Abdulazizxon Akramov. She’rlar

033    Абдулазизхон Акрамов шеърларига бир неча ой муқаддам фейсбукдаги даврадошларимдан бири диққатимни қаратган эди. Анчагача унинг шеърларини кузатиб юрдим. Билдимки, ёш шоирнинг тажрибалари фақат менда эмас, бошқаларда ҳам якдил бир таасассурот қолдирмаяпти. Кимдир бу тажрибаларни мутлақ рад этса, яна кимдир тўлиқ маъқуллайди. Нима бўлгандаям, Абдулазизхон шеърлари мавжуд экан, шоир уларни эълон қилар экан, биз уларга бўлган муносабатимизни билдиришга ҳақлимиз.

Менинг ўйлашимча, ёш шоир шеърлари, энг аввало, улардаги ҳар бир ташбеҳ, ҳар бир ислоҳ, ҳар бир ифода тўхтаб, ўз устида ўйлаб олишга ундайди. Бугун адабий нашрларимизни тўлиқ эгаллаган ёш «зулфияча»ларнинг шеърдан кўра шиорни эслатадиган Ватан ҳақидаги меҳрсиз сатрлари-ю «Баҳор келди, гуллар очилди» тарзидаги шеърлардан кўра Абдулазизхоннинг дастлабки қарашда тушунуксиз бўлиб кўринган  сатрлари дилга кўпроқ мароқ бағишлайди.

Ҳар бир янги авлод — янги фикр ташувчи оқимдир. Ўз фикрига, ўз кўз қарашига эга авлодгина адабиёт дарёси оқимига суръат қўшади. Миллион карра ишлатилган ғишт заводи қолипидан чиққан, бир-бирини такрорлаган   Ватан ҳақидаги меҳрсиз шеърлар эса дарёни лойқалатади, Ватан деган муқаддас тушунча қимматини арзонлаштиради, холос. Йўлдош Эшбек яқинда айтганидек, Ватан ҳақидаги шеър эмас, яхши шеър Ватанни обод қилади. Қўшиб айтардимки, фақат Ватанни эмас, Миллат кўнглини ҳам обод қилади. 

Абдулазизхонга қайтсак, ёш шоирга нимани айтишни истардим. Аввало, ёш шоир тажрибалари вақт ўтгани сайин  фикрий тиниқлик касб этишини, сўз ва жумлада аниқлик кучайишини англамоғи  зарур. Улар фақат шоирнинг тажрибалари бўлиб қолмасдан шеъриятимиз тараққиётига таъсир этишга қодир изланишлар даражасига кўтарилмоғи керак.

Адабиёт ҳеч қачон тажрибаларни рад этмаган. Янада аниқроқ айтсам, адабиёт тажрибалар билан тирик, тажриба адабиётни, сўзни, шеърни ёшартиради, эски сўзни янгилайди, ўлик сўзларни тирилтиради. Аҳмад Аъзам ёзганидек,»Дунё адабиёти ижодий жараёни тажрибаси анъанадан қочиш ёки уни инкор қилишни эмас, балки янгилик яратишда унга таянишни ўргатади».  Демак, ҳар қандай адабий  тажриба кечаги адабий қолипларни бузиш баробарида  ўзбек тили  табиати, миллий-ахлоқий тушунчаларимиз, феъл-атворимиз асосида кечсагина,  ҳосил берадиган дарахтга айланади.

Яна бир гап. Бундан 35-40 йилча аввал, аниқроғи, мен тенгдош авлод адабиётга кириб келган йиллари, унинг айрим вакилларига «Шеърингизни тушунтириб беринг» деган саволлар берилган эди. Бугун  Абдулазизхон Акрамовга ҳам айни шундай саволлар берилиши аниқ. Бундай саволлар берилишини табиий, деб билганимдек,  бу саволларга муайян йиллардан кейин аниқ  ва сўнгги хулоса — жавоб топилиши мумкин, деб ўйлайман.  Ҳозирча эса савол беришга шошилмай,  ёш шоир  шеърларини тушунишга уриниш керак. Шоирдан жавоб кутманг, жавобни ўзингиздан изланг.

Юқорида барча «керак»ларни айтдим, тажриба ҳақидаги фикрларимни билдирдим. Бу билан  Абдулазизхон Акрамов  шеърлари  адабиётимиз иқлимида «яшашга» ҳақли деган фикримни айтишга уриндим.  Мен  чин дилдан ёш дўстимга ижодий етуклик сари олға боришини тилаб қоламан.

Хуршид ДАВРОН
Ўзбекистон халқ шоири
2015

Абдулазизхон АКРАМОВ
ШЕЪРЛАР
067

Абдулазизхон Акрамов 1987 йилда Яйпан шаҳрида туғилган. Ўрта мактабдан кейин  Андижон Давлат тиббиёт институтида таҳсил олиб, 2014 йили тугатган. Тиббиёт соҳасида фаолият юритса-да, ўзининг айтишича, шеъриятнинг барча замонавий турларига қизиқади. Қизиқиши баробар ўз қаламини бу  турларда синаб кўришга интилади. Ижодий ишлари вақтли матбуотда элон қилинган.

067
07
Будда тирсаги

1.
Кўза каби ичингни кузат,
Гўё арслон қилган каби ов.
Бир туйнукка термулгандай, сўнг —
Ичинг сени кузатар синчков.

Ҳушёр ўлжа каби тўрингни —
Тишлаб қирқар худбинфеъл  ўзлик.
Ботиб турар думалоқ онгга-
Беқарорлик, учбурчак кўзли.

Сувга каби оқ. Олов каби ён,
Сенга яқин Худонинг тафти.
Сен ичингдан кимни қидирдинг?
Ва ичингдан ким қараяпти?…

2.
Тошга қара. Метинлашсин дид,
Тасаввуринг бўлсин чилпарчин.
Қўлингда бор бармоқ ўлчами —
Сен ўзингсан кимнинг қаричи?…

Тошдан қара. Ёноғинг оғриб,
Офтоб сени қилмайди зада.
Чечак кулгусини кўргани
Кетолмайсан. Силжимас қадам.

Эй сен инсон, икки ёнингга
Тошни қўйиб битгил қасида.
Ёриб чиқмоқ керак миллатни —
Ўсмоқ керак тош ўртасидан…

3
Оғриқ мавжуд. Мавжудлик — оғриқ.
Товуш ўйнаб тиқилмас томоқ.
Сен қабул қил ғуссани шодон —
Осон бўлар шунда қутулмоқ.

Девор бўлма ғазабга.
Синсанг
Қайта сени қурмоқлик мушкул.
Эшикка боқ —
Шабада бўлса —
Очилар, сўнг ёпилар буткул.

Инсондан ўз. Инсондайин тўз.
Гўзалликка боқмагил ғайран.
Қийноқдадир мангу илоҳлар…
Сен ўткинчи Худога айлан…

Ботқоқликдаги одам.

1.
Қимирлаш — фожедир.
Лекин кўз соққа —
Белгилаб олгандир ҳуркак йўлини.
Кузатаман.
Оёғим тарафдан
Аста ўрмалаган ўлимни.

Ҳолбуки ожизлик — алвон эҳтирос.
Пичоқ юрагингга санчилса —
Чўчийдиган нарса қолмайди…

Илинж- типирчилар. Илинж жонсарак-
Уни тинчлантириб силайин десам —
Қўлларим чўкмоқда.
Қўлларим тубга…

2.
Аллақандай ачимсиқ бир дуд —
Ҳуш аралаш ёйилар тушга.
Хайриятки бир гул сояси —
Тонг олдида юзимга тушган.

Муваққатдир ҳар қандай лаззат,
Қўйиб юбор тутқин ғояни.
Кулмай туриб, йиғламай туриб —
Эркалайди юзим сояни…

3.
Мен гўёки нилуфар каби —
Муаллақман.
Эргашиб сирга.
Товонимга кирган тиканни-
Оғриғини қўмсадим бирдан…

Қандай ёниқ оғриқ эди у…
Энтикаман.
Хаёл титкилаб.
Қуш тумшуғи бирам кичкина,
Босай деса лабларимга лаб.

Қуш ва оғриқ.
Шудир тилагим —
Борлиқ шундан иборат худди.
Кулимсираб турган кўзимга-
Худо қараб туради жиддий…

4.
Ер  — чўнтаги. Чириган чўнтак.
Ким адашди — Сенга юкунди.
Ботқоқ.
Бирам кўҳликсан бугун —
Сенда ( ўзим )
Бир шоир унди…

Қарсак чалинг ҳаволар қаттиқ,
Шеър ўқийман.
Нафасим рангли.
То кўзимга тўлиб беркитсин —
Иқрорим чангги…

Оо шукуҳли сенинг бу қатлинг
Фараҳларга чўмдим он сайин.
Сен —
Севгимнинг қатлидай қаттиқ,
Севгилимнинг бағридай майин…

5.
Жимланган жим. Уйғоқ шивирлар —
Қулоқланган борлиққа сингди.
Мағлуб бўлдим.
Нима фарқи бор?
Ё бахт енгди. Ё ботқоқ енгди?…

Бирлаштирдинг бизни ниҳоят!
Оллоҳ.
Кўпдир, сездим, гуноҳим.
Мамнунланган табассум билан —
Мен ўзимга чўкдим, илоҳим…

Паранжикулгу

1.
Кафтларингда юмалаган пинж
Эшигингда жигарранг ғичир.
Қабоғингда ҳудожўй киприк —
Танглайингда исёний пичир.

Тонг олдида юмшоқ ҳаракат
Ила очдинг. Пардаларинг даф.
Қуёш ўлик, осмон сўйилган —
Ташқаридан боқиб турди ҳавф.

Нафас олдинг, қуруқшади най,
Сирқиради тилланган даҳа.
Оғзинг бурчагидан жимгина —
Чиқиб кетди соқов қаҳқаҳа..

2.
Қофиямда ювош пўписа,
Мағлублашган нигоҳ ул ҳирсий.
Кўпаяди қоқ тавозеим —
Одоб гултувагида ирсий.

Елимбалиқ ҳаракатига —
Вергул қўяр тақлидчи қарға.
Қоғозимда қора сиёҳ қон —
Фаришталар бўлар бадарға.

Бир қўзғолиш мудрайди мубҳам.
Эй лаб,
Сипқор илоҳий майни.
Кўзгуимдан мўралар даҳо —
Оғзимда қулф. Калит йиғлайди…

3.
Муз ёноқда илиқ этибор,
Манглай тўла киброна асно.
Одам йиғлар.
Бус бутун одам-
Фақат елкалари мустасно.

Бебош елка, мустақил елка
Нуқул кулар, қилар табассум.
Ёқаларни йиртиб чиқади,
Гўё синар тўнкарилган ҳум.

… бутун одам аста судралар,
Қуриб борар мадори бадар.
Ерга ағнар.
Туфроқ тўзғитиб,
Елка кулар ўлимга қадар…

4.
зерикарли бутун моҳият,
ҳазинликка пардани тутиб.
о қиморбоз, ютиб ол мени —
мен чарчадим доимо ютиб.

бу кечада ҳушёр бўл, уйқу,
булғанмасин ой ҳам кўкда пок.
гарчи мағлубликка ошиқдим,
ҳамон ғолиб руҳим ғазабнок.

сўнг йиқилай…
нафасим енгил,
қулаётган тоғдек жим, ғамгин.
энг биринчи келиб, қилишсин —
кўзларимни чумолилар ин.

ўшанда ҳам, энг сўнгги онда,
ҳаёт билан чиқишмай таъбим.
бахтга тўлган бир чумолини —
ўлдиради жилмайган лабим…

Метаморфоз

1.
Тил сўзини пичоқни ушлаб
3 бўлакка бўлдим атайин.
Т томоқда қолди муаллақ
Л лабларда суркалар майин.

Фақат И ни топа олмадим
Қаерда у , жиш норасида?
У исёндир!
Куйдуриб турган —
Томоғим ва лаб орасида…

2.
ўғлим, сенга етишгунча тоғ,
нураб битди —  бардошлар ярим.
ғолиб бўлди умидим борки —
белдан тушди пушти камарим.

ўғлим, сенга етгунимча, ғор
юрагимга солди ўзини.
баттар бўлди кўнгилда оғриқ —
тиғлаб бўлди орзу сўзини.

бахтлар ёнар, азоблар иғроқ,
ғариб бордим кўкка битишдим.
тик турганча кулиб, жилмайиб —
ўғлим, мана сенга етишдим…

P.S. Иккинчи шеър { ғ } ҳарфисиз ўқилади.

***

1.
жиддий қиёфадан нарида-
ер чизади соддадил юзим.
мен тоғларни силжитдим дадил,
сочларимни силайди қизим.

хотиралар фақат йиғламли,
дод дейишга оғиз кичкина.
фақат ойнинг сўйилган қўли,
юрагимга санчилган игна.

эркаларди ушлаб бурнимдан,
қизим.
(мени аламлар йиқди.)
— мен онангни севардим…
— десам
бармоғини кўзимга тиқди…

2.
мулоҳазам ориқлар чунон,
гапирётган фараҳга ишон,
ёноғингдан ўрмаласа қон —
бу ҳам бир йўлдир.

қисмларнинг бўлиб мухлиси,
тасаввурни анқийди иси,
сиғмай қолди уни туфлиси —
аҳир бу қўлдир.

ўзгаради ҳар сафар тусинг,
бармоқларинг рангли товусинг,
менга қизиқ ҳар бир фокусинг —
сеҳрга тўлдир.

ярашмади сенга бу либос,
вафоинг йўқ, ишқинг иқтибос,
мендан кетдинг.
энди илтимос-
ўзингни ўлдир…

3.
тахмондаги кўрпа остига —
тиқиб қўйилгандай пул буюм.
лабларимга яшириб қўяр —
муҳаббат —
зўрланган табассум.

қафас титар оғриган панжа.
юрак —  пишлоқ,
сичқон кемирган.
висол борки дор илинжида —
атайин бўйиндан семирган.

энди севсам бўлар бемалол —
кипригимда урчуқ йигириб
ишққа тўйиб кетади аёл.

тушлар — ўтин,  ёқиб исиндим.
тикка туриб. севгисиз, ё раб —
сенга етдим. сенга сиғиндим…

***

хат ёзишдик.
сеҳрли бари…
сатрларда меҳр шивирлар.
тунимизни этди ёруғроқ —
қон диллардан тўкилган сирлар.

боқиб олдик хонаки бахтни,
ниҳон этдик мудом тишлаб лаб.
гоҳ сиғмади сўзимизга ишқ,
гоҳ соғиндик —  титраниб, йиғлаб…

бугун эса…
синди масофа.
гул дийдорга ишимиз тушди.
биз учрашиб турдик индамай…
пойимизда — майса қовушди…

тамакидан куйган бош бармоқ.
девордаги сурат- ғар каклик.
ҳаво билан қовушган тутун —
очиқ гугурт. хафагазаклик.

шундай поксан.
фақат гапирма!
оҳангингни бекор этма сарф.
чидолмайман…
лабингни тилса —
сўзлардаги бирор ундош ҳарф…

соғинч. соғинч. соғинчли соғинч!
нечун мени йўқламас надим.
тамакини аста тутатиб —
бўм-бўш уйда узоқ йиғладим…

***

аёл — барча жумбоқлар ичра,
сирлиликни либос танлади.
кўзини ҳам пирпиратмасдан —
ошиқ эркакларни санади.

эркак — эса ғамни елкалаб,
ишқ ҳақида сурди хаёлни.
орзулади гўзал қомат, юз..
илинтирса мингта аёлни…

девор.
ана икки тарафда,
қўл чўзишар иккиси туриб.
севги эса девор устида —
юрар икки ёнга тупуриб..

09

      Abdulazizxon Akramov she’rlariga bir necha oy muqaddam feysbukdagi davradoshlarimdan biri diqqatimni qaratgan edi. Anchagacha uning she’rlarini kuzatib yurdim. Bildimki, yosh shoirning tajribalari faqat menda emas, boshqalarda ham yakdil bir taasassurot qoldirmayapti. Kimdir bu tajribalarni mutlaq rad etsa, yana kimdir to’liq ma’qullaydi. Nima bo’lgandayam, Abdulazizxon she’rlari mavjud ekan, shoir ularni e’lon qilar ekan, biz ularga bo’lgan munosabatimizni bildirishga haqlimiz.

Mening o’ylashimcha, yosh shoir she’rlari, eng avvalo, ulardagi har bir tashbeh, har bir isloh, har bir ifoda to’xtab, o’z ustida o’ylab olishga undaydi. Bugun adabiy nashrlarimizni to’liq egallagan yosh «zulfiyacha»larning she’rdan ko’ra shiorni eslatadigan Vatan haqidagi mehrsiz satrlari-yu «Bahor keldi, gullar ochildi» tarzidagi she’rlardan ko’ra Abdulazizxonning dastlabki qarashda tushunuksiz bo’lib ko’ringan satrlari dilga ko’proq maroq bag’ishlaydi.

Har bir yangi avlod — yangi fikr tashuvchi oqimdir. O’z fikriga, o’z ko’z qarashiga ega avlodgina adabiyot daryosi oqimiga sur’at qo’shadi. Million karra ishlatilgan g’isht zavodi qolipidan chiqqan, bir-birini takrorlagan Vatan haqidagi mehrsiz she’rlar esa daryoni loyqalatadi, Vatan degan muqaddas tushuncha qimmatini arzonlashtiradi, xolos. Yo’ldosh Eshbek yaqinda aytganidek, Vatan haqidagi she’r emas, yaxshi she’r Vatanni obod qiladi. Qo’shib aytardimki, faqat Vatanni emas, Millat ko’nglini ham obod qiladi.

Abdulazizxonga qaytsak, yosh shoirga nimani aytishni istardim. Avvalo, yosh shoir tajribalari vaqt o’tgani sayin fikriy tiniqlik kasb etishini, so’z va jumlada aniqlik kuchayishini anglamog’i zarur. Ular faqat shoirning tajribalari bo’lib qolmasdan she’riyatimiz taraqqiyotiga ta’sir etishga qodir izlanishlar darajasiga ko’tarilmog’i kerak.

Adabiyot hech qachon tajribalarni rad etmagan. Yanada aniqroq aytsam, adabiyot tajribalar bilan tirik, tajriba adabiyotni, so’zni, she’rni yoshartiradi, eski so’zni yangilaydi, o’lik so’zlarni tiriltiradi. Ahmad A’zam yozganidek,»Dunyo adabiyoti ijodiy jarayoni tajribasi an’anadan qochish yoki uni inkor qilishni emas, balki yangilik yaratishda unga tayanishni o’rgatadi». Demak, har qanday adabiy tajriba kechagi adabiy qoliplarni buzish barobarida o’zbek tili tabiati, milliy-axloqiy tushunchalarimiz, fe’l-atvorimiz asosida kechsagina, hosil beradigan daraxtga aylanadi.

Yana bir gap. Bundan 35-40 yilcha avval, aniqrog’i, men tengdosh avlod adabiyotga kirib kelgan yillari, uning ayrim vakillariga «She’ringizni tushuntirib bering» degan savollar berilgan edi. Bugun Abdulazizxon Akramovga ham ayni shunday savollar berilishi aniq. Bunday savollar berilishini tabiiy, deb bilganimdek, bu savollarga muayyan yillardan keyin aniq va so’nggi xulosa — javob topilishi mumkin, deb o’ylayman. Hozircha esa savol berishga shoshilmay, yosh shoir she’rlarini tushunishga urinish kerak. Shoirdan javob kutmang, javobni o’zingizdan izlang.

Yuqorida barcha «kerak»larni aytdim, tajriba haqidagi fikrlarimni bildirdim. Bu bilan Abdulazizxon Akramov she’rlari adabiyotimiz iqlimida «yashashga» haqli degan fikrimni aytishga urindim. Men chin dildan yosh do’stimga ijodiy yetuklik sari olg’a borishini tilab qolaman.

Xurshid DAVRON
O’zbekiston xalq shoiri
2015

Abdulazizxon AKRAMOV
SHE’RLAR
067

Abdulazizxon Akramov 1987 yilda Yaypan shahrida tug’ilgan. O’rta maktabdan keyin Andijon Davlat tibbiyot institutida tahsil olib, 2014 yili tugatgan. Tibbiyot sohasida faoliyat yuritsa-da, o’zining aytishicha, she’riyatning barcha zamonaviy turlariga qiziqadi. Qiziqishi barobar o’z qalamini bu turlarda sinab ko’rishga intiladi. Ijodiy ishlari vaqtli matbuotda elon qilingan.

067
07
Budda tirsagi

1.
Ko’za kabi ichingni kuzat,
Go’yo arslon qilgan kabi ov.
Bir tuynukka termulganday, so’ng —
Iching seni kuzatar sinchkov.

Hushyor o’lja kabi to’ringni —
Tishlab qirqar xudbinfe’l o’zlik.
Botib turar dumaloq ongga-
Beqarorlik, uchburchak ko’zli.

Suvga kabi oq. Olov kabi yon,
Senga yaqin Xudoning tafti.
Sen ichingdan kimni qidirding?
Va ichingdan kim qarayapti?…

2.
Toshga qara. Metinlashsin did,
Tasavvuring bo’lsin chilparchin.
Qo’lingda bor barmoq o’lchami —
Sen o’zingsan kimning qarichi?…

Toshdan qara. Yonog’ing og’rib,
Oftob seni qilmaydi zada.
Chechak kulgusini ko’rgani
Ketolmaysan. Siljimas qadam.

Ey sen inson, ikki yoningga
Toshni qo’yib bitgil qasida.
Yorib chiqmoq kerak millatni —
O’smoq kerak tosh o’rtasidan…

3
Og’riq mavjud. Mavjudlik — og’riq.
Tovush o’ynab tiqilmas tomoq.
Sen qabul qil g’ussani shodon —
Oson bo’lar shunda qutulmoq.

Devor bo’lma g’azabga.
Sinsang
Qayta seni qurmoqlik mushkul.
Eshikka boq —
Shabada bo’lsa —
Ochilar, so’ng yopilar butkul.

Insondan o’z. Insondayin to’z.
Go’zallikka boqmagil g’ayran.
Qiynoqdadir mangu ilohlar…
Sen o’tkinchi Xudoga aylan…

Botqoqlikdagi odam.

1.
Qimirlash — fojedir.
Lekin ko’z soqqa —
Belgilab olgandir hurkak yo’lini.
Kuzataman.
Oyog’im tarafdan
Asta o’rmalagan o’limni.

Holbuki ojizlik — alvon ehtiros.
Pichoq yuragingga sanchilsa —
Cho’chiydigan narsa qolmaydi…

Ilinj- tipirchilar. Ilinj jonsarak-
Uni tinchlantirib silayin desam —
Qo’llarim cho’kmoqda.
Qo’llarim tubga…

2.
Allaqanday achimsiq bir dud —
Hush aralash yoyilar tushga.
Xayriyatki bir gul soyasi —
Tong oldida yuzimga tushgan.

Muvaqqatdir har qanday lazzat,
Qo’yib yubor tutqin g’oyani.
Kulmay turib, yig’lamay turib —
Erkalaydi yuzim soyani…

3.
Men go’yoki nilufar kabi —
Muallaqman.
Ergashib sirga.
Tovonimga kirgan tikanni-
Og’rig’ini qo’msadim birdan…

Qanday yoniq og’riq edi u…
Entikaman.
Xayol titkilab.
Qush tumshug’i biram kichkina,
Bosay desa lablarimga lab.

Qush va og’riq.
Shudir tilagim —
Borliq shundan iborat xuddi.
Kulimsirab turgan ko’zimga-
Xudo qarab turadi jiddiy…

4.
Yer — cho’ntagi. Chirigan cho’ntak.
Kim adashdi — Senga yukundi.
Botqoq.
Biram ko’hliksan bugun —
Senda ( o’zim )
Bir shoir undi…

Qarsak chaling havolar qattiq,
She’r o’qiyman.
Nafasim rangli.
To ko’zimga to’lib berkitsin —
Iqrorim changgi…

Oo shukuhli sening bu qatling
Farahlarga cho’mdim on sayin.
Sen —
Sevgimning qatliday qattiq,
Sevgilimning bag’riday mayin…

5.
Jimlangan jim. Uyg’oq shivirlar —
Quloqlangan borliqqa singdi.
Mag’lub bo’ldim.
Nima farqi bor?
YO baxt yengdi. YO botqoq yengdi?…

Birlashtirding bizni nihoyat!
Olloh.
Ko’pdir, sezdim, gunohim.
Mamnunlangan tabassum bilan —
Men o’zimga cho’kdim, ilohim…

Paranjikulgu

1.
Kaftlaringda yumalagan pinj
Eshigingda jigarrang g’ichir.
Qabog’ingda hudojo’y kiprik —
Tanglayingda isyoniy pichir.

Tong oldida yumshoq harakat
Ila ochding. Pardalaring daf.
Quyosh o’lik, osmon so’yilgan —
Tashqaridan boqib turdi havf.

Nafas olding, quruqshadi nay,
Sirqiradi tillangan daha.
Og’zing burchagidan jimgina —
Chiqib ketdi soqov qahqaha..

2.
Qofiyamda yuvosh po’pisa,
Mag’lublashgan nigoh ul hirsiy.
Ko’payadi qoq tavozeim —
Odob gultuvagida irsiy.

Yelimbaliq harakatiga —
Vergul qo’yar taqlidchi qarg’a.
Qog’ozimda qora siyoh qon —
Farishtalar bo’lar badarg’a.

Bir qo’zg’olish mudraydi mubham.
Ey lab,
Sipqor ilohiy mayni.
Ko’zguimdan mo’ralar daho —
Og’zimda qulf. Kalit yig’laydi…

3.
Muz yonoqda iliq etibor,
Manglay to’la kibrona asno.
Odam yig’lar.
Bus butun odam-
Faqat yelkalari mustasno.

Bebosh yelka, mustaqil yelka
Nuqul kular, qilar tabassum.
Yoqalarni yirtib chiqadi,
Go’yo sinar to’nkarilgan hum.

… butun odam asta sudralar,
Qurib borar madori badar.
Yerga ag’nar.
Tufroq to’zg’itib,
Yelka kular o’limga qadar…

4.
zerikarli butun mohiyat,
hazinlikka pardani tutib.
o qimorboz, yutib ol meni —
men charchadim doimo yutib.

bu kechada hushyor bo’l, uyqu,
bulg’anmasin oy ham ko’kda pok.
garchi mag’lublikka oshiqdim,
hamon g’olib ruhim g’azabnok.

so’ng yiqilay…
nafasim yengil,
qulayotgan tog’dek jim, g’amgin.
eng birinchi kelib, qilishsin —
ko’zlarimni chumolilar in.

o’shanda ham, eng so’nggi onda,
hayot bilan chiqishmay ta’bim.
baxtga to’lgan bir chumolini —
o’ldiradi jilmaygan labim…

Metamorfoz

1.
Til so’zini pichoqni ushlab
3 bo’lakka bo’ldim atayin.
T tomoqda qoldi muallaq
L lablarda surkalar mayin.

Faqat I ni topa olmadim
Qaerda u , jish norasida?
U isyondir!
Kuydurib turgan —
Tomog’im va lab orasida…

2.
o’g’lim, senga yetishguncha tog’,
nurab bitdi — bardoshlar yarim.
g’olib bo’ldi umidim borki —
beldan tushdi pushti kamarim.

o’g’lim, senga yetgunimcha, g’or
yuragimga soldi o’zini.
battar bo’ldi ko’ngilda og’riq —
tig’lab bo’ldi orzu so’zini.

baxtlar yonar, azoblar ig’roq,
g’arib bordim ko’kka bitishdim.
tik turgancha kulib, jilmayib —
o’g’lim, mana senga yetishdim…

P.S. Ikkinchi she’r { g’ } harfisiz o’qiladi.

***

1.
jiddiy qiyofadan narida-
yer chizadi soddadil yuzim.
men tog’larni siljitdim dadil,
sochlarimni silaydi qizim.

xotiralar faqat yig’lamli,
dod deyishga og’iz kichkina.
faqat oyning so’yilgan qo’li,
yuragimga sanchilgan igna.

erkalardi ushlab burnimdan,
qizim.
(meni alamlar yiqdi.)
— men onangni sevardim…
— desam
barmog’ini ko’zimga tiqdi…

2.
mulohazam oriqlar chunon,
gapiryotgan farahga ishon,
yonog’ingdan o’rmalasa qon —
bu ham bir yo’ldir.

qismlarning bo’lib muxlisi,
tasavvurni anqiydi isi,
sig’may qoldi uni tuflisi —
ahir bu qo’ldir.

o’zgaradi har safar tusing,
barmoqlaring rangli tovusing,
menga qiziq har bir fokusing —
sehrga to’ldir.

yarashmadi senga bu libos,
vafoing yo’q, ishqing iqtibos,
mendan ketding.
endi iltimos-
o’zingni o’ldir…

3.
taxmondagi ko’rpa ostiga —
tiqib qo’yilganday pul buyum.
lablarimga yashirib qo’yar —
muhabbat —
zo’rlangan tabassum.

qafas titar og’rigan panja.
yurak — pishloq,
sichqon kemirgan.
visol borki dor ilinjida —
atayin bo’yindan semirgan.

endi sevsam bo’lar bemalol —
kiprigimda urchuq yigirib
ishqqa to’yib ketadi ayol.

tushlar — o’tin, yoqib isindim.
tikka turib. sevgisiz, yo rab —
senga yetdim. senga sig’indim…

***

xat yozishdik.
sehrli bari…
satrlarda mehr shivirlar.
tunimizni etdi yorug’roq —
qon dillardan to’kilgan sirlar.

boqib oldik xonaki baxtni,
nihon etdik mudom tishlab lab.
goh sig’madi so’zimizga ishq,
goh sog’indik — titranib, yig’lab…

bugun esa…
sindi masofa.
gul diydorga ishimiz tushdi.
biz uchrashib turdik indamay…
poyimizda — maysa qovushdi…

tamakidan kuygan bosh barmoq.
devordagi surat- g’ar kaklik.
havo bilan qovushgan tutun —
ochiq gugurt. xafagazaklik.

shunday poksan.
faqat gapirma!
ohangingni bekor etma sarf.
chidolmayman…
labingni tilsa —
so’zlardagi biror undosh harf…

sog’inch. sog’inch. sog’inchli sog’inch!
nechun meni yo’qlamas nadim.
tamakini asta tutatib —
bo’m-bo’sh uyda uzoq yig’ladim…

***

ayol — barcha jumboqlar ichra,
sirlilikni libos tanladi.
ko’zini ham pirpiratmasdan —
oshiq erkaklarni sanadi.

erkak — esa g’amni yelkalab,
ishq haqida surdi xayolni.
orzuladi go’zal qomat, yuz..
ilintirsa mingta ayolni…

devor.
ana ikki tarafda,
qo’l cho’zishar ikkisi turib.
sevgi esa devor ustida —
yurar ikki yonga tupurib..

09

(Tashriflar: umumiy 914, bugungi 1)

5 izoh

  1. Мен Абдулазизни қарийб ўн йилдан бери биламан, демак унинг ўзига хос мазмун ва шакл касб эжтган шеърларини кузатиб келаётганимга ўн йил бўлади. У рўзномамиз қошида ташкил топган, сиртдан фаолият юритадиган «Маҳорат мактаби» тўгарагининг аъзоси ҳам. Бир неча йил аввал Самарқандга келганида дийдорлашгандик ҳам. Абдулазиз кўп ўқийди, ўқиганда ҳам мутолаага яроқли, киши тафаккурини ўстирадиган, илҳом ва манба берадиган китобларни ўқийди. У ўзига хос дунёқарашга эга, теран фикр ва мушоҳадалари билан ҳайрат уйғотмай қўймайди. Илк бор шеърларини ўқиганимда ўзбек шеъриятида янги руҳ, янги иқлим пайдо бўлаётганидан, эврилишлар кузатилаётганидан ва албатта вақти келиб, миллий шеъриятимиз мана шундай ижоди камол топаётган, ранг-баранглашаётган, ўсиб ва ўзиб борётган ёш авлодлар ҳисобига бойиши, нафақат бойиши, эҳтиморл инқилоб ясашига ҳам умид уйғонганди кўнглимда. Ҳозирда «Биринчи китобим» сериясида чоп этилаётган ёш авлоднинг китоблари қаторида Абдулазизнинг ҳам китоби жой олишини истаган бўлардим. Устоз сизга эса ёш ва истеъдодли ижодкорларни маънан қўллаб-қувватлаётганингиз учун алоҳида миннатдорчилик билдираман!

  2. Бугун «янги давр шеърияти», «янги авлод овози» деган жарангдор жумлаларни кўп эшитамиз. Лекин адабий нашрларда шу мавзудаги мақолалар чоп этилаётганидан қатъий назар, мазкур таърифга лойиқ шеърий туркумлар кам берилади. Ҳолбуки, бугунги шеърхонга кишини тафаккур қилишга, ўз қалбига, руҳониятига назар солишга ундовчи шеърлар керак. Ёш шоирнинг шеърлари ўқувчини фикрлашга ундайди. Унинг баъзи мисраларида ўз йўлига эга бўлган шоир — Фахриёр шеъриятига ўхшаш элементларни кўргандек бўлдим. Уларни тушуниш учун фақат туйғу ва тасаввурнинг ўзи етмайди. Бунда ақл ва тафаккур ҳам қатнашиши керак.Яна бир фикрни айтишни истар эдим.Шоир ўзига ўзи тўсиқ қўймаслиги керак. Маълум ёшгача ҳар бир шоирда «Мана шу мисрани ёзсам бўлармикан ёки ёзмаганим маъқулми?» деган савол бўлади. Бу ички овоз жуда кўп шеърларни туғилмасдан бурун ўлдиради.Қайсарлик билан шу ички овозни енгиб чиққан, унга ҳукмини ўтказа олган шоиргина ўзининг АСЛ ШЕЪРларини ёза олади. Мисол учун, Ҳалима Аҳмедованинг янги шеърларини олайлик. Шоиранинг бундан йигирма йиллар муқаддам ёзилган шеърлари ҳам ўз даврининг пешқадам ижод намуналари эди. Лекин уларни бугунги шеърлари билан қиёслаганда, Ҳалима опа ўз овозига, истеъдодига чин маънода эркинлик берганлигини илғаш мумкин.Мавзудан сал узоқлашиб кетдим, Абдулазизхонга омад тилайман.

  3. Нопрофессионаллар яхши ижодкор бўлишади. Чунки санъатнинг белгиланган қонуниятлари рамкаси ичида сиқилиб қолишмайди. Лев Толстойни, Антон Чеховни, Михаил Булгаковни, Чингиз Айтматовни эслайлик.
    Ҳайратга чўмдирадиган шеърлар! Шоирга омад. Ҳаққоний танқидий фикрлар ва ижодкорларни қўллаб-қувватлаётганингиз учун Сизга ҳам ташаккур, Хуршид ака!

  4. «…тик турганча кулиб, жилмайиб
    ў..лим, мана сенга етишдим…»
    Dahshat! Uning faqat ilk kitobini chiqarish emas, kadr ortidagi bunday iste’dodlarning ijodini kengroq targ’ib qilib ayrim shoirman deb glavniy planda yurganlarga ibrat qilib ko’rsatish kerak.
    Rahmat Xurshid aka bizni haqiqiy tansiq she’riyat bilan tanishtirganingiz uchun!

Izoh qoldiring