Abdulazizxon Akramov. She’rlar

Ashampoo_Snap_2017.11.24_15h04m00s_003_.png    Бугун шоир дўстим Нодир Жонузоқ билан суҳбатлашиб ўтирганимизда, бир Абдулазиз деган шоир бор, мутахассислиги бўйича врач бўлса ҳам, яхши шеърлар ёзяпти, деб қолди. Хуршид аканинг сайтидан топиб, шеърларини ўқиб чиқдим. Изланишлари менга маъқул бўлди (Фахриддин Низом — Фахриёрнинг фейсбук саҳифасидаги ёзувидан).

Мен ҳам роппа-роса 2 йил аввал Абдулазизхоннинг шеърлари билан танишгач, бир сўз ёзган эдим. Ўша сўзларни яна бир карра такрорлагим келди (Уни мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин)

Абдулазизхон Акрамов
ШЕЪРЛАР
07

6db15a1a326201019bf0129240317446.pngАбдулазизхон Акрамов 1987 йилда Яйпан шаҳрида туғилган. Ўрта мактабдан кейин Андижон Давлат тиббиёт институтида таҳсил олиб, 2014 йили тугатган. Тиббиёт соҳасида фаолият юритса-да, ўзининг айтишича, шеъриятнинг барча замонавий турларига қизиқади. Қизиқиши баробар ўз қаламини бу турларда синаб кўришга интилади. Ижодий ишлари вақтли матбуотда, шу жумладан «Хуршид Даврон кутубхонаси»да  эълон қилинган.

07

Илгактугма

Рафиқ Сайдуллога

1.

сояси билан келишмаган
вужудда сен нима қилурсан?
деб игнага савол бераман —
битта кўзи саволдан ҳурсанд.
жимлигингни хонада тутиб —
ташқарига судраб чиқармоқ.
гулдонингда хазон фаслида
болалайди бева бир армон.
нафратингни айблама унча
уни сурма чеккага…
зеро тўппонча билан ҳам —
гул чизмоғинг мумкин чаккага…

2.

Балиқ кичик аквариумдан —
маюс кўзла боқди болага
бола кичик тушунча билан —
унинг тутқунлигини билди.
Стул қўйиб стол устида
кичик кучла итарди аста —
Аквариум синди бутунлай…
полда ётган балиқ озига
қараб ҳайрон боқди болакай…
фожеадир балиқ ўлими…
муқаддасдир кичик тушунча!

3.

мия бурмасига май қуйиб —
тафаккурни хиралатмоқ боз.
ҳассос қизнинг пок булоғига
танга ташлаб лойқалатмоқ соз.
…дорбоз бўлгай албат жаннатий —
савоб ажралади пўстидан.
у рақс тушиб боради дадил!
сирот кўпригининг устида…

4.

улкан ғоя ичра адашиб —
тарвақайлар сени нафасинг.
билки қалам нобуди учун-
етар бармоқларинг қафаси.
шоир чўкар экан денгизга-
тубга борар экан илгари
ва ниҳоят!
у моҳиятни-
чуқур тушунмоқни илғади…
истамаймиз сузиб чиқишни
чўксак англаймизку бир нима..
сузмай қўйган ғариб
ШEЪРИЯТ-
елканлари йиртилган кема…

Тошкент, 2017

***

Бўғзин йиртиб август бақирар
мезонлардан дарахт огоҳми?
айролиқлар рақс тушар маҳмур
унга либос бўлади оҳим…

нурга нурнинг сояси тушмас
севгим кибрларда қунишма
қафасларда улғайган қушман —
балиқлардан қўрқади моҳим.

ишқ майини сузмади ғаффор…
бармоқларинг нега қон вафо?
бизга фурқат азал мукофот
фақат хийла дийдор паноҳим.

тугаб борар барча қурбларим
қайтар ҳамма мактубларимни,
азоб чирмар дил тубларимни…
мунча ширин бугун гуноҳим.

кўчаларда бегоналик авж
ҳажр руҳда уриб борар мавж
сенсиз яшаш учун борми важ?
сени излаб оғрир нигоҳим…

2013, Андижон

Жафо ташбеҳи

Тушим чўчиб уйғонар дилгир,
бурчагига суянар токча.
ўспирин сўз лабида қақшаб —
исминг ёлғиз турар кўйлакчан.
интизорлик пардозларида —
Ғижимланган эҳтирос таъби .
чизилишни истадинг беҳис —
тулки тишлаб узган гул каби.
Қарсакланган товушдай совуқ —
ҳаволади ўлик бўсалар.
қабоғимга ечиниб олиб —
кўзларимда сузар ғуссалар.
сендан кейин…
шеърларим рангли,
туйғуларим кулранг, қизиққон…
…устарани лабин кўрай деб —
томиримдан
мўралади
қон…

2014, Яйпан

Эскалотордаги Машраб
сюрреалистик шеър

тош бўлишни истайман ҳозир
қаттиқликнинг томорқасидан.
ёрдам берса бирор жоҳил қўл —
учмоқ мумкин қуш орқасидан.
кўзларини ёпиб қуролни
ўқ бўлишни истайман алҳол
севгилимнинг юраги аро —
қонли йўлни боссам ҳам…
висол..
қўғирчоқнинг узилган қўли
каби фикрим тўмтоқ ва хунук
мавҳумликнинг гулдони ичра —
кулган овоз очади туйнук.
туйнуксираб исёнкор кўзим
кўзгу ичра юрди тамирлаб…
саккизоёқ каби нафасни
тўсмоқ қийин икки лаб билан…
…мен қоқилдим тугаб зинаси
қош кўзим қон, дафъатан ағнаб.
рўпарамда
эскалаторда —
уйқусираб келади Машраб….

***

Бизни боғлар хорижий кишан,
руҳни зўрлар узлуксиз тармоқ.
тутқун балиқлармиз,
ҳолбуки-
қўлимизда туради қармоқ.

кўк далани соғинган товон,
бедазорни димоғ тусаган
муздай сойни қўмсаган бадан
ҳаммасини кишан ушлаган.

эй жўмард, эй қайнаган шиддат
кўзларингга не солди кўлка?
обод бўлмиш атроф мукаммал,
юрагингда  бузилган ўлка.

эй сулув, эй дилбари жаҳон,
гуллик умри наҳотки битди?
ул кимлардир мавҳум. Номаълум —
кўзгуингни синдириб кетди?

озод ватан, озоддир журъат,
аждодларга минг бора қуллуқ…
…кишан боғлаб баравар деймиз:
‘’Ассалому алайкум, қуллик!’’

* * *

Юмуқ кўзда ҳуркак ҳаракат
Кўраётиб чиздим вергулни.
Урдим.
Қовурғамга манглайин уриб
Сажда қилаётган қулни…

Дараҳт овозида ухлаган
Қурт шаклида одимлар шубҳа.
Борган сари иймон кексариб
Асо ушлаб ҳаллослар қурбда.

Даҳрийликнинг қўллари юмшоқ.
Кўзи сўқир. Овози бекин.
Мени танимасдан ҳар сафар
Юзларимни пайпаслар секин..

Ирфон саҳросида саргардон
— Худо қайда?
Дедим ҳар дамда.
Ташна эдим. Саҳро кимсасиз…

Кимдир нафас олди орқамда…

Рангли кутубхона

Чалғиган тил керак суринган
Идрокимда ғайрисаф пушта.
Ҳозир керак! Ҳозир айнан шарт —
Қонатгувчи китобнинг мушти.

Кўк мияда мавҳумлик жунбуш,
Тил чайнайди бетоқат қуллар.
Захарланган кулранг далада-
Алаф билан қовушди гуллар.

Мантиқ дўмбирасини синдир!
Тароқлансин ул кўкрак қафас.
Бу айниган, бузуқ хаводан —
Фикрларим ололмас нафас.

Эй олчоқ пат сен ёзган ҳар сўз
Вужудлансин, оғрисин, синсин.
Кўз ёш тўксин, кулсин дилдираб —
Сукут ичра рақс тушиб турсин.

Тарошланган чалкаш қарашлар
Куртак урар кўзимдан бўртиб.
Китобхонам — зим жаннатимда
Дайдиб юрар бир кўзли бўри.

Даф қилади дамбадам ҳушда
Тушда тишлар қилмайин шафқат.
Чавақланган вужудим кулар —
Хар тиш изи бетимсол лаззат…

Чалғиган тил керак суринган-
Қонатгувчи китобнинг мушти.
Фикрларим олади нафас.
Кипригим  оқ, кўзларим пушти…

Эснаётган йўлбарс

1.

Суваракдай яшовчан фикр
Исёнимга эт берар тинмай
қора қозон илҳомга сапчиб
Капгирланди қаламлару най.

ў тижорий маддоҳ, латтақалб
пайтавангни ижодга тиқма.
сендан бошқа адабиётда
етарлидир қанжиқу таъма.

пуф деганда болдиринг титраб
Қофиянгдан қочар тутуруқ.
Овозинг кар, бақириғинг мўл,
эҳтиросинг, ҳисларинг қуруқ.

Нафрат гуллаб борар гул очиб
бўш ғазабда уйғонар кибр.
фараҳингдан юқар дилимга
Суваракдай яшовчан фикр.

Қийин бўлди
уни ўлдирдим.
четдан қараб турди яхши ҳулқ.
Сен тириксан, ҳануз тириксан
Суваракдан баттарроқ маҳлуқ.

2.

Турна каби тумшуғи узун
Турна каби оёғи ингич-
ка
жудаям,
ҳуши бузилган
қаҳқаҳаси йиғисидан зич
кимса.
Яна ҳароба бозор,
инларини бузиб турар қуш-
им,
ағдариб қабоқларимни-
Ялаб турар чанқаган бир туш.

Секинлайман, тиғ шаклида сўз
Бўйин аро излар ўзини.
туш ортидан ҳайқириб кимса
Кўрсатмайди менга ўзини.

кўринмайди, қора девор бор
ҳар гал келса тонгни қирғоғи
уйғонаман,
девор устида
турар фақат қонли бармоғи..

3.

«Тарс ёрилиш.»
ўпками ё тош
ё юракми музлаган, тинган.
юмалоқ бир ҳаво орқали —
Кириб келдинг мана ичимга.

вулқон каби иҳрайсан ичдан
етиласан улкан бир тикан.
Тарс ёрилиш…
Ўпками ё тош?
бўғзим экан, ай бўғзим экан…

4.

Жимлан, кимлан, дудуқлан тинмай
Қўлинг ишлаб чиқарсин қарсак.
Бўйнинг пастга,
Қорнинг ичига
сал қаттиқроқ ботсин сўнг тирсак.

Тавозе ва такаллуф аро
Лаблар ҳаракатдан тинмасин.
ҳақиқатдай бўйнинг эгилиб —
аммо сира , сира синмасин.

титраб тургин, майли нафас ол
Фақат секин…
Секинмас аранг…
Йўқ бу йўлбарс эснамаяпти
фақат сенинг қулоғинг гаранг…

Исён кўйлаги

1.

Эски жавон титкилаётсам
Ҳар хил латта буюмлар қўпиб 
Орасидан чиқди дабдуруст
Отам кийган қўқони дўппи.

Майлим замонасоз.
Шу сабаб —
Кузатаман дунё чархини.
Кийиб юрсам уни…
Ўйладим-
дўппи бузар сочим тархини.

кўзгу қараб бошга қўндирдим
Чети турди пешонам ўпиб…
Кўча — замон.
Чиқмоқчи бўлсам —
Мени ечиб қўйди сўнг дўппи…

2.

Аввал обдон кузат қий четларини
(бу мавзу сиғмайди хаёлий шеърга.)
Бу жуда жўн қонун
Оддий қоида —
уруғ етилганда уни эк ерга…

Ҳар неки етилса сенда бетиним
Муҳаббат етилса, ҳижрон етилса.
Фақат шу заминдир унга осуд жой
уни кўм.
у билан кетсин бор тилсим…

…борган сари ўчман озодлик сари
Борган сари дилда қутурар исён.
оддий қоидани мудом ёдда тут…
Мен ҳам етиляпман
Ҳушёр бўл инсон.(!).

3.

Мен самовий оёқларимни
сермаб ҳаво кунжакларида.
Ҳорғин ҳорғин босардим қадам
Қушлар учар эди нарида.

дастлаб оддий замин истадим
Тугасайди дея парвозим.
кўк йўлини безарди унда
Камалакдек ёрқин овозим.

Ногоҳ ермас кўлга қуладим
бу жой ўзга қонунлар тутар.
сукунатни севар ҳар жонзот
жим сузишар, дум ликкиллатар.

ўпкамдаги ҳаво димланиб
Бир икки бор гапирдим баъзан
бақрайишди, кўрсаткич бармоқ
Лабларимга мудом босилган.

Кўндим, синдим, соқов ҳуқуқим
сўниб борди тубга чўккан дам.
Фақат айтинг БАЛИҚЛАР
Қандай  —
яшар энди ОВОЗли одам?

Жадал

1.

шовқинни кўтарган одам
Уни қачон ерга қўяр?…
масхарабоз кўз ёшин артиб-
лабини бўяр

экан саҳна томондан бирдан
Қарсак уни чақирар яна…
Нега шовқин тагида қолган
жимлик ва тана.

Ҳолбуки сен бу икки шеърни
Бир қафасда ўқирсан такрор.
Юзни бўяб ҳамма олдида
Масхарабоз шовқин кўтарар….

2.

Аччиқ кулгу юздан сирғолди
ёноқларда қолди билиниб.
Бармоқлари билан ёноқда
энди аранг турар илиниб.

Юксак одам,
Эй ҳайбат одам
сенга дунё бақо йўлими?
Жиддий тортдинг.
Ана асфальтда  —
Содир бўлди кулгу ўлими…

3.

секинликда секин секинлик
ўрмалайди тоборо секин.
Зикрим теграсида ҳаволаб —
Учиб юрар қанотли лекин.

Мен лекинни кузатиб туриб
ризқланаман ишқ шарбатидан.
юрагимни тортиб оламан
фоний дунё муҳаббатидан.

бир нур тортар руҳим илгари
Бир сўз чулғар мени мукаммал.
Жисмим туфроқ тарафга
Руҳим —
ҳаққа қараб…
…Жадал…

Заҳарланган шамсия

1.

Босқичланди иқрор турланиб
Ов чорлади ҳуркак ғизолни.
Атургулнинг тикони тушиб
Лойқалатди шаффоф висолни.

Ҳолбуки шавқ сузиб гавҳарда
Ҳайрат тасаввурни тароқлар.
Уй ичидан мени қидириб
Китоб нигоҳимни вароқлар.

Тушим аста либосин ечиб —
Кўзгу қарар, муаллақ жусса.
Ниқоб қилмоқ учун юзига
Мендан нусха кўчирар ғусса.

Оо ниқоблар турфа,
Уларни
Шеърим билан суғордим ўзим.
Ирфон тўлғоғида, жазбада —
Ўсиб чиқар ҳақиқий юзим…

2.

Аҳлоқимда таранг тортилди
Кибрларда чўктирилган таб.
Тарбиянинг бармоқларига —
Туҳум қўяр бепушт бир ғазаб.

Сокин шаҳсман. Исёним мудроқ
Онг боғимда фикр куй чалар.
Туҳумларни ички тарафдан —
Қимирлатар қичқириқчалар…

Чирмаб борар ҳушни зерикиш,
Жароҳатни тузлар андиша.
Ойни силлиқлаган балиқлар —
Кўзларимга тутади шиша.

Гулим сокит табассумингла
Жўн умримни этдинг жим караҳт.
Ҳайрон бўлма туфроқ тўкилса —
Мен дараҳтман.
Учётган дараҳт…

* * *

Мен эмасман дединг пичирлаб
Кўксингизга чўккан, юкинган.
Кузги замин — бағрингиз узра
Хазон каби аста тўкилган.

Мен эмасман дединг пичирлаб —
Сокин оқшом аролаб кутган.
Ғусса йиқитганда чалқанча
Елкангиздан оҳиста тутган.

Мен эмасман дединг пичирлаб —
Боғланмаган қисмат боғичлар.
Ҳаволарни тўлдирган халос —
Рангли ҳислар, ўтли соғинчлар.

Мен эмасман дединг пичирлаб —
Видо бизни топди, излади.
Кўзимиздан баҳт бўлиб оққан —
Сокин томчи беҳис музлади.

Мен эмасман дединг пичирлаб
Қонаб кетди сенга боққан кўз.
Санчилишчун ғариб кўксимга —
Пичоқланди пичирланган сўз.

Мен тушундим ёлғизим, жоним.
Сен эмассан.
Мана куз келди.
Фақат қийнар мени бир савол —
Жисмингдаги аёл ким эди?…

Оралиқлар
Мозаика

1.

Ов.
икки терс ҳарфнинг бирлашиши.
узун унлини тўҳтатган ундош.
қўлингдаги бургутни қўйвор!
учбурчакдир бўғзингдаги тош.
борган сари тарқоқдир ташбеҳ — 
фикрим орасидаги ипни
узиб борар исён — дудама.
кўчага чиқиб бақирар —
масжиддаги одам очлиги…

2.

Нигоҳингни деворларимда
унутиб қолдирибсан ногоҳон.
мен қўлимни қуёшга тутдим
қўлқопимдан томчилайди қон..
полга тушган ҳар бир томчи қон
юлдуздайин акс этиб порлар.
қизил порлаш — руҳим четида…
оралиқдан учиб ўтади-
чўп тишлаган маъсум мусича…

3.

Фариштанинг соясига жим
ёзиб чиқдим ажиб учликлар
Тушлик қилар ғамгин кўзларим
камалакранг уйқусизликда.
ғам бу майдир,
мен — қақроқ томоқ,
бизни боғлаб турар мустаҳкам —
баҳтдан озод бўлиш истаги…
қайтиш эҳтимолини судраб
осмонларга бир тош учадир…

Тошкент, 2017

Партия йиғилишидан сўнг…

Мажлис тугайди.
Фаррош
кириб келар катта саройга.
швабрасини олиб
қарсакларни йиға бошлайди.
ҳом, чала пишган
писмиқ қарсаклар.
номига янграган ва ёки
икки кафт орасида ёрилиб
шу заҳоти жон берган қарсакларни
артиб олар столлар аро.
минбар устида эса
пастроқ парвозлаган ялонғоч овоз —
турар муаллақ…

2015

Ҳайдеггер*

1.

кўприк —
икки бир бирини хоҳламаган соҳилни
мажбурлаб ушлаб турган
узала қўл.
иккимизнинг орамизда кўприкни
қандай ёқса бўлар?
ёндирса бўлар?….

2.

қўлларим енгилди муаллақ-
бугундан мен сени —
тириклик
оёғимда етаклаб юраман…
қилич кўтариб турган қўлга
ҳадиксираб қарайди —
тўққизта бармоғим…
ўнинчи бармоғим эса —
тепкини босди…

3.

пичоқ ушлайдиган қўлимда-
номоз ўқияпти чумоли…

2014, Яйпан

* Мартин Ҳайдеггер – олмон файласуфи (ХДК изоҳи)

Учинчи хулоса

бу расмни севаман уйғоқ
бу расмда йиғламли алам
бола
қўлида нон.
қонаган —
лаби қизил ва алвон нон ҳам.
хулосалар ингичка ўткир
ёки кескир устарадек тан.
тамакини чекиб кузатиб
хулосалар урчир
масалан:
қийинчилик қобирғасила
қисматининг ипи битишган.
гунг очликнинг ниҳоясида-
лаби қонаб нонга етишган
ёки бошқа ҳулоса мана:
сағирликда қолгандир омон
лаби майса каби юмшоқдир..
лабларини кесган қаттиқ нон.
учунчи хулоса қўрқинчли
(сиғмай қолар ювошроқ онгга.)
миллатини сотган ёвни ўлдириб-
ва
ботирган нонини қонга!…
бу расмни севаман уйғоқ…

2016, Фарғона

Санчқилар

1.

гадога ҳам сохта танга узатгувчи
ёлғонга айланиб борар —
фикрим.
Ҳаллож оёқлари рақс этди —
ҳаволанди бир лаҳза мутлақ
дор титрайди овозсиз, эзгин.
шеър ёзаман парвоз ҳақида…
осмондан ушоқ тополмай
деразамга келар мусича.
оч болалар дараҳтни туртмай
ўтиришар олма тагида…
кутиб.

2.

момиқ беозор мушугимизни-
думидан тортдим
игна суқдим оёқларига
у мени юмдалади
юлиб олди юзимдан дадил…
қийноқ кўрсатади
ҳақиқий юзни. (!)

3.

Ҳаллослайди хаво димиқиб
шабада ҳам эринар, қари.
кўкрак қафасингга саратон —
ўзин урар қаттиқ ичкари.
зерикишни олмадай тишлаб —
пўчоғини ирқитмоқ кўкка.
хотирани титкилаб топмоқ —
хаёлларинг учун каробка.
секин томирларимдан чиқиб —
гулга айланади беҳис қон.
деразани асабий ёпиб —
гулдонини синдирар шайтон…

2011, Яйпан.

Найзавар
синкретика

1.

отлар соясидай ғамгин ўй…
кимхобланар кимсиз кимлигим.
ич- ичимдан келар оқ товуш —
акс садо берар жимлигим.
қўғирчоқнинг севгиси каби
алмашинар ҳукмронлик.
Ҳал.
кўзларингга ин қурди майна —
гапир энди-
ким ожиз
ҳайкал?
каламушлар каптардай учди
думларида парвозий бир таб.
мен беркитдим қулоқларимни —
йўқ қанотлар шовқини сабаб…

2.

тонгда инсон бўлиб уйғонмоқ.
кейин қайтмоқ яна қуйига..
қўлим раққос…
оёғим раққос —
тамсиз камбағаллик куйига..

3.

кўзларини юмар
мусиқа —
ечиниб ичимга киради…
икки кафтим дўнглик
устида —
ғамгин бармоқларим юради.
улкан вахшийликка тайёрман!
ҳумо қушнинг бузилар ини.
қоғозларга михлашим зарур —
сониялар ҳомиласини.
ручка қопқоғини очаман —
очаман ручка қопқоғини
аҳир ҳар қандайин жаллодга —
ялонғоч бўйин шарт!…

2016, Фарғона

Тавр

парвоз учун дадил шайланган
фариштани тишлайди зикрим…
Таъқиқсимон маош сўзларни —
музга уриб синдирар фикрим.
ҳаёл дарахтининг коваги —
кўзим билан тўлди мириқиб.
тиш ва милким оралиғида-
махзун яшар ёлғон димиқиб.
хонам нафасига ҳамоҳанг —
саратонда зерикиш туйдум.
ўқ теккан қуш қичқириғини —
гулдонимга солиб сув қуйдим.
бир рутбада шавқ меваланди,
ибтидоий сўз унди онгдан.
ва негадир дастурхонимга
ўт қўйдиму, отдим балкондан…
Дада сизни соғиндим ёмон…
руҳим балоғатда соғ бўлди.
…улкан тоғдан юмалаган тош —
ялангликда
янги
тоғ бўлди…

2015

***

Ука сенинг кўзларинг юлдуз
менинг эса елкаларим тоғ.
онамизнинг кўзлари хира
онамизнинг қўллари қадоқ…

сенга қизлар гуллар отади,
мен ҳеч кимдан эмасдирман кам.
ўкинаман мушфиқ онамни —
хабар олиб гоҳ боролмасам.

сенинг кулгинг ҳаволар қаттиқ,
менинг кулгум ғамдан оғринар.
ҳамма бизга қарар жилмайиб-
фақат онам… йиғлаб соғинар..

сен чўққига боряпсан тикка
мен ҳам. Баландроқ тобора биз..
меҳр қўшиб бир олам
Ука —
Юр онамга гул оборамиз…

u26_8251_osen-v-gorah.jpgBugun shoir do‘stim Nodir Jonuzoq bilan suhbatlashib o‘tirganimizda, bir Abdulaziz degan shoir bor, mutaxassisligi bo‘yicha vrach bo‘lsa ham, yaxshi she’rlar yozyapti, deb qoldi. Xurshid akaning saytidan topib, she’rlarini o‘qib chiqdim. Izlanishlari menga ma’qul bo‘ldi (Faxriddin Nizom — Faxriyorning feysbuk sahifasidagi yozuvidan).

Men ham ropparosa 2 yil avval Abdulazizxonning she’rlari bilan tanishgach, bir so‘z yozgan edim. O‘sha so‘zlarni yana bir karra takrorlagim keldi (Uni mana bu sahifada o‘qishingiz mumkin)

Abdulazizxon Akramov
SHE’RLAR
07

Abdulazizxon Akramov 1987 yilda Yaypan shahrida tug‘ilgan. O‘rta maktabdan keyin Andijon Davlat tibbiyot institutida tahsil olib, 2014 yili tugatgan. Tibbiyot sohasida faoliyat yuritsa-da, o‘zining aytishicha, she’riyatning barcha zamonaviy turlariga qiziqadi. Qiziqishi barobar o‘z qalamini bu turlarda sinab ko‘rishga intiladi. Ijodiy ishlari vaqtli matbuotda, shu jumladan «Xurshid Davron kutubxonasi»da e’lon qilingan.

07

Ilgaktugma

Rafiq Saydulloga

1.

10418998_588987061239341_8400499356762498426_n.jpg

soyasi bilan kelishmagan
vujudda sen nima qilursan?
deb ignaga savol beraman —
bitta ko‘zi savoldan hursand.
jimligingni xonada tutib —
tashqariga sudrab chiqarmoq.
guldoningda xazon faslida
bolalaydi beva bir armon.
nafratingni ayblama uncha
uni surma chekkaga…
zero to‘pponcha bilan ham —
gul chizmog‘ing mumkin chakkaga…

2.

Baliq kichik akvariumdan —
mayus ko‘zla boqdi bolaga
bola kichik tushuncha bilan —
uning tutqunligini bildi.
Stul qo‘yib stol ustida
kichik kuchla itardi asta —
Akvarium sindi butunlay…
polda yotgan baliq oziga
qarab hayron boqdi bolakay…
fojeadir baliq o‘limi…
muqaddasdir kichik tushuncha!

3.

miya burmasiga may quyib —
tafakkurni xiralatmoq boz.
hassos qizning pok bulog‘iga
tanga tashlab loyqalatmoq soz.
…dorboz bo‘lgay albat jannatiy —
savob ajraladi po‘stidan.
u raqs tushib boradi dadil!
sirot ko‘prigining ustida…

4.

ulkan g‘oya ichra adashib —
tarvaqaylar seni nafasing.
bilki qalam nobudi uchun-
yetar barmoqlaring qafasi.
shoir cho‘kar ekan dengizga-
tubga borar ekan ilgari
va nihoyat!
u mohiyatni-
chuqur tushunmoqni ilg‘adi…
istamaymiz suzib chiqishni
cho‘ksak anglaymizku bir nima..
suzmay qo‘ygan g‘arib
SHE’RIYAT-
yelkanlari yirtilgan kema…

Toshkent, 2017

***

Bo‘g‘zin yirtib avgust baqirar
mezonlardan daraxt ogohmi?
ayroliqlar raqs tushar mahmur
unga libos bo‘ladi ohim…

nurga nurning soyasi tushmas
sevgim kibrlarda qunishma
qafaslarda ulg‘aygan qushman —
baliqlardan qo‘rqadi mohim.

ishq mayini suzmadi g‘affor…
barmoqlaring nega qon vafo?
bizga furqat azal mukofot
faqat xiyla diydor panohim.

tugab borar barcha qurblarim
qaytar hamma maktublarimni,
azob chirmar dil tublarimni…
muncha shirin bugun gunohim.

ko‘chalarda begonalik avj
hajr ruhda urib borar mavj
sensiz yashash uchun bormi vaj?
seni izlab og‘rir nigohim…

2013, Andijon

Jafo tashbehi

Tushim cho‘chib uyg‘onar dilgir,
burchagiga suyanar tokcha.
o‘spirin so‘z labida qaqshab —
isming yolg‘iz turar ko‘ylakchan.
intizorlik pardozlarida —
G‘ijimlangan ehtiros ta’bi .
chizilishni istading behis —
tulki tishlab uzgan gul kabi.
Qarsaklangan tovushday sovuq —
havoladi o‘lik bo‘salar.
qabog‘imga yechinib olib —
ko‘zlarimda suzar g‘ussalar.
sendan keyin…
she’rlarim rangli,
tuyg‘ularim kulrang, qiziqqon…
…ustarani labin ko‘ray deb —
tomirimdan
mo‘raladi
qon…

2014, Yaypan

Eskalotordagi Mashrab
syurrealistik she’r

tosh bo‘lishni istayman hozir
qattiqlikning tomorqasidan.
yordam bersa biror johil qo‘l —
uchmoq mumkin qush orqasidan.
ko‘zlarini yopib qurolni
o‘q bo‘lishni istayman alhol
sevgilimning yuragi aro —
qonli yo‘lni bossam ham…
visol..
qo‘g‘irchoqning uzilgan qo‘li
kabi fikrim to‘mtoq va xunuk
mavhumlikning guldoni ichra —
kulgan ovoz ochadi tuynuk.
tuynuksirab isyonkor ko‘zim
ko‘zgu ichra yurdi tamirlab…
sakkizoyoq kabi nafasni
to‘smoq qiyin ikki lab bilan…
…men qoqildim tugab zinasi
qosh ko‘zim qon, daf’atan ag‘nab.
ro‘paramda
eskalatorda —
uyqusirab keladi Mashrab….

***

Bizni bog‘lar xorijiy kishan,
ruhni zo‘rlar uzluksiz tarmoq.
tutqun baliqlarmiz,
holbuki-
qo‘limizda turadi qarmoq.

ko‘k dalani sog‘ingan tovon,
bedazorni dimog‘ tusagan
muzday soyni qo‘msagan badan
hammasini kishan ushlagan.

ey jo‘mard, ey qaynagan shiddat
ko‘zlaringga ne soldi ko‘lka?
obod bo‘lmish atrof mukammal,
yuragingda buzilgan o‘lka.

ey suluv, ey dilbari jahon,
gullik umri nahotki bitdi?
ul kimlardir mavhum. Noma’lum —
ko‘zguingni sindirib ketdi?

ozod vatan, ozoddir jur’at,
ajdodlarga ming bora qulluq…
…kishan bog‘lab baravar deymiz:
’’Assalomu alaykum, qullik!’’

* * *

Yumuq ko‘zda hurkak harakat
Ko‘rayotib chizdim vergulni.
Urdim.
Qovurg‘amga manglayin urib
Sajda qilayotgan qulni…

Daraht ovozida uxlagan
Qurt shaklida odimlar shubha.
Borgan sari iymon keksarib
Aso ushlab halloslar qurbda.

Dahriylikning qo‘llari yumshoq.
Ko‘zi so‘qir. Ovozi bekin.
Meni tanimasdan har safar
Yuzlarimni paypaslar sekin..

Irfon sahrosida sargardon
— Xudo qayda?
Dedim har damda.
Tashna edim. Sahro kimsasiz…

Kimdir nafas oldi orqamda…

Rangli kutubxona

Chalg‘igan til kerak suringan
Idrokimda g‘ayrisaf pushta.
Hozir kerak! Hozir aynan shart —
Qonatguvchi kitobning mushti.

Ko‘k miyada mavhumlik junbush,
Til chaynaydi betoqat qullar.
Zaxarlangan kulrang dalada-
Alaf bilan qovushdi gullar.

Mantiq do‘mbirasini sindir!
Taroqlansin ul ko‘krak qafas.
Bu aynigan, buzuq xavodan —
Fikrlarim ololmas nafas.

Ey olchoq pat sen yozgan har so‘z
Vujudlansin, og‘risin, sinsin.
Ko‘z yosh to‘ksin, kulsin dildirab —
Sukut ichra raqs tushib tursin.

Taroshlangan chalkash qarashlar
Kurtak urar ko‘zimdan bo‘rtib.
Kitobxonam — zim jannatimda
Daydib yurar bir ko‘zli bo‘ri.

Daf qiladi dambadam hushda
Tushda tishlar qilmayin shafqat.
Chavaqlangan vujudim kular —
Xar tish izi betimsol lazzat…

Chalg‘igan til kerak suringan-
Qonatguvchi kitobning mushti.
Fikrlarim oladi nafas.
Kiprigim oq, ko‘zlarim pushti…

Esnayotgan yo‘lbars

1.

Suvarakday yashovchan fikr
Isyonimga et berar tinmay
qora qozon ilhomga sapchib
Kapgirlandi qalamlaru nay.

o‘ tijoriy maddoh, lattaqalb
paytavangni ijodga tiqma.
sendan boshqa adabiyotda
yetarlidir qanjiqu ta’ma.

puf deganda boldiring titrab
Qofiyangdan qochar tuturuq.
Ovozing kar, baqirig‘ing mo‘l,
ehtirosing, hislaring quruq.

Nafrat gullab borar gul ochib
bo‘sh g‘azabda uyg‘onar kibr.
farahingdan yuqar dilimga
Suvarakday yashovchan fikr.

Qiyin bo‘ldi
uni o‘ldirdim.
chetdan qarab turdi yaxshi hulq.
Sen tiriksan, hanuz tiriksan
Suvarakdan battarroq mahluq.

2.

Turna kabi tumshug‘i uzun
Turna kabi oyog‘i ingich-
ka
judayam,
hushi buzilgan
qahqahasi yig‘isidan zich
kimsa.
Yana haroba bozor,
inlarini buzib turar qush-
im,
ag‘darib qaboqlarimni-
Yalab turar chanqagan bir tush.

Sekinlayman, tig‘ shaklida so‘z
Bo‘yin aro izlar o‘zini.
tush ortidan hayqirib kimsa
Ko‘rsatmaydi menga o‘zini.

ko‘rinmaydi, qora devor bor
har gal kelsa tongni qirg‘og‘i
uyg‘onaman,
devor ustida
turar faqat qonli barmog‘i..

3.

«Tars yorilish.»
o‘pkami yo tosh
yo yurakmi muzlagan, tingan.
yumaloq bir havo orqali —
Kirib kelding mana ichimga.

vulqon kabi ihraysan ichdan
yetilasan ulkan bir tikan.
Tars yorilish…
O‘pkami yo tosh?
bo‘g‘zim ekan, ay bo‘g‘zim ekan…

4.

Jimlan, kimlan, duduqlan tinmay
Qo‘ling ishlab chiqarsin qarsak.
Bo‘yning pastga,
Qorning ichiga
sal qattiqroq botsin so‘ng tirsak.

Tavoze va takalluf aro
Lablar harakatdan tinmasin.
haqiqatday bo‘yning egilib —
ammo sira , sira sinmasin.

titrab turgin, mayli nafas ol
Faqat sekin…
Sekinmas arang…
Yo‘q bu yo‘lbars esnamayapti
faqat sening qulog‘ing garang…

Isyon ko‘ylagi

1.

Eski javon titkilayotsam
Har xil latta buyumlar qo‘pib 
Orasidan chiqdi dabdurust
Otam kiygan qo‘qoni do‘ppi.

Maylim zamonasoz.
Shu sabab —
Kuzataman dunyo charxini.
Kiyib yursam uni…
O‘yladim-
do‘ppi buzar sochim tarxini.

ko‘zgu qarab boshga qo‘ndirdim
Cheti turdi peshonam o‘pib…
Ko‘cha — zamon.
Chiqmoqchi bo‘lsam —
Meni yechib qo‘ydi so‘ng do‘ppi…

2.

Avval obdon kuzat qiy chetlarini
(bu mavzu sig‘maydi xayoliy she’rga.)
Bu juda jo‘n qonun
Oddiy qoida —
urug‘ yetilganda uni ek yerga…

Har neki yetilsa senda betinim
Muhabbat yetilsa, hijron yetilsa.
Faqat shu zamindir unga osud joy
uni ko‘m.
u bilan ketsin bor tilsim…

…borgan sari o‘chman ozodlik sari
Borgan sari dilda quturar isyon.
oddiy qoidani mudom yodda tut…
Men ham yetilyapman
Hushyor bo‘l inson.(!).

3.

Men samoviy oyoqlarimni
sermab havo kunjaklarida.
Horg‘in horg‘in bosardim qadam
Qushlar uchar edi narida.

dastlab oddiy zamin istadim
Tugasaydi deya parvozim.
ko‘k yo‘lini bezardi unda
Kamalakdek yorqin ovozim.

Nogoh yermas ko‘lga quladim
bu joy o‘zga qonunlar tutar.
sukunatni sevar har jonzot
jim suzishar, dum likkillatar.

o‘pkamdagi havo dimlanib
Bir ikki bor gapirdim ba’zan
baqrayishdi, ko‘rsatkich barmoq
Lablarimga mudom bosilgan.

Ko‘ndim, sindim, soqov huquqim
so‘nib bordi tubga cho‘kkan dam.
Faqat ayting BALIQLAR
Qanday —
yashar endi OVOZli odam?

Jadal

1.

shovqinni ko‘targan odam
Uni qachon yerga qo‘yar?…
masxaraboz ko‘z yoshin artib-
labini bo‘yar

ekan sahna tomondan birdan
Qarsak uni chaqirar yana…
Nega shovqin tagida qolgan
jimlik va tana.

Holbuki sen bu ikki she’rni
Bir qafasda o‘qirsan takror.
Yuzni bo‘yab hamma oldida
Masxaraboz shovqin ko‘tarar….

2.

Achchiq kulgu yuzdan sirg‘oldi
yonoqlarda qoldi bilinib.
Barmoqlari bilan yonoqda
endi arang turar ilinib.

Yuksak odam,
Ey haybat odam
senga dunyo baqo yo‘limi?
Jiddiy tortding.
Ana asfaltda —
Sodir bo‘ldi kulgu o‘limi…

3.

sekinlikda sekin sekinlik
o‘rmalaydi toboro sekin.
Zikrim tegrasida havolab —
Uchib yurar qanotli lekin.

Men lekinni kuzatib turib
rizqlanaman ishq sharbatidan.
yuragimni tortib olaman
foniy dunyo muhabbatidan.

bir nur tortar ruhim ilgari
Bir so‘z chulg‘ar meni mukammal.
Jismim tufroq tarafga
Ruhim —
haqqa qarab…
…Jadal…

Zaharlangan shamsiya

1.

Bosqichlandi iqror turlanib
Ov chorladi hurkak g‘izolni.
Aturgulning tikoni tushib
Loyqalatdi shaffof visolni.

Holbuki shavq suzib gavharda
Hayrat tasavvurni taroqlar.
Uy ichidan meni qidirib
Kitob nigohimni varoqlar.

Tushim asta libosin yechib —
Ko‘zgu qarar, muallaq jussa.
Niqob qilmoq uchun yuziga
Mendan nusxa ko‘chirar g‘ussa.

Oo niqoblar turfa,
Ularni
She’rim bilan sug‘ordim o‘zim.
Irfon to‘lg‘og‘ida, jazbada —
O‘sib chiqar haqiqiy yuzim…

2.

Ahloqimda tarang tortildi
Kibrlarda cho‘ktirilgan tab.
Tarbiyaning barmoqlariga —
Tuhum qo‘yar bepusht bir g‘azab.

Sokin shahsman. Isyonim mudroq
Ong bog‘imda fikr kuy chalar.
Tuhumlarni ichki tarafdan —
Qimirlatar qichqiriqchalar…

Chirmab borar hushni zerikish,
Jarohatni tuzlar andisha.
Oyni silliqlagan baliqlar —
Ko‘zlarimga tutadi shisha.

Gulim sokit tabassumingla
Jo‘n umrimni etding jim karaht.
Hayron bo‘lma tufroq to‘kilsa —
Men darahtman.
Uchyotgan daraht…

* * *

Men emasman deding pichirlab
Ko‘ksingizga cho‘kkan, yukingan.
Kuzgi zamin — bag‘ringiz uzra
Xazon kabi asta to‘kilgan.

Men emasman deding pichirlab —
Sokin oqshom arolab kutgan.
G‘ussa yiqitganda chalqancha
Yelkangizdan ohista tutgan.

Men emasman deding pichirlab —
Bog‘lanmagan qismat bog‘ichlar.
Havolarni to‘ldirgan xalos —
Rangli hislar, o‘tli sog‘inchlar.

Men emasman deding pichirlab —
Vido bizni topdi, izladi.
Ko‘zimizdan baht bo‘lib oqqan —
Sokin tomchi behis muzladi.

Men emasman deding pichirlab
Qonab ketdi senga boqqan ko‘z.
Sanchilishchun g‘arib ko‘ksimga —
Pichoqlandi pichirlangan so‘z.

Men tushundim yolg‘izim, jonim.
Sen emassan.
Mana kuz keldi.
Faqat qiynar meni bir savol —
Jismingdagi ayol kim edi?…

Oraliqlar 
Mozaika

1.

Ov.
ikki ters harfning birlashishi.
uzun unlini to‘htatgan undosh.
qo‘lingdagi burgutni qo‘yvor!
uchburchakdir bo‘g‘zingdagi tosh.
borgan sari tarqoqdir tashbeh — 
fikrim orasidagi ipni
uzib borar isyon — dudama.
ko‘chaga chiqib baqirar —
masjiddagi odam ochligi…

2.

Nigohingni devorlarimda
unutib qoldiribsan nogohon.
men qo‘limni quyoshga tutdim
qo‘lqopimdan tomchilaydi qon..
polga tushgan har bir tomchi qon
yulduzdayin aks etib porlar.
qizil porlash — ruhim chetida…
oraliqdan uchib o‘tadi-
cho‘p tishlagan ma’sum musicha…

3.

Farishtaning soyasiga jim
yozib chiqdim ajib uchliklar
Tushlik qilar g‘amgin ko‘zlarim
kamalakrang uyqusizlikda.
g‘am bu maydir,
men — qaqroq tomoq,
bizni bog‘lab turar mustahkam —
bahtdan ozod bo‘lish istagi…
qaytish ehtimolini sudrab
osmonlarga bir tosh uchadir…

Toshkent, 2017

Partiya yig‘ilishidan so‘ng…

Majlis tugaydi.
Farrosh
kirib kelar katta saroyga.
shvabrasini olib
qarsaklarni yig‘a boshlaydi.
hom, chala pishgan
pismiq qarsaklar.
nomiga yangragan va yoki
ikki kaft orasida yorilib
shu zahoti jon bergan qarsaklarni
artib olar stollar aro.
minbar ustida esa
pastroq parvozlagan yalong‘och ovoz —
turar muallaq…

2015

Haydegger*

1.

ko‘prik —
ikki bir birini xohlamagan sohilni
majburlab ushlab turgan
uzala qo‘l.
ikkimizning oramizda ko‘prikni
qanday yoqsa bo‘lar?
yondirsa bo‘lar?….

2.

qo‘llarim yengildi muallaq-
bugundan men seni —
tiriklik
oyog‘imda yetaklab yuraman…
qilich ko‘tarib turgan qo‘lga
hadiksirab qaraydi —
to‘qqizta barmog‘im…
o‘ninchi barmog‘im esa —
tepkini bosdi…

3.

pichoq ushlaydigan qo‘limda-
nomoz o‘qiyapti chumoli…

2014, Yaypan

* Martin Haydegger – olmon faylasufi (XDK izohi)

Uchinchi xulosa

bu rasmni sevaman uyg‘oq
bu rasmda yig‘lamli alam
bola
qo‘lida non.
qonagan —
labi qizil va alvon non ham.
xulosalar ingichka o‘tkir
yoki keskir ustaradek tan.
tamakini chekib kuzatib
xulosalar urchir
masalan:
qiyinchilik qobirg‘asila
qismatining ipi bitishgan.
gung ochlikning nihoyasida-
labi qonab nonga yetishgan
yoki boshqa hulosa mana:
sag‘irlikda qolgandir omon
labi maysa kabi yumshoqdir..
lablarini kesgan qattiq non.
uchunchi xulosa qo‘rqinchli
(sig‘may qolar yuvoshroq ongga.)
millatini sotgan yovni o‘ldirib-
va
botirgan nonini qonga!…
bu rasmni sevaman uyg‘oq…

2016, Farg‘ona

Sanchqilar

1.

gadoga ham soxta tanga uzatguvchi
yolg‘onga aylanib borar —
fikrim.
Halloj oyoqlari raqs etdi —
havolandi bir lahza mutlaq
dor titraydi ovozsiz, ezgin.
she’r yozaman parvoz haqida…
osmondan ushoq topolmay
derazamga kelar musicha.
och bolalar darahtni turtmay
o‘tirishar olma tagida…
kutib.

2.

momiq beozor mushugimizni-
dumidan tortdim
igna suqdim oyoqlariga
u meni yumdaladi
yulib oldi yuzimdan dadil…
qiynoq ko‘rsatadi
haqiqiy yuzni. (!)

3.

Halloslaydi xavo dimiqib
shabada ham erinar, qari.
ko‘krak qafasingga saraton —
o‘zin urar qattiq ichkari.
zerikishni olmaday tishlab —
po‘chog‘ini irqitmoq ko‘kka.
xotirani titkilab topmoq —
xayollaring uchun karobka.
sekin tomirlarimdan chiqib —
gulga aylanadi behis qon.
derazani asabiy yopib —
guldonini sindirar shayton…

2011, Yaypan.

Nayzavar
sinkretika

1.

otlar soyasiday g‘amgin o‘y…
kimxoblanar kimsiz kimligim.
ich- ichimdan kelar oq tovush —
aks sado berar jimligim.
qo‘g‘irchoqning sevgisi kabi
almashinar hukmronlik.
Hal.
ko‘zlaringga in qurdi mayna —
gapir endi-
kim ojiz
haykal?
kalamushlar kaptarday uchdi
dumlarida parvoziy bir tab.
men berkitdim quloqlarimni —
yo‘q qanotlar shovqini sabab…

2.

tongda inson bo‘lib uyg‘onmoq.
keyin qaytmoq yana quyiga..
qo‘lim raqqos…
oyog‘im raqqos —
tamsiz kambag‘allik kuyiga..

3.

ko‘zlarini yumar
musiqa —
yechinib ichimga kiradi…
ikki kaftim do‘nglik
ustida —
g‘amgin barmoqlarim yuradi.
ulkan vaxshiylikka tayyorman!
humo qushning buzilar ini.
qog‘ozlarga mixlashim zarur —
soniyalar homilasini.
ruchka qopqog‘ini ochaman —
ochaman ruchka qopqog‘ini
ahir har qandayin jallodga —
yalong‘och bo‘yin shart!…

2016, Farg‘ona

Tavr

parvoz uchun dadil shaylangan
farishtani tishlaydi zikrim…
Ta’qiqsimon maosh so‘zlarni —
muzga urib sindirar fikrim.
hayol daraxtining kovagi —
ko‘zim bilan to‘ldi miriqib.
tish va milkim oralig‘ida-
maxzun yashar yolg‘on dimiqib.
xonam nafasiga hamohang —
saratonda zerikish tuydum.
o‘q tekkan qush qichqirig‘ini —
guldonimga solib suv quydim.
bir rutbada shavq mevalandi,
ibtidoiy so‘z undi ongdan.
va negadir dasturxonimga
o‘t qo‘ydimu, otdim balkondan…
Dada sizni sog‘indim yomon…
ruhim balog‘atda sog‘ bo‘ldi.
…ulkan tog‘dan yumalagan tosh —
yalanglikda
yangi
tog‘ bo‘ldi…

2015

***

Uka sening ko‘zlaring yulduz
mening esa yelkalarim tog‘.
onamizning ko‘zlari xira
onamizning qo‘llari qadoq…

senga qizlar gullar otadi,
men hech kimdan emasdirman kam.
o‘kinaman mushfiq onamni —
xabar olib goh borolmasam.

sening kulging havolar qattiq,
mening kulgum g‘amdan og‘rinar.
hamma bizga qarar jilmayib-
faqat onam… yig‘lab sog‘inar..

sen cho‘qqiga boryapsan tikka
men ham. Balandroq tobora biz..
mehr qo‘shib bir olam
Uka —
Yur onamga gul oboramiz…

05

(Tashriflar: umumiy 595, bugungi 1)

Izoh qoldiring