Odinaxon Abdurahimova. Ma’ruzachi

12 Қиз йўлини тўсиб турган сўнги одамни четга сурди-да, олдинга ўтиб, ўзидан кетди. Чунки у бор куч-қувватини сарфлаб бўлган, ортиқ юришга мадори қолмаганди. У мук тушганча маърузачининг пойига ҳушсиз йиқилди. Манглайини муздек ерга босиб, бутун вужуди тупроқ бўлиб тўкилди. Қўнғир сочлари ёйилиб, юзини тўсди.

Одинахон  Абдураҳимова
МАЪРУЗАЧИ


03    Одинахон Абдураҳимова 1986 йил Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги  Шўртепа қишлоғида туғилган. Фарғона давлат университетининг математика ва информатика факултетини тамомлаган. Дастлаб Учкўприк Саноат КҲК, кейин Учкўприк Иқтисодиёт КҲКда, сўнг Бувайда тумани 1-умумтаълим мактанбида дарс берди, ундан кейин ЎзМТДП Бувайда туман кенгашида ишлади. Оилали, уч фарзанднинг онаси.


У ҳовлиққанча одамларни нари суриб, юқорига кўтариларди. Мана, туртиниб-суртиниб тепага ҳам чиқиб олди. Энди у юзлаб, минглаб халойиқ орасидан эсон-омон ўтиб, юраги ошиққан инсонни топиши керак. Қулоғига унинг товуши эшитила бошлади. Ҳа! Бу айнан унинг товуши! Қиз овоз келган томонга қараб интилди. Одамлар бирам кўп-ки, ҳаммаси илондек вишиллайди, йўлини тўсади. Эҳ! Бирдан кимнингдир тирсаги биқинига қаттиқ санчилгандек бўлди. У биқинини чангаллаб, бир мункайди-ю, юришдан тўхтамади. Ҳозир оғриқни ҳис қиладиган, ўйлайдиган аҳволда эмасди. Юраги шундай тез урар, нафаси бўғзига тиқилар, гўё умрининг сўнгги дақиқаларини яшаётган-у, уни сўнги бор кўриб қолишга улгуриш мақсадида шошилаётгандек эди. Аммо у шундай шошилинч ва тиқилинчда ҳам ўзи итариб, юзига норози ўгирилган одамларга табассум улашар, майин жилмайиб бош силкир, тинмай кечирим сўрарди. Унинг табассумини кўрган ҳар қандай баджаҳл нусха ҳам зумда ҳовуридан тушиб, эриб кетар ва илжайиб йўл бўшатарди.

Ниҳоят, у юра-юра таниш овоз келаётган жойга яқинлашди ва оломонни ёриб ўтиб, олдинга чиқди. Олдда кафтдек майдон, майдон ўртасида Маърузачи ўзини ўраб олган халойиққа қандайдир муҳим мавзуда нутқ сўзларди. У шундай берилиб гапирарди-ки, ҳатто тингловчилар орасидан кимдир отилиб чиқиб, ўзини унинг пойига ташлаб юборганини ҳам сезмади. Эҳтимол, сезгандир, бироқ буни фикрини бўлишга арзирли сабаб ҳисобламади чоғи, аҳамият бермади. Маърузачи дудуқ эди. Унинг тилининг учида кемтиги бор эди. Аммо одамлар уни жон қулоғи билан тинглар, сўзларига шу қадар мафтун эдилар-ки, бу нуқсони ҳеч кимни чалғитмасди. У ўнг қўлини бир оз юқорига кўтариб олган, чап қўлида эски жомадон, бошини гоҳ ўнгга, гоҳ сўлга аста буриб, ҳаммага бирдек мурожаат қиларди. Шу пайт у ўзига қаердандир кучли бир нигоҳ боқаётганини ҳис қилди. Маърузачи ўша оловли нигоҳни қидира бошлади. У энди қаршисидаги юзлаб сўник нигоҳлардан фарқли равишда, айнан ўша ёрқин нигоҳ вужудига илоҳий қувват бағишлаётганини рўйи-рост пайқаганди.

Қиз йўлини тўсиб турган сўнги одамни четга сурди-да, олдинга ўтиб, ўзидан кетди. Чунки у бор куч-қувватини сарфлаб бўлган, ортиқ юришга мадори қолмаганди. У мук тушганча маърузачининг пойига ҳушсиз йиқилди. Манглайини муздек ерга босиб, бутун вужуди тупроқ бўлиб тўкилди. Қўнғир сочлари ёйилиб, юзини тўсди.

Мана, маърузачининг сеҳрли, жонбахш сўзлари энди унинг шундоқ тепасида янграмоқда. Улар шунчалар яқин-ки, ораларида ҳеч қандай масофа ҳам, тўсиқ ҳам йўқ. Қиз бир оздан сўнг хушини йиғди ва бошини кўтариб, сочлари орасидан маърузачига қаради. Ў-ў-ў! Мана унинг жон-дили билан талпинган инсони! Ахийри қаршисида турибди-я! Эгнидаги костюми ҳам ўша-ўша, охорли оппоқ кўйлаги ҳам, бўйнидаги боғичи ҳам ўша-ўша. Гўё орадан йиллар ўтмагандек. Кўзлари-чи?!

Қиз маърузачининг кўзларига боқиш учун ўрнидан турди. Бироқ мажоли етмай гандираклаб, ўтириб қолди. Сўнг ўтирган кўйи унинг юзига боқди. Шунда маърузачи жудаям баландлаб кетди. У виқор билан сўзлар, бутун олам унга қулоқ солар, гапларини маъқулларди. Ортидаги уммон эса чексиз осмон билан туташиб, гўё унинг овози чексизлик сари абадий таралиши учун шароит яратиб бераётгандек осуда эди. Маърузачининг кўзлари осмондек тиниқ, нигоҳи уммондек теран. Қиз мана шу кўзлар ичига шўнғигиси, маърузачининг ичига кириб, йўқ бўлиб кетгиси келди. Қани энди бунинг иложи бўлса?! Борлиғи йўқолса-ю, унга сингиб кетса…
Маърузачи сўзларини давом эттираркан, бошини қиз томон бура бошлади. Қиз буни фаҳмлади-ю, дарҳол ерга қараб, юзини яширди. Лекин нега бундай қилганини ўзи ҳам тушунмади. Шунда юраги бетоқат ура кетди. Сўнг яна сабрсизлик билан бошини кўтарди. Ҳайрият, маърузачи қизни кўрмади. У энди бошқа томонга қараб гапирарди.

Қиз унга мастона термилди. Шундай термилди-ки, бу қарашдан қалби ором олиб, ҳузурлана бошлади. Юрагидаги оғриқлар чок-чокидан сўкилиб, барҳам топди. Танаси яйраб, шодлик ва қувончга чулғанди. Юзида табассум барқ ура бошлади. Назарида оёқ-қўллари мумдек эриётгандек… Шунда маърузачининг нигоҳи ўзини қидираётганини англади ва яна юзини яширди. У бундан шундай қувониб кетди-ки, ўрнидан сакраб туриб, сўзловчининг бўйнига осилиб олгиси, “Мана, мен!”, “Мана, мен – сенинг ҳақиқий ошиғинг!” дея баралла айтгиси, қанот чиқариб учгиси, атрофида айланиб-ўргилгиси келди. Аслида эса қимир этмади. Ахир шунча одам кўз ўнгида-я? Йўқ, у ҳеч қачон бундай қилолмайди. Яхшиси, ҳаммасини ичига ютиб, жим ўтиргани маъқул. У бир оздан сўнг яна бошини кўтарди. Ажабо, бу гал маърузачининг юзида андак норозилик ифодаси кўринарди. Недан норози бўлди экан? Унга нима ёқмади?

Маърузачи ҳамон сўзлар, аммо унинг оташин нутқи энди бир оз сокин тортган, кўзлари эса одамларнинг жонсиз суратдек юзларига тикилиб зериккан эди. Ахир қанча вақтдан буён гапирмоқда? Наҳотки, унинг айтганлари ҳеч кимни таъсирлантирмаса? Қаршисида турган қиёфаларнинг бирортасида ҳам маъно йўқ! Ҳеч бири унинг истагини англамаётир. Қаердандир унга маҳтал боқаётган нигоҳ эгасини эса қидириб тополмаётир. Қани у? Ким ўзи у?

Қиз маърузачининг фикрларини уқди ва бошини кўтариб, ундан кўз узмай қараб турди. Шу он маърузачи ҳам уни кўрди. Кўрди-ю, …

Сизнингча, азиз ўқувчи, шу пайт мўжиза юз бериши керакмиди?

Маърузачи қизни кўрди. У шундоқ пойида эди. Қизга қаттиқ тикилди-ю, у билан саломлашгандек бош ирғаб қўйиб, яна нутқида давом этди. Қиздан кўзларини олиб қочди. Бироқ ташқаридан қараганда ҳеч нима содир бўлмагандек, у тик оёқда турса-да, ичдан бўлиниб кетганди. Сўзларидан адаша бошлади. Нутқида тўхтаб-тўхтаб қолди ва беихтиёр қизга кўз ташлади. Қиз эса ҳамон унга термулиб ўтирар, кўзларидан шашқатор ёш оқар, кўз ёшларга ғарқ бўлган вужуди дағ-дағ титрарди.

Маърузачи ортиқ сўзлолмай қолди. Чап қўлидаги жомадонини ерга қўйиб, костюмини ечди. Одамлар эса сеҳр уйқусидан уйғонгандек безовталана бошлади. Маърузачи халойиққа чуқур таъзим қилди ва сўзлари тугаганини айтиб, кетишларига ижозат берди. Одамлар тарқай бошладилар. Маърузачи костюмини назокат билан тахлаб, ўнг елкасига ташлади ва қизга юзланди. Унинг кўзлари шу қадар катта эди-ки, қиз ундаги майда қизил томирчаларни-да аниқ-равшан кўрди. Улар таниш эдилар. Маърузачи қизга қўлини узатди. Қиз кутилмаган бу илтифотдан ҳаяжонланиб, кафтини унинг кафтига қўйди. Шунда ҳар икки танда аллақандай илиқ ва майин оқим пайдо бўлди. Бу оқим бутун томирлар аро югуриб, қалбларни туташтирди. Қиз жилмайди ва нимадир демоқчи бўлди. Аммо айтар сўзини тополмади. Нима ҳам дерди? Ахир ҳамма сўз унда. У ўз номи билан маърузачи.

“Кетдик!” деди у қизнинг қўлидан маҳкам ушлаб. Унинг қарашлари жиддий, мақсади аниқ эди. Уни ўз танлаган йўлидан ҳеч ким, ҳеч нима чалғитолмас, барча тўсиқларни енгиб ўтишга қодир қуввати бор эди. Қиз унинг билагига осилди. Улар қўлтиқлашиб, оломон оқимига монанд қадам ташладилар. Маърузачи қизнинг юрак уришини тинглаб борар, қиз эса унга жим эргашарди. Улар шу кўйи бир мунча вақт юриб, кўприк охирига етиб келдилар. Чап томонда пастга олиб тушувчи кенг зина, ўнг томонда эса кемага элтувчи йўлак бор эди. Улар шу ерда хайрлашишлари керак. Қиз маърузачининг билагини икки қўллаб маҳкам сиқди, бошини елкасига қўйди. Ундан ҳечам ажралгиси келмай, ўпка-гина қилгандек чуқур хўрсинди. Маърузачи тўхтаб, жомадонини ерга қўйди. Костюми елкасидан сирғалиб, жомадонга тушди. У қизни ўзига қаратиб, сочларини меҳр билан силади ва юзидан ўпмоқчи бўлди. Аммо қиз маърузачининг қалин лабларига чап бериб, юзини олиб қочди ва “Бу мумкин эмас!” дея шивирлади. Аммо аслида ўзини унинг бағрига отгиси, бўйнидан қучгиси, исларига тўйиб-тўйиб чўмгиси келганди. У маърузачининг қўлини қўйиб юборди. Маърузачи эса бир нафас сукут билан ерга боқди. Ва шу сукут ичида ҳаммасини яна бир бор ўйлаб кўришга улгурди: йўқ, улар бирга бўлолмайдилар, йўллари бошқа-бошқа. У аллақачон энг тўғри қарорни танлаб бўлган. Ва бу қароридан озишига ҳозиргина бир баҳя қолди. Яхши-ки, бундай бўлмади. Маърузачи ўзини ер қаъридан суғуриб олгандек бўлиб бошини кўтарди ва қизга қаради. Қиз эса аллақачон ундан узоқлашиб бўлган экан. У костюмини елкасига шаҳд билан илди-ю, жомадонини кўтариб, йўлак томон бурилди ва ортига қарамай жўнаб кетди.

Қиз одамларга уриниб-суриниб, афтодаҳол алпозда зинадан пастга туша бошлади. У адоғи йўқдек кўринган пиллапояларни бир-бир босиб, аранг ерга тушди. Ерда ҳамма ўзи билан ўзи овора, у ёқдан бу ёққа чумолидек ғимирлаб ўтар, унга ҳеч ким эътибор бермасди. У зинани айланиб ўтиб, қирғоқ томон юрди. Соҳилда эса унинг эри жажжи қизчасини елкасига опичлаб, ўйнатиб юрарди.

045Qiz yo’lini to’sib turgan so’ngi odamni chetga surdi-da, oldinga o’tib, o’zidan ketdi. Chunki u bor kuch-quvvatini sarflab bo’lgan, ortiq yurishga madori qolmagandi. U muk tushgancha ma’ruzachining poyiga hushsiz yiqildi. Manglayini muzdek yerga bosib, butun vujudi tuproq bo’lib to’kildi. Qo’ng’ir sochlari yoyilib, yuzini to’sdi.

Odinaxon Abdurahimova
MA’RUZACHI


  04Odinaxon Abdurahimova 1986 yil Farg’ona viloyatining Buvayda tumanidagi Sho’rtepa qishlog’ida tug’ilgan. Farg’ona davlat universitetining matematika va informatika fakultetini tamomlagan. Dastlab Uchko’prik Sanoat KHK, keyin Uchko’prik Iqtisodiyot KHKda, so’ng Buvayda tumani 1-umumta’lim maktanbida dars berdi, undan keyin O’zMTDP Buvayda tuman kengashida ishladi. Oilali, uch farzandning onasi.


   U hovliqqancha odamlarni nari surib, yuqoriga ko’tarilardi. Mana, turtinib-surtinib tepaga ham chiqib oldi. Endi u yuzlab, minglab xaloyiq orasidan eson-omon o’tib, yuragi oshiqqan insonni topishi kerak. Qulog’iga uning tovushi eshitila boshladi. Ha! Bu aynan uning tovushi! Qiz ovoz kelgan tomonga qarab intildi. Odamlar biram ko’p-ki, hammasi ilondek vishillaydi, yo’lini to’sadi. Eh! Birdan kimningdir tirsagi biqiniga qattiq sanchilgandek bo’ldi. U biqinini changallab, bir munkaydi-yu, yurishdan to’xtamadi. Hozir og’riqni his qiladigan, o’ylaydigan ahvolda emasdi. Yuragi shunday tez urar, nafasi bo’g’ziga tiqilar, go’yo umrining so’nggi daqiqalarini yashayotgan-u, uni so’ngi bor ko’rib qolishga ulgurish maqsadida shoshilayotgandek edi. Ammo u shunday shoshilinch va tiqilinchda ham o’zi itarib, yuziga norozi o’girilgan odamlarga tabassum ulashar, mayin jilmayib bosh silkir, tinmay kechirim so’rardi. Uning tabassumini ko’rgan har qanday badjahl nusxa ham zumda hovuridan tushib, erib ketar va iljayib yo’l bo’shatardi.

Nihoyat, u yura-yura tanish ovoz kelayotgan joyga yaqinlashdi va olomonni yorib o’tib, oldinga chiqdi. Oldda kaftdek maydon, maydon o’rtasida Ma’ruzachi o’zini o’rab olgan xaloyiqqa qandaydir muhim mavzuda nutq so’zlardi. U shunday berilib gapirardi-ki, hatto tinglovchilar orasidan kimdir otilib chiqib, o’zini uning poyiga tashlab yuborganini ham sezmadi. Ehtimol, sezgandir, biroq buni fikrini bo’lishga arzirli sabab hisoblamadi chog’i, ahamiyat bermadi. Ma’ruzachi duduq edi. Uning tilining uchida kemtigi bor edi. Ammo odamlar uni jon qulog’i bilan tinglar, so’zlariga shu qadar maftun edilar-ki, bu nuqsoni hech kimni chalg’itmasdi. U o’ng qo’lini bir oz yuqoriga ko’tarib olgan, chap qo’lida eski jomadon, boshini goh o’ngga, goh so’lga asta burib, hammaga birdek murojaat qilardi. Shu payt u o’ziga qayerdandir kuchli bir nigoh boqayotganini his qildi. Ma’ruzachi o’sha olovli nigohni qidira boshladi. U endi qarshisidagi yuzlab so’nik nigohlardan farqli ravishda, aynan o’sha yorqin nigoh vujudiga ilohiy quvvat bag’ishlayotganini ro’yi-rost payqagandi.

Qiz yo’lini to’sib turgan so’ngi odamni chetga surdi-da, oldinga o’tib, o’zidan ketdi. Chunki u bor kuch-quvvatini sarflab bo’lgan, ortiq yurishga madori qolmagandi. U muk tushgancha ma’ruzachining poyiga hushsiz yiqildi. Manglayini muzdek yerga bosib, butun vujudi tuproq bo’lib to’kildi. Qo’ng’ir sochlari yoyilib, yuzini to’sdi.

Mana, ma’ruzachining sehrli, jonbaxsh so’zlari endi uning shundoq tepasida yangramoqda. Ular shunchalar yaqin-ki, oralarida hech qanday masofa ham, to’siq ham yo’q. Qiz bir ozdan so’ng xushini yig’di va boshini ko’tarib, sochlari orasidan ma’ruzachiga qaradi. O’-o’-o’! Mana uning jon-dili bilan talpingan insoni! Axiyri qarshisida turibdi-ya! Egnidagi kostyumi ham o’sha-o’sha, oxorli oppoq ko’ylagi ham, bo’ynidagi bog’ichi ham o’sha-o’sha. Go’yo oradan yillar o’tmagandek. Ko’zlari-chi?!

Qiz ma’ruzachining ko’zlariga boqish uchun o’rnidan turdi. Biroq majoli yetmay gandiraklab, o’tirib qoldi. So’ng o’tirgan ko’yi uning yuziga boqdi. Shunda ma’ruzachi judayam balandlab ketdi. U viqor bilan so’zlar, butun olam unga quloq solar, gaplarini ma’qullardi. Ortidagi ummon esa cheksiz osmon bilan tutashib, go’yo uning ovozi cheksizlik sari abadiy taralishi uchun sharoit yaratib berayotgandek osuda edi. Ma’ruzachining ko’zlari osmondek tiniq, nigohi ummondek teran. Qiz mana shu ko’zlar ichiga sho’ng’igisi, ma’ruzachining ichiga kirib, yo’q bo’lib ketgisi keldi. Qani endi buning iloji bo’lsa?! Borlig’i yo’qolsa-yu, unga singib ketsa…
Ma’ruzachi so’zlarini davom ettirarkan, boshini qiz tomon bura boshladi. Qiz buni fahmladi-yu, darhol yerga qarab, yuzini yashirdi. Lekin nega bunday qilganini o’zi ham tushunmadi. Shunda yuragi betoqat ura ketdi. So’ng yana sabrsizlik bilan boshini ko’tardi. Hayriyat, ma’ruzachi qizni ko’rmadi. U endi boshqa tomonga qarab gapirardi.

Qiz unga mastona termildi. Shunday termildi-ki, bu qarashdan qalbi orom olib, huzurlana boshladi. Yuragidagi og’riqlar chok-chokidan so’kilib, barham topdi. Tanasi yayrab, shodlik va quvonchga chulg’andi. Yuzida tabassum barq ura boshladi. Nazarida oyoq-qo’llari mumdek eriyotgandek… Shunda ma’ruzachining nigohi o’zini qidirayotganini angladi va yana yuzini yashirdi. U bundan shunday quvonib ketdi-ki, o’rnidan sakrab turib, so’zlovchining bo’yniga osilib olgisi, “Mana, men!”, “Mana, men – sening haqiqiy oshig’ing!” deya baralla aytgisi, qanot chiqarib uchgisi, atrofida aylanib-o’rgilgisi keldi. Aslida esa qimir etmadi. Axir shuncha odam ko’z o’ngida-ya? Yo’q, u hech qachon bunday qilolmaydi. Yaxshisi, hammasini ichiga yutib, jim o’tirgani ma’qul. U bir ozdan so’ng yana boshini ko’tardi. Ajabo, bu gal ma’ruzachining yuzida andak norozilik ifodasi ko’rinardi. Nedan norozi bo’ldi ekan? Unga nima yoqmadi?

Ma’ruzachi hamon so’zlar, ammo uning otashin nutqi endi bir oz sokin tortgan, ko’zlari esa odamlarning jonsiz suratdek yuzlariga tikilib zerikkan edi. Axir qancha vaqtdan buyon gapirmoqda? Nahotki, uning aytganlari hech kimni ta’sirlantirmasa? Qarshisida turgan qiyofalarning birortasida ham ma’no yo’q! Hech biri uning istagini anglamayotir. Qayerdandir unga mahtal boqayotgan nigoh egasini esa qidirib topolmayotir. Qani u? Kim o’zi u?

Qiz ma’ruzachining fikrlarini uqdi va boshini ko’tarib, undan ko’z uzmay qarab turdi. Shu on ma’ruzachi ham uni ko’rdi. Ko’rdi-yu, …

Sizningcha, aziz o’quvchi, shu payt mo’jiza yuz berishi kerakmidi?

Ma’ruzachi qizni ko’rdi. U shundoq poyida edi. Qizga qattiq tikildi-yu, u bilan salomlashgandek bosh irg’ab qo’yib, yana nutqida davom etdi. Qizdan ko’zlarini olib qochdi. Biroq tashqaridan qaraganda hech nima sodir bo’lmagandek, u tik oyoqda tursa-da, ichdan bo’linib ketgandi. So’zlaridan adasha boshladi. Nutqida to’xtab-to’xtab qoldi va beixtiyor qizga ko’z tashladi. Qiz esa hamon unga termulib o’tirar, ko’zlaridan shashqator yosh oqar, ko’z yoshlarga g’arq bo’lgan vujudi dag’-dag’ titrardi.

Ma’ruzachi ortiq so’zlolmay qoldi. Chap qo’lidagi jomadonini yerga qo’yib, kostyumini yechdi. Odamlar esa sehr uyqusidan uyg’ongandek bezovtalana boshladi. Ma’ruzachi xaloyiqqa chuqur ta’zim qildi va so’zlari tugaganini aytib, ketishlariga ijozat berdi. Odamlar tarqay boshladilar. Ma’ruzachi kostyumini nazokat bilan taxlab, o’ng yelkasiga tashladi va qizga yuzlandi. Uning ko’zlari shu qadar katta edi-ki, qiz undagi mayda qizil tomirchalarni-da aniq-ravshan ko’rdi. Ular tanish edilar. Ma’ruzachi qizga qo’lini uzatdi. Qiz kutilmagan bu iltifotdan hayajonlanib, kaftini uning kaftiga qo’ydi. Shunda har ikki tanda allaqanday iliq va mayin oqim paydo bo’ldi. Bu oqim butun tomirlar aro yugurib, qalblarni tutashtirdi. Qiz jilmaydi va nimadir demoqchi bo’ldi. Ammo aytar so’zini topolmadi. Nima ham derdi? Axir hamma so’z unda. U o’z nomi bilan ma’ruzachi.

“Ketdik!” dedi u qizning qo’lidan mahkam ushlab. Uning qarashlari jiddiy, maqsadi aniq edi. Uni o’z tanlagan yo’lidan hech kim, hech nima chalg’itolmas, barcha to’siqlarni yengib o’tishga qodir quvvati bor edi. Qiz uning bilagiga osildi. Ular qo’ltiqlashib, olomon oqimiga monand qadam tashladilar. Ma’ruzachi qizning yurak urishini tinglab borar, qiz esa unga jim ergashardi. Ular shu ko’yi bir muncha vaqt yurib, ko’prik oxiriga yetib keldilar. Chap tomonda pastga olib tushuvchi keng zina, o’ng tomonda esa kemaga eltuvchi yo’lak bor edi. Ular shu yerda xayrlashishlari kerak. Qiz ma’ruzachining bilagini ikki qo’llab mahkam siqdi, boshini yelkasiga qo’ydi. Undan hecham ajralgisi kelmay, o’pka-gina qilgandek chuqur xo’rsindi. Ma’ruzachi to’xtab, jomadonini yerga qo’ydi. Kostyumi yelkasidan sirg’alib, jomadonga tushdi. U qizni o’ziga qaratib, sochlarini mehr bilan siladi va yuzidan o’pmoqchi bo’ldi. Ammo qiz ma’ruzachining qalin lablariga chap berib, yuzini olib qochdi va “Bu mumkin emas!” deya shivirladi. Ammo aslida o’zini uning bag’riga otgisi, bo’ynidan quchgisi, islariga to’yib-to’yib cho’mgisi kelgandi. U ma’ruzachining qo’lini qo’yib yubordi. Ma’ruzachi esa bir nafas sukut bilan yerga boqdi. Va shu sukut ichida hammasini yana bir bor o’ylab ko’rishga ulgurdi: yo’q, ular birga bo’lolmaydilar, yo’llari boshqa-boshqa. U allaqachon eng to’g’ri qarorni tanlab bo’lgan. Va bu qaroridan ozishiga hozirgina bir bahya qoldi. Yaxshi-ki, bunday bo’lmadi. Ma’ruzachi o’zini yer qa’ridan sug’urib olgandek bo’lib boshini ko’tardi va qizga qaradi. Qiz esa allaqachon undan uzoqlashib bo’lgan ekan. U kostyumini yelkasiga shahd bilan ildi-yu, jomadonini ko’tarib, yo’lak tomon burildi va ortiga qaramay jo’nab ketdi.

Qiz odamlarga urinib-surinib, aftodahol alpozda zinadan pastga tusha boshladi. U adog’i yo’qdek ko’ringan pillapoyalarni bir-bir bosib, arang yerga tushdi. Yerda hamma o’zi bilan o’zi ovora, u yoqdan bu yoqqa chumolidek g’imirlab o’tar, unga hech kim e’tibor bermasdi. U zinani aylanib o’tib, qirg’oq tomon yurdi. Sohilda esa uning eri jajji qizchasini yelkasiga opichlab, o’ynatib yurardi.

04

(Tashriflar: umumiy 51, bugungi 1)

Izoh qoldiring