Manoqibi Dukchi eshon & Fozilbek Otabek o‘g‘li. Dukchi eshon voqeasi & Alinazar Egamnazarov. Siz bilgan Dukchi eshon & Asqar Mahkam. Dukchi eshon, Muhammad Yusuf va Xizrobod arig’i

Ashampoo_Snap_2017.12.19_18h00m29s_001_.pngДукчи эшон раҳбарлигидаги қўзғолоннинг 122 йиллиги олдидан

   Қарийб бутун бошли водийнинг, буёғи Қирғизия, Уйғургача бўлган жуда катта мамлакатнинг пири муршиди, нимага ва кимга қўл кўтараётганини билиб, қурбонлик кундасига тик бора олмоққа журъат топа олган ва бу жасорати билан қудратли империянинг томирларини зирқиратган Дукчи эшоннинг ҳақиқий сиймоси ҳозиргача яратилмай келинаётгани мени қаттиқ изтиробга соларди…

Хуршид ДАВРОН
ТУННИ ЁРИТГАН ЧАҚМОҚ
06

6-0.jpg1898 йилнинг 18 майида тарихда «Андижон қўзғолони» номи билан аталган Дукчи эшон раҳбарлигидаги халқ исёни бошланган эди. Мустақилликкача бу исён ва унинг раҳнамоси ҳақида бирон бир ҳақиқатга яқин маълумот олишнинг ўзи қийин эди. Мустақилликдан кейин Дукчи эшон ҳаёти ва фаолиятига оид юзлаб мақолалар, ўнлаб китоблар нашр этилди. Аммо,ҳанузгача Дукчи эшон шахсияти ва фаолияти қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлмоқда.Агар бир тараф уни она юрт истиқлоли учун муҳораба майдонига чиққан фидойи деб баҳоласа,иккинчи тараф уни ўйламай иш тутган,қанча бегуноҳ одамларнинг нобуд бўлишига сабабчи бўлган, халифалик тузишни кўзлаган чаламулла сифатида қоралайди. Аммо,рад этиб бўлмас ҳақиқат шундаки, Дукчи эшон,энг аввало, мустабидликка қарши,миллатининг эрку озодлиги учун майдонга чиққан эди. Бу кундай равшан ҳақиқат. Унинг исёнчи сифатидаги дунёқарашида ноқисликлар мавжуд бўлгани ҳам шундай очиқ ҳақиқатдир. Айтиш лозимки, биз бугунги кундан туриб, юртимизнинг мустамлакага айланишидан анча аввал бошланган (буни англаш учун Ҳакимхон тўранинг «Мунтахаб ат-таворих» асарини ўқиш кифоя) , мустамлака даврида кучайган жаҳолат ва таназзул даврида яшаган шахсга баҳо бермоқчи бўламиз. Уни анча илғор халқлар тарихида рўй берган ҳурриятга интилиш ҳаракатлари раҳбарлари билан хаёлан солиштирамиз ва хато хулосалар чиқарамиз. Яна бир аччиқ ҳақиқат шундан иборатки, Дукчи эшон хусусда бир қарорга келолмаслигимиз оқибатида (бунинг осон ва аниқ иложи борлигига ҳам унчалик ишончим йўқ), унинг эрк ва истиқлол ҳақида айтган гапларидан руҳланиб,майдонга чиққан инсонлар хотираси олдида уятдан бош эгиб туришдан бошқа ишга ярамаймиз. Тўғри, ҳар қандай инқилоб ва исён майдонга чинакам фидойи инсонлар қаторида кўр оломонни ҳам олиб чиқади. Аммо, кўр оломонни деб юрт учун бошини дорга тиккан фидойиларда нима айб?

Қўзғолон халқ томонидан қўллаб қувватланганини тергов ҳужжатлари ва ҳарбий суд қароридаги ушбу сўзлар исботлайди: «Прискорбные события в ту трагическую ночь,ясно показали, кто есть кто: из местного населения нашлось всего три человека, осознавших свой долг перед великой Россией» («Ўша фожиали кечада рўй берган ҳалокатли воқеалар кимнинг ким эканлигини ёрқин кўрсатди, маҳаллий халқ орасидан бор йўғи уч кишигина буюк Россия олдидаги бурчини англаган чиқди»).

Исён бостирилгач, Туркистон ўлкасининг ҳарбий губернатори Духовский Андижон майдонларидан бирида мажбуран олиб келинган халойиққа қарата шундай деган эди: «Ужели не понимали вы, что песчинке не пристало бороться с великой горою?» (Наҳотки,сиз қум зарраси қудратли тоғ билан курашиши мумкин эмаслигини тушунмадиларинг?»

Исёндан ларза тушган «қудратли тоғ» уятсизлик ва пасткаш эди. Ҳар қaдамда (то ҳозиргача) «Биз бу ўлкага цивилизация олиб келдик» деб кериладиган империя малайлари энг ёвуз кимсаларгина қилишга қодир ишлардан қайтмади: қўзғолон раҳбарларини қатл қилаётган майдонга ёш болаларни олиб келиб,олдинги сафларда тизиб қўйишдан орланмади,уялмади. 380 кишини ўлимга ҳукм этиш билан халқ юрагида қўрқув уйғотишга уринди. Аслида буларнинг барчаси «қудратли тоғ» вужудида қўрқув уйғонганидан далолат эди.

Бугун сизга мазкур халқ исёнига бағишланган ҳужжатли асарларни тақдим этар эканмиз, улардаги ҳар бир сўзни, ҳар бир жумлани эътибор билан ўқишингизни сўраб қоламан.

2013

Асқар Маҳкам
ДУКЧИ ЭШОН, МУҲАММАД ЮСУФ
ВА ХИЗРОБОД АРИҒИ

06

Razgrom-vosstaniya.jpgФозилбек Отабек ўғлининг “Дукчи Эшон воқеаси” ва Алиназар Эгамназаровнинг “Сиз билган Дукчи эшон” китобини мутолаа қилдим. Фозилбек Отабек ҳарчанд улуғ исёнчининг жасорати ҳақида тўлиб-тошиб ёзмасин, бир лаҳза бўлсин кўз ўнгида кечаётган давр сиёсати, худосизларнинг аёвсиз қамчинини эътибордан қочирмаган.

Шу боисдан Дукчи эшонни қарийб қаллобга айлантирган ва унинг кароматларини оддий кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмас, деган хулосага келган. Албатта, замон, давр ва шароит нуқтаи назаридан Фозилбекни тушуниш мумкин, аммо тарих ҳақиқати ва адолат қонуни ҳурматли муаллифимизни кечирмайди.

Муҳаммадали Собир ўғли — Дукчи эшон ҳеч қачон қаллоб бўлмаган. Худодан қўрқадиган одам ҳеч кимни алдамайди. Қаллоб одам халойиқни исёнга бошлай олмайди ва ўзи ҳам қоматини тик тутиб дор остига боролмайди. Қаллоб эл ўртасида бу қадар эътиқод ва муҳаббатга сазовор бўлолмайди. Қаллоб элнинг улуғларини ватан учун курашга даъват этмаган, бу даъватлардан қўрқиб, фақат қорнини қаппайтиришни ўйлаган элбошилар аслида қаллоб. Ана шу қаллоблар кейинча унинг номини қора тупроққа қоришди, туҳмат қилишди, эл ўртасидаги муҳаббатини юлқиб олмоқчи бўлишди, золимлар, келгиндилар, босқинчиларни улуғлаб қасидалар, тарихлар ёзишди. Уни сазойи қилганлар, бурда-бурдалаб ташланган жисмини охир-оқибат саланглатиб осганларнинг қутқусига учиб, “девона”, “мажнун”, “жинни”, “риёкор”га чиқардилар. Шоирлар уни мазаммат қилиб, шеърлар ва ғазаллар ёздилар, қозилар унинг “жинни”лиги ҳақида фатво чиқардилар, уламолар “сўқир”ликда айбладилар.

Фозилбек худди шу сиёсатнинг қурбони бўлди ва улуғ халқ йўлбошчисини “оддий қаллоб”га айлантирди. Бутун диққат-эътиборини Чор подшолигини айблашга қаратган Фозилбек улуғвор пири муршиддан шунча “Степан Разин” ясашга ҳаракат қилди. Алиназар Эгамназаровнинг рисоласи тарихий ҳужжатлар асосида ёзилган бўлиб, унда буюк исёнчининг шахсияти ҳақида деярли лом-мим дейилмаган.

Муаллифнинг ҳамма хулосалари тарихий санадларни қайд этишдан иборат. Қаҳрамонлар ишларининг оқибати ҳақида ўйласалар, сандалдан жилмаган бўлардилар. Қаҳрамонлар дор сиртмоғидан, кунда ва жодудан талвасага тушсалар, майдонга бел сириб чиқмаган бўлардилар. Умуман, тарихий далиллар билан ишловчи олимлар ўзлари билмаган ҳолда энг порлоқ сиймонинг ҳам юзига гард юқтиришлари мумкин. Бу тарихий-маънавий жиҳатдан жуда катта оқибатларга олиб келади. Қарийб бутун бошли водийнинг, буёғи Қирғизия, Уйғургача бўлган жуда катта мамлакатнинг пири муршиди, нимага ва кимга қўл кўтараётганини билиб, қурбонлик кундасига тик бора олмоққа журъат топа олган ва бу жасорати билан қудратли империянинг томирларини зирқиратган Дукчи эшоннинг ҳақиқий сиймоси ҳозиргача яратилмай келинаётгани мени қаттиқ изтиробга соларди.

1578959_original.jpgХалқ ўзининг жонфидо фарзандларини билиши керак. Тарих беш-ўнта шоирнинг таржимаи ҳолидангина иборат эмас. Тарих чархини майли ҳалокат томон, майли, саодатга томон бўлсин олиб борган қаҳрамонларнинг ҳаёти ва кураши келажак авлоднинг ватанпарварлик, миллатсеварлик, фидойилик, энг муҳими, комиллик йўлидаги тарбиясида катта рол ўйнайди. Беш-ўнта шоир ва адиблардан бошқа кимни халқ қаҳрамони қилиб кўрсатяпмиз?

Мадаминбек, Шермуҳаммадбек, Эргаш қўрбоши, Иброҳимбек каби юзлаб шахсларнинг боболаримизнинг на адабий-бадиий, на саҳнавий сиймосини ярата олганимиз йўқ. Аммо юз минглаб тиражда чоп этилаётган фаҳш ва зўравонлик ҳақидаги адабиётлар, суюқдан-суюқ ишқий саргузаштлар билан болаларнинг қонини қиздираётган артистчалар иштирокидаги филмлар миллатни ҳеч қачон улуғ ғоялар, ўлмас қадриятлар руҳида тарбия қила олмаслигини билсак-да, оғзимизга мум солиб ўтиришдан нарига ўтолмаяпмиз.

Сиз Тошкент кўчаларига назар ташланг, бу афишаларга қаранг: эртага болалар шулар руҳида ўсадими?.. Шулардан ибрат оладиларми? Шуларга сиғинадиларми? Ахир бу олчоқ ва ботил қиёфалар бугун бало-қазодек ҳамма ёққа бостириб кириб келаяптилар-ку! Фақат кўча-кўйларга эмас, қиз ва йигитларнинг қиёфаларига қаранг, улар тутаётган дафтарларнинг муқовасига боқинг!..

Аравон, Асака, Новқат, Кўнгарт, Кетмонтепа, Қорақўрғон, Мингтепа каби манзиллар ва қишлоқларни ўзимча тасаввур қилардим. Маҳаллий қишлоқларимиз ўртасида от билан эшак орасидаги тафовут йўқлиги, балки улар бир шохдаги икки япроқдек бир-бирига жуда ўхшашлигини, қишлоқлар аксарият дарё соҳилларига, сувлоқларга, дала-даштларга, серяйлов қир-адирларга, лалми ерларга тушишини билмайдиган ўзбек боласи йўқ.

Ҳаммаси деярли бир хил: ҳовли четида оёққа доимий суратда илинаверадиган хас-ҳашаклар чилвири, том бошидаги похол ғарами ва бостирма, ўтин қалаштириб ташланган сарой, ит капаси, ялоқ коса, танбал товуқлар катаги-ю кибрли хўрозларнинг чапаниларча кезинишлари, маърамоқдан томоқлари узайган бузоқлар, эшак қоқилган қозиқ атрофида думи билан чивин сурган хўтикчалар, қўшни ҳовлисида кекирдак чўзган кўппаклар, ўйдим-чуқурлар, пахса уйнинг деразасида ҳолсиз тебранган каштали парда, уй ичида тахмон, нақшли матолардан тикилган кўрпа ва кўрпачалар… Эшик остонасида челак, қумғон, дорга осилган яктак ва шалварлар, четан қўрага ташланган от ва эшак анжомлари, умуман, типик қишлоқ.

Андижон қалъасидан икки юз-уч юз метр наридаги хонадонлардан бирида эдим. Бу ҳовли улкан дарахтлар ва кўп қаватли иморатлар ичида жойлашган бўлиб, Хаканд қишлоғи тепаларидаги ғишт заводининг соҳиби, янги Андижон тадбиркорларидан Абдувосит акага қарашли эди.

— Сиз “Дукчи эшон” кўчасидасиз, илгариги “Дружба” кўчаси, — деди қорача, ўрта бўй, ғайрати ичига сиғмайдиган тадбиркор. Унинг кулча юзлари ловиллаб пишаётган ғиштни эсга солар, суҳбати ширин, одамгарчилиги баланд йигит эди. — Истасангиз, казаклар эшон дадани от аравада сазойи қилиб олиб келган жойларни ҳам кўрсатаман…

Ҳайратимнинг чеки йўқ эди. Кўз ўнгимдан қалъа дарвозалари олдидаги жазирама майдонда дарра билан саваланаётган қўзғолончилар, қаторлашиб тикиб ташланган дор оғочлари, саланглаб турган мурдалар, уввос солиб йиғлаётган халойиқ, казаклар, зобитлар ўта бошлади. Тадбиркорнинг суҳбат халтаси очилди.

— Эшон дадани биласизми?
— Ўқиганман, холос.

— Эшон даданинг кароматларидан гапириб берайми? Бир пуфлаганда гуриллатиб олов ёққанлар, одамларнинг кўнглидан кечган ўйларни сезиб-билиб турганлар… Қодирқул мингбоши эшон дадани тутиб берган. Мингбошининг тўртта хотини бўлган, тўртовини ҳам бировлар илиб кетган… Муҳаммадалибойни эшитганмисиз? (Дукчи эшонга қўшилмаган нуфузли бойлардан — М.)

Бойвачча Ашт томонлардан Андижонга от аравада туз ташиб келтириб тирикчилик қилган қашшоқ Муҳаммадалибойнинг йўл-йўлакай ҳазрати Хизрга дуч келгани, уни отига мингаштириб олгани, ҳазрати Хизр минган от қандай қилиб яшин тезлигида Андижонга етиб келгани ва хум тўла тузлар тиллага айланиб қолгани ҳақидаги ривоятларга чалғиб кетди.

— Буни билиб қолган синглиси қозига шикоят қилиб борибди, — давом этарди тадбиркор. — Қозига: “Отамдан қолган хум тўла тиллалардан акам менинг ҳиссамни бермаяпти. Адолат қилиб ҳақимни чиқариб берсангиз”, дебди. Қози ўз мулозимлари билан Муҳаммадалибойнинг қўрасига келиб, ертўлага тушиб кўрса, хумлар жаранг-журанг тиллалар билан эмас, йилтиллаган, намчил тузлар билан тўлдирилган экан. “Эҳ мияси айниган хотин!” деб қози ертўладан чиқиб кетган экан… Муҳаммадалибой ана шу тиллаларига катта масжид қурдирган. Ҳозир ҳам бор…

Мен иш юзасидан “Дукчи эшон” кўчаси бўйлаб негадир ҳар гал тун маҳали ўтардим ва қорайиб турган қалъа деворларига ҳадик ва ҳайрат билан боқардим. Сафардошим Абдуманнобга Дукчи эшон тарихи билан қадри ҳол шуғулланиб юрганимни айтганимдан сўнг, Марҳаматга йўл олдик.

“Олдин Муҳаммад Юсуфни зиёрат қиламиз”, деди Абдуманноб. Юқорида айтганимиздек, “типик қишлоқлар” орқалаб Марҳамат — Мингтепага томон йўлга тушдик. Бу ерларда ҳам қишлоқлар одатдагидек кенг пахта далалари тугаган пушталардан бошланади.

Кузак ҳамма ерда ўз қудратини намойиш қилаётган палла: далалар мовий ҳовур ичида кўпчийди, япроқларини шов-шув тўкиб юбориб, яланғоч танаси билан аёзга тўш урган дов-дарахтлар, тиниқлашиб қолган ариқ ва анҳор сувларининг ожиз шилдираши, қора қарғаларнинг тантанавор оёқ олишлари, йўл четида нимадир сотиб ўтирган янги замон савдогарлари, йўл бўйида ўтган йўловчиларни кутиб ўтирган киракашлар, санғиб юрган бесоҳиб эшаклар, қора чопонга ўралиб, ўтган-кетганни кузатиб ўтирган мўйсафидлар, йўл четида осиб қўйилган маъноли шиорлар…

Қишлоқлар тобора ўз тусини ўзгартириб бораётгандек. Баъзи иморатлар шаҳардагилардан қолишмасликка ҳаракат қилгандек ориқ, бўйчан тераклар учини доғда қолдириб, кўкка томон тирмашган, айримлари эса одми, оддий…

Марҳум шоир Муҳаммад Юсуфнинг Қовунчи қишлоғини топиш учун хийлагина одамларни безовта қилдик. Учраган муюлишда тўхтаб, шоирнинг қишлоғини сўрайвердик, одамлар ҳам эринмай қора чопонлари енгини чўзиб, “ҳув бурилишгача бориб, ўнгга буриласиз… Ашатта…” деб қолаверишди. Ниҳоят атрофи оппоқ деворлар билан иҳоталанган баланд дарвозали, каттакон қабристон ёнида тўхтадик.

Қабристон деярли дов-дарахтсиз бўлгани учун яланғоч қабрлар ва уларнинг устидаги мармар тошлар яққол кўзга ташланар, шоир дафн этилганидан сўнг хийла обод қилинганлиги шундоқ билиниб турарди. Шоирнинг қабристон этагидаги мозорига элтувчи тор асфалт йўлакча, унинг атрофига экилган гуллар ва куни кеча ўтказилган арча ниҳоллари зиёратчиларнинг доимий ташрифидан гувоҳлик берарди. Қуббали доира айвон остидаги бюстдан боқиб турган шоирнинг кўзлари қабристон дарвозасига қадалгандек, тик ёқали плашчи, текис таралган сочлари, тийрак нигоҳи, ориқ ва чўзинчоқ ияги. Бу ўша шоир эди. Давралар ва олқишлар, қўшиқлар ва тантаналарни бошига кўтарган шоир. Хонандаларга ватан ҳақида қўшиқ айтишни ўргатган, энг содда ва ўтлиғ қўшиқлари билан умумхалқ муҳаббатини қозонган Муҳаммад Юсуф.

Каттакон халқнинг муҳаббатини қозона олган ва жуда эрта оламни тарк этган шоирнинг маъноли нигоҳларидан кўп нарсаларни уқиш мумкин эди. Ҳайкал остидаги бир шапалоқ ерга экилган гуллар ҳам шоирнинг ўзига ўхшарди. Қабристон этагидаги уйдан чиқиб келган йигит айвон остидаги ўриндиққа ўтирди ва Қуръон тиловат қилди. “Шоирнинг юзларида ёмғир ва шамолларнинг асорати бор, артиб қўйиш керак”, дедим мен йигитга. У қабристондан ҳокимнинг ўзи хабар олиб туришини, чироқлар, асфалт йўл, девору дарвозалар шоир дафн этилганидан кейин ўрнатилганлиги, зиёратчилар ҳақида гапира-гапира бизни дарвозага довур кузатиб борди. Қабристон этагида қолган шоирнинг нигоҳи ҳамон дарвозада эди.

Мен шоир жуда этакка эмас, эҳтимол, дарвоза қошига, ёхуд қабристоннинг ўртароқ қисмига дафн этилса, бўлмасмиди”, деган ўйга бордим ва ўша заҳоти ичимда нимадир кескин рад этди. Шоирлар пойгакда бўлгани маъқулроқ…

Қовунчи қишлоғининг марказидаги анҳор бўйидаги ҳовлида шоирнинг онаси яшарди. Каттакон мевали боғ, деворларига нақш солинган уй, одми ва камтарона кулбалар. Мункайиб қолган, аммо юзлари фавқулодда тоза ва нурли аёл боласининг қуйиб қўйгандек ўзи эди.

Етмишдан ошиб қолган аёл қўллари титраб елкамиздан олиб кўришган бўлди ва биргина назардан сўнг юзларини рўмол билан тўсди. Унинг овози шоирникидек хаста эди: “Билмасам, бандадан бўлдими, Худоданми, боламдан айрилиб қолдим…” Онанинг қўллари титрар, оёқ олишлари оғир эди. У ўтиролмади.

Назира қизи Нозима билан ўша ерда экан. Кўришдик. Ҳовлидаги яйдоқ дарахтларга қарадим. Мен шоир тириклигида бу ерларга келганим йўқ эди. Муҳаммад Юсуф юз йиллар яшаб беради, деб ўйлаган бўлсам керак, бундоқ юрак ёзиб суҳбатлашган ҳам эмасман. Абдуманноб шоирнинг чапани ростгўйлиги, ҳақиқатчилиги, ён-верида юрадиган “дўст”ларининг оқибати ҳақида куюниб гапира кетди. Ҳовлидаги кенг мевали боғ хомуш эди.

Уй-музейга мўлжаллаб қурила бошлаган сарғиш ғиштли девор сувга тушган мусичадек мунғайиб турар, дарвоза ортидаги қўлбола расталарда ҳаёт қайнагандан қайнарди. Анҳорнинг тиниқ сувлари кузак осмонидек соф ва беғаш эди. “Хизробод” ариғи. “Нега Хизробод?” дедим шоирнинг болалик дўсти Таваккалга. “Бир вақтлар Хизр бува ариқнинг ўрнини таёғи билан чизиб ўтган экан. Бу ариқ ўша издан пайдо бўлган. Муҳаммаджон яланг оёқ соҳил бўйлаб сайр қилар, кейин сувга тушиб, бир салқинланиб оларди ва уйга кириб кетарди. Чапанича қилиқлари бор эди… Анов мактабда саккизгача билла ўқиганмиз. Ҳозир мактаб унинг номида. Кичикроқ музейи ҳам бор…” Таваккал ўсиқ соқолларидан ийманганнамо марҳум дўсти ҳақида ҳикоя қиларди.

— Аввал дадасини зиёрат қилдик. Биласиз-ку, Нозима дадаси билан гаплашади. Ҳеч кетгиси келмайди. Энди кеч тушиб қолди, қайтамиз…

Назиранинг бошидаги қора рўмол, паришон чеҳрасига уйқаш эди. У афтидан шоир юбилейидан сўнг яна фаромуш бўлиб, чала ярим ташлаб қўйилган уй-музей ва устидан турли нақшлар солиб “пардоз берилган” шоирнинг онаси истиқомат қилаётган кулба ҳақида ўйлаётгандек эди. Ҳали қурилиши тугалланмаган шоирнинг уй-музейи, ҳовли ортидаги Хизробод ариғи ва шоирнинг дарвозага қадалган кинояли нигоҳлари…

Азаматлар, ўйладим мен, бу кулбада Дукчи эшон ва Чўлпондан кейин миллат номини қадоқ қўллари ва ориқ елкалари билан кўтариб турган шоир яшаганини билишармикан? Ҳар зарра тупроғини, куйиб жизғанаги чиққан халқнинг шўрли пешонасини, унинг бешик ва исириқларини, эр йигитлари ва келинчакларини, бурнидан сув оққан болакайларини ким ундан ўткариб куйлай олади? У Тошкентнинг зеб-зийнати эди. Бугун Қовунчидаги камтарона қабристон этагидаги қуббасимон том остида ётгани билан у Ватан боласи эди!… Бутун Ўзбекистон унинг қўшиқлари билан нафас оляпти…

Оббо, азаматлар-эй, кимдир тепасида айтиб турмаса, ҳеч иш қилишмайди, шекилли, ўйлардим мен… Нигоҳим йўл-йўлакай тадбиркор ва фермерлар, савдогар ва бизнесменларнинг ер тишлаган кулбалар тепасидан боқиб турган арку қўрғонларига тушди. Оббо, азаматлар-эй, ўйладим мен…

2006

2-70.jpgDukchi eshon rahbarligidagi qo‘zg‘olonning 122 yilligi oldidan

Qariyb butun boshli vodiyning, buyog‘i Qirg‘iziya, Uyg‘urgacha bo‘lgan juda katta mamlakatning piri murshidi, nimaga va kimga qo‘l ko‘tarayotganini bilib, qurbonlik kundasiga tik bora olmoqqa jur’at topa olgan va bu jasorati bilan qudratli imperiyaning tomirlarini zirqiratgan Dukchi eshonning haqiqiy siymosi hozirgacha yaratilmay kelinayotgani meni qattiq iztirobga solardi…

Xurshid DAVRON
TUNNI YORITGAN CHAQMOQ
06

6-0.jpg1898 yilning 18 mayida tarixda “Andijon qo‘zg‘oloni” nomi bilan atalgan Dukchi eshon rahbarligidagi xalq isyoni boshlangan edi. Mustaqillikkacha bu isyon va uning rahnamosi haqida biron bir haqiqatga yaqin ma’lumot olishning o‘zi qiyin edi. Mustaqillikdan keyin Dukchi eshon hayoti va faoliyatiga oid yuzlab maqolalar,o‘nlab kitoblar nashr etildi. Ammo,hanuzgacha Dukchi eshon shaxsiyati va faoliyati qizg‘in bahsu munozaralarga sabab bo‘lmoqda.Agar bir taraf uni ona yurt istiqloli uchun muhoraba maydoniga chiqqan fidoyi deb baholasa,ikkinchi taraf uni o‘ylamay ish tutgan,qancha begunoh odamlarning nobud bo‘lishiga sababchi bo‘lgan, xalifalik tuzishni ko‘zlagan chalamulla sifatida qoralaydi. Ammo,rad etib bo‘lmas haqiqat shundaki, Dukchi eshon,eng avvalo, mustabidlikka qarshi,millatining erku ozodligi uchun maydonga chiqqan edi. Bu kunday ravshan haqiqat. Uning isyonchi sifatidagi dunyoqarashida noqisliklar mavjud bo‘lgani ham shunday ochiq haqiqatdir. Aytish lozimki, biz bugungi kundan turib, yurtimizning mustamlakaga aylanishidan ancha avval boshlangan (buni anglash uchun Hakimxon to‘raning “Muntaxab at-tavorix” asarini o‘qish kifoya) , mustamlaka davrida kuchaygan jaholat va tanazzul davrida yashagan shaxsga baho bermoqchi bo‘lamiz. Uni ancha ilg‘or xalqlar tarixida ro‘y bergan hurriyatga intilish harakatlari rahbarlari bilan xayolan solishtiramiz va xato xulosalar chiqaramiz. Yana bir achchiq haqiqat shundan iboratki, Dukchi eshon xususda bir qarorga kelolmasligimiz oqibatida (buning oson va aniq iloji borligiga ham unchalik ishonchim yo‘q), uning erk va istiqlol haqida aytgan gaplaridan ruhlanib,maydonga chiqqan insonlar xotirasi oldida uyatdan bosh egib turishdan boshqa ishga yaramaymiz. To‘g‘ri, har qanday inqilob va isyon maydonga chinakam fidoyi insonlar qatorida ko‘r olomonni ham olib chiqadi. Ammo, ko‘r olomonni deb yurt uchun boshini dorga tikkan fidoyilarda nima ayb?

Qo‘zg‘olon xalq tomonidan qo‘llab quvvatlanganini tergov hujjatlari va harbiy sud qaroridagi ushbu so‘zlar isbotlaydi: «Priskorbnыye sobыtiya v tu tragicheskuyu noch,yasno pokazali, kto yest kto: iz mestnogo naseleniya nashlos vsego tri cheloveka, osoznavshix svoy dolg pered velikoy Rossiyey» (“O‘sha fojiali kechada ro‘y bergan halokatli voqealar kimning kim ekanligini yorqin ko‘rsatdi, mahalliy xalq orasidan bor yo‘g‘i uch kishigina buyuk Rossiya oldidagi burchini anglagan chiqdi”).

Isyon bostirilgach, Turkiston o‘lkasining harbiy gubernatori Duxovskiy Andijon maydonlaridan birida majburan olib kelingan xaloyiqqa qarata shunday degan edi: “Ujeli ne ponimali vы, chto peschinke ne pristalo borotsya s velikoy goroyu?» (Nahotki,siz qum zarrasi qudratli tog‘ bilan kurashishi mumkin emasligini tushunmadilaring?”

Isyondan larza tushgan “qudratli tog‘” uyatsizlik va pastkash edi. Har qadamda (to hozirgacha) “Biz bu o‘lkaga sivilizatsiya olib keldik” deb keriladigan imperiya malaylari eng yovuz kimsalargina qilishga qodir ishlardan qaytmadi: qo‘zg‘olon rahbarlarini qatl qilayotgan maydonga yosh bolalarni olib kelib,oldingi saflarda tizib qo‘yishdan orlanmadi,uyalmadi. 380 kishini o‘limga hukm etish bilan xalq yuragida qo‘rquv uyg‘otishga urindi. Aslida bularning barchasi “qudratli tog‘” vujudida qo‘rquv uyg‘onganidan dalolat edi.

Bugun sizga mazkur xalq isyoniga bag‘ishlangan hujjatli asarlarni taqdim etar ekanmiz, ulardagi har bir so‘zni, har bir jumlani  e’tibor bilan o‘qishingizni so‘rab qolaman.

2013

Asqar Mahkam
DUKCHI ESHON, MUHAMMAD YUSUF
VA XIZROBOD ARIG‘I

06

Arestovannyiy-dukchi-ishan-270x300.jpgFozilbek Otabek o‘g‘lining “Dukchi Eshon voqeasi” va Alinazar Egamnazarovning “Siz bilgan Dukchi eshon” kitobini mutolaa qildim. Fozilbek Otabek harchand ulug‘ isyonchining jasorati haqida to‘lib-toshib yozmasin, bir lahza bo‘lsin ko‘z o‘ngida kechayotgan davr siyosati, xudosizlarning ayovsiz qamchinini e’tibordan qochirmagan.

Shu boisdan Dukchi eshonni qariyb qallobga aylantirgan va uning karomatlarini oddiy ko‘zbo‘yamachilikdan boshqa narsa emas, degan xulosaga kelgan. Albatta, zamon, davr va sharoit nuqtai nazaridan Fozilbekni tushunish mumkin, ammo tarix haqiqati va adolat qonuni hurmatli muallifimizni kechirmaydi.

Muhammadali Sobir o‘g‘li — Dukchi eshon hech qachon qallob bo‘lmagan. Xudodan qo‘rqadigan odam hech kimni aldamaydi. Qallob odam xaloyiqni isyonga boshlay olmaydi va o‘zi ham qomatini tik tutib dor ostiga borolmaydi. Qallob el o‘rtasida bu qadar e’tiqod va muhabbatga sazovor bo‘lolmaydi. Qallob elning ulug‘larini vatan uchun kurashga da’vat etmagan, bu da’vatlardan qo‘rqib, faqat qornini qappaytirishni o‘ylagan elboshilar aslida qallob. Ana shu qalloblar keyincha uning nomini qora tuproqqa qorishdi, tuhmat qilishdi, el o‘rtasidagi muhabbatini yulqib olmoqchi bo‘lishdi, zolimlar, kelgindilar, bosqinchilarni ulug‘lab qasidalar, tarixlar yozishdi. Uni sazoyi qilganlar, burda-burdalab tashlangan jismini oxir-oqibat salanglatib osganlarning qutqusiga uchib, “devona”, “majnun”, “jinni”, “riyokor”ga chiqardilar. Shoirlar uni mazammat qilib, she’rlar va g‘azallar yozdilar, qozilar uning “jinni”ligi haqida fatvo chiqardilar, ulamolar “so‘qir”likda aybladilar.

Fozilbek xuddi shu siyosatning qurboni bo‘ldi va ulug‘ xalq yo‘lboshchisini “oddiy qallob”ga aylantirdi. Butun diqqat-e’tiborini Chor podsholigini ayblashga qaratgan Fozilbek ulug‘vor piri murshiddan shuncha “Stepan Razin” yasashga harakat qildi. Alinazar Egamnazarovning risolasi tarixiy hujjatlar asosida yozilgan bo‘lib, unda buyuk isyonchining shaxsiyati haqida deyarli lom-mim deyilmagan.

Muallifning hamma xulosalari tarixiy sanadlarni qayd etishdan iborat. Qahramonlar ishlarining oqibati haqida o‘ylasalar, sandaldan jilmagan bo‘lardilar. Qahramonlar dor sirtmog‘idan, kunda va jodudan talvasaga tushsalar, maydonga bel sirib chiqmagan bo‘lardilar. Umuman, tarixiy dalillar bilan ishlovchi olimlar o‘zlari bilmagan holda eng porloq siymoning ham yuziga gard yuqtirishlari mumkin. Bu tarixiy-ma’naviy jihatdan juda katta oqibatlarga olib keladi. Qariyb butun boshli vodiyning, buyog‘i Qirg‘iziya, Uyg‘urgacha bo‘lgan juda katta mamlakatning piri murshidi, nimaga va kimga qo‘l ko‘tarayotganini bilib, qurbonlik kundasiga tik bora olmoqqa jur’at topa olgan va bu jasorati bilan qudratli imperiyaning tomirlarini zirqiratgan Dukchi eshonning haqiqiy siymosi hozirgacha yaratilmay kelinayotgani meni qattiq iztirobga solardi.

Xalq o‘zining jonfido farzandlarini bilishi kerak. Tarix besh-o‘nta shoirning tarjimai holidangina iborat emas. Tarix charxini mayli halokat tomon, mayli, saodatga tomon bo‘lsin olib borgan qahramonlarning hayoti va kurashi kelajak avlodning vatanparvarlik, millatsevarlik, fidoyilik, eng muhimi, komillik yo‘lidagi tarbiyasida katta rol o‘ynaydi. Besh-o‘nta shoir va adiblardan boshqa kimni xalq qahramoni qilib ko‘rsatyapmiz?

Madaminbek, Shermuhammadbek, Ergash qo‘rboshi, Ibrohimbek kabi yuzlab shaxslarning bobolarimizning na adabiy-badiiy, na sahnaviy siymosini yarata olganimiz yo‘q. Ammo yuz minglab tirajda chop etilayotgan fahsh va zo‘ravonlik haqidagi adabiyotlar, suyuqdan-suyuq ishqiy sarguzashtlar bilan bolalarning qonini qizdirayotgan artistchalar ishtirokidagi filmlar millatni hech qachon ulug‘ g‘oyalar, o‘lmas qadriyatlar ruhida tarbiya qila olmasligini bilsak-da, og‘zimizga mum solib o‘tirishdan nariga o‘tolmayapmiz.

Siz Toshkent ko‘chalariga nazar tashlang, bu afishalarga qarang: ertaga bolalar shular ruhida o‘sadimi?.. Shulardan ibrat oladilarmi? Shularga sig‘inadilarmi? Axir bu olchoq va botil qiyofalar bugun balo-qazodek hamma yoqqa bostirib kirib kelayaptilar-ku! Faqat ko‘cha-ko‘ylarga emas, qiz va yigitlarning qiyofalariga qarang, ular tutayotgan daftarlarning muqovasiga boqing!..

Aravon, Asaka, Novqat, Ko‘ngart, Ketmontepa, Qoraqo‘rg‘on, Mingtepa kabi manzillar va qishloqlarni o‘zimcha tasavvur qilardim. Mahalliy qishloqlarimiz o‘rtasida ot bilan eshak orasidagi tafovut yo‘qligi, balki ular bir shoxdagi ikki yaproqdek bir-biriga juda o‘xshashligini, qishloqlar aksariyat daryo sohillariga, suvloqlarga, dala-dashtlarga, seryaylov qir-adirlarga, lalmi yerlarga tushishini bilmaydigan o‘zbek bolasi yo‘q.

Hammasi deyarli bir xil: hovli chetida oyoqqa doimiy suratda ilinaveradigan xas-hashaklar chilviri, tom boshidagi poxol g‘arami va bostirma, o‘tin qalashtirib tashlangan saroy, it kapasi, yaloq kosa, tanbal tovuqlar katagi-yu kibrli xo‘rozlarning chapanilarcha kezinishlari, ma’ramoqdan tomoqlari uzaygan buzoqlar, eshak qoqilgan qoziq atrofida dumi bilan chivin surgan xo‘tikchalar, qo‘shni hovlisida kekirdak cho‘zgan ko‘ppaklar, o‘ydim-chuqurlar, paxsa uyning derazasida holsiz tebrangan kashtali parda, uy ichida taxmon, naqshli matolardan tikilgan ko‘rpa va ko‘rpachalar… Eshik ostonasida chelak, qumg‘on, dorga osilgan yaktak va shalvarlar, chetan qo‘raga tashlangan ot va eshak anjomlari, umuman, tipik qishloq.

Andijon qal’asidan ikki yuz-uch yuz metr naridagi xonadonlardan birida edim. Bu hovli ulkan daraxtlar va ko‘p qavatli imoratlar ichida joylashgan bo‘lib, Xakand qishlog‘i tepalaridagi g‘isht zavodining sohibi, yangi Andijon tadbirkorlaridan Abduvosit akaga qarashli edi.

— Siz “Dukchi eshon” ko‘chasidasiz, ilgarigi “Drujba” ko‘chasi, — dedi qoracha, o‘rta bo‘y, g‘ayrati ichiga sig‘maydigan tadbirkor. Uning kulcha yuzlari lovillab pishayotgan g‘ishtni esga solar, suhbati shirin, odamgarchiligi baland yigit edi. — Istasangiz, kazaklar eshon dadani ot aravada sazoyi qilib olib kelgan joylarni ham ko‘rsataman…

Hayratimning cheki yo‘q edi. Ko‘z o‘ngimdan qal’a darvozalari oldidagi jazirama maydonda darra bilan savalanayotgan qo‘zg‘olonchilar, qatorlashib tikib tashlangan dor og‘ochlari, salanglab turgan murdalar, uvvos solib yig‘layotgan xaloyiq, kazaklar, zobitlar o‘ta boshladi. Tadbirkorning suhbat xaltasi ochildi.

— Eshon dadani bilasizmi?
— O‘qiganman, xolos.

— Eshon dadaning karomatlaridan gapirib beraymi? Bir puflaganda gurillatib olov yoqqanlar, odamlarning ko‘nglidan kechgan o‘ylarni sezib-bilib turganlar… Qodirqul mingboshi eshon dadani tutib bergan. Mingboshining to‘rtta xotini bo‘lgan, to‘rtovini ham birovlar ilib ketgan… Muhammadaliboyni eshitganmisiz? (Dukchi eshonga qo‘shilmagan nufuzli boylardan — M.)

Boyvachcha Asht tomonlardan Andijonga ot aravada tuz tashib keltirib tirikchilik qilgan qashshoq Muhammadaliboyning yo‘l-yo‘lakay hazrati Xizrga duch kelgani, uni otiga mingashtirib olgani, hazrati Xizr mingan ot qanday qilib yashin tezligida Andijonga yetib kelgani va xum to‘la tuzlar tillaga aylanib qolgani haqidagi rivoyatlarga chalg‘ib ketdi.

— Buni bilib qolgan singlisi qoziga shikoyat qilib boribdi, — davom etardi tadbirkor. — Qoziga: “Otamdan qolgan xum to‘la tillalardan akam mening hissamni bermayapti. Adolat qilib haqimni chiqarib bersangiz”, debdi. Qozi o‘z mulozimlari bilan Muhammadaliboyning qo‘rasiga kelib, yerto‘laga tushib ko‘rsa, xumlar jarang-jurang tillalar bilan emas, yiltillagan, namchil tuzlar bilan to‘ldirilgan ekan. “Eh miyasi aynigan xotin!” deb qozi yerto‘ladan chiqib ketgan ekan… Muhammadaliboy ana shu tillalariga katta masjid qurdirgan. Hozir ham bor…

Men ish yuzasidan “Dukchi eshon” ko‘chasi bo‘ylab negadir har gal tun mahali o‘tardim va qorayib turgan qal’a devorlariga hadik va hayrat bilan boqardim. Safardoshim Abdumannobga Dukchi eshon tarixi bilan qadri hol shug‘ullanib yurganimni aytganimdan so‘ng, Marhamatga yo‘l oldik.

“Oldin Muhammad Yusufni ziyorat qilamiz”, dedi Abdumannob. Yuqorida aytganimizdek, “tipik qishloqlar” orqalab Marhamat — Mingtepaga tomon yo‘lga tushdik. Bu yerlarda ham qishloqlar odatdagidek keng paxta dalalari tugagan pushtalardan boshlanadi.

Kuzak hamma yerda o‘z qudratini namoyish qilayotgan palla: dalalar moviy hovur ichida ko‘pchiydi, yaproqlarini shov-shuv to‘kib yuborib, yalang‘och tanasi bilan ayozga to‘sh urgan dov-daraxtlar, tiniqlashib qolgan ariq va anhor suvlarining ojiz shildirashi, qora qarg‘alarning tantanavor oyoq olishlari, yo‘l chetida nimadir sotib o‘tirgan yangi zamon savdogarlari, yo‘l bo‘yida o‘tgan yo‘lovchilarni kutib o‘tirgan kirakashlar, sang‘ib yurgan besohib eshaklar, qora choponga o‘ralib, o‘tgan-ketganni kuzatib o‘tirgan mo‘ysafidlar, yo‘l chetida osib qo‘yilgan ma’noli shiorlar…

Qishloqlar tobora o‘z tusini o‘zgartirib borayotgandek. Ba’zi imoratlar shahardagilardan qolishmaslikka harakat qilgandek oriq, bo‘ychan teraklar uchini dog‘da qoldirib, ko‘kka tomon tirmashgan, ayrimlari esa odmi, oddiy…

Marhum shoir Muhammad Yusufning Qovunchi qishlog‘ini topish uchun xiylagina odamlarni bezovta qildik. Uchragan muyulishda to‘xtab, shoirning qishlog‘ini so‘rayverdik, odamlar ham erinmay qora choponlari yengini cho‘zib, “huv burilishgacha borib, o‘ngga burilasiz… Ashatta…” deb qolaverishdi. Nihoyat atrofi oppoq devorlar bilan ihotalangan baland darvozali, kattakon qabriston yonida to‘xtadik.

Qabriston deyarli dov-daraxtsiz bo‘lgani uchun yalang‘och qabrlar va ularning ustidagi marmar toshlar yaqqol ko‘zga tashlanar, shoir dafn etilganidan so‘ng xiyla obod qilinganligi shundoq bilinib turardi. Shoirning qabriston etagidagi mozoriga eltuvchi tor asfalt yo‘lakcha, uning atrofiga ekilgan gullar va kuni kecha o‘tkazilgan archa nihollari ziyoratchilarning doimiy tashrifidan guvohlik berardi. Qubbali doira ayvon ostidagi byustdan boqib turgan shoirning ko‘zlari qabriston darvozasiga qadalgandek, tik yoqali plashchi, tekis taralgan sochlari, tiyrak nigohi, oriq va cho‘zinchoq iyagi. Bu o‘sha shoir edi. Davralar va olqishlar, qo‘shiqlar va tantanalarni boshiga ko‘targan shoir. Xonandalarga vatan haqida qo‘shiq aytishni o‘rgatgan, eng sodda va o‘tlig‘ qo‘shiqlari bilan umumxalq muhabbatini qozongan Muhammad Yusuf.

Kattakon xalqning muhabbatini qozona olgan va juda erta olamni tark etgan shoirning ma’noli nigohlaridan ko‘p narsalarni uqish mumkin edi. Haykal ostidagi bir shapaloq yerga ekilgan gullar ham shoirning o‘ziga o‘xshardi. Qabriston etagidagi uydan chiqib kelgan yigit ayvon ostidagi o‘rindiqqa o‘tirdi va Qur’on tilovat qildi. “Shoirning yuzlarida yomg‘ir va shamollarning asorati bor, artib qo‘yish kerak”, dedim men yigitga. U qabristondan hokimning o‘zi xabar olib turishini, chiroqlar, asfalt yo‘l, devoru darvozalar shoir dafn etilganidan keyin o‘rnatilganligi, ziyoratchilar haqida gapira-gapira bizni darvozaga dovur kuzatib bordi. Qabriston etagida qolgan shoirning nigohi hamon darvozada edi.

Men shoir juda etakka emas, ehtimol, darvoza qoshiga, yoxud qabristonning o‘rtaroq qismiga dafn etilsa, bo‘lmasmidi”, degan o‘yga bordim va o‘sha zahoti ichimda nimadir keskin rad etdi. Shoirlar poygakda bo‘lgani ma’qulroq…

Qovunchi qishlog‘ining markazidagi anhor bo‘yidagi hovlida shoirning onasi yashardi. Kattakon mevali bog‘, devorlariga naqsh solingan uy, odmi va kamtarona kulbalar. Munkayib qolgan, ammo yuzlari favqulodda toza va nurli ayol bolasining quyib qo‘ygandek o‘zi edi.

Yetmishdan oshib qolgan ayol qo‘llari titrab yelkamizdan olib ko‘rishgan bo‘ldi va birgina nazardan so‘ng yuzlarini ro‘mol bilan to‘sdi. Uning ovozi shoirnikidek xasta edi: “Bilmasam, bandadan bo‘ldimi, Xudodanmi, bolamdan ayrilib qoldim…” Onaning qo‘llari titrar, oyoq olishlari og‘ir edi. U o‘tirolmadi.

Nazira qizi Nozima bilan o‘sha yerda ekan. Ko‘rishdik. Hovlidagi yaydoq daraxtlarga qaradim. Men shoir tirikligida bu yerlarga kelganim yo‘q edi. Muhammad Yusuf yuz yillar yashab beradi, deb o‘ylagan bo‘lsam kerak, bundoq yurak yozib suhbatlashgan ham emasman. Abdumannob shoirning chapani rostgo‘yligi, haqiqatchiligi, yon-verida yuradigan “do‘st”larining oqibati haqida kuyunib gapira ketdi. Hovlidagi keng mevali bog‘ xomush edi.

Uy-muzeyga mo‘ljallab qurila boshlagan sarg‘ish g‘ishtli devor suvga tushgan musichadek mung‘ayib turar, darvoza ortidagi qo‘lbola rastalarda hayot qaynagandan qaynardi. Anhorning tiniq suvlari kuzak osmonidek sof va beg‘ash edi. “Xizrobod” arig‘i. “Nega Xizrobod?” dedim shoirning bolalik do‘sti Tavakkalga. “Bir vaqtlar Xizr buva ariqning o‘rnini tayog‘i bilan chizib o‘tgan ekan. Bu ariq o‘sha izdan paydo bo‘lgan. Muhammadjon yalang oyoq sohil bo‘ylab sayr qilar, keyin suvga tushib, bir salqinlanib olardi va uyga kirib ketardi. Chapanicha qiliqlari bor edi… Anov maktabda sakkizgacha billa o‘qiganmiz. Hozir maktab uning nomida. Kichikroq muzeyi ham bor…” Tavakkal o‘siq soqollaridan iymangannamo marhum do‘sti haqida hikoya qilardi.

— Avval dadasini ziyorat qildik. Bilasiz-ku, Nozima dadasi bilan gaplashadi. Hech ketgisi kelmaydi. Endi kech tushib qoldi, qaytamiz…

Naziraning boshidagi qora ro‘mol, parishon chehrasiga uyqash edi. U aftidan shoir yubileyidan so‘ng yana faromush bo‘lib, chala yarim tashlab qo‘yilgan uy-muzey va ustidan turli naqshlar solib “pardoz berilgan” shoirning onasi istiqomat qilayotgan kulba haqida o‘ylayotgandek edi. Hali qurilishi tugallanmagan shoirning uy-muzeyi, hovli ortidagi Xizrobod arig‘i va shoirning darvozaga qadalgan kinoyali nigohlari…

Azamatlar, o‘yladim men, bu kulbada Dukchi eshon va Cho‘lpondan keyin millat nomini qadoq qo‘llari va oriq yelkalari bilan ko‘tarib turgan shoir yashaganini bilisharmikan? Har zarra tuprog‘ini, kuyib jizg‘anagi chiqqan xalqning sho‘rli peshonasini, uning beshik va isiriqlarini, er yigitlari va kelinchaklarini, burnidan suv oqqan bolakaylarini kim undan o‘tkarib kuylay oladi? U Toshkentning zeb-ziynati edi. Bugun Qovunchidagi kamtarona qabriston etagidagi qubbasimon tom ostida yotgani bilan u Vatan bolasi edi!… Butun O‘zbekiston uning qo‘shiqlari bilan nafas olyapti…

Obbo, azamatlar-ey, kimdir tepasida aytib turmasa, hech ish qilishmaydi, shekilli, o‘ylardim men… Nigohim yo‘l-yo‘lakay tadbirkor va fermerlar, savdogar va biznesmenlarning yer tishlagan kulbalar tepasidan boqib turgan arku qo‘rg‘onlariga tushdi. Obbo, azamatlar-ey, o‘yladim men…

2006

Manba: http://uzhurriyat.uz

5_n (1).jpgМуҳаммад Фозилбек Отабек қози ўғли (1879-1937) — «Робинзон Крузо» асарини 1911 йилда ўзбек тилига таржима қилган ва «Дукчи Эшон воқеаси» (1927), “Муфассал тарихи Фарғона” (1916) асарлари муаллифи, шоир, адиб, тарихчи, журналист, таржимон, хаттот, рассом, фотограф, агроном, селекционер олим бўлган. Андижонда 1886 йилда очилган рус-тузем мактабида ўқиб, биринчилардан бўлиб рус тилини ўрганган. Фозилбек ўнга яқин тилларни билган, рус ва жаҳон адабиётидан илк таржималарни амалга оширган. Россия Қишлоқ хўжалик академиясида ўқиган кезлари Ленин вафоти муносабати билан Москвага ташриф буюрган Афғонистон амири Амонуллохонга таржимонлик қилган (1924). Миннатдорчилик сифатида амир унга олтин ханжар совға қилган экан (Искандар Мадғозиев маълумоти).

Muhammad Fozilbek Otabek qozi o‘g‘li (1879-1937) — “Robinzon Kruzo” asarini 1911 yilda o‘zbek tiliga tarjima qilgan va “Dukchi Eshon voqeasi” (1927), “Mufassal tarixi Farg‘ona” (1916) asarlari muallifi, shoir, adib, tarixchi, jurnalist, tarjimon, xattot, rassom, fotograf, agronom, seleksioner olim bo‘lgan. Andijonda 1886 yilda ochilgan rus-tuzem maktabida o‘qib, birinchilardan bo‘lib rus tilini o‘rgangan. Fozilbek o‘nga yaqin tillarni bilgan, rus va jahon adabiyotidan ilk tarjimalarni amalga oshirgan. Rossiya Qishloq xo‘jalik akademiyasida o‘qigan kezlari Lenin vafoti munosabati bilan Moskvaga tashrif buyurgan Afg‘oniston amiri Amonulloxonga tarjimonlik qilgan (1924). Minnatdorchilik sifatida amir unga oltin xanjar sovg‘a qilgan ekan (Iskandar Madg‘oziyev ma’lumoti).

05

(Tashriflar: umumiy 3 936, bugungi 1)

1 izoh

  1. Asqar Mahkam ziyoratga shunchaki boribdi Muhammad Yusuf yashagan joyda kop bunaqa talant egalari qishloqni gozalligini qog’ozga tushira olmaoti er yuzida jannat bolsa osha Asqar Mahkam bogan joylar boladi jannatda boladi bunaqa halq un kuyinadigan insonlar.

Izoh qoldiring