Малини Темби Пунадаги “Гринфильд” мактабига муаллима бўлиб келган пайтда у йигирма бешинчи ёзини қарши олган эди. Айни пайтда бу ёз Дипак Праданга ўн олти ёшни туҳфа этганди. Муаллима мактабга қадам қўйиши биланоқ болалар уни табрикномалар ва пушти гулларга кўмиб ташлашди. Қиз шунга муносиб: жуда гўзал эди…
Анил Чандра (Ҳиндистон)
ЁЗНИНГ МАЙИН ШАББОДАСИ
Малини Темби Пунадаги “Гринфильд” мактабига муаллима бўлиб келган пайтда у йигирма бешинчи ёзини қарши олган эди. Айни пайтда бу ёз Дипак Праданга ўн олти ёшни туҳфа этганди. Муаллима мактабга қадам қўйиши биланоқ болалар уни табрикномалар ва пушти гулларга кўмиб ташлашди. Қиз шунга муносиб: жуда гўзал эди. Ҳамманинг назарида, у жазирама июлда майин бир шаббодадай бўлиб кириб келганди. Йилнинг айнан шу кунларида об-ҳаво ғалати бўларди: на иссиқ, на совуқ. Малини бу ерга келгандан сўнг гўё ҳамма нарса ўз изига тушгандек бўлди.
Дарснинг биринчи куни Малини ўз исм-шарифини доскага ёзгандан кейин синф негадир ёришиб кетгандек бўлди. Бу пайтда Дипак қўлидаги бир парча қоғозни ғижимлаб, кимларгадир отиш билан банд эди. Дарсдан сўнг ҳамма кетгач эса негадир қўлига артгични олди-да, доскани ёғ ялагудек қилиб тозалади.
– Нима қиляпсан? – сўради Темби хоним столидан туриб, болага ўгирилар экан. У доскадаги машқларни ҳали текшириб бўлмаганди.
– Доскада бўш жой қолмапти, ёрдам бериш учун артиб қўйдим. Лекин кейин сиздан сўрамаганим ёдимга тушди…
– Менимча, бир сафар сени кечирамиз, – деди у кулиб.
Эртасига Дипак йўлни кесиб ўтиб, ўқитувчиси яшайдиган уйнинг қаршисидан чиқди. Темби хоним эндигина эшикдан чиқаётган экан.
– Мен шу ердаман, – деди бола.
– Қандай яхши, – деди ўқитувчиси ҳам. – Кутилмаган ташриф бўлди.
– Китобларингизни кўтаришиб юборсам майлими?
– Албатта. Раҳмат, Дипак.
Улар бир неча дақиқа индамай боришди. Қиз унга мулойимлик билан назар ташлар ва боланинг хурсандлигидан ўзи ҳам жилмаярди. Улар мактаб биносига етиб келишгач, бола унга ўгирилди.
– Яхшиси, шу ерда ажраламиз. Бошқа ўқувчилар нотўғри тушуниши мумкин.
– Шундай деб ўйлайсанми?
– Ахир мен ўқувчингиз, сиз эса ўқитувчимсиз-ку, – деди Дипак чин дилдан куйиниб.
– Дипак… Бундай ўйлама.
Малини йўлида давом этди.
Бир неча ҳафта улар дарс пайти гаплашмадилар. Бола ҳар кун дарс тугагач, қиз ёзув-чизув ишлари билан банд пайтда индамай доскани тозалар эди. Баъзан бу сукунат кечки соат бешгача чўзилар, қиз ишларини тугатгач, Дипакнинг бир четда жимгина кутиб ўтирганига гувоҳ бўларди.
– Уйга қайтадиган вақт бўлди, – дерди Темби хоним. Шундан кейин бола дарров ўқитувчисининг сумкасини кўтариб оларди. Улар кенг дала бўйлаб кетишар ва турли мавзуларда гаплашардилар.
– Катта бўлганингда ким бўлмоқчисан, Дипак? – сўради ўша куни хоним.
– Ҳаво кучлари учувчиси. Мен осмоннинг энг баланд нуқтасига чиқмоқчиман ва чиройли табиатни ўша ердан туриб кузатмоқчиман, худди қушлар каби.
– О, мақсадинг юксак экан.
– Биламан, шунинг учун қаттиқ ҳаракат қиляпман, – кейин бола бир зум ўйланиб қолди. – Бир илтимосимга хўп дейсизми?
– Ҳа, нима экан у?
– Мен ҳар якшанба Марказий хиёбондаги ажойиб кўлга бораман, у уйингизнинг ёнида. Кўлда бир гала ўрдагу балиқлар бор. Балки сиз ҳам менга шерик бўларсиз?
– Кечир, бироқ якшанбада мен банд бўламан.
– Барибир, кутаман.
– Таклифинг учун раҳмат.
– Сизни хафа қилиб қўймадимми?
– Албатта йўқ, Дипак. Нима сўрасанг ҳам ҳаққинг бор.
Бир неча кундан кейин Темби хоним болага “Ёзнинг тунги орзулари” номли китоб берди. Дипак уни туни билан ўқиб чиқар, сўнгра иккиси китоб ҳақида узоқ суҳбатлашишарди. Дипак қиз билан кунора кўришарди. Малини эса унга доим “бошқа ёнимга келма”, демоқчи бўлар, бироқ бу иш қўлидан келмасди. Бола қиздан мактабга кетиш ва қайтиш чоғи Шекспир, Тагор ва Киплинг ҳақида сўрашни ёқтирарди. Суҳбат чоғи қиз унга қарамасликка ҳаракат қиларди. Бироқ бир куни дарсдан сўнг бола доимгидек артгични қўлига олиб, доскани ҳафсала билан артаётган пайтда Малини ундан кўзларини ололмай бир дам тикилиб қолди…
Якшанба куни Дипак кўл бўйида балиқ тутиб ўтирганди. Бирдан хонимнинг у томон келаётганини кўриб ўрнидан турди.
– Мен шу ердаман, – кулди қиз.
– Келганингиз учун раҳмат. Жуда хурсандман.
– Менга балиқларни кўрсат.
Улар кўл бўйида ўтиришди. Енгил шабада қизнинг сочлари ва сарисини ўйноқлаб, бола томон хилпиратиб учирар эди. Дипак унинг ёнидан бир неча қадам нарига сурилди.
– Балиқ тутиш шунчалик завқли эканлигини билмаган эканман! – деди қиз.
– Келганингиздан шунчалик бахтлиманки…
Ниҳоят, кўл бўйида Малини Темби ва Дипак Прадан учрашишганди. Улар соатлаб осмонга тикилиб ўтиришди, Киплингни ўқишди ва балиқ тутишди.
Душанба куни эрталаб Дипак қизнинг уйидан чиқишини узоқ пойлади, лекин хоним аллақачон бир ўзи мактабга кетганди. Дарс пайти эса “бошим оғрияпти”, деб вақтли жўнади. Лекин сешанба куни улар дарсдан сўнг яна бирга қолишди. Дипак доимгидек доскани тозалар, қиз эса дафтарларни текширарди. Ниҳоят, соат бешни кўрсатиб бонг урди.
– Дипак, ёнимга ўтир, – қиз уни чақирди.
– Ҳа, хоним, – Дипак артгични жойига илди.
Малини ўйга чўмиб йигитга тикилди.
– Дипак, сен билан нима ҳақда гаплашмоқчилигимни сезгандирсан.
– Ҳа… мен ҳақимдами?
– Ёшинг нечада, Дипак?
– Ўн олтида. Яқинда ўн еттига тўламан.
– Мен неча ёшдалигимни биларсан?
– Ҳа, йигирма беш. Мен ҳам тўққиз йилдан сўнг йигирма бешга тўламан. Хоним, буни айтишим керакми, йўқми, лекин ўзимни худди сиз билан тенгдошдек сезаман…
– Ҳа, баъзан буни эплайсан ҳам.
– Мени кечиринг…
– Гапимни эшит. Орамизда нима бўлаётганини тушунишинг мен учун жуда муҳим. Аввало, биз фақат дўст эканлигимизни айтиб ўтай. Менинг ҳеч қачон сендек ўқувчим, умуман, сен каби инсоним бўлмаган.
Йигит бу гапдан қизарди. Қиз ўрнидан турди.
– Балки сенинг ҳаётингда ҳам ҳали мен каби ўқитувчи бўлмагандир?
– Сиз жуда ажойиб инсонсиз. Жудаям, жудаям яхшисиз, хоним.
– Бу ҳақда кўп бош қотирдим, Дипак. Туйғуларимни писанд қилмаяпти, деб ўйлама. Сен оддий йигит эмассан. Бизнинг бетакрор, ёқимли кунларимиз бирга ўтди. Лекин бу хато эди…
– Мен тўққиз ёш катта ва ўн беш сантиметр баландроқ бўлганимда ҳаммаси яхшилик билан тугармиди?
– Эҳтимол. Бироқ ундай эмас-ку. Биз одамлар бир-бирининг ёши ва кўринишига қараб муомала қиладиган дунёда яшаяпмиз, Дипак. Баъзан инсонлар ўзлари истаган ишга қўл уролмайдилар. Негалигини тушунтириб беролмайман.
– Нима қилишимиз керак, унда?
– Ҳеч нима. Мени бошқа мактабга ўтказишларини сўраб кўраман.
– Бундай қилишингизга ҳожат йўқ. – деди йигит. – Биз кўчаяпмиз. Оилам билан.
– Бунинг менга алоқаси йўқми?
– Йўқ, йўқ, отам шунчаки Мумбайдан иш топибди. Бу ердан 150 километр узоқда, холос. Кўришиб турсак бўладими?
– Ҳа, лекин бундан нима фойда?
– Бефойда, ҳа, бефойда…
Синфда узоқ жимлик чўкди.
– Нега бундай бўлди, ўзи? – деди йигит маҳзун.
– Билмадим. Ҳеч ким билмаса керак. Минг йилдан сўнг ҳам бунинг сабабини билолмайдилар.
Улар бир-бирларига қарадилар. Вақт ўтиб борарди.
– Бир нарсани ҳеч қачон унутма, – деди ниҳоят қиз. – Ҳаёт кутилмаган совғаларга бой. Дардингга даво бўлувчи инсонни ҳали учратасан. Яратган неки дард берса, давосини ҳам беради. Менга ишонасанми?
– Ишонишни истайман… Сизни сира унутмайман.
Қиз ўрнидан туриб доскани арта бошлади.
– Сизга ёрдам бераман.
– Йўқ, йўқ, уйингга борақол…
Йигит мактабни тарк этди. Ортига қараб, деразадан хонимнинг ҳали ҳам доска тозалаётганига гувоҳ бўлди.
Дипакларнинг оиласи кейинги ҳафтада шаҳардан кўчиб кетди. Шу билан Дипак йигирма икки йил бу ерга қадам босмади. Ўттиз тўққиз ёшда уйлангандан сўнг, ниҳоят, Пунага келишга аҳд қилди. Баҳор кунларининг бирида у машинасини Пуна томон бурди ва бу ерда бир кун қолишни режалаштирди.
Дипак рафиқасини меҳмонхонада қолдириб, шаҳарчани бир ўзи сайр қилди ва юрак ютиб, Малини Темби ҳақида сўради.
– Э, ҳа, бечора ўқитувчи. У 1952 йили вафот этди, сен кетганингдан бир йил ўтгач, – деди кекса ўқитувчи.
– У… турмушга чиққанмиди?
– Йўқ, чиқмади. Ўлимидан олдинги ойлар жуда ғамгин ва бахтсиз кўринганди.
Эртаси куни одамлар Дипакнинг хотинини кўришганини айтишди. У худди июлнинг майин шаббодаси каби гўзал экан. Шу кунларда ҳаво тушунарсиз эди: на совуқ дейсиз, на иссиқ. Дипакнинг рафиқаси келгач, гўё ҳамма нарса изига тушгандек туюлди…
Рус тилидан Нодирабегим ИБРОҲИМОВА таржимаси
Манба: «Китоб дунёси» газетаси веб-саҳифаси
Anil Chandra (Hindiston)
YOZNING MAYIN SHABBODASI
Malini Tembi Punadagi “Grinfil`d” maktabiga muallima bo’lib kelgan paytda u yigirma beshinchi yozini qarshi olgan edi. Ayni paytda bu yoz Dipak Pradanga o’n olti yoshni tuhfa etgandi. Muallima maktabga qadam qo’yishi bilanoq bolalar uni tabriknomalar va pushti gullarga ko’mib tashlashdi. Qiz shunga munosib: juda go’zal edi. Hammaning nazarida, u jazirama iyulda mayin bir shabbodaday bo’lib kirib kelgandi. Yilning aynan shu kunlarida ob-havo g’alati bo’lardi: na issiq, na sovuq. Malini bu yerga kelgandan so’ng go’yo hamma narsa o’z iziga tushgandek bo’ldi.
Darsning birinchi kuni Malini o’z ism-sharifini doskaga yozgandan keyin sinf negadir yorishib ketgandek bo’ldi. Bu paytda Dipak qo’lidagi bir parcha qog’ozni g’ijimlab, kimlargadir otish bilan band edi. Darsdan so’ng hamma ketgach esa negadir qo’liga artgichni oldi-da, doskani yog’ yalagudek qilib tozaladi.
– Nima qilyapsan? – so’radi Tembi xonim stolidan turib, bolaga o’girilar ekan. U doskadagi mashqlarni hali tekshirib bo’lmagandi.
– Doskada bo’sh joy qolmapti, yordam berish uchun artib qo’ydim. Lekin keyin sizdan so’ramaganim yodimga tushdi…
– Menimcha, bir safar seni kechiramiz, – dedi u kulib.
Ertasiga Dipak yo’lni kesib o’tib, o’qituvchisi yashaydigan uyning qarshisidan chiqdi. Tembi xonim endigina eshikdan chiqayotgan ekan.
– Men shu yerdaman, – dedi bola.
– Qanday yaxshi, – dedi o’qituvchisi ham. – Kutilmagan tashrif bo’ldi.
– Kitoblaringizni ko’tarishib yuborsam maylimi?
– Albatta. Rahmat, Dipak.
Ular bir necha daqiqa indamay borishdi. Qiz unga muloyimlik bilan nazar tashlar va bolaning xursandligidan o’zi ham jilmayardi. Ular maktab binosiga yetib kelishgach, bola unga o’girildi.
– Yaxshisi, shu yerda ajralamiz. Boshqa o’quvchilar noto’g’ri tushunishi mumkin.
– Shunday deb o’ylaysanmi?
– Axir men o’quvchingiz, siz esa o’qituvchimsiz-ku, – dedi Dipak chin dildan kuyinib.
– Dipak… Bunday o’ylama.
Malini yo’lida davom etdi.
Bir necha hafta ular dars payti gaplashmadilar. Bola har kun dars tugagach, qiz yozuv-chizuv ishlari bilan band paytda indamay doskani tozalar edi. Ba’zan bu sukunat kechki soat beshgacha cho’zilar, qiz ishlarini tugatgach, Dipakning bir chetda jimgina kutib o’tirganiga guvoh bo’lardi.
– Uyga qaytadigan vaqt bo’ldi, – derdi Tembi xonim. Shundan keyin bola darrov o’qituvchisining sumkasini ko’tarib olardi. Ular keng dala bo’ylab ketishar va turli mavzularda gaplashardilar.
– Katta bo’lganingda kim bo’lmoqchisan, Dipak? – so’radi o’sha kuni xonim.
– Havo kuchlari uchuvchisi. Men osmonning eng baland nuqtasiga chiqmoqchiman va chiroyli tabiatni o’sha yerdan turib kuzatmoqchiman, xuddi qushlar kabi.
– O, maqsading yuksak ekan.
– Bilaman, shuning uchun qattiq harakat qilyapman, – keyin bola bir zum o’ylanib qoldi. – Bir iltimosimga xo’p deysizmi?
– Ha, nima ekan u?
– Men har yakshanba Markaziy xiyobondagi ajoyib ko’lga boraman, u uyingizning yonida. Ko’lda bir gala o’rdagu baliqlar bor. Balki siz ham menga sherik bo’larsiz?
– Kechir, biroq yakshanbada men band bo’laman.
– Baribir, kutaman.
– Taklifing uchun rahmat.
– Sizni xafa qilib qo’ymadimmi?
– Albatta yo’q, Dipak. Nima so’rasang ham haqqing bor.
Bir necha kundan keyin Tembi xonim bolaga “Yozning tungi orzulari” nomli kitob berdi. Dipak uni tuni bilan o’qib chiqar, so’ngra ikkisi kitob haqida uzoq suhbatlashishardi. Dipak qiz bilan kunora ko’rishardi. Malini esa unga doim “boshqa yonimga kelma”, demoqchi bo’lar, biroq bu ish qo’lidan kelmasdi. Bola qizdan maktabga ketish va qaytish chog’i Shekspir, Tagor va Kipling haqida so’rashni yoqtirardi. Suhbat chog’i qiz unga qaramaslikka harakat qilardi. Biroq bir kuni darsdan so’ng bola doimgidek artgichni qo’liga olib, doskani hafsala bilan artayotgan paytda Malini undan ko’zlarini ololmay bir dam tikilib qoldi…
Yakshanba kuni Dipak ko’l bo’yida baliq tutib o’tirgandi. Birdan xonimning u tomon kelayotganini ko’rib o’rnidan turdi.
– Men shu yerdaman, – kuldi qiz.
– Kelganingiz uchun rahmat. Juda xursandman.
– Menga baliqlarni ko’rsat.
Ular ko’l bo’yida o’tirishdi. Yengil shabada qizning sochlari va sarisini o’ynoqlab, bola tomon xilpiratib uchirar edi. Dipak uning yonidan bir necha qadam nariga surildi.
– Baliq tutish shunchalik zavqli ekanligini bilmagan ekanman! – dedi qiz.
– Kelganingizdan shunchalik baxtlimanki…
Nihoyat, ko’l bo’yida Malini Tembi va Dipak Pradan uchrashishgandi. Ular soatlab osmonga tikilib o’tirishdi, Kiplingni o’qishdi va baliq tutishdi.
Dushanba kuni ertalab Dipak qizning uyidan chiqishini uzoq poyladi, lekin xonim allaqachon bir o’zi maktabga ketgandi. Dars payti esa “boshim og’riyapti”, deb vaqtli jo’nadi. Lekin seshanba kuni ular darsdan so’ng yana birga qolishdi. Dipak doimgidek doskani tozalar, qiz esa daftarlarni tekshirardi. Nihoyat, soat beshni ko’rsatib bong urdi.
– Dipak, yonimga o’tir, – qiz uni chaqirdi.
– Ha, xonim, – Dipak artgichni joyiga ildi.
Malini o’yga cho’mib yigitga tikildi.
– Dipak, sen bilan nima haqda gaplashmoqchiligimni sezgandirsan.
– Ha… men haqimdami?
– Yoshing nechada, Dipak?
– O’n oltida. Yaqinda o’n yettiga to’laman.
– Men necha yoshdaligimni bilarsan?
– Ha, yigirma besh. Men ham to’qqiz yildan so’ng yigirma beshga to’laman. Xonim, buni aytishim kerakmi, yo’qmi, lekin o’zimni xuddi siz bilan tengdoshdek sezaman…
– Ha, ba’zan buni eplaysan ham.
– Meni kechiring…
– Gapimni eshit. Oramizda nima bo’layotganini tushunishing men uchun juda muhim. Avvalo, biz faqat do’st ekanligimizni aytib o’tay. Mening hech qachon sendek o’quvchim, umuman, sen kabi insonim bo’lmagan.
Yigit bu gapdan qizardi. Qiz o’rnidan turdi.
– Balki sening hayotingda ham hali men kabi o’qituvchi bo’lmagandir?
– Siz juda ajoyib insonsiz. Judayam, judayam yaxshisiz, xonim.
– Bu haqda ko’p bosh qotirdim, Dipak. Tuyg’ularimni pisand qilmayapti, deb o’ylama. Sen oddiy yigit emassan. Bizning betakror, yoqimli kunlarimiz birga o’tdi. Lekin bu xato edi…
– Men to’qqiz yosh katta va o’n besh santimetr balandroq bo’lganimda hammasi yaxshilik bilan tugarmidi?
– Ehtimol. Biroq unday emas-ku. Biz odamlar bir-birining yoshi va ko’rinishiga qarab muomala qiladigan dunyoda yashayapmiz, Dipak. Ba’zan insonlar o’zlari istagan ishga qo’l urolmaydilar. Negaligini tushuntirib berolmayman.
– Nima qilishimiz kerak, unda?
– Hech nima. Meni boshqa maktabga o’tkazishlarini so’rab ko’raman.
– Bunday qilishingizga hojat yo’q. – dedi yigit. – Biz ko’chayapmiz. Oilam bilan.
– Buning menga aloqasi yo’qmi?
– Yo’q, yo’q, otam shunchaki Mumbaydan ish topibdi. Bu yerdan 150 kilometr uzoqda, xolos. Ko’rishib tursak bo’ladimi?
– Ha, lekin bundan nima foyda?
– Befoyda, ha, befoyda…
Sinfda uzoq jimlik cho’kdi.
– Nega bunday bo’ldi, o’zi? – dedi yigit mahzun.
– Bilmadim. Hech kim bilmasa kerak. Ming yildan so’ng ham buning sababini bilolmaydilar.
Ular bir-birlariga qaradilar. Vaqt o’tib borardi.
– Bir narsani hech qachon unutma, – dedi nihoyat qiz. – Hayot kutilmagan sovg’alarga boy. Dardingga davo bo’luvchi insonni hali uchratasan. Yaratgan neki dard bersa, davosini ham beradi. Menga ishonasanmi?
– Ishonishni istayman… Sizni sira unutmayman.
Qiz o’rnidan turib doskani arta boshladi.
– Sizga yordam beraman.
– Yo’q, yo’q, uyingga boraqol…
Yigit maktabni tark etdi. Ortiga qarab, derazadan xonimning hali ham doska tozalayotganiga guvoh bo’ldi.
Dipaklarning oilasi keyingi haftada shahardan ko’chib ketdi. Shu bilan Dipak yigirma ikki yil bu yerga qadam bosmadi. O’ttiz to’qqiz yoshda uylangandan so’ng, nihoyat, Punaga kelishga ahd qildi. Bahor kunlarining birida u mashinasini Puna tomon burdi va bu yerda bir kun qolishni rejalashtirdi.
Dipak rafiqasini mehmonxonada qoldirib, shaharchani bir o’zi sayr qildi va yurak yutib, Malini Tembi haqida so’radi.
– E, ha, bechora o’qituvchi. U 1952 yili vafot etdi, sen ketganingdan bir yil o’tgach, – dedi keksa o’qituvchi.
– U… turmushga chiqqanmidi?
– Yo’q, chiqmadi. O’limidan oldingi oylar juda g’amgin va baxtsiz ko’ringandi.
Ertasi kuni odamlar Dipakning xotinini ko’rishganini aytishdi. U xuddi iyulning mayin shabbodasi kabi go’zal ekan. Shu kunlarda havo tushunarsiz edi: na sovuq deysiz, na issiq. Dipakning rafiqasi kelgach, go’yo hamma narsa iziga tushgandek tuyuldi…
Rus tilidan Nodirabegim IBROHIMOVA tarjimasi
Manba: «Kitob dunyosi» gazetasi veb-sahifasi