Abdulazizxon Akramov. Jallodlik falsafasi. 8- eshik. Musiqachi (Qissadan parcha)

Ashampoo_Snap_2018.01.31_22h37m25s_003_.png   Адабиёт тарихи  тажрибалардан иборат. Тажриба йўқ жойда ҳаракат бир тарзда, мактабдаги бадантарбия ёки ҳарбий тайёргарлик дарсларида (биз ўқиганда бор эди, ҳозир борми билмайман) «Турган жойингда, бир, икки, уч» (русчаси аниқроқ: На месте шагом марш!) машқига ўхшайди. Баъзи тажрибалар тажрибалигича қолиб кетади, баъзиларидан адабиётда янги оҳанглар, янгича фалсафа ва янгиланган нуқтаи назар туғилади. Тажрибалар минг йиллар аввал ҳам бўлган, кейин ҳам бўлаверади. Минг йиллар ҳақда ўйласам, энг аввало, Ўрхун-Энасой битиклари ёдимга келади. Бугун мумтоз адабиётдаги азалий ва ўзгармас бўлиб туюлган ақидалар ҳам тажрибалардан пайдо бўлган.
Мен сизга тақдим этаётган Абдулазизхон Акрамов қиссасидан парча ҳам ёш ижодкорнинг тажрибаларининг маҳсули. Бу тажриба муаллифни қаерга олиб боришини эса вақт кўрсатади. Мен эса мана шу изланишланишларда ёш дўстимга муваффақиятлар тилаб қоламан.

Хуршид ДАВРОН
Ўзбекистон халқ шоири
2018, январ

Абдулазизхон Акрамов
ЖАЛЛОДЛИК ФАЛСАФАСИ
Қиссадан парча
077

6db15a1a326201019bf0129240317446.pngАбдулазизхон Акрамов 1987 йилда Яйпан шаҳрида туғилган. Ўрта мактабдан кейин Андижон Давлат тиббиёт институтида таҳсил олиб, 2014 йили тугатган. Тиббиёт соҳасида фаолият юритса-да, ўзининг айтишича, шеъриятнинг барча замонавий турларига қизиқади. Қизиқиши баробар ўз қаламини бу турларда синаб кўришга интилади. Ижодий ишлари вақтли матбуотда, шу жумладан «Хуршид Даврон кутубхонаси»да  эълон қилинган.

07

8- эшик. Мусиқачи

qeFIeCes.jpeg.. Дуп.. ду дуп дуп дррр…

…табиат товушлар уйғунлиги. Баргларни шитирлашини ёзишга ҳаракат қила бошлади. Япроқни ушлаб, узунасига йиртиб кўрди. Кейин ерга ташлаб эзиб кўрди. Дафтарига ёзди. Ҳар қандай муҳит ўз овозига эга ! Тинглаш керак! Тошни ҳолатига эьтибор берди. Сукут – овоз тўхтаган жой. Овоз ҳаракатда бўлиши керак! Тошни силжитди. Яна дафтарига ёзди. У ҳамма нарсани ушлаб ёки кўриб эмас тинглаб англамоқ керак деб ўйларди. Умрининг аксарият қисмини мусиқага бағишлади.У ёзган мусиқий асарлар неча инсонларни руҳий шок ҳолатига солган. Қанча муҳлис ва муҳлисалар қалбида шиддат, шавқ ва онг қирғоқларини мавжларга тўлдиргувчи оҳанглар билан сеҳрлади. У ҳақида турли афсоналар тўқилганди. Қанча қанча ноталар уни қулоғида ҳаракатга келди. Мусиқага бутун вужуд борлиғи билан сингди. Бошқа ҳеч нарса уни лаззатлантира билмай қўйди. Бу лаззатни қондириш ҳисси эса тобора чуқурлашиб унинг соғлом онгини ўргамчак инидай қоплаб олди.

У ҳаттоки инсон зарб еганида қандай товуш чиқишини аниқлаш мақсадида тунги йўлтўсарларга тегажоқлик қилди. Оёғи синганида уни тўғрилаб бўлмасликни уқтиришиб кесмоқчи бўлишганида, арра товушини эшитиш учун ҳушида қолишини талаб қилди. Энди у оқсоқ. Чўлоқланганидаги чиқадиган товуш унга ҳузур бағишлайди. Кундузлари табиатни кузатиш учун сайҳонликка чиқади. Нега қуёш товуш чиқармайди? Товуш – мавжудлик! Оҳангги йўқ нарса борки у шубҳа билан қарайди. У қуёшдан шубҳаланади… Кечаги кун оғриғи эртанги кун ҳавотири билан қўшилб ҳаётга мазмун бағишлайди. Одатда турли давраларда унинг талаффузига кўпчилик ҳавас қилишаётганини эътироф этишади. У ҳамма сўзларни талаффуз қилиб кўрди. Ибтидоий одамларнинг қийқириқларинигина ҳақиқий жўшқин ҳаяжон ифодаси сифатида қабул қилди. Зеро у даврдан кейин ҳаёжонни ифодалаш сохталашиб кетди. Буни маданият деб аташди. Фақатгина айрим энг баланд вазиятларда: жинсий яқинлик пайтида, туғиш ва мислсиз оғриқларда ҳаёжон табиий товушларда ифода топаяпти ҳолос. … Анҳорларнинг шовуллаши, шамолларнинг ихраган товуши- ҳаммаси бу оламнинг умумий тилидир . У ҳаттоки муқаддас диний китобларни ўқиб ўзида ҳеч қандай қизиқиш уйғота олмади. Уларни маъносиз ва тутуриқсиз деб ҳисоблаб лаззат ола билмади. Фақатгина бир нарса эътиқодини ушлаб тура билди. У бу китоблардаги сўз бирикмаларидан чиқадиган товушгина ҳудо билан боғловчи бир куй деб қабул қилди. Ҳудо инсонларга тил ва товуш бериб умумий товуш орқали улар билан боғланишни мақсад қилган деб ҳисобларди…. Унли товушларни у аёл кишига таққосларди. Ундошларини эса эркакка. Аҳир моҳиятан олиб қаралганда бу икки бирлик бир биридан мустасно бўла олмайди. Алҳол бу жаранг йўқолишига олиб келади. Лекин у ундош товушларни танглайга берган зарбларидан ҳузурланар экан, бу жинсдаги товушлар устунроқ эканлигини тушунди. Ҳар қандай сўзнинг охиридаги ундош уни тўҳтатишга сабабчи бўлади. Шу важданми у қушларни ёқтиради. Қушлар самодаги энг юксак ва соф товушларни тутиб ўзлаштириб олишган . Ерга яқинлашган ҳар қандай товуш ҳиралашади. Ҳунуклашади….

Сўнги пайтларда у умуман мусиқа билан шуғулланмай қўйди. Фақат илмга ташна талабалар қаршисида лозим бўлган товуш идроки учун қўлига мусиқа асбобларини оладиган бўлди. У ҳар куни яна янги товушлар қидириб борлиққа сингиб кетарди…

Бир куни у оломон тўпланган майдончага дуч келди. Одатда у кўп одамларни ёқтирмасди. Бижғиган оҳанг. Лекин бу сафар негадир одамлар орасига суқилиб кирди. Аллақандай баланд ускунага одам бошини қўйиб турарди. Гильотина. Ижрочи нималарнидир ҳалққа қараб ҳайқириб уқтирар, афтидан бу ҳукм эди. Маҳкум пастга бошини осилтирганча товушсиз ётар шунинг учунми у маҳкумни ўлиб бўлган деб ҳулоса қилди. У яқинроқ борди. Ускунанинг юқори қисмида тиғли пўлат ярқираб турарди. Шаклига эътибор берди. Бундай қиялик бошланғич кесиш ва охирги кесишни ижро этиши лозимдек кўринди. Ускунанинг юқориги қисми оғирлиги, салмоқлилигини тасаввур қилди. Қандай ажойиб иҳтиро! У бу ихтирони ҳажми каттароқ арфага қиёс қилди. У бу ускуна ихтирочисига тасанно ўқиди. Одамлар ғовури кучайди. Ҳукм онлари яқинлашмоқда эди. Одамлар кўзида нафрат, қўрқув , ачиниш ҳислари қоришиб ҳайратга талабгор умид йилтирарди. Мана улуғ ижодкорнинг биринчи ютуғи! Мана ҳақиқий санъат намойиши олдидан томашибиннинг илҳақлиги. Санъат жозиб бир илҳақ ҳосил қила билиши керак. Томоша олди илҳақлиги гўё уйнинг кириш қисмига ўхшайди. Руҳий жиҳатдан ҳайратга онг тайёрлана билади.

У маҳкум тарафга янаям яқинроқ борди. Маҳкум кўзларини чирт юмганча бошини қуйи солган, лаблари эса тинмай қўрқинчданми ёки аллақандай дуоними айтиб тинмай пичирларди. Қўллари эса фақат титрарди. Бу онда у ҳамма нарса тезроқ тугашини истар ва айни пайтда яширин бир сеҳрли кучга илҳақлик ҳам бор эди. Қутулиш умиди.

Бошига қоп кийган одам ускунага яқинлашди.товушлар бир онга тинди. Қоп кийган одамнинг қадам товушлари вазмин эди. Аниқ эшитилди . Сабаб оломон жим бўлган эди. Қопли одам ускунанинг мурватини тортди. Лаҳза…

…Дуп ду дуп дуп дуп дрррр…

ШУНДА….

Унинг қулоғида шу товуш аксланди. Шунда… энг оҳирги заррасигача титраб кетди! Қандай гўзал мусиқа!!! Қонга ботган бошга қараб у шуни ўйлади.

О! Унинг энг нозик қалб торларинида черта олди бу оҳанг. Унинг кўзига ускуна мусиқа асбоби, қопли одам энг буюк мусиқачи бўлиб кўринди. Тасанно! Беиҳтиёр қарсак чалиб юборди. Одамлар тарқай бошлади. Лекин у ҳамон лаззат оғушида эди. Шунча йил ноталар билан ишлаб айнан шу оҳангни қидирганлигини ва топа олмаганини тушиниб етди. Ускунанинг лойиҳасини дафтарига чиза бошлади. Қандай ажойиб! Унинг илҳоми жўшиб кетди. Ўзини ҳудди буюк асарларни яратишга тайёрдай ҳис қилди. У миясида яққол оҳанг товушларини жарангини эшита бошлади. Ижодҳонасига югурди. Қўллари қалтираб ноталарни кетма –кет чиза бошлади. Онгидаги оҳангларни ифодалашга ожиздай лаблари билан буларни такрорлар, қоғозга қаттиқ –қаттиқ қаламни босиб ёза бошлади. У мусиқани аниқ ҳис этар , таҳайюли ичида бўлаётган концерт шавқидан латиф бир жўшқинликни жунбушга сабаб бўлётганини ва уни узоқроқ давом эттиришни ҳоҳларди. Пешонасидаги тер , бутун танасидан чиқаётган сув ҳовурини боса олмади. У ўша ускуна олдидаги илҳомбаҳш товушни қайта- қайта ҳотирлашга тиришар ва ҳар сафар лаззатланарди. У кийимларини йирта бошлади. Варақларга чизаётган ноталари борган сари қинғир- қийшиқ чизилаётганидан тушуниксиз тасвирлар пайдо бўла бошлади. У асабий бошини ғижимлар , бу жазавани вужудига сиғмаётганини англай бошлади. Баногоҳ ручка ёзмай қолди. У уни парчинлаб ташлади! Сиёҳдонда сиёҳ қолмабди. Ойна бўлагини олиб ҳеч ўйламай бармоқларини тилиб ташлади. Умуман оғриқ сезмади. Сиёҳдонга қонини сиқиб яна ёза бошлади. Вароқлардаги ноталар энди алвонранг жилоланиб борарди. У кўзлари ҳиралашаётганини сезди. Қўллари эса ҳамон ҳаракатда. Лаблари қурий бошлади. Бирдан у муккасидан кетиб беҳуш йиқилди..

Уйқусидан уйғонганида ўрнида ётар , қўллари оқ дока билан боғланганлигини кўрди. Ҳизматкор аёл унга егулик олиб кирди. У яна кечаги кунни ҳотирлади…

Кунлар шу зайлда ўта бошлади. У оёққа тургани сари ўша товушни қўмсар, уни эшитгиси келарди. Толибларга ҳам маъруза ўқишга ҳафсаласи қолмади. У миршабҳонага ҳар куни борар, бугун қатл бор йўқлигини суриштирар , улар йўқлигини айтишганда изтироб билар бош чайқар, нега қонунлар бу қадар юмшоқ бўлиб кетганлиги ҳақида эътирозла яниб қўярди. Замон нега бу қадар оғри ва жиноятчиларни яшашга қўйиб беради деб фикрларди у.

Ниҳоят у кутган кун келди. Унга яна майдонда қатл бўлаётганлиги тўғрисида ҳабар беришди. У бу ҳабарни ҳаётидаги энг гўзал ҳабар деб қабул қилди. Яна кўзлар. Ҳукм. Қопли одам. Тортилётган мурват… Ярқироқ пўлат.. Сукунат. Лаҳза…

…Дуп ду дуп дуп дуп дрррр….

Қон. Бош. Лаҳзалик қотган юзлар. Яна мислсиз лаззат уммони . Қулоғини маҳкам беркитиб ўтириб олди. Онгининг энг тубларигача таралаётган лаззат оқимини ҳис этиб қалтирарди. Ҳушидан кетиб йиқилди. ..

Йил давомидаги ҳамма қатлларда иштирок этди. У ҳаётининг энг гўзал даврлари энди бошланаётганлигига иқрор бўлди. У қолган барча товушларни бемаъни деб баҳолай бошлади. Уйига ускунанинг кичкинасини ясаттирди. Ҳар куни уни артиб тозалар ва бир бора чалишни орзу қиларди. Ва бу ваҳший истак уни дамо –дам тақиб этарди. У ускунани олдида туриб ҳар куни машқ қилар , мурватни нозик ҳаракатлар билан тортар лекин у кутган товуш чиқмаётганидан ғазабланади. У одамларга борган сари нафрат билан қарай бошлади. Ижодҳонасидан чиқмай аллақандай ундош ва бўғиқ товуш чиқариш илинжида буюмларни бир бирига уриб кўрарди. Бироқ фойдасизлигини тушунган сари баттар қони қайнарди…

Ниҳоят у даҳшатли қарорга келди. Миясига ҳам мусиқачи бўлиб ҳам ускунанинг бир қисми бўлиш ғояси келиб урилди. У шундай севиндики висол олдидаги титроқлар бу титроқлар олдида ҳеч нарса эмасди. У буюк концертга тайёргарлик кўра бошлади. Аввало сартарошга кириб соқолини текислаттирди. Ҳаммомда шавқ билан ювунди. Энг яҳши кўрган фракини кийди. Ажойиб капалак бўйинбоғчасини ойнада кўриб ҳузурланди. Ускунаннинг ҳонасининг ўртасига ўрнаттириб , мурватларини текширди. Яҳши ишлаётганлигига ишончи комил бўлгач олдинроққа чиқиб таъзим қилди. У ўзини буюк мусиқачидек тасаввур қилди. Кўксидаги фаҳр туйғуси қўлларига куч берди. У бошини ускунанинг бош қўядиган жойига қўйди. У ускунани чалишда озгина ҳатоликка йўл қўйса оҳанг бузилишини кўнглидан ўтказиб бироз ҳавотирланди. Мосланган ипни қўли билан маҳкам ғижимлади. Қулоқларини энг лаззатли онга тайёрлади. Кўнглидаги ширин ғулғула уни энтиктирди. У ипни тортди. Мослама иш бериб ускуна мурвати жойидан қўзғалди. Ерга жилмайган ва қонга беланган бош юмалаб тушди…

…Дуп ду дуп дуп дуп дррр….

2010 йил, Яйпан

7ca97d1787296a6d3e157071893.jpgAdabiyot tarixi tajribalardan iborat. Tajriba yo‘q joyda harakat bir tarzda, maktabdagi badantarbiya yoki harbiy tayyorgarlik darslarida (biz o‘qiganda bor edi, hozir bormi bilmayman) “Turgan joyingda, bir, ikki, uch” (ruschasi aniqroq: Na meste shagom marsh!) mashqiga o‘xshaydi. Ba’zi tajribalar tajribaligicha qolib ketadi,ba’zilaridan adabiyotda yangi ohanglar, yangicha falsafa va yangilangan nuqtai nazar tug‘iladi. Tajribalar ming yillar avval ham bo‘lgan, keyin ham bo‘laveradi. Ming yillar haqda o‘ylasam, eng avvalo, O‘rxun-Enasoy bitiklari yodimga keladi. Bugun mumtoz adabiyotdagi azaliy va o‘zgarmas bo‘lib tuyulgan aqidalar ham tajribalardan paydo bo‘lgan.

Men sizga taqdim etayotgan Abdulazizxon Akramov qissasidan parcha ham yosh ijodkorning tajribalarining mahsuli. Bu tajriba muallifni qayerga olib borishini esa vaqt ko‘rsatadi. Men esa mana shu izlanishlanishlarda yosh do‘stimga muvaffaqiyatlar tilab qolaman.

Xurshid DAVRON
O‘zbekiston xalq shoiri
2018, yanvar

Abdulazizxon Akramov
JALLODLIK FALSAFASI
Qissadan parcha
077

Abdulazizxon Akramov 1987 yilda Yaypan shahrida tug‘ilgan. O‘rta maktabdan keyin Andijon Davlat tibbiyot institutida tahsil olib, 2014 yili tugatgan. Tibbiyot sohasida faoliyat yuritsa-da, o‘zining aytishicha, she’riyatning barcha zamonaviy turlariga qiziqadi. Qiziqishi barobar o‘z qalamini bu turlarda sinab ko‘rishga intiladi. Ijodiy ishlari vaqtli matbuotda, shu jumladan “Xurshid Davron kutubxonasi”da e’lon qilingan.

07

8- eshik. Musiqachi

1432627223_zag.jpg.. Dup.. du dup dup drrr…

…tabiat tovushlar uyg‘unligi. Barglarni shitirlashini yozishga harakat qila boshladi. Yaproqni ushlab, uzunasiga yirtib ko‘rdi. Keyin yerga tashlab ezib ko‘rdi. Daftariga yozdi. Har qanday muhit o‘z ovoziga ega ! Tinglash kerak! Toshni holatiga etibor berdi. Sukut – ovoz to‘xtagan joy. Ovoz harakatda bo‘lishi kerak! Toshni siljitdi. Yana daftariga yozdi. U hamma narsani ushlab yoki ko‘rib emas tinglab anglamoq kerak deb o‘ylardi. Umrining aksariyat qismini musiqaga bag‘ishladi.U yozgan musiqiy asarlar necha insonlarni ruhiy shok holatiga solgan. Qancha muhlis va muhlisalar qalbida shiddat, shavq va ong qirg‘oqlarini mavjlarga to‘ldirguvchi ohanglar bilan sehrladi. U haqida turli afsonalar to‘qilgandi. Qancha qancha notalar uni qulog‘ida harakatga keldi. Musiqaga butun vujud borlig‘i bilan singdi. Boshqa hech narsa uni lazzatlantira bilmay qo‘ydi. Bu lazzatni qondirish hissi esa tobora chuqurlashib uning sog‘lom ongini o‘rgamchak iniday qoplab oldi.

U hattoki inson zarb yeganida qanday tovush chiqishini aniqlash maqsadida tungi yo‘lto‘sarlarga tegajoqlik qildi. Oyog‘i singanida uni to‘g‘rilab bo‘lmaslikni uqtirishib kesmoqchi bo‘lishganida, arra tovushini eshitish uchun hushida qolishini talab qildi. Endi u oqsoq. Cho‘loqlanganidagi chiqadigan tovush unga huzur bag‘ishlaydi. Kunduzlari tabiatni kuzatish uchun sayhonlikka chiqadi. Nega quyosh tovush chiqarmaydi? Tovush – mavjudlik! Ohanggi yo‘q narsa borki u shubha bilan qaraydi. U quyoshdan shubhalanadi… Kechagi kun og‘rig‘i ertangi kun havotiri bilan qo‘shilb hayotga mazmun bag‘ishlaydi. Odatda turli davralarda uning talaffuziga ko‘pchilik havas qilishayotganini e’tirof etishadi. U hamma so‘zlarni talaffuz qilib ko‘rdi. Ibtidoiy odamlarning qiyqiriqlarinigina haqiqiy jo‘shqin hayajon ifodasi sifatida qabul qildi. Zero u davrdan keyin hayojonni ifodalash soxtalashib ketdi. Buni madaniyat deb atashdi. Faqatgina ayrim eng baland vaziyatlarda: jinsiy yaqinlik paytida, tug‘ish va mislsiz og‘riqlarda hayojon tabiiy tovushlarda ifoda topayapti holos. … Anhorlarning shovullashi, shamollarning ixragan tovushi- hammasi bu olamning umumiy tilidir . U hattoki muqaddas diniy kitoblarni o‘qib o‘zida hech qanday qiziqish uyg‘ota olmadi. Ularni ma’nosiz va tuturiqsiz deb hisoblab lazzat ola bilmadi. Faqatgina bir narsa e’tiqodini ushlab tura bildi. U bu kitoblardagi so‘z birikmalaridan chiqadigan tovushgina hudo bilan bog‘lovchi bir kuy deb qabul qildi. Hudo insonlarga til va tovush berib umumiy tovush orqali ular bilan bog‘lanishni maqsad qilgan deb hisoblardi…. Unli tovushlarni u ayol kishiga taqqoslardi. Undoshlarini esa erkakka. Ahir mohiyatan olib qaralganda bu ikki birlik bir biridan mustasno bo‘la olmaydi. Alhol bu jarang yo‘qolishiga olib keladi. Lekin u undosh tovushlarni tanglayga bergan zarblaridan huzurlanar ekan, bu jinsdagi tovushlar ustunroq ekanligini tushundi. Har qanday so‘zning oxiridagi undosh uni to‘htatishga sababchi bo‘ladi. Shu vajdanmi u qushlarni yoqtiradi. Qushlar samodagi eng yuksak va sof tovushlarni tutib o‘zlashtirib olishgan . Yerga yaqinlashgan har qanday tovush hiralashadi. Hunuklashadi….

So‘ngi paytlarda u umuman musiqa bilan shug‘ullanmay qo‘ydi. Faqat ilmga tashna talabalar qarshisida lozim bo‘lgan tovush idroki uchun qo‘liga musiqa asboblarini oladigan bo‘ldi. U har kuni yana yangi tovushlar qidirib borliqqa singib ketardi…

Bir kuni u olomon to‘plangan maydonchaga duch keldi. Odatda u ko‘p odamlarni yoqtirmasdi. Bijg‘igan ohang. Lekin bu safar negadir odamlar orasiga suqilib kirdi. Allaqanday baland uskunaga odam boshini qo‘yib turardi. Gilotina. Ijrochi nimalarnidir halqqa qarab hayqirib uqtirar, aftidan bu hukm edi. Mahkum pastga boshini osiltirgancha tovushsiz yotar shuning uchunmi u mahkumni o‘lib bo‘lgan deb hulosa qildi. U yaqinroq bordi. Uskunaning yuqori qismida tig‘li po‘lat yarqirab turardi. Shakliga e’tibor berdi. Bunday qiyalik boshlang‘ich kesish va oxirgi kesishni ijro etishi lozimdek ko‘rindi. Uskunaning yuqorigi qismi og‘irligi, salmoqliligini tasavvur qildi. Qanday ajoyib ihtiro! U bu ixtironi hajmi kattaroq arfaga qiyos qildi. U bu uskuna ixtirochisiga tasanno o‘qidi. Odamlar g‘ovuri kuchaydi. Hukm onlari yaqinlashmoqda edi. Odamlar ko‘zida nafrat, qo‘rquv , achinish hislari qorishib hayratga talabgor umid yiltirardi. Mana ulug‘ ijodkorning birinchi yutug‘i! Mana haqiqiy san’at namoyishi oldidan tomashibinning ilhaqligi. San’at jozib bir ilhaq hosil qila bilishi kerak. Tomosha oldi ilhaqligi go‘yo uyning kirish qismiga o‘xshaydi. Ruhiy jihatdan hayratga ong tayyorlana biladi.

U mahkum tarafga yanayam yaqinroq bordi. Mahkum ko‘zlarini chirt yumgancha boshini quyi solgan, lablari esa tinmay qo‘rqinchdanmi yoki allaqanday duonimi aytib tinmay pichirlardi. Qo‘llari esa faqat titrardi. Bu onda u hamma narsa tezroq tugashini istar va ayni paytda yashirin bir sehrli kuchga ilhaqlik ham bor edi. Qutulish umidi.

Boshiga qop kiygan odam uskunaga yaqinlashdi.tovushlar bir onga tindi. Qop kiygan odamning qadam tovushlari vazmin edi. Aniq eshitildi . Sabab olomon jim bo‘lgan edi. Qopli odam uskunaning murvatini tortdi. Lahza…

…Dup du dup dup dup drrrr…

SHUNDA….

Uning qulog‘ida shu tovush akslandi. Shunda… eng ohirgi zarrasigacha titrab ketdi! Qanday go‘zal musiqa!!! Qonga botgan boshga qarab u shuni o‘yladi.

O! Uning eng nozik qalb torlarinida cherta oldi bu ohang. Uning ko‘ziga uskuna musiqa asbobi, qopli odam eng buyuk musiqachi bo‘lib ko‘rindi. Tasanno! Beihtiyor qarsak chalib yubordi. Odamlar tarqay boshladi. Lekin u hamon lazzat og‘ushida edi. Shuncha yil notalar bilan ishlab aynan shu ohangni qidirganligini va topa olmaganini tushinib yetdi. Uskunaning loyihasini daftariga chiza boshladi. Qanday ajoyib! Uning ilhomi jo‘shib ketdi. O‘zini huddi buyuk asarlarni yaratishga tayyorday his qildi. U miyasida yaqqol ohang tovushlarini jarangini eshita boshladi. Ijodhonasiga yugurdi. Qo‘llari qaltirab notalarni ketma –ket chiza boshladi. Ongidagi ohanglarni ifodalashga ojizday lablari bilan bularni takrorlar, qog‘ozga qattiq –qattiq qalamni bosib yoza boshladi. U musiqani aniq his etar , tahayyuli ichida bo‘layotgan konsert shavqidan latif bir jo‘shqinlikni junbushga sabab bo‘lyotganini va uni uzoqroq davom ettirishni hohlardi. Peshonasidagi ter , butun tanasidan chiqayotgan suv hovurini bosa olmadi. U o‘sha uskuna oldidagi ilhombahsh tovushni qayta- qayta hotirlashga tirishar va har safar lazzatlanardi. U kiyimlarini yirta boshladi. Varaqlarga chizayotgan notalari borgan sari qing‘ir- qiyshiq chizilayotganidan tushuniksiz tasvirlar paydo bo‘la boshladi. U asabiy boshini g‘ijimlar , bu jazavani vujudiga sig‘mayotganini anglay boshladi. Banogoh ruchka yozmay qoldi. U uni parchinlab tashladi! Siyohdonda siyoh qolmabdi. Oyna bo‘lagini olib hech o‘ylamay barmoqlarini tilib tashladi. Umuman og‘riq sezmadi. Siyohdonga qonini siqib yana yoza boshladi. Varoqlardagi notalar endi alvonrang jilolanib borardi. U ko‘zlari hiralashayotganini sezdi. Qo‘llari esa hamon harakatda. Lablari quriy boshladi. Birdan u mukkasidan ketib behush yiqildi..

Uyqusidan uyg‘onganida o‘rnida yotar , qo‘llari oq doka bilan bog‘langanligini ko‘rdi. Hizmatkor ayol unga yegulik olib kirdi. U yana kechagi kunni hotirladi…

Kunlar shu zaylda o‘ta boshladi. U oyoqqa turgani sari o‘sha tovushni qo‘msar, uni eshitgisi kelardi. Toliblarga ham ma’ruza o‘qishga hafsalasi qolmadi. U mirshabhonaga har kuni borar, bugun qatl bor yo‘qligini surishtirar , ular yo‘qligini aytishganda iztirob bilar bosh chayqar, nega qonunlar bu qadar yumshoq bo‘lib ketganligi haqida e’tirozla yanib qo‘yardi. Zamon nega bu qadar og‘ri va jinoyatchilarni yashashga qo‘yib beradi deb fikrlardi u.

Nihoyat u kutgan kun keldi. Unga yana maydonda qatl bo‘layotganligi to‘g‘risida habar berishdi. U bu habarni hayotidagi eng go‘zal habar deb qabul qildi. Yana ko‘zlar. Hukm. Qopli odam. Tortilyotgan murvat… Yarqiroq po‘lat.. Sukunat. Lahza…

…Dup du dup dup dup drrrr….

Qon. Bosh. Lahzalik qotgan yuzlar. Yana mislsiz lazzat ummoni . Qulog‘ini mahkam berkitib o‘tirib oldi. Ongining eng tublarigacha taralayotgan lazzat oqimini his etib qaltirardi. Hushidan ketib yiqildi. ..

Yil davomidagi hamma qatllarda ishtirok etdi. U hayotining eng go‘zal davrlari endi boshlanayotganligiga iqror bo‘ldi. U qolgan barcha tovushlarni bema’ni deb baholay boshladi. Uyiga uskunaning kichkinasini yasattirdi. Har kuni uni artib tozalar va bir bora chalishni orzu qilardi. Va bu vahshiy istak uni damo –dam taqib etardi. U uskunani oldida turib har kuni mashq qilar , murvatni nozik harakatlar bilan tortar lekin u kutgan tovush chiqmayotganidan g‘azablanadi. U odamlarga borgan sari nafrat bilan qaray boshladi. Ijodhonasidan chiqmay allaqanday undosh va bo‘g‘iq tovush chiqarish ilinjida buyumlarni bir biriga urib ko‘rardi. Biroq foydasizligini tushungan sari battar qoni qaynardi…

Nihoyat u dahshatli qarorga keldi. Miyasiga ham musiqachi bo‘lib ham uskunaning bir qismi bo‘lish g‘oyasi kelib urildi. U shunday sevindiki visol oldidagi titroqlar bu titroqlar oldida hech narsa emasdi. U buyuk konsertga tayyorgarlik ko‘ra boshladi. Avvalo sartaroshga kirib soqolini tekislattirdi. Hammomda shavq bilan yuvundi. Eng yahshi ko‘rgan frakini kiydi. Ajoyib kapalak bo‘yinbog‘chasini oynada ko‘rib huzurlandi. Uskunanning honasining o‘rtasiga o‘rnattirib , murvatlarini tekshirdi. Yahshi ishlayotganligiga ishonchi komil bo‘lgach oldinroqqa chiqib ta’zim qildi. U o‘zini buyuk musiqachidek tasavvur qildi. Ko‘ksidagi fahr tuyg‘usi qo‘llariga kuch berdi. U boshini uskunaning bosh qo‘yadigan joyiga qo‘ydi. U uskunani chalishda ozgina hatolikka yo‘l qo‘ysa ohang buzilishini ko‘nglidan o‘tkazib biroz havotirlandi. Moslangan ipni qo‘li bilan mahkam g‘ijimladi. Quloqlarini eng lazzatli onga tayyorladi. Ko‘nglidagi shirin g‘ulg‘ula uni entiktirdi. U ipni tortdi. Moslama ish berib uskuna murvati joyidan qo‘zg‘aldi. Yerga jilmaygan va qonga belangan bosh yumalab tushdi…

…Dup du dup dup dup drrr….

2010 yil, Yaypan

09

(Tashriflar: umumiy 272, bugungi 1)

Izoh qoldiring