Gulchehra Asronova. Uch hikoya

32Эр-хотин шоҳ бекатга етиб келганларида шивалаб ёғаётган ёмғир хийла забтига олган, ёқа-енглардан дам-бадам совуқ ел суқулиб кириб этни жунжуктирарди…

Гулчеҳра АСРОНОВА
УЧ ҲИКОЯ


18 Гулчеҳра Асронова 1968 йилда Фарғона шаҳрида туғилган. Тошкент Аграр университетини тамомлаган. «Ота уйим оқшомлари», «Осмонини топган қуш», «Остонангда турибман, дунё» каби бир неча китоблари нашр этилган.


МОВИЙ КЎЗЛАР

Шаҳар чеккасидаги биллур қаср узоқдан қараганда худди ҳавода муаллақ тургандай ажабтовур кўриниши туфайли бутун Ер сайёрасида довруғ таратган. Унинг меъмори – заминдаги биринчи рақамли ихтирочи ўзининг муҳташам кашфиётида волидаси билан бирга яшайди. Хизматларига бир нечта темиртан ҳозир этилган: итоаткор қулларининг дастури шу қадар ранг-барангки, наинки маиший, балки маданий эҳтиёжлари ҳам уларнинг зиммасида. Сув томчиларидек бир хил бу мовийкўз роботлар соҳибларининг истагига кўра ҳар қандай куйни созда жонли чалишади, шоҳ асарларни муаллифлар овозида ўқиб беришади ва ҳоказо кўнгилочар томошаларни бажо келтирадилар. Бундай роҳат-фароғатга эришмоқликда онанинг ҳам ҳиссаси бор – у беназир адиба. Энг йирик нашриётлар унинг асарларини охирги нуқтаси қўйилиши билан сотиб олишади.

Гоҳ ихтиро, гоҳ янги асар туфайли ойнаижаҳонда бот-бот намоён бўлувчи ушбу қасрда инсон зоти бажарадиган юмушнинг ўзи қолмаган, ташқи оламдаги заруратларга учар дастёрлар шай турарди. Она-бола шу йўсин беихтиёр ўз саройларига қамал этилганларини ўтган йили, кошона деворларидаги улкан сенсорларнинг бирида курраи заминда навбатдаги вабо тарқалгани ҳақидаги совуқ хабар балқиб чиққанида англаб қолдилар: иккиси шундоғам ҳайбатли “ғор”ларидан чиқмай ҳаёт кечиришар, ҳатто одамбўйи деразалардан ташқарига қарашга ҳам хоҳишлари қолмаганди. Ўзларини шу қадар беҳожат санардиларки, Худони эсламай қўйганларига ҳам кўп йиллар бўлган…

***

— Она, менда ажойиб бир ғоя туғилди! – деб қолди ўғил, ана шундай сарафроз кунларнинг бирида. – Бу жами кашфиётларимнинг чўққиси бўлгай! Зеро одам боласининг заковоти ҳали бу чегарадан ўта олмаган.

— Ғаройиб тасодиф! Билсанг, менинг хаёлимда ҳам ўта нодир асар ғояси пишитиляпти. Ёзсам, миллионлаб нусхада сотилмоғи аниқ!
— Биз янада бойиймиз! Янада машҳур бўламиз!
— Албатта шундай бўлади. Ахир биз даҳолармиз!

Эртаси куни ўғил, ёзувчининг оғзидан чиққанини электрон матнга айлантиришга мослашган хизматкорни чақириб, тугмадеккина чипни унинг ўнг чаккасидаги тешикчага жойлади. Шу заҳоти темиртаннинг кўксидаги экранда беканинг кўнглидан кечаётган сўзлар кинотасмадай ўта бошлади: “Қани, қандай каромат экан? Оламшумул деди-ку, алламбалодир. Ие, ахир мен… гапирмадим-ку? Унда… бу менинг… ўйларим! Йўқ, йўқ! Тўхта!”

-Нималар бўляпти, ўғлим?
-Айтганимдек, одам боласи кўрмаган кашфиёт бу, онажон! Энди асарларингизни сўзлаб ўтирмайсиз, хаёлдан ўтказсангиз кифоя!

Аёл яшин тезлигида рўпарасидаги котибнинг мовий кўзларига қаради. Улар ҳиссиз йилтиллар, лекин мониторда ҳаяжонли сўзлар кетма-кет айланарди: “Даҳшат! Беқиёс! Мен энди… ўйласам бас!.. Масалан… масалан ҳозир… дарахтлар ҳақида хаёл қиламан. Ҳа, мен ўша мўъжизани кўрганман! Шаҳримиз марказида уч туп бор эди. Бирам кўркамки! Номи… Ҳа, ўрик! У гулларди. Қордек оппоқ, бирам нафис…”

-Ўғлим, сен нақадар қудратлисан! Қара, бир неча сонияда шунча туйғу матнга муҳрланди! Биз бу тезлик билан… ҳар кун битта китоб яратишимиз мумкин!
-Ҳа, биз даҳомиз!
-Биз тенгсизмиз!
-Эртагаёқ янги романимни ёзаман.
-Бугуноқ ёзарсиз балким? — жўшиб кетди ўғил.
-Шошма, бунга ҳозир тайёр эмасман. Диққатимни жамлаб олишим керак. Ахир бундай ҳаяжон билан…

Шундай дея ногоҳ котибга қараганди, зумда мониторда йирик сарлавҳа акс этди: “Янги Ер”.
-Йўқ, тўхтат! Эртага ёзаман, дедим-ку! Буни ўчирсанг-чи, ўғлим!

Ихтирочи чипни енгил ҳаракат билан суғуриб олди-да, шиша тортмага солиб қўйди.

***

Тонгда она бетакрор романини ёздиришга тайёр бўлиб уйғонди-ю… қасрда ваҳима бошланди – котиб ғойиб бўлибди! Бундан ҳам ёмони, чип жойида йўқ!..

Кун бўйи излашди, барча ақлли ускуналарини ишга солишди, аммо бундай роботлар аллақачон бозорга чиққан, барчасининг кўксига котибники сингари ёзув экрани ўрнатилганди…

Қидирув куну тун давом этди, лекин оммага ошкор этилмади: чунки шундай нодир кашфиёт ҳақидаги хабар она-бола даҳоларнинг уқувсизлиги билан бошланиши мумкин эмас, бу уларнинг жаҳоний обрўсига путур етказмоғи шубҳасиз эди.

Тонгни иккиси ҳам дастурли уйқу кабинасида қарши олишди. Сўнг, ноодатий эзғин кайфиятда ошхона томон юрдилар. Инсон тафтини сезган асосий деворда эса янгиликлар бошланиб кетди.

-Шундай қилиб, адабиёт оламида мисли кўрилмаган шов-шувли асар дунёга келди. Ушбу беқиёс романни “Даҳо” таҳаллуси билан эълон қилган ёзувчи асарини онлайн тарзда тақдим этган ва қолган барча жараёнларда ўз шахсини сир тутмоқда. Тақдимот сифатида бир миллион дона чоп этилган асар яқин соатларда яна юз баробар нусхада жами тилларда босмадан чиқарилиб, жаҳон бўйлаб тарқатилади.

Кенг йўлакда карахт турган она ва бола қаршисида улкан китоб тасвири пайдо бўлди. Муқовада эса жимжимадор сарлавҳа зоҳир эди: “Янги Ер”!..

***

“Даҳо” бемисл шуҳрат қозонди. Шиддаткор тамаддундан безиб мутолаага қайтган Одамзод “Янги Ер”ни ютоқиб ўқир, сирли ёзувчи шаънини кўкларга кўтариб маъруза қиларди. Орзуси чилпарчин бўлган ўғил ҳамда илҳом неъматидан мосуво она ташқарига маънисиз боққанча қайғуга ботиб ўтирардилар. Бирининг энди ихтиро этишга журъати етмас, бошқаси ғира-шира ғояларини ёзишга беҳуда уринар – сал ишга жазм этсалар қайсидир кунжакдан бир жуфт мовий кўз таъқиб қилаётандек қўрқув босарди. Бир умр кузатиб турган улкан нигоҳдан бехабар икки осий шу тариқа ҳиссиз бир темиртаннинг назаридан паноҳ излаб беҳаловат эдилар. Сайёрада бот-бот Даҳонинг бир-биридан ғаройиб янги китоблари овоза бўлар; айтишларича, унинг бемисл истеъдодини кўролмай, асарларини “меники” деб даъво қилаётган телбаваш ёзувчи-шоирлар сони тобора ортиб борарди…

Она-бола ўзларини илк бор ожиз ҳис қилдилар. Ҳа, улар кўп вақтлардан бери забунлик нелигин билмай музаффарият баҳрида олтин балиқчалардек яйраб сузишар, бир зарбда қирғоққа итқитилган айни дамдаги хорлик изтироби ич-ичларидан вайрон этарди. Ичкарида эса илоҳий назаргоҳ – қалбнинг занглаган эшиклари оғриқ билан очилар, бу ҳолни доҳиёна ақллари бовар этолмаган икки банда маҳзун-маҳзун оҳ чекардилар. Қаерда хато қилишди, нега бундай бўлди?!

Кўксида бир асов тўлқин мавж уриб, тўлиб-тошган пайт онанинг кўзлари беихтиёр осмонранг шифтга қадалди-ю, баҳайбат бу маъвода қарийб ярим асрдан буён айтилмаган сўзлар жаранглади:
-Эй Худо, ўзинг нажот бер!

Ва бу илтижо шаффоф деворлар узра сирғалиб, олтин гулларга урилиб, нурпардалар аро сизиб бутун қасрда такрор-такрор акс-садо берди.
Аммо… бу кўргулик уларнинг сўнгги кашфиётлари эди.

ҚИРҚМА ҚОВУН

Эр-хотин шоҳ бекатга етиб келганларида шивалаб ёғаётган ёмғир хийла забтига олган, ёқа-енглардан дам-бадам совуқ ел суқулиб кириб этни жунжуктирарди. Акбарали ҳайдовчига йўлкирани узата туриб сўради:
-Жиззахнинг таксилари қаерда туради, ука?
-Ҳўв ўнг томондаги қаторни кўряпсизми, қора машина кўндаланг турибди, ўша питак.

Аёлини улкан том остида қолдириб ўша томонга борди-ю, изига қайтди.
-Ҳали келмабди-ку, — деди қовоғини уйиб. – Шошилиб бало бормиди!
-Билмасам, — елка қисди Саодат, — ўн бирда шаҳарда бўламан деганди-да. Кепқолар…
-Ҳозир, сўрай-чи, — дея телефонини юзига яқин келтириб тугмани босди эр. – Алло? Ука, Жиззахдан почта сиздами? Ҳа, биз келдик, қаердасиз? Ие, шунақами? Ҳмм… Чатоқ бўпти-да. Ҳа энди, начора… Хўп, майли.

Телефони ўчирар-ўчирмас зарда қилди:
— Ана сенга! Машина йўлда бузилиб қопти!
— Оббо!.. Қаердайкан?
— Довондан энди тушганмиш. Ҳе нодон, уловинг соз бўлмаса уйда ўтирмайсанми!
— Майли энди, бўғилмай туринг…
— Сенлар билан бўғилмай бўладими! Келинларни бошингга чиқарволдинг, мана энди кап-катта одамлар битта ёш боланинг гапига кириб дийдираб юрибмиз!
— Хўп энди, қўйинг, дадаси. Шу болларни деб…
— Бўпти, бас! Бўлар иш бўлди, кутамиз. Мен анови дўконларни бир айланиб келаман.

Саодат сал енгил тортди. Тажанг эри бунақа пайтда у ёқдан-бу ёққа юриб олмаса тафти босилмайди. Аслида-ку, шу ҳавода изғиб юриш кимга ёқсин, феъли айнийди-да. “Битта ёш бола” дегани кенжа келин. Шукур, анча куттириб бўлса ҳам, оғзи бемаза бўлди. Нима деса муҳайё қилишяпти, катта келинлардан кам қилганлари йўқ. Лекин шу сафар боплади уям: нақ қишнинг ўртасида қирқма қовун ейман деб қолди. Қайнота бўлмишнинг “олдинги замон эмас, бозорда жондан бошқа ҳамма нарса бор” деб гердайиб олиб келган қовунига қараб ҳам қўймади. Кўнгли чўлнинг қовунини тусаганмиш! Опаси Жиззахга тушган, ўшаникига меҳмонга борганда еган-у мазаси оғзида қолганмиш…
Саодат азза-базза чўлга қўнғироқ қилдириб, келишиб олди. Ўзининг ҳам бошидан ўтган, тушунади. Лекин у пайтлар дала билан уй ўртасида “нима егинг келяпти?” деб сўрайдиган марднинг ўзи бўлмаган. Худо берган ўзгаришлар учун ўзини маломат қилган, ўшанда… Ҳозир давр бошқа, йилнинг тўрт фаслида истаганингни топасан. Замона ўзгариб, етти ухлаб тушингга кирмаган ишлар бўляпти. Ўзларининг қишлоғида ҳам баланд “дом”лар қурилди, набиралари мактабда бармоқ тегса ёзадиган доскада дарс ўтишяпти, аллақаерда машиналар учаётганмиш… Лекин аёл зотининг бошқоронғулик савдоси ўша-ўша: атои Худо бу хислат шуурини ҳар кўйга солади, истакларга бўйсундиради, оламнинг кўзга кўринган-кўринмаган гўзалликларини қайта англашга мажбур этади ва жамики лаззатларни кўпинча ақл бовар қилмас бир парча неъматга жойлаб қўяди. Ва соҳиби қудратнинг каромати ила яна бир Одам бинога келади!
…Мана, шу кенжа ўғли – ўттизга кирмай кўзи хиралашиб қолган, минус неччиям кўзойнак тақяпти. Ҳар баҳор ранги бўздек оқариб кетаверади. Еб-ичиш, парваришдан ками йўқ. Ҳўв ўшанда кам бўлган, она қорнида қантарилган! Шунақа ўйлар бостириб келади-да гоҳида…

— Ёмғирни қара! – ҳийла авзойи очилиб келган Акбаралининг овози хаёлини бўлди. — Ҳеч замонда қишда шунақа ёмғир ёққанми, а?
— Нимасини айтасиз, ҳали-бери тинадиган сиёғи ҳам йўқ. Қор ёғсайди бунинг ўрнига! Майли, ўрик гуллагунча хумордан чиқиб ёғволсин, — деди-да, кутиш юкини енгиллатиш учун атай кенгроқ мавзудан гап очди: — Салима холам яна шаҳардаги қизиникига кетибди, билдингизми?
— Кўринмай қолувди, пайқадим. Нима гап экан ўзи?
— Ээ, дадаси, пучуқ келиннинг ҳунари кўп экан. Болалари катта бўлиб ёнига кириши билан қайнона керак бўлмай қолди. Холам шўрлик қиш ичи гурс-гурс йўталди, биров духтирга кўрсатай демади. Энди “ўпкага ўтиб қолибди, жиддийроқ даволанинг” деган гапни эшитиб, шўрликни идиш-товоғигача ажратиб яккалаб қўйибди. Маҳаллада “қайнонам туберкулоз бўпти, гўдакларга юқмаса гўргайди” деб ёзғириб юрганмиш. Бечора холам қизиникида экан.
— Одамми ўзи бу келин?! Сардор-чи, ё Россиядами?
— Шу ерда, лекин чурқ этолмайди. Ихволига куёв Россияда экан, қизиникида беминнатгина ўтирибди. Шаҳарда дамим қайтади дерди, чидаётгандир ғарибгина.
— Аттанг, эсиз! Олим тоғам билан буларни оёққа турғазгунча кўрмаган кунлари қолмаганди. Чолидан кейин хор бўпти. Каттаси Собир ҳартугул ориятли йигит эди, умри қисқа экан. Менга қара, узоқ бўлсаям уруғимиз, хабар олиш керак.
Гурунглари дардга айланди, юраклари эзилди… Эрта-индин имкон қилиб холани йўқлаб келадиган бўлишди. Саодатнинг ёдига қайнонасининг гаплари келди. “Шу Салима жуда инжиқ бола боқади-да, — деган эди раҳматли. – Бу гажирларни туққунча тортган азобларини айтмайсанми! Нақ етти ойлаб қилтомоқдек овқат еёлмай тўшакка михланиб қоларди. Айвонда оғзини каппа очиб ётарди, Олим пашшасини ҳайдаб елпиб ўтирганча кўзраи ёшланганини кўрганман… Мана энди чурвақаларнинг олди мактабни битиряпти, лекин бир-биридан тантиқ!”
Уч соатлар деганда довон ошган тансиқ қовун етиб келди. Ёмғир ҳам шуни пойлаб тургандай таққа тўхтади.
Дарвозадан кирароқ ҳовли этагида қунишиб ўтирганча ниманидир ишқалаб юваётган келинга кўзлари тушди. Ўрнидан дик этиб туриб салом берди-да, қўлидагини ичкарига олиб кириб кетди. Акбарали сўз қотди:
-Тезда сўйиб, келинни чақир.

Саодат қовунни лаганга тилимлаб солди. Ҳавони ажиб ифор тутди. Акбарали бир тиликнинг четини синдириб: — Қани, шунча таварик қилган қирқмаси қанақа экан. Бисмилло, — деб бир тишлади-ю, юзи бужмайиб кетди: — Эҳ-ҳе, думбул ҳам бундан ширин!

Саодатнинг қўллари бўшашиб тушди. Татиб кўрди – ҳақиқатан, маза-матра йўқ…
Дастурхон устида қайнона-келин ёлғиз қолдилар. “Олинг-олинг” билан бошлаб берган Саодат келинчагига хавотирли боқиб турарди. Унинг эса кўзлари юлдуздек порлаб, тамшаниб-тамшаниб қовун ер, ҳар ютганда бошини сараклатиб мақтаб қўярди:
— Айтдим-ку, чўлники бошқача деб! Мазза, а, аяжон?
— Ҳа, болам, жудаям ширин. Етказганига шукур!

ЭРК

Туғилганида шамол мисоли озод эди у. Аввал уйчаси ёнида, сўнг қўрғон ичида алпанг-талпанг юриб кун сайин дадиллашди. Онасига эркаланиб сакрашни, кейин вангиллашни ўрганди. Югуриб-елиб ўйнайдиган майдони тобора кенгайиб борди, яйраб-яйраб улғаяверди.

Жўхоридан бўшаган томорқага тинмай учиб-қўнаётган қушларни акиллаб қувалашни ўрганган пайтида кимгадир бериб юборишди-ю, эркига путур етди.

***

-Анави пешонаси қорани тоғангларникига элтиб бер.
-Ээ, ая, ўзимизга қолсин шу?
-Қўй, тоғанг ҳафа бўлади. Кеча келиб танлаб кетган.

***

Бу ҳовли янада каттароқ, ҳамшаматлироқ, уйчаси ҳам яп-янги эди. Лекин нимагадир уни бойлаб қўйишди. Бўйинтуруққа кўнгиси келмай узиб ташлашга уринди, ўзини у ёқдан-бу ёққа урди. Шовқин солиб уй эгаларининг жонига тегди шекилли, арқонини сал узайтириб қўйишди. Бўлмади, жонҳолатда қутулишга уринаверди. Шунда, авжи ғингшиётганда бақалоқ соҳиби келиб таёқ билан чунонам туширдики, қандай инига кириб кетганини билмай қолди. Эртаси, кейинги куни ҳам шундай бўлди…

У энди арқони етган майдондан уёғини орзу қилмай қўйди. Кўнди. Фақат уришмаса бас.

Рўпарасидаги катакдан чийпиллаган товушлар чиқиб, кейинроқ ҳурпайган товуқ етовида митти, сариқ-суруқ жўжалар ташқарига ёйилмагунча мушукдек юввош бўлиб юрди. Аввалига уларни кузатиш зўр эрмак бўлди. Бироқ жўжа тушмагурлар кундан-кунга ўсиб кучукнинг важоҳатини назар-писанд қилмай қўйишди, уйчасининг атрофида бемалол санғиб юраверишди. Охир-оқибат қонидаги шиддат жўш уриб кетди. Маллавойлардан биттаси яқингинасига гердайиб келиб, унга тегишли ялоқни чўқилай бошлаганида жони борича ўзини ўша томонга урди. Чўчиб қочган жўжага етай деганида арқон қаттиқ тортилиб, ҳавога коптокдек кўтарилди-ю гупиллаб ерга тушди. Айни шу пайт қаёқдандир соҳиби етиб келди ва таёғини яхшилаб ишга солди…

***

-Ўғри мушук чиқибди, итни қўйворгин демаганмидим?
-Бўшатиб қўйганман. Ана, арқони осилиб юрибди.
-Нега унда уйидан нари кетмаяпти?
-Билмасам…

***

Калтаклашмаса бўлди!..
Уришмаса бас!..
У шунчаки бир кучукчадек яшамоқчи эди.
Энди унинг бор олами – уйчасининг атрофи.
Энди унга бўйинтуруқ солиш шарт эмас…

091Er-xotin shoh bekatga yetib kelganlarida shivalab yog’ayotgan yomg’ir xiyla zabtiga olgan, yoqa-englardan dam-badam sovuq yel suqulib kirib etni junjuktirardi…

Gulchehra ASRONOVA
UCH HIKOYA


     Gulchehra Asronova 1968 yilda Farg’ona shahrida tug’ilgan. Toshkent Agrar universitetini tamomlagan. «Ota uyim oqshomlari», «Osmonini topgan qush», «Ostonangda turibman, dunyo» kabi bir necha kitoblari nashr etilgan.


MOVIY KO’ZLAR

Shahar chekkasidagi billur qasr uzoqdan qaraganda xuddi havoda muallaq turganday ajabtovur ko’rinishi tufayli butun Yer sayyorasida dovrug’ taratgan. Uning me’mori – zamindagi birinchi raqamli ixtirochi o’zining muhtasham kashfiyotida volidasi bilan birga yashaydi. Xizmatlariga bir nechta temirtan hozir etilgan: itoatkor qullarining dasturi shu qadar rang-barangki, nainki maishiy, balki madaniy ehtiyojlari ham ularning zimmasida. Suv tomchilaridek bir xil bu moviyko’z robotlar sohiblarining istagiga ko’ra har qanday kuyni sozda jonli chalishadi, shoh asarlarni mualliflar ovozida o’qib berishadi va hokazo ko’ngilochar tomoshalarni bajo keltiradilar. Bunday rohat-farog’atga erishmoqlikda onaning ham hissasi bor – u benazir adiba. Eng yirik nashriyotlar uning asarlarini oxirgi nuqtasi qo’yilishi bilan sotib olishadi.

Goh ixtiro, goh yangi asar tufayli oynaijahonda bot-bot namoyon bo’luvchi ushbu qasrda inson zoti bajaradigan yumushning o’zi qolmagan, tashqi olamdagi zaruratlarga uchar dastyorlar shay turardi. Ona-bola shu yo’sin beixtiyor o’z saroylariga qamal etilganlarini o’tgan yili, koshona devorlaridagi ulkan sensorlarning birida kurrai zaminda navbatdagi vabo tarqalgani haqidagi sovuq xabar balqib chiqqanida anglab qoldilar: ikkisi shundog’am haybatli “g’or”laridan chiqmay hayot kechirishar, hatto odambo’yi derazalardan tashqariga qarashga ham xohishlari qolmagandi. O’zlarini shu qadar behojat sanardilarki, Xudoni eslamay qo’yganlariga ham ko’p yillar bo’lgan…

***

— Ona, menda ajoyib bir g’oya tug’ildi! – deb qoldi o’g’il, ana shunday sarafroz kunlarning birida. – Bu jami kashfiyotlarimning cho’qqisi bo’lgay! Zero odam bolasining zakovoti hali bu chegaradan o’ta olmagan.

— G’aroyib tasodif! Bilsang, mening xayolimda ham o’ta nodir asar g’oyasi pishitilyapti. Yozsam, millionlab nusxada sotilmog’i aniq!
— Biz yanada boyiymiz! Yanada mashhur bo’lamiz!
— Albatta shunday bo’ladi. Axir biz daholarmiz!

Ertasi kuni o’g’il, yozuvchining og’zidan chiqqanini elektron matnga aylantirishga moslashgan xizmatkorni chaqirib, tugmadekkina chipni uning o’ng chakkasidagi teshikchaga joyladi. Shu zahoti temirtanning ko’ksidagi ekranda bekaning ko’nglidan kechayotgan so’zlar kinotasmaday o’ta boshladi: “Qani, qanday karomat ekan? Olamshumul dedi-ku, allambalodir. Ie, axir men… gapirmadim-ku? Unda… bu mening… o’ylarim! Yo’q, yo’q! To’xta!”

-Nimalar bo’lyapti, o’g’lim?
-Aytganimdek, odam bolasi ko’rmagan kashfiyot bu, onajon! Endi asarlaringizni so’zlab o’tirmaysiz, xayoldan o’tkazsangiz kifoya!

Ayol yashin tezligida ro’parasidagi kotibning moviy ko’zlariga qaradi. Ular hissiz yiltillar, lekin monitorda hayajonli so’zlar ketma-ket aylanardi: “Dahshat! Beqiyos! Men endi… o’ylasam bas!.. Masalan… masalan hozir… daraxtlar haqida xayol qilaman. Ha, men o’sha mo»jizani ko’rganman! Shahrimiz markazida uch tup bor edi. Biram ko’rkamki! Nomi… Ha, o’rik! U gullardi. Qordek oppoq, biram nafis…”

-O’g’lim, sen naqadar qudratlisan! Qara, bir necha soniyada shuncha tuyg’u matnga muhrlandi! Biz bu tezlik bilan… har kun bitta kitob yaratishimiz mumkin!
-Ha, biz dahomiz!
-Biz tengsizmiz!
-Ertagayoq yangi romanimni yozaman.
-Bugunoq yozarsiz balkim? — jo’shib ketdi o’g’il.
-Shoshma, bunga hozir tayyor emasman. Diqqatimni jamlab olishim kerak. Axir bunday hayajon bilan…

Shunday deya nogoh kotibga qaragandi, zumda monitorda yirik sarlavha aks etdi: “Yangi Yer”.
-Yo’q, to’xtat! Ertaga yozaman, dedim-ku! Buni o’chirsang-chi, o’g’lim!

Ixtirochi chipni yengil harakat bilan sug’urib oldi-da, shisha tortmaga solib qo’ydi.

***

Tongda ona betakror romanini yozdirishga tayyor bo’lib uyg’ondi-yu… qasrda vahima boshlandi – kotib g’oyib bo’libdi! Bundan ham yomoni, chip joyida yo’q!..

Kun bo’yi izlashdi, barcha aqlli uskunalarini ishga solishdi, ammo bunday robotlar allaqachon bozorga chiqqan, barchasining ko’ksiga kotibniki singari yozuv ekrani o’rnatilgandi…

Qidiruv kunu tun davom etdi, lekin ommaga oshkor etilmadi: chunki shunday nodir kashfiyot haqidagi xabar ona-bola daholarning uquvsizligi bilan boshlanishi mumkin emas, bu ularning jahoniy obro’siga putur yetkazmog’i shubhasiz edi.

Tongni ikkisi ham dasturli uyqu kabinasida qarshi olishdi. So’ng, noodatiy ezg’in kayfiyatda oshxona tomon yurdilar. Inson taftini sezgan asosiy devorda esa yangiliklar boshlanib ketdi.

-Shunday qilib, adabiyot olamida misli ko’rilmagan shov-shuvli asar dunyoga keldi. Ushbu beqiyos romanni “Daho” tahallusi bilan e’lon qilgan yozuvchi asarini onlayn tarzda taqdim etgan va qolgan barcha jarayonlarda o’z shaxsini sir tutmoqda. Taqdimot sifatida bir million dona chop etilgan asar yaqin soatlarda yana yuz barobar nusxada jami tillarda bosmadan chiqarilib, jahon bo’ylab tarqatiladi.

Keng yo’lakda karaxt turgan ona va bola qarshisida ulkan kitob tasviri paydo bo’ldi. Muqovada esa jimjimador sarlavha zohir edi: “Yangi Yer”!..

***

“Daho” bemisl shuhrat qozondi. Shiddatkor tamaddundan bezib mutolaaga qaytgan Odamzod “Yangi Yer”ni yutoqib o’qir, sirli yozuvchi sha’nini ko’klarga ko’tarib ma’ruza qilardi. Orzusi chilparchin bo’lgan o’g’il hamda ilhom ne’matidan mosuvo ona tashqariga ma’nisiz boqqancha qayg’uga botib o’tirardilar. Birining endi ixtiro etishga jur’ati yetmas, boshqasi g’ira-shira g’oyalarini yozishga behuda urinar – sal ishga jazm etsalar qaysidir kunjakdan bir juft moviy ko’z ta’qib qilayotandek qo’rquv bosardi. Bir umr kuzatib turgan ulkan nigohdan bexabar ikki osiy shu tariqa hissiz bir temirtanning nazaridan panoh izlab behalovat edilar. Sayyorada bot-bot Dahoning bir-biridan g’aroyib yangi kitoblari ovoza bo’lar; aytishlaricha, uning bemisl iste’dodini ko’rolmay, asarlarini “meniki” deb da’vo qilayotgan telbavash yozuvchi-shoirlar soni tobora ortib borardi…

Ona-bola o’zlarini ilk bor ojiz his qildilar. Ha, ular ko’p vaqtlardan beri zabunlik neligin bilmay muzaffariyat bahrida oltin baliqchalardek yayrab suzishar, bir zarbda qirg’oqqa itqitilgan ayni damdagi xorlik iztirobi ich-ichlaridan vayron etardi. Ichkarida esa ilohiy nazargoh – qalbning zanglagan eshiklari og’riq bilan ochilar, bu holni dohiyona aqllari bovar etolmagan ikki banda mahzun-mahzun oh chekardilar. Qayerda xato qilishdi, nega bunday bo’ldi?!

Ko’ksida bir asov to’lqin mavj urib, to’lib-toshgan payt onaning ko’zlari beixtiyor osmonrang shiftga qadaldi-yu, bahaybat bu ma’voda qariyb yarim asrdan buyon aytilmagan so’zlar jarangladi:
-Ey Xudo, o’zing najot ber!

Va bu iltijo shaffof devorlar uzra sirg’alib, oltin gullarga urilib, nurpardalar aro sizib butun qasrda takror-takror aks-sado berdi.
Ammo… bu ko’rgulik ularning so’nggi kashfiyotlari edi.

QIRQMA QOVUN

Er-xotin shoh bekatga yetib kelganlarida shivalab yog’ayotgan yomg’ir xiyla zabtiga olgan, yoqa-englardan dam-badam sovuq yel suqulib kirib etni junjuktirardi. Akbarali haydovchiga yo’lkirani uzata turib so’radi:
-Jizzaxning taksilari qayerda turadi, uka?
-Ho’v o’ng tomondagi qatorni ko’ryapsizmi, qora mashina ko’ndalang turibdi, o’sha pitak.

Ayolini ulkan tom ostida qoldirib o’sha tomonga bordi-yu, iziga qaytdi.
-Hali kelmabdi-ku, — dedi qovog’ini uyib. – Shoshilib balo bormidi!
-Bilmasam, — yelka qisdi Saodat, — o’n birda shaharda bo’laman degandi-da. Kepqolar…
-Hozir, so’ray-chi, — deya telefonini yuziga yaqin keltirib tugmani bosdi er. – Allo? Uka, Jizzaxdan pochta sizdami? Ha, biz keldik, qayerdasiz? Ie, shunaqami? Hmm… Chatoq bo’pti-da. Ha endi, nachora… Xo’p, mayli.

Telefoni o’chirar-o’chirmas zarda qildi:
— Ana senga! Mashina yo’lda buzilib qopti!
— Obbo!.. Qayerdaykan?
— Dovondan endi tushganmish. He nodon, uloving soz bo’lmasa uyda o’tirmaysanmi!
— Mayli endi, bo’g’ilmay turing…
— Senlar bilan bo’g’ilmay bo’ladimi! Kelinlarni boshingga chiqarvolding, mana endi kap-katta odamlar bitta yosh bolaning gapiga kirib diydirab yuribmiz!
— Xo’p endi, qo’ying, dadasi. Shu bollarni deb…
— Bo’pti, bas! Bo’lar ish bo’ldi, kutamiz. Men anovi do’konlarni bir aylanib kelaman.

Saodat sal yengil tortdi. Tajang eri bunaqa paytda u yoqdan-bu yoqqa yurib olmasa tafti bosilmaydi. Aslida-ku, shu havoda izg’ib yurish kimga yoqsin, fe’li ayniydi-da. “Bitta yosh bola” degani kenja kelin. Shukur, ancha kuttirib bo’lsa ham, og’zi bemaza bo’ldi. Nima desa muhayyo qilishyapti, katta kelinlardan kam qilganlari yo’q. Lekin shu safar bopladi uyam: naq qishning o’rtasida qirqma qovun yeyman deb qoldi. Qaynota bo’lmishning “oldingi zamon emas, bozorda jondan boshqa hamma narsa bor” deb gerdayib olib kelgan qovuniga qarab ham qo’ymadi. Ko’ngli cho’lning qovunini tusaganmish! Opasi Jizzaxga tushgan, o’shanikiga mehmonga borganda yegan-u mazasi og’zida qolganmish…
Saodat azza-bazza cho’lga qo’ng’iroq qildirib, kelishib oldi. O’zining ham boshidan o’tgan, tushunadi. Lekin u paytlar dala bilan uy o’rtasida “nima yeging kelyapti?” deb so’raydigan mardning o’zi bo’lmagan. Xudo bergan o’zgarishlar uchun o’zini malomat qilgan, o’shanda… Hozir davr boshqa, yilning to’rt faslida istaganingni topasan. Zamona o’zgarib, yetti uxlab tushingga kirmagan ishlar bo’lyapti. O’zlarining qishlog’ida ham baland “dom”lar qurildi, nabiralari maktabda barmoq tegsa yozadigan doskada dars o’tishyapti, allaqayerda mashinalar uchayotganmish… Lekin ayol zotining boshqorong’ulik savdosi o’sha-o’sha: atoi Xudo bu xislat shuurini har ko’yga soladi, istaklarga bo’ysundiradi, olamning ko’zga ko’ringan-ko’rinmagan go’zalliklarini qayta anglashga majbur etadi va jamiki lazzatlarni ko’pincha aql bovar qilmas bir parcha ne’matga joylab qo’yadi. Va sohibi qudratning karomati ila yana bir Odam binoga keladi!
…Mana, shu kenja o’g’li – o’ttizga kirmay ko’zi xiralashib qolgan, minus nechchiyam ko’zoynak taqyapti. Har bahor rangi bo’zdek oqarib ketaveradi. Yeb-ichish, parvarishdan kami yo’q. Ho’v o’shanda kam bo’lgan, ona qornida qantarilgan! Shunaqa o’ylar bostirib keladi-da gohida…

— Yomg’irni qara! – hiyla avzoyi ochilib kelgan Akbaralining ovozi xayolini bo’ldi. — Hech zamonda qishda shunaqa yomg’ir yoqqanmi, a?
— Nimasini aytasiz, hali-beri tinadigan siyog’i ham yo’q. Qor yog’saydi buning o’rniga! Mayli, o’rik gullaguncha xumordan chiqib yog’volsin, — dedi-da, kutish yukini yengillatish uchun atay kengroq mavzudan gap ochdi: — Salima xolam yana shahardagi qizinikiga ketibdi, bildingizmi?
— Ko’rinmay qoluvdi, payqadim. Nima gap ekan o’zi?
— Ee, dadasi, puchuq kelinning hunari ko’p ekan. Bolalari katta bo’lib yoniga kirishi bilan qaynona kerak bo’lmay qoldi. Xolam sho’rlik qish ichi gurs-gurs yo’taldi, birov duxtirga ko’rsatay demadi. Endi “o’pkaga o’tib qolibdi, jiddiyroq davolaning” degan gapni eshitib, sho’rlikni idish-tovog’igacha ajratib yakkalab qo’yibdi. Mahallada “qaynonam tuberkuloz bo’pti, go’daklarga yuqmasa go’rgaydi” deb yozg’irib yurganmish. Bechora xolam qizinikida ekan.
— Odammi o’zi bu kelin?! Sardor-chi, yo Rossiyadami?
— Shu yerda, lekin churq etolmaydi. Ixvoliga kuyov Rossiyada ekan, qizinikida beminnatgina o’tiribdi. Shaharda damim qaytadi derdi, chidayotgandir g’aribgina.
— Attang, esiz! Olim tog’am bilan bularni oyoqqa turg’azguncha ko’rmagan kunlari qolmagandi. Cholidan keyin xor bo’pti. Kattasi Sobir hartugul oriyatli yigit edi, umri qisqa ekan. Menga qara, uzoq bo’lsayam urug’imiz, xabar olish kerak.
Gurunglari dardga aylandi, yuraklari ezildi… Erta-indin imkon qilib xolani yo’qlab keladigan bo’lishdi. Saodatning yodiga qaynonasining gaplari keldi. “Shu Salima juda injiq bola boqadi-da, — degan edi rahmatli. – Bu gajirlarni tuqquncha tortgan azoblarini aytmaysanmi! Naq yetti oylab qiltomoqdek ovqat yeyolmay to’shakka mixlanib qolardi. Ayvonda og’zini kappa ochib yotardi, Olim pashshasini haydab yelpib o’tirgancha ko’zrai yoshlanganini ko’rganman… Mana endi churvaqalarning oldi maktabni bitiryapti, lekin bir-biridan tantiq!”
Uch soatlar deganda dovon oshgan tansiq qovun yetib keldi. Yomg’ir ham shuni poylab turganday taqqa to’xtadi.
Darvozadan kiraroq hovli etagida qunishib o’tirgancha nimanidir ishqalab yuvayotgan kelinga ko’zlari tushdi. O’rnidan dik etib turib salom berdi-da, qo’lidagini ichkariga olib kirib ketdi. Akbarali so’z qotdi:
-Tezda so’yib, kelinni chaqir.

Saodat qovunni laganga tilimlab soldi. Havoni ajib ifor tutdi. Akbarali bir tilikning chetini sindirib: — Qani, shuncha tavarik qilgan qirqmasi qanaqa ekan. Bismillo, — deb bir tishladi-yu, yuzi bujmayib ketdi: — Eh-he, dumbul ham bundan shirin!

Saodatning qo’llari bo’shashib tushdi. Tatib ko’rdi – haqiqatan, maza-matra yo’q…
Dasturxon ustida qaynona-kelin yolg’iz qoldilar. “Oling-oling” bilan boshlab bergan Saodat kelinchagiga xavotirli boqib turardi. Uning esa ko’zlari yulduzdek porlab, tamshanib-tamshanib qovun yer, har yutganda boshini saraklatib maqtab qo’yardi:
— Aytdim-ku, cho’lniki boshqacha deb! Mazza, a, ayajon?
— Ha, bolam, judayam shirin. Yetkazganiga shukur!

ERK

Tug’ilganida shamol misoli ozod edi u. Avval uychasi yonida, so’ng qo’rg’on ichida alpang-talpang yurib kun sayin dadillashdi. Onasiga erkalanib sakrashni, keyin vangillashni o’rgandi. Yugurib-elib o’ynaydigan maydoni tobora kengayib bordi, yayrab-yayrab ulg’ayaverdi.

Jo’xoridan bo’shagan tomorqaga tinmay uchib-qo’nayotgan qushlarni akillab quvalashni o’rgangan paytida kimgadir berib yuborishdi-yu, erkiga putur yetdi.

***

-Anavi peshonasi qorani tog’anglarnikiga eltib ber.
-Ee, aya, o’zimizga qolsin shu?
-Qo’y, tog’ang hafa bo’ladi. Kecha kelib tanlab ketgan.

***

Bu hovli yanada kattaroq, hamshamatliroq, uychasi ham yap-yangi edi. Lekin nimagadir uni boylab qo’yishdi. Bo’yinturuqqa ko’ngisi kelmay uzib tashlashga urindi, o’zini u yoqdan-bu yoqqa urdi. Shovqin solib uy egalarining joniga tegdi shekilli, arqonini sal uzaytirib qo’yishdi. Bo’lmadi, jonholatda qutulishga urinaverdi. Shunda, avji g’ingshiyotganda baqaloq sohibi kelib tayoq bilan chunonam tushirdiki, qanday iniga kirib ketganini bilmay qoldi. Ertasi, keyingi kuni ham shunday bo’ldi…

U endi arqoni yetgan maydondan uyog’ini orzu qilmay qo’ydi. Ko’ndi. Faqat urishmasa bas.

Ro’parasidagi katakdan chiypillagan tovushlar chiqib, keyinroq hurpaygan tovuq yetovida mitti, sariq-suruq jo’jalar tashqariga yoyilmaguncha mushukdek yuvvosh bo’lib yurdi. Avvaliga ularni kuzatish zo’r ermak bo’ldi. Biroq jo’ja tushmagurlar kundan-kunga o’sib kuchukning vajohatini nazar-pisand qilmay qo’yishdi, uychasining atrofida bemalol sang’ib yuraverishdi. Oxir-oqibat qonidagi shiddat jo’sh urib ketdi. Mallavoylardan bittasi yaqinginasiga gerdayib kelib, unga tegishli yaloqni cho’qilay boshlaganida joni boricha o’zini o’sha tomonga urdi. Cho’chib qochgan jo’jaga yetay deganida arqon qattiq tortilib, havoga koptokdek ko’tarildi-yu gupillab yerga tushdi. Ayni shu payt qayoqdandir sohibi yetib keldi va tayog’ini yaxshilab ishga soldi…

***

-O’g’ri mushuk chiqibdi, itni qo’yvorgin demaganmidim?
-Bo’shatib qo’yganman. Ana, arqoni osilib yuribdi.
-Nega unda uyidan nari ketmayapti?
-Bilmasam…

***

Kaltaklashmasa bo’ldi!..
Urishmasa bas!..
U shunchaki bir kuchukchadek yashamoqchi edi.
Endi uning bor olami – uychasining atrofi.
Endi unga bo’yinturuq solish shart emas…

043

(Tashriflar: umumiy 65, bugungi 1)

1 izoh

  1. ассалому алайкум, устоз Хуршид оға! ажойиб адибамиз Гулчеҳра опанинг ҳикояларини сайтда бериб олижаноб иш қилибсиз. ўзбек адабиёти, мусиқасини ҳам тарғиб қи лишдаги ишларингизга Аллоҳ катта ажру мукофотлар берсин. доим соғ бўлинг!

Izoh qoldiring