Rustam Xudoyqul. O’tkir Hoshimovga aytolmagan gaplarim…& Rustam Xudoyqul haqida «Umr daftari» teledasturi (2021)

067 Менинг курсдошим, таниқли журналист ва ёзувчи бўлмиш Рустам Худойқуловнинг атоқли адиб Ўткир Ҳошимовга бағишланган эссесини ва курсдошимнинг ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилувчи «Умр дафтари» телекўрсатувини тақдим этаман.

Рустам ХУДОЙҚУЛ
ЎТКИР ҲОШИМОВГА
АЙТОЛМАГАН ГАПЛАРИМ


044 Таниқли журналист ва ёзувчи Рустам Худойқулов 1951 йили Бўка туманида  туғилган. Тошкент Давлат (бугунги Миллий) университетининг журналистика факультетида таҳсил олган. Узоқ йиллар республика, вилоят ва туман оммавий нашрларида, давлат бошқаруви тизимларида фаолият юритган.«Ғаройиб қиёфалар», «Сирли тобут», «Бир жиноят тарихи» ва бошқа китоблар муаллифи.


Ассалому алайкум, устоз Ўткир ака.
Ўшанда, 1976 йилнинг куз кунларидан бирида Сиз билан тасодифан учрашиб қолмаганимда, келгуси тақдирим қандай кечарди деб, кўп ўйлайман. Тасодифнинг ҳам ўз қонуни бор дейишади. Балки шундайдир. Аммо ўшанда, кечагина армиядан қайтган, чўнтагида сариқ чақаси йўқ, ҳали у – ҳали бу талабалар ётоқхонасидаги дўстларининг паноҳида жон сақлаб, тентираб юрган бир қишлоқ боласидан ҳол сўраган биргина Сиз бўлдингиз-да, устоз.
… Бундан икки йилу беш ой муқаддам “Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги – Сельское хозяйство Узбекистана” журнали таҳририятига иш сўраб боргандим. “- Ёзишга қўлингиз анча келиб қолибди, — деди муҳаррир мен тақдим қилган газета қирқимларини кўздан кечираркан, — дастёр штатига оламан, аммо мухбирлик қиласиз, маоши фаррошникидан ҳам кам. Имкон даражасида гонорар берамиз, келишдикми?”. Кечки бўлимда ўқийдиган бўлғуси журналист учун бу, айни муддао эди. Бошда ҳаммаси бинойидек кетаётгандек эди, аммо ғўзага ҳаводан кимёвий ишлов берадиган бир аэродром ҳақида танқидий мақолани ёздиму, бошим балога қолди. “- Ҳали жуда ғўр экансиз, пахта – бу сиёсат, ука, — деди мақоламни столимга зарда отиб ураркан, бўлим мудири, – аэродром аҳоли пунктига яқин, одамлар заҳарланиб касал бўляпти, болалар ногирон туғиляпти, экология муаммолари, яна алламбалоларни ёзибсиз… ҳамма — аҳмоқ, битта сиз — ақлли, инсонпарварсиз, шундайми?! Ҳамма пахта фронтига деган шиорни эшитгандирсиз?! Фронт эса қурбонсиз бўлмайди. Ғирт сафсатадан иборат мақолангиз таҳрир ҳайъатидан ўтмади”. Мен мақолани бу сафар масъул котибнинг шахсан ўзига топширдим ва босиб чиқаришларини илтимос қилиб, фикримда қатъий туриб олдим. У ҳам қатъий қилиб эшикни кўрсатди. Кейин билсам, бу биринчи “қўнғироқ” экан. Иккинчи — учинчи “қўнғироқ” битта бўлиб, биратўла бўрон-довул билан бирга келди ва чин маънода мени минглаб километр нарига чирпирак қилиб учириб юборди… Баҳона ҳам топилди. У мени шундоққина, эшик ёнида пайт пойлаб турган экан. Келинг, бир бошдан Сизга айтиб берақолай. Ўша замонларда радио орқали ҳар куни соат 13.00да чорвадорлар учун эшиттириш бериларди. Мен соҳа янгиликларини эшитиш учун хонамиздаги деворга ўрнатилган миттигина радиокарнайнинг мурувватини бурадим. Худди шу вақт хонамиздаги эшик ёнида ўтирадиган хатлар ҳисобчиси — статист бўлиб ишлайдиган рус миллатига мансуб қизимиз кириб келди ва радиони ўчирди. Мен нима гаплигини тушунмай, унга: “- Соҳамизга оид эшиттириш бериляпти, бунинг устига тушлик пайти бўлса, нимага ўчирдингиз?”, — дедим ва жавобини кутмай радиони яна ёқдим. У энди беписандлик ва жаҳл билан радио симини электр токидан суғириб олди-да: “ – Аллақандай чет тилидаги эшиттиришни нега тинглашим керак, мен истамайман, гап тамом”, — деди. Мен ҳам бўш келмадим, “Бу чет тили эмас, ўзбек тили, уни эшитиш таъқиқланмаган, синглим, бирпас эшитайлик, ҳозир тугайди”- дедим ва яна радиони уладим. Бояги аҳвол яна такрорланди. Журналимиз рассоми, ёши каттароқ отахон менга насиҳат қилди: “ – Ука, ўзи бошингизда бусиз ҳам қора булутлар айланиб юрибди, қўйинг, ўчакишманг. Тинчгина ўтиринг, биз ҳам уриниб кўрганмиз, қўйинг, кераги йўқ”. Мен ҳам қайсар эмасманми, радиони яна уладим ва қизчага юзланиб, босиқлик билан дедим: “- Яна бир марта ўчирсанг, ўтирган жойингдан коридорга учиб чиққанингни билмай қоласан”. Қаёқда, у яна симни юлиб ташлади. Мен ҳам сўзимни исботлаш учун шартта ўрнимдан туриб, у томонга икки қадам қўйганимни билан, қизча чунонам додлаб, қичқирдики, Навоий, 30 да ишлайдиганларнинг ярми йиғилиб келди. Тумонат одам. Ким қизчанинг юзига сув сепган, ким “Тез ёрдам”ни чақирган, ким қизчани сўроқ қилган. “- Шу йигит мени деразадан улоқтириб юбормоқчи бўлди”, — деди у “ўзига келгач”, менга қўлини бигиз қилиб. Шу куниёқ номим “миллатчи”га чиқди-қўйди. Кетма-кет ўтказилган йиғилишларда ўзим билмаган “айб”ларимни эшитиб, гангиб қолдим. Ўша вақтлардаги комсомол сафидан чиқарилдим, жамоат ташкилотларидан ўчирилдим. Энг ачинарлиси, кўпчилик жамоадошларим пана-панада ачиниб, ҳақ эканлигимни айтишган, “ҳамдардлик” билдиришган бўлса-да, аммо бирортаси менинг ёнимни олмади.
Аммо бу кўргиликлар ҳам ҳали ҳаммаси эмас экан. Орадан бир ҳафта – ўн кун ўтиб, босмахонага бориб, тушга яқин ишхонага келдим. Эшикдан киришим билан рассом отахон ёнимга пилдираб келдида қулоғимга пичирлаб, “- Милиция ходимлари сизни излаб келишди, тез яширининг”, — деди. Унга “- Нега яширинаман, жиноятчи эмасманку, бирор англашилмовчилик бўлса керак”, — деб улгурмасимдан эшикдан милиция кийимидаги икки киши кириб келди-да, менга юзланиб, фалончимисиз, деб сўради. Жавобимни эшитишгач, улардан каттароғи бўлса керак, “- Сиз биз билан туман ҳарбий комиссариатига боришингиз керак!” – деди. Мен 15-20 кун муқаддам чақирув участкасига борганимни, тиббий кўрикдан ўтганлигимни, юрак ҳасталиги билан яна навбатдаги отстрочка беришганини тушунтирмоқчи бўлдим. Аммо улар “ — Бизнинг вазифамиз сизни ўша ерга олиб бориш, қолгани билан бизнинг ишимиз йўқ”, — деб туриб олишди. Ҳарбий комиссариатда аввал текинга сочимни қиртишлаб олдиришди, кейин бир ўзимни наридан-бери тиббий кўрикдан ўтказиб, қўлимга ҳарбий билет тутқазишди. Хуллас, мени вақтинча Тошкент шаҳар ҳарбий чақирув пунктига, қоровулга тайинлаб, эрталабгача қамаб қўйишди. Эртаси куни тонгги соат 6.00 да ҳарбий эшелон жўнаб кетиш арафасида, “ётиб қолганча – отиб қол” қабилида ҳарбий комиссарга арз қилдим: “ — Университетни тамомлашимга бир йил қолди, ўзим илтимос қилганимда ҳам касал, тинчлик вақтида ҳарбий хизматга яроқсиз, деб қолдиргансизлар, ота-онам қишлоқда, хабарлари йўқ, хайрлашиб келишга рухсат беринг”. “Сен дезиртирсан, менга раҳмат дегин, ҳалиям “дисбат”гамас, ҳарбий хизматга жўнатяпман, — деди у сигаретини бурқситаркан, чарм папкасидан бир варақ қоғоз олиб менга кўрсатди, — устингдан шикоят тушган”. Энди бирор нарсани исботлаб беролмаслигимни тушундим, қолаверса, ота-онамнинг тинчини ўйлаб, наилож, тақдирга тан бердим. Азонда шимолдаги узоқ ўлкалардан бири томон йўл олган поездда ўтирардим. Қисқаси, икки йил узоқдан – узоқ, Ўрол тоғлари“Каргала” станцияси яқинидаги ҳарбий қурилиш батальонида мардикор бўлиб ишлашим лозим эди. Аммо ярим йил нималаргадир аччиқ қилибми, ўзимча кимлардандир ўч олмоқчи бўлибми, ишқилиб, сон-саноқсиз аристонлар (ҳарбий қисмдаги аскарларнинг ҳам қарийб ярми қамалиб чиққан ёш йигитлар эди) орасида газ заводи қурилишида ишладим. Кейин рус тилини ва машинкада ёзишни яхши билганлим қўл келиб, штабда иш юритувчиликка тайинландим. Сал олдинроқ эса юртимга бориб, ўқишимни тамомлаб хизматни давом этдириш тўғрисида буйруқни кўрганимда йиғлаб юборгандим. Барибир ҳақиқат бор экан ва мен унинг ҳаққи – ҳурмати уйга қайтишдан бош тортдим. Қолаверса, ўша пайтда ҳарбий хизматни тўлиқ ўтамай қайтиб келган йигитларга, касали бор экан деб қизлар турмушга чиқмасди. Менинг ҳам аҳдлашган севгилим бор эди, шу сабаб қишлоққа муддатидан олдин қайтишга ор қилдим. Қизнинг отаси эса, “ўқиган қизимни камбағалга бераманми?..” деб, барибир уни бойвачча амалдорнинг ўғлига узатиб юборди.

Армиядан қайтиб келгач, табиийки, олдинги ишимни беришмади. Бош муҳаррир ўзининг янги ишга келганини баҳона қилиб, ўринбосарига рўбарў қилди. Ўринбосар: — “Укажон, ўрнингизга бир “катта одам”нинг қизини олгандик, уни бўшатолмаймиз. Сиз ишдан ўз ихтиёрингиз билан бўшаш тўғрисида ариза ёзиб беринг, мен сизга олдингисидан ҳам зўр жойни топиб бераман”, — деб алдади. Кап-катта йигит, бунинг устига ўн бир жонни бир ўзи боқаётган отамдан пул сўрамаслигим кундай равшан эди, албатта. Эски ҳунарим иш берди, “Муштум” журналига “Бир қайнов ичидаги гаплар”ни ёза бошладим. Бир ойда 40 — 50 сўмгача қалам ҳақи беришарди. Яна бир қулай томони, ҳар 15 кунда қўлимга пул тушади. Шу орада иш дараклаб бормаган жойим, кирмаган эшигим ҳам қолмади, ҳисоб.
Ўткир ака.
Ана шундай кунларнинг бирида, тақдир Сизни менга рўбарў қилди. Гонорар бериладиган нашриёт кассаси ёнида тизилиб турган турнақатор навбатнинг охирига бориб, жойимни эгалладим. Бу ердагиларнинг кўпчилиги таниқли одамлар эди. Уларнинг сафида мен ҳам борлигимдан очиғи, ич-ичимдан ғурурландим. Янги чиқадиган газетанинг хомаки нусхасини диққат билан кўздан кечираётган олдимдаги одамга энг охирида разм солдим. Шу заҳоти уни танидим ва ҳудди ҳозир унга тегиб кетадигандай ортга сурилдим. Бу Сиз эдингиз, Ўткир ака! Бундан икки йил илгари учрашганимда қандай бўлса –ўшандай, бироз оқ сочлар кўпайгандек туюлди. Бирдан вужудимни хаяжон босди. Қани энди ортимда бирталай одам бўлса-ю, мен шу тобда навбатнинг охирига ўтиб олишга мингдан-минг рози эдим. Бунинг сабаби бор эди, албатта. Бундан икки йил муқаддам “Тошкент университети” газетасида жимиттай “оқ йўл” ва суратим билан босилган “Ҳар баҳор…” номли ҳикоямни қандай ҳаддим сиғди, билмадим, Сизга олиб келиб кўрсатгандим. Сиз мени эски қадирдонлардек, ғоят самимий табассум билан кутиб олдингиз. Қишлоқ боласи эмасманми, буни ўзимча тушуним ва дангал мақсадга ўтдим: “ – Мендан ёзувчи чиқармикан, шуни айтиб берсангиз?”, — дегандим ўйлаб-нетиб ўтирмай. “ – Шу газетада босилган экан, демак, Озод аканинг назаридан ўтганлигини ўзи катта баҳо, – дедингиз кулимсираб. – Вақт топиб бир ўқиб чиқиб, бафуржа ўтириб гаплашамиз, бўладими?”. Кейин қилган ишимдан минг пушаймон бўлдим. Ўзи нечта ҳикоя ёзиб қотириб қўйгансанки, ўйламай-нетмай Ўткир Ҳошимовдай буюк ёзувчига учрашиб, вақтини олдинг, бола, деб ўзимни койидим. Унинг олдига қайтиб бориш ҳақида-ку, гап ҳам бўлиши мумкин эмасди… Қисқаси, бир хаёлим навбатдан сирғалиб чиқиб, жуфтакни ростлаб қолмоқчи ҳам бўлдим. Аммо трамвайга ҳам йўлкираси йўқ одам шу тобда қаёққа ҳам борарди. Ўз- ўзимга таскин бердим: “Сендақа хом-хатала “асар”ини унга кўтариб борадиганларнинг сони – саноғи йўқдир, мени ҳам ёдидан чиқариб юборганлиги, аниқ”. Хижолатпазалик бироз ортга сурилгандек бўлди. Шу пайт кутилмаганда Сиз мен томонга ўгирилдингиз. Салом бердимми, йўқми эслолмайман. “Ижодлар қалай, Рустамжон, кўринмай кетдингиз?” – деганингизни эшитдиму, жавобан тилимни учида турган гапни айтдим: “Менга иш йўқ, Ўткир ака”. Азага борган хотин ўз дардини айтиб йиғлайди деганлари мен бўлдим. Юзимга бир зум тикилдингиз-да, “Иш йўқ бўлса, биз бормиз-ку,” дедингиз ним табассум билан ва яна газетани ўқиш билан машғул бўлдингиз. Бу шунчаки, омади бир гап бўлса ҳам кўнглимнинг аллақаерида ёруқлик пайдо бўлди. Шу орада, мана-ман деган ижод аҳлига жуда яхши таниш, қачон бўялгани номаълум бўлса ҳам барчага чиройли кўринадиган кичкинагина дарча олдига ҳам етиб келдик. Сизнинг ортингиздан қамоқхона эшигининг тирқишини эслатадиган тешикдан таомилга кўра қош-кўзлари бўялган, сочлари алламбало кўринишда турмакланган, қимматбаҳо атир ифори анқиб турган соҳибжамол опахонга тиржайиб, рус тилида салом бердим. Опанинг кўнгли нозик эканлигини бу ерга бир марта бўлса ҳам “иши” тушган одам билади. Арзимаган баҳона билан “Бу газетадан рўйхат ҳали келгани йўқ” ёки “Сизнинг фамилиянгиз рўйхатда йўқ”, “Пул тамом бўлди, банкка бориб келаман” деган жавобни эшитиб, яна албатта, раҳмат айтиб, чапанича айтганда “11-трамвайда” ортингизга қайтиб кетишингиз ҳам ҳеч гап эмасди. Шунинг учун бир кўзим нарироқда кимлар биладир гаплашиб турган, Сизда, бир кўзим ва икки қулоғим дарчада эди. “Қайси газета?” – деган саволга “- Муштум” журнали” — деб мактаб ўқувчисидай жарангдор оҳангда, аниқ жавоб бердим. Гонорар мен кутганимдагидан ҳам кўпроқ эди. Бир даста пул кайфиятимни бирдан кўтариб юборди. Ишга кириш ташвиши ҳам ортга чекинди. Бу пул кам деганда, нақд уч ой “Китоблар пассажи” дўкони рўбарўсидаги, авом тилида “Артистлар кафеси” деб ном олган ошхонада кунига 2 марта гўштсиз лағмон олиб ейишимга етиб, ортиб ҳам қоларди. Бирдан қорним очгани сезилди. Шундоқ, ёнбошимда 4-5 киши билан гаплашиб турган, Сизнинг товушингиз эшитилиб тургани учун кетворишга виждоним йўл қўймади. Сиз зални тарк этмаганингизгача кутишга қарор қилдим. Вақт –олий ҳакам деганларидек, шу озгина фурсат мени “эсимни” киритди, чин маънода эски чориғимни эслатди. Боягина, бир арава беда ғарамидай кўринган чўнтагимдаги пул сузилиб, бир тутамга айланди. Бу пулнинг ярмини тиббиёт институтида ўқиётган укамга беришим, шифохонада ётган онамни ул-бул олиб, бориб кўришим кераклигини ва оёғимдаги армиядан кийиб келган ботинкага кўзим тушгач, яна Сизни излаб қолдим. Сиз боягидан ҳам нарироқда, кимлар биландир давра қуриб, гаплашиб турардингиз. 6-7 метрлик масофада таққа тўхтадим. Гарчи кўзингиз менда бўлса-да, турли гумон ва шубҳалар бошимда чарҳ урарди: “Ўткир ака шунчаки айтган гапига ёпишиб олишим тўғримикан.., ишга киргизиб қўяман, деб дангал айтгани йўқку.., вақтим бемалол, кабинетига кириб кетгунча таъқибни давом этдираман, чиқмаган жондан умид”. Хуллас Сиз яна газета корпусига ўтганча яна бир –неча бор тўхтаб одамлар билан гаплашдингиз, мен эса масофани бузмай соядай эргашиб боравердим. Учинчи қават коридори бўм-бўш эди. Сизнинг ортингиздан эргашиб борарканман, энди қилган ишимдан асойдил пушаймон бўлдим. Ҳозир ортига қайрилиб, “Менда ишингиз бормиди, ука”- деса, нима деган одам бўламан. Бир эшик олдида сиз таққа-тўхтадингиз ва эшикни очдингиз, мен ҳам шартта ортимга бурилдим. Шу пайт Сизнинг “Шу хонага киринг” деган овозингизни эшитдим. Бу ерда мендан бошқа одам бўлмаса-да, бироз меровланиб турдим-да, олдингизга югуриб эмас, учиб бордим . Сиз ўша-ўша, саҳифадан кўзингизни узмай очиқ эшикни дастагини ушлаб турардингиз. “ — Шу хонада ишлайсиз” , — дедингиз менга йўл бераркансиз. Ортимдан эшик беркилди. Хона кенг-мўл, шинам ва ёруғ эди. Тўрт бурчакда тўртта иш столи бўлиб, унинг бирида ўрта ёшлардаги рус миллатига мансуб аёл ўтирар эди. “Сизга ким керак эди?”, — сўради опа. “Ўткир Ҳошимов менга шу хонада ишлайсан деди”, — дедим бегонасираб. “Ҳошимов айтган бўлса, демак шу ерда ишлайсиз. Ана шу бўш турган стол сизники, марҳамат, ўтиринг”, — опа эшик олдидаги столга ишора қилди. У ўзини Адайкина Эльвира Сергеевна деб таништирди. “Тошкент оқшоми – Вечерний Ташкент” газеталарининг информация бўлими мухбири бўлиб ишларкан. “Бўлим мудирингиз Абдулла Пўлатов ўта қаттиқўл, қўрс ва баджаҳил одам, — Эльвира опа менга бир пиёла чой узатаркан, шарт-шароитни тушунтирган бўлди – Сизгача кўпчилик ишга келган йигитлар унинг синовига дош беролмай, қайтиб келишмади. Ўз ишининг устаси, аммо у билан келишиб кетиш”…- худди гап шу ерига келганида эшик шарақ этиб очилиб, хонага қорамағиз, новчадан келган, анча уринган костюм-шим кийган, қотма киши кириб келди. У штоб билан юриб бориб, тўрдаги столга ўтирди-да, ён чўнтакларидан увадаси чиққан ёндафтарча, бирталай тартибсиз букланган қоғоз ва газеталарни чиқариб столга ташлади. Элвира опа пириллаганча жойига бориб ўтирди. Мен бўлғуси бошлиғим Абдулла Пўлатов шу киши эканлигини аллақачон англаб, икки марта салом берсам ҳам алик олмади. У менга эътибор бермай, аёлга юзланди : “Ўзимга қойилман. Тушгача икки кунлик информацияни йиғиб келдим. Яна иккита репортажга етадиган маълумат қўлимда. А лаббай”. Аёл бу гапларга пинагини ҳам бузмай, мени кўрсатиб деди: “ — Бу йигитни Ҳошимов олиб келди, тушундингми, Ҳо-ши-мов! Бўлимингда ишлар экан”. “Ростдан Ўткиржон айтдими? Удай бўлса танишайлик”, – Абдулла ака мен билан қўл бериб кўришди. Аввал, насл- насабимни суриштирди, кейин қаерларда ишлаганимни сўради. Жавобимни эшитди-ю, тутақиб кетди: “Бу нашрларда информация ёзишни билишмайди, бўлмайди, демак, сиз ҳам ёзишни билмайсиз”. Мен вазиятни юмшатиш учун уни мақтамоқчи бўлдим: “Энди устоз, мен сизга шогирдликка келдим…” гапим оғзимда қолди. “Менга шогирд керак эмас ва бу ер шогирд тайёрлайдиган жой ҳам эмас- унинг баттар жаҳли чиқди, сигарета тутатди. — Менга бугуноқ, йўқ, ҳозироқ газетабоп информация ёзаоладиган ходим керак. Лекин сизга биринчи кун бўлгани учун имконият бераман. Эртага тушгача менинг столимга майли, ҳозирча бешта информацияни тахлаб қўясиз. Кейин, менга қўлини қовуштириб, муллаваччага ўхшаб турадиган мухбир эмас, вақти келганда тенгма-тенг бахслашадиган, тортишадиган, ўз фикрига ишонтираоладиган мухолиф керак. Иш вақтида мен сизга дўст эмасман, меҳмондорчиликда бошқа гап”. Шундай қилиб, сизнинг шарофатингиз билан менга бир ойлик синов муддати белгиланиб, ахборот бўлимида иш бошладим. Бу мендек иш тополмай, тентираб юрган одам учун тақдир инъомидан бошқа гап эмасди. Ўша пайтда “Тошкент оқшоми” газетасида ишлаш баъзибир республика таҳририятида ишлашдан ҳам нуфузлироқ эди десам, нотўғри бўлмаса керак. “Тошкент оқшоми” – менинг тасаввуримда қайнаб турган қозоннинг ўзгинаси бўлиб, унга тушганингдан кейин қайнашинг шарт, акс ҳолда кўпикка айланишинг турган гап. Мени эса кўпикка айланишга мутлақо ҳаққим йўқ эди. Чунки менга кимсан, Ўткир Ҳошимовнинг ўзи ишонч билдирганди. Таҳририятда ишлаб кетиш мен учун тўғри маънода ҳам, кўчма маънода ҳам ҳаёт-момот масаласи эди. Менинг назаримда, бир ҳафтада газетанинг 6 та сонини гумбиллатиб чиқараётган журналистлар жаҳаннам ўртасида сўлим боғ-роғлар яратиб, бошқаларнинг ҳавасини келтираётган фаришталарга ўхшарди. Тошкентдай пойтахти-азимда бугун юз берган воқеаларни эртага қолдирмасдан газетага муҳрлашни уддалаган камсонли жамоани яна нимага ўхшатиш мумкин. Нари борса икки қоғозлик, бор-йўғи 4-5 та ахборотни топиш учун 90 жойга қўнғироқ қилиб, ҳеч бўлмаса иккитасини жойига чиқиб аниқлаб, яна ўқимишли қилиб ёзиш учун эрталабдан тушгача вақт ажратилади. Эртага топшириладиган, тўғрироғи, топширишингиз шарт бўлган репортажнинг хомаки матни бу ҳисобга кирмайди. Ҳали яна мақолага оид суратни цинкографиядан чиқишини пойлаш ва остига матн ёзиш ҳам бор. Ҳар куни эрталабки летучка ва тушдан кейинги режалаштириш йиғинларини айтмаса ҳам бўлади. Ҳафталик якунлари беаёв ижодий бахс-мунозараларга айланадики, бошда, айримлар бу гаплардан кейин умрбод юзкўрмас бўлиб кетса керак деб ўйлардим. Янглишган эканман. Соғлом ижодий рақобат, ҳақ гап, самимийлик, янгиликка интилиш, изланиш ва тўғри танқид жамоани янги муваффақиятлар сари етакларкан. Ҳайратланарлиси шундаки, газета ходимлари шунча ишни қойилмақом қилиб бажариб, яна бир пиёла чой ичишга, гурунглашишга, латифа айтишга ҳам улгуришаркан…Бунинг устига журналистларнинг аксарияти наср ва назмда баракали ижод қилиб, китобларини қай вақтда ёзишлари менга сир бўлиб қолди.
Орадан кунлар ўта бошлади. Иштиёқ кучлилигиданми, ҳартугур, ишни анча эплаштириб олдим. Ўзимни тутиб олишимда таҳририят ходимлари, айниқса, саноат бўлимида ишлайдиган қадирдон дўстим, курсдошим Тўхтамурод Тошевнинг ёрдами беқиёс бўлди. Шу орада синов муддати ҳам ниҳоясига етди. Бўлим бошлиғининг розилигини олгач, мени ўзингиз Бош муҳаррир Саъдулла Кароматов ҳузурига бошлаб кирдингиз.
— Шу йигит ишлаётганди-да, Саъдулла ака, — дедингиз ва эшик олдида турган мени имлаб чақирдингиз.
— Газетада кўряпман, бир янги фамилия пайдо бўлиб қолди, шу йигит экан-да, — деди раҳбар кўзойнагини олиб қўйиб, бошдан – оёқ менга синчиклаб назар соларкан, бир муддат жим қолди.
Мана шу бир неча сония ичида кўнглимдан нималар ўтмади. “Саъдулла ака мана-ман деган журналистларни ҳам ишга олмаган, сендақа студентга йўл бўлсин, яна шаҳар пропискаси ҳам йўқ”,- деганди кўпни кўрган ходимлардан бири. Шуни ўйлаб пешонамдан муздек тер чиқди. “Столида “Шахсий иш”им ҳам кўринмайди, демак, ишга олмайди”, — деган қатъий хулосага келдим.
— Менимча тортиб кетади, Саъдулла ака, — кутилмаганда луқма ташладингиз. Бу таклифдан маслаҳат оҳанги аниқ билиниб турарди.
— Шу болага сиз ишонасизми, Ўткиржон? — деди кўзингизга тик боқиб Саъдулла ака.
— Ишонаман, — ҳудди шу саволни кутиб тургандек, киприк қоқмай жавоб бердингиз.
— Мен ҳам ишондим, — деди раҳбар ва янги чиқадиган газетанинг ёйиб қўйилган саҳифаларидан бирига тикиларкан, стол устидаги радио-телефон мурувватини босди. Ундан микрофон шовқини ва хириллаган товуш эшитилди.
— Эшитаман, Саъдулла ака.
— Абдуғани, учинчи саҳифадаги суратни бурчакдан олиб, ўртага қўйинглар, катталаштиринглар дегандим, бўлдими?
— Бўлган, Саъдулла ака. Босмахонадан тузатилган саҳифани ҳозир олдим. Саҳифа анча очилибди, Саъдулла ака. Кўрарсиз, сизга жўнатдим.
Шундан кейин Бош муҳаррирнинг мен тўғримда Сизга айтган гаплари боягина хаёлимдан ўтган фикрлар нечоғлик нотовон ва асоссиз эканлигини кўрсатди. Мен Саъдулла Кароматовни оқшомчилар ҳам, шу 14 қаватлик бинода ишлайдиганлар ҳам, қолаверса, ҳукумат одамлари ҳам нима учун ҳурмат қилишларини билиб олгандек бўлдим.
— Ўткиржон, кадрлар бўлимига айтинг, бу ходимга синов муддати бошланган кундан буйруқ ёзсин, талаба эканлигини ва оилада 9 нафар фарзанд борлигини инобатга олиб ижтимоий фонддан бир ойлик маоши миқдорида ёрдам пулини ҳужжатлаштирсин, — деди раҳбар Сизга ва менга юзланиб сўзини давом этдирди, — Сиздан эса ташаббускорликни кутаман.
Шундай қилиб, 1976 йилнинг октябр ойида “Тошкент оқшоми” газетасининг информация бўлимида журналистик фаолиятимни бошладим. Кимсан, кейинчалик Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саиднинг “Информация қироли” шеъри орқали бутун республикага маълум ва машҳур бўлган Абдулла Пўлатовнинг қўл остида ишлаш нақадар масъулиятли эканлигини бошқалар билмаса ҳам ОАВ ходимлари яхши билишади.
Бош муҳаррирнинг қаттиққўлиги туфайлими, тартиб-интизом одатга айланганми, ишқилиб, иш вақтида барча иш билан банд бўларди. Барча иштиёқ билан ишларди. Журналистларда тиним йўқ эди. Газетанинг рейтинг кўрсаткичи шундан баландмикан?! Буни салмоқлироқ мақоламиз босилганида газета дўконидан навбатда туриб ҳам ололмаганимиздан билса бўларди. Республика вилоятларидан обуна қилишларини сўраб юзлаб, минглаб хатлар келарди. Хатлар бўлими уларга жавоб ёзиб улгиролмаганлиги учун бизлар ҳам қарашардик. Кўпинча хат орасида обунага пул юборишарди. Улар эгаларига битта қўймай шундайлигича қайтариларди. Адади кўпайиб кетишидан қўрқишармиди, ҳарқалай, ўша вақтда бу газетага вилоятларда обуна бўлиш қатъиян таъқиқланганди. Хуллас, кечки соат 16.00 билан 17.00 орасида Бош муҳаррир ўринбосари хонасида кейинги сон режалаштирилгандан кейин “босим” пасаярди. Кўпинча Сизнинг хонангизда суҳбатлашиб ўтирардик. Буни майдалаб айтишимга бир жиддий сабаб бор. Сиз билан тушган бирон бир сурат йўқ экан, шекилли, тополмадим. Алам қиладигани эса, бу суҳбатларнинг деярли ҳаммасида газета фотожурналисти Салимжон Маҳкамов иштирок этар ва фотоаппарати шай ҳолатда бўйнига осилган бўларди. Бир марта “чиқ” этиб олса бўлмасмиди?! Албатта, бу нарса ҳеч биримизнинг ёдимизга келмаган. Афсус. “Келинг, Ўткир ака, бирга суратга тушайлик” дейишга эса ҳаддим сиғмаган. Бу ҳам майли, шахсий кутубхонамда Сизнинг дастхатингиз ёзилган битта ҳам китоб йўқлигини кўриб, “дод” дегим келади. Ўша кезларда янги босмадан чиққан “Нур борки, соя бор” китобингизга вақтингизни олиб, камида 40-50 нафар одамга дастхатингизни ёздириб олган эдим-да! Ўзимга ҳам битта ёздириб олсам бўлмасмиди? Бўларди. Лекин тан олиб айтаман, ўша одамларга “Мен Ўткир Ҳошимовни танийман, бирга ишлайман” қабилида мақтангим келган бўлса керак. “Кўрмаганни кўргани қурсин” деганлари шу бўлса керак-да. Ҳозир, шу сатрларни ёзаётганимда ёдимга тушди, булардан баттари ҳам бор экан, устоз.
Аниқ ёдимда, 1977 йил 28 май куни эди. Армиядан қайтиб келганимга бир йил тўлган сана бўлганлиги учун яхши эслаб қолганман. Телефон қилиб, мени хонангизга чақирдингиз ва сўрагандингиз:
— Рустамжон, Журналистлар уюшмасига аъзо бўлганмисиз?
— Йўқ, Ўткир ака. Бунга арзийдиган иш ҳам қилганим йўқ.
— Кимсан, Абдулла Пўлатовдай журналист билан чиқишиб, ишлаб кетган одамни уюшмага олса бўлади. Бўлим мудирингизни ўзи тавсия қилди.
Хуллас ҳужжатларни тайёрлаб бўлгандан кейин уч донадан сурат кераклиги маълум бўлди. Иккаламиз бошлашиб икки эшик наридаги газетамиз фотомухбирининг хонасига келиб, олдинма кейин суратга тушдик. Бирга суратга тушайлик дейишга яна журъатим етмади. Аттанг. Сизнинг шарофатингиз билан, яна бир кунда Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига аъзо бўлганлигим менга бир умрлик эсдалик бўлиб қолди. Унинг қадри мен учун жуда баланд эди. Биринчидан, мен ҳали олий маълумотли журналист дипломини қўлимга олмаган талаба эдим. Иккинчидан эса, бу кунларга етиб келгунча “кўплаб машаққатларни бошдан ўтказдим” дейишга-ку, чиндан ҳам арзимайдиган, аммо айрим қувончли ва ташвишли кунлар бўлиб ўтганлиги рост.
Келажакда ким бўлишидан қатъий назар волидаи муҳтарамасига бағишлаб шеър ёзмаган ўғил-қиз топилмаса керак. Менинг ҳам илк машқим она ҳақидаги шеър эди. Энг яқин дўстим, синфдошим Бахтиёр мендан бекитиқча ўзига ёққан ўша шеъримни туман газетасига олиб бориб берган экан. “Пахтакорлар овози” газетасининг 1965 йил 9 март сонида “Бошимизда парвона…” сарлавҳали ушбу шеър босилиб чиқди. Ўша пайт 6-синфда ўқирдим. Шу кундан бошлаб исмимга “шоир” деган лақаб ҳам қўшиб айтиладиган бўлди. Кўчадагиларнинг гапи ўз йўлига, мени онамнинг муносабати, фахрланиши қизиқтирарди. Кун ботди ҳам, онамдан садо чиқмади. Эрталаб отам ишга кетганларидан сўнг онамдан сўрадим:
— Кечаги газетани ўқидингизми?
— Қўшнилар сени яхши мақола ёзибди дейишди, — деди у зот пинагини бузмай кир юваркан.
— Мақола эмас, сизга бағишланган шеърим чиққан, она.
Хуллас, мажбурлаб шеърни ўқиб эшиттирдим. Аммо онамнинг ажин босган юзида ўзгариш сезмадим.
— Отам шеъримни кўрибдиларми? – қўрқа-писа сўрадим онамдан.
— Сен эрталабдан бери шеър ёздим деб бошимни қотирасан, — деди йиғламоқдан бери бўлиб онам – мен бўлсам, рўзғордан ортдириб бир дона ордоналар қолгур кир совун сотиб ололмайман. – Кир -чир деганлари ғарам бўлиб, уюлиб ётибди. Йўқчилик қурибгина кетсин. Касал бўлмаганимда одамларга ўхшаб далада ишлардим, тилим узун бўларди. Отангнинг қош-қовоғига қараб, сарғайиб ўтирмасдим, болам.
Онам йиғлаб юборди. Уни бағримга босдим, қўлимдан келганича юпатишга ҳаракат қилдим.
— Кўнглинг чўкмасин деб кеча отангнинг аччиқ — тиззиқ гапларини сенга айтмагандим, — деди бироз ўзига келиб волидам. – Сени шеър ёзганча далага чиқиб кетмон чопсин, молга қарасин, деди. Шеър ёзишга ўрганиб қолса, кейин бошқа ишни эблолмайди, рўзғорини тебратолмайди, деди. Отангнинг айтганини қилгин, болам, “ота рози – худо рози” дейдилар. Қўй, шу шеър-перни ёзма. Мактабни битирса, отанг сени агрономликка ўқитаман деяпти. Шўрлик бир ўзи ишлайди, унга ҳам қийин. Жаҳли чиқса нима бўлишини ўзинг биласан.
Ўша тун ухламай чиқдим. Энди орзуларим нима бўлади?! Ниятим мухбир бўлиш эди. Отам шоирлик, мухбирлик, ўзининг таъбири билан айтганда “одам ичидан чиқариб, тўқиб ёзадиган” касбларни кетмон чопишдан қочадиган дангасаларнинг иши деб ҳисобларди. Бошқа оилаларда отанинг гапи-гап бўлиши мумкин, аммо бизда у қонун эди. Отадан эрта етим қолиб, жуда қийинчиликни кўп кўрганликлари учунми, ишқилиб падари бузрукворимиз биз, фарзандларга ниҳоятда меҳрибон, шу билан бирга ўта қаттиққўл, жаҳли тез эди. Биз билан дўстона суҳбат қурганларини эслай олмайман. Дастурхон атрофида жим-жит ўтирардик, савол беришга қўрқардик. Айниқса ўғил фарзандларини қаттиқ тергардилар, шапалоғини кўп марта еганмиз. Аммо ҳеч қачон адолатсизлик қилмасдилар…
Хуллас, шу воқеаданг сўнг орадан 15-20 кун ўтиб, газетада босилган шеърим учун 3 сўм 94 тийин пулни почтальон олиб келиб берди. Биринчи гонораримга дўкондан 10 та кир совун, шакар ва оқ қанд сотиб олиб, онамнинг қўлларига тутқаздим.
— Ҳей бола, бу нима қилганинг, пулни қаердан олдинг? – деди эсхонаси чиқиб кетган онам лаш-лушларни қайтариб беришга тараддудланиб.
— Озгина шошманг она, ўғирлик қилганим йўқ, ишлаб топдим, ўша куни газетада чиққан шеъримга гонорар, қалам ҳақи беришди,- дея почта паттасини кўрсатдим.
Онам менга бошдан –оёқ разм солдилар-да, қўлларидаги нарсаларни бағрига босганча, кўзларидан дув-дув ёш тўкилди.
— Ниятим сизни хурсанд қилиш эди, — дея онамнинг қўлларини силадим, — ҳалол дедимку, нимага йиғлаяпсиз.
— Қувонганимдан йиғлаяпман, болажоним. Мени боқадиган кап-катта йигит бўлиб қолганингни сезмай қолибман, раҳмат.
Шу тобда онамнинг юзлари қуёшдай чарақлаганини кўриб шошиб қолдим. Ундаги ажинлар ҳам, доғлар ҳам қаёққадир ғойиб бўлганди. Шундагина унинг эндигина 33 ёшни қаршилаётган навқирон аёл эканлиги, бирор марта унинг туғилган кунини нишонламаганлигимизни эсладим.
— Бўлди, энди ҳар куни бугунгидай чеҳрангиз очиқ бўлиб юришини истайман, она,- дедим уни бағримга босарканман, — бу сизга бирам ярашаркан.
— Отангдан битта совунга пул сўраш учун бир юзимни қора қилиб сўрардим, — дея дарвозага қараб қўйди у. – Етказганига шукур, энди, яқин икки ойгача ялинмайдиган бўлдим. Ҳарна-да.
— Энди кўп-кўп мақолалар ёзиб, ҳар ой гонорар оламан, рўзғор ишларида отамга қарашаман, — дедим мен ишонч билан.
Яна бир гап. Ўша пайтда “Нур борки, соя бор” романини ёзиш ва нашр этиш учун чинакам жасорат, юрак керак эди. Ўзини “ўтга-чўққа уриш” сизга хос одат эканлигини кейин ҳам кўп марта кўрганман. Ўзим шахсан гувоҳи бўлган бир воқеа сира ёдимдан чиқмайди. Илгарилари шоирларнинг янги шеърлари аввал газета ва журналларда эълон қилинарди. Ҳикояларни-ку, айтмай қўяқолай, энди “тандирдан узилган” рўман ва қиссалардан парчаларни ҳам вақтли ва даврий матбуотда ўқирдик. Шунинг учун бўлса керак, 70 йилларнинг ўрталарида нима сабабдандир таниқли шоир Рауф Парфининг шеърлари матбуотда умуман кўринмай қолганди. Бу “жимжитлик” овоз қичариб айтилмаса ҳам бечиз эмаслиги кўпчиликка кундек равшан эди, албатта. Уни бузишга унча-мунча одамнинг ҳам юраги “дов” беравермасди. Худди шу пайтда Рауф Парфининг шеърларини газетада чоп этиш учун тайёрлаётганингизни ва Бош муҳаррирни ҳам бунга кўндирганингизни эшитиб қолдим. Энг қувончлиси бу ишга мени ҳам жалб қилганингиз бўлди. Адабиёт бўлими мухбири, ёзувчи Ғаффор Ҳотамов билан бирга эл ардоғидаги шоир Абдулла Ориповнинг уйига кириш сўзи ёздириб олиш учун бордик. Абдулла ака илтимосимизни эшитгач, бироз ўйга толди ва кўзларини катта – катта очиб бизга тикиларкан, айтганларидан қуйидагилар ёдимда қолди: “ – Рауфни сизлар эмас, у сизлар каби ёш ижодкорларни қўллайдиган даражага етган катта шоир… Билмадим, бу қатағон, кўролмаслик балосидан қачон халос бўламиз?..” Хуллас, устоз суҳбатидан баҳраманд бўлганимиз бир қувонч бўлса, таҳририят топшириғини қойилмақом бажарганимиздан ўзимизда йўқ хурсанд эдик. Энди барча йўллар очиқ ва тўсқинлик қиладиган нарса қолмагандек эди. Аммо Рауф аканинг “Ит…ларга” деб номланган шеъри айрим… “мутасадди”лар эътирозига сабаб бўлди. Ўша кунги газетадан “Адабиёт ва санъат” саҳифаси олиб ташланди ва энди босилиши хавф остида қолди. Муҳокамалар анчайин жиддий тортишувларга, дўқ-пўписали кинояларга айланиб кетганда ҳам Сиз фикрингизда қатъий туриб олдингиз. Хуллас, охир-оқибат корчалонлар “тилини тишлаб” қолишди. 1977 йил 10 январ куни шоир Абдулла Орипов қаламига мансуб “Дўстим ҳақида сўз” номли чиройли сўзбоши остида Рауф Парфининг туркум шеърлари сурати билан “Тошкент оқшими” газетасида босилиб чиқди. Жамоатчилик, айниқса шеърият ихлосмандлари бу газетани қўлма-қўл қилиб ўқишди, таҳририятга кўплаб миннатдорчилик қўнғироқлари бўлди. Шуларни ёзаяпману, дилимда бир ҳадик пайдо бўлди. Устозга бу ёзганларим мақтов бўлиб туюлиб, ранжимасмикан? Ижозатингиз билан шуни айтаманки, нима бўлганда ҳам мен ўзим билган ҳақиқатларни ёзяпман. Ўша замонларда Қуръни каримнинг ўзбекча таржимасини “Шарқ юлдузида” журналида босилганлигини Бош муҳаррирнинг жасорати десак, шубҳасиз адолатдан бўлади.
Ўткир ака.
Кимдир сен тўғрингда қайғураётганини ҳис қилишдан ҳам каттароқ бахт бормикан? Мен ўшандай бахтли одамлардан бириман деб баралла айтишга мутлақо ҳақлиман. Сиз билан бирга ишлаган пайтимизда ҳам, ўқишни тамомлагач, қишлоққа кетиб, бутунлай “қорамни ўчириб” кетганимда ҳам Сиз мени унутмадингизгина эмас, мададкор, тоғдай суянч ҳам бўлдингиз. Ҳамма нарсани ўз номи билан атайдиган бўлсак, меҳр-оқибатнинг юқори чўққиси бўлган бундай олийжанобликни бир менга эмас, кўпчиликка, албатта, биринчи навбатда, муҳтожларга қилгансиз. Ёш-ялангларни қўллагансиз. Бу мақтов эмас ва бунга зарра эҳтиёжингиз ҳам, тоқатингиз ҳам йўқ. Буни яхши биламан. Айнан шу сабабдан зиммамда ҳар бир ёзилаётган сўз масъулиятини унутишга ҳаққим йўқ, устоз.
Сир эмаски, айрим меҳнат жамоаларида бўлгани каби бизнинг газетада ҳам пайт пойлаб, “игнанинг учидай” ваколати борлигини “эслатиб” туриш учун “қилдан қийиқ” топишга уринадиган айрим “раҳбарча”лар бор эди, албатта. Ана шулардан бир-иккитаси мен ўз жойига мустаҳкам ўрнашиб олганимни кўргач, ғаши келди шекилли, майда – чуйда бўлса ҳам “тош” отишни бошлашди. Таҳририят йиғилишидами, летучкадами, билмадим, ўшалардан бири кутилмаганда нолиб қолди, “Олий маълумотсиз, бунинг устига шаҳар пропискасисиз келгиндиларни ишга олишга бало борми? Дипломлик малакали кадрлар тиқилиб ётган бўлса…” – деса, бошқаси “Шаҳар пропискаси йўқларни, истеъдоди “шоҳлаб кетган” бўлса ҳам иш олиш қонунга зид. Гонорарри ҳам шулар “шипириб” олишвотти”. Бу гаплар яна такрорлангандан кейин Сиз жавоб қайтардингиз: “Ажабо, айрим одамлар отдан тушса ҳам, узангидан тушгиси келмас экан. Ҳамон эски лавозимини қумсаб, ёшларнинг уларга чой ташиб юришини исташади. Ҳафтасига битта-яримта мақола ёзгандан кейин қалам ҳақи ҳам шунга яраша бўлади-да. Буларнинг айби – қишлоқда туғилганими?! Унда анкета сўровномаси, тавсифнома, таржимаи ҳолини ўрнига, шаҳар пропискаси муҳрига қараб ишга олиш керак экан-да? Улар ҳам Ўзбекистон фуқароси эканлиги етарли эмасмикан”. Шундан кейин мен ва менга ўхшаган қишлоқдан келганлар катта бир ташвишдан қутилгандай бўлдик. Шундайку, бироқ, боя айтганимдай “тош” бизга қараб отилса ҳам, мўлжал Сизнинг томарқангиз эди. Ёнгинасида, бирга ишлаб, китобдан – китобга қалами чарҳланиб, обрў-эътибори ортиб бораётган ёзувчига турли йўллар билан ичқоралик қилишарди. Уларнинг бахтсизлигига 30 ва 50 — йиллар ўтиб кетганди-да?! Аммо улар барибир, “Ётиб қолганча – отиб қол” қабилида бир “иш” қилишди. Ўшанда “Адабиёт ва санъат” бўлими томонидан А.С.Пушкин таваллудига бағишланган махсус саҳифа тайёрланган бўлиб, атоқли шоир Абдулла Ориповнинг “Ойдин туйғулар куйчиси” номли мақоласи ва “Пушкин” номли шеъри ҳам ўрин олганди. Одатдагидек, газетани хомаки нусхасини мусаҳҳиҳлар, навбатчилар қайта – қайта ўқишади ва бехато чиқиши таъминланади. Бу сафар махсус саҳифани қизиқарли бўлганлиги учун деярли барча ходимлар ҳам ўқиб чиққанди. Афсуски 1977 йилнинг 6 июн куни газета дилни хира қиладиган хато билан босилиб чиқди. Бу шунчаки хато эмас, балки бутун бир жумланинг маъносини чаппасига айлантириб юборадиган сўз босишга олингандан кейин, атайлаб ўзгартирилганлиги яққол кўриниб турарди. Атоқли шоиримиз олдида хижолатда қолгандик. Аммо бу дилхираликни улуғ шоиримизнинг ўзлари тумандай тарқатиб юбордилар. Телефонга энг яқин ўтирганим учун гўшагини олишим билан Абдулла аканинг овозини танидим. Салом – аликдан сўнг Абдулла ака аста гап очдилар: — Саҳифа зўр чиқибди, табрикламоқчи эдим. Кайфиятингиз пастроқ кўринади?
— Кайфият қаёқдан бўлади, мақолангизда хато ўтиб кетибди, кўргандирсиз, устоз?
— Шунга хижолат бўляпсизларми? – деди самимий оҳангда устоз. – Мен мақолани ақли бор одамлар учун ёзганман. Уларнинг матнни тўғрилаб ўқишларига ишончим комил. Ҳаммаси жойида…
Улуғ шоирнинг чин қалбдан, самият билан айтган илиқ сўзлари кўнглимизга бироз бўлса-да, таскин берди.
Мен таҳририятга ишга киргач, орадан бир ой ўтар – ўтмас, вақтинчалик бошпана — ётоқхонадан ҳам “бадарға” қилиндим. Ўша қор ёққан куни иложсизликдан ишхонада тунаб қолишимга тўғри келди. Иккита креслони бирлаштириб ётиш бироз ноқулайроқ бўлса-да, аммо иссиққина хонада дарс тайёрлаш, ижод қилишга имконият етарли, бунинг устига босмохона ошхонаси туну-кун ишларди. Яна бир афзаллик томони, ҳеч қачон ишдан кечга қолмайсан ва транспорт, ижара пули ёнингга қолади. Чамаси орадан уч ойга яқин вақт ўтиб, қиш адоғида фаррош опанинг “шарофати” билан “сирим” фош бўлди. “Оббо, ҳаммаси расво бўлди, Ўткир аканинг юзига энди қандай қарайман…” деб улгурмасимдан, кутилмаганда “бахт қуши” бошимга қўнса бўладими?! Воқеанинг Сиз билмаган жойи ҳам бор. Шундай қилиб, хонага фан бўлимининг мудири Тўлқин Расулов кириб келиши билан бир кўнгилсизлик бўлишини сездим. Ўзи, нимагадир, шу одамга қачон кўзим тушса, салобатиданми, ўз ишининг устаси, машҳур журналист бўлганлиги учунми, ҳарқалай, ҳайиқардим. Тўлқин ака бирор марта менга қаттиқ гапирмаган бўлса-да, нигоҳи тушиши билан оёғим қалтирарди. Бу сафар ростдан ҳам унинг авзойи бузуқ бўлганлиги учун оёқларим ўзимга бўйсинмай, мени эшик олдига олиб бориб қўйди. “- Қаёққа, Рустамбой, тўхтанг!”, — хитоб қилди у. “- Эшитаман, устоз”, — томоғим қақраганидан аранг овозим чиқди. “- Ишхонада тунаб юрганингиз ростми?” – катта-катта кўзлари атрофга аланг-жаланг қиларкан, важоҳатига нисбатан ўта паст овозда сўради Тўлқин ака. Оёғим қалтирар, дармоним қуриб ёпиқ турган эшик табақасига суяниб қолдим. “- Рост… қишки сессия бошланган, уй излашга вақтим бўлмади, бир-икки кун турарман десам, чўзилиб кетди, узр”, — деди оғир гуноҳ иш қилиб қўйган одамдек. “ – Бу ерда Ўткиржон бор, қолаверса, мана биз бормиз, эшитган қулоққа яхши иш бўлмабди-да, укажоним. Ходимини кўчага ташлаб қўйибди, дейишмайдими?” – дея менга яқинлашди устоз. “ – Узр, устоз”, — дедим тилимга сўз келмай. “ – Ўткиржон машинасида, пастда кутиб турибди, — самимий жилмайди ҳамсуҳбатим. – Олдимга тушинг, сизни уй-жойлик қиламиз”.
Учовлон ҳозирги Ўзбекистон Миллий драма театри ҳовлисидан тепароқдаги кўпқаватли бино олдида автомашинадан тушдик. Бизни, кейин билишимча, театр ётоқхонасининг бошқарувчиси кутиб олди. “ – Қўнғироғингиздан сўнг, биринчи қаватдан жой ҳозирлаб қўйдик, икки киши бўлиб туришади, — деди очиқ юз билан бошқарувчи Ўткир акага юзланиб. — Бугуноқ вақтинча прописка қилиб қўямиз. Шароит зўр, истаганча тураверади”.
Барча шарт-шароитларига эга бўлган бир хонали бўлса-да, алоҳида хонадонда яшаш ўша вақтларда кўпларнинг орзуси эди десам, ёлғончи бўлмасам керак. Бошқаларни билмаймау, аммо талабалар “тилида” алоҳида душ-ваннаси, хожатхонаси бор, кўпқаватли уйдаги бундай хонадон “секцияли” дейилиши билан ҳаммага тушунарли бўларди… Тўғриси, сўнгги хатбошидан ёзилган жумлалар – мен айни шу тобда айтмоқчи бўлган сўзлар эмас. Аслида, сизга яхшилигингиз учун ўз миннатдорчилигимни изҳор этмоқчи эдим. Раҳмат деган сўзни айтиб ҳам баъзан, одамнинг кўнглини оғритиб қўйиш мумкин экан?! Миттигина бир асарида байрам куни нон сотаётган болага “Сен қачон байрам қиласан, болажон?..” деб дардли хитоб қилган ёзувчига бу сўзни айтиш ўзимга ҳам ўринсиздай кўринган бўлса-да, азбаройи инсоф юзасидан, айтдим: “Сизни уринтириб қўйдим, ётоқхона учун катта раҳмат, Ўткир ака…”.
Сиз ёзиш билан ўта банд бўлсангиз-да, кўзларимга бир зум самимий тикилиб туриб, “Бу нима деганингиз… ишхонага сал узоқроқ бўлди-ю, шароити дурустми?…”, — деб сўрадингиз.
Ўткир ака. Сизнинг менга айтган шу жавоб сўзингизни қоғозга туширдиму, кўзларимга негадир, аччиқ ёш келди. Ўзим учун эмас, албатта. Негадир… деганимнинг боиси, ижара уйларда, “сени бахтли қиламан” деб қишлоқдан тошкентга олиб келган хотинини кўзига қаролмай, рўзғорининг бири –икки бўлмай, мунгли кўзлари бир марта чарақлаб ёнмай ўтган ижодкорлар қанча эди…Бир этак болалари билан ижара уйнинг биттагина хонасида яшаб, оламга бергусиз асарлар ёзганларга бир чимдим меҳр, бир мисқол мурувват кўрсатадиган одам топилмадику?! Қўлдан-қўлга ўтиб, севиб ўқилган қанчадан-қанча қўлёзмалар чоп этилмай нашриётлар ғаладонларида йўқ бўлиб кетгани рост гап-ку?.. 1977 йилда диплом ишимнинг тақризчиси, шоири замон Тилак Жўраникига қўлёзмамни кўтариб бордим. Аслида устоз билан қадирдон бўлганимизга 7 — 8 йил бўлганди. Ҳамфикр бўлганимиз учун озроқ борди –келдимиз ҳам бор эди. Бир-биримиз билан кўришганда олам нурга тўлиб кетарди, бу дунёдаги бор ғамларимни унутардим. Ишончим комилки, бу каби ҳис – туйғулар билан тўлиб-тошганлар бир мен эмасдим… Оиласи билан ҳали ҳам Эски шаҳардаги ижара уйда яшаётган экан. Шароити ҳам ҳамминқадар. Тўғриси, кўпчилик танилиб қолган ижодкорларнинг ўша пайтларда ижара уйларда яшаши ғайриоддий ҳодиса ҳисобланмасди. Эшитишимча, Тилак акага уй беришган вақтда ҳасталикка чалиниб қолган эканлар…
Ўткир ака.
Сизга айтолмаган гапларим кўп. Ҳечдан кўра – кеч деганларидек, уларни ошкор қилишим, виждон олдидаги бурчим деб биламан. Хуллас, 1977 йилнинг август ойи охирларида университетни тугатиб, диплом олдим. Бундан қалбим қувончга тўлди деб айтолмайман. Сабаби, отам айтмоқчи, “ғиқ” этмасдан қишлоққа қайтишим, район газетасида иш бошлашим шарт эди. Агар кўнмасам, “бир… жойимга тепиб” бўкагача оборишини у киши қатъий айтган ва шундай қилишига мен шубҳа қилмасдим. Менга қолсаку, “оқшом”дан бир қадам ҳам жилмасдим, аммо тобора ёши улғайиб бораётган отамни ҳам тушунаман: олти нафар қизни турмушга узатиб, уч ўғилни уйлантириш гарданида турибди. Бунинг устига аварияда синган оёқлари йиллар ўтиб панд бера бошлаган, уруш йиллари жанггоҳларга асов отларни тайёрлаш (жайдари қилиб айтганда, асов отларни “совутиш”) пайтида синган қўли ногирон бўлиб қолган. Хуллас дипломни кўтариб Бош муҳаррир қабулига кирдим ва қишлоққа кетмоқчилигимни айтдим. Агар Бош муҳаррир ўринбосарининг “летучка”лардаги менга берган “дашном”ларини раҳбариятнинг фикри сифатида қабул қиладиган бўлсак, ишдан кетиш ҳақидаги илтимосим, чапани тилда, “6 сония”да ҳал бўлиши керак эди. Аммо Саъдулла Музаффарович дипломимни очиб ҳам кўрмади ва кутилмаганда ўрнидан туриб, эшик томон юрди. Олдинма – кетин муасҳҳиҳлар хонасига кирдик. Хонадаги саккиз чоқли қизлар раҳбарнинг кутилмаган ташрифидан тик турганча, ерга қараб қотиб қолишди. “Мана шу қизлардан биттасини танланг, ука, — деди Саъдулла ака бир менга — бир қизлар томонга қараркан , — ўртага ўзим тушаман. Никоҳ оқшомида марказий универг ортидаги кварталдан касаба уюшмасидан совға сифатида 2 хонали квартира калитини ўзим топшираман”. Қизлар бараварига “вой…й..й…”деб юборишди. Мен шоша – пиша, “Отам мени шаҳарлик қизга уйлантирмайди” , — деб юбордим. “Буларнинг қизларнинг орасида ўзи, шаҳарлиги йўқ. Ўйлаб кўринг”, — деди Саъдулла ака ва хонадан чиқди. “Узр қизлар, Саъулла акани мен бошлаб кирганим йўқ … мен бундай дейишларини кутмагандим, узр-а? ”, — дедим-у, шу заҳоти сўзамолроғи жавоб қилди, “Отангизга қўрқмасдан бошлаб келаверинг, куёв бола. Бирортамиз ёқиб қолармиз…”. Энди қиқир-қиқир бошланганди ҳамки, яна бир қақажоннинг овози уларни тўхтатди: “Қизлар, бахтимиз очиладиган бўлди. Мана кўрасизлар, Саъдулла аканинг қадами қўтлуғ келади”. Коридорга чиққанимда қизларнинг шўх кулгиси баралла эшитилди.
Ўткир ака. Мен “Тошкент оқшоми”дан кетганимдан сўнг, тўғрироғи, қишлоққа қайтиб келгач, Сиз билан кўришмаган вақтларимиз кўп бўлди. Сизни йўқлаб, ақалли иккита нон кўтариб боролмадим?!.. ! Ана, оқибат. Сиз эса бир эмас, бир-неча бор бунинг уддасидан чиққансиз. Аммо бошимга бир мушкулот тушди дегунча, телефон қилиб, уни битириб олмагунча ҳоли-жонингизга қўймаганим ҳам афсуски, бор гап. Хуллас, 1979 йилнинг баҳор кунларидан бирида менга телефон қилиб, “Рустамжон, водийда бўладиган тадбирга кетаётиб, Сиз билан омонлашиб ўтиб кетмоқчийдим. Тўлқин акангиз билан бирга кетяпмиз.”
Бўкани оши деган гап бор, эҳтиёти – шарт, чойхонага палов айтдириб қўйдим. Китоб дўконидан дастхат ёздириб олиш учун бир даста китоб олиб келдим. Чиндан ҳам вақтингиз зиқ экан. Хонамда бир пиёла чойни ҳам охиригача ичолмаган бўлсангиз ҳам аммо икки жумла гапингизни айтишга улгурдингиз: – Рустамжон, ижодкор одамга амалнинг кераги йўқ. Тошкентга қайтиб боринг, — дедингиз кўзимга синчков тикилиб. — Райком партияда ишлагани учун тарихга ёзишмайди…
Мен ўшанда бу сўзларингизни ўзимга насиҳат деб қабул қилдим. Аммо ўгитингизни ёдимдан чиқармадим. Йиллар ўтиб, оилам билан тошкентга кўчиб бордим. Китобларим нашр этилди. Қолган гапларингизни ҳақ эканлигини эса ҳаётнинг ўзи исботлади. Коммунистик партия ва шўролар тузуми тарих саҳнасидан бутунлай ўчиб, барҳам топиб кетди. Аммо бу гапларга ҳали хийла вақт бор эди… Хуллас, Сиз китобхонлар қуршовида дастхат тарқатаётганингизда Тўлқин акани гапга солдим. У талабалик йиллари бўкада пахта терган пайтларини завқ-шавқ билан эслади. Кейин Сиз томонга имо қилдилар-да, — Одамлар ҳам қизиқ-да, дастхат бераётган шу ёзувчи тошкентда бор-йўғи, Тўлқин акангизнинг машинасида олиб юрадиган шофёр эканлигини билишмайди-да… – деб, ўзлари момогулдиракдай хоҳолаб кулдилар.
Шу куни тушдан сўнг кутилмаганда хонамга район партия комитети биринчи котиби Тўхтамурод Исломов кириб келди. Мен ўрнимдан сакраб туриб, аскардай қотиб қолдим. Чунки район раҳбари шу вақтгача икки қаватли бу бинонинг бирорта хонага қадам босмаганидан хабарим бор эди. У бу даргоҳда кўп йиллар ишлаган ходимларни ҳам танимас, исмини билмаганлиги учун бизга ўхшаган ёшларни “ҳей, бола” деб чақирарди. Ходимлар иложи борича унинг кўзига кўринмасликка ҳаракат қилишар, чунки биргина этик киймагани учун ишдан ҳайдалиши турган гап эди. Шунинг учун бу ташриф фавқулодда воқеа бўлиб, мени эсанкиратиб қўйганди. У остонада турган ёрдамчисига ўгирилиб қаради-да, менга қўлини бигиз қилиб сўради: — Айтганинг, шу болами, Зикрилла?
— Ҳа, исми Рустам.
— Ҳей… исминг Рустаммиди? — раҳбар менга қўл узатди. – Ўткир Ҳошимов деган ёзувчи олдингга келганмиш, шу ростми?
— Ҳа…
— Сен у кишини қаердан танийсан?
— “Тошкент оқшоми” газетасида бирга ишлаганмиз.
— Баракалла, — елкамга қоқди райком секретари. — Катта одамларнинг таълимини олган экансан. Яхши…
Биринчи котиб менинг ўриндиғимга ўтириши билан ёзув столидаги ойна остидаги Сизнинг суратингизга кўзи тушди.
— Ўткир аканинг, ёшлик пайтларида тушган сурати экан-да, а? – дея сўради у ойна остидан авайлаб оларкан.
— Йўқ, ўтган йили тушган, — дедим мен.
— Йўқ-е,.. мен бўлсам 60 ларга бориб қолган деб юрардим? – хайрат билан сўради у. – Тўхта, бу ўша “Баҳор қайтмайди”ни ёзган одамми, ахир?
Мен тасдиқ ифодасини қилдим ва қўшиб қўйдим, — Ҳали 40 ёшга кирганларига озроқ бор.
— Кўряпсанми, Зикрилла, — тантанали оҳангда гапирди Тўхтамурод ака, — “Бола бошидан”деганлари шу бўлади. Ҳали ёш бола эканку, машҳурлигини қара… Шундай одамни ҳурматини жойига қўйолмадик… Уят бўлди…
Раҳбар остонада тўхтади ва хона шифтига, деворларига, жиҳозларга бироз қараб турди-да, менга қўлини узатди: — Энди шундай ҳурматли одамлар келадиган бўлса, тортинмасдан, тўғри ўзимга кириб айтгин, хўпми? Қойил, ука! Қолганлари эса ҳал бўладиган ишлар.
Эрталаб ишга келсам иккинчи қаватдан янги поёндозлар солинган, ярақлаган стол-стул, дивану-креслолар билан жиҳозланган хонага зудлик билан кўчишим лозимлигини айтишди.
Ўша ташрифингиздан кейин “бахтим очлиб” ишларим юришиб кетди. Кейинчалик, туман миқёсидаги барча юқори лавозим пиллапояларни бирин — сарин босиб ўтдим. Энди ўйлаб кўрсам, Сиз билан бўлган ҳар бир учрашувдан кейин ҳаётимда албатта, яхши томонга ўзгаришлар юз берган экан. Шу тобда юрагимдан қуйилиб келаётган фикрларнинг бир сатрини ҳам ёзолмаётганлигимни билсангиз эди. Чунки, қаршимда Сиз, камтарин, камсуқум Ўткир Ҳошимов турибди. Самимият соҳибқирони бўлган бу инсон ўзи мутлақо лойиқ мақтов у ёқда турсин, мақтовга ўхшаб кетадиган сўзим учун бош чайқасалар, нима қиламан?! Аслида бундай довдирга ўхшаб, чайналаётганимнинг сабаби жуда оддий. “Одамийлик – азалий ва абадий фазилат-ку, шунга- шунчами?”, — деб мени уялтиришингизни биламан-да, устоз. Нима ҳам дердим, бу оддий ҳақиқатни тушунмайдиган ёки тушунишни истамайдиганларга инсоф берсин.
2001 йилда Сизнинг муборак 60 ёшга тўлишингиз муносабати билан юбилей тадбирларидан бири пойтахтнинг шундоқ биқинида – Тошкент вилоятининг муҳташам маданият саройида бўлиб ўтганди. Ташкилотчилар йўллаган тўйхат Йўлдош Ҳожиматов хўжалигидаги мен яшайдиган уйга ҳам етиб келди. Айтилган вақтдан барвақтроқ етиб бордим. Табрик сўзи билан чиқувчилар рўйхати олдиндан тузиб қўйилгани учун жуда кўпчилик қаторида менга ҳам микрофон тегмаслиги аниқ бўлгач, шундай шодиёна кунда устозни қўлини олиб, бир оғиз илиқ сўз айтмасликка менинг ҳаққим йўқлигини тушундим. Мутасадди ва телевидение ходимларининг “ҳай-ҳай”лаб, қаршилик қилганларига қарамай, тоғ бўлиб уюлган гуллар орасидан ўтиб, саҳнага ёриб кирдим ва креслода ўтирган Сизнинг бағрингизга отилдим. Табриклаб, юз-кўзларингиздан ўпдим. Шу шошилинчда “Менга сўз беришмаяпти, Ўткир ака?”, — деганим албатта, ортиқча эркатойлик бўлгани аниқ. Аммо шу ўринсиз саволимни ҳам беэътибор қолдирмадингиз ва самимийлик билан шундай жавоб қилдингиз: — Ташкилотчилар бир пиёла чой тайёрлашган, чамаси, тадбирдан сўнг биргаликда ўтамиз. Ўша ерда гапирсангиз бўлади.
Ёнма-ён жойлашган улкан тўйхонада байрамона дастурхонлар тузалган бўлиб, табрикларга қўшиқ ва рақслар уланиб кетди. Бир сўз билан айтганда дилкаш давра бўлди. Оила аъзоларингиз билан Сизнинг яйраб-яшнаб ўтирганингизни ўзи даврага ўзгача файз бағишлади. Тадбир якунига етгач, барча йиғилганлар қизил поёндоз атрофида тизилишиб, Сизни ва оила аъзоларингизни давомли қарсаклар билан олқишлаб туришди. Сиз атрофдагиларга миннатдорчилик билдириб эшик томон юриб бораркансиз олдинги қаторда турган менга кўзингиз тушиб, тўхтаб, куюнчак оҳангда сўрадингиз: — Сизга сўз беришлари керак эди-ку, нега бундай бўлди экан? – ён-верингизга қарадингиз.
— Ҳали бунақа юбилейларини жуда кўпини кутиб оласиз, 80 – 100 ёшларга кириб юринг, азиз устоз, — дедим, тўғриси эътибор учун ниҳоятда ўнғайсизланиб. — Гапириш бўлса қочмас, жуда бўлмаса, ёзиб бераман.
– Шундайми? Унда маъқул, – дедингиз-да, қўлтиғимдан олиб, чиқиш эшиги олдида қўлини кўксига қўйиб турган Тошкент вилояти ҳокими Уммат аканинг рўбарўсида тўхтадингиз.
— Битта ёмонимиз Сизннинг қўл остингизда ишлайди-да, Умматжон, — менга ишора қилгандай елкамга қоқиб қўйдингиз, — ҳар замонда бўлса ҳам кўз қирини ташлаб турсангиз дегандим.
Уммат ака менга самимий табассум билан қўлини узатаркан, Сизга юзланиб деди: — Бош устига, Ўткир ака, бош устига, гап бўлиши мумкин эмас. Яхши кадрлар бизга керак.
“Оталарча ғамхўрлик, меҳрибонлик” деган иборани кўп ишлатамиз, аммо юқоридаги воқеа бунинг амалий тасдиғи деган фикрдаман. Сиз буни одатдаги ҳол деб ҳисоблайсиз. Ҳамма шундай қилиши керак ва шундай қилади деб ҳисоблайсиз. Мен буни маънавий саҳоват деб атаган бўлардим. Бу саҳоватдан баҳраманд бўлганлар жуда-жуда кўп, чунки кўпини ўзим кўрганман ва танийман. Машҳур инсонларнинг одамийлиги ибрат сифатида урфга кирса нақадар гўзал.
Орадан 4-5 кун ўтиб ўтиб, тумандаги катта лавозимни ўз ихтиёрим билан ташлаб, пойтахтга кўчиб кетдим ва Адля вазирлигининг “Инсон ва Қонун” ҳуқуқий газетасига ишга кирдим. Ўн йиллик умр уйсиз, пропискасиз сарсон-саргардонликда ўтган бўлса-да, ўзим севган журналистика соҳасига қайтганимдан бахтиёр эдим. Сизнинг насиҳатингизга, гарчи анча кеч бўлса-да, амал қилиб, орзу-армонларимга етишдим, устоз. Бир нечта бидиий асарларим нашр этилди, озми-кўпми, ўз ўқувчиларимга эга бўлдим. Ҳажвий ҳикоялар тўпламим 10 000 нусхада, қиссаларимдан бири эса икки қайта чоп этилиб, сотилиб кетди.
Назаримда ўрни эмасдир-ку, айни ўғил уйлантириб, қизларимни узатадиган вақтда ижара уйларда яшарканман, энг катта қувончиму, энг катта армонимни Сизга айтгим келди, Устоз. Баъзан нон-намаксиз қолиб, совуқдан кўрпа ёпиниб ўтирган ўша узоқдан-узоқ кун ва тунларда турмуш на ўртоғим ёки уч нафар фарзандимнинг бирор марта бўлсин таъна қилиш у ёқда турсин, надомат кўзи билан менга қарамаганликлари саодатли кунларга етказди. Армоним эса, бир куни уйда бир дона картошкадан бошқа егулик қолмаганида кўз қароғидек асраганим, китобларимни муҳтожликдан макалатурага олиб бориб сотган кунларим бўлди. Дўстларим каби азиз бўлиб қолган бу китоблар билан йиғлаб-йиғлаб хайрлашганимни айтганим билан, қани энди бирор нарса ўзгариб қолса эди… Шаҳар пропискаси йўқлигини рўкач қилиб, қаерга ишга бормайин ойлик маошларимни ярмигача қисқартиришгач, ана шундай аҳволга тушардим. Вақти келиб ҳаммаси изга тушиб кетди. Китобларни ҳам сотиб оляпман, номлари ҳам ўша-ўша, аммо ёшликда топган дўстларим, бағир қўйган қадрдонларимни қўмсайман… Мен Улардан тиз чўкиб кечирим сўрайман.
Мана навбати билан 1996 йилнинг ёмғирли кеч кузида Сизнинг яна бир марта бўкага ташрифингиз кунига ҳам етиб келдик. Ўша куни юз берган воқеани кейинчалик, Сиз бирор марта бўлсин эсламадингиз, менда эса эслатишга журъат қаёқда, дейсиз? Оддийгина, силлиққина қилиб, “воқеа” деганим, аслида мен томонимдан бориб турган одобсизлик, тўғрироғи, “юзқаролик” эканлигини тан олмай иложим йўқ. Туман ҳокими ўринбосари лавозимидан ноҳақдан бўшатилганимга 2 ойдан ошганди, ўшанда. Бундан сизнинг хабарингиз йўқ эди. Вақтинча ишсиз қолганлигим туфайли иқтисодий аҳволим ҳам озроқ ночорлашганди. Сиз атайлаб одам юбориб, мени ўзимизнинг туманда бўладиган тадбирга албатта келишимни тайинлаб айтдирган эдингиз. Чунки, Сиз юборган одам маълум сабабларга кўра, айнан мени олдимга бош эгиб келмаслиги шарт бўлган шахс эди. Сизнинг бошчилигингизда ўн чоқли одам автомашиналардан тушиб, эҳсон дастурхони ёзилган хонадон томон юрганида мен оломондан орқароқда, ўзимнинг ночир ва нотовон аҳволимдан бир алфозда турардим. Сиз мени таниб, дарвозадан ичкарига киргунча 3-4 марта қараб – қараб қўйдингиз…Аслида эса нима бўлганини ижозатингиз билан кейинги мактубимда давом этдириб, ёзақоламан. Келинг, биринчи мактубимни, балки жуда ҳам бўрттириб юбораётгандирману, билмадим, аммо кўнглимнинг бир чеккасини хира қилиб турадиган ушбу воқеа билан тугаллашни истамасдим. Чунки, Сизга айтолмаган гапларим ҳали жуда кўп. Кейинги мактубда учрашгунча хайр, Устоз.

Mening kursdoshim, taniqli jurnalist va yozuvchi bo‘lmish Rustam Xudoyqulovning atoqli adib O‘tkir Hoshimovga bag‘ishlangan essesini va kursdoshimning hayot yo‘li haqida hikoya qiluvchi «Umr daftari» teleko‘rsatuvini taqdim etaman.

Rustam XUDOYQUL
O‘TKIR HOSHIMOVGA
AYTOLMAGAN GAPLARIM


Taniqli jurnalist va yozuvchi Rustam Xudoyqulov 1951 yili Bo’ka  tumanida  tug‘ilgan. Toshkent Davlat (bugungi Milliy) universitetining jurnalistika fakultetida tahsil olgan. Uzoq yillar respublika, viloyat va tuman ommaviy nashrlarida, davlat boshqaruvi tizimlarida faoliyat yuritgan.«G‘aroyib qiyofalar», «Sirli tobut», «Bir jinoyat tarixi» va boshqa kitoblar muallifi.


Assalomu alaykum, ustoz O‘tkir aka.
O‘shanda, 1976 yilning kuz kunlaridan birida Siz bilan tasodifan uchrashib qolmaganimda, kelgusi taqdirim qanday kechardi deb, ko‘p o‘ylayman. Tasodifning ham o‘z qonuni bor deyishadi. Balki shundaydir. Ammo o‘shanda, kechagina armiyadan qaytgan, cho‘ntagida sariq chaqasi yo‘q, hali u – hali bu talabalar yotoqxonasidagi do‘stlarining panohida jon saqlab, tentirab yurgan bir qishloq bolasidan hol so‘ragan birgina Siz bo‘ldingiz-da, ustoz.
… Bundan ikki yilu besh oy muqaddam “O‘zbekiston Qishloq xo‘jaligi – Selskoye xozyaystvo Uzbekistana” jurnali tahririyatiga ish so‘rab borgandim. “- Yozishga qo‘lingiz ancha kelib qolibdi, — dedi muharrir men taqdim qilgan gazeta qirqimlarini ko‘zdan kechirarkan, — dastyor shtatiga olaman, ammo muxbirlik qilasiz, maoshi farroshnikidan ham kam. Imkon darajasida gonorar beramiz, kelishdikmi?”. Kechki bo‘limda o‘qiydigan bo‘lg‘usi jurnalist uchun bu, ayni muddao edi. Boshda hammasi binoyidek ketayotgandek edi, ammo g‘o‘zaga havodan kimyoviy ishlov beradigan bir aerodrom haqida tanqidiy maqolani yozdimu, boshim baloga qoldi. “- Hali juda g‘o‘r ekansiz, paxta – bu siyosat, uka, — dedi maqolamni stolimga zarda otib urarkan, bo‘lim mudiri, – aerodrom aholi punktiga yaqin, odamlar zaharlanib kasal bo‘lyapti, bolalar nogiron tug‘ilyapti, ekologiya muammolari, yana allambalolarni yozibsiz… hamma — ahmoq, bitta siz — aqlli, insonparvarsiz, shundaymi?! Hamma paxta frontiga degan shiorni eshitgandirsiz?! Front esa qurbonsiz bo‘lmaydi. G‘irt safsatadan iborat maqolangiz tahrir hay’atidan o‘tmadi”. Men maqolani bu safar mas’ul kotibning shaxsan o‘ziga topshirdim va bosib chiqarishlarini iltimos qilib, fikrimda qat’iy turib oldim. U ham qat’iy qilib eshikni ko‘rsatdi. Keyin bilsam, bu birinchi “qo‘ng‘iroq” ekan. Ikkinchi — uchinchi “qo‘ng‘iroq” bitta bo‘lib, birato‘la bo‘ron-dovul bilan birga keldi va chin ma’noda meni minglab kilometr nariga chirpirak qilib uchirib yubordi… Bahona ham topildi. U meni shundoqqina, eshik yonida payt poylab turgan ekan. Keling, bir boshdan Sizga aytib beraqolay. O‘sha zamonlarda radio orqali har kuni soat 13.00da chorvadorlar uchun eshittirish berilardi. Men soha yangiliklarini eshitish uchun xonamizdagi devorga o‘rnatilgan mittigina radiokarnayning muruvvatini buradim. Xuddi shu vaqt xonamizdagi eshik yonida o‘tiradigan xatlar hisobchisi — statist bo‘lib ishlaydigan rus millatiga mansub qizimiz kirib keldi va radioni o‘chirdi. Men nima gapligini tushunmay, unga: “- Sohamizga oid eshittirish berilyapti, buning ustiga tushlik payti bo‘lsa, nimaga o‘chirdingiz?”, — dedim va javobini kutmay radioni yana yoqdim. U endi bepisandlik va jahl bilan radio simini elektr tokidan sug‘irib oldi-da: “ – Allaqanday chet tilidagi eshittirishni nega tinglashim kerak, men istamayman, gap tamom”, — dedi. Men ham bo‘sh kelmadim, “Bu chet tili emas, o‘zbek tili, uni eshitish ta’qiqlanmagan, singlim, birpas eshitaylik, hozir tugaydi”- dedim va yana radioni uladim. Boyagi ahvol yana takrorlandi. Jurnalimiz rassomi, yoshi kattaroq otaxon menga nasihat qildi: “ – Uka, o‘zi boshingizda busiz ham qora bulutlar aylanib yuribdi, qo‘ying, o‘chakishmang. Tinchgina o‘tiring, biz ham urinib ko‘rganmiz, qo‘ying, keragi yo‘q”. Men ham qaysar emasmanmi, radioni yana uladim va qizchaga yuzlanib, bosiqlik bilan dedim: “- Yana bir marta o‘chirsang, o‘tirgan joyingdan koridorga uchib chiqqaningni bilmay qolasan”. Qayoqda, u yana simni yulib tashladi. Men ham so‘zimni isbotlash uchun shartta o‘rnimdan turib, u tomonga ikki qadam qo‘yganimni bilan, qizcha chunonam dodlab, qichqirdiki, Navoiy, 30 da ishlaydiganlarning yarmi yig‘ilib keldi. Tumonat odam. Kim qizchaning yuziga suv sepgan, kim “Tez yordam”ni chaqirgan, kim qizchani so‘roq qilgan. “- Shu yigit meni derazadan uloqtirib yubormoqchi bo‘ldi”, — dedi u “o‘ziga kelgach”, menga qo‘lini bigiz qilib. Shu kuniyoq nomim “millatchi”ga chiqdi-qo‘ydi. Ketma-ket o‘tkazilgan yig‘ilishlarda o‘zim bilmagan “ayb”larimni eshitib, gangib qoldim. O‘sha vaqtlardagi komsomol safidan chiqarildim, jamoat tashkilotlaridan o‘chirildim. Eng achinarlisi, ko‘pchilik jamoadoshlarim pana-panada achinib, haq ekanligimni aytishgan, “hamdardlik” bildirishgan bo‘lsa-da, ammo birortasi mening yonimni olmadi.
Ammo bu ko‘rgiliklar ham hali hammasi emas ekan. Oradan bir hafta – o‘n kun o‘tib, bosmaxonaga borib, tushga yaqin ishxonaga keldim. Eshikdan kirishim bilan rassom otaxon yonimga pildirab keldida qulog‘imga pichirlab, “- Militsiya xodimlari sizni izlab kelishdi, tez yashirining”, — dedi. Unga “- Nega yashirinaman, jinoyatchi emasmanku, biror anglashilmovchilik bo‘lsa kerak”, — deb ulgurmasimdan eshikdan militsiya kiyimidagi ikki kishi kirib keldi-da, menga yuzlanib, falonchimisiz, deb so‘radi. Javobimni eshitishgach, ulardan kattarog‘i bo‘lsa kerak, “- Siz biz bilan tuman harbiy komissariatiga borishingiz kerak!” – dedi. Men 15-20 kun muqaddam chaqiruv uchastkasiga borganimni, tibbiy ko‘rikdan o‘tganligimni, yurak hastaligi bilan yana navbatdagi otstrochka berishganini tushuntirmoqchi bo‘ldim. Ammo ular “ — Bizning vazifamiz sizni o‘sha yerga olib borish, qolgani bilan bizning ishimiz yo‘q”, — deb turib olishdi. Harbiy komissariatda avval tekinga sochimni qirtishlab oldirishdi, keyin bir o‘zimni naridan-beri tibbiy ko‘rikdan o‘tkazib, qo‘limga harbiy bilet tutqazishdi. Xullas, meni vaqtincha Toshkent shahar harbiy chaqiruv punktiga, qorovulga tayinlab, ertalabgacha qamab qo‘yishdi. Ertasi kuni tonggi soat 6.00 da harbiy eshelon jo‘nab ketish arafasida, “yotib qolgancha – otib qol” qabilida harbiy komissarga arz qildim: “ — Universitetni tamomlashimga bir yil qoldi, o‘zim iltimos qilganimda ham kasal, tinchlik vaqtida harbiy xizmatga yaroqsiz, deb qoldirgansizlar, ota-onam qishloqda, xabarlari yo‘q, xayrlashib kelishga ruxsat bering”. “Sen dezirtirsan, menga rahmat degin, haliyam “disbat”gamas, harbiy xizmatga jo‘natyapman, — dedi u sigaretini burqsitarkan, charm papkasidan bir varaq qog‘oz olib menga ko‘rsatdi, — ustingdan shikoyat tushgan”. Endi biror narsani isbotlab berolmasligimni tushundim, qolaversa, ota-onamning tinchini o‘ylab, nailoj, taqdirga tan berdim. Azonda shimoldagi uzoq o‘lkalardan biri tomon yo‘l olgan poyezdda o‘tirardim. Qisqasi, ikki yil uzoqdan – uzoq, O‘rol tog‘lari“Kargala” stansiyasi yaqinidagi harbiy qurilish batalonida mardikor bo‘lib ishlashim lozim edi. Ammo yarim yil nimalargadir achchiq qilibmi, o‘zimcha kimlardandir o‘ch olmoqchi bo‘libmi, ishqilib, son-sanoqsiz aristonlar (harbiy qismdagi askarlarning ham qariyb yarmi qamalib chiqqan yosh yigitlar edi) orasida gaz zavodi qurilishida ishladim. Keyin rus tilini va mashinkada yozishni yaxshi bilganlim qo‘l kelib, shtabda ish yurituvchilikka tayinlandim. Sal oldinroq esa yurtimga borib, o‘qishimni tamomlab xizmatni davom etdirish to‘g‘risida buyruqni ko‘rganimda yig‘lab yuborgandim. Baribir haqiqat bor ekan va men uning haqqi – hurmati uyga qaytishdan bosh tortdim. Qolaversa, o‘sha paytda harbiy xizmatni to‘liq o‘tamay qaytib kelgan yigitlarga, kasali bor ekan deb qizlar turmushga chiqmasdi. Mening ham ahdlashgan sevgilim bor edi, shu sabab qishloqqa muddatidan oldin qaytishga or qildim. Qizning otasi esa, “o‘qigan qizimni kambag‘alga beramanmi?..” deb, baribir uni boyvachcha amaldorning o‘g‘liga uzatib yubordi.
Armiyadan qaytib kelgach, tabiiyki, oldingi ishimni berishmadi. Bosh muharrir o‘zining yangi ishga kelganini bahona qilib, o‘rinbosariga ro‘baro‘ qildi. O‘rinbosar: — “Ukajon, o‘rningizga bir “katta odam”ning qizini olgandik, uni bo‘shatolmaymiz. Siz ishdan o‘z ixtiyoringiz bilan bo‘shash to‘g‘risida ariza yozib bering, men sizga oldingisidan ham zo‘r joyni topib beraman”, — deb aldadi. Kap-katta yigit, buning ustiga o‘n bir jonni bir o‘zi boqayotgan otamdan pul so‘ramasligim kunday ravshan edi, albatta. Eski hunarim ish berdi, “Mushtum” jurnaliga “Bir qaynov ichidagi gaplar”ni yoza boshladim. Bir oyda 40 — 50 so‘mgacha qalam haqi berishardi. Yana bir qulay tomoni, har 15 kunda qo‘limga pul tushadi. Shu orada ish daraklab bormagan joyim, kirmagan eshigim ham qolmadi, hisob.
O‘tkir aka.
Ana shunday kunlarning birida, taqdir Sizni menga ro‘baro‘ qildi. Gonorar beriladigan nashriyot kassasi yonida tizilib turgan turnaqator navbatning oxiriga borib, joyimni egalladim. Bu yerdagilarning ko‘pchiligi taniqli odamlar edi. Ularning safida men ham borligimdan ochig‘i, ich-ichimdan g‘ururlandim. Yangi chiqadigan gazetaning xomaki nusxasini diqqat bilan ko‘zdan kechirayotgan oldimdagi odamga eng oxirida razm soldim. Shu zahoti uni tanidim va huddi hozir unga tegib ketadiganday ortga surildim. Bu Siz edingiz, O‘tkir aka! Bundan ikki yil ilgari uchrashganimda qanday bo‘lsa –o‘shanday, biroz oq sochlar ko‘paygandek tuyuldi. Birdan vujudimni xayajon bosdi. Qani endi ortimda birtalay odam bo‘lsa-yu, men shu tobda navbatning oxiriga o‘tib olishga mingdan-ming rozi edim. Buning sababi bor edi, albatta. Bundan ikki yil muqaddam “Toshkent universiteti” gazetasida jimittay “oq yo‘l” va suratim bilan bosilgan “Har bahor…” nomli hikoyamni qanday haddim sig‘di, bilmadim, Sizga olib kelib ko‘rsatgandim. Siz meni eski qadirdonlardek, g‘oyat samimiy tabassum bilan kutib oldingiz. Qishloq bolasi emasmanmi, buni o‘zimcha tushunim va dangal maqsadga o‘tdim: “ – Mendan yozuvchi chiqarmikan, shuni aytib bersangiz?”, — degandim o‘ylab-netib o‘tirmay. “ – Shu gazetada bosilgan ekan, demak, Ozod akaning nazaridan o‘tganligini o‘zi katta baho, – dedingiz kulimsirab. – Vaqt topib bir o‘qib chiqib, bafurja o‘tirib gaplashamiz, bo‘ladimi?”. Keyin qilgan ishimdan ming pushaymon bo‘ldim. O‘zi nechta hikoya yozib qotirib qo‘ygansanki, o‘ylamay-netmay O‘tkir Hoshimovday buyuk yozuvchiga uchrashib, vaqtini olding, bola, deb o‘zimni koyidim. Uning oldiga qaytib borish haqida-ku, gap ham bo‘lishi mumkin emasdi… Qisqasi, bir xayolim navbatdan sirg‘alib chiqib, juftakni rostlab qolmoqchi ham bo‘ldim. Ammo tramvayga ham yo‘lkirasi yo‘q odam shu tobda qayoqqa ham borardi. O‘z- o‘zimga taskin berdim: “Sendaqa xom-xatala “asar”ini unga ko‘tarib boradiganlarning soni – sanog‘i yo‘qdir, meni ham yodidan chiqarib yuborganligi, aniq”. Xijolatpazalik biroz ortga surilgandek bo‘ldi. Shu payt kutilmaganda Siz men tomonga o‘girildingiz. Salom berdimmi, yo‘qmi eslolmayman. “Ijodlar qalay, Rustamjon, ko‘rinmay ketdingiz?” – deganingizni eshitdimu, javoban tilimni uchida turgan gapni aytdim: “Menga ish yo‘q, O‘tkir aka”. Azaga borgan xotin o‘z dardini aytib yig‘laydi deganlari men bo‘ldim. Yuzimga bir zum tikildingiz-da, “Ish yo‘q bo‘lsa, biz bormiz-ku,” dedingiz nim tabassum bilan va yana gazetani o‘qish bilan mashg‘ul bo‘ldingiz. Bu shunchaki, omadi bir gap bo‘lsa ham ko‘nglimning allaqayerida yoruqlik paydo bo‘ldi. Shu orada, mana-man degan ijod ahliga juda yaxshi tanish, qachon bo‘yalgani noma’lum bo‘lsa ham barchaga chiroyli ko‘rinadigan kichkinagina darcha oldiga ham yetib keldik. Sizning ortingizdan qamoqxona eshigining tirqishini eslatadigan teshikdan taomilga ko‘ra qosh-ko‘zlari bo‘yalgan, sochlari allambalo ko‘rinishda turmaklangan, qimmatbaho atir ifori anqib turgan sohibjamol opaxonga tirjayib, rus tilida salom berdim. Opaning ko‘ngli nozik ekanligini bu yerga bir marta bo‘lsa ham “ishi” tushgan odam biladi. Arzimagan bahona bilan “Bu gazetadan ro‘yxat hali kelgani yo‘q” yoki “Sizning familiyangiz ro‘yxatda yo‘q”, “Pul tamom bo‘ldi, bankka borib kelaman” degan javobni eshitib, yana albatta, rahmat aytib, chapanicha aytganda “11-tramvayda” ortingizga qaytib ketishingiz ham hech gap emasdi. Shuning uchun bir ko‘zim nariroqda kimlar biladir gaplashib turgan, Sizda, bir ko‘zim va ikki qulog‘im darchada edi. “Qaysi gazeta?” – degan savolga “- Mushtum” jurnali” — deb maktab o‘quvchisiday jarangdor ohangda, aniq javob berdim. Gonorar men kutganimdagidan ham ko‘proq edi. Bir dasta pul kayfiyatimni birdan ko‘tarib yubordi. Ishga kirish tashvishi ham ortga chekindi. Bu pul kam deganda, naqd uch oy “Kitoblar passaji” do‘koni ro‘baro‘sidagi, avom tilida “Artistlar kafesi” deb nom olgan oshxonada kuniga 2 marta go‘shtsiz lag‘mon olib yeyishimga yetib, ortib ham qolardi. Birdan qornim ochgani sezildi. Shundoq, yonboshimda 4-5 kishi bilan gaplashib turgan, Sizning tovushingiz eshitilib turgani uchun ketvorishga vijdonim yo‘l qo‘ymadi. Siz zalni tark etmaganingizgacha kutishga qaror qildim. Vaqt –oliy hakam deganlaridek, shu ozgina fursat meni “esimni” kiritdi, chin ma’noda eski chorig‘imni eslatdi. Boyagina, bir arava beda g‘aramiday ko‘ringan cho‘ntagimdagi pul suzilib, bir tutamga aylandi. Bu pulning yarmini tibbiyot institutida o‘qiyotgan ukamga berishim, shifoxonada yotgan onamni ul-bul olib, borib ko‘rishim kerakligini va oyog‘imdagi armiyadan kiyib kelgan botinkaga ko‘zim tushgach, yana Sizni izlab qoldim. Siz boyagidan ham nariroqda, kimlar bilandir davra qurib, gaplashib turardingiz. 6-7 metrlik masofada taqqa to‘xtadim. Garchi ko‘zingiz menda bo‘lsa-da, turli gumon va shubhalar boshimda charh urardi: “O‘tkir aka shunchaki aytgan gapiga yopishib olishim to‘g‘rimikan.., ishga kirgizib qo‘yaman, deb dangal aytgani yo‘qku.., vaqtim bemalol, kabinetiga kirib ketguncha ta’qibni davom etdiraman, chiqmagan jondan umid”. Xullas Siz yana gazeta korpusiga o‘tgancha yana bir –necha bor to‘xtab odamlar bilan gaplashdingiz, men esa masofani buzmay soyaday ergashib boraverdim. Uchinchi qavat koridori bo‘m-bo‘sh edi. Sizning ortingizdan ergashib borarkanman, endi qilgan ishimdan asoydil pushaymon bo‘ldim. Hozir ortiga qayrilib, “Menda ishingiz bormidi, uka”- desa, nima degan odam bo‘laman. Bir eshik oldida siz taqqa-to‘xtadingiz va eshikni ochdingiz, men ham shartta ortimga burildim. Shu payt Sizning “Shu xonaga kiring” degan ovozingizni eshitdim. Bu yerda mendan boshqa odam bo‘lmasa-da, biroz merovlanib turdim-da, oldingizga yugurib emas, uchib bordim . Siz o‘sha-o‘sha, sahifadan ko‘zingizni uzmay ochiq eshikni dastagini ushlab turardingiz. “ — Shu xonada ishlaysiz” , — dedingiz menga yo‘l berarkansiz. Ortimdan eshik berkildi. Xona keng-mo‘l, shinam va yorug‘ edi. To‘rt burchakda to‘rtta ish stoli bo‘lib, uning birida o‘rta yoshlardagi rus millatiga mansub ayol o‘tirar edi. “Sizga kim kerak edi?”, — so‘radi opa. “O‘tkir Hoshimov menga shu xonada ishlaysan dedi”, — dedim begonasirab. “Hoshimov aytgan bo‘lsa, demak shu yerda ishlaysiz. Ana shu bo‘sh turgan stol sizniki, marhamat, o‘tiring”, — opa eshik oldidagi stolga ishora qildi. U o‘zini Adaykina Elvira Sergeyevna deb tanishtirdi. “Toshkent oqshomi – Vecherniy Tashkent” gazetalarining informatsiya bo‘limi muxbiri bo‘lib ishlarkan. “Bo‘lim mudiringiz Abdulla Po‘latov o‘ta qattiqo‘l, qo‘rs va badjahil odam, — Elvira opa menga bir piyola choy uzatarkan, shart-sharoitni tushuntirgan bo‘ldi – Sizgacha ko‘pchilik ishga kelgan yigitlar uning sinoviga dosh berolmay, qaytib kelishmadi. O‘z ishining ustasi, ammo u bilan kelishib ketish”…- xuddi gap shu yeriga kelganida eshik sharaq etib ochilib, xonaga qoramag‘iz, novchadan kelgan, ancha uringan kostyum-shim kiygan, qotma kishi kirib keldi. U shtob bilan yurib borib, to‘rdagi stolga o‘tirdi-da, yon cho‘ntaklaridan uvadasi chiqqan yondaftarcha, birtalay tartibsiz buklangan qog‘oz va gazetalarni chiqarib stolga tashladi. Elvira opa pirillagancha joyiga borib o‘tirdi. Men bo‘lg‘usi boshlig‘im Abdulla Po‘latov shu kishi ekanligini allaqachon anglab, ikki marta salom bersam ham alik olmadi. U menga e’tibor bermay, ayolga yuzlandi : “O‘zimga qoyilman. Tushgacha ikki kunlik informatsiyani yig‘ib keldim. Yana ikkita reportajga yetadigan ma’lumat qo‘limda. A labbay”. Ayol bu gaplarga pinagini ham buzmay, meni ko‘rsatib dedi: “ — Bu yigitni Hoshimov olib keldi, tushundingmi, Ho-shi-mov! Bo‘limingda ishlar ekan”. “Rostdan O‘tkirjon aytdimi? Uday bo‘lsa tanishaylik”, – Abdulla aka men bilan qo‘l berib ko‘rishdi. Avval, nasl- nasabimni surishtirdi, keyin qayerlarda ishlaganimni so‘radi. Javobimni eshitdi-yu, tutaqib ketdi: “Bu nashrlarda informatsiya yozishni bilishmaydi, bo‘lmaydi, demak, siz ham yozishni bilmaysiz”. Men vaziyatni yumshatish uchun uni maqtamoqchi bo‘ldim: “Endi ustoz, men sizga shogirdlikka keldim…” gapim og‘zimda qoldi. “Menga shogird kerak emas va bu yer shogird tayyorlaydigan joy ham emas- uning battar jahli chiqdi, sigareta tutatdi. — Menga bugunoq, yo‘q, hoziroq gazetabop informatsiya yozaoladigan xodim kerak. Lekin sizga birinchi kun bo‘lgani uchun imkoniyat beraman. Ertaga tushgacha mening stolimga mayli, hozircha beshta informatsiyani taxlab qo‘yasiz. Keyin, menga qo‘lini qovushtirib, mullavachchaga o‘xshab turadigan muxbir emas, vaqti kelganda tengma-teng baxslashadigan, tortishadigan, o‘z fikriga ishontiraoladigan muxolif kerak. Ish vaqtida men sizga do‘st emasman, mehmondorchilikda boshqa gap”. Shunday qilib, sizning sharofatingiz bilan menga bir oylik sinov muddati belgilanib, axborot bo‘limida ish boshladim. Bu mendek ish topolmay, tentirab yurgan odam uchun taqdir in’omidan boshqa gap emasdi. O‘sha paytda “Toshkent oqshomi” gazetasida ishlash ba’zibir respublika tahririyatida ishlashdan ham nufuzliroq edi desam, noto‘g‘ri bo‘lmasa kerak. “Toshkent oqshomi” – mening tasavvurimda qaynab turgan qozonning o‘zginasi bo‘lib, unga tushganingdan keyin qaynashing shart, aks holda ko‘pikka aylanishing turgan gap. Meni esa ko‘pikka aylanishga mutlaqo haqqim yo‘q edi. Chunki menga kimsan, O‘tkir Hoshimovning o‘zi ishonch bildirgandi. Tahririyatda ishlab ketish men uchun to‘g‘ri ma’noda ham, ko‘chma ma’noda ham hayot-momot masalasi edi. Mening nazarimda, bir haftada gazetaning 6 ta sonini gumbillatib chiqarayotgan jurnalistlar jahannam o‘rtasida so‘lim bog‘-rog‘lar yaratib, boshqalarning havasini keltirayotgan farishtalarga o‘xshardi. Toshkentday poytaxti-azimda bugun yuz bergan voqealarni ertaga qoldirmasdan gazetaga muhrlashni uddalagan kamsonli jamoani yana nimaga o‘xshatish mumkin. Nari borsa ikki qog‘ozlik, bor-yo‘g‘i 4-5 ta axborotni topish uchun 90 joyga qo‘ng‘iroq qilib, hech bo‘lmasa ikkitasini joyiga chiqib aniqlab, yana o‘qimishli qilib yozish uchun ertalabdan tushgacha vaqt ajratiladi. Ertaga topshiriladigan, to‘g‘rirog‘i, topshirishingiz shart bo‘lgan reportajning xomaki matni bu hisobga kirmaydi. Hali yana maqolaga oid suratni sinkografiyadan chiqishini poylash va ostiga matn yozish ham bor. Har kuni ertalabki letuchka va tushdan keyingi rejalashtirish yig‘inlarini aytmasa ham bo‘ladi. Haftalik yakunlari beayov ijodiy baxs-munozaralarga aylanadiki, boshda, ayrimlar bu gaplardan keyin umrbod yuzko‘rmas bo‘lib ketsa kerak deb o‘ylardim. Yanglishgan ekanman. Sog‘lom ijodiy raqobat, haq gap, samimiylik, yangilikka intilish, izlanish va to‘g‘ri tanqid jamoani yangi muvaffaqiyatlar sari yetaklarkan. Hayratlanarlisi shundaki, gazeta xodimlari shuncha ishni qoyilmaqom qilib bajarib, yana bir piyola choy ichishga, gurunglashishga, latifa aytishga ham ulgurisharkan…Buning ustiga jurnalistlarning aksariyati nasr va nazmda barakali ijod qilib, kitoblarini qay vaqtda yozishlari menga sir bo‘lib qoldi.
Oradan kunlar o‘ta boshladi. Ishtiyoq kuchliligidanmi, hartugur, ishni ancha eplashtirib oldim. O‘zimni tutib olishimda tahririyat xodimlari, ayniqsa, sanoat bo‘limida ishlaydigan qadirdon do‘stim, kursdoshim To‘xtamurod Toshevning yordami beqiyos bo‘ldi. Shu orada sinov muddati ham nihoyasiga yetdi. Bo‘lim boshlig‘ining roziligini olgach, meni o‘zingiz Bosh muharrir Sa’dulla Karomatov huzuriga boshlab kirdingiz.
— Shu yigit ishlayotgandi-da, Sa’dulla aka, — dedingiz va eshik oldida turgan meni imlab chaqirdingiz.
— Gazetada ko‘ryapman, bir yangi familiya paydo bo‘lib qoldi, shu yigit ekan-da, — dedi rahbar ko‘zoynagini olib qo‘yib, boshdan – oyoq menga sinchiklab nazar solarkan, bir muddat jim qoldi.
Mana shu bir necha soniya ichida ko‘nglimdan nimalar o‘tmadi. “Sa’dulla aka mana-man degan jurnalistlarni ham ishga olmagan, sendaqa studentga yo‘l bo‘lsin, yana shahar propiskasi ham yo‘q”,- degandi ko‘pni ko‘rgan xodimlardan biri. Shuni o‘ylab peshonamdan muzdek ter chiqdi. “Stolida “Shaxsiy ish”im ham ko‘rinmaydi, demak, ishga olmaydi”, — degan qat’iy xulosaga keldim.
— Menimcha tortib ketadi, Sa’dulla aka, — kutilmaganda luqma tashladingiz. Bu taklifdan maslahat ohangi aniq bilinib turardi.
— Shu bolaga siz ishonasizmi, O‘tkirjon? — dedi ko‘zingizga tik boqib Sa’dulla aka.
— Ishonaman, — huddi shu savolni kutib turgandek, kiprik qoqmay javob berdingiz.
— Men ham ishondim, — dedi rahbar va yangi chiqadigan gazetaning yoyib qo‘yilgan sahifalaridan biriga tikilarkan, stol ustidagi radio-telefon muruvvatini bosdi. Undan mikrofon shovqini va xirillagan tovush eshitildi.
— Eshitaman, Sa’dulla aka.
— Abdug‘ani, uchinchi sahifadagi suratni burchakdan olib, o‘rtaga qo‘yinglar, kattalashtiringlar degandim, bo‘ldimi?
— Bo‘lgan, Sa’dulla aka. Bosmaxonadan tuzatilgan sahifani hozir oldim. Sahifa ancha ochilibdi, Sa’dulla aka. Ko‘rarsiz, sizga jo‘natdim.
Shundan keyin Bosh muharrirning men to‘g‘rimda Sizga aytgan gaplari boyagina xayolimdan o‘tgan fikrlar nechog‘lik notovon va asossiz ekanligini ko‘rsatdi. Men Sa’dulla Karomatovni oqshomchilar ham, shu 14 qavatlik binoda ishlaydiganlar ham, qolaversa, hukumat odamlari ham nima uchun hurmat qilishlarini bilib olgandek bo‘ldim.
— O‘tkirjon, kadrlar bo‘limiga ayting, bu xodimga sinov muddati boshlangan kundan buyruq yozsin, talaba ekanligini va oilada 9 nafar farzand borligini inobatga olib ijtimoiy fonddan bir oylik maoshi miqdorida yordam pulini hujjatlashtirsin, — dedi rahbar Sizga va menga yuzlanib so‘zini davom etdirdi, — Sizdan esa tashabbuskorlikni kutaman.
Shunday qilib, 1976 yilning oktyabr oyida “Toshkent oqshomi” gazetasining informatsiya bo‘limida jurnalistik faoliyatimni boshladim. Kimsan, keyinchalik O‘zbekiston xalq shoiri Sirojiddin Saidning “Informatsiya qiroli” she’ri orqali butun respublikaga ma’lum va mashhur bo‘lgan Abdulla Po‘latovning qo‘l ostida ishlash naqadar mas’uliyatli ekanligini boshqalar bilmasa ham OAV xodimlari yaxshi bilishadi.
Bosh muharrirning qattiqqo‘ligi tufaylimi, tartib-intizom odatga aylanganmi, ishqilib, ish vaqtida barcha ish bilan band bo‘lardi. Barcha ishtiyoq bilan ishlardi. Jurnalistlarda tinim yo‘q edi. Gazetaning reyting ko‘rsatkichi shundan balandmikan?! Buni salmoqliroq maqolamiz bosilganida gazeta do‘konidan navbatda turib ham ololmaganimizdan bilsa bo‘lardi. Respublika viloyatlaridan obuna qilishlarini so‘rab yuzlab, minglab xatlar kelardi. Xatlar bo‘limi ularga javob yozib ulgirolmaganligi uchun bizlar ham qarashardik. Ko‘pincha xat orasida obunaga pul yuborishardi. Ular egalariga bitta qo‘ymay shundayligicha qaytarilardi. Adadi ko‘payib ketishidan qo‘rqisharmidi, harqalay, o‘sha vaqtda bu gazetaga viloyatlarda obuna bo‘lish qat’iyan ta’qiqlangandi. Xullas, kechki soat 16.00 bilan 17.00 orasida Bosh muharrir o‘rinbosari xonasida keyingi son rejalashtirilgandan keyin “bosim” pasayardi. Ko‘pincha Sizning xonangizda suhbatlashib o‘tirardik. Buni maydalab aytishimga bir jiddiy sabab bor. Siz bilan tushgan biron bir surat yo‘q ekan, shekilli, topolmadim. Alam qiladigani esa, bu suhbatlarning deyarli hammasida gazeta fotojurnalisti Salimjon Mahkamov ishtirok etar va fotoapparati shay holatda bo‘yniga osilgan bo‘lardi. Bir marta “chiq” etib olsa bo‘lmasmidi?! Albatta, bu narsa hech birimizning yodimizga kelmagan. Afsus. “Keling, O‘tkir aka, birga suratga tushaylik” deyishga esa haddim sig‘magan. Bu ham mayli, shaxsiy kutubxonamda Sizning dastxatingiz yozilgan bitta ham kitob yo‘qligini ko‘rib, “dod” degim keladi. O‘sha kezlarda yangi bosmadan chiqqan “Nur borki, soya bor” kitobingizga vaqtingizni olib, kamida 40-50 nafar odamga dastxatingizni yozdirib olgan edim-da! O‘zimga ham bitta yozdirib olsam bo‘lmasmidi? Bo‘lardi. Lekin tan olib aytaman, o‘sha odamlarga “Men O‘tkir Hoshimovni taniyman, birga ishlayman” qabilida maqtangim kelgan bo‘lsa kerak. “Ko‘rmaganni ko‘rgani qursin” deganlari shu bo‘lsa kerak-da. Hozir, shu satrlarni yozayotganimda yodimga tushdi, bulardan battari ham bor ekan, ustoz.
Aniq yodimda, 1977 yil 28 may kuni edi. Armiyadan qaytib kelganimga bir yil to‘lgan sana bo‘lganligi uchun yaxshi eslab qolganman. Telefon qilib, meni xonangizga chaqirdingiz va so‘ragandingiz:
— Rustamjon, Jurnalistlar uyushmasiga a’zo bo‘lganmisiz?
— Yo‘q, O‘tkir aka. Bunga arziydigan ish ham qilganim yo‘q.
— Kimsan, Abdulla Po‘latovday jurnalist bilan chiqishib, ishlab ketgan odamni uyushmaga olsa bo‘ladi. Bo‘lim mudiringizni o‘zi tavsiya qildi.
Xullas hujjatlarni tayyorlab bo‘lgandan keyin uch donadan surat kerakligi ma’lum bo‘ldi. Ikkalamiz boshlashib ikki eshik naridagi gazetamiz fotomuxbirining xonasiga kelib, oldinma keyin suratga tushdik. Birga suratga tushaylik deyishga yana jur’atim yetmadi. Attang. Sizning sharofatingiz bilan, yana bir kunda O‘zbekiston Jurnalistlar uyushmasiga a’zo bo‘lganligim menga bir umrlik esdalik bo‘lib qoldi. Uning qadri men uchun juda baland edi. Birinchidan, men hali oliy ma’lumotli jurnalist diplomini qo‘limga olmagan talaba edim. Ikkinchidan esa, bu kunlarga yetib kelguncha “ko‘plab mashaqqatlarni boshdan o‘tkazdim” deyishga-ku, chindan ham arzimaydigan, ammo ayrim quvonchli va tashvishli kunlar bo‘lib o‘tganligi rost.
Kelajakda kim bo‘lishidan qat’iy nazar volidai muhtaramasiga bag‘ishlab she’r yozmagan o‘g‘il-qiz topilmasa kerak. Mening ham ilk mashqim ona haqidagi she’r edi. Eng yaqin do‘stim, sinfdoshim Baxtiyor mendan bekitiqcha o‘ziga yoqqan o‘sha she’rimni tuman gazetasiga olib borib bergan ekan. “Paxtakorlar ovozi” gazetasining 1965 yil 9 mart sonida “Boshimizda parvona…” sarlavhali ushbu she’r bosilib chiqdi. O‘sha payt 6-sinfda o‘qirdim. Shu kundan boshlab ismimga “shoir” degan laqab ham qo‘shib aytiladigan bo‘ldi. Ko‘chadagilarning gapi o‘z yo‘liga, meni onamning munosabati, faxrlanishi qiziqtirardi. Kun botdi ham, onamdan sado chiqmadi. Ertalab otam ishga ketganlaridan so‘ng onamdan so‘radim:
— Kechagi gazetani o‘qidingizmi?
— Qo‘shnilar seni yaxshi maqola yozibdi deyishdi, — dedi u zot pinagini buzmay kir yuvarkan.
— Maqola emas, sizga bag‘ishlangan she’rim chiqqan, ona.
Xullas, majburlab she’rni o‘qib eshittirdim. Ammo onamning ajin bosgan yuzida o‘zgarish sezmadim.
— Otam she’rimni ko‘ribdilarmi? – qo‘rqa-pisa so‘radim onamdan.
— Sen ertalabdan beri she’r yozdim deb boshimni qotirasan, — dedi yig‘lamoqdan beri bo‘lib onam – men bo‘lsam, ro‘zg‘ordan ortdirib bir dona ordonalar qolgur kir sovun sotib ololmayman. – Kir -chir deganlari g‘aram bo‘lib, uyulib yotibdi. Yo‘qchilik quribgina ketsin. Kasal bo‘lmaganimda odamlarga o‘xshab dalada ishlardim, tilim uzun bo‘lardi. Otangning qosh-qovog‘iga qarab, sarg‘ayib o‘tirmasdim, bolam.
Onam yig‘lab yubordi. Uni bag‘rimga bosdim, qo‘limdan kelganicha yupatishga harakat qildim.
— Ko‘ngling cho‘kmasin deb kecha otangning achchiq — tizziq gaplarini senga aytmagandim, — dedi biroz o‘ziga kelib volidam. – Seni she’r yozgancha dalaga chiqib ketmon chopsin, molga qarasin, dedi. She’r yozishga o‘rganib qolsa, keyin boshqa ishni eblolmaydi, ro‘zg‘orini tebratolmaydi, dedi. Otangning aytganini qilgin, bolam, “ota rozi – xudo rozi” deydilar. Qo‘y, shu she’r-perni yozma. Maktabni bitirsa, otang seni agronomlikka o‘qitaman deyapti. Sho‘rlik bir o‘zi ishlaydi, unga ham qiyin. Jahli chiqsa nima bo‘lishini o‘zing bilasan.
O‘sha tun uxlamay chiqdim. Endi orzularim nima bo‘ladi?! Niyatim muxbir bo‘lish edi. Otam shoirlik, muxbirlik, o‘zining ta’biri bilan aytganda “odam ichidan chiqarib, to‘qib yozadigan” kasblarni ketmon chopishdan qochadigan dangasalarning ishi deb hisoblardi. Boshqa oilalarda otaning gapi-gap bo‘lishi mumkin, ammo bizda u qonun edi. Otadan erta yetim qolib, juda qiyinchilikni ko‘p ko‘rganliklari uchunmi, ishqilib padari buzrukvorimiz biz, farzandlarga nihoyatda mehribon, shu bilan birga o‘ta qattiqqo‘l, jahli tez edi. Biz bilan do‘stona suhbat qurganlarini eslay olmayman. Dasturxon atrofida jim-jit o‘tirardik, savol berishga qo‘rqardik. Ayniqsa o‘g‘il farzandlarini qattiq tergardilar, shapalog‘ini ko‘p marta yeganmiz. Ammo hech qachon adolatsizlik qilmasdilar…
Xullas, shu voqeadang so‘ng oradan 15-20 kun o‘tib, gazetada bosilgan she’rim uchun 3 so‘m 94 tiyin pulni pochtalon olib kelib berdi. Birinchi gonorarimga do‘kondan 10 ta kir sovun, shakar va oq qand sotib olib, onamning qo‘llariga tutqazdim.
— Hey bola, bu nima qilganing, pulni qayerdan olding? – dedi esxonasi chiqib ketgan onam lash-lushlarni qaytarib berishga taraddudlanib.
— Ozgina shoshmang ona, o‘g‘irlik qilganim yo‘q, ishlab topdim, o‘sha kuni gazetada chiqqan she’rimga gonorar, qalam haqi berishdi,- deya pochta pattasini ko‘rsatdim.
Onam menga boshdan –oyoq razm soldilar-da, qo‘llaridagi narsalarni bag‘riga bosgancha, ko‘zlaridan duv-duv yosh to‘kildi.
— Niyatim sizni xursand qilish edi, — deya onamning qo‘llarini siladim, — halol dedimku, nimaga yig‘layapsiz.
— Quvonganimdan yig‘layapman, bolajonim. Meni boqadigan kap-katta yigit bo‘lib qolganingni sezmay qolibman, rahmat.
Shu tobda onamning yuzlari quyoshday charaqlaganini ko‘rib shoshib qoldim. Undagi ajinlar ham, dog‘lar ham qayoqqadir g‘oyib bo‘lgandi. Shundagina uning endigina 33 yoshni qarshilayotgan navqiron ayol ekanligi, biror marta uning tug‘ilgan kunini nishonlamaganligimizni esladim.
— Bo‘ldi, endi har kuni bugungiday chehrangiz ochiq bo‘lib yurishini istayman, ona,- dedim uni bag‘rimga bosarkanman, — bu sizga biram yarasharkan.
— Otangdan bitta sovunga pul so‘rash uchun bir yuzimni qora qilib so‘rardim, — deya darvozaga qarab qo‘ydi u. – Yetkazganiga shukur, endi, yaqin ikki oygacha yalinmaydigan bo‘ldim. Harna-da.
— Endi ko‘p-ko‘p maqolalar yozib, har oy gonorar olaman, ro‘zg‘or ishlarida otamga qarashaman, — dedim men ishonch bilan.
Yana bir gap. O‘sha paytda “Nur borki, soya bor” romanini yozish va nashr etish uchun chinakam jasorat, yurak kerak edi. O‘zini “o‘tga-cho‘qqa urish” sizga xos odat ekanligini keyin ham ko‘p marta ko‘rganman. O‘zim shaxsan guvohi bo‘lgan bir voqea sira yodimdan chiqmaydi. Ilgarilari shoirlarning yangi she’rlari avval gazeta va jurnallarda e’lon qilinardi. Hikoyalarni-ku, aytmay qo‘yaqolay, endi “tandirdan uzilgan” ro‘man va qissalardan parchalarni ham vaqtli va davriy matbuotda o‘qirdik. Shuning uchun bo‘lsa kerak, 70 yillarning o‘rtalarida nima sababdandir taniqli shoir Rauf Parfining she’rlari matbuotda umuman ko‘rinmay qolgandi. Bu “jimjitlik” ovoz qicharib aytilmasa ham bechiz emasligi ko‘pchilikka kundek ravshan edi, albatta. Uni buzishga uncha-muncha odamning ham yuragi “dov” beravermasdi. Xuddi shu paytda Rauf Parfining she’rlarini gazetada chop etish uchun tayyorlayotganingizni va Bosh muharrirni ham bunga ko‘ndirganingizni eshitib qoldim. Eng quvonchlisi bu ishga meni ham jalb qilganingiz bo‘ldi. Adabiyot bo‘limi muxbiri, yozuvchi G‘affor Hotamov bilan birga el ardog‘idagi shoir Abdulla Oripovning uyiga kirish so‘zi yozdirib olish uchun bordik. Abdulla aka iltimosimizni eshitgach, biroz o‘yga toldi va ko‘zlarini katta – katta ochib bizga tikilarkan, aytganlaridan quyidagilar yodimda qoldi: “ – Raufni sizlar emas, u sizlar kabi yosh ijodkorlarni qo‘llaydigan darajaga yetgan katta shoir… Bilmadim, bu qatag‘on, ko‘rolmaslik balosidan qachon xalos bo‘lamiz?..” Xullas, ustoz suhbatidan bahramand bo‘lganimiz bir quvonch bo‘lsa, tahririyat topshirig‘ini qoyilmaqom bajarganimizdan o‘zimizda yo‘q xursand edik. Endi barcha yo‘llar ochiq va to‘sqinlik qiladigan narsa qolmagandek edi. Ammo Rauf akaning “It…larga” deb nomlangan she’ri ayrim… “mutasaddi”lar e’tiroziga sabab bo‘ldi. O‘sha kungi gazetadan “Adabiyot va san’at” sahifasi olib tashlandi va endi bosilishi xavf ostida qoldi. Muhokamalar anchayin jiddiy tortishuvlarga, do‘q-po‘pisali kinoyalarga aylanib ketganda ham Siz fikringizda qat’iy turib oldingiz. Xullas, oxir-oqibat korchalonlar “tilini tishlab” qolishdi. 1977 yil 10 yanvar kuni shoir Abdulla Oripov qalamiga mansub “Do‘stim haqida so‘z” nomli chiroyli so‘zboshi ostida Rauf Parfining turkum she’rlari surati bilan “Toshkent oqshimi” gazetasida bosilib chiqdi. Jamoatchilik, ayniqsa she’riyat ixlosmandlari bu gazetani qo‘lma-qo‘l qilib o‘qishdi, tahririyatga ko‘plab minnatdorchilik qo‘ng‘iroqlari bo‘ldi. Shularni yozayapmanu, dilimda bir hadik paydo bo‘ldi. Ustozga bu yozganlarim maqtov bo‘lib tuyulib, ranjimasmikan? Ijozatingiz bilan shuni aytamanki, nima bo‘lganda ham men o‘zim bilgan haqiqatlarni yozyapman. O‘sha zamonlarda Qur’ni karimning o‘zbekcha tarjimasini “Sharq yulduzida” jurnalida bosilganligini Bosh muharrirning jasorati desak, shubhasiz adolatdan bo‘ladi.
O‘tkir aka.
Kimdir sen to‘g‘ringda qayg‘urayotganini his qilishdan ham kattaroq baxt bormikan? Men o‘shanday baxtli odamlardan biriman deb baralla aytishga mutlaqo haqliman. Siz bilan birga ishlagan paytimizda ham, o‘qishni tamomlagach, qishloqqa ketib, butunlay “qoramni o‘chirib” ketganimda ham Siz meni unutmadingizgina emas, madadkor, tog‘day suyanch ham bo‘ldingiz. Hamma narsani o‘z nomi bilan ataydigan bo‘lsak, mehr-oqibatning yuqori cho‘qqisi bo‘lgan bunday oliyjanoblikni bir menga emas, ko‘pchilikka, albatta, birinchi navbatda, muhtojlarga qilgansiz. Yosh-yalanglarni qo‘llagansiz. Bu maqtov emas va bunga zarra ehtiyojingiz ham, toqatingiz ham yo‘q. Buni yaxshi bilaman. Aynan shu sababdan zimmamda har bir yozilayotgan so‘z mas’uliyatini unutishga haqqim yo‘q, ustoz.
Sir emaski, ayrim mehnat jamoalarida bo‘lgani kabi bizning gazetada ham payt poylab, “ignaning uchiday” vakolati borligini “eslatib” turish uchun “qildan qiyiq” topishga urinadigan ayrim “rahbarcha”lar bor edi, albatta. Ana shulardan bir-ikkitasi men o‘z joyiga mustahkam o‘rnashib olganimni ko‘rgach, g‘ashi keldi shekilli, mayda – chuyda bo‘lsa ham “tosh” otishni boshlashdi. Tahririyat yig‘ilishidami, letuchkadami, bilmadim, o‘shalardan biri kutilmaganda nolib qoldi, “Oliy ma’lumotsiz, buning ustiga shahar propiskasisiz kelgindilarni ishga olishga balo bormi? Diplomlik malakali kadrlar tiqilib yotgan bo‘lsa…” – desa, boshqasi “Shahar propiskasi yo‘qlarni, iste’dodi “shohlab ketgan” bo‘lsa ham ish olish qonunga zid. Gonorarri ham shular “shipirib” olishvotti”. Bu gaplar yana takrorlangandan keyin Siz javob qaytardingiz: “Ajabo, ayrim odamlar otdan tushsa ham, uzangidan tushgisi kelmas ekan. Hamon eski lavozimini qumsab, yoshlarning ularga choy tashib yurishini istashadi. Haftasiga bitta-yarimta maqola yozgandan keyin qalam haqi ham shunga yarasha bo‘ladi-da. Bularning aybi – qishloqda tug‘ilganimi?! Unda anketa so‘rovnomasi, tavsifnoma, tarjimai holini o‘rniga, shahar propiskasi muhriga qarab ishga olish kerak ekan-da? Ular ham O‘zbekiston fuqarosi ekanligi yetarli emasmikan”. Shundan keyin men va menga o‘xshagan qishloqdan kelganlar katta bir tashvishdan qutilganday bo‘ldik. Shundayku, biroq, boya aytganimday “tosh” bizga qarab otilsa ham, mo‘ljal Sizning tomarqangiz edi. Yonginasida, birga ishlab, kitobdan – kitobga qalami charhlanib, obro‘-e’tibori ortib borayotgan yozuvchiga turli yo‘llar bilan ichqoralik qilishardi. Ularning baxtsizligiga 30 va 50 — yillar o‘tib ketgandi-da?! Ammo ular baribir, “Yotib qolgancha – otib qol” qabilida bir “ish” qilishdi. O‘shanda “Adabiyot va san’at” bo‘limi tomonidan A.S.Pushkin tavalludiga bag‘ishlangan maxsus sahifa tayyorlangan bo‘lib, atoqli shoir Abdulla Oripovning “Oydin tuyg‘ular kuychisi” nomli maqolasi va “Pushkin” nomli she’ri ham o‘rin olgandi. Odatdagidek, gazetani xomaki nusxasini musahhihlar, navbatchilar qayta – qayta o‘qishadi va bexato chiqishi ta’minlanadi. Bu safar maxsus sahifani qiziqarli bo‘lganligi uchun deyarli barcha xodimlar ham o‘qib chiqqandi. Afsuski 1977 yilning 6 iyun kuni gazeta dilni xira qiladigan xato bilan bosilib chiqdi. Bu shunchaki xato emas, balki butun bir jumlaning ma’nosini chappasiga aylantirib yuboradigan so‘z bosishga olingandan keyin, ataylab o‘zgartirilganligi yaqqol ko‘rinib turardi. Atoqli shoirimiz oldida xijolatda qolgandik. Ammo bu dilxiralikni ulug‘ shoirimizning o‘zlari tumanday tarqatib yubordilar. Telefonga eng yaqin o‘tirganim uchun go‘shagini olishim bilan Abdulla akaning ovozini tanidim. Salom – alikdan so‘ng Abdulla aka asta gap ochdilar: — Sahifa zo‘r chiqibdi, tabriklamoqchi edim. Kayfiyatingiz pastroq ko‘rinadi?
— Kayfiyat qayoqdan bo‘ladi, maqolangizda xato o‘tib ketibdi, ko‘rgandirsiz, ustoz?
— Shunga xijolat bo‘lyapsizlarmi? – dedi samimiy ohangda ustoz. – Men maqolani aqli bor odamlar uchun yozganman. Ularning matnni to‘g‘rilab o‘qishlariga ishonchim komil. Hammasi joyida…
Ulug‘ shoirning chin qalbdan, samiyat bilan aytgan iliq so‘zlari ko‘nglimizga biroz bo‘lsa-da, taskin berdi.
Men tahririyatga ishga kirgach, oradan bir oy o‘tar – o‘tmas, vaqtinchalik boshpana — yotoqxonadan ham “badarg‘a” qilindim. O‘sha qor yoqqan kuni ilojsizlikdan ishxonada tunab qolishimga to‘g‘ri keldi. Ikkita kresloni birlashtirib yotish biroz noqulayroq bo‘lsa-da, ammo issiqqina xonada dars tayyorlash, ijod qilishga imkoniyat yetarli, buning ustiga bosmoxona oshxonasi tunu-kun ishlardi. Yana bir afzallik tomoni, hech qachon ishdan kechga qolmaysan va transport, ijara puli yoningga qoladi. Chamasi oradan uch oyga yaqin vaqt o‘tib, qish adog‘ida farrosh opaning “sharofati” bilan “sirim” fosh bo‘ldi. “Obbo, hammasi rasvo bo‘ldi, O‘tkir akaning yuziga endi qanday qarayman…” deb ulgurmasimdan, kutilmaganda “baxt qushi” boshimga qo‘nsa bo‘ladimi?! Voqeaning Siz bilmagan joyi ham bor. Shunday qilib, xonaga fan bo‘limining mudiri To‘lqin Rasulov kirib kelishi bilan bir ko‘ngilsizlik bo‘lishini sezdim. O‘zi, nimagadir, shu odamga qachon ko‘zim tushsa, salobatidanmi, o‘z ishining ustasi, mashhur jurnalist bo‘lganligi uchunmi, harqalay, hayiqardim. To‘lqin aka biror marta menga qattiq gapirmagan bo‘lsa-da, nigohi tushishi bilan oyog‘im qaltirardi. Bu safar rostdan ham uning avzoyi buzuq bo‘lganligi uchun oyoqlarim o‘zimga bo‘ysinmay, meni eshik oldiga olib borib qo‘ydi. “- Qayoqqa, Rustamboy, to‘xtang!”, — xitob qildi u. “- Eshitaman, ustoz”, — tomog‘im qaqraganidan arang ovozim chiqdi. “- Ishxonada tunab yurganingiz rostmi?” – katta-katta ko‘zlari atrofga alang-jalang qilarkan, vajohatiga nisbatan o‘ta past ovozda so‘radi To‘lqin aka. Oyog‘im qaltirar, darmonim qurib yopiq turgan eshik tabaqasiga suyanib qoldim. “- Rost… qishki sessiya boshlangan, uy izlashga vaqtim bo‘lmadi, bir-ikki kun turarman desam, cho‘zilib ketdi, uzr”, — dedi og‘ir gunoh ish qilib qo‘ygan odamdek. “ – Bu yerda O‘tkirjon bor, qolaversa, mana biz bormiz, eshitgan quloqqa yaxshi ish bo‘lmabdi-da, ukajonim. Xodimini ko‘chaga tashlab qo‘yibdi, deyishmaydimi?” – deya menga yaqinlashdi ustoz. “ – Uzr, ustoz”, — dedim tilimga so‘z kelmay. “ – O‘tkirjon mashinasida, pastda kutib turibdi, — samimiy jilmaydi hamsuhbatim. – Oldimga tushing, sizni uy-joylik qilamiz”.
Uchovlon hozirgi O‘zbekiston Milliy drama teatri hovlisidan teparoqdagi ko‘pqavatli bino oldida avtomashinadan tushdik. Bizni, keyin bilishimcha, teatr yotoqxonasining boshqaruvchisi kutib oldi. “ – Qo‘ng‘irog‘ingizdan so‘ng, birinchi qavatdan joy hozirlab qo‘ydik, ikki kishi bo‘lib turishadi, — dedi ochiq yuz bilan boshqaruvchi O‘tkir akaga yuzlanib. — Bugunoq vaqtincha propiska qilib qo‘yamiz. Sharoit zo‘r, istagancha turaveradi”.
Barcha shart-sharoitlariga ega bo‘lgan bir xonali bo‘lsa-da, alohida xonadonda yashash o‘sha vaqtlarda ko‘plarning orzusi edi desam, yolg‘onchi bo‘lmasam kerak. Boshqalarni bilmaymau, ammo talabalar “tilida” alohida dush-vannasi, xojatxonasi bor, ko‘pqavatli uydagi bunday xonadon “seksiyali” deyilishi bilan hammaga tushunarli bo‘lardi… To‘g‘risi, so‘nggi xatboshidan yozilgan jumlalar – men ayni shu tobda aytmoqchi bo‘lgan so‘zlar emas. Aslida, sizga yaxshiligingiz uchun o‘z minnatdorchiligimni izhor etmoqchi edim. Rahmat degan so‘zni aytib ham ba’zan, odamning ko‘nglini og‘ritib qo‘yish mumkin ekan?! Mittigina bir asarida bayram kuni non sotayotgan bolaga “Sen qachon bayram qilasan, bolajon?..” deb dardli xitob qilgan yozuvchiga bu so‘zni aytish o‘zimga ham o‘rinsizday ko‘ringan bo‘lsa-da, azbaroyi insof yuzasidan, aytdim: “Sizni urintirib qo‘ydim, yotoqxona uchun katta rahmat, O‘tkir aka…”.
Siz yozish bilan o‘ta band bo‘lsangiz-da, ko‘zlarimga bir zum samimiy tikilib turib, “Bu nima deganingiz… ishxonaga sal uzoqroq bo‘ldi-yu, sharoiti durustmi?…”, — deb so‘radingiz.
O‘tkir aka. Sizning menga aytgan shu javob so‘zingizni qog‘ozga tushirdimu, ko‘zlarimga negadir, achchiq yosh keldi. O‘zim uchun emas, albatta. Negadir… deganimning boisi, ijara uylarda, “seni baxtli qilaman” deb qishloqdan toshkentga olib kelgan xotinini ko‘ziga qarolmay, ro‘zg‘orining biri –ikki bo‘lmay, mungli ko‘zlari bir marta charaqlab yonmay o‘tgan ijodkorlar qancha edi…Bir etak bolalari bilan ijara uyning bittagina xonasida yashab, olamga bergusiz asarlar yozganlarga bir chimdim mehr, bir misqol muruvvat ko‘rsatadigan odam topilmadiku?! Qo‘ldan-qo‘lga o‘tib, sevib o‘qilgan qanchadan-qancha qo‘lyozmalar chop etilmay nashriyotlar g‘aladonlarida yo‘q bo‘lib ketgani rost gap-ku?.. 1977 yilda diplom ishimning taqrizchisi, shoiri zamon Tilak Jo‘ranikiga qo‘lyozmamni ko‘tarib bordim. Aslida ustoz bilan qadirdon bo‘lganimizga 7 — 8 yil bo‘lgandi. Hamfikr bo‘lganimiz uchun ozroq bordi –keldimiz ham bor edi. Bir-birimiz bilan ko‘rishganda olam nurga to‘lib ketardi, bu dunyodagi bor g‘amlarimni unutardim. Ishonchim komilki, bu kabi his – tuyg‘ular bilan to‘lib-toshganlar bir men emasdim… Oilasi bilan hali ham Eski shahardagi ijara uyda yashayotgan ekan. Sharoiti ham hamminqadar. To‘g‘risi, ko‘pchilik tanilib qolgan ijodkorlarning o‘sha paytlarda ijara uylarda yashashi g‘ayrioddiy hodisa hisoblanmasdi. Eshitishimcha, Tilak akaga uy berishgan vaqtda hastalikka chalinib qolgan ekanlar…
O‘tkir aka.
Sizga aytolmagan gaplarim ko‘p. Hechdan ko‘ra – kech deganlaridek, ularni oshkor qilishim, vijdon oldidagi burchim deb bilaman. Xullas, 1977 yilning avgust oyi oxirlarida universitetni tugatib, diplom oldim. Bundan qalbim quvonchga to‘ldi deb aytolmayman. Sababi, otam aytmoqchi, “g‘iq” etmasdan qishloqqa qaytishim, rayon gazetasida ish boshlashim shart edi. Agar ko‘nmasam, “bir… joyimga tepib” bo‘kagacha oborishini u kishi qat’iy aytgan va shunday qilishiga men shubha qilmasdim. Menga qolsaku, “oqshom”dan bir qadam ham jilmasdim, ammo tobora yoshi ulg‘ayib borayotgan otamni ham tushunaman: olti nafar qizni turmushga uzatib, uch o‘g‘ilni uylantirish gardanida turibdi. Buning ustiga avariyada singan oyoqlari yillar o‘tib pand bera boshlagan, urush yillari janggohlarga asov otlarni tayyorlash (jaydari qilib aytganda, asov otlarni “sovutish”) paytida singan qo‘li nogiron bo‘lib qolgan. Xullas diplomni ko‘tarib Bosh muharrir qabuliga kirdim va qishloqqa ketmoqchiligimni aytdim. Agar Bosh muharrir o‘rinbosarining “letuchka”lardagi menga bergan “dashnom”larini rahbariyatning fikri sifatida qabul qiladigan bo‘lsak, ishdan ketish haqidagi iltimosim, chapani tilda, “6 soniya”da hal bo‘lishi kerak edi. Ammo Sa’dulla Muzaffarovich diplomimni ochib ham ko‘rmadi va kutilmaganda o‘rnidan turib, eshik tomon yurdi. Oldinma – ketin muas’hhihlar xonasiga kirdik. Xonadagi sakkiz choqli qizlar rahbarning kutilmagan tashrifidan tik turgancha, yerga qarab qotib qolishdi. “Mana shu qizlardan bittasini tanlang, uka, — dedi Sa’dulla aka bir menga — bir qizlar tomonga qararkan , — o‘rtaga o‘zim tushaman. Nikoh oqshomida markaziy univerg ortidagi kvartaldan kasaba uyushmasidan sovg‘a sifatida 2 xonali kvartira kalitini o‘zim topshiraman”. Qizlar baravariga “voy…y..y…”deb yuborishdi. Men shosha – pisha, “Otam meni shaharlik qizga uylantirmaydi” , — deb yubordim. “Bularning qizlarning orasida o‘zi, shaharligi yo‘q. O‘ylab ko‘ring”, — dedi Sa’dulla aka va xonadan chiqdi. “Uzr qizlar, Sa’ulla akani men boshlab kirganim yo‘q … men bunday deyishlarini kutmagandim, uzr-a? ”, — dedim-u, shu zahoti so‘zamolrog‘i javob qildi, “Otangizga qo‘rqmasdan boshlab kelavering, kuyov bola. Birortamiz yoqib qolarmiz…”. Endi qiqir-qiqir boshlangandi hamki, yana bir qaqajonning ovozi ularni to‘xtatdi: “Qizlar, baxtimiz ochiladigan bo‘ldi. Mana ko‘rasizlar, Sa’dulla akaning qadami qo‘tlug‘ keladi”. Koridorga chiqqanimda qizlarning sho‘x kulgisi baralla eshitildi.
O‘tkir aka. Men “Toshkent oqshomi”dan ketganimdan so‘ng, to‘g‘rirog‘i, qishloqqa qaytib kelgach, Siz bilan ko‘rishmagan vaqtlarimiz ko‘p bo‘ldi. Sizni yo‘qlab, aqalli ikkita non ko‘tarib borolmadim?!.. ! Ana, oqibat. Siz esa bir emas, bir-necha bor buning uddasidan chiqqansiz. Ammo boshimga bir mushkulot tushdi deguncha, telefon qilib, uni bitirib olmaguncha holi-joningizga qo‘ymaganim ham afsuski, bor gap. Xullas, 1979 yilning bahor kunlaridan birida menga telefon qilib, “Rustamjon, vodiyda bo‘ladigan tadbirga ketayotib, Siz bilan omonlashib o‘tib ketmoqchiydim. To‘lqin akangiz bilan birga ketyapmiz.”
Bo‘kani oshi degan gap bor, ehtiyoti – shart, choyxonaga palov aytdirib qo‘ydim. Kitob do‘konidan dastxat yozdirib olish uchun bir dasta kitob olib keldim. Chindan ham vaqtingiz ziq ekan. Xonamda bir piyola choyni ham oxirigacha icholmagan bo‘lsangiz ham ammo ikki jumla gapingizni aytishga ulgurdingiz: – Rustamjon, ijodkor odamga amalning keragi yo‘q. Toshkentga qaytib boring, — dedingiz ko‘zimga sinchkov tikilib. — Raykom partiyada ishlagani uchun tarixga yozishmaydi…
Men o‘shanda bu so‘zlaringizni o‘zimga nasihat deb qabul qildim. Ammo o‘gitingizni yodimdan chiqarmadim. Yillar o‘tib, oilam bilan toshkentga ko‘chib bordim. Kitoblarim nashr etildi. Qolgan gaplaringizni haq ekanligini esa hayotning o‘zi isbotladi. Kommunistik partiya va sho‘rolar tuzumi tarix sahnasidan butunlay o‘chib, barham topib ketdi. Ammo bu gaplarga hali xiyla vaqt bor edi… Xullas, Siz kitobxonlar qurshovida dastxat tarqatayotganingizda To‘lqin akani gapga soldim. U talabalik yillari bo‘kada paxta tergan paytlarini zavq-shavq bilan esladi. Keyin Siz tomonga imo qildilar-da, — Odamlar ham qiziq-da, dastxat berayotgan shu yozuvchi toshkentda bor-yo‘g‘i, To‘lqin akangizning mashinasida olib yuradigan shofyor ekanligini bilishmaydi-da… – deb, o‘zlari momoguldirakday xoholab kuldilar.
Shu kuni tushdan so‘ng kutilmaganda xonamga rayon partiya komiteti birinchi kotibi To‘xtamurod Islomov kirib keldi. Men o‘rnimdan sakrab turib, askarday qotib qoldim. Chunki rayon rahbari shu vaqtgacha ikki qavatli bu binoning birorta xonaga qadam bosmaganidan xabarim bor edi. U bu dargohda ko‘p yillar ishlagan xodimlarni ham tanimas, ismini bilmaganligi uchun bizga o‘xshagan yoshlarni “hey, bola” deb chaqirardi. Xodimlar iloji boricha uning ko‘ziga ko‘rinmaslikka harakat qilishar, chunki birgina etik kiymagani uchun ishdan haydalishi turgan gap edi. Shuning uchun bu tashrif favqulodda voqea bo‘lib, meni esankiratib qo‘ygandi. U ostonada turgan yordamchisiga o‘girilib qaradi-da, menga qo‘lini bigiz qilib so‘radi: — Aytganing, shu bolami, Zikrilla?
— Ha, ismi Rustam.
— Hey… isming Rustammidi? — rahbar menga qo‘l uzatdi. – O‘tkir Hoshimov degan yozuvchi oldingga kelganmish, shu rostmi?
— Ha…
— Sen u kishini qayerdan taniysan?
— “Toshkent oqshomi” gazetasida birga ishlaganmiz.
— Barakalla, — yelkamga qoqdi raykom sekretari. — Katta odamlarning ta’limini olgan ekansan. Yaxshi…
Birinchi kotib mening o‘rindig‘imga o‘tirishi bilan yozuv stolidagi oyna ostidagi Sizning suratingizga ko‘zi tushdi.
— O‘tkir akaning, yoshlik paytlarida tushgan surati ekan-da, a? – deya so‘radi u oyna ostidan avaylab olarkan.
— Yo‘q, o‘tgan yili tushgan, — dedim men.
— Yo‘q-ye,.. men bo‘lsam 60 larga borib qolgan deb yurardim? – xayrat bilan so‘radi u. – To‘xta, bu o‘sha “Bahor qaytmaydi”ni yozgan odammi, axir?
Men tasdiq ifodasini qildim va qo‘shib qo‘ydim, — Hali 40 yoshga kirganlariga ozroq bor.
— Ko‘ryapsanmi, Zikrilla, — tantanali ohangda gapirdi To‘xtamurod aka, — “Bola boshidan”deganlari shu bo‘ladi. Hali yosh bola ekanku, mashhurligini qara… Shunday odamni hurmatini joyiga qo‘yolmadik… Uyat bo‘ldi…
Rahbar ostonada to‘xtadi va xona shiftiga, devorlariga, jihozlarga biroz qarab turdi-da, menga qo‘lini uzatdi: — Endi shunday hurmatli odamlar keladigan bo‘lsa, tortinmasdan, to‘g‘ri o‘zimga kirib aytgin, xo‘pmi? Qoyil, uka! Qolganlari esa hal bo‘ladigan ishlar.
Ertalab ishga kelsam ikkinchi qavatdan yangi poyondozlar solingan, yaraqlagan stol-stul, divanu-kreslolar bilan jihozlangan xonaga zudlik bilan ko‘chishim lozimligini aytishdi.
O‘sha tashrifingizdan keyin “baxtim ochlib” ishlarim yurishib ketdi. Keyinchalik, tuman miqyosidagi barcha yuqori lavozim pillapoyalarni birin — sarin bosib o‘tdim. Endi o‘ylab ko‘rsam, Siz bilan bo‘lgan har bir uchrashuvdan keyin hayotimda albatta, yaxshi tomonga o‘zgarishlar yuz bergan ekan. Shu tobda yuragimdan quyilib kelayotgan fikrlarning bir satrini ham yozolmayotganligimni bilsangiz edi. Chunki, qarshimda Siz, kamtarin, kamsuqum O‘tkir Hoshimov turibdi. Samimiyat sohibqironi bo‘lgan bu inson o‘zi mutlaqo loyiq maqtov u yoqda tursin, maqtovga o‘xshab ketadigan so‘zim uchun bosh chayqasalar, nima qilaman?! Aslida bunday dovdirga o‘xshab, chaynalayotganimning sababi juda oddiy. “Odamiylik – azaliy va abadiy fazilat-ku, shunga- shunchami?”, — deb meni uyaltirishingizni bilaman-da, ustoz. Nima ham derdim, bu oddiy haqiqatni tushunmaydigan yoki tushunishni istamaydiganlarga insof bersin.
2001 yilda Sizning muborak 60 yoshga to‘lishingiz munosabati bilan yubiley tadbirlaridan biri poytaxtning shundoq biqinida – Toshkent viloyatining muhtasham madaniyat saroyida bo‘lib o‘tgandi. Tashkilotchilar yo‘llagan to‘yxat Yo‘ldosh Hojimatov xo‘jaligidagi men yashaydigan uyga ham yetib keldi. Aytilgan vaqtdan barvaqtroq yetib bordim. Tabrik so‘zi bilan chiquvchilar ro‘yxati oldindan tuzib qo‘yilgani uchun juda ko‘pchilik qatorida menga ham mikrofon tegmasligi aniq bo‘lgach, shunday shodiyona kunda ustozni qo‘lini olib, bir og‘iz iliq so‘z aytmaslikka mening haqqim yo‘qligini tushundim. Mutasaddi va televideniye xodimlarining “hay-hay”lab, qarshilik qilganlariga qaramay, tog‘ bo‘lib uyulgan gullar orasidan o‘tib, sahnaga yorib kirdim va kresloda o‘tirgan Sizning bag‘ringizga otildim. Tabriklab, yuz-ko‘zlaringizdan o‘pdim. Shu shoshilinchda “Menga so‘z berishmayapti, O‘tkir aka?”, — deganim albatta, ortiqcha erkatoylik bo‘lgani aniq. Ammo shu o‘rinsiz savolimni ham bee’tibor qoldirmadingiz va samimiylik bilan shunday javob qildingiz: — Tashkilotchilar bir piyola choy tayyorlashgan, chamasi, tadbirdan so‘ng birgalikda o‘tamiz. O‘sha yerda gapirsangiz bo‘ladi.
Yonma-yon joylashgan ulkan to‘yxonada bayramona dasturxonlar tuzalgan bo‘lib, tabriklarga qo‘shiq va raqslar ulanib ketdi. Bir so‘z bilan aytganda dilkash davra bo‘ldi. Oila a’zolaringiz bilan Sizning yayrab-yashnab o‘tirganingizni o‘zi davraga o‘zgacha fayz bag‘ishladi. Tadbir yakuniga yetgach, barcha yig‘ilganlar qizil poyondoz atrofida tizilishib, Sizni va oila a’zolaringizni davomli qarsaklar bilan olqishlab turishdi. Siz atrofdagilarga minnatdorchilik bildirib eshik tomon yurib borarkansiz oldingi qatorda turgan menga ko‘zingiz tushib, to‘xtab, kuyunchak ohangda so‘radingiz: — Sizga so‘z berishlari kerak edi-ku, nega bunday bo‘ldi ekan? – yon-veringizga qaradingiz.
— Hali bunaqa yubileylarini juda ko‘pini kutib olasiz, 80 – 100 yoshlarga kirib yuring, aziz ustoz, — dedim, to‘g‘risi e’tibor uchun nihoyatda o‘ng‘aysizlanib. — Gapirish bo‘lsa qochmas, juda bo‘lmasa, yozib beraman.
– Shundaymi? Unda ma’qul, – dedingiz-da, qo‘ltig‘imdan olib, chiqish eshigi oldida qo‘lini ko‘ksiga qo‘yib turgan Toshkent viloyati hokimi Ummat akaning ro‘baro‘sida to‘xtadingiz.
— Bitta yomonimiz Siznning qo‘l ostingizda ishlaydi-da, Ummatjon, — menga ishora qilganday yelkamga qoqib qo‘ydingiz, — har zamonda bo‘lsa ham ko‘z qirini tashlab tursangiz degandim.
Ummat aka menga samimiy tabassum bilan qo‘lini uzatarkan, Sizga yuzlanib dedi: — Bosh ustiga, O‘tkir aka, bosh ustiga, gap bo‘lishi mumkin emas. Yaxshi kadrlar bizga kerak.
“Otalarcha g‘amxo‘rlik, mehribonlik” degan iborani ko‘p ishlatamiz, ammo yuqoridagi voqea buning amaliy tasdig‘i degan fikrdaman. Siz buni odatdagi hol deb hisoblaysiz. Hamma shunday qilishi kerak va shunday qiladi deb hisoblaysiz. Men buni ma’naviy sahovat deb atagan bo‘lardim. Bu sahovatdan bahramand bo‘lganlar juda-juda ko‘p, chunki ko‘pini o‘zim ko‘rganman va taniyman. Mashhur insonlarning odamiyligi ibrat sifatida urfga kirsa naqadar go‘zal.
Oradan 4-5 kun o‘tib o‘tib, tumandagi katta lavozimni o‘z ixtiyorim bilan tashlab, poytaxtga ko‘chib ketdim va Adlya vazirligining “Inson va Qonun” huquqiy gazetasiga ishga kirdim. O‘n yillik umr uysiz, propiskasiz sarson-sargardonlikda o‘tgan bo‘lsa-da, o‘zim sevgan jurnalistika sohasiga qaytganimdan baxtiyor edim. Sizning nasihatingizga, garchi ancha kech bo‘lsa-da, amal qilib, orzu-armonlarimga yetishdim, ustoz. Bir nechta bidiiy asarlarim nashr etildi, ozmi-ko‘pmi, o‘z o‘quvchilarimga ega bo‘ldim. Hajviy hikoyalar to‘plamim 10 000 nusxada, qissalarimdan biri esa ikki qayta chop etilib, sotilib ketdi.
Nazarimda o‘rni emasdir-ku, ayni o‘g‘il uylantirib, qizlarimni uzatadigan vaqtda ijara uylarda yasharkanman, eng katta quvonchimu, eng katta armonimni Sizga aytgim keldi, Ustoz. Ba’zan non-namaksiz qolib, sovuqdan ko‘rpa yopinib o‘tirgan o‘sha uzoqdan-uzoq kun va tunlarda turmush na o‘rtog‘im yoki uch nafar farzandimning biror marta bo‘lsin ta’na qilish u yoqda tursin, nadomat ko‘zi bilan menga qaramaganliklari saodatli kunlarga yetkazdi. Armonim esa, bir kuni uyda bir dona kartoshkadan boshqa yegulik qolmaganida ko‘z qarog‘idek asraganim, kitoblarimni muhtojlikdan makalaturaga olib borib sotgan kunlarim bo‘ldi. Do‘stlarim kabi aziz bo‘lib qolgan bu kitoblar bilan yig‘lab-yig‘lab xayrlashganimni aytganim bilan, qani endi biror narsa o‘zgarib qolsa edi… Shahar propiskasi yo‘qligini ro‘kach qilib, qayerga ishga bormayin oylik maoshlarimni yarmigacha qisqartirishgach, ana shunday ahvolga tushardim. Vaqti kelib hammasi izga tushib ketdi. Kitoblarni ham sotib olyapman, nomlari ham o‘sha-o‘sha, ammo yoshlikda topgan do‘stlarim, bag‘ir qo‘ygan qadrdonlarimni qo‘msayman… Men Ulardan tiz cho‘kib kechirim so‘rayman.
Mana navbati bilan 1996 yilning yomg‘irli kech kuzida Sizning yana bir marta bo‘kaga tashrifingiz kuniga ham yetib keldik. O‘sha kuni yuz bergan voqeani keyinchalik, Siz biror marta bo‘lsin eslamadingiz, menda esa eslatishga jur’at qayoqda, deysiz? Oddiygina, silliqqina qilib, “voqea” deganim, aslida men tomonimdan borib turgan odobsizlik, to‘g‘rirog‘i, “yuzqarolik” ekanligini tan olmay ilojim yo‘q. Tuman hokimi o‘rinbosari lavozimidan nohaqdan bo‘shatilganimga 2 oydan oshgandi, o‘shanda. Bundan sizning xabaringiz yo‘q edi. Vaqtincha ishsiz qolganligim tufayli iqtisodiy ahvolim ham ozroq nochorlashgandi. Siz ataylab odam yuborib, meni o‘zimizning tumanda bo‘ladigan tadbirga albatta kelishimni tayinlab aytdirgan edingiz. Chunki, Siz yuborgan odam ma’lum sabablarga ko‘ra, aynan meni oldimga bosh egib kelmasligi shart bo‘lgan shaxs edi. Sizning boshchiligingizda o‘n choqli odam avtomashinalardan tushib, ehson dasturxoni yozilgan xonadon tomon yurganida men olomondan orqaroqda, o‘zimning nochir va notovon ahvolimdan bir alfozda turardim. Siz meni tanib, darvozadan ichkariga kirguncha 3-4 marta qarab – qarab qo‘ydingiz…Aslida esa nima bo‘lganini ijozatingiz bilan keyingi maktubimda davom etdirib, yozaqolaman. Keling, birinchi maktubimni, balki juda ham bo‘rttirib yuborayotgandirmanu, bilmadim, ammo ko‘nglimning bir chekkasini xira qilib turadigan ushbu voqea bilan tugallashni istamasdim. Chunki, Sizga aytolmagan gaplarim hali juda ko‘p. Keyingi maktubda uchrashguncha xayr, Ustoz.

85

(Tashriflar: umumiy 373, bugungi 1)

Izoh qoldiring