Naim Karimov. Qimmatga tushgan to’lov… & Elmurod Zokirov. Turkiston Muxtoriyatini ag’darish chog’ida sovetlarning yerli xalqqa nisbatan qo’llagan qatag’on siyosati

034    1917 йил 27 ноябрда Қўқонда тўпланган 1У Умуммусулмонлар қурултойи Туркистонда мухтор ҳукумат тузилганини эълон қилди

Шўро даври тарихининг бу даҳшатли саҳифасини ўз кўзи билан кўрган кишилардан бири мана бу сўзларни ёзган: «Кенг юртимиз қурбон бўлган ўз болаларининг қони билан сувланиб, уларнинг тани билан қопланди. Мингларча Туркистон йигитлари янги ниқоб кийиб чиққан эски мустамлакачиларга қарши курашда ўлдилар. Шу тариқа севинч, умидлар билан қарши олинган инқилоб умумий миллий фожиамиз шаклини олди».

Наим Каримов
ҚИММАТГА ТУШГАН ТЎЛОВ ЁХУД
ТУРКИСТОН МУХТОРИЯТИНИНГ ВУЖУДГА КЕЛИШИ
ВА ТОР-МОР ЭТИЛИШИ САБАБЛАРИ
034

1917 йилнинг 27 февралида Петроградда рўй берган инқилобий воқеалар натижасида чор ҳокимияти ағдарилиб ташланди. Тарихга Февраль инқилоби сифатида кирган бу воқеалар ҳақидаги хабарни 3 мартга қадар Туркистон генерал-губернаторлиги эълон қилмай турди. Мутлақ истибдодга асосланган давлатнинг қайта тикланишига умид боғлаган Куропаткин Февраль инқилоби ҳақидаги хабарни маълум вақтгача сир тутди. Ниҳоят, Петрограддаги каби, Тошкентда ҳам Ишчи ва солдат депутатлари шўролари тузилгач, у ўзини Муваққат ҳукуматнинг Туркистондаги мухтор вакили деб эълон қилди.

Лекин «оқ подшо»нинг ағдариб ташлангани хабари маҳаллий аҳолини аллақачон жунбушга келтирган, зулм кишанларининг парчаланишини кутган зиёлилар инқилобий кайфият билан йўғрилган ва Туркистон бўйлаб ҳуррият шабадаси эса бошлаган эди.

Ана шу шабаданинг кучайиши оқибатида ва собиқ чор ҳукумати тасарруфида кечган демократик ўзгаришлар тақозоси билан 1917 йил 27 ноябрда Қўқонда тўпланган 1У Умуммусулмонлар қурултойи Туркистонда мухтор ҳукумат тузилганини эълон қилди. Большевиклар «Қўқон мухторияти» деб атаган ва яқин-яқингача туҳмат ва бўҳтон тошларига гирифтор бўлган XX асрдаги дастлабки мустақил Туркистон давлати шу тарзда юзага келди.

«Ўзбекистон ССР тарихи»нинг 1967 йилда чоп этилган 1У жилдида: «Қўқон мухторияти» пролетариат диктатурасини ағдариб ташлаш, зулмга асосланган феодал тузумни тиклаш ва Туркистонни Англия мустамлакасига айлантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. У амеrикалик-англиялик империалистлар ёрдамида «мухторият» байроғи остида меҳнаткашларни Совет ҳокимиятига қарши курашга рағбатлантириб, ғаламислик қилди», деб ёзилган. Бошқа илмий адабиётлардаги Туркистон мухтор давлатининг баҳоси ҳам шундан асло фарқ қилмайди. Беҳбудий, Мунавварқори, Фитрат, Чўлпон сингари ўзбек халқининг ор-номуси бўлмиш зотлар Туркистон мухториятининг ташкилотчилари бўлгани учун ҳам узоқ йиллар мобайнида бадном этиб келинди.

Февраль инқилобидан кейинги вазият

Февраль инқилоби ғалаба қозониши билан муваққат ҳукумат номидан эълон қилинган мурожаатномада, жумладан, Туркистон халқларига ҳам манзур ва маъқул бўлган бундай сўзлар бор эди:
«Русия давлати фуқаролари. Буюк воқеа рўй берди. Рус халқининг қудратли ҳаракати билан эски тартиб ағдариб ташланди. Янги озод Русия вужудга келди. Буюк тўнтариш узоқ давом этган кураш йилларига якун ясади. 1905 йил 17 октябрь фармони билан Русиядаги уйғонган кучларнинг тазйиқи остида конституцион озодлик ваъда этилган эди. Аммо бу ваъдалар бажарилмади. Халқ орзу-умидларининг ифодаси бўлган биринчи Давлат Думаси тарқатиб юборилди. Иккинчи Думанинг ҳам қисмати шундай бўлди ва халқ хоҳиш-иродасини енгишга қодир бўлмаган ҳукумат 1907 йил 3 июнь фармони билан қонунчилик фаолиятида иштирок этиш учун берилган ҳуқуқларнинг бир қисмини аҳолидан тортиб олди.

Ўн йиллик узоқ давр давомида эришилган барча ҳуқуқлар халқдан бирма-бир тортиб олинди, мамлакат яна ўзбошимчалик ва мутлақ ҳокимлик ботқоғига ботди. Хокимиятнинг оқил бўлиши йўлида қилинган ҳар қандай уринишлар зое кетди, душман Ватанимизни буюк жаҳон курашига жалб этган бир пайтда халқ билан бир тан ва бир жон бўлмаган, Ватан такдирига лоқайд қараган ва гуноҳи азим остида қолган ҳокимият маънавий тушкунлик ҳолатида эди. Даҳшатли ички вайронагарчиликдан силласи қуриган армиянинг қаҳрамонона хатти-ҳаракатлари ҳам, миллий хавф-хатар олдида бирлашган халқ вакилларининг даъватлари ҳам собиқ император ва унинг ҳукуматини халқ билан бирлашиш йўлига бошлай олмади…»

Муваққат ҳукумат 1917 йил арафасида вазиятга бундай одилона баҳо берибгина қолмай, Таъсис мажлис чақирилгунга қадар фуқаролар озодлиги ва тенглигини кафолатловчи мезонларни зудлик билан ишлаб чиқиш, фуқароларга руҳий кучларини Ватан манфаати йўлида сарфлаши учун шарт-шароитлар яратиш ваъдасини ҳам берган эди.

Феодал турмуш тарзи ва ярим асрдан бери давом этаётган мустамлакачилик туфайли Туркистон аҳолиси оғир иқтисодий ва ижтимоий аҳволни бошдан кечираётган эди. 1905-08 йиллардаги рус, турк ва Эрон инқилоблари бонги билан уйғонган ўзбек зиёлилари жадидчилик ҳаракатини ташкил этиб, мудроқ халқни уйғотиш, мамлакатни қолоқлик ботқоғидан олиб чиқиш мақсадида янги усулдаги мактабларни, тараққийпарвар ғояларни олға сурган газета ва журналларни, театр труппаларини вужудга келтирган эдилар. Келажак ҳуррият иштиёқида фидойиларча меҳнат қилаётган жадидларга чор ҳокимиятининг ағдарилиб, Муваққат ҳукуматнинг давлат тепасига келиши ва демократиявий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаши айни муддао бўлди.

Лекин бу даврда жадидлар халқни уйғотиш ва унинг ижтимоий фаоллигини оширишга қанчалик жиддий киришган ва муайян самараларга эришган бўлмасин, на халқ, на уларнинг ўзи етарли даражада уюшган эди. Шунинг учун ҳам Туркистонда Февраль инқилобидан кейин вужудга келган тарихий шароитдан тўлиқ фойдаланиши мумкин бўлган ягона уюшган куч — Ишчи ва солдат ноиблари шўроси, ўша давр ифодаси билан айтганда, Ишчи ва солдат шўролари, яъни рус большевиклари эди. Ишчи ва солдат шўролари эса нафақат Тошкент, балки Туркистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам кун сайин урчиб, катта сиёсий кучга айланиб бормокда эди. Кейинчалик Туркистонда Совет ҳокимиятининг ўрнатилишида ҳал қилувчи ўрин тутган бу куч дастлабки қадамидан бошлабоқ маҳаллий халқ вакилларидан холи давлат идораларини барпо этишга ҳаракат қилди.

Февраль инқилобига қадар Петроградда Давлат Думаси қошидаги мусулмон фирқасининг Туркистон масалалари бўйича котиб бўлиб ишлаган муҳтарам бир зотнинг ўша кезларга оид қуйидаги эсдаликлари тарихни бир қадар ойдинлаштиради. Ул зот 1917 йилнинг 10 апрелида Тошкентга етиб келиб, шу куни очилган Туркистон вилоят Ишчи ва солдат шўроларининг қурултойида иштирок этади ва ажабтовур манзаранинг гувоҳи бўлади:
«Залга кирган чоғимда,— деб ёзган эди у,— мен танимайдиган бир рус минбарда эди. У кишининг қайраб-қайраб, такрорлаб сўзлаган сўзларидан қуйидагилар хотирамда: «Инқилобни рус инқилобчилари, рус ишчилари, рус солдатлари амалга оширди. Шунинг учун ҳам Туркистонда ҳам идора, ҳокимият биз — русларникидир. Ерлилар биз нима берсак, шу билан қаноатланиши керак…»

Бу сўзларни Қўқондан келган муаллим, халқчи социалчилар гуруҳига мансуб Некора исмли кимса айтган эди. Февраль инқилобидан кейинги Туркистондаги сиёсий вазиятни Некорага ўхшаш кимсалардан иборат Ишчи ва солдат шўролари, яъни ўлкадаги бир сиқим рус муҳожирлари идора қилиб турар, қуролли кучлар, почта ва телеграф, бошқа давлат тузилмалари ҳам фақат улар ихтиёрида эди. Туркистондаги барча ҳуқуқ ва имтиёзларига ворисликни даъво қилган бу кучлар, гарчанд ўзларини большевиклар, халқнинг миллий манфаатларини ҳимоя қилувчи кишилар деб атасалар-да, ҳали Октябрь тўнтарилишини ясамай туриб, маҳаллий халқнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол этаётган эди.

Ана шундай сиёсий-ижтимоий шароитда маҳаллий зиёлилар ўртасида туғилиб бораётган миллий марказни ташкил этиш ғояси тарих ва ҳаёт тақозоси билан кун тартибига чикди.

09

«Шўрои ислом»нинг вужудга келиши

Февраль инқилобининг акс садоси Тошкентда март ойида айниқса авж олди. Турли-туман жамиятларнинг вакиллари шаҳар Думаси жойлашган бино олдига йиғилиб, янгидан-янги сиёсий тузилмаларга аъзо сайлай бошлади. Вақтнинг ғанимат эканини сезган жадидлар ҳам жонланиб, Янги шаҳарда ташкил этилган ижроқўмга ўз вакилларини киритиш пайига тушдилар. 6 март куни бўлган вакиллар сайловида Эски шаҳарда ташкил этилган тўрт жамиятдан ижроқўмга саккиз нафар вакил киритишга эришилди. Жадидлар шу билан кифояланиб қолмай, 9 март куни Чорсудаги Жоме масжидида кўп минг кишилик йиғин ўтказдилар. Баъзи маълумотларга қараганда, шу куни масжид ва унинг атрофига йигирма мингдан зиёд киши тўпланган. Мажлис қатнашчилари таниқли адвокат Убайдулла Хўжаевни раис, Мунавварқорини раис ўринбосари, Исломбеқ Худоёрхоновни эса котиб этиб сайлаганлар. Ҳуррият қурбонлари руҳига ўқилган тиловатдан кейин полицмейстер Колесников ўрнига Исломбек Худоёрхонов Эски шаҳар ҳокимиятига бошлиқ этиб сайланди. Шундан кейин йиғилиш қатнашчилари Ишчи ва солдат шўроларига ўхшаш маҳаллий халқ вакилларидан иборат жамиятни таъсис этишга киришдилар. Жамиятни қандай номлаш хусусида бўлиб ўтган баҳслардан сўнг Мунавварқорининг «Бу ерда тўпланган кишилар мусулмон аҳолининг вакилларидир. Шунинг учун ҳам жамиятимизни «Шўрои ислом» деб номлаш ўринли бўлади», деган сўзлари ҳаммага манзур бўлди. Шу тарзда Туркистоннинг 1917-18 йиллардаги сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутган «Шўрои ислом» жамияти юзага келди.

Дарвоқе, 10-11 март кунларида жадидларнинг сиёсий-маърифий дастурларига қарши бўлган уламо, амалдор ва бойларнинг хатти-ҳаракатлари билан «Шўрои ислом» ҳайъатига сайланган кишилар ҳақида турли-туман миш-мишлар тарқатила бошлади. Натижада йигирма минг кишилик йиғин томонидан сайланган вакиллар номзодларини қайтариб олди. Эндигина тузилган жамият такдири, демакки, маҳаллий халқнинг ҳам тақдири хавф остида қолди. Ана шундай қалтис бир пайтда илғор қарашли ёшлар ташаббусни қўлларига олиб, 13 март куни яна умумхалқ йиғини ташкил этдилар.

«Тахминан қирқ минг халқнинг бир ерга йиғилмоғи,— деб ёзган эди шу йиғин ҳақида «Нажот» газетаси,— ва бир оғиз гапга қулоқ срлиб, камоли тинчлик ила машварат ва қарорлар беришмоғи, эҳтимол, Туркистонда биринчи мартабадур».

Чиндан ҳам Тошкентда, эҳтимол, бутун Туркис гонда бундай кўп минг кишилик йиғин биринчи бор ўтказилиши эди. Шу нарса қувонарлики, олдинги йиғинда сайланган қирқ киши, айрим ўзгаришлар билан ўринларида қолди. Халқуларга қайта ишонч билдирди. Тошкент шаҳри ижроқўми аъзолигига Убайдулла Хўжаев (Шайхонтоҳур даҳасидан), Тошпўлатбек Норбўтабеков (Кўкчадан), Зайниддинхўжа Саримсоқхўжаев (Себзордан) ва Абдусафийхон Ғанихон ўғли (Бешёғочдан) сайландилар.

Орадан уч-тўрт кун ўтгач, ички Русиядан Шоҳиаҳмедов, Мустафо Чўқай ўғли, Навширвон Яушев ва бошқалар келиб, «Шўрои ислом»нинг сиёсий жамият сифатида мустаҳкамланишига ҳисса қўшдилар. Апрель ойининг бошларида бошқа шаҳарларда ҳам «Шўрои ислом»нинг маҳаллий ташкилотлари очила бошлади. Янги ташкил этилган жамият зудлик билан ўзининг «Нажот», «Шўрои ислом», «Кенгаш», «Ҳуррият», «Эл байроғи» сингари газета ва журналларини чоп эта бошлади.

«Шўрои ислом» фаолиятига асос қилиб қуйидаги тадбирларни белгилаган эди:
— Туркистонда мусулмонлар ораси-да сиёсий, илмий ва ижтимоий жиҳат-дан замонага мувофиқ ислоҳот ғояларини тарқатиш;
— Туркистон мусулмонларини ягона фикр ва маслак атрофида бирлаштиришга қаратилган ишларни амалга ошириш;
— Бошқа мамлакатларнинг идора усулларини ўрганиб, Таъсис мажлисини ўтказишга тайёрланиш;
— Туркистоннинг ҳамма шаҳар, қишлоқ ва овулларида сиёсий, илмий ва ижтимоий хутбалар ўқитиш;
— Эски маъмурларни янгилари билан алмаштириш йўлларини халққа кўрсатиш;
— Туркистондаги турли миллат ва-киллари орасида бўлган ихтилофларни бартараф этиш ва бўлажак ихтилофларнинг олдини олиш ҳамда уларни бирлаштириш;
— Турли миллат ва фирқалар билан алоқада бўлиб, мусулмон халқининг талаб ва эҳтиёжларини ўз вакиллари орқали уларга билдириш ва лозим бўлганда, улардан ёрдам сўраш.

«Шўрои ислом» раҳбарлари, юқорида баён этилган дастуруламалдан кўринганидек, Туркистон халқларининг миллий манфаатларини кўзлабгина қолмай, келажакда демократик ислоҳотлар йўли билан кўп миллатли Туркистон мухтор давлатини барпо этиш ниятида ҳам бўлганлар.

Аммо, афсуски, жамият раҳбарлари «оламшумул» тадбирларга берилиб кетиб, «ички ишлар»га кам эътибор қаратдилар. Натижада «Шўрои ислом» тез орада «жадидлар» ва «қадимлар»га бўлиниб кетди. 1917 йилнинг ёз ойларида «қадимлар» «Уламо» жамиятини туздилар.

Петрограддан тажрибали мусулмон сиёсатчилари келгани ва Ўлка марказий мусулмон шўроси тузилганидан сўнг бояги ҳар икки ташкилот мазкур шўро қошидаги бўлимлар сифатида фаолиятини давом эттирди. Бу икки ташкилот ўртасидаги, шунингдек, шўронинг бошқа вилоят бўлимлари орасидаги ички кураш ва зиддиятлар эса кундан-кунга авж олиб, Ишчи ва солдат шўроларига қўл келадиган ва ҳаракат майдонини уларга топширадиган вазият вужудга келди. Туркистондаги барча шаҳар ва вилоятларни назоратига олган Ишчи ва сол-дат шўролари эса маҳаллий халқнинг ризқ-насибасини қирқиш, талаш ва ҳақ-ҳуқуқини топташ билан машғул бўлди.

Кези келганда айтиш жоизки, Петроград Ишчи ва солдат шўросининг бошлиғи Н.С.Чхеидзе ҳам туркистонлик ҳамкасбларидан асло фарқ қилмаган. Мустафо Чўқайнинг ёзишига кўра, у Петрограддан Дошкентга қайтиши арафасида Чхеидзе билан учрашиб, унга Туркистон учун мухторият исташи тўғрисида сўзлаганида шўро бошлиғи бундай деган: «Оллоҳ ишқига, ўртоқ Чўқай ўғли, мамлакатда — юртдошпарингиз орасида мухторият ҳақида сўзламанг. Биринчидан, ҳозир бу тўғрида сўзлаш эрта. Иккинчидан, сизнинг Туркистон каби бир мамлакатда мухторият дарҳол истиқлол ва айрилиш томон қўйилган одим бўла-ди».

Туркистондаги Ишчи ва солдат шўролари ҳам маҳаллий халқ мунавварлари ўлка учун мухторият исташи ва шу йўлда ҳаракат қилиши эҳтимолини сезиб, Февраль инқилобидан кейин ўтган вақт ичида «соцалистик инқилоб»га тайёргарлик кўра бошлади. Муваққат ҳукумат ҳали нафас олаётган пайтнинг ўзидаёқ Туркистон халқлари эркига чанг урган, «инқилоб қурбонлари фойдасига», деб ҳаддан зиёд оғир солиқлар солган, темирйўл орқали келтирилган ғаллани фақат русларга бериб, шаҳар ва қишлоқларда очлик таҳликасини вужудга келтирган шўрочиларнинг мутлақ ҳокимларга айланиши ўта хавфли эди. Шунинг учун ҳам Ўлка марказий мусулмон шўроси Туркистон халқлари такдири «большевиклар қамчиси»га дучор бўлиб қолишидан хавотирланиб, терс чоралар кўришга жиддий равишда киришди.

Сўнгги йўлларда ошкор бўлган маълумотларга кўра, Октябрь тўнтариши арафасида Кавказдан Сибирга Тошкент орқали ўн минг нафар чор армияси ўтган. Большевиклар таъсиридан холи бўлган ана шу катта ҳарбий куч уч-тўрт кун мобайнида Тошкентда тўхтаб турганида Мунавварқори ва Убайдулла Хўжаев қўшин қўмондони билан мулоқот қилган. Икки ўртадаги келишувга кўра, Ўлка марказий мусулмонлар шўроси, аниқроғи, «Шўрои ислом» шу қўшин ёрдамида ҳокимият тепасига келиши лозим эди. Сўнг қўшин Марказий Туркистон давлати расман шаклланиб кучга киргунга қадар шу ерда туриши, Ишчи ва солдат шўроларини қуролсизлантириши, кейин эса ўз қурол-яроғларини ҳам Туркистон ҳукумати ихтиёрига топшириб, тарқалиши зарур эди. Қўшин қўмондони билан келишувга кўра, туркистонликлар гарданига фақат молиявий харажатларни олганлар. Бунинг учун, эса икки миллион сўм даркор бўлган. Мунавварқори билан Убайдулла Хўжаев дарҳол тошкентлик бойларни йиғиб, кенгаш ўтказган. Бойларнинг аҳвол-руҳиясидан яхши хабардор бўлган Мунавварқори шу йиғинда уларга қарата бундай деган:
«Агар сиз, муҳтарам аъёнларга мурожаат этиб, дини ислом фойдасига маълум бир маблағни ажратишни сўрасалар, сизлардан шу маблағни олиш ит азоби билан тенг бўлади. Миллат фойдасига деб сўралганда ҳам шундай аҳволни кўрамиз. Сизларга фақат ўз манфаатингиз бўлса бўлгани. Ҳозирги вақтда хусусий мулкни асло тан олмайдиган большевойлар фирқаси инқилоб қилишга шай бўлиб турибди. Агар шу фирқа ҳокимият тепасига келса, сизларнинг ҳамма молу мулкингиз — уйингиз ҳам, боғ-роғларингиз ҳам, олтин-кумуш-ларингиз ҳам беистисно улар қўлига ўтади.

Тошкент бойлари Мунавварқори ва Убайдулла Хўжаевнинг сўзларига ишонмадилар. Икки миллион сўм тўпланмагани боис миллий Туркистон давлати тузилмай қолди. Миллат озодлиги учун тўланиши керак бўлган арзон товон шу тариқа тўланмай қолди ва бу тўлов етмиш тўрт йилга чўзилди — ғоят қимматга тушди. 1917 йилнинг ноябрида большевиклар қуролли қўзғолон йўли билан Ички Русиядан кейин Туркистондаги ҳокимиятни ҳам эгаллади.
Совет ҳокимиятининг дастлабки кунларидаёқ маҳаллий бойлар қўлида бўлган барча мол-мулк тортиб олинди. Орадан маълум вақт ўтгач, улар муш-тумзўр деб эълон қилиниб, Сибирь ва Украинага сургун қилинди.

Октябрдан кейинги вазият

Туркистонда яшаган барча рус муҳожирларини большевиклар сирасига киритиш инсофдан эмас. Улар орасида турли фирқаларга мансуб, демак, большевикларнинг дастуруламалларига қарши бўлган кишилар ҳам оз эмас эди. Шулардан бири, Фарғонада нашр этилган «Знамя свободи» газетасининг муҳаррири, меньшевик Г.Павлюченко Октябрь тўнтаришининг дастлабки кезларида бундай деб ёзган:

«Кўплаб қурбонлар ва диққатбозликлар натижасида қўлга киритилган ҳуррият барча халқларга бирдай мансуб бўлиши ва уларга ўз такдирини ўзи белгилаш, ўз турмушини ўзи қуриш имкониятини бериши зарур. Биз, Осиё халқларининг кўплаб оммалари истиқомат қилаётган Туркистонга келиб қолган овруполиклар, демократиянинг асосий ўлчови — халқларнинг ўз такдирини ўзлари белгилаши ҳақидаги мезонни эътиборга олишимиз лозим».
1917 йил 15 ноябрда қабул қилинган «Русия халқлари ҳуқуқлари баёнотномаси»да ҳам бош урғу шу «мезон»га қаратилган эди: «Халқ Комиссарлари Кенгаши Русия халқлари ва элатлари масаласи бўйича ўз фаолияти асосида қуйидаги ибтидоларни қўяди: Русия халқларнинг ўз такдирини ўзи белгилашидан то ажралиб чиқиш ва мустақил давлатни барпо этишга қадар бўлган ҳуқуқни, барча ва ҳар қандай миллий ҳамда миллий-диний имтиёзлар ва чекланишларни бекор қилишни…»

3 декабрда қабул қилинган «Русия ва Шаркдаги барча мусулмон меҳнаткашларга» деган мурожаатда эса мана бундай сўзлар ҳам бор: «Ўз миллий турмушингизни эркин ва қийинчиликсиз қуринг. Шуни билингки, сизнинг ҳуқуқларингиз, Русиядаги барча халқларнинг ҳуқуқлари сингари, инқилоб ва унинг идоралари, Ишчи, солдат ва деҳқон ноиблари шўроларининг барча куч-қуввати билан муҳофаза этилади».

Туркистондаги шўро ҳукумати бу баёнотнома ва мурожаатномадан хабардор бўлибгина қолмай, балки Владимир Ленин номига йўлланган телеграммада «Хўп бўлади, бажарамиз!» қабилидаги сўзларни ҳам ёзган. Аммо 15-22 ноябрда бўлган Шўроларнинг 111 ўлка курултойи баёнотномасига: «Ҳозирги вактда мусулмонларни ўлка олий инқилобий идораларига киритиш мумкин эмас, зероки, маҳаллий аҳолининг Ишчи, солдат ва деҳқон ноиблари шўроси ҳокимиятига муносабати ноаниқ: маҳаллий аҳоли ўртасида пролетар синфий ташкилотлари йўқки, уларнинг ўлка олий ҳокимияти идораларидаги вакилларини фракция табриклаган бўлсин», деган сўзларни уялмай-нетмай қўшиб қўйганлар.

Бир томондан, Русиянинг собиқ мустамлакаларига ўз такдирини ўзи ҳал этиши ҳуқуқи берилган, иккинчи томондан, Туркистонда Октябрь тўнтариши натижасида ҳокимият тепасига чиқиб олган Ишчи ва солдат шўроларининг маҳаллий халқни ҳамон эзаётгани ва шовинистик сиёсат юритаётганини кўрган Миллий марказ қатъий ҳаракат пайти келганини тушунди. Марказ турли вилоятлардаги бўлимларига ўлка тақдири масаласида мурожаат этди ва Сирдарё, Фарғона, Самарқанд вилоятлари бўлимларидан Ўлка мусулмонлар қурултойини зудлик билан чақириш тўғрисидаги талабларни олди. Еттисув ва Туркистоннинг айрим туман бўлимларидан ҳам шундай талаблар тушди.
22 ноябрда тугаган Ишчи, солдат ва деҳқонлар шўросининг III қурултойида 26 ёшли Ф.Колесов бошчилигида Халқ Комиссарлар Кенгашининг таъсис этилиши ва бу кенгашга, одатдагидек, бирорта ҳам маҳаллий халқ вакилининг киритилмагани воқеаларнинг кейинги оқимини тезлаштириб юборди. Ушбу сиёсий воқеага жавобан 26 нобрь куни Қўқонда Ўлка мусулмонларининг фавқулодда IV қурултойи чақирилди.

011

Туркистон мухтор давлатининг тузилиши

Қурултойнинг биринчи куни ташкилотчилардан бири Русия ва Туркистоннинг сиёсий ҳамда иқтисодий аҳволи тўғрисида маъруза қилиб, сиёсий танглик билан бирга озиқ-овқат танқислигидан чиқиш йўлларига ҳам тўхталди. Ушбу масала бўйича бошқа нотиқлар ҳам кенг муҳокама юритдилар. Қурултойнинг иккинчи куни, яъни 27 ноябрь кеч соат олтида эса «Туркистон ўлкасида бўлғон халқларнинг хоҳишлари бўйича, Буюк Русия инқилоби тарафидан берилган асосларга биноан федерация асосига бино қилинган ҳолда Туркистонни ерлик мухториятли (яъни территориалний автономиялик) эълон қиладур», деб ёзилган тарихий баёнотнома қабул қилинди. Бу баёнотномага кўра, Туркистон ўлкасида яшовчи барча миллатларнинг ҳуқуқлари ҳар жиҳатдан таъминланиши ваъда этилган эди. 26 ноябрда Туркистон Миллат Мажлисининг очилиши тўғрисидаги қарор тасдиқланди. Шу куни Миллат Мажлиси аъзолари билан биргаликда Муҳаммаджон Тинишбой ўғли раислигида Туркистон Мухторияти ҳукуматининг қуйидаги аъзолари ҳам тасдиқдан ўтдилар:

Муҳаммаджон Тинишбой ўғли — ҳукумат раиси ва Дохилия нозири.
Абдураҳмон Ўразай ўғли — Дохилия нозири муовини.
Убайдулла Хўжаев — Ҳарбий ва милиция нозири.
Мустафо Чўқай ўғли — Хорижия нозири.
Ислом Шоҳиаҳмад ўғли — Молия нозири.
Обиджон Маҳмуд ўғли — Озиқ-овқат ишлари нозири.
Миродил — Нофия нозири.
Ҳидоятбек Юргили ота ўғли — Зироат нозири.
Носирхон — Маориф нозири.

012

29 ноябрь куни қурултой Миллат Мажлиси ва ҳукумат аъзоларининг дахлсизлиги ҳамда муҳофазаси ҳақида қарор қабул қилиб, уларнинг бирортасига нисбатан зўровонлик ўн миллионлик Туркистон халқларига нисбатан ҳақорат эканини эълон қилди. 30 ноябрь куни соат учда эса Қўқонда мусулмонларнинг улуғ намойиши ўтказилиб, инқилоб самараларини сақлаш ҳақида қасамёд қилинди.

Шу тарзда ўзбек халқининг илғор қатламларида катта умид уйғотган Туркистон Мухтор давлати барпо этилди. Ўзбек миллий уйғониш ҳаракатининг фаолларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий «Ҳуррият» газетасининг 1917 йил 19 декабрь сонида бу тарихий воқеани халққа бундай сўзлар билан етказди:

«27 ноябрда Ҳўқандда Туркистон Мухторияти умумий мусулмон съезди эълон қилинди. Муборак ва хабарли бўлсин! Камина ҳам мажлисда бўлиши учун ифтихор этаман. Яшасун Туркистон Мухторияти!
… Бул бобдаги ўз билишимдан бир оз маълумот бериб ва ҳам мухторияти-мизнинг мухтасар тарихидан ёзмоқчиман. Чунки мухториятдан қўрқувға (уруш бўлур деб) тушган баъзилар кўринадур. Ай азиз мусулмон биродарлар! Ай Оврупо, ай ҳам ватандошлар! Билингки, ушбу сана апрель ойинда Тошкентда, бутун Туркистоннинг Рус ва мусулмон ижроияси комитети аъзолари йиғилиб, иттифоқ ила ушбу қарорни бериб эдилар…»

Беҳбудийнинг бу сўзларидан кўринадики, Туркистон Мухторияти ғояси 1917 йилнинг Февраль инқилобидан кейиноқ «Шўрои ислом»чилар даврасида туғилган.

Беҳбудий ўша йилнинг 22 декабрь куни «Ҳуррият» газетасида яна «Туркистон Мухторияти» номли давомли мақоласини эълон қилиб, унда бундай сўзларни ёзди:
«Туркистоннинг ҳар тарафиндан 300 қадар киши мунда бор эди. Яъни ваколат ила юбориб эдиларким, бунинг катта бир қисми уламо ва машойих эдилар. Рус, яҳудий ва арманлардан ҳам вакиллар бор эди. Биргина киши бўлсин, бу Мухториятга ҳеч бир фирқадан мухолифат этмади…

Хулоса, барча матфу эди. Бутун вакиллар ижмоҳ этган эдилар ҳамда беш-ўн минг жамоат ила бирга Туркистон Мухторият исломиясининг, қон ила бўлса ҳам, бутун мол ва жонларини фидо этиб, маҳкам тутмоқға, «ло илоҳа иллоллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ» ёзилган қизил ва яшил, ой ва юлдузли илму саодат остинда йиғилиб, ахд этдилар ва такбирини ўн минглар ила умут маҳмудия(с) арши аълоға етқуруб, бутун уфқға ғулғула солганларидек, олам болони ҳам ва лулазор этдилар. Оқшомғача бутун Ҳўқанд кўчаларидан, мактаб ва мадрасаларидан такбир овозлари чиқур эди. Захи саодат!»

Беҳбудийнинг бу сўзларидан Туркистон Мухториятининг эълон қилиниши маҳаллий халқ ва турли вилоятлардан келган вакиллар учун катта миллий байрам бўлгани маълум бўлади. Чўлпон ҳам ана шу умумхалқ байрами таъсирида «Оллоҳу Акбар» шеърини ёзган. Атоқли шоир бу шеъри билангина кифояланиб қолмай, яна » Озод турк байрами» шеърини ҳам яратди. Ўша йиллари Ўзбекистонда машҳур бўлган турк шарқиялари оҳангида ёзилган бу шеър юзлаб варақалар шаклида тарқатилиб, Мухториятнинг мадҳияси сифатида куйланди:

0114ОЗОД ТУРК БАЙРАМИ

Кўз очинг, боқинг ҳар ён!
Қардошлар, қандай замон!
Шодликка тўлди жаҳон!
Фидо бу кунларга жон!

Нақорат:
Туркистонлик — шонимиз, Туронлик — унвонимиз,
Ватан — бизнинг жонимиз, фидо ўлсун қонимиз!

Бизлар темир жонлимиз!
Шавкатлимиз, шонлимиз!
Номусли, виждонлимиз!
Қайнаган турк қонлимиз!

Нақорат

Бўлди кенглик, зўрлик йўқ,
Берилди бизга ҳуқуқ!
Тараққийга йўл очуқ!
Жаҳолатга йўл ёнуқ!

Нақорат

Мухторият олинди,
Ишлар йўлга солинди,
Миллий маршлар чолинди,
Душман ўртансун энди!

Нақорат

Шодлик, хурсандлик чоғлар,
Кетсун юракдан доғлар,
Ватан боғиндан зоғлар!
Селкулласун байроғлар!

Нақорат

Ҳуррият — байроғимиз,
Адолат — ўртоғимиз,
Хурсанд бўлган чоғимиз
Мевалансун боғимиз!

Нақорат

Турк бешиги — Туркистон!
Ери олтун, тоғлари кон!
Болаларн қаҳрамон!
Ватан учун берур жон.

Нақорат

Туркистонлик — шонимиз, туронлик — унвонимиз,
Ватан — бизнинг жонимиз, фидо ўлсун қонимиз!

Чўлпоннинг шундай жўшқин сатрлар билан бошланувчи мадҳияси турли йиғин ва намойишларда янграб, янги давлатга халқ ишончи ва меҳр-муҳаббатини уйғотди. Ўзбек халқининг тарихий тақдирида катта ўзгариш содир бўлганини сезган шоирлар Туркистон мухториятини олқишлаб талай шеърлар яратдилар. Чунончи, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг «Туркистон мухториятина», Ҳайбатулла Алиевнинг «Туркистонга», «Мухторият шодлиги» сингари шеърларида ана шу мавзу теран ёритилди.

Туркистон Мухториятининг раҳбарларидан бири ўз хотираларида бундай деб ёзган:

«Биз у замондаги Мухториятни бундай тушунардик: Туркистоннинг ўзига махсус идора ва ижроия масалалари, яъни қонун ишлаб чиқарадиган парламенти ва ишни юритадиган ҳукумати бўлиши эди. Ташқи сиёсат, молия, йўллар, ҳарбий ишлар Умумрусия федерацияси ҳукуматининг иши деб таниларди. Маориф ишлари, маҳаллий йўллар масаласи, маҳаллий идоралар, адлия ҳамда ер масалаларининг ҳаммаси мухторият ҳукумат ишлари деб қараларди. Биз, хусусан, тупроқ-ер масаласига аҳамият берардик. Ўрду қурилиши масаласига ҳам бир қанча асос ўзгартмалар киритмоқчи эдик. Масалан, Умумрусия учун қурилган қўмондонлик назоратида бўлиш билан туркистонликларнинг аскарий хизматларини Туркистонда кўриб, Туркистонда қолмоқлари биз учун муҳим бир масала эди.

Бизнинг у замонги асосий режамиз ана шундан иборат эди. Тафсилотга киришмадик. Бизнинг энг муҳим уринишларимиздан бири миллий кадрлар масаласи эди. Исталган принципларни эълон этиш мумкин. Ҳар нарсани, кўкдаги ойни исташ мумкин. Фақат керакли кадр бўлмаганда, керакли инсон кучи ва бошқа воситалар топилмаганда, бутун бу гўзал тилаклар қуруқ сўздан иборат бўлиб қолади…»

Маълум бўлганидек, мухториятчилар Русиядан мутлақо ажралиб чиқиш ва фақат Туркистон мусулмонларининг манфаатларини кўзлайдиган давлатни барпо этиш вазифасини зиммаларига олмаганлар. Улар мавжуд ижтимоий ша-роит ва тарихий имкониятга асосланган ҳолда мустақил ўзбек давлатини барпо этиш йўлида дадил бир қадам ташлаганлар, холос. Лекин ана шу камтарона ҳаракат дастури ҳам юрагида мустамлакачилик қони гупуриб турган большевикларнинг Туркистондаги «ҳаётий манфаатлари»га тамомила зид эди.

Қонга ботирилган мухторият

04413 декабрь Муҳаммад салоллоҳи алайҳи вассаламнинг мавлуд куни эди. Эрта тонгдан Шайхонтоҳур масжиди сари турли тарафдан одамлар оқиб кела бошлади. Соат ўн иккида бу ерда кўп минг кишилик йиғин бўлди. Унга ҳатто Янги шаҳардан ҳам «Туркистон ўлкасига — мухторият!» сўзлари ёзилган байроқлар кўтарган вакиллар келди. Соат тўққиз яримда эса Ўрда кўприги ёнида икки-уч минг кишилик бошқа оломон пайдо бўлди ва бу оломон ҳам Шайхонтоҳур масжидига бориб, митингчилар сафига қўшилди. Афтидан, бу оломон орасида иғвогарлар ҳам оз эмас эди. Улар саъй-ҳаракати билан митинг қатнашчиларининг бир қисми Янги шаҳарга йўл олиб, Москва кўчасида жойлашган қамоқхонадан Муваққат ҳукумат Туркистон қўмитасининг ҳарбий комиссари Дорерни озод қилди. Ана шундай иғвогарлик ҳаракати натижасида отишма бўлиб, Эски шаҳардан келган 16 киши ҳалок бўлди. Бу тасодифий воқеа бўлмай, Тошкентда ҳам мухториятни эълон қилишга уринган кучларга қарши берилган онгли зарба эди.

Аммо мухториятчилар ўзлари сари келаётган хавф-хатар олдида пусиб қолмай, Қўқонда 26 декабрь куни чақирилган Ишчи ва солдат мусулмон ноибларининг Фавқулодда I қурултойида халқдан шаҳодат олишга эришдилар. Қурултой Туркистон Мухториятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида қарор қабул қилгач, Владимир Ленин номига телеграмма билан мурожаат этиб, ундан ўлкага ҳокимлик даъвосидан воз кечиш ва бу ҳокимиятни Туркистон Мухториятининг муваққат ҳукуматига топшириш ҳақида Туркистон Халқ Комиссарлари Кенгашига кўрсатма беришни сўради. Мухториятчиларнинг эътироф ҳақидаги талабларини Умумрусия мусулмонлари миллий шўроси қўллаб-қувватлади.

Вазият мухториятчилар фойдасига ўзгараётганини сезган большевиклар мухториятнинг, шунингдек, уни қўллаб-қувватлаган кишиларнинг шахсий ҳисобларидаги барча маблағни мусодара қилиш тўғрисида қарор чиқарди. 29 декабрда эса бутун ўлка бўйлаб қамал ҳолати эълон қилинди. Тошкент шўроси ва бошқа жойлардан Қўқон шўросига тинимсиз равишда ҳарбий мадад юборила бошлади. Мухториятчилар билан большевиклар ўртасидаги кураш тобора кескин ва муросасиз тус ола бошлади.

Мухториятчилар 11 февралдан 12 февралга ўтар кечаси оқ гвардиячилар ёрдамида Қўқон қўрғонига ҳужум уюштирди. Уларнинг бошқа бир қуролланган қисми телефон станциясини эгаллаб олди. Аммо Қўқон ҳарбий инқилобий қўмитаси телеграф ва телефон алоқаси узилгунга қадар содир бўлаётган воқеа тўғрисида Тошкентга хабар бериш ва ҳарбий ёрдам сўрашга улгурган эди. 13 февраль кечаси соат учда Фарғонадан тўртта замбарак ва тўртта пулемёт билан қуролланган 120 (айрим маъпумотларга қараганда 146) кишилик ҳарбий қисм етиб келди. Шу туннинг ўзидаёқ инқилобий қўмита Мухторият ҳукуматига талабнома йўллаб, кундузги соат учга қадар қурол-яроғни топшириш, ваколатларидан воз кечиб, шўро ҳукуматини тан олиш шартини қўйди. Мухторият аъзолари большевиклар талабини жавобсиз қолдирдилар. Шундан кейин инқилобий қўмита Мухторият ҳукумати аъзоларини ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарди.

«1917 йил. Хотира парчалари» китобида муаллиф ўша воқеани бундай эслайди: «Қўқон шаҳри ўққа тутила бошланди. Ҳар томонда ўқ отишлари, қўл бомбаси эшитиларди, узоқдан тўп гурилтуси келарди. Большевиклар бизга ўз вакилларини юборди ва менинг Қўқон ҳарбий инқилобий қўмитасига топширилишимни талаб этди… Қўқон ҳар тарафдан ўраб олинган эди. Самарқанд, Тошкент ва Фарғонадан большевик аскарлари келди… Шунингдек, ҳар томондан бизнинг одамлар ҳам келди. Бироқ уларнинг кўпчилиги узун таёқ, болта, буюк пичоқ каби нарсалар билан қуролланган эди…»

18 февралда «Уламо» жамияти ташаббуси билан Мухториятда тўнтариш юз берди. Мустафо Чўқай ўғли бошчилигидаги ҳукумат маҳкамаси ағдарилиб, Эргаш қўрбоши Қўқон хони деб эълон қилинди.
18 февралдан 19 февралга ўтар ке-часи Тошкентдан ўлка ҳарбий комиссари Е.Л.Перфильев бошчилигидаги замбараклар билан қуролланган қўшин етиб келди. Парфильев шаҳарни уч тарафдан ўраб олиб, 19 февраль куни эрталаб соат ўндан ўн беш дақиқа ўтганда Эргашга талабнома йўллади. Эргаш унинг талабларини бажаришдан бош тортгач, Перфильев Қўқонни 12 замба-ракдан ўққа тутди. Кундуз соат бирда бошланган ўқ ёмғири шомгача шаҳарни вайрон этиб ташлади. Аммо шунга қа-рамай, мухториятчилар таслим бўлмай, ҳар бир бинони, ҳар бир дўконни, ҳар бир карвонсаройни мардларча ҳимоя қиладилар.

Азиз Ниалло — Станишевский «Қирғизистон ва Ўрта Осиёда инқилоб ҳамда фуқаролар уруши тарихи очерклари» китобида бундай маълумотни қайд этган: «Қўқон Мухторияти»ни тугатишда қўшин-ларга қўмондонлик қилган «сўл» эсер Профильев мухториятчиларга қарши курашга дашноқ дружиначиларни жалб этди, улар эса Эски шаҳарга бостириб кириб, ўғрилик ва мусулмон аҳлига зўравонлик қилиш билан шуғулланди. Биринчи навбатда, маълумки, шаҳарлик бева-бечораларга, шунингдек, Қўқондаги беҳисоб ҳунарманд ва майда савдогарларга шикаст етказилди. Эски шаҳардан қишлоқлар сари талпинган қочоқлар оломони Фарғона вилоятининг қўшни уездларидаги ғулғулани кучайтириб юборди».

Қўқон уч кун машъала бўлиб ёнди. Уйлар, газлама омборлари, нон дўконлари куйиб кул бўлди. Инглиз разведкаси маълумотига кўра, шу фожиали воқеалар оқибатида уч минг киши ҳалок бўлган. Лекин маҳаллий манбалар бу ҳакда бошқача маълумот беради. Мухторият тор-мор этилгандан кейин дашноқлар гуруҳи шўро дружинаси байроғи остида шаҳарни тўққиз кун давомида талаган ва ўн минг қўқонликнинг ёстиғини қуритган. Қўқон касалхонасида даволанаётган бемор ва ярадорлар бинога қўшиб ёқиб юборилган. Қўқон пахта тозалаш заводи ишчиларидан 50 нафари оиласи билан пичоқлаб ўлдирилган. Дашноқлар қўқонликларнинг қўл-оёқларини чопган, аёлларнинг кўкракларини кесган, болаларни эса беда қирқадиган жодидан ўтказган. Бундай ваҳшийликлар инсоният тарихида шу пайтгача бўлмаган эди.

Турор Рисқулов «Дашноқлар Фарғонада нималар қилди?» деган мақоласида бундай сўзларни ёзган: «Қўқонда отишма тўққиз кунча давом этди ва ҳар хил босқинчиликлар содир бўлди. Бойликка ўч бўлган дашноқлар дарҳол ўлжа излашга тушди. Шу мақсадда бутун шаҳар бошдан-оёқ тинтиб чиқилди. Бизнинг замонда мўъжиза юз бериши қийин, бироқ инқилоб бу ҳақиқатни ҳар қадамда инкор қилмокда. Хусусан, дашноқлар Қўқонга кирганидан кейин баққоллар, сартарошлар, вино сотувчилардан иборат бўлган армани аҳоли шу заҳотиёқ жанговар инқилобчига айланди ва отрядга қўшилиб, шаҳарни вайрон қилишда қатнашди. Дўконлар, расталар, умуман, нимаики вайрон қилиш мумкин бўлса, ҳаммаси вайрон қилинди… Оммавий қирғин бошланди. Бу воқеадан сўнг халқ большевиклар, мухториятчилар айтганларидек, босқинчи, худосиз, мусулмонларнинг душмани эканига шубҳа қилмай қўйди».
Туркистондаги большевик раҳбарлардан бири Дмитрий Манжара хотираларида Қўқон воқеаларига тўхталиб: «Биз мухториятчилар ўрнашиб олган Эски шаҳарни ўраб олиб, уларни таслим бўлишга мажбур қилиш ўрнига Эски шаҳарга қарата замбаракдан ўт очдик, кейин қуролланган дашноқлар ва бошқа отрядларни юбордик», деб большевиклар йўл қўйган хатони эътироф этган. Аммо бу хатогина эмас, балки мухториятчилар ва уларга хайрихоҳ бўлган шаҳар аҳолисига нисбатан ҳам «большевикларча ғазаб ва нафрат»нинг (Ленин ибораси) амалий ифодаси эди.

Шўро даври тарихининг бу даҳшатли саҳифасини ўз кўзи билан кўрган кишилардан бири мана бу сўзларни ёзган: «Кенг юртимиз қурбон бўлган ўз болаларининг қони билан сувланиб, уларнинг тани билан қопланди. Мингларча Туркистон йигитлари янги ниқоб кийиб чиққан эски мустамлакачиларга қарши курашда ўлдилар. Шу тариқа севинч, умидлар билан қарши олинган инқилоб умумий миллий фожиамиз шаклини олди».
Убайдулла Хўжаев орадан бир қанча вақт ўтиб — Туркистон Мухторияти кишилар хотирасидан ўча бошлаган пайтда, бундай ёзган экан: «Туркистон Мухторияти «қалби»ни биз уч киши — мен, Мустафо Чўқай ва Ислом Шоҳиаҳмад ўғли билар эдик. Агар бизнинг режамиздаги ишлар амалга ошса эди, Туркистон тез орада улуғ бир давлат сифатида қайта тирилган бўларди».

013

Сўнгсўз ўрнида

Перфильев бошчилигида юритилган ҳарбий тадбирнинг ваҳшиёна натижалари Тошкент шўросининг 1918 йил 23 февралида бўлган йиғилишида муҳокама этилди. Байналмилалчи меньшевик Х.Л.Вайнштейн бу хунрезликни текшириш ва оддий аскардан то отряд командиригача — айбдорларнинг барчасини жазолаш учун зудлик билан махсус комиссия тузишни талаб қилди. Аммо ўзини Туркистоннинг Ленини деб атаган ўлкадаги большевик раҳбарлардан бири И.О.Тоболин бу талабни эътиборсиз қолдирди.

Лекин Туркистонда мухторият масаласи кун тартибидан тушмади.

1918 йил апрелида Туркистон ўлкаси шўроларининг V қурултойи бўлиб ўтди. Қурултой қатнашчиларининг инқилобий ҳисоботига жавобан Ленин ва Сталин Тошкентга телеграмма йўллаб, унда «Халқ Комиссарлари Кенгаши ўлкангиз мухторияти шўролар асосида бўлишини қўллаб-қувватлайди», деган гапларни рақам этди.

30 апрель куни эса Туркистон ўлкаси шўроларининг курултойи «меҳнаткашлар оммасининг хоҳиш ва иродаси»ни эътиборга олиб, РСФСР таркибида Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикасини тузиш тўғрисида баёнотнома қабул қилди. Шу тарзда шўролар андозаси асосида тузилган ўлка етмиш йилдан зиёд вакт давомида СССРнинг хомашё базаси — соғин сигири бўлиб келди.

Туркистон Мухториятини эълон қилиб, мустақил ўзбек давлатига XX аср бошларида тамал тошини қўйган аждодларимизнинг эзгу орзу-умидлари, ниҳоят, бизнинг давримизга келиб амалга ошди.

Манба: «Тафаккур» журнали, 1996, 3-сон

1917 YIL 27 NOYABRDA QOʻQONDA TOʻPLANGAN 1U UMUMMUSULMONLAR QURULTOYI TURKISTONDA MUXTOR HUKUMAT TUZILGANINI EʼLON QILDI

Shoʻro davri tarixining bu dahshatli sahifasini oʻz koʻzi bilan koʻrgan kishilardan biri mana bu soʻzlarni yozgan: “Keng yurtimiz qurbon boʻlgan oʻz bolalarining qoni bilan suvlanib, ularning tani bilan qoplandi. Minglarcha Turkiston yigitlari yangi niqob kiyib chiqqan eski mustamlakachilarga qarshi kurashda oʻldilar. Shu tariqa sevinch, umidlar bilan qarshi olingan inqilob umumiy milliy fojiamiz shaklini oldi”.

Naim Karimov
QIMMATGA TUSHGAN TOʻLOV YOXUD
TURKISTON MUXTORIYATINING VUJUDGA KЕLISHI
VA TOR-MOR ETILISHI SABABLARI
034

1917 yilning 27 fevralida Petrogradda roʻy bergan inqilobiy voqealar natijasida chor hokimiyati agʻdarilib tashlandi. Tarixga Fevral inqilobi sifatida kirgan bu voqealar haqidagi xabarni 3 martga qadar Turkiston general-gubernatorligi eʼlon qilmay turdi. Mutlaq istibdodga asoslangan davlatning qayta tiklanishiga umid bogʻlagan Kuropatkin Fevral inqilobi haqidagi xabarni maʼlum vaqtgacha sir tutdi. Nihoyat, Petrograddagi kabi, Toshkentda ham Ishchi va soldat deputatlari shoʻrolari tuzilgach, u oʻzini Muvaqqat hukumatning Turkistondagi muxtor vakili deb eʼlon qildi.

Lekin “oq podsho”ning agʻdarib tashlangani xabari mahalliy aholini allaqachon junbushga keltirgan, zulm kishanlarining parchalanishini kutgan ziyolilar inqilobiy kayfiyat bilan yoʻgʻrilgan va Turkiston boʻylab hurriyat shabadasi esa boshlagan edi.

Ana shu shabadaning kuchayishi oqibatida va sobiq chor hukumati tasarrufida kechgan demokratik oʻzgarishlar taqozosi bilan 1917 yil 27 noyabrda Qoʻqonda toʻplangan 1U Umummusulmonlar qurultoyi Turkistonda muxtor hukumat tuzilganini eʼlon qildi. Bolsheviklar “Qoʻqon muxtoriyati” deb atagan va yaqin-yaqingacha tuhmat va boʻhton toshlariga giriftor boʻlgan XX asrdagi dastlabki mustaqil Turkiston davlati shu tarzda yuzaga keldi.

“Oʻzbekiston SSR tarixi”ning 1967 yilda chop etilgan 1U jildida: “Qoʻqon muxtoriyati” proletariat diktaturasini agʻdarib tashlash, zulmga asoslangan feodal tuzumni tiklash va Turkistonni Angliya mustamlakasiga aylantirishni oʻz oldiga maqsad qilib qoʻydi. U amerikalik-angliyalik imperialistlar yordamida “muxtoriyat” bayrogʻi ostida mehnatkashlarni Sovet hokimiyatiga qarshi kurashga ragʻbatlantirib, gʻalamislik qildi», deb yozilgan. Boshqa ilmiy adabiyotlardagi Turkiston muxtor davlatining bahosi ham shundan aslo farq qilmaydi. Behbudiy, Munavvarqori, Fitrat, Choʻlpon singari oʻzbek xalqining or-nomusi boʻlmish zotlar Turkiston muxtoriyatining tashkilotchilari boʻlgani uchun ham uzoq yillar mobaynida badnom etib kelindi.

Fevral inqilobidan keyingi vaziyat

Fevral inqilobi gʻalaba qozonishi bilan muvaqqat hukumat nomidan eʼlon qilingan murojaatnomada, jumladan, Turkiston xalqlariga ham manzur va maʼqul boʻlgan bunday soʻzlar bor edi:
«Rusiya davlati fuqarolari. Buyuk voqea roʻy berdi. Rus xalqining qudratli harakati bilan eski tartib agʻdarib tashlandi. Yangi ozod Rusiya vujudga keldi. Buyuk toʻntarish uzoq davom etgan kurash yillariga yakun yasadi. 1905 yil 17 oktyabr farmoni bilan Rusiyadagi uygʻongan kuchlarning tazyiqi ostida konstitutsion ozodlik vaʼda etilgan edi. Ammo bu vaʼdalar bajarilmadi. Xalq orzu-umidlarining ifodasi boʻlgan birinchi Davlat Dumasi tarqatib yuborildi. Ikkinchi Dumaning ham qismati shunday boʻldi va xalq xohish-irodasini yengishga qodir boʻlmagan hukumat 1907 yil 3 iyun farmoni bilan qonunchilik faoliyatida ishtirok etish uchun berilgan huquqlarning bir qismini aholidan tortib oldi.

Oʻn yillik uzoq davr davomida erishilgan barcha huquqlar xalqdan birma-bir tortib olindi, mamlakat yana oʻzboshimchalik va mutlaq hokimlik botqogʻiga botdi. Xokimiyatning oqil boʻlishi yoʻlida qilingan har qanday urinishlar zoye ketdi, dushman Vatanimizni buyuk jahon kurashiga jalb etgan bir paytda xalq bilan bir tan va bir jon boʻlmagan, Vatan takdiriga loqayd qaragan va gunohi azim ostida qolgan hokimiyat maʼnaviy tushkunlik holatida edi. Dahshatli ichki vayronagarchilikdan sillasi qurigan armiyaning qahramonona xatti-harakatlari ham, milliy xavf-xatar oldida birlashgan xalq vakillarining daʼvatlari ham sobiq imperator va uning hukumatini xalq bilan birlashish yoʻliga boshlay olmadi…»

Muvaqqat hukumat 1917 yil arafasida vaziyatga bunday odilona baho beribgina qolmay, Taʼsis majlis chaqirilgunga qadar fuqarolar ozodligi va tengligini kafolatlovchi mezonlarni zudlik bilan ishlab chiqish, fuqarolarga ruhiy kuchlarini Vatan manfaati yoʻlida sarflashi uchun shart-sharoitlar yaratish vaʼdasini ham bergan edi.

Feodal turmush tarzi va yarim asrdan beri davom etayotgan mustamlakachilik tufayli Turkiston aholisi ogʻir iqtisodiy va ijtimoiy ahvolni boshdan kechirayotgan edi. 1905-08 yillardagi rus, turk va Eron inqiloblari bongi bilan uygʻongan oʻzbek ziyolilari jadidchilik harakatini tashkil etib, mudroq xalqni uygʻotish, mamlakatni qoloqlik botqogʻidan olib chiqish maqsadida yangi usuldagi maktablarni, taraqqiyparvar gʻoyalarni olgʻa surgan gazeta va jurnallarni, teatr truppalarini vujudga keltirgan edilar. Kelajak hurriyat ishtiyoqida fidoyilarcha mehnat qilayotgan jadidlarga chor hokimiyatining agʻdarilib, Muvaqqat hukumatning davlat tepasiga kelishi va demokratiyaviy islohotlarni qoʻllab-quvvatlashi ayni muddao boʻldi.

Lekin bu davrda jadidlar xalqni uygʻotish va uning ijtimoiy faolligini oshirishga qanchalik jiddiy kirishgan va muayyan samaralarga erishgan boʻlmasin, na xalq, na ularning oʻzi yetarli darajada uyushgan edi. Shuning uchun ham Turkistonda Fevral inqilobidan keyin vujudga kelgan tarixiy sharoitdan toʻliq foydalanishi mumkin boʻlgan yagona uyushgan kuch — Ishchi va soldat noiblari shoʻrosi, oʻsha davr ifodasi bilan aytganda, Ishchi va soldat shoʻrolari, yaʼni rus bolsheviklari edi. Ishchi va soldat shoʻrolari esa nafaqat Toshkent, balki Turkistonning boshqa shaharlarida ham kun sayin urchib, katta siyosiy kuchga aylanib bormokda edi. Keyinchalik Turkistonda Sovet hokimiyatining oʻrnatilishida hal qiluvchi oʻrin tutgan bu kuch dastlabki qadamidan boshlaboq mahalliy xalq vakillaridan xoli davlat idoralarini barpo etishga harakat qildi.

Fevral inqilobiga qadar Petrogradda Davlat Dumasi qoshidagi musulmon firqasining Turkiston masalalari boʻyicha kotib boʻlib ishlagan muhtaram bir zotning oʻsha kezlarga oid quyidagi esdaliklari tarixni bir qadar oydinlashtiradi. Ul zot 1917 yilning 10 aprelida Toshkentga yetib kelib, shu kuni ochilgan Turkiston viloyat Ishchi va soldat shoʻrolarining qurultoyida ishtirok etadi va ajabtovur manzaraning guvohi boʻladi:
“Zalga kirgan chogʻimda,— deb yozgan edi u,— men tanimaydigan bir rus minbarda edi. U kishining qayrab-qayrab, takrorlab soʻzlagan soʻzlaridan quyidagilar xotiramda: ”Inqilobni rus inqilobchilari, rus ishchilari, rus soldatlari amalga oshirdi. Shuning uchun ham Turkistonda ham idora, hokimiyat biz — ruslarnikidir. Yerlilar biz nima bersak, shu bilan qanoatlanishi kerak…»

Bu soʻzlarni Qoʻqondan kelgan muallim, xalqchi sotsialchilar guruhiga mansub Nekora ismli kimsa aytgan edi. Fevral inqilobidan keyingi Turkistondagi siyosiy vaziyatni Nekoraga oʻxshash kimsalardan iborat Ishchi va soldat shoʻrolari, yaʼni oʻlkadagi bir siqim rus muhojirlari idora qilib turar, qurolli kuchlar, pochta va telegraf, boshqa davlat tuzilmalari ham faqat ular ixtiyorida edi. Turkistondagi barcha huquq va imtiyozlariga vorislikni daʼvo qilgan bu kuchlar, garchand oʻzlarini bolsheviklar, xalqning milliy manfaatlarini himoya qiluvchi kishilar deb atasalar-da, hali Oktyabr toʻntarilishini yasamay turib, mahalliy xalqning haq-huquqlarini poymol etayotgan edi.

Ana shunday siyosiy-ijtimoiy sharoitda mahalliy ziyolilar oʻrtasida tugʻilib borayotgan milliy markazni tashkil etish gʻoyasi tarix va hayot taqozosi bilan kun tartibiga chikdi.

09

“Shoʻroi islom”ning vujudga kelishi

Fevral inqilobining aks sadosi Toshkentda mart oyida ayniqsa avj oldi. Turli-tuman jamiyatlarning vakillari shahar Dumasi joylashgan bino oldiga yigʻilib, yangidan-yangi siyosiy tuzilmalarga aʼzo saylay boshladi. Vaqtning gʻanimat ekanini sezgan jadidlar ham jonlanib, Yangi shaharda tashkil etilgan ijroqoʻmga oʻz vakillarini kiritish payiga tushdilar. 6 mart kuni boʻlgan vakillar saylovida Eski shaharda tashkil etilgan toʻrt jamiyatdan ijroqoʻmga sakkiz nafar vakil kiritishga erishildi. Jadidlar shu bilan kifoyalanib qolmay, 9 mart kuni Chorsudagi Jome masjidida koʻp ming kishilik yigʻin oʻtkazdilar. Baʼzi maʼlumotlarga qaraganda, shu kuni masjid va uning atrofiga yigirma mingdan ziyod kishi toʻplangan. Majlis qatnashchilari taniqli advokat Ubaydulla Xoʻjayevni rais, Munavvarqorini rais oʻrinbosari, Islombeq Xudoyorxonovni esa kotib etib saylaganlar. Hurriyat qurbonlari ruhiga oʻqilgan tilovatdan keyin polismeyster Kolesnikov oʻrniga Islombek Xudoyorxonov Eski shahar hokimiyatiga boshliq etib saylandi. Shundan keyin yigʻilish qatnashchilari Ishchi va soldat shoʻrolariga oʻxshash mahalliy xalq vakillaridan iborat jamiyatni taʼsis etishga kirishdilar. Jamiyatni qanday nomlash xususida boʻlib oʻtgan bahslardan soʻng Munavvarqorining “Bu yerda toʻplangan kishilar musulmon aholining vakillaridir. Shuning uchun ham jamiyatimizni ”Shoʻroi islom“ deb nomlash oʻrinli boʻladi”, degan soʻzlari hammaga manzur boʻldi. Shu tarzda Turkistonning 1917-18 yillardagi siyosiy hayotida muhim oʻrin tutgan “Shoʻroi islom” jamiyati yuzaga keldi.

Darvoqe, 10-11 mart kunlarida jadidlarning siyosiy-maʼrifiy dasturlariga qarshi boʻlgan ulamo, amaldor va boylarning xatti-harakatlari bilan “Shoʻroi islom” hayʼatiga saylangan kishilar haqida turli-tuman mish-mishlar tarqatila boshladi. Natijada yigirma ming kishilik yigʻin tomonidan saylangan vakillar nomzodlarini qaytarib oldi. Endigina tuzilgan jamiyat takdiri, demakki, mahalliy xalqning ham taqdiri xavf ostida qoldi. Ana shunday qaltis bir paytda ilgʻor qarashli yoshlar tashabbusni qoʻllariga olib, 13 mart kuni yana umumxalq yigʻini tashkil etdilar.

“Taxminan qirq ming xalqning bir yerga yigʻilmogʻi,— deb yozgan edi shu yigʻin haqida ”Najot“ gazetasi,— va bir ogʻiz gapga quloq srlib, kamoli tinchlik ila mashvarat va qarorlar berishmogʻi, ehtimol, Turkistonda birinchi martabadur”.

Chindan ham Toshkentda, ehtimol, butun Turkis gonda bunday koʻp ming kishilik yigʻin birinchi bor oʻtkazilishi edi. Shu narsa quvonarliki, oldingi yigʻinda saylangan qirq kishi, ayrim oʻzgarishlar bilan oʻrinlarida qoldi. Xalqularga qayta ishonch bildirdi. Toshkent shahri ijroqoʻmi aʼzoligiga Ubaydulla Xoʻjayev (Shayxontohur dahasidan), Toshpoʻlatbek Norboʻtabekov (Koʻkchadan), Zayniddinxoʻja Sarimsoqxoʻjayev (Sebzordan) va Abdusafiyxon Gʻanixon oʻgʻli (Beshyogʻochdan) saylandilar.

Oradan uch-toʻrt kun oʻtgach, ichki Rusiyadan Shohiahmedov, Mustafo Choʻqay oʻgʻli, Navshirvon Yaushev va boshqalar kelib, “Shoʻroi islom”ning siyosiy jamiyat sifatida mustahkamlanishiga hissa qoʻshdilar. Aprel oyining boshlarida boshqa shaharlarda ham “Shoʻroi islom”ning mahalliy tashkilotlari ochila boshladi. Yangi tashkil etilgan jamiyat zudlik bilan oʻzining “Najot”, “Shoʻroi islom”, “Kengash”, “Hurriyat”, “El bayrogʻi” singari gazeta va jurnallarini chop eta boshladi.

“Shoʻroi islom” faoliyatiga asos qilib quyidagi tadbirlarni belgilagan edi:
— Turkistonda musulmonlar orasi-da siyosiy, ilmiy va ijtimoiy jihat-dan zamonaga muvofiq islohot gʻoyalarini tarqatish;
— Turkiston musulmonlarini yagona fikr va maslak atrofida birlashtirishga qaratilgan ishlarni amalga oshirish;
— Boshqa mamlakatlarning idora usullarini oʻrganib, Taʼsis majlisini oʻtkazishga tayyorlanish;
— Turkistonning hamma shahar, qishloq va ovullarida siyosiy, ilmiy va ijtimoiy xutbalar oʻqitish;
— Eski maʼmurlarni yangilari bilan almashtirish yoʻllarini xalqqa koʻrsatish;
— Turkistondagi turli millat va-killari orasida boʻlgan ixtiloflarni bartaraf etish va boʻlajak ixtiloflarning oldini olish hamda ularni birlashtirish;
— Turli millat va firqalar bilan aloqada boʻlib, musulmon xalqining talab va ehtiyojlarini oʻz vakillari orqali ularga bildirish va lozim boʻlganda, ulardan yordam soʻrash.

“Shoʻroi islom” rahbarlari, yuqorida bayon etilgan dasturulamaldan koʻringanidek, Turkiston xalqlarining milliy manfaatlarini koʻzlabgina qolmay, kelajakda demokratik islohotlar yoʻli bilan koʻp millatli Turkiston muxtor davlatini barpo etish niyatida ham boʻlganlar.

Ammo, afsuski, jamiyat rahbarlari “olamshumul” tadbirlarga berilib ketib, “ichki ishlar”ga kam eʼtibor qaratdilar. Natijada “Shoʻroi islom” tez orada “jadidlar” va “qadimlar”ga boʻlinib ketdi. 1917 yilning yoz oylarida “qadimlar” “Ulamo” jamiyatini tuzdilar.

Petrograddan tajribali musulmon siyosatchilari kelgani va Oʻlka markaziy musulmon shoʻrosi tuzilganidan soʻng boyagi har ikki tashkilot mazkur shoʻro qoshidagi boʻlimlar sifatida faoliyatini davom ettirdi. Bu ikki tashkilot oʻrtasidagi, shuningdek, shoʻroning boshqa viloyat boʻlimlari orasidagi ichki kurash va ziddiyatlar esa kundan-kunga avj olib, Ishchi va soldat shoʻrolariga qoʻl keladigan va harakat maydonini ularga topshiradigan vaziyat vujudga keldi. Turkistondagi barcha shahar va viloyatlarni nazoratiga olgan Ishchi va sol-dat shoʻrolari esa mahalliy xalqning rizq-nasibasini qirqish, talash va haq-huquqini toptash bilan mashgʻul boʻldi.

Kezi kelganda aytish joizki, Petrograd Ishchi va soldat shoʻrosining boshligʻi N.S.Chxeidze ham turkistonlik hamkasblaridan aslo farq qilmagan. Mustafo Choʻqayning yozishiga koʻra, u Petrograddan Doshkentga qaytishi arafasida Chxeidze bilan uchrashib, unga Turkiston uchun muxtoriyat istashi toʻgʻrisida soʻzlaganida shoʻro boshligʻi bunday degan: “Olloh ishqiga, oʻrtoq Choʻqay oʻgʻli, mamlakatda — yurtdoshparingiz orasida muxtoriyat haqida soʻzlamang. Birinchidan, hozir bu toʻgʻrida soʻzlash erta. Ikkinchidan, sizning Turkiston kabi bir mamlakatda muxtoriyat darhol istiqlol va ayrilish tomon qoʻyilgan odim boʻla-di”.

Turkistondagi Ishchi va soldat shoʻrolari ham mahalliy xalq munavvarlari oʻlka uchun muxtoriyat istashi va shu yoʻlda harakat qilishi ehtimolini sezib, Fevral inqilobidan keyin oʻtgan vaqt ichida “sotsalistik inqilob”ga tayyorgarlik koʻra boshladi. Muvaqqat hukumat hali nafas olayotgan paytning oʻzidayoq Turkiston xalqlari erkiga chang urgan, “inqilob qurbonlari foydasiga”, deb haddan ziyod ogʻir soliqlar solgan, temiryoʻl orqali keltirilgan gʻallani faqat ruslarga berib, shahar va qishloqlarda ochlik tahlikasini vujudga keltirgan shoʻrochilarning mutlaq hokimlarga aylanishi oʻta xavfli edi. Shuning uchun ham Oʻlka markaziy musulmon shoʻrosi Turkiston xalqlari takdiri “bolsheviklar qamchisi”ga duchor boʻlib qolishidan xavotirlanib, ters choralar koʻrishga jiddiy ravishda kirishdi.

Soʻnggi yoʻllarda oshkor boʻlgan maʼlumotlarga koʻra, Oktyabr toʻntarishi arafasida Kavkazdan Sibirga Toshkent orqali oʻn ming nafar chor armiyasi oʻtgan. Bolsheviklar taʼsiridan xoli boʻlgan ana shu katta harbiy kuch uch-toʻrt kun mobaynida Toshkentda toʻxtab turganida Munavvarqori va Ubaydulla Xoʻjayev qoʻshin qoʻmondoni bilan muloqot qilgan. Ikki oʻrtadagi kelishuvga koʻra, Oʻlka markaziy musulmonlar shoʻrosi, aniqrogʻi, “Shoʻroi islom” shu qoʻshin yordamida hokimiyat tepasiga kelishi lozim edi. Soʻng qoʻshin Markaziy Turkiston davlati rasman shakllanib kuchga kirgunga qadar shu yerda turishi, Ishchi va soldat shoʻrolarini qurolsizlantirishi, keyin esa oʻz qurol-yarogʻlarini ham Turkiston hukumati ixtiyoriga topshirib, tarqalishi zarur edi. Qoʻshin qoʻmondoni bilan kelishuvga koʻra, turkistonliklar gardaniga faqat moliyaviy xarajatlarni olganlar. Buning uchun, esa ikki million soʻm darkor boʻlgan. Munavvarqori bilan Ubaydulla Xoʻjayev darhol toshkentlik boylarni yigʻib, kengash oʻtkazgan. Boylarning ahvol-ruhiyasidan yaxshi xabardor boʻlgan Munavvarqori shu yigʻinda ularga qarata bunday degan:
«Agar siz, muhtaram ayonlarga murojaat etib, dini islom foydasiga maʼlum bir mablagʻni ajratishni soʻrasalar, sizlardan shu mablagʻni olish it azobi bilan teng boʻladi. Millat foydasiga deb soʻralganda ham shunday ahvolni koʻramiz. Sizlarga faqat oʻz manfaatingiz boʻlsa boʻlgani. Hozirgi vaqtda xususiy mulkni aslo tan olmaydigan bolshevoylar firqasi inqilob qilishga shay boʻlib turibdi. Agar shu firqa hokimiyat tepasiga kelsa, sizlarning hamma molu mulkingiz — uyingiz ham, bogʻ-rogʻlaringiz ham, oltin-kumush-laringiz ham beistisno ular qoʻliga oʻtadi.

Toshkent boylari Munavvarqori va Ubaydulla Xoʻjayevning soʻzlariga ishonmadilar. Ikki million soʻm toʻplanmagani bois milliy Turkiston davlati tuzilmay qoldi. Millat ozodligi uchun toʻlanishi kerak boʻlgan arzon tovon shu tariqa toʻlanmay qoldi va bu toʻlov yetmish toʻrt yilga choʻzildi — gʻoyat qimmatga tushdi. 1917 yilning noyabrida bolsheviklar qurolli qoʻzgʻolon yoʻli bilan Ichki Rusiyadan keyin Turkistondagi hokimiyatni ham egalladi.
Sovet hokimiyatining dastlabki kunlaridayoq mahalliy boylar qoʻlida boʻlgan barcha mol-mulk tortib olindi. Oradan maʼlum vaqt oʻtgach, ular mush-tumzoʻr deb eʼlon qilinib, Sibir va Ukrainaga surgun qilindi.

Oktyabrdan keyingi vaziyat

Turkistonda yashagan barcha rus muhojirlarini bolsheviklar sirasiga kiritish insofdan emas. Ular orasida turli firqalarga mansub, demak, bolsheviklarning dasturulamallariga qarshi boʻlgan kishilar ham oz emas edi. Shulardan biri, Fargʻonada nashr etilgan “Znamya svobodi” gazetasining muharriri, menshevik G.Pavlyuchenko Oktyabr toʻntarishining dastlabki kezlarida bunday deb yozgan:

“Koʻplab qurbonlar va diqqatbozliklar natijasida qoʻlga kiritilgan hurriyat barcha xalqlarga birday mansub boʻlishi va ularga oʻz takdirini oʻzi belgilash, oʻz turmushini oʻzi qurish imkoniyatini berishi zarur. Biz, Osiyo xalqlarining koʻplab ommalari istiqomat qilayotgan Turkistonga kelib qolgan ovrupoliklar, demokratiyaning asosiy oʻlchovi — xalqlarning oʻz takdirini oʻzlari belgilashi haqidagi mezonni eʼtiborga olishimiz lozim”.
1917 yil 15 noyabrda qabul qilingan “Rusiya xalqlari huquqlari bayonotnomasi”da ham bosh urgʻu shu “mezon”ga qaratilgan edi: “Xalq Komissarlari Kengashi Rusiya xalqlari va elatlari masalasi boʻyicha oʻz faoliyati asosida quyidagi ibtidolarni qoʻyadi: Rusiya xalqlarning oʻz takdirini oʻzi belgilashidan to ajralib chiqish va mustaqil davlatni barpo etishga qadar boʻlgan huquqni, barcha va har qanday milliy hamda milliy-diniy imtiyozlar va cheklanishlarni bekor qilishni…”

3 dekabrda qabul qilingan “Rusiya va Sharkdagi barcha musulmon mehnatkashlarga” degan murojaatda esa mana bunday soʻzlar ham bor: “Oʻz milliy turmushingizni erkin va qiyinchiliksiz quring. Shuni bilingki, sizning huquqlaringiz, Rusiyadagi barcha xalqlarning huquqlari singari, inqilob va uning idoralari, Ishchi, soldat va dehqon noiblari shoʻrolarining barcha kuch-quvvati bilan muhofaza etiladi”.

Turkistondagi shoʻro hukumati bu bayonotnoma va murojaatnomadan xabardor boʻlibgina qolmay, balki Vladimir Lenin nomiga yoʻllangan telegrammada “Xoʻp boʻladi, bajaramiz!” qabilidagi soʻzlarni ham yozgan. Ammo 15-22 noyabrda boʻlgan Shoʻrolarning 111 oʻlka kurultoyi bayonotnomasiga: “Hozirgi vaktda musulmonlarni oʻlka oliy inqilobiy idoralariga kiritish mumkin emas, zeroki, mahalliy aholining Ishchi, soldat va dehqon noiblari shoʻrosi hokimiyatiga munosabati noaniq: mahalliy aholi oʻrtasida proletar sinfiy tashkilotlari yoʻqki, ularning oʻlka oliy hokimiyati idoralaridagi vakillarini fraksiya tabriklagan boʻlsin”, degan soʻzlarni uyalmay-netmay qoʻshib qoʻyganlar.

Bir tomondan, Rusiyaning sobiq mustamlakalariga oʻz takdirini oʻzi hal etishi huquqi berilgan, ikkinchi tomondan, Turkistonda Oktyabr toʻntarishi natijasida hokimiyat tepasiga chiqib olgan Ishchi va soldat shoʻrolarining mahalliy xalqni hamon ezayotgani va shovinistik siyosat yuritayotganini koʻrgan Milliy markaz qatʼiy harakat payti kelganini tushundi. Markaz turli viloyatlardagi boʻlimlariga oʻlka taqdiri masalasida murojaat etdi va Sirdaryo, Fargʻona, Samarqand viloyatlari boʻlimlaridan Oʻlka musulmonlar qurultoyini zudlik bilan chaqirish toʻgʻrisidagi talablarni oldi. Yettisuv va Turkistonning ayrim tuman boʻlimlaridan ham shunday talablar tushdi.
22 noyabrda tugagan Ishchi, soldat va dehqonlar shoʻrosining III qurultoyida 26 yoshli F.Kolesov boshchiligida Xalq Komissarlar Kengashining taʼsis etilishi va bu kengashga, odatdagidek, birorta ham mahalliy xalq vakilining kiritilmagani voqealarning keyingi oqimini tezlashtirib yubordi. Ushbu siyosiy voqeaga javoban 26 nobr kuni Qoʻqonda Oʻlka musulmonlarining favqulodda IV qurultoyi chaqirildi.

011

Turkiston muxtor davlatining tuzilishi

Qurultoyning birinchi kuni tashkilotchilardan biri Rusiya va Turkistonning siyosiy hamda iqtisodiy ahvoli toʻgʻrisida maʼruza qilib, siyosiy tanglik bilan birga oziq-ovqat tanqisligidan chiqish yoʻllariga ham toʻxtaldi. Ushbu masala boʻyicha boshqa notiqlar ham keng muhokama yuritdilar. Qurultoyning ikkinchi kuni, yaʼni 27 noyabr kech soat oltida esa “Turkiston oʻlkasida boʻlgʻon xalqlarning xohishlari boʻyicha, Buyuk Rusiya inqilobi tarafidan berilgan asoslarga binoan federatsiya asosiga bino qilingan holda Turkistonni yerlik muxtoriyatli (yaʼni territorialniy avtonomiyalik) eʼlon qiladur”, deb yozilgan tarixiy bayonotnoma qabul qilindi. Bu bayonotnomaga koʻra, Turkiston oʻlkasida yashovchi barcha millatlarning huquqlari har jihatdan taʼminlanishi vaʼda etilgan edi. 26 noyabrda Turkiston Millat Majlisining ochilishi toʻgʻrisidagi qaror tasdiqlandi. Shu kuni Millat Majlisi aʼzolari bilan birgalikda Muhammadjon Tinishboy oʻgʻli raisligida Turkiston Muxtoriyati hukumatining quyidagi aʼzolari ham tasdiqdan oʻtdilar:

Muhammadjon Tinishboy oʻgʻli — hukumat raisi va Doxiliya noziri.
Abdurahmon Oʻrazay oʻgʻli — Doxiliya noziri muovini.
Ubaydulla Xoʻjayev — Harbiy va militsiya noziri.
Mustafo Choʻqay oʻgʻli — Xorijiya noziri.
Islom Shohiahmad oʻgʻli — Moliya noziri.
Obidjon Mahmud oʻgʻli — Oziq-ovqat ishlari noziri.
Mirodil — Nofiya noziri.
Hidoyatbek Yurgili ota oʻgʻli — Ziroat noziri.
Nosirxon — Maorif noziri.

012

29 noyabr kuni qurultoy Millat Majlisi va hukumat aʼzolarining daxlsizligi hamda muhofazasi haqida qaror qabul qilib, ularning birortasiga nisbatan zoʻrovonlik oʻn millionlik Turkiston xalqlariga nisbatan haqorat ekanini eʼlon qildi. 30 noyabr kuni soat uchda esa Qoʻqonda musulmonlarning ulugʻ namoyishi oʻtkazilib, inqilob samaralarini saqlash haqida qasamyod qilindi.

Shu tarzda oʻzbek xalqining ilgʻor qatlamlarida katta umid uygʻotgan Turkiston Muxtor davlati barpo etildi. Oʻzbek milliy uygʻonish harakatining faollaridan biri Mahmudxoʻja Behbudiy “Hurriyat” gazetasining 1917 yil 19 dekabr sonida bu tarixiy voqeani xalqqa bunday soʻzlar bilan yetkazdi:

«27 noyabrda Hoʻqandda Turkiston Muxtoriyati umumiy musulmon syezdi eʼlon qilindi. Muborak va xabarli boʻlsin! Kamina ham majlisda boʻlishi uchun iftixor etaman. Yashasun Turkiston Muxtoriyati!
… Bul bobdagi oʻz bilishimdan bir oz maʼlumot berib va ham muxtoriyati-mizning muxtasar tarixidan yozmoqchiman. Chunki muxtoriyatdan qoʻrquvgʻa (urush boʻlur deb) tushgan baʼzilar koʻrinadur. Ay aziz musulmon birodarlar! Ay Ovrupo, ay ham vatandoshlar! Bilingki, ushbu sana aprel oyinda Toshkentda, butun Turkistonning Rus va musulmon ijroiyasi komiteti aʼzolari yigʻilib, ittifoq ila ushbu qarorni berib edilar…»

Behbudiyning bu soʻzlaridan koʻrinadiki, Turkiston Muxtoriyati gʻoyasi 1917 yilning Fevral inqilobidan keyinoq «Shoʻroi islom»chilar davrasida tugʻilgan.

Behbudiy oʻsha yilning 22 dekabr kuni “Hurriyat” gazetasida yana “Turkiston Muxtoriyati” nomli davomli maqolasini eʼlon qilib, unda bunday soʻzlarni yozdi:
«Turkistonning har tarafindan 300 qadar kishi munda bor edi. Yaʼni vakolat ila yuborib edilarkim, buning katta bir qismi ulamo va mashoyix edilar. Rus, yahudiy va armanlardan ham vakillar bor edi. Birgina kishi boʻlsin, bu Muxtoriyatga hech bir firqadan muxolifat etmadi…

Xulosa, barcha matfu edi. Butun vakillar ijmoh etgan edilar hamda besh-oʻn ming jamoat ila birga Turkiston Muxtoriyat islomiyasining, qon ila boʻlsa ham, butun mol va jonlarini fido etib, mahkam tutmoqgʻa, “lo iloha illolloh, Muhammadur rasululloh” yozilgan qizil va yashil, oy va yulduzli ilmu saodat ostinda yigʻilib, axd etdilar va takbirini oʻn minglar ila umut mahmudiya(s) arshi aʼlogʻa yetqurub, butun ufqgʻa gʻulgʻula solganlaridek, olam boloni ham va lulazor etdilar. Oqshomgʻacha butun Hoʻqand koʻchalaridan, maktab va madrasalaridan takbir ovozlari chiqur edi. Zaxi saodat!»

Behbudiyning bu soʻzlaridan Turkiston Muxtoriyatining eʼlon qilinishi mahalliy xalq va turli viloyatlardan kelgan vakillar uchun katta milliy bayram boʻlgani maʼlum boʻladi. Choʻlpon ham ana shu umumxalq bayrami taʼsirida “Ollohu Akbar” sheʼrini yozgan. Atoqli shoir bu sheʼri bilangina kifoyalanib qolmay, yana “ Ozod turk bayrami” sheʼrini ham yaratdi. Oʻsha yillari Oʻzbekistonda mashhur boʻlgan turk sharqiyalari ohangida yozilgan bu sheʼr yuzlab varaqalar shaklida tarqatilib, Muxtoriyatning madhiyasi sifatida kuylandi:

0114OZOD TURK BAYRAMI

Koʻz oching, boqing har yon!
Qardoshlar, qanday zamon!
Shodlikka toʻldi jahon!
Fido bu kunlarga jon!

Naqorat:
Turkistonlik — shonimiz, Turonlik — unvonimiz,
Vatan — bizning jonimiz, fido oʻlsun qonimiz!

Bizlar temir jonlimiz!
Shavkatlimiz, shonlimiz!
Nomusli, vijdonlimiz!
Qaynagan turk qonlimiz!

Naqorat

Boʻldi kenglik, zoʻrlik yoʻq,
Berildi bizga huquq!
Taraqqiyga yoʻl ochuq!
Jaholatga yoʻl yonuq!

Naqorat

Muxtoriyat olindi,
Ishlar yoʻlga solindi,
Milliy marshlar cholindi,
Dushman oʻrtansun endi!

Naqorat

Shodlik, xursandlik chogʻlar,
Ketsun yurakdan dogʻlar,
Vatan bogʻindan zogʻlar!
Selkullasun bayrogʻlar!

Naqorat

Hurriyat — bayrogʻimiz,
Adolat — oʻrtogʻimiz,
Xursand boʻlgan chogʻimiz
Mevalansun bogʻimiz!

Naqorat

Turk beshigi — Turkiston!
Yeri oltun, togʻlari kon!
Bolalarn qahramon!
Vatan uchun berur jon.

Naqorat

Turkistonlik — shonimiz, turonlik — unvonimiz,
Vatan — bizning jonimiz, fido oʻlsun qonimiz!

Choʻlponning shunday joʻshqin satrlar bilan boshlanuvchi madhiyasi turli yigʻin va namoyishlarda yangrab, yangi davlatga xalq ishonchi va mehr-muhabbatini uygʻotdi. Oʻzbek xalqining tarixiy taqdirida katta oʻzgarish sodir boʻlganini sezgan shoirlar Turkiston muxtoriyatini olqishlab talay sheʼrlar yaratdilar. Chunonchi, Hamza Hakimzoda Niyoziyning “Turkiston muxtoriyatina”, Haybatulla Aliyevning “Turkistonga”, “Muxtoriyat shodligi” singari sheʼrlarida ana shu mavzu teran yoritildi.

Turkiston Muxtoriyatining rahbarlaridan biri oʻz xotiralarida bunday deb yozgan:

«Biz u zamondagi Muxtoriyatni bunday tushunardik: Turkistonning oʻziga maxsus idora va ijroiya masalalari, yaʼni qonun ishlab chiqaradigan parlamenti va ishni yuritadigan hukumati boʻlishi edi. Tashqi siyosat, moliya, yoʻllar, harbiy ishlar Umumrusiya federatsiyasi hukumatining ishi deb tanilardi. Maorif ishlari, mahalliy yoʻllar masalasi, mahalliy idoralar, adliya hamda yer masalalarining hammasi muxtoriyat hukumat ishlari deb qaralardi. Biz, xususan, tuproq-yer masalasiga ahamiyat berardik. Oʻrdu qurilishi masalasiga ham bir qancha asos oʻzgartmalar kiritmoqchi edik. Masalan, Umumrusiya uchun qurilgan qoʻmondonlik nazoratida boʻlish bilan turkistonliklarning askariy xizmatlarini Turkistonda koʻrib, Turkistonda qolmoqlari biz uchun muhim bir masala edi.

Bizning u zamongi asosiy rejamiz ana shundan iborat edi. Tafsilotga kirishmadik. Bizning eng muhim urinishlarimizdan biri milliy kadrlar masalasi edi. Istalgan prinsiplarni eʼlon etish mumkin. Har narsani, koʻkdagi oyni istash mumkin. Faqat kerakli kadr boʻlmaganda, kerakli inson kuchi va boshqa vositalar topilmaganda, butun bu goʻzal tilaklar quruq soʻzdan iborat boʻlib qoladi…»

Maʼlum boʻlganidek, muxtoriyatchilar Rusiyadan mutlaqo ajralib chiqish va faqat Turkiston musulmonlarining manfaatlarini koʻzlaydigan davlatni barpo etish vazifasini zimmalariga olmaganlar. Ular mavjud ijtimoiy sha-roit va tarixiy imkoniyatga asoslangan holda mustaqil oʻzbek davlatini barpo etish yoʻlida dadil bir qadam tashlaganlar, xolos. Lekin ana shu kamtarona harakat dasturi ham yuragida mustamlakachilik qoni gupurib turgan bolsheviklarning Turkistondagi “hayotiy manfaatlari”ga tamomila zid edi.

Qonga botirilgan muxtoriyat

04413 dekabr Muhammad salollohi alayhi vassalamning mavlud kuni edi. Erta tongdan Shayxontohur masjidi sari turli tarafdan odamlar oqib kela boshladi. Soat oʻn ikkida bu yerda koʻp ming kishilik yigʻin boʻldi. Unga hatto Yangi shahardan ham “Turkiston oʻlkasiga — muxtoriyat!” soʻzlari yozilgan bayroqlar koʻtargan vakillar keldi. Soat toʻqqiz yarimda esa Oʻrda koʻprigi yonida ikki-uch ming kishilik boshqa olomon paydo boʻldi va bu olomon ham Shayxontohur masjidiga borib, mitingchilar safiga qoʻshildi. Aftidan, bu olomon orasida igʻvogarlar ham oz emas edi. Ular saʼy-harakati bilan miting qatnashchilarining bir qismi Yangi shaharga yoʻl olib, Moskva koʻchasida joylashgan qamoqxonadan Muvaqqat hukumat Turkiston qoʻmitasining harbiy komissari Dorerni ozod qildi. Ana shunday igʻvogarlik harakati natijasida otishma boʻlib, Eski shahardan kelgan 16 kishi halok boʻldi. Bu tasodifiy voqea boʻlmay, Toshkentda ham muxtoriyatni eʼlon qilishga uringan kuchlarga qarshi berilgan ongli zarba edi.

Ammo muxtoriyatchilar oʻzlari sari kelayotgan xavf-xatar oldida pusib qolmay, Qoʻqonda 26 dekabr kuni chaqirilgan Ishchi va soldat musulmon noiblarining Favqulodda I qurultoyida xalqdan shahodat olishga erishdilar. Qurultoy Turkiston Muxtoriyatini qoʻllab-quvvatlash toʻgʻrisida qaror qabul qilgach, Vladimir Lenin nomiga telegramma bilan murojaat etib, undan oʻlkaga hokimlik daʼvosidan voz kechish va bu hokimiyatni Turkiston Muxtoriyatining muvaqqat hukumatiga topshirish haqida Turkiston Xalq Komissarlari Kengashiga koʻrsatma berishni soʻradi. Muxtoriyatchilarning eʼtirof haqidagi talablarini Umumrusiya musulmonlari milliy shoʻrosi qoʻllab-quvvatladi.

Vaziyat muxtoriyatchilar foydasiga oʻzgarayotganini sezgan bolsheviklar muxtoriyatning, shuningdek, uni qoʻllab-quvvatlagan kishilarning shaxsiy hisoblaridagi barcha mablagʻni musodara qilish toʻgʻrisida qaror chiqardi. 29 dekabrda esa butun oʻlka boʻylab qamal holati eʼlon qilindi. Toshkent shoʻrosi va boshqa joylardan Qoʻqon shoʻrosiga tinimsiz ravishda harbiy madad yuborila boshladi. Muxtoriyatchilar bilan bolsheviklar oʻrtasidagi kurash tobora keskin va murosasiz tus ola boshladi.

Muxtoriyatchilar 11 fevraldan 12 fevralga oʻtar kechasi oq gvardiyachilar yordamida Qoʻqon qoʻrgʻoniga hujum uyushtirdi. Ularning boshqa bir qurollangan qismi telefon stansiyasini egallab oldi. Ammo Qoʻqon harbiy inqilobiy qoʻmitasi telegraf va telefon aloqasi uzilgunga qadar sodir boʻlayotgan voqea toʻgʻrisida Toshkentga xabar berish va harbiy yordam soʻrashga ulgurgan edi. 13 fevral kechasi soat uchda Fargʻonadan toʻrtta zambarak va toʻrtta pulemyot bilan qurollangan 120 (ayrim maʼpumotlarga qaraganda 146) kishilik harbiy qism yetib keldi. Shu tunning oʻzidayoq inqilobiy qoʻmita Muxtoriyat hukumatiga talabnoma yoʻllab, kunduzgi soat uchga qadar qurol-yarogʻni topshirish, vakolatlaridan voz kechib, shoʻro hukumatini tan olish shartini qoʻydi. Muxtoriyat aʼzolari bolsheviklar talabini javobsiz qoldirdilar. Shundan keyin inqilobiy qoʻmita Muxtoriyat hukumati aʼzolarini hibsga olish toʻgʻrisida qaror chiqardi.

“1917 yil. Xotira parchalari” kitobida muallif oʻsha voqeani bunday eslaydi: “Qoʻqon shahri oʻqqa tutila boshlandi. Har tomonda oʻq otishlari, qoʻl bombasi eshitilardi, uzoqdan toʻp guriltusi kelardi. Bolsheviklar bizga oʻz vakillarini yubordi va mening Qoʻqon harbiy inqilobiy qoʻmitasiga topshirilishimni talab etdi… Qoʻqon har tarafdan oʻrab olingan edi. Samarqand, Toshkent va Fargʻonadan bolshevik askarlari keldi… Shuningdek, har tomondan bizning odamlar ham keldi. Biroq ularning koʻpchiligi uzun tayoq, bolta, buyuk pichoq kabi narsalar bilan qurollangan edi…”

18 fevralda “Ulamo” jamiyati tashabbusi bilan Muxtoriyatda toʻntarish yuz berdi. Mustafo Choʻqay oʻgʻli boshchiligidagi hukumat mahkamasi agʻdarilib, Ergash qoʻrboshi Qoʻqon xoni deb eʼlon qilindi.
18 fevraldan 19 fevralga oʻtar ke-chasi Toshkentdan oʻlka harbiy komissari Ye.L.Perfilyev boshchiligidagi zambaraklar bilan qurollangan qoʻshin yetib keldi. Parfilyev shaharni uch tarafdan oʻrab olib, 19 fevral kuni ertalab soat oʻndan oʻn besh daqiqa oʻtganda Ergashga talabnoma yoʻlladi. Ergash uning talablarini bajarishdan bosh tortgach, Perfilyev Qoʻqonni 12 zamba-rakdan oʻqqa tutdi. Kunduz soat birda boshlangan oʻq yomgʻiri shomgacha shaharni vayron etib tashladi. Ammo shunga qa-ramay, muxtoriyatchilar taslim boʻlmay, har bir binoni, har bir doʻkonni, har bir karvonsaroyni mardlarcha himoya qiladilar.

Aziz Niallo — Stanishevskiy “Qirgʻiziston va Oʻrta Osiyoda inqilob hamda fuqarolar urushi tarixi ocherklari” kitobida bunday maʼlumotni qayd etgan: “Qoʻqon Muxtoriyati”ni tugatishda qoʻshin-larga qoʻmondonlik qilgan “soʻl” eser Profilyev muxtoriyatchilarga qarshi kurashga dashnoq drujinachilarni jalb etdi, ular esa Eski shaharga bostirib kirib, oʻgʻrilik va musulmon ahliga zoʻravonlik qilish bilan shugʻullandi. Birinchi navbatda, maʼlumki, shaharlik beva-bechoralarga, shuningdek, Qoʻqondagi behisob hunarmand va mayda savdogarlarga shikast yetkazildi. Eski shahardan qishloqlar sari talpingan qochoqlar olomoni Fargʻona viloyatining qoʻshni uyezdlaridagi gʻulgʻulani kuchaytirib yubordi».

Qoʻqon uch kun mashʼala boʻlib yondi. Uylar, gazlama omborlari, non doʻkonlari kuyib kul boʻldi. Ingliz razvedkasi maʼlumotiga koʻra, shu fojiali voqealar oqibatida uch ming kishi halok boʻlgan. Lekin mahalliy manbalar bu hakda boshqacha maʼlumot beradi. Muxtoriyat tor-mor etilgandan keyin dashnoqlar guruhi shoʻro drujinasi bayrogʻi ostida shaharni toʻqqiz kun davomida talagan va oʻn ming qoʻqonlikning yostigʻini quritgan. Qoʻqon kasalxonasida davolanayotgan bemor va yaradorlar binoga qoʻshib yoqib yuborilgan. Qoʻqon paxta tozalash zavodi ishchilaridan 50 nafari oilasi bilan pichoqlab oʻldirilgan. Dashnoqlar qoʻqonliklarning qoʻl-oyoqlarini chopgan, ayollarning koʻkraklarini kesgan, bolalarni esa beda qirqadigan jodidan oʻtkazgan. Bunday vahshiyliklar insoniyat tarixida shu paytgacha boʻlmagan edi.

Turor Risqulov “Dashnoqlar Fargʻonada nimalar qildi?” degan maqolasida bunday soʻzlarni yozgan: “Qoʻqonda otishma toʻqqiz kuncha davom etdi va har xil bosqinchiliklar sodir boʻldi. Boylikka oʻch boʻlgan dashnoqlar darhol oʻlja izlashga tushdi. Shu maqsadda butun shahar boshdan-oyoq tintib chiqildi. Bizning zamonda moʻjiza yuz berishi qiyin, biroq inqilob bu haqiqatni har qadamda inkor qilmokda. Xususan, dashnoqlar Qoʻqonga kirganidan keyin baqqollar, sartaroshlar, vino sotuvchilardan iborat boʻlgan armani aholi shu zahotiyoq jangovar inqilobchiga aylandi va otryadga qoʻshilib, shaharni vayron qilishda qatnashdi. Doʻkonlar, rastalar, umuman, nimaiki vayron qilish mumkin boʻlsa, hammasi vayron qilindi… Ommaviy qirgʻin boshlandi. Bu voqeadan soʻng xalq bolsheviklar, muxtoriyatchilar aytganlaridek, bosqinchi, xudosiz, musulmonlarning dushmani ekaniga shubha qilmay qoʻydi”.
Turkistondagi bolshevik rahbarlardan biri Dmitriy Manjara xotiralarida Qoʻqon voqealariga toʻxtalib: “Biz muxtoriyatchilar oʻrnashib olgan Eski shaharni oʻrab olib, ularni taslim boʻlishga majbur qilish oʻrniga Eski shaharga qarata zambarakdan oʻt ochdik, keyin qurollangan dashnoqlar va boshqa otryadlarni yubordik”, deb bolsheviklar yoʻl qoʻygan xatoni eʼtirof etgan. Ammo bu xatogina emas, balki muxtoriyatchilar va ularga xayrixoh boʻlgan shahar aholisiga nisbatan ham “bolsheviklarcha gʻazab va nafrat”ning (Lenin iborasi) amaliy ifodasi edi.

Shoʻro davri tarixining bu dahshatli sahifasini oʻz koʻzi bilan koʻrgan kishilardan biri mana bu soʻzlarni yozgan: “Keng yurtimiz qurbon boʻlgan oʻz bolalarining qoni bilan suvlanib, ularning tani bilan qoplandi. Minglarcha Turkiston yigitlari yangi niqob kiyib chiqqan eski mustamlakachilarga qarshi kurashda oʻldilar. Shu tariqa sevinch, umidlar bilan qarshi olingan inqilob umumiy milliy fojiamiz shaklini oldi”.
Ubaydulla Xoʻjayev oradan bir qancha vaqt oʻtib — Turkiston Muxtoriyati kishilar xotirasidan oʻcha boshlagan paytda, bunday yozgan ekan: “Turkiston Muxtoriyati ”qalbi“ni biz uch kishi — men, Mustafo Choʻqay va Islom Shohiahmad oʻgʻli bilar edik. Agar bizning rejamizdagi ishlar amalga oshsa edi, Turkiston tez orada ulugʻ bir davlat sifatida qayta tirilgan boʻlardi”.

013

Soʻngsoʻz oʻrnida

Perfilyev boshchiligida yuritilgan harbiy tadbirning vahshiyona natijalari Toshkent shoʻrosining 1918 yil 23 fevralida boʻlgan yigʻilishida muhokama etildi. Baynalmilalchi menshevik X.L.Vaynshteyn bu xunrezlikni tekshirish va oddiy askardan to otryad komandirigacha — aybdorlarning barchasini jazolash uchun zudlik bilan maxsus komissiya tuzishni talab qildi. Ammo oʻzini Turkistonning Lenini deb atagan oʻlkadagi bolshevik rahbarlardan biri I.O.Tobolin bu talabni eʼtiborsiz qoldirdi.

Lekin Turkistonda muxtoriyat masalasi kun tartibidan tushmadi.

1918 yil aprelida Turkiston oʻlkasi shoʻrolarining V qurultoyi boʻlib oʻtdi. Qurultoy qatnashchilarining inqilobiy hisobotiga javoban Lenin va Stalin Toshkentga telegramma yoʻllab, unda “Xalq Komissarlari Kengashi oʻlkangiz muxtoriyati shoʻrolar asosida boʻlishini qoʻllab-quvvatlaydi”, degan gaplarni raqam etdi.

30 aprel kuni esa Turkiston oʻlkasi shoʻrolarining kurultoyi “mehnatkashlar ommasining xohish va irodasi”ni eʼtiborga olib, RSFSR tarkibida Turkiston Avtonom Sovet Sotsialistik Respublikasini tuzish toʻgʻrisida bayonotnoma qabul qildi. Shu tarzda shoʻrolar andozasi asosida tuzilgan oʻlka yetmish yildan ziyod vakt davomida SSSRning xomashyo bazasi — sogʻin sigiri boʻlib keldi.

Turkiston Muxtoriyatini eʼlon qilib, mustaqil oʻzbek davlatiga XX asr boshlarida tamal toshini qoʻygan ajdodlarimizning ezgu orzu-umidlari, nihoyat, bizning davrimizga kelib amalga oshdi.

Manba: “Tafakkur” jurnali, 1996, 3-son

Elmurod Zokirov. Turkiston Muxtoriyatini ag’darish chog’ida sovetlarning yerli xalqqa nisbatan qo’llagan qatag’on siyosati

Elmurod Zokirov. Turkiston Muxtoriyatini ag’darish chog’ida sovetlarning yerli xalqqa nisbatan qo’llagan qatag’on siyosati

045

(Tashriflar: umumiy 1 037, bugungi 1)

Izoh qoldiring