Manzura Abdullayeva. Hikoyalar

06 Ўқишга киришга бўлган дастлабки уринишларим натижасиз тугагач, уйимизга яқин шифохонанинг асаб хасталиклари бўлимига фаррош бўлиб ишга жойлашдим. Вақтим тонгдан шомга қадар палатама-палата кириб, пол ва эшик-дераза ойналарини чиннидек тозалаш билан ўтарди. Ўша куни навбатдаги хона, мени ғалати ҳодиса кутиб турганидан бехабар эдим…

Манзура АБДУЛЛАЕВА
ҲИКОЯЛАР


06Манзура Абдуллаева 1994 йил 30 октябрда Наманган вилояти Тўрақўрғон туманининг Бекобод қишлоғида туғилган. Айни пайтда Наманган давлат университети 4-босқичида таҳсил олмоқда. Унинг ҳозиргача “Ўхшашимни топмассиз асло”, “Умид тугиб келдим дунёга”, “Сизни учратмагунча” номли назмий тўпламлари, “Қуёш эртага қайтар”, “Қумғон”, “Болакўз”, “Хонзодабегим” номли насрий, “Исҳоқхон Ибрат — серқирра ижод соҳиби”, “Китобхонлик: ўқиганларим ва уққанларим” номли илмий-оммабоп китоблари нашр этилган. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Навоий номидаги Давлат стипендияларини қўлга киритган.


ЎЗЛИК

Ўқишга киришга бўлган дастлабки уринишларим натижасиз тугагач, уйимизга яқин шифохонанинг асаб хасталиклари бўлимига фаррош бўлиб ишга жойлашдим. Вақтим тонгдан шомга қадар палатама-палата кириб, пол ва эшик-дераза ойналарини чиннидек тозалаш билан ўтарди. Ўша куни навбатдаги хона, мени ғалати ҳодиса кутиб турганидан бехабар эдим. Палата икки кишилик бўлиб, биттагина янги келган бемор бор экан, холос. У шифтга термулиб ётарди. Аввалига кирганимни сезмади. Борлигимни билдириб қўйиш учун қўлимдаги швабрани деворга тирадим-да, “Ассалому алайкум!” дедим оҳистагина.
Рўпарамдаги нотаниш одам менга кўзи тушиши билан шошиб ўрнидан турди. Кучли ҳайрат билан юзимга тикилиб қолди.
-Сиз! – деди ҳаяжондан титрагудек аҳволда.
-Ҳа, хонани тозалашим керак, — дедим келганим сабабини тушунтирмоқ учун.
— На…ҳот…ки… На…ҳот…ки?!
У дудуқланди. Юзлари қизарди, киприклари пирпиради.
— Ниҳоят ўзингизни учратдим. – Пичирлади яна.
— Менимча, ким биландир адаштиряпсиз. Узр, сиз ўхшатган одам мен эмасман. – Ғалати йигит экан деб ўйладим ичимда. Унинг эса бирдан кўзларида ёш ғимирлади. Қароқларида маржондек юмалоқ томчилар киприкларида қалқиди.
— Мени танимадингиз шекилли? Суратингизни такрор-такрор чизиб чарчамаган рассомингизман ахир.
— Нималар деб алжираяпсиз ўзи, — эрмак қилаётгандек туюлиб, ғашим чиқди. Мен сизнинг юзингизни биринчи марта кўриб туришим. Қанақасига бизлар таниш бўлишимиз мумкин.
У яна бўш келмади.
-Эслолмадингизми? — Ранжидими, сўзларимга ишонмадими, кўринишига боқиб англолмадим.
— Айтдим-ку, кимгадир ўхшатяпсиз, холос, майли ўтиб кетади алдамчи тасаввурингиз.
Вақтимни елга совуришни истамай дарров супургига ёпишдим. Бемор эса анграйганча не дейишни-да билмай қаршимда бошини афсус чеккандай сараксарак қилди.
-Мен сизни кўп бор тушимда кўраман, — Яна жим туролмади у.
-Тушга қараб фол очаётган экансиз-да ҳали.
— Йўқ, ҳаётда ҳам бир неча бор учрашганмиз, — ўжарлиги тўхтамади яна.
— Қаерда? Қачон? — Унинг ақли-ҳуши жойидалигига шубҳа уйғонди менда.
— Ўтган баҳор. Мажнунтолсойда, — бепарво жавоб берди қатъий ишонч билан.
— Ийе, у жойга бориш тугул, ҳатто номини ҳам эшитмаганман-ку?! – Таажжубдан ёқа ушлагудек бўлдим. Тезроқ ишимни тугатишни, тезроқ хонани тарк этишни ўйлаб, ҳаракатимни тезлаштирдим. Палатанинг ноқулай вазияти бошимни анчайин довдиратиб қўйганди.
-Мен сизнинг суратларингизни чизганман. Эртага дўстимга айтиб уйимдан олдириб келаман. Ўзингиз ўзингизни ўз кўзингиз билан кўрганингизда кечирим сўрарсиз, – деди чиқиб кетаётган чоғим ортимдан.
Кечки пайт уйга қайтаётиб ҳам ғалати йигитни гаплари қулоғим остида жаранглайверди. Чалғиш илинжида радиода сўзлаётган суҳандонга қулоқ тутдим. “Инсон бу дунёга синов учун келади, шундай экан…” Тавба деб қўйдим ичимда, телбадек ўзимдан ўзим кулиб юборганимни сезмай қолдим. Қизиқ, чиндан ҳам одам дунёга фақат синов учунгина келганмикин?..
Тунда негадир уйқум қочди. Ҳалиги нотаниш эртага ўзимни ўзимга кўрсатмоқчилигини ўйлаб…

****

Эртасига тушга яқин навбат тағин унинг палатасига келди.
-Кечирасиз, хонани тозалаб қўйишим керак, — дедим остона хатлаб ўзимни бепарво тутишга уринганча.
Менга кўзи тушибоқ қувониб кетди.
-Сизни анчадан бери кутиб ўтиргандим, мана кўринг, — деди қўлидаги ялтироқ қоғозга ўроғлиқ рамка-суратни менга узатиб.
Кўнгли учун шаштини кесмадим. Секин қўл чўздим. Гарчи ишонмасам-да, кўнглимни ғалати ҳаяжон қамради. Авайлабгина суратни очдим.
Расмдаги қиёфа менга бутунлай мавҳум кўринди. Унинг юзу қош-кўзларига тикилиб, на ўзимни танидим, на ўзини. Ҳафсалам пир бўлиб, қўлимдаги картинани стол устига аста қўйдим.
-Бу мен эмасман! Айтгандимку адаштиряпсиз деб, — кўнглига олмаслиги учун атайлаб жилмайиб ҳам қўйдим.
-Одамзодни суратимас, аксинча сийрати муҳим. Шунинг учун бунда чиройингизни эмас, кўпроқ қалбингизни акс эттиришга уринганман. Аслида бу — сизсиз. Яхшилаб қаранг. – Енгилишни истамасди у.
Суратга қайтадан тикила-тикила ўзим эмаслигимни тасдиқловчи баҳона топдим. Менинг сочларим узун, уники эса калтароқ экан. Кўйлагиям пушти экан, менда бунақаси йўқ.
Йигитнинг руҳи синди, кўзига мунг қўнди.
-Ажабо! Одам атиги бир бор бўлса-да, ўзини танимаса-я. Бунга балки ўзим айбдорман. Ўхшатиб чизолмабман-да…
Ғоят ноқулай аҳволга тушдим. Худди гуноҳкор кишидек ерга тикилдим. Қандайдир номақбул сўз айтиб, суҳбатдошимнинг дилини вайрон қилишни истамасдим. Аммо бирдан ичимда шубҳа ғимирлади. Балки у мени кўнгилчанглигимдан фойдаланиб, боплаб устимдан кулаётгандир. Тилимни тийиб туролмадим:
-Ҳечқиси йўқ. Мадомики, сурат кимгадир тегишли экан, албатта, тез орада ўз эгасини топса ажаб эмас. Ана ўшанда мени биров билан адаштирганингизга иқрор бўласиз, хўпми?!
У миқ этмади.
Кечки пайт яна уйга қайтарканман ўйларим чувалгандан чувалди, ўша расмдаги қиёфа кўз олдимдан анчагача кетмади.

****

Найсон кирганидан дараклаб, ташқарида ёмғир шивалади. Атрофга деразадан нигоҳ ташладим. Пастак-пастак ёрдамчи бинолар бўғотида беозор мусичалар тумшайиб ўтирарди. Кўкка камалак белбоғ боғлаганди. Рўйи замин ўзгача тус олганди. Рассомни шифохона ҳовлисидаги қиёғос гуллаган олча остида кўрдим. Беихтиёр оёқларим у томон етаклади.
— Намбода ҳавода нега ўзингиз ёлғиз ўтирибсиз?
У сўзларим оҳангида ғамхўрлик борлигини илғади.
-Ёмғир ҳақида нима дейсиз? Қуёш ҳақида-чи?
“Тавба, саволлари ҳам ўзига ўхшайди-я” — ўйладим ичимда.
-Қайдам. Иккиси ҳам мана шу дарахтлар учун бирдай фойдали.
— Лекин уларнинг қанчалар зарурий неъматлигини етарлича англамаймиз, тўғрими?
“Ҳа” дегандек бош силкидим.
— Ҳаётингизда афсус нималигини ҳеч ҳис қилиб кўрганмисиз? – йигитнинг нигоҳлари ғоятда ғамгин эди.
— Йўқ. Ўзингиз-чи?
— Мен ундан ҳар лаҳза қўрқиб яшадим. Ҳар лаҳза ўзимни асрашга уриндим, ён-атрофидан ҳам ўтмаслик учун турли йўлларни ахтардим, турли қияликлардан ўтдим. Бир умр йироқ яшашга интилдим. Аммо, охир-оқибат бутунлай бағримни бағрига босиб, оғушига чулғаб олди, тамоман забт этди, мени.
Қарасам, ичи тўла дард, бошқаларниям дардли қилмагунча чарчамайдиган чоғи бордек туюлди
-Вой, соатга ҳам қарамабман. Кетиш вақтим бўпти-ку. Мен борай. Сиз ҳам тезроқ ичкарига киринг, дедим энди шоша-пиша.
Ҳовли четидаги йўлакдан кетарканман олчаларнинг ариқ пушталарига тўкилган гулбаргларини лойқа сувлар оқизиб кетаётганига кўзим тушиб, нимагадир маҳзунлашдим.

* * *

Ўша кунлар ёлғизгина суянган тоғим отамнинг соғликлари бирдан оғирлашса бўладими, ҳафталаб ёнларидан жилолмадим. Пойтахтга олиб бориб, таниқли шифокорларга қаратдик. Фойдаси бўлмади. Падаримнинг жонлари узилди. Сўнгра узоқ вақт сира тонги отмайдиган тун қўйнига тушиб қолган кишидек сиқилгандан-сиқилиб юрдим. Бошга тушган жудоликни унутиш учун ишга қайтган куним рассомнинг хонасини янги беморлар эгаллашганини кўргач, негадир янаям кайфиятим тушиб кетди. Залга чиқиб, дераза ёнида хўрсинганча оғир тин олдим. Ёнимга ҳамкасбларимдан бири келиб, қўлимга каттакон суратни тутқазиб кетди. Шошиб ичини очдим. Бу унинг қолдириб кетган ягонагина туҳфаси — сиз деб таништирган қиз портрети эди. Қаршимдаги расмдаги таниш чеҳрадан хижолат тортиб, кўзларимни олиб қочдим. Унинг қароқлари муҳаббатга, армонга лиммо-лимдек кўринди. Олдида йиғламасликка, йиғлаб юбормасликка ҳаракат қилдим. У билан иккимиз сўзсиз гаплашардик гўё. Руҳим дарчалари икки ёнга кенг очилиб кетган уйга ўхшаб қолди. Кўксимда нимадир исён кўтарди.

***

Кузнинг сўнгги ойлари. Кўнглим алланечук ҳислардан тўлиқиб, рассом бемор “Бир замонлар доимий ишлайдиган жойим” деб айтган хиёбонни кезиб, уни ахтардим. Йўлак бўйлаб юриб борарканман, негадир тўкилмаган япроқлар эътиборимни тортди. Қизиқ, шамоллар қанчалик олиб кетишга юлқинмасин дарахтлар шохларига илиниб турган баргларини сира-сира қўйиб юборгиси келмасди. Ҳорғин чинорларга қўнган қушларнинг овози ўчиб, атрофга мўлтираб-мўлтираб қарар, арчазорлар остидаги ариқчаларда мармар сувлар сокин қўшиқларни хиргойиларди. Ниҳоят мен йигитни топдим. У майдон ўртасида сурат чизиш билан машғул экан. Севинчимдан ўзимни тутолмай турган жойимда қичқирдим.
-Ҳо-о-ой! Ҳаммасини билди-и-и-им. Мен ўшаман!
Рассом ортига бурилиб, бирров кўз ташлаб қўйди-да, кейин яна қайтадан боқишга мажбур бўлди.
Илдамлаганча етиб бордим. Йигит эса бепарво, ишида хотиржам давом этарди.
-Наҳот танимадингиз, мен ўша сиз суратини кўрсатган қизман.
-Ким? – деди ҳайрон ҳайрон ҳолатда аста бошини кўтариб. Унинг бир қўлида чўғдек тамаки тутоқиб-тутоқиб ёнарди, бир қўлида расмга мойбўёқ билан ишлов берарди.
-Мени таниёлмаяпсизми? – Кўзларимдан иссиқ-иссиқ ёшлар тўкила бошлади.
-Танидим, танима ўлибманми. Ҳу-у-ув бир баҳор шифохонангизга тушиб қолиб, ўринсиз роса қийнаб қўйгандим сизни.
-Нега ўринсиз дейсиз? Кейин билсам, чиндан ҳам ўша мен эканман. Мана қаранг, дедим пушти кўйлагимни кўрсатиб.
Рассом бирдам изтиробли нигоҳларини кўзларимга қадаб турди-да, жинояти оғир маҳбусдай чуқур андуҳ билан:
— Йўқ, сиз эмас! Мен адашган эканман, — дея ишида давом этди.
Унинг яп-янги чизаётган картинасидаги ўзимни кўриб ҳайкалдек қотиб қолдим.

РИСОЛАГА ТУШМАГАН ОДАМ

Аёл чойнакни зарб билан стол устига қўйиб ўшқирди:
-Қачон сизга эс-ақл битаркин? Ўлар бўлсам, ўлиб бўлдим-ку.
Бердимамат “Яна қандай “каромат” кўрсатибман?” деган хаёлда ташвишга тушди. Хотинига таажжубланиб қаради.
-Анов сутсотар болага нега нархидан кўпроқ пул тўлаб эдингиз?
“Гап буёқда экан-да” ўйлади ичида. Хийла енгил тортди. Ғудранганча тушунтиришга уринди.
-Бечора қорнинг совуғида дилдираб юрганакан…
-Хўп, нима қипти шунга, ё сизнинг қариндош-париндошингизмидики, унга раҳмингиз келса?
-Дарсданам кечқолётганди, машина кирасини қўшиб бервордим-да.
-Эҳ, дадаси-дадаси-я — Ёлғондакам йиғламсиради хотин.
-Зиқна бўлма, Зубайда! Бунақаларга бирни узатсанг, худо сенга мингни узатади.
-Берди, тағин кечани ўзидаёқ берди. Йўқлигингизда онаси уйимизга келиб, жанжал кўтарди, кетти.
-Айбсиз айбдор бўпманда.
-Ўзингизни оқламанг, “Қўни-қўшниларимиз олдида номусга қолдирдингиз. Ўша бойвачча эрингизга айтинг, қайтиб боламга садақа бериб юрмасин, йўқса, хўжайинимга тайинлайман ўзининг тилида гаплашиб қўяди” деб роса дўқ-пўписалади.
Эрталабки “ширин” нонуштадан кайфияти тушган Бердимамат папкасини қўлтиқлаб кўчага отланди. Уйи яқинидаги сершовқин бекатга бориб, ўриндиқларнинг бирига чўкди. Атрофга ғамгин нигоҳ ташлади. Ён-верида қаерларгадир шоша-пиша кетаётган одамларни кузатиб ўйланиб қолди. Бирдан қулоғига машина тормозининг ваҳимали овози эшитилди. овози чалинди. У сапчиб ўрнидан турди. Шовқин келган томонга боқди. Нарироқда кулранг “Нексия” чинорга тумшуғини урволганча тутаб турарди. Бердимамат чопиб бориб улов эшигига ёпишди. Қарасаки, ўрта ёшли бир одам бехуш аҳволда рулга бошини тираб ётибди, чаккасидан қон сизиб оқяпти.
-Ҳой ўртоқлар, ёрдам беринглар – бор овози билан қичқирди у.
Қаердандир пайдо бўлган кимса фалокатни шоша-пиша телефони тасвирига туширди. Яқиндагина бир-бирига бамайлихотир гап ташлаб, ўтган-кетганга баҳо бериб уймалашиб турган ёш-яланглар зумда ғарқу ғойибланишди. Айримлар эшитмагандек, айримлар кўрмагандек ўтиб кетишаверди. Кимдир “103”га қўнғироқ қилишликни айтди. Ҳушёр тортган Бердимамат ўша заҳоти костюми чўнтагига қўл солди. Ўчиккандек телефони уйида қолибди. Ҳовлиқиб машиналар йўлига чиқди. Сариқ “Нексия” тўхташи билан ялиниб-ёлворишга тушди.
— Жон оғайни, аҳволига қара анави бечорани шифохонага, тез олиб борайлик.
— Милиция келсин, кимга керак бефойда бош оғриқ, — деди у пинагини ҳам бузмай.
-Вақт зиқ, қонга беланиб ётибди ахир, ачинсанг-чи, — илтижоли боқди Бердимамат.
— Ачинишга ачинаману, кира қилишим зарур, йўл ҳақини менга ким тўлайди? – бақрайди ҳайдовчи.
-Ҳозир пулни ўйлайдиган пайтми, бир одам жон талашиб турганида?!
— Менга нима, бу машина “103”ники эмас, эшикдан қўлингизни тортинг, ишдан қолдирманг!
Бердимаматнинг ғазаби қайнади.
— Қанча сўрасанг, ўзим бераман!
-Бўпти-бўпти, фақат секинроқ, — деди ҳайдовчи “инсофга келгандай”…
Беҳуш ётган жароҳати оғир йигитни биргалашиб шифохонага етказишди. Оқ халатли дўхтирлар ўша заҳоти қуршовга олишди. Улар залда қолишди.
— Кимингиз бўлади ўзи, роса меҳрибони экансиз? – деди ҳайдовчи. Сўраганини беришини эслаб, энди кетишга ҳеч шошилмасди.
-Ҳеч кимим, — таажжубланди у.
— Етти ётга шунчалик куюняпсизми?
— Нима қипти, унинг ўрнида сен бўлганингдаям…
Ҳайдовчи сергакланди.
-Кечирасиз, калта ўйлабман.
-Оғайни, мен учун дунёда одамнинг бегонаси йўқ, қариндош бўлмаса, бўлмас, аммо-лекин ватандош, тақдирдош. Аслида барчамизнинг ўқ илдизимиз бир – Одам Ато ва Момо Ҳавонинг авлодларимиз, — деди дилидагини тилига чиқариб.
-Бу гапингиздаям жон бор, — дея маъқуллади “хожатбарори” уни тушунгандай.
Эшик очилиб, дўхтирлардан бири залда юзланди.
-Кўзини очдими? – сўради Бердимамат безовта ҳолатда.
-Очди, очди, жони узилай-узилай деб турганакан, озгина кечикканингизда борми…
-Ҳайрият, худога шукр, худога. – У енгил тин олди.
— Ана энди ишлар беш, ҳисоб-китоб вақтиям етти, — деди нотаниш шериги икки кафтини бир-бирига ишқалаб мамнун қиёфада.
Бердимамат унинг шифохонада кеткизган вақтини ҳам ўзича пулга чақди. Қўлига учта 10.000 сўмлик тутқазди.
— Дўст, намунча қурумсоқсиз, — деди рози бўлмагандай жиддий оҳангда. – Бир одамнинг ҳаётини сақлаб қолдик, оёққа тургандаёқ мукофотнинг каттаси ўзингизга тегади. Мен теппа-тенг арра қилайлик деб сизни қидириб юрармидим.
Бердимаматнинг авзойи ўзгарди. Қўллари қалтиради. Кўзлари тўла нафрат билан тутоқди:
-Қандай аҳмоқона гап бу! Сен ҳали мени таъмагир ялоққа ўхшатяпсанми, ярамас!
У сира ўзини тутолмай қолди. Қони қайнади. Юзлари қип-қизариб, пешонаси тиришди, лабларигача титроқ кирди. Нафас етмаётгандай бир қўли билан қора бўйинбоғини у ёқ-бу ёққа қайириб бўшатишга, ёқа тугмасини ечишга уринди. Боши ҳам айланди чамаси иккинчи қўлини дераза раҳига таяниш учун зўрға чўзди.
Ножўя сўзлари билан Бердимаматни танг аҳволга солиб қўйган ҳайдовчининг капалаги учди.
— Ҳазиллашдим, дўст, ҳазиллашдим, — деди хатосини тўғрилашга ўтиб. Кейин йиқилиб кетишига йўл қўймаслик учун икки қўлтиғининг остидан қўлларини ўтказиб, аранг-аранг тираб ушлашга улгуриб қолди…
Кун бўйи чарчаб-ҳориб кечқурун уйига қайтганида хотинининг жағи яна очилди. Бобиллашдан тинмади.
-Қайларда юрибсиз?
— …
-Ишхонангизга нега бормадингиз?
-Бордим, кечикиброқ.
-Нима дейишди?
-Сендан ҳам телефонда сўрашган экан.
-Жазонгизни олгандирсиз?
-Қанақа жазо, сабабини билгач, уларнинг ўзлари узр сўрашди шошилиб сен билан боғланишгани учун.
-Ҳа, осмон узилиб, ерга тушгану, сиз кўтариб қолгандирсиз-да?!
-Бас, етар! Бугунча чакагингни ўчир, шусиз ҳам роса толиққанман.
-Агар мен раҳбарингиз бўлганимда…
-Нима қилардинг?
-Ишдан ҳайдаб солардим!
Эр чуқур уҳ тортди. Сўнг бўлган воқеани айтиб, хотинини тинчлантиришга уринди-ю, яна бўлмади. У бадтар ловуллади.
-Мабодо ўша йигит қўлингизда жон таслим қилганида борми, бизни худо урарди-я, унда ўзингизни қандай оқлардингиз?! Яхшиликка ёмонлик қайтмасмиди? Ғирт жиннисиз, жинни!
-Ким жинни?! – Ўшқирди Бердимамат.
-Ҳўп-ҳўп, мен жинни, аллакимларнинг ташвишларини чекиб юрган эрини тергаган, оиласи ғамини еб, кеча-кундуз тиним билмайдиган мен жинни! Сиз ўзи қачон рисоладаги одамлардек яшагансиз…
Зубайда боласининг бешиги устига кўк бахмал ўрамасини ёпиб, пиқ-пиқ йиғлашга тушди.
Бердимамат ҳафта охирида қўли юпқа бўлишига қарамай, бозорга чиқди. Онасига пахталик камзул, қалин рўмол, жун патакли маҳси-калиш сотиб олди. Қишлоқда онаизори йўлларига термулиб ўтиргандир. Борса, боши осмонга етади. Бирга яшаётган укаси ва келини ўз йўлига. Эртага –якшанбада Миришкорга тушишни ниятлаб уйига қайтганида, хотини яна хархашани бошлади. Айниқса, харидларига кўзи тушганида жазаваси тутди.
-Шу савил қолгур қиммат матоҳлар ўрнига уйимизнинг қаму-кўстини қилсангиз бўлмасмиди. Онангизнинг сандиқларида бунақалар қўша-қўша қалашиб ётгандир. Ҳей, қанақа эрсиз, фойда зиённинг фарқига қачон борасиз? Уларга қараш, кийинтириш бирга яшаётган, уй-жойларга меросхўр қайноғам ва овсинимнинг елкасида эмасми?!
-Мениям умид билан боққанлар ахир. Намунча зиқналик қилаверасан?!
-Сиз асли қачон менинг гапимни қулоққа илгансиз. Шу ҳам эру хотинчиликми. Боринг – боринг ўша онангизнинг ёнларига, топганингизни ташийверинг қишлоққа!
-Оғзинг қачон юмилади, хотин?! – Жаҳлланди Бердимамат ҳам.
-Ўлганимда, ҳа, ўлганимда! – Бадтар кучайди Зубайда.
-Майли, майли, жағинг очиқми, тилинг аччиқми, фарқи йўқ менга, асло-асло ўлма, умринг узоқ бўлсин, хотин, — сал юмшади эри…
Ота ҳовлиси шундоққина Фарғона каналининг ёқасида эди. Бердимамат кўприкдан ўтибоқ “Дамас”дан тушди. Кузнинг поёнида бошланган совуқ ҳаво юзига урилди, этини жунжиктирди. Жемпир устидан кийган қалин кастюмининг олд тугмаларини кетма-кет қадаб, уйи томонга илдам одимлади. Сув қирғоғидаги “қадрдонлари” – бўйдор теракларга гоҳ-гоҳ разм солиб борарди. Бирдан юраги ғалати ура бошлади. Теракнинг йўғон танасидаги “севги муҳри”га тикилганча тўхтаб қолди. Б+З=C битигини ўн йиллар ўтсаҳамки, пўсти беркитолмабди. Беихтиёр балоғат чоғидаги ишқдан сармаст лаҳзалари кўз олдидан ўта бошлади.
Зубайда билан бир маҳаллада яшашарди. Қатор теракларнинг худди шунисига меҳрларини ўзгача боғлашганди. Янаям аниқроғи, остида тўхташ учун баҳона ахтаришга хожат қолмасди. Боиси, бўйи у қадар баланд бўлмаганидан шоҳлари тарвақайлаб ўсарди. Ёзда иссиқдан, қишда қору ёмғирдан қочиб турадиганларни гўё паноҳига чорлаб, “айб”ни ўзига олаётгандай туюларди. У замонлар Бердимамат билан Зубайданинг висолгоҳларига айланганди. Ўзининг мўйлабига эндигина устара урилган йигитчалик, Зубайданинг иллари “дудуқ”, қарашлари чақмоқ, қадди-қомати тўлишиб, кўрганнинг ақлу хушини шоширадиган пайти эди. Бугунгидек бағритош, бети қаттиқ, юзгаччопар бўлиб кетииши Бердимаматнинг етти ухлаб тушига кирибдими.
-Ишқимизнинг ягона гувоҳи “териси”га исмимизнинг бош ҳарфини ўйиб қўяман, — деганди хаёлидан ўтиб юрган фикри ёдига тушиб у. Сўнг чўнтагидан чалаузарини чиқариб, учларини теракнинг кулранг пўстига санчганди.
— Мамат ака, қўйинг, терагимизнинг гуноҳи бизга паноҳ берганими, уни азобламанг, — дея Зубайда мўлтираганча дарахтга ич-ичидан ачинганди.
Йигитнинг шашти қайтмади барибир.
— Бугун азоблансаям, эртага фахрланиб мағрур туради, бизларнинг ҳамма ҳавас қилгудек муҳаббат жуфтлигимизни кўриб.
Зубайданинг ички қувончи ва ҳаяжони юзу кўзларида зоҳирланди. Ногоҳ тилининг тугуни ечилиб кетди.
-Чиндан-а, Мамат ака, чиндан-а?!
Илгариги тортинчоқ қиз энди қаерда. Наҳот ҳаёт одамни бутунлай ўзгартириб юборса. Болаликдаги тарбия шунчалик мўртмикин? Ё турмуш ташвишлари аёлларни ўзи билиб-билмаган ҳолда кўнгли тор ва худбин қилиб бораверармикин? Одамларнинг одамларга оқибати ортиш ўрнига тобора камайиб бориши табиий жараёнми, ёки бозор иқтисодиёти, пул, фойда, бойлик атамаларини ҳар куни тўтидек такрорлаётган нафс бандаларининг кўҳна қадриятлларимизга чоҳ қазишига лоқайдлигиданми?
Инсон қанча бойиса, қиммати ҳам шунча ошмайдими? Кимни қарасанг, фақат ўзининг ўчоғига чўғ тортгани чўғ тортган. Ўзгаларникида кул кўринмаса ҳам парвойи фалак.
Йўқ, йўқ! Яхшиликни қизғонадиганлар савобдан бебаҳра яшайдилар. Савобдан бебаҳралик наинки бандасига, худога ҳам хуш келмайди. Бундай кимсалар жамият учун сонда бору, саноқда ўлганлар қаторида туради. Қўли очиқнинг йўли очиқ. Бердимамат шуларни ўйлаб бораркан, хотинининг олдида ҳеч қачон “рисоладаги” одам бўлолмаслигидан заррача ўкинмасди. Қайтангга “Дунёда шундай яралганман, дунёдан шундай ўтаман” дея ўзига ўзи шивирларди.
Қўққисдан қандайдир йирикроқ тошми, жониворми сувга “шулп” этиб тушгани қулоғига чалинди. Сергак тортиб, овоз келган томонга олазарак нигоҳини қадади. Ундан ўн беш қадамча олдинда сув юзида қалқиб-қалқиб оқаётган одам эканини қип-қизил рўмолидан фаҳмлади-ю, қўлидаги нарса тўла целофан халтасини четга қўйганча ортидан чопди. Сувга атай ўзини ташлаганми, ё қирғоқдан тойиб кетганми унга қоронғу. Ҳозир бунинг заррача аҳамияти йўқ эди. Фақат тезроқ нажот қўлини узатиши шарт. Билъакс совуқ сувнинг ўзи ҳам чўкаётганнинг ҳаёт шамини сўндиради, қўяди. Бердимамат ўқдай отилиб, ўлжасини қувган овчидай рўпарасидан ўзини шиддат билан оқинга ташлади. Қайиқнинг эшкагидек икки қўлини шитобли қулочкашлаб сузганча унга интилди. Етиб олибоқ кўйлагидан чангаллади. Бир амаллаб қўлларидан ҳам маҳкам тутолди. Хушсиз эди-ю, тириклигини юраги сезди. Жон-жаҳди билан қирғоққа тортқилади. Агар бўш келса, шошқин оқим ўзиниям қўшиб ғарқ қилиш пайида эди. Дахшат бундай маҳалда одамда ёввойи куч-қувватни қўзғаб юбораркан. Унинг танаси на совуқни сезарди, на ўлимга юзма-юзлигини. Худди лаққа балиқдек сувни юзасида шалоплатиб, сал-сал бўлса ҳам қирғоқ томон силжиб борарди. Бу орада ҳодисани кўриб қолган нарироқдаги уч-тўрт киши соҳил йўлда “ҳай-ҳай”лаб орқама-орқа қувиб югуришарди. “Қани-қани, яна-яна, оз қолди – оз қолди…” деган далдани Бердимамат эшитиб-эшитмаса-да, ўзининг ёлғиз эмаслигини англатарди. Бу қандайдир руҳ берар, ҳаракатдан тўхтаб қолмаслигини сўраётгандек ҳали умид борлигига ишонтирарди. Бир елкаси билан тираб, сув юзасида сузиб, зўрға-зўрға қирғоққа яқинлаштирарди. Ёрдамга шай турганлар танаси муздек, лаблари кўкарган деярли жонсиз ҳолатдаги одамни каналдан тортиб чиқазишаётганида ногоҳ Бердимаматнинг кўзи тушди. “Гулчеҳра…” сершиддат сув қутқарувчидан гўё қаҳрлангандай энди ўзини оқизиб кетди. Совуқ забтидан қўл-оёқлари томирлари бутунлай тортишиб, ҳатто гавдасини мувозанатга келтиролмасди.
***
Бердимамат кўзини шифохонада очди. Қараса, боши устида хотини йиғламсираб ўтирибди.
— Гулчеҳра…синглинг тирикми? – дея олди базўр.
-Дадаси… синглим соппа-соғ.
-Зубайда, мени кечир, қанча уринмай, рисоладаги одамларга ўхшаб яшолмаяпман, — лаблари пичирлади унинг.
Аёлнинг эса бадтар хўрлиги тутди, йиғидан намланган кўзларини рўмолчаси билан артди. Бердимаматнинг пешонасини кафтлари билан силаб, меҳри янада товланиб кетди.
— Менга рисоладаги эр керак эмас, менга фақат сиз кераксиз, сиз!

ПСИХОЛОГ

Мактабга яқиндагина ишга кирган ходим бўлганим сабаб имкон қадар янги ҳамкасбларимнинг кўнглига қараб муомала қилиб, ҳаммада яхши таассурот уйғотишга уринаётган кунларимнинг бирида психолог-Ойбек хонамга кириб келди.
-Барча ўқитувчиларни темпераменларини аниқлаш бўйича махсус тестдан ўтказиб чиқяпман, навбат сизга! – деганча у қўлидаги кўк жилди орасидан китоб, қоғозу жадвалларни олиб тўридаги стол устига ёйишга тушди.
Очиғи, ёшлар етакчиси бўлганим учун вақтим жуда тиғиз эди. Кутиб турган ишлар қалашиб ётганди. Ноилож, ҳурмат юзасидан жойимга чўкдим. Саволларига бирин-кетин жавоб бера бошладим. Аммо икки қўлим компьютерда ҳарна хужжатларни ёзиб-чизиб туришим керак. Кўпроқ “ҳа”, камроқ “йўқ” билан ниҳоят ярим соатдан мўлроқ вақтим кетди. Сўровнома тугади. Балларни ҳисоблаётган чоғи қўнғироқ чалиниб қолгани боис ташқарини бир айланиб қайтдим. Келиб қарайманки, психолог ранжигандек бошини чангаллаганча қоғозга тикилиб ўтирибди. Мени кўриши биланоқ шикоятга ўтди.
-Сиз саволларимга жиддий ёндошмадингиз, тузукроқ эътибор бермадингиз, менсимадингиз. Мана натижа! Ноаён ҳолат. Тўртта темпераментнинг ҳар биридан 15 тадан ижобий.
— Мен ҳаммасига ҳам мос тушавераман.
— Йўқ-йўқ, фанда ундай бўлиши асло мумкин эмас. Сиз қайсидир темпераментдасизу аниқлашим учун тўғри жавобларни яширгансиз.
— Нега яширарканман.
— Ўзингиз биласиз, ўзингиз.
Психологнинг кутилмаган “пичинг”и ғазабимни қўзғаса-да, босишга уриндим. Сўздан сукутни афзал билдим.
— Менимча, сизда стресс бор, — деди у ачинган каби.
— Стресс? Нима ўзи у?
— Жиддийлик, кескинлик, зўриқиш.
— Қаердан топдингиз бу гапни?
-Бир-икки ҳафталик кузатувларим шуни кўрсатяпти. Стрессга тушган беморлар ё ўта ҳаракатчан, ёки ҳеч бир ҳаракатсиз бўлиб қолишади. Аммо, ҳар икки ҳолат ҳам онг тизгинидан ташқари қолгани учун кўпинча самарасиз натижа билан тугайди. Афсуски, сизнинг айни дамдаги елиб-югуришларингиз ҳам оқилона фаолият белгиси эмас, руҳий зўриқиш оқибатлари бўлиши мумкин.
Тарвузим қўлтиғимдан тушгани каби икки қўлим шалвираб жойимга ўтириб қолдим.
— Мабодо, керак бўлсам, хонам иккинчи қаватдалигини яхши биласиз. Хижолат қилмай чиқаверинг, керакли тавсияларни олаверасиз.
“Хўп” дегандек секингина бош эгиб қўйдим. Кайфиятим тушиб кетди. Бир неча сония маюс тортиб ўтирсам, кейин, кимдир хонам олдига чопиб келди-да, эшикни астагина очди.
-Устоз, бизнинг гуруҳ “Афсоналар водийси”га борадими? — деди 8 -“Г” даги Гулёра
Мен аввалига гапларини яхши эшитмадим. Қизга тушунмагандек қараш қилдим.
У ёнимга келиб, бугунга режалаган саёҳатимизни эслатди.
Синчков экан кайфиятим пастлигини дарров илғади.
-Бирор нарсадан ҳафамисиз, устоз? Кўзларингиз ғамгин тортиб қолибди.
— Ҳойна-ҳой бу стрессдан…

* * *
Эрталаб барвақт уйғондим. Тонгни бадантарбия билан ўтказиш учун кўчамиз бўйидаги спорт майдончасига югурдим. Фойдали жисмоний машқлар бажариб қайтдим. Оиламиз даврасида тўйиниб нонушта қилгач, сочларимни дид билан турмакладиму, иш формамни кийиб мактабга шошилдим.
Йўлда бир текис елиб бораётган автомобилар оқимини кузатиш менга жуда ёқарди. Ғилдиракларнинг тинмай олдинга шитоб билан интилаётган манзараси кўнглимда ҳар доим негадир юксак ҳисларни уйғотади. Орзу-мақсадлар манзилларига ҳамиша барига етишиш имкони бор, фақат унинг учун тўхтамай қадам босишимиз керак деб уқтираётгандек бўлишади улар.
Ана шундай хушнуд туйғулар оғушида хонам эшиги олдига етиб келдим. Одатда, бу жой болаларнинг севимли қўнимгоҳлари. Эрталабки сафланишлардан олдин фаол сардорларнинг тадбир-чиқишларини уюштириб олишлари учун репитиция майдончаси бўлгани сабаб қулфламай юраман. Эшикни очиб ичкарига кирарканман столим устида турган каттакон гулдастага кўзим тушди. Бирор ким адашиб ташлаб кетмадимикин деган хаёлда залга чиқиб, у ёқ-буёққа қараб қўйдим. Сўнг ҳайратимни яширолмай гулдастага тикилиб қолдим. Айни дамларда суюнишни ҳам, ҳафа бўлишни ҳам билмасдим.
Кириш қўнғироғи чалингач, ўқувчиларнинг кунлик давоматини аниқлаб юрсам, психолог рўпарамдан чиқиб қолди.
— Гуллар сизга ёқдими? – деди у тантанавор оҳангда.
— Қайси гул…лар? Ие, бу сизнинг ишингизмиди ҳали?
— Нима? Ёқмадими?
Қандай жавоб берсам “ботмас” экин деган ўйга бордим.
— Ёқди. – ҳайронлигимни яширишга уриндим.
-Рости гап. Нотўғри тушунманг-гу сизни стрессдан чиқазиб юбориш учун миямга эрталаб сюрпириз қилиш фикри келиб қолди.
— Раҳмат! Касбингизга беҳад эътиборли экансиз, — дея олдидан тезда кетишга чоғландим. Боиси у мени ноқулай вазиятда туширганди.
Тушлик пайти ошхонанинг ўқитувчилар бўлмасида уч-тўрт ҳамкасб қиз-аёллар йиғилиб ўтирган пайтимиз ичимдаги қизиқишни яширолмадим.
-Психолог-Ойбек ака оилаликми? – Саволим ўзимга-да ғалати туюлиб кетди. Балки кўнглимдан мени ёқтириб қолмаганмикин? -деган ўй ўгандир.
— Йўқ. Хотини билан ажрашган, — деди кимёчи Дилноза опа.
— Ўзи яқиндагина тўйи бўлганди. Келинчак билан икки ой ҳам яшамади-я, — ачингандай бўлди тарбиячи Асал.
— Унақаларда қўним йўқ. Ҳозир бир рўзғорни эплолармиди… – дея “ахборотлар”ни якунлади ўзини жуда билағон ҳисоблаб юрувчи Шодия.

****

-Яхшимисиз оя? — Эртасига хонамга шаҳдам қадамлар билан кириб келди психолог. – Сезган бўлсангиз, ўқувчилар дарслардан анча зерикиб боряпти. Кеча икки нафари юқори синф ўқувчилари билан гаплашдим. Бизнинг мактабдан бутунлай бош олиб кетмоқчи улар.
— Чинданми? Йўғ-е, ўзи шунақа деб айтдими сизга?! – гапимнинг оҳангида шубҳа бор эди. Чунки, мактабдагилар психологнинг хонасида “дарди”ни айтишига ишонмасдим.
— Мен сизни алдармидим.
— Кечиринг, гап сизда эмас, — дедим сўзимни тўғирлашга уриниб. – Гап ўқувчиларни шундай бекаму кўст шароитга эга бизнинг махсус мактабимиздан кетмоқчи бўлганида. Ишониш қийин, тўғрими?
— Шунинг учун ҳам биз болаларни фақат китобга михланиб, миялари зўриқишига йўл қўймай, турли тадбирларга, чиройли жойларга саёҳатга олиб чиқиб туришимиз керакка ўхшайди.
— Ташвишланманг, ўтган ҳафта раҳбарият битирувчи синфларни навбатма-навбат олийгоҳларни ўрганишга олиб боришга топшириғини берган. Мана режаси. Яна оз кунлар ўтиб дарсдан кейин саёҳатга чиқамиз, — дедим қўлимдаги қатъий график асосида тузилиб, директор муҳри ва имзоси туширилган қоғозни узатарканман.
— Дуруст. Мен ҳам сизга ёрдамлашаман. Танҳо ўзингиз битта синфни назорат қилишга қийналасиз.
— Ёлғиз эмасман. Тарбиячиси ҳам ёнимда бўлади. Истасангиз сизни ҳам қўшиб оламиз.
Эртасига тушдан кейин хонамга 11- “А”нинг қизлари “илтимоснома” билан киришди.
— Устоз, Ойбек домлаям бирга борадиларми университетга?
— Ҳа, ким айтди?
-Ўзлари. – Жийинишди қизлар. – Улар бирга бормасалар ҳам майлийди.
— Нега?
— Мазза қилиб эмин-эркин айланишимизга йўл қўймайдилар. Бир зумда ортимизга қайтариб келадилар.
— Йўғей, жуда унчаликмасдир.
— Рост, сиз қандайликларини билмайсиз-да. Ғирт немис. Одамни сира тушунишни истамайдилар.
Тилимни тишлаб қолдим…

* * *

Шанба куни уйга кетишга тайёрланиб турсам, хонамни яна психолог банд қилди. Ўтган гал олийгоҳга саёҳатимизда ҳаммани мактабга қайтишга шоширавергани учун бироз ранжиган эдим.
-Нима гаплар? – “тезроқ дардингизни сўйланг” дегандек саволчан тикилдим.
— Олдингизга бир оғир шахсий масалада маслаҳат олиш учун кириб турибман.
— Мен сиздек инсонга қандай маслаҳат беришим мумкин?
Психолог сўзларимдаги кинояни англамади. Назаримда, у бунга қодир ҳам эмасди.
— Бирор киши қайғу чекканда қалбига яқин инсоннинг сўзларини тинглаб малҳам олади. Шу боис ҳузурингизга келишни истагандим. Сўнгги вақтларда ичимдаги тушкунликни сира енголмаяпман. Атрофимдаги ҳодисаларга чидашга сабрим етмаётгандек гўё. Ҳар кун ишга келиб, ўзимни ўқитувчилару ўқувчилар томонидан тинмай камситилаётгандек сезаман.
Аслида мен тақдирдан нолиб юрадиганларни жиним суймайди. Шу боис психологни бир-икки аччиқ гап билан “чақиб” олгим келардию, аммо ўзимни тиярдим.
-Адашасиз. Бу даргоҳда ҳамма сизни ҳурмат қилади. Лекин ўзингизга бўлган ишончнинг йўқлиги туфайли бошқаларни ҳам сўзларингизга, ғоя ва мақсадларингизга ишонтиролмаётгансиз назаримда, — дедим дангал.
— Тўғри, мустақил қарор чиқаришгаям жуда қийналаман.
— Даставвал, ўзингиз ҳақдаги ўй-фикрларни ўзгартирмасангиз бўлмайди. Биласизми, биз сўзларимиз билан хоҳласак ҳаётимизни гўзаллаштирамиз, хоҳласак…
— Тушунмадим? – деди у дарров елка қисиб.
— Негатив фикрлайдиган ва ҳамма нарсадан ёмонлик изловчи инсонларни бахт ва қувончга тўлганини ҳеч кўрганмисиз. Сизни билмадиму, аммо мен ҳамма нарсада яхшилик ва ҳикматни кўрувчи кишиларнинг ҳаёти бир маромда, бахтли, сокин ва хотиржам ўтаётганини кузатганман. Ишонмасангиз, ўзингизда буни синаб кўринг. Бир ҳафта давомида тинмай бахтлилигингиз ва омадлилигингиз ҳақида гапиринг. Натижани кўрасиз.
— Бахтли бўлиш қўлимдан келмайди.
-Нега келмас экан, келади-ю, бироқ ичингиз қўрқувга тўла, камчиликларингиз ҳақида ўйлайверасиз, масъулиятдан қочасиз ва ҳар доим: кеча ҳам, бугун ҳам, эртага ҳам ўтмиш хатолари билан яшайсиз.
— Шунинг учун ҳам менга бирор китоб тавсия қилинг. Токи у ҳозиргача ўқиганларимга сира ўхшамаган бўлсин, уни ўқиб бутунлай ўзгарай.
— Бу соҳада мендан кўп китоб мутолаа қилган бўлсангиз керак. Менимча, асосий гап ўқишдамас уқишдаям.
У сўзларимни тинглагач, ҳомуш тортди, ўйланиб қолди.
-Билмадим, билмадим. Негадир чарчадим, танамда сираям куч йўқдай.
-Сиз ўзи бу ерда нима билан шуғулланасиз?
Унинг касби одамларни руҳини даволаш бўлгани учун атай шу саволни бердим.
У жавоб беришни ўрнига мўлтиради. Унинг ночор аҳволидан юрагим зирқираб кетди. Кўнглига таскин тополмай, шаҳд билан хонани тарк этдим.
Йўл бўйи уни ўйларканман, нима учундир тинмай жаҳлим чиқарди. Бугунги кунда одамлар психологларга салкам халоскорлардек қарашади. Руҳий муаммоларини ечишга кўмаклашиб, ўз-ўзларини назорат ва таҳлил қилишга ўргатишади, тўғри йўл-йўриқ кўрсатишади деб ўйлашади. Аммоки, баъзида табибнинг ўзи ҳам давога муҳтож эканини англаб етишармикин.
Негадир яхши ухлолмай туни билан босинқираб чиқдим. Эрталаб эса алланечук юрагим ғашланиб уйғондим. Мактабга етиб келиб, кеча кечқурун психологнинг бир сиқим хапдори ичиб, ўз жонига қасд қилгани, шифохонада оғир аҳволда ётгани хабарини эшитдим…

КУЛРАНГ АВТОБУС

Одамларнинг кулгуси унга найзадек санчилди. Йиғидан овунч ахтарди. Бўлмади. Кулгучиларнинг афтида зиғирча ўзгариш сезмади. Юракларининг ўрнида тош бордай оғизларининг жияги йиғилмади. Нигоҳларининг наштари яралагандан яралайверди. Дардига малҳам кутганлари қайтангга туз сепиб севинишди. Наҳот дунёда раҳм-шафқат анқонинг уруғига тенглашиб қолди. Наҳот одамлар бир-бирларининг йўлларига эмас, кўзларига чироқ тутишга ўтишди. Наҳот йиғлаганни юпатишдан кўра устидан кулиш эпга айланди. У ўйлаган сайин ўйининг охири кўринмасди. Бундай пасткашлардан йироқ кетишга уринди.
Тўрт тарафи қиблаю, қаёққа юрмоғи ноаён. Одамларнинг шивир-шивирию, илжайиши уни қутуртириб, ғазабини жиловлашга қўймасди. Охири бефойдалигини анлагач, ичидаги аччиқ-аччиқ аламларини аритишга жўнади. Бир вақт олди ойнаси қирғоғидаги катта картон қоғозга 5 рақами ёзилган кулранг автобус яқинлашиб тўхтади. У тезгина чиқишга улгурди. Айни дам бошига тушган мусибатлардан кўксида тўлиқиб турган изтироб оғриқлари чорасизликдан бутун вужудини тушкунликнинг зулмат қаърига тортарди. Хаёлида гўё автобусда ҳаво камайиб, тобора нафас олишга етмаётгандек туюларди. Ҳозироқ эшик очилиб, тушиб қолмаса, ҳаёт билан видолашадиган аҳволда сезарди ўзини. Лекин ҳайдовчига “Тўхтатинг!” дейишга журъати етмади.
-Салом, ёнингизга ўтирсам бўладими? – Нотаниш қизнинг овози эшитилди.
Илтифотли бош силкишга улгурмасидан ҳамроҳи ёнини эгаллади.
-Бу автобусга биринчи бор чиқишим.
-Мен ҳам, — деди у дераза ойналаридан кўз узмай секингина.
-Қаёққа кетяпсиз? – сўради қизиқиб.
— Онам билан учрашгани. – У “Сенинг ишинг нима?” дегандек ёнидаги етти ёт қизга ғалати қараш қилди-ю, шеригининг фаросати буни тушунишга етмади.
-Мен бўлсам бувимни кўргани шифохонага шошяпман. Оғир касал эканликларини эшитибоқ сабрим чидамади. Аксига олиб енгил машина келавермади.
У “Бунинг менга нима дахли бор” деб ичида ўйладию, бирдан ўзи айнан шу 5-чига чиқиб олгани ғалати туюлди.
-Бувимдан жуда ҳавотирдаман. Ахир болалигимдан бағрига босган, бошимни силаган, оқ ювиб-оқ тараган, емай-едириб, ичмай-ичириб, киймай-кийдириб катта қилган-да.
-Ота-онангиз-чи? – “Йўқми?” дейишга ийманди ҳамроҳи етти ёт бегона бўлса ҳам.
-Ажрашишган, икковлариям бўлак оила қуриб кетишган.
У қандай далда беришни билмай каловланди. Одатда ўзи учраганга дарди дунёсини очиб-сочадиганлар хилидан эмаслиги учун бундайларни жини суймасди. Лекин жим ўтиролмади.
-Тақдирдан ким қочиб қутула олган. Доғи боракан деб тунимизни ёғдуга тўлдирадиган ойдан воз кечолмасак керак. Яқинларимиз узоқда бошқа-бошқа жойда туришсаям уларнинг тирик яшаётгани чиройли давлат эмасми.
-Йўқ! Асло!
У ўзи билмаган ҳолда тутаб, ёнишга чоғланиб турган гулҳанга керосин сочиб, ловиллатиб юборганини пайқаб қолди. Киприклари пирпиради. Айбсиз айбдор аҳволга тушди. Таскин сўзларининг тескари таъсиридан аламзадалиги жунбушга келган ҳамроҳи энди ёнига астойдил ўгрилиб олди. Жағи очилгандан очилди, овозини кўтариб бидиллашидан осонгина тинадиган кўринмасди.
-Сизнингча, фарзандни дунёга келтиришнинг ўзигина ота-оналик саналадими?! Болани туғдириб қўйиб, кейинги ҳаёти, тақдири билан зиғирча қизиқмаган ота отами?! Болани туғиб қўйиб, ўйлаб-нетмай қари бувининг қўлига ташлаб кетган она онами?! Жигаргўшасини серғалва ёруғ оламнинг эшигидан киритиб юбориб, ёлғизликнинг, тирик етимликнинг аро йўлида мунгли кўзларини жавдиратиб, бетакрор болалик бахтидан жудо этиш, умр бўйи оғриқли ўкситиш ота-оналикми?! Мени шу пайтгача қийнаган савол: Нега тенгдошларимнинг туну кун ўйлайдиган, елиб-югуриб ташвишини чекадиган, эртасининг, яхши билим олишининг, яхши тарбияланишининг ғамини ейдиган, муассасама-муассаса, ўқитувчима-ўқитувчи, репититорма-репититор чопиб, нуфузли танлову мусобақаларгача етаклаб борадиган, орқасида тоғдек таянч бўлиб турадиган ота-оналари бору меники йўқ? Бошқаларда доимо тўғри маслаҳат, керакли йўл-йўриқ, далда берувчи, йиғласа юпатувчи, йиқилса турғизувчилари бору менда йўқ?
Ҳамроҳининг илтижоли нигоҳлари кўнглини беҳад ўртади. Томоғига нимадир тиқилди. Кўзларида марварид томчилар қалқиди. Киприклари намланди. Ўзи етти ёт бегонаю дарду ғамлари таниш қизни шартта бағрига босиб, ўкириб-ўкириб йиғлагиси келди. Аммо атрофидагиларнинг лоқайдлигига, ҳозиргина айтилган сўзларни ҳатто мушоҳадалаш у ёқда қолиб, худди қулоқлари кардек безрайиб қарашига сира-сира тушунолмади. Одамларнинг дийдаси қаттиқлигидан дили озорланди. Дарров ақлу хушини йиғиб яна далдага ўтди.
-Кўпам куйинаверманг, ўртоқжон, худо хоҳласа, болаликда кўролмаган меҳр-муҳаббатнинг ажри бордир. Ойнинг ўн беши қоронғу, ўн беши ёруғлиги аён-ку.
Юрагини бўшатиб бироз енгиллаган қизнинг нигоҳларида умид учқунланди. Бироқ ўксик кўнглидаги эзгинлик таъсиридан барибир қутулолмасди.
-Бошингизга тушмагани учун таскин бериш сизларга шунақа осон, ҳис қилиш, англаш эса бошқа нарса…
У энди миқ этмасликни афзал билди. Аламзада қизни автобуснинг қалқиши хушёр торттирди. Кутилмаган суҳбатлари поёнига етганини фаҳмлади. Ўрнидан аста турди.
-Кечирасиз, кейинги бекатда тушишим лозим. Эшик олдига бориб турайин.
У нотаниш дугонасига хайрлашгани қўл чўзди. Кафтлару бармоқлар бирлашди. Меҳрли нигоҳлар тўқнашди. Бувингизни асранг, сизлар бир-бирингизга жуда кераксизлар. Менинг номимдан салом айтишниям унутманг!
-Хўп.
-Кўришгунча.
Юзларида самимий табассум жилваланди уларнинг. Икковлари ҳам ўзларини ўхшаш дардли ришталар боғлаб турганини сезгандай қўлларини истар-истамай бўшатишди.

* * *

— Ҳайрият, жой бўшади, — дея ўриндиққа чўкди тик кетаётган ёшгина аёл. Сўнг ёнига кўз қирини ташлади. – Менимча, турмушга чиқмаган кўринасиз?
У негадир оғиз очгиси келмади. Ҳозиргина нотаниш ҳамроҳининг қайғуси тушкун кайфиятига айқашиб-уйқашиб, руҳини синдиргандек эди. Бироқ одам деб гапирганга гапирмаслик менсимасликка, кибрга йўйилишини биларди.
-Адашмадингиз, — деди ёлғондан оҳиста оҳангда тўғрига тикилганча.
-Унда ҳозир мазза даврингиз экан, — жон кирди ўша заҳоти янги ҳамроҳга. Вақтида ўйнаб-кулиб, яшаб олинг, орзу-ҳавас қилинг. Эртага эрга текканингиздан кейин афсус чекасиз, буларга кеч бўлади, жуда-жуда кеч.
Ёнидаги аёлнинг бир автобусга ўтириб, тасодифан айтаётган гаплари унинг задаланган қалбида қолган зиғирча ёруғликка тоғча соя ташлаб юборди.
-Сиз чинданам шундай деб ўйлайсизми?
-Ўйламайман. Бу аниқ.
-Ҳаммада ҳам-ми?
Келинчак бир лаҳза “мум” тишлагандай жимиди. Сўнг яна ёрилди, “Йўқ” деди аллақандай ҳорғин, аллақандай эзгин овозда. Менинг ҳаётимда оила қурилиши тузатиш мушкул хатойим бўлди.
-Нега?
-Чунки кўнглимгамас, ақлимга қулоқ солганим учун. Ростиси, эримга севиб тегмаганман. Уям балки шундай…
-Йўқса нима учун никоҳдан ўтгансизлар?
-Бир-биримизни яхши биламиз деб ўйладик, бир-биримизга кўникамиз деб ўйладик, бир-биримиздан ёрдам кутдик, кўмак умид қилдик, бир-биримизга қаттиқ ишониб қўйдик.
-Янглишибсизларми?
-Ха. Аслида истарали қиз бўлганим учун бўйим етгач, ҳаридорларим роса кўп эди. Мен уларнинг чиройи, қадди-қомати, эгаллаган мансаби, бой-бадавлатлиги, ширин сўзларига учиб, турмуш қурсам, бир умр пушаймонлик чоҳида азобланишдан чўчирдим.
-Эрингиз-чи?
-У соддайди, унчалик хушрўй ҳам, омадли ҳам эмасди. Худди ўзимга ўхшаб ўрта ҳолгинайди. Бизлар юксак орзуларни кўзлагандик. Бироқ тўйдан кейин…
-Йигитингиз айнидими?
-Айниса бунчалик зорланмасдим. Журъатсиз чиқди. Уйидагиларнинг қўғирчоғи экан. Менинг на ўқишга кириш истагим, на намунали турмуш ўртоқ ҳақидаги ўйларим амалга ошди. Ёнимдагиларнинг худбинлиги, тубанликлари иродамни буткул синдириб юборди. Гўё боши берк кўчага кириб қолганману, чиқиш учун бир қадам боссам, жарга қулаб кетадигандекман. Биласизми, ҳаётингизнинг маъноси бўлмаса, кун ўтказиш ҳам амримаҳол бўлиб қоларкан. Мана шундай ғурбат дунёда ҳар тун ўзимни тобутда ётгандай ҳис қиламан.
-Майли, эртангиз яхши бўлиб кетар, — дея олди бу сафар ҳам у ўзи ҳам ишониб-ишонмай.
-Бошингизга тушмагани учун шундай ўйлайсиз-да, — пичирлади аёл.
Шу дам иккисининг ҳам кўзида ёш милтиллаган эди.
-Асли рухшуноснинг олдига кетаётгандим. Тушадиган бекатим яқин қолди, энди мен турай, — деди келинчак. – Яхши қолинг…

* * *

Ойнадан олисдаги гўзал манзараларга кўз тикканимиз билан ҳеч қачон улар бизникига айланиб қолмайди, — деди рўпарасида пайдо бўлган йўловчи йигит.
У индамасликни афзал билди.
-Ёнингиздаги ўриндиқ бўшга ўхшайди. Ўтирсам, майлими?
Бу сафар илтифот жоизлигини англади.
-Ҳа, марҳамат! – Маҳзун нигоҳларини йигитдан олиб қочиб яна деразага қадади.
-Ҳойна-ҳой шоирами, ёзувчига ўхшайсиз, — гапга сола бошлади у.
-Икковиям эмасман. Ҳеч нарса ёзишни эплолмайман.
-Унда беҳад ҳурсандман.
-Сабаби?
-Сиз ростгўйсиз.
-Улар ёлғончими?
-Ёлғончи бўлгандаям учига чиққани. Ўзларича хаёлларига келган бир чақага қиммат увада гаплар билан тўлдиришади қоғозни. Китобларидаги уйдирмаларини ҳаёт ҳақиқати деб одамларни лаққа туширишади, йўлдан оздиришади, аянчлиси, бу қилиқлари билан ҳаммани жониворлардек ортиларидан эрагаштиришга чиранишади. Шунданми, эртак деса, шеър деса, кўнглим озадиган бўлиб қолган.
-Жуда оширвордингиз. Уйдирма тўқишдан уларга нима фойда?
-Ҳар ким турфа мақсадларда тўқийди. Кимдир душманлари устидан зафар қозониш учун, кимдир мол-дунё, шон-шуҳрат, обрў-мартаба орттириш учун, кимдир ўзини ва бировларни алдаш учун, кимдир барча-барчамизни боплаб лақиллатиб устимиздан кулиш учун тўқийди.
-Бу қадар хунук хулосаларга келишингизнинг бирор сабаби бордир?
-Бор-да, ёзганларини ўқиб, ишониб ўзимни кўп қийнаб яшадим. Улар эзгулик, албатта, ёвузликни енгади, қоронғи тунлар ортида ёруғ тонглар отади, адолат ҳақсизлигу разолат устидан шаксиз ғалаба қозонади, яхшилар бир кун олқишланиб, ёмонлар жазоланади, меҳнат-машаққатлар вақти келиб, ширин мева беради, орзу-истаклар амалга ошади, ҳаётда чекаётган жабру жафоларимизни кўриб, кузатиб тургувчи бор деб ишонтирадилар. Аммо ҳаётда шоирлар тасаввуридаги дунё бошқаю биз кўриб турган дунё бошқа экан.
-Сиз ҳам шоир бўлганмисиз?
-Йўғе, шунчаки уларни эртакнамо шеърларини ўқиб-ёдлаб улғайиш билан кўнглида илоҳий ҳисларни нишлатиб, парваришлаб, яшашга интилган рассом эдим. Энди эса санъатдан ҳам, адабиётдан ҳам қўйингки, моҳияти ижод қилиш бўлган барча-барчасидан юз ўгирган одамман. Негаки, мен шуларни яратиш кўйида умримни, қалбимни, бутун хонумонимни бой бердиму, кўрган-билганим фақат ва фақат адолатсизлигу ноҳақликлар бўлди. Қанчадан-қанча ғояларимни бой бердим, кундузлари тер тўкиб ишлаб, туни билан қаршисида мук тушиб тонгга қадар сайқаллаб дунёга келтирган картиналарим сариқ чақалик ҳам қадр топмади. Таъмагирлик, олчоқлик, таниш-билишчилик авж олган бу заминда чинакам санъатингдан кўра улар билан тил топишиш “санъати”ни ўзлаштирмагунингча, ўзингнинг асл қиёфангни йўқотмагунча ўрни йўқ кимсадай дайдиб юраверар экансан, сени на кўришади, на тинглашади. Аянчлидан аянчлиси, инсонга ҳаёти давомида атига бир мартагина ато этиладиган бетакрор туйғуларимни ана шу ўткинчи саробга совурганим, умр бўйи сиғиниб, байроқ каби кўтарган Ҳақиқат аталмиш эътиқодимнинг аслида пуч ёнғоқлигини беҳад кеч англаганимдир. Бугун санъат майдонида юрган талантсиз, қобилиятсиз лўттибозларни, енгилтак олифталарни кўрсам, тишларим такиллайди, ижирғаниб кетаман, кўксимда қават-қават уюлиб ётган армонлар денгизга айланиб долғаланади.
У аламдор йўловчининг ўкинчларини эшитишга энди ортиқ тоқат тополмади. Қисматдошини, ўзи ёлғиз эмаслигини, ҳаётида нақадар бешафқат қонунлар илдиз отганини, улар ҳеч бир жойда ёзиб қўйилмаганини англаб баттар эзилаётганди.
-Етар, бас! – деб қичқириб юборди. Юзини қўллари билан беркитиб бошини қуйи солганча жимиб қолди. Бироз сукутдан сўнг ўзига келдими, ё ҳижолатданми бошини астагина кўтарди-да, таскинбахш сўзларни излади, тили учида аранг такрорлай олди.
-Яхши бўлиб кетар ҳали ҳаммаси…
-Айтишга осон. Бошдан ўтказмагунча бу дардларни ҳис қилиш қийин.
-Учинчи маротаба бир хил эътирозни учинчи одамдан эшитгач, ақлу ҳушини жамлашга қийналди.
-Ҳис қиламан, — деди у ниҳоят.
Йигит унинг сўзларига ишонмади. Аммо баҳслашишни кераксиз билди ўзига.
-Айтганча, қаерга кетяпсиз?
-Онамнинг олдига.
-Ҳа-а-а-а, — деб қўйибди чўзибгина. Чамаси, манзилимга етиб қолдим. – базўр жилмайишга уринди рассом йигит.
-Яхши боринг, — деди қиз ҳам мулойимлик билан.
Бир вақт ён-атрофга кўз ташларкан, автобусда ўзидан бўлак ҳеч кимса қолмаганини сезди.
Дераза ойнасидан яна олисларга умидсиз нигоҳ ташлади. Ўзини халос қилувчи кучни кута-кута, ниҳоят таслим бўлган оҳу каби бошини эгиб кўзларини юмди. Айни дам ҳаммасидан ҳам кўнгли бир нарсани оромни, ҳаловатни истарди. Туш кўрди. Тушида онаси кулранг автобусда ёнма-ён ўтирарди.
-Вой, жоним онам, ўтиб кетган эдингиз-ку, — ҳайрат билан ўриндан турди у. Муштипар меҳрибонининг бағрига бош қўйиб йиғлаб юборди.
-Қизим, етар шунча юрганинг. Автобусдан туш, жон болам, тушақол!
-Жудаям чарчадим, жудаям толиқдим, она. Қимирлашга куч-мадор тополмаяпман.
-Топасан. Сен кучли аёлсан. Уйингда эринг, оиланг кутяпти.
-Йўқ, ҳеч ким кутмайди. Ҳеч кимга керагим қолмади.
Шифохонада йўлларингга илҳақ термилиб ётган касал синглингни ўйласанг-чи, ҳеч бўлмаса? Уни сендан бўлак кими бор. Гўдаклигидаёқ мен ва отангни йўқотганни каммиди? Нега бунчалик йиғлайсан. Чорасиз одам шунақа кўз ёш тўкади. Чида. Чидамасанг бўлмайди. Агар кўнглинг малҳам тополмаса, агар кўнглингни бировлар билмаса, тингламаса, уни суратларингга соч. Чизган расмларинг кун келиб, ўзинг каби бир қалби ўксикнинг дарддошига, юпанчига айланади. Тур ўрнингдан. Бу автобусга қайта чиқа кўрма, ҳали яхши кунлар олдинда…олдинда…
У ўриндан турди ва 5 инчи автобус ҳайдовчисига қараб қичқирди:
-Тўхта-а-а-анг!

СВЕТАФОР

У чорраҳадаги светафорнинг қизил чироғи қўққисдан ёниб қолишини ҳеч кутмаганди. На газни пасайтиролди, на тормозни босолди. Икки оёғи тошдай қотиб қолганди. Дахшатлиси, қарсиллаб урилганда рўй берди. Тутқичи мажақланган светафор узилиб, машина йўлига улоқиб тушди. Қизил чироғи чил-чил синса ҳам, бутлаб бўлмас бўлаклари сочилган ҳолатда янада ёрқинроқ ёниб ётарди…
Жавлонбек нохуш кайфиятда кўзини очганида бошида хотини ҳар кунги дийдиёсини такрорларди:
-Ширин тушингизни бузвордимми, тез ёстиқдан бош кўтаринг, ҳозир тонг ёришади, бошқа машиналар кўчага чиқмасидан кўпроқ пул ишлаб олишга қачон ўзингиз шошиласиз?
У дили хиралиги тарқамасидан йўлга отланди
— Акажон, бизни Қўшчинорга обориб қўёласизми, — сўради Зебо катта кўча ёқасида тўхтагач, “Такси” ойнасидан мўралаб.
— Ўҳ-ҳў, бағлардан аққа юз эллик чақирим юришга тўғри келади-ю, ўзи неча кишисизлар?
— Тўртта. Мен ва анави уч қиз.
— Майли. Ҳар бирингиз ўндан берасиз, ундан камига бормайман. Вақтим зиқ, розимисизлар, тезроқ айтинглар?
— Келишдик. Қайтишдаям ўзингиз ташлаб қўя оласизми
— Аввал Қўшчинорга етказиб, кейин ўйлаб кўрармиз.
Учала қиз нарсаларга тўла целофан халталару катта-кичик рамкали ялтироқ қоғозларга ўроғлик суратларни машина юкхонасига чаққон қўйишиб, орқа ўриндиққа ўзлари жойлашишди. Зебо эса ҳайдовчининг ёнига ўтирди.
Сутранг “Спарк” сип-силлиқ асфалт бўйлаб қанотларини ёйган мисол қушдай учди. Жавлонбек ҳайдовчикда одамларга қувноқ муомала қилишнинг ҳадисини олганди. У орқани кўрсатувчи ойнадан қизалоқларга нигоҳ югуртириб, самимий жилмайганча луқма ташлади:
-Ҳойнаҳой мактабда ўқисангизлар керак-а?
-Ҳа, ўқувчимиз ҳаммамиз, — деди ҳозиржавоблик билан ўртадаги қиз.
-Ие, сиз унда ўқитувчиларими? — Йигит ҳайратланган каби бошини аста буриб Зебога кўз қирини ташлади.
-Ўхшамадимми?
-Ўхшамадингиз.
-Зебо Йўлдошевнани ҳаммаям бизнинг ўқитувчи деб ўйламайди, жуда ёш кўринганлари учун ўн биринчини яқиндагина битирган бўлса керак дея тахмин қилишади кўпинча, — деди яна ўртадаги бибилдоқ.
-Қўйсангизлар-чи, қизларлар. Мени ўзингиздан анча катталигим сизлардан бошқаларгаям шундоқ билиниб туради аслида, – муаллиманинг юзлари қизариб, хижолат чекаётгани зумда сезилди.
-Неччидасиз? – Сўради ҳайдовчи.
Ўқувчилари “чурқ” этишга ботинолмагач, Зебо ўзига сира ёқмайдиган бу саволга яна нимадир дейиши кераклигини англади.
-Ўзингиз-чи?
-Насиб қилса, бу йил йигирма еттига тўламиз.
— Ҳа. Мен озгина каттароқ эканман.
-Йигит ҳайратланди. “Наҳот мендан катта бўлса?” деган ўйга борди. Қизнинг сўзларига ишониб-ишонмаса-да, қарашга ийманди. Барибир ёшини яширгиси келаётганини сезди.
-Турмушга чиққанмисиз? – Зебо безовталанди. Тўсатдан айтган гапи муаллимани ўнғайсизлантириб қўяётганини илғадию, аммо ўқ камондан аллақачон чиқиб бўлганини сезиб мум тишлади.
-Йўқ, шопир амаки, оямиз ҳали куёвликка номзодлардан ҳеч бирини ўзларига маъқул топмадилар.– Ноқулай вазиятдан халос қилишга уринишди қизлар устозларини.
-Яхши. Бу ахир умр савдоси, асло-асло шошиб бўлмайди, — деди йигит таажжубини яширгандай. Аслида “Ҳа, шундан экан-да. Жуда эсли-одобли, аҳли доно кўринадию, нега ҳалигача бирон оилани этагидан тутмагани қизиқ. Тавба ҳозирги қизларам ғалати” – деган фикр кечди хаёлидан.
-Қўшчинорда бирор тадбир борми?
— У ерда бугун вилоят миқёсида “Келажак юлдузлари” танлови ўтказиляпти.
-Эҳ-ҳа, бизлар эртанинг юлдузларимиз, денглар. Мен бўлса, сизларни светафор деб ўйлабман, — бирдан хо-холаб кулиб юборди йигит.
Қизлар кутилмаганда бу гапни ўзларига малол олишди.
-Нега ундай дейсиз? – дейишди бараварига.
-Бирингиз яшил, бирингиз қизил, бирингиз сариқ либосга бурканволибсизку.
Чиндан ҳам қизларнинг барчаси “Келажак юлдузлари” деб ёзилган эмблема тасвири олдига туширилган фудболкаларда эдилар. Аммо бири рассомчилик, бири рақс, бири ашулачиликдан қатнашаётгани учун йўналишлари бўйича кийинишганди.
Энди ҳайдовчи йигитнинг синчков эканини билдириб қўйиш ниятида енгил юмор қилганини билган қизлар жаҳлни унутишди.
-Майли, танишиб қўяйлик, камина одамларни “Юришга тайёрланиб туринглар!” деб огоҳлантирувчи сариқ белгиси — Нигинаман.
-Мен уларни тез юриб, йўлни кесиб ўтишга чорловчи яшил белгиси — Нозлиман.
-Мен эса Шаҳло, таъқиқ белгиси — қизилвойман.
Қизлар бирдан қиқирлаб кулиб юборишди. Сўнг яна сўзларида давом этишди:
— Билмасангиз билиб олинг. Бизлар барчамиз чораҳада, серқатнов йўлларда турамиз. Буйруқларимизга бўйсунмаганларнинг тақдири фалокатлар билан тугайди. –
Машинада яна гуррос кулгу кўтарилди.
– Қоидабузарларни асло аяб ўтирмаймиз, шавқатсиз жазолаб юборамиз!
-Эҳ-ҳе ёмон экансизлар-ку. Сизларни бунчалик қаҳриқаттиқ деб сира ўйламагандим, — дея ҳайдовчи ҳам ҳазилга аралашди. Сўнгра муаллимани ҳам суҳбатга тортгиси келди.
-Қизларингизни роса гапга ўқитибсиз.
-Йўқ-йўқ. Мен гапга ўқитмаганман, ўзлари аслида шунақа шўх-шаддод ўқувчилар.
Йигит ёнида беҳад чиройли, бунинг устига камгап, камтар, тортинчоқ қизнинг кетаётганидан юрагидаги аллақандай мудроқ ҳислар аста уйғонаётганини сезди.
-Нечанчи йилда туғилганингизни айтмадингда ҳеч, Паспортингизга бир кўз ташлагим келди, — деди яна ёнига ўғринча боқаркан йигит.
-Устознинг паспортларига эмас, сиз ўзларига боқинг. Маълумотлар ҳақиқатдан адаштиради, — деди Нигина.
-Ўн саккиз десангиз янглишмайсиз! – Қўшиб қўйди Шаҳло.
-Қизлар, етар, ҳаддиларингда ошманглар. Тушишга тайёрланинг. — буюрди Зебо ўртада жиддийликни уйғотиш учун. Сўнг ҳайдовчига юзланди.
– Чорраҳадан ўтиб тўхтаб қўйсангиз.
-Манзилга етибмизда. Қачон қайтасизлар энди?
-Телефон рақамингизни берсангиз, ўзимиз олдиндан вақтини айтамиз, телеграмингиз борми, ёзворамиз?
-Бор. Тез-тез кириб тураман.
-Келишдик. Телефонимнинг пули тугаган эди. Яхшиси, хабар юбораман.
-Кутаман.
Улар машинадан тушиб, танлов ўтказиладиган боғ томон илдамлаб кетишди. Жавлонбек эса худди йўлдан тасодифан жавоҳир топиб олгандек юраги орзиқиб машинаси рулини ортга бурди. Назарида, муаллима қиз мазмунсиз ҳаётида бирдан умид чироғини ёқиб юборди. Аммо ўзининг аллақачон оила аталмиш қўрғонга қадам босиб қўйгани, ва бу қўрғонда хотини, болалари борлиги сабаб ҳеч қачон чиқишга йўл йўқлигини ўйлаб юраги увишди. Нимадир алам қилди, нимадир ўкинч уйғотди. Чеҳрасини тундлик эгаллади. Кўзларига мунг қўнди. Умрбоқий ҳаёт шарти, бузиб бўлмас ҳаёт қоидаси олдида ўзини ғоят чорасизлигини англади.

****

Ниҳоят тушликдан кейин соат учлар атрофида телеграмида “Зебо Камолова” номи остида янги хабар келиб тушди. “Танловимиз тугамоқда. Йўлга чиқаверинг”. Жавлонбекнинг кўнглида қизиқишга ўхшаш қандайдир ҳис ғимирлаб, қизнинг исм-шарифини ёзиб “Fasebook” ижтимоий тармоғидан ҳам қидириб кўрди. Бир зумда топди. Топдию, профилдаги маълумотларни ўқиб кўзларига ишонмади. Наҳотки у 1989 йилда туғилган бўлса, наҳотки ҳозир ўттиз бир ёшда. Бироқ нега ҳалигача шундай маъсума қиз оила қурмаган. “Унинг бирон жиддийроқ касали… йўқ-йўқ севган йигити, кутаётгани, ишонгани бормикин?” Йигитнинг бошида саволлар ғужғон ўйнади. ғарқ бўлди. Сабаби у муаллима қиздан фарқли ўлароқ энди ўзи учун анчайин эрта бўлиб туюлган 21 ёшида уйланганди.
Машина етиб келганида эрталаб тушиб қолишган бекат бетидан қизлар тизилишиб кутиб туришарди. Худди светафор каби. Жавлонбек Зебонинг эгнидаги кўйлакнинг рангига эътибор қилди. Қизил. Таъқиқ белгиси…

***

Оқшом пайти У зерикканиданми, хотинининг асабини қақшатадиган шанғиллоқ овозидан чалғиш учунми ижтимоий тармоққа кириб, турли хабарларни ўқиётиб, тўсатдан кўзи Зебонинг профилига тушди. Доирача яшил ёниб турибди. Қиз ҳам онлайн, — у ҳам интернетга кирган. Иккиланиб-иккиланиб, охири шартта таваккал иш тутди. –“Уйингизга яхши етиб олдингизларми?”- деб ёзишга журъати етди ниҳоят.
“Ха. Раҳмат.”– жавоб келди уёқдан.
“Яна бирон юмуш бўлса, дарров менга хабар қилинг, зумда машинада олиб бориб келаман.”
“Хоп. Таклиф учун ташаккур.”
“Фақат шугина эмас, “Fasebook” дан ҳам дўстлик таклиф этдим сизга. Лозим кўрсангиз қабул қиларсиз.”
Бироз сониялардан сўнг қиз жавоб ёзди.
“Ана, қабул қилдим, энди дўст бўлдикми?”
“Дўст бўлдик. Ушбу илтифотингиз мени беҳад қувонтирди. Сиздек билмли, ақлли қизни учратиш ҳам бахт бизга.”
Қиз ҳеч нарса ёзмади. Жавлонбек Зебо ўзини мақташса, эътирофлашса, ҳижолат чекишини, вазиятдан қандай сўз билан чиқиб кетсам эка-а-ан” деб ўйланиб қолиш одати борлигини илғади. Шунинг учун гапни бошқа ёққа буришга ҳаракат қилди.
“Сизга қизил жуда ярашар экан. Бу рангни ёқтирасизми?”
“Қайдам. Шунчаки кийган кўринаман. Ўзингиз-чи?”
“Менга яшил ёқади. Худди светафорнинг шу рангдаги чироғига ўхшаб. Бунда олға юриш имконияти бор…”
“Доим олға юришни яхши кўраман денг?”
“Яхши кўрмайман. Истайман. Ҳозир шу истак менинг кўнглим тубидаги нурни ёқиб тургандек бўлади.”
“Зўрку.”
“Агар буни зўр деб ҳисобласангиз, нега сиз ҳам юриш белгиси рамзини яхши кўрмайсиз. Хаёлимда худди қизил чироқ остида туришни севадигандексиз.”
“Ўхшатишларга жуда уста экансиз”
“Шунақаман. Дилимга келган фикрларни тап-тортмай айтворадиган ғалати феълим бор. Ҳар қалай сизга ўхшаб “сирли одам” бўлишни сира эплолмайман.”
“Ким мени сирли деб айтди.”
“Ўзингиз.”
“Ўзим?”
Жавлонбек хотини ёнига келганини бирдан сезиб қолди.
-Манави матоҳингизни ташлаб, Нилуни ушлаб турсангиз бўлмайдими? Овқатим куйиб кетди-ку. Намунча шундан кўзингизни узмай қолдингиз. Бундоқ менга қарашай ҳам демайсиз.?
Йигит интернетни ўчириб, янги суҳбатдошини жавобсиз қолдиришга мажбур бўлди…

***

Паға-паға қор ёғиб турганига қарамай, Жавлонбек театр биноси олдига жуда эрта келди. Бугун умрида илк бор спектакль томошалашга тушиши. Бунга биргина сабабчи ўша… У фақат театргагина эмас, йигитнинг турли романтик ишқ қиссаларига тўла китобларни тунлари қўлидан қўймай мутолаа қилишига, кундузлари телефонидан турфа шеърлар ўқиб, севги қўшиқларини тинглашига, соғинчларда, фироқларда ўртанишига, ёниб-куйишларига ҳам сабабчидир.
Ниҳоят узоқдан қизнинг қораси кўринди. Буни қарангки, қадам босишлари ҳам ўзи каби ҳеч кимга ўхшамаган. Чиройли,ёқимли ва оҳиста.
-Охир-оқибат аразларингиз тарқаб, аёвсиз қийноқларингиз тугаб, учрашувга келганингиздан роса хурсандман, — деди йигит ҳаяжони ичига сиғмай.
-“Лайли ва Мажнун” спектаклини ўтказиб юборсак, гуноҳ бўлади деб ўйладим. Шу достон ёзилган китобниям туҳфалагим келди.
-Қани менинг совғам унда? – ёш болалардек кескин хитоб қилди у кўзлари бахтдан чақнаб. Гўё у шу лаҳзаларда ўзини орзулар кўшкида тургандек сархуш сезарди.
-Бу сизга! – деди Зебо қўлидаги қалин муқовали китобни йигитга узатиб.
-Рахмат. Эвазига манаву атиргуллар бағрингизни тўлдирсин. — Йигит ҳалитдан бери қўлида авайлаб ушлаб турган қип-қизил гулдастасини суюклисига узатди.
-Шундоқ аёздаям очилибдими булар? – Ҳаяжонини яширолмади қиз.
-Сиз учун очилган экан.
-Алдоқчи.
-Ўзингиз шунақа!
-Мен қачон ёлғон гапирдим?
-Билмайсизми?
-Билмайман.
-Ҳеч кимсага кўнгил қўймайман деганларингиздан тонасизми?
-Тонмайман.
-У ҳолда мени севмас экансиз-да?
Қиз не дейишни ҳам билмай уятдан кўзини ерга қадади.
-Мен сизга туйғуларим ҳақида сўз очишдан истиҳола қиламан, — деди у секингина.

***

Жавлонбек уйига кечқурун етиб келганида хотини ва болалари аллақачон уйқуга кетишганди. Ичкари ётоқхонага кирмай, зал тўрисидаги диванга аста ёнбошлади. Негадир кўзига уйқу келмади. Ҳали ҳануз “Лайли ва Мажнун”нинг оғир қисмати руҳиятига таъсир қилиб, юрагини изтиробга солар, ич-ичидан хўрлигини келтирарди. У кўнглига малҳам излаб қўлидаги китобни очди. Очдию, кутилмаганда орасидан чиқиб қолган хат йигитни сергаклантирди. У Зебодан эди.
“Мактуб – юзма-юз турганда айтолмаган ҳисларингизни қоғозга жойлаб, ўз эгасига авайлабгина етказишингиз мумкин бўлган ажиб зарқоғоз экан, дилқоғоз, туйғуқоғоз экан. Очиғи, мен ушбу номани битмоққа кўп иккиландим, қўрқдим. Чунки, кўнглимдаги гапларни йигит кишига айтиб ўрганмаганман. Аммо бугун ичимдаги жудаям кучли бир овоз ёзишга, тўкилишга ундади. Ахир, сиз менинг ҳаётимда, хаёлларимда қанчалар чуқур жой эгаллаганингизни билмайсиз деб ўйладим. Бунга ташқаридан қараганда ўзимнинг беҳад жиддий кўринишим сабаб. Аслида қалбимда туйғулар шунчалик қайнаб тошадики, денгиз ҳисларим олдида бир кўлмакдай гап. Болалигимдан ақл билан иш тутишга, ҳар нени ҳисоб-китоб чиғириғидан ўтказишга, гап-сўзларга мулоҳаза билан ёндошишга ўргатиб тарбиялашган. Шу боисдан, сиз ҳаётимга кириб келмагунча муҳаббатни хаёлимга ҳам келтиролмаган бўлсам керак. Бу қадар кучли ҳиснинг асирига айланаман деб сира тасаввурлолмасдим. Чунки мен узоқ йиллар давомида яшил чироқ ёнганини илғамай, мағрурлик билан сариқ, заъфарон нурлар остида умримни бой бердим. Аслида ҳар бир инсон туйғуларини англаб олиши учун вақт керак бўларкан. Мен севгини англашга кечикмадимми деган ўйларга бориб, қўрқувларга тушиб кетаман баъзан. Лекин барибир сизни топдим ва сиз томон чорраҳани кесиб ўтишга жазм айладим. Туйғулардан ақлни устун кўрувчи қизга ишқ нелигин англатганингиз учун ташаккур!
Самимият ила сизнинг Зебойингиз.”
Жавлонбек хатни ўқиб кўзларидаги ёшларини кафти билан артди. Қизнинг ижтимоий тармоқдаги профилига кириб “Номангизни олдим. Худди ўзингиздай гўзал битибсиз” дея ёзиб қўйди. Сўнг мириқиб тинч ва хотиржам уйқуга кетди. Тонгда ҳаммадан эрта уйғониб ўзи нонушта тайёрлади. Кийиниб, тараниб, барвақт ишга жўнади…

***

Йигит тушдан кейин қизга қўнғироқ қилиб, телефон ўчирилганига бироз ҳайрон бўлди. Эҳтимол мажлисдадир, деган ўйда ўзининг жавоб қайтаришини кутиб кунни кеч қилди. Кўнглига қандайдир ҳавотир чўкди. Яна ва яна рақамга уланиш тугмасини босар экан, ҳар сафар бир хил “Абонент аппарати ўчирилган” сўзи такрорланавериб, тинглайвериб хуноби ошганча уйига йўл олди. Балки қиз уялаётгандир, дея яхши гумонларга боришга ҳаракат қилди. Кечқурун эшикни кўзлари йиғидан қизариб кетган рафиқаси очди.
-Зебо Йўлдошева ким? — деди у тўсатдан.
-Қанақа Зебо?
-Ўзингизни гўлликка солманг. Қайси Зебо бўларди, сиз ҳар доим телеграмингизда ёзишиб юрадиган анави мегажин қари товуқда!
-Оғзингга қараб гапир хотин! У қиз сен ўйлагандек…
-Айтинг-айтинг, қанақа у? Бировнинг эрини йўлдан уришга уялмайдиган оппоқ фариштами?
-Ҳа, фаришта!
-Менга раҳмингиз келмаса ҳам, ҳеч бўлмаса, шу икки болангизга ачинмадингизми, уятсиз! Тағин ҳаммани алдаб, қанақасига ўзингизни эркакман, отаман деб юрибсиз. Ҳайф сиздақа эрга. Мени қаро гўрга тиқдингиз, ҳаётимни хазон қилдингиз.
Жавлонбек ҳозир нимадир деса сўзлари оловга баттар керосин сепгандек акс таъсир қилишини англаб тилини тийди. Хотини Зумрад эса баттар жазавага тушди.
-Илгарироқ ёзишмаларингизни ўқиб, ўша бетийиқнинг шармандасини чиқазишдан ўзимни бир-икки тўхтатгандим. Бироқ эрталаб ёстиғингиз остидан манави хатини топиб олиб, қоним қайнаб кетди.
Жавлонбек хотинининг қўлидаги хатга кўзи тўшиб юраги “шув” этди. Унинг кейинги сўзларини эшитгач, кўзлари даҳшатдан чақчайиб, йиқилишига сал қолди. Ҳаммаси тамомлигини англади.
-Ўша қари илоннинг мактабига бориб, ҳамкасбларию ўқувчилари олдида сочини юлиб, юзини тупроққа қориштириб келдим. Оилалик эркакни йўлдан уриш қандай бўлишини кўриб қўйди ҳаммаси. Бари қилмишларини бўйнига қўйиб асл башарасини ёнидагиларга танитиб қўйдим.
-У-чи? У нима деди? – Жавлонбекнинг қўрқувдан танасига дағ-дағ қалтироқ кирди.
-Нима ҳам дея оларди, мен ўшанинг гапини эшитиб ўтиргани борганмидим. Юз-кўзини юмдалаётсам, “Сизнинг борлигингизни билмагандим, опа?!” дея кечирим сўраб, пойимга чўкиб тавалло қилишни билди, холос. Ўзича мени боплаб лақиллатаман деб ўйлади чамаси.
-Унда айб йў-ў-ў-ўқ! – Қичқирди эр бор овози билан. Кутилмаган шовқиндан ичкари уйдаги катта ўғли йиғлаб ташқарига отилди.
– Мен Зебога оила қурганимни айтгим келмаганди. У чинданам билмасди. Нималар қилиб қўйдинг, хотин?
Жавлонбек умрида илк бор хўнграб йиғлаб юборди. Ҳатто ён қўшниси Робия хола йиғи овозини эшитиб, ёнига чопиб келганини кўрганда ҳам ўзини тўхтатолмади. У ҳозир ҳамма нарсани унутган, ҳаётнинг, яшашнинг мазмуни тугаган эди. Энди ўлари ҳам, қолари ҳам барибир эди. Жавлонбек дунёдаги энг севган инсонидан бир умрга айрилганига балки чидаши мумкиндиру лекин, ўша беайб, беғубор, фариштасифат қизнинг бошига хунук фожиани йўлиқтиргани учун ўзини қандай кечира олади, қандай оқлай олади…

048O’qishga kirishga bo’lgan dastlabki urinishlarim natijasiz tugagach, uyimizga yaqin shifoxonaning asab xastaliklari bo’limiga farrosh bo’lib ishga joylashdim. Vaqtim tongdan shomga qadar palatama-palata kirib, pol va eshik-deraza oynalarini chinnidek tozalash bilan o’tardi. O’sha kuni navbatdagi xona, meni g’alati hodisa kutib turganidan bexabar edim…

Manzura ABDULLAEVA
HIKOYALAR


Manzura Abdullayeva 1994 yil 30 oktyabrda Namangan viloyati To’raqo’rg’on tumanining Bekobod qishlog’ida tug’ilgan. Ayni paytda Namangan davlat universiteti 4-bosqichida tahsil olmoqda. Uning hozirgacha “O’xshashimni topmassiz aslo”, “Umid tugib keldim dunyoga”, “Sizni uchratmaguncha” nomli nazmiy to’plamlari, “Quyosh ertaga qaytar”, “Qumg’on”, “Bolako’z”, “Xonzodabegim” nomli nasriy, “Ishoqxon Ibrat — serqirra ijod sohibi”, “Kitobxonlik: o’qiganlarim va uqqanlarim” nomli ilmiy-ommabop kitoblari nashr etilgan. O’zbekiston yoshlar ittifoqi hamda Navoiy nomidagi Davlat stipendiyalarini qo’lga kiritgan.


O’ZLIK

O’qishga kirishga bo’lgan dastlabki urinishlarim natijasiz tugagach, uyimizga yaqin shifoxonaning asab xastaliklari bo’limiga farrosh bo’lib ishga joylashdim. Vaqtim tongdan shomga qadar palatama-palata kirib, pol va eshik-deraza oynalarini chinnidek tozalash bilan o’tardi. O’sha kuni navbatdagi xona, meni g’alati hodisa kutib turganidan bexabar edim. Palata ikki kishilik bo’lib, bittagina yangi kelgan bemor bor ekan, xolos. U shiftga termulib yotardi. Avvaliga kirganimni sezmadi. Borligimni bildirib qo’yish uchun qo’limdagi shvabrani devorga tiradim-da, “Assalomu alaykum!” dedim ohistagina.
Ro’paramdagi notanish odam menga ko’zi tushishi bilan shoshib o’rnidan turdi. Kuchli hayrat bilan yuzimga tikilib qoldi.
-Siz! – dedi hayajondan titragudek ahvolda.
-Ha, xonani tozalashim kerak, — dedim kelganim sababini tushuntirmoq uchun.
— Na…hot…ki… Na…hot…ki?!
U duduqlandi. Yuzlari qizardi, kipriklari pirpiradi.
— Nihoyat o’zingizni uchratdim. – Pichirladi yana.
— Menimcha, kim bilandir adashtiryapsiz. Uzr, siz o’xshatgan odam men emasman. – G’alati yigit ekan deb o’yladim ichimda. Uning esa birdan ko’zlarida yosh g’imirladi. Qaroqlarida marjondek yumaloq tomchilar kipriklarida qalqidi.
— Meni tanimadingiz shekilli? Suratingizni takror-takror chizib charchamagan rassomingizman axir.
— Nimalar deb aljirayapsiz o’zi, — ermak qilayotgandek tuyulib, g’ashim chiqdi. Men sizning yuzingizni birinchi marta ko’rib turishim. Qanaqasiga bizlar tanish bo’lishimiz mumkin.
U yana bo’sh kelmadi.
-Eslolmadingizmi? — Ranjidimi, so’zlarimga ishonmadimi, ko’rinishiga boqib anglolmadim.
— Aytdim-ku, kimgadir o’xshatyapsiz, xolos, mayli o’tib ketadi aldamchi tasavvuringiz.
Vaqtimni yelga sovurishni istamay darrov supurgiga yopishdim. Bemor esa angraygancha ne deyishni-da bilmay qarshimda boshini afsus chekkanday saraksarak qildi.
-Men sizni ko’p bor tushimda ko’raman, — Yana jim turolmadi u.
-Tushga qarab fol ochayotgan ekansiz-da hali.
— Yo’q, hayotda ham bir necha bor uchrashganmiz, — o’jarligi to’xtamadi yana.
— Qayerda? Qachon? — Uning aqli-hushi joyidaligiga shubha uyg’ondi menda.
— O’tgan bahor. Majnuntolsoyda, — beparvo javob berdi qat’iy ishonch bilan.
— Iye, u joyga borish tugul, hatto nomini ham eshitmaganman-ku?! – Taajjubdan yoqa ushlagudek bo’ldim. Tezroq ishimni tugatishni, tezroq xonani tark etishni o’ylab, harakatimni tezlashtirdim. Palataning noqulay vaziyati boshimni anchayin dovdiratib qo’ygandi.
-Men sizning suratlaringizni chizganman. Ertaga do’stimga aytib uyimdan oldirib kelaman. O’zingiz o’zingizni o’z ko’zingiz bilan ko’rganingizda kechirim so’rarsiz, – dedi chiqib ketayotgan chog’im ortimdan.
Kechki payt uyga qaytayotib ham g’alati yigitni gaplari qulog’im ostida jaranglayverdi. Chalg’ish ilinjida radioda so’zlayotgan suhandonga quloq tutdim. “Inson bu dunyoga sinov uchun keladi, shunday ekan…” Tavba deb qo’ydim ichimda, telbadek o’zimdan o’zim kulib yuborganimni sezmay qoldim. Qiziq, chindan ham odam dunyoga faqat sinov uchungina kelganmikin?..
Tunda negadir uyqum qochdi. Haligi notanish ertaga o’zimni o’zimga ko’rsatmoqchiligini o’ylab…

****

Ertasiga tushga yaqin navbat tag’in uning palatasiga keldi.
-Kechirasiz, xonani tozalab qo’yishim kerak, — dedim ostona xatlab o’zimni beparvo tutishga uringancha.
Menga ko’zi tushiboq quvonib ketdi.
-Sizni anchadan beri kutib o’tirgandim, mana ko’ring, — dedi qo’lidagi yaltiroq qog’ozga o’rog’liq ramka-suratni menga uzatib.
Ko’ngli uchun shashtini kesmadim. Sekin qo’l cho’zdim. Garchi ishonmasam-da, ko’nglimni g’alati hayajon qamradi. Avaylabgina suratni ochdim.
Rasmdagi qiyofa menga butunlay mavhum ko’rindi. Uning yuzu qosh-ko’zlariga tikilib, na o’zimni tanidim, na o’zini. Hafsalam pir bo’lib, qo’limdagi kartinani stol ustiga asta qo’ydim.
-Bu men emasman! Aytgandimku adashtiryapsiz deb, — ko’ngliga olmasligi uchun ataylab jilmayib ham qo’ydim.
-Odamzodni suratimas, aksincha siyrati muhim. Shuning uchun bunda chiroyingizni emas, ko’proq qalbingizni aks ettirishga uringanman. Aslida bu — sizsiz. Yaxshilab qarang. – Yengilishni istamasdi u.
Suratga qaytadan tikila-tikila o’zim emasligimni tasdiqlovchi bahona topdim. Mening sochlarim uzun, uniki esa kaltaroq ekan. Ko’ylagiyam pushti ekan, menda bunaqasi yo’q.
Yigitning ruhi sindi, ko’ziga mung qo’ndi.
-Ajabo! Odam atigi bir bor bo’lsa-da, o’zini tanimasa-ya. Bunga balki o’zim aybdorman. O’xshatib chizolmabman-da…
G’oyat noqulay ahvolga tushdim. Xuddi gunohkor kishidek yerga tikildim. Qandaydir nomaqbul so’z aytib, suhbatdoshimning dilini vayron qilishni istamasdim. Ammo birdan ichimda shubha g’imirladi. Balki u meni ko’ngilchangligimdan foydalanib, boplab ustimdan kulayotgandir. Tilimni tiyib turolmadim:
-Hechqisi yo’q. Madomiki, surat kimgadir tegishli ekan, albatta, tez orada o’z egasini topsa ajab emas. Ana o’shanda meni birov bilan adashtirganingizga iqror bo’lasiz, xo’pmi?!
U miq etmadi.
Kechki payt yana uyga qaytarkanman o’ylarim chuvalgandan chuvaldi, o’sha rasmdagi qiyofa ko’z oldimdan anchagacha ketmadi.

****

Nayson kirganidan daraklab, tashqarida yomg’ir shivaladi. Atrofga derazadan nigoh tashladim. Pastak-pastak yordamchi binolar bo’g’otida beozor musichalar tumshayib o’tirardi. Ko’kka kamalak belbog’ bog’lagandi. Ro’yi zamin o’zgacha tus olgandi. Rassomni shifoxona hovlisidagi qiyog’os gullagan olcha ostida ko’rdim. Beixtiyor oyoqlarim u tomon yetakladi.
— Namboda havoda nega o’zingiz yolg’iz o’tiribsiz?
U so’zlarim ohangida g’amxo’rlik borligini ilg’adi.
-Yomg’ir haqida nima deysiz? Quyosh haqida-chi?
“Tavba, savollari ham o’ziga o’xshaydi-ya” — o’yladim ichimda.
-Qaydam. Ikkisi ham mana shu daraxtlar uchun birday foydali.
— Lekin ularning qanchalar zaruriy ne’matligini yetarlicha anglamaymiz, to’g’rimi?
“Ha” degandek bosh silkidim.
— Hayotingizda afsus nimaligini hech his qilib ko’rganmisiz? – yigitning nigohlari g’oyatda g’amgin edi.
— Yo’q. O’zingiz-chi?
— Men undan har lahza qo’rqib yashadim. Har lahza o’zimni asrashga urindim, yon-atrofidan ham o’tmaslik uchun turli yo’llarni axtardim, turli qiyaliklardan o’tdim. Bir umr yiroq yashashga intildim. Ammo, oxir-oqibat butunlay bag’rimni bag’riga bosib, og’ushiga chulg’ab oldi, tamoman zabt etdi, meni.
Qarasam, ichi to’la dard, boshqalarniyam dardli qilmaguncha charchamaydigan chog’i bordek tuyuldi
-Voy, soatga ham qaramabman. Ketish vaqtim bo’pti-ku. Men boray. Siz ham tezroq ichkariga kiring, dedim endi shosha-pisha.
Hovli chetidagi yo’lakdan ketarkanman olchalarning ariq pushtalariga to’kilgan gulbarglarini loyqa suvlar oqizib ketayotganiga ko’zim tushib, nimagadir mahzunlashdim.

* * *

O’sha kunlar yolg’izgina suyangan tog’im otamning sog’liklari birdan og’irlashsa bo’ladimi, haftalab yonlaridan jilolmadim. Poytaxtga olib borib, taniqli shifokorlarga qaratdik. Foydasi bo’lmadi. Padarimning jonlari uzildi. So’ngra uzoq vaqt sira tongi otmaydigan tun qo’yniga tushib qolgan kishidek siqilgandan-siqilib yurdim. Boshga tushgan judolikni unutish uchun ishga qaytgan kunim rassomning xonasini yangi bemorlar egallashganini ko’rgach, negadir yanayam kayfiyatim tushib ketdi. Zalga chiqib, deraza yonida xo’rsingancha og’ir tin oldim. Yonimga hamkasblarimdan biri kelib, qo’limga kattakon suratni tutqazib ketdi. Shoshib ichini ochdim. Bu uning qoldirib ketgan yagonagina tuhfasi — siz deb tanishtirgan qiz portreti edi. Qarshimdagi rasmdagi tanish chehradan xijolat tortib, ko’zlarimni olib qochdim. Uning qaroqlari muhabbatga, armonga limmo-limdek ko’rindi. Oldida yig’lamaslikka, yig’lab yubormaslikka harakat qildim. U bilan ikkimiz so’zsiz gaplashardik go’yo. Ruhim darchalari ikki yonga keng ochilib ketgan uyga o’xshab qoldi. Ko’ksimda nimadir isyon ko’tardi.

***

Kuzning so’nggi oylari. Ko’nglim allanechuk hislardan to’liqib, rassom bemor “Bir zamonlar doimiy ishlaydigan joyim” deb aytgan xiyobonni kezib, uni axtardim. Yo’lak bo’ylab yurib borarkanman, negadir to’kilmagan yaproqlar e’tiborimni tortdi. Qiziq, shamollar qanchalik olib ketishga yulqinmasin daraxtlar shoxlariga ilinib turgan barglarini sira-sira qo’yib yuborgisi kelmasdi. Horg’in chinorlarga qo’ngan qushlarning ovozi o’chib, atrofga mo’ltirab-mo’ltirab qarar, archazorlar ostidagi ariqchalarda marmar suvlar sokin qo’shiqlarni xirgoyilardi. Nihoyat men yigitni topdim. U maydon o’rtasida surat chizish bilan mashg’ul ekan. Sevinchimdan o’zimni tutolmay turgan joyimda qichqirdim.
-Ho-o-oy! Hammasini bildi-i-i-im. Men o’shaman!
Rassom ortiga burilib, birrov ko’z tashlab qo’ydi-da, keyin yana qaytadan boqishga majbur bo’ldi.
Ildamlagancha yetib bordim. Yigit esa beparvo, ishida xotirjam davom etardi.
-Nahot tanimadingiz, men o’sha siz suratini ko’rsatgan qizman.
-Kim? – dedi hayron hayron holatda asta boshini ko’tarib. Uning bir qo’lida cho’g’dek tamaki tutoqib-tutoqib yonardi, bir qo’lida rasmga moybo’yoq bilan ishlov berardi.
-Meni taniyolmayapsizmi? – Ko’zlarimdan issiq-issiq yoshlar to’kila boshladi.
-Tanidim, tanima o’libmanmi. Hu-u-uv bir bahor shifoxonangizga tushib qolib, o’rinsiz rosa qiynab qo’ygandim sizni.
-Nega o’rinsiz deysiz? Keyin bilsam, chindan ham o’sha men ekanman. Mana qarang, dedim pushti ko’ylagimni ko’rsatib.
Rassom birdam iztirobli nigohlarini ko’zlarimga qadab turdi-da, jinoyati og’ir mahbusday chuqur anduh bilan:
— Yo’q, siz emas! Men adashgan ekanman, — deya ishida davom etdi.
Uning yap-yangi chizayotgan kartinasidagi o’zimni ko’rib haykaldek qotib qoldim.

RISOLAGA TUShMAGAN ODAM

Ayol choynakni zarb bilan stol ustiga qo’yib o’shqirdi:
-Qachon sizga es-aql bitarkin? O’lar bo’lsam, o’lib bo’ldim-ku.
Berdimamat “Yana qanday “karomat” ko’rsatibman?” degan xayolda tashvishga tushdi. Xotiniga taajjublanib qaradi.
-Anov sutsotar bolaga nega narxidan ko’proq pul to’lab edingiz?
“Gap buyoqda ekan-da” o’yladi ichida. Xiyla yengil tortdi. G’udrangancha tushuntirishga urindi.
-Bechora qorning sovug’ida dildirab yurganakan…
-Xo’p, nima qipti shunga, yo sizning qarindosh-parindoshingizmidiki, unga rahmingiz kelsa?
-Darsdanam kechqolyotgandi, mashina kirasini qo’shib bervordim-da.
-Eh, dadasi-dadasi-ya — Yolg’ondakam yig’lamsiradi xotin.
-Ziqna bo’lma, Zubayda! Bunaqalarga birni uzatsang, xudo senga mingni uzatadi.
-Berdi, tag’in kechani o’zidayoq berdi. Yo’qligingizda onasi uyimizga kelib, janjal ko’tardi, ketti.
-Aybsiz aybdor bo’pmanda.
-O’zingizni oqlamang, “Qo’ni-qo’shnilarimiz oldida nomusga qoldirdingiz. O’sha boyvachcha eringizga ayting, qaytib bolamga sadaqa berib yurmasin, yo’qsa, xo’jayinimga tayinlayman o’zining tilida gaplashib qo’yadi” deb rosa do’q-po’pisaladi.
Ertalabki “shirin” nonushtadan kayfiyati tushgan Berdimamat papkasini qo’ltiqlab ko’chaga otlandi. Uyi yaqinidagi sershovqin bekatga borib, o’rindiqlarning biriga cho’kdi. Atrofga g’amgin nigoh tashladi. Yon-verida qayerlargadir shosha-pisha ketayotgan odamlarni kuzatib o’ylanib qoldi. Birdan qulog’iga mashina tormozining vahimali ovozi eshitildi. ovozi chalindi. U sapchib o’rnidan turdi. Shovqin kelgan tomonga boqdi. Nariroqda kulrang “Neksiya” chinorga tumshug’ini urvolgancha tutab turardi. Berdimamat chopib borib ulov eshigiga yopishdi. Qarasaki, o’rta yoshli bir odam bexush ahvolda rulga boshini tirab yotibdi, chakkasidan qon sizib oqyapti.
-Hoy o’rtoqlar, yordam beringlar – bor ovozi bilan qichqirdi u.
Qayerdandir paydo bo’lgan kimsa falokatni shosha-pisha telefoni tasviriga tushirdi. Yaqindagina bir-biriga bamaylixotir gap tashlab, o’tgan-ketganga baho berib uymalashib turgan yosh-yalanglar zumda g’arqu g’oyiblanishdi. Ayrimlar eshitmagandek, ayrimlar ko’rmagandek o’tib ketishaverdi. Kimdir “103”ga qo’ng’iroq qilishlikni aytdi. Hushyor tortgan Berdimamat o’sha zahoti kostyumi cho’ntagiga qo’l soldi. O’chikkandek telefoni uyida qolibdi. Hovliqib mashinalar yo’liga chiqdi. Sariq “Neksiya” to’xtashi bilan yalinib-yolvorishga tushdi.
— Jon og’ayni, ahvoliga qara anavi bechorani shifoxonaga, tez olib boraylik.
— Militsiya kelsin, kimga kerak befoyda bosh og’riq, — dedi u pinagini ham buzmay.
-Vaqt ziq, qonga belanib yotibdi axir, achinsang-chi, — iltijoli boqdi Berdimamat.
— Achinishga achinamanu, kira qilishim zarur, yo’l haqini menga kim to’laydi? – baqraydi haydovchi.
-Hozir pulni o’ylaydigan paytmi, bir odam jon talashib turganida?!
— Menga nima, bu mashina “103”niki emas, eshikdan qo’lingizni torting, ishdan qoldirmang!
Berdimamatning g’azabi qaynadi.
— Qancha so’rasang, o’zim beraman!
-Bo’pti-bo’pti, faqat sekinroq, — dedi haydovchi “insofga kelganday”…
Behush yotgan jarohati og’ir yigitni birgalashib shifoxonaga yetkazishdi. Oq xalatli do’xtirlar o’sha zahoti qurshovga olishdi. Ular zalda qolishdi.
— Kimingiz bo’ladi o’zi, rosa mehriboni ekansiz? – dedi haydovchi. So’raganini berishini eslab, endi ketishga hech shoshilmasdi.
-Hech kimim, — taajjublandi u.
— Yetti yotga shunchalik kuyunyapsizmi?
— Nima qipti, uning o’rnida sen bo’lganingdayam…
Haydovchi sergaklandi.
-Kechirasiz, kalta o’ylabman.
-Og’ayni, men uchun dunyoda odamning begonasi yo’q, qarindosh bo’lmasa, bo’lmas, ammo-lekin vatandosh, taqdirdosh. Aslida barchamizning o’q ildizimiz bir – Odam Ato va Momo Havoning avlodlarimiz, — dedi dilidagini tiliga chiqarib.
-Bu gapingizdayam jon bor, — deya ma’qulladi “xojatbarori” uni tushunganday.
Eshik ochilib, do’xtirlardan biri zalda yuzlandi.
-Ko’zini ochdimi? – so’radi Berdimamat bezovta holatda.
-Ochdi, ochdi, joni uzilay-uzilay deb turganakan, ozgina kechikkaningizda bormi…
-Hayriyat, xudoga shukr, xudoga. – U yengil tin oldi.
— Ana endi ishlar besh, hisob-kitob vaqtiyam yetti, — dedi notanish sherigi ikki kaftini bir-biriga ishqalab mamnun qiyofada.
Berdimamat uning shifoxonada ketkizgan vaqtini ham o’zicha pulga chaqdi. Qo’liga uchta 10.000 so’mlik tutqazdi.
— Do’st, namuncha qurumsoqsiz, — dedi rozi bo’lmaganday jiddiy ohangda. – Bir odamning hayotini saqlab qoldik, oyoqqa turgandayoq mukofotning kattasi o’zingizga tegadi. Men teppa-teng arra qilaylik deb sizni qidirib yurarmidim.
Berdimamatning avzoyi o’zgardi. Qo’llari qaltiradi. Ko’zlari to’la nafrat bilan tutoqdi:
-Qanday ahmoqona gap bu! Sen hali meni ta’magir yaloqqa o’xshatyapsanmi, yaramas!
U sira o’zini tutolmay qoldi. Qoni qaynadi. Yuzlari qip-qizarib, peshonasi tirishdi, lablarigacha titroq kirdi. Nafas yetmayotganday bir qo’li bilan qora bo’yinbog’ini u yoq-bu yoqqa qayirib bo’shatishga, yoqa tugmasini yechishga urindi. Boshi ham aylandi chamasi ikkinchi qo’lini deraza rahiga tayanish uchun zo’rg’a cho’zdi.
Nojo’ya so’zlari bilan Berdimamatni tang ahvolga solib qo’ygan haydovchining kapalagi uchdi.
— Hazillashdim, do’st, hazillashdim, — dedi xatosini to’g’rilashga o’tib. Keyin yiqilib ketishiga yo’l qo’ymaslik uchun ikki qo’ltig’ining ostidan qo’llarini o’tkazib, arang-arang tirab ushlashga ulgurib qoldi…
Kun bo’yi charchab-horib kechqurun uyiga qaytganida xotinining jag’i yana ochildi. Bobillashdan tinmadi.
-Qaylarda yuribsiz?
— …
-Ishxonangizga nega bormadingiz?
-Bordim, kechikibroq.
-Nima deyishdi?
-Sendan ham telefonda so’rashgan ekan.
-Jazongizni olgandirsiz?
-Qanaqa jazo, sababini bilgach, ularning o’zlari uzr so’rashdi shoshilib sen bilan bog’lanishgani uchun.
-Ha, osmon uzilib, yerga tushganu, siz ko’tarib qolgandirsiz-da?!
-Bas, yetar! Buguncha chakagingni o’chir, shusiz ham rosa toliqqanman.
-Agar men rahbaringiz bo’lganimda…
-Nima qilarding?
-Ishdan haydab solardim!
Er chuqur uh tortdi. So’ng bo’lgan voqeani aytib, xotinini tinchlantirishga urindi-yu, yana bo’lmadi. U badtar lovulladi.
-Mabodo o’sha yigit qo’lingizda jon taslim qilganida bormi, bizni xudo urardi-ya, unda o’zingizni qanday oqlardingiz?! Yaxshilikka yomonlik qaytmasmidi? G’irt jinnisiz, jinni!
-Kim jinni?! – O’shqirdi Berdimamat.
-Ho’p-ho’p, men jinni, allakimlarning tashvishlarini chekib yurgan erini tergagan, oilasi g’amini yeb, kecha-kunduz tinim bilmaydigan men jinni! Siz o’zi qachon risoladagi odamlardek yashagansiz…
Zubayda bolasining beshigi ustiga ko’k baxmal o’ramasini yopib, piq-piq yig’lashga tushdi.
Berdimamat hafta oxirida qo’li yupqa bo’lishiga qaramay, bozorga chiqdi. Onasiga paxtalik kamzul, qalin ro’mol, jun patakli mahsi-kalish sotib oldi. Qishloqda onaizori yo’llariga termulib o’tirgandir. Borsa, boshi osmonga yetadi. Birga yashayotgan ukasi va kelini o’z yo’liga. Ertaga –yakshanbada Mirishkorga tushishni niyatlab uyiga qaytganida, xotini yana xarxashani boshladi. Ayniqsa, xaridlariga ko’zi tushganida jazavasi tutdi.
-Shu savil qolgur qimmat matohlar o’rniga uyimizning qamu-ko’stini qilsangiz bo’lmasmidi. Onangizning sandiqlarida bunaqalar qo’sha-qo’sha qalashib yotgandir. Hey, qanaqa ersiz, foyda ziyonning farqiga qachon borasiz? Ularga qarash, kiyintirish birga yashayotgan, uy-joylarga merosxo’r qaynog’am va ovsinimning yelkasida emasmi?!
-Meniyam umid bilan boqqanlar axir. Namuncha ziqnalik qilaverasan?!
-Siz asli qachon mening gapimni quloqqa ilgansiz. Shu ham eru xotinchilikmi. Boring – boring o’sha onangizning yonlariga, topganingizni tashiyvering qishloqqa!
-Og’zing qachon yumiladi, xotin?! – Jahllandi Berdimamat ham.
-O’lganimda, ha, o’lganimda! – Badtar kuchaydi Zubayda.
-Mayli, mayli, jag’ing ochiqmi, tiling achchiqmi, farqi yo’q menga, aslo-aslo o’lma, umring uzoq bo’lsin, xotin, — sal yumshadi eri…
Ota hovlisi shundoqqina Farg’ona kanalining yoqasida edi. Berdimamat ko’prikdan o’tiboq “Damas”dan tushdi. Kuzning poyonida boshlangan sovuq havo yuziga urildi, etini junjiktirdi. Jempir ustidan kiygan qalin kastyumining old tugmalarini ketma-ket qadab, uyi tomonga ildam odimladi. Suv qirg’og’idagi “qadrdonlari” – bo’ydor teraklarga goh-goh razm solib borardi. Birdan yuragi g’alati ura boshladi. Terakning yo’g’on tanasidagi “sevgi muhri”ga tikilgancha to’xtab qoldi. B+Z=C bitigini o’n yillar o’tsahamki, po’sti berkitolmabdi. Beixtiyor balog’at chog’idagi ishqdan sarmast lahzalari ko’z oldidan o’ta boshladi.
Zubayda bilan bir mahallada yashashardi. Qator teraklarning xuddi shunisiga mehrlarini o’zgacha bog’lashgandi. Yanayam aniqrog’i, ostida to’xtash uchun bahona axtarishga xojat qolmasdi. Boisi, bo’yi u qadar baland bo’lmaganidan shohlari tarvaqaylab o’sardi. Yozda issiqdan, qishda qoru yomg’irdan qochib turadiganlarni go’yo panohiga chorlab, “ayb”ni o’ziga olayotganday tuyulardi. U zamonlar Berdimamat bilan Zubaydaning visolgohlariga aylangandi. O’zining mo’ylabiga endigina ustara urilgan yigitchalik, Zubaydaning illari “duduq”, qarashlari chaqmoq, qaddi-qomati to’lishib, ko’rganning aqlu xushini shoshiradigan payti edi. Bugungidek bag’ritosh, beti qattiq, yuzgachchopar bo’lib ketiishi Berdimamatning yetti uxlab tushiga kiribdimi.
-Ishqimizning yagona guvohi “terisi”ga ismimizning bosh harfini o’yib qo’yaman, — degandi xayolidan o’tib yurgan fikri yodiga tushib u. So’ng cho’ntagidan chalauzarini chiqarib, uchlarini terakning kulrang po’stiga sanchgandi.
— Mamat aka, qo’ying, teragimizning gunohi bizga panoh berganimi, uni azoblamang, — deya Zubayda mo’ltiragancha daraxtga ich-ichidan achingandi.
Yigitning shashti qaytmadi baribir.
— Bugun azoblansayam, ertaga faxrlanib mag’rur turadi, bizlarning hamma havas qilgudek muhabbat juftligimizni ko’rib.
Zubaydaning ichki quvonchi va hayajoni yuzu ko’zlarida zohirlandi. Nogoh tilining tuguni yechilib ketdi.
-Chindan-a, Mamat aka, chindan-a?!
Ilgarigi tortinchoq qiz endi qayerda. Nahot hayot odamni butunlay o’zgartirib yuborsa. Bolalikdagi tarbiya shunchalik mo’rtmikin? Yo turmush tashvishlari ayollarni o’zi bilib-bilmagan holda ko’ngli tor va xudbin qilib boraverarmikin? Odamlarning odamlarga oqibati ortish o’rniga tobora kamayib borishi tabiiy jarayonmi, yoki bozor iqtisodiyoti, pul, foyda, boylik atamalarini har kuni to’tidek takrorlayotgan nafs bandalarining ko’hna qadriyatllarimizga choh qazishiga loqaydligidanmi?
Inson qancha boyisa, qimmati ham shuncha oshmaydimi? Kimni qarasang, faqat o’zining o’chog’iga cho’g’ tortgani cho’g’ tortgan. O’zgalarnikida kul ko’rinmasa ham parvoyi falak.
Yo’q, yo’q! Yaxshilikni qizg’onadiganlar savobdan bebahra yashaydilar. Savobdan bebahralik nainki bandasiga, xudoga ham xush kelmaydi. Bunday kimsalar jamiyat uchun sonda boru, sanoqda o’lganlar qatorida turadi. Qo’li ochiqning yo’li ochiq. Berdimamat shularni o’ylab borarkan, xotinining oldida hech qachon “risoladagi” odam bo’lolmasligidan zarracha o’kinmasdi. Qaytangga “Dunyoda shunday yaralganman, dunyodan shunday o’taman” deya o’ziga o’zi shivirlardi.
Qo’qqisdan qandaydir yirikroq toshmi, jonivormi suvga “shulp” etib tushgani qulog’iga chalindi. Sergak tortib, ovoz kelgan tomonga olazarak nigohini qadadi. Undan o’n besh qadamcha oldinda suv yuzida qalqib-qalqib oqayotgan odam ekanini qip-qizil ro’molidan fahmladi-yu, qo’lidagi narsa to’la selofan xaltasini chetga qo’ygancha ortidan chopdi. Suvga atay o’zini tashlaganmi, yo qirg’oqdan toyib ketganmi unga qorong’u. Hozir buning zarracha ahamiyati yo’q edi. Faqat tezroq najot qo’lini uzatishi shart. Bil’aks sovuq suvning o’zi ham cho’kayotganning hayot shamini so’ndiradi, qo’yadi. Berdimamat o’qday otilib, o’ljasini quvgan ovchiday ro’parasidan o’zini shiddat bilan oqinga tashladi. Qayiqning eshkagidek ikki qo’lini shitobli qulochkashlab suzgancha unga intildi. Yetib oliboq ko’ylagidan changalladi. Bir amallab qo’llaridan ham mahkam tutoldi. Xushsiz edi-yu, tirikligini yuragi sezdi. Jon-jahdi bilan qirg’oqqa tortqiladi. Agar bo’sh kelsa, shoshqin oqim o’ziniyam qo’shib g’arq qilish payida edi. Daxshat bunday mahalda odamda yovvoyi kuch-quvvatni qo’zg’ab yuborarkan. Uning tanasi na sovuqni sezardi, na o’limga yuzma-yuzligini. Xuddi laqqa baliqdek suvni yuzasida shaloplatib, sal-sal bo’lsa ham qirg’oq tomon siljib borardi. Bu orada hodisani ko’rib qolgan nariroqdagi uch-to’rt kishi sohil yo’lda “hay-hay”lab orqama-orqa quvib yugurishardi. “Qani-qani, yana-yana, oz qoldi – oz qoldi…” degan daldani Berdimamat eshitib-eshitmasa-da, o’zining yolg’iz emasligini anglatardi. Bu qandaydir ruh berar, harakatdan to’xtab qolmasligini so’rayotgandek hali umid borligiga ishontirardi. Bir yelkasi bilan tirab, suv yuzasida suzib, zo’rg’a-zo’rg’a qirg’oqqa yaqinlashtirardi. Yordamga shay turganlar tanasi muzdek, lablari ko’kargan deyarli jonsiz holatdagi odamni kanaldan tortib chiqazishayotganida nogoh Berdimamatning ko’zi tushdi. “Gulchehra…” sershiddat suv qutqaruvchidan go’yo qahrlanganday endi o’zini oqizib ketdi. Sovuq zabtidan qo’l-oyoqlari tomirlari butunlay tortishib, hatto gavdasini muvozanatga keltirolmasdi.
***
Berdimamat ko’zini shifoxonada ochdi. Qarasa, boshi ustida xotini yig’lamsirab o’tiribdi.
— Gulchehra…singling tirikmi? – deya oldi bazo’r.
-Dadasi… singlim soppa-sog’.
-Zubayda, meni kechir, qancha urinmay, risoladagi odamlarga o’xshab yasholmayapman, — lablari pichirladi uning.
Ayolning esa badtar xo’rligi tutdi, yig’idan namlangan ko’zlarini ro’molchasi bilan artdi. Berdimamatning peshonasini kaftlari bilan silab, mehri yanada tovlanib ketdi.
— Menga risoladagi er kerak emas, menga faqat siz keraksiz, siz!

PSIXOLOG

Maktabga yaqindagina ishga kirgan xodim bo’lganim sabab imkon qadar yangi hamkasblarimning ko’ngliga qarab muomala qilib, hammada yaxshi taassurot uyg’otishga urinayotgan kunlarimning birida psixolog-Oybek xonamga kirib keldi.
-Barcha o’qituvchilarni temperamenlarini aniqlash bo’yicha maxsus testdan o’tkazib chiqyapman, navbat sizga! – degancha u qo’lidagi ko’k jildi orasidan kitob, qog’ozu jadvallarni olib to’ridagi stol ustiga yoyishga tushdi.
Ochig’i, yoshlar yetakchisi bo’lganim uchun vaqtim juda tig’iz edi. Kutib turgan ishlar qalashib yotgandi. Noiloj, hurmat yuzasidan joyimga cho’kdim. Savollariga birin-ketin javob bera boshladim. Ammo ikki qo’lim kompьyuterda harna xujjatlarni yozib-chizib turishim kerak. Ko’proq “ha”, kamroq “yo’q” bilan nihoyat yarim soatdan mo’lroq vaqtim ketdi. So’rovnoma tugadi. Ballarni hisoblayotgan chog’i qo’ng’iroq chalinib qolgani bois tashqarini bir aylanib qaytdim. Kelib qaraymanki, psixolog ranjigandek boshini changallagancha qog’ozga tikilib o’tiribdi. Meni ko’rishi bilanoq shikoyatga o’tdi.
-Siz savollarimga jiddiy yondoshmadingiz, tuzukroq e’tibor bermadingiz, mensimadingiz. Mana natija! Noayon holat. To’rtta temperamentning har biridan 15 tadan ijobiy.
— Men hammasiga ham mos tushaveraman.
— Yo’q-yo’q, fanda unday bo’lishi aslo mumkin emas. Siz qaysidir temperamentdasizu aniqlashim uchun to’g’ri javoblarni yashirgansiz.
— Nega yashirarkanman.
— O’zingiz bilasiz, o’zingiz.
Psixologning kutilmagan “piching”i g’azabimni qo’zg’asa-da, bosishga urindim. So’zdan sukutni afzal bildim.
— Menimcha, sizda stress bor, — dedi u achingan kabi.
— Stress? Nima o’zi u?
— Jiddiylik, keskinlik, zo’riqish.
— Qayerdan topdingiz bu gapni?
-Bir-ikki haftalik kuzatuvlarim shuni ko’rsatyapti. Stressga tushgan bemorlar yo o’ta harakatchan, yoki hech bir harakatsiz bo’lib qolishadi. Ammo, har ikki holat ham ong tizginidan tashqari qolgani uchun ko’pincha samarasiz natija bilan tugaydi. Afsuski, sizning ayni damdagi yelib-yugurishlaringiz ham oqilona faoliyat belgisi emas, ruhiy zo’riqish oqibatlari bo’lishi mumkin.
Tarvuzim qo’ltig’imdan tushgani kabi ikki qo’lim shalvirab joyimga o’tirib qoldim.
— Mabodo, kerak bo’lsam, xonam ikkinchi qavatdaligini yaxshi bilasiz. Xijolat qilmay chiqavering, kerakli tavsiyalarni olaverasiz.
“Xo’p” degandek sekingina bosh egib qo’ydim. Kayfiyatim tushib ketdi. Bir necha soniya mayus tortib o’tirsam, keyin, kimdir xonam oldiga chopib keldi-da, eshikni astagina ochdi.
-Ustoz, bizning guruh “Afsonalar vodiysi”ga boradimi? — dedi 8 -“G” dagi Gulyora
Men avvaliga gaplarini yaxshi eshitmadim. Qizga tushunmagandek qarash qildim.
U yonimga kelib, bugunga rejalagan sayohatimizni eslatdi.
Sinchkov ekan kayfiyatim pastligini darrov ilg’adi.
-Biror narsadan hafamisiz, ustoz? Ko’zlaringiz g’amgin tortib qolibdi.
— Hoyna-hoy bu stressdan…

* * *
Ertalab barvaqt uyg’ondim. Tongni badantarbiya bilan o’tkazish uchun ko’chamiz bo’yidagi sport maydonchasiga yugurdim. Foydali jismoniy mashqlar bajarib qaytdim. Oilamiz davrasida to’yinib nonushta qilgach, sochlarimni did bilan turmakladimu, ish formamni kiyib maktabga shoshildim.
Yo’lda bir tekis yelib borayotgan avtomobilar oqimini kuzatish menga juda yoqardi. G’ildiraklarning tinmay oldinga shitob bilan intilayotgan manzarasi ko’nglimda har doim negadir yuksak hislarni uyg’otadi. Orzu-maqsadlar manzillariga hamisha bariga yetishish imkoni bor, faqat uning uchun to’xtamay qadam bosishimiz kerak deb uqtirayotgandek bo’lishadi ular.
Ana shunday xushnud tuyg’ular og’ushida xonam eshigi oldiga yetib keldim. Odatda, bu joy bolalarning sevimli qo’nimgohlari. Ertalabki saflanishlardan oldin faol sardorlarning tadbir-chiqishlarini uyushtirib olishlari uchun repititsiya maydonchasi bo’lgani sabab qulflamay yuraman. Eshikni ochib ichkariga kirarkanman stolim ustida turgan kattakon guldastaga ko’zim tushdi. Biror kim adashib tashlab ketmadimikin degan xayolda zalga chiqib, u yoq-buyoqqa qarab qo’ydim. So’ng hayratimni yashirolmay guldastaga tikilib qoldim. Ayni damlarda suyunishni ham, hafa bo’lishni ham bilmasdim.
Kirish qo’ng’irog’i chalingach, o’quvchilarning kunlik davomatini aniqlab yursam, psixolog ro’paramdan chiqib qoldi.
— Gullar sizga yoqdimi? – dedi u tantanavor ohangda.
— Qaysi gul…lar? Ie, bu sizning ishingizmidi hali?
— Nima? Yoqmadimi?
Qanday javob bersam “botmas” ekin degan o’yga bordim.
— Yoqdi. – hayronligimni yashirishga urindim.
-Rosti gap. Noto’g’ri tushunmang-gu sizni stressdan chiqazib yuborish uchun miyamga ertalab syurpiriz qilish fikri kelib qoldi.
— Rahmat! Kasbingizga behad e’tiborli ekansiz, — deya oldidan tezda ketishga chog’landim. Boisi u meni noqulay vaziyatda tushirgandi.
Tushlik payti oshxonaning o’qituvchilar bo’lmasida uch-to’rt hamkasb qiz-ayollar yig’ilib o’tirgan paytimiz ichimdagi qiziqishni yashirolmadim.
-Psixolog-Oybek aka oilalikmi? – Savolim o’zimga-da g’alati tuyulib ketdi. Balki ko’nglimdan meni yoqtirib qolmaganmikin? -degan o’y o’gandir.
— Yo’q. Xotini bilan ajrashgan, — dedi kimyochi Dilnoza opa.
— O’zi yaqindagina to’yi bo’lgandi. Kelinchak bilan ikki oy ham yashamadi-ya, — achinganday bo’ldi tarbiyachi Asal.
— Unaqalarda qo’nim yo’q. Hozir bir ro’zg’orni eplolarmidi… – deya “axborotlar”ni yakunladi o’zini juda bilag’on hisoblab yuruvchi Shodiya.

****

-Yaxshimisiz oya? — Ertasiga xonamga shahdam qadamlar bilan kirib keldi psixolog. – Sezgan bo’lsangiz, o’quvchilar darslardan ancha zerikib boryapti. Kecha ikki nafari yuqori sinf o’quvchilari bilan gaplashdim. Bizning maktabdan butunlay bosh olib ketmoqchi ular.
— Chindanmi? Yo’g’-e, o’zi shunaqa deb aytdimi sizga?! – gapimning ohangida shubha bor edi. Chunki, maktabdagilar psixologning xonasida “dardi”ni aytishiga ishonmasdim.
— Men sizni aldarmidim.
— Kechiring, gap sizda emas, — dedim so’zimni to’g’irlashga urinib. – Gap o’quvchilarni shunday bekamu ko’st sharoitga ega bizning maxsus maktabimizdan ketmoqchi bo’lganida. Ishonish qiyin, to’g’rimi?
— Shuning uchun ham biz bolalarni faqat kitobga mixlanib, miyalari zo’riqishiga yo’l qo’ymay, turli tadbirlarga, chiroyli joylarga sayohatga olib chiqib turishimiz kerakka o’xshaydi.
— Tashvishlanmang, o’tgan hafta rahbariyat bitiruvchi sinflarni navbatma-navbat oliygohlarni o’rganishga olib borishga topshirig’ini bergan. Mana rejasi. Yana oz kunlar o’tib darsdan keyin sayohatga chiqamiz, — dedim qo’limdagi qat’iy grafik asosida tuzilib, direktor muhri va imzosi tushirilgan qog’ozni uzatarkanman.
— Durust. Men ham sizga yordamlashaman. Tanho o’zingiz bitta sinfni nazorat qilishga qiynalasiz.
— Yolg’iz emasman. Tarbiyachisi ham yonimda bo’ladi. Istasangiz sizni ham qo’shib olamiz.
Ertasiga tushdan keyin xonamga 11- “A”ning qizlari “iltimosnoma” bilan kirishdi.
— Ustoz, Oybek domlayam birga boradilarmi universitetga?
— Ha, kim aytdi?
-O’zlari. – Jiyinishdi qizlar. – Ular birga bormasalar ham mayliydi.
— Nega?
— Mazza qilib emin-erkin aylanishimizga yo’l qo’ymaydilar. Bir zumda ortimizga qaytarib keladilar.
— Yo’g’ey, juda unchalikmasdir.
— Rost, siz qandayliklarini bilmaysiz-da. G’irt nemis. Odamni sira tushunishni istamaydilar.
Tilimni tishlab qoldim…

* * *

Shanba kuni uyga ketishga tayyorlanib tursam, xonamni yana psixolog band qildi. O’tgan gal oliygohga sayohatimizda hammani maktabga qaytishga shoshiravergani uchun biroz ranjigan edim.
-Nima gaplar? – “tezroq dardingizni so’ylang” degandek savolchan tikildim.
— Oldingizga bir og’ir shaxsiy masalada maslahat olish uchun kirib turibman.
— Men sizdek insonga qanday maslahat berishim mumkin?
Psixolog so’zlarimdagi kinoyani anglamadi. Nazarimda, u bunga qodir ham emasdi.
— Biror kishi qayg’u chekkanda qalbiga yaqin insonning so’zlarini tinglab malham oladi. Shu bois huzuringizga kelishni istagandim. So’nggi vaqtlarda ichimdagi tushkunlikni sira yengolmayapman. Atrofimdagi hodisalarga chidashga sabrim yetmayotgandek go’yo. Har kun ishga kelib, o’zimni o’qituvchilaru o’quvchilar tomonidan tinmay kamsitilayotgandek sezaman.
Aslida men taqdirdan nolib yuradiganlarni jinim suymaydi. Shu bois psixologni bir-ikki achchiq gap bilan “chaqib” olgim kelardiyu, ammo o’zimni tiyardim.
-Adashasiz. Bu dargohda hamma sizni hurmat qiladi. Lekin o’zingizga bo’lgan ishonchning yo’qligi tufayli boshqalarni ham so’zlaringizga, g’oya va maqsadlaringizga ishontirolmayotgansiz nazarimda, — dedim dangal.
— To’g’ri, mustaqil qaror chiqarishgayam juda qiynalaman.
— Dastavval, o’zingiz haqdagi o’y-fikrlarni o’zgartirmasangiz bo’lmaydi. Bilasizmi, biz so’zlarimiz bilan xohlasak hayotimizni go’zallashtiramiz, xohlasak…
— Tushunmadim? – dedi u darrov yelka qisib.
— Negativ fikrlaydigan va hamma narsadan yomonlik izlovchi insonlarni baxt va quvonchga to’lganini hech ko’rganmisiz. Sizni bilmadimu, ammo men hamma narsada yaxshilik va hikmatni ko’ruvchi kishilarning hayoti bir maromda, baxtli, sokin va xotirjam o’tayotganini kuzatganman. Ishonmasangiz, o’zingizda buni sinab ko’ring. Bir hafta davomida tinmay baxtliligingiz va omadliligingiz haqida gapiring. Natijani ko’rasiz.
— Baxtli bo’lish qo’limdan kelmaydi.
-Nega kelmas ekan, keladi-yu, biroq ichingiz qo’rquvga to’la, kamchiliklaringiz haqida o’ylayverasiz, mas’uliyatdan qochasiz va har doim: kecha ham, bugun ham, ertaga ham o’tmish xatolari bilan yashaysiz.
— Shuning uchun ham menga biror kitob tavsiya qiling. Toki u hozirgacha o’qiganlarimga sira o’xshamagan bo’lsin, uni o’qib butunlay o’zgaray.
— Bu sohada mendan ko’p kitob mutolaa qilgan bo’lsangiz kerak. Menimcha, asosiy gap o’qishdamas uqishdayam.
U so’zlarimni tinglagach, homush tortdi, o’ylanib qoldi.
-Bilmadim, bilmadim. Negadir charchadim, tanamda sirayam kuch yo’qday.
-Siz o’zi bu yerda nima bilan shug’ullanasiz?
Uning kasbi odamlarni ruhini davolash bo’lgani uchun atay shu savolni berdim.
U javob berishni o’rniga mo’ltiradi. Uning nochor ahvolidan yuragim zirqirab ketdi. Ko’ngliga taskin topolmay, shahd bilan xonani tark etdim.
Yo’l bo’yi uni o’ylarkanman, nima uchundir tinmay jahlim chiqardi. Bugungi kunda odamlar psixologlarga salkam xaloskorlardek qarashadi. Ruhiy muammolarini yechishga ko’maklashib, o’z-o’zlarini nazorat va tahlil qilishga o’rgatishadi, to’g’ri yo’l-yo’riq ko’rsatishadi deb o’ylashadi. Ammoki, ba’zida tabibning o’zi ham davoga muhtoj ekanini anglab yetisharmikin.
Negadir yaxshi uxlolmay tuni bilan bosinqirab chiqdim. Ertalab esa allanechuk yuragim g’ashlanib uyg’ondim. Maktabga yetib kelib, kecha kechqurun psixologning bir siqim xapdori ichib, o’z joniga qasd qilgani, shifoxonada og’ir ahvolda yotgani xabarini eshitdim…

KULRANG AVTOBUS

Odamlarning kulgusi unga nayzadek sanchildi. Yig’idan ovunch axtardi. Bo’lmadi. Kulguchilarning aftida zig’ircha o’zgarish sezmadi. Yuraklarining o’rnida tosh borday og’izlarining jiyagi yig’ilmadi. Nigohlarining nashtari yaralagandan yaralayverdi. Dardiga malham kutganlari qaytangga tuz sepib sevinishdi. Nahot dunyoda rahm-shafqat anqoning urug’iga tenglashib qoldi. Nahot odamlar bir-birlarining yo’llariga emas, ko’zlariga chiroq tutishga o’tishdi. Nahot yig’laganni yupatishdan ko’ra ustidan kulish epga aylandi. U o’ylagan sayin o’yining oxiri ko’rinmasdi. Bunday pastkashlardan yiroq ketishga urindi.
To’rt tarafi qiblayu, qayoqqa yurmog’i noayon. Odamlarning shivir-shiviriyu, iljayishi uni quturtirib, g’azabini jilovlashga qo’ymasdi. Oxiri befoydaligini anlagach, ichidagi achchiq-achchiq alamlarini aritishga jo’nadi. Bir vaqt oldi oynasi qirg’og’idagi katta karton qog’ozga 5 raqami yozilgan kulrang avtobus yaqinlashib to’xtadi. U tezgina chiqishga ulgurdi. Ayni dam boshiga tushgan musibatlardan ko’ksida to’liqib turgan iztirob og’riqlari chorasizlikdan butun vujudini tushkunlikning zulmat qa’riga tortardi. Xayolida go’yo avtobusda havo kamayib, tobora nafas olishga yetmayotgandek tuyulardi. Hoziroq eshik ochilib, tushib qolmasa, hayot bilan vidolashadigan ahvolda sezardi o’zini. Lekin haydovchiga “To’xtating!” deyishga jur’ati yetmadi.
-Salom, yoningizga o’tirsam bo’ladimi? – Notanish qizning ovozi eshitildi.
Iltifotli bosh silkishga ulgurmasidan hamrohi yonini egalladi.
-Bu avtobusga birinchi bor chiqishim.
-Men ham, — dedi u deraza oynalaridan ko’z uzmay sekingina.
-Qayoqqa ketyapsiz? – so’radi qiziqib.
— Onam bilan uchrashgani. – U “Sening ishing nima?” degandek yonidagi yetti yot qizga g’alati qarash qildi-yu, sherigining farosati buni tushunishga yetmadi.
-Men bo’lsam buvimni ko’rgani shifoxonaga shoshyapman. Og’ir kasal ekanliklarini eshitiboq sabrim chidamadi. Aksiga olib yengil mashina kelavermadi.
U “Buning menga nima daxli bor” deb ichida o’yladiyu, birdan o’zi aynan shu 5-chiga chiqib olgani g’alati tuyuldi.
-Buvimdan juda havotirdaman. Axir bolaligimdan bag’riga bosgan, boshimni silagan, oq yuvib-oq taragan, yemay-edirib, ichmay-ichirib, kiymay-kiydirib katta qilgan-da.
-Ota-onangiz-chi? – “Yo’qmi?” deyishga iymandi hamrohi yetti yot begona bo’lsa ham.
-Ajrashishgan, ikkovlariyam bo’lak oila qurib ketishgan.
U qanday dalda berishni bilmay kalovlandi. Odatda o’zi uchraganga dardi dunyosini ochib-sochadiganlar xilidan emasligi uchun bundaylarni jini suymasdi. Lekin jim o’tirolmadi.
-Taqdirdan kim qochib qutula olgan. Dog’i borakan deb tunimizni yog’duga to’ldiradigan oydan voz kecholmasak kerak. Yaqinlarimiz uzoqda boshqa-boshqa joyda turishsayam ularning tirik yashayotgani chiroyli davlat emasmi.
-Yo’q! Aslo!
U o’zi bilmagan holda tutab, yonishga chog’lanib turgan gulhanga kerosin sochib, lovillatib yuborganini payqab qoldi. Kipriklari pirpiradi. Aybsiz aybdor ahvolga tushdi. Taskin so’zlarining teskari ta’siridan alamzadaligi junbushga kelgan hamrohi endi yoniga astoydil o’grilib oldi. Jag’i ochilgandan ochildi, ovozini ko’tarib bidillashidan osongina tinadigan ko’rinmasdi.
-Sizningcha, farzandni dunyoga keltirishning o’zigina ota-onalik sanaladimi?! Bolani tug’dirib qo’yib, keyingi hayoti, taqdiri bilan zig’ircha qiziqmagan ota otami?! Bolani tug’ib qo’yib, o’ylab-netmay qari buvining qo’liga tashlab ketgan ona onami?! Jigargo’shasini serg’alva yorug’ olamning eshigidan kiritib yuborib, yolg’izlikning, tirik yetimlikning aro yo’lida mungli ko’zlarini javdiratib, betakror bolalik baxtidan judo etish, umr bo’yi og’riqli o’ksitish ota-onalikmi?! Meni shu paytgacha qiynagan savol: Nega tengdoshlarimning tunu kun o’ylaydigan, yelib-yugurib tashvishini chekadigan, ertasining, yaxshi bilim olishining, yaxshi tarbiyalanishining g’amini yeydigan, muassasama-muassasa, o’qituvchima-o’qituvchi, repititorma-repititor chopib, nufuzli tanlovu musobaqalargacha yetaklab boradigan, orqasida tog’dek tayanch bo’lib turadigan ota-onalari boru meniki yo’q? Boshqalarda doimo to’g’ri maslahat, kerakli yo’l-yo’riq, dalda beruvchi, yig’lasa yupatuvchi, yiqilsa turg’izuvchilari boru menda yo’q?
Hamrohining iltijoli nigohlari ko’nglini behad o’rtadi. Tomog’iga nimadir tiqildi. Ko’zlarida marvarid tomchilar qalqidi. Kipriklari namlandi. O’zi yetti yot begonayu dardu g’amlari tanish qizni shartta bag’riga bosib, o’kirib-o’kirib yig’lagisi keldi. Ammo atrofidagilarning loqaydligiga, hozirgina aytilgan so’zlarni hatto mushohadalash u yoqda qolib, xuddi quloqlari kardek bezrayib qarashiga sira-sira tushunolmadi. Odamlarning diydasi qattiqligidan dili ozorlandi. Darrov aqlu xushini yig’ib yana daldaga o’tdi.
-Ko’pam kuyinavermang, o’rtoqjon, xudo xohlasa, bolalikda ko’rolmagan mehr-muhabbatning ajri bordir. Oyning o’n beshi qorong’u, o’n beshi yorug’ligi ayon-ku.
Yuragini bo’shatib biroz yengillagan qizning nigohlarida umid uchqunlandi. Biroq o’ksik ko’nglidagi ezginlik ta’siridan baribir qutulolmasdi.
-Boshingizga tushmagani uchun taskin berish sizlarga shunaqa oson, his qilish, anglash esa boshqa narsa…
U endi miq etmaslikni afzal bildi. Alamzada qizni avtobusning qalqishi xushyor torttirdi. Kutilmagan suhbatlari poyoniga yetganini fahmladi. O’rnidan asta turdi.
-Kechirasiz, keyingi bekatda tushishim lozim. Eshik oldiga borib turayin.
U notanish dugonasiga xayrlashgani qo’l cho’zdi. Kaftlaru barmoqlar birlashdi. Mehrli nigohlar to’qnashdi. Buvingizni asrang, sizlar bir-biringizga juda keraksizlar. Mening nomimdan salom aytishniyam unutmang!
-Xo’p.
-Ko’rishguncha.
Yuzlarida samimiy tabassum jilvalandi ularning. Ikkovlari ham o’zlarini o’xshash dardli rishtalar bog’lab turganini sezganday qo’llarini istar-istamay bo’shatishdi.

* * *

— Hayriyat, joy bo’shadi, — deya o’rindiqqa cho’kdi tik ketayotgan yoshgina ayol. So’ng yoniga ko’z qirini tashladi. – Menimcha, turmushga chiqmagan ko’rinasiz?
U negadir og’iz ochgisi kelmadi. Hozirgina notanish hamrohining qayg’usi tushkun kayfiyatiga ayqashib-uyqashib, ruhini sindirgandek edi. Biroq odam deb gapirganga gapirmaslik mensimaslikka, kibrga yo’yilishini bilardi.
-Adashmadingiz, — dedi yolg’ondan ohista ohangda to’g’riga tikilgancha.
-Unda hozir mazza davringiz ekan, — jon kirdi o’sha zahoti yangi hamrohga. Vaqtida o’ynab-kulib, yashab oling, orzu-havas qiling. Ertaga erga tekkaningizdan keyin afsus chekasiz, bularga kech bo’ladi, juda-juda kech.
Yonidagi ayolning bir avtobusga o’tirib, tasodifan aytayotgan gaplari uning zadalangan qalbida qolgan zig’ircha yorug’likka tog’cha soya tashlab yubordi.
-Siz chindanam shunday deb o’ylaysizmi?
-O’ylamayman. Bu aniq.
-Hammada ham-mi?
Kelinchak bir lahza “mum” tishlaganday jimidi. So’ng yana yorildi, “Yo’q” dedi allaqanday horg’in, allaqanday ezgin ovozda. Mening hayotimda oila qurilishi tuzatish mushkul xatoyim bo’ldi.
-Nega?
-Chunki ko’nglimgamas, aqlimga quloq solganim uchun. Rostisi, erimga sevib tegmaganman. Uyam balki shunday…
-Yo’qsa nima uchun nikohdan o’tgansizlar?
-Bir-birimizni yaxshi bilamiz deb o’yladik, bir-birimizga ko’nikamiz deb o’yladik, bir-birimizdan yordam kutdik, ko’mak umid qildik, bir-birimizga qattiq ishonib qo’ydik.
-Yanglishibsizlarmi?
-Xa. Aslida istarali qiz bo’lganim uchun bo’yim yetgach, haridorlarim rosa ko’p edi. Men ularning chiroyi, qaddi-qomati, egallagan mansabi, boy-badavlatligi, shirin so’zlariga uchib, turmush qursam, bir umr pushaymonlik chohida azoblanishdan cho’chirdim.
-Eringiz-chi?
-U soddaydi, unchalik xushro’y ham, omadli ham emasdi. Xuddi o’zimga o’xshab o’rta holginaydi. Bizlar yuksak orzularni ko’zlagandik. Biroq to’ydan keyin…
-Yigitingiz aynidimi?
-Aynisa bunchalik zorlanmasdim. Jur’atsiz chiqdi. Uyidagilarning qo’g’irchog’i ekan. Mening na o’qishga kirish istagim, na namunali turmush o’rtoq haqidagi o’ylarim amalga oshdi. Yonimdagilarning xudbinligi, tubanliklari irodamni butkul sindirib yubordi. Go’yo boshi berk ko’chaga kirib qolganmanu, chiqish uchun bir qadam bossam, jarga qulab ketadigandekman. Bilasizmi, hayotingizning ma’nosi bo’lmasa, kun o’tkazish ham amrimahol bo’lib qolarkan. Mana shunday g’urbat dunyoda har tun o’zimni tobutda yotganday his qilaman.
-Mayli, ertangiz yaxshi bo’lib ketar, — deya oldi bu safar ham u o’zi ham ishonib-ishonmay.
-Boshingizga tushmagani uchun shunday o’ylaysiz-da, — pichirladi ayol.
Shu dam ikkisining ham ko’zida yosh miltillagan edi.
-Asli ruxshunosning oldiga ketayotgandim. Tushadigan bekatim yaqin qoldi, endi men turay, — dedi kelinchak. – Yaxshi qoling…

* * *

Oynadan olisdagi go’zal manzaralarga ko’z tikkanimiz bilan hech qachon ular biznikiga aylanib qolmaydi, — dedi ro’parasida paydo bo’lgan yo’lovchi yigit.
U indamaslikni afzal bildi.
-Yoningizdagi o’rindiq bo’shga o’xshaydi. O’tirsam, maylimi?
Bu safar iltifot joizligini angladi.
-Ha, marhamat! – Mahzun nigohlarini yigitdan olib qochib yana derazaga qadadi.
-Hoyna-hoy shoirami, yozuvchiga o’xshaysiz, — gapga sola boshladi u.
-Ikkoviyam emasman. Hech narsa yozishni eplolmayman.
-Unda behad hursandman.
-Sababi?
-Siz rostgo’ysiz.
-Ular yolg’onchimi?
-Yolg’onchi bo’lgandayam uchiga chiqqani. O’zlaricha xayollariga kelgan bir chaqaga qimmat uvada gaplar bilan to’ldirishadi qog’ozni. Kitoblaridagi uydirmalarini hayot haqiqati deb odamlarni laqqa tushirishadi, yo’ldan ozdirishadi, ayanchlisi, bu qiliqlari bilan hammani jonivorlardek ortilaridan eragashtirishga chiranishadi. Shundanmi, ertak desa, she’r desa, ko’nglim ozadigan bo’lib qolgan.
-Juda oshirvordingiz. Uydirma to’qishdan ularga nima foyda?
-Har kim turfa maqsadlarda to’qiydi. Kimdir dushmanlari ustidan zafar qozonish uchun, kimdir mol-dunyo, shon-shuhrat, obro’-martaba orttirish uchun, kimdir o’zini va birovlarni aldash uchun, kimdir barcha-barchamizni boplab laqillatib ustimizdan kulish uchun to’qiydi.
-Bu qadar xunuk xulosalarga kelishingizning biror sababi bordir?
-Bor-da, yozganlarini o’qib, ishonib o’zimni ko’p qiynab yashadim. Ular ezgulik, albatta, yovuzlikni yengadi, qorong’i tunlar ortida yorug’ tonglar otadi, adolat haqsizligu razolat ustidan shaksiz g’alaba qozonadi, yaxshilar bir kun olqishlanib, yomonlar jazolanadi, mehnat-mashaqqatlar vaqti kelib, shirin meva beradi, orzu-istaklar amalga oshadi, hayotda chekayotgan jabru jafolarimizni ko’rib, kuzatib turguvchi bor deb ishontiradilar. Ammo hayotda shoirlar tasavvuridagi dunyo boshqayu biz ko’rib turgan dunyo boshqa ekan.
-Siz ham shoir bo’lganmisiz?
-Yo’g’e, shunchaki ularni ertaknamo she’rlarini o’qib-yodlab ulg’ayish bilan ko’nglida ilohiy hislarni nishlatib, parvarishlab, yashashga intilgan rassom edim. Endi esa san’atdan ham, adabiyotdan ham qo’yingki, mohiyati ijod qilish bo’lgan barcha-barchasidan yuz o’girgan odamman. Negaki, men shularni yaratish ko’yida umrimni, qalbimni, butun xonumonimni boy berdimu, ko’rgan-bilganim faqat va faqat adolatsizligu nohaqliklar bo’ldi. Qanchadan-qancha g’oyalarimni boy berdim, kunduzlari ter to’kib ishlab, tuni bilan qarshisida muk tushib tongga qadar sayqallab dunyoga keltirgan kartinalarim sariq chaqalik ham qadr topmadi. Ta’magirlik, olchoqlik, tanish-bilishchilik avj olgan bu zaminda chinakam san’atingdan ko’ra ular bilan til topishish “san’ati”ni o’zlashtirmaguningcha, o’zingning asl qiyofangni yo’qotmaguncha o’rni yo’q kimsaday daydib yuraverar ekansan, seni na ko’rishadi, na tinglashadi. Ayanchlidan ayanchlisi, insonga hayoti davomida atiga bir martagina ato etiladigan betakror tuyg’ularimni ana shu o’tkinchi sarobga sovurganim, umr bo’yi sig’inib, bayroq kabi ko’targan Haqiqat atalmish e’tiqodimning aslida puch yong’oqligini behad kech anglaganimdir. Bugun san’at maydonida yurgan talantsiz, qobiliyatsiz lo’ttibozlarni, yengiltak oliftalarni ko’rsam, tishlarim takillaydi, ijirg’anib ketaman, ko’ksimda qavat-qavat uyulib yotgan armonlar dengizga aylanib dolg’alanadi.
U alamdor yo’lovchining o’kinchlarini eshitishga endi ortiq toqat topolmadi. Qismatdoshini, o’zi yolg’iz emasligini, hayotida naqadar beshafqat qonunlar ildiz otganini, ular hech bir joyda yozib qo’yilmaganini anglab battar ezilayotgandi.
-Etar, bas! – deb qichqirib yubordi. Yuzini qo’llari bilan berkitib boshini quyi solgancha jimib qoldi. Biroz sukutdan so’ng o’ziga keldimi, yo hijolatdanmi boshini astagina ko’tardi-da, taskinbaxsh so’zlarni izladi, tili uchida arang takrorlay oldi.
-Yaxshi bo’lib ketar hali hammasi…
-Aytishga oson. Boshdan o’tkazmaguncha bu dardlarni his qilish qiyin.
-Uchinchi marotaba bir xil e’tirozni uchinchi odamdan eshitgach, aqlu hushini jamlashga qiynaldi.
-His qilaman, — dedi u nihoyat.
Yigit uning so’zlariga ishonmadi. Ammo bahslashishni keraksiz bildi o’ziga.
-Aytgancha, qayerga ketyapsiz?
-Onamning oldiga.
-Ha-a-a-a, — deb qo’yibdi cho’zibgina. Chamasi, manzilimga yetib qoldim. – bazo’r jilmayishga urindi rassom yigit.
-Yaxshi boring, — dedi qiz ham muloyimlik bilan.
Bir vaqt yon-atrofga ko’z tashlarkan, avtobusda o’zidan bo’lak hech kimsa qolmaganini sezdi.
Deraza oynasidan yana olislarga umidsiz nigoh tashladi. O’zini xalos qiluvchi kuchni kuta-kuta, nihoyat taslim bo’lgan ohu kabi boshini egib ko’zlarini yumdi. Ayni dam hammasidan ham ko’ngli bir narsani oromni, halovatni istardi. Tush ko’rdi. Tushida onasi kulrang avtobusda yonma-yon o’tirardi.
-Voy, jonim onam, o’tib ketgan edingiz-ku, — hayrat bilan o’rindan turdi u. Mushtipar mehribonining bag’riga bosh qo’yib yig’lab yubordi.
-Qizim, yetar shuncha yurganing. Avtobusdan tush, jon bolam, tushaqol!
-Judayam charchadim, judayam toliqdim, ona. Qimirlashga kuch-mador topolmayapman.
-Topasan. Sen kuchli ayolsan. Uyingda ering, oilang kutyapti.
-Yo’q, hech kim kutmaydi. Hech kimga keragim qolmadi.
Shifoxonada yo’llaringga ilhaq termilib yotgan kasal singlingni o’ylasang-chi, hech bo’lmasa? Uni sendan bo’lak kimi bor. Go’dakligidayoq men va otangni yo’qotganni kammidi? Nega bunchalik yig’laysan. Chorasiz odam shunaqa ko’z yosh to’kadi. Chida. Chidamasang bo’lmaydi. Agar ko’ngling malham topolmasa, agar ko’nglingni birovlar bilmasa, tinglamasa, uni suratlaringga soch. Chizgan rasmlaring kun kelib, o’zing kabi bir qalbi o’ksikning darddoshiga, yupanchiga aylanadi. Tur o’rningdan. Bu avtobusga qayta chiqa ko’rma, hali yaxshi kunlar oldinda…oldinda…
U o’rindan turdi va 5 inchi avtobus haydovchisiga qarab qichqirdi:
-To’xta-a-a-ang!

SVETAFOR

U chorrahadagi svetaforning qizil chirog’i qo’qqisdan yonib qolishini hech kutmagandi. Na gazni pasaytiroldi, na tormozni bosoldi. Ikki oyog’i toshday qotib qolgandi. Daxshatlisi, qarsillab urilganda ro’y berdi. Tutqichi majaqlangan svetafor uzilib, mashina yo’liga uloqib tushdi. Qizil chirog’i chil-chil sinsa ham, butlab bo’lmas bo’laklari sochilgan holatda yanada yorqinroq yonib yotardi…
Javlonbek noxush kayfiyatda ko’zini ochganida boshida xotini har kungi diydiyosini takrorlardi:
-Shirin tushingizni buzvordimmi, tez yostiqdan bosh ko’taring, hozir tong yorishadi, boshqa mashinalar ko’chaga chiqmasidan ko’proq pul ishlab olishga qachon o’zingiz shoshilasiz?
U dili xiraligi tarqamasidan yo’lga otlandi
— Akajon, bizni Qo’shchinorga oborib qo’yolasizmi, — so’radi Zebo katta ko’cha yoqasida to’xtagach, “Taksi” oynasidan mo’ralab.
— O’h-ho’, bag’lardan aqqa yuz ellik chaqirim yurishga to’g’ri keladi-yu, o’zi necha kishisizlar?
— To’rtta. Men va anavi uch qiz.
— Mayli. Har biringiz o’ndan berasiz, undan kamiga bormayman. Vaqtim ziq, rozimisizlar, tezroq aytinglar?
— Kelishdik. Qaytishdayam o’zingiz tashlab qo’ya olasizmi
— Avval Qo’shchinorga yetkazib, keyin o’ylab ko’rarmiz.
Uchala qiz narsalarga to’la selofan xaltalaru katta-kichik ramkali yaltiroq qog’ozlarga o’rog’lik suratlarni mashina yukxonasiga chaqqon qo’yishib, orqa o’rindiqqa o’zlari joylashishdi. Zebo esa haydovchining yoniga o’tirdi.
Sutrang “Spark” sip-silliq asfalt bo’ylab qanotlarini yoygan misol qushday uchdi. Javlonbek haydovchikda odamlarga quvnoq muomala qilishning hadisini olgandi. U orqani ko’rsatuvchi oynadan qizaloqlarga nigoh yugurtirib, samimiy jilmaygancha luqma tashladi:
-Hoynahoy maktabda o’qisangizlar kerak-a?
-Ha, o’quvchimiz hammamiz, — dedi hozirjavoblik bilan o’rtadagi qiz.
-Ie, siz unda o’qituvchilarimi? — Yigit hayratlangan kabi boshini asta burib Zeboga ko’z qirini tashladi.
-O’xshamadimmi?
-O’xshamadingiz.
-Zebo Yo’ldoshevnani hammayam bizning o’qituvchi deb o’ylamaydi, juda yosh ko’ringanlari uchun o’n birinchini yaqindagina bitirgan bo’lsa kerak deya taxmin qilishadi ko’pincha, — dedi yana o’rtadagi bibildoq.
-Qo’ysangizlar-chi, qizlarlar. Meni o’zingizdan ancha kattaligim sizlardan boshqalargayam shundoq bilinib turadi aslida, – muallimaning yuzlari qizarib, xijolat chekayotgani zumda sezildi.
-Nechchidasiz? – So’radi haydovchi.
O’quvchilari “churq” etishga botinolmagach, Zebo o’ziga sira yoqmaydigan bu savolga yana nimadir deyishi kerakligini angladi.
-O’zingiz-chi?
-Nasib qilsa, bu yil yigirma yettiga to’lamiz.
— Ha. Men ozgina kattaroq ekanman.
-Yigit hayratlandi. “Nahot mendan katta bo’lsa?” degan o’yga bordi. Qizning so’zlariga ishonib-ishonmasa-da, qarashga iymandi. Baribir yoshini yashirgisi kelayotganini sezdi.
-Turmushga chiqqanmisiz? – Zebo bezovtalandi. To’satdan aytgan gapi muallimani o’ng’aysizlantirib qo’yayotganini ilg’adiyu, ammo o’q kamondan allaqachon chiqib bo’lganini sezib mum tishladi.
-Yo’q, shopir amaki, oyamiz hali kuyovlikka nomzodlardan hech birini o’zlariga ma’qul topmadilar.– Noqulay vaziyatdan xalos qilishga urinishdi qizlar ustozlarini.
-Yaxshi. Bu axir umr savdosi, aslo-aslo shoshib bo’lmaydi, — dedi yigit taajjubini yashirganday. Aslida “Ha, shundan ekan-da. Juda esli-odobli, ahli dono ko’rinadiyu, nega haligacha biron oilani etagidan tutmagani qiziq. Tavba hozirgi qizlaram g’alati” – degan fikr kechdi xayolidan.
-Qo’shchinorda biror tadbir bormi?
— U yerda bugun viloyat miqyosida “Kelajak yulduzlari” tanlovi o’tkazilyapti.
-Eh-ha, bizlar ertaning yulduzlarimiz, denglar. Men bo’lsa, sizlarni svetafor deb o’ylabman, — birdan xo-xolab kulib yubordi yigit.
Qizlar kutilmaganda bu gapni o’zlariga malol olishdi.
-Nega unday deysiz? – deyishdi baravariga.
-Biringiz yashil, biringiz qizil, biringiz sariq libosga burkanvolibsizku.
Chindan ham qizlarning barchasi “Kelajak yulduzlari” deb yozilgan emblema tasviri oldiga tushirilgan fudbolkalarda edilar. Ammo biri rassomchilik, biri raqs, biri ashulachilikdan qatnashayotgani uchun yo’nalishlari bo’yicha kiyinishgandi.
Endi haydovchi yigitning sinchkov ekanini bildirib qo’yish niyatida yengil yumor qilganini bilgan qizlar jahlni unutishdi.
-Mayli, tanishib qo’yaylik, kamina odamlarni “Yurishga tayyorlanib turinglar!” deb ogohlantiruvchi sariq belgisi — Niginaman.
-Men ularni tez yurib, yo’lni kesib o’tishga chorlovchi yashil belgisi — Nozliman.
-Men esa Shahlo, ta’qiq belgisi — qizilvoyman.
Qizlar birdan qiqirlab kulib yuborishdi. So’ng yana so’zlarida davom etishdi:
— Bilmasangiz bilib oling. Bizlar barchamiz chorahada, serqatnov yo’llarda turamiz. Buyruqlarimizga bo’ysunmaganlarning taqdiri falokatlar bilan tugaydi. –
Mashinada yana gurros kulgu ko’tarildi.
– Qoidabuzarlarni aslo ayab o’tirmaymiz, shavqatsiz jazolab yuboramiz!
-Eh-he yomon ekansizlar-ku. Sizlarni bunchalik qahriqattiq deb sira o’ylamagandim, — deya haydovchi ham hazilga aralashdi. So’ngra muallimani ham suhbatga tortgisi keldi.
-Qizlaringizni rosa gapga o’qitibsiz.
-Yo’q-yo’q. Men gapga o’qitmaganman, o’zlari aslida shunaqa sho’x-shaddod o’quvchilar.
Yigit yonida behad chiroyli, buning ustiga kamgap, kamtar, tortinchoq qizning ketayotganidan yuragidagi allaqanday mudroq hislar asta uyg’onayotganini sezdi.
-Nechanchi yilda tug’ilganingizni aytmadingda hech, Pasportingizga bir ko’z tashlagim keldi, — dedi yana yoniga o’g’rincha boqarkan yigit.
-Ustozning pasportlariga emas, siz o’zlariga boqing. Ma’lumotlar haqiqatdan adashtiradi, — dedi Nigina.
-O’n sakkiz desangiz yanglishmaysiz! – Qo’shib qo’ydi Shahlo.
-Qizlar, yetar, haddilaringda oshmanglar. Tushishga tayyorlaning. — buyurdi Zebo o’rtada jiddiylikni uyg’otish uchun. So’ng haydovchiga yuzlandi.
– Chorrahadan o’tib to’xtab qo’ysangiz.
-Manzilga yetibmizda. Qachon qaytasizlar endi?
-Telefon raqamingizni bersangiz, o’zimiz oldindan vaqtini aytamiz, telegramingiz bormi, yozvoramiz?
-Bor. Tez-tez kirib turaman.
-Kelishdik. Telefonimning puli tugagan edi. Yaxshisi, xabar yuboraman.
-Kutaman.
Ular mashinadan tushib, tanlov o’tkaziladigan bog’ tomon ildamlab ketishdi. Javlonbek esa xuddi yo’ldan tasodifan javohir topib olgandek yuragi orziqib mashinasi rulini ortga burdi. Nazarida, muallima qiz mazmunsiz hayotida birdan umid chirog’ini yoqib yubordi. Ammo o’zining allaqachon oila atalmish qo’rg’onga qadam bosib qo’ygani, va bu qo’rg’onda xotini, bolalari borligi sabab hech qachon chiqishga yo’l yo’qligini o’ylab yuragi uvishdi. Nimadir alam qildi, nimadir o’kinch uyg’otdi. Chehrasini tundlik egalladi. Ko’zlariga mung qo’ndi. Umrboqiy hayot sharti, buzib bo’lmas hayot qoidasi oldida o’zini g’oyat chorasizligini angladi.

****

Nihoyat tushlikdan keyin soat uchlar atrofida telegramida “Zebo Kamolova” nomi ostida yangi xabar kelib tushdi. “Tanlovimiz tugamoqda. Yo’lga chiqavering”. Javlonbekning ko’nglida qiziqishga o’xshash qandaydir his g’imirlab, qizning ism-sharifini yozib “Fasebook” ijtimoiy tarmog’idan ham qidirib ko’rdi. Bir zumda topdi. Topdiyu, profildagi ma’lumotlarni o’qib ko’zlariga ishonmadi. Nahotki u 1989 yilda tug’ilgan bo’lsa, nahotki hozir o’ttiz bir yoshda. Biroq nega haligacha shunday ma’suma qiz oila qurmagan. “Uning biron jiddiyroq kasali… yo’q-yo’q sevgan yigiti, kutayotgani, ishongani bormikin?” Yigitning boshida savollar g’ujg’on o’ynadi. g’arq bo’ldi. Sababi u muallima qizdan farqli o’laroq endi o’zi uchun anchayin erta bo’lib tuyulgan 21 yoshida uylangandi.
Mashina yetib kelganida ertalab tushib qolishgan bekat betidan qizlar tizilishib kutib turishardi. Xuddi svetafor kabi. Javlonbek Zeboning egnidagi ko’ylakning rangiga e’tibor qildi. Qizil. Ta’qiq belgisi…

***

Oqshom payti U zerikkanidanmi, xotinining asabini qaqshatadigan shang’illoq ovozidan chalg’ish uchunmi ijtimoiy tarmoqqa kirib, turli xabarlarni o’qiyotib, to’satdan ko’zi Zeboning profiliga tushdi. Doiracha yashil yonib turibdi. Qiz ham onlayn, — u ham internetga kirgan. Ikkilanib-ikkilanib, oxiri shartta tavakkal ish tutdi. –“Uyingizga yaxshi yetib oldingizlarmi?”- deb yozishga jur’ati yetdi nihoyat.
“Xa. Rahmat.”– javob keldi uyoqdan.
“Yana biron yumush bo’lsa, darrov menga xabar qiling, zumda mashinada olib borib kelaman.”
“Xop. Taklif uchun tashakkur.”
“Faqat shugina emas, “Fasebook” dan ham do’stlik taklif etdim sizga. Lozim ko’rsangiz qabul qilarsiz.”
Biroz soniyalardan so’ng qiz javob yozdi.
“Ana, qabul qildim, endi do’st bo’ldikmi?”
“Do’st bo’ldik. Ushbu iltifotingiz meni behad quvontirdi. Sizdek bilmli, aqlli qizni uchratish ham baxt bizga.”
Qiz hech narsa yozmadi. Javlonbek Zebo o’zini maqtashsa, e’tiroflashsa, hijolat chekishini, vaziyatdan qanday so’z bilan chiqib ketsam eka-a-an” deb o’ylanib qolish odati borligini ilg’adi. Shuning uchun gapni boshqa yoqqa burishga harakat qildi.
“Sizga qizil juda yarashar ekan. Bu rangni yoqtirasizmi?”
“Qaydam. Shunchaki kiygan ko’rinaman. O’zingiz-chi?”
“Menga yashil yoqadi. Xuddi svetaforning shu rangdagi chirog’iga o’xshab. Bunda olg’a yurish imkoniyati bor…”
“Doim olg’a yurishni yaxshi ko’raman deng?”
“Yaxshi ko’rmayman. Istayman. Hozir shu istak mening ko’nglim tubidagi nurni yoqib turgandek bo’ladi.”
“Zo’rku.”
“Agar buni zo’r deb hisoblasangiz, nega siz ham yurish belgisi ramzini yaxshi ko’rmaysiz. Xayolimda xuddi qizil chiroq ostida turishni sevadigandeksiz.”
“O’xshatishlarga juda usta ekansiz”
“Shunaqaman. Dilimga kelgan fikrlarni tap-tortmay aytvoradigan g’alati fe’lim bor. Har qalay sizga o’xshab “sirli odam” bo’lishni sira eplolmayman.”
“Kim meni sirli deb aytdi.”
“O’zingiz.”
“O’zim?”
Javlonbek xotini yoniga kelganini birdan sezib qoldi.
-Manavi matohingizni tashlab, Niluni ushlab tursangiz bo’lmaydimi? Ovqatim kuyib ketdi-ku. Namuncha shundan ko’zingizni uzmay qoldingiz. Bundoq menga qarashay ham demaysiz.?
Yigit internetni o’chirib, yangi suhbatdoshini javobsiz qoldirishga majbur bo’ldi…

***

Pag’a-pag’a qor yog’ib turganiga qaramay, Javlonbek teatr binosi oldiga juda erta keldi. Bugun umrida ilk bor spektaklь tomoshalashga tushishi. Bunga birgina sababchi o’sha… U faqat teatrgagina emas, yigitning turli romantik ishq qissalariga to’la kitoblarni tunlari qo’lidan qo’ymay mutolaa qilishiga, kunduzlari telefonidan turfa she’rlar o’qib, sevgi qo’shiqlarini tinglashiga, sog’inchlarda, firoqlarda o’rtanishiga, yonib-kuyishlariga ham sababchidir.
Nihoyat uzoqdan qizning qorasi ko’rindi. Buni qarangki, qadam bosishlari ham o’zi kabi hech kimga o’xshamagan. Chiroyli,yoqimli va ohista.
-Oxir-oqibat arazlaringiz tarqab, ayovsiz qiynoqlaringiz tugab, uchrashuvga kelganingizdan rosa xursandman, — dedi yigit hayajoni ichiga sig’may.
-“Layli va Majnun” spektaklini o’tkazib yuborsak, gunoh bo’ladi deb o’yladim. Shu doston yozilgan kitobniyam tuhfalagim keldi.
-Qani mening sovg’am unda? – yosh bolalardek keskin xitob qildi u ko’zlari baxtdan chaqnab. Go’yo u shu lahzalarda o’zini orzular ko’shkida turgandek sarxush sezardi.
-Bu sizga! – dedi Zebo qo’lidagi qalin muqovali kitobni yigitga uzatib.
-Raxmat. Evaziga manavu atirgullar bag’ringizni to’ldirsin. — Yigit halitdan beri qo’lida avaylab ushlab turgan qip-qizil guldastasini suyuklisiga uzatdi.
-Shundoq ayozdayam ochilibdimi bular? – Hayajonini yashirolmadi qiz.
-Siz uchun ochilgan ekan.
-Aldoqchi.
-O’zingiz shunaqa!
-Men qachon yolg’on gapirdim?
-Bilmaysizmi?
-Bilmayman.
-Hech kimsaga ko’ngil qo’ymayman deganlaringizdan tonasizmi?
-Tonmayman.
-U holda meni sevmas ekansiz-da?
Qiz ne deyishni ham bilmay uyatdan ko’zini yerga qadadi.
-Men sizga tuyg’ularim haqida so’z ochishdan istihola qilaman, — dedi u sekingina.

***

Javlonbek uyiga kechqurun yetib kelganida xotini va bolalari allaqachon uyquga ketishgandi. Ichkari yotoqxonaga kirmay, zal to’risidagi divanga asta yonboshladi. Negadir ko’ziga uyqu kelmadi. Hali hanuz “Layli va Majnun”ning og’ir qismati ruhiyatiga ta’sir qilib, yuragini iztirobga solar, ich-ichidan xo’rligini keltirardi. U ko’ngliga malham izlab qo’lidagi kitobni ochdi. Ochdiyu, kutilmaganda orasidan chiqib qolgan xat yigitni sergaklantirdi. U Zebodan edi.
“Maktub – yuzma-yuz turganda aytolmagan hislaringizni qog’ozga joylab, o’z egasiga avaylabgina yetkazishingiz mumkin bo’lgan ajib zarqog’oz ekan, dilqog’oz, tuyg’uqog’oz ekan. Ochig’i, men ushbu nomani bitmoqqa ko’p ikkilandim, qo’rqdim. Chunki, ko’nglimdagi gaplarni yigit kishiga aytib o’rganmaganman. Ammo bugun ichimdagi judayam kuchli bir ovoz yozishga, to’kilishga undadi. Axir, siz mening hayotimda, xayollarimda qanchalar chuqur joy egallaganingizni bilmaysiz deb o’yladim. Bunga tashqaridan qaraganda o’zimning behad jiddiy ko’rinishim sabab. Aslida qalbimda tuyg’ular shunchalik qaynab toshadiki, dengiz hislarim oldida bir ko’lmakday gap. Bolaligimdan aql bilan ish tutishga, har neni hisob-kitob chig’irig’idan o’tkazishga, gap-so’zlarga mulohaza bilan yondoshishga o’rgatib tarbiyalashgan. Shu boisdan, siz hayotimga kirib kelmaguncha muhabbatni xayolimga ham keltirolmagan bo’lsam kerak. Bu qadar kuchli hisning asiriga aylanaman deb sira tasavvurlolmasdim. Chunki men uzoq yillar davomida yashil chiroq yonganini ilg’amay, mag’rurlik bilan sariq, za’faron nurlar ostida umrimni boy berdim. Aslida har bir inson tuyg’ularini anglab olishi uchun vaqt kerak bo’larkan. Men sevgini anglashga kechikmadimmi degan o’ylarga borib, qo’rquvlarga tushib ketaman ba’zan. Lekin baribir sizni topdim va siz tomon chorrahani kesib o’tishga jazm ayladim. Tuyg’ulardan aqlni ustun ko’ruvchi qizga ishq neligin anglatganingiz uchun tashakkur!
Samimiyat ila sizning Zeboyingiz.”
Javlonbek xatni o’qib ko’zlaridagi yoshlarini kafti bilan artdi. Qizning ijtimoiy tarmoqdagi profiliga kirib “Nomangizni oldim. Xuddi o’zingizday go’zal bitibsiz” deya yozib qo’ydi. So’ng miriqib tinch va xotirjam uyquga ketdi. Tongda hammadan erta uyg’onib o’zi nonushta tayyorladi. Kiyinib, taranib, barvaqt ishga jo’nadi…

***

Yigit tushdan keyin qizga qo’ng’iroq qilib, telefon o’chirilganiga biroz hayron bo’ldi. Ehtimol majlisdadir, degan o’yda o’zining javob qaytarishini kutib kunni kech qildi. Ko’ngliga qandaydir havotir cho’kdi. Yana va yana raqamga ulanish tugmasini bosar ekan, har safar bir xil “Abonent apparati o’chirilgan” so’zi takrorlanaverib, tinglayverib xunobi oshgancha uyiga yo’l oldi. Balki qiz uyalayotgandir, deya yaxshi gumonlarga borishga harakat qildi. Kechqurun eshikni ko’zlari yig’idan qizarib ketgan rafiqasi ochdi.
-Zebo Yo’ldosheva kim? — dedi u to’satdan.
-Qanaqa Zebo?
-O’zingizni go’llikka solmang. Qaysi Zebo bo’lardi, siz har doim telegramingizda yozishib yuradigan anavi megajin qari tovuqda!
-Og’zingga qarab gapir xotin! U qiz sen o’ylagandek…
-Ayting-ayting, qanaqa u? Birovning erini yo’ldan urishga uyalmaydigan oppoq farishtami?
-Ha, farishta!
-Menga rahmingiz kelmasa ham, hech bo’lmasa, shu ikki bolangizga achinmadingizmi, uyatsiz! Tag’in hammani aldab, qanaqasiga o’zingizni erkakman, otaman deb yuribsiz. Hayf sizdaqa erga. Meni qaro go’rga tiqdingiz, hayotimni xazon qildingiz.
Javlonbek hozir nimadir desa so’zlari olovga battar kerosin sepgandek aks ta’sir qilishini anglab tilini tiydi. Xotini Zumrad esa battar jazavaga tushdi.
-Ilgariroq yozishmalaringizni o’qib, o’sha betiyiqning sharmandasini chiqazishdan o’zimni bir-ikki to’xtatgandim. Biroq ertalab yostig’ingiz ostidan manavi xatini topib olib, qonim qaynab ketdi.
Javlonbek xotinining qo’lidagi xatga ko’zi to’shib yuragi “shuv” etdi. Uning keyingi so’zlarini eshitgach, ko’zlari dahshatdan chaqchayib, yiqilishiga sal qoldi. Hammasi tamomligini angladi.
-O’sha qari ilonning maktabiga borib, hamkasblariyu o’quvchilari oldida sochini yulib, yuzini tuproqqa qorishtirib keldim. Oilalik erkakni yo’ldan urish qanday bo’lishini ko’rib qo’ydi hammasi. Bari qilmishlarini bo’yniga qo’yib asl basharasini yonidagilarga tanitib qo’ydim.
-U-chi? U nima dedi? – Javlonbekning qo’rquvdan tanasiga dag’-dag’ qaltiroq kirdi.
-Nima ham deya olardi, men o’shaning gapini eshitib o’tirgani borganmidim. Yuz-ko’zini yumdalayotsam, “Sizning borligingizni bilmagandim, opa?!” deya kechirim so’rab, poyimga cho’kib tavallo qilishni bildi, xolos. O’zicha meni boplab laqillataman deb o’yladi chamasi.
-Unda ayb yo’-o’-o’-o’q! – Qichqirdi er bor ovozi bilan. Kutilmagan shovqindan ichkari uydagi katta o’g’li yig’lab tashqariga otildi.
– Men Zeboga oila qurganimni aytgim kelmagandi. U chindanam bilmasdi. Nimalar qilib qo’yding, xotin?
Javlonbek umrida ilk bor xo’ngrab yig’lab yubordi. Hatto yon qo’shnisi Robiya xola yig’i ovozini eshitib, yoniga chopib kelganini ko’rganda ham o’zini to’xtatolmadi. U hozir hamma narsani unutgan, hayotning, yashashning mazmuni tugagan edi. Endi o’lari ham, qolari ham baribir edi. Javlonbek dunyodagi eng sevgan insonidan bir umrga ayrilganiga balki chidashi mumkindiru lekin, o’sha beayb, beg’ubor, farishtasifat qizning boshiga xunuk fojiani yo’liqtirgani uchun o’zini qanday kechira oladi, qanday oqlay oladi…

02

(Tashriflar: umumiy 339, bugungi 1)

1 izoh

  1. Assalomu alaykum yaxshimisiz? Siz yozgan oʻzlik hikoyangiz bilan nima demoqchisiz ? Uning asl ma’nosi qanday? Ya’ni inson oʻzligidan qochib yashashini tasvirladingizmi?

Izoh qoldiring