Xoja Bahouddin Naqshband. «Al Avrod al Bahoiyya va Virdi Nahshband»dan & Buxoro pirlariga bag’ishlov

Ashampoo_Snap_2017.10.17_21h31m57s_002_.png      Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд бобомиздан «Аврод» номли асар мерос қолган. У «Ал Аврод ал Баҳоийя ва Вирди Нақшбанд» ёки «Вирди Кабир” номи билан маълум ва ҳозирги кунгача тариқат аҳли орасида машҳур. “Аврод» — раббоний илмга эришиш, ҳақиқатга етишишнинг йўллари, илоҳий файзни қабул қилиш воситалари, умуман, инсон ҳақида таълим бергувчи тасаввуфий қўлланмадир. Қуйида ушбу рисоладан олинган бир парчани ҳукмингизга ҳавола этмоқдамиз.

ҲАЗРАТ БАҲОУДДИН НАҚШБАНДНИНГ
ҲАЁТИ ВА ТАСАВВУФИЙ ҚАРАШЛАРИ
Гулчеҳра Наврўзова —  профессор
045

Ashampoo_Snap_2016.04.16_19h02m52s_001_.pngЎзбекистон қадим-қадимдан улуғ алломалар, валий инсонларни тарбиялаб вояга етказган юрт. Бу табаррук заминда исломий илмларнинг барча тури ривожланиб, дунёга машҳур назарий тадқиқотлар яратилган, ўзига хос мавқега эга илмий мактаблар шаклланган. Жумладан, инсон қалбини поклаш, уни руҳий-маънавий жиҳатдан юксалтиришни мақсад қилган тасаввуф таълимоти ҳам юртимизда кенг тараққий этди. Дунёга машҳур уч буюк тариқат –яссавия, кубравия, нақшбандия тариқатларининг Марказий Осиёда пайдо бўлгани ҳам бунинг ёрқин далилидир. Тариқатлар исломий ғояларни тарқатиш, Худога бўлган муҳаббат орқали тақво ва тавҳидни чуқурроқ англаш, уни гўзал ахлоқ нормасига айлантириш, нопок ишлар, ёмон ахлоқ ва баднафсликка қарши курашиш билан шуғулланиб келганлар. Айниқса, нақшбандия тариқати бу борада эл орасида алоҳида обрў-эътиборга сазовор бўлиб, унинг таъсири Марказий Осиёдан ташқарида ҳам сезилиб турган. Туркия, Кавказ, Россия, Ҳиндистон, Жанубий Осиё ўлкаларида унинг тарафдорлари кўпайган, улар ҳозир ҳам бор. Бунинг боиси, биринчи навбатда, тариқат асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг шахсияти, у яратган таълимотнинг ҳаётийлиги ва қулайлигидир.

“Нақшбанд” (нақш солувчи) номи билан машҳур бўлган Баҳоуддин Муҳаммад 1318 йилда Бухоро шаҳри яқинидаги Қасри Ҳиндувон қишлоғида туғилганлар. Илоҳий истеъдод соҳиби бўлган бу зот аввал Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий, сўнгра Саййид Амир Кулол қўлида тарбияланиб, тариқат одоби, тасаввуф таълимотини эгалладилар. Шу билан бирга, Халил ота ва Қусам Шайх суҳбатларида бўлдилар. Аммо ул зотнинг ўз эътирофларига кўра, бутун қалблари билан Хожаи Бузург – Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний руҳониятига боғланганлар. Яъни Бобо Самосий ҳазрат Баҳоуддинни “қабул назари” билан кашф этган бўлса, Амир Кулол тариқат одобини ўргатган. Аммо руҳоният жиҳатдан ҳазрат Баҳоуддиннинг пири муршидлари Абдулхолиқ Ғиждувонийдир. Чунки Баҳоуддин Нақшбанд ўзларини хожагон тариқатининг давомчиси деб ҳисоблаб, ушбу тариқат ғояларини ривожлантиришни ўз олдига вазифа қилиб қўяди.

Абдулхолиқ Ғиждувоний ўз тариқатида жаҳрий зикр, самоъ ва хилватга кенг ўрин бермай, янгича услуб қўллайди. Суннатга эътибор бериб, бидъату хурофотлардан йироқлашишга аҳамият беради. Ўз шогирдларига: “Фиқҳ ва ҳадис илмини ўрган, жоҳил сўфийлардан йироқ бўл, молинг фиқҳ китоблари бўлсин, сени мақтасалар ғурурланма, маломат қилсалар ранжима, инсонлардан ҳеч нарса тама қилма, футувват аҳлидан бўл ва Ҳақ таоло сенга нима берса халққа эҳсон қил!”, деб доимий айтиб юрганлар ва шунга даъват этганлар. Бу қоида кейинчалик хожагон тариқатининг бош хусусияти сифатида давом этди ва тахминан икки асрдан сўнг нақшбандия тариқатига мерос бўлиб ўтди. Абдулхолиқ Ғиждувоний ва издошларининг, жумладан хожагон-нақшбандия тариқати уч асосий тамойилга таянади: исломий қоидаларга асосланиш; аҳли сунна вал жамоа эътиқодига риоя; маломатийлик (ўзини ўзи маломат қилиш) тушунчасига боғлиқлик.

Исломий қоидаларга боғлиқлик. Хожагон-нақшбандия тариқати таълимотининг асосий хусусиятларидан бири – амри маъруф ва наҳй мункарга қаттиқ риоя қилиш, дин уламоларига ҳурмат кўрсатиб, бидъат амаллардан сақланишдир. Шу жиҳатдан бўлса керак, хожагон мактаби турли бидъатлардан, ботинийлик ва ҳуруфийлик каби ботил таълимотлар таъсиридан ўзини муҳофаза эта олган. Ҳусайн Вассоф (ваф. 1929 й.) бу ҳолатни ўз китобида бундай ифодалайди: “Бу олий тариқатда бидъат ишлар йўқлиги ва уларнинг маслакларига (шариатга нисбатан) эътиборсизлик дохил этмаганидан умумисломий жамоатчилик наздида (бу тариқат) ҳақиқий маънода эътироф этилган ва тез орада кенг тарқалган. Бу тарқалишда таъсирли омил ислом уламосининг (хожагонга) рағбат кўрсатишидир”. Ҳусайн Вассофнинг XX аср бошида берган бу баҳоси хожагоннинг барча даврлардаги мавқеига дахлдордир.

Абдулхолиқ Ғиждувоний фанойи нафс мартабасига ўнг қўлда Қуръони каримни, чап қўлда ҳадиси шарифни ушлаган ҳолда, уларнинг нури билан юрган кишигина эриша олади дейди. Шогирдларига: “Фиқҳ ва ҳадис илмини ўрган, жоҳил сўфийлардан узоқ юр!”, дея насиҳат қилиши унинг диний ҳукмларга нечоғли эътибор берганлигини кўрсатади. Хожагон машойихининг: “Хожалар (дин олимлари) бизнинг саййидларимиз” дея уламои киромга ҳурмат бажо келтирганлиги маълум. Хожа Али Ромитанийнинг мажлисида олимлардан бири уни мақтаб: “Сиз мағзсиз, биз эса пўстлоқ”, дебди. Шунда Хожа Али Ромитаний: “Мағз пўстлоқнинг ҳимоясидадир”, деган экан. Унинг бу сўзини изоҳлаган Муҳаммад Арзангий ёнғоқ пўстлоғи (пўчоғи)нинг шариатга, мағзининг эса тариқатга ўхшашини, пўстлоқсиз мағз чириб кетишини баён этади. Яъни, мағз пўстлоққа муҳтож бўлганидек, тариқат аҳли ҳам шариат олимларига муҳтождир.

Дўст ва муридларига диний амрларга ва илмга суянишни тавсия этган Саййид Амир Кулолнинг: “Бирор киши сизлардан мазҳабга доир савол сўраса-ю, жавоб беролмасангиз, бундан ҳам хунукроқ иш бўлмайди. Бу ҳолат сизнинг ғафлатда эканлигингизни билдиради… Олимларга яқинлашинг, чунки улар умматнинг машъалидирлар”, – дегани ривоят қилинади. Саййид Амир Кулолнинг ўғли Саййид Амир Ҳамза Абу Ҳафс Умар Насафийнинг (XII аср) сўзларидан баҳс юритаркан, ботил йўлдаги сўфийлардан қочиб, диний фармонларга боғлиқ равишда яшашни тавсия этади.

Баҳоуддин Нақшбанд кўпроқ ҳадис илмидан таҳсил олиб, илмга ва илм аҳлига катта аҳамият берарди. Шу хусусияти боис Бухоро мадрасаларидаги кўплаб мударрис ва талабалар унга шогирд бўлишиб, суҳбатларига қатнай бошлаганларида баъзи олимлар мадрасалар бўшаб қолишидан андешаланганлар. Шунда Баҳоуддин Нақшбанд олимларга: “Тариқатимизни сизга тушунтирайлик, агар шариатга ва суннатга тўғри келса йўлимизда давом этаверамиз, агар тўғри келмаса воз кечамиз”, – деган экан. У ҳалол ва ҳаром масаласида жуда эҳтиёткор бўлар, шубҳали таомлар емас, муридларига ҳам едирмас эди.

“Биз Аллоҳнинг лутфи билан (маънан) нимага эришган бўлсак, Қуръони карим оятлари ва ҳазрат пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларига амал қилганлигимиздандир. Бу амалдан бирон натижага эришмоқ учун тақво қилиб, шариат қоидаларига азимат билан риоя қилмоқ, аҳли сунна вал жамоа асосларига амал қилмоқ ҳамда бидъатлардан қочмоқ керак”, – дейди Баҳоуддин Нақшбанд.

Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг таниқли шогирдларидан бўлмиш Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор “Фақарот” асарида фано ва бақо мартабаларига фақат ҳазрати пайғамбарга, диний асосларга ва аҳли сунна вал жамоа йўлига эргашиш билангина эришмоқ мумкинлигини айтади. У фақирларнинг ҳаққидан қўрқиб, вақф молни ейишдан ўзини сақлар эди. Ҳалол озуқа тасаввуф йўлида камолотга эришиш учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидларди. Пайғамбар алайҳиссаломга эргашиш, олимларга ҳурмат кўрсатиш лозимлигини айтаркан, илмни тирикчилик ва мансаб учун восита қилиб олган олимлардан узоқлашиш лозим дейди.

Хожагон-нақшбандия машойихлари дунёқарашида исломий амр ва тақиқларга шунчаки итоатлар билан эмас, балки азимат (тақво) билан амал қилиш мавзуси муҳим ўрин тутади. Баҳоуддин Нақшбанднинг тушида Абдулхолиқ Ғиждувоний: “Доимо оёқни шариат ва истиқомат сажжодасига қўйиш, азимат ва суннат билан риоя этиш, рухсат ва бидъатдан йироқ туриш лозим”, дея тавсия қилгани учун Хожа Баҳоуддин азимат билан ҳаракат қилмоқ ниятида жаҳрий зикрни тарк этиб, хафий зикрни бошлаган. Ҳатто ривоят қилинишича, совуқ қиш бўлишига қарамай, диний фатвога кўра таяммум қилиш ўрнига, қийинчилик йўлини танлаб, Ревартун қишлоғидан Қасри Орифонга қадар бориб, катта қийинчиликлар билан сув топиб ғусл қилган экан.

Аҳли суннатга боғлиқлик. Аҳли сунна вал жамоа ақидасига эътиқод қилинган Бухоро диёрида дунёга келиб, кенг тарқалган хожагон тариқати исломиятнинг сунний жиҳатини эътироф айлаган бўлиб, бу хусусиятини доимо муҳофаза этиб келган. Машойихлар силсиласининг бошқа кўплаб тариқатлари каби ҳазрат Али (к.в.)га эмас, балки ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ (р.а.)га бориб тақалиши ҳам хожагоннинг суннийликка берган аҳамияти тимсолидир.

Тасаввуф йўлида илгарилаш учун аҳли сунна эътиқодига риоя қилиш лозимлиги, чунки аҳли сунна фирқаи ножия (нажот топган гуруҳ) эканлигини қайд этган Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор: “Агар хожагон тариқати дарвишларининг эътиқодини сўрасалар, улар аҳли сунна вал жамоа эътиқодидалар, деб айт”, дейди. Аҳрория шўъбасидан Шаҳобиддин Ғованд Маҳмуд (ваф. 950/1543 йилдан кейин) ҳам: “Шайхларимизнинг усули ҳазрат пайғамбар суннатига ва аҳли сунна вал жамоа мазҳабига эргашмоқдир”, деган экан.

Сафавийларнинг босқинлари туфайли хожагон мансублари Хуросон ва Эрон тупроқларидан кўчиб кета бошлаганликлари, нақшбандийликнинг Ҳиндистон ва Онадўли ўлкаларида тез тарқалишига имкон очди. Нақшбандия вакилларининг усмонли ва шайбоний давлат раҳбарлари билан муносабатлари мустаҳкамланди.

Маломат тушунчаси асосларига боғлиқлик. IX асрда Нишопурда Ҳамдун Қассор (ваф. 271/884 й.) асос солган маломатийлик мактабининг бош асослари даврлар ўтиши мобайнида бошқа тариқатларга ҳам таъсир қилган. Булар орасида энг кўп таъсирланган тариқат хожагон сулукидир. Хожаи Жаҳоннинг “Васиятлар” китоби назардан ўтказилганда, Хуросон сўфийларининг маломатий қарашлари излари очиқ-ойдин кўринади.

Луғатларда ёзилишича, “маломат” сўзи “маломат қилиш, қоралаш, айблаш” каби маъноларни билдиради. Яъни, маломатийликда инсон ўз тоат-ибодатларини ноқис билиб, нафсини маломат қилиши, шу билан бир қаторда бошқаларнинг ҳам уни маломат қилишидан қўрқмаслиги асосий қоида ҳисобланади. Қуръони каримнинг “Аллоҳнинг (тоати) йўлида жидду жаҳд қилувчи, маломатчининг маломатидан қўрқмайдиган бўлурлар” (Моида, 54) ояти каримаси ушбу қоидага мисол бўла олади.

Нақшбандиянинг муҳим асосларидан бири сўфийнинг ўз маънавий ҳолини яшириши, шуҳрат ва риёдан қочишидир. Шу мақсадда улар халқ орасида ориф бир сўфий сифатида юргандан кўра эл қатори оддий бир инсон бўлиб юришни ихтиёр этганлар. Риёдан сақланиш учун кароматларини сир тутганлар. Баланд овоз билан (жаҳрий) зикр қилишдан, тариқатга мансублиги кўрсатадиган махсус кийим кийишдан, ҳатто такя – хонақоҳ барпо этмоқдан сақланадилар. Тариқат маросимларига аҳамият бермайдилар. Футувват нашъасида эса фидокор ва жўмарддирлар. Қўл меҳнати билан кун кечиришга аҳамият берадилар. Бу хусусиятлар Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд асос солган хожагон-нақшбандия тариқати таълимотларидир.

Маломатийларнинг тасаввуфий қарашлари билан Абдулхолиқ Ғиждувоний ва издошларининг фикр-қарашлари қиёсланганда маломатийлик тушунчаси хожагон таълимотига нечоғли таъсир кўрсатгани янада равшанлашади.

Абдулхолиқ Ғиждувоний шогирдига тавсияларида: “Халқнинг сени мақташи билан ёмонлаши сенинг назарингда бир хил бўлсин ҳамда халқнинг маломатидан ранжима” дейди. Бадавлат оила фарзанди Алоуддин Аттор акаларининг тўсқинлик қилишларига қарамасдан, бозорда олма сотарди. Бошқа бир ривоятга кўра эса Аттор Баҳоуддин Нақшбандга шогирд бўлишни истаганида Нақшбанд ҳазратлари ҳўкиз ишкамбасининг ичини ташқарига ўгириб, бошига қўйиб келишни буюрганида Аттор бозордагиларнинг маломатларига эътибор бермай, устозининг амрини бажо келтирган.

Нақшбандия тариқатининг белги ва қоидалари қуйидагилар:

а) эл қатори бир инсон каби юриш, тариқат белгисини билдирувчи махсус кийим киймаслик ва шуҳратдан сақланиш. Нақшбандийлар ўз маънавий аҳволини яшириш учун сўфиёна хирқа ва тож ўрнига савдогар ё уламолар кийимини кийишни ихтиёр этганлар.

Хожагон ва нақшбандиянинг илк даврларига назар солинганда, махсус бир андоза ва рангда хирқа ё тож кийишнинг мавжуд бўлмаганлиги кўринади. Биздаги баъзи бир ўзини нақшбандийман деганлар ажралиб туриш учун махсус қора салла кийиб юришлари демак мутлақо хато ва асоссиздир. Қора салла кийиб юриш ҳеч вақт тариқатнинг бош қоидаси бўлмаган. Аксинча, барча нақшбандия шайхлари уламо каби оддий салла ўраганлар. Ҳусайн Вассоф ҳам бу хусусни қуйидаги жумласида махсус таъкидлайди: “Нақшбандия тариқатида бошқа тариқатларда бўлганидек махсус бир либос йўқ. (Уларда) ҳар ким ўз илмий даражасига кўра кийинади. Нақшбандия машойихи эса, асосан, уламо қиёфасида юрадилар…”.

Зеро, хожагон-нақшбандия шайхлари: “Бизга кўра хирқа эмас, ҳирфа (маслак, касб-ҳунар) муҳимдир” деганлар.

б) хилват. Нақшбандийликнинг энг муҳим асосларидан бири шуҳратдан қочишдир. Баҳоуддин Нақшбанд ва у зотнинг шогирдлари “хилватда шуҳрат бор, шуҳратда офат” фикри билан хилватга кўп аҳамият бермаганлар ва “халқ орасида Ҳақ билан бўлиш” дея таърифланган “хилват дар анжуман” қоидасини қабул қилганлар. Абдулхолиқ Ғиждувоний “хилват эшигини ёп, суҳбат эшигини оч”, Баҳоуддин Нақшбанд эса “Йўлимиз суҳбат йўлидир, хилватда шуҳрат, шуҳратда офат бор” деганлар.

Ривоят қилинишича, Саййид Амир Кулолнинг ўғли ва халифаси Саййид Амир Ҳамзадан бир шайх: “Тариқатингизда нима учун хилватда ўтиришга кам эътибор берилади?” дея сўраганида, Амир Ҳамза: “Хилватда ҳам суҳбат қуриш учун бир рафиқ керак”, – дея жавоб берган экан. Бу шайх Амир Ҳамзага хилватда рафиқ бўла олишини айтганида, Амир Ҳамза: “Сизнинг хилватингиз қандай?”, – дея сўради. Шайх: “Бир кўза сув ва қирқ дона майиз билан қирқ кунни ўтказамиз”, – дейди. Амир Ҳамза: “Бизнинг хилватимиз эса бир таҳорат билан хилватга кириш, ҳар куни бир қўй ейиш ва қирқ кун ўша таҳорат билан намоз ўқишдир”, – дейди. Хожа Нақшбанд Амир Ҳусайннинг саволига жавобан тариқатида хилват ва самоънинг ўрнига “хилват дар анжуман” қоидаси борлигини айтган.

Жамият орасида танҳо бўлиш деган маънони билдирувчи “хилват дар анжуман” атамаси сўфийнинг бир чеккада ўтирмасдан, халқ орасида бўлиши, лекин жисман одамлар орасида бўлса ҳам, ботинан улардан узоқда, Аллоҳ билан бирга бўлишни бидиради. Зоҳирда халқ билан, ҳақиқатда эса Ҳақ билан, “Даст ба кору дил ба Ёр” – қўл ишда, кўнгил Ёрда, “тан дар бозору дил ба Ёр” – тан бозорда, қалб ёрда каби шиорлар худди шу мазмунда қўлланилган. “Хилват дар анжуман” қоидаси: “Эртаю кеч У зотни поклайдиган кишилар бордирки, уларни на тижорат ва на савдо (ишлари) Аллоҳнинг зикридан, намозни баркамол адо этишдан ва закот беришдан чалғита олмас” (Нур, 37) оятига кўра қабул қилинган. Баҳоуддин Нақшбанд ҳажга борганида Мино бозорида бир ўсмирнинг беш минг динорлик савдо қилаётганини, лекин қалбининг бир лаҳза бўлса ҳам Аллоҳдан ғофил бўлмаганини мушоҳада этиб, у ҳақда фахр билан сўзлаган экан.

Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг шогирдларидан Авлиё Кабир “хилват дар анжуман”ни изоҳларкан, шундай деган: “Доимий зикр қилган одам зикрдан ҳосил бўлган важду истиғроқ билан шундай бир мартабага етадики, зикр қалбини қуршаб олганидан зокир бозорга кирса ҳам ҳеч қандай овозни эшитмайди”. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ҳам зикрга берилган соликларнинг беш-олти кун шундай ҳолни ҳис қилганликларини, халқнинг шовқинини зикр садоларидек эшитганларини баён этади. Нақшбандия тариқатининг буюк ислоҳотчиси Махдуми Аъзам Аҳмад Косоний фикрича, “хилват дар анжуман”нинг ботиний маъноси касратда ваҳдатни (кўпчилик орасида бирликни) мушоҳада этмоқдир. “Бандам менга нафл ибодатлар билан яқинлашади, оқибатда уни севаман. Уни севгач, унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, гапирадиган тили ва ушлайдиган қўлига айланаман. Мен билан эшитади, мен орқали кўради…” мазмунидаги қудсий ҳадисда “хилват дар анжуман” қоидаси илгари сурилган. Шу жиҳати билан бу қоида ўрта даражали сўфийларнинг эмас, тасаввуфий тарбияси ниҳоясига етганларнинг мақомидир. Халқ орасида Ҳақ билан бирга бўлиш, яъни сўфийнинг дунёвий иш билан машғул бўлишига қарамай, эл қатори бир инсон сифатида яшаши, шу орқали маънавий ҳолини атрофидагилардан махфий тутишини билдирувчи бу қоида нақшбандия тариқатининг шиоридир.

в) маънавий ҳолни яшириш, риё бўлмаслиги учун кароматни изҳор этмаслик. Нақшбандийлар риё ва шуҳратдан қочганлари боис кароматни сир тутишга алоҳида аҳамият берганлар. Баҳоуддин Нақшбанднинг айнан шу ҳолатни ифодалашга қаратилган қуйидаги байти унинг суҳбатларида ўқилган экан:

Аз дарун шав ошино ваз берун бегонаваш,
Ин чунин зебо равиш кам мебувад андар жаҳон.

(Ботинда Ҳаққа ошно бўл, зоҳирда эса бегонадек кўрин. Бундай гўзал бир усул жаҳонда кам топилади).

г) рақсу самоъ ва жаҳрий зикрдан қочмоқлик. Маънавий ҳолларини изҳор айлашдан сақланган нақшбандийлар кўпинча рақсу самоъ (зикрни рақсу мусиқа билан бажариш) ва баланд овоз билан зикр қилишдан узоқ бўлишни ихтиёр этганлар. Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари: “Самоъни инкор этмаймиз, унда қатнашмаймиз ҳам” деганлар. Хожа Баҳоуддин Нақшбанд самоъ қилмаган ва муридларини ҳам самоъ мажлисида ўтиришдан қайтарган.

Абдулхолиқ Ғиждувоний шогирдларига: “Самоъ мажлисларида кўп ўтирма, зеро нифоқ ҳосил бўлиб, самоънинг ортиғи дилни ўлдиради. Лекин самоъни инкор этма, самоъ қилувчилар кўп. Самоъ фақат қалби тирик ва нафси ўлик кишигагина жоиз. Бундай ҳолга эришмаган кимсага самоъ ҳалол ва мубоҳ эмас”.

Хожагон ва нақшбандия шайхлари асосан махфий зикрга риоя қилиб келганлар. Зеро, Абдулхолиқ Ғиждувоний Хизр алайҳиссаломнинг тавсияси билан ҳовузда, сув остида зикри хафийни бошлаб берган.

д) хизмат аҳли, фидокор ва жўмард бўлмоқ. Нақшбандийлик футувват тушунчаси таъсири остида шакллангани боис фидокорлик ва хизматга алоҳида аҳамият беради. Нақшбандийлар халққа хизмат қилишади, лекин ўзларига хизмат қилинишини истамайдилар. Улар инсонлардан ёрдам сўрамайдилар. Ҳамдун Қассор: “Яратилмишнинг яратилмишдан ёрдам сўраши зиндондаги кишининг зиндондаги кимсадан ёрдам сўраши демакдир”, – дейди. Хожагон-нақшбандия вакиллари ҳам халққа хизмат қилишга алоҳида аҳамият беришган, лекин ўзлари учун илтифот кўрсатилишини хоҳламас эдилар. Бу ҳақда Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг: “Инсонлардан бирон нарса тамаъ қилма!” ва “Жавонмард, сахий бўл. Аллоҳ таоло сенга инъом этган неъматлардан халққа эҳсон қил!” каби тавсиялари намуна бўла олади. Шунингдек, “Рашаҳот” муаллифининг отаси, нақшбандийлардан Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Футувватномаи султоний” номли махсус асар ёзганлиги хожагон таълимотида футувват нашъасига нечоғли эътибор берилишининг қатъий бир далилидир.

Абдулхолиқ Ғиждувоний васиятларида: “Машойихга баданинг билан жисмонан хизмат қил!”, – дейди. Баҳоуддин Нақшбанд ҳам устози Амир Кулол хонақоҳида елкасида ўтин ташиган. Хожа Али Ромитанийнинг “Дўстимнинг келишига восита бўлган бу ҳайвондир” дея дўстидан олдин унинг уловини едириб-ичирган. Баҳоуддин Нақшбанднинг уйига зиёратчи ё меҳмон келса, иззат-икром кўрсатарди. Бир сафар бетоб бўлиб қолганида, Бухородан муридлари келишган. Беморлигига қарамай, меҳмонларни табассум билан кутиб олган, ҳатто меҳмонлар учун муридлари билан бозордан қўй олиб келишаётганида ҳазрат Нақшбанд қўйни елкасида кўтариб келган экан. Булар хожагон-нақшбандия шайхларининг халққа хизмат қилишга кўрсатган аҳамиятларидан далолат беради.

е) ҳалол меҳнат билан тирикчилик қилиш. “Бир мўъминнинг ҳалол меҳнат қилмаслиги тиланчиликда илгарилаши демакдир”, – деган Ҳамдун Қассор Нақшбандийлар меҳнат қилиб кун кечиришган ва топганларини фақирларга эҳсон қилишга аҳамият берганлар.

Хожагон-нақшбандия шайхлари ишсиз инсонларни шогирдликка қабул қилмаганлар, ўзлари албатта бирор касб-ҳунар билан машғул бўлганлар. Хожа Али Ромитаний тўқимачи, Муҳаммад Бобо Самосий боғбон, Амир Кулол кулол, Баҳоуддин Нақшбанд наққош – тўқимачи ва чорвадор, Амир Кулолнинг ўғли Амир Ҳамза овчи, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор чорвадор ва савдогар бўлишган. Баҳоуддин Нақшбанд таваккул ҳоли ҳалол меҳнат қилиш билан бирга бўлмоғи лозим деган эди. Баҳоуддин Нақшбанднинг увайсий пири Ҳаким Термизий (ваф. 320/932 й.) ҳам меҳнат билан кун кечиришга аҳамият берган мутасаввифлардан бўлиб, бу мавзуда ҳатто “Баён ул-касб” номли асар битган экан.

Муҳаммад Порсо хожагон-нақшбандия тариқати Боязид Бистомий, Салмони Форсий ва Абу Бакр Сиддиқ воситасида ҳазрат пайғамбарга туташиши, бу уч зотнинг ҳам меҳнат аҳлининг буюкларидан бўлганлигини ифодалайди. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг шогирдларидан Абдуллоҳ Илоҳий (ваф. 896/1491 й.) бундай дейди: “Нақшбандийлар тоифасининг мақоми жами мақомотдан баланддир… Суннати муаккада ва фарзларни чўзмайдилар. Ортиқча амаллардан кўп умид қилмайдилар, балки Ҳақ таолонинг фазлидан умидворлар” Баҳоуддин Нақшбанднинг: “Биз Аллоҳнинг лутфига боғланганлармиз” ва “Бизни лутф эшигидан киргаздилар. Вазифамиз фарз, вожиб ва суннати муаккадаларни адо этмоқдир” каби сўзлари бир-бирига мувофиқдир.

Баҳоуддин Муҳаммад Нақшбанд 71 ёшида 1389 йили ўз муборак масканлари Қасри Ҳиндувон (кейинчалик бу ер Қасри Орифон деб аталган)да оламдан ўтганлар. Қабрлари шу ерда. Ул зот тарбиясида бемисл хизматлари сингган оналарининг қабри ҳам шу ерда.

Баҳуоддин Нақшбанд – валий инсон, улуғ руҳоний мураббий, кўпдан-кўп покиза хислатли одамларни тарбиялаган, янги силсилани вужудга келтирган зот. Шунга қарамай, ниҳоятда камтарона ҳаёт кечирган, тақво, ҳалоллик, ҳақгўйлик, адолатхоҳликда намуна бўлганлар. Ўзларига тегишли ерда деҳқончилик қилиб, баъзан ота касб – кимхобга нақш солиб, луқмаи ҳалол билан рўзғор ўтказган. “Битта сигиримиз бор эди, деб эслайди у киши — ўзим боқардим ва ўзим соғар эдим” (“Мақомоти Шоҳи Нақшбанд” китоби, 14-б.).

Баҳоуддин Нақшбанд назру ниёз қабул қилмаганлар, аксинча, ўз рўзғорларидан ортиб қолса, бошқа муҳтожларга берганлар. Қасри Орифон ўзига хос хонақоҳга айланиб, Баҳоуддин Нақшбанд шу ерда мурид тарбиялаш билан шуғулланганлар. У киши атрофига қалби тоза, илоҳий илмларни пухта эгаллаган, маърифат нурига ташна одамлар йиғилган бўлиб, илоҳий ҳақиқатларни кашф этиш учун суҳбатлашардилар.

Суҳбатнинг фойдаси кўп, дейди Баҳоуддин Нақшбанд, чунки суҳбат орқали инсон қалбига кириб бориш мумкин. Бошқа тариқатлардаги чилла ўтириш, зикри жаҳрия (баланд овозда зикр айтиш)ни Баҳоуддин ҳазратлари хуш кўрмаганлар. Чунки чилла ўтириш, хилватнишинлик – одамлардан узоқлашиш, ўзини кўз-кўз қилиш ва васвасага берилишдир. Суҳбат нақшбандиянинг бош шиори – “хилват дар анжуман” (одамлар ичра хилватда бўлиш)га мос эди. Зеро ҳунар билан, касб билан шуғулланиб ёки бирор иш билан банд бўлиб ҳам, Аллоҳ ёдини дилда сақлаш, бандаликни бир нафас унутмаслик, ҳамма вақт, ҳамма ерда, истаган шароитда ўзини огоҳ деб билиш, қалбда Аллоҳ номларини нақшлаш улуғ фазилатдир.

“Даст ба кору дил ба Ёр” шиори ҳам айнан шуни тақозо этар эди. Қўлинг ишда, қалбингда Аллоҳда бўлсин,. Яъни: дунёни ҳам, охиратни ҳам, унутма. Худди шу маънода хожагон тариқатининг бошқа қоидалари, чунончи: “сафар дар ватан”, “ҳуш дар дам”, “назар дар қадам” каби қудсий талаблар ботинни поклаш, ботинан Аллоҳни севиш ва шариат йўлидан чекланмасликни чуқурроқ англаш, мустаҳкамлашга ёрдам бериб келган.

Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари биринчи навбатда амалий ишлар билан шуғулланган мураббий шайх бўлган. Аммо ул зотнинг хожагон тариқати қоидаларини назарий жиҳатдан бойитган фикр-мулоҳазалари ҳам кўп. Бу ҳақда манбаларда маълумотлар анча. Баҳоуддин Нақшбанд “Ҳаётнома”, “Далил ул-ошиқин”, “Аврод” номли асарлар ёзиб қолдирганлар. Бироқ бу асарларнинг тақдири ҳозиргача бизларга номаълум. Фақатгина ул зтнинг “Ал-Аврод” номли машҳур асарларига Али ибн Аҳмад ал-Ғурий ёзган шарҳ — “Шарҳи аврод” асари мавжуд. Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари айтган сўзлар аксар маноқиб ва тазкираларда учрайди.

Агар бу сўзларни жамлаб ўргансак, нақшбандия тариқатига оид қуйидаги қоидалар келиб чиқади:

1. Пайғамбар суннати, шариат аҳкомларидан четга чиқмаслик. Шу маънода зикри жаҳрия эмас, зикри хуфияни ихтиёр этиш (“Мо ин кор намекунем, аммо инкор ҳам намекунем”).

2. Тарбияда ботинни поклаш ва руҳоний камолотга асосий эътиборни қаратиш. Шу маънода хилватнишинлик, узлатни тарк этиб, жамият ичида бўлиб, Аллоҳни дилда сақлаш, зикрни қалб билан адо этишга эришиш.

3. Шундан келиб чиқиб, орифона суҳбатлар, муроқаба каби усуллардан кенг фойдаланиш. Шогирдларнинг ихлосини синаб кўриш.

4. Сўфий ўз-ўзини назорат қилиб бориши, кириб-чиқаётган нафаси, фаолияти, умри нимага сарфланаётганини ҳисоблаб, ўзини огоҳлик билан ростлаб бориши даркор. Ботинга сафар қилиш орқали нафсни тарбиялаш, инсонийлик хислатларини кўпайтириб боришга эришиш.

5. Фақрлик ва тавозеъни ўз ахлоқ қоидасига айлантириш. Фақрлик — гадолик ёки ўта қашшоқлик эмас, балки молу давлатга эга бўлса ҳам, ўзини Худо талабгори, бу дунёда ҳеч нарсага эга эмас деб билиш. Хоксорликнинг намунасини кўрсатиш. Фақирликнинг биринчи шарти нафсни бадном этиш ва ҳар лаҳзада “табиий вужудни кафолатлаб туриш”дир. Фақрлик, шу маънода ҳам ахлоқий сифат, ҳам мартаба ва мақомдир. Фақр мақомига етиш учун “жисм фано шуъласига яширинган” (Алишер Навоий) бўлиши, қалб Аллоҳ ишқи ва жазбаси билан тўлиб-тошиши лозим. Киши хуш хулқи, покиза сифатлари билан фазлу камолот ва кашфу каромат соҳибига айланади. Сўфий мол-мулки бор-йўқлигига қарамай, Аллоҳ наздида фақир ва ҳақирдир. Ҳам шу боис буюкдир, азиздир, севимлидир.

6. Шу ақидадан келиб чиқиб, нақшбандийлар тахтда ўтириб ҳам, мансаб-амал эгаси бўлиб ҳам дарвеш бўлиш мумкин, дейдилар. Жумладан, Ҳусайн Бойқаро Жомий ва Навоий назарида “ҳам шоҳ, ҳам дарвеш”, яъни қалбан дарвеш одамдир.

Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг қарашларини ифодаловчи ҳикматли сўзларидан яна баъзи мисоллар келтирамиз.

1. “Ўз нафсларингизни ёмонлаб, таҳқир этиб туринг, чунки кимки Ҳақ субҳонаҳу ва таоло инояти бирла ўз нафсини ёмон деб таниган бўлса, бу амал унинг учун осондир”.

2. Имон — қалбни Аллоҳдан бошқа ўзига ром этувчи фойдали ва фойдасиз нарсалардан узиб, Ҳаққа боғлашдир.

3. “Анжуманда хилват – “зоҳир юзидан халқ билан ва ботин тарафидин Ҳақ субҳаноҳу таоло билан бўлмоқдир”.

4. “Бандалик хожалик била тўғри келмас, биз қул ва хизматкор тутмадик”.

5. “Элнинг юкини енгиллаштиринг, элга юк бўлманг”.

Баҳоуддин Нақшбанд тариқати осойишта ва чин маънодаги маърифий тариқатдир. Тафаккур ва тахайюл меваларидан баҳрамандлик, бадиий ижод намуналаридан фойдаланишга кенг йўл берилган. Бехудлик, ғулувга кетиш, қавмни таҳликага солиш, авом англамайдиган ҳаракатлар қилиш манъ қилинган.

Нақшбанд ҳазратлари мулойим-табиат, раҳмдил одам бўлганлар ва шундай одамларни яхши кўрганлар. У зотнинг ўгитларидан: “Дилозордан Худо безор, барча мўминларга, ҳатто кофирларга ҳам раҳмдил бўлинг, чумолига ҳам озор берманг” Устозлари ҳазрат Саййид Амир Кулолнинг мана бу сўзини такрорлаб юрардилар:

Маёзор мўру маёзор кас,
Раҳи растакори ҳамин асту бас.

(Чумолига ҳам, одамга ҳам озор берма, нажот йўли шудир).

Баҳоуддин Нақшбанд таълимоти катта ижтимоий таъсирга эга эди. “Худо олдида барча баробар, шоҳу гадо деб ажратиш бўлмас”, дер эдилар. Бу:

а) турли ижтимоий табақалар;

б) турли миллат ва қавмларни бирлаштиришга қаратилган бўлиб, айирмачилик ва сиёсий тўқнашувларнинг олдини олишга ёрдам берган.

Нақшбанд бутун умр илм истаб, илм ўрганиш, жаҳлдан узоқ туришни насиҳат қилдилар. У киши Пайғамбарнинг “Қаерда бўлманг, илм талабидан узоқлашманглар ва агар обу оташ ичра ғарқ бўлсангиз ҳам, ғаввос бўлиб кечиб ўтинглар ва илм ўрганинглар”, деган ҳадисини муридларига такрор-такрор уқтириб турганлар.

У кишининг муридлари ҳаммаси муайян касб эгаси бўлган, касб билан ҳалол луқма топиб ейиш талаб қилинган. Камтаринлик улуғланиб, турли кийимлар кийиб ўзини кўз-кўз қилиш, сўфийман деб иддао қилиш, керилиш катта нуқсон деб қаралган.

Мана шу жиҳатлари билан ҳам нақшбандия таълимоти обрў-эътибор қозонган. Бутун ҳаракат-фаолият, ўгит-насиҳатлар, тоат-ибодат ҳам инсонийлик жабҳаларини кашф этишга қаратилган. Инсонийлик жавҳари эса илоҳий ахлоқ ва исломий иймон мустаҳкамлигини таъминлаш орқали қўлга киритилади.

Шўролар замонида ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд таълимотига эътибор қилинмади, ул зотнинг мақбараси, Қасри орифон мажмуи ташландиқ ҳолда қолди. Истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб, Юртбошимиз ташаббуслари билан бу мажмуа таъмирлаб, обод қилинди. 1993 йилда Нақшбанд ҳазратлари 675 йиллиги жаҳон миқёсида нишонланди. Президентимиз шахсан ўзлари Нақшбанд қадамжойларини обод қилиш ишларини кўздан кечириш учун Бухорога уч марта ташриф буюрдилар. Бу жой ҳозир Қуббат ул-ислом номи билан машҳур бўлган Бухорои шарифнинг энг кўркам жойларидан бирига айланди. Бу ерга дунёнинг турли гўшаларидан сайёҳлар келиб, зиёрат қилмоқдалар.

Мамлакатимиз раҳбари  ўз нутқларидан бирида деганлар:

“Бухорони Бухорои шариф даражасига кўтарган ана шундай аждодларимиз орасида ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг муборак сиймоси алоҳида нуфуз ва мавқега эга. Бу улуғ шахс тимсолида инсон руҳиятининг нақадар теранлиги, бу дунёда ўз иродасини тарбиялаб, қалбини поклаб, нафс балосини енгиб яшайдиган одам қандай маънавий юксакликка қўтарила олиши яққол намоён бўлади.

Бу буюк зот… маърифат йўлида одамларнинг қалбига чуқур кириб бориш орқали уларда эзгу интилишлар, орзу-умидлар уйғотиш мумкинлигини… исботлаб берди”. Шу боис нақшбандия таълимоти ҳозир ҳам қизиқиш билан ўрганилмоқда, манбалар нашр эттирилмоқда. Бу таълимот истиқлолга эришган халқимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қилаверади.

Бухоройи шарифда барпо этилган хожагон-нақшбандия тариқати ҳам ўша даврда илм ва маърифат маркази ҳисобланган бу ўлканинг маданий турмуш тарзига уйғун тарзда шаклланди.

09

   Узоқ йиллар айрим олимлар Нақшбанддан мерос қолмаганлигини айтсалар-да, кейинги изланишлар ҳазратдан ёзма мерос қолганини исботлади. Нақшбандшунос олима Гулчеҳра Наврўзова 1995 йил инглиз тилида чиққан Шайх Муҳаммад Хишом Қаббонийнинг «Нақшбандия суфийлик йўли тарихи. Валийлар силсиласи бўйича маълумотлар» асарида келтирган Нақшбанднинг «Ал-Аврод ал Нақшбандия», «Хаддийат ас-соликин ва тухфат ат-толибин», «Танбеҳ ал-ғофилин» китоблари бор, деган хабарига таяниб, ҳазратнинг «Аврод» номли асарини Россия ФА Шарқшунослик институти Санкт-Петербургдаги филиалида В 3829 ва А 1539 шифрлари остида сақланаётган қўлёзма асарини топди.

«Аврод» асари араб тилида ёзилган бўлиб, унинг биринчи нусхаси «Авроди Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд» деб номланиб, 14 варақдан иборат. Иккинчи нусхаси «Авроди Бахойиа» деб аталиб, 20 варақдан иборат. Ҳар икки нусханинг мазмуни айнан ўхшаш ва муаллифи Шайх Муҳаммад Баҳоуддин эканлиги қайд этилган. Асар соликларнинг узлуксиз бажариб юриши зарур бўлган вазифалари хусусида ёзилган. Агар ҳозирча Шамсиддин Сомий, Ғаспирали Исмоилбей таъкидларига, ҳамда Шайх Муҳаммад Хишом Қаббоний қайдига таянадиган бўлсак, Баҳоуддин Нақшбандга қуйидаги бешта: «Ҳаётнома» ёки «Арбоби урфон», «Далилул-ошиқин», «Ал-аврод ал Нақшбандия», «Хадиййат ус-соликин ва туҳфат ут-толибин», «Танбеҳ ал-ғофилин» асарлар нисбат берилмоқда.

Улардан олима Г. Наврўзованинг тадқиқоти сабабли «Рисолаи Баҳоийя» ёки «Аврод» илмий жамоатчиликка маълум бўлди. Қолганлари ҳали илмий изланишларни кутмоқда. Нақшбанд мероси «Аврод» рисоласидан ташқари, у ҳазратнинг замондошлари, шогирдлари асарларида ҳам сақланиб қолган. Улар ёзган асарларининг аксар қисми Нақшбандия тариқати амалиёти масалаларига бағишлангандир. «Нақшбандия тариқатига оид қулёзмалар фихристи» да фақатгина Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институти қулёзмалар фондида нақшбандия тариқатига оид 191 номдаги ва 632 нусхадаги адабиётлар мавжудлиги қайд этилади. Улар орасида Хожа Муҳаммад Порсо, Яъқуб Чархий, Хожа Убайдулло Аҳрор, Абдураҳмон Жомий, Воиз Кошифий, Али Сафий, Аҳмад Хожагий Косоний, Муҳаммад Боқир, Суфи Оллоёр асарлари қайд этилади. Нақшбандия тариқати историографияси ҳалигача етарли даражада ёритилмаган ва кам тадқиқ этилган мавзулигича қолмоқда.

ХОЖА БАҲОУДДИН НАҚШБАНД
АВРОДИ БАҲОИЯ (АВРОД)

09

04… Сен поксан, барча мақтовлар, таърифу тавсифлар Сенгадир. Мутлақ куч-қувват Сеникидир. Сен истаган нарса амалга ошади, истамаган нарса амалга ошмайди.

Мен биламанки, албатта, У барча нарсага қодир, қудратлидир.

Албатта, Аллоҳгина барча илмларни ўраб олгандир.

Барча нарсалар ададининг ҳисоби Ундадир.

Ё Аллоҳ, ўз ғазабинг билан бизни қатл этмагин ва азобинг билан ҳалок этмагин. (Ҳалок этишдан) аввал узримизни қабул эт, бизнинг аввалги гуноҳларимизни афв эт!

Ё Аллоҳ, Сен пок, Малик ва Қуддуссан.

Ердаги ва самодаги махлуқ соҳиби ва эгаси бўлган Аллоҳга тасбеҳ айтаман (яъни турли нуқсон ва камчиликлардан пок деб эътиқод қиламан). Сен иззат, улуғлик, ҳайбат, қудрат, қувват, жалол, жамол, камол, бақо, султон, сано, зиё, олийлик, кибриё ва жабарут эгаси, соҳибисан. Аллоҳ Сен пок, Малик, Ҳақ, Тирик, Абадий, Ҳалимсан. Сен шундай зотсанки, сенда уйқу, ўлим, фавт бўлиш — йўқ бўлиб кетиш йўқдир. У (Аллоҳ) абадий, доимий, боқийдир. У нуқсон ва камчиликлардан пок ва муназзахдир.

Парвардигорим! Сен малоикалар ва руҳнинг Парвардигорисан.

Ё Аллоҳ, ўз илмингдан бизларга ўргатгин! Бизларга Ўзингни фаҳмлашга қобилият бер. Ўзингни эшиттир ва ёрдам қалқонинг билан бизни ўраб ол!

Ё Аллоҳ, бизни шукрингни адо этувчи қил! Сени зикр этувчилардан қил! Сенинг тақводоринг қил! Бизни сердуо ва гуноҳдан қайтадиган қил! Ўзингга итоат қилувчилардан, тоатли, мутавозеъ — камтаринлардан қил! Биз Сенга қайтувчилармиз!

Ё Аллоҳ! Қабул эт тавбамизни! Гуноҳлардан бизни пок айлагин. Ижобат эт дуоларимизни! Сўзларимизни тўғри, рост қил (беҳуда сўзлардан асра)!

Нафрат, ёмон кўришни юрагимиздан узоқлаштиргин, кина, фасод, ғазабни қалбимиздан арит! Улар қалб ҳижобидирлар.

Ё Аллоҳим! Сендан жуда кўп узоқлашишдан паноҳ сўрайман. Инкор этишдан ва эсдан чиқариб қўйишдан (паноҳ сўрайман). Шайтон васвасаси ва ожиз бўлишдан (паноҳ сўрайман). Ҳалок этувчи ишлардан (паноҳ сўрайман).

Ё Аллоҳ! Сенинг олдингда камтарин бўлиш — хушуъни бўлиб бер! Бизни гуноҳлардан ўзинг асра!

Бизга Ўзингга итоатли бўлишни ато эт! Бу тоат туфайли ҳазрат Қуддус (Тангри) бизни беҳиштга киритади.

Яқинни бизга бер. У дунё ва охират мусибатларини кеткизади. Бизни энг яхши халойиқинг билан ҳашр кунида бирга қил!

Бизни эшитиш, кўриш ва қувват билан насибадор қил! Буларни бутун қавмим ва тирикларга то марг келгунча бергин! Бизни қандай тирилтириб ҳаёт бахш этган бўлсанг, шундай ўлдир! Бизлар учун меъросхўрни қолдир!

Ё Аллоҳ! Бизнинг қасосимизни золимлардан ол! Бизни барча душманлардан юқори қўй! Хатоларимиздан кечгин!

Ё Аллоҳ Сен балоларни қайтарувчисан. Бизнинг чироғимизни мунаввар қил! Бизнинг наслимизга раҳм қил! Улар ва бизларга саросималикни энг катта ғам қилиб қўйма!

Бизнинг илмларимиз маълум ҳудудга эга. Бизнинг мусибатларимизни динимиздан қилмагин! Бизга гуноҳларимиз учун раҳмсиз кишини ҳоким қилиб қўйма!

Ё Аллоҳ! Бизга ризқ бергин, Сен ризқ берувчиларнинг энг яхшисисан,

Бизга раҳм қилгин, Сен раҳм қилувчиларнинг энг раҳмдилисан.

Ё Аллоҳ! Сендан раҳматни сўраймиз! Бизни бир-биримизга иттифоқ этгин. Сен бизнинг бирлашув нуқтамиз, ягона бўлишимизнинг асосисан.

Ё Аллоҳ! Сен касалларга шифо берасан.

Сен бизнинг амалларимиз ва вақтларимизни поклайсан.

Сен офатлардан асрайсан.

Сен тўғри йўл топиб камол топишимизга илҳом берасан.

Ё Аллоҳ! Сенинг Самад, ваҳдоният, фардониятинг ҳаққи, аниқ равшан қудратли бўлганинг ва чексиз раҳматлилигинг учун сендан сўраймиз:

Қулоқларимизни пурнур қил!

Кўзларимизни пурнур қил!

Қабрларимизни пурнур қил!

Қалбларимизни пурнур қил!

Бутун сезги аъзоларимизни пурнур қил!

Эшитиш нурини бер!

Парвардигорим, бизга фойдали илм, камоли ҳалимлик ва ёруғ, равшан нур бер!

Бизга зоҳир ва ботин неъматларингдан бер!

Ё Аллоҳ! Бизга риёсиз амал бер!

Ҳисобсиз жаннат ва азобсиз дийдор бер!

Парвардигорим! Бизнинг бу дунёмиз ва охиратимизни гўзал қил ва жаҳаннамдаги олов азобидан қутқар!

Гулчеҳра Наврўзова таржимаси

Манба:»Бухоро мавжлари» журнали, 2008/4

HAZRAT BAHOUDDIN NAQSHBANDNING
HAYOTI VA TASAVVUFIY QARASHLARI
Gulchehra Navro’zova — falsafa fanlari doktori
045

O’zbekiston qadim-qadimdan ulug’ allomalar, valiy insonlarni tarbiyalab voyaga yetkazgan yurt. Bu tabarruk zaminda islomiy ilmlarning barcha turi rivojlanib, dunyoga mashhur nazariy tadqiqotlar yaratilgan, o’ziga xos mavqega ega ilmiy maktablar shakllangan. Jumladan, inson qalbini poklash, uni ruhiy-ma’naviy jihatdan yuksaltirishni maqsad qilgan tasavvuf ta’limoti ham yurtimizda keng taraqqiy etdi. Dunyoga mashhur uch buyuk tariqat –yassaviya, kubraviya, naqshbandiya tariqatlarining Markaziy Osiyoda paydo bo’lgani ham buning yorqin dalilidir. Tariqatlar islomiy g’oyalarni tarqatish, Xudoga bo’lgan muhabbat orqali taqvo va tavhidni chuqurroq anglash, uni go’zal axloq normasiga aylantirish, nopok ishlar, yomon axloq va badnafslikka qarshi kurashish bilan shug’ullanib kelganlar. Ayniqsa, naqshbandiya tariqati bu borada el orasida alohida obro’-e’tiborga sazovor bo’lib, uning ta’siri Markaziy Osiyodan tashqarida ham sezilib turgan. Turkiya, Kavkaz, Rossiya, Hindiston, Janubiy Osiyo o’lkalarida uning tarafdorlari ko’paygan, ular hozir ham bor. Buning boisi, birinchi navbatda, tariqat asoschisi Bahouddin Naqshband hazratlarining shaxsiyati, u yaratgan ta’limotning hayotiyligi va qulayligidir.

“Naqshband” (naqsh soluvchi) nomi bilan mashhur bo’lgan Bahouddin Muhammad 1318 yilda Buxoro shahri yaqinidagi Qasri Hinduvon qishlog’ida tug’ilganlar. Ilohiy iste’dod sohibi bo’lgan bu zot avval Xoja Muhammad Boboyi Samosiy, so’ngra Sayyid Amir Kulol qo’lida tarbiyalanib, tariqat odobi, tasavvuf ta’limotini egalladilar. Shu bilan birga, Xalil ota va Qusam Shayx suhbatlarida bo’ldilar. Ammo ul zotning o’z e’tiroflariga ko’ra, butun qalblari bilan Xojai Buzurg – Xoja Abduxoliq G’ijduvoniy ruhoniyatiga bog’langanlar. Ya’ni Bobo Samosiy hazrat Bahouddinni “qabul nazari” bilan kashf etgan bo’lsa, Amir Kulol tariqat odobini o’rgatgan. Ammo ruhoniyat jihatdan hazrat Bahouddinning piri murshidlari Abdulxoliq G’ijduvoniydir. Chunki Bahouddin Naqshband o’zlarini xojagon tariqatining davomchisi deb hisoblab, ushbu tariqat g’oyalarini rivojlantirishni o’z oldiga vazifa qilib qo’yadi.

Abdulxoliq G’ijduvoniy o’z tariqatida jahriy zikr, samo’ va xilvatga keng o’rin bermay, yangicha uslub qo’llaydi. Sunnatga e’tibor berib, bid’atu xurofotlardan yiroqlashishga ahamiyat beradi. O’z shogirdlariga: “Fiqh va hadis ilmini o’rgan, johil so’fiylardan yiroq bo’l, moling fiqh kitoblari bo’lsin, seni maqtasalar g’ururlanma, malomat qilsalar ranjima, insonlardan hech narsa tama qilma, futuvvat ahlidan bo’l va Haq taolo senga nima bersa xalqqa ehson qil!”, deb doimiy aytib yurganlar va shunga da’vat etganlar. Bu qoida keyinchalik xojagon tariqatining bosh xususiyati sifatida davom etdi va taxminan ikki asrdan so’ng naqshbandiya tariqatiga meros bo’lib o’tdi. Abdulxoliq G’ijduvoniy va izdoshlarining, jumladan xojagon-naqshbandiya tariqati uch asosiy tamoyilga tayanadi: islomiy qoidalarga asoslanish; ahli sunna val jamoa e’tiqodiga rioya; malomatiylik (o’zini o’zi malomat qilish) tushunchasiga bog’liqlik.

Islomiy qoidalarga bog’liqlik. Xojagon-naqshbandiya tariqati ta’limotining asosiy xususiyatlaridan biri – amri ma’ruf va nahy munkarga qattiq rioya qilish, din ulamolariga hurmat ko’rsatib, bid’at amallardan saqlanishdir. Shu jihatdan bo’lsa kerak, xojagon maktabi turli bid’atlardan, botiniylik va hurufiylik kabi botil ta’limotlar ta’siridan o’zini muhofaza eta olgan. Husayn Vassof (vaf. 1929 y.) bu holatni o’z kitobida bunday ifodalaydi: “Bu oliy tariqatda bid’at ishlar yo’qligi va ularning maslaklariga (shariatga nisbatan) e’tiborsizlik doxil etmaganidan umumislomiy jamoatchilik nazdida (bu tariqat) haqiqiy ma’noda e’tirof etilgan va tez orada keng tarqalgan. Bu tarqalishda ta’sirli omil islom ulamosining (xojagonga) rag’bat ko’rsatishidir”. Husayn Vassofning XX asr boshida bergan bu bahosi xojagonning barcha davrlardagi mavqeiga daxldordir.

Abdulxoliq G’ijduvoniy fanoyi nafs martabasiga o’ng qo’lda Qur’oni karimni, chap qo’lda hadisi sharifni ushlagan holda, ularning nuri bilan yurgan kishigina erisha oladi deydi. Shogirdlariga: “Fiqh va hadis ilmini o’rgan, johil so’fiylardan uzoq yur!”, deya nasihat qilishi uning diniy hukmlarga nechog’li e’tibor berganligini ko’rsatadi. Xojagon mashoyixining: “Xojalar (din olimlari) bizning sayyidlarimiz” deya ulamoi kiromga hurmat bajo keltirganligi ma’lum. Xoja Ali Romitaniyning majlisida olimlardan biri uni maqtab: “Siz mag’zsiz, biz esa po’stloq”, debdi. Shunda Xoja Ali Romitaniy: “Mag’z po’stloqning himoyasidadir”, degan ekan. Uning bu so’zini izohlagan Muhammad Arzangiy yong’oq po’stlog’i (po’chog’i)ning shariatga, mag’zining esa tariqatga o’xshashini, po’stloqsiz mag’z chirib ketishini bayon etadi. Ya’ni, mag’z po’stloqqa muhtoj bo’lganidek, tariqat ahli ham shariat olimlariga muhtojdir.

Do’st va muridlariga diniy amrlarga va ilmga suyanishni tavsiya etgan Sayyid Amir Kulolning: “Biror kishi sizlardan mazhabga doir savol so’rasa-yu, javob berolmasangiz, bundan ham xunukroq ish bo’lmaydi. Bu holat sizning g’aflatda ekanligingizni bildiradi… Olimlarga yaqinlashing, chunki ular ummatning mash’alidirlar”, – degani rivoyat qilinadi. Sayyid Amir Kulolning o’g’li Sayyid Amir Hamza Abu Hafs Umar Nasafiyning (XII asr) so’zlaridan bahs yuritarkan, botil yo’ldagi so’fiylardan qochib, diniy farmonlarga bog’liq ravishda yashashni tavsiya etadi.

Bahouddin Naqshband ko’proq hadis ilmidan tahsil olib, ilmga va ilm ahliga katta ahamiyat berardi. Shu xususiyati bois Buxoro madrasalaridagi ko’plab mudarris va talabalar unga shogird bo’lishib, suhbatlariga qatnay boshlaganlarida ba’zi olimlar madrasalar bo’shab qolishidan andeshalanganlar. Shunda Bahouddin Naqshband olimlarga: “Tariqatimizni sizga tushuntiraylik, agar shariatga va sunnatga to’g’ri kelsa yo’limizda davom etaveramiz, agar to’g’ri kelmasa voz kechamiz”, – degan ekan. U halol va harom masalasida juda ehtiyotkor bo’lar, shubhali taomlar yemas, muridlariga ham yedirmas edi.

“Biz Allohning lutfi bilan (ma’nan) nimaga erishgan bo’lsak, Qur’oni karim oyatlari va hazrat payg’ambar alayhissalom hadislariga amal qilganligimizdandir. Bu amaldan biron natijaga erishmoq uchun taqvo qilib, shariat qoidalariga azimat bilan rioya qilmoq, ahli sunna val jamoa asoslariga amal qilmoq hamda bid’atlardan qochmoq kerak”, – deydi Bahouddin Naqshband.

Bahouddin Naqshband hazratlarining taniqli shogirdlaridan bo’lmish Xoja Ubaydulloh Ahror “Faqarot” asarida fano va baqo martabalariga faqat hazrati payg’ambarga, diniy asoslarga va ahli sunna val jamoa yo’liga ergashish bilangina erishmoq mumkinligini aytadi. U faqirlarning haqqidan qo’rqib, vaqf molni yeyishdan o’zini saqlar edi. Halol ozuqa tasavvuf yo’lida kamolotga erishish uchun muhim ahamiyat kasb etishini ta’kidlardi. Payg’ambar alayhissalomga ergashish, olimlarga hurmat ko’rsatish lozimligini aytarkan, ilmni tirikchilik va mansab uchun vosita qilib olgan olimlardan uzoqlashish lozim deydi.

Xojagon-naqshbandiya mashoyixlari dunyoqarashida islomiy amr va taqiqlarga shunchaki itoatlar bilan emas, balki azimat (taqvo) bilan amal qilish mavzusi muhim o’rin tutadi. Bahouddin Naqshbandning tushida Abdulxoliq G’ijduvoniy: “Doimo oyoqni shariat va istiqomat sajjodasiga qo’yish, azimat va sunnat bilan rioya etish, ruxsat va bid’atdan yiroq turish lozim”, deya tavsiya qilgani uchun Xoja Bahouddin azimat bilan harakat qilmoq niyatida jahriy zikrni tark etib, xafiy zikrni boshlagan. Hatto rivoyat qilinishicha, sovuq qish bo’lishiga qaramay, diniy fatvoga ko’ra tayammum qilish o’rniga, qiyinchilik yo’lini tanlab, Revartun qishlog’idan Qasri Orifonga qadar borib, katta qiyinchiliklar bilan suv topib g’usl qilgan ekan.

Ahli sunnatga bog’liqlik. Ahli sunna val jamoa aqidasiga e’tiqod qilingan Buxoro diyorida dunyoga kelib, keng tarqalgan xojagon tariqati islomiyatning sunniy jihatini e’tirof aylagan bo’lib, bu xususiyatini doimo muhofaza etib kelgan. Mashoyixlar silsilasining boshqa ko’plab tariqatlari kabi hazrat Ali (k.v.)ga emas, balki hazrat Abu Bakr Siddiq (r.a.)ga borib taqalishi ham xojagonning sunniylikka bergan ahamiyati timsolidir.

Tasavvuf yo’lida ilgarilash uchun ahli sunna e’tiqodiga rioya qilish lozimligi, chunki ahli sunna firqai nojiya (najot topgan guruh) ekanligini qayd etgan Xoja Ubaydulloh Ahror: “Agar xojagon tariqati darvishlarining e’tiqodini so’rasalar, ular ahli sunna val jamoa e’tiqodidalar, deb ayt”, deydi. Ahroriya sho»basidan Shahobiddin G’ovand Mahmud (vaf. 950/1543 yildan keyin) ham: “Shayxlarimizning usuli hazrat payg’ambar sunnatiga va ahli sunna val jamoa mazhabiga ergashmoqdir”, degan ekan.

Safaviylarning bosqinlari tufayli xojagon mansublari Xuroson va Eron tuproqlaridan ko’chib keta boshlaganliklari, naqshbandiylikning Hindiston va Onado’li o’lkalarida tez tarqalishiga imkon ochdi. Naqshbandiya vakillarining usmonli va shayboniy davlat rahbarlari bilan munosabatlari mustahkamlandi.

Malomat tushunchasi asoslariga bog’liqlik. IX asrda Nishopurda Hamdun Qassor (vaf. 271/884 y.) asos solgan malomatiylik maktabining bosh asoslari davrlar o’tishi mobaynida boshqa tariqatlarga ham ta’sir qilgan. Bular orasida eng ko’p ta’sirlangan tariqat xojagon sulukidir. Xojai Jahonning “Vasiyatlar” kitobi nazardan o’tkazilganda, Xuroson so’fiylarining malomatiy qarashlari izlari ochiq-oydin ko’rinadi.

Lug’atlarda yozilishicha, “malomat” so’zi “malomat qilish, qoralash, ayblash” kabi ma’nolarni bildiradi. Ya’ni, malomatiylikda inson o’z toat-ibodatlarini noqis bilib, nafsini malomat qilishi, shu bilan bir qatorda boshqalarning ham uni malomat qilishidan qo’rqmasligi asosiy qoida hisoblanadi. Qur’oni karimning “Allohning (toati) yo’lida jiddu jahd qiluvchi, malomatchining malomatidan qo’rqmaydigan bo’lurlar” (Moida, 54) oyati karimasi ushbu qoidaga misol bo’la oladi.

Naqshbandiyaning muhim asoslaridan biri so’fiyning o’z ma’naviy holini yashirishi, shuhrat va riyodan qochishidir. Shu maqsadda ular xalq orasida orif bir so’fiy sifatida yurgandan ko’ra el qatori oddiy bir inson bo’lib yurishni ixtiyor etganlar. Riyodan saqlanish uchun karomatlarini sir tutganlar. Baland ovoz bilan (jahriy) zikr qilishdan, tariqatga mansubligi ko’rsatadigan maxsus kiyim kiyishdan, hatto takya – xonaqoh barpo etmoqdan saqlanadilar. Tariqat marosimlariga ahamiyat bermaydilar. Futuvvat nash’asida esa fidokor va jo’marddirlar. Qo’l mehnati bilan kun kechirishga ahamiyat beradilar. Bu xususiyatlar Abdulxoliq G’ijduvoniy va Bahouddin Naqshband asos solgan xojagon-naqshbandiya tariqati ta’limotlaridir.

Malomatiylarning tasavvufiy qarashlari bilan Abdulxoliq G’ijduvoniy va izdoshlarining fikr-qarashlari qiyoslanganda malomatiylik tushunchasi xojagon ta’limotiga nechog’li ta’sir ko’rsatgani yanada ravshanlashadi.

Abdulxoliq G’ijduvoniy shogirdiga tavsiyalarida: “Xalqning seni maqtashi bilan yomonlashi sening nazaringda bir xil bo’lsin hamda xalqning malomatidan ranjima” deydi. Badavlat oila farzandi Alouddin Attor akalarining to’sqinlik qilishlariga qaramasdan, bozorda olma sotardi. Boshqa bir rivoyatga ko’ra esa Attor Bahouddin Naqshbandga shogird bo’lishni istaganida Naqshband hazratlari ho’kiz ishkambasining ichini tashqariga o’girib, boshiga qo’yib kelishni buyurganida Attor bozordagilarning malomatlariga e’tibor bermay, ustozining amrini bajo keltirgan.

Naqshbandiya tariqatining belgi va qoidalari quyidagilar:

a) el qatori bir inson kabi yurish, tariqat belgisini bildiruvchi maxsus kiyim kiymaslik va shuhratdan saqlanish. Naqshbandiylar o’z ma’naviy ahvolini yashirish uchun so’fiyona xirqa va toj o’rniga savdogar yo ulamolar kiyimini kiyishni ixtiyor etganlar.

Xojagon va naqshbandiyaning ilk davrlariga nazar solinganda, maxsus bir andoza va rangda xirqa yo toj kiyishning mavjud bo’lmaganligi ko’rinadi. Bizdagi ba’zi bir o’zini naqshbandiyman deganlar ajralib turish uchun maxsus qora salla kiyib yurishlari demak mutlaqo xato va asossizdir. Qora salla kiyib yurish hech vaqt tariqatning bosh qoidasi bo’lmagan. Aksincha, barcha naqshbandiya shayxlari ulamo kabi oddiy salla o’raganlar. Husayn Vassof ham bu xususni quyidagi jumlasida maxsus ta’kidlaydi: “Naqshbandiya tariqatida boshqa tariqatlarda bo’lganidek maxsus bir libos yo’q. (Ularda) har kim o’z ilmiy darajasiga ko’ra kiyinadi. Naqshbandiya mashoyixi esa, asosan, ulamo qiyofasida yuradilar…”.

Zero, xojagon-naqshbandiya shayxlari: “Bizga ko’ra xirqa emas, hirfa (maslak, kasb-hunar) muhimdir” deganlar.

b) xilvat. Naqshbandiylikning eng muhim asoslaridan biri shuhratdan qochishdir. Bahouddin Naqshband va u zotning shogirdlari “xilvatda shuhrat bor, shuhratda ofat” fikri bilan xilvatga ko’p ahamiyat bermaganlar va “xalq orasida Haq bilan bo’lish” deya ta’riflangan “xilvat dar anjuman” qoidasini qabul qilganlar. Abdulxoliq G’ijduvoniy “xilvat eshigini yop, suhbat eshigini och”, Bahouddin Naqshband esa “Yo’limiz suhbat yo’lidir, xilvatda shuhrat, shuhratda ofat bor” deganlar.

Rivoyat qilinishicha, Sayyid Amir Kulolning o’g’li va xalifasi Sayyid Amir Hamzadan bir shayx: “Tariqatingizda nima uchun xilvatda o’tirishga kam e’tibor beriladi?” deya so’raganida, Amir Hamza: “Xilvatda ham suhbat qurish uchun bir rafiq kerak”, – deya javob bergan ekan. Bu shayx Amir Hamzaga xilvatda rafiq bo’la olishini aytganida, Amir Hamza: “Sizning xilvatingiz qanday?”, – deya so’radi. Shayx: “Bir ko’za suv va qirq dona mayiz bilan qirq kunni o’tkazamiz”, – deydi. Amir Hamza: “Bizning xilvatimiz esa bir tahorat bilan xilvatga kirish, har kuni bir qo’y yeyish va qirq kun o’sha tahorat bilan namoz o’qishdir”, – deydi. Xoja Naqshband Amir Husaynning savoliga javoban tariqatida xilvat va samo’ning o’rniga “xilvat dar anjuman” qoidasi borligini aytgan.

Jamiyat orasida tanho bo’lish degan ma’noni bildiruvchi “xilvat dar anjuman” atamasi so’fiyning bir chekkada o’tirmasdan, xalq orasida bo’lishi, lekin jisman odamlar orasida bo’lsa ham, botinan ulardan uzoqda, Alloh bilan birga bo’lishni bidiradi. Zohirda xalq bilan, haqiqatda esa Haq bilan, “Dast ba koru dil ba Yor” – qo’l ishda, ko’ngil Yorda, “tan dar bozoru dil ba Yor” – tan bozorda, qalb yorda kabi shiorlar xuddi shu mazmunda qo’llanilgan. “Xilvat dar anjuman” qoidasi: “Ertayu kech U zotni poklaydigan kishilar bordirki, ularni na tijorat va na savdo (ishlari) Allohning zikridan, namozni barkamol ado etishdan va zakot berishdan chalg’ita olmas” (Nur, 37) oyatiga ko’ra qabul qilingan. Bahouddin Naqshband hajga borganida Mino bozorida bir o’smirning besh ming dinorlik savdo qilayotganini, lekin qalbining bir lahza bo’lsa ham Allohdan g’ofil bo’lmaganini mushohada etib, u haqda faxr bilan so’zlagan ekan.

Abdulxoliq G’ijduvoniyning shogirdlaridan Avliyo Kabir “xilvat dar anjuman”ni izohlarkan, shunday degan: “Doimiy zikr qilgan odam zikrdan hosil bo’lgan vajdu istig’roq bilan shunday bir martabaga yetadiki, zikr qalbini qurshab olganidan zokir bozorga kirsa ham hech qanday ovozni eshitmaydi”. Xoja Ubaydulloh Ahror ham zikrga berilgan soliklarning besh-olti kun shunday holni his qilganliklarini, xalqning shovqinini zikr sadolaridek eshitganlarini bayon etadi. Naqshbandiya tariqatining buyuk islohotchisi Maxdumi A’zam Ahmad Kosoniy fikricha, “xilvat dar anjuman”ning botiniy ma’nosi kasratda vahdatni (ko’pchilik orasida birlikni) mushohada etmoqdir. “Bandam menga nafl ibodatlar bilan yaqinlashadi, oqibatda uni sevaman. Uni sevgach, uning eshitadigan qulog’i, ko’radigan ko’zi, gapiradigan tili va ushlaydigan qo’liga aylanaman. Men bilan eshitadi, men orqali ko’radi…” mazmunidagi qudsiy hadisda “xilvat dar anjuman” qoidasi ilgari surilgan. Shu jihati bilan bu qoida o’rta darajali so’fiylarning emas, tasavvufiy tarbiyasi nihoyasiga yetganlarning maqomidir. Xalq orasida Haq bilan birga bo’lish, ya’ni so’fiyning dunyoviy ish bilan mashg’ul bo’lishiga qaramay, el qatori bir inson sifatida yashashi, shu orqali ma’naviy holini atrofidagilardan maxfiy tutishini bildiruvchi bu qoida naqshbandiya tariqatining shioridir.

v) ma’naviy holni yashirish, riyo bo’lmasligi uchun karomatni izhor etmaslik. Naqshbandiylar riyo va shuhratdan qochganlari bois karomatni sir tutishga alohida ahamiyat berganlar. Bahouddin Naqshbandning aynan shu holatni ifodalashga qaratilgan quyidagi bayti uning suhbatlarida o’qilgan ekan:

Az darun shav oshino vaz berun begonavash,
In chunin zebo ravish kam mebuvad andar jahon.

(Botinda Haqqa oshno bo’l, zohirda esa begonadek ko’rin. Bunday go’zal bir usul jahonda kam topiladi).

g) raqsu samo’ va jahriy zikrdan qochmoqlik. Ma’naviy hollarini izhor aylashdan saqlangan naqshbandiylar ko’pincha raqsu samo’ (zikrni raqsu musiqa bilan bajarish) va baland ovoz bilan zikr qilishdan uzoq bo’lishni ixtiyor etganlar. Bahouddin Naqshband hazratlari: “Samo’ni inkor etmaymiz, unda qatnashmaymiz ham” deganlar. Xoja Bahouddin Naqshband samo’ qilmagan va muridlarini ham samo’ majlisida o’tirishdan qaytargan.

Abdulxoliq G’ijduvoniy shogirdlariga: “Samo’ majlislarida ko’p o’tirma, zero nifoq hosil bo’lib, samo’ning ortig’i dilni o’ldiradi. Lekin samo’ni inkor etma, samo’ qiluvchilar ko’p. Samo’ faqat qalbi tirik va nafsi o’lik kishigagina joiz. Bunday holga erishmagan kimsaga samo’ halol va muboh emas”.

Xojagon va naqshbandiya shayxlari asosan maxfiy zikrga rioya qilib kelganlar. Zero, Abdulxoliq G’ijduvoniy Xizr alayhissalomning tavsiyasi bilan hovuzda, suv ostida zikri xafiyni boshlab bergan.

d) xizmat ahli, fidokor va jo’mard bo’lmoq. Naqshbandiylik futuvvat tushunchasi ta’siri ostida shakllangani bois fidokorlik va xizmatga alohida ahamiyat beradi. Naqshbandiylar xalqqa xizmat qilishadi, lekin o’zlariga xizmat qilinishini istamaydilar. Ular insonlardan yordam so’ramaydilar. Hamdun Qassor: “Yaratilmishning yaratilmishdan yordam so’rashi zindondagi kishining zindondagi kimsadan yordam so’rashi demakdir”, – deydi. Xojagon-naqshbandiya vakillari ham xalqqa xizmat qilishga alohida ahamiyat berishgan, lekin o’zlari uchun iltifot ko’rsatilishini xohlamas edilar. Bu haqda Abdulxoliq G’ijduvoniyning: “Insonlardan biron narsa tama’ qilma!” va “Javonmard, saxiy bo’l. Alloh taolo senga in’om etgan ne’matlardan xalqqa ehson qil!” kabi tavsiyalari namuna bo’la oladi. Shuningdek, “Rashahot” muallifining otasi, naqshbandiylardan Husayn Voiz Koshifiyning “Futuvvatnomai sultoniy” nomli maxsus asar yozganligi xojagon ta’limotida futuvvat nash’asiga nechog’li e’tibor berilishining qat’iy bir dalilidir.

Abdulxoliq G’ijduvoniy vasiyatlarida: “Mashoyixga badaning bilan jismonan xizmat qil!”, – deydi. Bahouddin Naqshband ham ustozi Amir Kulol xonaqohida yelkasida o’tin tashigan. Xoja Ali Romitaniyning “Do’stimning kelishiga vosita bo’lgan bu hayvondir” deya do’stidan oldin uning ulovini yedirib-ichirgan. Bahouddin Naqshbandning uyiga ziyoratchi yo mehmon kelsa, izzat-ikrom ko’rsatardi. Bir safar betob bo’lib qolganida, Buxorodan muridlari kelishgan. Bemorligiga qaramay, mehmonlarni tabassum bilan kutib olgan, hatto mehmonlar uchun muridlari bilan bozordan qo’y olib kelishayotganida hazrat Naqshband qo’yni yelkasida ko’tarib kelgan ekan. Bular xojagon-naqshbandiya shayxlarining xalqqa xizmat qilishga ko’rsatgan ahamiyatlaridan dalolat beradi.

ye) halol mehnat bilan tirikchilik qilish. “Bir mo»minning halol mehnat qilmasligi tilanchilikda ilgarilashi demakdir”, – degan Hamdun Qassor Naqshbandiylar mehnat qilib kun kechirishgan va topganlarini faqirlarga ehson qilishga ahamiyat berganlar.

Xojagon-naqshbandiya shayxlari ishsiz insonlarni shogirdlikka qabul qilmaganlar, o’zlari albatta biror kasb-hunar bilan mashg’ul bo’lganlar. Xoja Ali Romitaniy to’qimachi, Muhammad Bobo Samosiy bog’bon, Amir Kulol kulol, Bahouddin Naqshband naqqosh – to’qimachi va chorvador, Amir Kulolning o’g’li Amir Hamza ovchi, Xoja Ubaydulloh Ahror chorvador va savdogar bo’lishgan. Bahouddin Naqshband tavakkul holi halol mehnat qilish bilan birga bo’lmog’i lozim degan edi. Bahouddin Naqshbandning uvaysiy piri Hakim Termiziy (vaf. 320/932 y.) ham mehnat bilan kun kechirishga ahamiyat bergan mutasavviflardan bo’lib, bu mavzuda hatto “Bayon ul-kasb” nomli asar bitgan ekan.

Muhammad Porso xojagon-naqshbandiya tariqati Boyazid Bistomiy, Salmoni Forsiy va Abu Bakr Siddiq vositasida hazrat payg’ambarga tutashishi, bu uch zotning ham mehnat ahlining buyuklaridan bo’lganligini ifodalaydi. Xoja Ubaydulloh Ahrorning shogirdlaridan Abdulloh Ilohiy (vaf. 896/1491 y.) bunday deydi: “Naqshbandiylar toifasining maqomi jami maqomotdan balanddir… Sunnati muakkada va farzlarni cho’zmaydilar. Ortiqcha amallardan ko’p umid qilmaydilar, balki Haq taoloning fazlidan umidvorlar” Bahouddin Naqshbandning: “Biz Allohning lutfiga bog’langanlarmiz” va “Bizni lutf eshigidan kirgazdilar. Vazifamiz farz, vojib va sunnati muakkadalarni ado etmoqdir” kabi so’zlari bir-biriga muvofiqdir.

Bahouddin Muhammad Naqshband 71 yoshida 1389 yili o’z muborak maskanlari Qasri Hinduvon (keyinchalik bu yer Qasri Orifon deb atalgan)da olamdan o’tganlar. Qabrlari shu yerda. Ul zot tarbiyasida bemisl xizmatlari singgan onalarining qabri ham shu yerda.

Bahuoddin Naqshband – valiy inson, ulug’ ruhoniy murabbiy, ko’pdan-ko’p pokiza xislatli odamlarni tarbiyalagan, yangi silsilani vujudga keltirgan zot. Shunga qaramay, nihoyatda kamtarona hayot kechirgan, taqvo, halollik, haqgo’ylik, adolatxohlikda namuna bo’lganlar. O’zlariga tegishli yerda dehqonchilik qilib, ba’zan ota kasb – kimxobga naqsh solib, luqmai halol bilan ro’zg’or o’tkazgan. “Bitta sigirimiz bor edi, deb eslaydi u kishi — o’zim boqardim va o’zim sog’ar edim” (“Maqomoti Shohi Naqshband” kitobi, 14-b.).

Bahouddin Naqshband nazru niyoz qabul qilmaganlar, aksincha, o’z ro’zg’orlaridan ortib qolsa, boshqa muhtojlarga berganlar. Qasri Orifon o’ziga xos xonaqohga aylanib, Bahouddin Naqshband shu yerda murid tarbiyalash bilan shug’ullanganlar. U kishi atrofiga qalbi toza, ilohiy ilmlarni puxta egallagan, ma’rifat nuriga tashna odamlar yig’ilgan bo’lib, ilohiy haqiqatlarni kashf etish uchun suhbatlashardilar.

Suhbatning foydasi ko’p, deydi Bahouddin Naqshband, chunki suhbat orqali inson qalbiga kirib borish mumkin. Boshqa tariqatlardagi chilla o’tirish, zikri jahriya (baland ovozda zikr aytish)ni Bahouddin hazratlari xush ko’rmaganlar. Chunki chilla o’tirish, xilvatnishinlik – odamlardan uzoqlashish, o’zini ko’z-ko’z qilish va vasvasaga berilishdir. Suhbat naqshbandiyaning bosh shiori – “xilvat dar anjuman” (odamlar ichra xilvatda bo’lish)ga mos edi. Zero hunar bilan, kasb bilan shug’ullanib yoki biror ish bilan band bo’lib ham, Alloh yodini dilda saqlash, bandalikni bir nafas unutmaslik, hamma vaqt, hamma yerda, istagan sharoitda o’zini ogoh deb bilish, qalbda Alloh nomlarini naqshlash ulug’ fazilatdir.

“Dast ba koru dil ba Yor” shiori ham aynan shuni taqozo etar edi. Qo’ling ishda, qalbingda Allohda bo’lsin,. Ya’ni: dunyoni ham, oxiratni ham, unutma. Xuddi shu ma’noda xojagon tariqatining boshqa qoidalari, chunonchi: “safar dar vatan”, “hush dar dam”, “nazar dar qadam” kabi qudsiy talablar botinni poklash, botinan Allohni sevish va shariat yo’lidan cheklanmaslikni chuqurroq anglash, mustahkamlashga yordam berib kelgan.

Bahouddin Naqshband hazratlari birinchi navbatda amaliy ishlar bilan shug’ullangan murabbiy shayx bo’lgan. Ammo ul zotning xojagon tariqati qoidalarini nazariy jihatdan boyitgan fikr-mulohazalari ham ko’p. Bu haqda manbalarda ma’lumotlar ancha. Bahouddin Naqshband “Hayotnoma”, “Dalil ul-oshiqin”, “Avrod” nomli asarlar yozib qoldirganlar. Biroq bu asarlarning taqdiri hozirgacha bizlarga noma’lum. Faqatgina ul ztning “Al-Avrod” nomli mashhur asarlariga Ali ibn Ahmad al-G’uriy yozgan sharh — “Sharhi avrod” asari mavjud. Bahouddin Naqshband hazratlari aytgan so’zlar aksar manoqib va tazkiralarda uchraydi.

Agar bu so’zlarni jamlab o’rgansak, naqshbandiya tariqatiga oid quyidagi qoidalar kelib chiqadi:

1. Payg’ambar sunnati, shariat ahkomlaridan chetga chiqmaslik. Shu ma’noda zikri jahriya emas, zikri xufiyani ixtiyor etish (“Mo in kor namekunem, ammo inkor ham namekunem”).

2. Tarbiyada botinni poklash va ruhoniy kamolotga asosiy e’tiborni qaratish. Shu ma’noda xilvatnishinlik, uzlatni tark etib, jamiyat ichida bo’lib, Allohni dilda saqlash, zikrni qalb bilan ado etishga erishish.

3. Shundan kelib chiqib, orifona suhbatlar, muroqaba kabi usullardan keng foydalanish. Shogirdlarning ixlosini sinab ko’rish.

4. So’fiy o’z-o’zini nazorat qilib borishi, kirib-chiqayotgan nafasi, faoliyati, umri nimaga sarflanayotganini hisoblab, o’zini ogohlik bilan rostlab borishi darkor. Botinga safar qilish orqali nafsni tarbiyalash, insoniylik xislatlarini ko’paytirib borishga erishish.

5. Faqrlik va tavoze’ni o’z axloq qoidasiga aylantirish. Faqrlik — gadolik yoki o’ta qashshoqlik emas, balki molu davlatga ega bo’lsa ham, o’zini Xudo talabgori, bu dunyoda hech narsaga ega emas deb bilish. Xoksorlikning namunasini ko’rsatish. Faqirlikning birinchi sharti nafsni badnom etish va har lahzada “tabiiy vujudni kafolatlab turish”dir. Faqrlik, shu ma’noda ham axloqiy sifat, ham martaba va maqomdir. Faqr maqomiga yetish uchun “jism fano shu’lasiga yashiringan” (Alisher Navoiy) bo’lishi, qalb Alloh ishqi va jazbasi bilan to’lib-toshishi lozim. Kishi xush xulqi, pokiza sifatlari bilan fazlu kamolot va kashfu karomat sohibiga aylanadi. So’fiy mol-mulki bor-yo’qligiga qaramay, Alloh nazdida faqir va haqirdir. Ham shu bois buyukdir, azizdir, sevimlidir.

6. Shu aqidadan kelib chiqib, naqshbandiylar taxtda o’tirib ham, mansab-amal egasi bo’lib ham darvesh bo’lish mumkin, deydilar. Jumladan, Husayn Boyqaro Jomiy va Navoiy nazarida “ham shoh, ham darvesh”, ya’ni qalban darvesh odamdir.

Hazrat Bahouddin Naqshbandning qarashlarini ifodalovchi hikmatli so’zlaridan yana ba’zi misollar keltiramiz.

1. “O’z nafslaringizni yomonlab, tahqir etib turing, chunki kimki Haq subhonahu va taolo inoyati birla o’z nafsini yomon deb tanigan bo’lsa, bu amal uning uchun osondir”.

2. Imon — qalbni Allohdan boshqa o’ziga rom etuvchi foydali va foydasiz narsalardan uzib, Haqqa bog’lashdir.

3. “Anjumanda xilvat – “zohir yuzidan xalq bilan va botin tarafidin Haq subhanohu taolo bilan bo’lmoqdir”.

4. “Bandalik xojalik bila to’g’ri kelmas, biz qul va xizmatkor tutmadik”.

5. “Elning yukini yengillashtiring, elga yuk bo’lmang”.

Bahouddin Naqshband tariqati osoyishta va chin ma’nodagi ma’rifiy tariqatdir. Tafakkur va taxayyul mevalaridan bahramandlik, badiiy ijod namunalaridan foydalanishga keng yo’l berilgan. Bexudlik, g’uluvga ketish, qavmni tahlikaga solish, avom anglamaydigan harakatlar qilish man’ qilingan.

Naqshband hazratlari muloyim-tabiat, rahmdil odam bo’lganlar va shunday odamlarni yaxshi ko’rganlar. U zotning o’gitlaridan: “Dilozordan Xudo bezor, barcha mo’minlarga, hatto kofirlarga ham rahmdil bo’ling, chumoliga ham ozor bermang” Ustozlari hazrat Sayyid Amir Kulolning mana bu so’zini takrorlab yurardilar:

Mayozor mo’ru mayozor kas,
Rahi rastakori hamin astu bas.

(Chumoliga ham, odamga ham ozor berma, najot yo’li shudir).

Bahouddin Naqshband ta’limoti katta ijtimoiy ta’sirga ega edi. “Xudo oldida barcha barobar, shohu gado deb ajratish bo’lmas”, der edilar. Bu:

a) turli ijtimoiy tabaqalar;

b) turli millat va qavmlarni birlashtirishga qaratilgan bo’lib, ayirmachilik va siyosiy to’qnashuvlarning oldini olishga yordam bergan.

Naqshband butun umr ilm istab, ilm o’rganish, jahldan uzoq turishni nasihat qildilar. U kishi Payg’ambarning “Qaerda bo’lmang, ilm talabidan uzoqlashmanglar va agar obu otash ichra g’arq bo’lsangiz ham, g’avvos bo’lib kechib o’tinglar va ilm o’rganinglar”, degan hadisini muridlariga takror-takror uqtirib turganlar.

U kishining muridlari hammasi muayyan kasb egasi bo’lgan, kasb bilan halol luqma topib yeyish talab qilingan. Kamtarinlik ulug’lanib, turli kiyimlar kiyib o’zini ko’z-ko’z qilish, so’fiyman deb iddao qilish, kerilish katta nuqson deb qaralgan.

Mana shu jihatlari bilan ham naqshbandiya ta’limoti obro’-e’tibor qozongan. Butun harakat-faoliyat, o’git-nasihatlar, toat-ibodat ham insoniylik jabhalarini kashf etishga qaratilgan. Insoniylik javhari esa ilohiy axloq va islomiy iymon mustahkamligini ta’minlash orqali qo’lga kiritiladi.

Sho’rolar zamonida hazrat Bahouddin Naqshband ta’limotiga e’tibor qilinmadi, ul zotning maqbarasi, Qasri orifon majmui tashlandiq holda qoldi. Istiqlolning dastlabki yillaridan boshlab, Yurtboshimiz tashabbuslari bilan bu majmua ta’mirlab, obod qilindi. 1993 yilda Naqshband hazratlari 675 yilligi jahon miqyosida nishonlandi. Prezidentimiz shaxsan o’zlari Naqshband qadamjoylarini obod qilish ishlarini ko’zdan kechirish uchun Buxoroga uch marta tashrif buyurdilar. Bu joy hozir Qubbat ul-islom nomi bilan mashhur bo’lgan Buxoroi sharifning eng ko’rkam joylaridan biriga aylandi. Bu yerga dunyoning turli go’shalaridan sayyohlar kelib, ziyorat qilmoqdalar.

Mamlakatimiz rahbari o’z nutqlaridan birida deganlar:

“Buxoroni Buxoroi sharif darajasiga ko’targan ana shunday ajdodlarimiz orasida hazrat Bahouddin Naqshbandning muborak siymosi alohida nufuz va mavqega ega. Bu ulug’ shaxs timsolida inson ruhiyatining naqadar teranligi, bu dunyoda o’z irodasini tarbiyalab, qalbini poklab, nafs balosini yengib yashaydigan odam qanday ma’naviy yuksaklikka qo’tarila olishi yaqqol namoyon bo’ladi.

Bu buyuk zot… ma’rifat yo’lida odamlarning qalbiga chuqur kirib borish orqali ularda ezgu intilishlar, orzu-umidlar uyg’otish mumkinligini… isbotlab berdi”. Shu bois naqshbandiya ta’limoti hozir ham qiziqish bilan o’rganilmoqda, manbalar nashr ettirilmoqda. Bu ta’limot istiqlolga erishgan xalqimiz ma’naviyatini yuksaltirishga xizmat qilaveradi.

Buxoroyi sharifda barpo etilgan xojagon-naqshbandiya tariqati ham o’sha davrda ilm va ma’rifat markazi hisoblangan bu o’lkaning madaniy turmush tarziga uyg’un tarzda shakllandi.

09

Uzoq yillar ayrim olimlar Naqshbanddan meros qolmaganligini aytsalar-da, keyingi izlanishlar hazratdan yozma meros qolganini isbotladi. Naqshbandshunos olima Gulchehra Navro’zova 1995 yil ingliz tilida chiqqan Shayx Muhammad Xishom Qabboniyning «Naqshbandiya sufiylik yo’li tarixi. Valiylar silsilasi bo’yicha ma’lumotlar» asarida keltirgan Naqshbandning «Al-Avrod al Naqshbandiya», «Xaddiyat as-solikin va tuxfat at-tolibin», «Tanbeh al-g’ofilin» kitoblari bor, degan xabariga tayanib, hazratning «Avrod» nomli asarini Rossiya FA Sharqshunoslik instituti Sankt-Peterburgdagi filialida V 3829 va A 1539 shifrlari ostida saqlanayotgan qo’lyozma asarini topdi.

«Avrod» asari arab tilida yozilgan bo’lib, uning birinchi nusxasi «Avrodi Muhammad Bahouddin Naqshband» deb nomlanib, 14 varaqdan iborat. Ikkinchi nusxasi «Avrodi Baxoyia» deb atalib, 20 varaqdan iborat. Har ikki nusxaning mazmuni aynan o’xshash va muallifi Shayx Muhammad Bahouddin ekanligi qayd etilgan. Asar soliklarning uzluksiz bajarib yurishi zarur bo’lgan vazifalari xususida yozilgan. Agar hozircha Shamsiddin Somiy, G’aspirali Ismoilbey ta’kidlariga, hamda Shayx Muhammad Xishom Qabboniy qaydiga tayanadigan bo’lsak, Bahouddin Naqshbandga quyidagi beshta: «Hayotnoma» yoki «Arbobi urfon», «Dalilul-oshiqin», «Al-avrod al Naqshbandiya», «Xadiyyat us-solikin va tuhfat ut-tolibin», «Tanbeh al-g’ofilin» asarlar nisbat berilmoqda.

Ulardan olima G. Navro’zovaning tadqiqoti sababli «Risolai Bahoiyya» yoki «Avrod» ilmiy jamoatchilikka ma’lum bo’ldi. Qolganlari hali ilmiy izlanishlarni kutmoqda. Naqshband merosi «Avrod» risolasidan tashqari, u hazratning zamondoshlari, shogirdlari asarlarida ham saqlanib qolgan. Ular yozgan asarlarining aksar qismi Naqshbandiya tariqati amaliyoti masalalariga bag’ishlangandir. «Naqshbandiya tariqatiga oid qulyozmalar fixristi» da faqatgina O’zbekiston FA Sharqshunoslik instituti qulyozmalar fondida naqshbandiya tariqatiga oid 191 nomdagi va 632 nusxadagi adabiyotlar mavjudligi qayd etiladi. Ular orasida Xoja Muhammad Porso, Ya’qub Charxiy, Xoja Ubaydullo Ahror, Abdurahmon Jomiy, Voiz Koshifiy, Ali Safiy, Ahmad Xojagiy Kosoniy, Muhammad Boqir, Sufi Olloyor asarlari qayd etiladi. Naqshbandiya tariqati istoriografiyasi haligacha yetarli darajada yoritilmagan va kam tadqiq etilgan mavzuligicha qolmoqda.

XOJA BAHOUDDIN NAQSHBAND
AVRODI BAHOIYA (AVROD)

09

033… Sen poksan, barcha maqtovlar, ta’rifu tavsiflar Sengadir. Mutlaq kuch-quvvat Senikidir. Sen istagan narsa amalga oshadi, istamagan narsa amalga oshmaydi.

Men bilamanki, albatta, U barcha narsaga qodir, qudratlidir.

Albatta, Allohgina barcha ilmlarni o’rab olgandir.

Barcha narsalar adadining hisobi Undadir.

YO Alloh, o’z g’azabing bilan bizni qatl etmagin va azobing bilan halok etmagin. (Halok etishdan) avval uzrimizni qabul et, bizning avvalgi gunohlarimizni afv et!

YO Alloh, Sen pok, Malik va Quddussan.

Yerdagi va samodagi maxluq sohibi va egasi bo’lgan Allohga tasbeh aytaman (ya’ni turli nuqson va kamchiliklardan pok deb e’tiqod qilaman). Sen izzat, ulug’lik, haybat, qudrat, quvvat, jalol, jamol, kamol, baqo, sulton, sano, ziyo, oliylik, kibriyo va jabarut egasi, sohibisan. Alloh Sen pok, Malik, Haq, Tirik, Abadiy, Halimsan. Sen shunday zotsanki, senda uyqu, o’lim, favt bo’lish — yo’q bo’lib ketish yo’qdir. U (Alloh) abadiy, doimiy, boqiydir. U nuqson va kamchiliklardan pok va munazzaxdir.

Parvardigorim! Sen maloikalar va ruhning Parvardigorisan.

YO Alloh, o’z ilmingdan bizlarga o’rgatgin! Bizlarga O’zingni fahmlashga qobiliyat ber. O’zingni eshittir va yordam qalqoning bilan bizni o’rab ol!

YO Alloh, bizni shukringni ado etuvchi qil! Seni zikr etuvchilardan qil! Sening taqvodoring qil! Bizni serduo va gunohdan qaytadigan qil! O’zingga itoat qiluvchilardan, toatli, mutavoze’ — kamtarinlardan qil! Biz Senga qaytuvchilarmiz!

YO Alloh! Qabul et tavbamizni! Gunohlardan bizni pok aylagin. Ijobat et duolarimizni! So’zlarimizni to’g’ri, rost qil (behuda so’zlardan asra)!

Nafrat, yomon ko’rishni yuragimizdan uzoqlashtirgin, kina, fasod, g’azabni qalbimizdan arit! Ular qalb hijobidirlar.

YO Allohim! Sendan juda ko’p uzoqlashishdan panoh so’rayman. Inkor etishdan va esdan chiqarib qo’yishdan (panoh so’rayman). Shayton vasvasasi va ojiz bo’lishdan (panoh so’rayman). Halok etuvchi ishlardan (panoh so’rayman).

YO Alloh! Sening oldingda kamtarin bo’lish — xushu’ni bo’lib ber! Bizni gunohlardan o’zing asra!

Bizga O’zingga itoatli bo’lishni ato et! Bu toat tufayli hazrat Quddus (Tangri) bizni behishtga kiritadi.

Yaqinni bizga ber. U dunyo va oxirat musibatlarini ketkizadi. Bizni eng yaxshi xaloyiqing bilan hashr kunida birga qil!

Bizni eshitish, ko’rish va quvvat bilan nasibador qil! Bularni butun qavmim va tiriklarga to marg kelguncha bergin! Bizni qanday tiriltirib hayot baxsh etgan bo’lsang, shunday o’ldir! Bizlar uchun me’rosxo’rni qoldir!

YO Alloh! Bizning qasosimizni zolimlardan ol! Bizni barcha dushmanlardan yuqori qo’y! Xatolarimizdan kechgin!

YO Alloh Sen balolarni qaytaruvchisan. Bizning chirog’imizni munavvar qil! Bizning naslimizga rahm qil! Ular va bizlarga sarosimalikni eng katta g’am qilib qo’yma!

Bizning ilmlarimiz ma’lum hududga ega. Bizning musibatlarimizni dinimizdan qilmagin! Bizga gunohlarimiz uchun rahmsiz kishini hokim qilib qo’yma!

YO Alloh! Bizga rizq bergin, Sen rizq beruvchilarning eng yaxshisisan,

Bizga rahm qilgin, Sen rahm qiluvchilarning eng rahmdilisan.

YO Alloh! Sendan rahmatni so’raymiz! Bizni bir-birimizga ittifoq etgin. Sen bizning birlashuv nuqtamiz, yagona bo’lishimizning asosisan.

YO Alloh! Sen kasallarga shifo berasan.

Sen bizning amallarimiz va vaqtlarimizni poklaysan.

Sen ofatlardan asraysan.

Sen to’g’ri yo’l topib kamol topishimizga ilhom berasan.

YO Alloh! Sening Samad, vahdoniyat, fardoniyating haqqi, aniq ravshan qudratli bo’lganing va cheksiz rahmatliliging uchun sendan so’raymiz:

Quloqlarimizni purnur qil!

Ko’zlarimizni purnur qil!

Qabrlarimizni purnur qil!

Qalblarimizni purnur qil!

Butun sezgi a’zolarimizni purnur qil!

Eshitish nurini ber!

Parvardigorim, bizga foydali ilm, kamoli halimlik va yorug’, ravshan nur ber!

Bizga zohir va botin ne’matlaringdan ber!

YO Alloh! Bizga riyosiz amal ber!

Hisobsiz jannat va azobsiz diydor ber!

Parvardigorim! Bizning bu dunyomiz va oxiratimizni go’zal qil va jahannamdagi olov azobidan qutqar!

Gulchehra Navro’zova tarjimasi

Manba:»Buxoro mavjlari» jurnali, 2008/4

07

(Tashriflar: umumiy 5 833, bugungi 1)

1 izoh

  1. Naqshbandiy ta’limotida go’zallik kategoriyasining estetik talqini haqida batafsil ma’lumotlar etkazsangiz. oldindan rahmat

Izoh qoldiring