Matnazar Abdulhakim. «Tafakkur chorrahalarida» kitobidan (3). Yaldoni yoritgan nur. Ikkinchi bo’lak.

0_167343_7cb3fc89_orig - копия - копия.pngАллома шоир Матназар Абдулҳаким таваллудининг 70 йиллиги олдидан

   Атоқли шоир, таржимон ва адабиётшунос олим Матназар Абдулҳакимнинг»Тафаккур чорраҳаларида.Таржимон талқинлари» номли салмоқли китоби буюк мутафаккир,шоир, жавонмардлик тариқатининг йирик намояндаси Паҳлавон Маҳмуд (1247-1326) меросини идрок этиш,  рубоийларини таржима қилиш жараёнида мутафаккир қарашларини англашга бағишланган мақола,эссе ва суҳбатлардан ташкил топган. Бундан  аввал сизга китобнинг «Иймон туҳфаси» бобини, кейинчалик «Ялдони ёритган нур» бобининг биринчи бўлагини диққатингизга ҳавола этган эдик. Бугун «Ялдони ёритган нур»нинг иккинчи бўлагини тақдим этмоқдамиз.

МАТНАЗАР АБДУЛҲАКИМ
ТАФАККУР ЧОРРАҲАЛАРИДА
Таржимон талқинлари

07

ЯЛДОНИ ЁРИТГАН НУР
Давоми

ИСТИҚЛОЛ РИЁЗАТИ

Йўлинг сенинг оқ, бил, бу қадар оқ йўл йўқ,
Бундай зафару шонга муваффак йўл йўқ,
Ғофилу ожизга бу золимлар ўч,
Ҳушёр ва кучли бўл. Бўлак Ҳақ йўл йўқ.

Паҳлавон МАҲМУД

ornament53.jpgСезганмисиз, ҳар бир тирик мавжудот, хоҳ жонзот бўладими, хоҳ новдаларида ҳаёт шарбати оқаётган гиёҳ ёҳуд дарахт бўладими, ҳамиша юксакликка, кенгликка интилади. Кўкариб униб-ўсиб, парвоз қилиб, хуллас, ҳаёт кечириб, самовотга талпинади, уфқларга қанот ёзгиси келади. Аслида, теранликка отилаётган томир ҳам ўзига хос юксалишдир. Теранлик, бизлар – ер куррасининг геофизик қонунларига маҳкумлар учунгина пастга қараб йўналишни билдиради, бу жараён фалакиёт миқёсидан келиб чиқиб фикрлайдиган бўлсак, шак-шубҳасиз, ўзига хос, парвоздир. Инсон даставвал ердан тош парчасини узиб олиб, уни ўзининг илк ўлжасига қараб улоқтирган даврдан бошлаб, гоҳ ихтиёрли, гоҳ ихтиёрсиз, муттасил юксалишни хаёл қилади, парвозни умид этади. Ўз вужуди билан заминнинг, ўз руҳи билан вужуднинг тортишувини енгиб, ҳурликка эришмакни хаёл қилади. Озодликни мақсад килиб яшайди. Ҳаёт, ўз моҳият-эътиборига кўра, такомиллашувдир. Юксакликка қараб қилинаётган тириклик саждасидир. Инсоният Оллоҳни англагунга қадар бу юксакликнинг сарҳадларини белгилай билмай умр кўрди. Туйғулари қай даражада юксалса, ақли шу қадар исёнга ғарқ бўлди. Ҳозир рубоийлари ҳақида сўз юритмакчи бўлаётганимиз Паҳлавон Маҳмуд таъбири билан айтадиган бўлсак, ўзининг “юксак бу самода пойидор маҳбус”лигини англаб олиш йўли ниҳоятда узоқ ва уқубатли кечди. Бу кечинмаларни эса баркамол фарзандларининг қўллари билан маънавият саҳифаларига муборак битиклар сифатида ёзиб қолдирди.

Паҳлавон Маҳмуд инсон маънавияти юксалишининг, шахс камолоти ва шу камолот туфайли унинг эришуви лозим бўлган истиқлолини асл мутафаккирларга хос маҳорат ҳамда ростгўйлик, айни бир пайтда, бадиият мўъжизаларига йўғириб ифода. этган зотдир.

Шаксиз, биз Паҳлавон Маҳмуд ижодида бу мавзуни олиб қарар эканмиз, барча мушоҳада, мулоҳаза ҳамда хулосаларимизга асос қилиб, фикрлашимизнинг таянч нуқтаси сифатида шоирнинг ўзи мансуб бўлган ислом-эътиқоди таомилларини, тасаввуф ғояларини олишимиз мантиққа мувофиқ бўлади. Паҳлавон Маҳмуд рубоийларини мутолаа қилар эканмиз, шоир ўзининг ҳар бир мисрасида исломий дастуриламалларни қанот қилиб, тафаккур осмонига парвоз қилаётганлигига амин бўламиз. Шоир учун шу дастлабки марра инсон юраги, манзил эса – Оллоҳнинг жамоли. Шоир ҳамиша ана шу икки қутлуғ нуқта орасида инсонни руҳан озод кўрмакни истайди. Рубоий:

Устимга улуғ сафар либосин ёпдим,
Манзиллар аро кўп югуриб, кўп чопдим.
Беҳишт каби тўхтов эди ҳар дил менга,
Ҳар дилда, не бахт, фақат Ўзингни топдим.

Шоир фикрининг миллари ана шу икки нуқта орасида тебранар экан, бир ҳақиқатни ҳамиша аён кўрсатиб туради. Ҳар бир юрак бошқа юракларда ҳаёт кечириш даражасида озод ва бу озодликнинг мукофоти – ана шу дилларнинг ҳар бирида ёлғиз ва ҳаммасида яхлит тарзда бор бўлган Оллоҳ ишқидир. Демак, бизнинг руҳий истиқлолимиз дунёдаги барча эркинликлар каби мутлақо нисбийдир. Негаки, биз ҳар қанча юксалиб, ҳар канча ривожланиб кетган билан ҳам, муборак бир нигоҳнинг остида сезамиз ўзимизни. Унинг нурлари бош аъмолларимизга ўз нурпанжасини солиб туради. Рубоий:

Нур сочгучи бошимизга ул моҳдир, бил,
Ул моҳ биза раҳм этгувчи бир шоҳдир, бил.
Бир-биримиздан нафақат биз огоҳ,
Унутма ҳеч, У биздан огоҳдир бил.

Паҳлавон Маҳмуд ўз рубоийларида шахс истиқлолини, маънавий-руҳий боқимсизлигини фақатгина бир мустасно билан эътироф этади. Шахс истиқлоли умумқоидасига дахлсиз бу жиҳат барча истиқлоллар истиқлоли, барча озодликлар озодлиги–Оллоҳнинг ихтиёридир-ки, бу ихтиёрдан ташкари, шоир фикрича, ҳеч қандай эркинликнинг, ҳеч қандай руҳ ҳурлигининг мавжуд бўлиши мумкин эмас. Шоир алоҳида таъкидлайдики, рубоий:

Ҳақ бу – Сен. Ўзга ҳақни мен билмасмен,
Ҳажрингда бўлак фироқни мен билмасмен.
Олти тараф бўлса-да мавжуд гарчи,
Қибладан ўзга ёқни мен билмасмен.

Бу мисралардан шуниси англашиладики, қуёш нур манбаи бўлгани янглиғ, Оллоҳ барча озодликларнинг сарчашмаси, бундан ҳам тўғрироғи таминловчисидир. Шоир уқтиришича, эркинликнинг тимсоли бўлган қушнинг озодлиги ҳам мутлақо нисбий бўлгани каби, барча озодликларга муносиб ва сазовор бўлиши керак бўлган инсоннинг, ҳар бир шахснинг эркинлиги унинг Оллоҳга итоати билан белгиланади, эътироф этилади. Шоир шу жиҳатни ҳеч бир икки маъноликларсиз таъкидлайдики, Илоҳийликнинг илми, яъни маърифат одамни ҳатто у тириклик қонуниятлари билан чамбарчас боғлиқ бўлган бандларданда халос қилишга лаёқатлидир. Бу деганимиз, албатта, инсон ўзини заминий бурчларидан, тирикчилик мажбуриятларидан халос қилиши шарт дегани эмас. Шоирнинг бу йўналишдаги фикрини бир муболаға деб тушунмак керак. Оллоҳга муҳаббат туфайли фарзанду аёл ва хонумондан кечиш бу – жавонмардийликда эзгу маслакдаги одамларнинг “фарзанду аёл ва хонумонлари” бут бўлиши учун кураш маъносини билдиради-ки, рубоий:

Кимки сени билса у жондан кечади,
Фарзанду аёл ва хонумондан кечади.
Девона-ю дарбадар бўлар кўйингда,
Девона, ахир, икки жаҳондан кечади.

Ҳақ йўлига кириб, дунё кудуратларидан қўл ювган одам, албатта, ўз руҳида ҳамиша маърифат ташналигини сезиб яшамоғи, дунё тилсимларини кашф этмак учун тинимсиз изланмоғи зарур. Ана шу чекилган риёзат эвазига орттирилган илму ҳикмат, зиёлилик инсоннинг қалб тубидаги қоронғуликдан тортиб, коинот чексизлиги қаърларидаги зулумотни ҳам равшан этади, инсоннинг кўнгил кўзига борлиқни намоён қилади. Мана шундай тилсимочарлик салоҳиятига эга инсонгина ўзини Оллоҳ яратган борлиқда эмин-эркин ҳис қилиши, руҳий-маънавий истиқлол кайфиятида яшаб, инсонга муносиб ҳаёт кечирмоғи мумкин. Рубоий:

Сал-пал ўқидим, соҳиби дафтар бўлдим,
Сал-палгина зеб топдиму, зейвар бўлдим.
Билдим бу жаҳонни, ғам билан дард бўлдим,
Кечдим баридан, энди қаландар бўлдим.

Демак, Ҳақни таниб қаландарлик қилган билан ҳам, инсонни таниб қаландарлик қилган билан ҳам инсон камолотга эриша олмайди. Муҳими ўз маърифатталаблигидаги ана шу ноқисликни, “сал-паллик”ни бартараф этмоқликдир. Акс холда Ҳақ идрок этилмай қолади, инсоннинг руҳий озодлик ҳақидаги орзу-умидлари чиппакка чиқиб ўз жаҳолатига банди бўлади. Камолотга эришуви қийин кечади, йўлдан адашади. Рубоий:

Хислат беру, ё раб, юрагим шод айла,
Қилди хароб гуноҳ, сен обод айла,
Идрок эта олмай сени бир кетгандим,
Келдим яна қайтиб, Мени озод айла.

Англашиладики, озодлик бу – биру борни билмак ва яратган ҳикматлардан воқиф бўлмоқ экан. Маърифат йўлидан адашмоқ ниҳоятда, даҳшатли гумроҳликдир. Бу адашув, шоир фикрича, ўз-ўзидан эмас, балки мудҳиш ёвуз куч-иблис васвасаси оқибатида содир бўлади-ки, инсон бу найрангга учмаслиги учун ўзини муттасил эзгуликка сафарбар деб билиши, Ҳақ йўлидан озмаслик борасида ўз руҳиятини ўзининг фаолиятини бошқарадиган барча ички кечинмаларини, ўз идрокидаги, ўз шууридаги барча “мурватлар”ни созлаб туриши, ҳар қандай маънавий саросимагарчиликнинг олдини олиб яшамоғи керак. Рубоий:

Қўрқитса сени журму гуноҳ – шайтонни йўқот,
Ҳақ йўлига кир, адашма, оҳ, – шайтонни йўқот,
Ҳақ ариғинда фақр оқар… бошингга
Тож эмас, йўқ, танла кулоҳ – шайтонни йўқот.

Шоир шуни алоҳида таъкидлайди-ки, асл озод одам ҳамиша ўлимни ҳақ деб билиши, унга иқрор бўлиши, айни бир пайтнинг ўзида ҳам ўлимни орзу қилмаслиги, ҳам ўлимга тайёр бўлмоғи шарт. “Қўрқдинг-ўлдинг” – бу халқ мақоли, авало ўлимдан қўрққан одамга қарата айтилган кўринади. Ўлмасдан бурун ўлиб яшамоқ тасаввуф илмини ўз ҳаётлари учун қўлланма билган боболаримизнинг дастуриламаллари бўлган. Бунда, афтидан, иккита асос бор. Биринчидан, ўлимдан қўрқмаган одам бошқа ҳеч нарсадан қўрқмайди, иккинчидан, Оллоҳ дийдорини, унинг ҳузурида имтиҳон топширишни ўзи учун эзгу ният қилган одамнинг ўлимдан қўрқишида ҳеч қандай мантиқ кўринмайди. Ўлимни орзу қилишнинг гуноҳлиги шундаки, Қуръони Карим оятларида уқтирилишича, ҳаёт Оллоҳи таоло инсонларга туҳфа қилган неъматларнинг неъматидир. Шу боис ҳам Паҳлавон Маҳмуд шеъриятида ўз ўқувчисини руҳан ўлимга тайёрлаш кайфияти кучли бўлса-да, бу шеъриятнинг мағзини ҳаётсеварлик, тирикчилик лаззатидан бенасиб қолмаслик оҳанглари ташкил этади. Рубоий:

Ким-ки агар бўлса-да минг яхши, ёмон,
Қолмас омон, қолмас омон, қолмас омон…
Умр тожини ечгай, бошини кетгай олиб,
Қабри томон… қабри томон… қабри томон…

Рубоий:

Мақсад сари йўл Каъбадан доим бўлсин,
Майхона бу йўл сўнггида жойим бўлсин.
Бу йўл кўп азиз, муборагу, лекин ҳеч,
Бўлмади обод… илойим, бўлсин.

Руҳий жиҳатдан ана шундай тайёргарликка эга одамгина ҳаётнинг мазмунли бўлиши учун астойдил курашиб яшай билади. Ғалабалардан талтайиб, эсанкираб кетмайди, мағлубиятлар қошида довдираб қолмайди. Эриша олган неъматларига шукур ва қаноат қилади, эриша олмаганларига эса таваккул этади. Рубоий:

Йўқ андуҳимиз, нега хуш айём таъма?
Чошгоҳ эса дейлик, не учун шом таъма?
Ҳар нарса келар бизга пишиб ғойибдан,
Ҳеч кишидан бўлмадик ҳеч хомтаъма.

Мана шундай одамгина ўзини чинакам руҳий истиқлол эгаси асл озод инсон деб англай олади. Зеро, бундай одам майда ҳою ҳаваслар учун номардларга бўйин эгиб тубан кетмайди, ўзини ҳамиша илоҳиёт хизматидаги инсон деб билади. Бошқаларга дастёрликни ҳам ана шундай нуқтаи назардан келиб чиқиб, ҳалол бир тарзда қилади, ялтоқланмайди. Рубоий:

Майлига! Энди қисмати марг бўлайин,
Кўзларидан Дажлалари тарк бўлайин.
Мен юзи қароликдан омон қолсам агар,
Дилдор эшигинда бир югурдак бўлайин.

Хўш, бу “юзи қаролик” нимадан иборат? Шоирнинг лирик қаҳрамони қандай хавф-хатардан таҳрури тушмоқда? Келинг, бу саволга жавобни, яхшиси, шоирнинг ўзидан тинглайлик. Рубоий:

Ё раб, мени элга зор, адо айламагил,
Шоҳларга куним қўйма, гадо айламагил.
Лутфинг ила соч-соқолим оппоқ бўлди,
Қўй, энди мени юзи қаро айламагил.

Мана шу даражага эришган инсонгина озод овоз билан хитоб қила олади-ки, рубоий:

Ё раб назарингни қалбима жо қилдинг,
Авф айладингу, гуноҳни рўё қилдинг,
Фош этдингу қошимда ие-не сирларни,
Мадҳингда тилим булбулигўё қилдинг.

Мана шу булбулигўё тил шоир уқтирганидек, инсон инсонга ҳушомадгўйликда эмас, балки ҳамиша инсон рухий эркинлигининг манбаи бўлмиш Оллоҳнинг зикрида бўлсагина бу ҳолни табиий деб билмоқ мумкин бўлади. Бунинг аксига бағишланган умр, бунинг аксига сарф қилинган ҳаётда, ҳою хаваслардан иборат “дунё”да ҳеч қандай ҳикмат йўқ, инсоннинг инсонга мадҳиябозлиги, хушомадгўйлиги “булбулигўё”лиги беҳикмат, бехислат. Юқоридаги рубоийларда Паҳлавон Маҳмуд башарият манфаати йўлида сарфланмай шоҳу, вазирлар нафи учун, тўғрироғи, ўзининг куни учун сарфланган умрни “Юзи қаролик” деб лаънатлаган бўлса, энди муаммони бевосита шоҳнинг ўзига боғлайди ва унинг мартабаси ҳукмдорлик моҳиятига нисбатан кандай мазмунга эга эканлигини бадиий тадқиқ қилади. Рубоий:

Чанг солса ажал, йўқ сира дармон, ҳайҳот,
Тенг шоҳу гадо айласа фармон, ҳайҳот.
Ер эди бир вақтлари шоҳ Кирмонни,
Шоҳнинг ўзин ер, мана, кирмон ҳайҳот.

Мазкур мисралардаги мазмун ойдинлашуви учун шуни эслатиб ўтиш жоиз: “Кирмон” сўзи форс тилида “қуртлар” мазмунини беради. Шуниси алоҳида диққатга сазоворки, Эронда “Кирмон” деб аталган шаҳар ҳам бор. Энди рубоий мазмунига диққатни қаратадиган бўлсак, агар юқорида рубоийлардан бирида фуқаронинг куни шоҳга қоладиган бўлса, бу – юзи қаролик саналган бўлиши муқаррарлиги таъкидланганди. Энди бўлса, подшоҳнинг фаолияти ҳусусида фикр билдирилмоқда. Файласуф шоиримиз шуни алоҳида қайд этмоқдаки, подшоҳнинг бурчи ҳамиша фуқарони қайғурмоқдир. Нега-ки, унинг бошқалардан афзал жойи йўқ. Агар у ўзининг бошқалардан имтиёзли санаб, халқ олдидаги ўзининг зиммасига Оллоҳ томонидан юклатилган бурчни адо этишдан тўхтаса, бунинг оқибати ёмон бўлади. Чунки у ҳам оддий одам. Дейлик, бир вақтлари Кирмон шаҳридаги подшоҳ ўз тасарруфидаги шаҳарнинг қонини зулук бўлиб сўрган бўлса, энди ўшал шоҳ вафот этгач, унинг вужудини “Кирмон”, яъни қуртлар емоқда. Чунки ул шоҳнинг ўз нафсидан, ўз танпарастлигидан бошқа ҳусусияти йўқ эди. Вужуд бўлса мутлақо ўткинчи бир “буюм” бўлиб, у фонийдир. Бинобарин, бир куни қуртларга ем бўлади. Бу таҳликани бартараф қилиш учун подшоҳ ҳам ҳар бир мўъмин фукаро сингари ўз охиратини қайғуриши, ўз руҳий истиқболи учун кураш олиб бормоғи, яъни ўз вазифасини виждонан адо этмоғи зарур. Ана шундагина шоҳ танини гўрда кутаётган азобларнинг унинг руҳи учун ҳеч қандай аҳамияти, қўрқинчи қолмайди. У руҳан озод бўлади. Маънавий истиқлолга эришади. Паҳлавон Маҳмуднинг бу борадаги қарашида шу жиҳат, муҳими, инсон озод бўлиши учун, шахс истиқлолига эришмак учун, биринчидан, албатта, шахс бўлмоқ зарур. Қолаверса, бундай ноёб руҳий неъматга сазовор бўлмоқ зарур. Бундай ноёб руҳий неъматга сазовор бўлмоқ учун инсоннинг мартабаси, эгаллаб турган лавозими муҳим эмас. Муҳими қандай табақага мансуб бўлиш эмас, балки қандай маънавий даражага эга бўлиш. Руҳан озод бўлиши учун эътиқод мустаҳкамлиги зарурлигини шоир қайта-қайта уқтиради. Паҳлавон Маҳмуд рубоиётининг пурҳикмат мисраларидан шу сир аён бўлади-ки, эътиқодсиз озодлик бу озодлик эмас, балки маънавий бошбошдоқликдир. Бу бошбошдоқликнинг энг хавфли томони, аслида, одам ўлгандан кейин унинг вужудини ейдиган қуртлар эмас. Биз бу “қуртларни” мутлақо рамзий маънода тушунамиз. Эътиқодсиз, ҳаётида ўз олдига ҳеч қандай эзгу мақсадлар қўймаган одамлар руҳиятини тинимсиз ғажийдиган гумону васвасалар, иккиланишлар, гумроҳликлар мажмуаси сифатида идрок этмоғимиз керак бўлади. Бундай одам учун умрнинг ҳеч қандай маъноси йўқ. У ўз фаолиятсизлигини, бир қарашда чиройли бўлиб туюлган рўкачлар билан хаспўшламоқчи бўлади, фалсафа бўлиб туюлган сафсаталар сотади.

Шу ўринда Паҳлавон Маҳмуд рубоийларини мутолаа қилаётган пайтимизда уларни англаш масаласидаги бир жиҳатга диққатингизни тортиб ўтишни ўринли деб ўйлаймиз. Шоир гарчи барча рубоийларини “Мен”нинг, лирик қахрамоннинг тилидан иншо қилса ҳамки, бу “Мен” шахсиятининг моҳияти турличадир. Шу боисдан ҳам биз лирик қаҳрамон, кечинмаларини шак-шубҳадан холи бир мезон сифатида қабул қилавермаслигимиз, балки муайян вазиятдан келиб чиққан ҳолда фикр юритмагимиз зарур. Биз ҳамиша мухлис сифатида буюк рубоийнависнинг ўқувчига ўз фикрини етказишдаги “ўйин қоида”ларини фаҳм этмоғимиз ва бу қоидаларга риоя қилмоғимиз лозим. Акс ҳолда бизлар ихтиёрсиз бир равишда гумроҳликка берилиб кетишимиз ҳам ҳеч гап эмас. Нега-ки, шоирнинг дунёқараши, ғояси ҳаётга, борлиққа бундай менсимай қарашни инкор этади-ки, демак, юқоридаги рубоий такаббур, ҳаётнинг асл моҳиятини англаб етмаган, бу дунёни Оллоҳнинг неъмати сифатида эътироф этмайдиган кимса билан савол-жавоб тарзида битилган. Бу “савол-жавоб”нинг нуқтаси шундан иборат-ки шоир бу мунозарада “Аҳмоққа жавоб – сукут” қабилида иш тутади. Мунозарани давом қилдиришни ўқувчининг ўзига қўйиб беради. Чунки биз биламиз-ки, шоирнинг ўз фалсафаси, ҳаётга қарши кўпгина рубоийдаги келтирилган ҳолатларга, мутлақо хилофдир. Рубоий:

Тоғларга не бахт, баҳор келиб кетгувси,
Боғларга унум, барор келиб кетгувси,
Топғил-ки қарор жаҳонда, чунки инсон,
Топмоққа абад қарор келиб кетгувчи.

Шоир шахс истиқлоли ҳақида фикрлаётиб, декларативликдан мутлақо холи бир тарзда тафаккур этади. Ўз ғояларини турли хил бадиий воситаларга “едириб” мулоҳаза юргизади. Ўқувчига тайёр хулосаларни тақдим қилмайди, балки ижодкорлик “ҳийла”сини ишга солиб, буни маҳорат билан, уни зимдан ўз фикри, хулосалари сари “етаклаб” келади. Бунда мутафаккирга, масалан, анъанавий “май”, “шароб”, образлари жуда қўл келади. Шоир бадиий воситалар ёрдамида шуни алоҳида уқтиради-ки, максад йўлида иштибоҳлар армон келтиради. Бундай пайтда ақл ўз моҳиятига хилоф иш тутади. Андишабозлик одамни йўлдан чалғитади. Худди шу ўринда киши ақл либосини кийиб олган ношудликдан халос бўлиши, тафаккур ва фаолият озодлигига эришуви ҳамда ўзи эришган ана шу ҳолатдан келиб чиқиб камолотга интилмоғи керак. Шунинг учун ҳам шоир уқдиради-ки, рубоий:

Бошдаги ҳушдан майи ноб афзалдир,
Дард чеккан эмас, масти хароб афзалдир.

Демак, мақсад сари интилишнинг мастлик тимсолидаги шиддати шоир томонидан мақбул кўрилаётган дастуриламалдир.
Паҳлавон Маҳмуд шаробнинг шахс истиқлоли, эътиқод билан суғорилган руҳининг боқимсизлиги тимсолидаги имкониятларидан лирик қаҳрамоннинг инсонга бўлган меҳрини ифодалашда ҳам унумли фойдаланади. Рубоий:

Қадр оқшоми ҳам шаробга хумморман мен,
Ичмак ила, мастлик ила ҳушёрман мен.
Хумни кучиб, қадаҳдан олдим бўса,
Кўзага ҳам ошиқу хушторман мен.

Биз бу ўринда шаробнинг Оллоҳга анъанавий эътиқод рамзи эканлигини эътироф этган ҳолда, мана шу шароб солинган кўзанинг инсон рамзи эканлигини ҳам дадил тахмин эта оламиз. Оллоҳга бўлган эътиқод инсоннинг руҳида бўлгани каби, эътиқоднинг рамзи бўлган шароб инсоннннг рамзи бўлмиш кўзада жойлашганлиги диққатга сазовардир.

Маълумки, инсон тўрт унсур – ўт, ҳаво, сув, тупроқдан ташкил топган деб қаралган боболаримиз назарида. Кўзанинг инсон рамзи сифатида олинишида мана шу ўхшашликдан келиб чиқилади. Яъни, кўза ҳам тўрт унсур шарофатидан кўза бўлган. У сув ва тупроқдан қилинган лойдан ийланган, ўтда пиширилганда ҳосил бўлган саноқсиз ғоваклардан ҳаво ўрин олган… Кўриниб турибдики, мастлик ҳам руҳий истиқлолнинг рамзи саналса-да у мустаҳкам эътиқоднинг шарофатидан келиб чиққан озодлик, Оллоҳга ва инсонга бўлган муҳаббат асосида дунёга келган шахс истиқлолидир. Шунинг учун ҳам бу ҳурликда чексиз бир мартаба бор, юксак бир маснад мавжуд. Рубоий:

Май чораси ҳар қандай илождан яхши,
Ақлу ҳушу, йўл-йўриқ ривождан яхши.
Жом афзал эрур мингта фаровон мулкдан,
Сархум эса Хисравдаги тождан яхши.

Шоир мисраларидан шуниси очиқ-ойдин намоён бўладики, илоҳий ва инсоний муҳаббат билан барқарорлашган маънавий истиқлол бизни оламдаги энг ардоқли, ноёб бир обрў соҳиблари даражасига юксалтиради. Мумтоз қилади. Рубоий:

Дунёга келиб улки азиз ном топди,
Кўп номлар унинг номидан эҳсон топди.
Қўлга олиб қадаҳ лабин теккиздн,
Топди шароб шараф, қадаҳ шон топди.

Паҳлавон Маҳмуд рубоийларидаги лирик қаҳрамон, аксар, шу қадар эрксевар-ки, у ҳатто ҳурликнинг рамзи бўлмиш муҳаббатдан-да озод бўлмоқни истайди. Тахайюл ва тафаккур, эҳтирос ва мушоҳадалар гирдобига ташлайди ўзини. Муҳаббатнинг илоҳий жозибаси яна ўз ишини қилаверади. Шоир тасвиридаги ошиқ гўё орзу қилган ҳаяжонлар гирдобига тушади. Бундан зоҳирон маҳзундек кўринса ҳам, ботинан у ниҳоятда мамнун. Масалан, рубоий:

Мен бир умр ишқнинг бегонасиман,
Ақлнинг ҳамроҳиман, ҳамхонасиман.
Дейману лек ул парирў менга томон,
Юрса тамом… мен яна девонасиман!

Шоирнинг “Мен”и илоҳий ва инсоний туйғулар оралиғида сарбасар кезинади. Шоирнинг лирик қаҳрамони шу муҳаббатга муносиб ёр топа олмаса, бундай аҳволдан кўра, умуман, кимсасизликни, бекасликни афзал кўради. Рубоий:

Дўст бўлгали бир умрга доно танла,
Ёки гўзал, бир гули раъно танла.
Бўлмаса гар, айлама нобуд вақтинг,
Кашф эт сен ўзингни. Ўзни танҳо танла.

Паҳлавон Маҳмуд рубоиётидан шу ҳикмат аён бўлди-ки. Оллоҳга юксак муҳаббат туйғулари билан ҳаёт кечирадиган жавонмардийлар Арслонга қиёс қилинадилар. Бу мантиқ шундан иборат-ки, арслоннинг ҳаёт тарзида Ҳақ йўлига кирган мутасаввуфларнинг эътиқод амаллари билан айрим зоҳирий ўхшашликлар мавжуд. Яъни, тариқат аҳли тунларни бедор ўтказиб, худди ўлжа излаб шикорга чиққан арслон каби “иймон ови”га чиқадилар. Оллоҳнинг зикрига машғул бўладилар. Кундузлари эса худди арслонлар кунни овлоқда ўтказгани сингари, узлатда бўладилар. Сўфийларнинг зикрлари билан Арслоннинг ўкрашида ҳам монандлик бордек. Бироқ арслонсиёқ сўфийларнинг эътиқоди арслондек озод, ҳатто арслон озодлигидан ҳам афзал, яъни ўлжа илинжидаги озодликка маҳкум йиртқич “эрк”и эмас, балки эътиқод истиқлоли соҳиби бўлган сўфийларнинг зикру рўзалари учун қандай ажрлар насиб бўлиши бир Оллоҳга аён. Шу маънода, мутлақ истиқлол эгаси фақат унинг ўзидир. IIIу боис ҳам инсонлик бахтидан, маслак саодатидан ғурурга берилиш ниҳоятда ғалатдир. Буни Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари шундай шарҳлайди. Рубоий:

Овга ўшал кўзлари фаттон чиқади,
Арслон баридан қолмайин ҳеч жон чиқади.
Ушбу жаҳон саҳни, ўзи, ов майдон,
Ундан омон фақат шу жанон чиқади.

Асл ишқ умидида яшаётган “Мен” гоҳ ўз нафсининг, гоҳ ишқи ҳақиқий қолиб, ишқи мажозийнинг тузоғига тушгандек ўкинади, Рубоий:

Тортти сени домига ишқ-дард, тушдинг,
Банд этди дилинг зулфи муаттар. Тушдинг.
Энди қутулдингми дасам ул биридан,
Бошқасининг домига бадтар тушдинг.

Шоир таърифидаги ошиқнинг бу тутқунликлардан мутлақ бир озодликка бўлмаса ҳамки, асл муҳаббат даражасидаги маънавий истиқлолга эришгиси келади. Бундай ҳурликнинг имконларини ахтаради. Топгандек бўлади. Бироқ бундай озодликнинг қўл етмаслиги гўёки бир уфқ каби тутқичбермаслиги уни яна ва яна уқубатларга ташлайди. Изтиробларга солади. Шоир бундай ошиқона ҳаёт билан умр кечириш учун бир жоннинг кифоя қилмаслигидан ўкинади. Минглаб одамнинг илоҳий муҳаббатини кечиниб кўргиси, илоҳий туйғулар поёнсизлигини ҳис қилгиси келади. Минг жон билан севгини кўргиси эмас, балки минг жон билан ўз маъшуқасига фидо бўлгиси-да бор унинг. Рубоий:

Умринг бу – шараф. На шеър, на достон шартдир,
Бахтинг-да баланд. На арш, на осмон шартдир.
Сенга фидо қилғали бир жоним бор,
Йўлингга сенинг, аслида минг жон шартдир.

Шундай қилиб, бундай баҳайбат орзуга етолмаган ошиқ энди ўзини бошқа кўйга солади. У шу даража бир руҳий эркка мушарраф бўлгандек бўладики, бундай кайфиятда жон муҳаббатга қоришиб, йўғрилиб кетади. Бундай ҳолда энди гарчи қанчалик уқубатли бўлмасин, ҳижрон ҳам ожиз. Рубоий:

Умримда менинг бўлмади ҳижрон ҳеч йўқ,
Ҳижрон каби дилни қилгувчи қон ҳеч йўқ.
Сенга видо айтмаганим маъзур тут,
Жонга видо айтгали имкон ҳеч йўқ.

Бундай туйғулар инсонни шундай бир олий даражага олиб чиқадики, у, шоир талқинича, бора-бора бутун борлиқнннг сарварига айланади. Эҳтимол, ўзи орзу қилган ёки, балким, ундан-да юксак даражаларга эришади. У энди шу даражада озод-ки, нафақат ўз хоҳиши, балки ўз ҳақиқий маъшуқасининг иродасини амалга оширгувчи қудратга, унинг амрини бажо келтиргувчи мўътабар бир дастёрга айланади. Рубоий:

Ушбу жаҳонга қош сену, кўз ҳам сен,
Ёр чеҳрасини очгувчи Наврўз ҳам сен.

Бундан кўринади-ки, ошиқ ўз маъшуқасининг дийдорини бутун борлиқда кўра бошлабгина қолмасдан ўзи шу борлиқда кўраётгани илоҳий жамолни, муқаддас дийдорни ўз қудрати билан яна ҳам равшанлантиради. Ўзи гирифтор бўлган муқаддас дарддан ўзи шифо топади. Бу мисраларда ошиқ шахснинг истиқлол поёни шу қадар чексизки, унинг теранлиги тубсиз, юксаклиги кўз илғамас, сарҳадлари бемиқёсдир. Энди ошиқ ўзини бундай беҳудудликда яна ҳам эмин, бу муҳаббатга яна ҳам маҳкумроқ кўради. Буни тутқунлик деб билмайди. Буни парвоз билан қиёс этади. Рубоий:

Қайдаки тутқун ихтиёр истайди,
От, ўқингга учмоқни, нигор, истайди.
Жоним қуши парвозни мурод қилғайдир,
Ов лочини қилмоқни шикор истайди.

Рубоий:

Дил тори учун ишваларинг бармоқдир,
Нозингдан ишим ўзимни қутқармоқдир.
Кўнглим балиғин қочгали ҳеч чораси йўқ,
Зулфинг ўзи ҳам ип, ҳам ўзи қармоқдир.

Ошиқ ҳурлиги мана шундай. У гоҳ ер, гоҳ осмон. Гоҳ сайд, гоҳ сайёд…

Шу дунё ташвишлари, икир-чикирлари самовий туйғулар соҳиби бўлган ошиқни баъзан бездириб, толиқтириб қўяди. Бундай ҳолларда унинг юрагида ўткинчи ҳою-ҳавасларга банди бўлиб қолиш хавфи туғилади. Шунданми, Паҳлавон Маҳмуд рубоийларида ошиқ туйғуларининг осмонийлиги, илмийроқ қилиб айтадиган бўлсак, кечинмаларнинг космогонияси муҳим ўрин тутади. Бунинг боиси биз юқорида зикр қилган жиҳатлардан ташқари, ўйлаймизки, муайян маънода инсоннинг, жумладан, инсониятнинг ҳамда унинг мумтоз бир фарзанди бўлган Паҳлавон Маҳмуднинг, яна, шунингдек, ўз рубоийларида яратган ошиқ образининг абадийликка интилишидадир. Биз бу ўринда, албатта, нисбий абадийлик ҳакида, яъни инсоний ўлчовлардаги мангулик ҳақидагина фикр юритмоқдамиз. Мутлақ мангулик, илоҳий боқийлик, албатта, бундан мустасно.

Бундай абадийликка эришмакнинг имкони гарчи бўлмаса-да ошиқ буни орзу қилмаслиги мумкин эмас, зеро муҳаббатнинг ўзи илоҳий маънода ҳаққа етишиб, мангуликка сазовор бўлиш истагидан иборат эса, дунёвий маънода насл қолдириб вақтнинг инсон устидан ҳукмронлигини бартараф қилиш истагидан бошқа ҳеч нарса эмас. Вақт эса инсоннинг бундай истиқлол истагига ҳамиша ва муваффақиятли ҳамла қилиб туради. Яъни – ўлим ҳақ. Рубоий:

Ерни бировлар-ки бисот деб тургай,
Ўлча-улаш, ё ол, ё сот деб тургай.
Оқил билади, қабрдир ул ебтўймас,
Кирмаса тез-тез одам, дод деб тургай.

Модомики шундай экан, буюк шоиримиз рубоийларининг сўз ва кўнгли йўқлик йўлларида ва бу йўқлик йўллари элтадиган самоларда бўлиши ажабланарли эмас. Рубоий:

Дунё елади, тўхтаганин кам кўрдим,
Шодлигида, оҳ неча минг ғам кўрдим.
Бу кўҳна работ ҳар ёғидан йўқликнинг,
Даштига йўл кетганини ҳам кўрдим.

Ошиқ ўзининг илоҳий истакларидан келиб чиқиб фикрлар экан, боя айтганимиз муқаррарлик – яъни ўлимнинг ҳақлиги ва унга ҳар инсоннинг маҳкумлиги тўғрисида бир-биридан асосли, мантиқлироқ ва мукаммал ўйлар ўйлайди. Шоир ўз рубоийларида бунёд этган ошиқнинг бу борадаги ўйлари бизни ҳам даҳшатга солади, ҳам мафтун этади. Рубоий:

Йўқдир хабаринг, бошида не ҳол дунё,
Эй хожа, хаёлингда мудом мол-дунё.
Бир сидра кафандир улушинг, оҳ, уни ҳам,
Кўргайми раво, йўқми бу қаттол дунё.

Инсоннинг улуши ана шу “бир сидра кафан” мисолида кўзда тутилган эътиқод, муҳаббат, шулар туфайли оттирилиши керак бўлган маънавий истиқлолдир. Шоир ишонадики, мана шундай юксак орзу-умидларсиз нуқсонларга тўла бу дунё исканжасидан озод бўлиб бўлмайди. Инсон юксак ишқ туйғулари, сарафроз бир орзу-умидлардан салоҳият эмиб юксалмас экан, ўз нафсига, дунёнинг ноҳислигига асир бўлиб яшашга маҳкум бўлади. Инсон ҳам, инсоният ҳам озодликка эришиш баҳтидан маҳрум бўлганича ҳаётга эмас, тирикчиликка тутқун бўлиб қолади.

Паҳлавон Маҳмуд умид этган ошиқнинг юрак эркинлиги, руҳий озодлиги ақл бовар қилмас даражада фаол ҳамда ўз фаоллиги билан кифояланиб қолмасдан, ана шу фаоллик даражасида қудратли бўлиши зарур. Шоир бу фаолликнинг самарали бўлишини таъминлайдиган ҳайбатли қудратга эҳтиёж туғдирадиган машаққат “суврати”ни ўзига хос бир йўсинда “севади”. Ошиқ инсонга унинг қандай аждаҳони енгиши зарурлигини кўрсатиб беради. Паҳлавон Маҳмуднинг бу кўрсатмаси, шак-шубҳасиз, ошиқнинг имкониятлари учун ўзига хос маҳак тоши вазифасини ўтайди. Муҳаббатнинг сарагини саракка, пучагини пучакка ажратади. Шоир қўйган талаблар, унинг маънавий мезонлари бизни қаттиқ курашларга шайлайди. Одам бўлишнинг, чиндан ҳам, ниҳоятда қийин эканлигини рўйи рост кўрсатади. Бу машаққатнинг ҳам инсон гарданидаги оғир юк, ҳам бошдаги улкан шараф эканлигини ишонарли далиллар билан намоён қилади. Рубоий:

Ўткинчи бу оламда киши ҳуррам эмас,
Йўқ-ки биров, кўнгли унинг беғам эмас.
Шод бўлса бу оламда бирон одам агар,
Бил, бу иков на олам, на одам, эмас.

Демак, ошиқ инсоннинг озодлиги шу даражада мўъжизакор бўлмоғи лозимки, бу қудрат одамни бахтиёр қилиши мумкин бўлмаган оламни бахтиёр қиладиган оламга, бахтли бўлиши мумкин бўлмаган одамни бахтли одамга айлантириши керак. Паҳлавон Маҳмуд пешволик қилган жавонмардийликнинг моҳияти, назаримизда, худди мана шу нуқтада намоён бўлади. Худди шу нуқтада шу маслак инсонни мукаммаллаштиради. Оллоҳнинг мисли кўрилмаган дастёри эканлигини намойиш этади.

Инсон томонидан дунённнг янада мукаммаллашуви душворлигини англатишда Паҳлавон Маҳмуд юқорида зикр этилган фикрлар билан кифояланиб қолмайди. Рубоий:

Дўст билма жаҳонни, дўстлиги оғиру пуч,
Кийну нифоқдан ўзга йўқ зоҳири – пуч.
Минг йил яшасанг ҳамки, ўлим келгусидир,
Минг мулкни эгалла, барибир охири пуч.

Инсон мана шу пуч мағзини тўқ қилиши, жаҳонга мазмун ва саодат бахш этмаги керак. Акс ҳолда, истиқлолга руҳимиз эриша олмайди. Биз фақат вужудга банди каслар бўлиб қолаберамиз. Оламни ва одамни баркамол қилиш йўлида мардона кураш олиб бориб, илоҳий илтифотга мушарраф бўлган зотларнинг руҳлари билан сафдошлик бахти бизларга насиб этмайди. Рубоий:

Дунёга ёпишган чирмовуқмиз ҳаммамиз,
Дон таъмамиз, турқи совуқмиз ҳаммамиз.
Эртага руҳ, қушлари бир-бир учади,
Биз қоламиз, чунки товуқмиз ҳаммамиз.

Бу мисралардан шуниси англашиладики, инсон ўз нафсидан ошиб ўтмоғи, ўзгалар бахти учун, демак, ўз бахти учун ҳам тинимсиз курашлар олиб бориб, товуқликка хос пасттарин истаклардан халос бўлмоғи, РУҲ ҚУШИ бўлиш даражасига эришмоғи лозим.

Паҳлавон Маҳмуднинг оташин мисраларида ҳурлик ҳақидаги фикрлардан шундай хулоса келиб чиқадики, эрк-ихтиёр халқ этилган мавжудотнинг озодлиги мутлақлик касб этолмайди. Уларнинг ҳаммасидаги озодлик имконияти яратганнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ. Бироқ шуларнинг орасида инсон ўзининг илоҳий имтиёзлари билан ажралиб туради. Бу имтиёз-унга инъом этилган ақлу заковат. Ўзини баркамол қилиб тарбия топдириш учун ўзига Оллоҳи-таоло томонидан берилган инон-ихтиёр, ҳар хил имкониятлардир. Инсон ана шу буюк неъматни, яъни эзгулик йўлидаги ихтиёрига топширилган маънавий-руҳий истиқлол неъматини увол қилмаслик учун муттасил риёзат чекиши шарт. У ана шундай, майли, нисбий бўлсин, бироқ ниҳоятда улкан эркка эга бўлган ягона мавжудотдир. Яна шуниси ҳам борки, ўзига берилган бу мукофотнинг масъулияти ҳам бениҳоя улкандир. Яъниким, ўзига ато этилган барча неъматлар учун Оллоҳи таоло даргоҳида сарҳисоб берадиган ягона мавжудот ҳам худди ана шу инсоннинг ўзидир. Бошқа мавжудотларни ҳам ана шу маънода ҳолиқи олам муайян даражада инсоннинг тасарруфига бериб қўйган-ки, уларнинг тақдири учун жавобгарлик вазифаси ҳам, шунинг учун, инсоннинг зиммасига юклатилган. Рубоий:

Йўлга қара! Йўлни кўрарлар кетди,
Бошла ўзинг, Бошда юрарлар кетди.
Қавмингга бориб холини сўр, қил йўқлов,
Йўқлаб сени, ҳолингни сўрарлар кетди.

Бу бир қарашда якка шахс ҳақида ва унинг зиммасига масъулият юклайдиган рубоий ва албатта, аввало, шундай ҳам. Бироқ бу мисраларни васият деб англасак ҳам хато бўлмайди, Дарҳақиқат, ёруғ оламга қанча авлодлар келиб кетадилар, бироқ нафақат инсониятнинг ўзи, балки, дунёдаги бор гўзалликлар, бор мўъжизаларни заволдан сақлаш, уни амалий бир тарзда эзгу фаолиятлар билан йўқлаб туриш вазифаси ҳамиша навқирон авлоднинг зиммасига тушаверади ва у ана шу маънода ҳам бутун бир инсоният муштараклаштирилиб шахслантирилган ёлғиз инсон сингари бир ёқадан бош чиқариб иш кўрмаги керак. Рубоий:

Муртад билан гоҳида, не тонг, обид тенг,
Не топса камол ва бўлса не нобуд тенг.
Дунё ишини яхши-ёмон деб айтма,
Оқил назаринда тахт билан тобут тенг.

Ҳа, эзгу амаллари бўлмаса, фақат ибодатига мағрур бўлиб ўз зиммасига юклатилган дунёни омон асраб туришдек илоҳий вазифани эзгу амаллари эвазига адо этмаса, бундай художўй билан худосизнинг ўртасида тафовут қолмайди. Ҳа, инсон – шоҳ. Бироқ унинг тахти тобут билан тенг. Нечун-ки, ўзининг инсонийлик тахтида ўтириб юргизган ҳукмлари, амалга оширилган ёхуд ошира олмаган ишлари учун тобутга чиққандан сўнг, Оллоҳи таоло олдида жавоб беради. Йўқ эса, унга, якка бир шахсга ўз куни учун бунчалик ташвишларнинг нима кераги бор. Рубоий:

Бир бурда кифоя, мардга кўп нон не керак?
Дарёдан оқар сув, ана, ризвон не керак?
Ўз қўли бор, айт, не керак хизматкор,
Ўз дили бор, айт, унга султон не керак?

Шундан аён-ки, Паҳлавон Маҳмуд таърифлаган инсон ўз ғамини эмас, ўзгалар ғамини ейди. Ўзини бутун инсоният учун, бутун рўйизамин учун масъул деб билади ва ўз тасарруфига берилган илоҳий озодликдан, бетимсол маънавий истиқлолдан фақат ана шу йўлда фойдаланади. Ўз шахсий дардини ўз жузъий изтиробларини дастурхон қилиб, бундан қандайдир обрўлар орттиришни хаёлига ҳам келтирмайди. Бу борада у “Бош ёрилса бўрк ичида, қўл синса енг ичида” қабилида иш тутади. Рубоий:

Номардман, агар топиб илож-чорасини,
Даф этмасам дилда ситам ёрасини.
Келса оғиздан жигарим, мен ялагум,
Йиртқич ялаган каби жигарпорасини.

Бу деганимиз, албатта, Паҳлавон Маҳмуд шахснинг аҳамиятики камситиб фикрлайди деган маънони билдирмайди. Аксинча, мутафаккир бобомиз елкасига умуминсоний дардлар ортилган ёлғиз инсоннинг ниҳоятда қудратли, руҳан озод, жисмонан бақувват бўлишини орзу-умид қилади, ўз ўқувчисининг олдига шундай қилиб камол топиш вазифасини қўяди. Чунки ожиз одамнинг қўлидан иш келмаслигини шоир теран англайди. Рубоий:

То борсанки жаҳон дардига тадбийр бўл сен.
Жавлон қилибон марду жаҳонгийр бўл сен.
Қудрат ва саботинг бу – замин мазмунидир,
Ўз дастингда ўзинг ҳамиша шамшир бўл сен.

Мана Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари бизни қандай аҳволда кўрмакни, қай тарзда камол топмоғимизни истайдилар. Васият қиладилар! Жаҳоний дардкашлик аҳли башар манфаатларини ўз манфаатларидан баланд қўйиш тарғиботи Паҳлавон Маҳмудда энг авж пардаларда янграйдиган таронадир. Умумбашарий манфаатлар бўлмаса эди, на шоҳликдан, на фуқароликдан маъно бўларди. Бундай ҳолда… Рубоий:

Майхона учун гадо билан шоҳ барибир,
Бу борлиқ учун толибу гумроҳ барибир.
Фалак учун қуёш билан моҳ барибир,
Дарвиш учун кулгу билан оҳ барибир…

Ўзгалар бахти учун курашга шайланган Паҳлавон Маҳмуд талқинидаги инсон шу даражада озоддирки, бундай инсон мансуб бўлган сафларга кирган чумоли арслон бўлади. Бироқ шундай инсон, бирон-бир кулфат рўй бериб, ўзининг юксак орзу-умидларидан мосуво бўлса, у шу қадар чорасиз аҳволга тушиб қоладики, ундан-да ночорроқ, ундан-да маҳдудроқ, ундан-да бахтсизроқ одам бўлмайди. Рубоий:

Даштлар назаримда тор, саҳро тангдир,
Хотирам ойинаси чангу зангдир.
Сув-ку яқин, узатсам ҳеч етмас қўл,
Бормоқчиману, нетай, оёғим лангдир.

Мустақил мамлакат мустақил фуқаролардан ташкил топади. Биз айни пайтда мустақил мамлакат, мустақил халқ сифатида жаҳон жамиятида ўз мустаҳкам ўрнимизга эга бўлиш учун курашаётган эканмиз, бу истиқлолнинг теран илдизлари мавжудлигини асло унутмаслигимиз керак. Паҳлавон Маҳмуд рубоийларидаги шахс истиқлоли тўғрисидаги теран фикрлар ана шундай ҳаётбахш илдизларимиздандир. Маънавиятимизнииг мозийдаги жон томиридир.

СИЙМОДА АКС ЭТГАН СИЙМО

  Шеърият уммонидаги жавоҳирлар ҳайратланарли даражада бетакрор. Мана шу бетакрорликнинг замиридаги қутлуғ ҳамоҳангликлар, ажабтовур бир тасодифлар, ундан-да ғаройиб қонуниятлар ақлни ҳайратлантиради.

Ҳазрат Хожа Баҳовуддин Нақшбандийда “Сиймолар саймоларда такрорланадилар” деган мазмундаги гўзал бир фикр бор. Ана шу нуқтаи назардан Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари рубоиётининг Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий ижодига, хусусан, унинг рубоийларига таъсирини кузатганимизда ўз қаламини, ўз ақлини Муҳаммад Ризо Огаҳий устозларнинг мумтоз асарлари билан нақадар ўткир қилиб чархлаб туришларини англаймиз.

Мумтоз адабиётимизда, хусусан, Паҳлавон Маҳмуд ижодида ҳам ўқтин-ўқтин такрорланиб турадиган фикр кучлиларнинг ожизларга мадад кўрсатиши (масалан, рубоий:

Нафсингни енгиб, сен унга шоҳ бўл, мардсан,
Кимсаси йўқларга паноҳ бўл, мардсан.
Номард оёқости қилар мискинларни,
Мискин ва ғарибга пойигоҳ бўл, мардсан.

салафлар меросида, шу жумладан, Огаҳий ижодида ҳам муайян маънода формула тарзида, яъни бир қадар мавҳум ифода этилган. Биз Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий қаламига мансуб мисраларни кўздан кечирар эканмиз, шогирдлар томонидан устозлар фикрига бир қадар аниқлик киритилишини кўрамиз, рубоий:

Эй келди фунуну илм таслим санго,
Қилмоқ манго лозим ўлди таъзим санго.
Гарчи йўқ эди қувват оёғимда вале,
Келдим бош ила олғали таълим санго.

Бу – ибодатнинг тасвири, қудрат манбаидан эътиқод илмини бахш этишни тилаб илтижо қилишдир. Бу мисралардан келиб чиқадиган хулоса – инсоннинг эътиқоди мустаҳкам ва шу мустаҳкам эътиқод билан боғлиқ равишда руҳ қуввати устувор бўлса, бундай одам бемисл салоҳият соҳиби бўладики, бу ҳолда у банданинг мададига муҳтож бўлмайди.

Бу илтижо Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг ибодат ҳақидаги тағин бир рубоийси билан чамбарчас боғлиқдир. Мана ўшал рубоий:

Дард тилдию кўксимни, дили чок бўлдим,
Ерга тўшаб қон-гиламим, пок бўлдим.
Кўзёшима тўлди ҳовучим лиммо-лим,
Айб айламангиз, начора, шўрҳок бўлдим.

Жиҳодда яраланган вужуддан оқаётган қоннинг жойнамоз қилиб тўшалиши ва дуога очилган қўлнинг кўз ёш билан лиммо-лим тўлиши – булар инсон эътиқодининг теран ботиний сувратларидир-ки, бу тасвирдан Огаҳий ҳазратлари ўз лирик қаҳрамонининг ибодат чоғида тиз чўкиб бошини ерга қўйишни оёғида қувват қолмаганлик сабабли деб кўрсатиб, уни Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари тасвирлаган обид билан ҳам дардлаштиради.

Огаҳий ҳазратлари Паҳлавон Маҳмуд билан маслакдошлик оҳангларида рубоийлар битар экан, устози қайси иллатларни қаламга олган бўлса, аксар, ўзини ана шу иллатларга гирифтор бўлган одам сифатида кўрсатиб камтарлик қилади. Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари ўз рубоийларидан бирида зиёли киши, ориф инсон руҳан мустақил бўлиши нақадар зарурлигини алоҳида таъкидлайди. Бундай одамнинг ҳукмдорлар таъзимида бўлишини қоралайди. Паҳлавон Маҳмуд рубоийлардан бирида “Дарвеш ила шоҳ бўлса агар улфат, бу – Шоҳ бахти эрур, дарвеш учун кулфат бу” – деб ақл аҳлининг, маърифат аҳлининг бош вазифаси ҳамма билан баравар муносабатда бўлиб, одамларни ўзаро тенглик асосида бир-бирлари билан муносабатда бўлишга, бу дунёнинг манфаатларига муте бўлиб, бир-бирларининг дилларига озор етказмасликка даъват қилади. Яна бошқа бир рубоийсида Паҳлавон Маҳмуд ёзади:

Ё раб, мени сен зору адо айламағил,
Шоҳларга куним қўйма. гадо айламарғил.
Лутфинг ила соч-соқолим оппоқ бўлди,
Қўй, энди мени юзи қаро айламағил.

Огаҳий ҳазратлари Паҳлавон Маҳмуд пийримизнинг маърифат аҳли зиммасига юклаб кетган мана шу руҳан боқимсиз бўлиши, фақат Оллоҳ олдидагина ўзни жавобгар билмак масъулиятини теран ҳис қилиб қалам тебратгани яққол кўзга ташланиб туради, ўзини ҳамиша олдида имтиҳон топшираётгандек тутади, унинг талабларига гўё жавоб бера олмаётгандан ўкинади. Ўзининг Паҳлавон Пийримиз рубоийси билан ҳамоҳанг бир асарида Огаҳий ёзади, рубоий:

Умрим ўтибон, қилиб гадолиғ, ё раб,
Комимга етушмади раволиғ, ё раб.
Мақсадга ҳамма етти, вале қолди манго,
Оқ саққол ила юзи қаролиғ, ё раб!

Бу мисралар Огаҳийнинг аввало Оллоҳи таоло олдида тазарруси, қолаверса, Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари олдидаги узрхоҳлигидир-ки, ўзининг бу руҳий ҳолатини шоир қуйидаги мисралар билан тўлдиради:

Неча умрлар қилдинг аҳли шоҳга хизмат,
Тарк этиб они эмди фақр аҳлига хизмат қил.

Огаҳий рубоийларини мутолаа қила борганимиз сайин унинг ижодига Паҳлавон Маҳмуд меросининг таъсири нақадар баракали ва изчил эканлигига гувоҳлигимиз тобора теранлаша боради. Бу таъсирнинг кўп қирралилиги, Паҳлавон Маҳмуднинг оташин рубоиёти таъсиридагина қолиб кетмаганлиги бизни қаноатлантиради.

Бу баракали таъсирнинг муҳим жиҳатларидан бири Огаҳийнинг Паҳлавон Маҳмуд поэтик жиҳатдан таҳлил ва тадқиқ, тарғиб ва ташвиқ қилган инсон маънавий фазилатлари ҳақида битган рубоийлари билан ҳамоҳангликда ижод этган мисраларида намоён бўлади. Масалан, Паҳлавон Маҳмуднинг инсоннинг ўз феъл-атворининг табиий моҳиятидан келиб чиқиб хатти-ҳаракатлар қилишини, ҳар бир кишининг ўз табиатига хилоф фаолият кўрсатиши амри маҳол эканлигини таъкидлаб ёзган рубоийлари билан Огаҳийнинг ҳудди шу оҳангдаги рубоийлари ўртасидаги муштараклик ҳамда тафовутлар шу жиҳатдан ниҳоятда ибратлидир. Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари ёзади, рубоий:

Ҳеч қора тош дур каби маьдан бўлмас,
Мурч ила занжабил ширин таъм бўлмас.
Тинглаки, Пурёрвали айтади сўз,
Аслида номард сира одам бўлмас.

Огаҳий қаламида бу фикр яна ҳам муросасизлашади, яна ҳам кескин тус олади. Рубоий:

Зарра учубон наййири аъзам бўлмас,
Ер болиш этиб, авжи фалак хам бўлмас.
Инсон аро нодонни билинг ҳайвондур,
Ҳайвон неча зўр айласа одам бўлмас.

Халқимизда “беайб – парвардигор”, деган матал бор. Паҳлавон Маҳмуд инсонларнинг ҳамиша ҳам нуқсонли бўлишини, мулки борлиқнинг, коинотнинг қусурли эканлиги билан боғлайди. Фалакнинг ўзида-ки нуқсонлар бор экан, демак, ана шу фалакнинг таркибий бир қисми бўлган замин ҳамда ушбу заминда ҳаёт кечираётган инсонлар жамиятида, уларнинг ҳозирги истилоҳ билан ифода этадиган бўлсак, ижтимоий ҳаётларидаги номукаммаллик олдиндан инсоният тақдирига ёзуқ қилинган, фақатгина илоҳиётга талпиниб қилинадиган саъй-ҳаракатлар, чекиладиган ранжу машаққатлар туфайлигина бир қадар халос бўлиш мумкин бўлган қисматдир. Рубоий:

Ҳақни ҳақ эт, ноҳақни малъун қил сен,
Яхшини шод, ёмонни дилхун қил сен.
Доно оёқ остинда-ю, нодон бошда,
Ё раб, бу фалакни остин-устин қил сен.

Огаҳийнинг рубоиётида бу мавзу бир қадар маишийроқ нуқтаи назардан келиб чиқилиб ёритилгандир. Рубоий:

То кажлик ила кирди фалак давронға,
Доно ҳама нон гадосидир нодонга.
Тузлиқ била айланса эди гар гардун,
Нодоннинг юзи тушмас эди бир нонга.

Паҳлавон Маҳмуд рубоийлари билан Огаҳий рубоийларидаги бу хил ҳамоҳангликларнинг яна бир жиҳати фалакнинг оқибатсизлиги билан инсонлар ўртасидаги бевафоликнинг муштараклиги мавзусидир. Паҳлавон Маҳмуд, рубоий:

Чарх урфи ситамдирки яралган дамдин,
Сидқ аҳли халос бўлмади дард-мотамдин.
Ит бўлайин вафоси бор одамга,
Ит афзал эрур вафоси йўқ одамдин.

Огаҳий, рубоий:

Ваҳким яна зулмини аён этти фалак,
Бағримни ғами ҳажр аро қон этти фалак.
Кўз йўлидин ул қонни равон этти фалак,
Оҳ менга кўринг, не қасди жон этти фалак.

Шуниси диққатга сазовар-ки, мазкур ҳамоҳангликларда ҳамиша ҳам фикр муштараклиги учрайвермайди. Масалан, биз юқорида қайд этиб ўтган инсон ўз табиатидан келиб чиқиб ҳатти-ҳаракатлар қилиши тўғрисидаги фикр Паҳлавон Маҳмуд ижодида мутлақлик касб этмайди, яъни бу синоатни буюк бобокалонимиз ўзгармас бир ҳолат деб тушунмайди. Юқорида қайд этиб ўтганимиздек, ўз рубоийларидан бирида Паҳлавон Маҳмуд “Аслида номард сира одам бўлмас” деб ёзса, бошқа бир жойда “Жой олса чумоли гар бизим сафлардан, Давлатимиз туфайли арслон бўлғай” деб, инсоннинг тарбия воситасида қудрат касб этиши мумкинлигини, чумоли арслонга айланиши эҳтимолдан холи эмаслигини таъкидлайди. Муҳаммад Ризо Огаҳий бу жиҳатдан бирмунча собитфикрдир. У ўзининг “Инсон аро нодонни билинг ҳайвондир. Ҳайвон неча зўр айласа, одам бўлмас” фикрини бошқа бир мисраларда “Бад тийнат улус бум каби шумдурур, Тарбият анго ким этса, мазмумдурур”, яъни феъли ёмон одам бойқуш каби айёр ва совуқ, уни тарбия қиламан деганлар ҳақоратга қолади” деб, яна ҳам қуюқлаштиради.

Бу ўринда, албатта, Паҳлавон Маҳмуд билан Огаҳий ҳазратларининг тарбия масалаларидаги қарашларида тафовут борлигини айтар эканмиз, бу тафовутлар, моҳиятан, шоирлар яшаган турли-турли даврларнинг ўзига хослиги билан изоҳланишини ҳам таъкидлаб ўтмасдан бўлмайди. Дейлик, Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари “Жой олса чумоли гар бизим сафлардан, Давлатимиз туфайли арслон бўлғай” деб ёзар экан, ташқи ҳодисотлар, яъни турли тажовузу истилолардан руҳан чўккан ватандошларининг бир кун келиб яна аввалгидек баҳодир хоразмийларга айланишига ишонч билдирса, инсоннинг тарбия топиб, ўз атворини ўзгартиришига умид боғласа, Огаҳий ўз лирик қаҳрамонининг аҳволи руҳиясини унинг мўътадил бир шароитлардаги одам эканлигидан келиб чиқиб шарҳлайди. Ўзининг инсон табиатининг ўзгармаслиги ҳақидаги қарашларини:

Қилмоқ ила парвариш тикан гул бўлмас,
Ҳам тарбият ила зоғ булбул бўлмас.
Гар асли ёмонға яхшилик минг қилсанг,
Яхшилик анинг нияти билкулл бўлмас,

рубоийси билан мустаҳкамлайди.

Паҳлавон Маҳмуд рубоиётининг Огаҳий ижодига таъсири бу жиҳатлар билангина чекланмайди. Ҳар иккала шоирнинг тафаккур чақинидан таралган ёғду инсон ҳаётининг, унинг зоҳирий ва ботиний жиҳатларининг турли қирраларини ёритиб туради. Масалан: Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари:

Шароб ичиб, майли, гўзал айб этгил,
Боғ сайрига чиқ, ғамнинг ишин ҳайф этгил,
Тонгдан то саҳар суриб юриб айшингни,
Шомдан то қуёш ботгунича кайф этгил,

дея ҳаётсеварлик, завқпарварлик мисраларини битган бўлса, Огаҳий:

Эй мутриби гулчеҳра, тузиб созингни,
Созингга ҳамоҳанг айла овозингни,
Лутфингни бугун базм аҳлига вофир эт,
То субҳгача кам айлагил нозингни,

дея асрлар оша унга жўр бўлади.
Паҳлавон Маҳмуд ва Огаҳий меросини теранроқ мутолаа қила борганимиз сайин, икки шоир қаламлари ўзаро туташиб чақнатган учқунлардан таралган ёғдуларнинг миқёси кенглигига амин бўламиз. Айтиш мумкинки, Паҳлавон Маҳмуд қайси мавзуда қалам сурган бўлса, худди шу мавзуда Огаҳий ҳам ижод қилган ва икки буюк мутафаккиримизнинг фикрлаш муштараклиги шеъриятнинг бош мавзуси бўлмиш муҳаббат оҳангларида айниқса самаралидир.

Дилбарга дедимки, сўзларинг чил-чилдир,
Бунга сира борми сабаб, айт, билдир.
Айтдики: “Сўзлаганда оғзим тор деб,
Қимтинаман ҳаёда, боис шулдир”.

Мана шу Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари сувратини чизиб бериб кетган соҳибжамолнинг лаълларидан Огаҳий ҳазратларининг лирик қаҳрамони жон топади, ўзининг заволига барҳам беради, ўзини йўқликдан халос қилади. Рубоий:

Бир сўз дегали гар очса жонон ики лаб,
Беҳадду адад бўлур дурафшон ики лаб.
Юз қатла, ғами ишқдан ўлсам айб эмас,
Ким бергусидир бир сўз ила жон ики лаб.

Огаҳий битган рубоийларда Паҳлавон Маҳмуд меросидаги ишқи инсоний мавзусининг маҳбубага узоқ умр тилаш оҳанглари ҳам алоҳида диққатга молик. Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари бу мавзудаги рубоийларда бирмунча илоҳийроқ тафаккур қилиб, инсоний маҳбубани илоҳий маҳбуба билан муайян маънода муштараклаштириб юборади. Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг оташин мисраларидаги маҳбубанинг умри завол билмасдир. Шунинг учун ҳам у ошиқнинг умри ўткинчилигига шафқат билан қарайди, раҳмдилликлар қилади. Рубоий:

Тушди-ю жаҳлидан, келиб қошимға,
Раҳм этди, не бахт, менинг шаҳид лошимға.
Бир лаҳза туриб очиқ мозорим узра,
Хокимни сочиб кетди у ўз бошимға.

Кўриб турганимиздек, Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари тасвирдаги лирик қаҳрамоннинг маҳбубаси учун инсон вафотидан кейинги, унинг тани хокка айлангунча кетадиган вақт бу – “бир лаҳза”. Огаҳий устозининг тасвиридаги маҳбуба ана шундай асрларга лаҳзаларни жо қилиб яшайдиган ҳикмат эгаси, тилсимлар, соҳибаси, мангуликка дахлдор зотдир.

Паҳлавон Маҳмуд ҳамда Муҳаммад Ризо Огаҳийнинг шеърияти доноларнинг юзи тушиб турадиган нондир. Ҳар иккала буюк шоиримиз ҳам инсон фаолияти билан фалак ҳукмининг бир-бири билан боғлиқлигини ҳар қанча таъкид этмасинлар, шуни яхши уққанлар ва уқтирганларки, инсон ўзининг барча хатти-ҳаракатларини тафтиш қилиб, муттасил камолатга интилса, саодатга эришади. Бунинг учун у ўз фазилатларини мустаҳкамлаб, гуноҳларидан истиғфор қилмоғи лозим. Паҳлавон Маҳмуд, рубоий:

Ё раб, не ажаб қилса мени қон тавба,
Айладим излаб сени, паймон, тавба.
Этдимки пушаймон, бу пушаймонимдан,
Қилдирди яна бошқа пушаймон тавба.

Бу рубоийда ваҳдат оҳанглари, лирик қаҳрамони тасаввуф аҳлидан бўлмиш инсоннинг Оллоҳ васлига интилиши ва бу йўлда камолотга эришув ғояси устуворлик қилади. Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий эса ўз рубоийларидаги сингари, ушбу мавзудаги мисраларида ҳам тирикчиликка, инсоннинг заминий ҳаётидаги аъмолларига бирмунча яқинроқ. Рубоий:

Бордур манго кўп журму фаровон тавба,
Журм асру қавий жумлаи вайрон тавба.
Ё раб, караминг бирла онингдекки нусуҳ,
Бу журм ила тавбадин қил эҳсон товба.

Бу ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, тавба мавзусидаги иккала буюк шоиримизнинг руҳий кечинмалари тафовутларига қарамасдан, уларда бир муштараклик мавжуд, бу ҳам бўлса истиғфор риёзати, ўз қилмишларидан пушаймон қилишнинг инсон учун руҳий жиҳатдан осон кечмаслиги, бироқ, қанча душвор бўлмасин, ушбу риёзатни кечув эвазига маънавий покликка эришмак саодатининг заруратини таъкидлашдир.

Ҳазрати Паҳлавон Маҳмуд ҳамда Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий рубоиётининг қиёсий ҳамоҳангликларига бағишланган ушбу ихчам тадқиқотимиздан ойдинлашадики ҳар иккала буюк шоирнинг бадиий ижоддан мақсади одамларга уларнинг ўз-ўзларини англаш бахтини уқтиришдан, бу бахтга эришув туфайли инсоний камолотга ва бу камолотнинг мантиқий натижаси ўлароқ, Ҳақ дийдорига етишмак йўсинларни тарғиб қилмоқдан иборатдир. Агар инсон ана шундай даражага эриша олса, Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг, Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийларнинг асрлар оша устоз-шогирдлик мақомидаги жўравозлик билан битган рубоийларидан кўзлаган муродлари ҳосил бўлади.

Ушбу жаҳонга қош сену, кўз ҳам сен,
Ёр чеҳрасини очгувчи наврўз ҳам сен,

– деб ёзган эди Паҳлавон Маҳмуд бундай комил инсон ҳақида.

Эй ёр, санго тангри таборак бўлсин,
Наврўз ила тоза йил муборак бўлсин.
Аҳбоб сарафроз бўлубон лутфингдан,
Аъдо боши манкуби болорак бўлсин,

– деб тилак билдирганди ёри тимсолидаги бундай инсонга Огаҳий ҳазратлари.
Ҳар бир инсонга мана шундай маънавий наврўзлик бахти муяссар бўлсин.

АҚЛДАГИ ҚУДРАТ, ҚУДРАТДАГИ АҚЛ

  Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг куштигирлик, яъни курашчилик борасидаги юксак маҳорати, маъракаларда бевосита курашларга чиқиб, елкаси ерга тегмаганлиги, қолаверса, юксак шогирдлар етиштириб, “Пурёрвали” лақабини олгани турли манбалардан маълум. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Паҳлавон Маҳмуд ижодида биз бевосита жисмоний кураш ҳақида битилган рубоийларни учратмаймиз. Мумтоз шеъриятимиз анъаналарида, хусусан, тасаввуф шеъриятида шоирларнинг ўз таржимаи ҳоллари билан боғлиқ тафсилотларга шеър бағишлайвериш удуми йўқ.

Адабиёт, жисмоний курашлардан фарқли ўлароқ, киши ботинидаги фазилатларни тадрижий равишда камол топдирадиган маънавий восита саналган. Шу боисдан ҳам бу ҳақда шеърлар битишни ота-боболаримиз, айниқса, Паҳлавон Маҳмуд даражасидаги алломалар одоб доирасидан ташқари деб билган бўлсалар ажаб эмас. Бироқ жавонмардийларнинг, яъни Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари пешволик қилган тариқатнинг муҳим дастуриламалларини ўзида акс эттирган, шоиримиз ҳаётидан анча кейин битилган бўлса ҳам, қанча асрлар муқаддам иншо қилинган манбалардан фойдаланиб ёзилган, Ҳусайин Воиз Кошифий қаламига мансуб “Футувватномаи султоний” асарида кураш санъати мазкур тариқат аҳли ҳаётида муҳим жиҳатлардан бири эканлиги аён бўлади. “Футувватномаи султоний”да, жумладан, шуниси ойдинлашадики, ота¬-боболаримиз машғул бўлган кураш санъати ҳам бошқа шарқ кураш турлари каби одамларда тажовузкорликни тарбиялайдиган восита эмас, аксинча, инсон ўзини тажовузкорлардан ва бошқа салбий феъл атворлардан ҳимоя қиладиган бир санъат.

“Футувватномаи султоний”га мурожат қиламиз: “БУ ИШ (ЯЪНИ КУРАШ) БИЛАН ШУҒУЛЛАНУВЧИ КИШИЛАР ҲАР ҚАНДАЙ ВАЗИЯТДА ТЎҒРИЛИК ВА ПОКЛИК ҚОНУНИЯТИ БИЛАН ЯШАЙДИЛАР” (таъкидлар бизники – М. Абдулҳаким). Мазкур асарнинг “Кураш тушувчилар ҳақида”ги боби ана шундай ҳикматли сўзлар билан бошланади. Демак, жавонмардийликда паҳлавонлардан талаб қилинадиган биринчи фазилат бу тўғрилик ва покликдир.

Тўғрилик ва поклик мавзуси эса шоир ижодида бошқа кўп мавзуларни, бу муборак шеъриятнинг барча фазилатларини жипслаштириб турган бош хусусиятдир. Рубоий:

Дард тилди-ю кўксимни, дили чок бўлдим.
Ерга тўшар қон гиламим, пок бўлдим.
Кўз ёшима тўлди ҳовучим лиммо-лим.
Айб айламангиз, начора, шўрҳок бўлдим,

“Футувватномаи султоний”да кураш тушувчиларнинг қандай фазилатларга эга бўлиши кераклиги тўғрисида тағин бир талай маълумотлар бордирки, биз уларнинг мавзуимизга тегишли ўринларига мухтасар тўхталиб ўтамиз. “Агар курашнинг маъноси нима деб сўрасалар, жавоб бериб айтгилки, бунинг маъноси одамзод хилқатидан келиб чиқади. чунки одамзод ўз аҳлоқини ўзгартириб боради, яъни хулқ-атвор яхшилик томон ўзгариши керак. Одамга мақбул ва номақбул аҳлоқий сифатлар орасида доимий кураш боради, яъни ҳар бир сифат ўзига қарши сифатни дафъ қилади. кураш инсон хилқатидаги шу хусусиятни ифодалайди”.

Бу фикрдан муҳим бир ҳикмат аён бўлади. Кураш, яъни бир қарашда одамларда аввало жисмоний фазилатларни камол топдириш учун бунёд бўлган санъат ҳам, аслида, инсондаги ботиний хислатларни, сабр-¬матонатни, ақл¬у идрокни, тадбиркорликни, руҳий юксакликни тарбиялайдиган восита экан. Шоир ўз рубоийларида, гарчи, кураш тўғрисида бевосита фикрламаган бўлса ҳам, ботиний жиҳатдан курашчига хос мисралар битганлигининг гувоҳи бўламиз. Рубоий:

Боқсам юзингга йироқдан банда қилар,
Эркимни тағин мендан олиб санда қилар.
Кимки агар озоддир, ул шоддир,
Мен эса шод гарчи лабинг банда қилар.

Рубоийдаги зиддиятли фикрлаш йўсини бу мисралар курашчан одам қаламига мансублигини бир қарашдаёқ аён қилиб қўяди. Уларнинг жарангидан қарама-¬қарши руҳий ҳолатларнинг тинимсиз олишуви, охир-оқибатда адолатли фикрнинг мантиқли хулосаларнинг мутлақо қонуний зафарлари бордир-ки, шоир руҳидаги бу ғалаёнлар ўқувчини мафтун этади.

Шоирнинг бундай рубоийларида икки хил фикр икки паҳлавон янглиғ ўқувчининг тафаккур майдонида тинимсиз чарх уришининг ўзи улардан келиб чиқадиган ҳиссиёт ва тафаккур гўзалликларидан олдин ўқувчининг хаёлини банд этиб, уни ички, ботиний бир курашлар гирдобига ташлайди. Масалан, рубоий:

Ҳақни ҳақ эт, ноҳақни малъун қил сен,
Яхшини шод, ёмонни дилхун қил сен,
Доно оёқ остинда-ю, нодон бошда,
Ё раб! Бу фалакни остин-устун қил сен.

Яна:

Гул-барглари дил мисли очилди ҳар он,
Еллар учириб қилди ҳазонларни тўзон,
Дарду фироқ гардини қум соатидек
Бош дилга тўкар, дил эса бошга томон.

Яна рубоий:

Бодаи лаъл бирла тиниқ гавҳаримиз.
Басма-бас ичдик, дод деди соғаримиз,
Билмадим ҳеч, май устида бизми бугун,
Кетдикми қолиб май тагида ё баримиз.

Кўнгил осойишталигини алғов-далғов қиладиган бундай тафаккур тароналари ўкувчини мунтазам курашчанлик руҳида тарбиялаб туради. “Футувватномаи султоний” муаллифи давом этади. “Агар курашда асл моҳият нима деб сўрасалар, айтгилки, куч-қувватнинг эътибори йўқ, зеро ҳайвонларда куч жуда кўп, аммо уларда илму дониш, инсоний фазилат йўқ, шунинг учун улар ҳурматга лойиқ эмаслар”.

Паҳлавон Маҳмуд рубоиётида инсон тафаккури улуғланишининг илдизи худди мана шу нуқтадан бошланади. Жавонмардийларнинг инсон ақлига берган юксак эътиборлари, инсон аввало ақл қудрати билан бу борлиқда устуворлигини алоҳида таъкидлаб кўрсатганликлари, шунинг учун ҳам инсон инсонни ардоқлаб яшашини таъминлаш мақсадида тинимсиз жаҳду жадалда бўлиши ғояси, табиийки, бу тариқатнинг пешвоси бўлган буюк шоир Паҳлавон Маҳмуд ижодининг ҳам мағзини ташкил қилади. Рубоий:

Бердим қаламимга сўз, дилим лол этдим,
Орифман-у кўнглимда ажиб ҳол этдим.
Сўз давлати султонлари таслим бўлди,
Бу мулкни тафаккур ила ишғол этдим.

“Футувватномаи султоний”дан келтирилган юқоридаги жумладаги “Куч-қувватнинг эътибори йўқ” деган гапни, албатта, нисбий маънода тушунмак, яъни инсон тафаккури билан инсоннинг жисмоний кучидан қай бирини афзал кўриш лозим деган масала кўндаланг қўйилган тақдирда, инсон ақлига имтиёз бериш лозимлигини англамоқ зарур бўлади. Инсон ҳам ақлий, ҳам жисмоний жиҳатдан мутаносиб бир тарзда куч-қудратга эга бўлсагина, эркин яшай олади, ўзи енгиб ўтиши керак бўлган салбий синоатлар устидан ғолиб келиб, ҳаёт кечиради, инсон деган юксак унвонга муносиб бўлади. Рубоий:

Йўлинг сенинг оқ, бил, бу қадар оқ йўл йўқ,
Бундай зафару шонга муваффақ йўл йўқ,
Ғофилу ожизга бу золимлар ўч,
Ҳушёр ва кучли бўл, бўлак ҳақ йўл йўқ.

Умуман, Паҳлавон Маҳмуд меросида жисмоний куч билвосита эътироф этилган, замирида ана шундай қудрат уфурган мисралар тез-тез учраб турадики, бу ҳам муаллифнинг улкан жисмоний куч эгаси эканлигидан, бироқ, ўз тариқатининг содиқ намояндаси сифатида, инсоннинг маънавий даражаларини биринчи ўринга қўйиб яшаганлигидан далолатдир, Паҳлавон Маҳмуд талқинича, кураш “Футувватномаи султоний”да таъкидланганидек, “фақат инсон хилқатига эмас, балки бутун борлиққа хусусиятдир”. Рубоий:

Меъмор фалак қаср ила айвон этгай,
Нақшини тамом этгаю вайрон этгай.
Пештоқини бу кун ўзига тенг этгач,
Эртасига ер била яксон этгай.

Ҳатто фалак учун хос бўлган бу курашчанлик хусусияти инсонлар фаолиятида ҳам омонсиз бир тарзда давом этади. Хусусан, инсон, жавонмардийлик таъкидлаган одамийликдан йироқ бўлса, у хоҳ шоҳ, хоҳ гадо бўлсин, бу курашда мағлубиятга маҳкумдир:

Чанг солса ажал, йўқ, сира дармон, ҳайҳот,
Тенг шоҳу гадо, айласа фармон, ҳайҳот.
Бошига етган эди шоҳ Кирмоннинг
Шоҳнинг ўзин емоқда, Кирмон, ҳайҳот,

Биз Кирмон сўзининг Эрондаги шаҳар номи ва “қуртлар” мазмунларини кўзда тутсак, бу мисралардан шуниси равшан бўладики, агар одамзод золим бўлса, у қандай куч-қудрат эгаси бўлмасин, ҳатто қуртларни ҳам енга билмайди.

“Футувватномаи султоний” асарини мутолаа қилишда давом этамиз.

Масалан: “Агар илм билан қўшилган куч қанақа деб сўрасалар, айтгилки ғоят эътиборлидир, ҳар ким ҳаётда ниманидир билади дебдурларки, билимсиз куч ақли йўқ шоҳдир, қуввати йўқ илм эса адолатли, лекин лашкари йўқ шоҳ каби ва агар билим билан куч ўзаро мувофиқ келса, муваффақиятга эришиш йўли очиқдир”.
Мана “Ҳушёр ва кучли бўл, бўлак ҳақ йўл йўқ”нинг фалсафий илдизлари. Шундан келиб чиқиб, Паҳлавон Маҳмуд ўзининг бир қатор рубоийларида жисмоний куч-қувват инсоннинг ақлий имкониятлари билан мутаносиб бўлиши заруратини илгари суради. Рубоий:

Зулм бирла адолатинг сенинг мард олишар.
Гўёки саломатлик ила дард олишар.
Ҳамла қилар бўлса сенинг найзангга нафс,
Семурғ ила гўёки аждар олишар.

“Футувватномаи султоний”нинг “Кураш тушувчилар ҳақида”ги бобида тағин қуйидагиларни ўқиймиз. “Агар кураш тутиш илмми ёки амалми деб сўрасалар, жавоб бериб айтгилки, амал билан зич боғлиқ илмдир. Ҳар ким ҳаётда ниманидир ўрганади, бироқ унга амал қилмаслиги мумкин, аммо кураш саънатида илмга амал қилмасликнинг иложи йўқ. Бас шундай экан, бунда илм ва амал бир-бирини безайди, тўлдиради, бир-бирига мадад беради”.

Илм билан амалнинг бирлиги тасаввуфда, умуман, инсон ҳаётида, муҳим аҳамиятга эга. Шу боисдан ҳам Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари жисмоний курашни илм ва амал муштараклигининг, умуман, тасаввуфнинг ўзига ҳос зоҳирий рамзи сифатида алоҳида ардоқлайди.

Юқоридаги жиҳатлардан аён кўринадики, Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг курашчанлиги унинг шоирлигига баракали таъсир кўрсатади. Шоирнинг рубоийларини теранроқ мутолаа қила борганимиз сайин, биз унинг ўз ўқувчиларини ҳар жиҳатдан етук, жумладан, руҳий ва жисмоний қудратлар мутаносиблигининг соҳиблари бўлишларига кўмаклашмоқ учун ҳам ғоявий, ҳам амалий жиҳатдан ибрат кўрсатиб ҳаёт кечирганлигининг гувоҳи бўламиз.

Шу боисдан ҳам бизлар:

То борки жаҳон, дардига тадбийр бўл сен,
Жавлон қилибон, марду жаҳонгийр бўл сен.
Қудрат ва саботинг – бу замин мазмунидир,
Дастингда ўзинг ҳамиша шамшийр бўл сен,

мисраларидан таъсирланиб, ўз руҳиятимизда, маънавиятимизда, ўз юрагимизда пойидор бўлишини орзу қиламиз, рубоий:

Бир бурда кифоя, мардга кўп нон не керак,
Дарёдан оқар сув, ана, ризвон не керак.
Ўз қўли бор, айт, не керак хизматкор,
Ўз дили бор, айт унга султон не керак,

ни мутолаа қилаётиб, унда таърифланаётган марддек ўз юрагимизни султон, ўз қўлимизни хизматкор билиб беминнат яшагимиз келади. Рубоий:

Арслонман-у, дўст кўрмадим инсон янглиғ,
Инсон мен учун азиз эрур жон янглиғ.
Чорланг мени бошингизга кулфат тушса,
Дарров мадад этгум бориб арслон янглиғ,

қабиладаги рубоийларни ўқиганимизда, ўзимиз ҳам арслон каби қудрат эгаси бўлиб, зору муҳтожларга мададга шошилгимиз келади. Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг сафдошларига қўшилиб, рубоий:

Зарб, берсак агар чарх фили яксон бўлғай,
Уфқ доираси нағораи шон бўлғай.
Жой олса чумоли гар бизим сафлардан,
Давлатимиз туфайли арслон бўлғай,

дея хитоб этиш даражасида маънавий ҳуқуққа эга бўлишни умид этамиз.

ДАВОМИ БОР

088

(Tashriflar: umumiy 673, bugungi 1)

Izoh qoldiring