Abdulazizxon Akramov. Noma

0_1ba604_259cfad8_orig.pngДилга ишқни солди минг шукур, Эй пок қалбли — кўзни ёшладим. Ифодага қувват берсин Ҳақ, Оллоҳ номи билан бошладим…

Абдулазизхон Акрамов
НОМА
«Латиф мактублар» туркумидан
07

Вафога

Дилга ишқни солди минг шукур, Эй пок қалбли — кўзни ёшладим. Ифодага қувват берсин Ҳақ, Оллоҳ номи билан бошладим…

07Юрак билан мажлис этди тил, Илким тўла номуносиб ҳад. Очун ичра энг мунаввар юз — Саломимга беринг ижозат. Сукутланди ҳажр куйлари, Бу муҳаббат фақат бизга хос. Дилимдаги тутқун сўзларни, қалам била этаман халос. Журъатсизлик – эшик оғаси, исён этсам қайрайди тиғлар. Юрагимнинг олис ерида, сизсиз қолган бир маъво йиғлар. Уйғотдингиз соғинчла туртиб, Ижодимнинг хас шукуҳини. Мен тан олдим бу жунун сабаб, шажарамда Қайснинг руҳини. Тун бағридан юлиб олди субҳ, аммо зарра топмас бундан ранж. Машаққатим ортиб табора, дилда урди туйғуларим мавж. Уфққа қадар етиб афғоним, бўғзим бўлди куйсираган най. Ҳижрон сабаб тунда уйқуим — бедорликка ёпинса нетай? Васф этишга чоғландим, алҳол, ҳадик қайта этади ҳужум. Мадҳингизни қошида дилхуш- шеваланди ижодкор буржим. Сиз туфайли дудим муаттар, сиз туфайли қаламим дадил. Фалак мижгонидан ҳис томиб, барча шарор бўлмиш мўътадил. Фаромушман, эй меҳри анвар, еткайму деб таърифга тобим. Иймонимнинг белига қувват, Бу муҳаббат- менинг меҳробим…

Дилгир кездим сўз саҳросини, Бир хушоҳанг нутқ истаб бесар. Инъом асли ошиқлик учун, ҳажрларни сўзсизлик безар. Аммо тартиб бердим ижрога, оқ вароқнинг андишасиман. Лайли соғинчида оҳ урган — ул Мажнуннинг май шишасиман. Дарахтимда тозариб кўклам, Ҳумо хасдан сават тўқийди. Сизни десам, сизни ўйласам, Ҳурлар кўкда оят ўқийди.

Ё раб, зарра эътибор этиб, бахт илмига ҳакам қилдингиз. Сиз туфайли танидим ўзни, белбоғимни маҳкам қилдингиз. Зиналардан ҳатладим жадал, ҳунар бўлди қўлим эзгуси. Бу мактубмас, ўтли севгимнинг- юрагимга тутган кўзгуси. Иззатимда сезиб ниҳоя, фикр била мен сизга етдим. Ҳуснингизнинг бир мисқолини васф қилмоқ учун майл этдим…

Сочларингиз ялдо тунидек, тарҳи- йўл руҳ камалагига. Бу жонимни минг бўлак этиб, илиб чиқдим жамалагига. Ифорлари … оо қандай маъсум, мушкка бўяр димоғим қаърин. Ҳушум учуб сархушман, сархуш, бу сумандир.. йўқ бу настарин! Бармоқларим тароқланади, ечолмайман қулфларингизни. Жон овига иштирок учун, сўнг отасиз зулфларингизни. Ҳар толасин жонимга улаб, минг заҳматда ришта туташди. Басир бўлиб, масрур бармоқлар- сочларингиз аро адашди…

Икки ёйдек таранг тортилмиш, сайд шаҳдида бул камон қошлар. Бўса ёзсам манглайингизга, лабларимни майин тарошлар. Бу қош эмас арабий сипоҳ, қора ридо ичра беркинган. Икки сипоҳ оралиғида, мағрурлигим енгилган, синган. Алар яна оширур қайта, манглайингиз ранг ёлқинини. Гоҳ очадир ишора лутфин, гоҳ тўсадир соч тўлқинини. Асир олди бир ҳамла бирла, тан руҳини арабий сипоҳ. Ожиз қолдим муҳорабада, охиридан эмасман огоҳ…

Юзингизда мунаввар ғавғо, гулзор этар чарбоғингизни. Ожиз тилак — силасам эди, кўз либоси — қабоғингизни. Бул қабоқмас — менинг қалқоним, сақлагайдир, магар назар – ниш. Қошдан заҳа олган жонимни — шу маъвода қилгум парвариш…

Бул киприклар — тароқ руҳимга, тароқ эмас- гавҳарнинг сочи. Йўқ, соч эмас- найзадур қаттол, найза эмас- гулнинг оғочи. Ҳар ҳаракат жонимга завол, мулким тарож, азоб айланиб. Кўксим нишон этар саросар, найза учи баттар қайралиб. Бу булоқнинг бўйида ўсган, қора қамиш каби тутган қад. Лабларимни тирнасин десам, тирнайдию баттар этар рад…

Бир ғофилман, итоб этмангиз, мазлумларга зулмдан қайтинг. Кўзингизга чўкиб кетар тоғ, тоғ олдида мен кимман айтинг? Бу зилоллик уфурган нигоҳ, амолимга ишқни битгуси. Чашмингиздан тўкилган ҳар нур, мен осийни ориф этгуси. Шавқ илҳомда буюк мусаввир, сизга этмиш уни иноят. Мискин истиорам, ташбеҳим, таърифида ожизман ғоят…

Бу чиройдин уфтонур само, дилда ортар ширин қийноқлар. Савдойилик келтирар менга — арғувонранг, анор ёноқлар. То қиёмат ошуфта бўлдим, ҳануз илло изҳорим тойғоқ. Бир дилбарсиз, тенгсиз муаттар, яноғида ялпизлар уйғоқ. Ғуссам ортар бу яноқ узра, зарра сизса кўз ёш ёхуд ашк. Кимса, майли, ҳатто қуёшдин, Рашк қиламан уни рашк, рашк! Рашк!…

Ишқ ниҳоя топгуси оҳир, Исрофилнинг янграса сури. Лабларингиз – икки қизил ой, кунжагида анбар сурури. Ё раб ўзинг улуғсан , чевар, Бу юз узра этдинг алвон нақш. Бир ташнаман, мешим тешилган, дудоғингиз бунча ҳаётбахш. Айвонида муччалар ухлар, ва тенгсиздир бол борасида. Менинг умрим сизга бўлсин сарф, менинг умрим – лаб орасида…

Эй дилимга зумуррад қадаб, озоримга уйғотгувчи хавф. Ғазабимни майинлаб тамом, бор айбимни этгувчи сўнг авф. Эй қувватим асоси бўлган, ишонч устунининг оғочи. Тақвоимни мунаввар этган, сукутимни танҳо тилмочи. Эй тунимни этгучи шинам, саҳаримда зуҳалу чўлпон. Гир айланган чарҳфалак ичра, остонамда тўҳтаган карвон. Эй сабрни ипакдек ийлаб, ришта этган фараҳ манзилга. Менинг учун бор азобини, асрор этган, яширган дилга. Эй шодликни ихтиро этиб, сочиб юрган кулгуимга хуш. Уйқумда–да васлини ҳадя этган менга -йўқолмаган туш. Эй тақдирнинг ханжарларини, ўтмас қилган қалқони ила. Осудамга уйқуси бадал, севинчидан бахтим ҳосила. Эй мумкинлик ичра суриниб, гирдобимга лангар ташлаган. Зулматимга бир зиё бўлиб , мени нурли йўлга бошлаган. Эй мубтало, савдои жонни, инсон этган меҳвари акмал. Бор тортинчоқ илинжларимни, иддаосиз этгувчи амал. Эй андуҳнинг мажлиси ичра, чорлаб олган субҳнинг сабоси. Вужудимнинг ҳар оғриғига, меҳригиё каби давоси. Эй ишқимнинг ҳақли эгаси, инъом этган дийдор паноҳни. Менинг учун рукуга бориб, менинг учун севган Оллоҳни. Эй мен учун яратилган руҳ, ҳар бир оним, кундузим туним. Икки дунё ичра якто жон — суюклигим умр мазмуним!

Магар лойиқ этсангиз нуқра, дийдор мулкдин этинг илтифот. Бир бандани ёруғ дунёда, савоб асли этмоқликда шод. Ўзингизни асраб очунда, ҳеч ғуссага берманг ихтиёр. Бўстон ичра сизни танладим, сиз этасиз мени бахтиёр. Сизни ижод этиб мукаммал, умрингизга суянчу азим. Қарздорман минг бир эъзозга, онангизга тавозе таъзим. Яратгувчи кўнгилга солиб, муҳаббатли этсин иккимиз. То умримнинг поёнигача, туташсинлар дилу илкимиз.

Мазур этинг агар номамда, зарра бир малоллик туйсангиз бехос. Барча туйғу тонглар каби соф, барча сўзим умрим каби рост. Сўз топмадим, ифодам ғализ, сизда хислат бисёрдир ёруғ. Хаёлингиз малҳам ҳажрга, мени ғамдан этади фориғ. Изтиробсиз лаҳзалар аро, тизаяпман мактуб насрини. Тиклайдурман бинокор бўлиб, юрагимда вафо қасрини. Эҳтимолки бу нутқим саёз, Ҳали нурга илҳақдир ғоя. Аҳир ишқда бормидир якун, соғинчларда борми ниҳоя? Фараҳлиман , бахшида этдим, Ҳаётимни муқаддас ҳисга. Дунёдаги ҳаммадан гўзал, менинг учун энг азиз қизга. Соғинаман! Кўп соғинаман!

…бу тиғ билан солманг дилга из. Нурли кунга етайлик охир, фақат —
ДИЙДОР ЧОҒИ БАХТЛИМИЗ…

2013 йил октябр.

Dilga ishqni soldi ming shukur, Ey pok qalbli — ko‘zni yoshladim. Ifodaga quvvat bersin Haq, Olloh nomi bilan boshladim…

Abdulazizxon Akramov
NOMA
“Latif maktublar” turkumidan
07

Vafoga

Dilga ishqni soldi ming shukur, Ey pok qalbli — ko‘zni yoshladim. Ifodaga quvvat bersin Haq, Olloh nomi bilan boshladim…

Yurak bilan majlis etdi til, Ilkim to‘la nomunosib had. Ochun ichra eng munavvar yuz — Salomimga bering ijozat. Sukutlandi hajr kuylari, Bu muhabbat faqat bizga xos. Dilimdagi tutqun so‘zlarni, qalam bila etaman xalos. Jur’atsizlik – eshik og‘asi, isyon etsam qayraydi tig‘lar. Yuragimning olis yerida, sizsiz qolgan bir ma’vo yig‘lar. Uyg‘otdingiz sog‘inchla turtib, Ijodimning xas shukuhini. Men tan oldim bu junun sabab, shajaramda Qaysning ruhini. Tun bag‘ridan yulib oldi subh, ammo zarra topmas bundan ranj. Mashaqqatim ortib tabora, dilda urdi tuyg‘ularim mavj. Ufqqa qadar yetib afg‘onim, bo‘g‘zim bo‘ldi kuysiragan nay. Hijron sabab tunda uyquim — bedorlikka yopinsa netay? Vasf etishga chog‘landim, alhol, hadik qayta etadi hujum. Madhingizni qoshida dilxush- shevalandi ijodkor burjim. Siz tufayli dudim muattar, siz tufayli qalamim dadil. Falak mijgonidan his tomib, barcha sharor bo‘lmish mo‘tadil. Faromushman, ey mehri anvar, yetkaymu deb ta’rifga tobim. Iymonimning beliga quvvat, Bu muhabbat- mening mehrobim…

Dilgir kezdim so‘z sahrosini, Bir xushohang nutq istab besar. In’om asli oshiqlik uchun, hajrlarni so‘zsizlik bezar. Ammo tartib berdim ijroga, oq varoqning andishasiman. Layli sog‘inchida oh urgan — ul Majnunning may shishasiman. Daraxtimda tozarib ko‘klam, Humo xasdan savat to‘qiydi. Sizni desam, sizni o‘ylasam, Hurlar ko‘kda oyat o‘qiydi.

Yo rab, zarra e’tibor etib, baxt ilmiga hakam qildingiz. Siz tufayli tanidim o‘zni, belbog‘imni mahkam qildingiz. Zinalardan hatladim jadal, hunar bo‘ldi qo‘lim ezgusi. Bu maktubmas, o‘tli sevgimning- yuragimga tutgan ko‘zgusi. Izzatimda sezib nihoya, fikr bila men sizga yetdim. Husningizning bir misqolini vasf qilmoq uchun mayl etdim…

Sochlaringiz yaldo tunidek, tarhi- yo‘l ruh kamalagiga. Bu jonimni ming bo‘lak etib, ilib chiqdim jamalagiga. Iforlari … oo qanday ma’sum, mushkka bo‘yar dimog‘im qa’rin. Hushum uchub sarxushman, sarxush, bu sumandir.. yo‘q bu nastarin! Barmoqlarim taroqlanadi, yecholmayman qulflaringizni. Jon oviga ishtirok uchun, so‘ng otasiz zulflaringizni. Har tolasin jonimga ulab, ming zahmatda rishta tutashdi. Basir bo‘lib, masrur barmoqlar- sochlaringiz aro adashdi…

photo_2018-03-02_22-36-02.jpgIkki yoydek tarang tortilmish, sayd shahdida bul kamon qoshlar. Bo‘sa yozsam manglayingizga, lablarimni mayin taroshlar. Bu qosh emas arabiy sipoh, qora rido ichra berkingan. Ikki sipoh oralig‘ida, mag‘rurligim yengilgan, singan. Alar yana oshirur qayta, manglayingiz rang yolqinini. Goh ochadir ishora lutfin, goh to‘sadir soch to‘lqinini. Asir oldi bir hamla birla, tan ruhini arabiy sipoh. Ojiz qoldim muhorabada, oxiridan emasman ogoh…

Yuzingizda munavvar g‘avg‘o, gulzor etar charbog‘ingizni. Ojiz tilak — silasam edi, ko‘z libosi — qabog‘ingizni. Bul qaboqmas — mening qalqonim, saqlagaydir, magar nazar – nish. Qoshdan zaha olgan jonimni — shu ma’voda qilgum parvarish…

Bul kipriklar — taroq ruhimga, taroq emas- gavharning sochi. Yo‘q, soch emas- nayzadur qattol, nayza emas- gulning og‘ochi. Har harakat jonimga zavol, mulkim taroj, azob aylanib. Ko‘ksim nishon etar sarosar, nayza uchi battar qayralib. Bu buloqning bo‘yida o‘sgan, qora qamish kabi tutgan qad. Lablarimni tirnasin desam, tirnaydiyu battar etar rad…

Bir g‘ofilman, itob etmangiz, mazlumlarga zulmdan qayting. Ko‘zingizga cho‘kib ketar tog‘, tog‘ oldida men kimman ayting? Bu zilollik ufurgan nigoh, amolimga ishqni bitgusi. Chashmingizdan to‘kilgan har nur, men osiyni orif etgusi. Shavq ilhomda buyuk musavvir, sizga etmish uni inoyat. Miskin istioram, tashbehim, ta’rifida ojizman g‘oyat…

Bu chiroydin uftonur samo, dilda ortar shirin qiynoqlar. Savdoyilik keltirar menga — arg‘uvonrang, anor yonoqlar. To qiyomat oshufta bo‘ldim, hanuz illo izhorim toyg‘oq. Bir dilbarsiz, tengsiz muattar, yanog‘ida yalpizlar uyg‘oq. G‘ussam ortar bu yanoq uzra, zarra sizsa ko‘z yosh yoxud ashk. Kimsa, mayli, hatto quyoshdin, Rashk qilaman uni rashk, rashk! Rashk!…

Ishq nihoya topgusi ohir, Isrofilning yangrasa suri. Lablaringiz – ikki qizil oy, kunjagida anbar sururi. Yo rab o‘zing ulug‘san , chevar, Bu yuz uzra etding alvon naqsh. Bir tashnaman, meshim teshilgan, dudog‘ingiz buncha hayotbaxsh. Ayvonida muchchalar uxlar, va tengsizdir bol borasida. Mening umrim sizga bo‘lsin sarf, mening umrim – lab orasida…

Ey dilimga zumurrad qadab, ozorimga uyg‘otguvchi xavf. G‘azabimni mayinlab tamom, bor aybimni etguvchi so‘ng avf. Ey quvvatim asosi bo‘lgan, ishonch ustunining og‘ochi. Taqvoimni munavvar etgan, sukutimni tanho tilmochi. Ey tunimni etguchi shinam, saharimda zuhalu cho‘lpon. Gir aylangan charhfalak ichra, ostonamda to‘htagan karvon. Ey sabrni ipakdek iylab, rishta etgan farah manzilga. Mening uchun bor azobini, asror etgan, yashirgan dilga. Ey shodlikni ixtiro etib, sochib yurgan kulguimga xush. Uyqumda–da vaslini hadya etgan menga -yo‘qolmagan tush. Ey taqdirning xanjarlarini, o‘tmas qilgan qalqoni ila. Osudamga uyqusi badal, sevinchidan baxtim hosila. Ey mumkinlik ichra surinib, girdobimga langar tashlagan. Zulmatimga bir ziyo bo‘lib , meni nurli yo‘lga boshlagan. Ey mubtalo, savdoi jonni, inson etgan mehvari akmal. Bor tortinchoq ilinjlarimni, iddaosiz etguvchi amal. Ey anduhning majlisi ichra, chorlab olgan subhning sabosi. Vujudimning har og‘rig‘iga, mehrigiyo kabi davosi. Ey ishqimning haqli egasi, in’om etgan diydor panohni. Mening uchun rukuga borib, mening uchun sevgan Ollohni. Ey men uchun yaratilgan ruh, har bir onim, kunduzim tunim. Ikki dunyo ichra yakto jon — suyukligim umr mazmunim!

Magar loyiq etsangiz nuqra, diydor mulkdin eting iltifot. Bir bandani yorug‘ dunyoda, savob asli etmoqlikda shod. O‘zingizni asrab ochunda, hech g‘ussaga bermang ixtiyor. Bo‘ston ichra sizni tanladim, siz etasiz meni baxtiyor. Sizni ijod etib mukammal, umringizga suyanchu azim. Qarzdorman ming bir e’zozga, onangizga tavoze ta’zim. Yaratguvchi ko‘ngilga solib, muhabbatli etsin ikkimiz. To umrimning poyonigacha, tutashsinlar dilu ilkimiz.

Mazur eting agar nomamda, zarra bir malollik tuysangiz bexos. Barcha tuyg‘u tonglar kabi sof, barcha so‘zim umrim kabi rost. So‘z topmadim, ifodam g‘aliz, sizda xislat bisyordir yorug‘. Xayolingiz malham hajrga, meni g‘amdan etadi forig‘. Iztirobsiz lahzalar aro, tizayapman maktub nasrini. Tiklaydurman binokor bo‘lib, yuragimda vafo qasrini. Ehtimolki bu nutqim sayoz, Hali nurga ilhaqdir g‘oya. Ahir ishqda bormidir yakun, sog‘inchlarda bormi nihoya? Farahliman , baxshida etdim, Hayotimni muqaddas hisga. Dunyodagi hammadan go‘zal, mening uchun eng aziz qizga. Sog‘inaman! Ko‘p sog‘inaman!

…bu tig‘ bilan solmang dilga iz. Nurli kunga yetaylik oxir, faqat —
DIYDOR CHOG‘I BAXTLIMIZ…

2013 yil oktyabr.

067

(Tashriflar: umumiy 228, bugungi 1)

Izoh qoldiring