Shoyim Bo’tayev. Orfey iltijosi xaloskori. Roman-esse

044 Энди унинг аҳволи янаям оғирлашди, қув қув йўталганча қийналиб нафас олар, шундаям хаёлини битириши лозим бўлган юмушлар банд этганди. Сал пал ўзига келган заҳотиёқ қўлига қалам дафтар олиб, беморлик алаҳсирашлари исканжасида ҳали буткул тарк этишга улгурмаган фикрларини қоғозга тушириб қолишга уринарди.

Шойим БЎТАЕВ
ИГОР САВИЦКИЙ ЁХУД
ОРФЕЙ ИЛТИЖОСИ ХАЛОСКОРИ
Роман-эссе


Орфей барча нарсани унутиб, ортига ўгирилди. Эвридиканинг кўланкаси қарийиб ўзи билан ёнма ён бораётганини кўриб қолди. Унга томон қўлларини узатган эди, кўланка борган сайин узоқлашиб, ахийри зулмат ичра ғойиб бўлди.
Овидий.»Эврилишлар» баёнидан.

Бош яланг ва оёқ яланг бир пиёда мусофир Ҳижоз карвони билан Кўфадан келиб бизга қўшилди. Унинг ҳеч нарсаси йўқ эди, лекин виқор билан қадам ташларди.
Туя минган бойлардан бири унга деди: «Эй дарвеш, қаёққа борасан, йўл оғир, йўл машаққатига бардош беролмай ўлиб кетасан, қайт орқангга». Дарвеш унинг гапига қулоқ солмай йўлида давом этаверди. Карвонимиз Наҳлаи Маҳмудга етганида бояги туя минган бой оламдан ўтди. Дарвеш унинг ўлиги тепасига келиб деди: «Мен пиёда юриш машаққатидан ўлмадиму, сен нортуяда юриш роҳатидан ўлдинг!».
Шайх Саъдий

Азим тоғларнинг юксаклигини ерга урмасдан, дашту чўлларни юксакка кўтармоқ керак.
Ўлжас Сулаймонов

03Энди унинг аҳволи янаям оғирлашди, қув қув йўталганча қийналиб нафас олар, шундаям хаёлини битириши лозим бўлган юмушлар банд этганди.
Сал пал ўзига келган заҳотиёқ қўлига қалам дафтар олиб, беморлик алаҳсирашлари исканжасида ҳали буткул тарк этишга улгурмаган фикрларини қоғозга тушириб қолишга уринарди.
Ҳар бир тарихий ашё ва расмлар ҳақида мухтасар маълумотларни адоғига етказиш, газета журналлар буюртмасига кўра ёзган мақолаларини, тузган каталогларини яна бир сидра назардан ўтказиш ташвиши уни безовта қилгани қилган эди.
Шифохона палатаси деразасининг очиқ дарчасидан куз ҳавоси ёмғир ҳидини уфуриб турар, қон босимидан шикояти ошиб тошган беморлар ўзларини қаёққа уришни билишмасди.
Унинг ҳам кўнгли нималардандир булут қоплаган осмон сингари хира, аммо ўзини хотиржам тутишга ҳаракат қилади.
Ҳарқалай безовталанишнинг ҳожати йўқ – сирасини айтганда, у ҳаётда олдига қўйган мақсадига ета олди – энди бу ёғи худодан.
Салкам ўттиз йил орасида йўқолиб кетаётган минглаб тарихий ашёлар, бебаҳо санъат дурдоналарини йиғиб терди, саҳро ўртасида беқиёс музейга асос солди.
У амалга оширган ўз ишининг нечоғли муҳташамлигини, вақти келиб бутун дунёни ҳайратга солишини ўйламас, муҳими, бебаҳо хазинанинг сақланиб қолгани эди.
Гап шундаки, йигирманчи асрнинг дастлабки чорагида импрессионизм, кубофутуризм, фовизм, эксперессионизм, символизм сингари йўналишларда ижод қилувчи авангард рассомлар шўро ҳукумати томонидан шаклбозликда айбланиб, уларнинг энг истеъдодлилари қатағон этилди.
Гуёки «советларнинг порлоқ истиқболини кўролмай», теварак атрофни қуршаб олган қаттол ёғий ноғорасига ўйнаётган бегона мазҳабдагилар каби бу ижодкорлар қўлларида қалам эмас, сеҳрли таёқчалар тутиб, мўъжизалар ярата олиш қурбига эга салоҳиятли кишилар бўлганлиги кейинчалик кескин баҳс мунозаралар оқибатида эътироф этилди ва яна шуни айтиш лозимки, эҳтимол бугунги кунда ҳам бу баҳс мунозараларнинг адоғи кўринмаслиги бежиз эмасдир.
Бу йўналишлардаги ижодкорларнинг асрий анъаналар, ҳар бир халқнинг ўзлиги ва хотира маданияти, умуминсоний ва миллий қадриятларга муносабати сингари масалалар ҳали ҳануз муҳокамадан тушмаслиги назариётшуносларнинг севимли машғулоти бўлгани учун бу борада оғиз кўпиртириш уларга ярашади.
Аммо сўз яратилган ҳақиқий санъат намуналарини(у қайси йўналишда бўлмасин) асраб авайлаб авлодларга етказиш ҳақида кетадиган бўлса, вақт ҳукми ҳар қандай дўнгпешона аллома фикрларидан ҳам адолатлироқ эканлигига ишонмоқ керак.
Биз ўсган маъволарда йигирманчи аср шу каби сабоқлари билан қанчадан қанча бошларни ғўрра қилиб, не не азамат зотларнинг умрига зомин бўлди ва уларнинг аксарияти ўзлари яратиб қўйган мўъжизалар қисматидан бехабар ҳолда дунёдан кўз юмдилар.
Бундай асарлардан қўлига кирита олганини у асраб авайлади, тириклигида ёруғлик кўрмай белгисиз қабрларда унутилиб кетганларнинг номлари кейинчалик шарафланиб, тили ю ирқидан қатъи назар дунёнинг турли чеккаларидаги мухлислар қалбидан жой олишига сабабчи бўлди. «Агар мен ўлсам асло қора тупроқдан ахтарманг, Яшарман аҳли ориф кўнглини мангу макон айлаб» .
Қатор қатор олиймақом мукофотлар, орден медаллар, оломон ҳурмат эътибори, салтанат соҳибларининг эътирофи зирҳ каби онг ва вужудларини қоплаб, ўқўтмас ҳимоя воситасига айлантира олиши учун ўз эътиқодларига қарши боришмагани санъат фидойиларининг ўзларига ўша даврда жуда қимматга тушди.
Сарҳадлари бепоён мамлакатдаги юзлаб нашриётлар, уюшмалар, муассасалар бир хил плакатлар, шиорлар билан банд; тонна тонналаб қоғозлар ҳавога соврилиб бемаъни ишларга сарфланар эди.
Хотин қизларнинг халқаро бирдамлик куни саккизинчи март ҳамда иккинчи жаҳон урушидан сўнг фашизм устидан қозонилган ғалаба куни тўққизинчи май истисно этилганда, халқаро меҳнаткашлар куни биринчи май намойишлари ва еттинчи ноябрь инқилоб тўнтариши куни пойтахт шаҳарлардан тортиб биз ўсган маъволаргача парадлар ўтказилиши канда қилинмас, уроқ болға тамғаси туширилган қизил байроқлар ҳаммаёқни тутиб кетар, айниқса, бундай чоқларда шўро матбуотининг куни туғар, жағи йиртилгунча душманларнинг гўрига ғиштлар қалаб ўзларининг ҳаммадан узиб кетишаётгани билан мақтанишдан чарчашмасди.
Ҳолбуки, барча баландпарвоз шиорлар ўз номидан тарқалаётганига қарамай тобора силласи қуриб бораётган халқ сафсаталару пуч ваъдалар орасида ўзига тааллуқли ҳеч вақо тополмай, барчасига лоқайдона қўл силтаган эди.
Шу сабабли, мустабид ҳокимият унинг онгига ўз ғояларини тантанаворлик орқали сингдиришга қанчалик саъй ҳаракат қилмасин, бари беҳуда эди.
Бунақа байрамлару кераксиз тадбирларга сал пал ҳазил йўсинида чизилган расмлар муаллифлари шубҳа остига олиниши ҳам шундан эди.
Дарвоқе, унинг коллекциясида биринчи май ҳақидаги шундай картина сақланиб қолган; у юрак ютиб бу картинани қандай қўлга киритгани ва сақлаганининг ўзи узоқ тафсилот: қаҳрамон ва персонажларнинг исм шарифларига, картиналарнинг номлари ю маъноларига, воқеалар кечган даврнинг аниқ рақамлари ва ҳаттоки жойларига жиддий эътибор қаратмасликни мазкур битикларимда мақсад қилиб қўймаганим учун мен тафсилотларга тўхталиш эҳтиёжини сезмайман; ҳеч ким томонидан белгилаб қўйилмаган вазифам ўқувчига ишонч ҳурмат тақозосидан воқеалар ва фикрлар силсиласига шунчаки тегиниб ва қўзғатиб ўтиш деб ҳисоблайман – шундай йўл тутмасам, ғиж биж исм шарифлар, жой номлари қуршовида айтар гапимни унутиб қўйишдан ҳайиққанимдан ташқари ҳаммага маълум сўзлардан иқтибос олиб уларни яна такрорлашга ўзимни бурчли сезмайман.
Боз устига ўша маҳаллардаги дўсту душманларнинг чигал кирдикорлари шафқатсизликлари ва адолатсизликларидан ибрат олишга ундаш ниятим ҳам бўлмаганидан, қачонлардир қатағон этилган қурбон яна тирилиб келса, отишга яна ҳукм этардим, деган гапларни эслатиб, дилларни хуфтон қилишдан йироқ юришни афзал кўраман.
Фақат яхшилик ва яна яхшилик, ёмонлик бўлганда ҳам яхшилик дейман.
Узун гапнинг қисқаси, калта ип бойловга етмас, деганларидек, ўшандаги чақириқлар, плакатлар, шиорларнинг сон саноқсиз намуналари биз улғайган маъволарда силга чалинган йигит умрини яшаганича қалашиб ётар, уларни чоп этган, устида ишлаган, йўл кўрсатган, бу бўлади, бу бўлмайди, бу ҳаётга тўғри келмайди қабилидаги бир хил йўсиндаги фикр мулоҳазалари етовида ҳамда икки елкаси ортидан мутассил кузатиб турган мавҳум нигоҳ қутқусида беҳуда тер тўкишган боёқиш заҳматкашларнинг изланишларини уйғониб бораётган онгимиз минг зўрлашгани билан қабул қилмай хаёлан уларни парча парча майдалаб ахлатхоналарга ирғитар эдик.
Сўз билан ифодалаб бўлмас қандайдир муқаддас ҳодисалар узилиб қолгандай бўлаётганидан таранг тортилган камон каби ҳиссиётларимиз ғира шира ишора қилаётгани билан барибир онгларимизга етиб бормаган мавҳумотларнинг нималигини зулмат кўчасида пайпасланган сўқир каби фаҳмлаб олишга беҳуда уринар эдик.
Биз хаёлан қайта қайта ахлатхоналарга итқитаётган нарсалар эса орзу қилинган муаллифлардан тортиб муқаддас китобларгача ман қилингани эвазига сассиқ алафлардек гуркираб еру кўкни қоплаган, катта қурбонликлар устидан юриб ўтганича хиёнаткор ва сотқинлигини хаёлига келтирмаган ҳолда ўзини ҳақиқат ва адолат кўзгуси каби тақдим этганди.
Организм ўзига кераксиз нарсани чиқариб ташлагани каби онг милён йиллик тажрибаларидан сабоқ чиқарган ҳолда ўткинчи сиёсатнинг яловбардорларига айланган сохта санъат намуналарини минг зўрлаган билан қабул қилмасди – унинг остида, туб тубларида бошқача тўлқинлар жилваланиб ётардики, эҳтимол буни ўзини ўзи сақлаб қолиш инстенкти деб аташ тўғри бўлар.
Аммо бу ниҳоясиз ва мутассил оғриқ изтироблар энди энди бошланаётган кезларда ҳам вазиятдан фойдаланиб қолган қанчадан қанча шаввозлар кейинчалик ҳам замон ва макон борасидаги чўпчакларини «улар ўзларини ўзлари жувонмарг қилишди» деган ақлли нақллар билан хулосалаб, ўз ажаллари етиб келмагунча нималар ҳақдадир қилган ижодларининг ҳақиқий санъатга мутлақо алоқаси бўлмаса да, оғиз кўпиртириб юришди.
Улар ўшанда ҳам, кейинчалик ҳам зулматга йўғрилган каби ўзларининг махсус муассасаларида кўзлари тешилгудек бўлиб қанчалик тикилишгани билан на ажи бужи матнлар, на эгри бугри чизиқлар орасидан бирон бир жўяли хато тополмай оворайи сарсон эдилар.
Фикр етмаган жойда қилич қинидан чиқар деганларидек, шунда бу нарсаларнинг бари ғирт бемаъниликдан иборат эканлигини тўрт беш оғизлашиб тасдиқлаб олишар, энг мудҳиши уларнинг шўровий онгдан қандайдир ташқарида юз бераётганини пеш қилишиб хулосалар ясашар, бу жуда шубҳали кўриниб, ўзларини хиёнатдан тиёлмай қолардилар.
Табиат томонидан чексиз саховат кўрсатилиб яратилган бепоён ўрмонлар, тошқин дарёлар, тоғу тошлар чек чегарасиз мамлакат ҳудудларини безаб турар, уни бошдан оёғига бепул кезиб чиқишнинг энг ўнғай йўли эса янги маърифат тарғиботчилиги гуруҳида ўзини кўриш эди.
Шу сабабли ёзувчининг пропагандистдан, шоирнинг лектордан, ашулачининг воиздан, мусаввирнинг фотомухбирдан фарқи йўқдек эди.
Мана шундай олатасир, «бошдин оёқ, оёқдин бошлар чиққан» вазиятда ўзларини дуч келган тўданинг ўртасига урмаган, омманинг бошини кераксиз насиҳатлар билан қотиришни истамаган, иззатталаблик билан ҳар ерлардан соя изламаган, эстетик дидни тобора тўмтоқлаштираётган жаноб шариков чилик лўттибозларидан нечоғли нафратланишларини узлатга чекинган қиёфаларида зуҳурлантириб тургандек кўринган ижодкорлар қиёфасида энг ёвуз душман намоён бўлар эди.
Аслида улар санъатнинг санъатлигидан бўлак даъвони хаёлларига келтирмаган, унинг тамойилларини ҳар нарсадан устун қўйган ажойиб қалбли, беғараз инсонлар эди.
Ожиз томонлари ҳам шунда, ғоят даражада истеъдодликларида эди.
Истеъдодсизлар ўз йўлларини топиб кетишади, истеъдодлиларга ёрдам бериш лозим, деган гап рус инқилобининг кўзгуси деб аталган таниқли граф га тегишли эканлигини кўпчилик эътироф этса да, эстетик диднинг расвоси чиққани учун сохтани ҳақиқийдан, чинни ночиндан ажратиш ғоят мушкул давр – Африка чангалзорларида адашган сайёҳ каби бу вазиятдан қутулмоқчи бўлганлар қурт қумурсқаларга, тишлаб қочар қашқирлару йиртқичларга дуч келишлари аниқ эди. Йиртқичлиги билинмаган йиртқичлар ботинидаги увиллашлар уларнинг мангу тўймас оч нигоҳларида акс этар, теварак атрофга титкилаган ўткир панжа сингари ғазабнок иддаода назар ташлаб изғишгани изғишган эди.
Биз улғайган маъволарда кейинчалик тарқаган гап сўзларга қараганда, ўша маҳалларда ўз уйларида куну тун, туну кун нимани пойлаётганликларини ўзлари ҳам билмаган ҳолда пойлаб, қўрқув исканжасида молихулиё ё тутқаноққа йўлиққанлар, бир қулоч арқон қидириб қолганлар, қон томирларини кесганлар, дарё қаърига ихтиёрий калла ташлаб бадар кетганлар, ҳаттоки, мана келдим, нимаики қилсаларинг қилинглар, деб ўзлари билиб англамаган гуноҳларини бўйниларига олганча маҳбусликни ихтиёрий танлаб, совуқ ўлкалардаги оғир юмушларга жўнатилганлар сон саноқсиз бўлган экан – қўрқув ва ваҳима ўз ўзидан туғилиб, эпидемия каби ёйилар, ундан қочиб қутилмоқликнинг ҳеч иложиси йўқ, қанчалик узлат ва кунжакка чекинган сайин у янаям маҳобатли тус олиб, инсонни эсдан оғдириб қўяр экан.
Биз улғайган маъволарда уларнинг шарафсиз авлодлари, невара чеваралари бировга тегиниб кетишдан ҳайиқаётгандек елка қисганча деворларга кифт тираб ўзларини четдан олиб юришар, хазонрезгилик қисирлашидан ҳам туйқус чўчиб тушганча қўллари билан бошларини пана қилибон ингранаётгандек ғалати товушлар чиқаришар, уларни ўзларига келтириб олишдан душвори бўлмасди – ҳадик, қўрқув, ваҳима умрзоқ қадрият ўлароқ узлуксиз таъқибларни дудама ханжарлар каби яловлантирмоқдан толиқмас эди.
Ўша чоғларда дўзахнинг энг тубларида мудраган қатағон исмли қора от пишқириб чиқиб келишини аксарият зиёлилар ҳис этиб туришгани бежиз бўлмаган, деб ўйлардик дарё бўйида ўтирганча шафаққа қўшилиб чўлғаниб бораётган оқимдан нигоҳ узмай.
Амаллаб чет элларга чиқиб кетиб, орзу умидларини шамолларга совурмаганлари ҳам дарбадарлик ва ватангадолик билан ўз истеъдодларининг бадалини тўлашдан қочиб қутулолмаган эдилар.
Мана шундай оғир ва мураккаб даврда авангард йўналишида, модернизм услубларида ижод қилиш хавфини тасаввур этиш мумкин.
Буни эҳтимол мутлақо бегона бир муҳитга тушиб қолган жонзоднинг ҳимоясиз ва ожизона жовдирашларига қиёслаш жоиздир.
Устига устак шариковчи лўттибозларга янгича йўналишларда ижод қилаётганларнинг санъатида ҳам, ўзларини тутишларида ҳам қандайдир хавф ёғилиб тургандек кўринар эди.
Улар аюҳаннос кўтаришиб, совет санъатида асосий нарса совет воқелиги – бирламчи мазмун, шакл эса кейинги ўринда туришини, бунга амал қилмаганлар душманларнинг малайлари эканликларини уялмай нетмай жар солар эдилар.
Мана шундай аюҳаннослар таъсирида санъат ва адабиётга дахлдор қарорлар чиқа бошлади.
Бу ҳужжатларда, совет санъаткорининг маънавий ахлоқий жиҳатлари, шахси, ижодий йўналишлари сариқ чақа каби аниқ кўрсатиб берилди.
Ўзи шусиз ҳам бошларида таёқ синиб турган бошқача йўналишдаги ижодкорларга бундай қарорлар янаям кўпроқ ғовғалар келтирди, боёқишлар бошларини қаёққа уришни билолмай қолишди.
Бундай англашилмовчиликлар, завол билмас деб таърифланган санъатни сиёсий манфаатлар йўлида қурбон қилиш жуда ғуссали, аламли эди, албатта.
Ўзларича оқилона деб ҳисоблашган таҳлиллару мулоҳазалардан сўнг ҳимоясиз қолган боёқишларнинг ижодига нисбатан формализм – шаклбозлик айби тақалди.
Йигирманчи асрнинг дастлабки чорагида рус маданияти ва санъати шу тариқа жуда катта авлодни бой берди.
Мана, орадан юз йил – бир аср вақт ўтиб, хоки туроби мангулик масканларида тўзиб сочилган кезларда, билгич мутахассислар ва ихлосмандлар қадимшунослар каби улар яратган бебаҳо дурдоналарни заррама зарра йиғиб тиклашга уринишаётгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Қамоқхоналарнинг зах деворлари, мустабидликнинг метин зарблари намозшом чоғи очилган латиф гиёҳнинг бўйи ва тароватидан кунфаякун бўлгани эндиликда илоҳиёт сирларидан пайғом сифатида қалбларга қувонч олиб киради.
Шарафли номлар чекилган заҳматлар, мангуликка дахлдор ҳақиқий асарларнинг қат қатларидан ўзлари ҳақида бонг уриб, хабар беришади.
Давр тақозоси билан тилларда дуодай айланган исмлар эса эндиликда ҳеч кимнинг хоби хотирига келмай, барчасининг бадар кетганини тасдиқлайди.
Гуёки мазмундан буткул холи, нима қилиб, нима қўяётганликларини ўзлари ҳам билмайдилар, шўровий ғоянинг ҳаётбахш куч қудратини ҳис этмай, қандайдир шаклбозлик ўйинлари билан машғул бўладилар, деган сафсаталарнинг хазон янглиғ йўқлик қаърида маҳв бўлиб кетишини асрни қаритган фурсат исботлаб берди.
Йигирманчи аср бўсағасида Европада шакллана бошлаган модернистик йўналишларда, футуризм, авангардизм ғояларида мужассам бўлган шакл масаласи фақат санъатнинг ўзига дахлдор бўлмай, унинг ўзагида жамият ва сиёсатга оид ишоралар ҳам мавжудлигини эслатиб қўйди.
Ҳаттоки, кейинчалик барча миллий қадриятларнинг илдизига болта урган, халқларни тарихий хотирадан мосуво қилиб ягона мафкура туғи остида бирлаштиришга уринган шўро сиёсатининг асоси – социализм, коммунизм ҳам аслида футуристик ғоялар сифатида майдонга чиққан эди.
Бу ғояларнинг яловбардори, хусусан йўлбошчиси чор Россиясини «халқлар турмаси» деб эълон қилган ҳолда озодлик, ҳуррият, тенглик ва порлоқ истиқбол ҳақида лоф қоф урганида ўз занжиридан бўлак йўқотадиган нарсаси бўлмаган миллионлаб ҳимоясиз халқ унинг ортидан умид билан эргашган эди.
Аммо «ҳайвонлар ўз эгаларининг қафасидан чиқиб, ўзларини хўжайин деб ҳис этмоқни истайдилар, лекин улар бу ўйин фақат эгалари янги қафасни қуриб битказгунича ўйлаб чиққан бир ҳийла эканлигини билмайдилар» .
Ўшанда барча орзу умидлари пучга чиқа бошлагач, биз улғайган маъволарда узун ва чигал тарих сабоқларини хотирдан фаромуш айлаганлар бу ҳақда оғиз очмоққа лаб жуфтлаб қатлиомга учраб кетишди, унутмаганлари эса гуёки келажакни тасаввур этмоқчи бўлаётгандек оқликдан қорайиб ётган пахта далаларига ўйчан ва хафаҳол термулишдан ўзгасига ярамадилар.
Чек чегарасиз ўрмонларда қад ростлаётган жамиятнинг коммунал биноси учун дарахт кесиш ҳам уларнинг зиммасига тушган – орзу қилинган янги қиёфа ланъатланган эскисидан кўра минг чандон разилроқ эканлиги бошланғич даврдаги кайфиятларни ўзгартириб тушириб юборган, шундан ҳар нарсанинг ибтидоси соз, дегангага ўхшаш зарбулмасаллар тўқилган, гуёки янгича қарашлар тарафдори бўлишган, аммо амалда жамиятнинг ўзларига қулай ягона шакл шамойили ўзгаришини асло истамаган большавойлар бошқача фикрлар туғдириб қолиши мумкинлигидан хавфсираб энди ундан тезгина юз бурган эдилар.
Аммо барибир, бу йўналишларда санъат меҳроби («Иброҳимдан қолган ул эски дўконни на қилай» )га сиғиниб ҳасрат доғида ўртангандан кўра структуралар, конструкциялар орқали дунё қиёфасини бир хиллик якрангликдан халос этиш мақсадини буткул йўқотиб бўлмади.
Мен тупураман, деган шоирнинг эстетик диди дағал вульгар сўзида эмас, аввало унинг нафрати нимага қаратилгани англанган чоқдан хатти ҳаракатининг маъно мазмуни намоён бўлиши мумкин.
Ягона шаклда қотиб қолиш мазмунга дахл қилмайди.
Дарахт ҳам шаклан ўсгандагина янги мазмун олади – гуллайди, мева тугади.
Кечани кечага улоқтир, бугунни бугунга қолдир.
Бугун эртага кечага айланади ва сени эрта бугунга – яъни, кечага ташлаб кетади.
Руҳониятнинг кўз илғамас кенгликларининг эврилишлари, янгиланишлари, ўзгаришлари, умтилишлари, тўлғонишлари, долғанишлари фонида тобора емирилиб бораётган шахснинг қачонлардир тўзонга айланиб улгурмиш меҳробига бош қўйишларинг, ўткинчи ғояларнинг талвасасида кимлар биландир шамол тегирмонига қарши қилич яланғочлаган диловар рицарь каби курашга чоғланишларинг, васвасаларинг, сўз ўйинларинг, иддаоларинг, молихулиёларинг, қора хаёлларинг, истеҳзоларинг, кинояларинг, оломон олқишларидан сармастланишларинг, бўлган турганинг, ёзган чизганинг, қофия туроқинг барчаси бир чақага қиммат.
Сен йиғаётган бисот арзимаслиги билан шу қадар жирканчки, ҳар чорак асрда қўлига узун дастали супургисини олиб теварак атрофини тозалаб олишга йиғинадиган вақт энг муҳим юмушлари қолиб фаррошлик вазифасини бажаришга мажбур бўлади, пештахта пештахта китоблару тоғ тоғ картиналарни ахлатхона томон супириб бораётиб бундай зерикарли ва шарафсиз ишдан эснаганича ер ютмаган шунча чиқинди қолдирганинг учун шаънингга ланъатлар ўқийди – сирасини айтганда, унинг дағал ва шафқат билмас, аёвсиз супургисига юмуш топиб бериш жонингни ҳалак қилишга арзимайди, шунинг учун беҳуда қалдиратган тилингни ичга ютиб юролмаганингдан надомат чекмоқнинг энди фойдаси йўқ, сукунатингнинг савоби улуғроқ эканлигини, жиллақурса қабрингда тик турган ҳолда тошёрар ҳақоротлар эшитиш бахтсизилигидан холи бўлишни англамоқдан кечикканинг мангу кўргиликларингнинг ибтисодир.
Ундан кўра, сен эртани забт этишга, токи бошқалар ўрнингни эгаллаб олмасдан тезроқ ошиқмоғинг лозим эди. Амманг ё холангнинг юксак лавозимдаги эрининг шолвори почасига тирмашганингдан кўра ошиғич фурсат ўрамларига чирмовиқдек ўралганинг, уни бой бермаганинг афзал эди – кўрмайсанми ахир, серсув анҳор бўйида қисирлашиб қуриган ток занги тоғ ёнбағрида томчилатиб суғоришдан барқ уриб шиғил ҳосилга кирганини.
Сенинг на ложарам вужудинг, на фикру ўйларинг сариқ чақага арзимайди – уларнинг барчаси унутилишга ва ахлат қутиларига улоқтирилишига ўзингни ишонтира олган тақдирингдагина келажакни яратишга қурбинг етади, йўқса чиқиндиларинг орасида бўкиб ётавер – ҳар қанча бошда кўтаргани билан бугунги япроқни дарахт оёқ остига тўшаб эртага гўнгга эврилтиради.
Овозлар нечоғли сарбаланд, куйлар нечоғли сероҳанг бўлмасин, агар у биргина зиндондан чиқаётган бўлса токи зиндон вайрон этилмас экан, қалб қуши озод бўлолмайди; мана сенга муҳит деб, ижодкорга тақдим этилаётган иқлим унинг ҳурмати учун эмаслигини, бунинг остида ҳомийнинг манфаати ва ғаразли нияти ётганини англаб фаҳмлаб етмас экан, охир оқибат энг буюк истеъдод эгалари ҳам забунликка маҳкум этиладилар.
Шакл ўзгармаса ҳеч нима ўзгармайди.
Қулоққа урилаётган якранг оҳанглар, бир қолип(шакл)даги сўзлар охир оқибат тингловчининг асабини еб тугатади ёхуд уни портлашга мажбур қилади, аксарият ҳолларда жиннихонага элтиб тиқади.
«Шакл соядир, маъно – қуёш. Соясиз нур вайронада бўлади».
«Кўриниб турган ожиздир, боғлангандир, забундир. Кўринмаган эса ғоятда кучли ва ғолиб».
«Суратдан кечсангиз, ҳамма жой сиз учун жаннатдир. Шаклни буздинг, барбод қилдингми, ҳамма нарсанинг суратини барбод қилдинг демакдир» .
Неча юз йилликлар ортида қуёшдек балқиб турган Шарқнинг буюк донишмандлари асарларида бу каби фикрлар беҳисоблиги, ҳаттоки ўзликдан кечишдек буюк мақомнинг ўзакларида ҳам шаклга ишоралар ётгани эътиборга олинадиган бўлса, ўзини буюк ислоҳотлар даври сифатида тақдим этаётган йигирманчи асрда бу масаланинг ҳал этилмаслиги ҳамма нарсанинг ўз жойида қотиб қолишига хайрихоҳлик – олдинга қўйилган мақсадларнинг тескариси томонга юриш билан баробар эди.
Шу маънода, санъатдаги бундай қарашлар туб моҳияти билан инқилобий ҳодиса эди.
Дастлаб Италияда ўз манифестларини эълон қилган футуристларнинг теварак атрофида меъморчилик, мусиқа, адабиёт, тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик соҳаларининг дунёдаги энг илғор вакиллари бирлашгани бежиз эмасди.
Улар кейинчалик бу санъат соҳаларининг барчасида инқилобий ўзгаришлар ясадилар.
Дарҳақиқат, кейинчалик бус бутун шаҳарлар, мегаполислар мана шу йўналишдаги меъморчилик маҳсули ўлароқ дунё қиёфасини ўзгартириб юборди.
Ижодкор – ўзи бир дунё, мутлақо феноменал ҳодиса, унинг ички имкониятлари худо томонидан туҳфа этилган.
Унинг дунёни илғаш жараёни ҳам бошқача йўсинда кечади.
Шундай экан, унга кўрсатма бериб бошқаришга ҳеч ким ҳақли эмаслиги, у инсониятнинг мухтор вакили, ўз халқининг гувоҳномаси эканлигини эътироф этган мамлакатларда ўша вақтларда янгича йўналишдаги санъат турлари шу даражада ривожланиб кетдики, энди у эъзозли ҳилқат – инсон шаънидан буюкроқ ва улуғворроқ қадриятнинг ўзи бўлмаслигини таъкидлай бошлади.
Мутассил янгиланишда, эврилишда бўлмиш коинот, камалак ранглар жилоси, еру кўкнинг сир синоати – барча ҳодисалар инсоннинг ўзида мужассам эканлигини бизнинг улуғ боболаримиз сингари улар ҳам санъатнинг турли лаҳжаларида айтишга журъат этишди.
Шу тариқа янги янги мусиқий асбоблар, тасвирий санъат технологиялари, меъморчилик мўъжизалари, сўз санъатининг беқиёс имкониятлари ўзини намоён этди, коинот билан инсон ўртасидаги сарҳадларни нигоҳ илғай бошлади.
Бу ҳаракат барибир ўзини исботлай олди, шу туфайли наинки дунёга қараш, балки дунё қиёфаси ҳам ўзгарди.
Бошқаларни қўя турайлик, эндиликда бутун дунё мусулмонлари муқаддас ҳаж сафарига борадиган мамлакат ифтихори, Каъбанинг ёнгинасида кўкка бўй чўзган дунёдаги энг баланд осмонўпар бинонинг меъморий ечими постмодеризм услубида эканлигининг ўзини эслаш кифоя.
Эндиликда буюм ва нарсаларнинг структураси ўзини ўзи инкишоф этиши, уни ягона қолипга солиш аҳмоқона эканлигини эсини таниётган бола ҳам билади.
Бу ўша маҳалларда «чопаётган жойидан тўхтатилган авангард»нинг тантанаси ҳисобланади.
Аммо бу ҳақиқат нечоғли улкан йўқотишлар, қурбонлар эвазига келгани тасаввур этиладиган бўлса, лўттибоз замонасозларнинг безарардек кўринадиган хатти ҳаракатлари қанчалик ҳалокатли оқибатларга олиб келиши аён бўлади.
Разолат чўққисига чиққан мана шу мураккаб жараёнда муқаддас китобларда эслатилганидек, бир халоскор пайдо бўлди.
Жавонмардлик қиссаларида битилганидек, бир шери майдон ўртага чиқди.
У ўзи яратувчи ижодкор бўла туриб, ҳеч қачон кўрмаган, таниб билмаган, хаёлига ҳам келтирмаган авлод картиналарини ва соҳилларидан чекиниб бораётган денгиз бўйида саҳро инжиқликларига дош бериб яшаётган халқ руҳияти акс этган ноёб ашёларни сақлаб қолишга бел боғлади.
Яратувчанлик инсонга хос буюк фазилат эканлигини эътироф этган ҳолда қайд этиш лозимки, зарурат туғилганда сақлаб қолиш учун фидойиликдан ташқари бағрикенглик, чин муҳаббат ҳам жуда зарурдир.
Биз ўсган маъволарда муқаддас китоблар йўқ қилинганини шивирлаб ҳам айтиб бўлмай қолган чоқларда, тоғ қоясига ўйиб ишланган ҳайкал қупорилиб тушиб оёқ остида сочилиб ётган майда тошларни кўрганимизда, ноёб ашёларни дуч келган авбош қўлтиқ қўнжига тиқиб чакана бозорларда санқиганича харидор излаб юрганини эшитганимизда бунга амин бўлгандик.
Археологик изланишлар, антропологик таққослошлар муаррихларнинг Киев шаҳри дастлаб турмуш тарзи кўчманчиликка асосланган туркий қавмларнинг даҳмалари бўлган, улар қабрларни мангу макон сифатида ҳашаматли қилиб қуришган, бу дунёдаги ҳаётни эса ўткинчи деб билишган, деган хулосага келишларига туртки берган эди.
У мана шу шаҳарда, ҳуқуқшунос оиласида туғилди.
Оила аъзолари гўзалликнинг қадрига етадиган закий ва донишманд кишилар эди.
Бобоси ўз илмий мактабини яратган таниқли славяншунос профессор бўлса, бувиси тасвирий санъатга ошуфта аёл эди.
Ота онаси тез тез Европанинг турли мамлакатларига бориб у ердаги санъатдаги янгиликлардан хабардор бўлиб қайтишар, ўз юртларида ҳам шундай янгиланишлар, юксалишлар, эркин қарашлар юзага келишини орзу қилишарди.
Француз гувернантка сидан у кўп нарсаларни, жумладан, француз тилини ҳам яхши ўзлаштирганди. Шу сабабли, бу тилда болалик чоғларидан бемалол сўзлаша оларди.
Хуллас, қондан қонга ўтиб келаётган аристократларга хос одатлар, намунали тарбия унинг истиқболи порлоқлигини таъминлаб беришга кифоя эди.
Аммо бу пайтда «Европа бўйлаб оралаб юрган бир шарпа» реал кучга айланиб, ўз ғояси косасига сиғмаган барча нарсани инкор этарди.
Бу ҳол оилани пароканда этди.
Қандайдир тушуниб бўлмас асабийлик бошланди.
Айниқса, профессор бобога юз бераётган ҳодисаларнинг барчаси бегона, кўз ўнгида топталаётган қадриятлар, оёқости қилинаётган маданият туфайли унинг фиғони кўкка ўрлар, саводсизлик ва шунинг асносида дидсизлик савиясизликнинг авж олаётганига лоқайд қараб туролмас эди.
Уни теварак атрофни қуршаган, қандайдир бир имога маҳтал турган қўпол ва саводсиз, меҳр шафқатсиз одамларнинг тўсатдан қаердан пайдо бўлиб қолгани ажаблантирар, наҳотки тақдир қисматимиз мана шу мутаҳҳамлар қўлида қолган бўлса, деб ўзини ўзи хуноб қилар эди.
Буви эса эс борида этак йиғиштириб, Европага кетиб юборишни тарғиб қилар, мана кўрасиз ҳали буларнинг дастидан ҳеч қанақа муқаддас нарсанинг ўзи қолмайди, деб эрта ю кеч тасаввур қилаётганларидан қўрқиб ваҳимага тушганича бир жойда ўтиролмасди.
Оила муҳитида азалий эъзозлаб келинган аристократларга хос тутумларга илгарилари ҳамма ҳавас билан қараган бўлса, энди қўл меҳнатидан бошқасига беписанд қараб қорин ғамидан ўзга дарди бўлмаган, ёлғон ва диёнатсизликни эътиқодига айлантирган тўдаларнинг танқид манбаига айланди.
Ахийри бўлмади, у беш ёшга тўлганда оиласи Москвага кўчиб келди.
Мана шу ерда бувисининг таъсирида у тасвирий санъатга қизиқди, устозларидан илк сабоқларни олди.
Кейинчалик бувиси хориждан унга машғулотлари учун зарурий ашёларни жўнатиб турди.
Дунё тасвирий санъати ва қорақалпоқ халқи тарихи фидойиси сифатида номи дилларда фахр уйғотиб, ўзи эса якка ёлғиз кимсасиз бу дунёни тарк этиб кетганидан сўнг орадан йиллар ўтиб таниш билишлари унинг хотирасини ёдга олишганида, кечки овқат маҳали дид билан безалган столга таклиф қилинганида у энтикиб, болалиги ёдига тушганиданми кўзлари аллақандай ёлқинланганича чеҳраси ёришиб, индамаслиги йўқолиб сўзамол бўлиб кетишини афсона сўзлаётгандек айтиб беришарди.
Зеро, у ҳақиқатан ҳам афсонабоп инсон эди, у ҳақдаги ҳар қандай мулоҳаза фикр афсонага эврилибгина ўзини оқларди.
Аммо қисмат унга аждодларига хос серҳашам ҳаётни раво кўрмади, ҳақирларнинг ҳақири каби ўзини ўйламай дарвишона ҳолда бутун умрини «чопиб бораётган жойида тўхтатилган авангард»нинг намуналарини йиғишга бахшида этди, насаби улуғлиги эса мана шу фидойилигида ўз аксини топди.
Дунёдаги барча инсон зотига хос бўлган оила қуриб бахтли саодатли ҳаёт кечириш, уй жой, мансаб мартаба каби орзу умидларни у шу йўлда таввакалчи ахийлар каби бой берди.
Унинг ҳаёти билан шуғулланиб анча мунча манбаларни титкилаб чиқишга муяссар бўлганларнинг кейинчалик ёзишларича, ўтмиши шубҳали оиладан чиққанлигини хаспўшлаш ва ўзининг ҳам пролетариатга мансублигини кўрсатиш учун у электрчи, полиграфчи каби ҳар қандай қора қўл бажара олиши мумкин бўлган ишларни ҳам қилди.
Шундан сўнггина Москвадаги рассомчилик институтига ўқишга кириб ўз орзусини ошкор этишга муяссар бўлди.
Касаллиги туфайли армиядан қолдирилди.
«Қасамёд бўйича, қонунлар доирасида, муқаддас байроқ остида ҳаракат қилаётган мустабид подшодан ҳам даҳшатлироқ душман бўлмас» лигини исботлаган йигирманчи асрнинг икки шафқатсиз Калигуласидан бири шу чоққача энг фикрловчи бўғинини қатағондан ўтказган, каторгаларда қон қақшатган, очлик ва қўрқув исканжасида сақлаган халқ олдига чиқиб унга «биродарларим, сингилларим» дея мурожаат қилиб ўзи юз бурган ўтмишнинг қаҳрамонларидан илоҳомланишга даъват этган бўлса; иккинчиси Бовариянинг юксак тоғлари бағридаги қароргоҳида ялангоёқ ва ёввойилар мамлакатини яшин тезлигида босиб олиш режаси оқсаётганидан ўзини қўярга жой тополмас, шундаям теварак атрофини қуршаган ялтоқи хушомадгўлари уни миллат келажагини таъминловчи беқиёс сиёсатчи эканлигига ишонтириб, сараланган қўшинларнинг фронтдаги аҳволини сир тутишга уринишарди.
Шўролар тузумининг ўттизинчи йилларда бошига солган кўргиликларини унутмаган Украинада фашистлар озодлик эчилари каби кутиб олинди.
Аммо бу озодлик шу заминда истиқомат қилаёган яҳудийларга жуда қимматга тушди. Уларни ялпи қириш бошланди – бу қадим миллат вакилларини фашистлар ўзларига ўзлари қабр қазишга мажбур қилди, газ камераларига тиқди – ўн минглаб аёллар, кексалар, болалар гуноҳлари нима эканлигини ўзлари ҳам билмай бу дунё билан видолашишди.
Иккинчи жаҳон урушининг ана шундай қизғин палласида Москвадаги рассомчилик институти Самарқанда кўчирилди.
Бу чоқда мусаввирлик ишига унинг анча мунча қўли келиб қолган, устига устак тасаввурини афсоналардаги каби забт этган шаҳарга бориб ўқиш юрагини ҳаяжонлантириб, ҳаприқтирарди.
Бундан ташқари томирида оқаётган яҳудий қони уни мутаассиблар сиёсатининг марказларидан узоқроқ юришга даъват этаётгандек бўларди.
Ғалати томони шунда эдики, бутун инсониятга қарши кўз кўриб қулоқ эшитмаган жиноятларни амалга ошираётган фашизм ҳам худди коммунизм сингари футуристик ғоя сифатида майдонга чиққан – ҳар қайсиси «қаршимиздан чиқиб келаётган янги авлод бизни ахлатхонага итқитмасдан ўз вазифамизни адо этайлик» деган шошқалоқлик билан инсоният келажагини яратиш даъвосини қилишарди.
Оёқ остидагини тепиб, ақидапарастликни инкор этган ҳолда янги ақидаларни кўкартирар ва уларга сиғинишни талаб қилган ҳолда, эскисидан ҳам кўра кучлироқ ва хавфлироқ ақидапарастликни тарғиб этарди.
Ғоялар ўртасидаги бу шафқатсиз кураш жабрини одатдагидек халқ чекмоқда эди.
У ўзи бораётган Самарқанд шаҳрида соҳибқирон қабри очилганини, унинг руҳини безовта қилиш яхшиликка олиб келмаслиги ҳақидаги гап сўзларни ҳам эшитганди.
Қабр очилишининг эртаси куниёқ бу мудҳиш урушнинг бошланишини кўпчилик тасодиф деб ҳисоблаётган бўлса да, у бу ерда қандайдир сирли қонуният мавжудлигини қалбининг туб тубидан ҳис этиб, шунга ишонарди.
Нимаики бўлмасин, Ўрта Осиёнинг қадимий маданияти, миниатюра санъати, меъморчилиги, археологияси билан яқиндан танишиш имкони туғилганидан ўзига сиғмас, тизгинсиз хаёллари сарҳадсиз сирли маъволар сари олиб қочарди.
Бу вақтга келиб гарчи шаҳар афсонавийлиги тўла тўкис сақланиб қолмаган бўлса да, маданий муҳитнинг илдизларини руҳан илғаб олиш қийин эмасди.
Бир замонлар бутун дунёдан ҳунармандлар, усталар келиб ўз санъатларини намоён қилишган ўлкада қандайдир руҳан чўккан одамларни учратганда, у ўйга толар, дунёга довруқ солган улуғ зотларнинг авлодлари бу аҳволга тушиб қолганига уруш туфайли юзага келган оғирчиликлар сабаб бўлаётгандир, деб мулоҳаза юритарди.
Нимаики бўлмасин, ҳар қандай шароитда ҳам бу одамларнинг қалби очиқлиги, самимийлиги, меҳмондўст ва бағри кенглиги ўша олис замонларнинг эпкини янглиғ кўнгилни яйратарди.
Қалби қайноқ бўлғуси мусаввирни, айниқса, бу ердаги камалак рангларнинг жилоси, фактура ва қиёфалар, такрорланмас ўзига хослик ҳаяжонга соларди.
Инсониятнинг таҳликали ғовғаларига парво қилмай ўзининг абадий ҳаракатида бўлган қуёшнинг чиқиши, ботиши, булутчалар гирдини қуршаган ранглар, олланган шафақ – бари бари унинг учун битмас туганмас илҳом манбаи эди.
Унинг қалбида шукуҳли хотира бўлиб муҳрланган Самарқанд умрини Ўрта Осиё билан боғлашига йўл очди.
У ёрқин ва саховатли қуёш нурлари ҳеч қачон тушмайдиган, бўйнида вишиллаб турган илонлар осилган Цербер таъқибида энди ҳеч ким ҳеч қачон қайтиб чиқолмайдиган мангу зулмат ва ваҳшатга чўмган Аид салтанати каби ҳукм сураётган мустабид тузумда орзу умидлари амалга ошишига ҳеч қачон йўл берилмаслигини, фил оёғи остида мижғиланган бир ҳашарот каби йўқолиб кетиши мумкинлигини жуда яхши англар, қўрқув изтироблари ҳам шундан эди.
Санъатга мутлақо алоқаси бўлмай замонасозлик йўлида яратилаётган нарсаларга ўзини эътиборсиз кўрсатишга қанчалик уринмасин, барибир фойдаси йўқ, кўзи тушдими, бемаза нарса еб қўйгандек қайд қилгиси келиб кетарди.
Энг даҳшатлиси, санъатга қилаётган хиёнатлари етмаётгандек, бунақалар энг истеъдодлиларнинг устига мағзава ағдаришга негадир жуда жуда иштиёқмандлик ва катта ғайрат билан киришишар, тунни тонгга улаганча қанақадир оқ ва қора рўйхатлар тузиб чиқишар, иложи бўлса, бутун дунё тан олиб улгурган классикларнинг асарларини ҳам оммага етиб боришига тўсиқ қўйишга уринишарди.
Ҳақиқий санъат инсонга кўзгу тутиб, унинг кимлигини, қаёққа қараб кетаётганлигини англатади; бировларнинг етовидаги қўлга ўргатилган ҳайвон эмаслигига қайта қайта ишора қилади; ўзи ва жамиятга тааллуқли ҳақли саволларга уни юзма юз қилади.
Бу эса ҳар бир инсоннинг ички «мен»ини сергак торттиради, бунинг асло улар ўйлаган эгоизм билан алоқаси йўқ.
Тўқайга ўт тушса ҳўл қуруқ баравар ёнади, деганларидек, ўзларига ёқмаган истеъдод эгаларини дарровгина душман лагерига ўтказиб юбориб қутулиб қўя қолишдан орланмаган шўро мафкурачиларининг хатти ҳаракатлари унинг қалбини зирқиратиб, тинимсиз изтироб исканжасида ўртаса да, у шундаям барибир, ўша зулмат ва ваҳимага йўғрилган Аид салтанатида ақалли бир марта янграй олган Орфей олтин кифарасининг дилтортар оҳанглари беқиёс кучига ҳаммадан кўп ишонарди.
Агар шундай бўлмаганида, дунё аллақачон бесунақай Ҳеката нинг даҳшатли ва шафқатсиз надимлари, ириллаган итлари пойига ложарам тўшалган бўларди.
У чоқда ёруғлик ва қувонч инмайдиган, эшакоёқли Эмпуснинг ваҳимаси кезган тун қоронғисида сўлғин ёввойи гуллар жон талашган далаларга файз киритишнинг, ғам андуҳ юкидан толган нурсиз ва мангу бахтсиз бемақсад ҳаёт маъноларини англатишнинг илож имкониятларидан инсоният абадий маҳрум бўлган бўларди.
Хайрият, ундай эмас; хайрият, осмон юзини қоплаган булутлар шунчаки булут эмас; хайрият, мутассил аламашунувда бўлган қуёш ва ой ҳам шунчаки эмас – уларнинг ортидаги ертебратар, юлдузчақнатар, булутқувар мангу илоҳий кучлар замин зироат хатти ҳаракатининг тошу тарозисига аҳён аҳёнда бирров назар ташлаб қўйишга фурсат топажаклар – шунда барчаси яна ўз изига тушиб, инсоният оғир ва изтиробли лаҳзаларни ёдидан фаромуш айлаб абадий саодат ва мангу фароғат оғушида ўз бахти сари интилади.
Бугун нозик ингичка, бугун майин юмшоқ ҳодисалар чин мочиннинг қадим донишида акс этганидек, биркунмас биркун барча мустаҳкам ва қудратли нарсалар устидан ғолиб келади, уларни енгади – ниҳолнинг қудрати минг йиллик қаттиқ ва тиғ ўтмас чинорларни қўпоради, муйсафидлар гўдакларга жой ҳозирлайди.
Руҳан эзадиган ва изтиробга соладиган ҳаёт қуршовида қилдек узанган нур зулмат каҳкашонини ларзага солиб унга тубсиз дарз кеткизади.
Москва, айниқса, куз чоғларида қалбида мавҳум ва ёқимли ҳиссиётлар уйғотганини дераза томонга қараганча эслашга ҳаракат қилиб, хаёл суриб ётар экан, у вақтнинг жуда тез ўтиб кетганини, борди ю ўшанда қатъий аҳд қилиб бу шаҳарни тарк этмаганида мана ҳозир афсусланиши мумкинлигини ўйларди.
Унинг қонсиз лабларига ҳорғин жилмайиш югурди.
Кўз очиб юмгунча ўтиб кетган чорак асрдан сўнг қадрдон шаҳрига қайтганида мана шу шифохона уни хаста ҳолда бағрига олди.
Хастаҳол ва ўз умридан мамнун фарзандини бу шаҳар танидими йўқми билмайди, аммо палата деразаси дарчаси орқали уфуриб кирган намиққан ҳиддан у ўз севган фасли кузни таниди.
Бу юртнинг деярли барча ҳақиқий ижодкорлари йилнинг бу сарҳисобига бепарво бўлишмаган.
Куз фаслида мужассамлашган қандайдир ўкинч, ёлғизлик, жудолик, сарсарилик уларнинг қалбида акс этиб, ижодларига кўчгани учун ҳам шарафли бўлишган.
«Арғувон либосин ташлайди ўрмон, Қуриган далада совуқдан нуқра, Тоғларнинг ортига беркинар хира, Қуёш беихтиёр бир боққансимон. Алангалан, камин, бўм бўш кулбамда, Шароб, сен совуқ куз дўсти, ҳамроҳи, Қуй кўксимга шодлик кайфини ҳамда Ғуссанинг бир нафас унутилган оҳин» .
Дераза дарчасидан уфураётган намиққан ҳид ташнаком қилишдан зериккандай ёмғир томчилай бошлади.
Қон босимидан шикоят қилаётганлар енгил нафас олишди.
Ажабо, инсон билан осмон бир бирига нақадар боғлиқ.
Кўп ўтмай тезлашган ёмғир туника томларни тарақлата бошлади, кўлмаклар юзини чимчилаб пуфакчалар ҳосил қилди.
Шилтаи шалаббо дарахтлар тобора узайиб бораётган тун қўриқчилари каби шумшук кўриниш олган эдилар.
Палата деразаларига бир маромда урилаётган совуқ томчилар унинг ўй хаёлларини гоҳо аллалаётгандек бўлса, гоҳо узоқ узоқларга олиб кетарди.
Болалигидан нимжон, касалманд бўлиб ўсган эса да, унинг кўнгли инжа ҳис туйғуларга лиммо лим, шу сабаблими, ўз севгиси учун бутун борлиғини бағишлашга тайёрми йўқлигини қайта қайта изтироб билан ўйлайдиган хаёлпараст эди.
Шарқнинг улуғ донишмандлари қайд этишганидек, бир ёприлиб келиб узоқ ва сурункали давом этадиган хасталикнинг табибу ҳабиби қайда эканлиги уни узоқ узоқ ўйларга толдирар, хаёллари сарҳад билмай кезган чоғларида сабий норасидалигига қайтиб, санъат илоҳаси сас сабарларини илғаётгандек бўларди.
Ўшандаги орзулари ҳақида ўйласа, уларни амалга ошириш имконсизлигидан кўзларига ўз ўзидан ёш қўйилиб келар, бу ҳаётдан изсиз мақсадсиз ўтиб кетиш фикри уни қийнагани қийнаган эди.
У институтда ўқиб юрган чоғида танишган ўзидан олти ёш кичик маҳбубаси унинг қалбини тушунгандек кўринса да, фикр мулоҳазаларини эшитганда ҳайрон қолар, сенга бунақа гапларнинг нима кераги бор, демоқдан ўзини тиёлмасди.
У қалбини қийнаб, изтиробга солган ўйлардан халос бўлиш учун ўзини ишга урди.
Туни билан тонг саҳаргача тинмай нималарнидир қоралар, чизар, аммо тонг отгач тунги туйғуларнинг қандайдир мувваққатлигини, алдамчилигини ҳис этгандек бўларди ю, уларнинг барчасини қайта кўргиси келмай йиртиб ташларди.
«Йўқ, ўйларди у, тун беҳуддуд ёлғизлиги билан мени эзиб ташлайди, ишларни кундузга кўчириш керак».
Кундузги ишда аниқлик, реаллик, маълум мақсад сари интилиш кучли эканлигини туйқусдан англаб қолган чоғидан бошлаб унинг хаёлиги ҳеч кимнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаган бир фикр келиб қолдики, буни қаршисида ҳатто афсонавий Куҳи Қофдаги ажойиб ғаройиб саргузаштлар ҳам хира тортиб қоларди.
Унинг қалби гўзаллик маъбудининг олтин кифараси садоларини илғади.
«Шунда Орфей ўзининг олтин кифарасининг торларини черта кетди, таралган жарангдор товушлар даҳшатли Стикс қирғоқларига чўнг тўлқинлардай уриларди. Орфей ўзининг сеҳрли мусиқаси билан Ҳаронни мафтун этди. У эшкакка суянганча Орфейнинг қўшиқларини тингларди. Орфей мусиқа садолари остида қайиққа тушиб олди. Ҳарон қайиғини қирғоқдан узди да, Стикснинг қоп қора сувлари орқали юргизиб кетди. Ҳарон Орфейни истаган қирғоғига ўтказиб қўйди. Орфей олтин кифарасини чалаётиб, қайиқдан тушди ва ўликлар арвоҳларининг қўрқинчли салтанати бўйлаб ўзининг кифараси товушлари жалб этган арвоҳлар қуршовидаги Аид тахти сари йўналди».
Аммо у мустабидлик қафасидаги гўзалликни қутқариш учун Ҳарондан даҳшатли Стикснинг нариги қирғоғига ўтказиб қўйишни сўраб ўтиришнинг ҳожати бўлмади.
Гап шундаки, йигирманчи асрнинг иккинчи чорагида Хоразм воҳасига бир неча марта археология этнография экспедицияси уюштирилган эди.
Унда иштирок этишган таниқли археолог этнограф олимларнинг асарларида бу ерда қарор топган қадимий давлатчилик илдизлари, шоликорлик, суғорма деҳқончилик азалдан ривожлангани ҳақида археологик топилмалар асосида қизиқарли маълумотлар келтирилган эди.
Шу асно археология этнография экспедициялари натижасида Аёзқалъа, Бозорқалъа, Жонбосқалъа, Тупроққалъа, Қўйқирилган қалъа, Қўрғошинқалъа, Қизилқалъа, Кўзалиқир, Тешикқалъа сингари ноёб археологик ёдгорликлар тадқиқ этилди.
Ўзига хос маданияти билан ном қозонганини Гекатей, Геродот, Страбон сингари юнон тарихчилари, географлари ҳам эътироф этишган Хоразм қадим замонларда дунёнинг қиёфа манзараси мутлақо ўзгача бўлганини, шунга яраша давлатлараро муносабатлар йўлга қўйилганини, дипломатик алоқаларини қадимги Юнонистон ҳам ўзига тенг билган давлатлар билан олиб борганини исботлар эди.
Дастлабки экспедицияларнинг натижалари самарали бўлгани йирик олимларнинг асарларида ўз аксини топди.
Сирасини айтганда, кўпгина олимлар мана шу изланишлар давомида ном қозонишди.
Уларни дунё эътироф этди.
Эллигинчи йилга келиб Хоразм археология этнография экспедициясининг Қорақалпоғистон сафари уюштириладиган бўлди.
Бу сафарнинг раҳбари таниқли этнограф олима унга устозлик қилган машҳур рассомнинг қайнисинглиси эди.
Шу сабабли, уни таниб билганидан экспедицияга рассомлик қилиш учун таклиф этди.
У бу таклифни бажонидил қабул қилди.
Инсониятнинг қадимги маданияти излари бориб туташадиган қуёшли ўлкада ўтмиш билан бақамти юзлашишни, қумтепалар остидан яна қандай мўъжизалар чиқиб келишини тинимсиз ўйлайверганидан тунлари уйқуси қочиб, борадиган жойининг тарихи билан чуқурроқ танишиш учун тинмай китоб титкиларди.
Ўша маҳалларда бунақа мавзуларда манбалар камёблигига қарамасдан, қомуслар, тарих китобларининг аввалги нашрларини титкилай титкилай билиб олганларига қараганда, унинг борадиган жойи кўпчилик тасаввур қилганидек, қуп қуруқ саҳро ю қумнинг ўзидан иборат маскан эмас, жуда қадим замонлардан аҳоли суғориладиган деҳқончилик билан шуғулланиб, маданий ҳаётнинг илдизларига асос солган экан.
Буни милоддан аввалги бешинчи минг йиллик бошларида Амударё дельтаси ҳамда Орол ва Каспий денгизлари ён атрофларидаги чўлларда яшаган аҳолининг турмуш тарзини ўрганган қадимшунослар далиллар орқали исботлашган экан.
У борадиган ҳозирги Қорақалпоғистон ҳудудида милоддан бурунги олтинчи еттинчи асрларда қадимги давлатчилик марказлари вужудга келгани ҳақида маълумотлар мавжуд бўлиб, қорақалпоқларнинг энг қадимги этногенези мана шу ҳудудларда истиқомат қилишган сак-массагет қабилалари билан боғлиқ экан.
«Эрон шоҳи Кир иккинчи массагетлар юртига Аракс дарёсидан ўтди ва малика Тўмарис қўшинлари томонидан тор мор этилди», деганда тарих фанининг отаси мана шу ҳудудларни назарда тутган экан.
Аракс – бу ҳозирги Амударё. Юнон манбаларида бундан ташқари унинг Окс, Окус деган вариантлари ҳам учрар экан.
«Массагетларнинг кийим кечаклари скифларникига ўхшайди ва турмуш тарзи ҳам ўхшаш.
Улар отда ва пиёда юрадилар.
Одатда, уларнинг қуроллари камон, найза ва жанговар ойболталардан иборат.
Уларнинг ҳамма нарсалари олтин ва мисдан ишланган.
Аммо барча санчиқ, ўқ ва ҳарбий болталарнинг металл қисми мисдан ишланган, бош кийимлари, бел камари олтин билан нақшланган.
Улар отларининг эгар жабдуқларини ҳам усти бошлари каби олтин билан безатадилар.
Темир ва кумушдан ясалган буюмлар уларнинг рўзғорида ишлатилмайди, чунки бу металлар массагетларнинг ерларида умуман учрамайди.
Аммо уларда олтин ва мис жуда кўп» .
Душманнинг бош чаноғидан ясалган косадан май сипқориб, унинг терисидан ясалган тасмани турли безаклар билан безаб ишлатишга моҳир бўлишган саклар йўлбошчилари қазо қилганда қаттиқ қайғуриб, баданларини тиғ билан тилганлар.
Уларни дафн этишаётганида хотинлари, чўрилари, отлари, қурол аслаҳалари, қимматбаҳо буюмларини ҳам қўшиб кўмганлар.
Нариги дунёда ҳам ҳаёт мавжуд деган тасаввурда ҳаттоки озиқ овқатларни ҳам унутмаганлар, идиш товоқларни ҳам қўшиб қўйганлар.
Қабр атрофига тупроқ тортиб, тош билан ўраб қўрғон қурганлар.
Юртига бостириб кирган душман қўшинининг фикрини чалғитиш учун қулоқ бурнини кесиб уларнинг ҳузурига жабрдийда қиёфасида кесилган жойларидан қон оқизиб келган сак қабиласи подачиси Широқ афсонаси эса уни беҳад мафтун этган эди.
Оддий подачи Широқ душманга саҳро қумлари бағрига сувдай сингиб кетган саклар қўшинини топиб беришни ваъда қилиб, ўзи йўл бошлади. Бир ҳафталик йўл юришди, душман навкарларининг кўпчилиги Широққа энди ишонмай қўйган бўлишса да, унинг кесилган қулоқ бурни туфайли ҳамон ортидан эргашиб боришарди. Ахийри, саҳронинг қоқ ўртасига етиб келишди. Широқ шунда бу ердан чиқиб кетиш учун қайси томонга бўлмасин бир ҳафталик йўл эканлигини айтиб, бус бутун қўшин устидан ёлғиз ўзи ғолиб чиққанини, энди барчаси қузғунларга ем бўлишини айтиб қаҳ қаҳ уриб кулди. Ғазабланган душман навкарлари уни тилка пора қилиб ташлашди, аммо ўзлари ҳам сувсизлик ва аёвсиз қуёш тафтига дош беролмай катта талофотлар билан зўр базўр саҳродан чиқиб олиб, изларига қайтиб кетишди.
Ёвга бўй бермас бу юртга турли даврларда кириб келган элатлар маҳаллий қабилалар билан аралашиб кетишган.
Мана шу этник негизда Орол бўйи илк ўрта аср халқлари – пиченеғлар ва ўғузларнинг шаклланиш жараёни кечган, саккизинчи ўнинчи асрларда эса бу муҳитда қорақалпоқлар дунёга бўй кўрсата бошлашган экан.
Улар асосан чорвачилик, балиқ овлаш билан шуғулланишган экан.
У кейинчалик, мана шу заминга қадам босиб, иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демай қум тўзонлари ю игнасанчар изғиринларга дош бериб изланишда давом этди.
Қўйқирилганқалъа, Ойбўғир ва Бурлиқалъа шаҳарлари харобаларини қазиш вақтида топилган қадимги ёзма ёдгорликлар; Қўйқирилганқалъа ва Оқшонхонқалъадаги қадимий тасвирий санъат ва ҳайкалтарошлик намуналари инсониятнинг мукаммаллик сари интилишлари ҳар қандай замонда ҳам мутассил давом этганини, қалбдаги чўғ мангу ловуллаб турганидан далолат берар эди.
Бу ўлкаларда милоддан аввалги даврларда ҳам турли фанлар, жумладан, риёзиёт, ҳандаса соҳалари кенг ривожлангани ва ҳарбий санъат юксак даражага кўтарилганини мураккаб қурилмали қадимий қалъа шаҳарларнинг тархи эслатиб туради.
Пахсали ва ғиштин деворлар, дарвозалар, кўчалар, тўғри ва айланма йўлаклар, ибодатхоналар, мураккаб иншоотлар, шинаклар, буржлар – такомиллашган меъморий ечимлар ҳосиласи ўлароқ қадимшуносларни ҳанузгача ёқа тутамлашга мажбур қилади.
Таваллуди чоғида волидаси тўлғоқ азобини тортаётганида осмон гумбурлаб ваҳмкор чақмоқ чақиши, кучли шамол гувиллаши ва ёмғир шарроси, рутубат қоплаган тоғлару қорайиб кетган осмон барчани қўрқитиб юборганидан исми ҳам ўзи билан туғилган; кексариб рамақ лаҳзалари яқинлашаётганини пайқаганида учқур туясини учириб ҳар ён қочсаям ўз мозори устидан чиқиб қолаверган Қўрқут отани ўз пирлари деб билган жировлар қўбизнинг дилтортар оҳанглари жўрлигида “Алпомис”, “Едиге”, “Қублон”, “Қирқ қиз” каби достонларни, халқ қўшиқларини куйлаб, терма ва тўлғовлар, достонлар яратиб, ўз халқининг қадимий турмуш тарзи, маданиятини сақлаб қолишга интилганликларидан у ҳайратга тушарди.
Халқнинг мухтор вакили сифатидаги бу ижодкорлар ҳақиқий шоир, такрорланмас бастакорлар бўлиб, қўбиздан таралаётган оҳанглар олис олис замонлардан келаётгандек туюлар, дашт навосининг фусункорлиги ва англаб бўлмас барча сир синоати жировларнинг томоқ пардалари ва бармоқ учларида мужассам бўлгандек эди.
У Султон Увайс Бобо, Кечирмас Бобо, Қаландарағ, Норинжон Бобо, Мазлумхон Сулу, Миздакхон, Белеули ёдгорликларини кезиб чиқаркан, қулоқлари остини шу наво тарк этмади.
Давид Ота мақбараси, Ҳаким Ота мақбараси, Аёзқалъа, Тўпроққалъаларда шу навонинг далдаларига суяниб изланишлар олиб борди.
“Айдар-айдар”, “Ярамазон”, “Ҳеужар”, “Ўлен”, “Сенсну”, “Жоқлау” сингари шамолни чақирувчи, турли маросимларда куйланадиган, кўнгилёзар қадимий қўшиқлардан ўз қалбининг кемтикларини тўлдирадиган, изтироб оғриқларига малҳам бўлгулик, ўтаётган умр мазмуни нима эканлигига чорлагувчи шундай кучли оҳангларни илғар эдики, шу чоққача нималарнидир қидириб юрганини энди энди англай бошлагандек эди.
Ҳа, у шундай қилади; ҳа, у шунга буюрилган; ҳа, унинг қадимий оҳанглардан жунбушга келган кўнгли шуни буюрмоқда; ҳа, у бир умр излаган қидирган нарсаси қайда эканлигига ишончи комил – у энди «Бадик”, “Тулапсан” сингари қорақалпоқ халқи оғзаки ижодидаги руҳларни чорлаш айтимлари орқали санъат ва гўзаллик илоҳларини мададга чорлай олади.
Унинг зулмоний зулматга чўлғонмиш онги қабатларини булутли кунда туйқусдан чарақлаган қуёш каби ёриштириб юборган дашт навоси бир маҳаллар Орфей олтин кифарасининг сеҳрли торларидан таралаётган оҳанглар Аид салтанатини донг қотириб қўйгани сингари мустабидлик қўрғони тўсиқларини кунфаякун қилажак; ҳа, шундай бўлажак – қадим халқнинг оғзаки ижодида, термалари ва қўшиқларида, тўлғовлари ва айтимларида, достонларида буларнинг барчасига башорат қилинган; уларга ишонмоқ учун аввало ўзингни англамоқ керак.
Ҳа, шундай бўлажак.
«Орфей кифарасини янгратиб келаркан, Аиднинг мангу бузилмас тахтига яқинлашиб, унинг қаршисида тиз чўкди. У кифараси торларини завқу шавқ билан чертаркан, куйлай кетди. Унинг қўшиғида Эвридикага бўлган пок муҳаббати ва у билан баҳорнинг дилни яйратувчи ёрқин кунларидаги бахт саодатли лаҳзалари акс этарди. Хушбахт онларнинг умри қисқалиги, тезда ўтиб кетгани, Эвридика дунёдан кўз юмиб уни ташлаб кетганининг фироқ армонлари мужассам эди дилтортар қўшиғи сатрларида. Орфей ўзининг қайғу ҳасратини, туйқусдан йўқотган пок севгиси изтиробларини куйга солганди. Унинг қўшиқларини мангу ҳасрат қайғуга ботмиш Аид салтанати жон қулоқ бўлиб тинглар, унинг куйлари барчани сел қилиб юборган, зулмат ўраларидан кўзни қамаштиргувчи нурлар оқиб чиқмоқда эди. Даҳшатли ваҳмкор Аид мангу эгилмас бошини қуйи солганча уни тингларди. Унинг елкасига бош қўйган Персефона ҳам бу қўшиқдан сармаст, кўзларида ғусса ёшлари қалқаётганини пайқамай ўтирарди. Тантал ўзини эзаётган мангу очлик ва абадий ташналикни унутганча қўшиқ сеҳридан жунбушга келганди. Сизиф машаққатли ҳамда бесамар ишини тўхтатиб, тоғ чўққиси томон думалатиб чиқмоқчи бўлган тошининг устига чўкка тушган куйи чуқур ўйга толганди. Данайнинг қизлари ўзларининг тубсиз идишларини фаромуш этишганди. Уч қиёфали баджаҳл маъбуда Ҳеката эса кўз ёшларини ҳеч кимга кўрсатмаслик учун юзини қўллари билан бекитди. Ачиниш нималигини билмаган бераҳм Эриннияларнинг кўзларида ҳам ёш ялтирарди. Орфей қўшиғи даҳшатли Аид салтанатига кутилмаган ҳиссиётлар олиб келганди».
У қум барханлари узра шамол тўзғитган чанг тўзонлар қуршовида дашт навосига қулоқ тутарди.
Бу барханлар остидан туртиб чиқиб турган саксовулнинг чайир танаси кўкка маломат қичқириғи сингари эканлигидан ҳайратга тушарди.
Жинғиллар сояларида ғивирлашган ертешар майда жониворлару ҳашоротларгача қандайдир гувоҳликдан дарак бераётгандек эди.
Бу заминда ҳеч нарса сочилиб ётмайди, барчаси буюк қудрат ҳукми ҳиккасида бардавом ҳаёт қўнғироқларини чалишади.
Шунақа, бунда унинг қалби илғаган садолар онг ости қатламларини ёриштирди.
Узоқ узоқлардаги уч тўрттагина қора уйлардан иборат овулларгача унинг қадами етиб борди.
У ҳеч қаерда ҳеч нарсани сергак нигоҳидан четда қолдирмасди.
Айниқса, қорақалпоқларнинг бағри кенг, эмин эркин, ўз фикрини яшириб бўяб ўтирмасдан тиккасига, очиқ ойдин айтавериши уни тўлқинлантириб юборар, ўзга сайёрадан келиб қолгандек ҳамма нарсага ажабланиб боқарди.
Бу озғин, кўримсиз одамнинг кўзларида чақнаб турган самимият, меҳр муҳаббат, албатта, уларни ҳам лоқайд қолдирмас, теварак атрофларини қуршаган нимаики бўлмасин, барча барчасини унга тушунтиришга, қўлига тутқазиб кўнглини олишга ҳаракат қилишарди.
Чунки, улар бу кишининг ҳеч кимнинг хаёлига келмаган, аммо барча учун жуда керакли бўлган қандайдир жуда муҳим юмушни бажараётганига чин дилдан ишонишарди.
Шу тариқа орадан етти йил ўтиб кетди.
Навбатдаги Хоразм археология этнография экспедицияси ўз ишини тугатди.
Москвага қайтишди.
Аммо у энди на Киев, на Москва ва на бошқа биронта йирик шаҳарда яшай олмаслигини, тақдир қисмати дашт навоси чорловлари билан абадий боғланганини дил дилдан ҳис этар, бу ерга яна қайтиб келишини, ўшанда ҳеч кимга билдирмаган, кўнглини ёрмаган муҳаббати – гўзаллик илоҳаси висолига восил бўлишини фаҳмлаб турарди.
«Мен сенинг салтанатингдаги даҳшатларни кўриш учун эмас, Ҳераклга ўхшаб салтанатинг соқчиси уч бошли ит – Церберни олиб кетиш учун келган эмасман. Мен бу ерга Эвридикамнинг ҳаётини қайтариб бер дея ёлвориш учун келганман. Уни ер юзига, ҳаётга қайтар».
«Уни ер юзига, ҳаётга қайтар».
Кўз ўнгида жамият юз ўгирган авангардизмнинг юзлаб асарлари ҳатто энг машҳур музейлар коллекцияларидан ҳам юлиб олиниб кўчага итқитилаётган, топталаётган, гўзаллик яратувчилари бўлган мусаввирларнинг ҳаёти таъқиб остига тушган даврда унинг илтижо ўтинчи шундай эди.
Маъбуд Аид бир зум ўйга толди да, сўнгра илтижосига жавобан Орфейга деди:»Бўпти, Орфей! Мен Эвридикани сенга қайтариб бераман. Майли, уни тириклик дунёсига олиб чиқ, қуёш ёғдуларидан баҳраманд бўлсин. Аммо бунинг учун менинг бир шартимга риоя қилмоғинг лозим. Сен маъбуд Ҳермеснинг ортидан, сенинг ортингдан эса Эвридика боради. Ёдингда тут, ер ости салтанатидан чиқаётганингда ортингга бурилиб қарамайсан. Қарагудай бўлсанг, шу заҳотиёқ Эвридика сени тарк этади ва умрбод менинг салтанатимда қолиб кетади».
Орфей барчасига рози бўлди.
У ҳам барчасига рози эди.
Энди у қандай бўлмасин, ер устида ўрнатилган Аид салтанатининг сергак нигоҳини шамғалат қилиб инсониятнинг мангу тириклигига хизмат қиладиган гўзалликни қутқариб қолишга бел боғлаганди.
У ўз мактабини яратган лингвист бобосининг бот бот муқаддас каломларни такрорлаганича ўзига ўзига таскин тасалли беришини, шу тариқа ич этини кемириб бораётган жамият буҳронларидан ўзини халос этишга уринишини эсларди.
«Ҳар бир сўраган олар, дерди бобоси, излаган топар, тақиллатганга эшик очилар».
Ҳа, албатта, бунга ишонмоқ керак.
Вақти келиб, зулмоний зулматга чулғанган энг қоронғи пучмоқларга яратган бир нур ато этиб, куч билан ушатиб бўлмас энг заранг тошларни ҳам митти гиёҳнинг қиёқ тили ёриб чиқа олиши илоҳий ишоралар сифатида инсон қалбига таъсир этади – шу чоқдан у ўзида мўъжизалар ярата олишга қодирлик туяди.
Самони кўзлаб юксалтирилган тошқўрғонлар, ер киндигига қадар чуқур кетган зиндонларга бир имо билан тоза ҳаволар уфурилиб, лаҳзада уларни ер юзидан супириб ташлашга муяссарлик ички қудрати ҳам унда мужассам бўлади.
У Москвада, ўзининг ўша машҳур Арбат кўчасидаги квартирасида ўша ўзидан олти ёш кичик маҳбубаси билан яна бир муддат яшади.
Улар бир бирларини тушунишар, аммо ўзини зиёли санаган кўпчилик обивателлар сингари тасвирий санъатдан унча мунча хабардор маҳбубаси ҳам санъат кишисининг ижодий муҳит қайнаган пойтахтда яшашини ёқларди.
Болга ёпишган ари каби ўз манфаати йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиганлар ташкил этган бу муҳит ич ичидан эриб чириб бораётганини, шу сабабли умри қисқа ва ўткинчилигини ақли бовар қилолмас, ҳамма яшаяпти ку, деб умумоқим ҳаёт тарзини маҳбубаси(о, маҳбуба, маҳбуба!) намуна қилиб кўрсатарди.
Шу сабабли, ҳарқанча бош қотириб ўйламасин, айниқса Москвадай пойтахт шаҳарни, айниқса анча мунча одамга насиб этмайдиган Арбат кўчасидаги тап тайёр уй жойни ташлаб кимсасиз саҳро томон боши оққан номаълум ёқларга кетишни тасаввур этолмасди.
«Уни ер юзига, ҳаётга қайтар».
У ўзининг Арбат кўчасидаги квартирасини маҳбубасининг ихтиёрига топширди.
У билан абадул абад видолашди.
Кетди.
Кейинчалик унинг ҳеч кимга насиб этмайдиган юксак аъмоли билан қизиқиб ҳаётидаги майда чуйда тафсилотларгача ўрганиб чиқмоқчи бўлганлар ўшанда у ўз уйидан битта эски жомадон билан чиқиб кетганини айтишарди, жомадон ичида кийим бошлари ва ўзига керакли майда чуйдалар бўлганлигини тусмол қилишарди.
Нимаики бўлмасин, ўшанда у барча гуёки ўзининг порлоқ истиқболи билан юзлашишга ошиққандай интилаётган, маданият ва санъат маркази эканлигини дунё кўз ўнгида даъво қилиб турган кўркам шаҳардан индамайгина кўнгил узди.
Унинг юксак аъмоли билан кейинчалик қизиқиб ҳаётидаги майда чуйда тафсилотларгача ўрганмоқчи бўлганлар ўшанда у қўлида нима кўтариб кетганини қанчалик тусмол қилсалар қилаверишсин, аммо ёшлик чоғларидан бошлаб тоза қон билан томирларида оққан гўзаллик туйғусини бегона муҳитнинг сассиқ алафларига алмашмаслик ғурур ифтихорини олижаноб қалбининг туб тубларида муқаддас туғ каби алангалатиб олиб кетаётгани аниқ эди.
Бу соф инсоний туйғу эса да, ҳали ҳеч кимга маълум бўлмаган ва маълум бўлмайдиган, ниятларингиз билан яшанг, деган шарқона буюк донишу улуғворликка йўғрилмиш музаффарлик белгиси эди.
Айни шу маҳалда кейинчалик чок чокидан сўкилиб пароканда бўлиб кетадиган мустабид империянинг пойтахти сокин уйқусини ер юзида абадий қолишга мустаҳиқ этилган маййит ётган мақбара махсус қоровуллари алмашунивидаги шахдам қадамлар товушигина бузиб турарди, холос.
Бу мақбара қаршисида кундуз кунлари дунёнинг турли чеккаларидан келган минглаб одамлар арвоҳлар салтанатини кўришга қизиққан каби турнақатор навбат кутганча мангу мотамсаро мусиқа садолари остида оҳиста қадам ташлашарди.
Биз ўсган маъволарда эса уни бориб кўриб келганлар баҳор чоғлари бўз тепаликда ер усти ва ер ости сир синоатлари хусусида узундан узоқ беҳуда гурунглар қуришиб, қора тупроқ қурсоғидан чиқариб ташлаяжак иллатлар борасида овоз чиқазмай қизғин тортишишарди.
Дарҳақиқат, «фиваликлар аргосликлар устидан ғалаба қозонгач, Этеока ва ҳалок бўлган бошқа жангчилар шарафига дабдабали дафн маросимлари ўтказдилар, ажнабий қўшинларни Фивага бошлаб келгани учун Полиникни дафн этмасликка қарор қилдилар. Унинг жасади ёввойи ҳайвон ва йиртқич қушлар пора пора қилсин дея Фива деворлари ёнида, очиқ далада қолдирилди. Полиникнинг арвоҳи мангу саргардонликка маҳкум этилган бўлиб, у ўликлар арвоҳи салтанатида орому осойишталик тополмаётганди» .
Туни билан майхоналару ресторанларда тонггача изғиб пойтахт ижодий муҳитини пўртана отаётган денгиз кўпигидек долғалантириб қизғин талашиб тортишганлар эса барчасини буткул унутганча Ҳипнос мугузидан томган шираларга дош беролмай тошдек қотган эдилар.
Ўзларига бино қўйган бошқа бировлари тушларида қофия бўғин санаб қандайдир қурилишлар, улкан бунёдкорликлар ва мангу барқарорликни сатрларга сиғдиролмай оворайи сарсон бўлишарди.
Бироз осойиш топгандек кўринган ижодий муҳитнинг шарпалари изғиган шаҳар кўчаларининг четидаги симёғочлар ва махсус кўтармаларда, биноларнинг пештоқларида қизиллиги ҳали унчалик билинмаётган қизил байроқлар қонталашиб туришарди.
«Байроқ қизил, болалар қизил, Кўча қизил, моллар қизил. Келган моҳи, соллар қизил, Камзул чопон бўлди қизил» .
Биз ўсган маъволарнинг бошига мутассил ёғилаётган ноҳақликлару азиятлардан офтобли диёрда кун кўрмаган жабрдийдалари минг чиранган билан қийқириқ нола ўтмас бетон деворлар пештоқидаги кўзалдар зарҳал ҳарфларга соддадилларча ишониб адолат ва ҳақиқат истаб бу шаҳарда тентиб юрган кезларда у саксовулзору жинғилзор даштлар томон йўлга чиққанди.
«Бу навъ хорлиқ ва зорлиқ била эл билгунча оёғим еткунча кетсам яхши» .
Ўроқ болға белгиси туширилган минглаб қизил байроқлардан, ҳимоясиз халққа заррача меҳру саховати бўлмаган мустабид ҳокимият шиорлари ю чақириқларидан бу кўримсиз одам қалби тубида кўтариб бораётган муқаддас туғ чандон муҳташамроқ ва умрзоқроқ экани ўшанда ҳеч кимнинг хоби хотирига ҳам келмаганди.
Биз ўсган маъволарнинг пана пасқамларида ҳеч ким эшитиб қолмаслиги кафолати билан ривоят қилишларича, ўша чоғларда номларини дунё аҳли билгани билан ҳали ўзимиз бехабар улуғ боболаримизда ана шундай унсиятлар шаклланган экан – дарвеш, жавонмард, сўфий тушунчалари башариятнинг турли лаҳжаларида турлича талқин этилса да, дил бирлиги ягона манзил мароҳил сари ундаб уларга муштараклик касб этар экан.
Тожу тахтидан бир бадавийнинг сарой томида туя излаб юрган маноқиби туфайли воз кечган сўфий , пайғамбар ёшида ер остига кириб кетган тариқатчи , умумоқим интилиб турган маскандан «ул эски дўконни на қилай» дея қўл силташдан ҳайиқмай қалбини яратганга топшириб дашту биёбонга чиқиб кетган шоир ва яна неча неча дарвешлару дарвешвашлар, рицарлару жавонмардлар, ижодкор файласуфлар каби барча бир томонни ўйлаб турган чоғда унинг ҳам бундай кескин қадам ташлаши журъат, муҳаббат, фидокорлик сингари фазилатлардан ташқари катта жасоратни ҳам талаб қиларди.
Жасорат эса ҳеч қачон кейинчалик кўксига тақиладиган юлдуз учун кўрсатилмаслиги бу фазилатнинг абадиятини таъминлашдаги кафолати вазифасини ўтайди.
Шу сабабли, унинг шарафли номи, ибратли ҳаёт йўли, ҳаттоки кимсасизлиги ва ёлғизлиги ҳам чумоли талаганини рўкач қилганча орзу умидларининг сарбаланд маснадларини ярим йўлларда дуч келган майдафуруш атторларга арзимас сариқ чақага сотган, кўзлаган юксак чўққилари нари турсин ақалли пастак дўнгликни ҳам ошиб ўтолмаганлар қалбидаги қолдиқ туйғуларни ғуссага чўлғаб, ҳасад ўтида ёндиради.
Ҳаётнинг адолат тарозиси яна ишга тушади, айниқса санъатда ҳеч қачон ҳақиқат мезонлари бузилмаслиги кераклигини эслатади, ўзидан аввал ижоди ўлиб кетаётганларнинг устидан тупроқ тортади, номи абадиятга чўлғанган заҳматкашларнинг музаффар туғларини мангу юксалтиради, ўша олис яқин сарҳадларда ертебратар, юлдузчақнатар, булутқувар мангу илоҳий кучлар бунга ҳакамлик қилади.
Ўша маҳалларда ўзининг буюклик дағдағдаси ю порлоқ келажаги хомхаёлларига маҳлиёланиб сохта шодлигу бахтиёрлик, зўраки қувончлар уммонига ғарқ бўлиб ётган мамлакатнинг ҳатто энг кўзга кўринган музейларидан ҳам кўчага итқитилган чизгидан тортиб етук асарларгача йиғиб, уларни йўқолиб кетмаслиги ташвиши қаршисида ўзининг ижоди ҳам унинг кўзига кўринмай қолди.
Жуда ёшлик чоғларидан ўз ишини миридан сиригача пухта биладиган уста рассомлар бувисининг назорати остида унга ҳаққоний тарбия беришгани, олий ўқув юртидаги таҳсиллар ва тўплаган тажрибалари бемалол ижод қилиб, пешқадам мусаввирлар даврасида ялло қилиб юришига етарли эди.
Дарвоқе, бу чоқда пойтахтда бастакорлар, ёзувчилар, рассомларнинг турфа дунёқарашларидан тортиб турли туман гуруҳларигача барҳам берилиб, давлат томонидан тузилган уюшмалардаги таъминот масалалари бошқа ташкилотларга қараганда анча мунча устун эди.
Аммо у барибир биркунмас биркун яратиб берилаётган бу шарт шароитлар учун «чопиб бораётган жойида тўхтатилган авангард» сингари жавоб бериш, аравасига тушганнинг қўшиғини айтиб «қусиш» кераклигини савқи табиий ҳис ла пайқаб турар эди.
Шу сабабли, ҳозирча ўз ижодидан ҳам кўра гавҳар зарралари каби сочилган ноёб асарларни йиғиб қўйишни яратган унинг дилига солди.
Тўғрироғи, тоза қалби, соф нияти туфайли бу улуғ юмушга у танланди.
Унинг кўнглига яратган бу юмушни соларкан, мустабид тузумнинг якка ғояси ҳукмронлик қилаётган катта шаҳарлардан, теварак атрофдаги барча нарса ҳодисаларга ҳадик билан қарашга одатланиб қолган ғайир назарлардан четга чиқишга ундади.
Қалбининг туб тубларида, пинҳоний пучмоқларида дашту чўллар ва у ерларда умр кечирувчи инсонларга нисбатан чексиз меҳр муҳаббат ҳисларини жўштирди.
Яратган ўз севган бандасига ҳақиқий туйғуларни раво кўраркан, уни олмос каби шаффофлаштириб, юксалтира олади.
У ўз ниятларини амалга ошириш учун қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган саҳро ўртасидаги шаҳар – Нукусни танлади.
Ўша маҳалларда ҳар қандай жонзод сезгисини ярим йўлда қолдириб кетадиган мафкуравий ҳушёрликнинг тазйиқлари етиб бормаган жойни тассаввур этишнинг ўзи мушкул эса да, эҳтимол ҳамманинг ҳам назари тушавермаслиги, қолаверса, қорақалпоқ халқи тарихининг ҳали очилмаган қўриқ каби бой мероси унинг қатъий қарорга келишига сабаб бўлгандир – зеро, қардош халқ баётларида айтилганидек, «азизим жона галдим, кечдим бу ёна галдим».
Ёмғир тинай демас, туника томларни тарақлатгани тарақлатган, у бу товушларга қулоқ тутганча ўз хаёллари билан банд эди.
Ҳашаматли стол атрофида ҳар бири ўзи бир дунё каби жамулжам оила аъзолари, илк муҳаббати ёдига тушарди.
У севган куз, у ардоқлаган ёмғирлар палата деразаси ортида намоён бўлиб, тўкилаётган япроқларни оёқ остига тўшамоқда эди.
Унинг хаста ўпкасига деразанинг қия очиқ дарчасидан, тирқишларидан кирган ҳаво сурилиб, қув қув йўталтиради, оғир ва намчил қўрғошин булутлар қоплаган осмон юки вужуди ва руҳини эзади.
Келган куни шифокорлар ўпкаси заҳарланганини айтишганда, буни эшитиб у ажабланмади – сабаби ўзига яхши аён.
Археологик топилмани кимёвий йўл билан тозалаш пайтида шошқалоқлик қилди, эҳтиёткорликни унутиб заҳарланиб қолди.
Мана энди бу аҳволга тушиб ўтирибди.
Ҳали олдинда битмаган, битиришга улгурмаган қанчадан қанча чала ишлари турибди, уларни адоғига етказиш истаги кўнглини безовта қилгани қилган.
Ўттиз йилдирки, унинг учун туну кун ўз аҳамиятини йўқотгандек эди.
Ҳукмрон мафкуранинг қуюшқонига сиғмаганидан рад этилган, бепоён мамлакатнинг қайсидир ҳудудларида сочилиб ётган, катта шаҳарларида кўчага улоқтирилган авангард йўналишидаги расмларга, қорақалпоқ халқининг такрорланмас дашт маданиятини акс эттирувчи тарихий ашёларга у қайтадан ҳаёт бахш эта бошлади.
У изланишларда давом этар экан, бу орада ўз асарини қаерга қўйишни билмаган мусаввирлар аста секин мамлакатнинг турли чеккаларидан уни излаб кела бошлашди.
Шарқ донишмандларидан бири, ҳузуримга ишларингизни қўйиб ниятларингиз билан келинг, деган бўлса; инсоннинг барча яхши ёмон, эзгу ёвуз хатти ҳаракатларининг илдизи фикрда эканлигига «икки ирқ аро қалқон ушлаган» бошқа бир мутафаккир эътибор қаратади.
Унинг эзгу мақсади аждодларининг урф удумлари, қадриятлари, бағрикенглик ва самимияти каби ибратли фазилатлари билан бир қаторда асрлар давомида ҳаёт тарзини ҳам ардоқлаб, шунга амал қилган ҳолда турмуш кечириб келаётган қарақалпоқларнинг ҳам кўнгил ойнасида акс этмаслиги мумкин эмасди.
Зеро, илоҳиёт қўл билан ушлаб, кўз билан кўриб бўлмас мўъжизаларни ҳамиша намоён этиб бораверади – уларнинг катта кичиги бўлмайди, юксак тоғларни қулатиб, булутларни қувиш унга писанд бўлмаганидек, қилдеккина ҳисга ҳам катта ҳодиса сифатида қарайди.
Унинг пойтахт шаҳардан бу ерга келишни ҳеч ақлларига сиғдиролмай, бунда бир сир синоат борлигини сўраб суриштирувчилар ҳам топилса да, оддий одамларни бунақа нарсалар ташвишлантирмасди.
Улар даштликларга хос очиқкўнгиллик билан, бу оғамизнинг кимлиги шундоққина юз кўзларидан кўриниб турибди ку, деганларича, тили бошқа бўлса да, дил бир – ўз туғишганларидек қабул қилишарди.
Ана шундай оддий халқ орасидан чиққан қорақалпоқ рассоми унга шу қадар қаттиқ меҳр қўйдики, ёнидан бир қадам ҳам жилмай барча ишларида беғараз ёрдам кўрсатаётганидан катта ишни бажараётганидек ўзида йўқ қувонарди.
«Икки инсон учрашиб, бири иккинчисида ўзини кўриб, бири-бирини англаб, бири-бирини севаркан – бу ҳамиша аломат ҳодиса, эҳтимолки, дунёдаги энг ажойиб мўъжизалардан биттаси» .
Дўст ҳамроҳи у билан бирга саҳро қўйнидаги энг олис овулларгача кетаверар, қўярда қўймай халта хуружунини кўтариб олар, кўзга ташланадиган ноёб буюм ёки ашё чиқиб қолса, эгаси билан гаплашиб берарди.
У ўзига ёққан нарсадан пулни аямасди.
Ёнида пули бўлмаса насияга оларди.
Шу тариқа қорақалпоқ ҳунарманд усталари томонидан яратилган заргарлик, ёғоч ўймакорлиги, каштадўзлик, тўқимачилик буюмларини жуда кўп тўплади.
Уларнинг сон саноғидан баъзан ўзи ҳам адашиб кетса да, аммо қайси расм ва буюмнинг қаерда турганлиги, қай аҳволда эканлигини ёдида сақларди.
Бу ғалати, ҳеч кимга ўхшамаган камсуқум одамни тақдир нима учун гармсел шамоллар изғиган дашту саҳролар томон етаклаганини энди кўпчилик фаҳмлай бошлаган эди.
У маҳалларда совуқ тушдими, поездларда минг минглаб кўча одамлари қишни чиқариб олиш учун иссиқ ўлкалар томон ошиқишарди.
Мободо бетобланиб қолгудек бўлишса, дуч келган касалхона ва поликлиникаларда уларга тегишли шарт шароитлар яратиб берилар – бепоён ва қудратли мамлакат фуқаролари миллати ю ирқидан қатъи назар, тенгҳуқуқлилик деган қоидадан баҳраманд бўлишга ҳақли эдилар.
Борди ю, тасодифий фалокатлардан ўлиб нетиб қолишса, шундагина уларнинг чўнтагида ҳужжати бўлиши кераклиги ёдга тушиб, ундаги манзилга қараб маййит эгаларига жўнатилар эди.
У топган тутганига тасвирий санъатнинг турли намуналарини сотиб олар экан, бебаҳо санъат дурдоналарига ўзи тўлаётган ҳақнинг арзимас эканлигини билиб турар, аммо бўлак имкони йўқ эди.
Шундаям барибир ундан миннатдор бўлишарди.
Ўша маҳалларда уни нурай нурай деб қолган қорақалпоқ халқ амалий санъати музейи биносининг орқа томонидаги каталакдек қоровулхонада ётиб туришини, уруш йилларида совет аскарларига асқотган, қамоқхоналардаги маҳбуслар танини илитган фуфайка совуқ кунларда унинг ҳам эгнидан тушмаслигини кўришганини кўпчилик кейинчалик ҳам эслашарди.
Унинг сиртдан тинч осойишта кўринган уммон тубларидаги долғаниш тўфонлар сингари қалб кечинмалари бир бирига нечоғли қарама қарши ва туғёнли эканлигини ташқи қиёфасидан билиб олишнинг асти иложи бўлмасди.
Беғараз фидойилигига эса бора бора ҳукуматнинг ён босишидан ўзга иложи қолмади, шекилли, унинг раҳбарлигида музей ташкил этилишига рухсат тегди.
Намойиш этилиши мумкин бўлган ашёлар, расмлар залларга қўйилди, қолганлари захирада сақлана бошлади.
Энди уни излаб, унга юкиниб келувчиларнинг сон саноғи йўқ эди.
Ўша маҳалда Қорақалпоғистонда юқори лавозимларнинг бирида ишлаётган фольклоршунос олим унинг саъй ҳаракатларини қўллаб қувватлаб турди, қўлидан келганича ёрдам кўрсатиб ҳукумат томонидан маълум маблағлар ажратишга эришди.
У барча маблағни ўзини пешма пеш излаб келаётган рассомларнинг ишларини, аҳоли қўлидаги ноёб ашёларни сотиб олишга сарфлар, шу сабабли пулга танқислик доимий муаммоси эди.
Нажот истаб келганлар унинг ўзи нажотга муҳтожлигини кўришганида олиб келган нарсаларини насияга ташлаб ёинки текинга бериб кетишар эди.
Шундаям уни истаб келаётганларнинг адоғи кўринмас эди.
«Орфей кифарасини қўлига олиб, торларини оҳиста чертаркан, куйлай кетди. Унинг жозибали қўшиғини бутун табиат мароқ билан тинглар эди. Унинг қўшиғидаги қудрат ва жаранг бутун борлиқни мафтун этган эди. Барча ёввойи ҳайвонларлар ўрмон ва тоғларни тарк этиб, Орфейга томон интилар эди. Уни тингламоқ бўлиб қушлар учиб келишди. Ҳатто дарахтлар ҳам жойларидан силжишиб, уни ўраб олишди. Эман ва тераклар, хушқомат сарвлар, кенг япроқли чинорлар, қарағай ва арчалар теварак атрофда ўрмалашар ва уни тинглардилар. Уларнинг тепасидаги на бир япроқ, на бир бутоқ қимир этарди. Бутун табиат Орфей куйларига маҳлиё бўлганди».
У, айниқса, ёшгина мусаввир йигитнинг тинимсиз сарсон саргардонликлардан сўнг боши оққан томонларга кетиб юбориб вафот этгани воқеасини эшитганида қаттиқ мутаассир бўлганди.
Унинг белгисиз қабри қаердалигини ҳеч ким билмаса да, бу рассом нинг номини картиналари абадий сақлаб, эъзозлайди.
Қанчадан қанча истеъдод эгалари, салоҳиятли инсонларнинг бир бурда нон илинжида ранглари сарғайиб, соғликлари ёмонлашиб, ранг буёқлари ва ишлатган қоғозлари пулини ҳам тополмай дарбадар кетганликлари унинг хаёлидан сира учмайди.
«Қизилқумда пайдо бўлган ноёб санъат дурдоналари» дан у бепоён дашт бағрида дуч келган яна бир хазина – сарчашмаларининг илдизлари жанубий Оролбўйидаги қадимги скиф кўчманчилари – массагет апасиаклар, сармат аланлар ҳамда сўнгги номад лар шарқий печенеғлар, ўғизлар, қипчоқлар, қўнғиротларга бориб тақаладиган, Хоразмнинг ўтроқ маданиятидан таъсирланган қорақалпоқ халқи амалий санъати бўлди.
Юнг гиламдўзлиги, каштачилик, қуроқчилик, заргарлик, темир буюмлар ва тақинчоқлар ясаш, тери ишлаш ва унга кашта тикиш, мато тўқиш, ёғоч ўймакорлиги намуналарини кўрганида мўъжизага дуч келгандек унинг кўзлари чақнаб кетарди.
Халқ амалий санъати тарихидан маълумки, мато буюмлар вақт синовларига дош беролмай кукундек тўзғиб кетади.
Аммо асрлар давомида авлоддан авлодга ўтиб келган каштачилик анъаналари, бошқача ибора билан айтганда, номоддий маданий мерос қадрият сифатида халқ онгидан ҳеч қачон ўчмайди.
Кейинги даврлардаги кийимларда ҳам тўқ ранглар сақланиб қолгани, тўқувчилар кўпинча жигарранг қизил ва жигарранг пушти рангларлардан иборат нафис, босиқ ва шу билан бирга тўйинган гаммани ўз ишлари учун асос қилиб олишгани; қизил, кўк, мовий, яшил каби иссиқ совуқ рангларни чоғиштира бориб, уни безак ечимига умумий бириктириб юборишгани; бўртма гуллар асосан ипда тикилган бўлса, ясси газламалар учун ипак, жун ишлатилгани эса асрий тажрибаларнинг натижасидир.
Қиз болалар, келинлар ва кекса аёллар кийимлари безаклари учун ишлатилган каштачиликда ёшлик, янги ҳаёт, доно кексалик сингари рамзий маънолар мужассам бўлгани эса халқ бадиий тафаккурининг нечоғли теранлигидан далолат беради.
У бу ерда қуроқ тикиш санъатининг ҳам ажойиб намуналарини учратди.
Дарҳақиқат, қуроқ, қийқим, лахтаклардан тикилган матолардаги уйғунлик, ранглар мутаносиблиги ҳар қандай инсон кўнглида шу қадар илиқ кайфият уйғота оладики, бунинг ўрнини ҳеч нарса билан босиб бўлмайди.
Бу эҳтимол инсоннинг табиат томонидан яратилган захираларни эъзозлаб, асраб авайлаш туйғусидир.
Балки бу нон ушоғини кўзга сурган момоларимизнинг тилаклари билан уйғунлашган ҳолдаги асрагувчи дуоларидир.
Жаҳон тарихидан шу нарса аёнки, Европа мамлакатларида ўн саккизинчи асрда хомашё тақчилиги сезила бошлади. Хусусан, асрнинг иккинчи ўн йиллиги бошида Ҳиндистон Англияга шу чоққача ўз пахтасидан етказиб турган рангли матоларни беришдан бош тортди. Бу мамлакатда мануфактуралар тўхтаб қолмаслигининг биргина йўли қуроқ қийқимларда бўлиб қолди. Ўз эркидан маҳрум қулларнинг пахта далаларида эрта ю кеч эгатлардан бош кўтармай, рўзғорини амал тақал тебратувчи арзимаган ҳақ эвазига чеккан заҳматлари энди мустамлакачиларга қадрини ўтказа бошлади. Контрабанда йўли билан баланд нархларда келтирилаётган матоларнинг майда чуйда парча бўлаклари, қуроқ қийқимлар ҳам эъзозланиб, мана шу нарсалардан ҳам кўзқувнатар буюмлар тикилиши урфга кириб кенг тарқалди, ямоқчилик маъносидаги пэчворк бугунги кунда дунёдаги энг зиёли оилалар бекаларининг ҳам севимли машғулотига айлангани тарихининг ғуссали воқеаси эса барчанинг ёдидан кўтарилиб кетди. Эндиликда бу қийқим қуроқлардан турли халқларда тайёрланаётган матоларнинг турфа хиллиги, буюмларнинг сон саноқсизлиги, хона жиҳозларидан тортиб кийим кечакларгача урфга киргани тасаввур этиладиган бўлса, корчалон мануфактурачиларнинг ҳар қандай шароитда ҳам эсанкираб қолмай ўзларига йўл топиб ола билишларига қойил қолмай илож йўқ.
Биз ўсган маъволарда эса қишнинг совуқ кунларида ўртада чувилаётган кўрак(очилмаган кўсак)нинг тугаши, момоларимиз тиккан қуроқ дастурхон атрофида ўтириб қорин тўйғазиш ғами хотираси ҳеч қачон ёдимизни тарк этмасди.
Боёқишлар нон ушоғини нон дебон, мато қийқим лахтагини мато дебон орзу умидларнинг беҳудуд ғам ғуссалари гирдобида умр кечиришди.
Тўкилган ушоқни кекса тут танаси сингари кетмон чопган, ўроқ урган, хашак йиққан ва бошимизни силаган қўллари билан қуроқлар орасидан авайлаб олиб оғизларига солишгани онгимиз тарбиясининг сарчашмалари эди.
Ҳамқавм яқинга меҳр ва ватанпарварликнинг шарафли йўли ҳам парча нон машаққати орқали ўтиши биз ўқиган фанларнинг илк сабоқлари бўлганди.
Шу боис, қуроқ болишга бош қўйишингиз билан ранг баранг тушларингизда уларнинг мунис нигоҳлари гавдаланади – оҳ, моможоним; оҳ, онажонимлаб, улар кафтида тутиб турган ушоқларни тамшанасиз, сиз учун мана шу таъм хотирасидан лаззатлироқ неъмат энди бу дунёда топилмаслигидан ўкинасиз, кекса қўлларни хаёлан ёш оқиб ётган кўзларингизга сурасиз, уларнинг ҳароратини ҳис этасиз – саждага бош қўйганингизда пешонангиздан қадрдон кафтлар тутиб турганини пайқайсиз.
Сизнинг тўкис рўзғорингиз уларнинг қуроқ кўрпа кўрпачалари, болишларидан тикланганини; ризқингиз эса қуроқ дастурхонлардан тўкилган ушоқлардан бутланганини унутолмайсиз.
Уларнинг ип ўтказиб беришни сўраб игна тутиб турган қўлларининг қадоқлари, буришиқлари хаёлингиз кўзгусидан ўтиб ич ичингиз йиғиларга тўлиб кетади ва негадир беихтиёр кўзойнагингизни излаб қолганингизни ўзингиз ҳам сезмайсиз.
Буларнинг бари қуроқ билан боғлиқ ҳиссиётлар бўлса да, аслида ўзлигингиздан келиб чиққан, ўзингизни ўзингизга қайтараётган илоҳиёт сирлари эканлигини ҳам унутмайсиз.
Шу сабабли, сиз бағрикенг ва меҳрибонсиз – улуғлигингизга эса шу сўзларни ёзаётиб амин бўлдим.
Сабр тоқатнинг тубларида жилваланган сариқ ранглар кўз ёшларингизга уйғунлигини пайқаб қоласиз.
Ва дарвешлар сабр тоқати жанда қуроқ тўнларининг тўзиган этакларига тушиб ётганига гувоҳ бўласиз.
«Билгилким, дарвешлар шиори марқаъ ва ҳирқа кийишдир. Агар ҳирқанинг маъноси нимадир, деб сўрасалар, айт: луғавайи маъноси тўннинг парча қисмлари, яъни ямоқ, қуроқдир. Аммо истилоҳда эса фақр аҳли киядиган тебиклари– ёриқлари бор тўнни айтадилар. Аксар дарвешларнинг тўни йиртиқ ва эски, баъзан турли матоларнинг парчаларидан ямаб тикилгани учун уни ҳирқа дейдилар» .
Теварак атрофни бало қазолар, ғаразли ниятлар, ёмон кўзлар қоплаганида қуроқ кийимлар ҳифзи ҳимоя бўлиб эгасини улардан асрайди, дейишарди момоларимиз.
Шунинг учун у қорақалпоқларнинг никоҳ маросимларида гўшанганинг икки ёнига қуроқ тикилишига, келинчак уйига кираверишдаги остона остига қуроқ поёндоз тўшалиши лозимлигига жуда жиддий қарашатишганига гувоҳ бўлди.
Оқ қора, қизил кўк каби контраст рангларнинг рамзий маъно ташиши, поёндоз, чимилдиқ, ёстиқ, хуржун, ойнахалта, ун ва тариқ ёрмаси сақланадиган шанаш деб аталадиган халтачалар, туморлар тикилишида бу ранглардан ташқари ишлатиладиган тўққизтадан нақшлар ҳам унинг эътиборидан четда қолмади.
Эмишки, тўққиз туркий қавмларда муқаддас рақам саналармиш.
Тўққиз тоғора, тўққиз кийим каби тўққизларда ҳам ўша тўққизнинг ҳикмати мужассам эмиш.
Қорақалпоқ бешиги матоларидан тортиб дафн маросимларидаги болишгача қуроқ ишлатилишидан у инсон ҳаётининг туғилишдан бу дунёни тарк этгунгача ўтган йўлни илғарди.
Халқ руҳининг азалий умтилишлари қадимий безаклар, ранглар, рамзлар ва белгиларда шу тариқа жонлананишини ҳис этарди.
Умумбашарий санъат барча халқлар маданиятида муштарак жиҳатлар мавжудлигини намоён этади.
Унинг жамламасидаги ноёб ашёлар бизга мана шулар ҳақида гоҳ ғуссали, гоҳ шодликларга тўлиб тошган узоқ узоқ жавонмардлик қиссаларини суйлайди.
Коинот сир синоатларини еча олган инсон тафаккури оёғи остидаги тупроқнинг ярим газ тубида нелар мужассам эканлигини тасаввур этолмаслиги аламларидан ҳикоя қилади.
Олислардан излаган бахти ёнгинасида нажот истаётгандай жовдираганча термулиб турганини пайқамай ўтиб кетганини кейинчалик англаганлар афсоналаридан сўз очади.
Мен бу ҳиссиётни бир гал, Милан аэропортининг кутиш залида, чап томондаги буфетнинг негадир шифтига яқин жойлаштирилган электорфутуристик кўзгуга жон битиб расмана ойнаи жаҳонга айланганидан ҳайратланганча хаёлан қаршимдаги деворга илиғлиқ қимматбаҳо рамкага солинган авангард йўналишдаги қандайдир расмга чалғиб ўтирганимида ўз бошимдан ўтказгандек бўлгандим.
Умуман олганда, ўтган аср бошида айнан шу шаҳарда уруғ ташланган, ниш урган, кўклаган футуристик йўналишларнинг ранг баранг кўринишлари ҳақида энди бу ерда бемалол ҳар қанча хаёл суриш мумкин эди.
Жамият ҳодисалари, ишлаб чиқариш муносабатлари – барча жараёнларда санъат аталмиш беқиёс гўзалликнинг белгилари мужассам бўлиши орзуси инсониятни қоятошларга сабт этган миххатларида, тошбитикларда, ибтидоий тасвирларда мавжуд бўлганини қалбим тўлқинланганича мулоҳаза қилишга уринаман.
Бир замонлар Рим империяси сари йўл олган хун ҳукмдори отининг туёғи остида мана шу шаҳар топталиб ётганини тасаввуримга сиғдиролмай изтироб чекаман. Томиримда оқаётган қондаги «қилич занги» жунбуш ургандек бўлади.
Бу қитъадан етишиб чиққан ҳукмдорлардан тортиб юлдузсанар сайёҳу юлдузурар тижоратчиларгача биз ўсган маъволарнинг денгиз сатҳидан бир неча минг метр баландликда жойлашган хилват гўшалари томон интилганликлари сабабларини таҳлил этмоқчи бўламан.
Замонавий шаҳарнинг беқиёс меъморий обидалари, бир бирини такрорламаган иморатлари, санъат ва маданият кошоналари, биз ўсган маъволардаги каби пурвиқор чинорлари ва бу дарахтни тирик зотдай эъзозлашлари, кўчаларида бир бирига ўхшамаган автомобиллар оқими, ресторанлари, таомлари, винолари, ер юзининг турли гўшаларидан келишган сайёҳлар – барча барчаси кўз ўнгимдан ўтганича, ўн учинчи асрда яшаган венециялик сайёҳ нинг дунёга машҳур номи ю Шарқдан олган таассуротлари ҳақида ўйлардим.
Ажабланарли жойи шундаки, итальянларнинг ҳар хил кўкатлардан, балиқ ва гўшт маҳсулотларидан, айниқса картошкадан ўзига хос таомлари бисёрлигига қарамай спагетти нинг шуҳрати бошқача, маҳаллий аҳолидан тортиб оддий сайёҳгача уни билмаган одам йўқ.
Ўшанда, ўн учинчи асрда венециялик сайёҳ туғилган юртига қайтаётиб ғоят ёқтириб қолган лағмон толаларининг ўртасидан ингичка ёғоч новдаларини ўтказиб қуритиб олгани ва уларни Европага келтиргач макарон деб ном олгани, асрлар давомида макароннинг юзлаб турлари пайдо бўлгани, бу маҳсулотни ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхоналар шитоб ўсиб бораётган талаб ва эҳтиёжга яраша жадал ривожлангани, макарончи миллионерлар хаёлим кўзгусидан лип лип ўтганча, спагеттининг тарихи ҳақидаги китоблар билан қизиқиб кўрмаганимга афсусланардим.
Ассоциатив равишда ички туйғуларим бир бирига уланганча, икки ҳафта давомида ўзимизнинг ўша эски боғдаги, ўша оддий жайдари шарт шароитдаги, аммо юзи иссиқ, истараси очиқ ҳамюртларим орасида дўстларим билан бир хонтахта теварагида жойлашганча лағмонхўрлик қилишнинг тенгсиз лаззатини туяётгандек тамшаниб қўярдим.
Шу чоқ кутиш залининг ўнг томондаги муҳташам ойнаванд эшиги очилиб бошларига юз йилнинг нарисидаги русумдаги соябонли қора шляпалар қўндиришган, эгниларида ҳам шунга монанд узун қора плашлар кийишган, ёмғирсиз кун бўлишига қарамай ўнг қўлларида аллақачонлар урфдан чиқиб кетган шамсияларининг дастасини ҳасса каби ўйнатганча, чап қўлтиқларига бир хилдаги юпқа қоғоз папкалар қистиришган олти нафар навқирон киши ҳамда айвони кенг заифона шляпаси остидан қоп қора жингалак сочлари тошиб чиққанидан янада лотофатли кўринадиган қора костюм юбкадаги лобар жувон кириб келишди.
Уларнинг қиёфаларида ғоят жиддий, ортга қолдириб бўлмайдиган қандайдир жуда муҳим, долзарб муаммони ечиш заруратидан келиб чиқадиган ошиқиш аломатлари зуҳурланиб турарди.
Олдинда бораётган, юмалоқ оқ юзидаги ингичка мўйлови қандайдир асабий титраб тургандек туюлган жаноб ҳаттоки мен томон бирров ўгирилиб қўйгандек ҳам бўлди, шунда юрагим негадир шиғ этиб кетди – мен уни қаердадир кўргандек эдим.
Нафсиламрини айтганда, қаердадир уни аниқ кўрган эдим.
Уларнинг ўзларини тутишлари, хатти ҳаракатлари, усти бошлари, энг асосийси қиёфалари менга нималарни эслатаётганини туйқусдан фаҳмлаб қолгандек бўлдим – вақт югуриклиги, асрларнинг кўз очиб юмгунчалик фурсатда ўтиб кетиши мумкинлиги акс этарди уларнинг ошиқишларида.
Ҳа, улар чап қўлтиқларига ўз манифестларни қистириб олишган миланлик ўша футуристлар гуруҳи эди.
Сероқим вақт ўрамларида инсоний нописандликлар бир пулга қиммат эканлигини тан олишни истамагандек ҳамон теварак атрофга қиё боқмай илгари интилишарди.
Уларнинг ҳамон бугунги кунни ютқазиб қўйиш ташвишидан ўзга ғамлари йўқдек кўринарди.
Қайларгадир мутассил ошиқишаётгани эса ўз ғояларининг «қартайиб бораётган ер сайёраси» қамровида саноқсиз бошли илондек ўралиб чирмалган сўнгги бўғинларини текширувчи назоратчилардек таассурот ҳам уйғотарди.
Мен ҳам ошиқардим, аммо ортда қолган қадрдон, вужудимга, онгимга сингиб кетган нарсалар томон талпинардим – мажнунтол соч ташлаб турган ўша таниш сой, бахмал қир адирларга кифт тутган тизма тоғлар, бўзтурғайлар навосига чўлғанган ёвшанзор ва шувоқзорлар, сўлим далаларда барқ уриб тонгги шабнамга қадаҳ узатган чечаклар, айвоннинг эски тўсинида инини бутлаётган қалдирғочлар, қадоқ қўлли юзи иссиқ оддий жайдари самимий инсонлар – барча барчаси онгимнинг энг чуқур қатламларида эврилиб менга йўл кўрсатмоқда эди.
Бундай жайдари туйғуларимга истеҳзо ва киноя билан қараганлар башарасига менинг ҳам ўтиб бораётган жаноблар ва лобар хоним сингари тупургим келарди.
Фурсат улар ўйлаганчалик ҳеч қачон мутлақ ҳақиқат сифатида ҳаётни ўз ҳукми ҳиккасига бўйсиндиролмаслигини ҳаттоки чўпон ити фаҳмлаб, золим зулмидан қочиб ғор томон кетишаётган бешовлон ё етовлон биродарга эргашгани ҳам бунга изн бергувчи марҳамат янглиғ эди.
Аммо ҳаттоки лобар хоним ҳам бемалол жазм эта олган бундай иш қўлимдан келмаслигидан бўғриқиб, тупугимни ичга ютганча онам сути ла томиримга оқиб кирган адабдан қизариб кетишдан ўзга илож топмасдим.
Мен шу адабнинг қули эдим – хожамга муҳаббатим ҳирсу ҳавасдан, сукутим нафратдан, андишам қўрқувдан эмаслиги унга нисбатан садоқатимнинг ошиб бориши кафолати эди.
Ўз инида уйқуга кетган, томчи заҳри филни йиқитадиган илондек исфаҳоний қиличим хожамга ташланган ҳар қандай мутаҳҳам назар туфайли қинидан суғурилиб, унинг ҳимоясига ташланар эди – аслида беқиёс куч қудратим ана шу қиличнинг тошкесар тиғида жойлашган, бу менинг қаршимдан ўтиб боришаётган жаноблару лобар хонимга ва шулар каби миллионлаб худпарастларга номаълум сир асрорим эди.
Хожамнинг ибодати қаршисида фурсат сукутга чўмганча, тубларида сариқ ранглар жилваланган куйи кутиб турмоғи лозимлигини садоқатли қўриқчи сифатида ёдига туширишим жоиз экан.
Ҳолбуки, хожамдан ишора кутмасдан табиатга муносабати каби инсоннинг вақтга ҳам зуғум ўтказишга уриниши минг йиллик девордан бузиб олинган қадимий ғиштга кетган меҳнатнинг сарф харажати ғиштнинг ўзидан чандон ошиб кетганчалик нафга эга эмаслигини эслатишдан бошқасига ярамасди.
Мен хожамнинг танбеҳларини ёдда сақлаган куйи киндик қоним томган қора тупроқни ҳар қанча ардоқлашга вақтим бемалоллигидан, уни абадий қучмоққа фурсатим етарлигидан кўнглим қувончларга тўларди.
«Тупроқдан айрилсам қайда қоларман, Маним ёлғиз ёрим қора тупроқдир» .
Ота боболарим ўстирган ҳар бир дарахт, қора тупроқ тақдим этган митти гиёҳ менинг хом сут эмган банда сифатида шоён ўсиб бораётган иззатталаблик, шуҳратпаратлик иддаоларимга; оддий инсоний фазилатларимни аллақачонлар кўмиб юбориб унинг қабри устидан қора чечак ундирган худпарастлигимнинг ўзни қўярга жой тополмаётгандек талвасаланишларига; тобора паторат топаётганидан ийиғи чиқиб кетган шахсий туйғуларимга бепарво бўлишга минг бора ҳақли эканлиги хожамнинг дастлабки сабоғи сифатида калтаксиз миямда жойлашган эди.
Ҳозир эса, эртанинг ташвишида сайёра қамровидаги ҳудудларга ўз ғоялари битилган манифестларни қўлтиқлаб тарқаб кетишаётган жанобларнинг ортидан кузатганча, яқинларим билан дийдорлашиш дақиқаларини хаёлан тасаввур этиб, мураккаб жумбоқларни бармоқ санаб ечишга жаҳд қилгандай ҳисоб китоб қилиб ўтирардим. Ҳаммадан ҳам меҳрибон момом тиккан, кейинчалик йиртиқ жойларига онажоним ямоқ солган қуроқ дастурхон теварагидан жой олган дилбандларим жигарларимни тезроқ кўриш истаги асрларни қаритаётган ғоялар туғилган масканни тезроқ тарк этишга ундаётган эди.
Санъат илоҳасини излаб дашт сари йўл олганига ҳайрон қолган яқинлари дунё таниган европалик рассомлар ижоди, уларнинг услублари, ишлатган ранглари ҳақида мулоҳаза юритиб, гуёки бу юксак чўққилар билан таққосланадиган гўзаллик бўлиши мумкинлигини тасаввурларига сиғдиролмасликларига писанда қилиб, уни ортга қайтаришга уринишарди.
Уларнинг наздида эътибордан четда қолиб кетган, турмуш даражаси ҳам ўзига яраша қандайдир элат орасида фавқулодда нарсаларга эришишдан умидворлик нар шердан сут талаб қилгандай бўлмағур бир гап эди.
Оқибати албатта самарасиз ва афсусланарли бўлиши ҳозирданоқ кўриниб турган бу ишга бел боғлагандан кўра пойтахтнинг ҳар жиҳатдан қулай муҳитида бошқалар қатори ижод қилиб, тезгина муваффақиятларга эришиш мумкинлигини ўзларини унга яқин олиб юрганлар куйиб пишганча тушунтиришлари ҳам ҳеч қандай наф бермади.
Ўшанда у сувга улоқтирилган мўъжизалар калити «кибрити аҳмар» ни топиб олган каби гўзаллик хазинаси тилсимининг бир бўлаги қўлида эканлигини айтгани ҳақида турли туман миш мишлар юради.
Баъзилар бу миш мишларга ҳақиқат тусини беришиб, унга ҳозиргина йўл йўриқ кўрсатиб туришган яқинлари Элдарадо оролига бориб қоладигандек, тилсимнинг иккинчи бўлаги ҳақида кўзларида пинҳоний васваса ёниб сўраб суриштира бошлашганини айтишади.
Аммо қанчалик сўраб суриштиришмасин, бу хазиналар тилсими уларга насиб этмаслиги аниқ экан.
Негаки, халқ руҳияти билан чамбарчас боғланиб кетган ҳодисалар фақат ниятларга қараб ўзини намоён этиши қадим қадимдан исбот талаб қилмайдиган оддий ҳақиқат бўлган экан.
Бошқача айтганда, ҳар қандай миллатнинг аждодлари ҳаёти билан боғлиқ ноёб ашёларни наинки қўлга киритиш, балки уларга бирров назар ташлаш ёинки тегиниб кўришда ҳам аввал таҳорат олиб кейин саждага бош қўймоқ каби илоҳий синоат мавжуд экан.
Аксинча, тамагирлик ва шахсий манфаатлар аралашиб қолгудек бўлса, жонсиз буюм ўч олишни бошларкан.
Шу сабабли, тарихий ноёб ашёларни ўзлаштирганлардан аксариятининг қисмати фожиа билан тугаганига ер юзининг турли жойларидаги бу билан боғлиқ турфа воқеа ҳодисалар гувоҳлик бериб тураркан.
Буни сўз билан тушунтириб бермоқ ғоятда душвор эса да, англамоқ қийин эмаскан.
Дарҳақиқат, барча замонларда энг тубан иллат бўлган очкўзликка нисбатан кўз тўймаслик қарғиши текканлиги чин ҳақиқатдир.
Буни инкор этишга уринишнинг ўзи сўқирликдир.
Тупроқ билан ёпилган коса тубидаги кўз .
Йигирманчи асрнинг иккинчи ярмида Можаристон(Венгрия)даги овлоқ далада бир деҳқон омоч билан ер ҳайдаётиб, қандай дафинага дуч келганини ўзи мутлақо билмаган ҳолда қадимий Рим империясига тааллуқли ниҳоятда ноёб идишлар йиғиндисини топиб олади.
Бу хабарни эшитганингиз заҳотиёқ кўз ўнгингиздан милоднинг бешинчи асри иккинчи палласи ибтидосидаги дунёни ларзага солган сиёсий воқеалар ўта бошлайди.
Христианларнинг олий рутбали руҳонийси ҳузурига бош эгиб келгани боис беҳисоб қўшинини ортга буриб, қайтиб кетган даҳшатли хун ҳукмдори нинг ҳиммати тарихий ҳақиқатдан кўра афсонадек туюлади ва улуғ зотларнинг ҳаёти афсоналарга йўғрилибгина инсоният хотирасида муҳрланишига тан бермай иложингиз қолмайди.
Тепасига бўри тасвири туширилган муҳташам мовий туғ ўрнатилган маҳобатли чодир тўридаги тахтида ўрта бўйли, калласи катта бақувват киши қараётган жойини тешиб юборгудек ўткир нигоҳини бир нуқтага қадаганича икки йил бурунги муҳорабадаги мағлубият интиқомини олиш фикрини қилиб жиддий қиёфада қовоқ солиб ўтирганини, ҳузурига хоч кўтарган папа етакчилигида қимматбаҳо пешкашлар кўтариб йўл олган римлик вакиллар тиззалари қалтираганча кифт қисиб, бош эгиб туришганини худди кечагидек тасаввур этасиз.
Фурсат коинотнинг илоҳий ҳодисаси сифатида пластик характерга эга бўлиб шундай эврила олишлари билан сабоқ беради ҳамда инсониятнинг бир чақага қиммат арзимас ҳаётини замон ва макон муҳитларида абадийлаштириш сеҳр қудратини юзага чиқаради.
Ўшанда туркий қавмлар аждодлари ҳукмдорининг салобатли чодирига киришдан аввал хунлар одатига кўра остонада римликлар олов теварарагида эҳтиром билан айланиб, сўнгра унинг устидан ўзларини поклаб ўтишган эди.
Бу олов ҳали ҳануз сўнмаган.
Эндиликда уни турли туман маконлару манзил мароҳилларда янада баландроқ алангалатмоқ, инсониятни турфа иллатларнинг гирди ғуборларидан иложи борича тезроқ тозаламоқ эҳтиёжига бот бот муҳтожлик сезамиз.
Бу гулханнинг қиёқ тилли алангаси жилла қурса бу иркитликларнинг онг тубидаги ўчоқларига, илдизларига таъсир эта олсайди, деб умид қиламиз.
Шунда биз ўсган маъволарда ёшу қари йиғилишиб тунни тонгга улаганча гурунг қилишадиган оташхоналарда унинг ланғиллаб ёнишини, момоларимиз қозон осиб емак тайёрлаган ўчоқлардан тафти қалбимизга етиб руҳимизни илитганини ёдимизга оламиз.
Биз мана шу тафт шарофати ўлароқ фонийлик ва боқийлик сарҳадларини илғаб, ўзлигимизга ҳижрат сари йўл бошлаймиз.
Бу йўлнинг қоронғи пучмоқларини аждодларимиз ёққан гулханлар шўъласи ёритиб тургани сингари изтироб оғриқларини уларнинг ўзимизгагина намоён бўлмиш руҳонияти далдалари билан енгиб ўтамиз ва етиб борган манзилимиздаги маънавиятимиз неъматларидан барчага улашиб саховат кўрсатамиз.
Оташхоналарда сақланадими, тандир ўчоқларда ёнадими – қаерда бўлмасин, биз бу муқаддас олов сари талпинамиз.
Уни ўзимизники деб биламиз.
Биз ундан узоқлашмаганимизни, узоқлашмаслигимизни келгуси авлодларимизга ҳам қалбимиз чўғининг қўри каби етказамиз – бу бизнинг муқаддас сирларимиз калити сифатида барчани ҳайратга солади.
Ўшанда ҳам ўртада ланғиллаб турган гулханнинг қиёқ тилидан жиддий тарзда кўз узмай теранликка ботмиш улуғ ҳукмдор олийрутба руҳоний бошчилигидаги элчиларининг ҳурмат иззатини жойига қўйиб кутиб олгани, уларнинг шарафига зиёфат уюштиргани, куй қўшиқлар авжига чиққани, забт этмоқчи бўлган элатларнинг руҳонийси сиймосида илғаган илоҳиёт боис олти юз минглик беҳисоб қўшини бошини ортга буриб қайтиб кетгани башариятга ибрат ва сабоқ ўлароқ кейинчалик у ўзанидан жой олган дарё ни ҳам таббаруклаштирганди.
Демак, Можаристоннинг овлоқ даласида омоч ҳайдаб бораётган деҳқоннинг оёғи остидан бундай бебаҳо дафина чиқиб қолишидан ажабланмаса ҳам бўлади.
Аммо муқаддас тушунчалар чўкиб кетган қадим шаҳарлар каби инсоният онгини тарк этган замонда бу ноёб ашёлар ўша боёқиш деҳқоннинг ҳаётига зомин бўлди.
Қўлида тенгсиз бойлик борлигини билиб қолганлар дарҳол уни ўлдириб, қадимий идишларни олиб кетишди.
Бу дафина уларга ҳам насиб этмади.
Пул талашиб бир бирларига кўп заҳматлар етказишди.
Шундан сўнг бу ашёлар дунёдаги энг олғир коллекциячилар қўлида бир неча ўн йиллар давомида айланиб юрди ва охир оқибат Буюк британиялик миллионерга ўн бир миллион фунт стерлингга сотиб юборилди.
Миллионернинг ўзига ишончи, ҳифзу ҳимояси бақувват бўлганидан энди бу буюмлар ўз жойини топди, дейиш мумкин эди.
Ҳақиқатан ҳам шундай бўлди.
Аммо кўп ўтмай бошқа бир муаммо чиқиб қолди.
Боёқиш миллионер қандайдир номаълум васвасага йўлиқиб, шунча пули борлигига қарамай ҳаловатини йўқотди.
Энди у тунлари аллақандай ваҳимали тушлар таъсирида ухлолмай чиқар, кундуз кунлари бошини йўқотиб қўйгандек тентираб юрарди.
Унинг нега бу ҳолга тушганини тушунтириб беришга на шифокорлар, на руҳшунослар, на оила аъзолари, на бошқа биров қодир эди.
Ахийри ҳамма бало ўн бир миллион фунт стерлингга сотиб олинган қадимий буюмларда эканини фаҳмлаб қолишди.
Шундан сўнг миллионер бу буюмлар эвазига тўлаган пулидан ҳам дарҳол воз кечди.
Ўз ҳаловатини қайтиб олиш учун бу пуллар унинг кўзига писта пучоғичалик қадрга эга эмас эди.
Дунё бўйлаб ўн йиллар давомида ўз жойи ва эгасини тополмай юрган қадимий ноёб ашёлар дарҳол топилган мамлакатига юборилди ва Будапештдаги давлат музейи ихтиёрига топширилди.
Миллионер беҳуда васвасалардан қутилди.
Энди у бунақа нарсаларни кўрганда етти тош наридан юрадиган бўлди.
У қайтариб берган ноёб ашёлар эса келиб чиқиши туркийлардан бўлган хунгар(венгер)ларнинг миллий бойлиги сифатида ўз ўрнини топди.
Ҳа, унга хазина ю дафиналарнинг тилсим калити ато этилишида илоҳий сир синоат мавжудлигига ишонмоқ керак.
Кунни кун, тунни тун демай, иссиқ совуқларга дош бериб бир умр заҳмат чеккан бу ажойиб инсон бирор буюмни ўзлаштиришни хаёлига ҳам келтирмади, аксинча бор будини шу умрбоқий ҳодиса учун сарфлади.
Унга шунинг эвазига мангу роҳат фароғат, жаннатнинг энг тўрларидан жой ажратилганига ишониб кўнглимиз юксалади.
«Инсоннинг ўзи ҳеч нарса эмас, ҳамма гап унинг меҳнатида» эканлигини исботлаган бу кўримсизгина зот қалбига шунчалик саховат ва меҳр муҳаббат солган тангрига тасаннолар айтамиз.
Ҳамду саноларнинг барчаси сенга бўлсин, деймиз.
Унга ғойибан муҳаббатимизни изҳор этамиз, руҳи шодланаётганини ҳис этиб турамиз: Сиз мангу барҳаётсиз; Сиз ўликлар мангу салтанатининг сарҳадларидан бемалол ўта олган Ҳераклдан ҳам юксак қудрат соҳибисиз; Сиз нима учун дунёга келганини фаҳмламай ер юзида судралиб юрган қанчадан қанча нотавонлардан тирикроқсиз.
Шахсий ҳаётингиз, қилган ишларингиз, турмуш тарзингиз орқали қалбимизни тўлқинлантира олганингиз туфайли миннатдор авлод сифатида боболаримиздан мерос қолмиш барча эзгу сўзларимизни, барча эзгу тилакларимизни Сизнинг порлоқ руҳингизга бахшида қилишга журъат этамиз.
Мана шундай вазиятда буюк аждодларимиз бизга бу ҳуқуқни берганларини самовот қабатларида янграётган садолар тасдиқлаб турганини ҳис этарканмиз, журъатимиздан уларнинг ҳам руҳлари шодланишига қаттиқ ишонамиз.
Журъатимизнинг нурлари етиб бориб Сизнинг мунаввар чеҳрангизни, Сизнинг мунаввар қалбингизни янада мунавварлаштириша олишига ишонамиз.
Шу ишонч туфайли ўзимизда ҳам куч сезамиз, ўткинчи эмаслигимизни пайқаймиз.
Сиз бизники деймиз.
Томирларингизда оққан қадимий яҳудий қони, Сизни ҳаракатга солган рус руҳи бунга заррача бўлсин да монелик қила олмаслиги кафолатини башариятнинг ебтўймас очкўзликдан ялқовлашиб ва бадбинлашиб бораётган онги уйдирмаларига муҳташам фаолиятингиз турткиси ўтайди.
Сизнинг ўзбек халқига чексиз эҳтиромингиз миллий сарҳадларнинг ҳар қандай тўсиқларидан юксакроқ ва умуминсонийроқдар.
Сизнинг қорақалпоқ миллатини осмонга олиб чиққанингиз Оролни қайтадан тўлдириш умидидан ҳам кучлироқдир.
Заминимизнинг таббаруклигини, халқимизнинг улуғлигини Сизнинг шахсингиз орқали англаймиз.
Сизнинг эгнингиздан бир умр тушмаган пахталик фуфайка ҳар қандай шоҳона кимхобу албахмалдан чандон кўркамроқдир.
Сиз истиқомат қилган каталакдек музей қоровулхонаси муваққат қасру кошоналардан чандон юксакроқдир.
Сизнинг ризқингиз бўлган бир бурда қора нон ҳар қандай шоҳона дастурхонлардан чандон баракалироқдир.
Сизнинг ҳақингизга дуода бўлганимизда, қани эди инсон зоти шундай яшаса экан, деб, буюк аждодларимизга таққосан уларнинг қаторида эканлигингиздан ғурурланамиз.
«Аё, япроқ, нечук бундоқ қутулдинг банди зиндондан, Аён этгил, аён, биз ҳам қутулсак бир йўла ондин! Аё, сарв, сарбаландирсан, сирингни суйла инсонга, Аён этгилки, биз ҳам бўй чўзайлик буржи осмонга! Аё ғунча, қизил қонлар аро сен ўзни тарк этдинг, Аён этгилки, надир севги, надир у ўзни тарк этмоқ» .
У ўз қўлидаги тилсим калитнинг иккинчи бўлагини чўл табиати, аралаш ярим кўчманчи ҳаёт бадиий ҳунармандчилигининг ашёси, ранги ва нақшларидаги рамзий маънолар, буюмларнинг бало қазолардан, инс жинслардан асраш, ҳимоя қилиш, яхшилик келтириш хусусиятларини қабариқ ҳолда намоён бўлишида топган эди.
Унинг учун келинлик либосларидаги ранглар, тошлардаги рамзлар, кашталардаги зооморф ва ҳандасавий шаклларнинг рамзларида ер ва осмон, руҳий қувват ва комил теранлик маънолари хазинага олиб борадиган йўлакнинг дастлабки пиллапоялари эди.
У кўзлаган хазина йўлаги кўз илғамас даражада узундан узун, икки томонида қатор қатор оғир енгил эшиклар жойлашгандики, уларнинг ҳар бирига қўл теккизиш учун асрий ҳунармандчилиги давр тақозосига кўра таназзулга юз тутиб бораётган, соҳилларидан йироқлашиб бутун минтақа экотабиатига таҳдид солиб турган Орол денгизи фожеасидан азият чекаётган халқ руҳига яқинлашмоқ ва уни ҳис этмоқ зарурлигини жуда яхши англарди.
У шунақа, бу заминга чексиз саховатли қалбининг бутун меҳр муҳаббатини ҳайқириқсиз, тамаъ тамкинсиз, иддаосиз бағишлай олган буюк зот эди.
Шу тариқа чин фарзандлик, чин ўғлонлик бурчини адо этиб, эвазига кейинчалик хоки туробини шу юрт тупроғига эврилтира олган жаннатий зот эди.
У бу ерга қадам қўйган чоғида дунё эътироф этган санъаткорлар «хрушевка» деб аталган каталакдек хоналарда уй маҳбуслигида сақланишар, улардан айримлари ўзлари сазовор бўлган юксак мукофотларнинг бир умрга ошиб тошиб авлодларини ҳам таъминлашга етадиган маблағини ололмай кўкат экиб амал тақал кун кўриб юришган, коммунистлар қатағонининг исфаҳоний қиличи иккинчи даъфа қинидан суғурилаётган мудҳиш давр эди.
Шўровий ғоянинг якранг ялакат манзаралари тоғу тошлардан тортиб дашту саҳроларгача қамраб олган, шу сабабли ҳар бир жойнинг ўзига хос хусусиятлари чўкиб бораётган манзиллару тарк этаётган қадимий туйғулар каби йўқолиш арафасида эди.
Шунга қарамай, халқ миллий онгининг таркибий қисмига айланиб кетган қадимий ҳунарларнинг изларини миллат турмуш тарзидан илғаш қийин эмасди.
Қорақалпоқ халқининг уруғчилик асосида овулларга бирлашган уруғ қаёшларига хизмат қилган ҳунармандларнинг маҳсулотларини камдан кам ҳоллардагина бозорларда учратиш мумкин бўлар эди.
Бу ерда қадимдан аёллар кигиз босиш; бўйра, гилам, поёндоз тўқиш; кашта, қуроқ тикиш билан шуғулланганлар.
Тилла, кумуш, бронза, ҳақиқ, феруза сингари буржли тошлар қаторида ёввойи қуш ва ҳайвонларнинг тирноқ ва тишларидан фойдаланган ҳолда буюмлар тайёрлаган қорақалпоқ заргарларининг бармоқларида ота боболари ҳунарларининг хотираси ҳамон яшар эди.
Улар ясаётган заргарлик буюмларида аждодлари сингари ҳар қандай тўғри чизиқдан воз кечиб, кескин бурчакларсиз айланма, тугунли, бўртиқ шаклларга зўр беришарди.
Кейинчалик у қорақалпоқларнинг халқ амалий санъати турлари бўйича алоҳида тадқиқотлар яратди, халқ урф удумлари ва одатлари жуда яхши биладиган энг истеъдодли ҳунарманд усталар билан қадрдонлашиб, дўстлашиб кетди.
Эҳтимол инсониятнинг долғали ҳамда қарама қаршиликларга мўл тарихида худбинлик ва сурбетлик, очкўзлик ва ебтўймаслик каби тубан иллатлар туфайли иффат пардасини мангуга йўқотган, ваҳима ю қўрқув ва саросималикликлардан қалбларни вайрон қилган ҳолда шафқатсизликларга кўниктиртирган, инсонпарварликни тарғиб этган ҳолда инсондан юз ўгирган йигирманчи асрда бу кўзга илғанмас арзимас ҳодиса бўлиб туюлса да, бир бирларига қалбан ёвуқлашган айни инсонлар учун ноёблиги боисидан башарият қисматида ҳам муҳим саналишга лойиқ эди.
Бу асрда икки қутбга бўлинган иззатталаблар истаги деб азал азалдан онага қиёсан улуғланмиш сайёранинг оёқ остида топталиши ўтмишда ойболта тутган жаллоднинг кундада бош кесаётганини кенг майдондаги оломон орасидан бемалол кузаттган бағритош мижжаларидан ҳам шашқатор ёшлар оқизишга арзир эди.
Барчасини йиғиштиринг, тушунмоқ ва ишонмоқ керак, дея фарёд чекарди унинг тош қотган дийдалари.
Фан техника тараққиёти деб аталмиш ношоён ҳодисадан узаймиш дасти етган жойдан истаган нарсасини илиб кетадиган талон тарожлик асри васвасаси Буюк британиялик миллионерни не куйга солганини, у вақти соатида ўз аҳвол руҳиясидан хабардор бўлиб қолмаганида бошига тушажак кўргиликлар ҳақида Можаристондан топилган қадимий ноёб идишлар мажмуиси мисолида эшитган бўлсак, буюк халоскор шифохона палатасининг ёмғир томчилари урилаётган деразасига боқиб ётган чоғида шу шаҳардан бир гуруҳ десантчилар махсус самолёт билан биз ўсган маъволар сари йўлга чиқишган эди.
Улар етиб келишлари биланоқ пахта иши баҳонасида бош суқмаган жойлари қолмагани, беписандликлари, шафқатсизликлари, сурбетликлари, безбетликлари, кўзларига яхши кўринган нарсани қаерда бўлмасин сўраб нетиб ўтирмай қўлга киритиш пайида бўлганликлари ҳақида талай гувоҳлар рамақ лаҳзаларида лаблари устидаги сўнгги томчини тамшанолмай гувоҳлик берган эдилар.
Ўлкамизнинг энг қадимий шаҳарларидан бирини шундайлардан бири бошқара бошлаганида, доимий дўқ пўписалару таҳдидлар остида меҳр кўрмай зулм тазйиқларидан юраги зада бўлиб кетган маҳаллий аҳоли унинг одамохунлиги, каттани катта, кичикни кичик демай ўзига тенг кўриши, ун сўраб борганга ун бериши, ёғ сўраб борганга ёғ бериши, бошқаларга ўхшамаслиги, пешоналарига шунақаси ҳам битиши мумкинлигига, ишқилиб кўз тегмасин да, ўзлари ҳам ҳамон ишона олмаётганликлари ҳақида оғизларидан бол томгудай бўлиб бир бирларига лоф қоф уришган эди.
Аввалги шаҳар бошлиғи яхши сўзни билмагани, қўрс қўполлиги, оғзидан боди кириб шоди чиқиши, отасидан қолган мулкка эгалик қилаётгандек ҳеч кимни назар писанд қилмагани, мана энди панжара ортида пушаймон чекиши ҳам эслатиб ўтилган эди.
Боз устига янги шаҳар бошлиғи шарқшунос бўлиб, адабий тил нари турсин, ҳаттоки шевалардан ҳам хабардор экан.
Урф удумлардан тортиб тарихий ҳодисаларгача шўринг қурғур маҳаллий аҳоли яхши билмайдиган, севиб ардоқламайдиган ва шу сабабли ҳимоя қила олмайдиган нарсаларни ҳам сув қилиб ичиб юборган экан.
У шаҳарнинг энг катта амалдори бўлса ҳам ёз кунлари бошидан похол шляпа тушмай одмигина кийиниб юрар, қаердаки ҳунармандчилик, халқ амалий санъати, қадимий кийим кечаклар, идиш оёқларнинг дараги чиқса шунақа нарсалар ортидан ўз одамини юбориб бир қоп ун ва арзимас пахта ёғи ёхуд танқислиги сезилиб қолган совун, калиш эвазига қўлга киритар эди.
Ўша маҳалларда асосан Ўрта осиёликлар киядиган калиш ҳам Ленинград(ҳозирги Санкт Петрбург)даги заводда ишлаб чиқарилар эди. Ўша заводдан олиб келган бир вагон калишига у қанча нарсаларни қўлга киритгани ёлғиз ўзига ю худога аён.
Уни қорин ғамидан юксак аъмоли бўлмаган омидан тортиб «илмига мағрур» манмансираган зиёлиларгача кўкка кўтариб мақташар, шоирлар шаънига мадҳиялар битишар, ёзувчилар унга бағишлаб ёстиқдек ёстиқдек китоблар ёзишар, у эса ўша похол шляпаси ю одмигина кийимида илоҳий дуолар билан зирҳланган каби ўз юмушидан тўхтамасди.
Бир маҳал унинг кўм кўк осмондек беғубор тиниқ кўзлари шаҳар четидаги қадимий тепаликка тушиб қолди.
Аслида шаҳарнинг қадимий ўрни исириқзору ковулзор ана шу тепаликда бўлган, у раҳбарлик қилаётган ҳозирги жой шўро тузумининг шарофати билан қад кўтарган экан.
Мана шу тепалик тарихига ўз шажарасини суриштираётгандек қаттиқ қизиқиб қолган раҳбар тезда унинг атрофини иҳота қилиб, археологларнинг шахсан ўзи танлаган ихчамгина гуруҳини қазиш ишларига жалб этди.
Энди ёз бўйи унинг похол шляпаси узоқданоқ ана шу тепалик атрофида кўзга ташланар, зарур юмуши бўлганлар идорада қидириб юрмай шу ерга келаверишар, керакли қоғозларга шу ерда имзо қўйдириб, шу ерда муҳр бостириб кетишарди.
Тепаликни илма тешик қилиб чиқишган археологлар унинг остидан жуда кўп нарсалар топгани ҳақида ҳозирга қадар турли туман шов шувлар юрса да, шаҳар музейида сақланадиган иккита сопол бўлаги ю титилиб кетган қандайдир номаълум буюм бундан гувоҳлик бера олмайди.
Тепаликда иш битиши биланоқ ҳар куни эрталаб ғалати кўринишдаги от араваларнинг олис олис қишлоқлар томон чиқиб кетаётганини кузатиш мумкин эди.
Арава устида худди шаҳарнинг олижаноб раҳбарига ўхшаган одмигина кийимдаги камтарин одамларнинг бошларига похол шляпа қўндирганча қаққайиб ўтиришларидан ташқари қутиларда олис шимолдан келтирилган ноёб калишлару тансиқ пахта ёғи бутилкаларини ҳамда қинғир қийшиқ совун бўлакларини кўриш мумкин бўлар эди.
Бу араваларга узоқданоқ кўзлари тушиши биланоқ қишлоқ болалари мой тупроқли кўчалар чангини осмонга тўзитиб, «жандачи амаки, жандачи амаки» дебон қийиқирганча югуриб қолишларидан ғалати от аравадаги ғалати кишиларнинг жандачи эканлигини билиб олиш қийин эмасди.
Бу жандачилар ҳақиқатдан ҳам ғалати одамлар бўлиб, келтирган нарсаларини пулга сотмас, оҳори кетмаган янги нарсаларга алмашмас, даққиюнус замонидан қолган бўлса да, мис тоғора ю тосқўмғон, сўзана ю албахмал, келинлик сепларию маржонлар, паранжи ю қўҳна матолар сингари эски тускиларни кўрганда кўзларидан олов чақнаб дарҳол олиб келган нарсаларини тутқазишга шай туришарди.
Бу жандачилар шаҳар атрофи ва вилоят ҳудудларининг ўзи билан кифояланмай, отлари бошига емхалта осиб олганча қўшни вилоятлар сари ҳам йўл олишди.
Уларнинг отлари озуқаси бўлмиш арпа ё буғдойни исталган хўжаликнинг чошланаётган хирмони ё омборидан текинга олиш ҳуқуқи берилгани ҳақида жандачилар қўлида қандайдир имтиёзли патта бўлиб, айтишларича, унда бир жойдан қанчагача от озуқаси олиш мумкинлиги ҳақида ҳам аниқ рақам сабт этилган экан – тартиб интизом ва қоида қонун деб шунга айтадилар.
Калиш, пахта ёғ ва совун эвазига ҳам унинг қандай ноёб ашёларни қўлга киритгани кейинчалик қанчалик тахмину тусмол қилинмасин, аммо ҳеч ким аниқ тиниқ бир нарса дея олмас, аммо у ҳаммаёқни шип шийдам қилиб йиққан нарсаларини икки вагонга жойлаб жўнатганидан сўнг, ўзи ҳам шаҳар раҳбарлиги омонат курсисини тезгина тарк этиб хайр маъзурни ҳам насия қилганча жўнаб қолганидан ҳеч ким хабар топмагани ғоятда ажабланарли эди.
Уни кўкка кўтариб мақташдан толиқмайдигандек кўринган оми ю зиёлигача, шаънига мадҳиялар тўқишган шоирлару унга бағишлаб ёстиқдек ёстиқдек китоблар ёзишган ёзувчиларгача афсусу надомат ла ўкинишиб, кўр бўлганликлари, сўқир кўзлари ҳеч қачон очилмаслиги, похол шляпа ю одмигина кийимга ишониб алданиб адашганликларини кундуз кунлари бир бирларига ўкиниб ҳасрат қилишар; тунлари ўзлари билан ўзлари танҳо қолишганда эса ҳеч қачон одам бўлмасликларини эътироф этишиб, энди бундан бу ёғига қандай яшаш ўнғайлиги ҳақида режа тузишарди.
Орадан роппа роса ўн йил ўтгач, Москвадаги вилласида собиқ шаҳар бошлиғига ўзи боқиб катта қилган эшакдек келадиган ити ташланиб, уни ғажиб ташлагани ҳақидаги хабар баъзи бировларнинг қулоғига етиб келган бўлса да, бу билан ҳеч кимнинг иши бўлмади.
Айтишларича, вилланинг биз ўсган маъволарнинг қадимий заминидан йиғиштириб кетилган ноёб ашёлар сақланадиган биносида собиқ шаҳар бошлиғи итни боғлоқсиз ҳолда қолдириб ўз иши билан қаергадир кетган, кейин итга етарли овқат қолдирмагани ёдидан кўтарилганча уч тўрт кун виллага қайтиб бормаган, қайтиб бориб энди эшикни очганида… очликдан кўз ўнги қоронғилашгудек бўлиб ириллаб турган ит эгасига ташланиб, уни тилка пора қилиб ташлаган.
Бу хабар қанчалик даҳшатли ва ғайритабиий туюлмасин, айни ҳақиқат эди.
Аммо чуқурроқ мулоҳаза юритилса асил ҳақиқат бу эмас; шарқ донишида қайд этилганидек, бу – баҳонаи сабаб холос, ҳақиқат эса бошқа ёқда.
Бу вилланинг бир четида Можаристондан жувонмарг деҳқон топиб олган буюмни қўлтиқлаб Буюк британиялик миллионер ҳам васвасага тушганча ваҳимали жавдираб турар эди…
Ҳа, шунақа, ҳақиқат бошқа ёқда.
Бу вилланинг бошқа бир четида эса барча ярамас иллатларини бизнинг шўрпешона асримизга ошириб юборган йигирманчи аср ҳам занжирдан бўшалган ит каби ирилламоқда эди.
У инсониятнинг хотиржамлиги, меҳр муҳаббати, севги садоқати, эътиқоди – барча муқаддас ҳис туйғулари ўзининг ифлос сўлакларига қоришганича бўғзидан сурилиб кетганини унутганича, видолашиш, тавба тазарру лаҳзаларини тантанлаштирмоқ ниятида ўз соҳибини изламоқда эди; аммо теварак атрофга қанчалик алангламасин, қанчалик ҳаложак урганича излаб қидирмасин, энди фойдаси йўқ, силласи қуриган соҳиби ундан аввал дашти фанога равона бўлиб, унинг ўрнида барча яхши фазилатлари суғуриб олинган махлуқ кўзларидан ўт чақнатиб турарди, забардаст мушти билан дўқ пўписа қиларди, барча иллатларни унинг гарданига ағдариб янги асрнинг эгаси сифатида ўзини покдомон кўрсатарди.
Кун кун туғар, ой ой туғар – ириллаб турган ит каби йигирманча аср ёруғ ва юксак умидлар билан сайёра маконига қадам қўйганини қанчалик ғуссага ботиб ўйламасин, энди бефойда, энди кеч – уни ёлғон ваъдалари, онг деб ўйлашган пучак бошчаноқ қатиқлари туфайли чиркинликларга тўлғазиб ташлаганлар қилмиш қидирмишларда, хатти ҳаракатларда, ҳаттоки бир оғиз сўзда, ҳаттоки киприк қоқишда муқаддас китобларда қайд этилмиш ҳодисаларда бўлгани каби мангу ажримлар бўлишини хаёлларига келтирмаган ҳолда қутулиб қолганларига ишонч ҳосил қилганча хоки туробга дўнмишлар.
Кечиримлилик макони эса да, жаҳаннам қаърида жазога мустаҳиқ этилганларни хок ҳам ўз қобиғи билан ҳимоя қилолмайди.
Бунга илож ҳам, имкон ҳам йўқ.
Ланъатлар ва ёзғиришлар иддаолари тушовлари уларни ҳам ўзлари каби очкўз ва ебтўймас итлари пойига келтириб ташлагай.
Ҳа, шунақа.
Бу итларнинг аждодлари дашт бўриларидан қолмиш ўткир нигоҳлари ҳеч нарсани унутмайди, уларнинг қопқондек қаттиқ жағлари орасида ҳарбий денгиз қўшинлари зобити ўйнашига туҳфа қилган, инглиз аскари уйи токчасидан жой олган, оловли муҳораба домига ташланган яқин шарқ мамлакатларида талон тарож қилиб олиб кетилган ноёб тарихий ашёлар ҳаром луқмага айланади.
Уларнинг ортида очиққан итларнинг қулоқлари тиккайиб туради.
Саҳро аёвсиз табиатини қалқон қилиб бир маҳаллар йўқолиб кетиши аниқ бўлган инсониятнинг бебаҳо маънавий меросини ўз бағрида дашт бўриси болаларини асраб авайлагани каби сақлаб қолди.
Энди унинг бағридан жой олмиш бебаҳо хазинага қизиқиш шунчаки ҳаваснинг ўзи бўлиб қолмай, ўқтин ўқтин ўша ебтўймас очкўз ит увиллашлари қулоғингизга чалиниб қолишидан ажабланмаса ҳам бўлади.
Бундай ириллашдардан мақсад муддао ҳаммага ҳам аён бўлавермаса да, барча синовлару аччиқ тажрибаларни ўз бошидан ўтказган қадимий замин ҳеч қачон алдовларга учмайди.
Башариятга тааллуқли ҳар қандай маданий ҳодисалар хусусидаги иддаоларини ҳамиша тўғри ва оқилона ҳисоблаш кимларнингдир кўникмасига айланиб қолганига шу сабабли парво қилмайди.
Эҳтимол биз ўсган маъволарнинг дунёни темир пошнали қадамлар билан эмас, идрок орқали англаб, ёрқин тасаввур ла кезиб чиққанидан «дунё кўрган» номини олган кексалари қорахаёлнинг чанг тўзони қуршовида борлиққа нигоҳ ташлашнинг аянчли фожиаларидан беҳуда изтироб чекишмагандир.
Қорахаёл измида яратилган фильмлардаги беҳуда ташвишлару йўл йўриқ кўрсатишлар тириклигида бу заминни нажот манзили сифатида танлаган халоскор руҳига озор етказади.
Буни ундан мангу миннатдор халқнинг навқирон бўғинидан тортиб қотиб қолган ақидалар таъсири остида тарбия топганларгача онг ости ўзгаришлари орқали теран ҳис этишади.
Шундай экан, Оролбўйи экологик вазияти ҳам, ҳамма нарсани сотиб олишга қурби етадигандек кўринган пулдорларнинг очкўзлиги ҳам, диний экстеремистик оқимларнинг таҳдидлари ҳам уммон ортидаги ғамхўрлар ўйлаганчалик бу хазина келажагига хавф сола олмайди.
Модомики, шундай хавф пайдо бўлгудек бўлса бир маҳаллар кўчага итқитилган хазинани ўз бағрига олган саҳро уни сақлаб қолишга ҳам қодирлигини намоён этади.
Бундан ташвишланиб, шубҳага тушиб юргандан кўра юксак маданий онгингизга маҳлиё бўлмай унинг энг қоронғи пучмоқларида ириллаётган итлардан огоҳ бўлгайсиз. Шунда барча фожиаларнинг илдизи очилади ва нигоҳингиз қум барханлари паноҳидаги беқиёс ҳодисаларни халоскор каби илғай бошлайди.
Кунчиқар маданияти сарчашмаларининг мангу ўчмас тошбитикларидаги «холис ният» хатбошисини ҳижжаламоқнинг фойдасини шундагина ҳис этиб, дунё ҳикмати шу хатбошидан мужассам бўлганига ишонасиз.
Боласини сақлаб қолган дашт бўриси уни ҳимоя ҳам қила олади.
Шафқатсиз муҳитда эмин эркин улағаяётган бўриваччанинг динг қулоқлари остида бу замин ҳудудларини абадул абад тарк этмаган, изғирин довуллар тўзитаётган барханларнинг қум зарраларидаги каби малика Тўмариснинг босқинчи Кирга элчи орқали юборган хабари ҳамон жарангалаб туради.
«Яхшиликча менинг ерларимдан кетмасанг, массагетлар илоҳи – Қуёш худоси олдида қасамёд қиламанки, мен сени – қонхўр жаллодни, қонингга тўйдираман».
Қуёш худоси қўллаб қувватлаши асносида жангдан сўнг у ичган онтини амалга оширди, қон тўлдирилган мешга сўзларига қулоқ солмаган ёғийнинг калондимоғ шоҳи калласини узиб олиб тиқди.
«Эй номард, сен мени – жангда сени ҳалоллик билан енгиб чиққан бир аёлни – маккорлик билан ўғлимдан жудо қилиб, фарзанд доғида куйдирдинг, мен ўз онтимга амал қилиб, сени қон билан суғордим. Бировнинг юртига зўравонлик билан бостириб кирганларнинг жазоси шу!».
Дашт ўртасида подачи Широқнинг манмансираган босқинчига тўрт томонни кўрсатиб қаҳ қаҳ уриб тургани бу заминнинг ҳар гиёҳи, ҳар қарич ерида акс садо беради.
Бу саҳро шунчаки саҳро эмас, бу барханлар шунчаки қум тўдалари эмас – ғараз ният ва ебтўймас очкўз нигоҳларнинг илдизини унда ёнган гулханлар кунфаякун қилгай.
Бундаги илоҳий сеҳр қудрат муштипар шарқининг зирҳи ҳимояси, балогардони бўлган асрагувчи дуоларидир.
Жангдан бўш вақтларида қилич ва найзаларини ерга санчиб, унинг устидан сут ва қон қўйиб суғорган ёвқур элатлардан тўралганларнинг юрагида жўш урган самовий туйғулар асрлар давомида ўзига хос гўзаллик намуналарини яратишга ҳам қодир бўлди.
Уни чолғу асбоблари ясаш, заргарлик, ёғоч ўймакорлиги, чармга гул босиш билан банд бўлишган қорақалпоқ эркаклари билан аёлларнинг елкама елка туриб ишлашлари, айниқса, жиҳозларида бўртма ва ясси гулдор тўқимачиликка катта эътибор беришгани қанчалик мафтун этганини саҳро бағрида бўри боласини асрагандай асраб қолган хазинасининг бебаҳо дурдонаси бўлган ўтовда ҳам яққол кўриш мумкин.
У юзлаб чақирим йўл босиб машаққатли заҳматлар билан қарақолпоқ ўтовининг барча майда чуйдаларини йиғиб худди ўтмишда бўлгани каби мукаммал шаклга келтира олганининг ўзи тенгсиз фидойиликдир.
Турк мўғул халқларининг кўчманчиликка асосланган турмуш тарзидан келиб чиққан асосий тураржой бўлган ўтов кўчманчилик маданиятининг энг гўзал кўриниши эканлигига шубҳа йўқ.
Ўтов табиат инжиқликлари, шамоллару довулларга мос ҳолда ўйлаб топилгани учун тоғ олмаси пасқамликка экилганида кўкармагани каби даштдан ўзга жойни хушламайди.
Шу сабабли, экзотикага ҳавасманд бойваччалар замонавий виллаларининг бир четида уни бир кўрк сифатида қўнқайтириб қўйганларида шамоллару довулларни соғинган сингари куя еб кукунга айланганча тузиб кетади.
Ўтов дашт маданиятининг кўрки.
Дашт ва маданият тушунчаларининг бир бирига мутаносиб эмаслигини пеш қиладиганларга ўтовнинг нечоғли санъаткорона юксак дид билан тикланиши, рамзларга бойлиги тушунтириб берилса, унинг оғзини ёпиш учун шунинг ўзи кифоя.
Зеро,»тарихчи бошқа халқлар маданияти тарихида ўзига муҳим ҳисоблаган хусусиятларни излаб, уни тополмагач, буни ўша халқнинг ибтидоийлигига йўйиши методологик жиҳатдан хавфли саналади ва бундан қочиш керак. Жумладан, Европа ва Олд Осиё халқлари тамаддун босқичига ўтар эканлар, меъморчилиги фахрланиш ва ҳайратга тушишга лойиқ шаҳарлар қурдилар. Туркийлар уй қурмадилар, боғ яратмадилар, чунки шаҳар қуриш учун қуруқ ўрмонлар ёқилгач, совуқ иқлим уларни бу ерларни ташлаб кетишга мажбур қилган бўларди. Шунга қарамай, тош кулба ёки гувала капа иссиқ, кенг ва бир ердан бошқа ерга осон кўчириладиган кигиз чодирдан кўра тураржойнинг энг олий шакли эканлигини ҳали ҳеч ким исботлаб берган эмас» .
Ўтов ҳақида ўйлар экансан, кўз ўнгингдан яйловларда ўтлаб юрган сурув сурув қўйлар, пода пода қорамоллар, уюр уюр йилқилар ўтади.
Дашт ҳудудларида кўчиб юрувчи чорвадорларни ундан айро тасаввур этиш қийин.
Улар қаерда қур ташлашса, чин шоири айтганидек, «Кунчиқарнинг мовий осмони остида, йигит ўтов тикди қирчин майса устида. Чўлу қирдан олислашиб, ўтов оҳиста силжир мен билан» .
Шоир минглаб қўйдан жун олиниши, юзлаб урчуқларда ип йигирилишини тасвирлаш баробарида ўртада ловуллаган олов ва бир четда ўтирган бахшини ҳам эслатиб ўтишни унутмайди.
Ўтов тепасидан эса дунё намоён дейди.
Уни аъёну беклар қасридан ҳам буюк эканлигини шу қадар самимий сатрларда изҳор этадики, холис тарихчи асрлар оша уни миннатдорлик билан эслайди, туркийлар ҳаётининг нозик қирраларини шеърий сатрларга сиғдира олганидан ҳайрат туйғусини яширмайди, ўтовни «мовий» деб атаганини эса рамзий маънода эканлигини таъкидлайди.
Бир жойдан иккинчи жойга осонгина кўчириладиган ўзига хос бу тураржойнинг оқ ўтов, қора уй, мовий, кегара, хон ўтови каби номланишлари ҳам бежиз бўлмай, уларнинг ҳар бири ҳақида талай тадқиқодлар яратиш мумкин.
Хон ўтовининг ипак қопламаларга бурканган олтин тахтли чодири шунчалик енгил бўлган эканки, уни бемалол битта отга юклаб кетавериш мумкин экан, бошқа бир чодирда эса хон ётоғини суяб турган олтин товуслар ва зар югуртирилган устунлар бўлган экан.
Кийиниш ва ахлоқда, мусиқада туркларга тақлид кучайган еттинчи хан империяси даврида хитойларга ўз уйларидан кўра қишда анча иссиқ, қулай ва мукаммал бўлган ўтов ёқиб қолган эди.
Хитой зодагонлари ўз қасрлари ҳовлисига ўрнатишган ўтовларда яшай бошлашган.
У асос солган саҳро қўйнидаги мўъжизанинг тўқсон мингга яқин экспонотлари орасида қорақалпоқ ўтови алоҳида қўр тўкиб туради.
Ўтов безакларини бекаму кўст тўплаб, унда халқ санъатининг мўъжизалари мужассамлашганига гувоҳ бўлиш унга чексиз куч қудрат бахшида этаётгандек бўларди.
Эндиликда унинг номидаги музейни кўриш учун дунёнинг турли чеккаларидан Нукуснинг мўъжазгина аэропортига махсус рейслар билан самолётлар келиб қўнади.
Ташриф буюрадиганларнинг аксарияти «чопаётган жойида тўхтатилган авангард» изидан келиб, бу ерда қиммати картиналардан асло кам бўлмаган яна бир мўъжизага – қарақалпоқ халқ бадиий ҳунармандчилиги, амалий санъат намуналарини ҳам кўриб завқланишади.
Айниқса, ўтов қаршисида узоқ узоқ туриб қолишади.
Қорақалпоқ халқ ҳунармандчилиги шу биргина ўтов теварагида мукаммал шаклланганидан ҳайратга тушишади.
Ташқи кўринишида қорақалпоқ ўтови ҳам бошқа туркий халқларникидан унчалик фарқи қилмаса да, безаклари, халқ урф удумларига хос ички тартиби кабиларда ўзига хосдир.
Уни тиклашда шамолнинг эсиш йўли, кунчиқар ва кунботиш томонларга жиддий эътибор қаратилади.
Ўтов эшиги қуёш чиқадиган томонда бўлади.
Унинг қорақалпоқ тилида шинарак деб юритиладиган гумбаз гулчамбари бу ўзига хос тураржойнинг синч қобирғасини тутиб туради.
Ўтов гумбаз гулчамбари кундуз кунлари ёруғлик тушадиган туйнук, кечқурун эса мўри вазифасини бажаради.
У осмондаги қуёш ва унинг ердаги тимсоли оловни мужассамлаштиради.
Қуёш – тангрига сиғинишган қадимги аждодлар ердаги кичик тангри бўлган оловни ҳам муқаддас ҳисоблашган.
Шарқ – қуёш, олов; ғарб – ой, сув; жануб – ер, уй; шимол – шамол, салқин, совуқ белгилари ҳам гумбазда ўз ифодасини топган.
Қуёш илоҳи ва олов билан боғлиқ ҳодисаларнинг қорақалпоқ ўтовида ўз аксини топгани бежиз бўлмай, қадим замонларда Европа замини сари силжиб боришган хунлар каби сак массагетлар, хоразмийлар ҳам оловга сиғинишган.
Биз ўсган маъволарда эса момоларимизнинг ёмон руҳларни ҳайдаш учун ўчоқ бошларига пилик қадаб чиқишлари, никоҳ тўйларида куёвнинг яқинлари келин хонадонига ёқилган шам кўтариб боришлари, куёв хонадонига илк қадам босаётган келинни куёв отдан туширгач ёниб турган гулхан атрофида етти марта айлантириши, сўнгра мана шу гулхан атрофида ёшу кекса ўйин кулги қилишлари ўша олис замонларнинг шарпалари сингари ҳаётимиз мағзига сингиб кетган эди.
Ҳатто бундай урф удумларга муқаддас динимиз ҳурмати юзасидан исломий тус бериб ўтказишга уринилар эди, халқ руҳи қадимий қобиғини тарк этишни истамаётгандек бўлиши шунда кўринар эди.
Ўшанда байроғида бўри тасвири туширилган хун ҳукмдори қудратли империянинг бўри эмизган болакайлар асос солишган пойтахти ёнида таҳдид солиб турган кезларда папа гувоҳ бўлган олов ҳам мана шу момоларимизнинг пиликларидаги, куёвжўраларнинг ёниб бораётган шамларидаги, икки ёш бахти учун атрофида ёшу қари ўйин кулги қилишаётган гулхандаги оловнинг ўзгинаси эди.
Олийрутба руҳоний папа етакчилигида бир хоч остида бирлашган вакиллар бизнинг оловимиз атрофида эҳтиром билан айланиб, сўнгра унинг устидан ўтганида ўзларини поклаб олишган дея мулоҳаза юритишларимизнинг асослари ана шунақа жайдари кўрингани билан жайдари бўлмаган ҳаёт тарзимизнинг оддий содда ҳодисаларига бориб тақалар эди.
Қорақалпоқ ўтови безакларидаги рамзларнинг қадимийлиги ва теранлиги ҳам шунда кўринар эди.
Кўчманчи ҳаёт тарзида осмон ёритқичларини муқаддаслаштиришни табиатнинг ўзи талаб қилар, табиат ва инсон ялакатлигини шу ҳодисалар орқали англаб олиш қийин эмас эди(дарвоқе, сўнгги динларда ҳам самонинг инсон ҳаётидаги аҳамияти заррача камаймаган ҳолда яратганннинг маскан маснади сифатида у янада муқаддаслаштирилган – шу тариқа ҳал этилиши мушкул заминий ҳодисалар беихтиёр унинг ҳукмига топширилган. «Ярқираб юлдуз ёнодир тун қаро бўлган сайин, Ёдима тангрим тушар кун қаро бўлган сайин» ).
Шу сабабли, этник илдизлари ҳаёт тарзи кўчманчиликка асосланган Осиёдан силжиган қавмларга бориб тақаладиган олмонлар, фин угорлар сингари элатлар бир жойда қўним топишганидан сўнг ерга сиғина бошлашганига ажабланмаса ҳам бўлади.
Осмонини мутассил булут қоплаб ётувчи Европанинг тўнд ва зерикарли табиий муҳити уларнинг осмон ёритқичларидан аста секин юз буриб, илоҳийлик асрорларини заминдан излай бошлашларига сабаб бўлди.
Ҳар иккала ҳодисада ҳам дунёнинг экологик муҳити издан чиқиб бораётган бугунги кун учун муҳим ибратлар мужассам бўлган.
Табиат ўз ҳукмронлигини жамиятга бўшатиб берган онидан қиёмат белгилари намоён бўлиши шундан.
Уммон бўйидагилар уммонга, дарахтзордагилар дарахтларга, тоғликлар юксак чўққиларга эътиқод қилишган чоғларида бундай кўргиликлар йўқ эди.
Барча нарсалар инсон учун эканлиги ҳақидаги эзгу ният эндиликда табиатнинг талон тарож қилиниши, мислсиз ғорат билан ҳамоҳанг бўлиб қолди(дарвоқе, шу ўринда инсон тушунчаси жуда мавҳум ҳодиса эканлигини эсга олиш баробарида айтиш жоизки, дунёнинг барча табиий бойликлари бугунги кунда бир ҳовуч миллионер миллиардерлар қўлида бўлиб, тузумларнинг алмашиниш жараёнларида, бурилиш нуқталарида, инқилобий тўфонлар чоғида улар вазиятдан фойдаланиб ғоят устакорлик ва маккорлик билан бутун инсониятга тааллуқли бойликни қўлга киритишга эришганлар – шу асно сайёранинг юз миллионлаб аҳолиси қултум сув ва бурда нонга зорлигига қарамай, ўз жамғармаларини ҳисоблаб адоғига етказолмаётганлар бойлик устига тўплаётган бойликларини фитнакорлик йўлларида ишлатиб янада орттириб олишга эришмоқдалар, янги асрда уларнинг тобора илҳомланиб боришаётгани инсоният келажагига таҳдид солади; нафс ўпқони хавфидан ўзини асрай олмаган ҳокимият эса қўғирчоқбоз сингари чодирхаёл ўйинлар кўрсатишдан ўзгасига ярамай қолади; қашшоқлик ва бойлик ўртасида бунчалик олис масофа, чуқур жарлик бўлганини инсоният тарихи ҳаттоки қулдорлик даврларида ўз бошидан кечирмаганини билгич мутахассислар аниқ фактларга суянган ҳолда эътироф этишаётгани фикримиз далилидир – шундай экан, олий ҳилқат сифатидаги инсонга юксак маснад тақдим этиб табиатдаги барча нарсаларни унинг ихтиёрига топширишга жазм этган диний қарашлар, тушунчалар таваллуди чоғида бир инсон аждаҳо бус бутун тоғларни кунфаякун қилиши мумкинлиги, дарёларни бир наҳанг инсон ютиб юбориб бошқаларга хасни ҳам раво кўрмаслиги каби ижтимоий тенгсизликлар яратганнинг хаёлига ҳам келмаган эди; қолаверса, ер ости бойликлари, ермойи(нефт) ва газ, энергетик манбалар бу кетишда бармоқ билан санарли йиллар орасида таги кўриниб қолиши; айниқса, ичимлик суви муаммоси бус бутун минтақаларни ўз домига тортиш хавфи мавжудлиги ўн саккизинчи асрда яшаган инглиз олими ва руҳонийси ўртага ташлаган ҳамда тамал тошини қўйган «олтин миллиард» концепсиясини яна ёдга туширади; зеро, у ер юзи захираларини ривожланган давлатларнинг бир миллиард аҳолисига хатлаб бериш жоиз бўлади, бир миллиарддан ортиқ аҳоли ер юзига оғирлик қилади, буни амалга оширишнинг энг мақбул йўли уруш ва вирусли хасталикларни тарқатиш эканлигига урғу берган эди – собиқ шўро даврида ҳатто номи тилга олинишига ҳам рухсат этилмаган руҳонийнинг башоратлари иқтисодий сиёсий буҳронлар ва сайёрамизнинг оловли нуқталарида кечаётган жараёнлар беҳуда эмаслигига бир далилдир).
«Асир этмиш ерни занжирга, чекмишдир, қўшатмишдир, Темирдан йўл қайирмишдир, қозон уйлар яратмишдир, Теран дарёларни бузмиш, темир тўрларни отмишдир, Тоғни тошни қўпормиш, бир бирига заҳри қотмишдир, Ернинг остидаги маъданларга қўлни узатмишдир, Бу заҳматлар ла шундоқ ҳар замонда қонга ботмишдир, Бу уни, у буни ҳар куни урмишдир, қонатмишдир, Бу ҳаёт оламида то азал оғу тотмишдир, Ҳамиша олгани ғамдир, сурурин сурув сотмишдир. Боқишлар кўлкали, юзлар бугун ношод шаклинда, Бу мотамгоҳни ким кўрмиш суруробод шаклинда» .
Узун гапнинг қисқаси, калта ип бойловга етмас, дунёдаги энг бахтиёр жой қўйлар суруви ва тевалар уюри энг кўп парвариш қилинадиган заминдир, деб ҳисоблаган сариқ туя етаклаган зот даврида олов табиатдаги тўрт унсурнинг бири сифатида улуғланиб, шу эътиқоднинг рамзи сифатида осмон олови, дарахтга яширинган олов, оташгоҳларда ёниб турган олов, илоҳий олов, чақмоқ олови ва инсон танасига иссиқлик ҳамда ҳаёт бағишловчи олов каби кўринишларда намоён бўлган.
Сариқ туя етаклаган зот каби йўлбошчилар кўрсатмалари асосида дунёдаги энг бахтиёр жойни излаш ва кенгайтириш иштиёқи ҳеч қачон тугамаганини, бу халқларга фаоллик бағишлаб, уларни ялқовликдан халос этиб олдинга ундовчи кучли омил бўлганини тарих исботлайди(бугунги глобал дунёда зўравонлик қурбонига айланиб боши оққан миллатларнинг яхши ҳаёт илинжида дунё сарҳадларида сарсари кезишларида ҳеч қандай маданий омил кўзга ташланмайди, аксинча улар иқтисоди ривожланган мамлакатлар учун тайёр луқма – арзон иш кучи, улкан саноатнинг оддий мурвати сифатида аҳамиятсиз аҳамиятлилик касб этади).
Шу боис, кўчманчилик ҳаётини беписандлик билан ёввойилик ёхуд варваризмга йўйиш ялқовлик ва бадбинлик хусусиятларини хаспўшлашга уринишни эслатиб юборади.
«Юрган – дарё, ўтирган – бўйра».
Бу халқ нақлининг ҳам ўтмиш ва замонавий маънолари бир биридан еру осмончалик фарқ қилади. Буюк хун ҳукмдори фаол ҳаракатининг, Осиё заминидан чиқиб дунёни ларзага солган кучлар измига солган асов ибтидоларнинг тагзаминида жуда катта ижобий силжилар ётганини унутмаслик лозим.
Ўз ўзидан аёнки, уларни бус бутун шаҳарлар кулини лаҳзада кўкка совуриб юборадиган бугунги кундаги ҳарбий денгиз флоти кучларига асло менгзаб бўлмайди.
Миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритишга шинам кабинетда ўтирганча фармойиш бераётган замонавий қўмондоннинг маданий варваризми чодирига кираверишда ёғий элчиларининг оловдан покланиб ўтишганига ишонган ҳукмдорнинг ибтидоий ёввойилигидан чандон даҳшатлироқ эканини тасаввур этиш қийин эмас.
Бир сўз билан айтганда, улар туя ўркачлари ва арғумоқлар белида ташиб тиклаган маданият ўчоқларини реактив самолётлар кунфаякун қилаётгани тарихий фаолликлар мазмун моҳиятига ойдинлик киритади.
Шунда юксак технологияларнинг беҳисоб исканжасидан толиққан руҳимизга ўтмиш нурафшон илиқлик олиб кириб, таскин бағишлайди.
Биз тарихий хотиранинг ўзинигина эмас, унинг маданиятини ҳис этиб тасаввурмиз кучи билан жамиятнинг кичик мурватидан табиатнинг яқин қўшнисига айланамиз.
У билан суҳбатлар қуриб, руҳимизга битмас туганмас озуқалар оламиз.
Узоқлардан кўзга ташланаётган, Қорақум ёки Қизилқум чўлларида ёниб турган гулханга яқинлашиб, бағрикенг чўпоннинг қайноқ танқа чойидан лабимиз куйганча ҳўплар эканмиз, ожизлигимиздан кўзларимизга беихтиёр ёш қўйилади.
Ва шунда гулхан жонланиб, қиёқ тилини мададга узатаётгандек бўлади.
Ёниб турган гулхан маълум бир илоҳ ёки ота боболар руҳини акс эттириб, вафот этган кишининг руҳини осмон олови – буюк худо – қуёшга етказиш воситаси ҳисоблангани ёдимизга тушади.
Қуёшга ўхшаш олов эса кичик қуёш ҳисобланган.
Қоронғи тунларда кичик қуёшни ҳаракатга келтириб, соддадил чўпон бошчилигида унинг теварагида сайёралардек қўр тўкамиз.
Тангрининг ягоналиги тушунчаси ўша замонларда Қуёш тимсолида акс этгани, унга атаб отлар сўйиб, ўзига хос тарзда қурбонлик ўтказиш урф удумлари жуда кенг тарқалганига хаёлимиз кетар экан, инсон зоти бугунги ҳаёт билан яшаб, келажак сари интилса да, минг йиллар бурун хоки туробга эврилган аждодлари руҳий қобиғини онги тубидан батамом ўчириб ташлай олмаслиги борасида руҳшунослар илгари сурган фаразларни эслаймиз.
Шу асно бугун таваллуд топиб чирқираётган чақалоқ айни чоқда неча асрлар бурун кўксига тушган соқолини фаромуш силаб ўтирган мўйсафид ҳам эканлигига шубҳа қилмаймиз.
Руҳий маънавий олам инсониятнинг аллақачонлар тупроқ остида қолиб кетган тарихининг айрим қирра кўринишларини аниқ равшан очиб бериши мумкинлигидан ёқа тутамлаймиз.
Айниқса, бу ҳол бадиий ижод унсурларида, ҳаттоки, бадиҳагўйлик шаклида айтиб юборилган сатрларда ўз ифодасини топганида ҳаяжонимизни яширолмаймиз.
«Энг кичик заррадан Юпитергача, Ўзинг мураббийсан – хабар бер Қуёш» .
«Энагамиз тунда ою, кундузи қуёш» .
Жайдари содда туюлган сатрларда ҳам тарихий хотиранинг синиқ парчалари ўзини намоён этиб, минг минг йиллар бурунги эътиқодлар, қарашлар ўзиники эканлигини пинҳоний равишда эслатиб исботлаб қўяди.
Эҳтимол халқнинг қудрати ва буюклиги мана шу савқи табиийни ҳеч қачон йўқотмаслигидадир.
Ҳайратимиз халқ ижодининг тилсим калитларини илкимизга тутқазганини сезмай қоламиз.
Қуёш – тангри; олов – кичик қуёш; қуёшга ва кичик қуёшга сиғинишнинг табиийлиги шундан келиб чиққан.
Олов сақланадиган жой – оташхона лар муқаддас саналиб, унда ўзига хос урф одатлар, анъаналар ўтказилган.
Махсус тайёргарликка эга коҳинлар бу ишларга бош қош бўлганлар, зеро муқаддас олов билан ҳар қандай одамнинг бемалол муносабатда бўлиши яхшиликка олиб келмайди, деган ақидаларга улар қаттиқ ишонишган.
Аждодларимизнинг шу тариқа ҳаёт кечиришгани беихтиёр оловни ўғирлаб авомга тақдим этгани сабабли шафқатсиз жазога мустаҳиқ этилган қадимги юнон қаҳрамонини ёдимизга солади.
«Ернинг нариги чеккасидаги, одам оёғи тегмаган, скифлар мамлакатидаги овлоқ бир пучмоқ, хилват бир жой. Учи ўткир, даҳшатли ва чўнг қоялар булутлар сари ўрлайди. Атрофда ўсимликдан нишона йўқ, заррача бўлсин майса кўринмайди, ҳамма томони яланғоч ва зулмат қўйнида. Қаерга қараманг қоялардан узилган улкан, қоп қора тош парчалари қалашиб кетган. Ўз долғалари билан қоялар бағрига урилаётган денгиз шовқин солиб гумбирлайди, шўр томчилар осмонга сапчийди. Соҳилбўйи қоялари денгиз кўпиги билан қопланган. Олис олисларда, қоялар ортида Кавказ тоғларининг қорли чўққилари кўриниб турибди. Булутлар борган сайин баландга ўрлаб, қуёш нурларини бекитади. Теварак атроф тобора даҳшатга чўмади. Бефайз ва ваҳимали бир маскан. Бу ерларга ҳеч қачон инсон оёғи тегмаган. Худди шу ерга, ернинг бир чеккасига Зевснинг хизматкорлари қоя чўққисига метиндек мустаҳкам занжирлар билан занжирбанд қилмоқ учун оёқ қўли боғланган титан – паҳлавон Промтейни олиб келишди» .
Буюк паҳлавонни занжирбанд қилаётганларнинг юз кўзларида заррача ачиниш аломати, раҳм шафқат кўринмайди.
У худоларга берилган оловни ўғирлаб фоний бандаларга туҳфа этгани учун жазога мустаҳиқ этилган.
У илоҳий самовот, елиб югурувчи шамоллар, дарёларнинг манбалари, денгиз тўлқинларининг тиним билмас шов шуви ҳамда юрган югурган, учган сузган тирик жонлар гувоҳлигида тафаккури ҳали ғўр заиф инсонларга буюк салоҳият бағишлайдиган илоҳий унсур – оловни ўғирлаб олиб берди.
Шу тариқа уларнинг ҳаётини масъуд, ғам андуҳлардан аритадиган, йўлларини қисқа, умрларини узун қиладиган касб корларга ўргатди.
Асрлар ортидан асрлар, минг йиллар ортидан минг йўрғалаб кетдилар, шамолда қолган булут парчаларидек бир бирларини қувлаб ўтдилар, қанчадан қанча шоҳу гадоларни, қанчадан қанча соҳибқудрату ожиз бандаларни ер ютиб юборгани билан тўймай яна сўрайверди, қитъалар, тоғу тошлар кўринишларини ўзгартирдилар, эски давлатлар қариган дарахтлардек қулаб ўрнига навниҳол янгилари ўсиб чиқди – маҳв этмасдан барпо қилмаслик абадий устивор шартининг ўғирланган ўша илоҳий унсур оловга алоқаси йўқдек эди, холос.
У на тус кўринишини, на тафт яловини ўзгартирди.
Фурсат ҳукмига қарама қарши баттар аланглади, паҳлавон титанлар ўрнини ҳам мўр малахдек эгаллаб кўпайишган осийлар қўлларида машъала бўлиб кўтарилди.
Шу олов туфайли тафаккури ғўр ожиз кимсалар паҳлавон титан орзу қилганидек буюк салоҳият эгалари бўлиб қолишди.
Улар энди барча нарсалар устидан ҳукмронлик қила олиш қудратини шу олов туфайли қўлга киритишди.
Энди уларнинг қўлларидаги оташли қуроллар ҳар қандай соҳибқудрат паҳлавонни ер тишлата олишга қодир эди.
Оловни ўғирлаган паҳлавон титан мангу қояларга беҳуда парчинланмагани, ҳар куни қанотларини ёйиб учиб келадиган бургут унинг кифтига қўниб жигарини мангу чўқишга беҳуда буюрилмаганининг сабаблари шундагина аён бўлди.
Фоний банда ҳар қанча куч қудратли бўлмасин, унинг нигоҳидан асл ҳақиқатни беҳуда ғурур ва такаббурлик тўсиб қўя олиши мумкинлиги ҳам шундагина аён бўлди.
Жазирама офтоб қиздирган бошчаноқ унсурлари ва чўқилган жигар оғриқлари энди чекилаётган афсус надоматлар қаршисида пашша чаққанчалик ҳам эмасди.
Буюк қаҳрамон қанчалик кучли, иродали ва мағрур бўлмасин, соҳибкаромат эмаслиги унга панд берган эди.
У энди беҳуда ишга қўл ургани учун ўзига ўзи қанчалик ланъат ўқиса шунчалик оз эди.
Унинг ўқиётган ланъатларидан метин қоялар эриб тушиши, бургут қанотлари синиши, елиб югурувчи шамоллар тиниши, дарёларнинг манбалари қуриши, денгиз тўлқинларининг тиним билмас шов шуви тиниши ҳамда юрган югурган, учган сузган тирик жонлар ҳайрону лол қолиши мумкин эса да, аммо ўзи таскин тасалли тополмасди.
Аммо ўзини ўзи яниганича қанчалик афсусланмасин, энди кеч, буюк салоҳият ғўр тафаккур устидан тантана гаштини сурарди.
«Кўмурни ўтға солиб лаъли оташин этсанг, Натижа бўлғай анга қойда тушса куйдирмоқ» .
Илоҳий унсур сифатида ёнган олов атрофида айланганича нималарнидир куйлашаётган аждодларимизнинг қўшиқ сўзларида фалокатлардан эмин сақлашга илтижо оҳанглари мужассамлиги ҳам эҳтимол шундан эди.
Улар ҳоқон подшолари қароргоҳларига элчиларни оловдан айлантириб ва олов устидан ўтказиб, кейин киришга рухсат беришгани инс-жинс ва ёвуз руҳларни ёндириб куйдириб юбориш мақсадидан ташқари оловга нисбатан эҳтиром кўрсатилиши эканлигининг сабаблари ҳам эҳтимол шундан эди.
Нариги дунёни ўликлар салтанати – худолар яшайдиган муқаддас макон деб ҳисоблашганидан, биров ўлса у ёққа топ тоза, покланган ҳолда борсин, мурданинг танасини қамраб оладиган ёвузлик йўқ бўлиб кетсин деб уни оловда куйдиришгани ва шу тариқа икки дунё орасида оловдан тўсиқ қўйишганига ишонишганининг чуқур илдизлари сингари эҳтимоллар бисёр эди.
У бу ерга келган вақтида ўзига хос кечмиши маҳаллий аҳолининг ёдидан кўтарила бошлаган эди.
Айниқса, кўр кўрона зоҳирий тақлидни маданият деб тушунадиган ва қаёққа даъват этилса ўша ёққа эгилишга мойил ёшларнинг аждодлари томонидан эъзозлаб келинган ноёб қадриятлардан узилиб, янгича ғоялар билан тўйинтирилган онги ўз маҳсулини бера бошлаган эди.
Биз ўсган маъволарда ҳам шунақалар учраб тургани ҳақида ҳар турли гап сўзлар қулоғимизга чалиниб қоларди.
Эмишки, ўша маҳалларда чекка тоғ қишлоғидаги тўлиқсиз ўрта мактабда комсомолбоши бўлган йигит билан пионервожатий қиз бир бирларини ёқтириб қолиб, турмуш қурадиган бўлишипти.
Уларни уншатиришгач, тўйни қандай ўтказиш муаммоси туғилибди.
Аслида бу ташвишлар ота онанинг зиммасида бўлса ҳам, негадир комсомолбоши куёв ҳам, пионервожатий келин ҳам андиша билан четда турмай, дарҳол аралашиб, бу борада ўзларининг илғор туюлган фикрларини айта бошлашибди.
Инчунин, куёвтўра келнникига борганида оёғи остига тўшаладиган поёндозга ҳам, куёвжўраларнинг яхши ниятда бу матони талашиб тортишиб бўлиб олишларига ҳам эскилик сарқити деб қатъиян қарши чиқибди, аллақандай «қизил тўй» ҳақида валдирай бошлабди.
Бу ҳам ота боболарнинг азалий урф удумларини унуттириш учун ўша пайтларда маҳаллий аҳоли турмуш тарзига сингдирлиши мўлжалланган янгича урфлардан бўлган экан(азалий қадриятларимизга ҳеч қанақа алоқаси бўлмаган бундай бегона одатлар эндиликда салкам миллий онг даражасига эканлигини ҳам инкор этиб бўлмайди).
На дўқ пўписа, на таҳдид – ҳеч нарса кор қилмаётган куёвнинг сурбетлиги бегона хонадон остонасига қадам қўяётган келинникининг олдида ҳолва бўлиб қолибди( у шопмўйлов гапбермас амаки акаларининг, ҳар ишда ҳозиру нозир тоғаларининг гирдиғум бўйинларини, соч босган қора бошларини хам қилаётганини ўйламас, ортида бутун бир жамият қалқон бўлиб турганини ҳис этганидан юраги ботир бўлиб кетган экан).
Хуллас, ёшлар унаштирилиб, барчанинг кўнглини хира қилган тўй ҳам ўтибди.
Орадан бир ҳафта ўтар ўтмас ота она(қайнота қайнона)сининг гилам устига ёзилган қуроқ дастурхон атрофида ўтиришлари чимилдиқ кўрмай янги ҳаёт бошлашган ёшларга ёқмай қолибди.
Стол стул нималигини билмаган боёқишларни ёввойиликда айблай бошлашибди.
Қайнононанинг, келин олмай, бир қанжиқ итни боқиб олсам хонадонимни қўриқлар эди деганича айюҳаннос кўтаришлари олов устига ёғ қўйиб, жанжални кўпайтирибди.
Бу хонадонда бақир чақирлар кунлик одатга айланибди.
Ахийри, уларни ҳовлининг бир четидаги бошқа хонага ўтқазишиб, ўртадан баланд девор олишгачгина сал тинчигандай бўлишибди, лекин қайнононанинг алами ҳамон босилмас, баъзан ўз ўзича мунгли овозлар чиқазиб фарзанд ўстиргани маломатларидан нолалар чекар экан.
Янги маданият пешволари эса парвойи фалак, энди ўз уйларида қаёқдандир топиб келишган юмалоқ стол устига дастурхон ўрнида тўшалган газетадан нигоҳ узмай овқатланишар экан.
Уларнинг газетадан бўшаган пайтларида ҳадемай дунёга келадиган фарзандлари ўғил бўлса унинг жонини оғритиб суннат қилдирмаслик, қиз бўлса сочини кесдирмасдан оқ бантик қадаб қўйиш ҳақида қизғин баҳслашишдан бўлак турмуш борасида дурустроқ фикрга эга эмасликлари хусусида ҳали ҳануз афсона бўлиб афсонага, ҳақиқат бўлиб ҳақиқатга ўхшамаган ғалати гап сўзлар юради.
Еб ичганига шукроналик, дуо учун кафт ёзиш – уларнинг назарида эскилик сарқити, феодализм қолдиғи бўлиб кўринар, ўзлари эса аллақачон барча ҳис туйғулари суғуриб олинган манқурт зомбига айланганликларини идрок этишолмаскан.
Маҳаллий аҳоли тилида чулчут деб аталадиган бунақа безотлардан одамлар ўзларини нари олиб юришдан бўлак илож топишолмасди.
Қорақалпоқ заминини ҳам бундай кўргиликлар четлаб ўтмаган, у бу ерга келган маҳалида заргарлик буюмлари, гиламлар, ажойиб тикилган кийимлар, ўтов безаклари, от абазаллари сингари нарсалар қора ўтмиш қолдиғи сифатида йўқола бориб, уларнинг ўрнига сунъий буёқлар, оврўпоча кийим кечаклар чиқа бошлаган эди.
У бўлса ҳар ёқлардан ийиғи чиқиб кетган ўтов ашёлари, гиламлар, сўзаналар, от тақалари, емхалталар, эгар жиҳозлари каби нарсаларни йиғишдан ор қилмас, шу туфайли «эскифуруш» деган ном ҳам орттириб олган эди.
Улуғ мақсади туфайли инсон ҳар қандай вазиятда ўткинчи гап сўзлардан, гина кудуратлардан юқори тура олишини башариятга тааллуқли беқиёс ва такрорланмас гўзалликни тамоман тупроқ остида қолиб кетишига бефарқ қараб туролмаган унинг шахси тасдиқлайди.
У тупроққа қоришиб, буюмлиги қолмаган нарсаларни ҳам яна ўз ҳолига келтиришга қурби етадиган сеҳргар каби эди.
Унинг сеҳри замирида чуқур билим, маданий чанқоқлик, инсоний жиддийлик ётарди.
Пойтахт Москва шаҳридаги на шахсий фазилатлари, на бажараётган юмушлари билан ҳадеганда кўзга ташланавермаса да, аммо ўз касб корларининг ҳақиқий академиклари бўлган камсуқум камтар реставратор таъмирчилар билан алоқалари сақланиб қолгани энди унга қўл кела бошлади.
Уларнинг эшагидан тушови қиммат қабилидаги ишларга қўл ургилари келмаганига ҳам қарамас, талашиб тортишар, ҳақини тўлашдан қочмаслигини айтиб ваъдалар берар – хуллас, айтганини қилдирарди.
Жамиятнинг маданий муҳитида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ғалати бир ҳол – айш ишрат оғушидаги барча имкониятларга эга бўлганлар четга суриб юборишган фидойи заҳматкашлар кунни кун, тунни демай, ўзларини ўйламай жимгина ҳайқириқсиз, иддао тамаларсиз юртга фарзандлик бурчини адо этишарди.
Мана шу олижаноб юксак туйғу уларни гина кудуратлардан, бургага аччиқ қилиб кўрпа куйдириб юбориш каби аламангизликлардан сақлаб турарди.
«Уни ер юзига, ҳаётга қайтар».
Бу илтижода тарихнинг олис қаърида келаётган садолар мужассам бўлгани унинг қалбида тинимсиз акс садо бериб турарди.
Бу акс садоларда аждодлар, ота боболарнинг қиёфалари жонланиб ўтмиш билан бугунги кун оралиғидаги сарҳадларни маҳв этарди.
Улар ўз ўзларича шунчаки яшаб ўтиб кетишмагани, башариятга тааллуқли нималардир қолдиришга ҳамиша интилишгани ҳақида гоҳ ўнгида, гоҳ тушида хабар беришаётгандек туюларди.
Олис ўтмиш садолари унинг назарида Шарқнинг донишманд шоири лутф айлаганидек, оёқ остига боқмоққа, теварак атрофга дурустроқ разм солмоққа, қўҳна кўзанинг уваланиб тушаётган бандларини жонлантирмоққа қодир эди.
Инсон ботинида одим отиб бораётган зулмоний кўнгил кўчасидаги хираликларни аритмоқ, бўшлиқларни тўлдирмоқ, ўзини сақламоқ ва мавҳум келажак сари интилмоқ туйғуларига эҳтимол эврилишлар куй қўшиқлари ҳамоҳанглик қилар.
Бўм бўш қолган сайёраларга жимиб кетган шовқин суронлар ёпирилгай.
Ҳали қоришиқ туйғулар шаклланиб улгурмагани боис нигоҳларида меҳру муҳаббатгина балқиб турган инсонлар оқими кимсасиз ҳовлиларни тўлдирганича ибтидоий лаҳжаларда ўй сургай, мўйсафид чақалоқлар қиқир қиқирлари ҳаётнинг жиддий туюлган муваққатлиги устидан хандон отиб кула бошлагай.
Кимсасиз ҳовли.
Ҳовли тўла одамлар.
Мўйсафид чақалоқлар бошчаноқлари мағзини жунбушга келтирган фикрлари кимларнингдир онги пучмоқларида, хатти ҳаракатлари ю қарашларида парда ортидан жамол кўрсатгай; уларнинг қайноқ қонлари томирларидан жой олган иблис руҳи билан жангга киришгай.
Эгаси шаҳаргами қаергадир кўчиб кетган даштдаги эски кимасасиз ҳовли ўртасидаги отқозиққа тикилганича ўй суриб тураркан, унинг хаёлида олис ўтмиш манзаралари худди кечагидек жонланарди.
Шу лаҳзада бошига қалпоқ қўндирган қисиқ кўзли чавандоз қўлидаги қамчини тишида тишлаб, пишқириб турган асов отни эгарлай бошлади.
У ҳаттоки чавандознинг от сағрисига шапатиллаб шапатиллаб, тинчлантиришга уринаётганини ҳам илғагандек бўлди.
Унинг кўз ўнгида эгар остидан тўшаладиган жўлдан тортиб узангининг майда қисмларигача, айилнинг илмоқли учидан сувлиқдаги юганннинг йилтираб кетган чармигача аниқ намоён бўлди.
Чавандоз эгарлаб бўлгач, чап оёғини узангига қўйиб, ўнг оёғи билан эгар устидан ошиб ўтиб отга сувор бўлди да, «чу!» деб ҳайқирди.
Эгасиз ҳовлини от туёқларининг забардаст дупури ларзага келтиргандек бўлганида у чўчиб ўзига келди.
Ўтмиш хаёли элитганидан бир муддат ўзини ўнглолмай гарангсиб туриб қолди.
Сўнгра теварак атрофига, беҳудуд яйдоқликка бироз хижолатпазлик ва паришонлик билан разм солди.
Тонг саҳарда йўлга отланишангда ҳаммаёқнинг тўс тўполонини чиқаришга жаҳд қилгандай чиранаётган шамол ҳам энди жиддий юмушдан натижа чиқмаслигини фаҳмлагандек бироз тиниб, қумтўдалар сиртида қамғоқ қувиш билан андармон кўринар эди.
Нарироқда тик турган ҳамроҳи осмоннинг хираланган канораларидан ҳикмат топмоқчи бўлаётгандек ағрайганча олисларга бесамар тикилиб қолган эди.
У отқозиққа яқинлашди.
Кўз ўнгидан ҳозиргина эгарлаган асов тулпор белига чапдастлик билан ўтириб қайларгадир жўнаворган ўктам чавандознинг қиёфаси нари кетмасди.
Саҳронинг узоқларда жимирлаган сароби оёғи остида юз бергани унинг онгию вужудини жимирлатиб юборгандек бўлган эди.
Ўз кенгликларида беҳуда ҳаракатга тушмайдиган тасаввур қуввати инсоннинг етти ухлаб тушида кўрмаган ғаройиб мўъжизаларни рўёбга чиқара олиши мумкинлигини ғуслга чоғланиб тоғорадаги сувга тушган юнон нинг бемаврид қичқириғи ю дарахтдан узилган мевани эътиборидан соқит қилмаган олим нинг ҳайрати сингари бишарият тарихидаги тенгсиз кашфиётлар исботлаб бергани рад этиб бўлмас ҳақиқатдир.
Тасаввурида жонланган суворий ва от тимсолида ҳам маълум ишоралар ётганини у англамаслиги мумкин эмасди.
Буни асло толиққан онг маҳсули деб қабул қилмаслик лозимлигини ҳам у яхши тушунарди.
Беҳуда ҳодисалар эҳтимол тентакларга кўриниши мумкиндир.
Энди у отқозиқнинг чириб уваланиб туша бошлаган ёғочи бўйлаб ғивирсиган ҳашоротлардан кўз узмаган куйи ер юзида минглаб милёнлаб йиллар давомида истиқомат қилишган тирик зотларнинг суяк устихонлари қайлардадир тупроқ остида ётганини хаёлидан ўтказаркан, кўз ўнгида намоён бўлмиш манзара туфайли негадир лингвист бобосидан эшитган қиёмат куни ва бандаларнинг қайта тирилиши ҳақидаги диний ривоятларни эсларди.
Суяклари қайлардадир ер остига ётган чавандознинг ўз ҳовлисида туйқусдан пайдо бўлиб, унинг кўзига кўринишида тушуниб англанмаса да мавжудлиги аниқ ёндош оламлар билан боғлиқ қандайдир сирли ҳодисалар мавжудлигига у савқи табиий ҳис ла ишонарди.
Ҳозир ҳам кўз ўнгида жонланган ғалати манзара, қисиқкўз чапдаст чавандознинг чаққон хатти ҳаракатлари илоҳий ишорадан белги эканлигини савқи табиий ҳис ла пайқаркан, беихтиёр қалби қандайдир фавқулодда ҳодисадан тўлқинланиб ёришиб кетди, лабларига таббассум югуриб нигоҳи чўғдек ёна бошлади.
Нималаргадир андармон бўлганча куймаланиб юрган ҳамроҳи томон қараб қўяркан, шунда тўсатдан яна илҳомбахш дашт навосини илғай бошлади.
Сиртида қамғоқлар ҳакалак отишган барханлар силжиши, жиндаккина шамолдан ҳам дарҳол ҳаракатга тушиб қоладиган эркатой жинтўполонларнинг саҳро бағрида сарсари кезган жигарранг қорамтил устунлари, саксовулзор ва жинғилзорлар оралаб келаётган савту садо унга сирли тарзда нималар ҳақдадир шивирлай бошлади.
Унинг туйқусдан онги ёришди.
Хаёлига келган фикрдан қувониб кетди.
Нақадар тўғри ва жозибали.
Ҳа, у шундай қилади; ҳа, у шунга буюрилган; ҳа, унинг қадимий оҳанглардан жунбушга келган кўнгли шуни буюрмоқда; ҳа, у энди ҳозиргина кўз ўнгида муҳрланган от абзалларини бепоён саҳронинг қайси кунжидан бўлмасин биттама битта йиғиб, яхлит ҳолга келтиради.
Бировга айтса ишонмайдиган чавандоз воқеаси унинг кўз ўнгида беҳуда намоён бўлгани йўқ ку, ахир.
У анча вақтлардан буён бу ҳақда кўнглининг бир четида тугиб юрган бўлса да, от абзалларнинг қанақа, қайси рангларда, нимадан ишланганини тасаввур этолмаганидан нимадан иш бошлашни билмай юрарди – мана энди ҳаммаси ойдек равшан.
«Ҳар бир сўраган олар, излаган топар, тақиллатганга эшик очилар».
Ҳа, албатта, бунга ишонмоқ керак.
Қадим замонлардан мағрибу машриқ заминини эзиб ўтган от туёқлари остида инсоният ҳаётининг ажралмас бўлаклари ястланган.
Ашёлар ва далилларга асосланган тарихгина ишончлидир, йўқса у зўравонлар қўлида «қабиҳ ул малиҳ» сатрлари сингари ўйинчоқ бўлиб қоларди.
Биз ўсган маъволарда йигирманчи асрнинг дастлабки чорагида босқинчиларга қарши олиб борилган миллий озодлик ҳаракатида икиюзламачи сотқинлардан фарқли ўлароқ миллатпарвар мард ўғлонларга учқур тулпорлари содиқ ҳамроҳ бўлган экан.
«Ҳавлиге ғўла қақтирсин, Ғўлага бедев байласин. Узаққа сапар қиғанда, Калле тўлғап ўйнасин. Ати бўсин кўкжўрға, Уриб сасин танг жўлға, Атти минсин жалтўшлап. Жегени туйир бўсин, Мингени уйир бўсин. Адир туби хас бўсин, Кийган тўни лас бўсин, Минган ати мас бўсин. Чавуп оған бедеви, Тақимида харисин. Суйиб аған суйдиги, Қучоғида қарисин» сингари сатрларда мужассам бўлган эзгу ниятлар, дуо фотиҳалар қадимий қавм нинг зотли тулпорларидан ифтихорини ҳам намоён этаркан.
Ўз юртига содиқ азаматлар остидаги арғумоқлар уларни муқаррар фалокатлардан сақлаб қолганида босқинчилар аввало бу отларни йўқотиш кераклигини режалаштиришган экан.
Улар бир уюр отларни боши берк жарлик остига ҳайдаб келиб, устидан тупроқ тортиб юборишган экан.
Отмозор деб аталувчи тепалик ёнбағрида болалик чоғларимизда чиллак ўйнаб юрарканмиз, кун оға бошлаши биланоқ оналаримиз ва бувиларимиз аллақандай саросималик билан шошилинч тарзда бизни чақириб олишар, ҳали кун оғмасдан уйга кирмаслигимизга қўйишмасди.
Уларнинг айтишларича, қуёш ботиб, теварак атрофни қоронғилик эгаллай бошлаши биланоқ тепалик остидан арғумоқларнинг кишнаган овозлари қулоққа чалина бошларкан, сўнгра орадан кўп вақт ўтмай оппоқ қанотли учқур тулпорлар қайлардандир бургутлар сингари учиб келишиб биз чиллак ўйнаган тепалик ёнбағрига қўнишаркан.
Эсимизни таниб, китоблар оламига шўнғиганимизда самовий-илоҳий арғумоқларнинг қадим водийси ёдимизга тушганича кундуз кунлари тепалик ёнбағридан от туёқларининг изларини беҳуда оворагарчилик билан қанчалик изламайлик, улардан ном нишон тополмасдик.
Аслида бундай ривоятлар беҳуда бўлмай, забунликка қарши бош кўтарган руҳий ундовлар бўлганини кейинчалик фаҳмлагандай бўлиб, мижжаларимизга ёш қалққан эди.
Мана шу қуриб қуримаган кўзёшлар ҳаққи биз ундан миннатдор бўламиз.
Бепоён саҳронинг турли пучмоқларидан руҳониятимиз нигоҳини сергакликка ундайдиган ашёларни йиғиб берганига шукрона айтамиз.
Булар шунчаки оддий матоҳ эмас, дилтортар наволар, дилбар шеърият, мангу санъат эканлигига қалбан ишонамиз.
Шу ишонч туфайли бағримиз бутланади, яшагимиз келади, ҳаёт гўзалликларига интилиш тувакдаги сохта гулга кўзни йириб қарашнинг ўзигина эмаслиги туйқусдан онгимизга урилиб, унинг нигоҳ илғамас энг қоронғи бурчакларигача туйқусдан ёриштириб юборади.
Куни билан тинмаган ёмғир кечга бориб қорга айланди.
Ташқаридаги оғир босиқ сокинлик ичкарида ҳам ўз ҳукмини ўтказа бошлади.
Келган кунида унга одатдаги беморлардан бири сифатида қарашган ҳамшираларнинг энди муносабатлари ўзгариб қолганини сезиш қийин эмасди.
Палата эшигидан киришданоқ унга нигоҳи тушган шифокорлардан тортиб ҳамшираларгача беихтиёр кулимсираб, ҳол аҳвол сўрашар, тез кунларда унинг оёққа туриб кетишини, ҳеч кимникига ўхшамаган фидокорона ишини давом эттиришига ишонтирмоқчи бўлишарди.
Уни бевақт ўлим чангалидан асраб қолишга, ҳаётини узайтиришга интилган дўст ёронлари ю гўзаллик шайдолари шифохона эшиги остонасидан қадам узишмасди.
Аммо у бу чоқда ёлғизлигининг шоён неъматларини тотимоқда, ўлим шарбатини ичмоққа вужуди шай, аммо руҳи ором топмасди.
Ҳашаматли стол атрофида ҳар бири ўзи бир дунё каби жамулжам оила аъзолари, илк муҳаббати ёдига тушарди.
У севиб ардоқлаган куз фасли палата деразаси ортида намоён бўлиб, тўкилаётган япроқларни оёқ остига тўшамоқда эди.
Унинг хаста ўпкасига деразанинг қия очиқ дарчасидан, тирқишларидан кирган ҳаво сурилиб, қув қув йўталтиради, оғир ва намчил қўрғошин булутлар қоплаган осмон юки вужуди ва руҳини эзади.
Ҳали олдинда битмаган, битиришга улгурмаган қанчадан қанча чала ишлари турибди, уларни адоғига етказиш истаги кўнглини безовта қилгани қилган.
Ўттиз йилдирки, унинг учун туну кун ўз аҳамиятини йўқотгандек эди.
Икки контейнерда музей кутубхонаси учун юборган суратлар, графика, ноёб китоблар ва журналлар қай аҳволда эканлиги ҳам уни ташвишга соларди.
Улуғ зотларнинг беқиёс руҳий қуввати барчани бирдек мафтун этишини ҳамшираларнинг бир бирларининг қулоқлари остига у ҳақдаги шивир шивирлари, унга бошқача – чексиз меҳр ва хайрихоҳлик нигоҳи билан боқишлари аён этаётгандек бўларди.
Унинг тиниқ нигоҳи тубида инсониятнинг қачонлардир маҳв бўлиб кетган бепоён руҳонияти мўралаб тургандек, ишқ мавзусидаги ўлмас асарларнинг яна бир дурдона намунаси пешонасидаги ёзувларда сабт этилгандек туюларди.
Унинг ўзи сир синоатларга тўла муҳташам обида, гўзалликнинг беқиёс тимсоли, умрзоқ қадрият каби тилсимланиб бормоқда эди.
Мана шу оддий содда ҳамширалар миш мишларининг шарпаси ҳам ҳар қандай кишида унга нисбатан муносабатларни дарҳол ўзгартиришга, хайрихоҳликни оширишга ва ўзлари англамаган қандайдир ҳавасни қўзғашга кифоя эди.
Чунки бунда бежиз ва тасодифий бўлмаган, унинг сермашаққат ҳаёти, гўзал қарашлари, борлиғу оламни идрок этиши каби шахсий фазилатларида мутассил намоён бўлган илоҳийлик мужассам эди.
Бу тобора юксалувчи, тобора кўкловчи поёнсиз теранлик эди.
Мана шу тубсиз теранликнинг зуҳурротларида тоғни талқон қилгулик билак кучи, панд насиҳатлар ва билағонлигини тупукдек сочаётган узунзабон ҳали ҳеч нарса эмаслиги, инсон зоти мағзи моҳияти унинг амали билан нечоғли чамбарчас боғлиқ эканлиги қатъиятли мулойимлик билан акс этиб турарди.
Ҳамма гап шунда да, деяётгандек бўларди у кулибгина.
Унинг ҳаёти ҳақида эшитганлар, севгиси рад этилганлар, бир оғиз сўз билан муҳаббатидан воз кечганлар беихтиёр ўзлари ҳақида ўй суриб қолишарди.
Тасаввурларида ўша самимий ва тоза туйғуларга ошно бўлиб осмонларда учиб юрган кезлари гавдаланарди, худбинликлари ва таккаббурликлари боис барчасини бой берганликларини, бу йўлда ўзни қурбон қилишгина ишқнинг ҳақиқий моҳиятини очишини бехосдан тушуниб етгандек бўлишарди.
Аммо энди кечлигини, барчаси бой берилганини туйқусдан фаҳмлаб қолишарди, шу лаҳзанинг аччиқ алами билан киприкларидан узилган бир томчи яна ҳаётларига нур олиб кираётгандек бўларди.
Наҳотки, ушоққина жисмда шунчалик куч қудрат бўлса?
Ҳа, шунақа.
Яхши тарбия кўрганлиги, ҳалоллиги, ўзини фидо қила олиш фазилати унга буюк инсоний қудрат бахш эта олганди.
Ҳамиша тиниб тинчимас бу одамнинг хаёли ҳануз ўша чўлу биёбонларда, оғриқнинг зўридан гоҳ кўзларини юмиб олар, гоҳ хаёлидан алоғ чалоғ воқеалар кечар, овулма овул кезганлари ярим туш, ярим ўнг онг ости қатламларида такрорланишдан тўхтамас, ёнидан жилмаган қарақалпоқ рассоми билан нималарнидир ҳамон муҳокама этаётгандек эди.
Санъат аталмиш гўзаллик қудратидан оёғи қалтираганларни, бус бутун мамлакат ғоявий гильотиносини саҳро бўронлари туғён урган манзилни танлаб, унинг бир ўзи чув тушириб кетди: танқидчилар, санъатшунослар, билимдонлар, муҳокамачилар, сиёсатчилар, партократ бюрократлар, обивателлар, мухлислар, уюшмалар, маҳкамалар барчаси доғда қолаверди.
У саҳро қўйнида ўзига «қўл билан тиклаб бўлмас ҳайкал» қўяётган маҳалда чаласавод сохта алломаи замон профессорлар бу бизнинг ахлоқимизга, коммунистик мафкурамизга, коммунизм сари олиб борадиган келажагимизга сингари пуч сафсаталари билан ўзларини ўзлари маҳв этиб, йўқлик қаърига ўзларини ўзлари улоқтиришмоқда эди.
«Бир гуруҳ мадҳиябозлар эса мустабидлар шаънига ҳамд санолар ўқийди, уларни ҳаёт пайтида илоҳийлаштиради, қаҳрамонлар даражасига кўтаради» .
Бундай манзара ҳолатлар унинг қалбини ўкинтирар, ўзингизга нисбатан намунча шафқатсиз бўлмасангиз, деяётгандек бўларди унинг маъюс нигоҳи.
Унинг бу нигоҳи инсониятга васият янглиғ тобора сўниб борарди – ахийри, унинг кўзлари оҳиста юмилди, нигоҳи беқиёс ва беадад гўзалликнинг мангу жамолига восил бўлаётганини пайқагандек заҳматкаш чеҳрасида нозик табассум абадий қотди.
Орфей олтин кифарасининг қилдек нозик торларидан таралаётган, шамоллар оғушида кезган бепоён дашт навоси каби абадият маъволарида унинг руҳи таратган мунаввар нур азалдан мукаррам қилиб яралган инсон ҳаёти, тирикликнинг маъноси, яшашдан мақсад садолари ўлим ҳаётнинг тугаши эмас, аксинча бошланиши эканлигини акс эттирарди.
Бу садолар аён ноаён оламларда чўкиб бораётган инсоний ҳис туйғулар қаддини кўтармоққа интиларди, маҳв бўлиб кетган тамаддунларни йўқлик қаърларидан судраб чиқарарди, тўзондай тўзиган шаҳарларни қайтадан бутларди – бу оламда ҳеч нарса ҳеч қачон йўқолиб кетмаслиги, барчаси расаммади билан ўз ўрнида жойлашши ҳақида сур тортарди.
Дунёда ҳаёт пайдо бўлганидан буён қанчадан қанча истеъдод соҳиблари томонидан битилган беқиёс муҳаббат қиссалари, достонлари, маъшуқасига ҳамнафас бўлмоқ учун кўксига тиғ санчган ошиқлар, қартайганда кўнгли қолган маъшуқлар, ишқни ўткинчи жамолу зулфи сумансойлардан эмас, самодан излаган дарвешлар – барча барчаси кўз ўнгингиздан ўтаркан, унинг сўнгги нафаси каби гўзаллик ноёблиги, беқиёслигини туйқусдан фаҳмлаб қоласиз.
Унинг ишқи барча халқларда битилган муҳаббат қиссаларига асло ўхшамасди, фақат ўзига хос эди, унинг рамақи, энди гўзаллик дунёни қутқаролмайди, деб инсониятнинг ўткинчи хас хашаклари бонг уриб турган лаҳзалар учун зарур эди.
Унинг ҳатто ўлими ҳам ҳаракатда эди.
Беқиёс санъат намуналари кунфаякун қилиниб, оёқ остида топталаётган чоғларда унинг руҳи ҳам ўзи сингари гўзаллик сари интиларди.
Васиятига кўра, уни ўзи севган чўли биёбон бағрига, Нукус шаҳри четидаги христианлар қабристонига дафн этишди.
Қабр устидаги қора мармарга ёзилган «Гўзалликнинг буюк халоскорига» деган ёзув қабристоннинг умумий руҳига ётдек туюлса да, аммо зиндонга ҳам нинанинг учидек тирқишдан мўралаган нур каби бу сўзлар мангуликка дахлдор эди.
Ўшанда, аллақачон барча қадриятлардан жудо бўлиб гўзаллик туйғусига ҳам истеҳзо ва масхара билан қараш қорин ғамидан бўлак дарди бўлмаган омма онгида буюк саросималикнинг куртаклари шакллана бошлаган кезлар эди.
Энди улар учун муқаддас нарсанинг ўзи йўқдек эди.
Бир буюк зот қабрига қўйилагн мармартошни ўғирлаб тегирмонтош қилишгани сингари миш мишлар ҳаттоки ҳеч кимни ажаблантирмай қўйган кезлар эди.
Ўғрилашгани ку ўз йўлига, даҳшатлиси бундан ҳеч кимнинг ажабланмаслиги эди.
Унинг қабри тепасига, мармар тахта устига ўрнатилган Орфей ҳайкалчасини ҳам кимлардир ўғирлаб кетишганини эшитишганда ҳам ҳеч ким ажабланмади.
Уни қидириб топиб жойига қўйиш ҳақида эмас, зах босган тимларда, оғзи қийшиқ сотувчиларнинг тўдаси орасида қўнжидан бу ҳайкалчани чиқариб яримта ароққа алмаштирмоқчи бўлган қандайдир бадбўй кимса ҳақида гапиришарди.
Бир одамнинг сой бўйида бўғизлаб кетилгани, унинг ёнида қандайдир ҳайкалча ётгани ҳақида лоф қоф уришарди.
Аммо ҳеч ким аниқ таниқ бир нарса дея олмасди.
Аниқ нарса шу эдики, бир замонлар Стикснинг қутирган кўпикларига улоқтирилган Орфей ҳалокати вакҳанкаларнинг абадий қўтиришлари исканжасида ҳамон давом этаётгандек туюларди.
«Ўсимлик, узумчилик ва май худоси Дионис шарафига ўтказилаётган вакҳ байрамида унинг мухлисалари ширакайф вакҳанкалар қийқиришиб шовқин солишар, тампан чилдирмаларни гумбирлатиб авж пардаларда қўшиқлар куйлашиб Орфейга худди йиртқич қушлар сингари ҳамла қилишарди. Улардан бири қўлидаги тўқмоғини силтаб, қўшиқчига қарата ирғитди. Лекин тўқмоққа ўралган чирмовиқ уни қаттиқ зарбадан сақлаб қолди. Бошқа бир вакҳанка унга тош отди, сеҳрловчи қўшиқ ҳурмати тош кечирим сўраётгандек унинг оёқлари томон думалаб кетди. Шовқин остида унинг овозини бўғилиб, устига тўқмоқ ва тошлар дўлдай ёғилди, ялиниб ёлворишлари беҳуда кетди, уни аяшмади, дилрабо куй қўшиқларини берилиб тинглаган дов дарахтлар, тоғу тошлардан фарқли ўлароқ ғазаб отига минган маст аласт шаробхўр мухлисалар уни назар писанд қилишмасди. У қип қизил қонга беланиб ерга қулади, шу тариқа жонидан жудо бўлди, вакҳанкалар эса ҳамон жазавадан тушмай унинг жасадини қонга ботган қўллари билан бурда бурда қилиб ташлаб, жасади ва кифарасини тез оқар дарё Ҳебрага итқитдилар. Тўлқинлар оқизиб кетаётган кифара торларидан нолаю афғонлар тараларди, уларга жўр бўлган дарё суви қирғоқларидан ошиб кетганди».
«Уни ер юзига, ҳаётга қайтар».
Ҳарқанча оғриқ изтироблар, қисматида битилган кўргиликлар унинг илтижоси қаршисида арзимасдек туюларди.
Дарҳақиқат, кўргилигу оғриқ изтироблар ўткинчилиги буюк қўшиқчигагина эмас оддий инсонга ҳам тасикн тасалли бера олади, аммо ўтинч илтижо қиёматга қадар ўз ечимини кутиб, яратганга маломат янглиғ пешвоз туради.
Ўткинчи оғриқлар мангуликка асло дахл этолмайди.
Қоронғи тимларда, овлоқ жойларда сарсари кезган жайдари ароқхўр ўғри билан Дионис мухлисалари бўлмиш вакҳанкалар ҳам абадий ришталар билан боғланган эди.
Ваҳҳанкалар шароб тўла идишларга шўнғиган бўлса, жайдари ўғри қўлтиғида кўтариб юрган гўзаллик тимсоли билан ҳеч қачон ҳеч нарсага эриша олмаслигини, аксинча мангу ланъатланишини билмас эди.
Бу тимсол ўғри қўлига тушиши биланоқ ўз қимматини йўқотган эди.
Аммо унинг асл қиммати мангулик билан бўйлашиб, қабр остида ётган улуғ инсоннинг кўксидан жой олганди.
«Уни ер юзига, ҳаётга қайтар».
Теварак атрофини қуршаган Диониснинг бадмаст мухлисалари тилга олиб бўлмайдиган сўзлар билан ҳақаротлашаётган, унга тошлар отишаётган, қора калтакларини аёвсиз ўқталишаётган лаҳзаларда ҳам Орфейнинг ягона илтижоси шу эди.
Унинг безовта руҳи негадир ором топмас, чексиз ғусса ва алам қоплаган нигоҳини ортга ўгиришни истаса да, бунга журъат этолмас, шафқатсиз маъбуднинг бемаъни шарти туфайли бир марта панд егани кифоя эканлигини яхши англарди.
Шу чоқда олтин кифара симторларидан тирикликнинг беҳисоб устунларини тутиб тургувчи орзу умидларни юксалтирадиган санъат ва гўзаллик инсон қалбида бетимсол муқаддас туйғуларни уйғотиб уни мангу ҳаракатга чорлаши, шу боис макон ва замон сарҳадларини тан олмаслиги каби маъноларни англатувчи дилтортар куйлар таралиб, қачонлардир ўзи кўнгил узган башарият ҳаёти яна муҳташам ва жозибали туюла бошлади.
Бошидан калтаклар аримаган, мутассил ҳақоротларга дош бериб келаётган гўзаллик куйчиси бетимсол Эвридикасининг шарпалар оламидан яна ҳаётга қайтганига гувоҳ бўлган эди.
Орфейнинг илтижосини мардона буюк халоскор мустажоб айлаб, илоҳий истеъдод соҳибига илҳом бағишлаб юксакларга олиб чиққан беқиёс тенгсиз гўзалликни ер юзига, ҳаётга қайтарган эди.
Энди унинг малоҳатли соҳибжамоли, ардоқлаган орзу умидлари ҳеч қачон шарпалар оламига сингиб йўқолмайди.
У бундан хавотир олмаса ҳам бўлади.
Энди у бемалол ортига қараши мумкин.

2015 йил, мезон.

09

(Tashriflar: umumiy 220, bugungi 1)

Izoh qoldiring