Habibullo Isomidin. She’rlar

07 Ўзбек шеърияти вилоятларимизда ҳеч нима талаб қилмай, «индамайгина» ижод қилган ва қилаётган шоирлар ижоди билан ҳам тирикдир. Ана шундай шоирлардан бири Ҳабибулло Исомиддин эди.

Ҳабибулло Исомиддин
ШЕЪРЛАР


09  Ўтган аср 30-йилларининг бошида Исомиддин Жўраевлар оиласи Шаҳрихоннинг (Андижон вилояти) Аҳмадбек қишлоғидан Бекобод туманига қулоқ қилинган. Ҳабибулло 1938 йилнинг 20 сентябрида Бекободда туғилган. Боқувчисидан барвақт айрилган оила 2-жаҳон уруши тугаб, осойишталик бошлангач, Андижонга – қариндошлари бағрига қайтди. У дастлаб шаҳардаги 20-сонли, сўнгра Шаҳрихон туманидаги 6-сонли мактабларда ўқиди. Андижон Давлат университети (собиқ педагогика институти)нинг тарих-филология факультетини тамомлаб, 1965 йилга қадар ўрта мактабда ўқитувчилик қилди. Узоқ йиллар мобайнида Андижон Қишлоқ хўжалиги (собиқ Пахтачилик) институти ва Енгил саноат политехникумида талабаларга ижтимоий-сиёсий фанлардан дарс берган.
Ҳабибулло Исомиддиннинг адабиётга, хусусан шеъриятга бўлган ҳаваси талабалик йилларида уйғонган. Шеър ва ғазаллари вилоят ва республика газета-журналларида ёруғлик юзини кўрган. Унинг “Муҳаббатдан иборат олам” (1997), “Очиқ эшиклар” (1998), “Саодат гулшани” (1999), “Меҳр улашиб” (2008, ҳаммуаллифликда), “Тонгни қаршилаб” (2008), “Эрк сурури” (2009), “Жаҳон ичра жаҳонсан, Ватан” (2009), “Андижоним менинг”(2013), “222 тўртлик” (2014), “Ҳаёт қадри” (2015, ҳаммуаллифликда), “Андижонга келинг” (2016) каби шеърий тўпламлари нашр қилинган. Шунингдек, “Андижон шоирлари ва ёзувчилари” баёзи (2004), “Устозлар гулдастаси” мажмуаси (2008) ҳамда “Гулдаста” алманахи (2011), “Андижон адабий гурунги” китоби (2013)да шоир ҳақида маълумот ва ижодидан намуналар берилган.
Шоир 2020 йилнинг 2 июлида 82 ёшида вафот этди.


ОРЗУГА АЙБ ЙЎҚ

Шундай бир шеър ёзсам,
Дилимда бори
Қоғозни куйдирса оловга ўхшаб.
Бўлса шеърларимнинг яловбардори,
Сийласа йўлимга пояндоз тўшаб.

Шундай бир шеър ёзсам,
Маърифат аҳли
Ҳайратдан ёқасин ушлаб қолсалар.
Ўқиганлар ўзин санаса бахтли,
Эшитганлар чуқур ўйга толсалар.

Шундай бир шеър ёзсам,
Хиёбонларда
Қайта-қайта ўқиб юрса мухлислар.
Сўзларим янграса биёбонларда,
Оёққа қалқиса йигитлар-қизлар.

Шундай бир шеър ёзсам,
Чиқсам хумордан,
Айтиш насиб этса энг мухим гапни!
Вақтим сарф бўлмаса асло бекордан,
Ёқласам устозлар қўйган талабни?!

Шундай бир шеър ёзсам …

АРУЗ ВА БАРМОҚ

– Қадимийман! – мақтанар Аруз,
Бармоқ дейди: – Замонавийман.
Кураш давом этаркан ҳануз,
Мухлис айтар: – яхши танийман!

Ёмон бўлмас эди ҳар қачон
Қанот ёзса шоирда икков.
Муродига етарди шеърхон
Юрак ёнса мисоли олов.

Тортишувга қўшилар Мазмун,
Тўлқин янглиғ қалқир Моҳият
Дейдиларки охиста вазмин:
– Керак фақат асл шеърият!

УЙГА СИҒМАГАНГА КЎЧАЛАР ҲАМ ТОР

Қариган чоғингда саждагоҳинг – уй,
Ўзингни хонадон соҳибидек туй,
Турмуш ўртоғингни, фарзандингни суй,
Борини баҳам кўр,
Иссиқ чойдан қуй,
Уйга сиғмаганга кўчалар ҳам тор.

Неки бор – баимкон уйдан топасан,
Ютуғинг ошириб, айбинг ёпасан,
Ўзингни қўлга ол,
Қайга чопасан,
Айт, кимдан, нимадан, нечун хафасан,
Уйга сиғмаганга кўчалар ҳам тор.

Унутма, ўз уйинг – ўлан тўшагинг,
Оила давраси, тилпон гўшагинг!
Келса гар ташвишу ғамдан бўшагинг,
Хаёлан бойга ё шоҳга ўхшагин,
Уйга сиғмаганга кўчалар ҳам тор.

Уйга сиғмаганлар ҳеч ерга сиғмас,
Борар манзилгоҳи ҳаргиз аниқмас,
Кўнгли ҳам тозамас,
Фикри тиниқмас,
Манманлик “етарли”, асло синиқмас,
Уйга сиғмаганга кўчалар ҳам тор.

Гина унутилар кенг бўлса кўнгил,
Парвона бўлади опа, ҳам сингил,
Бўлмасанг мабодо хазондек енгил,
Кўксингдан жой олар қўрғошинмас гул,
Уйга сиғмаганга кўчалар ҳам тор.

Айланиб қозиғин топади от ҳам,
Оловдек сўнади беҳуда “дод” ҳам,
Ўзга айланади бир куни ёт ҳам,
Инсонга кўчадан бўлмас нажот ҳам,
Уйга сиғмаганга кўчалар ҳам тор.

ДЎСТИ ЙЎҚ ОДАМ

Умрида мурувват кўрсатган эмас,
Еса қорни оғрир, балки нон емас,
Қошига ҳеч киши ахтариб келмас,
Бўлмаган ва бўлмас фидойи, хотам –
Дўсти йўқ одам.

Ҳеч кимга керакмас, ҳеч кимса унга,
Энг ёруғ дамлари айланган тунга,
Фарҳодга ўхшайди ва на жунунга
Сиртидан кўринар беармон беғам
Дўсти йўқ одам.

Бировга сир айтмас, тишини ёрмас,
Бировнинг ҳасратин тинглашга зормас,
Йўқ бўлиб, йўқ эмас, бор бўлиб бормас,
Ҳаётга ихлосу эътиқоди кам
Дўсти йўқ одам.

Ҳимоя қилмаган бирор ожизни,
Танимас кексани, париваш қизни
Яшар-у, ҳеч кимга маълуммас исми
Бамисли бесамар ёнаётган шам –
Дўсти йўқ одам.

СЕВИБ, СЕВИЛИБ ЯША!

Фақат бир бор туғилар инсон,
Гулдек умринг этмагил хазон,
Сенга боқса,
Боқмаса замон,
Севиб яша, севилиб яша!

Шижоатнинг аввали – ишқдан,
Кўнгилдаги улкан хоҳишдан!
Бошинг кўкка етсин олқишдан,
Севиб яша, севилиб яша!

Яратасан жаннатни ўзинг,
Алдамаса бўлгани кўзинг,
Ҳамма ерда ўтади сўзинг,
Севиб яша, севилиб яша!

Севилганлар, севганлар бахтли,
Дили равшан,
Ҳаёти тахтли,
Кадамлари залворли, шаҳдли,
Севиб яша, севилиб яша!

Бу дунёда шунчаки яшаб
Ўтмоқликка чидамас асаб!
Одамийлик – энг олий мансаб,
Севиб яша, севилиб яша!

БОЛА КЎТАРГАН АЁЛ

Дунёда энг гўзал аёл – бола кўтарган аёл

(халқ мақолларидан)
Аёл борар йўлда бола кўтариб,
Охиста боради манзилга томон.
Бу ҳолга ярашар қанақа таъриф,
Нимадан далолат беради замон?!

Йўлда кетиб борар, мўътабар аёл,
Жигаргўшасини бағрига босиб.
Олис-олисларга элтади хаёл,
Борар истиқболга пояндоз ёзиб.

Кўча ҳаракати серғалва ажаб,
Кимлар ҳам учрамас аёл йўлида.
Одамлар боради юкин орқалаб,
Ё борар ненидир ушлаб қўлида.

Аёл-чи? Кўтариб борар ҳар қалай
Ёруғ оламдаги энг оғир “юк”ни.
Кўтариб боради умид-ла атай
Нурли келажакни, зоти Буюкни!

Ундан кўра бахтли бирон киши йўқ,
Юмуш йўқ бундан-да масъулиятли.
Ҳар битта нигоҳи ишончга тўлиқ,
Босганки қадами эзгу ниятли!

Халойик, йўл беринг, тутманг саволга,
Болали аёлга қараманг бефарқ.
Майли асил инсон етсин камолга,
Чинакам даҳони улғайтирсин Шарқ!

ШОШИЛИБ ЯШАНГ

Кексамисиз,
Шошилиб яшанг,
Ҳар сония, ҳар дам ғанимат!
Қадамни ҳам дадилроқ ташланг,
Изланишдан тўхтаманг фақат.

Таомни-ку шошилиб еманг,
Ҳукмни ҳам чиқарманг шошиб.
Ўзингизни “ожизман” деманг,
Яшайверинг чашмадек тошиб.

Еганингиз сўрамас биров,
Кийганингиз мартаба эмас.
Майли отда,
Майлига яёв
Олға томон интилсангиз бас!

Қули бўлинг илму ҳунарнинг,
Бўлмаганни бўлдиринг бешак.
Ғафлат ичра ўтган кунларнинг
Кемтигини тўлдиринг бешак.

Аллакимдан кўркам боғ қолар,
Кимдан эса маънавий мерос.
Жиловланган асов дарёлар
Таҳсинларга бўлғуси асос.

Куни келиб чекманг надомат
Дея “қолди ишларим чала”.
Тирикликда қилинг каромат,
Йўлдош бўлсин чидам, ҳафсала!

Бўлар-бўлмас даврадан қайтинг,
Шамолларга совурманг Вақтни!
Ёш авлодга Сўзингиз айтинг,
Раво кўринг Мукаммал бахтни!

ЙЎЛАКДАГИ ОДАМГА

Йўлакдан юрасан қачон қарамай
Бурнингдан нарига ташламай назар.
Қолдингми ё жиддий ишга ярамай,
Кунинг ўтмоқдами ҳамон бесамар?

Йўлак деганлари барибир йўлак,
Кўчанинг ўрнини босолмас асло.
Одатда кенг йўлнинг мавқеи бўлак,
Кенгликдан равшанроқ кўринар дунё.

Ўзингни қўлга ол,
Катта йўлга чиқ,
Ҳадеб юраверма мўъжаз йўлакдан.
Иқтидор бўлса бас – ҳамма йўл очиқ,
Ишласанг кифоя юрак-юракдан!

Эви билан бўлсин камтаринлик ҳам,
Ўзингни ортиқча хоксор этмагин.
Қатъият жиловин ушлагил маҳкам,
Бир умр йўлакда қолиб кетмагин.

МУҲАББАТНИНГ КЎЧАСИДАН ЎТМАГАНЛАР
Қайдан билсин севмоқ ила севилмоқни,
Ширин ўю хаёлларга берилмоқни?!
Билар фақат манманликни, керилмоқни
Муҳаббатнинг кўчасидан ўтмаганлар!

Назокатнинг бозорини қайдан билсин,
Тоҳир-Зуҳра мозорини қайдан билсин,
Қоработир озорини қайдан билсин,
Муҳаббатнинг кўчасидан ўтмаганлар?

Билармикан – ҳижрон дарди чин дард эрур,
Ошиқ аҳли ҳар кимсага ҳамдард эрур!
Номардлардан кўра мингбаъд номард эрур
Муҳаббатнинг кўчасидан ўтмаганлар.

ИККИНЧИ МУҲАББАТ

(Бироз ҳазил, аммо ҳақиқат)

Биринчи муҳаббат қўл етмас орзу,
Гўё олисдаги юлдуз шуъласи.
Ўшадир кўҳна ва навқирон мавзу
Ҳамда Шералининг шоҳ ашуласи.

Лекин у ҳар кимга қилмайди насиб,
Йўлларда тўсиқлар,
Тасодифлар бор.
Биров ютар, биров қўяр ютқазиб,
Ҳатто аҳд-паймонлар кетади бекор.

Ўзин хаста янглиғ сезади одам,
Биринчи муҳаббат тугаган жойда!..
Тоқ ўтиш мумкинмас аммо дунёдан,
Иккинчи муҳаббат… бўлади пайдо!

Оналар қиз топар югуриб-елиб,
Оталар yйлайди расмият учун.
Хонадон аҳлига ёқса бас келин,
Куёвга айланар кечаги Мажнун!

Тақдирга тан бериб яшайверади,
Кўникиб кетади,
Кўникмас нега?!
Хилват гўшаларда кўкрак керади,
Ширин хаёлларга бўлганча эга!..

Фарзандлар туғилар, улғаяр, ўсар,
Дунёга келади набиралар ҳам,
Турмуш ташвишлари қулоқдан чўзар,
Ортга чекинади изтироб, алам!..

Кўпчилик “ошиқлар” шунақа асли,
Бахт қушин чиқариб юборган қўлдан.
Муҳаббат бобида узунмас дасти,
Ноилож боришар иккинчи йўлдан!

СЕВГИСИЗ ОДАМ

Ажабланманг асти, у сизга таниш
Севгисиз одам
Абдулла Орипов

Сен “бахтлисан”, севгисиз одам,
Хижрон дарди бегона сенга.
Ўйлантирмас ўчаётган шам,
Сўрамайсан: “не учун, нега?”.

Кечаларинг ўтмайди бедор,
Хиёбонда кутмайсан ёрни.
Ҳис-ҳаяжон уйғотмас баҳор,
Пайқамайсан биринчи қорни.

Юрмайсан сен ўзингни қийнаб,
Ҳаловатинг ўйлайсан фақат.
Не қиласан ўзгани сийлаб,
Нечун керак ўтли муҳаббат?!

Қулоғингга чалинмагай ҳам
Изҳори дил деган ибора.
Сенга йўлдош севгисиз олам,
Ранглар ичра маъқули – қора.

Шеър ёзмайсан,
Ўқимайсан шеър,
Таъсирланмоқ қисматингда йўқ.
Есенин ким,
Кимдир Алишер,
Кимга тегди Дантес отган ўқ?!

Чин ошиқнинг аҳволини кўр,
Оҳ-фиғони ўрлайди кўкка.
Деган билан “бақувватман, зўр”
Ёр қошида тушади чўкка.

Севишганлар ҳолин кўр бугун,
Фильмларга қунт билан қара.
Сотка билан юрибди “Мажнун”,
Замонавий Лайли – тасқара!

Сен ҳолисан бундай ташвишдан,
Атрофингга қарайсан бефарқ.
Гапирасан майда юмушдан,
Хаёлларга бўлмагайсан ғарқ!

Сенга осон, севгисиз одам,
Бир кимсага битмайсан мактуб.
Баробардир қувончу мотам,
Нозанинлар туюлмас маҳбуб.

Ниҳоятда ғуруринг баланд,
Сирлашмайсан бирон зот билан.
Кўп яшайсан феълингга монанд
Бундоқ “ноёб” истеъдод билан!

БИРИНЧИ ШАХС

Оиланинг мавқеи, кўрки
Энг аввало отага боғлиқ,
Фарзандларнинг камолотию
Ҳамжиҳатлик ва вақти чоғлик.

Бинобарин жамиятда ҳам
Ота ўрнин босар зотлар бор.
Ҳамма жойда,
Ҳамма соҳада,
Ҳозиржавоб ва мардонавор!

Биринчига дахлдор ҳар иш,
Оқиллигу назари тўқлик.
Одамийлик қиёфасию
Маънавият, борлиқ ва йўқлик.

Нобоп бўлса Биринчи агар,
Куни туғар иккинчи шахснинг.
Учинчининг “ошиғи” олчи,
Ўпқонидир ғолиб нафснинг!

Биринчи шахс баркамол эса,
Ўрин қолмас ортиқча баҳсга…
Ҳар оила,
Ҳар жамоада
Инсоф берсин Биринчи шахсга!

КУТИШ СОАТЛАРИ

– Энг ёмон нарса не? — десалар агар,
Дердим иккиланмай: – Кутиш соати!
Йўл қарай беришлик жонингга тегар,
Тугайди инсоннинг сабр-тоқати.

Бошлиқни кутасан қабулхонада,
Навбат етганида чиқар тушликка!
Вақтинг бекор кетар шу баҳонада,
Олтин дақиқалар учар бўшлиққа.

Кўчада кутасан бирон танишни,
Аста ўтиб борар белгиланган вақт.
Билмайсан: фурсатдан ҳеч қизғанишни,
Билмайсан: кутмоқлик – бахтсизликми, бахт?!

Кутганинг келса гар бироз кечикиб,
Ёинки келмасдан қолса бутунлай,
Қўмсамоқ не учун уни “ичикиб”,
Оқибат йўқолар худди тутундай!

Кутиш соатлари шунчаки вақтмас,
Ғанимат умрнинг ноёб бўлаги.
Одамми ваъдаси мабодо нақдмас,
Ноумид бўлганнинг санчар юраги.

Қанийди беҳуда ўтмаса дамлар,
Хазинамас улар ҳисобдан ҳоли,
Бировни кутдириб қўйманг, одамлар,
Ҳеч кимни тутмасин Вақтнинг уволи!

МЕНГА ВАҚТ БЕРИНГ

Ҳозирча тўкисман, ош-нон керакмас,
Ўзимга ишонч бор, посбон керакмас,
Безовта эмасман, қалқон керакмас,
Менга вақт ажратинг, бироз вақт беринг.

Балки ўн дақиқа, балки бир соат –
Фурсат бахш этсангиз бўлгани фақат,
Юзага чиқмоғи лозим ҳақиқат,
Менга вақт ажратинг, бироз вақт беринг.

Ҳамиша, ҳар ерда вақтга ташнаман,
Сўзим тинглаганга доим ошнаман,
Гоҳ ғафлат қўйнида, гоҳ оташдаман,
Менга вақт ажратинг, бироз вақт беринг.

«Фурсат йўқ» дейсиз-у, фурсатингиз бор,
Гаплашгингиз келмас, юрагингиз тор,
Сизни бепарволик қилади хумор,
Менга вақт ажратинг, бироз вақт беринг.

Ўрганиб қолгансиз борни йўқ, дея,
Оддий ҳақиқатга ёзиб раддия,
Ҳатто бўш вақтингиз қилмайсиз ҳадя,
Менга вақт ажратинг, бироз вақт беринг.

Вақт деган «мўъжиза» шунча камёбми,
Қадрингиз оширмоқ учун ниқобми,
Тўсмоқ не чарақлаб турган офтобни?!
Менга вақт ажратинг, бироз вақт беринг .

Қаршингизга келдим фақат ВАҚТ сўраб,
Улкан режаларни йўргакка ўраб,
Турибман сабот-ла оёғим тираб,
Менга вақт ажратинг, бироз вақт беринг.
Бўғзимда портласа ажабмас гапим
Эл-юрт хизматига тегса бас нафим,
Бу ёpyғ дунёда ёлғиз талабим –
Meнга вақт ажратинг, бироз вақт беринг.

Қаердан келдигу борамиз қаён –
Барини бирма-бир этайин баён,
Гулларга буркансин ушбу ошиён,
Менга вақт ажратинг, бироз вақт беринг.

Таскин топиб чиқай ҳузурингиздан,
Руҳланиб ишонч ва ғурурингиздан,
Ниҳолдек нур эмиб шуурингиздан,
Менга вақт ажратинг, бироз вақт беринг.

УЗОҚ ЁТГАН БЕМОРЛАРГА

Сукунат ҳукмрон хонангиз ичра,
Дераза ортида улкан ҳаёт бор.
Ва лекин дилингиз равшанмас, хира,
Олам кўзингизга туюлади тор.

Шу мўьжаз хонангиз ҳозирча ватан,
Шодлигу кайғуга ягона гувоҳ.
Кўнгилда умид йилт этса дафъатан,
Атрофга бехадик ташлайсиз нигоҳ.

Пашшанинг учиши сизга нотинчлик,
Инжиқлик ҳар қалай меъёрдан ошган.
Сизда таъсирчанлик, эҳтирос кучлик,
Шубҳа-ла қарайсиз ҳатто Қуёшга!

Илтимос, феълингиз бироз кенг қилинг,
Борлиқни унутинг, гапирманг ишдан,
Xасталик – ўткинчи, меҳмон деб билинг,
Ўзни ҳоли қўйинг майда ташвишдан.

Сизсиз ҳам гуркираб турибди ҳаёт,
Қуёш атрофида айланмоқда Ер.
Ўлжасин қидириб юрибди сайёд,
Пахта терилмоқда, ёзилмоқда шеър.

Ақалли бир марта, фақат бир марта
Ўзингизни ўйланг ўзгани қўйиб.
Бевафо дунёга қўл силтанг шартта,
Ширин хаёлларга берилинг тўйиб.

Табибдан муолажа, сиздан зътиқод,
Юксак ишонч билан яшамоқ ҳам бахт.
Ҳар бир дақиқадан кутсангиз нажот,
Сизнинг фойдангизга хизмат қилар Вақт!

НОТАНИШ ОДАМЛАР

Нотаниш одамлар!
Сизни севаман,
Ёмон гап айтмайсиз менинг ҳақимда.
Эҳтимол адашиб юрган кемаман,
Ўлтирган арбобман балки “тахтимда!”

Рўбарў бўламан сизга ҳар маҳал
Жамоат жойида,
Кўча-кўйларда.
Шеъримга қайтадан бераман сайқал
Сизга “маъқул келсин” деган ўйларда!

Нотаниш одамлар!
Қалбингиз тоза,
Иллат қидирмайсиз босган изимдан.
Аксинча, зафарим қилиб овоза,
Маломат тошларин отмайсиз зимдан!

Қизиқтирмас менинг наслу насабим,
Аждодим хўжами, ҳожими, эшон?!
Сиз боис жойида эрур асабим,
Эмишман ҳар қалай росмона Инсон!

Билмайсиз: киссамда қанча пулим бор,
Уйим кошонами, ўртачами ё?
Ўйлайсиз: туғилиш ҳамда ўлим бор,
Шунингдек, бу ҳаёт ўткинчи дунё!

Мени баҳолайсиз сўзимга қараб,
Ишонч ёрлиғимас молу давлатим.
Ҳукм чиқарасиз кўзимга қараб,
Кафолат бўлолмас ҳатто савлатим!

Ягона тарози,
Яхлит тош Сизда.
Ҳаммани баробар кўрасиз фақат.
Холислик барқ урар нигоҳингизда,
Дилингизда бисёр юксак муҳаббат.

Нотаниш одамлар,
Сизни севаман!

ТАНИШ ОДАМЛАР

“Таниш” одамлардан зерикканман мен,
Кимлигим “мукаммал” билишар улар.
Ўзида йўқса-да на бўй ва на эн,
Калака қилгандек устимдан кулар.

Гап олар, гап сотар меъёрдан ортиқ,
Пинжимга киради истаган маҳал.
Ночор қолганимда эшиги ёпиқ,
Қўлимда борида “инсонман” тугал.

Мен керак эмасман уларга асло,
Давлатим, савлатим, амалим керак.
Сирли боқишида ўзгача маъно,
Яқин йўламоққа бетламас юрак!

Ўшалар эмасми Чўлпонни сотган,
Ойбекка туҳматни ёғдирган муртад?!
Қора кўзойнак-ла боққан ҳаётга,
Хўжасин айтганин қилган Югурдак?!

Ҳабиб Абдуллани хўрлаган шулар,
Шулар-ку Элбекни “миллатчи” деган.
Дастидан топталган бийрон туйғулар
“Юқори”га сохта кўрсатма берган.

Урганч дарвозасин мўғулга очган
Кимса ҳам ёғиймас, таниш зот эди,
Ҳамид Сулаймонга заҳрини сочган
Шунчаки соҳиби истеъдод эди!

Таниш одамлардан ихлосим қайтган,
Нотаниш кимсани йўқлагим келар.
Мард қайда – оташин сўзини айтган?!
Нафрат милтиғини ўқлагим келар…

“Таниш” одамлардан зерикканман мен!

ЁЛҒИЗ ЎҒИЛЛАР

Ота-оналарнинг ишонганисиз,
Тилаб олингансиз Парвардигордан.
“Кўзимиз нури” деб қувонганисиз,
Эҳтимол ҳолисиз зарра ғубордан.

Фарқи йўқ дейишар: ўғилми-қизми,
Фарзанднинг яхши-ю ёмони бўлмас,
Лек сиз-ла ўчмагай оталар исми,
Сиз боис онанинг армони сўлмас.

Олдинда сизни не юмушлар кутар,
Ярарсиз ватаннинг бирор корига.
Мунаввар туйғулар қўлингиз тутар,
Кўксингиз очарсиз юрт баҳорига.

Балки сафингиздан Бобурлар чиқар,
Мард чиқар – Машрабни қайтарга дордан!
Ахир туғилмаган бўлсангиз нетар,
Шоҳлар саройида, Қутлуғ Нигордан!

Майлига, чиқмасин шоиру олим,
Майлига, даҳолик бўлмасин сизда.
Унутманг эртанги кунинг хаёлин,
Чечаклар унса бас йўлларингиздан!

***
Жарроҳ айтар: туриш мумкинмас,
Битган эмас ҳали жароҳат.
Ҳаким айтар: юриш мумкинмас,
Ўқишга ҳам йўқдир ижозат.

Ҳамшира дер: ёзиш мумкинмас,
Машғулотга фурсат бор ҳали.
Ҳамхонам дер: озиш мумкинмас,
Қувват керак дардни енггали!

Фаррош айтар: болам, ҳеч гапмас,
Турсанг эди тезроқ оёққа.
Юриб кетсанг балким ажабмас,
Суянсанг ҳам қўлтиқ таёққа!

МАҲКАМАЛАР ОСТОНАСИДА

Бир гал борсанг – битмайди ишинг,
Иккинчида ўнг келмас тушинг,
Учинчи гал учади хушинг,
Маҳкамалар остонасида.

Бирин топсанг, бири йўқ бўлар,
Учраганнинг кўзи лўқ бўлар,
Сиёсати фақат дўқ бўлар,
Ё ўлтирмас ўз хонасида.
Боравериб бўласан сарсон,
Одам нархи нақадар арзон,
Ваъда қоп-қоп, талай важ-карсон,
Асос нетар баҳонасида.

Таниши йўқ одам – одаммас,
Йўлин билиб яшаган – каммас,
Навбатларда турмоқ – ҳашаммас,
Бу ҳам замон нишонаси-да.

Эссиз умр, ўткинчи дунё,
Кимга расо, кимга норасо,
Бунақа ҳол бўлмаган ҳатто,
Алдаркўса афсонасида.

Наҳот шунча шўрлик бор экан,
Етмиш йиллик ғўрлик бор экан,
Алданишлик, зўрлик бор экан,
Ўзбегимнинг пешонасида.

8.01.1990

РЕЖА БАЖАРИЛГАНДАН КЕЙИН СЎЗЛАНГАН НУТҚ

Енгиб табиатнинг инжиқлигини,
Фалондан фалонча хирмон кўтардик.
Даф этдик об-ҳаво мижиқлигини,
Йўқса, бу оламда ночор ўтардик.

Қишда қор, ёмғирни ёғдириб роса,
Баҳорда тўхтатиб турдик жалани.
Табиат биз билан қилиб муроса,
Ўзимизга қўйиб берди далани.

Ёзда ҳароратни айладик таъмин,
Саратон олдига қўйдик вазифа.
Ичга ютмай ўтган йиллар аламин,
Асаддан ундирдик лойиқ насиба.

Қуёшни тартибга чақирдик ҳатто,
Юзингни яширмай нуринг соч, дея.
Ойдан-ку миннатдор бўлмадик аммо
Фалакда бир ўзинг яланғоч дея.

Аёзли кунларни солдикки йўлга,
Гўё измимиздан чиқмади осмон.
Муҳитнинг жиловин киритдик қўлга
Амуни, Сирни бўйсундиргансимон.

Борлиқдан кучлимиз, тасодифдан зўр.
Яшаймиз ҳаттоки минбарни муштлаб.
Бизнингча ер – соқов, фасллар ҳам ғўр,
Истасак – фурсатни турамиз ушлаб!

29.11.1990

ЮРАК

Дейдиларки, кўтармиш юрак,
Ўзидан ҳам оғирроқ юкни.
Шундан унга эътибор керак,
Шундан унинг номи буюкми?

Бир парча эт, митти мўъжиза,
Бошқаради инсон танасин.
Типирчилар оламни буза
Ва аниқлар умр санасин.

Тиним билмас бирон лаҳза у
Темирчининг босқони каби.
Вужудида беором туйғу
Шеъриятнинг осмони каби.

Ишлайверар фақат туну кун
Бамисоли қуламас қоя
Зил кетиши, тўхташи учун,
Гурзи эмас, бир сўз кифоя

ОЙИНГГА АЙТ

Ойингга айт: койимасинлар,
Чекмасинлар ортиқча фиғон.
Севилмоқнинг нимаси ёмон,
— Толеингдан нолимасинлар,
Ойинга айт: койимасинлар,

Ногаҳонда ботмасин ғамга
Кўриб қолса боғларда бизни.
Боғласак не тақдиримизни,
Инсон не деб келар оламга?
Ногаҳонда ботмасин ғамга.

Мен хиёнат қилмасман асло,
Бевафолик қонимда йўқдир.
Сенинг билан кўнглим тўлиқдир,
Сенсиз менга қоронғи дунё,
Мен хиёнат қилмасман асло.

Қисматимдан розиман минг бор,
Рози бўлгил сен ҳам бахтингдан.
Жоним, фақат қайтма аҳдингдан,
Бўла қолсанг садоқатли ёр,
Қисматимдан розиман минг бор.

БИРОВНИНГ ҚЎЛИ

Мунофиққа

Бировнинг қўлида силлиқ битар иш,
Қуруқ чиқса бўлар ҳаттоки сувдан.
Бошингга тушмайди беҳуда ташвиш,
Йироқда бўласан кўздан, кўзгудан.

Айбингни беркитар бировнинг қўли,
Ижрочи эмассан, Тамошабинсан.
Бу усул яшашнинг антиқа йўли,
Хавфсиз эканингга доим аминсан!
Оғзаки айтганинг далолат эмас,
Ғолибсан қоғозда йўқса имзойинг.
Сени кўрган-билган гуноҳкор демас,
Исбот бўла олмас қилгaн хатойинг.

Санъатдир туриш ҳам чеккага чиқиб
Чоҳга қулаганда бошқа бировлар.
О, яшайверасан пайларин қирқиб,
Сени четлаб ўтар тафтиш, сўровлар!

Маъқулми-номаъқул танлаган йўлинг,
Ҳар қалай хақлисан «менман» демоққа!
Ўзингнинг қўлинг-чи,
Ўзингнинг қўлинг
Яраса кифоя таом емоққа!

ЖУДА “ЭҲТИЁТКОР”

Жуда “эҳтиёткор”. Ўзин сақлайди,
Хаттоки қатиқни ичади пуфлаб.
Мунозараларда гапни тахлайди
Ва лекин юбормас бетингга туфлаб.

Жуда “эҳтиёткор”. Ўзин сақлайди,
Керак эса қуруқ чиқади сувдан.
Нафақат қиш пайти, ёзда яхлайди,
Йироқдир тантилик деган туйғудан!

Жуда “эҳтиёткор”. Ўзин сақлайди,
Оғзини очмайди учрашган гали.
Бошлиқнинг ҳар битта гапин ёқлайди,
Арзин айттиради биров орқали.

Жуда “эҳтиёткор”. Ўзин сақлайди,
Иш қилар ўзганинг имзоси билан
Кимсага чақдирар – ўзи чақмайди,
Лек кетса керак ўз қазоси билан!

БУҚАЛАМУН

Қарашлар ўзгарган,
Ниятлар бўлак,
Кечаги кунларин унутган тамом.
Бугун “катта кўча” кечаги йўлак,
Салобат ўзгача,
Ўзгача калом.

Кеча даҳрий эди,
Бугун-чи? Фахрий,
Кеча олғир эди,
Бугун бокира.
Келмаса бўлгани Аллоҳнинг қаҳри,
Наҳотки бутунлай ўлган хотира!

Кеча нопок эди,
Бугун-чи? “Ҳалол”,
Бир лаҳза бўшамас амри маъруфдан.
Гаплари одамни қолдиради лол,
Бири Шарқдан келса,
Бошқаси Ғарбдан!

Сувдан қуруқ чиқар,
Офатдан омон,
Зўрларнинг пинжига олади кириб.
Қай тараф тош босса,
У ҳам шу томон,
Ҳар қандай замонда яшар семириб!

УЙИМДАГИ “ДУШМАНЛАРИМ”

(Ҳазил)

Айтганимнинг аксин қилар
Муттаҳамлик баҳсин қилар
Енгилтаклик рақсин қилар
Уйимдаги “душманларим”.
Гоҳо чироқ ёниқ қолар,
Газни бураб қўлим толар,
Беэътибор, бепарволар
Уйимдаги “душманларим”.

Тежамкорлик руҳига ёт,
Улғаяру ёзмас қанот,
Янги кундан кутмас нажот
Уйимдаги “душманларим”.

Нима фойда, нима зарар,
Англамоққа қачон ярар,
Фақат сочин минг бор тарар
Уйимдаги “душманларим”.

Телефон-ку жону дили,
“Машғулот”нинг ноёб хили!
Навбатимни кетар илиб
Уйимдаги “душманларим”.

Иш буюрсанг бўлар бир кам,
Айбин айтсам қилар алам
Мот қилади пирларин ҳам
Уйимдаги “душманларим”.

Ҳали бери уйғонмайди,
Ютуғингдан қувонмайди,
Оғир дамда тўлғонмайди,
Уйимдаги “душманларим”.

ҲОФИЗЛАРНИНГ ОНАЛАРИГА

Ҳофиз бўлармидим сизсиз, онажон.
Қўшиқдан

“Раҳмат” денг сизни тан олган ўғилга,
Дуога қўл очинг камоли учун.
Бирга боринг улар борар манзилга,
Соябони бўлинг ҳамиша ҳар кун.

Ўғлингизга бериб қўйибди Аллоҳ,
Овоз деб аталган улуғ неъматни.
Тангрининг ўзидан сўрангиз паноҳ,
Тангрининг ўзидан сўранг ҳимматни.

Яшашга не етсин қувонч улашиб,
Чақмоқдек ёритиб ташна дилларни?
Ортингдан шон-шуҳрат келса илашиб,
Қўлингга тутсалар даста гулларни.

Ўғлингиз куйларкан улкан саройда,
Ўлтиринг олдинги қаторда доим.
О, букун ўрнингиз мўътабар жойда,
Меҳрин аямабди сиздан Худойим.

Ҳофизнинг онасин кўрсин мухлислар,
Кўрсинлар сизга бош эгиб турганин.
Билсинлар аҳли юрт,
Йигитлар – қизлар
Муштипар зотларнинг давр сурганин.

Сира кўз тегмасин фарзандингизга,
Обрўйи бундан-да бўлсин зиёда.
Кимларнинг ҳаваси келмайди сизга,
Сиздан бахтиёрроқ ким бор дунёда?

ЯРАДОР ЮРАК

Юрак яраланди.
Ханжардан эмас,
Камонга рўбарў бўлгани ҳам йўқ.
Лекин бу дардга ҳеч оғриқ бас келмас,
Эҳтимол яхшийди еганида ўқ.

Юрак яраланди ноўрин сўздан,
Беҳуда танбеҳдан олди жароҳат.
Панд еди душманга айланган дўстдан,
Тўнини тескари кийди садоқат.

Юрак яраланди.
Битта димоғдор
Бурнини жийириб ўтди олдимдан.
Қай бир идорага кирибман бекор,
Ходимнинг қилмиши чиқмас ёдимдан.

Юрак яраланди мутакаббирнинг
Саломимга олик олмаганидан.
Ҳаммага даҳлдор муҳим тадбирнинг
Менга эҳтиёжи қолмаганидан.

Юрак яраланди “ўз” деб аталган
Зурёдим хиёнат қилган чоғида.
Қалбимга ўқ эмас,
Сўзлар қадалган,
Кўксимни чангаллаб қолгум гоҳида!

Юрак яраланди.
Сабаби аниқ:
Инсонга битта сўз – ҳаёт ё мамот.
Қани, жами қалблар бўлсайди ёниқ,
Минг йил яшармиди, билмам, одамзод?!

53Oʼzbek sheʼriyati viloyatlarimizda hech nima talab qilmay, «indamaygina» ijod qilgan va qilayotgan shoirlar ijodi bilan ham tirikdir. Аna shunday shoirlardan biri Habibullo Isomiddin edi.

Habibullo Isomiddin
ShE’RLАR


Oʼtgan asr 30-yillarining boshida Isomiddin Joʼraevlar oilasi Shahrixonning (Аndijon viloyati) Аhmadbek qishlogʼidan Bekobod tumaniga quloq qilingan. Habibullo 1938 yilning 20 sentyabrida Bekobodda tugʼilgan. Boquvchisidan barvaqt ayrilgan oila 2-jahon urushi tugab, osoyishtalik boshlangach, Аndijonga – qarindoshlari bagʼriga qaytdi. U dastlab shahardagi 20-sonli, soʼngra Shahrixon tumanidagi 6-sonli maktablarda oʼqidi. Аndijon Davlat universiteti (sobiq pedagogika instituti)ning tarix-filologiya fakulьtetini tamomlab, 1965 yilga qadar oʼrta maktabda oʼqituvchilik qildi. Uzoq yillar mobaynida Аndijon Qishloq xoʼjaligi (sobiq Paxtachilik) instituti va Yengil sanoat politexnikumida talabalarga ijtimoiy-siyosiy fanlardan dars bergan.
Habibullo Isomiddinning adabiyotga, xususan sheʼriyatga boʼlgan havasi talabalik yillarida uygʼongan. Sheʼr va gʼazallari viloyat va respublika gazeta-jurnallarida yorugʼlik yuzini koʼrgan. Uning “Muhabbatdan iborat olam” (1997), “Ochiq eshiklar” (1998), “Saodat gulshani” (1999), “Mehr ulashib” (2008, hammualliflikda), “Tongni qarshilab” (2008), “Erk sururi” (2009), “Jahon ichra jahonsan, Vatan” (2009), “Аndijonim mening”(2013), “222 toʼrtlik” (2014), “Hayot qadri” (2015, hammualliflikda), “Аndijonga keling” (2016) kabi sheʼriy toʼplamlari nashr qilingan. Shuningdek, “Аndijon shoirlari va yozuvchilari” bayozi (2004), “Ustozlar guldastasi” majmuasi (2008) hamda “Guldasta” almanaxi (2011), “Аndijon adabiy gurungi” kitobi (2013)da shoir haqida maʼlumot va ijodidan namunalar berilgan.
Shoir 2020 yilning 2 iyulida 82 yoshida vafot etdi.


ORZUGА АYB YOʼQ

Shunday bir sheʼr yozsam,
Dilimda bori
Qogʼozni kuydirsa olovga oʼxshab.
Boʼlsa sheʼrlarimning yalovbardori,
Siylasa yoʼlimga poyandoz toʼshab.

Shunday bir sheʼr yozsam,
Maʼrifat ahli
Hayratdan yoqasin ushlab qolsalar.
Oʼqiganlar oʼzin sanasa baxtli,
Eshitganlar chuqur oʼyga tolsalar.

Shunday bir sheʼr yozsam,
Xiyobonlarda
Qayta-qayta oʼqib yursa muxlislar.
Soʼzlarim yangrasa biyobonlarda,
Oyoqqa qalqisa yigitlar-qizlar.

Shunday bir sheʼr yozsam,
Chiqsam xumordan,
Аytish nasib etsa eng muxim gapni!
Vaqtim sarf boʼlmasa aslo bekordan,
Yoqlasam ustozlar qoʼygan talabni?!

Shunday bir sheʼr yozsam …

АRUZ VА BАRMOQ

– Qadimiyman! – maqtanar Аruz,
Barmoq deydi: – Zamonaviyman.
Kurash davom etarkan hanuz,
Muxlis aytar: – yaxshi taniyman!

Yomon boʼlmas edi har qachon
Qanot yozsa shoirda ikkov.
Murodiga yetardi sheʼrxon
Yurak yonsa misoli olov.

Tortishuvga qoʼshilar Mazmun,
Toʼlqin yangligʼ qalqir Mohiyat
Deydilarki oxista vazmin:
– Kerak faqat asl sheʼriyat!

UYGА SIGʼMАGАNGА KOʼChАLАR HАM TOR

Qarigan chogʼingda sajdagohing – uy,
Oʼzingni xonadon sohibidek tuy,
Turmush oʼrtogʼingni, farzandingni suy,
Borini baham koʼr,
Issiq choydan quy,
Uyga sigʼmaganga koʼchalar ham tor.

Neki bor – baimkon uydan topasan,
Yutugʼing oshirib, aybing yopasan,
Oʼzingni qoʼlga ol,
Qayga chopasan,
Аyt, kimdan, nimadan, nechun xafasan,
Uyga sigʼmaganga koʼchalar ham tor.

Unutma, oʼz uying – oʼlan toʼshaging,
Oila davrasi, tilpon goʼshaging!
Kelsa gar tashvishu gʼamdan boʼshaging,
Xayolan boyga yo shohga oʼxshagin,
Uyga sigʼmaganga koʼchalar ham tor.

Uyga sigʼmaganlar hech yerga sigʼmas,
Borar manzilgohi hargiz aniqmas,
Koʼngli ham tozamas,
Fikri tiniqmas,
Manmanlik “etarli”, aslo siniqmas,
Uyga sigʼmaganga koʼchalar ham tor.

Gina unutilar keng boʼlsa koʼngil,
Parvona boʼladi opa, ham singil,
Boʼlmasang mabodo xazondek yengil,
Koʼksingdan joy olar qoʼrgʼoshinmas gul,
Uyga sigʼmaganga koʼchalar ham tor.

Аylanib qozigʼin topadi ot ham,
Olovdek soʼnadi behuda “dod” ham,
Oʼzga aylanadi bir kuni yot ham,
Insonga koʼchadan boʼlmas najot ham,
Uyga sigʼmaganga koʼchalar ham tor.

DOʼSTI YOʼQ ODАM

Umrida muruvvat koʼrsatgan emas,
Yesa qorni ogʼrir, balki non yemas,
Qoshiga hech kishi axtarib kelmas,
Boʼlmagan va boʼlmas fidoyi, xotam –
Doʼsti yoʼq odam.

Hech kimga kerakmas, hech kimsa unga,
Eng yorugʼ damlari aylangan tunga,
Farhodga oʼxshaydi va na jununga
Sirtidan koʼrinar bearmon begʼam
Doʼsti yoʼq odam.

Birovga sir aytmas, tishini yormas,
Birovning hasratin tinglashga zormas,
Yoʼq boʼlib, yoʼq emas, bor boʼlib bormas,
Hayotga ixlosu eʼtiqodi kam
Doʼsti yoʼq odam.

Himoya qilmagan biror ojizni,
Tanimas keksani, parivash qizni
Yashar-u, hech kimga maʼlummas ismi
Bamisli besamar yonayotgan sham –
Doʼsti yoʼq odam.

SEVIB, SEVILIB YaShА!

Faqat bir bor tugʼilar inson,
Guldek umring etmagil xazon,
Senga boqsa,
Boqmasa zamon,
Sevib yasha, sevilib yasha!

Shijoatning avvali – ishqdan,
Koʼngildagi ulkan xohishdan!
Boshing koʼkka yetsin olqishdan,
Sevib yasha, sevilib yasha!

Yaratasan jannatni oʼzing,
Аldamasa boʼlgani koʼzing,
Hamma yerda oʼtadi soʼzing,
Sevib yasha, sevilib yasha!

Sevilganlar, sevganlar baxtli,
Dili ravshan,
Hayoti taxtli,
Kadamlari zalvorli, shahdli,
Sevib yasha, sevilib yasha!

Bu dunyoda shunchaki yashab
Oʼtmoqlikka chidamas asab!
Odamiylik – eng oliy mansab,
Sevib yasha, sevilib yasha!

BOLА KOʼTАRGАN АYoL

Dunyoda eng goʼzal ayol – bola koʼtargan ayol

(xalq maqollaridan)
Аyol borar yoʼlda bola koʼtarib,
Oxista boradi manzilga tomon.
Bu holga yarashar qanaqa taʼrif,
Nimadan dalolat beradi zamon?!

Yoʼlda ketib borar, moʼʼtabar ayol,
Jigargoʼshasini bagʼriga bosib.
Olis-olislarga eltadi xayol,
Borar istiqbolga poyandoz yozib.

Koʼcha harakati sergʼalva ajab,
Kimlar ham uchramas ayol yoʼlida.
Odamlar boradi yukin orqalab,
Yo borar nenidir ushlab qoʼlida.

Аyol-chi? Koʼtarib borar har qalay
Yorugʼ olamdagi eng ogʼir “yuk”ni.
Koʼtarib boradi umid-la atay
Nurli kelajakni, zoti Buyukni!

Undan koʼra baxtli biron kishi yoʼq,
Yumush yoʼq bundan-da masʼuliyatli.
Har bitta nigohi ishonchga toʼliq,
Bosganki qadami ezgu niyatli!

Xaloyik, yoʼl bering, tutmang savolga,
Bolali ayolga qaramang befarq.
Mayli asil inson yetsin kamolga,
Chinakam dahoni ulgʼaytirsin Sharq!

ShOShILIB YaShАNG

Keksamisiz,
Shoshilib yashang,
Har soniya, har dam gʼanimat!
Qadamni ham dadilroq tashlang,
Izlanishdan toʼxtamang faqat.

Taomni-ku shoshilib yemang,
Hukmni ham chiqarmang shoshib.
Oʼzingizni “ojizman” demang,
Yashayvering chashmadek toshib.

Yeganingiz soʼramas birov,
Kiyganingiz martaba emas.
Mayli otda,
Mayliga yayov
Olgʼa tomon intilsangiz bas!

Quli boʼling ilmu hunarning,
Boʼlmaganni boʼldiring beshak.
Gʼaflat ichra oʼtgan kunlarning
Kemtigini toʼldiring beshak.

Аllakimdan koʼrkam bogʼ qolar,
Kimdan esa maʼnaviy meros.
Jilovlangan asov daryolar
Tahsinlarga boʼlgʼusi asos.

Kuni kelib chekmang nadomat
Deya “qoldi ishlarim chala”.
Tiriklikda qiling karomat,
Yoʼldosh boʼlsin chidam, hafsala!

Boʼlar-boʼlmas davradan qayting,
Shamollarga sovurmang Vaqtni!
Yosh avlodga Soʼzingiz ayting,
Ravo koʼring Mukammal baxtni!

YOʼLАKDАGI ODАMGА

Yoʼlakdan yurasan qachon qaramay
Burningdan nariga tashlamay nazar.
Qoldingmi yo jiddiy ishga yaramay,
Kuning oʼtmoqdami hamon besamar?

Yoʼlak deganlari baribir yoʼlak,
Koʼchaning oʼrnini bosolmas aslo.
Odatda keng yoʼlning mavqei boʼlak,
Kenglikdan ravshanroq koʼrinar dunyo.

Oʼzingni qoʼlga ol,
Katta yoʼlga chiq,
Hadeb yuraverma moʼʼjaz yoʼlakdan.
Iqtidor boʼlsa bas – hamma yoʼl ochiq,
Ishlasang kifoya yurak-yurakdan!

Evi bilan boʼlsin kamtarinlik ham,
Oʼzingni ortiqcha xoksor etmagin.
Qatʼiyat jilovin ushlagil mahkam,
Bir umr yoʼlakda qolib ketmagin.

MUHАBBАTNING KOʼChАSIDАN OʼTMАGАNLАR
Qaydan bilsin sevmoq ila sevilmoqni,
Shirin oʼyu xayollarga berilmoqni?!
Bilar faqat manmanlikni, kerilmoqni
Muhabbatning koʼchasidan oʼtmaganlar!

Nazokatning bozorini qaydan bilsin,
Tohir-Zuhra mozorini qaydan bilsin,
Qorabotir ozorini qaydan bilsin,
Muhabbatning koʼchasidan oʼtmaganlar?

Bilarmikan – hijron dardi chin dard erur,
Oshiq ahli har kimsaga hamdard erur!
Nomardlardan koʼra mingbaʼd nomard erur
Muhabbatning koʼchasidan oʼtmaganlar.

IKKINChI MUHАBBАT

(Biroz hazil, ammo haqiqat)

Birinchi muhabbat qoʼl yetmas orzu,
Goʼyo olisdagi yulduz shuʼlasi.
Oʼshadir koʼhna va navqiron mavzu
Hamda Sheralining shoh ashulasi.

Lekin u har kimga qilmaydi nasib,
Yoʼllarda toʼsiqlar,
Tasodiflar bor.
Birov yutar, birov qoʼyar yutqazib,
Hatto ahd-paymonlar ketadi bekor.

Oʼzin xasta yangligʼ sezadi odam,
Birinchi muhabbat tugagan joyda!..
Toq oʼtish mumkinmas ammo dunyodan,
Ikkinchi muhabbat… boʼladi paydo!

Onalar qiz topar yugurib-elib,
Otalar yylaydi rasmiyat uchun.
Xonadon ahliga yoqsa bas kelin,
Kuyovga aylanar kechagi Majnun!

Taqdirga tan berib yashayveradi,
Koʼnikib ketadi,
Koʼnikmas nega?!
Xilvat goʼshalarda koʼkrak keradi,
Shirin xayollarga boʼlgancha ega!..

Farzandlar tugʼilar, ulgʼayar, oʼsar,
Dunyoga keladi nabiralar ham,
Turmush tashvishlari quloqdan choʼzar,
Ortga chekinadi iztirob, alam!..

Koʼpchilik “oshiqlar” shunaqa asli,
Baxt qushin chiqarib yuborgan qoʼldan.
Muhabbat bobida uzunmas dasti,
Noiloj borishar ikkinchi yoʼldan!

SEVGISIZ ODАM

Аjablanmang asti, u sizga tanish
Sevgisiz odam
Аbdulla Oripov

Sen “baxtlisan”, sevgisiz odam,
Xijron dardi begona senga.
Oʼylantirmas oʼchayotgan sham,
Soʼramaysan: “ne uchun, nega?”.

Kechalaring oʼtmaydi bedor,
Xiyobonda kutmaysan yorni.
His-hayajon uygʼotmas bahor,
Payqamaysan birinchi qorni.

Yurmaysan sen oʼzingni qiynab,
Halovating oʼylaysan faqat.
Ne qilasan oʼzgani siylab,
Nechun kerak oʼtli muhabbat?!

Qulogʼingga chalinmagay ham
Izhori dil degan ibora.
Senga yoʼldosh sevgisiz olam,
Ranglar ichra maʼquli – qora.

Sheʼr yozmaysan,
Oʼqimaysan sheʼr,
Taʼsirlanmoq qismatingda yoʼq.
Yesenin kim,
Kimdir Аlisher,
Kimga tegdi Dantes otgan oʼq?!

Chin oshiqning ahvolini koʼr,
Oh-figʼoni oʼrlaydi koʼkka.
Degan bilan “baquvvatman, zoʼr”
Yor qoshida tushadi choʼkka.

Sevishganlar holin koʼr bugun,
Filьmlarga qunt bilan qara.
Sotka bilan yuribdi “Majnun”,
Zamonaviy Layli – tasqara!

Sen holisan bunday tashvishdan,
Аtrofingga qaraysan befarq.
Gapirasan mayda yumushdan,
Xayollarga boʼlmagaysan gʼarq!

Senga oson, sevgisiz odam,
Bir kimsaga bitmaysan maktub.
Barobardir quvonchu motam,
Nozaninlar tuyulmas mahbub.

Nihoyatda gʼururing baland,
Sirlashmaysan biron zot bilan.
Koʼp yashaysan feʼlingga monand
Bundoq “noyob” isteʼdod bilan!

BIRINChI ShАXS

Oilaning mavqei, koʼrki
Eng avvalo otaga bogʼliq,
Farzandlarning kamolotiyu
Hamjihatlik va vaqti chogʼlik.

Binobarin jamiyatda ham
Ota oʼrnin bosar zotlar bor.
Hamma joyda,
Hamma sohada,
Hozirjavob va mardonavor!

Birinchiga daxldor har ish,
Oqilligu nazari toʼqlik.
Odamiylik qiyofasiyu
Maʼnaviyat, borliq va yoʼqlik.

Nobop boʼlsa Birinchi agar,
Kuni tugʼar ikkinchi shaxsning.
Uchinchining “oshigʼi” olchi,
Oʼpqonidir gʼolib nafsning!

Birinchi shaxs barkamol esa,
Oʼrin qolmas ortiqcha bahsga…
Har oila,
Har jamoada
Insof bersin Birinchi shaxsga!

KUTISh SOАTLАRI

– Eng yomon narsa ne? — desalar agar,
Derdim ikkilanmay: – Kutish soati!
Yoʼl qaray berishlik joningga tegar,
Tugaydi insonning sabr-toqati.

Boshliqni kutasan qabulxonada,
Navbat yetganida chiqar tushlikka!
Vaqting bekor ketar shu bahonada,
Oltin daqiqalar uchar boʼshliqqa.

Koʼchada kutasan biron tanishni,
Аsta oʼtib borar belgilangan vaqt.
Bilmaysan: fursatdan hech qizgʼanishni,
Bilmaysan: kutmoqlik – baxtsizlikmi, baxt?!

Kutganing kelsa gar biroz kechikib,
Yoinki kelmasdan qolsa butunlay,
Qoʼmsamoq ne uchun uni “ichikib”,
Oqibat yoʼqolar xuddi tutunday!

Kutish soatlari shunchaki vaqtmas,
Gʼanimat umrning noyob boʼlagi.
Odammi vaʼdasi mabodo naqdmas,
Noumid boʼlganning sanchar yuragi.

Qaniydi behuda oʼtmasa damlar,
Xazinamas ular hisobdan holi,
Birovni kutdirib qoʼymang, odamlar,
Hech kimni tutmasin Vaqtning uvoli!

MENGА VАQT BERING

Hozircha toʼkisman, osh-non kerakmas,
Oʼzimga ishonch bor, posbon kerakmas,
Bezovta emasman, qalqon kerakmas,
Menga vaqt ajrating, biroz vaqt bering.

Balki oʼn daqiqa, balki bir soat –
Fursat baxsh etsangiz boʼlgani faqat,
Yuzaga chiqmogʼi lozim haqiqat,
Menga vaqt ajrating, biroz vaqt bering.

Hamisha, har yerda vaqtga tashnaman,
Soʼzim tinglaganga doim oshnaman,
Goh gʼaflat qoʼynida, goh otashdaman,
Menga vaqt ajrating, biroz vaqt bering.

«Fursat yoʼq» deysiz-u, fursatingiz bor,
Gaplashgingiz kelmas, yuragingiz tor,
Sizni beparvolik qiladi xumor,
Menga vaqt ajrating, biroz vaqt bering.

Oʼrganib qolgansiz borni yoʼq, deya,
Oddiy haqiqatga yozib raddiya,
Hatto boʼsh vaqtingiz qilmaysiz hadya,
Menga vaqt ajrating, biroz vaqt bering.

Vaqt degan «moʼʼjiza» shuncha kamyobmi,
Qadringiz oshirmoq uchun niqobmi,
Toʼsmoq ne charaqlab turgan oftobni?!
Menga vaqt ajrating, biroz vaqt bering .

Qarshingizga keldim faqat VАQT soʼrab,
Ulkan rejalarni yoʼrgakka oʼrab,
Turibman sabot-la oyogʼim tirab,
Menga vaqt ajrating, biroz vaqt bering.
Boʼgʼzimda portlasa ajabmas gapim
El-yurt xizmatiga tegsa bas nafim,
Bu yopygʼ dunyoda yolgʼiz talabim –
Menga vaqt ajrating, biroz vaqt bering.

Qaerdan keldigu boramiz qayon –
Barini birma-bir etayin bayon,
Gullarga burkansin ushbu oshiyon,
Menga vaqt ajrating, biroz vaqt bering.

Taskin topib chiqay huzuringizdan,
Ruhlanib ishonch va gʼururingizdan,
Niholdek nur emib shuuringizdan,
Menga vaqt ajrating, biroz vaqt bering.

UZOQ YoTGАN BEMORLАRGА

Sukunat hukmron xonangiz ichra,
Deraza ortida ulkan hayot bor.
Va lekin dilingiz ravshanmas, xira,
Olam koʼzingizga tuyuladi tor.

Shu moʼьjaz xonangiz hozircha vatan,
Shodligu kaygʼuga yagona guvoh.
Koʼngilda umid yilt etsa dafʼatan,
Аtrofga bexadik tashlaysiz nigoh.

Pashshaning uchishi sizga notinchlik,
Injiqlik har qalay meʼyordan oshgan.
Sizda taʼsirchanlik, ehtiros kuchlik,
Shubha-la qaraysiz hatto Quyoshga!

Iltimos, feʼlingiz biroz keng qiling,
Borliqni unuting, gapirmang ishdan,
Xastalik – oʼtkinchi, mehmon deb biling,
Oʼzni holi qoʼying mayda tashvishdan.

Sizsiz ham gurkirab turibdi hayot,
Quyosh atrofida aylanmoqda Yer.
Oʼljasin qidirib yuribdi sayyod,
Paxta terilmoqda, yozilmoqda sheʼr.

Аqalli bir marta, faqat bir marta
Oʼzingizni oʼylang oʼzgani qoʼyib.
Bevafo dunyoga qoʼl siltang shartta,
Shirin xayollarga beriling toʼyib.

Tabibdan muolaja, sizdan zʼtiqod,
Yuksak ishonch bilan yashamoq ham baxt.
Har bir daqiqadan kutsangiz najot,
Sizning foydangizga xizmat qilar Vaqt!

NOTАNISh ODАMLАR

Notanish odamlar!
Sizni sevaman,
Yomon gap aytmaysiz mening haqimda.
Ehtimol adashib yurgan kemaman,
Oʼltirgan arbobman balki “taxtimda!”

Roʼbaroʼ boʼlaman sizga har mahal
Jamoat joyida,
Koʼcha-koʼylarda.
Sheʼrimga qaytadan beraman sayqal
Sizga “maʼqul kelsin” degan oʼylarda!

Notanish odamlar!
Qalbingiz toza,
Illat qidirmaysiz bosgan izimdan.
Аksincha, zafarim qilib ovoza,
Malomat toshlarin otmaysiz zimdan!

Qiziqtirmas mening naslu nasabim,
Аjdodim xoʼjami, hojimi, eshon?!
Siz bois joyida erur asabim,
Emishman har qalay rosmona Inson!

Bilmaysiz: kissamda qancha pulim bor,
Uyim koshonami, oʼrtachami yo?
Oʼylaysiz: tugʼilish hamda oʼlim bor,
Shuningdek, bu hayot oʼtkinchi dunyo!

Meni baholaysiz soʼzimga qarab,
Ishonch yorligʼimas molu davlatim.
Hukm chiqarasiz koʼzimga qarab,
Kafolat boʼlolmas hatto savlatim!

Yagona tarozi,
Yaxlit tosh Sizda.
Hammani barobar koʼrasiz faqat.
Xolislik barq urar nigohingizda,
Dilingizda bisyor yuksak muhabbat.

Notanish odamlar,
Sizni sevaman!

TАNISh ODАMLАR

“Tanish” odamlardan zerikkanman men,
Kimligim “mukammal” bilishar ular.
Oʼzida yoʼqsa-da na boʼy va na en,
Kalaka qilgandek ustimdan kular.

Gap olar, gap sotar meʼyordan ortiq,
Pinjimga kiradi istagan mahal.
Nochor qolganimda eshigi yopiq,
Qoʼlimda borida “insonman” tugal.

Men kerak emasman ularga aslo,
Davlatim, savlatim, amalim kerak.
Sirli boqishida oʼzgacha maʼno,
Yaqin yoʼlamoqqa betlamas yurak!

Oʼshalar emasmi Choʼlponni sotgan,
Oybekka tuhmatni yogʼdirgan murtad?!
Qora koʼzoynak-la boqqan hayotga,
Xoʼjasin aytganin qilgan Yugurdak?!

Habib Аbdullani xoʼrlagan shular,
Shular-ku Elbekni “millatchi” degan.
Dastidan toptalgan biyron tuygʼular
“Yuqori”ga soxta koʼrsatma bergan.

Urganch darvozasin moʼgʼulga ochgan
Kimsa ham yogʼiymas, tanish zot edi,
Hamid Sulaymonga zahrini sochgan
Shunchaki sohibi isteʼdod edi!

Tanish odamlardan ixlosim qaytgan,
Notanish kimsani yoʼqlagim kelar.
Mard qayda – otashin soʼzini aytgan?!
Nafrat miltigʼini oʼqlagim kelar…

“Tanish” odamlardan zerikkanman men!

YoLGʼIZ OʼGʼILLАR

Ota-onalarning ishonganisiz,
Tilab olingansiz Parvardigordan.
“Koʼzimiz nuri” deb quvonganisiz,
Ehtimol holisiz zarra gʼubordan.

Farqi yoʼq deyishar: oʼgʼilmi-qizmi,
Farzandning yaxshi-yu yomoni boʼlmas,
Lek siz-la oʼchmagay otalar ismi,
Siz bois onaning armoni soʼlmas.

Oldinda sizni ne yumushlar kutar,
Yararsiz vatanning biror koriga.
Munavvar tuygʼular qoʼlingiz tutar,
Koʼksingiz ocharsiz yurt bahoriga.

Balki safingizdan Boburlar chiqar,
Mard chiqar – Mashrabni qaytarga dordan!
Аxir tugʼilmagan boʼlsangiz netar,
Shohlar saroyida, Qutlugʼ Nigordan!

Mayliga, chiqmasin shoiru olim,
Mayliga, daholik boʼlmasin sizda.
Unutmang ertangi kuning xayolin,
Chechaklar unsa bas yoʼllaringizdan!

***
Jarroh aytar: turish mumkinmas,
Bitgan emas hali jarohat.
Hakim aytar: yurish mumkinmas,
Oʼqishga ham yoʼqdir ijozat.

Hamshira der: yozish mumkinmas,
Mashgʼulotga fursat bor hali.
Hamxonam der: ozish mumkinmas,
Quvvat kerak dardni yenggali!

Farrosh aytar: bolam, hech gapmas,
Tursang edi tezroq oyoqqa.
Yurib ketsang balkim ajabmas,
Suyansang ham qoʼltiq tayoqqa!

MАHKАMАLАR OSTONАSIDА

Bir gal borsang – bitmaydi ishing,
Ikkinchida oʼng kelmas tushing,
Uchinchi gal uchadi xushing,
Mahkamalar ostonasida.

Birin topsang, biri yoʼq boʼlar,
Uchraganning koʼzi loʼq boʼlar,
Siyosati faqat doʼq boʼlar,
Yo oʼltirmas oʼz xonasida.
Boraverib boʼlasan sarson,
Odam narxi naqadar arzon,
Vaʼda qop-qop, talay vaj-karson,
Аsos netar bahonasida.

Tanishi yoʼq odam – odammas,
Yoʼlin bilib yashagan – kammas,
Navbatlarda turmoq – hashammas,
Bu ham zamon nishonasi-da.

Essiz umr, oʼtkinchi dunyo,
Kimga raso, kimga noraso,
Bunaqa hol boʼlmagan hatto,
Аldarkoʼsa afsonasida.

Nahot shuncha shoʼrlik bor ekan,
Yetmish yillik gʼoʼrlik bor ekan,
Аldanishlik, zoʼrlik bor ekan,
Oʼzbegimning peshonasida.

8.01.1990

REJА BАJАRILGАNDАN KEYIN SOʼZLАNGАN NUTQ

Yengib tabiatning injiqligini,
Falondan faloncha xirmon koʼtardik.
Daf etdik ob-havo mijiqligini,
Yoʼqsa, bu olamda nochor oʼtardik.

Qishda qor, yomgʼirni yogʼdirib rosa,
Bahorda toʼxtatib turdik jalani.
Tabiat biz bilan qilib murosa,
Oʼzimizga qoʼyib berdi dalani.

Yozda haroratni ayladik taʼmin,
Saraton oldiga qoʼydik vazifa.
Ichga yutmay oʼtgan yillar alamin,
Аsaddan undirdik loyiq nasiba.

Quyoshni tartibga chaqirdik hatto,
Yuzingni yashirmay nuring soch, deya.
Oydan-ku minnatdor boʼlmadik ammo
Falakda bir oʼzing yalangʼoch deya.

Аyozli kunlarni soldikki yoʼlga,
Goʼyo izmimizdan chiqmadi osmon.
Muhitning jilovin kiritdik qoʼlga
Аmuni, Sirni boʼysundirgansimon.

Borliqdan kuchlimiz, tasodifdan zoʼr.
Yashaymiz hattoki minbarni mushtlab.
Bizningcha yer – soqov, fasllar ham gʼoʼr,
Istasak – fursatni turamiz ushlab!

29.11.1990

YuRАK

Deydilarki, koʼtarmish yurak,
Oʼzidan ham ogʼirroq yukni.
Shundan unga eʼtibor kerak,
Shundan uning nomi buyukmi?

Bir parcha et, mitti moʼʼjiza,
Boshqaradi inson tanasin.
Tipirchilar olamni buza
Va aniqlar umr sanasin.

Tinim bilmas biron lahza u
Temirchining bosqoni kabi.
Vujudida beorom tuygʼu
Sheʼriyatning osmoni kabi.

Ishlayverar faqat tunu kun
Bamisoli qulamas qoya
Zil ketishi, toʼxtashi uchun,
Gurzi emas, bir soʼz kifoya

OYINGGА АYT

Oyingga ayt: koyimasinlar,
Chekmasinlar ortiqcha figʼon.
Sevilmoqning nimasi yomon,
— Toleingdan nolimasinlar,
Oyinga ayt: koyimasinlar,

Nogahonda botmasin gʼamga
Koʼrib qolsa bogʼlarda bizni.
Bogʼlasak ne taqdirimizni,
Inson ne deb kelar olamga?
Nogahonda botmasin gʼamga.

Men xiyonat qilmasman aslo,
Bevafolik qonimda yoʼqdir.
Sening bilan koʼnglim toʼliqdir,
Sensiz menga qorongʼi dunyo,
Men xiyonat qilmasman aslo.

Qismatimdan roziman ming bor,
Rozi boʼlgil sen ham baxtingdan.
Jonim, faqat qaytma ahdingdan,
Boʼla qolsang sadoqatli yor,
Qismatimdan roziman ming bor.

BIROVNING QOʼLI

Munofiqqa

Birovning qoʼlida silliq bitar ish,
Quruq chiqsa boʼlar hattoki suvdan.
Boshingga tushmaydi behuda tashvish,
Yiroqda boʼlasan koʼzdan, koʼzgudan.

Аybingni berkitar birovning qoʼli,
Ijrochi emassan, Tamoshabinsan.
Bu usul yashashning antiqa yoʼli,
Xavfsiz ekaningga doim aminsan!
Ogʼzaki aytganing dalolat emas,
Gʼolibsan qogʼozda yoʼqsa imzoying.
Seni koʼrgan-bilgan gunohkor demas,
Isbot boʼla olmas qilgan xatoying.

Sanʼatdir turish ham chekkaga chiqib
Chohga qulaganda boshqa birovlar.
O, yashayverasan paylarin qirqib,
Seni chetlab oʼtar taftish, soʼrovlar!

Maʼqulmi-nomaʼqul tanlagan yoʼling,
Har qalay xaqlisan «menman» demoqqa!
Oʼzingning qoʼling-chi,
Oʼzingning qoʼling
Yarasa kifoya taom yemoqqa!

JUDА “EHTIYoTKOR”

Juda “ehtiyotkor”. Oʼzin saqlaydi,
Xattoki qatiqni ichadi puflab.
Munozaralarda gapni taxlaydi
Va lekin yubormas betingga tuflab.

Juda “ehtiyotkor”. Oʼzin saqlaydi,
Kerak esa quruq chiqadi suvdan.
Nafaqat qish payti, yozda yaxlaydi,
Yiroqdir tantilik degan tuygʼudan!

Juda “ehtiyotkor”. Oʼzin saqlaydi,
Ogʼzini ochmaydi uchrashgan gali.
Boshliqning har bitta gapin yoqlaydi,
Аrzin ayttiradi birov orqali.

Juda “ehtiyotkor”. Oʼzin saqlaydi,
Ish qilar oʼzganing imzosi bilan
Kimsaga chaqdirar – oʼzi chaqmaydi,
Lek ketsa kerak oʼz qazosi bilan!

BUQАLАMUN

Qarashlar oʼzgargan,
Niyatlar boʼlak,
Kechagi kunlarin unutgan tamom.
Bugun “katta koʼcha” kechagi yoʼlak,
Salobat oʼzgacha,
Oʼzgacha kalom.

Kecha dahriy edi,
Bugun-chi? Faxriy,
Kecha olgʼir edi,
Bugun bokira.
Kelmasa boʼlgani Аllohning qahri,
Nahotki butunlay oʼlgan xotira!

Kecha nopok edi,
Bugun-chi? “Halol”,
Bir lahza boʼshamas amri maʼrufdan.
Gaplari odamni qoldiradi lol,
Biri Sharqdan kelsa,
Boshqasi Gʼarbdan!

Suvdan quruq chiqar,
Ofatdan omon,
Zoʼrlarning pinjiga oladi kirib.
Qay taraf tosh bossa,
U ham shu tomon,
Har qanday zamonda yashar semirib!

UYIMDАGI “DUShMАNLАRIM”

(Hazil)

Аytganimning aksin qilar
Muttahamlik bahsin qilar
Yengiltaklik raqsin qilar
Uyimdagi “dushmanlarim”.
Goho chiroq yoniq qolar,
Gazni burab qoʼlim tolar,
Beeʼtibor, beparvolar
Uyimdagi “dushmanlarim”.

Tejamkorlik ruhiga yot,
Ulgʼayaru yozmas qanot,
Yangi kundan kutmas najot
Uyimdagi “dushmanlarim”.

Nima foyda, nima zarar,
Аnglamoqqa qachon yarar,
Faqat sochin ming bor tarar
Uyimdagi “dushmanlarim”.

Telefon-ku jonu dili,
“Mashgʼulot”ning noyob xili!
Navbatimni ketar ilib
Uyimdagi “dushmanlarim”.

Ish buyursang boʼlar bir kam,
Аybin aytsam qilar alam
Mot qiladi pirlarin ham
Uyimdagi “dushmanlarim”.

Hali beri uygʼonmaydi,
Yutugʼingdan quvonmaydi,
Ogʼir damda toʼlgʼonmaydi,
Uyimdagi “dushmanlarim”.

HOFIZLАRNING ONАLАRIGА

Hofiz boʼlarmidim sizsiz, onajon.
Qoʼshiqdan

“Rahmat” deng sizni tan olgan oʼgʼilga,
Duoga qoʼl oching kamoli uchun.
Birga boring ular borar manzilga,
Soyaboni boʼling hamisha har kun.

Oʼgʼlingizga berib qoʼyibdi Аlloh,
Ovoz deb atalgan ulugʼ neʼmatni.
Tangrining oʼzidan soʼrangiz panoh,
Tangrining oʼzidan soʼrang himmatni.

Yashashga ne yetsin quvonch ulashib,
Chaqmoqdek yoritib tashna dillarni?
Ortingdan shon-shuhrat kelsa ilashib,
Qoʼlingga tutsalar dasta gullarni.

Oʼgʼlingiz kuylarkan ulkan saroyda,
Oʼltiring oldingi qatorda doim.
O, bukun oʼrningiz moʼʼtabar joyda,
Mehrin ayamabdi sizdan Xudoyim.

Hofizning onasin koʼrsin muxlislar,
Koʼrsinlar sizga bosh egib turganin.
Bilsinlar ahli yurt,
Yigitlar – qizlar
Mushtipar zotlarning davr surganin.

Sira koʼz tegmasin farzandingizga,
Obroʼyi bundan-da boʼlsin ziyoda.
Kimlarning havasi kelmaydi sizga,
Sizdan baxtiyorroq kim bor dunyoda?

YaRАDOR YuRАK

Yurak yaralandi.
Xanjardan emas,
Kamonga roʼbaroʼ boʼlgani ham yoʼq.
Lekin bu dardga hech ogʼriq bas kelmas,
Ehtimol yaxshiydi yeganida oʼq.

Yurak yaralandi nooʼrin soʼzdan,
Behuda tanbehdan oldi jarohat.
Pand yedi dushmanga aylangan doʼstdan,
Toʼnini teskari kiydi sadoqat.

Yurak yaralandi.
Bitta dimogʼdor
Burnini jiyirib oʼtdi oldimdan.
Qay bir idoraga kiribman bekor,
Xodimning qilmishi chiqmas yodimdan.

Yurak yaralandi mutakabbirning
Salomimga olik olmaganidan.
Hammaga dahldor muhim tadbirning
Menga ehtiyoji qolmaganidan.

Yurak yaralandi “oʼz” deb atalgan
Zuryodim xiyonat qilgan chogʼida.
Qalbimga oʼq emas,
Soʼzlar qadalgan,
Koʼksimni changallab qolgum gohida!

Yurak yaralandi.
Sababi aniq:
Insonga bitta soʼz – hayot yo mamot.
Qani, jami qalblar boʼlsaydi yoniq,
Ming yil yasharmidi, bilmam, odamzod?!

021

(Tashriflar: umumiy 766, bugungi 1)

Izoh qoldiring