Obid Qo’ldosh. Bir she’r va besh hikoya

021Ўша тунда Оймома осмонни тарк этган эди. Шаҳар ғафлат уйқусида. Баҳайбат Махлуқ ахлатхона ёнгинасидаги захкашдан чиқиб келди. Махлуқ шунчалар жирканч эдики, айниқса, ундан қўланса ҳид анқиётганига чидаб бўлмас эди. Кўзларида эса меҳрдан асар ҳам йўқ. Аллақандай очлик жазаваси ёниб турарди.

Обид ҚЎЛДОШ
БИР ШЕЪР ВА БЕШ ҲИКОЯ


МИНОРАИ КАЛОН

Тўнғичим Акобирхўжа хотирасига

Ўғлим кўйлагини ечиб берди минорага
—Дада, — деди мунғайиб,
Совқотибди минора
Ахир унинг либоси йўқ-ку

—Дада, минорамизнинг кийимларини кимлар ечиб олган?
Кимлар унга тош отган?
Улар тирикми ёки минора?

—Дада,
Ким қурган ўзи минорани?

Юрагимни ечиб бердим ўғлимга.

—Дада,
Биз миноралар қурмасак ҳам,
Минораларни асрай оламизми?

—Дада,

Мен дада бўлганимда “Минора” қўйсам бўлар ўғлим исмини?

—Дада,
Нега йиғлайсиз?
Саволларим тугамади-ку, дада.

МАХЛУҚ

Бешикни ёдимга туширди тобут
Аъзам ЎКТАМ

04Ўша тунда Оймома осмонни тарк этган эди. Шаҳар ғафлат уйқусида. Баҳайбат Махлуқ ахлатхона ёнгинасидаги захкашдан чиқиб келди.
Махлуқ шунчалар жирканч эдики, айниқса, ундан қўланса ҳид анқиётганига чидаб бўлмас эди. Кўзларида эса меҳрдан асар ҳам йўқ. Аллақандай очлик жазаваси ёниб турарди.
У биринчи бўлиб қишлоқдан шаҳарга қочиб келган фоҳишани еди. Лекин ҳамма ундан қочар, Махлуққа қарши ҳаракат йўқ эди. Кейин у наша кайфидан Оймомани унутган бир тўда бангиларни паққос туширди.
Одамлар Махлуқдан телбаларча қочишар, аммо, улар шаҳардан чиқиб кетишнинг имкони йўқлигини билишмасди. Қўшни шаҳарларда эса уруш кетаётган эди. Бу хабар уларни шу пайтгача бирор маротаба ҳам қизиқтирмаган.
– Махлуққа қарши биргалашиб курашганда, уни енгган бўлармидик… – деди қўшним менга илтижоли термилиб. Ю Т нинг нигоҳида қўрқув, даҳшат эмас, мен англаб етолмаётган қанақадир хавотир бор эди. — Болаларини ташлаб бўлса-да, ўзга шаҳарларга қочаётганлар биланми?
Шоир ўзининг саволига ўзи жавоб берди. Тўғрироғи, у ўзига-ўзи гапираётган экан.
Бу пайтда шаҳарнинг ярми остин-устун бўлган эди. Қий-чув, йиғи-сиғи, шовқинлар қулоқни қоматга келтирадиган даражага етди. Бироқ ҳеч ким жаноб Махлуққа қурол у ёқда турсин, хода ҳам ўқталмас, у эса кимнингдир тилидан, бошқа бирини кўзларидан ейишни бошлар, паққос тушириб бўлганидан кейин оғзидан бадбўй ҳид тарқатганча кекириб олиб, яна “иш”ини давом эттираверарди.
Махлуқ шаҳар аҳлини деярли еб тугатди. Энди у биз томонга бостириб келаётган эди. Хавотирланиб, қўшнимга боқдим. У нимадандир асабий, лекин ҳали ҳам Махлуқдан заррача қўрқмаётган эди. Менга эса суякларим шиқирлаётгани эшитиларди. У устимизга янада тезлик билан бостириб кела бошлади. Бирдан сонларим ораси қизиганини, кейин ялтироқ шимим ҳўлланганини сездим.
Махлуқ менинг қонсиз юзимга қарата қаҳқаҳа отди. Шунда унинг оғзидаги қолғиндилар юзларимга учиб тушди. Бадбўй ҳиддан кўнглим беҳузур бўлди. Махлуқ Шоирга маҳзунона тикилиб қолди. Мени эса қўшним қўрқинчни умуман туймаётгани ажаблантирарди.
Вайронага айланган шаҳар тинчиб қолган эди. Махлуқ битта-ю битта омон қолган уй олдига борди. Биз ҳам унинг ортидан эргашдик.
Қўрқинчдан деярли қутулган бўлсам-да, оёғимга илашаётган ҳўл, ялтироқ шимим кўнглимни яна беҳузур қила бошлади.
Уйдан аллақандай сеҳрли овоз эшитилаётган эди. Аввалига англолмадим. Шоир менга маъноли термилди. Очиғи унинг “дард”ини тушунолмадим.
Махлуқ дераза қаршисига янада яқинроқ борди. У Онанинг пастқамгина уйидан таралаётган аллани тингларкан, баҳайбат, бесўнақай гавдаси кичрайиб борарди. Шоирга қарадим. Қўшнимнинг маюс кўзларидан шашқатор ёш оқарди.
Махлуқ секин-аста Инсонга айланди. У ёшариб, беғуборлаша бошлади. Она ўз қўшиғини тугатганида, у тахминан уч ёшлардаги болага айланиб қолган эди.
Болакайнинг юзини кўришга юрагим дов бермасди. У секингина биз томонга ўгирилди. Ё Раб! Бунчалар таниш чеҳра! Уни қаердадир кўргандайман.
Шоир қулоғимга пичирлади: − болалигинг.
Рўпарамда ўзим менга илтижоли термилиб турарди.

ҚАЙТИШ

Сув ҳаётнинг ижодкоридир
Гёте

Балиқ сувнинг тубида яшарди. Лекин аҳён-аҳёнда қирғоққа чиқиб, овчиларни кузатарди. Яна қалбини ғам, алам, армон, ёлғизлик азоби ўртай бошласа, секингина сув тубига шўнғиб кетарди…
Шу пайтгача ҳеч ким унинг китлардай сув пуркаганини, акулалар сингари йиртқичлик қилганини кўрган эмас. Бахтга қарши балиқнинг тангачалари ҳам олтин эмас эди. Ўзи ҳам дунёдаги саноқли — сув тубида яшайдиган, узлатнишин балиқлардай мулойим, ўтхўр.
У одамларга ўхшаб маржонларни бойлик деб эмас, санъат асари, тўғрироғи, Яратган эгамнинг ҳар бири такрорланмас асарларидан бири деб ўйларди.
У ўтмишни эслашни унча хуш кўрмайди. Аммо биладиганларнинг айтишича, балиқ бир пайтлар одамлар орасида яшаган.
Авваллари унинг ҳозирги макони бўлмиш Зарафшон дарёси ҳам ҳақиқий дарё бўлган. Ҳайқириб оққан. Орол денгизи ҳам туз эмас, Зарафшонга ўхшаб зар сочган. Шубҳасиз, одамлар олтин деса, дарё-ю денгизларни сипқоришади. Бир-бирларини ҳам аксарият ҳолларда олтин учун ўлдиришади.
Қизиқ томони у дастлаб дарёга келган пайтда балиқлар ҳақидаги тасаввури бутунлай ўзгача эди. Уларни энг покиза жониворлар деб биларди. Зеро одамларнинг кўпчилиги шундай фикрлайди-да. Улар орасида гўштхўрлари ҳам бўлиши балиқнинг етти ухлаб, тушига ҳам кирган эмас. Бизнинг мўмин-қобил, ботини исёнга тўла қаҳрамонимиз ана шундай балиқлар билан мавсумий мажлисларга ҳам қатнаб кўрди. Бироқ кўнгли тўлмади. Қарадики, гўштхўр балиқлар кўлмагида марвариди кўп балиқларга тавозе қиладилар, уларнинг думларидан ўпадилар; унчалик тош босмайдиган балиқларнинг машварати куни йўқ ердан ишлари чиқиб қолади. Бу ҳолат балиқларга ихлоси баланд қаҳрамонимизга одамлар орасида яшаганидан кўра қаттиқ таъсир қилди. Унинг қалбида мунг, алам янада ортди. Айтганча, балиқ кимдандир эшитган эдики, қанчалик кўп илминг бўлса, яшашинг шунчалик қийинлашаркан.
Хуллас дўстимиз қалбини чанг, ғуборлардан асраш учун дарёнинг туб-тубларига саёҳат қилди. У қанчалик сув тубига шўнғир экан, ҳайрати шунча ошди. Сув юзидаги кўпик билан сув тубидаги маржонларнинг фарқини теран англай бошлади. У ҳис қилдики, бу об-ҳаёт балиққа ўтган умри давомида ҳам ҳамроҳ бўлган. Лекин дўстимиз буни қалби нурга тўлгачгина ҳис қилди.
Мени иш юзасидан дарёнинг нариги чеккасига юборишди. У ердаги одамлар ҳам дарёнинг бу чеккасидагидек, фақат бошқа тилда гаплашар эканлар, холос. Қолаверса, бу пайтга келиб, “чегара” сўзи кашф қилинибди. Ортимга қайтай десам, катта симтўсиқ. Энди ортга қайтишим учун ҳам қайсидир одамга пулқоғоз беришим керак экан.
Булар-ку ўз йўлига. Яқинда бир янгилик эшитиб, қулоқларимга ишонмадим. Балиқ яна одамлар орасига қайтибди. Айтишларича, бу қайтиш мендек одамнинг тасаввурига сиғмайдиган, сўз билан тасвирлаб бўлмайдиган қайтиш экан.

УНУТИЛГАН АШУЛА

Уни биринчи бўлиб ким куйлаганини ҳатто қабила бошлиғи ҳам билмайди. Қайси массагетдан сўрасанг, “Ота-боболармиздан қолган” дея олишади, холос.
Ашула. Қизиқ, уни шундай аташарди. Ҳатто бу нима маънони англатишини ҳам билмайди улар.
Бизга ушбу халқни маданийлаштириш топширилганди. Ҳамиша фахрланадиган ҳарбий мундиримни кийиб, қаддимни ғоз тутганча бу овлоқ жойга биздан олдин етиб келган аскарга: “Уларга Ашула айтишни маън қилгин!” деб буюрдим. У эса худди ғайритабиий нарсани кўргандай серрайиб тураверди.
— Кармисан? Буйруқни бажар!
— Мени авф этинг.
Аскар бизга ёт, массагетларга хос қилиқ қилди. Яъни у ўнг қўлини кўксига қўйди ва хиёл эгилиб, “Ахир бу уларнинг қадрияти-ку. Шу ишимиз инсофданмикин?” — деди.
Ёрдамчим қаҳ-қаҳ отди:
— Сен уларга сотилиб кетибсан чоғи?
— Келишув нима бўлади?
Урушда пилта милтиқ нима билмайдиган қиличбозларни отиб ташлаганимиздан кейин улар бизга бўйсунишганди. Бироқ, учта илтимослари борлигини айтишганди. Рози бўлганимиздан сўнг, нонни қўлга олиб, онт ичишимизни сўрашганди. Булар Ашула айтишлари, она тилларида гапириб, урф-одатларини ҳеч қандай чекловларсиз адо этишлари эди.
Ҳа, жуда ғайритабиий халқ-да булар. Ўта илтифотли, меҳмондўст ва меҳнатсевар.
— Буйруқни бажармасак, нима бўлишини биласанми?
Аскарни ғам босди. У бошлиғи билан гаплашаётганини ҳам унутиб, хонтахта қаршисидаги ўриндиққа ўтирди. Қўлларини пешонасига тираб, тумшайиб олди.

Аскар массагетлар Ашулани унутишлари ҳақидаги фармонни одамлар гавжум жойларга ёпиштиришдан бош тортди. Бундан ёрдамчим шунчалар ғазабга тўлдики, ҳатто менинг рухсатимсиз аскарни савалади. Бироқ, у сўзидан қайтмас, афтидан бу иш жуда жиддийга ўхшарди.
Аскарнинг пешонасига тўппонча тирасам ҳам у мижжа қоқмай, анавиларга ўхшаб тураверди. Аксига олиб бизлар камчилик эдик. Қолавеса, одам ўлдиришдан зада бўлгандим. Бирдан-бир истагим жаллодликдан қутулиб, инсондек яшасам. Лекин бошлиқларим ва қўл остимдаги армия буни тушунмасди.

Ёрдамчим хонага саҳарданоқ ҳаллослаб кирди. Унинг ранги мурдадай оқарган, аввалги жасурлигидан асар ҳам қолмаган эди.
—Нима гап? Хотинлардек қалтирама. Ҳарбийга ўхшагин бундоқ! Типирчилама дедим, лаънати!
Столга туширган зарбамдан у сал ўзига келди. Бир ютуниб, кўзларини мўлтиратганча: — аскар ўзини отиб қўйибди, — деди.— Устига-устак у массагетлардан уйланган экан. Туб аҳоли анча саросимада. Аскар уларнинг меҳрини қозонган кўринади.
—Шу етишмай турганди.
Аксига олиб уйга тез қайтишим керак. Ахир учинчи фарзандим туғилишида аёлимга унинг ёнида бўлишга ваъда берганман…
Бахтимга марказдан махфий чопар келиб, зудлик билан пойтахтга қайтишим кераклиги ҳақидаги хушхабарни қўлимга тутқазди.

Мана, орадан ўн йил ўтгач, ғирт ўзимга ўхшаш малласоч, мовийкўз қизларим билан хайр-хўшлашиб, яна массагетлар ватанига келдим. Э, узр, энди бу ерлар тўлиқ бизнинг тасарруфимизда эди. Тўғрироғи, баъзи нарсаларгина расмият учун уларга тегишлидай кўрсатиларди-ю…
Эсимда, Ашулани унутишлари учун миллионлаб бегуноҳ массагетларни ўлдирдик. Айниқса, аҳолининг зиёли қатламини шафқатсизларча қирар эдик. Менга фақат рақамларгина аён. Ахир охирги ўн йилни марказдаги амал курсиларининг бирида ўтказдим. Кейин билсам, бу ишдан ўзимнинг ҳарбийлигим минг тилло экан.
Ёлғон маълумотлар тўплаш, урушдагидек қаршилик кўрсатаётган юз, минг кишини ўлдиришмас, миллионлаб бегуноҳларни халқ душманига айлантириш, кундан-кунга янги найранглар ўйлаб топиш…

Уч ой ичида оғзига талқон солиб олган бу халқ орасида шунчалар зерикиб кетдимки, бундан кўра мени ўлдиришгани яхшийди. На исён, на ўзаро уруш…
Ҳамма ўз вазифасини бажаради. Улар ҳиссиётлари ўлган, ҳаётдан умидлари йўқ оломонга ўхшарди.
Тўғри, уларни бошқариш осон, лекин, бу ерда қилинаётган ҳеч бир ишдан кўнглим тўлмасди.
Марказга қайтиш учун ёзган бешинчи хатимга ҳам тайинли жавоб келмади. Ҳарбий мундиримга тикилган кўйи жим ўтирардим. Бироқ энди менга бу мундир аввалгидай виқор бағишламаяпти. Марш қўшиқларини ҳам зерикиб тинглайман. Ушбу халқнинг ҳозирги руҳияти мени сиқиб, ўз кўйига тортиб кетаётгандай. Ҳайронман, бу кетишда яна қанча чидарканман-а…

САИДА ЛАММА

Саида ламманинг ёлғиз Ёдгори ўлди. Отасининг дийдорини кўролмай дунёга келди-ю, кетди.
Ламма мункиб қолди. Убай трактирчи уч-тўрт сўм ёрдам қилган бўлди-ю…
Ламма чечан эди. Камгап, хаёлпарастга айланди. У таптортмас, шартаки, ша(до)вруқталаб эди. Тўй-маъракага чиқолмай қолди.
Ламма ҳатто ўзига кафанлик олмаган экан, ғассолнинг олдида довдираб, пассайди. Уч кун деганда Ламманинг сочига оқ тушди. Кўзлари киртайиб, ўзига-ўзи гапирадиган бўлди.
Бир куни лойпўтти ўйнаб турган болаларга узоқ тикилиб, симёғоч билан тўқнашиб кетди.
Ламмадан путур кетган эди.
У нураётган обидага ўхшарди.
Тўй-маъракаларда кайвони — Ламмадан фойда йўқлигини кўрган оломон ундан юз ўгирди.
Маҳалла оқсоқоли, икки сўзни бир-бирига улаб гапиролмай, тўй-ҳашамда даврани очишга ярамайдиган Азизбек, қишлоқ фуқаролар йиғини раиси, мечкай Шариф шоввознинг ҳам энди Ламма билан ишлари бўлмади.

Пашша пар урмай қўйди. Ламма келажакка эмас, ўтмишга ғаввосдек шўнғиди.
Уй — аждарҳо.
Тутда осилган алвончда учиб эди, ҳамсояси Сотти бийи уни “анақароқ”қа чиқарди.
Аввал ўғлини, сўнг эрининг қабрига бориб, тупроқни қучиб, мозорни зиёрат қилди.
У тупроққа тан берди.

Саида ламма қолган-қутганини сотиб, Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд зиёратига йўл олди.
Қадамжога кира солиб: “ё, Баҳоуддин балогардон!”, — деди.
У ҳеч қачон бу ерга келмаган эди. Адашмади, Худога шукр.
Унинг ҳеч қачон Баҳоуддинга иши тушмаган эди.
Биринчи кўргани расмчиларнинг бир-бирига “ота” бўлаётгани эди. “Астахфуруллоҳ”, — деди, беҳузур бўлиб кезди, кўнгли хижил бўлиб кезди.
Борганча боши ғувлаб борганди, руҳи енгил бўлиб қайтди.

Ламма ўғлининг суратини қўлига олишга юраги дов бермасди. Шу тун узоқ термилди. Ёдгори “мошин олсам, сизни Нуратога олиб бораман”, дерди.
— Оҳ-оҳ, бир берилиб гапирарди, бир берилиб…

Ёмғир томчилай бошлади.
Кўклам алдамчи.
Ёдгорини баҳорда туғиб, баҳорда тупроққа қўйди.
Дераза кўзига қалдирғоч ўзини уриб эди, Ламманинг кўнгли тўлиб кетди:
“Қалдирғоч нақадар бахтли!”

Саида ламма бошқа эр кўрмай ўтди. Уйини сотиб, шаҳарга, етимхонага ишга кирди. Энди унинг ўнлаб, юзлаб “Ёдгор”лари бор.
Ламманинг оғуши улар учун жойнамоз бўлди.
Саида гоҳ-гоҳида жилмаядиган, ҳеч ким уни орқаваротдан “Ламма” демайдиган бўлди.

ПОЛВОН

Одамзодки бировга кўнгил қўймаса, яшашининг қизиғи бўлмас экан. Баҳодир полвон буни эллик бешга кириб англади.
Унинг ёшлиги Бухоронинг Кўлиён қишлоғида кечди. Баҳодир зуволаси пишиқ, барваста йигит бўлиб етилди. У шунча яшаб, бировга эланмади. Эзмалик, қитмирлик нима, билмади. Ўз номи билан Баҳодир полвон бўлиб ўсди.
Ким нима деса десин, инсоннинг улғайишида муҳитнинг ўрни бўлакча. Баҳодирни болалигиданоқ бобоси Афзал боғбон тарбиялади. Паканагина Афзалнинг отнинг калласидай юраги бор эди. У ўлгудай ростгўй, меҳнатсевар бўлгани учунми, қишлоқдошлари орасида алоҳида иззат-ҳурматга эришган эди. Кўлиёнликлар “хотинларнинг қирқта, Афзал чаққоннинг қирқ бешта жони бор” ёхуд кўпроқ ишлаётганларга “Афзал чаққон бўлиб кет-э!”, дейишарди.
Ана шундай марди майдоннинг фазилатлари Баҳодирнинг қон-қонига сингди. У кичиклигида ўртоқлари билан муштлашиб қолса, осонликча кўзларига ёш олмас, юзлари қонталаш бўлганида ҳам ошналаридан эмас, ўз ҳаракатидан қониқмаганидан ўксинарди.
Йиллар шамоли кураги ер кўрмаган, оқкўнгил Баҳодирнинг тим қора сочларига вақт денгизининг оппоқ кўпикларини сочди. Полвоннинг мардлик тимсоли бўлган гавдаси сал букчайди.
У қирқ ёшида давраларга тушмай қўйганди. Бироқ, ўтган йилги Наврўз курашида қўшни қишлоқлик Наим полвон билан курашмоқни ихтиёр қилди.
Баҳодирнинг бемаврид майдонга тушиши кўлиёнликларни етти ухлаб, тушига ҳам кирмаганди. Лекин кураш қизиган, катта табоқлар эълон қилинаётган дамда кутилмаган воқеа содир бўлди. Қўшни қишлоқлик Наим паҳлавон даврага тушиб, кўлиёнлик полвонларни бирма-бир шонасини ерга теккиза бошлади. Бу дақиқаларда Баҳодирнинг жони ҳалқумига келиб, тинмай ер муштлаб, зўр-базўр аламини ичга ютарди.
Навбат биринчи табоққа келди. Кутилганидек ерга тушган тақсимчани Наим полвон олиб, боши узра баланд кўтарди. Оббо! Одамлар жимиб қолишди. Қариб қолган полвонлар, курашнинг асл ишқибозлари кўлиёнликлар орасидан Наимга мос полвон излашарди. Ваниҳоят уларнинг юзларига қон югурди. Ҳали жуда ёш, вазни ҳам рақибидан камроқ бўлса ҳам Неъмат полвон деганлари “Қирувчи самолёт”нинг қаршисига мардона юриб борди. “Қаранг-а, мен эришолмаган Маликанинг кенжатойи шундай келишган полвон бўлибди”, кўнглидан ўтказди, Баҳодир.
Малика тўйларига отаси рози бўлмагач, Баҳодирга “Аллоҳ ўғил насиб қилса, уни, албатта, полвон қилиб ўстираман”, деб ваъда берганди, ўшанда.

Бугун кекса курашчи Неъматни даврада кўриб, беихтиёр кўзларига ёш олди. Дунёларга алишмаган Маликасининг кўрсатган жасоратига полвон бўлса-да, қойил қолди. Уни хаёлан қучиб, “сени севиб адашмаган эканман”, — деди ичида.

Кураш қизғин тус олди. Тарафкашларнинг қийқириғи ҳам унга ўзгача файз бағишларди.

Полвонларнинг иккаласи ҳам тик, мардона олишарди. Аммо, вақт ўтгани сари Наимнинг тажрибаси устун кела бошлади. Баъзида эса Неъматнинг тўлиқ пишмагани сезиларди.

Баҳодир қанчалик бақириб, ёш полвонга кўмаклашмасин, барибир Наим рақибидан кўра кўп усул билар, уни доғда қолдириш учун жон-жаҳди билан курашарди.

Ахийри…

Баҳодирнинг жони оғзидан чиқиб кетаёзди. У худди ўзи йиқилгандек шалпайиб қолди. Қизиғи баковул кўлиёнлик эди. У қандай бўлмасин, Наимни қишлоқдошлари йиқитишини жон-дилидан истарди. Беихтиёр ўз ёнидан катта пул тикиб, “Наим полвонга кўлиёнлик талабгор полвон бўлса, даврага чиқсин!” деб юборди.

Ҳаммаёқ сув қуйгандек. Баковул бечора эълонни уч марта такрорлади. Бироқ, ҳеч кимдан сас-садо чиқмасди.

Бу қишлоқ ҳаётидаги биринчи ва улкан мағлубият эди. Бирдан “Мана мен курашаман! Мен курашаман!” деган аламзада овоз янгради. Барча ялт этди. Майдон ўртасида кураш либосини кийиб олган Баҳодир кўзларидан олов сачраб, бошини юқори кўтарганча турарди.

09 O’sha tunda Oymoma osmonni tark etgan edi. Shahar g’aflat uyqusida. Bahaybat Maxluq axlatxona yonginasidagi zaxkashdan chiqib keldi. Maxluq shunchalar jirkanch ediki, ayniqsa, undan qo’lansa hid anqiyotganiga chidab bo’lmas edi. Ko’zlarida esa mehrdan asar ham yo’q. Allaqanday ochlik jazavasi yonib turardi.

Obid QO’LDOSH
BIR SHE’R VA BESH HIKOYA


MINORAI KALON

To‘ng‘ichim Akobirxo‘ja xotirasiga

O‘g‘lim ko‘ylagini yechib berdi minoraga
—Dada, — dedi mung‘ayib,
Sovqotibdi minora
Axir uning libosi yo‘q-ku

—Dada, minoramizning kiyimlarini kimlar yechib olgan?
Kimlar unga tosh otgan?
Ular tirikmi yoki minora?

—Dada,
Kim qurgan o‘zi minorani?

Yuragimni yechib berdim o‘g‘limga.

—Dada,
Biz minoralar qurmasak ham,
Minoralarni asray olamizmi?

—Dada,

Men dada bo‘lganimda “Minora” qo‘ysam bo‘lar o‘g‘lim ismini?

—Dada,
Nega yig‘laysiz?
Savollarim tugamadi-ku, dada.

MAXLUQ

Beshikni yodimga tushirdi tobut
A’zam O’KTAM

O’sha tunda Oymoma osmonni tark etgan edi. Shahar g’aflat uyqusida. Bahaybat Maxluq axlatxona yonginasidagi zaxkashdan chiqib keldi.
Maxluq shunchalar jirkanch ediki, ayniqsa, undan qo’lansa hid anqiyotganiga chidab bo’lmas edi. Ko’zlarida esa mehrdan asar ham yo’q. Allaqanday ochlik jazavasi yonib turardi.
U birinchi bo’lib qishloqdan shaharga qochib kelgan fohishani yedi. Lekin hamma undan qochar, Maxluqqa qarshi harakat yo’q edi. Keyin u nasha kayfidan Oymomani unutgan bir to’da bangilarni paqqos tushirdi.
Odamlar Maxluqdan telbalarcha qochishar, ammo, ular shahardan chiqib ketishning imkoni yo’qligini bilishmasdi. Qo’shni shaharlarda esa urush ketayotgan edi. Bu xabar ularni shu paytgacha biror marotaba ham qiziqtirmagan.
– Maxluqqa qarshi birgalashib kurashganda, uni yenggan bo’larmidik… – dedi qo’shnim menga iltijoli termilib. Yu T ning nigohida qo’rquv, dahshat emas, men anglab yetolmayotgan qanaqadir xavotir bor edi. — Bolalarini tashlab bo’lsa-da, o’zga shaharlarga qochayotganlar bilanmi?
Shoir o’zining savoliga o’zi javob berdi. To’g’rirog’i, u o’ziga-o’zi gapirayotgan ekan.
Bu paytda shaharning yarmi ostin-ustun bo’lgan edi. Qiy-chuv, yig’i-sig’i, shovqinlar quloqni qomatga keltiradigan darajaga yetdi. Biroq hech kim janob Maxluqqa qurol u yoqda tursin, xoda ham o’qtalmas, u esa kimningdir tilidan, boshqa birini ko’zlaridan yeyishni boshlar, paqqos tushirib bo’lganidan keyin og’zidan badbo’y hid tarqatgancha kekirib olib, yana “ish”ini davom ettiraverardi.
Maxluq shahar ahlini deyarli yeb tugatdi. Endi u biz tomonga bostirib kelayotgan edi. Xavotirlanib, qo’shnimga boqdim. U nimadandir asabiy, lekin hali ham Maxluqdan zarracha qo’rqmayotgan edi. Menga esa suyaklarim shiqirlayotgani eshitilardi. U ustimizga yanada tezlik bilan bostirib kela boshladi. Birdan sonlarim orasi qiziganini, keyin yaltiroq shimim ho’llanganini sezdim.
Maxluq mening qonsiz yuzimga qarata qahqaha otdi. Shunda uning og’zidagi qolg’indilar yuzlarimga uchib tushdi. Badbo’y hiddan ko’nglim behuzur bo’ldi. Maxluq Shoirga mahzunona tikilib qoldi. Meni esa qo’shnim qo’rqinchni umuman tuymayotgani ajablantirardi.
Vayronaga aylangan shahar tinchib qolgan edi. Maxluq bitta-yu bitta omon qolgan uy oldiga bordi. Biz ham uning ortidan ergashdik.
Qo’rqinchdan deyarli qutulgan bo’lsam-da, oyog’imga ilashayotgan ho’l, yaltiroq shimim ko’nglimni yana behuzur qila boshladi.
Uydan allaqanday sehrli ovoz eshitilayotgan edi. Avvaliga anglolmadim. Shoir menga ma’noli termildi. Ochig’i uning “dard”ini tushunolmadim.
Maxluq deraza qarshisiga yanada yaqinroq bordi. U Onaning pastqamgina uyidan taralayotgan allani tinglarkan, bahaybat, beso’naqay gavdasi kichrayib borardi. Shoirga qaradim. Qo’shnimning mayus ko’zlaridan shashqator yosh oqardi.
Maxluq sekin-asta Insonga aylandi. U yosharib, beg’uborlasha boshladi. Ona o’z qo’shig’ini tugatganida, u taxminan uch yoshlardagi bolaga aylanib qolgan edi.
Bolakayning yuzini ko’rishga yuragim dov bermasdi. U sekingina biz tomonga o’girildi. Yo Rab! Bunchalar tanish chehra! Uni qayerdadir ko’rgandayman.
Shoir qulog’imga pichirladi: − bolaliging.
Ro’paramda o’zim menga iltijoli termilib turardi.

QAYTISH

Suv hayotning ijodkoridir
Gyote

Baliq suvning tubida yashardi. Lekin ahyon-ahyonda qirg’oqqa chiqib, ovchilarni kuzatardi. Yana qalbini g’am, alam, armon, yolg’izlik azobi o’rtay boshlasa, sekingina suv tubiga sho’ng’ib ketardi…
Shu paytgacha hech kim uning kitlarday suv purkaganini, akulalar singari yirtqichlik qilganini ko’rgan emas. Baxtga qarshi baliqning tangachalari ham oltin emas edi. O’zi ham dunyodagi sanoqli — suv tubida yashaydigan, uzlatnishin baliqlarday muloyim, o’txo’r.
U odamlarga o’xshab marjonlarni boylik deb emas, san’at asari, to’g’rirog’i, Yaratgan egamning har biri takrorlanmas asarlaridan biri deb o’ylardi.
U o’tmishni eslashni uncha xush ko’rmaydi. Ammo biladiganlarning aytishicha, baliq bir paytlar odamlar orasida yashagan.
Avvallari uning hozirgi makoni bo’lmish Zarafshon daryosi ham haqiqiy daryo bo’lgan. Hayqirib oqqan. Orol dengizi ham tuz emas, Zarafshonga o’xshab zar sochgan. Shubhasiz, odamlar oltin desa, daryo-yu dengizlarni sipqorishadi. Bir-birlarini ham aksariyat hollarda oltin uchun o’ldirishadi.
Qiziq tomoni u dastlab daryoga kelgan paytda baliqlar haqidagi tasavvuri butunlay o’zgacha edi. Ularni eng pokiza jonivorlar deb bilardi. Zero odamlarning ko’pchiligi shunday fikrlaydi-da. Ular orasida go’shtxo’rlari ham bo’lishi baliqning yetti uxlab, tushiga ham kirgan emas. Bizning mo’min-qobil, botini isyonga to’la qahramonimiz ana shunday baliqlar bilan mavsumiy majlislarga ham qatnab ko’rdi. Biroq ko’ngli to’lmadi. Qaradiki, go’shtxo’r baliqlar ko’lmagida marvaridi ko’p baliqlarga tavoze qiladilar, ularning dumlaridan o’padilar; unchalik tosh bosmaydigan baliqlarning mashvarati kuni yo’q yerdan ishlari chiqib qoladi. Bu holat baliqlarga ixlosi baland qahramonimizga odamlar orasida yashaganidan ko’ra qattiq ta’sir qildi. Uning qalbida mung, alam yanada ortdi. Aytgancha, baliq kimdandir eshitgan ediki, qanchalik ko’p ilming bo’lsa, yashashing shunchalik qiyinlasharkan.
Xullas do’stimiz qalbini chang, g’uborlardan asrash uchun daryoning tub-tublariga sayohat qildi. U qanchalik suv tubiga sho’ng’ir ekan, hayrati shuncha oshdi. Suv yuzidagi ko’pik bilan suv tubidagi marjonlarning farqini teran anglay boshladi. U his qildiki, bu ob-hayot baliqqa o’tgan umri davomida ham hamroh bo’lgan. Lekin do’stimiz buni qalbi nurga to’lgachgina his qildi.
Meni ish yuzasidan daryoning narigi chekkasiga yuborishdi. U yerdagi odamlar ham daryoning bu chekkasidagidek, faqat boshqa tilda gaplashar ekanlar, xolos. Qolaversa, bu paytga kelib, “chegara” so’zi kashf qilinibdi. Ortimga qaytay desam, katta simto’siq. Endi ortga qaytishim uchun ham qaysidir odamga pulqog’oz berishim kerak ekan.
Bular-ku o’z yo’liga. Yaqinda bir yangilik eshitib, quloqlarimga ishonmadim. Baliq yana odamlar orasiga qaytibdi. Aytishlaricha, bu qaytish mendek odamning tasavvuriga sig’maydigan, so’z bilan tasvirlab bo’lmaydigan qaytish ekan.

UNUTILGAN ASHULA

Uni birinchi bo’lib kim kuylaganini hatto qabila boshlig’i ham bilmaydi. Qaysi massagetdan so’rasang, “Ota-bobolarmizdan qolgan” deya olishadi, xolos.
Ashula. Qiziq, uni shunday atashardi. Hatto bu nima ma’noni anglatishini ham bilmaydi ular.
Bizga ushbu xalqni madaniylashtirish topshirilgandi. Hamisha faxrlanadigan harbiy mundirimni kiyib, qaddimni g’oz tutgancha bu ovloq joyga bizdan oldin yetib kelgan askarga: “Ularga Ashula aytishni ma’n qilgin!” deb buyurdim. U esa xuddi g’ayritabiiy narsani ko’rganday serrayib turaverdi.
— Karmisan? Buyruqni bajar!
— Meni avf eting.
Askar bizga yot, massagetlarga xos qiliq qildi. Ya’ni u o’ng qo’lini ko’ksiga qo’ydi va xiyol egilib, “Axir bu ularning qadriyati-ku. Shu ishimiz insofdanmikin?” — dedi.
Yordamchim qah-qah otdi:
— Sen ularga sotilib ketibsan chog’i?
— Kelishuv nima bo’ladi?
Urushda pilta miltiq nima bilmaydigan qilichbozlarni otib tashlaganimizdan keyin ular bizga bo’ysunishgandi. Biroq, uchta iltimoslari borligini aytishgandi. Rozi bo’lganimizdan so’ng, nonni qo’lga olib, ont ichishimizni so’rashgandi. Bular Ashula aytishlari, ona tillarida gapirib, urf-odatlarini hech qanday cheklovlarsiz ado etishlari edi.
Ha, juda g’ayritabiiy xalq-da bular. O’ta iltifotli, mehmondo’st va mehnatsevar.
— Buyruqni bajarmasak, nima bo’lishini bilasanmi?
Askarni g’am bosdi. U boshlig’i bilan gaplashayotganini ham unutib, xontaxta qarshisidagi o’rindiqqa o’tirdi. Qo’llarini peshonasiga tirab, tumshayib oldi.

Askar massagetlar Ashulani unutishlari haqidagi farmonni odamlar gavjum joylarga yopishtirishdan bosh tortdi. Bundan yordamchim shunchalar g’azabga to’ldiki, hatto mening ruxsatimsiz askarni savaladi. Biroq, u so’zidan qaytmas, aftidan bu ish juda jiddiyga o’xshardi.
Askarning peshonasiga to’pponcha tirasam ham u mijja qoqmay, anavilarga o’xshab turaverdi. Aksiga olib bizlar kamchilik edik. Qolavesa, odam o’ldirishdan zada bo’lgandim. Birdan-bir istagim jallodlikdan qutulib, insondek yashasam. Lekin boshliqlarim va qo’l ostimdagi armiya buni tushunmasdi.

Yordamchim xonaga sahardanoq halloslab kirdi. Uning rangi murdaday oqargan, avvalgi jasurligidan asar ham qolmagan edi.
—Nima gap? Xotinlardek qaltirama. Harbiyga o’xshagin bundoq! Tipirchilama dedim, la’nati!
Stolga tushirgan zarbamdan u sal o’ziga keldi. Bir yutunib, ko’zlarini mo’ltiratgancha: — askar o’zini otib qo’yibdi, — dedi.— Ustiga-ustak u massagetlardan uylangan ekan. Tub aholi ancha sarosimada. Askar ularning mehrini qozongan ko’rinadi.
—Shu yetishmay turgandi.
Aksiga olib uyga tez qaytishim kerak. Axir uchinchi farzandim tug’ilishida ayolimga uning yonida bo’lishga va’da berganman…
Baxtimga markazdan maxfiy chopar kelib, zudlik bilan poytaxtga qaytishim kerakligi haqidagi xushxabarni qo’limga tutqazdi.

Mana, oradan o’n yil o’tgach, g’irt o’zimga o’xshash mallasoch, moviyko’z qizlarim bilan xayr-xo’shlashib, yana massagetlar vataniga keldim. E, uzr, endi bu yerlar to’liq bizning tasarrufimizda edi. To’g’rirog’i, ba’zi narsalargina rasmiyat uchun ularga tegishliday ko’rsatilardi-yu…
Esimda, Ashulani unutishlari uchun millionlab begunoh massagetlarni o’ldirdik. Ayniqsa, aholining ziyoli qatlamini shafqatsizlarcha qirar edik. Menga faqat raqamlargina ayon. Axir oxirgi o’n yilni markazdagi amal kursilarining birida o’tkazdim. Keyin bilsam, bu ishdan o’zimning harbiyligim ming tillo ekan.
Yolg’on ma’lumotlar to’plash, urushdagidek qarshilik ko’rsatayotgan yuz, ming kishini o’ldirishmas, millionlab begunohlarni xalq dushmaniga aylantirish, kundan-kunga yangi nayranglar o’ylab topish…

Uch oy ichida og’ziga talqon solib olgan bu xalq orasida shunchalar zerikib ketdimki, bundan ko’ra meni o’ldirishgani yaxshiydi. Na isyon, na o’zaro urush…
Hamma o’z vazifasini bajaradi. Ular hissiyotlari o’lgan, hayotdan umidlari yo’q olomonga o’xshardi.
To’g’ri, ularni boshqarish oson, lekin, bu yerda qilinayotgan hech bir ishdan ko’nglim to’lmasdi.
Markazga qaytish uchun yozgan beshinchi xatimga ham tayinli javob kelmadi. Harbiy mundirimga tikilgan ko’yi jim o’tirardim. Biroq endi menga bu mundir avvalgiday viqor bag’ishlamayapti. Marsh qo’shiqlarini ham zerikib tinglayman. Ushbu xalqning hozirgi ruhiyati meni siqib, o’z ko’yiga tortib ketayotganday. Hayronman, bu ketishda yana qancha chidarkanman-a…

SAIDA LAMMA

Saida lammaning yolg’iz Yodgori o’ldi. Otasining diydorini ko’rolmay dunyoga keldi-yu, ketdi.
Lamma munkib qoldi. Ubay traktirchi uch-to’rt so’m yordam qilgan bo’ldi-yu…
Lamma chechan edi. Kamgap, xayolparastga aylandi. U taptortmas, shartaki, sha(do)vruqtalab edi. To’y-ma’rakaga chiqolmay qoldi.
Lamma hatto o’ziga kafanlik olmagan ekan, g’assolning oldida dovdirab, passaydi. Uch kun deganda Lammaning sochiga oq tushdi. Ko’zlari kirtayib, o’ziga-o’zi gapiradigan bo’ldi.
Bir kuni loypo’tti o’ynab turgan bolalarga uzoq tikilib, simyog’och bilan to’qnashib ketdi.
Lammadan putur ketgan edi.
U nurayotgan obidaga o’xshardi.
To’y-ma’rakalarda kayvoni — Lammadan foyda yo’qligini ko’rgan olomon undan yuz o’girdi.
Mahalla oqsoqoli, ikki so’zni bir-biriga ulab gapirolmay, to’y-hashamda davrani ochishga yaramaydigan Azizbek, qishloq fuqarolar yig’ini raisi, mechkay Sharif shovvozning ham endi Lamma bilan ishlari bo’lmadi.

Pashsha par urmay qo’ydi. Lamma kelajakka emas, o’tmishga g’avvosdek sho’ng’idi.
Uy — ajdarho.
Tutda osilgan alvonchda uchib edi, hamsoyasi Sotti biyi uni “anaqaroq”qa chiqardi.
Avval o’g’lini, so’ng erining qabriga borib, tuproqni quchib, mozorni ziyorat qildi.
U tuproqqa tan berdi.

Saida lamma qolgan-qutganini sotib, Hazrati Bahouddin Naqshband ziyoratiga yo’l oldi.
Qadamjoga kira solib: “yo, Bahouddin balogardon!”, — dedi.
U hech qachon bu yerga kelmagan edi. Adashmadi, Xudoga shukr.
Uning hech qachon Bahouddinga ishi tushmagan edi.
Birinchi ko’rgani rasmchilarning bir-biriga “ota” bo’layotgani edi. “Astaxfurulloh”, — dedi, behuzur bo’lib kezdi, ko’ngli xijil bo’lib kezdi.
Borgancha boshi g’uvlab borgandi, ruhi yengil bo’lib qaytdi.

Lamma o’g’lining suratini qo’liga olishga yuragi dov bermasdi. Shu tun uzoq termildi. Yodgori “moshin olsam, sizni Nuratoga olib boraman”, derdi.
— Oh-oh, bir berilib gapirardi, bir berilib…

Yomg’ir tomchilay boshladi.
Ko’klam aldamchi.
Yodgorini bahorda tug’ib, bahorda tuproqqa qo’ydi.
Deraza ko’ziga qaldirg’och o’zini urib edi, Lammaning ko’ngli to’lib ketdi:
“Qaldirg’och naqadar baxtli!”

Saida lamma boshqa er ko’rmay o’tdi. Uyini sotib, shaharga, yetimxonaga ishga kirdi. Endi uning o’nlab, yuzlab “Yodgor”lari bor.
Lammaning og’ushi ular uchun joynamoz bo’ldi.
Saida goh-gohida jilmayadigan, hech kim uni orqavarotdan “Lamma” demaydigan bo’ldi.

POLVON

Odamzodki birovga ko’ngil qo’ymasa, yashashining qizig’i bo’lmas ekan. Bahodir polvon buni ellik beshga kirib angladi.
Uning yoshligi Buxoroning Ko’liyon qishlog’ida kechdi. Bahodir zuvolasi pishiq, barvasta yigit bo’lib yetildi. U shuncha yashab, birovga elanmadi. Ezmalik, qitmirlik nima, bilmadi. O’z nomi bilan Bahodir polvon bo’lib o’sdi.
Kim nima desa desin, insonning ulg’ayishida muhitning o’rni bo’lakcha. Bahodirni bolaligidanoq bobosi Afzal bog’bon tarbiyaladi. Pakanagina Afzalning otning kallasiday yuragi bor edi. U o’lguday rostgo’y, mehnatsevar bo’lgani uchunmi, qishloqdoshlari orasida alohida izzat-hurmatga erishgan edi. Ko’liyonliklar “xotinlarning qirqta, Afzal chaqqonning qirq beshta joni bor” yoxud ko’proq ishlayotganlarga “Afzal chaqqon bo’lib ket-e!”, deyishardi.
Ana shunday mardi maydonning fazilatlari Bahodirning qon-qoniga singdi. U kichikligida o’rtoqlari bilan mushtlashib qolsa, osonlikcha ko’zlariga yosh olmas, yuzlari qontalash bo’lganida ham oshnalaridan emas, o’z harakatidan qoniqmaganidan o’ksinardi.
Yillar shamoli kuragi yer ko’rmagan, oqko’ngil Bahodirning tim qora sochlariga vaqt dengizining oppoq ko’piklarini sochdi. Polvonning mardlik timsoli bo’lgan gavdasi sal bukchaydi.
U qirq yoshida davralarga tushmay qo’ygandi. Biroq, o’tgan yilgi Navro’z kurashida qo’shni qishloqlik Naim polvon bilan kurashmoqni ixtiyor qildi.
Bahodirning bemavrid maydonga tushishi ko’liyonliklarni yetti uxlab, tushiga ham kirmagandi. Lekin kurash qizigan, katta taboqlar e’lon qilinayotgan damda kutilmagan voqea sodir bo’ldi. Qo’shni qishloqlik Naim pahlavon davraga tushib, ko’liyonlik polvonlarni birma-bir shonasini yerga tekkiza boshladi. Bu daqiqalarda Bahodirning joni halqumiga kelib, tinmay yer mushtlab, zo’r-bazo’r alamini ichga yutardi.
Navbat birinchi taboqqa keldi. Kutilganidek yerga tushgan taqsimchani Naim polvon olib, boshi uzra baland ko’tardi. Obbo! Odamlar jimib qolishdi. Qarib qolgan polvonlar, kurashning asl ishqibozlari ko’liyonliklar orasidan Naimga mos polvon izlashardi. Vanihoyat ularning yuzlariga qon yugurdi. Hali juda yosh, vazni ham raqibidan kamroq bo’lsa ham Ne’mat polvon deganlari “Qiruvchi samolyot”ning qarshisiga mardona yurib bordi. “Qarang-a, men erisholmagan Malikaning kenjatoyi shunday kelishgan polvon bo’libdi”, ko’nglidan o’tkazdi, Bahodir.
Malika to’ylariga otasi rozi bo’lmagach, Bahodirga “Alloh o’g’il nasib qilsa, uni, albatta, polvon qilib o’stiraman”, deb va’da bergandi, o’shanda.

Bugun keksa kurashchi Ne’matni davrada ko’rib, beixtiyor ko’zlariga yosh oldi. Dunyolarga alishmagan Malikasining ko’rsatgan jasoratiga polvon bo’lsa-da, qoyil qoldi. Uni xayolan quchib, “seni sevib adashmagan ekanman”, — dedi ichida.

Kurash qizg’in tus oldi. Tarafkashlarning qiyqirig’i ham unga o’zgacha fayz bag’ishlardi.

Polvonlarning ikkalasi ham tik, mardona olishardi. Ammo, vaqt o’tgani sari Naimning tajribasi ustun kela boshladi. Ba’zida esa Ne’matning to’liq pishmagani sezilardi.

Bahodir qanchalik baqirib, yosh polvonga ko’maklashmasin, baribir Naim raqibidan ko’ra ko’p usul bilar, uni dog’da qoldirish uchun jon-jahdi bilan kurashardi.

Axiyri…

Bahodirning joni og’zidan chiqib ketayozdi. U xuddi o’zi yiqilgandek shalpayib qoldi. Qizig’i bakovul ko’liyonlik edi. U qanday bo’lmasin, Naimni qishloqdoshlari yiqitishini jon-dilidan istardi. Beixtiyor o’z yonidan katta pul tikib, “Naim polvonga ko’liyonlik talabgor polvon bo’lsa, davraga chiqsin!” deb yubordi.

Hammayoq suv quygandek. Bakovul bechora e’lonni uch marta takrorladi. Biroq, hech kimdan sas-sado chiqmasdi.

Bu qishloq hayotidagi birinchi va ulkan mag’lubiyat edi. Birdan “Mana men kurashaman! Men kurashaman!” degan alamzada ovoz yangradi. Barcha yalt etdi. Maydon o’rtasida kurash libosini kiyib olgan Bahodir ko’zlaridan olov sachrab, boshini yuqori ko’targancha turardi.

03

(Tashriflar: umumiy 359, bugungi 1)

Izoh qoldiring