Maqsud Asadov. «Maoniy ahlining sohibqironi» kitobi haqida

22 Мазкур тадқиқот қуйидагича беш қисмдан ташкил топган: “Комил шахс ва ижодий салоҳият уйғунлиги”, “Буюк шоирнинг ирфоний ва адабий эстетик олами”, “Хамса – буюк бадиий обида”, “Диний-маърифий асарлар моҳияти”, “Навоийга издошлик саодати”. Ҳар бир қисмда Навоий даҳосининг муҳташам қиёфаси яққол бўртиб кўринади ва буюк сўз санъаткорининг тенгсиз бадиий маҳорат сирлари теран таҳлил қилинади.

“МАОНИЙ АҲЛИНИНГ СОҲИБҚИРОНИ”
КИТОБИ ҲАҚИДА

Мақсуд Асадов —
филология фанлари доктори

095Буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганишга бўлган қизиқиш шоир ҳаётлигидан то ҳозирги кунгача заррача сусаймаган. Навоийшуносликка доир ҳар қандай мавзудаги асар улуғ шоир шахсияти ва ўлмас ижодиётига йўл топишда муҳим аҳамият касб этади. Ўқувчиларга, улуғ шоир ижодининг муҳибларига Навоийнинг маънавий сарчашмасидан баҳраманд бўлишга имкон яратади. Етук олим, профессор Нурбой Жабборовнинг “Маоний аҳлининг соҳибқирони” китоби ҳам ана шундай: улуғ шоирнинг таржимайи ҳоли, сўнмас ижоди, унинг мазмун-моҳияти ва поэтик хусусиятларини ўрганишга бағишланган йирик тадқиқотдир. Китобнинг муқаддима қисмида, жумладан, қуйидагича ёзилган: “Сўз навоийшунослик ҳақида кетадими ёки мумтоз адабиётнинг бошқа жабҳалари хусусидами, бундан қатъий назар, матнни англаш, матнни идрок этиш, матн талқини ва таҳлили масалалари энг асосий ўрин тутади” (Жабборов Н. Маоний аҳлининг соҳибқирони. – Тошкент: Адабиёт, 2021. 10-бет). Дарҳақиқат, таҳлилнинг объекти матн, қалбу руҳиятини илм ёғдуси нурлантирган закий олим, энг аввало, матнга таянади, унинг сасига қулоқ солади, уни жон қулоғи билан тинглайди, матннинг кайфиятини тўла ҳис қилади ва ниҳоят сўзлатади. Узуқ-юлуқ иқтибосларни бир жойга тўплаб, турли-туман кўчирмаларни қалаштириб юбориб, на ўзини, на матннинг мазмунини теран англамай, унга баҳо беришга уриниш тадқиқотчини ҳам, ўқувчини ҳам асл мақсаддан чалғитиши эҳтимолдан хориж бир иш эмас.

045Алишер Навоий ҳақида яратилган тадқиқотларга синчковлик билан диққат қаратилса, икки йўналиш бир-биридан сезиларли тарзда ажралиб тургани равшанлашади: ё таржимайи ҳол масаласига асосий эътибор қаратилади, ёки улуғ шоирнинг ижод олами, бадиий маҳорат сирларигина тадқиқ этилади, холос. Аниқроғи, мутафаккир шоирнинг ҳаёти, фаолияти ва сўз санъатининг гултожи бўлган ўлмас асарлари бир бутунликда, яхлит тарзда деярли ўрганилмаган. Ваҳоланки, илмда буюк мутафаккир шоирнинг таржимайи ҳоли орқали ижодига, ижодиёти воситасида таржимайи ҳолига ҳам кенг йўл топиш имкони мавжуд. “Маоний аҳлининг соҳибқирони” китоби бизга ана шу ҳақиқатни яна бир бор исбот қилган, десак асло хато бўлмайди. Мазкур монография буюк мутафаккир асарлари матнининг тилига, маъносига, маҳобатию жозибасига таяниб яратилган. Ана шу тамойил, яъни матннинг жонли нафасини тўла идрок этиш кайфияти китобда бошдан охир сезилиб туради. Мазкур тадқиқот қуйидагича беш қисмдан ташкил топган: “Комил шахс ва ижодий салоҳият уйғунлиги”, “Буюк шоирнинг ирфоний ва адабий эстетик олами”, “Хамса – буюк бадиий обида”, “Диний-маърифий асарлар моҳияти”, “Навоийга издошлик саодати”. Ҳар бир қисмда Навоий даҳосининг муҳташам қиёфаси яққол бўртиб кўринади ва буюк сўз санъаткорининг тенгсиз бадиий маҳорат сирлари теран таҳлил қилинади.

Китобнинг илк фасли адаб шарҳи билан бошланган. Унда, жумладан, қуйидагилар келтирилган: “Шарқ-ислом дунёқарашида адабнинг икки тури ажратиб кўрсатилган: 1) аслий адаб; 2) касб этилган адаб. Инсонга Тангри таоло томонидан ато этилган ҳар бир ишда меъёрни сақлашга қаратилган фазилатлар аслий адабга киради. Касб этилган адаб таълим олиш, ёдлаш ва кузатиш орқали ҳосил бўлади” (Жабборов Н. Маоний аҳлининг соҳибқирони. – Тошкент: Адабиёт, 2021. 12-бет). . Дарҳақиқат, адабиёт, энг аввало, гўзал ахлоқ тарбияси, шахс камолотиниг энг юксак чўққисидир. Мумтоз адабиётнинг асосини, моҳиятини ислом маърифати, ирфоний маслак ва ғоялар ташкил қилади. Алишер Навоий ижодини ҳам ич-ичидан нурлантирган асл ҳақиқатлар Қуръони карим, Ҳадиси шариф ва ирфон ёғдусидир. Профессор Н.Жабборов ўз талқинларида адабиётшуносликнинг назарий қарашларини ҳам дастлаб ана шу ҳақиқатларга таяниб асослайди. Олим ўз фикрларининг исботи учун Навоий шеъриятидан қатор мисоллар келтиради. Масалан:

Кимки жаҳон аҳлида инсон эрур,
Билки, нишони анга иймон эрур.

Маълумки, Навоий ва илоҳиёт масаласи адабиётшуносликда бир қадар ўрганилган. Яъни Навоийнинг ислом маърифати хусусидаги қарашлари юзасидан илмда у ёки бу даражада фикрлар билдирилган. Аммо “Маоний аҳлининг соҳибқирони”да ўзига хос изчиллик, муайян тадрижийлик асосида илмий мушоҳадаларни атрофлича хулосалашга, фикрни илмий тафаккур мезонларида тортиб, қатъий ҳукм чиқаришга мойиллик кучли. Яъни буюк мутафаккирнинг ҳеч бир асари: на лирик мероси, на насрий асарлари китоб муаллифининг диққатидан ташқарида қолмаган. Бу эса олимга Навоийнинг ҳам диний мавзудаги, ҳам ирфоний маъно ифодаланган асарлари, ахлоқий-таълимий қарашларига ҳам бир бутун тарзда баҳо беришга имкон яратган.

Китобнинг “Буюк шахс ва давлат арбоби” фаслида Алишер Навоий фаолияти, асосан, Хондамирнинг “Макорим ул-ахлоқ” асари асосида атрофлича тадқиқ этилган. Умуман, муаллиф улуғ шоир маънавий қиёфасини ёрқин тасвирлашда “Макорим”даги фикр-қарашларга теран нигоҳ ва синчковлик билан назар сола олганки, биз таҳлил ва талқинлардан Навоий шахсияти ҳақидаги ҳақиқатларни энг майда заррасигача чуқур англаймиз, улуғ сўз сеҳрини ҳис қиламиз, буюк мутафаккирнинг нурли сиймосини кўз олдимизда ёрқин гавдалантирамиз. Мазкур китоб мутолааси бизга мана шундай: Навоийни тушуниш кайфиятини улашади.

Аёнки, борлиқ, инсон ва тариклик ҳақида сўз юритилар экан, фалсафага оид қарашларни четлаб ўтиб бўлмайди. Аммо ҳаёт фалсафаси талқини тадқиқотчи учун ҳамиша осон кечмаган. Чунки даҳо сўз санъаткорларининг идрок тамали, ахлоқий қиёфаси, ҳаётий хулосалари оддий одамларникидан фавқулодда кескин фарқ қилади. Жумладан, Алишер Навоийнинг ҳаёт фалсафаси ҳам шундай – ўзига хос. “Маоний аҳлининг соҳибқирони” муаллифи буни улуғ шоир ижоди таҳлили мисолида далиллашга интилган. “Ватанпарварлик”, “Элпарварлик”, “Маърифат”, ”Кексаларга ҳурмат ифодаси”, “Тинчлик ва офият талқини”, “Огоҳлик фалсафаси”, “Ишқ талқини” каби ўнга яқин таснифларда ўқувчи муаллиф мушоҳада кучининг қувватини ҳам, қудратини ҳам, самимиятини ҳам ҳис қилади. Жумладан, “Ватанпарварлик”, “Элпарварлик” сарлавҳаси билан келтирилган таснифларда Алишер Навоийнинг асосан лирик мероси таҳлилга тортилган бўлса, “Маърифат” талқинида “Лисон ут-тайр” достони, “Огоҳлик” тадқиқида “Ҳайрат ул-аброр” достони, “Ишқ” моҳиятини очишда “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун” достонларига кўпроқ мурожаат қилинган. Умуман, китобда тадқиқ усули ўзига хос: унда тасниф принципи алоҳида мавқе эгаллайди. Биз буни “Дунё тимсоли ва унинг талқинлари” ҳақидаги фаслда ҳам кўрамиз. Инсон ва дунё муносабати, маърифат ва дунё тушунчалари орасидаги ўзаро зиддиятларнинг ўзига хос мисоллар асосида ёритилиши монографияга бўлган қизиқишни яна бир карра оширади, дейиш мумкин. Китобда фикрлар занжир сифатида бир-бирига боғланиб, бири иккинчисини тўлдириб келади. Масалан, Алишер Навоий ижодидаги дунё образи таҳлилида муалллиф аввало Қуръони каримга мурожаат этади. Ва аниқ, асосли хулосага келади: “Маълум бўладики, ҳазрат Навоий учун дунё, дин ва Тангри таоло маърифати бир-бирини тақозо этувчи, бири иккинчисисиз мавжуд бўла олмайдиган тушунчалардир” (Жабборов Н. Маоний аҳлининг соҳибқирони. – Тошкент: Адабиёт, 2021. 83-бет). Китобдан бундай оҳорли хулосаларни етарлича топа оламиз. Эътиборлиси, бу қарашларда ҳали ривожлантирилиши керак бўлган, илмда алоҳида тадқиқотларга йўл очадиган турли тезислар ҳам айтилганки, бу нуктадон олимнинг салоҳияти, иқтидори ва имкониятларини ҳам намаоён этиб турибди. Жумладан, Навоий ижодидаги футувват талқини ўрганилган “Футувват ғояси ва фатий образи” деб номланган фаслда китоб муаллифи қуйидагича хулосага келади: “улуғ шоир адабий мероси мисолида тасаввуфнинг ўзаги саналган футувват ғоясининг поэтик ифодаси масаласини ҳар жиҳатдан қамровли, мукаммал тадқиқ қилиш адабиётшунослигимиз олдида турган долзарб илмий муаммолардандир”. Ёки улуғ шоир ижодидаги “Она образининг поэтик суврати” тасвирланган фаслда қуйидаги мулоҳазаларни ўқиймиз: “…ҳазрат Навоий мўътабар сиймо – она образи васфида бетакрор бадиият намуналарини яратди. Уларни кичик бир тадқиқот доирасида муфассал таҳлил ва тадқиқ қилиш имконсиз. Бу борадаги изланишларни муттасил давом эттириш адабиётшунослигимиз, навоийшунослигимиз олдидаги долзарб вазифалардандир” (Жабборов Н. Маоний аҳлининг соҳибқирони. – Тошкент: Адабиёт, 2021. 164-бет).

Умуман, китобнинг ана шундай кенг мушоҳада, мукошафа ва мубоҳасага имкон берадиган кўплаб фазилатларини санаб ўтиш мумкин. “Мирзо Улуғбек даври адабиёти”ининг Алишер Навоий талқинида ўрганилиши, улуғ шоир шоир ижодида “Она образининг поэтик суврати” таҳлили, “”Арбаъин ва “Сирож ул-муслимин” асарларининг бадииятига доир янгича талқинлар фикримизнинг яна бир исботидир. Китобнинг “Навоийга издошлик” фасли орқали “Навоий ва Фурқат”, “Навоий ва Абдулла Орипов” ижодидаги муштаракликларга йўл топиш, сўз қудрати, сеҳри, қолаверса, таҳлил кучининг қувватини, олимнинг асл қиёфасини ҳам аниқ тасаввур қилиш мумкин. Хулоса шуки, “Маоний аҳлининг соҳибқирони” китобида улуғ шоир таржимайи ҳоли, ахлоқий қиёфаси ва ижоди ўтмиш адабиёти ва тарихининг етук билимдони, нуктадон фақиҳ, манбашунос, матншунос, адабиёт назариётчиси, умуман, серқирра олим таҳлилу талқинида атрофлича тадқиқ этилган. Мазкур китоб навоийшунослик фани тараққиётида муҳим ўрин тутиши шубҳасиздир.

Mazkur tadqiqot quyidagicha besh qismdan tashkil topgan: “Komil shaxs va ijodiy salohiyat uyg’unligi”, “Buyuk shoirning irfoniy va adabiy estetik olami”, “Xamsa – buyuk badiiy obida”, “Diniy-ma’rifiy asarlar mohiyati”, “Navoiyga izdoshlik saodati”. Har bir qismda Navoiy dahosining muhtasham qiyofasi yaqqol bo’rtib ko’rinadi va buyuk so’z san’atkorining tengsiz badiiy mahorat sirlari teran tahlil qilinadi.

“MAONIY AHLINING SOHIBQIRONI”
KITOBI HAQIDA
Maqsud Asadov —
filologiya fanlari doktori

095Buyuk mutafakkir shoir Alisher Navoiy hayoti va ijodini o’rganishga bo’lgan qiziqish shoir hayotligidan to hozirgi kungacha zarracha susaymagan. Navoiyshunoslikka doir har qanday mavzudagi asar ulug’ shoir shaxsiyati va o’lmas ijodiyotiga yo’l topishda muhim ahamiyat kasb etadi. O’quvchilarga, ulug’ shoir ijodining muhiblariga Navoiyning ma’naviy sarchashmasidan bahramand bo’lishga imkon yaratadi. Yetuk olim, professor Nurboy Jabborovning “Maoniy ahlining sohibqironi” kitobi ham ana shunday: ulug’ shoirning tarjimayi holi, so’nmas ijodi, uning mazmun-mohiyati va poetik xususiyatlarini o’rganishga bag’ishlangan yirik tadqiqotdir. Kitobning muqaddima qismida, jumladan, quyidagicha yozilgan: “So’z navoiyshunoslik haqida ketadimi yoki mumtoz adabiyotning boshqa jabhalari xususidami, bundan qat’iy nazar, matnni anglash, matnni idrok etish, matn talqini va tahlili masalalari eng asosiy o’rin tutadi” (Jabborov N. Maoniy ahlining sohibqironi. – Toshkent: Adabiyot, 2021. 10-bet). Darhaqiqat, tahlilning ob’ekti matn, qalbu ruhiyatini ilm yog’dusi nurlantirgan zakiy olim, eng avvalo, matnga tayanadi, uning sasiga quloq soladi, uni jon qulog’i bilan tinglaydi, matnning kayfiyatini to’la his qiladi va nihoyat so’zlatadi. Uzuq-yuluq iqtiboslarni bir joyga to’plab, turli-tuman ko’chirmalarni qalashtirib yuborib, na o’zini, na matnning mazmunini teran anglamay, unga baho berishga urinish tadqiqotchini ham, o’quvchini ham asl maqsaddan chalg’itishi ehtimoldan xorij bir ish emas.

Alisher Navoiy haqida yaratilgan tadqiqotlarga sinchkovlik bilan diqqat qaratilsa, ikki yo’nalish bir-biridan sezilarli tarzda ajralib turgani ravshanlashadi: yo tarjimayi hol masalasiga asosiy e’tibor qaratiladi, yoki ulug’ shoirning ijod olami, badiiy mahorat sirlarigina tadqiq etiladi, xolos. Aniqrog’i, mutafakkir shoirning hayoti, faoliyati va so’z san’atining gultoji bo’lgan o’lmas asarlari bir butunlikda, yaxlit tarzda deyarli o’rganilmagan. Vaholanki, ilmda buyuk mutafakkir shoirning tarjimayi holi orqali ijodiga, ijodiyoti vositasida tarjimayi holiga ham keng yo’l topish imkoni mavjud. “Maoniy ahlining sohibqironi” kitobi bizga ana shu haqiqatni yana bir bor isbot qilgan, desak aslo xato bo’lmaydi. Mazkur monografiya buyuk mutafakkir asarlari matnining tiliga, ma’nosiga, mahobatiyu jozibasiga tayanib yaratilgan. Ana shu tamoyil, ya’ni matnning jonli nafasini to’la idrok etish kayfiyati kitobda boshdan oxir sezilib turadi. Mazkur tadqiqot quyidagicha besh qismdan tashkil topgan: “Komil shaxs va ijodiy salohiyat uyg’unligi”, “Buyuk shoirning irfoniy va adabiy estetik olami”, “Xamsa – buyuk badiiy obida”, “Diniy-ma’rifiy asarlar mohiyati”, “Navoiyga izdoshlik saodati”. Har bir qismda Navoiy dahosining muhtasham qiyofasi yaqqol bo’rtib ko’rinadi va buyuk so’z san’atkorining tengsiz badiiy mahorat sirlari teran tahlil qilinadi.

Kitobning ilk fasli adab sharhi bilan boshlangan. Unda, jumladan, quyidagilar keltirilgan: “Sharq-islom dunyoqarashida adabning ikki turi ajratib ko’rsatilgan: 1) asliy adab; 2) kasb etilgan adab. Insonga Tangri taolo tomonidan ato etilgan har bir ishda me’yorni saqlashga qaratilgan fazilatlar asliy adabga kiradi. Kasb etilgan adab ta’lim olish, yodlash va kuzatish orqali hosil bo’ladi” (Jabborov N. Maoniy ahlining sohibqironi. – Toshkent: Adabiyot, 2021. 12-bet). . Darhaqiqat, adabiyot, eng avvalo, go’zal axloq tarbiyasi, shaxs kamolotinig eng yuksak cho’qqisidir. Mumtoz adabiyotning asosini, mohiyatini islom ma’rifati, irfoniy maslak va g’oyalar tashkil qiladi. Alisher Navoiy ijodini ham ich-ichidan nurlantirgan asl haqiqatlar Qur’oni karim, Hadisi sharif va irfon yog’dusidir. Professor N.Jabborov o’z talqinlarida adabiyotshunoslikning nazariy qarashlarini ham dastlab ana shu haqiqatlarga tayanib asoslaydi. Olim o’z fikrlarining isboti uchun Navoiy she’riyatidan qator misollar keltiradi. Masalan:

Kimki jahon ahlida inson erur,
Bilki, nishoni anga iymon erur.

Ma’lumki, Navoiy va ilohiyot masalasi adabiyotshunoslikda bir qadar o’rganilgan. Ya’ni Navoiyning islom ma’rifati xususidagi qarashlari yuzasidan ilmda u yoki bu darajada fikrlar bildirilgan. Ammo “Maoniy ahlining sohibqironi”da o’ziga xos izchillik, muayyan tadrijiylik asosida ilmiy mushohadalarni atroflicha xulosalashga, fikrni ilmiy tafakkur mezonlarida tortib, qat’iy hukm chiqarishga moyillik kuchli. Ya’ni buyuk mutafakkirning hech bir asari: na lirik merosi, na nasriy asarlari kitob muallifining diqqatidan tashqarida qolmagan. Bu esa olimga Navoiyning ham diniy mavzudagi, ham irfoniy ma’no ifodalangan asarlari, axloqiy-ta’limiy qarashlariga ham bir butun tarzda baho berishga imkon yaratgan.

Kitobning “Buyuk shaxs va davlat arbobi” faslida Alisher Navoiy faoliyati, asosan, Xondamirning “Makorim ul-axloq” asari asosida atroflicha tadqiq etilgan. Umuman, muallif ulug’ shoir ma’naviy qiyofasini yorqin tasvirlashda “Makorim”dagi fikr-qarashlarga teran nigoh va sinchkovlik bilan nazar sola olganki, biz tahlil va talqinlardan Navoiy shaxsiyati haqidagi haqiqatlarni eng mayda zarrasigacha chuqur anglaymiz, ulug’ so’z sehrini his qilamiz, buyuk mutafakkirning nurli siymosini ko’z oldimizda yorqin gavdalantiramiz. Mazkur kitob mutolaasi bizga mana shunday: Navoiyni tushunish kayfiyatini ulashadi.

Ayonki, borliq, inson va tariklik haqida so’z yuritilar ekan, falsafaga oid qarashlarni chetlab o’tib bo’lmaydi. Ammo hayot falsafasi talqini tadqiqotchi uchun hamisha oson kechmagan. Chunki daho so’z san’atkorlarining idrok tamali, axloqiy qiyofasi, hayotiy xulosalari oddiy odamlarnikidan favqulodda keskin farq qiladi. Jumladan, Alisher Navoiyning hayot falsafasi ham shunday – o’ziga xos. “Maoniy ahlining sohibqironi” muallifi buni ulug’ shoir ijodi tahlili misolida dalillashga intilgan. “Vatanparvarlik”, “Elparvarlik”, “Ma’rifat”, ”Keksalarga hurmat ifodasi”, “Tinchlik va ofiyat talqini”, “Ogohlik falsafasi”, “Ishq talqini” kabi o’nga yaqin tasniflarda o’quvchi muallif mushohada kuchining quvvatini ham, qudratini ham, samimiyatini ham his qiladi. Jumladan, “Vatanparvarlik”, “Elparvarlik” sarlavhasi bilan keltirilgan tasniflarda Alisher Navoiyning asosan lirik merosi tahlilga tortilgan bo’lsa, “Ma’rifat” talqinida “Lison ut-tayr” dostoni, “Ogohlik” tadqiqida “Hayrat ul-abror” dostoni, “Ishq” mohiyatini ochishda “Farhod va Shirin”, “Layli va Majnun” dostonlariga ko’proq murojaat qilingan. Umuman, kitobda tadqiq usuli o’ziga xos: unda tasnif printsipi alohida mavqe egallaydi. Biz buni “Dunyo timsoli va uning talqinlari” haqidagi faslda ham ko’ramiz. Inson va dunyo munosabati, ma’rifat va dunyo tushunchalari orasidagi o’zaro ziddiyatlarning o’ziga xos misollar asosida yoritilishi monografiyaga bo’lgan qiziqishni yana bir karra oshiradi, deyish mumkin. Kitobda fikrlar zanjir sifatida bir-biriga bog’lanib, biri ikkinchisini to’ldirib keladi. Masalan, Alisher Navoiy ijodidagi dunyo obrazi tahlilida mualllif avvalo Qur’oni karimga murojaat etadi. Va aniq, asosli xulosaga keladi: “Ma’lum bo’ladiki, hazrat Navoiy uchun dunyo, din va Tangri taolo ma’rifati bir-birini taqozo etuvchi, biri ikkinchisisiz mavjud bo’la olmaydigan tushunchalardir” (Jabborov N. Maoniy ahlining sohibqironi. – Toshkent: Adabiyot, 2021. 83-bet). Kitobdan bunday ohorli xulosalarni yetarlicha topa olamiz. E’tiborlisi, bu qarashlarda hali rivojlantirilishi kerak bo’lgan, ilmda alohida tadqiqotlarga yo’l ochadigan turli tezislar ham aytilganki, bu nuktadon olimning salohiyati, iqtidori va imkoniyatlarini ham namaoyon etib turibdi. Jumladan, Navoiy ijodidagi futuvvat talqini o’rganilgan “Futuvvat g’oyasi va fatiy obrazi” deb nomlangan faslda kitob muallifi quyidagicha xulosaga keladi: “ulug’ shoir adabiy merosi misolida tasavvufning o’zagi sanalgan futuvvat g’oyasining poetik ifodasi masalasini har jihatdan qamrovli, mukammal tadqiq qilish adabiyotshunosligimiz oldida turgan dolzarb ilmiy muammolardandir”. Yoki ulug’ shoir ijodidagi “Ona obrazining poetik suvrati” tasvirlangan faslda quyidagi mulohazalarni o’qiymiz: “…hazrat Navoiy mo»tabar siymo – ona obrazi vasfida betakror badiiyat namunalarini yaratdi. Ularni kichik bir tadqiqot doirasida mufassal tahlil va tadqiq qilish imkonsiz. Bu boradagi izlanishlarni muttasil davom ettirish adabiyotshunosligimiz, navoiyshunosligimiz oldidagi dolzarb vazifalardandir” (Jabborov N. Maoniy ahlining sohibqironi. – Toshkent: Adabiyot, 2021. 164-bet).

Umuman, kitobning ana shunday keng mushohada, mukoshafa va mubohasaga imkon beradigan ko’plab fazilatlarini sanab o’tish mumkin. “Mirzo Ulug’bek davri adabiyoti”ining Alisher Navoiy talqinida o’rganilishi, ulug’ shoir shoir ijodida “Ona obrazining poetik suvrati” tahlili, “”Arba’in va “Siroj ul-muslimin” asarlarining badiiyatiga doir yangicha talqinlar fikrimizning yana bir isbotidir. Kitobning “Navoiyga izdoshlik” fasli orqali “Navoiy va Furqat”, “Navoiy va Abdulla Oripov” ijodidagi mushtarakliklarga yo’l topish, so’z qudrati, sehri, qolaversa, tahlil kuchining quvvatini, olimning asl qiyofasini ham aniq tasavvur qilish mumkin. Xulosa shuki, “Maoniy ahlining sohibqironi” kitobida ulug’ shoir tarjimayi holi, axloqiy qiyofasi va ijodi o’tmish adabiyoti va tarixining yetuk bilimdoni, nuktadon faqih, manbashunos, matnshunos, adabiyot nazariyotchisi, umuman, serqirra olim tahlilu talqinida atroflicha tadqiq etilgan. Mazkur kitob navoiyshunoslik fani taraqqiyotida muhim o’rin tutishi shubhasizdir.

034

(Tashriflar: umumiy 254, bugungi 1)

Izoh qoldiring