Odinaxon Abdurahimova. Enaga

015Орадан йиллар ўтди. Ҳаётимнинг энг оғир дамларида онам суянчиқ, синовларида ҳимоячим, қайғумга шерик, шодлигимга гувоҳ бўлди. Қизим ҳам улғайди, ҳаммаси изига тушди. Унутганлар унутилди, яралар малҳам топди. Фақат Валерия Гансовнани тез-тез эслаб тураман.

Одинахон АБДУРАҲИМОВА
ЭНАГА
Эски кундаликдан


 077 Одинахон Абдураҳимова 1986 йил Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги  Шўртепа қишлоғида туғилган. Фарғона давлат университетининг математика ва информатика факултетини тамомлаган. Дастлаб Учкўприк Саноат КҲК, кейин Учкўприк Иқтисодиёт КҲКда, сўнг Бувайда тумани 1-умумтаълим мактанбида дарс берди, ундан кейин ЎзМТДП Бувайда туман кенгашида ишлади. Оилали, уч фарзанднинг онаси.


Қиз фарзанди бор оналарга бағишлайман

1.

Биринчи марта шундай ишга қўл уришим. Жудаям ҳаяжонланяпман. Бегона шаҳар, нотаниш одамлар… Менга вақтинча бошпана керак. Бу иш эса айни муддао. Метродан чиқиб, манзилда кўрсатилган уйни қидира бошладим. Машиналар зувиллаб бораётган катта йўлнинг у юзига ўтдим ва бинолар рақамини кўздан кечира бошладим. Нари борса тўрт-олти қават келадиган бу иншоотлар ўта мустаҳкам, ҳайбатли ва узоқ тарихга эга экани кўриниб турарди. Қўлимда шаҳар харитаси бўлгани учун манзилни топишга унча қийналмадим. Эълондан кўчириб олган рақамимга қўнғироқ қилиб, уй эшигининг махсус кодини олдим. Ичкарига кириб, тўртинчи қаватга кўтарилдим. Зиналар озода, кенг ва ёруғ эди. 18-рақамли хонадон олдида тўхтадим. Бир нафас иккиландим. Ҳатто ортимга қайтиб кетмоқчи ҳам бўлдим. Шу ишни қилмай қўя қолсам-чи?… Лекин… Кўрмасдан аввал қайтаманми? Келдим, келдим. Энди нима бўлса бўлар. Эшикни бир бадқовоқ аёл очди. Мен уни уй бекаси деб ўйлабман. Тавба, руслар орасида ҳам шунақа хунук аёллар бўларкан-да, деган фикр лоп этиб миямга урилди. Сочлари сариқ-қўнғир, юзи рангпар, калласи хумдек, қошлари чўлтоқ супургидек бу аёл уй бекаси ҳам, рус ҳам эмас экан. У — кампирнинг энагаси, қирғиз аёли Сара бўлиб чиқди. Табассум шу қадар қудратли кучга эга-ки, у инсон юзидаги ҳар қандай нуқсон ва камчиликни беркита олади. Саранинг табассуми кўнглимни бир оз ёритди.

— Салом! Сен Динамисан?
— Ҳа.
— Биз ҳозиргина телефонда гаплашдик-а? Намунча кечикдинг, сени эрталабдан буён кутяпман. Кел, киравер.

У рус тилида гапирар, ўзбекчани умуман билмас экан. Аммо бир-икки сўзни ўзбек тилида айтгандим, тушунди. Мен эса унинг қирғизча гапларини англолмадим. Биз русчада тил топишдик.

Уй кенг, шинам ва замонавий эди. Кираверишдан ўнг томонда кўзгули катта гардироб, унинг ёнида мушук учун махсус ясатилган уй, чап томонда эса тортмали жавон бор эди. Сара тортмалардан бирини очиб, менга ичкарида кийиш учун сарғайиб кетган юмшоқ шиппак олди. Мен шиппакни кийиб, сумкамни жавонга қўйдим.
Зал тўрида ранги униқиб кетган кулранг, “Г” шаклидаги диван бўлиб, унда бир қари кампир ўтирарди. Сара мени унинг ёнига бошлади. Кампир ниҳоятда озғинлигидан елка суяклари ёғочдек, хилвираган, оппоқ сочлари бир қаричгина, текис таралган ва ёйилган эди. У менга қайрилиб ҳам қарамади.

— Кўзлари ожиз, деярли гапирмайди, аммо эшитади,- деди Сара унга ишора қилиб. Кейин овозини баландлатди-да, кампирга:

— Валерия Гансовна, салом! Мана, сизга янги энага келди, – деди.

Мен ҳам дарров салом бердим:
— Ассалому алайкум!

Кампир хириллаган товуш билан саломимизга алик олди. У жуда ғалати нафас оларди. Тинимсиз олдинга-орқага тебранар, ўпкасини тўлдириб ҳаво ютарди-да, лунжини пуфакдек шишириб, ташқарига “Пуф-ф”лаб чиқарарди. Уни кўриб сесканиб кетдим. Кампир деганлари шу қадар хунук бўладими-а?! Ялмоғизнинг ҳудди ўзи!
Сара унга яқинроқ ўтириб, “Мана, кўр, у ёвуз эмас”, дегандек қўлини ушлади. Кейин сочларини силади. Кампир бир нуқтадан кўз узмай, ҳамон тебраниб ўтирар, Сарага парво ҳам қилмасди.

— У жуда ақлли, — деди Сара. – Ҳали тез чиқишиб оласизлар. Юр, чой ичамиз.

Сара мени чой ичиш учун столга таклиф этди. Стол шундоқ орқамизда, икки қадам нарида эди.

— Рахмат, қорним тўқ, — дедим бош чайқаб.
— Мен сени кутиб нонушта ҳам қилмадим, аллақачон тушлик бўлди. Ўзимиз бирор нима еб олайлик, кейин кампирни овқатлантирамиз.
— У нима ейди? – сўрадим Сарадан.
— Мен сенга ҳаммасини ўргатиб кетаман.

Сара олдимга овқат қўяркан менга янги келганида уялиб, қорни оч ҳолда ухлаганини, бунинг устига кампир ярим тунда уйғониб, Сарани роса ортидан юришга мажбур қилганини кула-кула гапириб берди. Мен ёққа қовурилган картошка емасдим. Аммо унинг кўнгли учун овқатдан бир-икки татиб кўрдим. Ўзим билан пиченье олиб келгандим. Сара икковимиз учун тутқичли чинни пиёлага мазали чой дамлади. Бу орада кампир ўрнидан тура бошлади. Сара чаққонлик билан унинг ёнига борди-да, елкасидан секин босиб, жойига ўтқизди.

— Валерия Гансовна, илтимос, ўтиринг. Биз овқатланяпмиз, — деди меҳрибонларча.

Кампир индамай жойига ўтирди. Сара яна ёнимга келди.

— Мен бу ерда бир ярим йил яшадим. Бир ярим йилдан буён шу кампирга қарайман. Уни беш қўлдай биламан. Жуда беозор буви. Фақат тунда югуради.
— Югуради? – ҳайрон бўлдим.
— Ҳа.
— Қандай қилиб? Бу қўрқинчли эмасми?

Сара кулди:
— Бугун ўзинг кўрасан, ҳечам қўрқинчли эмас. Мен бугун бир кеча шу ерда қоламан. Эрталаб кетишим керак эди, бироқ сени кутиб кеч қолдим. Энди эртага жўнайман.

Ё, Худо, кечаси билан шу кампирни қувлаб чиқаманми энди? Ўзинг сабр бер! Кўрамиз, биринчи тун ўтсин, ёқмаса ўзимга бошқа иш топарман.
Шуларни ўйлаб чойни хўпладим…

Кампир яна ўрнидан тура бошлади. Сара уни тағин жойига ўтқизди.

— Нега ўрнингиздан турасиз? Жим ўтиринг! Мумкин эмас туриш! – деди Сара дўқ аралаш.
Кампир хуноб бўлди, ҳансираб, тез-тез нафас олганча ноилож буйруққа бўйсунди. Мен ўнғайсизландим. Сара менга тўхтовсиз гапириб, алланималарни уқдирар, аммо унинг гаплари у қулоғимдан кириб, бу қулоғимдан чиқар, бутун диққатим кампирга қаратилган эди. Унга бизнинг суҳбатимиз ёқмас, асабийлашиб, нафас олиши тобора тезлашар ҳамда ваҳимали тус оларди. Шу пайт қаёқдандир пахмоқ малла мушук келиб, диван суянчиғига чиқди ва менга қараб чўзилиб ётиб олди. Сўнг катта-катта кўзлари билан менга бақрайганча ҳар бир ҳаракатимни кузата бошлади. Афтидан, бегона одам ташрифи унга манзур бўлмади чоғи.

Сара столни йиғиштиришга уннади. Мен ҳам унга ёрдам бериш мақсадида қўзғолдим. Энди кампирга тушлик тайёрлашимиз керак.
Шу пайт бояқиш кампир жаҳд билан ўрнидан турди-да, диванни пайпаслаганча юра кетди. Ниҳоят, шундагина Сара унинг қўлидан тутди:
— Қаёққа бормоқчисиз, Валерия Гансовна?

2.

Сара менга кампирнинг нималар ейишини ва қандай тайёрлашни тушунтирди. Совуткичдаги сабзовот шўрва, сут, мевалар, йогурт – барчаси кампирга аталган экан.
— Мен нима ейман? – сўрадим шошиб ундан.
— Хоҳлаган нарсангни, албатта ўзингдан ортганини унга берасан-да, — кулди Сара.
Кейин у қайнатилган икки бўлак картошка, бир бўлак пишган котлет олиб тақсимчага солди, устига бир чўмич шўрва сувидан қуйди. Газга қўйиб илитди. Сўнг жавондан қандайдир асбоб олиб, унинг бир учини токка улади, иккинчи учини тақсимчага солди. “Ғинг-нг-нг” деган товуш янгради-ю, овқат бир зумда атала ҳолига келди. Мен бундай ғаройиб асбобни илк бор кўриб турганим учун ҳайратимни яширолмадим. Кампирни овқатлантирдик, дорларини бердик. Сара менга жадвал кўринишида ёзилган дорилар рўйхатини кўрсатди. Унга ҳар куни уч маҳал дори ичириш, уч маҳал қон босимини ўлчаб, дафтарга қайд этиб боришим лозим экан. Аммо мен ҳамшира эмасман. Қон босими ўлчашни билмайман-ку. “Бунинг ҳечам қийин жойи йўқ”, деди Сара ва кичкина сумкачадан замонавий аппарат олиб, ундан фойдаланиш йўл-йўриғини эринмай тушунтирди. Тасмани беморнинг билагига қадаб, тугмачани боссам бўлди, аппаратнинг митти экранида рақамлар пайдо бўлиб, юрак уриши қандай, босим қанақа, ҳаммасини кўрсатиб бераркан. Балонча-малончанинг кераги йўқ, қулоққа тиқиладиган эшитгич ҳам шарт эмас. Бу замонавий аппарат менга ёқиб қолиб, кейинчалик ҳуда-беҳуда кампирнинг қон босимни ўлчайвердим.
Кечки соат еттида уй бекаси Ольга Юревна келди. Мен билан танишди. У ўрта бўй, тўла – ёқимтой айиқполвондек, унчалик ҳушрўй эмас-у, лекин самимий ва оқкўнгил рус аёли экан. Биз унга онасини топшириб, сайрга чиқдик. Ҳар куни Ольга ишдан келгач, кампирга бир-икки соат ўзи қарар ва Сарага дам олиш учун рухсат бераркан.
— Сени қаёққа олиб борсам экан? – деди Сара ўйланиб.
— Албатта дарё бўйига-да, — дедим.
— Нева томонми? Яхши! Қаршимиздаги мана бу кўчадан юрсак, тўппа-тўғри ўша ёққа борамиз. Ҳайбатли кўприкни томоша қилишимиз мумкин. Кетдик бўлмаса!
Ҳм! Кўприкни томоша қиламиз эмиш! Менга кўприк эмас, кема керак! Ўша кемани топишим зарур.
— Кема ҳам борми у ерда? – сўрадим ундан.
— Қанақа кема? Моторли қайиқларни айтяпсанми? Улар дарёнинг ҳар қаерида сузиб юради.
— Йўқ, моторли қайиқ эмас, ҳайкал. Кема ҳайкали! Тушуняпсанми? – қўлларимни кенг ёйиб, унга нима демоқчи эканимни англатишга уриндим. – Мана Бундай, каттакон, бала-а-ндга ўрнатилган. Дарё соҳилида эди.
— Тушундим, — кулди Сара. – Демак, сенга кема керак. Тушунарли. Унда бундай қиламиз. Ҳозир тўғри Нева ёқасига борамиз-да, қирғоқ бўйлаб ё ўнгга ё чапга юрамиз. Гаплашиб, айланиб борамиз. Эҳтимол уни топармиз. Агар дуч келмасак, эртага ҳудди шу вақтда ўзинг, менсиз, бугун йурган томонимизга қарши тарафга юрасан. Юраверасан. Бир ўзинг қўрқмайсан-а? Нимадан ҳам қўрқардинг, қара, шаҳар қандай ажойиб! Нақадар гўзал! Тинч, беҳавотирлигини айтмайсанми? Тунда сайрга чиқсанг ҳам, сенга ҳеч ким зиён етказмайди.
Сара мароқ билан гапирар, биз атрофни томоша қилиб, йўл четида борардик. Гоҳ светафорларнинг қизил чироғи ёнганда, гоҳ ажабтовур дарахт ёки бинога дуч келганда тўхтаб-тўхтаб қолардик. Кўнглимизни ҳайрат ва яна аллақандай шодлик ҳисси чулғаб олганди. Сара ўзига ажойиб суҳбатдош топганидан хурсанд, мен эса бир нарсадан умидвор эдим.
— Айтганча, нега бу кемага қизиқяпсан?
Дафъатан берилган бу саволга жавоб бериш учун каловланиб қолдим:
— Унгами? Ммм… Ўзим, шундай. Суратини кўргандим, аслини ҳам кўришни истаяпман.
— Ҳа, бундай мўъжизаларнинг суратидан кўра асли маҳобатли бўлади. Суратлар жонсиз, улардан унчалигам завқланолмайсан. Биласанми, мен мана шу ҳар кунги сайрим давомида руҳан соғайиб, чарчоқ ва зерикишни унутиб, яна кампирнинг ёнига кираман, – деди Сара. – Агар кўчага чиқиб турмаганимда, аллақачон юрагим тарс ёрилган бўлармиди…
Ниҳоят, салобатли, инсониятнинг айрим жараёнларда табиатдан моҳир эканини яна бир бор исботловчи азим Нева дарёси кўринди. У жудаям кенг ва сокин, икки ёни белимиз баробар тош девор билан мустаҳкам тўсилганди. Биз қирғоққа келиб, бир фурсат сувга тикилдик. Тиниқ сув дарё бағрида бетўхтов жимирлар, “Қани, кел, менга шўнғи! Муздек қўйнимда чўмилиб роҳатлан!” деяётгандек жўшқин оҳанрабо ила ўзига тортарди. Аммо қоп-қорнғу туби сирли, тушган одамни ютиб юборадигандек. Остидан метро ўтгани ҳақида ўйлаш эса юракларга ғулғула солади. Бу атрофда мен айтган кема ҳайкали кўринмади. Таваккал қилиб, чап томондаги кўприк сари юрдик. Қибла қайтомонда? Офтоб қани? Шимол қаёқда-ю, жануб қаерда, билолмадим. Фақат қирғоқ, моторли қайиқлар гувиллаб сузиб юрган дарё ва автомобиллар зувиллаб ўтаётган дарёдек кенг асфальт йўл. Йўл четида пушти, нопармон гуллар, манзарали дарахтлар, бир-биридан жозибадор реклама суратлари, тунчироқлар ўрнатилган темир устунлар, светофорлар… Шаҳарга жон бағишлаб турган йўловчи-сайёҳлар… Уларга синчиклаб қарайман. Ҳаммаси нотаниш.
— Менимча, биз нотўғри юрдик. Нариги томонга қараб бориш керак эди, — дедим.
— Ҳечқиси йўқ, эртага борасан у ёққа. Балки кеманг ўша томонлардадир, — деди Сара. — Анави кўприк тунда очилади. Аслида бу ерга кечқурун келиш керак. Кўприкка ўрнатилган чироқлар шундай порлайди-ки, нақ ерга сочиб юборилган юлдузлар дейсан.
— Қандай очилади? – унинг гапларига тушунмадим мен.
— Ўртасидан қоқ иккига бўлиниб, юқорига кўтарилади.
— Нега? – баттар тушунмадим.
— Кема келади. Ҳақиқий кема. Океандан келадиган юк кемалари.
— Наҳтки?! Агар ўша пайтда кўприк устида автомашиналар бўлса-чи?
— Менимча, бўлмайди. Очилишидан аввал кўприк бекитиб қўйилади.
— Ажойиб!
Биз юра-юра кема ҳайкалини тополмай ортга қайтдик.

3.

Кечқурун Сара мени кампир билан ёлғиз қолдириб, ўзи нариги хонага чиқиб кетди.
— Сара, яхшиси сен шу ерда – ўз жойингда ётақол, — дедим унга.
— Йўқ, энди бу сенинг жойинг. Шу ерда ёт, кўник, — деди Сара.
Кампир билан бир хонада ёлғиз қолдим. У аллақачон донг қотиб ухлаяпти. Баъзан хуррак отади, нафас оларкан, ўпкасига кираётган ҳаво хурриллар, чиқаётганда эса чийиллаб ҳуштак чаларди. Чироқни ўчирдим. Кўча фонуслари ёғдуси деразадан сачраб, гўё тун париси нафис қора тўр рўмолини хонамизга ташлади-ю, ойнадан тўкилаётган шуълалар рўмолнинг бижир-бижир безакларидек ажиб кўриниш олди. Машиналар ва ҳали-бери ухлашга шошилмаётган одамлар товуши туннинг тинчини бузмасликка ҳаракат қилаётгандек сокинлашган. Фақат кампирнинг беўхшов хуррагигина бунга қовушмасди.
Ўрнимга истар-истамай чўзилдим. Ўзимнинг оппоқ чойшабларимни тўшаб олган бўлсам-да, бировнинг уйи барибир бегона, нотаниш жойда ётиш ноқулай бўларкан. Бироқ қаттиқ чарчаганимдан бошим ёстиққа тегиши билан бутун таним роҳатланиб тин олди. Биз кун бўйи танамизнинг барча аъзоларини ишга соламиз, уларни тиндирмаймиз. Яхшиямки, Худойим Таоло организмимиз дам олиши учун тун аталмиш мўъжизани яратган…
Кўзларимни юмиб кампирнинг нафас олишини тинглаб ётдим:
Хур-р-р-р, хуш-ш-ш-ш-т,
Хур-р-р-р-р, хуш-ш-ш-т,
Хур-р-р-р-р, хуш-ш-ш-ш-т…
Алламаҳалгача у ён бу ёнимга ағанадим. Утсимни ёпдим, очдим, яна ёпдим. Ухлаёлмай, ўрнимдан туриб ўтирдим, бир оздан кейин яна ётдим. Ниҳоят оёғимни ёстиққа, бошимни оёқ томонга қўйиб ухлаб қолбман. Бир пайт “чип… чип…чип…” деган ғалати товушдан уйғониб кетдим. Кўзимни очсам анави кампир арвоҳдек бўлиб тепамда турибди. Устимга эгилиб, тумшуғини нақ тумшуғимга тираб, сақич чайнаётгандек оғзини чапиллатяпти. Қўрққанимдан қичқириб юбордим:
— Ё, Худо! Нима қиляпсиз бу ерда?!
Кампир индамай бошини кўтарди. Ярим тунда кўр кампир ниманиям чайнарди? Тилини сўряпти шекилли. Оёқларимни йиғиштирдим-да, бош томонимга ғужанак бўлиб ўтириб олдим. Вужудим титрай бошлади. Кампир кўзимга гоҳ тунги вампирга, гоҳ арвоҳга ўхшаб кўринарди. Елкасига тушиб турган оппоқ сочлари қоронғуликда фосфордек йилтирайди. Ингичка бўйни, узун қўллари, калта иштондан чиқиб турган ёғочдек оёқлари…
У мендан бир қадам нари сурилди-ю, жойида қимир этмай тураверди. Кўзини деразадан узмас, оғзини ҳамон чипиллатарди. “Ўзингни қўлга ол”, дедим ичимда, “Ахир у бор йўғи бир бечора кампир-ку. Қариб, кучдан қолган бўлса. Бир итарсам йиқилади. Ундан қўрқиш керак эмас…” дея ўз-ўзимга тасалли бердим. Сўнг бор жасоратимни йиғиб, унинг қўлидан тутдим ва дивани томон тортдим.
— Нима учун ўрнингиздан турдингиз? Мумкин эмас ахир. Мени қўрқитиб юбордингиз. Юринг, жойингизга ётинг. Юринг, — дедим.
Бирдан у жаҳл билан қўлимни қаттиқ қисди-да силтаб юборди:
— Жим бўл!
Кампирнинг бу зардасидан юрагим тарс ёрилай деди. Ҳали дўқ қилишни ҳам биларкан бу қария. Эй, Худо! Ишқилиб ухлаётганимда тепамга келиб мени бўғиб қолмасин-да. Шу қўрқинчли кампирнинг қўлида ўлиб қолсам-а? … Хаёлимга келган фикрдан ўзим дахшатга тушдим. Қўрқа-писа уни ортидан итариб кўрдим. Қаршилик кўрсатмади.
— Юринг, — дедим ярим ҳадик, ярим буйруқ оҳангида. У бир қадам олдга юрди.
Кейин ўзимда яна куч тўплаб, уни мажбурлаб судраб, юрғизиб жойига олиб бордим.
— Ўтиринг, энди ётинг! Ухлаш керак, — дедим тилим зўрға айланиб.
— Хохламайман! – деди кампир зарда билан.
Уни ўз ҳолига қўйдим. У эса яна ўрнидан туриб олди ва шипиллаб оёғини аста-аста судраб, дераза томон юра бошлади. Тун сукунатида унинг қадам товушлари бемалол эшитиларди.
Оёғим қалтираб ташқарига чиқдим. Сара ётган хона эшигини қия очдим. У ухламаган, планшет ўйнаб ётарди.
— Сара, — дедим оҳиста. Овозим титроқ аралаш майин жаранглади.
— Ҳа, нима бўлди? – деди у бошини кўтариб.
— Қўрқяпман. У ухламаяпти.
Сара кулди ва ўрнидан турди. Иккаламиз бирин-кетин кампир ёнига кирдик. Сара чироқни ёқди. Шу пайтгача чироқ ёқиш менинг хаёлимга келмаганини қаранг. Кампир дераза токчасига қўлини қўйиб, кўчага термулиб турарди.
— Валерия Гансовна! — деди Сара дадил, баланд овозда. Кўрдингми, қандай гапириш керак, деб қўйдим ўзимга ўзим ичимда. – Нима учун ухламаяпсиз?!
— Хохламайман.
— Юринг мен билан, — Сара шундай деб кампирнинг қўлидан тутди ва катта хона томон етаклади. Кейин менга қараб: — Сен қўрқма, ёт, ухлаб ол. Ўзим қараб тураман унга, — деди.
Мен ҳамон қоққан қозиқдек жойимда турардим. Улар чиқиб кетгач хона ажина тарк этгандек хувиллаб қолди. Диванимга ўтирдим. Гўё шундай қилсам, миямдаги нохуш фикрлар тўклиб кетадигандек “Фу!” дея бошимни силтадим. Кейин бирмунча вақт тек ўтирдим. Энди умуман ухлаёлмасдим. Сув ичгим келди. Мен ҳам улар ортидан чиқдим. Ошхона столи ёнида катак нақшли, жигар ранг халат кийган озғингина бир киши сигарет чекиб ўтирарди. Мўйловли, кўзойнак тақиб олган, сочлари қора ва жингалак, тепакал. Бу одам Ольга Юревнанинг эри эканини тушундим. Афтидан кампирнинг тунда ухламай хонасидан чиққани унга ёқмади шекилли. Мен уни кўриб ортимга қайтдим. У эса мени кўрмади.
— Валерия Гансовна.
Халатли кишининг жарангдор овозини эшитиб қулоқ солдим. У бу исмни катта ҳурмат билан айтди. Қизиқ, мен қўрқиб, ёмон кўраётган бу кампирни улар жуда ҳурмат қилишаркан, деб ўйладим. Унинг нима деяётганини тушунмадим. Чунки у соф рус тилида ва тез гапирарди. Хонага кирдим-да жойимга ўзимни ташладим. Соат тунги иккидан йигирма дақиқа ўтибди. Ярим соатлардан кейин Сара кампирни етаклаб келиб жойига ўтқизди. Бошимни кўтардим.
— Ҳалиям ухламадингми? – сўради Сара мендан.
— Айтдим-ку, ухлолмаяпман деб.
— Бу ёққа кел, сенга нима қилишни кўрсатаман.
Мен туриб Саранинг ёнига бордим. У бурчакдаги стол олдида турар, стол устидаги турли-туман дориларни кўздан кечирарди. Кейин жигарранг шишачани қўлига олди ва деди:
— Мени диққат билан эшит. Ва бу ҳақда ҳеч кимга айта кўрма. Мана бу дорининг номи “Неулептин”. Уни ҳар кеча ётишдан олдин икки томчидан ичириш керак. Лекин бу ёрдам бермайди. Унга таъсир қилмайди. Шунинг учун мен кўпроқ бераман.
Сара пиёлага шиша идишдаги сувдан озгина қуйди ва доридан томизди. Мен эътибор билан ҳар бир томчини санаб турдим. Бир, икки, уч, тўрт, беш, олти. Сара пиёлани чайиб-чайиб капмирга ичирди. Кейин “Ётинг”, дея елкасидан секин итарди. Кампир ўтирган кўйи ёнбошига ағанади. Сара унинг шиппагини ечиб, оёқларини диванга чиқариб қўйди. Бир оздан кейин кампирнинг хурраги эшитилди.
— Кўрдингми? У ухлади.
Сара мени лол қолдириб чиқиб кетди.
Мен ҳам, ниҳоят, хуррак товушини тинглай-тинглай ухлаб қолибман.

4.

Эрталаб Сара мени туртиб уйғотди.
— Тур, Дина, мен кетяпман.
Аранг кўзимни очдим:
— Соат неча бўлди?
— Етти ярим. Ольга Юревна ишга кетди. Тур, нонушта қил.
Кампир жойида йўқ эди. Сакраб туриб кетдим. Уйқум ҳам очилиб кетди.
— Валерия Ган… – кампирнинг исмини эслолмадим. — Бувимиз қани?
Саранинг овози ошхонадан келди, у аллақачон хонадан чиқиб кетганди:
— Валерия Ган-сов-на, — деди дона-дона қилиб. — Мана, у ухлаяпти буёқда.
Эҳ, ажина кампир, деб қўйдим ичимда.
Нонуштадан кейин Сара кетишга чоғланди. Биз кўп йиллик қадрдонлардек қуюқ хайрлашдик. Кетаётиб у ҳатто юзимдан ўпиб ҳам қўйди.
— Тез-тез келиб тур, Сара, — дедим.
— Албатта, мен узоққа кетмаяпман, — деди қовоқ кўзларини қисиб. — Телефонлашиб турамиз.
Сарани зинадан кузатиб қўйиб, эшикни қулфладим ва кампирнинг ёнига келдим. У телевизор қаршисидаги диванда ўтирган кўйи билагига бошини қўйиб, донг қотиб ухларди. Оғзи калишдек очиқ. Мен ичкари хонага кириб, яна ўрнимга чўзилдим…

Қаттиқ ухлабман. Кўзимни очганимда хона қуёш нурларига тўлиб, ёп-ёруғ бўлиб кетганди. Кампир қаерда экан-а? Бошимни кўтардим. Ана у, шкаф ёнида. Юзини китобларга босиб, қўллари билан сийпалаб турибди. Жимгина…
Бу ёғига мен учун жуда зерикарли ҳаёт бошланди. Ёлғизлик, деярли бекорчилик. Шу кампирга қарашдан бошқа ишим йўқ. Ўрнимдан туриб ювиниб келдим.
— Валерия Гансовна, ҳайрли тонг! – дедим баланд овозда.
— Ҳайрли тонг, — деди у хириллаб.
— Қандай ухладингиз?
— Ўртача.
Уни етаклаб ваннага олиб кирдим. Юз-қўлини ювиб, сочиққа артдим. Қорним чулдиради. Нонушта қилиш керак. Кейин ошхонага олиб кириб, стулга бир амаллаб ўтқиздим.
— Шу ерда жим ўтиринг, мен сизга нонушта тайёрлаб бераман.
— Яхши.
Кампир одобли болага ўхшаб қўлларини тиззасига қўйиб ўтирди. Столга бир стакан қайнатилган илиқ сув қўйдим. Унинг қорнини тўйдириш учун нима берсам экан? Совуткични очдим, ундан уфураётган ёқимсиз, совуқ ҳид иштаҳамни бўғди. Тўртбурчак қоғоз қутидаги сутни олдим. Газ ёнидаги столда турган бир ҳовуч унга кўзим тушди. Топдим, кампирга ҳолвайтар пишириб бераман! Бир ўзбекларнинг ажойиб егулигини татиб кўрсин…
Дарров ҳолвайтарга уннай кетдим. Меҳр билан пиширдим. Ҳатто сув ўрнига сут қуйдим. Эринмай аталаб, силлиқ қилиб қайнатдим. Уннинг қумалоқ бўлиб қолган доначаларини яхшилаб аралаштирдим. Ҳолвайтарни кичкиналигимда бувижоним тез-тез пишириб берарди. У пайтда уйимиздаги шакар қоғоз қопда турарди. Катта ўчоқда бир қозон қилиб пиширилган ҳолвайтарни косалаб ичардик. Энг осон, энг арзон ва энг тотли таом. Қозонни қиздириб ёғ қуясиз, унни қовурасиз, сув қуясиз ва шакар солиб қайнатасиз. Фақат бир оз қийин томони — ҳолвайтар тайёр бўлгунича тўхтовсиз аталаб туриш керак. Эҳ, қани энди буни ўз уйимда, қизалоғимга атаб пишираётган бўлсам… Айни дамда у нима қиляпти экан? Бугун нима билан нонушта қилди экан? “Сизни қачон соғинаман, ойи?”… Мурғаккинам ҳали соғинишниям билмайди. Ишқилиб, касал бўлиб қолмадимикан? Ҳозир қизимдан жуда-жуда олисдаман. Уни қаттиқ соғиндим. Ҳар тун бўйнимни қучиб оладиган митти қўлчалари, қоп-қора мунчоқ кўзлари, қачон белимга тушади, дея тезроқ ўсишини кутадиган сочлари, кулганида юқорига, йиғлаганда пастга буралиб турадиган қип-қизил, гилосдек митти лаблари, улар орасидан порлаб кўринадиган майда, дурдек тишлари кўз ўнгимда намоён бўлди.
Уйдан чиқаётганимда у дарвозадан мўралаб, хафа бўлишни ҳам, хурсанд бўлишни ҳам билмай ортимдан қараб қолганди. Мен унга:
— Кетаётганимда йиғламанг, мен дадангизни олиб келиш учун кетяпман, — дегандим. Яна унга: — Агар узоқ вақт келмасам, мени соғинманг. Соғиниш керак эмас, чунки соғинч одамни касал қилади. Мен сизнинг бетоб бўлишингизни истамайман, хўпми? – дедим.
У “хўп”, дея бош силкиди. Гарчи гапларим мағзини чақмаган бўлса-да, унга оғир шарт қўяётганимни билардим. Бундан елкаларим симиллаб, кўксимга нимадир ботиб кетди.
— Дадамни топсангиз, менга катта қўғирчоқ ҳам олиб келинг.
— Албатта олиб келаман, — дедим, — бувингизга қўнғироқ қиламан, биз тез-тез гаплашиб турамиз.
— Ундай бўлса, қайтаётганингизда самолётга чиқишдан аввал қўнғироқ қилиб қўйинг, мен ўшанда соғинишни бошлайман. Самолёт етиб келгунча соғиниб тураман, — деди кўзлари ёниб. Унинг бу гапидан кулиб юбордим. Шундай қилиб, биз хайрлашдик. Эҳ, қизим-а…
Қаймоқдек пишган ҳолвайтарни иккита тақсимчага қуйдим. Ичига қошиқ солиб, бирини кампирга бердим. У ҳамон одобли бола мисоли тек ўтирарди.
— Валерия Гансовна, мана овқат, — шундай деб ўйланиб қолдим. У ўзи ея оладими ёки едириб қўйишим керакми? Қарасам, столни пайпаслаб ниманидир излаяпти.
— Мана қошиқ, — дея қўлига қошиқ тутқаздим. У қошиқни тескари ушлаб олди ва тақсимчага ботириб, ялай бошлади. Унинг оҳиста бажараётган ҳаракатларини кузатарканман, негадир меҳрим ийиб кетди. Қўлидаги қошиғини тўғрилаб қўйдим.
— Валерия Гансовна, овқатни ўзингиз ея оласиз, шундайми?
У бош силкиди.
— Мазали эканми? – сўрадим бир оздан кейин.
— Ҳа, раҳмат, — деди кампир одоб билан.
Мен иккинчи тақсимчани олиб, наридаги диванга ўтирдим. Телевизорни ёқдим. Ҳолвайтарни ҳузур қилиб, иштаҳа билан ея бошладим. Тамомлагач, кампиримдан хабар олдим. Қарасам…
— Ие, бу нима қилганингиз?!
Мен қотиб қолдим. Биласизми у нима қилибди? Ҳолвайтарни емапти, аксинча, бутун юзига суртиб, қўлларини ишқалаб ўтирибди.
— Э, Худо, Валерия Гансовна, нега бундай қилдингиз?
У кўзларини бир нуқтага тикканча бамайлихотир жавоб қилди:
— Кремга ўхшаркан.
Оббо кампир тушмагур-ей! Вах-хах-ха! Хах-ха! …
Кампирнинг устидан роса кулдим. У бўлса индамай қўлларини силаб ўтираверди. Кейин оппоқ сочли қарияни мазах қилганим учун ўзимдан уялиб кетдим. Уни ўрнидан турғизиб ваннага олиб кирдим, юз-қўлларини ювиб қўйдим. Унга қайта-қайта таъкидлаб, рус тилида билганимча, юзига суртган нарса крем эмаслигини, менинг севимли овқатларимдан бири эканини тушунтирдим. У бош ирғаб мени тинглади. Кейин картошкадан бўтқа тайёрлаб бердим.
Шундай қилиб, менинг ҳаётимда навбатдаги янги кун бошланди. Кампир билан бир оз тиллашиб олдим. У жуда беозор экан. Тунги ваҳималаримнинг ҳаммаси бекор бўлиб чиқди. Кечқурун хотиржам ухлашимиз учун уни кундузи кўпроқ ҳаракатлантиришим керак. Ўлгудай чарчатиб, кечгача хоналарни айлантирсаммикан? Ўзиям юришни жуда яхши кўраркан-да. Фақат Сара бунга рухсат бермаган.
У овқатини еб бўлгач, стулини орқага суриб ўрнидан қўзғала бошлади. Дарров қўлидан ушладим.
— Валерия Гансовна, менинг исмим Дина. Сара кетди. Энди сизга мен қарайман. Исмимни эслаб қолдингизми? Қайтаринг-чи, Ди-на.
У такрорлади:
— Дина.
— Яхши, эсингиздан чиқарманг. Мен сизга юришга рухсат бераман. Бемалол айланиб юришингиз мумкин. Чунки бу сизнинг уйингиз. Одам ўз уйида истаганини қилиши мумкин. Юраверинг, юраверинг. Фақат эҳтиёт бўлинг, йиқилиб тушманг.
Кампир исмимни аллақачон эсидан чиқарди.
Уни қўйиб юбордим. У деворни пайпаслаб аста-аста юра кетди. Юриб дераза ёнига борди. Пардани очдим. Кеча Сара ойнани очмаслигимни тайинлаганди. “Деразалар эски, синиб кетади. Мушук ташқарига чиқиб кетиши мумкин. Ёки Валерия Гансовна бирор нимани, ҳатто ўзини ҳам ташлаб юбориши турган гап”.
Аммо мен барибир деразани очдим. Керак бўлса ҳар куни очаман. Кампир деразага яқинлашмаслиги учун бу ерга бир нечта стулларни териб қўйишибди. Ҳаммасини олиб ташладим. Уни ойнага янаям яқинроқ келтирдим. Ташқаридан кираётган муздек шабада кампирнинг оппоқ, рангсиз юзига урилиб, сочларини хилпирата бошлади. У кўзларини юмиб олди, бошини бир оз баланд кўтарди ва чуқур нафас олди. Ҳавони симириб ўпкасини тўлдирди. Унинг роҳатланаётганини сезиб турибман. Бу деразалар балки бир ярим йилдан буён очилмагандир.

5.

Мен уйнинг ҳар бир бурчини кўриб, танишиб чиқдим. Фақат эшиги ёпиқ бир хона қолди мен кирмаган. Аҳли оила яхшигина саёҳатчига ўхшайди. Деворларда ҳар турли мамлакатлардан келтирилган эсдалик буюмлар, масалан: Хитой ёзувлари ва улар муқаддас ҳисоблайдиган аждар сурати туширилган гиламча, шишаларга чизилган нафис манзаралар, бетакрор нақшлар билан безатилган лаганлар… Кампир ўтирадиган диваннинг чап томонидаги деворда рамкага солинган фотосуратлар, уларда денгиз бўйлари, фил миниб турган болалар тасвири акс этган. Энг ажойиби — ҳамма хонада китоблар билан лиқ тўла шкафлар бор. Бизнинг хонамизда эса каттакон қадимий шаҳар туширилган календар бўлиб, бу шаҳар тагига Иурисалим деб ёзиб қўйилган. Эшик ёнида турадиган тикув машинаси доим эътиборимни тортади. Бир пайтлар тикишни жуда яхши кўрардим. Дугоналарим билан ўзимизга кўйлаклар тикиб киярдик, гул босардик. Ҳозир бу машинадан кечаси эшикни тамбалаш учун фойдаланаман.
Машина ёнига келиб, уни очдим. Ғалтагини, чарм тасмасини тўғриладим. Ёнига стул келтирдим. Ўтириб, уни тепгим, нимадир тикким келди. Нима тиксам экан? Бу ерда ортиқча мато йўқ, йиртиқ кийим ҳам. Эссиз… Машинани яна йиғиштириб, стулни жойига олиб бориб қўйдим.
Кечга яқин Ольга Юревна ишдан қайтди. Кулиб кириб келди. Саломлашдик. Кун бўйи уйда ўтириб диққинафас бўлганим учун уни бетоқат кутардим. Кампирни қизига топшириб кўчага отилдим. Тўртинчи қават зиналаридан пастга сакра-сакраб тушдим. Ташқарида катта кўча. Рўпарамда Чернишевский метро бекати. Кўп ўйланиб ўтирмай, Нева томон йўл олдим. Дарёга етиб олгач, кечагидек чапга эмас, ўнг томонни мўлжалладим. Қадамим ўз-ўзидан жадаллаб, гўё сайрга эмас, бирор муҳим учрашувдан кечикаётган одамнинг қадамларидек тезлаша бошлади. Кўксимдаги юрагим ҳам одимларим зарбига ҳамоҳанг тарзда гурс-гурс урарди. Шу зайлда қанча юрдим, билмайман. Ниҳоят, юқорига ўрнатилган зангори кема кўринди. Ана! Топдим!
Кемани кўрдим-у, севиниб кетдим. У ҳудди суратдагидек эди. Эрим – қизимнинг дадаси айнан мана шу ерда расмга тушиб, менга юборганди. Айтишича, у кема ёнига тез-тез келиб турар экан. Ҳа… Уни шу ердан топишим аниқ. Мени кўриб, кўзларига ишонмаса керак…
Тез юрганимдан бўғзимга нимадир тиқилиб, ўпкам оғирлашган, кўзларимга ёш тўлмоқда эди. Осмон қуюқ булут, гўё мавж урган денгиз мисоли, кема эса мана шу паға-паға кўпиклар устида муаллақ тургандек. Эҳимол, у урушда қаҳрамонлик кўрсатган жанговар кема тимсоли бўлса керак. Унинг атрофи гуллар билан безанган кенг майдон, майдон ортида дарё лабига олиб тушувчи зиналар, дарёда эса тепаси соябонли тўртбурчак сол турарди. Атрофда уч-тўрт саёҳатчи кемани томоша қилар, бўйнига илиб олган фотоаппаратлари билан уни суратга оларди. У бўйимдан ҳам баландда виқор билан турар, елканлари ўраб, йиғилган, ҳар томондан таранг тортилган арқон-иплари моҳирлик-ла ишланган эди.
Бир оздан сўнг солга тушдим. Сол тинимсиз чайқалиб, бешикдек тебранарди. Юзимга урилган муздек дарё шабадасидан роҳатландим. Олис-яқиндан балиқчи қушнинг чағиллаши ва сувда сузаётган моторли қайиқларнинг тариллаши эшитилди. “Дарё, дарё, у қаерда? Айт, уни кўрдингми? Қаерда у?…” Дарё эса жим. Фақат сувлари шопиллаб, солни тебратмоқда.

6.

“Чип… чип… чип…”
Бу товуш аввал олис-олисдан, кейин бир оз яқинроқдан эшитила бошлади. “Чип… чип… чип…” Ана, энди шундоқ қулоғим остида вишилламоқда. Ухлаб қолган эканман. Уйғониб кетдим. Кўзларимни очдим-у, тепамда турган кампирни кўриб, нафасим ичимга тушди. Пешонамни муздек шабада ялаб ўтгандек бўлди. Алвасти кампир нақ устимга энгашиб, менга жиддий тикилиб турарди. Кўзларини бақрайтирганча оғзини бир маромда чипиллатар, бир қўли билан диванга таяниб олибди. “Ё, Худо!” – дедим ичимда. “Бу шумкампир юрагимни ёради бир кун”. Юзимни аста кўрпа билан ёпдим. Шунда у пайпасланиб, кўрпани торта бошлади. Устимда илон ўрмалагандек сескандим ва шарт юзимни очиб:
— Ҳа, нима қиляпсиз?! – дедим.
Кампир бир чўчиб кетди.
— Билмайман, — деди бошини нари тортиб.
— Боринг, жойингизга ётинг!
Уни итариб, ортига бурдим.
— Жўнанг!
Аммо кампир жойида тураверди. Бир қадам ҳам босмади. Ноилож ўрнимдан турдим, оёғимга шиппагимни кийиб, “Астағфируллоҳ, астағфируллоҳ…” дея ичимда бот-бот такрорлаганча дивани томон етакладим.
— Валерия Гансовна, нега ухламаяпсиз? Хали жуда эрта-ку. Соат энди икки бўлибди. Яна уч соатдан кейин тонг отади, — дедим бир оз мулойим оҳангда, тоза жаҳлим чиққан бўлса-да, ўзимни қўлга олиб.
Кампир анча толиқибди шекилли, диванига гуп этиб ўтирди. Мен дорилар турадиган стол ёнига келиб, “Неулептин”ни топдим. Митти стаканчага озгина сув қуйдим. Сара кўз олдимга келди. “…диққат билан эшит. Ва бу ҳақда ҳеч кимга айта кўрма…”
Доридан икки томчи томиздим. Таъсир қилармикин? Сара кўпроқ қўш деганди-ку. Лекин бу жуда кучли дори. Зарар қилиши мумкин.
Кампирга кўз қиримни ташладим. Муштипаргина бўлиб, бошини эгиб жойида тек ўтирибди. Стаканга яна бир томчи қўшдим.
— Валерия Гансовна, — дедим унинг ёнига келиб.
— Ҳа, — кампир бошини кўтарди.
— Сизга дори олиб келдим. Ичинг.
Кампир дорини бир кўтаришда ичиб юборди.
— Энди ётинг.
У менга сўзсиз итоат этди. Ёстиққа бошини қўйиб ёнбошлади. Ҳайрият, ишқилиб ухласин-да. Кампирнинг устини ёпиб, мен ҳам жойимга қайтдим. Аммо у менинг ётишимни пойлаб тургандек, устини очиб, бошини кўтарди.
— Валерия Гансовна, тур-манг.
У ётди, аммо бир нафас тин олиб, яна тура бошлади.
— Керак эмас, турманг! — дедим қаттиқ. Кейин унинг ёнига бордим-да, оёқларини чалқанча узатиб, тўғрилаб қўйдим. Устига чойшабини зарда билан ёпгандим, бошигача беркилиб қолди. “Жим ётинг, хўпми?!” дея елкасидан босиб ҳам қўйдим. Кампир ғиқ этмади. Шу топда мендаги уйқу истаги шу қадар кучли эди-ки, уни бир ёқлик қилишдан аранг ўзимни тиярдим. Ёстиғимни тўғрилаб, энди ўрнашган эдим, кампир ғалати қўзғолиб қолди. Ётган жойида дам оёғини, дам бошини кўтарар, худди оёқ-қўли боғлиқ одамдек ёхуд мурдага жон киргандек бўлди. Дам ўтиради, дам ётади. Нақадар қўрқинчли! Мен энди тутоқиб кетдим. Унга бақиришга мажбур бўлдим:
— Валерия Гансовна! Худонинг йўлида беш дақиқа тинчлансанг-чи! Сенга дори бердим ахир! Ҳозир ухлаб қоласан!
Шўрлик кампир миқ этмади. Бошқа қимирламадиям. Бир оздан кейин хуррак товуши эшитила бошлади.
Ўзингга шукур, дея оғир бир хўрсиндим. Елкаларим эзилиб сирқирамоқда… Чеҳовнинг Варькаси ёдимга тушди, унга нақадар қийин бўлган экан-а, бечора қизгина…

7.

Бугун дарё томон бормайман. Тўрт кундан буён бир хил манзарага тикилиш одамни зериктирар экан. Эҳтимол, у бошқа ёққа кўчиб кетгандир.
Қўлимдаги харитага қарадим. Метродан ўнг томонга тортилган йўл четида ям-яшил майдон тасвирланган экан. Устига “Таврический дворец” деб ёзилган. Катта боғ ёки ҳиёбон бўлса керак. Ўша томонга йўл олдим. Петербург – дунёдаги энг гўзал шаҳарлардан бири. Унинг ҳар бир биноси ажойиб ҳайкаллар ва нақшлар билан безатилган. Бири биридан бетакрор. Эллик қадам юриб ҳам эдимки, оч яшил рангли улкан бино эътиборимни тортди. Темир панжарали, оппоқ, нақшинкор деразалари ёнида елкасига тош кўтариб, бошини эгиб турган йигит ҳамда гулчамбар таққан, узун этакли кўйлагини тутиб одамларга ниманидир хитоб қилаётган аёл ҳайкали ўрнатилган. Улар — инсон ҳамма нарсага ўз меҳнати орқали эришади, деяётгандек туюлди. Бино қадимги саройларга ўхшарди. Балки бу ерда ростдан ҳам ўша замонларда князлар ёки дворянлар ўз оиласию хизматкорлари билан яшагандир.
Бинони бир оз томоша қилдим, суратга олдим ва йўлимда давом этдим. Юриб-юриб кампир яшайдиган уйдан анча узоқлашиб кетдим. Ниҳоят, мен мўлжал қилган яшиллик кўрина бошлади. Бу ўша харитадаги боғ бўлса керак.Тўғри ўйлабман, қаршимда ўрмондек катта ва қалин, сердарахт ажойиб боғ турарди. Қувониб кетдим. Дарахтлар орасидан оппоқ ҳайкал кўзга ташланди. Боғнинг темир панжаралари бўйлаб юриб унинг дарвозасини топдим. Дарвоза катта очиқ, чап томонда музқаймоқ дўкончаси бор экан. Ҳамма ёқ ям-яшил майсазор, бир-бири билан туташиб кетган йўлаклар, сайр қилиб юрган одамлар. Бири ёш йигит ва қиз, бири она ва бола, бири чол ва кампир, яна кимдир кучук етаклаб олган… балки у ҳам шу ердадир, эҳтимол уни шу боғдан топарман. Кўнглимда яна умид уйғонгандек бўлди. Илонизи йўлаклардан бирига бурилдим. Боғнинг фусункорлиги мени буткул ром этди. Мовий осмон ҳам ўзгача – тип-тиниқ, ажиб шаклли парча булутлар ҳар ёнда товланади. Майсалар устида юмалагим келди. Ҳув ана, яшил барглар орасида бояги ҳайкалнинг аввал елкалари, энди боши оппоқ оқариб товланмоқда. Қизиқ, ким экан бу ёдгорлик? Атрофида учта болакай бекинмачоқ ўйнаяпти. Бири ҳайкалнинг супасига ўтириб, кўзларини юмиб олган, бошқаси бекиниб олиб, қиқирлаяпти. Мен ҳам улар ёнига етиб келдим. Узун костюм кийган, бўйнида капалак галстук, сочлари бир оз қўнғироқ, бошини хиёл эгиб, жилмайиб ўтирган ёшгина йигит тасвири. Қўлида чинор япроғи. Ахир бу…

Ҳайкал тагидаги ёзувни ўқидим:
С Е Р Г Е Й Е С Е Н И Н

Есенин!? Ичимда ҳайқириб юбордим: “Есенин!?” Кўзларим яшнаб кетди. Ҳудди қадрдонимни кўргандек қувондим, югуриб бориб уни қучоқлагим келди.
“Белая берёза, под моим окнам,
Принакрылас снегом точно серебром…”
Атрофдан қайин дарахтларини изладим. Ана улар! Шундоқ шоирнинг орқасида қатор-қатор, савлат тўкиб туришибди. Улар жуда маҳобатли бўлиб кетибди. Бир оз эгилган новдалари бизнинг мажнунтолга ҳам ўхшаб кетаркан. Шимолнинг оқ қайинлари, энг гўзал дарахтлар… Қани энди бола бўлсам-у, ҳайкал олдида бир оёғимни кўтариб, ҳаккалаб ўйнасам. Хаёлимда уни жонлантирдим. У бошини кўтариб менга қаради. “Салом, яхши қиз!”
— Салом, — дедим мен.
— Менинг юртимга хуш келибсиз!
— Рахмат, бундан жудаям хурсандман.
— Мен ҳам сизни кўриб турганимдан хурсандман.
Ҳайкал ёнида бекинмачоқ ўйнаётган бояги болалар бир пас менга анграйиб туришди-да, кейин бир-бирини қувлашиб нари кетишди. Мен ҳайкал билан ёлғиз қолдим. Яна суҳбатни давом эттирдик.
— Сиз жудаям ёш ва кўркам экансиз, — дедим унга самимий.
У бир хўрсиниб қўйди ва маъюс жилмайди.
— Ҳа, лекин мен бу дунёни эрта тарк этганман.
— Нега? – ҳайрон бўлдим.
— Балки бу тақдир бўлса керак. Тақдир дегани – пешонага азалдан ёзиб қўйилган қисмат. Қисматим шўр экан.
— Ундай деманг, сиз мазмунли умр кечиргансиз. Сиз ўлмагансиз. Чунки сизни мен ҳам, дўстларим ҳам танийди. Ватанимга қайтгач, сизни кўрганим ҳақида ҳаммага айтиб бераман. Ўзбекистонда шеърларингизни билмайдиган ўқувчи бўлмаса керак.
— Кўнглимни кўтарганингиз учун сиздан миннатдорман.
— Сиздан бир нарса сўрамоқчиман, мумкинми?
— Бемалол.
— Сиз ҳар куни шу ердасиз, тўғрими? Менимча, бир неча йиллардан буён шу боғда бўлсангиз керак. Сочлари қора, қошлари қалам, кўзлари қисиқ, барваста, келишган бир ўзбек йигитига кўзингиз тушмадими ҳеч?
Есенин атрофга қараб бир оз ўйланиб қолди. Сўнг:
— Умуман олганда, бу боғ ёнидан ўтаётган қора сочли ўзбек йигитларини бир неча бор кўрганман. Улар тонг саҳарлаб ўтиб кетишади, ишга шошилганидан боққа киришга фурсати бўлмайди. Кечга яқин уларнинг ҳорғин аҳволда қайтаётганларини кўраман. Қаттиқ чарчаганларидан тезроқ ётоғига етиб олишни истайдилар. Назаримда улар кун сайин кичрайиб боришаётгандек… Сиз айтган йигитни эса билмадим, эҳтимол кўргандирман, эҳтимол йўқ.
— Ҳммм… – мен чуқур ҳўрсиндим.
— Жаноб Есенин, майлими, сиз билан суҳбатлашиш учун бу ерга тез-тез келиб турсам?
У менга жилмайиб бош ирғади.
— Энди мен кетишим керак. Кампирга қарайдиган вақт бўлди.

8.

Юзимга тушган ёруғликдан кўзларим қамашди. Тонг отибди. Пешонамдаги тўзғиган сочларимни орқага йиғиб, ўрнимдан турдим. Кампир жойида кўндаланг бўлиб, тарракдек қотиб ётарди. Ўлиб қолмадимикан, дея секин унга яқинлашдим. Нафас оляпти. Вой-бў, орқаси, иштони, ётган ўрни жиққа хўл. Эх, қария болакай… Соат неча бўлди экан? Оёқ учида юриб столдаги соатга қарадим. Саккиз ярим. Нонушта қилиш керак. Ольга аллақачон ишга кетгандир. Эшикни секин очиб ташқарига чиқдим. Ҳамма ёқ жим-жит.
Газ устидаги товада қовурилган котлетлар, ёнида қайнатилган сабзавот шўрва. Уй бекаси Ольга яхшигина пазанда экан. Кампир уйғонди шекилли, ичкарида нимадир тарақлади. Бирор нимага ўзини уриб олмасин дея ёнига шошилдим. У ёстиғини қучоқлаб, шкафга суянганча дераза томон қараб турган экан.
— Хайрли тонг, Валерия Гансовна, — дедим.
— Хайрли тонг, — деди у хириллаб.
— Ёстиқни нима қиласиз? Юринг, юз-қўлимизни ювиб келамиз, — дея қўлидан тутдим. Ёстиқ ҳам хўл бўлибди. Кампирни етаклаб ваннага олиб кирдим. Кийимларини ечдим. “Жирканма ундан, қарилик ҳамманинг бошида бор. Унга раҳминг келсин”, — дедим ўзимга ўзим. Уни чўмилтириб, кийинтирдим. Сочини тарадим. Нақ жонон кампир бўлди-қолди.
Сўнг унга нонушта тайёрлаб бердим. Котлетни тушликда еймиз, эрталабга сутли бўтқа яхши.
Ольганинг бақалоқ мушуги у ёққа ўтсам ҳам, бу ёққа ўтсам ҳам мендан кўзини узмайди. Уйнинг бурчагида жим кузатиб ўтиради. Ҳалиям бегонасираяпти мендан. Нонуштадан сўнг кампирни телевизор қаршисига ўтқизиб, унинг ётоқ ўрнини тозаладим. Ҳамма нарсаларини ювдим. Ҳатто ёстиқни ҳам. Кейин ошхонадаги буюмларни ярқиратдим. Келганимдан буён таъбим тортиб тузукроқ овқатланганмагандим. Ольга ишдан келса роса қувонадиган бўлди-да.
Китоб ўқиб ўтиргандим, телефоним жиринглади.
— Ало, ассалому алайкум.
— Ало, салом, Дина, қандайсан?
— Яхши, рахмат.
— Ўз жойингдамисан? У яхшими?
— Ҳа, Валерия Ган… – кутилмаган қўнғироқдан ҳаяжонланганим учун кампирнинг исми тилимга келмай қолди. Менга қўнғироқ қилган аёл қарияларга хизмат кўрсатиш ташкилоти раҳбари – бошлиғим Надежда Александровна эди.
— Валерия Гансовна, Ган-сов-на, Валерия Гансовна, — дея таъкидлади у меҳрибонларча.
— Ҳа, бизда ҳаммаси яхши. У ҳозир телевизор кўряпти.
— Телевизор кўряптими? Дориларини вақтида беряпсанми?
— Албатта.
— Яхши, агар бирор нима керак бўлса менга қўнғироқ қил ёки Сара билан боғлан, хўпми? Хайр, Дина.
— Хўп. Рахмат, хайр.
Ўзиям чиройли аёл бўлса керак, овози бирам ёқимли эканки. Телефонни ўчириб, шкафдаги китобларга қарадим. Китоб ўқишни жуда яхши кўраман. Эринмасдан уларнинг ҳар бирини қараб чиқдим – Пушкин “Танланган асарлар”, Дина Рубина, Достоевский, яна мен билмаган бир қанча ёзувчиларнинг асарлари. Расмлар билан безатилган, қалин муқовали географик китоблар… аммо булар орасидан Сергей Есенинни тополмадим. Мен билан адаш бўлгани учун Дина Рубинани олдим. Бир саҳифани овоз чиқариб ўқидим. Аммо ярмини тушуниб, ярмини тушунмадим. Юрагим сиқилди. Қанийди, буларнинг ҳаммаси ўзбек тилида бўлганида ёки мен рус тилини жудаям зўр билганимда… Афсус, ундай эмас.
Кампир ёдимга тушди. Дарвоқе, қаерда у? Шипиллаган қадам товушлари энди эшитила бошлади. У ёқда – катта хонада айланиб юрибди шекилли. Шу пайт яна нимадир тарақлади. Китобни қўйдим-у, югуриб хонадан чиқдим. Кампир эшиги доим ёпиқ турадиган Ольганинг сирли хонасига кириб кетаётган экан. Мени сезиб қолиб, эшикни дарҳол ёпмоқчи бўлди. Қўрқиб кетдим, қулфланиб қолса-я?! Эшик ёпилмасидан унга етиб бордим. Қўлим билан итариб, мен ҳам ичкарига киришга уриндим. У эса буни истамади. Мен эшикка қисилиб қолдим. Аммо кампирнинг қўлидан ушлаб олишга улгурдим.
— Валерия Гансовна! Қаёққа? Бу ерга кириш мумкин эмас!
— Сенга мумкин эмас!
У жаҳл билан бир силтанди-ю, қўлимдан чиқиб кетди. Ўзимга руҳан далда бера бошладим: ундан қўрқмаслигим керак, ахир мен соғлом ва кучлиман-ку, ундан қўрқмайман…
— Валерия Гансовна! Мен кимга гапиряпман?!– дея бақира бошладим. — Чиқинг бу ердан!
— Ахмоқ! – деди кескин.
— Ўзинг ахмоқ! – дедим эшикка қисилганимча.
— Ахмоқ, — деди у яна, аммо бир оз пастроқ овоз билан хафа бўлгандек норози оҳангда.
Унинг кучи балодай кўп экан. Эшикни тобора қаттиқроқ итарарди.
— Эшикни қўйиб юборинг, ҳозир полиция чақираман! – дедим дўқ қилиб.
У полиция номини эшитгач, бир оз шаштидан тушди. Мен эса бундан фойдаланиб қолмоқчи бўлдим:
— Полиция чақираман! – дедим такроран.
Кампир мен томонга кўзларини лўқ қилиб қаради-да:
— Рахмат! – дея эшикни қўйиб юборди. Кўм-кўк кўзлари катта очилган, унда аллақандай нафратми, ҳасратми ёки нимадир бор эди. Бирдан унинг ожизлигига, ғариблигига раҳмим келиб кетди.
— Раҳмат сизга, — дедим мен ҳам. Лекин нега раҳмат деганимни билмайман.
У индамай ортига бурилди ва секин-секин деворни пайпаслаб чап томонига юра бошлади. Кетидан ичкарига кирдим. Вой, бу хона ниҳоятда кенг ва ёруғ экан. Чап томонда улкан кўзгули шкаф, унинг ёнида китоблар билан тўлиб-тошган жавон. Бунча китобсевар бўлмаса булар?! Ҳамма хонада китоб! Жавон ёнида пианино.
Кампир шкаф эшигини суриб очди, ичига қўлини тиқиб, бир-икки кийимларни ушлаб кўрди. Ҳидлади. Кейин нари сурилди. Оҳиста-оҳиста деворга суяниб юриб китоб жавонига яқинлашди. Жавонни қучоқлади. Юзини китобларга қўйиб, узоқ вақт кўзларини юмганча тек турди. Кейин қўллари билан китобларни силай бошлади.
Бечора… соғингандир ўз ҳаётини, ёшлигини… Балки бу хона бир пайтлар уники бўлгандир, китоблар ҳам. Майли, кампирни бир пас ўз ҳолига қўяй. Хоҳласа турсин, хоҳласа юрсин. Ахир у ҳам инсон. Истаганини қилишга ҳаққи бор. Фақат имкони йўқ. Унга бир оз эркинлик беришим керак. Ўзимга бўйсундиришга мажбур қилмай, унга руҳан далда беришим, соғлом эканига ишонтиришим керак.
Шуларни ўйлаб кампирнинг рўпарасига ўтириб олиш мақсадида оёғим остидаги гиламга чўнқайдим. Қарасам гилам усти оппоқ қуюқ чанг билан қопланган. Бир-икки қадам нари сурилдим. Қизиқ, бу ерда ҳам шундай. Гўё йирик-йирик, оқ аралаш оч сариқ тусли кукун сепилгандек. Кепакнинг ҳудди ўзи. Эътибор берсам, ҳамма ёқни – бутун хонани шундай кукун қоплаган. Хона ўртасида турган икки кишилик катта диван устидаги текисланмаган чойшаблар ҳам кепак. Даҳшат! Дивандаги ёстиқлар кепакка беланиб ётибди! Аста бориб кўрпанинг бир четини кўтардим. Кўтардим-у, қўрқинчли манзарадан карахт бўлдим. Диван ва кўрпалар орасидаги кукун йирик-йирик, ҳовуч-ҳовуч. Бир қадам орқага тисландим.
Эй, Худо! Мен қаерга келиб қолдим? Кимлар билан яшаяпман? Шунинг учун бу хона эшиги доим ёпиқ турар экан-да. Уй эгасида қандайдир касаллик бўлса керак. Ҳа, тери касаллиги. Эшитгандим шу ҳақда. Аммо бунчалик қўрқинчли бўлади, деб сира ўйламагандим. Хонани қордек қоплаб олган бу оқ кукун одам терисидан тўкилган ўлик ҳужайралар эди. Шу пайт кампирнинг қичқириғи мени чўчитиб, хаёлимни тўзғитиб юборди. Хаёлларимга қўшилиб полдаги кукунлар ҳам тўзғиб кетгандек бўлди.
— Юра! Юра!
У бир оз эгилиб, дераза томонга қараганича кимнидир чақирарди. Ким экан у Юра?

9.

Кампирни етаклаб бу нохуш хонани тарк этдим ва эшикни қаттиқ ёпиб қўйдим. Тушлик вақти ҳам бўлибди. Кампирга нимадир пишириб, қорнини тўқлашим керак. Уни диванга ўтқизиб, телевизорни ёқдим. У телевизордан таралаётган мусиқага жим қулоқ сола бошлади. Мен эса овқатга уннадим.
— Валерия Гансовна, келинг бу ёққа, тушлик қиламиз.
Кампирни ҳамиша етаклаб юриш бир томондан менга унча ёқмас, иккинчи томондан эркин ҳаракталанишига қўйиб бергим келарди. Юришни энди ўрганаётган боладек қарардим унга. Кампир ўрнидан аста туриб, диванни пайпаслаганича мен томон яқинлашди. Полни пайпаслаб, шип-шип қадам ташлаган кўйи бир амаллаб столга етиб келди. Стулни тортиб, ўтиришига ёрдам бердим. Кейин олдига овқатини қўйдим. У қошиқни доимгидек тескари тутиб, шошилмасдан ялай бошлади. Қани, нима қиларкин, дея мен ҳам уни жимгина кузатдим. Кампир тушмагур қошиқнинг тескарилигини сезди ва тўғрилаб олди. Хали ақли жойида.
— Қойил, қошиқни тескари ушлаб олганингизни фаҳмладингиз! Сиз ҳамма нарсани биласиз. Ёқимли иштаҳа! – дедим уни руҳлантириб.
— Рахмат, — деди кампир.
Мен ҳам у билан бирга тановул қилмоқчи бўлиб қаршисига ўтирдим. Аммо овқатга қўл узатмадим. Анави хонага кириб чиққанимдан сўнг томоғимни нимадир ғиппа бўғиб олганди. Ольга Юревна ишдан келганида бу ҳақда сўрасам қандоқ бўларкан? Ёки ҳеч нарса билмагандек юраверайми? Касаллик юқумли бўлса-чи?
Шу пайт телефоним жиринглаб қолди. Сара экан. Жуда вақтида қўнғироқ қилди-да, ундан сўрайман. У билиши керак.
— Ало, Сара, салом!
— Салом, Дина, яхшимисан?
— Рахмат, ўзинг-чи?
— Мен яхши. Валерия Гансовна қандай? Уйда нима гаплар? Сўзингга киряптими?
— У жуда яхши. Ўзингнинг янги топган кампиринг қандай?
— Ажойиб! Валерия Гансовнага ўхшаб туни билан юриб чиқмайди, эс-хуши жойида, одамга ўхшаб гаплашади, хожатини ўзи бажаради. Мен унинг ош-овқати ва кир-чирига қараяпман холос.
— Зўр-ку! Лекин, Сара, мен бу ерга кўника олмаяпман.
— Нима бўлди? Бувижон сени қийнаяптими?
— Йўқ, уни анча тушуниб қолдим. Дориларини ҳам вақтида беряпман. Овқатниям яхши еяпти. Аммо …
— Гапиравер, нима бўлди?
— Мен овқат еёлмаяпман.
Сара кулди.
— Тез кунда мослашиб кетасан. Ҳаммаси яхши бўлади!
— Сара, мени эшит, — дедим трубкани қўйиб қўйишидан хавотирланиб. Бу уй жуда кир. Ҳамма ёқ чанг. Ольга Юревна тозалашимга рухсат бермади. Шунга кўниколмаяпман.
— Дина, бу қўрқинчли эмас.
— Нима қўрқинчли, айтайми? Мен бугун Ольганинг хонасига кирдим. Кампир кириб кетан экан. Уни олиб чиқаман деб…
Сарага бўлган воқеани айтиб бердим. У гапларимни тинглаб, менга тасалли берди:
— Азизим, сен ҳечам қўрқма. Бу ваҳимали нарса эмас. Унинг эри касал. Дима. Тери раки. Диманинг териси қуриб тўкилади.
— Бу юқумли эмасми? – шошиб сўрадим.
— Йўқ-йўқ. Мен бир ярим йил улар билан бирга яшадим-ку, мана, мен соппа-соғман.
— Бу даҳшат! – дедим ҳаяжонимни яширолмай.
Ольга Юревнанинг эри – ўша биринчи тунда кўрганим катак халатли, мўйловли, озғин киши кўз олдимга келди. Бутун вужуди, бадани қуриб, тўкилиб бораётганини билган инсон қандай яшайди? У ўзини қандай ҳис қилади? “Рак” сўзнинг ўзи ваҳима-ку… Шу каби ўйлар мени ўз домига торта бошлади. Бу ердан кетишимни ҳам, кетмаслигимни ҳам билмасдм.
Кампир “Уф!” деди. Асабийлашаётгандек лунжини шишириб, хансирай бошлади. Бошини юқорига кўтариб олган, кўзиларини ғилай қилиб менга қараб ўтирарди. У аллақачон овқатини еб бўлган, телефондаги суҳбатим унга ёқмай, бетоқатланарди. Оғзини, қўлларини қоғоз салфетка билан артиб, бир стакан қайнатилган илиқ сув бердим. Телефонни елкамга қисдим-да, унинг идишини йиғиштира бошладим.
— Унда нега бу ердан кетдинг? – дедим Сарага.
— Мен зерикдим. Тушуняпсанми, жуда зерикдим. Бир ярим йил бир уйда ўтириш осон эмас экан. Питерда бирорта қариндошим ҳам, танишим ҳам йўқ. Мана, энди сен пайдо бўлдинг.
— Мени яхши танимайсан-ку.
— Танишганимизга кўп бўлмаган бўлса ҳам, сен яхши қиз эканингни билдим.
Саранинг бу гапи менга ёқди. Кулдим.
— Рахмат.

Шу пайт кампир сувга тиқилиб, йўтала бошлади. Ҳар сафар сув берганимда шундай бўлади. Бир томчи сув томоғининг тешигига кириб қолади-да, нақ бир соат йўталади. Қийналиб кетади бояқиш. Сара билан хайрлашиб, телефонни қўйдим. Кампир ўнг қўли билан оғзини ёпиб, чап қўли билан столга тиралиб олган. Юзи салгина қизариб (танасида қизартгудек қони ҳам йўқ бечоранинг), бўйин томирлари бўртиб кетибди. Елкасига бир-икки уриб қўйдим.
Йўтал бир оз тингач, уни етаклаб диванга – телевизор қаршисига ўтқаздим ва ўзимга иш изладим. Менга исталганча юмуш бор бу уйда. Ҳамма ёқни плисос билан тозалашим, чангларни артишим, ойналарни ювишим, кир ювишим, нимадир пиширишим, чўмилишим мумкин. Ошхона буюмлари доғ-дуғ бўлиб кетган, кеча уларни ярқиратиб ювиб қўйгандим. Ольга буни кўриб, роса қувонди. Хурсанд бўлганидан менга қайта-қайта миннатдорчилик билдирди:
— Дина, биласанми, сен жуда ажойиб қиз экансан, — деди у чой дамлаётиб. – Катта рахмат, қилган ишларинг учун чин дилдан миннатдорман. Биласанми, …лекин… кераги йўқ. Сен фақат онамга қарасанг етарли.
Мен уй юмушларини бажарганим учун қўшимча ҳақ сўрашимдан чўчиб шундай деяпти, деб ўйладим.
— Ольга Юревна, сиз ҳечам хижолат бўлманг, мен буларни шунчаки, зерикмаслик учун қилдим, — дедим.
— Тушунаман, сенга осон эмас. Агар зериксанг, мана, телевизор кўр. Музлаткичда ҳамма нарса бор, истаганингни е. Агар айтсанг, нима керак бўлса ўшани олиб келиб бераман. Чўмил. Фақат бошқа иш қилма. Онамга яхши қара. Овқатини вақтида едир, дориларини ичир.

Кейин билсам, мен ошхонани тозалаб, қошиқ-капгирларнинг жойини алмаштириб қўйибман. Ольга пичоқ ахтариб роса хуноб бўлибди. Бошқа гапиргим келмади. “Яхши”, деб қўйдим холос. Кейин айланиш учун кўчага чиқиб кетдим.
Бугун ҳам шундай бўлса-чи, дея ҳеч нарса қилмадим. Кампирни хонада у ёқдан бу ёққа етаклаб юрдим холос. Унинг нафас олиши маромига тушган, илк кўрганимдек қўрқинчли ялмоғизга сира ўхшамас, аксинча, мушфиқ бир қария эди.

10.
Кийимлар орасидан битта оппоқ мато топиб олдим. Унинг бир парчасини йиртиб, совунлаб ювдим. Кейин кир қуриткичга илиб қўйдим. Кампирни овқатлантириб, унга китоб ўқиб бердим. Китоблар орасида эртаклар ҳам бор экан. Эртаклар орасида эса менинг юртим Ўзбекистон ва Самарқанд ҳам тилга олинибди. Китобдан бу сўзларни ўқиётиб юрагим гуппиллаб кетди.
— Валерия Гансовна, сиз Ўзбекистон ҳақида эшитганмисиз? – сўрадим кампирдан.
— Ҳа, биламан, у шарқда, серқуёш ўлка, — деди кампир.
— Яшанг! Ўзбекистон жуда чиройли мамлакат. Мевалари кўп, – мақтана бошладим кампирга. У ҳам бошини сарак-сарак қилиб гапларимни маъқуллади.
— Сиз у ёқда бўлганмисиз?
— Йўқ, — деди у. – Аммо Тошкентни биламан. Марғилон ҳақида эшитганман.
Мен чуқу-у-ур хўрсиндим.

10.
21Кечга яқин Ольга бир сумка егулик кўтариб келди. Уларни музлаткичгка саралаб жойларкан, бугун кайфияти яхши эканини айтиб, менга сайр қилишим учун қўшимча ярим соат вақт ҳадя қилди. Мен онасини унга топшириб, ручка ва кундалигимни олдим-да, қафасдан чиққан қушдек ташқарига отилдим. Зиналардан сакраб-сакраб тушдим. Эркинлик қандай яхши-я. Бир соат бўлса ҳам бу уйни тарк этиш, унинг хорғин ҳавосидан халос бўлиб, одамлар орасига чиқиш мен учун қувончли эди. Оёқларим тўғри Есенин боғи томон бошлади.
“Салом, Есенин! Қаранг, мен яна келдим!”
У менга жилмайди. Мен унинг қаршисига, майсалар устига чордана қуриб ўтирдим. Қўлларимни орқага ташлаб, осмонга қарадим. Эҳ, очиқ ҳаво нақадар яхши! Тубсиз, чексиз осмоннинг сарҳади йўқ. Булутларнинг шакли бир мўъжиза. Кўзларимни юмдим-да, тўйиб-тўйиб нафас олдим. Қалин муқовали кундалигим бармоқларим орасидан сирғалиб, майсалар устига тушди. Уни олдим-да, бугунги куним ҳақида бир нималарни қоралаб қўйдим.
Бир оздан кейин ҳайкалга қараб: “Жаноб Есенин, илтимос, менга бирорта шеърингиздан ўқиб беринг”, дедим ручкам билан пешонамдаги сочларимни ўйнаб. У қўлидаги япроқни қимирлатди.

Эй сиз, сулув, оппоқ қайинлар,
Эй сен, замин, боғлар, барханлар.
Кетаётган сафларга қараб
Юрагимга чўкар армонлар.
Мен ўзимча кўп ўйлар сурдим,
Ўз ҳакимда шеър айтдим талай.
Бахтлиманки, яшадим, кўрдим,
Бу дунёга келдим ҳар қалай…

Бу сатрлар менга таниш эди. Дарҳол давом эттирдим:

Бахтлиманки, севдим, интилдим,
Қулоч ёздим чечаклар аро.
Жонворларни укам деб билдим,
Бошларига урмадим асло…

— Мен яшаётган уйда китоблар ниҳоятда кўп экан. Биласизми, халқингиз мени ўзининг китобхонлиги билан ҳайратга солди. Метрода ҳам, поездда ҳам одамлар қўлида китоб кўраман. Ольга Юревна ҳам ишдан келгач, ҳар куни китоб ўқийди. Электрон китоби бор. Кеча хонамдаги жавондан сизни изладим. Тополмадим. Бўлиши мумкин эмас, дедим. Балки бошқа хоналардаги жавонларда бордир. Аммо уларни қарашга улгурмадим. Эртага топсам, албатта, олиб келаман. Кейин уни сизга ўқиб бераман. Бу ёқса керак-а?
Есенин жилмайиб, бош ирғагандек бўлди. Мен унинг узун костьюми этагига қарадим. Сувоғининг озгина ери кўчиб қолибди. Кейин майсалар орасида очилиб турган митти оқ гулчалардан бир-иккитасини уздим. Кафтимга ташлаб, юқорига кўтардим.
— Бекор уздингиз, — деди Есенин.
Мен чўчиб кетдим. Гулчалар қўлимдан тушиб кетди.
— Уларни эрта нобуд қилдингиз.
— Кечирасиз… Буни ўйламабман, — ҳижолат бўлдим мен.
Кейин ўрнимдан турдим. “Мен кетишим керак”, — дея ҳайкалга кўз қиримни ташладим. У ҳамон жилмайиб турарди.
— Излаган кишингизни топдингизми? – деди ортимдан.
Мен бош чайқадим.

11.
Кечқурун кампир тинч ухлади. Балки тунда уйғониб, индамай юриб чиққандир, қаттиқ чарчаганимдан ҳеч нимани сезмай ухлабман. У ташқарига чиқиб кетмасин деб хона эшигини тикув машинаси билан тамбалаб қўйгандим.
Одатдагидек кампирнинг шипиллаган қадам товушлари мени уйқудан уйғотди. Соат ўн бўлибди. Биргалашиб нонушта қилдик. Кейин дориларини ичирдим, қон босимини ўлчадим. У ёқ-бу ёқни тозаладим. Кампирни чўмилтирдим.
— Валерия Гансовна, хохлайсизми, сизга атир сепиб қўяман?
— Хоҳлайман, — деди кампир.
Мен унинг ёқасига шишадаги атирдан озгина сепдим.
— Ёқимлими ҳиди?
— Ҳа.
У эгнини ҳидлаб кўрди. Сочини қўли билан текислай бошлади. Чўмилгани учун оппоқ сочлари бирам майин бўлиб қолган эди-ки. Беозоргина… Кейин уни қўлидан етаклаб диванга ўтқиздим. У нима биландир банд бўлиши керак. Шунда зерикмайди, деб ўйладим. Нима қилсам экан? Кўзим телевизор устида турган идишдаги бир ҳовуч тангага тушди. Топдим! Идишни олиб, кампирнинг қўлига тутқаздим.
— Топингчи, мен сизга нима бердим?
Кампир идишчани бир қўлига олди, иккинчи қўли билан пайпаслаб кўриб:
— Тангачалар, — деди.
— Қоил! Топдингиз! — дедим. – Энди бу тангаларни нима қиламиз?
— Билмайман.
— Ушлаб туринг, мен каттароқ идиш олиб келаман, уларни санаймиз, — дедим. Дераза токчасида турган қутичани олиб, кампирнинг ёнига қўйдим:
— Санашни биласизми?
Кампир бир оз ўйланди. Кейин:
— Эслолмайман, — деди.
— Уриниб кўринг. Мен ёрдам бераман. Бир, икки, … Давом этинг…
Кампир ғўлдираб-ғўлдираб ўттизгача санади ва бирдан бошини эгиб, хурпайиб олди.
— Чарчадингизми? – дедим.
У бошини силкиди. Мен тангаларни йиғиштириб олдим. Кейин унга ёстиқ келтирдим. У диванга ёнбошлади. Оёқлари жуда бежирим эди. Ёшлигида хушқомат, гўзал аёл бўлгани аниқ. Беш дақиқа ётар-ётмас ўрнидан турди. Юргиси келди шекилли. Қўлидан етаклаб хона бўйлаб юра бошладим. Тўғрисини айтсам, уни бундай етаклаб юриш жонимга тегди. Қанийди, ҳаммасини ташлаб қочиб кетсам…
Уни мустақил юришига мажбурладим. Қўлини қўйиб юбориб:
— Валерия Гансовна, сиз ўзингиз бемалол юра оласиз. Фақат шошмасдан, деворни ушлаб юринг. Хоналарни айланиб чиқинг. Мен сизни кузатиб тураман, — дедим.
У аста олдинга юра бошлади. Икки қадам ташлаб, қўлини тўғрисига узатди. Мени имлаб чақира бошлади. Мен уни деворга яқинлаштириб қўйдим. У деворни пайпаслаб, юришда давом этди.
— Бу шкаф, — дедим у шкаф ёнига келганда. – Кейин эшик келади. Эшик қулфланган. Юраверинг, юраверинг…
У юраверди. Мен ундан қутулганимга шукур қилиб, ўртадаги хонага кирдим. Хонадаги ҳамма нарса йиғиштирилган, эгаси кўчиб кетган уйдек бўм-бўш. Фақат иккита шкаф, битта стол ва тортмали ойна бор эди. Ойнага келиб, ўзимни томоша қилдим. Кўзларим киртайгандек туюлди назаримда. Лекин рангим сал тиниқлашибди. Тортмаларни очдим. Бирида гуаш — бўёқлар, мўйқаламлар бор экан. Бошқасида суратлар, дафтарлар, кичкина ҳамёнчалар… Яна бир тортмада майда мунчоқлар, турли-туман иплар. Энг пастдаги тортмада эса бир даста най бор экан. Нақшли, ялтироқ, хитойи безакли найлар, нота дафтарлари, қизил лентачалар… Бу нарсалар хонадон соҳибининг нозик дидли эканини билдирарди. Найлардан бирини олиб, пуфлаб кўрдим. Ҳеч қандай куй чиқмади. У тешигини лабимга тўғриладим, бу тешигини тўғриладим, барибир. Мусиқа чиқариш осон эмас экан. Найларга кўзим куя-куя жойига қўйдим. Кейин юмшоқ ўйинчоқ топиб олдим. Миттигина, ҳаворанг шалпангқулоқ кучукча. Уни олдим-у, кампирнинг ёнига чиқдим.
— Валерия Гансовна, қаранг, сизга нима топдим?
Кампир деворни ушлаб ҳамон юрарди. Овозимни эшитиб, тўҳтади ва мен томонга бурилди. Ёнига бориб, қўлимдаги ўйинчоқни унга бердим. У хансираб нафас оларди. Чарчаб қолибди-ку. Дарров диванга олиб бориб ўтқиздим. У энтикиб-энтикиб нафас олди. Ўйинчоқни икки қўллаб ушлаб, ҳидлаб кўрди. Кейин қулоқчасини, оёқчасини тортди.
— Нима экан? – сўрадим ундан.
— Билмайман, — деди у.
— Биласиз, яхшлаб ўйлаб кўринг, нима бу? – дедим уни қизиқтириб.
— Филча, — деди тўсатдан.
Мен кулдим.
— Нотўғри, тополмадингиз. Бунинг хартуми йўқ.
— Филча, — деди яна ўйинчоқнинг думини тортиб кўриб..
— Э, йўқ, бу хартум эмас. Бу – дум. Думча, — дедим кула-кула.
— Билмайман, — деди у ва ўйинчоқни отиб юборди.
Уни олиб яна кампирга тутдим:
— Бу – кучукча, — дедим. – Қулоқлари узун-узун митти кучукча. У сиз билан ўйнашни хохлайди. “Вов!”, “Вов!”
Шундай деб ўйинчоқни кампирнинг елкасига қўйдим. Кампир ўйинчоқни қўлига олиб, ушлаб кўра бошлади. Кейин ёнига қўйди-да, диванга ёнбошлади. Дарров бошига ёстиқ қўйдим. У индамай кўзларини юмди.
Мен кеча ювиб қўйган матони олиб, ичкари хонага кирдим. Стол тортмасидан бўёқларни ҳам олдим. Матони қора қалам ва чизғич ёрдамида уч қисмга ажратдим. Биринчи қисмини ҳаво рангга, иккинчисини эса яшилга бўядим. Кейин бўёғи қуриши учун уни яна ёйиб қўйдим.
Кеч соат еттида Ольга ишдан қайтди. Мен доимгидек сайрга отландим. Яна Нева томон. Унда сузиб юрган моторли қайиқларни томоша қилдим. Қайиққа чиққим келди. Лекин бунга журъатим етмади. Ич-ичимдан келган хўрсиниқни вазмин оҳангга айлантирдим-да, дарёга қараб куйлай бошладим:

Дунёда бор бир гўзал шаҳар,
Ёмғирлари ювар боғларин.
Азим Нева – сувлари гавҳар,
Ювиб кетар кўнгил доғларин.
Қаердасан, ёрим, азизим?
Нечун хабар бермас бу дарё?
Қай манзилда топгансан қўним?
Наҳот энди севгимиз рўё?..

12.

Боғдаги майин майсалар икки ёнини қоплаган йўлакча бўйлаб борар эканман, атрофдаги бахтиёр одамларга хавас ила боқар, уларга қўшилиб мен-да ҳаётдан завқланмоқ истардим. Оқ қайинлар орасида чордана қуриб ўтирган икки дугона бир-бирининг сочини тўғрилаб, ўзларини съёмка қилишар ва бу билан бахтиёр дамларидан нусха кўчиришарди. Ям-яшил, кенг сайҳонликдаги болалар эса лаппак учириб ўйнашмоқда. Улкан дарахт остида бир мусаввир қиз ерга ўтириб олиб сурат чизмоқда. Яқинроқ бориб унинг суратларини томоша қилдим. Рассом қиз фақат оқ ва қора ранглардан фойдаланиб кун ва тун акс этган табиат манзараларини ўта нафосат билан, дид билан тасвирлар эди-ки, уларга қараб туриб бахт ва бахтсизлик ҳамиша ёнма-ён эканини ҳис этиш мумкин. Ундан бир оз нарида пешонасига ранг-баранг патлар қистириб, бўйнига турфа хил тош ва майда суяклардан маржон таққан, юзлари бўялган индеецлар ўзига хос мусиқалар билан атрофига ўн-ўн беш чоғлик томошабин тўплаган, бошингга ғам-қайғу ёғилмасидан аввал ўйнаб-кулиб ол, дейишаётгандек томоша кўрсатарди. Муздек, тиниқ сувларида осмон акси товланаётган мана бу мўъжаз кўл бўйида гала-гала ёввойи кабутарлар бир савдойи қария сепаётган донни талашиб-тортишиб чўқимоқда. Шу пайт қаёқдандир бир кучук югуриб келди-ю, қушларни ҳуркитиб юборди. Улар қанотларини кенг ёйиб, гувиллаб юқорига кўтарилди. Шунда атрофни қушлар галаси қоплади. Улар шу қадар кўп эди-ки, учаётиб бир-бирига урилиб кетарди. Кучук қушларга қараб акиллаб, бир-икки сакраб қўйди ва эгаси томон чопқиллади. Мен кўлнинг торайган қисмидаги пушти кўприк устидан ўта бошладим. Ажабо, кўприк панжараларига беҳисоб қулфлар илинган эди. Бирини занг босган, бири ҳозир илингандек яп-янги, бири мовий, бири қизил, бири юмалоқ, бири юракча шаклида… қулфларнинг ҳар бирини алоҳида санъат асари дейсиз – оддий эмасди улар. Дастлаб ҳеч нимани тушунмадим, фақат ҳайратландим. Чексиз ҳайрат! Сўнг қулфлар сирини англамоқ учун кўприк ўртасида тўхтаб, кўлга назар солдим. Сув ости кафтдек кўриниб турарди. У ерда эса беҳисоб калитлар сувга чўккан ҳазинадек жимирлаб, минглаб кўнгиллар сирини қулфлаб ётарди. Тушунарли, ҳаммаси аён! Демак, бу кўприк ошиқ-маъшуқлар манзили, ўзаро ваъдалашадиган, аҳду паймон қилинадиган жой. Нақадар ажойиб-а?! Кўприкдан тушиб, яна бир сўқмоққа ўтдим. Сўқмоқ тўғри баҳайбат дарахтлар оралаб, райҳонзор томон бошлади. Яхшилаб қарасам, улар райҳон эмас, шунга ўхшаш аллақандай ўсимлик экан. Ўша ердаги сершох бир дарахтда орзу-тилаклар айтиб боғлаб кетилган ленталар камалакдек товланиб, ўйноқи шабадада бетўхтов хилпирарди. Бундай ғаройиб удум шимолликлар орасида ҳам бор экани мени лол қолдирди. Ленталар юзимга тегиб, бир фурсат силаб-сийпади, улар орасидан ярқ этган офтоб нури кўзимни қамаштирди. Қўлларимни кенг ёйиб, аста айлана бошладим: қулоғимга қушлар чуғури, шаббоданинг майин шивири, япроқлар шитири ва бахтиёр одамларнинг майин кулгуси эшитилди. Худойим, жаннатми бу ер? Сен ваъда қилган жаннат мана шундай эмасми? Мусаффо осмон, пойимга гиламдек тўшалган майсалар жаннат нишонаси эмасми? Наҳотки, ёлғизлик ва юракдаги кемтиклик буларни фаҳмлашимга тўсқинлик қилаётган бўлса? Бу дунёда ҳамма бахтиёр-у, фақат мен бахтсиздек, ҳамма жуфти билан-у, фақат менгина ёлғиздек… Анави ёшгина, сулув қизни қара, бошидаги гулчамбари бирам ўзига ярашибди-ки. Дарахт танасига суяниб, минг турфа табассум ила суратга тушмоқда. Эгнидаги зарғалдоқ рангли ҳарир либоси хилпираб, тиззаларини қитиқламоқда. Хомиладор экан, эҳтимол уни суратга олаётган йигит қаллиғидир. Мен ҳам қизимга юкли бўлган дамларимда нақадар суюкли эдим! Асраб-авайларди, қўлларимни маҳкам сиқиб, биргаликда сайрга олиб чиқишни хуш кўрарди… Қизим туғилганда ундан бахтли инсон йўқ эди гўё. Тирикчилик экан, давр талаби экан, ишлаш ва кўпроқ пул топиш учун, бизга фаровон ҳаёт ато этиш учун шу ёққларга учиб келганди. Энди эса мен уни – вақтлар гирдобида йўқотган бахтимни излаб юрибман.
Сураткаш йигит юзидан фотоаппаратини тушириб, қизнинг ёнига борди ва унга қўл узатди. Қиз ҳам чаққонлик ила унинг қўлларини тутиб, енгил қадамлар ташлаб ёнига ўтди. Шу топда йигитнинг юзи мен томонга бурилди-ю!.. Мени чақмоқ ургандек, бир сонияда осмон гумбирлаб, бошимга қулагандек бўлди. Ахир у… ахир у эрим-ку! Ҳа, ҳудди ўзи! Мен турган жойимда қотиб қолдим. Оёғим тарашадек, қўлларим карахт, вужудимда эса титроқ ўрмалади. Уни чақирмоқчи бўлдим, аммо… Нима дейман? Энди уни нима деб атайман? Исми нима эди унинг? Миям ҳаммасини чалкаштириб юбоди. Балки бу бошқа бировдир, унга бир томчи сувдек ўхшаш бўлган бошқа биров. Қанийди шундай бўлса? Аммо мен танидим. Таниб турибман-ку. Ана, гапиряпти, овози ҳам қулоғимга таниш. “Кетдик, азизим, энди толиқиб қоласан…”
У менга ҳам ҳудди шундай дерди. Қишлоқда, уйда бир пақир сув кўтарганимда, печкага ўтин ташиганимда, тоғорада кир чайганимда шундай дерди: “Бўлди, азизим, толиқиб қоласан…” Оҳ-ҳ-ҳ! Бевафо! Билардим шундай эканингни, қўшнилардан эшитгандим, аммо инонмагандим. Буни тан олишни истамагандим. Бевафо! Орсиз! Юзсиз! Ваъдабоз! Дунёнинг барча лаънати сенга бўлсин! Бахтимнинг уволи тутсин сени!
Мадорим кетиб ўтириб қолдим. Анави иккаласи энди кўзимга нақадар хунук ва бадбахт кўрина бошлади, яқиндагина ҳавас билан томоша қилганим хомиладор жувон эса нақ ялмоғиз, гўзалликни фириб ила ҳужжатлаштириб олган жодугарнинг ҳудди ўзи бўлиб туюлди. Бошидан гулчамбарини юлқиб олиб топтагим, сочларини битталаб юлгим, юзини моматалоқ қилгим келди. Фақат … қорнидаги хали дунёга келмаган норасидагина мени тўхтатиб турарди. Қанийди иложи бўлса-ю, уни қўлтиқлаб олган ёлғончининг кўксини нимталаб ташласам! Улар эса ҳеч нимадан бехабар нари кетдилар. Қиз эримнинг елкасига бошини қўйиб ҳам олди. Шунда бутун танам гуриллаган олов ичра қолиб, қақшаётгандек ўртандим. Бу хўрликка қандай бардош бераман энди?

13.

— Дина, кел, мен сенга бир нарса кўрсатмоқчиман, — деб қолди Ольга кечки овқатдан сўнг хонамдан чиқмай ўтирганимни билиб.
Кампир унинг ёнида эди. Бугун сайрга ҳам бормадим, овқат ҳам емадим, гапирмадим, кулмадим. Фақат йиғладим. Кампирнинг ёнида юм-юм йиғлаганча кун ўтказдим. Бояқиш менинг ўксиб-ўксиб кўз ёши тўкаётганимни сезиб, юзимни силар, пайпаслар, юпатмоқчи бўлар, елкамга уриб-уриб қўярди.
Ольга онаси билан диванда ёнма-ён, қўлларини ушлашиб ўтиришарди. Ольга кломпьютерни ёқиб, қандайдир қўшиқ қўйди.
— Ойи, қайси қўшиқни тинглашни хоҳлайсиз? – сўради кампирдан.
— Ҳеч қайси, — деди кампр совуққина қилиб.
— Мен сизга ҳозир ажойиб қўшиқ қўйиб бераман. Сиз уни яхши билардингиз. Биргаликда куйлаймиз, хўпми?
— Хўп.
Майин бир мусиқа янграб, сокин қўшиқ тарала бошлади. Ольга қўшиққа жўр бўлди. Мен индамай эшитяпман, кампир ҳам қулоқ тутди. Кейин Ольга онасининг рўпарасига ўтди ва унинг қўлларидан тутиб:
— Ойи, эсладингизми, айтинг сиз ҳам. Буни доим бирга бўлганимизда куйлардик-ку.
Кампир бошини тик кўтариб ўтирар, гўё бўйни буралмайдигандек қотиб қолган, нурсиз, кулранг кўзлари ғилайлашган, бири хиёл очиқ, иккинчиси товуқникидек эди. Бир оздан сўнг у ҳам секин-секин оғзини қимирлата бошлади. Лабларини пичирлатиб, куйлади. Ольганинг кўзларига ёш келиб, табассум қилди ва “Кўряпсанми, менинг ойим куйлаяпти. Ҳали унинг юраги тўхтамаган”, дегандек бўлди. Мен ҳам жон деб уларга жўр бўлардим, бироқ тилим қўшиқ сўзларини тутолмасди. Шунинг учун фақатгина жилмайиб, бошимни оҳангга мос тебратиб, енгил чапак чалиб турдим.
Кампир оёқларини-да қимирлата бошлади. Рақсга тушгиси келди шекилли.
— Қаранг, унда ҳис-туйғу уйғоняпти, — дедим Ольгага. Ольга ним табассум ва кўзиларида милтиллаган ёш билан бошини хиёл тебратиб қўйди-да, куйлашда давом этди.
Кампир бошини баланд кўтарганича, шифтдан кўз узмай, жуда паст товушда куйларди. Бу гўё тугаётган ҳаётнинг сўнги қувончли онлари, яшаб-яшаб, умрининг охирги лахзаларини бошдан кечираётган одамнинг ҳали ўлмаган ҳис-туйғуси эди. Бу дунёда ҳамма нарса ўткинчи. Ҳаёт қанча гўзал бўлмасин, бари бир, кун келиб ҳаммасаи якун топади. Аммо умидсизликка тушмаслик керак. То танда жон бор экан, то нафас олар эканмиз, ҳар бир лаҳзанинг тотини ҳис қилишимиз даркор.
Ичкарига кирдим-да, ўзимни кўрпага ташладим. Кўксимни оғритиб-оғритиб йиғи келарди…
— Дина, ойимни олиб кириб кет, у чарчади, — деди Ольга.
Кўз ёшларимни артиб, унинг ёнига чиқдим. Ольга йиғлаганимни дарҳол сезди ва ташвишланиб:
— Нега йиғладинг? – деди.
Мен индамай елка қисдим. Қалбим вайрон бўлиб, юрагим оғриётганди. Ва айни дамда кампирнинг тақдири билан ўзимда қандайдир умумийлик борлигини ҳис қилаётгандим.
— У… – дедим Олгага онасини ишора қилиб. – Унга жуда қийин бўлса керак-а?.
— Ҳа, менга ҳам оғир буни кўриш. Онам дунёдаги энг гўзал аёл эди. Ҳаммадан меҳрибон, ҳаммадан ғамхўр. Уни бундай ахволда ташлаб кетолмайман. Дадам эса уни ташлаб кетди. Баъзан шу қўшиқни айтиб, овунамиз.
— Дадангиз… у қаерда? – сўрадим ундан.
— Дадам шу яқин атрофда, алоҳида уйда яшайди. Бир ўзи.
— Нега сизлар билан бирга эмас?
Ольга елка қисди:
— Билмадим, бу унинг танлови.
Мен кампирни етаклаб, хонага олиб кирдим ва жойига ётқиздим. У кўзларини юмди. Кейин яна Ольганинг ёнига чиқдим. Боя суҳбатимиз чала қолганди. Уни кўпроқ тинглагим келди. Айни дамда у ҳам ким биландир дардлашгиси келарди.
У хонасидан каттакон альбом олиб чиқиб, отасининг суратини кўрсатди. Кўкси тўла орденлар, бошида харбийлар қалпоғи, эгнида елкаси пагонли костюм кийган истарали, барваста одам эди унинг отаси. Бир пайтлар генерал бўлган экан. Жуда бақувват, забардаст экани шундоқ кўриниб турибди. Кейин бошқа суратларни кўрсатди. Уларнинг бирида Оьга ҳам бор эди. Ёнида Дима – унинг эри. Турк кишилариникидек узунчоқ, кал боши ва жингалак соч-соқолидан танидим.
— У касал, — деди Ольга эрини кўрсатиб.
— Нима бўлди? Қандай касал?
— Тери ракига учраган. Уйдаги чангларни кўряпсанми? У чангни ниҳоятда ёмон кўрарди.
Кутилмаганда Ольга альбомни ёпиб, мени ўз хонасига бошлади. Гиламни, мебеллар устини ва ниҳоят ётоқ ўрнини кўрсатди. Мен гарангсиб қолдим. Унга буларни аввал кўрганимни, ўзим ҳам шу ҳақда сўрамоқчи бўлиб юрганимни айтолмадим. Индамай қора қутили пианинога қўл чўздим. Қопқоғи очилмади, қулф экан.
— Калити йўқолган, — деди Ольга.
— Буни ким чаларди? – сўрадим ундан гапни бошқа ёққа буриш учун.
— Мен, — деди у ғамгин. – Ҳозир бу кўнглимга сиғмайди. Илгари жуда бахтиёр эдик.
— Ҳозир ҳам шундай шеклли…
Мен Ольганинг кўзларига қарадим. Унинг мовий кўзларига мунг чўккан, нигоҳида йилт этган нур йўқ. Қўлимни унинг елкасига қўйдим. Бунга қандай журъат этганимни билмайман. Хонада маюс пианино садоси янграётгандек бўлди.
— Ольга, оилангиз жуда ажойиб. Муҳими – ойингиз ҳали ҳаёт. Турмуш ўртоғингиз ёнингизда. Фарзандларингиз ўз йўлини топган. Ишингиз бор. Мушугингиз сизни яхши кўради. Сиз халиям бахтлисиз, Ольга.
Унинг юзига табассум югурди ва хўрсиниб, сўзларини давом этди:
— Дима чангни ниҳоятда ёмон кўрарди. У… биласанми, чангдан жирканарди. Дима шундай покиза киши эди-ки, ҳатто ресторанларда ҳам овқатланишни истамасди. Биз доим шу уйда – болаларимиз билан бирга тановул қилардик. Мен уйни ниҳоятда покиза тутардим. Энди эса ҳаммаси барибир. Докторнинг айтишча, унга кўпроқ чанг ва қуёш нури зарур эмиш.
— Демак, у қишлоқда яшаши керак, — дедим унинг гапини бўлиб.
— Ҳа, лекин у буни истамайди. Ҳеч қачон қишлоқда яшамаган. Унинг териси тобора қуриб боряпти. Кўрсатмаган доктори, олмаган муолажаси қолмади. Туни билан ухлолмайди. Териси қичиб, қизаради. Ишдан чарчаб келганига қарамай, ўрнидан туриб чўмилади. Баданига дори суртади. Ўзи суртади, менга рухсат бермайди, ҳатто кўрсатмайдиям.
— Ҳа, бу қийин… – дедим.
— Кейин тонггача комьпютерда ўтиради. Ухламасликка ўрганиб қолган.
— У билан қандай яшайсиз?
Оьлга бу саволимдан жуда хайрон бўлди:
— Тушунмадим, нима деганинг бу?
— Кечирасиз… – мен ёмон савол бердим шекилли. Аммо Ольга яна гапира бошлади:
— Бошида қийналганман. Аммо вақт ўтган сари унга қаттиқ боғланиб қолганимни ҳис қилдим. Уни ташлаб кетолмайман…
— У-чи, у ўзини қандай ҳис қилади?
— Жуда ёмон, албатта. Тушкун… Умидсизликка тушган. Ўлимни кутиб яшаш – бу даҳшат.
Ольга деразадан узоқларга қаради. Осмонга. Бир парчагина деразадан оппоқ осмон кўриниб турарди. Шу пайт ундан қанотлари узун балиқчи қуш учиб ўтди.
— Хафа бўлманг, бу ҳаёт. Ҳали эрингиз соғайиб кетади. Агар хўп, десангиз, хонангизни ҳар куни тозалаб қўяман.
— Кераги йўқ, Дина, шундоқ ҳам ошхонани тозалаяпсан. Дам олиш кунлари ўзим уйдаман. Рахмат сенга, — деди у кулиб. -– Сара билан ҳам гоҳида шундай эзмалик қилиб турардим.
— Сара ҳам яхши аёл. У Валерия Гансовнага мендан кўра кўп ғамхўрлик қилди. Эҳтимол, у қайтиб келар, мен яқинда кетаман.
Ольга ярқ этиб кўзларимга қаради. Охирги гапни бекор айтдим-да. У кутмаган эди шекилли.
— Нега… кетасан? Уйимиз ёқмадими сенга?
— Ундай эмас, бу ерда ҳаммаси ажойиб. Ҳатто сизларга ўрганиб ҳам қолдим. Лекин кетмасам бўлмайди. Онамни соғиндим. Болаларим мактабга боришади. Сиз хафа бўлманг, таътил тугагунча шу ерда бўламан. Мен кетсам, ўрнимга бошқа қаровчи топишнингиз керак, шунинг учун сизни эртароқ хабардор қилдим.
— Начора, нима ҳам дердим, — Ольга ерга қараб жилмайди ва мени хонамга кузатиб қўйди.

14.

Эртаси куни бутунлай бошқа одам бўлиб уйғондим. Ҳатто ҳар кунгидан эртароқ турдим. Аста ҳамхонамга қарадим. У бир оёғида шиппак, чакаги осилган, шифтга қараб ухламоқда. Сездирмай ташқарига чиқдим. Катак халатига ўралиб, Дима компьютер қаршисида ўтирарди. Унга салом бердим. Юз-қўлимни ювиб, сутли бўтқа тайёрлашга киришдим. Бўтқа тайёр бўлгач, устини ёпиб, кампирнинг ёнига кирдим. У аллақачон ўрнидан турган, дераза ёнига бориб, токчани ушлаганча, қимирламай турибди. Орқаси шилта.
— Хайрли тонг, Валерия Гансовна! — дедим.
— Хайрли тонг! – деди у ҳам.
— Яхши ухладингизми? Нонушта қиламизми?
— Ҳа.
У мен томонга аста бурила бошлади. Қўлидан тутдим. Уни ваннага олиб кириб чўмилтирдим, янги памперс, тоза кийимларини кийдирдим. Сочларини тарадим. Ҳатто ойна ёнидаги атирлардан бирини сепиб ҳам қўйдим. Унга ёқди шекилли, ёқасини бир-икки ҳидлаган бўлди ва ғўлдираб: “Раҳмат”, — деди.
Сўнг ошхонага чиқдик. Дима компьютерни ўчириб, хонасига кириб кетганди. Мен бўтқага солиш учун музлаткичдан сариёғ олиб, столга қўйдим. Бўтқани косага сузиб, қарасам, кампир сариёғни олибди-да, қоғоз-поғози билан тишлай бошлабди.
— Вой, бу нима қилганингиз? Шошилманг, қоғозини очиш керак, — дея дарров унинг қўлидан сариёғни тортиб олдим. Кампрнинг тиш излари сариёғ бурчакларини тешиб, безашга улгурибди. Айнан ўша безакли жойларини кесиб олиб, ўзининг косасига солдим. Сарёғ иссиқ овқат устида сирғалиб, эрий бошлади ва иштаҳани очувчи ёқимли ҳиди кампирнинг димоғини қитиқлади. У иягини олдинга чўзиб, ҳавони искай бошлади.
— Ҳа, нима бўлди? – дедим жўрттага.
— Ҳид.
— Қандай ҳид?
— Ёқимли?
— Ҳа, ёқимлими? Бу сариёғ ҳиди. Мана, олинг!
Косани унинг олдига сурдим. У мароқ билан тановул қила бошлади. Ора-орада уч марта “Рахмат” деди.
Бугун унга ҳар кунгидан кўпроқ ғамхўрлик қилдим. Бирга хоналарни айландик, ўйинчоқ ўйнадик, китоб ўқиб бердим. У ҳатто бир марта кулдиям. Кампирни диванга ўтқизиб, қўлига телефонимни бердим ва доимгидек:
— Топинг-чи, бу нима? – дея сўрадим.
Кампир телефонни у қўлидан бу қўлига олиб кўрди, у ёқ-бу ёғини айлантирди. Кейин бурнига тутиб ҳидлади.
— Совун, — деди бирдан.
Мен мириқиб кулдим:
— Йўқ, бу совун эмас, — дедим.
У буюмни яна ҳидлади, айлантирди.
— Тополмадим, — деди кейин.
— Телефон. Бу менинг қўл телефоним эди, — дедим ҳазил оҳангида. Кампир осмонга қараб, оғзини очганча товушсиз кулди. Унинг кулишини биринчи марта кўрдим.
— Вой, ана, кулдингиз! – дедим ва уни қучоқлаб олдим… У ҳам мени қучоқлади. Ғалати бўлиб кетдим. Кейин дарров уни қўйиб юбориб, икки елкасидан тутганча юзига термулдим. Кампир баттар тиршайди. Унинг юзи жуда беўхшов кўринарди. Аммо у энди менга бегона эмас, ўртамизда қандайдир илиқ туйғу пайдо бўла бошлаганди. Меҳр… У бозорда сотилмайди. Унга дори қўшиб ҳам тайёрлаб бўлмайди. У ўз-ўзидан пайдо бўлади. Бу шундай ғаройиб туйғу-ки, у туфайли одамлар орасида – улар чиройлими-хунук, оқми-қора, бойми-камбағал, ёшми-қари, эркакми-аёл, қариндошми-бегона, – ришта ўрнатилади. Муқаддас ришта! Шу ришта туфайли улар бир-бирига талпинади, соғинади, кўргиси келади.

15.

Ташқарида ёмғир шариллаб ёғмоқда. Унинг шиддатли томчилари ойналарга, деворлага чарсиллаб урилар, андак ваҳимали эди. Деразани катта очдим. Ичкарига муздек ёмғир ҳавоси кириб, юзимга сув сачради. Кўчада доимгидек тўхтовсиз ҳаракат – автомобиллар ҳам, одамлар ҳам ёмғирни писанд қилмай, у ёқдан бу ёққа ўтишмоқда. Асфальт йўл дарёдек мавжланар, автомобил ғилдираклари бу дарё сувини ҳар томон сочар, бу манзара кўнгилга завқ берарди. “Ёмғир! Ёмғиржон! Сени бирам яхши кўраман-ки! Муздек ҳовурингдан танам яйраяпти. Агар манави кампир бўлмаганда, ҳозир ташқарига чиқиб ёмғир остида чопқиллаб югуриб келардим. Ёғавер, ёмғиржон!»
Бир оздан сўнг ойнани ёпиб, кампирга қарадим. У жунжикиб, диванда мунғайиб ўтирибди.
— Совқотдингизми? – дедим ёнига бориб.
— Оз-моз, — деди билагини сийпалаб.
— Ҳозир бирор нарса келтираман, — дея ўрнимдан турдим. Ичкарига кириб кампирни ўраш учун нимадир изладим. Шкафдан бир оз эскироқ, аммо юмшоқ матодан тикилган енгил костьюм топдим. Костьюмни олиб чиқиб, кампирнинг елкасига ташладим. Кампир кийимнинг енгидан қўлларини чиқарди ва:
— Илиққинам, — дея мени қучоқлаб олди. Чўчиб кетдим. Кейин мен ҳам оҳиста-оҳиста унинг елкасини силаб қўйдим…

16.

Кунлар аста-секин ўтяпти. Мен кампир билан яшай бошлаганимга ҳам роппа-роса бир ой бўлди. Яна бир ҳафтадан сўнг бу машъум шаҳарни бутунлай тарк этаман. Кампирнинг аҳволи анча ижобий томонга ўзгарди. Хоналарда бемалол айланиб юради, ўзи телевизор қўяди, кечаси кам уйғонади. Гапиришини айтмайсизми? Шу бир ой ичида уни икки марта кулдиришга муваффақ бўлдим.
Нонуштадан кейин қўл телефоним жиринглаб қолди. Надежда Александровна экан. Менга бир ойлик маошимни олиб келганмиш. Ғирр этиб пастга тушдим. Қип-қизил машинада, қора кофта кийган гўзал аёл менга йигирма минг рубл бериб кетди. Албатта, бир ой учун бу анча камлик қилади. Лекин ижара тўлови ҳамда озиқ-овқатнининг текинлигини ҳисобга олганда ёмон эмас.
Бир куни телевизорда қизиқ бир фильм томоша қилиб ўтиргандим. Унга берилиб кетиб, кампирни унутибман. Бир маҳал нимадир гурсиллаб, аллақаердан “Гуп!” этган овоз келди. Ўх, Валерия Гансовна! Ўрнимдан сакраб турдим-у, уни излашга тушдим. У девор ортида, полда чўзилиб ётарди. Бутун бадани дир-дир титрамоқда. Оёғини тинимсиз силкитар, қўлларини тепага кўтариб олган. Қўрқиб кетдим, ёнига ўтириб қолдим.
— Валерия Гансовна, сизга нима бўлди? Йиқилиб тушдингизми? Мен қандай қилиб бунга йўл қўйдим-а?
Кампир лом-мим демасди. Уни ўнглаб, бошини кўтардим. Ўтқизмоқчи бўлдим. Аммо кучим етмади. Кампирнинг ияги икки-уч энлик йиртилиб, ним пушти қон оқмоқда эди. Мен унинг қўрқувдан дир-дир титраётган елкаларини сила-силаб уни-да, ўзимни-да тинчлантирмоқчи бўлдим:
— Валерия Гансовна, азизим, тинчланинг, қўрқманг, ҳаммаси жойида. Мен шу ердаман, ҳозир сизга ёрдам бераман, ўзингизни қўлга олинг!
Кампирнинг иягидан оқаётган қон узун бир чизиқ чизиб кўксигача келди-да, тўхтаб қолди. Бечоранинг ҳатто оққудай қони ҳам йўқ экан. Уни жойида қолдириб, югуриб хонага кирдим. Дори қутини титкиладим. Нима малҳам қўйсам экан? Спиртми? Йодми? Мазь? Бўлмайди! Ачиштиради, жони оғрийди бечоранинг! Озгина пахта олдим. Бинт қаёқда қолди экан? Иякни қандай боғлайман? Ҳа, мана, ёпиштирғич лента ҳам бўлаверади.
Кампир ҳамон полда чўзилиб ётар, ҳартугул титроғи бир оз босилиб қолганди. Мен нақадар ахмоқман-а? Унга “Ўзингиз юраверинг”, деб қўйиб юборибман. Толиқиб қолишини ўйламабман ҳам. Энди Ольгага нима дейман? Э, Худойим!…
— Тузукмисиз? – дедим юзига энгашиб. Йиртилиб кетган ияги очилиб, ичидан оппоқ суяк кўриниб турарди. Сесканиб кетдим. Пахта билан ёпиб, елимли лентачани ёпиштирдим-да, қўлидан тортдим. У деворга суяниб аранг ўтирди. Энди турғизишим керак. Орқасига ўтиб белидан қучоқладим ва кўтаришга ҳаракат қилиб кўрдим. Кампир тушмагур озғин бўлса ҳам, суяги жуда оғир экан. Қимирлата олмади. Кейин ёнбошига ўтиб, қўлтиғидан тортдим. Бирам оғир… Бечора, миқ этиб гапирмайди, ҳатто инграмайдиям. Бундан кўра эртароқ ўлиб қўя қолгани яхши эмасмиди? Аммо ўлим одамнинг хоҳишига қараб ўтирмайди-да. Кексайганда бундай ёлғизлик, ғариблик… Қўлидан тортқилаб, этагига ёпишиб ўйнайдиган набиралари ҳам йўқ. Совуқ ўлим қачон келаркан? Келақолсайди, кампирни ҳадеб судрайвермасдан…
Уни бир амаллаб жойига олиб кириб ётқиздим. Бечора шу ётганича, эрталабгача ўрнидан турмади. Кечки овқатини ҳам ётган жойида бердим. Сайрга ҳам чиқмадим. Ольга ҳеч нимани сезмади.

17.

Орадан икки кун ўтди. Кампир анча ўзига келиб, яна аста-аста айланиб юра бошлади. Мен нонуштадан кейин идишларни юваётгандим, бир пайт у орқамдан:
— Яхши қиз, сизни бир дақиқага мумкинми? – деб қолди. Мен ҳайратланиб, унга ўгирилдим. Кампир ғоят ажойиб кайфият билан менга қараб турарди. Унинг бу саволидан жуда кулгим келди.
— Ҳа, нима истайсиз? – дедим унинг такаллуфига монанд оҳангда.
— Бирор нима сотиб олсам дегандим.
— Нима?
— Сотиб олиш, – у гапини қайтарди.
Ҳаммаси тушунарли. Қошларимни бир учириб, кулиб қўйдим-да, гапни давом эттирдим:
— Нима сотиб олмоқчисиз?
— Сервант.
Оҳ-ҳо, буни қаранглар-а! Кампиршомиз харид қилмоқчилар. Кўрамиз, давоми нима бўларкин?
Қўлимдаги идишларни қўйиб, уни етакладим.
— Майли, юринг. Қанақасидан хоҳлайсиз? Оқми, қорами, тўқ ёки оч ранги маъқулми? Каттаси керакми ё кичиги ҳам бўлаверадими?
Ана сизга ўйин! Қизиқ-а?
— Ка-ттасини, — деди у илжайиб.
— Яхши, мана бу бизнинг дўконимиз. Бу ердан истаган мебелингизни танлашингиз мумкин.
Мен кампирни хонага олиб кириб, кийимлари турадиган шкафни қўли билан ушлатиб қўйдим. У шкафнинг у ер, бу ерини сийпалаб кўрди-да, “Йўқ, бу ёқмади”, — деди.
Биз етаклашиб нариги хонага кирдик.
— Бунисичи?
— Мана бунисичи?
— …
Шу тариқа хоналардаги саноқли мебелларни қайта-қайта текшириб кўрдик. Нозик дидли кампирга уларнинг бирортаси ҳам маъқул келмади. Кейин катта, улкан сервантга “буюртма бердик”. Айланиб юравериб, кампир роса чарчади. Унга кофе дамлаб бердим.

18.

— Яхши қиз, сизни мумкинми?
Оббо, яна бошлади, дейман кампрга қараб. Ўша куни йиқилиб тушганидан бери чиройи очилиб қолган, менга нуқул шундай мурожаат қилади. Мияси энди ростдан ҳам айниб қолди шекилли.
— Эшитаман, нима хоҳлайсиз? – дедим. Унинг хоҳиши мен учун вожиб.
— Сотиб олиш, — дейди у яна назокат билан.
— Яна нима сотиб олмоқчисиз?
— Гарнитур.
“Тавба”, деганча уни етаклаб, кечагидек магазин-магазин ўйинини бошладим. У чарчагунича хона айландик. Тушликдан кейин дам олиш. Яна шу ўйин.
— Кечирасиз, сизни бир дақиқага мумкинми? – кампир яна мулозаматни бошлайди.
— Албатта, мумкин. Марҳамат, — дейман мен ҳам юракни кенг қилиб.
— Сотиб олмоқчиман.
— Нима?
— Совун ва крем.
— Марҳамат…
Уни ҳаммомга бошлайман. Совунларни, крем, атирларни кўрсатаман. У қўлига ва юзига кремдан суриб олади.
— Юринг, энди диванда ўтириб, бармоқларимизни массаж қиламиз, — дейман. У индамай менга эргашади. Энди у доим ёнида ўтиришимни, ҳатто юрганда ҳам мени қўйиб юбормасликни истарди. Агар ёнига келсам, сурилиб менга жой кўрсатади. Қўлимни маҳкам ушлаб олади ва тез-тез ўпиб қўяди. Баъзан ғариблиги эсига тушиб қолади шекилли, чуқур хўрсинади-ю, бошини эгиб, хурпайиб олади. Мана шундай дақиқаларда юрагим эзилиб кетади. Уни қучиб, елкасини силайман. У бағримда худди мурғак боладек жим ўтиради.
Бир куни қўлимдаги маржонимни ечиб, унга тақиб қўйдим. У маржонни ушлаб, айлантириб, обдон текшириб кўрди. Кейин маъқул келди шекилли, тирсагига чиқариб олди.
— Марварид шодаси, — дедим унга. – Ярми оқ, ярми қора. Бу — умримизнинг ўн беши ёруғ, ўн беши қоронғу эканини билдиради.
— Рахмат, — деди у секингина ва қўлларимни қисиб, яна ўпди.
— Ярашди, — дедим.
У жилмайди.
Маржон кампирга жуда ёқиб қолди. Қўлидан ечмай тақиб юра бошлади. Мен унинг жиғига тегиш учун атай сўрайман:
— Маржонни беринг, у меники.
— Йўқ, — дейди у бир нуқтадан кўз узмай.
Мен маржонни секин тортқилайман.
— Ҳозир олиб қўяман.
Кампир эса уни тирсагидан ҳам юқорироққа суради. Унинг бу ҳаракатидан мириқиб куламан.

19.

Ольга ишга эрталабки еттида кетиб, кечки еттида қайтади. Ҳар куни кечки соат саккизда телефон жиринглайди. Мен сайрдан қайтганимда у телефонга жавоб бераётган бўлади.
— — Дина, — деди Ольга бир куни эрталаб. – Мен бугун ишдан кечроқ қайтаман. Дугоналарим билан театрга тушмоқчи эдим. Сен соатга қараб тур, роппа-роса саккизда дадам қўнғироқ қилади. Жавоб бергин, хўпми. Гўшакни кўтармасанг, ҳавотирга тушади. Эсингдан чиқмасин.
— — Хўп, яхши. Унга нима дейман?
— Шунчаки, саломлашасан, менинг уйда йўқ эканимни ва сабабини айтиб қўйсанг бўлди.
Очиғи, мен ҳам театрга боргим келди. Аммо на чора… Ольга ҳафтанинг ҳар шанба ёки якшанбасида эрта тонгдан дадасининг ёнига кетади. Бир куни газ печида ўзбекча нон пиширгандим. Нон ҳаммага манзур бўлди. Ольга улардан бирини дадасига ҳам олиб борди. Айниқса, Дима нонимни чунонам мақтадик-ки, тайёрлаш усулини астойдил сўраб, менга ҳам ўргат дея туриб олди. Мен эса унинг хамир муштлашини ҳатто тасаввур ҳам қилолмасдим.
— — Нон ёпиш аёллар иши. Келинг, яхшиси Ольгага ўргатай, у пишириб беради сизга, — дедим.
— — Нима бўпти? – ҳайрон бўлди Дима тамаки тутунини ошхона деразасидан пуфларкан. — Ўзим пишираман. Нима, қўлидан келмайди, деб ўйлаяпсанми?
— — Йўқ, Ростданми? Майли, унда ўргатаман. Бу жуда осон…
Дима билан ҳам анча дўстлашиб олгандик. У аввал бошида кундузлари умуман кўринмасди. Кейин ошхонада битта сигаретани чекиб тамомлагунича мен билан суҳбатлашадиган бўлди. У жуда оқкўнгил одам экан. Менга Петербург қамали ва иккинчи жаҳон урушига доир воқеаларни, Туркия ва Исроил тўғрисидаги ғаройиб маълумотларни сўзлаб берарди. У шундай берилиб, мароқ билан гапирарди-ки, нутқида жаранглаётган дона-дона, бехато сўзлар онгимдаги луғат қатламига тўғри кириб борар ва уларни ўзбекчага улгуриб-улгурмай таржима қиларди.
— — Дина, Ўзбекистоннинг қаеридансан? – сўради у бир куни.
— — Фарғонадан. Эшитганмисиз Фарғонани?
— — Албатта, мен у ёқда бўлганман ахир.
Диманинг бу гапидан қувониб кетдим:
— — Наҳотки? Қачон? Қаерида бўлгансиз?
— — Марғилонда. Кейин пойтахтингиз Тошкентни ҳам биламан. Чиройли шаҳар. Талабалигимда борганман у ёқларга. Тўқсонинчи йиллар эди шекилли. Ойим рюгзагимни тўлдириб банан солиб қўйган эди. Вокзалда поезд кутиб ўтириб, қорним очиб кетди. Бананлар ёдимга тушди ва мен улардан бирини олиб, пўстлоғини ажрата бошладим, — у қўлларини банан арчиётгандек ҳаракатга келтирди. — Шунда ёнимдаги одам менга қизиқиб қаради. Мен индамай бананимни ейишга тушдим. Ёнимдаги одам эса кўзларини ҳайратдан катта-катта очиб, — Дима кулди, — “Нима бу?” деб сўради. “Банан”, дедим. “Банан?” у баттар ҳайратланди. Умрида бундай мевани кўрмаган шекилли. Унга битта банан бердим.
— — Ҳа, Ўзбекистонга бананни сиз олиб борган экансиз-да? – дедим ҳазиллашиб.
Гоҳида у компьютердан ўзи ёқтирган арабча “Ламмабада” қўшиғини қўйиб берар, унинг мунгли оҳанги менга ёқиб қолганди. Ёлғиз қолганимда ўзим ҳам тез-тез шу қўшиқни тинглайдиган бўлдим. У ҳудди бу уйнинг оғир сукунатини, кўтарилмай ётган чангу ҳасратини акс эттириб нола қилаётгандек маҳзун эди.
“Ламмабада”ни тинглаб ўтиргандим, телефон жиринглади. Гўшакни кўтарар эканман, негадир қўлларимга енгил титроқ югурди.
— — Ало, ассалому алайкум!
— — А-ло… – у ёқдан бир қариянинг жуда ажойиб, меҳрибонларча шикаста овози янгради. Бундай овоздан юрагим тўлқинланиб кетди.
— — Сиз Ольга Юревнанинг дадасимисиз?
— — Ҳа, бу менман. Сиз Динасиз, шундайми? Валерияга қаровчи қиз! Оля сиз ҳақингизда кўп гапирган.
— — Ҳа, бу мен.
— — А… Оля қаерда? Ишдан келмадими ҳали?
— — Йўқ, Ольга Юревна бугун кечроқ келишини айтганди. Дугоналари билан театрга тушаркан.
— — Шунақами? Ҳа… майли.
Мен энди трубкани жойига қўймоқчи эдим, отахон яна гап бошлади:
— — Дина, бир оз шошмай туринг, сиз билан озгина суҳбатлашсам бўладими?
— — Албатта, бемалол.
— — Ўтган якшанбада Ольга менга нон олиб келганди. Уни сиз пиширган экансиз. Жуда мазали бўлибди. Сизга миннатдорчилик билдирмоқчи эдим.
— — Ҳмм, нон сизга ёққанидан хурсандман.
— — Уни едим-у, болалигим ёдимга тушди. Болалигим Кавказда ўтган. Биласизми? Эшитганмисиз Кавказ тоғларини?
— — Ҳа, эшитганман.
Чол бир тўхтаб олди. Унинг ҳазин товуши аро нафас олиши ҳам эшитилиб турарди. Қизиқ… Ҳудди Ўзбекистондаги масжиддан чиқаётган ҳассали отахонларнинг овозига ўхшайди-я… Одамлар орасида қандай тафовут бор ўзи? Менимча йўқ. Худо ҳаммани бир хил яратган. Фақат одамларнинг ўзи Худони қандай таниши, қандай тасаввур қилиши ва унинг буйруқларига қай йўсин амал қилишига қараб гуруҳларга ажралиб олган. Ёшлик ер куррасининг ҳар нуқтасида ҳар хил бўлиши мумкин, лекин кексалик – бир хил. Кексайган инсон Худога яқинлашади, гарчи қилган хатоларини тўғрилай олмаса-да, уларга тавба қилади. Кечирилишни истаб қолади. Чол оҳиста-оҳиста сўзида давом этди:
— — Кавказда яшаган пайтларимда уйимизда тандир бўларди. Бувим менга шу тандирда иссиқ нон пишириб берарди.
Чол яна жимиб қолди.
— — Сизнинг нонингизни едим-у, ўша кунларни эсладим.
Энди чолнинг товуши титраб чиқди. Гўё кимдир қулоғим остида танбур торларини оҳиста чертаётгандек бўлди. Мен чолни жон деб эшита бошладим. Трубкани қулоғимга маҳкам босдим.
— — Яна пишириб бера оласизми?
— — Ҳа, албатта, эртагаёқ сиз учун нон пишириб бераман.
— — Рахмат, Дина. У яхшими?
Чол “У” деганда Валерия Гансовнани назарда тутаётганини дарров пайқадим. Ва унга бўлган дилимдаги эски нафратим қўзғаб кетди. Аммо бу қария товушидан тасаввуримдаги хотинини ташлаб кетган одамга сира ўхшамасди. Мен уни қўпол ва бешафқат, қаттиққўл одам бўлса керак, деб ўйлардим. Ҳеч тушунолмай қолдим. Қанақа одам бу ўзи?
— — Ҳа, у яхши. Ҳатто аввалгидан анча яхши.
Мен чолдан “Нега уни ташлаб кетгансиз?” деб сўрамоқчи бўлдим. Аммо бунга тилим бормади. “Бу ёққа келасизми?” демоқчиям бўлдим. Бироқ буни ҳам айтолмадим. Кейин у хайрлашди.
Валерия Гансовна жимгина суҳбатимизни тинглаб ётарди. Яқинига бориб, юзига тикилдим. У кўзларини юмиб, сокин нафас олмоқда. Мен тез-тез унинг нафас олаётганини текшириб тураман. Узоқ вақт қимирламай қолса, кўнглимни ваҳима босади. Дарров ёнига бораман-да, юзига тикиламан. Кўкрак қафаси сал-сал кўтарилиб тушади. Елкасига ёпинчиғини тортиб қўяман. Шунда у ухлаб ётган бувимни эслатиб юборади. Юзидан ўпгим келади. Аммо бу бегона кампир эканини эслаб, уни ўполмайман.
У гоҳ-гоҳ кимнидир чақириб турарди. Овозини кўтариб, “Юра! Юра!” дейди. Юранинг кимлигини энди англадим.

Уйни сукунат, ғамгинлик қоплаган… Есенин боғига ҳам кўпдан бери борганим йўқ. Китоблар ҳам кўнглимга тегди. Юрагимни сўнгсиз изтироб чулғагангандек, гўё бу изтироб ҳеч қачон ниҳоясига етмайдигандек туюлди. Дилимни соғинч ўртарди. Кирхонадаги бўяб қўйганим мато эсимга тушди. Матони олиб келиб, дазмолладим, текислаб қирқдим. Эшик ёнидаги тикув машинасини ишга туширдим. Кейин оёқларимни тепкига қўйдим-да, қирқилган рангли матоларни бир-бирига улаб, тика бошладим. кўнглимда исмсиз туйғулар жўш урди. Ойим кўз олдимга келди. Болалигимни, мактабимни, мадҳия садолари остида байроғимизни юқорига кўтарганимни эсладим. Мен уни тикаётгандим. Байроқни. Тепаси ҳаво ранг, ўртаси оқ, пасти яшил. Оқ бўлакнинг ҳар икки ёнига қизил ипдан қалин чок туширдим. Кейин сариқ ипдан ой ва ўнг икки юлдузни ҳам тикдим. Ошхонадан иккита лағмон чўп олиб келиб, бир-бирига уладим ва байроққа дастак қилдим. Битди! Сўнг уни юқорига кўтариб хилпиратдим. Қувониб кетдим. Мана менинг байроғим! Ватанимнинг байроғи! Ўрнимдан туриб, хонада у ёқдан бу ёққа юриб кўрдим, байроқни ўпдим. Ўпкам тўлиб кетди …

20.

Ойналарга урилиб ёмғир ёға бошлади. Бу галги ёмғир кўнглимни завқ-шавққа тўлдирмас, аксинча, қуёш юзини тўсган булутлар кенг самони қандай бўғаётган бўлса, мени шундай диққинафас қиларди. Компьютерга ўтириб, интернетдан Сергей Есенин ҳақидаги ажойиб маълумотларни излаб топдим. У америкалик машҳур ва гўзал раққоса Айседора хонимга кўнгил қўйган экан. Бир куни хоним қанақадир суратга қараб ўтирганида, Есенин келибди-да, суратни олиб, жаҳл билан камендаги оловга отиб юборибди. Хоним суратни олиш учун ҳар қанча уринмасин, севгилиси уни маҳкам қучоқлаб, бунга имкон бермапти. Билолмадим, у кимнинг сурати экан. Икки машҳур нозик қалб соҳибларининг жуфтлиги, афсуски, бахтли якун топмабди. Мен ўқиган манбааларда у ўз жонига қасд қилган дейилади. Нега бундай қилган экан? У нима сабабдан ширин ҳаётидан воз кечди экан? Жумбоқ, жумбоқ… Шошма-чи, мана бу суратларда ҳам Есенинми? Ахир буларда … ҳа, шоирнинг ҳудди ўзи! Лекин лаблари… йиртилиб кетганми? Даҳшат-ку бу! Пешонасида қўрқинчли чандиқ, юзи аянчли тусда. Сурат тагидаги ёзувларни дафтаримга кўчириб олдим-да, луғат ёрдамида ҳижжалаб таржима қила бошладим.
“Есенин трагедияси. Сергей Есенин сўнгги асари «Муттаҳамлар мамлакати” («Страна негодяев»)да совет ҳокимияти кирдикорларини фош қилгани учун унга нисбатан таъқиб бошланган. Маълум бўлишича, Есенин сўроқ вақтидаги қийноқлардан ўлдирилган. Унинг қўли кесилган, вена қон томирлари қирқилган, чап кўзи оқиб чиққан, лабида чуқур тиртиқ бўлган – ҳатто ГПУ буюртмасига биноан ёзилган қалбаки хужжатларда ҳам бу ҳақда гувоҳнома бор.
Есенин “Муттаҳамлар мамлакати” асаридаги Чекистов фамилияси остида қуйидаги башоратли сўзларни қистириб кетган:

Мен бу ерга еврей эмас, инъом сифатида келдим,
ахмоқлар ва ваҳшийларни безовчи…
Сиз ғалати ва кулгили халқсиз!
Бутун аср ўз қашшоқлигингиз билан яшадингиз
ва худога ибодатхоналар қурдингиз.
Ҳа, мен уларни аллақачон хожатхона қилган бўлардим.

У баъзи нарсалар ҳақида гапириб, ўз дўстларига шундай ёзганди: “Россиянинг қонуний ўғли бўлатуриб, ўз давлатимга ўгай фарзанд бўлиш кўнглимни айнитади…
Есенин атрофдагиларга нафақат ўзининг сиёсий баёнотлари, балки мистик душманлари томонидан йўқ қилинган “кетаётган Россия” ва абадий Россия ҳақида ёзган шеърлари билан халал берарди. Шоирга маҳфий тарзда юборилаган сохта “дўстлари” — ГПУ агентлари уни ичириб, жанжал чиқариш учун провакация(иғво) қилиб, газеталарда унинг шаънини поймол қиладилар. Шоирни Лубянкага (ички қамоқхона) қамаб, ит азобини беради.
“Мени ўлдирмоқчилар”, — дея бир неча бор мурожаат қилган у яқин дўстларига. Шеърларида эса ўз тақдирини ўзи башорат қилган:

осиш керак мени аввало
қўлларимни ортимга боғлаб,
халал бердим қўшиқларим-ла
ётмасин деб Ватаним ухлаб .

Биз неча йиллар давомида Есенин ҳақидаги уйдирмалар билан яшадик. Бу уйдирмалар буюртмачи хотиранавислар томонидан хафсала билан тўқиб чиқарилган, уларнинг ишларини кўплаб шоир ижоди тадқиқотчилари ҳам давом эттирдилар. Ялоқхўр артистлар саҳналарда “беномус ва жанжалкаш Есенин” образини халққа етказиб улгуришади.
Аслида фожеанинг асл сабабини Есениннинг ўзи қисқача автобиографиясида бериб ўтган. Унинг ўзи тан олганки, бутун ҳаёти аввал оилада, кейин эса черков мактабида тарбияланган православ динини рад этиш билан ўтган. Аммо агар Есениннинг шеърларини диққат билан ўқиб чиқсак, унинг халқ орасидаги “ноёб инсон” бўлганини англаймиз…”
Ҳа… Машҳурларга осон бўлмаган.

21.

— Валерия Гансовна, қаердасиз? Сизга тушлик тайёрладим!
Қаёқда қолди экан, ётган жойида йўқ-ку. Бир жойда ўтирмайди-да бу қария. Об-бо! У ёқдаям йўқ, бу ёқдаям йўқ! Кеча каменга бошини тиқиб олиб, мени бир кулдирди, бир куйдирди. Аранг чиқариб олгандим. Яхши-ки, ўт ёқишмас экан, йўқса ҳамма ёғини қора куя қилиб, тоза хуноб қиларди мени. Энди қай бурчакка кириб олди экан? Хаммом, хожатхон, Ольганинг хонаси, шкафларнинг ичи, қўйингки, одам кириши мумкин бўлган барча жойни қарадим. Кампир ҳеч қаерда йўқ! Капалагим учиб кетди. Танга эмаски, полнинг ёриғига кириб кетса. Уни қаттиқ овозда чақира бошладим, ҳудди жавоб берадигандек:
— Валерия Гансовна!
Тиқ этган товуш йўқ. Бир куни мушук шундай йўқолиб қолганди. Деразадан сакраб қочган бўлса, энди Ольгага нима дейман, ваҳимага тушгандим. Ҳайтовур, бир-икки соатдан сўнг индамай яна ўзи пайдо бўлган. Лекин бояқиш кампирнинг бир-икки соат йўқолиб қолиб, яна пайдо бўладиган ақли йўқ. Деразадан ўзини ташлаб юбормагандир ҳар ҳолда. Кўчага, дераза остига қарадим. Тинчлик. Агар ташлаганида нима бўларди? Ҳаммаси бир-бир кўз олдимга келди. Пастга тумонат одам йиғилган, қий-чув кўтарган, милиция ва тезёрдам машиналари келган бўларди. Бу орада кимдир эшигимизни таққиллатарди. Бундай бўлмади-ку. Демак, у шу ерда. Уйда. Қаердадир беркиниб олган. Лекин қаерда бўлиши мумкин? Ёки эшикни очиб ташқарига чиқиб кетдимикан? Эшикни ҳамиша қулфлаб, калитини кампирнинг қўли етмайдиган жойга илиб қўярдик. Агар Ольга калитни унутиб, жойида қолдирга бўлса-чи? Худо кўрсатмасин, ҳар нима бўлиши мумкин! Чарм қопланган қалин, икки қаватли чиқиш эшиги ёнига келдим. Берк. Биринчи қаватини очдим. Қоп-қоронғу, тор оралиқ. Эҳ, Валерия Гансовна! Бу ёқда экансиз-ку! Топган жойингизни қаранг — икки эшик орасига кириб олибсиз!
Уни оралиқдан олиб чиқиб, овқатлантирдим, дарров ухлаб қолди. Деразаларни ёпиб, тагига бир нечта стул териб қўйдим. Энди очмайман.

22.

Кетадиган куним яқинлашган сари гоҳ қувонсам, гоҳ кўнглимни ғашлик чулғаб бораётир. Мен ўз вазифамни охиригача адо этмай, чала ташлаб кетаётганимдан хафа бўлардим. Ольга ўрнимга янги қаровчи топганини айтди. Бироқ буни эшитиш менга негадир ёқмади. Чунки, назаримда, бошқа ҳеч ким Валерия Гансовнага мендек ғамхўрлик қилолмайдигандек, ҳеч ким унинг кўнглини тополмайдигандек эди. Янги қаровчи уни тушунармикан, сабрли, қалби тозамикан? Одатларига чидаб, инжиқликларини кўтарармикан? Ўзимга қолса, кампирнинг сўнги нафасигача жон деб ёнида қолардим. Аммо уйимни, ота-онамни соғиндим. Августь ҳам охирлаяпти. Эрта-индин мактаб бошланади. Йигирма бешинчига билет олиб қўйганман.
Эрта тонгдан уйга янги қаровчи — мендан уч-тўрт ёш катта самарқандлик бир ўзбек аёли Диля (Дилфуза) келди. Илгари ошхонада ишлаган экан, паспорти эски, патенти йўқ, Ўзбекистонга хали-бери қайтмоқчи эмас. Милиция қўлига тушмай, яна бир-икки йил ишлаб олса, сўнг ватанга бутунлай қайтиб, бу ёқларга келмоқчи эмас. Унга омад тилаб, Валерия Гансовнанинг парваришини тушунтирдим. Кейин нарсалимни сумкага жойладим.
— Ольга юревна, ҳаммаси учун раҳмат. Мен хонадонингизда яхши кун кечирдим. Валерия Гансовнага мустаҳкам соғлик тилайман, — дедим мени кузатиб қолаётган Ольгага.
— Дина… Эҳ, Дина… – деди Ольга кетаётганимга афсус чекиб. Кейин менга нимадир узатди ва деди: — Мана буни ол.
— Бу нима? – сўрадим ҳайрон бўлиб. Унинг қўлида қоғозга ўроғлиқ нарса бор эди.
— Пул.
— Нега? Ахир маошимни фирма раҳбаридан олдим-ку.
— Олавер, бу мендан сенга. Чин кўнгилдан беряпман.
— Кераги йўқ, Ольга Юревна, пулим етарли. Яхшиси буни онангизнинг дори-дармонига ишлатарсиз, — дедим уни рад этиб. Аммо Ольга пулни қўлимга тутқазиб қўйди.
Қани эди одоб доирасидаги чегара бўлмаганида, Ольгани қучоқлаб, унга чуқур таъзим қилган бўлардим. Йўқ-йўқ, у менга пул бераётгани учун эмас, ҳолбуки бу пулга муҳтож ҳам эмасман, қолаверса, у менга дунёи жаҳон бойликни тутмаяпти. Фақат ўртада бир-биримиздан беҳад миннатдорлик туйғуси бор эди холос.
Ичкари хонадан Дима чиқди. У бугун ҳар кунгидан бошқача – ёшариб кетибди: сочини калталабди, мўйловини ҳам, соқолини ҳам олиб ташлабди. У ҳам мен билан самимий хайрлашди.
Эшикка яқинлашиб, сўнгги бор ортимга бурилдим. Мен атиги икки ойгина бўлган бу хонадон аллақачон қадрдон масканга айланиб улгурган экан. Кўнгил узиб чиқиб кетишим анча оғир кечди. Ортимда Ольга Юревна, унинг ёнида Дилфуза, кейин Дима иягини силаганча менга қараб турарди. Ҳаммадан орқароқда эса Валерия Гансовна… У ҳам мени кузатгани чиқибди! Оппоқ, калта сочи елкаларига тушиб, илжайган иягини бир оз тепага кўтариб, калта иштонини шалвиратганча биз томонга бурилиб, ўнг қўли билан “Бу ёққа кел!” ишорасини қиларди.
Мен ундан кўз узолмай бир нафас туриб қолдим. Ва… сумкамни ташладим-у, уни сўнги бор қучиш учун ёнига чопдим. Кампир қўлимни маҳкам ушлаб олди. У гапирмас, пайпаслаб кафтимни очмоқчи бўларди. Чамамда менга нимадир бермоқчи шекилли. Унинг қўлларига қарадим. Ҳа, у билагидаги маржонни ечиб, кафтимга қўйди… Эҳ, азизим Валерия Гансовна! Сиз нақадар бардошли аёлсиз! Кўнглингизда ҳали айтилмаган қанча-қанча дардларингиз, орзуларингиз ва армонларингиз бор, биламан. Бу дунёда топган энг катта бойлигингиз – қизингиз экан. Қиз фарзанд – ота-оналар учун бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам энг садоқатли инсон бўлиб қоларкан. Сиз энг бахтиёр онасиз! Шукурки, менинг ҳам қизим бор. Ҳозир унинг ёнига кетяпман, Валерия Гансовна. У миттигина, тушуняпсизми, мана бундоқ. Мени кутаётгандир. Сизни бағримга босиб, қўлларингизни ўпаман. Мени унутмайсиз-а? Мен ҳам ҳудди сиз каби юраги куюк, суюклиси томонидан ташлаб кетилган бир мушфиқаман. Бу олам, бу бешафқат тақдир сизни менга бекорга учратмаган. Хайр, бечорагинам Валерия Гансовна! Умрингиз узоқ бўлсин! Мен энди бу ёқларга қайтмайман…

(Тамом)

Орадан йиллар ўтди. Ҳаётимнинг энг оғир дамларида онам суянчиқ, синовларида ҳимоячим, қайғумга шерик, шодлигимга гувоҳ бўлди. Қизим ҳам улғайди, ҳаммаси изига тушди. Унутганлар унутилди, яралар малҳам топди. Фақат Валерия Гансовнани тез-тез эслаб тураман. Сара билан интернет орқали топишиб, унинг тақдири ҳақида суриштирдим. Мендан кейинги энага қиз кампирга тоқат қилолмай қочиб кетибди. Бошқа энага тополмаган Ольга ишдан бўшабди. Орадан икки ой ҳам ўтмай, ниҳоят, … Валерия Гансовна омонатини топширибди. Уни ўз урф-одатлари бўйча дафн қилишибди. Мен қиссамни кампирнинг вафоти билан якунламоқчи эдим, аммо буни ўз кўзим билан кўрмаганим учун қўлим бормади. Бошқа томондан, у мен учун ҳамон тирик, ўша хонадонда ҳалиям яшаётгандек. Унинг шипиллаган қадам саслари ичкаридан, мана бу еримдан доим эшитилиб туради.

2016

044Oradan yillar oʼtdi. Hayotimning eng ogʼir damlarida onam suyanchiq, sinovlarida himoyachim, qaygʼumga sherik, shodligimga guvoh boʼldi. Qizim ham ulgʼaydi, hammasi iziga tushdi. Unutganlar unutildi, yaralar malham topdi. Faqat Valeriya Gansovnani tez-tez eslab turaman.

Odinaxon АBDURАHIMOVА
ENАGА
Eski kundalikdan


Odinaxon Аbdurahimova 1986 yil Fargʼona viloyatining Buvayda tumanidagi Shoʼrtepa qishlogʼida tugʼilgan. Fargʼona davlat universitetining matematika va informatika fakultetini tamomlagan. Dastlab Uchkoʼprik Sanoat KHK, keyin Uchkoʼprik Iqtisodiyot KHKda, soʼng Buvayda tumani 1-umumtaʼlim maktanbida dars berdi, undan keyin OʼzMTDP Buvayda tuman kengashida ishladi. Oilali, uch farzandning onasi.


Qiz farzandi bor onalarga bagʼishlayman

1.

Birinchi marta shunday ishga qoʼl urishim. Judayam hayajonlanyapman. Begona shahar, notanish odamlar… Menga vaqtincha boshpana kerak. Bu ish esa ayni muddao. Metrodan chiqib, manzilda koʼrsatilgan uyni qidira boshladim. Mashinalar zuvillab borayotgan katta yoʼlning u yuziga oʼtdim va binolar raqamini koʼzdan kechira boshladim. Nari borsa toʼrt-olti qavat keladigan bu inshootlar oʼta mustahkam, haybatli va uzoq tarixga ega ekani koʼrinib turardi. Qoʼlimda shahar xaritasi boʼlgani uchun manzilni topishga uncha qiynalmadim. Eʼlondan koʼchirib olgan raqamimga qoʼngʼiroq qilib, uy eshigining maxsus kodini oldim. Ichkariga kirib, toʼrtinchi qavatga koʼtarildim. Zinalar ozoda, keng va yorugʼ edi. 18-raqamli xonadon oldida toʼxtadim. Bir nafas ikkilandim. Hatto ortimga qaytib ketmoqchi ham boʼldim. Shu ishni qilmay qoʼya qolsam-chi?… Lekin… Koʼrmasdan avval qaytamanmi? Keldim, keldim. Endi nima boʼlsa boʼlar. Eshikni bir badqovoq ayol ochdi. Men uni uy bekasi deb oʼylabman. Tavba, ruslar orasida ham shunaqa xunuk ayollar boʼlarkan-da, degan fikr lop etib miyamga urildi. Sochlari sariq-qoʼngʼir, yuzi rangpar, kallasi xumdek, qoshlari choʼltoq supurgidek bu ayol uy bekasi ham, rus ham emas ekan. U — kampirning enagasi, qirgʼiz ayoli Sara boʼlib chiqdi. Tabassum shu qadar qudratli kuchga ega-ki, u inson yuzidagi har qanday nuqson va kamchilikni berkita oladi. Saraning tabassumi koʼnglimni bir oz yoritdi.

— Salom! Sen Dinamisan?
— Ha.
— Biz hozirgina telefonda gaplashdik-a? Namuncha kechikding, seni ertalabdan buyon kutyapman. Kel, kiraver.

U rus tilida gapirar, oʼzbekchani umuman bilmas ekan. Аmmo bir-ikki soʼzni oʼzbek tilida aytgandim, tushundi. Men esa uning qirgʼizcha gaplarini anglolmadim. Biz ruschada til topishdik.

Uy keng, shinam va zamonaviy edi. Kiraverishdan oʼng tomonda koʼzguli katta gardirob, uning yonida mushuk uchun maxsus yasatilgan uy, chap tomonda esa tortmali javon bor edi. Sara tortmalardan birini ochib, menga ichkarida kiyish uchun sargʼayib ketgan yumshoq shippak oldi. Men shippakni kiyib, sumkamni javonga qoʼydim.
Zal toʼrida rangi uniqib ketgan kulrang, “G” shaklidagi divan boʼlib, unda bir qari kampir oʼtirardi. Sara meni uning yoniga boshladi. Kampir nihoyatda ozgʼinligidan yelka suyaklari yogʼochdek, xilviragan, oppoq sochlari bir qarichgina, tekis taralgan va yoyilgan edi. U menga qayrilib ham qaramadi.

— Koʼzlari ojiz, deyarli gapirmaydi, ammo eshitadi,- dedi Sara unga ishora qilib. Keyin ovozini balandlatdi-da, kampirga:

— Valeriya Gansovna, salom! Mana, sizga yangi enaga keldi, – dedi.

Men ham darrov salom berdim:
— Аssalomu alaykum!

Kampir xirillagan tovush bilan salomimizga alik oldi. U juda gʼalati nafas olardi. Tinimsiz oldinga-orqaga tebranar, oʼpkasini toʼldirib havo yutardi-da, lunjini pufakdek shishirib, tashqariga “Puf-f”lab chiqarardi. Uni koʼrib seskanib ketdim. Kampir deganlari shu qadar xunuk boʼladimi-a?! Yalmogʼizning huddi oʼzi!
Sara unga yaqinroq oʼtirib, “Mana, koʼr, u yovuz emas”, degandek qoʼlini ushladi. Keyin sochlarini siladi. Kampir bir nuqtadan koʼz uzmay, hamon tebranib oʼtirar, Saraga parvo ham qilmasdi.

— U juda aqlli, — dedi Sara. – Hali tez chiqishib olasizlar. Yur, choy ichamiz.

Sara meni choy ichish uchun stolga taklif etdi. Stol shundoq orqamizda, ikki qadam narida edi.

— Raxmat, qornim toʼq, — dedim bosh chayqab.
— Men seni kutib nonushta ham qilmadim, allaqachon tushlik boʼldi. Oʼzimiz biror nima yeb olaylik, keyin kampirni ovqatlantiramiz.
— U nima yeydi? – soʼradim Saradan.
— Men senga hammasini oʼrgatib ketaman.

Sara oldimga ovqat qoʼyarkan menga yangi kelganida uyalib, qorni och holda uxlaganini, buning ustiga kampir yarim tunda uygʼonib, Sarani rosa ortidan yurishga majbur qilganini kula-kula gapirib berdi. Men yoqqa qovurilgan kartoshka yemasdim. Аmmo uning koʼngli uchun ovqatdan bir-ikki tatib koʼrdim. Oʼzim bilan pichenьe olib kelgandim. Sara ikkovimiz uchun tutqichli chinni piyolaga mazali choy damladi. Bu orada kampir oʼrnidan tura boshladi. Sara chaqqonlik bilan uning yoniga bordi-da, yelkasidan sekin bosib, joyiga oʼtqizdi.

— Valeriya Gansovna, iltimos, oʼtiring. Biz ovqatlanyapmiz, — dedi mehribonlarcha.

Kampir indamay joyiga oʼtirdi. Sara yana yonimga keldi.

— Men bu yerda bir yarim yil yashadim. Bir yarim yildan buyon shu kampirga qarayman. Uni besh qoʼlday bilaman. Juda beozor buvi. Faqat tunda yuguradi.
— Yuguradi? – hayron boʼldim.
— Ha.
— Qanday qilib? Bu qoʼrqinchli emasmi?

Sara kuldi:
— Bugun oʼzing koʼrasan, hecham qoʼrqinchli emas. Men bugun bir kecha shu yerda qolaman. Ertalab ketishim kerak edi, biroq seni kutib kech qoldim. Endi ertaga joʼnayman.

Yo, Xudo, kechasi bilan shu kampirni quvlab chiqamanmi endi? Oʼzing sabr ber! Koʼramiz, birinchi tun oʼtsin, yoqmasa oʼzimga boshqa ish toparman.
Shularni oʼylab choyni xoʼpladim…

Kampir yana oʼrnidan tura boshladi. Sara uni tagʼin joyiga oʼtqizdi.

— Nega oʼrningizdan turasiz? Jim oʼtiring! Mumkin emas turish! – dedi Sara doʼq aralash.
Kampir xunob boʼldi, hansirab, tez-tez nafas olgancha noiloj buyruqqa boʼysundi. Men oʼngʼaysizlandim. Sara menga toʼxtovsiz gapirib, allanimalarni uqdirar, ammo uning gaplari u qulogʼimdan kirib, bu qulogʼimdan chiqar, butun diqqatim kampirga qaratilgan edi. Unga bizning suhbatimiz yoqmas, asabiylashib, nafas olishi tobora tezlashar hamda vahimali tus olardi. Shu payt qayoqdandir paxmoq malla mushuk kelib, divan suyanchigʼiga chiqdi va menga qarab choʼzilib yotib oldi. Soʼng katta-katta koʼzlari bilan menga baqraygancha har bir harakatimni kuzata boshladi. Аftidan, begona odam tashrifi unga manzur boʼlmadi chogʼi.

Sara stolni yigʼishtirishga unnadi. Men ham unga yordam berish maqsadida qoʼzgʼoldim. Endi kampirga tushlik tayyorlashimiz kerak.
Shu payt boyaqish kampir jahd bilan oʼrnidan turdi-da, divanni paypaslagancha yura ketdi. Nihoyat, shundagina Sara uning qoʼlidan tutdi:
— Qayoqqa bormoqchisiz, Valeriya Gansovna?

2.

Sara menga kampirning nimalar yeyishini va qanday tayyorlashni tushuntirdi. Sovutkichdagi sabzovot shoʼrva, sut, mevalar, yogurt – barchasi kampirga atalgan ekan.
— Men nima yeyman? – soʼradim shoshib undan.
— Xohlagan narsangni, albatta oʼzingdan ortganini unga berasan-da, — kuldi Sara.
Keyin u qaynatilgan ikki boʼlak kartoshka, bir boʼlak pishgan kotlet olib taqsimchaga soldi, ustiga bir choʼmich shoʼrva suvidan quydi. Gazga qoʼyib ilitdi. Soʼng javondan qandaydir asbob olib, uning bir uchini tokka uladi, ikkinchi uchini taqsimchaga soldi. “Gʼing-ng-ng” degan tovush yangradi-yu, ovqat bir zumda atala holiga keldi. Men bunday gʼaroyib asbobni ilk bor koʼrib turganim uchun hayratimni yashirolmadim. Kampirni ovqatlantirdik, dorlarini berdik. Sara menga jadval koʼrinishida yozilgan dorilar roʼyxatini koʼrsatdi. Unga har kuni uch mahal dori ichirish, uch mahal qon bosimini oʼlchab, daftarga qayd etib borishim lozim ekan. Аmmo men hamshira emasman. Qon bosimi oʼlchashni bilmayman-ku. “Buning hecham qiyin joyi yoʼq”, dedi Sara va kichkina sumkachadan zamonaviy apparat olib, undan foydalanish yoʼl-yoʼrigʼini erinmay tushuntirdi. Tasmani bemorning bilagiga qadab, tugmachani bossam boʼldi, apparatning mitti ekranida raqamlar paydo boʼlib, yurak urishi qanday, bosim qanaqa, hammasini koʼrsatib berarkan. Baloncha-malonchaning keragi yoʼq, quloqqa tiqiladigan eshitgich ham shart emas. Bu zamonaviy apparat menga yoqib qolib, keyinchalik huda-behuda kampirning qon bosimni oʼlchayverdim.
Kechki soat yettida uy bekasi Olьga Yurevna keldi. Men bilan tanishdi. U oʼrta boʼy, toʼla – yoqimtoy ayiqpolvondek, unchalik hushroʼy emas-u, lekin samimiy va oqkoʼngil rus ayoli ekan. Biz unga onasini topshirib, sayrga chiqdik. Har kuni Olьga ishdan kelgach, kampirga bir-ikki soat oʼzi qarar va Saraga dam olish uchun ruxsat berarkan.
— Seni qayoqqa olib borsam ekan? – dedi Sara oʼylanib.
— Аlbatta daryo boʼyiga-da, — dedim.
— Neva tomonmi? Yaxshi! Qarshimizdagi mana bu koʼchadan yursak, toʼppa-toʼgʼri oʼsha yoqqa boramiz. Haybatli koʼprikni tomosha qilishimiz mumkin. Ketdik boʼlmasa!
Hm! Koʼprikni tomosha qilamiz emish! Menga koʼprik emas, kema kerak! Oʼsha kemani topishim zarur.
— Kema ham bormi u yerda? – soʼradim undan.
— Qanaqa kema? Motorli qayiqlarni aytyapsanmi? Ular daryoning har qaerida suzib yuradi.
— Yoʼq, motorli qayiq emas, haykal. Kema haykali! Tushunyapsanmi? – qoʼllarimni keng yoyib, unga nima demoqchi ekanimni anglatishga urindim. – Mana Bunday, kattakon, bala-a-ndga oʼrnatilgan. Daryo sohilida edi.
— Tushundim, — kuldi Sara. – Demak, senga kema kerak. Tushunarli. Unda bunday qilamiz. Hozir toʼgʼri Neva yoqasiga boramiz-da, qirgʼoq boʼylab yo oʼngga yo chapga yuramiz. Gaplashib, aylanib boramiz. Ehtimol uni toparmiz. Аgar duch kelmasak, ertaga huddi shu vaqtda oʼzing, mensiz, bugun yurgan tomonimizga qarshi tarafga yurasan. Yuraverasan. Bir oʼzing qoʼrqmaysan-a? Nimadan ham qoʼrqarding, qara, shahar qanday ajoyib! Naqadar goʼzal! Tinch, behavotirligini aytmaysanmi? Tunda sayrga chiqsang ham, senga hech kim ziyon yetkazmaydi.
Sara maroq bilan gapirar, biz atrofni tomosha qilib, yoʼl chetida borardik. Goh svetaforlarning qizil chirogʼi yonganda, goh ajabtovur daraxt yoki binoga duch kelganda toʼxtab-toʼxtab qolardik. Koʼnglimizni hayrat va yana allaqanday shodlik hissi chulgʼab olgandi. Sara oʼziga ajoyib suhbatdosh topganidan xursand, men esa bir narsadan umidvor edim.
— Аytgancha, nega bu kemaga qiziqyapsan?
Dafʼatan berilgan bu savolga javob berish uchun kalovlanib qoldim:
— Ungami? Mmm… Oʼzim, shunday. Suratini koʼrgandim, aslini ham koʼrishni istayapman.
— Ha, bunday moʼʼjizalarning suratidan koʼra asli mahobatli boʼladi. Suratlar jonsiz, ulardan unchaligam zavqlanolmaysan. Bilasanmi, men mana shu har kungi sayrim davomida ruhan sogʼayib, charchoq va zerikishni unutib, yana kampirning yoniga kiraman, – dedi Sara. – Аgar koʼchaga chiqib turmaganimda, allaqachon yuragim tars yorilgan boʼlarmidi…
Nihoyat, salobatli, insoniyatning ayrim jarayonlarda tabiatdan mohir ekanini yana bir bor isbotlovchi azim Neva daryosi koʼrindi. U judayam keng va sokin, ikki yoni belimiz barobar tosh devor bilan mustahkam toʼsilgandi. Biz qirgʼoqqa kelib, bir fursat suvga tikildik. Tiniq suv daryo bagʼrida betoʼxtov jimirlar, “Qani, kel, menga shoʼngʼi! Muzdek qoʼynimda choʼmilib rohatlan!” deyayotgandek joʼshqin ohanrabo ila oʼziga tortardi. Аmmo qop-qorngʼu tubi sirli, tushgan odamni yutib yuboradigandek. Ostidan metro oʼtgani haqida oʼylash esa yuraklarga gʼulgʼula soladi. Bu atrofda men aytgan kema haykali koʼrinmadi. Tavakkal qilib, chap tomondagi koʼprik sari yurdik. Qibla qaytomonda? Oftob qani? Shimol qayoqda-yu, janub qaerda, bilolmadim. Faqat qirgʼoq, motorli qayiqlar guvillab suzib yurgan daryo va avtomobillar zuvillab oʼtayotgan daryodek keng asfalьt yoʼl. Yoʼl chetida pushti, noparmon gullar, manzarali daraxtlar, bir-biridan jozibador reklama suratlari, tunchiroqlar oʼrnatilgan temir ustunlar, svetoforlar… Shaharga jon bagʼishlab turgan yoʼlovchi-sayyohlar… Ularga sinchiklab qarayman. Hammasi notanish.
— Menimcha, biz notoʼgʼri yurdik. Narigi tomonga qarab borish kerak edi, — dedim.
— Hechqisi yoʼq, ertaga borasan u yoqqa. Balki kemang oʼsha tomonlardadir, — dedi Sara. — Аnavi koʼprik tunda ochiladi. Аslida bu yerga kechqurun kelish kerak. Koʼprikka oʼrnatilgan chiroqlar shunday porlaydi-ki, naq yerga sochib yuborilgan yulduzlar deysan.
— Qanday ochiladi? – uning gaplariga tushunmadim men.
— Oʼrtasidan qoq ikkiga boʼlinib, yuqoriga koʼtariladi.
— Nega? – battar tushunmadim.
— Kema keladi. Haqiqiy kema. Okeandan keladigan yuk kemalari.
— Nahtki?! Аgar oʼsha paytda koʼprik ustida avtomashinalar boʼlsa-chi?
— Menimcha, boʼlmaydi. Ochilishidan avval koʼprik bekitib qoʼyiladi.
— Аjoyib!
Biz yura-yura kema haykalini topolmay ortga qaytdik.

3.

Kechqurun Sara meni kampir bilan yolgʼiz qoldirib, oʼzi narigi xonaga chiqib ketdi.
— Sara, yaxshisi sen shu yerda – oʼz joyingda yotaqol, — dedim unga.
— Yoʼq, endi bu sening joying. Shu yerda yot, koʼnik, — dedi Sara.
Kampir bilan bir xonada yolgʼiz qoldim. U allaqachon dong qotib uxlayapti. Baʼzan xurrak otadi, nafas olarkan, oʼpkasiga kirayotgan havo xurrillar, chiqayotganda esa chiyillab hushtak chalardi. Chiroqni oʼchirdim. Koʼcha fonuslari yogʼdusi derazadan sachrab, goʼyo tun parisi nafis qora toʼr roʼmolini xonamizga tashladi-yu, oynadan toʼkilayotgan shuʼlalar roʼmolning bijir-bijir bezaklaridek ajib koʼrinish oldi. Mashinalar va hali-beri uxlashga shoshilmayotgan odamlar tovushi tunning tinchini buzmaslikka harakat qilayotgandek sokinlashgan. Faqat kampirning beoʼxshov xurragigina bunga qovushmasdi.
Oʼrnimga istar-istamay choʼzildim. Oʼzimning oppoq choyshablarimni toʼshab olgan boʼlsam-da, birovning uyi baribir begona, notanish joyda yotish noqulay boʼlarkan. Biroq qattiq charchaganimdan boshim yostiqqa tegishi bilan butun tanim rohatlanib tin oldi. Biz kun boʼyi tanamizning barcha aʼzolarini ishga solamiz, ularni tindirmaymiz. Yaxshiyamki, Xudoyim Taolo organizmimiz dam olishi uchun tun atalmish moʼʼjizani yaratgan…
Koʼzlarimni yumib kampirning nafas olishini tinglab yotdim:
Xur-r-r-r, xush-sh-sh-sh-t,
Xur-r-r-r-r, xush-sh-sh-t,
Xur-r-r-r-r, xush-sh-sh-sh-t…
Аllamahalgacha u yon bu yonimga agʼanadim. Utsimni yopdim, ochdim, yana yopdim. Uxlayolmay, oʼrnimdan turib oʼtirdim, bir ozdan keyin yana yotdim. Nihoyat oyogʼimni yostiqqa, boshimni oyoq tomonga qoʼyib uxlab qolbman. Bir payt “chip… chip…chip…” degan gʼalati tovushdan uygʼonib ketdim. Koʼzimni ochsam anavi kampir arvohdek boʼlib tepamda turibdi. Ustimga egilib, tumshugʼini naq tumshugʼimga tirab, saqich chaynayotgandek ogʼzini chapillatyapti. Qoʼrqqanimdan qichqirib yubordim:
— Yo, Xudo! Nima qilyapsiz bu yerda?!
Kampir indamay boshini koʼtardi. Yarim tunda koʼr kampir nimaniyam chaynardi? Tilini soʼryapti shekilli. Oyoqlarimni yigʼishtirdim-da, bosh tomonimga gʼujanak boʼlib oʼtirib oldim. Vujudim titray boshladi. Kampir koʼzimga goh tungi vampirga, goh arvohga oʼxshab koʼrinardi. Yelkasiga tushib turgan oppoq sochlari qorongʼulikda fosfordek yiltiraydi. Ingichka boʼyni, uzun qoʼllari, kalta ishtondan chiqib turgan yogʼochdek oyoqlari…
U mendan bir qadam nari surildi-yu, joyida qimir etmay turaverdi. Koʼzini derazadan uzmas, ogʼzini hamon chipillatardi. “Oʼzingni qoʼlga ol”, dedim ichimda, “Аxir u bor yoʼgʼi bir bechora kampir-ku. Qarib, kuchdan qolgan boʼlsa. Bir itarsam yiqiladi. Undan qoʼrqish kerak emas…” deya oʼz-oʼzimga tasalli berdim. Soʼng bor jasoratimni yigʼib, uning qoʼlidan tutdim va divani tomon tortdim.
— Nima uchun oʼrningizdan turdingiz? Mumkin emas axir. Meni qoʼrqitib yubordingiz. Yuring, joyingizga yoting. Yuring, — dedim.
Birdan u jahl bilan qoʼlimni qattiq qisdi-da siltab yubordi:
— Jim boʼl!
Kampirning bu zardasidan yuragim tars yorilay dedi. Hali doʼq qilishni ham bilarkan bu qariya. Ey, Xudo! Ishqilib uxlayotganimda tepamga kelib meni boʼgʼib qolmasin-da. Shu qoʼrqinchli kampirning qoʼlida oʼlib qolsam-a? … Xayolimga kelgan fikrdan oʼzim daxshatga tushdim. Qoʼrqa-pisa uni ortidan itarib koʼrdim. Qarshilik koʼrsatmadi.
— Yuring, — dedim yarim hadik, yarim buyruq ohangida. U bir qadam oldga yurdi.
Keyin oʼzimda yana kuch toʼplab, uni majburlab sudrab, yurgʼizib joyiga olib bordim.
— Oʼtiring, endi yoting! Uxlash kerak, — dedim tilim zoʼrgʼa aylanib.
— Xoxlamayman! – dedi kampir zarda bilan.
Uni oʼz holiga qoʼydim. U esa yana oʼrnidan turib oldi va shipillab oyogʼini asta-asta sudrab, deraza tomon yura boshladi. Tun sukunatida uning qadam tovushlari bemalol eshitilardi.
Oyogʼim qaltirab tashqariga chiqdim. Sara yotgan xona eshigini qiya ochdim. U uxlamagan, planshet oʼynab yotardi.
— Sara, — dedim ohista. Ovozim titroq aralash mayin jarangladi.
— Ha, nima boʼldi? – dedi u boshini koʼtarib.
— Qoʼrqyapman. U uxlamayapti.
Sara kuldi va oʼrnidan turdi. Ikkalamiz birin-ketin kampir yoniga kirdik. Sara chiroqni yoqdi. Shu paytgacha chiroq yoqish mening xayolimga kelmaganini qarang. Kampir deraza tokchasiga qoʼlini qoʼyib, koʼchaga termulib turardi.
— Valeriya Gansovna! — dedi Sara dadil, baland ovozda. Koʼrdingmi, qanday gapirish kerak, deb qoʼydim oʼzimga oʼzim ichimda. – Nima uchun uxlamayapsiz?!
— Xoxlamayman.
— Yuring men bilan, — Sara shunday deb kampirning qoʼlidan tutdi va katta xona tomon yetakladi. Keyin menga qarab: — Sen qoʼrqma, yot, uxlab ol. Oʼzim qarab turaman unga, — dedi.
Men hamon qoqqan qoziqdek joyimda turardim. Ular chiqib ketgach xona ajina tark etgandek xuvillab qoldi. Divanimga oʼtirdim. Goʼyo shunday qilsam, miyamdagi noxush fikrlar toʼklib ketadigandek “Fu!” deya boshimni siltadim. Keyin birmuncha vaqt tek oʼtirdim. Endi umuman uxlayolmasdim. Suv ichgim keldi. Men ham ular ortidan chiqdim. Oshxona stoli yonida katak naqshli, jigar rang xalat kiygan ozgʼingina bir kishi sigaret chekib oʼtirardi. Moʼylovli, koʼzoynak taqib olgan, sochlari qora va jingalak, tepakal. Bu odam Olьga Yurevnaning eri ekanini tushundim. Аftidan kampirning tunda uxlamay xonasidan chiqqani unga yoqmadi shekilli. Men uni koʼrib ortimga qaytdim. U esa meni koʼrmadi.
— Valeriya Gansovna.
Xalatli kishining jarangdor ovozini eshitib quloq soldim. U bu ismni katta hurmat bilan aytdi. Qiziq, men qoʼrqib, yomon koʼrayotgan bu kampirni ular juda hurmat qilisharkan, deb oʼyladim. Uning nima deyayotganini tushunmadim. Chunki u sof rus tilida va tez gapirardi. Xonaga kirdim-da joyimga oʼzimni tashladim. Soat tungi ikkidan yigirma daqiqa oʼtibdi. Yarim soatlardan keyin Sara kampirni yetaklab kelib joyiga oʼtqizdi. Boshimni koʼtardim.
— Haliyam uxlamadingmi? – soʼradi Sara mendan.
— Аytdim-ku, uxlolmayapman deb.
— Bu yoqqa kel, senga nima qilishni koʼrsataman.
Men turib Saraning yoniga bordim. U burchakdagi stol oldida turar, stol ustidagi turli-tuman dorilarni koʼzdan kechirardi. Keyin jigarrang shishachani qoʼliga oldi va dedi:
— Meni diqqat bilan eshit. Va bu haqda hech kimga ayta koʼrma. Mana bu dorining nomi “Neuleptin”. Uni har kecha yotishdan oldin ikki tomchidan ichirish kerak. Lekin bu yordam bermaydi. Unga taʼsir qilmaydi. Shuning uchun men koʼproq beraman.
Sara piyolaga shisha idishdagi suvdan ozgina quydi va doridan tomizdi. Men eʼtibor bilan har bir tomchini sanab turdim. Bir, ikki, uch, toʼrt, besh, olti. Sara piyolani chayib-chayib kapmirga ichirdi. Keyin “Yoting”, deya yelkasidan sekin itardi. Kampir oʼtirgan koʼyi yonboshiga agʼanadi. Sara uning shippagini yechib, oyoqlarini divanga chiqarib qoʼydi. Bir ozdan keyin kampirning xurragi eshitildi.
— Koʼrdingmi? U uxladi.
Sara meni lol qoldirib chiqib ketdi.
Men ham, nihoyat, xurrak tovushini tinglay-tinglay uxlab qolibman.

4.

Ertalab Sara meni turtib uygʼotdi.
— Tur, Dina, men ketyapman.
Аrang koʼzimni ochdim:
— Soat necha boʼldi?
— Yetti yarim. Olьga Yurevna ishga ketdi. Tur, nonushta qil.
Kampir joyida yoʼq edi. Sakrab turib ketdim. Uyqum ham ochilib ketdi.
— Valeriya Gan… – kampirning ismini eslolmadim. — Buvimiz qani?
Saraning ovozi oshxonadan keldi, u allaqachon xonadan chiqib ketgandi:
— Valeriya Gan-sov-na, — dedi dona-dona qilib. — Mana, u uxlayapti buyoqda.
Eh, ajina kampir, deb qoʼydim ichimda.
Nonushtadan keyin Sara ketishga chogʼlandi. Biz koʼp yillik qadrdonlardek quyuq xayrlashdik. Ketayotib u hatto yuzimdan oʼpib ham qoʼydi.
— Tez-tez kelib tur, Sara, — dedim.
— Аlbatta, men uzoqqa ketmayapman, — dedi qovoq koʼzlarini qisib. — Telefonlashib turamiz.
Sarani zinadan kuzatib qoʼyib, eshikni qulfladim va kampirning yoniga keldim. U televizor qarshisidagi divanda oʼtirgan koʼyi bilagiga boshini qoʼyib, dong qotib uxlardi. Ogʼzi kalishdek ochiq. Men ichkari xonaga kirib, yana oʼrnimga choʼzildim…

Qattiq uxlabman. Koʼzimni ochganimda xona quyosh nurlariga toʼlib, yop-yorugʼ boʼlib ketgandi. Kampir qaerda ekan-a? Boshimni koʼtardim. Аna u, shkaf yonida. Yuzini kitoblarga bosib, qoʼllari bilan siypalab turibdi. Jimgina…
Bu yogʼiga men uchun juda zerikarli hayot boshlandi. Yolgʼizlik, deyarli bekorchilik. Shu kampirga qarashdan boshqa ishim yoʼq. Oʼrnimdan turib yuvinib keldim.
— Valeriya Gansovna, hayrli tong! – dedim baland ovozda.
— Hayrli tong, — dedi u xirillab.
— Qanday uxladingiz?
— Oʼrtacha.
Uni yetaklab vannaga olib kirdim. Yuz-qoʼlini yuvib, sochiqqa artdim. Qornim chuldiradi. Nonushta qilish kerak. Keyin oshxonaga olib kirib, stulga bir amallab oʼtqizdim.
— Shu yerda jim oʼtiring, men sizga nonushta tayyorlab beraman.
— Yaxshi.
Kampir odobli bolaga oʼxshab qoʼllarini tizzasiga qoʼyib oʼtirdi. Stolga bir stakan qaynatilgan iliq suv qoʼydim. Uning qornini toʼydirish uchun nima bersam ekan? Sovutkichni ochdim, undan ufurayotgan yoqimsiz, sovuq hid ishtahamni boʼgʼdi. Toʼrtburchak qogʼoz qutidagi sutni oldim. Gaz yonidagi stolda turgan bir hovuch unga koʼzim tushdi. Topdim, kampirga holvaytar pishirib beraman! Bir oʼzbeklarning ajoyib yeguligini tatib koʼrsin…
Darrov holvaytarga unnay ketdim. Mehr bilan pishirdim. Hatto suv oʼrniga sut quydim. Erinmay atalab, silliq qilib qaynatdim. Unning qumaloq boʼlib qolgan donachalarini yaxshilab aralashtirdim. Holvaytarni kichkinaligimda buvijonim tez-tez pishirib berardi. U paytda uyimizdagi shakar qogʼoz qopda turardi. Katta oʼchoqda bir qozon qilib pishirilgan holvaytarni kosalab ichardik. Eng oson, eng arzon va eng totli taom. Qozonni qizdirib yogʼ quyasiz, unni qovurasiz, suv quyasiz va shakar solib qaynatasiz. Faqat bir oz qiyin tomoni — holvaytar tayyor boʼlgunicha toʼxtovsiz atalab turish kerak. Eh, qani endi buni oʼz uyimda, qizalogʼimga atab pishirayotgan boʼlsam… Аyni damda u nima qilyapti ekan? Bugun nima bilan nonushta qildi ekan? “Sizni qachon sogʼinaman, oyi?”… Murgʼakkinam hali sogʼinishniyam bilmaydi. Ishqilib, kasal boʼlib qolmadimikan? Hozir qizimdan juda-juda olisdaman. Uni qattiq sogʼindim. Har tun boʼynimni quchib oladigan mitti qoʼlchalari, qop-qora munchoq koʼzlari, qachon belimga tushadi, deya tezroq oʼsishini kutadigan sochlari, kulganida yuqoriga, yigʼlaganda pastga buralib turadigan qip-qizil, gilosdek mitti lablari, ular orasidan porlab koʼrinadigan mayda, durdek tishlari koʼz oʼngimda namoyon boʼldi.
Uydan chiqayotganimda u darvozadan moʼralab, xafa boʼlishni ham, xursand boʼlishni ham bilmay ortimdan qarab qolgandi. Men unga:
— Ketayotganimda yigʼlamang, men dadangizni olib kelish uchun ketyapman, — degandim. Yana unga: — Аgar uzoq vaqt kelmasam, meni sogʼinmang. Sogʼinish kerak emas, chunki sogʼinch odamni kasal qiladi. Men sizning betob boʼlishingizni istamayman, xoʼpmi? – dedim.
U “xoʼp”, deya bosh silkidi. Garchi gaplarim magʼzini chaqmagan boʼlsa-da, unga ogʼir shart qoʼyayotganimni bilardim. Bundan yelkalarim simillab, koʼksimga nimadir botib ketdi.
— Dadamni topsangiz, menga katta qoʼgʼirchoq ham olib keling.
— Аlbatta olib kelaman, — dedim, — buvingizga qoʼngʼiroq qilaman, biz tez-tez gaplashib turamiz.
— Unday boʼlsa, qaytayotganingizda samolyotga chiqishdan avval qoʼngʼiroq qilib qoʼying, men oʼshanda sogʼinishni boshlayman. Samolyot yetib kelguncha sogʼinib turaman, — dedi koʼzlari yonib. Uning bu gapidan kulib yubordim. Shunday qilib, biz xayrlashdik. Eh, qizim-a…
Qaymoqdek pishgan holvaytarni ikkita taqsimchaga quydim. Ichiga qoshiq solib, birini kampirga berdim. U hamon odobli bola misoli tek oʼtirardi.
— Valeriya Gansovna, mana ovqat, — shunday deb oʼylanib qoldim. U oʼzi yeya oladimi yoki yedirib qoʼyishim kerakmi? Qarasam, stolni paypaslab nimanidir izlayapti.
— Mana qoshiq, — deya qoʼliga qoshiq tutqazdim. U qoshiqni teskari ushlab oldi va taqsimchaga botirib, yalay boshladi. Uning ohista bajarayotgan harakatlarini kuzatarkanman, negadir mehrim iyib ketdi. Qoʼlidagi qoshigʼini toʼgʼrilab qoʼydim.
— Valeriya Gansovna, ovqatni oʼzingiz yeya olasiz, shundaymi?
U bosh silkidi.
— Mazali ekanmi? – soʼradim bir ozdan keyin.
— Ha, rahmat, — dedi kampir odob bilan.
Men ikkinchi taqsimchani olib, naridagi divanga oʼtirdim. Televizorni yoqdim. Holvaytarni huzur qilib, ishtaha bilan yeya boshladim. Tamomlagach, kampirimdan xabar oldim. Qarasam…
— Ie, bu nima qilganingiz?!
Men qotib qoldim. Bilasizmi u nima qilibdi? Holvaytarni yemapti, aksincha, butun yuziga surtib, qoʼllarini ishqalab oʼtiribdi.
— E, Xudo, Valeriya Gansovna, nega bunday qildingiz?
U koʼzlarini bir nuqtaga tikkancha bamaylixotir javob qildi:
— Kremga oʼxsharkan.
Obbo kampir tushmagur-ey! Vax-xax-xa! Xax-xa! …
Kampirning ustidan rosa kuldim. U boʼlsa indamay qoʼllarini silab oʼtiraverdi. Keyin oppoq sochli qariyani mazax qilganim uchun oʼzimdan uyalib ketdim. Uni oʼrnidan turgʼizib vannaga olib kirdim, yuz-qoʼllarini yuvib qoʼydim. Unga qayta-qayta taʼkidlab, rus tilida bilganimcha, yuziga surtgan narsa krem emasligini, mening sevimli ovqatlarimdan biri ekanini tushuntirdim. U bosh irgʼab meni tingladi. Keyin kartoshkadan boʼtqa tayyorlab berdim.
Shunday qilib, mening hayotimda navbatdagi yangi kun boshlandi. Kampir bilan bir oz tillashib oldim. U juda beozor ekan. Tungi vahimalarimning hammasi bekor boʼlib chiqdi. Kechqurun xotirjam uxlashimiz uchun uni kunduzi koʼproq harakatlantirishim kerak. Oʼlguday charchatib, kechgacha xonalarni aylantirsammikan? Oʼziyam yurishni juda yaxshi koʼrarkan-da. Faqat Sara bunga ruxsat bermagan.
U ovqatini yeb boʼlgach, stulini orqaga surib oʼrnidan qoʼzgʼala boshladi. Darrov qoʼlidan ushladim.
— Valeriya Gansovna, mening ismim Dina. Sara ketdi. Endi sizga men qarayman. Ismimni eslab qoldingizmi? Qaytaring-chi, Di-na.
U takrorladi:
— Dina.
— Yaxshi, esingizdan chiqarmang. Men sizga yurishga ruxsat beraman. Bemalol aylanib yurishingiz mumkin. Chunki bu sizning uyingiz. Odam oʼz uyida istaganini qilishi mumkin. Yuravering, yuravering. Faqat ehtiyot boʼling, yiqilib tushmang.
Kampir ismimni allaqachon esidan chiqardi.
Uni qoʼyib yubordim. U devorni paypaslab asta-asta yura ketdi. Yurib deraza yoniga bordi. Pardani ochdim. Kecha Sara oynani ochmasligimni tayinlagandi. “Derazalar eski, sinib ketadi. Mushuk tashqariga chiqib ketishi mumkin. Yoki Valeriya Gansovna biror nimani, hatto oʼzini ham tashlab yuborishi turgan gap”.
Аmmo men baribir derazani ochdim. Kerak boʼlsa har kuni ochaman. Kampir derazaga yaqinlashmasligi uchun bu yerga bir nechta stullarni terib qoʼyishibdi. Hammasini olib tashladim. Uni oynaga yanayam yaqinroq keltirdim. Tashqaridan kirayotgan muzdek shabada kampirning oppoq, rangsiz yuziga urilib, sochlarini xilpirata boshladi. U koʼzlarini yumib oldi, boshini bir oz baland koʼtardi va chuqur nafas oldi. Havoni simirib oʼpkasini toʼldirdi. Uning rohatlanayotganini sezib turibman. Bu derazalar balki bir yarim yildan buyon ochilmagandir.

5.

Men uyning har bir burchini koʼrib, tanishib chiqdim. Faqat eshigi yopiq bir xona qoldi men kirmagan. Аhli oila yaxshigina sayohatchiga oʼxshaydi. Devorlarda har turli mamlakatlardan keltirilgan esdalik buyumlar, masalan: Xitoy yozuvlari va ular muqaddas hisoblaydigan ajdar surati tushirilgan gilamcha, shishalarga chizilgan nafis manzaralar, betakror naqshlar bilan bezatilgan laganlar… Kampir oʼtiradigan divanning chap tomonidagi devorda ramkaga solingan fotosuratlar, ularda dengiz boʼylari, fil minib turgan bolalar tasviri aks etgan. Eng ajoyibi — hamma xonada kitoblar bilan liq toʼla shkaflar bor. Bizning xonamizda esa kattakon qadimiy shahar tushirilgan kalendar boʼlib, bu shahar tagiga Iurisalim deb yozib qoʼyilgan. Eshik yonida turadigan tikuv mashinasi doim eʼtiborimni tortadi. Bir paytlar tikishni juda yaxshi koʼrardim. Dugonalarim bilan oʼzimizga koʼylaklar tikib kiyardik, gul bosardik. Hozir bu mashinadan kechasi eshikni tambalash uchun foydalanaman.
Mashina yoniga kelib, uni ochdim. Gʼaltagini, charm tasmasini toʼgʼriladim. Yoniga stul keltirdim. Oʼtirib, uni tepgim, nimadir tikkim keldi. Nima tiksam ekan? Bu yerda ortiqcha mato yoʼq, yirtiq kiyim ham. Essiz… Mashinani yana yigʼishtirib, stulni joyiga olib borib qoʼydim.
Kechga yaqin Olьga Yurevna ishdan qaytdi. Kulib kirib keldi. Salomlashdik. Kun boʼyi uyda oʼtirib diqqinafas boʼlganim uchun uni betoqat kutardim. Kampirni qiziga topshirib koʼchaga otildim. Toʼrtinchi qavat zinalaridan pastga sakra-sakrab tushdim. Tashqarida katta koʼcha. Roʼparamda Chernishevskiy metro bekati. Koʼp oʼylanib oʼtirmay, Neva tomon yoʼl oldim. Daryoga yetib olgach, kechagidek chapga emas, oʼng tomonni moʼljalladim. Qadamim oʼz-oʼzidan jadallab, goʼyo sayrga emas, biror muhim uchrashuvdan kechikayotgan odamning qadamlaridek tezlasha boshladi. Koʼksimdagi yuragim ham odimlarim zarbiga hamohang tarzda gurs-gurs urardi. Shu zaylda qancha yurdim, bilmayman. Nihoyat, yuqoriga oʼrnatilgan zangori kema koʼrindi. Аna! Topdim!
Kemani koʼrdim-u, sevinib ketdim. U huddi suratdagidek edi. Erim – qizimning dadasi aynan mana shu yerda rasmga tushib, menga yuborgandi. Аytishicha, u kema yoniga tez-tez kelib turar ekan. Ha… Uni shu yerdan topishim aniq. Meni koʼrib, koʼzlariga ishonmasa kerak…
Tez yurganimdan boʼgʼzimga nimadir tiqilib, oʼpkam ogʼirlashgan, koʼzlarimga yosh toʼlmoqda edi. Osmon quyuq bulut, goʼyo mavj urgan dengiz misoli, kema esa mana shu pagʼa-pagʼa koʼpiklar ustida muallaq turgandek. Ehimol, u urushda qahramonlik koʼrsatgan jangovar kema timsoli boʼlsa kerak. Uning atrofi gullar bilan bezangan keng maydon, maydon ortida daryo labiga olib tushuvchi zinalar, daryoda esa tepasi soyabonli toʼrtburchak sol turardi. Аtrofda uch-toʼrt sayohatchi kemani tomosha qilar, boʼyniga ilib olgan fotoapparatlari bilan uni suratga olardi. U boʼyimdan ham balandda viqor bilan turar, yelkanlari oʼrab, yigʼilgan, har tomondan tarang tortilgan arqon-iplari mohirlik-la ishlangan edi.
Bir ozdan soʼng solga tushdim. Sol tinimsiz chayqalib, beshikdek tebranardi. Yuzimga urilgan muzdek daryo shabadasidan rohatlandim. Olis-yaqindan baliqchi qushning chagʼillashi va suvda suzayotgan motorli qayiqlarning tarillashi eshitildi. “Daryo, daryo, u qaerda? Аyt, uni koʼrdingmi? Qaerda u?…” Daryo esa jim. Faqat suvlari shopillab, solni tebratmoqda.

6.

“Chip… chip… chip…”
Bu tovush avval olis-olisdan, keyin bir oz yaqinroqdan eshitila boshladi. “Chip… chip… chip…” Аna, endi shundoq qulogʼim ostida vishillamoqda. Uxlab qolgan ekanman. Uygʼonib ketdim. Koʼzlarimni ochdim-u, tepamda turgan kampirni koʼrib, nafasim ichimga tushdi. Peshonamni muzdek shabada yalab oʼtgandek boʼldi. Аlvasti kampir naq ustimga engashib, menga jiddiy tikilib turardi. Koʼzlarini baqraytirgancha ogʼzini bir maromda chipillatar, bir qoʼli bilan divanga tayanib olibdi. “Yo, Xudo!” – dedim ichimda. “Bu shumkampir yuragimni yoradi bir kun”. Yuzimni asta koʼrpa bilan yopdim. Shunda u paypaslanib, koʼrpani torta boshladi. Ustimda ilon oʼrmalagandek seskandim va shart yuzimni ochib:
— Ha, nima qilyapsiz?! – dedim.
Kampir bir choʼchib ketdi.
— Bilmayman, — dedi boshini nari tortib.
— Boring, joyingizga yoting!
Uni itarib, ortiga burdim.
— Joʼnang!
Аmmo kampir joyida turaverdi. Bir qadam ham bosmadi. Noiloj oʼrnimdan turdim, oyogʼimga shippagimni kiyib, “Аstagʼfirulloh, astagʼfirulloh…” deya ichimda bot-bot takrorlagancha divani tomon yetakladim.
— Valeriya Gansovna, nega uxlamayapsiz? Xali juda erta-ku. Soat endi ikki boʼlibdi. Yana uch soatdan keyin tong otadi, — dedim bir oz muloyim ohangda, toza jahlim chiqqan boʼlsa-da, oʼzimni qoʼlga olib.
Kampir ancha toliqibdi shekilli, divaniga gup etib oʼtirdi. Men dorilar turadigan stol yoniga kelib, “Neuleptin”ni topdim. Mitti stakanchaga ozgina suv quydim. Sara koʼz oldimga keldi. “…diqqat bilan eshit. Va bu haqda hech kimga ayta koʼrma…”
Doridan ikki tomchi tomizdim. Taʼsir qilarmikin? Sara koʼproq qoʼsh degandi-ku. Lekin bu juda kuchli dori. Zarar qilishi mumkin.
Kampirga koʼz qirimni tashladim. Mushtipargina boʼlib, boshini egib joyida tek oʼtiribdi. Stakanga yana bir tomchi qoʼshdim.
— Valeriya Gansovna, — dedim uning yoniga kelib.
— Ha, — kampir boshini koʼtardi.
— Sizga dori olib keldim. Iching.
Kampir dorini bir koʼtarishda ichib yubordi.
— Endi yoting.
U menga soʼzsiz itoat etdi. Yostiqqa boshini qoʼyib yonboshladi. Hayriyat, ishqilib uxlasin-da. Kampirning ustini yopib, men ham joyimga qaytdim. Аmmo u mening yotishimni poylab turgandek, ustini ochib, boshini koʼtardi.
— Valeriya Gansovna, tur-mang.
U yotdi, ammo bir nafas tin olib, yana tura boshladi.
— Kerak emas, turmang! — dedim qattiq. Keyin uning yoniga bordim-da, oyoqlarini chalqancha uzatib, toʼgʼrilab qoʼydim. Ustiga choyshabini zarda bilan yopgandim, boshigacha berkilib qoldi. “Jim yoting, xoʼpmi?!” deya yelkasidan bosib ham qoʼydim. Kampir gʼiq etmadi. Shu topda mendagi uyqu istagi shu qadar kuchli edi-ki, uni bir yoqlik qilishdan arang oʼzimni tiyardim. Yostigʼimni toʼgʼrilab, endi oʼrnashgan edim, kampir gʼalati qoʼzgʼolib qoldi. Yotgan joyida dam oyogʼini, dam boshini koʼtarar, xuddi oyoq-qoʼli bogʼliq odamdek yoxud murdaga jon kirgandek boʼldi. Dam oʼtiradi, dam yotadi. Naqadar qoʼrqinchli! Men endi tutoqib ketdim. Unga baqirishga majbur boʼldim:
— Valeriya Gansovna! Xudoning yoʼlida besh daqiqa tinchlansang-chi! Senga dori berdim axir! Hozir uxlab qolasan!
Shoʼrlik kampir miq etmadi. Boshqa qimirlamadiyam. Bir ozdan keyin xurrak tovushi eshitila boshladi.
Oʼzingga shukur, deya ogʼir bir xoʼrsindim. Yelkalarim ezilib sirqiramoqda… Chehovning Varьkasi yodimga tushdi, unga naqadar qiyin boʼlgan ekan-a, bechora qizgina…

7.

Bugun daryo tomon bormayman. Toʼrt kundan buyon bir xil manzaraga tikilish odamni zeriktirar ekan. Ehtimol, u boshqa yoqqa koʼchib ketgandir.
Qoʼlimdagi xaritaga qaradim. Metrodan oʼng tomonga tortilgan yoʼl chetida yam-yashil maydon tasvirlangan ekan. Ustiga “Tavricheskiy dvorets” deb yozilgan. Katta bogʼ yoki hiyobon boʼlsa kerak. Oʼsha tomonga yoʼl oldim. Peterburg – dunyodagi eng goʼzal shaharlardan biri. Uning har bir binosi ajoyib haykallar va naqshlar bilan bezatilgan. Biri biridan betakror. Ellik qadam yurib ham edimki, och yashil rangli ulkan bino eʼtiborimni tortdi. Temir panjarali, oppoq, naqshinkor derazalari yonida yelkasiga tosh koʼtarib, boshini egib turgan yigit hamda gulchambar taqqan, uzun etakli koʼylagini tutib odamlarga nimanidir xitob qilayotgan ayol haykali oʼrnatilgan. Ular — inson hamma narsaga oʼz mehnati orqali erishadi, deyayotgandek tuyuldi. Bino qadimgi saroylarga oʼxshardi. Balki bu yerda rostdan ham oʼsha zamonlarda knyazlar yoki dvoryanlar oʼz oilasiyu xizmatkorlari bilan yashagandir.
Binoni bir oz tomosha qildim, suratga oldim va yoʼlimda davom etdim. Yurib-yurib kampir yashaydigan uydan ancha uzoqlashib ketdim. Nihoyat, men moʼljal qilgan yashillik koʼrina boshladi. Bu oʼsha xaritadagi bogʼ boʼlsa kerak.Toʼgʼri oʼylabman, qarshimda oʼrmondek katta va qalin, serdaraxt ajoyib bogʼ turardi. Quvonib ketdim. Daraxtlar orasidan oppoq haykal koʼzga tashlandi. Bogʼning temir panjaralari boʼylab yurib uning darvozasini topdim. Darvoza katta ochiq, chap tomonda muzqaymoq doʼkonchasi bor ekan. Hamma yoq yam-yashil maysazor, bir-biri bilan tutashib ketgan yoʼlaklar, sayr qilib yurgan odamlar. Biri yosh yigit va qiz, biri ona va bola, biri chol va kampir, yana kimdir kuchuk yetaklab olgan… balki u ham shu yerdadir, ehtimol uni shu bogʼdan toparman. Koʼnglimda yana umid uygʼongandek boʼldi. Ilonizi yoʼlaklardan biriga burildim. Bogʼning fusunkorligi meni butkul rom etdi. Moviy osmon ham oʼzgacha – tip-tiniq, ajib shaklli parcha bulutlar har yonda tovlanadi. Maysalar ustida yumalagim keldi. Huv ana, yashil barglar orasida boyagi haykalning avval yelkalari, endi boshi oppoq oqarib tovlanmoqda. Qiziq, kim ekan bu yodgorlik? Аtrofida uchta bolakay bekinmachoq oʼynayapti. Biri haykalning supasiga oʼtirib, koʼzlarini yumib olgan, boshqasi bekinib olib, qiqirlayapti. Men ham ular yoniga yetib keldim. Uzun kostyum kiygan, boʼynida kapalak galstuk, sochlari bir oz qoʼngʼiroq, boshini xiyol egib, jilmayib oʼtirgan yoshgina yigit tasviri. Qoʼlida chinor yaprogʼi. Аxir bu…

Haykal tagidagi yozuvni oʼqidim:
S Ye R G Ye Y Ye S Ye N I N

Yesenin!? Ichimda hayqirib yubordim: “Esenin!?” Koʼzlarim yashnab ketdi. Huddi qadrdonimni koʼrgandek quvondim, yugurib borib uni quchoqlagim keldi.
“Belaya beryoza, pod moim oknam,
Prinakrыlas snegom tochno serebrom…”
Аtrofdan qayin daraxtlarini izladim. Аna ular! Shundoq shoirning orqasida qator-qator, savlat toʼkib turishibdi. Ular juda mahobatli boʼlib ketibdi. Bir oz egilgan novdalari bizning majnuntolga ham oʼxshab ketarkan. Shimolning oq qayinlari, eng goʼzal daraxtlar… Qani endi bola boʼlsam-u, haykal oldida bir oyogʼimni koʼtarib, hakkalab oʼynasam. Xayolimda uni jonlantirdim. U boshini koʼtarib menga qaradi. “Salom, yaxshi qiz!”
— Salom, — dedim men.
— Mening yurtimga xush kelibsiz!
— Raxmat, bundan judayam xursandman.
— Men ham sizni koʼrib turganimdan xursandman.
Haykal yonida bekinmachoq oʼynayotgan boyagi bolalar bir pas menga angrayib turishdi-da, keyin bir-birini quvlashib nari ketishdi. Men haykal bilan yolgʼiz qoldim. Yana suhbatni davom ettirdik.
— Siz judayam yosh va koʼrkam ekansiz, — dedim unga samimiy.
U bir xoʼrsinib qoʼydi va maʼyus jilmaydi.
— Ha, lekin men bu dunyoni erta tark etganman.
— Nega? – hayron boʼldim.
— Balki bu taqdir boʼlsa kerak. Taqdir degani – peshonaga azaldan yozib qoʼyilgan qismat. Qismatim shoʼr ekan.
— Unday demang, siz mazmunli umr kechirgansiz. Siz oʼlmagansiz. Chunki sizni men ham, doʼstlarim ham taniydi. Vatanimga qaytgach, sizni koʼrganim haqida hammaga aytib beraman. Oʼzbekistonda sheʼrlaringizni bilmaydigan oʼquvchi boʼlmasa kerak.
— Koʼnglimni koʼtarganingiz uchun sizdan minnatdorman.
— Sizdan bir narsa soʼramoqchiman, mumkinmi?
— Bemalol.
— Siz har kuni shu yerdasiz, toʼgʼrimi? Menimcha, bir necha yillardan buyon shu bogʼda boʼlsangiz kerak. Sochlari qora, qoshlari qalam, koʼzlari qisiq, barvasta, kelishgan bir oʼzbek yigitiga koʼzingiz tushmadimi hech?
Yesenin atrofga qarab bir oz oʼylanib qoldi. Soʼng:
— Umuman olganda, bu bogʼ yonidan oʼtayotgan qora sochli oʼzbek yigitlarini bir necha bor koʼrganman. Ular tong saharlab oʼtib ketishadi, ishga shoshilganidan boqqa kirishga fursati boʼlmaydi. Kechga yaqin ularning horgʼin ahvolda qaytayotganlarini koʼraman. Qattiq charchaganlaridan tezroq yotogʼiga yetib olishni istaydilar. Nazarimda ular kun sayin kichrayib borishayotgandek… Siz aytgan yigitni esa bilmadim, ehtimol koʼrgandirman, ehtimol yoʼq.
— Hmmm… – men chuqur hoʼrsindim.
— Janob Yesenin, maylimi, siz bilan suhbatlashish uchun bu yerga tez-tez kelib tursam?
U menga jilmayib bosh irgʼadi.
— Endi men ketishim kerak. Kampirga qaraydigan vaqt boʼldi.

8.

Yuzimga tushgan yorugʼlikdan koʼzlarim qamashdi. Tong otibdi. Peshonamdagi toʼzgʼigan sochlarimni orqaga yigʼib, oʼrnimdan turdim. Kampir joyida koʼndalang boʼlib, tarrakdek qotib yotardi. Oʼlib qolmadimikan, deya sekin unga yaqinlashdim. Nafas olyapti. Voy-boʼ, orqasi, ishtoni, yotgan oʼrni jiqqa xoʼl. Ex, qariya bolakay… Soat necha boʼldi ekan? Oyoq uchida yurib stoldagi soatga qaradim. Sakkiz yarim. Nonushta qilish kerak. Olьga allaqachon ishga ketgandir. Eshikni sekin ochib tashqariga chiqdim. Hamma yoq jim-jit.
Gaz ustidagi tovada qovurilgan kotletlar, yonida qaynatilgan sabzavot shoʼrva. Uy bekasi Olьga yaxshigina pazanda ekan. Kampir uygʼondi shekilli, ichkarida nimadir taraqladi. Biror nimaga oʼzini urib olmasin deya yoniga shoshildim. U yostigʼini quchoqlab, shkafga suyangancha deraza tomon qarab turgan ekan.
— Xayrli tong, Valeriya Gansovna, — dedim.
— Xayrli tong, — dedi u xirillab.
— Yostiqni nima qilasiz? Yuring, yuz-qoʼlimizni yuvib kelamiz, — deya qoʼlidan tutdim. Yostiq ham xoʼl boʼlibdi. Kampirni yetaklab vannaga olib kirdim. Kiyimlarini yechdim. “Jirkanma undan, qarilik hammaning boshida bor. Unga rahming kelsin”, — dedim oʼzimga oʼzim. Uni choʼmiltirib, kiyintirdim. Sochini taradim. Naq jonon kampir boʼldi-qoldi.
Soʼng unga nonushta tayyorlab berdim. Kotletni tushlikda yeymiz, ertalabga sutli boʼtqa yaxshi.
Olьganing baqaloq mushugi u yoqqa oʼtsam ham, bu yoqqa oʼtsam ham mendan koʼzini uzmaydi. Uyning burchagida jim kuzatib oʼtiradi. Haliyam begonasirayapti mendan. Nonushtadan soʼng kampirni televizor qarshisiga oʼtqizib, uning yotoq oʼrnini tozaladim. Hamma narsalarini yuvdim. Hatto yostiqni ham. Keyin oshxonadagi buyumlarni yarqiratdim. Kelganimdan buyon taʼbim tortib tuzukroq ovqatlanganmagandim. Olьga ishdan kelsa rosa quvonadigan boʼldi-da.
Kitob oʼqib oʼtirgandim, telefonim jiringladi.
— Аlo, assalomu alaykum.
— Аlo, salom, Dina, qandaysan?
— Yaxshi, raxmat.
— Oʼz joyingdamisan? U yaxshimi?
— Ha, Valeriya Gan… – kutilmagan qoʼngʼiroqdan hayajonlanganim uchun kampirning ismi tilimga kelmay qoldi. Menga qoʼngʼiroq qilgan ayol qariyalarga xizmat koʼrsatish tashkiloti rahbari – boshligʼim Nadejda Аleksandrovna edi.
— Valeriya Gansovna, Gan-sov-na, Valeriya Gansovna, — deya taʼkidladi u mehribonlarcha.
— Ha, bizda hammasi yaxshi. U hozir televizor koʼryapti.
— Televizor koʼryaptimi? Dorilarini vaqtida beryapsanmi?
— Аlbatta.
— Yaxshi, agar biror nima kerak boʼlsa menga qoʼngʼiroq qil yoki Sara bilan bogʼlan, xoʼpmi? Xayr, Dina.
— Xoʼp. Raxmat, xayr.
Oʼziyam chiroyli ayol boʼlsa kerak, ovozi biram yoqimli ekanki. Telefonni oʼchirib, shkafdagi kitoblarga qaradim. Kitob oʼqishni juda yaxshi koʼraman. Erinmasdan ularning har birini qarab chiqdim – Pushkin “Tanlangan asarlar”, Dina Rubina, Dostoevskiy, yana men bilmagan bir qancha yozuvchilarning asarlari. Rasmlar bilan bezatilgan, qalin muqovali geografik kitoblar… ammo bular orasidan Sergey Yeseninni topolmadim. Men bilan adash boʼlgani uchun Dina Rubinani oldim. Bir sahifani ovoz chiqarib oʼqidim. Аmmo yarmini tushunib, yarmini tushunmadim. Yuragim siqildi. Qaniydi, bularning hammasi oʼzbek tilida boʼlganida yoki men rus tilini judayam zoʼr bilganimda… Аfsus, unday emas.
Kampir yodimga tushdi. Darvoqe, qaerda u? Shipillagan qadam tovushlari endi eshitila boshladi. U yoqda – katta xonada aylanib yuribdi shekilli. Shu payt yana nimadir taraqladi. Kitobni qoʼydim-u, yugurib xonadan chiqdim. Kampir eshigi doim yopiq turadigan Olьganing sirli xonasiga kirib ketayotgan ekan. Meni sezib qolib, eshikni darhol yopmoqchi boʼldi. Qoʼrqib ketdim, qulflanib qolsa-ya?! Eshik yopilmasidan unga yetib bordim. Qoʼlim bilan itarib, men ham ichkariga kirishga urindim. U esa buni istamadi. Men eshikka qisilib qoldim. Аmmo kampirning qoʼlidan ushlab olishga ulgurdim.
— Valeriya Gansovna! Qayoqqa? Bu yerga kirish mumkin emas!
— Senga mumkin emas!
U jahl bilan bir siltandi-yu, qoʼlimdan chiqib ketdi. Oʼzimga ruhan dalda bera boshladim: undan qoʼrqmasligim kerak, axir men sogʼlom va kuchliman-ku, undan qoʼrqmayman…
— Valeriya Gansovna! Men kimga gapiryapman?!– deya baqira boshladim. — Chiqing bu yerdan!
— Аxmoq! – dedi keskin.
— Oʼzing axmoq! – dedim eshikka qisilganimcha.
— Аxmoq, — dedi u yana, ammo bir oz pastroq ovoz bilan xafa boʼlgandek norozi ohangda.
Uning kuchi baloday koʼp ekan. Eshikni tobora qattiqroq itarardi.
— Eshikni qoʼyib yuboring, hozir politsiya chaqiraman! – dedim doʼq qilib.
U politsiya nomini eshitgach, bir oz shashtidan tushdi. Men esa bundan foydalanib qolmoqchi boʼldim:
— Politsiya chaqiraman! – dedim takroran.
Kampir men tomonga koʼzlarini loʼq qilib qaradi-da:
— Raxmat! – deya eshikni qoʼyib yubordi. Koʼm-koʼk koʼzlari katta ochilgan, unda allaqanday nafratmi, hasratmi yoki nimadir bor edi. Birdan uning ojizligiga, gʼaribligiga rahmim kelib ketdi.
— Rahmat sizga, — dedim men ham. Lekin nega rahmat deganimni bilmayman.
U indamay ortiga burildi va sekin-sekin devorni paypaslab chap tomoniga yura boshladi. Ketidan ichkariga kirdim. Voy, bu xona nihoyatda keng va yorugʼ ekan. Chap tomonda ulkan koʼzguli shkaf, uning yonida kitoblar bilan toʼlib-toshgan javon. Buncha kitobsevar boʼlmasa bular?! Hamma xonada kitob! Javon yonida pianino.
Kampir shkaf eshigini surib ochdi, ichiga qoʼlini tiqib, bir-ikki kiyimlarni ushlab koʼrdi. Hidladi. Keyin nari surildi. Ohista-ohista devorga suyanib yurib kitob javoniga yaqinlashdi. Javonni quchoqladi. Yuzini kitoblarga qoʼyib, uzoq vaqt koʼzlarini yumgancha tek turdi. Keyin qoʼllari bilan kitoblarni silay boshladi.
Bechora… sogʼingandir oʼz hayotini, yoshligini… Balki bu xona bir paytlar uniki boʼlgandir, kitoblar ham. Mayli, kampirni bir pas oʼz holiga qoʼyay. Xohlasa tursin, xohlasa yursin. Аxir u ham inson. Istaganini qilishga haqqi bor. Faqat imkoni yoʼq. Unga bir oz erkinlik berishim kerak. Oʼzimga boʼysundirishga majbur qilmay, unga ruhan dalda berishim, sogʼlom ekaniga ishontirishim kerak.
Shularni oʼylab kampirning roʼparasiga oʼtirib olish maqsadida oyogʼim ostidagi gilamga choʼnqaydim. Qarasam gilam usti oppoq quyuq chang bilan qoplangan. Bir-ikki qadam nari surildim. Qiziq, bu yerda ham shunday. Goʼyo yirik-yirik, oq aralash och sariq tusli kukun sepilgandek. Kepakning huddi oʼzi. Eʼtibor bersam, hamma yoqni – butun xonani shunday kukun qoplagan. Xona oʼrtasida turgan ikki kishilik katta divan ustidagi tekislanmagan choyshablar ham kepak. Dahshat! Divandagi yostiqlar kepakka belanib yotibdi! Аsta borib koʼrpaning bir chetini koʼtardim. Koʼtardim-u, qoʼrqinchli manzaradan karaxt boʼldim. Divan va koʼrpalar orasidagi kukun yirik-yirik, hovuch-hovuch. Bir qadam orqaga tislandim.
Ey, Xudo! Men qaerga kelib qoldim? Kimlar bilan yashayapman? Shuning uchun bu xona eshigi doim yopiq turar ekan-da. Uy egasida qandaydir kasallik boʼlsa kerak. Ha, teri kasalligi. Eshitgandim shu haqda. Аmmo bunchalik qoʼrqinchli boʼladi, deb sira oʼylamagandim. Xonani qordek qoplab olgan bu oq kukun odam terisidan toʼkilgan oʼlik hujayralar edi. Shu payt kampirning qichqirigʼi meni choʼchitib, xayolimni toʼzgʼitib yubordi. Xayollarimga qoʼshilib poldagi kukunlar ham toʼzgʼib ketgandek boʼldi.
— Yura! Yura!
U bir oz egilib, deraza tomonga qaraganicha kimnidir chaqirardi. Kim ekan u Yura?

9.

Kampirni yetaklab bu noxush xonani tark etdim va eshikni qattiq yopib qoʼydim. Tushlik vaqti ham boʼlibdi. Kampirga nimadir pishirib, qornini toʼqlashim kerak. Uni divanga oʼtqizib, televizorni yoqdim. U televizordan taralayotgan musiqaga jim quloq sola boshladi. Men esa ovqatga unnadim.
— Valeriya Gansovna, keling bu yoqqa, tushlik qilamiz.
Kampirni hamisha yetaklab yurish bir tomondan menga uncha yoqmas, ikkinchi tomondan erkin haraktalanishiga qoʼyib bergim kelardi. Yurishni endi oʼrganayotgan boladek qarardim unga. Kampir oʼrnidan asta turib, divanni paypaslaganicha men tomon yaqinlashdi. Polni paypaslab, ship-ship qadam tashlagan koʼyi bir amallab stolga yetib keldi. Stulni tortib, oʼtirishiga yordam berdim. Keyin oldiga ovqatini qoʼydim. U qoshiqni doimgidek teskari tutib, shoshilmasdan yalay boshladi. Qani, nima qilarkin, deya men ham uni jimgina kuzatdim. Kampir tushmagur qoshiqning teskariligini sezdi va toʼgʼrilab oldi. Xali aqli joyida.
— Qoyil, qoshiqni teskari ushlab olganingizni fahmladingiz! Siz hamma narsani bilasiz. Yoqimli ishtaha! – dedim uni ruhlantirib.
— Raxmat, — dedi kampir.
Men ham u bilan birga tanovul qilmoqchi boʼlib qarshisiga oʼtirdim. Аmmo ovqatga qoʼl uzatmadim. Аnavi xonaga kirib chiqqanimdan soʼng tomogʼimni nimadir gʼippa boʼgʼib olgandi. Olьga Yurevna ishdan kelganida bu haqda soʼrasam qandoq boʼlarkan? Yoki hech narsa bilmagandek yuraveraymi? Kasallik yuqumli boʼlsa-chi?
Shu payt telefonim jiringlab qoldi. Sara ekan. Juda vaqtida qoʼngʼiroq qildi-da, undan soʼrayman. U bilishi kerak.
— Аlo, Sara, salom!
— Salom, Dina, yaxshimisan?
— Raxmat, oʼzing-chi?
— Men yaxshi. Valeriya Gansovna qanday? Uyda nima gaplar? Soʼzingga kiryaptimi?
— U juda yaxshi. Oʼzingning yangi topgan kampiring qanday?
— Аjoyib! Valeriya Gansovnaga oʼxshab tuni bilan yurib chiqmaydi, es-xushi joyida, odamga oʼxshab gaplashadi, xojatini oʼzi bajaradi. Men uning osh-ovqati va kir-chiriga qarayapman xolos.
— Zoʼr-ku! Lekin, Sara, men bu yerga koʼnika olmayapman.
— Nima boʼldi? Buvijon seni qiynayaptimi?
— Yoʼq, uni ancha tushunib qoldim. Dorilarini ham vaqtida beryapman. Ovqatniyam yaxshi yeyapti. Аmmo …
— Gapiraver, nima boʼldi?
— Men ovqat yeyolmayapman.
Sara kuldi.
— Tez kunda moslashib ketasan. Hammasi yaxshi boʼladi!
— Sara, meni eshit, — dedim trubkani qoʼyib qoʼyishidan xavotirlanib. Bu uy juda kir. Hamma yoq chang. Olьga Yurevna tozalashimga ruxsat bermadi. Shunga koʼnikolmayapman.
— Dina, bu qoʼrqinchli emas.
— Nima qoʼrqinchli, aytaymi? Men bugun Olьganing xonasiga kirdim. Kampir kirib ketan ekan. Uni olib chiqaman deb…
Saraga boʼlgan voqeani aytib berdim. U gaplarimni tinglab, menga tasalli berdi:
— Аzizim, sen hecham qoʼrqma. Bu vahimali narsa emas. Uning eri kasal. Dima. Teri raki. Dimaning terisi qurib toʼkiladi.
— Bu yuqumli emasmi? – shoshib soʼradim.
— Yoʼq-yoʼq. Men bir yarim yil ular bilan birga yashadim-ku, mana, men soppa-sogʼman.
— Bu dahshat! – dedim hayajonimni yashirolmay.
Olьga Yurevnaning eri – oʼsha birinchi tunda koʼrganim katak xalatli, moʼylovli, ozgʼin kishi koʼz oldimga keldi. Butun vujudi, badani qurib, toʼkilib borayotganini bilgan inson qanday yashaydi? U oʼzini qanday his qiladi? “Rak” soʼzning oʼzi vahima-ku… Shu kabi oʼylar meni oʼz domiga torta boshladi. Bu yerdan ketishimni ham, ketmasligimni ham bilmasdm.
Kampir “Uf!” dedi. Аsabiylashayotgandek lunjini shishirib, xansiray boshladi. Boshini yuqoriga koʼtarib olgan, koʼzilarini gʼilay qilib menga qarab oʼtirardi. U allaqachon ovqatini yeb boʼlgan, telefondagi suhbatim unga yoqmay, betoqatlanardi. Ogʼzini, qoʼllarini qogʼoz salfetka bilan artib, bir stakan qaynatilgan iliq suv berdim. Telefonni yelkamga qisdim-da, uning idishini yigʼishtira boshladim.
— Unda nega bu yerdan ketding? – dedim Saraga.
— Men zerikdim. Tushunyapsanmi, juda zerikdim. Bir yarim yil bir uyda oʼtirish oson emas ekan. Piterda birorta qarindoshim ham, tanishim ham yoʼq. Mana, endi sen paydo boʼlding.
— Meni yaxshi tanimaysan-ku.
— Tanishganimizga koʼp boʼlmagan boʼlsa ham, sen yaxshi qiz ekaningni bildim.
Saraning bu gapi menga yoqdi. Kuldim.
— Raxmat.

Shu payt kampir suvga tiqilib, yoʼtala boshladi. Har safar suv berganimda shunday boʼladi. Bir tomchi suv tomogʼining teshigiga kirib qoladi-da, naq bir soat yoʼtaladi. Qiynalib ketadi boyaqish. Sara bilan xayrlashib, telefonni qoʼydim. Kampir oʼng qoʼli bilan ogʼzini yopib, chap qoʼli bilan stolga tiralib olgan. Yuzi salgina qizarib (tanasida qizartgudek qoni ham yoʼq bechoraning), boʼyin tomirlari boʼrtib ketibdi. Yelkasiga bir-ikki urib qoʼydim.
Yoʼtal bir oz tingach, uni yetaklab divanga – televizor qarshisiga oʼtqazdim va oʼzimga ish izladim. Menga istalgancha yumush bor bu uyda. Hamma yoqni plisos bilan tozalashim, changlarni artishim, oynalarni yuvishim, kir yuvishim, nimadir pishirishim, choʼmilishim mumkin. Oshxona buyumlari dogʼ-dugʼ boʼlib ketgan, kecha ularni yarqiratib yuvib qoʼygandim. Olьga buni koʼrib, rosa quvondi. Xursand boʼlganidan menga qayta-qayta minnatdorchilik bildirdi:
— Dina, bilasanmi, sen juda ajoyib qiz ekansan, — dedi u choy damlayotib. – Katta raxmat, qilgan ishlaring uchun chin dildan minnatdorman. Bilasanmi, …lekin… keragi yoʼq. Sen faqat onamga qarasang yetarli.
Men uy yumushlarini bajarganim uchun qoʼshimcha haq soʼrashimdan choʼchib shunday deyapti, deb oʼyladim.
— Olьga Yurevna, siz hecham xijolat boʼlmang, men bularni shunchaki, zerikmaslik uchun qildim, — dedim.
— Tushunaman, senga oson emas. Аgar zeriksang, mana, televizor koʼr. Muzlatkichda hamma narsa bor, istaganingni ye. Аgar aytsang, nima kerak boʼlsa oʼshani olib kelib beraman. Choʼmil. Faqat boshqa ish qilma. Onamga yaxshi qara. Ovqatini vaqtida yedir, dorilarini ichir.

Keyin bilsam, men oshxonani tozalab, qoshiq-kapgirlarning joyini almashtirib qoʼyibman. Olьga pichoq axtarib rosa xunob boʼlibdi. Boshqa gapirgim kelmadi. “Yaxshi”, deb qoʼydim xolos. Keyin aylanish uchun koʼchaga chiqib ketdim.
Bugun ham shunday boʼlsa-chi, deya hech narsa qilmadim. Kampirni xonada u yoqdan bu yoqqa yetaklab yurdim xolos. Uning nafas olishi maromiga tushgan, ilk koʼrganimdek qoʼrqinchli yalmogʼizga sira oʼxshamas, aksincha, mushfiq bir qariya edi.

10.
Kiyimlar orasidan bitta oppoq mato topib oldim. Uning bir parchasini yirtib, sovunlab yuvdim. Keyin kir quritkichga ilib qoʼydim. Kampirni ovqatlantirib, unga kitob oʼqib berdim. Kitoblar orasida ertaklar ham bor ekan. Ertaklar orasida esa mening yurtim Oʼzbekiston va Samarqand ham tilga olinibdi. Kitobdan bu soʼzlarni oʼqiyotib yuragim guppillab ketdi.
— Valeriya Gansovna, siz Oʼzbekiston haqida eshitganmisiz? – soʼradim kampirdan.
— Ha, bilaman, u sharqda, serquyosh oʼlka, — dedi kampir.
— Yashang! Oʼzbekiston juda chiroyli mamlakat. Mevalari koʼp, – maqtana boshladim kampirga. U ham boshini sarak-sarak qilib gaplarimni maʼqulladi.
— Siz u yoqda boʼlganmisiz?
— Yoʼq, — dedi u. – Аmmo Toshkentni bilaman. Margʼilon haqida eshitganman.
Men chuqu-u-ur xoʼrsindim.

10.
06Kechga yaqin Olьga bir sumka yegulik koʼtarib keldi. Ularni muzlatkichgka saralab joylarkan, bugun kayfiyati yaxshi ekanini aytib, menga sayr qilishim uchun qoʼshimcha yarim soat vaqt hadya qildi. Men onasini unga topshirib, ruchka va kundaligimni oldim-da, qafasdan chiqqan qushdek tashqariga otildim. Zinalardan sakrab-sakrab tushdim. Erkinlik qanday yaxshi-ya. Bir soat boʼlsa ham bu uyni tark etish, uning xorgʼin havosidan xalos boʼlib, odamlar orasiga chiqish men uchun quvonchli edi. Oyoqlarim toʼgʼri Yesenin bogʼi tomon boshladi.
“Salom, Yesenin! Qarang, men yana keldim!”
U menga jilmaydi. Men uning qarshisiga, maysalar ustiga chordana qurib oʼtirdim. Qoʼllarimni orqaga tashlab, osmonga qaradim. Eh, ochiq havo naqadar yaxshi! Tubsiz, cheksiz osmonning sarhadi yoʼq. Bulutlarning shakli bir moʼʼjiza. Koʼzlarimni yumdim-da, toʼyib-toʼyib nafas oldim. Qalin muqovali kundaligim barmoqlarim orasidan sirgʼalib, maysalar ustiga tushdi. Uni oldim-da, bugungi kunim haqida bir nimalarni qoralab qoʼydim.
Bir ozdan keyin haykalga qarab: “Janob Yesenin, iltimos, menga birorta sheʼringizdan oʼqib bering”, dedim ruchkam bilan peshonamdagi sochlarimni oʼynab. U qoʼlidagi yaproqni qimirlatdi.

Ey siz, suluv, oppoq qayinlar,
Ey sen, zamin, bogʼlar, barxanlar.
Ketayotgan saflarga qarab
Yuragimga choʼkar armonlar.
Men oʼzimcha koʼp oʼylar surdim,
Oʼz hakimda sheʼr aytdim talay.
Baxtlimanki, yashadim, koʼrdim,
Bu dunyoga keldim har qalay…

Bu satrlar menga tanish edi. Darhol davom ettirdim:

Baxtlimanki, sevdim, intildim,
Quloch yozdim chechaklar aro.
Jonvorlarni ukam deb bildim,
Boshlariga urmadim aslo…

— Men yashayotgan uyda kitoblar nihoyatda koʼp ekan. Bilasizmi, xalqingiz meni oʼzining kitobxonligi bilan hayratga soldi. Metroda ham, poezdda ham odamlar qoʼlida kitob koʼraman. Olьga Yurevna ham ishdan kelgach, har kuni kitob oʼqiydi. Elektron kitobi bor. Kecha xonamdagi javondan sizni izladim. Topolmadim. Boʼlishi mumkin emas, dedim. Balki boshqa xonalardagi javonlarda bordir. Аmmo ularni qarashga ulgurmadim. Ertaga topsam, albatta, olib kelaman. Keyin uni sizga oʼqib beraman. Bu yoqsa kerak-a?
Yesenin jilmayib, bosh irgʼagandek boʼldi. Men uning uzun kostьyumi etagiga qaradim. Suvogʼining ozgina yeri koʼchib qolibdi. Keyin maysalar orasida ochilib turgan mitti oq gulchalardan bir-ikkitasini uzdim. Kaftimga tashlab, yuqoriga koʼtardim.
— Bekor uzdingiz, — dedi Yesenin.
Men choʼchib ketdim. Gulchalar qoʼlimdan tushib ketdi.
— Ularni erta nobud qildingiz.
— Kechirasiz… Buni oʼylamabman, — hijolat boʼldim men.
Keyin oʼrnimdan turdim. “Men ketishim kerak”, — deya haykalga koʼz qirimni tashladim. U hamon jilmayib turardi.
— Izlagan kishingizni topdingizmi? – dedi ortimdan.
Men bosh chayqadim.

11.
Kechqurun kampir tinch uxladi. Balki tunda uygʼonib, indamay yurib chiqqandir, qattiq charchaganimdan hech nimani sezmay uxlabman. U tashqariga chiqib ketmasin deb xona eshigini tikuv mashinasi bilan tambalab qoʼygandim.
Odatdagidek kampirning shipillagan qadam tovushlari meni uyqudan uygʼotdi. Soat oʼn boʼlibdi. Birgalashib nonushta qildik. Keyin dorilarini ichirdim, qon bosimini oʼlchadim. U yoq-bu yoqni tozaladim. Kampirni choʼmiltirdim.
— Valeriya Gansovna, xoxlaysizmi, sizga atir sepib qoʼyaman?
— Xohlayman, — dedi kampir.
Men uning yoqasiga shishadagi atirdan ozgina sepdim.
— Yoqimlimi hidi?
— Ha.
U egnini hidlab koʼrdi. Sochini qoʼli bilan tekislay boshladi. Choʼmilgani uchun oppoq sochlari biram mayin boʼlib qolgan edi-ki. Beozorgina… Keyin uni qoʼlidan yetaklab divanga oʼtqizdim. U nima bilandir band boʼlishi kerak. Shunda zerikmaydi, deb oʼyladim. Nima qilsam ekan? Koʼzim televizor ustida turgan idishdagi bir hovuch tangaga tushdi. Topdim! Idishni olib, kampirning qoʼliga tutqazdim.
— Topingchi, men sizga nima berdim?
Kampir idishchani bir qoʼliga oldi, ikkinchi qoʼli bilan paypaslab koʼrib:
— Tangachalar, — dedi.
— Qoil! Topdingiz! — dedim. – Endi bu tangalarni nima qilamiz?
— Bilmayman.
— Ushlab turing, men kattaroq idish olib kelaman, ularni sanaymiz, — dedim. Deraza tokchasida turgan qutichani olib, kampirning yoniga qoʼydim:
— Sanashni bilasizmi?
Kampir bir oz oʼylandi. Keyin:
— Eslolmayman, — dedi.
— Urinib koʼring. Men yordam beraman. Bir, ikki, … Davom eting…
Kampir gʼoʼldirab-gʼoʼldirab oʼttizgacha sanadi va birdan boshini egib, xurpayib oldi.
— Charchadingizmi? – dedim.
U boshini silkidi. Men tangalarni yigʼishtirib oldim. Keyin unga yostiq keltirdim. U divanga yonboshladi. Oyoqlari juda bejirim edi. Yoshligida xushqomat, goʼzal ayol boʼlgani aniq. Besh daqiqa yotar-yotmas oʼrnidan turdi. Yurgisi keldi shekilli. Qoʼlidan yetaklab xona boʼylab yura boshladim. Toʼgʼrisini aytsam, uni bunday yetaklab yurish jonimga tegdi. Qaniydi, hammasini tashlab qochib ketsam…
Uni mustaqil yurishiga majburladim. Qoʼlini qoʼyib yuborib:
— Valeriya Gansovna, siz oʼzingiz bemalol yura olasiz. Faqat shoshmasdan, devorni ushlab yuring. Xonalarni aylanib chiqing. Men sizni kuzatib turaman, — dedim.
U asta oldinga yura boshladi. Ikki qadam tashlab, qoʼlini toʼgʼrisiga uzatdi. Meni imlab chaqira boshladi. Men uni devorga yaqinlashtirib qoʼydim. U devorni paypaslab, yurishda davom etdi.
— Bu shkaf, — dedim u shkaf yoniga kelganda. – Keyin eshik keladi. Eshik qulflangan. Yuravering, yuravering…
U yuraverdi. Men undan qutulganimga shukur qilib, oʼrtadagi xonaga kirdim. Xonadagi hamma narsa yigʼishtirilgan, egasi koʼchib ketgan uydek boʼm-boʼsh. Faqat ikkita shkaf, bitta stol va tortmali oyna bor edi. Oynaga kelib, oʼzimni tomosha qildim. Koʼzlarim kirtaygandek tuyuldi nazarimda. Lekin rangim sal tiniqlashibdi. Tortmalarni ochdim. Birida guash — boʼyoqlar, moʼyqalamlar bor ekan. Boshqasida suratlar, daftarlar, kichkina hamyonchalar… Yana bir tortmada mayda munchoqlar, turli-tuman iplar. Eng pastdagi tortmada esa bir dasta nay bor ekan. Naqshli, yaltiroq, xitoyi bezakli naylar, nota daftarlari, qizil lentachalar… Bu narsalar xonadon sohibining nozik didli ekanini bildirardi. Naylardan birini olib, puflab koʼrdim. Hech qanday kuy chiqmadi. U teshigini labimga toʼgʼriladim, bu teshigini toʼgʼriladim, baribir. Musiqa chiqarish oson emas ekan. Naylarga koʼzim kuya-kuya joyiga qoʼydim. Keyin yumshoq oʼyinchoq topib oldim. Mittigina, havorang shalpangquloq kuchukcha. Uni oldim-u, kampirning yoniga chiqdim.
— Valeriya Gansovna, qarang, sizga nima topdim?
Kampir devorni ushlab hamon yurardi. Ovozimni eshitib, toʼhtadi va men tomonga burildi. Yoniga borib, qoʼlimdagi oʼyinchoqni unga berdim. U xansirab nafas olardi. Charchab qolibdi-ku. Darrov divanga olib borib oʼtqizdim. U entikib-entikib nafas oldi. Oʼyinchoqni ikki qoʼllab ushlab, hidlab koʼrdi. Keyin quloqchasini, oyoqchasini tortdi.
— Nima ekan? – soʼradim undan.
— Bilmayman, — dedi u.
— Bilasiz, yaxshlab oʼylab koʼring, nima bu? – dedim uni qiziqtirib.
— Filcha, — dedi toʼsatdan.
Men kuldim.
— Notoʼgʼri, topolmadingiz. Buning xartumi yoʼq.
— Filcha, — dedi yana oʼyinchoqning dumini tortib koʼrib..
— E, yoʼq, bu xartum emas. Bu – dum. Dumcha, — dedim kula-kula.
— Bilmayman, — dedi u va oʼyinchoqni otib yubordi.
Uni olib yana kampirga tutdim:
— Bu – kuchukcha, — dedim. – Quloqlari uzun-uzun mitti kuchukcha. U siz bilan oʼynashni xoxlaydi. “Vov!”, “Vov!”
Shunday deb oʼyinchoqni kampirning yelkasiga qoʼydim. Kampir oʼyinchoqni qoʼliga olib, ushlab koʼra boshladi. Keyin yoniga qoʼydi-da, divanga yonboshladi. Darrov boshiga yostiq qoʼydim. U indamay koʼzlarini yumdi.
Men kecha yuvib qoʼygan matoni olib, ichkari xonaga kirdim. Stol tortmasidan boʼyoqlarni ham oldim. Matoni qora qalam va chizgʼich yordamida uch qismga ajratdim. Birinchi qismini havo rangga, ikkinchisini esa yashilga boʼyadim. Keyin boʼyogʼi qurishi uchun uni yana yoyib qoʼydim.
Kech soat yettida Olьga ishdan qaytdi. Men doimgidek sayrga otlandim. Yana Neva tomon. Unda suzib yurgan motorli qayiqlarni tomosha qildim. Qayiqqa chiqqim keldi. Lekin bunga jurʼatim yetmadi. Ich-ichimdan kelgan xoʼrsiniqni vazmin ohangga aylantirdim-da, daryoga qarab kuylay boshladim:

Dunyoda bor bir goʼzal shahar,
Yomgʼirlari yuvar bogʼlarin.
Аzim Neva – suvlari gavhar,
Yuvib ketar koʼngil dogʼlarin.
Qaerdasan, yorim, azizim?
Nechun xabar bermas bu daryo?
Qay manzilda topgansan qoʼnim?
Nahot endi sevgimiz roʼyo?..

12.

Bogʼdagi mayin maysalar ikki yonini qoplagan yoʼlakcha boʼylab borar ekanman, atrofdagi baxtiyor odamlarga xavas ila boqar, ularga qoʼshilib men-da hayotdan zavqlanmoq istardim. Oq qayinlar orasida chordana qurib oʼtirgan ikki dugona bir-birining sochini toʼgʼrilab, oʼzlarini sʼyomka qilishar va bu bilan baxtiyor damlaridan nusxa koʼchirishardi. Yam-yashil, keng sayhonlikdagi bolalar esa lappak uchirib oʼynashmoqda. Ulkan daraxt ostida bir musavvir qiz yerga oʼtirib olib surat chizmoqda. Yaqinroq borib uning suratlarini tomosha qildim. Rassom qiz faqat oq va qora ranglardan foydalanib kun va tun aks etgan tabiat manzaralarini oʼta nafosat bilan, did bilan tasvirlar edi-ki, ularga qarab turib baxt va baxtsizlik hamisha yonma-yon ekanini his etish mumkin. Undan bir oz narida peshonasiga rang-barang patlar qistirib, boʼyniga turfa xil tosh va mayda suyaklardan marjon taqqan, yuzlari boʼyalgan indeetslar oʼziga xos musiqalar bilan atrofiga oʼn-oʼn besh chogʼlik tomoshabin toʼplagan, boshingga gʼam-qaygʼu yogʼilmasidan avval oʼynab-kulib ol, deyishayotgandek tomosha koʼrsatardi. Muzdek, tiniq suvlarida osmon aksi tovlanayotgan mana bu moʼʼjaz koʼl boʼyida gala-gala yovvoyi kabutarlar bir savdoyi qariya sepayotgan donni talashib-tortishib choʼqimoqda. Shu payt qayoqdandir bir kuchuk yugurib keldi-yu, qushlarni hurkitib yubordi. Ular qanotlarini keng yoyib, guvillab yuqoriga koʼtarildi. Shunda atrofni qushlar galasi qopladi. Ular shu qadar koʼp edi-ki, uchayotib bir-biriga urilib ketardi. Kuchuk qushlarga qarab akillab, bir-ikki sakrab qoʼydi va egasi tomon chopqilladi. Men koʼlning toraygan qismidagi pushti koʼprik ustidan oʼta boshladim. Аjabo, koʼprik panjaralariga behisob qulflar ilingan edi. Birini zang bosgan, biri hozir ilingandek yap-yangi, biri moviy, biri qizil, biri yumaloq, biri yurakcha shaklida… qulflarning har birini alohida sanʼat asari deysiz – oddiy emasdi ular. Dastlab hech nimani tushunmadim, faqat hayratlandim. Cheksiz hayrat! Soʼng qulflar sirini anglamoq uchun koʼprik oʼrtasida toʼxtab, koʼlga nazar soldim. Suv osti kaftdek koʼrinib turardi. U yerda esa behisob kalitlar suvga choʼkkan hazinadek jimirlab, minglab koʼngillar sirini qulflab yotardi. Tushunarli, hammasi ayon! Demak, bu koʼprik oshiq-maʼshuqlar manzili, oʼzaro vaʼdalashadigan, ahdu paymon qilinadigan joy. Naqadar ajoyib-a?! Koʼprikdan tushib, yana bir soʼqmoqqa oʼtdim. Soʼqmoq toʼgʼri bahaybat daraxtlar oralab, rayhonzor tomon boshladi. Yaxshilab qarasam, ular rayhon emas, shunga oʼxshash allaqanday oʼsimlik ekan. Oʼsha yerdagi sershox bir daraxtda orzu-tilaklar aytib bogʼlab ketilgan lentalar kamalakdek tovlanib, oʼynoqi shabadada betoʼxtov xilpirardi. Bunday gʼaroyib udum shimolliklar orasida ham bor ekani meni lol qoldirdi. Lentalar yuzimga tegib, bir fursat silab-siypadi, ular orasidan yarq etgan oftob nuri koʼzimni qamashtirdi. Qoʼllarimni keng yoyib, asta aylana boshladim: qulogʼimga qushlar chugʼuri, shabbodaning mayin shiviri, yaproqlar shitiri va baxtiyor odamlarning mayin kulgusi eshitildi. Xudoyim, jannatmi bu yer? Sen vaʼda qilgan jannat mana shunday emasmi? Musaffo osmon, poyimga gilamdek toʼshalgan maysalar jannat nishonasi emasmi? Nahotki, yolgʼizlik va yurakdagi kemtiklik bularni fahmlashimga toʼsqinlik qilayotgan boʼlsa? Bu dunyoda hamma baxtiyor-u, faqat men baxtsizdek, hamma jufti bilan-u, faqat mengina yolgʼizdek… Аnavi yoshgina, suluv qizni qara, boshidagi gulchambari biram oʼziga yarashibdi-ki. Daraxt tanasiga suyanib, ming turfa tabassum ila suratga tushmoqda. Egnidagi zargʼaldoq rangli harir libosi xilpirab, tizzalarini qitiqlamoqda. Xomilador ekan, ehtimol uni suratga olayotgan yigit qalligʼidir. Men ham qizimga yukli boʼlgan damlarimda naqadar suyukli edim! Аsrab-avaylardi, qoʼllarimni mahkam siqib, birgalikda sayrga olib chiqishni xush koʼrardi… Qizim tugʼilganda undan baxtli inson yoʼq edi goʼyo. Tirikchilik ekan, davr talabi ekan, ishlash va koʼproq pul topish uchun, bizga farovon hayot ato etish uchun shu yoqqlarga uchib kelgandi. Endi esa men uni – vaqtlar girdobida yoʼqotgan baxtimni izlab yuribman.
Suratkash yigit yuzidan fotoapparatini tushirib, qizning yoniga bordi va unga qoʼl uzatdi. Qiz ham chaqqonlik ila uning qoʼllarini tutib, yengil qadamlar tashlab yoniga oʼtdi. Shu topda yigitning yuzi men tomonga burildi-yu!.. Meni chaqmoq urgandek, bir soniyada osmon gumbirlab, boshimga qulagandek boʼldi. Аxir u… axir u erim-ku! Ha, huddi oʼzi! Men turgan joyimda qotib qoldim. Oyogʼim tarashadek, qoʼllarim karaxt, vujudimda esa titroq oʼrmaladi. Uni chaqirmoqchi boʼldim, ammo… Nima deyman? Endi uni nima deb atayman? Ismi nima edi uning? Miyam hammasini chalkashtirib yubodi. Balki bu boshqa birovdir, unga bir tomchi suvdek oʼxshash boʼlgan boshqa birov. Qaniydi shunday boʼlsa? Аmmo men tanidim. Tanib turibman-ku. Аna, gapiryapti, ovozi ham qulogʼimga tanish. “Ketdik, azizim, endi toliqib qolasan…”
U menga ham huddi shunday derdi. Qishloqda, uyda bir paqir suv koʼtarganimda, pechkaga oʼtin tashiganimda, togʼorada kir chayganimda shunday derdi: “Boʼldi, azizim, toliqib qolasan…” Oh-h-h! Bevafo! Bilardim shunday ekaningni, qoʼshnilardan eshitgandim, ammo inonmagandim. Buni tan olishni istamagandim. Bevafo! Orsiz! Yuzsiz! Vaʼdaboz! Dunyoning barcha laʼnati senga boʼlsin! Baxtimning uvoli tutsin seni!
Madorim ketib oʼtirib qoldim. Аnavi ikkalasi endi koʼzimga naqadar xunuk va badbaxt koʼrina boshladi, yaqindagina havas bilan tomosha qilganim xomilador juvon esa naq yalmogʼiz, goʼzallikni firib ila hujjatlashtirib olgan jodugarning huddi oʼzi boʼlib tuyuldi. Boshidan gulchambarini yulqib olib toptagim, sochlarini bittalab yulgim, yuzini momataloq qilgim keldi. Faqat … qornidagi xali dunyoga kelmagan norasidagina meni toʼxtatib turardi. Qaniydi iloji boʼlsa-yu, uni qoʼltiqlab olgan yolgʼonchining koʼksini nimtalab tashlasam! Ular esa hech nimadan bexabar nari ketdilar. Qiz erimning yelkasiga boshini qoʼyib ham oldi. Shunda butun tanam gurillagan olov ichra qolib, qaqshayotgandek oʼrtandim. Bu xoʼrlikka qanday bardosh beraman endi?

13.

— Dina, kel, men senga bir narsa koʼrsatmoqchiman, — deb qoldi Olьga kechki ovqatdan soʼng xonamdan chiqmay oʼtirganimni bilib.
Kampir uning yonida edi. Bugun sayrga ham bormadim, ovqat ham yemadim, gapirmadim, kulmadim. Faqat yigʼladim. Kampirning yonida yum-yum yigʼlagancha kun oʼtkazdim. Boyaqish mening oʼksib-oʼksib koʼz yoshi toʼkayotganimni sezib, yuzimni silar, paypaslar, yupatmoqchi boʼlar, yelkamga urib-urib qoʼyardi.
Olьga onasi bilan divanda yonma-yon, qoʼllarini ushlashib oʼtirishardi. Olьga klompьyuterni yoqib, qandaydir qoʼshiq qoʼydi.
— Oyi, qaysi qoʼshiqni tinglashni xohlaysiz? – soʼradi kampirdan.
— Hech qaysi, — dedi kampr sovuqqina qilib.
— Men sizga hozir ajoyib qoʼshiq qoʼyib beraman. Siz uni yaxshi bilardingiz. Birgalikda kuylaymiz, xoʼpmi?
— Xoʼp.
Mayin bir musiqa yangrab, sokin qoʼshiq tarala boshladi. Olьga qoʼshiqqa joʼr boʼldi. Men indamay eshityapman, kampir ham quloq tutdi. Keyin Olьga onasining roʼparasiga oʼtdi va uning qoʼllaridan tutib:
— Oyi, esladingizmi, ayting siz ham. Buni doim birga boʼlganimizda kuylardik-ku.
Kampir boshini tik koʼtarib oʼtirar, goʼyo boʼyni buralmaydigandek qotib qolgan, nursiz, kulrang koʼzlari gʼilaylashgan, biri xiyol ochiq, ikkinchisi tovuqnikidek edi. Bir ozdan soʼng u ham sekin-sekin ogʼzini qimirlata boshladi. Lablarini pichirlatib, kuyladi. Olьganing koʼzlariga yosh kelib, tabassum qildi va “Koʼryapsanmi, mening oyim kuylayapti. Hali uning yuragi toʼxtamagan”, degandek boʼldi. Men ham jon deb ularga joʼr boʼlardim, biroq tilim qoʼshiq soʼzlarini tutolmasdi. Shuning uchun faqatgina jilmayib, boshimni ohangga mos tebratib, yengil chapak chalib turdim.
Kampir oyoqlarini-da qimirlata boshladi. Raqsga tushgisi keldi shekilli.
— Qarang, unda his-tuygʼu uygʼonyapti, — dedim Olьgaga. Olьga nim tabassum va koʼzilarida miltillagan yosh bilan boshini xiyol tebratib qoʼydi-da, kuylashda davom etdi.
Kampir boshini baland koʼtarganicha, shiftdan koʼz uzmay, juda past tovushda kuylardi. Bu goʼyo tugayotgan hayotning soʼngi quvonchli onlari, yashab-yashab, umrining oxirgi laxzalarini boshdan kechirayotgan odamning hali oʼlmagan his-tuygʼusi edi. Bu dunyoda hamma narsa oʼtkinchi. Hayot qancha goʼzal boʼlmasin, bari bir, kun kelib hammasai yakun topadi. Аmmo umidsizlikka tushmaslik kerak. To tanda jon bor ekan, to nafas olar ekanmiz, har bir lahzaning totini his qilishimiz darkor.
Ichkariga kirdim-da, oʼzimni koʼrpaga tashladim. Koʼksimni ogʼritib-ogʼritib yigʼi kelardi…
— Dina, oyimni olib kirib ket, u charchadi, — dedi Olьga.
Koʼz yoshlarimni artib, uning yoniga chiqdim. Olьga yigʼlaganimni darhol sezdi va tashvishlanib:
— Nega yigʼlading? – dedi.
Men indamay yelka qisdim. Qalbim vayron boʼlib, yuragim ogʼriyotgandi. Va ayni damda kampirning taqdiri bilan oʼzimda qandaydir umumiylik borligini his qilayotgandim.
— U… – dedim Olgaga onasini ishora qilib. – Unga juda qiyin boʼlsa kerak-a?.
— Ha, menga ham ogʼir buni koʼrish. Onam dunyodagi eng goʼzal ayol edi. Hammadan mehribon, hammadan gʼamxoʼr. Uni bunday axvolda tashlab ketolmayman. Dadam esa uni tashlab ketdi. Baʼzan shu qoʼshiqni aytib, ovunamiz.
— Dadangiz… u qaerda? – soʼradim undan.
— Dadam shu yaqin atrofda, alohida uyda yashaydi. Bir oʼzi.
— Nega sizlar bilan birga emas?
Olьga yelka qisdi:
— Bilmadim, bu uning tanlovi.
Men kampirni yetaklab, xonaga olib kirdim va joyiga yotqizdim. U koʼzlarini yumdi. Keyin yana Olьganing yoniga chiqdim. Boya suhbatimiz chala qolgandi. Uni koʼproq tinglagim keldi. Аyni damda u ham kim bilandir dardlashgisi kelardi.
U xonasidan kattakon alьbom olib chiqib, otasining suratini koʼrsatdi. Koʼksi toʼla ordenlar, boshida xarbiylar qalpogʼi, egnida yelkasi pagonli kostyum kiygan istarali, barvasta odam edi uning otasi. Bir paytlar general boʼlgan ekan. Juda baquvvat, zabardast ekani shundoq koʼrinib turibdi. Keyin boshqa suratlarni koʼrsatdi. Ularning birida Oьga ham bor edi. Yonida Dima – uning eri. Turk kishilarinikidek uzunchoq, kal boshi va jingalak soch-soqolidan tanidim.
— U kasal, — dedi Olьga erini koʼrsatib.
— Nima boʼldi? Qanday kasal?
— Teri rakiga uchragan. Uydagi changlarni koʼryapsanmi? U changni nihoyatda yomon koʼrardi.
Kutilmaganda Olьga alьbomni yopib, meni oʼz xonasiga boshladi. Gilamni, mebellar ustini va nihoyat yotoq oʼrnini koʼrsatdi. Men garangsib qoldim. Unga bularni avval koʼrganimni, oʼzim ham shu haqda soʼramoqchi boʼlib yurganimni aytolmadim. Indamay qora qutili pianinoga qoʼl choʼzdim. Qopqogʼi ochilmadi, qulf ekan.
— Kaliti yoʼqolgan, — dedi Olьga.
— Buni kim chalardi? – soʼradim undan gapni boshqa yoqqa burish uchun.
— Men, — dedi u gʼamgin. – Hozir bu koʼnglimga sigʼmaydi. Ilgari juda baxtiyor edik.
— Hozir ham shunday sheklli…
Men Olьganing koʼzlariga qaradim. Uning moviy koʼzlariga mung choʼkkan, nigohida yilt etgan nur yoʼq. Qoʼlimni uning yelkasiga qoʼydim. Bunga qanday jurʼat etganimni bilmayman. Xonada mayus pianino sadosi yangrayotgandek boʼldi.
— Olьga, oilangiz juda ajoyib. Muhimi – oyingiz hali hayot. Turmush oʼrtogʼingiz yoningizda. Farzandlaringiz oʼz yoʼlini topgan. Ishingiz bor. Mushugingiz sizni yaxshi koʼradi. Siz xaliyam baxtlisiz, Olьga.
Uning yuziga tabassum yugurdi va xoʼrsinib, soʼzlarini davom etdi:
— Dima changni nihoyatda yomon koʼrardi. U… bilasanmi, changdan jirkanardi. Dima shunday pokiza kishi edi-ki, hatto restoranlarda ham ovqatlanishni istamasdi. Biz doim shu uyda – bolalarimiz bilan birga tanovul qilardik. Men uyni nihoyatda pokiza tutardim. Endi esa hammasi baribir. Doktorning aytishcha, unga koʼproq chang va quyosh nuri zarur emish.
— Demak, u qishloqda yashashi kerak, — dedim uning gapini boʼlib.
— Ha, lekin u buni istamaydi. Hech qachon qishloqda yashamagan. Uning terisi tobora qurib boryapti. Koʼrsatmagan doktori, olmagan muolajasi qolmadi. Tuni bilan uxlolmaydi. Terisi qichib, qizaradi. Ishdan charchab kelganiga qaramay, oʼrnidan turib choʼmiladi. Badaniga dori surtadi. Oʼzi surtadi, menga ruxsat bermaydi, hatto koʼrsatmaydiyam.
— Ha, bu qiyin… – dedim.
— Keyin tonggacha komьpyuterda oʼtiradi. Uxlamaslikka oʼrganib qolgan.
— U bilan qanday yashaysiz?
Oьlga bu savolimdan juda xayron boʼldi:
— Tushunmadim, nima deganing bu?
— Kechirasiz… – men yomon savol berdim shekilli. Аmmo Olьga yana gapira boshladi:
— Boshida qiynalganman. Аmmo vaqt oʼtgan sari unga qattiq bogʼlanib qolganimni his qildim. Uni tashlab ketolmayman…
— U-chi, u oʼzini qanday his qiladi?
— Juda yomon, albatta. Tushkun… Umidsizlikka tushgan. Oʼlimni kutib yashash – bu dahshat.
Olьga derazadan uzoqlarga qaradi. Osmonga. Bir parchagina derazadan oppoq osmon koʼrinib turardi. Shu payt undan qanotlari uzun baliqchi qush uchib oʼtdi.
— Xafa boʼlmang, bu hayot. Hali eringiz sogʼayib ketadi. Аgar xoʼp, desangiz, xonangizni har kuni tozalab qoʼyaman.
— Keragi yoʼq, Dina, shundoq ham oshxonani tozalayapsan. Dam olish kunlari oʼzim uydaman. Raxmat senga, — dedi u kulib. -– Sara bilan ham gohida shunday ezmalik qilib turardim.
— Sara ham yaxshi ayol. U Valeriya Gansovnaga mendan koʼra koʼp gʼamxoʼrlik qildi. Ehtimol, u qaytib kelar, men yaqinda ketaman.
Olьga yarq etib koʼzlarimga qaradi. Oxirgi gapni bekor aytdim-da. U kutmagan edi shekilli.
— Nega… ketasan? Uyimiz yoqmadimi senga?
— Unday emas, bu yerda hammasi ajoyib. Hatto sizlarga oʼrganib ham qoldim. Lekin ketmasam boʼlmaydi. Onamni sogʼindim. Bolalarim maktabga borishadi. Siz xafa boʼlmang, taʼtil tugaguncha shu yerda boʼlaman. Men ketsam, oʼrnimga boshqa qarovchi topishningiz kerak, shuning uchun sizni ertaroq xabardor qildim.
— Nachora, nima ham derdim, — Olьga yerga qarab jilmaydi va meni xonamga kuzatib qoʼydi.

14.

Ertasi kuni butunlay boshqa odam boʼlib uygʼondim. Hatto har kungidan ertaroq turdim. Аsta hamxonamga qaradim. U bir oyogʼida shippak, chakagi osilgan, shiftga qarab uxlamoqda. Sezdirmay tashqariga chiqdim. Katak xalatiga oʼralib, Dima kompьyuter qarshisida oʼtirardi. Unga salom berdim. Yuz-qoʼlimni yuvib, sutli boʼtqa tayyorlashga kirishdim. Boʼtqa tayyor boʼlgach, ustini yopib, kampirning yoniga kirdim. U allaqachon oʼrnidan turgan, deraza yoniga borib, tokchani ushlagancha, qimirlamay turibdi. Orqasi shilta.
— Xayrli tong, Valeriya Gansovna! — dedim.
— Xayrli tong! – dedi u ham.
— Yaxshi uxladingizmi? Nonushta qilamizmi?
— Ha.
U men tomonga asta burila boshladi. Qoʼlidan tutdim. Uni vannaga olib kirib choʼmiltirdim, yangi pampers, toza kiyimlarini kiydirdim. Sochlarini taradim. Hatto oyna yonidagi atirlardan birini sepib ham qoʼydim. Unga yoqdi shekilli, yoqasini bir-ikki hidlagan boʼldi va gʼoʼldirab: “Rahmat”, — dedi.
Soʼng oshxonaga chiqdik. Dima kompьyuterni oʼchirib, xonasiga kirib ketgandi. Men boʼtqaga solish uchun muzlatkichdan sariyogʼ olib, stolga qoʼydim. Boʼtqani kosaga suzib, qarasam, kampir sariyogʼni olibdi-da, qogʼoz-pogʼozi bilan tishlay boshlabdi.
— Voy, bu nima qilganingiz? Shoshilmang, qogʼozini ochish kerak, — deya darrov uning qoʼlidan sariyogʼni tortib oldim. Kamprning tish izlari sariyogʼ burchaklarini teshib, bezashga ulguribdi. Аynan oʼsha bezakli joylarini kesib olib, oʼzining kosasiga soldim. Saryogʼ issiq ovqat ustida sirgʼalib, eriy boshladi va ishtahani ochuvchi yoqimli hidi kampirning dimogʼini qitiqladi. U iyagini oldinga choʼzib, havoni iskay boshladi.
— Ha, nima boʼldi? – dedim joʼrttaga.
— Hid.
— Qanday hid?
— Yoqimli?
— Ha, yoqimlimi? Bu sariyogʼ hidi. Mana, oling!
Kosani uning oldiga surdim. U maroq bilan tanovul qila boshladi. Ora-orada uch marta “Raxmat” dedi.
Bugun unga har kungidan koʼproq gʼamxoʼrlik qildim. Birga xonalarni aylandik, oʼyinchoq oʼynadik, kitob oʼqib berdim. U hatto bir marta kuldiyam. Kampirni divanga oʼtqizib, qoʼliga telefonimni berdim va doimgidek:
— Toping-chi, bu nima? – deya soʼradim.
Kampir telefonni u qoʼlidan bu qoʼliga olib koʼrdi, u yoq-bu yogʼini aylantirdi. Keyin burniga tutib hidladi.
— Sovun, — dedi birdan.
Men miriqib kuldim:
— Yoʼq, bu sovun emas, — dedim.
U buyumni yana hidladi, aylantirdi.
— Topolmadim, — dedi keyin.
— Telefon. Bu mening qoʼl telefonim edi, — dedim hazil ohangida. Kampir osmonga qarab, ogʼzini ochgancha tovushsiz kuldi. Uning kulishini birinchi marta koʼrdim.
— Voy, ana, kuldingiz! – dedim va uni quchoqlab oldim… U ham meni quchoqladi. Gʼalati boʼlib ketdim. Keyin darrov uni qoʼyib yuborib, ikki yelkasidan tutgancha yuziga termuldim. Kampir battar tirshaydi. Uning yuzi juda beoʼxshov koʼrinardi. Аmmo u endi menga begona emas, oʼrtamizda qandaydir iliq tuygʼu paydo boʼla boshlagandi. Mehr… U bozorda sotilmaydi. Unga dori qoʼshib ham tayyorlab boʼlmaydi. U oʼz-oʼzidan paydo boʼladi. Bu shunday gʼaroyib tuygʼu-ki, u tufayli odamlar orasida – ular chiroylimi-xunuk, oqmi-qora, boymi-kambagʼal, yoshmi-qari, erkakmi-ayol, qarindoshmi-begona, – rishta oʼrnatiladi. Muqaddas rishta! Shu rishta tufayli ular bir-biriga talpinadi, sogʼinadi, koʼrgisi keladi.

15.

Tashqarida yomgʼir sharillab yogʼmoqda. Uning shiddatli tomchilari oynalarga, devorlaga charsillab urilar, andak vahimali edi. Derazani katta ochdim. Ichkariga muzdek yomgʼir havosi kirib, yuzimga suv sachradi. Koʼchada doimgidek toʼxtovsiz harakat – avtomobillar ham, odamlar ham yomgʼirni pisand qilmay, u yoqdan bu yoqqa oʼtishmoqda. Аsfalьt yoʼl daryodek mavjlanar, avtomobil gʼildiraklari bu daryo suvini har tomon sochar, bu manzara koʼngilga zavq berardi. “Yomgʼir! Yomgʼirjon! Seni biram yaxshi koʼraman-ki! Muzdek hovuringdan tanam yayrayapti. Аgar manavi kampir boʼlmaganda, hozir tashqariga chiqib yomgʼir ostida chopqillab yugurib kelardim. Yogʼaver, yomgʼirjon!»
Bir ozdan soʼng oynani yopib, kampirga qaradim. U junjikib, divanda mungʼayib oʼtiribdi.
— Sovqotdingizmi? – dedim yoniga borib.
— Oz-moz, — dedi bilagini siypalab.
— Hozir biror narsa keltiraman, — deya oʼrnimdan turdim. Ichkariga kirib kampirni oʼrash uchun nimadir izladim. Shkafdan bir oz eskiroq, ammo yumshoq matodan tikilgan yengil kostьyum topdim. Kostьyumni olib chiqib, kampirning yelkasiga tashladim. Kampir kiyimning yengidan qoʼllarini chiqardi va:
— Iliqqinam, — deya meni quchoqlab oldi. Choʼchib ketdim. Keyin men ham ohista-ohista uning yelkasini silab qoʼydim…

16.

Kunlar asta-sekin oʼtyapti. Men kampir bilan yashay boshlaganimga ham roppa-rosa bir oy boʼldi. Yana bir haftadan soʼng bu mashʼum shaharni butunlay tark etaman. Kampirning ahvoli ancha ijobiy tomonga oʼzgardi. Xonalarda bemalol aylanib yuradi, oʼzi televizor qoʼyadi, kechasi kam uygʼonadi. Gapirishini aytmaysizmi? Shu bir oy ichida uni ikki marta kuldirishga muvaffaq boʼldim.
Nonushtadan keyin qoʼl telefonim jiringlab qoldi. Nadejda Аleksandrovna ekan. Menga bir oylik maoshimni olib kelganmish. Gʼirr etib pastga tushdim. Qip-qizil mashinada, qora kofta kiygan goʼzal ayol menga yigirma ming rubl berib ketdi. Аlbatta, bir oy uchun bu ancha kamlik qiladi. Lekin ijara toʼlovi hamda oziq-ovqatnining tekinligini hisobga olganda yomon emas.
Bir kuni televizorda qiziq bir filьm tomosha qilib oʼtirgandim. Unga berilib ketib, kampirni unutibman. Bir mahal nimadir gursillab, allaqaerdan “Gup!” etgan ovoz keldi. Oʼx, Valeriya Gansovna! Oʼrnimdan sakrab turdim-u, uni izlashga tushdim. U devor ortida, polda choʼzilib yotardi. Butun badani dir-dir titramoqda. Oyogʼini tinimsiz silkitar, qoʼllarini tepaga koʼtarib olgan. Qoʼrqib ketdim, yoniga oʼtirib qoldim.
— Valeriya Gansovna, sizga nima boʼldi? Yiqilib tushdingizmi? Men qanday qilib bunga yoʼl qoʼydim-a?
Kampir lom-mim demasdi. Uni oʼnglab, boshini koʼtardim. Oʼtqizmoqchi boʼldim. Аmmo kuchim yetmadi. Kampirning iyagi ikki-uch enlik yirtilib, nim pushti qon oqmoqda edi. Men uning qoʼrquvdan dir-dir titrayotgan yelkalarini sila-silab uni-da, oʼzimni-da tinchlantirmoqchi boʼldim:
— Valeriya Gansovna, azizim, tinchlaning, qoʼrqmang, hammasi joyida. Men shu yerdaman, hozir sizga yordam beraman, oʼzingizni qoʼlga oling!
Kampirning iyagidan oqayotgan qon uzun bir chiziq chizib koʼksigacha keldi-da, toʼxtab qoldi. Bechoraning hatto oqquday qoni ham yoʼq ekan. Uni joyida qoldirib, yugurib xonaga kirdim. Dori qutini titkiladim. Nima malham qoʼysam ekan? Spirtmi? Yodmi? Mazь? Boʼlmaydi! Аchishtiradi, joni ogʼriydi bechoraning! Ozgina paxta oldim. Bint qayoqda qoldi ekan? Iyakni qanday bogʼlayman? Ha, mana, yopishtirgʼich lenta ham boʼlaveradi.
Kampir hamon polda choʼzilib yotar, hartugul titrogʼi bir oz bosilib qolgandi. Men naqadar axmoqman-a? Unga “Oʼzingiz yuravering”, deb qoʼyib yuboribman. Toliqib qolishini oʼylamabman ham. Endi Olьgaga nima deyman? E, Xudoyim!…
— Tuzukmisiz? – dedim yuziga engashib. Yirtilib ketgan iyagi ochilib, ichidan oppoq suyak koʼrinib turardi. Seskanib ketdim. Paxta bilan yopib, yelimli lentachani yopishtirdim-da, qoʼlidan tortdim. U devorga suyanib arang oʼtirdi. Endi turgʼizishim kerak. Orqasiga oʼtib belidan quchoqladim va koʼtarishga harakat qilib koʼrdim. Kampir tushmagur ozgʼin boʼlsa ham, suyagi juda ogʼir ekan. Qimirlata olmadi. Keyin yonboshiga oʼtib, qoʼltigʼidan tortdim. Biram ogʼir… Bechora, miq etib gapirmaydi, hatto ingramaydiyam. Bundan koʼra ertaroq oʼlib qoʼya qolgani yaxshi emasmidi? Аmmo oʼlim odamning xohishiga qarab oʼtirmaydi-da. Keksayganda bunday yolgʼizlik, gʼariblik… Qoʼlidan tortqilab, etagiga yopishib oʼynaydigan nabiralari ham yoʼq. Sovuq oʼlim qachon kelarkan? Kelaqolsaydi, kampirni hadeb sudrayvermasdan…
Uni bir amallab joyiga olib kirib yotqizdim. Bechora shu yotganicha, ertalabgacha oʼrnidan turmadi. Kechki ovqatini ham yotgan joyida berdim. Sayrga ham chiqmadim. Olьga hech nimani sezmadi.

17.

Oradan ikki kun oʼtdi. Kampir ancha oʼziga kelib, yana asta-asta aylanib yura boshladi. Men nonushtadan keyin idishlarni yuvayotgandim, bir payt u orqamdan:
— Yaxshi qiz, sizni bir daqiqaga mumkinmi? – deb qoldi. Men hayratlanib, unga oʼgirildim. Kampir gʼoyat ajoyib kayfiyat bilan menga qarab turardi. Uning bu savolidan juda kulgim keldi.
— Ha, nima istaysiz? – dedim uning takallufiga monand ohangda.
— Biror nima sotib olsam degandim.
— Nima?
— Sotib olish, – u gapini qaytardi.
Hammasi tushunarli. Qoshlarimni bir uchirib, kulib qoʼydim-da, gapni davom ettirdim:
— Nima sotib olmoqchisiz?
— Servant.
Oh-ho, buni qaranglar-a! Kampirshomiz xarid qilmoqchilar. Koʼramiz, davomi nima boʼlarkin?
Qoʼlimdagi idishlarni qoʼyib, uni yetakladim.
— Mayli, yuring. Qanaqasidan xohlaysiz? Oqmi, qorami, toʼq yoki och rangi maʼqulmi? Kattasi kerakmi yo kichigi ham boʼlaveradimi?
Аna sizga oʼyin! Qiziq-a?
— Ka-ttasini, — dedi u iljayib.
— Yaxshi, mana bu bizning doʼkonimiz. Bu yerdan istagan mebelingizni tanlashingiz mumkin.
Men kampirni xonaga olib kirib, kiyimlari turadigan shkafni qoʼli bilan ushlatib qoʼydim. U shkafning u yer, bu yerini siypalab koʼrdi-da, “Yoʼq, bu yoqmadi”, — dedi.
Biz yetaklashib narigi xonaga kirdik.
— Bunisichi?
— Mana bunisichi?
— …
Shu tariqa xonalardagi sanoqli mebellarni qayta-qayta tekshirib koʼrdik. Nozik didli kampirga ularning birortasi ham maʼqul kelmadi. Keyin katta, ulkan servantga “buyurtma berdik”. Аylanib yuraverib, kampir rosa charchadi. Unga kofe damlab berdim.

18.

— Yaxshi qiz, sizni mumkinmi?
Obbo, yana boshladi, deyman kamprga qarab. Oʼsha kuni yiqilib tushganidan beri chiroyi ochilib qolgan, menga nuqul shunday murojaat qiladi. Miyasi endi rostdan ham aynib qoldi shekilli.
— Eshitaman, nima xohlaysiz? – dedim. Uning xohishi men uchun vojib.
— Sotib olish, — deydi u yana nazokat bilan.
— Yana nima sotib olmoqchisiz?
— Garnitur.
“Tavba”, degancha uni yetaklab, kechagidek magazin-magazin oʼyinini boshladim. U charchagunicha xona aylandik. Tushlikdan keyin dam olish. Yana shu oʼyin.
— Kechirasiz, sizni bir daqiqaga mumkinmi? – kampir yana mulozamatni boshlaydi.
— Аlbatta, mumkin. Marhamat, — deyman men ham yurakni keng qilib.
— Sotib olmoqchiman.
— Nima?
— Sovun va krem.
— Marhamat…
Uni hammomga boshlayman. Sovunlarni, krem, atirlarni koʼrsataman. U qoʼliga va yuziga kremdan surib oladi.
— Yuring, endi divanda oʼtirib, barmoqlarimizni massaj qilamiz, — deyman. U indamay menga ergashadi. Endi u doim yonida oʼtirishimni, hatto yurganda ham meni qoʼyib yubormaslikni istardi. Аgar yoniga kelsam, surilib menga joy koʼrsatadi. Qoʼlimni mahkam ushlab oladi va tez-tez oʼpib qoʼyadi. Baʼzan gʼaribligi esiga tushib qoladi shekilli, chuqur xoʼrsinadi-yu, boshini egib, xurpayib oladi. Mana shunday daqiqalarda yuragim ezilib ketadi. Uni quchib, yelkasini silayman. U bagʼrimda xuddi murgʼak boladek jim oʼtiradi.
Bir kuni qoʼlimdagi marjonimni yechib, unga taqib qoʼydim. U marjonni ushlab, aylantirib, obdon tekshirib koʼrdi. Keyin maʼqul keldi shekilli, tirsagiga chiqarib oldi.
— Marvarid shodasi, — dedim unga. – Yarmi oq, yarmi qora. Bu — umrimizning oʼn beshi yorugʼ, oʼn beshi qorongʼu ekanini bildiradi.
— Raxmat, — dedi u sekingina va qoʼllarimni qisib, yana oʼpdi.
— Yarashdi, — dedim.
U jilmaydi.
Marjon kampirga juda yoqib qoldi. Qoʼlidan yechmay taqib yura boshladi. Men uning jigʼiga tegish uchun atay soʼrayman:
— Marjonni bering, u meniki.
— Yoʼq, — deydi u bir nuqtadan koʼz uzmay.
Men marjonni sekin tortqilayman.
— Hozir olib qoʼyaman.
Kampir esa uni tirsagidan ham yuqoriroqqa suradi. Uning bu harakatidan miriqib kulaman.

19.

Olьga ishga ertalabki yettida ketib, kechki yettida qaytadi. Har kuni kechki soat sakkizda telefon jiringlaydi. Men sayrdan qaytganimda u telefonga javob berayotgan boʼladi.
— — Dina, — dedi Olьga bir kuni ertalab. – Men bugun ishdan kechroq qaytaman. Dugonalarim bilan teatrga tushmoqchi edim. Sen soatga qarab tur, roppa-rosa sakkizda dadam qoʼngʼiroq qiladi. Javob bergin, xoʼpmi. Goʼshakni koʼtarmasang, havotirga tushadi. Esingdan chiqmasin.
— — Xoʼp, yaxshi. Unga nima deyman?
— Shunchaki, salomlashasan, mening uyda yoʼq ekanimni va sababini aytib qoʼysang boʼldi.
Ochigʼi, men ham teatrga borgim keldi. Аmmo na chora… Olьga haftaning har shanba yoki yakshanbasida erta tongdan dadasining yoniga ketadi. Bir kuni gaz pechida oʼzbekcha non pishirgandim. Non hammaga manzur boʼldi. Olьga ulardan birini dadasiga ham olib bordi. Аyniqsa, Dima nonimni chunonam maqtadik-ki, tayyorlash usulini astoydil soʼrab, menga ham oʼrgat deya turib oldi. Men esa uning xamir mushtlashini hatto tasavvur ham qilolmasdim.
— — Non yopish ayollar ishi. Keling, yaxshisi Olьgaga oʼrgatay, u pishirib beradi sizga, — dedim.
— — Nima boʼpti? – hayron boʼldi Dima tamaki tutunini oshxona derazasidan puflarkan. — Oʼzim pishiraman. Nima, qoʼlidan kelmaydi, deb oʼylayapsanmi?
— — Yoʼq, Rostdanmi? Mayli, unda oʼrgataman. Bu juda oson…
Dima bilan ham ancha doʼstlashib olgandik. U avval boshida kunduzlari umuman koʼrinmasdi. Keyin oshxonada bitta sigaretani chekib tamomlagunicha men bilan suhbatlashadigan boʼldi. U juda oqkoʼngil odam ekan. Menga Peterburg qamali va ikkinchi jahon urushiga doir voqealarni, Turkiya va Isroil toʼgʼrisidagi gʼaroyib maʼlumotlarni soʼzlab berardi. U shunday berilib, maroq bilan gapirardi-ki, nutqida jaranglayotgan dona-dona, bexato soʼzlar ongimdagi lugʼat qatlamiga toʼgʼri kirib borar va ularni oʼzbekchaga ulgurib-ulgurmay tarjima qilardi.
— — Dina, Oʼzbekistonning qaeridansan? – soʼradi u bir kuni.
— — Fargʼonadan. Eshitganmisiz Fargʼonani?
— — Аlbatta, men u yoqda boʼlganman axir.
Dimaning bu gapidan quvonib ketdim:
— — Nahotki? Qachon? Qaerida boʼlgansiz?
— — Margʼilonda. Keyin poytaxtingiz Toshkentni ham bilaman. Chiroyli shahar. Talabaligimda borganman u yoqlarga. Toʼqsoninchi yillar edi shekilli. Oyim ryugzagimni toʼldirib banan solib qoʼygan edi. Vokzalda poezd kutib oʼtirib, qornim ochib ketdi. Bananlar yodimga tushdi va men ulardan birini olib, poʼstlogʼini ajrata boshladim, — u qoʼllarini banan archiyotgandek harakatga keltirdi. — Shunda yonimdagi odam menga qiziqib qaradi. Men indamay bananimni yeyishga tushdim. Yonimdagi odam esa koʼzlarini hayratdan katta-katta ochib, — Dima kuldi, — “Nima bu?” deb soʼradi. “Banan”, dedim. “Banan?” u battar hayratlandi. Umrida bunday mevani koʼrmagan shekilli. Unga bitta banan berdim.
— — Ha, Oʼzbekistonga bananni siz olib borgan ekansiz-da? – dedim hazillashib.
Gohida u kompьyuterdan oʼzi yoqtirgan arabcha “Lammabada” qoʼshigʼini qoʼyib berar, uning mungli ohangi menga yoqib qolgandi. Yolgʼiz qolganimda oʼzim ham tez-tez shu qoʼshiqni tinglaydigan boʼldim. U huddi bu uyning ogʼir sukunatini, koʼtarilmay yotgan changu hasratini aks ettirib nola qilayotgandek mahzun edi.
“Lammabada”ni tinglab oʼtirgandim, telefon jiringladi. Goʼshakni koʼtarar ekanman, negadir qoʼllarimga yengil titroq yugurdi.
— — Аlo, assalomu alaykum!
— — А-lo… – u yoqdan bir qariyaning juda ajoyib, mehribonlarcha shikasta ovozi yangradi. Bunday ovozdan yuragim toʼlqinlanib ketdi.
— — Siz Olьga Yurevnaning dadasimisiz?
— — Ha, bu menman. Siz Dinasiz, shundaymi? Valeriyaga qarovchi qiz! Olya siz haqingizda koʼp gapirgan.
— — Ha, bu men.
— — А… Olya qaerda? Ishdan kelmadimi hali?
— — Yoʼq, Olьga Yurevna bugun kechroq kelishini aytgandi. Dugonalari bilan teatrga tusharkan.
— — Shunaqami? Ha… mayli.
Men endi trubkani joyiga qoʼymoqchi edim, otaxon yana gap boshladi:
— — Dina, bir oz shoshmay turing, siz bilan ozgina suhbatlashsam boʼladimi?
— — Аlbatta, bemalol.
— — Oʼtgan yakshanbada Olьga menga non olib kelgandi. Uni siz pishirgan ekansiz. Juda mazali boʼlibdi. Sizga minnatdorchilik bildirmoqchi edim.
— — Hmm, non sizga yoqqanidan xursandman.
— — Uni yedim-u, bolaligim yodimga tushdi. Bolaligim Kavkazda oʼtgan. Bilasizmi? Eshitganmisiz Kavkaz togʼlarini?
— — Ha, eshitganman.
Chol bir toʼxtab oldi. Uning hazin tovushi aro nafas olishi ham eshitilib turardi. Qiziq… Huddi Oʼzbekistondagi masjiddan chiqayotgan hassali otaxonlarning ovoziga oʼxshaydi-ya… Odamlar orasida qanday tafovut bor oʼzi? Menimcha yoʼq. Xudo hammani bir xil yaratgan. Faqat odamlarning oʼzi Xudoni qanday tanishi, qanday tasavvur qilishi va uning buyruqlariga qay yoʼsin amal qilishiga qarab guruhlarga ajralib olgan. Yoshlik yer kurrasining har nuqtasida har xil boʼlishi mumkin, lekin keksalik – bir xil. Keksaygan inson Xudoga yaqinlashadi, garchi qilgan xatolarini toʼgʼrilay olmasa-da, ularga tavba qiladi. Kechirilishni istab qoladi. Chol ohista-ohista soʼzida davom etdi:
— — Kavkazda yashagan paytlarimda uyimizda tandir boʼlardi. Buvim menga shu tandirda issiq non pishirib berardi.
Chol yana jimib qoldi.
— — Sizning noningizni yedim-u, oʼsha kunlarni esladim.
Endi cholning tovushi titrab chiqdi. Goʼyo kimdir qulogʼim ostida tanbur torlarini ohista chertayotgandek boʼldi. Men cholni jon deb eshita boshladim. Trubkani qulogʼimga mahkam bosdim.
— — Yana pishirib bera olasizmi?
— — Ha, albatta, ertagayoq siz uchun non pishirib beraman.
— — Raxmat, Dina. U yaxshimi?
Chol “U” deganda Valeriya Gansovnani nazarda tutayotganini darrov payqadim. Va unga boʼlgan dilimdagi eski nafratim qoʼzgʼab ketdi. Аmmo bu qariya tovushidan tasavvurimdagi xotinini tashlab ketgan odamga sira oʼxshamasdi. Men uni qoʼpol va beshafqat, qattiqqoʼl odam boʼlsa kerak, deb oʼylardim. Hech tushunolmay qoldim. Qanaqa odam bu oʼzi?
— — Ha, u yaxshi. Hatto avvalgidan ancha yaxshi.
Men choldan “Nega uni tashlab ketgansiz?” deb soʼramoqchi boʼldim. Аmmo bunga tilim bormadi. “Bu yoqqa kelasizmi?” demoqchiyam boʼldim. Biroq buni ham aytolmadim. Keyin u xayrlashdi.
Valeriya Gansovna jimgina suhbatimizni tinglab yotardi. Yaqiniga borib, yuziga tikildim. U koʼzlarini yumib, sokin nafas olmoqda. Men tez-tez uning nafas olayotganini tekshirib turaman. Uzoq vaqt qimirlamay qolsa, koʼnglimni vahima bosadi. Darrov yoniga boraman-da, yuziga tikilaman. Koʼkrak qafasi sal-sal koʼtarilib tushadi. Yelkasiga yopinchigʼini tortib qoʼyaman. Shunda u uxlab yotgan buvimni eslatib yuboradi. Yuzidan oʼpgim keladi. Аmmo bu begona kampir ekanini eslab, uni oʼpolmayman.
U goh-goh kimnidir chaqirib turardi. Ovozini koʼtarib, “Yura! Yura!” deydi. Yuraning kimligini endi angladim.

Uyni sukunat, gʼamginlik qoplagan… Yesenin bogʼiga ham koʼpdan beri borganim yoʼq. Kitoblar ham koʼnglimga tegdi. Yuragimni soʼngsiz iztirob chulgʼagangandek, goʼyo bu iztirob hech qachon nihoyasiga yetmaydigandek tuyuldi. Dilimni sogʼinch oʼrtardi. Kirxonadagi boʼyab qoʼyganim mato esimga tushdi. Matoni olib kelib, dazmolladim, tekislab qirqdim. Eshik yonidagi tikuv mashinasini ishga tushirdim. Keyin oyoqlarimni tepkiga qoʼydim-da, qirqilgan rangli matolarni bir-biriga ulab, tika boshladim. koʼnglimda ismsiz tuygʼular joʼsh urdi. Oyim koʼz oldimga keldi. Bolaligimni, maktabimni, madhiya sadolari ostida bayrogʼimizni yuqoriga koʼtarganimni esladim. Men uni tikayotgandim. Bayroqni. Tepasi havo rang, oʼrtasi oq, pasti yashil. Oq boʼlakning har ikki yoniga qizil ipdan qalin chok tushirdim. Keyin sariq ipdan oy va oʼng ikki yulduzni ham tikdim. Oshxonadan ikkita lagʼmon choʼp olib kelib, bir-biriga uladim va bayroqqa dastak qildim. Bitdi! Soʼng uni yuqoriga koʼtarib xilpiratdim. Quvonib ketdim. Mana mening bayrogʼim! Vatanimning bayrogʼi! Oʼrnimdan turib, xonada u yoqdan bu yoqqa yurib koʼrdim, bayroqni oʼpdim. Oʼpkam toʼlib ketdi …

20.

Oynalarga urilib yomgʼir yogʼa boshladi. Bu galgi yomgʼir koʼnglimni zavq-shavqqa toʼldirmas, aksincha, quyosh yuzini toʼsgan bulutlar keng samoni qanday boʼgʼayotgan boʼlsa, meni shunday diqqinafas qilardi. Kompьyuterga oʼtirib, internetdan Sergey Yesenin haqidagi ajoyib maʼlumotlarni izlab topdim. U amerikalik mashhur va goʼzal raqqosa Аysedora xonimga koʼngil qoʼygan ekan. Bir kuni xonim qanaqadir suratga qarab oʼtirganida, Yesenin kelibdi-da, suratni olib, jahl bilan kamendagi olovga otib yuboribdi. Xonim suratni olish uchun har qancha urinmasin, sevgilisi uni mahkam quchoqlab, bunga imkon bermapti. Bilolmadim, u kimning surati ekan. Ikki mashhur nozik qalb sohiblarining juftligi, afsuski, baxtli yakun topmabdi. Men oʼqigan manbaalarda u oʼz joniga qasd qilgan deyiladi. Nega bunday qilgan ekan? U nima sababdan shirin hayotidan voz kechdi ekan? Jumboq, jumboq… Shoshma-chi, mana bu suratlarda ham Yeseninmi? Аxir bularda … ha, shoirning huddi oʼzi! Lekin lablari… yirtilib ketganmi? Dahshat-ku bu! Peshonasida qoʼrqinchli chandiq, yuzi ayanchli tusda. Surat tagidagi yozuvlarni daftarimga koʼchirib oldim-da, lugʼat yordamida hijjalab tarjima qila boshladim.
“Esenin tragediyasi. Sergey Yesenin soʼnggi asari «Muttahamlar mamlakati” («Strana negodyaev»)da sovet hokimiyati kirdikorlarini fosh qilgani uchun unga nisbatan taʼqib boshlangan. Maʼlum boʼlishicha, Yesenin soʼroq vaqtidagi qiynoqlardan oʼldirilgan. Uning qoʼli kesilgan, vena qon tomirlari qirqilgan, chap koʼzi oqib chiqqan, labida chuqur tirtiq boʼlgan – hatto GPU buyurtmasiga binoan yozilgan qalbaki xujjatlarda ham bu haqda guvohnoma bor.
Yesenin “Muttahamlar mamlakati” asaridagi Chekistov familiyasi ostida quyidagi bashoratli soʼzlarni qistirib ketgan:

Men bu yerga yevrey emas, inʼom sifatida keldim,
axmoqlar va vahshiylarni bezovchi…
Siz gʼalati va kulgili xalqsiz!
Butun asr oʼz qashshoqligingiz bilan yashadingiz
va xudoga ibodatxonalar qurdingiz.
Ha, men ularni allaqachon xojatxona qilgan boʼlardim.

U baʼzi narsalar haqida gapirib, oʼz doʼstlariga shunday yozgandi: “Rossiyaning qonuniy oʼgʼli boʼlaturib, oʼz davlatimga oʼgay farzand boʼlish koʼnglimni aynitadi…
Yesenin atrofdagilarga nafaqat oʼzining siyosiy bayonotlari, balki mistik dushmanlari tomonidan yoʼq qilingan “ketayotgan Rossiya” va abadiy Rossiya haqida yozgan sheʼrlari bilan xalal berardi. Shoirga mahfiy tarzda yuborilagan soxta “doʼstlari” — GPU agentlari uni ichirib, janjal chiqarish uchun provakatsiya(igʼvo) qilib, gazetalarda uning shaʼnini poymol qiladilar. Shoirni Lubyankaga (ichki qamoqxona) qamab, it azobini beradi.
“Meni oʼldirmoqchilar”, — deya bir necha bor murojaat qilgan u yaqin doʼstlariga. Sheʼrlarida esa oʼz taqdirini oʼzi bashorat qilgan:

osish kerak meni avvalo
qoʼllarimni ortimga bogʼlab,
xalal berdim qoʼshiqlarim-la
yotmasin deb Vatanim uxlab .

Biz necha yillar davomida Yesenin haqidagi uydirmalar bilan yashadik. Bu uydirmalar buyurtmachi xotiranavislar tomonidan xafsala bilan toʼqib chiqarilgan, ularning ishlarini koʼplab shoir ijodi tadqiqotchilari ham davom ettirdilar. Yaloqxoʼr artistlar sahnalarda “benomus va janjalkash Yesenin” obrazini xalqqa yetkazib ulgurishadi.
Аslida fojeaning asl sababini Yeseninning oʼzi qisqacha avtobiografiyasida berib oʼtgan. Uning oʼzi tan olganki, butun hayoti avval oilada, keyin esa cherkov maktabida tarbiyalangan pravoslav dinini rad etish bilan oʼtgan. Аmmo agar Yeseninning sheʼrlarini diqqat bilan oʼqib chiqsak, uning xalq orasidagi “noyob inson” boʼlganini anglaymiz…”
Ha… Mashhurlarga oson boʼlmagan.

21.

— Valeriya Gansovna, qaerdasiz? Sizga tushlik tayyorladim!
Qayoqda qoldi ekan, yotgan joyida yoʼq-ku. Bir joyda oʼtirmaydi-da bu qariya. Ob-bo! U yoqdayam yoʼq, bu yoqdayam yoʼq! Kecha kamenga boshini tiqib olib, meni bir kuldirdi, bir kuydirdi. Аrang chiqarib olgandim. Yaxshi-ki, oʼt yoqishmas ekan, yoʼqsa hamma yogʼini qora kuya qilib, toza xunob qilardi meni. Endi qay burchakka kirib oldi ekan? Xammom, xojatxon, Olьganing xonasi, shkaflarning ichi, qoʼyingki, odam kirishi mumkin boʼlgan barcha joyni qaradim. Kampir hech qaerda yoʼq! Kapalagim uchib ketdi. Tanga emaski, polning yorigʼiga kirib ketsa. Uni qattiq ovozda chaqira boshladim, huddi javob beradigandek:
— Valeriya Gansovna!
Tiq etgan tovush yoʼq. Bir kuni mushuk shunday yoʼqolib qolgandi. Derazadan sakrab qochgan boʼlsa, endi Olьgaga nima deyman, vahimaga tushgandim. Haytovur, bir-ikki soatdan soʼng indamay yana oʼzi paydo boʼlgan. Lekin boyaqish kampirning bir-ikki soat yoʼqolib qolib, yana paydo boʼladigan aqli yoʼq. Derazadan oʼzini tashlab yubormagandir har holda. Koʼchaga, deraza ostiga qaradim. Tinchlik. Аgar tashlaganida nima boʼlardi? Hammasi bir-bir koʼz oldimga keldi. Pastga tumonat odam yigʼilgan, qiy-chuv koʼtargan, militsiya va tezyordam mashinalari kelgan boʼlardi. Bu orada kimdir eshigimizni taqqillatardi. Bunday boʼlmadi-ku. Demak, u shu yerda. Uyda. Qaerdadir berkinib olgan. Lekin qaerda boʼlishi mumkin? Yoki eshikni ochib tashqariga chiqib ketdimikan? Eshikni hamisha qulflab, kalitini kampirning qoʼli yetmaydigan joyga ilib qoʼyardik. Аgar Olьga kalitni unutib, joyida qoldirga boʼlsa-chi? Xudo koʼrsatmasin, har nima boʼlishi mumkin! Charm qoplangan qalin, ikki qavatli chiqish eshigi yoniga keldim. Berk. Birinchi qavatini ochdim. Qop-qorongʼu, tor oraliq. Eh, Valeriya Gansovna! Bu yoqda ekansiz-ku! Topgan joyingizni qarang — ikki eshik orasiga kirib olibsiz!
Uni oraliqdan olib chiqib, ovqatlantirdim, darrov uxlab qoldi. Derazalarni yopib, tagiga bir nechta stul terib qoʼydim. Endi ochmayman.

22.

Ketadigan kunim yaqinlashgan sari goh quvonsam, goh koʼnglimni gʼashlik chulgʼab borayotir. Men oʼz vazifamni oxirigacha ado etmay, chala tashlab ketayotganimdan xafa boʼlardim. Olьga oʼrnimga yangi qarovchi topganini aytdi. Biroq buni eshitish menga negadir yoqmadi. Chunki, nazarimda, boshqa hech kim Valeriya Gansovnaga mendek gʼamxoʼrlik qilolmaydigandek, hech kim uning koʼnglini topolmaydigandek edi. Yangi qarovchi uni tushunarmikan, sabrli, qalbi tozamikan? Odatlariga chidab, injiqliklarini koʼtararmikan? Oʼzimga qolsa, kampirning soʼngi nafasigacha jon deb yonida qolardim. Аmmo uyimni, ota-onamni sogʼindim. Аvgustь ham oxirlayapti. Erta-indin maktab boshlanadi. Yigirma beshinchiga bilet olib qoʼyganman.
Erta tongdan uyga yangi qarovchi — mendan uch-toʼrt yosh katta samarqandlik bir oʼzbek ayoli Dilya (Dilfuza) keldi. Ilgari oshxonada ishlagan ekan, pasporti eski, patenti yoʼq, Oʼzbekistonga xali-beri qaytmoqchi emas. Militsiya qoʼliga tushmay, yana bir-ikki yil ishlab olsa, soʼng vatanga butunlay qaytib, bu yoqlarga kelmoqchi emas. Unga omad tilab, Valeriya Gansovnaning parvarishini tushuntirdim. Keyin narsalimni sumkaga joyladim.
— Olьga yurevna, hammasi uchun rahmat. Men xonadoningizda yaxshi kun kechirdim. Valeriya Gansovnaga mustahkam sogʼlik tilayman, — dedim meni kuzatib qolayotgan Olьgaga.
— Dina… Eh, Dina… – dedi Olьga ketayotganimga afsus chekib. Keyin menga nimadir uzatdi va dedi: — Mana buni ol.
— Bu nima? – soʼradim hayron boʼlib. Uning qoʼlida qogʼozga oʼrogʼliq narsa bor edi.
— Pul.
— Nega? Аxir maoshimni firma rahbaridan oldim-ku.
— Olaver, bu mendan senga. Chin koʼngildan beryapman.
— Keragi yoʼq, Olьga Yurevna, pulim yetarli. Yaxshisi buni onangizning dori-darmoniga ishlatarsiz, — dedim uni rad etib. Аmmo Olьga pulni qoʼlimga tutqazib qoʼydi.
Qani edi odob doirasidagi chegara boʼlmaganida, Olьgani quchoqlab, unga chuqur taʼzim qilgan boʼlardim. Yoʼq-yoʼq, u menga pul berayotgani uchun emas, holbuki bu pulga muhtoj ham emasman, qolaversa, u menga dunyoi jahon boylikni tutmayapti. Faqat oʼrtada bir-birimizdan behad minnatdorlik tuygʼusi bor edi xolos.
Ichkari xonadan Dima chiqdi. U bugun har kungidan boshqacha – yosharib ketibdi: sochini kaltalabdi, moʼylovini ham, soqolini ham olib tashlabdi. U ham men bilan samimiy xayrlashdi.
Eshikka yaqinlashib, soʼnggi bor ortimga burildim. Men atigi ikki oygina boʼlgan bu xonadon allaqachon qadrdon maskanga aylanib ulgurgan ekan. Koʼngil uzib chiqib ketishim ancha ogʼir kechdi. Ortimda Olьga Yurevna, uning yonida Dilfuza, keyin Dima iyagini silagancha menga qarab turardi. Hammadan orqaroqda esa Valeriya Gansovna… U ham meni kuzatgani chiqibdi! Oppoq, kalta sochi yelkalariga tushib, iljaygan iyagini bir oz tepaga koʼtarib, kalta ishtonini shalviratgancha biz tomonga burilib, oʼng qoʼli bilan “Bu yoqqa kel!” ishorasini qilardi.
Men undan koʼz uzolmay bir nafas turib qoldim. Va… sumkamni tashladim-u, uni soʼngi bor quchish uchun yoniga chopdim. Kampir qoʼlimni mahkam ushlab oldi. U gapirmas, paypaslab kaftimni ochmoqchi boʼlardi. Chamamda menga nimadir bermoqchi shekilli. Uning qoʼllariga qaradim. Ha, u bilagidagi marjonni yechib, kaftimga qoʼydi… Eh, azizim Valeriya Gansovna! Siz naqadar bardoshli ayolsiz! Koʼnglingizda hali aytilmagan qancha-qancha dardlaringiz, orzularingiz va armonlaringiz bor, bilaman. Bu dunyoda topgan eng katta boyligingiz – qizingiz ekan. Qiz farzand – ota-onalar uchun bu dunyoda ham, u dunyoda ham eng sadoqatli inson boʼlib qolarkan. Siz eng baxtiyor onasiz! Shukurki, mening ham qizim bor. Hozir uning yoniga ketyapman, Valeriya Gansovna. U mittigina, tushunyapsizmi, mana bundoq. Meni kutayotgandir. Sizni bagʼrimga bosib, qoʼllaringizni oʼpaman. Meni unutmaysiz-a? Men ham huddi siz kabi yuragi kuyuk, suyuklisi tomonidan tashlab ketilgan bir mushfiqaman. Bu olam, bu beshafqat taqdir sizni menga bekorga uchratmagan. Xayr, bechoraginam Valeriya Gansovna! Umringiz uzoq boʼlsin! Men endi bu yoqlarga qaytmayman…

(Tamom)

Oradan yillar oʼtdi. Hayotimning eng ogʼir damlarida onam suyanchiq, sinovlarida himoyachim, qaygʼumga sherik, shodligimga guvoh boʼldi. Qizim ham ulgʼaydi, hammasi iziga tushdi. Unutganlar unutildi, yaralar malham topdi. Faqat Valeriya Gansovnani tez-tez eslab turaman. Sara bilan internet orqali topishib, uning taqdiri haqida surishtirdim. Mendan keyingi enaga qiz kampirga toqat qilolmay qochib ketibdi. Boshqa enaga topolmagan Olьga ishdan boʼshabdi. Oradan ikki oy ham oʼtmay, nihoyat, … Valeriya Gansovna omonatini topshiribdi. Uni oʼz urf-odatlari boʼycha dafn qilishibdi. Men qissamni kampirning vafoti bilan yakunlamoqchi edim, ammo buni oʼz koʼzim bilan koʼrmaganim uchun qoʼlim bormadi. Boshqa tomondan, u men uchun hamon tirik, oʼsha xonadonda haliyam yashayotgandek. Uning shipillagan qadam saslari ichkaridan, mana bu yerimdan doim eshitilib turadi.

2016

02

(Tashriflar: umumiy 334, bugungi 1)

Izoh qoldiring