Nosir Fozilovni yodlab. Uch bag’ishlov

Ashampoo_Snap_2018.02.05_17h52m34s_001_.png     Шу йилнинг 7 феврал куни ўтган ойда вафот этган оқсоқолёзувчи Носир Фозиловнинг туғилган юрти Туркистонда ёдлов тадбирлари бўлади. Унда Ўзбекистондан ҳам ижодкорлар иштирок этади, деб эшитяпмиз. Устоз адиб хотираси унинг асарлари орқали келгуси авлодларгача етиб боришига ишончимиз комил.

ТИРИК ТОҒДАН АЙРИЛДИК
07

01.jpgАтоқли ёзувчи Носир Фозиловнинг оламдан ўтиши ҳам қалам аҳли қалбини изтиробга солди. Кулфат келса, қўша келади, деганлари ростга ўхшайди. Адабиётимизнинг улуғлари Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповнинг азаси эскирмай, яна бир чинорнинг қулаши…

Кейинги бир йилда биз кимларни йўқотганимизни ҳис қила бошладик. Ажабки, бундай инсонларнинг на фақат ҳаёти, ижоди, хатто, ўлими ҳам миллатнинг ўзини ўзи англаб етиши учун хизмат қилар экан. Бу улуғларимиз ҳақида энди кў-ўп изтиробли битиклар битилиши табиий.

Улуғ ижодкорларимиз ўтган кунларда қалам аҳли қалбидан отилиб чиққан бир қатор фарёдларни сиёҳи қуримай эълон қилганингиз савобдан ташқари, кўп нашрларимиз учун ибратли иш ҳам бўлди.

Шу йилнинг 7 феврал куни Носир оқсоқолнинг туғилган юрти Туркистонда ёдлов тадбирлари бўлади. Унда Ўзбекистондан ҳам ижодкорлар иштирок этади, деб эшитяпмиз. Ушбу ҳазин мисраларимиз ҳам, ана шу жараёндан бир томчи сифатида, сайтингизда эълон қилинса, бизнинг чўккан кўнгилларимиз ҳам бироз бўлса-да, таскин топар эди. (Бир пайтлар қўл телефонимда олиниб қолган Дўрмон суратларидан ҳам юборяпман.)

Ўтган улуғларимизнинг охиратларини обод қилсин!

Сизга ва кутубхонангизнинг барча муштарийларига катта ҳурмат билан,

Абдунаби БОЙҚЎЗИЕВ

ОҒАМ-ОВ!…
Устоз Носир Фозил ўтган кунидаги гирямиз
07

Яна бир
Улуғимнинг
Қўлидан қалам тушди,
Ёзар эди у қалам,
Улуғларим дилини!
Ай, қаламжон, вой алам,
Энди сен… битолмайсан,
Энди сен тутолмайсан, Носир оға қўлини.

Сен қозоқнинг чўлидай,
Бепён қалам эдинг.
Ўзбегимнинг кўнглидай,
Бепоён нолам эдинг.
Ай элим,
Қалам кетди!
Сен йиғла – алам энди,
Вой аламжон, вой алам, қани у, қалам, энди?!

Қозоғим,
Гар тоғ бўлсанг, мен шубҳасиз қор эдим,
Кунгайларинг безаган кўм-кўк арчазор эдим,
Мухтор Авез уйида ҳар уч кунда бор эдим,
Собит Муқон тўйида – эга – хукмдор эдим,
Ўлжас оға шеър айтса, шер эдим, Шердор эдим,
Наҳот, ўша кунларим… ерга кетиб боряпти?!

Собит Дўсан,
Сиз йиғланг,
Йиғлар бугун ўзбегим,
Кўзидан оққан ёшга
Тўлди дилим дошлари.
Ҳар қозоқ овулида азиз эди бошлари…
Арвона қисматида қароғлари ёшланиб,
Энди, наҳот келмайди… қозоғимнинг даштлари.

Собит оға! Бовурим!
Бағрим, бағрим ёняпти,
Биласизми, биз бугун тирик тоғдан айрилдик.
Бағримиздан ситилиб оғам кетиб боряпти,
Бағрингиздан ситилиб оғам кетиб боряпти,
Оға-ам кетиб боряпти, боқмайин бир қайрилиб!
Сиздай тоғни тарк этиб, биздай боғни тарк этиб,
Тоғи-им кетиб боряпти! Боғим кетиб боряпти!

Қозоғим, сен ҳам йиғла, ўзбегим йиғлаётир!
Қозоғим, сен ҳам йиғла, ўзбегинг йиғлаётир!…

13.01.2018

Янгибой ҚЎЧҚОРОВ
АЛВИДО, ЎЗБЕГИМНИНГ ҚОЗОҒИ,
ҚИРҒИЗИ, ҚОРАҚАЛПОҒИ
07

2018 йилнинг 13 январь куни кечқурун соат 21 дан 33 дақиқа ўтганида шоир оғам Абдунаби Бойқўзиев, 21 дан 40 дақиқа ўтганида ношир оғам Бахтиёр Каримовлар Тошкентдан Бўстон шаҳридаги уйимга қўнғироқ қилишиб азиз устозимиз, атоқли адиб, таниқли таржимон Носир оқсоқол Фозилов оламдан ўтганини чуқур қайғу билан хабар қилдилар. Иккови ҳам бир неча кун олдин менинг хаста оқсоқол муолажа олаётган тиббиёт маскани – Иккинчи ҳукумат шифохонасида, иккинчи қаватдаги терапия бўлимининг 12-палатасида, устоз ҳамда унга меҳр билан қараётган Муборак ая ҳузурида бўлганимни, “патриарх” билан бир соатча гурунглашганимни яхши билишарди. Мана, миллий адабиётимизнинг Ғафур Ғулом, Ойбек, Мақсуд Шайхзода, Абдулла Қаҳҳор, Миртемирдек азим чинорларидан рағбат олиб ўсган улкан садақайрағочларидан бири қулабди. Қулоқларимга ишонмай, бошимни чангаллаб қолдим. Кечагина хиёл нафаси сиқаётганига қарамасдан юрагини очиб самимий суҳбатлашган, Абдижамил оқсоқолнинг уй номерини айтиб, “Сен, болам, тортинмасдан Нурпеисов домлага қўнғироқ қил, мендан салом айт. Албатта, “Сенг”( ўзбекча “Музкўчки”) асарини сенга жўнатади. Ўн икки босма тобоқлик шу асарни меҳр билан таржима қилсанг, жабрдийда Оролбўйи олдидаги бир қарзингни узган бўласан!” деган эди. “Эртага Меҳмонқул ака Қозоғистонга кетяпти. “Олиб келаман!” дедилар, десам “Адабиёт манфаати учун адиб адибни безовта қилишдан тортинмаслиги керак. Сизлар шунга ўрганинглар!” деб уқтирган эдилар.

07.jpgЭнди устоз йўқ. Кейинги ўн йил ичида оқсоқол адиб билан “Дўрмон” ижод уйида камида йигирма марта учрашган эдик. У киши ижод уйига мартнинг ўрталарида чиқиб, октябрнинг охирларида ўзининг қадрдон Чилонзорига қайтиб кетарди. Ҳар куни икки марта садоқатли рафиқаси Муборак ая билан ижод уйи боғини айланарди. Боғнинг ўнг томонидаги узун йўлак охирида бир ўриндиқ бор. Биз унга “Носир оқсоқол ўриндиғи” деб ном берганмиз. Чимён чўққиларидан сарин саболар етиб келадиган бу ерда устоз менга, Қўчқор Норқобилга, Муҳаммад Исмоилга, Мирпўлат Мирзога, Тоҳир Қаҳҳорга, Чоршаъм Рўзиевга, Ғулом Фатҳиддинга, Мирзапўлат Тошпўлатга, Вафо Файзуллоҳга, Амир Худойбердига, Беҳзод Фазлиддинга ва бошқа ўнлаб оға-иниларимга носирлик ҳамда ноширликнинг тенгсиз сабоқларини берганлар. Бир гал уч туғишган оғам – Ўрозбой, Кенгесбой, Муротбойни шу ерда шогирд тайёрлаш борасида қаттиқ тергагани ёдимда. Оқсоқолнинг бетга ачитиб айтган ўгитлари, таъналари ҳам болдан ширин бўларди. Қаҳри қаттиғу меҳри мойдек юмшоқ эди: 2017 йили ёзда ногоҳ Муборак аянинг қўли шикастланганида оқсоқолнинг опа ёнида ўтириб астойдил оҳ тортганлари ҳамон қулоғим остида. Ўшанда оқсоқолга таскин бериш учун Андижондан Қамчибек Кенжа, Фарғонадан Охунжон Ҳаким, Тошкент вилоятидан Ортиқбой Абдуллаев, Самарқанддан Хосият Бобомуродова, Намангандан Дилбар Ҳайдарова, Қашқадарёдан Жаббор Халил, Хоразмдан Исмоил Оллоберганов, Қорақалпоғистондан Айитжон Оллоберганова келган эдилар. Партадош дўсти, профессор Ғаффор Мўминовнинг ўғли Абдусаттор узоқ йиллар отасининг қадрдонига мурувват кўрсатди. Оқсоқол тўққиз ой “Дўрмон” ижоди уйида бўлганида ўғил ва келинлари, неваралари ҳар куни хабар олишарди. Ҳар куни!

Ўн йил! Миллион йиллик сайёра учун бу киприк қоққулик муддат ҳам эмас. Ана шу ўн йил ичида мени меҳру мурувват билан ўз қаноти остига олган ўн нафар азиз устозларим, ҳайриҳоҳларимдан айрилдим. 2008 йилнинг июлида туркийзабон халқлар шеъриятининг забардаст вакили Ошиқ Аёз – Ибройим Юсупов, 2010 йилнинг сентябрида атоқли наср устаси Тўлепберген Қаипбергенов, беқиёс сўз заргари Матназар Абдулҳаким, декабрида атоқли шоир Жуманиёз Жабборов, 2013 йилнинг майида прозамизнинг икки азим чинори – Ўткир Ҳошимов ва Омон Мухтор, 2016 йилнинг майида улуғ сўз санъаткори Эркин Воҳидов, ноябрида замонамизнинг буюк шоири Абдулла Орипов, 2017 йилнинг майида ажойиб болалар шоири Турсунбой Адашбоев, июлида истеъдодли шоир, иқтидорли публицист, жонкуяр жамоат арбоби Носир Муҳаммад бу ёруғ олам билан видолашдилар. Энди Носир оқсоқол…

1989 йили “Юлдузча” нашриётида 30 минг нусхада чоп этилган 384 бетлик “Болалигим-пошшолигим” (5 қиссаси ва ҳикоялари кирган) китобига ёзган сўзбошисида устоз Носир Фозилов “Қўлимга қалам тутиб, ёзиш имконияти яратиб бергани учун ҳаётимдан, давримдан миннатдорман. Мана, оқ билан қорани ажратадиган ёшга етиб, босиб ўтган йўлимга шукроналик билан назар соламан. Шу пайтгача ёзганларимни олдимга қўйиб, бундай қарасам, ўша давр воқеаларини эсласам, болалигим бир пошшоликка менгзаб кетди.”, деб ёзган эди.

Навоий ва Бобур, Қодирий ва Қаҳҳор дарёларидан сув ичган бу бели бақувват садақайрағоч саксон тўққиз йиллик баракали умри давомида тоғ-тоғ ижодий ишларни ниҳоясига етказди: “Ташвиш”, “Саратон”, “Қуш қаноти билан”, “Қорхат”, “Оқим” қиссалари, болаларга ва катталарга бағишланган ўнлаб илиги тўқ ҳикоялари, “Устозлар даврасида”, “Мунаввар лаҳзалар”, “Эсласанг кўнглинг ёришур”, “Ношир ва Носир сўзи” эсселаридан иборат қирққа яқин, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, рус ва бошқа тиллардан ўгирилган олтмишга яқин, жами юзга яқин китоби миллий адабиётимизнинг хазинасидан ўрин олди. Таржимон сифатида Абайнинг “Қирқ беш насиҳат”идан тортиб севимли шогирди Ўрозбой Абдураҳмоновнинг “Чангалзор пайғамбари”гача бўлган олтмиш асарни ўзбек тилига маҳорат билан ўгирди. Ўз асарлари жаҳоннинг ўттиздан ортиқ тилларига таржима қилинди.

Бу оқшом кўзларимда шашқатор ёшлар билан “Оқим” қиссасининг сўнгги сатрларини ўқийман: “…куни билан оламни тандирдек қиздирган, бутун борлиққа нур берган қуёш қизариб ботиб борар…ботиш азалий одати бўлгани учунгина эмас, балки эртага бугунгидан ҳам чароғонроқ, бугунгидан ҳам нурлироқ бўлиб чиқиш учун ботиб бораётгандек туюларди…” Эртага тонг отади. Қуёш бугунгидан ҳам чароғонроқ бўлиб чиқади. Аммо энди Сиз буни кўра олмайсиз, донишманд устоз. Энди Сиз улуғ устозлар қўним топган Чиғатой хилхонаси оғушидасиз. Шу йилнинг 5 январь куни эрталаб шоир оғаларим Турсун Али ва Азим Суюн учаламиз устоз Абдулла Ориповнинг сўнгги манзилини зиёрат қилиш учун Чиғатойга борган, у киши ва у ерга яқин қўйилган қадриабад мураббийларимиз Эркин Воҳидов, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Жуманиёз Жабборов руҳларига оят ўқиган эдик. Уларнинг ёнида бўш ўрин бор экан. Майса ўсган ўша жойга тикилган Турсун Али “Бу ерга ким қўйилади?” деб сўради. Азим ака чуқур ўйга толиб “Ё халқ шоири, ё давлат мукофоти совриндори қўйилади!” деди. Аллоҳнинг марҳаматини қарангки, Сиз – 2 марта Ўзбекистон, бир неча марта бошқа давлатлар мукофотлари соҳиби ўша жойга қўйилганингизни, таъзиямизни Муборак аяга етказганини кечқурун Абдунаби акам телефонда айтдилар. Сиз кетдингиз. Китоблар қолди. Дилларга қуёшдек нур таратган, “Фақат кўрган-билганларингиз ёзилган”,(“Қорхат”дан) “Ҳаёт саҳифалари варақланган”, “Қуш қаноти билан”дан), “Ҳар қандай совғадан ҳам бебаҳо, ёрқин, покиза туйғулар ҳадя қилган”, (“Саратон”дан), “Муҳаббат олдида жавоб беришдек ташвишлар” (“Ташвиш”дан) муҳрланган юздан ортиқ ўша китобларингиз юз йиллар мобайнида йўлларимизни ёритиб тургай. Алвидо, устоз, ўзбегимнинг қозоғи, қирғизи, қорақалпоғи. Она Туркистонимизнинг, етмиш йил беминнат нон берган Тошкентнинг тупроғи Сизга пардек юмшоқ болиш бўлсин!

НОСИР ФОЗИЛОВ ХОТИРАСИГА БАҒИШЛОВ
Соатой Камол қизи
Қазағистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси
07

Вилоят мақомидаги “Чашма” ижодий уюшмаси, “Ижодкор” адабий бирлашмаси номидан

Шум хабарни эшитиб, тоғ қулади бошимга,
Осмон узилиб тушди титраб турган дошимга.

Фалак ёмғирлар тўкди кўзимдаги ёшимга,
Ажал ёғдусин қуйди тотиб турган ошимга.

Насрий чаман булбули боқийликка қайрилди,
Туркистоним энг баланд чиноридан айрилди.

“Устозлар даврасида” ўприлиб қолди ўрнинг,
“Оқсой”, “Саратон” қолди, излашиб давра тўрин.

“Қорхат” эзилиб йиғлар эгасин топмай беун,
“Бир отар тўппонча”дан чиқди мисоли қуюн.

Оҳ, башафқат даҳри дун, ғамни ғамга улади,
Адабиёт қасрининг бир устуни қулади.

Сени сўрар Собиту Ғабит, Мухтар, Абай ҳам,
Абдулла, Абдужамил руҳинг асраб кўзда нам.

Катта бобо Ғурбатий ижодин кўриб баҳам,
Кеттинг, қайтмас йул томон, дилга солиб кўп алам.

Ўзбегу қазоқ эли бир-бир боқти қайрилиб,
Гўё кетгандай бўлди, метин кўприк айрилиб.

Сени эътироф этган мукофотлар қолди жим,
“Эл-юрт ҳурмати” ордени кўксинг қўмсаб олди тин,

Қозоғистон “Алаш”и “Арғумоқ”қа суяниб,
Ортингдан ҳун эргашди пора қилганча дилин.

Қуръон тиловат қилди Хайриддин, Меҳмон, Раҳим,
Тилакларин Илоҳо, Қабул қилсин Оллоҳим.

Тупроғинг юмшоқ парқу, тупроққўрғон кенг бўлсинг,
Иймон йўлдошинг бўлиб, бўйинг билан тенг бўлсин.

Қилган савоб ишингдан қабринг нурларга тўлсин,
Ҳур қизлар хизматингда, жойинг жаннатда бўлсин.

Хўшлашмай кетган отам сўнг манзилга қайрилди,
Шогирд Носир отадай устозидан айрилди.

Shu yilning 7 fevral kuni o‘tgan oyda vafot etgan oqsoqolyozuvchi Nosir  Fozilovning tug‘ilgan yurti Turkistonda yodlov tadbirlari bo‘ladi. Unda  O‘zbekistondan ham ijodkorlar ishtirok etadi, deb eshityapmiz. Ustoz adib  xotirasi uning asarlari orqali kelgusi avlodlargacha yetib borishiga  ishonchimiz komil.

TIRIK TOG‘DAN AYRILDIK
07

Atoqli yozuvchi Nosir Fozilovning olamdan o‘tishi ham qalam ahli qalbini iztirobga soldi. Kulfat kelsa, qo‘sha keladi, deganlari rostga o‘xshaydi. Adabiyotimizning ulug‘lari Erkin Vohidov, Abdulla Oripovning azasi eskirmay, yana bir chinorning qulashi…

Keyingi bir yilda biz kimlarni yo‘qotganimizni his qila boshladik. Ajabki, bunday insonlarning na faqat hayoti, ijodi, xatto, o‘limi ham millatning o‘zini o‘zi anglab yetishi uchun xizmat qilar ekan. Bu ulug‘larimiz haqida endi ko‘-o‘p iztirobli bitiklar bitilishi tabiiy.

Ulug‘ ijodkorlarimiz o‘tgan kunlarda qalam ahli qalbidan otilib chiqqan bir qator faryodlarni siyohi qurimay e’lon qilganingiz savobdan tashqari, ko‘p nashrlarimiz uchun ibratli ish ham bo‘ldi.

Shu yilning 7 fevral kuni Nosir oqsoqolning tug‘ilgan yurti Turkistonda yodlov tadbirlari bo‘ladi. Unda O‘zbekistondan ham ijodkorlar ishtirok etadi, deb eshityapmiz. Ushbu hazin misralarimiz ham, ana shu jarayondan bir tomchi sifatida, saytingizda e’lon qilinsa, bizning cho‘kkan ko‘ngillarimiz ham biroz bo‘lsa-da, taskin topar edi. (Bir paytlar qo‘l telefonimda olinib qolgan Do‘rmon suratlaridan ham yuboryapman.)

O‘tgan ulug‘larimizning oxiratlarini obod qilsin!

Sizga va kutubxonangizning barcha mushtariylariga katta hurmat bilan,

Abdunabi BOYQO‘ZIYEV

OG‘AM-OV!…
Ustoz Nosir Fozil o‘tgan kunidagi giryamiz
07

Yana bir14.png
Ulug‘imning
Qo‘lidan qalam tushdi,
Yozar edi u qalam,
Ulug‘larim dilini!
Ay, qalamjon, voy alam,
Endi sen… bitolmaysan,
Endi sen tutolmaysan, Nosir og‘a qo‘lini.

Sen qozoqning cho‘liday,
Bepyon qalam eding.
O‘zbegimning ko‘ngliday,
Bepoyon nolam eding.
Ay elim,
Qalam ketdi!
Sen yig‘la – alam endi,
Voy alamjon, voy alam, qani u, qalam, endi?!

Qozog‘im,
Gar tog‘ bo‘lsang, men shubhasiz qor edim,
Kungaylaring bezagan ko‘m-ko‘k archazor edim,
Muxtor Avez uyida har uch kunda bor edim,
Sobit Muqon to‘yida – ega – xukmdor edim,
O‘ljas og‘a she’r aytsa, sher edim, Sherdor edim,
Nahot, o‘sha kunlarim… yerga ketib boryapti?!

Sobit Do‘san,
Siz yig‘lang,
Yig‘lar bugun o‘zbegim,
Ko‘zidan oqqan yoshga
To‘ldi dilim doshlari.
Har qozoq ovulida aziz edi boshlari…
Arvona qismatida qarog‘lari yoshlanib,
Endi, nahot kelmaydi… qozog‘imning dashtlari.

Sobit og‘a! Bovurim!
Bag‘rim, bag‘rim yonyapti,
Bilasizmi, biz bugun tirik tog‘dan ayrildik.
Bag‘rimizdan sitilib og‘am ketib boryapti,
Bag‘ringizdan sitilib og‘am ketib boryapti,
Og‘a-am ketib boryapti, boqmayin bir qayrilib!
Sizday tog‘ni tark etib, bizday bog‘ni tark etib,
Tog‘i-im ketib boryapti! Bog‘im ketib boryapti!

Qozog‘im, sen ham yig‘la, o‘zbegim yig‘layotir!
Qozog‘im, sen ham yig‘la, o‘zbeging yig‘layotir!…

13.01.2018

Yangiboy QO‘CHQOROV
ALVIDO, O‘ZBЕGIMNING QOZOG‘I,
QIRG‘IZI, QORAQALPOG‘I
07

2018 yilning 13 yanvar kuni kechqurun soat 21 dan 33 daqiqa o‘tganida shoir og‘am Abdunabi Boyqo‘ziyev, 21 dan 40 daqiqa o‘tganida noshir og‘am Baxtiyor Karimovlar Toshkentdan Bo‘ston shahridagi uyimga qo‘ng‘iroq qilishib aziz ustozimiz, atoqli adib, taniqli tarjimon Nosir oqsoqol Fozilov olamdan o‘tganini chuqur qayg‘u bilan xabar qildilar. Ikkovi ham bir necha kun oldin mening xasta oqsoqol muolaja olayotgan tibbiyot maskani – Ikkinchi hukumat shifoxonasida, ikkinchi qavatdagi terapiya bo‘limining 12-palatasida, ustoz hamda unga mehr bilan qarayotgan Muborak aya huzurida bo‘lganimni, “patriarx” bilan bir soatcha gurunglashganimni yaxshi bilishardi. Mana, milliy adabiyotimizning G‘afur G‘ulom, Oybek, Maqsud Shayxzoda, Abdulla Qahhor, Mirtemirdek azim chinorlaridan rag‘bat olib o‘sgan ulkan sadaqayrag‘ochlaridan biri qulabdi. Quloqlarimga ishonmay, boshimni changallab qoldim. Kechagina xiyol nafasi siqayotganiga qaramasdan yuragini ochib samimiy suhbatlashgan, Abdijamil oqsoqolning uy nomerini aytib, “Sen, bolam, tortinmasdan Nurpeisov domlaga qo‘ng‘iroq qil, mendan salom ayt. Albatta, “Seng”( o‘zbekcha “Muzko‘chki”) asarini senga jo‘natadi. O‘n ikki bosma toboqlik shu asarni mehr bilan tarjima qilsang, jabrdiyda Orolbo‘yi oldidagi bir qarzingni uzgan bo‘lasan!” degan edi. “Ertaga Mehmonqul aka Qozog‘istonga ketyapti. “Olib kelaman!” dedilar, desam “Adabiyot manfaati uchun adib adibni bezovta qilishdan tortinmasligi kerak. Sizlar shunga o‘rganinglar!” deb uqtirgan edilar.

01.jpgEndi ustoz yo‘q. Keyingi o‘n yil ichida oqsoqol adib bilan “Do‘rmon” ijod uyida kamida yigirma marta uchrashgan edik. U kishi ijod uyiga martning o‘rtalarida chiqib, oktyabrning oxirlarida o‘zining qadrdon Chilonzoriga qaytib ketardi. Har kuni ikki marta sadoqatli rafiqasi Muborak aya bilan ijod uyi bog‘ini aylanardi. Bog‘ning o‘ng tomonidagi uzun yo‘lak oxirida bir o‘rindiq bor. Biz unga “Nosir oqsoqol o‘rindig‘i” deb nom berganmiz. Chimyon cho‘qqilaridan sarin sabolar yetib keladigan bu yerda ustoz menga, Qo‘chqor Norqobilga, Muhammad Ismoilga, Mirpo‘lat Mirzoga, Tohir Qahhorga, Chorsha’m Ro‘ziyevga, G‘ulom Fathiddinga, Mirzapo‘lat Toshpo‘latga, Vafo Fayzullohga, Amir Xudoyberdiga, Behzod Fazliddinga va boshqa o‘nlab og‘a-inilarimga nosirlik hamda noshirlikning tengsiz saboqlarini berganlar. Bir gal uch tug‘ishgan og‘am – O‘rozboy, Kengesboy, Murotboyni shu yerda shogird tayyorlash borasida qattiq tergagani yodimda. Oqsoqolning betga achitib aytgan o‘gitlari, ta’nalari ham boldan shirin bo‘lardi. Qahri qattig‘u mehri moydek yumshoq edi: 2017 yili yozda nogoh Muborak ayaning qo‘li shikastlanganida oqsoqolning opa yonida o‘tirib astoydil oh tortganlari hamon qulog‘im ostida. O‘shanda oqsoqolga taskin berish uchun Andijondan Qamchibek Kenja, Farg‘onadan Oxunjon Hakim, Toshkent viloyatidan Ortiqboy Abdullayev, Samarqanddan Xosiyat Bobomurodova, Namangandan Dilbar Haydarova, Qashqadaryodan Jabbor Xalil, Xorazmdan Ismoil Olloberganov, Qoraqalpog‘istondan Ayitjon Olloberganova kelgan edilar. Partadosh do‘sti, professor G‘affor Mo‘minovning o‘g‘li Abdusattor uzoq yillar otasining qadrdoniga muruvvat ko‘rsatdi. Oqsoqol to‘qqiz oy “Do‘rmon” ijodi uyida bo‘lganida o‘g‘il va kelinlari, nevaralari har kuni xabar olishardi. Har kuni!

O‘n yil! Million yillik sayyora uchun bu kiprik qoqqulik muddat ham emas. Ana shu o‘n yil ichida meni mehru muruvvat bilan o‘z qanoti ostiga olgan o‘n nafar aziz ustozlarim, hayrihohlarimdan ayrildim. 2008 yilning iyulida turkiyzabon xalqlar she’riyatining zabardast vakili Oshiq Ayoz – Ibroyim Yusupov, 2010 yilning sentyabrida atoqli nasr ustasi To‘lepbergen Qaipbergenov, beqiyos so‘z zargari Matnazar Abdulhakim, dekabrida atoqli shoir Jumaniyoz Jabborov, 2013 yilning mayida prozamizning ikki azim chinori – O‘tkir Hoshimov va Omon Muxtor, 2016 yilning mayida ulug‘ so‘z san’atkori Erkin Vohidov, noyabrida zamonamizning buyuk shoiri Abdulla Oripov, 2017 yilning mayida ajoyib bolalar shoiri Tursunboy Adashboyev, iyulida iste’dodli shoir, iqtidorli publitsist, jonkuyar jamoat arbobi Nosir Muhammad bu yorug‘ olam bilan vidolashdilar. Endi Nosir oqsoqol…

1989 yili “Yulduzcha” nashriyotida 30 ming nusxada chop etilgan 384 betlik “Bolaligim-poshsholigim” (5 qissasi va hikoyalari kirgan) kitobiga yozgan so‘zboshisida ustoz Nosir Fozilov “Qo‘limga qalam tutib, yozish imkoniyati yaratib bergani uchun hayotimdan, davrimdan minnatdorman. Mana, oq bilan qorani ajratadigan yoshga yetib, bosib o‘tgan yo‘limga shukronalik bilan nazar solaman. Shu paytgacha yozganlarimni oldimga qo‘yib, bunday qarasam, o‘sha davr voqealarini eslasam, bolaligim bir poshsholikka mengzab ketdi.”, deb yozgan edi.

Navoiy va Bobur, Qodiriy va Qahhor daryolaridan suv ichgan bu beli baquvvat sadaqayrag‘och sakson to‘qqiz yillik barakali umri davomida tog‘-tog‘ ijodiy ishlarni nihoyasiga yetkazdi: “Tashvish”, “Saraton”, “Qush qanoti bilan”, “Qorxat”, “Oqim” qissalari, bolalarga va kattalarga bag‘ishlangan o‘nlab iligi to‘q hikoyalari, “Ustozlar davrasida”, “Munavvar lahzalar”, “Eslasang ko‘ngling yorishur”, “Noshir va Nosir so‘zi” esselaridan iborat qirqqa yaqin, qozoq, qirg‘iz, qoraqalpoq, rus va boshqa tillardan o‘girilgan oltmishga yaqin, jami yuzga yaqin kitobi milliy adabiyotimizning xazinasidan o‘rin oldi. Tarjimon sifatida Abayning “Qirq besh nasihat”idan tortib sevimli shogirdi O‘rozboy Abdurahmonovning “Changalzor payg‘ambari”gacha bo‘lgan oltmish asarni o‘zbek tiliga mahorat bilan o‘girdi. O‘z asarlari jahonning o‘ttizdan ortiq tillariga tarjima qilindi.

Bu oqshom ko‘zlarimda shashqator yoshlar bilan “Oqim” qissasining so‘nggi satrlarini o‘qiyman: “…kuni bilan olamni tandirdek qizdirgan, butun borliqqa nur bergan quyosh qizarib botib borar…botish azaliy odati bo‘lgani uchungina emas, balki ertaga bugungidan ham charog‘onroq, bugungidan ham nurliroq bo‘lib chiqish uchun botib borayotgandek tuyulardi…” Ertaga tong otadi. Quyosh bugungidan ham charog‘onroq bo‘lib chiqadi. Ammo endi Siz buni ko‘ra olmaysiz, donishmand ustoz. Endi Siz ulug‘ ustozlar qo‘nim topgan Chig‘atoy xilxonasi og‘ushidasiz. Shu yilning 5 yanvar kuni ertalab shoir og‘alarim Tursun Ali va Azim Suyun uchalamiz ustoz Abdulla Oripovning so‘nggi manzilini ziyorat qilish uchun Chig‘atoyga borgan, u kishi va u yerga yaqin qo‘yilgan qadriabad murabbiylarimiz Erkin Vohidov, Odil Yoqubov, Pirimqul Qodirov, Jumaniyoz Jabborov ruhlariga oyat o‘qigan edik. Ularning yonida bo‘sh o‘rin bor ekan. Maysa o‘sgan o‘sha joyga tikilgan Tursun Ali “Bu yerga kim qo‘yiladi?” deb so‘radi. Azim aka chuqur o‘yga tolib “Yo xalq shoiri, yo davlat mukofoti sovrindori qo‘yiladi!” dedi. Allohning marhamatini qarangki, Siz – 2 marta O‘zbekiston, bir necha marta boshqa davlatlar mukofotlari sohibi o‘sha joyga qo‘yilganingizni, ta’ziyamizni Muborak ayaga yetkazganini kechqurun Abdunabi akam telefonda aytdilar. Siz ketdingiz. Kitoblar qoldi. Dillarga quyoshdek nur taratgan, “Faqat ko‘rgan-bilganlaringiz yozilgan”,(“Qorxat”dan) “Hayot sahifalari varaqlangan”, “Qush qanoti bilan”dan), “Har qanday sovg‘adan ham bebaho, yorqin, pokiza tuyg‘ular hadya qilgan”, (“Saraton”dan), “Muhabbat oldida javob berishdek tashvishlar” (“Tashvish”dan) muhrlangan yuzdan ortiq o‘sha kitoblaringiz yuz yillar mobaynida yo‘llarimizni yoritib turgay. Alvido, ustoz, o‘zbegimning qozog‘i, qirg‘izi, qoraqalpog‘i. Ona Turkistonimizning, yetmish yil beminnat non bergan Toshkentning tuprog‘i Sizga pardek yumshoq bolish bo‘lsin!

NOSIR FOZILOV XOTIRASIGA BAG‘ISHLOV
Soatoy Kamol qizi
Qazag‘iston yozuvchilar uyushmasi a’zosi
07

Viloyat maqomidagi “Chashma” ijodiy uyushmasi, “Ijodkor” adabiy birlashmasi nomidan

Shum xabarni eshitib, tog‘ quladi boshimga,
Osmon uzilib tushdi titrab turgan doshimga.

Falak yomg‘irlar to‘kdi ko‘zimdagi yoshimga,
Ajal yog‘dusin quydi totib turgan oshimga.

Nasriy chaman bulbuli boqiylikka qayrildi,
Turkistonim eng baland chinoridan ayrildi.

“Ustozlar davrasida” o‘prilib qoldi o‘rning,
“Oqsoy”, “Saraton” qoldi, izlashib davra to‘rin.

“Qorxat” ezilib yig‘lar egasin topmay beun,
“Bir otar to‘pponcha”dan chiqdi misoli quyun.

Oh, bashafqat dahri dun, g‘amni g‘amga uladi,
Adabiyot qasrining bir ustuni quladi.

Seni so‘rar Sobitu G‘abit, Muxtar, Abay ham,
Abdulla, Abdujamil ruhing asrab ko‘zda nam.

Katta bobo G‘urbatiy ijodin ko‘rib baham,
Ketting, qaytmas yul tomon, dilga solib ko‘p alam.

O‘zbegu qazoq eli bir-bir boqti qayrilib,
Go‘yo ketganday bo‘ldi, metin ko‘prik ayrilib.

Seni e’tirof etgan mukofotlar qoldi jim,
“El-yurt hurmati” ordeni ko‘ksing qo‘msab oldi tin,

Qozog‘iston “Alash”i “Arg‘umoq”qa suyanib,
Ortingdan hun ergashdi pora qilgancha dilin.

Qur’on tilovat qildi Xayriddin, Mehmon, Rahim,
Tilaklarin Iloho, Qabul qilsin Ollohim.

Tuprog‘ing yumshoq parqu, tuproqqo‘rg‘on keng bo‘lsing,
Iymon yo‘ldoshing bo‘lib, bo‘ying bilan teng bo‘lsin.

Qilgan savob ishingdan qabring nurlarga to‘lsin,
Hur qizlar xizmatingda, joying jannatda bo‘lsin.

Xo‘shlashmay ketgan otam so‘ng manzilga qayrildi,
Shogird Nosir otaday ustozidan ayrildi.

08

 

(Tashriflar: umumiy 533, bugungi 1)

Izoh qoldiring