Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf. Qur’oni Karim va Ramazon haqida

09   Қуръони Карим 22 йил 2 ой 22 кун мобайнида Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) оятлар ҳолида нозил бўлган. Оят Қуръони Карим ҳарфларидан бир фосила билан ажралган илоҳий каломдир.

ҚУРЪОНИ КАРИМ ҲАҚИДА
07

001Қуръони Карим 22 йил 2 ой 22 кун мобайнида Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) оятлар ҳолида нозил бўлган. Оят Қуръони Карим ҳарфларидан бир фосила билан ажралган илоҳий каломдир. Ояти карималар орасида бир саҳифага етадиган узун оятлар бўлиши билан бирга ўртача узунликда ва фақатгина битта сўздан иборат бўлганлари ҳам бор. Бирор вазн ёки шеърий руҳга эга эмас. Қуръони Каримнинг ўз руҳи бор ва у илоҳий ваҳийнинг юксак ҳикматларини жамлаган илоҳий каломдир.

Маккия деганда Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Маккада нозил бўлган оятлар, мадания деганда эса Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Мадинада нозил бўлган оятлар тушунилади. Маккия ва мадания оятлари орасида қуйидагича фарклар мавжуд.

Маккада нозил бўлган оятлар аксар ҳолларда қисқадир. Мадинада нозил бўлган оятлар эса асосан узун суралар. Макка оятлари асосан «Йа айюҳан нас» (Эй, инсонлар!) деб мурожаат қилса, Мадина оятлари асосан «Йа айюҳал мўминун» (Эй, мўминлар!) деб бошланади.

Макка оятлари инсонларни бут-санамлардан, ёмонликлардан воз кечишга ва тавҳидга чакиради. Юксак ахлоқий дастурлар билан эътиқодга ва инсонийликка чорлайди. Мадина оятлари эса эътиқодлари тозаланган, ишонган инсонларга вазифалари нимадан иборат эканини айтади.

Сура оятлар мажмуидан иборат. Ҳар бир сура бир китоб сингари турли ҳикматларни ўргатади.
Қуръони Карим 114 сурадан иборат. Энг узун сура Бақара сураси бўлиб, 286 оятдан иборат. Энг қисқа сура эса Кавсар сурасидир. У 3 оятдан ташкил топган.

Манба: www.quran.uz

РАМАЗОН ОЙИ ҲАҚИДА
Раҳматуллоҳ Сайфуддинов
Юнусобод тумани бош имом-хатиби
07

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, ўн бир ойга чўзилган соғинч ва иштиёқдан сўнг ниҳоят ойларнинг султони, эзгулик ва хайр мавсуми, тоату ибодат фасли, саховату дуо, таровеҳу Қуръон ойи бўлмиш муборак моҳи Рамазон ўзининг таровати, саховати ва баракоти билан оламга ташриф буюриб, бошимиз узра раҳмат соябони бўлиб турибди.

Жаннатмакон ўлкамизнинг мўмин-мусулмонлари ойларнинг энг улуғи ва энг фазилатлиси бўлмиш бу ойни бир олам шодлигу қувонч билан кутиб олмоқдалар. Ҳамма бир-биридан ширин, бир-биридан эзгу орзу умидлар оғушида. Кимдир Рамазон рўзасини бу йил тўлиқ тутиб, ўттиз кун мобайнида таровеҳларда Қуръон хатмига сомеъ бўлиб, кўплаб савоб орттириш ниятида бўлса, кимдир бу саноқли кунлар мобайнида Қуръони каримни тўлиқ ўқиб тушириш илинжида. Кимдир, бу бебаҳо ва бетакрор тоат мавсумида ўзини ҳар томонлама ислоҳ этиб, хатоларини тузатиш, ҳасад, гинаю кудурат, хусумат каби маънавий иллатлардан қалбини мусаффо этиб, ўзи учун покиза ҳаёт саҳифасини очишни қасд қилган бўлса, яна кимдир хайрли ишлар учун бошқа вақтлардагидан кўра кўпроқ ажру савоблар бериладиган бу қимматли фурсатларни ғанимат билиб, меҳру мурувват, саховат ва силаи раҳм каби олижаноб ишлардан имкон қадар кўпроқ захира тўплаш мақсадида Рамазоннинг келишига интиқ.

Ҳа, азизлар, Рамазон мана шундай ўхшаши йўқ, фазилатда тенги йўқ муборак ой. У эзгулик сайли, тоат мавсуми, яхшиликлар мусобақасидир. Ўтган улуғларимиз Рамазонга шундай интиқ бўлишар эдики, ҳатто ойлар давомида “Эй Аллоҳ, бизларни Рамазонга эсон-омон етказ!”, дея Яратганга илтижолар қилардилар. Рамазон келиб, унинг ҳар лаҳзасини эзгу амаллар учун захира қилишгач, яна бир неча ойлар давомида “Эй Аллоҳ, биздан Рамазондаги амалларимизни қабул эт!”, дея тинмай дуода бўлардилар.

Солиҳ салафларимизнинг Рамазонга муносабатлари ана шундай эди. У зотлар бутунбошли йилга Рамазон орқали назар солганлар. Рамазонни йилнинг асоси ва меҳвари деб билганлар. Шу боис ҳам ярим йил давомида Парвардигордан Рамазондаги ибодатларини қабул қилишни сўрасалар, қолган ойларни “Рамазонга етказ!” деган илтижо тилларидан тушмаган.

Зеро, Аллоҳ таоло Ўзининг буюк иродаси ва чексиз ҳикмати тақозоси билан ўзи яратган махлуқотларини фазл ва устунликда бир-биридан фарқли ва тафовут қиладиган қилиб яратган. Баъзи маконларни бошқасидан, айрим замонларни ўзгасидан ортиқ ва афзал қилиб қўйган. Ою-кунлар орасидан баъзиларини танлаб олиб, уларни эзгулик мавсумлари, тоат ва ибодат кунлари, қурбат ҳосил қилиш вақтлари қилиб белгилаган. Булар йил мобайнида ҳадя тариқасида берилган раҳмат нафҳаларидир. Ким уларга эътибор бериб, яхшиликларидан баҳраманд бўлиб қолса, ўша ҳақиқий бахтиёр кишидир.

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб дедилар: «Бутун умрингиз давомида яхшилик талабгори бўлиб, Аллоҳ азза ва жалланинг раҳмат шабадаларига йўлиқинг! Зеро, Аллоҳнинг раҳмати жумласидан бўлган шабадалари борки, уларни бандаларидан хоҳлаганига насиб қилади» (Табароний, Байҳақий, Ибн Абдул-Барр, Абу Нуайм, Ибн Асокир ва бошқалар ривояти).

Ана шундай раҳмат нафҳаларидан бири Рамазон ойидир. Бу ой бошқа ойларга нисбатан фазилату устунликда бамисоли қуёшнинг бошқа сайёраларга нисбатан устунлиги кабидир. Аллоҳ таоло Рамазон ойини бошқа барча ойлардан олий ва муфаззал қилди. Уни кўплаб буюк фазилатлар ва улуғ имтиёзлар билан хослади. Имом Табароний Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинган ҳадисда Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ойларнинг энг афзали Рамазон ойидир», деганлар.

Рамазон ойининг фазилатларини санаб тугатиб бўлмайди. Исломнинг бош манбаи, инсониятнинг қиёматгача ҳаёт дастури Қуръони карим шу ойда нозил бўлгандир. Ушбу ойда Ислом тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзилган жуда кўп оламшумул воқеалар содир бўлган. Шу боис бутун дунё мусулмонлари ушбу табаррук ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантиришади.

Рамазон Қуръон ойидир. Қуръон билан рўза ойи орасидаги мустаҳкам алоқа ва боғлиқликни Рамазоннинг илк куни кириши биланоқ ҳар бир мусулмон киши ўз қалбининг туб-тубидан ҳис этади. Ва ўта кучли муҳаббат ва қизиқиш билан Раббисининг Китобини мутолаа қилишга киришади. Унинг оятлари борасида тафаккур юритади, Унда келтирилган қиссалару хабарлардан ибрат олади. Масжидлар намозхонлар ва Қуръон тиловат қилувчилар билан тўлиб кетади. Дунёдаги бор масжидларда Қуръони карим хатми бошланади. Ва бу ҳолат ўзининг лисони ҳоли ила бутун оламга бу ой Қуръон ойи эканлигини баралла эълон қилади.

Аллоҳ таоло деди: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир” (Бақара сураси, 185-оят).

Тафсир китобларида келишича, Қуръони карим Рамазон ойининг Қадр кечасида Лавҳи маҳфуздан дунё осмонига туширилган. Сўнгра, йигирма уч йил давомида воқеа ҳодисалар ривожига мувофиқ равишда бўлиб-бўлиб Пайғамбаримизга индирилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда Қуръонни Жаброил алайҳиссалом назоратларидан тўлиқ ўтказиб олар эдилар. Бу улуғ фаришта билан биргаликда Қуръони каримни дарс қилардилар. Вафот топадиган йилларида эса, Қуръонни бу улуғ фариштадан икки марта ўтказиб олганлар.

Салафи солиҳларимиз ҳам бу муборак ойда Қуръони карим учун алоҳида эътибор ва вақт ажратганлар. Фақиҳ олимлар ҳам бу ойда илм билан шуғулланишни бутунлай йиғиштириб ёки камайтириб, Қуръон мутолаасига иқбол этганлар. Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) Қуръони каримни ҳар куни ўқиб туширар эдилар. Бошқа баъзилар Қуръони карим қироатини уч кунда ниҳоясига етказар эдилар. Яна бирлари бир ҳафтада хатм қилсалар, бошқалар ўн кунда ўқиб битирар эдилар. Қатода (раҳимаҳуллоҳ) Қуръонни доимо ҳар етти кунда хатм қилсалар, Рамазон келганда ҳар уч кунда ўқиб туширар, охирги ўн кунлик кирганда эса ҳар кечада хатм қилардилар. Имом Шофеий (раҳимаҳуллоҳ) Қуръони каримни Рамазонда олтмиш марта хатм қилардилар. Имом Молик (раҳматуллоҳи алайҳ) Рамазон ойи кирганда ҳадис илми ва уламолар билан бўлган илм мажлисларини тўхтатиб, Қуръон қироатига юзланар эдилар. Суфён Саврий эса Рамазон кириб келганда ҳамма қўшимча ибодатларни йиғиштириб, ўзини Қуръон тиловатига бағишларди.

Рамазон хайр-саховат ойидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ойда бошқа ойларга қараганда янада сахийроқ бўлиб кетардилар.

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) айтадилар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг энг саховатлиси эдилар. Ул зотнинг саховатлари Рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил (алайҳиссалом) Ул зотга Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига ташриф буюрадиган пайтларда – айниқса чўққисига чиқарди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларга яхшилик билан мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да учқурроқ эдилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Шунинг учун ҳам қадимдан мусулмонлар Рамазон кирганда ҳар галгидан саховатлироқ бўлишга одатланганлар. Давлатманд кишилар закотларини ҳам айнан Рамазонда адо этишлари ҳам шундан. Бу ойнинг баракасидан ҳар бир уй баҳраманд бўлиб, мўминлар қалбига хурсандлик ва шодлик кирсин учун одамлар алоҳида Рамазонга хос хайру эҳсонлари билан бир қаторда закотларини ҳам шу ойда чиқарадилар.

Бу ой тунгги намозлар ва нафл ибодатлар ойи ҳамдир. “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказиб чиқардилар. Қачон ойнинг охирги ўн куни келса, оила аъзоларини ва намозга кучи етадиган катта-ю кичикни уйғотардилар. (Имом Муслим ривояти)

Рамазон ойидаги тунгги намозлар фиқҳ истилоҳида “таровеҳ” дейилади. Бу намозни ўқиш барча мусулмонлар учун суннат ҳисобланади. Мусулмонлар ғофил қолиб, бу намозни ўтказиб юбормасликлари керак. Чунки Рамазондаги нафл намозлар учун бериладиган улуғ савоблар бошқа ойларда берилмайди.

Бу ойда жин-шайтонларнинг энг ёмонлари занжирбанд қилинади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларига хушхабар бериб, айтардилар: “Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ сизга унинг рўзасини тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат дарвозалари очилур, жаҳаннам қопқалари ёпилур, итоатсиз жин-шайтонлар занжирбанд қилинур. Бу ойда бир кеча бўлиб, у минг ойдан яхшироқдир. Ким ўша кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, кўп яхшиликдан маҳрум бўлибди” (Аҳмад ибн Ҳанбал, Насоий, Байҳақий, Ибн Абу Шайба ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳлар ривояти, исноди саҳиҳ).

Рамазон раҳмат ойидир. Рамазонда Аллоҳ таолонинг раҳмати жўш уради. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: «Рамазон бўлганда раҳмат эшиклари очилади», дейилган. Рамазоннинг аввалги ўн кунлиги нафақат ойнинг, балки йилнинг «раҳмат кунлари» ҳисобланади.

Рамазон мағфират ойи. Унинг ўртадаги ўн куни нафақат ойнинг, балки йилнинг «мағфират кунлари» ҳисобланади. Рамазон фазилати ҳақида Салмон (розияллоҳу анҳу) қилган ривоятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир», деганлар.

Рамазоннинг охирги кечаси мағфират кечасидир. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «У (Рамазон)нинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади», дедилар. Улар: «Эй Аллоҳнинг Расули, у Қадр кечасими?», деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, лекин ишчи ишини адо этганидан сўнг ажри – ҳақи тўла қилиб берилади», дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Рамазон дўзахдан озод бўлиш ойидир. Рамазон ойида жаннат дарвозалари очилиб, дўзах эшиклари ёпилади. Чунки, бу ойда жаннатга кириш учун сабаб бўлган хайрли ишлар ва солиҳ амаллар кўпроқ бажарилади, дўзахга кириш учун сабаб бўлган гуноҳ-маъсиятлар ва ярамас, жирканч, уятли ишлар камроқ содир этилади. Жаннат дарвозалари мусулмонларни хайрли ишларга шошилишга тарғиб қилиб ҳам очилади. Дўзах эшиклари эса, гуноҳлардан қайтган, истиғфор айтган, афсус-надомат чеккан, қайта қилмасликка ният қилган ҳолда тавба қилишга тарғиб қилиб ёпилади. Натижада, бу ойда вафот этган ва руҳи дўзахга маҳкум қилинган кимсалар, бу ойнинг шарофати ила шу ойнинг охиригача дўзахга киритилмай туради. Жаннатнинг барча дарвозалари очилиши Рамазон ойида ер юзига Аллоҳнинг раҳмати кўп нозил бўлишига ҳам ишорадир. Унинг охирги ўн кунлиги «дўзахдан озод бўлиш» кунлари саналади. Шу билан бирга, Рамазонда ҳар кеча сон-саноқсиз кишилар дўзахдан озод қилинади. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазонда ҳар кеча Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиган бандалари бор», деганлар.

Рамазон дуо ойи. Рамазон ойининг ҳар кунида қабул бўладиган бир дуо бор. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб дедилар: “Албатта, Рамазоннинг ҳар кунида барча мусулмонлар учун қабул бўладиган бир дуо бор” (Имом Аҳмад, Баззор ва бошқалар ривояти).

Агар бу дуо рўза пайтида, айниқса, ифтордан салгина олдин қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Яна Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: адолатли имом, рўзадор то ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси” (Ибн Можа, Термизий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Байҳақий, Ибн Ҳиббон, Таёлисий, Ибн Хузайма ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳлар ривояти).

Бу зикр қилинганлар Рамазон ойининг барча фазилатларини тўла қамраб ололмайди, балки, мазкур фазилатлар олдида дарёдан айрим томчилар холос. Йўқса, унинг фазилату хусусиятларини санаб адоғига етказиш мушкулдир. Аллоҳ таолодан ёлбориб сўраймизки, бу муборак ойни, раҳмат ва мағфират ойини, дўзахдан нажот бериладиган, дуолар ижобат қилинадиган Рамазон ойини барчамизга хайрли ва баракотли қилсин! Уни тақво неъматига эришишимиз учун васила қилсин! Омин!

Манба: www.kun.uz

Qur’oni Karim 22 yil 2 oy 22 kun mobaynida Rasulullohga (sollallohu alayhi vasallam) oyatlar holida nozil bo‘lgan. Oyat Qur’oni Karim harflaridan bir fosila bilan ajralgan ilohiy kalomdir.

QUR’ONI KARIM HAQIDA
07

001Qur’oni Karim 22 yil 2 oy 22 kun mobaynida Rasulullohga (sollallohu alayhi vasallam) oyatlar holida nozil bo‘lgan. Oyat Qur’oni Karim harflaridan bir fosila bilan ajralgan ilohiy kalomdir. Oyati karimalar orasida bir sahifaga yetadigan uzun oyatlar bo‘lishi bilan birga o‘rtacha uzunlikda va faqatgina bitta so‘zdan iborat bo‘lganlari ham bor. Biror vazn yoki she’riy ruhga ega emas. Qur’oni Karimning o‘z ruhi bor va u ilohiy vahiyning yuksak hikmatlarini jamlagan ilohiy kalomdir.

Makkiya deganda Rasulullohga (sollallohu alayhi vasallam) Makkada nozil bo‘lgan oyatlar, madaniya deganda esa Rasulullohga (sollallohu alayhi vasallam) Madinada nozil bo‘lgan oyatlar tushuniladi. Makkiya va madaniya oyatlari orasida quyidagicha farklar mavjud.

Makkada nozil bo‘lgan oyatlar aksar hollarda qisqadir. Madinada nozil bo‘lgan oyatlar esa asosan uzun suralar. Makka oyatlari asosan “Ya ayyuhan nas” (Ey, insonlar!) deb murojaat qilsa, Madina oyatlari asosan “Ya ayyuhal mo‘minun” (Ey, mo‘minlar!) deb boshlanadi.

Makka oyatlari insonlarni but-sanamlardan, yomonliklardan voz kechishga va tavhidga chakiradi. Yuksak axloqiy dasturlar bilan e’tiqodga va insoniylikka chorlaydi. Madina oyatlari esa e’tiqodlari tozalangan, ishongan insonlarga vazifalari nimadan iborat ekanini aytadi.

Sura oyatlar majmuidan iborat. Har bir sura bir kitob singari turli hikmatlarni o‘rgatadi.
Qur’oni Karim 114 suradan iborat. Eng uzun sura Baqara surasi bo‘lib, 286 oyatdan iborat. Eng qisqa sura esa Kavsar surasidir. U 3 oyatdan tashkil topgan.

Manba: www.quran.uz

RAMAZON OYI HAQIDA
Rahmatulloh Sayfuddinov
Yunusobod tumani bosh imom-xatibi
07

Alloh taologa beadad hamdu sanolar bo‘lsinki, o‘n bir oyga cho‘zilgan sog‘inch va ishtiyoqdan so‘ng nihoyat oylarning sultoni, ezgulik va xayr mavsumi, toatu ibodat fasli, saxovatu duo, tarovehu Qur’on oyi bo‘lmish muborak mohi Ramazon o‘zining tarovati, saxovati va barakoti bilan olamga tashrif buyurib, boshimiz uzra rahmat soyaboni bo‘lib turibdi.

Jannatmakon o‘lkamizning mo‘min-musulmonlari oylarning eng ulug‘i va eng fazilatlisi bo‘lmish bu oyni bir olam shodligu quvonch bilan kutib olmoqdalar. Hamma bir-biridan shirin, bir-biridan ezgu orzu umidlar og‘ushida. Kimdir Ramazon ro‘zasini bu yil to‘liq tutib, o‘ttiz kun mobaynida tarovehlarda Qur’on xatmiga some’ bo‘lib, ko‘plab savob orttirish niyatida bo‘lsa, kimdir bu sanoqli kunlar mobaynida Qur’oni karimni to‘liq o‘qib tushirish ilinjida. Kimdir, bu bebaho va betakror toat mavsumida o‘zini har tomonlama isloh etib, xatolarini tuzatish, hasad, ginayu kudurat, xusumat kabi ma’naviy illatlardan qalbini musaffo etib, o‘zi uchun pokiza hayot sahifasini ochishni qasd qilgan bo‘lsa, yana kimdir xayrli ishlar uchun boshqa vaqtlardagidan ko‘ra ko‘proq ajru savoblar beriladigan bu qimmatli fursatlarni g‘animat bilib, mehru muruvvat, saxovat va silai rahm kabi olijanob ishlardan imkon qadar ko‘proq zaxira to‘plash maqsadida Ramazonning kelishiga intiq.

Ha, azizlar, Ramazon mana shunday o‘xshashi yo‘q, fazilatda tengi yo‘q muborak oy. U ezgulik sayli, toat mavsumi, yaxshiliklar musobaqasidir. O‘tgan ulug‘larimiz Ramazonga shunday intiq bo‘lishar ediki, hatto oylar davomida “Ey Alloh, bizlarni Ramazonga eson-omon yetkaz!”, deya Yaratganga iltijolar qilardilar. Ramazon kelib, uning har lahzasini ezgu amallar uchun zaxira qilishgach, yana bir necha oylar davomida “Ey Alloh, bizdan Ramazondagi amallarimizni qabul et!”, deya tinmay duoda bo‘lardilar.

Solih salaflarimizning Ramazonga munosabatlari ana shunday edi. U zotlar butunboshli yilga Ramazon orqali nazar solganlar. Ramazonni yilning asosi va mehvari deb bilganlar. Shu bois ham yarim yil davomida Parvardigordan Ramazondagi ibodatlarini qabul qilishni so‘rasalar, qolgan oylarni “Ramazonga yetkaz!” degan iltijo tillaridan tushmagan.

Zero, Alloh taolo O‘zining buyuk irodasi va cheksiz hikmati taqozosi bilan o‘zi yaratgan maxluqotlarini fazl va ustunlikda bir-biridan farqli va tafovut qiladigan qilib yaratgan. Ba’zi makonlarni boshqasidan, ayrim zamonlarni o‘zgasidan ortiq va afzal qilib qo‘ygan. Oyu-kunlar orasidan ba’zilarini tanlab olib, ularni ezgulik mavsumlari, toat va ibodat kunlari, qurbat hosil qilish vaqtlari qilib belgilagan. Bular yil mobaynida hadya tariqasida berilgan rahmat nafhalaridir. Kim ularga e’tibor berib, yaxshiliklaridan bahramand bo‘lib qolsa, o‘sha haqiqiy baxtiyor kishidir.

Anas ibn Molik (roziyallohu anhu)dan rivoyat qilinadi: Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) marhamat qilib dedilar: “Butun umringiz davomida yaxshilik talabgori bo‘lib, Alloh azza va jallaning rahmat shabadalariga yo‘liqing! Zero, Allohning rahmati jumlasidan bo‘lgan shabadalari borki, ularni bandalaridan xohlaganiga nasib qiladi” (Tabaroniy, Bayhaqiy, Ibn Abdul-Barr, Abu Nuaym, Ibn Asokir va boshqalar rivoyati).

Ana shunday rahmat nafhalaridan biri Ramazon oyidir. Bu oy boshqa oylarga nisbatan fazilatu ustunlikda bamisoli quyoshning boshqa sayyoralarga nisbatan ustunligi kabidir. Alloh taolo Ramazon oyini boshqa barcha oylardan oliy va mufazzal qildi. Uni ko‘plab buyuk fazilatlar va ulug‘ imtiyozlar bilan xosladi. Imom Tabaroniy Ibn Abbos (roziyallohu anhumo)dan rivoyat qilingan hadisda Nabiy (sollallohu alayhi vasallam): “Oylarning eng afzali Ramazon oyidir”, deganlar.

Ramazon oyining fazilatlarini sanab tugatib bo‘lmaydi. Islomning bosh manbai, insoniyatning qiyomatgacha hayot dasturi Qur’oni karim shu oyda nozil bo‘lgandir. Ushbu oyda Islom tarixiga zarhal harflar bilan yozilgan juda ko‘p olamshumul voqealar sodir bo‘lgan. Shu bois butun dunyo musulmonlari ushbu tabarruk oyni solih amallar va Alloh roziligi yo‘lidagi ibodatlar oyiga aylantirishadi.

Ramazon Qur’on oyidir. Qur’on bilan ro‘za oyi orasidagi mustahkam aloqa va bog‘liqlikni Ramazonning ilk kuni kirishi bilanoq har bir musulmon kishi o‘z qalbining tub-tubidan his etadi. Va o‘ta kuchli muhabbat va qiziqish bilan Rabbisining Kitobini mutolaa qilishga kirishadi. Uning oyatlari borasida tafakkur yuritadi, Unda keltirilgan qissalaru xabarlardan ibrat oladi. Masjidlar namozxonlar va Qur’on tilovat qiluvchilar bilan to‘lib ketadi. Dunyodagi bor masjidlarda Qur’oni karim xatmi boshlanadi. Va bu holat o‘zining lisoni holi ila butun olamga bu oy Qur’on oyi ekanligini baralla e’lon qiladi.

Alloh taolo dedi: “Ramazon oyi – odamlar uchun hidoyat (manbai) va to‘g‘ri yo‘l hamda ajrim etuvchi hujjatlardan iborat Qur’on nozil qilingan oydir” (Baqara surasi, 185-oyat).

Tafsir kitoblarida kelishicha, Qur’oni karim Ramazon oyining Qadr kechasida Lavhi mahfuzdan dunyo osmoniga tushirilgan. So‘ngra, yigirma uch yil davomida voqea hodisalar rivojiga muvofiq ravishda bo‘lib-bo‘lib Payg‘ambarimizga indirilgan.

Rasululloh sollallohu alayhi vasallam bu oyda Qur’onni Jabroil alayhissalom nazoratlaridan to‘liq o‘tkazib olar edilar. Bu ulug‘ farishta bilan birgalikda Qur’oni karimni dars qilardilar. Vafot topadigan yillarida esa, Qur’onni bu ulug‘ farishtadan ikki marta o‘tkazib olganlar.

Salafi solihlarimiz ham bu muborak oyda Qur’oni karim uchun alohida e’tibor va vaqt ajratganlar. Faqih olimlar ham bu oyda ilm bilan shug‘ullanishni butunlay yig‘ishtirib yoki kamaytirib, Qur’on mutolaasiga iqbol etganlar. Usmon ibn Affon (roziyallohu anhu) Qur’oni karimni har kuni o‘qib tushirar edilar. Boshqa ba’zilar Qur’oni karim qiroatini uch kunda nihoyasiga yetkazar edilar. Yana birlari bir haftada xatm qilsalar, boshqalar o‘n kunda o‘qib bitirar edilar. Qatoda (rahimahulloh) Qur’onni doimo har yetti kunda xatm qilsalar, Ramazon kelganda har uch kunda o‘qib tushirar, oxirgi o‘n kunlik kirganda esa har kechada xatm qilardilar. Imom Shofeiy (rahimahulloh) Qur’oni karimni Ramazonda oltmish marta xatm qilardilar. Imom Molik (rahmatullohi alayh) Ramazon oyi kirganda hadis ilmi va ulamolar bilan bo‘lgan ilm majlislarini to‘xtatib, Qur’on qiroatiga yuzlanar edilar. Sufyon Savriy esa Ramazon kirib kelganda hamma qo‘shimcha ibodatlarni yig‘ishtirib, o‘zini Qur’on tilovatiga bag‘ishlardi.

Ramazon xayr-saxovat oyidir. Payg‘ambarimiz (sollallohu alayhi va sallam) bu oyda boshqa oylarga qaraganda yanada saxiyroq bo‘lib ketardilar.

Abdulloh ibn Abbos (roziyallohu anhumo) aytadilar: “Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) odamlarning eng saxovatlisi edilar. Ul zotning saxovatlari Ramazon oyida – har kecha Jabroil (alayhissalom) Ul zotga Qur’onni ta’lim berish uchun huzurlariga tashrif buyuradigan paytlarda – ayniqsa cho‘qqisiga chiqardi. Darhaqiqat, Allohning Rasuli (sollallohu alayhi va sallam) odamlarga yaxshilik bilan muruvvat ko‘rsatishda shiddat bilan esayotgan shamoldan-da uchqurroq edilar” (Imom Buxoriy va Imom Muslim rivoyatlari).

Shuning uchun ham qadimdan musulmonlar Ramazon kirganda har galgidan saxovatliroq bo‘lishga odatlanganlar. Davlatmand kishilar zakotlarini ham aynan Ramazonda ado etishlari ham shundan. Bu oyning barakasidan har bir uy bahramand bo‘lib, mo‘minlar qalbiga xursandlik va shodlik kirsin uchun odamlar alohida Ramazonga xos xayru ehsonlari bilan bir qatorda zakotlarini ham shu oyda chiqaradilar.

Bu oy tunggi namozlar va nafl ibodatlar oyi hamdir. “Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallam Ramazon kechalarini ibodat bilan o‘tkazib chiqardilar. Qachon oyning oxirgi o‘n kuni kelsa, oila a’zolarini va namozga kuchi yetadigan katta-yu kichikni uyg‘otardilar. (Imom Muslim rivoyati)

Ramazon oyidagi tunggi namozlar fiqh istilohida “taroveh” deyiladi. Bu namozni o‘qish barcha musulmonlar uchun sunnat hisoblanadi. Musulmonlar g‘ofil qolib, bu namozni o‘tkazib yubormasliklari kerak. Chunki Ramazondagi nafl namozlar uchun beriladigan ulug‘ savoblar boshqa oylarda berilmaydi.

Bu oyda jin-shaytonlarning eng yomonlari zanjirband qilinadi. Abu Hurayra (roziyallohu anhu) aytadi: “Payg‘ambar (sollallohu alayhi va sallam) sahobalariga xushxabar berib, aytardilar: “Sizga muborak Ramazon oyi keldi. Alloh sizga uning ro‘zasini tutishni farz qildi. Bu oyda jannat darvozalari ochilur, jahannam qopqalari yopilur, itoatsiz jin-shaytonlar zanjirband qilinur. Bu oyda bir kecha bo‘lib, u ming oydan yaxshiroqdir. Kim o‘sha kechaning yaxshiligidan mahrum bo‘lsa, ko‘p yaxshilikdan mahrum bo‘libdi” (Ahmad ibn Hanbal, Nasoiy, Bayhaqiy, Ibn Abu Shayba va Is’hoq ibn Rohavayhlar rivoyati, isnodi sahih).

Ramazon rahmat oyidir. Ramazonda Alloh taoloning rahmati jo‘sh uradi. Imom Muslim rivoyat qilgan hadisda: “Ramazon bo‘lganda rahmat eshiklari ochiladi”, deyilgan. Ramazonning avvalgi o‘n kunligi nafaqat oyning, balki yilning “rahmat kunlari” hisoblanadi.

Ramazon mag‘firat oyi. Uning o‘rtadagi o‘n kuni nafaqat oyning, balki yilning “mag‘firat kunlari” hisoblanadi. Ramazon fazilati haqida Salmon (roziyallohu anhu) qilgan rivoyatda Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam): “U avvali rahmat, o‘rtasi mag‘firat va oxiri do‘zaxdan ozod bo‘lish fursati bo‘lgan oydir”, deganlar.

Ramazonning oxirgi kechasi mag‘firat kechasidir. Abu Hurayra (roziyallohu anhu) aytadi: “Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) dedilar: «U (Ramazon)ning oxirgi kechasida ro‘zadorlarning gunohlari kechiriladi”, dedilar. Ular: “Ey Allohning Rasuli, u Qadr kechasimi?”, deb so‘rashdi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Yo‘q, lekin ishchi ishini ado etganidan so‘ng ajri – haqi to‘la qilib beriladi”, dedilar (Imom Ahmad rivoyati).

Ramazon do‘zaxdan ozod bo‘lish oyidir. Ramazon oyida jannat darvozalari ochilib, do‘zax eshiklari yopiladi. Chunki, bu oyda jannatga kirish uchun sabab bo‘lgan xayrli ishlar va solih amallar ko‘proq bajariladi, do‘zaxga kirish uchun sabab bo‘lgan gunoh-ma’siyatlar va yaramas, jirkanch, uyatli ishlar kamroq sodir etiladi. Jannat darvozalari musulmonlarni xayrli ishlarga shoshilishga targ‘ib qilib ham ochiladi. Do‘zax eshiklari esa, gunohlardan qaytgan, istig‘for aytgan, afsus-nadomat chekkan, qayta qilmaslikka niyat qilgan holda tavba qilishga targ‘ib qilib yopiladi. Natijada, bu oyda vafot etgan va ruhi do‘zaxga mahkum qilingan kimsalar, bu oyning sharofati ila shu oyning oxirigacha do‘zaxga kiritilmay turadi. Jannatning barcha darvozalari ochilishi Ramazon oyida yer yuziga Allohning rahmati ko‘p nozil bo‘lishiga ham ishoradir. Uning oxirgi o‘n kunligi “do‘zaxdan ozod bo‘lish” kunlari sanaladi. Shu bilan birga, Ramazonda har kecha son-sanoqsiz kishilar do‘zaxdan ozod qilinadi. Imom Termiziy rivoyat qilgan hadisda Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Ramazonda har kecha Allohning do‘zaxdan ozod qilinadigan bandalari bor”, deganlar.

Ramazon duo oyi. Ramazon oyining har kunida qabul bo‘ladigan bir duo bor. Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) marhamat qilib dedilar: “Albatta, Ramazonning har kunida barcha musulmonlar uchun qabul bo‘ladigan bir duo bor” (Imom Ahmad, Bazzor va boshqalar rivoyati).

Agar bu duo ro‘za paytida, ayniqsa, iftordan salgina oldin qilinsa, maqsadga muvofiq bo‘ladi. Yana Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) aytadilar: “Uch kishining duosi qaytarilmaydi: adolatli imom, ro‘zador to iftor qilgunicha va mazlumning duosi” (Ibn Moja, Termiziy, Ahmad ibn Hanbal, Bayhaqiy, Ibn Hibbon, Tayolisiy, Ibn Xuzayma va Is’hoq ibn Rohavayhlar rivoyati).

Bu zikr qilinganlar Ramazon oyining barcha fazilatlarini to‘la qamrab ololmaydi, balki, mazkur fazilatlar oldida daryodan ayrim tomchilar xolos. Yo‘qsa, uning fazilatu xususiyatlarini sanab adog‘iga yetkazish mushkuldir. Alloh taolodan yolborib so‘raymizki, bu muborak oyni, rahmat va mag‘firat oyini, do‘zaxdan najot beriladigan, duolar ijobat qilinadigan Ramazon oyini barchamizga xayrli va barakotli qilsin! Uni taqvo ne’matiga erishishimiz uchun vasila qilsin! Omin!

Manba: www.kun.uz

09

(Tashriflar: umumiy 18 704, bugungi 1)

Izoh qoldiring