Аллома шоир Матназар Абдулҳаким таваллудининг 70 йиллиги олдидан
Атоқли шоир, таржимон ва адабиётшунос олим Матназар Абдулҳакимнинг»Тафаккур чорраҳаларида. Таржимон талқинлари» номли салмоқли китоби буюк мутафаккир,шоир, жавонмардлик тариқатининг йирик намояндаси Паҳлавон Маҳмуд (1247-1326) меросини идрок этиш, рубоийларини таржима қилиш жараёнида мутафаккир қарашларини англашга бағишланган мақола,эссе ва суҳбатлардан ташкил топган. Шунингдек, ҳазрат Пирёр валий қолдирган меросни тадқиқу таржима этиш мобайнида Шарқ мумтоз адабиётининг бетимсол сиймолари ижоди, адабий ва абадий ёдгорликлар моҳияти, тасаввуфда акс этган фалсафа табиати ҳақида мутаржимнинг қалб дафтарида қайд этилган кузатишлар, мулоҳазалар жамул жам бўлган.
Хуршид Даврон
КАШФ ЭТ СЕН ЎЗИНГНИ,
ЎЗНИ ТАНҲО ТАНЛА…
Бундан салкам йигирма йил аввал Усмон Азим «Тафаккур» журналида Мирзо Абдулқодир Бедил ғазалларининг Матназар Абдулҳаким томонидан қилинган таржималарига мухтасар сўзбоши ёзиб, якунида қуйидаги сатрларни битган эди: «Бедилнинг замонаси йўқ. У ҳамма замон учун замонавийдир. Мабодо бирор давр Бедил ва ул зотга монанд буюк санъаткорларни сезмаганга олса, бедилликда ўтишга маҳкумдир. Мен бу кунларимиз Бедилсиз қолмаётганидан бахтиёрман. Чунки Матназар кабилар бор. У дилини бериб Бедилни таржима қиляпти. Менга бугун сиғинаётганимиз сўфийларни эслатади бу одам: камтар, истеъдодли, камсуқум, кучли. У замонга боқмайди. Иншооллоҳ, замона унга боққисидур!»
Аллома шоир Матназар Абдулҳакимнинг куни-кеча чоп этилган «Тафаккур чорраҳаларида.Таржимон талқинлари» номли китобини қўлимга олганимда Усмон аканинг айни шу сўзларини эсладим. Ушбу салмоқли китоб буюк мутафаккир,шоир, жавонмардлик (футувват) тариқатининг йирик намояндаси Паҳлавон Маҳмуд (1247-1326) меросини идрок этиш, унинг рубоийларини таржима қилиш жараёнида мутафаккир қарашларини англаш, инкишоф этишга бағишланган мақола,эссе ва суҳбатлардан ташкил топган. Шунингдек, бу китобда ҳазрат Пирёр валий қолдирган меросни тадқиқу таржима этиш мобайнида Шарқ мумтоз адабиётининг бетимсол сиймолари, адабий ва абадий ёдгорликлари, тасаввуф билан футувват оламининг табиати ҳақида мутаржимнинг қалб дафтарида қайд этилган кузатишлар, нодир мулоҳазалар жамул жам бўлган.
Китобга сўзбоши ёзган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ҳодими Қадамбой Солаев ёзганидек: «Матназар Абдулҳаким иродали ва тамизли, ҳассос ва донишманд бўлиши билан бирга изчил меҳнатсеварлик фазилатига эга беназир инсон эди. Аллома шоиримиз Мирзо Абдулқодир Бедил ҳазратларининг ғазалларини таржима қилишга шайланар экан, «Дарёдан ҳар ким ўз ташналигига яраша сув ичади, парвоздаги қуш ҳам осмоннинг бор баландлигини забт эта олмайди. Бедил ҳазратлари шеърияти дарё кабидир, осмон янглиғдир. Не фазилати бўлса, Мирзо Абдулқодир Бедилга, не нуқсони бўлса, таржимонга тегишли. Ушбу ғазалларни ўқиб, мени ташна бир қуш ўрнида кўришингизни ўтинаман», деганди. Қўлингиздаги рисола Суқрот ва Афлотунлар туфайли кўз очган булоқлардан тошган, Машриқ тафаккур боғларига Мағрибнинг ҳаётбахш шамолларини олиб келган улуғ зот — Форобий дарёсидан баҳраманд, жавонмардлик тариқатининг пири муршиди Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари хаёлот гулшани саболарида парвозга чоғланган ташна қуш — Матназар Абдулҳакимнинг ҳайратлари десак ўринсиз бўлмас».
«Тафаккур чорраҳаларида. Таржимон талқинлари» китоби кўпчилик беқиёс шоир сифатида таниган Матназар Абдулҳакимни нафақат таржимон сифатида, шу билан бирга улкан олим эканини намоён этади.
Суратан содда кўринган Паҳлавон Маҳмуд рубоийларини сирти сокин, туби ғалаёнли дарёга қиёслаш мумкин. Бу рубоийларнинг ҳар бир сўзи ва сатрида олам-олам маъно, инсон дунёси сирлари ва ғайб оламининг асрори яширин. Уларни ўқиш нечоғли равон бўлмасин, уқиш ва англаш шунчалик сермашаққатдир. Айни шу сабабдан камдан-кам ижодкор журъат эта билган, улкан салоҳият ва теран исломий билим, узоқ йиллик машаққатли меҳнатни талаб қилган бу амалда Матназар Абдулҳакимнинг исломий эътиқоди ва шоирлик салоҳияти намоён бўлди. У Паҳлавон пир қолдирган хазина остонасига югуриб келмади, балки узоқ йиллар давомида Алишер Навоий, Мирзо Абдулқодир Бедил, Огаҳий мактабида сабоқ олиб, улуғ шайх Жоруллоҳ аз-Замахшарий ва Имом Бухорий меросидан хабардор, оқибатан мутафаккир пир қошига чироқ кўтариб эмас, йўлини ёритган нурафшон иймони билан етиб келди. Зеро,»Ҳар қанча қоронғу бўлсада ушбу йўл, Иймон билан равшанки,маёқ, айт, не керак».
Ҳеч бир таржима мукаммал бўлмаса керак. Хусусан, Мавлоно Жалолиддин Румий «Маснавийи маънавий»сини,Паҳлавон Маҳмуд рубоийларини, Мирзо Бедил ғазалларини аслият даражасида таржима қилиш имконсиздир, деб ўйлайман. Ҳали бирон русча таржимада мен Алишер Навоий шеърияти соясини ҳам кўрганим йўқ. Аммо, бу гапини айтиш билан уларни таржима қилмаслик керак, деган фикрни айтишдан мутлақо йироқман…» Бу гапни айтишдан мақсад, буюклар қолдирган асарларнинг ҳар бир таржимасини уларни англаш йўлидаги тажриба ( ҳар қандай таржима тажрибадир) деб қабул қилиш лозимлигини, ҳар бир янги таржимани улуғлар меросини қайта идрок этиш эканлигини таъкидлашдан иборат. Айни шу сабабдан,Пирёр валий рубоийларининг шу пайтгача таржима қилган ҳар бир мутаржим ишини бизни улуғ мутафаккир ҳикматига яқинлаштириш учун хизмат қилгувчи фаолият, бу ишга қўл урган таржимоннинг меҳнатини тафаккур ва адабиёт майдонидаги жасорат деб қабул қилишимиз керак. Матназар Абдулҳакимнинг мутаржимлик амали ҳам айни шундай жасоратнинг ёрқин намунасидир.
Матназар оғанинг инсоний табиати, шеърияти ҳам мунаввар Туркистон орифлари руҳидан ранг олган эди. Унинг сокин нигоҳида, сокин овозида, сокин сатрларида кўҳна Ҳикмат яширин эди. Мен ҳеч қачон унинг бақириб шеър ўқиганини, ҳовлиқиб баҳслашганини кўрмаганман. Унинг бутун қиёфасида минг йиллик дардлару нақлларнинг залвори намоён эди. Шу ҳақда ўйлар эканман, шоир дўстимнинг умр шиори сифатида Паҳлавон Маҳмуднинг ушбу рубоийси тилимга келади:
Дўст бўлгали бир умрга доно танла,
Ҳамда гўзал бир гулираъно танла.
Бўлмаса гар айлама нобуд вақтинг,
Кашф эт сен ўзингни, ўзни танҳо танла.
МАТНАЗАР АБДУЛҲАКИМ
ТАФАККУР ЧОРРАҲАЛАРИДА
Таржимон талқинлари
ИЙМОН ТУҲФАСИ
ИЛОҲИЙ ИМТИЁЗ
Фано – ўтаётган вақт воситачилигида мавжудот тараққиёт ва таназзулининг фалсафий суврати, ривожланиш ва инқироз белгиси, вақтнинг ҳаёт, ҳаётнинг вақт орқали ўтиши тавсифи, оламлар мажмуасидан тортиб, бўлакларга бўлинмас зарраларнинг тинимсиз инқилобий жараёни.
Тараққиёт ва инқироз, инқироз ва тараққиёт жараёнларининг умумжаҳоний дард истилоҳидир.
Бу фикримиз инсондан бошқа барча жонли ва жонсиз мавжудотга тааллуқли. Инсонга нисбатан эса фано ниҳоятда мурувватлидир. Фано йўли инсон учун мангуликдан узоқ, лаҳзадан яқин. Фано башар аҳли учун Ҳақ билан халқ ўртасидаги масофа, мобайн.
Фано — Одам Атонинг тупроқдан ийланган лаҳзаларидан бошлаб, тонгла маҳшаргача бўлган вақт чизиғи. Айни бир пайтда, фано лаҳзадаги ақл бовар қилмас бир улушнинг мингдан бири қадар кичик нуқтачасидан олинган зарра. Яъни фано бу – “ўзингдан кетдинг – менга етдинг”, демакдир. Ана шу маънода ҳам фано инсонга берилган илоҳий имтиёз.
Мумтоз адабиётимизнинг салмоқли қисми фано тилсимининг мифтоҳини, маънавий калитини кашф этиш билан машғул бўлган. Ўткинчиликка иқрорлик абадиятга эришмакнинг муҳим шарти деб қаралган. “Боқий топар улки, бўлди фаноий, раҳравга фано бақо бўлибдур”, – дейди ҳазрат Навоий.
Йилнинг тўрт фасли — қиш, баҳор, куз, ёз, инсоннинг вужуди таркиб топган тўрт унсур — сув, ҳаво, тупроқ, олов, умрнинг тўрт мавсуми — болалик, ёшлик, камолот, кексалик — булар ва булар каби ҳайратланарли мутаносибликлар фанонинг ўзига хос стихия формулалари. Албатта, бу стихиянинг, бу талотумнинг замирида мутлақо бир самовий интизом, илоҳий қонуният мавжудлиги муқаррардир.
Ана шу қонуниятни идрок этиш ва идрок эткизиш борасида мутафаккир шоирларимиз ақл бовар қилмас теранликларга бориб етганларки, Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари ана шу кашфиётчилар даврасида, шак-шубҳасиз, фахрли ўринни эгаллайди.
Вақтнинг тинимсиз оқими дарёсида Паҳлавон Маҳмуднинг тафаккур кемаси мавзу ва мазмун жиҳатидан турли юкларни ташиб сузади. Бу “кема” бу “дарё”да баъзан сокин туради, яъни фалсафий мушоҳадаларга машғул бўлади, гоҳ оқимга қарши суза бориб, умрнинг тоти, завқи, ҳамҳаёт замондошларнинг дийдоридан лаззатланиш, саодатланиш, бу ғанимат бахтнинг қадрига етиш ҳамда муваққатлигидан ҳасратланиш кайфиятларига берилади, гоҳ оқим бўйлаб сузар экан, фано саодати, ўтаётган вақт шарофати билан Оллоҳ дийдорига етиш мумкинлигидан нуроний бир ифтихор, бу илоҳий имконият олдида тирикчилик ташвишларининг, ҳаёт шодликларининг аҳамиятсизлиги ҳақида хаёллар оғушида бўлади.
Паҳлавон Маҳмуднинг фано фалсафаси билан боғлиқ поэтик тадқиқотларидаги маърифий йўналишларида, нур толаларининг зулматни пайпаслаб ҳақиқат излашида ажиб бир ўзаро ҳаракат мутаносибликлари мавжуд. Боя айтганимиз кема ҳаракатидаги зоҳирий беқарорлик ботиний тафаккур устуворлигини таъминлаб тургувчи фаолият, муборак бир руҳий безовталикдир.
Паҳлавон Маҳмуд рубоиётидаги фано фалсафасига бағишланган оҳангларнинг муҳим жиҳатларидан бири — ҳасратдир. Бироқ, шуниси муҳимки, мисралардан уфуриб турган бу андуҳлар, ҳасратлар шунчаки обидийда эмас, билъакс, жаҳоний бир дард, мулки борлиқнинг тараққийсида таназзулни фаҳм этиш, мушоҳада қилиш ҳамда ана шу фаҳму мушоҳадалардан чиқарилган поэтик хулосаларни ҳаёт учун, муборак тириклик учун дастуриламал қилиб олиш истаги билан суғорилган. Рубоий:
Меъмор фалак қаср ила айвон этгай,
Нақшини тамом этгаю вайрон этгай.
Пештоқини бу кун ўзига тенг этгач,
Эртасига ер била яксон этгай.
Бу — кечган умрга мағрур бўлмаслик фалсафаси. Модомики, Оллоҳ абадияти қошида ушбу дунё қасрининг бизга азалий ва абадийдек туюлган умри бир кунликкина экан, нима учун инсон вақтни, ўтаётган умрнинг бебаҳо лаҳзаларини бу даражада қадрламаслиги керак?
Хулоса шундайки, яшаб қолишга ошиқмоқ керак. Умримиз бизга узундек туюлади, холос. Аён бўладики, биз тақдир томонидан бизга ажратилган вақтнинг “қўли”да омонат, гаровдамиз. Маънан ўзига хос тутқунлармиз. Бизга берилган ҳаёт шунчаки туҳфа бўлиб қолмасдан, бир кунмас-бир кун ҳисоби сўраладиган армуғондир.
Афтидан, ушбу армуғоннинг масъулиятидан чўчиб, бу туҳфага муносиб сарҳисоб тайёрлай билмасликдан ҳадиксирашдир, Паҳлавон Маҳмуд байтларининг лирик қаҳрамони ўтаётган вақт билан ҳисоблашмайроқ ҳаёт кечиришни-да орзу қилиб қолади. Рубоий:
Йўқ андуҳимиз… нега хуш айём таъма,
Чошгоҳ эса, дейлик, не учун шом таъма.
Ҳар нарса келар бизга пишиб ғойибдан,
Ҳеч кишидан бўлмадик ҳеч хомтаъма.
Бу — таваккул.
Бу — ўз қурби етмаган саодат васлига эришмак бахтини худодан илтижо қилиш. Бир қарашда бу мисраларда таркидунёчилик туйғулари барқарордек туюлади. Бироқ, “бизга ҳар нарса ғойибдан пишиб келиши” учун биз ана шу “ғойиб” илтифотига сазовор бўла оладиган даражада ҳалол яшай билмоғимиз керак. Ана шу ҳолдагина, биз юқоридаги мисраларга ботиний бир орифона кайфият, маънавий ташналик билан жўр бўла оламиз.
Паҳлавон Маҳмуд талқинича, фано — ўтиб бораётган вақт ҳамда ўтиб бораётган вақт тимсолидаги кечаётган ҳаётнинг ўкинчли томони – инсонларни бир-биридан жудо қилмоғидир.
Ҳаётда одамнинг жудо бўлмоғи мумкин бўлган энг азиз дунёси бу – азизлар дийдоридир.
Мутафаккирларимизнинг мисраларидан шу ҳикмат аён бўладики, инсоннинг барча дардлари, тортадиган бор уқубатлари, азобларидан мақсад – шод бўлмоқликдир. Бошқалар томонидан унут бўлмаслик, ёдланиб туриш – асл сурур. Шунинг учун ҳам шоир фано уни ана шу шодликдан, яъни одамлар томонидан эсланиб турмоқ бахтидан тобора йироқ олиб кетаётганлигидан ҳасрат чекади. Рубоий:
Кўп чекдиму дард, бўлмадим ҳеч шод, дариғ,
Бўғзимда бу жон… қилмадилар ёд, дариғ.
Афсус — надомат юки елкамда маним,
Дийдор қиёматгача барбод, дариғ.
Дарҳақиқат, ноумид – шайтондир. Негаки, биз ҳаётимизда қандай балоларга гирифтор бўлмайлик, ҳатто, бирон-бир сабабсиз, чеккан ҳалол эмгакларимиз эвазига-да азизлар томонидан ёдланиб туриш бахтига сазовор бўла олмасак ҳамки, бу дардлар, бу изтироблар беҳуда кетмаяжак. Чунки, бугун-эрта ёҳуд индин бўлмаса, тонгла қиёмат бор. Шоир бу оташин мисралари билан бизни, авваламбор, бир-бировнинг дийдорларимиздан бебаҳра яшамасликка чақиради, қолаверса, бордию дийдор бахтига мушарраф бўла олмасак, умидсиз бўлмасликка ундайди. Бу рубоий қудратли бир даъват, муборак бир тасалло.
Шоир тафаккур гирдобларида ҳаёт кечиришда давом қилади, у дунёнинг моҳиятига бориб етишга ҳаракат этади. Бир қарашда, ҳаммага аён, бироқ аслида энг қудратли тилсимкушо алломалар олдида ҳам ечилмас жумбоқ бўлган мўъжизанинг мазмунини кашф этиш иштиёқида қалам суради. Рубоий:
Ҳусни сабаб эл дили парвоз қилар,
Тақлид қилиб унга фалак ноз қилар,
Кўзгу қиладир жаҳонни Қоф гардишли,
Сўнг кўзгусининг олдида пардоз қилар.
Қадимда ер сатҳи Қоф тоғи билан қуршаб олинган деган ақида бўлган. Мана шу тоғнинг ҳалқаси ичидаги мулки борлиқда акс этаётган жамийки мўъжизалар Оллоҳнинг гўё кўзгуда акс этаётган сиймоси деган тушунча ҳам бўлганки, шоир юқоридаги мисраларда ана шу тушунчани мўъжизавор бир поэтик образ сифатида ишлатади.
Албатта, бу — образ. Бунинг билан биз ота-боболаримиз ер сатҳини текислик, ясси бир майдон сифатида тасаввур қилган эканлар-да, деган ғализ фикрга бормаслигимиз лозим. Паҳлавон Маҳмуд бу тушунчадан рўйи заминнинг нақадар мўътабарлигини таъкидлаш учун фойдаланади. Шоирнинг юқоридаги мисраларидан шундай хулоса чиқадики, ер юзи Оллоҳ дийдорининг кўзгудаги аксидир. Шу боисдан ҳам биз бу дунёда – рўйи заминда кечираётган ҳаётимиздан, илоҳий кўзгу узра ўтаётган кунларимиздан масрур бўлмоғимиз, бу ҳаётни илоҳий бир туҳфа сифатида эъзоз этмоғимиз, яратган томонидан бизга нақадар улкан саодат бахш этилганлигини англаш бахтидан масъуд ва масъул бўлмоғимиз ҳам фарз, ҳам қарз.
Фурсатдан фойдаланиб, Паҳлавон Маҳмуднинг Ер куррасининг тузилишига-да ишора қилиб кетилган бир рубоийсини эслатиб ўтишни жоиз деб биламиз. Рубоий:
Ёрга қадаҳ мисли қуёш айланади,
Шод бўламан ва аста бош айланади.
Ул мени тупроққа қўяр, йўқдир ажаб,
Сўнгра мозоримдаги тош айланади.
Шоир мана шу юмалоқ жаҳоннинг-да абадий эмаслигидан илоҳий надоматлар чекади. Шоирнинг фикрича, биз – одамлар ўзларимизнинг рўйи жаҳонда омонат эканлигимиздан ўкинмаслигимиз лозим. Негаки, биз устида омон бўлган, омонат дунёнинг ўзи ҳам абадий эмас, балки муваққатдир. Демак, фонийлик, вақтинчалик бутун борлиқ маҳкум бўлган бир қисматдир. Рубоий:
Йўқ тоқати ҳеч, аста замон кетмоқда,
Ҳушёрману, дилда фиғон кетмоқда.
Кетганда санам кетгани янглиғ ошиқ,
Ҳар ботганида қуёш, жаҳон кетмоқда.
Бироқ Оллоҳи таоло борлиқни бу қадар омонат қилиб яратгани билан уни ўз санъаткорлиги ила зийнатлаб қўйибди. Унга мунтазам илтифотлар қиладики, бунинг шарофатидан ақл бовар қилмас мўъжизалар рўй беради. Рубоий:
Оқшомга назар солсанг, у кундуз бўлгай,
Қинғирга нигоҳ ташласанг, у туз бўлғай.
Кўлмакка оёқ ташласанг, оҳ, ҳар томчи
Осмон сари сачрабонки юлдуз бўлгай.
Мана шундай азизликлар мажмуаси билан бирга яшаб туриб, улардан жудо бўлиш уқубатини тасаввур қилмоқнинг ўзи оғир.
Паҳлавон Маҳмуд рубоиётидан келиб чиқадиган ғоянинг мантиқи мана шундай сеҳрли, мафтункор мулки борлиқни яратган ва суюкли ёр тимсолида истифода этиладиган Оллоҳи таоло дийдорининг ноёблигини, бу дийдорга муҳиб бўлиш, ҳамиша талпиниб яшашнинг ҳар бир инсон учун муқаддас бурч эканлигини поэтик жиҳатдан далиллашдир-ки, биз буни мисрама-мисра ҳис қилиб борамиз. Бундай маҳбубанинг васлига интилган одам шу маҳбуба ишқидан бошқа ҳамма нарсадан воз кечмоғи керак бўлади.
Мен кеча даргаҳингга, ёр, йўл олдим,
Сенмиш дея тиззамни қучоқлаб қолдим.
Устимга ёпиб қопоқларимдан кўрпа,
Бошимга қулоқларимдан ёстиқ солдим.
Ёр даргоҳида ўзини ана шу тарзда тутишни орзу қиладиган ошиқ бу ёрнинг васли нақдлаша боргани сайин унга етказадиган воситалардан, унга элтадиган нақд йўллардан, ҳатто у умр бўлса ҳам, воз кеча боради. Рубоий:
Умрнинг маъниси не, менга де, дедим,
Ё шаъм, ё чақмоқ ёки парвона деди.
Дунёга кўнгил боғласа кимки, не? — дедим.
Ё маст, ё аҳмоқ ёки девона, — деди.
Дарҳақиқат, бундай маҳбуба дийдори ҳасратида нафақат инсон, балки Ўзи яратган гўзал борлиқ ҳам ҳасрат чекади. Бу жиҳатдан бир ривоят ибратлидир. Пайғамбарлардан бири ибодат вақтида худонинг сифатларидан тўрт юзтасини зикр қилибди ва ибодатдан сўнг ўзига ўзи қойил қолиб, ўйлабдики, “Бир ибодатда худонинг тўрт юзта сифатини эсладим-а, Оллоҳи таолони мендек мадҳ қила оладиган бошқа биров дунёга келгаймукан? “Шунда Оллоҳи таоло ҳалиги пайғамбарга қушлар тилини англаш лаёқатини ато этибди ҳамда уни бир дарахтнинг остига бошлабди.
Пайғамбар қулоқ солса, бир қуш тинимсиз чаҳ-чаҳлар ва ҳар чаҳ-чаҳда аввалги чаҳ-чаҳдаги сифатлардан биттасиниям такрорламас эмиш. Пайғамбар тавбага келибди ва худодан қушчани бир нафас тўхтатиб, ўзи билан суҳбатлаштиришини илтижо этибди. Рухсати олий бўлгач: “Эй қуш, — дебди пайғамбар, — қачондан бери бундай сайрайсан?” “Азалдан бери”, дебди қуш. “Қачонгача?” сўрабди пайғамбар. “Абадгача”, жавоб қилибди қуш. “Ҳеч тин олмайсанми, ҳеч бўлмаса, бир нафас тўхтаб, манов дарахтнинг тагидан жилдираб оқаётган сувдан ичмайсанми?” — дебди пайғамбар. Қуш бунга жавобан айтибдики: “Йўқ, чунки сувни ичаётган лаҳзаларимда худойимнинг янги-янги сифатларини айтиш бахтидан маҳрум бўламан”. Пайғамбар дебди: “Худойимнинг сифатларини ўзингдан ҳам кўпроқ айтадиган бирон кимсани билурмисен?” Қуш дебди: “Ҳа… сен мана шу атрофимиздаги майсалар тилини тушунсанг эди, уларнинг қошида худойимнинг сифатларини айтишда сен менинг олдимда қандай нўноқ бўлсанг, мен ҳам шундай нўноқдирман”. Рубоий:
Уфқ томон томди қуёш — бир лахта қон,
Кесди кокил Зуҳро, ой бўлди ниҳон.
Тонгга тун мотам тутиб кийди қаро,
Бир совуқ оҳ чекди, бир оташ фиғон.
Шундай. Дийдори учун олам ҳасрат чекадиган моҳият соҳибининг васли олдида ўт ва сувнинг, оқ ва қоранинг, яхши ва ёмоннинг ҳам баъзан тафовути бўлмай қолади. Рубоий:
Даъво қиласан, толибо, афлок менга.
Хокман-ку ўзим, нега керак хок менга.
Бахт бу — хашак тегса улуш денгиздан,
Гавҳар насиб этсин сенга, хошок — менга.
Шоир қалами икки буюк дийдор — яратгувчи ҳам шул яратгувчининг ижоди бўлмиш дунё гўзалликлари ўртасида туғён қилади, уларнинг бирисига ошиқ, иккинчисига мафтун бўлиб ҳайратланади, бу ишқ, бу мафтунликни бизга англатмоқ тараддудида титрайди, қоғоз узра чарх уради. Бу жустижў лаҳзаларида шоирнинг фикрати гоҳ ойдинликка юз тутади, гоҳ зулматга. Бироқ қандай бўлмасин, уни бир лаҳза бўлсин умид тарк этмайди. Чунки:
Дунёнинг иши тошу тарозу келади,
Оқшом изидан тонг отли ёғду келади.
Жаҳл зулмати гар қопласа тупроқ — танни,
Ҳақ нури билан кўзима ёғду келади.
“Оқшом изидан келадиган “тонг отли ёғду”, “Ҳақ нури” билан “лабга келадиган кулгу” илоҳий тасаллолардир. Паҳлавон Маҳмуд ўз рубоийларида инсон туғилиши билан Ҳақ дийдорининг ўртасидаги олис масофа Оллоҳи таоло томонидан туҳфа этилган бебақо неъматлар билан зийнатланиб туришини алоҳида бир оташнафаслик билан тараннум этади. Шоир, ҳадиси шарифларда таъкидланганидек, Оллоҳ томонидан яратилган неъматлардан баҳраманд бўлишнинг савобини бундай баҳрамандликда Ҳақ йўриқларига ҳеч қандай бир мухолифлик йўқлигини алоҳида таъкид этади.
Аксинча, мулки борлиқдаги гўзалликларга муҳаббат қўймоқ Биру Борнинг гўзал ҳукмларига иқрор бўлмоқ демаклиги мутафаккирнинг ҳикматли мисраларидан тобора яққолроқ аён бўла боради. Рубоий:
Нур чимматини гул юзидан тортгани йўқ,
Дилда хумор — май таъмини тотгани йўқ.
Нега бу дард, ёр, сени уйғотгани йўк,
Ол қўлга қадаҳ, токи қуёш ботгани йўқ.
“Қуёш ботмоқ” – бу ғафлат тасвири. Биз жаҳоннинг малоҳатларидан ўз вақтида баҳра ола билмасак, тафаккур осмонимизда қуёшлар ботади. Шу боисдан ҳам Паҳлавон Маҳмуд шеъриятида, гарчи одамлар атворида ва бу дунёи дуннинг чарх уриб айланмагида бисёр кажликлар кўринса-да, бир мўъжиза, буюк юпанч оҳангларида жаранглайди. Бу ҳам бўлса, содда қилиб айтганда, табиат гўзалликларидир. Бу гўзалликларда, шоир талқинича, бетимсол бир маъсумлик бор. Она табиат, таъбир жоиз бўлса, энг буюк мўъминдир. Негаки, Она табиатимиз Оллоҳи таоло фармонларини мушоҳада қилмайди, бу фармонларга мутелигидан ифтихор ҳам этмайди, ўкинмайди ҳам. У Ҳақ фармонига киши ақлини ҳайратда лол қолдирувчи бир гўзаллик билан итоат этади. Биз таажжубланадиганимиз гўзалликлар, аслида, мана шу улуғвор итоат туфайли шаклланган шукуҳдир. Шунинг учун ҳам она табиатнинг ҳаёт кечираётган бирон-бир лаҳзаси йўқки, у ўзининг бетакрор кўрки билан ақл аҳлини, шавқ аҳлини лол қолдирмасин. Шунинг учун ҳам:
Тонг бу – юзинг. Ва ундан, ёр, гул ёғилар,
Хулқинг эса — фасли баҳор. Гул ёғилар.
Хуш кечади давримиз. Ёришади уфқ
Юз очади бу рўзигор. Гул ёғилар.
Сочилаётган мана шу гуллар ишқ аҳлининг, дунё гўзалликларини илоҳий бир илтифот сифатида қабул қилаётганларнинг юракларида дасталанади. Сўнгра бу мафтункорлик, бу ҳайрат, бу ишқ аҳли башар томонидан бир-бировга армуғон этилиб яшаладики, чинакам инсоний ҳаёт шудир.
Табиат гўзалликларини таърифлар экан, Паҳлавон Маҳмуд бу гўзалликларни бир лаҳза бўлсин инсондан айру, унинг иштирокисиз тасаввур этмайди. “Шабнам каби баргда бесамар милтирама, гул бу — ўзинг, гулдаги хушбўй – ўзинг”. Мана – Паҳлавон Маҳмуд томонидан мулки борлиқнинг идрок этилиши ва тараннум қилиниши.
Шуниси муҳимки, мулки борлиқ гўзалликлари фақатгина инсоннинг ўзидан айру ҳолда тасаввур этилмайдигина эмас, балки ана шу инсоннинг кундалик фаолиятисиз, унинг амалларисиз ҳам гавдаланмайди шоир назарида.
Шоир тасаввурича, ичиладиган май ҳам (Ёмғир куйини тингла булут соясида, неча қадаҳ бўлса насиб — нўш бўлсин”), соғиниладиган соғинч ҳам (“Байрам каби дийдамда экан дийдоринг, Хотир хушу, дил хурраму жон тоза бўлур”) нишонланадиган байрам ҳам (“Ёр чеҳрасини очгучи Наврўз ҳам сен) бир лаҳза бўлсин Оллоҳи таолонинг буюк мўъжизаси бўлмиш она табиат иштирокисиз юз бермайди.
Ҳазрат Паҳлавон Маҳмуд инсоннинг табиат неъматларидан баҳрамандлик ҳиссининг суистеъмол қилиниши одамни тавбадан тойдириши мумкинлигига ишора қилиб ўтишни унут қилмайди. Рубоий:
Қилдиму тавба, бўлди гоҳ ғам чил-чил,
Берди азоб, дардима барҳам чил-чил.
Тавбамга тегиб бўлди қадаҳ чил-чил гоҳ,
Гоҳ тегди қадаҳга, бўлди тавбам чил-чил.
Демак, инсон ҳар иккала ҳаётни ҳам — яъни, ер юзидаги тириклик ҳаётини ҳам, инсон вафотидан кейинги охират ҳаётини ҳам бир-биридан айрича тасаввур қилмасдан, ҳар иккала ҳаётни ҳам бир-бирининг узвий давоми деб англаб, маънавий фаолиятда бўлса, айни муддао шулдир. Рубоий:
Боғларга, не бахт, баҳор келиб кетгувси,
Шоҳларга унум, барор келиб кетгувси.
Топғилки қарор жаҳонда… чунки инсон
Топмоққа абад қарор келиб кетгувси.
Мана шу келиб кетиш, яъни фано – муайян маънода кетиб-келиш ҳамдир. Шунинг учун ҳам Паҳлавон Маҳмуд айтадики: “Куз фасли хазон ўйнаса ғужғон қайда, шул жойда баҳор майсани бунёд айлар”. Шунинг учун ҳам Паҳлавон Маҳмуд айтадики: “Ўтмиш-келажак тоғларининг ўртасида келган киши кетган кишини ёд айлар.”
Паҳлавон Маҳмуд шуни алоҳида уқтирадики, ўтиб бораётган дунёда мулки борлиққа кўнгил қўйиш ҳам Оллоҳга муҳаббатнинг ўзига хос бир белгисидир. Агар биз дунёдаги ҳалол гўзалликларга бефарқ бўлсак, шоир фикрича, тузатиб бўлмас хатога йўл қўйган бўламиз. Яъни иймонимиз ҳалокатга учрайди. Рубоий:
Бўлдигу енгил бу жаҳон вазмини биз,
Бажармадик кулфату бахт расмини биз.
Тонгга асир ҳидламадик гул, энди
Бошлайлик ҳалокатолди шўх базмини биз.
Фанонинг ҳикмати – бу дунёдан ўткинчилик ва бу дунёнинг ўтишига иқрор бўлиб яшаш сири ҳар иккала дунёга ҳам муносиб бўлиб ҳаёт кечирмакдир. Инсон бўлиш учун инсондек яшамоқдир. Ана шундагина одамзод халқнинг меҳрига, Холиқнинг илтифотига сазовор бўлади. Бундай одам ўзининг ҳаётини яшаб, дунёдан ўтганда уни тириклик дунёси ғам чекиб, охират дунёси хотиржам кутиб олади. Бундай одамнинг икки дунёси ҳам обод бўлади. Мана шу — инсонга берилган илоҳий имтиёз, мана шу — Оллоҳ тақдирига қутлуғ итоат. Мана шу ФАНО. Шунинг учун ҳам…
Ёр кетди шитоб… талпинади жон изидан,
Ғулғулада эл бари ҳайрон изидан.
Дин аҳлига ўт кетди кўриб бу ҳолни,
Бормоқда ловуллаб, ана, карвон изидан.
ҲАМСАФАРЛАР МУЛОҚОТИ
——————————
Шайх Нажмиддин Кубро ўзининг “Кўнглим кўзи билан кўрганларим” асарида ёзади – “Охират сафаринг…”
Бу — фано демак. Шайх Нажмиддин Кубро “Охират –сафаринг” деб ёзар экан, Ҳақ аҳли олдига ниҳоятда баҳайбат муаммо қўяди, яъни қаерда бўлма, не иш билан шуғулланма, ким билан суҳбатлашма, қаёққа сафарга отланма бу машғулотларингнинг барчасидан келиб чиқадиган шарофат ёҳуд касофат учун охир-оқибатда Оллоҳи таоло олдида жавоб берасан.
Ҳар қандай сафардан мақсад – манзил. Бироқ ҳамма сафарларнинг, улар қандай кўриниш ҳамда моҳиятга эга бўлмасин, манзили, аслида, ягонадир у ҳам бўлса охират. Сафарга отланган одам манзилга элтадиган йўлдан қанчалик чалғиб кетса, унинг манзилга етиб бориши шунчалик душвор бўлади. Демак, охират талаб қилган, бироқ эзгу фаолиятлардан маҳрум кишининг охирати бўлмайди.
Инсон учун охиратсизликдан улкан кулфат йўқ. Хўш, Шайх Нажмиддин Кубронинг бу кўрсатмаси Паҳлавон Маҳмуд рубоийларида қай даражада ўз аксини топган? Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари ёзадиларки:
Кимки агар бўлса-да минг яхши-ёмон,
Қолмас омон, қолмас омон, қолмас омон…
Умр тожини ечгай, бошини кетгай олиб
Қабри томон, қабри томон, қабри томон…
Паҳлавон Маҳмуд ана шу “қабри томон” кетаётган инсоннинг эзгулик томонида бўлиши учун курашни ижодкор сифатида ўзининг бош маслаги деб билади.
Сўнгги манзили охират бўлган ҳар бир киши фақат покиза манзилларда, тўғрироғи, ҳалол бекатларда тин олиб бориши заруратини шоир қайта-қайта уқтиради.
Охират манзили томон йўлга чиққан одам учун йўллардаги муҳим бекатлардан бири бу – ўзи сингари инсондир. Яъни, ҳар бир одам охират йўлига тушган экан, у мана шу сафар жараёнида ўзи сингари одамларнинг тақдирини ўйлашдан бир лаҳза бўлсин тинмаслиги керак. У нафақат шу ўзи каби инсоннинг ўзи каби гўзал, балки борлиқ ҳуснининг тожи бўлиши учун тинимсиз маънавий кураш олиб бормоғи лозим. Рубоий:
Келгай десалар сурурда кўз ёшлардим,
Йўлингга суман, гуллар экиб ташлардим.
Хоки раҳингни кўзга суртиб, сўнгра
Чеҳрангни кўриб, барин ўриб ташлардим.
Ҳа, инсон ўзи яратган ва яратиши мумкин бўлган барча гўзалликлардан-да гўзалроқдир.
Охират сари йўлга чиққан инсоннинг тағин бир бурчи бу сафарда ўзидан пешқадам бўлган, яъни бу сафарга ўзидан муқаддам йўл олган зотларнинг “хоки поки”ни зиёрат қилиб турмоғидир. Зеро, бу зиёрат фақат зиёрат учун бўлмай, балки ана шу зиёрат мобайнида хоки зиёрат қилинмиш марҳумнинг эзгу амалларини мушоҳада қилиш орқали, уларнинг хотирасига ибрат кўзи билан қараш, ҳар бир кишининг эзгу амалларига интилишини яна ҳам баракалироқ қилади. Шунинг учун ҳам:
Вайрон бу дилим… энди савоб ким қилғай?
Кўп менда савол… энди жавоб ким қилғай?
Қайдаки хоки пок, тавоф қилдим мен,
Хокимни менинг энди тавоф ким қилғай?
Мазкур рубоийдан кўринадики, Паҳлавон Маҳмуднинг лирик қаҳрамони нафақат ўзи хокини зиёрат қиладиган азизлар охиратини қайғуради, балки айни бир пайтда ўзининг-да хоки покини тавоф этиши зарур бўлган авлодлар аҳлоқи ҳам шоир қаламини безовта қилиб туради. Бу безовталик фақатгина ўз қадри-қиммати ғамини ейиш эмас, шунинг билан бирга авлодлари иймони учун ҳам ғам чекиш эканлиги рубоий оҳангидан очиқ сезилиб туради.
Қабри томон кетаётган кимсанинг фаолиятида тағин қандай амаллар юз бериб турмоғи даркор? Булардан яна бир муҳим жиҳати инсоннинг гўзалликни ҳис қилиш туйғусидир. Гўзалликка мафтун бўлиш, уни иймон-эътиқод нуқтаи назари, меъёри билан ардоқлаш ҳам ислом аҳлоқининг муҳим рукнларидан бири. “Оллоҳ гўзалдир ва у гўзалликни яхши кўради”. Бу ҳадиси шариф, бошқа шарофатли ҳадислар сингари, амал қилиниши ҳар бир мўъмин-мусулмонга фарз қилинган ўгитлардан бири.
Гоҳида, оҳ ул лоларўй ўйимдадир,
Гоҳида зулфи мушкибўй ўйимдадир.
Рубоийнинг давомидан шул ҳикмат аён бўладики, гўзаллик инсондан кутиладиган бош фазилат эмас, балки бошқа фазилатлар учун макон маънавий хислатлар яшайдиган маъво сифатида ардоқ этиладиган хусусиятдир.
…Алқиссаки, рўйу бўйидан не афзал –
Бўлсаки, шул ҳақдаги ўй ўйимдадир.
Ҳамма гап ана шу рўйу бўйидан афзал жиҳатлардадир.
Охиратни манзил қилган одамнинг бу йўлда бажарадиган ишларининг сони бору, саноғи йўқ. Биз, аксар, Ҳақ йўлига кирган одамни дунёнинг барча ишларидан қўлини ювиб қўлтиғига урган, узлатнишин бир сиймо сифатида кўз олдимизга келтирамиз. Аслида, узлатга чекинмак ҳам узлатдан чиқиб одамларга аралашадиган вақтдаги амалларни қилишга, амалий ва муайян тарзда адо этишга руҳий тайёргарлик эмасми.
Шунинг учун ҳам Ҳақ йўлига кирган ҳар бир зот ниҳоятда ҳушёр, зийраклик билан ўз юраётган йўлига боқибгина қолмасдан, уни эътиқод кўзи билан мушоҳада этадиган, айни вақтда, бошқаларнинг-да йўлларидан огоҳ бўлиб, бу йўлдаги хатарлардан уларни сергаклантириб турадиган донишманд бўлмоғи керак. У бошқаларни ҳам ана шундай хабардорликка ундаб турмоғи лозим.
Паҳлавон Маҳмуд рубоийларида шу жиҳат аён бўладики, гарчи охират йўлида ҳар кимнинг ўзи ёлғиз юрса ҳам, ҳар бир одам маълум даражада ўзидан олдин ва орқада юрадиган одамнинг тақдири учун жавобгардир. Агар инсон ана шундай ҳамжиҳатлик туйғусига эга бўлмаса, бундай одам ғофил. Рубоий:
Йўлга қара, йўлни кўрарлар кетди,
Бошла ўзинг, бошда юрарлар кетди.
Қавмингга бориб ҳолини сўр, қил йўқлов,
Йўқлаб сени, ҳолингни сўрарлар кетди.
Юқоридаги фазилатларга эга бўлиш – дил ва тилнинг, илм ва амалнинг ашаддий муштараклиги эвазигагина содир бўлмоғи мумкин. Акс ҳолда инсон риё ботқоғига ботиб қолиши ҳеч гап эмас. Ана шундай риёкорликнинг олдини олиш учун ҳам, одамларнинг руҳидаги эзгулик фазилатлари билан чамбарчас боғланиш учун ҳам, “қавмингга бориб ҳол сўриш”, кетган ҳол сўровчиларнинг ўрнини босиш учун ҳам ҳар бир инсон ўзини руҳан жамлаб олмоғи лозим бўлади. “Лоларўйнинг рўйу бўйидан афзал” фазилатлари ҳақида ўй ўйлаш бу демак – инсоний фазилатлар мажмуасини чуқур мушоҳада қилиб, ҳар бир инсон бу мушоҳадалар мевасини ўз руҳига сингдирмоғи зарурати мавжудлигига нафис бир ишорадир. Паҳлавон Маҳмуд айтганидек:
Қилган қабулинг қошида, бил, рад афзал,
Яхшинг қошида ёмон ҳам минбаъд афзал.
Кофирсану, даъво қиласан мўъминлик,
Мўъмин эса сендек, яна… муртад афзал
бўлмаслиги учун, Шайх Нажмиддин Кубро айтганидек:
Халқ суҳбати айлайди паришон фақат,
“Қола йақулу” қилғай ҳайрон фақат.
Қўл юв ҳамадан, сўнгра чекил узлатга,
Қилмағасен шунда пушаймон фақат.
Паҳлавон Маҳмуднинг буюк салафи бўлмиш Шайх Нажмиддин Кубро “Кўнглим кўзи билан кўрганларим”да тўғридан-тўғри ёзади: “фақир киши хилватда ўтиргандан кейин ўзини ўлик, хилват жойни қабр деб гумон қилади. Ўлик учун ҳеч қандай ихтиёр ва ирода қолмайди. Кўнгли Тангридан бошқа бирор нарсага тортилмаслиги учун хилватга киришдан бурун ўзининг барча ишларини бажариб, керакли нарсаларини таъмин қилади. Халойиқдан узоқ, жомеъ масжидига яқин ё жумъа намозига бориш зарур бўлмайдиган жойда бир ўринни эгаллайди. Ўрин тор бўлиб, унга қуёш нури тушмайдиган бўлиши керак. Хилватда ўтирган кишининг ёнида таом, маълумот оладиган, ўқийдиган нарса бўлмайди. Ҳар доим, туну кун яширин сувратда, сустлик кўрсатмай, баҳона қилмасдан зикр билан машғул бўлади. Зикр чоғида кўнгли билан қалби бир бўлади”.
Паҳлавон Маҳмуд ёзади:
Ҳақ дўст дея ким тортса фиғон дўст – чин дўст,
Қилгувчи ибодатни ниҳон дўст – чин дўст.
Кўз-кўзлама ҳеч бергану олғон нонинг,
Нон дўсти эмас, аслида, жон дўст – чин дўст.
Зеро, Одам Ато нон дўсти бўлиб, жаннатдан ҳайдалган, жон дўсти бўлиб, яна шул маъвога қайтганмасми эди? Демак, Оллоҳга, демак, ҳар бир инсонга ҳам жон дўсти бўлиш учун кураш ҳамда ана шу илоҳий саъй-ҳаракат туфайли бу саодатга эришмак охират сафаридан асл мақсад, бу сафарнинг туб моҳияти эмасми?..
Шайх Нажмиддин Кубро уқтиришича, охират сафари айрим илҳом лаҳзаларида эришиладиган ҳол бўлмасдан, кундалик фаолиятга айланмоғи керак. “Нафасларинг – тўхтаб ўтар жойларинг бўлсин”, дейдилар буюк Шайх. Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари бу фикрга садо берадилар:
Дейман мени асра ҳар нафас зор, эй дил,
Йўқ мени бор эт, то ўзинг бор, эй дил.
Билмаса гар Ҳақни, ахийр, олғай тан,
Ҳақ таниганга бўлса ким ёр, эй дил.
Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари Нажмиддин Кубронинг содиқ издошлари эканлиги ҳар иккала алломанинг нафсга муносабатларидаги муштаракликларда ҳам аён кўзга ташланади. Ҳар иккала мутафаккирнинг фикрларича, нафс муттасил қарши кураш олиб борилиши керак бўлган душмандир. Нафси амморани бир лаҳза тинч қўйсанг, у дарров сенинг устингдан ғалаба қозона бошлайди. Шунинг учун ҳам Шайх Нажмиддин Кубро уқтирадиларки, “Ожизлик чора-тадбиринг бўлсин”. Нега шундай? Бунинг сабаби шулки, одам ўз қудратидан ғурурлана бошласа, боя биз эслатган нафси амморанинг қопқонига тушади. Паҳлавон Маҳмуд (бу рубоий бошқа бир азизга ҳам нисбат берилади. Қандай бўлмасин, бу шеър жавонмардийликнинг дастурларидир) ўз устозининг фикрига қўшилиб айтадики:
Нафсингни енгиб, сен унга шоҳ бўл — мардсан,
Кимсаси йўқларга паноҳ бўл — мардсан.
Номард тепибон ўтар йиқилғонларни,
Мискин ва ғарибга пойигоҳ бўл — мардсан.
Шарқ мамлакатларидан бирига кураш тушмакка борган Паҳлавон Маҳмуд ўз одатига кўра шу юртдаги азиз анбиёлар қабрини зиёрат қилади. Зиёрат пайтида кўрадики, бир кампир алоҳида ўкинч-илтижо билан Оллоҳга нола қилиб, ундан ниманидир тилаётибди. Паҳлавон нима гаплигини сўрайди, кампир жавоб бериб айтадики: “Хоразм диёридан бир паҳлавон келганмиш. Менинг ўғлим бўлса ушбу мамлакат подшоҳининг хос паҳлавони эди. Ўғлим меҳмон паҳлавонга мағлуб бўлса, уйимиз куяди”. Паҳлавон Маҳмуд жавоб бериб айтадики: “Ғам чекманг, момо, иншооллоҳ, дуоингиз ижобат бўлгусидир, илтижоингиз қабул этилғусидир”. Табиийки, шундан сўнг Паҳлавон Маҳмуд енгилади.
Бу ўринда мазкур ривоятни келтираётганлигимизнинг сабаби шулки, бу мағлубият Паҳлавон Маҳмуднинг ўз нафси устидан энг йирик ғалабаси эди. Бу ва бунга ўхшаш воқеалар Паҳлавон Маҳмуд дили ва тилининг бирлигидан қутлуғ хабарлардир. Буюк шогирднинг ўз устодига ихлоси нишонаси, Шайх Нажмиддин Кубронинг “Ожизлик – чора-тадбиринг бўлсин” деган ўгитига амал қилганлигидан муждадир.
Паҳлавон Маҳмуд рубоиётини нақадар синчиклаб кузатганимиз сайин, унда Шайх Нажмиддин Кубро қаламининг баракали таъсирини шунчалик яққол кузатамиз. Бироқ бу таъсир мутлақо ўзига хос, тақлиддан асар ҳам йўқ бир баракотдир. Масалан, Шайх Нажмиддин Кубро “Охират — йўлинг бўлсин”, деб хабар этар экан, Паҳлавон Маҳмуд унга жавобан ёзадики:
Дунё елади… тўхтаганин кам кўрдим,
Шодлигида, оҳ, неча минг ғам кўрдим.
Бу кўҳна работ ҳар ёғидан йўқликнинг
Даштига йўл кетганини ҳам кўрдим.
Бундай акс садолар, Шайх Нажмиддин Кубро даъватига бу қадарли очиқдан-очиқ ҳозиржавобликлар жавонмардийликнинг буюк пешвоси қаламига мансуб бошқа кўпгина мисраларда ҳам яққол кўзга ташланади. Дейлик, Шайх Нажмиддин Кубро “Очлик овқатинг бўлсин” деб ўгит берар экан, Паҳлавон Пийримиз бунга жавобан “Ғам бандидан эркин бизу, озод бизлар. Оч бўлганда ебон ғам, билингиз, шод бизлар”, деб хитоб этади. Паҳлавон Маҳмуднинг:
Умрнинг маъниси не, менга де, — дедим.
Ё шаъм, ё чақмоқ ёки парвона, — деди.
Дунёга умид боғласа кимки, не, — дедим,
Ё маст, ё аҳмоқ ёки девона, — деди, –
рубоийси Шайх Нажмиддин Кубронинг ҳаммага қарата дунё аҳлини бегона тутиш ҳақидаги панд-насиҳатини эсга солади-ки, бундай тасодифларда, албатта, мустаҳкам мантиқ, қонуният мавжуд.
Мавриди келди, бундай мисоллардан тағин биттасини эътиборингизга ҳавола қилиб ўтайлик. Шайх Нажмиддин Кубронинг “касодни сармоя қилиб ол” деган ўгитига жавобан Паҳлавон Маҳмуд ёзади:
Йўқдир хабаринг, бошида не ҳол дунё,
Эй хожа, хаёлингда мудом мол-дунё,
Бир сидра кафандир улушинг, оҳ, уни ҳам
Кўргайми раво, йўқми бу қаттол дунё.
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Албатта, бундай ҳамоҳангликларнинг илдизларини Шайх Нажмиддин Кубро ҳамда Паҳлавон Маҳмудлар сув ичган қутлуғ дарёлар — Қуръони Карим ҳамда Ҳадиси шарифларнинг — муштаракликларидан ҳам топиш мумкинлиги муқаррардир. Бироқ бу муштаракликлардан ташқари, иккита бир-бирига деярли замондош мутафаккирларимизнинг меросларидаги ҳамоҳанг тафсилотларнинг сероблиги – улар яшаган замон ва маконнинг бирлиги билан ҳам изоҳланади.
Паҳлавон Маҳмуд ижодига бир қур кўз югуртирган киши пурҳикмат рубоийлардан Шайх Нажмиддин Кубронинг “Сабр — яқининг, ишонч — суҳбатдошинг, сокинлик — ҳаракатинг, кўзёш — ичимлигинг, умр — ҳисоб-китоб, тиззанг — ёстиғинг, жим юриш — рўза тутишинг” каби яна қанчалаб кўрсатмаларига бевосита жавоблар топадики, бундай оҳангдошликлар Шайх Нажмиддин Кубро ҳамда Паҳлавон Маҳмуднинг халқимиз ислом эътиқоди тупроғига отган теран қўш илдиз эканликларидан далолат беради. Шундай туюладики, Шайх Нажмиддин Кубро мудҳиш бир душманни ўзининг буюк издоши Паҳлавон Маҳмудга кўрсатиб бериб кетган. Бу душман қуйидагича таъриф этилган:
Бир дев бор ичимда, асти пинҳон бўлмас,
Бошини эгмак анинг осон бўлмас.
Иймон не эканлигин минг англатсам ҳам,
Кофир у ашаддий, ҳеч мусулмон бўлмас.
Ўз устоди қўйган вазифани Паҳлавон Маҳмуд қуйидагича адо этган:
Зарб берсак агар, чарх фили яксон бўлғай,
Уфқ доираси ноғораи шон бўлғай.
Жой олса чумоли гар бизим сафлардан,
Давлатимиз туфайли арслон бўлғай.
Шайх Нажмиддин Кубро кўрсатиб бериб кетган “Кофир дев”ни Паҳлавон Маҳмуд ижод этган эътиқод арслони мағлуб этганлиги аён. Хоразмдан охиратга йўлга чиққан икки буюк ҳамсафарнинг ҳамкорлиги маънавиятимиз учун йўлчи юлдуздир.
ИЙМОН ТУҲФАСИ
———————-
Тушдию жаҳлидан, келиб қошимга,
Раҳм этди, не бахт, менинг шаҳид лошимга.
Бир лаҳза туриб очиқ мозорим узра,
Хокимни сочиб кетди у ўз бошимга.
Вақт – рамзий синоатдир. Чарх ураётган фалак, ўз ўқи ҳамда қуёш атрофида айланаётган ернинг ҳамда шу ҳаракатларнинг натижасида чиқиб ботаётган қуёш, шунингдек, қуёшнинг шу чиқиб ботиши оқибатида ўтаётган кунлар бўлмаганда эди, биз, албатта, вақт нималигини, умр асрорини билмаган бўлур эдик. Ҳаёт ҳам, ўлим ҳам биз учун ўз аҳамиятини йўқотган бўлур эди.
Ислом фалсафасидан маълумки, парвардигори олам бундай шартлиликлардан юксаклардаги зотгина бўлиб қолмасдан, балки бундай юксакликка номуҳтож, мазкур шартлиликларни бизлар учун яратиб қўйган санъаткордир.
Бизнинг умримиз ўтаётган вақт воситачилигида Оллоҳнинг ҳукмида. Боболаримиз эътиқодича, шунинг учун ҳам Оллоҳи таоло учун лаҳзадан мангуликнинг тафовути йўқ.
Ал-Бухорий ҳазратлари жамъ қилган саҳиҳ ҳадисларда келтирилишича, саҳобалардан Анас ибн Молик ва Абу Ҳурайра бундай деб ривоят қилган эканлар: “Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи вассаллам: “Мен пайғамбар қилиб юборилганимда қиёматнинг манави иккитанинг (яъни, иккита бармоғимнинг) орасини очиб ёпганимчалик тез фурсатда бўлиб ўтмоғи аён қилинди”, — дедилар”.
Ушбу рубоийни ҳам ана шу ҳикматдан келиб чиқиб англамоқ лозимдир. Дарҳақиқат, бизнинг гуноҳу савобларимиз бадалига бериладиган жазолар ва мукофотлар бу гуноҳу савобларнинг қилиниши ва улар учун муносиб ажрларни олиш орасида қанчалик вақт ўтмасин, Оллоҳ учун бу бир лаҳзалик ишдир. Рубоийни эътибор билан мутолаа қилсангиз, унда тасвирланаётган бандасининг гуноҳларидан Оллоҳ ранжиган, сўнгра бу гуноҳкорнинг савоб иши шарофатидан рози бўлиб, “жаҳлидан тушган” ва гўё бир лаҳза, яъни жасад тупроққа қўйилган лаҳзадан то шул жасад тупроққа кўшилиб бўлгунича кутиб турган ва шамолга амр этиб, марҳумнинг хокини унинг ўзига раво кўрган ва “бошига сочиб кетган”. Бу ўринда инсоннинг жасади тупроққа айланиб бўлгач ҳам, бош суяги бузилмай туришини эсда тутиш муҳимдир.
Бу байтда қилган гуноҳлари билан жазо ўртасидаги саноқсиз йилларга ишониб, жазолардан қутулиш хотиржамлигида хомхаёл сураётганлар жиддий огоҳлантирилганлар.
ТАХМИН: Юқоридаги мулоҳазага тағин шуни қўшимча қилиш мумкин. Маълумки, Шайх Нажмиддин Кубронинг боши танасидан жудо қилинган жасади бир жойнинг ўзида иккита қабрга жойланган. Кўҳна Урганчда ул зоти шарифнинг мақбарасини бевосита зиёрат қилган одамларнинг гувоҳлик беришларича, уларнинг биттасида авлиё бобомизнинг гавдаси ва иккинчисида, табиийки, бошлари дафн этилган.
Валитарош унвонига эга бўлган Нажмиддин Кубро Ҳаққа етган зотлардан саналган. Бинобарин, босқинчилар қўлида ҳалок бўлган зоти шарифнинг танидан жудо бўлган бошига Оллоҳи таоло тупроқ ташлаганлигини тасаввур қилиб рубоий яратиш Шайх Нажмиддин Кубродан сал кейин дунёга келган, унинг ворисларидан саналган буюк шоир учун табиий бир ҳолдир. Бу ҳолда Паҳлавон Маҳмуднинг ушбу рубоийсидаги лирик қаҳрамон тимсолига – Шайх Нажмиддин Кубро ҳазратларининг сиймоси жо қилинган бўлиб чиқади.
Дафн қилинаётган марҳум қабрига бир чимдим тупроқ ташланишидан келиб чиққан ҳолда битилган бу рубоий ақлни ҳайратга солади. Демак, жангда ҳалок бўлган шаҳид инсоннинг жасади ҳам шу қадар мўътабарки, унга Оллоҳи таоло тупроқ ташласа арзийди. Бундай инсоннинг жасади шу қадарли мўътабарки, унга ташланадиган тупроқ унинг ўз вужудидан бўлса муносибдир.
* * *
Дунё бўла олмағай муқаддас, яхши,
Дарвиш каби англа сен буни, бас, яхши.
Ёпинчиғингни бўздан эт, бу – бахтдир,
Ёлғондир агар ким деса “Атлас яхши”.
Албатта, гап зоҳирда, яъни кийимда эмас, балки гап – ботинда, яъни кўнгилдадир. Бироқ мусулмончилик эътиқодида зоҳирий ва ботиний жиҳатларнинг уйғунлигига алоҳида эътибор берилиши, бу икки жиҳатнинг мутаносиблигига асл мукаммаллик нишонаси деб қаралиши яхши маълум. Ботиний аслиятнинг дабдабалардан холи моҳиятнинг зоҳирий ялтироқликдан афзал кўрилиши ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади.
Абдулворис ат-Таймийнинг гувоҳлик беришича, Абу Усмон шундай нақл қилган эканлар: “Утба билан бирга эдик, шунда ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу унга “Набий саллаллоҳу алайҳи вассаллам “Бу дунёда ипак кийим киймангиз, акс ҳолда охиратда ипак кийимлардан биронтасини ҳам киймассиз!” — дедилар, — деб ёзади.
Абу Усмон ан-Наҳдий ривоят қиладилар: “Биз Утба ибн Фарқад билан Озарбайжонда эканимизда Ҳазрат Умар ибн Хаттобдан мактуб келди. Унда Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалламнинг эркак кишининг ипак кийим киймоғини ман қилганликлари ва икки муборак бармоқлари билан ишора қилиб “Мана бундай йўл-йўл бўлса майли”, – деб айтганликлари ҳақида ёзилган эрди”.
Бу ҳадислардан маълум бўладики, мусулмон киши ўзининг ташқи ялтироқлиги билан эмас, балки ботиний эътиқоди билан бошқаларга ўрнак бўлмоғи керак. Жимжима, олифталик худбинликни таъкидлайди, кибрдан нишона бўлади, иймонга доғ туширади.
Шу ўринда “суфий” сўзининг келиб чиқишига “суф” –“жун” сўзи асос бўлганлигини, Ҳақ йўлига кирган суфийлар жундан тўқилган тўн кийиб, ўз хокисорликларини, Ҳақ йўлига кирмоқ ва бошқаларни ҳам ушбу йўлга даъват қилмоқ учун ўзларини зоҳирий дунё башангликларига қарши қўйиб, ўз ботиний эътиқодлари билан қаноатланганликларини эслаб ўтиш жоиз.
Шулардан аён бўладики, “ипак кийим” шунчаки бир либос эмас, балки одамлар кўзини, бинобарин, кўнглини ҳам маънавиятдан, инсонни инсон қиладиган барча фазилатлардан чалғитувчи иллатларнинг мажмуасини ифода этадиган бадиий бир образдир.
Мавриди келганда шуни ҳам эслатиб ўтиш лозимки, ҳадиси шарифларда келтирилишича, ипак кийим кийиш аёлларга тақиқ қилинмаган, ипакдан қилинган кийимларни ўз аёлларига туҳфа қилишни пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассаллам ўз саҳобаларига тавсия қилганликлари ҳақда ишончли манбаларда далиллар мавжуддир.
* * *
Умринг майидан ё маст, ё ҳушёр бўлсанг,
Хоҳи башанг, хоҳи-ки абгор бўлсанг,
Ҳеч бири оқил қошида мушкул эмас,
Мушкули бу – бўлсангу мард, зор бўлсанг.
Бу рубоийда ҳам Паҳлавон Маҳмуднинг жавонмардийлик руҳи билан суғорилган ғояси акс этгандир. Жавонмардийларнинг “ожизлик” тушунчаси остида даставвал руҳий-маънавий, эътиқод ожизлигини англаганликларини ва даставвал ана шу хилдаги ожизликка қарши кураш олиб борганликларини ушбу рубоийда яққол кўриш мумкин.
Рубоийда таъкидланишича, ҳаёт лаззатларини тотиш, яъни “умр майидан маст бўлиш” (ёки тотмаслик, шунингдек, моддий бойликларга эга бўлиш ёҳуд бўлмаслик — хоҳи башанг, хоҳида абгор бўлиш) мумкин. Бу маънодаги нуқсонларни жавонмард инсон бартараф эта олади. Шоир фикрича, энг оғири бу – инсонларни ана шундай хору зорликдан, муҳтожликдан, ҳаёт қийинчиликларидан халос қилиши керак бўлган мақсад – ўз олдига бурч қилиб қўйган одамнинг “зор бўлиши”, яъни ўзгалар мададига муҳтож бўлишидир.
Бу фикрни шарҳлаш учун ҳам таянч нуқта қилиб юқоридаги мулоҳазани оламиз. Яъни, чинакам марднинг эътиқоди мустаҳкам бўлиши керак. Табибнинг ўзи бемор бўлганлиги қай даражада ғайритабиий бўлса, асл жавонмардийнинг Оллоҳдан бошқадан мадад кутиши ҳам шу даражада мантиққа хилофдир.
Кўриняптики, Паҳлавон Маҳмуд буюк мутафаккир сифатида инсоний иродани, ҳар бир киши ўз қадр-қимматини билиши, бу фазилатни муттасил тарбиялаб бориши зарурати масаласини ўртага ташламоқда. Модомики, жавонмардийликнинг туб ғояси ҳар бир одамни шу маслакка мансуб қилиш экан, рубоийдаги талаб ҳар бир одамнинг олдига қўйилаётган бўлиб чиқади.
Бу рубоийда ҳам шоирнинг “бизим сафлардан жой олган” “чумоли”нинг арслон бўлиши ғояси бошқа бир тарзда илгари сурилганки, рубоийнинг бебаҳо тарбиявий аҳамияти ҳам шундадир.
Бундай рубоийда, бир қарашда, муайян бир шахс тарбияси масаласи кўтарилаётган бўлса ҳамки, чуқурроқ фикрлаб кўриладиган бўлса, умумжамият, яъни ижтимоий маънодаги моддий ва маънавий фаровонликлар масаласи кўндаланг қўйилаётгани аёнлашади. Жамиятнинг ҳар бир аъзоси бошқа бир инсонга мадад кўрсатишга шай турадиган бўлса, бундай жамиятдаги ҳар бир одамнинг қадр-қиммати нақадар баланд бўлишини, бундай жамият нечоғлик саодатманд бўлишини тасаввур қилиш, албатта, қийин эмас.
* * *
Чарх урфи ситамдирки, яралган дамдан
Сидқ аҳли халос бўлмади ҳеч мотамдан.
Ит бўлайин вафоси бор одамга,
Ит яхши вафоси бўлмаган одамдан.
Ит — мумтоз адабиётимиздаги фаол бадиий образлардан бири. Бу ҳол, албатта, тасодифий эмас. Жаҳондаги йирик адибларнинг аксар асарларида ит образига мурожаат қилинганлигининг гувоҳи бўламиз. Бунинг сабаби, аввало, ит феъл-атворидаги инсондўстлик, садоқат фазилати бўлса, ундан кейин, ана шу фазилатдан келиб чиқиб, бу жонивор тавсифига илоҳий китобларда ҳам кенг ўрин берилганлигидир. Қуръони Каримдаги “Каҳф” сурасида ҳам бу жонивор ҳақида сўз юритилган.
Мумтоз шеъриятимизда, шу жумладан, ушбу рубоийда ҳам, бевафолик дунёга хос бўлган нуқсон сифатида таърифланади. Чархнинг бевафолигига сабаб унинг тинимсиз айланиши натижасида вақтнинг ўтиши ҳамда шу синоатнинг оқибатида инсон умрининг-да кечишидир. Вафосизликнинг дунёга хослигини уқтирган файласуфларимиз, шу жумладан, Паҳлавон Маҳмуд ҳам бу қусурга қарши сабр-қаноат билан қарши туришни, маънавий тарбия орқали бу дунёвий дарддан халос бўлишимиз зарурлигини уқтирадилар. Итнинг вафодор сифатида бадиий образ қилиб олинганлигида барча манбаларнинг якдиллиги сабаби ҳам ана шу.
Итнинг вафоли бўлиши бир фазилат саналса, одамнинг садоқатли бўлиши минг фазилат. Чунки инсон ҳаёти шундай шакллангандирки, уни вафодан чалғитувчи, садоқатдан алаҳситувчи лаззатлар ниҳоятда кўпдир. Ит бўлиш осон, одам бўлиш қийин. Ит ғайри шуурий, онгсиз равишда табиат томонидан вафоли бўлишга маҳкум этилган бўлса, инсон бу фазилатга ўзини кўпгина завқу шавқлардан, баҳрамандликлар мажмуасидан тийиш эвазигагина, мутлақо онгли, ихтиёрли равишда эришмаги лозим. Ит вафодорлиги билан инсон садоқатининг тафовутли жиҳати ана шунда.
Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари шунинг учун ҳам одамнинг вафодорлигини итнинг садоқатидан, табиийки, афзал кўради. Шундан келиб чиқиб “Ит бўлайин вафоси бор одамга”, – дейди. Демак, вафоли одамга дўст ёҳуд ёр бўлиш бу ёқда турсин, ҳатто унинг ити бўлиш ҳам ноёб фазилат, инсон учун орзу экан. Паҳлавон Маҳмуд бизга чизиб берган вафонинг тасвири, садоқатнинг суврати ана шундай беқиёс жозибага эга.
* * *
Ё раб, мени элга зор – адо айламағил,
Шоҳларга куним қўйма – гадо айламағил.
Лутфинг ила соч-соқолим оппоқ бўлди,
Оқ соқолли юзимни сен қаро айламағил.
Маълумки, бизгача Паҳлавон Маҳмуднинг ҳаёти ҳақидаги маълумотлар жуда кам етиб келган. Буюк мутафаккирнинг бизгача етиб келган рубоийлари ҳам шоир ижодининг кичик бир қисми бўлса, ажаб эмас. Шунинг учун ҳам биз бу борадаги бўшлиқларни тўлғазиш учун, фикримизча, синалган йўлдан боришимиз, яъни Паҳлавон Маҳмуд ҳаётига оид маълумотларни унинг мисраларидан излашимиз, афтидан, ўринли бўлади.
Ушбу рубоийдан шуни тахмин қилиш мумкинки, Паҳлавон Маҳмуд ўз ҳаёти мобайнида у ёки бу тарзда шоҳлар билан муносабатда бўлган ва бу муносабат, ўз навбатида, мутафаккирда кўнгилли таассурот қолдирмаган кўринади. Тахмин қилиш мумкинки, бундай муносабатлар жараёнида шоирнинг кўнгли хираланиб, бошқалар олдида хижолатга қолган ўринлар бўлган бўлиши ҳам эҳтимолдан узоқ эмас.
Бу – ушбу рубоийда пинҳон бўлган ҳикматнинг бир жиҳати. Рубоийнинг навбатдаги қирраси – ундаги Эл образи билан боғлиқдир. Бу ўринда бизнинг бугунги тушунчамиздаги “Эл” билан мумтоз адабиётимиздаги “Эл” истилоҳи ўртасидаги тафовутга алоҳида бир урғу бериб ўтмак керак. Бугун биз эл деганда ватанимизнинг маънавиятли фуқароларини тушунамиз. Мумтоз адабиётимизда эса “Эл” сўзи билан халқимизнинг маънавий қиёфага эга бўлмаган, оломон қисми ифода этилган.
Биз синфий қарама-қаршиликлар муқаррарлиги тўғрисидаги “таълимот” таъсирида бойлар ярамас, камбағаллар яхши деган ақидага ўрганиб қолган эдик. Рубоийдан кўринадики, гап шахснинг ижтимоий мансублигида эмас, балки унинг маънавиятидадир. Маънавиятсиз одам, ўзгалар қадрини билмайдиган киши, шоҳми-гадоми, барибир қораланишга лойиқдир. Демак, Паҳлавон Маҳмуд фикрича, гап одамнинг кимлигида эмас, балки қандайлигидадир. Шунинг учун ҳам Паҳлавон Маҳмуднинг лирик қаҳрамони, унинг “Мен”и қадр билмас шоҳу гадолардан ўгирилган юзини худога буради, умр бўйи “Эл” ва “Шоҳ”лардан илтифот кутганлиги учун пушаймон қилиб, аслида мададни Оллоҳдан кутади, тавба-тазарру қилади. Худони ўзига асл дўст деб билади. Рубоийдан келиб чиқадиган хулосавий фикр худди мана шу нуқтада пинҳондир. Бировни норози қилган, табиийки, шу одамнинг дўстини ҳам хафа қилган бўлиб чиқади. Шунга кўра, бир инсонни адолатсиз равишда ранжитган одам, у шоҳми-гадоми, бундан қатъий назар, худони ҳам ўзидан норози қилган бўлади.
* * *
Беилму амал равзаи ризвон бўлмас,
Рўза, намоз бўлмаса, иймон бўлмас.
Ўтмакка илож топсада қил кўприкдан,
Кимки дилозор, мусулмон бўлмас.
Дини исломда тоат-ибодат эътиқоднинг бешта устунидан, иймоннинг бешта асосидан биттаси. Азизларимизнинг хабар беришларича, тоат-ибодатдан мақсад ибодатнинг ўзи эмас, балки бизларнинг тоат-ибодат туфайли тозариб, яхши амалларга, солиҳ ишларга ўзимизни руҳан ҳозирлашимиз заруратидир. Бинобарин, тоат-ибодатни жойига қўйиб, бироқ бир-биримиз учун эзгуликлар қилмасак, бу – пойдеворни бунёд қилиб, бинони қурмасдан ташлаб кетиб қолгандек бир гапдир.
“Бир соатлик илм бир умрлик тоатдан афзалдир”, — деган хадисни ҳам, албатта, тоат-ибодатнинг аҳамиятини пасайтирадиган фикр деб эмас, балки илм олмоқликнинг савоблигини таъкидлайдиган ўгит деб қарамоқ керак. Қолаверса, бу ўринда шуни алоҳида эсда тутиш ҳам муҳимки, инсон илм олиш жараёнида Ҳаққа яқинлашади, негаки, ҳар қандай соғлом илмий мушоҳада ҳам, аждодларимизнинг фикрича, инсонни борлиқ ҳикматларини англашга олиб келади, борлиқ ҳикматларини англаш эса, ўз навбатида, Оллоҳи таолога иймон келтиришнинг ўзига хос бир амалидир. Ана шу маънодагина илмни ибодатдан афзал деб англамоқ мумкиндир.
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ҳазратларининг жаъм қилган ҳадиси саҳиҳларидан бирида келтирилишича, саҳобалардан Абу Ҳурайра ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Ҳеч кимса фақат тоат-ибодат қилгани билан жаннатга киравермайди” — дедилар. Саҳобалар “Ҳаттоки Сиз ҳамми” деб сўрадилар. Жаноб Расуллиллоҳ “Ҳа, шундай. Гар Оллоҳи таоло мени ўз фазлу раҳмати оғушига олмас экан, мен ҳам ёлғиз тоат-ибодат билан жаннатга кира олмасман. Шу боисдан ҳам тўғри йўлдан озмангиз, қуюшқондан чиқмангиз, ўзингизга ўзингиз ўлим тиламангиз. Гар кишининг қилмиши яхшилик эрса, шояд инсофга келиб, Оллоҳи таоло ризолигини эслаб қолса!” — дедилар. Халқимиздаги “Инсоф — диннинг ярми” деган мақол ҳам ана шу ҳадислар таъсирида пайдо бўлган бўлса, ажаб эмас.
Биз биламизки, дини исломда бировнинг дилига озор бермаслик улуғ ишдир. Кейинчалик Алишер Навоий ҳадиси шарифлар таъсирида битган “Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай, онча борким, Каъба вайрон ўлса, обод айлагай” деган матълали ғазалини ҳам бир эслаб қўйинг.
Мазкур рубоийда ҳам худди шундай, ўз амалларида инсонпарварликни дастур қилиб олган боболаримизнинг пок аҳлоқларининг бир қирраси ўз аксини топган.
* * *
Ишқ ичра нишон ўзим менинг, тийр ўзим,
Мажнун бу – ўзим, жунунга тадбир ўзим.
Чексиз бу самода пойидор маҳбусман,
Қўзғалса фаришта нафси, занжир ўзим.
Ишқ бу, тасаввуф таълимотида уқтирилишича, Оллоҳга етмак йўлидаги муттасил ихлос туйғусидир. Оллоҳга восил бўлмоқни кўнглига жо қилган ҳар бир инсон учун ана шу мурод-мақсад нишон бўлади. Ва маъжозан бу нишон ўқ отиш мўлжали билан қиёсланади. Мана шу нишонга бориб етмоқни орзу қилган одамнинг ўзи айни бир пайтда, табиийки, ўқ ҳам саналади.
Комил эътиқод соҳиби бўлган одамнинг ўққа менгзатилиши тасодифий ҳол эмас, албатта. Ўқ бу – тўғрилик рамзи. Ўқ бу – танланган йўлдан қайтмаслиқ, барқарорлик, аҳдида устуворлик тимсоли. Шу боисдан ҳам Паҳлавон Маҳмуд рубоийсидаги лирик каҳрамоннинг бир вақтнинг ўзида ҳам нишон, ҳам ўққа ўхшатилишида катта ҳикмат бор. Фақат бу ўқ ва бу нишон бирикканда оддий ўқнинг нишонга тегишидаги сингари ҳалокат юз бермайди, балки, аксинча мўъмин-мусулмон одамнинг руҳи Ҳаққа қовушади.
Навбатдаги “Мажнун бу ўзим, жунунга тадбир ўзим” мисраси ҳам юқоридаги фикрнинг мантиқий давомидир.
Мажнунлик оддий ақлдан озиш эмас, балки бирон-бир зотга, бирон-бир инсонга, энг юксак маънода эса, албатта, Оллоҳга ҳаддан зиёд кўнгил қўйиш демакдир. Муҳаббат ҳам меъёридан ошса, албатта, шу муҳаббатдан мақсад бўлган дийдорга эришув мушкул кечади. Шу боис “жунунга тадбир”, яъни ҳаддан ошган муҳаббатни оқилона йўлга солиб, мақсадга эришмак жоиз. Ишқ жунунига гирифтор бўладиган ҳам, бу жунунни даволайдиган ҳам бир одам, яъни шу ошиқнинг ўзидир.
“Чексиз бу самода пойидор маҳбусман” мисрасида, албатта, инсон ва фалак билан боғлиқ тилсим пинҳон. Бу мисрадан англашиладики, шахснинг ижтимоий озодлиги бу – маҳдуд бир эркдир. Токи инсоннинг вужуди “чексиз бу самода экан”, ҳали у маҳбусдир. Демак, чин озодлик бу – замондан ҳам, макондан ҳам юксак тушунча. Демак, озодлик бу – самолардан ташқари бир ҳурлик, демак, Ҳақ дийдорига эришмак ва замон ҳам маконни тарк этмакдир. Инсон ана шу даражага эришгач, “фаришта нафси қўзғалса – занжир” бўла олади. Бу демак, у шайтонни тизгинлашга лаёқатли бўлади. Кўпчилик билса керак, шайтон ҳам фаришта, ҳатто фаришталарнинг ўқитувчиси бўлган.
Рубоийдан келиб чиқадиган бош мазмун — агар инсон Ҳақ йўлдан юрса, унинг мангуликка дахлдор бўла олишини таъкидлашдир.
* * *
Йўқ андуҳимиз, нега хуш айём таъма,
Чошгоҳ эса, дейлик, не учун шом таъма.
Ҳар нарса келар бизга пишиб ғойибдан,
Ҳеч кишидан бўлмадик ҳеч хомтаъма.
Тасаввуф бу – Ҳаққа етмоқ ҳикмати. Бу таълимот бўйича Ҳаққа етмакка қарор қилган киши йўловчи саналиб, Ҳақ манзил ҳисобланади. Маълумки, узоқ сафарга отланган одам ҳар жой-ҳар жойларда тўхтаб ўтади. Тасаввуфда ҳам ана шундай тўхтаб ўтиладиган жойлар бор. Бу жойларнинг ҳар биттаси бир инсоний фазилат билан белгиланган. Ҳар тўхтовга, ҳар бекатга етгунча, солик (арабачада “йўловчи” дегани) ўзида бир инсоний фазилатни шакллантириб боради. Масалан: сабр, тавба ва ш.к. Бу бекатлар араб тилида “мақом” (бирон-бир жойда ўрнашиб турмоқ, иқомат маъносида) деб аталади.
Таваккул мақоми тасаввуфда ана шундай мақомлардан бири. Таваккулга етган киши ўзини комил инсон қилиб тарбиялаш учун ҳамма чораларни кўради, қилиниши лозим бўлган, амал қилиш қўлдан келмаган ишлар учун асло ўкинмайди. Бундай ишларни у “худога солади”, яъни таваккул қилади.
Ушбу рубоий ана шу хусусда. “Йўқ андуҳимиз, нега хуш айём таъма?” Бу дегани одамга хуш айём керак эмас дегани эмас, балки биз ҳаёт кечириб, Оллоҳ таоло томонидан бизга насиби рўзи қилинган ҳар бир айёмнинг ўзи — хуш айём деганидир. Чунки худо туҳфа қилиб турган айёмларнинг ёмони йўқдир… “Чошгоҳ эса, дейлик не учун шом таъма?” Агар тирикчилик жараёнига эътибор қилсангиз, биз хом сут эмган бандалар у-бу юмушларни тезроқ битказиб олиш мақсадида тезроқ вақт ўтишини ихтиёрли-ихтиёрсиз равишда истаб яшаймиз, ваҳоланки, вақт билан баробар бизнинг умримиз ўтади. Ҳар бир лаҳза, модомики, бизга берилган туҳфа экан, модомики, худо ўзи туҳфа қилган неъматлардан бизга баҳраманд бўлишни буюрган экан, биз ҳар бир дамни қадрлаб яшамоғимиз, ундан лаззатланишимиз, демак, унинг ўтиб кетмаслигини истаб туришимиз керак. Юқоридаги мисранинг ҳикмати ана шу икки мисранинг фазилати билан ҳам улуғдир. “Ҳар нарса келар бизга пишиб ғойибдан…” Дарҳақиқат, атрофингизга бир назар ташланг, ҳар бир фасл бизга не-не мўъжизаларни яратиб бермайди: ердан унган зироатлар, боғлардаги мевалар, ўрмонлар, турли жониворлар… буларнинг биттаси ҳам вужудга келтириш инсоннинг қўлидан келмаслиги аён. Буларнинг ҳаммаси – ғойибдан. Модомики, “шахсан” Оллоҳ бизга шундай туҳфалар инъом этаётган экан, унинг бандасидан “хомтаъма” бўлиш нимага керак.
Бу рубоийда ҳам тафаккур, ҳам таваккул бор. Бу рубоий, ўзингиз кўриб турганингиздек, фаолиятсизликка ундамайди, балки қаноатсизликни қоралайди. Ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасини мукофот билиб, худога шукрлар айтишга ундайди. Ундан унумли фойдаланиб, ҳар ким ўз лаёқати даражасида ўз қўлидан келадиган ишларга машғул бўлишни тарғиб этади. Ҳаддан ошишнинг зарарини эслатади. Ҳар кимдан аввало худога, қолаверса, ўз кучи, ўз имкониятларига қараб иш тутишни талаб этади.
* * *
Қумурсқа бўл, фил каби гар зўр бўл сен,
Кимхобда азиз бўлу юпун, хўр бўл сен.
Кўзингни очиб, жаҳонда бор айбларнинг
Барчасини кўриб туриб, кўр бўл сен.
Бу рубоийда ҳам шоирнинг жавонмардийлик маслаги хусусидаги фикрлари ўзининг очиқ ифодасини топган.
Бизда, аксар, хато бир тушунча юради. Шеъриятимиздаги фақирликка даъватни, бу қарашнинг сир-синоатидан бехабар одамлар, қашшоқликнинг тарғиби деб тушунадилар. Фақирликнинг асл моҳияти бу – руҳий камтарликдир. Бу нима дегани? Бу – бой бўла туриб қашшоқнинг, тўқ бўла туриб очнинг, кийимда бўла туриб яланғочнинг, эътиқодли-иймонли бўла туриб шу фазилатдан маҳрум одамнинг аҳволини дилдан ҳис қилиш ва уларни бу кулфатдан халос этиш учун фаол курашда бўлиш заруратидир.
Юқоридаги рубоийда ана шу нуқтаи назар гўзал воситалар билан ифода этилган. Фил каби зўр бўла туриб, чумолидек ожизнинг аҳволидан хабардор бўлиш, кимхобга бурканиб, ўзини юпун-хўрдек тутиш — буларнинг барчаси фикрларнинг шунчаки қайд қилиниши эмас, балки фаолиятга ундовчи даъватномалардир. Чунки кимхобда бўла туриб, ўзини юпун ҳис қилган одам ўз тимсолидаги ўзга юпунларнинг қашшоқлигини бартараф этиш учун кураш олиб бормоғи шубҳасиздир. Филдек зўр киши чумолининг аҳволини англаса, уни ўзига тенг кўради, топтаб ўтиб кетмайди. “Кўзингни юмиб, жаҳонда бор айбларнинг барчасини кўриб туриб, кўр бўл сен”, дейилишининг ҳам, ўзига хос ҳикмати бор. Бу ҳикмат, назаримизда, шундан иборатки, айбдорларнинг айбини тузатиш учун ҳам, уларни севиш, ўзинг билан тенг тутиб, ардоқлаган ҳолда оҳисталик билаи уларнинг ўзларига қарши эмас, балки уларнинг айбларига қарши кураш олиб бормоқ керак. Бунда ҳам уларнинг айбларидан воқиф эканлигингни иложи борича уларга таъна қилмай, гўё кўрдек бўлиб иш тутиш лозим.
Ҳар бир одам ўзининг тарбияланаётганини аччиқ бир тарзда пайқаб қолса у, табиийки, тарбияланмай қўяди. Мазкур рубоийнинг бир қарашда мантиқсиздек туюлган фалсафасини фақатгина ана шундай тарзда англамоқ ва унга шундай қараш билан мос бир тарзда амал қилмоқ керак.
Мавриди келдики, тағин бир тахминимизни ўртага ташлайлик. Аждодларимиз азалдан “кўнгил кўзи”га эътибор қаратиб келганлар. Зеро, кўзи очиқ бўлгани билан одамда фаҳму фаросат, ақлу заковат бўлмаса, бундай одам чинакам сўқир деб ҳисоб этилган. Мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Кўзни юмғил, кўзга айлансун кўнгил” деган мисраларида ҳам ғафлатда бўлмасликка, тафаккур кўзини ҳамиша очиб туришга даъват бор. Ҳадиси шарифларда келтирилишича, саҳобалардан Анас ибн Молик Жаноб Расулуллоҳнинг бундай деганларини эшитган эканлар: Оллоҳи таоло “Агар мен бандамни икки маҳбубасидан маҳрум этсаму, у бунга сабру тоқат айласа, бунинг бадалига унга жаннатдан жой ато этгайман”, – дейди. Икки маҳбубаси ҳадисда таъкидланишича, икки кўз демакдир.
Адабиёт бу – мажозлар билан фикрлаш демакдир. Қуръони кариму ҳадиси шарифларни мўьтабар ва мукаммал адабий асарлар, илоҳий бир адабиёт тарзида қабул қиладиган бўлсак албатта, пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи вассаллам сўзларини ҳам, ул зоти муборакнинг умматларидан бўлмиш ҳазрати Паҳлавон Маҳмуднинг рубоийларидаги фикрларни ҳам кенгроқ англамоғмиз, унинг қаламига мансуб мисралардаги фикрлардан уларнинг ўзларига яраша салмоқли маънолар уқмоғимиз керак. Шу маънода юқоридаги ҳадисни ҳам, умуман, Оллоҳ кўз тимсолида ифода этилишига изн бераётган мажозни ва бу “кўз”дан маҳрум бўлаётган одамни сабрли бўлишга қилинаётган даъватни ҳам биз ўзига хос матонат сабоғи сифатида мушоҳада қилмоғимиз зарур.
Демак, “Кўзингни очиб жаҳонда бор айбларнинг барчасини кўриб туру, кўр бўл сен” деган мисраларни “Жаҳонда бор айбларни кўнгил кўзи, ақл кўзи билан кўриб мушоҳада қил ва қаноат ҳамда сабрни дилингга жо қилиб, тафаккур билан бартараф эт” деган маънода англамоғимиз лозим.
* * *
Дил дафтари гул мисли очилди ҳар он,
Еллар учириб қилди хазонларни тўзон.
Дарду фироқ гардини қум соатидек,
Бошга тўкар дил. Дил эса бошга томон.
Ҳис-туйғу ҳамда мушоҳада зиддиятлари, ақл ва юрак муаммоси тафаккур аҳлини азалдан безовта қилиб келаётган мавзудир. Тубанлашмак учун ҳеч нарса қилмасликнинг ўзи кифоя, холос. Юксалиш эса ҳамиша машаққатталабдир. Ҳаёт бизлардан бу йўлда ҳамиша икки жиҳатдан биттасини талаб қилиб туради. Биз ҳамиша ўзига хос “танловлар” гирдобида яшаймиз.
Паҳлавон Маҳмуд ҳам, табиийки, бу мавзуни четлаб ўтмаган. Ва бу муаммони ўзига хос поэтик бир тарзда ҳал қилган. Шоир фикрича, ақл ва юрак бир-бирига зид эмас, балки ҳамкордирлар. Уларнинг орасидаги ихтилоф мутлақо зоҳирийдир. Мана шу зоҳирий қарама-қаршиликнинг заминидаги иттифоқ ҳаётни таъминлаб туради. Бу зиддият – самаралидир.
Дастлабки икки мисрада, асли, табиатнинг ўзи зиддиятлардан иборат иттифоқнинг шарофати билан тириклик кечиради, деган фалсафа намоён бўлган. Шоир талқинича, ҳар бир дил гул каби, ҳар бир гул дил каби очилиб, тириклик ҳикматларини ошкор қилиб туради. Шоир англатаётган “дил дафтари”да ана шундай қутлуғ бир сир фош бўлаётирки, бу дафтарда иншо этилишича, гуллаш ва сўлиш, сўлиш ва гуллаш – азалий ҳаёт халқаси бўлиб, тирик мавжудотларнинг барчаси ана шу халқанинг ичида чарх уриб айланади. Ҳаётнинг ўзи-ки ана шундай зиддиятсиз ҳаёт эмас экан, инсоннинг тафаккури ҳам, мана шу тафаккурга асосланган фаолияти ҳам юқорида зикр этилган ихтилофга ўхшаган зиддиятлар асосида содир бўлиши ажабланарли эмас.
Хулоса шундайки, биз бу ихтилофга ҳушёр кўз билан қарашимиз, бу зиддиятни тараққиётнинг дояси деб англашимиз керак. Шоир буни гўзал бир тарзда баён эта олган. Бунинг учун у “қум соати” бадиий образини яратган ва бу образдан юксак маҳорат билан ўз ижодий мақсадини ифода қилиш йўлида фойдаланган. Маълумки, қум соати вақтни энг аниқ ўлчайдиган асбоб. Механик соатлар ва шу сингари бошқа “вақт тарозу”лари ҳам у ёки бу сабабга кўра ишдан чиқиши мумкин. Бироқ қуруқ қум зарраларининг махсус соат қурилмасидаги бир қисмдан иккинчи қисмга муайян вақт мобайнида ўтиши туфайли вақтнинг аниқ ўлчануви қум соатида кафолатланган.
Бизнинг ҳаётимиздаги зиддиятлар, хусусан, ақл ва юрак зиддияти фикрат ҳамда нафснинг қарама-қаршилиги ҳам ана шундай муқаррар ва муттасилдир. Бу зиддиятни бартараф қилиш одамзоднинг ихтиёридан ташқари, шунинг учун ҳам бу зиддиятни инсон имкон қадар эзгулик йўлига хизмат қилдирмоғи керак.
Албатта, бир вужудда, бир руҳда юз бериб турадиган бундай “келишмовчилик”ка ҳакамлик қилишнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун ҳар бир шахс узлуксиз изтироблар, кечинмалар чиғириғидан ўтиб турмоғи керак бўладики, инсонни инсон қиладиган ҳам, аслида, мана шу дарддир.
Ҳар бир шахснинг шахслиги, ҳар биримизнинг қай даражада одам эканлигимиз мана шу дардни чекиш ва бу дардга рационал даво топа олишимиз билан белгиланади. Аён бўладики, ҳаёт – машаққат. Бизга табиат томонидан ажратиладиган умрнинг ҳаммасини қум соати ичидаги қум деб оладиган бўлсак, унинг бир заррасини ҳам на юрак, на ақл, на бир зарра ортиқ, на бир зарра кам эмас, балки теппа-тенг тортадилар, “баҳам кўрадилар.” Маълум бўладики, кечираётган ҳаётимизнинг бор неъматларидан тафаккуримиз ҳам, туйғуларимиз ҳам мутаносиб бир тарзда баҳраманд бўлиши керак. Улар ҳаётнинг бир заррасини ҳам қолдирмасдан, худди қўш ҳўкиздек баб-баравар тортиши лозим. Ақлни юракдан, юракни ақлдан маҳрум қилмаган ҳолда, туйғу аралаш тафаккур қилишимиз, фикр аралаш ҳиссиётларни кечинишимиз табиий бир адолатга мувофиқ бўлади.
Бу хусусда фикрлаётиб, одамзоднинг бош мия ва юрак қисми билан қум соати ўртасидаги шаклдошликдан ҳайратланганимизни таъкидлаб қўйсак ҳам ортиқча бўлмайди. Паҳлавон Маҳмуднинг ушбу рубоийсидан хулоса шуки, ақл юракнинг, юрак ақлнинг олдида ҳатто қумнинг бир заррасичалик ҳам “қарздор” бўлмаслиги керак.
* * *
Менки хазон. Ваҳки, елар ел қаттиқ.
Ҳолимга менинг фиғон қилар эл қаттиқ.
Кўзёш бу вужудни аямай ювмоқда,
Девор гувала, нетай, келар сел қаттиқ.
ФАНО – тасаввуфдаги мақомларнинг бири. Бу мақомга дохил бўлган инсон нафақат ўзининг, балки бутун моддий борлиқнинг муттасил ўзгаришда, тадрижий инқилобда эканлигига иқрор бўлади. Оллоҳ абадияти қошидан бутун мулки борлиқ худди намойишдаги сингари бир-бир ўтиб туради.
Албатта, бу шунчаки бир ўткинчилик эмас, балки абадият измига бўйсуниш, фазода азалнинг абадга жой бўшатиб беришидир. Демак, бу ўткинчиликда бетимсол бир олийжаноблик бор. Биз ўтмас эканмиз, бизнинг ўрнимизга ҳеч ким келмайди.
Бу – дард. Бунинг нақадар табиий, муборак бир дард эканлигини фақатгина инсон англаб етади. Шу боисдан ҳам у ўзинннг фоний эканлигига иқрор. Ва бундан бахтиёр ҳам.
Йўқ эса нима учун шоирки бор, файласуфки бор, ҳаммаси инсоний дарднинг мўътабарлигини тан олади. Бу дардни шеъру қўшиқларда, фикратларда улуғлайди.
Юқоридаги рубоий ҳам ана шу қутлуғ мавзуга бағишланган.
Маълум-ки, аждодларимиз инсон вужудини тўрт унсурдан ташкил топган деб қараганлар. Шунинг учун ҳам ўзларини мулки борлиқ билан, яъни тупроқ, ҳаво, ўт, сув билан қардош билганлар.
Шеърнинг лирик қаҳрамони дастлабки мисраларданоқ ўзининг фоний эканлигини тан олиб фикрлайди. “Мен-ку хазон…” дейди. Ўзининг охир-оқибатда хазон эканлигини англаган зот ҳаётни шу қадар севадики, ҳаттоки хазонлигида ҳам иложи борича узоқроқ ҳаёт кечирмоқ ғамини ейди. “Вахки, елар ел қаттиқ”, — деб изтироб чекади. Унга бир ҳолат таскин беради. Ҳамдардларнинг борлиги уни суяб тургандек бўлади. Кейинги мисраларда дастлабки икки мисрадаги ўкинчдан пушаймон мавжуд. Иқрор бор. Лирик қаҳрамоннинг ўз дардини англаши туфайли пайдо бўлган изтироб туфайли тўккан кўз ёши Оллоҳнинг ҳукмини тезлаштиргандек бўлади. “Девор гувала” дейиш билан дард чекаётган зот ўзининг тупроқлигига ишора қилади. Кўз ёшини селга ўхшатади.
Рубоийда инсонийлик дардининг қудратини бир ҳол айниқса кучли таъкидлайди. Деворлар гуваладан қилинган бўлса, одатда, ёмғир оқибатида қулайдилар.
Инсоннинг буюклиги шундаки, айни бир пайтнинг ўзида ҳам осмон, ҳам ер. Чунки ўзи “гувала – девор” бўла туриб, ўзини қулатадиган ёмғирни ўзи “ёғдиради”. Дард булутлари кўнгил уммонидан сув олиб, кўз осмонидан келган сел туфайли тупроқ-вужудни вайрон қиладики, бу ҳол инсон улуғворлигидан бир нишонадир.
* * *
Ҳақ, дўст дея жим тортса фиғон, дўст чин – дўст,
Қилғучи ибодатни ниҳон дўст чин – дўст.
Кўз-кўзлама ҳеч бергану олган нонинг,
Нон дўсти эмас, аслида, жон дўст чин – дўст.
Ботинийлик тариқатларнинг барчаси учун муҳим аҳамият касб этган. Бу дегани, албатта, зоҳирий амалларни менсимаслик керак дегани эмас, балки зоҳирий тоат-ибодат ва аҳд-паймонларга ички бир садоқат билан амал қилиш зарурати, тил ва дил ҳамжиҳатлиги лозимлигидир. “Ҳақ дўст дея жим тортса фиғон дўст чин дўст” мисрасини ана шундай англамоқ ўринли. “Қилғувчи ибодатни ниҳон дўст чин дўст” мисрасини ҳам юқоридаги фикрнинг тадрижий давоми деб қарамоқ керак. Ибодатни ниҳон амалга ошириш деганда биз тилда ошкор амалга оширмасдан, ибодатнинг ичда, яъни кўнгилда ҳам астойдил қилиниши шартини тушунамиз.
Жавонмардийликка аҳд қилган ёшлар ўз эзгуликларини Ҳақ йўлида деб билиб, буни ошкора бир маҳобатсиз қилиш зарур деб англаганлар.
Одамзод нафақат бировга яхшилик қилишга, балки бошқа бировнинг яхшилигини ҳам, агар муҳтож бўлса, қабул этишга тайёр туриши керак. Лекин берилган, олинган нон ҳам ҳар иккала томондан розилик билан, ҳалол олиниши ва эҳсондан шахсиятни тарғиб қилиш, “Мен фалончига мадад бердим ёҳуд фалончидан мадад олдим” деб керилиш учун фойдаланмаслиги керак. Агар ибрат учун, тарбия мақсадида бўлса, кечирарлидир.
“Жон дўсти” демак жавонмардийларнинг истилоҳида ўз биродарини англатади. Жавонмардийлар биродар деб маслакдош дўстларини кўзда тутганлар. Яъни, бошқа жавонмардийларни англаганлар. Улар Ҳақ йўлида ўз биродарлари учун, агар керак бўлса, жонини ҳам фидо қилишга тайёр турганлар.
Мантиқ ривожига эътибор берган бўлсангиз, жавонмардийликда бошқаларга ёрдам кўрсатиш ва бошқалардан мадад олиш таъқиқланмайди. Бироқ бу мадад Ҳақ йўлида, яъни эзгулик учун бўлмоғи лозим. Навбатдаги шарт кўрсатилган ёҳуд қабул қилинган мадад шахсий ғаразлар, бошқанинг ҳисобига обрў орттиришлар бадалига бўлмаслиги керак. Учинчи шарт – қабул қилинган ёки кўрсатилган яхшилик биродарлашувда бош мақсад бўлмаслиги шарт. Бош мақсад ҳар бир одамнинг ёки ҳамманинг Ҳақ йўлига киритилиши учун бўлмоғи лозим. Ва бош мақсад мана шу йўлда бир-бировдан, агар керак бўлса, жонини ҳам аямаслик, яъни жон дўсти бўлишдир.
* * *
Гар жангда келар бўлсаки эр эр била тенг,
Не-не қалъалар бўлғусидир ер била тенг.
Рўза тутиб тунлари, кундуз ўкраб
Шер бўлмаған асли бўлмағай шер била тенг.
Жавонмард – ёш эр, яъни йигит дегани. Шу маънода эрнинг эр билан тенг келиши, бир жавонмардийнинг иккинчи жавонмардий билан баробар бўлмоғи бу – адолат тарозусининг мувозанатидир. Негаки, жавонмардийлар Ҳақ йўлида ҳамиша ўзларини бир-бирлари билан тенг санаганлар. Уларнинг сафида биров бошқа бировдан устун саналмаган. Демак, “жанг”ни биз бир маърака, эътиқод йўлидаги турли жабҳаларда қилинадиган жадал (масалан – ибодат) деб тушунсак, масала ойдинлашади. Демак, “жанг” бу – эътиқод майдони. Унда иккита марднинг тенг келиши эса… “қалъаларни ер била тенг” қилади.
Қалъа бу – эътиқод қўрғони, яъни кўнгил. Қалъалар тупроқ билан тенг бўлар экан, демак бу вужуднинг “аносур-ул арбаа” қоидасига мувофиқ ўз аслига қайтиши, худди аҳолиси ташлаб кетган қалъадек руҳдан мосуво бўлишидир.
Маълумки, аҳоли қалъани ўзини омон сақлаб қолмоқ учун тарк этгани каби, руҳ ҳам баданни олий даргоҳ илинжида ташлаб кетади. “Қалъаларнинг ер билан тенг” бўлишида ана шундай ҳикмат бор. Ваҳдат асрори мавжуд.
Шер образи жавонмардийликда бош тимсоллардан бири. Бунда исломий бир ҳикмат бор. Маълумки, арслонлар кундузи сукунат ва сокинликда бўладилар, тунлари эса ўкраб овга чиқадилар. Овга чиққанда ҳам фақат тўйгулиги миқдоридагина ов қиладилар. Арслонлар – ўз нафсининг қули эмас, улар ўз кучларига ишонганлари учун ҳам ниҳоятда қаноатлидирлар.
Мўъмин одам ҳам ўзининг эътиқод қудрати ҳамда қаноат фазилати билан маълум маънода ана шу арслонларга ўхшамоқлари лозим. Мантиққа кўра мусулмон одам ҳам кундузи сукунат ва сокинликда бўлади. Хусусан, рамазон кунларида оёқларини номақбул ерга боришдан, қўлларини номаъқул нарсани тутишдан, кўзларини номақбул нарсани кўришдан, тилини номаъқул гапни айтишдан тийиб яшайди. Кечалари эса Оллоҳ зикри билан машғул бўлиб,”ўкраб” таом тановул қилиш баробаринда иймон “ов”ига чиқади. Шунинг учун ҳам шер — арслон тасаввуф шеъриятида, шу жумладан жавонмардийликда ҳам қудратли эътиқод маъносида ишлатилади.
Демак, бу рубоий юракда иймоннинг устуворлигига, эътиқоднинг қудратига бағишланган мумтоз бир асар экан.
* * *
Дунёга сочиб сен дурри шаҳвор – кетдинг,
Дарёлар ишин айладингу ор – кетдинг.
Чун топди шарофатинг билан денгиз файз,
Кашкул қилибон садафни, абгор – кетдинг.
Ушбу эҳсон ҳақидаги рубоийдир.
Эҳсонни миннат қилмаслик ҳақида, бинобарин, жавонмардийликнинг мағз фалсафаси ҳақидаги рубоийдир.
Афтидан, мазкур рубоий дунёдан ўтган бир азизга бағишланган ёхуд дунёдан ўтган барча азизлар кўзда тутилиб, улар бир одам тимсолига жамланиб, бизнингча айтганда, типиклаштирилиб ижод этилган.
Дарёларни уялтирадиган даражада дунёга дурри шаҳвор сочган инсоннинг “кетиши”да фано ва бақо бўлгани янглиғ, гўзал бир қолиш бор. Умрбоқийлик мавжуд.
Қаландарларки кашкулларини ошкор элга намоён қилиб эҳсон тилайдилар, саҳоватпешаларки ўз илтифотларини намойиш қилиб, кушкулларга тангалар ташлайдилар, демак, хом сут эмган бандаларнинг холис бўлмоқлари, хайру эҳсонни “ўнг қўллари берганида, чап қўллари сезмайдиган қилиб” бахшийда этишлари машкул бир ишдир.
Шеърда тасвирланаётган саҳоват эса илоҳийдир. Худди шу нуқтада шеър қаҳрамони самовийлаша бошлайди. Чунки “Шарофатидан денгиз файз топадиган” одам одамийликдан юксак.
Садафнинг кашкулга ўхшатилишида ҳайратланарли мўъжиза бор. Кашкул – қаландарлар тақиб юрадиган махсус чаноқ. Унга ҳар лаҳзада танга тушиб туради. Тўлган кашкулни қаландарлар қаландархоналарда бўшатиб, тарғибот ва ташвиқот йўлида давом этадилар. Жамғарилган пуллар эса қаландархоналарда мусофирларни меҳмон қилиш учун сарфланади.
Демак, рубоийдаги садаф-кашкул ижодкори – Илоҳ. У ана шу кашкулни миллион йиллар давомида яратади. Эҳтимол, тағин шунча вақт- мобайнида унинг ичидаги жавоҳир шаклланади. Дурри шаҳвор пайдо бўлади. Бироқ бу санъаткор учун вақт писанд эмас. Одамлар оддий кашкулга бир лаҳзада бир танга ташласалар, садаф-кашкул эгаси ўзи яратган “кашкул”га аср-асрлар давомида оҳиста бир жавоҳир ташлайди. Бу эҳсон шу қадар мўъжизавийки, энди уни излаб одамлар денгизларга шўнғийдилар, бир-бирлари билан рақобатлар қиладилар. Бу “садақа”ни подшоҳлар талашадилар. Бу эҳсон тарихда қоладиган осори-атиқага айланади. “Кашкул”га ташланган биргина тангаси билан яратгувчи биз бу дунёга омонат сафар қилинган мусофирларни аёвсиз имтиҳон қилади. Бизлар бўлсак қулайберамиз… қулайберамиз…
Бу ерда мўъминлар кашкулга ташлаган ҳалол тангаларни жавоҳирга тенглатилишида ҳам улуғ ҳикмат мавжуд.
* * *
Қушлар таралар нафис-нафис нола бўлиб,
Ошиқ дилидан суғрилар ўқ лола бўлиб.
Ҳар куни тонг пайти фиғон қалбимда
Тортилади хамирдаги тола бўлиб.
Ушбу рубоий ҳам ҳадиси шариф ила мураккаб боғланган исломийлик билан чамбарчас асарлардан биридир. Бизни, аксар, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалламнинг шеъриятга, шоирларга муносабати қизиқтиради. Ҳадиси шарифларда келтирилишича, шоир Хассон ибн Собит Пайғамбаримизнинг шеъриятга хайрихоҳлигини далиллаш мақсадида саҳобалардан Абу Ҳурайрани гувоҳликка даъват қилиб, унга қарата айтган эканки, “Оллоҳ ҳаққи-ҳурмати, айтингизчи, Расулуллоҳ алайҳи вассалламнинг “Эй Хассон! Илоҳи Расулуллоҳга руҳ-ул-қуддусни, яъни, ҳазрати Жаброилни мададкор айлағил! — деб шеър айт!” — деганларини эшитганмисиз?” Шунда Абу Ҳурайра “Ҳа! Эшитганман!” — деган эканлар.
Ойиша розияллоҳу анҳо ривоят қилишича, ана шу Хассон ибн Собит Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалламдан мушрикларни ҳажв қилмоғига ижозат сўраб эрди, жаноб Расулуллоҳ “Менинг уруғ-аймоқларимда ҳам мушриклар бор-ку, унда мени не қилгайсан?” – деб сўрадилар. Шунда Хассон “Сизни мушрик уруғ-аймоқларингиз ичидан худди хамирдан қил суғуриб олганим янглиғ айириб олғумдир!” — деган.
Рубоийдаги фикр ана шу ҳадиси шарифдан жон топиб ривожланган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассаллам ўз мушрик уруғ-аймоқларидан нақадар афзал бўлса, бизнинг юрагимиздаги илоҳий туйғулар ҳам бошқа чиркин ҳислардан шу даражада афзалдир.
Илк мисрада поклик рамзи – қушларнинг нафис-нафис нола бўлиб таралишларини тасвирлаш билан шоир бизнинг руҳиятимизга ажиб бир мусаффолик кайфиятини олиб киради. Ошиқ юрагидаги ўқнинг лола бўлиб суғурилишида ҳам бўлак бир ҳикмат бор. Чунки меҳр ҳар қандай ғазабдан ҳам кучлироқ. Одам ошиқ бўлса, бутун борлиққа меҳр туйғуси билан назар солади. Ажаб эмаски, ана шу меҳр туйғуси туфайли ҳатто унинг кўксига ёриб кирган ёв ўқи лолага айланиб қолса.
Рубоийдаги фикр мантиғини ана шу зайлда давом қилдирадиган бўлсак, тонг пайтидаги Оллоҳ таолога қиладиган илтижолару оҳ-фиғонларимиз бошқа сўзларимизга қараганда худди пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассаллам ўз мушрикларидан қай даражада афзал бўлсалар, шу даражада яхшироқдир. Агар худони ўйламай олган ҳар бир нафасимиз ўзимизни илон бўлиб чақадиган бўлса, худога қилган оҳу зорларимиз қуш бўлиб тараладики, бу гўзал лавҳа ниҳоятда илоҳий бир кайф бахш этади руҳимизга.
Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари бу рубоийда тоат-ибодат худди шеър сингари, бамисли қўшиқ янғлиг инсон руҳиятини фасодлардан фориғ қилишини бетакрор бир нафосат ҳамда лутф ила ифода этганлар.
* * *
Йўлга назар солсанг агар чеккил оҳ,
Юрганда ҳазир бўл, четида бордир чоҳ.
Очса эшик мард сенга ўз одамидек,
Ўз ҳаддини билсин кўнгилу кўз ва нигоҳ.
Жавонмардийлик – Ҳаққа етиш ғояси, ожиз-нотавонларга мадад кўрсатиш таълимоти бўлиш билан бирга, одамларнинг бир-бирлари билан муносабатларидаги соф инсоний мувозанатларни ишлаб чиққан, одоб-икром нафосатларини кашф этган ва бу жиҳатдан ўзидан олдинги маънавий бойликларга-да сайқал берган буюк маънавият мактаби эди.
Ушбу рубоийда шоирнинг ҳам ваҳдатга, ҳам ваҳдат йўлида инсонларнинг ўзаро муносабатларига қарашлари мухтасар аксини топган.
Маълумки, Ҳаққа етмак таълимоти муайян маънода самовий илм, илоҳий таълимот. Бироқ бу йўлга кирган ҳар бир жавонмард аввало заминда ўзини эплаб олиши керак. Одамлар орасида муносиб ҳаёт кечирган одамгина арши аъло тарафларга умид кўзи билан қарамоққа ҳақли. Илоҳий йўл худди Каҳкашон сингари исломий кайфият кишисининг нигоҳини ўзига банд қилиб кўяди. Шоир уқтиришича, осмондаги ана шу йўлга қараб, ердаги ўнқир-чўнқирлардан ғафлатда қолмаслик, ҳамиша маънавий сергаклик билан яшаш ниҳоятда муҳим. Акс ҳолда йўловчи қулаб тушиб, нафақат худога элтадиган самовий манзилга етмаслик хавфидан эмин бўлмай қолади, шунинг билан бирга, ердаги йўлини ҳам топиб юра олмайди. Оддийгина “хом сут эмган” одамлик даражасига ҳам ета олмайди.
Паҳлавон Маҳмуднинг уқтиришича, Оллоҳ даргоҳига йўл ўз биродарининг шахсиятини ҳурмат қилишдан бошланади. Биз Оллоҳга етиш йўлини бир-бировларимизнинг юракларимизни обод этишдан бошлаймиз.
Инсон руҳиятини ҳалоллаш ва ҳалол руҳиятли инсоннинг ҳурматини жойига қўйиш – жавонмардийлик маслагининг жавҳари эди. Араб сайёҳи ибн Батута ёзади: “Мен дунёни кезиб, жавонмардийлардан кўра эзгу ниятли ва эзгу хулқли кишиларни кўрмадим. Шероз ва Исфахон аҳолиси гарчи ўзларини жавонмардийларга ўхшатсалар ҳам, Хоразм ва Мовароуннаҳр жавонмардлари ғариб-мусофирларни сийлаш ва меҳмондорчиликда улардан баланд турадилар. Уларга тобеъ жойларда адолат расми шундай ривожланганки, уларнинг лашкаргоҳлари ва хонадонларида олтин ва кумуш тангалар ерга сочилиб ётади ва эгаси топилмагунча, ҳеч ким бу пулларга тегмайди”.
Бошқа бир араб олими ибн Ҳавқал Мовароуннаҳр жавонмардлари ҳақида ёзади: “Мовароуннаҳр жавонмардларининг эзгулиги шу даражада эдики, гўё барчаси бир хонадонда яшаётгандек эдилар. Биронтаси бошқасининг уйига борса, ўз уйига киргандек бўлади. Жуда меҳмондўстдирлар ва кечаси келадиган меҳмондан хижил бўлмайдилар, уни танимасалар ҳам, ҳеч бир мукофот кутмай, меҳрибонлик кўрсатадилар”.
Албатта, бундай саҳоват, мусаффолик ўзаро юксак ишонч асосига қурилган эдики, бундай покиза манзилдан Оллоҳнинг даргоҳига қараб йўлга чиқса арзир эди.
Инсонлар ўртасидаги бундай соғлом муҳитнинг шаклланишида Паҳлавон Маҳмуд сингари мўътабар раҳнамоларнинг беқиёс ҳиссалари бор эди. Бундай инсонлар билан замондош бўла туриб, ёмон одам бўлиш ғоят шармандали кулфат эди-ки, юқорида келтирилган далиллар азиз авлиёмизнинг замондошлари ўз маънавий пешволарига муносиб бир тарзда ҳаёт кечирганликларидан дарак беради.
Мавриди келди, мазкур рубоий ҳақидаги суҳбатимизнинг бошидаги фикрга қайтсак. Ҳурматли олимимиз Нажмиддин Комилов таржима қилиб, нашрга тайёрлаган Ҳусайин Воиз Кошифий қаламига мансуб “Футувватномаи Султоний” деб номланган жавонмардийлик ҳақидаги асарда “Ўтириш одоби ҳақида” деган махсус фасл бор. Унда шундай сатрлар мавжуд: “Агар тариқат муридларининг ўтириш одоби нечта деб сўрасалар, саккизта деб айт. Аввал шуки, муридга қаерни кўрсатсалар ва нима ёйсалар, бориб ўтирсин. Иккинчидан, ўнгу сўлга, баланд-пастга қарамасин. Учинчидан, унга қараб гапирилмагунича бош эгиб ўтирсин. Тўртинчидан, агар йиғинга бирор соҳибжамол киши кириб келса, унга боқмасин. Бешинчидан, икки тиззини букиб ўтирсин. Олтинчидан, кўп туриб юрмасин. Еттинчидан, алоҳида иззат-ҳурмат талаб қилмасин. Ва гар бирор киши ундан олдинроқ ўтиб ўтирса ҳам, гарчи бу ножўя ҳаракат бўлсада, уни ёмонламасин. Зеро, улуғлар демишлар “ЖОЙ МАРД БИЛА ШАРАФ ТОПАР, МАРД ЖОЙ БИЛАН ЭМАС”. Саккизинчидан, шерикларига жойни тор қилиб, ҳалақит бермасин”.
Бу гапларни фақат меҳмонхона одоби деб эмас, умуман, ҳаёт одоби деб англамоқ керак. Дунё – кенг. Дунё – биз меҳмон бўлиб келган уй. Биз уни бир-бировимизга тор қилиб кўймаслигимиз учун софдил, хайрихоҳ, одамий кишилар бўлмоғимиз керак. Ана энди, “Очса эшик дўст сенга ўз одамидек, ўз ҳаддини билсин кўнгилу кўз ва нигоҳ” мисрасининг маъноси бирмунча ойдинлашди. Дунёга келган ҳар бир одам кўз ва кўнгил ҳаддини англаса ва бу ҳадларнинг мувозанатини сақлай билса, у асл жавонмардийдир.
Бу рубоийдан маълум бўладики, одамлар бир-бирларининг олдларида ўзларини қандай тутишни ўрганиш билан, ўзларини Оллоҳ олдида қандай тутишни машқ қиладилар.
* * *
Дарвиш ила шоҳ бўлса гар улфат, бу –
Шоҳ бахти эрур. Дарвиш учун кулфат бу.
Ой бўлса ярим бир куни албат тўлғай,
Нурни йўқотса кун, ёмон зулмат бу.
Гап асл шоҳ ва асл дарвиш ҳақида кетяпти. Дарвиш ва шоҳ аҳли башарни икки хил восита билан интизомга келтириб тургувчи моҳиятан бир-бирига қарама-қарши қудратдир. Бироқ бу қарама-қаршилик бир-бирини бутунлай рад қилишни тақазо этмайди, балки биринчи куч, яъни дарвишлик иккинчи куч, яъни шоҳликка мадад бериб туриши лозимлигини талаб қилади.
Шоҳлик ўз табиатига кўра куч-қудратга таянади, ҳукм юритиш билан ўз мавқеини ушлаб туради. Бу ҳам аҳли башар учун бир зарурат. Бироқ бу муайян тоифадаги одамлар учун, яъни ўз маънавияти, ўз руҳиятидан маҳрум оломон учун зарур. Ҳақни таниган, маънавиятга эришган, маърифатдан воқиф орифлар учун эса бундай зўравонликнинг кераги йўк. Бундай кишилар ўзларининг ботиний фазилатлари шарофатидан ҳам интизомли, асл инсонларга муносиб ҳаёт кечира оладилар. Икки хил тоифанинг мана шу хусусиятлари рубоийда акс этаётган ихтилофни келтириб чиқаради, яъни — оломон учун ҳукмрон лозим, маърифат аҳли учун уларга йўлбошловчилик қила оладиган дарвиш зарур.
Дарвишга эргашилади.
Шоҳга бўйсунилади.
Бу икки қарама-қарши “қутб”ни муросага келтирадиган битта жиҳат бор. Бу бир-бировни ўзаро англаш ва ўзаро кечиримли бўлишдир. Мана шундай қулай вазият вужудга келган тақдирда эса, дарвишнинг шоҳга эмас, шоҳнинг дарвишга интилиши табиийроқдир. Чунки бўйсунувчи оломонни ўзига тобеъ қилган шоҳ уларни маънавий тарбиялашга имкон яратиш орқали, ўз фуқароларини камолот сари бошлаши мумкин. Лекин дарвиш шахснинг шахсга мутеъ бўлиши йўлидан маънавият аҳлини бошлаб кетса, бу таназзулдир.
Биз доно ҳукмдорларнинг илм-маърифат туфайли ўз ҳукмронликларига одамийликни, эзгу мақсадларини асос қилиб олганликларини биламиз. Шунинг учун ҳам улар тахтда ўтирган даврларида мамлакатда осойишталик ҳукм сурган, фаровонлик вужудга келган. Маърифатнинг аҳамиятини теран англаган ҳукмдорлар, Паҳлавон Маҳмуд таъбири билан айтганда, “даррвиш ила улфат бўлиш”га интилганлар. Шу сабабдан ҳам улар бахт топганлар. Ҳатто шундай ҳоллар ҳам бўлганки, Иброҳим Адҳамдек комил инсонлар ўз тахтларидан воз кечиб, дарвишлик хирқасини, қаландарлик кулоҳини подшоҳлик тожидан афзал кўриб, Ҳақ йўлига кирганлар.
Агар аксинча бўлса, дарвиш ўз маърифатидан кечиб, зўрвонликка хизмат қилиш йўлига ўтса, бундай ҳолнинг кулфат эканлиги аён.
Ой ярим бўлса, бир куни қуёш нури туфайли тўлинлашуви муқаррар. Чунки у нурни қуёшдан олади. Бироқ коинотга шуъла туҳфа этиб турган қуёшнинг ўзи нурдан маҳрум бўлса зулматнинг дардига даво йўқ. Худди шунингдек, жоҳил одам донолар ўгити туфайли оқиллар сафидан ўрин олмоғи ҳеч гап эмас. Бироқ оқил одам ўз ақлидан, тафаккуридан маҳрум бўлса, бу – мудҳиш кўргуликдир. Рубоийдан келиб чиқадиган асосий хулоса, фикримизча, ана шундан иборат.
Мазкур рубоий фақатгина ижтимоий мазмун касб этиш билан кифояланмайди, ҳар бир кишининг ботинида ўзига хос “Шоҳ” ва ўзига хос “Дарвиш” ҳам бўлади. “Шоҳ” бу – нафсимиз, “Дарвиш” бу – ақлимиз. “Дарвиш”га эргашувимиз, чорасиз вазиятлардагина “Шоҳ”га итоат этишимиз зарур. Рубоийнинг моҳияти мана шундай талқинни ҳам инкор қилмайди.
Ҳозир Паҳлавон Маҳмуднинг ушбу рубоийсига оҳангдош тағин бир рубоийсини эслаш жоиз, рубоий:
Бир бурда кифоя, мардга кўп нон не керак,
Дарёдан оқар сув, ана ризвон не керак.
Ўз қўли бор, айт, не керак хизматкор,
Ўз дили бор, айт, унга султон не керак.
Шоир фикрича, барча ноз-неъматлар Оллоҳнинг инсонни қайғуриш неъматларидир. Оллоҳки инсонни кайғуриб, дарёда сувларни оқизиб, тупроқда зироатларни ундириб қўйган экан, ўтар дунё манфаатлари, ўткинчи таъмалар учун инсон инсонга қул бўлмаслиги, балки дўст-биродар бўлмоғи лозим. Одамларнинг асл хожаси Оллоҳдир. Шоирнинг бу фикри ҳар бир кишини бошқаларга ҳукмдор бўлиш васвасасидан тийиб тургани каби, бошқаларга қул бўлиш ваҳимасидан ҳам муҳофаза этиб туради. Руҳий истиқлолга ундайди. Бироқ бу истиқлолнинг муборак бир сарҳадлари борки, улар бир одамнинг бир одам қошида, умумнинг якка шахс ва якка шахснинг умумбашар олдида қилиши зарур бўлган хайрли ишларидан, эзгуликларидан иборатдир. Агар юракларимиздаги султонларимиз бизга ана шундай деб фармон бериб турмас эканлар, уларнинг-да ҳақли-адолатли эканликлари шубҳалидир.
Шунинг учун ҳам биз дил султони, ақл дарвиши ҳамда қўл фуқаросининг ҳамжиҳатлиги учун тинимсиз адолат излашимиз, маърифат ахтаришимиз ва итоатда бўлишимиз мақбулдир.
* * *
Ҳар кимки, агар у ушбу афлокдандир,
Сийнаси доғу кўкси кўп чокдандир.
Лаъл гарчи лаби, зулфи агарчи хушбўй,
Ерга қўшилғай у, демак – хокдандир.
Жоҳил суҳбатларда одатда ер ва осмон, ўт ва сув бир-бирига қарама-қарши тушунчалар сифатида таърифланади. Бироқ, боболаримиз эътиқодича, инсоннинг вужуди худди мана шу қарама-қаршиликлардан — ўт, сув, тупроқ (ер), ҳаво (осмон) дан ташкил топтан экан. Вужудидаги бу қисмларни аждодларимиз тўрт унсур, арабчасига “аносир-ул арбаа” деб атаганлар ва баданларида ана шу тўрт унсурдан қайси бирининг салмоғи кўпроқ бўлса, ўзларининг ҳулқида ана шу унсурга хос атвор ғолиб бўлади, деб ишонганлар. Масалан: олов кўп бўлса – қизиққон, сув кўп бўлса – совуққон, тупроқ кўп бўлса – хокисор, камтар, ҳаво кўп бўлса – кибрга мойил… Алломаларимиз бу ҳулқ-атворларнинг ичида тупроққа яқин, яъни камтар бўлишни афзал кўрганлар. Албатта, бунинг билан улар ожизликка тарғиб қилмаганлар. Уларнинг таъкидлашича, инсон ва тупроқ бир-бирига қайтиб, бир-биридан давом қиладиган ҳалқанинг икки бўлаги саналган. Хокисорлик, табиийки, ўзини баланд олишга, ҳавойиликка зид саналган.
Биринчи ва тўртинчи мисраларга эътибор қилиб, хулоса ясайдиган бўлсангиз, шоир, лўндароқ қилиб айтганда, “Осмон бўлсанг ҳам барибир ерсан” демоқда.
Рубоийдан шу фикр аён бўладики, биз осмон бўлсак, тупроқлик даражасига дарҳол туша қолармиз. Аслида, осмондан ерга тушиш аҳли башарга ёзғут (Одам алайҳиссалом тақдири). Маълумки, ҳазрати Одам ўз гуноҳи учун осмондан ерга туширилган, пушаймондан тўккан кўзёшларидан заминда майсазорлар унган, тавба-тазарруси қабул бўлиб, жаннатга дохил бўлган. Худди шундай, ҳар бир одам ҳавойилик, жаҳолат иллатидан фориғ бўлиши учун ана шу жараённи кечириши керак. Яъни, Паҳлавон Маҳмуд ушбу рубоийсида таъкидлаётгандек, “Сийнаси доғ, кўкси чок” бўлмоғи зарур. Тазарру саодатини бошидан кечирмоғи лозим. Ана шундагина у ўзининг асли ватани – тупроққа қайтади. Кўриниб турибдики, тупроққа қайтиш фалсафасини шунчаки бир ўлим деб тушунганлар хато қилади. Бу – маънавий юксалишнинг ўзига хос бир рамзидир.
* * *
Ёдинг ила ҳар даму ҳар он тоза бўлур,
Тонг ели эсар ва гулситон тоза бўлур.
Байрам каби дийдамда экан дийдоринг,
Хотир хушу дил хурраму жон тоза бўлур.
“Замондан нолимангиз, чунки замоннинг эгаси ҳамиша – Оллоҳдир”.
Ҳадиси шарифларда таъкидланган бу қутлуғ насиҳат ҳаммамиз учун муҳим руҳий аҳамиятга эга. Вақт – мавҳум тушунча. Ва у одамлар билан, уларнинг амаллари туфайли мазмун касб этади. Аслида замон ёмон эмас, балки ана шу замонда яшаётган одамлар ёмондирлар. Улар яхши бўлса, замон яхши, улар ёмон бўлса, замон — ёмон. Паҳлавон Маҳмуднинг таъкидлашича, бизлар яхши амаллар қилсак, яъни худони ёд этиб, шу ёдловимизга муносиб яшасак, “Ҳар даму ҳар он” ва ана шу “ҳар даму ҳар он”лардан таркиб топган замон ҳам фаровон бўлади, тозаради. Акс ҳолда биз замонни ҳамда шу замоннинг тимсоллари бўлган ўзларимизни нопок қилиб қўямиз.
Эзгу амалларимиз нафақат бир қарашда мавҳум кўринган замонни, балки ана шу замон ўз ичига қамраган барча борлиқни мусаффолаштириб туради. Демак, бизнинг яхши ишларимиз тонг ели гулситонни тозартириб тургани янглиғ, даврни тиниқлаштиради.
Навбатдаги мисраларда ўзининг эзгуликларидан замонни ва маконни тоза қилган инсоннинг дийдори байрамга қиёс қилинади. Таъкидланадики, бундай яхши одамнинг дийдоридан ҳар бир одамнинг хотири хуш, дили хуррам, жони тоза бўлади. Демак, бизларнинг ҳар биттамиз атрофимиздагилар учун ўзига хос замонмиз. Бизлар яхши бўлсак, барча замондош дўстларимизнинг ҳаёти жозибали бўлади, уларнинг ҳаётлари гўзаллик касб этади. Умрлари узоқ, завқли ва фаровон бўлади. Хотирнинг хушлиги бу – ақлнинг, тафаккурнинг соғломлигини таъминлайди. Дилнинг хуррамлиги бу – туйғуларимизни осудалаштиради. Жоннинг тозалиги бизни соғломлаштиради.
Паҳлавон Маҳмуд ўзининг бу рубоийсида замоннинг одамлар қиёфасидаги сувратини чизади. Бу суврат рубоийда ҳали шартли орзу-умид шаклида. Бу гўзал орзу, муборак умид бизларнинг фаолиятимиз туфайли ушалиши, замоннинг шоир истагидаги суврати муайянлик касб этмоғи мумкин.
* * *
Юксак бу умр дарахтимиз паст қилма,
Борлиқ бу – шароб, ичир, бироқ маст қилма.
Ё раб, карам эт, жумла жавонмардларни
Муҳтож этма, зор этма, паст қилма.
Инсониятнинг умри дарахтга қиёсдир. Бир авлод ва аждодларни бириктириб турадиган қон-қариндошлик занжирини, одатда, шажара деб атаймиз. “Шажар” бу – дарахт дегани.
Чиндан ҳам, ҳар бир одам ўз қавму қариндошлари, авлод-аждодларининг шаклий тасвирини чизишга уринса эди, бунинг учун бир улкан тубдан чиқиб, улкан шохаларга, майда новдаларга тарвақайлаб кетган дарахтдан ҳам мосроқ тимсол топилмаган бўлур эди.
Инсоният шажарасининг ҳам энг юксак чўққиси ва энг теран илдизи ҳазрати Одам алайҳиссалом эканлиги маълумдир.
Жаннатдан чиққан ва рўйи заминда Оллоҳнинг амри билан ўз авлодларини тарқатиб, яна жаннатга дохил бўлган биз аҳли башарнинг шажараси чиндан ҳам, кўриб турганингиздек, ниҳоятда юксак. Бу юксак дарахт паст бўлиши учун биз ўзимизга номуносиб хатти-ҳаракатлар қилмоғимиз керак бўларди. Шоир рубоийда бунинг зиддига, яъни инсонларга хос умргузаронлик қилиб, ўз юксак шажарамизга муносиб бўлишга ҳаммамизни даъват этади.
Маълумки, Паҳлавон Маҳмуд жавонмардийлик тариқатининг ёрқин намояндаларидан бири. Бу тариқатнинг ўз давридаги пешвоси бўлган. Шоир анъанавий шароб ҳақидаги иккинчи мисрадан кейин ўз маслакдошларига Оллоҳдан карам тилайди. Нега фақат ўз маслакдошларига? Бунинг сабаби шундаки, жавонмардийлар бошқа барча инсонларга, биринчи навбатда – ожизларга, бу ожизлик хоҳ қашшоқлик, хоҳ жисмоний ногиронлик, хоҳ эътиқод сустлиги тарзида бўлсин, мадад кўрсатишни, барча чорасизларга чора бахш этиб, уларни ўз сафларига қўшишни ўзлари учун муқаддас бурч санаганлар. Демак, барча жавонмардийлар “муҳтож ё паст” бўлмасалар, бошқа инсонлар ҳам уларнинг мадади туфайли юксак инсоний мартабага мушарраф бўлиб ҳаёт кечирмоқларидан умид катта бўлади. Қолаверса, шоир барча мусулмонлар эртами-кечми жавонмардийлик тоифасига мансуб бўладилар, деб ишонч билдиради. Бинобарин, жавонмард дер экан, бутун аҳли башарни кўзда тутади.
* * *
Нур чимматини гул юзидан тортгани йўқ,
Дилда хумор, май таъмини тотгани йўқ.
Нега бу дард, ёр, сени уйғотгани йўқ,
Ол қўлга қадаҳ, токи қуёш ботгани йўқ.
Ҳадиси шарифларда, азиз китобларда таъкидланишича, Оллоҳи таоло ўз бандаларига у яратиб қўйган неъматлардан баҳраманд бўлишни буюрган экан. Демак, исломий эътиқод билан суғорилган Шарқ шеъриятини таркидунёчиликни тарғиб қиладиган адабиёт деб атаган сохта олимлар қаттиқ янглишган эканлар. Ушбу рубоий ана шу фикрни исбот этадиган шеърий обидалардан биридир.
Юқорида эслатиб ўтганимиз неъматларнинг энг улуғи бу – ҳаётдир. Ҳаётнинг ҳаётлигини таъминлаб турган барча эзгуликлар, гўзалликлар инсон баҳраманд бўлиши учун яратилган, деган фикр юқоридаги мисралардан барқ уриб туради.
Шеъриятимизда май образи ана шу баҳрамандликлар мажмуасидир. Ҳамда уларни яратган Оллоҳга бўлган эътиқодни ифода этадиган ўзига хос белги тимсолидир.
Мазкур рубоийда лирик қаҳрамон, яъни шоирнинг “мен”и ва унинг ғафлатдаги маҳбубаси муносабатларидаги нафис бир “келишмовчилик” ифода этилган. Кун бўйи уйқудан уйғонмаган маҳбубаси бўлмагач, лирик қаҳрамон ёлғиз ўзи май ичишни, яна ҳам соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, ҳаётдан баҳраманд бўлишни ўзига эп кўрмайди. Ошиқ бетоқатланади, безовталанади. Бироқ ўз маҳбубаси билан яратгувчи томонидан мавжуд қилинган борлиқдан баҳраманд бўлишга улгуриш имкониятидан мамнун бўлиб, уни бедорликка даъват этади.
Шоир “Май таъмини тотмаслик”ни оғриқ билан тенглаштиради. Форсийда “дард” – оғриқ дегани.
Рубоийнинг бош ҳикмати шундаки, мулки борлиқ ҳар қанча гўзал бўлмасин, ундаги одам ўз қавми, яъни бошқа одамларсиз бахтли бўла олмайди. Ёлғиз кишига ҳаётнинг лаззатлари татимайди. Рубоийдаги “Ботмаётган қуёш” образи эса бизга ўз нуқсонларимизни англатиб, шунинг билан бирга бу нуқсонларни, бу ғафлатларни бартараф қилиш учун ҳамиша имкон мавжудлигини, эзгуликнинг кечи бўлмаслигини уқтириб турадиган маърифат ёғдусининг тимсолидир.
Ана шу ёғду туфайли бошқаларни-да жаҳолатга гирифтор этадиган ғафлат уйқуси, дардбилмаслик иллати барҳам топади. Зулмат чекинади.
* * *
Зарб берсак агар, чарх фили яксон бўлғай,
Уфқ доираси ноғораи шон бўлғай.
Жой олса чумоли гар бизим сафлардан,
Давлатимиз туфайли арслон бўлғай.
Чарх фили нима? Бу, афтидан, ўтиб бораётган вақтнинг рамзи. Чунки, чарх фил каби баҳайбат, фил каби оҳиста ва муқаррар ўтиб бораётган вақтнинг сабабчисидир. Тасаввуфда фано бу – ҳамма нарсанинг, шу жумладан, умрнинг ўтишига ҳам иқрор бўлиб, фақат борлиқни яратган олий қудрат – Оллоҳнинг абадийлигига иқрор бўлиш демакдир. Фанони тан олган одамгина ана шу фанони енгади. “Раҳравга фано бақо бўлибдур”, — дейди Навоий. Ўтиб бораётган одамга манзил насиб бўлишига ишорадир бу мисра. Паҳлавон Маҳмуд ҳам ўзининг бу рубоийсида ўтиб бораётган вақтни, чарх айланиши билан кечаётган кунлар, ойлар, йилларни “Чарх фили” деб атайди. “Чарх филини яксон” қилиш, яъни ўтиб бораётган вақт жараёнида қолиб кетадиган, умрли ишлар қилиш учун муттасил фаолиятда бўлиш, рамзий маънода ҳалиги филга зарбалар бериб туриш керак. Ана шундагина “Уфқ доираси шон” бўлади. Яъни фаол инсоннинг обрўси дунёга таралади.
Паҳлавон Маҳмуд фикрича, мана шундай даражага эришмоқ учун жавонмардийлик тариқатига амал қилмоқ, яъни ожизларга мадад қўлини чўзмоқ керак. Бу дегани, фақат ожизга – жисмоний ногиронга ҳайбаракаллачилик қилиш эмас, очга нон бериш эмас, балки кучсизга қудрат бахш этиш, эътиқодсизни эътиқод йўлига бошлаш зарурдир. Паҳлавон Маҳмуд эътиқодли, ўз иймонида барқарор одамларни арслонга ўхшатади. Эҳтимол, бу қиёс “Оллоҳнинг арслони” деб ном олган ҳазрати Али хотираси билан боғлиқдир.
Агар фақатгина ўзи арслон бўлиб қолса, бу арслонлик жавонмардийлар учун асл арслонлик саналмайди. Чинакам арслонлик бу – бошқаларни ҳам арслонлик даражасига дохил қилишдир. Бу ерда шоир гўзал муболаға қўллайди “Жой олса чумоли гар бизим сафлардан, давлатимиз туфайли арслон бўлғай” – мана шоирнинг буюк фалсафаси.
Бу рубоийдан таъсирланган киши ўзининг руҳий-ақлий имкониятларига ўзида мустаҳкам ишонч пайдо қилади, ожизликнинг ўткинчи бир нуқсон эканлигини, агар ўзи ихлос-эътиқод ҳамда фаолият йўлига қадам қўйса, бир кунмас бир кун ожизликни енгиши, куч-қудрат касб этиши муқаррарлигини англаб етади.
* * *
Нафсингни енгиб, сен унга шоҳ бўл – мардсан,
Кимсаси йўқларга паноҳ бўл – мардсан.
Номардлар оёқости қилар мискинни,
Мискин ва ғарибга пойигоҳ бўл – мардсан.
Ҳадиси шарифлардан шу ҳикмат аёнки, одамнинг енгиши қийин бўлган душмани унинг ўзидир. Ҳикоя қилишларича, пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳи алайҳи вассаллам саҳобалари билан жангдан қайтиб кетиб бораётган эканлар. Бир киши улардан “Қаерга?” деб сўрабди. Жавоб берибдиларки, кичик жангдан чиқиб катта жангга кирмоқчимиз. Маълум бўлишича, улар намозга боришаётган экан. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ибодатни ҳар бир инсоннинг шайтони лаинга қарши, ўз нафси бадига қарши эълон қилган буюк жанги деб билган эканлар.
Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари ҳам мусулмон мутафаккири сифатида ўз тафаккурлари учун дини ислом пешволарининг амалий ибратлари ҳамда ўгитларини дастуруламал деб билганлар. Шоирнинг уқтиришича, чинакам шоҳ бу – ўз нафсини мағлуб эта олган кишидир. Ана шундагина у мард саналади.
Рубоийдан аён бўлишича, шоир бу фикр билан кифояланмайди, балки уқтирадики, ўз нафсимизни енгишимиз ҳали ғалабанинг биринчи қисми экан. Ғалаба мукаммал бўлиши учун одам кимсаси йўқларга паноҳ ҳам бўлиши керак.
Рубоий ҳақда фикр юритишда давом этсак, буюк шоир ўз нафсига мағлуб бўлишни номусулмонлик билан тенглаштираётганига амин бўламиз. Негаки, мардлик (англанг: жавонмардлик) бу – пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳаёт тарзини дастуруламал сифатида қабул қилишдир. Бунга хилоф иш тутиб, мискинни оёқости қилиш эса номардликдир.
Биз ҳозирги пайтда номард сўзини бепарвороқ ишлатамиз, бирон-бир одам кичик хатога йўл қўйса ҳам, уни номард деб кетаверамиз, Мардликни, жавонмардийликни буюк бир исломий тариқат сифатида қабул қилган Паҳлавон Маҳмуд тилида “номард” сўзи бир тавқи лаънат, оғир айблов сифатида жаранглайди.
Шоир навбатдаги якунловчи мисрада фикрни тағин ҳам чуқурлаштиради. Шоирнинг фикрича, мискинни оёқости қилмаслик бу – яхши амалларнинг ибтидосидир. Мискин ва ғарибга қудрат бахш этиш, унга мададкор бўлиб, уни ўзингдан ҳам юксак камолот даражасига етказиш учун курашиш, бунга эришмак – чинакам мардликдир.
* * *
Сайқал берибон дилга, ҳалол бўлгайман,
Мисли булоқ суви – зилол бўлгайман.
Гардларни ювиб фориғ этар кўзёшим,
Беғаш, бекудурат, бемалол бўлгайман.
Алхимиклар ҳақида эшитганмисиз? Улар турли жисмларни қотиштириб, аралашмадан сунъий, бироқ аслидан қолишмайдиган олтин яратишни орзу қилганлар.
Улар бундай олтинни яратишга эриша олмаганлар, бироқ олтинни кашф этишга уриниш мобайнида инсониятга олтиндан ҳам муҳим мўъжизаларни яратиб туҳфа қилганларки, бу чиндан ҳам ҳайратланарлидир.
Шиша – ана шуларнинг бири.
Биз бугун олтинсиз яшамоғимиз мумкин, бироқ ҳаётимизни шишасиз тасаввур қила олмаймиз.
“Сўфий” сўзининг келиб чиқиши ҳақида турли тахминлар мавжуд. Шулардан энг қизиқарлилари “Соф” ва “Сув” сўзларидир. Эканки, одам Оллоҳга етишмак жараёнида худди сувдек софланади. Тозаради. Албатта, тасаввуфнинг у ёки бу тариқатига кирган одам қай даражада Оллоҳга қўшилиб, “бирикиб” кетиши Яратганнинг ўзига аён. Бироқ, қандай бўлмасин, тасаввуф алломалари Ҳақ дийдорига етишмак йўлидаги саъй-ҳаракатлари билан шундай маънавий фазилатлар мажмуасини ишлаб чиққанларки, бунинг шарофатидан ҳатто охирги мақсади – Ҳақ дийдорига эришилмаган тақдирда ҳам биз ушбу дунёда уларга амал қилиб, юксак тарбия кўрган, комил инсонлар сифатида ҳаёт кечирмагимиз мумкин бўлади. Мана шу жиҳати билан, назаримда, мутасаввуфларнинг фаолиятлари муайян маънода алхимикларнинг изланишлари натижасини ёдга солади.
Ушбу рубоийда ана шундай қиёсга бевосита ишора бор. “Дилга сайқал бериш” бу – маънавий фазилатлар орттириш йўлидаги риёзатдир. Шоир уқтиряптики, бунинг туфайли одам “Мисли булоқ суви” тиниқ ва ҳалол бўлади. Биз биламизки, шиша тайёрлаш учун қумни эритиб, махсус жараёнлардан кейин, кимёвий ишловлар туфайли ғаш-кудуратлардан, яъни чиқит-шлаклардан тозалиб, сув билан ювадилар, қотириб тиниқ шиша ҳолига келтирадилар.
Шоир талқинича, одам ҳам тарбияланиши учун худди шуни эслатадиган маънавий риёзатлар чиғириғидан ўтиши, тупроқ танини қийинчиликларга солиб, уни кўзёшлар билан ювиши керак. Шунда халқимиз шишага нисбат берадиган юрак, яъни кўнгил шишаси “беғаш, бекудурат, бемалол” бўлади. Сайқал топади. Бинобарин, буларни, яъни тўрт унсур ва улардан иборат оламни вужудга келтиришдан Оллоҳнинг мақсади ҳам – одамдир.
Шоир томонидан илгари сурилган бу фикр одамларда бутун борлиқ учун масъулият ҳиссини тарбиялайдиган қудратли бир маънавий воситадир. Бу фалсафадан шу ҳикмат аён бўладики, инсон мана шу олам учун, ундаги дарёлар, тупроқлар, шамоллар, оловлар учун, уларни оқилона бир мувозанатда сақлаш учун жавобгар бўлибгина қолмасдан, балки буларнинг барчаси билан бир жон, бир тандир. Агар инсоният шуни дил-дилидан англамас экан, ўзи ҳам, ўзи яшаётган мулки борлиқ ҳам таназзулга юз тутади.
Бу рубоий инсоннинг уни ўзи яшаётган атроф-муҳит билан мутаносиблиги ҳақида, бу мутаносибликни бузмасдан, унга қатъий риоя қилиб яшаш хусусида буюк бир қўшиқдир.
* * *
Бизга малол бергучи дўст-ёр йўқтур,
Дўст-ёрга сира биздан ҳам озор йўқтур.
Номусу ифтихор либосин ечдик,
Дўст бирла фахр йўқ, дўстдан ҳам ор йўқтур.
Таъмасиз дўстлик бу – ноёб саодатдир. Жавонмардийлар одамнинг одамга мадад бермагини муҳим фазилат деб билганлари ҳолда, мадад ташаббуси мадад бергувчи томонидан бўлиши лозимлигини алоҳида уқтирганлар.
Шубҳа йўқ, таъмасизликнинг ўзи ҳам бир таъма. Беғаразликнинг ўзи ҳам ўзига хос бир ғараздир. Бундай таъмани, яъни ўзининг таъмасизлигидан, беғаразлигидан маънавий баҳра олишни жавонмардийлар, албатта, маъқуллайдилар. Бошқа ҳолатларда эса улар дўстликнинг мутлақо холис, шахсан ўзи учун бирон-бир таъма асосига қурилишини қоралайдилар.
Малол берган – дўст эмас. Рубоийнинг биринчи мисрасидан келиб чиқадиган хулоса шу. Яхшиликка яхшилик тарзида “Дўст-ёрга сира биздан ҳам озор йўқтур”, – дейди шоир.
Албатта, дўстликнинг замирида ҳамиша ҳам моддий ғараз ётавермаслиги аён. Ғаразнинг яна бир хунук кўриниши бор. Ҳар ким ўзининг шахсий ҳисобига обрў орттиришни ўйламай, дўстнинг обрўси билан обрўли бўлишга интилиши ҳам мумкин. Рубоийдан кўриниб турибдики, шоир ғаразнинг бу хил кўринишини ҳам маъқулламайди. Бундай ғаразга қурилган дўстликнинг хавфли томони шундаки, дўстнинг обрўси учун дўст бўлиш бу – бир кунмас бир кун келиб, унинг обрўси тўкиладиган бўлса, бу дўстдан воз кечилади демакдир. Шоир шунинг учун ҳам “Номусу ифтихор либосин ечдик, дўст бирла фахр йўқ дўстдан ҳам ор йўқдир”, — дейди. Бу мисраларнинг жавҳари дўстлик дўстлик учун бўлмоғи зарур, ана шундагина у чинакам дўстлик бўлади, деганидир.
Албатта, бу мисраларни лоқайдликни тарғиб қиладиган шеър сифатида тушунмаслик керак. Дўстнинг обрўсидан беғараз қувониш, дўстнинг уни ўзи билан боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра берган озорларига чидаш бу – улуғ фазилатдир.
Бу рубоийда дўстликнинг беғаразлик қирраси тадқиқ қилинган. Биз биламизки, шоир ўзининг бошқа кўпгина рубоийларида ҳам дўстлик мавзусига тўхталган, бу фазилатнинг кўпгина жиҳатларини ўз тафаккур нури билан ёритиб бизларга ойдинлаштириб берган.
Паҳлавон Маҳмуд сингари буюк тарбиячиларнинг сабоғини олган кўпгина аждодларимиз дўстликнинг ажойиб намуналарини кўрсатиб кетганларки, бу намуналардан биз умрбод ўрнак олиб яшамоғимиз, ана шу бебаҳо меросдан баҳраманд бўлиб ҳаёт кечирмоғимиз зарур.
* * *
Бу кўзгуда бир ғаройиб аҳвол бўлди,
Бир артган эдим, ақлу ҳушим лол бўлди.
Ўзгалар айби кўзга ҳеч ташланмай,
Ўз нуқсонларим, оҳ аён ва яққол бўлди.
Кулгу хоналари деб аталувчи томошагоҳлар бор. Шуларга кириб кўрганмисиз? Мазкур хоналардаги шаклни бузиб кўрсатадиган кўзгулар сизни шундай бир аҳволда намоён қиладики, беихтиёр ўзингизни кулгудан тиёлмай қоласиз. Бироқ сиз бу масхарабоз кўзгуларнинг қилиғидан ранжимайсиз. Чунки биласиз – ўзи мақсадингиз шу эди. Ўз афт-башарингизни қинғир-қийшиқ тарзда кўриб кулмакчи эдингиз.
Бироқ, сиз ўзингизни қандай аҳволда бўлсангиз, шундай тарзда кўрсатишини истаганингиз кўзгуингиз афтингизни бузиб, сизни алдаса, нима қилган бўлур эдингиз? Албатта, бундай кўзгудан воз кечишингизга тўғри келган бўлур эди.
Бундан ҳам ёмони, одамни ботиний кўзгулар, яъни сизнинг қалбингизни, маънавиятингизни, фазилату нуқсонларингизнинг туб сабабларини асл ҳолича кўрсатиши лозим бўлган воситаларнинг “ёлғон гапириши”дир.
Бундай кўзгуларнинг биринчиси – одамнинг дўсти.
Албатта, кулгухоналардаги каби “иш кўрсатадиган” дўст танламаслик керак. Биз биламиз, “дўст дўстнинг ойнаси” деган матал бор. Демак, бу “ойина” сиз аслида қандай бўлсангиз, шундайлигингизча кўрсатади.
Паҳлавон Маҳмуд ана шундай мукаммал кўзгусидан хурсанд бўлиб ёзган кўринади ушбу рубоийсини. Мумтоз, комил бир инсон сизнинг нуқсонларингизни холис баҳолаб, ўзингизни ўзингизга кўрсатса ва сиз бу кўринишни холис қабул қила олсангиз, бу синоат камчиликларингизни холис тузатиб олишингиз учун нақадар бахтли бир имконият эканлигини ҳис қиласизми?!
Фақат дўст дўстнинг ойнаси эмас, инсоннинг қилган яхши-ёмон ишлари ҳам унинг учун ўзига хос бир кўзгудир. Ўз айбингни билиш учун, шунингдек, ўзингга ўзинг холис баҳо беришни билиш ҳам ниҳоятда муҳим. У ёки бу андиша туфайли холис дўст айта олмаган айбларингни ўзинг илғаб олишинг, ўзинг ўзингга кўзгу бўлишинг ҳам улкан фазилат. Ўз кўнглинг шишасини ўзинг учун кўзгу қилиб яшаш санъатини эгаллаш ҳам камолот нишонасидир.
* * *
Ҳолимни билиб кетмак учун келгайсан,
“Бунча сени қийнади ким?” – сўргайсан.
Ойина бериб қўлингга, дерман: “Термул,
Кўзгуда уни, эй қоракўз, кўргайсан”.
Ўзни гўё ҳеч нарсадан хабарсиздек тутаётган маъшуқа ўз ошиғидан, гўё ўлганнинг устига чиқиб тепгандек, “бунча сени қийнади ким?” деб, ҳамдарлик билдирса, аҳвол сўрагандек бўлса… Рубоийдаги ошиқ бундай тағофилпешаликдан ранжида бўлмайди, балки саволга яраша жавоб қайтаради, яъни “қўлингга кўзгу бераман-да, дейман, кўзгуда менга азоб бераётган одамни кўрасан…”
Бир қарашда шундай.
Аслида-чи?.. Ойина бу – кўнгил. Ошиқ маъшуқасига кўнгил бермоқчи, ўз юрагини туҳфа этмоқчи. Ўзини бедилликка маҳкум этиб, ўз севгилисига унинг асли қандай бўлса, шундай эмас, балки ошиқ юрагида қандай аҳволда бўлса, шундай тарзда кўрсатмоқчи бўлади.
Биз ўз юрагимизда ўз маъшуқамизни унга қўйган меҳр-муҳаббатимиз “кўзойнаги” орқали кўрамиз. Яъни нуқсонлардан ҳоли, фазилатларга тўла бир тарзда. Маҳбубаларимиз бизларнинг кўнгилларимизда ўзларининг нафақат мавжуд, балки биз уларда кўришни истаган фазилатлари билан ҳам намоён бўладилар.
Ойина бу – маърифат ҳамдир. Биз ўзларимизни маърифат кўзгусига солиб кўрсак, нимага арзиймизу нимага арзимаймиз – буларнинг бари яққол кўзга ташланади. Бунинг билан Паҳлавон Маҳмуднинг лирик қаҳрамонини биз, албатта, айбжўликда, яъни ўз маҳбубасининг айбларини ўзига кўрсатиш истаги борликда “айбламоқчи” эмасмиз. Маърифат кўзгусининг шарофати шундайки, у бизга ўзимизни ўзимиз қандай бўлсак, шундайлигимизча кўриб, мавжуд нуқсонларимиздан огоҳ бўлишимизга ёрдам беради. Бу нуқсонларимизни бартараф қилишимизда мададкор бўлади.
Демак, Паҳлавон Маҳмуд кўзгуси – муҳаббат кўзгуси, кўнгил кўзгуси, маърифат кўзгуси. Бу кўзгу айни вақтда шоирни воситачи қилиб, Оллоҳнинг бизларга, бандаларига тутаётган кўзгуси ҳамдир.
* * *
Ҳамла қилар менга ғам — оғу, кўраман.
Кўз очаман, ҳар кўзда қайғу кўраман.
Ўй сураман бошни оёғимга қўйиб,
Ўзни таниб, тиззани кўзгу кўраман.
Паҳлавон Маҳмуд рубоийлари, аксар, Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг бевосита таъсирларида ёзилганлиги кўриниб туради.
Ҳадиси шарифларда пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳи алайҳи вассалламнинг кундалик турмушдаги шахсий ибратлари ҳамда муборак насиҳатлари келтирилганки, буларнинг барчаси асрлар мобайнида мўъмин-мусулмонлар учун дастуруламал вазифасини ўтаган.
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ҳазратларининг “Алжомиъ ас-саҳиҳ” ҳадислар мажмуасининг 1990 йилги Тошкент нашри тўртинчи жилдининг 34-боби “Тиззани қучоқлаб ўтирмоқ ҳақида” деб аталади: “Мен Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи вассалламнинг Каъба ҳовлисида мана бундай қилиб тиззаларини қучоқлаб ўтирганларини кўрдим”, — дейди ибн Умар разияллоҳу анҳу.
Андуҳлардан изтиробзада бўлган, озиб чўпдек бўлиб қолган одамнинг хаёлга қаттиқ берилган пайтларида тиззасини кучоқлаб ўтириши, албатта, табиий бир фазилатдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳазратларининг Каъба ҳовлисида ана шундай аҳволда ўтиришлари, албатта, ул зоти шарифнинг илоҳий бир кайфиятидан, самовий бир андуҳ-изтироблар қучоғида эканлигидан далолат беради. Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари, шубҳасиз, ҳадиси шарифлардан воқиф бир зот сифатида, бундай қутлуғ лавҳани ушбу рубоийга асос қилиб олган бўлиши эҳтимолга жуда яқин.
Шуниси ҳам муҳимки, тиз чўкмоқ инсоннинг инсон олдидаги амали бўлмай, инсоннинг Оллоҳ олдидаги бурчи эканлигини, уқтириш маъносида ҳам бу рубоий ўз даври, ҳамма замонлар учун ҳам улуғ васиятдир. Бу рубоийда буюк бобомизнинг ўзига хос бўлган шижоатлари барқ уриб туради. Негаки, Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари, албатта, ҳадиси шарифлардан воқиф бир зот сифатида, одамнинг одам олдида тиз чўкиши ислом одобига хилоф эканлигини чуқур англаган. Шахсга сиғиниш сарқитларидан норози бўлган. Шунинг учун ҳам, шоир талқинича, одамзотнинг тиззаси Оллоҳга чўкилаётган пайтидагина муборак кўзгуга айланади. Одамзод ўзининг бундай қутлуғ тиззасига ўз бошини қўйса арзийди…
* * *
Эй дўст, қани, айт, жонми керак? Жон берайин мен…
Ҳар не энг азиз, сен сўра, шул он берайин мен.
Эй кофири шаддод, маним қошима бир кел,
Зунноринг олиб, ўрнига иймон берайин мен.
Шарқда Шайх Санъон ҳикояти яхши маълум. Санъон деган бир шайх кофир қизга шу даражада ошиқ бўлиб қоладики, унинг шартларига кўра ўз динидан чиқиб, маъшуқасининг динини қабул қилади ва ҳатто унинг чўчқабоқари бўлади. Ўз ошиғининг бундай фидойилигини кўрган маъшуқа ўз қилиғидан пушаймон еб, исломни қабул қилади.
Номусулмон одамни исломга дохил қилиш савоби қай даражада улкан эканлиги ҳам ҳаммага аён. Паҳлавон Маҳмуднинг ушбу рубоийсида ана шу ҳикмат мисраларга жо қилингандир.
Паҳлавон Маҳмуд бу рубоийнинг биринчи мисрасида иймонни жон билан тенг кўраётганлиги ойдинлашади. Тўғрироғи, иймон жондан ҳам афзал кўрилади, Буни шундан ҳам билиш мумкинки, даставвал дўстга бир нарса (“жон”) таклиф қилиниб, бу туҳфага дўст кўнмаган тақдирда, бир-биридан азизроқ туҳфалар таклиф қилина борилади.
Иккинчи мисрага эътибор қилган бўлсангиз, “Ҳар не энг азиз, сен сўра”, дейилади. Ана шундан сўнг, азизлардан азиз мукофот ҳам кифоя қилмагандан кейингина, улардан ҳам ардоқлироқ саодат, туҳфа – яъни иймон таклиф қилинади.
Бу ўринда шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, лирик қаҳрамон иймонни шунчаки таклиф қилиб қўя қолмасдан, уни кофир дўст зуннорини олиб, яъни ҳатто куфрни ўзига олиб бўлса-да, иймон бахш этиши таъкидланаётир.
Бундай фидойилик жавонмардийларнинг феъл-атворида азалдан мавжуд бўлган фазилат, бир-бирларидан ва ўз-ўзларидан талаб қиладиган хислатдир.
“Эй кофири шаддод, маним қошима бир кел”, дейилишида ҳам ўзига хос ҳикмат англашилади. Бир қарасангиз, дўстга бор бебаҳо бойлигини, ҳатто иймонини бахш этишга тайёр турган одам нега унинг олдига ўзи бора қолмайди, балки “Қошима бир кел”, дейди? Бу ерда биз дўстнинг дўстга азоб бермаслиги, унга туҳфани, ҳатто иймон туҳфасини ҳам мажбурлаб қабул қилдириш истаги бўлиши мумкин эмаслигини англаймиз бу таклифдан. Демак, шоир талқинича, барча азизликлардан ҳам ардоқлироқ бўлган иймонни-да ҳар бир одам ўз кўнгил хоҳишига қараб қабул қилиши кераклиги рубоийда илгари суриладики, бу муҳим масала, эҳтимол, эътиқод ҳудудлари ўртасида муроса чизиқлари бўлиши лозимлигига нозик бир ишорадир.
МУҲАББАТ КИМЁСИ
—————-
Онамиз қуёш фалакларда саргардон ва гиргиттон чарх уради. Мақсади – ўзи бағрига босиб бораётган зурёдларидан ҳеч бири озор тортмасин. Ғафур Ғулом ҳазратларининг таъбирлари билан айтганда, “Энг кичик заррадан Юпитергача” ҳеч кимнинг ва ҳеч ниманинг бир мўйига ҳам озор етмасин, инжилмасин.
Меҳр – сўзининг луғавий маъноси ҳам қуёшдир. Меҳрибон қуёш бошимизни шуълалари билан силайди. Иссиқласак салқинлар туҳфа этади. Совқотсак тафтларини армуғон қилади. Чунки биз унинг фарзандларимиз. Оллоҳ таоло мавжудотларни ижод этганда, бахтимизни қаранг, бизларга волидалик қилиш офтобнинг чекига тушибди. Шунинг учун ҳам бир-биримизга меҳр туйғуларимизни қуёшга қиёс этамиз, бир-бировимизни яхши кўрганимиздан, бир-биримизни бир-биримизга қуёш бахш этгувчилар, яъни меҳрибонлар деб алқаймиз. Ва бу меҳрибонликларнинг авж нуқтасини муҳаббат каломи билан шарафлаймиз.
Муҳаббат туйғусини насл колдиришимиздек Оллоҳнинг мўътабар ҳукми бошқаради, Ҳатто бу муборак туйғу заминида авлодий насл қолдириш бўлмаганида ҳам, туйғудан эзгулик бунёдга келтириш, яхшиликлар мерос қолдириш истаги мавжуд бўладики, буни ҳам шартли равишда насл қолдириш инстинкти билан қиёслаб англатиш мумкиндир. Шу боисдан ҳам муҳаббат туйғуси алангаланган пайтда очқаган она бўри қўзичоқни эмизади, товуқлар, қўйиб берсангиз, калхат тухумларини бағирларига босиб, жўжа очадилар.
Икки жаҳоннинг меҳвари, коинотнинг устуни бўлмиш муқаддас ишқ туйғуси шу боисдан-да шоирларимиз учун бош мавзу. Инсоннинг инсонга меҳр-муҳаббати шу қадар қудратлики, инсон ўзининг ҳатто Оллоҳга бўлган муҳаббатини ҳам мана шу “мажозий” ишққа, ишқи инсонийга нисбат бериб таъриф этади.
Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг-да илҳомини жунбушга келтириб турган ғалаён мана шу ишқ туйғусидир. Буюк бу зотнинг шеъриятидаги ҳар бир товуш муҳаббат ҳислари билан қўшилиб қорилган. Шоир муҳаббат мавзусига қайси жиҳатдан келиб ёндошмасин, инсоннинг инсонга бўлган муҳаббатини мутлақо заминий фикратлар билан шарҳлайди, кейинчалик Алишер Навоийнинг қаламида “Кимки инсондир, анинг маҳбуби ҳам инсон керак” деб ифода этилган фалсафани Паҳлавон Маҳмуд ҳам ўзига хос бир тарзда, умумшарқ одобига, исломий икромга хилоф бўлмаган инсоний йўсинда ҳал этади. Рубоий:
Йўлга назар солсанг агар, чеккил оҳ,
Юрганда ҳазир бўл, четида бордир чоҳ,.
Очса эшик мард сенга ўз одамидек,
Ўз ҳаддини билсин кўнгилу кўз ва нигоҳ.
Бир қарашда бу мисралар бир инсонинг иккинчи инсон хонадонига борганда, ўзини тутиш дастуруламали сифатида битилгандек туюлади. Бироқ аслини олганда, инсон учун очилган муборак илк ишқ бу – унга дунёга келиши учун яратилган илк имконият. Шунга кўра хулоса қилиш мумкинки, биз ўзимизни ўзимиз учун энг азиз бўлган инсонникида меҳмонда бўлаётган қабилда иш тутмоғимиз керак ҳаётда. Яъни кўзимиз ҳам, кўнглимиз ҳам ўз ҳаддини билмоғи лозим. Бироқ шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу “ҳадбилишлик” инсоний муҳаббатни инкор эмас, эътироф этади. Бу мўътабар туйғуда мусаффолик ҳалоллик бўлишини тақазо қилади. Ана шу тиниқ туйғу билан зийнатланган ҳислар соҳиби бўлмиш ҳар дил, юлдузлар осмоннинг безаги бўлгани каби, рўйи заминнинг, аҳли башарнинг ифтихори бўлажаги уқтирилади. Рубоий:
Боқсам юзингга йироқдан, ханда қилар,
Эркимни тағин мандан олиб, санда қилар,
Кимки агар озоддур, ул шоддур,
Мен эса шод, гарчи лабинг банда қилар.
Кўряпмизки, муҳаббат туйғуси инсон учун энг юксак бахт – озодликдан-да тансиқдир. Ишққа бандалик ишқсиз озодликдан афзалдир.
Паҳлавон Маҳмуд талқинидаги маҳбубанинг барча гўзалликлари нафақат табиатнинг гўзал манзаралари билан чамбарчас боғланиб кетган, балки бу гўзаллик, бу тароват, умуман, мулки борлиқдаги бир қарашда бизнинг хаёлимизга келмайдиган буюмлар, ашёлар билан ҳам қардошлаштирилган. Гўзал поэтик муқоясалар орқали чамбарчаслаштириб юборилган. Бу боғлиқликларда шундай ҳикмат мавжудки, инсон бутун борлиқнинг сарвари бўлишига қарамасдан, ана шу борлиқнинг мағз-мағзлари билан жигарбанддир. Бинобарин, унинг, яъни инсоннинг ҳатто энг олий туйғуси бўлмиш муҳаббат ҳам ана шу ўзи мансуб бўлган жонлию жонсиз борлиқнинг жузвларидан мутлақ озодлик касб этолмайди, Юрак минг озод бўлгани билан, саноқсиз томирлари билан вужудга ва вужуд орқали бутун мавжудотга гирифтор бўлгани каби, ўз навбатида, инсоннинг мусаффо ҳислари ҳам ўз тиниқлигини атроф оламдан эмади, шу озиқ билан тарбия топади. Рубоий:
Эй сарвиқаду сиймтану гулрухсор,
Даврангда сенинг бўлмасин ҳеч вақт хасу хор.
Гар чаман ичра юксалиб турмишдир,
Гул шохига ҳеч тенг бўла олгайму чинор.
Паҳлавон Маҳмуд рубоийларидаги ошиқ муҳаббатини шарофатли муболағалар билан изҳор этади. Бу муболағаларнинг ҳикмати, бу муболағаларнинг қудрати маҳбубанинг зоҳирий ва ботиний гўзалликларини ифодалашга сарфланади. Шуниси муҳимки, муҳаббат мўъжизасининг изҳорига сарфланаётган бу муболағаларда исрофгарчиликдан ном-нишон йўқ. Бу муболағалар сиртдан қарагандагина муболағадек туюлиши мумкин, бироқ уларнинг ботинига сингишиб таҳлил қилсангиз, бу муболағалар ҳаётийлик касб этади, улардаги муболағалик шунчаки бир қобиқ, ҳарир бир ниқоб эканлиги, аслида бу бўрттиришлар буларсиз-да гўзал моҳиятни аён қилиш учун бир восита эканлиги аён бўлади. Рубоий:
Дилбарга дедимки, сўзларинг чил-чилдир,
Бунга сира борми сабаб, айт, билдир.
Айтдики, сўйлаганда оғзим тор деб
Қимтинаман ҳаёда, боис шулдир.
Шоир рубоийларидаги ишқ можаролари ҳаётий мантиқ асосида зиддиятли бир интизомлар касб этади. Бу кечинмаларда сурур ва андуҳ тантана ва таназзул аралаш келади. Туйғулар шодликда ғам, ғамда шодлик касб этиб кечиниладилар. Муҳаббатга маҳкумлик ва бу маҳкумликдан мамнунлик ўқувчини ҳайратга солади, рубоийларни мутолаа қилаётган киши беихтиёр лирик қаҳрамон фазилатларига, бу ошиқнинг дард чека билишлик иқтидорига ҳайрат туйғулари билан тўлиб тошади. Бу тўфон, шубҳасиз, ўқувчи руҳиятидаги ишқ туйғусини парвариш қилади, ундириб-ўстиради, камолга етказади. Ана шу маънода шоир рубоийларини ўзига хос бир ИШҚ МАКТАБИ деб атасак, назаримда, ўринли бўлади. Рубоий:
Ҳар гулда мудом умид ва орзу кўраман,
Чеҳрасида ҳурлигу кулгу кўраман.
Ҳижрон қадаҳинда мен симирган қоннинг
Ёр лабидан олганин улгу кўраман.
Кўриб турганимиздек, ҳижронда ичилган май – қон. Айрилиқдаги шодлик – ғам. Фироқдаги бахт – кулфат. Ҳар гулда намоён бўлиб турган умид ва орзу, ҳар гулнинг юзидаги хурлик ва кулгу ўз аҳамиятини йўқотмаслиги учун, улар севган дилларнинг васлига гувоҳ, бир-бирига восил юраклар эса уларнинг гувоҳликларидан баҳраманд бўлмоқлари керак.
Паҳлавон Маҳмуд муҳаббатда ошиқларнинг юраклари тарозу паллаларидек мувозанатда бўлмоқлари муҳимлигини алоҳида қайд этади. “Жилваси рангимни ёмон синдирди, қўйди бино ҳуснига, мен вайронман”. Мана, Паҳлавон Маҳмуд қиёфасини чизиб бериб кетган ошиқнинг дил ҳасрати. Ошиқлар, бинобарин, бир-бирларига бино қўйсалар, муҳташамлашадилар. Ўз-ўзларига бино қўйсалар, вайронага айланадилар.
Барча гўзалликларнинг ижодкори – инсон, инсоннинг ижодкори эса, авволо Оллоҳ, қолаверса, воситачи сифатида – ишқдир. Шу боисдан ҳам шоир ишқни куйлаб толмайди. Ва уқтирадики, ишқ ошиқларнинг жон томирларини тор қилиб чалгувчи бармоқдир.
Кўнглим балиғин қочгали ҳеч чораси йўқ,
Зулфинг ўзи ҳам ип, ҳам ўзи қармоқдир.
Бу надоматнинг замирида, аслида, ишқ-муҳаббат туйғусидан инсонга Оллоҳи таоло томонидан иноят этилган неъматдан бир ризолик бор. Шарқда ривоят қилинишича, балиқ ҳамиша инсон қурган қармоққа илинишни орзу қилиб яшаркан, шунинг учун ҳам унинг ўлиги ҳам, тириги ҳам покиза саналар ва луқмаи ҳалол аталар экан. Фикрни ана шу ақидадан келиб чиқиб ривожлантирадиган бўлсак, инсон ҳаётидаги гўзал саодатлардан бири, тўғрироғи, саодатнинг ўзи – муҳаббат туйғусидир. Шу сабабдан ҳам инсон ишққа гирифтор бўлиш орзусида яшайди, бу мўътабар туйғуни ўзининг ҳаётдан мурод-мақсади деб билади. Шундандирки, Паҳлавон Маҳмуд муҳаббат лаҳзаларининг ҳар бири такрорланмайдиган бир мўъжиза эканлигини қайта-қайта уқтиради. Бу лаҳзаларни ардоқлашга даъват этади. Висол лаҳзаларини оташпарастларнинг қуёш дийдорига юзи тушган дақиқалардаги сурури билан қиёслайди. Висолни мажусийларнинг тонголди масъудлиги тотига тенглаштиради. Рубоий:
Тонгни қуёш аста сочар томларга,
Хисрав қуядир ёғду майин жомларга.
Субҳи сабоҳ майин симир сен ҳайрон,
Осонми етиш, айтки, бу айёмларга.
Паҳлавон Маҳмуд ўз оташин мисраларида ишқ-муҳаббат йўлида адашмоқнинг оқибатлари нақадар оғир бўлишини таъкидлайди. Шоир ўз тасаввуридаги ошиққа уқтирадики, ялтираган нарсани олтин деб хаёл қилиш ҳам ёхуд ялтираган ўзини олтин тасаввур этиб, такаббурликка берилиш ҳам Оллоҳ инсонга бахш этган табаррук ишқ туйғусини увол қилишга олиб келади. Яхши ўзини ёмон кўрсатиб, охир-оқибатда уқубатли вазиятларга тушиб қолишдек кулфатга гирифтор бўлиши мумкинлигини уқтиради. Рубоий:
Тонг пайти чекиб ғам, юраги шом бўлдинг,
Ҳам дарду сукунат куйига ром бўлдинг.
Мафтун эдинг, жойи тузоқ – дом бўлдинг,
Яхши эдинг, охири бадном бўлдинг.
Демак, инсонга ошиқ бўлиш саодати Оллоҳи таоло томонидан туҳфа қилинибгина қолмасдан, унинг зиммасига ана шу илоҳий туҳфага муносиб бўлиш, девонавор юрак туғёнларини ориф ақл назоратида сақлаш масъулиятини ҳам юклайдики, бу ҳол инсонни гоҳ орзулар гирдобига, гоҳ ўкинчлар алангасига ташлаб туради. Рубоий:
Мен бир умр ишқнинг бегонасиман,
Ақлнинг ҳамроҳиман, ҳамхонасиман,
Дейману… лек ул парирў менга томон,
Юрса тамом, мен яна девонасиман.
Паҳлавон Маҳмуд талқинидаги ошиқ мана шу девоналикдан-да халос бўлишни истайди. Бунинг йўлларини ахтаради. Бу йўлнинг ҳудудсиз бир уқубатларга тўла эканлигидан изтиробга тушади, Бундай чорасизликдан озод бўлишда ўзига ўзидан бошқа мададкор йўқ эканлигидан андуҳлар чекади. Муҳаббатдан бахт топмаган одамнинг кулфатидан қаттиқ кулфат йўқ эканлигини изҳор этади. Рубоий:
Ишқда вужудимни совуқ ўй чақади,
Гул очилиб, димоғни хуш бўй чақади.
Бу дардда ўзим силайман ўз бошимни,
Мисли илон, қўлимни ҳар мўй чақади.
Ўз қаҳрамонининг бу қадар ўкинчли аҳволга тушганлигидан изтиробзада шоир бу аҳволнинг сабабларини таҳлил қилмоқни истайди. Мисралардан шу ҳол аён бўладики, ошиқ ўз ишқига муносиб бўлмоғи учун ўзини ҳамиша “кўзгу”га солиб, назорат қилиб туриши керак. Бу кўзгу, албатта, кўнгил кўзгусидир, ақл ойинасидир. Рубоий:
Бу кўзгуда бир ғаройиб аҳвол бўлди,
Бир артган эдим, ақлу ҳушим лол бўлди.
Ўзгалар айби кўзга ҳеч ташланмай,
Ўз нуқсонларим, оҳ аён ва яққол бўлди.
Мана шу яққол гуноҳдан фориғ бўлмоқ учун ошиқнинг ошиқ, одамнинг одам кўзгусига айланмоғи керак. Мана шу иккита поклантиргувчи мусаффолик, бир ошиқнинг ўзи ўзига ҳамда ўзгага кўзгу бўлиши, ўзи учун ўзгани кўзгу қилиши имконияти шоир ўз ўқувчиларига кўрсатиб бериб кетган илоҳий чоралар намунасидир. Бу ўринда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, шоир таърифлаган ошиқ қаҳрамон ўзгаларни кўзгу қилиб ўз нуқсонларини кўрса, ўзини кўзгу қилиб, ўз маъшуқасининг фазилатларини кўради. Бу ошиқдаги хокисорлик шу даражадаки, ўз дилидаги кўзгуси маҳбуба нуқсонларини айтиш учун эмас, балки унинг фазиллатларини таъкидлаш, жуда бўлмаганда, севиклисининг етказаётган озорларидан унинг ўзига шиква-шикоятлар қилиш учун зарурдир.
Рубоийлардан келиб чиқадиган энг гўзал хулосалардан бири шоир рубоийларида ифодаланган кўнгил кўзгусининг камолга етган маъшуқа учун маҳдудлик қилиши фалсафасидир.
Чинакам маъшуқа, камолга етган чин ошиқ – комил инсон учун бутун борлиқ кўзгу бўлса, арзийди. Чунки борлиқ кўзгусида оламдаги гўзалликларнинг бутун мажмуи аксланмоғи мумкиндирки, асл гўзаллик соҳиби ўз кўркининг қамровлилиги билан бутун борлиқда акс этиш қадар иқтидорлидир. Шунинг учун ҳам шоир:
Ҳолимни билиб кетмак учун келгайсан,
“Бунча сени қийнади ким?” – сўргайсан.
Ойина бериб қўлингга, дерман: “Термул,
Кўзгуда уни, эй қоракўз, кўргайсан”,
– дейиш билан чекланмасдан:
Кўзимдаги сувратингни, эй ёрқин моҳ,
Ёмғир каби тўкдим, ўлиминг қўйгач доғ.
Дарров танигай энди сени келганлар,
“Гул юзлининг, оҳ, худди ўзи бу тупроқ,
– деб, бу борадаги фикрни кенгайтиради, хулосаларни чуқурлаштиради.
Шоир рубоийларидаги ошиқнинг бундай эътирофидан англашиладики, кўнгил кўзидаги маҳбуба акси кўзга ёш бўлиб қалқиб, ерга ёмғир бўлиб тўкилгандагина, ўзининг асл моҳиятини намоён қилади. Демак, ороланиб турган олам, кўкарган майсалар, мевага кирган боғлар, лолазорлар билан қопланган тоғлар, чечакларга бурканган саҳролар – буларнинг ҳаммаси ошиқлар кўзёшидан сув ичиб маъмур бўлган маъволардирларки, буларнинг ҳаммаси дардманд ошиқларнинг кўзёшлари бўлмаса, таназзулга юз тутган, кимсасиз бир жойга айланган, ер юзи бекасликдан ҳувиллаб қолган бўлур эди. Бу хулосадан чиқадиган хулоса шуки, ишқ оламни одам, одамни олам билан чамбарчас боғлаб туради. Бу боғлиқлиқ нақадар мустаҳкамлашгани сайин, инсониятнинг камолоти муборак бўла боради. Олам одамни, одам оламни юксалтиради.
Бу фалсафа, ишқни тафаккур билан англаш йўсини ўйлаб топилган “дунёқараш” бўлмай, балки инсоннинг ишққа маҳкумлиги қонунияти мантиғидан келиб чиққан ҳикматдир. Бу ҳикмат бизнинг ихтиёримиздан ташқарида, шунга кўра у, биз буни истаймизми-йўқми, ўз хукмида қолаверади. Рубоий:
Ким сенга фидо бўлгали шай то бўлмас,
Орифлигу ишқ кўнглида пайдо бўлмас.
Расвоси эрурман сенга шайдоларнинг,
Айт, қани, ой, ким сенга шайдо бўлмас?
Одамнинг одамга ишқи, тахминимизча, Паҳлавон Маҳмуд назарида Оллоҳнинг куйдиргувчи меҳрини, муҳаббатининг худудсиз тафтини бир қадар мўътадиллаштириб берадиган бир мўъжизакор эзгуликдир. Биз яхши биламизки, она қуёшнинг иссиқлиги ҳам, аслида, жонзод бардош бера олмайдиган даражада кучлидир. Табиатнинг мўъжизасини қарангки, ана шу қайноқликни Оллоҳнинг муборак лутфи туфайли бунёд бўлган ер юзидаги жамийки борлиқ куймасин деб, мўътадиллаштириб бергувчи ҳимоявий ҳаво қатламлари мавжуддир.
Тасаввуф илмидан маълумки. одамзод Ҳақ дийдорига восил бўла оладиган даражага етмаги учун бир қанча чиниқтиргувчи босқичлардан, яъни мақомлардан ўтиши лозим. Акс ҳолда у илоҳий дийдорга мушарраф бўлмайдигина эмас, унга бардош ҳам бера олмайди. Худди офтоб нурларини озон қатламлари бир қадар мўътадиллаштириб бергани янглиғ, мақомлар ҳам илоҳий дийдор равшанлигини “кўз қамаштирмайдиган” даражага келтириб кўрсатадики, бу синоатнинг ўзи ҳам ҳайратланари тилсимлардандир.
Инсоний муҳаббат, дўстнинг дўстга, қардошнинг қардошга, ошиқнинг маъшуқага меҳр-муҳаббати ишқи илоҳийга тақлидан яратилган муборак туйғуларидирки, биз бу туйғуларни кечиниш саодати орқали илоҳий муҳаббат тафтига бардош бера оладиган, балки бу ишққа бир қадар муносиб бўладиган даражага етсак, эҳтимол. Ана шу маънода ҳам бизларнинг инсоний меҳр-туйғуларимиз ҳали биз бардош беришгача тобланиб етмаган илоҳий муҳаббатнинг оташларидан ҳаммамизни ҳимоя қилиб тургувчи Ҳақ соясидир.
Бамисоли қуёш ўз нурларидан бошимизга соя ташлаб, бизни сақлайдиган дарахтларни худди шу нурларнинг баракотидан вояга етказгани каби, Оллоҳи таоло ҳам ўз меҳр тафтини бизга муносиб тарзда етказадиган соябонлар бўлмиш инсоний муҳаббатларни Унинг ўзига бўлган эътиқодимиз туфайли парвариш қилади. Рубоий:
Оқ йўл сенга. Ишқинг мен учун жон бўлди,
Сен ҳақда хаёлим, маҳи тобон, бўлди.
Ҳақ соясиман. Тушдим ахийр бошингга,
Бу соя туфайли бошинг осмон бўлди.
Ошиқ-маъшуқалар ўзларининг ноёб меҳр-муҳаббатларини теран идрок эта бошлаганлари сайин, бир-бирларини бало-қазолардан асрашга жонларини фидо қилиш даражасида тайёргарлик кўра бошлайдилар. Мана шу илоҳий ҳозирлик камолга етганида одам одам учун жондан ҳам азиз бўлиб қолади. Инсон чинакам соадатга мушарраф бўлади. Рубоий:
Умримда менинг бўлмади ҳижрон ҳеч йўқ,
Ҳижрон каби дилни қилгучи қон ҳеч йўқ.
Сенга видо айтмаганим маъзур тут,
Жонга видо айтгали имкон ҳеч йўқ.
Жондан азиз инсон меҳрига мушарраф бўлишни Паҳлавон Маҳмуд Оллоҳнинг буюк инояти сифатида таъриф этади. Ҳар бир асл ошиқ Оллоҳи таоло томонидан махсус танланган мумтоз бандадир. Бу ишққа муносиб бўла олмаган бандалардан афзал кўрилган зотдир. Бу ўринда шуниси муҳимки, ушбу афзалликка эришмак саодати, бу қутлуғ имконни қўлга киритиш имкони ҳамма учун деярли бир хилдир. Бунинг иложи худо яратган бандаларидан бирини севмоқ, бу муҳаббатга вафосизлик қилишда худодан кўрмоқ, йўқ, кўрмоқ эмас, балки имкон кўрмаслик, бундай шаккокликни “етти ухлаб тушда ҳам кўрмаслик” саодатидир. Ана шу даражага эриша олган бахтиёр инсонгина Паҳлавон Маҳмуднинг қуйидаги мисралари ўзига қарата айтилаётганига ишонса арзийди:
Мангу ҳаёт, мангу саҳо сенга насиб,
Хизр умри-куни, яъни бақо сенга насиб.
Бахт бергали инсонни тилаб, кўрди сени,
Сўнг қилди бу бахтни мутлақо сенга насиб.
Инсонники бундай сева олган инсонларнинг Оллоҳга ихлос-эътиқоди қандай бўлишини тахмин қилмоқ мумкин. Бундай ошиқлар учун, ажаб эмаски, дўзах ва жаннат ўртасида тафовут бўлмаса. Чунки бундай ошиқлар Оллоҳни унинг жаннатини таъма этиб ёхуд дўзахидан қўрқиб эмас, Унинг ўз ДИЙДОРИ учунгина севадилар. Бундай илоҳий имтиҳондан ўтган ошиқ ва маъшуқалар Басрадан чиққан муҳаббат соҳибаси Биби Робия момомизга жўр бўлиб “О, худойим! Юлдузлар чарақлаб турар! Шоҳлар беркитдилар дарвозаларни… Ошиқ- маъшуқалар висолга етди, мен бўлсам Сени деб ёлғизман бу дам. О, худойим, сенга дўзахдан қўрқиб хизмат қилсам агар, дўзахқа солғил. Жаннат умидинда хизмат қилсам гар, жаннатга киритма мени, Худойим. Ўзинг учун хизмат қилсам агарда, жамолингни мендан тутмагил дариғ!…” – деб хитоб қилишга, эҳтимол, бир қадар ҳақлидирлар.
Рубоий:
Дард мени ўлдирди, маломат ватаним,
Ишқ мени куйдирди, муҳаббат кафаним.
Жаннат сеники, зоҳидо, мен булбули маст,
Куй мени куйдирдики, дўзах — чаманим,
– дейди бу ҳақда Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари.
Ишқи билан дўзахни чаманларга айлантирадиган инсон имкониятлари қандай? Унинг борлиғида қандай умид гулханлари алангаланиб турадики, у бунингчалик дадил, матонатли хаёллар суришга ўзида журъат топа билади?..
“Эй, ишқ, ғарийб кимиёсен!” — деб хитоб этган эди Низомиддин Алишер Навоий. Хўш, кимиёнинг ўзи нима? Бу саволга бир қадар жавоб топсак, назаримда, юқорида келтирилган саволларни ҳам ҳал қилган бўламиз.
Олис аждодларимиз тупроқни олтинга айлантиришни ҳамиша орзу қилганлар, бу мақсадга эришмак учун турли-туман, гоҳ илмий, гоҳ ғайри илмий изланишлар олиб борганлар. Бу орзу, албатта, амалга ошмаган. Аммо муҳаббат тани тупроқдан ийланган инсонни маънавий олтинга айлантиришда, яъни уни комил инсон қилиб тарбиялашда, Ҳақни танийдиган ориф бир зот сифатида шакллантиришда мислсиз аҳамият касб этганки, шунинг учун ҳам бу илмдан пийри бузрукворларимиз юксак билимдонлик, заковат ҳамда эҳтиёткорлик билан фойдаланганлар ва ўзларининг бу муборак амалларидан мағрибу машриқдаги башарият аҳлини муборак бир тарзда манфаатлантирганлар. Рубоий:
Ҳеч сира дўст, ҳеч сира ҳамдам йўқдир,
Қилгувчи халос бизни бу ғамдан йўқдир.
Кўз тутма садоқатни сира одамдан,
Сидқу вафо қилгувчи одам йўқдир.
Бу – одамзоднинг ибтидоий аҳволи, яъни унга “кимиёвий” ишлов берилмаган тарзи. Паҳлавон Маҳмуд рубоиётидаги ошиқ учун инсон мана шу тарзда ҳам азиздир. Негаки, ошиқ ана шу аҳволдаги одамни кўз ёш суви ва юрак алангаси оловида тоблайди, уни “олтин”га айлантиради. Унга “кимиё” сайқалини беради.
Умринг бу – шараф. На шеър, на достон шартдир,
Бахтинг-да баланд. На арш, на осмон шартдир.
Сенга фидо қилғали бир жоним бор,
Йўлингга сенинг, аслида, минг жон шартдир.
Фақат “бир жон”лик қарзимизни узиб, тўққиз юз тўқсон тўққиз жон билан қарздор бўлиб қоладиганимиз бу ИНСОНнинг ботиний сиймоси ва зоҳирий кўркидаги мутаносиблик инсониятни соҳибжамол ва саодатбахш бир келажак билан таъмин этадиган саодатдир.
Мана шундай муҳаббатга мушарраф бўлган одам ўз маҳбубаси ишқининг йўлида ҳам худди Оллоҳ йўлидагидек собитқадам ва оқибатли бўлмоғи лозим. Бу йўлда юрганда ҳам, бамисоли тариқат йўлида юрган солик янглиғ гумроҳликдан ўзини тийиб, маъшуқасига сидқидилдан кўнгил қўймоғи, уни ўзига муносиб қилмоқ ва унга ўзи муносиб бўлмоқ йўлидан бормоғи жоиз. Чунки одамга вафо қилмаган одам Оллоҳга ҳам вафо қилмайди. Майли, ғам-андуҳга гирифтор бўлиб бўлса ҳамки, ишқ йўлида ранж чекмак, бу дунёда баҳраманд қилмаса, тонгла маҳшар инсонни уқубатлардан халос этгувси, самовий жазолардан кутқаргувсидир. Шунинг учун ҳам Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари дейдиларки:
Кўп чекдиму дард, бўлмадим ҳеч шод, дариғ,
Ғурбатда бу жон, қилмадилар ёд, дариғ.
Афсус-надомат юки елкамда маним,
Дийдор қиёматгача барбод, дариғ.
Одамлар, модомики, бир-бирига насиб этадиган ва шу туфайли бир-бирининг бошларини осмон қиладиган ошиқлар эканлар, бу қутлуғ маснадга муносиб бўлиш риёзатидан ўзларини бир лаҳза бўлсин четга олиб қочишга ҳақли эмасдирлар. “Соям ила соз гурунглар қургайман ўзим…” – дейди шоир. Маъшуқани Ҳақ сояси билиб, унинг билан соз гурунглар қуриш ўз муҳаббати учун Оллоҳ олдида масъулиятни теран англамакдир. Рубоий:
Дўст бўлгали бир умрга доно танла,
Ҳамда гўзал бир гулираъно танла.
Бўлмаса гар айлама нобуд вақтинг,
Кашф эт сен ўзингни, ўзни танҳо танла.
Ўзни кашф этмак, “ўзни танҳо танламак”, албатта, кибру ҳаво эмас, балки муносиб дийдорга эриша олинмаганда Ҳақ хаёли билан ҳар қачонгидан ҳам ёлғизроқ қолмоқ демакдир. Бу – чорасизликнинг чораси. Йўқ эса, “йўлдош — йўлнинг ярми”, деган нақл тасаввуф йўлига нисбатан айтилган деса ҳам бўлади. Мана шу муборак манзилга элтадиган йўлни муносиб ҳамроҳлар шарофатидан қисқартмоқ ҳар дилга насиб бўлсин.
1 izoh