Ryunoske Akutagava. Mandarinlar

09Қахратон қишнинг тунд оқшоми эди. Мен Екосука-Токио йўналишидаги поезднинг иккинчи синф вагони бурчагида унинг жўнашини кутиб паришон ўтирардим. Вагонларда аллақачон электр чироқлар ёқилган, бироқ нима учундир мендан бошқа йўловчи йўқ.

Рюноскэ Акутагава
МАНДАРИНЛАР


2014092719510424587.jpg Акутагава Рюноскэ (1892.1.3 — Токио — 1927.24.7) — ўз асарлари билан япон адабиётини жаҳон миқёсига чиқишини бошлаб берган адиб сифатида тан олинади. У ижодида ғарб ва япон адабиети анъаналарини ўзаро уйғунлаштириб, япон анъанавий тасвир ва ифода усулини янги йўналишга бурган. Инсон онгининг «жумбоқ»лиги, олдиндан айтиб бўлмаслик хусусияти ифодаланган ҳикоялари — «Расёмон дарвозаси» (1915), «Бурун» (1916) унга шуҳрат келтиради. «Куз» (1920), «Совуқ» (1924) каби психологик ҳикояларида эса ижтимоий ёвузлик дунёсида эзгуликнинг фожиавий қисмати акс этган. «Сув алвастилари мамлакатида» (1927) ижтимоий-фантастик мажозий асардир. Инсоннинг ёлғизлиги, унинг вакт, тарих олдида ожизлиги панд-насиҳатдан иборат «Телбанинг ҳаёти» (1927) номли сўнгги асарининг мавзуидир. Япон маданиятида беқиёс ўрин эгаллагани учун «Акутагава» миллий мукофоти таъсис этилган.


Қахратон қишнинг тунд оқшоми эди. Мен Екосука-Токио йўналишидаги поезднинг иккинчи синф вагони бурчагида унинг жўнашини кутиб паришон ўтирардим. Вагонларда аллақачон электр чироқлар ёқилган, бироқ нима учундир мендан бошқа йўловчи йўқ. Ташқарида, ним қоронғу платформада ҳам бугун негадир ҳеч ким, ҳатто кузатувчилар ҳам кўринмас, фақат аҳён-аҳёнда қафасдаги кучук аянчли акиллаб қўярди. Буларнинг барчаси ажабтовур тарзда менинг айни дамдаги кайфиятим билан уйғунлашиб кетган. Шууримда ҳудди қовоқ уйган қорли осмондек таърифлаб бўлмас хорғинлик ва ғам-ғуссанинг хира кўланкаси кезарди. Мен қўлларимни палтоим чўнтагига тиқиб, ундан чиқиб турган кечки газетани ўқишни ҳам истамай, жим ўтирардим.

Ниҳоят, гудок чалинди. Мен бир оз енгил тортиб, бошимни ойна ромига суяганча, вокзалнинг кўз ўнгимда аста-секин ортга чекинишини кутдим. Лекин шу пайт платформадаги турникет томондан гэтанинг қаттиқ тарақлаши эшитилди ва ортидан кондукторнинг ғазабнок бақириғи янгради; мен ўтирган вагон эшиги тарақлаб очилиб, ўн уч-ўн тўрт ёшлардаги бир қиз халлослаб кириб келди. Ва шу сонияда поезд бир силкинди-ю, аста жойидан қўзғолди. Далаларни бирин-кетин бўлаклаётган платформа симёғочлари, кимдир ташлаб кетган-у, унутиб қолдирган сув бочкали арава, поезддаги кимгадир эгилиб таъзим қилаётган аравакаш – буларнинг барчаси паға-паға бўлиб ойнани қоплаётган тутун орасида истар-истамай ортда қоларди. Ниҳоят, эркин нафас олиб, тамаки чека бошладим ва шундагина осилган қовоқларимни кўтариб, рўпарамда ўтирган қизча юзига назар солдим.

У чинакам қишлоқ қизи эди: мойланмаган*, қуруқ, ола-була сочлари оддий япон турмаги билан йиғилган, ёрилиб кетган юзлари сополдек қип-қизил, кишида ёқимсиз таассурот уйғотарди. Тиззасида тугун, исқирт, зангори жун шарф пала-партиш осилиб ётар, музлаб қолган қўллари билан учинчи синф вагонига тегишли бўлган қизил чиптани авайлаб ушлаб олганди. Менга бу қизнинг қишлоқи қиёфаси сира ёқмади. Бундан ташқари, унинг яғир кийимлари таъбимни хира қилди, иккинчи синф билан учинчи синф вагонлари орасидаги фарқни англолмайдиган даражада ахмоқ эканлиги эса асабимни бузди. Шунинг учун тамакимни тутатганча унинг борлиги ҳақида унутишга қарор қилиб, ноилож газетага юз бурдим. Баногоҳ, ойнадан таралаётган ёруғлик газета саҳифаларига тўкилар экан, электр нурларига айланиб, ундаги беҳисоб белгилар равшан кўрина бошлади. Чамамда, поезд Екосука линиясининг кўплаб ер ости йўлларидан биринчисига кирди чоғи.

Бироқ ёрқин саҳифаларга қанчалик кўз югуртирмай, дунёда содир бўлаётган барча воқеалар сийқаси чиққан оддий сафсаталардек менинг ғуссамни аритмасди. Тинчлик масалалари, янги турмуш қурганлар, яна янги турмуш қурганлар, мансабдор шахсларнинг порахўрлиги, ўлим ҳақидаги эълонлар… Ғалати хаёллар оғушига чўмдим, туннелга кирган поезд бирдан тескари ҳаракатланаётгандек туюлди ва мен ўзим сезмаган ҳолда нигоҳимни бир белгидан бошқасига кўчира бошладим. Аммо бу вақт давомида қаршимда ўтирган тирик одамзоднинг чиркин вакили бўлган мана бу қизчани бирор дақиқа бўлса-да, хаёлимдан қуволмадим. Ер остидаги поезд, қишлоқи қиз ва бир чақага қиммат мақолалар билан тўлиб-тошган ушбу газета – нима булар, тушунарсиз, разил, зерикарли инсоният ҳаёти белгилари эмасми? Охиригача ўқиб тамомламаган газетани улоқтириб, менга маънисиз кўринган барча нарсадан кўз юмдим ва бошимни ойнага тираган кўйи жонсиздек ўзимни уйқуга солдим.

Бир неча дақиқа ўтди. Бехос нимадандир чўчиб кетиб, норози ўгирилсам, қиз сездирмасдан жойини тарк этган, қаршисидаги ўриндиққа ўтиб, ёнимга туриб олган ва ойнани зўр бериб очишга тиришаётган экан. Маҳкам беркитилган ойна роми эса қилт этмасди. Унинг тўрлашган юзлари янаям қизариб кетган, ойна олдида типирчилаб, энтикиб нафас олаётгани ва гоҳ-гоҳ бурнини тортаётганини эшитдим. Лекин унинг бу ҳатти-ҳаракати менда ачиниш ҳиссини уйғотмади. Ҳар икки томондаги ойналардан қовжираган майсалар қоплаган қир-адирларнинг оқшом шуъласида йилтираб ўтаётганини кўриб поезднинг яна туннелга кираётганини осонгина англаш мумкин эди. Қизча эса нимага ойнани очишга ҳаракат қиляпти – тушунмадим ва буни фақат инжиқликка йўйдим. Шунинг учун қалбим тубидаги қаҳри қаттиқлик ила унга совуқ нигоҳ ташлаб, ойнани тимдалаётган муз қўлларини синдиргим келди. Унинг уринишлари омадсиз якунланишини истадим. Шу пайт поезд даҳшатли гумбурлаб туннелга ўзини урди ва шу заҳоти қизча бўшатишга интилаётган ойна роми ҳам тарақлаб очилиб кетди. Тўғри бурчакли ёриқдан қоп-қора, қуюқ, нафасни бўғадиган қурумли тутун ичкарига ёпирилиб, вагонни бурқсита бошлади. Мен ҳатто рўмолча билан юзимни ёпиб олишга ҳам улгурмай, тутунли тўлқин устимга сепилгандек, кўпдан буён қийнаб келаётган томоғим ғиппа бўғилиб қолди ва нафас ололмай йўталдим. Қиз эса менинг бу ҳолимга заррача ҳам эътибор бермай деразадан бошини чиқарди, сочларини тортқилаётган шамолга тутиб, олдинга – поезд йўлига боқди. Мен тутун аралаш электр ёғдусига бурканган қизга қарадим, агар шу лаҳзада ойна орти бирдан ёришиб, у ёқдан тоза тупроқ иси, пичан ва сув ҳиди юзимга урилмаганда, ва ниҳоят, йўталим тўхтамаганда, шубҳасиз, бу нотаниш қизчанинг ушбу қилмиши учун қаттиқ дакки берган, ойнани эса яна ёпиб қўйган бўлардим.

Поезд туннелдан равон сирғалиб чиқиб, ҳар икки томондан ён-бағирлари қуруқ ўт-ўланлар билан қопланган тоғлар бўғиб турувчи ғариб бир посёлкани кесиб ўта бошлади. Атроф-жавониб ифлос, бир-бирига уланиб кетган тиқилинч черепица ва похол томлар ҳамда шом қоронғусида янаям оқариб хилпираётган байроқчасини маъюс силкитиб қўйиши керак бўлган стрелкачи. Поезд туннелдан чиқиши билан шлагбаум ортидаги бўм-бўш ўтиш жойида ёнма-ён турган қизил юзли учта болакайга кўзим тушди. Уччовиям булутли осмон босиб қолгандек пак-пакана, эгнидаги кийимлари ҳам мана шу бадбин посёлка турқида эди. Улар ўтиб кетаётган поезддан кўз узмай, бирданига баравар қўл кўтардилар ва қандайдир тушуниксиз ишоралар билан саломлашдилар. Шу дамда ғаройиб ҳодиса юз берди: белига довур ойнага тиралиб турган қиз музлаб қолган қўлларини чўзиб ўнга-чапга силкиди ва тўсатдан болаларга бир нечта олтин мандаринларни улоқтирди, шунда офтоб ярқ этиб, илиқ нур сочиб юборгандек юрагим орзиқиб кетди. Мен беихтиёр энтикиб юбордим. Ва шу ондаёқ ҳамасини тушундим. У, яъни мана бу қизча, афтидан, ишга кетган, уни кутиб олиш учун поезд йўлига чиққан укаларига миннатдорлик тариқасида қўйнига яшириб олган мандаринларни ойнадан ташлаганди.

Шом қўйнига ғарқ бўлаётган посёлкада қушлар каби қичқираётган уччала болакайлар, мандаринларда жилоланган ёғду — буларнинг барчаси ойна ортида бир лаҳзагина ялт этди. Лекин бу манзара қалбимда уқубат ёлқини бўлиб абадий муҳрланиб қолди. Ҳамда мени яна қандайдир илиқ бир туйғу қамраб олганини ҳис этдим. Бундан тўлқинланиб бошимни кўтардим ва қизга қарадим. У рўпарамдаги жойига келиб ўтираркан, ёрилган ёноқларини яна аввалгидек зангори жун шарфи билан яшириб, катта тугунини қучоқлаб, қизил рангли учинчи синф чиптасини маҳкам қисди…

Шундагина мени одамзот ҳаётининг зерикарли, тубан, тушунуксиз ва дилхун чарчоқлари вақтинча бўлса-да тарк этди.

Апрель 1919 йил

————————————
* япон турмаклари талабига кўра аёллар сочига махсус мой суртилиши керак

Рус тилидан Одинахон  Абдураҳимова таржимаси

04Qaxraton qishning tund oqshomi edi. Men Yekosuka-Tokio yoʼnalishidagi poezdning ikkinchi sinf vagoni burchagida uning joʼnashini kutib parishon oʼtirardim. Vagonlarda allaqachon elektr chiroqlar yoqilgan, biroq nima uchundir mendan boshqa yoʼlovchi yoʼq. Tashqarida, nim qorongʼu platformada ham bugun negadir hech kim, hatto kuzatuvchilar ham koʼrinmas, faqat ahyon-ahyonda qafasdagi kuchuk ayanchli akillab qoʼyardi.

Ryunoske AKUTAGAVA
MANDARINLAR


11Akutagava Ryunoske (1892.1.3 — Tokio — 1927.24.7) — o‘z asarlari bilan yapon adabiyotini jahon miqyosiga chiqishini boshlab bergan adib sifatida tan olinadi. U ijodida g‘arb va yapon adabiyeti an’analarini o‘zaro uyg‘unlashtirib, yapon an’anaviy tasvir va ifoda usulini yangi yo‘nalishga burgan. Inson ongining «jumboq»ligi, oldindan aytib bo‘lmaslik xususiyati ifodalangan hikoyalari — «Rasyomon darvozasi» (1915), «Burun» (1916) unga shuhrat keltiradi. «Kuz» (1920), «Sovuq» (1924) kabi psixologik hikoyalarida esa ijtimoiy yovuzlik dunyosida ezgulikning fojiaviy qismati aks etgan. «Suv alvastilari mamlakatida» (1927) ijtimoiy-fantastik majoziy asardir. Insonning yolg‘izligi, uning vakt, tarix oldida ojizligi pand-nasihatdan iborat «Telbaning hayoti» (1927) nomli so‘nggi asarining mavzuidir. Yapon madaniyatida beqiyos o‘rin egallagani uchun «Akutagava» milliy mukofoti ta’sis etilgan.


Qaxraton qishning tund oqshomi edi. Men Yekosuka-Tokio yoʼnalishidagi poezdning ikkinchi sinf vagoni burchagida uning joʼnashini kutib parishon oʼtirardim. Vagonlarda allaqachon elektr chiroqlar yoqilgan, biroq nima uchundir mendan boshqa yoʼlovchi yoʼq. Tashqarida, nim qorongʼu platformada ham bugun negadir hech kim, hatto kuzatuvchilar ham koʼrinmas, faqat ahyon-ahyonda qafasdagi kuchuk ayanchli akillab qoʼyardi. Bularning barchasi ajabtovur tarzda mening ayni damdagi kayfiyatim bilan uygʼunlashib ketgan. Shuurimda huddi qovoq uygan qorli osmondek taʼriflab boʼlmas xorgʼinlik va gʼam-gʼussaning xira koʼlankasi kezardi. Men qoʼllarimni paltoim choʼntagiga tiqib, undan chiqib turgan kechki gazetani oʼqishni ham istamay, jim oʼtirardim.

Nihoyat, gudok chalindi. Men bir oz yengil tortib, boshimni oyna romiga suyagancha, vokzalning koʼz oʼngimda asta-sekin ortga chekinishini kutdim. Lekin shu payt platformadagi turniket tomondan getaning qattiq taraqlashi eshitildi va ortidan konduktorning gʼazabnok baqirigʼi yangradi; men oʼtirgan vagon eshigi taraqlab ochilib, oʼn uch-oʼn toʼrt yoshlardagi bir qiz xalloslab kirib keldi. Va shu soniyada poezd bir silkindi-yu, asta joyidan qoʼzgʼoldi. Dalalarni birin-ketin boʼlaklayotgan platforma simyogʼochlari, kimdir tashlab ketgan-u, unutib qoldirgan suv bochkali arava, poezddagi kimgadir egilib taʼzim qilayotgan aravakash – bularning barchasi pagʼa-pagʼa boʼlib oynani qoplayotgan tutun orasida istar-istamay ortda qolardi. Nihoyat, erkin nafas olib, tamaki cheka boshladim va shundagina osilgan qovoqlarimni koʼtarib, roʼparamda oʼtirgan qizcha yuziga nazar soldim.

U chinakam qishloq qizi edi: moylanmagan*, quruq, ola-bula sochlari oddiy yapon turmagi bilan yigʼilgan, yorilib ketgan yuzlari sopoldek qip-qizil, kishida yoqimsiz taassurot uygʼotardi. Tizzasida tugun, isqirt, zangori jun sharf pala-partish osilib yotar, muzlab qolgan qoʼllari bilan uchinchi sinf vagoniga tegishli boʼlgan qizil chiptani avaylab ushlab olgandi. Menga bu qizning qishloqi qiyofasi sira yoqmadi. Bundan tashqari, uning yagʼir kiyimlari taʼbimni xira qildi, ikkinchi sinf bilan uchinchi sinf vagonlari orasidagi farqni anglolmaydigan darajada axmoq ekanligi esa asabimni buzdi. Shuning uchun tamakimni tutatgancha uning borligi haqida unutishga qaror qilib, noiloj gazetaga yuz burdim. Banogoh, oynadan taralayotgan yorugʼlik gazeta sahifalariga toʼkilar ekan, elektr nurlariga aylanib, undagi behisob belgilar ravshan koʼrina boshladi. Chamamda, poezd Yekosuka liniyasining koʼplab yer osti yoʼllaridan birinchisiga kirdi chogʼi.

Biroq yorqin sahifalarga qanchalik koʼz yugurtirmay, dunyoda sodir boʼlayotgan barcha voqealar siyqasi chiqqan oddiy safsatalardek mening gʼussamni aritmasdi. Tinchlik masalalari, yangi turmush qurganlar, yana yangi turmush qurganlar, mansabdor shaxslarning poraxoʼrligi, oʼlim haqidagi eʼlonlar… Gʼalati xayollar ogʼushiga choʼmdim, tunnelga kirgan poezd birdan teskari harakatlanayotgandek tuyuldi va men oʼzim sezmagan holda nigohimni bir belgidan boshqasiga koʼchira boshladim. Аmmo bu vaqt davomida qarshimda oʼtirgan tirik odamzodning chirkin vakili boʼlgan mana bu qizchani biror daqiqa boʼlsa-da, xayolimdan quvolmadim. Yer ostidagi poezd, qishloqi qiz va bir chaqaga qimmat maqolalar bilan toʼlib-toshgan ushbu gazeta – nima bular, tushunarsiz, razil, zerikarli insoniyat hayoti belgilari emasmi? Oxirigacha oʼqib tamomlamagan gazetani uloqtirib, menga maʼnisiz koʼringan barcha narsadan koʼz yumdim va boshimni oynaga tiragan koʼyi jonsizdek oʼzimni uyquga soldim.

Bir necha daqiqa oʼtdi. Bexos nimadandir choʼchib ketib, norozi oʼgirilsam, qiz sezdirmasdan joyini tark etgan, qarshisidagi oʼrindiqqa oʼtib, yonimga turib olgan va oynani zoʼr berib ochishga tirishayotgan ekan. Mahkam berkitilgan oyna romi esa qilt etmasdi. Uning toʼrlashgan yuzlari yanayam qizarib ketgan, oyna oldida tipirchilab, entikib nafas olayotgani va goh-goh burnini tortayotganini eshitdim. Lekin uning bu hatti-harakati menda achinish hissini uygʼotmadi. Har ikki tomondagi oynalardan qovjiragan maysalar qoplagan qir-adirlarning oqshom shuʼlasida yiltirab oʼtayotganini koʼrib poezdning yana tunnelga kirayotganini osongina anglash mumkin edi. Qizcha esa nimaga oynani ochishga harakat qilyapti – tushunmadim va buni faqat injiqlikka yoʼydim. Shuning uchun qalbim tubidagi qahri qattiqlik ila unga sovuq nigoh tashlab, oynani timdalayotgan muz qoʼllarini sindirgim keldi. Uning urinishlari omadsiz yakunlanishini istadim. Shu payt poezd dahshatli gumburlab tunnelga oʼzini urdi va shu zahoti qizcha boʼshatishga intilayotgan oyna romi ham taraqlab ochilib ketdi. Toʼgʼri burchakli yoriqdan qop-qora, quyuq, nafasni boʼgʼadigan qurumli tutun ichkariga yopirilib, vagonni burqsita boshladi. Men hatto roʼmolcha bilan yuzimni yopib olishga ham ulgurmay, tutunli toʼlqin ustimga sepilgandek, koʼpdan buyon qiynab kelayotgan tomogʼim gʼippa boʼgʼilib qoldi va nafas ololmay yoʼtaldim. Qiz esa mening bu holimga zarracha ham eʼtibor bermay derazadan boshini chiqardi, sochlarini tortqilayotgan shamolga tutib, oldinga – poezd yoʼliga boqdi. Men tutun aralash elektr yogʼdusiga burkangan qizga qaradim, agar shu lahzada oyna orti birdan yorishib, u yoqdan toza tuproq isi, pichan va suv hidi yuzimga urilmaganda, va nihoyat, yoʼtalim toʼxtamaganda, shubhasiz, bu notanish qizchaning ushbu qilmishi uchun qattiq dakki bergan, oynani esa yana yopib qoʼygan boʼlardim.

Poezd tunneldan ravon sirgʼalib chiqib, har ikki tomondan yon-bagʼirlari quruq oʼt-oʼlanlar bilan qoplangan togʼlar boʼgʼib turuvchi gʼarib bir posyolkani kesib oʼta boshladi. Аtrof-javonib iflos, bir-biriga ulanib ketgan tiqilinch cherepitsa va poxol tomlar hamda shom qorongʼusida yanayam oqarib xilpirayotgan bayroqchasini maʼyus silkitib qoʼyishi kerak boʼlgan strelkachi. Poezd tunneldan chiqishi bilan shlagbaum ortidagi boʼm-boʼsh oʼtish joyida yonma-yon turgan qizil yuzli uchta bolakayga koʼzim tushdi. Uchchoviyam bulutli osmon bosib qolgandek pak-pakana, egnidagi kiyimlari ham mana shu badbin posyolka turqida edi. Ular oʼtib ketayotgan poezddan koʼz uzmay, birdaniga baravar qoʼl koʼtardilar va qandaydir tushuniksiz ishoralar bilan salomlashdilar. Shu damda gʼaroyib hodisa yuz berdi: beliga dovur oynaga tiralib turgan qiz muzlab qolgan qoʼllarini choʼzib oʼnga-chapga silkidi va toʼsatdan bolalarga bir nechta oltin mandarinlarni uloqtirdi, shunda oftob yarq etib, iliq nur sochib yuborgandek yuragim orziqib ketdi. Men beixtiyor entikib yubordim. Va shu ondayoq hamasini tushundim. U, yaʼni mana bu qizcha, aftidan, ishga ketgan, uni kutib olish uchun poezd yoʼliga chiqqan ukalariga minnatdorlik tariqasida qoʼyniga yashirib olgan mandarinlarni oynadan tashlagandi.

Shom qoʼyniga gʼarq boʼlayotgan posyolkada qushlar kabi qichqirayotgan uchchala bolakaylar, mandarinlarda jilolangan yogʼdu — bularning barchasi oyna ortida bir lahzagina yalt etdi. Lekin bu manzara qalbimda uqubat yolqini boʼlib abadiy muhrlanib qoldi. Hamda meni yana qandaydir iliq bir tuygʼu qamrab olganini his etdim. Bundan toʼlqinlanib boshimni koʼtardim va qizga qaradim. U roʼparamdagi joyiga kelib oʼtirarkan, yorilgan yonoqlarini yana avvalgidek zangori jun sharfi bilan yashirib, katta tugunini quchoqlab, qizil rangli uchinchi sinf chiptasini mahkam qisdi…

Shundagina meni odamzot hayotining zerikarli, tuban, tushunuksiz va dilxun charchoqlari vaqtincha boʼlsa-da tark etdi.

Аprelь 1919 yil

————————————
* yapon turmaklari talabiga koʼra ayollar sochiga maxsus moy surtilishi kerak

Rus tilidan Odinaxon Аbdurahimova tarjimasi

07

(Tashriflar: umumiy 354, bugungi 1)

Izoh qoldiring