Ijodda yorug’likni topdim. Yozuvchi Gulchehra Asronova bilan suhbat

03Аёл ёзувчи бўлишнинг ўзига яраша қирралари бор. Яқинда бир суҳбатда машҳур адибага шунга ўхшаш савол бергандим, “ижодкорни аёл ёки эркак деб ажратилмайди” деган жавобни олдим. Йўқ, бундай эмас…

ИЖОДДА ЁРУҒЛИКНИ ТОПДИМ!
Гулчеҳра Асронова билан суҳбат


    Гулчеҳра Асронова 1968 йил Қирғизистоннинг Ўш вилоятида туғилган. Тошкент Аграр университетини тамомлаган. “Ота уйим оқшомлари”, “Осмонини топган қуш”, «Остонангда турибман, дунё» номли ҳикоялар тўпламлари нашрдан чиққан. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.


— Сизни адабиётга етаклаган омил нима? Ёки бу соҳага кириб келишингизга ким сабабчи бўлган?

— Тўғриси, бу саволни ўзим ҳам тез-тез ўзимдан сўраб тураман, негаки, қишлоқ хўжалиги соҳасида ўқиган оддий китобсеварнинг адабиётга шўнғиб кетишини табиий ҳол деб бўлмайди. Жавоб эса доим битта – қалб эҳтиёжи! Институтда ўқидим, ишладим, ҳеч кимдан кам бўлмадим гўё. Лекин юракнинг туб-тубида бир бўшлиқ бор эдики, у тобора улканлашиб, қаърига ғарқ этиб борарди. Аллақандай маънисиз бу ҳаёт меники эмасдай, қаердадир мавжуд бир ёруғликни қидиришим керакдай туюлаверарди. Ва мана шу туйғу тинч қўймай, бир куни ёза бошладим. Ўша “бир куни” ўттиз уч ёшимда содир бўлди… Ва бўшлиқ аста-секин тўла бошлади. Ниҳоят, Ёруғликни топдим! Гўё бутун олам ёришиб кетди. Мен ўзим бўлиб яшай бошладим.

Омилларга тўхталсам, китоб, китоб ва яна китоб!

— Илк ижодингиз ҳақида нималарни эслайсиз?

— Болаликдан мутолаага ўч, ижодга ҳаваскор эдим. Иншо, мактуб ёзишни жуда яхши кўрардим. Жўқича шеърлар ҳам тўқиб кўрганман, лекин бу қизиқишимга ҳеч ким жиддий қарамаган. Биринчи ростмана ижодий ишим ҳам шеър бўлган. Болалар ёш, қўлимиз юпқа, боя айтганимдай “ўзимни тополмай” юрган пайтларим… Онажонимнинг туғилган кунига дурустроқ совға ололмадим. Шунда, худди мактаб ўқувчисидай, онамга атаб шеър ёзишга аҳд қилдим. Дард борлигиндандир, бинойидай ёзибман – волидам йиғлаб-йиғлаб эшитдилар, ака-опаларим эса “шундай талантинг билан нега бирон-бир газетага бормайсан?” деб кўнглимга чўғ солиб қўйишди. Руҳланиб кетиб, шеърни конвертга солдим-да, “Фарғона тонги”га юбордим (таҳририят бир қадам жойда эканлигини анча кейин билганман). Бир ҳафтадан кейин газета дўконига бориб янги сонни сўрадим ва… иккинчи бетдаги исми-шарифимни кўриб юрагим қинидан чиққудай уриб кетди. Менинг шеърим газетада чиқса-я!

Шу ҳодиса ўзимни кашф этишимга сабаб бўлди ва ижодга жиддий киришдим. Албатта, бунга илк машқларимни кўриб имкониятларимга ишонтира олган устозлар ҳам сабабчи бўлдилар. Шеърият йўлидан бормай, насрда ёза бошлаганимга эса журналист устозим Маҳфуза Усмонова туртки берганлар. Тўйлар мавзусида мақола ёзиб келишни топширгандилар, ўзим билмаган ҳолда бадиа ёзиб келибман…

— Ўзбек ва жаҳон адабиётидан қайси адиблар руҳиятингизга яқинроқ? Яъни кимларни кўпроқ ўқийсиз?

— Ўткир Ҳошимов, Асқад Мухтор, Шукур Холмирзаевлар ижоди кўнглимга ғоят яқин. Чингиз Айтматов, Антон Чехов, Жек Лондонни мириқиб ўқийман. Кўнглимдан жой олган яна анча муаллифлар бор, албатта. Лекин юқоридаги ёзувчиларнинг асарлари мен учун наинки маънавий ҳузур, балки илҳом манбаидир. Аъзам Ўктам, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Анна Ахматова шеърияти қалбимга яқин.

— Ёзиш жараёни сизда қандай кечади?

— Ҳикояларим аввал кўнгилда пайдо бўлиб, бир муддат хаёлда яшайди, шаклланади. Охирги жараён – қоғозга тушириш энг қийини ва айни пайтда энг мароқлиси. Дарвоқе, аслида қоғоздан энг биринчилардан бўлиб воз кечганман, фақат компьютерда ишлайман. Ёзаётган пайтимни эса бошқа ҳеч бир ҳолат билан қиёслай олмайман. Шунчаки ўзим билан ёлғиз қолишим керак. Худо берса, юз кишининг ўртасида ҳам бунга эришиш мумкин. Бермаса, куну тун қамалиб олиб тўрт сатр битолмайсан… Ёзиш давомийлиги ҳам шунга кўра турлича: бир нафасда, бир неча кунда ёки йиллаб ёзилиши мумкин. Кўнгил тўлмай, қоралама ҳолича турган ижодий ишларим ҳам, афсуски, талайгина. Лекин бир кун уларни маромига етказиб якунлашимга ишонаман. Тўғрироғи, умид қиламан.

— Ҳикояларингизда сокинликни ҳис қиламан, кўнгилни авайлаб ёзасиз. Ҳатто оғир воқеалар тасвирини ҳам ўқувчига озор етказмасдан, шафқат билан ифодалайсиз. Нима учун шундай? Буни характерингиздан келиб чиқиб ёки аёл ёзувчи бўлганингиз туфайли деб қарашимиз ўринли бўлармикан?

— Менимча, табиатимга кўра “юмшоқ” ёзаман. Зеро, бизнинг асарларимиз ўзимиз орзу қилган оламнинг инъикосидир. Адабиёт одамни йиғлатиши, даҳшатга солиши, юрагини ларзага келтириши мумкин. Аммо ўқувчининг ҳаётдан жирканиши, умидсизликка дўнишига йўл қўйиб бўлмайди. Асарда албатта бир қатра бўлса ҳам ёруғлик бўлиши керак! Ҳаётий эҳтиёжим ҳам шундай, шафқат йўқ жойда нафасим қайтади.

— Ижодкорларга энг кўп бериладиган саволни сизга ҳам йўлламоқчиман: сиз нима учун ёзасиз?

— Кўпчиликда шундай бўлади – аввалига кўнгил тўкиш учун ёзасан, кейинчалик бу эҳтиёжга ва эҳтимол касбга айланди. Лекин моҳият ҳеч қачон ўзгармайди – ўзингни кашф этиш.

Умуман олганда бу саволга суҳбатимиз бошида қисман жавоб бериб қўйгандайман. Шунга қарамай, охирги китобимга киритилган “Нима учун ёзаман?” сарлавҳали бадиҳамдан парча келтираман: “Ўзим ўз қалбимнинг бўлсам Колумби”, деб ёзади Омон Матжон. Мен ҳам минглаб, миллионлаб қалам ушлаган одамлар қаторида ўз қалбимни кашф этишга уринаётгандирман? Инсон қалби – бу энг катта сир! Бу сирни мисқоллаб билишга умрини сарфлаётган мендек бандаи ожиз, бугун қалбим эшигини янада каттароқ очдим. Назарингиз тушиб қолса, ўз қалбингиз ҳақида ўйланг”…
Ёзиш – менинг моҳиятим.

— “Ота уйим оқшомлари” китобингиз нашри ва унинг тақдири ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

— Бу китоб мен учун Аллоҳнинг ҳақиқий мўъжизаси! Унинг дунёга келиши беихтиёр рўй берган. Яъни мени газетага мухбир вазифасига ишга олганлар ва ҳар сонга битта мақола ёки ҳикоя ёзишим керак эди. Бу мен учун мажбуриятдан кўра кўпроқ имконият эди, йиллаб тўпланиб қолган дилимдагиларни ёза бошладим. Гўё қалбим ўзанидаги бир тўғон олиб ташланди-ю, ичимдаги дарё жўшиб оқа бошлади. Марказий нашрларда ҳам бот-бот кўриниб, назарга тушдим. Аммо ёзила-ёзила йиғилиб қолган ҳикояларим бир кун китоб бўлиши ва айниқса унга атоқли ёзувчи Ўткир Ҳошимов сўзбоши ёзиши етти ухлаб тушимга кирмаган эди! Бунда “Адиб” нашриёти ва вилоят Ёзувчилар уюшмаси раҳбари Энахон Сиддиқованинг ҳиссалари катта бўлган. Севимли ёзувчим мени ҳали бирон марта кўрмай, танимай, гаплашмай туриб ҳикояларимни ўқиб, қимматли фикрларини билдирганлар. Айниқса, устоз китобимни шифохонада, оғир дард билан олишиб ётган ҳолларида кўриб чиққанларини эшитиб қаттиқ таъсирланганман. Бундай олижаноб, улкан юракли инсонлар дунёга камдан-кам келади! Минг афсус, китоб нашрдан чиққанданидан кейин бир мартагина суҳбатлашишга улгурдик, холос…

Саволдан анча оғишдим шекилли, лекин биринчи китобим мен учун аввало улуғ устозимга чуқур эҳтиромим тимсолидир. Ўткир Ҳошимов шахсини ёш ижодкорларга ибрат сифатида кўрсатгим келади. Мени баминнат қўллаганлари учунгина эмас, ҳам инсон, ҳам ижодкор сифатидаги тоза ва буюк қалби, покиза фалсафаси туфайли улуғлайман! “Ёзувчининг шахси эмас, ёзгани муҳим” қабилидаги қарашларга эса асло қўшилмайман. Асарларида эзгуликни мадҳ этса-ю ўзи ҳаромдан ҳазар қилмаса, унинг ижоди мунофиқлик, алдов эмасми?

“Ота уйим оқшомлари” нашрдан чиққан пайтда севимли адибимиз тўшакка михланиб қолгандилар… Дўрмондан уч-тўртта ижодкор аёллар устоз Йўлдош Солижонов бошчилигида уларни йўқлаб хонадонларига бордик. Манзилга етгач қаршимизда баланд, ҳашамдор уйни кўриб, “шундай катта ёзувчи яна қандай жойда яшаши мумкин?” деган ўй ўтди кўнгилдан ва данғиллама бино томон қадам ташладик. Лекин Йўлдошхўжа домла “бу ёққа” дея оддийгина тошкентча болахонали уйга бошладилар… Атеизм деган бало авжига чиққан бир даврда “Шарқ юлдузи” журналида Қуръони карим таржимасини чоп этишга журъат қилган жасоратли адибимнинг асл мўминлигига яна бир бор амин бўлганман ўшанда.

Китобнинг тақдирига келсак, беадад шукур, у ўз мухлисларини топди. “Ота уйим оқшомлари” туфайли турли вилоятлардан дўстлар орттирдим, айрим ҳикояларим чет тилларга таржима қилинди. Айниқса, Россия давлатидаги мигрант ўзбеклар ҳамда жазони ўташ муассасасида китобимни ўқиган юртдошларимдан келган акс-садолар жуда тўлқинлантирган…

— Нима учун шон-шуҳрат кетидан қувмайсиз?

— Аслида шон-шуҳратга лойиқ иш қилдим деб ҳисобламайман, эътиборда бўлиш десакмикин… Бу ҳам кўнгил эҳтиёжи. Диққат марказида бўлиш мени қийнайди. Ўзимни ноқулай ҳис қиламан, ҳаётни кузатиш, ўзим бўлиб яшашимга нимадир ҳалақит беради. Лекин шуни ҳам айтишим керак: “марказдан қочиш” одати ижодкор учун кони фойда деб бўлмайди. Меъёри билан кўриниб туриш, “қобиқ”дан чиқишга ҳаракат қилган маъқул. Ижодкорнинг тан олиниши, асарларининг рўёбга чиқишида истеъдоднинг ўзи камлик қилади – оқимнинг ичида бўлиш ҳам аҳамиятли. Фақат ҳар икки ҳолатда ҳам чуқур кетиб бўлмайди.

— Янги китобингиз “Остонангда турибман, дунё” деб номланган. Унга жамланган ҳикояларингиз ҳақида нималарни айта оласиз? Чунки муаллиф айтмоқчи бўлган фикр билан ўқувчи тасаввурида хилма-хилликлар учрайди.

— Китобнинг номи, шу сарлавҳали бадиҳам қайсидир маънода юқоридаги жавобимнинг давоми бўлиши мумкин.
Ҳикояларга келсак, албатта, ҳар бирининг ўз тарихи бор. Уларда мен таниган, ҳаётимда қайсидир даражада ўз ўрнига эга одамлар ва умримнинг айрим лаҳзаларида милсиз ҳайрат бағишлаган воқеа-ҳодисалар, юрагимнинг қувонч ва оғриқлари мужассам… Фақат бадиий тўқимадан иборат ҳикоя йўқ ҳисоби, “Онам пиширган умоч”дан ташқари. Устозим Йўлдош Солижонов сўзбошида таъкидлаганларидек, яна бир бор “кичик воқеадан йирик хулосага” сафар қилдим. Айтмоқчи бўлганларим ҳар бир ҳикояда турличадир, лекин жамлаб айтсам: бу дунёда ҳар кимнинг ўз ўрни, йўли бор, муҳими – тоза қалб билан ҳақ йўлдан бориш!

— Қайси ҳикоянгиз ёки қаҳрамонингиз юрагингизга яқинроқ?

— Илк китобимдаги илк ҳикоя – “Оқибат”. Бу энг дастлабки ижодий ишларимдан, ҳали тажрибасиз, “янги” ёзувчи эдим. Лекин қалбим ҳаяжон ва ҳайрат, завқ-шавққа тўла эди! Бу ҳикоя менинг болалигимдан бир андоза, бизни бир оғиз насиҳатсиз фақат ўз намунаси билан тарбиялаган ота-онам ҳақидаги хотираларимнинг ёруғ бир парчасидир. Менда нимаики яхши фазилатлар бўлса, умримнинг ўша дамларидан миннатдорман. У пайтлар ҳаёт ҳам, кечинма ва туйғуларимиз ҳам жуда жўн, жайдари эди. Фалсафамиз ҳам оддий: оқ ва қора, яхши ва ёмон, савоб ва гуноҳ. Бузрукворларимиз ўз тутумлари, ҳаёт тарзлари билан мана шу тушунчалар ўртасига яққол чизиқ тортиб қўйган эдилар. Яна бир гап – “Оқибат” бадиий тўқималарсиз, шундайлигича қоғозга тушурилган камсонли ҳикояларимдан бири. Китобимнинг Қирғизистондаги тақдимотида айнан шу ҳикоям ота-онамни кўрган-билган маҳалладошларим томонидан саҳналаштирилган.

— Бугунги ва эртанги ўзбек миллий адабиёти тўғрисидаги фикрингиз қандай?

— Бугунги адабиёт… Унда бот-бот глобализм унсурларини кўриб, ўйга толаман. Дунёга чиқиш йўлини ғарб адабиётига тақлиддан излаётган ёшларимизга миллий илдизларимиздан узоқлашмай туриб ҳам жаҳонга бўй чўзиш мумкинлигини уқтиришга уринаман. Лекин шундай “ярқ” этган асарларни ўқиб қоламанки, ёғдуси бутун бир давр адабиётини ёритиб юборади дейсан! Бир неча сатрда инсонийликнинг бор ранглари миллий полотнода акс эттирилган ва ғояси юксак асарлар ҳозир ҳам яратиляпти. Шунчаки ҳаваскор билан профессионал ёзувчи фарқланмай қўйди, саёз асарлар учун майдон кенгайди. Ҳали ҳаммаси жой-жойига қўйилади, бу ўткинчи жараён, демоқчи эмасман. Лекин яхши асарлар доим бўлган ва бўлади. Чунки илдизларимиз чуқур, бақувват! Шундай экан, ўзбек адабиёти ўз баландлигини ҳеч қачон йўқотмайди. Ёрқин истеъдодли ижодкорлар ва аслиятдан ўгирувчи таржимонлар сафи кенгайиб бораётгани фикримга яна бир асосдир.

— Ёш носирларга, айниқса, аёл ёзувчиларга айтмоқчи бўлган ўгитларингиз.

— Сиз ҳаваскормисиз ёки профессионал бўлмоқчимисиз – буни қанча эрта аниқлаб олсангиз, шунча яхши. Ҳаваскорликка кўп вақт ва куч сарфламаслик, ижодни касб қилиш учун эса имкон қадар жиддий ишга киришиш учун бу жуда муҳим. Агар иккинчисини танласангиз, устоз Усмон Азим айтганларидай, “илҳомни кутиб ўтирмай, хоҳлаган пайтда чақириб олиш” даражасида маҳоратга эришмоқ учун меҳнат қиласиз. Энди бу – умумий гаплар. Асосийси, сиз қилаётган иш ҳаётингиз мазмунига айлансин. Мазмун пучми – асарлар ҳам пуч бўлади.

Аёл ёзувчи бўлишнинг ўзига яраша қирралари бор. Яқинда бир суҳбатда машҳур адибага шунга ўхшаш савол бергандим, “ижодкорни аёл ёки эркак деб ажратилмайди” деган жавобни олдим. Йўқ, бундай эмас. Ижод ўзингни бутунлай бағишлашни талаб қиладиган соҳалардан бири. Рўзғор, болалар… турмушнинг турфа ташвишлари аёлни кўпроқ банд қилади. Оилавий ҳаётнинг барча икир-чикирлари ҳам аёлни бус-бутун ўзини бағишлашини талаб этади, худди ижод сингари… Наинки жисман, балки руҳан ҳам. Миллий адабиётимизда аёл ёзувчиларнинг камлигига бошқа изоҳнинг ҳожати йўқ, менимча. Кўп йиллардан бери ижодий тўгаракни юритиб келаман, туппа-тузук ёзиб юрган қизларимиз турмушга узатилади-ю сувга отилган тошдек ғойиб бўладилар… Ёзишга куч топиш учун ёнингда маслакдош, ҳеч бўлмаса сени тушунадиган одам бўлиши керак. Афсуски бу ёзғириш эмас, ҳақиқат. Лекин барибир қатъий мезон шу – куч топиш керак! Баҳолиқудрат эмас, астойдил ёзиш керак!!!

Айнан бугунги кунда адибалар анча кўпайиб қолгандай, шоира қизларимизда ҳам насрда яхши уринишлар кузатиляпти. Суҳбатимизнинг қуйидаги қисмини эса сақлаб қолишингизни қаттиқ сўрайман: бугунги кунда ёш адиба сифатида Сиздан ҳам умидимиз катта! Шу ишончимиз бир масьулият сифатида янги асарларга рағбат беришини истайман.

Суҳбатдош: Одинахон Абдураҳимова

Гулчеҳра Асронова ҳикоялари «Хуршид Даврон кутубхонаси»да.

12Ayol yozuvchi bo’lishning o’ziga yarasha qirralari bor. Yaqinda bir suhbatda mashhur adibaga shunga o’xshash savol bergandim, “ijodkorni ayol yoki erkak deb ajratilmaydi” degan javobni oldim. Yo’q, bunday emas…

IJODDA YoRUG’LIKNI TOPDIM!
Gulchehra Asronova bilan suhbat


   Gulchehra Asronova 1968 yil Qirg’izistonning O’sh viloyatida tug’ilgan. Toshkent Agrar universitetini tamomlagan. “Ota uyim oqshomlari”, “Osmonini topgan qush”, «Ostonangda turibman, dunyo» nomli hikoyalar to’plamlari nashrdan chiqqan. O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi.


— Sizni adabiyotga yetaklagan omil nima? Yoki bu sohaga kirib kelishingizga kim sababchi bo’lgan?

— To’g’risi, bu savolni o’zim ham tez-tez o’zimdan so’rab turaman, negaki, qishloq xo’jaligi sohasida o’qigan oddiy kitobsevarning adabiyotga sho’ng’ib ketishini tabiiy hol deb bo’lmaydi. Javob esa doim bitta – qalb ehtiyoji! Institutda o’qidim, ishladim, hech kimdan kam bo’lmadim go’yo. Lekin yurakning tub-tubida bir bo’shliq bor ediki, u tobora ulkanlashib, qa’riga g’arq etib borardi. Allaqanday ma’nisiz bu hayot meniki emasday, qayerdadir mavjud bir yorug’likni qidirishim kerakday tuyulaverardi. Va mana shu tuyg’u tinch qo’ymay, bir kuni yoza boshladim. O’sha “bir kuni” o’ttiz uch yoshimda sodir bo’ldi… Va bo’shliq asta-sekin to’la boshladi. Nihoyat, Yorug’likni topdim! Go’yo butun olam yorishib ketdi. Men o’zim bo’lib yashay boshladim.

Omillarga to’xtalsam, kitob, kitob va yana kitob!

— Ilk ijodingiz haqida nimalarni eslaysiz?

— Bolalikdan mutolaaga o’ch, ijodga havaskor edim. Insho, maktub yozishni juda yaxshi ko’rardim. Jo’qicha she’rlar ham to’qib ko’rganman, lekin bu qiziqishimga hech kim jiddiy qaramagan. Birinchi rostmana ijodiy ishim ham she’r bo’lgan. Bolalar yosh, qo’limiz yupqa, boya aytganimday “o’zimni topolmay” yurgan paytlarim… Onajonimning tug’ilgan kuniga durustroq sovg’a ololmadim. Shunda, xuddi maktab o’quvchisiday, onamga atab she’r yozishga ahd qildim. Dard borligindandir, binoyiday yozibman – volidam yig’lab-yig’lab eshitdilar, aka-opalarim esa “shunday talanting bilan nega biron-bir gazetaga bormaysan?” deb ko’nglimga cho’g’ solib qo’yishdi. Ruhlanib ketib, she’rni konvertga soldim-da, “Farg’ona tongi”ga yubordim (tahririyat bir qadam joyda ekanligini ancha keyin bilganman). Bir haftadan keyin gazeta do’koniga borib yangi sonni so’radim va… ikkinchi betdagi ismi-sharifimni ko’rib yuragim qinidan chiqquday urib ketdi. Mening she’rim gazetada chiqsa-ya!
Shu hodisa o’zimni kashf etishimga sabab bo’ldi va ijodga jiddiy kirishdim. Albatta, bunga ilk mashqlarimni ko’rib imkoniyatlarimga ishontira olgan ustozlar ham sababchi bo’ldilar. She’riyat yo’lidan bormay, nasrda yoza boshlaganimga esa jurnalist ustozim Mahfuza Usmonova turtki berganlar. To’ylar mavzusida maqola yozib kelishni topshirgandilar, o’zim bilmagan holda badia yozib kelibman…

— O’zbek va jahon adabiyotidan qaysi adiblar ruhiyatingizga yaqinroq? Ya’ni kimlarni ko’proq o’qiysiz?

— O’tkir Hoshimov, Asqad Muxtor, Shukur Xolmirzayevlar ijodi ko’nglimga g’oyat yaqin. Chingiz Aytmatov, Anton Chexov, Jek Londonni miriqib o’qiyman. Ko’nglimdan joy olgan yana ancha mualliflar bor, albatta. Lekin yuqoridagi yozuvchilarning asarlari men uchun nainki ma’naviy huzur, balki ilhom manbaidir. A’zam O’ktam, Shavkat Rahmon, Usmon Azim, Anna Axmatova she’riyati qalbimga yaqin.

— Yozish jarayoni sizda qanday kechadi?

— Hikoyalarim avval ko’ngilda paydo bo’lib, bir muddat xayolda yashaydi, shakllanadi. Oxirgi jarayon – qog’ozga tushirish eng qiyini va ayni paytda eng maroqlisi. Darvoqe, aslida qog’ozdan eng birinchilardan bo’lib voz kechganman, faqat kompьyuterda ishlayman. Yozayotgan paytimni esa boshqa hech bir holat bilan qiyoslay olmayman. Shunchaki o’zim bilan yolg’iz qolishim kerak. Xudo bersa, yuz kishining o’rtasida ham bunga erishish mumkin. Bermasa, kunu tun qamalib olib to’rt satr bitolmaysan… Yozish davomiyligi ham shunga ko’ra turlicha: bir nafasda, bir necha kunda yoki yillab yozilishi mumkin. Ko’ngil to’lmay, qoralama holicha turgan ijodiy ishlarim ham, afsuski, talaygina. Lekin bir kun ularni maromiga yetkazib yakunlashimga ishonaman. To’g’rirog’i, umid qilaman.

— Hikoyalaringizda sokinlikni his qilaman, ko’ngilni avaylab yozasiz. Hatto og’ir voqealar tasvirini ham o’quvchiga ozor yetkazmasdan, shafqat bilan ifodalaysiz. Nima uchun shunday? Buni xarakteringizdan kelib chiqib yoki ayol yozuvchi bo’lganingiz tufayli deb qarashimiz o’rinli bo’larmikan?

— Menimcha, tabiatimga ko’ra “yumshoq” yozaman. Zero, bizning asarlarimiz o’zimiz orzu qilgan olamning in’ikosidir. Adabiyot odamni yig’latishi, dahshatga solishi, yuragini larzaga keltirishi mumkin. Ammo o’quvchining hayotdan jirkanishi, umidsizlikka do’nishiga yo’l qo’yib bo’lmaydi. Asarda albatta bir qatra bo’lsa ham yorug’lik bo’lishi kerak! Hayotiy ehtiyojim ham shunday, shafqat yo’q joyda nafasim qaytadi.

— Ijodkorlarga eng ko’p beriladigan savolni sizga ham yo’llamoqchiman: siz nima uchun yozasiz?

— Ko’pchilikda shunday bo’ladi – avvaliga ko’ngil to’kish uchun yozasan, keyinchalik bu ehtiyojga va ehtimol kasbga aylandi. Lekin mohiyat hech qachon o’zgarmaydi – o’zingni kashf etish.

Umuman olganda bu savolga suhbatimiz boshida qisman javob berib qo’ygandayman. Shunga qaramay, oxirgi kitobimga kiritilgan “Nima uchun yozaman?” sarlavhali badihamdan parcha keltiraman: “O’zim o’z qalbimning bo’lsam Kolumbi”, deb yozadi Omon Matjon. Men ham minglab, millionlab qalam ushlagan odamlar qatorida o’z qalbimni kashf etishga urinayotgandirman? Inson qalbi – bu eng katta sir! Bu sirni misqollab bilishga umrini sarflayotgan mendek bandai ojiz, bugun qalbim eshigini yanada kattaroq ochdim. Nazaringiz tushib qolsa, o’z qalbingiz haqida o’ylang”…
Yozish – mening mohiyatim.

— “Ota uyim oqshomlari” kitobingiz nashri va uning taqdiri haqida hech o’ylab ko’rganmisiz?

— Bu kitob men uchun Allohning haqiqiy mo»jizasi! Uning dunyoga kelishi beixtiyor ro’y bergan. Ya’ni meni gazetaga muxbir vazifasiga ishga olganlar va har songa bitta maqola yoki hikoya yozishim kerak edi. Bu men uchun majburiyatdan ko’ra ko’proq imkoniyat edi, yillab to’planib qolgan dilimdagilarni yoza boshladim. Go’yo qalbim o’zanidagi bir to’g’on olib tashlandi-yu, ichimdagi daryo jo’shib oqa boshladi. Markaziy nashrlarda ham bot-bot ko’rinib, nazarga tushdim. Ammo yozila-yozila yig’ilib qolgan hikoyalarim bir kun kitob bo’lishi va ayniqsa unga atoqli yozuvchi O’tkir Hoshimov so’zboshi yozishi yetti uxlab tushimga kirmagan edi! Bunda “Adib” nashriyoti va viloyat Yozuvchilar uyushmasi rahbari Enaxon Siddiqovaning hissalari katta bo’lgan. Sevimli yozuvchim meni hali biron marta ko’rmay, tanimay, gaplashmay turib hikoyalarimni o’qib, qimmatli fikrlarini bildirganlar. Ayniqsa, ustoz kitobimni shifoxonada, og’ir dard bilan olishib yotgan hollarida ko’rib chiqqanlarini eshitib qattiq ta’sirlanganman. Bunday olijanob, ulkan yurakli insonlar dunyoga kamdan-kam keladi! Ming afsus, kitob nashrdan chiqqandanidan keyin bir martagina suhbatlashishga ulgurdik, xolos…

Savoldan ancha og’ishdim shekilli, lekin birinchi kitobim men uchun avvalo ulug’ ustozimga chuqur ehtiromim timsolidir. O’tkir Hoshimov shaxsini yosh ijodkorlarga ibrat sifatida ko’rsatgim keladi. Meni baminnat qo’llaganlari uchungina emas, ham inson, ham ijodkor sifatidagi toza va buyuk qalbi, pokiza falsafasi tufayli ulug’layman! “Yozuvchining shaxsi emas, yozgani muhim” qabilidagi qarashlarga esa aslo qo’shilmayman. Asarlarida ezgulikni madh etsa-yu o’zi haromdan hazar qilmasa, uning ijodi munofiqlik, aldov emasmi?

“Ota uyim oqshomlari” nashrdan chiqqan paytda sevimli adibimiz to’shakka mixlanib qolgandilar… Do’rmondan uch-to’rtta ijodkor ayollar ustoz Yo’ldosh Solijonov boshchiligida ularni yo’qlab xonadonlariga bordik. Manzilga yetgach qarshimizda baland, hashamdor uyni ko’rib, “shunday katta yozuvchi yana qanday joyda yashashi mumkin?” degan o’y o’tdi ko’ngildan va dang’illama bino tomon qadam tashladik. Lekin Yo’ldoshxo’ja domla “bu yoqqa” deya oddiygina toshkentcha bolaxonali uyga boshladilar… Ateizm degan balo avjiga chiqqan bir davrda “Sharq yulduzi” jurnalida Qur’oni karim tarjimasini chop etishga jur’at qilgan jasoratli adibimning asl mo’minligiga yana bir bor amin bo’lganman o’shanda.
Kitobning taqdiriga kelsak, beadad shukur, u o’z muxlislarini topdi. “Ota uyim oqshomlari” tufayli turli viloyatlardan do’stlar orttirdim, ayrim hikoyalarim chet tillarga tarjima qilindi. Ayniqsa, Rossiya davlatidagi migrant o’zbeklar hamda jazoni o’tash muassasasida kitobimni o’qigan yurtdoshlarimdan kelgan aks-sadolar juda to’lqinlantirgan…

— Nima uchun shon-shuhrat ketidan quvmaysiz?

— Aslida shon-shuhratga loyiq ish qildim deb hisoblamayman, e’tiborda bo’lish desakmikin… Bu ham ko’ngil ehtiyoji. Diqqat markazida bo’lish meni qiynaydi. O’zimni noqulay his qilaman, hayotni kuzatish, o’zim bo’lib yashashimga nimadir halaqit beradi. Lekin shuni ham aytishim kerak: “markazdan qochish” odati ijodkor uchun koni foyda deb bo’lmaydi. Me’yori bilan ko’rinib turish, “qobiq”dan chiqishga harakat qilgan ma’qul. Ijodkorning tan olinishi, asarlarining ro’yobga chiqishida iste’dodning o’zi kamlik qiladi – oqimning ichida bo’lish ham ahamiyatli. Faqat har ikki holatda ham chuqur ketib bo’lmaydi.

— Yangi kitobingiz “Ostonangda turibman, dunyo” deb nomlangan. Unga jamlangan hikoyalaringiz haqida nimalarni ayta olasiz? Chunki muallif aytmoqchi bo’lgan fikr bilan o’quvchi tasavvurida xilma-xilliklar uchraydi.

— Kitobning nomi, shu sarlavhali badiham qaysidir ma’noda yuqoridagi javobimning davomi bo’lishi mumkin.
Hikoyalarga kelsak, albatta, har birining o’z tarixi bor. Ularda men tanigan, hayotimda qaysidir darajada o’z o’rniga ega odamlar va umrimning ayrim lahzalarida milsiz hayrat bag’ishlagan voqea-hodisalar, yuragimning quvonch va og’riqlari mujassam… Faqat badiiy to’qimadan iborat hikoya yo’q hisobi, “Onam pishirgan umoch”dan tashqari. Ustozim Yo’ldosh Solijonov so’zboshida ta’kidlaganlaridek, yana bir bor “kichik voqeadan yirik xulosaga” safar qildim. Aytmoqchi bo’lganlarim har bir hikoyada turlichadir, lekin jamlab aytsam: bu dunyoda har kimning o’z o’rni, yo’li bor, muhimi – toza qalb bilan haq yo’ldan borish!

— Qaysi hikoyangiz yoki qahramoningiz yuragingizga yaqinroq?

— Ilk kitobimdagi ilk hikoya – “Oqibat”. Bu eng dastlabki ijodiy ishlarimdan, hali tajribasiz, “yangi” yozuvchi edim. Lekin qalbim hayajon va hayrat, zavq-shavqqa to’la edi! Bu hikoya mening bolaligimdan bir andoza, bizni bir og’iz nasihatsiz faqat o’z namunasi bilan tarbiyalagan ota-onam haqidagi xotiralarimning yorug’ bir parchasidir. Menda nimaiki yaxshi fazilatlar bo’lsa, umrimning o’sha damlaridan minnatdorman. U paytlar hayot ham, kechinma va tuyg’ularimiz ham juda jo’n, jaydari edi. Falsafamiz ham oddiy: oq va qora, yaxshi va yomon, savob va gunoh. Buzrukvorlarimiz o’z tutumlari, hayot tarzlari bilan mana shu tushunchalar o’rtasiga yaqqol chiziq tortib qo’ygan edilar. Yana bir gap – “Oqibat” badiiy to’qimalarsiz, shundayligicha qog’ozga tushurilgan kamsonli hikoyalarimdan biri. Kitobimning Qirg’izistondagi taqdimotida aynan shu hikoyam ota-onamni ko’rgan-bilgan mahalladoshlarim tomonidan sahnalashtirilgan.

— Bugungi va ertangi o’zbek milliy adabiyoti to’g’risidagi fikringiz qanday?

— Bugungi adabiyot… Unda bot-bot globalizm unsurlarini ko’rib, o’yga tolaman. Dunyoga chiqish yo’lini g’arb adabiyotiga taqliddan izlayotgan yoshlarimizga milliy ildizlarimizdan uzoqlashmay turib ham jahonga bo’y cho’zish mumkinligini uqtirishga urinaman. Lekin shunday “yarq” etgan asarlarni o’qib qolamanki, yog’dusi butun bir davr adabiyotini yoritib yuboradi deysan! Bir necha satrda insoniylikning bor ranglari milliy polotnoda aks ettirilgan va g’oyasi yuksak asarlar hozir ham yaratilyapti. Shunchaki havaskor bilan professional yozuvchi farqlanmay qo’ydi, sayoz asarlar uchun maydon kengaydi. Hali hammasi joy-joyiga qo’yiladi, bu o’tkinchi jarayon, demoqchi emasman. Lekin yaxshi asarlar doim bo’lgan va bo’ladi. Chunki ildizlarimiz chuqur, baquvvat! Shunday ekan, o’zbek adabiyoti o’z balandligini hech qachon yo’qotmaydi. Yorqin iste’dodli ijodkorlar va asliyatdan o’giruvchi tarjimonlar safi kengayib borayotgani fikrimga yana bir asosdir.

— Yosh nosirlarga, ayniqsa, ayol yozuvchilarga aytmoqchi bo’lgan o’gitlaringiz.

— Siz havaskormisiz yoki professional bo’lmoqchimisiz – buni qancha erta aniqlab olsangiz, shuncha yaxshi. Havaskorlikka ko’p vaqt va kuch sarflamaslik, ijodni kasb qilish uchun esa imkon qadar jiddiy ishga kirishish uchun bu juda muhim. Agar ikkinchisini tanlasangiz, ustoz Usmon Azim aytganlariday, “ilhomni kutib o’tirmay, xohlagan paytda chaqirib olish” darajasida mahoratga erishmoq uchun mehnat qilasiz. Endi bu – umumiy gaplar. Asosiysi, siz qilayotgan ish hayotingiz mazmuniga aylansin. Mazmun puchmi – asarlar ham puch bo’ladi.

Ayol yozuvchi bo’lishning o’ziga yarasha qirralari bor. Yaqinda bir suhbatda mashhur adibaga shunga o’xshash savol bergandim, “ijodkorni ayol yoki erkak deb ajratilmaydi” degan javobni oldim. Yo’q, bunday emas. Ijod o’zingni butunlay bag’ishlashni talab qiladigan sohalardan biri. Ro’zg’or, bolalar… turmushning turfa tashvishlari ayolni ko’proq band qiladi. Oilaviy hayotning barcha ikir-chikirlari ham ayolni bus-butun o’zini bag’ishlashini talab etadi, xuddi ijod singari… Nainki jisman, balki ruhan ham. Milliy adabiyotimizda ayol yozuvchilarning kamligiga boshqa izohning hojati yo’q, menimcha. Ko’p yillardan beri ijodiy to’garakni yuritib kelaman, tuppa-tuzuk yozib yurgan qizlarimiz turmushga uzatiladi-yu suvga otilgan toshdek g’oyib bo’ladilar… Yozishga kuch topish uchun yoningda maslakdosh, hech bo’lmasa seni tushunadigan odam bo’lishi kerak. Afsuski bu yozg’irish emas, haqiqat. Lekin baribir qat’iy mezon shu – kuch topish kerak! Baholiqudrat emas, astoydil yozish kerak!!!

Aynan bugungi kunda adibalar ancha ko’payib qolganday, shoira qizlarimizda ham nasrda yaxshi urinishlar kuzatilyapti. Suhbatimizning quyidagi qismini esa saqlab qolishingizni qattiq so’rayman: bugungi kunda yosh adiba sifatida Sizdan ham umidimiz katta! Shu ishonchimiz bir masьuliyat sifatida yangi asarlarga rag’bat berishini istayman.

Suhbatdosh: Odinaxon Abdurahimova

Gulchehra Asronova hikoyalari «Xurshid Davron kutubxonasi»da.

09

(Tashriflar: umumiy 140, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ассалому алайкум, устоз!
    Ушбу ажойиб суҳбатни кутубхонангизда кўриб жуда хурсанд бўлдим.
    Катта раҳмат!

Izoh qoldiring