Shukur Xolmirzayev. Bulut to‘sgan oy & Hikoya asosida radiospektakl

033Ёмғир шундай куч билан қуя бошладики, бекат айвонида туришнинг иложи қолмади. Бунинг устига, ғувиллаб шамол эсар, ёмғирни букиб-қайириб айвон остига ҳам урар эдики, устунлар орқасига яшириниш ҳам фойда бермади. Мен плашнинг ёқасини кўтариб, шляпа гардишини пасайтириб, ресторанга қараб чопдим. Ресторанга кираверишдаги айвонча остида ҳам ёмғирдан қочганлар кўп эди. «Ке, шамоллаб-нетиб қолмайин. Барибир кечки овқатга етолмайман», деб ойнаванд, залворли эшикни очиб, ичкарига кирдим…

Шукур Холмирзаев
БУЛУТ ТЎСГАН ОЙ


19Шукур Холмирзаев 1940 йил 24 мартда Сурхондарё вилояти Бойсун туманида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1991). Тошкент университетининг журналистика факултетини тугатган (1963). Дастлабки ҳикоя ва очерклари 1958 йилдан нашр этила бошлаган. «Оқ отли» (1962), «Тўлқинлар» (1963), «Ўн саккизга кирмаган ким бор?» (1965) қиссалари, шунингдек, ёзувчининг шу даврда ёзган ҳикоялари «Олис юлдузлар остида» (1971), «Ҳаёт абадий» (1974), «Оғир тош кўчса…» (1980), «Йўллар, йўлдошлар» (1984), «Бодом қишда гуллади» (1986), «Тоғларга қор тушди» (1987) цингари тўпламларидан ўрин олган. «Сўнгги бекат» (1976), «Қил кўприк» (1984), «Йўловчи» (1987), «Олабўжи» (1992), «Динозавр» (1-китоб, 1996) каби романлар муаллифи. «Қора камар» (1987), «Зиёфат» (1990 йили саҳналаштирилган) драмалари ҳам бор.Ёзувчи 2005 йил 29 cентябрда Тошкент шаҳрида вафот этган.Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти (1989) ҳамда «Меҳнат шуҳрати» (1999) ордени билан тақдирланган.


Тўхтасин оғага бағишлайман.

1

Ёмғир шундай куч билан қуя бошладики, бекат айвонида туришнинг иложи қолмади. Бунинг устига, ғувиллаб шамол эсар, ёмғирни букиб-қайириб айвон остига ҳам урар эдики, устунлар орқасига яшириниш ҳам фойда бермади. Мен плашнинг ёқасини кўтариб, шляпа гардишини пасайтириб, ресторанга қараб чопдим. Ресторанга кираверишдаги айвонча остида ҳам ёмғирдан қочганлар кўп эди. «Ке, шамоллаб-нетиб қолмайин. Барибир кечки овқатга етолмайман», деб ойнаванд, залворли эшикни очиб, ичкарига кирдим. Табиий, димоғимга ичимлик, сигарет ҳиди урилди, қуло-ғимга жазавали ғарб мусиқаси эшитилди. Мен шляпамни силкитиб, ёқамни тушириб, устки кийимларимни олиб қоладиган киши томон бораётган эдим, шундоқ рўпарамдан — афтидан, қўлювгич хонадан чиқиб келишаётган новча, норғул йигит билан этаги ерга теккудек узун, қора барқут кўйлакли жувонга кўзим тушди.
Йигит… менга таниш, ҳатто «ака» даражасидаги қадрдоним. Таваккал эди. Эгнида тўйга кийиб борса арзийдиган тим қора костюм-шим, оёғида пошнаси баланд, учли туфли (шунинг учун бўйи тағин ҳам баланд кўринар), ҳийла сийраклашиб қолган жингалак сочлари ялтирар (нам қўли билан сийпаган бўлса керак), тилла тишлари ярқираганча кулиб келар, жувоннинг тирсагидан тутиш ёхуд унга бирон дилдорлик кўрсатиш, чамаси, хаёлига келмас, жувон эса, бошини хиёл эгиб ва кулимсираб келарди.
Мен тескари қарамоқчи бўлдим-у, улгуролмадим.
— Ў, писател! — деб бақириб юборди Таваккал. Мен табассум қилиб, четландим. У келибоқ, мени бағрига олди, ўпишдик. Оғзидан ароқ ҳиди келар, юзи шишинқираган, кўзлари ғилтиллар эди.
— Бу киши — бизнинг земляк! — деб аёлга қаради «земляг»им, кейин уни унутгандек, менга тикилиб, давом этди: — Қалай энди? Келин яхшим-а? Кичкиналар кўпайиб қолдим-а?.. Кўринишингиз дуруст. Класс! Эй, бу одам — яхши ёзувчи! — деди яна аёлга кўзи тушиб. — Менинг юртдошим!
Мен ҳам аёлга қарадим, у синиққина кулимсираб бош ирғади. Каминаям бош ирғади. Шунда Таваккал:
— Э, танишмайсизларми? — деб кулди. — Бу киши бизнинг хоним. Отингиз… нимайди?
— Гули, — деди жувон (унинг қизариб кетганини тахмин килдим), — Гулсара.
— А-аа, Гулсара, Гулсара, — деб тағин баралла кулди Таваккал. — Қани, залга марҳамат, Қувватжон!
Мен уст-бошимга ишора қилган бўлиб:
— Шунчаки кирувдим, ёмғирдан қочиб, — дедим. — Дачага кетишим керак.
— Дачага? Ў-ў, ўзимиз обориб қўямиз!.. Қани, плашти ечинг! Ҳў, швейсар, бақа қара! — Таваккал шляпамни олди. Мен ноилож ёмғирпўшимни еча бошладим. — Оббо, Қувватжон-е, учрашганимизни қаранг. Худо бор… Қаршидан жўнаётганимда сизни эслаб эдим. Честни айтаман…
— Мен ҳам сизни эслаб тураман, — дедим.
— Ёлғон! Битта телефон қилмайсиз. Қаршининг чегарасидан ўтиб кетасиз.
— Якин-орада юртга борганим ҳам йўқ.
— Мен кеча келдим. Геялогия вазирлигига чақиришган эди… Эй, Гулсара, Мустақилликкача ўзимизда геялогия министрлиги йўқ экан! Бор-у, Московга бўйсунар экан. Ўзбекистонга бўйсунмас экан. Вей, қисталоқлар-е.
— Ҳалиям карьердамисиз? — деб сўрадим, шунчаки гап-гапга қовушсин учун.
— Ҳа-а, —дея яна олтин тишларини ярақлатиб кулди. — Каттаси бўп кетдик мармар карьерининг… — У плашни ҳам швейцарга берди-да, кифтимдан олиб, иккинчи қаватга ўрлаган зинапояга бошлади. — Гул, Гул-сара, ортда қолманг… Э, сиз олдинга ўтинг! Ўтинг, хоним. Аёл оғриниб тўхтади.
— Юраверсангиз-чи.
— Шундайми? Майли. — У кулиб қўйиб, икки зинапояни битта қилиб босди. — Ишларим авж, укабой. Мармар қиммат бўп кетди. Ҳа-ҳа-ҳа. Крошкаси — капейка эди.

2

Уларнинг столи ўнг томондаги ойна-девор остида, зал баралла кўринадиган жойда экан. Дастурхон тўкин, стол четида — вазада лола ҳам бор экан.
Мен столнинг бери ёғидаги пичоғ-у санчқиси ишлатилмаган жойга ўтира қолдим. Биламан, улар бу жойга нисбатан тўрга, яъни, столнинг у ёғига ўтказмоқчи бўлишади. Ҳақиқатан ҳам шундай ҳаракатлар қилиб, натижа чиқаришолмагач, аёл ўз жойига — ойнага яқин курсига, Таваккал унинг ёнига ўтириб:
— Хўп, йигит ўлмайлик, бало кўрмайлик, — дея ишшайганча фотиҳа ўқиворди-да, бирдан ўнг-у сўлига қараб, худдики тўйхона баковулидек бақириб юборди:— Ўй, аписанка! Ў-ў, жонидан, бақа бир кел. Давай, заживо… Накрой! Это — мой гост! Нима дедингиз, хоним?
Хоним қисиниб, елкасини қисди. Мен эсам (чин кўнгилдан):
— Шу бўлади-ку, — дедим. — Э, аломат йигитсиз-да, Таваккал ака.
— Мендан нима кетяпти? — хахолаб кулди у. — Икки мошин крошка, холос! Отамдан қолган бўлмаса… Тўғри, лекин Темур бобомдан қолган. — Кейин жиддий тортиб, давом этди: — Эй, Қувватжон, ўзимиздаги мармар конларининг тўқсон пойизи Темур бобо замонида очилган экан. — Кейин яна кулди. — Ҳозир бўлса, шундоқ, йўлнинг ёқасига бир кетмон уринг, қарс этиб мармарга тегади. Очилиб ётибди-е.
Гулсара «қойил» дегандай бошини сараклатди. Мен ҳам қошларимни кўтариб:
— Зўр, зўр, — дедим.
— Гулсара, борасизми? — Таваккал, афтидан илгари бошланган суҳбатни давом эттириб, сўради: — Хўп денг, хоним… Бир айлантирай! Тахтақорачага опчиқаман! Қаламқош гуллар очилиб ётшгги! Сапсарга ўхшайди-ю, кичкина… — Кейин менга қараб, бемалол кулди. — Булар билмайди, шаҳарлик-да… Да, кечирасиз, бивший қишлоқисиз! Туркистон ҳам қишлоқ-да энди, Тошканга нисбатан? Шу-шу… Ўх, маладес, маржа хоним! — У столни тозалаётган официант жувоннинг белидан ушлаб қўйди. У эса:
— Всегда ми ралн вас обслуживать, — деди табассум қилиб.
— Таваккал ака, келсангиз, фақат шу меҳмонхонага қўнасизми? — деб сўрадим яна йўлига.
— Ҳа. Бу ер — марказ, — деди Таваккал. — Бечоралар яхши кутиб олишади. Беш-ўн сўм устига берсанг, бас-да, ўртоқ ёзувчи… — Кейин яна кулди-да, ўйчан тортиб сўради: — Уй ичлари тинчма, Қувватжон? Ёзган асарларингизни ўқий олмаяпмиз. Иш кўп-да, ука. Лекин эшитиб турамиз. Мен сўраб тураман, честни…
— Сўраб турасиз-ку, бу ерга келганда унутасиз? — деб қолди хоним.
— Ўў, биру нўл, — деди у. — Лекин шу гал бари-бир сизни топмоқчи эдим, Қувват. Битта маслаҳатлик гап чиқиб қолди…
— Марҳамат, — дедим.
— Кейин… Пирниси, коньяк! Ладна, пуст «Напалиён!» Слишишь? Вот та-ак…
Мен нима қилишни билмасдан сигарет тутатдим. Энди икки кишилашиб стол тузаётган официанткалардан бири дарҳол кулдон опкелиб қўйди.
Шу пайт залнинг тўридаги саҳнада мусиқачилар (кирганимизда, дам олишаётган эди, шекилли) гумбир-гумбир қилиб, созларини чала кетишди.
— О-оҳ, яна бошлади бу аблаҳлар, — деди Таваккал. — Бориб тинчитиб келайми?
— Нега? — деди Гулсара. — Бировларга ёқади, заказ қилишвотди-да.
— Э-э, Мустақил бўпмизам ўзбекча қўшиқ айтишмайди бу хумпарлар!
— Айтишмаса, чалишар.
— Чалади, — дедим мен ҳам. — Ҳечқурса, «Тановар»ни билишади. Тағин «Чингизхон» деганиям бор.
— Темур дегани-чи, Темур? — пихиллаб кулди Таваккал. — Тўхтанглар, ҳозир заказ қиламан. Адин момент! Бир жиннисини чиқарай шуларни. «Чингизхон»ни биласан, унинг дабдаласини чиқарган «Темур»ни билмайсанми, дейман.
— Чингизхонними ё чингизийларними? — майингина кулимсираб сўради хоним. Сездимки, бу гапни мунозара учун эмас, шунчаки, гапириш учун айтди.
Ўзи, умуман, бундай жойларда шунақа гапириш маъқул. Чунки мақсад ўзи — маънили бемаъни бўлса-да, валакдашиб ўтириш, қолаверса, ичиш-да.
— Ў-ў, яна биру нўл! — деди Таваккал. Кейин: — Штрапни тўлаймиз, — деб кулди. — Айтмоқчи, Қувватжон, бу кишини мен Қаршига таклиф этаяпман. Тўғрироғи, Шаҳрисабзга… — Кейин бирдан ғамгин тортиб кулимсиради. — Хотин йўқ, туғруқхонада ке-етди, ука. Олти бола билан қолдим. — Кейин яна кулди. — Э, кун ўтаяпти… У ёғини айтсам, мен ҳам қарийб етимликда катта бўлганман. Тўғри, қариндошлар кўп эди, бобойдан мерос қолган мол бор эди… Так што, хоним, бемалол кириб боришингиз мумкин уйга… Кимсиз? Мармар конини текширишга борган — ревизор! — У яна қаҳ-қаҳ отиб кулди-да, столни безаб бўлган официантканинг кифтини силаб қўйди. — Ўлма, аканг аилансин! — Сўнг ниманидир эслагандек бирдан буюрди: — Давай, налей ти сама!
— Конишно, конишно, — деди у тумбочка устидан оппоққина сочиқ олиб, ўша билан коньяк шишасини ўради. Сўнг уни очиб, Гулсаранинг рюмкасига энгаштирган эди, у чийиллаган каби:
— Нет-нет, — деди. — Яж вам сказала?
— Ах, да, извините.
Таваккал хонимга чимирилиб бокди.
— Нимага коньяк ичмайсиз-а?
— Менга тўғри келмайди.
— А-а, майли… Давай нам коньяк! Қувватжон, би-ир ўтирайлик!
— Раҳмат.

3

Шундан кейин суҳбатимиз шўх ирмоқнинг оқиш мақомида давом этди. Ирмоқ нишаблардан тез энса, ўрларга аста кўтарилади, чўнқирларни тўлдирар экан, секинлаб ҳам қолади. Гурунгимиз ҳам шунга ўхшаб, гапга гап уланиб, аммо равон бир изга тушмасдан давом этаркан, қадаҳ сўзига етганда, кончи дўстимиз:
— Қани, бир тос айтинг, Қувватжон! Зўр бир гап айтинг! Биз шуни қолдирмай олайлик! — деди.
Мен хижолат бўлиб, қадаҳини (унга яҳудий ароғидан қуйилган эди) жойида аста айлантираётган Гулсарага қараб олдим, ундан узр сўрагандек.
Кейин яна қийналиб қолдим: нима дейман, ахир? Қуриб кетсин бу ёзувчилик ҳам… Ана шунинг учун кўпинча тўйларга боришдан ҳам тийиламан ёхуд борсам ҳам панада ўтириб, чиқиб кетаман. Сўз беришади-да, тантанали қилиб. Шунда тўйчи «ака» «яқининг» бўлсаки, хўп-хўп. Акс ҳолда оёғинг тортмай, урфни оёқости қилмайин, деб келган тўйингни эгасида йўқ сифатларини ҳам тўқиб чиқариб айтишга тўғри келади.
— Қани, эшитовуз, — деди Гулсара мусиқа тиниши билан. Ва Таваккал (энди) унинг кифтини силаб қўйди.
— Сизларнинг шундай чиройли бўлиб ўтиришларингни кўриб, хурсанд бўлдим, аввало шуни айтишим керак, — дедим. — Таваккал акани ўрта ҳисобда йигирма йиллардан буён биламан, гарчи кам учрашиб турсак-да… Гулсарахон, бу инсон — бир қоп ёнтоқ мисолидир. Дали-ғули, мард. Хуллас, Темур бобо юртининг валламат йигитларидан…
Таваккал ҳазилакам бир қувлик билан кўзларини дўлайтириб:
— Ана шунақамиз, хоним, — деди. — Айтинг, Қувватжон. Сизнинг ёзганларингизам рост… Йўқ, честни айтаяпман. Хоним, кўпроқ ўрисча китоб ўқигансиз-да, билмайсиз… Китобларидан бераман…
— Ҳа, энди, барибир «тўқувчи»миз-да, — дедим мен. — Айтмоқчи, ўрис ёзувчилари ҳам яқин-яқинга-ча, масалан «асарлар» деб эмас, «сочинение» деб айтишарди… Хўп, — қадаҳни сал кўтардим. — Ана шу аҳилликларинг давом этсин. Хўш, мени дастурхонларингга таклиф этганларинг учун миннатдорчилик билдириш билан бирга, айтмоқчиманки, мана шу — ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат орамиздан ҳеч қачон кўтарилмасин.
— Воҳ! — деб юборди Таваккал. — Бу тосдан кейин пужерни тўлдириб ичсаям арзийди!
— Раҳмат, — деди Гулсара менга. Ичиб бўлиб, қази-қартадан газак қилганимиздан кейин хоним сўради: — Кечирасиз, писател ака, ўзийиз шунақа камтармисиз ёки камтар бўлиб кўринишни яхши кўрасизми?
Менга ҳеч ким бундай савол бермаган, қолаверса, бу саволда, ҳарқалай, такаббурлик бор эди.
— Хоним, мен пиесалар ҳам ёзганман, — дедим. — Табиийки, ўша жараёнда рўл ўйнайман. Айтишларича, образларим ростми-ёлғонми — ўз гапларини гапиришар эмиш.
— Так-так?
— Қозонда бори чўмичга чиқади, деганларидек, инонингки, мен қандоқ бўлсам, образларим ҳам шундоқ чиқади, деб ўйлайман, яъни, рости ҳам, ёлгони ҳам ўзиники, ўзлигидан келиб чиққан бўладики, уларни, жумладан, мени ҳам риёкор, деб айтиш қийин… — шундай деб, дафъатан толиққанимни туйдим. Кейин дангалига кўчдим: — Сиз қандай тушунсангиз, ихтиёр ўзингизда.
— Браво, — деди у.
— Ҳа, маладес, Қувватжон, — деди Таваккал ҳам. — Қизиқ гаплар… Эй, яна бошлашди-ку буги-вугини! Шошманг, пул тўлаб бўлсаям тинчитаман.
— Ундан кўра, ўзбекча музика заказ қила қолинг, — деди Гулсара бояги табассумида.
Таваккал ўрнидан ирғиб турди.
— Ест! — Кейин бирдан хонимга тепадан ўткир тикилиб сўради: — Ўйнайсизми?
Гулсара елкасини қисди.
— Ў-ў, адин момент! — деб юборди Таваккал. — Ана бу бошқа гап! Кеча ўзим ҳам сезиб эдим… Кухнага кириб чиқаётганингизда оёқ олишингиз ғалати бўлиб кетиб эди. «Жигарпора»ни эшитаётганда.
Гулсара бошини эгиб кулди. Таваккал қаторлар ора-сидан лўкиллаб юриб, саҳна томонга кетди.
— Кеча танишдик окайиз билан, — деди Гулсара «акам»нинг орқасидан сезиларли фахр билан қараб олгач. — Мани безорилардан қутқардилар… — Кейин кулиб ҳамда ғижиниб, давом этди: — Шундоқ кетивоссам, рўпарамдан иккита даванги кевотти. Тротуарда эдим. Тўғри келишаверди. Ман четланиб, йўл бердим. Ўтишди-ю, вай, сезмий қолдим, қўлим бир силкинди. Қарасам, сумкам йўқ. Биттасининг қўлида, ҳеч нарса кўрмагандай кетишвотти. «Ҳой, шу кунингдан ўлганинг яхшимасми?» деб бақирдим. Чопиб боришга қўрқаман. — У яна бошини эгиб кулди. — Вайсовурдим. «Бўйингга қара, иплос! Келиб-келиб хотин ки-шини тунайсанми?» — Шу пайт Таваккал кафтларини бир-бирига ишқаган ҳолда қайтиб келди. «Ест, гатоп!» деб ўтираркан. Гулсаранинг охирги сўзларини эшитганда, бирдан тилла тишларини кўрсатиб ишшайганча, уни рағбатлантириб, бош ирғади. — Ўша пайтда кўриниб қолдилар… Бу ёғини ўзингиз айта қолинг, — деди Гулсара.
— Ҳа, — дея сезиларли мамнуният билан давом этди Таваккал. — Таксидан тушиб, меҳмонхонага бораётсам… бир аёл киши пиртаволда қарғанаяпти. Полвонлар менга яқинлашиб қолган. — У мазза қилиб, аммо ёлтондакам кулди. — Хонимнинг овозлари жуда-а ёқиб кетди-да!
— Раҳмат, — деб қўйди Гулсара.
— Безбет… Кейин, укабой, акангизни биласиз, ёшлик даврлари эсга тушиб кетди. Ўзи, кўпдан бери қўл қичиб, қаерга ишқашни билмай юрган эдим…
Мен бош ирғадим. Гулсара тағин овозида фахр билан:
— О, ёмон эканлар бу киши, — деди. — Ну, парен… Қайтамга ман қўрқиб қолдим.
— Э, хоним, ёшсиз-да, — деб талтайди Таваккал. — Ундайларнинг учта-тўрттасига бас келолмасак, мундай қилиб юрмас эдик. Биттаси — ўрисми, татарми, билмайман. Аммо биттаси — ўзбек эди, ана шундан бошладик.
— Вой, ман ўлдириб қўядилар, деб қўрқдим, — дея яна луқма ташлади Гулсара.
— Йў-ўқ, — деб тағин кулди кончи. — Оч биқинига урамиз-да… Йўғасам, товон тўлаш бор. Ха-ха-ха… Товон тўлаганмиз ҳам, а, Қувватжон?
— Жуда, — дедим. — Қиммат тўлагансиз… — Гулсара эшитишга иштиёқи борлигини англатадиган назар билан боқди. — Ўзингиз айтиб берарсиз, — дедим Таваккалга.
— Ҳе, эски гап у, — деди Таваккал. — Келинг, эсламайлик!
— Йўқ, нега энди? — озорланди Гулсара.
— Бўпти, айтиб бераман, — деди Таваккал. — Олдин яна биттадан олайлик. Ҳозир «Тановар» бўлади… — У узун қўлларини бемалол узатиб, шишалардан қуяркан, мен аста сўрадим:
— Кейин нима бўлди? Ҳалиги давангилар билан… муштлашувингиз ?
— Э, биз муштлашмадик. Уларда куч қайда? Ароқ енгиб ташлаган алкашлар экан. Битта-битта билан чўзилтириб қўйдим. Кейин ўзбек болага: «Сумкани кўтар», дедим.
— Ҳа, бу кишига қолса, сумкани кўтартириб, уйимга обкирардилар.
— Кечирадилар, хоним.
— «Қўйинг, йўлига кетсин», — дедим.
— Лекин, кейин номардлик қилдингиз-а? — деб чиндан ҳам ачиниш ва хижолатли нигоҳ билан унга боқди Таваккал. — Ўпкаласам арзийди! — дегач, яна аслига — шўхчанлигига қайтди. — Мени уйларига таклиф қилдилар, раҳмат. Чой, кофе дамлаб бердилар, раҳмат, Аммо…
— Таваккал ака, — деди Гулсара оғриниб.
— Йўқ, тўғрисини айтишим керак-да.
— Хўп. Айтинг-айтинг.
Таваккал қўлларини ёзиб, жуда ҳайрон қолганини билдирди:
— Ётишга қўймадилар… Мен бечора мусопирди. Гастинсага ҳайдадилар. «Вой, мусулмон, тегмайман сизга», дейман. Ишонмайдилар… Шунақа бўлди, Қувватжон.
Мен бундай гапларга ҳайрон қолмаслик лозимлигини тушунсам-да, уялдим ва Таваккалнинг «ўзига ишончи» анчагина ошиб кетганини дилимда қайд этдим.
Кейин бу «очиқ гаплар» хонимга қандай таъсир этганини билиш учун унга қарадим…
Эътироф этаманки, илк бор тикилиб қарадим. Зеро одатим шу: бундоқ давраларда йигитлар аёллари билан ўтирадими, бошқа таниш жувонлар биланми — эркаклар билан гаплашардим-у, аёлларнинг саволларига жавоб берардим, холос.
Аммо хотинларга тикилиб қараш… йўқ. Бу — ўзбек одатиданми, табиий андишаданми — билмайман.
Гулсарага тикилиб қарасам, у қандайдир асабий, ниманидир кутаётгандай, ўша кутгани содир бўлса, шартта туриб кетворадиганга ўхшарди.
— Қани, олдик-е! — деб юборди шунда Таваккал — Майли, бу ёғига худо пошшо!.. Айтмоқчи, мен Гулсара учун ичаман… Қувват, сиз ҳам хоним учун ичинг. — Ниҳоят, ийманиб жилмайди. — Мен «номард» дедим бу кишини. Аслида хурсандман, худо уринсин-а… Зўр аёл экансиз. Чесни айтаяпман. Гул, сиз учун!
— Қуллуқ-қуллуқ, — деди у.
Мен ҳам эркин нафас олдим.
— Раҳмат сизга, Таваккал ака, — дедим. — Гулса-рахон, омон бўлинг. Бизнинг ёзувчилар орасида бир гап бор: «Феълинг ўзгармасин», дейдилар. Урисчасига: «Надо быть самим собой». Шундоқ.
— Тушунолмадим, — деб яна ёлғондакам ишшайди Таваккал. — Акамни остонадан ҳатлатманг, демоқчимисиз?
Мендан олдин Гулсара эътироз қилди:
— Йўғ-е.
— О, раҳмат сизга, — дедим. — Ўзи, одатда, бунинг акси бўлади.
— Ана! — деди Таваккал яна талтайиб. — Демак, мен индамайгина чиқиб кетиб, тўғри иш қилган эканман-да?
— Жуда, — деди Гулсара ва ҳаммамиз кулиб юбордик. Хонимнинг ҳурмати учун ўрнимиздан турдик. Гул-сара ҳам ўрнидан қўзғалди-ю, «Тановар»га қулоқ тутиб, тек қолди.
Зал ўзбекча гумбир-гумбирга тўлиб, у-бу столдан, худди ўзлари буюртма қилгандек ўзбек йигитлар-у аёллар қўзғала бошлаган эди.
Таваккал шоён хурсанд бўлиб:
— Олдик! Кейин — ўйин! — дея қадаҳни шартта бўшатди-да, курсисини орқасига қитирлатиб суриб, четга чикди. Гулсара идишини лабига тегизиб, жойига қўйди.

4

Гулсарани мусиқачилар ўтиришган саҳнанинг пастидаги бўш жойга боради, деб ўйлагандим. Чунки, одатда ўша ерда ўйин тушилар, зеро столларидан туришганлар ҳам ўша томонга боришмоқда эди.
У эса шундоқ ёнимизда, қаторлар орасида туриб олди-да, эни атиги бир-бир ярим газ келадиган ораликда бирдан шох ташлай кетди. Хаёлимда Мукаррам опанинг рақси жонланиб, «ундан ўрганган», деган фикр келди.
Бироқ дастлабки ҳаракатлариданоқ ўзича ўйнай бошлаганига иқрор бўлдим. Маълумингиз, «Тано-вар»— тантанали, шўх, устига яна — жўшқинликни талаб этадиган ва булар жамисининг намойишидан иборат бир куйдирки, бунинг ифодаси ўлароқ ўша машҳур раққосамизнинг ўйинлари мукаммал бир намуна сифатида қолган… Гулсара ўйин мазмунини ўзича талқин қила бошлаган, яъни тантаналар ичида ғамнок ва ғариб бир кимсанинг қалбини-да ифодалар, юзию лабларидаги синиқ табассум ҳам бу мазмунга бағоят мос тушмоқда, қора барқут кийган хонимнинг рақс этаётган жойи ҳам — кутилмаган жой бўлгани сабабми — залдаги нигоҳларни ўзига қаратмоқда эди.
Ажабо, баъзан шундай тўлиқиб, тўлғаниб-тўлғаниб айланиб кетардики, столлардан бирига урилиб кетар-а, деб қўрқиб ҳам қолардим. Йўқ, у худди шундай тор жойда ўйнайвериб ўрганиб кетгандек эди. Аста-секин залда чапак чалина бошлади. Кейин рақсга мос жуфт қарсакка ўтилди.
Таваккал анграйиб қолган, кўзлари ўқрайиб боқар, афтидан хонимни таний олмас эди.
Бир маҳал елкамга биров туртди. Қарасам, залнинг бошлиғи, бу ерга кирадиган киши борки — танийдигани, новча, келишган, қўнғироқ сочли йигит Хусанбек экан. У: «Жим, ўртоғингизга ҳалал берманг» деди-да, имлаб чекинди. Мен Таваккалга қарадим, унинг кўзлари ҳамон Гулсарада эди. Шунда жувоннинг са-вол аломатли нигоҳига кўзим тушди ва биргина бармоғимни кўрсатиб «бир минут» маъносини англатдим. У ўйинга мос ҳолда бош ирғаб, айланиб кетди.
Қаторлар адоғига етиб, Ҳусан билан кўришдим. У, одатдагича, менинг узатган қўлимни тирсагидан ҳам ушлаб:
— Бу кўринмай кетдингиз? — деди. — Ёзувчилар Союзингиз кўчиб кетгани учунми ё бозор иқтисоди таъсир қилдими?
— Кейинги гапингиз тўғри, — дедим.
— Бу коммерсант билан кўпдан танишмисиз?
— Юртдошим.
— Жа баевой йигитга ўхшайди.
— Ҳа, танишмасмисиз?
— Йўқ. Нуқул менинг дежурлигимда келмайди. Кейин эшитиб қоламан… Аммо анави жувонни бир марта кўрганман. Ҳў, стенканинг орқасида ўтиришган. Жа казо-казолар билан… Синглисинингми, жиянинингми туғилган кунийди. Ўшанда йиғлаб ўйновди… Жа таъсир қилувди менга. Иккита япон ўн минут суратини олишган…
— Арзир экан, — дедим. — Юринг, таништираман. Дўстимиз билан ҳам…
— Йўқ, бир вақти келади… Кечирасиз, актрисамасми у?
— У, билмайман, Ҳусанжон.
— Қойил… Айтинг, тез-тез келиб туришсин. Бизга яхши бўлади.
Шунда куй тугади-ю, Гулсара столга бурилди. Чапак чалвориб ўрнидан турган Таваккал, билҳол мени эсладими, аланглаб қараб, қўлини чўзган ҳол-да:
— Ҳу, Қувват, нима қилиб турибсиз у ерда? — деди-да, дастурхонни кўрсатди. Гулсара ҳам менинг боришимни кутган каби ўрнига ўтирмасдан қараб турарди. Зал гувиллаган чапакка тўлиб кетган, мусиқачилар эса яна «Тановар»ни чалишга тушишган, у ербу ердан «раққоса»ни ўйинга таклиф этган овозлар ҳам эшитилар эди.
Мен Ҳусаннинг қўлини қисиб:
— Узр, — дедим.
— Кечирасиз, безовта қилдим, — деди у. — Лекин мен у йигит билан танишаман.
— Арзийди.
— Ҳой, вақт бўлганда, кириб туринг. Ҳечқурса, насияга меҳмон қилармиз.
— Раҳмат.

5

Мен қайтиб борганимда, Гулсарани йўтал тутган, ойнадеворга юзланиб, курси қошига илиғлик турган чарм сумкасини кавлар эди. Рўмолча олиб, оғзига босганча жойига ўтирди.
— К-кечирасизлар.
— Ничево, — деди Таваккал. — Мен сиздай ўйнаганимда, чўзилиб қолардим. — У шунчаки шод эмас, жуда ҳам мағрур кўринар, илло, ресторан аҳлининг ярмиси десам ҳам бўлар, бу — барваста, бўйинбоғининг тугуни пастлаб — ёқаси ҳийла очилиб кетган ва эгасига қандайдир эркин тус берган ҳамда ҳар бир ҳаракатидан куч-қуввату ёвқурлик ёғилиб турган йигитга ҳавасу ҳасад билан тикилишар, шубҳа йўқки, Таваккал бу нигоҳларнию мазмунларини уқиб турар эди.
— Сув, ҳой мусулмон, сувдан беринг…
Онт ичаман: Гулсарага сув узатишни столга келган пайтидаёқ ўйлагандим-у, истиҳола қилгандим, биласиз-ку, соф қишлоқи йигит (ўзим ҳам қишлоқдан чиққанман) бу каби табиий дилдорликни ўзича — «қишлоқ даражасида» тушуниши мумкин…
— А?.. Э, сувдан бошқа нима бор! — дея ҳовлиқиб, «кока кола»дан фужерни тўлдириб узатди Таваккал.
Гулсара энтикиб-энтикиб бир неча қултум ичди. Жувоннинг аҳволини кўриб тушунишди шекилли, уни рақсга таклиф этаётганлар ҳам, чапак чалаётганлар ҳам дастурхонга ўнгланишди. Мусиқачилар ҳам бир пасдан кейин бошқа куйни чала кетишди… Гулсаранинг ўйинию «Тановар»нинг бир неча дақиқа давом этган сеҳри жодуси тотли ширинлик таъми каби оғизларда ва кўнгилларда қолди, ҳа, жуда бахтли онлар ўтиб кетдики, мен ҳамон «Тановар» куйини эшитсам, Мукаррама опага тақлид қиладиган хиромон эмас, азадор каби қора барқут кийган Гулсаранинг рақси кўз олдимга келади: у туғма бир истеъдод экан.
Гулсара вишиллаётган ичимликни ойнага қараган ҳолда калта-калта сипқориб тугатди-да, бизга, кейин атрофдагиларга шошиб кўз ташлади. Сўнг бирданига:
— Кетсак-чи? — деди Таваккалга. — Э, узр, Қувватжон… Ман сал хижолат…
— Гап йўқ, — деди Таваккал. — Уйингизга борамизми?
Аёл қизғин табассум қилди.
— Дача эсиздан чиқдими?
— А-аа! Искелироз! Всё… Дачага! Қувватжон, қаршилик йўқми, ука?
— Вой, нега… Фақат йўл узоқ, қайтиб келишларинг бор… Лекин ётиб қолишларинг ҳам мумкин, — дедим. — Ҳозир бизнинг боғимизда ёзувчилардан кўра каммерсант кўпроқ… Шунақа бўп қолди. Уларсиз дача ўзини боқолмайди…
— Ҳа, — деди кесиб Таваккал. — Ёзувчиларнинг аҳволи яхшимас ҳозир. Биламиз.
— Билар экансиз, ёрдам қилмайсизми? — деб қолди шунда Гулсара. — Пул — сиз учун хазон-ку.
У яйраб кулиб юборди.
— Соддамиз-да, жўнмиз-да, хоним. Кечаги кун би-лан бугунги куннинг фарқига бормаймиз! Гап битта!.. Қувватжон, сиз дачанинг ишотини берасиз менга.
— Раҳмат, Таваккал ака, — дедим. — Гулсарахон, сизгаям рахмат. Менинг куним ўтаяпти… Уюшмамиз, хўш, Адабий жамғармамиз раҳбарияти уч-тўртга адибга мурувват қилиб, путёвка нархини кўтаришмаган.
— А-а, дуруст, дуруст… Хўп, турдикми?
— Ҳа, — деди Гулсара ва яна энтикиб нафас олдики, бу ерда унга ҳаво етишмаётганиям аён бўлди. Кейин қандайдир ғижиниб, қўшимча қилди: — Официанткага айтинг, столдаги таомлардан олиб, тугун қилсин.
— О, мумкин эмас! — деб юборди Таваккал. — Мени уялтирманг, хоним. Биз свежийсидан заказ қиламиз… А-а, дачада ўтирамиз. Дўрмонда, а?.. Ҳа, эшитганман… Ҳой, маржа хоним, а ну-ка камне! Ке, аканг айлансин.
Мен бундай исрофгарчиликни ҳазм қилолмасдим, бунақа «тантибойваччалик» ҳам ёқмасди. Адибларга теккан касалликми бу: бунақа тўкин дастурхонни кўрсанг, хурсанд бўласан-у, кейин бир буханка нон учун дўконлар қошида навбатда турган хотин-халаж, чол-кампирлар кўз олдингга келади. Баъзан томоғингдан ҳеч нарса ўтмай ҳам қолади…
Мен плашим билан шляпамни кийиб, пастда кутажагимни айтдим ва улардан рухсатини сўрамасдан жилдим. Ойнабанд эшикдан чиқаётганимда, яна Ҳусанжон билан тўқнаш келдим. У менинг тирсагимдан ушлаб:
— Кетасизларми? — деди.
— Ҳа, Дачага борадиган бўлдик.
— Чёрт побери, ўшанда ўйнагандан кейин ҳам шунақа йўталиб қолувди.
— Ўйнаганда, ўпка пишади.
— Да-да.

6

Ёмғир ҳамон тинай демасди. Шамол эса шаштидан тушганга ўхшар, бироқ туриб-туриб авж қилиб қолар, шунда беихтиёр тескари қараб оларди, киши.
Қунишиб-йўртишиб бекатга етдик. Бир замонлар «такси» тўхташи гумон бўлган майдончада кўзини «кўкартирган» мошиналар ҳам, «шахсий»лар ҳам энди йўловчи кутишар, бироқ нархи осмондалиги боис, уларга яқинлашиш мушкул эди.
— Такси, такси! — деб бақирди Таваккал, худди «Эшмат! Тошмат!» деб чақиргандай. Шундай рўпарамизда турган «Жигули»нинг эшиги очилиб, бир йигитча чиқиб келди. — Бўшмисан? — сўради Таваккал сенсираб.
— Бўш-бўш. Ўтиринглар… — дея йўл бошлади ҳайдовчи. Сўнг, яқинлашиб келган таксичига ўшқирди. — Ани мои клиенти!.. Келинглар.
Мен орқа эшикни очиб қўйиб, олдинги ўриндиққа ўтириб олдим. Таваккал билан Гулсара орқада жойла-шишди. Шофёр машинани жилдириб, сўради.
— Қатга борасизлар?
Мендан аввал Таваккал (шанғиллаб) жавоб қилди:
— Дача писателга!
— Ў-ўў, окахон, туда-суда тўлайсиз-да.
— Ҳайдайвер. Мана шу — ёнингда ўтирган одам…
— Таваккал ака, — дедим.
— Хўп… Хўш, хоним, энди қалай? Ойнани очиб қўяйми бир оз?
— Ҳа..
— Сиз, албатта Қашқадарёга боришингиз керак! — деди Таваккал қатъият билан. — Унинг тоғларида ҳаво шундай тозаки, бир қўйнинг гўштини бир кунда еб қўясиз… Ҳа-ҳа-ҳа! Биз еймиз-а, Қувватжон!
— Ҳа, ундай ҳавода иштаҳа очилиб кетади, — дедим. — Лекин Гулсарахон, борсангиз зиён қилмай-сиз… Таваккал акага бемалол суяниш мумкин.
— Нега «мумкин?» Шарт! — деди Таваккал. — Ҳозир какраз ширвоз қўзилар сўйиляпти… Қувватжон, бултур ҳам ўтмадингизми-а, Қаршидан?
— Ўтдим-у, поезд билан, — дедим. — Автобус ҳам ёмонмас экан.
— Мошина нима бўлди, мошина?.. А, бензин қимматлашиб кетди!
— Мошина сотилди.
— Кечирасиз, Қувватжон ака, қанақа китобларингиз бор? — сўраб қолди шунда Гулсара.
— Бор, — дедим.
— Дачада борми? Биттасига автограф ёзиб бера-сиз… Ўқийман, албатта. Китобни яхши кўраман. Мана, окангиз кўрдилар, уйимда кичкина кугубхонам бор. Лекин кўпи ўрисча… Ҳим, тарбиямиз шундоқ бўлган-де.
— Ничаво! — деди Таваккал. — Энди, қолганини ўзбекчалаштириб юборамиз. Ҳа-ҳа-ҳа!
— Раҳмат.
— Лекин ўйинингизга беш кетдим, Гулсара. Ресторанни ром қилиб олдингиз аммо… Э-эй, тангрим, кунларимиз қандай мазмунсиз ўтади, Қувватжон. Ейсан, ичасан, бировни уришасан, бировининг бошини силайсан.
— Бировини алдайсан, — деб қўшди Гулсара.
Таваккал тағин хохолаб юборди.
— Албатта! Алдамаса бўладими?.. Умуман, «рақобат» дегани ўзи алдашга йўл очар экан. Ким айёр бўлса — марра ўшаники.
— Эсиз, алданганлар.
— Э, ачинманг, хоним! Ҳаётнинг ўзи шу экан… Шундаймасми, Қувватжон?
— Шундаймаслигини ўзингиз ҳам яхши биласиз, — дедим мумкин қадар беозор оҳангда.
Таваккал бир сония жимиб, тағин қаҳқаҳа отди.
— Лекин ҳамма бир-бирини алдай бошлагандан кейин… Нима дедингиз, хоним?
— Нима дейин?
— Сизникиям тўғри.
— Кечирасиз, Қувватжон, — деб яна гап қотди Гулсара. — Писателларнинг дачаси бор, деб эшитардим. Шу ёқда — тоққа яқинлигиниям биламан… Лекин, у қанақа дача ўзи? «Дам олиш уйи»га ўхшийдими? Боя бизнесменлар ҳам кўп дедийиз. Демак, санаторий типида?
— Фарқ қилади, — дедим. — Унинг номи тўла-
сича: «Ёзувчиларнинг ижод ва истироҳат боғи» де-йилади. Уч қаватли иморат… Ҳали кўрасиз. Яхши. Кўпчилик хоналари бир кишилик. Яшаш, ишлаш учун шароит бор… Ҳим, уч-тўрт гектарлик боғимиз ҳам бор. Ёзда салқин бўлади; Тошкентда ҳарорат қирққа чиққанда, у ерда ўттиз беш-ўттиз олтидан ошмайди.
— О, яхши экан. Ёзда Тошкентда нафас обўмий қолади… Биласиз-ку, ўзийиз?
— Ҳа..
— У ерда, энди, фақат ёзасизларми? — сўради Таваккал. — Ё бошқа иш ҳам бўладими?
— Ёзадиган —ёзади, ёзмайдиган — ҳордиқ олади. Илгари яхши эди: бир йилда бир ой текин йўлланма бериларди ёзувчига… Ҳозир йўқ.
— Понятно, — деб қўйди Гулсара. Кейин яна сўради: — Бизни бегона деб…
— Ў-ў, йўқ. Унақанги темир қоидалар бизда йўқ… Умуман, Уюшмамиздаям илгаритдан қандайдир демократия бор эди. Муҳим гаплар китоб саҳифаларига чиқмасаям, у ерда айтиларди… Уйлашимча, социализмдан бизга қолган энг дурус мерос — шу боғ билан бугунги Уюшма бўлса керак…
— Э-э, ёзувчиларингиз ҳам бир-бирини жуда қаматишган экан, — деди Таваккал.
— Ҳа, — дедим. — Афсуски, шундай бўлган… Давр, сиёсат тақозо қилса, ҳар қандай жамиятда ҳам шундай бўлар экан, Таваккал ака.
— Ҳозир қалай, ҳозир?
— Ҳозир, яхши… Лекин яхши асарлар яратилма-япти ҳисоб. Янги турмуш тарзига тушиш мушкул. Унинг моҳиятини билиб, адабиётнинг мақсади билан уйғунлаштириш қийин кечаяпти… Келинглар, бошқа мавзуда гаплашайлик. Бу — инжиқ мавзу… Ёмғир тинди дейман?
— Ўзи-ку ёққани тузук, — деди шофёр. — Бу йил қиш бўлмади ҳисоб.
Сўнгра суҳбатимиз об-ҳаво мавзуига ўтиб, сайр-саёҳатларга бориб тақалганда, биз ҳам ижод боғига етиб бордик. Дарвоза очиқ, аммо мошина чирокдарини йирокдан кўрган қоровул чиқиб турган экан, мени таниб четланди.
Ўтиб кетдик.

7

Иморат олдидаги майдончада «Дэу» тамғали автобус турарди. Ундан кимлардир тушаётган экан, «спортчилар» деб ўйлагандим, ўхшашмади. Лекин уларнинг раҳбарлари дача маъмурияти билан келишгани, демак, тунаш учун тушишаётгани аниқ эдики, мен:
— Таваккал ака, сизларга номер олиш қийинга ўхшаб қолди, — дедим.
— О, биз қолмаймиз… Ман кетаман, — деди Гулсара. Таваккал ҳам шошилинч:
— Ундай бўлса, албатта кетамиз, — деди-да, ҳайдовчининг елкасига қўлини қўйди. — Укабой, кутасиз энди… Биз бир оз ўтириб чиқамиз.
— Ока, унақа вақтим йўқ, — деди шофёр. — Ночорликдан чиқовуз-де, бир-икки соат ишлаб қолай-лик, деб. Такси заказ қилишларинг мумкин.
— Эҳ-ҳе… Мана, сенга икки юз сўм… Закалад. Бир соатдан кейин қайтиб келасан. Агар биз сени алдасак, мана шу ёзувчи акангни ушлайсан.
— Ҳа, — дедим. Шофёр ғудраниб қолди.
— Мен энди қатга бордим… Бўпти. Қайси номер-дасиз, домла? Мен ровно бир соатдан кейин шўтта бўламан.
— 37-номер, — дедим. — Учинчи қават, ўнгда. Бемалол кираверинг.
Меҳмонлар қайсидир вилоятдан келган ҳаваскор ансамбли экан, уларнинг ғала-говури, чилдирма-ю рубобнинг биров нохос тегиб кетгандек сас-садолари орасидан, ўшаларнинг шериклари каби ўтиб, юқори қаватга кўтарилдик.
Мен: «Хонам қай аҳволда экан? Йиғиштирилганмикан?» — деб безовта бўлган ҳолда йўл бошладим.
Умуман-ку, менинг хонам — тузук номерлардан бири. Айвончаси-ю деразалари нари томонга — олмазор боққа қараган. Ҳозир баҳор эмасми, тонгда булбуллар сайрайди боғда. Тўғри, қишда бу томоннинг хоналари анча салқин бўлади, шунинг учун кўпроқ муддатга турувчилар кунгай тарафдаги хоналарга ўтиб олишади. Мен ҳамиша ўша ёқда турардим. Чунки узоқ йили ўша боғ устида чарх уриб айланган бир жуфт қалдирғоч очиқ деразамдан кириб, уй бурчагига ин қўйган, бола очган эди. Шунинг учун баҳор бошландими — деразани очиброқ қўйиб ётардим, кун совуқ бўлса ҳам қалдирғочлар келади. Ҳали келишмаган, бироқ деразам очиқ эди…
Эшикни очдим-у, уялаётганимни билдириб:
— Бир минут сабр қиласизлар, — деб ичкарига кирдим. Чироқларни ёқиб қарадим. Хайрият, ўтирса бўлади. Шамолда дераза бекилиб қолган экан, очиб қўйдим. Сўнгра, туфлимни ечсам — улар ҳам ечишга мажбур бўлишини, ортиқча шиппакларим эса йўқлигини ўйлаб: — Марҳамат! — дедим. — Бемалол!
— Мачит эмасдир. Оёқни ечмасак ҳам бўлар? — деб ишшайганча остона ҳатлади Таваккал.
— Мен ҳам шуни айтмоқчийдим, — дедим. — Ке-линг, Гулсарахон. Плашингизни беринг…
— Э, қишлоқилик қурсин, — деб бурилди Таваккал. — Қани, ўзим ечинтириб қўяй. — У чарм плашни олиб, менга берди. Кейин ўзининг шундай курткасини ечиб узатди. Мен ўзимнинг одми плашимни ҳам девордан даромад қилиб ясалган шифонерга илдим. — О-о! — деб яна ўзи ичкарига йўл тортди Таваккал. — Яхшиии… А, Гулсара? Бир кишига бўлади-да!
Гулсара стол лампаси устидаги жавонга — китобларга, девордаги расмга (ромга солинган расмда нилуфарлар қоплаган кўл бўйидаги қўлбола ёгоч ўриндиқда танҳо ўтирган оқ либосли париваш тасвирланган эди) жилмайиб боқиб, диван ва юмшоқ курсиларга ҳам қизиқиш билан кўз ташлаб:
— Яхши, уютна, — деди. — Менимча, ёзувчилар ҳаётдан нолимасаям бўлади, Қувватжон.
— Мен ҳалиям нолимайман, — дедим. — Ҳаёт қандай бўлса, шу ҳолида қабул қилишга ўрганганмиз… Қолаверса, шундай ислоҳотлар даврида бундай яшаётганимга шукрона айтаман… Қани, хоҳлаган жойларишта ўтиринглар.
— Мундай қиламиз, — Таваккал бурчакдаги столчани кўтариб, диван олдига қўйди. — Қувватжон, хизмат бўлмаса, анавини олинг. Тақсимча бордир?
Мен ювингич хона оғзида қолдирилган салафан халтани (оғиргина экан) олиб, Таваккалга бердим. Кейин «Морозка» музхонаси остидаги тумбадан сопол тақсимчаларни чиқардим. Сўнгра «кока-кола» ёзувли пластмасс стаканлар билан пиёлаларни йиғиб, ваннахонага кирдим.
Мен барибир хижолатда эдим: уйишта меҳмон келганда (қанча вақт турмайин, бу — менинг уйим-да), дастурхонга қўйгич емишлар ўзингдан чиқсин-да…
«Ҳа-е, тушуниб туришипти-ку», дея идишларни ювиб, қўл артилмаган сочиқни ҳам олиб чиқдим. Худди айбдор хизматкордек чучмал табассум билан:
— Хуш кепсизлар, — дедим. Ва столдаги хушбўй товаки (табаки)лар, бир жуфт хурмо, бир уюм апельсин, бир жуфт ёпган нон, банка-банка пиволару бири очилган (ресторан столида очилган) ва бири очилмаган яҳудий ароғи ҳамда арман коньягини кўриб, умрида бундай неъматларни кўрмаган кишидек ясама шодиё-налик билан:
— О-о, — деб юбордим. — Ресторанни қуритибсиз-ку, Таваккал ака!
— Ҳа, энди, бойвачча-да, бу киши, — деди Гулсара ҳам уни мақтаган бўлиб.
— Э, шуям нарса бўлди-ю! — Бойвачча бамайли-хотир қўлини узатди. — Тақсимчани беринг.

8

Биттадан ичишгач, суҳбатимиз равон оқаётган ирмоқ мақомида давом этди.
Бутун бир товакини (товуқнинг тўшини) бир зум-да этдан тозалаб, чиқитни яланг столча четига уюб қўйган Таваккал ёғли қўлларини сочиққа артиб олиб, бир оёғини тагига қатлаб ўтирганча, «Малборо» сигаретини тутатар ва ҳар томонга лоқайд кўз ташлаб, гапга қўшилиб турар, Гулсара бармоғида чимдиб олган этни ўйчанлик билан чайнар, мен гапни гапга улаш билан ҳалак эдим.
— …Ҳа, Переделькинадаям бўлганман бир марта. Ёзувчиларнинг конференциясига борганда. Баъзи ёзувчилар бир умр яшашар экан.
— Энди йўллар бекилди, — деб қўйди Гулсара. Ва Таваккал бирдан буклаб ўтирган оёғини тушириб:
— Грузияга бормаймизми? — деб қолди Гулсарага қараб. — Мен Қримда бўлганман, Грузияда — йўқ… Эй, борайлик, Гул! Дунё ўтди-ку! — Кейин менга қараб бидиллаб айтди: — Кеннойингиз соппа-соғ юрган эди.
Бир кечада ўлиб чиқди… Ундан сал олдин битта акам кетган эди. Жуда омонат эканмиз-да, Қувватжон! Эй, сиз ҳаётнинг мана шу томонларини ҳам ёзинг!
— Албатта, — дедим. Қандайдир ёзилмаган ахлоқ қоидасига кўра, Таваккал бу бегона хонимнинг, аниқ-роғи, ўзига эргашиб юрган «қизи»нинг олдида оиласи ҳақида бемалол гапиравермасаям бўларди. Бироқ кончи йигитимиз бу ҳақда жилла мулоҳаза қилмас, аниқ-роғи, ҳалигидай «андиша»га бормас эди.
Рост, у тўғри — бор гапни яширмасдан айтаяпти. Аммо… Ана шу «аммо»га етганимда, шундай хулосага келгандек бўлдим: бу аёл билан ўзининг орасида чегара қўймоқчи, яъни «сен — кўнгил хушисан, менинг ўз ҳаётим бор», демоқчи.
Сезиб турардимки (ресторандаям ҳис этгандим), жувон ўзини ноқулай аҳволда сезаяпти, менинг олдимда хижолат чекаяпти. Бу ҳол унинг қайрилма қошларининг кўтарилиб тушишидан билинар, таомни чайнаб турган жағлари ҳаракатдан тўхтаб қолар эди… У сочиқни дадил олиб, бармоқдарини артди-да, ёнидаги сумкасини тиззасига қўйиб, ундан «Башан» ёзувли юпқа пачкани чиқарди, соф япроқни ўраб ясалган сарғиш сигарет чиқариб, лабига қистирганда (Таваккал анграйиб қараб турарди), мен шошиб чақмоғимни ёнди-риб тутдим. У тутатиб:
— Раҳмат, — деб қўйди билинар-билинмас жилмайиб.
— Ҳа-а, бу қанақа сигарет экан? — Таваккал картон қутини дангал олиб, йўтон бармоқлари билан йиртгудек қилиб очди. Биттасини чиқариб ҳидлади. — Сигара. Сигарами шу? — У менгаям қараб олди. — Зўридан чекар экансиз.
— Битта қўшним совға қилган эди, — деб қўйди Гулсара. Кейин бирдан қаддини ростлаб: — Грузияга борамиз, дедингизми? Это серёзни? — деди.
Таваккал ҳушёр тортиб:
— Э, мени… мени… — дея бўғилиб, бирдан хитоб қилди. — Ҳозир десангиз, ҳозир кетамиз!
Гулсаранинг хиёл сузук, аммо сурманинг кучи билан катта кўринувчи кўзларидан бир нур чиққандай бўлди.
— Ҳозир?
— Ҳа, ҳа. Жўнаймизми?
— Бўпти.
— Гап тамом! — йигит менга деди: — Қувватжон, биз кетамиз! Гап битта… Ўзи, ўйлаб юрардим. Мана, хоним ҳам истаб қолдилар. Бир айланиб келайлик бу ўтар дунёда… Ҳе-ҳе, — деб илҳомланиб кетди.
Гулсара сигарасини сумкага солди. Таваккал чекиб турганини кулдонга босиб эзди.
Мен Таваккалнинг дангаллигини, айтган гапидан қайтмаслигини билардим. Аммо жувоннинг ҳам бунақа феъли борлиги… қизиқ ва завқли эди. Шу билан бирга кишида нохуш таассурот қолдирадиган фикр ҳам уйғотарди: «Боёқиш ғамгин кўринади. Бунинг устига, сохти-сумбатига қараганда, анчагина ўзига тўқ, «кўрган» оиланинг фарзандига ўхшайди. Ҳалигидай безориларга сумкасини олдириб юрган бўлса, тағин: «халоскор»ни уйига олиб кирган бўлса, демак, ёлғиз… Бойвачча «тантибой»нинг шарофати билан бир ўйнаб қолгиси келди, шекилли…» Айни чоғда бошқа мулоҳазаям туғдирарди шижоати: «Таваккални синамоқчи. Ундан қандайдир алам ўтган-у, шу аламдан фориғ бўлмоқчигаям ўхшайди…»
Ҳарқалай, бир манзара кўз олдимга келиб, мамнун бўлдим: Гуржистоннинг қандайдир хиёбонида, иккови кетишмоқда, иккиси ҳам башанг кийинган ва бир-бирига ярашган… Таваккал уни ҳар қандай шароитда ҳам ҳимоя қила олади. Ва ўша гуржилар маконида ҳам сира паст тушмайди.
Уларни кўрган-кузатганлар: «Кимлар экан булар?» деб бир-биридан сўрашар ва биттаси айтар: «Ўзбекларга ўхшайди, тили туркчага яқин…».

9

Улар дабдурустдан ўринларидан туришганда, тағин хижолат ҳисси эзди мени: «Ҳозир буларни самолёт ҳам кутиб турмас… Демак, Гулсаранинг уйига боришади, албатта. Албатта, бу кийимини алмаштириши, яна ул-бул олиши керак. Таваккал ҳам меҳмонхонага (номерига) кириб чиқади…»
Хуллас, тағин бирон ейимлик-ичимлик олишларини тахминлагач, эртага лоҳас бўлишимни билсам-да:
— Ҳой, мусулмонлар, яна икки минут сабр қилинглар, — дедим шошилиб. — Ахир, йўл кетадиган одамлар ҳам қурсоқ ўлгурнинг нафсини қондиради олдин.
— Ў-ў, яна биттадан! — деб шанғиллади Таваккал. — Кетар жафосига! Бизга оқ йўл тиланг, Қувватжон ука! Бу сафардан ҳар биримизнинг орзу-армонимиз рўёбга чиқсин! — шундай деб, нимагадир қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди.
Гулсара ҳам бирдан яйраб кулворди-ю:
— Илоҳим, илоҳим, — деди.
Шунда англадимки, буларнинг ўзаро сирлари бор. Қандайдир истаклари борки, рўёбга чиқмабди экан… Ана шунда, онт ичаман, ички бир андиша билан эслаб қолдим: Гулсара Таваккални кеча уйида ётқизмаган…
Демак, бу борада уларнинг ўртасида қандайдир ҳазил-ҳузулга яқин, бироқ жиддийгина очиқ гап-сўзлар ҳам бўлган… Бўлгани аниқ, шунинг учунки, Таваккал ресторанда хонимнинг кеча ётишга рухсат этмаганини айтгач, уялмай-нетмай: «Тегмайман десам ҳам, кўнмадилар», деди.
— Ой бориб, омон келинглар, — дедим Таваккал қуйиб узатган пиёлани олиб. Шунда миямдан бир малолсиз хаёл кечди: «Таваккал — бўйдоқ ҳисоб, буям — ёлғиз экан, бир-бирига мос тушарди-да, тил топишса…» Кейин, бу фикрни очиқ айтолмаслигим боис: — Бир-бирларинг билан янаям яқин бўлиб келишларинг учун, — деб гапни тугатдим.
Улар, назаримда, бирон сония ўйга толиб қолишди. Кейин, яна кула-кула пиёлаларини узатиб чўқиштиришди. Ичиб бўлгач, товакидан ейишга қистадим.
Ҳар иккиси ҳам рад этди.
Улар сиртқи энгилларини кийиб, мен чопонимни елкамга ташлаб, йўлакка чиққанимизда, иккиланиб сўрадим:
— Путёвка топилиши… Ахир, ҳозир биров тайёрлаб тургани йўқ, Таваккал ака.
— Э, укажоним-е, — деб кифтимдан қучди Таваккал. — Ўғрига мол қаҳатми? Ҳа-ҳа-ҳа!
— У ерда ижарага бериладиган квартиралар жа кўпмиш, — деди Гулсара. — Ҳатго аэропортга чиқиб кутиб олишаркан. Шунинг устидан кунини ўтказадиганлариям кўп…
— Ҳа-а. Мен у томонларга бориб кўрмаганман. Лекин улардаям Ижод уйлари бор.
Майдончага тушганимизда, «Жигули»нинг бир соатдан кейин келишини эслаб, туриб қолдик. Таваккал менга зимдан қараб қўйиб, чўнтагини кавлар экан, мен соатга қараб олиб, унинг етиб келишига ўн тўрт минут қолганини айтдим. Таваккал барибир «шошманг» дегандай қилиб, пул чиқарганда, мен тисланиб кетдим ва улар катта йўлга чиққунларича ўн беш минут ўтишини, демак, мошинага йўлиқишларини айтдим-да:
— Кетдик, ўзим кузатиб қўяман, — дедим. — Йўлни кўриб олганларинг қолади. Ахир, яна келарсизлар?
— Албатта, — деди Гулсара. — Бу ерни кундуз куни кўриш керак экан.
Таваккал ўйланиб қолди-да:
— Бўпти, — деди.
Шунда чироқларини ловуллатиб, сассиз келаётган енгил мошина сигнал берди-ку!
Ўша «Жигули» экан.
Улар ўтириб кетишди. Мен «оқ йўл» тилаб қолдим. Ёмғир аллақачон тиниб, энди шу сокинликка мос шабада эсар, уйғонаётган дов-дарахтларнинг намхуш (елимни эслатувчи) ҳиди келар, бечора ой эса булутларни олдидан ўтказар, назаримда, улардан олдинга чиқишнинг иложини тополмай хўмраяр, баъзан қалин пағалар соясига яширинар эди…

10

Ёзнинг жазирама иссиғи қайтиб, шу даража баробарида салқин тунларидан бири эди. Мен балкон-айвончада ичкарига киритишнинг ҳам, пасгга ташлаво-ришнинг ҳам «иложи» бўлмаганидан қолаверган, суянчиғи баланд, энлигина креслода чекиб ўтирардим. Хонам шифтининг девор билан ушлашган жойидаги миллион қатнаш эвазига қурилган инида она қалдирғоч яқинда очиб чиққан болаларини босиб ётар, ота қалдирточ эса дарпарда илиғлик мослама устида қунишиб турар, иккиси ҳам «чий-чий, чириқ-чирқ» этиб сўзлашиб қўйишар, гоҳо ота қалдирточ хонани бир айланиб, ускунанинг бошқа жойига қўнарди. Улар шундоқ иноқ, аҳил, бир-бирига меҳрибон эдилар.
Мен эсам уларнинг сасини эшитиб, ўзларини кузатиб завкданар ҳамда тотли бир хўрсиниш билан Будданинг машҳур сўзини бот-бот эслар эдим: «Инсон ҳар қанча бахтсиз бўлсаям, ёруғ оламни кўриб турганидан хурсанд бўлиши керак. Чунки уни кўрмаслигиям мумкин эди». Кейин эса ўзимизнинг Муҳаммад пайғамбар ҳадисларидан бирида инсоннинг бошига тушгувчи барча оғирликлар, қалбини ларзага солувчи изтироблар Аллоҳ таоло тарафидан бандасини синаш учун берилажаги, илло бандаси шуларга-да шукрона қилса, фаровон кунларнингу қалбни хушнуд этгувчи қувончларнинг қадрига кўпроқ етиши ҳақида хабар берганларини эсладим.
Қолаверса, бу икки ҳикмат — менга тасалли, қувват бергувчи «ҳамроҳларим» эди.
Эшигим тақиллагандай бўлди. Мен пастга қарамоқчи эдим, ҳақиқатан ҳам эшигимни биров ишонч ва шаҳд билан тақиллатди. Мен йўлакда турган кишининг бегона эканига заррача шубҳа қилмасдан бориб очдим.
Ишонинг-ишонманг… Гулсара жилмайиб турарди. «Соат ўндан ошди-ёв» деган гап хаёлимдан кечган кўйи, ташқарига бош чиқариб қарашни ҳам ўйладим-у:
— Киринг, киринглар, — дедим бирдан чекиниб.
— Представти себе, ман битта ўзимман! — деди меҳмон янада чақнаброқ жилмайиб. — Ҳайронми-сиз?.. Ҳайрон бўлманг, дўстмиз-ку? Дўст дўстнинг уйига сўроқсиз келар эмиш… — Унинг эгнида илон пўстидек ялтираб турган матодан тикилган узун кўйлак, ғоз бўйнида бир тизим дур, қўлидаги салафан халта оғирлик қилаётгандек ўша томонга майишиброқ турарди.
— Ў, албатта, албатта. Марҳамат, — дедим. Ва хаёлимдан тағин ўша ўй ўтди: «Хонам саранжоммиди?» Беихтиёр халтасига қўлимни узатиб, яна чекиндим.
Гулсара йўлакнинг бош томонига қараб олиб:
— Ҳайрон бўлишвотти, ким бўлди бу сатанг, деб… Ну и к чёрту, — деди.
— Ҳайрон бўлса арзийди, хоним, — деб эшикни ёпдим. Гулсара тим қора туфлисини дўқиллатиб, хонамга кирди.
— О, салом сизга, китоблар… Э, қалдирғочми у? Ўша! Вей, муни қаранг-а! Яхши одамларнинг уйига ин қўяди, дейишарди.„ Камплимент эмас, сиз яхши одамсиз, Қувватжон… Йўқ деманг. Баъзан камтарлик манманликдан далолат беради. Топиб айтдимми? Марҳамат, ўтирайлик. Ман қайтиб кетаман. — Кейин диванга ўтириб (столча диваннинг олдида эди) иримига яраша фотиҳа ўқилгунча Гулсара анча-мунча гапларни айтиб ташлади: — Синглимми уйида ден рожденияда эдик. Унинг эри шишкалардан. Судья… Да, ну их… Кечирасиз, Қувватжон, танасида маданият, аристократлик бўлмаган одам барибир хол қўяди. Ҳеч қурмаса, ўзини тутишни билмайди. Амалини унутмайди… Ўзидан лавозими баландроқ киши келса, унга пой-патак бўлиб кетади. Бу ёқдагиларни унутади.
— Ҳа, ундайлар бор, — дедим. — Менимча, улар раҳбар бўлиб кўришмаган одамлар.
— Во-во-во! Тоққа тирмашгандек тирмашиб, тирноқлари қонаб кетиб, мансабга эришган-де.
— Чой ичарсиз?
— Йўқ. Шу оқшом, ишонасизми, маст бўлгим келди… «Мастлик қанақа бўларкин?» деб ўйласам, жуда ёқимли бўларкан. Бемалол гапирвораркансан…
— Мен ичимлик сақламайман, — дедим. — Баъзан ҳамма нарсани унутгинг келади, шунда ичиб қўйганингни билмай қоласан.
— Худди шундай, азизим! Бугун ман ҳам дунёни унутгим келди… Халтани очинг, ҳамма нарса бор… Синглимга айтдим: «Энг яхши закуска, ичимлик сол», дедим. У мани яхши кўради… Хайрлашаётганда кўзига ёш олди.
— Ҳим, нимага?
— Э, манга ачинади-да… Қўёвуринг, бировнинг ачинишига зор эмасман. Қандоқ бўлсам, шундоқ ўтаман. Гуноҳ-савобим — ўз бўйнимда.
— О, яна яҳудий ароғи…
У (бемалол) қаҳ-қаҳ отиб кулди.
— Вой, жугутлар-е, жуда устамон-да. Ароқниям хуштаъм қилишган. Қойил.
— Ҳим, адашмай топиб келдингизми? — Аслида: «Такси билан келдингизми?» демоқчи эдим.
— О, битта кўрган жойим памятимда қолади. Таксис инжиқлик қилувди, бор пулимми… Учдан бирини бердим, — деди-да, яна кулиб юборди. — Ничего, уйда бор… Қани, қуйинг, Қувватжон. Сизни «Азизим» десам, майлими?
— Э-э, бемалол… Лекин мени исмимни айтиб чақиришса, кўпроқ ёқади.
— Ҳа-а, сиз ҳам…
— Марҳамат.
— Сиздай… Таваккал аканинг сиздай дўсти, укаси борлиги учун оламан.
— О, мен эсам, акамнинг сиздай суюклиси борлиги учун оламан шуни, — дедим.

11

Гулсара қўлидаги пиёлага тикилиб қолган эди. Ирғиб ўрнидан турди-да, айвон эшигидан ярим танасини чиқариб, ароқни пастга сепиб юборди. Сўнг синиқ жилмайганча (шу онда асли қиёфасига қайтгандек эди) жойига ўтириб, пиёлани тутди.
— Қуйинг. Менинг тостим учун ичамиз. — Кейин, ўйчанлик билан давом этди: — Ижодингиз асло… асло бўшашмасин, Қувватжон. Қандайдир қийинчиликларийиз бўлса, илойи, вақтинчалик бўлиб чиқсин. Ҳим, ўтган гал одамнинг феъли ўзгармасин, дебмикан — бир нима девдингиз. Шундоқ: сизнинг шу феълингиз сира-сира ўзгармасин… Кеннайим борлар-а?
— Албатта, — дедим. — Иккита фарзандим ҳам бор… Худога шукр, мени тушунишади, ўз ҳолимга қўйиб қўйишган… Мен уларни ҳар қанча бошимга кўтарсам, арзийди.
— Ўшаларнинг бошидаям омон бўлинг… Аввало, сиз — ёзувчисиз. Ҳим, менимча, анча объектив писателсиз… Бундай одам кимлигига ақлим етади…
— Бу совуб қолди.
У қаҳ-қаҳ отиб кулди (яна сархуш кайфиятига қайтди). Беш-олти паррак қази билан бир тақсимча норин олиб келган экан, улардан газак қилдик.
Табиий, Гулсара шунчаки гаплашиб ўтириш учун келмаган, қандайдир (Таваккал билан боғлиқ!) дардини очиб, ҳасрат қилмоқчи, балки маслаҳат сўрамоқчи эди.
Мен гап тизгинини ўша томонга тортишга баҳона излар эканман, у худди ўша кунги (!) сигара қутисини чиқариб, бирини лабига қистирди. Мен чақмоғимни чақиб, унга тутдим. Кейин ўзим ҳам «Родопи»дан тутатиб олдим.
Гулсара узун ва кенг этак остидаги оёкдарини ча-лиштириб, бир-икки дуд олди-да, тавба қилдим, шунақаям йўталиб қолдики, кўкариб кетаёзди.
— Кечиринг-кечиринг, — деди ҳансираб. — Манинг… манинг қандайдир касалим бўлса керак. — Сўнг шу ҳолида жилмайди. — Лекин юқумлимас. Ўзим фельдшерман, ахир… — Кейин сигара пачкасини бирдан ғижимлади. — Жуванмарг бўл… Олти ойдан буён тугамийди бу савил.
— Кучли бўлса керак, — дедим мен. — Шунинг учун мен чексам ҳам йўталтирворади.
— Йўқ, манинг ўпкамдами, юрагимдами бир иллат бор, Қувватжон. Ўзим биламан… Салбий бўлиб қолганми, чёрт знает. Ўша куни ресторандаям кўрдийиз-ку… — Шунда мен унга тикилдим. У менга тикилди: энди мақсадга ўтмаса бўлмас эди. — Айтмоқчи, — дея бирдан яна жилмайди, — окайиз келиб туриптилар-ми? Ё ўша-ўша бадар кетдиларми?
— Келгани йўқ, — дедим. — Лекин бир-икки марта қўнғироқ қилиптилар Қаршидан. Менинг йўғимда. Боримдаям телефон қилган бўлиши мумкин. Тушолмагандир… Бунинг устига, ёзда меҳмонлар кўпаяди дачада. Ҳозир ҳам бор.
— Телефон зайнит?
— Худди шундай… Сизга қўнғироқ қилиб тургандир? Балки учрашгандирсизлар яна?
— Йўқ, йўқ, — деб беозоргина кулди. Кулгисида йиғининг саслари бор эди.
— Нега энди? — дедим. — Балки ўзингиз…
— О, ман ҳеч қачон телефон қилмийман! — У бу гапни теран бир ишонч билан айтдики, «ғурурдан ҳам худо берган экан», деб ўйлаш мумкин эди.
— Тушунарли, — деб қўя қолдим.
Шунда у қандайдир киноя аралаш нописандлик би-лан сўради:
— Нега бизнинг Тиблиси сафаримиз ҳақида сўрамийсиз? Наҳотки қизиқ бўлмаса? Ўзийиз кузатган, оқ йўл тилаган эдингиз, жаноб ёзувчи?
— Мен истиҳола қилиб турибман, — дедим. — Ортиқча любопитства яхшимас дейишади.
— Раҳмат. Айтиб бераман, — деди у. Ва менинг сигаретимдан бирини олди.
Кейин ҳикоя қила бошлади.

12

— Ўша кеча Тиблисга учиб кетдик… Бўтдан чиққанимиздан кейин мани уйда қолдириб, ўзлари аэропортга кетдилар… Тавба, «сиз»лаб гапиргим кемавотти. Ҳа, майли, ман учун шунча сарф-харажат қилдилар. У ёқдаям, э-ҳе…
— У киши аэропортга кетди, — дедим жилмайиб (буларнинг қисматига қизиқиб қолганимни шунда сездим).
Гулсара кулиб юборди.
— Ҳа. Ман уйда кийиниб турадиган бўлдим. Соат иккига яқин иккита билет билан кириб келдилар. Ну не могу… Мунақа йигитлар кам топилади, Қувватжон ака!
— Кечирасиз, у Тошкентга нима учун келган экан? Ҳа, геология вазирлигига девди-я…
— Ман сўрамовдим. Ман, просто, ҳайрон эдим у йигитнинг павидениясига… Шундай қилиб, тонг оқарганда Тошкентдан учиб кетдик. Да. Хўп, Тиблисга бориб тушдик. Айтганимдек, уйини ижарага берадиганлар чиқиб туришган экан… Жаноблари гаплашди. Таксига ўтириб жўнадик…
— Қаерга?
— Гаграга. Автобус ҳам, ҳатто троллейбус ҳам қатнар экан. Биз таксида кетдик, как палагается… Ўрисча сўзларни кўп ишлатвомман, кечирасиз.
— Бемалол.
— Ой, жуда ажойиб жойлар экан. Тоғ, денгиз, тинчликки, қўёвурасиз… Биз уйига тушган одамлар — абхас мусулмонлари экан. Битта кампир билан ўғли тураркан. Унақа кампир оламда йўқ. Шунақаям меҳрибон, мани шунақаям яхши кўриб қолди. Эри балиқчиякан, штормда ҳалок бўлган экан.
— Узр, битта йда турдингларми?
— Ҳа-ҳа-ҳа! Иўқ… Жаноби Таваккалбек шуни истадилар, албатта. Қоловурса, сизга бўладиган гапни айтсам, ўша мақсадда мани оборган эканлар.
— Ҳим, тушунарли.
— Тасаввур этингки, ман ёнимга қўймадим.. Ишонмасангиз, тепамда худо бор. Ман худодан қўрқаман, иримчи аёлман. Баъзан ўйлаганим ўрнидан чиқади. Ҳатто Тошкентдан жўнаётгандаёқ: «Бу бойваччанинг мақсади шу-ёв», деган эдим. Худди шундай бўлиб чиқди.. У манга, биласизми, минг доллар турадиган бриллиант кўзли узук совға қилди. У-ҳҳ. Битта местний хотин опкелувди, нархини сўрамай-нетмай олди. Шунақаям чиройли, томоша қилиб ўтирсам дейсиз… Кечирасиз, биз аёллар латтага, ялтироқ нарсаларга ўч бўламиз-де! Айниқса, ман… Ҳа-ҳа. Баъзан битта кийган кўйлагимни бошқа киймасдим, дердим…
— Қачон?
— О, тарихга қайтишга тўғри келади.
— Узр.
— Униям айтиб бераман. Балки бир нарса ёзарсиз?.. Чем чёрт не шутит! Ҳа-ҳа-ҳа… Ҳазил. Бу гапларни, азизим Қувватжон, сизга айтвомман, холос. Ҳатто синглимгаям айтмадим. Ичимни кемириворди…
— Қулоғим сизда.
— Шундай қилиб, узукни олмадим… Вей, виждонан айтивомман! Агар ўша узукни «совға» деб берганида, эҳтимол… Унга муносабатим ўзгариб кетармиди… Йўқ, у кишим: «Шу кеча бирга ётамиз, холос, дедилар. — Узукнинг ҳақига…» Ахир, бу — мани ҳақорат қилиш эмасми? Ўзийиз айтинг… Ман нима ўйда эдим-у, у киши… Йиғлаворишимга оз қолди. Уйдан чиқиб кетдим. Ўзимга ажратилган хонагаяммас, кампирнинг хужрасига кириб ётдим. Бечора кўп ачинди манга… «Эҳ, қизим-е, соддасан», деди. «Бир кун пушаймон қиласан», деди. Ҳақиқатан ҳам кейин, шу кунларда пушаймон қилдим. Ишонаверинг, азизим. Шунақа бўлди…
— Кейин?
— «Йўқ, ойижон, ман унақа қилолмийман», дедим. Кейин йиғладим. Жа хўрлигим келди… Кейин кампирга Таваккал акангиз билан қанақа вазиятда танишганимни айтиб бердим… Кампир уни ёқлади. Ва-абше, мақтаса арзийди-да у инсон! Фақат, нима десам экан, тарбия кўрмаган-а? Сиз нима дейсиз? Қани, фикрингиззи айтинг-чи? Яширманг, илтимос.
— Энди, қишлоқ жойнинг таъсири бўлади, албатта, — дедим. — Бунинг устига, у — гапини икки қилдирмаган йигит. Ишонинг, Қашқадарёда уни танимайдиган киши кам бўлса керак.
— Ҳим, шуниям айтди… Эртаси маст бўлиб келиб, юзимга солди. «Мени хор қилдинг, ярамас!» деди.
— Шундай дедими?
— О, бундан котталариниям айтди… Сўнг, учинчи куни сафаримиз қариди. Қайтдик жаноблари билан…
— Кейин?
— Совуққина хайрлашдик… Маладес, у уйимгача олиб келди таксида. Ман шундоқ чиққан эдим. Да, эсимда: бир-биримизга қараб кулишдик. Унинг кулгуси… Лекин жа эзилди бечора, ғурури поймол бўлди. Ўрганмаган-де, тоес, мунақасини кўрмаган-да… Хўрозга ўхшаб югурганда, макиёнлар пас-с этиб… Кечирасиз, айниб кетдим. Вабше, биласизми, кунларнинг бирида мана шанақа айнишниям истаб қолар экансан. Ахир, тилимизда сўкишлар бор, ҳақоратлар… Нега уларни бировлар ишлатади-ю, биз ишлатмай ўтамиз? Ҳа-ҳа-ҳа… Ҳазил, азизим.
— Биламан.
— Одам. Ҳар қандай шароитдаям одам бўлиб қолиши керак. Акс ҳолда, ҳайвондан нима фарқи қолади? Мана, сиз ёзувчилар ёзасизлар. Ҳар балони: секс борми, уруш-жанжал борми — барини қоғозга туширасизлар. Лекин бир мақсадни кўзлайсизлар-ку? Яхшиликними? Эзгуликними?
— Албатта, — дедим. — Чунки, Гулсарахон, бу жиҳатлар одамзотнинг табиатида бор. Лекин муайян шароит таъсирида…
— Понятно! — Кейин кулимсираб, шунчаки деди: — Медицинада шахснинг характери эмбриондаёқ маълум бўлади, деган гап бор, жаноби писател.
— Бор, бор. Албатта, — дедим. — Инсоннинг табиатида «бор» деганимдаям шуни кўзда тутган бўлсам керак. Тўғри, у ёки бу томонга, ўрисчасига айтсак, откланения бўлади, албатта.
— Отайизга раҳмат.
— Яна қуяй, а?
— А-аа, майли!
— Гулсарахон, сиз анчагина ўзига тўқ, ҳам маданий оиладан чиққансиз-а?
— О, сўраманг, — деб тағин кулди у. — Ешё как… Лекин, лекин уларнинг конституцияси бошқа эди.
— Нимаси?
— «Ахлоқ кодекси», — деб қаҳ-қаҳа отди-ю, дарҳол жиддий тортди. — Йўқ, ман уларнинг… — кейин менга ялиниш билан бокди. — Келинг, ўша ёққа ўтмайлик. Ҳозирги дардим ҳам етади. Ҳозир ҳам ман нимадандир умидворман… Тушунасизми, масалан, ўҳ, Таваккал акангиз сал бошқача… Вой, ман тушунаман, у эркак одам! Унинг талаби, эҳтиёжлари бошқача… Это естественно. Ҳим, ман ҳам унинг ноғарасига тушдимми, демак, у истаган рақсни ўйнашим керак… Тушуняпсизми?
— Ҳа, албатта.
— Лекин, ман… Мая ўзи жинниман, бу ҳаётга тўғри келмийман. Қиз болалигимда синглим, синглим-а… манга: «Сен романтиксан, дадамми айтганини қил», дер эди. Қилиб ҳам кўрдим, дадамнинг айтганларини. Натижа чиқмади. Қайтамга… Келинг, шуни ичайлик. Ман учун ҳозирги дамлар, мана шу ўтиришимиз ҳам ғаниматга ўхшайди.
— Қайси маънода айтаяпсиз, билмайман-у, аммо ҳар бир дақиқанинг қадрига етиш керак, дейдилар.
— Да, ну! Баъзан тезроқ бу умр ўта қолсайди, дейсан. Умр — елкангдаги юк, машаққатлардан иборат бўлиб кўринади… Ўҳ, хватит фалсафа.
— Тўғри айтасиз. Бироқ, менга ишониб шунча гапларни айтганингиз учун раҳмат.
— Да, — деди у мубҳам бир оҳангда, бошини эгиб. — Ўйлаб қолдим-де, зиёфатдан чиқиб: «Қатга борсам экан? Ким манинг дардимни тушунади?»
— Раҳмат.
— Балки сизнинг холислигингиз учун, йўқ… ана-ви бойвачча валламатга яқинлигингиз учун, ҳа-ҳа, бизнинг у билан муносабатларимизни фақат сиз билардингиз. Беихтиёр гувоҳ бўлиб қолган эдингиз. Сўнгра одамларнинг гапларини яхши тинглайсиз. Ва ҳоказолар! Қани?… — У яна кулиб юборди. — Сиздан уялмийман, Қувватжон. Анчадан буён биладиганга ўхшийман. Ёшимиз ҳам тенг бўлса керак… Энг муҳими — сиз одамларнинг устидан кулмайсиз.
— Ў, асло, — дедим. — Ҳаққим йўқ. Кулиш лозим бўлса, менинг устимдан ҳам жуда кулиш мумкин.
— Кўп яшанг.
— Сизлар билан, эл қатори.

13

Шундан кейин сезиб қолдимки, суҳбатимиз адо бўлгандек: илло Гулсара ҳасратини қилиб бўлган, мен эшитган, у кўнглини бўшатган, хў-ўш, Таваккалга нис-батан муносабатини аниқ айтмаган ҳали, балки айтиб бўлган ҳам эди.
Шундоқ гурунгга янги руҳ берган нарса — менинг азиз меҳмонларим — қалдирғочларим бўлди. Деразаларда очилгич ускуна устидаги хўрози «чирқ-чирқ» этди, хонани бир айланиб, деразанинг юқори кўзига ўрнатилган совутгич устига қўнди. Шунда макиён қалдирғоч ҳам аста-аста чирқиллаб қўйди. Вой, буларнинг бир-бирини тушунишлари!
Қанийди, Сулаймон пайғамбар улар сўзларини шарҳласалар-у, биз эшитсак!
Бироқ, шундай тахмин қилиш ҳам мумкин эди: «Қалайсан? Яхши ётибсанми?» деди эркаги. «Дуруст, ҳарҳолда», деб қўйди макиёни. «Ҳа, ундай бўлса, ётавер», — «Сиз ҳам дамингизни олинг». Ўша кунларда, ишонасизми, она қалдирғоч инида кўпроқ ётиб қолса, ота қалдирғоч унга тумшуғида хўрак опкеларди: худди жўжасига бергандай қилиб оғзини очар, она қалдирғоч каттагина бошини унинг оғзига тиқиб, нақ жиғилдонидан емиш оларди.
— Вой вой, — дер эди Гулсара ўзича. — Ойнаниб кетай сизлардан.
— Бултур ҳам шу иккиси келганди, чамамда, — дедим. — Умуман, булар бир-бирига жуда содиқ бўлади. Ҳатто айтишадики, жуфт оққушдан бири ҳалок бўлса, иккинчиси кўкка кўтарилиб, ўзини қояларга уриб ўлдирар эмиш.
Гулсара хаёлланиб, тотли «оҳ» еган қизболадек танглайини тақиллатди.
— Удивительно! — Кейин менга жўнгина тикилиб сўради: — Демак, булар бир-бирини севиб, оила қуришар экан-де? Фикримни тушунтира олдимми?
— Ҳа, — дедим. — Севишми бу, кўникишми бу, ҳарҳолда табиий танланиш йўли билан жуфтлашади булар.
— А, естественний отбор… — Кейин шўхгина табассум қилди. — Барибир танлашар экан-де, азизим?
— Ҳа, энди, шундай, — дедим. — Лекин уларда танлашнинг мезонлари бошқачароқ бўлса керак.
— Ерунда! Кечирасиз… Макиёнлари эркагининг фақат кучлилигига мафтун бўлади, дейсизми? Бари-бир… Зот қолдириш учун эркакнинг кучли бўлиши ҳар қанча шарт эса-да, барибир урғочи уни севиши керак. — Сўнг у ўз фикрига яна шўнғий бошлади: сезиб турибман, бу — унинг учун муҳим эди. — Сиз улар муносабатида қандайдир мезон бўлади, дедийиз. Бўлади, албатта. Аммо ўша мезон фақат кучни ўлчамайди…
— Ажойиб фикр айтдингиз, — дедим унинг кўнглига бориб. Ва дарҳақиқат, Гулсаранинг фикрини қувватлайдиган мисол ёдимга тушди. Ана шу «ёдга тушгани»ни айтгач, қолганини ҳам шарҳладим: — Африкада ўзимизнинг зағизғонга ўхшаш бир қуш бўларкан. Жуда чиройли, «Ҳайвонот оламида» кўрсатишган эди. Хўрози, айниқса, гўзал бўлар экан… Сиз еб ўтиринг, илтимос. Менимча, зиёфатда тўйиб овқатланмаган бўлсангиз керак?
— Топдингиз, азизим. Ман, умуман, меҳмондорчиликда деярли овқатланмийман. Айниқса, бизнинг… Ну ладно. Фикрингизни давом эттиринг, қизиқ гап гапирвоссиз.
— Ўша қушнинг хўрози ин қуриб бўлгандан кейин шу уясининг атрофига ҳар хил латта-путта, ялтироқ-тошлар, ҳатто шиша синиқларини ҳам опкелиб, сочиб, қўяркан. Буям кам, кейин уясининг атрофида айланиб, рақс тушар экан. Қанотларини ҳурпайтириб… Бирам қизиқ! Мақсад — макиённинг диққатини тортиш. Қизиғи шундаки, битта макиён ҳалиги молга қизиқиб ёнига келса, бошқаси келмай — ўтиб кетар экан.
— Оҳ, қойил! — деб юборди Гулсара. — Сиз кўп нарсани биласиз.
— Кўрганим-да… Шуни назарда тутганда, сизнинг фикрингизга қўшилиш мумкин, — дедим. — Яъни, мана… мана шу қалдирғочлар ҳам жуфтлашишдан ол-дин бир-бирини танлаган ҳам, балки севган бўлишла-риям мумкин.
— Мумкин эмас, худди шундай!
У «шундай»лигини истар эди.
— Балки, балки, — дедим. — Хўш, бундан мурод.. Кечирасиз, сиз илгари турмуш қурган бўлсангиз керак?
У диванга бирдан ястаниб, уҳ тортиб юборди. Кейин пиёла тубида қолган ичимликни бирдан сипқорди-да:
— Мне пора, дорогой мой, — деди. — Узр, безовта қилдим бемаҳалда, — сўнг йиғиштирина бошлаб, давом этди: — Таваккал акангиз телефон қилиб қолсалар, салом айтинг… Ҳим, между прочим, айтмасангизам бўлади.
— Айтаман, — дедим. У қаҳ-қаҳ отиб кулди.
— Қанийди…
— Нима?
— «Казаки» фильмини кўргансиз-а? Бир замонлар жа томоша қилардик. Ўшанда Орлова деган бир гўзал аёл… актриса Гарди Гардиевич деган бир… барваста, шоп мўйлов раис билан видолашгач, чиройли бир ашула айтиб кетади. Фойтунда, — Сўнг Гулсара овозини бемалол қўйиб айтиб юборди: — «Каким ты бил, таким остался… Ты мой дорогой…»
Ман қўшни хонадагилар эшитади, деб жилла хавотирланганим йўқ, аксинча, унинг яна айтишини истар эдим… Чунки, яна онт ичиб айтаман, худо бунга овоздан ҳам берган экан.
Афсуски, йўлакдан кимнингдир нимадир дегани эшитилиб, Гулсара кафти билан оғзини ёпти.
— Уят, а?
— Йўқ, — дедим.
— Майли. Кулишса — кулишар… Да, Таваккал ҳақида (у «ака»ни ташлаб кетди) яна нимадир демоқчийдим. Ўх, чёрт.
— Шошманг, — дедим мен ҳам қўзғолиб. — Сизга қўнғироқ қилмадими?
У лабларини чўччайтириб, кулумсиради. Кейин:
— Ман квартирамми алмаштирвордим, — деди. — Ҳа, товариш писател. — Кейин бирдан хўрсинди, — Жинниман-а?… Ўз, ўзимни ўзим ўлдириб қўйгим келади… Шунақа. Жаноблари кетаётганда мани таксидан тушириб қўйгандан кейин: «Барибир қўлимга тушасиз», дедилар…
— Ўҳ, қайсар.
— Қайсарлик эмас, жоҳиллик бу, азизим… Биласиз, у йигитнинг қўлидан ҳар иш келади.
— Мен фикрингизга қўшилмайман, — дедим. — Шундай ёт юртларда қўполлик қилмаган киши…
— Ҳим, бу гапингиз ҳам тўғри.
— Бекор алмаштирибсиз квартирани… Гулсара, балки телефон номерингизни ташлаб кетарсиз? Мен унга бериб қўйсам, ёмон бўлмасди.
— О, о! Мутлақо, — деди у.
Мен бўш келмадим, илло бунга тўла асосим бор эди:
— У аёл кишига зулм қилмайди ҳеч қачон, — дедим. — Мен эшитмаганман, аксинча, сурхондарёлик уч-тўртта қизлар Қарши пединститутида ўқиётганда, уларни безори болалардан ҳимоя қилиб, биттасини пичоқлаб қўйган. Шунинг эвазига саккиз йил ётиб чиқди… — Гулсара менга сўмрайиб қолди. — Эҳтимолки, ўша воқеадан кейин биз ака-укадек бўлиб кетдик. Ҳим, ўша қизлардан бири менга яқин қариндош бўларди. Ўша йиғлаб айтиб берган. «Булар — меҳмонлар-ку, нокаслар! Тарқалинглар!» деб бақирган. Улар Таваккал акага ташланишган, у киши…
— Ну-ну, это ж страшно, — деди Гулсара. Кейин чеҳраси бирдан ёришиб кетди. — Умуман, йигит кишининг ишини қилган экан. Қойилман.
— Шунақа.
— Нега бўлмасам менга «унақа» деди?
— Энди, алами келиб… Ўзингиз яхши тушунасиз-ку? Квартирани алмаштириб чакки қилибсиз.
У бошини хам қилиб, дастурхонга тикилиб қолди. Кейин паришонлик билан:
— Шу шишани олсам майлими? — деди. Деди-ю, кўзи ёшга тўлгандек йилтираб кетди. Мен унинг чарм сумкасини қўлидан тортибгина олиб, шишани солдим. Кейин қази-қартага қўл чўзгандим, у энди сумкани тортиб олди. Сўнгра «Родопи»дан бирини-да олиб: — Биласизми, квартирани икки хоналига алмаштирмоқчийдим, — деди. — Уч хоналик эди.
— Телефон номерингиз…
— О, йўқ. — Сўнг кулди. — Керак бўлса, топиб олади. Ҳа-ҳа-ҳа! Эркаман-а?
— Йўқ, сиз ўзингизнинг қадрингизга етасиз. Лекин, айбсиз парвардигор, дейдилар.
— Да, канешна… Хўп, мани пастгача кузатиб қўярсиз?
— Катта йўлгача.
— Уф-ф. Да-а… Э, хайр қалдирғочлар! Азизларим! Бир-биригата садоқатли бўлинглар!
— Раҳмат, Гулсара.
— Энди учрашмасак керак.
— Нега?
У ҳиринглаб кулди.
— «Чую» деган экан чукчи.

14

Йўлакка чиққанимиздан кейин мен яна уйга қайтиб кириб, стол тортмасидаги «бир қора кунга» деб сақлаб қўйган ақчамдан такси пули олиб чиқдим. Ўзингиз ҳам пайқаган бўлсангиз керак, Гулсаранинг қайтиб кетишга пули қолмаган («борини учдан бирини берворган») эди; бундан ташқари, жувоннинг шишани олиши-ю, ўша пайтдаги мискин ҳолатидан ҳам маълум эдики, у ҳар қанча гўзал кийинган ва мағрур бойвуччадек кўринмасин, «чўнтаги касал» экан.
Омадни қарангки, енгил машиналар тўхтамига чиқсак, битта «ВАЗ-31»дан елкасига чарм тўрва осган ажнабийлар тушишмоқда, ҳайдовчи орқа қопқани очиб, ғилдиракли чарм чамадонни чиқармоқда эди.
Унинг яқинига бориб сўрадим:
— Шаҳарга қайтасизми, ака? — Ҳа..
— Битта меҳмон бор эди.
— Фақат сквергача, — деди-да, жомадонни ерга қўйиб, Гулсарага қараб олди. — Шу кишими?
— Ҳа..
— Ўтирсинлар.
— Мана, юз эллик сўм.
— Бўлади. Ҳозир… — У жомадонни ғилдиратиб кетди. Мен Гулсарани имлаган кўйи ёнига бордим.
— Сизни опкетади.
— Хайрият, таксимас экан. Мен таксисларга кўп ишонмийман… Раҳмат сизга.
— Илтимос, пул чиқарманг, — шундай дедим-у, меҳмонларнинг юкини зинапоя пастида қолдириб қайтаётган ҳайдовчига пешвоз бориб, кира ҳақини бердим.
Гулсара кабинага кираётганда атайин кулиб:
— О, боссларнинг мошинаси-ку! Суперволга, — деди. — Эслаб қолинг, жаноб писател!
— Хотиржам бўлинг, — деб эшигини ёпдим. Ойна-сидан боқиб: — Кўришгунча, — дедим.
У кулиб юборди.
— Ёмонсиз…
— Балки номерингизни айтарсиз? — дедим. — Эсон-омон етиб борганингизни билардим.
У яна қаҳ-қаҳ отиб кулди.
— Йўқ. Керак бўлсам, ўзи топсин…Чао. Узр, сизни ишдан қолдирдим.
— Асло.
Шундай қилиб, Гулсара кетди ва орадан бирон ҳафта ўтдими — Таваккалбек Китоб туманидан қўнғироқ қилиб қолди. У ширакайф ва тажанг эди.
Мендан ҳол-аҳвол сўрашни орқага суриб:
— Гулсара тирикми? Кўрдингизми ҳеч?.. Мен боролмаяпман! Ҳар ерда — қурилиш! Бош қашишга вақт йўқ, ука. Лекин у ярамасни бир секунд ҳам унутганим йўқ, — деб савол аралаш гапни қаторлаштириб ташлади.
— Гулсарангиз ўн кунча бурун келиб кетди, — дедим. — Кайфияти ўртача.
— «Келиб кетди?» Дачага?
— Ҳа. Бир соатча ўтириб кетди… Сизни сўради. Менимча, у билан учрашсангиз ёмон бўлмасди.
— Телефонига нима бўлган уни? Минг марта қўнғироқ қилдим… Ўша учрашувимиздан бир кун олдин олиб эдим номерини. Телефон қилганимда, тушиб эдим…
— У квартирасини ўзгартирган, — дедим. — Керак бўлсам, излаб топади, деди.
. — Шундайми? «Топади» дедими? — ҳовлиқиб сўради у. Хурсанд бўлиб кетганига шубҳа йўқ эди. — Ҳе, қисталоқнинг қизи… Қувватжон, унақаси битта туғи-лади…
— Фикрингизга қўшиламан, — дедим.
— Всё! Мен яқинда бораман. Тошкентда бўлса, топаман уни… Э, сизнинг телефонингиз нимага зайнит бўлади нуқул?.. А? Меҳмонлар кўп? Ҳа-а… Бир-икки марта сўраганимда, шаҳарга тушиб кетганлар, дейишди…

15

Таваккалнинг «яқинда» деган муддати узоққа чўзилиб кетди: на ижод боғига келди, на сим қокди. Мен улар икковлоннинг жуда яқин, жуда яқин, ҳаттоки бирга бўлишларини ич-ичимда истаганим учунми, назаримда, улар тил топишгандек, демак (не ажаб!) мени унутгандек эдиларки, бундан ҳам қаноатда эдим.
Бироқ кўнглимда гумонлар ҳам кезиб қоларди: «Тил топишолмади — ёв.
Акс ҳолда, дейлик, «яраш-яраш»ни нишонлаш учун ҳам бирров келиб кетишлари лозим эди».
Шундай ўйлашга қандайдир маънавий ҳаққим борлиги учунми, ҳатто Таваккалнинг қўнғироқ қилмагани қандайдир малолроқ келиб турган кунларнинг бирида…
…қалдирғочларим ҳаётида бир ажиб томошани кўрдим.
Қош қорайишига яқин улардан қайси бири ташқарида бўлмасин, албатта «чий-чий»лаб учиб келар, хонани шифти остида бир айланиб, тупукда ийлаб ва сомон қипиқларини қўшиб «пишитган» лойларидан ясалган қаттиқкина чипор иннинг лабига қўнар, хўрак келтирган бўлса, тумшуғини очиб шеригига тутар, агар шериги илгарироқ кириб ўрнашган бўлса, бир-икки сас чиқариш билан қаноатланар ва ўнг келган жойга қўниб, тунни ўтказарди. Гоҳо иккаласи ҳам ташқарида бўлишса, кетма-кет учиб келишар, шунда, тасаввур этингки, сап-сариқ тумшуқчаларини борича очган жўжалари чийиллашиб қарши олишар, ота-она уларга навбат билан емак беришарди.
О, буларнинг ташвишлари!
Гўёки бор бисотлари — шу болаларию барча хатти-ҳаракатлари — уларнинг қорнини тўйдириш ва, демак, учирма қилишдан иборатдек туюларди!
Мен бу ажиб қушларни таниганимдан буён — иноқ, аҳил, бир-бирига меҳрибон, деб ўйлаб юрардим албатта ва бу борада Гулсара билан ҳам бир оз гаплашгандик.
Йўқ, биродар, буларнинг орасида ҳам худди одамзотнинг эр билан хотини орасидаги…
Бир дақиқа бардош қилинг.
Бир оқшом она қалдирғоч хуфтон маҳали чийиллаб учиб хонага кирди-да, жон ҳолатда оғзини очиб, ўзига чорлай бошлаган болаларига қарамай, қайтиб чиқиб кетди. Бироқ, икки-уч дақиқадан кейин яна ўкдек учиб кириб келди-да, тағин хонани айланиб ва асабий чий-чийлаб, инининг қирғоғига қўнди. Кейин болаларининг нафсини қондириб, улар устига астагина ўтди-да, бағрини бериб ётди. Бироқ, онлар ўтиб-ўтмай чий-чий этар, унинг зорланаётгани шундоқ би-линиб турарди.
Эркак қалдирғочдан дарак йўқ. (Мен уларнинг жуссаси ва думининг узун-қисқалигига қараб, нари қайсию модаси қайси — тахминлаб билиб олган эдим.)
Бахтга қарши, ҳаво совиб, ёмғир савалай бошлади. Деразани ёпай дейман, аммо эркак қалдирғочнинг келишини кутаман: ҳозир келар, энди келар…
Макиён ҳамон «чий-чий» этади. Энди унинг унидан ночорлик, ожизлик сезиларди.
Шунда кўп тахминларга бордим: «Электр симига қўнган бўлса — тамом… Ёки бирон йиртқич қушнинг домига илиндими? Йўқ, унинг қирғийлар билан ёнма-ён учиб юрганини кўрганман… Нима бўлди экан унга? Ҳа-а, шўх болалар рогатка билан… Қайда! Унга сочма ўқ ҳам тегмайди…»
Хуллас, шу кеча деразани ёпмадим. Қалин кийиниб ётдим. Чироқни ҳам ўчирганим йўқ: учиб келиши мумкин. Адашиб қолмасдан инини топсин…
Мен-ку ухлаб қолдим. Аммо она қалдирғоч ухламади ҳисоб: қачон уйғониб кетсам, унинг инграган каби ноласи эшитилар, юлдуз-қуртдек кўзлари йилтиллаб кўринар эди.
Одатдагидек, соат бешларда ўрнимдан турдим. Тонг ёришиб қолган, она қалдирғоч эса, ҳамон… уйғоқ эди. Худди шу маҳалда деразани очардим-у, у (ҳам) емак ғамида учиб чиқиб кетарди. Бу гал жойидан жилмади.
Бир маҳал, сопол чойгумимни сувга тўлдириб, ичига қайнатгични солиб, энди токка улайман деганимда, шувиллаб, ҳа, ўқдек учиб ота қалдирғоч кирди. Кирди-ю, ин лабига қўндим деганда, она қалдирғоч унга шундай ҳужум қилдики, бир неча патчалари тўзиб кетди. У қочиб, дарпарда илиғлик темирга қўнди. Она қалдирғоч уни қувлаб бориб, тағин бошини чўқий бошлади. Ота қалдирғоч тағин қочиб, совутгич устига қўнди-да, қандайдир қунишиб, бўйнини қисиб тураверди.
Хотини уни роса чўқиди, ҳатто устига чиқиб олиб, елкаларини чўқиди. Эри жим туриб берди. Ниҳоят, макиён толиқди шекилли, эрининг кифтида бир оз туриб, патларини тозалаган бўлди-да, инига учиб чиқди.
Кейин ота қалдирғоч ҳам ўзини силкитиб, қандайдир оро берган бўлиб, «чирқ-чирқ» этди ва уясининг четига чиқиб қўнди. Макиён ҳам «чирқ-чирқ» қилди-да, бирдан учди. Унинг кетидан эркаги ҳам учди. Шувиллаб ташқарига чиқиб кетишди.
Мен лолу ҳайрон эдим.
Бир нарса шак-шубҳасиз эдики, эркак қалдирғоч кечаси уйга келмай қолгани учун макиёни уни талаган, унинг миқ этмасдан туриб бериши эса — айбини бўйнига олганини кўрсатар эди.
Аммо у тонгда келар экан-ку, нега тунда, тўғрироғи, вақтида келмади?
Биз инсонлар ўзимизча фикрлаймиз, яъни, масалан, «мушуккина йилида бир марта мов бўлади», деб қалдирғочлар ҳақида ҳалигидай, «ўйнашининг уйида қолган», дейишимиз ҳам мумкин. Лекин бу — одамга хос «фикр» бўлади холос… Она қалдирғоч уни «рашк»дан талади, «қизғаниб» талади, дейишимиз ҳам мумкин. Бироқ бу тахминлар бари — ота қалдирғочга туҳмат бўлишиям мумкин… Демак, ўша гап-гап: эркак қалдирғоч кечаси уй(и)га келмай қолгани учун «хотини» дан жазо олди.

16

Ушбу воқеадан кейин ҳам ҳафталар ўтди. Табиий, ўз ишим — ёзувим билан машғул бўлиб, Таваккал ака билан Гулсаранинг муносабатлари қандай кечгани (агар учрашишган бўлса) ҳақида ҳам онда-сонда эслайдиган бўлиб қолдим. Бироқ, улар, хусусан, Гулсара ёдимга тушиши замон макиён қалдирғочнинг қилиғи ҳам хотирамда уйғонар, улар билан айниқса, Гулсара билан учрашиб қолсам, албатта «азизим» деб суйгани қалдирғочларнинг бу можаросини айтиб бериш ва уни қандайдир тахдил этиш, балки у билан Таваккалга тегишли хулоса ҳам чиқариш мумкинлигини ўйлардим.
Зеро, ўзим уларнинг алоқасини қушчаларнинг ўзаро муносабатларига ўхшатолмас эдим.
Бироқ, макиён қалдирғочнинг «эри»га қилган «муомаласи»дан ўзимга тегишли сабоқ олдим.
«Оилам мени эркин — ўз ҳолимга қўйган», деб ҳафталаб уйга — уйимга бормас эдим ва борсам, хотиним гоҳо илмокди гаплар қилар, мендан нолиган бўларди.
Шунда мен: «Қўйсанг-чи, онаси. Рашк қилиш — бизга ярашмайди. Пироварди, бу — бир-биримизни камситиш бўларди…», дер эдим ва мана шу мантиқий фикрга инонардим.
Қалдирғочларнинг ўзаро алоқалари менга шуни кўрсатдики, рашк, қизғаниш, қолаверса, жуфтидан хавотир олиш ва нолиш — булар бариси тирик жонзотларга хос бўлиб, фақат инсонгина «мантиқан фикрлаш қобилияти»дан фойдаланиб, уни инкор этмаса ҳам, панжа орасидан қараши мумкин экан…
Қисқаси, куз ҳам етиб келди, тўғрироғи, кузга ҳам етиб бордик.
Қалдирғочларим болаларини учирма қилиб, хонамни тарк этиб кетишди…
Дераза яқинидан ўтган симларда сон-саноқсиз қалдирғочлар тизилиб ўтиришар, кейин дув-дув учишар, мен азиз ҳамхоналаримни таний олмас эдим-у, шод эдим: яқинда улар узоқ — иссиқ ўлкаларга учиб кетишади. Ва қишни ўша ёқда ўтказиб, баҳорда бизга қайтишади.
Мен эсам — бу ерда туриши яна насиб этса — уларни яна деразаларимни очиб, кутиб оламан…
Воқеадан бир оз узоқлашдим. На чора, бу баҳор қушлари — элчилари ҳам суҳбатларимизга ранг берган, фикрларимизни тиникдаштирган «улфатлар» эди.
Ана ўша қалдирғочлар гала-гала бўлиб учиб кета бошлаган кунларнинг бирида…
…Жумҳурият Радиоэшиттириш Қўмитасига бораётган эдим. Анчадан бери ёзаётган қиссам тугагани учун ундан бир эшиттиришлик парча дипломатимда, метронинг Амир Темур бекатида тушиб қолиб, ўша ресторан ёнидаги дарахтзор хиёбондан тез-тез юриб (хаёлимда Таваккалу Гулсара билан ўтирган чоғимиз суратланиб) бораётгандим, қийшайиб ўсган ёлғиз санобар (сосна) остидаги ёғоч ўриндикда чекиб ўтирган аёлга кўзим тушиб, уни Гулсарага ўхшатдим.
Бироқ, бу жувон хийла озғин, тағин — ранги ўчган жинси юбка билан кўйлак кийган, сочини ҳам калта кестирган (ўша кезлар сочи елкасига тушиб турарди), ўтиришида ҳам қандайдир чапанилик бор эди.
Рост айтаяпман, унинг нимасини Гулсарага ўхшатганимни ҳам, унга синчковлик билан қараб олганимнинг ҳам сабабини билмайман: қандайдир туйқусдан кўзим тушган эди. Балки ресторанда ўтирганимизни эслашим бунга сабабдир.
Қисқаси, уч-тўрт қадам босгандан кейин яна унга қайрилиб қараганимни биламан… таниш табассумга йўликдимки, таққа тўхтаб қолдим.

17

У — Гулсара эди.
Қандайдир ҳаяжонланиб, нималардандир хижолат тортиб, аммо ичимдагини сиртимга асти чиқармай, хаёл қилингки, у билан куни кеча хайрлашган каби бир қалбаки мамнуният билан олдига йўналдим.
Гулсара, назаримда, менга бошдан-оёқ разм солиб чиқди-да, қандайдир керишиб, ўрнидан турди.
— О, товариш писател!
— Салом алайкум, Гулсарахон. — Унга эътибор беражагимни яшириш учун дарҳол узатилган қўлини олдим. — Саломат бормилар? Юз долларга ўхшаб кетдилар?
— Ҳў-ў, — дея пичинг қилгандай кулиб қўйди. — Марҳамат, ўтиринг.
— Албатта… Бировни кутмаяпсизми?
— Йўқ, — деди у кескинлик билан. — Шу тротуардан ўтвоссам, ичкарида «Тановар» чалинвотган экан. Битта маймоқ ўйнаётгандир-да, деб тўхтадим. — Кейин яйраб кулиб юборди. — Ўша ўтиришимиз эсимга тушиб кетиб, шўтда ўтира қолдим… Между прочим, ман сизни ҳу ўтда кўрган эдим. Ўша кишими-бошқами, деб ўйладим… Қарасам — сиз.
— Кейин тескари қараб олдингиз? — Ҳа..
— Биздан бирон гап ўтганмиди?
— Ой, што вм? Так просто… — У менга тик қаради. Овозида сезиларли ҳаяжон билан: — Ўзгариб ке-тибманми? — деди.
— Менимча, йўқ, — дедим. — Фақат бу кийим-бошда биринчи марта кўришим.
— Конечно… Лекин ўзгарганман. Сиз… сиз ҳамма вақт одамни аяб гапирасиз. Бу — яхши одат, лекин баъзан ёлғон сўзлашгаям мажбур бўлсангиз керак?
Мен «айб»имни бўйнимга олгандек бош ирғадим-у, Гулсаранинг бармоқдари беўхшов титраб кетганини кўриб қолдим. Юзига боқсам, пастки қовоғи сал осилган.
— Ҳим, Гулсарахон, шаҳарни соғиниб тушган эдим, рости, — дедим. — Кейин, тасаввур этингки, метродан чиқибоқ учовлон ўтирганимизни эсладим.
— Ну и ну!
— Ҳа… агар вақтингиз бўлса, мана шу ресторан остидаги чойхонага кириб, беш минут ўтирсак. Одам кам. Салкин тушиб қолди… Ҳалақит беришмайди.
У менга қандайдир ачингандек қараб турган эди.
— Жоним билан, Қувватжон, — деди. — Сиз яхши одамсиз… Умуман, гаплашадиган гаплар анчагина йиғилиб қолган. Ман бир-икки марта дачайизга бормоқчиям бўлдим. Но… Оёғим тортмади. — Кейин кулиб юборди. — Тузукроқ бир вечердан чиққанимда, борардим албатта!
Мен ҳам кулдим.
Чойхона олдидаги ҳовузнинг суви яшил бўлиб кўринар, демак, кўпдан бери суви янгиланмаган, умуман, чойхонадан файз кетиб қолган, бетон устунлар орасидаги кўпчилик столлар бўш, буфетда қандайдир италияча куй ингранар, мутасадди йигит — пештахтага тирсаклаб олган қўнғироқсоч киши билан эриниб гаплашарди.
Чап томондаги устун панасида турган столни танладим. Буфетга юзланиб, Гулсарадан сўрадим:
— Шампанга қалайсиз?
— О, ўзи-да! — деб жилмайди хоним. — Лекин ҳолингизга қаранг, Қувватжон.
— Қувватжонингизнинг қуввати битта шампанга етар, — дедим-у, илдамладим.
— Иккита фужер, шампан ва гугурт қутисидек бир жуфт шоколад олиб (чўнтакда фақат автобус пули қолиб), келдим. Гулсара менинг аҳволимни сезиб тургандек ийманиш ҳам ачиниш билан табассум қилиб:
— Яхши кунлар ўтиб бўлган экан-у, билмай қолган эканбиз-де, — деди.
Икковлон кулишдик. Шунда… атрофга қараб олганимни билмай қолдим: билсам, Таваккални излаётгандек, у ҳозир етиб келадигандек бир ҳолга тушган эканман. Сўнгра жилмайишни қўймасдан курсига ўтирдим.
Шишанинг сим бўйинбоғини бурар эканман, Гулсара бирданига тошқин ва қандайдир ҳасратли оҳангда:
— Поқиллатворинг! — деб қолди. — Азизим, шундай қилинг… Тўкилса тўкилар. Бир соат, бир минут бўлсаям яйраб ўтирайлук! Окангиз айтганларидай — дунё ўтди-ку… Айтмоқчи, жентельмен окайиззи кўриб турасизми?
Мавзу дарҳол Таваккалга бурилганидан мамнун бўлиб:
— Йўқ. Сизлар учрашиб турсангизлар керак? — дедим. Ва давомини ҳам айтиб юбордим: — Каминани унутишди, деб ўпкагина қилиб юрибман, ҳа.
Гулсара қаттиқ куладиган каби бошини орқага солди-ю, қандайдир хўрсинди, холос.
— Йў-йўқ. Афтидан, у кишигаям ўшанда «алвидо» деганга ўхшаб қолдим.
— Демак, учрашар экансизлар. Менгаям шундай девдингиз, мана, худонинг йўлиқтиргани.
У мужмал бош ирғаб кулди. Шунда шампан тиқини отилиб, поқиллаб кетди.
— Ҳаётнинг ғанимат эканини тушуниб қолдим, азизим, — деди Гулсара фужерни икки бармоғида айлантираркан. — Барча изтироблар, орзу-армонлар — беҳуда экан. Ҳаёт шундай эканки, ҳар қанча осмонларга чиқиб кетма, ўзининг измига солар экан. Кейин сан ўзингга қандайдир…
— Хўш?
— Сўқмоқ танлар экансан… Умуман, манинг омадим келмади ҳеч. Бир ҳисобда шундай бўлиши табиий экан. Чунки ман ҳаётдан кўп нарсаларни талаб этар эдим… Ишонинг, дўстим, Чўлпонмикан, қайсидир бир шоир: «Бу денгизнинг чуқурлигини билмай, қулочни катта отдим мен», деган экан.
— Ҳа..
— Ҳаёт бошқача экан.
— Сиз тушкун гапларни айтяпсиз, Гулсара… Эсдан чиқарманг, эгачи, — сиз тушкун бўласизми, ҳаётни борича қабул қиласизми ёки яхши орзу-истакларнинг қачондир бўлсаям рўёбга чиқишини орзулаб бунга инониб яшайсизми — умр барибир ўтаверади.
— Ай, манинг умрим… умримнинг энг яхши, нурли чоғлари ўтиб бўлди, — деди у ва фужерини узатди. Чўқиштирган бўлдик. — Қолгани фойдага қолди. Ўшани яхши ўтказишни ўйлавомман кейинги пайтларда. Аммо «яхши ўтказиш» учун… Ну и к чёрту! Олдик, азизим! Таваккал окайиз ҳам қолган умрини яхши ўтказсин… Уники яхши ўтади. Чунки у переживанияни билмайди.
— Менимча, унчалик эмас.
Фужерлар ичидаги «жодугар» камайгани сари суҳ-батимиз қизий бошлади.
Бу орада у жилдини тиззасига қўйиб, ундаги кўзгуга бир-икки марта қараб олди. Кўз жиякларини жимжилоғида артган бўлиб, анчагина қизил сурилган лабларини ялаб қўйди. Назаримда, у вақт ўгган сайин ўзида қандайдир сифатли ўзгаришлар юз берадигандек — шуни умид қилаётгандек туюлар ва кўзгудаги аксидан қаноатда эмаслигини билдириб қўярди.
Кўнглимдан кечган тағин бир ҳолни қайд этишим лозим. Гулсара шу тобда илк бор ресторанда ўгирган ўша майин — уятчан ва ғамгин жувонга деярли ўхшамас, «деярли» деганимнинг боиси — фавқулодда янгроқ кулиб юбориши-ю, шижоатигина уни ғира-шира эслатар эди. Қолаверса, кечаси ижод боғимизга борган чоғидаги қиёфаси ҳам деярли ўзгарган, ҳозир у — хийлагина чапани, яъни бетгачопар, қаёққадир кетворишга шайдек — бир жонсараклик унда бор, юзининг бироз чўзилиб, янокдарининг ботинқираб қолгани ва кўз қарашларида асабий бир изтироб, уйқуга тўймай уйғониб, уйғотганнинг юзига тарсаки тортиб юборадигандек теран бир ҳолатда ҳам эдики, мен унинг сиймосида одамзоднинг шугина ўгган вақт орасидаям етарли даражада ўзгариб қолиши мумкинлигини кўриб турардим. Ва, ўз-ўзидан маълумки, бу қайдлар бари ичимда эди.

18

— …«Унақаси битга туғилади» деди, — дея такрорлаб, гапимни давом эттирдим: — Менимча, ўша куни Тошкентга учиб келган бўлиши керак.
Гулсара мийиғида жилмайиб, иягини бошмалдоғида қашиб тураркан.
— Йўқ, йўқ, — деди. — Тоес, у келган. Келган экан! Бизнинг падъездагилардан ҳам сўраган экан мани. Лекин, ман аҳмоқ уларга: «Қатга кетганимни айтманглар», девдим. Чунки окайизнинг келишини билардим.
— Чакки қилган экансиз-е.
— Айтвомман-ку, жинниман, деб… — Кейин яна лабларида менга таниш ғамгин табассум пайдо бўлди. — Бечора паликлиникагаям борипти. Главврачга: «Гулсарани топиб бермасангиз, хапа қиламан» депти. У иплос қатга ишга ўтганимми билсаям айтмас эди… Худонинг зорини қилиб қутулипти…
— Шошманг-шошманг, сиз ишдан ҳам кетдингизми?
— Ай! — деди у ғижиниб. — Барибир кетмоқчийдим… — Кейин лабларини қимтиди-да, бошини сараклатди. «Ҳозир йиғлаворади» деб ўйладим. Хайрият, унинг овозигина «йиғлар» эди: — Одамми хор қилишади.
— Яъни?
— «Мен билан юргин» дер эди-да-е… Оғзидан қони келсин унақа эркакнинг!
— А-а, паст одам экан.
— Паст… — деб такрорлади-ю, бошини илкис кўтарди. — Таваккал окайиззи ундан нима фарқи бор? А?.. Хўп, окайиз — мард, валламат йигит.
— Энди, йигитлик — итлик, деган гапам йўқ эмас.
— Итлик! Топиб айтдингиз… Э, художоним, нимага мундай, а, бу инсонлар? — Унинг сурма тортилган киприклари пирпираб, кўзлари ғилқ ёшга тўлди. — Ахир, шу ишлари билан улар ўзларини ерга уришади-ку? Молдан фарқ қилишмаётганини наҳот сезишмаса?! Йўқ, сезишмайди.
— Шампаннинг кўпиги учиб кетди.
— Раҳмат.
— Хўш, Таваккал акага келсак…
— Қўйинг ўша кишини… Ўзиям бир таваккалчи экан. — Кейин винодан сипқориб; яна ўйланиб қолди-да, тиниқ жилмайди. — «Унақаси битта туғилади» дедими?
— Худди шундай деди, — қайтардим жонланиб. — Менимча, у сизнинг қадрингизга энди етаяпти.
— Билмадим-де… Ҳа-ҳа-ҳа! — Кулгиси тўхтамасданоқ тағин ғамгин тортиб қолди. — Ман ҳам ўзимни «битта…» деб ўйлардим. — Менга ялт этиб бокди. — Кечиринг мани. Аҳмоқлик қивомман. Аммо сизга ростини этивомман. Албатта бу — соддалик, жўнлик… Вабше, кўпчилик қизлар ҳам шунақа деб ўйласа керак. — Кейин яна кўзгуга қарайдигандек сумкасини очди-ю, давом этди: — Чесни айтаман: ман ўртоқларим орасида энг гўзали эдим. Кулманг фақат… Раҳмат. Китобий тарбия топдим шекилли, рицарнамо йигитларни орзу қилардим. Албатта, биттасини-де! Ха-ха-ха… Жа очилиб кетвомман. Майли, сиз кулмайсиз.
— Мутлақо! — дедим. — Бироқ, Гулсарахон, сизсиз ҳам сизни бир кўрган киши холис баҳойингизни беради. Онт ичаман, ҳамон жуда гўзалсиз.
— Раҳмат. Лекин кейинги вақтда оздим, кўп переживания қилдим. Жуда… — Кейин шошилиб, айтмаса — эсидан чиқиб қоладиган бир ҳолатда давом этди: — Паликлиникадан кетганимдан сўнг пулсиз қолдим.
— Бошқа ишга…
— Э, ўлиб кетсин ўша иплос. Манга буйруқ чиқарганида, «тани соғ эмас, закритий туберкулёзи бор», деб ёзган экан. Ман ўзимни йўқотиб қўйдим. Йўталим бор, эскитган бор… Балки ўпкам хастадир. Аммо туберкулёз?! Извените… Японларнинг аппаратигаям тушиб кўрдим. Соппа-соғман.
— Қачондир шамоллагандирсиз-у, асорати қолган бўлиши керак, — дедим.
— Отайизга раҳмат… Лекин у ярамас бир баҳона топиб, мани йироқлаштириши керак эди. Чунки, ишонинг, мани кўрса, қалтираб кетовурарди.
— Кўрмайин ҳам, куймайин ҳам депти-да.
— Шу-шу… — Кейин менга бир самимий тикилди. — Ўшанда, ишдан кетган кунларим Таваккал акани ҳар соатда… кутардим. Ўлий агар, рос этивомман. Тағин нимани ўйлардим денг? Ўша главвраччи урдирмоқчи бўлардим.
Иккимиз ҳам мазза қилиб кулдик. Лекин менинг кўнглимда шундай бир фикр ҳам илдиз ота бошлади: «Бу жувоннинг Таваккалда кўнгли бор…»
Ҳа-ҳа, олдинги суҳбатдаям бир неча марта: «Қанийди…» деган сўзни айтган эди.

19

Шу пайт ёнимиздаги эшикдан (шу эшикдан ҳам ресторанга йўл бор) ҳар доимгидай хипча, башан кийинган, қўнғирсоч Ҳусанжон қўлида бир дона нозик чиннигул билан чиқиб кела бошлади. Мен ўрнимдан турдим: айтишим лозимки, бу — зал бошлиғи бошқа мижозлари билан қанчалик яқин бўлмасин, менга бир дўсти каби қарар (бир суҳбатда менинг ундан икки кун олдин туғилганим маълум бўлган, шундан кейин мен унга «Акангизман, ака деб чақиринг», дея ҳазиллашардим ҳам), бир кўрган одамининг нима касб билан шуғулланишию «соққаси» кўп-озлигини ҳам бехато айтиб берар, аксари ўрис официантларга бош экани, оврупоча муомалани ўрнига қўйиши ҳам менга ёқар эди.
— Ассалом алайкум! — У гулни хонимга берди.
Салом ҳам кўпроқ Гулсарага қаратилган эди. Биз ўзаро «ўпишдик», яъни, чаккамизни чаккамизга тегизиб олдик. Кейин мен уни бўш курсига таклиф этдим. У ўтирмаёқ қўшни столдан тақсимча олиб, шоколадлар қолдиғини жойлаб қўйди. Кейин шўхгина жилмайиб, фотиҳа ўқиди-да:
— Нега бу ерда яшириниб ўтирибсизлар? — деди. Мен бу саволни «ҳазил» деб ўйлаган бўлсам ҳам:
— Кимдан? Сизданми? — дедим. Шунга Гулсара ҳам каминани қўллаб тушди.
— Биз ошини кўчада ичадигонларданмиз, ўртоқ завзал!… Хўш, бойвачча клиентингиз келдими яқинда?
Мен буларнинг, ҳарқалай, танишганларини, ўрталарида Таваккал ҳақида гап бўлганини ҳам тусмолладим. Ва миямнинг қандайдир орқа томонидан бир ўй ўтди: «Гулсара ким-кимлар билан ресторанга кирган бўлиши мумкин?»
— Клиентим, — дея қизғин табассум қилди Ҳусан, — мана, икки минут олдин шу ерда эди.
— А? — Мен ўрнимдан туриб кетаёздим. — Ҳозир қаерда? Шу ерда бўлса, топиш керак!
— Назаримда, кетди-ёв, — деди Ҳусан тепага, иккинчи қаватда жойлашган рестораннинг деразаларига қараб. Битта ҳамроҳиям бор эди. Рашёт қилди-ю, холга чиқди. Сал оқсаброқ кўриндилар… Нима, келганидан бехабармидинглар ?
— Дўстим, уни топиш керак, — дедим. — Менга сув билан ҳаводек зарур.
— Ҳа, бир кўрсак, ёмон бўлмасди, — деди Гулсара ҳам ҳаяжонини босиб. — Шўтда тунадими кеча? Қачон келувди ўзи?…
Мен унинг ўзини тутолмай қолаётганини сездим: шунча саволни қаторлаштириб ташлади.
— Соат ўн бир яримдан буён ўтиришувди, — деди Ҳусан ўрнидан туриб. — Абеддаям бўлишди… «Тановар»ни, билмадим, неча марта чалдирди…
Ҳусан тез бурилиб кетди. Мен Гулсарага қарадим.
У карахт тортиб қолган, кўзларида зса яна… йилтироқ шуълалар пайдо бўлган эди.
— Гулсара, менимча, у сизни севади, — дедим. — Кечирасиз, севиб қолган бўлиши керак.
— Ерунда, — деб юборди у бирдан. — У одам аёл кишига перчатка деб қарайди.
— Ў, хато қиляпсиз, — дедим. — Тўғри, уни бу йўруғда «оппоқ» дейиш мумкинмас.
— «Оппоқ?»
— Кечирасиз, шу сўз тилимга келиб қолди… Лекин, у аёл кишини ҳурмат қила биладиям.
— Биламиз, нима мақсадда ҳурмат қилишларини… — Гулсара олдимдаги «Родопи»дан олди. Мен чақмоқ чақиб тутдим. — Тавба, ўзи «сурқаш»лар бир-бирни ҳимоя қилади деб эшитардим бир вақтлар. Узр, улар гуруҳига сиз қўшилмагандирсиз балки… Аммо сиз тарафларда маҳаллийчилик…
— Гулсара, — дедим кескин. — Чалғиб кетяпмиз… У менинг синглимни, тоес, жиянимни ҳимоя қилган. Ҳим, хотини ҳақида ҳурмат билан гапиради. Сизни эса… — Кейин жаҳлим чиқа бошлади. — Хоним, агар у йигит жувонга… зор бўлганида, ўшанда… ҳар қадамда топарди.
— Бунга шубҳам йўқ.
— Сизни шундан ўша ёққа — Грузияга олиб кетиши, қолаверса, ўша биллур кўзли узукни харид қили-ши…
— Эй, кечирасиз, сиз мани ким деб ўйлавоссиз, — деб қолди у бирдан. — Кўнглингизга олманг, илтимос қиламан сиздан, Қувватжон, ўлай агар… Худо тепамдан уриб, тарикдай сочиб юборсинки, ман биров билан юрмадим ҳеч. Кулиб қараган бўлишим мумкин. Ҳазил-ҳузул дегандай…
— Ҳим, ишонаман.
— Мани ўша ёққа олиб бориптими, демак, арзиган бўлсам керак? — шундай деди-да, ғурурига қўшиб уялганини ҳам яшириш учун кулиб юборди. — Жичча қуйинг, азизим… келган, кетган бўлса — яхши бўпти.
— У сизни соғинган, — дедим. — Бекорга «Тановар»ни ҳадеб қўйдирмаган.
У менга тикилиб қолди ва:
— Да, это интересно, — деди.
— Шунақа.
— Бўпти, хафа бўлманг.
— Бир-биримиздан ҳеч қачон хафа бўлмаслигимиз учун.
— Яшанг! Хафа бўлишнинг ўзи, вабше, фойдаси йўқ, экан… Ўзинг эзиласан. Душманларинг аҳволингни кўриб кулишади. Дўстларингни раҳми келади.

20

Ҳусанжон шошиб келиб, стол четига кафтларини тираганча:
— Кетиптилар, — деди. — Хизмат қилган официантка такси заказ қилган экан. Кеча бизда ётмаган, администратор билан ҳам гаплашдим.
— Ҳим, ўтиринг… Қаерга кетишганини айтмаган бўлса керак? Такси — шаҳарда қатнайдими фақат ё междугароднийлари ҳам борми ҳозир?
— Ҳозир фарқи йўқ, окажон, — деди Ҳусан. — Оммо-лекин битта қарз гапни айтиб қўйишим керак… Хоним, сизни икки марта сўрадилар. Илгари келишларидаям сўровдилар. Ман сизни бир бор кўрганимми, сиз ҳам у кишини сўраганизни айтувдим. Ҳу, бирон ойлар муқаддам…
Гулсара мийиғида жилмайиб, секин-секин бош ирғади. Кейин менга қараб кулди.
— Бир марта сўровдим… Шу кўргим келувди-де аблаҳ окайизни.
— Аттанг-аттанг, — дедим мен. Аммо Гулсара ҳам уни кўришга, дарҳақиқат, умидвор эканига шубҳам қолмади. Бу эса, менинг: «Гулсара ҳам уни севиб қолган», деб ҳукм чиқаришимга асос бўлдики, уларни уч-раштиришни — дўстона бурчим, деб ҳисобладим. (Бироқ «бурч»нинг ижроси яна чўзилиб кетди…)
— Мен тепага чиқишим керак, — деди Ҳусанжон. — Окамиззи энди қўлдан чиқармайман!
— Омон бўлинг.
— Ичкаригаям кириб туринглар… Маҳаллий клиентлар жа саналиб қолишди. Ҳозир ҳам турислар ўтиришипти.
— Бизгаям навбат келар, — дедим.
— Келмасаям ўксимиймиз, — деди Гулсара. Кулишдик. Ҳусанжон кетди. Мен фужерларга яна шампандан қуйдим. Гулсара чиннигулни авайлаб-авайлаб ҳидлар эди, дафъатан кафтида қисиб, бурнига босиб турди-турди-да, столга ташлади. Кейин бирдан сергакланиб:
— Қалдирғочлар қалай? Қалдирғочларийиз? — деб сўради. — Бола очгандир?
— Аллақачон.
— Кичкина жишдир?
— Темирқанот ҳам бўлди… — шундай деб, жувоннинг ул мурғак қушчаларга бўлган ғойибона меҳри менга таъсир этиб кетганини сездим: назаримда, у қуш ҳақида эмас, одам боласи ҳақида сўраётгандек эди.
Кейин, иттифоқо: «Э, бу аёлнинг ҳам фарзанди бўлганмикан — бормикан? — деб ўйладим.— Лекин бунинг қачондир оила қурганига шубҳа йўқ…»
Кейин, шу мавзуда ҳам жилла маълумотга эга бўлишни истаб, тағин қалдирғочлар ҳақида сўзлашни маъқул кўрдим: шояд мавзу оила хусусига кўчса…
— Кейин учишни ўрганишди. Энди… жануб мамлакатларига учиб кетишади.
— А-а, Грузиянинг устидан ўтишади, — деб хаёлчан жилмайди Гулсара.
— Менинг эшитишимча, Босфор бўғозининг устидан учиб ўтишаркан. Бошқа қушлар — лайлаклар, турналар ҳам… — Унинг миқ этмагани учун яна давом этдим: — Буни билган лочинлар, йиртқич қушлар олдинроқ бориб, Босфор осмонларида учиб юришаркан-да, булар ўтишаётганда ҳужум қилишаркан.
— Вой аблаҳлар! — Гулсара ҳушёр тортиб кетди. Кейин мижғовланиб давом этди: — Барибир ўшаларнинг ҳаёти — ҳаёт. Нимагаки, дўсти ҳам, душмани ҳам маълум. Турмуш кечиришлари бир изга тушган: ўзгармайди.
— Рост айтасиз, — дедим. — Фақат инсон ҳаётида ўзгаришлар кўп бўлади. Бу ақлли махлуқлар бир кунда оила қуриб, иккинчи куни ажрашиб кетишлари ҳам мумкин.
— Оҳ, яхши гап айтдийиз, — деди Гулсара бирдан. — Ажралиб кетишади… — Кейин яна чиннигулни олиб силкитди. Пуфлаб гулбаргларини тиккайтирган бўлди-да, туйқус сўраб қолди: — Ман эримдан… Эрим дейишга тилим бормайди… Ўша — мани олган шахсдан қандай қилиб чиқиб кетганимни айтиб берайми?
— Ў, Гулсарахон, — дедим. — Шу нарсага қизиққан бўлмасам, ҳар нарса бўлай.. Кечирасиз, мени «қўрқоқ» дейишади баъзи адиблар. Дангал гапирмаганим учун. Ҳим, биров уриб кетгандаям индамаган пайтларим бор-да.
— Ў, унақа бўлманг, оғажон,— майингина заҳарханда қилди Гулсара.
— Жуда унақаяммасман, эгачим. Шу, «андиша» дегани мени босиб туради.
— А-а, шунинг учун..
— Қулоғим сизда.

21

— Мен ўрис мактабда ўқирдим, — деб ҳикоясини бошлади у. — Оилада табиий, ўзбекча сўзлашардим. Тарбиямда, лекин оврўпоча тарбиянинг таъсири бор.
— Оз-моз.
— Анчагина.
— Хўп.
— Ўнинчини битирадиган йилим дадам турмушга чиқарди. Ўнни битирса, бирон ёққа — Москопгами, Ленинградгами кетворади, деб ўйладилар.
— Ўзлари нима иш қилардилар?
— Ҳозир айтаман… Лекин кетворишим ҳам мумкин эди. Москва консерваториясигами, Ленинграддаги хореография мактабигами, вобшем, актриса бўлишим керак эди-де… У киши бўлса, раққосаларнинг ўйинларини, ашулаларини жон деб томоша қилардилар, эшитардилару, бироқ ўзларининг оиласидан шундай кипгалар чиқишини сира-сира истамасдилар. Эски ўзбекча одатлардан бас деганча бор эди, раҳматлида.
— «Раҳматлида?»…
— Ҳа, Гдляннинг қама-қамаси вақтида оламдан ўтдилар. Инфарктдан.
— Жойлари жаннатда бўлсин.
— Ҳим, илоҳо… Лекин дадам жуда қаттиққўл эдилар. Шунақа одамнинг қанақа бўлиб бўшлик қилганига акдим етмайди… Скарее всего, ваҳима опкетди у кишини… Биласизми, дадам — суд раиси эдилар.
— А-аа.
— Дадам «беш йил» берган айбдор шахсларни Гдляннинг шайкаси қайта суд қилдириб, «ўн йил»дан бердира бошлади. Манимча, дадамни порахўрликда-ям… — У бирдан уҳ тортиб юборди-да, ғижиниб кетиб: — Нега бу нарсаларни айтивомман? — деди. — Ну и к чёрту ҳаммаси! Ман дадамдан розимасман, вассалом! Ҳа-ҳа, азизим, мани куйдирдилар. Хазон қилдилар.
— Эрга берганларими?
— Вообшем-то, да. Сигаретингиз борми?.. Раҳмат, — У шампандан ҳам бир қултум олди-ю, соатига қараб қўйди. — Битта жугут ўртоғим чақирган эди… Ничево, ҳали вақт бор. У кутади. Кўпдан бери учрашмоқчийдик. — Кейин яйраб кулди-ю, мискин бир тус олиб, илова қилди: — Икки хонали квартирага алмаштирдиму уч хонамми. Балки… Нима учун, деб ўйларсиз? Манинг уст-бошимга, ўзимми тутишимга қараб, жа бойвучча сатанг, дейиш мумкин… Да-да! Лекин ман иқтисодий қийналганим учун шу ишни қилувдим.
— Лекин, битта кишига икки хонаям бемалол етади… Кечирасиз, фарзандингиз борми?
— Бор эди ҳисоб, ўғил, — дангалига айтди. — Ўтган ойнинг бошида Сирдарёга чўктирворишипти дўстлари… — Унинг ияги пир-пир уча бошлади. — «Тошканга кетаман, опамми топаман», дер экан… Хайрият, уни тетапоялигида кўрганим. Да, ўша қиёфасида қолди. Бу ёғига…
— Пепси опкелайми?
— Шуям бўлади.. Йўқ, ман йиғламийман. Бўлар иш бўлди. Ёмон болаларга қўшилган экан… Бу гапларнинг ҳаммасини манга синглим айтиб берди. Эрим… отинг ўчкур нокас, ҳатто хабар қилмади манга.. Биласизми, унинг ҳам нимасидир дадамга ўхшар эди. Қаранг, бир-бирини топишганини.
— У киши нима иш…
— Прокурор эди. — У энтикиб-энтикиб, шампандан сипқорди. Ўзини босиб олди-да, истеҳзоли жилмайди. — О, улар ўзларини қандоқ тутишар эди! Силнее мира всего… Шўрлик аристократлар… Бутун ҳаракатлари Оврўпога тақлид эди! Аммо ўзлари — ичларида ғирт жоҳил, консерватив ўзбеклар эди.
— Эрингиз сиздан каттароқмиди?
— О, ўн беш ёш катта эди! Қатдан билдийиз?.. А-а, уларнинг ўтириб-туришини айтдим-а… Ҳа, ўша ўтиришларда манам хизмат қилардим. Музика қўярдим. Баъзан ўйнаб берардим. Ашула айтган пайтларим ҳам бўлган. — Кўзидан тизилиб ёш чиқиб кетди. — Вей, мани қанақа ардоқлашарди. Ҳаммаси кафтида кўта-рарди, десам ишоновуринг, дўстим.
— Ишонаман.
— Ман, ман… просто учиб юрардим. Ердамас эдим. Хоҳлаганимни киярдим, ердим. Тагимда — мошина. Шофёр айтганимми қиларди. Тўғри, мани олиб юришдан завкданарди у кишим. — Гулсара завқ билан кулиб қўйди. — Нотавон кўнгилга қўгир жомашов… А,майли! Ман парво қилмасдим. Кўпинча мактабгаям мошинада борардим. Тўгарак машғулотлари кеч тугайдиган бўлса, мошина мани кутиб турарди. Дадам еру кўкка ишонмасди мани.
— Тушунаман.
— Ана ўша кезларда — зиёфатларда бўлажак куёвтўраям ўтирардилар ишшай-ееб. Дадамнинг шогирди эди ўзи… Кечирасиз, жа чўзвормадимми?
— Йўқ-йўқ.

22

— Шундай қилиб, мани ўша махлуққа беришди. — Гулсара ўша «махлуқ» рўпарасида туриптию ундан юз ўгиргандек — кўча тарафга қараб давом этди: — У ярамас мани, ўҳ-ҳ, домкультурага боришиммиям таъқиқлаб қўйди. Биламан, у мани яхши кўрарди. Лекин инсонларга ишонмасди. Дадамдан фарқи шуки, у ҳамон тирик, дадам эса номусдан… Оҳ! — у шошилиб, «Родопи»дан янгисини олди, мен тағин чақмоқ ёндириб тутдим: унинг чалғишини асло-асло истамас эдим. Хайрият, бир-икки бор тутун тортгач, яна давом этди: — Ман: «Дадамга этаман, мени қафасга солдингиз», деб гапировурганимдан кейин яқинимиздаги медтехникумга қўйди. Ҳарҳолда, яхши ўқидим. Битиргандан кейин эса, у исқирт мани ишлашга қўймаса бўладими…
— А-а, Шўро давридаги ташбеҳ билан айтсак, «феодал» экан, — дедим.
— Сто процент! — таъкидлади Гулсара. Ва ҳорғин тортиб, аллақандай чўкиб қолди. — «Йўқ, ман сиз билан яшолмайман», дедим бир куни… Аниқ эсимда бор: уйда ёлғиз ўзим зерикиб, магнитафонда музика қўйиб, хиргойи қилаётган эдим, келиб қолди. «Ҳа, қўмсаяпсизми?» деди. «Ҳа, — дедим. — Қўмсавомман! — дедим. — Чидасангиз, шу!» Шунда нима дейди денг… «Қўчқордек ўғил туғиб берган хотинларга ўхшаб гапирасан-а?» Маникиям тутиб кетди: «Сиз, туғдиролмасайиз, ман нима қилай?» дедим.
— Тушунолмай қолдим? — дедим. — Боя «ўғлим бор эдим», дегандай бўлувдингиз.
— Ҳа, бор эди, — деди у кескин. — Окасининг ўғли эди. Окаси серфарзанд, лекин камбағал яшарди… Ўшанинг кенжасини олувдик. — Кейин бирдан эри ҳамон қаршисида турипти-ю, мен терговчи каби — менга жаҳл билан уқтира кетди: — У одам илгариям уйланган экан. Аммо фарзанд кўришмаган. Орада гап қочиб, хотини кетворган экан. Ўша бечорани айбдор қилиб… Ў, прокурор деганийиз истаса ҳар қанақа фитна, иғво ўйлаб топиб, бўйнийизга қўйиши ҳеч гапмас. Менга ишонавуринг.
— Ишонаман.
У сигаретни сўриб, ўйланди. Шунда, мени Ўзи кечирсин, Гулсаранинг қандайдир даражада қариётганини сездим. Эшитганим бор: туғмас аёллар тез қартаяди, деб. Шунданми ёки изтиробларданми… Бундай десам, бундан беш-олти ой бурун яшнаб очилиб турган гулдай жувон эди…
Кейин эсладим: унинг ресторанга кириб туриши, афти-ю уст-бошининг ўзгаргани, умуман, хулқидаги ўзгаришлару озиб, қовоқларининг осилиб кетиши — булар бари мени айтишга ноқулай бир хаёлга олиб борди.
— Лекин у болакайга меҳрим тупшб қолувди, — деди оҳиста овозда. — Уям мани «опа» дер, манга эргашиб юрарди. Эҳтимол, эҳтимол, шунинг учун ман бир-икки йил яшаб қолдим у ерда… Ҳим, нима деятувдим?
— Шу-шу… Фақат эрингизга ҳалигидай «айб санда» маъносида гап қилган эдингиз.
— Ҳа. — Гулсаранинг чеҳраси бир зумда очилиб кетди. — Жа чийиллаворди-де… — Кейин ўзича хўп кулди, бошини сараклатди. Кейин бирдан хўрсинди. «Кетасанми?» деди. «Албатта, — дедим. — Ҳозир кетишим мумкин!» Ярамас… Кулди у. «Аҳдинг шунчалик
экан, нега кетмаяпсан?» деди. «Биринчи хотинингизнинг куни бошимга тушиши мумкин, деб қўрқаман», дедим. — Э, этдим-ку, фитнанинг уяси бўларкан бунақа шахслар… Кечирасиз, дадам бунақамас эди.
— Билдим.
— У шўрлик аёл Жиззахданакан. Чегарада уни савдогар деб ўйлашганми, бошқалар қаторида сумкаларини тинтишган. Битта сумкасидан юз доллар чиққан… Ҳа-ҳа. Сўрашса, аёл «билмайман» деган. Кейин жанобларига қўнғироқ қилишади. Бу кишим: «Ман юз долларимни йўқотувдим», деб жавоб берадилар. Аёл бояқиш ҳибсга олинади. Уф, кейин аблаҳнинг ўзи уни гўёки авф этиб, озод қилиб юборади. Шу тариқа уларнинг ажралиши қонуний бўлади. Эр — оппоқ, хотин — қоп-қора.
— Тавба.
— Назаримда, хотинга айтган у: «Бола кўрмаганимизни овоза қилиб юрма», деган.
— А-аа.

23

У, пешонаси хунук тиришиб, аммо яйраб кулди.
— Каминаи камтарин ҳам жанобларининг нозик жойига теккан эканман. Бунинг устига, хотинини эслатдим… Жа бўлганича бўлди. Вей, биласизми, мана шунақа бефарзанд эркаклар, айниқса, ўз хотинларига ишонмас экан. Эта правда!.. Да-да… — Бу гапни жиддий айтди-ю, кейин яна юмшади. Ва мени худди сирдош бир дугонаси каби билгандек (энди) шивирлаб давом этди: — Келишайлик, — деди манга. Характеримиз тўғри келмади, вассалом». Ман рози эдим, ўлий агар. Унинг пешонасидан ўпиб олишимга сал қолувди. Аммо миям ишлаб кетди шу пайт. Ҳа. «Уйимизга борганда шу гапни этсам, улар ишонишадими?» дедим. Кейин яна айтдим: «Сиз айтган сабабни айтсам, синглим ҳам мани ёмон қабул қилади. Тушунвоссизми?.. Ўзийиз биласиз, дадамнинг қазосидан кейин ҳовлимиззи тортиб олишди. Синглимлар зўрға уч хонали квартирада туришади. Хўш, бу ёғига нима дейсиз?»
— Нима деди?
Гулсара бошини чайқаб, ўз-ўзидан завқланиб кулди.
— Вей, маккорлик ҳар қандай одамнинг қўлидан келаркан. Ман ўзимми… Нет! Ким билади дейсиз, уни туширмоқчи бўлдимми ёки енгганимми?…
— Лекин шартингизда логика бор, — дедим мен. — Акс ҳолда бир неча йил бирга яшагандан кейин топилган мол-мулкнинг… ҳим, барибир фарзандларинг бор экан.
— Азизим, ман унинг давлатига тупураман! — деди Гулсара бирдан. — Ман ҳозир камбағалман… Жуда! Қим, қанақа қилиб кун кечираёттанимми ёлғиз ўзим биламан, Аллоҳ билади. Тавба қилдим. Аллақачон дўзах-да жойим тайёр бўлган. — У гангиб, шампандан тағин ҳўплади. Мен ҳам ичиб, сўрадим:
— Кейин?
— Мана шу, — қўли билан орқа томонни кўрсатди, — уч хонали квартирасини берди. Ўйнашлари билан майишат қиларкан… Ну, я так думаю.
— Ҳмм, шундай қилиб…
— Қўзичоқни еди ўрмонда, — деб қаҳқаҳа отди. Тавба, унинг овозида ҳам кўп ичувчи аёлларга хос
хириллаш бор экан — шунда сездим.
У эса қаттиқ кулганидан андак хижолат бўлиб, бирдан соатига қаради-ю, қошлари чимирилиб кетди.
— Сизни ушлаб қолдим, — дедим.
У мен илгари сира сезмаган бетакаллуф оҳангда:
— Ҳа, — деди. — Бир оз кечикдим… — Кейин ғижимланган гулни олди-ю, яна кулди. — Ўзим ҳам шу гулга ўхшаб қолганман… Хўп денг, азизим.
— Йўқ, — дедим. — Кечирасиз, Таваккал ака билан учрашиб қолсам ёки қўнғироқ қилса, нима дейин?
Гулсара худди тўкилиб кеттандай мунғайиб қолди. Кейин бошини аста қимирлатди.
— Билмайман, йўқ. — Кейин ғамгин кулимсиради, — шу пайт ҳозир бўлгандамиди… — Сўнгра совуққон бир тарзда қўшимча қилди: — У мани унутди ҳисоб… Да-да, ўтиришимиззи, «Тановар»ни унутмайди, албатта. Тиблисни ҳам. Аммо у аёлсиз турадиган, яшайдиган йигит эмас.
— Энди…
— Хайр, азизим.
— Хўп.
У чиннигулни яна бир-икки бор ҳидлади-да, устун томонга отиб юборди.
Кейин кетма-кет майдонга чиқдик. У метро томонга, мен радио қўмитаси томонга кетдим.
Очиғи, менинг кайфиятим яхшимас эди. Кўнглимда аллақандай — айтиб бўлмайдиган гумонлар.

24

Кўнгил сезади, деганлари рост экан (Мен «экан-пекан» каби кашфдан дарак берувчи сўзларни анча қўлладим. Аммо уларнинг — «энди» эканига кўп марта амин бўлганман).
Ўша калдирғочларнинг, тўғрироғи, макиён қушчанинг «рашки» — эрини — «нималар»дандир қизғаниши оқибатида олган сабоғим туфайли хотинимнинг айрим ҳолларда тагдор гаплар қилиб қолишини — табиий деб ҳисоблаганим учун уйга ҳам тез-тез тушиб чиқадиган бўлиб қолган эдим.
Қиш. Тошкент қишининг аччиқ совуқлардан кейин келгувчи илимилиқ кунларидан бири эди. Баҳор нафаси эсар, истироҳат боғимиздаги бир неча туп бодом дафъатан гулга кирган, табиийки, уларнинг вақтли гуллаши бизни ачинтирар, айни чоғда кўзларни қувонтирар эди.
Ресторан жойлашган тепалик бағридаги бир неча туп дўланасимон дарахтлар хам оппоқ бўлиб гуллаб қолганини кўрдим-у, кайфиятим яна-да кўтарилиб кетди. Кечаси — соат тўққизлар эди, чамамда. Мен метро бекатидан чиқиб, курант томонга бораётувдим, у ердан автобусга чиқиб, Юнусободга кетмоқчиман.
Ўша даҳада қурилган ёзувчилар уйидан менга ҳам беришган, бола-чақам ўша ерда туришади.
Хуллас, метродан чиқиб, кўлмак сувлар ялтираб турган кенггина хиёбондан тез-тез юриб борарканман, анави меҳмон дарахтларнинг гулларига кўзим тушиб, ҳалигидай қувонар эдим. Ва ихтиёримдан ташқари ҳолда — чап тарафимда қолиб кетаётган рестораннинг бўғиқ сасларини ҳам эшитиб, савқи табиий бир тарзда — ароқ, сигарет ва яна қандайдир ҳидларга тўла, нимаси биландир жодугарнинг кулбасидек ўзига тортадиган ўша жой билан боғлиқ хотиралар миямнинг аллақаеридан зув-зув ўтишар, улар орасида, аёнки, Таваккал билан Гулсара хоним дастурхонида ўтирганим ва улар ила боғлиқ хотиралар-да ғира-шира юз кўрсатиб ўтарди.
Ёзувчиликнинг бир ёмон жиҳати шундаки, ҳар дам, сония миянгу қалбингни банд этган асарни ёзиб тугатгач, сал вақт ўтмай уни изсиз унутасан: бошқа — янги воқеалар сени банд этиб, ҳушингни олади.
Шундоқки, Гулсара билан сўнгги учрашувимиздан кейин у билан Таваккал аканинг муносабатларига нуқта қўйилгандек бўп қолган эди: илло, мен уларнинг на бирини кўрган, на бири билан телефонда гаплашган эдим.
Юртга бориш эса мушкул бўлиб кетган, борар бўлсам ҳам Қаршига тушишнинг иложи (маънисиям) йўқ эди.
Қисқаси, уларнинг алоқаларию ўзимнинг иштироким қачондир ёзилган асардек бўлиб қолган эди.
Тўғри, баъзи-баъзида бирон сабаб билан эслаб қолсам, барча воқеа ва учрашувлар лоп этиб кўз олдимга келар, худдики ўша воқеалар ҳозир давом этаётган каби туюлар эди.
Изоҳларни тўхтатдим.
… Ўша хиёбон бирон эллик қадамлардан кейин чапга бурилиб, ресторан устидаги баҳайбат меҳмонхонага олиб чиқадиган зиналар пастидан ўтади. Ўнг томон — енгил мошиналар бекати, у ерда кўпинча хорижий тамғали автолар кўп, уларнинг бирлари — ажнабий меҳмонларга қарашли бўлса, бирлари — ўзимиздан чиққан ёш пулдорларга тегишли.
Ана ўша зинапоялару бекат орасидан ўтаётгандим, зинапоя четида қўр тўкиб туришган қизлар кулгиси эшитилди. Мен жилла эътибор бермадим. Чунки бу қизларнинг аксари — енгилоёқ, очиғи, фоҳишалар эканини Ҳусанбой айтмасидан бурун ҳам билардим. Би-роқ шунда биров йўталиб қолди-ку!
Ялт этиб қарадим: йўтал менга юят таниш эди. Қарасам, «соявон»ли шапка деймизми, шляпа деймизми, ишқилиб, урфга кира бошлаган антиқа бош кийимли, эгнида ялтироқ чарм плаши бор бир жувон четга бурилиб, энгашиб йўталяпти. Тумшуғи узун бир жувон унинг тирсагидан тутиб турипти.
— Гул, Гулсара, — дегани қулоғимга кирди-ю, қотиб қолдим. Кўриниб турибдики, йўтал тутгани — Гулсара, ёнидагиси (талаффузидан маълум) — унинг дугонаси эди. Менинг тўхтаб қараб турганимни кўрган дугона Гулсарага нимадир деб шивирлади. У бошини кескин кўтариб, менга қаради-ю, тикилиб қолди.
Онт ичаман-а: кўзларимиз бир-бирига тўқнашди. Аммо мен қотиб турардим. У эса ўрмон кийигидек мағрур боқаркан, бирдан меҳмонхона томонга бурилди.
Мен аста жилдим, Гулсара эса ўртоғи билан қўлтиқлашганча зинадан кўтарилиб кетди.
Менинг гумонларим ҳақ экан. Аммо эндиям уни тилда очиқ айтолмайман.

25

Баҳор ҳам етиб келди. Аммо қалдирғочлар келишига ҳали вақт бор (20 мартдан кейин келишади), шунга қарамай деразани кўпда бекитмайман. Гулга кириб қолган олмазор боғдан қочоқ булбулларнинг сайраши тонгги соат тўртда бошланиши билан уззу кун тинмайди. Тез-тез ёмғир ёғади, баъзан тунлари яхши-гина совуқ бўлади. Кўпинча кўкда булутлар сузиб юришса-да, қуёш кўриниб туради: иш столида битадиганларнинг айни мавсуми.
Кечаси соат бирмиди-иккимиди эшигим тақиллаб қолди. Навбатчи йигит экан.
— Телефонга сўрашяпти. Қаршидан, — деди. Шошилиб қуйи қаватга тушдим.
— Қувватжо-он?
— Мен. Бормисиз, Таваккал ака?
— Э, «ака» бўлмай кетай мен, — деди у. Кайфи йўқ эди. — Охири иш олиб кетади бизни… Оёқ синган эди. Мармар қаттиқ бўлади, деб жиягидан бораётсам, кўчиб кетди.
— Шунинг учун қўнғироқ ҳам қилолмадингизми? — дедим гина қилиб. — Лекин Тошкентга келиб кетишга ярапти шу оёғингиз… Ҳусанбойдан эшитдим. Оқсаб келиб оқсаб кетдилар, деди… Бунгаям икки ойдан ошди.
— Қувватжон, ишга берилиб кетиб, вақтида боролмаб эдим дўхтирга. Синган жойни улаган симлари суякка қўшилиб кетган экан. Аперация қилишди…
— Ҳа, омон бўлинг, ака.
— Хайрият, оқсамаяпман… Қайнардаги санаторийда ётиб эдим. Аммо икки-уч марта телефон қилдим. Сизни — «уйига кетишган» дейишди. Яхши бўпти-да, уй, болалар — биринчи ўринда туради… Хўш, хоним тирикми? — жиддий гапдан кейин бу саволга шундай тез ўтдики, асли сўрамоқчи бўлгани шу эканига шубҳа йўқ эди.
Айни чоғда унинг «тирикми?» деган саволини қўпол ёки нописандлик белгиси, деб ҳам бўлмасди: жанубнинг гапириши каминага маълум: кўпинча энг яхши фикрларни ёмон либосга солиб ҳам айтишади. Масалан, Навоий ҳазратлари ҳам ишлатган «ёмоним» — у ёқларда ҳамон амалдаки, «ёмонам яхши экан» деган калима ҳам бор.
Бироқ мен уларнинг муносабатларига нуқта қўйга-ним учунми, Таваккал акадан гинам борлигиданми:
— Тирик бўлсалар керак, — дедим.
— Э, наҳотки кўрмадингиз? Бир шаҳарда яшаб… Да-да, тушунаман, — деди кейин. — Лекин мен бир борганимда унинг адресини топаман, деб кўп урундим, ука. Ишлаб кетган жойидагиларни террор қилишимга оз қолди.
— Таваккал ака, сиз уни кўришни истайсиз-а?
— Э, «ми»сини опташланг — Ахир, мен… нима десам экан, қўйинг, у ёғини айтмайин…
— Бўлмасам, Тошкентга келганингизда ўша ресторанга киринг-у, завзал йигит Ҳусандан сўранг. У айтиб беради унинг…
— Нима-нима? Ресторанга ишга кирганми? Мен андак мулоҳаза қилиб:
— Шунга ўхшайди, — дедим.
Дедим-у, кўнглим ғалати бўлиб кетди; шундай қиз, шунчалик қобилияти бор жувон, шундай покиза, бриллиант узук… Уф! У буюк фожиага йўлиққан эдики, бунга Таваккал ака билан муносабатларининг ҳам таъсири йўқ, деб бўлмасди: ўйлаб кўринг ахир, Таваккалдан совиши (агар совиган бўлса!) менга ҳам тескари қарашига, табиий, бошқа кўп жиҳатлардан ҳам юз ўгиришига туртки бўлмаганми? Туртки бўлгани аниқ.
— Қувватжон?
— Қулоғим сизда.
— Мен эртага етиб бораман!
— Марҳамат.
— Соғлиқ жойидами ўзи?
— Худога шукр.
— Ҳа, бўлмасам, кўришгунча, Гулсарани топсам… Топаман албатта, дачага обораман.
— Бемалол.
Уни ичимда сўкиб, дастакни жойига қўйдим. Хонага кўтарилдим. Ишим юришмай қолди: билсам, улар учрашувининг нима билан тугашини ҳозироқ кутаётган эканман.

26

Эртаси куни қаттиқ ёмғир ёғди. «Самолёт учармикан? Учар-ов…» деб, ёғиннинг тинишини илтижо қилиб юрдим. Тасаввур этинг, кундузи ҳам ишим силжимади,
Аммо уларнинг ёнма-ён кириб келишларини энди тасаввур этолмасдим: ахир, Таваккал аканинг «гап кўтармас» йигитлигини яхши биламан…
Гулсарага келсак, у Таваккалга муҳтож…
Кеч тушди. Тун яримдан ошганда, диванга чўзилиб ётдим. Аммо қулоқларим ташқарида…
Иморатнинг қўш табақали ойнабанд эшигининг гурсиллаб урилаётганидан уйғониб кетдим. Деразага қарасам, тонг ёришяпти, булбуллар сайрай бошлаган.
«Ошпазлар келишди, — деб ўйладим. Кейин соатга қарадим, энди тўртдан ошаётир. — Улар бешдан кейин келишади-ку? Ким бўлди бу — шундай пайтда нозик одамлар ҳам ётадиган корпуснинг эшигини бор кучи билан гурсиллатиб ураётган?!»
Шу пайт эшик қарс-қурс этиб очилди. Келган киши навбатчи қоровул билан гаплашди. Кейин, бир-икки сония ўтмасидан учинчи қаватга олиб чиқадиган пил-лапоянинг шаҳдам қадамлардан гуп-гуп этаётгани эшитила бошлади ва мен бемаҳалда келган бетакаллуф меҳмоннинг — Таваккал эканига мутлақ ишондим. Ишондим-у, унинг бунчалик кеч келишини — «бирон хусусий кафеда ичиб ўтирган-да», деб таъбирлаган бўлсам, унинг ёлғизлигини ҳам шу йўсинда тушунган бўлдим.
Алқисса, «улар уришган. Таваккал қандайдир но-жўя ишлар ҳам қилган. Кейин аламидан маст бўлган, кейин эсига мен тушиб, бу ёққа жўнаган», деган фикрга келдим.
Мен хонам эшигини қулфламайман, шундоқ бўлсада, йўқловчи киши эшикни тақиллатади.
…Қишлоқи ака эшикни тарақлатиб очиб кирди. Мен ўрнимдан туриб кетгандим. Шифтдаги қандил ҳам, стол лампа-чироғи ҳам ёниқ: ерга игна тушса, кўринарди.
Таваккални, айтиш мумкинки, таниб бўлмас эди: лаблари ёрилган, лабининг четларида қон юқи бор, яп-янги чарм куртка остидаги тивит жемперининг ёқаси ланг очиқ — биттаям тугмаси йўқ, юзида ўзидан ўзи кулаётган кишига хос шикаста аламзада табассум жавдираб турар эди.
— Ў-у, Қувватим! — деб хитоб қилди: сезДймки, тилиниям тишлаб олган. — Акангизни табрикланг!
— Келинг, Таваккал ака, — дедим ва не бир хуш истак ила сўрадим: — Нима билан табриклай?
— О-озодлик билан! — деди у. Кейин, лойга бе-ланган туфлисини бир-бирига ишқаб ечиб ташлади-да, хонага кирибоқ мени маҳкам қучиб олди. — Азизим, укам, юртдошим… Акангиз расво бўлди. Ҳаммаси тугади, ука.
— Таваккал ака, ўтирайлик, — дедим. Унинг кайфи бор-у, кишини «қочирадиган» даражадамас эди.
Бунинг устига, бутун бир вилоят йигитларига сўз бермай юрган валламатнинг бу турқи-таровати-ю, сўзлари мени ларзага солиб юборганки, сабабини тезроқ билгим келарди.
— Раҳмат. Ўтирамиз, — деб мени дарҳол қўйворди-да, диванга гурс этиб ўтирди. — Кечирасиз…
— Шундай гаплар бўлмасин, — дедим узр сўрамоқчилигини англаб. — Рости, мен сизни кутаётган эдим.
— Мени? Битта ўзимни? — У тилла тишларини кўрсатиб илжайди-да, кейин қаҳ-қаҳ отиб кулди. — Қойилман… Унга — Гулсарага қойилман. Мени яна енгди… Бу сафар маъракадан чиқариб юборди. Кураш тушмайдиган қилиб юборди.
— Бир минут сабр қиласиз, — деб, чойнакни олиб, ваннахонага чиқдим. Идишни чайиб, совуқ сувга тўлди-риб кирдим. Чой қайнатгични солиб, у ёғини токка уладим. — Ана энди гаплашамиз… — Унга тикилдим-у, афтидаги ўзгаришлар ҳақида савол бермай туришни маъқул кўрдим: барибир ўзи айтади. — Хўш, бир бошдан эшитамиз-да? Ресторандамидингиз? У яна қаҳ-қаҳ отди. Сўнг:
— Милисадан келаяпман, — деди бошини кўтармасдан. — Айб ўзимда…
— Нима қилиб қўйдингиз?
У шифтга қараб, оёқларини чалиштириб олди.
— Самолётдан — охирги рейсдан тушиб, тўғри ресторанга бордим. Ҳусан бугун ишламас экан. Яъни, кеча, ҳа, кеча… Унинг адресини олиб, уйига бордим. Яхши йигит, дилбар инсон… Менга очиғини айтмади-ю, гапни айлантирди: «Севасизми? Уйланасизми?» Яна кўп гаплар… — Таваккал кўзларини йириб очиб, менга тикилди. — «Ҳа — дедим. — Уйланаман, дўстим. Гап тамом…» Мен уни деб… У менинг мана бу еримдан жуда-а чуқур жой олиб қолган. Мен унга… мен уни оддий маржа… Кечирасиз! Хуллас, Гулсарани узоқдан кўрсатишга ваъда берди. Жонимни ҳовучлаб йўлга тушдим. Йўлга тушдик… «Нима гап ўзи? Нима бўлган?» дейман. Гапирмайди. Хўп, ресторанга етиб бордик. — У билагидаги олтин соатига қараб олди. — Хайрият, шуни олишмади милисалар… Борганимизда, соат ўн яримлар бор эди. Мен у ресторанда минг марта бўлганман.
— Биламан.
— Э-э, суперлюксларида ётганман, жононлар билан… Ўшаларнинг айланиб турадиган жойларини ҳам биламан. Уч-тўрттасининг телефон номериям бор эди. Бир йил бурунги гаплар бу… Хуллас, Ҳусан жўрангиз мени рестораннинг ичидан ўтказиб, завзал ўтирадиган столга олиб борди-да, аписанкалар билан гаплашди. Кейин йўлакка чиқди. Лифтга бордик. Шу ерда Ҳусан қолди. Мен уни тушундим. Ўзиям айтди: улар ресторандаги интим сирларни ҳеч қачон ҳеч кимга айтишмайди.
— Мен ҳам шу гапни эшитганман, — дедим. — Лекин Ҳусан барибир одамгарчилик қипти.
— Ў-ў, албатта!
— Кейин?
— Олтинчи қаватга чиқсам, дежурни ўтирипти. Бошқа зот йўқ. Бир амаллаб Гулсарани излаётганимни айтдим. «Мая родственница», дедим. Охири, ғаладонини шартта тортим-да, икки юз сўм ташладим. «Сестричка, скажи…»

27

Менинг назаримда, Таваккал ака Гулсаранинг «аҳволини» эшитиши замон изига қайтиши, яъни Ҳусаннинг тўмтоқ гаплариданоқ воқеани англаб, унга қўл силташи лозим эди.
Шунинг учунми:
— Хўш, уни топиб нима қилмоқчийдингиз? — деб гапини бўлдим.
Таваккал бир муддат анграйиб қолди.
— Худо урсин, билмайман, — деди кейин. Кейин эса пешонасига қарс этказиб урди.
— Кейин нима бўлди?
— Кейин, — у энди қонталашган кўзларини палосдан узмай гапира бошлади: — Кейин ўша аписанка… э, дежурни улар ўтиришган хонани кўрсатди-да, туя кўрдингми — йўқ, дегандай қилди. «Гап битта!» деб, бордим… — У ўтирган ерида бахшига ўхшаб бир-икки чайқалди. — Вой-вой, боряпман-у, бутун борлиғим титрайди. Ҳеч, ҳеч қачон бундай бўлмаган…
— Демак, у билан ўтирган кишини урмоқчисиз?
— Ким билади! — деб дўқ қилгандай бўлди. — Ўзим ўзимни тушунмай қоддим… Йўқ, унинг кавалерини уриш ниятим йўқ эди. Ўзи рози бўптими — тамом. Аммо, қизиқ, ўзини кўрмоқчиман-да! Ҳа-ҳа… Бир кўрсам дейман…
— Қизиқ.
— Шундай қилиб, эшикни шартта очдим! — У хўрсиниб, тимирскиланиб, ниманидир излади. Мен «Родопи» пачкасини узатдим. Мамнун бўлиб, бирини тутатди. Бир-икки дуд олгач, анча ҳовридан тушиб, давом этди: — Эшикдан… дежурниларга ишонганлари учунми, эшикни ичкаридан қулфлашмаган экан. Мен, мен… ҳалигидай манзарани кўраман, деб ўйлаб эдим, шекилли. Йўқ, иккови столчанинг икки ёғида ўтиришган экан, энди коньякли румкани кўтариб туришган экан. Мени кўриб қараб қолишди.
Таваккал ҳикоя қиларкан, мени ҳаяжон тутган, ишонишингизни сўрайманки, ёзувчи бўлиб бундай нозик, ҳатто хавфли манзарани тасвирламаган эдим.
— Кейин? — дедим.
— Биласиз, бир жонон билан кетаётганингизда, бошқа бир жонон рўпарангиздан чиқиб қолса, у албатта сизга қарайди. Тўғрими?.. Бунинг акси бўлди: мен йигитга қарадим. Бир нозик, галстук таққан, сочларини ўхшатиб тараган, умуман, интилигент йигит эди. Биласизми, мундайларга қўл кўтаргинг ҳам келмайди. Лекин, умуман, биров билан жанжал қилиш ниятим йўқ эди… Қолаверса, Гулсаранинг бу кўчага кирганини Ҳусан билан гурунгданоқ пайқаб эдим. Ҳа… Лекин шундай қизнинг, шундай мағрур, ҳатто мени назарига илмаган жувоннинг…
— Мен тушунаман, — дедим.
— Йўқ, сиз ҳам тушунмайсиз, — деди Таваккал. Кейин ўйланиб сўради: — Қанақасига тушунасиз?
— Ҳарқалай, ўтмишини айтиб берган… Сизга-чи? Гаграда бўлдинглар…
— Э-э, ўтмишини сўраш… Ўтмиши менга бир капейка эди. Ўзи ёқиб қолганди, холос…
— Аттанг.
— Ароғингиз йўқми?
— Қатдадир бўлса керак… Шишанинг тагида… Ҳа, анави «Морозка»нинг ичида. Ҳозир… Мана, мана, печенье ҳам бор экан. Олинг. Омон бўлинг.
— Раҳмат, ука. Ўзим опкелмоқчи эдим. Милисалар бор пулимни қоқиб олишди. Таксига зўрға етди… Ничаво, эртага топамиз… Э, тонг отиб кетипти!
— Ҳа..
— Ҳим… Шундай қилиб, эркакдан кейин Гулсарага қарадим. Қарадим-у, йиқилиб тушишимга оз қолди. Бошим айланади денг… Мен уни яхши кўрарканман, ука… Йўқ, яхши кўриб қолган эканман. Кейинчалик…
— Тўғри айтасиз. Уям сизни кейинчалик яхши кўриб қолгандек эди.
— Рости билан-а?
— Ҳа, ўзи айтувди.
— Воҳ, воҳ!.. Нега бўлмасам… Ҳим, — у бош ирғаб қўйди. — Ҳа-ҳа, охиригача Гулсара бўлиб қолди у… Лекин битта гапи ўлгунимча ёдимдан чиқмайди! Айтдики…
Мен буларнинг икковининг такдирига яна қизиқиб қолгандим, зероки, булар муносабатларига сўнгги нуқта энди қўйилаётгани боисиданми, Таваккал аканинг Гулсара билан ўша қалтис нозик дамдаги гап-сўзларини билиб олиш мақсадида яна унинг гапини бўлдим:
— Кечирасиз, Таваккал ака, эшикдан кирдингиз, хўш, кейин Гулсарага кўзингиз тушди-ю…
— Ҳа-ҳа! — деб бақириб юборди. — Вой Қувватжон, қизиқ-а? Ўлай агар… Биров шундай бўлдим деса, сира ишонмасдим. Чунки, биласизми, ука, мен «муҳаббат, севги» деганларига, — у ўқловдек-ўқловдек панжаларини ёзиб кўрсатди, — мана шуларнинг орасидан қарардим. Китобларгаям ишонмасдим. Тўғриси-да… Кечирасиз, сизга тегиб кетмасин. Сиз ишқ-муҳаббат ҳақида…
— Деярли ёзмаганман, — дедим. — Мен билганларимни ёзганман, холос.
— Балли.
— У-чи, у қандай ҳолатга тушди? Сездингизми сал-пал?
— Ҳа, вабше, каллам жойида эди, кўриб турибман уни… У, назаримда, менга тикилиб қолди. Кейин сал-пал кулумсирагандай бўлди-ю, «Сизга ким керак?» деб сўради.
— Шундай деди?
— Ҳа. Мени, умуман, танимайдиган кишидек сўради… Во-ой, ўйинни билади десам, актёр экан!
— Балки бу актёрлик эмасдир, — дедим менга ҳам тескари қарагани эсимга тушиб.
— Ахир… — Таваккал яна бошини эгиб қолди-да, бутун танаси билан ирғалди. — Сиз ҳақсиз, ука. Мен унга бегона эдим энди. Қойил.
— Сўнгра сиз нима дедингиз?
У яна қоматини ростлаб ўтирди.
— Нима дер эдим. «Сизга бир оғиз гапим бор эди», дедим. Ҳатто йигитга қараб, узр сўрадим. Йўқ, рухсат сўрадим. У бечора елкасини қисди.
— Кейин?
— Кейин Гулсара… «Мен сизни танимайман», деди… Қувватжон, ўша пайтда орқага қайтишим керак экан. Аблаҳман-да, иним! Аблаҳман… Балки шу тариқа ундан айрилишни истамагандирман? Шу-пгу. Уни қолдириб, орқага бурилсам, нима бўларди?.. Нима қилардим? Ўзингиз айтинг…
— Хўш, кейин?
— Кейин… — У сийрак, жингалак сочли бошини кафтлари орасига олиб, яна бахшинамо чайқалди. — «Кел бу ёққа, мен сени опкетиш учун келдим», депман… — У бошини яна илкис кўтарди. — Шундай дедим. Шу гапим рост эди! Тепамда Оллоҳ бор, гапим рост эди… Ўзим ҳам уни бу ердан олиб кетиш учун келганимни ўша пайтда билдим…
Мен иттифоқо кўнглимда бир мамнунликни туйдим. Хорижий адабиётнинг айрим машҳур асарларида, масалан, фоҳишага ёки лўлига ўйланган «шаҳзодалар» тасвири бор.
Таваккал «китобларгаям ишонмайман» дегани каби мен ҳам ўша қаҳрамонлар ҳаракатига ишонмас эдим-у, инкор ҳам этмас эдим.
Рўпарамда ўтирган бир чапани ўзбек йигитнинг фоҳишалик кўчасига кирган бир қизга бўлган муносабатини деймизми, севгисиними, хуллас, биз — хом сут эмган ёзувчилар ҳам инсон руҳидаги бу сингари ўзгаришларни англашга ожизлик қиламиз, албатта.
Алҳол, мен Таваккални сўнгги гапини эшитиб, қал-бимда ажиб бир мамнуниятни туйдим. Туйдим-у, Гул-саранинг нима деб жавоб бергани мени оҳанрабодек тортиб:
— У, у нима деб жавоб қилди сизга? — дедим.
Ажабо, Таваккалнинг ҳам чеҳрасида бир майин табассум ёйилган эдики, қандайдир ҳасратли йиғининг сиртқи ифодасига ўхшарди.
— «Энди кечикдингиз», деди. Ҳа, ҳалигина «сизни танимайман», деб турган хоним энди шу гапни айтди… Анави кавалерига таъсир қилишиниям ўйламади.
— Яхши.
— Сираям кеч эмас, Гулсара, дедим мен. Кейин мен ҳам очиғига ўтганимни билмай қолдим: ахир, сир очилган эди. — Мен сизни яхши кўраман, — дедим. Аллақачон яхши кўриб қолган эканман-у, билмай юрган эканман, — дедим. — Ишонинг, Гул… Мен, мен ҳам кўп аёллар билан юрганман. Хўп, сиз ҳам… Нима бўпти? Гап бунда эмас-ку?
— Хўш? У…
— Ярамас йиғлаб юборди-де… Вей, ичкарига қандай отилиб кирганим эсимда йўқ.

28

Таваккал ўрнидан ирғиб туриб, айвонга очиладиган эшик олдига борди. Сўнг эшикни ланг очиб, негадир курткасини ечди-да, диванга отди.
— Ҳе, бу дунёнинг онасини… Пуф-ф. — Сўнг менга кескин қайрилди. — Қаранг, ука, гап нимада-ю, мен нимани сўкаяпман… Аҳмоқлик шу-да.
— Сиз хонага отилиб кирдингиз.
У бош ирғаб, яна диванга чўкди. Ва қолган гаплар-ни, яъни, воқеани қандайдир ҳиссиз бир оҳангда тезгина айтиб ташлади:
— Унинг билагидан ушлаб тортдим. Йигит бир нима деб эди, унга мана бу қўлимни чўздим. «Оғзингаи юм», дедим шекилли. Гулсара додлаб юборди. Қаранг, Мен тек туриб қоддим… Шунда иккита милиса пайдо бўлди. Ўзимча ўйлайманки, ҳалиги дежурни хотин чақирган. У билан гаплашганда, важоҳатим ёмон эди, шекилли. Ким билади, ўзидан қўрққанми…
— Шу гапингиз тўғри, — дедим. — Сизни опке-тишдими, Таваккал ака?
— Ҳа, албатта… Анави сўтак ҳам бир нима деди мелисаларга. — Лекин Таваккал менга яна хўрсиниш ифодаси каби бир нигоҳ билан бокди, — Гулсаранинг гапи гап эди. «Бу одам номерга бостириб кирди. Биз танимаймиз. Афтига қаранглар, ғирт маст», деди. — Таваккал қаҳ-қаҳ отиб кулворди. — Ичмаган эдим. Бир грамм ҳам… Гулсарага қараб кулдим. У креслога ўтириб, яна йиғлай бошлади. Биласизми, унинг бу галги йиғисиям бошқача эди… Энди охирги гапини эшитинг. Милисаларнинг олдида «Бу одамни биз танимай-
миз», деб турган жувон йиғлаб туриб: «Мани эсдан чиқаринг, Таваккал ака. Бўлар иш бўлди. Сиззи кўчайизга бегонаман. Манинг йўлим бўлак энди. Тамом», деди.
— Сиз лол-ҳайрон…
— Ҳа, милисалар мени итариб-итариб чиқаришди. Каридорга чиққанда, биттасининг қулоқ-чеккасига қўйиб юборибман… Бандитлик-да. Лекин мени милиса зоти туртмаган эди, қамоқда ётганимдаям… Ҳа-е…
— Кейин?
— Нима бўларди. Шуниси шайтонлаб қолди, униси чопиб бориб, дежурнининг телефонидан званит қилди… Менга ҳамма нарса барибир эди. Ҳей, ундаи жойдаги креслога бориб ўтирдим. Беш-олтитаси келиб эди, мен айтдим: «Тегманглар, қўл тегизсанглар, чатоқ бўлади. Хоҳлаган жойларингга ўзим бораман», дедим. Улар ҳам қандайдир ишонишди. Энди ишонмасаям бир-иккитасининг жағ-пағи синар эди.
— Кейин милисахонада уришди?
Таваккал бош ирғади.
— Ҳа..
— Кейин?
— Экспертиза қилишди. Тарсаки емаган милиса — одам экан. Гулсаранинг охирги гапларини айтиб эди, тушунишди… Каттаси тушунди. Лекин формадаги милисани урганим учун товон тўладим ҳисоб. Бор пулимни бериб қутилдим…
— Пулсиз чиққан бўлсангиз, нимага ичдингиз?
— Ҳа-я. — Таваккал ҳорғин кулиб, тикилиб ўтирди. — Ҳусанбой йигит экан. Отделениядан чиқсам, кутиб турипти мени. Қучокдашиб кетдик.
— Кейин кафега бординглар?
— Ҳа, уйига яқин жойда битта хусусий ошхона бор экан. Мени меҳмон қилди. Уни қадрланг, Қувватжон… Хўш, бор гап мана шулар, ука.
У яна ирғиб, ўрнидан турди-да, курткасини эгнига ташлаб, айвонга чиқди.
Мен ҳам чопонимни елкамга илиб, унинг ёнига борсам, шундоқ рўпарамизда ой, ҳа, ранги ўчган тўлин ой турибди.
— Кўряпсизми? — деди Таваккал. Мен уни боғни томоша қилаяпти, деб ўйлаган эсам-да:
— Нимани? — дедим.
— Ойни-да, э, ёзувчи, — киноя қилди Таваккал. — Булут тўсди.
— Ҳа-ҳа. Ҳозир ўтиб кетади. Ой яна кўринади… Каллангизга бирон гап келдими?
— Ўзимни шу қора булутга ўхшатдим. Ойни нима десам экан, келинг, муҳаббат деб атайлик… Ҳа-ҳа-ҳа! — Кейин ғамгин тортиб қолди. — Шу ўтди-кетди. Билмай қолдим… Худди умрга ўхшайди-я муҳаббат ҳам. Ўтганини билмай қоласан… Бўпти, энди менга жавоб берасиз, ука. Шаҳарга тушиб, танишлардан уч-тўрт сўм қарз олайин. Кейин тўғри Қаршига!
Мен қаттиқ ҳаяжонга тушиб қолгандим: ахир, ушбу воқеага — Таваккал аканинг Гулсара билан муносабатига, борингки, борингки, қисматларига беихтиёр сўнгги нуқта қўйилган, бунда, айниқса, ўзининг «моҳияти» очилиб кетган эди.
Шуни идрок этдим-у, ишонинг, шунақаям майин тортиб, мамнуниятга тўлдимки, ундан кейинги гап-сўзлар қулоғимга кирмай қўйди.
Лекин Таваккал аканинг сўзларини эшитардим, муносабат ҳам билдирардим.
— … Намгарчиликда оғрийди.
— Иссиқ тутиш керак.
— Ваннада иссиқ сув борми?
— Бир оз оқизсангиз, келади.
— Қувватжон, вақтингиз бўлса, мен билан чиқмайсизми?
— Сизни кузатиб қўяман.
— Раҳмат.

1996

Шукур Холмирзаевнинг «Булут тўсган ой» ҳикояси асосида Ўзбекистон радиосида режисёр: Раҳматжон Жумаев томонидан ёзиб олинган радиоспектакль. Ролларни Тошкент театрлари артистлари ижро этишган.

Shukur Xolmirzayev
BULUT TO’SGAN OY


37Shukur Xolmirzaev 1940 yil 24 martda Surxondaryo viloyati Boysun tumanida tug‘ilgan. O‘zbekiston xalq yozuvchisi (1991). Toshkent universitetining jurnalistika fakultetini tugatgan (1963). Dastlabki hikoya va ocherklari 1958 yildan nashr etila boshlagan. «Oq otli» (1962), «To‘lqinlar» (1963), «O‘n sakkizga kirmagan kim bor?» (1965) qissalari, shuningdek, yozuvchining shu davrda yozgan hikoyalari «Olis yulduzlar ostida» (1971), «Hayot abadiy» (1974), «Og‘ir tosh ko‘chsa…» (1980), «Yo‘llar, yo‘ldoshlar» (1984), «Bodom qishda gulladi» (1986), «Tog‘larga qor tushdi» (1987) singari to‘plamlaridan o‘rin olgan. «So‘nggi bekat» (1976), «Qil ko‘prik» (1984), «Yo‘lovchi» (1987), «Olabo‘ji» (1992), «Dinozavr» (1-kitob, 1996) kabi romanlar muallifi. «Qora kamar» (1987), «Ziyofat» (1990 yili sahnalashtirilgan) dramalari ham bor.Yozuvchi 2005 yil 29 centyabrda Toshkent shahrida vafot etgan.Hamza nomidagi Respublika Davlat mukofoti (1989) hamda «Mehnat shuhrati» (1999) ordeni bilan taqdirlangan.


To‘xtasin og‘aga bag‘ishlayman.

1

Yomg‘ir shunday kuch bilan quya boshladiki, bekat ayvonida turishning iloji qolmadi. Buning ustiga, g‘uvillab shamol esar, yomg‘irni bukib-qayirib ayvon ostiga ham urar ediki, ustunlar orqasiga yashirinish ham foyda bermadi. Men plashning yoqasini ko‘tarib, shlyapa gardishini pasaytirib, restoranga qarab chopdim. Restoranga kiraverishdagi ayvoncha ostida ham yomg‘irdan qochganlar ko‘p edi. «Ke, shamollab-netib qolmayin. Baribir kechki ovqatga yetolmayman», deb oynavand, zalvorli eshikni ochib, ichkariga kirdim. Tabiiy, dimog‘imga ichimlik, sigaret hidi urildi, qulo-g‘imga jazavali g‘arb musiqasi eshitildi. Men shlyapamni silkitib, yoqamni tushirib, ustki kiyimlarimni olib qoladigan kishi tomon borayotgan edim, shundoq ro‘paramdan — aftidan, qo‘lyuvgich xonadan chiqib kelishayotgan novcha, norg‘ul yigit bilan etagi yerga tekkudek uzun, qora barqut ko‘ylakli juvonga ko‘zim tushdi.
Yigit… menga tanish, hatto «aka» darajasidagi qadrdonim. Tavakkal edi. Egnida to‘yga kiyib borsa arziydigan tim qora kostyum-shim, oyog‘ida poshnasi baland, uchli tufli (shuning uchun bo‘yi tag‘in ham baland ko‘rinar), hiyla siyraklashib qolgan jingalak sochlari yaltirar (nam qo‘li bilan siypagan bo‘lsa kerak), tilla tishlari yarqiragancha kulib kelar, juvonning tirsagidan tutish yoxud unga biron dildorlik ko‘rsatish, chamasi, xayoliga kelmas, juvon esa, boshini xiyol egib va kulimsirab kelardi.
Men teskari qaramoqchi bo‘ldim-u, ulgurolmadim.
— O‘, pisatel! — deb baqirib yubordi Tavakkal. Men tabassum qilib, chetlandim. U keliboq, meni bag‘riga oldi, o‘pishdik. Og‘zidan aroq hidi kelar, yuzi shishinqiragan, ko‘zlari g‘iltillar edi.
— Bu kishi — bizning zemlyak! — deb ayolga qaradi «zemlyag»im, keyin uni unutgandek, menga tikilib, davom etdi: — Qalay endi? Kelin yaxshim-a? Kichkinalar ko‘payib qoldim-a?.. Ko‘rinishingiz durust. Klass! Ey, bu odam — yaxshi yozuvchi! — dedi yana ayolga ko‘zi tushib. — Mening yurtdoshim!
Men ham ayolga qaradim, u siniqqina kulimsirab bosh irg‘adi. Kaminayam bosh irg‘adi. Shunda Tavakkal:
— E, tanishmaysizlarmi? — deb kuldi. — Bu kishi bizning xonim. Otingiz… nimaydi?
— Guli, — dedi juvon (uning qizarib ketganini taxmin kildim), — Gulsara.
— A-aa, Gulsara, Gulsara, — deb tag‘in baralla kuldi Tavakkal. — Qani, zalga marhamat, Quvvatjon!
Men ust-boshimga ishora qilgan bo‘lib:
— Shunchaki kiruvdim, yomg‘irdan qochib, — dedim. — Dachaga ketishim kerak.
— Dachaga? O‘-o‘, o‘zimiz oborib qo‘yamiz!.. Qani, plashti yeching! Ho‘, shveysar, baqa qara! — Tavakkal shlyapamni oldi. Men noiloj yomg‘irpo‘shimni yecha boshladim. — Obbo, Quvvatjon-e, uchrashganimizni qarang. Xudo bor… Qarshidan jo‘nayotganimda sizni eslab edim. Chestni aytaman…
— Men ham sizni eslab turaman, — dedim.
— Yolg‘on! Bitta telefon qilmaysiz. Qarshining chegarasidan o‘tib ketasiz.
— Yakin-orada yurtga borganim ham yo‘q.
— Men kecha keldim. Geyalogiya vazirligiga chaqirishgan edi… Ey, Gulsara, Mustaqillikkacha o‘zimizda geyalogiya ministrligi yo‘q ekan! Bor-u, Moskovga bo‘ysunar ekan. O‘zbekistonga bo‘ysunmas ekan. Vey, qistaloqlar-e.
— Haliyam karerdamisiz? — deb so‘radim, shunchaki gap-gapga qovushsin uchun.
— Ha-a, —deya yana oltin tishlarini yaraqlatib kuldi. — Kattasi bo‘p ketdik marmar karerining… — U plashni ham shveytsarga berdi-da, kiftimdan olib, ikkinchi qavatga o‘rlagan zinapoyaga boshladi. — Gul, Gul-sara, ortda qolmang… E, siz oldinga o‘ting! O‘ting, xonim. Ayol og‘rinib to‘xtadi.
— Yuraversangiz-chi.
— Shundaymi? Mayli. — U kulib qo‘yib, ikki zinapoyani bitta qilib bosdi. — Ishlarim avj, ukaboy. Marmar qimmat bo‘p ketdi. Ha-ha-ha. Kroshkasi — kapeyka edi.

2

Ularning stoli o‘ng tomondagi oyna-devor ostida, zal baralla ko‘rinadigan joyda ekan. Dasturxon to‘kin, stol chetida — vazada lola ham bor ekan.
Men stolning beri yog‘idagi pichog‘-u sanchqisi ishlatilmagan joyga o‘tira qoldim. Bilaman, ular bu joyga nisbatan to‘rga, ya’ni, stolning u yog‘iga o‘tkazmoqchi bo‘lishadi. Haqiqatan ham shunday harakatlar qilib, natija chiqarisholmagach, ayol o‘z joyiga — oynaga yaqin kursiga, Tavakkal uning yoniga o‘tirib:
— Xo‘p, yigit o‘lmaylik, balo ko‘rmaylik, — deya ishshaygancha fotiha o‘qivordi-da, birdan o‘ng-u so‘liga qarab, xuddiki to‘yxona bakovulidek baqirib yubordi:— O‘y, apisanka! O‘-o‘, jonidan, baqa bir kel. Davay, zajivo… Nakroy! Eto — moy gost! Nima dedingiz, xonim?
Xonim qisinib, yelkasini qisdi. Men esam (chin ko‘ngildan):
— Shu bo‘ladi-ku, — dedim. — E, alomat yigitsiz-da, Tavakkal aka.
— Mendan nima ketyapti? — xaxolab kuldi u. — Ikki moshin kroshka, xolos! Otamdan qolgan bo‘lmasa… To‘g‘ri, lekin Temur bobomdan qolgan. — Keyin jiddiy tortib, davom etdi: — Ey, Quvvatjon, o‘zimizdagi marmar konlarining to‘qson poyizi Temur bobo zamonida ochilgan ekan. — Keyin yana kuldi. — Hozir bo‘lsa, shundoq, yo‘lning yoqasiga bir ketmon uring, qars etib marmarga tegadi. Ochilib yotibdi-e.
Gulsara «qoyil» deganday boshini saraklatdi. Men ham qoshlarimni ko‘tarib:
— Zo‘r, zo‘r, — dedim.
— Gulsara, borasizmi? — Tavakkal, aftidan ilgari boshlangan suhbatni davom ettirib, so‘radi: — Xo‘p deng, xonim… Bir aylantiray! Taxtaqorachaga opchiqaman! Qalamqosh gullar ochilib yotshggi! Sapsarga o‘xshaydi-yu, kichkina… — Keyin menga qarab, bemalol kuldi. — Bular bilmaydi, shaharlik-da… Da, kechirasiz, bivshiy qishloqisiz! Turkiston ham qishloq-da endi, Toshkanga nisbatan? Shu-shu… O‘x, malades, marja xonim! — U stolni tozalayotgan ofitsiant juvonning belidan ushlab qo‘ydi. U esa:
— Vsegda mi raln vas obslujivat, — dedi tabassum qilib.
— Tavakkal aka, kelsangiz, faqat shu mehmonxonaga qo‘nasizmi? — deb so‘radim yana yo‘liga.
— Ha. Bu yer — markaz, — dedi Tavakkal. — Bechoralar yaxshi kutib olishadi. Besh-o‘n so‘m ustiga bersang, bas-da, o‘rtoq yozuvchi… — Keyin yana kuldi-da, o‘ychan tortib so‘radi: — Uy ichlari tinchma, Quvvatjon? Yozgan asarlaringizni o‘qiy olmayapmiz. Ish ko‘p-da, uka. Lekin eshitib turamiz. Men so‘rab turaman, chestni…
— So‘rab turasiz-ku, bu yerga kelganda unutasiz? — deb qoldi xonim.
— O‘o‘, biru no‘l, — dedi u. — Lekin shu gal bari-bir sizni topmoqchi edim, Quvvat. Bitta maslahatlik gap chiqib qoldi…
— Marhamat, — dedim.
— Keyin… Pirnisi, konyak! Ladna, pust «Napaliyon!» Slishish? Vot ta-ak…
Men nima qilishni bilmasdan sigaret tutatdim. Endi ikki kishilashib stol tuzayotgan ofitsiantkalardan biri darhol kuldon opkelib qo‘ydi.
Shu payt zalning to‘ridagi sahnada musiqachilar (kirganimizda, dam olishayotgan edi, shekilli) gumbir-gumbir qilib, sozlarini chala ketishdi.
— O-oh, yana boshladi bu ablahlar, — dedi Tavakkal. — Borib tinchitib kelaymi?
— Nega? — dedi Gulsara. — Birovlarga yoqadi, zakaz qilishvotdi-da.
— E-e, Mustaqil bo‘pmizam o‘zbekcha qo‘shiq aytishmaydi bu xumparlar!
— Aytishmasa, chalishar.
— Chaladi, — dedim men ham. — Hechqursa, «Tanovar»ni bilishadi. Tag‘in «Chingizxon» deganiyam bor.
— Temur degani-chi, Temur? — pixillab kuldi Tavakkal. — To‘xtanglar, hozir zakaz qilaman. Adin moment! Bir jinnisini chiqaray shularni. «Chingizxon»ni bilasan, uning dabdalasini chiqargan «Temur»ni bilmaysanmi, deyman.
— Chingizxonnimi yo chingiziylarnimi? — mayingina kulimsirab so‘radi xonim. Sezdimki, bu gapni munozara uchun emas, shunchaki, gapirish uchun aytdi.
O‘zi, umuman, bunday joylarda shunaqa gapirish ma’qul. Chunki maqsad o‘zi — ma’nili bema’ni bo‘lsa-da, valakdashib o‘tirish, qolaversa, ichish-da.
— O‘-o‘, yana biru no‘l! — dedi Tavakkal. Keyin: — Shtrapni to‘laymiz, — deb kuldi. — Aytmoqchi, Quvvatjon, bu kishini men Qarshiga taklif etayapman. To‘g‘rirog‘i, Shahrisabzga… — Keyin birdan g‘amgin tortib kulimsiradi. — Xotin yo‘q, tug‘ruqxonada ke-etdi, uka. Olti bola bilan qoldim. — Keyin yana kuldi. — E, kun o‘tayapti… U yog‘ini aytsam, men ham qariyb yetimlikda katta bo‘lganman. To‘g‘ri, qarindoshlar ko‘p edi, boboydan meros qolgan mol bor edi… Tak shto, xonim, bemalol kirib borishingiz mumkin uyga… Kimsiz? Marmar konini tekshirishga borgan — revizor! — U yana qah-qah otib kuldi-da, stolni bezab bo‘lgan ofitsiantkaning kiftini silab qo‘ydi. — O‘lma, akang ailansin! — So‘ng nimanidir eslagandek birdan buyurdi: — Davay, naley ti sama!
— Konishno, konishno, — dedi u tumbochka ustidan oppoqqina sochiq olib, o‘sha bilan konyak shishasini o‘radi. So‘ng uni ochib, Gulsaraning ryumkasiga engashtirgan edi, u chiyillagan kabi:
— Net-net, — dedi. — Yaj vam skazala?
— Ax, da, izvinite.
Tavakkal xonimga chimirilib bokdi.
— Nimaga konyak ichmaysiz-a?
— Menga to‘g‘ri kelmaydi.
— A-a, mayli… Davay nam konyak! Quvvatjon, bi-ir o‘tiraylik!
— Rahmat.

3

Shundan keyin suhbatimiz sho‘x irmoqning oqish maqomida davom etdi. Irmoq nishablardan tez ensa, o‘rlarga asta ko‘tariladi, cho‘nqirlarni to‘ldirar ekan, sekinlab ham qoladi. Gurungimiz ham shunga o‘xshab, gapga gap ulanib, ammo ravon bir izga tushmasdan davom etarkan, qadah so‘ziga yetganda, konchi do‘stimiz:
— Qani, bir tos ayting, Quvvatjon! Zo‘r bir gap ayting! Biz shuni qoldirmay olaylik! — dedi.
Men xijolat bo‘lib, qadahini (unga yahudiy arog‘idan quyilgan edi) joyida asta aylantirayotgan Gulsaraga qarab oldim, undan uzr so‘ragandek.
Keyin yana qiynalib qoldim: nima deyman, axir? Qurib ketsin bu yozuvchilik ham… Ana shuning uchun ko‘pincha to‘ylarga borishdan ham tiyilaman yoxud borsam ham panada o‘tirib, chiqib ketaman. So‘z berishadi-da, tantanali qilib. Shunda to‘ychi «aka» «yaqining» bo‘lsaki, xo‘p-xo‘p. Aks holda oyog‘ing tortmay, urfni oyoqosti qilmayin, deb kelgan to‘yingni egasida yo‘q sifatlarini ham to‘qib chiqarib aytishga to‘g‘ri keladi.
— Qani, eshitovuz, — dedi Gulsara musiqa tinishi bilan. Va Tavakkal (endi) uning kiftini silab qo‘ydi.
— Sizlarning shunday chiroyli bo‘lib o‘tirishlaringni ko‘rib, xursand bo‘ldim, avvalo shuni aytishim kerak, — dedim. — Tavakkal akani o‘rta hisobda yigirma yillardan buyon bilaman, garchi kam uchrashib tursak-da… Gulsaraxon, bu inson — bir qop yontoq misolidir. Dali-g‘uli, mard. Xullas, Temur bobo yurtining vallamat yigitlaridan…
Tavakkal hazilakam bir quvlik bilan ko‘zlarini do‘laytirib:
— Ana shunaqamiz, xonim, — dedi. — Ayting, Quvvatjon. Sizning yozganlaringizam rost… Yo‘q, chestni aytayapman. Xonim, ko‘proq o‘rischa kitob o‘qigansiz-da, bilmaysiz… Kitoblaridan beraman…
— Ha, endi, baribir «to‘quvchi»miz-da, — dedim men. — Aytmoqchi, o‘ris yozuvchilari ham yaqin-yaqinga-cha, masalan «asarlar» deb emas, «sochineniye» deb aytishardi… Xo‘p, — qadahni sal ko‘tardim. — Ana shu ahilliklaring davom etsin. Xo‘sh, meni dasturxonlaringga taklif etganlaring uchun minnatdorchilik bildirish bilan birga, aytmoqchimanki, mana shu — o‘zaro hurmat, mehr-oqibat oramizdan hech qachon ko‘tarilmasin.
— Voh! — deb yubordi Tavakkal. — Bu tosdan keyin pujerni to‘ldirib ichsayam arziydi!
— Rahmat, — dedi Gulsara menga. Ichib bo‘lib, qazi-qartadan gazak qilganimizdan keyin xonim so‘radi: — Kechirasiz, pisatel aka, o‘ziyiz shunaqa kamtarmisiz yoki kamtar bo‘lib ko‘rinishni yaxshi ko‘rasizmi?
Menga hech kim bunday savol bermagan, qolaversa, bu savolda, harqalay, takabburlik bor edi.
— Xonim, men piyesalar ham yozganman, — dedim. — Tabiiyki, o‘sha jarayonda ro‘l o‘ynayman. Aytishlaricha, obrazlarim rostmi-yolg‘onmi — o‘z gaplarini gapirishar emish.
— Tak-tak?
— Qozonda bori cho‘michga chiqadi, deganlaridek, inoningki, men qandoq bo‘lsam, obrazlarim ham shundoq chiqadi, deb o‘ylayman, ya’ni, rosti ham, yolgoni ham o‘ziniki, o‘zligidan kelib chiqqan bo‘ladiki, ularni, jumladan, meni ham riyokor, deb aytish qiyin… — shunday deb, daf’atan toliqqanimni tuydim. Keyin dangaliga ko‘chdim: — Siz qanday tushunsangiz, ixtiyor o‘zingizda.
— Bravo, — dedi u.
— Ha, malades, Quvvatjon, — dedi Tavakkal ham. — Qiziq gaplar… Ey, yana boshlashdi-ku bugi-vugini! Shoshmang, pul to‘lab bo‘lsayam tinchitaman.
— Undan ko‘ra, o‘zbekcha muzika zakaz qila qoling, — dedi Gulsara boyagi tabassumida.
Tavakkal o‘rnidan irg‘ib turdi.
— Yest! — Keyin birdan xonimga tepadan o‘tkir tikilib so‘radi: — O‘ynaysizmi?
Gulsara yelkasini qisdi.
— O‘-o‘, adin moment! — deb yubordi Tavakkal. — Ana bu boshqa gap! Kecha o‘zim ham sezib edim… Kuxnaga kirib chiqayotganingizda oyoq olishingiz g‘alati bo‘lib ketib edi. «Jigarpora»ni eshitayotganda.
Gulsara boshini egib kuldi. Tavakkal qatorlar ora-sidan lo‘killab yurib, sahna tomonga ketdi.
— Kecha tanishdik okayiz bilan, — dedi Gulsara «akam»ning orqasidan sezilarli faxr bilan qarab olgach. — Mani bezorilardan qutqardilar… — Keyin kulib hamda g‘ijinib, davom etdi: — Shundoq ketivossam, ro‘paramdan ikkita davangi kevotti. Trotuarda edim. To‘g‘ri kelishaverdi. Man chetlanib, yo‘l berdim. O‘tishdi-yu, vay, sezmiy qoldim, qo‘lim bir silkindi. Qarasam, sumkam yo‘q. Bittasining qo‘lida, hech narsa ko‘rmaganday ketishvotti. «Hoy, shu kuningdan o‘lganing yaxshimasmi?» deb baqirdim. Chopib borishga qo‘rqaman. — U yana boshini egib kuldi. — Vaysovurdim. «Bo‘yingga qara, iplos! Kelib-kelib xotin ki-shini tunaysanmi?» — Shu payt Tavakkal kaftlarini bir-biriga ishqagan holda qaytib keldi. «Est, gatop!» deb o‘tirarkan. Gulsaraning oxirgi so‘zlarini eshitganda, birdan tilla tishlarini ko‘rsatib ishshaygancha, uni rag‘batlantirib, bosh irg‘adi. — O‘sha paytda ko‘rinib qoldilar… Bu yog‘ini o‘zingiz ayta qoling, — dedi Gulsara.
— Ha, — deya sezilarli mamnuniyat bilan davom etdi Tavakkal. — Taksidan tushib, mehmonxonaga borayotsam… bir ayol kishi pirtavolda qarg‘anayapti. Polvonlar menga yaqinlashib qolgan. — U mazza qilib, ammo yoltondakam kuldi. — Xonimning ovozlari juda-a yoqib ketdi-da!
— Rahmat, — deb qo‘ydi Gulsara.
— Bezbet… Keyin, ukaboy, akangizni bilasiz, yoshlik davrlari esga tushib ketdi. O‘zi, ko‘pdan beri qo‘l qichib, qayerga ishqashni bilmay yurgan edim…
Men bosh irg‘adim. Gulsara tag‘in ovozida faxr bilan:
— O, yomon ekanlar bu kishi, — dedi. — Nu, paren… Qaytamga man qo‘rqib qoldim.
— E, xonim, yoshsiz-da, — deb taltaydi Tavakkal. — Undaylarning uchta-to‘rttasiga bas kelolmasak, munday qilib yurmas edik. Bittasi — o‘rismi, tatarmi, bilmayman. Ammo bittasi — o‘zbek edi, ana shundan boshladik.
— Voy, man o‘ldirib qo‘yadilar, deb qo‘rqdim, — deya yana luqma tashladi Gulsara.
— Yo‘-o‘q, — deb tag‘in kuldi konchi. — Och biqiniga uramiz-da… Yo‘g‘asam, tovon to‘lash bor. Xa-xa-xa… Tovon to‘laganmiz ham, a, Quvvatjon?
— Juda, — dedim. — Qimmat to‘lagansiz… — Gulsara eshitishga ishtiyoqi borligini anglatadigan nazar bilan boqdi. — O‘zingiz aytib berarsiz, — dedim Tavakkalga.
— He, eski gap u, — dedi Tavakkal. — Keling, eslamaylik!
— Yo‘q, nega endi? — ozorlandi Gulsara.
— Bo‘pti, aytib beraman, — dedi Tavakkal. — Oldin yana bittadan olaylik. Hozir «Tanovar» bo‘ladi… — U uzun qo‘llarini bemalol uzatib, shishalardan quyarkan, men asta so‘radim:
— Keyin nima bo‘ldi? Haligi davangilar bilan… mushtlashuvingiz ?
— E, biz mushtlashmadik. Ularda kuch qayda? Aroq yengib tashlagan alkashlar ekan. Bitta-bitta bilan cho‘ziltirib qo‘ydim. Keyin o‘zbek bolaga: «Sumkani ko‘tar», dedim.
— Ha, bu kishiga qolsa, sumkani ko‘tartirib, uyimga obkirardilar.
— Kechiradilar, xonim.
— «Qo‘ying, yo‘liga ketsin», — dedim.
— Lekin, keyin nomardlik qildingiz-a? — deb chindan ham achinish va xijolatli nigoh bilan unga boqdi Tavakkal. — O‘pkalasam arziydi! — degach, yana asliga — sho‘xchanligiga qaytdi. — Meni uylariga taklif qildilar, rahmat. Choy, kofe damlab berdilar, rahmat, Ammo…
— Tavakkal aka, — dedi Gulsara og‘rinib.
— Yo‘q, to‘g‘risini aytishim kerak-da.
— Xo‘p. Ayting-ayting.
Tavakkal qo‘llarini yozib, juda hayron qolganini bildirdi:
— Yotishga qo‘ymadilar… Men bechora musopirdi. Gastinsaga haydadilar. «Voy, musulmon, tegmayman sizga», deyman. Ishonmaydilar… Shunaqa bo‘ldi, Quvvatjon.
Men bunday gaplarga hayron qolmaslik lozimligini tushunsam-da, uyaldim va Tavakkalning «o‘ziga ishonchi» anchagina oshib ketganini dilimda qayd etdim.
Keyin bu «ochiq gaplar» xonimga qanday ta’sir etganini bilish uchun unga qaradim…
E’tirof etamanki, ilk bor tikilib qaradim. Zero odatim shu: bundoq davralarda yigitlar ayollari bilan o‘tiradimi, boshqa tanish juvonlar bilanmi — erkaklar bilan gaplashardim-u, ayollarning savollariga javob berardim, xolos.
Ammo xotinlarga tikilib qarash… yo‘q. Bu — o‘zbek odatidanmi, tabiiy andishadanmi — bilmayman.
Gulsaraga tikilib qarasam, u qandaydir asabiy, nimanidir kutayotganday, o‘sha kutgani sodir bo‘lsa, shartta turib ketvoradiganga o‘xshardi.
— Qani, oldik-e! — deb yubordi shunda Tavakkal — Mayli, bu yog‘iga xudo poshsho!.. Aytmoqchi, men Gulsara uchun ichaman… Quvvat, siz ham xonim uchun iching. — Nihoyat, iymanib jilmaydi. — Men «nomard» dedim bu kishini. Aslida xursandman, xudo urinsin-a… Zo‘r ayol ekansiz. Chesni aytayapman. Gul, siz uchun!
— Qulluq-qulluq, — dedi u.
Men ham erkin nafas oldim.
— Rahmat sizga, Tavakkal aka, — dedim. — Gulsa-raxon, omon bo‘ling. Bizning yozuvchilar orasida bir gap bor: «Fe’ling o‘zgarmasin», deydilar. Urischasiga: «Nado bыt samim soboy». Shundoq.
— Tushunolmadim, — deb yana yolg‘ondakam ishshaydi Tavakkal. — Akamni ostonadan hatlatmang, demoqchimisiz?
Mendan oldin Gulsara e’tiroz qildi:
— Yo‘g‘-e.
— O, rahmat sizga, — dedim. — O‘zi, odatda, buning aksi bo‘ladi.
— Ana! — dedi Tavakkal yana taltayib. — Demak, men indamaygina chiqib ketib, to‘g‘ri ish qilgan ekanman-da?
— Juda, — dedi Gulsara va hammamiz kulib yubordik. Xonimning hurmati uchun o‘rnimizdan turdik. Gul-sara ham o‘rnidan qo‘zg‘aldi-yu, «Tanovar»ga quloq tutib, tek qoldi.
Zal o‘zbekcha gumbir-gumbirga to‘lib, u-bu stoldan, xuddi o‘zlari buyurtma qilgandek o‘zbek yigitlar-u ayollar qo‘zg‘ala boshlagan edi.
Tavakkal shoyon xursand bo‘lib:
— Oldik! Keyin — o‘yin! — deya qadahni shartta bo‘shatdi-da, kursisini orqasiga qitirlatib surib, chetga chikdi. Gulsara idishini labiga tegizib, joyiga qo‘ydi.

4

Gulsarani musiqachilar o‘tirishgan sahnaning pastidagi bo‘sh joyga boradi, deb o‘ylagandim. Chunki, odatda o‘sha yerda o‘yin tushilar, zero stollaridan turishganlar ham o‘sha tomonga borishmoqda edi.
U esa shundoq yonimizda, qatorlar orasida turib oldi-da, eni atigi bir-bir yarim gaz keladigan oralikda birdan shox tashlay ketdi. Xayolimda Mukarram opaning raqsi jonlanib, «undan o‘rgangan», degan fikr keldi.
Biroq dastlabki harakatlaridanoq o‘zicha o‘ynay boshlaganiga iqror bo‘ldim. Ma’lumingiz, «Tano-var»— tantanali, sho‘x, ustiga yana — jo‘shqinlikni talab etadigan va bular jamisining namoyishidan iborat bir kuydirki, buning ifodasi o‘laroq o‘sha mashhur raqqosamizning o‘yinlari mukammal bir namuna sifatida qolgan… Gulsara o‘yin mazmunini o‘zicha talqin qila boshlagan, ya’ni tantanalar ichida g‘amnok va g‘arib bir kimsaning qalbini-da ifodalar, yuziyu lablaridagi siniq tabassum ham bu mazmunga bag‘oyat mos tushmoqda, qora barqut kiygan xonimning raqs etayotgan joyi ham — kutilmagan joy bo‘lgani sababmi — zaldagi nigohlarni o‘ziga qaratmoqda edi.
Ajabo, ba’zan shunday to‘liqib, to‘lg‘anib-to‘lg‘anib aylanib ketardiki, stollardan biriga urilib ketar-a, deb qo‘rqib ham qolardim. Yo‘q, u xuddi shunday tor joyda o‘ynayverib o‘rganib ketgandek edi. Asta-sekin zalda chapak chalina boshladi. Keyin raqsga mos juft qarsakka o‘tildi.
Tavakkal angrayib qolgan, ko‘zlari o‘qrayib boqar, aftidan xonimni taniy olmas edi.
Bir mahal yelkamga birov turtdi. Qarasam, zalning boshlig‘i, bu yerga kiradigan kishi borki — taniydigani, novcha, kelishgan, qo‘ng‘iroq sochli yigit Xusanbek ekan. U: «Jim, o‘rtog‘ingizga halal bermang» dedi-da, imlab chekindi. Men Tavakkalga qaradim, uning ko‘zlari hamon Gulsarada edi. Shunda juvonning sa-vol alomatli nigohiga ko‘zim tushdi va birgina barmog‘imni ko‘rsatib «bir minut» ma’nosini anglatdim. U o‘yinga mos holda bosh irg‘ab, aylanib ketdi.
Qatorlar adog‘iga yetib, Husan bilan ko‘rishdim. U, odatdagicha, mening uzatgan qo‘limni tirsagidan ham ushlab:
— Bu ko‘rinmay ketdingiz? — dedi. — Yozuvchilar Soyuzingiz ko‘chib ketgani uchunmi yo bozor iqtisodi ta’sir qildimi?
— Keyingi gapingiz to‘g‘ri, — dedim.
— Bu kommersant bilan ko‘pdan tanishmisiz?
— Yurtdoshim.
— Ja bayevoy yigitga o‘xshaydi.
— Ha, tanishmasmisiz?
— Yo‘q. Nuqul mening dejurligimda kelmaydi. Keyin eshitib qolaman… Ammo anavi juvonni bir marta ko‘rganman. Ho‘, stenkaning orqasida o‘tirishgan. Ja kazo-kazolar bilan… Singlisiningmi, jiyaniningmi tug‘ilgan kuniydi. O‘shanda yig‘lab o‘ynovdi… Ja ta’sir qiluvdi menga. Ikkita yapon o‘n minut suratini olishgan…
— Arzir ekan, — dedim. — Yuring, tanishtiraman. Do‘stimiz bilan ham…
— Yo‘q, bir vaqti keladi… Kechirasiz, aktrisamasmi u?
— U, bilmayman, Husanjon.
— Qoyil… Ayting, tez-tez kelib turishsin. Bizga yaxshi bo‘ladi.
Shunda kuy tugadi-yu, Gulsara stolga burildi. Chapak chalvorib o‘rnidan turgan Tavakkal, bilhol meni esladimi, alanglab qarab, qo‘lini cho‘zgan hol-da:
— Hu, Quvvat, nima qilib turibsiz u yerda? — dedi-da, dasturxonni ko‘rsatdi. Gulsara ham mening borishimni kutgan kabi o‘rniga o‘tirmasdan qarab turardi. Zal guvillagan chapakka to‘lib ketgan, musiqachilar esa yana «Tanovar»ni chalishga tushishgan, u yerbu yerdan «raqqosa»ni o‘yinga taklif etgan ovozlar ham eshitilar edi.
Men Husanning qo‘lini qisib:
— Uzr, — dedim.
— Kechirasiz, bezovta qildim, — dedi u. — Lekin men u yigit bilan tanishaman.
— Arziydi.
— Hoy, vaqt bo‘lganda, kirib turing. Hechqursa, nasiyaga mehmon qilarmiz.
— Rahmat.

5

Men qaytib borganimda, Gulsarani yo‘tal tutgan, oynadevorga yuzlanib, kursi qoshiga ilig‘lik turgan charm sumkasini kavlar edi. Ro‘molcha olib, og‘ziga bosgancha joyiga o‘tirdi.
— K-kechirasizlar.
— Nichevo, — dedi Tavakkal. — Men sizday o‘ynaganimda, cho‘zilib qolardim. — U shunchaki shod emas, juda ham mag‘rur ko‘rinar, illo, restoran ahlining yarmisi desam ham bo‘lar, bu — barvasta, bo‘yinbog‘ining tuguni pastlab — yoqasi hiyla ochilib ketgan va egasiga qandaydir erkin tus bergan hamda har bir harakatidan kuch-quvvatu yovqurlik yog‘ilib turgan yigitga havasu hasad bilan tikilishar, shubha yo‘qki, Tavakkal bu nigohlarniyu mazmunlarini uqib turar edi.
— Suv, hoy musulmon, suvdan bering…
Ont ichaman: Gulsaraga suv uzatishni stolga kelgan paytidayoq o‘ylagandim-u, istihola qilgandim, bilasiz-ku, sof qishloqi yigit (o‘zim ham qishloqdan chiqqanman) bu kabi tabiiy dildorlikni o‘zicha — «qishloq darajasida» tushunishi mumkin…
— A?.. E, suvdan boshqa nima bor! — deya hovliqib, «koka kola»dan fujerni to‘ldirib uzatdi Tavakkal.
Gulsara entikib-entikib bir necha qultum ichdi. Juvonning ahvolini ko‘rib tushunishdi shekilli, uni raqsga taklif etayotganlar ham, chapak chalayotganlar ham dasturxonga o‘nglanishdi. Musiqachilar ham bir pasdan keyin boshqa kuyni chala ketishdi… Gulsaraning o‘yiniyu «Tanovar»ning bir necha daqiqa davom etgan sehri jodusi totli shirinlik ta’mi kabi og‘izlarda va ko‘ngillarda qoldi, ha, juda baxtli onlar o‘tib ketdiki, men hamon «Tanovar» kuyini eshitsam, Mukarrama opaga taqlid qiladigan xiromon emas, azador kabi qora barqut kiygan Gulsaraning raqsi ko‘z oldimga keladi: u tug‘ma bir iste’dod ekan.
Gulsara vishillayotgan ichimlikni oynaga qaragan holda kalta-kalta sipqorib tugatdi-da, bizga, keyin atrofdagilarga shoshib ko‘z tashladi. So‘ng birdaniga:
— Ketsak-chi? — dedi Tavakkalga. — E, uzr, Quvvatjon… Man sal xijolat…
— Gap yo‘q, — dedi Tavakkal. — Uyingizga boramizmi?
Ayol qizg‘in tabassum qildi.
— Dacha esizdan chiqdimi?
— A-aa! Iskeliroz! Vsyo… Dachaga! Quvvatjon, qarshilik yo‘qmi, uka?
— Voy, nega… Faqat yo‘l uzoq, qaytib kelishlaring bor… Lekin yotib qolishlaring ham mumkin, — dedim. — Hozir bizning bog‘imizda yozuvchilardan ko‘ra kammersant ko‘proq… Shunaqa bo‘p qoldi. Ularsiz dacha o‘zini boqolmaydi…
— Ha, — dedi kesib Tavakkal. — Yozuvchilarning ahvoli yaxshimas hozir. Bilamiz.
— Bilar ekansiz, yordam qilmaysizmi? — deb qoldi shunda Gulsara. — Pul — siz uchun xazon-ku.
U yayrab kulib yubordi.
— Soddamiz-da, jo‘nmiz-da, xonim. Kechagi kun bi-lan bugungi kunning farqiga bormaymiz! Gap bitta!.. Quvvatjon, siz dachaning ishotini berasiz menga.
— Rahmat, Tavakkal aka, — dedim. — Gulsaraxon, sizgayam raxmat. Mening kunim o‘tayapti… Uyushmamiz, xo‘sh, Adabiy jamg‘armamiz rahbariyati uch-to‘rtga adibga muruvvat qilib, putyovka narxini ko‘tarishmagan.
— A-a, durust, durust… Xo‘p, turdikmi?
— Ha, — dedi Gulsara va yana entikib nafas oldiki, bu yerda unga havo yetishmayotganiyam ayon bo‘ldi. Keyin qandaydir g‘ijinib, qo‘shimcha qildi: — Ofitsiantkaga ayting, stoldagi taomlardan olib, tugun qilsin.
— O, mumkin emas! — deb yubordi Tavakkal. — Meni uyaltirmang, xonim. Biz svejiysidan zakaz qilamiz… A-a, dachada o‘tiramiz. Do‘rmonda, a?.. Ha, eshitganman… Hoy, marja xonim, a nu-ka kamne! Ke, akang aylansin.
Men bunday isrofgarchilikni hazm qilolmasdim, bunaqa «tantiboyvachchalik» ham yoqmasdi. Adiblarga tekkan kasallikmi bu: bunaqa to‘kin dasturxonni ko‘rsang, xursand bo‘lasan-u, keyin bir buxanka non uchun do‘konlar qoshida navbatda turgan xotin-xalaj, chol-kampirlar ko‘z oldingga keladi. Ba’zan tomog‘ingdan hech narsa o‘tmay ham qoladi…
Men plashim bilan shlyapamni kiyib, pastda kutajagimni aytdim va ulardan ruxsatini so‘ramasdan jildim. Oynaband eshikdan chiqayotganimda, yana Husanjon bilan to‘qnash keldim. U mening tirsagimdan ushlab:
— Ketasizlarmi? — dedi.
— Ha, Dachaga boradigan bo‘ldik.
— Chyort poberi, o‘shanda o‘ynagandan keyin ham shunaqa yo‘talib qoluvdi.
— O‘ynaganda, o‘pka pishadi.
— Da-da.

6

Yomg‘ir hamon tinay demasdi. Shamol esa shashtidan tushganga o‘xshar, biroq turib-turib avj qilib qolar, shunda beixtiyor teskari qarab olardi, kishi.
Qunishib-yo‘rtishib bekatga yetdik. Bir zamonlar «taksi» to‘xtashi gumon bo‘lgan maydonchada ko‘zini «ko‘kartirgan» moshinalar ham, «shaxsiy»lar ham endi yo‘lovchi kutishar, biroq narxi osmondaligi bois, ularga yaqinlashish mushkul edi.
— Taksi, taksi! — deb baqirdi Tavakkal, xuddi «Eshmat! Toshmat!» deb chaqirganday. Shunday ro‘paramizda turgan «Jiguli»ning eshigi ochilib, bir yigitcha chiqib keldi. — Bo‘shmisan? — so‘radi Tavakkal sensirab.
— Bo‘sh-bo‘sh. O‘tiringlar… — deya yo‘l boshladi haydovchi. So‘ng, yaqinlashib kelgan taksichiga o‘shqirdi. — Ani moi kliyenti!.. Kelinglar.
Men orqa eshikni ochib qo‘yib, oldingi o‘rindiqqa o‘tirib oldim. Tavakkal bilan Gulsara orqada joyla-shishdi. Shofyor mashinani jildirib, so‘radi.
— Qatga borasizlar?
Mendan avval Tavakkal (shang‘illab) javob qildi:
— Dacha pisatelga!
— O‘-o‘o‘, okaxon, tuda-suda to‘laysiz-da.
— Haydayver. Mana shu — yoningda o‘tirgan odam…
— Tavakkal aka, — dedim.
— Xo‘p… Xo‘sh, xonim, endi qalay? Oynani ochib qo‘yaymi bir oz?
— Ha..
— Siz, albatta Qashqadaryoga borishingiz kerak! — dedi Tavakkal qat’iyat bilan. — Uning tog‘larida havo shunday tozaki, bir qo‘yning go‘shtini bir kunda yeb qo‘yasiz… Ha-ha-ha! Biz yeymiz-a, Quvvatjon!
— Ha, unday havoda ishtaha ochilib ketadi, — dedim. — Lekin Gulsaraxon, borsangiz ziyon qilmay-siz… Tavakkal akaga bemalol suyanish mumkin.
— Nega «mumkin?» Shart! — dedi Tavakkal. — Hozir kakraz shirvoz qo‘zilar so‘yilyapti… Quvvatjon, bultur ham o‘tmadingizmi-a, Qarshidan?
— O‘tdim-u, poyezd bilan, — dedim. — Avtobus ham yomonmas ekan.
— Moshina nima bo‘ldi, moshina?.. A, benzin qimmatlashib ketdi!
— Moshina sotildi.
— Kechirasiz, Quvvatjon aka, qanaqa kitoblaringiz bor? — so‘rab qoldi shunda Gulsara.
— Bor, — dedim.
— Dachada bormi? Bittasiga avtograf yozib bera-siz… O‘qiyman, albatta. Kitobni yaxshi ko‘raman. Mana, okangiz ko‘rdilar, uyimda kichkina kugubxonam bor. Lekin ko‘pi o‘rischa… Him, tarbiyamiz shundoq bo‘lgan-de.
— Nichavo! — dedi Tavakkal. — Endi, qolganini o‘zbekchalashtirib yuboramiz. Ha-ha-ha!
— Rahmat.
— Lekin o‘yiningizga besh ketdim, Gulsara. Restoranni rom qilib oldingiz ammo… E-ey, tangrim, kunlarimiz qanday mazmunsiz o‘tadi, Quvvatjon. Yeysan, ichasan, birovni urishasan, birovining boshini silaysan.
— Birovini aldaysan, — deb qo‘shdi Gulsara.
Tavakkal tag‘in xoxolab yubordi.
— Albatta! Aldamasa bo‘ladimi?.. Umuman, «raqobat» degani o‘zi aldashga yo‘l ochar ekan. Kim ayyor bo‘lsa — marra o‘shaniki.
— Esiz, aldanganlar.
— E, achinmang, xonim! Hayotning o‘zi shu ekan… Shundaymasmi, Quvvatjon?
— Shundaymasligini o‘zingiz ham yaxshi bilasiz, — dedim mumkin qadar beozor ohangda.
Tavakkal bir soniya jimib, tag‘in qahqaha otdi.
— Lekin hamma bir-birini alday boshlagandan keyin… Nima dedingiz, xonim?
— Nima deyin?
— Siznikiyam to‘g‘ri.
— Kechirasiz, Quvvatjon, — deb yana gap qotdi Gulsara. — Pisatellarning dachasi bor, deb eshitardim. Shu yoqda — toqqa yaqinliginiyam bilaman… Lekin, u qanaqa dacha o‘zi? «Dam olish uyi»ga o‘xshiydimi? Boya biznesmenlar ham ko‘p dediyiz. Demak, sanatoriy tipida?
— Farq qiladi, — dedim. — Uning nomi to‘la-
sicha: «Yozuvchilarning ijod va istirohat bog‘i» de-yiladi. Uch qavatli imorat… Hali ko‘rasiz. Yaxshi. Ko‘pchilik xonalari bir kishilik. Yashash, ishlash uchun sharoit bor… Him, uch-to‘rt gektarlik bog‘imiz ham bor. Yozda salqin bo‘ladi; Toshkentda harorat qirqqa chiqqanda, u yerda o‘ttiz besh-o‘ttiz oltidan oshmaydi.
— O, yaxshi ekan. Yozda Toshkentda nafas obo‘miy qoladi… Bilasiz-ku, o‘ziyiz?
— Ha..
— U yerda, endi, faqat yozasizlarmi? — so‘radi Tavakkal. — Yo boshqa ish ham bo‘ladimi?
— Yozadigan —yozadi, yozmaydigan — hordiq oladi. Ilgari yaxshi edi: bir yilda bir oy tekin yo‘llanma berilardi yozuvchiga… Hozir yo‘q.
— Ponyatno, — deb qo‘ydi Gulsara. Keyin yana so‘radi: — Bizni begona deb…
— O‘-o‘, yo‘q. Unaqangi temir qoidalar bizda yo‘q… Umuman, Uyushmamizdayam ilgaritdan qandaydir demokratiya bor edi. Muhim gaplar kitob sahifalariga chiqmasayam, u yerda aytilardi… Uylashimcha, sotsializmdan bizga qolgan eng durus meros — shu bog‘ bilan bugungi Uyushma bo‘lsa kerak…
— E-e, yozuvchilaringiz ham bir-birini juda qamatishgan ekan, — dedi Tavakkal.
— Ha, — dedim. — Afsuski, shunday bo‘lgan… Davr, siyosat taqozo qilsa, har qanday jamiyatda ham shunday bo‘lar ekan, Tavakkal aka.
— Hozir qalay, hozir?
— Hozir, yaxshi… Lekin yaxshi asarlar yaratilma-yapti hisob. Yangi turmush tarziga tushish mushkul. Uning mohiyatini bilib, adabiyotning maqsadi bilan uyg‘unlashtirish qiyin kechayapti… Kelinglar, boshqa mavzuda gaplashaylik. Bu — injiq mavzu… Yomg‘ir tindi deyman?
— O‘zi-ku yoqqani tuzuk, — dedi shofyor. — Bu yil qish bo‘lmadi hisob.
So‘ngra suhbatimiz ob-havo mavzuiga o‘tib, sayr-sayohatlarga borib taqalganda, biz ham ijod bog‘iga yetib bordik. Darvoza ochiq, ammo moshina chirokdarini yirokdan ko‘rgan qorovul chiqib turgan ekan, meni tanib chetlandi.
O‘tib ketdik.

7

Imorat oldidagi maydonchada «Deu» tamg‘ali avtobus turardi. Undan kimlardir tushayotgan ekan, «sportchilar» deb o‘ylagandim, o‘xshashmadi. Lekin ularning rahbarlari dacha ma’muriyati bilan kelishgani, demak, tunash uchun tushishayotgani aniq ediki, men:
— Tavakkal aka, sizlarga nomer olish qiyinga o‘xshab qoldi, — dedim.
— O, biz qolmaymiz… Man ketaman, — dedi Gulsara. Tavakkal ham shoshilinch:
— Unday bo‘lsa, albatta ketamiz, — dedi-da, haydovchining yelkasiga qo‘lini qo‘ydi. — Ukaboy, kutasiz endi… Biz bir oz o‘tirib chiqamiz.
— Oka, unaqa vaqtim yo‘q, — dedi shofyor. — Nochorlikdan chiqovuz-de, bir-ikki soat ishlab qolay-lik, deb. Taksi zakaz qilishlaring mumkin.
— Eh-he… Mana, senga ikki yuz so‘m… Zakalad. Bir soatdan keyin qaytib kelasan. Agar biz seni aldasak, mana shu yozuvchi akangni ushlaysan.
— Ha, — dedim. Shofyor g‘udranib qoldi.
— Men endi qatga bordim… Bo‘pti. Qaysi nomer-dasiz, domla? Men rovno bir soatdan keyin sho‘tta bo‘laman.
— 37-nomer, — dedim. — Uchinchi qavat, o‘ngda. Bemalol kiravering.
Mehmonlar qaysidir viloyatdan kelgan havaskor ansambli ekan, ularning g‘ala-govuri, childirma-yu rubobning birov noxos tegib ketgandek sas-sadolari orasidan, o‘shalarning sheriklari kabi o‘tib, yuqori qavatga ko‘tarildik.
Men: «Xonam qay ahvolda ekan? Yig‘ishtirilganmikan?» — deb bezovta bo‘lgan holda yo‘l boshladim.
Umuman-ku, mening xonam — tuzuk nomerlardan biri. Ayvonchasi-yu derazalari nari tomonga — olmazor boqqa qaragan. Hozir bahor emasmi, tongda bulbullar sayraydi bog‘da. To‘g‘ri, qishda bu tomonning xonalari ancha salqin bo‘ladi, shuning uchun ko‘proq muddatga turuvchilar kungay tarafdagi xonalarga o‘tib olishadi. Men hamisha o‘sha yoqda turardim. Chunki uzoq yili o‘sha bog‘ ustida charx urib aylangan bir juft qaldirg‘och ochiq derazamdan kirib, uy burchagiga in qo‘ygan, bola ochgan edi. Shuning uchun bahor boshlandimi — derazani ochibroq qo‘yib yotardim, kun sovuq bo‘lsa ham qaldirg‘ochlar keladi. Hali kelishmagan, biroq derazam ochiq edi…
Eshikni ochdim-u, uyalayotganimni bildirib:
— Bir minut sabr qilasizlar, — deb ichkariga kirdim. Chiroqlarni yoqib qaradim. Xayriyat, o‘tirsa bo‘ladi. Shamolda deraza bekilib qolgan ekan, ochib qo‘ydim. So‘ngra, tuflimni yechsam — ular ham yechishga majbur bo‘lishini, ortiqcha shippaklarim esa yo‘qligini o‘ylab: — Marhamat! — dedim. — Bemalol!
— Machit emasdir. Oyoqni yechmasak ham bo‘lar? — deb ishshaygancha ostona hatladi Tavakkal.
— Men ham shuni aytmoqchiydim, — dedim. — Ke-ling, Gulsaraxon. Plashingizni bering…
— E, qishloqilik qursin, — deb burildi Tavakkal. — Qani, o‘zim yechintirib qo‘yay. — U charm plashni olib, menga berdi. Keyin o‘zining shunday kurtkasini yechib uzatdi. Men o‘zimning odmi plashimni ham devordan daromad qilib yasalgan shifonerga ildim. — O-o! — deb yana o‘zi ichkariga yo‘l tortdi Tavakkal. — Yaxshiii… A, Gulsara? Bir kishiga bo‘ladi-da!
Gulsara stol lampasi ustidagi javonga — kitoblarga, devordagi rasmga (romga solingan rasmda nilufarlar qoplagan ko‘l bo‘yidagi qo‘lbola yogoch o‘rindiqda tanho o‘tirgan oq libosli parivash tasvirlangan edi) jilmayib boqib, divan va yumshoq kursilarga ham qiziqish bilan ko‘z tashlab:
— Yaxshi, uyutna, — dedi. — Menimcha, yozuvchilar hayotdan nolimasayam bo‘ladi, Quvvatjon.
— Men haliyam nolimayman, — dedim. — Hayot qanday bo‘lsa, shu holida qabul qilishga o‘rganganmiz… Qolaversa, shunday islohotlar davrida bunday yashayotganimga shukrona aytaman… Qani, xohlagan joylarishta o‘tiringlar.
— Munday qilamiz, — Tavakkal burchakdagi stolchani ko‘tarib, divan oldiga qo‘ydi. — Quvvatjon, xizmat bo‘lmasa, anavini oling. Taqsimcha bordir?
Men yuvingich xona og‘zida qoldirilgan salafan xaltani (og‘irgina ekan) olib, Tavakkalga berdim. Keyin «Morozka» muzxonasi ostidagi tumbadan sopol taqsimchalarni chiqardim. So‘ngra «koka-kola» yozuvli plastmass stakanlar bilan piyolalarni yig‘ib, vannaxonaga kirdim.
Men baribir xijolatda edim: uyishta mehmon kelganda (qancha vaqt turmayin, bu — mening uyim-da), dasturxonga qo‘ygich yemishlar o‘zingdan chiqsin-da…
«Ha-e, tushunib turishipti-ku», deya idishlarni yuvib, qo‘l artilmagan sochiqni ham olib chiqdim. Xuddi aybdor xizmatkordek chuchmal tabassum bilan:
— Xush kepsizlar, — dedim. Va stoldagi xushbo‘y tovaki (tabaki)lar, bir juft xurmo, bir uyum apelsin, bir juft yopgan non, banka-banka pivolaru biri ochilgan (restoran stolida ochilgan) va biri ochilmagan yahudiy arog‘i hamda arman konyagini ko‘rib, umrida bunday ne’matlarni ko‘rmagan kishidek yasama shodiyo-nalik bilan:
— O-o, — deb yubordim. — Restoranni quritibsiz-ku, Tavakkal aka!
— Ha, endi, boyvachcha-da, bu kishi, — dedi Gulsara ham uni maqtagan bo‘lib.
— E, shuyam narsa bo‘ldi-yu! — Boyvachcha bamayli-xotir qo‘lini uzatdi. — Taqsimchani bering.

8

Bittadan ichishgach, suhbatimiz ravon oqayotgan irmoq maqomida davom etdi.
Butun bir tovakini (tovuqning to‘shini) bir zum-da etdan tozalab, chiqitni yalang stolcha chetiga uyub qo‘ygan Tavakkal yog‘li qo‘llarini sochiqqa artib olib, bir oyog‘ini tagiga qatlab o‘tirgancha, «Malboro» sigaretini tutatar va har tomonga loqayd ko‘z tashlab, gapga qo‘shilib turar, Gulsara barmog‘ida chimdib olgan etni o‘ychanlik bilan chaynar, men gapni gapga ulash bilan halak edim.
— …Ha, Peredelkinadayam bo‘lganman bir marta. Yozuvchilarning konferentsiyasiga borganda. Ba’zi yozuvchilar bir umr yashashar ekan.
— Endi yo‘llar bekildi, — deb qo‘ydi Gulsara. Va Tavakkal birdan buklab o‘tirgan oyog‘ini tushirib:
— Gruziyaga bormaymizmi? — deb qoldi Gulsaraga qarab. — Men Qrimda bo‘lganman, Gruziyada — yo‘q… Ey, boraylik, Gul! Dunyo o‘tdi-ku! — Keyin menga qarab bidillab aytdi: — Kennoyingiz soppa-sog‘ yurgan edi.
Bir kechada o‘lib chiqdi… Undan sal oldin bitta akam ketgan edi. Juda omonat ekanmiz-da, Quvvatjon! Ey, siz hayotning mana shu tomonlarini ham yozing!
— Albatta, — dedim. Qandaydir yozilmagan axloq qoidasiga ko‘ra, Tavakkal bu begona xonimning, aniq-rog‘i, o‘ziga ergashib yurgan «qizi»ning oldida oilasi haqida bemalol gapiravermasayam bo‘lardi. Biroq konchi yigitimiz bu haqda jilla mulohaza qilmas, aniq-rog‘i, haligiday «andisha»ga bormas edi.
Rost, u to‘g‘ri — bor gapni yashirmasdan aytayapti. Ammo… Ana shu «ammo»ga yetganimda, shunday xulosaga kelgandek bo‘ldim: bu ayol bilan o‘zining orasida chegara qo‘ymoqchi, ya’ni «sen — ko‘ngil xushisan, mening o‘z hayotim bor», demoqchi.
Sezib turardimki (restorandayam his etgandim), juvon o‘zini noqulay ahvolda sezayapti, mening oldimda xijolat chekayapti. Bu hol uning qayrilma qoshlarining ko‘tarilib tushishidan bilinar, taomni chaynab turgan jag‘lari harakatdan to‘xtab qolar edi… U sochiqni dadil olib, barmoqdarini artdi-da, yonidagi sumkasini tizzasiga qo‘yib, undan «Bashan» yozuvli yupqa pachkani chiqardi, sof yaproqni o‘rab yasalgan sarg‘ish sigaret chiqarib, labiga qistirganda (Tavakkal angrayib qarab turardi), men shoshib chaqmog‘imni yondi-rib tutdim. U tutatib:
— Rahmat, — deb qo‘ydi bilinar-bilinmas jilmayib.
— Ha-a, bu qanaqa sigaret ekan? — Tavakkal karton qutini dangal olib, yo‘ton barmoqlari bilan yirtgudek qilib ochdi. Bittasini chiqarib hidladi. — Sigara. Sigarami shu? — U mengayam qarab oldi. — Zo‘ridan chekar ekansiz.
— Bitta qo‘shnim sovg‘a qilgan edi, — deb qo‘ydi Gulsara. Keyin birdan qaddini rostlab: — Gruziyaga boramiz, dedingizmi? Eto seryozni? — dedi.
Tavakkal hushyor tortib:
— E, meni… meni… — deya bo‘g‘ilib, birdan xitob qildi. — Hozir desangiz, hozir ketamiz!
Gulsaraning xiyol suzuk, ammo surmaning kuchi bilan katta ko‘rinuvchi ko‘zlaridan bir nur chiqqanday bo‘ldi.
— Hozir?
— Ha, ha. Jo‘naymizmi?
— Bo‘pti.
— Gap tamom! — yigit menga dedi: — Quvvatjon, biz ketamiz! Gap bitta… O‘zi, o‘ylab yurardim. Mana, xonim ham istab qoldilar. Bir aylanib kelaylik bu o‘tar dunyoda… He-he, — deb ilhomlanib ketdi.
Gulsara sigarasini sumkaga soldi. Tavakkal chekib turganini kuldonga bosib ezdi.
Men Tavakkalning dangalligini, aytgan gapidan qaytmasligini bilardim. Ammo juvonning ham bunaqa fe’li borligi… qiziq va zavqli edi. Shu bilan birga kishida noxush taassurot qoldiradigan fikr ham uyg‘otardi: «Boyoqish g‘amgin ko‘rinadi. Buning ustiga, soxti-sumbatiga qaraganda, anchagina o‘ziga to‘q, «ko‘rgan» oilaning farzandiga o‘xshaydi. Haligiday bezorilarga sumkasini oldirib yurgan bo‘lsa, tag‘in: «xaloskor»ni uyiga olib kirgan bo‘lsa, demak, yolg‘iz… Boyvachcha «tantiboy»ning sharofati bilan bir o‘ynab qolgisi keldi, shekilli…» Ayni chog‘da boshqa mulohazayam tug‘dirardi shijoati: «Tavakkalni sinamoqchi. Undan qandaydir alam o‘tgan-u, shu alamdan forig‘ bo‘lmoqchigayam o‘xshaydi…»
Harqalay, bir manzara ko‘z oldimga kelib, mamnun bo‘ldim: Gurjistonning qandaydir xiyobonida, ikkovi ketishmoqda, ikkisi ham bashang kiyingan va bir-biriga yarashgan… Tavakkal uni har qanday sharoitda ham himoya qila oladi. Va o‘sha gurjilar makonida ham sira past tushmaydi.
Ularni ko‘rgan-kuzatganlar: «Kimlar ekan bular?» deb bir-biridan so‘rashar va bittasi aytar: «O‘zbeklarga o‘xshaydi, tili turkchaga yaqin…».

9

Ular dabdurustdan o‘rinlaridan turishganda, tag‘in xijolat hissi ezdi meni: «Hozir bularni samolyot ham kutib turmas… Demak, Gulsaraning uyiga borishadi, albatta. Albatta, bu kiyimini almashtirishi, yana ul-bul olishi kerak. Tavakkal ham mehmonxonaga (nomeriga) kirib chiqadi…»
Xullas, tag‘in biron yeyimlik-ichimlik olishlarini taxminlagach, ertaga lohas bo‘lishimni bilsam-da:
— Hoy, musulmonlar, yana ikki minut sabr qilinglar, — dedim shoshilib. — Axir, yo‘l ketadigan odamlar ham qursoq o‘lgurning nafsini qondiradi oldin.
— O‘-o‘, yana bittadan! — deb shang‘illadi Tavakkal. — Ketar jafosiga! Bizga oq yo‘l tilang, Quvvatjon uka! Bu safardan har birimizning orzu-armonimiz ro‘yobga chiqsin! — shunday deb, nimagadir qah-qah otib kulib yubordi.
Gulsara ham birdan yayrab kulvordi-yu:
— Ilohim, ilohim, — dedi.
Shunda angladimki, bularning o‘zaro sirlari bor. Qandaydir istaklari borki, ro‘yobga chiqmabdi ekan… Ana shunda, ont ichaman, ichki bir andisha bilan eslab qoldim: Gulsara Tavakkalni kecha uyida yotqizmagan…
Demak, bu borada ularning o‘rtasida qandaydir hazil-huzulga yaqin, biroq jiddiygina ochiq gap-so‘zlar ham bo‘lgan… Bo‘lgani aniq, shuning uchunki, Tavakkal restoranda xonimning kecha yotishga ruxsat etmaganini aytgach, uyalmay-netmay: «Tegmayman desam ham, ko‘nmadilar», dedi.
— Oy borib, omon kelinglar, — dedim Tavakkal quyib uzatgan piyolani olib. Shunda miyamdan bir malolsiz xayol kechdi: «Tavakkal — bo‘ydoq hisob, buyam — yolg‘iz ekan, bir-biriga mos tushardi-da, til topishsa…» Keyin, bu fikrni ochiq aytolmasligim bois: — Bir-birlaring bilan yanayam yaqin bo‘lib kelishlaring uchun, — deb gapni tugatdim.
Ular, nazarimda, biron soniya o‘yga tolib qolishdi. Keyin, yana kula-kula piyolalarini uzatib cho‘qishtirishdi. Ichib bo‘lgach, tovakidan yeyishga qistadim.
Har ikkisi ham rad etdi.
Ular sirtqi engillarini kiyib, men choponimni yelkamga tashlab, yo‘lakka chiqqanimizda, ikkilanib so‘radim:
— Putyovka topilishi… Axir, hozir birov tayyorlab turgani yo‘q, Tavakkal aka.
— E, ukajonim-e, — deb kiftimdan quchdi Tavakkal. — O‘g‘riga mol qahatmi? Ha-ha-ha!
— U yerda ijaraga beriladigan kvartiralar ja ko‘pmish, — dedi Gulsara. — Hatgo aeroportga chiqib kutib olisharkan. Shuning ustidan kunini o‘tkazadiganlariyam ko‘p…
— Ha-a. Men u tomonlarga borib ko‘rmaganman. Lekin ulardayam Ijod uylari bor.
Maydonchaga tushganimizda, «Jiguli»ning bir soatdan keyin kelishini eslab, turib qoldik. Tavakkal menga zimdan qarab qo‘yib, cho‘ntagini kavlar ekan, men soatga qarab olib, uning yetib kelishiga o‘n to‘rt minut qolganini aytdim. Tavakkal baribir «shoshmang» deganday qilib, pul chiqarganda, men tislanib ketdim va ular katta yo‘lga chiqqunlaricha o‘n besh minut o‘tishini, demak, moshinaga yo‘liqishlarini aytdim-da:
— Ketdik, o‘zim kuzatib qo‘yaman, — dedim. — Yo‘lni ko‘rib olganlaring qoladi. Axir, yana kelarsizlar?
— Albatta, — dedi Gulsara. — Bu yerni kunduz kuni ko‘rish kerak ekan.
Tavakkal o‘ylanib qoldi-da:
— Bo‘pti, — dedi.
Shunda chiroqlarini lovullatib, sassiz kelayotgan yengil moshina signal berdi-ku!
O‘sha «Jiguli» ekan.
Ular o‘tirib ketishdi. Men «oq yo‘l» tilab qoldim. Yomg‘ir allaqachon tinib, endi shu sokinlikka mos shabada esar, uyg‘onayotgan dov-daraxtlarning namxush (elimni eslatuvchi) hidi kelar, bechora oy esa bulutlarni oldidan o‘tkazar, nazarimda, ulardan oldinga chiqishning ilojini topolmay xo‘mrayar, ba’zan qalin pag‘alar soyasiga yashirinar edi…

10

Yozning jazirama issig‘i qaytib, shu daraja barobarida salqin tunlaridan biri edi. Men balkon-ayvonchada ichkariga kiritishning ham, pasgga tashlavo-rishning ham «iloji» bo‘lmaganidan qolavergan, suyanchig‘i baland, enligina kresloda chekib o‘tirardim. Xonam shiftining devor bilan ushlashgan joyidagi million qatnash evaziga qurilgan inida ona qaldirg‘och yaqinda ochib chiqqan bolalarini bosib yotar, ota qaldirtoch esa darparda ilig‘lik moslama ustida qunishib turar, ikkisi ham «chiy-chiy, chiriq-chirq» etib so‘zlashib qo‘yishar, goho ota qaldirtoch xonani bir aylanib, uskunaning boshqa joyiga qo‘nardi. Ular shundoq inoq, ahil, bir-biriga mehribon edilar.
Men esam ularning sasini eshitib, o‘zlarini kuzatib zavkdanar hamda totli bir xo‘rsinish bilan Buddaning mashhur so‘zini bot-bot eslar edim: «Inson har qancha baxtsiz bo‘lsayam, yorug‘ olamni ko‘rib turganidan xursand bo‘lishi kerak. Chunki uni ko‘rmasligiyam mumkin edi». Keyin esa o‘zimizning Muhammad payg‘ambar hadislaridan birida insonning boshiga tushguvchi barcha og‘irliklar, qalbini larzaga soluvchi iztiroblar Alloh taolo tarafidan bandasini sinash uchun berilajagi, illo bandasi shularga-da shukrona qilsa, farovon kunlarningu qalbni xushnud etguvchi quvonchlarning qadriga ko‘proq yetishi haqida xabar berganlarini esladim.
Qolaversa, bu ikki hikmat — menga tasalli, quvvat berguvchi «hamrohlarim» edi.
Eshigim taqillaganday bo‘ldi. Men pastga qaramoqchi edim, haqiqatan ham eshigimni birov ishonch va shahd bilan taqillatdi. Men yo‘lakda turgan kishining begona ekaniga zarracha shubha qilmasdan borib ochdim.
Ishoning-ishonmang… Gulsara jilmayib turardi. «Soat o‘ndan oshdi-yov» degan gap xayolimdan kechgan ko‘yi, tashqariga bosh chiqarib qarashni ham o‘yladim-u:
— Kiring, kiringlar, — dedim birdan chekinib.
— Predstavti sebe, man bitta o‘zimman! — dedi mehmon yanada chaqnabroq jilmayib. — Hayronmi-siz?.. Hayron bo‘lmang, do‘stmiz-ku? Do‘st do‘stning uyiga so‘roqsiz kelar emish… — Uning egnida ilon po‘stidek yaltirab turgan matodan tikilgan uzun ko‘ylak, g‘oz bo‘ynida bir tizim dur, qo‘lidagi salafan xalta og‘irlik qilayotgandek o‘sha tomonga mayishibroq turardi.
— O‘, albatta, albatta. Marhamat, — dedim. Va xayolimdan tag‘in o‘sha o‘y o‘tdi: «Xonam saranjommidi?» Beixtiyor xaltasiga qo‘limni uzatib, yana chekindim.
Gulsara yo‘lakning bosh tomoniga qarab olib:
— Hayron bo‘lishvotti, kim bo‘ldi bu satang, deb… Nu i k chyortu, — dedi.
— Hayron bo‘lsa arziydi, xonim, — deb eshikni yopdim. Gulsara tim qora tuflisini do‘qillatib, xonamga kirdi.
— O, salom sizga, kitoblar… E, qaldirg‘ochmi u? O‘sha! Vey, muni qarang-a! Yaxshi odamlarning uyiga in qo‘yadi, deyishardi.„ Kampliment emas, siz yaxshi odamsiz, Quvvatjon… Yo‘q demang. Ba’zan kamtarlik manmanlikdan dalolat beradi. Topib aytdimmi? Marhamat, o‘tiraylik. Man qaytib ketaman. — Keyin divanga o‘tirib (stolcha divanning oldida edi) irimiga yarasha fotiha o‘qilguncha Gulsara ancha-muncha gaplarni aytib tashladi: — Singlimmi uyida den rojdeniyada edik. Uning eri shishkalardan. Sudya… Da, nu ix… Kechirasiz, Quvvatjon, tanasida madaniyat, aristokratlik bo‘lmagan odam baribir xol qo‘yadi. Hech qurmasa, o‘zini tutishni bilmaydi. Amalini unutmaydi… O‘zidan lavozimi balandroq kishi kelsa, unga poy-patak bo‘lib ketadi. Bu yoqdagilarni unutadi.
— Ha, undaylar bor, — dedim. — Menimcha, ular rahbar bo‘lib ko‘rishmagan odamlar.
— Vo-vo-vo! Toqqa tirmashgandek tirmashib, tirnoqlari qonab ketib, mansabga erishgan-de.
— Choy icharsiz?
— Yo‘q. Shu oqshom, ishonasizmi, mast bo‘lgim keldi… «Mastlik qanaqa bo‘larkin?» deb o‘ylasam, juda yoqimli bo‘larkan. Bemalol gapirvorarkansan…
— Men ichimlik saqlamayman, — dedim. — Ba’zan hamma narsani unutging keladi, shunda ichib qo‘yganingni bilmay qolasan.
— Xuddi shunday, azizim! Bugun man ham dunyoni unutgim keldi… Xaltani oching, hamma narsa bor… Singlimga aytdim: «Eng yaxshi zakuska, ichimlik sol», dedim. U mani yaxshi ko‘radi… Xayrlashayotganda ko‘ziga yosh oldi.
— Him, nimaga?
— E, manga achinadi-da… Qo‘yovuring, birovning achinishiga zor emasman. Qandoq bo‘lsam, shundoq o‘taman. Gunoh-savobim — o‘z bo‘ynimda.
— O, yana yahudiy arog‘i…
U (bemalol) qah-qah otib kuldi.
— Voy, jugutlar-e, juda ustamon-da. Aroqniyam xushta’m qilishgan. Qoyil.
— Him, adashmay topib keldingizmi? — Aslida: «Taksi bilan keldingizmi?» demoqchi edim.
— O, bitta ko‘rgan joyim pamyatimda qoladi. Taksis injiqlik qiluvdi, bor pulimmi… Uchdan birini berdim, — dedi-da, yana kulib yubordi. — Nichego, uyda bor… Qani, quying, Quvvatjon. Sizni «Azizim» desam, maylimi?
— E-e, bemalol… Lekin meni ismimni aytib chaqirishsa, ko‘proq yoqadi.
— Ha-a, siz ham…
— Marhamat.
— Sizday… Tavakkal akaning sizday do‘sti, ukasi borligi uchun olaman.
— O, men esam, akamning sizday suyuklisi borligi uchun olaman shuni, — dedim.

11

Gulsara qo‘lidagi piyolaga tikilib qolgan edi. Irg‘ib o‘rnidan turdi-da, ayvon eshigidan yarim tanasini chiqarib, aroqni pastga sepib yubordi. So‘ng siniq jilmaygancha (shu onda asli qiyofasiga qaytgandek edi) joyiga o‘tirib, piyolani tutdi.
— Quying. Mening tostim uchun ichamiz. — Keyin, o‘ychanlik bilan davom etdi: — Ijodingiz aslo… aslo bo‘shashmasin, Quvvatjon. Qandaydir qiyinchiliklariyiz bo‘lsa, iloyi, vaqtinchalik bo‘lib chiqsin. Him, o‘tgan gal odamning fe’li o‘zgarmasin, debmikan — bir nima devdingiz. Shundoq: sizning shu fe’lingiz sira-sira o‘zgarmasin… Kennayim borlar-a?
— Albatta, — dedim. — Ikkita farzandim ham bor… Xudoga shukr, meni tushunishadi, o‘z holimga qo‘yib qo‘yishgan… Men ularni har qancha boshimga ko‘tarsam, arziydi.
— O‘shalarning boshidayam omon bo‘ling… Avvalo, siz — yozuvchisiz. Him, menimcha, ancha ob’ektiv pisatelsiz… Bunday odam kimligiga aqlim yetadi…
— Bu sovub qoldi.
U qah-qah otib kuldi (yana sarxush kayfiyatiga qaytdi). Besh-olti parrak qazi bilan bir taqsimcha norin olib kelgan ekan, ulardan gazak qildik.
Tabiiy, Gulsara shunchaki gaplashib o‘tirish uchun kelmagan, qandaydir (Tavakkal bilan bog‘liq!) dardini ochib, hasrat qilmoqchi, balki maslahat so‘ramoqchi edi.
Men gap tizginini o‘sha tomonga tortishga bahona izlar ekanman, u xuddi o‘sha kungi (!) sigara qutisini chiqarib, birini labiga qistirdi. Men chaqmog‘imni chaqib, unga tutdim. Keyin o‘zim ham «Rodopi»dan tutatib oldim.
Gulsara uzun va keng etak ostidagi oyokdarini cha-lishtirib, bir-ikki dud oldi-da, tavba qildim, shunaqayam yo‘talib qoldiki, ko‘karib ketayozdi.
— Kechiring-kechiring, — dedi hansirab. — Maning… maning qandaydir kasalim bo‘lsa kerak. — So‘ng shu holida jilmaydi. — Lekin yuqumlimas. O‘zim feldsherman, axir… — Keyin sigara pachkasini birdan g‘ijimladi. — Juvanmarg bo‘l… Olti oydan buyon tugamiydi bu savil.
— Kuchli bo‘lsa kerak, — dedim men. — Shuning uchun men cheksam ham yo‘taltirvoradi.
— Yo‘q, maning o‘pkamdami, yuragimdami bir illat bor, Quvvatjon. O‘zim bilaman… Salbiy bo‘lib qolganmi, chyort znayet. O‘sha kuni restorandayam ko‘rdiyiz-ku… — Shunda men unga tikildim. U menga tikildi: endi maqsadga o‘tmasa bo‘lmas edi. — Aytmoqchi, — deya birdan yana jilmaydi, — okayiz kelib turiptilar-mi? Yo o‘sha-o‘sha badar ketdilarmi?
— Kelgani yo‘q, — dedim. — Lekin bir-ikki marta qo‘ng‘iroq qiliptilar Qarshidan. Mening yo‘g‘imda. Borimdayam telefon qilgan bo‘lishi mumkin. Tusholmagandir… Buning ustiga, yozda mehmonlar ko‘payadi dachada. Hozir ham bor.
— Telefon zaynit?
— Xuddi shunday… Sizga qo‘ng‘iroq qilib turgandir? Balki uchrashgandirsizlar yana?
— Yo‘q, yo‘q, — deb beozorgina kuldi. Kulgisida yig‘ining saslari bor edi.
— Nega endi? — dedim. — Balki o‘zingiz…
— O, man hech qachon telefon qilmiyman! — U bu gapni teran bir ishonch bilan aytdiki, «g‘ururdan ham xudo bergan ekan», deb o‘ylash mumkin edi.
— Tushunarli, — deb qo‘ya qoldim.
Shunda u qandaydir kinoya aralash nopisandlik bi-lan so‘radi:
— Nega bizning Tiblisi safarimiz haqida so‘ramiysiz? Nahotki qiziq bo‘lmasa? O‘ziyiz kuzatgan, oq yo‘l tilagan edingiz, janob yozuvchi?
— Men istihola qilib turibman, — dedim. — Ortiqcha lyubopitstva yaxshimas deyishadi.
— Rahmat. Aytib beraman, — dedi u. Va mening sigaretimdan birini oldi.
Keyin hikoya qila boshladi.

12

— O‘sha kecha Tiblisga uchib ketdik… Bo‘tdan chiqqanimizdan keyin mani uyda qoldirib, o‘zlari aeroportga ketdilar… Tavba, «siz»lab gapirgim kemavotti. Ha, mayli, man uchun shuncha sarf-xarajat qildilar. U yoqdayam, e-he…
— U kishi aeroportga ketdi, — dedim jilmayib (bularning qismatiga qiziqib qolganimni shunda sezdim).
Gulsara kulib yubordi.
— Ha. Man uyda kiyinib turadigan bo‘ldim. Soat ikkiga yaqin ikkita bilet bilan kirib keldilar. Nu ne mogu… Munaqa yigitlar kam topiladi, Quvvatjon aka!
— Kechirasiz, u Toshkentga nima uchun kelgan ekan? Ha, geologiya vazirligiga devdi-ya…
— Man so‘ramovdim. Man, prosto, hayron edim u yigitning pavideniyasiga… Shunday qilib, tong oqarganda Toshkentdan uchib ketdik. Da. Xo‘p, Tiblisga borib tushdik. Aytganimdek, uyini ijaraga beradiganlar chiqib turishgan ekan… Janoblari gaplashdi. Taksiga o‘tirib jo‘nadik…
— Qayerga?
— Gagraga. Avtobus ham, hatto trolleybus ham qatnar ekan. Biz taksida ketdik, kak palagayetsya… O‘rischa so‘zlarni ko‘p ishlatvomman, kechirasiz.
— Bemalol.
— Oy, juda ajoyib joylar ekan. Tog‘, dengiz, tinchlikki, qo‘yovurasiz… Biz uyiga tushgan odamlar — abxas musulmonlari ekan. Bitta kampir bilan o‘g‘li turarkan. Unaqa kampir olamda yo‘q. Shunaqayam mehribon, mani shunaqayam yaxshi ko‘rib qoldi. Eri baliqchiyakan, shtormda halok bo‘lgan ekan.
— Uzr, bitta yda turdinglarmi?
— Ha-ha-ha! Io‘q… Janobi Tavakkalbek shuni istadilar, albatta. Qolovursa, sizga bo‘ladigan gapni aytsam, o‘sha maqsadda mani oborgan ekanlar.
— Him, tushunarli.
— Tasavvur etingki, man yonimga qo‘ymadim.. Ishonmasangiz, tepamda xudo bor. Man xudodan qo‘rqaman, irimchi ayolman. Ba’zan o‘ylaganim o‘rnidan chiqadi. Hatto Toshkentdan jo‘nayotgandayoq: «Bu boyvachchaning maqsadi shu-yov», degan edim. Xuddi shunday bo‘lib chiqdi.. U manga, bilasizmi, ming dollar turadigan brilliant ko‘zli uzuk sovg‘a qildi. U-hh. Bitta mestniy xotin opkeluvdi, narxini so‘ramay-netmay oldi. Shunaqayam chiroyli, tomosha qilib o‘tirsam deysiz… Kechirasiz, biz ayollar lattaga, yaltiroq narsalarga o‘ch bo‘lamiz-de! Ayniqsa, man… Ha-ha. Ba’zan bitta kiygan ko‘ylagimni boshqa kiymasdim, derdim…
— Qachon?
— O, tarixga qaytishga to‘g‘ri keladi.
— Uzr.
— Uniyam aytib beraman. Balki bir narsa yozarsiz?.. Chem chyort ne shutit! Ha-ha-ha… Hazil. Bu gaplarni, azizim Quvvatjon, sizga aytvomman, xolos. Hatto singlimgayam aytmadim. Ichimni kemirivordi…
— Qulog‘im sizda.
— Shunday qilib, uzukni olmadim… Vey, vijdonan aytivomman! Agar o‘sha uzukni «sovg‘a» deb berganida, ehtimol… Unga munosabatim o‘zgarib ketarmidi… Yo‘q, u kishim: «Shu kecha birga yotamiz, xolos, dedilar. — Uzukning haqiga…» Axir, bu — mani haqorat qilish emasmi? O‘ziyiz ayting… Man nima o‘yda edim-u, u kishi… Yig‘lavorishimga oz qoldi. Uydan chiqib ketdim. O‘zimga ajratilgan xonagayammas, kampirning xujrasiga kirib yotdim. Bechora ko‘p achindi manga… «Eh, qizim-e, soddasan», dedi. «Bir kun pushaymon qilasan», dedi. Haqiqatan ham keyin, shu kunlarda pushaymon qildim. Ishonavering, azizim. Shunaqa bo‘ldi…
— Keyin?
— «Yo‘q, oyijon, man unaqa qilolmiyman», dedim. Keyin yig‘ladim. Ja xo‘rligim keldi… Keyin kampirga Tavakkal akangiz bilan qanaqa vaziyatda tanishganimni aytib berdim… Kampir uni yoqladi. Va-abshe, maqtasa arziydi-da u inson! Faqat, nima desam ekan, tarbiya ko‘rmagan-a? Siz nima deysiz? Qani, fikringizzi ayting-chi? Yashirmang, iltimos.
— Endi, qishloq joyning ta’siri bo‘ladi, albatta, — dedim. — Buning ustiga, u — gapini ikki qildirmagan yigit. Ishoning, Qashqadaryoda uni tanimaydigan kishi kam bo‘lsa kerak.
— Him, shuniyam aytdi… Ertasi mast bo‘lib kelib, yuzimga soldi. «Meni xor qilding, yaramas!» dedi.
— Shunday dedimi?
— O, bundan kottalariniyam aytdi… So‘ng, uchinchi kuni safarimiz qaridi. Qaytdik janoblari bilan…
— Keyin?
— Sovuqqina xayrlashdik… Malades, u uyimgacha olib keldi taksida. Man shundoq chiqqan edim. Da, esimda: bir-birimizga qarab kulishdik. Uning kulgusi… Lekin ja ezildi bechora, g‘ururi poymol bo‘ldi. O‘rganmagan-de, toyes, munaqasini ko‘rmagan-da… Xo‘rozga o‘xshab yugurganda, makiyonlar pas-s etib… Kechirasiz, aynib ketdim. Vabshe, bilasizmi, kunlarning birida mana shanaqa aynishniyam istab qolar ekansan. Axir, tilimizda so‘kishlar bor, haqoratlar… Nega ularni birovlar ishlatadi-yu, biz ishlatmay o‘tamiz? Ha-ha-ha… Hazil, azizim.
— Bilaman.
— Odam. Har qanday sharoitdayam odam bo‘lib qolishi kerak. Aks holda, hayvondan nima farqi qoladi? Mana, siz yozuvchilar yozasizlar. Har baloni: seks bormi, urush-janjal bormi — barini qog‘ozga tushirasizlar. Lekin bir maqsadni ko‘zlaysizlar-ku? Yaxshiliknimi? Ezguliknimi?
— Albatta, — dedim. — Chunki, Gulsaraxon, bu jihatlar odamzotning tabiatida bor. Lekin muayyan sharoit ta’sirida…
— Ponyatno! — Keyin kulimsirab, shunchaki dedi: — Meditsinada shaxsning xarakteri embriondayoq ma’lum bo‘ladi, degan gap bor, janobi pisatel.
— Bor, bor. Albatta, — dedim. — Insonning tabiatida «bor» deganimdayam shuni ko‘zda tutgan bo‘lsam kerak. To‘g‘ri, u yoki bu tomonga, o‘rischasiga aytsak, otklaneniya bo‘ladi, albatta.
— Otayizga rahmat.
— Yana quyay, a?
— A-aa, mayli!
— Gulsaraxon, siz anchagina o‘ziga to‘q, ham madaniy oiladan chiqqansiz-a?
— O, so‘ramang, — deb tag‘in kuldi u. — Yeshyo kak… Lekin, lekin ularning konstitutsiyasi boshqa edi.
— Nimasi?
— «Axloq kodeksi», — deb qah-qaha otdi-yu, darhol jiddiy tortdi. — Yo‘q, man ularning… — keyin menga yalinish bilan bokdi. — Keling, o‘sha yoqqa o‘tmaylik. Hozirgi dardim ham yetadi. Hozir ham man nimadandir umidvorman… Tushunasizmi, masalan, o‘h, Tavakkal akangiz sal boshqacha… Voy, man tushunaman, u erkak odam! Uning talabi, ehtiyojlari boshqacha… Eto yestestvenno. Him, man ham uning nog‘arasiga tushdimmi, demak, u istagan raqsni o‘ynashim kerak… Tushunyapsizmi?
— Ha, albatta.
— Lekin, man… Maya o‘zi jinniman, bu hayotga to‘g‘ri kelmiyman. Qiz bolaligimda singlim, singlim-a… manga: «Sen romantiksan, dadammi aytganini qil», der edi. Qilib ham ko‘rdim, dadamning aytganlarini. Natija chiqmadi. Qaytamga… Keling, shuni ichaylik. Man uchun hozirgi damlar, mana shu o‘tirishimiz ham g‘animatga o‘xshaydi.
— Qaysi ma’noda aytayapsiz, bilmayman-u, ammo har bir daqiqaning qadriga yetish kerak, deydilar.
— Da, nu! Ba’zan tezroq bu umr o‘ta qolsaydi, deysan. Umr — yelkangdagi yuk, mashaqqatlardan iborat bo‘lib ko‘rinadi… O‘h, xvatit falsafa.
— To‘g‘ri aytasiz. Biroq, menga ishonib shuncha gaplarni aytganingiz uchun rahmat.
— Da, — dedi u mubham bir ohangda, boshini egib. — O‘ylab qoldim-de, ziyofatdan chiqib: «Qatga borsam ekan? Kim maning dardimni tushunadi?»
— Rahmat.
— Balki sizning xolisligingiz uchun, yo‘q… ana-vi boyvachcha vallamatga yaqinligingiz uchun, ha-ha, bizning u bilan munosabatlarimizni faqat siz bilardingiz. Beixtiyor guvoh bo‘lib qolgan edingiz. So‘ngra odamlarning gaplarini yaxshi tinglaysiz. Va hokazolar! Qani?… — U yana kulib yubordi. — Sizdan uyalmiyman, Quvvatjon. Anchadan buyon biladiganga o‘xshiyman. Yoshimiz ham teng bo‘lsa kerak… Eng muhimi — siz odamlarning ustidan kulmaysiz.
— O‘, aslo, — dedim. — Haqqim yo‘q. Kulish lozim bo‘lsa, mening ustimdan ham juda kulish mumkin.
— Ko‘p yashang.
— Sizlar bilan, el qatori.

13

Shundan keyin sezib qoldimki, suhbatimiz ado bo‘lgandek: illo Gulsara hasratini qilib bo‘lgan, men eshitgan, u ko‘nglini bo‘shatgan, xo‘-o‘sh, Tavakkalga nis-batan munosabatini aniq aytmagan hali, balki aytib bo‘lgan ham edi.
Shundoq gurungga yangi ruh bergan narsa — mening aziz mehmonlarim — qaldirg‘ochlarim bo‘ldi. Derazalarda ochilgich uskuna ustidagi xo‘rozi «chirq-chirq» etdi, xonani bir aylanib, derazaning yuqori ko‘ziga o‘rnatilgan sovutgich ustiga qo‘ndi. Shunda makiyon qaldirg‘och ham asta-asta chirqillab qo‘ydi. Voy, bularning bir-birini tushunishlari!
Qaniydi, Sulaymon payg‘ambar ular so‘zlarini sharhlasalar-u, biz eshitsak!
Biroq, shunday taxmin qilish ham mumkin edi: «Qalaysan? Yaxshi yotibsanmi?» dedi erkagi. «Durust, harholda», deb qo‘ydi makiyoni. «Ha, unday bo‘lsa, yotaver», — «Siz ham damingizni oling». O‘sha kunlarda, ishonasizmi, ona qaldirg‘och inida ko‘proq yotib qolsa, ota qaldirg‘och unga tumshug‘ida xo‘rak opkelardi: xuddi jo‘jasiga berganday qilib og‘zini ochar, ona qaldirg‘och kattagina boshini uning og‘ziga tiqib, naq jig‘ildonidan yemish olardi.
— Voy voy, — der edi Gulsara o‘zicha. — Oynanib ketay sizlardan.
— Bultur ham shu ikkisi kelgandi, chamamda, — dedim. — Umuman, bular bir-biriga juda sodiq bo‘ladi. Hatto aytishadiki, juft oqqushdan biri halok bo‘lsa, ikkinchisi ko‘kka ko‘tarilib, o‘zini qoyalarga urib o‘ldirar emish.
Gulsara xayollanib, totli «oh» yegan qizboladek tanglayini taqillatdi.
— Udivitelno! — Keyin menga jo‘ngina tikilib so‘radi: — Demak, bular bir-birini sevib, oila qurishar ekan-de? Fikrimni tushuntira oldimmi?
— Ha, — dedim. — Sevishmi bu, ko‘nikishmi bu, harholda tabiiy tanlanish yo‘li bilan juftlashadi bular.
— A, yestestvenniy otbor… — Keyin sho‘xgina tabassum qildi. — Baribir tanlashar ekan-de, azizim?
— Ha, endi, shunday, — dedim. — Lekin ularda tanlashning mezonlari boshqacharoq bo‘lsa kerak.
— Yerunda! Kechirasiz… Makiyonlari erkagining faqat kuchliligiga maftun bo‘ladi, deysizmi? Bari-bir… Zot qoldirish uchun erkakning kuchli bo‘lishi har qancha shart esa-da, baribir urg‘ochi uni sevishi kerak. — So‘ng u o‘z fikriga yana sho‘ng‘iy boshladi: sezib turibman, bu — uning uchun muhim edi. — Siz ular munosabatida qandaydir mezon bo‘ladi, dediyiz. Bo‘ladi, albatta. Ammo o‘sha mezon faqat kuchni o‘lchamaydi…
— Ajoyib fikr aytdingiz, — dedim uning ko‘ngliga borib. Va darhaqiqat, Gulsaraning fikrini quvvatlaydigan misol yodimga tushdi. Ana shu «yodga tushgani»ni aytgach, qolganini ham sharhladim: — Afrikada o‘zimizning zag‘izg‘onga o‘xshash bir qush bo‘larkan. Juda chiroyli, «Hayvonot olamida» ko‘rsatishgan edi. Xo‘rozi, ayniqsa, go‘zal bo‘lar ekan… Siz yeb o‘tiring, iltimos. Menimcha, ziyofatda to‘yib ovqatlanmagan bo‘lsangiz kerak?
— Topdingiz, azizim. Man, umuman, mehmondorchilikda deyarli ovqatlanmiyman. Ayniqsa, bizning… Nu ladno. Fikringizni davom ettiring, qiziq gap gapirvossiz.
— O‘sha qushning xo‘rozi in qurib bo‘lgandan keyin shu uyasining atrofiga har xil latta-putta, yaltiroq-toshlar, hatto shisha siniqlarini ham opkelib, sochib, qo‘yarkan. Buyam kam, keyin uyasining atrofida aylanib, raqs tushar ekan. Qanotlarini hurpaytirib… Biram qiziq! Maqsad — makiyonning diqqatini tortish. Qizig‘i shundaki, bitta makiyon haligi molga qiziqib yoniga kelsa, boshqasi kelmay — o‘tib ketar ekan.
— Oh, qoyil! — deb yubordi Gulsara. — Siz ko‘p narsani bilasiz.
— Ko‘rganim-da… Shuni nazarda tutganda, sizning fikringizga qo‘shilish mumkin, — dedim. — Ya’ni, mana… mana shu qaldirg‘ochlar ham juftlashishdan ol-din bir-birini tanlagan ham, balki sevgan bo‘lishla-riyam mumkin.
— Mumkin emas, xuddi shunday!
U «shunday»ligini istar edi.
— Balki, balki, — dedim. — Xo‘sh, bundan murod.. Kechirasiz, siz ilgari turmush qurgan bo‘lsangiz kerak?
U divanga birdan yastanib, uh tortib yubordi. Keyin piyola tubida qolgan ichimlikni birdan sipqordi-da:
— Mne pora, dorogoy moy, — dedi. — Uzr, bezovta qildim bemahalda, — so‘ng yig‘ishtirina boshlab, davom etdi: — Tavakkal akangiz telefon qilib qolsalar, salom ayting… Him, mejdu prochim, aytmasangizam bo‘ladi.
— Aytaman, — dedim. U qah-qah otib kuldi.
— Qaniydi…
— Nima?
— «Kazaki» filmini ko‘rgansiz-a? Bir zamonlar ja tomosha qilardik. O‘shanda Orlova degan bir go‘zal ayol… aktrisa Gardi Gardiyevich degan bir… barvasta, shop mo‘ylov rais bilan vidolashgach, chiroyli bir ashula aytib ketadi. Foytunda, — So‘ng Gulsara ovozini bemalol qo‘yib aytib yubordi: — «Kakim tы bil, takim ostalsya… Tы moy dorogoy…»
Man qo‘shni xonadagilar eshitadi, deb jilla xavotirlanganim yo‘q, aksincha, uning yana aytishini istar edim… Chunki, yana ont ichib aytaman, xudo bunga ovozdan ham bergan ekan.
Afsuski, yo‘lakdan kimningdir nimadir degani eshitilib, Gulsara kafti bilan og‘zini yopti.
— Uyat, a?
— Yo‘q, — dedim.
— Mayli. Kulishsa — kulishar… Da, Tavakkal haqida (u «aka»ni tashlab ketdi) yana nimadir demoqchiydim. O‘x, chyort.
— Shoshmang, — dedim men ham qo‘zg‘olib. — Sizga qo‘ng‘iroq qilmadimi?
U lablarini cho‘chchaytirib, kulumsiradi. Keyin:
— Man kvartirammi almashtirvordim, — dedi. — Ha, tovarish pisatel. — Keyin birdan xo‘rsindi, — Jinniman-a?… O‘z, o‘zimni o‘zim o‘ldirib qo‘ygim keladi… Shunaqa. Janoblari ketayotganda mani taksidan tushirib qo‘ygandan keyin: «Baribir qo‘limga tushasiz», dedilar…
— O‘h, qaysar.
— Qaysarlik emas, johillik bu, azizim… Bilasiz, u yigitning qo‘lidan har ish keladi.
— Men fikringizga qo‘shilmayman, — dedim. — Shunday yot yurtlarda qo‘pollik qilmagan kishi…
— Him, bu gapingiz ham to‘g‘ri.
— Bekor almashtiribsiz kvartirani… Gulsara, balki telefon nomeringizni tashlab ketarsiz? Men unga berib qo‘ysam, yomon bo‘lmasdi.
— O, o! Mutlaqo, — dedi u.
Men bo‘sh kelmadim, illo bunga to‘la asosim bor edi:
— U ayol kishiga zulm qilmaydi hech qachon, — dedim. — Men eshitmaganman, aksincha, surxondaryolik uch-to‘rtta qizlar Qarshi pedinstitutida o‘qiyotganda, ularni bezori bolalardan himoya qilib, bittasini pichoqlab qo‘ygan. Shuning evaziga sakkiz yil yotib chiqdi… — Gulsara menga so‘mrayib qoldi. — Ehtimolki, o‘sha voqeadan keyin biz aka-ukadek bo‘lib ketdik. Him, o‘sha qizlardan biri menga yaqin qarindosh bo‘lardi. O‘sha yig‘lab aytib bergan. «Bular — mehmonlar-ku, nokaslar! Tarqalinglar!» deb baqirgan. Ular Tavakkal akaga tashlanishgan, u kishi…
— Nu-nu, eto j strashno, — dedi Gulsara. Keyin chehrasi birdan yorishib ketdi. — Umuman, yigit kishining ishini qilgan ekan. Qoyilman.
— Shunaqa.
— Nega bo‘lmasam menga «unaqa» dedi?
— Endi, alami kelib… O‘zingiz yaxshi tushunasiz-ku? Kvartirani almashtirib chakki qilibsiz.
U boshini xam qilib, dasturxonga tikilib qoldi. Keyin parishonlik bilan:
— Shu shishani olsam maylimi? — dedi. Dedi-yu, ko‘zi yoshga to‘lgandek yiltirab ketdi. Men uning charm sumkasini qo‘lidan tortibgina olib, shishani soldim. Keyin qazi-qartaga qo‘l cho‘zgandim, u endi sumkani tortib oldi. So‘ngra «Rodopi»dan birini-da olib: — Bilasizmi, kvartirani ikki xonaliga almashtirmoqchiydim, — dedi. — Uch xonalik edi.
— Telefon nomeringiz…
— O, yo‘q. — So‘ng kuldi. — Kerak bo‘lsa, topib oladi. Ha-ha-ha! Erkaman-a?
— Yo‘q, siz o‘zingizning qadringizga yetasiz. Lekin, aybsiz parvardigor, deydilar.
— Da, kaneshna… Xo‘p, mani pastgacha kuzatib qo‘yarsiz?
— Katta yo‘lgacha.
— Uf-f. Da-a… E, xayr qaldirg‘ochlar! Azizlarim! Bir-birigata sadoqatli bo‘linglar!
— Rahmat, Gulsara.
— Endi uchrashmasak kerak.
— Nega?
U hiringlab kuldi.
— «Chuyu» degan ekan chukchi.

14

Yo‘lakka chiqqanimizdan keyin men yana uyga qaytib kirib, stol tortmasidagi «bir qora kunga» deb saqlab qo‘ygan aqchamdan taksi puli olib chiqdim. O‘zingiz ham payqagan bo‘lsangiz kerak, Gulsaraning qaytib ketishga puli qolmagan («borini uchdan birini bervorgan») edi; bundan tashqari, juvonning shishani olishi-yu, o‘sha paytdagi miskin holatidan ham ma’lum ediki, u har qancha go‘zal kiyingan va mag‘rur boyvuchchadek ko‘rinmasin, «cho‘ntagi kasal» ekan.
Omadni qarangki, yengil mashinalar to‘xtamiga chiqsak, bitta «VAZ-31»dan yelkasiga charm to‘rva osgan ajnabiylar tushishmoqda, haydovchi orqa qopqani ochib, g‘ildirakli charm chamadonni chiqarmoqda edi.
Uning yaqiniga borib so‘radim:
— Shaharga qaytasizmi, aka? — Ha..
— Bitta mehmon bor edi.
— Faqat skvergacha, — dedi-da, jomadonni yerga qo‘yib, Gulsaraga qarab oldi. — Shu kishimi?
— Ha..
— O‘tirsinlar.
— Mana, yuz ellik so‘m.
— Bo‘ladi. Hozir… — U jomadonni g‘ildiratib ketdi. Men Gulsarani imlagan ko‘yi yoniga bordim.
— Sizni opketadi.
— Xayriyat, taksimas ekan. Men taksislarga ko‘p ishonmiyman… Rahmat sizga.
— Iltimos, pul chiqarmang, — shunday dedim-u, mehmonlarning yukini zinapoya pastida qoldirib qaytayotgan haydovchiga peshvoz borib, kira haqini berdim.
Gulsara kabinaga kirayotganda atayin kulib:
— O, bosslarning moshinasi-ku! Supervolga, — dedi. — Eslab qoling, janob pisatel!
— Xotirjam bo‘ling, — deb eshigini yopdim. Oyna-sidan boqib: — Ko‘rishguncha, — dedim.
U kulib yubordi.
— Yomonsiz…
— Balki nomeringizni aytarsiz? — dedim. — Eson-omon yetib borganingizni bilardim.
U yana qah-qah otib kuldi.
— Yo‘q. Kerak bo‘lsam, o‘zi topsin…Chao. Uzr, sizni ishdan qoldirdim.
— Aslo.
Shunday qilib, Gulsara ketdi va oradan biron hafta o‘tdimi — Tavakkalbek Kitob tumanidan qo‘ng‘iroq qilib qoldi. U shirakayf va tajang edi.
Mendan hol-ahvol so‘rashni orqaga surib:
— Gulsara tirikmi? Ko‘rdingizmi hech?.. Men borolmayapman! Har yerda — qurilish! Bosh qashishga vaqt yo‘q, uka. Lekin u yaramasni bir sekund ham unutganim yo‘q, — deb savol aralash gapni qatorlashtirib tashladi.
— Gulsarangiz o‘n kuncha burun kelib ketdi, — dedim. — Kayfiyati o‘rtacha.
— «Kelib ketdi?» Dachaga?
— Ha. Bir soatcha o‘tirib ketdi… Sizni so‘radi. Menimcha, u bilan uchrashsangiz yomon bo‘lmasdi.
— Telefoniga nima bo‘lgan uni? Ming marta qo‘ng‘iroq qildim… O‘sha uchrashuvimizdan bir kun oldin olib edim nomerini. Telefon qilganimda, tushib edim…
— U kvartirasini o‘zgartirgan, — dedim. — Kerak bo‘lsam, izlab topadi, dedi.
. — Shundaymi? «Topadi» dedimi? — hovliqib so‘radi u. Xursand bo‘lib ketganiga shubha yo‘q edi. — He, qistaloqning qizi… Quvvatjon, unaqasi bitta tug‘i-ladi…
— Fikringizga qo‘shilaman, — dedim.
— Vsyo! Men yaqinda boraman. Toshkentda bo‘lsa, topaman uni… E, sizning telefoningiz nimaga zaynit bo‘ladi nuqul?.. A? Mehmonlar ko‘p? Ha-a… Bir-ikki marta so‘raganimda, shaharga tushib ketganlar, deyishdi…

15

Tavakkalning «yaqinda» degan muddati uzoqqa cho‘zilib ketdi: na ijod bog‘iga keldi, na sim qokdi. Men ular ikkovlonning juda yaqin, juda yaqin, hattoki birga bo‘lishlarini ich-ichimda istaganim uchunmi, nazarimda, ular til topishgandek, demak (ne ajab!) meni unutgandek edilarki, bundan ham qanoatda edim.
Biroq ko‘nglimda gumonlar ham kezib qolardi: «Til topisholmadi — yov.
Aks holda, deylik, «yarash-yarash»ni nishonlash uchun ham birrov kelib ketishlari lozim edi».
Shunday o‘ylashga qandaydir ma’naviy haqqim borligi uchunmi, hatto Tavakkalning qo‘ng‘iroq qilmagani qandaydir malolroq kelib turgan kunlarning birida…
…qaldirg‘ochlarim hayotida bir ajib tomoshani ko‘rdim.
Qosh qorayishiga yaqin ulardan qaysi biri tashqarida bo‘lmasin, albatta «chiy-chiy»lab uchib kelar, xonani shifti ostida bir aylanib, tupukda iylab va somon qipiqlarini qo‘shib «pishitgan» loylaridan yasalgan qattiqkina chipor inning labiga qo‘nar, xo‘rak keltirgan bo‘lsa, tumshug‘ini ochib sherigiga tutar, agar sherigi ilgariroq kirib o‘rnashgan bo‘lsa, bir-ikki sas chiqarish bilan qanoatlanar va o‘ng kelgan joyga qo‘nib, tunni o‘tkazardi. Goho ikkalasi ham tashqarida bo‘lishsa, ketma-ket uchib kelishar, shunda, tasavvur etingki, sap-sariq tumshuqchalarini boricha ochgan jo‘jalari chiyillashib qarshi olishar, ota-ona ularga navbat bilan yemak berishardi.
O, bularning tashvishlari!
Go‘yoki bor bisotlari — shu bolalariyu barcha xatti-harakatlari — ularning qornini to‘ydirish va, demak, uchirma qilishdan iboratdek tuyulardi!
Men bu ajib qushlarni taniganimdan buyon — inoq, ahil, bir-biriga mehribon, deb o‘ylab yurardim albatta va bu borada Gulsara bilan ham bir oz gaplashgandik.
Yo‘q, birodar, bularning orasida ham xuddi odamzotning er bilan xotini orasidagi…
Bir daqiqa bardosh qiling.
Bir oqshom ona qaldirg‘och xufton mahali chiyillab uchib xonaga kirdi-da, jon holatda og‘zini ochib, o‘ziga chorlay boshlagan bolalariga qaramay, qaytib chiqib ketdi. Biroq, ikki-uch daqiqadan keyin yana o‘kdek uchib kirib keldi-da, tag‘in xonani aylanib va asabiy chiy-chiylab, inining qirg‘og‘iga qo‘ndi. Keyin bolalarining nafsini qondirib, ular ustiga astagina o‘tdi-da, bag‘rini berib yotdi. Biroq, onlar o‘tib-o‘tmay chiy-chiy etar, uning zorlanayotgani shundoq bi-linib turardi.
Erkak qaldirg‘ochdan darak yo‘q. (Men ularning jussasi va dumining uzun-qisqaligiga qarab, nari qaysiyu modasi qaysi — taxminlab bilib olgan edim.)
Baxtga qarshi, havo sovib, yomg‘ir savalay boshladi. Derazani yopay deyman, ammo erkak qaldirg‘ochning kelishini kutaman: hozir kelar, endi kelar…
Makiyon hamon «chiy-chiy» etadi. Endi uning unidan nochorlik, ojizlik sezilardi.
Shunda ko‘p taxminlarga bordim: «Elektr simiga qo‘ngan bo‘lsa — tamom… Yoki biron yirtqich qushning domiga ilindimi? Yo‘q, uning qirg‘iylar bilan yonma-yon uchib yurganini ko‘rganman… Nima bo‘ldi ekan unga? Ha-a, sho‘x bolalar rogatka bilan… Qayda! Unga sochma o‘q ham tegmaydi…»
Xullas, shu kecha derazani yopmadim. Qalin kiyinib yotdim. Chiroqni ham o‘chirganim yo‘q: uchib kelishi mumkin. Adashib qolmasdan inini topsin…
Men-ku uxlab qoldim. Ammo ona qaldirg‘och uxlamadi hisob: qachon uyg‘onib ketsam, uning ingragan kabi nolasi eshitilar, yulduz-qurtdek ko‘zlari yiltillab ko‘rinar edi.
Odatdagidek, soat beshlarda o‘rnimdan turdim. Tong yorishib qolgan, ona qaldirg‘och esa, hamon… uyg‘oq edi. Xuddi shu mahalda derazani ochardim-u, u (ham) yemak g‘amida uchib chiqib ketardi. Bu gal joyidan jilmadi.
Bir mahal, sopol choygumimni suvga to‘ldirib, ichiga qaynatgichni solib, endi tokka ulayman deganimda, shuvillab, ha, o‘qdek uchib ota qaldirg‘och kirdi. Kirdi-yu, in labiga qo‘ndim deganda, ona qaldirg‘och unga shunday hujum qildiki, bir necha patchalari to‘zib ketdi. U qochib, darparda ilig‘lik temirga qo‘ndi. Ona qaldirg‘och uni quvlab borib, tag‘in boshini cho‘qiy boshladi. Ota qaldirg‘och tag‘in qochib, sovutgich ustiga qo‘ndi-da, qandaydir qunishib, bo‘ynini qisib turaverdi.
Xotini uni rosa cho‘qidi, hatto ustiga chiqib olib, yelkalarini cho‘qidi. Eri jim turib berdi. Nihoyat, makiyon toliqdi shekilli, erining kiftida bir oz turib, patlarini tozalagan bo‘ldi-da, iniga uchib chiqdi.
Keyin ota qaldirg‘och ham o‘zini silkitib, qandaydir oro bergan bo‘lib, «chirq-chirq» etdi va uyasining chetiga chiqib qo‘ndi. Makiyon ham «chirq-chirq» qildi-da, birdan uchdi. Uning ketidan erkagi ham uchdi. Shuvillab tashqariga chiqib ketishdi.
Men lolu hayron edim.
Bir narsa shak-shubhasiz ediki, erkak qaldirg‘och kechasi uyga kelmay qolgani uchun makiyoni uni talagan, uning miq etmasdan turib berishi esa — aybini bo‘yniga olganini ko‘rsatar edi.
Ammo u tongda kelar ekan-ku, nega tunda, to‘g‘rirog‘i, vaqtida kelmadi?
Biz insonlar o‘zimizcha fikrlaymiz, ya’ni, masalan, «mushukkina yilida bir marta mov bo‘ladi», deb qaldirg‘ochlar haqida haligiday, «o‘ynashining uyida qolgan», deyishimiz ham mumkin. Lekin bu — odamga xos «fikr» bo‘ladi xolos… Ona qaldirg‘och uni «rashk»dan taladi, «qizg‘anib» taladi, deyishimiz ham mumkin. Biroq bu taxminlar bari — ota qaldirg‘ochga tuhmat bo‘lishiyam mumkin… Demak, o‘sha gap-gap: erkak qaldirg‘och kechasi uy(i)ga kelmay qolgani uchun «xotini» dan jazo oldi.

16

Ushbu voqeadan keyin ham haftalar o‘tdi. Tabiiy, o‘z ishim — yozuvim bilan mashg‘ul bo‘lib, Tavakkal aka bilan Gulsaraning munosabatlari qanday kechgani (agar uchrashishgan bo‘lsa) haqida ham onda-sonda eslaydigan bo‘lib qoldim. Biroq, ular, xususan, Gulsara yodimga tushishi zamon makiyon qaldirg‘ochning qilig‘i ham xotiramda uyg‘onar, ular bilan ayniqsa, Gulsara bilan uchrashib qolsam, albatta «azizim» deb suygani qaldirg‘ochlarning bu mojarosini aytib berish va uni qandaydir taxdil etish, balki u bilan Tavakkalga tegishli xulosa ham chiqarish mumkinligini o‘ylardim.
Zero, o‘zim ularning aloqasini qushchalarning o‘zaro munosabatlariga o‘xshatolmas edim.
Biroq, makiyon qaldirg‘ochning «eri»ga qilgan «muomalasi»dan o‘zimga tegishli saboq oldim.
«Oilam meni erkin — o‘z holimga qo‘ygan», deb haftalab uyga — uyimga bormas edim va borsam, xotinim goho ilmokdi gaplar qilar, mendan noligan bo‘lardi.
Shunda men: «Qo‘ysang-chi, onasi. Rashk qilish — bizga yarashmaydi. Pirovardi, bu — bir-birimizni kamsitish bo‘lardi…», der edim va mana shu mantiqiy fikrga inonardim.
Qaldirg‘ochlarning o‘zaro aloqalari menga shuni ko‘rsatdiki, rashk, qizg‘anish, qolaversa, juftidan xavotir olish va nolish — bular barisi tirik jonzotlarga xos bo‘lib, faqat insongina «mantiqan fikrlash qobiliyati»dan foydalanib, uni inkor etmasa ham, panja orasidan qarashi mumkin ekan…
Qisqasi, kuz ham yetib keldi, to‘g‘rirog‘i, kuzga ham yetib bordik.
Qaldirg‘ochlarim bolalarini uchirma qilib, xonamni tark etib ketishdi…
Deraza yaqinidan o‘tgan simlarda son-sanoqsiz qaldirg‘ochlar tizilib o‘tirishar, keyin duv-duv uchishar, men aziz hamxonalarimni taniy olmas edim-u, shod edim: yaqinda ular uzoq — issiq o‘lkalarga uchib ketishadi. Va qishni o‘sha yoqda o‘tkazib, bahorda bizga qaytishadi.
Men esam — bu yerda turishi yana nasib etsa — ularni yana derazalarimni ochib, kutib olaman…
Voqeadan bir oz uzoqlashdim. Na chora, bu bahor qushlari — elchilari ham suhbatlarimizga rang bergan, fikrlarimizni tinikdashtirgan «ulfatlar» edi.
Ana o‘sha qaldirg‘ochlar gala-gala bo‘lib uchib keta boshlagan kunlarning birida…
…Jumhuriyat Radioeshittirish Qo‘mitasiga borayotgan edim. Anchadan beri yozayotgan qissam tugagani uchun undan bir eshittirishlik parcha diplomatimda, metroning Amir Temur bekatida tushib qolib, o‘sha restoran yonidagi daraxtzor xiyobondan tez-tez yurib (xayolimda Tavakkalu Gulsara bilan o‘tirgan chog‘imiz suratlanib) borayotgandim, qiyshayib o‘sgan yolg‘iz sanobar (sosna) ostidagi yog‘och o‘rindikda chekib o‘tirgan ayolga ko‘zim tushib, uni Gulsaraga o‘xshatdim.
Biroq, bu juvon xiyla ozg‘in, tag‘in — rangi o‘chgan jinsi yubka bilan ko‘ylak kiygan, sochini ham kalta kestirgan (o‘sha kezlar sochi yelkasiga tushib turardi), o‘tirishida ham qandaydir chapanilik bor edi.
Rost aytayapman, uning nimasini Gulsaraga o‘xshatganimni ham, unga sinchkovlik bilan qarab olganimning ham sababini bilmayman: qandaydir tuyqusdan ko‘zim tushgan edi. Balki restoranda o‘tirganimizni eslashim bunga sababdir.
Qisqasi, uch-to‘rt qadam bosgandan keyin yana unga qayrilib qaraganimni bilaman… tanish tabassumga yo‘likdimki, taqqa to‘xtab qoldim.

17

U — Gulsara edi.
Qandaydir hayajonlanib, nimalardandir xijolat tortib, ammo ichimdagini sirtimga asti chiqarmay, xayol qilingki, u bilan kuni kecha xayrlashgan kabi bir qalbaki mamnuniyat bilan oldiga yo‘naldim.
Gulsara, nazarimda, menga boshdan-oyoq razm solib chiqdi-da, qandaydir kerishib, o‘rnidan turdi.
— O, tovarish pisatel!
— Salom alaykum, Gulsaraxon. — Unga e’tibor berajagimni yashirish uchun darhol uzatilgan qo‘lini oldim. — Salomat bormilar? Yuz dollarga o‘xshab ketdilar?
— Ho‘-o‘, — deya piching qilganday kulib qo‘ydi. — Marhamat, o‘tiring.
— Albatta… Birovni kutmayapsizmi?
— Yo‘q, — dedi u keskinlik bilan. — Shu trotuardan o‘tvossam, ichkarida «Tanovar» chalinvotgan ekan. Bitta maymoq o‘ynayotgandir-da, deb to‘xtadim. — Keyin yayrab kulib yubordi. — O‘sha o‘tirishimiz esimga tushib ketib, sho‘tda o‘tira qoldim… Mejdu prochim, man sizni hu o‘tda ko‘rgan edim. O‘sha kishimi-boshqami, deb o‘yladim… Qarasam — siz.
— Keyin teskari qarab oldingiz? — Ha..
— Bizdan biron gap o‘tganmidi?
— Oy, shto vm? Tak prosto… — U menga tik qaradi. Ovozida sezilarli hayajon bilan: — O‘zgarib ke-tibmanmi? — dedi.
— Menimcha, yo‘q, — dedim. — Faqat bu kiyim-boshda birinchi marta ko‘rishim.
— Konechno… Lekin o‘zgarganman. Siz… siz hamma vaqt odamni ayab gapirasiz. Bu — yaxshi odat, lekin ba’zan yolg‘on so‘zlashgayam majbur bo‘lsangiz kerak?
Men «ayb»imni bo‘ynimga olgandek bosh irg‘adim-u, Gulsaraning barmoqdari beo‘xshov titrab ketganini ko‘rib qoldim. Yuziga boqsam, pastki qovog‘i sal osilgan.
— Him, Gulsaraxon, shaharni sog‘inib tushgan edim, rosti, — dedim. — Keyin, tasavvur etingki, metrodan chiqiboq uchovlon o‘tirganimizni esladim.
— Nu i nu!
— Ha… agar vaqtingiz bo‘lsa, mana shu restoran ostidagi choyxonaga kirib, besh minut o‘tirsak. Odam kam. Salkin tushib qoldi… Halaqit berishmaydi.
U menga qandaydir achingandek qarab turgan edi.
— Jonim bilan, Quvvatjon, — dedi. — Siz yaxshi odamsiz… Umuman, gaplashadigan gaplar anchagina yig‘ilib qolgan. Man bir-ikki marta dachayizga bormoqchiyam bo‘ldim. No… Oyog‘im tortmadi. — Keyin kulib yubordi. — Tuzukroq bir vecherdan chiqqanimda, borardim albatta!
Men ham kuldim.
Choyxona oldidagi hovuzning suvi yashil bo‘lib ko‘rinar, demak, ko‘pdan beri suvi yangilanmagan, umuman, choyxonadan fayz ketib qolgan, beton ustunlar orasidagi ko‘pchilik stollar bo‘sh, bufetda qandaydir italiyacha kuy ingranar, mutasaddi yigit — peshtaxtaga tirsaklab olgan qo‘ng‘iroqsoch kishi bilan erinib gaplashardi.
Chap tomondagi ustun panasida turgan stolni tanladim. Bufetga yuzlanib, Gulsaradan so‘radim:
— Shampanga qalaysiz?
— O, o‘zi-da! — deb jilmaydi xonim. — Lekin holingizga qarang, Quvvatjon.
— Quvvatjoningizning quvvati bitta shampanga yetar, — dedim-u, ildamladim.
— Ikkita fujer, shampan va gugurt qutisidek bir juft shokolad olib (cho‘ntakda faqat avtobus puli qolib), keldim. Gulsara mening ahvolimni sezib turgandek iymanish ham achinish bilan tabassum qilib:
— Yaxshi kunlar o‘tib bo‘lgan ekan-u, bilmay qolgan ekanbiz-de, — dedi.
Ikkovlon kulishdik. Shunda… atrofga qarab olganimni bilmay qoldim: bilsam, Tavakkalni izlayotgandek, u hozir yetib keladigandek bir holga tushgan ekanman. So‘ngra jilmayishni qo‘ymasdan kursiga o‘tirdim.
Shishaning sim bo‘yinbog‘ini burar ekanman, Gulsara birdaniga toshqin va qandaydir hasratli ohangda:
— Poqillatvoring! — deb qoldi. — Azizim, shunday qiling… To‘kilsa to‘kilar. Bir soat, bir minut bo‘lsayam yayrab o‘tirayluk! Okangiz aytganlariday — dunyo o‘tdi-ku… Aytmoqchi, jentelmen okayizzi ko‘rib turasizmi?
Mavzu darhol Tavakkalga burilganidan mamnun bo‘lib:
— Yo‘q. Sizlar uchrashib tursangizlar kerak? — dedim. Va davomini ham aytib yubordim: — Kaminani unutishdi, deb o‘pkagina qilib yuribman, ha.
Gulsara qattiq kuladigan kabi boshini orqaga soldi-yu, qandaydir xo‘rsindi, xolos.
— Yo‘-yo‘q. Aftidan, u kishigayam o‘shanda «alvido» deganga o‘xshab qoldim.
— Demak, uchrashar ekansizlar. Mengayam shunday devdingiz, mana, xudoning yo‘liqtirgani.
U mujmal bosh irg‘ab kuldi. Shunda shampan tiqini otilib, poqillab ketdi.
— Hayotning g‘animat ekanini tushunib qoldim, azizim, — dedi Gulsara fujerni ikki barmog‘ida aylantirarkan. — Barcha iztiroblar, orzu-armonlar — behuda ekan. Hayot shunday ekanki, har qancha osmonlarga chiqib ketma, o‘zining izmiga solar ekan. Keyin san o‘zingga qandaydir…
— Xo‘sh?
— So‘qmoq tanlar ekansan… Umuman, maning omadim kelmadi hech. Bir hisobda shunday bo‘lishi tabiiy ekan. Chunki man hayotdan ko‘p narsalarni talab etar edim… Ishoning, do‘stim, Cho‘lponmikan, qaysidir bir shoir: «Bu dengizning chuqurligini bilmay, qulochni katta otdim men», degan ekan.
— Ha..
— Hayot boshqacha ekan.
— Siz tushkun gaplarni aytyapsiz, Gulsara… Esdan chiqarmang, egachi, — siz tushkun bo‘lasizmi, hayotni boricha qabul qilasizmi yoki yaxshi orzu-istaklarning qachondir bo‘lsayam ro‘yobga chiqishini orzulab bunga inonib yashaysizmi — umr baribir o‘taveradi.
— Ay, maning umrim… umrimning eng yaxshi, nurli chog‘lari o‘tib bo‘ldi, — dedi u va fujerini uzatdi. Cho‘qishtirgan bo‘ldik. — Qolgani foydaga qoldi. O‘shani yaxshi o‘tkazishni o‘ylavomman keyingi paytlarda. Ammo «yaxshi o‘tkazish» uchun… Nu i k chyortu! Oldik, azizim! Tavakkal okayiz ham qolgan umrini yaxshi o‘tkazsin… Uniki yaxshi o‘tadi. Chunki u perejivaniyani bilmaydi.
— Menimcha, unchalik emas.
Fujerlar ichidagi «jodugar» kamaygani sari suh-batimiz qiziy boshladi.
Bu orada u jildini tizzasiga qo‘yib, undagi ko‘zguga bir-ikki marta qarab oldi. Ko‘z jiyaklarini jimjilog‘ida artgan bo‘lib, anchagina qizil surilgan lablarini yalab qo‘ydi. Nazarimda, u vaqt o‘ggan sayin o‘zida qandaydir sifatli o‘zgarishlar yuz beradigandek — shuni umid qilayotgandek tuyular va ko‘zgudagi aksidan qanoatda emasligini bildirib qo‘yardi.
Ko‘nglimdan kechgan tag‘in bir holni qayd etishim lozim. Gulsara shu tobda ilk bor restoranda o‘girgan o‘sha mayin — uyatchan va g‘amgin juvonga deyarli o‘xshamas, «deyarli» deganimning boisi — favqulodda yangroq kulib yuborishi-yu, shijoatigina uni g‘ira-shira eslatar edi. Qolaversa, kechasi ijod bog‘imizga borgan chog‘idagi qiyofasi ham deyarli o‘zgargan, hozir u — xiylagina chapani, ya’ni betgachopar, qayoqqadir ketvorishga shaydek — bir jonsaraklik unda bor, yuzining biroz cho‘zilib, yanokdarining botinqirab qolgani va ko‘z qarashlarida asabiy bir iztirob, uyquga to‘ymay uyg‘onib, uyg‘otganning yuziga tarsaki tortib yuboradigandek teran bir holatda ham ediki, men uning siymosida odamzodning shugina o‘ggan vaqt orasidayam yetarli darajada o‘zgarib qolishi mumkinligini ko‘rib turardim. Va, o‘z-o‘zidan ma’lumki, bu qaydlar bari ichimda edi.

18

— …«Unaqasi bitga tug‘iladi» dedi, — deya takrorlab, gapimni davom ettirdim: — Menimcha, o‘sha kuni Toshkentga uchib kelgan bo‘lishi kerak.
Gulsara miyig‘ida jilmayib, iyagini boshmaldog‘ida qashib turarkan.
— Yo‘q, yo‘q, — dedi. — Toyes, u kelgan. Kelgan ekan! Bizning pad’ezdagilardan ham so‘ragan ekan mani. Lekin, man ahmoq ularga: «Qatga ketganimni aytmanglar», devdim. Chunki okayizning kelishini bilardim.
— Chakki qilgan ekansiz-e.
— Aytvomman-ku, jinniman, deb… — Keyin yana lablarida menga tanish g‘amgin tabassum paydo bo‘ldi. — Bechora paliklinikagayam boripti. Glavvrachga: «Gulsarani topib bermasangiz, xapa qilaman» depti. U iplos qatga ishga o‘tganimmi bilsayam aytmas edi… Xudoning zorini qilib qutulipti…
— Shoshmang-shoshmang, siz ishdan ham ketdingizmi?
— Ay! — dedi u g‘ijinib. — Baribir ketmoqchiydim… — Keyin lablarini qimtidi-da, boshini saraklatdi. «Hozir yig‘lavoradi» deb o‘yladim. Xayriyat, uning ovozigina «yig‘lar» edi: — Odammi xor qilishadi.
— Ya’ni?
— «Men bilan yurgin» der edi-da-e… Og‘zidan qoni kelsin unaqa erkakning!
— A-a, past odam ekan.
— Past… — deb takrorladi-yu, boshini ilkis ko‘tardi. — Tavakkal okayizzi undan nima farqi bor? A?.. Xo‘p, okayiz — mard, vallamat yigit.
— Endi, yigitlik — itlik, degan gapam yo‘q emas.
— Itlik! Topib aytdingiz… E, xudojonim, nimaga munday, a, bu insonlar? — Uning surma tortilgan kipriklari pirpirab, ko‘zlari g‘ilq yoshga to‘ldi. — Axir, shu ishlari bilan ular o‘zlarini yerga urishadi-ku? Moldan farq qilishmayotganini nahot sezishmasa?! Yo‘q, sezishmaydi.
— Shampanning ko‘pigi uchib ketdi.
— Rahmat.
— Xo‘sh, Tavakkal akaga kelsak…
— Qo‘ying o‘sha kishini… O‘ziyam bir tavakkalchi ekan. — Keyin vinodan sipqorib; yana o‘ylanib qoldi-da, tiniq jilmaydi. — «Unaqasi bitta tug‘iladi» dedimi?
— Xuddi shunday dedi, — qaytardim jonlanib. — Menimcha, u sizning qadringizga endi yetayapti.
— Bilmadim-de… Ha-ha-ha! — Kulgisi to‘xtamasdanoq tag‘in g‘amgin tortib qoldi. — Man ham o‘zimni «bitta…» deb o‘ylardim. — Menga yalt etib bokdi. — Kechiring mani. Ahmoqlik qivomman. Ammo sizga rostini etivomman. Albatta bu — soddalik, jo‘nlik… Vabshe, ko‘pchilik qizlar ham shunaqa deb o‘ylasa kerak. — Keyin yana ko‘zguga qaraydigandek sumkasini ochdi-yu, davom etdi: — Chesni aytaman: man o‘rtoqlarim orasida eng go‘zali edim. Kulmang faqat… Rahmat. Kitobiy tarbiya topdim shekilli, ritsarnamo yigitlarni orzu qilardim. Albatta, bittasini-de! Xa-xa-xa… Ja ochilib ketvomman. Mayli, siz kulmaysiz.
— Mutlaqo! — dedim. — Biroq, Gulsaraxon, sizsiz ham sizni bir ko‘rgan kishi xolis bahoyingizni beradi. Ont ichaman, hamon juda go‘zalsiz.
— Rahmat. Lekin keyingi vaqtda ozdim, ko‘p perejivaniya qildim. Juda… — Keyin shoshilib, aytmasa — esidan chiqib qoladigan bir holatda davom etdi: — Paliklinikadan ketganimdan so‘ng pulsiz qoldim.
— Boshqa ishga…
— E, o‘lib ketsin o‘sha iplos. Manga buyruq chiqarganida, «tani sog‘ emas, zakritiy tuberkulyozi bor», deb yozgan ekan. Man o‘zimni yo‘qotib qo‘ydim. Yo‘talim bor, eskitgan bor… Balki o‘pkam xastadir. Ammo tuberkulyoz?! Izvenite… Yaponlarning apparatigayam tushib ko‘rdim. Soppa-sog‘man.
— Qachondir shamollagandirsiz-u, asorati qolgan bo‘lishi kerak, — dedim.
— Otayizga rahmat… Lekin u yaramas bir bahona topib, mani yiroqlashtirishi kerak edi. Chunki, ishoning, mani ko‘rsa, qaltirab ketovurardi.
— Ko‘rmayin ham, kuymayin ham depti-da.
— Shu-shu… — Keyin menga bir samimiy tikildi. — O‘shanda, ishdan ketgan kunlarim Tavakkal akani har soatda… kutardim. O‘liy agar, ros etivomman. Tag‘in nimani o‘ylardim deng? O‘sha glavvrachchi urdirmoqchi bo‘lardim.
Ikkimiz ham mazza qilib kuldik. Lekin mening ko‘nglimda shunday bir fikr ham ildiz ota boshladi: «Bu juvonning Tavakkalda ko‘ngli bor…»
Ha-ha, oldingi suhbatdayam bir necha marta: «Qaniydi…» degan so‘zni aytgan edi.

19

Shu payt yonimizdagi eshikdan (shu eshikdan ham restoranga yo‘l bor) har doimgiday xipcha, bashan kiyingan, qo‘ng‘irsoch Husanjon qo‘lida bir dona nozik chinnigul bilan chiqib kela boshladi. Men o‘rnimdan turdim: aytishim lozimki, bu — zal boshlig‘i boshqa mijozlari bilan qanchalik yaqin bo‘lmasin, menga bir do‘sti kabi qarar (bir suhbatda mening undan ikki kun oldin tug‘ilganim ma’lum bo‘lgan, shundan keyin men unga «Akangizman, aka deb chaqiring», deya hazillashardim ham), bir ko‘rgan odamining nima kasb bilan shug‘ullanishiyu «soqqasi» ko‘p-ozligini ham bexato aytib berar, aksari o‘ris ofitsiantlarga bosh ekani, ovrupocha muomalani o‘rniga qo‘yishi ham menga yoqar edi.
— Assalom alaykum! — U gulni xonimga berdi.
Salom ham ko‘proq Gulsaraga qaratilgan edi. Biz o‘zaro «o‘pishdik», ya’ni, chakkamizni chakkamizga tegizib oldik. Keyin men uni bo‘sh kursiga taklif etdim. U o‘tirmayoq qo‘shni stoldan taqsimcha olib, shokoladlar qoldig‘ini joylab qo‘ydi. Keyin sho‘xgina jilmayib, fotiha o‘qidi-da:
— Nega bu yerda yashirinib o‘tiribsizlar? — dedi. Men bu savolni «hazil» deb o‘ylagan bo‘lsam ham:
— Kimdan? Sizdanmi? — dedim. Shunga Gulsara ham kaminani qo‘llab tushdi.
— Biz oshini ko‘chada ichadigonlardanmiz, o‘rtoq zavzal!… Xo‘sh, boyvachcha kliyentingiz keldimi yaqinda?
Men bularning, harqalay, tanishganlarini, o‘rtalarida Tavakkal haqida gap bo‘lganini ham tusmolladim. Va miyamning qandaydir orqa tomonidan bir o‘y o‘tdi: «Gulsara kim-kimlar bilan restoranga kirgan bo‘lishi mumkin?»
— Kliyentim, — deya qizg‘in tabassum qildi Husan, — mana, ikki minut oldin shu yerda edi.
— A? — Men o‘rnimdan turib ketayozdim. — Hozir qayerda? Shu yerda bo‘lsa, topish kerak!
— Nazarimda, ketdi-yov, — dedi Husan tepaga, ikkinchi qavatda joylashgan restoranning derazalariga qarab. Bitta hamrohiyam bor edi. Rashyot qildi-yu, xolga chiqdi. Sal oqsabroq ko‘rindilar… Nima, kelganidan bexabarmidinglar ?
— Do‘stim, uni topish kerak, — dedim. — Menga suv bilan havodek zarur.
— Ha, bir ko‘rsak, yomon bo‘lmasdi, — dedi Gulsara ham hayajonini bosib. — Sho‘tda tunadimi kecha? Qachon keluvdi o‘zi?…
Men uning o‘zini tutolmay qolayotganini sezdim: shuncha savolni qatorlashtirib tashladi.
— Soat o‘n bir yarimdan buyon o‘tirishuvdi, — dedi Husan o‘rnidan turib. — Abeddayam bo‘lishdi… «Tanovar»ni, bilmadim, necha marta chaldirdi…
Husan tez burilib ketdi. Men Gulsaraga qaradim.
U karaxt tortib qolgan, ko‘zlarida zsa yana… yiltiroq shu’lalar paydo bo‘lgan edi.
— Gulsara, menimcha, u sizni sevadi, — dedim. — Kechirasiz, sevib qolgan bo‘lishi kerak.
— Yerunda, — deb yubordi u birdan. — U odam ayol kishiga perchatka deb qaraydi.
— O‘, xato qilyapsiz, — dedim. — To‘g‘ri, uni bu yo‘rug‘da «oppoq» deyish mumkinmas.
— «Oppoq?»
— Kechirasiz, shu so‘z tilimga kelib qoldi… Lekin, u ayol kishini hurmat qila biladiyam.
— Bilamiz, nima maqsadda hurmat qilishlarini… — Gulsara oldimdagi «Rodopi»dan oldi. Men chaqmoq chaqib tutdim. — Tavba, o‘zi «surqash»lar bir-birni himoya qiladi deb eshitardim bir vaqtlar. Uzr, ular guruhiga siz qo‘shilmagandirsiz balki… Ammo siz taraflarda mahalliychilik…
— Gulsara, — dedim keskin. — Chalg‘ib ketyapmiz… U mening singlimni, toyes, jiyanimni himoya qilgan. Him, xotini haqida hurmat bilan gapiradi. Sizni esa… — Keyin jahlim chiqa boshladi. — Xonim, agar u yigit juvonga… zor bo‘lganida, o‘shanda… har qadamda topardi.
— Bunga shubham yo‘q.
— Sizni shundan o‘sha yoqqa — Gruziyaga olib ketishi, qolaversa, o‘sha billur ko‘zli uzukni xarid qili-shi…
— Ey, kechirasiz, siz mani kim deb o‘ylavossiz, — deb qoldi u birdan. — Ko‘nglingizga olmang, iltimos qilaman sizdan, Quvvatjon, o‘lay agar… Xudo tepamdan urib, tarikday sochib yuborsinki, man birov bilan yurmadim hech. Kulib qaragan bo‘lishim mumkin. Hazil-huzul deganday…
— Him, ishonaman.
— Mani o‘sha yoqqa olib boriptimi, demak, arzigan bo‘lsam kerak? — shunday dedi-da, g‘ururiga qo‘shib uyalganini ham yashirish uchun kulib yubordi. — Jichcha quying, azizim… kelgan, ketgan bo‘lsa — yaxshi bo‘pti.
— U sizni sog‘ingan, — dedim. — Bekorga «Tanovar»ni hadeb qo‘ydirmagan.
U menga tikilib qoldi va:
— Da, eto interesno, — dedi.
— Shunaqa.
— Bo‘pti, xafa bo‘lmang.
— Bir-birimizdan hech qachon xafa bo‘lmasligimiz uchun.
— Yashang! Xafa bo‘lishning o‘zi, vabshe, foydasi yo‘q, ekan… O‘zing ezilasan. Dushmanlaring ahvolingni ko‘rib kulishadi. Do‘stlaringni rahmi keladi.

20

Husanjon shoshib kelib, stol chetiga kaftlarini tiragancha:
— Ketiptilar, — dedi. — Xizmat qilgan ofitsiantka taksi zakaz qilgan ekan. Kecha bizda yotmagan, administrator bilan ham gaplashdim.
— Him, o‘tiring… Qayerga ketishganini aytmagan bo‘lsa kerak? Taksi — shaharda qatnaydimi faqat yo mejdugarodniylari ham bormi hozir?
— Hozir farqi yo‘q, okajon, — dedi Husan. — Ommo-lekin bitta qarz gapni aytib qo‘yishim kerak… Xonim, sizni ikki marta so‘radilar. Ilgari kelishlaridayam so‘rovdilar. Man sizni bir bor ko‘rganimmi, siz ham u kishini so‘raganizni aytuvdim. Hu, biron oylar muqaddam…
Gulsara miyig‘ida jilmayib, sekin-sekin bosh irg‘adi. Keyin menga qarab kuldi.
— Bir marta so‘rovdim… Shu ko‘rgim keluvdi-de ablah okayizni.
— Attang-attang, — dedim men. Ammo Gulsara ham uni ko‘rishga, darhaqiqat, umidvor ekaniga shubham qolmadi. Bu esa, mening: «Gulsara ham uni sevib qolgan», deb hukm chiqarishimga asos bo‘ldiki, ularni uch-rashtirishni — do‘stona burchim, deb hisobladim. (Biroq «burch»ning ijrosi yana cho‘zilib ketdi…)
— Men tepaga chiqishim kerak, — dedi Husanjon. — Okamizzi endi qo‘ldan chiqarmayman!
— Omon bo‘ling.
— Ichkarigayam kirib turinglar… Mahalliy kliyentlar ja sanalib qolishdi. Hozir ham turislar o‘tirishipti.
— Bizgayam navbat kelar, — dedim.
— Kelmasayam o‘ksimiymiz, — dedi Gulsara. Kulishdik. Husanjon ketdi. Men fujerlarga yana shampandan quydim. Gulsara chinnigulni avaylab-avaylab hidlar edi, daf’atan kaftida qisib, burniga bosib turdi-turdi-da, stolga tashladi. Keyin birdan sergaklanib:
— Qaldirg‘ochlar qalay? Qaldirg‘ochlariyiz? — deb so‘radi. — Bola ochgandir?
— Allaqachon.
— Kichkina jishdir?
— Temirqanot ham bo‘ldi… — shunday deb, juvonning ul murg‘ak qushchalarga bo‘lgan g‘oyibona mehri menga ta’sir etib ketganini sezdim: nazarimda, u qush haqida emas, odam bolasi haqida so‘rayotgandek edi.
Keyin, ittifoqo: «E, bu ayolning ham farzandi bo‘lganmikan — bormikan? — deb o‘yladim.— Lekin buning qachondir oila qurganiga shubha yo‘q…»
Keyin, shu mavzuda ham jilla ma’lumotga ega bo‘lishni istab, tag‘in qaldirg‘ochlar haqida so‘zlashni ma’qul ko‘rdim: shoyad mavzu oila xususiga ko‘chsa…
— Keyin uchishni o‘rganishdi. Endi… janub mamlakatlariga uchib ketishadi.
— A-a, Gruziyaning ustidan o‘tishadi, — deb xayolchan jilmaydi Gulsara.
— Mening eshitishimcha, Bosfor bo‘g‘ozining ustidan uchib o‘tisharkan. Boshqa qushlar — laylaklar, turnalar ham… — Uning miq etmagani uchun yana davom etdim: — Buni bilgan lochinlar, yirtqich qushlar oldinroq borib, Bosfor osmonlarida uchib yurisharkan-da, bular o‘tishayotganda hujum qilisharkan.
— Voy ablahlar! — Gulsara hushyor tortib ketdi. Keyin mijg‘ovlanib davom etdi: — Baribir o‘shalarning hayoti — hayot. Nimagaki, do‘sti ham, dushmani ham ma’lum. Turmush kechirishlari bir izga tushgan: o‘zgarmaydi.
— Rost aytasiz, — dedim. — Faqat inson hayotida o‘zgarishlar ko‘p bo‘ladi. Bu aqlli maxluqlar bir kunda oila qurib, ikkinchi kuni ajrashib ketishlari ham mumkin.
— Oh, yaxshi gap aytdiyiz, — dedi Gulsara birdan. — Ajralib ketishadi… — Keyin yana chinnigulni olib silkitdi. Puflab gulbarglarini tikkaytirgan bo‘ldi-da, tuyqus so‘rab qoldi: — Man erimdan… Erim deyishga tilim bormaydi… O‘sha — mani olgan shaxsdan qanday qilib chiqib ketganimni aytib beraymi?
— O‘, Gulsaraxon, — dedim. — Shu narsaga qiziqqan bo‘lmasam, har narsa bo‘lay.. Kechirasiz, meni «qo‘rqoq» deyishadi ba’zi adiblar. Dangal gapirmaganim uchun. Him, birov urib ketgandayam indamagan paytlarim bor-da.
— O‘, unaqa bo‘lmang, og‘ajon,— mayingina zaharxanda qildi Gulsara.
— Juda unaqayammasman, egachim. Shu, «andisha» degani meni bosib turadi.
— A-a, shuning uchun..
— Qulog‘im sizda.

21

— Men o‘ris maktabda o‘qirdim, — deb hikoyasini boshladi u. — Oilada tabiiy, o‘zbekcha so‘zlashardim. Tarbiyamda, lekin ovro‘pocha tarbiyaning ta’siri bor.
— Oz-moz.
— Anchagina.
— Xo‘p.
— O‘ninchini bitiradigan yilim dadam turmushga chiqardi. O‘nni bitirsa, biron yoqqa — Moskopgami, Leningradgami ketvoradi, deb o‘yladilar.
— O‘zlari nima ish qilardilar?
— Hozir aytaman… Lekin ketvorishim ham mumkin edi. Moskva konservatoriyasigami, Leningraddagi xoreografiya maktabigami, vobshem, aktrisa bo‘lishim kerak edi-de… U kishi bo‘lsa, raqqosalarning o‘yinlarini, ashulalarini jon deb tomosha qilardilar, eshitardilaru, biroq o‘zlarining oilasidan shunday kipgalar chiqishini sira-sira istamasdilar. Eski o‘zbekcha odatlardan bas degancha bor edi, rahmatlida.
— «Rahmatlida?»…
— Ha, Gdlyanning qama-qamasi vaqtida olamdan o‘tdilar. Infarktdan.
— Joylari jannatda bo‘lsin.
— Him, iloho… Lekin dadam juda qattiqqo‘l edilar. Shunaqa odamning qanaqa bo‘lib bo‘shlik qilganiga akdim yetmaydi… Skaree vsego, vahima opketdi u kishini… Bilasizmi, dadam — sud raisi edilar.
— A-aa.
— Dadam «besh yil» bergan aybdor shaxslarni Gdlyanning shaykasi qayta sud qildirib, «o‘n yil»dan berdira boshladi. Manimcha, dadamni poraxo‘rlikda-yam… — U birdan uh tortib yubordi-da, g‘ijinib ketib: — Nega bu narsalarni aytivomman? — dedi. — Nu i k chyortu hammasi! Man dadamdan rozimasman, vassalom! Ha-ha, azizim, mani kuydirdilar. Xazon qildilar.
— Erga berganlarimi?
— Voobshem-to, da. Sigaretingiz bormi?.. Rahmat, — U shampandan ham bir qultum oldi-yu, soatiga qarab qo‘ydi. — Bitta jugut o‘rtog‘im chaqirgan edi… Nichevo, hali vaqt bor. U kutadi. Ko‘pdan beri uchrashmoqchiydik. — Keyin yayrab kuldi-yu, miskin bir tus olib, ilova qildi: — Ikki xonali kvartiraga almashtirdimu uch xonammi. Balki… Nima uchun, deb o‘ylarsiz? Maning ust-boshimga, o‘zimmi tutishimga qarab, ja boyvuchcha satang, deyish mumkin… Da-da! Lekin man iqtisodiy qiynalganim uchun shu ishni qiluvdim.
— Lekin, bitta kishiga ikki xonayam bemalol yetadi… Kechirasiz, farzandingiz bormi?
— Bor edi hisob, o‘g‘il, — dangaliga aytdi. — O‘tgan oyning boshida Sirdaryoga cho‘ktirvorishipti do‘stlari… — Uning iyagi pir-pir ucha boshladi. — «Toshkanga ketaman, opammi topaman», der ekan… Xayriyat, uni tetapoyaligida ko‘rganim. Da, o‘sha qiyofasida qoldi. Bu yog‘iga…
— Pepsi opkelaymi?
— Shuyam bo‘ladi.. Yo‘q, man yig‘lamiyman. Bo‘lar ish bo‘ldi. Yomon bolalarga qo‘shilgan ekan… Bu gaplarning hammasini manga singlim aytib berdi. Erim… oting o‘chkur nokas, hatto xabar qilmadi manga.. Bilasizmi, uning ham nimasidir dadamga o‘xshar edi. Qarang, bir-birini topishganini.
— U kishi nima ish…
— Prokuror edi. — U entikib-entikib, shampandan sipqordi. O‘zini bosib oldi-da, istehzoli jilmaydi. — O, ular o‘zlarini qandoq tutishar edi! Silnee mira vsego… Sho‘rlik aristokratlar… Butun harakatlari Ovro‘poga taqlid edi! Ammo o‘zlari — ichlarida g‘irt johil, konservativ o‘zbeklar edi.
— Eringiz sizdan kattaroqmidi?
— O, o‘n besh yosh katta edi! Qatdan bildiyiz?.. A-a, ularning o‘tirib-turishini aytdim-a… Ha, o‘sha o‘tirishlarda manam xizmat qilardim. Muzika qo‘yardim. Ba’zan o‘ynab berardim. Ashula aytgan paytlarim ham bo‘lgan. — Ko‘zidan tizilib yosh chiqib ketdi. — Vey, mani qanaqa ardoqlashardi. Hammasi kaftida ko‘ta-rardi, desam ishonovuring, do‘stim.
— Ishonaman.
— Man, man… prosto uchib yurardim. Yerdamas edim. Xohlaganimni kiyardim, yerdim. Tagimda — moshina. Shofyor aytganimmi qilardi. To‘g‘ri, mani olib yurishdan zavkdanardi u kishim. — Gulsara zavq bilan kulib qo‘ydi. — Notavon ko‘ngilga qo‘gir jomashov… A,mayli! Man parvo qilmasdim. Ko‘pincha maktabgayam moshinada borardim. To‘garak mashg‘ulotlari kech tugaydigan bo‘lsa, moshina mani kutib turardi. Dadam yeru ko‘kka ishonmasdi mani.
— Tushunaman.
— Ana o‘sha kezlarda — ziyofatlarda bo‘lajak kuyovto‘rayam o‘tirardilar ishshay-eeb. Dadamning shogirdi edi o‘zi… Kechirasiz, ja cho‘zvormadimmi?
— Yo‘q-yo‘q.

22

— Shunday qilib, mani o‘sha maxluqqa berishdi. — Gulsara o‘sha «maxluq» ro‘parasida turiptiyu undan yuz o‘girgandek — ko‘cha tarafga qarab davom etdi: — U yaramas mani, o‘h-h, domkulturaga borishimmiyam ta’qiqlab qo‘ydi. Bilaman, u mani yaxshi ko‘rardi. Lekin insonlarga ishonmasdi. Dadamdan farqi shuki, u hamon tirik, dadam esa nomusdan… Oh! — u shoshilib, «Rodopi»dan yangisini oldi, men tag‘in chaqmoq yondirib tutdim: uning chalg‘ishini aslo-aslo istamas edim. Xayriyat, bir-ikki bor tutun tortgach, yana davom etdi: — Man: «Dadamga etaman, meni qafasga soldingiz», deb gapirovurganimdan keyin yaqinimizdagi medtexnikumga qo‘ydi. Harholda, yaxshi o‘qidim. Bitirgandan keyin esa, u isqirt mani ishlashga qo‘ymasa bo‘ladimi…
— A-a, Sho‘ro davridagi tashbeh bilan aytsak, «feodal» ekan, — dedim.
— Sto protsent! — ta’kidladi Gulsara. Va horg‘in tortib, allaqanday cho‘kib qoldi. — «Yo‘q, man siz bilan yasholmayman», dedim bir kuni… Aniq esimda bor: uyda yolg‘iz o‘zim zerikib, magnitafonda muzika qo‘yib, xirgoyi qilayotgan edim, kelib qoldi. «Ha, qo‘msayapsizmi?» dedi. «Ha, — dedim. — Qo‘msavomman! — dedim. — Chidasangiz, shu!» Shunda nima deydi deng… «Qo‘chqordek o‘g‘il tug‘ib bergan xotinlarga o‘xshab gapirasan-a?» Manikiyam tutib ketdi: «Siz, tug‘dirolmasayiz, man nima qilay?» dedim.
— Tushunolmay qoldim? — dedim. — Boya «o‘g‘lim bor edim», deganday bo‘luvdingiz.
— Ha, bor edi, — dedi u keskin. — Okasining o‘g‘li edi. Okasi serfarzand, lekin kambag‘al yashardi… O‘shaning kenjasini oluvdik. — Keyin birdan eri hamon qarshisida turipti-yu, men tergovchi kabi — menga jahl bilan uqtira ketdi: — U odam ilgariyam uylangan ekan. Ammo farzand ko‘rishmagan. Orada gap qochib, xotini ketvorgan ekan. O‘sha bechorani aybdor qilib… O‘, prokuror deganiyiz istasa har qanaqa fitna, ig‘vo o‘ylab topib, bo‘yniyizga qo‘yishi hech gapmas. Menga ishonavuring.
— Ishonaman.
U sigaretni so‘rib, o‘ylandi. Shunda, meni O‘zi kechirsin, Gulsaraning qandaydir darajada qariyotganini sezdim. Eshitganim bor: tug‘mas ayollar tez qartayadi, deb. Shundanmi yoki iztiroblardanmi… Bunday desam, bundan besh-olti oy burun yashnab ochilib turgan gulday juvon edi…
Keyin esladim: uning restoranga kirib turishi, afti-yu ust-boshining o‘zgargani, umuman, xulqidagi o‘zgarishlaru ozib, qovoqlarining osilib ketishi — bular bari meni aytishga noqulay bir xayolga olib bordi.
— Lekin u bolakayga mehrim tupshb qoluvdi, — dedi ohista ovozda. — Uyam mani «opa» der, manga ergashib yurardi. Ehtimol, ehtimol, shuning uchun man bir-ikki yil yashab qoldim u yerda… Him, nima deyatuvdim?
— Shu-shu… Faqat eringizga haligiday «ayb sanda» ma’nosida gap qilgan edingiz.
— Ha. — Gulsaraning chehrasi bir zumda ochilib ketdi. — Ja chiyillavordi-de… — Keyin o‘zicha xo‘p kuldi, boshini saraklatdi. Keyin birdan xo‘rsindi. «Ketasanmi?» dedi. «Albatta, — dedim. — Hozir ketishim mumkin!» Yaramas… Kuldi u. «Ahding shunchalik
ekan, nega ketmayapsan?» dedi. «Birinchi xotiningizning kuni boshimga tushishi mumkin, deb qo‘rqaman», dedim. — E, etdim-ku, fitnaning uyasi bo‘larkan bunaqa shaxslar… Kechirasiz, dadam bunaqamas edi.
— Bildim.
— U sho‘rlik ayol Jizzaxdanakan. Chegarada uni savdogar deb o‘ylashganmi, boshqalar qatorida sumkalarini tintishgan. Bitta sumkasidan yuz dollar chiqqan… Ha-ha. So‘rashsa, ayol «bilmayman» degan. Keyin janoblariga qo‘ng‘iroq qilishadi. Bu kishim: «Man yuz dollarimni yo‘qotuvdim», deb javob beradilar. Ayol boyaqish hibsga olinadi. Uf, keyin ablahning o‘zi uni go‘yoki avf etib, ozod qilib yuboradi. Shu tariqa ularning ajralishi qonuniy bo‘ladi. Er — oppoq, xotin — qop-qora.
— Tavba.
— Nazarimda, xotinga aytgan u: «Bola ko‘rmaganimizni ovoza qilib yurma», degan.
— A-aa.

23

U, peshonasi xunuk tirishib, ammo yayrab kuldi.
— Kaminai kamtarin ham janoblarining nozik joyiga tekkan ekanman. Buning ustiga, xotinini eslatdim… Ja bo‘lganicha bo‘ldi. Vey, bilasizmi, mana shunaqa befarzand erkaklar, ayniqsa, o‘z xotinlariga ishonmas ekan. Eta pravda!.. Da-da… — Bu gapni jiddiy aytdi-yu, keyin yana yumshadi. Va meni xuddi sirdosh bir dugonasi kabi bilgandek (endi) shivirlab davom etdi: — Kelishaylik, — dedi manga. Xarakterimiz to‘g‘ri kelmadi, vassalom». Man rozi edim, o‘liy agar. Uning peshonasidan o‘pib olishimga sal qoluvdi. Ammo miyam ishlab ketdi shu payt. Ha. «Uyimizga borganda shu gapni etsam, ular ishonishadimi?» dedim. Keyin yana aytdim: «Siz aytgan sababni aytsam, singlim ham mani yomon qabul qiladi. Tushunvossizmi?.. O‘ziyiz bilasiz, dadamning qazosidan keyin hovlimizzi tortib olishdi. Singlimlar zo‘rg‘a uch xonali kvartirada turishadi. Xo‘sh, bu yog‘iga nima deysiz?»
— Nima dedi?
Gulsara boshini chayqab, o‘z-o‘zidan zavqlanib kuldi.
— Vey, makkorlik har qanday odamning qo‘lidan kelarkan. Man o‘zimmi… Net! Kim biladi deysiz, uni tushirmoqchi bo‘ldimmi yoki yengganimmi?…
— Lekin shartingizda logika bor, — dedim men. — Aks holda bir necha yil birga yashagandan keyin topilgan mol-mulkning… him, baribir farzandlaring bor ekan.
— Azizim, man uning davlatiga tupuraman! — dedi Gulsara birdan. — Man hozir kambag‘alman… Juda! Qim, qanaqa qilib kun kechirayottanimmi yolg‘iz o‘zim bilaman, Alloh biladi. Tavba qildim. Allaqachon do‘zax-da joyim tayyor bo‘lgan. — U gangib, shampandan tag‘in ho‘pladi. Men ham ichib, so‘radim:
— Keyin?
— Mana shu, — qo‘li bilan orqa tomonni ko‘rsatdi, — uch xonali kvartirasini berdi. O‘ynashlari bilan mayishat qilarkan… Nu, ya tak dumayu.
— Hmm, shunday qilib…
— Qo‘zichoqni yedi o‘rmonda, — deb qahqaha otdi. Tavba, uning ovozida ham ko‘p ichuvchi ayollarga xos
xirillash bor ekan — shunda sezdim.
U esa qattiq kulganidan andak xijolat bo‘lib, birdan soatiga qaradi-yu, qoshlari chimirilib ketdi.
— Sizni ushlab qoldim, — dedim.
U men ilgari sira sezmagan betakalluf ohangda:
— Ha, — dedi. — Bir oz kechikdim… — Keyin g‘ijimlangan gulni oldi-yu, yana kuldi. — O‘zim ham shu gulga o‘xshab qolganman… Xo‘p deng, azizim.
— Yo‘q, — dedim. — Kechirasiz, Tavakkal aka bilan uchrashib qolsam yoki qo‘ng‘iroq qilsa, nima deyin?
Gulsara xuddi to‘kilib kettanday mung‘ayib qoldi. Keyin boshini asta qimirlatdi.
— Bilmayman, yo‘q. — Keyin g‘amgin kulimsiradi, — shu payt hozir bo‘lgandamidi… — So‘ngra sovuqqon bir tarzda qo‘shimcha qildi: — U mani unutdi hisob… Da-da, o‘tirishimizzi, «Tanovar»ni unutmaydi, albatta. Tiblisni ham. Ammo u ayolsiz turadigan, yashaydigan yigit emas.
— Endi…
— Xayr, azizim.
— Xo‘p.
U chinnigulni yana bir-ikki bor hidladi-da, ustun tomonga otib yubordi.
Keyin ketma-ket maydonga chiqdik. U metro tomonga, men radio qo‘mitasi tomonga ketdim.
Ochig‘i, mening kayfiyatim yaxshimas edi. Ko‘nglimda allaqanday — aytib bo‘lmaydigan gumonlar.

24

Ko‘ngil sezadi, deganlari rost ekan (Men «ekan-pekan» kabi kashfdan darak beruvchi so‘zlarni ancha qo‘lladim. Ammo ularning — «endi» ekaniga ko‘p marta amin bo‘lganman).
O‘sha kaldirg‘ochlarning, to‘g‘rirog‘i, makiyon qushchaning «rashki» — erini — «nimalar»dandir qizg‘anishi oqibatida olgan sabog‘im tufayli xotinimning ayrim hollarda tagdor gaplar qilib qolishini — tabiiy deb hisoblaganim uchun uyga ham tez-tez tushib chiqadigan bo‘lib qolgan edim.
Qish. Toshkent qishining achchiq sovuqlardan keyin kelguvchi ilimiliq kunlaridan biri edi. Bahor nafasi esar, istirohat bog‘imizdagi bir necha tup bodom daf’atan gulga kirgan, tabiiyki, ularning vaqtli gullashi bizni achintirar, ayni chog‘da ko‘zlarni quvontirar edi.
Restoran joylashgan tepalik bag‘ridagi bir necha tup do‘lanasimon daraxtlar xam oppoq bo‘lib gullab qolganini ko‘rdim-u, kayfiyatim yana-da ko‘tarilib ketdi. Kechasi — soat to‘qqizlar edi, chamamda. Men metro bekatidan chiqib, kurant tomonga borayotuvdim, u yerdan avtobusga chiqib, Yunusobodga ketmoqchiman.
O‘sha dahada qurilgan yozuvchilar uyidan menga ham berishgan, bola-chaqam o‘sha yerda turishadi.
Xullas, metrodan chiqib, ko‘lmak suvlar yaltirab turgan kenggina xiyobondan tez-tez yurib borarkanman, anavi mehmon daraxtlarning gullariga ko‘zim tushib, haligiday quvonar edim. Va ixtiyorimdan tashqari holda — chap tarafimda qolib ketayotgan restoranning bo‘g‘iq saslarini ham eshitib, savqi tabiiy bir tarzda — aroq, sigaret va yana qandaydir hidlarga to‘la, nimasi bilandir jodugarning kulbasidek o‘ziga tortadigan o‘sha joy bilan bog‘liq xotiralar miyamning allaqayeridan zuv-zuv o‘tishar, ular orasida, ayonki, Tavakkal bilan Gulsara xonim dasturxonida o‘tirganim va ular ila bog‘liq xotiralar-da g‘ira-shira yuz ko‘rsatib o‘tardi.
Yozuvchilikning bir yomon jihati shundaki, har dam, soniya miyangu qalbingni band etgan asarni yozib tugatgach, sal vaqt o‘tmay uni izsiz unutasan: boshqa — yangi voqealar seni band etib, hushingni oladi.
Shundoqki, Gulsara bilan so‘nggi uchrashuvimizdan keyin u bilan Tavakkal akaning munosabatlariga nuqta qo‘yilgandek bo‘p qolgan edi: illo, men ularning na birini ko‘rgan, na biri bilan telefonda gaplashgan edim.
Yurtga borish esa mushkul bo‘lib ketgan, borar bo‘lsam ham Qarshiga tushishning iloji (ma’nisiyam) yo‘q edi.
Qisqasi, ularning aloqalariyu o‘zimning ishtirokim qachondir yozilgan asardek bo‘lib qolgan edi.
To‘g‘ri, ba’zi-ba’zida biron sabab bilan eslab qolsam, barcha voqea va uchrashuvlar lop etib ko‘z oldimga kelar, xuddiki o‘sha voqealar hozir davom etayotgan kabi tuyular edi.
Izohlarni to‘xtatdim.
… O‘sha xiyobon biron ellik qadamlardan keyin chapga burilib, restoran ustidagi bahaybat mehmonxonaga olib chiqadigan zinalar pastidan o‘tadi. O‘ng tomon — yengil moshinalar bekati, u yerda ko‘pincha xorijiy tamg‘ali avtolar ko‘p, ularning birlari — ajnabiy mehmonlarga qarashli bo‘lsa, birlari — o‘zimizdan chiqqan yosh puldorlarga tegishli.
Ana o‘sha zinapoyalaru bekat orasidan o‘tayotgandim, zinapoya chetida qo‘r to‘kib turishgan qizlar kulgisi eshitildi. Men jilla e’tibor bermadim. Chunki bu qizlarning aksari — yengiloyoq, ochig‘i, fohishalar ekanini Husanboy aytmasidan burun ham bilardim. Bi-roq shunda birov yo‘talib qoldi-ku!
Yalt etib qaradim: yo‘tal menga yuyat tanish edi. Qarasam, «soyavon»li shapka deymizmi, shlyapa deymizmi, ishqilib, urfga kira boshlagan antiqa bosh kiyimli, egnida yaltiroq charm plashi bor bir juvon chetga burilib, engashib yo‘talyapti. Tumshug‘i uzun bir juvon uning tirsagidan tutib turipti.
— Gul, Gulsara, — degani qulog‘imga kirdi-yu, qotib qoldim. Ko‘rinib turibdiki, yo‘tal tutgani — Gulsara, yonidagisi (talaffuzidan ma’lum) — uning dugonasi edi. Mening to‘xtab qarab turganimni ko‘rgan dugona Gulsaraga nimadir deb shivirladi. U boshini keskin ko‘tarib, menga qaradi-yu, tikilib qoldi.
Ont ichaman-a: ko‘zlarimiz bir-biriga to‘qnashdi. Ammo men qotib turardim. U esa o‘rmon kiyigidek mag‘rur boqarkan, birdan mehmonxona tomonga burildi.
Men asta jildim, Gulsara esa o‘rtog‘i bilan qo‘ltiqlashgancha zinadan ko‘tarilib ketdi.
Mening gumonlarim haq ekan. Ammo endiyam uni tilda ochiq aytolmayman.

25

Bahor ham yetib keldi. Ammo qaldirg‘ochlar kelishiga hali vaqt bor (20 martdan keyin kelishadi), shunga qaramay derazani ko‘pda bekitmayman. Gulga kirib qolgan olmazor bog‘dan qochoq bulbullarning sayrashi tonggi soat to‘rtda boshlanishi bilan uzzu kun tinmaydi. Tez-tez yomg‘ir yog‘adi, ba’zan tunlari yaxshi-gina sovuq bo‘ladi. Ko‘pincha ko‘kda bulutlar suzib yurishsa-da, quyosh ko‘rinib turadi: ish stolida bitadiganlarning ayni mavsumi.
Kechasi soat birmidi-ikkimidi eshigim taqillab qoldi. Navbatchi yigit ekan.
— Telefonga so‘rashyapti. Qarshidan, — dedi. Shoshilib quyi qavatga tushdim.
— Quvvatjo-on?
— Men. Bormisiz, Tavakkal aka?
— E, «aka» bo‘lmay ketay men, — dedi u. Kayfi yo‘q edi. — Oxiri ish olib ketadi bizni… Oyoq singan edi. Marmar qattiq bo‘ladi, deb jiyagidan borayotsam, ko‘chib ketdi.
— Shuning uchun qo‘ng‘iroq ham qilolmadingizmi? — dedim gina qilib. — Lekin Toshkentga kelib ketishga yarapti shu oyog‘ingiz… Husanboydan eshitdim. Oqsab kelib oqsab ketdilar, dedi… Bungayam ikki oydan oshdi.
— Quvvatjon, ishga berilib ketib, vaqtida borolmab edim do‘xtirga. Singan joyni ulagan simlari suyakka qo‘shilib ketgan ekan. Aperatsiya qilishdi…
— Ha, omon bo‘ling, aka.
— Xayriyat, oqsamayapman… Qaynardagi sanatoriyda yotib edim. Ammo ikki-uch marta telefon qildim. Sizni — «uyiga ketishgan» deyishdi. Yaxshi bo‘pti-da, uy, bolalar — birinchi o‘rinda turadi… Xo‘sh, xonim tirikmi? — jiddiy gapdan keyin bu savolga shunday tez o‘tdiki, asli so‘ramoqchi bo‘lgani shu ekaniga shubha yo‘q edi.
Ayni chog‘da uning «tirikmi?» degan savolini qo‘pol yoki nopisandlik belgisi, deb ham bo‘lmasdi: janubning gapirishi kaminaga ma’lum: ko‘pincha eng yaxshi fikrlarni yomon libosga solib ham aytishadi. Masalan, Navoiy hazratlari ham ishlatgan «yomonim» — u yoqlarda hamon amaldaki, «yomonam yaxshi ekan» degan kalima ham bor.
Biroq men ularning munosabatlariga nuqta qo‘yga-nim uchunmi, Tavakkal akadan ginam borligidanmi:
— Tirik bo‘lsalar kerak, — dedim.
— E, nahotki ko‘rmadingiz? Bir shaharda yashab… Da-da, tushunaman, — dedi keyin. — Lekin men bir borganimda uning adresini topaman, deb ko‘p urundim, uka. Ishlab ketgan joyidagilarni terror qilishimga oz qoldi.
— Tavakkal aka, siz uni ko‘rishni istaysiz-a?
— E, «mi»sini optashlang — Axir, men… nima desam ekan, qo‘ying, u yog‘ini aytmayin…
— Bo‘lmasam, Toshkentga kelganingizda o‘sha restoranga kiring-u, zavzal yigit Husandan so‘rang. U aytib beradi uning…
— Nima-nima? Restoranga ishga kirganmi? Men andak mulohaza qilib:
— Shunga o‘xshaydi, — dedim.
Dedim-u, ko‘nglim g‘alati bo‘lib ketdi; shunday qiz, shunchalik qobiliyati bor juvon, shunday pokiza, brilliant uzuk… Uf! U buyuk fojiaga yo‘liqqan ediki, bunga Tavakkal aka bilan munosabatlarining ham ta’siri yo‘q, deb bo‘lmasdi: o‘ylab ko‘ring axir, Tavakkaldan sovishi (agar sovigan bo‘lsa!) menga ham teskari qarashiga, tabiiy, boshqa ko‘p jihatlardan ham yuz o‘girishiga turtki bo‘lmaganmi? Turtki bo‘lgani aniq.
— Quvvatjon?
— Qulog‘im sizda.
— Men ertaga yetib boraman!
— Marhamat.
— Sog‘liq joyidami o‘zi?
— Xudoga shukr.
— Ha, bo‘lmasam, ko‘rishguncha, Gulsarani topsam… Topaman albatta, dachaga oboraman.
— Bemalol.
Uni ichimda so‘kib, dastakni joyiga qo‘ydim. Xonaga ko‘tarildim. Ishim yurishmay qoldi: bilsam, ular uchrashuvining nima bilan tugashini hoziroq kutayotgan ekanman.

26

Ertasi kuni qattiq yomg‘ir yog‘di. «Samolyot ucharmikan? Uchar-ov…» deb, yog‘inning tinishini iltijo qilib yurdim. Tasavvur eting, kunduzi ham ishim siljimadi,
Ammo ularning yonma-yon kirib kelishlarini endi tasavvur etolmasdim: axir, Tavakkal akaning «gap ko‘tarmas» yigitligini yaxshi bilaman…
Gulsaraga kelsak, u Tavakkalga muhtoj…
Kech tushdi. Tun yarimdan oshganda, divanga cho‘zilib yotdim. Ammo quloqlarim tashqarida…
Imoratning qo‘sh tabaqali oynaband eshigining gursillab urilayotganidan uyg‘onib ketdim. Derazaga qarasam, tong yorishyapti, bulbullar sayray boshlagan.
«Oshpazlar kelishdi, — deb o‘yladim. Keyin soatga qaradim, endi to‘rtdan oshayotir. — Ular beshdan keyin kelishadi-ku? Kim bo‘ldi bu — shunday paytda nozik odamlar ham yotadigan korpusning eshigini bor kuchi bilan gursillatib urayotgan?!»
Shu payt eshik qars-qurs etib ochildi. Kelgan kishi navbatchi qorovul bilan gaplashdi. Keyin, bir-ikki soniya o‘tmasidan uchinchi qavatga olib chiqadigan pil-lapoyaning shahdam qadamlardan gup-gup etayotgani eshitila boshladi va men bemahalda kelgan betakalluf mehmonning — Tavakkal ekaniga mutlaq ishondim. Ishondim-u, uning bunchalik kech kelishini — «biron xususiy kafeda ichib o‘tirgan-da», deb ta’birlagan bo‘lsam, uning yolg‘izligini ham shu yo‘sinda tushungan bo‘ldim.
Alqissa, «ular urishgan. Tavakkal qandaydir no-jo‘ya ishlar ham qilgan. Keyin alamidan mast bo‘lgan, keyin esiga men tushib, bu yoqqa jo‘nagan», degan fikrga keldim.
Men xonam eshigini qulflamayman, shundoq bo‘lsada, yo‘qlovchi kishi eshikni taqillatadi.
…Qishloqi aka eshikni taraqlatib ochib kirdi. Men o‘rnimdan turib ketgandim. Shiftdagi qandil ham, stol lampa-chirog‘i ham yoniq: yerga igna tushsa, ko‘rinardi.
Tavakkalni, aytish mumkinki, tanib bo‘lmas edi: lablari yorilgan, labining chetlarida qon yuqi bor, yap-yangi charm kurtka ostidagi tivit jemperining yoqasi lang ochiq — bittayam tugmasi yo‘q, yuzida o‘zidan o‘zi kulayotgan kishiga xos shikasta alamzada tabassum javdirab turar edi.
— O‘-u, Quvvatim! — deb xitob qildi: sezDymki, tiliniyam tishlab olgan. — Akangizni tabriklang!
— Keling, Tavakkal aka, — dedim va ne bir xush istak ila so‘radim: — Nima bilan tabriklay?
— O-ozodlik bilan! — dedi u. Keyin, loyga be-langan tuflisini bir-biriga ishqab yechib tashladi-da, xonaga kiriboq meni mahkam quchib oldi. — Azizim, ukam, yurtdoshim… Akangiz rasvo bo‘ldi. Hammasi tugadi, uka.
— Tavakkal aka, o‘tiraylik, — dedim. Uning kayfi bor-u, kishini «qochiradigan» darajadamas edi.
Buning ustiga, butun bir viloyat yigitlariga so‘z bermay yurgan vallamatning bu turqi-tarovati-yu, so‘zlari meni larzaga solib yuborganki, sababini tezroq bilgim kelardi.
— Rahmat. O‘tiramiz, — deb meni darhol qo‘yvordi-da, divanga gurs etib o‘tirdi. — Kechirasiz…
— Shunday gaplar bo‘lmasin, — dedim uzr so‘ramoqchiligini anglab. — Rosti, men sizni kutayotgan edim.
— Meni? Bitta o‘zimni? — U tilla tishlarini ko‘rsatib iljaydi-da, keyin qah-qah otib kuldi. — Qoyilman… Unga — Gulsaraga qoyilman. Meni yana yengdi… Bu safar ma’rakadan chiqarib yubordi. Kurash tushmaydigan qilib yubordi.
— Bir minut sabr qilasiz, — deb, choynakni olib, vannaxonaga chiqdim. Idishni chayib, sovuq suvga to‘ldi-rib kirdim. Choy qaynatgichni solib, u yog‘ini tokka uladim. — Ana endi gaplashamiz… — Unga tikildim-u, aftidagi o‘zgarishlar haqida savol bermay turishni ma’qul ko‘rdim: baribir o‘zi aytadi. — Xo‘sh, bir boshdan eshitamiz-da? Restorandamidingiz? U yana qah-qah otdi. So‘ng:
— Milisadan kelayapman, — dedi boshini ko‘tarmasdan. — Ayb o‘zimda…
— Nima qilib qo‘ydingiz?
U shiftga qarab, oyoqlarini chalishtirib oldi.
— Samolyotdan — oxirgi reysdan tushib, to‘g‘ri restoranga bordim. Husan bugun ishlamas ekan. Ya’ni, kecha, ha, kecha… Uning adresini olib, uyiga bordim. Yaxshi yigit, dilbar inson… Menga ochig‘ini aytmadi-yu, gapni aylantirdi: «Sevasizmi? Uylanasizmi?» Yana ko‘p gaplar… — Tavakkal ko‘zlarini yirib ochib, menga tikildi. — «Ha — dedim. — Uylanaman, do‘stim. Gap tamom…» Men uni deb… U mening mana bu yerimdan juda-a chuqur joy olib qolgan. Men unga… men uni oddiy marja… Kechirasiz! Xullas, Gulsarani uzoqdan ko‘rsatishga va’da berdi. Jonimni hovuchlab yo‘lga tushdim. Yo‘lga tushdik… «Nima gap o‘zi? Nima bo‘lgan?» deyman. Gapirmaydi. Xo‘p, restoranga yetib bordik. — U bilagidagi oltin soatiga qarab oldi. — Xayriyat, shuni olishmadi milisalar… Borganimizda, soat o‘n yarimlar bor edi. Men u restoranda ming marta bo‘lganman.
— Bilaman.
— E-e, superlyukslarida yotganman, jononlar bilan… O‘shalarning aylanib turadigan joylarini ham bilaman. Uch-to‘rttasining telefon nomeriyam bor edi. Bir yil burungi gaplar bu… Xullas, Husan jo‘rangiz meni restoranning ichidan o‘tkazib, zavzal o‘tiradigan stolga olib bordi-da, apisankalar bilan gaplashdi. Keyin yo‘lakka chiqdi. Liftga bordik. Shu yerda Husan qoldi. Men uni tushundim. O‘ziyam aytdi: ular restorandagi intim sirlarni hech qachon hech kimga aytishmaydi.
— Men ham shu gapni eshitganman, — dedim. — Lekin Husan baribir odamgarchilik qipti.
— O‘-o‘, albatta!
— Keyin?
— Oltinchi qavatga chiqsam, dejurni o‘tiripti. Boshqa zot yo‘q. Bir amallab Gulsarani izlayotganimni aytdim. «Maya rodstvennitsa», dedim. Oxiri, g‘aladonini shartta tortim-da, ikki yuz so‘m tashladim. «Sestrichka, skaji…»

27

Mening nazarimda, Tavakkal aka Gulsaraning «ahvolini» eshitishi zamon iziga qaytishi, ya’ni Husanning to‘mtoq gaplaridanoq voqeani anglab, unga qo‘l siltashi lozim edi.
Shuning uchunmi:
— Xo‘sh, uni topib nima qilmoqchiydingiz? — deb gapini bo‘ldim.
Tavakkal bir muddat angrayib qoldi.
— Xudo ursin, bilmayman, — dedi keyin. Keyin esa peshonasiga qars etkazib urdi.
— Keyin nima bo‘ldi?
— Keyin, — u endi qontalashgan ko‘zlarini palosdan uzmay gapira boshladi: — Keyin o‘sha apisanka… e, dejurni ular o‘tirishgan xonani ko‘rsatdi-da, tuya ko‘rdingmi — yo‘q, deganday qildi. «Gap bitta!» deb, bordim… — U o‘tirgan yerida baxshiga o‘xshab bir-ikki chayqaldi. — Voy-voy, boryapman-u, butun borlig‘im titraydi. Hech, hech qachon bunday bo‘lmagan…
— Demak, u bilan o‘tirgan kishini urmoqchisiz?
— Kim biladi! — deb do‘q qilganday bo‘ldi. — O‘zim o‘zimni tushunmay qoddim… Yo‘q, uning kavalerini urish niyatim yo‘q edi. O‘zi rozi bo‘ptimi — tamom. Ammo, qiziq, o‘zini ko‘rmoqchiman-da! Ha-ha… Bir ko‘rsam deyman…
— Qiziq.
— Shunday qilib, eshikni shartta ochdim! — U xo‘rsinib, timirskilanib, nimanidir izladi. Men «Rodopi» pachkasini uzatdim. Mamnun bo‘lib, birini tutatdi. Bir-ikki dud olgach, ancha hovridan tushib, davom etdi: — Eshikdan… dejurnilarga ishonganlari uchunmi, eshikni ichkaridan qulflashmagan ekan. Men, men… haligiday manzarani ko‘raman, deb o‘ylab edim, shekilli. Yo‘q, ikkovi stolchaning ikki yog‘ida o‘tirishgan ekan, endi konyakli rumkani ko‘tarib turishgan ekan. Meni ko‘rib qarab qolishdi.
Tavakkal hikoya qilarkan, meni hayajon tutgan, ishonishingizni so‘raymanki, yozuvchi bo‘lib bunday nozik, hatto xavfli manzarani tasvirlamagan edim.
— Keyin? — dedim.
— Bilasiz, bir jonon bilan ketayotganingizda, boshqa bir jonon ro‘parangizdan chiqib qolsa, u albatta sizga qaraydi. To‘g‘rimi?.. Buning aksi bo‘ldi: men yigitga qaradim. Bir nozik, galstuk taqqan, sochlarini o‘xshatib taragan, umuman, intiligent yigit edi. Bilasizmi, mundaylarga qo‘l ko‘targing ham kelmaydi. Lekin, umuman, birov bilan janjal qilish niyatim yo‘q edi… Qolaversa, Gulsaraning bu ko‘chaga kirganini Husan bilan gurungdanoq payqab edim. Ha… Lekin shunday qizning, shunday mag‘rur, hatto meni nazariga ilmagan juvonning…
— Men tushunaman, — dedim.
— Yo‘q, siz ham tushunmaysiz, — dedi Tavakkal. Keyin o‘ylanib so‘radi: — Qanaqasiga tushunasiz?
— Harqalay, o‘tmishini aytib bergan… Sizga-chi? Gagrada bo‘ldinglar…
— E-e, o‘tmishini so‘rash… O‘tmishi menga bir kapeyka edi. O‘zi yoqib qolgandi, xolos…
— Attang.
— Arog‘ingiz yo‘qmi?
— Qatdadir bo‘lsa kerak… Shishaning tagida… Ha, anavi «Morozka»ning ichida. Hozir… Mana, mana, pechene ham bor ekan. Oling. Omon bo‘ling.
— Rahmat, uka. O‘zim opkelmoqchi edim. Milisalar bor pulimni qoqib olishdi. Taksiga zo‘rg‘a yetdi… Nichavo, ertaga topamiz… E, tong otib ketipti!
— Ha..
— Him… Shunday qilib, erkakdan keyin Gulsaraga qaradim. Qaradim-u, yiqilib tushishimga oz qoldi. Boshim aylanadi deng… Men uni yaxshi ko‘rarkanman, uka… Yo‘q, yaxshi ko‘rib qolgan ekanman. Keyinchalik…
— To‘g‘ri aytasiz. Uyam sizni keyinchalik yaxshi ko‘rib qolgandek edi.
— Rosti bilan-a?
— Ha, o‘zi aytuvdi.
— Voh, voh!.. Nega bo‘lmasam… Him, — u bosh irg‘ab qo‘ydi. — Ha-ha, oxirigacha Gulsara bo‘lib qoldi u… Lekin bitta gapi o‘lgunimcha yodimdan chiqmaydi! Aytdiki…
Men bularning ikkovining takdiriga yana qiziqib qolgandim, zeroki, bular munosabatlariga so‘nggi nuqta endi qo‘yilayotgani boisidanmi, Tavakkal akaning Gulsara bilan o‘sha qaltis nozik damdagi gap-so‘zlarini bilib olish maqsadida yana uning gapini bo‘ldim:
— Kechirasiz, Tavakkal aka, eshikdan kirdingiz, xo‘sh, keyin Gulsaraga ko‘zingiz tushdi-yu…
— Ha-ha! — deb baqirib yubordi. — Voy Quvvatjon, qiziq-a? O‘lay agar… Birov shunday bo‘ldim desa, sira ishonmasdim. Chunki, bilasizmi, uka, men «muhabbat, sevgi» deganlariga, — u o‘qlovdek-o‘qlovdek panjalarini yozib ko‘rsatdi, — mana shularning orasidan qarardim. Kitoblargayam ishonmasdim. To‘g‘risi-da… Kechirasiz, sizga tegib ketmasin. Siz ishq-muhabbat haqida…
— Deyarli yozmaganman, — dedim. — Men bilganlarimni yozganman, xolos.
— Balli.
— U-chi, u qanday holatga tushdi? Sezdingizmi sal-pal?
— Ha, vabshe, kallam joyida edi, ko‘rib turibman uni… U, nazarimda, menga tikilib qoldi. Keyin sal-pal kulumsiraganday bo‘ldi-yu, «Sizga kim kerak?» deb so‘radi.
— Shunday dedi?
— Ha. Meni, umuman, tanimaydigan kishidek so‘radi… Vo-oy, o‘yinni biladi desam, aktyor ekan!
— Balki bu aktyorlik emasdir, — dedim menga ham teskari qaragani esimga tushib.
— Axir… — Tavakkal yana boshini egib qoldi-da, butun tanasi bilan irg‘aldi. — Siz haqsiz, uka. Men unga begona edim endi. Qoyil.
— So‘ngra siz nima dedingiz?
U yana qomatini rostlab o‘tirdi.
— Nima der edim. «Sizga bir og‘iz gapim bor edi», dedim. Hatto yigitga qarab, uzr so‘radim. Yo‘q, ruxsat so‘radim. U bechora yelkasini qisdi.
— Keyin?
— Keyin Gulsara… «Men sizni tanimayman», dedi… Quvvatjon, o‘sha paytda orqaga qaytishim kerak ekan. Ablahman-da, inim! Ablahman… Balki shu tariqa undan ayrilishni istamagandirman? Shu-pgu. Uni qoldirib, orqaga burilsam, nima bo‘lardi?.. Nima qilardim? O‘zingiz ayting…
— Xo‘sh, keyin?
— Keyin… — U siyrak, jingalak sochli boshini kaftlari orasiga olib, yana baxshinamo chayqaldi. — «Kel bu yoqqa, men seni opketish uchun keldim», depman… — U boshini yana ilkis ko‘tardi. — Shunday dedim. Shu gapim rost edi! Tepamda Olloh bor, gapim rost edi… O‘zim ham uni bu yerdan olib ketish uchun kelganimni o‘sha paytda bildim…
Men ittifoqo ko‘nglimda bir mamnunlikni tuydim. Xorijiy adabiyotning ayrim mashhur asarlarida, masalan, fohishaga yoki lo‘liga o‘ylangan «shahzodalar» tasviri bor.
Tavakkal «kitoblargayam ishonmayman» degani kabi men ham o‘sha qahramonlar harakatiga ishonmas edim-u, inkor ham etmas edim.
Ro‘paramda o‘tirgan bir chapani o‘zbek yigitning fohishalik ko‘chasiga kirgan bir qizga bo‘lgan munosabatini deymizmi, sevgisinimi, xullas, biz — xom sut emgan yozuvchilar ham inson ruhidagi bu singari o‘zgarishlarni anglashga ojizlik qilamiz, albatta.
Alhol, men Tavakkalni so‘nggi gapini eshitib, qal-bimda ajib bir mamnuniyatni tuydim. Tuydim-u, Gul-saraning nima deb javob bergani meni ohanrabodek tortib:
— U, u nima deb javob qildi sizga? — dedim.
Ajabo, Tavakkalning ham chehrasida bir mayin tabassum yoyilgan ediki, qandaydir hasratli yig‘ining sirtqi ifodasiga o‘xshardi.
— «Endi kechikdingiz», dedi. Ha, haligina «sizni tanimayman», deb turgan xonim endi shu gapni aytdi… Anavi kavaleriga ta’sir qilishiniyam o‘ylamadi.
— Yaxshi.
— Sirayam kech emas, Gulsara, dedim men. Keyin men ham ochig‘iga o‘tganimni bilmay qoldim: axir, sir ochilgan edi. — Men sizni yaxshi ko‘raman, — dedim. Allaqachon yaxshi ko‘rib qolgan ekanman-u, bilmay yurgan ekanman, — dedim. — Ishoning, Gul… Men, men ham ko‘p ayollar bilan yurganman. Xo‘p, siz ham… Nima bo‘pti? Gap bunda emas-ku?
— Xo‘sh? U…
— Yaramas yig‘lab yubordi-de… Vey, ichkariga qanday otilib kirganim esimda yo‘q.

28

Tavakkal o‘rnidan irg‘ib turib, ayvonga ochiladigan eshik oldiga bordi. So‘ng eshikni lang ochib, negadir kurtkasini yechdi-da, divanga otdi.
— He, bu dunyoning onasini… Puf-f. — So‘ng menga keskin qayrildi. — Qarang, uka, gap nimada-yu, men nimani so‘kayapman… Ahmoqlik shu-da.
— Siz xonaga otilib kirdingiz.
U bosh irg‘ab, yana divanga cho‘kdi. Va qolgan gaplar-ni, ya’ni, voqeani qandaydir hissiz bir ohangda tezgina aytib tashladi:
— Uning bilagidan ushlab tortdim. Yigit bir nima deb edi, unga mana bu qo‘limni cho‘zdim. «Og‘zingai yum», dedim shekilli. Gulsara dodlab yubordi. Qarang, Men tek turib qoddim… Shunda ikkita milisa paydo bo‘ldi. O‘zimcha o‘ylaymanki, haligi dejurni xotin chaqirgan. U bilan gaplashganda, vajohatim yomon edi, shekilli. Kim biladi, o‘zidan qo‘rqqanmi…
— Shu gapingiz to‘g‘ri, — dedim. — Sizni opke-tishdimi, Tavakkal aka?
— Ha, albatta… Anavi so‘tak ham bir nima dedi melisalarga. — Lekin Tavakkal menga yana xo‘rsinish ifodasi kabi bir nigoh bilan bokdi, — Gulsaraning gapi gap edi. «Bu odam nomerga bostirib kirdi. Biz tanimaymiz. Aftiga qaranglar, g‘irt mast», dedi. — Tavakkal qah-qah otib kulvordi. — Ichmagan edim. Bir gramm ham… Gulsaraga qarab kuldim. U kresloga o‘tirib, yana yig‘lay boshladi. Bilasizmi, uning bu galgi yig‘isiyam boshqacha edi… Endi oxirgi gapini eshiting. Milisalarning oldida «Bu odamni biz tanimay-
miz», deb turgan juvon yig‘lab turib: «Mani esdan chiqaring, Tavakkal aka. Bo‘lar ish bo‘ldi. Sizzi ko‘chayizga begonaman. Maning yo‘lim bo‘lak endi. Tamom», dedi.
— Siz lol-hayron…
— Ha, milisalar meni itarib-itarib chiqarishdi. Karidorga chiqqanda, bittasining quloq-chekkasiga qo‘yib yuboribman… Banditlik-da. Lekin meni milisa zoti turtmagan edi, qamoqda yotganimdayam… Ha-e…
— Keyin?
— Nima bo‘lardi. Shunisi shaytonlab qoldi, unisi chopib borib, dejurnining telefonidan zvanit qildi… Menga hamma narsa baribir edi. Hey, undai joydagi kresloga borib o‘tirdim. Besh-oltitasi kelib edi, men aytdim: «Tegmanglar, qo‘l tegizsanglar, chatoq bo‘ladi. Xohlagan joylaringga o‘zim boraman», dedim. Ular ham qandaydir ishonishdi. Endi ishonmasayam bir-ikkitasining jag‘-pag‘i sinar edi.
— Keyin milisaxonada urishdi?
Tavakkal bosh irg‘adi.
— Ha..
— Keyin?
— Ekspertiza qilishdi. Tarsaki yemagan milisa — odam ekan. Gulsaraning oxirgi gaplarini aytib edi, tushunishdi… Kattasi tushundi. Lekin formadagi milisani urganim uchun tovon to‘ladim hisob. Bor pulimni berib qutildim…
— Pulsiz chiqqan bo‘lsangiz, nimaga ichdingiz?
— Ha-ya. — Tavakkal horg‘in kulib, tikilib o‘tirdi. — Husanboy yigit ekan. Otdeleniyadan chiqsam, kutib turipti meni. Quchokdashib ketdik.
— Keyin kafega bordinglar?
— Ha, uyiga yaqin joyda bitta xususiy oshxona bor ekan. Meni mehmon qildi. Uni qadrlang, Quvvatjon… Xo‘sh, bor gap mana shular, uka.
U yana irg‘ib, o‘rnidan turdi-da, kurtkasini egniga tashlab, ayvonga chiqdi.
Men ham choponimni yelkamga ilib, uning yoniga borsam, shundoq ro‘paramizda oy, ha, rangi o‘chgan to‘lin oy turibdi.
— Ko‘ryapsizmi? — dedi Tavakkal. Men uni bog‘ni tomosha qilayapti, deb o‘ylagan esam-da:
— Nimani? — dedim.
— Oyni-da, e, yozuvchi, — kinoya qildi Tavakkal. — Bulut to‘sdi.
— Ha-ha. Hozir o‘tib ketadi. Oy yana ko‘rinadi… Kallangizga biron gap keldimi?
— O‘zimni shu qora bulutga o‘xshatdim. Oyni nima desam ekan, keling, muhabbat deb ataylik… Ha-ha-ha! — Keyin g‘amgin tortib qoldi. — Shu o‘tdi-ketdi. Bilmay qoldim… Xuddi umrga o‘xshaydi-ya muhabbat ham. O‘tganini bilmay qolasan… Bo‘pti, endi menga javob berasiz, uka. Shaharga tushib, tanishlardan uch-to‘rt so‘m qarz olayin. Keyin to‘g‘ri Qarshiga!
Men qattiq hayajonga tushib qolgandim: axir, ushbu voqeaga — Tavakkal akaning Gulsara bilan munosabatiga, boringki, boringki, qismatlariga beixtiyor so‘nggi nuqta qo‘yilgan, bunda, ayniqsa, o‘zining «mohiyati» ochilib ketgan edi.
Shuni idrok etdim-u, ishoning, shunaqayam mayin tortib, mamnuniyatga to‘ldimki, undan keyingi gap-so‘zlar qulog‘imga kirmay qo‘ydi.
Lekin Tavakkal akaning so‘zlarini eshitardim, munosabat ham bildirardim.
— … Namgarchilikda og‘riydi.
— Issiq tutish kerak.
— Vannada issiq suv bormi?
— Bir oz oqizsangiz, keladi.
— Quvvatjon, vaqtingiz bo‘lsa, men bilan chiqmaysizmi?
— Sizni kuzatib qo‘yaman.
— Rahmat.

1996

021

(Tashriflar: umumiy 827, bugungi 1)

Izoh qoldiring