Odil Ikrom. «Qahraton qishlarga vidolar aytdim…» & Asqar Mahkam. She’rlar

098    Асқар Маҳкам таваллудининг 60 йиллиги олдидан

    Асқарали ака тунни яхши кўрарди, суҳбатларимизда тунни “фариштасифат ҳолат” дерди. Дарҳақиқат, тунда одам барча ниқоблардан холи кўнгил ҳаётини бошдан кечиради. Кундузи кўзингизга балодай кўринган қаттол душманингиз ҳам ўша лаҳзада содиқ дўст, жонингизни жабборга бериб, ортидан қувган ташвишларингиз ҳам ўша ҳолатда майда, иддаоларингиз беҳуда туюлади.

Одил Икром
«ҚАҲРАТОН ҚИШЛАРГА ВИДОЛАР АЙТДИМ…»
Оташ нафасли шоир Асқар Маҳкамни эслаб
076

Асқарали ака жуда кам умр кӯрди. Кӯрган кам умрида ҳам ёруғ кунлари саноқли эди. Балки, шунинг учундир, тунни яхши кӯрарди, суҳбатларимизда тунни “фариштасифат ҳолат” дерди. Дарҳақиқат, тунда одам барча ниқоблардан холи кӯнгил ҳаётини бошдан кечиради. Кундузи кӯзингизга балодай кӯринган қаттол душманингиз ҳам ӯша лаҳзада содиқ дӯст, жонингизни жабборга бериб, ортидан қувган ташвишларингиз ҳам ӯша ҳолатда майда, иддаоларингиз беҳуда туюлади. Кимнингдир кӯнглини ранжитганингизни ӯйлаб, ӯзингизни гуноҳкордай ҳис қиласиз.

Шафқатли, кечиримли бӯласиз. Ҳақ билан кӯнглингиз орасидаги масофа яқинлашиб, парда тобора ҳарирлашиб бораверади… Ва беихтиёр суҳбатимиз, кундуз куни чироқ кӯтариб, бозордаги гавжум оломон ичра Одам ахтарган донишмандга бориб тақаларди: Эҳтимол, ӯша донишманд кундузи эмас, тунда Одам ахтарганида эди, излаган Одамини чироқ ёқмай ҳам топа олган бӯлармиди… Дарвоқе, туғилиш ҳам, жон узилиши ҳам, асосан, тунда рӯй беради…

Одам… Асқарали ака илк китобини “Одам” деб номлаганди. “Наврӯз” деб ӯзгартиришди.

Дӯстимиз Садриддин Ашур айтади: Асқарали акада далда бериш, айниқса, бошига оғир мусибат тушган чорасиз кӯнгилларни кӯтариш қудрати бор эди. Мусурмон (Мастчоҳлик курсдошимиз)нинг фарзанди туйқусдан вафот этганда, шӯрлик бутунлай чӯкиб, ӯзини йӯқотиб, яшагиси ҳам келмай қолганди. Бу мусибатдан хабар топиб, дӯстимиздан кӯнгил сӯрагани, олис шаҳардан Мастчоҳга келдик. Асқарали ака ӯзига хос самимият ва куюнчаклик билан, тун бӯйи ухламай Мусурмонни тақдирга тан беришга ярайдиган ҳолатга қайтарганди…

Курсдошимиз Абдуҳафиз (Абдуҳафиз Мирзааҳмад)нинг укаси афғон урушида ҳалок бӯлганда, Тошкентга эндигина келиб, ҳали ишга жойлашишга улгурмаган Исматулло (Исмат Худоёр)нинг бошига кӯргулик тушгандаги Асқарали аканинг изтиробларига, жонбахш таскин-тасаллиларига мен ӯзим ҳам гувоҳ бӯлганман. Далда берувчилар кӯп, аммо, Асқарали акадай дилбардорларни жуда кам кӯрдим.

Асқарали ака бағрикенг эди. Одатда, талантли инсонларнинг аксариятига хос бу хислат. Ким нима сӯраса, сӯзбошими, тақризми, тавсияномами… Ёзиб бераверарди. Унинг бағрикенглик билан ёзиб берган фикрларини дастак қилиб, ӯзини етук ижодкор ҳисоблаб юрганлар, унинг қалами тиғидан сачраган кукунлар билан обрӯ, эътибор, мақом топганлар орасида “эшаги лойдан ӯтгандан” сӯнг меҳр-оқибатни унутганлари ҳам кӯп.

Асқарали ака ижод аҳлини бир муҳит, бир маслак атрофида бирлаштира оларди. Ӯтган асрнинг саксонинчи, тӯғрироғи, 1983-85 йилларда (ӯшанда “Совет Тожикистони” газетасида бирга ишлардик) Асқарали аканинг шарофати билан яхши адабий муҳит пайдо бӯлганди. Ҳозир эса… Асқарали ака худбинлик нималигини билмасди. “Совет Тожикистони”да бирга ишлаб юрганимизда атрофидаги барча ижодкорларнинг асарларини вилоят ва ноҳиялардаги ӯзбек тилида чиқадиган газеталарга юборишдан эринмасди. Унинг хатти-ҳаракатлари билан бир гал “Қӯрғонтепа ҳақиқати” вилоят газетасида менинг ҳам бир туркум шеърларим эълон қилинди. Ҳозир ӯн томлик китобим чиқса ҳам кипригим қилт этмаслиги мумкин. Аммо, ӯшанда ҳаяжонлангандим… Зеро, ҳар бир ҳодиса ӯз вақти-соатида рӯй бергани яхши. Афсуски, ҳамиша ҳам шундай эмас. Агар бу ҳикматга амал қилинганида, Асқар Маҳкамнинг талабалигидаёқ камида тӯртта китоби чоп этилиши керак эди…

Шеъру шоирликнинг баҳридан ӯтиб, Россияда узоқ муддат санқиб қайтганимдан сӯнг Садриддинни Хӯжандда учратиб қолдим. Кӯришмаганимизга ӯн йилдан ортиқроқ фурсат ӯтганди. Ундан Асқарали аканинг бетоблигини эшитган чоғимда, хаёлимга “ҳойнаҳой, талабалик йилларида орттирган лаънати полиартрит хасталигининг навбатдаги хуружи, давоси топиладиган асорати бӯлса керак” деган фикр келди. Аммо… Муҳаммад Иқболдан кейин Жалолиддин Румий руҳига мурид тутинган, Мансур Халлождан кейин “нафсда ӯлиб, илоҳда қайта тирилиш” жараёнидаги, устоз мақомидаги увайсий бир дӯст, бир қадрдоннинг ӯлим билан аёвсиз олишаётганидан бехабар эдим… Ӯлимидан тӯрт ой олдин Асқарали ака билан телефонда гаплашдик…

Вафотидан кейин, 2008 йили худди шу куни Хӯжанд Давлат университетида, аниқроғи университетнинг ӯзбек филологияси факултети ӯқитувчилари Мунаввара Ойматова, Бахтиёр Файзуллоев, Юсуфали Шоназаровларнинг ғайрати ва ташаббуси билан Асқар Маҳкамнинг 50 йиллиги нишонланди. Асқар Маҳкамнинг душанбелик ва хӯжандлик курсдошлари ҳомийлигида нашр этилган катта ҳажмдаги “Оқ китоб”(муҳаррир – Абдулло Зуҳур, нашрга тайёрлаганлар – Садриддин Ашур, Абдулла Насриддин)и йиғилиш аҳлига тақдим этилди. Ӯша тадбирда иштирок этган болалар шоири Султонмурод Ҳожибоевнинг ушбу гаплари ҳануз эсимда: “Худо – гулчин. У ботил умр чечагидан аввал сара гулларни танлайди. Баъзиларнинг узоқ умр кӯриш учунгина ӯзини асраб-авайлаши, ростини айтсам, менга бироз эриш туюлади. Гап беш-ӯн йил кам ёки ортиқ умргузаронликда эмас, Худо берган умрга, у тӯққиз ойми, тӯқсон йилми, қай тарзда мазмун бахш этишда. Атиги 48 йил умр кӯрган Асқар Маҳкам тимсолида мен шу ҳақиқатга иқрор бӯлдим… Асқаржоннинг Жангалободдаги уйида меҳмон бӯлганимдаги қават-қават кӯрпачалар солиб қилган меҳрибончиликларини, дарё бӯйида ӯтириб суҳбатлашишимизга шароит яратишдаги жонбозлигини, меҳмондӯстлигини эсласам хижолат тортиб кетаман… Шундай улуғ одам…”

Асқар Маҳкам ижоди ҳали умуман тадқиқ этилмаган деса ҳам бӯлади. Бу йӯлда айрим уринишлар (Юсуфали Шоназаровнинг “Асқар Маҳкам” номли китоби, “Сӯйладик гоҳ урён, гоҳи мунаққаш” туркум мақолалари, Абдулло Зуҳурнинг “Қаттиқ иймон шоири” мақоласи), албатта, қувонтиради. Жумладан, Неъматулло Иброҳим Асқар Маҳкамнинг “Ҳақ” китобига ёзган сӯзбошисида шундай дейди: “Асқар Маҳкам ӯз асарларида Инсонни бор мураккаблиги билан тасвирлайди. Юзаки тавсиф этиш унинг руҳиятига ётдир. Бошқача қилиб айтганда, у Инсонни нафрат билан севади, инкор билан эътироф этади, оғу билан даволашга, алам билан шодлантиришга интилади…”

Шу ӯринда, Асқар Маҳкам ҳаётининг сӯнгги йиллари ҳақида ӯз хотираларини, таассуротларини ӯқувчилар билан баҳам кӯраётган айрим дӯстларимизнинг ҳиссиётга берилмай, орқаворотдан эшитган асоссиз фикрларига таянмай, ёлғон қӯшмай ёзишларини алоҳида таъкидлашни истардим. Бир дӯстимизнинг қай бир мақоласидаги “Фалон машҳур ҳофиз Асқар Маҳкамнинг маъракасини (мотам маросимини) ӯтказиб берибди” қабилидаги гаплари Исмат Худоёрнинг айтишига қараганда – ғирт ёлғон. Эшитишимга қараганда ҳаётининг сӯнгги кунларида Асқар Маҳкам билан Исмат Худоёр, Набижон Боқий, Абдуғафур Маматов, Икром Отамурод, мен алҳол эслолмаётган яна бир гуруҳ дӯстлар ва Асқарали аканинг, Садриддиннинг яқинлари бирга бӯлишган. Асқарали аканинг Тошкентдаги маъракасига бош-қош бӯлган Исмат Худоёр (барака топсин!) билан Тошкентда учрашганимизда шундай деганди: “Асқарали ака билан сӯнгги лаҳзада бирга эдим. Менинг қӯлимда жон берди. Жисми жондан фориғ бӯлгач, юзида, худди нимадандир ҳайратлангандек бир ифодани кӯрдим…”

Билмадим, Асқарали ака, нима учундир, толни яхши кӯрарди. Қабрлар бошига ҳар хил дарахтлар, гуллардан кӯра тол эккан яхшироқ, дерди. Ҳатто, унга бағишлаб ёзган эски бир шеъримда шундай сатрлар ҳам бор: “Менинг соғинганим – энг сӯнгги Одам, Бир кун бориб у ҳам мени алдайди. Бир кун… мозоримга бир туп толни ҳам, Ӯлмаса, шу шӯрлик бувим қадайди…”

Ӯтган йили Душанбега борганимда Ваҳдат ноҳиясида жойлашган Жангалободнинг сал юқорироғида жойлашган Гулмозорбободаги Асқар аканинг қабрини зиёрат қиларканман, бир нарсага ҳайрон қолдим: Тӯқсон етти фоиз ери тошдан иборат бӯлган мамлакатда Асқар Маҳкамнинг қабри тепасига ӯрнатиш учун кӯркамроқ бир тош, наҳотки, топилмаган бӯлса?!.. Қизиғи шундаки, тӯрт кунлик омонат умримиз учун ҳашаматли қасрлар қуриб ташлаймиз. Аммо, дӯстларимиз, яқинларимиз мангу ором оладиган маконни, сал бӯлса-да, эпақага келтириш кераклигини англамаймиз ёки жуда кеч англаймиз… Анвар ака (Асқар Маҳкамнинг акаси), Жаъфарбек (Асқар Маҳкамнинг укаси)лар, Худо хайрини берсин, имкони етгунча қабрни обод қилишга ҳаракат қилганлар. Юқоридаги таъна-маломатлар ӯзимизга, дӯстларга тегишли…

Бизга биздан-да яқинроқ Парвардигор Асқарали аканинг Охиратини обод айлаган бӯлсин! Унинг Охиратидан кейинги яна бир обод манзили, яъни, “Асқар Маҳкам саҳифаси” ҳам борки, Асқар Маҳкамнинг яқинлари, дӯстлари, мухлислари номидан ушбу саҳифани барпо айлаган салоҳиятли, нуктадон, маърифатли инсон, дӯстимиз Олима Набизодага беадад раҳматлар айтамиз ва энг юксак хислатлар Соҳиби, қудрат ва ҳикмат Эгаси Парвардигордан унга саломатлик, хотиржамлик, қадр англаш, савоб йӯлидаги ишларида ободлик, қурб-қувват тилаймиз!

Сӯз охирида Сизлар билан баҳам кӯрмоқчи бӯлганим, Лойиқнинг “Шоир қадри” шеъри холис ниятларимизга ҳамоҳанг бӯлади, бир кун келиб шеър ва одамийлик мулкида ӯзига хос ҳодисага айланган Асқар Маҳкам ӯзининг бундан-да баландроқ қадрини топади, деб ӯйлайман.

Ошиқлар оҳ тортса хаёлга ботиб,
Зӯрлар ҳам йиғласа ҳайрон, лол қотиб,09
Дӯстлар бир-бирини кетганда сотиб,
Ӯшанда билинар шоирнинг қадри.

Осмонда бир юлдуз ёнса дамодам,
Ерда бир ёш юрак тутганда мотам,
Ӯзидан ӯзини ахтарса одам,
Ӯшанда билинар шоирнинг қадри.

Овчиларнинг ови юришмаган он,
Бошин эгиб қайтса, елкада камон,
Харсанг тош устида ӯтирса ҳайрон,
Ӯшанда билинар шоирнинг қадри.

Йӯловчи қумлоқдан ӯтиб кетганда,
Оҳанги қумларга чӯкиб кетганда,
Бир парча шеър ӯқиб жӯшиб кетганда,
Ӯшанда билинар шоирнинг қадри.

Юрак осмонини қопласа булут,
Сохта гӯзалликнинг юзи ҳам шувут,
Эзгулик дунёси бӯлганда унут,
Ӯшанда билинар шоирнинг қадри.

Дунё тор келганда зӯрлар лошига,
Ҳангомаю ғурур етиб бошига,
Ёзув ахтарганда қабр тошига,
Ӯшанда билинар шоирнинг қадри.

Одамзод қайтадан топса қадрини,
Куйга солиб айтса алам, дардини,
Бир сӯздан ахтарса ул дард шарҳини,
Ӯшанда билинар шоирнинг қадри.

Манба: «Халқ овози» газетаси,19 Май 2014 йил

 АСҚАР МАҲКАМ
ШЕЪРЛАР
076

***

Узилади япроқлар секин,
туманларга чайқалиб чўкар.08
Хотиралар оқибат бир кун
Япроқ янглиғ йўқликка кўчар.

Япроқ бўлдик охир бизлар ҳам…

Дараларда дайди туманлар
харсангларга ситиб ташлар ёш.
Муҳаббатга нондек тўйганлар
бизнинг гўрга қўймагайлар бош…

Кўз ёш бўлдик охир биз ҳам…

Чўккан мозор каби чўккан ҳис
титроқ солар жонимга ёмон.
Ва тупроққа яланг босиб тиз
оёғингда ётарман, армон…

Армон бўлдик охир бизлар ҳам…

***

Насабномалардек мени ҳам унут
жисмим тупроқларга кўмилган қалъа.
Осмон олачипор ва танҳо булут
шатранж тахтасининг устида калла…

Селлар гувлар эди — балойи азим
ва халқ балоларга гирифтор шу халқ…
Эл-уруғи сотган «босмачи Азим»
қўзи арқонидек карт узилган халқ…

Ҳалқа-ҳалқа бўлиб тушар ёмғирлар
ҳазрат Эшон қавми осилган сиртмоқ. (1)
Тоғлар кундасига бош қўйган қирлар
тўши узра тунлар милтирар чироқ.

Танийман ҳар тирик, ҳар бир ўликни
Қул бўлганман унинг жуда кўпига.
Икки аср мени — ола мушукни
қопга солиб отар дарё тубига…

Бугун қоплар йиртиқ,
дарёлар хомуш.
Бошимизни соҳил тошига қўйдик.
Бари ўтиб кетди
бир даҳшатли туш.
Кел, улар ҳаққига Қуръон ўқийлик.

1. Дукчи Эшон назарда тутилмоқда

ЗИКР

Яшайвер ўзингга ашаддий ёвдек,
улоқтир дўстларнинг ҳамд-лаънатларин.
Мен қаттиқ тупроқни қазган гўрковдек
чуқурроқ ковладим жоним қатларин.

Ковладим тирноғим чинқириғидан
кўзимдан потирлаб учди бойқушлар.
Қат-қабат товонимнинг йиртиғидан
ўқрайди ўзимдан чиққан худкушлар.

Жисмимни фароғат итлари еди,
азият излари ўчди юзимдан.
Мен ерда ётмоқни истайман энди,
бадарға қиламан ўзни ўзимдан.

Емоқдан толмади қирқ битта тишим
оламнинг назокат-неъматларини.
Мен қаро тупроқда қандай ётай жим
кўтариб балиқнинг лаънатларини.

Еллардан тингладим руҳлар зикрини,
чирқиллаб-чирқиллаб янграр фарёди:
«Намунча сийладинг ўзни-ўғрини,
намунча очкўзсан, одамий зоти!..»

Термулдим ўзимга илк бор номусдан,
намунча семирдинг? Бунча бахтлисан?!
Баногоҳ батамом кетибман ўздан,
бир фарёд ўрлабди жоним қатидан.

Қулабди муҳташам вужудим қасри,
боқсалар оддий бир махлуқдек нусха…
Мен ўзим билмайман, ким эдим асли —
оддий бир одамми? Оддий қумурсқа?..

ЎЗИМ БИЛАН ТАНҲО

Йўллар узоқ,
йўллар узоқ ва узоқ.
Менга бу йўлларда бир йўлдош керак.
Дарахт шохидаги энг сўнгги япроқ,
кетиб қолма сен ҳам мендан бедарак.

Сен бунча қўрқмасанг мен йўловчидан,
биқинимга кириб кетган қўлларим.
Сен бунча қўрқасан мен йўловчидан,
сотиб юбормайман сени кўзларим.

Кўкрагимда зарра кадар йўқ эди,
қайга кетиб қолди қушлар беватан?
Сенга бу суратни юрагим берди,
суягимга михлаб ташланган бадан.

Бироқ бу тош кимнинг бенишон қабри?
Шамол оятларин пичирлар лаби…
Яланғоч маъбуда ҳайкали каби,
менга ҳақиқатнинг керак кўзлари.

Хазонрез боғларин оёғи чўлоқ,
нилий самоларга ёздинг қўлларинг.
Йўллар узоқ, йўллар узундан узоқ,
Менга бу йўлларда йўлдош кўзларинг.

Йўллар узоқ,
узоқ-узоқ бу йўллар,
менга одам бўлиб туюлган ким бу?
Менга одам бўлиб туюлди, бироқ,
буюк вужудимнинг бир бурдаси у…

Нима қилиб бердинг одам бўлиб сен?
Кўзинг бунча чуқур, қорнинг бунча тўқ?
Бир ҳовуч сув берган дарёлардан мен
бир қошиқ қонимни аяганим йўқ!

Нима қилиб бердинг одам бўлиб сен?
Мен сени билмайман, ахир, билмайман.
Бир бурда нон берган одамлардан мен
бир бурда жонимни аяб ўлмайман…

Нега, нечун алдай ўзимни ўзим,
беайб — парвардигор, деганлар шайтон.
Нега, нечун алдай ўзимни ўзим,
ўзим ўзим билан юрибман ҳайрон.

Арғувонлар, ана, қовжироқ, юпун,
синаётир бир-бир бандидан барглар.
Кўзларимга боқиб ўйлайман нечун,
сенинг суякларинг синмайди Асқар!..

Йўллар узун, йўллар жуда узундир,
босиқ шовиллайди қайдадир дарё.
Мен билмадим сира, билмам нечундир,
дарё мендан танҳо, мен ундан танҳо.

Ор қиламан кўриб кўлмак қонимни,
нима қилиб бердим шунча йил яшаб.
Хафа бўлма дўстим, бир кун жонимни
сенинг соҳилингга кетаман ташлаб.

Чўкдим, чўкавердим сенинг қаърингга,
Ҳад-ҳудудинг борми, эй тубсиз бадан?
Бир кун рутубатли, қаро бағрингга
уни қайтиб бер, деб қайтиб келарман.

Бугунча хайр энди, сўнгсиз йўлларим,
йўллар узоқ, йўллар узоқ ва узоқ…
Бугунча хайр энди, тўзғин ўйларим,
ўйлар узоқ, ўйлар узундан узоқ…

МАКТУБ

Во дариғо…
Во дариғ…
Дариғ…
Сен машҳарга ёқув ердасан
Мен бу ерда танҳо ва ғариб
«Ғариб бувим сен қаердасан…»

Кийганим оқ
кийганим кўкдир
ай тупроғим қандай бандасан?
Ичим менинг қаро куюкдир
куйган бувим сен қаёқдасан…

Ҳей садқайи одам кет Асқар
Ким бўлибсан
бир саёқдасан…
Манглайи шўр
ичгани заҳар
шўрлик бувим сен қаёқдасан…

***

Кечалар кечадек ёйилганда ғам
сўнгакни синдирса юракнинг зарби.
Сен мени ҳеч қачон танимасанг ҳам
мен сени севаман бир тентак каби…

Йиғласам мотамий каби ўкириб,
йиғласам қучганча елкаларингни.
Тошингга товоним қонини суриб
ёрита оламан кечаларингни…

ҲАҚИҚАТ

Ер тиланма бунча ватандан
бир он айшу маошдан қочгил.
Пар тўшакдан, иссиқ бадандан
тониб, тўнган тупроқда ётгил.
Улоқ Жайҳун тўлқинларида,
қайда Зуҳронг бордир Тоҳирдек.
Оёқ етмас тору тангларда
яланг оёқ кезгил Бобурдек.
чақир, чорла шамоллар эсса,
қасир-қасир ёрилсин тошлар.
Йиғла, агар қўлингдан келса,
кўзларингда гувласин ёшлар.
Суяк синса синар, эгилмас,
букилмасдан синсанг сина қол.
Панжангни ёз тупугин эмас,
кўзларини ташласин Аёл!…

ЧОРЛОВ

Тун хокига беланиб тунлар
Ойнинг сариқ сочларин кўрдим.
Кўзларимда оқди кукунлар —
Қайлардасан, шўрлигим, бувим?

Деворларда, чордеворларда
Исириқнинг бўйларин туйдим.
Мен изғидим қамишзорларда, —
Қайлардасан, қишлоғим, бувим?

077Асқар Маҳкам  онаси  ва  дӯсти шоир  Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим  билан

Asqarali aka bag’rikeng edi. Odatda, talantli insonlarning aksariyatiga xos bu xislat. Kim nima so’rasa, so’zboshimi, taqrizmi, tavsiyanomami… Yozib beraverardi. Uning bag’rikenglik bilan yozib bergan fikrlarini dastak qilib, o’zini yetuk ijodkor hisoblab yurganlar, uning qalami tig’idan sachragan kukunlar bilan obro’, e’tibor, maqom topganlar orasida “eshagi loydan o’tgandan” so’ng mehr-oqibatni unutganlari ham ko’p.

Odil Ikrom
«QAHRATON QISHLARGA VIDOLAR AYTDIM…»
Otash nafasli shoir Asqar Mahkamni eslab
076

Asqarali aka juda kam umr ko’rdi. Ko’rgan kam umrida ham yorug’ kunlari sanoqli edi. Balki, shuning uchundir, tunni yaxshi ko’rardi, suhbatlarimizda tunni “farishtasifat holat” derdi. Darhaqiqat, tunda odam barcha niqoblardan xoli ko’ngil hayotini boshdan kechiradi. Kunduzi ko’zingizga baloday ko’ringan qattol dushmaningiz ham o’sha lahzada sodiq do’st, joningizni jabborga berib, ortidan quvgan tashvishlaringiz ham o’sha holatda mayda, iddaolaringiz behuda tuyuladi. Kimningdir ko’nglini ranjitganingizni o’ylab, o’zingizni gunohkorday his qilasiz.

Shafqatli, kechirimli bo’lasiz. Haq bilan ko’nglingiz orasidagi masofa yaqinlashib, parda tobora harirlashib boraveradi… Va beixtiyor suhbatimiz, kunduz kuni chiroq ko’tarib, bozordagi gavjum olomon ichra Odam axtargan donishmandga borib taqalardi: Ehtimol, o’sha donishmand kunduzi emas, tunda Odam axtarganida edi, izlagan Odamini chiroq yoqmay ham topa olgan bo’larmidi… Darvoqe, tug’ilish ham, jon uzilishi ham, asosan, tunda ro’y beradi…

Odam… Asqarali aka ilk kitobini “Odam” deb nomlagandi. “Navro’z” deb o’zgartirishdi.

Do’stimiz Sadriddin Ashur aytadi: Asqarali akada dalda berish, ayniqsa, boshiga og’ir musibat tushgan chorasiz ko’ngillarni ko’tarish qudrati bor edi. Musurmon (Mastchohlik kursdoshimiz)ning farzandi tuyqusdan vafot etganda, sho’rlik butunlay cho’kib, o’zini yo’qotib, yashagisi ham kelmay qolgandi. Bu musibatdan xabar topib, do’stimizdan ko’ngil so’ragani, olis shahardan Mastchohga keldik. Asqarali aka o’ziga xos samimiyat va kuyunchaklik bilan, tun bo’yi uxlamay Musurmonni taqdirga tan berishga yaraydigan holatga qaytargandi…

Kursdoshimiz Abduhafiz (Abduhafiz Mirzaahmad)ning ukasi afg’on urushida halok bo’lganda, Toshkentga endigina kelib, hali ishga joylashishga ulgurmagan Ismatullo (Ismat Xudoyor)ning boshiga ko’rgulik tushgandagi Asqarali akaning iztiroblariga, jonbaxsh taskin-tasallilariga men o’zim ham guvoh bo’lganman. Dalda beruvchilar ko’p, ammo, Asqarali akaday dilbardorlarni juda kam ko’rdim.

Asqarali aka bag’rikeng edi. Odatda, talantli insonlarning aksariyatiga xos bu xislat. Kim nima so’rasa, so’zboshimi, taqrizmi, tavsiyanomami… Yozib beraverardi. Uning bag’rikenglik bilan yozib bergan fikrlarini dastak qilib, o’zini yetuk ijodkor hisoblab yurganlar, uning qalami tig’idan sachragan kukunlar bilan obro’, e’tibor, maqom topganlar orasida “eshagi loydan o’tgandan” so’ng mehr-oqibatni unutganlari ham ko’p.

Asqarali aka ijod ahlini bir muhit, bir maslak atrofida birlashtira olardi. o’tgan asrning saksoninchi, to’g’rirog’i, 1983-85 yillarda (o’shanda “Sovet Tojikistoni” gazetasida birga ishlardik) Asqarali akaning sharofati bilan yaxshi adabiy muhit paydo bo’lgandi. Hozir esa… Asqarali aka xudbinlik nimaligini bilmasdi. “Sovet Tojikistoni”da birga ishlab yurganimizda atrofidagi barcha ijodkorlarning asarlarini viloyat va nohiyalardagi o’zbek tilida chiqadigan gazetalarga yuborishdan erinmasdi. Uning xatti-harakatlari bilan bir gal “Qo’rg’ontepa haqiqati” viloyat gazetasida mening ham bir turkum she’rlarim e’lon qilindi. Hozir o’n tomlik kitobim chiqsa ham kiprigim qilt etmasligi mumkin. Ammo, o’shanda hayajonlangandim… Zero, har bir hodisa o’z vaqti-soatida ro’y bergani yaxshi. Afsuski, hamisha ham shunday emas. Agar bu hikmatga amal qilinganida, Asqar Mahkamning talabaligidayoq kamida to’rtta kitobi chop etilishi kerak edi…

She’ru shoirlikning bahridan o’tib, Rossiyada uzoq muddat sanqib qaytganimdan so’ng Sadriddinni Xo’jandda uchratib qoldim. Ko’rishmaganimizga o’n yildan ortiqroq fursat o’tgandi. Undan Asqarali akaning betobligini eshitgan chog’imda, xayolimga “hoynahoy, talabalik yillarida orttirgan la’nati poliartrit xastaligining navbatdagi xuruji, davosi topiladigan asorati bo’lsa kerak” degan fikr keldi. Ammo… Muhammad Iqboldan keyin Jaloliddin Rumiy ruhiga murid tutingan, Mansur Xallojdan keyin “nafsda o’lib, ilohda qayta tirilish” jarayonidagi, ustoz maqomidagi uvaysiy bir do’st, bir qadrdonning o’lim bilan ayovsiz olishayotganidan bexabar edim… o’limidan to’rt oy oldin Asqarali aka bilan telefonda gaplashdik…

Vafotidan keyin, 2008 yili xuddi shu kuni Xo’jand Davlat universitetida, aniqrog’i universitetning o’zbek filologiyasi fakulteti o’qituvchilari Munavvara Oymatova, Baxtiyor  Fayzulloev, Yusufali Shonazarovlarning g’ayrati va tashabbusi bilan Asqar Mahkamning 50 yilligi nishonlandi. Asqar Mahkamning dushanbelik va xo’jandlik kursdoshlari homiyligida nashr etilgan katta hajmdagi “Oq kitob”(muharrir – Abdullo Zuhur, nashrga tayyorlaganlar – Sadriddin Ashur, Abdulla Nasriddin)i yig’ilish ahliga taqdim etildi. o’sha tadbirda ishtirok etgan bolalar shoiri Sultonmurod Hojiboevning ushbu gaplari hanuz esimda: “Xudo – gulchin. U botil umr chechagidan avval sara gullarni tanlaydi. Ba’zilarning uzoq umr ko’rish uchungina o’zini asrab-avaylashi, rostini aytsam, menga biroz erish tuyuladi. Gap besh-o’n yil kam yoki ortiq umrguzaronlikda emas, Xudo bergan umrga, u to’qqiz oymi, to’qson yilmi, qay tarzda mazmun baxsh etishda. Atigi 48 yil umr ko’rgan Asqar Mahkam timsolida men shu haqiqatga iqror bo’ldim… Asqarjonning Jangaloboddagi uyida mehmon bo’lganimdagi qavat-qavat ko’rpachalar solib qilgan mehribonchiliklarini, daryo bo’yida o’tirib suhbatlashishimizga sharoit yaratishdagi jonbozligini, mehmondo’stligini eslasam xijolat tortib ketaman… Shunday ulug’ odam…”

Asqar Mahkam ijodi hali umuman tadqiq etilmagan desa ham bo’ladi. Bu yo’lda ayrim urinishlar (Yusufali Shonazarovning “Asqar Mahkam” nomli kitobi, “So’yladik goh uryon, gohi munaqqash” turkum maqolalari, Abdullo Zuhurning “Qattiq iymon shoiri” maqolasi), albatta, quvontiradi. Jumladan, Ne’matullo Ibrohim Asqar Mahkamning “Haq” kitobiga yozgan so’zboshisida shunday deydi: “Asqar Mahkam o’z asarlarida Insonni bor murakkabligi bilan tasvirlaydi. Yuzaki tavsif etish uning ruhiyatiga yotdir. Boshqacha qilib aytganda, u Insonni nafrat bilan sevadi, inkor bilan e’tirof etadi, og’u bilan davolashga, alam bilan shodlantirishga intiladi…”

Shu o’rinda, Asqar Mahkam hayotining so’nggi yillari haqida o’z xotiralarini, taassurotlarini o’quvchilar bilan baham ko’rayotgan ayrim do’stlarimizning hissiyotga berilmay, orqavorotdan eshitgan asossiz fikrlariga tayanmay, yolg’on qo’shmay yozishlarini alohida ta’kidlashni istardim. Bir do’stimizning qay bir maqolasidagi “Falon mashhur hofiz Asqar Mahkamning ma’rakasini (motam marosimini) o’tkazib beribdi” qabilidagi gaplari Ismat Xudoyorning aytishiga qaraganda – g’irt yolg’on. Eshitishimga qaraganda hayotining so’nggi kunlarida Asqar Mahkam bilan Ismat Xudoyor, Nabijon Boqiy, Abdug’afur Mamatov, Ikrom Otamurod, men alhol eslolmayotgan yana bir guruh do’stlar va Asqarali akaning, Sadriddinning yaqinlari birga bo’lishgan. Asqarali akaning Toshkentdagi ma’rakasiga bosh-qosh bo’lgan Ismat Xudoyor (baraka topsin!) bilan Toshkentda uchrashganimizda shunday degandi: “Asqarali aka bilan so’nggi lahzada birga edim. Mening qo’limda jon berdi. Jismi jondan forig’ bo’lgach, yuzida, xuddi nimadandir hayratlangandek bir ifodani ko’rdim…”

Bilmadim, Asqarali aka, nima uchundir, tolni yaxshi ko’rardi. Qabrlar boshiga har xil daraxtlar, gullardan ko’ra tol ekkan yaxshiroq, derdi. Hatto, unga bag’ishlab yozgan eski bir she’rimda shunday satrlar ham bor: “Mening sog’inganim – eng so’nggi Odam, Bir kun borib u ham meni aldaydi. Bir kun… mozorimga bir tup tolni ham, o’lmasa, shu sho’rlik buvim qadaydi…”

o’tgan yili Dushanbega borganimda Vahdat nohiyasida joylashgan Jangalobodning sal yuqorirog’ida joylashgan Gulmozorbobodagi Asqar akaning qabrini ziyorat qilarkanman, bir narsaga hayron qoldim: To’qson yetti foiz yeri toshdan iborat bo’lgan mamlakatda Asqar Mahkamning qabri tepasiga o’rnatish uchun ko’rkamroq bir tosh, nahotki, topilmagan bo’lsao’!.. Qizig’i shundaki, to’rt kunlik omonat umrimiz uchun hashamatli qasrlar qurib tashlaymiz. Ammo, do’stlarimiz, yaqinlarimiz mangu orom oladigan makonni, sal bo’lsa-da, epaqaga keltirish kerakligini anglamaymiz yoki juda kech anglaymiz… Anvar aka (Asqar Mahkamning akasi), Ja’farbek (Asqar Mahkamning ukasi)lar, Xudo xayrini bersin, imkoni yetguncha qabrni obod qilishga harakat qilganlar. Yuqoridagi ta’na-malomatlar o’zimizga, do’stlarga tegishli…

Bizga bizdan-da yaqinroq Parvardigor Asqarali akaning Oxiratini obod aylagan bo’lsin! Uning Oxiratidan keyingi yana bir obod manzili, ya’ni, “Asqar Mahkam sahifasi” ham borki, Asqar Mahkamning yaqinlari, do’stlari, muxlislari nomidan ushbu sahifani barpo aylagan salohiyatli, nuktadon, ma’rifatli inson, do’stimiz Olima Nabizodaga beadad rahmatlar aytamiz va eng yuksak xislatlar Sohibi, qudrat va hikmat Egasi Parvardigordan unga salomatlik, xotirjamlik, qadr anglash, savob yo’lidagi ishlarida obodlik, qurb-quvvat tilaymiz!

So’z oxirida Sizlar bilan baham ko’rmoqchi bo’lganim, Loyiqning “Shoir qadri” she’ri xolis niyatlarimizga hamohang bo’ladi, bir kun kelib she’r va odamiylik mulkida o’ziga xos hodisaga aylangan Asqar Mahkam o’zining bundan-da balandroq qadrini topadi, deb o’ylayman.

Oshiqlar oh tortsa xayolga botib,
Zo’rlar ham yig’lasa hayron, lol qotib,
Do’stlar bir-birini ketganda sotib,
o’shanda bilinar shoirning qadri.

Osmonda bir yulduz yonsa damodam,
Yerda bir yosh yurak tutganda motam,
o’zidan o’zini axtarsa odam,
o’shanda bilinar shoirning qadri.

Ovchilarning ovi yurishmagan on,
Boshin egib qaytsa, yelkada kamon,
Xarsang tosh ustida o’tirsa hayron,
o’shanda bilinar shoirning qadri.

Yo’lovchi qumloqdan o’tib ketganda,
Ohangi qumlarga cho’kib ketganda,
Bir parcha she’r o’qib jo’shib ketganda,
o’shanda bilinar shoirning qadri.

Yurak osmonini qoplasa bulut,
Soxta go’zallikning yuzi ham shuvut,
Ezgulik dunyosi bo’lganda unut,
o’shanda bilinar shoirning qadri.

Dunyo tor kelganda zo’rlar loshiga,
Hangomayu g’urur yetib boshiga,
Yozuv axtarganda qabr toshiga,
o’shanda bilinar shoirning qadri.

Odamzod qaytadan topsa qadrini,
Kuyga solib aytsa alam, dardini,
Bir so’zdan axtarsa ul dard sharhini,
o’shanda bilinar shoirning qadri.

Manba: «Xalq ovozi» gazetasi,19 May 2014 yil

ASQAR MAHKAM
SHE’RLAR
076

***

Uziladi yaproqlar sekin,
tumanlarga chayqalib cho’kar.
Xotiralar oqibat bir kun
Yaproq yanglig’ yo’qlikka ko’char.

Yaproq bo’ldik oxir bizlar ham…

Daralarda daydi tumanlar
xarsanglarga sitib tashlar yosh.
Muhabbatga nondek to’yganlar
bizning go’rga qo’ymagaylar bosh…

Ko’z yosh bo’ldik oxir biz ham…

Cho’kkan mozor kabi cho’kkan his
titroq solar jonimga yomon.
Va tuproqqa yalang bosib tiz
oyog’ingda yotarman, armon…

Armon bo’ldik oxir bizlar ham…

***

Nasabnomalardek meni ham unut
jismim tuproqlarga ko’milgan qal’a.
Osmon olachipor va tanho bulut
shatranj taxtasining ustida kalla…

Sellar guvlar edi — baloyi azim
va xalq balolarga giriftor shu xalq…
El-urug’i sotgan «bosmachi Azim»
qo’zi arqonidek kart uzilgan xalq…

Halqa-halqa bo’lib tushar yomg’irlar
hazrat Eshon qavmi osilgan sirtmoq. (1)
Tog’lar kundasiga bosh qo’ygan qirlar
to’shi uzra tunlar miltirar chiroq.

Taniyman har tirik, har bir o’likni
Qul bo’lganman uning juda ko’piga.
Ikki asr meni — ola mushukni
qopga solib otar daryo tubiga…

Bugun qoplar yirtiq,
daryolar xomush.
Boshimizni sohil toshiga qo’ydik.
Bari o’tib ketdi
bir dahshatli tush.
Kel, ular haqqiga Qur’on o’qiylik.

1. Dukchi Eshon nazarda tutilmoqda

ZIKR

Yashayver o’zingga ashaddiy yovdek,
uloqtir do’stlarning hamd-la’natlarin.
Men qattiq tuproqni qazgan go’rkovdek
chuqurroq kovladim jonim qatlarin.

Kovladim tirnog’im chinqirig’idan
ko’zimdan potirlab uchdi boyqushlar.
Qat-qabat tovonimning yirtig’idan
o’qraydi o’zimdan chiqqan xudkushlar.

Jismimni farog’at itlari yedi,
aziyat izlari o’chdi yuzimdan.
Men yerda yotmoqni istayman endi,
badarg’a qilaman o’zni o’zimdan.

Yemoqdan tolmadi qirq bitta tishim
olamning nazokat-ne’matlarini.
Men qaro tuproqda qanday yotay jim
ko’tarib baliqning la’natlarini.

Yellardan tingladim ruhlar zikrini,
chirqillab-chirqillab yangrar faryodi:
«Namuncha siylading o’zni-o’g’rini,
namuncha ochko’zsan, odamiy zoti!..»

Termuldim o’zimga ilk bor nomusdan,
namuncha semirdingo’ Buncha baxtlisano’!
Banogoh batamom ketibman o’zdan,
bir faryod o’rlabdi jonim qatidan.

Qulabdi muhtasham vujudim qasri,
boqsalar oddiy bir maxluqdek nusxa…
Men o’zim bilmayman, kim edim asli —
oddiy bir odammio’ Oddiy qumursqao’..

O’ZIM BILAN TANHO

Yo’llar uzoq,
yo’llar uzoq va uzoq.
Menga bu yo’llarda bir yo’ldosh kerak.
Daraxt shoxidagi eng so’nggi yaproq,
ketib qolma sen ham mendan bedarak.

Sen buncha qo’rqmasang men yo’lovchidan,
biqinimga kirib ketgan qo’llarim.
Sen buncha qo’rqasan men yo’lovchidan,
sotib yubormayman seni ko’zlarim.

Ko’kragimda zarra kadar yo’q edi,
qayga ketib qoldi qushlar bevatano’
Senga bu suratni yuragim berdi,
suyagimga mixlab tashlangan badan.

Biroq bu tosh kimning benishon qabrio’
Shamol oyatlarin pichirlar labi…
Yalang’och ma’buda haykali kabi,
menga haqiqatning kerak ko’zlari.

Xazonrez bog’larin oyog’i cho’loq,
niliy samolarga yozding qo’llaring.
Yo’llar uzoq, yo’llar uzundan uzoq,
Menga bu yo’llarda yo’ldosh ko’zlaring.

Yo’llar uzoq,
uzoq-uzoq bu yo’llar,
menga odam bo’lib tuyulgan kim buo’
Menga odam bo’lib tuyuldi, biroq,
buyuk vujudimning bir burdasi u…

Nima qilib berding odam bo’lib seno’
Ko’zing buncha chuqur, qorning buncha to’qo’
Bir hovuch suv bergan daryolardan men
bir qoshiq qonimni ayaganim yo’q!

Nima qilib berding odam bo’lib seno’
Men seni bilmayman, axir, bilmayman.
Bir burda non bergan odamlardan men
bir burda jonimni ayab o’lmayman…

Nega, nechun alday o’zimni o’zim,
beayb — parvardigor, deganlar shayton.
Nega, nechun alday o’zimni o’zim,
o’zim o’zim bilan yuribman hayron.

Arg’uvonlar, ana, qovjiroq, yupun,
sinayotir bir-bir bandidan barglar.
Ko’zlarimga boqib o’ylayman nechun,
sening suyaklaring sinmaydi Asqar!..

Yo’llar uzun, yo’llar juda uzundir,
bosiq shovillaydi qaydadir daryo.
Men bilmadim sira, bilmam nechundir,
daryo mendan tanho, men undan tanho.

Or qilaman ko’rib ko’lmak qonimni,
nima qilib berdim shuncha yil yashab.
Xafa bo’lma do’stim, bir kun jonimni
sening sohilingga ketaman tashlab.

Cho’kdim, cho’kaverdim sening qa’ringga,
Had-hududing bormi, ey tubsiz badano’
Bir kun rutubatli, qaro bag’ringga
uni qaytib ber, deb qaytib kelarman.

Buguncha xayr endi, so’ngsiz yo’llarim,
yo’llar uzoq, yo’llar uzoq va uzoq…
Buguncha xayr endi, to’zg’in o’ylarim,
o’ylar uzoq, o’ylar uzundan uzoq…

MAKTUB

Vo darig’o…
Vo darig’…
Darig’…
Sen mashharga yoquv yerdasan
Men bu yerda tanho va g’arib
«G’arib buvim sen qaerdasan…»

Kiyganim oq
kiyganim ko’kdir
ay tuprog’im qanday bandasano’
Ichim mening qaro kuyukdir
kuygan buvim sen qayoqdasan…

Hey sadqayi odam ket Asqar
Kim bo’libsan
bir sayoqdasan…
Manglayi sho’r
ichgani zahar
sho’rlik buvim sen qayoqdasan…

***

Kechalar kechadek yoyilganda g’am
so’ngakni sindirsa yurakning zarbi.
Sen meni hech qachon tanimasang ham
men seni sevaman bir tentak kabi…

Yig’lasam motamiy kabi o’kirib,
yig’lasam quchgancha yelkalaringni.
Toshingga tovonim qonini surib
yorita olaman kechalaringni…

HAQIQAT

Yer tilanma buncha vatandan
bir on ayshu maoshdan qochgil.
Par to’shakdan, issiq badandan
tonib, to’ngan tuproqda yotgil.
Uloq Jayhun to’lqinlarida,
qayda Zuhrong bordir Tohirdek.
Oyoq yetmas toru tanglarda
yalang oyoq kezgil Boburdek.
chaqir, chorla shamollar essa,
qasir-qasir yorilsin toshlar.
Yig’la, agar qo’lingdan kelsa,
ko’zlaringda guvlasin yoshlar.
Suyak sinsa sinar, egilmas,
bukilmasdan sinsang sina qol.
Panjangni yoz tupugin emas,
ko’zlarini tashlasin Ayol!…

CHORLOV

Tun xokiga belanib tunlar
Oyning sariq sochlarin ko’rdim.
Ko’zlarimda oqdi kukunlar —
Qaylardasan, sho’rligim, buvimo’

Devorlarda, chordevorlarda
Isiriqning bo’ylarin tuydim.
Men izg’idim qamishzorlarda, —
Qaylardasan, qishlog’im, buvimo’

077

(Tashriflar: umumiy 675, bugungi 1)

Izoh qoldiring