Andrey Voznesenskiy. O’n to’rt yoshda edim & Sirojiddin Sayyid. Voznesenskiy bilan uchrashuv.

1-voznesenkiy12 май — таниқли рус шоири Андрей Вознесенский таваллуд топган кун.

    Атоқли рус шоири Андрей Вознесенский (1933-2010) 1933 йилнинг 12 майида Москва шаҳрида таваллуд топган. 14 ёшидаёқ жаҳон шеъриятининг энг ёрқин сиймоларидан бири ҳисобланган Борис Пастернак назарига тушган. Илк шеърлари 1958 йили газетада босилган. Бу шеърларни ўқиган Пастернак ёш шоирга мактуб битиб » Сиз шеърият майдонига шиддат билан кириб келдингиз» деб олқишлаган эди.

Андрей Вознесенский
ЎН ТЎРТ ЁШДА ЭДИМ
  Сирожиддин Саййид таржимаси
009

“Телефонда сени Пастернак сўраяпти!”
Довдираб қолган ота-онам мендан кўз узмай анграйиб турарди. Олтинчида ўқиётганимда, ҳеч кимга айтмай, мен унга шеърларимни қўшиб мактуб йўллагандим. Бу — ҳаётимни белгилаб берган менинг илк қатъий қадамим эди. Ва мана, у мактубимни бежавоб қолдирмай мени йўқлабди, якшанба куни соат иккида уйига таклиф этяпти.

015Декабрь ойи эди. Лаврушинский кўчасидаги кулранг уйга айтилган вақтдан роппа-роса бир соат олдин келибман. Пастда анчагина кутгач, лифтда саккизинчи қаватга кўтарилдим. Қоронғи. Соат иккигача бир дақиқа қолган, ичкарида лифтнинг тарақлаганини эшитишди шекилли, эшик очилди.

Ўша азиз инсон, мен учун ниҳоятда қадрли бўлган зот. Бари бирданига кўз олдимда лопиллаб кетди. Ҳайратланган, чўзинчоқ-қорамтир юзнинг алангаси менга қараб турар эди. Униққан, таранг тортилиб турган кофтада чайир қотма гавдаси билиниб турар, манглайдаги тутам сочи елда ҳилпирар эди. Кейинчалик у ўз автопортрети учун ёнаётган шамни танлагани ҳам бежиз эмас: Эшик. Елвизак.

Пианиночининг қуруқ, кучли панжаси. Иситилмаган кенг кабинетининг шип-шийдам саҳнию кўримсиз, ғариблигидан лол бўлиб қолдим. Маяковскийнинг тўртбурчак суврати. Деворда — ханжар. Мюллернинг инглизча-русча луғати — ўша пайтлар у таржимага муккасидан кетган эди. Столда — шубҳасиз, суҳбат учун ҳозирлаб қўйилган менинг ночоргина дафтарим. Меҳру ваҳшат мавжидан вужудим вижирлаб кетди. Бироқ энди қочиб бўлмайди. Энди кеч бўлди.

011У гапни қоқ ўртасидан бошлади. Ёноқлари унинг парвоз олди маҳкам қапишган қанотларнинг учбурчак шакли янглиғ титрар эди. Қудрат ва улуғворлик, самовий мувофиқсизлик мужассам эди унда. Гапирганда ёқа ва вужуддан юлқиниб чиқиб кетишни истагандай иягини юқорига тортиб, кўтариб гапирар эди.

Тез орада унга эл бўлиб қолдим. Зимдан разм соламан. Қаншари чўккан жойдан бошлаб бирданига дўнг кетган, кейин тўғри тушган калта бурни миниатюрада тасвирланган милтиқнинг қорамтир қўндоғини эслатади. Сфинксона афсонавий лаблар. Оппоқ сочлари калта қилиб олинган. Бироқ энг асосийси — ундаги юзгувчи, тутаб тургувчи жозиб оҳанрабо тўлқини. “Ўзини от кўзига таққослаган унинг ўзи”.

Тахминан икки соатлардан кейин ўқишга олганим — унинг қўлёзмаларини қўлтиқлаб ҳузуридан чиқдим. Бу қоғозлар ичида энг қимматлиси қизғиш ипак ип билан жузланган, унинг янги шеърларини ўз ичига олган зумрад дафтар эди ва шу сабабли сабрим чидамай дарҳол дафтарни очиб нафас олиб турган тоза сатрларни энтикканча симира кетдим:

Дунёнинг бор арчалари, болаларнинг
барча тушлари.
Шамларнинг бор шуълалари, барча
занжирлар…

Шеърларда инқилобдан аввалги Москвада таълим олган мактаб боласининг туйғулари ҳувайдо эди. Улардаги болалик — Пастернакнинг энг жиддий жумбоқларидан бири — мени ром этди қўйди.

…Барча олмалару, барча олтин шарлар…

Шу кундан бошлаб менинг тақдирим ҳал бўлди, ҳаётим сеҳрли маъно ва мақсад касб этди: унинг янги битиклари, телефон орқали сўзлашувлар, якшанба кунлари соат иккидан тўртгача уникида бўлган жозиб суҳбатлар, сайрлар — ҳамма-ҳаммаси жам бўлиб, менинг саодатли ва гўдакларча муҳаббат йилларимга айланди.

* * *

У нима учун мени йўқлади?

Ўша йиллари у ёлғиз эди, мусибатлардан толиққан, бир самимиятга, тиниқ ва беғараз муносабатларга зор эди. Лекин фақат шулар учунгина у мени йўқлади, деб айтолмайман. Оддий мактаб ўқувчисига, ёш ўсмир болага нисбатан унинг ғалати муомалалари, дўстлик деса ҳам бўлаверадиган бу алоқалар ул инсоннинг нимасинидир изоҳлаб берар балки? Шер билан кучукчанинг дўстлиги эмасди бу, шер билан кучукбаччанинг дўстлиги деса тўғрироқ бўлар.

Эҳтимол у менда бир пайтлар ўқувчилик йилларида Скрябиннинг олдига қочиб борган ўзини, ўзининг болалигини кўриб севиб қолгандир? У болаликка қайтишни қўмсарди. Болалик чорлови мунтазам давом этарди унда.

…“Санъаткор, — дерди у, — ўз моҳияти жиҳатидан некбиндир. Ижоднинг моҳияти некбинликдир. Фожиавий асарлар ёзганда ҳам зўр ёзмоғинг керак, мунг ва мужмаллик билан эса зўр асарлар яратиб бўлмайди.” Нутқи узлуксиз яхлит равон монологдай қуйилиб келарди. Унда сарҳу наҳвдан кўра куй-мусиқа кўпроқ мужассам эди. Тили ибораларга, иборалар сўзларга бўлинмасди, ҳаммаси шуурнинг ғайришуурий оқимидай қуйилиб келарди, фикр ғўлдирарди, қайнарди, афсун этарди. Худди шундайин сеҳрли, сертароват оқим эди унинг шеърияти.

* * *

Шоирнинг меҳмонлари. Улар кимлар эди?

Увоққина Генрих Густавович Нейгауз, Гаррик, метиндай дағал, ҳурпайган сочлари билан, заковатнинг қуп-қуруқ зиёси бўлиб кўзларини мудом қисиб ўтирадиган индамас одам. Паришон Рихтер, Слава, даврадагиларнинг энг ёши, кўзларини бир зумга юмиб ранг ва товушларнинг хилини дарров билиб беради. “Славага бир саволим бор! Слава! Айтинг-чи, санъат бор нарсами?” дебон Пастернак илтижо билан уни сўроққа тутади. Ёнида қора жимжима нақшларга ўрангандай хушқомат Нина Дорлиак маъюс ўтирибди.

Ён томонда — эгнида малла костюм, катта кўзларини қисиб, хижолат тортгандай мулойимгина бўлиб тилла қўнғиздай Журавлёв ўтирибди. Асмус ўз фикрлари билан банд. Айиқполвондай панжаларини кенг ёзиб бесўнақай Всеволод Азаров қичқириб кириб келади: “Мен сен учун ўғил кўрдим, Борис!”

Шеъриятидан ҳам, ёшидан ҳам август ҳиди уфурадиган, антикона антиқа Анна Ахматова ҳам эсимда. Кийимлари кенг, елвагай, камгапгина ўтирарди у. Пастернак мени унинг ёнига ўтиргизди. Шундай қилиб мен уни бутун умр шу ҳолатда, яъни чеҳрасининг ярим тарҳи ила ёдимда сақлаб қолдим.

Нозим Ҳикматнинг ташрифи, айниқса, ёдимдан чиқмайди. Мезбон унинг шарафига, кечмишида аланга сочаётган инқилобий машъала шарафига қадаҳ кўтарди. Нозим жавоб бера туриб, даврада ҳеч ким туркча тушунмаслигидан ўкинди, у наинки машъала, балки шоир ҳам эканини ва ҳозир шеър ўқиб беришини айтди. У шеърни шиддат билан ўқирди. Юраги оғрир, оғир-оғир нафас оларди у. Кетаётган пайтда шамолламаслик учун кўйлаги остидан кўкрагини ўзимизда, чет элларда чиқадиган газеталар билан ўраб олди. Пастернакникида бундай газеталар сероб эди. Мен уни кузатгани чиқдим. Шоирнинг кўкрагида воқелар шилдирарди, рўйи заминни кўтариб юрганди у.

Гоҳида готик қоматли Федин кириб келарди. Улар Пастернак билан қўшни эдилар. Эр-хотин Вилям-Вилмонтовлар эса худди шоҳона портретлардан чиқиб келгандайин таассурот қолдирарди.

Борис Леонидовичнинг рафиқаси Зинаида Николаевна, артнуво санамларига ўхшатиб қора сочларини калта қилиб олдирган, қора бахмал кўйлакда, лабларининг капалагини хафаҳол чўччайтириб ўғли Стасик Нейгаузнинг Париж конкурсида эрталаб саҳнага чиқишини, унинг шартли рефлекслари эса оқшомги пайтга мослашганини безовталаниб айтиб беради.

Рубен Симонов эса эҳтирос ва қатъият билан ўзи ҳам ҳузур қилиб Пушкин ва Пастернакдан шеърлар ўқирди. Баъзида Вертинский кўриниб қоларди. Олижаноб инсон Ираклай Андроников гомерона шевада Маршакнинг қиёфасини кўрсатиб беради.

У сеҳрли кечалар кўзлар учун байрам, қалб ва руҳлар учун тантана эди. Уйғониш даври сувратлари, аниқроғи, Боровиковский ва Брюллов асарлари ана шу ўтиришларда ўз сийратини топгандай эди гўё.

Пастернак ўз маслакдошларининг кўркам дунёсини менинг кўзларимга сахийларча ошно этди. У билан бизнинг ўртамизда тилсиз фитна бор эди гўё. Гоҳида ширакайф қадаҳ сўзлари орасидан унинг менга йўналтирилган, фақат икковимизгагина аён, ниманидир хабар берувчи кулгили хуфиёна нигоҳини илғаб қолардим. Гўё бу даврада менинг ёлғиз тенгдошим унинг ўзи эди. Бу махфий тенгдошлик бизни бирлаштириб турарди. Кўпинча юз қиёфасидаги завқ-шавқ ўрнини болаларча араз ифодаси, ҳатто қайсарлик эгаллаб оларди.

Баъзида у мендан йиғилганларга шеър ўқиб беришимни сўрарди. Муздай сувга тушгандай мен минғирлаб шеър ўқирдим, ўқирдим-ей…

Трамвайлар шовқинига, ақлдан озиб,
Суянади булутлар.

Бу — менинг одамлар олдида илк шеър ўқишим эди.

Баъзан мен уни бошқалардан қизғанардим. Албатта, у билан бўладиган меҳмонларсиз холи гурунглар, тўғрироғи, унинг менга қарата, янада аниқроқ айтадиган бўлсак, менга эмас — абадиятга, ҳаёт мазмунига қарата айтган монологлари мен учун қадрлироқ эди.

Гоҳида менинг ҳам жиззакилигим тутарди. Шунда ўз тангримни рад этардим. Бир куни у менга қўнғироқ қилиб, менинг машинкамнинг ҳарфлари унга ёқишини айтди ва туркум шеърларини кўчириб беришимни илтимос қилди. Гап бўлиши мумкинмас! Бироқ гўдакларча худбинлигим учун (мен унга машинисткаманми?!) бу менга ҳақоратдай туюлди. Аҳмоқлик қилиб эртага имтиҳоним бор деб илтимосини рад этдим. Ҳақиқатан ҳам имтиҳоним бор эди, баҳона ёки сабаб эмас эди бу.

* * *

Менга устозлик қилдими у?

У қайси сатр ё шеър нима учун ёққанини шунчаки айтарди-қўярди, холос. Масалан, у менга “Сизни елкангиздан чангаллаб олди эполетларнинг улкан қўллари” сатримнинг мазмунини узоқ тушунтириб берган. Образ аниқлигидан ташқари у шеърларда замон нафаси, шиддатини, ўзи “қудрат” деб атагани улуғворликни кўришни истарди. Узоқ муддат давомида мен учун замондош адиблар ичида Пастернакдан бошқа шоир йўқ эди ҳисоб. Улар орасидаги босқичлар изчиллиги кулгили туюларди. Пастернак — ва қолган барча шоирлар.

Унинг ўзи эса Заболоцкийни ҳурмат қиларди. Ёзувчилар уюшмасига аъзолиги вақтида у “Муравия мамлакати”ни ҳақоратлардан қутқариб қолди. Твардовскийни йирик шоир деб билар, бу билан мендаги болаларча худбинликка барҳам берган эди.

Унинг қудрат майдони оҳанрабосига тушмаслик мумкин эмас эди.

Бир куни талабаларнинг ёзги ҳарбий лагерларидан қайтгандан кейин мен унга янги шеърларимни олиб келдим. Ўшанда у ўзининг “Сайланма”сини тайёрлаётган эди. Шеърларини қайтадан ишлар, ижодининг илк босқичидаги сокин, хотиржам услубига қарши туриб, ҳозирда ўзи учун яқин, қадрдон бўлган шеърларнигина танлар эди.

Менинг шеърларим хусусида у шундай деди: “Шеърларда эркинлик ва образлилик бор, бироқ булар ҳали ҳеч нарсани ҳал қилмайди, агар ушбу шеърлар меники бўлганда эди, мен уларни ўз тўпламимга бемалол киритган бўлардим”.

Мен ўзимда йўқ шод эдим. Шеърларимни Пастернакнинг ўзи олган бўларди-я! Уйга келгандан сўнг эса — ёзишни ташлашга қарор қилдим. Ўз тўпламига қўшиши мумкин экан, демак бу шеърлар меники эмас, уники бўлади-да. Икки йил ёзмай кетдим. Кейин “Гойя” ва бошқа, энди ўзимники бўлган шеърлар дунёга келди. “Гойя”ни роса калтаклашди, бир нечта ҳақоратомуз мақолалар чиқди. Энг юмшоқ “ёрлиқ” — “формализм” эди.

Мен учун эса “Гойя” урушнинг қўрқинчли ва даҳшатли бонги бўлиб жарангларди.

* * *

Эвакуацияда бизлар Урал ортида яшардик. Бизга бошпана берган уй эгаси Константин Харитонович, нафақадаги машинист, қоқсуяк, эпчил одам, ичганда тортинчоқ бўлиб қоладиган киши бир пайтлар ўз акасининг хотини — басавлат сибирлик санам Анна Ивановнани олиб қочган, шунинг учун даҳшатли қасоскордан қўрқибми, никоҳдан ўтмасдан, хилватда кун кечиришарди. Турмушимиз оғир эди. Олиб келган нарсаларимизнинг ҳаммасини егуликка алмаштириб кун кўрардик. Отам Ленинград қамалида қолган, айтишларича, у ярадор бўлган эди. Онам ишдан келиб йиғларди. Ва кутилмаганда бир куни озиб-тўзиб кетган, соч-соқоли ўсган, эгнида қора гимнастёрка, елкасида ҳарбийча брезент йўлхалта осиб олган одам — отам қайтиб келади.

Одатдагидан кўра меҳмоннавозроқ, хижолатпазирроқ бўлган уй бекаси икки стакан ароқ ва устига тўртбурчак қилиб кесилган чарви қўйилган икки бўлак қора нонни патнисда кўтариб киради. Отам ароқни симирди, лабларини қўли билан артиб, раҳмат айтди, чарвини эса бизга берди.

Кейин ҳаммамиз йўлхалта атрофига йиғилдик. Унда амриконча димланган гўштнинг хира-сариқ қутиси ҳамда муқовасида “Гойя” деб ёзилган китоб бор экан.

Мен бу рассом ҳақида ҳеч нарса билмас эдим. Бироқ китобда партизанларни отиб ўлдиришар, дорга осилганларнинг жасадлари шамолда силкинар, уруш афтини бужмайтирар эди. Ошхонадаги қоғоздан қилинган қора репродуктор ҳам ҳар куни шу ҳақда гапирарди. Отам китобни фронт чизиғи бўйлаб ўзи билан бирга олиб юрган, буларнинг бари — Гойя деб аталмиш шу биргина даҳшатли номда мужассам бўлган эди.

Мислсиз кўчиришлар даврининг эвакуация поездлари Гойя деб чинқирарди. Гойя — Москвадан жўнаб кетишимиздан олдин сиреналар, бомбалар худди шундай ингранарди. Гойя — қишлоқ ортида увлаётган бўриларнинг товуши — Гойя, Гойя — қорахат олган қўшни хотин худди шундай пичирларди, Гойя, Гойя…

Ушбу хотира, даҳшат ва чинқириқлар оҳанги менинг шеърларимга кўчди, менинг илк шеърларимга.

* * *

Ёнимда порлаётган ҳаёти унинг, тирик юрганлигининг ўзи-да мен учун мадад ва таянч эди. Амалий бирор ишда — масалан, шеърларимни чиқариш ва ёки шунга ўхшаш бирор-бир юмушимни бажаришда ундан кўмак сўраш етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган. Шеъриятга ошна-оғайнигарчилик билан кириб бўлмаслигига ишончим комил эди. Шеърларни чиқариш пайти етганини англаганимдан сўнг эса, мен унга лом-мим демай, ҳамма қатори, редакциялар сари юриш бошладим, чоп этишгача бўлган барча сарсон-саргардонликларни ўз бошимдан кечирдим. Бир гал менинг шеърларим йўғон журналнинг редколлегия аъзоси қўлигача етиб борибди. У мени кабинетига чақиради. Ўтирғизади. Сертавозе, семиз бир махлуқ. Меҳри ийиб қарайди.

— Сиз фалончининг ўғли?

— Ҳа, лекин…

— Ҳеч қанақа “лекин-пекини” йўқ. Ҳозир энди айб эмас. Яширмасангиз ҳам бўлади. Отангиз оқланган-ку, ахир. Хатолар ҳам бўлган. Заковат машъаласи эди у одам! Ҳозир чой келтиришади. Сиз шундай инсоннинг ўғли сифатида…

— Ҳа, лекин…

— “Лекин-пекинни” қўя туринг. Шеърларингизни шу сонга берамиз. Бизни тўғри қабул қилишади. Сиздан уста санъаткорнинг нафаси келяпти, айниқса, атом асри аломатларини қойиллатасиз, масалан, “кариатидалар…” деб ёзасиз. Табриклайман.

(Кейинчалик билишимча, у мени Госпланнинг собиқ раиси Н.А.Вознесенскийнинг ўғли деб ўйлаган экан).

— …Яъни, қанақасига унинг ўғли эмассиз? Фамилиялар ўхшаш деганингиз нимаси? Нега бўлмаса бу ерда ҳалитдан буён бошни қотириб ўтирибсиз?! Ҳар хил зарарли нарсаларни шеър деб келтириб юрибсиз. Йўл қўймаймиз. Мен бўлсам — шундай отанинг, ота ҳам эмас экан-у, ўғли… деб хомтама бўлиб ўтирибман-а. Ҳеч қанақа чой-пой йўқ!

Бироқ кейин, ҳартугул, шеърларим босиладиган бўлди. Босмахона бўёғи ҳали қуримаган, шеърларим босилган илк “Литгазет”ни Переделкинога — устозга олиб келдим.

Шоир касал, тўшакда ётган эди. Врубель чизган илоҳанинг самовий суврати янглиғ боши узра эгилган хотинининг заъфарон мунгли қиёфаси ҳали-ҳануз ёдимда. Пастернакнинг қорамағиз боши оппоқ болишга оғир ботган эди. Унга кўзойнак беришди. Чеҳраси ёришиб кетди унинг, ҳаяжонланарди у, юзлари тинимсиз титрар эди! Шеърларни овоз чиқариб ўқиди. Мендан хурсанд эканлиги билиниб турарди. “Демак, менинг ишларим ҳам у даражада ёмон эмас экан”, деди у ногаҳон. Шеърлардан шакли эркинроқлари унга маъқул келди. “Сизни ҳозир Асеев қидираётган бўлса ҳам ажабмас”, ҳазиллашди у.

Асеев, қиррали аркка ўхшаш тиккасига кетган учқур юзли, католик воизи янглиғ мутаассиб, лаблари ингичка, заҳарли, жўшқин Асеев, “Мовий гусарлар”, “Оксана”лар Асееви, қурилишлар куйчиси, қофия ислоҳчиси бўлмиш Асеев! У Горький кўчаси муюлиши ва МХАТга борадиган йўлда жойлашган ўзининг минорида ўткир кўзли бургутдай Москва узра қанот ёзиб яшар, йиллаб телефонга михланган Прометей каби уйидан чиқмасди.

Бировларнинг шеърини чексиз садоқат билан яхши кўрадиган бундай инсон шоирни мен ҳеч қачон учратмаганман. Артист, дид ва ҳид билиш асбоби, қотма-чайир асабий олапардай у бир чақирим беридан яхши сатрнинг ҳидини дарров сезарди. В.Соснора билан Ю.Морицни илғаб маънавий ҳомийлик қилган ҳам Асеев бўлади. Маяковский, Мандельштамлар ҳурмат қилган уни. Пастернак унинг оташин севгиси эди. Ўшанда уларнинг йўллари аллақачонлар айро тушган, бир-бирлари билан юз кўрмас бўлиб кетишган эди. Санъаткорлараро бўладиган аразлашувлар нақадар оғир! Асеев ҳамиша суюб, қизғаниб мендан гап оларди: “Қалай, Пастернагингиз юрибдими?” Пастернак эса у ҳақда яқинига йўлатмайроқ гапирарди: “Ҳатто Асеевнинг ҳам кейинги ёзгани бўшроқ чиқибди”. Бир гал мен унга Асеевнинг китобини олиб келдим, у ўқимасдан қўлимга қайтариб берди.

Асеев — атмосфера катализатори, шеърият шаробининг ҳубоблари.

“Дарвоқе, тўлиқ исмингиз Андрей Андреевичмиди? Жуда зўр-да! Биз барчамиз нишонга тўппа-тўғри урдик. Маяковский — Владим Владимич, мен — Николай Николаевич, Бурлук — Давид Давидич, Каменский — Василий Василевич, Кручёних…” — “Борис Леонидович-чи?”

Асеев менга Важноченский деб лақаб қўйди, “Сизнинг гитарангиз…” деб бошланувчи шеърини менга бағишлади, оғир дамларда танқидчиларнинг “хаёлан ўқиш” услубига қарши “Вознесенскийни нима қилмоқ керак?” мақоласи билан мени қутқариб қолди. У ёш ҳайкалтарошлар, мусаввирларга бўлган ҳужумларни газеталарда рицарчасига ҳимоя қилиб чиқди. Ўзининг “Маяковский бошланмоқда” деган кенг кўламли асарида у Маяковский, Хлебников, Пастернаклар қаторида Алексей Кручёнихнинг номини ҳам тилга олади.

* * *

Эсимда, мен уни Переделкино ҳовузининг нариги қирғоғида, у ҳар доим ўтадиган узун ёғоч кўприкча бошида кутар эдим. Бу ердан одатда соат олтиларда ўтарди у. Одамлар унга қараб вақтни тўғрилашарди.

Олтин куз бошланган, ўрмон ортидан ботаётган куннинг ёйиқ, ётиқ нурлари ҳовузда, кўприкча ва соҳил четларида зарҳалий товланарди. Ҳовузнинг бир томонини оғочлар беркитиб турарди.

У муюлишдан чиқиб юриб эмас, балки ҳовуз узра юзиб келарди, гўё. Гап нимадалигини сал кейинроқ англадим. Шоир — эгнида қорамтир жужун ёмғирпўш, енгил сарғиш шимда, оёқларида оқиш брезент пойабзал. Эндигина қурилган кўприк тахталари ҳам худди шу рангда, шоирнинг оёқлари ҳам одимлари билан бирга кўприк ила қўшилишиб кетганди. Уларнинг ҳаракат қилаётганини англаш мушкул эди.

Ёмғирпўшдаги жусса ҳавода муаллақ юзганича сув узра аста соҳилга яқинлашди. Юзи, қиёфасида — шавқ ва таажжубнинг маъсум табассуми.
Уни шу ерда, кузнинг зарҳал шуълалари шалоласи аро шу тоза ва тиниқ табассуми билан қолдирайлик, азиз ўқувчим.
У бизга қолдирган қўшиқларни тушунгусимиз.

Сирожиддин Саййид
ВОЗНЕСЕНСКИЙ БИЛАН УЧРАШУВ
009

Фасллар умумлашди,
Қайда ғам? Қайда севинч?
Ўн уч йил ўтиб кетди,
Андрей Андреевич!

Радиони титгандай
Роботлар мени титди.
Андрей Андреевич,
Ўн уч йил ўтиб кетди.

Ўн уч чинқириқ, ўн уч
Фарёд, ўн уч самолёт.
Туну кун гувлаб ётган
Аэропортдир хотирот.

Етмиш бешинчи йил. Қиш.
Тунлар узун, беохир.
Шеърингизни тушунмоқ
Сапроматдан ҳам оғир.

Менга у пайт керакди
Озроқ пул, озроқ меҳр.
Қарс этиб синди орзу,
Тошдай қаттиқ эди шеър!

Паргорнинг игнасидай
Санчилди тилга сатр.
Шеърият — қурбонликдир,
Шоирлик — мангу сабр.

Сизнинг “Аксилдунёлар”
Дунёлар бўлди асил.
Андрей Андреевич,
Учиб кетди ўн уч йил!

Мана, Москва. Мени
Қучар мармар соҳиллар.
Бир-бирига ўхшайди
Сувлар, кўприклар, йиллар.

Ўн уч оқ тулпоримга
Яна ташбеҳ излайман:
Останкино минорини
Ундов белгиси янглиғ
Йилларга қўйсам дейман!

1988

хдк

(Tashriflar: umumiy 66, bugungi 1)

Izoh qoldiring