi. Birovi – Yangiboy tog’aning kenja qizi, Dolim oshnasining singlisi Jamila sinfdosh dugonasidan salom yuboribdi.
Domlasini sakkizinchidan beri yaxshi ko’rarmish. Olsa tegardim, deganmish. Chip-chiroyli, bir aqlli, oliyda o’qiyman, desa bilimi borgina qiz.
Bir-biroviga sir ishonib aytib yuribdimi bu qizlar. O’zini o’zi gapga tiqib qo’ymasa bo’lgani-da. Muhammad aka nevarasi kasalxonaga tushib qolgani sabab G’ovaga ketganicha kelmadi. Maktabning yangi oshpazini qizlarga qaraydi, deb jo’natishgan edi, besh kunda eri mashinada kelib olib ketdi. Shuncha bolaning javobgarligi o’ziga qolib, dala bilan shiypon orasida chopaverib, tunlar uxlab-uxlamay cho’pdek ozdi. Buning ustiga anavi qiz. Uch kun ko’zini nari-beriga olib qochib charchaganida, qizning ham qizarib ko’zini yerga tikib o’tayotganini ilg’aganida, endi nima qilsam deb boshi qotib yurgan edi, birdan shoshilinch yig’ilish chaqirildi. Egatlarga sochilib ketgan bolalarni o’zi chaqirib chiqib to’pladi. O’n birinchilarni bir tomonga, o’ninchilarni bir tomonga saflantirdi.
Eski Karl Marks kolxozi Mash’al jamoa xo’jaligiga aylantirilgan, lekin hozir shiypon supasida terimchilarga qarab va’z aytayotgan bu shlyapali kishini hamma Karl Marksning raisi derdi. U yoniga Turg’unni chorladi. Tabelchi degani orqadan shipshidi: “Ketarkansizlar, qayerdadir bola o’libdi. Hammaga otboy ekan”.
– Paxta terim bugundan odosh bo’ldi, bolalar. Hammanglarga katta rahmat. Endi dala sharoiti. Kamchilik bo’lgan bo’lsa uzr. Kassir kelib qolsa, naryadni yopib, pulinglarni bervoradi. Hozir ikkita aptobus bilan ikkita traxtir keladi. Narsanglarni yig’averinglar. Bugun uyga ketsanglar, shanba-otdix dam olib dushanbadan svejiy kalla bilan darsga chiqasizlar. Mana bu sizlarga qarab yotgan domlalaringga ham rahmat. Voyenniy yigit ekan. Hamisha sizlar bilan birga bo’ldi. Krugliy sutka qattiq ishladi. Man prosto besh ketdim. Malades. Sog’ bo’lsin. Bola-chaqasi ko’payavursin.

* * *

– Bolam-ey, yotoqlaring ham bor bo’lsin. Muhammad domla ikki marta kepketganda, bir marta kelmading-a. O’zining onasi bor bo’lsa ko’rgani kelarmidi, dedim, – kampir ko’zidan tinmay to’kilayotgan yoshlarini artdi, tirish lablarining titrog’i bosilmadi.
Turg’un so’riga cho’kdi. Boshini quyi egdi.
– Iloji bo’lmadi, buvi. Qizlar bor, o’g’il bolalar o’rligi ortgan vaqti, tashlab ketsam bo’lmasdi. Muhammad aka uyquchi odam. Borligida ham… Ishqilib yaxshimisiz?
– O’tgan payshanba kechasi xuddi nari borib-beri keldim, bolam.
– Nima bo’ldi? Mazangiz qochdimi?
– Oshqozonim toshday bo’lib, jonim chiqib ketay dedi.
– Birorta yoqmagan narsa yeganmidingiz?
– Kim bilsin, birpasda ko’nglim ozib… Qutlug’ni bolasiyam bor bo’lsin. Kichkina bo’lgan bilan hushyor. Kechasi bilan besh marta uyg’onib, hol so’radi. Shukur, bugun uchlashib yotarkanmiz.
Ariq labida cho’ltoq supurgini ushlagancha tog’asiga ko’zi javdirab Yashnar turar, kir qo’llaridan xijolatlanib, orqasiga yashirar, qanday so’rashishni bilmay kalovlanar, mol tagini tozalab, hovlilarni supurib yurganidan burnining osti qorayib ketgan edi. Turg’un unga jilmaydi. Qo’lini cho’zdi. Yaqinlab kelgan jiyanining boshini ko’ksiga bosib, iyak tiradi, oqish chang yopishgan sochlarini siladi.
Yana bir oqshom borliqqa bosh qo’yib kelar, tun ko’rpasi hamma tomonni tugalay enlab bo’lgandi. Qurbaqalar qurillar, chigirtkalar chirillar, suv shildirar, ora-sira ko’chadan o’tayotgan otlarning tuyog’i birdek taqirlar, hamma-hammasi sokinlikning, xotirjamlikning o’zga-o’zga ohangli allasi bo’lib tuyulardi. Necha kunlik hushyor tunlarni o’tkazib kelgan yigit o’z uyidagi osuda oromni sog’ingan, boshi yostiqqa yetmay, qotib uxlab qolgan edi.

* * *
Dushanbadan darslar boshlandi.
Mana, bugun o’sha qiz o’qiydigan o’n birinchi sinfda arang dars o’tdi. Endi har kirganida shunaqa bo’ladimi? O’g’rincha sin solsa, qiz bechorayam zambilbop bo’lib o’tiribdi. Bir nuqtadan ko’zini uzmaydi. Ko’ngil ishi qiyin ekan-da. Boshqa bolalar bo’lsa domlasiga o’ychan-o’ychan qarashadi. Orada bir-birlariga ham ma’noli razm solib qo’yishadi.
Shivirlashgan uch bo’lsa sir yotmas deyishgan-ku.
Dard bo’ldi, balo bo’ldi.
Nima qilsin endi?
Yo’l degani bir yaxshi narsa. Nimaniki mushkulga chora qilib topgan bo’lsa, shu yo’l bilan birga-birga, shu yo’l bilan hamroh-hamroh bo’lib topgan.
Manzillarni manzillarga, chanqoqni suvga, hojatmandni hojatbarorga, bemorni tabibga, oshiqni ma’shuqaga yetkazguvchi yo’l bo’lmay nima?
Biroq bugun yo’l ham yo’l ko’rsata olmadi.
Kampir makkasoqol ivitilgan suvni katta piyolada suzib olib ho’plab o’tirardi.
– Qandoq edim-a, otliqqa yo’l, piyodaga so’z bermasdim. Endigitdan beri meni yolg’iz tashlab yotoqlarga bormagin, bolam.
– Yashnar qani?
– Bolagina uyini sog’indi-ya. Boraqolgin, onangga ham keraksan, dedim, sal burun cho’milib, sochini tarab, chiqib ketdi. O’g’il bola bo’lsa ham, bir pokiza. Hamma ishni biladi, qo’g’irmochdekkina-ya.
Turg’un ariq suviga qo’lini solgancha jimib ketdi. Jiyani bilan kecha tuzukroq gaplashmaganiga o’kindi. Bitta kitobni unga atab qo’ygandi. Berib yubormabdi-da – xursand bo’lardi.
– Bitta ovqatning ko’chasidan o’taylik.
– Nima yegingiz kelyapti? O’zim zo’r qilib pishirib beraman.
– Mening iqim ovqat tilamaydi, bolam. Sen ishdan kelding, o’zingga yoqqan biror narsa…
Taraqlab eshik ochildi-da, Bekturdi kirib keldi.
– Tolik, xolaposhsha, qalaysizlar?!
– Bekturdi-i-im, keldingmi? Bormisan sen ham?
Kampir so’ri yog’ochiga tayanib o’rnidan turmoq bo’ldi.
– Ey, ey, qani, o’tiring-chi. Qimirlash yo’q!
– Bu arvohchi lo’li xolam bor edi, xabar olay demasang. Kun-kun ko’zim eshikda bo’ldi-ya, – kampir tomog’i hirqirab yig’ladi.
Bekturdi Turg’un bilan bag’irlashib ko’rishgach, kampirning yelkasidan quchgancha so’riga chordona qurdi.
– Bo’ldi, bo’ldi, nima yig’i-sig’i, xolash? O’zimam rosa sog’indim. Keldim-ku.
– Bolalaring tuzukmi? – kampir ovozi qisilib yuzini ro’moliga yashirdi.
– Ro’zg’or qursin-da. Shundan ortmay o’lib ketasan, bor bugun, xabar ol Summatbidan dedim o’zimga. Yuribsizmi chigirtkaday sakrab? Qandoqsiz endi? Chollarni yo’ldan urmayapsizmi? Bemalol urovring. Tushimda opoqdadamni ko’rdim. O’sha oshnasi aytgani rost ekan. Bitta o’rmonda voyenniy kiyimida yuribdi. Belarusmikan shu yer dedim. “Xolabuvimni erga berovrayinmi, xaridori ko’payib ketyapti?” desam, “Berovir, tolka pensasi baquvvatiga ber”, dedilar. Xax-xax-xa. “Hayt, bu yog’i osh yerkanmiz” dedim, “O’v rahmatli, rahmat sizga”, dedim. Qalay?
– Sen jo’nagan kuni o’lib qolamanmi deb qo’rqdim. Bek go’rga qo’yardi. Endi Turg’unim shuncha ko’rgiligi kamday, yoshgina boshiga o’zi qo’yadimi dedim. Diydorini ko’rolmiyman, kelgunicha qaro yerga kirib ketaman shekillik, dedim.
Bekturdining lablari ayanchli burildi. Kampirning yelkasini bo’shatib, so’ri qirg’og’iga musht urdi:
– Sanlarga nima bo’lgan o’zi, hammang kelishib olganmisanlar? Ana u yoqda Rizvoniyam shuncha yo’l bosib keldim, borayin yonida birpas cho’zilib damimni olaman, bir piyola qaynoq choy ichaman, desam, yurgan-turganimni burnimdan chiqarib, o’laman duvdim, o’lmadim, deydi. Bu yoqda bunisi! Xe o’lmay o’l hammang. O’lmay o’l! O’lmay o’lib ket-a!
Kampir jiyanining gapiga ham kular, ham yig’lar, Turg’unning ham ko’ziga yosh miyig’iga kulgi kelgan, mehmon esa jag’i tinmay yozg’irar, yuzlaridan danakdek-danakdek yosh yumalardi.
Kampir amallab yig’isini bosdi. Yengiga qayirib joylagan ro’molchasini olib, yuz-ko’zini artdi:
– Toshkentlaringga borib-keldingmi?
Turg’un xola-jiyanni yolg’iz qo’yib, guzarga shoshdi, go’sht olib kelib qozonga bosdi. Buvisi to suyumli jiyani bilan aymoqilashguncha dasturxon tuzatdi. Bekturdi o’zi olib kelgan ikkita qo’qon patiri bilan bir o’ram holvani dasturxonga qo’ydi. Bog’ tomonlarga aylanib, mol-holga ul-bul degan bo’ldi. Keyin to Turg’un choy damlagunicha so’ritokda osilib pishib yotgan kishmishdan bir bosh uzib keldi. Endi u har ikki gapida xaxolab kular, kampirning ham chehrasi ochiq, ajinlari yoyilib ketgandek edi.
– Xolash, bitta antiqa odam bilan keldim, deng. “Kim bo’lib ishlaysiz”, desam, “Ustaman”, deydi. “Uy solasizmi?” desam “Ha”, deydi. Ja ajoyib topishmoq odam ekan. “Men ham uy soldirmoqchiman, biz tomonlarga bormaysizmi?” debman. “Yo’q, men o’zimiz tomonga solaman, xolos”, deydi. “Menga yaxshi usta kerak edi-da, bitta uyni qanchada bitirasiz?” dedim. “Menga o’xshagan ustalar hamma joyda bor. Soladigan uyimga ko’p vaqt ketmaydi. Men shoshilinch uylarni solaman. Bitkizib kiritib ham qo’yaman. Qorong’i-yorug’ligiga javob bermayman. Deraza-peraza o’rnatmayman. Ne-ne ustolda o’tirgan kottakonlar ham o’zimga uy soldiradi”, deydi. Nima deysiz shunga, Summatbibi?
– Go’rkov ekanmi?
– Vo, – Bekturdi bosh barmog’ini baland ko’tardi, – har baloga aqli yetadi. Es-hushi joyida. Ko’rishi to’y, yeyishi qo’y, bu xolashkani, o’laman desa, miyam achiydi-da.
– Ha endi derazasi yo’q uy go’r bo’lmay nima bo’lsin, bolam.
– E, malades. Lekin bittasi mashina sotarkan. “Jiguli”. O’shani oladigan bo’p turibman. Indinga opkeladi.
Kampirning peshonasi tirishdi. Bekturdini nuqilab, boshiga yolg’on musht bosdi.
– Moshinni nima qilasan, aqli past? G’alva ko’paytirib. Narsa tashib sotmasang. Pul topib hisob topmaysanmi? Qo’y, chigal soqolga temir taroq qilib olma. Darrov qaytar. O’zicha yuradimi u jonivor. Eskini tuzab esing ketadi.
– Voh, ja gapirasiz-da. Qandoq qilib olaman, deb qo’ydim, bilmayman, – Bekturdi peshonasiga shapillatdi. – Lafz ketdi, babulya, uje opozdali. Mayli, endi. O’zi eski mototsiklim o’lgur hech qayoqqa sig’may yotibdi. E-e, bo’lari bo’ldi. Tolik bu yoqqa o’tir. Biz tarafda bir gap yuribdi. Senga tegishlik. Yangivoy oqpalakning qizini olarmishmisan? Maktabda topishib qolganmishsan. Rostmi?
Turg’un ko’ziga qadalgan ikki juft ko’zning tig’idan qocholmay so’ri suyanchig’iga o’zini tashladi.
– Yyo’q, qanaqa qiz?
– Tanimiyman demagin tag’in. O’zing dars berarkansan-ku?
Kampir o’ng’aysiz qolgan nevarasiga achinib qaradi-da, o’zi javob qildi:
– Ha, ana u kuni xotinlar bir shama qilgandek bo’ldi. Aytdim, bular juda o’smoqchilab qoldi. Atay gapni uzdim, yo’q narsaga yo’lkarchi bo’lmay deb. Ship etganga olam jahon gap.
– Jiyan, agar ko’nglingga o’tirishgan bo’lsa, shartta borib hal qilaylik. Bir toqa bo’lib yuribsan, endi bundan bu yog’i xolabibishkayam olvali bilan g’ayrali bo’larmidi. Kun sayin paykaldan ketyapti, to’g’rimi Summatbi? Endi bu sho’rlik urush eridan judo qilgan staruxa Izergilga issiq-issiq ovqat kerak, qarov kerak. Yo’q deb ko’r-chi.
Kampir Turg’un tomonga o’g’rincha qarab labini tishladi. Bekturdi so’ziga amrona tus berdi:
– Bunaqa bo’shashma! Xotiningga manaman deganlardan jovchi chiqib yotganmish. Raisning kichkina kelini tug’olmay qora bosib o’ldi-ku, shunga bitta jovchisi raismish. Nega ranging oqaradi? E, uka, bu dunyoda miltiq bilan xotinga ishonib bo’lmaydi…
Boshqa gaplarni eshitmadi.
Ovqat suzib kelganida, so’zlashuv boshqa bir narsalarga burilganidagina tilga kirdi.
Bekturdini kuzatib yuborgach, buvisidan ko’zini olib qochib, alanglab turdi-da, magnitofon qulog’ini burab, qo’shiq qo’ydi, hovli etagiga yurib, ishlariga tutindi.

* * *

Bu gal maktab eshigida duch keldik. Gapirolmay uzoqlab ketding.
Atay u yoq-bu yoqqa o’tib yurgandirsan-da.
Namuncha ozib-to’zding, Oydin? Ko’zlaring lak-lak bo’lib, buvimning so’zicha, qahriga tortib ketibdi.
Ko’p siqilyapsanmi?
E-e, yer ham yumalab yuribdi-da. Silliqqina. Sakrab yurganda menga o’xshaganlar bitta-bitta tushib qolardi.

* * *

– Bolam, Qayum tog’angni tushimda ko’ribman. Hassamni yo’lga to’g’rilab qo’y. Egnimni kiyib chiqay. Xabar olmasam bo’lmaydi.
– Nima qilasiz? Tinchgina uyda o’tiring, buvi. Uylari qayoqda yotibdi-yu. O’tgan hafta avtobusda ko’rdim Qayum tog’amni. Sizni so’rab qo’ydilar.
– Menga aytganing yo’q-ku, xax o’lmagur.
– Esimdan chiqibdi-da.
– Birov birovni so’rab yuborsa, o’sha zahoti “Siz ham salomat bo’ling”, deb qo’ygin. Shundoq qilsang, esingdan chiqsayam, bo’yningga qarz bo’lmaydi.
– Xo’p, xo’p. Lekin, buvi, kerak bo’lsa o’zlari sizni ko’rgani kelishsin. Jiyanlaringiz bo’lsa. Uzoqqa ovora bo’lasizmi?
– Endi bunisi mening ishim. Katta uyda tokchaga tuguncha qilib qo’yganman. Qora atlas belbog’da. Bor, opchiq. Ishing bo’lmasa yur sen ham. Qarindosh-urug’ing bilan mundoq yaqin bo’lishni o’rgangin. Sho’rtumshuq bo’lmagin bunaqa.
– Shaharga tushaman. Bitta etik oladiganman. Keyin pechkaga chekanak ham.
– Mo’riligi bor ekanmi?
– Ha, ikkita chekanak (35) opkelsam bo’ldi. Sizni mashinaga solvoraman.
– Yo’q-yo’q. O’zim boraman. Moshinlari qursin. Hali kuchim bor.
Kampir hech tayanmaydigan, lekin uzoq yo’lga ehtiyotdan olvoladigan hassasini qo’ltiqlab, boshiga Turg’unning eski ko’ylagini tashlab olgan, bir qo’lida tuguni, ko’chaga chiqdi.

* * *

Yumalab yurgan yerda yana uchrashdik-a, Oydin. O’zi u kun ko’rganimdan beri o’zimga kelolmay yurganimda…
Bu gal shaharda, bozorda.
Bizni hech kim tanimas edi.
Yaqin kelding. Jilmayding.
“Yuribsizmi? Sizni ko’rsam ezilib ketaman, vijdonim qiynaladi. Nimalar bo’ldi-ya o’zi?” deding. Keyin ko’zingga yosh olib, odamzorga singib ketding.
Nega yig’laysan?
Bozorga nimaga kelganimni unutib, “Ford” deydigan ulovga chiqib olibman.
Endi bu tun men ham yig’layman. Yig’lamasdan yig’lash nimaligini bilasanmi? Bilmaysan-da, o’qib yurgan yillarim, uchinchi kursligimda ko’z oldimizda bir qizni avtobus bosib ketdi. To’rt kishi edik. Miyamda bir narsa charsilladi, ko’zim birpas hech narsani ko’rmay qoldi. Yomg’irli kun edi. Odam kam joy. Avtobuschi qaltirab tushib keldi. Besh-olti yo’lovchisi oynaga yopishib boshini sarak-sarak qiladi, yuzini yuladi. Odam to’plandi. Nechtalarining yuragi yomon bo’lib qoldi. Yerdan ko’tarib chetga oldik, hamma yoq qon. Militsionerlar bilan do’xtirlar: “patanatomga” deb jo’natishdi. Kursdoshlarim hammasi voy-voylab yig’ladi Men esa, yo’q. Ichimda yig’i boshlansa, sirtimga chiqmaydi.
Yo’q, asli kichikligimdan yig’lamagan ekanman. Dadam uylanayotganda buvim, “Borib dadangning etagiga osilib yig’la, zora senga achinib biror yil turatursa”, dedi. Sira tushunmayman. Nega buvim dadamning hech bo’lmasa biror yil uylanmay turishini istadi ekan. Baribir, yig’lolmadim. Etagiga osilish tugul, yaqiniga borolmadim. Nega bunday bo’ldi, buniyam bilmayman. Ertasi buvim yig’lab-yig’lab onamning boshiga suv quyib keldi. Kelib ham hovlini aylanib, ovozsiz-ovozsiz yig’ladi, ichkari yalanbuvining uyiga kirib uvillab-uvillab yig’ladi. Men esa, yo’q.
Sen bir ko’rinib ketasan. Men tuni bilan yig’layman.
To’yimiz yodingdami?
Menga bir marta bo’lsin, qaramading. Qaramaganing ham qanchalik yoqimli edi-da, Oydin. Jon-jonimni shirin-shirin o’rtantirardi. Sen faqat menikisan, mengagina munosibsan, deb o’ylardim. Qara, o’zimni qanday balandga qo’yardim. Ko’lmak o’zini ko’l sanarkan.
Kelindek yurgan kunlaringda, “Hech yo’qsa uyimda-ku, birovning qo’li yetmaydi”, deb o’zimni ovutgan chog’im ham bo’lardi.
Sen esa birovga…
Ha, buyam peshona ekan-da. Nodonman, hech narsani anglamabman. Hali uyimda yayrab-yashnab yurasan, hali do’mbillagan bolalarimiz bo’ladi deb o’ylabman.
Opam birinchi jiyanimga boshqorong’iligida g’o’ra so’ragani-so’ragan edi. Shuncha daraxti bor bog’imizda aksiga olib bitta qo’tiru bitta achchiq danakdan boshqa o’rik yo’q ekan. Buvim meni Soyvali tog’aning bog’iga yubordi. “Bolam, onang bor bo’lsa, o’z bog’inglarga o’zinglar egalik qilardinglar. O’rigi ham ko’p edi, – deb ko’ziga yosh oldi. – Bor g’o’ra topib kel. Jiyaning puchuq bo’lib qolmasin tag’in”.
Bir xalta olib keldim. Opam kech tushguncha tuzga botirib, g’irs-g’irs chaynab o’tirdi.
Sen ham g’o’raga boshqorong’i bo’larding. Men Soyvali tog’aning bog’idan bo’ylab-bo’ylab kirolmay qaytib kelardim. Chunki endi yosh bola emasman, bog’ning ham devorlari baland bo’lib ketgan. Sen buvimga mening ertadan kechgacha kuttirib to’rttagina g’o’ra topib kelolmaganimdan shikoyat qilarding. Buvim senga, “Ha, qizim-a. Bekorga aytganlarmi, eringga ishonguncha erganak eshigingga ishon, deb. Qo’yavur. Turg’unboyimning bunaqa ishlarga uquvi yo’q. Darvozasi basta bo’lsa nima qilay, deb o’tiribdi. O’zim hozir topib kelaman. Kambag’alga bitta eshik yopiq bo’lsa, bittasi ochiq. Bu domlaligini qilsin”, derdi. Keyin Oyimbi xolaning uyiga chiqib, nevarasiga aytib bir kosa uzdirib chiqardi.
Hali birinchi bolamizni beshikka belaganda senga “Boychechak”ni ayttiraman, derdim, Oydin. Aytmasang o’zim aytaman, derdim. Birinchi bolamiz qiz bo’larmidi?

Boychechagim boylandi,
Qozon to’la ayrondi,
Ayroningdan bermasang,
Qozon-tovog’ing vayrondi.

Ha, mening bolam, mening qizim boyning chechagidek gap. O’zingga o’xshagan chip-chiroyli bo’lardi. Boylanishi bilan sen unga nasibasini bermasang, qozon-tovog’ingni vayron qilib chirillardi. Men qotib-qotib kulardim.

Boychechakni tutdilar,
Tut yog’ochga osdilar.
Qilich bilan chopdilar,
Baxmal bilan yopdilar.

Ha-ha, mahallaning beshiksoldiga yig’ilgan bolachalari mening og’zimdan ilib ketib atrofingda shuni aytardi.
Bilasanmi, Maman cholning aytishicha, qilich bilan chopdi degani beshikka solingan bolaning ustiga irimiga pichoq tekkizib qo’yganini bildirarkan. Yana keyingisi o’g’il bo’lsin degani ekan. Yaxshi tushunolmadim, balki, o’g’il bo’lsa chipronto’y bo’ladi, deb shunaqa deyishganmi. Yana u aytadiki, bo’y degani kichkina marosimni, to’y degani katta marosimni bildirarkan. Boychechak bo’ychechak bo’lgan ekan. Kichkina marosim ko’pda yangi tug’ilgan bolaga atalar ekan. Yana kim bilsin.
Buvim bolamizning ikki yelkasidan tutib yengil silkitib, tut beshikka yotqizardi.

Boychechakni tutdilar,
Tutyog’ochga osdilar…

Qo’lpech bilan oyoqpechlarini bog’lardi. Beshik ustiga baxmal yopqich yopardi. Seni imlab yoniga o’tqazardi.

Boychechagim hulloli,
Hamyon-hamyon tilloli…

“Ha, endi tushundim, – derding sen, – hamyon-hamyon tillasi tuvagida bo’ladimi?” Keyin kularding.
Men sochqi sochardim. Sen qizimiz bog’lanayotganda non tishlab turarding. Jiyanim Yashnar nonni olib qochardi. Sen uni quvarding. “Etolmaysan”, derdim orqalaringdan yurib. Yashnarga tayinlardim, u qattiq qochmasdi. Axir yigirma kun avval tuqqan bo’lsang. Sekin yurib ham yetib olishing kerak. Yetib olarding, ko’zlaring charaqlab, lablaringdan avval kulardi. Nonga qo’l uzatarding. U bermasdan tixirlik qilib bir-ikki aylanardi. Bolamiz yoniga qaytardik. Buvim etagingga solgan sochqini beshik ustidan socharding. Keyin qand terib yurgan bolalarga nonni ushatib-ushatib berarding. Men ham narida turgan bir kalla qandni olib sochardim. Tishlagan joyingni ushatib o’zingga qoldirarding, keyin yeya olmay, menga uzatarding, Oydin. Tishlagan noningni tishlasam ham, biz urishib qolmasdik. Yaxshi eding, hammadan yaxshi, Oydin.
Keyin buvim kulchatoy pishirib kelardi. Evaram kulchatoyloqday bo’lib yotsin, derdi. Sen bir kosa kulchatoyni ichib olarding. Men bolamning rizqi butun bo’lganidan sevinib to’yib qolardim. “Ishga ketdim”, deb senga ko’z qisib qo’yardim. Sen buvim tomonga ko’z g’ildiratib, uning qilig’imni ko’rmay qolganiga xotirjam bo’larding, jilmayarding. Oppoq yuzingdagi kulgichlaring o’ynardi.
Ishdan kelsam, “Bolamiz kuchanyapti. Buvim kigizdan baqa kesib beraman, dedilar”, derding. Keyin buvim beshik ko’rpachalar tagiga baqaga o’xshatib kesilgan kigiz bo’lakchasini solib qo’yardi. “Endi kuchanmaydi. Turg’unboy, esingdami, opangning kattasiyam shunaqa kuchanoq bo’lganidi. Irimini qilganimizdan keyin yaxshi bo’pketgan”, derdi buvim.
Sen kir yuvishga tutinarding. Buvim o’choqboshiga ketardi. Bolamiz beshikda yig’lasa, buvim, “Otayam qarasin-da, ho’kki(36)dek so’ppaymasdan, o’tir huyyo-huy (37) aytib ovutib tur”, derdi.
Bolamizni buvim to’lpoqday qilib katta qilardi, Oydin. U opamning bolalarini ham juda papalab tetiltirib (38) bergan. Opam hech qiynalmadi. Sal isitma chiqib qolsa, yugurgilab olib kelaveradi. Buvim avval bola bilan ekalashadi-da, oxiri tinchib ko’zlarini mo’ltiratib turganda, bolaning tilidan: “Tattabuvi, biz yana teldik. Oyqamizga tuqum qisilib poldi. Yaqshi oqat yedanda sizzi eslamadik. Endi keyak bo’ldindiz. Chunaqa gaplay”, deb qo’yardi hazil-chin aralash. Ertasiga meni xabar olishga jo’natardi. “Bolasi kuyugiga kulcha bo’lsin. Borib xabar ol, – derdi, keyin yana tayinlardi. – Sigir soqqan nomi bor, yon-veri qo’shni tugul kim so’rasa pul olmay bersin. Shu sut-qatiq sotish bir vaqtlar uyat edi. Bir-biriga uzatmagan odam bo’lmasdi. Aytib qo’y, qo’lining xayrini qilib, qari-qartangga so’ramasidan berib tursin. Oqlikka chiqqanlardan sira-sira ayirbosh olmasin. Oqlik sotgan oqarmaydi”.
Ana, darvozamizga ham kelibman.
Turg’un xayolini yig’di, ko’cha eshik suv sepib, supurilibdi. Ko’ngli bir ag’darildi, o’ynoqlab tushdi. Yelkasi bir bosildi. Halqaga qo’l yubordi.
So’rida jiyanlari o’tiribdi ekan. Yuziga sevinch yoyildi. Ana, uy to’libdi. Hali xayolidan o’tuvdi. Opasi Turg’unni ko’rib, o’choqboshida shoshib o’rnidan turdi. Jiyanlari chopib kelishdi. Kichigi so’rida o’tirgan joyida qo’lini cho’zdi.
So’rashib bo’lib, ko’rpacha chetiga cho’kdi.
– Ishlayapsanmi? – dedi opasi ko’zida yosh aylangancha jilmayib.
– Ha, bo’p turibdi.
– Bo’ying yanayam balandlab ketibdimi, yo ko’zimgami?
Turg’un jiyanining sochlarini qo’li bilan to’zg’itarkan, yelka qisdi.
– Buvi, o’tiravering, o’zim suzib kelaman, – opasi o’choqda kuymanib yurgan kampir tomonga ketdi. Kampir so’riga yaqinlashdi.
– Kalning nimasi bor – temirdan tarog’i. To’rvangni qo’y, hadeb quchoqlab o’tirmasdan.
– Kiyinib chiqarman.
– Manavi qoramayizni qara. Seni ko’taradi deb intila bo’lib mo’ltirab o’tiribdi. Ol qo’lingga.
Turg’un yo’lga kirmagan jiyanini ko’tarib oldi-da, bir qo’lida sumkasi bilan uyga kirib ketdi.
Qaytib chiqqanda dasturxonda bir oshtovoq palov turardi. Kampir o’choqboshidan turib Turg’unga xabar berdi:
– Targ’il sigirni tobi yo’qmi, ko’pam tertga qaramadi. Yashnar etakkacha bir qur yurgizib keldi.
Qutlibeka boshini tebratdi:
– Buvi-ey, qariganda mol-hol ham o’zingizga qolib o’tiribdi. Turg’uningiz bunaqa kech kelsa, qiyin ekan.
– Kuchim yetganini qilaman, bolam. Ertaman bostirmani tagiga chiqarmagan ekan. Shunga yemishini sop qo’ya qolay devdim. Ukang o’zi yetib kelardi. Bugun kechikdi-da.
Qutlibeka piyolalarni ariq suvida chayib keldi. Bolasiga suzgan ovqati bilan qoshiqlarni olishga ketdi. Damlab o’choq og’ziga cho’g’ ustiga qo’yilgan choynakni ko’targancha, so’ri tomon kelayotgan kampir birdan to’xtadi.
– Iy, oymomo yangi bo’ptilar-ku. Bu jujuqlarim shunga momasini uyiga yo’rg’alagan ekan-da.
Kampir choynakni Turg’unning oldiga qo’yib, oy tomonga o’girildi, tik turgancha qo’lini fotihaga ochdi.
– Omin, Yaratgan Xudoyo, ko’rsatgan kuningga shukur. Yetkazgan yangi oylaringga shukur. Kelar shunaqa oy, kelar shunaqa kunlarga to’rt ko’z tugal, qatordan kamimasdan, sanoqdan o’chirilmasdan o’ynab-kulib yetaylik.
Kampir pichirlab yana bir narsalar dedi-da, qo’lini yuziga siypab, so’rida qator o’tirgan bolalarni chaqirib, bitta-bitta bag’riga bosdi. Kichik evarasi hali buvisi chaqirmasidan keti bilan sudralib achom-achomdan qolmaslik uchun intildi. Kampir har birini quchoqlaganda, “Boladay beg’am bo’laylik”, dedi. Keyin nevaralariga xitob qildi:
– Senlar ham achomlab qo’y, yangi oyni ko’rganda bola quchoqlaydi.
Turg’un jilmaydi, buvisining o’zi hali bolaligida ham shunday qilganlarini esladi.
Kampir ikki katta evarasiga buyurdi.
– Qani, turinglar, bu yer tor. Ana u supaga borib u yoq-bu yoqqa yumalab kelinglar. Boringlar.
Bolalarning biri onasiga, biri tog’asiga osilib, so’ridan tushib, palos solingan supaga chopib ketdilar.
– Non ko’tarib kelmasang, eshikdan kiritmasmidik, – dedi buvisi non sindirarkan Qutlibekaga.
– Yo’q, endi… Bugun yopuvdim. Singib pishibdi. Qizaravermadi. Ko’proq xashak qalab qo’yibman, shekilli.
– O’tiningni ayama, noningni tayama, degan. G’o’zapoyang qolmadimi?
– Tugab ketdi-da.
– Boshidayoq aralashtirib yoqqin edi. Xala xo’p, kunjara ko’p qilaversang, shunaqa bo’ladi-da. Hovli-haramni supurganda, yer-andizni yig’ganda tishkovlagichdek kaltakni ham yig’ib tandirga tiqib qo’y. Uvolga yo’l bermasang, baraka kelaveradi.
– Ha, yig’aman. Avval ham aytgansiz-ku.
– Tag-tagini tozalab ishlat o’tinni. O’yganniki o’n kunga, qirganniki qirq kunga.
– Huri qaynisinglimning o’rtoqlari qaynonalarimnikida sumalak pishirganda g’o’zapoyalari yo’q ekan, biznikidan opketishuvdi-da, qatlama-bo’g’irsoq pishirishga deb. Shungayam sal yetmay qoldi.
– Mayli, eringga g’iq etib g’ishava qilma. Qaynotang solib bergan uyida o’tiribsan. Is-tis qilmagin, og’zingni ochma, bolam.
Qutlibeka yengil kuldi.
– Og’zimni ochib bo’lganman-ku.
– Qo’y-a, esi yo’q, tugadi, deb aytsang, keltirib beradi. Qo’li toshni orasida bo’lmasa. Ishli bo’lsa. Mana, Qambar akangni qara, bekorchi. Ishlagani or – yegani zor bo’lib o’tiribdi. Kechagi kun xotini, “Mol-holingizni tagida xashagi bo’lsa opchiqib ketay, non yopishga o’tinimiz yo’q edi”, deydi sho’rlik. Yashnarni bostirmaga chiqarib o’n-o’n besh bog’ g’o’zapoya tashlattirib berdim. Eridan gapirsam, “Yo’q, mana, dushanbadan ishga chiqadilar, qurilishda ish bor ekan”, deydi. Koshki Qambarni bilmasam. Bular qishdan qanaqa chiqar ekan. O’g’li hali kichkina. Yanayam xotini bechora pishiqqina, kepagini sichqonga oldirmaydi. Uchma-uch kun ko’rsayam kulib turaverganini aytgin.
– Qishning ishi qiyin ekan, buvi. Pechka gumburlab turmasa, ovqat pishmaydi.
– Qattiq o’tinni ehtiyot qilgin. Yoz ichi to’ngalak topsang qaznoqqami, tomgami otib qo’yavur. Kir-pirga suv isitsang, o’tinni uvol qilmay tezak-pezak, eski kalish-palish qalagin.
– Ha, o’tgan qish bog’dagi olmurutni ham kesvorganmiz. Yaxshiyam kunlar isib ketib, o’shandan oz-moz qolgan.
– Ha, oqpon(39)dan keyin ilib qoldi. Olmurutni bekor kestiribsan-da. O’zi qurib to’kilardi, qorinog’riqqa doriydi-ya. Odamlar yozi bilan qoqisini axtarib yuradi. Senlarga qaynotang bog’ qilib bergan bo’lsa, kesib bitirasanlarmi endi?
Qutlibeka kuldi.
– Dadam o’zlari kelib kestirdilar, buvi. Tepasida teraklar bor. Shira bosib qolyapti. Bir-ikkita olma ko’chat ekib berdilar.
– Ha, tuzuk. O’zimizni nondan ol sen. Jizza solganman.
– Voy-vo’, namuncha jizzasi ko’p?
– Kambag’alning bir to’ygani – bir boy bo’lgani, – dedi Turg’un opasiga ko’zini qisgancha, buvisining javobini chamalab.
Kampir kichik evarasini etagiga solib oyog’iga tikladi-da, ikki qo’lidan dam-damaki tortdi: “O’roqchi, ketmonchi, qu-qu qushni bolosi, po’palagim, po’palagim”. Bola qiqir-qiqir kuldi. Kampir bolani yoniga o’tqazdi. Qiyofasi birdan jiddiylashdi.
– Men kambag’al bo’lsam ham, xurjunimning ikki ko’zi to’la. Pichog’im yog’ ustida. Har yil ikkita jonliq so’ymasam, qish chiqargancha bo’lmayman.
– Ha, buvi, qo’lingizda baraka bor. O’zimdan qiyos, bir kun yog’im tugab qoladi, bir kun guruchim. Bir kuni bitta gugurt topolmay Damariqqacha kep-ketdim, – dedi Qutlibeka.
– Avval ro’zg’orni butlab olinglar. Hayhayak(40)ni keyin qilasizlar. Yo’q ko’rganim – ketida shimi yo’q, oti Shohjahon bo’lganlar.
Opa-uka bir-birlariga qarab xaxolab kulib yuborishdi.
– Kuyovingiz bitta sotiladigan yer chiqdi, pul bo’lsa olardik, deydi. O’zi ro’zg’orga arang yetkazamiz-ku, yer olarmish.
– Mayli, niyat qilib yuravursa, ertami kech ajabmas. Mol-hol qilib oldi-ku. Uyni quti xotindan. Ming aytdim, namoz o’qigin, saharlari onangga, singlingga, yaqinda o’tdi – eringning momosiga bag’ishlagin deb. Yer-suv egalarini esdan chiqarmasang, uyingga shayton dorimaydi. Bolalaring ham dasturxondan ominsiz turmasin. Hadigiring qilib chopavurmasin. Kattangga alhamdulillo bilan kalimani o’rgatdim. O’yinini o’ynab kelgandan keyin Xudo deyishsin. Ota-onasiga umr tilasin, olim bo’lay deb niyat qilsin.
– Menga o’xshabmi? – gap tashladi Turg’un.
– Noshukursan, bolam, senday bo’lolmaganlar qancha. Xotinlar to’y-to’ychiqda domla nevarangiz ham ishlab yuribdimi desa huzur-huzur qilaman.
Qutlibeka ukasiga mamnun tikildi.
– Non yopishga qiynalmayapsizmi? Ko’z do’xtiri issiqdan ehtiyotlang deganidi-ya, nima qilyaptilar ekan, deb har tandirda sizni o’ylayman, buvi.
– Xamirini Asqarning qizi ishlab beradi. Non yopishtirganda ko’zimni yumib-yumib kiraman. Ko’pda Sanambi yopib beryapti. Ikkita kalla qancha non yerdik. Kichkinangni bu yoqqa uzat. O’zing unisi bilan ovorasan. Tomog’i tushib ketdi ayalimning, – kampir gapni boshqa yoqqa aylantirdi. – Qaynisinglingni o’sha Turobboyning o’g’liga beradigan bo’lishdimi?
– Hm, shunaqa, shekilli.
– Enam choydish qo’ydila, Qaynamasin dedila, Mani cholga berdila, O’ynamasin dedila.
Qutlibeka ukasiga qaradi. Ikkisi yana kulishdilar.
– Endi biz ham qiz bermasak, Erkinboy yolg’iz o’tmasin dedik-da.
– Turobboyni o’g’li o’zi pasmanda, ko’ngli osmonda bola bo’lgan ekan. E, Xudo, o’zing kechir. Birovning ustidan gapirib qo’ydim-a. Kulgilik emas, taqdir-da, bolam. Hukmida nima bo’lsa shu bo’ladi. Rahmatlik enam aytardilar, o’zingda turibdi bir ayb, kishiga kulmagin qinqayib.
Nevaralar yerga qarashdi. Qutlibeka jimlikni buzdi.
– Sen ham yuravermay, turmushingni bir izga solishni o’ylasang bo’lardi, uka. Ko’rganga so’roq beraman. Nega ajrashishgan, deyishadi. Anov kuni Ortiqposhsha opa hammaning ichida, “Ishqilib, ukangning tani sog’mi? Buvingga saksondan o’tgan chog’larida qiyin bo’ldi-da. Yanayam kuchlari bor ekan”, dedi. Birov bilan bizning qildek ishimiz yo’q. Odamlar izza bo’lsang, mazza qilishadimi deyman.
Kichkinaning non to’g’ralgan sutini qoshiqda ichirayotgan Turg’un piyolani dasturxonga qo’ydi-da, o’rnidan turib ketdi.
– Buvim ham ro’zg’orga qiynalyaptilar axir. Bizni shu umidda katta qilganmilar? Kelinimizning ammasi gapirib yuribdimish. Yarashaman, desa, sen ko’nmayotganmishsan. O’zingmasmidi, boshqa hech kim, bo’lsa shu, degan? Nega endi bunaqa qilib yuribsan?
– Bo’ldi, Qullug’cha, yegan ovqatini zahar qilmagin, Xudo bir yo’lga solar. Taqdiri chala bo’lmasa, yarashib ketadi. Kelgunicha qachon keladi, deb esing ketdi. Endi sirkadek sidirganing nimasi? – Keyin oyoqligini kiyayotgan Turg’unga qaradi, – o’tir, nonning yuzini qil.
– O’zingiz qiynalyapsiz-da, buvi.
– Men nimaga qiynalaman? Bo’ldi. Ko’p dakki berma, qoqbosh.
– Ertaga non yopib berib ketaymi?
– Qo’y, yo’ldan chiqqan yo’ldosh bo’larmidi. Nonimiz bor. Sen yosh bola bilan o’zingni epla. O’zi ko’zimdan nari u yoqda yurasan, tag’in dastyorini olib qo’ydim, bir oylab ishimni qildirdim, deb ichim to’kildi.
– Nega endi? Qiynaladigan ishim yo’q.
– Onang rahmatlik bor bo’lsa, bola tuqqaningni ham, qanday katta bo’pqolganini ham bilmay qolarding. Biram bolani yaxshi ko’rardi-ya. Kichkinangni olakunga o’tirg’izib turgin. Guloftobparast bo’pti. G’ilmakkina-ya. Rangida qoni yo’q, tanasida joni yo’q bo’lmasin. Hademay yo’lo’rgamchik bo’ladi.
Qutlibeka bosh silkidi.
Kampir katta qiz nevarasiga tikildi.
– Oldingdagi tishing qani?
– Qimillatdim-qimillatdim, tushdi. Jichcha qonadi.
– Ayangga berdingmi?
– Beyuvdim, “Ayya tishim senga, bolta tishing menga”, degin duvdila, dedim, keyin tomga o-otvoydila.
Qizcha qo’lini tom tomonga silkidi.
– Qaytib tushmadimi?
– Yo’-o’q. Kattabuvi, – qizcha halidan beri ayasiyu tog’asi bilan bir nimalarni gaplashib to’xtamayotgan kattabuvisining o’ziga qaraganidan sevinib ketdi, chog’i, ko’zi chaqnab yalindi, – bitta topishmoq ayti-ing.
– Og’ildan chiqqan oq eshak qaytib joyiga kirmas. Nima?
– Eshakni bolasimi?
– Yo’q.
– Echkimi? Uloqmi?
– Sening tushib ketgan tishing-ku, bilmasvoy.
– Tishimmi? Ha-a. Yana ayting.
– Topolmasang-chi?
– Topaman.
– Akasini ukasi qitiqlaydi, chiqqunimcha top buni.
Kampir shom namozini o’qish uchun uyga kirdi. Qizcha tog’asining tizzasiga urib, yordam so’radi. Turg’un uning qulog’iga pichirlab, “Qulf-kalit”, dedi. Jiyani mitti qo’lchalarini bir-biriga urib, chapak chaldi.
Oysiz kechada u yoq-bu yoqqa ag’darilib yotgan Turg’un, oxiri, sekin o’rnidan turdi-da, pish-pish uxlayotgan jiyanlarining oyoq tomonidan ohista qadamlagancha, hovliga chiqdi. So’riga cho’kib, suyanchig’iga yelkasini tiradi. Yulduzlar charaqlab yotgan ko’kka tikilib turdi-yu, Oydinning yuzlarini topib oldi. Ana u! Jilmayib turibdi. Ko’ylagi harir-harir.
Qulog’iga g’amgin bir kuy eshitilgandek bo’ldi.
Tinglagil, nay ne hikoyat aylagay,
Ayriliqlardan shikoyat aylagay.
“Oydin, engingga biror narsa tashla, shamol tegib qoladi. Nega kulasan? Odam ham o’zidan-o’zi kuladimi? Bilasanmi, sen mening huv o’shanda topgan boychechagim eding. Bolaligimda qo’y boqib yurib, boychechak topib oldim. Oldidan sira ketolmasdim. Uzay desam, qurib qoladi, uzmay desam biram chiroyli. Yonida o’tiraveribman, o’tiraveribman. Echki-qo’ylarim ketib qolibdi. Ikki kun qidirganmiz. Yanayam insofli odamning uyiga borib qolgan ekan.
Oydin, ha-ha, sen o’shanday boychechaksan. Uzsa quriydigan, uzmasa bo’lmaydigan…
Ey, nima o’zi? Boychechak bolami, gulmi?
Bola, ha, avval bola, keyin gul. Gul – odam degani.
Oydin, bugun opamning alla aytishini rosa kutdim. U bo’lsa yana bir xilda g’ing’illab bolasini uxlatdi. Eshityapsanmi, men allalarni ham bilardim. Agar sen aytolmasang, o’zim o’rgatardim. Buvim, “Bolaga yaxshi-yaxshi niyat qo’shib alla aytish kerak, chin-chinog’ichi bilan aytish kerak”, deydilar.
Agar sen Yigitni emas, meni yaxshi ko’rganingda edi…
Biz oy yorug’ida so’rida bolamizni uxlatardik. Senga rivoyatlar aytib berardim. “Sharq rivoyatlari” kitobi esingdami? Bir kuni ishdan kelsam, sen uni o’qiyotgan ekansan. Ko’rib qolganimdan g’ashlanib, kitobni nariga itqiding”.
Kattalar uxlamagan esa ham, jim yotishardi. Ko’cha tomondan magnitofon ko’tarib yuradiganlardan biri o’ta boshladi, chog’i.

Sevganim bir yor edi,
Hurmatim bisyor edi.
Bevafo erkan malak,
Men esa joni halak…

Eshitguvchilarning barisi osuda oqshomda baralla taralayotgan qo’shiqni tinglab, bir odam haqida o’ylashar, birida afsus bilan tadbirga, birida o’kinch bilan umidga, birida muhabbat bilan nafratga qorishiq o’ylar edi.

Rishtani uzdi o’shal,
Ahdini buzdi o’shal,
Yangi oy chiqqan kecha.
Yangi oy chiqqan kecha.

Ohanrabo ovoz ko’cha boshiga yetdi. Chala-chala eshitilar bo’ldi:

Eski dard yangi bo’lar,
Yangi oy chiqqan kecha…

* * *

Juma – qishloqda bozor yoyiladigan kun bo’ladi.
Sahardan mashinalarning u yoq-bu yoqqa g’izillashi ko’paydi.
Buvisi tayinlagan yengilgina bozorlikni qilib, tor ko’chaga yo’nalgan edi, shundoq go’sht do’koni oldida turgan Botirga ko’zi tushdi. Botir ham uni ko’rib yaqinlab keldi-da dedi:
– Domla, bugun gap menikida, esdan chiqmasin-a.
– Ha, boraman.
– Domlavoy, pulli kattaroq obboravering. Hozir zaril ishlar bor. O’zingiznikida krupniyroq tushadi.
Qo’rsgina javob qildi:
– Mayli, ko’rayin-chi.
Allaqachon oyning oxirgi shanbasi kepti-ku.
Ko’ngli allanechuk g’ashlandi. Bu gal Botirnikida. Dolim bilan yuzma-yuz kelish bor. Bir oy ichida qancha gap-so’z aylandi. Yaqinda o’zini ko’rmaganga solib o’tib ketdi Dolim. Uff!
Maktab yillari sinfdoshlari biri “agronom”, biri “bug’altir”, biri “do’xtir” bo’laman, deb yurganlari-yu, hech biri aytganidek bo’lolmaganlaridan, hali shaharda o’qib yurganida, “Qishloqqa qaytsam, sinfdoshlarim hammasi mening og’zimga qaraydi, to’y-to’ychiqni qachon o’tkazishdan tortib, keksa o’qituvchimi, betob bo’lgan sinfdosh yo ota-onasini ko’rishmi, maslahatim bilan bo’ladi”, deb o’ylagandi. To’dalanishsa, savobli bir-ikki ishlarni diliga tugib yurgandi. Qayoqda. O’ngmaganning o’qi qiya ketarkan.
Maktabda endi ish boshlagan yili birinchi gal Toshmirzanikidagi gapga bordi. Bu sinfdoshlar ichishni qachon buncha yaxshilab o’rganib olishibdi ekan. Toshmirza otiga mos dag’al yigit, o’zining uyida bo’lsa ham ayab o’tirmadi, tap tortmadi.
– Dars beryapsanmi? Erkak kishiyam ona tili muallimi bo’ladimi? O’qirkansan, yuristmi, prokurormi, do’xtirmi bo’lmiysanmi?
Izzasi ichiga tushdi. Gapirguvchi burnini jiyirdi. Boshqa bir-ikkisi hiring-hiring kulib, gapga aralashdi. Birovlari ko’zini olib qochib o’ng’aysizlandi.
– Birortasi so’rasa matematikadan beraman, deb qo’yavur. Bizniyam uyatga o’ldirasan bo’lmasa.
– Yo’q, yaxshisi, ota tilidan dars beraman, desin.
– Vax-xax-xa!
– Bo’ldi ey, ona tili o’qitsa nima, yaxshi-ku?!
O’shanda bir-ikki tuzuk muomala qiladigan sinfdoshlarining-da nopisandligi oshgan bo’ldi. Shu-shu ziyofat degan joyda tikan ustida o’tiradi.
Shanbadagi darslarini ham huzur qilib o’tdi. O’quvchilar paxta mavsum erta tugab qolganidan xursand, yana o’qishga zo’r berishgan edi. Adabiyot darsi bor kunni doimgidek kuta-kuta o’tkazishgan oltinchilar peshindan keyingi oxirgi soatni tugatib, endi qiziqdan-qiziq darsda kechgan gaplarni bir-biriga qaytadan aytib, tasdiqlatib, “Menga undoq dedilar”, “Senga bundoq dedilar”, deb darvozadan chiqib borishardi.
Turg’un ularga aralashmay birpas kutib turdi-da, tashqarilab, uyi tomongamas, o’ng tomonga, Botirlarning uyiga qayrildi.
Botirning o’zi tashqarida ekan. Qo’shnisidan nimadir so’rab turibdi. Uni ko’rib, shu yoqqa yurib keldi.
– E domla, xayriyat, kep turibsizmi? Salomat, – qo’l uzatib so’rashdi. Eshik oldidanoq ko’tarilgan so’ri bo’ylab yurib ziyofat qiziyotgan uyga olib kirdi.
– Turg’unboy domla, keling, keling.
Qartabozlik avjida edi. Sinfdoshlar ikki to’p bo’lishibdi. Birovining ichi to’kilgan, birovi g’olib bo’layotganidan ko’zlari o’ynagan, birovi norizolanib pising’ (41) otmoqqa o’tgan.
– Iy, domlamiz keptilar-ku. Qani, to’rga o’ting, to’rga.
– To’rda balo bormi? Kech qolib o’tiribdi-ku. O’zi bolalarni nima qiladi – burchakka turg’izadi. Domla, turing burchakka!
Dolimni ko’rib rangi o’chdi, talmovsiradi. Birovi yelkasiga qoqdi.
– Buncha bo’shashasiz? Mahkamroq bo’ling. Bunaqada xotin eshigingizga oyoq bosmaydi. Yurasiz orqasidan yalini-ib.
– Bo’ldi, ey, gap ko’paytirmay… – birining gapi og’zida qoldi.
– Unaqamas. Domla gordiy. O’zimizdan. To’g’ri qiladi, yalinmaydi.
Ziyofat egasi izza qilguvchilarga ishora qilib, jimitgan bo’ldi.
Turg’un ko’z qiri bilan to’r tomonda rangi bo’zarib o’tirgan Dolimga qaradi. Ichi zirqiradi.
Birisi o’tirayotgan joyida shart o’girildi:
– Boshqa bir gap eshitdim-ku men. Maktabda bekor yurmagan ekansiz-a, domla? To’y qachon endi?
Kimdir gapirguvchini turtib taxmon pardaga tikilib turgan Dolimga ishora qildi. Botir gapni chalg’itmoq bo’lib “Hoy, qani, u yoqqa”, deb turgan ediki, Dolim shartta o’rnidan turdi:
– Sen nega xotiningni haydab endi hamma yoqni bulg’ab yuribsan? A? Kimsanki, qiz bolani yo’ldan urasan? – og’zida gapi, dasturxon bo’ylab Turg’unga yaqinlasha boshladi.
– Hech kimni yo’ldan urganim yo’q. Jamila o’quvchim, xolos. O’ylab gapir!
– Menga qara, o’v, otiniyam atama! Nima, senga masxaramizmi?! Xotiningni eplolmasang, qiz bolaning nomiga dog’ tushirib yangitdan uylanaverasanmi?
– Kim senga meni uylanmoqchi dedi? Men hech kim…
– Mening singlimda nima ayb? Xotining birortasi bilan iskashib qo’yganki, haydaysan?
– Haydaganim yo’q. O’zi ketgan. Bas qil, Dolim, nohaqsan!
– No’xtasini tortolmaganingdan keyin yurarmidi? O’sha o’qishingda xotin bilan qanaqa gaplashishdan o’qitmabdi-da-a?
– Aralashma, bu mening ishim!
Yigitlar o’zlari bilib-bilmay o’rinlaridan turib ketib, hay-hay qilishga o’tishgandi.
– Ie, sening ishing nima o’zi?! Maktabda qizlarning nomiga qora yopishtirish ham sening ishing!!! Sen o’zi bola o’qitasanmi yo qiz poylaysanmi?! Opkelib yasha xotiningni! Eplolmayapsanmi?! Menga ayt, sakrab ketmaydigan qilib no’xtalab berib turaman!
Turg’un qachon Dolimning yoqasiga qo’l yubordi, qachon uni yerga bosdi, qachon yuziga mushtladi, bilmadi. Ko’zi ko’ra boshlaganda, qarasaki, ikki yelkasiyu qo’lidan og’aynilari tutib turardi Yarim gavdasi dasturxon ustiga cho’zilib qolgan Dolimning og’iz-burni qon, o’rtaga qo’yilgan narsalar sochilib to’kilgan, singani singan, qon tomchilari dasturxonda ham, sochilgan yeguliklar ustida ham ko’rinar edi.
Turg’un tashqariga yurdi. Dolim og’zini to’ldirdi:
– He, onangni… !
U sapchib ortiga qaytgan ediki, sinfdoshlari ikki yelkasidan ushlab, kuch bilan hovliga chiqardi. “Bor, uyingga ket!”
– To’xta! – dedi orqadan birovi. Bunisi ichkarida sinfdoshlari yelkasidan bosib turgan Dolimning og’aynisi Kenja edi. Chopib keldi-yu, qorniga musht soldi, o’nglangunicha boshiga ham zarb tushdi. Turg’un ro’parasidagi sinfdoshini o’xshatib tepdi. Qo’llari bo’shaldi. Shu paytda Samad yetib keldi. Turg’unning qo’lini kuch bilan qayirib turganlarni siltab tashladi. Ikki sinfdosh endi bo’ralab so’kinayotgan Kenjani ichkariga sudrashdi. Birovi ancha nariga borgach, baqirdi: “Bor dedim senga! O’lmayin desang, tezroq ket!!! Samat, yur!”
– Ha, ketadi, yo’qol senlar! Hammang tvarsan! Ajratishning o’rniga ushlab berib o’tiribsan! Odammisan senlar?! Tvarlar!
U yoqdagilar so’kindi.
– Kim ushlab berdi?
Botir ularning hovurini bosib, Samad ikkisi tomonga chopib keldi. Tinchitishga urindi. Ziyofati buzilganidan ranjigan edi. Qovoq osib, “ketmanglar”, degan bo’ldi.
Uzun yo’lakdan gandiraklab ko’chaga yo’l oldi. Samad Botirga uzrxohlik qildi. Ortlaridan ayol kishining qarg’angani eshitildi: “Xudoyo domla bo’lmay o’l! Hamma yoqni harom qipti. Kelmay ham o’l!”
Ko’cha boshidagi maydonda o’tirdilar.
– Qaytib kir, oshna, seniyam gapdan qoldirmayin.
– Yo’q, bo’ldi. Ja mazza qivordim o’ziyam. Yomon tepib qo’ymadimi?
– Yo’q.
– Parvo qilma. O’zi hammasi ahmoq. Ana u… Dolim sen bilan biror marta yakka gaplashmadimi?
– Yo’q.
– Xotindan farqi yo’q uniyam. Sen o’ylama. Yur, To’ychi tog’ada o’tiramiz.
– Yo’q, – Turg’un labini tishlab, ingroqni qaytardi, – uyga boraman. Sen kir.
Oshnasi ko’chasining boshigacha sherik bo’ldi. O’ng’ay kelmasa ham dalda qilib u-bu degan bo’ldi-da, uyiga ketdi. Turg’un ariq bo’yida ajriqqa o’tirdi.
Kuz osmoni junjikkanidan bulutlarga burkangan, faqat bir tomonda, xuddi ko’rpaning bir chetidan mo’ralayotgani kabi, ikki yulduz ko’rinardi.
Og’ir xo’rsindi.
Shundoqlar qilasanmi, Oydin.
Or talashsam, orimiz boshqa-boshqa bo’lsa.
Ko’zida yosh aylandi, lekin yuzlarini yuvib tushmadi. Ko’nglining g’uborlarini ham…
Tuni bilan boshi qovoqdek bo’ldi. Bu zarbdanmidi, alam yo g’azabdanmidi, bilolmadi.
Ag’anayverdi, ag’anayverdi.
Nihoyat, ufq tomon qizarib keldi.
Tong otdi.
Nimqorong’i uyda joynamozga cho’kkan kampir qo’lidagi tasbehning shiqir-shiqiri bilan Turg’unning ora-sira oh aralash uf tortgani eshitilardi. Nihoyat, kampir og’irgina qo’zg’aldi. Mehrobga joynamoz bilan tasbehni qo’yib, Turg’unning ochilib yotgan yelkasini yopdi-da, bir xo’rsindi, tashqariladi. Molxonaga kirib ketdi. Soqqan sutini qozonga suzdi, kechqurungisini ham ustiga oq doka tashlab changakka ilib qo’yilgan joyidan olib qozonga quydi. Tagiga xas-xashakni havolgina tashlab gugurt chaqdi, o’tin qaladi. Sut toshmasin deb xo’qachadan sariyog’ olib, qozon chetiga surtdi. Qora qumg’onni olovga yaqin surib qo’ydi.
Echkixona qiyini supurib, tashqariga olib chiqib to’daga qo’shdi. Sigirning yangi go’ngini qo’lqop bilan devorga yopishtirdi. Qaytib kelib ariq bo’yida uch qadamcha joyda barq urib yotgan sovuno’tdan bir tutam yulib oldi-da, ustiga tunuka yopilgan chuqurcha yoniga o’tirib, chovgumdan suv quyib, qo’liga ishqaladi. O’choqqa yaqin keldi. Olov gurillatdi. Choy tayyorlab, Turg’unni chaqirdi.
So’rida chordona qurgan Turg’unga kosada sut olib kelarkan, dedi:
– Bugun tuzuk uxlamading? Sahardan keyin ko’zing ilindi, shekilli?
Turg’un ko’zini olib qochdi.
– Bir yering og’ridimi deyman? Ingrading. Gapiray desam…
– Yo’q, yaxshi. Hammayoqni tinchitib bo’ldingizmi?
– Bunaqa qilib yuravurguncha xotiningni olib kel, gap-so’z ham tamom, boshqasiyam.
– …

* * *

– Eshitdingizmi, Yulduz, Turg’un domlaning xotini dori ichib qo’yibdi. Kechasi skoriy opketibdi.
– Vo-oy, rostdanmi? Nimaga dori ichadi? Jinnimi? Eri yarashmaganigamikin?
– Bilmasam, hozir hamma har xil gapiryapti. Hali misi chiqadi. Hushiga kelmagan emish. Domla bo’lsa hech gap bo’lmaganday yuribdi.
– Nimaga bunaqa qildiykin-a?
– O’ladiganmasakanmi?
– O’lmabdi-yu, undan sal beri bo’pti.
– Bular o’zi qancha yashadi?
– Yashab-yashamadi.
– Bay-bay-bay, shuncha gap bo’ldimi? Qo’shni, nimaga men shunaqa gaplarni eshitolmay qolaveraman-a?!
– Kecha chiqing, gaplashamiz deb imo qildim, chiqmadingiz-da. Voy, jim. Qaranglar. Eshakni gapirsang qulog’i ko’rinadi.
– Domla-ku.. Banissadan kelayotgan bo’lmasin.
– Ko’rgani borganmikan?
– Ko’rgani borish ham gapmi. Kecha To’tixon medsestrani ko’ruvdim. Eri uch kun kechasiyu kunduzi reanimassionniyni eshigida turdi. Bugun ertalab kamissa keladi, deb hammasini ketkazvorishdi, deydi.
Xotinlarning birisi oldinga chiqib, hamrohlariga o’girildi-da, shivirlab so’radi:
– Bu beting qurgurni Oydinni opalari yulib tashlamabdimi?
– Yo’q, ko’ryapsizlar-ku, Devi Safidday yuribdi. Urug’ingga shumg’iya chiqqur. Azlarning ko’ngli qurtova tilar deb, shundoq qizni uvol qildi. O’zi yuz marta sovchi qo’yib oluvdi-ku.
– Jim.
Chetlab Turg’unni o’tkazib yuborishdi.
– Tavba-tavba.
– U kelin rosa chiroyli-a? Tentak bo’lmasa, bitta erni deb dori ichadimi? Boshqasiga tegmaydimi yo ersiz yuravermaydimi? Dunyoning bir qavati-ya!
– Domlanglar ham g’alati ekan. Xotin oldingmi, yasha. Bir musulmonning qizini bunaqa qilib tashlab qo’yadimi. Tuyaga minma, jaziga bekinma degan.
Tor yo’lakka sig’ib-sig’may orqa-oldin bo’lib kelayotganlardan biri, halidan beri quloq solib indamay yurib turgani, o’ylanibgina gapga qo’shildi:
– Menimcha, bu yerda boshqa gap bor.
– Hamma balo xotinlarga-da, tug’ib joni og’rigan ham, bola qaragan ham, erni javriga chidagan ham xotinlar.
– Yo’q, baribir boshqa gap bor.
– Bu to’nka o’zi hech kimga qo’shilmas ekan. Oshnalari bilan gapdan ham chiqib ketgan ekan. Tavba-yu, agar meni kuyovim shunaqa qilib qizimni ko’chaga haydab qo’ysa, bir kunda pilta-pog’onasini bitta qilib tashlayman.

* * *

Oy olti bor yangi bo’ldi. Orada kampir Turg’undan so’rab o’tirmay kasalxonada ikki oy yotib chiqqan nevara-kelinini olishga bordi. “Ajrashishmasin. Arqoq ko’rib bo’z oldik, ona ko’rib qiz oldik”.
Birinchi gal qudalari andalar (42) bilan aralashib o’tirishgan ekan. Oydindan so’raydigan bo’lib, yaxshi gaplar yasab kuzatishdi. Keyingisida uzr-ma’zur aytishdi. Kampirning yoshi hurmatiga achchiq-tizziq so’zlarini ham o’rab-chirmab bildirishdi. “Siz uchun jon deb yuborardik. Lekin bizga bolamizning boridan foyda. Uzatibmizki, bo’larimizcha bo’ldik. Nevarangizning bir og’iz gapini chiqarib yomonotliq qilgan bo’lsa, uni ayting. Tag’inam qizimiz og’irkarvon. Qo’ying, yopig’liq qozon yopig’liq. Ertaga yana ikki o’t orasida kuyib yurmasin. Qon qon bilan topishadi, yotga balo yopishadi. Mayli, nevarangiz bironta isi chiqmagan gulg’unchaga uylanaversinlar. Shunaqa ekan degan gap ham bo’luvdi kuzakda. Uylanib ketganlarida bunaqa ko’rgiliklar yo’qmidi. Orada qizimizning sha’ni singani yomon bo’ldi. Peshonasi ekan-da. Odam baloga o’z ixtiyori bilan kirarmish”.

* * *

May oyi yaqinlashganidan maktabda darslarning ta’siri qolmagan edi. Bolalar o’ynaydigan qator-qator majnuntollar tagida uch-to’rt yosh juvonlar so’zlashishar, eng qiziq gaplarning joni kirayotgan edi.
– Obruchalkangizni qachon taqishgan? To’yingizdami?
– Yo’q, u vaqtda obruchalka taqishmasdi-ku. O’g’lim tug’ilganda roddomdan chiqishimga qaynonam taqqanlar, – g’urur bilan deydi o’rtaroqda o’tirgani.
– Zo’r-ku. Mana bunisi-chi?
– Buni dadam o’qishni bitirgan yilim oberganlar. Mana bunisi qayinsinglimniki. Uyga kepqoldi-ku.
– Ha-ya, uyinglarda ekan-a? Bolasi qizmidi?
Juvon burnini jiyiradi:
– Ha, qiz.
– Kim bilan urishishibdi?
– Bilmasam, hali undoq gapirishadi, hali bundoq. Qaynonam, erimga bir og’iz gapirganimga qo’ymay, “Uydan farishta qochadi-farishta qochadi”, derdilar. “Endi urushsiz uy yo’q, azobsiz go’r yo’q”, deyishga o’tvolganlar.
– Iy, aytgancha, bitta gap eshitdim. Anu domlaning xotini bor-ku, Oydin, yaxshi bo’p qopti-yu, eridan odam borgan ekan yarashmayman deganmish.
– Yaxshi bo’lib qayoqqa boradi. Ich-bag’ri erib tugagan uning, uksus ichgan-ku. Anuv kuni ko’chaga suvga chiqqan ekan, ko’rdim, it g’ajigan qoshiqqa o’xshab qopti.
– Yarashmasa, bunisi boshqa xotin olib, anunisi erga tegmaydimi. Bular o’zi sog’mi?
– Bilmasam.
– Domlangiz ham anchagina pismiq shekilli. O’n birinchi “B” dagi Jamila bor-ku, shuning boshini aylantirib yurganmish. Bunisi olarman, unisi tegarman bo’pti, deb eshitdim. Maktab tugay deb qoldi, keyingi oylarga to’y bo’lsamikin.
– E, huv qachongi gap-ku. Siz ancha orqada qolib ketibsiz. Ming qilmasa dashtda o’tirasiz-da. Ishgayam yaqinda chiqdingiz. Bu qiz bilan eskitdan gaplashardi. Domlayam domla nomiga dog’ tushirib yuribdi. Pazor, a? Yaxshi bo’lganda o’sha Oydin ham ketmasdi. Bir gap bo’lgandirki, ajrashgan-da.

* * *

Kattakon shaharning qoq o’rtasida o’n olti qavatli bino qurilishida brigada ishlar, ishchilar orasida kamgapgina, ko’p ishlarga uquvsizligidan yuk tashib yuradigan oqish yuzli, baland bo’yli, qora qoshli yigit ham bor edi. U qurilishga uchinchi qavatga balkalar yotqizilayotgan chog’dan kelgandi. Qo’lida yo sement tashiydigan chelak, yo zambil, yo qop. Bir-ikki ishbilar, baqiroq ustalar bilan tezikishib qolgan vaqti ham bo’lgan. Tinmay qimirchilab yursa ham, qilgan ishining prorabga ko’rsatarli joyi yo’qligidan, hamma yerdagidek mayda ishi songa kirmasdi. Bir ish xato bo’lsa, qatiq ichgan qutulib, xurmacha yalagan tutilganidek, ayb ko’pda unga tushardi.
Katta yo’lning narigi yuzidagi maktabda chalingan qo’ng’iroq har gal uning yuragini dukurlatardi.
Tushlik mahali Tolik laqabli bu yigit dasturxonga maktab eshigi ko’rinadigan tomonda o’tirar, o’quvchilarning guras-guras chiqishlarini kuzatardi. Ularni, o’g’ilmi, qizmi, kimlargadir o’xshatib yuborar, ko’zlari javdirar, xo’rsinar, ba’zan qo’lidagi kosasini ham unutib qo’yardi. Qo’ng’iroq chalinganda bolalar orasida har turli yoshdagi o’qituvchilar, ko’proq ayollar chiqib kelishardi.
Baland bo’yli kamgap yigit tushlikdan so’ng har kun osmonga qarab qishlog’ining ham osmoni shu ekani, anavi bulutlar u yerda ham suzib yurganini o’ylar, buvisini sog’inib entikib qo’yar, har gal oy oxirida butunlay ketarman deb dillar, o’zining o’rniga buvisini yolg’iz qo’ymay qarashib yurgan jiyaniga har turli o’yinchoqmi, kitobmi olishni mo’ljal qilardi. Ish kun sayin ko’payib, qishlog’iga ikki-ikki yarim oylarda bir – shanbadami yo bayramdami, birrov borib kelar, ko’zlari so’nik bo’lgani bilan o’zi hali tetik kampir yig’lamsirab kutib olar, o’tqizgani joy topmasdi. Lekin endi uni ketma deb qistamas, kelgan kuni guzarga chiqishini ham, to’y-to’ychiqqa qo’shilishini ham uncha xushlamas, “Bolam, ishingga bor, boshing omon bo’lsa bo’lgani”, deb tezgina jo’natib yuborish payidan bo’lardi. Hatto keyingi oy oxirida kelolmasligini eshitib, andak xotirjam tortganini sezdirib qo’yardi. Kampir safari qarigani vajidan chog’ini chog’lab qo’ygan, har kunni dargohida yashatib yurganiga shukuru, ko’p qatori nevara-evaralariga tilak tilash bilan boshlab, o’ziga oz og’riq, oson o’lim berishini so’rash bilan tugatardi.
Turg’un esa tush ko’rayotgandek karaxt edi. Vaqt degani, kesik daraxtning xalqasi kabi, bolalik xotiralarini eng ichkarida qoldirib yuborgandi. Xotiralarning tegrasini yana-yana boshqa halqalar o’rab tashlagandi. Halqalar go’yo uni bardoshli etib borardi. Daraxtning po’sti ichidagini ko’rsatmaganidek, uning nigohlari ham, qiyofasi ham ichidagilarni anglatmasdi.
Ular o’n uchinchi qavatda ishlay boshlashdi.
Endi maktab bolalari ko’rinmas, ularning ovozi ham pastda qolib ketgan edi. Oqshomlari ishchilar har nima bilan andarmon bo’lgani chog’da u buvisi, Oydin, yana o’sha uni sevib qolgan qizning tinchini buzganidan o’z-o’zidan-da qochgisi kelar, o’z kunidan o’ylay-o’ylay bir yaxshi tomon topib yuragi taftini bosardi. Ba’zan kun sayin yuqorilab borayotgan zinalar hech tugamaydigandek, bino yuz qavatli bo’lib, shunaqasi osmondan yana bir qaysi dunyolarga borib yetadigandek tuyulardi.
Hazilakamdek bir yilu yetti oy o’tib ketdi. Bir oqshom prorab deydiganlari tug’ilgan kuniga ziyofat qilib beradigan bo’ldi.
Yotar joyni qishda yarmining yon devori bitirilgan to’qqizinchi qavatga ko’chirishganidan hammani pastga tushirgandan ko’ra ziyofatni o’sha qavatda uyushtirishga kelishildi.
– Bundoq qilsak-chi, eng tepaga chiqaqolaylik, Baxa, sen o’zing ayt prorabga. Hamma yoqni ko’rib o’tiramiz. Bu yerda devor to’sib qoladi.
– Bilmasam, endi aytgan joyida qilib beraversin-da. Qandoq aytaman?
– Biror narsaga bosh qo’sholasanmi o’zi? Bo’ldi, aytolmadingmi, endi vecherni narsalarini tashishasan. Vsyo. O’zimiz aytamiz.
Sal o’tib besh yigit yeguliklar, ichimliklar solingan yelimxaltalarni to’qqizinchi qavatga tashib chiqa boshladilar.
Oxirgi gal ko’tarilishlarida biri boshqasiga dedi:
– Sashka, bu, oqining cho’g’i kammi? Bir o’zim joylavoradigan bor-ov.
– Ha, tepada tinchgina deb kamroq olishganmish. O’zi tepada o’tiramiz degan gap kimdan chiqdi? Ahmoqlar. Indamay tursalaring, “Podsnejnik”da qilib berardi.
– Ana u pastimizdagi restoranda-ya?
– Kaneshna, o’zi aytuvdi. Klass bo’lardi.
– Tolik, podsnejnik nimaydi, binafshamidi?
– Boychechak, – Turg’un shunday dedi-yu, o’zining g’alati chiqqan ovozidan boshi aylanib, tebranib ketdi.
– Vo, zo’rsan, Tolik. Bekor ilmingni xo’r qilib yuribsan bu yerda.
Hamma qizil yelim chovgumlarga katta suvdondan suv quyib olib, yuz-qo’lini yuva ketdi.
Ziyofat qizidi. Uning esa negadir boshi og’rir, buni charchashdan deb bilganidan tezroq kech bo’lib uyquga yotishni o’ylar, ertalabgacha tarqab ketishidan umid qilardi.
– Tolik, erkakmisan o’zi? Buni erkaklar oladi. Qani, bitta ko’targin-chi. Be, shuyam olish bo’ldi-yu.
Uyaldi. Piyolani labiga tekkizdi. Bunaqa zaharni qanday ichishadi-ya.
Gangir-gungir suhbat avjiga chiqdi. Ora-chora ko’tariluvchi xaxolagan ovozlar osmon kengliklariga singib ketardi. Dasturxon soyavurlashdi (43). Yelimidishlar, ketidan shisha idishlar odamlarning yon-verida yumaladi. Yumalash navbati odamlarga keldi.
Endi kim nima cheksa, shunga yopishib, suhbat avj oldi.
Turg’un ikkinchi zina tomonga borib, pastdagi chiroqlar, kichkinaroq ko’rinayotgan mashinalar, odamlarga qaradi. Yer cheksiz kengliklar aro yastanib yotarmidi yo kengliklar yer uzra yastanib yotarmidi, ishqilib shunaqa edi. Haligina quyosh botib ketgan tomonlarda antiqa ranglar jilvalanar, ular borliqning mangu qiyofasini yana bir yaxlitlik bag’rida, bir ibtidoning intihosida namoyon qilgancha, asta yaqinlab kelayotgan tun qorong’iligi qa’riga singib borishardi. Kech bo’lsa ham odamlar tinmay g’imirlashar, tirikchilik ko’yidami, shoshib yurishar, kiyimlaridan allakimlarga o’xshab ketishardi. Turg’un jomakorini ikki taxlab oyog’i ostiga tashladi-da, ustiga o’tirdi. Yana pastga tikildi. Simyog’ochlar, qavat-qavat xonadonlar, do’konlar, mashinalar – hamma-hammasining chiroqlari sekin-sekin uyqashib ketdi, ajib charog’onlik ichida hech narsa ko’rinmay qoldi. Sal o’tib bir-birlari bilan biyron-biyron so’zlashayotgan yaqinlarini tanidi. Topdi. Dakki berib va ham ko’ziga yosh olib turgan Qutlibekani, mo’ltiragan Yashnarni, kichkintoy jiyanlarini, bitta gapni o’n marta o’lchab gapiradigan akasini, narsalarini yig’ishtirgan kuni qo’lidan tortib maktab hovlisidan chiqishiga qo’ymay ancha ushlab qolib ko’p yalingan Jo’ravoyni, o’sha kuni nari-berida ko’zlari qizarib gapini aytolmay turgan to’da-to’da o’quvchi bolalar, qizlarni, xonasi derazasidan qorasi ko’rinib hayrongina turgan maktab direktorini, ishshayib kuzatgan To’ravoy qorovulni, kechda uyiga kelib tushuntirish ishlari olib bormoq bo’lgan Muhammad akani, Asqar akaning xotinidan uzr ayttirib yuborgan Ruqiya muallimani, xonasiga bir kep-ketsin deb chaqirtirgan qishloq oqsoqolini, jo’nar kuni bekatga, “Tuni bilan uxlamadim, Turg’un”, deb chiqqan, quchoqlasha turib achchiq yig’lab yuborgan Samadni ko’rdi. Keyin esa uyga, yoningizga qaytay deb yalinib yurganida ko’rganicha qaytib ko’rmagani… – Oydinni! Ha, uni ham topdi. Ota uyi supasida ro’molcha to’qib o’tiribdi. O’sha-o’sha – chiroyli, yuzlari lo’ppigina.
Ko’chada esa odamlar tinimsiz u yoq-bu yoqqa o’tib yurishibdi.
Hamma tiriklik ko’yida edi, kimlardir zerikkanlaridan bir narsalarni gapirishar, ko’rgandek ishontirishar, birovni mahliyo qilganlaridan xushnud bo’lishar, shu bilan o’z vaqtlarini chog’ etishardi. Yana kimlar yerning odam yashaydigan joylaridagina yuz berishi mumkin bo’lgan va yuz berayotgan mudhish odamkushliklar, o’t balo, suv balo, temirbalo, odambalolar olib kelgan halokatlarni birinchi bo’lib eshitib, bir-birlariga yetkazganlaridan o’z ko’ngillarida mamnun edilar.
Ana, qadrdon hovlisi. Ie, avvalgidek eski bo’p qoptimi? Yaxshi-da, eskiligicha qolgani yaxshi. Eski uyga kirganida Oydin qo’shni bo’lib kirgandi, dard bo’lib emas.
Shu hovlida Turg’un degan nevarasiga bir olam umid tikkan buvisidan u ko’p bilgisizlarini bilgan edi.
Odam deganining ikkita yuzi borligini, begona bo’z emas, so’z berishini, yot otgan toshdan jigar otgan uvada qattiq tegishini, o’zingdan o’tganni o’zaging bilishini, yolg’iz qiz – yalama tuzligini, bolali qo’rg’onga bog’ yetmasligini, jinnini jinni desa bir pichoq dami oshishini, bir qo’ltiqqa ikki tarvuz sig’masligini, it gadoy bilan chiqishmasligini, quruq qo’lga qush qo’nmasligini, ko’z o’ziga, quloq boshqaga ishonishini, dasturxon ustida dushman ham do’st ko’rinishini, qorachaning qori qor bo’lmasligini, talashgan yerda tariq bitmasligini, harom qo’l bor joyda baraka bo’lmasligini, qora bulutdan tiniq suv tomishini, o’rtaga tushgandan o’t ushlagan yaxshiligini, ignaning ishini nayza qilolmasligini, nomus yarim o’lim ekanini… yana anchayin gaplarni uqqan edi.
Qavat bino hech ekan-ku. Balandga chiqsang, bir uchi uyingga qarab yo’l ekan-ku. Ana, uy, o’choqxona, tovuqxona. Ana, buvisi, o’choqboshida nimadir pishiryapti. Keyin so’riga keldi. Etak yoyib ustiga bir chelak quruq o’rik to’kdi-da, tozasini ajrata boshladi
“Ax, topdim, sizni, buvi! Bir qo’limni uzatolaman sizga! Bunisi bilan mana bu temirni ushlab turay. Harqalay kerakka o’xshaydi. Buvi, nimalar qilyapsiz? Men keldim. Qarang, mana men. Yelkamga qoqib ko’rishasizmi? Mana, ko’rishing. Yuzimdan o’pasizmi? Xo’p. Qalampirmunchog’ingizning hidi muncha yoqimlik? Shunaqa sog’indimki. Bugun billa uxlaymiz. Gapchi qishloqda qolib nima qiladi, deb meni jo’natasiz, ketaqolganimdan sevinib ham qo’yasiz, keyin rosa yig’laysiz-a, buvi? Hammasini bilaman. “Paykaldan ancha ketib qoldim”, deysizmi, buvi? Ketmang paykaldan. Sira ketmang. Umringiz bolalaringizning bolalarini boqib o’tarkan-da, buvi. Endi evara boqyapsiz. Evaram menga qaraydi, deysiz. Kim kimga qararkin o’zi. Yotar bo’lsam, ikki kun yotay, oz og’riq bilan o’lay deb yurgan bo’lsangiz. Boraman, buvi, boraman, keyin yana kelaman, boshqa nima ham qilaman. Boqqanlaringizning evazi shu bo’ldi. Yetim boqqanning yetti tomiri qurir ekan-da.
Boshimga savdolar orttirdim. Atay qilgandek…
G’alvasiz bosh bosh bo’libdimi.

* * *

Davrada xaxolashayotganlar sarosimalanib qolishdi.
– Ana u kim? Sattormi?
– Nega osilib turibdi?!
– Domla-ku! Ha, domla! Iiy, qaranglar! Ketdi!!!
– To-o-li-ik!!!
– Jin-n-n-ni!!!
– Vo-o-oy!!!
– He-ey!!!
Qo’li yumaloq temirqoziqdan chiqib ketdi yo qoziq qo’lidan chiqib ketdimi. O’zi uchib bora boshladi. Qulog’ida huv o’sha ohanglar yangradi, qavatma-qavat, bir uninggina atrofida yangrayverdi:
Bola-bola-bola-bola,
bola-bola-bola-bola,
boychechak,
Bo-o-y-che-e-cha-a-k…

Tamom
IZOHLAR

33. Gal – aldov.
34. Yo’qko’rimchiq – ortiqcha ko’rib qaraladigan odam.
35. Chekanak – pechka mo’risining tirsaksimon qismi.
36. Ho’kki – egilolmaydigan bukri.
37. Huyyo huy – ota allasiTetiltirib – tetik qilib.
38. Tetiltirmoq – tetik qilmoq, oyoqqa qo’ymoq.
39. Oqpon – yanvardagi olti kun.
40. Hayhayak – yangi kiyim kiyib yurish, o’yin-kulgi, bayram.
4 . Pising’ – piching.
42.Anda – qudaning qudasi.
43. Soyavurlashdi – yeguligi kamaydi.

Zuhriddin Isomiddinov
BOShQA TILGA O’GIRIB BO’LMAYDIGAN ASAR


Men Ma’mura Zohidovaning “Boychechak” qissasini maroq bilan o’qib chiqdim. Muallif asar boshida “Bu asar ona tilimizga davlat tili maqomi berilganligining 30 yilligiga bag’ishlanadi”, deb qayd etadiki, shuning o’ziyoq o’quvchini hushyor torttiradi. Darvoqe, shu yil ona tilimiz maqomiga 30 yil to’ladi.
Biz har yili 21 oktyabrda “ona tilimiz boy, shirali til” deb maqtaymiz. Ammo uning boyligi qanaqa, qay darajada, buni amalda isbot qilishga hafsalamiz kelmaydi, shu maqtovning o’zi kifoya, deb o’ylaymiz.
Tilimizning chin boyligini men Ma’mura Zohidovaning shu asarida ko’rdim. Garchi, boshqa bir qancha adiblarning asarlarida ham til shirali, boy, ammo “Boychechak” shu narsani maxsus ko’rsatish uchun ham yozilganday. Mana bu jumlalar esa ayni asar ruhining ifodasi ham bo’la oladi: “…tagdor so’zlarini qay puchmoqlarida yashirib turgandek, agar qaznoqqa osilgan kuvani, sholi solinadigan yog’och idishni, javdar tuyiladigan kelini, bir paytlar suvidishlik vazifasini qoyil qilib, endi tepaga osib qo’yilgan cheti uchiq tarraqovoqni va uning ichiga solinganicha qolgan cho’michqovoqni, qorni pachoq bo’lgan kichkina misqozonni yana nima-nimalarni olib chiqib ichiga boshni solgudek qilib gapirilsa, o’sha birda dono, birda pardasizrog’u nimhazil, birda uzun-uzun ohanglarga qorishiq, ne-ne odamlarning tilida uzoq-uzoq kun ko’rgan, ne-ne yillar, balki o’nlab asrlar, balki, undan ham ko’p vaqtlar og’izlarda yayragan o’ynoqi jumlalarni sayrab yuboradigandek”.
Qissa bir qishloqdagi oddiy o’qituvchi yigit haqida. Uning hayoti, taqdiridagi, afsuski, fojiali. Nimagaki, bu samimiy, halol muallim atrofidagi olamga sig’maydi, to’g’rirog’i – qalbida go’zallikka, olijanoblikka joy qolmagan johil odamlar uni sig’dirmaydilar, uning o’z olami borligi, u ham nimalargadir haqli ekanini tan olishni istashmaydi. Shular uning umriga zomin bo’lishadi. Ikkinchi yoqdan, uylangan xotini uni xushlamaydi, ko’ngli boshqada ekanini aytadi. Bu esa uning tiyra ko’ngil uyini yoritib turgan so’nggi chiroqning ham o’chishi edi. Uning dunyoda bittayu bitta buvisi bor – bu sodda, umri mehnat bilan o’tgan kampir esa xazina, ganjina. Bu kampirning og’zidan har onda to’kiladigan maqol va matallar, topishmoqlar hech bir adibning til xazinasida topilmaydi. Turg’un muallim shu buvisi bilan ovunadi, undan yuqtirgan ona tilimizga, so’z san’atimizga mehrni o’quvchilarga ham ilinadi, ijodiy darslar o’tadi. Bu esa “rayono” degan daqqi tashkilotning rasmiyatchi vakillariga o’laqolsa yoqmaydi.
Mana shunday o’rinlarda yozuvchining mahorati yaqqol ko’rinadi – u kampir bilan rayonochilarning nutqidagi kontrastlarni “bilintirmay” biz kitobxonlarga pesh tutadi:
Kampir: “Sinamasiz farishtadan sinashta shayton yaxshi”. “Shu Samsoq yer qitiqlagurni bir kunligidan olib, puflab, yerga qo’ysam chang bo’ladi, osmonga qo’ysam gard bo’ladi deb katta qildi-ya. “O’g’ling qani”, desam, “Ko’chaga ketdi. Urishsam – yolg’iz, urishmasam – yalmog’iz, opa, nima qilay endi”, deydi. “Qizning erkasi – itning serkasi”.
Maktab vakili: “Tak, znachit, sizlarga bugungi beshinchi-oltinchi soat darsdan javob beramiz. Hamma uyiga borib, yotoqqa tayyorgarligini ko’radi. Erta-indin srochna komanda bo’lib qolishi mumkin. Issiq kiyimmi, krujka-prujkami, pastel-mastelmi, mayiz-turshakmi, taxt qilib qo’ying! Faqat shiypon, toyest, shtab belgilanishini kutyapmiz. Tag’in komanda bo’lganda, etagim yo’q edi, raskladushkam singan, kasalman, degan bahonalar bo’lmasin. Etak zapasi bilan bo’lsin. Voyenniy holatda tayyor turamiz”.
Yozuvchi uncha-muncha tilchi, folьklorchi yoki adibning xayoliga kelmagan, ammo asosli kashfiyotlarini ham asar personajlari tilidan bayon qiladi. Masalan, “qarindosh-urug’” so’zi. Bunda qarindosh – ona tomondan (qorindosh) bo’lgan, urug’ esa – ota tomondan bo’lgan yaqin jigarga aytilishi, “Boychechak” qo’shig’i esa shunchaki yalla emas, balki simvollarga to’lib toshgan topishmoq ekanini hamma ham inkishof etavermaydi…
Asar nihoyatda real. Muallif qishloq hayotini, ayniqsa maktablar ahvolini, o’qituvchilarning turmushini juda yaxshi biladi, shuning uchun ham voqelikni “ichidan” turib tasvirlashning uddasidan chiqqan.
Mubolag’a qilyapti, deb aytishlaridan qo’rqmaganimda, men “Boychechak” qissasini “XXI asrning “Zarbulmasal”i bo’pti, deb baholagan bo’lar edim. Aslida, “Boychechak”da bunday til durdonalari Gulxaniyning Kulonkir sulton bilan Gunashbonuning to’yi mojarolaridan iborat tamsiliy asaridagi maqolu matallarga qaraganda ko’proq ham. Qolaversa, asosiy narsa – bir sofdil, halol va kamtar yigitni ajal chohiga sudrab kelgan ijtimoiy voqelikning real tasviri.
Qissada xalqimizgagina tegishli, faqat xalqimiz vakillari yaxshi tushunib his qiladigan maqol va iboralar shunday ko’pki, uni boshqa tilga o’girish ancha mushkul kechadi, degan fikrdaman.
Ma’mura Zohidovaning “Boychechak” qissasi tilimiz maqomining 30 yilligi oldidan chop etilsa, ayni muddao bo’lar edi. Biroq, bilishimcha, asar bitirilib taqdim etilganiga bir yarim yil bo’lgan bo’lsa-da, hafsalasizlikdanmi, vaqt yo’qligidanmi, nashriyotda ham, boshqa joylarda ham o’ziga e’tibor qilishlarini kutib yotibdi. O’zbek tili jozibasini bir boshqacha his etishimiz uchun ham asarni chop etish va xalqimizga havola qilish kerak.

2019

021

(Tashriflar: umumiy 813, bugungi 1)

Izoh qoldiring