Asqar Mahkam. Ruhoniyat va so’z & Asqar Mahkam «Yonimizdagi odam» teledasturida

04427 ноябрь Шоир Асқар Маҳкам таваллуд топган кун

     Сўз асл маънода илоҳийдир. Сўз ҳамма истифода этиши мумкин бўлган Оллоҳ марҳаматидир. Чунончи, булоқдан одам ҳам, қуш ҳам баҳраманд бўлаверади. Сўз ёлғон бўлмайди. Унинг соҳиби ёлғончи бўлиши мумкин. Агар бу ёлғончига барча ишонса, унда фалокат рўй беради.

Асқар МАҲКАМ
РУҲОНИЯТ ВА СЎЗ
08

021Ному насабини лўнда қилиб «маччойи» (Шимолий Тожикистоннинг тоғли музофотида яшовчи халқ, асли мастчоҳлик)нинг «самжун» уруғига мансублигини аҳён-аҳён эслатиб турадиган бувим Нигорбиби бўлмаганида эҳтимол менинг гўдаклигим ва болалигим «шўро етимхоналари»да кечган бўларди. Лойиқ Шерали бир замон Мастчоҳ тоғларини кезиб қайтгач, дунёда мастчоҳликнинг жонидан қаттиқроқ жон йўқ, деган мазмунда шеър ёзган. Кампир қаттиқжон эди…

Одам фарзанди бошига жазо бўлиб келган ўктабр ҳодисаларидан чамаси ўн йил бурун Қўқоннинг Яйпан туманидаги Давлатботир қишлоғида туғилган бувим «қулоқ-қулоқ» даврларида бир гуруҳ қўқонлик муҳожирлар билан Жанубий Тожикистоннинг Ҳисор тизма тоғлари этагидаги Кофарниҳон дарёсининг қамишзор тўқай соҳилларига довур қочиб бориб, ўнғайроқ бир ерни обод қилишиб яшай бошлашган. 30-йилларда бошланган тўқай обод қилиш урушдан кейин ҳам давом этган. Қишлоқ ўнглангач, унга дағал бўлса-да «Жангалобод» деб ном беришган. Аммо «социализм» деган тушунча тўқайга ҳам кириб келгач, қишлоқ номини бирмунча мураккаб ва сиёсий «Ижтимоият» номи билан алмаштиришган. Бу маҳол сўзни ҳеч ким шу пайтгача махражини келиштириб айта олмайди.

Отам Абдураҳмон (Оллоҳ раҳмат қилсин) фожиали ҳалок бўлганда акам етти яшар, опам беш яшар, мен уч яшар, укам бир яшар эдик…

Онамиз турмушга чиқиб кетгач, кампир бувимиз бизни ўгай ота қўлига бермаган. «Ўзим катта қиламан…» деган қайсар ва қаттиқжон кампир… Кейинчалик, бир этак нонхўрни бир кампир эплолмаса кераг-ов, деб етимхоналар эшигини кўрсатган кимсаларни ҳам бу «маччойи хотин» умрининг сўнгги дамларигача кечирмади. Меҳнат ва ибодатдан бўлак ҳеч нарсани билмаган кампир бувим Худойи таъолонинг бизга кўрсатган марҳамати эди. Мен етимлик, жудолик, оғир машаққатлар ёшига қорилган бу марҳамати учун Оллоҳга ҳамдлар айтаман.

Болалигим Кофарниҳон соҳилларида мол боқиш, таппи териш, экин-тикин ва пахта териш билан ўтди. Шеър «жин чалгандек» ўша пайтда ёпишди. Албатта, ўшанда нечоғли даҳшатли ишга қўл ураётганимни билмаганман. Ўрта мактаб, кейин Хўжанд дорилфунунининг тарих ва адабиёт куллиёти яна қишлоқ ва ниҳоят Тошкент…

Тошкентга 1985 йилнинг эрта баҳорида келдим.

1988 йил «Наврўз» номли илк шеърий тўпламим нашр этилди. (Мен ҳарчанд уринмай уни ўзим истаган ном («Одам») билан атолмадим.

Шеър мен учун қисматнинг ўзи эди.

Бу қисмат ўзининг ибтидоий палласидан бугунги дақиқаларигача ғоят мавҳум, пинҳон ва ғайриодамийдир.

Қоғоздаги шеър бу ҳали шеър эмас. Унда асосийси — жон ва руҳ йўқ. Дунёдаги жамийки илоҳий дастурларнинг қоғоз ёхуд бошқа бир ашёга қайд этиб қолдирилиши қатъиян ман этилганининг боиси ҳам шунда. Сўз руҳан, таъбир жоиз бўлса, танадан чиққач — ўлади. Бир донишманд қачонки Қуръон дилларни эмас, муҳташам бинолар пештоқи ва деворларни безай бошлагач, эътиқод таназзулга юз тутди, деган эди. Ашёвий сўз жонсиздир. Ҳарчанд таъсирли бўлмасин сўз ўқувчига нафас орқали етганда ўз бурчини адо этади. Борди-ю шеърни дуо ёхуд дуони шеър деб тасаввур қилсак муддао янада равшанлашади. Аммо сўз, мажозга айланган сўз Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом айтганларидек, ҳақиқат кўпригидир. Ҳақиқатга мажоз ва сўз элтади. Моддийлашган руҳ қоғозда токи унга кимнингдир назари тушгунга қадар зиндонда яшагандек яшайверади. Зиндон туйнуклари очилиб унга назар ташлагувчи пайдо бўлгач жонланади. Бироқ «халоскор» кимсанинг кўксида руҳ борми ёхуд фақат яроғ тутган нозирми уни Парвардигор билади. Бинобарин, ҳанузгача Навоий англанмайди. Румий ва Бедил, Халлож ва Аттор ўқилмайди. Зоҳиран эса улар ҳақида китоблар ёзилган. Дарвоқе, Қуръон мусулмон учун Қуръондир.

Сўз ва руҳ билан ёлғиз қолган шоир иймонли бўлса, бу жараён ибодатдир. Агар борди-ю сўз билан ёлғиз қолган шоир жисмида нафсоният устун бўлса, бу айш ва шақоват. Ундан ҳам баттар — фитна ва бузғунчилик бўлиши мумкин. Иймонли сўз ва руҳнинг бир вужудда кечадиган умри хайрли тоат бўлиб, ўз соҳибини эзгуликлар сари элтади, ўзгаларга ҳам яхшилик келтиради. Зеро, бу ибодат дуолари ижобат бўлади.

Табиийки сўфийлик — шоирлик эмас. Сўфийлик чексиз риёзат, жисмоний ва руҳий чиниқиш, шахс маънавий камолотининг энг олий нуқтаси. Сўфийликка юксак қобилият, теран билим ва куч-қудрат билан эришиш мумкин эмас. Бинобарин, сўфийларнинг деярли аксарияти саводсиз бўлганлар. Бироқ ҳали адабиётда сўфий шоирлар мақомида сўз айта оладиган шоир пайдо бўлган эмас. Зеро, бу олий мақомотга фақат сўфийлик риёзати, сўфийлик руҳонияти орқали эришилади. Шеърга ана шу нуқталардан ёндашиш, сўзга меҳр боғлаган ёшларга худди шу риёзатлар йўлини ҳам кўрсатишнинг оқибати яхши. Аксинча, оддий нафсониятга айланган шеърбозлик бу дунё ғурури, шуҳратпарастлик, худбинлик каби залолатга айланади.

Биз «бадиий ижод» деб атайдиган ҳодиса аслида «руҳоний-ақлий ижод» бўлиб, унинг сирлари ҳақида китоб битилса, ўқимишли китоб бўлади.

Сўз асл маънода илоҳийдир. Аммо илоҳиёт ҳам Илоҳ ва унинг қули ўртасидаги ботиний алоқалар ва боғланишлар орқали зуҳур этади. Чунончи, Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломга сўз аршдан ваҳий тарзда, яъни моддийлашган ҳолда инган. Сўз ҳамма истифода этиши мумкин бўлган Оллоҳ марҳаматидир. Чунончи, булоқдан одам ҳам, қуш ҳам баҳраманд бўлаверади. Сўз ёлғон бўлмайди. Унинг соҳиби ёлғончи бўлиши мумкин. Агар бу ёлғончига барча ишонса, унда фалокат рўй беради.

Адабиётда янги сўз бўлмайди, рост сўз бўлиши мумкин.

Ақл — Яратгувчининг мўъжизаси. У руҳ ва сўзни олий мақомларга кўтарди, сайқаллайди, оро беради. Ақл, руҳ ва сўз муштараклиги инсониятнинг чинакам илоҳий қудрати. Оллоҳ инсонни айни ана шу учлик сифати билан безаган. Бу ҳақда саҳиҳ далолатлар, пирларимиздан пандлар бор.

Шеъриятнинг мавҳум, ғайриоддий ҳаёт шакли эканлигини юқорида қайд этдим. Мавҳумлик шундаки, биз моддий олам ва руҳоний оламнинг ўзаро қоришмаси ичида яшаймиз. Зоҳирий оламни сезгувчи бир қанча аъзоларимиз бўлгани ҳолда ботиний оламни фақат ҳислар ёрдамида идрок этамиз. Шу сабабли дўст ва душман билан ҳам қўл беришиб, қучоқлашиб кўришаверамиз. Суймаган одам билан яшаймиз. Хорликка, ёлғонга, хиёнатга чидаймиз.

Аслида эса руҳоний одам ҳеч қачон юқоридаги ҳодисалар билан келиша олмайди. Бинобарин, ботиний, ғайриоддий ҳаётда илоҳий моҳият бор. Аммо бу оламда яшаш учун одам зотида сабот борми?.. У — чинакам жазо. Аммо ана шу «жазо»га мустаҳиқ шоир чексиз буюкдир..

Asqar MAHKAM
RUHONIYAT VA SO’Z
08

021Nomu nasabini lo’nda qilib «machchoyi» (Shimoliy Tojikistonning tog’li muzofotida yashovchi xalq, asli mastchohlik)ning «samjun» urug’iga mansubligini ahyon-ahyon eslatib turadigan buvim Nigorbibi bo’lmaganida ehtimol mening go’dakligim va bolaligim «sho’ro yetimxonalari»da kechgan bo’lardi. Loyiq Sherali bir zamon Mastchoh tog’larini kezib qaytgach, dunyoda mastchohlikning jonidan qattiqroq jon yo’q, degan mazmunda she’r yozgan. Kampir qattiqjon edi…

Odam farzandi boshiga jazo bo’lib kelgan o’ktabr hodisalaridan chamasi o’n yil burun Qo’qonning Yaypan tumanidagi Davlatbotir qishlog’ida tug’ilgan buvim «quloq-quloq» davrlarida bir guruh qo’qonlik muhojirlar bilan Janubiy Tojikistonning Hisor tizma tog’lari etagidagi Kofarnihon daryosining qamishzor to’qay sohillariga dovur qochib borib, o’ng’ayroq bir yerni obod qilishib yashay boshlashgan. 30-yillarda boshlangan to’qay obod qilish urushdan keyin ham davom etgan. Qishloq o’nglangach, unga dag’al bo’lsa-da «Jangalobod» deb nom berishgan. Ammo «sotsializm» degan tushuncha to’qayga ham kirib kelgach, qishloq nomini birmuncha murakkab va siyosiy «Ijtimoiyat» nomi bilan almashtirishgan. Bu mahol so’zni hech kim shu paytgacha maxrajini kelishtirib ayta olmaydi.

Otam Abdurahmon (Olloh rahmat qilsin) fojiali halok bo’lganda akam yetti yashar, opam besh yashar, men uch yashar, ukam bir yashar edik…

Onamiz turmushga chiqib ketgach, kampir buvimiz bizni o’gay ota qo’liga bermagan. «O’zim katta qilaman…» degan qaysar va qattiqjon kampir… Keyinchalik, bir etak nonxo’rni bir kampir eplolmasa kerag-ov, deb yetimxonalar eshigini ko’rsatgan kimsalarni ham bu «machchoyi xotin» umrining so’nggi damlarigacha kechirmadi. Mehnat va ibodatdan bo’lak hech narsani bilmagan kampir buvim Xudoyi ta’oloning bizga ko’rsatgan marhamati edi. Men yetimlik, judolik, og’ir mashaqqatlar yoshiga qorilgan bu marhamati uchun Ollohga hamdlar aytaman.

Bolaligim Kofarnihon sohillarida mol boqish, tappi terish, ekin-tikin va paxta terish bilan o’tdi. She’r «jin chalgandek» o’sha paytda yopishdi. Albatta, o’shanda nechog’li dahshatli ishga qo’l urayotganimni bilmaganman. O’rta maktab, keyin Xo’jand dorilfununining tarix va adabiyot kulliyoti yana qishloq va nihoyat Toshkent…

Toshkentga 1985 yilning erta bahorida keldim.

1988 yil «Navro’z» nomli ilk she’riy to’plamim nashr etildi. (Men harchand urinmay uni o’zim istagan nom («Odam») bilan atolmadim.

She’r men uchun qismatning o’zi edi.

Bu qismat o’zining ibtidoiy pallasidan bugungi daqiqalarigacha g’oyat mavhum, pinhon va g’ayriodamiydir.

Qog’ozdagi she’r bu hali she’r emas. Unda asosiysi — jon va ruh yo’q. Dunyodagi jamiyki ilohiy dasturlarning qog’oz yoxud boshqa bir ashyoga qayd etib qoldirilishi qat’iyan man etilganining boisi ham shunda. So’z ruhan, ta’bir joiz bo’lsa, tanadan chiqqach — o’ladi. Bir donishmand qachonki Qur’on dillarni emas, muhtasham binolar peshtoqi va devorlarni bezay boshlagach, e’tiqod tanazzulga yuz tutdi, degan edi. Ashyoviy so’z jonsizdir. Harchand ta’sirli bo’lmasin so’z o’quvchiga nafas orqali yetganda o’z burchini ado etadi. Bordi-yu she’rni duo yoxud duoni she’r deb tasavvur qilsak muddao yanada ravshanlashadi. Ammo so’z, majozga aylangan so’z Payg’ambar alayhissalotu vassalom aytganlaridek, haqiqat ko’prigidir. Haqiqatga majoz va so’z eltadi. Moddiylashgan ruh qog’ozda toki unga kimningdir nazari tushgunga qadar zindonda yashagandek yashayveradi. Zindon tuynuklari ochilib unga nazar tashlaguvchi paydo bo’lgach jonlanadi. Biroq «xaloskor» kimsaning ko’ksida ruh bormi yoxud faqat yarog’ tutgan nozirmi uni Parvardigor biladi. Binobarin, hanuzgacha Navoiy anglanmaydi. Rumiy va Bedil, Xalloj va Attor o’qilmaydi. Zohiran esa ular haqida kitoblar yozilgan. Darvoqe, Qur’on musulmon uchun Qur’ondir.

So’z va ruh bilan yolg’iz qolgan shoir iymonli bo’lsa, bu jarayon ibodatdir. Agar bordi-yu so’z bilan yolg’iz qolgan shoir jismida nafsoniyat ustun bo’lsa, bu aysh va shaqovat. Undan ham battar — fitna va buzg’unchilik bo’lishi mumkin. Iymonli so’z va ruhning bir vujudda kechadigan umri xayrli toat bo’lib, o’z sohibini ezguliklar sari eltadi, o’zgalarga ham yaxshilik keltiradi. Zero, bu ibodat duolari ijobat bo’ladi.

Tabiiyki so’fiylik — shoirlik emas. So’fiylik cheksiz riyozat, jismoniy va ruhiy chiniqish, shaxs ma’naviy kamolotining eng oliy nuqtasi. So’fiylikka yuksak qobiliyat, teran bilim va kuch-qudrat bilan erishish mumkin emas. Binobarin, so’fiylarning deyarli aksariyati savodsiz bo’lganlar. Biroq hali adabiyotda so’fiy shoirlar maqomida so’z ayta oladigan shoir paydo bo’lgan emas. Zero, bu oliy maqomotga faqat so’fiylik riyozati, so’fiylik ruhoniyati orqali erishiladi. She’rga ana shu nuqtalardan yondashish, so’zga mehr bog’lagan yoshlarga xuddi shu riyozatlar yo’lini ham ko’rsatishning oqibati yaxshi. Aksincha, oddiy nafsoniyatga aylangan she’rbozlik bu dunyo g’ururi, shuhratparastlik, xudbinlik kabi zalolatga aylanadi.

Biz «badiiy ijod» deb ataydigan hodisa aslida «ruhoniy-aqliy ijod» bo’lib, uning sirlari haqida kitob bitilsa, o’qimishli kitob bo’ladi.

So’z asl ma’noda ilohiydir. Ammo ilohiyot ham Iloh va uning quli o’rtasidagi botiniy aloqalar va bog’lanishlar orqali zuhur etadi. Chunonchi, Payg’ambar alayhissalotu vassalomga so’z arshdan vahiy tarzda, ya’ni moddiylashgan holda ingan. So’z hamma istifoda etishi mumkin bo’lgan Olloh marhamatidir. Chunonchi, buloqdan odam ham, qush ham bahramand bo’laveradi. So’z yolg’on bo’lmaydi. Uning sohibi yolg’onchi bo’lishi mumkin. Agar bu yolg’onchiga barcha ishonsa, unda falokat ro’y beradi.

Adabiyotda yangi so’z bo’lmaydi, rost so’z bo’lishi mumkin.

Aql — Yaratguvchining mo»jizasi. U ruh va so’zni oliy maqomlarga ko’tardi, sayqallaydi, oro beradi. Aql, ruh va so’z mushtarakligi insoniyatning chinakam ilohiy qudrati. Olloh insonni ayni ana shu uchlik sifati bilan bezagan. Bu haqda sahih dalolatlar, pirlarimizdan pandlar bor.

She’riyatning mavhum, g’ayrioddiy hayot shakli ekanligini yuqorida qayd etdim. Mavhumlik shundaki, biz moddiy olam va ruhoniy olamning o’zaro qorishmasi ichida yashaymiz. Zohiriy olamni sezguvchi bir qancha a’zolarimiz bo’lgani holda botiniy olamni faqat hislar yordamida idrok etamiz. Shu sababli do’st va dushman bilan ham qo’l berishib, quchoqlashib ko’rishaveramiz. Suymagan odam bilan yashaymiz. Xorlikka, yolg’onga, xiyonatgachidaymiz.

Aslida esa ruhoniy odam hech qachon yuqoridagi hodisalar bilan kelisha olmaydi. Binobarin, botiniy, g’ayrioddiy hayotda ilohiy mohiyat bor. Ammo bu olamda yashash uchun odam zotida sabot bormi?.. U — chinakam jazo. Ammo ana shu «jazo»ga mustahiq shoir cheksiz buyukdir..

021

(Tashriflar: umumiy 175, bugungi 1)

2 izoh

  1. Жалолиддин Румийнинг «Маънавийи маснавий» асари Аскар Махкам таржимасини топишимда ёрдам беринг, илтимос!

Izoh qoldiring