Ижодкор ўз устида ишламаса, жаҳон адабиётини, ўзи мансуб бўлган адабиётни мунтазам кузатиб бормаса, қандай ёзишнигина эмас, қандай ёзмасликни ҳам мунтазам ўрганмаса, унинг яхши асар ёзиши қийин. Мен учун Навоий билан Шекспир ҳам, Толстой билан Тагор ҳам, Қодирий билан Чингиз Айтматов ҳам жуда қадрли ижодкорлар. Хеменгуэй, Мопассан, Цвейг, Шукшиннинг баъзи ҳикояларини ва умуман, ғарб адабиётидан бир қанча намуналарни ўзбек тилига таржимаям қилганман. Бу бежиз эмас. Ёзувчи мумтоз адабиётни ҳам, бугунги адабиётни ҳам кузатиб борса, айни муддао бўлади.
БУ ДАРАХТНИНГ НОМИ ЭДИ «ЯХШИЛИК»
Ўткир Ҳошимовнинг «Марказий Осиё маданияти» газетаси бош муҳаррири Анвар Жўрабоев билан суҳбати.
Тошкентнинг тарихий обидалари сафида Олий Мажлис биноси яқинида жойлашган — чорси пишиқ ғиштли, икки қаватли, икки равоғининг икки ёнида мезанали икки минораси бор, пештоғининг олд ва ён томонларининг тепаси шарафаю китоба билан безатилган мадраса алоҳида ажралиб туради. Унинг Марказий Осиё таълим тизими ривожига қўшган ҳиссаси бениҳоя салмоқли. Ушбу даргоҳда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ҳамда Қирғизистон ҳудудларидаги қатор шаҳар ва қишлоқлардан минглаб билимга ташналар сабоқ олишган. (Улар орасида ўзбекнинг улуғ адиби Абдулла Қодирий, машҳур олим ва шоир Абдурауф Фитрат, биринчи ўзбек миллий университетини очган олим Мунавварқори Абдурашидхонов, Ўрта Осиё ва Қозоғистон Диния назорати идорасининг ташкилотчиси ва муфтийси Зиёвиддинқори Бобохонов, машҳур драматург Ғулом Зафарий ва бошқалар бор эди…) Тўқсон бир йил давомида минглаб толиби илмларга хизмат қилган бу муқаддас даргоҳни қизиллар абгор қилишди.1923 йил мадрасани тақа-тақ ёпдилар.Мударрисларию мутасаддилари қамоққа тиқилди.Уларнинг аксарияти — ўша даврнинг уламою фузалолари ана шу мадраса асосчиси Абулқосимхон эшоннинг фарзандлари ва қариндош-уруғлари эди. 1810 йилда Тошкентда таваллуд топган, саксон икки йил умр кўрган Абулқосимхон эшон бобо ҳақида 1899 йилда Санкт-Петербургда чоп этилган «Мусулмончиликка оид материаллар тўплами»да шундай дейилган: «Бутун Туркистонда катта ҳудудга эга бўлган Абулқосимхон эшоннинг турли шаҳарларда ўн минглаб муридлари бўлиб, эшон улардан келган ҳамда вақф ерларидан тушган маблағлар эвазига 1832 йилда Тошкентда ўттиз минг эллик сўмга мадраса қурдирган». (У ҳанузгача Абулқосимхон мадрасаси деб аталади.)
…1865 йилда Черняев бошчилигидаги чор аскарлари Тошкентни ишғол этишаётган маҳали шаҳар аҳлини босқинчиларга қарши оёққа турғизган ғоявий раҳнамолардан бири Абулқосимхон эшон ҳисобланади… Таниқли шарқшунос, Ўрта Осиё тарихи билимдони, «Туркестанская туземная газета» («Туркистон вилояти газетаси») муҳаррири Николай Остроумов эса ул зот ҳаётининг сўнгги кунлари билан боғлиқ воқеаларни анча батафсил тасвирлаган. 1892 йили — тарихга «Вабо қўзғолони» номи билан кирган миллий-озодлик ҳаракати бошлангач, Туркистон генерал-губернатори Тошкентнинг эски шаҳар ҳудудига чор аскарларини киритади.Улар табиийки, маҳаллий аҳолига таҳдид сола бошлайди.Шаҳарда норозиликлар баттар кучаяди. Агар бу ҳолнинг олди олинмаса, аскарлар билан тошкентликлар ўртасида қонли тўқнашув бошланиб, минглаб одамлар ҳалок бўлиши муқаррар эди. Буни генерал-губернатор Вревский яхши англарди-ю, аммо пинагиниям бузишни истамасди.Атай-лаб… Ва шу боис ҳам бу хусусда унга мурожаат қилганларни аямай жазоларди. Аммо… Абулқосимхон эшон, аввало, унга «аскарларни олиб чиқиш лозим», деган мазмунда русча (эшон форс, араб ва рус тилларини биларди) мактуб битади. Ҳаётини гаровга тикиб, генералнинг ҳузурига киради. Унинг кўзига тик боқиб, аскарларни чиқармаса, катта фожиа рўй беришини, бунинг оқибати генерал учун ҳам ёмон бўлишини айтади. Бу доно оқсоқолнинг жасоратига тан берган Вревский аскарларини олиб чиқади. Бундан қувонган аҳоли Хўжа Аҳрор жомеъ масжидига тўпланиб (1892 йилнинг 30 июнида), Абулқосимхон эшонга ташаккурлар билдиради. Ўша кезлари Тошкентда вабо ниҳоятда кучайган бўлиб, бу бедаво дард юзлаб одамларни ўз комига тортиб кетарди. Масжидда сўз олган эшон аҳолини ғайридин аскарлар шаҳардан чиқарилгани билан қутлайди. Сўнг вабони ўзи билан олиб кетажагини тилаб, Аллоҳга нола қилади. Орадан тўрт кун ўтгач, Абулқосимхон эшон вафот этади. Уни сўнгги манзилга элтишгач эса… вабо барҳам топади… Абулқосимхон эшон ўзи қурдирган мадраса ёнидаги қабристондан мангу қўним топган. Ушбу муқаддас жойда унинг бобоси — ХVIII асрда яшаб ўтган, эл-юрт орасида улкан ҳурмату иззатга эга бўлган Саййид Азимхон эшон, унинг ўғиллари Эшонхонтўра (Абулқосимхоннинг отаси), Саййид Қосимхон ҳам дафн этилган. (Ушбу қабристон айни пайтда ўзига хос гулзорга айлантирилган.)
Тошкент биқинидаги у кезлари қишлоқ бўлган — Дўмбиравотда Абулқосимхон эшоннинг кўплаб авлодлари яшайди. Шулардан бири — Абулқосимхон эшоннинг эвараси, Саййид Ҳошимхоннинг невараси, Атоуллахоннинг ўғли — Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов.Адибнинг падари бузруквори Атоуллахон 1897 йилда таваллуд топганди.Кўп йиллар давомида тўқимачилик комбинатига қарашли болалар оромгоҳида ишлаган. Фарзандларига Озода, Эркин, Тўлқин, Ўткир, Ҳабибулло деб исм қўйган. «Атоуллахон ака, — деб ёзади таниқли адабиётшунос олим Абдуғафур Расулов Ўткир Ҳошимов ҳаёти ва ижоди ҳақидаги «Ардоқли адиб» китобида, — сержаҳл, бўлар-бўлмасга юрагини очавермайдиган одам эди. У киши ҳаромдан ҳазар қилар, болаларига инсофли бўлишни сингдирганди. Ўткир Ҳошимов асарларида ҳаром ва ҳалол ҳақида кўп ёзилганлиги, балки, шундандир…» Талабалик пайтидаёқ ўз асарлари билан элга танилган ва Ўзбекистондаги энг нуфузли журнал «Шарқ юлдузи»га ўн йил (1985 — 1995) давомида етакчилик қилган Ўткир Ҳошимов унинг мавқеини оширишга катта улуш қўшди. «Қуръони Карим»нинг ўзбекчага илк таржимаси ана шу журналда чоп этилди.
— Ўткир ака, суҳбатни ана шу хайрли иш ҳақидаги ҳикоянгиздан бошласак.
— Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари юртимиз учун оғир синов дамлари бўлди. Собиқ шўролар мамлакатида «ошкоралик», «қайта қуриш» деган жараёнлар бошланиб, сўз эркинлиги бир қадар юз кўрсатгандек бўлса-да, мустабид тузумнинг ҳали қўли узун, қиличи кескир эди. Айниқса, ўзбек халқини бадном қилувчи «пахта иши», «ўзбек иши» деган қатағон хўлу қуруқни баравар ёндирди. Олисдаги марказдан келган гдлянчилар ўзларига берилган «чекланмаган ҳуқуқ»дан тўлиқ фойдаланиб, минглаб оилаларни бахтиқаро қилди. Ана шундай таҳликали бир даврда Аллоҳ каломининг таржимаси тарихда биринчи марта ўзбек тилида «Шарқ юлдузи» журналида чоп этилди. Таржиманинг дастлабки қисми эълон қилиниши биланоқ турли эътирозлар бошланиб кетди. …Шундай қилиб, бу хайрли юмушга 1989 йилда киришилди. Алоуддин Мансур билан таржима хусусида бир неча бор батафсил суҳбатлашилди.Бу масала Ёзувчилар уюшмасида муҳокама қилинди.Бироқ гап айланса калтакнинг каттаси журнал таҳририяти бошида синиши аниқ эди. Шу боисдан, аввало Қуръони каримни, араб тилини, дин тарихини биладиган, қолаверса керак пайтда журнални қатъий ҳимоя қилишга қодир мутахассис ва ижодкорлардан иборат махсус таҳрир ҳайъати тузилди. Ҳайъатга Абдулазиз Мансур, Алибек Рустамов, Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Неъматилла Иброҳимов, Ислом Шоғуломов, Умарали Норматов, Носир Фозилов ва бошқалар киритилди. Хайриддин Султонов, Анвар Турсунов, Омон Мухторов, Аъзам Ўктам нашрга тайёрловчи махсус муҳаррирлар сифатида тасдиқланди. Бу ниҳоятда мураккаб, масъулиятли ва биринчи бор амалга оширилаётган вазифа бўлгани боис, таҳрир муҳаррирлари ҳар бир сўз, ҳар бир ибора устида синчиклаб иш олиб бориши керак эди. Омон Мухторов журнал таҳририятида ишлар, Хайриддин Султонов, Анвар Турсунов ва Аъзам Ўктам бошқа жойда хизмат қилса ҳам деярли ҳар куни таҳририятга келиб матн устида ишлашар эди. Ниҳоят, 1990 йилнинг март ойида Қуръони каримнинг дастлабки суралари «Шарқ юлдузи»нинг 3-сонида босилиб чиқди. Адашмасам, ўша пайтда журнал адади 170 минг нусха эди. Журнал тезда тарқалиб кетди ва… кетидан «ғалвалар» бошланди. Адабий журналда диний манбанинг босилиши айримларнинг ғашини келтириши аниқ эди. Бир томондан улар ҳақли эди: шўро сиёсатини тарғиб қилиши керак бўлган нашр динни тарғиб қилса! Албатта, бундай эътирозлар ҳали журнал чиқмасданоқ бошланганди. Бироқ асосий «зарба» бошқа ёқдан келди. Қуръони каримнинг таржима қилиниб, журнадда босилишига олимлар, академиклар қарши чиқдилар. Албатта, ҳаммаси эмас, бир гуруҳ ўта «билимдонлари!» Бош муҳаррир сифатида мени Марказкомга чақиришди. Афсуски, ҳар қандай вазиятда ҳам «тўнини ечиб» майдонга тушиб кетадиган Озод ака ўша куни университетда, дарсда экан.Таржимон эса Қирғизистонда. Таҳрир ҳайъати аъзолари бўлмиш бошқа олимларни топишнинг ҳам иложи бўлмади. Юқори ташкилотга бир дақиқа кечикиб бориш ҳам мумкин эмас. Яхшиям, бахтимизга атоқли адабиётшунос ва тилшунос, араб тилини мукаммал биладиган олим Алибек Рустамов бор экан! Журнал масъул котиби, олим билан учовлашиб, айтилган жойга бордик. Марказкомнинг масъул ходими бизни очиқ чеҳра билан кутиб олди.Муомаласидан у кишининг журналга хайрихоҳ экани сезилиб турарди.Кўнглимиз анча равшан тортди. Мен кам деганда ўн нафар «олиму фузалолар» қамчи ўқталиб келган бўлса керак, деб ўйлагандим. Йўқ, академиклар номидан бир олим расман вакил бўлиб келган экан. Муҳтарам олимнинг талаби кескин ва қатъий эди. Нашрни тўхтатиш керак! Ўша баҳсда ҳар жиҳатдан мантиқли, қиличдек кескир мулоҳазалар билан «рақибини» мот қилган Алибек Рустамовдан ҳамон миннатдорман! (Дарвоқе, Алибек ака орадан кўп ўтмай Мустақиллик шарофати билан академик унвонига сазовор бўлди.) Масала жиддий бўлгани учунми, ўша суҳбатни деярли сўзма-сўз эслаб қолганман.
— Қуръон таржимаси билан «Шарқ юлдузи» шуғулланиши шартми? — деб сўради муҳтарам олим.
— Бўлмаса ким шуғуллансин?
— Ўзбекистон Фанлар академияси бор. Бунақа жиддий ишлар академияда қилинади, сизлар шеър босинг, ҳикоя босинг.
— Марҳамат, академия ҳам шуғулланаверсин.
— Академия шуғулланса, Қуръон таржимаси ўн йилда ҳам чиқмайди — деди Алибек Рустамов ишонч билан.
— Буни мен яхши биламан. Олим бошқа важ топди: — Қуръонни таржима қилиш мумкин эмас. У фақат араб тилида ўқилиши керак!
— Китоб инглиз, франтсуз, немис, испан, рус тилларига аллақачон таржима қилинган-ку!
— Улар христиан мамлакатлари!
— Туркия, Покистон, Афғонистонда миллий тилларда нашр этилгани-чи? Уйғур тилига таржима қилингани-чи? Улар ҳам насронийми?
Муҳтарам олим бу сафар ҳам бўш келмадилар:
— Тўғри, бу тилларда ҳам таржимаси чиққан. Аммо яхлит китоб бўлиб чиққан. Қуръонни майдалаб босиш мумкин эмас!
— «Ҳафтияк» нима?Қуръони каримнинг еттидан бири эмасми? Эски мактабларда «Ҳафтияк» ўқитилган-ку!
— «Ҳафтияк» — китоб.Журнал эса вақтли нашр. Қуръонни журналда босиб бўлмайди.
— Нега ахир? — Чунки Қуръон муқаддас китоб. Журналингизни биров йиртиб номақбул жойда ишлатса…
Буниси энди мантиққа сиғмайдиган гап эди.
— Ҳой, барака топгур! Қандайдир бефаҳм нон бурдасини ахлат қутисига ташлашидан қўрқиб, новвой нон ёпмай қўйиши керакми энди? Бизнинг одамлар орасида бунақа бетавфиқлар йўқ!
— Бўлса-чи?
Анчадан бери жим ўтирган Алибек аканинг йирик-йирик кўзлари чақнаб кетди.
— Ҳой, мулла! — деди овози жаранглаб. — Сизнинг соҳангизнинг Қуръонга нима алоқаси бор? Дин тарихини биласизми ўзи? Мен араб мамлакатларида ишлаганман! Ҳамма газеталарда, ҳар куни Қуръон сураларидан парчалар босилади! Китобни давомли қилиб босиш мумкин эмас деган гап — абсурд! Мантиқ йўқ! Ундан кўра нима учун журнал академиядан сўрамай бу ишни бошлади, деб қўяқолмайсизми? Билиб қўйинг, нимани босишни журнал таҳририяти ҳал қилади! Академия шу ишга жазм этган экан, марҳамат, ўзи ҳам нашр қилаверсин!
Муҳтарам олим фикридан қайтмади:
— Барибир, журнални тўхтатиш керак!
— Қўлингиздан келса, тўхтатинг! Аммо билиб қўйинг, обуначилар нашр нега тўхтаб қолди, деса, «мен шуни хоҳладим», деб жавобни сиз берасиз! Қолаверса, 170 мингта журнал тарқалиб бўлди. Бу — 170 минг сўм деган сўз. Кейинги сони ҳам тайёрлаб қўйилди. Унга ҳам шунча маблағ кетган. Ҳаммасини тўлайсиз! (У пайтда бу жуда катта пул эди.)
— Буниси ўз йўлига, — деди Алибек ака. — Учаламиз телевидениеда чиқиш қиламиз. Сиз нашрни тўхтатиш кераклигини исботлайсиз, биз эса тўхтатиш мумкин эмаслигини! Қани, одамлар кимни маъқулларкин?
Муҳтарам олим ўз фикридан қайтмади.Марказком ходими индамай, кулимсираб ўтирарди. Билдимки, у киши ким ҳақ эканини билиб турибди. Бироқ вақтида ҳаракат қилинмаса, майда гаплар газак олиб кетиши, ишни тўхтатишга қодир кучлар ишга киришиши мумкин эди. Бахтимизга ҳал қилувчи суҳбат мамлакат раҳбари Ислом Каримов ҳузурида бўлди. (Бу пайтда Ислом Каримов Марказкомнинг биринчи котиби эди.) У киши нашр атрофида бўлаётган тортишувлар ҳақидаги гапни диққат билан эшитиб, бу хайрли ишни тўхтатмаслик, нашрни давом эттириш тўғрисида қатъий топшириқ берди. Шундан сўнг Муқаддас Китоб тарихда биринчи марта ўзбек тилида чоп этилди. Албатта, бу биринчи тажриба бўлгани учун айрим камчиликларга йўл қўйилган бўлиши мумкин. Бироқ Истиқлол шарофати билан минглаб, юз минглаб одамлар имон сари юз тутишида ўша нашрнинг ҳам бир қадар ҳиссаси борлигига шукрона қиламиз.
— Қайси асарингиз ўзингизга ёқмайди?
— Албатта, ҳамма асарлар ҳам бирдек яхши ёзилиши қийин. Мен баъзи ҳикоя ва қиссаларимни кейинги сайланмаларга, нашрларга киритган эмасман. Демак, маълум маънода улардан кўнглим тўлмаган. Мавриди келганида шуни айта оламанки, бадиий асарларда (биринчи ҳикоям 1963 йил 17 апрелда чиққан) — хоҳ ҳикоя бўлсин, хоҳ қисса, хоҳ роман бўлсин, хоҳ драма ҳамиша Инсон ҳақида ёзишга уриндим. Буни соф виждон билан айта оламан!
— Шеър ҳам қоралаб турасизми?
— Ажойиб шоир Эркин Воҳидовнинг шундай гўзал мисралари бор:
Ўн саккизга кирмаган ким бор,
Боғингдан гул термаган ким бор.
Сен ҳақингда ёзиб тўрт сатр,
Сирдошига аста кўрсатиб,
Қўшни қизга бермаган ким бор…
Дарҳақиқат, ўн саккиз ёшда «шоир» бўлмаган одам йўқ, менимча. Табиийки, мен ҳам бир пайтлар шеърлар, ҳатто достонлар ёзганман. «Ойдин хиёбон» деган достонимни қайсидир бир туман газетаси чоп этган экан, кейин олиб келиб кўрсатишган. Бундан кўп йиллар илгари ёзилган куз ҳақидаги шеъримнинг икки бандини айтиб беришим мумкин: Самода турналар шодаси Гоҳида оҳ чекиб ўтарлар. Самода булутлар подаси Гоҳида ёш тўкиб ўтарлар. Билмадим, бу ненинг талқини — Боғларда эрта куз салқини. Тунларим уйқусиз ва серғаш, Хадикли тушларни кўрарман. Ҳар саҳар турарман ва яккаш Ўзимдан оҳиста сўрарман: — Билмадим, бу ненинг талқини — Боғларда эрта куз салқини… Лекин шеърият билан майдонга кириш ёки шеърларни эълон қилиш, уларни тўплам шаклида чоп этиш… хуллас, шоирликни даъво қилиш фикридан ҳамиша узоқ бўлганман. Мен адибман.Прозаикман.
— Бир адибдан қандай китобларни севиб мутолаа қилишини сўрашганида, «Кечирасиз, мен ўқийдиган эмас, ёзадиган ёзувчиман», дея жавоб қайтарган экан. Сиз-чи?
— Албатта, бу ҳазил қилиб айтилган гап бўлиши керак. Чунки ижодкор ўз устида ишламаса, жаҳон адабиётини, ўзи мансуб бўлган адабиётни мунтазам кузатиб бормаса, қандай ёзишнигина эмас, қандай ёзмасликни ҳам мунтазам ўрганмаса, унинг яхши асар ёзиши қийин. Мен учун Навоий билан Шекспир ҳам, Толстой билан Тагор ҳам, Қодирий билан Чингиз Айтматов ҳам жуда қадрли ижодкорлар. Хеменгуэй, Мопассан, Цвейг, Шукшиннинг баъзи ҳикояларини ва умуман, ғарб адабиётидан бир қанча намуналарни ўзбек тилига таржимаям қилганман. Бу бежиз эмас. Ёзувчи мумтоз адабиётни ҳам, бугунги адабиётни ҳам кузатиб борса, айни муддао бўлади.
— Ёзувчининг ноёзувчидан нима фарқи бор?
— Афғон уруши ҳақида асар ёзишни узоқ муддат ўйлаб юрдим. Афғонга борган йигитларнинг кўпи билан гаплашдим. Лекин асарни бошлаш жуда қийин бўлди. Шу орада бетоб бўлиб, касалхонага ётишимга тўғри келди. Врачлар операция қиламиз дейди, мен кўнмайман. Ўшанда кеч куз — ноябр ойи эди.Балконга чиқиб, сигарет чекиб турсам, рўпарадаги — ёнғоқмиди, чинормиди, ҳозир эслолмайман — дарахтдан бир япроқ узилиб, учиб-учиб келиб, оёғим остига тушди.Босган эдим, «қисир-қисир» этиб майдаланиб кетди. Шунда бўлажак романнинг биринчи жумласи туғилди: «Куз ўлим тўшагида ётган беморга ўхшайди, оёқ остида касалманд хазонлар инграйди». Асарнинг мусиқаси топилди! Шошилинч билан стационардан чиқиб кетиб, «Тушда кечган умрлар» романини ўттиз кунда ёздим.(Дастлабки вариантини.) Агар ўқиган бўлсангиз, у бошдан охиригача ҳазин бир мусиқага ўхшайди: Рустамнинг қисмати ҳам маъюс мусиқа, Шаҳнозанинг қисмати ҳам, урушда ҳалок бўлган Хайриддиннинг қисмати ҳам маъюс мусиқа. Мана шу мусиқанинг ўзи, эҳтимол, Худо томонидан ёзувчининг, шуурига деймизми, қалбига деймизми, солинган нур бўлса керак. Демоқчиманки, ёзувчининг ноёзувчидан фарқи шундаки, ёзувчи Худо қалбига солганини ёзади. Албатта, адабиётдан таланти ўртачароқ ноёзувчиларни чиқариб ташлаш керак, деган фикр тўғримас. Истеъдодли ёзувчи ҳам, сиз айтган «ноёзувчи» ҳам бўлиши керак. Аммо бир нарсадан ҳаммамиз бир қадар азият чекканмиз: ёзувчиликни даъво қилган ноёзувчиларнинг ҳасадидан. Ҳақиқий ёзувчи бўлолмаган ноёзувчилар анчайин ҳасадгўй, ғаразгўй бўлади. Яна бир ёмон томони шундаки, улар тез бирлашади. «Ноёзувчи»лар истеъдодлиларга шоқолга ўхшаб баравар ҳужум қилади. Истеъдодлилар эса ҳадеганда бирлаша олмайди. Улар бир-бирига халақит бермайди, бир-бирининг меҳвари (орбитаси)га кирмайди ҳам. «Ноёзувчилик»нинг яна бир хатари бор: унга мансуб «асар» маънавиятни қашшоқлаштиради, одамларнинг ҳақиқий адабиётга бўлган ихлосини қайтаради. Бу — анчайин жиддий хавф. Тағин бир нарсани кўп ўйлайман. Истеъдодсиз истеъдодлини кўролмаса, истеъдодли истеъдодсизни ёқтирмаса ёки истеъдодсиз ўзига ўхшаган истеъдодсизга ҳасад қилса, ҳарқалай тушунса бўлади. Аммо истеъдодли истеъдодлига ғашлик қилса, буни тушуниш ҳам, кечириш ҳам қийин. (Афсуски, ҳаётда бунақаси ҳам учраб туради…) Ёзувчи яратган асар билан ноёзувчи яратган асар ўртасида муҳим бир фарқ бор. Бу гапни такрор бўлса ҳам яна айтмоқчиман. «Шундай асар ёзсангки, уни ўқиётган китобхон дунёдаги ҳамма нарсани унутса, асар қаҳрамонлари ҳаёти билан яшаса. Китобни ўқиб бўлган куни ақалли бир кеча ухлолмай тўлғониб чиқса. Орадан кўп йиллар ўтгандан кейин ўша китобни қайтадан кўлига олиб, ўқиганда, яна ҳаяжонга тушса ва нимадир янги нарса топса». Бунақа асар ёзиш жуда қийин, лекин хдқиқий ёзувчи шундай асар ёзиши керак.
— Қайси адиб Сиз учун идеалдир?
— Мен идеал деган сўзни ёмон кўраман. Чунки собиқ шўро сиёсати бизга «Ленин, Сталин идеал бўлиши керак», деявериб, тинкамизни қуритганди. Дунёда асли идеал одам ҳам йўқ, идеал ёзувчи ҳам. «Беайб Парвардигор», деган тушунча бор, холос. Инсон ёлғиз Оллоҳга сиғи
ниши мумкин. Жаҳонда буюк ёзувчилар кўп. Уларнинг ҳаммасини алоҳида санашга вақт етмайди. Агар битта мезондан чи-қиб қарайдиган бўлсак, ўзбек ҳаётини Абдулла Қодирийчалик гўзал ва мукаммал тасвирлаган прозаикни (ҳамкасбларим хафа бўлишмасин) ҳали кўрганим йўқ. Ўзбек тилининг жилосини Абдулла Қодирийчалик эплаб ўрнига қўёлган, кифтини келтириб таърифлаган прозаик ҳам бизнинг адабиётда йўқ. Ўзбек халқининг феълини Қодирийчалик кўрсата олган ёзувчи ҳам йўқ. Бунга битта мисол келтиришим мумкин.Кумуш заҳарланган, ўлим тўшагида ётибди. Ёнида Отабек ва қайнонаси ўтирибди. Бошқа, масалан, Европа адабиётида бундай вазиятда ҳар иккала қаҳрамон бир-бирининг пинжига кириб кетиши, бўса олиши, «Мен сени унутмайман» дейиши мумкин ва бу табиий. Лекин Отабек билан Кумушнинг ҳаракатида бутунлай бошқача манзара бор. Ёдингизда бўлса, келинининг ўлими яқинлашиб қолганини билган Юсуфбек ҳожи келинининг бошига келади. Жон талашиб ётган Кумуш эса ўрнидан туришга интилади, рўмолини қидириб қолади.Бошяланг, эрининг ёнида чўзилиб ётгани учун қайнотасидан уялади. Бу фақат ўзбекка хос хусусият! Бундай мисолларни «Ўткан кунлар»дан кўплаб келтириш мумкин. Баъзилар Кумушнинг Отабекнинг иккинчи марта уйланишига рози бўлиши феодализм иллати, ўзбек аёлларининг мутелиги, тобелиги, деб айтишади. Балки шундайдир. Лекин Кумушбибининг бунга рози бўлишига бошқа сабаб ҳам бор. У эрининг аҳволини теран тушунади. Отабекнинг бошқа иложи йўқлигини билади ва изтироб чекишини хоҳламайди. Отабекни шу қадар яхши кўрадики, бировнинг қўйнига кирса ҳам майли, фақат азоб чекмасин, дейди. Бу Кумушбибининг қуллиги эмас, мардлиги.Шахсан мен буни шундай тушунаман.
— Уруш кўрмагансиз-у, аммо уруш ҳақида кўп ёзгансиз. Бунинг сабаби нимада?
— Ҳа, кўп ёзганман. «Урушнинг сўнгги қурбони», «Нега? Нега-а-а?!» деган ҳикояларим, «Икки эшик ораси», «Тушда кечган умрлар» романлари уруш ҳақида. «Дунёнинг ишлари» эса уруш орқасидаги ҳаёт ҳақида. Мен бу асарларни азбаройи урушни яхши кўрганим учун эмас, ундан нафратланганим учун ёзганман. Урушда ғолиб подшоҳ, ғолиб саркарда, ғолиб армия бўлиши мумкин, лекин ҳеч қачон ғолиб инсон бўлмайди. Урушда ғолиб одам ҳам бахтсиз, мағлуб одам ҳам.Сабаби, уруш одамни ўзига ўхшаган бошқа одамни ўлдиришга мажбур қилади. Одам ўлдирган инсон эса ҳеч қачон бахтли бўлолмайди. «Тушда кечган умрлар» романида бир лавҳа бор. Рустам танкда кетаётиб, ўликларни машинага ортаётган аскарларни кўриб қолади-да, тўхтайди. Тушиб қараса, унинг энг яхши кўрган дўсти Темурнинг ўлигини ҳам ортишаётган бўлади. Темурнинг афти таниб бўлмас даражада пачоқлаб ташлангани учун уни қўлидаги татиуровкадан танийди. Яна бир даҳшатли ҳолат: Темурнинг олати кесиб олинган эди (Афғон урушида яраланиб қўлга тушган аскарларниг қулоғи, бурни ва бошқа аъзоларини кесиб ташлаш ҳолатлари кўп бўлган.) Буни кўрган Рустам ўзини билмай қолади, «қутуриб» кетади… У бир ҳовлига танки билан бостириб киради.Ҳаммаёқ чанг-тўзон.Танкдан тушади. Бирпасдан сўнг ишком тагидаги қизил кўйлакка кўзи тушади. Беихтиёр яқин боради. Қараса, кўйлак эмас, йиқилиб ётган аёл экан. Рустам унинг устига эгилади. «Қўрқманг, опа, биз сизга тегмаймиз», деб елкасидан тутса, аёл ёнбошга ағдарилади. Бу гўзал аёлнинг ўқ тешган бўйнидан оққан қон ярим яланғоч кўксига тушади. Шу пайт вайрона кулбадан бир ярим-икки ёшлардаги иштончанг бола чиқиб, энтак-тентак қадам босиб, аёлнинг бошига келади. «Мўржона», «мўржона», («мўржона», — она дегани) деб, уни эма бошлайди. Сўнг илкис бош кўтаради-да, чирқиллаб йиғлаб юборади. Боланинг оғзидан сут эмас, қон оқар эди! Уруш қиёфаси — мана шу! Рустам «Отаман! Ҳаммангни отаман! Ўзимниям отаман!» деб ҳайқиради ва ҳушидан кетиб, контузия бўлиб қолади. Унинг руҳий ҳолатидаги ўзгаришда нафақат ярадор бўлишининг, балки ана шу манзараларнинг ҳам «ҳисса»си бор. У урушга бормасди, уни мажбур қилиб юборишди. Балки Рустам ўша аёлни отмагандир,
бошқа бир автоматдан отилган ўқ теккандир унга. Лекин ўлиб ётган аёлнинг гуноҳи нима? Урушга бориб ота бўлиш бахтидан мосуво бўлиб келган Рустамнинг гуноҳи нима? Урушда қорнидан ханжар еб ўлган Хайриддиннинг, Темурнинг гуноҳи нима? Ва ниҳоят, сут ўрнига онасининг кўксидан қон эмган гўдакнинг гуноҳи нима? Шу ўринда мен яна бир жиҳатни алоҳида таъкидлашни истардим. Уруш шундай ёвуз нарсаки, ҳатто орадан йиллар ўтса ҳам одамлар унинг қурбонига айланиши ҳеч гап эмас.«Икки эшик ораси» бунга мисол. Музаффар ҳам, Мунаввар ҳам уруш кўргани йўқ, улар урушдан кейин туғилган. Аммо… бу икки ёшнинг увол бўлган муҳаббати, Мунавварнинг йигирма ёшда хазон бўлган навқирон ҳаёти, Музаффарнинг қалбидаги ширин орзуларнинг бир умрлик армон, ҳижронга айланиши машъум урушнинг ўзи битгач, йигирма йилдан сўнг кўрсатган «ҳунари» эмасми?! Ер юзида бўлаётган ҳар қандай уруш — фожиа. Бундай фожианинг олдини олиш учун эса уруш қанчалик даҳшат эканлигини батафсил кўрсатиш керак. Шунинг учун ҳам мен уруш ҳақида кўп ёзиш керак, деб ўйлайман.
— ХХ асрнинг сўнгги йилларида одамларда китобга бўлган қизиқиш сўна бошлади. Бунинг сабабини баъзилар телевидение, айримлар эса интернетга йўйишяпти… Сизнинг фикрингиз-чи?
— Униси ҳам, буниси ҳам сабабчи бўлиши мумкин. Китобдан йироқлашиш эса одамларни фикрлашдан узоқлашишга олиб келади. Бунга, менинг назаримда, яна битта сабаб бор. Кейинги пайтларда одамлар қази ейишдан кўра, атала ейишни афзал кўришяпти. Чунки китоб ўқиш учун озгина ақл керак, вақт керак, фаросат, фикрлаш керак. Телевизорда кино кўриш учун кўпам вақт лозим эмас. Интернетдан маълумот олиш ёхуд сканворд ечиш учун катта ақл шарт эмас. Одамлар адабиётдан узоқлашса, маънавият сусайиб, инсон одамдан кўра жониворга яқинлашиб қолиши ҳам ҳеч гапмас. Бир нарса эриш туюлади. Ўн беш-йигирма минг сўмга икки соатлик контсертга патта олган одам уч минг сўмга китоб олса, тишини суғургандек бўлади. (Бундайлар билан кўп марта бақамти бўлганман.) Китоб икки соатга хизмат қилмайди-ку! У ўн, йигирма йил, эҳтимол, ҳақиқий асар бўлса, юз йилга хизмат қилар! Ўзинг ўқимасанг, боланг ўқир, боланг ўқимаса, набиранг ўқир… Менимча, бу ҳол узоқ давом этмаса керак. Одамлар яна барибир китобга қайтади, деб ишонаман.
— Нега ўзбек прозаси ўзбек шеъриятидан доимо ортда юради?
— Саволингизни тушунмадим. Нимаси билан ортда юради? Тўғри, мумтоз адабиётда — ҳазрат Навоийни оламизми, Бобур ё Машрабними — прозадан кўра шеърият тараққий этган эди. Лекин ўтган асрдан бу ёғига ҳисоблайдиган бўлсак, ўзбек прозаси ўзбек шеъриятидан бир қадам ҳам ортда қолган эмас. Катағоннинг қиличидан қон томиб турган замонда ҳам одамлар Қодирийнинг «Ўткан кунлар»ини ўқиган. Ҳатто бутун бир романни ёд олган! Эътибор берган бўлсангиз, сўнгги юз йилликда ўзбек оилалари фарзандларига достон қаҳрамонларининг эмас, роман қаҳрамонларининг исмини қўймоқда. Прозаик асарларнинг тиражи шеърий асарларникидан доимо кўп бўлган. Бу билан шеъриятни камситмоқчимасман.Шоир дўстларимга ҳавас билан қарайман. Фақат проза шеъриятдан орқада юради, деган гап тўғри эмас, демоқчиман. Лекин бир соҳада проза шеъриятдан орқада қолиши мумкин: ўзгаришларга тезкорлик билан муносабатда бўлишда. Яъни бугун қандайдир бир тарихий ҳодиса содир бўлса, эртасига бу ҳақда шеър эълон қилиш мумкин. Чунки шеърият — чақмоққа ўхшаш оний бир лаҳза. У ўша онни абадиятга муҳрлаб қўйиши мумкин. Проза эса илдизи чуқур, танаси бакувват, шохи ва япроқлари кўп чинорга ўхшайди. Шеъриятни сўлим бир бино десак, проза — кўп қаватли, қурилмаси мураккаб иморат: унинг ертўласиям, ҳаммомиям, банкет залиям, меҳмонхона ва балкониям бўлади. Шунинг учун ҳам бундай бинони дарров қуриб бўлмайди. Аммо бу, яна такрорлайман, наср шеъриятдан орқада юради, дегани эмас.
— «Отангни ўлдирганга онангни бер» деган мақолга муносабатингиз?
— Ўзбек халқида андиша деган нозик тушунча бор. Қадимда «Ўчоқбошини ҳеч қачон қўшнининг деворига тақаб қурмагин, ўчоғингдан чиққан тутун қўшнингнинг кўзини ачитса, еган овқатинг ҳаром бўлади», дейишган. Бу — соф ўзбекча андиша. Лекин, афсуски, «Андишанинг оти қўрқоқ», деган тушунча ҳам бор. Мен бу мавзуда куйиниб ёзган эдим. Бир жумласини такрор айтишим мумкин: «Андишасиз азбаройи беандиша бўлгани учун дасти узун, тили бурро бўлса-да, андишали азбаройи андишали бўлгани учун қўли қисқа, тили қисиқ бўлса, одамга алам қилади». Шунинг учун ҳам «Отангни ўлдирганга онангни бер» деган мақол, гарчи кишини андишага чақираётган бўлса-да, унинг замирида мутеълик мавжуд. Бундай тобелик фалсафасидан воз кечиш гаарт. Ўзини ҳақли деб ҳисоблаган, одам, албатта, ҳақиқат учун курашиши керак! «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» китобининг «Фарзандларимга ўгитлар» бобида бир жумла бор: «Шижоатли бўл, аммо андишасиз бўлма. Андишали бўл, аммо шижоатсиз бўлма». Шу билан бирга сиз айтган мақолда бошқа тагмаъно ҳам бор. Бировнииг отасини ўлдириб, она-сини хотин қилиб олган кимса бир умр таҳликада яшашга маҳкум бўлади.
— Сиз ўзингизни тўлиқ англаганмисиз? Умуман ўзликни англаш дегани нима?
— Ҳазрат Навоийнинг ажойиб байти бор: «Эл нетиб топгай мениким, мен ўзимни топмасам…» Одам ўзини тўлалигича англаб етиши мумкинмикин? Билмадим.Мен ҳам ўзимнинг ҳамма жиҳатимни англаб етганман, деёлмайман.
— Қизиқ, нега мардлик ҳақида номардлар, эзгулик ҳақида эса ёвузлар оғиз кўпиртириб гапиришади, одатда?
— Сабаби оддий: инсон ўзида йўқ нарсани бор қилиб кўрсатгиси келади ёки уни бошқалардан излайди.
— Қайси ривоятни хуш кўрасиз?
— Асарларимда ривоятлардан фойдаланишга уринаман. Чунки улар асар моҳиятини, қаҳрамон дунёсини очишга хизмат қилади.Баъзи ривоятларни адиб ўзи яратиши ҳам мумкин. Келинг, шулардан бири — «Йўл бўйидаги дарахт»ни айтиб берай: «Катта йўл бўйида дарахт ўсарди. Иттифоқо, унинг тагига бир йўловчи келди. Кун иссиқ, йўловчи чарчаган эди. Дарахт соясида ўтириб, дам олди. Йўловчи очиққан эди. Қараса, дарахтда мевалар пишиб ётибди. У дарахтга чиқишга эринди, тош отди. Мевалар дув тўкилди. Йўловчи тўйгунча еди. Манзил олис эди. Йўловчи дарахт шохини синдириб, таёқ ясади. Кейин… заҳартанг қилди. Йўловчи дарахт панасига ўтди… Сўнг йўлига кетди… Дарахт бошқа йўловчини кута бошлади. Бу дарахтнинг номи Яхшилик эди…»
— «Одамлар ҳамма нарсадан кўра кўпроқ яхшиликни тез унутиб юборишади», деганди Шиллер. Нега шундай-а?
— Бу, менимча, инсон феълига қусурлардан бири бўлса керак. (Юқоридаги ривоятга ўхшаб.) Чинданам одам қачондир, кимдандир кўрган яхшилигини эсидан чиқариб юбориши мумкин. Лекин кимдандир, қачондир кўрган ёмонлигини унутиши қийин. Эҳтимол инсон боласи ҳамиша меҳрга муҳтожлиги учундир. Нима бўлганда ҳам одам яхшилик қилгани маъқул. Одатда, кимгадир, қачондир, қандайдир яхшилик қилсангиз, унинг ўзидан қайтмаслиги мумкин, аммо бутунлай бошқа томондан, албатта, қайтади. Мен бунга кўп карра гувоҳ бўлганман. Шунинг учун ҳам бировга қандайдир яхшилик қилганда — хоҳ қўлингиз билан, хоҳ йўлингиз билан, жуда бўлмаса, икки оғиз ширин сўзингиз билан кўнглини кўтарганингизда, «Бунинг жавоби нима бўларкин?» деган тамани хаёлга келтирмаслик лозим.
— Нақл борки, ўз кучингизни ҳис қила олсангизгина кучингизга куч қўшилади. Сизнингча, одамга, у ўз кучини ҳис қилиши учун, нималар керак?
— Бу саволга бирёқлама жавоб бериш қийин… Менимча, одамнинг, аввало, нияти холис бўлса, ундан ташқари феълида изчиллик бўлса, бошлаган ишини охирига етказишга қатъий қарор қилса, ўзини имкони борича эзгу ишларга чоғласа, унга ғойибдан ҳам куч ёғилади, шекилли. — Яқин кишингиз Сизни сотса ё алдаса, ундан бутунлай воз кечасизми ё…? — Аввало, қаттиқ ранжийман, дилимда кучли оғриқ пайдо бўлади. Лекин кейинчалик, ўша яқиним билан кўришиб қолганда бўлиб ўтган нохуш ҳодисани ёдга олмасликка интиламан. Воз кечиш эса… Бутунлай воз кечиб кетиш ёки ёвлашиш фикридан узоқроқ бўлган маъқул. Ёвлашиш ҳеч қачон одамга яхшилик келтирмайди. Албатта, кимдир қаттиқ разиллик қилса, жавобини бериш керак. Лекин бир умр ашаддий душманларга айланиш… Менимча, кераги йўқ бунинг. Бунақа нарса умрни эговлайди.
— Бировни ноҳақ ранжитганингизни тушунсангиз, узр сўрайсизми?
— Ғурурим йўл қўймаслиги, узр сўрамаслигим ҳам мумкин. Лекин иложи борича шу одамнинг кўнглидан иштибоҳни чиқариб юборишга уринаман. Яъни маълум муддат ўтгандан кейин қандайдир бир ҳаракат биланми, қандайдир бир иш биланми, ҳеч бўлмаса, икки оғиз ширин сўз биланми, ўша инсоннинг дилидаги ўкинч ёки ранжиш туйғусини чиқариб юборишга ҳаракат қиламан.
— Баҳслашишни ёмон кўрасиз экан. Сабаби?
— Ким айтди мени баҳслашишни ёмон кўради деб?! Аксинча, ҳақиқат учун имкон қадар курашаман. Янгангиз менга: «Сиз бировларни ҳимоя қиламан деб, тез ёниб кетасиз. Бу билан ўзингизга ўзингиз душман орттирасиз, касал орттирасиз», деган гапни кўп айтади. Бир қарашда у ҳақ. Аммо адолатни ҳимоя қилиш ўзини ҳурмат қилган ҳар бир кишининг бурчи бўлгани боис кўпинча лоқайд тура олмайман. 1990 йилда ХХVIII сЪезд бўлди. Бу унинг охирги анжуманларидан эди. Унга Ўзбекистондан мен ҳам делегат бўлиб бордим. Ўшанда Қирғизистонда «Айрим ташкилотлар» қутқуси билан қирғиз ва ўзбек халқлари орасига нифоқ солинган, «Пахта иши», «Ўзбек иши» дея болаларимизни армияда уриб ўлдиришаётганди. Пешанамизга «Босмачининг болалари, порахўр, қўшиб ёзувчи», деган тамғалар босилганди.С]езд мажлисида Ислом Каримов «Пахта иши», «Ўзбек иши» деган гап ўзбек халқига, бутун бир миллатга нисбатан туҳмат эканлигини қаттиқ гапирган эди. Эртасига мен ҳам шу масалада сўзладим. Кейинги пайтда армиядан Ўзбекистонга келаётган «икки юзинчи» юклар (бу темир тобут дегани) кўпайиб кетганини, уларнинг аксарияти Афғонистондан эмас, мамлакатнинг ўзидан юборилаётганини айтдим. Шунда съездда қатнашаётган генераллардан бири: «Сиз совет Армиясига туҳмат қиляпсиз. Генштабдан аниқлаймиз, агар гапингиз тасдиқланмаса, трибунал олдида жавоб берасиз», деди. «Трибунал эмас, лозим бўлса, суд олдида жавоб бераман, мен ҳарбий эмас, делегатман», дея жавоб қайтардим. Генерал кеч соат олтиларда юқоридаги масала юзасидан маълумот беришини билдирди. Ҳақиқатан ҳам у соат роппа-роса ўн саккизда минбарга чиқди. «Ўзбекистонга борган «икки юзинчи» юклар фалонча эмас, пистонча экан», деди. Яъни мен айтганимдан бир оз камроқ чиқди. Лекин залдагилар: «Икки юздан ортиқ ўлим камми, битта солдат боланинг ўлиги борса ҳам, фожиа-ку бу!» деб қичқириб юборишди. Кейин мен яна минбарга чиқдим. «Бояги гапингиз учун мендан эмас, ўзбек халқидан кечирим сўрайсиз», дедим. Бу баҳслашиш эмасми?!
— Сиз учун соғлиқ афзалми ё бойлик?
— Бир қарашда бу бачкана саволга ўхшаб кўринса-да, менимча, сиз уни бежиз бермаяпсиз. Ёшим олтмишга етиб бир ҳақиқатни англадим: кўп ўқиб камбағал бўлгандан кўра, кўп ўқимасанг ҳам бой бўлганинг яхши экан. Айниқса, «бозор иқтисоди»да бойлик катта рол ўйнаркан. Албатта, беш қўл баробар эмас. Биров бойроқ, биров мундайроқ яшаши табиий. Бойлар ёмон ёки камбағал яхши, деган гап тўғри эмас. Бой бой бўлиш учун, албатта, ақлини ишлатган. Лекин бу — камбағалларнинг ҳаммаси азбаройи аҳмоқ бўлгани учун камбағал бўлиб қолган, дегани ҳам эмас… Аммо бойлик деган «неъмат» ҳар доим ҳам ҳалол йўл билан топилавермайди. Бедил ҳазратлари кўп асрлар аввал: «Кисаи ҳеж кас надид пури, То накард ихтиёри кисса бури», яъни: «Ҳеч ким ўз чўнтагин тўлдира олмас, Ўзга киссасига токи қўл солмас», деганлари бежиз эмас. Шу ўринда ғалати бор ҳолат пайдо бўлиши мумкин. Бой чексиз даражада бойиб кетаверса-ю, ҳеч ким ундан шунча давлатни қай йўл билан топдинг, деб сўрамаса, камбағал янаям қашшоқлашиб кетаверса-ю, ҳеч ким ундан нима дардинг бор, деб сўрамаса, яъни орадаги тенгсизлик жари кенгайиб ва чуқурлашиб кетаверса, кунлардан бир кун камбағалнинг хаёлига: «Бой шунча ғазнани қандай қилиб топдийкин, бир жиҳати менинг ҳисобимга эмасми?» деган савол келади. Инсоф билан айтганда, бу савол жудаям асоссиз эмас. Дунёдаги кўп талотўплар мана шундан бошланган. Бу — ташвишланса ва теран ўйлаб кўрилса арзийдиган жиддий муаммо. …Соғлиқ масаласи. Бойлик ўз йўлига, лекин соғлиқ бўлмаса одамга ҳеч нима татимайди. Одам маълум ёшга боргандан кейин бир гапни кўп қайтарадиган бўларкан. (Мен ҳам ҳозир шундайман.) Ҳар куни ётиш олдидан, эрталаб турганда, аввало, Худога шукрона айтиб, сўнг жумлаи мўмин қатори оиламга, ўзимга соғлиқ ато этгин, дея илтижо қиламан. Соғлиқ бўлса, қолган ҳаммаси аста-секин юзага чиқаверади.
— Агар сир бўлмаса: қайси хатоингиз ҳозиргача Сизни қийнаб келади?
— Хато қилмаган одам бўлмаса керак. Мен ҳам хатолар қилганман, ҳаётимда йўқотишлар ҳам бўлган. Ўзим билмаган ҳолда кимларнингдир дилини оғритган, кимларгадир ёмон кўрингандирман. Лекин атайлаб бировларга ёмонлик қилишдан ўзимни тийишга доим ҳаракат қилганман. …Битта хатомни ҳечам кечиролмайман. Ойим: «Кел, болам, бирга суратга тушайлик», деганларида, мен «бу шунчалик шошилинчми», деб кулганман… Орадан бир ҳафта ўтмасдан онам вафот этганлар.
— Ҳаётингиздаги энг кулгили воқеа?
— «Осмондан тушган пул», «Тўйлар муборак» каби китобларимда кўп кулгили воқеалар, ёзувчилар орасида, масалан, Саид Аҳмад ака, Озод Шарафиддинов, Абдуғафур Расулов, бошқа домлалар ва дўстларим билан бўлган беозор ҳазилларимизни қаламга олганман. Албатта, ўзимнинг ҳам кулгили ҳолатларга тушиб қолган пайтларим анчагина бўлган. Бир йили Озод Шарафиддинов, наманганлик дўстимиз, акамиз Нуриддин Бобохўжаев, Умарали Норматов, Субутой Долимов домла Саричелакка бордик. Бу Қирғизистондаги энг сўлим гўшалардан бири. Тоғ тепасида ажойиб кўл бор. Ўн кунча ўша ерда бўлдик. Овқатни ўзимиз қилдик.Соқол олиш, китоб ўқиш йўқ. Ҳатто радио ҳам эшитмадик. Хуллас, «ёввойи» бўлиб дам олдик. Юк машинасида пастга тушдик.Ҳаммаёғимиз чанг-тупроқ, соқоллар ўсиб кетган. Янгиқўрғон тумани марказида бир дўконга кирдик. Сотувчи — чиройли қиз китоб ўқиб ўтирган экан.Озод ака, жуда шўх одам. Ундан «Нима ўқияпсиз?» деб сўради. Қиз бошини кўтарди. Қарадики, бир-биримиздан иркитгинамиз. Жавоб бергиси келмади, шекилли, китобнинг муқовасини кўрсатди. Бу «Одамлар нима деркин» деган менинг биринчи китобларимдан эди. Озод ака «шумлик»ни бошлади: «Бунақа бемаъни китобларни ўқиманг», деди қизга, у ҳам бийронгина экан. «Ўзингиз бемаъни, китобни тушунмасангиз, нима қиласиз ақл ўргатиб», деди. Бизнинг оғиз қулоқда. Бўлмаса-чи, кечагина талаба бўлган йигитчанинг китобини шундай чиройли қиз ўқиб ўтирса! Озод ака менга «Мухлисларинг кўпайиб қолибди», деди-да, сўнг яна қизга юзланди: «Қўлингиздаги китобни мана шу йигит ёзган, истасангиз, сизга дастхат ёзиб беради». Қиз эса менга бир қаради-да, «Тур, башаранг қурсин, шпана!» деди. Довдираб қолдим… Қизни бир бало қилиб ишонтиришди.Исми Шаҳодат экан (аниқ ёдимда қолган.) Китобга «Синглим Шаҳодатхонга…» деб дастхат ёзиб бердим. Шу пайт ичкаридан тилла тишли, галстук таққан бир одам чиқди (магазиннинг директори бўлса керак.) Унга воқеани тушунтиришди. «Паспортинг борми?» деб сўради у мендан. Озод ака: «Опке!», деди аччиқланиб. Югуриб бориб, машинадан паспортимни олиб келдим. Ҳалиги одам бир паспортимга, бир китобга, бир юзимга қаради-да: «Сурати ўзига ўхшайди-ю, лекин башараси ёзувчига ўхшамайди», деди таажжубланиб…
— Нимадан ҳазар қиласиз?
— Икки нарсадан: мунофиқлик ва ҳасадгўйликдан. Мунофиқ балчиқда ўсган қамишга ўхшаб, шамол қаёққа эсса, ўша ёққа қараб шох ташлайди.Шунинг учун унча-мунча шамолга йиқилмайди ҳам.Кўрган бўлсангиз, дурадгорлар ишлатадиган «шайтон» деган асбоб бор. Уни қаерга қўйсангиз, ичидаги симоб қайси томон баланд бўлса, ўша ёққа чиқиб олади. Мунофиқ одамнинг хатти-ҳаракати менга шу «шайтон»ни эслатади. Бундай одамлар қайси томоннинг қўли баландроқ келса, «лип» этиб ўша ёққа ўтиб олади. Қизиғи шундаки, у ўтиб олган томондагилар: «Кеча-ку нарёкда эдинг, нега энди бугун бу томонга ўтиб олдинг?» демайди. Улар эса айнан шундан фойдаланади.Бундай одамларни варрак-ка ўхшатаман.Шамол қаёққа эсса, ўша томонга «шох ташлайди».Қанча баландласа, дардараги шунча қаттиқ гувиллайди.Булар жуда хатарли кимсалар. Фойдаси тегиб турган одамнинг бугун товонини ялайди-да, эртага фойдаси тегмай қолса, юзига тупуришдан ҳам уялмайди! Ҳасадгўй эса унданда хавфли.Бунақалар қутурган итга ўхшайди.Қутурган ит-ку, дуч келганни қопади.Булар эса танлаб-танлаб яхшиларни абгор қилади. Таассуф билан айтиш керакки, қатағон йиллари Қодирий, Чўлпон, Фитрат ва бошқа истеъдодли зиёлиларнинг қурбон бўлишида ўз ҳамкасбларининг ҳам бевоси
та бўлмаса-да, билвосита «улуши» бўлган. Бунга бир томондан замона зайли, иккинчи томондан ҳасад ҳам аралашган.
— Тилингиздан панд еган пайтларингиз кўп бўлганми? Бундан чиқарган асосий хулоса?
— Бўлган. Баъзан айтиш керак бўлмаган гапни айтиб қўйиб, баъзан қизишиб… Хулоса шуки, инсон иложи борича оғирроқ, вазминроқ бўлса, фойдадан холи эмас. Баъзи ҳамкасбларимга ҳавасим келади: улар шахматчига ўхшайди. Битта гапни айтади-да, унга тўртта жавоб қандай бўлишини олдиндан билган ҳолда, бешинчи жумлани тайёрлаб қўяди. Менда бундай фазилат йўқ шекилли. Ноҳақликни кўрсам, индамай туролмайман. Шу қусурим туфайли кўп азият чекканман. Аммо хануз феълимни ўзгартиролмайман. Начора…
— Бир нарсага ҳайронман: инсон, ўзига насиб этганларидан роҳатланмай, мудом насиб этмаган нарсалар хусусида оҳ чекаверади. Шу хусусда нима дейсиз?
— Бу ҳам инсоннинг феълига, хусусиятига боғлиқ нарса. Албатта, одам олган ҳар бир нафаси учун, ўтган ҳар бир куни учун, ичган бир қултум суви-ю, еган бир бурда нони учун ёки кичкина бўлса ҳам, қилган хайрли юмуши учун Худога шукрона қилиши керак. Лекин одам барибир, олдинга талпинади, нимагадир эришишга ҳаракат қилади. Аслида гап нимага интилишда-ю, мақсад сари қай йўл билан боришда…
2003 йил.