Abdulazizxon Akramov. Dor yasovchi usta

17Михни қайираётиб чиранган билакларидаги томирига эътибор берди. У томир кўкиш бўлиб майсанинг ерга кўмилган ҳолатига ўхшарди. Томиридаги қон гўёки михни қайириш учун ўрнидан тураётгандай таасурот уйғотди. Ҳолбуки чираниш кучи томирни шу даражада чиройли ва кўримли қилган эди!..

Абдулазизхон Акрамов
ДОР ЯСОВЧИ УСТА
«Жаллодлик фалсафаси»  қиссасидан парча


02Михни қайираётиб чиранган билакларидаги томирига эътибор берди. У томир кўкиш бўлиб майсанинг ерга кўмилган ҳолатига ўхшарди. Томиридаги қон гўёки михни қайириш учун ўрнидан тураётгандай таасурот уйғотди. Ҳолбуки чираниш кучи томирни шу даражада чиройли ва кўримли қилган эди! Билагидаги куч шу ковак майсадан оқиб михсуғургич вужуди орқали михга оқиб ўтаётгандай бўлди. Михнинг боши қайрилган ҳолда кўрар экан куч таъсирида ҳар қандай метинлик ҳам шу аҳволга келишини ўйлади. Уста ёғоч вужудида ҳар сафар мих киргизар экан агар шу дараҳт тирик бўлгандачи деб тасаввур қилади. Михни секин қоқаётиб хар сафар дарахтни силаб,ундан узр сўрайди. Фарзандсизлиги туфайли у дарахтларга кўпроқ мехр қўйган. Михни дарахт танасидан суғураётиб шодланади. “ Сени азоблаётган тикандан ҳалос қилмоқчиман” дейди у.

Ҳолбуки у Хон саройи учун бироз ёқимсизроқ иш — Дор ясаш билан машғул эди. У ясаган дор -ажал ускуналари сарой жаллодларига жуда мақбул эди . Хаттоки бир гал хиёнат ва ички исён туфайли оммавий қатл ҳукмида бирданига бир неча юзлаб дорлар буюртмаси пайтида ҳам устанинг ишлари уялтирмаган эди. Вазир буни муносиб баҳолаб бир неча халта тилло юбортирганини Уста ширин энтикиш билан эслайди…

Дараҳтзор оралаб бораркан дараҳтларни синчиклаб кузатади. Ҳар бир дараҳт унинг нигоҳидан нимагадир қочаётгандай туюлаверади. Қўлидаги ялтироқ болғаси билан атрофни синчиклаб қарар ҳар бир дараҳт вужудида яшириниб ётган дор устунини тасаввур этарди. Уни синчков нигохи дарахтларни бир кўргандаёқ бахолай оларди. Одам кўтара оладими йўқми дарров сезарди Уста. Одам кўтариш осон иш эмас дерди хотинига. Одамни баъзида ер кўтармайдиб дорнику қўёяверасан. Дорбоп дарахт ўзини менга қандай кўрсатишни билади.

..Ниҳоят у бир дараҳт қаршисида тўҳтади . ғоят чиройли ва теккис дараҳтни атрофини сергаклик билан айланиб чиқди. Бу дараҳт тоғ бошланишидаги кенгликда жойлашган бўлиб ёлғиз ўсган эди. Мевали дараҳт бўлса ҳам ёмғир камлиги туфайли кейинги йиллар мевасини тўкиб мевасиз дараҳтга айланиб бўлган эди. Устани муҳаббатли нигоҳига сазовор бўлишига эса унинг илдизи сабаб бўлди. Илдизи тошни ёриб чиққан эди! Айнан мана шундай мустаҳкам дараҳт керак унга. Тошни ёра билган ва унча мунчага узулиб синмайдиган ҳолдаги дараҳт керак унга.

Юмшоқ туфроқларда ўсувчи илдизлар шавқат тимсолидлайю Шавқат қалбни юмшоқ қилади. Бу қатлга алоқадор нарсалар борки барчасини мураккаблаштиради. Қатл тугал амалга ошса ҳам шавқат аралашган қалб эски зарбадан дарз кетади. Дарз кетиш ярим синишдир.Синишни эса Уста жуда ёмон кўради.

У дараҳтни силади ва кўзини аста юмди. Устун қаршисида ердан узулган оёқни тасаввур қилди. Ва шу лаҳзада ўзи ясаган дорни мустаҳкам ва мағрур туришини ўйлади. Мана ғалабаси уни! Енгилган вужудни кўтариб турган ёғочнинг муаллифи у! Жилмайди. Дараҳт танасига қулоғини босаркан муздайликни ҳис этди. Бироз сесканиб бошини орқага ташларкан аста дараҳтни ҳайриҳоҳларча енгил қоқиб қўйди. Ва шивирлади: — Ҳали ичингга қон кирсин, қизийсан…

Дараҳтни чопаркан ҳар зарбадан кейин енгил тин олади. Бўлмаса кейинги зарбага куч етишмаслиги мумкин. Шундай ҳулосаки ўтинни ёрмоқ учун ҳар гал янада кучлироқ зарба билан урмоқ керак. Зарба бераркан яна кўк томирларини кўрди. Улар зўриқар, бутун баданидаги қон ҳаракатини аниқ ҳис этарди. Дараҳт ағанашига яқин гарчи тик турган бўлсада зарба беришни тўҳтатди.

Устанинг ўзига ҳос бир одати бор эди. У дараҳтни ағанашига яқин зарба беришни тўҳтатиб бир кун қолдирар эди. У шошилмай оёқ кийимига ичига киргизилган ўткир тиғли кичик паккисини чиқарди. У ёрдамида дараҳтнинг сал юқорироқ қисмидан кичикроқ чуқурча очди.

( Оғизча.) Билагини юқори қисмидан енгилгина тилди. Қизил қон сизиб чиқди. Уста жилмайганча паккисининг тиғи билан қонини олиб чуқурчага суртди…

Билагини боғлагач болтасини қўлига олиб дараҳтни олдидан кетаркан шивирлади: Яна қон хоҳласанг эртагача тик турасан!..

… тунда кучли шамол бўлди. Уста деразасидан ташқарисига қараркан : — Сенга ишонаман! Сенга ишонаман! деб негадир телбаларча такрорларди…

Тонгда минг ҳаяжон билан тоғ этагига ошиқди. Ҳаллослаб кетаркан ҳаёлида минг бир ҳавотир кечарди. Аммо ўзича шивирлаб, нималарнидир деб таскин бериб борарди. Ниҳоят узоқдан ёлғиз дараҳтни мағрур турган танасини кўзи илғади! Севинчидан негадир югурди. Оёқ кийимлари оёғидан чиқиб кетди. Тошлар ботишини ҳис қилмаётган оёқ тинмай дараҳт тамон ошиқарди. Югуриб етиб келиб дараҳтни маҳкам қучди. Қучаркан туни билан кечган хавотирлари гўёки танасидан чиқиб кетди. Бир лахза кўзларини юмиб хаёжонини босиб олди. Ва сени висолга тезроқ элтаман дедию болтаси билан хал қилувчи зарбани берди…

…ҳовлисидаги ясалган дорга завқ билан тикиларкан ширин ҳаёлларини давом эттирди.

..Бу орада мамлакатда сиёсий ўзгаришлар юз берди. Золим подшох ўрнига одил ва ҳалим подшох келди. Қонунлар юмшоқлашди. Қатллар деярли тўхтади. Устанинг ховлисида турган дор унга борган сари мунғайиб боқаётганга ўхшар, Уста хар дор ёнидан ўтканида ичидан қиринди ўтарди. Ясалган дор эса бир неча ёмғирларни кўрди. Янгилик қути ўчиб аста секин эскира бошлади. Уста қанчалик асрамасин аста секин дор мустаҳкамлигига путур ета бошлади. У ясаган дорини асрашга харакат қилар, у билан кўп гаплашар эди. Қор ёмғир кунлари ҳам дор тагидан кетмай тинмай дорга таскин берар уни ўзи кўрган қатлли хотирларини бирма бир қайта қайта сўзлаб берарди. Хатто қорли кунларда кўп ховлида ўтириши дастидан қаттиқ касал бўлиб ётиб қолди. Хотини унга уйни ичкари қисмига жой қилиб бергани туфайли қарагани келганида тинмай дор турибдими деб ҳадеб ҳавотирланаверарди. Ҳасталик борган сари кучайиб бораркан у ўрнидан туролмай қолди. Борган сари силласи қурирди. Хотинидан ховлига дорини олдига жой қилиб беришини аввал талаб қилди. Рози бўлмагач минг таваллолар билан ялиниб ёлворди. Хотини рози бўлмади. Лекин дераза тагига жой қилиб берди. Уста ҳар куни дорга узоқ тикилиб ётар, гоҳида пинакка кетиб қолиб чўчиб уйғониб биринчи севимли ускунаси тарафга хавотир аралаш қарар ва ҳотиржам тортарди. Устанинг борган сари танидан қувват кета бошлади. У лекин илинжини сақлаб қолганди! Эскирган дарвозаси очилади ва севгилисни висолга қараб олиб кетишади! Ҳар куни шу сонияни тиларди. Охирги пайтларда фақат ва фақат шу ўй билан яшай бошлади. Аммо дард дегван уни қувватини танадан сўриб олаётган эди…

..Тонгда устанинг хотини кечроқ уйғонди. Эрининг олдига келаркан негадир нафас олмаётганини билиб қолди ва қичқириб юборди! Минг дахшат ичида эрини силкиркан гох қучоқлар, гох уни қавариқ қўллари билан мурда юзини ўзига қаратди. Устанинг юзида негадир кулган одам қиёфаси қотиб қолганди. Бахтдан энтикаётган инсон қиёфаси!

Хотин юздаги ифодадан қўрқиб кетиб ўзини орқага ташлади ва қаттиқ бақириб йиғлаб ўзини ташқарига отди. Ташқарига чиқар чиқмас ташқаридаги манзарадан бирдан йиғидан тўхтаб кўзлари ола кула бўлиб кетди. Дахшатдан сочларини чангаллаб ўтириб қолди!
… Дор дераза олдига келганди…

2012 йил Яйпан

Яна шу мавзуда мутолаа қилинг:
Абдулазизхон Акрамов. Жаллодлик фалсафаси. 7-эшик. Пир ва мурид (Қиссадан парча)
Абдулазизхон Акрамов. Жаллодлик фалсафаси. 8-эшик. Мусиқачи (Қиссадан парча)

09Mixni qayirayotib chirangan bilaklaridagi tomiriga e’tibor berdi. U tomir ko’kish bo’lib maysaning yerga ko’milgan holatiga o’xshardi. Tomiridagi qon go’yoki mixni qayirish uchun o’rnidan turayotganday taasurot uyg’otdi. Holbuki chiranish kuchi tomirni shu darajada chiroyli va ko’rimli qilgan edi!..

Abdulazizxon Akramov
DOR YASOVCHI USTA
«Jallodlik falsafasi» qissasidan parcha


01Mixni qayirayotib chirangan bilaklaridagi tomiriga e’tibor berdi. U tomir ko’kish bo’lib maysaning yerga ko’milgan holatiga o’xshardi. Tomiridagi qon go’yoki mixni qayirish uchun o’rnidan turayotganday taasurot uyg’otdi. Holbuki chiranish kuchi tomirni shu darajada chiroyli va ko’rimli qilgan edi! Bilagidagi kuch shu kovak maysadan oqib mixsug’urgich vujudi orqali mixga oqib o’tayotganday bo’ldi. Mixning boshi qayrilgan holda ko’rar ekan kuch ta’sirida har qanday metinlik ham shu ahvolga kelishini o’yladi. Usta yog’och vujudida har safar mix kirgizar ekan agar shu daraht tirik bo’lgandachi deb tasavvur qiladi. Mixni sekin qoqayotib xar safar daraxtni silab,undan uzr so’raydi. Farzandsizligi tufayli u daraxtlarga ko’proq mexr qo’ygan. Mixni daraxt tanasidan sug’urayotib shodlanadi. “ Seni azoblayotgan tikandan halos qilmoqchiman” deydi u.

Holbuki u Xon saroyi uchun biroz yoqimsizroq ish — Dor yasash bilan mashg’ul edi. U yasagan dor -ajal uskunalari saroy jallodlariga juda maqbul edi . Xattoki bir gal xiyonat va ichki isyon tufayli ommaviy qatl hukmida birdaniga bir necha yuzlab dorlar buyurtmasi paytida ham ustaning ishlari uyaltirmagan edi. Vazir buni munosib baholab bir necha xalta tillo yubortirganini Usta shirin entikish bilan eslaydi…

Darahtzor oralab borarkan darahtlarni sinchiklab kuzatadi. Har bir daraht uning nigohidan nimagadir qochayotganday tuyulaveradi. Qo’lidagi yaltiroq bolg’asi bilan atrofni sinchiklab qarar har bir daraht vujudida yashirinib yotgan dor ustunini tasavvur etardi. Uni sinchkov nigoxi daraxtlarni bir ko’rgandayoq baxolay olardi. Odam ko’tara oladimi yo’qmi darrov sezardi Usta. Odam ko’tarish oson ish emas derdi xotiniga. Odamni ba’zida yer ko’tarmaydib dorniku qo’yoyaverasan. Dorbop daraxt o’zini menga qanday ko’rsatishni biladi.

..Nihoyat u bir daraht qarshisida to’htadi . g’oyat chiroyli va tekkis darahtni atrofini sergaklik bilan aylanib chiqdi. Bu daraht tog’ boshlanishidagi kenglikda joylashgan bo’lib yolg’iz o’sgan edi. Mevali daraht bo’lsa ham yomg’ir kamligi tufayli keyingi yillar mevasini to’kib mevasiz darahtga aylanib bo’lgan edi. Ustani muhabbatli nigohiga sazovor bo’lishiga esa uning ildizi sabab bo’ldi. Ildizi toshni yorib chiqqan edi! Aynan mana shunday mustahkam daraht kerak unga. Toshni yora bilgan va uncha munchaga uzulib sinmaydigan holdagi daraht kerak unga.

Yumshoq tufroqlarda o’suvchi ildizlar shavqat timsolidlayyu Shavqat qalbni yumshoq qiladi. Bu qatlga aloqador narsalar borki barchasini murakkablashtiradi. Qatl tugal amalga oshsa ham shavqat aralashgan qalb eski zarbadan darz ketadi. Darz ketish yarim sinishdir.Sinishni esa Usta juda yomon ko’radi.

U darahtni siladi va ko’zini asta yumdi. Ustun qarshisida yerdan uzulgan oyoqni tasavvur qildi. Va shu lahzada o’zi yasagan dorni mustahkam va mag’rur turishini o’yladi. Mana g’alabasi uni! Yengilgan vujudni ko’tarib turgan yog’ochning muallifi u! Jilmaydi. Daraht tanasiga qulog’ini bosarkan muzdaylikni his etdi. Biroz seskanib boshini orqaga tashlarkan asta darahtni hayrihohlarcha yengil qoqib qo’ydi. Va shivirladi: — Hali ichingga qon kirsin, qiziysan…

Darahtni choparkan har zarbadan keyin yengil tin oladi. Bo’lmasa keyingi zarbaga kuch yetishmasligi mumkin. Shunday hulosaki o’tinni yormoq uchun har gal yanada kuchliroq zarba bilan urmoq kerak. Zarba berarkan yana ko’k tomirlarini ko’rdi. Ular zo’riqar, butun badanidagi qon harakatini aniq his etardi. Daraht ag’anashiga yaqin garchi tik turgan bo’lsada zarba berishni to’htatdi.

Ustaning o’ziga hos bir odati bor edi. U darahtni ag’anashiga yaqin zarba berishni to’htatib bir kun qoldirar edi. U shoshilmay oyoq kiyimiga ichiga kirgizilgan o’tkir tig’li kichik pakkisini chiqardi. U yordamida darahtning sal yuqoriroq qismidan kichikroq chuqurcha ochdi.

( Og’izcha.) Bilagini yuqori qismidan yengilgina tildi. Qizil qon sizib chiqdi. Usta jilmaygancha pakkisining tig’i bilan qonini olib chuqurchaga surtdi…

Bilagini bog’lagach boltasini qo’liga olib darahtni oldidan ketarkan shivirladi: Yana qon xohlasang ertagacha tik turasan!..

… tunda kuchli shamol bo’ldi. Usta derazasidan tashqarisiga qararkan : — Senga ishonaman! Senga ishonaman! deb negadir telbalarcha takrorlardi…

Tongda ming hayajon bilan tog’ etagiga oshiqdi. Halloslab ketarkan hayolida ming bir havotir kechardi. Ammo o’zicha shivirlab, nimalarnidir deb taskin berib borardi. Nihoyat uzoqdan yolg’iz darahtni mag’rur turgan tanasini ko’zi ilg’adi! Sevinchidan negadir yugurdi. Oyoq kiyimlari oyog’idan chiqib ketdi. Toshlar botishini his qilmayotgan oyoq tinmay daraht tamon oshiqardi. Yugurib yetib kelib darahtni mahkam quchdi. Qucharkan tuni bilan kechgan xavotirlari go’yoki tanasidan chiqib ketdi. Bir laxza ko’zlarini yumib xayojonini bosib oldi. Va seni visolga tezroq eltaman dediyu boltasi bilan xal qiluvchi zarbani berdi…

…hovlisidagi yasalgan dorga zavq bilan tikilarkan shirin hayollarini davom ettirdi.

..Bu orada mamlakatda siyosiy o’zgarishlar yuz berdi. Zolim podshox o’rniga odil va halim podshox keldi. Qonunlar yumshoqlashdi. Qatllar deyarli to’xtadi. Ustaning xovlisida turgan dor unga borgan sari mung’ayib boqayotganga o’xshar, Usta xar dor yonidan o’tkanida ichidan qirindi o’tardi. Yasalgan dor esa bir necha yomg’irlarni ko’rdi. Yangilik quti o’chib asta sekin eskira boshladi. Usta qanchalik asramasin asta sekin dor mustahkamligiga putur yeta boshladi. U yasagan dorini asrashga xarakat qilar, u bilan ko’p gaplashar edi. Qor yomg’ir kunlari ham dor tagidan ketmay tinmay dorga taskin berar uni o’zi ko’rgan qatlli xotirlarini birma bir qayta qayta so’zlab berardi. Xatto qorli kunlarda ko’p xovlida o’tirishi dastidan qattiq kasal bo’lib yotib qoldi. Xotini unga uyni ichkari qismiga joy qilib bergani tufayli qaragani kelganida tinmay dor turibdimi deb hadeb havotirlanaverardi. Hastalik borgan sari kuchayib borarkan u o’rnidan turolmay qoldi. Borgan sari sillasi qurirdi. Xotinidan xovliga dorini oldiga joy qilib berishini avval talab qildi. Rozi bo’lmagach ming tavallolar bilan yalinib yolvordi. Xotini rozi bo’lmadi. Lekin deraza tagiga joy qilib berdi. Usta har kuni dorga uzoq tikilib yotar, gohida pinakka ketib qolib cho’chib uyg’onib birinchi sevimli uskunasi tarafga xavotir aralash qarar va hotirjam tortardi. Ustaning borgan sari tanidan quvvat keta boshladi. U lekin ilinjini saqlab qolgandi! Eskirgan darvozasi ochiladi va sevgilisni visolga qarab olib ketishadi! Har kuni shu soniyani tilardi. Oxirgi paytlarda faqat va faqat shu o’y bilan yashay boshladi. Ammo dard degvan uni quvvatini tanadan so’rib olayotgan edi…

..Tongda ustaning xotini kechroq uyg’ondi. Erining oldiga kelarkan negadir nafas olmayotganini bilib qoldi va qichqirib yubordi! Ming daxshat ichida erini silkirkan gox quchoqlar, gox uni qavariq qo’llari bilan murda yuzini o’ziga qaratdi. Ustaning yuzida negadir kulgan odam qiyofasi qotib qolgandi. Baxtdan entikayotgan inson qiyofasi!

Xotin yuzdagi ifodadan qo’rqib ketib o’zini orqaga tashladi va qattiq baqirib yig’lab o’zini tashqariga otdi. Tashqariga chiqar chiqmas tashqaridagi manzaradan birdan yig’idan to’xtab ko’zlari ola kula bo’lib ketdi. Daxshatdan sochlarini changallab o’tirib qoldi!
… Dor deraza oldiga kelgandi…

2012 yil Yaypan

Yana shu mavzuda mutolaa qiling:
Abdulazizxon Akramov. Jallodlik falsafasi. 7-eshik. Pir va murid (Qissadan parcha)
Abdulazizxon Akramov. Jallodlik falsafasi. 8-eshik. Musiqachi (Qissadan parcha)

07

(Tashriflar: umumiy 237, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ажойиб ҳикоя. Аммо таҳрирталаб.Диққатни тортадиган иккита имло хатони айтаман:
    дарах ва шафқат сўзлари нотўғри ёзилган.

Izoh qoldiring