Yangiboy Qo’chqorov. Yurtini yuragiga joylagan shoir

0426 апрель – Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллуд топган кун

Алломаи замон Иброҳим Ғафуров қуйидаги сўзларни ёзганида минг бора ҳақдир: “Улуғ тарихий, ижтимоий ҳодисалар ўз одамларини – ўз шоирлари, ўз сиёсатчилари, ижодкор фидокорларини яратади. Муҳаммад Юсуф худди истиқлол учун яратилгандек эди. У худди Маҳтумқулига ўхшарди. Шеърлари озод халқ орзулари билан туташиб кетган эди…”

ЮРТНИ ЮРАГИГА ЖОЙЛАГАН ШОИР
Янгибой ҚЎЧҚОРОВ
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими


2013 йил. Майингина шабадалари билан кириб келган кузнинг учинчи ё тўртинчи куни эди. “Дўрмон” ижод уйи олдидаги ўриндиқда азиз устозим Носир Фозилов билан ширингина гурунглашяпмиз. Иккинчи ўриндиқда Муборак кеннойи таниқли драматург Ҳайдар Муҳаммаднинг рафиқаси Вазира опа билан суҳбатга киришган. Дарвоза томондан елим халтача кўтарган ўртамиёна ижодкор “оға”мизнинг келаётганини кўрдим. Каллакланган жўка дарахти ёнига етганда оғзидаги носини гулзорнинг четига туфлади. Ўзимни тутолмай кулиб юбордим.

— Ҳа, “шаир” не бўлди? – деди Носир оқсоқол кичкинагина транзисторини чап қулоғига тутиб.

— Талаба пайтимиз қизлар билан вальс тушиш учун тун бўйи Лев Лешченконинг битта пластинкасини қайта-қайта қўяр эдик. Бир йигит пластинканинг ёнида турарди-да, тугай деганида секин сездирмасдан суриб қўярди. “Прощай, ничего не обещай!” деб тонггача хониш қилаверарди пластинка…

— Нега бирдан буни эслаб қолдинг, иним?
— Ҳозир ҳув келаётган улуғ зотнинг пластинкасини эшитасиз?

— Пластинкасига нималар ёзилган?
— Мукофот, мукофот, мукофот!

Сўзимни тугатишим билан ул зот етиб келди-да:

— Ассалому алайкум, Носир ака? Яхшимисиз? Бир ҳафта пойтахтдан олисда юриб, “газит” ўқий олмадим. Хўш, бу сафар ёзувчиларимиздан қайси бирлари мукофот “сотиб” олди? “Кўки”дан беришибдими? – деб сўради.

Носир ака кўпни кўрган ёшулли эмасми, пинагини бузмасдан:

— Ҳа, фақат сиз айтган қойилмақом купюралардан беришибди. Сизга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвонини “сотиб” олганларни айтсам бўладими?

— Бўлади. Ўзи имтиёзи ёғли унвонлардан бири ҳам шу-да! – кафтларини бир-бирига мамнун ишқаб қўйди “классик”.

— Бу унвонни уч бойвачча адиб олди! – деди Носир ака менга “Жим ўтир!” ишорасини қилиб.

— “Бой ҳам бойга, худой ҳам бойга!” деган гап бекорга айтилмаган-да, Носир Йўлдошевич!

— Тўғри топдингиз! Энди эшитинг: биринчи “бойвачча” – Ғулом Каримий деган ёзувчи. Бўйи баравар китоб ёзди. Бечора анчадан буён реанимацияда ётибди. Иккинчи “бойвачча” – Эркин Усмонов. Ўзи зўр прозаик. Аммо метрога тушишга пули йўқ. Учинчи “бойвачча” – мана, ёнингизда ўтирибди. Бир неча роман таржима қилди. Исми Янгибой, лекин эртага Қорақалпоққа поездда кетиш учун Муборакдан қарз сўради. Учови ҳам баҳорда лой кечиб, кузда мой ичиб юрган хокисорлар. Саволингга жавоб олдингми, жўра? Бошқа гапинг бўлмаса, қани, бу ердан туёғингни шиқиллат!

Ўша оқшом ижод уйининг иккинчи хонасида ўтириб, ён дафтарчамни варақласам, қуйидаги қайдга кўзим тушди: “27.08.1998. Президентнинг 2074-сонли Фармони. 17 адиб “Эл-юрт”, 3 адиб “Меҳнат шуҳрати”, 3 адиб “Дўстлик” ордени, 9 адиб “Шуҳрат” медали билан мукофотланди. Тўлан Низом, Анвар Обиджон, Муҳаммад Юсуф “Ўзбекистон халқ шоири”, Матназар Абдулҳаким ва Асад Дилмурод “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвонларини олдилар. Орден олганлар – 91 ёшдаги Раҳмат Азизхўжаевдан бошлаб Хўжабек Сеитов, Ҳамид Ғулом, Мирмуҳсин, Одил ака, Пиримқул ака, Матёқуб домла, Охунжон Ҳаким, Нажмиддин Комил, Кенгесбой Раҳмон, Шарофат Ботирова, Вячеслав Костиря, Сафтер Нагаев ва бошқаларгача. Қойил!”

07Дарвоқе, ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари иккинчи ярми оташнафас шоир Муҳаммад Юсуф ҳаёти ва ижодининг юлдузли онлари эди. Авваломбор “Тош шаҳрида уйи болохона” бўлган шоирга пойтахтнинг нуфузли “Пушкин-Салор” мавзесидан шинам турар-жой ажратилди. Беназир ижоди учун 1996 йилда “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. 1997 йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари бўлиб сайланди. 1998 йили Халқ шоири унвони билан тақдирланишидан ташқари Ўзбекистон Республикаси ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тугатди, Бироздан сўнг Чиноздан Иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати бўлиб сайланди. Кетма-кет китоблари чоп этилди. Шахсий автоулов харид қилди. Қатор теран мазмунга эга шеърлари тароналарга айланиб, муҳим давлат тадбирларида ижро қилинди. Уларда мустақиллик остонасида турган ўзбек халқининг энг эзгу орзу армонлари, изтироблари, интилишлари яққол ифода этилган эди. “Ўзбекистон”, “Ватаним”, “Халқ бўл, элим”, “Талабалар мадҳияси”, “Ўзбекнинг аёллари”, “Ўзингдан қўймасин, халқим” каби давр даъватига менгзаган шеърлар миллионлаб қалбларга муҳрланди:

Эрк водийси – заҳматларга сийловдир бу,
Той қоқилиб от бўлгувчи яйловдир бу,
Ранж чекмасанг нурли, нурли тонглар қайда,
Синовдир бу, балки буюк синовдир бу.
Бош кетса ҳам қайтма энди сўзингдан-а,
Ўзингдан қўймасин, халқим, ўзингдан-а.

Ҳақиқатан ҳам янги аср бўсағасида ўзбек адабиёти бўстонида гужумдек гуркираб Муҳаммад Юсуф феномени пайдо бўлди. Бу асло муболаға эмаслигининг тасдиғи тарзида ўша бўстоннинг тўрт азим чинори, тўрт нафар қаҳрамон адибларнинг хулосаларини келтирмоқчимиз. Атоқли адиб Саид Аҳмад “Кейинги пайтда бирорта шоир Муҳаммад Юсуфдек тез ном чиқармаган, номдор бўлмаган эди” деса, ардоқли устозимиз Эркин Воҳидов “У биринчи қадамиданоқ юрт осмонида баланд парвоз қилгувчи, юракларга қанот бергувчи шеърияти билан элнинг оғзига тушди” деб эътироф этдилар.

Мустақил мамлакат давлат мадҳияси муаллифи, азиз устозимиз Абдулла Орипов эса “Ҳали ёшлик йилларидаёқ бунчалик кўп мухлис орттирган, дўст-оғайниси бисёр ижодкорни кўрмаган эдим” деб ёзди. Алломалар алломаси Озод Обидович Шарафиддинов “Муҳаммад Юсуф деган шоир шеъриятга қандай кириб келганини адабиётимиз сезмай ҳам қолди. Аммо у тезда, ҳаммани ҳайрон қолдириб, оғизга тушиб кетди” деб тан олди.

Ўтган асрнинг саксонинчи, тўқсонинчи йилларида Нукусда биз навқирон қалам соҳиблари талпинадиган уч табаррук манзил бор эди. Булар – Пискунова кўчасидаги 62-, Будённий кўчасидаги 28- ва Оржоникидзе кўчасидаги 11-хонадонлар эди. Табиийки Ибройим оға ва Тўлепберген оға кўпроқ сафарларда бўлишса, йигит ёшида Максим Горький ва Абдулла Қодирий билан кўришган Жўлмирза Оймирзаев сийли саксондан ёшдан ошиб ўз уйида яшарди. Бир куни у ўзи ёзаётган “Элликқалъа” романи тафсилотларини аниқлаш учун каминаи камтаринни уйига чақирди. Кўча эшигини “Ойгул ва Обод” достонидан ария айтиб очди. Чўлқуварлар ҳақидаги тафсилотларни сўраб олганидан кейин Тошкент адабий муҳитидан гап очди. “Суннетуллани танийсанми?” деди. Гап таниқли ёзувчи С.Анорбоев ҳақида бораётганини англаб, “Йўқ. Носир Фозиловни танийман!” дедим. “Кўрсанг икковига ҳам салом айт. Суннетулла “Дизелная”да туради!” деди. Хом сут эмган банда эмасмизми, Ғафур Ғулом ва Мухтор Авезовнинг дўсти адабиёт янгиликларидан бехабар бўлса керак, деб ўйлардим. Оқсоқол кўчага чиққанимизда “Муҳаммад Юсуф деган шоир чиқибди. “Лаганбардорлар” деган шеърини ўқидим. “Подхалим”лар оттириб юборган Избосар Фозиловни эслаб йиғладим. Сенлар билмайсанлар: ўттизинчи йилларнинг ўрталарида бизлар РСФСР составида эдик. Москванинг янгилиги Тўрткўл ва Чимбойга бир ойда етиб келса, Тошкентнинг ҳабарларини бир-икки кун ичида эшитардик. Усмон Носир деган шоир чиқиб “ўзбек Лермонтови” деб ном олган эди. Худди бизнинг қалдирғоч драматургимиз Абдурахман Ўтеповдек ноҳақ қамалиб, ёш ўлиб кетди, бечора. Энди сизларга Аллоҳ узоқ умр берсин!” деб хайрлашди. Нукус кўчасидан ўйчан одимлар эканман, Муҳаммаджон ака томонидан Тошкентдаги “Билимлар уйи”да ўқилган ўша шеърнинг сатрлари мис қўнғироқ зарбларидек қулоқларим остида жаранглади:

Улар устозига қулдайин кимса,
Меҳрибон ҳомийси шогирдларининг.
Ўзи ўлдириб, сўнг мозоригача
Кўтариб боришар тобутларини…

Азиз устозимиз, алломаи замон Иброҳим Ғафуров қуйидаги сўзларни ёзганида минг бора ҳақдир: “Улуғ тарихий, ижтимоий ҳодисалар ўз одамларини – ўз шоирлари, ўз сиёсатчилари, ижодкор фидокорларини яратади. Муҳаммад Юсуф худди истиқлол учун яратилгандек эди. У худди Маҳтумқулига ўхшарди. Шеърлари озод халқ орзулари билан туташиб кетган эди…”

Алқисса Нукусдан Тошкентга қайтгач, Чилонзор, 1-даҳа, 58-уй, 3-хонадонга бориб, Носир оғага Жўлмирза оғанинг саломини айтдим.

— Оқсоқол ария куйлаб бердими?
— Куйлади.

— Булбулдек овози бор. Хотини халқ артисти эканини биласизми?
— Биламан.

— Муборак чечанг бешбармоқ пишириш бўйича халқ ошпази. Қўлингизни ювиб келинг. Шилпилдоқ еймиз!

Чилонзордан Ёзувчилар уюшмасига йўл олдим. Соат 15 га мушоира белгиланган эди. Дўстим Яҳё Тоға саломдан ҳам олдин “Қараб тургин, бугун улоқни мен оламан!” деди. “Ютқазсанг, нима қилишингни биласанми?” “Биламан, “рыбхоз”га олиб бораман. Ота уйимнинг олди шундоқ ҳукуматнинг ҳовузи-ку. Неча марта боргансан. Хотиржам бўлавер. Жаҳон тинч бўлса, бас!”. (Жаҳонбиби хотинининг исми – муаллиф изоҳи)

Яҳё анойи эмас экан. Барча сўзлари “Ш” ҳарфидан иборат шеър ўқиди:

Шошиладур шум шамсиялар,
Шарти шулдир Шуъла ширкатин.
Шом шумқадам, шамол шумхабар,
Шимол шимар Шарқнинг шарбатин…

Мушоира минбаридан Муҳаммад Юсуф, Маҳмуд Тоир, Абдунаби Бойқўзиев, Чоршаъм Рўзиев, Рустам Мусурмон, Ҳалима Аҳмедова, Ўктамхон Холдорова ва бошқалар яхши шеърлар ўқишди. Аммо Муҳаммаджон ака “Шукур Бурҳонни ҳам кузатиб қўйдик” деб бошланадиган шеъри билан улоқни олди:

Ялангтўш бобо жим кулиб ётарди,
Шунча дўсти бор экан, у билмаганди.
Ёпирай, тасаввур ҳам қилмаганди,
Чунки уч кун олдин почтадан олғон
Меҳнат дафтарчасин қучоқлаб ҳайрон
Хотини олдида шундай йиғлаганди…

— Шукур ака 1930 йили МХАТда малака оширган. – деди Яҳё ташқарига чиққанимиздан кейин менга. – Сен МХАТни биласанми, ўзи саҳройи? Мен “Литературний”да ўқиганимда МХАТга кирганман. Буюк Станиславский ва буюк Мейерхольддан сабоқ олган-а, Шукур ака.

— Мана, мен буюк Яҳё Тоғадан сабоқ оляпман-ку. Лекин шеърингдаги “шир”, “шобир” деган сўзларни тушунмадим. Мана, бўйнингга олмасссан деб блокнотимга ёзиб олганман. Ютқаздинг, мистер Тоғаев!

— Иккинчи марта ютқаздим. Лекин биринчи “мағлубиятим” кун тартибидан олиб ташланган эмас. Ваъда бердиммми, бойисам, сени ўз ҳисобимдан Есениннинг қишлоғи Константиновога олиб бориб келаман!

— Нима ҳақда баҳс кетяпти? – кулимсираб қошимизга келди Муҳаммаджон ака.

— Қаёққа йўл олиш ҳақида, Марҳаматли шоҳим! – деди Яҳё. Улар навқирон чоғлари битта болохонада ижарада туриб, орадан қил ўтмайдиган дўстлар бўлиб кетишган. Бирининг сатри бирига “кавшарланган” жойлари ҳам бор эди.

— Пушкин паркка борамиз! – деди Муҳаммаджон ака. – Зўр лағмон бор!

Ёш томошабинлар театрининг сариқ биноси четида паркка кирадиган панжарали эшик бор экан. Яҳё ортига ўгирилиб, “бутуниттифоқ оқсоқоли” номидаги майдонга, йўлнинг нариги томонидаги “Гулистон” ресторанига тикилди, Муҳаммаджон ака:

— Мулла Яҳёхўжа! Сиз ўйлаган нарсалар бу томонда ҳам бор! – деди. “Жанггоҳ”(ёши улуғ тошкентликлар бу боғни шундай леб атайди)даги лағмонхонада қанча ўтирганимизни билмайману эртасига “Тошкент” меҳмонхонасининг 272-хонасида туш чоғи зўрға кўзимни очганимни яхши эслайман. Чунки Муҳаммаджон ака қўнғироқ қилиб уйғотган эдилар. Яшириб нима қилдик: у киши ҳамма билан ҳам ош-қатиқ бўлиб кетавермас эди. Йиғилишларда, айниқса, уюшмага қабул билан боғлиқ масалаларда думбул ечимларга дуч келса ҳеч кимни аяб ўтирмасди. “Ош ҳар ерда, бош бир ерда” дер эди. “Дўрмон” ижод уйида аввал дилимизни хира қилган бир зот “Байтқўрғонда зўр “шашлик” бор. Меҳмон қилайми?” деди ошхонада ўтирганимизда. Муҳаммаджон ака салфеткага “Тузоққа бир марта тушган тўрғай, Қирқ йилгача ўша шохга қўнмағай!” деб ёзди. Мен “Ул арпага ун бўлгунча, буғдой сомони бўлмоқ ўнғай!” деб жавоб қайтардим. Оғам нимтабассум билан бош ирғади. “Тилаб олган ҳурматдан Гадо топган нон яхши” дейди Халқ шоири, қадрдон оғамиз Маҳмуд Тоир. Оғримаган бошга олтин таёқнинг не кераги бор.

26 апрель – оғамизнинг таваллуд топган куни. Шу сана арафасида кўпчилигимиз атоқли шоирни эслаймиз, эсдаликларимизни қоғозга туширамиз. Мени ҳайрон қолдирадиган жойи шундаки, бу кезлар умри бино бўлиб Муҳаммаджон ака билан бирор марта учрашмаган одамларнинг ҳам илҳоми “тўлиб-тошади.” Шу ўринда Хоразмдаги хусусий телеканаллардан бирида бир навқирон хонанда айтган сўзлар кулгимни қистаганини айтмасам бўлмайди. У “узоқ йиллар Отажон Худойшукуровдек улуғ ҳофиздан сабоқ олганим билан фахрланаман!” деди. Эртасига ўша йигитнинг овулига тўйга бордик. У қўшиқ айтди. Тасодифни қарангки, уни бошланғич синфда ўқитган муаллим мен билан ёнма-ён ўтирган экан. Тузукроқ суриштирсам, Отажон оға оламдан ўтган йили у йигит учинчи синфда ўқиган экан. Мана, сизга “узоқ йиллик мулоқот”!

Энди ўз мавзумизга қайтайлик. Оғамиз ҳаёт чоғи у билан кўп йиллар бир кулчани иккига бўлиб еган, бир жойда бирга ишлаган қадрдон дўсти, айни кунда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ шоири  Сирожиддин Саййид “Устозлар изидан, сафдошлари билан ёнма-ён Муҳаммад Юсуф ҳам, таъбир жоиз бўлса, ўз шеърлари билан нурли кўприклар солиб, янги ёруғ йўллар очишга муваффақ бўлди.” деб ёзганида бир неча карра ҳақдир. Зотан бир қанча муаллифлар ёхуд адабиётшуносларнинг шоир адабий меросини адабиётимизнинг умумий боғидан айро ҳолда тавсифлашга, ортиқча баҳо беришга уринишини тўғри деб ҳисобламайман. Биз учун ҳазрат Навоий, ҳазрат Бобур, ҳазрат Огаҳий ҳам, оташнафас шоирлардан Чўлпону Усмон Носир, Ғафур Ғулому Ойбек, Миртемир ҳам, Жуманиёз Жабборов, Маъруф Жалил, Чўлпон Эргаш, Йўлдош Эшбек, Асқар Қосим ҳам, Зулфия, Саида Зуннунова, Ойдин Ҳожиева, Уллибиби Отаева, Назира ас-Салом ҳам бирдек қадрлидир.

Оғир тошни сув оқизиб кета олмайди. Кези келганда йигирманчи аср ўзбек адабиётига оид антологияларни, қўлланмаларни қайта тайёрлаш зарурати борлигини таъкидламоқчимиз. Айтайлик, беш марта қайта нашр этилган “Ўзбек адиблари” номли китоб профессор Собир Мирвалиевнинг беқиёс меҳнатидир. Бешинчи нашрда унга профессор Нуъмон Раҳимжонов ҳам катта улуш қўшдилар. Аммо ушбу ноёб нашрда ўтган асрнинг ўрталарида поэзиямизда юлдуздек порлаган шоирлар – “Эрон осмони остида” туркумининг муаллифи Мамарасул Бобоев ва Ўзбекистон Шўролар республикаси мадҳияси авторларидан бири Темур Фаттоҳ ҳақида бирор оғиз сўз йўқ, Ёинки турли авлодга мансуб сўз усталаридан Илёс Муслим, Жуманиёз Шарипов, Ўткир Рашид, Раъно Узоқова, Ёнғин Мирзо, Эътибор Охунова, Теша Сайдалиев, Душан Файзий, Низомжон Парда, Ошиқ Эркин, Нилуфар, Максим Карим, Иброҳим Дониш(рўйхатни узоқ давом эттиришимиз мумкин) асарлари ҳар қандай антологияни безамайдими? Безайди. Биз бу мулоҳазани фақат келгуси ишларни кўзлаган ҳолда билдиряпмиз.

Муҳаммад Юсуф феномени ҳақида гап кетганда унинг юртдоши, Халқ шоири Тўлан Низомнинг қуйидаги хулосаси ёдга келади: “Сатрлар қуйма, сўзлар халқона, фикрлар тиниқ, ҳароратли.”

Гап шундаки, сўз заргари поэзиямизга Ҳалима Худойбердиева, Тилак Жўра, Азим Суюн, Мирпўлат Мирзо, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Муҳаммад Раҳмон ва бошқа қатор истеъдодли шоирлардан иборат қудратли авлоднинг ортидан кириб келди. Лекин у ўзидан бир кўйлакни олдин тўздирган Мирпўлат Мирзо таъкидлаганидек, “шу давр жаҳон шеъриятидаги турли оқимлар, тажрибалар, кескин эврилишларга эргашмасдан китобийликдан йироқ, халқ қалбига яқин” шеърлар битди. Шоир ижодининг ўзига хос олмос қирралари ана шунда мужассам:

Менинг кимлигимни
Билмайди ҳеч ким.
Мен бир ғалатиман,
Мен – алоҳида.
Кийиклар қонини
Келади ичгим,
Чаённи чайнагим
Келар гоҳида…

Шоир шахси билан лирик қаҳрамон ички олами барча замонларда адабиёт илмини ўйга солган. Юқоридаги сатрлардан келиб чиқиб таниқли мунаққид Умарали Норматов “Шоирнинг лирик қаҳрамони ғаройиб шахс” деган хулосага келиб, унинг ижодида “жаҳон янги шеърияти нафаси” ва “янгича шеърий тафаккур” эпкини пайдо бўлганига ишора қилади. Иккинчи атоқли мунаққид Абдуғафур Расулов эса “Шоир шеърияти – мукаммал вужуд: унда ҳар бир аъзо, асаб толаси, қон қатраси, киприкдан тирноққача аниқ вазифани бажаради.” деб ёзади. Учинчи тажрибали мунаққид Сайди Умиров шоир шеърларининг тавсифига “Табиий ва самимий, жозибадор ва мафтункор, таъмли ва тотимли, содда ва теран, халқона ва мардона” деган метафораларни қўшади. Учала устознинг муносиб издоши Адҳамбек Алимбеков эса шоир ижоди ҳақида тугал монография ёзиб, уни “Латиф шеърият” деб номлади. Асар адабий жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди.

Муҳаммаджон ака “Тошкент оқшоми” газетасида ишлаганида мақолаларига “Мақсад Яхшиев” деган имзони қўярди. Мен у пайтлар “Оқшом”га, устоз Ўткир Ҳошимов ва Насриддин ака Муҳаммадиевнинг ёнларига тез-тез бориб турардим. Газетани варақлаб, ўша имзони кўрардиму ичимда мақсади яхши инсонларга ёндошишдир, деган хулосани чиқарардим. Кейинчалик бунга кўп бора ишонч ҳосил қилганман. Дастлабки даврда Муҳаммаджон акани кечқурунлари 41-15-86 номерли телефондан топиш мумкин эди. Ундан бу номерни олганману бу кимнинг уйи деб сўрамаган эканман. Қўнғироқ қилсам:

— Эшитаман, муллака! Ким керак? – деди салобатли овоз.
— Менга Муҳаммаджон ака Юсупов керак эдилар!

— Шоир Андижонга кетган эди. Сиз ким бўласиз?
— Қорақалпоғистонлик таниши бўламан. Исмим Янгибой.

— Ие, Нукусга борсанг, иним Жўлмирзага салом айт. У мендан беш ёш кичик. Совет ёзувчиларининг биринчи съездида бирга қатнашганмиз!

Телефон-автоматнинг гўшагини қўйдиму бошимга биров гурзи билан ургандай бўлди. Шу тоб фазодан учар тарелка тушса-ю, мени Марсгами, Юпитергами, олиб кетса, у қадар ажабланмаган бўлардим. Менинг хаёлимда шўро ёзувчиларининг биринчи қурултойида иштирок этган ўзбек адиблари кўп йиллар аввал яшаган деган фикр бор эди. Қўнғироғимга жавоб берган одам мени роса лақиллатди, деган хулосага келдим. “Қорақамиш ½” бекатида автобусдан тушсам, шоир Турсун Али картошка харид қилаётган экан. “Қаердан келяпсиз?” деди. “Муҳаммаджон ака турадиган уйга қўнғироқ қилувдим…” Чайналаётганимни кўриб шоир “Трубкани Назир Сафаровнинг ўзи олдими?” деди. Қотиб қолдим. Наҳотки, Турсуной Охунова ҳақида асар ёзиб, кейин машина теримидаги кўзбўямачиликка қарши чиққан адолатли ёзувчи, “Наврўз” романининг муаллифи билан гаплашган бўлсам-а. Кейин билсам, шоир кўпинча ана шу отахон адибнинг хонадонида, Бутлеров кўчаси, 17-уйда бўлар экан. Кўп ўтмасдан оғам қуйидаги сатрларни қоғозга туширди:

Термуламан, изларидан жим,
Боқиб кўзим толиб кетади.
Трамвайлар сени ҳар куни
Бодомзорга олиб кетади.

Тез орада Назир ота бир-икки кило конфету қанд-қурс кўтариб, Киров, ҳозирги Юнусобод тумани, Бодомзор мавзесидаги Боксёрлар кўчаси, 59-уйга совчиликка боради. Эшикни очган уй соҳибига:

— Ғайбулла Тожиддин ўғиллари ўзингиз бўласизми? – дейди.
— Қадамингизга ҳасанот! – дейди профессор Ғайбулла ас-Салом ва ошхона тарафга қараб буюради. – Чой дамла, қизим!

Шу тариқа ўша қиз яъни Назира ас-Салом Муҳаммаджон акага оқила рафиқа бўлиб, 18 йил ширин чойлар дамлаб, бири-биридан гўзал қизлар туғиб берди. Мана, 19 йилдирки, азиз оғамнинг хотирасига эҳтиром бажо этиб келмоқда. Зиғирча бўлса ҳам миннат қўшмаган ҳолда айта оламанки, шу кунгача мен кеннойимизнинг ҳурматини жойига қўйиб келмоқдаман. Давлатимиз раҳбари шоирнинг оиласига Яккасарой туманидаги Юсуф Хос Ҳожиб мавзесидан шинамгина ҳовли берди. Янги хонадонда Назира опам ва фарзандларининг бир қанча қувончли кунларида иштирок этдик.
— Аллоҳнинг бандаси пешонасига нелар ёзилгани билолмас экан. – дейди шоирнинг рафиқаси, истеъдодли шоира, Муҳаммад Юсуф жамоат фонди раҳбари Назира ас-Салом. — Тошкентнинг Навоий кўчасидаги кўпчиликка маъдум 30-уйда, “Ўқитувчи” нашриётида ишлар эдим. Тушликка чиқаётганимизда бино йўлагида қорачадан келган, озғингина, истараси иссиқ, сочлари жингалакка мойил, кўзлари чақнаб турган йигит соат неча бўлганини сўради. Айтдим. У бир лаҳза кўзларимга тикилди-да, майин жилмайиб ўртоқлари ёнига кетди. Кейинчалик эшитсам, ўшанда дўстларига “Фалакнинг гардиши қай томонга айланишини билмадиму мен айнан шу қизга уйланаман” деган экан. Тез орада тўйимиз бўлди. Фарзандлар туғилди. Неваралик бўлдик. Ўзлари Билол деб исм бердилар ва шу номда шеър ёздилар, мен чинорман, сен ниҳолсан, дедилар. У шеърда мени кўролмаслар кўп, нишларини аямасдан санчадилар, деган сўзлар ҳам бор. Начора, ҳаёт шундай экан, қийналдик, қоқилдик, қад тикладик. Бунда раҳматлик отам, йирик таржимашунос, фан доктори, профессор Ғайбулла ас-Салом бизга қўлқанот бўлдилар. У киши Хатирчида оддий оилада улғайиб халқимизнинг атоқли олими мақомига эришдилар. Фалокат оёнинг остида бўлар экан: Муҳаммаджон ака ўзимизнинг автоуловда телевизоримизни тузаттириш учун телеательга олиб кетаётиб ҳалокатга учрадилар. Тошкент тиббиёт институти клиникасида узоқ даволандилар. Унинг оёққа туришида машҳур тиб олими, профессор Дамин Абдураҳимович Асадовнинг хизмати катта бўлди. Авариядан хабар топган таниш-билишлар Тошкентга оқиб келди. Муҳаммаджон ака клиника палатасида шеър ёзиб, “Халқ сўзи” мухбири Озод Ражабовга берган интервьюсига қўшдилар. Сўнгги марта Қорақалпоғистонга кетганларида ҳам тоблари йўқ эди. “Сафарга бормасам бўлмайди!” деб туриб олдилар. Унга ва оиламизга чексиз мурувват кўрсатган ўша табаррук тупроқда оламдан ўтганини эса фақат Аллоҳнинг иродаси деб биламан!

Йўломон йўл, эломон эл қидиради. Энди Халқ шоири ҳаётининг сўнгги чоғларига холис тўхталишни лозим деб топдик. Чунки Муҳаммаджон ака ҳаётининг айнан шу даврига оид ёзилган эссе, мақола, ёдномаларнинг ўндан тўққиз қисми ҳақиқатга тўғри келмайди. Авваломбор Муҳаммаджон ака ўша кезда Элликқалъага шунчаки боргани йўқ. Мен у пайтлари “Халқ сўзи” – “Народное слово” газеталарининг Қорақалпоғистон бўйича мухбири эдим. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, “Халқ сўзи” – “Народное слово” газеталари, Қорақалпоғистон ҳукумати Элликқалъада шеърият байрами ўтказиш бўйича меморандум имзоланди. 2000 йилнинг 12 июнь куни Ёзувчилар уюшмасининг “Мустақиллик майдони” метро бекати, Тошкент зарбхонаси ёнидаги биносида, раис Абдулла Ориповнинг кабинетида Муҳаммаджон ака иккимизга қарата:

— Мени яхши биласизлар. Ёлғон гапиришни ёмон кўраман. Мен аслида Элликқалъага шеърият байрами деб эмас, у ердан чиққан табибга қизимни кўрсатиш учун бормоқчиман! – деди.

— Қачон жўнамоқчисан? – деб сўради Абдулла ака.
— Эртага!

— Унда менинг Рухсора қизимни ҳам олиб кетинглар. Қорақалпоқни кўрсин!

13 июнь куни Муҳаммаджон ака учиб кетди. 14 июнь куни Абдулла ака бошчилигида 15 кишидан иборат гуруҳ самолётга чиқдик. Самолёт ўрнидан қўзғалганида иллюминатордан ташқарига қарасам, аэропортга кечикиб келган шоир Азим Суюнга кўзим тушди. Шеърият байрамида Қорақалпоғстоннинг ўша кезлардаги раҳбарлари Тимур Камолов ва Аминбой Тожиевлар иштирок этишди. Тадбир юксак савияда ўтди. Ўшанда “Халқ сўзи” – “Народное слово” газеталари Бош муҳаррири ўринбосари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Шуҳрат Жабборов “Тадбирга беш нафар Халқ шоири келибди. Агар бир нафар Халқ шоири келганида ҳам тарихий воқеа бўлган бўлар эди!” деди. Ҳақиқатан ҳам байрамга 5 нафар Халқ шоири – Абдулла Орипов, Жуманиёз Жабборов, Омон Матжон, Усмон Азим, Муҳаммад Юсуф келган эдилар. Тадбирдан сўнг Муҳаммаджон ака Элликқалъага ҳар ойда бир келадиган бўлди. Эҳтимол унинг бу ташрифлари ўн, йигирма, балки ундан ҳам кўп вақт давом этган бўларди. Фақат ўша машъум авария уни тўшакка михлади. 2001 йилнинг 25 июлига мўлжалланган мамлакат ёш ёзувчиларининг “Ақчакўл илҳомлари” республика анжумани олдидан уюшма раисининг ҳузурида кенгашиб олдик. Тоби йўқлигига ишора қилсак, оғам Абдулла акага “Устоз! Бу ёш ёзувчилар анжумани. Вазифамга кўра мен бормасам қандай бўлади?” дедилар. Менга қарата: “Янгибой оға! Ёмғир шаррос қуйиб турганида Тошкент вилоятига бориб, тарғибот ишига қўшилганингиз ёддан чиқдими? Сизлардан мен учун самолётга сарф-харажат лозим бўлмаса, борганим маъқул эмасми?” деди. Қайта эътироз билдиришнинг иложи бўлмади. Тангри таолонинг олдида адолат юзасидан қайд қилишимиз керакки, ўша чоғлари энди куртак отаётган миллий “шоу-бизнес” муҳити азиз оғамнинг феъл-атворига оз бўлса-да таъсирини ўтказган, саноқли кунлардан кейин “Зарафшон” ресторанида муаллифлик кечаси ўтказилиши ҳақида афишалар осилган эди. Ўзимдан қиёс: ўтган асрнинг етмишинчи йиллари охирида Москвада таниқли эстрада юлдузи ва шоир Владимир Висоцкий билан бирга пиво ичиб, креветка еганимдан кейин “Советская” деган меҳмонхонада ҳаяжондан икки кеча ухлай олмаган эдим. Оғамнинг ўша давраларга кириб бориши унинг халққа кенгроқ танилишига йўл очиб берган бўлиши ҳам мумкин. Қолаверса у чоғлари ҳам, ҳозир ҳам “шоу-бизнес”да иймонли, эътиқодли инсонлар жуда кўп бўлган ва бўлади.

“Ақчакўл илҳомлари” тадбирига уюшма раиси билан бирга вилоят бўлимлари масъулларидан Тўлан Низом, Тошпўлат Аҳмад ва бошқалар борди. Ҳабиб Саъдулла, Хосият Бобомуродова ва ўзи бошқа соҳада ишлайдиган шоир оқсоқол узрли сабабларга кўра самолётдан қолиб кетишди. Ўша оқсоқол бир неча марта “Муҳаммаджон менинг ўрнимга самолётга чиқди. Агар мен учганимда у омон қолар эди!” деб ёзди. Бу бутунлай нотўғри. Биринчидан, Муҳаммаджон ака Олий Мажлис депутати бўлгани учун парламент аъзоларига доимий сақлаб қўйиладиган ўринда учди. Иккинчидан, Хосият опамнинг қўлида билети бўлгани учун унинг ўрни ҳам бўш эди. Учинчидан, ҳаммамиз Аллоҳнинг суюкли бандаларимиз, сўнгги нафасимиз қаерга муҳрланганини ёлғиз Яратган Эгамнинг ўзигина билади. (Аллоҳнинг амри экан: буюк мусаввир Ўрол Тансиқбоев 1974 йилнинг 18 апрелида, буюк давлат арбоби Шароф Рашидов 1983 йилнинг 31 октябрида Қуйи Амударё воҳасида дорилбақога йўл олдилар) Тўртинчидан, Муҳаммаджон ака дастлабки икки кун, икки кечада соғлигига салбий таъсир қилиши мумкин бўлган нарсалар истеъмол қилгани йўқ. Буни аниқ биламан. Айниқса ҳозир шов-шувга ўч жаноблар ёзиб юрган қимрон ҳақида сўраганида ҳозирги ҳолатида унга мумкин эмаслигини айтганимда “шубот” тўла косани ўрнига қайтариб қўйган эди. Бешинчидан, ўша авария асоратидан тўлиқ халос бўлмагани учун минбарда туриб анжуман ғолиблари рўйхатини ўқишга чоғларида нафаси етмасдан учиб йиқилди. (Бу ҳол сафарга отланишимиз арафасида Тошкентда ҳам юз берган эди). Олтинчидан, ўша кейинчалик ўз номига қўйилган академик лицей аудиториясида йиқилганида маҳаллий врач тилини танглайидан тортиб олиб шифохонага жўнатганимиздан кейин Муҳаммаджон ака ўзига келгану касалхонадан чиқиб кетган. Анжуман ғолибларини эълон қилиб, уни ёпганимиздан кейин менинг уяли телефонимга улкан устоз Тўлепберген Қаипбергенов қўнғироқ қилиб: “Биз Халилла Давлетназаров билан Бўстон шаҳрига кириб келдик. Қаерга борайлик!” деди. Мен “Ботаника боғига боринглар. Тушлик учун ўша жойга борамиз!” дедим. Борсак Тўлепберген оға машинадан тушиб, боғ биноси зинасидан юқорига кўтарилаётган экан. У ерда Тўлан ака, Тошпўлат ака ва хонанда Гулбаҳор Эрқулова турган эди. Бир пайт эшик очилиб, Муҳаммаджон ака чиқиб келса бўладими? Аввал Тўлепберген оға билан, кейин Халилла оға билан кўришди. Шунда аудиториядаги аҳвол қайта такрорланди. Оғам ҳушидан кетганча учиб йиқилди. Яна шифохонага элтиб, Тошкентга, Назира опага қўнғироқ қилдик. Рафиқаси етиб келди. Оғам уч кеча уч кундуз ажал билан олишди. Ажал кенгашиб келмас ва унинг йўли чилнинг қадамидан ҳам қисқа бўлар экан. Шоир орамизда йўғу таваллудининг 50, 60 йиллик саналари давлатимиз томонидан кенг миқёсда нишонланди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Андижонда шоир номида ижод мактаби очилди. Ижод мактабининг очилиши, унда давлатимиз раҳбарининг иштироки Назира опам учун чексиз ҳаяжон бахш этди. Хиёл қон босими ошибди. “Дархон” мавзеси ва Ирригация институти яқинидаги республика ихтисослаштирилган кардиология марказига кўргани борсам опамнинг кайфияти баланд. “Акангизнинг руҳи шод бўлди, Янгибой. Юртга ҳам, Юртнинг Эгасига ҳам беадад раҳмат!” деди. Истеъдодли адибалар Ёқут Раҳимова, Ўктамхон Холдорова келишган экан. Уюшмадан Фароғат Худойқулова ҳам кириб келди. Назира опамнинг юзлари ёришди. Ахир бундай оқибатли юрт қаерда бор?

Мен оғам туғилган уйда бир неча бор бўлганман. Ҳаётлигида ҳам, оламдан ўтганидан кейин ҳам онаизори билан суҳбатлашганман. Ҳаммамиз ҳам хом сут эмган бандамиз. Муҳаммаджон ака биринчи бор Элликқалъага раҳматлик табиб Тўхтабой ака Болтабоев ҳузурига келган эди. Иккови роса чиқишиб қолдилар. Кейин мен Муҳаммаджон акани юзлаб километргача теп-текис, аммо ёвшан ўсган тақирларга олиб чиқдим. Тоғлик жойларда ўсган одамга бу алоҳида экзотика. Бир неча чақирим пиёда юрдик. Яйради шоир. “Ўша Абдулла акамнинг кабинетидаги сўзимни унутинг!” деди. Ана ўшанда оғам ҳали соппа-соғ эди. Қимиз ичиб бир ёшлик тўқлининг ҳил-ҳил пишган гўштини тўрт одам еб қўйган эдик. “Сиз Қорақалпоқ фарзанди бўлдингиз. Мен энди Андижон фарзанди бўламан!” дедим ҳазиллашиб. Аммо у чоғ вақт келиб улуғ инсон Зокиржон Машрабовнинг қадрдон инисига, андижонлик азиз устозларимиздан Тўлан Низом, Муҳаммад Али, Қамчибек Кенжа, Шодмон Отабек, Фарид Усмон, Ҳурмамат Тожибоев, Ҳабиб Сиддиқ, Абдунаби Бойқўзиевларнинг бир миннатдор шогирдига, Омина Тожибоева ва Замира Рўзиеванинг ўз жигарига, Ҳумоюн Акбар ва Хуршида Ваҳобжон қизининг ўз оғасига, Суҳайлий, Ғани Мажид, Назиржон Саидов, Дурбек Қўлдошев, Нусрат Абдусалом, Баҳодир Андижоний, Икромжон Аслийларнинг яқин биродарига айланаман, андижонликлар мен ҳақимда китоб ёзади, деган гаплар етти ухлаб тушимга кирмаган эди. Ҳаммаси учун таъзим ва ташаккур!

Бир йигитнинг орқасидан қирқ йигит отга минади. Муҳаммаджон ака ўз вақтида қатор сўзи ва ўзи бутун навқирон ижодкорларнинг бошини силади. Бир қанчаси бугунги адабиётимиз иқлимини белгилаб турибди. Бирисининг номини келтирсак, иккинчиси, иккинчисиники қайд этсак, учинчиси хафа бўлиши тайин. Устознинг ҳам, сафдошлари ва шогирдларининг ҳам мағзи тўқ асарлари юксак дидли китобхонга пешма-пеш етиб бормоқда. Ҳар баҳор оғамнинг қадимий Мингтепа заминидаги, киндик қони томган Қовунчи қўрғонидаги сўнгги манзилида қизғалдоқ очилади:

Мендан нима қолар:
Икки мисра шеър,
Икки сандиқ китоб,
Бир уюм тупроқ.
Одамлар ортимдан
Нима деса дер,
Мен сени ўйлайман,
Ўзимдан кўпроқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

2020,апрель

0726 APREL – O’ZBEKISTON XALQ SHOIRI MUHAMMAD YUSUF TAVALLUD TOPGAN KUN

Allomai zamon Ibrohim G’afurov quyidagi so’zlarni yozganida ming bora haqdir: “Ulug’ tarixiy, ijtimoiy hodisalar o’z odamlarini – o’z shoirlari, o’z siyosatchilari, ijodkor fidokorlarini yaratadi. Muhammad Yusuf xuddi istiqlol uchun yaratilgandek edi. U xuddi Mahtumquliga o’xshardi. She’rlari ozod xalq orzulari bilan tutashib ketgan edi…”

YURTNI YURAGIGA JOYLAGAN SHOIR
Yangiboy QO’ChQOROV
O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan madaniyat xodimi


2013 yil. Mayingina shabadalari bilan kirib kelgan kuzning uchinchi yo to’rtinchi kuni edi. “Do’rmon” ijod uyi oldidagi o’rindiqda aziz ustozim Nosir Fozilov bilan shiringina gurunglashyapmiz. Ikkinchi o’rindiqda Muborak kennoyi taniqli dramaturg Haydar Muhammadning rafiqasi Vazira opa bilan suhbatga kirishgan. Darvoza tomondan yelim xaltacha ko’targan o’rtamiyona ijodkor “og’a”mizning kelayotganini ko’rdim. Kallaklangan jo’ka daraxti yoniga yetganda og’zidagi nosini gulzorning chetiga tufladi. O’zimni tutolmay kulib yubordim.

— Ha, “shair” ne bo’ldi? – dedi Nosir oqsoqol kichkinagina tranzistorini chap qulog’iga tutib.

— Talaba paytimiz qizlar bilan valьs tushish uchun tun bo’yi Lev Leshchenkoning bitta plastinkasini qayta-qayta qo’yar edik. Bir yigit plastinkaning yonida turardi-da, tugay deganida sekin sezdirmasdan surib qo’yardi. “Proщay, nichego ne obeщay!” deb tonggacha xonish qilaverardi plastinka…

— Nega birdan buni eslab qolding, inim?
— Hozir huv kelayotgan ulug’ zotning plastinkasini eshitasiz?

— Plastinkasiga nimalar yozilgan?
— Mukofot, mukofot, mukofot!

So’zimni tugatishim bilan ul zot yetib keldi-da:

— Assalomu alaykum, Nosir aka? Yaxshimisiz? Bir hafta poytaxtdan olisda yurib, “gazit” o’qiy olmadim. Xo’sh, bu safar yozuvchilarimizdan qaysi birlari mukofot “sotib” oldi? “Ko’ki”dan berishibdimi? – deb so’radi.

Nosir aka ko’pni ko’rgan yoshulli emasmi, pinagini buzmasdan:

— Ha, faqat siz aytgan qoyilmaqom kupyuralardan berishibdi. Sizga “O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan madaniyat xodimi” unvonini “sotib” olganlarni aytsam bo’ladimi?

— Bo’ladi. O’zi imtiyozi yog’li unvonlardan biri ham shu-da! – kaftlarini bir-biriga mamnun ishqab qo’ydi “klassik”.

— Bu unvonni uch boyvachcha adib oldi! – dedi Nosir aka menga “Jim o’tir!” ishorasini qilib.

— “Boy ham boyga, xudoy ham boyga!” degan gap bekorga aytilmagan-da, Nosir Yo’ldoshevich!

— To’g’ri topdingiz! Endi eshiting: birinchi “boyvachcha” – G’ulom Karimiy degan yozuvchi. Bo’yi baravar kitob yozdi. Bechora anchadan buyon reanimatsiyada yotibdi. Ikkinchi “boyvachcha” – Erkin Usmonov. O’zi zo’r prozaik. Ammo metroga tushishga puli yo’q. Uchinchi “boyvachcha” – mana, yoningizda o’tiribdi. Bir necha roman tarjima qildi. Ismi Yangiboy, lekin ertaga Qoraqalpoqqa poyezdda ketish uchun Muborakdan qarz so’radi. Uchovi ham bahorda loy kechib, kuzda moy ichib yurgan xokisorlar. Savolingga javob oldingmi, jo’ra? Boshqa gaping bo’lmasa, qani, bu yerdan tuyog’ingni shiqillat!

O’sha oqshom ijod uyining ikkinchi xonasida o’tirib, yon daftarchamni varaqlasam, quyidagi qaydga ko’zim tushdi: “27.08.1998. Prezidentning 2074-sonli Farmoni. 17 adib “El-yurt”, 3 adib “Mehnat shuhrati”, 3 adib “Do’stlik” ordeni, 9 adib “Shuhrat” medali bilan mukofotlandi. To’lan Nizom, Anvar Obidjon, Muhammad Yusuf “O’zbekiston xalq shoiri”, Matnazar Abdulhakim va Asad Dilmurod “O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan madaniyat xodimi” unvonlarini oldilar. Orden olganlar – 91 yoshdagi Rahmat Azizxo’jayevdan boshlab Xo’jabek Seitov, Hamid G’ulom, Mirmuhsin, Odil aka, Pirimqul aka, Matyoqub domla, Oxunjon Hakim, Najmiddin Komil, Kengesboy Rahmon, Sharofat Botirova, Vyacheslav Kostirya, Safter Nagayev va boshqalargacha. Qoyil!”

055Darvoqe, o’tgan asrning to’qsoninchi yillari ikkinchi yarmi otashnafas shoir Muhammad Yusuf hayoti va ijodining yulduzli onlari edi. Avvalombor “Tosh shahrida uyi boloxona” bo’lgan shoirga poytaxtning nufuzli “Pushkin-Salor” mavzesidan shinam turar-joy ajratildi. Benazir ijodi uchun 1996 yilda “Do’stlik” ordeni bilan taqdirlandi. 1997 yili O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi raisining o’rinbosari bo’lib saylandi. 1998 yili Xalq shoiri unvoni bilan taqdirlanishidan tashqari O’zbekiston Respublikasi huzuridagi Davlat boshqaruvi akademiyasini tugatdi, Birozdan so’ng Chinozdan Ikkinchi chaqiriq O’zbekiston Respublikasi Oliy Majlisi deputati bo’lib saylandi. Ketma-ket kitoblari chop etildi. Shaxsiy avtoulov xarid qildi. Qator teran mazmunga ega she’rlari taronalarga aylanib, muhim davlat tadbirlarida ijro qilindi. Ularda mustaqillik ostonasida turgan o’zbek xalqining eng ezgu orzu armonlari, iztiroblari, intilishlari yaqqol ifoda etilgan edi. “O’zbekiston”, “Vatanim”, “Xalq bo’l, elim”, “Talabalar madhiyasi”, “O’zbekning ayollari”, “O’zingdan qo’ymasin, xalqim” kabi davr da’vatiga mengzagan she’rlar millionlab qalblarga muhrlandi:

Erk vodiysi – zahmatlarga siylovdir bu,
Toy qoqilib ot bo’lguvchi yaylovdir bu,
Ranj chekmasang nurli, nurli tonglar qayda,
Sinovdir bu, balki buyuk sinovdir bu.
Bosh ketsa ham qaytma endi so’zingdan-a,
O’zingdan qo’ymasin, xalqim, o’zingdan-a.

Haqiqatan ham yangi asr bo’sag’asida o’zbek adabiyoti bo’stonida gujumdek gurkirab Muhammad Yusuf fenomeni paydo bo’ldi. Bu aslo mubolag’a emasligining tasdig’i tarzida o’sha bo’stonning to’rt azim chinori, to’rt nafar qahramon adiblarning xulosalarini keltirmoqchimiz. Atoqli adib Said Ahmad “Keyingi paytda birorta shoir Muhammad Yusufdek tez nom chiqarmagan, nomdor bo’lmagan edi” desa, ardoqli ustozimiz Erkin Vohidov “U birinchi qadamidanoq yurt osmonida baland parvoz qilguvchi, yuraklarga qanot berguvchi she’riyati bilan elning og’ziga tushdi” deb e’tirof etdilar.

Mustaqil mamlakat davlat madhiyasi muallifi, aziz ustozimiz Abdulla Oripov esa “Hali yoshlik yillaridayoq bunchalik ko’p muxlis orttirgan, do’st-og’aynisi bisyor ijodkorni ko’rmagan edim” deb yozdi. Allomalar allomasi Ozod Obidovich Sharafiddinov “Muhammad Yusuf degan shoir she’riyatga qanday kirib kelganini adabiyotimiz sezmay ham qoldi. Ammo u tezda, hammani hayron qoldirib, og’izga tushib ketdi” deb tan oldi.

O’tgan asrning saksoninchi, to’qsoninchi yillarida Nukusda biz navqiron qalam sohiblari talpinadigan uch tabarruk manzil bor edi. Bular – Piskunova ko’chasidagi 62-, Budyonniy ko’chasidagi 28- va Orjonikidze ko’chasidagi 11-xonadonlar edi. Tabiiyki Ibroyim og’a va To’lepbergen og’a ko’proq safarlarda bo’lishsa, yigit yoshida Maksim Gorьkiy va Abdulla Qodiriy bilan ko’rishgan Jo’lmirza Oymirzayev siyli saksondan yoshdan oshib o’z uyida yashardi. Bir kuni u o’zi yozayotgan “Ellikqal’a” romani tafsilotlarini aniqlash uchun kaminai kamtarinni uyiga chaqirdi. Ko’cha eshigini “Oygul va Obod” dostonidan ariya aytib ochdi. Cho’lquvarlar haqidagi tafsilotlarni so’rab olganidan keyin Toshkent adabiy muhitidan gap ochdi. “Sunnetullani taniysanmi?” dedi. Gap taniqli yozuvchi S.Anorboyev haqida borayotganini anglab, “Yo’q. Nosir Fozilovni taniyman!” dedim. “Ko’rsang ikkoviga ham salom ayt. Sunnetulla “Dizelnaya”da turadi!” dedi. Xom sut emgan banda emasmizmi, G’afur G’ulom va Muxtor Avezovning do’sti adabiyot yangiliklaridan bexabar bo’lsa kerak, deb o’ylardim. Oqsoqol ko’chaga chiqqanimizda “Muhammad Yusuf degan shoir chiqibdi. “Laganbardorlar” degan she’rini o’qidim. “Podxalim”lar ottirib yuborgan Izbosar Fozilovni eslab yig’ladim. Senlar bilmaysanlar: o’ttizinchi yillarning o’rtalarida bizlar RSFSR sostavida edik. Moskvaning yangiligi To’rtko’l va Chimboyga bir oyda yetib kelsa, Toshkentning habarlarini bir-ikki kun ichida eshitardik. Usmon Nosir degan shoir chiqib “o’zbek Lermontovi” deb nom olgan edi. Xuddi bizning qaldirg’och dramaturgimiz Abduraxman O’tepovdek nohaq qamalib, yosh o’lib ketdi, bechora. Endi sizlarga Alloh uzoq umr bersin!” deb xayrlashdi. Nukus ko’chasidan o’ychan odimlar ekanman, Muhammadjon aka tomonidan Toshkentdagi “Bilimlar uyi”da o’qilgan o’sha she’rning satrlari mis qo’ng’iroq zarblaridek quloqlarim ostida jarangladi:

Ular ustoziga quldayin kimsa,
Mehribon homiysi shogirdlarining.
O’zi o’ldirib, so’ng mozorigacha
Ko’tarib borishar tobutlarini…

Aziz ustozimiz, allomai zamon Ibrohim G’afurov quyidagi so’zlarni yozganida ming bora haqdir: “Ulug’ tarixiy, ijtimoiy hodisalar o’z odamlarini – o’z shoirlari, o’z siyosatchilari, ijodkor fidokorlarini yaratadi. Muhammad Yusuf xuddi istiqlol uchun yaratilgandek edi. U xuddi Mahtumquliga o’xshardi. She’rlari ozod xalq orzulari bilan tutashib ketgan edi…”

Alqissa Nukusdan Toshkentga qaytgach, Chilonzor, 1-daha, 58-uy, 3-xonadonga borib, Nosir og’aga Jo’lmirza og’aning salomini aytdim.

— Oqsoqol ariya kuylab berdimi?
— Kuyladi.

— Bulbuldek ovozi bor. Xotini xalq artisti ekanini bilasizmi?
— Bilaman.

— Muborak chechang beshbarmoq pishirish bo’yicha xalq oshpazi. Qo’lingizni yuvib keling. Shilpildoq yeymiz!

Chilonzordan Yozuvchilar uyushmasiga yo’l oldim. Soat 15 ga mushoira belgilangan edi. Do’stim Yahyo Tog’a salomdan ham oldin “Qarab turgin, bugun uloqni men olaman!” dedi. “Yutqazsang, nima qilishingni bilasanmi?” “Bilaman, “rыbxoz”ga olib boraman. Ota uyimning oldi shundoq hukumatning hovuzi-ku. Necha marta borgansan. Xotirjam bo’laver. Jahon tinch bo’lsa, bas!”. (Jahonbibi xotinining ismi – muallif izohi)

Yahyo anoyi emas ekan. Barcha so’zlari “Sh” harfidan iborat she’r o’qidi:

Shoshiladur shum shamsiyalar,
Sharti shuldir Shu’la shirkatin.
Shom shumqadam, shamol shumxabar,
Shimol shimar Sharqning sharbatin…

Mushoira minbaridan Muhammad Yusuf, Mahmud Toir, Abdunabi Boyqo’ziyev, Chorsha’m Ro’ziyev, Rustam Musurmon, Halima Ahmedova, O’ktamxon Xoldorova va boshqalar yaxshi she’rlar o’qishdi. Ammo Muhammadjon aka “Shukur Burhonni ham kuzatib qo’ydik” deb boshlanadigan she’ri bilan uloqni oldi:

Yalangto’sh bobo jim kulib yotardi,
Shuncha do’sti bor ekan, u bilmagandi.
Yopiray, tasavvur ham qilmagandi,
Chunki uch kun oldin pochtadan olg’on
Mehnat daftarchasin quchoqlab hayron
Xotini oldida shunday yig’lagandi…

— Shukur aka 1930 yili MXATda malaka oshirgan. – dedi Yahyo tashqariga chiqqanimizdan keyin menga. – Sen MXATni bilasanmi, o’zi sahroyi? Men “Literaturniy”da o’qiganimda MXATga kirganman. Buyuk Stanislavskiy va buyuk Meyerxolьddan saboq olgan-a, Shukur aka.

— Mana, men buyuk Yahyo Tog’adan saboq olyapman-ku. Lekin she’ringdagi “shir”, “shobir” degan so’zlarni tushunmadim. Mana, bo’yningga olmasssan deb bloknotimga yozib olganman. Yutqazding, mister Tog’ayev!

— Ikkinchi marta yutqazdim. Lekin birinchi “mag’lubiyatim” kun tartibidan olib tashlangan emas. Va’da berdimmmi, boyisam, seni o’z hisobimdan Yeseninning qishlog’i Konstantinovoga olib borib kelaman!

— Nima haqda bahs ketyapti? – kulimsirab qoshimizga keldi Muhammadjon aka.

— Qayoqqa yo’l olish haqida, Marhamatli shohim! – dedi Yahyo. Ular navqiron chog’lari bitta boloxonada ijarada turib, oradan qil o’tmaydigan do’stlar bo’lib ketishgan. Birining satri biriga “kavsharlangan” joylari ham bor edi.

— Pushkin parkka boramiz! – dedi Muhammadjon aka. – Zo’r lag’mon bor!

Yosh tomoshabinlar teatrining sariq binosi chetida parkka kiradigan panjarali eshik bor ekan. Yahyo ortiga o’girilib, “butunittifoq oqsoqoli” nomidagi maydonga, yo’lning narigi tomonidagi “Guliston” restoraniga tikildi, Muhammadjon aka:

— Mulla Yahyoxo’ja! Siz o’ylagan narsalar bu tomonda ham bor! – dedi. “Janggoh”(yoshi ulug’ toshkentliklar bu bog’ni shunday leb ataydi)dagi lag’monxonada qancha o’tirganimizni bilmaymanu ertasiga “Toshkent” mehmonxonasining 272-xonasida tush chog’i zo’rg’a ko’zimni ochganimni yaxshi eslayman. Chunki Muhammadjon aka qo’ng’iroq qilib uyg’otgan edilar. Yashirib nima qildik: u kishi hamma bilan ham osh-qatiq bo’lib ketavermas edi. Yig’ilishlarda, ayniqsa, uyushmaga qabul bilan bog’liq masalalarda dumbul yechimlarga duch kelsa hech kimni ayab o’tirmasdi. “Osh har yerda, bosh bir yerda” der edi. “Do’rmon” ijod uyida avval dilimizni xira qilgan bir zot “Baytqo’rg’onda zo’r “shashlik” bor. Mehmon qilaymi?” dedi oshxonada o’tirganimizda. Muhammadjon aka salfetkaga “Tuzoqqa bir marta tushgan to’rg’ay, Qirq yilgacha o’sha shoxga qo’nmag’ay!” deb yozdi. Men “Ul arpaga un bo’lguncha, bug’doy somoni bo’lmoq o’ng’ay!” deb javob qaytardim. Og’am nimtabassum bilan bosh irg’adi. “Tilab olgan hurmatdan Gado topgan non yaxshi” deydi Xalq shoiri, qadrdon og’amiz Mahmud Toir. Og’rimagan boshga oltin tayoqning ne keragi bor.

26 aprelь – og’amizning tavallud topgan kuni. Shu sana arafasida ko’pchiligimiz atoqli shoirni eslaymiz, esdaliklarimizni qog’ozga tushiramiz. Meni hayron qoldiradigan joyi shundaki, bu kezlar umri bino bo’lib Muhammadjon aka bilan biror marta uchrashmagan odamlarning ham ilhomi “to’lib-toshadi.” Shu o’rinda Xorazmdagi xususiy telekanallardan birida bir navqiron xonanda aytgan so’zlar kulgimni qistaganini aytmasam bo’lmaydi. U “uzoq yillar Otajon Xudoyshukurovdek ulug’ hofizdan saboq olganim bilan faxrlanaman!” dedi. Ertasiga o’sha yigitning ovuliga to’yga bordik. U qo’shiq aytdi. Tasodifni qarangki, uni boshlang’ich sinfda o’qitgan muallim men bilan yonma-yon o’tirgan ekan. Tuzukroq surishtirsam, Otajon og’a olamdan o’tgan yili u yigit uchinchi sinfda o’qigan ekan. Mana, sizga “uzoq yillik muloqot”!

Endi o’z mavzumizga qaytaylik. Og’amiz hayot chog’i u bilan ko’p yillar bir kulchani ikkiga bo’lib yegan, bir joyda birga ishlagan qadrdon do’sti, ayni kunda O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi raisi, Xalq shoiri Sirojiddin Sayyid “Ustozlar izidan, safdoshlari bilan yonma-yon Muhammad Yusuf ham, ta’bir joiz bo’lsa, o’z she’rlari bilan nurli ko’priklar solib, yangi yorug’ yo’llar ochishga muvaffaq bo’ldi.” deb yozganida bir necha karra haqdir. Zotan bir qancha mualliflar yoxud adabiyotshunoslarning shoir adabiy merosini adabiyotimizning umumiy bog’idan ayro holda tavsiflashga, ortiqcha baho berishga urinishini to’g’ri deb hisoblamayman. Biz uchun hazrat Navoiy, hazrat Bobur, hazrat Ogahiy ham, otashnafas shoirlardan Cho’lponu Usmon Nosir, G’afur G’ulomu Oybek, Mirtemir ham, Jumaniyoz Jabborov, Ma’ruf Jalil, Cho’lpon Ergash, Yo’ldosh Eshbek, Asqar Qosim ham, Zulfiya, Saida Zunnunova, Oydin Hojiyeva, Ullibibi Otayeva, Nazira as-Salom ham birdek qadrlidir.

Og’ir toshni suv oqizib keta olmaydi. Kezi kelganda yigirmanchi asr o’zbek adabiyotiga oid antologiyalarni, qo’llanmalarni qayta tayyorlash zarurati borligini ta’kidlamoqchimiz. Aytaylik, besh marta qayta nashr etilgan “O’zbek adiblari” nomli kitob professor Sobir Mirvaliyevning beqiyos mehnatidir. Beshinchi nashrda unga professor Nu’mon Rahimjonov ham katta ulush qo’shdilar. Ammo ushbu noyob nashrda o’tgan asrning o’rtalarida poeziyamizda yulduzdek porlagan shoirlar – “Eron osmoni ostida” turkumining muallifi Mamarasul Boboyev va O’zbekiston Sho’rolar respublikasi madhiyasi avtorlaridan biri Temur Fattoh haqida biror og’iz so’z yo’q, Yoinki turli avlodga mansub so’z ustalaridan Ilyos Muslim, Jumaniyoz Sharipov, O’tkir Rashid, Ra’no Uzoqova, Yong’in Mirzo, E’tibor Oxunova, Tesha Saydaliyev, Dushan Fayziy, Nizomjon Parda, Oshiq Erkin, Nilufar, Maksim Karim, Ibrohim Donish(ro’yxatni uzoq davom ettirishimiz mumkin) asarlari har qanday antologiyani bezamaydimi? Bezaydi. Biz bu mulohazani faqat kelgusi ishlarni ko’zlagan holda bildiryapmiz.

Muhammad Yusuf fenomeni haqida gap ketganda uning yurtdoshi, Xalq shoiri To’lan Nizomning quyidagi xulosasi yodga keladi: “Satrlar quyma, so’zlar xalqona, fikrlar tiniq, haroratli.”

Gap shundaki, so’z zargari poeziyamizga Halima Xudoyberdiyeva, Tilak Jo’ra, Azim Suyun, Mirpo’lat Mirzo, Shavkat Rahmon, Usmon Azim, Xurshid Davron, Muhammad Rahmon va boshqa qator iste’dodli shoirlardan iborat qudratli avlodning ortidan kirib keldi. Lekin u o’zidan bir ko’ylakni oldin to’zdirgan Mirpo’lat Mirzo ta’kidlaganidek, “shu davr jahon she’riyatidagi turli oqimlar, tajribalar, keskin evrilishlarga ergashmasdan kitobiylikdan yiroq, xalq qalbiga yaqin” she’rlar bitdi. Shoir ijodining o’ziga xos olmos qirralari ana shunda mujassam:

Mening kimligimni
Bilmaydi hech kim.
Men bir g’alatiman,
Men – alohida.
Kiyiklar qonini
Keladi ichgim,
Chayonni chaynagim
Kelar gohida…

Shoir shaxsi bilan lirik qahramon ichki olami barcha zamonlarda adabiyot ilmini o’yga solgan. Yuqoridagi satrlardan kelib chiqib taniqli munaqqid Umarali Normatov “Shoirning lirik qahramoni g’aroyib shaxs” degan xulosaga kelib, uning ijodida “jahon yangi she’riyati nafasi” va “yangicha she’riy tafakkur” epkini paydo bo’lganiga ishora qiladi. Ikkinchi atoqli munaqqid Abdug’afur Rasulov esa “Shoir she’riyati – mukammal vujud: unda har bir a’zo, asab tolasi, qon qatrasi, kiprikdan tirnoqqacha aniq vazifani bajaradi.” deb yozadi. Uchinchi tajribali munaqqid Saydi Umirov shoir she’rlarining tavsifiga “Tabiiy va samimiy, jozibador va maftunkor, ta’mli va totimli, sodda va teran, xalqona va mardona” degan metaforalarni qo’shadi. Uchala ustozning munosib izdoshi Adhambek Alimbekov esa shoir ijodi haqida tugal monografiya yozib, uni “Latif she’riyat” deb nomladi. Asar adabiy jamoatchilik tomonidan iliq kutib olindi.

Muhammadjon aka “Toshkent oqshomi” gazetasida ishlaganida maqolalariga “Maqsad Yaxshiyev” degan imzoni qo’yardi. Men u paytlar “Oqshom”ga, ustoz O’tkir Hoshimov va Nasriddin aka Muhammadiyevning yonlariga tez-tez borib turardim. Gazetani varaqlab, o’sha imzoni ko’rardimu ichimda maqsadi yaxshi insonlarga yondoshishdir, degan xulosani chiqarardim. Keyinchalik bunga ko’p bora ishonch hosil qilganman. Dastlabki davrda Muhammadjon akani kechqurunlari 41-15-86 nomerli telefondan topish mumkin edi. Undan bu nomerni olganmanu bu kimning uyi deb so’ramagan ekanman. Qo’ng’iroq qilsam:

— Eshitaman, mullaka! Kim kerak? – dedi salobatli ovoz.
— Menga Muhammadjon aka Yusupov kerak edilar!

— Shoir Andijonga ketgan edi. Siz kim bo’lasiz?
— Qoraqalpog’istonlik tanishi bo’laman. Ismim Yangiboy.

— Ie, Nukusga borsang, inim Jo’lmirzaga salom ayt. U mendan besh yosh kichik. Sovet yozuvchilarining birinchi s’ezdida birga qatnashganmiz!

Telefon-avtomatning go’shagini qo’ydimu boshimga birov gurzi bilan urganday bo’ldi. Shu tob fazodan uchar tarelka tushsa-yu, meni Marsgami, Yupitergami, olib ketsa, u qadar ajablanmagan bo’lardim. Mening xayolimda sho’ro yozuvchilarining birinchi qurultoyida ishtirok etgan o’zbek adiblari ko’p yillar avval yashagan degan fikr bor edi. Qo’ng’irog’imga javob bergan odam meni rosa laqillatdi, degan xulosaga keldim. “Qoraqamish ½” bekatida avtobusdan tushsam, shoir Tursun Ali kartoshka xarid qilayotgan ekan. “Qayerdan kelyapsiz?” dedi. “Muhammadjon aka turadigan uyga qo’ng’iroq qiluvdim…” Chaynalayotganimni ko’rib shoir “Trubkani Nazir Safarovning o’zi oldimi?” dedi. Qotib qoldim. Nahotki, Tursunoy Oxunova haqida asar yozib, keyin mashina terimidagi ko’zbo’yamachilikka qarshi chiqqan adolatli yozuvchi, “Navro’z” romanining muallifi bilan gaplashgan bo’lsam-a. Keyin bilsam, shoir ko’pincha ana shu otaxon adibning xonadonida, Butlerov ko’chasi, 17-uyda bo’lar ekan. Ko’p o’tmasdan og’am quyidagi satrlarni qog’ozga tushirdi:

Termulaman, izlaridan jim,
Boqib ko’zim tolib ketadi.
Tramvaylar seni har kuni
Bodomzorga olib ketadi.

Tez orada Nazir ota bir-ikki kilo konfetu qand-qurs ko’tarib, Kirov, hozirgi Yunusobod tumani, Bodomzor mavzesidagi Boksyorlar ko’chasi, 59-uyga sovchilikka boradi. Eshikni ochgan uy sohibiga:

— G’aybulla Tojiddin o’g’illari o’zingiz bo’lasizmi? – deydi.
— Qadamingizga hasanot! – deydi professor G’aybulla as-Salom va oshxona tarafga qarab buyuradi. – Choy damla, qizim!

Shu tariqa o’sha qiz ya’ni Nazira as-Salom Muhammadjon akaga oqila rafiqa bo’lib, 18 yil shirin choylar damlab, biri-biridan go’zal qizlar tug’ib berdi. Mana, 19 yildirki, aziz og’amning xotirasiga ehtirom bajo etib kelmoqda. Zig’ircha bo’lsa ham minnat qo’shmagan holda ayta olamanki, shu kungacha men kennoyimizning hurmatini joyiga qo’yib kelmoqdaman. Davlatimiz rahbari shoirning oilasiga Yakkasaroy tumanidagi Yusuf Xos Hojib mavzesidan shinamgina hovli berdi. Yangi xonadonda Nazira opam va farzandlarining bir qancha quvonchli kunlarida ishtirok etdik.
— Allohning bandasi peshonasiga nelar yozilgani bilolmas ekan. – deydi shoirning rafiqasi, iste’dodli shoira, Muhammad Yusuf jamoat fondi rahbari Nazira as-Salom. — Toshkentning Navoiy ko’chasidagi ko’pchilikka ma’dum 30-uyda, “O’qituvchi” nashriyotida ishlar edim. Tushlikka chiqayotganimizda bino yo’lagida qorachadan kelgan, ozg’ingina, istarasi issiq, sochlari jingalakka moyil, ko’zlari chaqnab turgan yigit soat necha bo’lganini so’radi. Aytdim. U bir lahza ko’zlarimga tikildi-da, mayin jilmayib o’rtoqlari yoniga ketdi. Keyinchalik eshitsam, o’shanda do’stlariga “Falakning gardishi qay tomonga aylanishini bilmadimu men aynan shu qizga uylanaman” degan ekan. Tez orada to’yimiz bo’ldi. Farzandlar tug’ildi. Nevaralik bo’ldik. O’zlari Bilol deb ism berdilar va shu nomda she’r yozdilar, men chinorman, sen niholsan, dedilar. U she’rda meni ko’rolmaslar ko’p, nishlarini ayamasdan sanchadilar, degan so’zlar ham bor. Nachora, hayot shunday ekan, qiynaldik, qoqildik, qad tikladik. Bunda rahmatlik otam, yirik tarjimashunos, fan doktori, professor G’aybulla as-Salom bizga qo’lqanot bo’ldilar. U kishi Xatirchida oddiy oilada ulg’ayib xalqimizning atoqli olimi maqomiga erishdilar. Falokat oyoning ostida bo’lar ekan: Muhammadjon aka o’zimizning avtoulovda televizorimizni tuzattirish uchun teleatelьga olib ketayotib halokatga uchradilar. Toshkent tibbiyot instituti klinikasida uzoq davolandilar. Uning oyoqqa turishida mashhur tib olimi, professor Damin Abdurahimovich Asadovning xizmati katta bo’ldi. Avariyadan xabar topgan tanish-bilishlar Toshkentga oqib keldi. Muhammadjon aka klinika palatasida she’r yozib, “Xalq so’zi” muxbiri Ozod Rajabovga bergan intervьyusiga qo’shdilar. So’nggi marta Qoraqalpog’istonga ketganlarida ham toblari yo’q edi. “Safarga bormasam bo’lmaydi!” deb turib oldilar. Unga va oilamizga cheksiz muruvvat ko’rsatgan o’sha tabarruk tuproqda olamdan o’tganini esa faqat Allohning irodasi deb bilaman!

Yo’lomon yo’l, elomon el qidiradi. Endi Xalq shoiri hayotining so’nggi chog’lariga xolis to’xtalishni lozim deb topdik. Chunki Muhammadjon aka hayotining aynan shu davriga oid yozilgan esse, maqola, yodnomalarning o’ndan to’qqiz qismi haqiqatga to’g’ri kelmaydi. Avvalombor Muhammadjon aka o’sha kezda Ellikqal’aga shunchaki borgani yo’q. Men u paytlari “Xalq so’zi” – “Narodnoye slovo” gazetalarining Qoraqalpog’iston bo’yicha muxbiri edim. O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi, “Xalq so’zi” – “Narodnoye slovo” gazetalari, Qoraqalpog’iston hukumati Ellikqal’ada she’riyat bayrami o’tkazish bo’yicha memorandum imzolandi. 2000 yilning 12 iyunь kuni Yozuvchilar uyushmasining “Mustaqillik maydoni” metro bekati, Toshkent zarbxonasi yonidagi binosida, rais Abdulla Oripovning kabinetida Muhammadjon aka ikkimizga qarata:

— Meni yaxshi bilasizlar. Yolg’on gapirishni yomon ko’raman. Men aslida Ellikqal’aga she’riyat bayrami deb emas, u yerdan chiqqan tabibga qizimni ko’rsatish uchun bormoqchiman! – dedi.

— Qachon jo’namoqchisan? – deb so’radi Abdulla aka.
— Ertaga!

— Unda mening Ruxsora qizimni ham olib ketinglar. Qoraqalpoqni ko’rsin!

13 iyunь kuni Muhammadjon aka uchib ketdi. 14 iyunь kuni Abdulla aka boshchiligida 15 kishidan iborat guruh samolyotga chiqdik. Samolyot o’rnidan qo’zg’alganida illyuminatordan tashqariga qarasam, aeroportga kechikib kelgan shoir Azim Suyunga ko’zim tushdi. She’riyat bayramida Qoraqalpog’stonning o’sha kezlardagi rahbarlari Timur Kamolov va Aminboy Tojiyevlar ishtirok etishdi. Tadbir yuksak saviyada o’tdi. O’shanda “Xalq so’zi” – “Narodnoye slovo” gazetalari Bosh muharriri o’rinbosari, O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan jurnalist Shuhrat Jabborov “Tadbirga besh nafar Xalq shoiri kelibdi. Agar bir nafar Xalq shoiri kelganida ham tarixiy voqea bo’lgan bo’lar edi!” dedi. Haqiqatan ham bayramga 5 nafar Xalq shoiri – Abdulla Oripov, Jumaniyoz Jabborov, Omon Matjon, Usmon Azim, Muhammad Yusuf kelgan edilar. Tadbirdan so’ng Muhammadjon aka Ellikqal’aga har oyda bir keladigan bo’ldi. Ehtimol uning bu tashriflari o’n, yigirma, balki undan ham ko’p vaqt davom etgan bo’lardi. Faqat o’sha mash’um avariya uni to’shakka mixladi. 2001 yilning 25 iyuliga mo’ljallangan mamlakat yosh yozuvchilarining “Aqchako’l ilhomlari” respublika anjumani oldidan uyushma raisining huzurida kengashib oldik. Tobi yo’qligiga ishora qilsak, og’am Abdulla akaga “Ustoz! Bu yosh yozuvchilar anjumani. Vazifamga ko’ra men bormasam qanday bo’ladi?” dedilar. Menga qarata: “Yangiboy og’a! Yomg’ir sharros quyib turganida Toshkent viloyatiga borib, targ’ibot ishiga qo’shilganingiz yoddan chiqdimi? Sizlardan men uchun samolyotga sarf-xarajat lozim bo’lmasa, borganim ma’qul emasmi?” dedi. Qayta e’tiroz bildirishning iloji bo’lmadi. Tangri taoloning oldida adolat yuzasidan qayd qilishimiz kerakki, o’sha chog’lari endi kurtak otayotgan milliy “shou-biznes” muhiti aziz og’amning fe’l-atvoriga oz bo’lsa-da ta’sirini o’tkazgan, sanoqli kunlardan keyin “Zarafshon” restoranida mualliflik kechasi o’tkazilishi haqida afishalar osilgan edi. O’zimdan qiyos: o’tgan asrning yetmishinchi yillari oxirida Moskvada taniqli estrada yulduzi va shoir Vladimir Visotskiy bilan birga pivo ichib, krevetka yeganimdan keyin “Sovetskaya” degan mehmonxonada hayajondan ikki kecha uxlay olmagan edim. Og’amning o’sha davralarga kirib borishi uning xalqqa kengroq tanilishiga yo’l ochib bergan bo’lishi ham mumkin. Qolaversa u chog’lari ham, hozir ham “shou-biznes”da iymonli, e’tiqodli insonlar juda ko’p bo’lgan va bo’ladi.

“Aqchako’l ilhomlari” tadbiriga uyushma raisi bilan birga viloyat bo’limlari mas’ullaridan To’lan Nizom, Toshpo’lat Ahmad va boshqalar bordi. Habib Sa’dulla, Xosiyat Bobomurodova va o’zi boshqa sohada ishlaydigan shoir oqsoqol uzrli sabablarga ko’ra samolyotdan qolib ketishdi. O’sha oqsoqol bir necha marta “Muhammadjon mening o’rnimga samolyotga chiqdi. Agar men uchganimda u omon qolar edi!” deb yozdi. Bu butunlay noto’g’ri. Birinchidan, Muhammadjon aka Oliy Majlis deputati bo’lgani uchun parlament a’zolariga doimiy saqlab qo’yiladigan o’rinda uchdi. Ikkinchidan, Xosiyat opamning qo’lida bileti bo’lgani uchun uning o’rni ham bo’sh edi. Uchinchidan, hammamiz Allohning suyukli bandalarimiz, so’nggi nafasimiz qayerga muhrlanganini yolg’iz Yaratgan Egamning o’zigina biladi. (Allohning amri ekan: buyuk musavvir O’rol Tansiqboyev 1974 yilning 18 aprelida, buyuk davlat arbobi Sharof Rashidov 1983 yilning 31 oktyabrida Quyi Amudaryo vohasida dorilbaqoga yo’l oldilar) To’rtinchidan, Muhammadjon aka dastlabki ikki kun, ikki kechada sog’ligiga salbiy ta’sir qilishi mumkin bo’lgan narsalar iste’mol qilgani yo’q. Buni aniq bilaman. Ayniqsa hozir shov-shuvga o’ch janoblar yozib yurgan qimron haqida so’raganida hozirgi holatida unga mumkin emasligini aytganimda “shubot” to’la kosani o’rniga qaytarib qo’ygan edi. Beshinchidan, o’sha avariya asoratidan to’liq xalos bo’lmagani uchun minbarda turib anjuman g’oliblari ro’yxatini o’qishga chog’larida nafasi yetmasdan uchib yiqildi. (Bu hol safarga otlanishimiz arafasida Toshkentda ham yuz bergan edi). Oltinchidan, o’sha keyinchalik o’z nomiga qo’yilgan akademik litsey auditoriyasida yiqilganida mahalliy vrach tilini tanglayidan tortib olib shifoxonaga jo’natganimizdan keyin Muhammadjon aka o’ziga kelganu kasalxonadan chiqib ketgan. Anjuman g’oliblarini e’lon qilib, uni yopganimizdan keyin mening uyali telefonimga ulkan ustoz To’lepbergen Qaipbergenov qo’ng’iroq qilib: “Biz Xalilla Davletnazarov bilan Bo’ston shahriga kirib keldik. Qayerga boraylik!” dedi. Men “Botanika bog’iga boringlar. Tushlik uchun o’sha joyga boramiz!” dedim. Borsak To’lepbergen og’a mashinadan tushib, bog’ binosi zinasidan yuqoriga ko’tarilayotgan ekan. U yerda To’lan aka, Toshpo’lat aka va xonanda Gulbahor Erqulova turgan edi. Bir payt eshik ochilib, Muhammadjon aka chiqib kelsa bo’ladimi? Avval To’lepbergen og’a bilan, keyin Xalilla og’a bilan ko’rishdi. Shunda auditoriyadagi ahvol qayta takrorlandi. Og’am hushidan ketgancha uchib yiqildi. Yana shifoxonaga eltib, Toshkentga, Nazira opaga qo’ng’iroq qildik. Rafiqasi yetib keldi. Og’am uch kecha uch kunduz ajal bilan olishdi. Ajal kengashib kelmas va uning yo’li chilning qadamidan ham qisqa bo’lar ekan. Shoir oramizda yo’g’u tavalludining 50, 60 yillik sanalari davlatimiz tomonidan keng miqyosda nishonlandi. Muhtaram Prezidentimiz Shavkat Mirziyoyev rahnamoligida Andijonda shoir nomida ijod maktabi ochildi. Ijod maktabining ochilishi, unda davlatimiz rahbarining ishtiroki Nazira opam uchun cheksiz hayajon baxsh etdi. Xiyol qon bosimi oshibdi. “Darxon” mavzesi va Irrigatsiya instituti yaqinidagi respublika ixtisoslashtirilgan kardiologiya markaziga ko’rgani borsam opamning kayfiyati baland. “Akangizning ruhi shod bo’ldi, Yangiboy. Yurtga ham, Yurtning Egasiga ham beadad rahmat!” dedi. Iste’dodli adibalar Yoqut Rahimova, O’ktamxon Xoldorova kelishgan ekan. Uyushmadan Farog’at Xudoyqulova ham kirib keldi. Nazira opamning yuzlari yorishdi. Axir bunday oqibatli yurt qayerda bor?

Men og’am tug’ilgan uyda bir necha bor bo’lganman. Hayotligida ham, olamdan o’tganidan keyin ham onaizori bilan suhbatlashganman. Hammamiz ham xom sut emgan bandamiz. Muhammadjon aka birinchi bor Ellikqal’aga rahmatlik tabib To’xtaboy aka Boltaboyev huzuriga kelgan edi. Ikkovi rosa chiqishib qoldilar. Keyin men Muhammadjon akani yuzlab kilometrgacha tep-tekis, ammo yovshan o’sgan taqirlarga olib chiqdim. Tog’lik joylarda o’sgan odamga bu alohida ekzotika. Bir necha chaqirim piyoda yurdik. Yayradi shoir. “O’sha Abdulla akamning kabinetidagi so’zimni unuting!” dedi. Ana o’shanda og’am hali soppa-sog’ edi. Qimiz ichib bir yoshlik to’qlining hil-hil pishgan go’shtini to’rt odam yeb qo’ygan edik. “Siz Qoraqalpoq farzandi bo’ldingiz. Men endi Andijon farzandi bo’laman!” dedim hazillashib. Ammo u chog’ vaqt kelib ulug’ inson Zokirjon Mashrabovning qadrdon inisiga, andijonlik aziz ustozlarimizdan To’lan Nizom, Muhammad Ali, Qamchibek Kenja, Shodmon Otabek, Farid Usmon, Hurmamat Tojiboyev, Habib Siddiq, Abdunabi Boyqo’ziyevlarning bir minnatdor shogirdiga, Omina Tojiboyeva va Zamira Ro’ziyevaning o’z jigariga, Humoyun Akbar va Xurshida Vahobjon qizining o’z og’asiga, Suhayliy, G’ani Majid, Nazirjon Saidov, Durbek Qo’ldoshev, Nusrat Abdusalom, Bahodir Andijoniy, Ikromjon Asliylarning yaqin birodariga aylanaman, andijonliklar men haqimda kitob yozadi, degan gaplar yetti uxlab tushimga kirmagan edi. Hammasi uchun ta’zim va tashakkur!

Bir yigitning orqasidan qirq yigit otga minadi. Muhammadjon aka o’z vaqtida qator so’zi va o’zi butun navqiron ijodkorlarning boshini siladi. Bir qanchasi bugungi adabiyotimiz iqlimini belgilab turibdi. Birisining nomini keltirsak, ikkinchisi, ikkinchisiniki qayd etsak, uchinchisi xafa bo’lishi tayin. Ustozning ham, safdoshlari va shogirdlarining ham mag’zi to’q asarlari yuksak didli kitobxonga peshma-pesh yetib bormoqda. Har bahor og’amning qadimiy Mingtepa zaminidagi, kindik qoni tomgan Qovunchi qo’rg’onidagi so’nggi manzilida qizg’aldoq ochiladi:

Mendan nima qolar:
Ikki misra she’r,
Ikki sandiq kitob,
Bir uyum tuproq.
Odamlar ortimdan
Nima desa der,
Men seni o’ylayman,
O’zimdan ko’proq,
Lola, lolajonim,
Lolaqizg’aldoq!

2020,aprel

25

(Tashriflar: umumiy 519, bugungi 1)

Izoh qoldiring