Nodir Jonuzoq. She’rlar.

077Шоир Нодир Жонузоқни 40 ёшга тўлиши билан чин дилдан қутлаймиз!

     Шоир ким? Шеър нима учун ёзилади? Ҳақиқий шеър қандай бўлиши лозим? Бу саволларга ўтган йиллар мобайнида кўп жавоб излаганман. Ҳар гал жавоб топгандай бўламан-у, бироз ўтиб, фикримдан қониқмайман. Ўйлаб қарасам, шеър ёзаман дея, сўзларни кўп увол қилибман — гуноҳидан қўрқаман энди. Ҳарҳолда, шеър ёзиш шунчаки эрмак ҳам, панд-насиҳат ёки тарғибот қуроли ҳам эмас. Ижод – шоирнинг ўзига ҳам бўйсунмайдиган фавқулодда зиддиятли жараён. Бу ҳолат осмону-фалакка ўрлаётган қуюнга ўхшайди: шоирни бир лаҳза юксакка олиб чиқиб, у бехабар бўлган уфқларни кўрсатади (Нодир Жонузоқнинг «Ўзим ҳақимда» бадиасидан).

Нодир Жонузоқ
ШЕЪРЛАР
08

НАВОИЙ

Дўстлар, бир зот келмоқда асрларни оралаб,
Эзгуликни улуғлаб, разолатни қоралаб,
Кафтида қуёш тутиб, зулмат кўксин поралаб,
Ҳар кўнгилдан кўнгилга сафар қилар Навоий,
Дилларни асир айлаб, зафар қилар Навоий.

Кўз очгайдир тошлар ҳам тегса қутлуғ ҳассаси,
Қалблар булоққа дўнар – асотирли “Хамса”си,
Икки дунёга безак ҳам суврати, ҳам саси:
Ошиқлар барҳаётдир – завол билмас Навоий,
Замонлар шиддатини кўзга илмас Навоий.

Қақнус, Симурғ тилида – яхшиларнинг ҳайрати,
Нафис мажлислар тузмиш Лайли, Ширин ҳайъати,
Писанд эмас Искандар, Дороларнинг ҳайбати,
Етти сайёрани ҳам қўлга олди Навоий,
Юлдуз сўзларни ойдин йўлга солди Навоий.

Олтин мисралар тиза юксалтди ишқ зинасин,
Эл-улусга очди у махфий Ҳақ хазинасин,
Беш асрдан ошдиким, туганмас ганжинасин –
Аямасдан улашар сахий вазир Навоий,
Ҳар кўнгилда тиклади боқий қаср Навоий.

Ошиқларнинг шоҳи у, шоирлар авлиёси,
Томирларни ёритгай ҳар ҳикматин зиёси,
Адабиёт мулкида йўқдир тенги, қиёси,
Ким қаламга суянса, шаксиз, пири Навоий,
Яратганнинг ошкор ва пинҳон сири Навоий!

Хуруж қилса ҳасрат, оҳ – кўнглингга қулоқ тутгай,
Гоҳ қўшилиб йиғлар у, гоҳо кулиб овутгай,
Руҳингни кўтаргайдир, гарчи ўзи қон ютгай,
Ҳар байти бир тумордир – балогардон Навоий,
Ошиқларнинг дардига даво ҳар дам Навоий.

Мен ҳам битта шайдоман – пойини ўпсам дейман,
Оёғини қучган из жойини ўпсам дейман.
То тирикман, кўйида юкиниб ўтсам дейман,
Ким этагин тутса гар – мангу қўллар Навоий,
Тушларини ёритиб, бахтга йўллар Навоий.

Орзум шуки, қўлига Кавсардан сув қуйсайдим,
Бир дам ёнида туриб, пок нафасин туйсайдим,
Сўнг, майли, қисмат эса, таассуфда куйсайдим,
Умидворман, ҳолимни айбга йўймас Навоий –
Дилбандини оловга ташлаб қўймас Навоий.

Эй, биродар, қародан юз ўгиргил – оққа кел,
Бул ғанимат чоғларда дилни қутқармоққа кел,
Ўзликни англай десанг, бу кун “Миллий боқ”қа кел –
Ҳар ниҳолга нигоҳбон, паноҳ эрур Навоий,
Миллат учун абадий маёқ эрур Навоий!

БУЛБУЛ КЎЗЁШЛАРИ

1.
Кўзимга битталаб киприк терган ким?
Оқу-қаросига ранг-тус берган ким?
Қароғим тубида кичик бир нуқта –
Нишонни бехато ургич Мерган ким?!

2.
Кўзимнинг қаърида балиқлар сузар,
Нозик гулмоҳларни ўйноқлаб узар.
Мен-ку ёш тўкишни истамайман, лек
Баъзан сув сачратиб, тинчимни бузар…

3.
Сассиқ алафларга ўгай, ёт булоқ,
Гуллар қиқиридан масрур, шод булоқ.
Қайда у? Кўролгай фақат Бўтакўз,
Қўшиғин эшитар ёлғиз Отқулоқ…

4.
Тонг чоғи Гул тўккан ёшга юз чайдим,
Ёришди батамом тийнатим – ғайбим.
Сиз мени бешафқат деманг, ёронлар,
Гулнинг йиғисида йўқ менинг айбим!..

5.
Ўйлама: “Сийрати – тошдан иборат,
Суврати қўл-оёқ, бошдан иборат”.
Ёқамни қўй, ғофил, силкисанг бехос,
Сочилгум – борлиғим ёшдан иборат…

6.
Кўксимга тиғ қада – чандиқ демасман,
Сен берган азобни андуҳ демасман.
Кўзимнинг ёшини оқизгил, майли,
Фақат, нажот кутма – мен Нуҳ эмасман!

7.
Гоҳ таскин, гоҳида танбеҳ бўлғуси,
Топганим шу инжу ташбеҳ бўлғуси:
Кипригим учида тешилар кўзёш –
Нурдан ип эшсангиз, тасбеҳ бўлғуси!

8.
Қошимда пойлайди икки қароқчи,
Кўзим атрофида қирқтадан соқчи.
Қароғим қаърида имон гавҳари –
Омон турибдими, биродар, боқ-чи?!

9.
Ёш шимиб, кипригим майса бўлади,
Чумоли дастида найза бўлади.
Беписанд босма… Оҳ… Қиёмат куни
У – сенга етмас бир пайса бўлади!

10.
Тонготар туришни қилмиш у одат,
Пок, ҳалол ҳаётни билмиш саодат.
Шабнамга юз-қўлин чайган чумоли –
Тоза гул баргида ўқир саловат…

11.
“Ҳайвонот боғи”да кўпни кўрган Фил
Бош чайқаб, бехосдан сўз қотди софдил:
“Менга зилдай занжир ургандан кўра,
Ўзингни тушовдан бўшат, эй ғофил!”

12.
Мусиқа мактаби – “Лаби Ҳовуз”да,
Ким сурнай дарсида, ким – чанқовузда.
Куйлашни ўрганар бедана, булбул…
Устоз ким, дейсизми? Сатанг Товус-да!..

13.
Кундуз кулган эдим – ҳуркди-ю қочди,
Шом чоғи йиғласам – яна ёндошди.
Рўза тутган чоғи Сўфитўрғай ҳам ¬–
Кўзёшимни ичиб, “оғзини очди”!..

14.
Бир замон чиндан-да тожи бўлгандир,
Тожида ҳилол, ё хочи бўлгандир.
Маккада қишламиш шу йил бу Ҳудҳуд,
Тавоф қил – эҳтимол, ҳожи бўлгандир!

15.
Майли, қутлуғ сафар анжомини туз,
Майли, Каъба сари бургил сен ҳам юз.
Лек Худо уйига боришдан аввал –
Кўксингдаги Иблис қалъасини буз!

16.
Танда қуриб олма баландга, тўрга,
Пойгак ҳам кўрк берар чинакам зўрга.
Балки остонадир сўнгги манзилинг,
Сендан сўрамаслар қўяркан гўрга…

17.
Қайдан пайдо бўлар ёввойи ғурур?!
Алдамчи ҳолингдан туясан сурур.
Огоҳ бўл, кўзларинг – Аму ва Сирдек:
Сув келмаса, Қалбинг Оролдек қурир…

18.
Имон ипин эшгил – кибринг буғилсин,
Ихлос меҳробига ишқинг туғ илсин.
Қалбинг – Фиръавннинг машъум саройи,
Дуо қил, халоскор Мусо туғилсин!

19.
Дерлар: “Тегар бўлса Ҳизр ҳассаси,
Тошдан-да кўз очар ҳаёт чашмаси…”
Кўксингга қулоқ сол, таралар: “дук-дук”,
Шаксиз, бу – табаррук таёқнинг саси!

20.
Қадаҳим эскими?! Ахир, бу бахт-ку:
Румий ва Машрабдан қолган қадаҳ бу!
Ялтироқ жомингни кўз-кўз қилма кўп,
Мен кўҳна май ичгум, сен эса – заққум…

21.
Жаннат нафасини бир лаҳза туйсам,
Сўнг майли надомат ўтида куйсам.
Кавсар ҳовузидан сув олиб якбор,
Ҳазрат Навоийнинг қўлига қуйсам!..

22.
Мангу давом этар севги қиссаси,
Эсиз, бир хил эмиш сўнги, ҳиссаси:
Кўнгиллар мос тушар узукка кўздек,
Лекин тўғри келмас ҳамён – киссаси…

23.
“Ишқ” дея ўзимни хароб қилдим мен,
Вале дил озиғин сероб қилдим мен:
Атиргул унидан нон ясадим ва
Булбул кўзёшидан шароб қилдим мен!

24.
Умрнинг яшнаган гулдай дами бор,
Тотлидир – ҳар неки қайғу-ғами бор.
Қошимда ўйнайди арилар ғужғон,
Яласам, ёшимнинг болдек таъми бор!

25.
Қалбингни қоқ – қат-қат чанги чиқади,
Кўк, қора, қизил, зард занги чиқади.
Дунё бўёқлари чапланмиш беҳад,
Ёш ила юв – асл ранги чиқади…

26.
Уфқда ланғиллаб гулхан ёнади,
Ёйилиб-юксалиб, улкан ёнади.
Кўкдан сир тўкилди: “Ўчирар кўзёш –
Ошиқлар устидан кулган ёнади…”

27.
Бежирим, бир мўъжаз сандиқ кўрдим мен,
Ҳар ўйма нақшида мантиқ кўрдим мен:
Қалбинг гўзал бўлғай у каби, шаксиз,
Искана тегибди – чандиқ кўрдим мен…

28.
Тил нима?! Бозорда ёйилган раста,
Молин кўз-кўз қилар ялтироқ сасда.
Лек асил моллар бор – ноёбу нодир,
Улар сал панада, улар сал пастда…

29.
Камол топиб, каму-кўстимдан кечсам,
Нафсимни сийлаган дўстимдан кечсам.
Илондек ўзимни янгилаб буткул,
Илма-тешик бўлган пўстимдан кечсам…

30.
Бир зум ҳам оғриққа беролмайсан дош,
Ногоҳ пайдо бўлса буйрагингда тош.
Нечун жилмаясан – бир “оҳ” демайсан,
Қирқ йилки улғаяр юрагингда тош!?

31.
Фолбин тақдиримни айтармиш, қизиқ,
Қўй, дедим, билмайсан, бўлаверма зиқ:
Қисматимни қайта ёзармиш Тангрим –
Манглайимга тортди янги тўрт чизиқ!

32.
Ўлсам – кўзларимни гул билан юминг,
Ифорлар, атирлар таралсин юз минг.
Парилар йиғлагай бошимда, шаксиз,
Танамни уларнинг ёши-ла ювинг!..

33.
Сирлар кўп – тубига асло етмаймиз,
Бундан на ютамиз ва на ютмаймиз.
Томчимиз… Қўшилсак Буюк Уммонга,
Абадий яшаймиз – мангу йитмаймиз…

АТИРГУЛ БАРГЛАРИ
(т у р к у м)

04

1

Ҳаётми бу, ё сирли эртак,
Ёки, билмам, бир ширин тушдир:
Киприкларим отмоқда куртак,
Қошларимга шудринглар тушди.

Кўзим булоқ сингари тоза,
Гулга кирди ҳар бир бармоғим.
Боғда бирдан бўлди овоза –
Атиргулни йўқлаб бормоғим.

Куй бошлади созанда булбул,
Жарчиларим – читтак ва какку:
“Тўй бошланди!
Эй, дўст, ўйнаб-кул,
Ахир, яшаб қолиш керак-ку…”

Совчи бўлди оппоқ кабутар,
Куёвжўра – қора қалдирғоч.
Гул қизариб, безаниб кутар –
Бошида дур ялтираган тож.

Йўлимизга сочилар гулбарг,
Мусичалар қилишар дуо.
Ота уйин қилар экан тарк,
Кўзёш тўкар Атиргул… Шу он –

Дугонаси – қизғалдоқ билан,
Пичирлашар, билмайман, нени.
Ҳозирданоқ юз алдоқ билан
Ўз измига солмоқчи мени.

Майли,
Гулга бўйсинсам – айбмас,
Титраб турар нозик вужуди.
Бунча хушбўй! Сирини айтмас,
Сувмас, атир ичгандай худди…

Яшаяпман –
Минг йил, ё бир он:
Вақтнинг менга нисбати йўқдир.
Англаб етдим: севса гар инсон –
Малак!
Бошқа қисмати йўқдир…

Шу савдоки – бошимга тушди,
Шу шарафга лойиқ кўрди Ҳақ:
Эҳтимол, бу бир ширин тушдир,
Балки, афсун, ёки бир эртак…

2

То тонггача тинмади ёмғир,
То тонггача чалиб чиқди куй.
Таронаси – тиниқ ва соҳир,
Ҳасрат устунларин йиқди-ку.

Қалбим билан тингладим уни,
То тонггача… кўзимни юмиб.
Жонимдаги аччиқ қайғуни –
Куйи билан кетди у ювиб.

Кўзим тоза… Тоза сўз билан
Салом бердим сахий саҳарга.
Жилмайди у – севинчим билар –
Қуёш ила чиққум сафарга.

Қумурсқалар қатори бўйлаб,
Одимлайман, дўстим – ниначи,
Йўл бошлайди шўх қўшиқ куйлаб,
Қўшилмасам ранжир гиначи.

Ҳаво тоза. Сувлар мусаффо,
Атиргуллар отмоқда мушак.
Япроғлари – сочади сафо –
Хонқизига ёқимли тўшак.

Ҳаёт – гўзал, фусункор, сирли,
Юрагимдан тошаяпти шашт.
Эй, Севгининг маъсум асири,
Яшаш керак, ҳа, севиб яшаш!

Ахир, ҳаёт берилган бир бор,
Йиғласак ҳам, кулсак ҳам – кечар.
… Ухламаймиз бу тун ҳам, дилдор,
Яна ёмғир ёғар бу кеча…

3

Сув юзига тўкилди аста
Атиргулнинг синган япроғи.
Эга чиқди унга бир пасда –
Тиллақўнғиз айни тонг чоғи.

Жилдирайди мусаффо ариқ,
Ўйнаб оқар саҳар қўйнида.
Гул япроғи – энг нафис қайиқ
Қалқир қувноқ ел ўйинида.

Сувни ўпган гиёҳлар – кўприк,
Соҳилда қўл силкир хонқизи.
Кўзларимдан тўкилган киприк
Эшкак бўлар… Хавфли оқизиб,

Айлантирар митти гирдоблар,
Тиллақўнғиз – моҳир денгизчи.
Саботини, санъатин тоблаб,
Давом этар йўлида изчил.

Писанд эмас хаслар тўсиғи,
Писанд эмас қалтис буримлар.
Елкан қилар еллар қўшиғин,
Олисларда севгиси имлар.

Уфқ қаърида – у суйган қўнғиз,
Ғарқ бўлмайди қуйқа гумонга.
То ёр экан шундай гўзал ҳис,
Етишажак бир кун уммонга…

4

Атиргулнинг танаси бўйлаб
Ўрлаб борар митти чумоли.
Жилмаяди тушини ўйлаб,
Нигоҳлари сархуш, хуморли.

Туш кўрибди қизил ғунчани,
Нур таратиб ёниб турганмиш.
Очиб-ёпиб гул тугунчани,
Ўзи билан суҳбат қурганмиш…

Уйғонди-ю дўстларин чорлаб,
Тонгда кўрган тушини айтди.
Қароғлари севинчдан порлаб,
Такрорлади қадимий байтни:

“Бу не тилсим?
Бу не сир, ҳайҳот,
Наҳот менда бор бўлса юрак?
Энди менга Усиз йўқ ҳаёт,

Энди уни кўришим керак!”
Қанча кўҳна китоб титилди,
Хариталар изланди ҳалак.
Охир ғунча манзилин билди

Фаришталар дўсти – капалак.
Йўл бошлади.
Борар чумоли
Қуёш сари ўрлайди тикка –
Япроғларнинг остида қолиб,
Санчилса ҳам кўксига тикан.

Фақат, мени қийнайди бир ўй,
Етармикан то қиш келгунча.
Таратарми у пайт атир, бўй,
Совуқ уриб тўзмасми ғунча?

Ярим йўлда ўлар капалак,
Сафар олис – етмайди умри.
Ўйин қилар жодули фалак
Сочар экан бир шода дурни.

Раҳмим келар…
Қўлимга олиб,
Элтсам дейман манзилга осон.
Лек чумоли қовоғин солиб,
Бош чайқайди: “Тегинма, Инсон,

Сенинг орзунг мендан-да майда,
Севги ахир азоб-ла хушдир.
Жон чекмасанг жонона қайда,
Машаққатсиз муҳаббат пучдир!”

5

Кўп қаватли бир уй мисоли
Атиргулнинг барглари қат-қат.
Ижарага бир гўша олиб,
Севишганлар яшайди фақат.

Ҳар баргакда – бир бахтиёр жуфт,
Ҳар япроқда бир ёруғ чироқ.
Бири шоир, бири файласуф –
Оғринмасдан очади қучоқ.

Билмас сира – ҳасад не, не кин,
Бегонадир дунё ғубори.
Яшайдилар далли ва эркин,
Бири – пастда, бири – юқори.

Биттасига тегинсангиз сал,
Қўзғолади бари – қўшилар.
Ҳавасимни келтирар роса –
Бундай аҳил, гўзал қўшнилар.

Шабнам каби соф тушунчаси,
Ишқ ҳукмига мангу асирдай.
Атиргулнинг олов ғунчаси
Барчасига нур сочар бирдай.

Асалари куйлаб йиғар бол,
Рақс тушади нафис капалак.
Хонқизига тилайди иқбол –
Ниначи ранг берган камалак.

Йўл қуради танти чумоли,
Ўримчак жим боғлайди ришта…
Хуллас, ҳаёт ҳасратдан холи,
Мушкин уй бу – тоза, саришта.

Кошки,
Мен ҳам – гуноҳкор банда
Улар билан бўлсайдим нон-туз.
Улар каби пок эмасман-да,
Ҳур эмасман улардай, афсус…

6

Боғда булбул ўқиди азон,
Кейин какку туширди такбир.
Жам бўлишди барча намозхон –
Зағча, чумчуқ… – тизилди бир-бир.

Гулзорнинг қоқ ўртаси – масжид,
Атиргулнинг барги – сажжода.
Сажда пайти маст қилгувчи ҳид
Юракларни ўртади: бода –

Узатарди бир сармаст ғунча,
Билмам, нега – сезмасди ҳеч ким.
Сафдошларим ётиб тургунча,
Гулқадаҳни сипқориб ичдим.

Томиримда таралди лаззат,
Хира онгим бирдан ёришди.
Дилга тушов барча даҳмаза
Ғойиб бўлди – ерга қоришди…

…Ихлос қилар ҳар ким ўзича,
Йўллар экан Аршга розини.
Салом берди имом мусича –
Ва тугатдик шом намозини.

Сўнг тарқалдик…
Кезиндим бесар –
Илк бор туйдим ибодат тотин.
Энди уйга қайтайин десам,
Халал берар бир жуфт қанотим…

7

Ўтар эдим гулбоғ оралаб,
Оёқ қўйиб мушкин пуштага.
Босардим гоҳ ғунчаларга лаб –
Қизил, сариқ, оқ ва пуштига…

Ҳар бирида – ўзгача гулоб,
Ҳар бирида – ўзгача бир таъм.
Маст бўлардим…
Ва сирим гуллаб,
Қўшиқ айта бошлардим хуррам.

Куйламоқдан тинарди қушлар,
Чигирткалар соларди қулоқ.
Чувалчанглар дилини хушлаб –
Чиқарди ер юзига қувноқ.

Фақат бир гул мўлтирар маъюс,
Фақат бир гул – боғнинг четида.
Ўтган кеча барига, афсус,
Шу гул ёлғиз гувоҳ эди-да.

Илк бор сени қучганим ҳамда
Ўпганимни кўрди у ногоҳ,
Аразлади ва ўша дамдан
Атрини ҳам сочмай қўйди, оҳ.

Энди ўйнаб-кулсам-да қанча,
Ғунчасини очмайди бу гул.
Ер искайди жим эгилганча,
Тупроққа бош ургудай буткул.

Ўтар бўлсам ёнидан, бесас
Товонимга санчар нишини.
Қайдан билай, сенга дил берсам,
Атиргулнинг рашк қилишини.

Кел,
Кутаман бу кеч ҳам боғда,
Гарчи йўқдир сенга ҳеч сўзим:
Ранжимасин – узатсин бода,
Атиргулга тушунтир ўзинг…

8

Атиргулнинг бандини кесдим,
Қон сачради юзимга бехос.
Сескандим-у… қисматим сездим,
Қийин бўлар энди менга, рост.

Тушларимга киради бу гул,
Хўрсинади, маъюс энтикар:
Япроғлари тўкилмиш буткул,
Кўзларимга қадайди тикан.

Пичоқ изи – тузалмас яра,
Силқиб турар оҳи, инграри.
Мени таъқиб қилади яна,
Боши кетган шаҳид сингари.

Гирдобларга отади ўзин,
Сув оқизган гулбаргин излаб.
Ёшга тўлар соҳилда кўзим,
Увол кетган ғунчани эслаб.

Ахир, сенга қилгандим туҳфа,
Тилагандим ёлғиз муҳаббат.
Орзум эди: у билан ухлаб,
Тушларингда мени кўр фақат.

Сен-чи, бағринг тош экан, дилбар,
Қандай оғир гуноҳга ботдинг –
Латиф ғунча қадрини билмай,
Лойқа ариқ қаърига отдинг.

Энди мени қўймайди бу гул,
Энди менга абадий рақиб.
Тушларимни тўзғитади ул,
То ўлгунча қилади таъқиб.

Бир кун ўлсам…
Тўлғонар қабрим,
Тошиб чиқар мушкин андуҳи.
Аямасдан сочади атрин
Атиргулнинг безовта руҳи!

9

Ёнарқуртдай турибди дилда –
Теграсига таратиб зиё.
Ўрмалайди – илашса тилга,
Юлдуз каби нур сочар гўё.

Атиргулнинг лабидаги пок
Шабнам янглиғ балқиб турар у.
Тушар бўлса ёввойи нигоҳ,
Силкинади – қалқиб турар у.

Ёруғ Сўз у. Қадр кечаси –
Малакларнинг оғзидан тушган.
Шоирларнинг неча-нечаси
Уни фақат кўрмишдир тушда.

Мен ҳам ёлғиз унга ишониб
Олган эдим қўлимга қалам.
Қаро тунда – ўша нишоним,
Шуъласида ташлайман қадам.

Агар бўғса зим-зиё кеча,
Агар зулмат олайтирса кўз –
Шеърим ўқинг… Лаҳзада кечар
Дилингизга ушбу ёнарсўз…

22.II – 28.II / 2010

077Shoir Nodir Jonuzoqni 40 yoshga to’lgan kuni bilan chin dildan qutlaymiz!

    Shoir kim? She’r nima uchun yoziladi? Haqiqiy she’r qanday bo’lishi lozim? Bu savollarga o’tgan yillar mobaynida ko’p javob izlaganman. Har gal javob topganday bo’laman-u, biroz o’tib, fikrimdan qoniqmayman. O’ylab qarasam, she’r yozaman deya, so’zlarni ko’p uvol qilibman — gunohidan qo’rqaman endi. Harholda, she’r yozish shunchaki ermak ham, pand-nasihat yoki targ’ibot quroli ham emas. Ijod – shoirning o’ziga ham bo’ysunmaydigan favqulodda ziddiyatli jarayon. Bu holat osmonu-falakka o’rlayotgan quyunga o’xshaydi: shoirni bir lahza yuksakka olib chiqib, u bexabar bo’lgan ufqlarni ko’rsatadi (Nodir Jonuzoqning «O’zim haqimda» badiasidan).

Nodir Jonuzoq
SHE’RLAR
08

NAVOIY

Do’stlar, bir zot kelmoqda asrlarni oralab,
Ezgulikni ulug’lab, razolatni qoralab,
Kaftida quyosh tutib, zulmat ko’ksin poralab,
Har ko’ngildan ko’ngilga safar qilar Navoiy,
Dillarni asir aylab, zafar qilar Navoiy.

Ko’z ochgaydir toshlar ham tegsa qutlug’ hassasi,
Qalblar buloqqa do’nar – asotirli “Xamsa”si,
Ikki dunyoga bezak ham suvrati, ham sasi:
Oshiqlar barhayotdir – zavol bilmas Navoiy,
Zamonlar shiddatini ko’zga ilmas Navoiy.

Qaqnus, Simurg’ tilida – yaxshilarning hayrati,
Nafis majlislar tuzmish Layli, Shirin hay’ati,
Pisand emas Iskandar, Dorolarning haybati,
Yetti sayyorani ham qo’lga oldi Navoiy,
Yulduz so’zlarni oydin yo’lga soldi Navoiy.

Oltin misralar tiza yuksaltdi ishq zinasin,
El-ulusga ochdi u maxfiy Haq xazinasin,
Besh asrdan oshdikim, tuganmas ganjinasin –
Ayamasdan ulashar saxiy vazir Navoiy,
Har ko’ngilda tikladi boqiy qasr Navoiy.

Oshiqlarning shohi u, shoirlar avliyosi,
Tomirlarni yoritgay har hikmatin ziyosi,
Adabiyot mulkida yo’qdir tengi, qiyosi,
Kim qalamga suyansa, shaksiz, piri Navoiy,
Yaratganning oshkor va pinhon siri Navoiy!

Xuruj qilsa hasrat, oh – ko’nglingga quloq tutgay,
Goh qo’shilib yig’lar u, goho kulib ovutgay,
Ruhingni ko’targaydir, garchi o’zi qon yutgay,
Har bayti bir tumordir – balogardon Navoiy,
Oshiqlarning dardiga davo har dam Navoiy.

Men ham bitta shaydoman – poyini o’psam deyman,
Oyog’ini quchgan iz joyini o’psam deyman.
To tirikman, ko’yida yukinib o’tsam deyman,
Kim etagin tutsa gar – mangu qo’llar Navoiy,
Tushlarini yoritib, baxtga yo’llar Navoiy.

Orzum shuki, qo’liga Kavsardan suv quysaydim,
Bir dam yonida turib, pok nafasin tuysaydim,
So’ng, mayli, qismat esa, taassufda kuysaydim,
Umidvorman, holimni aybga yo’ymas Navoiy –
Dilbandini olovga tashlab qo’ymas Navoiy.

Ey, birodar, qarodan yuz o’girgil – oqqa kel,
Bul g’animat chog’larda dilni qutqarmoqqa kel,
O’zlikni anglay desang, bu kun “Milliy boq”qa kel –
Har niholga nigohbon, panoh erur Navoiy,
Millat uchun abadiy mayoq erur Navoiy!

BULBUL KO’ZYOSHLARI

1.
Ko’zimga bittalab kiprik tergan kim?
Oqu-qarosiga rang-tus bergan kim?
Qarog’im tubida kichik bir nuqta –
Nishonni bexato urgich Mergan kim?!

2.
Ko’zimning qa’rida baliqlar suzar,
Nozik gulmohlarni o’ynoqlab uzar.
Men-ku yosh to’kishni istamayman, lek
Ba’zan suv sachratib, tinchimni buzar…

3.
Sassiq alaflarga o’gay, yot buloq,
Gullar qiqiridan masrur, shod buloq.
Qayda u? Ko’rolgay faqat Bo’tako’z,
Qo’shig’in eshitar yolg’iz Otquloq…

4.
Tong chog’i Gul to’kkan yoshga yuz chaydim,
Yorishdi batamom tiynatim – g’aybim.
Siz meni beshafqat demang, yoronlar,
Gulning yig’isida yo’q mening aybim!..

5.
O’ylama: “Siyrati – toshdan iborat,
Suvrati qo’l-oyoq, boshdan iborat”.
Yoqamni qo’y, g’ofil, silkisang bexos,
Sochilgum – borlig’im yoshdan iborat…

6.
Ko’ksimga tig’ qada – chandiq demasman,
Sen bergan azobni anduh demasman.
Ko’zimning yoshini oqizgil, mayli,
Faqat, najot kutma – men Nuh emasman!

7.
Goh taskin, gohida tanbeh bo’lg’usi,
Topganim shu inju tashbeh bo’lg’usi:
Kiprigim uchida teshilar ko’zyosh –
Nurdan ip eshsangiz, tasbeh bo’lg’usi!

8.
Qoshimda poylaydi ikki qaroqchi,
Ko’zim atrofida qirqtadan soqchi.
Qarog’im qa’rida imon gavhari –
Omon turibdimi, birodar, boq-chi?!

9.
Yosh shimib, kiprigim maysa bo’ladi,
Chumoli dastida nayza bo’ladi.
Bepisand bosma… Oh… Qiyomat kuni
U – senga yetmas bir paysa bo’ladi!

10.
Tongotar turishni qilmish u odat,
Pok, halol hayotni bilmish saodat.
Shabnamga yuz-qo’lin chaygan chumoli –
Toza gul bargida o’qir salovat…

11.
“Hayvonot bog’i”da ko’pni ko’rgan Fil
Bosh chayqab, bexosdan so’z qotdi sofdil:
“Menga zilday zanjir urgandan ko’ra,
O’zingni tushovdan bo’shat, ey g’ofil!”

12.
Musiqa maktabi – “Labi Hovuz”da,
Kim surnay darsida, kim – chanqovuzda.
Kuylashni o’rganar bedana, bulbul…
Ustoz kim, deysizmi? Satang Tovus-da!..

13.
Kunduz kulgan edim – hurkdi-yu qochdi,
Shom chog’i yig’lasam – yana yondoshdi.
Ro’za tutgan chog’i So’fito’rg’ay ham ¬–
Ko’zyoshimni ichib, “og’zini ochdi”!..

14.
Bir zamon chindan-da toji bo’lgandir,
Tojida hilol, yo xochi bo’lgandir.
Makkada qishlamish shu yil bu Hudhud,
Tavof qil – ehtimol, hoji bo’lgandir!

15.
Mayli, qutlug’ safar anjomini tuz,
Mayli, Ka’ba sari burgil sen ham yuz.
Lek Xudo uyiga borishdan avval –
Ko’ksingdagi Iblis qal’asini buz!

16.
Tanda qurib olma balandga, to’rga,
Poygak ham ko’rk berar chinakam zo’rga.
Balki ostonadir so’nggi manziling,
Sendan so’ramaslar qo’yarkan go’rga…

17.
Qaydan paydo bo’lar yovvoyi g’urur?!
Aldamchi holingdan tuyasan surur.
Ogoh bo’l, ko’zlaring – Amu va Sirdek:
Suv kelmasa, Qalbing Oroldek qurir…

18.
Imon ipin eshgil – kibring bug’ilsin,
Ixlos mehrobiga ishqing tug’ ilsin.
Qalbing – Fir’avnning mash’um saroyi,
Duo qil, xaloskor Muso tug’ilsin!

19.
Derlar: “Tegar bo’lsa Hizr hassasi,
Toshdan-da ko’z ochar hayot chashmasi…”
Ko’ksingga quloq sol, taralar: “duk-duk”,
Shaksiz, bu – tabarruk tayoqning sasi!

20.
Qadahim eskimi?! Axir, bu baxt-ku:
Rumiy va Mashrabdan qolgan qadah bu!
Yaltiroq jomingni ko’z-ko’z qilma ko’p,
Men ko’hna may ichgum, sen esa – zaqqum…

21.
Jannat nafasini bir lahza tuysam,
So’ng mayli nadomat o’tida kuysam.
Kavsar hovuzidan suv olib yakbor,
Hazrat Navoiyning qo’liga quysam!..

22.
Mangu davom etar sevgi qissasi,
Esiz, bir xil emish so’ngi, hissasi:
Ko’ngillar mos tushar uzukka ko’zdek,
Lekin to’g’ri kelmas hamyon – kissasi…

23.
“Ishq” deya o’zimni xarob qildim men,
Vale dil ozig’in serob qildim men:
Atirgul unidan non yasadim va
Bulbul ko’zyoshidan sharob qildim men!

24.
Umrning yashnagan gulday dami bor,
Totlidir – har neki qayg’u-g’ami bor.
Qoshimda o’ynaydi arilar g’ujg’on,
Yalasam, yoshimning boldek ta’mi bor!

25.
Qalbingni qoq – qat-qat changi chiqadi,
Ko’k, qora, qizil, zard zangi chiqadi.
Dunyo bo’yoqlari chaplanmish behad,
Yosh ila yuv – asl rangi chiqadi…

26.
Ufqda lang’illab gulxan yonadi,
Yoyilib-yuksalib, ulkan yonadi.
Ko’kdan sir to’kildi: “O’chirar ko’zyosh –
Oshiqlar ustidan kulgan yonadi…”

27.
Bejirim, bir mo»jaz sandiq ko’rdim men,
Har o’yma naqshida mantiq ko’rdim men:
Qalbing go’zal bo’lg’ay u kabi, shaksiz,
Iskana tegibdi – chandiq ko’rdim men…

28.
Til nima?! Bozorda yoyilgan rasta,
Molin ko’z-ko’z qilar yaltiroq sasda.
Lek asil mollar bor – noyobu nodir,
Ular sal panada, ular sal pastda…

29.
Kamol topib, kamu-ko’stimdan kechsam,
Nafsimni siylagan do’stimdan kechsam.
Ilondek o’zimni yangilab butkul,
Ilma-teshik bo’lgan po’stimdan kechsam…

30.
Bir zum ham og’riqqa berolmaysan dosh,
Nogoh paydo bo’lsa buyragingda tosh.
Nechun jilmayasan – bir “oh” demaysan,
Qirq yilki ulg’ayar yuragingda tosh!?

31.
Folbin taqdirimni aytarmish, qiziq,
Qo’y, dedim, bilmaysan, bo’laverma ziq:
Qismatimni qayta yozarmish Tangrim –
Manglayimga tortdi yangi to’rt chiziq!

32.
O’lsam – ko’zlarimni gul bilan yuming,
Iforlar, atirlar taralsin yuz ming.
Parilar yig’lagay boshimda, shaksiz,
Tanamni ularning yoshi-la yuving!..

33.
Sirlar ko’p – tubiga aslo yetmaymiz,
Bundan na yutamiz va na yutmaymiz.
Tomchimiz… Qo’shilsak Buyuk Ummonga,
Abadiy yashaymiz – mangu yitmaymiz…

ATIRGUL BARGLARI
(t u r k u m)

042

1

Hayotmi bu, yo sirli ertak,
Yoki, bilmam, bir shirin tushdir:
Kipriklarim otmoqda kurtak,
Qoshlarimga shudringlar tushdi.

Ko’zim buloq singari toza,
Gulga kirdi har bir barmog’im.
Bog’da birdan bo’ldi ovoza –
Atirgulni yo’qlab bormog’im.

Kuy boshladi sozanda bulbul,
Jarchilarim – chittak va kakku:
“To’y boshlandi!
Ey, do’st, o’ynab-kul,
Axir, yashab qolish kerak-ku…”

Sovchi bo’ldi oppoq kabutar,
Kuyovjo’ra – qora qaldirg’och.
Gul qizarib, bezanib kutar –
Boshida dur yaltiragan toj.

Yo’limizga sochilar gulbarg,
Musichalar qilishar duo.
Ota uyin qilar ekan tark,
Ko’zyosh to’kar Atirgul… Shu on –

Dugonasi – qizg’aldoq bilan,
Pichirlashar, bilmayman, neni.
Hozirdanoq yuz aldoq bilan
O’z izmiga solmoqchi meni.

Mayli,
Gulga bo’ysinsam – aybmas,
Titrab turar nozik vujudi.
Buncha xushbo’y! Sirini aytmas,
Suvmas, atir ichganday xuddi…

Yashayapman –
Ming yil, yo bir on:
Vaqtning menga nisbati yo’qdir.
Anglab yetdim: sevsa gar inson –
Malak!
Boshqa qismati yo’qdir…

Shu savdoki – boshimga tushdi,
Shu sharafga loyiq ko’rdi Haq:
Ehtimol, bu bir shirin tushdir,
Balki, afsun, yoki bir ertak…

2

To tonggacha tinmadi yomg’ir,
To tonggacha chalib chiqdi kuy.
Taronasi – tiniq va sohir,
Hasrat ustunlarin yiqdi-ku.

Qalbim bilan tingladim uni,
To tonggacha… ko’zimni yumib.
Jonimdagi achchiq qayg’uni –
Kuyi bilan ketdi u yuvib.

Ko’zim toza… Toza so’z bilan
Salom berdim saxiy saharga.
Jilmaydi u – sevinchim bilar –
Quyosh ila chiqqum safarga.

Qumursqalar qatori bo’ylab,
Odimlayman, do’stim – ninachi,
Yo’l boshlaydi sho’x qo’shiq kuylab,
Qo’shilmasam ranjir ginachi.

Havo toza. Suvlar musaffo,
Atirgullar otmoqda mushak.
Yaprog’lari – sochadi safo –
Xonqiziga yoqimli to’shak.

Hayot – go’zal, fusunkor, sirli,
Yuragimdan toshayapti shasht.
Ey, Sevgining ma’sum asiri,
Yashash kerak, ha, sevib yashash!

Axir, hayot berilgan bir bor,
Yig’lasak ham, kulsak ham – kechar.
… Uxlamaymiz bu tun ham, dildor,
Yana yomg’ir yog’ar bu kecha…

3

Suv yuziga to’kildi asta
Atirgulning singan yaprog’i.
Ega chiqdi unga bir pasda –
Tillaqo’ng’iz ayni tong chog’i.

Jildiraydi musaffo ariq,
O’ynab oqar sahar qo’ynida.
Gul yaprog’i – eng nafis qayiq
Qalqir quvnoq yel o’yinida.

Suvni o’pgan giyohlar – ko’prik,
Sohilda qo’l silkir xonqizi.
Ko’zlarimdan to’kilgan kiprik
Eshkak bo’lar… Xavfli oqizib,

Aylantirar mitti girdoblar,
Tillaqo’ng’iz – mohir dengizchi.
Sabotini, san’atin toblab,
Davom etar yo’lida izchil.

Pisand emas xaslar to’sig’i,
Pisand emas qaltis burimlar.
Yelkan qilar yellar qo’shig’in,
Olislarda sevgisi imlar.

Ufq qa’rida – u suygan qo’ng’iz,
G’arq bo’lmaydi quyqa gumonga.
To yor ekan shunday go’zal his,
Yetishajak bir kun ummonga…

4

Atirgulning tanasi bo’ylab
O’rlab borar mitti chumoli.
Jilmayadi tushini o’ylab,
Nigohlari sarxush, xumorli.

Tush ko’ribdi qizil g’unchani,
Nur taratib yonib turganmish.
Ochib-yopib gul tugunchani,
O’zi bilan suhbat qurganmish…

Uyg’ondi-yu do’stlarin chorlab,
Tongda ko’rgan tushini aytdi.
Qarog’lari sevinchdan porlab,
Takrorladi qadimiy baytni:

“Bu ne tilsim?
Bu ne sir, hayhot,
Nahot menda bor bo’lsa yurak?
Endi menga Usiz yo’q hayot,

Endi uni ko’rishim kerak!”
Qancha ko’hna kitob titildi,
Xaritalar izlandi halak.
Oxir g’uncha manzilin bildi

Farishtalar do’sti – kapalak.
Yo’l boshladi.
Borar chumoli
Quyosh sari o’rlaydi tikka –
Yaprog’larning ostida qolib,
Sanchilsa ham ko’ksiga tikan.

Faqat, meni qiynaydi bir o’y,
Yetarmikan to qish kelguncha.
Taratarmi u payt atir, bo’y,
Sovuq urib to’zmasmi g’uncha?

Yarim yo’lda o’lar kapalak,
Safar olis – yetmaydi umri.
O’yin qilar joduli falak
Sochar ekan bir shoda durni.

Rahmim kelar…
Qo’limga olib,
Eltsam deyman manzilga oson.
Lek chumoli qovog’in solib,
Bosh chayqaydi: “Teginma, Inson,

Sening orzung mendan-da mayda,
Sevgi axir azob-la xushdir.
Jon chekmasang jonona qayda,
Mashaqqatsiz muhabbat puchdir!”

5

Ko’p qavatli bir uy misoli
Atirgulning barglari qat-qat.
Ijaraga bir go’sha olib,
Sevishganlar yashaydi faqat.

Har bargakda – bir baxtiyor juft,
Har yaproqda bir yorug’ chiroq.
Biri shoir, biri faylasuf –
Og’rinmasdan ochadi quchoq.

Bilmas sira – hasad ne, ne kin,
Begonadir dunyo g’ubori.
Yashaydilar dalli va erkin,
Biri – pastda, biri – yuqori.

Bittasiga teginsangiz sal,
Qo’zg’oladi bari – qo’shilar.
Havasimni keltirar rosa –
Bunday ahil, go’zal qo’shnilar.

Shabnam kabi sof tushunchasi,
Ishq hukmiga mangu asirday.
Atirgulning olov g’unchasi
Barchasiga nur sochar birday.

Asalari kuylab yig’ar bol,
Raqs tushadi nafis kapalak.
Xonqiziga tilaydi iqbol –
Ninachi rang bergan kamalak.

Yo’l quradi tanti chumoli,
O’rimchak jim bog’laydi rishta…
Xullas, hayot hasratdan xoli,
Mushkin uy bu – toza, sarishta.

Koshki,
Men ham – gunohkor banda
Ular bilan bo’lsaydim non-tuz.
Ular kabi pok emasman-da,
Hur emasman ularday, afsus…

6

Bog’da bulbul o’qidi azon,
Keyin kakku tushirdi takbir.
Jam bo’lishdi barcha namozxon –
Zag’cha, chumchuq… – tizildi bir-bir.

Gulzorning qoq o’rtasi – masjid,
Atirgulning bargi – sajjoda.
Sajda payti mast qilguvchi hid
Yuraklarni o’rtadi: boda –

Uzatardi bir sarmast g’uncha,
Bilmam, nega – sezmasdi hech kim.
Safdoshlarim yotib turguncha,
Gulqadahni sipqorib ichdim.

Tomirimda taraldi lazzat,
Xira ongim birdan yorishdi.
Dilga tushov barcha dahmaza
G’oyib bo’ldi – yerga qorishdi…

…Ixlos qilar har kim o’zicha,
Yo’llar ekan Arshga rozini.
Salom berdi imom musicha –
Va tugatdik shom namozini.

So’ng tarqaldik…
Kezindim besar –
Ilk bor tuydim ibodat totin.
Endi uyga qaytayin desam,
Xalal berar bir juft qanotim…

7

O’tar edim gulbog’ oralab,
Oyoq qo’yib mushkin pushtaga.
Bosardim goh g’unchalarga lab –
Qizil, sariq, oq va pushtiga…

Har birida – o’zgacha gulob,
Har birida – o’zgacha bir ta’m.
Mast bo’lardim…
Va sirim gullab,
Qo’shiq ayta boshlardim xurram.

Kuylamoqdan tinardi qushlar,
Chigirtkalar solardi quloq.
Chuvalchanglar dilini xushlab –
Chiqardi yer yuziga quvnoq.

Faqat bir gul mo’ltirar ma’yus,
Faqat bir gul – bog’ning chetida.
O’tgan kecha bariga, afsus,
Shu gul yolg’iz guvoh edi-da.

Ilk bor seni quchganim hamda
O’pganimni ko’rdi u nogoh,
Arazladi va o’sha damdan
Atrini ham sochmay qo’ydi, oh.

Endi o’ynab-kulsam-da qancha,
G’unchasini ochmaydi bu gul.
Yer iskaydi jim egilgancha,
Tuproqqa bosh urguday butkul.

O’tar bo’lsam yonidan, besas
Tovonimga sanchar nishini.
Qaydan bilay, senga dil bersam,
Atirgulning rashk qilishini.

Kel,
Kutaman bu kech ham bog’da,
Garchi yo’qdir senga hech so’zim:
Ranjimasin – uzatsin boda,
Atirgulga tushuntir o’zing…

8

Atirgulning bandini kesdim,
Qon sachradi yuzimga bexos.
Seskandim-u… qismatim sezdim,
Qiyin bo’lar endi menga, rost.

Tushlarimga kiradi bu gul,
Xo’rsinadi, ma’yus entikar:
Yaprog’lari to’kilmish butkul,
Ko’zlarimga qadaydi tikan.

Pichoq izi – tuzalmas yara,
Silqib turar ohi, ingrari.
Meni ta’qib qiladi yana,
Boshi ketgan shahid singari.

Girdoblarga otadi o’zin,
Suv oqizgan gulbargin izlab.
Yoshga to’lar sohilda ko’zim,
Uvol ketgan g’unchani eslab.

Axir, senga qilgandim tuhfa,
Tilagandim yolg’iz muhabbat.
Orzum edi: u bilan uxlab,
Tushlaringda meni ko’r faqat.

Sen-chi, bag’ring tosh ekan, dilbar,
Qanday og’ir gunohga botding –
Latif g’uncha qadrini bilmay,
Loyqa ariq qa’riga otding.

Endi meni qo’ymaydi bu gul,
Endi menga abadiy raqib.
Tushlarimni to’zg’itadi ul,
To o’lguncha qiladi ta’qib.

Bir kun o’lsam…
To’lg’onar qabrim,
Toshib chiqar mushkin anduhi.
Ayamasdan sochadi atrin
Atirgulning bezovta ruhi!

9

Yonarqurtday turibdi dilda –
Tegrasiga taratib ziyo.
O’rmalaydi – ilashsa tilga,
Yulduz kabi nur sochar go’yo.

Atirgulning labidagi pok
Shabnam yanglig’ balqib turar u.
Tushar bo’lsa yovvoyi nigoh,
Silkinadi – qalqib turar u.

Yorug’ So’z u. Qadr kechasi –
Malaklarning og’zidan tushgan.
Shoirlarning necha-nechasi
Uni faqat ko’rmishdir tushda.

Men ham yolg’iz unga ishonib
Olgan edim qo’limga qalam.
Qaro tunda – o’sha nishonim,
Shu’lasida tashlayman qadam.

Agar bo’g’sa zim-ziyo kecha,
Agar zulmat olaytirsa ko’z –
She’rim o’qing… Lahzada kechar
Dilingizga ushbu yonarso’z…

22.II – 28.II / 2010

09

(Tashriflar: umumiy 3 407, bugungi 1)

5 izoh

  1. Ассалому алайкум, Хуршид ака! Эътиборингиз, табригингиз учун раҳмат. Сиздек устоз, қадрдон акам борлиги, меҳрингиздан баҳраманд бўлганим — мен учун катта бахт. Доимо соғ бўлинг!

  2. Nurdan toza bo’lar so’zning yaxshisi,
    Yaxshi so’zni topar asl baxshisi.
    Ming bor gapirsayu,ma’ni bo’lmasa,
    Bu tilni kesganing ma’qul, yaxshisi.
    Nodirjonga omad. U asl baxshi

  3. Nodir aka ijodingizga omad charchamang sherlaringiz ko’ngillar tongini uyg’otayversin samimiy sheriyat uchun tahmat

Izoh qoldiring