1 may — O’zbekiston xalq shoiri Iqbol Mirzo tavallud topgan kun. Qulluq bo’lsin!

155

Менга муҳаббат қалам тутқазган. Кейинроқ бу туйғу юрт ишқига, ватан севгисига айланди. Бир пайтлар ватан мавзуида ёзсанг, кимдандир нимадир таъма қилаётгандек туюлардинг. У кунлар ҳам ўтди.
Тушундимки, шоир миллат тақдири учун энг масъул шахс экан. Шоир ўз халқисиз ҳеч ким эмас, ҳеч нарса эмас. Шоир ўз ихтиёри билан ўзига дард юқтирадиган табибга ўхшайди.

090

Иқбол Мирзо
ЎЗИМ ҲАҚИМДА

Мен 1967 йилнинг биринчи майида Фарғонанинг Бағдод туманидаги Қўштегирмон қишлоғида туғилганман. Қишлоғимдан учта ариқ оқиб ўтади. Шу ариқларда чўмилиб, балиқ овлаб улғайганман.

Ҳамқишлоқларим деҳқончилик, дурадгорлик, темирчилик ва қисман чорва билан машғул. “Қўштегирмон” номи “Бобурнома”да бир неча жойда учрайди. Шу билан ҳам мақтанишим мумкин.

Ўқитувчилар оиласи бўлганидан, табиий, китобга, адабиётга алоҳида эътибор қаратиларди. Эсимда, бешинчида ўқиётганимда Сергей Есениннинг “Замин дарғаси” (Устоз Эркин Воҳидов таржималарида) китобини ёд олганим учун дадам мукофот тариқасида Қўқон шаҳрига томошага олиб борганди.

Ўша даврдаги ваҳимали ҳикоялар таъсиридами, ҳар қалай, хон Ўрдаси менга жуда совуқ ва омонат туюлган эди. Кейин мавлоно Муқимий уй музейига кириб, тасодифан Чархий домла билан учрашганимиз, у кишининг баъзи сўзлари, жумладан, “шеър нондай табаррук” деганларини аниқ-тиниқ эслайман.

Мен илк бор тирик шоир билан юзма-юз турардим, ҳаяжоним зўрлигидан дудуқланиб, гапиролмай қолганим, дадамнинг ҳижолат бўлиб кулгани, кейин эркалатиб, сиз ҳаммадан зўр шоир бўласиз, деб пешонамдан ўпгани, кафтининг ҳарорати ҳам ёдимда.

Ҳозир ҳам яхши шоирлар олдида ҳаяжоним бор, бунинг сабаби, азбаройи адабиётга ҳурмат-эътиқодимдан.
Болалигим пахтанинг қора меҳнатида кечган. Бугун ўйласам, нақадар шафқатсиз, адолатсиз кунлар бўлган экан. Ўша рангсиз кунларда ҳам шеър билан овуниб, китоб билан андармон бўлиб кулфатларни сезмаган эканман…
Илк машқларимни 7-8 ёшларда тоғам Ғулом Абдулла таъсирида ёза бошлаганман. Лекин улар шунчаки машқлар эди, холос. Ростакамига, кейинроқ, 20 ёшларимда шеър ёзадиган бўлдим. Бу жисмоний балоғат билан ҳам боғлиқ экан-да…

Менга муҳаббат қалам тутқазган. Кейинроқ бу туйғу юрт ишқига, ватан севгисига айланди. Бир пайтлар ватан мавзуида ёзсанг, кимдандир нимадир таъма қилаётгандек туюлардинг. У кунлар ҳам ўтди.
Тушундимки, шоир миллат тақдири учун энг масъул шахс экан. Шоир ўз халқисиз ҳеч ким эмас, ҳеч нарса эмас. Шоир ўз ихтиёри билан ўзига дард юқтирадиган табибга ўхшайди.

Ҳамма яхши шоир-адибларни ва Муҳаммад Юсуфни устоз деб биламан. Унинг самимийлиги, чапанилиги ёқади. Ўзи ҳам шеърларига ўхшарди: бировга ёмонлиги йўқ, содда одам эди. Агар шоир ўз асарларига ўхшамаса, чинакам фожеа, аслида, шу…
Ким нима деса, оғзи ўзида, Муҳаммад акачалик миллатни, шу тупроқни севган одамни кўрмаганман.
Мен шоирлар орасида ёмон одамни учратмадим. Улар ичида кайфият ва муҳит кишилари бор. Лекин яқинроқ бориб, самимийроқ бўлсангиз, шоирнинг гўзал қалбини кўришингиз мумкин.

Одам улғайгани сари муаммолари, саволлари ҳам улканлашиб бораркан. Шу саволлар курашга, масъулиятга, ижод ва яшашга ундайди.

Мен ҳам шу қоракўз, бағрикенг, оқибатли халқни, яъни Сизни яхши кўраман. Худо умр берса, Сизнинг хизматингиздаман.

Эҳтиром билан Иқбол Мирзо

090

ШОИР БИЛАН СУҲБАТ

— Иқбол ака, суҳбатимизни ноодатий саволдан бошласак. Ҳозирги кунда шоирлар тилга олаётган “самимият” сўзини ҳар бир одам турлича таърифлайди. Шеъриятингиздаги самимийлик ҳақида гапирсангиз?

— Самимият атайин пайдо қилиб бўлмайдиган фазилат. Агар айрим бандаларининг зуваласига бу хислатни қўшмаган бўлса, наилож, чидашга мажбурмиз. Ижоддаги самимийлик эса, анчагина камёб ҳодиса. Шеър ёзиш олифтагарчилик қилиш дегани эмас, аксинча, кўнглингдаги дардингни бошқа бир дардмандга ботмайдиган, уни авайлаб ўзига келтирадиган ҳолда етказолсанг — мана шу шеър. Муҳаммад Юсуф ижодининг қудрати ҳам самимиятида эди. У ҳаммага фақат бир қиёфа билан — самимий ва очиқ чеҳраси билан юзланарди. Элнинг бу қадар севимли шоири бўлиш, аввало, унинг қисмати эди.Муҳаммад ака ана шу қисматни суиистеъмол қилмади. Шеърларимга келсак, мен фақат ичимдагини ёзаман, холос. Пуфак туйғулардан, чучмал ва олифта қиёфадан парҳез қиламан. Буёғи эса, ўқувчига боғлиқ — сенинг ижодингни, шоир ёки шоир эмаслигингни юз-хотир қилмай айтиб турадиганлар ўшалар.

— “Сизни куйлайман” номли китобингизда ўзингиз ҳақингизда ёзган бир фикр ҳақида сўрамоқчиман. “Менга муҳаббат қалам тутқазган. Кейинроқ бу туйғу юрт ишқига, ватан севгисига айланди”. Шеърларингизнинг бош мавзуси муҳаббат, ишқ тўғрисида. Сизнингча муҳаббат нима?

— Муҳаббат сенинг ўзинг. Сен қачонки юрагингга ўхшаш юракни, дардингга монанд ғуссани, овозингга ҳамоҳанг товушни илғасанг, шу — севги, шу — ишқ. Фақат буни илғаш, англаш, қадрига етиш мушкул. Тош даврида ҳам маҳбубасига энг катта кийик шоҳини ёки оппоқ қуён терисини (муҳаббат қурбон талаб қилади, дегани ҳам эҳтимол шудир) совға қилиб севги изҳор қилган довюрак йигитлар бўлганига ишонгим келади. Демоқчиманки, муҳаббат — ҳаётдаги жамики синовларни, қувончу аламларни бирга кўришга, енгишга, бир тану жон бўлиб яшашга муносиб ҳамроҳ, ишончли шерик топиш эҳтиёжидир. Янаям очиқроқ айтсам, ёлғизликдан толиқиб қолмаслик учун юборилган иноят.

— Сиз анъанавий услубда ёзасиз, яъни шеърларингизда халқона оҳанг жуда кучли ва таъсирли ифодаланади. Сиз бунга қандай эришгансиз?
— Тасаввур қилинг, тинмай ёзсангиз, жилд-жилд китоб чиқарсангизу, асарларингиз китобхонни зериктирса, энсасини қотирса. Бу қанақа ижод бўлади?! Адабиёт дегани инсон кўнглининг тадқиқотчиси. Агар у мана шу вазифасидан бир лаҳза чекинса ҳам, ўз қимматини йўқотади. Илдизи йўқ туйғулар, мағзи пуч даъволар билан одамларни алдашга шоирнинг ҳақи йўқ. Аксинча, қурби етса миллатнинг дилидагини таржима қилсин, оҳангга солсин ва минглаб-миллионлаб қалбларни бир сатр билан ларзага солсин.

Мен ҳам эл ичида юриб, унинг кўксига қулоқ босиб ижод қилишга уринаман. Уринишларим қанчалик самарали бўлаяпти ёки йўқ, буни мана шу миллат ҳал қилади.

— Бугунги кунда шеъриятимизга кириб келаётган ёш қаламкашлар ижодида маълум маънода услубий-шаклий изланишлар кузатилмоқда. Аксарият ижодкорлар тақлид қилиб шеър ёзишдан ҳам чарчамаяпти. Фикримча, тақлид шоирнинг ўз овозини синдириб ташламайдими?

— Ўзингиз бу жараённи “изланишлар” деб атаяпсиз. Бу изланишлар эртага муваффақиятга, тажрибага ва, ниҳоят, адабиётга айланадими-йўқми, вақт баҳолайди. Устозлар ҳозир уларга шароит яратишади, эътибор беришади, лекин ёш қаламкашларни шоир қиламиз деб ваъда қилишмайди. Адабиётнинг шафқатсиз ва адолатли қоидаси шу. Тақлид эса, кўзга кўриниб турган яра — кесиб ташлайсангиз ҳам, чандиғи қолади.

— Бир пайтлар шоир Муҳаммад Юсуф (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин): “Шеърларимни қўшиқ бўлиши учун ёзмайман, шеърларим ўз оҳанги билан дунёга келади”, деган эди. Бу ҳолатни сизнинг ҳам ижодингизда кузатиш мумкин. Шу ҳақда қандай фикрдасиз?

— Қўшиқ шеърнинг улғайган кўриниши. Мен фақат яхши қўшиқ ва пухта шеър ҳақида гапираяпман. “Лирика” сўзи лира чолғу асбоби номидан олинганини эсласак, ҳаммаси кундай равшан. Шеър оҳанги билан жозибали, агар шу оҳангни бирор хонанда илғаса, уни ривожлантиради. Гўзал оҳангга ширали овоз қўшилса, икки гўзаллик инсон қалбини тезроқ ром этади. Менинг шеърларим билан куйланаётган қўшиқлар ҳам шу тахлит дунёга келган бўлса, ажабмас.

— Ижодингзининг энг гуллаган, яъни сизга омадлар олиб келган йиллар ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

— 90-йилларнинг ўрталарида кўпгина ўзимга ёқадиган шеърлар ёзганман. Агар мукофотлар ҳақида сўраётган бўлсангиз, буни одамлар яхши билади. Аммо мен бошқа бир жиҳатга тўхталмоқчиман. Фараз қилинг, бир адабиёт ўқитувчиси китобингизни варақлаб туриб, эртанги дарсида шу шеърларни болаларга ўқиб беришни кўнглига тугса, мана шу ҳақиқий омад, бахт. Суйган қизига хат ёзаётган йигит тилида сизнинг мисраларгиз айланса, бу чинакам шоирлик. Энди ўзингиз эл севган шоирлар нақадар омадли, бахтли бўлишини ўйлаб кўринг.

— Ижодкорлар орасида устоз-шогирд муносабати доимо қадрланиб, эъзозланиб келинади. Сизнинг ҳам шоир бўлишингизда маълум маънода устозлар таъсири бордир, унинг беминнат сабоқларидан ибрат олгандирсиз. Устозингиз ҳақида айтсангиз?

— Устозлар ҳақида кўп гапирганман. Яна айтиим мумкин, Эркин Воҳидов, Шавкат Раҳмон, Рауф Парфи, Муҳаммад Юсуф ва ёшидан қатъи назар ҳамма яхши шоирлардан сабоқ олиб келаман.

— Масалан, Рауф парфи ижодида “булут, томчи, кўз ёш”, Муҳаммад Юсуф ижодида “райҳон, ялпиз, кийик, қизғалдоқ”, сизнинг шеърларингизда “куз, япроқ, хазонрезги, ой” каби тимсолларни кузатамиз. Булар ҳам ҳис-туйғуларни ифодалашда муҳим аҳамият касб этадими?

— Шеър муаллифнинг таржимаи ҳоли. Ҳар бир шоирнинг кўзига сингиб қолган, ҳидига ўрганиб қолган, бармоғига санчилиб қолган ранглари, товушлари, лаҳзалари бўлади. У ана шуларга мудом қайтади, ўзини ларзага солган ҳодисаларни такрор, аммо янги ташбеҳ, янги оҳанг билан айтгиси келади. Буни уддалай олган шоирларда эса шахсий рамзлар, тимсоллар яралади. Бу ижодкор етиши мумкин бўлган энг баланд чўққи — сени сўзларингдан, оҳангингдан танишдими, шоирлигинг шу…

— Шеърият мухлисларига тилакларингиз?

— Мухлисларнинг фарзандлари ҳам яхши китоблар ёзиб, бизга дастхат ёзиб беришсин.

Хурсандбек ТЎЛИБОЕВ суҳбатлашди

090

ИҚБОЛ МИРЗО ШЕЪРЛАРИДАН НАМУНАЛАР

Онажон

Гоҳо сизнинг борлигингиз унутдим,
Йўлларимда зорлигингиз унутдим.
Умидлари кесилган бу дунёда
Ёлғиз умидворлигингиз унутдим.
Ғаниматим, омонатим – онажон.

Ошно топдим, валекин дўст топмадим,
Оқкўнгилли бир қоракўз топмадим.
Шамолларга совурдим гул сўзларни,
Лекин Сизга бир ширин сўз топмадим.
Ғаниматим, омонатим – онажон.

Баъзан фалак менга бағритош келди,
Ишонганим ғанимга йўлдош келди.
Омад кетса, ҳамма кулди устимдан,
Фақат Сизнинг кўзингизга ёш келди.
Ғаниматим, омонатим – онажон.

Фурсат ўтиб, сочга қиров қўнаркан,
Севги оташлари аста сўнаркан.
Барча туйғу алдамчи ва ўткинчи,
Она меҳри ёлғиз собит қоларкан.
Ғаниматим, омонатим – онажон.

Хоки пойингизни кўзимга сурай,
Ўзим ярим кўнглингизни тўлдирай.
Бир чеккага суриб қўйиб дунёни,
Ўғил бўлиб, ёнингизда ўлтирай.
Ғаниматим, омонатим – онажон.

Чиройли қиз ҳақида ҳикоя

Сен чиройли қиз эдинг,
Сен чиройли кулардинг.
Сал хунукроқ бўлсайдинг
Ўзимники бўлардинг.

Мен кетаман, гулғунча,
Қараб қолмагин, дедим.
Мен муродга этгунча
Қариб қолмагин, дедим.

Висол нима, дедим мен,
Ҳижрон керак шеър учун,
Қийноқ керак шеър учун
Армон керак шеър учун.

Қаттиқ боқдинг сўнгги пайт,
Лабинг титради лекин:
«Яхши кўрасанми, айт,
Яхши кўраман, дегин!»

Ўйин қилдим, кўнглингни
Капалакдек ҳайдадим.
Сендан топган сўзимни
Чайнаб ютдим, айтмадим.

Хайр, қишлоқ, мен кетдим
Орзули кўнглим билан,
Севгим кўзин беркитдим
Қаламли қўлим билан.

Атай қилдим ҳаммасин,
Атай сени куйдирдим.
Очилди шеър саҳнаси –
Бари ёлғон, уйдирма.

Билиб туриб кечдим мен
Eнг чиройли оламдан.
Аросатга тушдим мен –
На шоир, на одамман.

Қалбқозон қайнай-қайнай,
Қуюлди, чўкди секин:
«Яхши кўрасанми, айт,
Яхши кўраман, дегин!»

Умр кетгани сари
Йўқлигинг сезилади.
Сени ўйлаб тунлари
Юрагим эзилади.

Уйимга келди бойлик,
Eтаклади омадим.
Аммо сендан чиройли
Ва ғамгин шеър топмадим.

Мен ким эдим, не учун
Шунча йўлим қарадинг?
Хазон бўлдинг мен учун,
Мени кутиб қаридинг?

Салом, қишлоқ, мен келдим
Аламли кўнглим билан.
Ёнимда хушнуд келин,
Eркатой ўғлим билан.

Оқшом пайти кўчадан
Бир товушни илғадим,
Туриб оёқ учида
Юрак ютиб, тингладим.

Кимдир менинг ўғлимни
Эркаларди, суярди.
Миттигина қўлини
Ўпиб-ўпиб қўярди.

Бир гап сўрарди тинмай,
Жавоб кутмасди лекин:
«Яхши кўрасанми, айт,
Яхши кўраман, дегин!»

Сени деб

Зулм қилсам ҳар қачон ўзимга зулм этдим,
Қарамадим сен томон, кўзимга зулм этдим.
Имласанг бормадим ҳам, силтасанг кетмадим ҳам,
Ердан узмадим товон, изимга зулм этдим.
Зулмнинг лаззатини фақат мазлум билади,
Бахтиёр кимсаларни кўрсам раҳмим келади.

Ҳовузда худойимнинг аксини кўргандайман,
Булутлар ва балиқлар рақсини кўргандайман.
Яшил қуёш, мовий тош, сафсар кўз ёш оралаб,
Одамнинг ва Ҳаввонинг нафсини кўргандайман.
Юзимга сувлар урдим, юзимга зулм этдим,
Ўзимга зулм этдим, кўзимга зулм этдим.

Кўрлар ҳамда карларнинг ўзгача бахти бордир,
Бахтсизлигин билмаган кимсалар бахтиёрдир,
Кўриб, тинглаб турибман, ўзим англаб турибман,
Ихтиёримдан хориж тилаклар ихтиёрдир.
Бош бергали дор қайда, кетгали мозор қайда,
Дил ёргали ёр қайда, инон-ихтиёр қайда.

Гулзорингга кирмадим, гулимни асрайин деб,
Нигоҳимни бермадим, дилимни асрайин деб.
Адолат, шафқат, қадр, мурувват, инсоф надир,
Кўзларимдан кетмадинг қулимни асрайин деб,
Зулмнинг лаззатини фақат қуллар билади,
Бахтиёр кимсаларни кўрсам раҳмим келади.

Дағал, ўжар ўсмирни майин этган савдолар,
Бозорда баҳоларни тайин этган савдолар,
Қоракўз гавҳаридан шода мунчоқлар тизиб,
Юракни пуфак қилиб ўйин этган савдолар,
Ноғора қоқ, ноғора, лунжинг тўла зоғора,
Эшон, хўжа ва қора ўйин билан овора.

Чумоли хирмон ёйса, сиз дастурхон ёзгайсиз,
Ризқ ахтариб каламуш инларини бузгайсиз.
Ойни этагингизга кулчадек ўраб олиб,
Атиргулга қалдирғоч жасадини осгайсиз.
Кўзнинг оқу қорасин оқу қора тош қилинг,
Гўдаклар сут тишидан гуруч дамлаб ош қилинг.

Балиқларга ранг берган мусаввирга қаранглар,
Бўёғи қуримаган бармоқларин яланглар.
Дилингиз рангин бўлсин, капалак, қўнғиз қўнсин,
Томошага келсинлар жувонлар, ёш-яланглар.
Ҳовузда худойимнинг аксини кўргандайман,
Булутлар ва балиқлар рақсини кўргандайман.

Ҳар нафасда бир нафас умрим қисқариб борар,
Чўпчакларга ишониб чўпон қиз қариб борар.
Чигал, хилват йўлимда писиб ётибди ажал,
Лаҳза сайин пичоғи кўксимни ёриб борар.
Шайтон чалғитди, асли сенга муносиб эдим,
Кўргин деб юрагимни лойларга босиб эдим.

Кўкламни тинглаб ётсанг буғдой унган томларда,
Бобо Машраб нафаси келар салқин шомларда.
Сабабсиздек туюлар бўғзингдан тошган ўкинч,
Симобдек кўчар недир юрагинг томонларда.
Кўрлар ҳамда карларнинг ўзгача бахти бордир,
Бахтсизлигин билмаган кимсалар бахтиёрдир.

Чин айтсам, эшигингга суяниб, ўлгим келар,
Фарёд чекиб, ўзимни шу жойга кўмгим келар.
Сочларим чим отсаю томирларим таралса,
Бошимга оёқ қўйиб ўтганинг кўргим келар.
Бундайин имкон қани, жон сўраган жон қани,
Жонимга хумор бўлган ул офатижон қани.

Отамга бегонаман, онамга бегонаман,
Рафиқамга рақибман, боламга бегонаман.
Дўстларимга душманман, хешларимга етти ёт,
Сенга маҳлиё бўлган оламга бегонаман.
Қарамасдан сен томон кўзимга зулм этдим,
Зулм қилсам, ҳар қачон ўзимга зулм этдим.

Йўлим бошқа

Боларининг кўнглин кўринг – гул танлайди,
Кўкрагимда қизил гул бор – гулим бошқа.
Кўз ёши ҳам юзга тушса йўл танлайди,
Ҳамма бошқа йўлда, менинг йўлим бошқа.

Сизлар учун унутилган эски тушман,
Дафтарларда исмим узра чизиқ тушган.
Ақлигамас, савқига бўйсунган қушман,
Кўзлаган манзилим бошқа, элим бошқа.

Қулоғимдан юракка бир сас ўтади,
Шитир-шитир хазон ила хас ўтади,
Ҳаёт қандай яшамоқдан дарс ўтади,
Аммо ҳаёт бошқа экан, илм бошқа.

Баҳорги сой каби жўшиб, тўлиб олсам,
Гулдуракдек самоларда кулиб олсам,
Бир муносиб ажал топиб, ўлиб олсам,
Кейин мени йўқламаса ўлим бошқа.

Кeлинчак

Ўрик шохларига қўнган қормикан,
Қўлларинг хиноми ё гулгун чечак?
Ҳануз масрурмисан, бахтиёрмисан,
Бағдод боғларида қолган келинчак?

Кимни азиз тутиб кетдинг, азизам,
Кимнинг ҳароридан гулладинг, ўсдинг?
Бир лаҳза кўзимни кўрайин десам,
Киприкларинг билан кўзингни тўсдинг.

Бошингда дарёдек мавжланган рўмол…
Шамол қулоғидан тортар баргларни…
Шамол, учиролмай дилгирдир шамол –
Рўмолингга қўнган капалакларни.

Олам бир аламдир, сим-сиёҳ чети,
Алам бир оламдир энди, севарим.
Ўрик гулларидек сочилиб кетди
Кафтимдаги бир жуфт ситораларим.

Мени чорлайверди ёввойи кенглик,
Жайронлар кўзидан кўзим қамашди.
Сенга гуллаган боғ ярашганидек
Менга саргардонлик гашти ярашти.

Ўрик шохларини буккан қормикан…
Қўлларинг хиноми ё гулгун чечак.
Сени кўргим келар, омон бормисан,
Менинг тушларимда қолган келинчак…

Ўзбек

Манглайга кафт қўйиб олисга боқсам,
Эдилдан кўринар бўйларинг, ўзбек.
Туш каби жимирлаб минг йил оқса ҳам,
Номинг айтар энасойларинг, ўзбек.

Нуҳ тўфони, демак, қисмат шамоли,
Кимнингдир камоли, кимнинг заволи.
Саргашта кун кўрдинг оҳу мисоли,
Шундан ҳамон мунгли куйларинг, ўзбек.

Дили қонга тўлиб, кўзлари – ёшга,
Алп Тегин бир ҳикмат чегирди тошга:
«Бизнинг қайғумиз йўқ боладан бошқа…»
Болангга боғлидир ўйларинг, ўзбек.

Бир замон оловни илоҳ билган эл,
Қуёшга қарашни гуноҳ билган эл.
Ҳар бир босқинчини қўноқ билган эл,
Ёвга сўқмоқ бўлган кўйларинг, ўзбек.

Исмингни айириб кечди асрлар,
Хонликни бекликка бўлган не сирлар?
Кентларга сочилган ўрда, қасрлар…
Қумдан қорилганми лойларинг, ўзбек.

Дил қўзғалса, элни тўхтатиб бўлмас,
Сел қўзғалса, гилни тўхтатиб бўлмас,
Занжир узган қулни тўхтатиб бўлмас,
Тиғ бўлди ҳар битта мўйларинг, ўзбек.

Бўйнингдан кетган йўқ ҳали дор изи,
Қўй, қора кунларнинг ўчсин қораси!
Сен борсан – Темурнинг улуғ вориси,
Осмонингга қайтди ойларинг, ўзбек.

Катта қишлоқ экан Париж, Лондон, Рим,
Даламни соғиниб эзилди кўнглим.
Дунё гўзали – сен, қадоққўл синглим,
Гўзалдир ўнгиган кўйлагинг, ўзбек.

Ҳафталаб йўл қараб сарғаймас Кумуш,
Тоғни толқон қилди бобомерос мушт,
Тин олди давонга боқиб Алпомиш,
Тоғларни қўпорди ёйларинг, ўзбек.

Қўлингни кўзимга сурай, отажон,
Ёнингда ул бўлиб юрай, отажон,
Яхши кунларингни кўрай, отажон,
Совимасин қўлда чойларинг, ўзбек.

Онажон, ҳаволи боғлар муборак,
Ҳандалак банд берган чоғлар муборак,
Келин юзидаги доғлар муборак,
Буғдойларга тўлсин уйларинг, ўзбек.

Сумбула – тўкинлик, тўйлар мавсуми,
Бир қўзғалиб олар боғбоннинг хуми.
Асли, бир сатрдир шеърим мазмуни:
Тўйларга улансин тўйларинг, ўзбек!

(Tashriflar: umumiy 114, bugungi 1)

1 izoh

  1. Xurshid aka! ustoz rahmat ushbu suhbatni 2010 yil SMARQANDDA O’QIB YURGANIMDA QILGANDIK. BU TARIXIY HODISA BU CHINAKAM IJOD VA KO’NGLIMDAGI SAVOLLAR EDI.. RAHMAT SIZGA SAYTINGIZDA E’LON QILGANINGIZ UCHUN HURMAT BILAN QORAQALPOQ YURTIDAN

Izoh qoldiring