Teodor Drayzer. Erk

04527 август — Машҳур ёзувчи Теодор Драйзер таваллудининг 145 йиллиги

    Тонг оҳиста ёришиб келяпти. Бинонинг ташқи тарафини кўркам қилиб кўрсатувчи баланд деразадан қаршидаги боғ кўзга ташланади: пурвиқор тераклар сафи тонгги туман ичида. Ётоқ деразасидан ҳам боғнинг бир чеккаси кўриниб турибди. Лекин саҳармардондан уйғонган мистер Хеймекер катта деразага яқин дарахтлар ва улар ортидаги мўъжазгина кўлни томоша қилиш учун даҳлизни кесиб ўтиб, меҳмонхонага кирди.

ТЕОДОР ДРАЙЗЕР
ЭРК
002

003Теодор Герман Альберт Драйзер (Dreiser) (1871.27.8, Терре-Хот — 1945.28.12, Голливуд) — Америка ёзувчиси ва жамоат арбоби. «Чикаго дейли ньюс» («Chicago Daily News») газетаси муҳаррири (1892). Биринчи йирик асари «Бахти қаро Керри» (1900) ва «Женни Герхардт» (1911) романларида оддий қизлар тақдиридаги ижтимоий-ахлоқий масалалар тасвирланган. «Истак трилогияси» («Молиячи», 1912; «Титан», 1914; «Матонат» 1947) юлғичликнинг фойдасизлигини тушуниб етган молиячи ҳақида. «Даҳо» (1915) ва «Америка фожиаси» (1925) романларида пулнинг санъат устидан фожиали ҳукмронлиги ва қандай йўл билан бўлмасин, ижтимоий «ютуққа» эришишга интилган «ўрта ҳол» йигитнинг маънавий ҳалокати ҳикоя қилинади. «Таянч» (1946) романи, «Йигирма эркак» (1919), «Катта шаҳар ранглари» (1923), «Занжирлар» (1927) «Аёллар галереяси» (1929) новеллалари, «Барабан қоқ!» (1920), «Фожиавий Америка» (1931) ва бошқа публицистик тўпламлари нашр этилган. Драйзер Амстердамда ўтказилган тинчлик ва маданиятни сақлаш бўйича конгресс ташкилотчиларидан бири (1932). Драйзер ўз ижодида реализм билан натурализм тамойилларини бирлаштирган. «Бахти қаро Керри» (1973), «Америка фожиаси» (1976), «Женни Герхардт» (1982) романлари ўзбек тилида нашр қилинган.

002

033Меъмор Руфус Хеймекернинг Сентрал Парк Уэстдаги ҳашамдор, шинам хонасида сокинлик. Тонг оҳиста ёришиб келяпти. Бинонинг ташқи тарафини кўркам қилиб кўрсатувчи баланд деразадан қаршидаги боғ кўзга ташланади: пурвиқор тераклар сафи тонгги туман ичида. Ётоқ деразасидан ҳам боғнинг бир чеккаси кўриниб турибди. Лекин саҳармардондан уйғонган мистер Хеймекер катта деразага яқин дарахтлар ва улар ортидаги мўъжазгина кўлни томоша қилиш учун даҳлизни кесиб ўтиб, меҳмонхонага кирди. У табиатни бутун ранго-ранглиги билан хуш кўради. Шоиртабиат одам.

Хеймекер олтмишларда; ориқдан келган, бироз букчайган; қалин сочларию бароқ қошлари кузалган, оқ оралай бошлаган соқол-мўйлаби унинг озғин юзини анчайин баджаҳлроқ қилиб кўрсатади. Эгнида тасмали кўкиш, узун ва кенг халат. Ориқ, рангсиз қўли, бўғимлари бужмайган узун бармоқлари касби жиҳатидан эмас, умуман нозиктаъб киши эканлигидан далолат беради. Кўзлари ҳорғин, шу билан бирга ташвишли кўринади.

Мана, уч ҳафтадирки, хотини юрак, буйрак ва асаб касалликларидан азоб чекаркан, куни-кечагина доктор Сторм уни чеккага олиб, ҳис-туйғуларини сездирмайгина, юмшоқлик билан дўстона сўз бошлади:

— Агар рафиқангиз эртагача ўзини яхши ҳис қилмаса, мистер Хеймекер, маслаҳатлашиш учун ҳамкасбим, доктор Грейгерни таклиф қиламан. Уни яхши танийсиз. Юрак дардларини мендан кўра яхшироқ билади. («Юрак дардлари», дея ичида истеҳзо билан такрорлади Хеймекер). Икковлашиб текширамиз ва шундан сўнггина унинг тузалиб кетишига қанчалик умид қилиш мумкинлигини айтамиз. Рафиқангизнинг касали оғир, хўш, дейиш мумкинки, бедаво дардга чалинган. Лекин жуда бақувват, саботли, умуман, касалликка мардонавор қаршилик кўрсатяпти. Шундай бўлсаям… бекорга қўрқитмоқчи эмасман. Ҳозирча ортиқча ташвишланишга сабаб ҳам йўқ… ҳарҳолда аҳволининг оғирлигидан сизни хабардор қилиш бурчимиз. Бу билан, умид йўқ, демоқчи эмасман. Йўқ, йўқ, асло. Хўш, ундай деб ўйламайман. Аксинча, тузалиб кетиши мумкин. Шундоқ бўлиши мумкин… Кўрасиз, ҳали яна йигирма йилларча умр кўради. (Хеймекер хўрсиниғини аранг босди.) Аҳволига қараганда, кучга ҳам киради, аммо юраги ёмон, бу ёқда буйрак касалининг хуружи аҳволни оғирлаштирди. Юрак денг, ортиқча юк кўтаролмайдиган бўлиб қолган. Ҳозирги чоқда икки ҳисса ортиқ ишлашига тўғри келяпти. Ё у ёқлигу, ё бу ёқлик… Бир-икки кун, энг узоғи билан тўрт кунда ҳаммаси аён бўлади-қолади. Лекин боя айтганимдек, мен сизни қўрқитмоқчи эмасман. Ўзимиз ҳам ҳамма имкониятларимизни ишга солганимизча йўқ. Биз ҳали қон қуямиз. Қон қуйишнинг қанчалар нафи тегажагини гапириб ўтиришга зарурат йўқ, деб ўйлайман. Бундан ташқари, буйраги даволашларимиздан наф топиб қолса, у тақдирда аҳвол яхши тарафга ўзгарса, ажаб эмас. Такрор айтаман, менинг бурчим, сизни олдиндан огоҳлантириб қўймоқни тақозо қилади, зеро бундай мураккаб дарднинг охири нима бўлишини олдиндан билиш қийин. Оилангиз учун эски қадрдонман, сизларнинг бир-бирингиз учун қанчалар зарурлигингизни биламан… (Хеймекер унга лоқайдлик билан қаради.) Шунинг учун ҳам сизни бор ҳақиқатдан хабардор қилиб қўймаслигим мумкин эмас. Рўй берадиган нарсалар — бошда бор гаплар. Сизга маълум, ўтган йили кенжа қизим Матилдамдан айрилиб қолдим. Аммо, такрор айтаман, мисс Хеймекернинг жони узилиш даражасида демоқчимасман — ишонаманки, доктор Грейнгер икковимиз ҳали уни оёққа турғизамиз. Умидим катта.

Доктор Сторм ҳамсуҳбатига чин дилдан ачиниб қаради: «Ахир у кексайиб қолган, хотини билан шунча йил яшади, унга ўрганган, айрилиш оғир бўлади…» Хеймекер бўлса, хайкалдек қотганича, қанақа масхарабозлик бу, атрофимда бунча айланишади, деб ўйларди. Ёши олтмишга бориб қолди, ҳамма нарсадан чарчади, яшаб чарчади; уйланганидан бери ҳали бир кун бўлсин ҳақиқий бахт нималигини туйиб яшагани йўқ; нарсаларни ташқи кўринишига қараб баҳолайдиган хотини эса, эрини ўзи билан бахтли яшайди деб билади… Мана, доктор ҳам унга севимли рафиқасининг меҳрибонликларига муҳтож қари чол, деб қараётир… Хеймекер беихтиёр қўлини кўтариб, ғалати силкиди.

Фарзандлари ҳам уни хотинининг меҳрига муҳтож, у билан бахтиёр деб билишади; хизматкорлари ҳам, дўстлари ҳам шу фикрда; лекин бу, ҳарҳолда, ҳақиқатдан йироқ, ғирт ёлғон. У — бахтсиз. У ҳаммавақт — ўша янги уйланган чоғидан бери — ўттиз бир йил мобайнида муттасил бебахт. Шу йиллар ичида сиқилмаган, яширин истаклари оғушида ўртаниб, ниманидир қўмсамаган бирор кун бўлмаган: бу ҳақда ҳатто ўйлашга ҳам ботинмасди. Битта нарсани — боши очиқ, яъни, Эрнестина билан учрашмаган пайтларидек эркин бўлишни истарди.

Аммо табиатан ва олган тарбиясига кўра, одатдагидек расм-русмдан четлашишга ботинмасди, шу билан бирга, унинг ҳукмидан ташқаридаги кучлар — табиатнинг ўзи, урф-одат, жамоат фикри ва ҳоказо-ҳоказолар — унга ҳокимлик қилар, меъмор буларга қарши курашишга ожиз, оқимга қараб сузарди. Ҳа, у шунчаки оқимга қараб сузарди. Вақт, тасодиф ёки яна кутилмаган бир нарса ҳаётини яхши тарафга ўзгартириб юбориши мумкинлигига яширинча умид боғларди. Лекин бу ҳол юз бермади. Ана энди у — ҳорғин, қартайган ёки ҳарҳолда тез қариб бораётган бир кимса — ожизлиги учун ўзини қораларди. Нега у ҳатто бирон нима қилишга уриниб кўрмади? Нега у кечикмасидан бу кишанларни узиб ташлашга уринмади? Шундай қилганида руҳини, ҳаётга, унинг ранго-ранглигига бўлган беқиёс муҳаббатини сақлаб қолармиди? Лекин, афсус, у буни қилмади. Энди нима, аччиқ ҳасрат-надомат чекишга маҳкумми у?

Бир кун аввал докторнинг сўзларини тингларкан, ўзини совуқ истеҳзо билан тиржайишдан зўрға тутиб турарди: ахир хотинининг тирик қолишини истамасди-да, ҳарҳолда, ўша дақиқада унга шундай туюлганди. Ўзи ҳам ҳаддан ортиқ чарчаган. Деярли бир кеча-кундуздан бери аччиқ ўйлар оғушида, ҳозир ҳам дераза ёнида ўтирган кўйи, нарироқдаги хиёл ёришган, тонгги туман ичидаги бинога тикиларкан, сочини силаб қўйиб, оғир хўрсинди.

Мана шу азобли ойлар, йиллар мобайнида, шу ерга кўчиб келганларидан бери у (лекин ундан илгари ҳам шундай бўларди) хотини уйғонмасидан дераза ёнига келарди-да, ўйга толарди. Сўнгги йилларда бир-бирларидан шунчалар йироқлашиб кетдиларки, ҳатто алоҳида хоналарда ётишарди; умуман, хотини бунга аҳамият ҳам бермасди. Ҳаёт унинг учун амалий ишлардангина иборат эди: хотини номига доғ туширмаса, жамоат ичида згалланган мавқени, обрўйини сақласа бас. Аксарият пайтлар ўтган кунларига назар ташларкан, ҳаёти ўзи орзу қилганчалик эмаслигига ачинарди… Унинг орзулари ушалгандами?!.

Ҳали вақт эрта эди, кулранг осмоннинг шарқ томони пушти рангга бўянди. Хеймекер ўйчан ва ғамгин бош чайқаб ўрнидан турди, даҳлиздан ўтиб хотинининг ётоғига кирди; каравот ёнидаги оқсоч қаттиқ ухларди; доктор унга бемордан огоҳ бўлиб туришни буюрган-у, лекин чарчоқ устун келган. Озган, заифлашиб қолган хотини ҳам уйқуда эди. Ўзининг жони ҳам азобда эканлигидан қатъий назар, меъмор вақти-вақти билан унга ачиниб ҳам қўярди. Бўлмасам, шунча йиллар илгари у нега бундай даҳшатли хатога йўл қўйди. Балким гуноҳ унинг ўзидадир: ёшлигида нега ақллироқ эмас экан. Шундай қилиб у, оҳиста юриб, ўз хонасига кириб кетди, яна ўрнига ётди-да, хаёлга толди.

Хотини қаттиқ оғриб, оғирлашиб қолган кейинги кунларда у тонготарда уйғонар ва хаёл сурарди. Ташвишли, тартибсиз хаёллар шунчалар азоб берардики, уйқусини ҳам йўқотганди. У айниқса, руҳан чарчаган, ўзини йўқотиб қўйганди. Нима ҳам қилсин, ҳаёт азоб бермоқда. У ҳақиқий севгини ҳеч қачон билган эмас, уйланганига озмунча йил ўтдими, шу йиллар мобайнида у садоқатли, жонкуяр ва севимли бўлди… Ҳа, рафиқаси уни ўз билгича севарди. «Ўз билгича», — алам билан шивирлади у.

Кўп ўтмай туриш, кийиниш керак. Хотинининг аҳволи ёмонлашиб қолмаса, ҳар вақтдагидай идорасига бориши зарур. Лекин… Лекин у омон қолармикан-а? Шу вақтгача дардга бардош бериб келаётган бўлсаям ҳарҳолда заиф… Ахир у ҳам эрининг ёшида-да… Бундоқ оғир дардга дош беролмаслиги мумкин? Унда яна эркин бўлиб қолади ва ҳеч ким уни маломат қилолмайди. Шунда истаган жойига бориши, хоҳлаган ишини қилиши мумкин ва унга ҳеч ким халал беролмайди. Турмуш қурганларидан бери хотинининг биринчи бор оғир дард тортиши. Бир ойдирки, у ҳаёт билан ўлим оралиғида: бугун аҳволи яхши бўлса, эртасига ёмон, лекин шундай эса-да, ҳали тирик — ажали етган дейишга ҳам ишончи комил эмас, аммо ҳоли яхшиланаётгани ҳам йўқ. Доктор Стромнинг айтишича, қўққисдан унда юрак хуружи зўриққан — энг хатарлиси шу, буни қандай муолажа қилиш номаълум.

Шу вақт давомида Хеймекер, одатига кўра, хотинига жонкуярлик қилди. У ҳамма вақт юмшоқ, кўнгилчан: доимо хотинининг тилагини бажо келтирар, имкони қадар ҳаммасини ўрнига қўярди. Хотини, фарзандлари мамнун ва бахтиёр бўлганларида севинарди… Эндиликда фарзандларидан ҳам кўнгли қолган, бунда энг аввало хотинини айбдор деб биларди… Ёшлигида қийинчиликда ўсгани ёдида бўлганидан Хеймекер доимо унга ачиниб келган эди: лекин турмуш қурганларидан кейин ҳам ҳеч қачон бахтли бўлмади. Ҳа, хотиним кўп жафолар кўрган деб таъкидларди у оғир дақиқаларда, лекин унинг ўзи-чи?.. Аёл кишига буларни кўтариш оғирроқдир балки… Лекин ахир қалбида эрининг муҳаббати бор-ку! Хотини шундай ҳисоблагани учун қалби осуда. Ваҳоланки, Хеймекернинг ўзи бундан мосуво. Ўзининг эса, рафиқам деб севиши мумкин бўлган хотини йўқ, бўлган ҳам эмас. Оҳ, у қанчалар орзу қилган эди-я!

Шу куни у идорага кетаётиб (идораси Мэдисон хиёбонига чиқадиган осмонўпар бинолардан бирига жойлашган эди) Сентрал-Парк Уэст ёнидан ўтаётиб қатор саф тортган дарахтларга, офтобга ғарқ бўлган уйларга қараркан, борлиғини яна аччиқ фикрлар чулғади. Йўлкаларда гўдак кўтарган энагалар уймалашар, болалар ўйнар, кимлардир секин-оҳиста сайр қилар, бошқалар ўз ишларига шошиларди. Фақат кўкламдагина, ўшанда ҳам аҳён-аҳёнда бир бўладиган ажойиб кун эди. У атрофга, айниқса болаларга ва кўклам либосида хизматга шошилаётган ёшларга қараркан, хўрсиниб ўйлади: қани энди яна ёшариб қолса! Улар — ўт-олов; диллари тўла орзу-умид! Улар учун ҳамма нарса олдинда. Хоҳлаганларини излашлари, танлашлари мумкин… На йиллар ва на вазиятлар уларнинг йўлига ғов бўла олади! Ахир буларнинг ёшида у ўзини бемаъниларча боғлаб бергани каби тутуриқсизликни ким қилипти? Эҳтимол юзинчи бор ўзини шундай сўроққа тутаётгандир. Балким ҳар бирининг гўзал севгилиси бордирки, бунақасини у ҳеч қачон кўрмагандир. Балки…

У фикрларга толганича идорасига, энг баланд иморатларнинг юқори қаватига чиқди ва пастдаги ястанган шаҳарга ҳорғин тикилиб қолди. Бу ердан шаҳарни кесиб ўтган иккала сой, қатор гумбазлар, узоқдаги биноларнинг девори кўринарди. Шу пайтгача унга мана шулар яшашга ва умид тутишга кўмаклашарди. Шуларнинг бари ёшлигида уни қанчалар илҳомлантирарди… Умуман, у пайтларда бошқа шаҳарда истиқомат қиларди. Ҳатто ҳозир, шинам хонадонидан ҳам кўра бу ерда, идорада ўзини эркинроқ ҳис этарди. Бу ердан туриб пастда ястанган шаҳарни томоша қилиш, хаёл суриш мумкин… ёинки, муккасидан ишга кўмилиб, шахсий ҳаёти ўнгидан келмаганини унутса бўлади. Катта шаҳар, ўзи яратган ёки қурган бинолар, хотини билан маслаҳатлашмай танлаган салоҳиятли ва садоқатли ёрдамчилар — мана шулар ичида ўзини, доимий ички дардини — ҳаёти беҳуда кетганини унутарди.

Рафиқаси дардга чалингандан кейин рўзғор ташвиши илгари улар хизматида бўлган мисс Элфрид деган ўрта яшар синчков аёлга топшириб қўйилган эди: унга Эстер деган оқсоч кўмаклашади — дастурхон ҳозирлайди, эшикни очади, умуман, нимаики лозим бўлса, ҳаммасини бажо келтиради; булардан ташқари беморга икки ҳамшира қарайди — бири кечаси навбатчилик қилади, иккинчиси кундузи парваришлайди. Икковиям соғлом, кўк кўз. Ҳа, дадил, хушчақчақ ёшлар — у ҳеч қачон ўзининг шундай бўлганини билмайди. У лоқайд қарайди. Бундан бу ёғига ҳам ҳамма вақт шундай қолса керак.

Шунингдек, фарзандлари Уэсли билан Этельберта (хотини эрининг иродасига қарши бориб қизини шундай атаганди) ҳам оналари устида парвона. Улар аллақачон уйли-жойли бўлиб кетишган, икковиям болали, шаҳарнинг турли тарафида яшашади. Оналарининг саломатлигини сўраб, ҳар куни қараб туришади, баъзида кун бўйи ёки бутун оқшом ота-она уйида бўлишади. Этельберта онаси касалга чалиниши билан уларнинг уйларига кўчиб ўтиб, рўзғор ташвишларини ўз зиммасига олишини таклиф этди, лекин мисс Хеймекер бунга розилик бермади: у топшириқ беришни хуш кўрар ва ҳозирча бундан воз кечишни истамасди. Ахир жуда ҳам оғир касал эмас-ку, сўраб-суриштириш, буйруқ бериш қўлидан келади. Булардан ташқари, мисс Элфрид мистер Хеймекерга унинг худди ўзидай ғамхўрлик кўрсатиши мумкин.

Аммо ҳаққига кўчилса — кўпинча мушкул пайтларда ҳақиқат юзага чиқади — унга қулайликлар эмас, балки меҳр-оқибат ва муҳаббат етишмайди. Ахир у ҳеч қачон, ҳарҳолда аллақачонлардан бери, иккови туғилиб ўсган Мичиган штатидаги Маскигонда яшаган чоқларидан бери, хотини ўн беш яшар, у эса ўн етти яшар чоғидан бери севмайди-ку! Бир-бирларини илк кўрган кунлариданоқ ёқтириб қолганлари ҳозир ғалати кўринади. Рафиқаси у чоқлар ўша ерлик дорихоначининг фарзанди — ундан хиёл ёш, хушрўйгина қиз эди. Сўнгра, муҳтожлик уни, бир амаллаб йўлини топиб олиш учун ўша шаҳардан кетишга мажбур қилди. Қизга тез-тез хат ёзиб турди — хаёлида қиз дунёда ҳаммадан ҳам кўра яхшироқ эди. Аммо тақдир унга кўмакка келишга шошилмас, орзуларининг рўёбга чиқаришга ошиқмасди — у узоқ йиллар Эрнестинадан йироқда бўлди, уйланишга имконият топмади, бу орада ўзи англамагани ҳолда ҳаётга бошқача кўз билан қарай бошлади. Бу қандай рўй берганини айтиш қийин, лекин… у катта шаҳарда яшаб, кўпни кўрди, кўпни билди, қиз учун эса, ҳаммаси аввалгидай: Хеймекер янги одамларни кўрар, дадилроқ парвоз қилар — буларнинг бари қизга ва уларнинг муҳаббатига қарши фитнадай туюлар эди; аммо у чоқлар буни англаб ололмасди. Ўзида рўй бераётган ўзгаришларни у ҳаддан ташқари секин англаб етаётибман чоғи, деб ўйларди.

Кейинчалик, ўша пайтдаёқ, эсим борида этагимни ёпиб, Эрнестина билан орани очиб қўйишим керак эди, деган ҳам ўзига. Вақт ўтгани сайин иложини қилолмасди. Албатта, бу билан қизга алам етказар, ўзига ҳам осон бўлмасди, аммо бугунги кунда қийналиб ўтирмасди-да! Ҳа, ўша чоқларда жудаям тажрибасиз эди, ҳаётни яхши билмасди: расм-русумлар, ғарбнинг қолоқ урф-одатлари билан ўралашиб қолганди. У унаштиришни, кейинчалик бориб муваффақиятсиз чиққан тақдирда ҳам, ҳарҳолда зиммамга масъулият юклайди, деб ҳисобларди. Виждонли киши сўзидан қайтмайди — унинг юртидаги тақводорлар шундай ҳисоблашади.

Ҳа, ўшанда Хеймекер қизга хат ёзиши, у билан сўзлашиб олиши мумкин эди. Лекин ҳаддан ташқари назокатли ва кўнгилчан бўлганидан ўз хатоси ҳақида сўз очишга ботинмади. Кейин эса, вақт ўтди. Хеймекер уни хафа қилишдан, қалбини, ҳаётини чил-чил қилишдан чўчиди. Энди эса… Ўз ҳаёти нима бўлди! Ўша йиллар она юртига неча бор келди, хато қилганини ўшанда тушуниши, унга хотима қўйиши, агар ақли ва жасорати етса қутулиб, эркин бўлиб олиши мумкин эди… Йўқ, ундай қилолмади. Бурч туйғуси, ўзи туғилиб ўсган чекка шаҳарда ва умуман, Қўшма Штатларда ҳукм сурган қарашлар, расм-русумлар, сўнг ундан нималарни кутаётганлари, қиз нима кутаётгани ва нимани кутиш мумкинлиги ҳақидаги фикр — мана шуларнинг бари унинг оёқ-қўлини чамбарчас боғладию Эрнестинага ҳеч нима демади. Муносабати ўзгарганини ҳам, муҳаббати ёниб кулга айланганини ҳам айтмади — бунинг ўрнига унга уйланди-қўйди. Ё парвардигори олам, бунчалар тентак бўлмаса-я!

Ҳукм сурган одоб қоидаларига мувофиқ хато қилган экан, унинг бурчи шундан қайтмаслик ва тушкунликка тушмасликни тақозо қилади; бошқа чоқда эътибор берилмасаям, никоҳ борасида сўзда турмоқ жоиз. Ҳарна бўлгандаям у ўзини бебахт ҳисобламай туролмайди. Ҳа, у бебахт. Одамлар нима дейди, одамлар нима деб ўйлайди, деб ташвишлангани ва ўша урф-одатлар сиртмоғидан чиқолмаганидан мана шу узундан-узун йиллар мобайнида Эрнестина билан бир хонадонда яшаб келади, кўнглини овлайди, ўзини бахтли «ажойиб жуфт» қилиб кўрсатиб келади. Аслида эса, у бахтсиз, жудаям бахтсиз эди. Хотинининг туриш-турмуши, расм-русумларни қаттиқ тутиши, умуман ҳамма вақт ёнида ҳозиру нозирлиги жиғига тегарди. Доктор Стормнинг гаплари ранжитди: агар хотини вафот этса, мусибатда қолади, деб ҳисобласа керак. «Сизга ким ғамхўрлик қилади?» дегандай бўларди Стормнинг боқишлари. Э, ғамхўрлигининг нима кераги бор, вақтинча бўлса ҳам танҳо қолса, истаганини ўйлаб, тилаганини қилса; рўшнолик кўрмаган ўша узундан-узоқ йилларни, ўз терисига сиғмаган мунофиқлик йилларини унутса…

Наҳотки, жон-жонидан ўтиб кетган бу аҳволдан ўла-ўлгунича қутулолмаса? Бирпасдан сўнг бу фикрларинг учун ўзингни ўзинг койийсан… Ноҳақ, бешафқат, бераҳм ўйлар… Инсоннинг обрўси, унинг жамиятдаги ўрнини белгиловчи жамоатчилик фикри — бу ўйлари учун уни аёвсиз қоралаган бўларди.

Шу йиллар давомида ўзини ҳам, бошқаларни ҳам қурбон қилганини сездирмади. Афсонавий ёш Спартак каби ич-этини кемираётган тулкини ҳамманинг кўзидан яширди. У шикоят қилмасди. Ахир, ахлоқ қоидалари нуқтаий-назаридан қараганда, у намунали эр эди-да! Ҳа, албатта, ўзининг жамиятда тутган ўрнини, фарзандларининг аҳволини эслашининг ўзи кифоя. Хотини-чи? Мана ҳозир оғир дардга чалиниб ётган, на моддий, на маънавий муҳтожликни эсламаётган бир пайтда, ишончи комилки, Хеймекер намунали эр! Шу йиллар мобайнида хотини бирон марта бўлсин унинг муҳаббатига шак келтирмади, бунчалар бахтиқаролигини ҳис этмади… Эрнестина, ҳозирги кунда ҳам севади, деб хаёл қилмаса-да, ҳарҳолда, эрим мен билан ўзини яхши ҳис қилади, биргаликда бунёд этган хонадони, бирга тарбиялаб ўстирган фарзандлари уни қувонтиради, охиригача шундай бўлиб қолади, деб ишонса керак. Охиригача! Бутун шу йиллар мобайнида у ўз ҳаётини, болаларининг ҳаётини ва қўлидан келганча эрининг ҳаётини ҳам ўз ўлчови ва ўз диди билан бичиб келди, шунинг баробарида доимо ҳаммасини у тилаганча қилаяпман, деб ҳисоблади, ҳарна бўлганда ҳам эри учун ва оила учун яхши қилаяпман, деб билди.

Умум қабул қилинган қоидаларга қанчалар қаттиқ риоя қиларди у! Хотини, ўзича, қандай яшашни аниқ биламан деб ўйларди, ваҳоланки, қачонлардир уйида ўргатганларинигина биларди: унда ҳамма нарса ҳақида фақат америкаликларга хос тасаввур бор эди. Таниш-билиш орттириш, болаларни тарбиялаш ва ҳоказо масалаларда, у кўнмаган кезларда ҳам, хотинининг айтгани бўларди; хурсандчиликлар, ўйин-кулги, дўст-ёр танлашда ҳам у умум қоидадан четга чиқмас, бунда ҳам ўзиникини ўтказарди. Албатта, кичик можаролар бўлиб турарди — қайси бахтли оила бусиз яшайди — шундай чоқларда ҳар доим Хеймекер ён берар, албатта ўзини бажонидил ён берган қилиб кўрсатарди.

Нега ҳам нолисин? Эрининг бунчалар бахтсизлиги хаёлига келармикан Эрнестинанинг? Йўқ, сира хаёлига келмайди. Туғилиб ўсган шаҳарларида ҳам, бу ерда ҳам барча қон-қариндошлару таниш-билишлардан тортиб (у чертиб-чертиб таниш орттирарди, казо-казолар билан яқинлашар, бошқаларни назар-писанд қилмасди) ўзигача, айниқса ҳозир унга нима мақбулу нима номақбуллигини, фикр-ўйларини фақат хотини билади, деб ҳисоблашарди. Хеймекер эса, хомушгина жилмайиб қўяқоларди.

Хотинининг назарида никоҳ, айниқса, уларнинг никоҳи — буюк мўъжиза, бу муқаддас риштани ҳеч нима узмаслиги керак. Умрда фақат бир марта севиш мумкин. Шу юкни зиммангга олдингми ёки қизга унашдингми—сўзингнинг устидан чиқмоқ — сенинг бурчинг. Фотиҳани бузиш, хотинга хиёнат қилиш ёки ҳеч бўлмаса лоқайд қараш — бу жиноят, куфр. Бундай нобакор аблаҳлар инсон деб аталишга номуносиб, ер юзасида уларга ўрин бўлмаслиги керак.

Хўш, у-чи? Унинг қисмати-чи? Адашган бир кимсанинг қисмати-чи? Унинг ҳоли нима кечади, у тинчлик ва бахтни қайдан топади? Бунда, ер юзидами ёки фақат кўкда, малоикалар ҳузуридами? Эрнестина ҳали-ҳануз бунақа нарсаларга ишонади. Майнавозчиликни қаранг-а! Барча дўстлари Эрнестинанинг ўлими унинг учун катта бахтсизлик бўлади, деб ҳисоблайди, бошқача бўлиши мумкинми? Ҳаммага маълум, одоб-ахлоқ қоидаларига кўр-кўрона ишонч — мана нималарга олиб келади. Ё тавба!

Лекин бунисиям ҳолва! Энг даҳшатлиси, ўзининг қарашларини, тўғрироғи, орзу-умидлари, ҳис-туйғуларини тушунмаган арзимас, калтабин аёлга уйланганини йиллар ўтгани сайин равшанроқ ҳис этгани ҳолда, ёшлигида адашганлиги сабабли, умрининг охиригача ўша билан ўтиб кетишга мажбурлигидир.

Ҳа, албатта, Эрнестинанинг яхши томонлари оз эмас: меҳрибон, ғамхўр, эпчил, ажойиб бека: бунисини инкор этолмайди, лекин бари-бир улар бегона, илож қанча. Муҳими, унинг сочидан тирноғигача турли шартлиликлар билан лиммо-лим калтабин аёл эканини, ўзининг табиатан санъат соҳиби бўлиб, орзу-умидли, хотини тушуниб етмайдиган, хуш кўрмайдиган, элас-элас тасаввур этадиган умумий нарсалар ҳақида ўйлашини аллақачон англаб етган эди. Унинг санъатининг бутун моҳияти — гўзаллиги ва шакли-шамойилининг нозиклигини у хиёл бўлса ҳам тушунармиди? Эри учун мана шуларнинг қанчалар катта аҳамиятга моликлигини ҳеч қачон англаб етганми? Йўқ, албатта, Эрнестина буларнинг ҳақиқий қимматини ҳеч қачон билмаган. Меъморлик? Санъат? Унинг учун булар нима деган нарса? Агар истаганида ҳам буларни у тушуниб етишга қодир эмас эди. Эндиликда у ҳеч кимдан тушуниш ва ҳамдардликни кутмайди. Ҳа, аслида ўзи ҳеч қачон бунга интилмаган ҳам, ахир хотини ҳам, атрофдагилар ҳам бунинг учун уни қоралаган бўлардилар, ҳатто ўзи ҳам буни бир қадар яхши эмас, деб биларди-да.

Ахир туйғулари ва истакларини одоб-ахлоқ қоидалари доирасига қамаб бўлмайдиган одамнинг, уни тушуниб етмаган, руҳий олами билан асло қизиқмаган мана шу Эрнестинага ўхшаш аёлни хотинликка танлашига табиат қандай йўл қўяркин-а? Ёки бу муҳаббатнинг кўрлигиданми ёки табиат санъаткор қалбига атай озор берадими? Унга душманлик қилиб эмас, йўқ, балки қум чиғаноққа азоб бериш билан марваридни бунёд этгани каби, азоб яратажак гўзаллик учун санъаткор қалбига озор беради… Шундай бўлса керак… У қурган барча улкан ва ажойиб бинолар — ҳамма шундай деб ҳисоблайди — ҳаётида бошқа муҳаббат ва бўлак гўзаллик бўлмаганидан уларга бутун қалбини бахшида қилгани учун ҳам шунчалар кўркам ва муҳташам бўлса керак. Шафқатсиз табиат!.. Инсоннинг орзуси — ҳар бир инсоннинг орзуси ушалишига сира ҳаракат қилмайди!

У Эрнестинага уйланган чоғида — ўзи ҳаётдан нима исташини, йиллар ўтгани сайин туйғулари қанчалар ўзгара боришини аниқ тасаввур қилиш учун ёшлик қиларди — унга маслаҳат бериб, вақтида уни тўхтатиб қоладиган кимсаси йўқ эди. Давр руҳи шундай эдики, ҳамма нарса уни мана шу ҳалокат томон етакларди. Гўё бу — табиат иродаси эди. Оила, фарзандлар — ўша чоқларда ҳамма нарсанинг ибтидоси ва интиҳоси, борлиқнинг мақсади ва мазмунини шунда кўрардилар. Қанчалар бебурд назария! Қандай хатога йўл қўйганини кеч тушунди, одатдаги тасаввурлар ва вазият чамбарчас боғлаб олгандан кейингина тинчини, руҳий мувозанатини йўқотди-ю, лекин бирон марта бўлсин ростакам ғазабланмади — бирон марта ҳам.

Аксинча, буларнинг барини зўр бериб хотинидан яширди, негаки унга раҳми келарди; лекин у гўзалликни, хусусан хотини бутунлай маҳрум бўлган руҳий ва жисмоний гўзалликни қўмсар, бу интиқлик эса, бора-бора чидаб бўлмайдиган даражага етди. Кунлар ўтгани сайин васвасага йўлиққандек ва қандайдир бир бошқа, бошидан кечирмаган нималарнидир орзу қилгани-қилган эди. Наҳотки, орзулари ушалмайди, наҳотки ҳеч қачон ҳеч нима ўзгармай шундоқлигича қолиб кетаверади? Нақадар даҳшат! Ахир умр қисқа, ундан ташқари, энди ортиқ ҳеч нима бўлмайди, ҳеч нима… Шубҳасиз, Эрнестина бир пайтлар хушрўй бўлган, лекин вақт шуни кўрсатдики, на жисмонан ва на маънавий жиҳатдан ҳеч қачон уни жалб этмаган. Бир пайтлар чиройли бўлганидан бирон наф бормиди Хеймекерга? Йўқ. Умуман олганда, йигирма етти йилдирки, Эрнестина билан кечган ҳаёти унинг учун оғир юк, бошқа нарсалар ҳақидаги орзулари эса, йиллар ўтгани сайин ортиб, зўрайиб бораётир…

Мана, у қаридиям, хотини, худо билсин, оламдан ўтаётиптиям шекилли, энди унгами, хотинигами бир нима бўлиши барибир эмасми, балким, барибир эмасдир… Агарда озгинагина фурсат, ўлмасидан бурун бир озгина эркин бўла олганда эди…

Эркин бўлмоқ! Эркинлик!

Бошқа аёлларнинг ҳусн-жамоли, уларнинг чеҳраси, сирли боқишлари қанчалар жалб этарди-я, лекин у одоб-ахлоқ қонунлари доирасидан ўтишни истамаган: ўзининг на руҳий хусусияти ва на ҳаётий мулоҳазаларига кўра Хеймекер, умуман, бундай қилолмасди; аммо шунга қарамай, хотини ҳамиша аламини қўзитиб, хиёнат қилмасин деган қандайдир бир ғалати мантиққа кўра, аёлларга ёқадиган гап жиҳати йўқлигини, қомати келишмаганлигини, эркакларга хос қандайдир жозиба етишмаслигини, шу сабабдан бирор бир жувон унга муҳаббат қўя олмаслигини зўр бериб уқтириб келарди. Азбаройи шифо, хотини уқтирарди-я! Унга, неча-неча аёлларнинг интилувчи, чорловчи нигоҳлари таъқиб қилган кимсага-я!

Сенга раҳмим келганидан текканман, деб ишонтирарди хотини. Хеймекер баҳслашиб ўтирмасди — майли, шундай деб ўйласа ўйлайқолсин; лекин ўзининг ҳам раҳми келарди-да Эрнестинага. Аниқ, учраган аёл кўз сузар, ёлворгандай мулойим жилмаярди, бундай пайтда хотини ундан ҳеч қачон Дон-Жуан чиқмаслигини: бесўнақай, сусткаш, кўримсизлигини, ўзидан бўлак аёлга ёқмаслигини уқдирарди! Эҳ, хотин-а, бунга ҳеч қандай зарурат бўлмаса-да, назарида, келажакда дуч келиши мумкин бўлган хатарларга қарши курашиб, шу бир гапни такрорлайверарди, ваҳоланки, у бунга ҳеч қачон йўл қўймаган, хиёнат қилишни хаёлига ҳам келтирмаган. Аммо хотини шак-шубҳалар билан унинг қалбини заҳарламоқчи бўлган: ўзига, ўз санъатига кўп бино қўймасин деган… Шундай эса-да, аёл латофати, уларнинг боқишлари қанчалар мафтункор — сўнгсиз, беқиёс бахт ваъда қилмаганмиди унга?! Нега ҳаёти ўнгмади?

Ҳа, у бир аччиқ ҳақиқатни англади: табиат инсон қисматига бутунлай бефарқ, сен яшайсан, ҳаракат қиласан, ҳукмрон сезгининг йўллашига кўра нимагадир интиласан — табиат шу сезгини ато қилган-у, лекин сен бахтлимисан ёки йўқми, бу билан сира-сира иши йўқ. Ўзинг учун ўзинг жавоб бер, йўлингни белгила ва бу йўлдан сира оғишма, йўқ эса — тубанликка юз тут, йўққа чиқ, сени руҳий ўлим кутади. Табиат бефарқ. «Ройишлар хушбахтдир». Ҳа, шундай. Тўғрироғи: кучлилар хушбахтдир, зеро улар ўз бахтларининг ижодкорларидир. Йиллар мобайнида у буни биларди: нимадандир умид тутиб, ҳаракат қилмас, ҳаммаси ўз навбати билан борар, азоб чекарди. У ҳамма вақт ҳаёти ўнгмаганини тушунар, лекин шунга қарамай, шартли таомилларга кўникиб кетганлигидан ҳаракат қилишга уринмас, бунга иродаси етмасди. Иродаси етмасди — ҳаммаси шунда, у ҳар доим шундай эди. У истаган нарсаларини ўйлаган ва уни бажо келтирган кимсаларга худди қўлга тушган қуш, қафасдаги ҳайвон сингари ўша тутқунлик масканидан туриб қарарди. Неча-неча зиёфатларда, кўчада, ҳатто ўз хонадонида, унга етишмаган ҳаловатлар, хоҳишлар — аёл боқишлари, табассумларини учратган. Лекин барибир, ўз бурчини, дин қатағон қилган нарсаларни, ахлоқ-одоб қоидаларини бузишга юраги дов бермаган, аксинча, одамларнинг эриш қарашларидан қўрқар, Эрнестинанинг тинчлигини, унга қанчалар ишонишини, ўз мавқеи, фарзандларининг келажагини ўйлар — шу боисдан ҳам зоҳидлардай бари ҳаваслардан ўзини тияр, улар ҳақида ўйламасликка ҳаракат қиларди. Бу жуда оғир, дардли эса-да, шундай бўларди.
Ҳозир ҳам унга бир қаранг — ҳали унча қари эмас, йўқ, қариган эмас, лекин ҳаётдан толган ва деярли ҳамма нарсага лоқайд. Бутун шу йиллар мобайнида орзу қилиб келди, уни тушуниб ета оладиган, ундаги бари нарсаларни — ҳис-туйғулари, фикрўйлари, истеъдоди, ҳаётга ва санъатга бўлган қарашларини дилига яқин деб биладиган туйғун ва мушфиқ ёрни озру қилди… Ахир қаердадир шундай аёл бордир-ку! Лекин бутун шу йиллар мобайнида ёнида фақат Эрнестина қомат қўйди — ва мана не аҳволга тушди…

Хотини совуқ, ёқимсиз ҳам эмас, асло… Шунчаки, у орзулаган аёл эмас-да… Унинг учун гўзаллик барча кўринишларда — шакллар, бўёқларда аҳамиятлидир, аёл гўзаллиги, унинг ҳусн-жамоли, хушбичимлиги ва Хеймекер туйган нозик фикр-туйғулардан холи бўлмаган ақли-фаросати аҳамиятлидир унинг учун… Лекин шундай аёлни яқиндан кўриш унга сира насиб этмади. Ҳа, ҳа, насиб қилмади. Бу ҳақда у ўзидан бўлак ҳеч кимга юрагини очолмасди. Шундай қилса ақлсизлик бўларди, уни жамиятдан чиқариб ташлашарди: зеро унинг даврасида (тўғрироғи, хотинининг даврасида, ахир таниш-билишларни орттириш хотинининг иши эди-да) бундай фикрлар анқонинг уруғи.

Лекин ҳаммо бало шундаки, ҳозир у ҳатто мана шу фикрлари билан яширин нолишларию тақдиридан норозиликлариёқ жиноят эмасмилигини ҳис қилолмайди. Эр-хотин, улар бахтлими-йўқмилигидан қатъий назар, бир-бирига садоқатли бўлиши керакмасми? Бир ёстиққа бош қўйган эркак билан аёл учун: умрда фақат бир марта севиш керак, деган ички қонуният йўқмикан? Бу қонун олдида ҳамма фикр ва иштиёқлар, қандай бўлишидан қатъий назар, инсоннинг азоб-уқубатлари ҳечдир. Черков шундай дейди. Қонун ҳам, жамоат фикри ҳам буни қувватлайди. Буни бузиш — енгиб бўлмайдиган жуда кўп тўғаноқлар, ҳал этиб бўлмас вазифалар билан юзма-юз келишга, яқинларни азобга солиб, фарзандлар келажагини расво қилишга олиб боради. Ишқилиб, бурчини адо этса-ю, оиласини бузмаса, ҳеч кимни азобга солмаса, юрак-бағри куйиб кул бўлса бўлсинки, берган сўзининг устидан чиқса, атрофдагилар ва ҳатто ўз кўзи олдида яхши бўлмайдими? Худди шу фикрга асосланиб иш тутаётганини ўйлар, шундай иш тутардй… Шундай бўлса-да… у неча бор шубҳа ўтида ўртанди ахир!

Яна шу томони ҳам бор. Кўпчиликнинг фикрича, мисс Хеймекер яхши, садоқатли рафиқа: илк чоқларидф тағинам кўркамгина эди, кўнгли ириб, қийналиб юрадиган ҳолда эмасди. Кейин болалар дунёга кела бошлади. Тўнғичлари, унинг эмас, хотинининг қандайдир бир уруғи шарафига Элуэл деб аталган ўғиллари бор-йўғи икки йил умр кўрди; кейин Уэсли туғилди, ундан сўнг Этельберта — бу исмни у ўлгудайин ёмон кўрарди! Хеймекер қизига ўзи севган исмни қўймоқчи бўлди, Отилия деб ёки онаси хотираси учун Жэнет деб атамоқчи эди.

Қизиқ, уни яширин ташвиш ва ҳаётидан қониқмаслик қийнаб келишига қарамай, фарзандларининг дунёга келиши ва бечора Элуэлнинг вафоти оилага қаттиқроқ боғлади: у кичкиналарга ғамхўрлик қилиш кераклигини ҳис қилар ва бундан севинарди… Лекин, афсуски, бу ҳам уни хотини билан сира яқинлаштирмади. Агар ўртада болалар бўлмаганда, ортиқ тоқат қилолмай, уни ташлаб кетарди. Кичкинтойларнинг ўзларига хос ташвишлари кўп эди, лекин гўдакликларида улар жудаям ширин, аломат эдилар. Айниқса, Элуэл. Лабинг билан бўйнини қитиқласанг, бас — роҳатланиб, жимитдай бурнини шунақангги бужмайтирардики, севиниб шундай қаттиқ кулардики, унга қараб туриб яйраб кетардинг. Ўша чоқларда Хеймекер бу ножўя, бузуқ фикрларни урф бўлган ахлоқ нормаларига, одатдаги ҳаёт қоидаларига зид билиб, шундай ўйга боргани учун ўзини қораласа-да, борган сайин хотинидан узоқлашиб борарди! Хотинини хушламаслигига қарамай, у ўғлини жонидан яхши кўрарди. Ўзи шуни пайқамагани ҳолда бола билан юпанарди; бу гўдакни унинг юрагидаги битмас жароҳатга малҳам қилиб қай куч йўллаганини ким айта олади? Элуэл унинг фикрўйини, қалбини шундай ром этдики, Хеймекер наздида севимли аёл бериши керак бўлган ва шу топгача етишолмай юрган ҳамдардлик, шафқат, муҳаббат ва меҳрни шу гўдакдан топгандек эди. Элуэл хаммадан ҳам дадасининг тиззасига чиқиб ўтиришни ёки елкасига бош қўйишни ёқтирарди, у ҳеч қачон онасига шундай ёпишмасди. Дадаси уйдан чиқиб кетишга отланаётганда, Элуэл бирдан пайдо бўлар ва мёни олиб кет, дегандай қўлини чўзиб турарди. Гўдакнинг туққан онасидан ҳам ортиқ яхши кўриши ҳайрон қоларлик бир ҳол эди — бола отасиз туролмасди. Отаси ҳам худди шундай, ўғлисиз яшай олмасди. Назарида Элуэл Эрнестинага ўхшамас, Хеймекернинг ва онасининг қуйиб қўйган ўзи эди… Аммо, ҳарҳолда, бола онасига ҳам шундай ўхшаса, ҳеч қандай қаршилиги йўқ. У бунақа майдакаш эмас. Элуэл икки ёшга тўлай деганда ота унга ғаройиб қўшиқ ўргатди: «Бор экан, йўқ экан, уч мушукча бор экан…» Шеърни айтиб келиб, «улар исташаркан» деган жойига етганда, у ўғлидан: «Нима исташаркан?», деб сўрар, гўдак: «Шомша!» деб бақирарди завқланиб, бу унинг сомса дегани эди.

Элуэлни етаклаб ёки елкасига ўтқазиб олиб сайр қилган ва гўдак тиззасида ухлаб қолган чоқлари қанчалар яхши кунлар ва оқшомлар экан-а… Ёнгинасида турган Эрнестина буни кўриб, Хеймекернинг ўғлини, энг муҳими, ўзини шунчалар севишига қувонарди. Айни шу масалада у янгилишарди: Хеймекер ҳатто ўшанда ҳам уни севмасди. У Элуэлни жонидан севди, хотини эса буни ўзига нисбатан борган сайин кучаяётган муҳаббат деб тушунарди — ғаройиб мантиқ. Хотинлар, балки умуман баъзи бир хотинлар шундайдир.

Кейин бола бирдан қаттиқ оғриб қолди, бу сабаби номаълум касаллик, болалар фалажи янглиғ дард бўлиб… охири Элуэл оламдан ўтди. Унинг жасадини Вудлен яқинидаги ташландиқ, кўримсиз қабристонга элтдилар. Қанчалар даҳшат бу! Ўшанда у умидсизликка тушиб, бу дунёдаги нарсаларнинг бари қанчалар чирик эканлигини ўйлади. Назарида ҳаётнинг бари гўзаллиги, бари шодликлар умрбодга йўққа чиққандек эди.

«Ҳаёт қисқа ва ғам-андуҳга тўла, инсон учун бундан халос бўлмоқликнинг имкони йўқ,— деб ваъз ўқирди мисс Хеймекернинг қистови билан у кўмиш маросимига таклиф этган киши.— Зеро умримиз кўланкадай ўтиб боради. Ўлим — барҳақдир».

Ҳа, кичкина Элуэл кўланкадай ўтиб кетди. Ўзининг қайғуси қанчалар улкан бўлмасин, у уйланганларидан бу ёғига, биринчи ва ягона марта Эрнестинага ачинди — боёқиш шунчалар қайғули эдики, Элуэлни қабрга қўйиб қайтишгач, бошини унинг елкасига қўйиб шунақанги аччиқ-аччиқ йиғладики, ачинмай иложи қолмаганди. Унинг қайғуришини кўриш жуда оғир эди. Она учун тўнғич фарзандидан жудо бўлишдан аччиқ алам бормикан? Нега, нега у Эрнестинани ҳақиқатан ҳам ўзига яқин қилишга уринмади? Ахир у чоқларда рафиқаси ҳар қачонгидан ҳам яхшироқ, ақллироқ эди, ўзи бўлса уни ҳурмат-эҳтиром ва муҳаббатга муносиб деб сира хаёлига келтирмади. Ўғли бетоб ётганида бир дақиқа бўлсин ҳордиқни ўйламади, тунлари мижжа қоқмай, боласи устида жонини фидо қилди, фарзанди ҳаёти учун она нимаики қилиши лозим бўлса, ҳаммасини бажо этди. Лекин ўшанда ҳам у хотинини чин дилдан яхши кўролмади. Бу ҳол, қанчапик аччиқ ва бешафқат туюлмасин, у хотинини севолмади. Фақат, хотини тўғрисида аввалгидан кўра яхши фикрда эди ва унга ачинарди. Бу қандоқ гапки, одам қандайин бахтсиз юлдуз остида дунёга келганки, фикр-ўйлари ва ҳис-туйғулари бунчалар чалкаш? Нега энди одамни унинг фазилатлари ва саховати учун севиб, унга меҳр қўйиб бўлмайди, ғаразини ювиб бўлмайди? Нега? У Эрнестинага бошқача муносабатда бўлишни истарди, аммо, барибир, ҳеч нарсани ўзгартиролмади.

Назарида ҳеч қачон рафиқасини шу вақтдагидай қадрламаган: у яхши бека, батартиб аёл, тежамкор, маълум даражада гўзалликни севади ва тушунади: бирон нима қилиш ва аҳамиятли бўлмоқдек мақтовга лойиқ интилиши бор… аммо рафиқасининг бу иззатталаб ҳаракатлари унга ёқмасди ва унинг ўртамиёна, фикри тор кимса эканлиги эътиборида эди. Эрнестинада ҳеч қачон руҳий интилиш, кучли ҳиссиёт бўлмаган, унда табиий олижаноблик етишмасди. Хеймекер нима демасин, нима қилмасин хотини уни дарров ақча билан боғлиқ ҳисоб-китоблар, қўни-қўшниларнинг нима ўйлаб, нима дейиши, эри ва ўзининг обрўсига қандай таъсир этиши билан боғларди; Хеймекер пулсиз, обрўсиз кимсада ҳам ақл-заковат, истеъдод бўлиши мумкинлигини биларди, аммо рафиқаси буни сира тушунмасди, ҳар қанча уринмасин бунга ишонтиролмасди — у ҳеч нимани эшитишни истамасди.

Мана, масалан, йирик ижодкорларни олайлик. Ҳозирги кунда ҳам бу шаҳарда истиқомат қилувчи атоқли меъморлардан баъзиларининг ўтмиши ғаройиб, нохуш бўлган. Эрнестина буни ақлига сиғдиролмайди, ўтмишни тан олмайди. Ўтмишнинг аччиқчучугини англаб етмайди ҳам, унга ишонмайди ҳам. Санъат ёки санъаткорлар масаласига келсак-чи?.. У ҳеч қачон донолигу истеъдоднинг ярамас, мурдор саналган шароитда намоён бўлишига ишонмайди!

Хўш, анави навқирои Зингара-чи? Хеймекер у билан танишганига ўттиз йилдан ошди, ўшанда Нью-йоркка илк келган кезлари эди; ёш, истеъдодли бу йигит атоқли меъмор бўлишни орзу қиларди, аммо жуда қашшоқ, юпун кийинган бўлиб, кўзга яқин эмасди. Хеймекер уйланишдан бир неча йил аввал Пайна ва Стабода деган меъморларнинг кўримсиз идорасида у билан учрашиб қолиб, кўнглига яқин тутган эди; лекин Зингара оғзидан папиросини қўймас, кўриниши хароб ва исқирт, чўнтагида сариқ чақаси йўқ эди. У чоқларда Хеймекер, Эрнестинага уйланмасдан тўрт йилча аввал, Зингара билан таниш бўлса-да, рафиқаси хонадонларига унинг қадам босишини истамасди. Назарида, Зингара аҳамиятсиз, ҳеч қачон иши юришмайдиган толеи паст кимса эди. Кунлардан бир кун қандайдир бир ресторанча ёнидан ўтиб кетатуриб рафиқаси Зингаранинг шубҳали қиз билан бирга кўрдию шу-шу унинг номини эшитишни ҳам истамади.

«Азизим, марҳамат қилиб ўшани уйимизга яқин йўлатма», деб талаб қилди рафиқаси ва у хонадонининг тинчлигини кўзлаб ён берди. Нима бўлди? Ўша Зингара бугун атоқли меъмор, Эрнестина туфайли эса, энди улар бир-бирларига бегона. «Докторлар клуби»ни, фавқулодда кўркам концерт залини ва худди шоир тафаккуридай юксакка бўй чўзган ғаройиб минорали Уэлс Билдингни қурди. Лекин, шу билан бир қаторда, Зингара аллақачон хаёлпараст, худди Хеймекер каби ўзи билан ўзи бўлиб қолган, одамлар у тўғрида нима дейди, нима ўйлайди — ҳаммасига парвойифалак.

Балки руҳий гаранглик, ҳаётнинг нозик тарафлари ва ҳодисаларини ҳис этмасликкина эмас, балки калтафаҳмлигидан келиб чиқадиган серталаб ўжарлик Эрнестинани қаердаги қўли баланд кимсага дуч келиш имконини топса, албатта, ўша ерга етиб боришга мажбур қиларди. Унинг наздида ҳалигилар бадавлат кишилар ҳисобланар, ваҳоланки, улар ҳаммавақт ўртамиёна ёки арзимас одамлар эди. Рафиқасининг бу хусусияти Хеймекерни ғазаблантирарди. Хеймекер неча бор унга инсоннинг асл ва сохта фазилатлари борлигини, ҳақиқий иззатли одам камдан-кам бадавлат бўлишини тушунтиришга ҳаракат қилди. Йўқ, бўлмади. Неча бор Эрнестина қаппайган ҳамёнидан бўлак ҳеч вақоси йўқ кимсаларни фавқулодда хислат эгаси деб танитишга уринди.

Уларнинг кичик фарзандлари — Уэсли билан Этельберта қандай тарбия топишди ва оилавий ҳаётларини қандай бошлашди, озмунча хавотирландими, ташвиш чекдими — бари шу туфайли! Кичикликларида иккови ҳам шунчалар ширин, қалбига яқин эса-да, Элуэлни у бошқача кўрарди. Фарзандлар ўсаборди ва болалар билан ота орасида Эрнестина пайдо бўлди. Аввало Эрнестина уларни такаббур ва сертакаллуф тутишга ўргатарди: эркин, табиий ҳаракат қилишлари ё сўзлашишлари мумкин эмасди; Хеймекер рафиқасини таништириб қўйган бойвучча мансабпарастлар шундоқ қиларди; бу оилаларда кўп нарса унга манзур бўлмаса-да, хотинига ҳаммаси ёқарди. Меъмор шундай бир кимсаки, турли одамларга рўбарў келиб туради; ишим юришсин десанг ва ишни эндигина бошлаган бўлсанг, ҳар доим очиқ юз, назокатли бўлмоғинг даркор. Кейин болаларнинг мактабга борадиган пайти етди. Лекин қанақа мактабга борадилар? У болаларини ўзи ва Эрнестина қатнаган оддий шаҳар мактабига бермоқчи бўлди — ахир ота-онаси оддий, ўртамиёна одамлар бўлган-ку. Лекин Эрнестина бошқа қарорга келди: имкониятлари етарли, шунинг учун болаларни хусусий мактабга, шунда ҳам у ўйлаганича ёки ўзи ўйлаганича эмас, балки, Барлоу ва Уэстервелтларнинг фарзандлари ўқийдиган мактабга берадиган бўлди — негаки у, мана шу давлатманд оилалар билан бориш-келиши бор ва улар нимаики қилишса, ҳаммаси яхши туйиларди.

Барлоулар оиласи! Бадавлат, лекин қўпол, ҳеч қандай диққатга сазовор жойи бўлмаган кишилар. Ғарбнинг қайсидир ерида патентли дори ишлаб чиқариш йўли билан давлат орттириб, Нью-Йоркка келганлар, улар Хеймекерлар билан бажонидил яқинлашиб кетдилар — Хеймекер уларга данғиллама уй қуриб берди, бунинг устига номи чиққан киши эди; аслида улар, уни эмас, Эрнестинани ёқтирардилар. Улар, инсоф билан айтганда, ёқимсиз, бемаъни, бефаросат кишилар эдики, шунга қарамай. Эрнестинага ёқишар, хотини уларни дуруст, иззатли, жуда ажойиб кишилар деб гапирар, Ғарбда қолган ота-онасини эслашларини айтарди. Лекин барлоуларда бу хусусият йўқ эди, шунчаки, хотинига шундоқ туюларди. Улар ўзларига хос, ёмон одамлар эмасдилар-у, фақат диддан асар йўқ эди. ёш Фред Барлоуни Морристаунга яқин жойдаги кўп ҳақ тўланадиган Гейлер мактабига жойлаштиришди; у ерда ўғил болаларга ўзини тутиш қоидаларини, яхши одатларни ўргатадилар — вассалом, Эрнестина олижаноб христианлар тайёрлайди, деб ҳисобларди. Хуллас, Уэслини ўша ёққа жўнатишга тўғри келди — ахир у энг яхши мактаб эди-да!

Худди шу йўсин Этельбертани ҳам Брайарклифдаги мактабга жойлаштиришга тўғри келди, негаки, Мерседес Уэстервелт — бемаъни, кеккайган қиз ўша ерда ўқирди. Ё тавба! Шуларнинг бари бемаъни, жуда аянчли кўринарди. Бунга замин тайёрлаш учун Эрнестинанинг қанча вақт давомида устамонлик билан иш кўрганини; Этельбертанинг келажаги учун муҳимлигига ишонтиришга уринди, ҳар хил сабабларни ишга солди, йиғлади-сиқтади. Эрнестина уни бирон нарсага кўндирадиган бўлса, йиғлаб олиши ёки ўзини йиғлаб юборадигандай қилиб кўрсатиши қийин эмас; бу ёлғондакам кўз ёшларга Хеймекер ўрганиб қолган, унинг нархи чақачалик ҳам келмаслигини тушунса-да, барибир дош беролмасди, хотини ҳам буни яхши биларди. Кўз ёшлари унга гоҳида таъсир қилар, гарангситиб ҳам қўярди. Хотинининг баланд келиши учун уриниши уни ғазаблантирарди. Чиндан ҳам мисс Хеймекер баъзан нақ Макиавеллидек ҳийлагар ва шафқатсиз бўлар, лекин ўзини нафосат ва муҳаббат, фидойилик, ҳиммат ва мурувват ҳамда минглаб бошқа эзгуликлар тимсоли деб билар — буларнинг бари ниятларини амалга оширмоққа хизмат қиларди. Балки, маълум бир нуқтаи назардан қараганда, бундай қатъиятга қойил қолиш ҳам мумкиндир, лекин бу уни ғазаблантирарди. Агарда одам ўзининг энг жиддий камчиликлари ва зиддиятларини тушуниб етмаса, нима қилиши керак?

Бошқа томондан олганда, бу пайтга келиб, шунча йил бирга яшаганликларидан кейин уни ташлаб кетишнинг иложи йўқдай кўринарди. Боз устига, улар жамиятда маълум мавқега эга, аслида бунга Хеймекернинг хизмати туфайли эришилган, у бундан ҳам катта обрў орттириши мумкин эди. Ҳар қанча мурувватли бўлишидан қатъий назар, Эрнестинанинг ҳақиқий атоқли кишиларни уйига жалб эта олмаслигини у биларди. Ҳар қандай бўлганда ҳам, ораларини очиқ қилиш, хотинидан бўлак туриш ёки унга хиёнат қилиш (умуман у, хотинига хиёнат қилмоқни хаёлига ҳам келтирмаган), охир-кети кўринмаган фисқ-фасодга важ-корсону жамиятнинг кўз олдида унга зиён етказар, ишига таъсир этган бўларди. Барча эътиборли ошналари, аввалги мижозлари ундан юз ўгирарди. Уларнинг рафиқалари, ўзлари ҳам ахлоқ негизига зарар етказган кимса билан яқинликни давом эттиргани қўрқиб ораларидан уни ситиб чиқарган бўлардилар. Кейин, шов-шув, гап: таниқли меъмор шундоқ меҳрибон, садоқатли, севимли хотинини ташлаб кетибди!.. Эҳтимол, бу золимлик ҳамдир. Айтиш қийин, ҳаммаси айқаш-уйқаш бўлиб кетган.

Уэслининг Ирма де Го деган қизга уйланиши-чи? Оила бошлиғи Жорж де Го, илгари бор-йўғи ер-мулк олиб-сотиш билан машғул бўлган даллолнинг диққатга сазовор жойи шунда эдики, унинг ақчаси бор эди. Унинг адабсиз, қўпол ҳис қўзғотадиган қизи Ирма кўҳликкина бўлиб, бадавлат қаллиқ саналарди. Хўш, яна нимаси бор? Ҳеч нима, ҳақиқатан ҳам ҳеч нима. Ахир, авваллари, Уэслининг маънавий талаблари бордай кўринарди-ку. Ўйлашича, Эрнестина мисс де Го билан — арзимас, калтафаҳм аёл билан, асосан, Уэсли туфайли яқинлашган. Ҳарҳолда ўша иккови Уэслини ҳар томонлама рағбатлантириб туришди. Ирма Уэслининг кўнгил овлашларига мойиллик билдиришига ҳаракат қилишди. Бунинг охири нима бўлди? Жорж де Го синди, қизига ҳемири қолдирмади. Ирма бошиданоқ, ҳамма нарса билан қизиқсаям, Уэслининг хизматида кўтарилишига эътибор қилмади. Ирма ўзини катта тутадиган бойваччалар ичида энг бадавлат, энг номдорларига тақлид қиларди, ҳеч нимадан бош тортмайдиган бундай кимсалар билан танишмоқни ҳатто Эрнестина ҳам орзу қилмасди. Ирма ҳали-ҳануз фақат қабул маросимларию шаҳар ташқарисидаги клублар, театрлар ҳақида ўйлайди.

Уэсли буни аллақачон тушуниб етди. Энди у инженер, йирик қурилиш компаниясида хизмат қилади, аҳволи ўртача. Уларни ажойиб жуфт бўлади, деб ўйлаган Эрнестина ҳам ҳозир келини билан чиқишолмайди. Келинининг қандайлигини у бир неча йилдан сўнг — Ирма уни назар-писанд қилмай қўйгачгина англади, унгача фақат де Го оиласининг шаън-шавкати ҳақидагина гапирарди. Ё тангрим, де Голар оиласи билан қариндош бўлишни ким истамайди, Ирмадан ортиқ келинни топиб бўлармишми? Кейин Ирма билан Уэслининг ўртасида нифоқ чиқдию Эрнестина келиним Уэслининг кўтарилишига халақит қилаяпти, дейдиган бўлди. Ўғлига бунақа хотин нодаркор, гап-сўз бўлишдан қанчалик чўчимасин, Эрнестина ўғлининг Ирмадан ажралишини истарди. Аммо ўз эри ажралиш ҳақида оғиз очиб кўрсин-чи!

Бошида Эрнестина де Голарнинг тутган мавқеига қизиқиб ўғлининг Ирмага уйланишини хоҳлаган эди. Энди эса, ўғли Ирманинг маишатпараст оқсуяклар даврасида аралашиб юрмоғи учун кеча демай, кундуз демай тўғри келган ишга ўзини уриб юрибди. Бунинг устига Ирма хиёнат қилаётганга ҳам ўхшайди. Бундай деб ўйлашга асос бор. Лекин уларнинг ишига аралашишдан маьно бормикан? Нима ҳам ёрдам қила олардинг? Уэсли Ирманинг жонига теккан, вассалом. Ирма, ҳеч шубҳасиз, эрининг кўзини шамғалат қиляпти.

Этельберта-чи? Исмининг ўзини айтмайсизми! Эрнестина қизини бахтли қилмоқчи бўлди, мавруди келганда, ўз хизматини кўз-кўз қилмоқчи эди, охири нима бўлди? Рост, Этельбертанинг турмуш қуриши моддий жиҳатдан Уэслининг уйланишидан кўра муваффақиятлироқ бўлди, лекин у бахтли бўлдими? Этельберта уни Жек деб атагувчи ўша Жон Килсо нима деган нарса? Енгилтак такасалтанг, арзимас одам, пул сочишни билади холос. Албатта, ота-онаси уни қўллаб-қувватлайди, лекин бундан фойда йўқ унга. Аввалига у ҳам Эрнестинага ажойиб, мафтункор йигит, Этельбертага жуда мос жуфт бўлиб кўринган эди, негаки ота-онаси бадавлат кишилар эди-да. Қария Килсо Чикаго шаҳрида биржа чайқовчилигида бойиган, роҳатда яшаш учун НьЮ-Йоркка кўчиб келган эди; Этельберта у пайтларда ўн беш яшар бўлиб, у мактабда Грейс Килсо билан танишган эди.

Мана, томоша қилинг, Этельберта бир қадар дилкаш, ҳаддан ташқари тантиқ бўлса-да, ўзини тутишни билади; у жуда бадавлат, Паркавенюда ҳашаматли уйи бор. Хўш, у ёғига-чи? Жон Килсо ҳеч нарсага лаёқатсиз одам. Болаликдан ота-онаси пул беравериб талтайтирган, айтганини қилишган, жамиятда юксак мавқени эгаллашга тайёрлашган; жуда аҳмоқ бўлмаган чоғдаям, бундай тарбия уни, ҳеч сўзсиз, ҳалокатга етаклаши турган гап. Бемаъни, енгилтак, доимо эрмак кетидан қувган бу кимса Ирма де Гога ўхшарди. Хўпам бир-бирига мос жуфт бўлардику-я, аммо бир-бирини жини суймасди. Эрнестина Килсолар оиласига жон фидо қилиб, устомонлик билан озмунча мулозамат қилдими, оқшом зиёфатлари берди, қабул маросимлари ўтказди, театрларга таклиф қилди! Аммо на ота-онаси билан ва на фарзандлари билан гаплашадиган гап йўқ.

Авваллари у қизини яхши кўрган, Этельберта бора-бора отасидан йироқлашиб, худди онасидай фикри тор, калтафаҳм бўлиб ўсди; отасидан кўра онасининг маслаҳати билан иш юритишга ўрганди, лекин бу уни унча ташвишлантирмасди. Ахир Уэсли ҳам худди шундай эди-да. Умуман, кимга меҳр қўйди-ю кимни ёқтирмайди — бу фарзандларнинг ўз ихтиёрида, мажбурлаб суйдиролмайсан-ку…

Аммо нега энди у буларга тоқат қилиб келди? Нима учун? У нимага эришди, нимага етишди? Жудаям ажойиб фарзандлар ўстиришдими? Эрнестинасиз яхши яшамасмиди? Унинг бошқа хотиндан, Эрнестинанинг эса бошқа эрдан кўрган фарзанди, балки яхшироқ бўлармиди? Ўша ёшлик чоқларидаёқ бу бадбахт унаштирилишга чек қўйилгани яхшимасмиди? Албатта, талай аччиқ дақиқаларни бошдан кечиришга тўғри келарди, ҳамма унга қарши чиқарди, бироқ у эркин бўларди, истаган жойига борар, хоҳлаган ишини қиларди, балким ҳаётини бошқача қурармиди. Мана Зингара ақлли одам, уйланмайди ҳам. Ўзи-чи? Одоб-ахлоқ қоидалари олдидаги доимий ваҳима, ўзини ўзи қўрқитиб юрган узундан узун қатағонлар рўйхати… Худо билади, нима учундир у ўзига ўзи панд бериб ўтирибди. Бунга унинг, одамлар нима деб ўйлайди, нима дейди деб қўрқиши, одоб қоидаларини бузишдан чўчиши, журъатсизлиги айбдор.

Ҳа, ҳаммага маълум ҳақиқатлар ва одоб-ахлоқ негизига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уни, хотини ва болаларини ҳеч ким маломат қилолмаслиги учун жамият билан иттифоқда яшаш истаги қимматга тушди — шу туфайли, у умрини хазон қилди. У одоб сақламоқчи бўлди-ю, руҳий ҳалокатга юз тутди. Лекин энди булар хотима топди. Эрнестина бетоб, ўлим тўшагида ётибди, теварак-атрофдагилар у ҳақда хотинининг шифо топишини, узоқ йиллар бирга бахтибекамликда умргузаронлик қилишни истайди, деб ўйлашади. Бахтиёрлик! Йўқ, у буни истамайди, асло истамайди. У ҳатто хотинининг тузалиб кетишини ҳам истамайди.

Буни исташга унда куч етишмайди. Рафиқасининг бугун ёки эртага оламдан ўтиши мумкинлиги ҳақидаги фикр унга қандайдир енгиллик келтиряпти. Бу — кўп бўлмаса-да, ҳарҳолда — бир неча йилга эркинлик келтиради-ку! Ҳа, бу ҳам ҳарна… У ҳали унча қаримас, олдинда ҳали бир неча йил тинч, осуда ҳаёт… ва… орзу, ўша бир пайтлардаги орзу… бор. Энди, балки, у ҳеч қачон рўёбга чиқмаса керак. Бунинг сира иложи йўқ, шундай бўлсаям… Яна қайтадан эркин бўлиши, истаган нарсасини қилиши, эркин фикр юргизиши… умуман, шу чоққача эришмаган нарсаларга ачиниши мумкин. Аммо хотинининг рангпар, мадорсиз бетига қараса, дармонсиз нам қўлинй ушласа бас — бу истак чекиниб, эркинликка унчалик интилмай ҳам қолади. Бу ўлгудай шафқатсиз истак, одамгарчиликдан эмас бу… Лекин фақат… Шу йўсин у нима қиларини билмай қийналарди.

У шунчалик кўргуликларни бошидан кечиришига қарамай, хотинига ўлимни раво кўрмас, тузалиб кетишини ҳам чин дилдан истамасди. Ҳай, майли, тузалиш насиб этса, яшаб юраверсин. Тузалиб кетадими ёки вафот этадими — унга барибир эмасми? Хотинига қараб турар экан, унинг эрсиз қанчалар ночор бўлишини, шу ёшида бу қанчалар катта бахтиқаролик эканлигини беихтиёр тасаввур этарди. Эрнестина бутун умрини эрига ва болаларига бахшида этди, ҳар доим ўзини жуда яхши рафиқа ва она деб ҳисобларди — ахир у бир чақани бекор кетказмайди, у нимаики қилса, оилакинг бахти-саодати учун қилган. Ҳа, худди шундай, албатта бу айнан шундай. Лекин бундан нима наф!

Эртасига эрталаб — доктор Сторм билан сўзлашганининг иккинчи куни Хеймекер тонгда яна дераза ёнида ўтирар, уни яна нохуш ўйлар чулғаганди. Мингинчи, ўн мингинчи марта шу фикрга келмоқда эди — ҳаёти ўнгмади. Унча кўпга бўлмаса-да эркин юрсамиди, шундоқ ўзи ёлғиз қолиб ўйлаб кўрарди, ҳаётдан яна нима кутиш мумкинлигини англашга уринарди. Бинобарин, бугун унинг фикр-ўйида янгича хаёл пайдо бўлди. Гап шундаки, бир кун бурун Эрнестинанинг аҳволи оғирлашди, доктор Сторм Грейнгерни маслаҳатга чақирди ва улар шу бугун беморга қон қуйишга қарор қилишди — энг оғир аҳволдагина врачлар бу чорани қўллайдилар. Бақувват йигитдан, истеъфодаги суворийдан қон оладилар, кейин натижани кутиш қолади. Хаёллар ўша-ўша — унга тинчлик бермасди. Имкони бўлмаса-ю, вафот этса-чи? У ўз олдида нима деган одам бўлади? Бироздан сўнг Эрнестинанинг ёнига кирди; хотини ухлаб ётарди. Касал боқувчи аёл унинг томир уриши ёмонлашганини айтди. Яна ачина бошлади — лекин бу узоққа бормади, хотини уйғонгач, аҳволи енгиллашиб қолди.

Кейин у емакхонага чиқди, нонушта қилаётган касал боқувчи аёл ёнига ўтирди — Эрнестина ётиб қолгандан бери унга одат бўлиб қолганди, сўради:
— Хўш, бугун аҳволи қалай?

Шу кунларда у бемор боқувчи аёл билан нонушта қиларди. Аёл мисс Филсон хотиржам, бежирим, малла соч, икки бети пушти ранг, кўзлари зангори эдики, бундай кўзлар уни четлаб ўтган ёшликка доир, муҳаббатга мойил фикрларни қўзғарди.

Бугун мисс Филсон, аҳволнинг оғирлашиб қолишидан қўрққандай, ўта жиддий эди.

— Менимча ёмон эмаслар, ҳатто яхшироқ бўлиб қолгандайлар,— деди мисс Филсон унга ачингандай қараб. Хеймекер ҳатто бу аёлнинг ҳам унга — яқин орада якка-ёлғиз қоладиган қарияга ачиниб қараётганини сезиб турарди. — Томир уриши дуруст, тартибга тушиб қолди, яхши ухладилар. Соат тўққизда доктор Грейнгер билан доктор Сторм келишади, у ёғига нима қилишни ҳал қилишади. Агар аҳволни ёмонроқ дейишса, балки, қон қуйишар, Донорни топиб қўйишибди. Доктор Сторм мисс уйғонганларида қайнатма ичиришни буюрди. Миссис Элфриж тайёрлаяпти. Хотинингизнинг аҳволлари оғир бўлсаям, иштаҳалари енгил, бу ҳарҳолда, яхшилик белгиси.

Хеймекер ўсиқ қошлари тагидан аёлга тикилиб қаради. У шунчалар чарчаган, кейинги пайтларда умуман ухлай олмаганлиги учунгина эмас, балки, соат капгиридай гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга оғаётган қарама-қарши фикрлардан жуда толиққан эди. Наҳотки, асти нима исташини ҳеч қачон англаб етолмаса? Наҳотки, бу унинг ақл-заковати ва қалби учун ҳал этилмас муаммо бўлса? Нега энди у ҳамма қатори ўйлаб, ҳис қилмаса, ўзи билан ўзи муроса қила олмаса? Мисс Филсон умидсиз саналган, лекин соғайиб кетиб, кейин узоқ йиллар яшаган касаллар ҳақида нималардир ҳикоя қилди; у тинглар ва ҳаётининг қанчалар ғамнок, маъносиз ўтганини, кўнглининг қанчалар ғашлигини ўйларди. Нега бунақа? Қизиқ: баъзан у ўзини ёвуз деб, баъзан эса, ҳаддан ташқари юмшоқ деб ҳисобларди. Ўтган кечаси тўшакда чўзилиб ётган Эрнестинага қарар экан ва бугун ҳам: жони узила қолсайди, ишқилиб яна эркин бўлсам эди, деб хаёлидан ўтказган, ҳозир ҳам шу ўйда эди. Лекин бугун яна кўрганида ва мисс Филсон қон қуйиш ҳақида сўзлаганида, унинг яна хотинига раҳми келиб кетди. Хотинининг ўлими унга нима беради? Нега энди у хотинига ўлим тилайди? Ахир, мана шундай жинояткорона фикрларнинг шу ёки нариги дунёда қасоси бўлмасмикан? Бирдан фарзандлари пайқаб қолишса-я? Агар хотини ростдан ҳам вафот этса — ахир у шу бугун эрталаб ҳам унга ўлим тилаган эди-я, — унинг аҳволи нима кечади? Эрнестина, аслида, жуда ҳам ёмон эмас. Ахир у яхши рафиқа бўлиш учун уринмадими? Ўзи ҳеч нима қилолмади, уни сева олмади, вассалом. У даҳшатли, шафқатсиз фикрлари учун яна ўзини койий бошлади.

Иккала доктор беморнинг аҳволини оғир деб топиб, қон қуйишнинг биринчи усули — тўғридан-тўғри донор орқали юборишни лозим кўришди; агар беморнинг жисми қонни ўзлаштирса, оқибати яхши бўлиши мумкин. Улар қон қуйишдан аввал яна бир карра Хеймекерга мурожаат қилишди ва у, бениҳоя гуноҳкорлардай бош эгиб, ўзининг ҳар қандай харажатдан қочмаслигини айтди. Хотинининг ҳаётики хавф остида экан, дорилар ҳар қанча қиммат турмасин, уни сақлаб қолишга уринишлари керак. Эрнестинанинг ҳаёти менга ҳам, фарзандларимга ҳам жуда азиз, дерди у. Шундай қилиб у, биттасидан истисно, талаб қилинган бор имкониятларни ишга солди ва ҳали ҳам ўз иродасига қарши бориб, унинг шифо топиб кетишини чин дилдан тилайолмасди. Одоб ва бурч даврасига маҳкумлиги, чамбарчас боғланганлигидан жони азобда қолган эди. Агарда Эрнестина ўзига келиб қолса — шифокорларнинг айтишича, қон қуйишнинг нафи тегар экан — бутунлай соғайиб кетган тақдирда ҳам, ёз ойлари тоққа олиб чиқиши, то оёққа туриб кетгунича узоқ вақт у билан юзма-юз туришига тўғри келади. Ҳай, майли, у нолиб ўтирмайди. Буни қилади албатта. Ҳар вақтдагидай, хўп кўнгли кетадида, уни қутқариш имкони бўлатуриб, ўлиб кетишига йўл қўйиш одамгарчиликдан эмасда! Худди шундай. Фақат…

У идорага кетди, орада Эрнестинага қон қуйишди, бу анчагина муваффақиятли чиқди чоғи. Кундузги беморга қаровчи аёл соат учда унга қўнғироқ қилди ва мисс Эрнестинанинг аҳволи яхшилигини хабар қилди. Кейин унга ортиқ қўнғироқ қилишмади, соат беш яримларда уйига қайтгач, Эрнестинани кўргани кирди — у ёстиққа ёнбошлаб ётар ва бардам кўринарди, анчадан бери аҳволи бунчалар яхши бўлмаганди.

Хеймекернинг кайфияти яна ўзгарди. Қизиқ, истаклари бунчалар тез ўзгариб турмаса, киши вужудидаги ҳаётий ҳаракатлар иродангдан ташқари рўй берганидан беихтиёр содир бўлади-да; бу эса, ўзини яхши биламан, деган Хеймекер учун жуда ғалати туюларди; умуман, инсоннинг ўзи нима исташини ҳеч биладими? Энди у ўлмайди, ҳаммаси эскича давом этади. Ҳа, албатта. Нима ҳам қиларди, яна тан бермоққа, ҳаёти ҳайф кетгани ҳақидаги фикрга бўйсунмоққа мажбур. Энди у ҳеч қачон эркин бўлолмайди. Яна ҳаммаси бояги-боягидек: эртагаям, индингаям ўша-ўша… Даҳшат! Жуда соз, унинг тетиклашиб қолгани яхши бўпти, албатта, оёққа туришига умид уйғонганиям яхши. Лекин ҳарҳолда… ҳаммаси бекор кетди, энди абадул-абад яна у билан боғлиқ. Хеймекер кечаси тўшагида ётиб ўйларди: «Энди у дарҳақиқат шифо топади. Ҳаммаси эскича давом этади. Энди мен ҳеч қачон эркин бўлолмайман. Бирон бир озод, эркин куним бўлмайди! Ҳеч қачон бўлмайди».

Эртасига эрталаб у ҳайронлик ва қўрқув ичида, балким яширинча хурсандлик билан хотинининг аҳволи оғирлашганини эшитди ва қора ниятлари учун ўзини койиди. Мана шу фикр-ўйлари билан уни ўзи ўлдираётгандир? Мана шу ҳадсиз-ҳисобсиз иккиланишлари билан? Балки ёмон ниятларининг кучи бордир? Унинг қотилдан нима фарқи бор? Бундан кейин ҳар доим, ёмон ниятлар қилиб уни ўзим ўлдирганман деб ҳисоблаб юрса-я? Ахир бу жуда оғир бўлади-ку, у ҳолда қандай яшайди? Нега ўзи шунақа? Нега энди оддий инсоний ҳис-туйғулар унга бегона?

Соат тўққиз яримда бемор боқувчи аёл телефонда чақирган доктор Сторм келди; доктор айниқса жиддий эди ва у энди от қонини ишга солишини, от қони одам қонидан қуюқ бўлажаги ва зардоб сифатида фойдаланилса жисм яхши қабул қилишини айтди. Виждон азоби, юрак сиқилиши, қўрқувдан Хеймекернинг руҳи қийналмоқда эди. Албатта, ҳаммасига у ўзи ўтган кеча ва умуман, сўнгги кунларда ўйлаб юрган ёвуз ниятлар сабаб. Наҳотки Хеймекер, дилида уни ўлдирмоқни кўзлаган қотил, жинояткор бўлса? Яна нима учун? Нега у ўтган кеча хотинига ўлим тилади? Ана, унинг аҳволи яна оғирлашган кўринади.

— Қўлингиздан нима келса, ҳаммасини қилинглар, — деди у доктор Стормга.— Ҳали-ҳануз уни қутқаришнинг иложи бор экан — қутқаринг, ҳеч ниманинг юзига борманг.
— Албатта, мистер Хеймекер,— ачиниб жавоб берди мистор Сторм.— Нимаики зарур бўлса, ҳаммасини қиламиз. Кўнглингиз тўқ бўлсин. Кеча қонни камроқ қуйдик шекилли, ундан ташқари, бу ўринда одам қони суюқлик қилади. Қон қуйганимиз беморга анча ёрдам қилди, лекин бу камлик қилади. Бугун яна бир кўрамиз.

Иши кўплиги учун Хеймекер маъюс, дилхаста аҳволда идорасига кетди. У қачон қора ниятлар ва истакларга бормасликка, ҳар қандай қилиб бўлса ҳам улардан қутулишга яна аҳд қилди. Одамгарчиликдан эмас-да бу. Ахир бора-бора буларнинг бари қандайдир сирли йўл билан ўзига қайтади-ку. Эрнестинани мана шу фикрлар ҳалокатга етаклаяпти шекилли. Иложини топса, ишқилиб хотини шифо топиб кетсин, у бунга халақит бермайди. Қанча оғир бўлмасин, яна ўзини қурбон қилади. Бошқача йўл тутиш Мумкин ҳам эмас. Деярли бутун умри ўтиб кетгандан кейин шикоятга ўрин борми? Яна бир неча йил ўтса нима қипти?

У анча хотиржам уйига қайтди — қалби хайрли ниятларга тўлиқ эди: бемор боқувчи соат учларда қўнғироқ қилиб, хотинининг аҳволи яхши эканлигини хабар қилган эди. Иккинчи бор қон қуйилгач, беморга дармон кириб, ҳатто ўрнидан туриб, бироз ўтирди ҳам. Соат бешда ҳузурига кирганида хотинининг ранги ўчиб, бўшашиб ётарди-ю, лекин кўзлари чақнаб, икки бети нимпушти товланарди ва Эрнестина эрига қараб сезиларсезилмас жилмайди — аҳволи яхшиланганлиги шундоққина кўриниб турарди. Доктор Сторм қандай ғамхўр-а! Ишқилиб, хотини тузалиб кетсин-да! Хатар ўтсин-да! Соат саккизда доктор Сторм яна келади.

— Хўш, аҳволингиз қалай, азизим? — сўради Эрнестина эрининг қўлини қўлига олиб, назокат билан унга боқаркан.

У энгашди ва Эрнестинанинг пешонасидан ўпди, бу бўса унга хоинлик бўлиб туюлмади. Бугун у ҳимматли, мурувватли — Эрнестинанинг шифо топиб кетишини чин дилдан истайди.

— Менинг аҳволим яхшику-я, ўзинг-чи? Ташқарида кўклам. Тезроқ тузалгин, шундоқ кунларни бетоб ўтказиш ҳайф.
— Яқинда тузалиб қоламан, — оҳиста деди Эрнестина.— Аҳволим анча дуруст. Ўзингизнинг аҳволингиз қандай? Юмушларингиз яхши кетяптими?

У бош ирғади, жилмайди ва хотинига баъзи янгиликларни сўзлаб берди.

— Этельберта қўнғироқ қилиб, бинафша келтираман, деди. Соат олтида Уэсли билан Ирма келади. Танишлар саломатлигингни сўрашди.

«Қандоқ қилиб шунчалар тошюрак бўлдим-а? — деб сўрарди у ўзидан.— Нега унга ўлим тиладим-а?..» Аслида Эрнестина унақа ёмон аёл эмас, ҳатто ўзига хос назокатли, бошқалар учун тенги топилмайдиган рафиқа бўлиши мумкин. Дунёда яшаш, ҳаёт нашъасини суришга у ҳам Хеймекердай ҳақли. Бу аёл — фарзандларининг онаси, яна шунча йил бирга яшашди. Бу кун ажойиб кун бўлди-да, мана ҳозир ҳам дераза ортида ажойиб май оқшоми. Ҳаво шундай мусаффо, осмон беғуборки!..

Телефон жиринглади, яна кимдир Эрнестинанинг аҳволини сўраяпти. Оқсочнинг айтишича, бетўхтов қўнғироқ қилишяпти, айниқса шу бугун. У узун рўйхат узатди: қизиқ, ўзидан кўра Эрнестинанинг дўстлари кўп экан — шунчалик очиқ кўнгил, андишали, иззатли аёл. Нега энди унга ёмонлик тилаши керак?

У Этельберта ва Уэсли билан хушчақчақ суҳбатлашиб овқатланди: кўпдан бери ўзини бундай енгил ҳис этмаганди. Ҳадсиз-ҳисобсиз, қарама-қарши фикрлар энди ортиқ қийнамасди, кўнгли хотиржам эди. Хеймекер фарзандларидан уларнинг қандай яшаётгани, невараларининг аҳовлини суриштирди. Соат саккиз яримда яна доктор Сторм келди ва мисс Хеймекернинг аҳволи анча яхши бўлиб қолганини айтди.

— Бутунлай соғайиб кетишига умид бор, деб ҳисоблайман,— деди Сторм.— Агар бир-икки кеча аҳволи оғирлашмай, хотиржам кечса, ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Қувватига қувват қўшилди. Лекин хотиржам бўлишга ҳали вақт эрта. Бу — ниҳоятда маккор дард. Беморнинг аҳволи эртага қандай бўлишини кўрайлик-чи, балким яна бир марта қон қуйишга зарурат туғилар.
Сторм кетди, соат тўққизга бориб, Этельберта билан Уэсли ҳам, агар оналарининг аҳволи оғирлашса қўнғироқ қилишни сўраб жўнашди. У ёлғиз қолди. Хеймекер ўтириб хаёлга толди. Кейин бир неча дақиқага хотини ёнига кирди — бошқа кунлардаги каби бугун ҳам доктор Этельбертага осойишталикни таъминлашни буюрганди — сўнг, ухлагани кириб кетди. Соат ўн бир эди. У жуда чарчаганди. Нопок виждон, қарама-қарши фикрлар уни абгор қилган, ўзини ҳорғин ҳис этарди: албатта ухлаб олмоғи керак. Ўзи ҳам ёмон одам эмас, ҳаёти ҳам бир нави. У лозим кўрилганидек фикр юритди ва шундай иш тутди. Ўша қора фикрларга бормаслик керак эди-да! Шундоқ бўлсаям…

У каравотда деразага қараб ётар, боғнинг бир чеккаси кўриниб турарди: ойнинг кумуш нурига ғарқ ҳолда куртак ёзган дарахтлар, кўлнинг қирғоғи… Бу ерда, шаҳарда ҳар туп бута, ҳар бир яшил бурчак фақат давлатмандларгагина насиб этадиган ноёб бойликдир. Ёшлигида Хеймекер сувни яхши кўрарди, ҳар бир кўл, ариқ, ирмоқни кўрганида дили яйраб кетарди. Йигитлик чоқлари кечаси ойдинда сайр қилишни севарди. Бундай чоқларда у муҳаббат ва бахт ҳақида ўй сурар, унга етишишни орзуларди-ю, лекин орзуси ушалмади. Бир вақтлар у яхт-клуб лойиҳасини тайёрлади, унинг пойдеворига усталик билан тарашланган тош қадалганди — нақ қирғоққа келиб урилган тўлқин пойдеворни ялаётгандай… Яна бир гал, узоқ йиллар илгари ўзи ва анави учун — қачондир эркин бўлса, уни балки севиб қолиши мумкин бўлган ажойиб гўзал учун — боғ-уй қурмоқни кўзлади. Ният қанчалар яхши эди-я! Лекин ҳозир, мана шу соатда бу ҳақда ўйлашнинг ўзиёқ унга ҳақорат, шафқатсизлик, ёвузлик, худбинлик, бетавфиқлик бўлиб кўринарди… ахир барибир, вақт ўтган эди-да! У ой нурига ғарқ боғдан кўз узди-да, хўрсиниб қўйди — ухлаш керак, қора ва шу билан бирга ширин хаёлларини қувди.

Хеймекер мудраб кетди ва назарида қандайдир фавқулодда гўзал аёл, гўзалликнинг нақ ўзгинаси, шу чоққача у интилган нарсалар тимсоли қўлидан тутганича бети жимирлаб турган жилғалар, шаффоф кўллар ёқалаб, чеккасида улуғвор черков, минора, оқ мармардан ясалган ҳайкаллар қад қўтарган, тикка ўрлаган кенг йўлдан қаёққадир узоқ-узоқларга бошлаб кетди. У индамай бормоқда эди ва наздида, унга нимадир ваъда қилинганди… Олдинда кўпдан интиқ кутгани қандайдир нафосат кутарди… Фақат у бораётган сирли диёр қоронғи эди, олдинда қоронғиликнинг ястанганлиги учун ҳам кўнгли ғаш ва ташвишли эди. У гўзаллик қидириб йўлга тушган ва ҳамон уни излар, изларди-ю, лекин атроф қоронғи эди, шунда бирдан…

— Мистер Хеймекер! Мистер Хеймекер! — деган овоз аввалига секин, сирли эшитилди, кейин бу овоз ташвишлироқ жаранглаб, кимдир уни туртди.— Тезроқ туринг! Миссис Хеймекер…

У ирғиб ўрнидан турди, бош тарафига илиғлиқ кўк шоҳи халатини елкасига ташлади-да, йўл-йўлакай белбоғини боғлади. Ранги ўчган, ўзини йўқотган миссис Эльфрид… Тушунди: энг даҳшатли воқеа содир бўлган. Мана унинг ётоғи. Хотини сокин, хотиржам, қандайдир мунғайиб тирикдек ётарди; у худди ухлаб ётгандай кўринар, юпқа лаблари, илгари ўйлаганича — совуқ лаблари истеҳзоли жилмаяётгандай эди… Балки бу табассумнинг изидир. Хотинининг юзида шундай ифодани авваллари ҳам кўрган: такаббурона ва доно табассум, унинг ўзидан ҳам кўра доно. Узун, ингичка, нозик қўллари кафти очиқ, икки ёнида ётар, жуда чарчагандай бармоқлари хиёл ёйилганди. Қовоқлари ҳорғин. Кўзларини абадий юмган. Устига ёпилган намат ориқ гавдаси тахлитини намоён этарди. Кечаси беморга қараган мисс Филсон бир неча дақиқагина мудраб кетганини ва кўзини очганида ҳаммаси тамом бўлганлигини саросимада сўзлаб бермоқда эди. Аёл жуда тушкун, хафа, доктор Стормдан ҳайиқиб турган бўлса керак.

Хеймекер чуқур изтиробда қараб турарди — кичкина Элуэл вафотидан сўнг ҳеч нарса уни шунчалик ларзага солмаганди. Ахир у яхши рафиқа бўлишлик учун қўлидан келганча ҳаракат қилди-ку… Неча йиллар бирга умргузаронлик қилишди — мана энди у йўқ, Хеймекернинг кўзи жиққа ёшга тўлди, тўшак тарафга оҳиста юрди, қўлига тегиб кетмаслик учун эҳтиёт билан чўккалади.

— Эрни, қадрдоним… Эрни, наҳотки энди йўқсан? — ҳазин деди у, лекин ўз овози унга сохта, мунофиқона туюлди.

У хотинининг қўлини олди ва маъюслик билан лабига олиб борди; сўнгра кейинги кунлардаги миядан чиқмайдиган қарама-қарши фикрларни эсларкан, пешонасини хотинининг чаккасига қўйди, миссис Эльфрид билан бемор боқувчи аёл эса, кўз ёшларини артиб, унга қараб туришарди: унга, танҳо қолган қарияга раҳмлари келмоқда эди!

Бир оздан сўнг уни ўрнидан туришга кўндирдилар: у руҳсиз бир алпозда ўрнидан турди ва мисс Эльфрид билан бемор боқувчи аёлдан ҳозирча болаларини безовта қилмасликни сўради. Ахир энди улар оналарига ҳеч қандай ёрдам кўрсатолмайдилар. Эрталабгача хотиржам ухлай қолсинлар. Кейин у ўз хонасига қайтиб кирди, тўшагига бориб ўтирди ва бир дақиқача ойнинг кумуш нурига ғарқ боққа қотиб қолган назар-ла қаради, боғ ҳамон аввалгидай чиройли эди. Даҳшат. Шундай қилиб, унинг ёмон ниятлари ахийри амалга ошипти-да! Хотинини наҳотки унинг ёвуз нияти ўлдирган бўлса? Шундай бўлиши мумкинми? Наҳотки, бу унинг овоз чиқармай қилган илтижоларининг ижоботи бўлса? Унинг пинҳон ниятлари қандай бўлганини хотини билганмикан? Ўйлашнинг ўзи қанчалар даҳшат. Ҳозир у қаерда экан?.. Билса, эри тўғрисида нима деб ўйлаётган экан? Энди ундан нафратланиб, таъқиб этиб юрмасмикан? Ҳали тонг отгани йўқ, соат икки ёки уч бўлди, ой ҳамон ярақлаб нур сочиб турибди. Энди ҳаётдан бутунлай кетган хотинининг жасади эса қўшни хонада оппоқ оқариб, совиб ётибди.

Бироздан сўнг у ўрнидан туриб меҳмонхонага чиқди, бу ерда, дераза ёнида ўтиришни севарди. Кейин хотинининг ётоғига қайтди. Балки мана шу ерда, яқингинада у бор бўлган, энди эса жонсиз ётган хонада фикрини жамлай олар. Кўраётганмикан ёки кўрмасмикан… билармикан ёки билмасмикан… энди ҳаммаси тамом. Барибир ўзини гуноҳкор ҳисоблайди. Эрнестина шунчалар садоқатли эди, у ҳақда, болалар устида шунчалар ғамхўрлик қиларди, жуда ўрнига қўярди буни. Мана шу сўнгги кунларда унга шафқат қилиш, қора фикрларга эрк бермаслик керак эди.

Унинг туйғулари алғов-далғов эди, сира тартибга сололмасди. Лекин ҳарҳолда ўзининг айби нимадалигини билиб олиши, хотинига нисбатан аламзадалик, адоват қайдан пайдо бўлганини англаб етиши керак, акс ҳолда тинч юролмайди. Албатта тушуниб етмоғи керак… Лекин қандоқ? У мисс Эльфрид билан кечаси доктор Стормни ҳам безовта қилмасликни келишиб олди. Улар эрталабгача бироз дам олишга қарор қилишди. Кейин у дераза ёнида ўтириб боғни томоша қилиш учун севимли хонасига кириб кетди. Балким шу ерда у жумбоқни ҳал қилар, ҳаммасини охиригача ўйлаб олар, ҳақиқий туйғулари қандайлигини англаб етар. Ҳа, у тилаган нарсани тилаш жуда ёмон. Хўш, унинг ўзи қандай? Ўзининг ҳаёти-чи?.. Тонг ёришиб келмоқда эди, шарқ тарафда осмон бўзара бошлади, хона ёришмоқда эди. Деворга қўндирилган кўзгудан ориқ, букчайган, соқол-сочлари патила киши ҳорғин кўзлари билан унга қарамоқда. Булар унинг эркинлик, бахт ҳақидаги орзуларига асло мос келмасди… Қанчалар даҳшатли масхара! Қандайин бир ҳалокат! Эркин бўлган тақдирда ҳам, шу алпозга тушган кимсага бахт ва муҳаббатни орзу қилишни ким қўйипти! Ойнага қараб ўзига боқса кифоя. Мана у — қари, сочлари оппоқ — шарти кетиб, парти қолгани кўриниб турипти. Буни аллақачоноқ тушунмагани қизиқ-а? Қанчалар бемаънилик! Бундайин пуч орзуларга берилганини-я? Энди нимадан умид тутади? Биронта чиройли аёл унга қайрилиб боқмади, албатта қарамайди. Ешлигининг ярқироқ орзулари ҳеч қачон ушалмайди. Бу сароб эди, шармандалик эди. Хотини ҳаётми ёки вафот этганми, унинг учун энди ҳеч нима ўзгармайди. Бари иккиланишлари ва тараддудланишларига қарамай энди у эркин. Лекин аллақачон қариган, ҳолдан тойган — одамови, адои тамом бўлган кимса.

Ҳаёт қанчалик золимлик, бешафқатлик билан уни мазах қилади, инсон тақдирига доимо бирдай лоқайд… Дунёга келиб нима кўрди у? У ўзининг кўзгудаги кўзи атрофлари ва пешонасини ажин босган қорачадан келган бетига хомуш қарарди; буришган қора қўллар, ахир бир пайтлар қандай чиройли эди-я; эпчилликдан маҳрум бўлган беўхшов ориқ гавда. Бир пайтлар назарга яқин эди; ўктам, бақувват, серғайрат… Эндичи?.. У кўзгудан кўзини узди ва япроқ ёзган дарахтларга, кўлга, баландлаб қолган қуёшнинг заррин нурларига боқди… Ҳа, шу топда у алоҳида мазмун касб этган: ҳали навқирон бўлганлар учун сеҳрли янги куннинг туғилиши… Яна ўзининг кўзгудаги аксига қаради. Энди нимани кутади? Нимадан умид тутади?

Шунда у анави тушни — ниманидир излагани ва уни қаёққадир бошлаб кетаётганлари, олдинда унга ажойиб нарсалар ваъда қилингани, лекин ўша ёқдаги туманликни… яна эслади. Бу тушнинг маъноси нима? Балким етиб бўлмас хилқатдир? Балки бу — унинг бутун умрининг рамзидир? Балки… Балки…

— Эркинман! — деди у ниҳоят.— Эркин!.. Энди бунинг маъносини биламан. Ахийри эркин бўлдим-а! Ҳа, эркинман… Эркинлигим — дунёдан ўтиб кетишим!..

У шу кўйи, соқол-сочларини тутамлаб, дераза ёнида хаёлга толганча турарди.

Русчадан Холида Аҳророва таржимаси
“Шарқ юлдузи” журнали, 1990 йил, 6-сон

07

TEODOR DRAYZER
ERK
002

Teodor German Albert Drayzer (Dreiser) (1871.27.8, Terre-Xot — 1945.28.12, Gollivud) — Amerika yozuvchisi va jamoat arbobi. «Chikago deyli nyus» («Chicago Daily News») gazetasi muharriri (1892). Birinchi yirik asari «Baxti qaro Kerri» (1900) va «Jenni Gerxardt» (1911) romanlarida oddiy qizlar taqdiridagi ijtimoiy-axloqiy masalalar tasvirlangan. «Istak trilogiyasi» («Moliyachi», 1912; «Titan», 1914; «Matonat» 1947) yulg‘ichlikning foydasizligini tushunib yetgan moliyachi haqida. «Daho» (1915) va «Amerika fojiasi» (1925) romanlarida pulning san’at ustidan fojiali hukmronligi va qanday yo‘l bilan bo‘lmasin, ijtimoiy «yutuqqa» erishishga intilgan «o‘rta hol» yigitning ma’naviy halokati hikoya qilinadi. «Tayanch» (1946) romani, «Yigirma erkak» (1919), «Katta shahar ranglari» (1923), «Zanjirlar» (1927) «Ayollar galereyasi» (1929) novellalari, «Baraban qoq!» (1920), «Fojiaviy Amerika» (1931) va boshqa publitsistik to‘plamlari nashr etilgan. Drayzer Amsterdamda o‘tkazilgan tinchlik va madaniyatni saqlash bo‘yicha kongress tashkilotchilaridan biri (1932). Drayzer o‘z ijodida realizm bilan naturalizm tamoyillarini birlashtirgan. «Baxti qaro Kerri» (1973), «Amerika fojiasi» (1976), «Jenni Gerxardt» (1982) romanlari o‘zbek tilida nashr qilingan.

002

035Me’mor Rufus Xeymekerning Sentral Park Uestdagi hashamdor, shinam xonasida sokinlik. Tong ohista yorishib kelyapti. Binoning tashqi tarafini ko‘rkam qilib ko‘rsatuvchi baland derazadan qarshidagi bog‘ ko‘zga tashlanadi: purviqor teraklar safi tonggi tuman ichida. Yotoq derazasidan ham bog‘ning bir chekkasi ko‘rinib turibdi. Lekin saharmardondan uyg‘ongan mister Xeymeker katta derazaga yaqin daraxtlar va ular ortidagi mo‘‘jazgina ko‘lni tomosha qilish uchun dahlizni kesib o‘tib, mehmonxonaga kirdi. U tabiatni butun rango-rangligi bilan xush ko‘radi. Shoirtabiat odam.
Xeymeker oltmishlarda; oriqdan kelgan, biroz bukchaygan; qalin sochlariyu baroq qoshlari kuzalgan, oq oralay boshlagan soqol-mo‘ylabi uning ozg‘in yuzini anchayin badjahlroq qilib ko‘rsatadi. Egnida tasmali ko‘kish, uzun va keng xalat. Oriq, rangsiz qo‘li, bo‘g‘imlari bujmaygan uzun barmoqlari kasbi jihatidan emas, umuman nozikta’b kishi ekanligidan dalolat beradi. Ko‘zlari horg‘in, shu bilan birga tashvishli ko‘rinadi.
Mana, uch haftadirki, xotini yurak, buyrak va asab kasalliklaridan azob chekarkan, kuni-kechagina doktor Storm uni chekkaga olib, his-tuyg‘ularini sezdirmaygina, yumshoqlik bilan do‘stona so‘z boshladi:
— Agar rafiqangiz ertagacha o‘zini yaxshi his qilmasa, mister Xeymeker, maslahatlashish uchun hamkasbim, doktor Greygerni taklif qilaman. Uni yaxshi taniysiz. Yurak dardlarini mendan ko‘ra yaxshiroq biladi. («Yurak dardlari», deya ichida istehzo bilan takrorladi Xeymeker). Ikkovlashib tekshiramiz va shundan so‘nggina uning tuzalib ketishiga qanchalik umid qilish mumkinligini aytamiz. Rafiqangizning kasali og‘ir, xo‘sh, deyish mumkinki, bedavo dardga chalingan. Lekin juda baquvvat, sabotli, umuman, kasallikka mardonavor qarshilik ko‘rsatyapti. Shunday bo‘lsayam… bekorga qo‘rqitmoqchi emasman. Hozircha ortiqcha tashvishlanishga sabab ham yo‘q… harholda ahvolining og‘irligidan sizni xabardor qilish burchimiz. Bu bilan, umid yo‘q, demoqchi emasman. Yo‘q, yo‘q, aslo. Xo‘sh, unday deb o‘ylamayman. Aksincha, tuzalib ketishi mumkin. Shundoq bo‘lishi mumkin… Ko‘rasiz, hali yana yigirma yillarcha umr ko‘radi. (Xeymeker xo‘rsinig‘ini arang bosdi.) Ahvoliga qaraganda, kuchga ham kiradi, ammo yuragi yomon, bu yoqda buyrak kasalining xuruji ahvolni og‘irlashtirdi. Yurak deng, ortiqcha yuk ko‘tarolmaydigan bo‘lib qolgan. Hozirgi choqda ikki hissa ortiq ishlashiga to‘g‘ri kelyapti. YO u yoqligu, yo bu yoqlik… Bir-ikki kun, eng uzog‘i bilan to‘rt kunda hammasi ayon bo‘ladi-qoladi. Lekin boya aytganimdek, men sizni qo‘rqitmoqchi emasman. O‘zimiz ham hamma imkoniyatlarimizni ishga solganimizcha yo‘q. Biz hali qon quyamiz. Qon quyishning qanchalar nafi tegajagini gapirib o‘tirishga zarurat yo‘q, deb o‘ylayman. Bundan tashqari, buyragi davolashlarimizdan naf topib qolsa, u taqdirda ahvol yaxshi tarafga o‘zgarsa, ajab emas. Takror aytaman, mening burchim, sizni oldindan ogohlantirib qo‘ymoqni taqozo qiladi, zero bunday murakkab dardning oxiri nima bo‘lishini oldindan bilish qiyin. Oilangiz uchun eski qadrdonman, sizlarning bir-biringiz uchun qanchalar zarurligingizni bilaman… (Xeymeker unga loqaydlik bilan qaradi.) Shuning uchun ham sizni bor haqiqatdan xabardor qilib qo‘ymasligim mumkin emas. Ro‘y beradigan narsalar — boshda bor gaplar. Sizga ma’lum, o‘tgan yili kenja qizim Matildamdan ayrilib qoldim. Ammo, takror aytaman, miss Xeymekerning joni uzilish darajasida demoqchimasman — ishonamanki, doktor Greynger ikkovimiz hali uni oyoqqa turg‘izamiz. Umidim katta.
Doktor Storm hamsuhbatiga chin dildan achinib qaradi: «Axir u keksayib qolgan, xotini bilan shuncha yil yashadi, unga o‘rgangan, ayrilish og‘ir bo‘ladi…» Xeymeker bo‘lsa, xaykaldek qotganicha, qanaqa masxarabozlik bu, atrofimda buncha aylanishadi, deb o‘ylardi. Yoshi oltmishga borib qoldi, hamma narsadan charchadi, yashab charchadi; uylanganidan beri hali bir kun bo‘lsin haqiqiy baxt nimaligini tuyib yashagani yo‘q; narsalarni tashqi ko‘rinishiga qarab baholaydigan xotini esa, erini o‘zi bilan baxtli yashaydi deb biladi… Mana, doktor ham unga sevimli rafiqasining mehribonliklariga muhtoj qari chol, deb qarayotir… Xeymeker beixtiyor qo‘lini ko‘tarib, g‘alati silkidi.
Farzandlari ham uni xotinining mehriga muhtoj, u bilan baxtiyor deb bilishadi; xizmatkorlari ham, do‘stlari ham shu fikrda; lekin bu, harholda, haqiqatdan yiroq, g‘irt yolg‘on. U — baxtsiz. U hammavaqt — o‘sha yangi uylangan chog‘idan beri — o‘ttiz bir yil mobaynida muttasil bebaxt. Shu yillar ichida siqilmagan, yashirin istaklari og‘ushida o‘rtanib, nimanidir qo‘msamagan biror kun bo‘lmagan: bu haqda hatto o‘ylashga ham botinmasdi. Bitta narsani — boshi ochiq, ya’ni, Ernestina bilan uchrashmagan paytlaridek erkin bo‘lishni istardi.
Ammo tabiatan va olgan tarbiyasiga ko‘ra, odatdagidek rasm-rusmdan chetlashishga botinmasdi, shu bilan birga, uning hukmidan tashqaridagi kuchlar — tabiatning o‘zi, urf-odat, jamoat fikri va hokazo-hokazolar — unga hokimlik qilar, me’mor bularga qarshi kurashishga ojiz, oqimga qarab suzardi. Ha, u shunchaki oqimga qarab suzardi. Vaqt, tasodif yoki yana kutilmagan bir narsa hayotini yaxshi tarafga o‘zgartirib yuborishi mumkinligiga yashirincha umid bog‘lardi. Lekin bu hol yuz bermadi. Ana endi u — horg‘in, qartaygan yoki harholda tez qarib borayotgan bir kimsa — ojizligi uchun o‘zini qoralardi. Nega u hatto biron nima qilishga urinib ko‘rmadi? Nega u kechikmasidan bu kishanlarni uzib tashlashga urinmadi? Shunday qilganida ruhini, hayotga, uning rango-rangligiga bo‘lgan beqiyos muhabbatini saqlab qolarmidi? Lekin, afsus, u buni qilmadi. Endi nima, achchiq hasrat-nadomat chekishga mahkummi u?
Bir kun avval doktorning so‘zlarini tinglarkan, o‘zini sovuq istehzo bilan tirjayishdan zo‘rg‘a tutib turardi: axir xotinining tirik qolishini istamasdi-da, harholda, o‘sha daqiqada unga shunday tuyulgandi. O‘zi ham haddan ortiq charchagan. Deyarli bir kecha-kunduzdan beri achchiq o‘ylar og‘ushida, hozir ham deraza yonida o‘tirgan ko‘yi, nariroqdagi xiyol yorishgan, tonggi tuman ichidagi binoga tikilarkan, sochini silab qo‘yib, og‘ir xo‘rsindi.
Mana shu azobli oylar, yillar mobaynida, shu yerga ko‘chib kelganlaridan beri u (lekin undan ilgari ham shunday bo‘lardi) xotini uyg‘onmasidan deraza yoniga kelardi-da, o‘yga tolardi. So‘nggi yillarda bir-birlaridan shunchalar yiroqlashib ketdilarki, hatto alohida xonalarda yotishardi; umuman, xotini bunga ahamiyat ham bermasdi. Hayot uning uchun amaliy ishlardangina iborat edi: xotini nomiga dog‘ tushirmasa, jamoat ichida zgallangan mavqeni, obro‘yini saqlasa bas. Aksariyat paytlar o‘tgan kunlariga nazar tashlarkan, hayoti o‘zi orzu qilganchalik emasligiga achinardi… Uning orzulari ushalgandami?!.
Hali vaqt erta edi, kulrang osmonning sharq tomoni pushti rangga bo‘yandi. Xeymeker o‘ychan va g‘amgin bosh chayqab o‘rnidan turdi, dahlizdan o‘tib xotinining yotog‘iga kirdi; karavot yonidagi oqsoch qattiq uxlardi; doktor unga bemordan ogoh bo‘lib turishni buyurgan-u, lekin charchoq ustun kelgan. Ozgan, zaiflashib qolgan xotini ham uyquda edi. O‘zining joni ham azobda ekanligidan qat’iy nazar, me’mor vaqti-vaqti bilan unga achinib ham qo‘yardi. Bo‘lmasam, shuncha yillar ilgari u nega bunday dahshatli xatoga yo‘l qo‘ydi. Balkim gunoh uning o‘zidadir: yoshligida nega aqlliroq emas ekan. Shunday qilib u, ohista yurib, o‘z xonasiga kirib ketdi, yana o‘rniga yotdi-da, xayolga toldi.
Xotini qattiq og‘rib, og‘irlashib qolgan keyingi kunlarda u tongotarda uyg‘onar va xayol surardi. Tashvishli, tartibsiz xayollar shunchalar azob berardiki, uyqusini ham yo‘qotgandi. U ayniqsa, ruhan charchagan, o‘zini yo‘qotib qo‘ygandi. Nima ham qilsin, hayot azob bermoqda. U haqiqiy sevgini hech qachon bilgan emas, uylanganiga ozmuncha yil o‘tdimi, shu yillar mobaynida u sadoqatli, jonkuyar va sevimli bo‘ldi… Ha, rafiqasi uni o‘z bilgicha sevardi. «O‘z bilgicha», — alam bilan shivirladi u.
Ko‘p o‘tmay turish, kiyinish kerak. Xotinining ahvoli yomonlashib qolmasa, har vaqtdagiday idorasiga borishi zarur. Lekin… Lekin u omon qolarmikan-a? Shu vaqtgacha dardga bardosh berib kelayotgan bo‘lsayam harholda zaif… Axir u ham erining yoshida-da… Bundoq og‘ir dardga dosh berolmasligi mumkin? Unda yana erkin bo‘lib qoladi va hech kim uni malomat qilolmaydi. Shunda istagan joyiga borishi, xohlagan ishini qilishi mumkin va unga hech kim xalal berolmaydi. Turmush qurganlaridan beri xotinining birinchi bor og‘ir dard tortishi. Bir oydirki, u hayot bilan o‘lim oralig‘ida: bugun ahvoli yaxshi bo‘lsa, ertasiga yomon, lekin shunday esa-da, hali tirik — ajali yetgan deyishga ham ishonchi komil emas, ammo holi yaxshilanayotgani ham yo‘q. Doktor Stromning aytishicha, qo‘qqisdan unda yurak xuruji zo‘riqqan — eng xatarlisi shu, buni qanday muolaja qilish noma’lum.
Shu vaqt davomida Xeymeker, odatiga ko‘ra, xotiniga jonkuyarlik qildi. U hamma vaqt yumshoq, ko‘ngilchan: doimo xotinining tilagini bajo keltirar, imkoni qadar hammasini o‘rniga qo‘yardi. Xotini, farzandlari mamnun va baxtiyor bo‘lganlarida sevinardi… Endilikda farzandlaridan ham ko‘ngli qolgan, bunda eng avvalo xotinini aybdor deb bilardi… Yoshligida qiyinchilikda o‘sgani yodida bo‘lganidan Xeymeker doimo unga achinib kelgan edi: lekin turmush qurganlaridan keyin ham hech qachon baxtli bo‘lmadi. Ha, xotinim ko‘p jafolar ko‘rgan deb ta’kidlardi u og‘ir daqiqalarda, lekin uning o‘zi-chi?.. Ayol kishiga bularni ko‘tarish og‘irroqdir balki… Lekin axir qalbida erining muhabbati bor-ku! Xotini shunday hisoblagani uchun qalbi osuda. Vaholanki, Xeymekerning o‘zi bundan mosuvo. O‘zining esa, rafiqam deb sevishi mumkin bo‘lgan xotini yo‘q, bo‘lgan ham emas. Oh, u qanchalar orzu qilgan edi-ya!
Shu kuni u idoraga ketayotib (idorasi Medison xiyoboniga chiqadigan osmono‘par binolardan biriga joylashgan edi) Sentral-Park Uest yonidan o‘tayotib qator saf tortgan daraxtlarga, oftobga g‘arq bo‘lgan uylarga qararkan, borlig‘ini yana achchiq fikrlar chulg‘adi. Yo‘lkalarda go‘dak ko‘targan enagalar uymalashar, bolalar o‘ynar, kimlardir sekin-ohista sayr qilar, boshqalar o‘z ishlariga shoshilardi. Faqat ko‘klamdagina, o‘shanda ham ahyon-ahyonda bir bo‘ladigan ajoyib kun edi. U atrofga, ayniqsa bolalarga va ko‘klam libosida xizmatga shoshilayotgan yoshlarga qararkan, xo‘rsinib o‘yladi: qani endi yana yosharib qolsa! Ular — o‘t-olov; dillari to‘la orzu-umid! Ular uchun hamma narsa oldinda. Xohlaganlarini izlashlari, tanlashlari mumkin… Na yillar va na vaziyatlar ularning yo‘liga g‘ov bo‘la oladi! Axir bularning yoshida u o‘zini bema’nilarcha bog‘lab bergani kabi tuturiqsizlikni kim qilipti? Ehtimol yuzinchi bor o‘zini shunday so‘roqqa tutayotgandir. Balkim har birining go‘zal sevgilisi bordirki, bunaqasini u hech qachon ko‘rmagandir. Balki…
U fikrlarga tolganicha idorasiga, eng baland imoratlarning yuqori qavatiga chiqdi va pastdagi yastangan shaharga horg‘in tikilib qoldi. Bu yerdan shaharni kesib o‘tgan ikkala soy, qator gumbazlar, uzoqdagi binolarning devori ko‘rinardi. Shu paytgacha unga mana shular yashashga va umid tutishga ko‘maklashardi. Shularning bari yoshligida uni qanchalar ilhomlantirardi… Umuman, u paytlarda boshqa shaharda istiqomat qilardi. Hatto hozir, shinam xonadonidan ham ko‘ra bu yerda, idorada o‘zini erkinroq his etardi. Bu yerdan turib pastda yastangan shaharni tomosha qilish, xayol surish mumkin… yoinki, mukkasidan ishga ko‘milib, shaxsiy hayoti o‘ngidan kelmaganini unutsa bo‘ladi. Katta shahar, o‘zi yaratgan yoki qurgan binolar, xotini bilan maslahatlashmay tanlagan salohiyatli va sadoqatli yordamchilar — mana shular ichida o‘zini, doimiy ichki dardini — hayoti behuda ketganini unutardi.
Rafiqasi dardga chalingandan keyin ro‘zg‘or tashvishi ilgari ular xizmatida bo‘lgan miss Elfrid degan o‘rta yashar sinchkov ayolga topshirib qo‘yilgan edi: unga Ester degan oqsoch ko‘maklashadi — dasturxon hozirlaydi, eshikni ochadi, umuman, nimaiki lozim bo‘lsa, hammasini bajo keltiradi; bulardan tashqari bemorga ikki hamshira qaraydi — biri kechasi navbatchilik qiladi, ikkinchisi kunduzi parvarishlaydi. Ikkoviyam sog‘lom, ko‘k ko‘z. Ha, dadil, xushchaqchaq yoshlar — u hech qachon o‘zining shunday bo‘lganini bilmaydi. U loqayd qaraydi. Bundan bu yog‘iga ham hamma vaqt shunday qolsa kerak.
Shuningdek, farzandlari Uesli bilan Etelberta (xotini erining irodasiga qarshi borib qizini shunday atagandi) ham onalari ustida parvona. Ular allaqachon uyli-joyli bo‘lib ketishgan, ikkoviyam bolali, shaharning turli tarafida yashashadi. Onalarining salomatligini so‘rab, har kuni qarab turishadi, ba’zida kun bo‘yi yoki butun oqshom ota-ona uyida bo‘lishadi. Etelberta onasi kasalga chalinishi bilan ularning uylariga ko‘chib o‘tib, ro‘zg‘or tashvishlarini o‘z zimmasiga olishini taklif etdi, lekin miss Xeymeker bunga rozilik bermadi: u topshiriq berishni xush ko‘rar va hozircha bundan voz kechishni istamasdi. Axir juda ham og‘ir kasal emas-ku, so‘rab-surishtirish, buyruq berish qo‘lidan keladi. Bulardan tashqari, miss Elfrid mister Xeymekerga uning xuddi o‘ziday g‘amxo‘rlik ko‘rsatishi mumkin.
Ammo haqqiga ko‘chilsa — ko‘pincha mushkul paytlarda haqiqat yuzaga chiqadi — unga qulayliklar emas, balki mehr-oqibat va muhabbat yetishmaydi. Axir u hech qachon, harholda allaqachonlardan beri, ikkovi tug‘ilib o‘sgan Michigan shtatidagi Maskigonda yashagan choqlaridan beri, xotini o‘n besh yashar, u esa o‘n yetti yashar chog‘idan beri sevmaydi-ku! Bir-birlarini ilk ko‘rgan kunlaridanoq yoqtirib qolganlari hozir g‘alati ko‘rinadi. Rafiqasi u choqlar o‘sha yerlik dorixonachining farzandi — undan xiyol yosh, xushro‘ygina qiz edi. So‘ngra, muhtojlik uni, bir amallab yo‘lini topib olish uchun o‘sha shahardan ketishga majbur qildi. Qizga tez-tez xat yozib turdi — xayolida qiz dunyoda hammadan ham ko‘ra yaxshiroq edi. Ammo taqdir unga ko‘makka kelishga shoshilmas, orzularining ro‘yobga chiqarishga oshiqmasdi — u uzoq yillar Ernestinadan yiroqda bo‘ldi, uylanishga imkoniyat topmadi, bu orada o‘zi anglamagani holda hayotga boshqacha ko‘z bilan qaray boshladi. Bu qanday ro‘y berganini aytish qiyin, lekin… u katta shaharda yashab, ko‘pni ko‘rdi, ko‘pni bildi, qiz uchun esa, hammasi avvalgiday: Xeymeker yangi odamlarni ko‘rar, dadilroq parvoz qilar — bularning bari qizga va ularning muhabbatiga qarshi fitnaday tuyular edi; ammo u choqlar buni anglab ololmasdi. O‘zida ro‘y berayotgan o‘zgarishlarni u haddan tashqari sekin anglab yetayotibman chog‘i, deb o‘ylardi.
Keyinchalik, o‘sha paytdayoq, esim borida etagimni yopib, Ernestina bilan orani ochib qo‘yishim kerak edi, degan ham o‘ziga. Vaqt o‘tgani sayin ilojini qilolmasdi. Albatta, bu bilan qizga alam yetkazar, o‘ziga ham oson bo‘lmasdi, ammo bugungi kunda qiynalib o‘tirmasdi-da! Ha, o‘sha choqlarda judayam tajribasiz edi, hayotni yaxshi bilmasdi: rasm-rusumlar, g‘arbning qoloq urf-odatlari bilan o‘ralashib qolgandi. U unashtirishni, keyinchalik borib muvaffaqiyatsiz chiqqan taqdirda ham, harholda zimmamga mas’uliyat yuklaydi, deb hisoblardi. Vijdonli kishi so‘zidan qaytmaydi — uning yurtidagi taqvodorlar shunday hisoblashadi.
Ha, o‘shanda Xeymeker qizga xat yozishi, u bilan so‘zlashib olishi mumkin edi. Lekin haddan tashqari nazokatli va ko‘ngilchan bo‘lganidan o‘z xatosi haqida so‘z ochishga botinmadi. Keyin esa, vaqt o‘tdi. Xeymeker uni xafa qilishdan, qalbini, hayotini chil-chil qilishdan cho‘chidi. Endi esa… O‘z hayoti nima bo‘ldi! O‘sha yillar ona yurtiga necha bor keldi, xato qilganini o‘shanda tushunishi, unga xotima qo‘yishi, agar aqli va jasorati yetsa qutulib, erkin bo‘lib olishi mumkin edi… Yo‘q, unday qilolmadi. Burch tuyg‘usi, o‘zi tug‘ilib o‘sgan chekka shaharda va umuman, Qo‘shma Shtatlarda hukm surgan qarashlar, rasm-rusumlar, so‘ng undan nimalarni kutayotganlari, qiz nima kutayotgani va nimani kutish mumkinligi haqidagi fikr — mana shularning bari uning oyoq-qo‘lini chambarchas bog‘ladiyu Ernestinaga hech nima demadi. Munosabati o‘zgarganini ham, muhabbati yonib kulga aylanganini ham aytmadi — buning o‘rniga unga uylandi-qo‘ydi. YO parvardigori olam, bunchalar tentak bo‘lmasa-ya!
Hukm surgan odob qoidalariga muvofiq xato qilgan ekan, uning burchi shundan qaytmaslik va tushkunlikka tushmaslikni taqozo qiladi; boshqa choqda e’tibor berilmasayam, nikoh borasida so‘zda turmoq joiz. Harna bo‘lgandayam u o‘zini bebaxt hisoblamay turolmaydi. Ha, u bebaxt. Odamlar nima deydi, odamlar nima deb o‘ylaydi, deb tashvishlangani va o‘sha urf-odatlar sirtmog‘idan chiqolmaganidan mana shu uzundan-uzun yillar mobaynida Ernestina bilan bir xonadonda yashab keladi, ko‘nglini ovlaydi, o‘zini baxtli «ajoyib juft» qilib ko‘rsatib keladi. Aslida esa, u baxtsiz, judayam baxtsiz edi. Xotinining turish-turmushi, rasm-rusumlarni qattiq tutishi, umuman hamma vaqt yonida hoziru nozirligi jig‘iga tegardi. Doktor Stormning gaplari ranjitdi: agar xotini vafot etsa, musibatda qoladi, deb hisoblasa kerak. «Sizga kim g‘amxo‘rlik qiladi?» deganday bo‘lardi Stormning boqishlari. E, g‘amxo‘rligining nima keragi bor, vaqtincha bo‘lsa ham tanho qolsa, istaganini o‘ylab, tilaganini qilsa; ro‘shnolik ko‘rmagan o‘sha uzundan-uzoq yillarni, o‘z terisiga sig‘magan munofiqlik yillarini unutsa…
Nahotki, jon-jonidan o‘tib ketgan bu ahvoldan o‘la-o‘lgunicha qutulolmasa? Birpasdan so‘ng bu fikrlaring uchun o‘zingni o‘zing koyiysan… Nohaq, beshafqat, berahm o‘ylar… Insonning obro‘si, uning jamiyatdagi o‘rnini belgilovchi jamoatchilik fikri — bu o‘ylari uchun uni ayovsiz qoralagan bo‘lardi.
Shu yillar davomida o‘zini ham, boshqalarni ham qurbon qilganini sezdirmadi. Afsonaviy yosh Spartak kabi ich-etini kemirayotgan tulkini hammaning ko‘zidan yashirdi. U shikoyat qilmasdi. Axir, axloq qoidalari nuqtaiy-nazaridan qaraganda, u namunali er edi-da! Ha, albatta, o‘zining jamiyatda tutgan o‘rnini, farzandlarining ahvolini eslashining o‘zi kifoya. Xotini-chi? Mana hozir og‘ir dardga chalinib yotgan, na moddiy, na ma’naviy muhtojlikni eslamayotgan bir paytda, ishonchi komilki, Xeymeker namunali er! Shu yillar mobaynida xotini biron marta bo‘lsin uning muhabbatiga shak keltirmadi, bunchalar baxtiqaroligini his etmadi… Ernestina, hozirgi kunda ham sevadi, deb xayol qilmasa-da, harholda, erim men bilan o‘zini yaxshi his qiladi, birgalikda bunyod etgan xonadoni, birga tarbiyalab o‘stirgan farzandlari uni quvontiradi, oxirigacha shunday bo‘lib qoladi, deb ishonsa kerak. Oxirigacha! Butun shu yillar mobaynida u o‘z hayotini, bolalarining hayotini va qo‘lidan kelgancha erining hayotini ham o‘z o‘lchovi va o‘z didi bilan bichib keldi, shuning barobarida doimo hammasini u tilagancha qilayapman, deb hisobladi, harna bo‘lganda ham eri uchun va oila uchun yaxshi qilayapman, deb bildi.
Umum qabul qilingan qoidalarga qanchalar qattiq rioya qilardi u! Xotini, o‘zicha, qanday yashashni aniq bilaman deb o‘ylardi, vaholanki, qachonlardir uyida o‘rgatganlarinigina bilardi: unda hamma narsa haqida faqat amerikaliklarga xos tasavvur bor edi. Tanish-bilish orttirish, bolalarni tarbiyalash va hokazo masalalarda, u ko‘nmagan kezlarda ham, xotinining aytgani bo‘lardi; xursandchiliklar, o‘yin-kulgi, do‘st-yor tanlashda ham u umum qoidadan chetga chiqmas, bunda ham o‘zinikini o‘tkazardi. Albatta, kichik mojarolar bo‘lib turardi — qaysi baxtli oila busiz yashaydi — shunday choqlarda har doim Xeymeker yon berar, albatta o‘zini bajonidil yon bergan qilib ko‘rsatardi.
Nega ham nolisin? Erining bunchalar baxtsizligi xayoliga kelarmikan Ernestinaning? Yo‘q, sira xayoliga kelmaydi. Tug‘ilib o‘sgan shaharlarida ham, bu yerda ham barcha qon-qarindoshlaru tanish-bilishlardan tortib (u chertib-chertib tanish orttirardi, kazo-kazolar bilan yaqinlashar, boshqalarni nazar-pisand qilmasdi) o‘zigacha, ayniqsa hozir unga nima maqbulu nima nomaqbulligini, fikr-o‘ylarini faqat xotini biladi, deb hisoblashardi. Xeymeker esa, xomushgina jilmayib qo‘yaqolardi.
Xotinining nazarida nikoh, ayniqsa, ularning nikohi — buyuk mo‘‘jiza, bu muqaddas rishtani hech nima uzmasligi kerak. Umrda faqat bir marta sevish mumkin. Shu yukni zimmangga oldingmi yoki qizga unashdingmi—so‘zingning ustidan chiqmoq — sening burching. Fotihani buzish, xotinga xiyonat qilish yoki hech bo‘lmasa loqayd qarash — bu jinoyat, kufr. Bunday nobakor ablahlar inson deb atalishga nomunosib, yer yuzasida ularga o‘rin bo‘lmasligi kerak.
Xo‘sh, u-chi? Uning qismati-chi? Adashgan bir kimsaning qismati-chi? Uning holi nima kechadi, u tinchlik va baxtni qaydan topadi? Bunda, yer yuzidami yoki faqat ko‘kda, maloikalar huzuridami? Ernestina hali-hanuz bunaqa narsalarga ishonadi. Maynavozchilikni qarang-a! Barcha do‘stlari Ernestinaning o‘limi uning uchun katta baxtsizlik bo‘ladi, deb hisoblaydi, boshqacha bo‘lishi mumkinmi? Hammaga ma’lum, odob-axloq qoidalariga ko‘r-ko‘rona ishonch — mana nimalarga olib keladi. Yo tavba!
Lekin bunisiyam holva! Eng dahshatlisi, o‘zining qarashlarini, to‘g‘rirog‘i, orzu-umidlari, his-tuyg‘ularini tushunmagan arzimas, kaltabin ayolga uylanganini yillar o‘tgani sayin ravshanroq his etgani holda, yoshligida adashganligi sababli, umrining oxirigacha o‘sha bilan o‘tib ketishga majburligidir.
Ha, albatta, Ernestinaning yaxshi tomonlari oz emas: mehribon, g‘amxo‘r, epchil, ajoyib beka: bunisini inkor etolmaydi, lekin bari-bir ular begona, iloj qancha. Muhimi, uning sochidan tirnog‘igacha turli shartliliklar bilan limmo-lim kaltabin ayol ekanini, o‘zining tabiatan san’at sohibi bo‘lib, orzu-umidli, xotini tushunib yetmaydigan, xush ko‘rmaydigan, elas-elas tasavvur etadigan umumiy narsalar haqida o‘ylashini allaqachon anglab yetgan edi. Uning san’atining butun mohiyati — go‘zalligi va shakli-shamoyilining nozikligini u xiyol bo‘lsa ham tushunarmidi? Eri uchun mana shularning qanchalar katta ahamiyatga molikligini hech qachon anglab yetganmi? Yo‘q, albatta, Ernestina bularning haqiqiy qimmatini hech qachon bilmagan. Me’morlik? San’at? Uning uchun bular nima degan narsa? Agar istaganida ham bularni u tushunib yetishga qodir emas edi. Endilikda u hech kimdan tushunish va hamdardlikni kutmaydi. Ha, aslida o‘zi hech qachon bunga intilmagan ham, axir xotini ham, atrofdagilar ham buning uchun uni qoralagan bo‘lardilar, hatto o‘zi ham buni bir qadar yaxshi emas, deb bilardi-da.
Axir tuyg‘ulari va istaklarini odob-axloq qoidalari doirasiga qamab bo‘lmaydigan odamning, uni tushunib yetmagan, ruhiy olami bilan aslo qiziqmagan mana shu Ernestinaga o‘xshash ayolni xotinlikka tanlashiga tabiat qanday yo‘l qo‘yarkin-a? Yoki bu muhabbatning ko‘rligidanmi yoki tabiat san’atkor qalbiga atay ozor beradimi? Unga dushmanlik qilib emas, yo‘q, balki qum chig‘anoqqa azob berish bilan marvaridni bunyod etgani kabi, azob yaratajak go‘zallik uchun san’atkor qalbiga ozor beradi… Shunday bo‘lsa kerak… U qurgan barcha ulkan va ajoyib binolar — hamma shunday deb hisoblaydi — hayotida boshqa muhabbat va bo‘lak go‘zallik bo‘lmaganidan ularga butun qalbini baxshida qilgani uchun ham shunchalar ko‘rkam va muhtasham bo‘lsa kerak. Shafqatsiz tabiat!.. Insonning orzusi — har bir insonning orzusi ushalishiga sira harakat qilmaydi!
U Ernestinaga uylangan chog‘ida — o‘zi hayotdan nima istashini, yillar o‘tgani sayin tuyg‘ulari qanchalar o‘zgara borishini aniq tasavvur qilish uchun yoshlik qilardi — unga maslahat berib, vaqtida uni to‘xtatib qoladigan kimsasi yo‘q edi. Davr ruhi shunday ediki, hamma narsa uni mana shu halokat tomon yetaklardi. Go‘yo bu — tabiat irodasi edi. Oila, farzandlar — o‘sha choqlarda hamma narsaning ibtidosi va intihosi, borliqning maqsadi va mazmunini shunda ko‘rardilar. Qanchalar beburd nazariya! Qanday xatoga yo‘l qo‘yganini kech tushundi, odatdagi tasavvurlar va vaziyat chambarchas bog‘lab olgandan keyingina tinchini, ruhiy muvozanatini yo‘qotdi-yu, lekin biron marta bo‘lsin rostakam g‘azablanmadi — biron marta ham.
Aksincha, bularning barini zo‘r berib xotinidan yashirdi, negaki unga rahmi kelardi; lekin u go‘zallikni, xususan xotini butunlay mahrum bo‘lgan ruhiy va jismoniy go‘zallikni qo‘msar, bu intiqlik esa, bora-bora chidab bo‘lmaydigan darajaga yetdi. Kunlar o‘tgani sayin vasvasaga yo‘liqqandek va qandaydir bir boshqa, boshidan kechirmagan nimalarnidir orzu qilgani-qilgan edi. Nahotki, orzulari ushalmaydi, nahotki hech qachon hech nima o‘zgarmay shundoqligicha qolib ketaveradi? Naqadar dahshat! Axir umr qisqa, undan tashqari, endi ortiq hech nima bo‘lmaydi, hech nima… Shubhasiz, Ernestina bir paytlar xushro‘y bo‘lgan, lekin vaqt shuni ko‘rsatdiki, na jismonan va na ma’naviy jihatdan hech qachon uni jalb etmagan. Bir paytlar chiroyli bo‘lganidan biron naf bormidi Xeymekerga? Yo‘q. Umuman olganda, yigirma yetti yildirki, Ernestina bilan kechgan hayoti uning uchun og‘ir yuk, boshqa narsalar haqidagi orzulari esa, yillar o‘tgani sayin ortib, zo‘rayib borayotir…
Mana, u qaridiyam, xotini, xudo bilsin, olamdan o‘tayotiptiyam shekilli, endi ungami, xotinigami bir nima bo‘lishi baribir emasmi, balkim, baribir emasdir… Agarda ozginagina fursat, o‘lmasidan burun bir ozgina erkin bo‘la olganda edi…
Erkin bo‘lmoq! Erkinlik!
Boshqa ayollarning husn-jamoli, ularning chehrasi, sirli boqishlari qanchalar jalb etardi-ya, lekin u odob-axloq qonunlari doirasidan o‘tishni istamagan: o‘zining na ruhiy xususiyati va na hayotiy mulohazalariga ko‘ra Xeymeker, umuman, bunday qilolmasdi; ammo shunga qaramay, xotini hamisha alamini qo‘zitib, xiyonat qilmasin degan qandaydir bir g‘alati mantiqqa ko‘ra, ayollarga yoqadigan gap jihati yo‘qligini, qomati kelishmaganligini, erkaklarga xos qandaydir joziba yetishmasligini, shu sababdan biror bir juvon unga muhabbat qo‘ya olmasligini zo‘r berib uqtirib kelardi. Azbaroyi shifo, xotini uqtirardi-ya! Unga, necha-necha ayollarning intiluvchi, chorlovchi nigohlari ta’qib qilgan kimsaga-ya!
Senga rahmim kelganidan tekkanman, deb ishontirardi xotini. Xeymeker bahslashib o‘tirmasdi — mayli, shunday deb o‘ylasa o‘ylayqolsin; lekin o‘zining ham rahmi kelardi-da Ernestinaga. Aniq, uchragan ayol ko‘z suzar, yolvorganday muloyim jilmayardi, bunday paytda xotini undan hech qachon Don-Juan chiqmasligini: beso‘naqay, sustkash, ko‘rimsizligini, o‘zidan bo‘lak ayolga yoqmasligini uqdirardi! Eh, xotin-a, bunga hech qanday zarurat bo‘lmasa-da, nazarida, kelajakda duch kelishi mumkin bo‘lgan xatarlarga qarshi kurashib, shu bir gapni takrorlayverardi, vaholanki, u bunga hech qachon yo‘l qo‘ymagan, xiyonat qilishni xayoliga ham keltirmagan. Ammo xotini shak-shubhalar bilan uning qalbini zaharlamoqchi bo‘lgan: o‘ziga, o‘z san’atiga ko‘p bino qo‘ymasin degan… Shunday esa-da, ayol latofati, ularning boqishlari qanchalar maftunkor — so‘ngsiz, beqiyos baxt va’da qilmaganmidi unga?! Nega hayoti o‘ngmadi?
Ha, u bir achchiq haqiqatni angladi: tabiat inson qismatiga butunlay befarq, sen yashaysan, harakat qilasan, hukmron sezgining yo‘llashiga ko‘ra nimagadir intilasan — tabiat shu sezgini ato qilgan-u, lekin sen baxtlimisan yoki yo‘qmi, bu bilan sira-sira ishi yo‘q. O‘zing uchun o‘zing javob ber, yo‘lingni belgila va bu yo‘ldan sira og‘ishma, yo‘q esa — tubanlikka yuz tut, yo‘qqa chiq, seni ruhiy o‘lim kutadi. Tabiat befarq. «Royishlar xushbaxtdir». Ha, shunday. To‘g‘rirog‘i: kuchlilar xushbaxtdir, zero ular o‘z baxtlarining ijodkorlaridir. Yillar mobaynida u buni bilardi: nimadandir umid tutib, harakat qilmas, hammasi o‘z navbati bilan borar, azob chekardi. U hamma vaqt hayoti o‘ngmaganini tushunar, lekin shunga qaramay, shartli taomillarga ko‘nikib ketganligidan harakat qilishga urinmas, bunga irodasi yetmasdi. Irodasi yetmasdi — hammasi shunda, u har doim shunday edi. U istagan narsalarini o‘ylagan va uni bajo keltirgan kimsalarga xuddi qo‘lga tushgan qush, qafasdagi hayvon singari o‘sha tutqunlik maskanidan turib qarardi. Necha-necha ziyofatlarda, ko‘chada, hatto o‘z xonadonida, unga yetishmagan halovatlar, xohishlar — ayol boqishlari, tabassumlarini uchratgan. Lekin baribir, o‘z burchini, din qatag‘on qilgan narsalarni, axloq-odob qoidalarini buzishga yuragi dov bermagan, aksincha, odamlarning erish qarashlaridan qo‘rqar, Ernestinaning tinchligini, unga qanchalar ishonishini, o‘z mavqei, farzandlarining kelajagini o‘ylar — shu boisdan ham zohidlarday bari havaslardan o‘zini tiyar, ular haqida o‘ylamaslikka harakat qilardi. Bu juda og‘ir, dardli esa-da, shunday bo‘lardi.
Hozir ham unga bir qarang — hali uncha qari emas, yo‘q, qarigan emas, lekin hayotdan tolgan va deyarli hamma narsaga loqayd. Butun shu yillar mobaynida orzu qilib keldi, uni tushunib yeta oladigan, undagi bari narsalarni — his-tuyg‘ulari, fikro‘ylari, iste’dodi, hayotga va san’atga bo‘lgan qarashlarini diliga yaqin deb biladigan tuyg‘un va mushfiq yorni ozru qildi… Axir qaerdadir shunday ayol bordir-ku! Lekin butun shu yillar mobaynida yonida faqat Ernestina qomat qo‘ydi — va mana ne ahvolga tushdi…
Xotini sovuq, yoqimsiz ham emas, aslo… Shunchaki, u orzulagan ayol emas-da… Uning uchun go‘zallik barcha ko‘rinishlarda — shakllar, bo‘yoqlarda ahamiyatlidir, ayol go‘zalligi, uning husn-jamoli, xushbichimligi va Xeymeker tuygan nozik fikr-tuyg‘ulardan xoli bo‘lmagan aqli-farosati ahamiyatlidir uning uchun… Lekin shunday ayolni yaqindan ko‘rish unga sira nasib etmadi. Ha, ha, nasib qilmadi. Bu haqda u o‘zidan bo‘lak hech kimga yuragini ocholmasdi. Shunday qilsa aqlsizlik bo‘lardi, uni jamiyatdan chiqarib tashlashardi: zero uning davrasida (to‘g‘rirog‘i, xotinining davrasida, axir tanish-bilishlarni orttirish xotinining ishi edi-da) bunday fikrlar anqoning urug‘i.
Lekin hammo balo shundaki, hozir u hatto mana shu fikrlari bilan yashirin nolishlariyu taqdiridan noroziliklariyoq jinoyat emasmiligini his qilolmaydi. Er-xotin, ular baxtlimi-yo‘qmiligidan qat’iy nazar, bir-biriga sadoqatli bo‘lishi kerakmasmi? Bir yostiqqa bosh qo‘ygan erkak bilan ayol uchun: umrda faqat bir marta sevish kerak, degan ichki qonuniyat yo‘qmikan? Bu qonun oldida hamma fikr va ishtiyoqlar, qanday bo‘lishidan qat’iy nazar, insonning azob-uqubatlari hechdir. Cherkov shunday deydi. Qonun ham, jamoat fikri ham buni quvvatlaydi. Buni buzish — yengib bo‘lmaydigan juda ko‘p to‘g‘anoqlar, hal etib bo‘lmas vazifalar bilan yuzma-yuz kelishga, yaqinlarni azobga solib, farzandlar kelajagini rasvo qilishga olib boradi. Ishqilib, burchini ado etsa-yu, oilasini buzmasa, hech kimni azobga solmasa, yurak-bag‘ri kuyib kul bo‘lsa bo‘lsinki, bergan so‘zining ustidan chiqsa, atrofdagilar va hatto o‘z ko‘zi oldida yaxshi bo‘lmaydimi? Xuddi shu fikrga asoslanib ish tutayotganini o‘ylar, shunday ish tutardy… Shunday bo‘lsa-da… u necha bor shubha o‘tida o‘rtandi axir!
Yana shu tomoni ham bor. Ko‘pchilikning fikricha, miss Xeymeker yaxshi, sadoqatli rafiqa: ilk choqlaridf tag‘inam ko‘rkamgina edi, ko‘ngli irib, qiynalib yuradigan holda emasdi. Keyin bolalar dunyoga kela boshladi. To‘ng‘ichlari, uning emas, xotinining qandaydir bir urug‘i sharafiga Eluel deb atalgan o‘g‘illari bor-yo‘g‘i ikki yil umr ko‘rdi; keyin Uesli tug‘ildi, undan so‘ng Etelberta — bu ismni u o‘lgudayin yomon ko‘rardi! Xeymeker qiziga o‘zi sevgan ismni qo‘ymoqchi bo‘ldi, Otiliya deb yoki onasi xotirasi uchun Jenet deb atamoqchi edi.
Qiziq, uni yashirin tashvish va hayotidan qoniqmaslik qiynab kelishiga qaramay, farzandlarining dunyoga kelishi va bechora Eluelning vafoti oilaga qattiqroq bog‘ladi: u kichkinalarga g‘amxo‘rlik qilish kerakligini his qilar va bundan sevinardi… Lekin, afsuski, bu ham uni xotini bilan sira yaqinlashtirmadi. Agar o‘rtada bolalar bo‘lmaganda, ortiq toqat qilolmay, uni tashlab ketardi. Kichkintoylarning o‘zlariga xos tashvishlari ko‘p edi, lekin go‘dakliklarida ular judayam shirin, alomat edilar. Ayniqsa, Eluel. Labing bilan bo‘ynini qitiqlasang, bas — rohatlanib, jimitday burnini shunaqanggi bujmaytirardiki, sevinib shunday qattiq kulardiki, unga qarab turib yayrab ketarding. O‘sha choqlarda Xeymeker bu nojo‘ya, buzuq fikrlarni urf bo‘lgan axloq normalariga, odatdagi hayot qoidalariga zid bilib, shunday o‘yga borgani uchun o‘zini qoralasa-da, borgan sayin xotinidan uzoqlashib borardi! Xotinini xushlamasligiga qaramay, u o‘g‘lini jonidan yaxshi ko‘rardi. O‘zi shuni payqamagani holda bola bilan yupanardi; bu go‘dakni uning yuragidagi bitmas jarohatga malham qilib qay kuch yo‘llaganini kim ayta oladi? Eluel uning fikro‘yini, qalbini shunday rom etdiki, Xeymeker nazdida sevimli ayol berishi kerak bo‘lgan va shu topgacha yetisholmay yurgan hamdardlik, shafqat, muhabbat va mehrni shu go‘dakdan topgandek edi. Eluel xammadan ham dadasining tizzasiga chiqib o‘tirishni yoki yelkasiga bosh qo‘yishni yoqtirardi, u hech qachon onasiga shunday yopishmasdi. Dadasi uydan chiqib ketishga otlanayotganda, Eluel birdan paydo bo‘lar va myoni olib ket, deganday qo‘lini cho‘zib turardi. Go‘dakning tuqqan onasidan ham ortiq yaxshi ko‘rishi hayron qolarlik bir hol edi — bola otasiz turolmasdi. Otasi ham xuddi shunday, o‘g‘lisiz yashay olmasdi. Nazarida Eluel Ernestinaga o‘xshamas, Xeymekerning va onasining quyib qo‘ygan o‘zi edi… Ammo, harholda, bola onasiga ham shunday o‘xshasa, hech qanday qarshiligi yo‘q. U bunaqa maydakash emas. Eluel ikki yoshga to‘lay deganda ota unga g‘aroyib qo‘shiq o‘rgatdi: «Bor ekan, yo‘q ekan, uch mushukcha bor ekan…» She’rni aytib kelib, «ular istasharkan» degan joyiga yetganda, u o‘g‘lidan: «Nima istasharkan?», deb so‘rar, go‘dak: «Shomsha!» deb baqirardi zavqlanib, bu uning somsa degani edi.
Eluelni yetaklab yoki yelkasiga o‘tqazib olib sayr qilgan va go‘dak tizzasida uxlab qolgan choqlari qanchalar yaxshi kunlar va oqshomlar ekan-a… Yonginasida turgan Ernestina buni ko‘rib, Xeymekerning o‘g‘lini, eng muhimi, o‘zini shunchalar sevishiga quvonardi. Ayni shu masalada u yangilishardi: Xeymeker hatto o‘shanda ham uni sevmasdi. U Eluelni jonidan sevdi, xotini esa buni o‘ziga nisbatan borgan sayin kuchayayotgan muhabbat deb tushunardi — g‘aroyib mantiq. Xotinlar, balki umuman ba’zi bir xotinlar shundaydir.
Keyin bola birdan qattiq og‘rib qoldi, bu sababi noma’lum kasallik, bolalar falaji yanglig‘ dard bo‘lib… oxiri Eluel olamdan o‘tdi. Uning jasadini Vudlen yaqinidagi tashlandiq, ko‘rimsiz qabristonga eltdilar. Qanchalar dahshat bu! O‘shanda u umidsizlikka tushib, bu dunyodagi narsalarning bari qanchalar chirik ekanligini o‘yladi. Nazarida hayotning bari go‘zalligi, bari shodliklar umrbodga yo‘qqa chiqqandek edi.
«Hayot qisqa va g‘am-anduhga to‘la, inson uchun bundan xalos bo‘lmoqlikning imkoni yo‘q,— deb va’z o‘qirdi miss Xeymekerning qistovi bilan u ko‘mish marosimiga taklif etgan kishi.— Zero umrimiz ko‘lankaday o‘tib boradi. O‘lim — barhaqdir».
Ha, kichkina Eluel ko‘lankaday o‘tib ketdi. O‘zining qayg‘usi qanchalar ulkan bo‘lmasin, u uylanganlaridan bu yog‘iga, birinchi va yagona marta Ernestinaga achindi — boyoqish shunchalar qayg‘uli ediki, Eluelni qabrga qo‘yib qaytishgach, boshini uning yelkasiga qo‘yib shunaqangi achchiq-achchiq yig‘ladiki, achinmay iloji qolmagandi. Uning qayg‘urishini ko‘rish juda og‘ir edi. Ona uchun to‘ng‘ich farzandidan judo bo‘lishdan achchiq alam bormikan? Nega, nega u Ernestinani haqiqatan ham o‘ziga yaqin qilishga urinmadi? Axir u choqlarda rafiqasi har qachongidan ham yaxshiroq, aqlliroq edi, o‘zi bo‘lsa uni hurmat-ehtirom va muhabbatga munosib deb sira xayoliga keltirmadi. O‘g‘li betob yotganida bir daqiqa bo‘lsin hordiqni o‘ylamadi, tunlari mijja qoqmay, bolasi ustida jonini fido qildi, farzandi hayoti uchun ona nimaiki qilishi lozim bo‘lsa, hammasini bajo etdi. Lekin o‘shanda ham u xotinini chin dildan yaxshi ko‘rolmadi. Bu hol, qanchapik achchiq va beshafqat tuyulmasin, u xotinini sevolmadi. Faqat, xotini to‘g‘risida avvalgidan ko‘ra yaxshi fikrda edi va unga achinardi. Bu qandoq gapki, odam qandayin baxtsiz yulduz ostida dunyoga kelganki, fikr-o‘ylari va his-tuyg‘ulari bunchalar chalkash? Nega endi odamni uning fazilatlari va saxovati uchun sevib, unga mehr qo‘yib bo‘lmaydi, g‘arazini yuvib bo‘lmaydi? Nega? U Ernestinaga boshqacha munosabatda bo‘lishni istardi, ammo, baribir, hech narsani o‘zgartirolmadi.
Nazarida hech qachon rafiqasini shu vaqtdagiday qadrlamagan: u yaxshi beka, batartib ayol, tejamkor, ma’lum darajada go‘zallikni sevadi va tushunadi: biron nima qilish va ahamiyatli bo‘lmoqdek maqtovga loyiq intilishi bor… ammo rafiqasining bu izzattalab harakatlari unga yoqmasdi va uning o‘rtamiyona, fikri tor kimsa ekanligi e’tiborida edi. Ernestinada hech qachon ruhiy intilish, kuchli hissiyot bo‘lmagan, unda tabiiy olijanoblik yetishmasdi. Xeymeker nima demasin, nima qilmasin xotini uni darrov aqcha bilan bog‘liq hisob-kitoblar, qo‘ni-qo‘shnilarning nima o‘ylab, nima deyishi, eri va o‘zining obro‘siga qanday ta’sir etishi bilan bog‘lardi; Xeymeker pulsiz, obro‘siz kimsada ham aql-zakovat, iste’dod bo‘lishi mumkinligini bilardi, ammo rafiqasi buni sira tushunmasdi, har qancha urinmasin bunga ishontirolmasdi — u hech nimani eshitishni istamasdi.
Mana, masalan, yirik ijodkorlarni olaylik. Hozirgi kunda ham bu shaharda istiqomat qiluvchi atoqli me’morlardan ba’zilarining o‘tmishi g‘aroyib, noxush bo‘lgan. Ernestina buni aqliga sig‘dirolmaydi, o‘tmishni tan olmaydi. O‘tmishning achchiqchuchugini anglab yetmaydi ham, unga ishonmaydi ham. San’at yoki san’atkorlar masalasiga kelsak-chi?.. U hech qachon donoligu iste’dodning yaramas, murdor sanalgan sharoitda namoyon bo‘lishiga ishonmaydi!
Xo‘sh, anavi navqiroi Zingara-chi? Xeymeker u bilan tanishganiga o‘ttiz yildan oshdi, o‘shanda Nyu-yorkka ilk kelgan kezlari edi; yosh, iste’dodli bu yigit atoqli me’mor bo‘lishni orzu qilardi, ammo juda qashshoq, yupun kiyingan bo‘lib, ko‘zga yaqin emasdi. Xeymeker uylanishdan bir necha yil avval Payna va Staboda degan me’morlarning ko‘rimsiz idorasida u bilan uchrashib qolib, ko‘ngliga yaqin tutgan edi; lekin Zingara og‘zidan papirosini qo‘ymas, ko‘rinishi xarob va isqirt, cho‘ntagida sariq chaqasi yo‘q edi. U choqlarda Xeymeker, Ernestinaga uylanmasdan to‘rt yilcha avval, Zingara bilan tanish bo‘lsa-da, rafiqasi xonadonlariga uning qadam bosishini istamasdi. Nazarida, Zingara ahamiyatsiz, hech qachon ishi yurishmaydigan tolei past kimsa edi. Kunlardan bir kun qandaydir bir restorancha yonidan o‘tib ketaturib rafiqasi Zingaraning shubhali qiz bilan yoirga ko‘rdiyu shu-shu uning nomini eshitishni ham istamadi.
«Azizim, marhamat qilib o‘shani uyimizga yaqin yo‘latma», deb talab qildi rafiqasi va u xonadonining tinchligini ko‘zlab yon berdi. Nima bo‘ldi? O‘sha Zingara bugun atoqli me’mor, Ernestina tufayli esa, endi ular bir-birlariga begona. «Doktorlar klubi»ni, favqulodda ko‘rkam kontsert zalini va xuddi shoir tafakkuriday yuksakka bo‘y cho‘zgan g‘aroyib minorali Uels Bildingni qurdi. Lekin, shu bilan bir qatorda, Zingara allaqachon xayolparast, xuddi Xeymeker kabi o‘zi bilan o‘zi bo‘lib qolgan, odamlar u to‘g‘rida nima deydi, nima o‘ylaydi — hammasiga parvoyifalak.
Balki ruhiy garanglik, hayotning nozik taraflari va hodisalarini his etmaslikkina emas, balki kaltafahmligidan kelib chiqadigan sertalab o‘jarlik Ernestinani qaerdagi qo‘li baland kimsaga duch kelish imkonini topsa, albatta, o‘sha yerga yetib borishga majbur qilardi. Uning nazdida haligilar badavlat kishilar hisoblanar, vaholanki, ular hammavaqt o‘rtamiyona yoki arzimas odamlar edi. Rafiqasining bu xususiyati Xeymekerni g‘azablantirardi. Xeymeker necha bor unga insonning asl va soxta fazilatlari borligini, haqiqiy izzatli odam kamdan-kam badavlat bo‘lishini tushuntirishga harakat qildi. Yo‘q, bo‘lmadi. Necha bor Ernestina qappaygan hamyonidan bo‘lak hech vaqosi yo‘q kimsalarni favqulodda xislat egasi deb tanitishga urindi.
Ularning kichik farzandlari — Uesli bilan Etelberta qanday tarbiya topishdi va oilaviy hayotlarini qanday boshlashdi, ozmuncha xavotirlandimi, tashvish chekdimi — bari shu tufayli! Kichikliklarida ikkovi ham shunchalar shirin, qalbiga yaqin esa-da, Eluelni u boshqacha ko‘rardi. Farzandlar o‘sabordi va bolalar bilan ota orasida Ernestina paydo bo‘ldi. Avvalo Ernestina ularni takabbur va sertakalluf tutishga o‘rgatardi: erkin, tabiiy harakat qilishlari yo so‘zlashishlari mumkin emasdi; Xeymeker rafiqasini tanishtirib qo‘ygan boyvuchcha mansabparastlar shundoq qilardi; bu oilalarda ko‘p narsa unga manzur bo‘lmasa-da, xotiniga hammasi yoqardi. Me’mor shunday bir kimsaki, turli odamlarga ro‘baro‘ kelib turadi; ishim yurishsin desang va ishni endigina boshlagan bo‘lsang, har doim ochiq yuz, nazokatli bo‘lmog‘ing darkor. Keyin bolalarning maktabga boradigan payti yetdi. Lekin qanaqa maktabga boradilar? U bolalarini o‘zi va Ernestina qatnagan oddiy shahar maktabiga bermoqchi bo‘ldi — axir ota-onasi oddiy, o‘rtamiyona odamlar bo‘lgan-ku. Lekin Ernestina boshqa qarorga keldi: imkoniyatlari yetarli, shuning uchun bolalarni xususiy maktabga, shunda ham u o‘ylaganicha yoki o‘zi o‘ylaganicha emas, balki, Barlou va Uesterveltlarning farzandlari o‘qiydigan maktabga beradigan bo‘ldi — negaki u, mana shu davlatmand oilalar bilan borish-kelishi bor va ular nimaiki qilishsa, hammasi yaxshi tuyilardi.
Barloular oilasi! Badavlat, lekin qo‘pol, hech qanday diqqatga sazovor joyi bo‘lmagan kishilar. G‘arbning qaysidir yerida patentli dori ishlab chiqarish yo‘li bilan davlat orttirib, Nyu-Yorkka kelganlar, ular Xeymekerlar bilan bajonidil yaqinlashib ketdilar — Xeymeker ularga dang‘illama uy qurib berdi, buning ustiga nomi chiqqan kishi edi; aslida ular, uni emas, Ernestinani yoqtirardilar. Ular, insof bilan aytganda, yoqimsiz, bema’ni, befarosat kishilar ediki, shunga qaramay. Ernestinaga yoqishar, xotini ularni durust, izzatli, juda ajoyib kishilar deb gapirar, G‘arbda qolgan ota-onasini eslashlarini aytardi. Lekin barloularda bu xususiyat yo‘q edi, shunchaki, xotiniga shundoq tuyulardi. Ular o‘zlariga xos, yomon odamlar emasdilar-u, faqat diddan asar yo‘q edi. yosh Fred Barlouni Morristaunga yaqin joydagi ko‘p haq to‘lanadigan Geyler maktabiga joylashtirishdi; u yerda o‘g‘il bolalarga o‘zini tutish qoidalarini, yaxshi odatlarni o‘rgatadilar — vassalom, Ernestina olijanob xristianlar tayyorlaydi, deb hisoblardi. Xullas, Ueslini o‘sha yoqqa jo‘natishga to‘g‘ri keldi — axir u eng yaxshi maktab edi-da!
Xuddi shu yo‘sin Etelbertani ham Brayarklifdagi maktabga joylashtirishga to‘g‘ri keldi, negaki, Mersedes Uestervelt — bema’ni, kekkaygan qiz o‘sha yerda o‘qirdi. Yo tavba! Shularning bari bema’ni, juda ayanchli ko‘rinardi. Bunga zamin tayyorlash uchun Ernestinaning qancha vaqt davomida ustamonlik bilan ish ko‘rganini; Etelbertaning kelajagi uchun muhimligiga ishontirishga urindi, har xil sabablarni ishga soldi, yig‘ladi-siqtadi. Ernestina uni biron narsaga ko‘ndiradigan bo‘lsa, yig‘lab olishi yoki o‘zini yig‘lab yuboradiganday qilib ko‘rsatishi qiyin emas; bu yolg‘ondakam ko‘z yoshlarga Xeymeker o‘rganib qolgan, uning narxi chaqachalik ham kelmasligini tushunsa-da, baribir dosh berolmasdi, xotini ham buni yaxshi bilardi. Ko‘z yoshlari unga gohida ta’sir qilar, garangsitib ham qo‘yardi. Xotinining baland kelishi uchun urinishi uni g‘azablantirardi. Chindan ham miss Xeymeker ba’zan naq Makiavellidek hiylagar va shafqatsiz bo‘lar, lekin o‘zini nafosat va muhabbat, fidoyilik, himmat va muruvvat hamda minglab boshqa ezguliklar timsoli deb bilar — bularning bari niyatlarini amalga oshirmoqqa xizmat qilardi. Balki, ma’lum bir nuqtai nazardan qaraganda, bunday qat’iyatga qoyil qolish ham mumkindir, lekin bu uni g‘azablantirardi. Agarda odam o‘zining eng jiddiy kamchiliklari va ziddiyatlarini tushunib yetmasa, nima qilishi kerak?
Boshqa tomondan olganda, bu paytga kelib, shuncha yil birga yashaganliklaridan keyin uni tashlab ketishning iloji yo‘qday ko‘rinardi. Boz ustiga, ular jamiyatda ma’lum mavqega ega, aslida bunga Xeymekerning xizmati tufayli erishilgan, u bundan ham katta obro‘ orttirishi mumkin edi. Har qancha muruvvatli bo‘lishidan qat’iy nazar, Ernestinaning haqiqiy atoqli kishilarni uyiga jalb eta olmasligini u bilardi. Har qanday bo‘lganda ham, oralarini ochiq qilish, xotinidan bo‘lak turish yoki unga xiyonat qilish (umuman u, xotiniga xiyonat qilmoqni xayoliga ham keltirmagan), oxir-keti ko‘rinmagan fisq-fasodga vaj-korsonu jamiyatning ko‘z oldida unga ziyon yetkazar, ishiga ta’sir etgan bo‘lardi. Barcha e’tiborli oshnalari, avvalgi mijozlari undan yuz o‘girardi. Ularning rafiqalari, o‘zlari ham axloq negiziga zarar yetkazgan kimsa bilan yaqinlikni davom ettirgani qo‘rqib oralaridan uni sitib chiqargan bo‘lardilar. Keyin, shov-shuv, gap: taniqli me’mor shundoq mehribon, sadoqatli, sevimli xotinini tashlab ketibdi!.. Ehtimol, bu zolimlik hamdir. Aytish qiyin, hammasi ayqash-uyqash bo‘lib ketgan.
Ueslining Irma de Go degan qizga uylanishi-chi? Oila boshlig‘i Jorj de Go, ilgari bor-yo‘g‘i yer-mulk olib-sotish bilan mashg‘ul bo‘lgan dallolning diqqatga sazovor joyi shunda ediki, uning aqchasi bor edi. Uning adabsiz, qo‘pol his qo‘zg‘otadigan qizi Irma ko‘hlikkina bo‘lib, badavlat qalliq sanalardi. Xo‘sh, yana nimasi bor? Hech nima, haqiqatan ham hech nima. Axir, avvallari, Ueslining ma’naviy talablari borday ko‘rinardi-ku. O‘ylashicha, Ernestina miss de Go bilan — arzimas, kaltafahm ayol bilan, asosan, Uesli tufayli yaqinlashgan. Harholda o‘sha ikkovi Ueslini har tomonlama rag‘batlantirib turishdi. Irma Ueslining ko‘ngil ovlashlariga moyillik bildirishiga harakat qilishdi. Buning oxiri nima bo‘ldi? Jorj de Go sindi, qiziga hemiri qoldirmadi. Irma boshidanoq, hamma narsa bilan qiziqsayam, Ueslining xizmatida ko‘tarilishiga e’tibor qilmadi. Irma o‘zini katta tutadigan boyvachchalar ichida eng badavlat, eng nomdorlariga taqlid qilardi, hech nimadan bosh tortmaydigan bunday kimsalar bilan tanishmoqni hatto Ernestina ham orzu qilmasdi. Irma hali-hanuz faqat qabul marosimlariyu shahar tashqarisidagi klublar, teatrlar haqida o‘ylaydi.
Uesli buni allaqachon tushunib yetdi. Endi u injener, yirik qurilish kompaniyasida xizmat qiladi, ahvoli o‘rtacha. Ularni ajoyib juft bo‘ladi, deb o‘ylagan Ernestina ham hozir kelini bilan chiqisholmaydi. Kelinining qandayligini u bir necha yildan so‘ng — Irma uni nazar-pisand qilmay qo‘ygachgina angladi, ungacha faqat de Go oilasining sha’n-shavkati haqidagina gapirardi. Yo tangrim, de Golar oilasi bilan qarindosh bo‘lishni kim istamaydi, Irmadan ortiq kelinni topib bo‘larmishmi? Keyin Irma bilan Ueslining o‘rtasida nifoq chiqdiyu Ernestina kelinim Ueslining ko‘tarilishiga xalaqit qilayapti, deydigan bo‘ldi. O‘g‘liga bunaqa xotin nodarkor, gap-so‘z bo‘lishdan qanchalik cho‘chimasin, Ernestina o‘g‘lining Irmadan ajralishini istardi. Ammo o‘z eri ajralish haqida og‘iz ochib ko‘rsin-chi!
Boshida Ernestina de Golarning tutgan mavqeiga qiziqib o‘g‘lining Irmaga uylanishini xohlagan edi. Endi esa, o‘g‘li Irmaning maishatparast oqsuyaklar davrasida aralashib yurmog‘i uchun kecha demay, kunduz demay to‘g‘ri kelgan ishga o‘zini urib yuribdi. Buning ustiga Irma xiyonat qilayotganga ham o‘xshaydi. Bunday deb o‘ylashga asos bor. Lekin ularning ishiga aralashishdan mano bormikan? Nima ham yordam qila olarding? Uesli Irmaning joniga tekkan, vassalom. Irma, hech shubhasiz, erining ko‘zini shamg‘alat qilyapti.
Etelberta-chi? Ismining o‘zini aytmaysizmi! Ernestina qizini baxtli qilmoqchi bo‘ldi, mavrudi kelganda, o‘z xizmatini ko‘z-ko‘z qilmoqchi edi, oxiri nima bo‘ldi? Rost, Etelbertaning turmush qurishi moddiy jihatdan Ueslining uylanishidan ko‘ra muvaffaqiyatliroq bo‘ldi, lekin u baxtli bo‘ldimi? Etelberta uni Jek deb ataguvchi o‘sha Jon Kilso nima degan narsa? Yengiltak takasaltang, arzimas odam, pul sochishni biladi xolos. Albatta, ota-onasi uni qo‘llab-quvvatlaydi, lekin bundan foyda yo‘q unga. Avvaliga u ham Ernestinaga ajoyib, maftunkor yigit, Etelbertaga juda mos juft bo‘lib ko‘ringan edi, negaki ota-onasi badavlat kishilar edi-da. Qariya Kilso Chikago shahrida birja chayqovchiligida boyigan, rohatda yashash uchun NYu-Yorkka ko‘chib kelgan edi; Etelberta u paytlarda o‘n besh yashar bo‘lib, u maktabda Greys Kilso bilan tanishgan edi.
Mana, tomosha qiling, Etelberta bir qadar dilkash, haddan tashqari tantiq bo‘lsa-da, o‘zini tutishni biladi; u juda badavlat, Parkavenyuda hashamatli uyi bor. Xo‘sh, u yog‘iga-chi? Jon Kilso hech narsaga layoqatsiz odam. Bolalikdan ota-onasi pul beraverib taltaytirgan, aytganini qilishgan, jamiyatda yuksak mavqeni egallashga tayyorlashgan; juda ahmoq bo‘lmagan chog‘dayam, bunday tarbiya uni, hech so‘zsiz, halokatga yetaklashi turgan gap. Bema’ni, yengiltak, doimo ermak ketidan quvgan bu kimsa Irma de Goga o‘xshardi. Xo‘pam bir-biriga mos juft bo‘lardiku-ya, ammo bir-birini jini suymasdi. Ernestina Kilsolar oilasiga jon fido qilib, ustomonlik bilan ozmuncha mulozamat qildimi, oqshom ziyofatlari berdi, qabul marosimlari o‘tkazdi, teatrlarga taklif qildi! Ammo na ota-onasi bilan va na farzandlari bilan gaplashadigan gap yo‘q.
Avvallari u qizini yaxshi ko‘rgan, Etelberta bora-bora otasidan yiroqlashib, xuddi onasiday fikri tor, kaltafahm bo‘lib o‘sdi; otasidan ko‘ra onasining maslahati bilan ish yuritishga o‘rgandi, lekin bu uni uncha tashvishlantirmasdi. Axir Uesli ham xuddi shunday edi-da. Umuman, kimga mehr qo‘ydi-yu kimni yoqtirmaydi — bu farzandlarning o‘z ixtiyorida, majburlab suydirolmaysan-ku…
Ammo nega endi u bularga toqat qilib keldi? Nima uchun? U nimaga erishdi, nimaga yetishdi? Judayam ajoyib farzandlar o‘stirishdimi? Ernestinasiz yaxshi yashamasmidi? Uning boshqa xotindan, Ernestinaning esa boshqa erdan ko‘rgan farzandi, balki yaxshiroq bo‘larmidi? O‘sha yoshlik choqlaridayoq bu badbaxt unashtirilishga chek qo‘yilgani yaxshimasmidi? Albatta, talay achchiq daqiqalarni boshdan kechirishga to‘g‘ri kelardi, hamma unga qarshi chiqardi, biroq u erkin bo‘lardi, istagan joyiga borar, xohlagan ishini qilardi, balkim hayotini boshqacha qurarmidi. Mana Zingara aqlli odam, uylanmaydi ham. O‘zi-chi? Odob-axloq qoidalari oldidagi doimiy vahima, o‘zini o‘zi qo‘rqitib yurgan uzundan uzun qatag‘onlar ro‘yxati… Xudo biladi, nima uchundir u o‘ziga o‘zi pand berib o‘tiribdi. Bunga uning, odamlar nima deb o‘ylaydi, nima deydi deb qo‘rqishi, odob qoidalarini buzishdan cho‘chishi, jur’atsizligi aybdor.
Ha, hammaga ma’lum haqiqatlar va odob-axloq negiziga hurmat bilan munosabatda bo‘lish, uni, xotini va bolalarini hech kim malomat qilolmasligi uchun jamiyat bilan ittifoqda yashash istagi qimmatga tushdi — shu tufayli, u umrini xazon qildi. U odob saqlamoqchi bo‘ldi-yu, ruhiy halokatga yuz tutdi. Lekin endi bular xotima topdi. Ernestina betob, o‘lim to‘shagida yotibdi, tevarak-atrofdagilar u haqda xotinining shifo topishini, uzoq yillar birga baxtibekamlikda umrguzaronlik qilishni istaydi, deb o‘ylashadi. Baxtiyorlik! Yo‘q, u buni istamaydi, aslo istamaydi. U hatto xotinining tuzalib ketishini ham istamaydi.
Buni istashga unda kuch yetishmaydi. Rafiqasining bugun yoki ertaga olamdan o‘tishi mumkinligi haqidagi fikr unga qandaydir yengillik keltiryapti. Bu — ko‘p bo‘lmasa-da, harholda — bir necha yilga erkinlik keltiradi-ku! Ha, bu ham harna… U hali uncha qarimas, oldinda hali bir necha yil tinch, osuda hayot… va… orzu, o‘sha bir paytlardagi orzu… bor. Endi, balki, u hech qachon ro‘yobga chiqmasa kerak. Buning sira iloji yo‘q, shunday bo‘lsayam… Yana qaytadan erkin bo‘lishi, istagan narsasini qilishi, erkin fikr yurgizishi… umuman, shu choqqacha erishmagan narsalarga achinishi mumkin. Ammo xotinining rangpar, madorsiz betiga qarasa, darmonsiz nam qo‘liny ushlasa bas — bu istak chekinib, erkinlikka unchalik intilmay ham qoladi. Bu o‘lguday shafqatsiz istak, odamgarchilikdan emas bu… Lekin faqat… Shu yo‘sin u nima qilarini bilmay qiynalardi.
U shunchalik ko‘rguliklarni boshidan kechirishiga qaramay, xotiniga o‘limni ravo ko‘rmas, tuzalib ketishini ham chin dildan istamasdi. Hay, mayli, tuzalish nasib etsa, yashab yuraversin. Tuzalib ketadimi yoki vafot etadimi — unga baribir emasmi? Xotiniga qarab turar ekan, uning ersiz qanchalar nochor bo‘lishini, shu yoshida bu qanchalar katta baxtiqarolik ekanligini beixtiyor tasavvur etardi. Ernestina butun umrini eriga va bolalariga baxshida etdi, har doim o‘zini juda yaxshi rafiqa va ona deb hisoblardi — axir u bir chaqani bekor ketkazmaydi, u nimaiki qilsa, oilaking baxti-saodati uchun qilgan. Ha, xuddi shunday, albatta bu aynan shunday. Lekin bundan nima naf!
Ertasiga ertalab — doktor Storm bilan so‘zlashganining ikkinchi kuni Xeymeker tongda yana deraza yonida o‘tirar, uni yana noxush o‘ylar chulg‘agandi. Minginchi, o‘n minginchi marta shu fikrga kelmoqda edi — hayoti o‘ngmadi. Uncha ko‘pga bo‘lmasa-da erkin yursamidi, shundoq o‘zi yolg‘iz qolib o‘ylab ko‘rardi, hayotdan yana nima kutish mumkinligini anglashga urinardi. Binobarin, bugun uning fikr-o‘yida yangicha xayol paydo bo‘ldi. Gap shundaki, bir kun burun Ernestinaning ahvoli og‘irlashdi, doktor Storm Greyngerni maslahatga chaqirdi va ular shu bugun bemorga qon quyishga qaror qilishdi — eng og‘ir ahvoldagina vrachlar bu chorani qo‘llaydilar. Baquvvat yigitdan, iste’fodagi suvoriydan qon oladilar, keyin natijani kutish qoladi. Xayollar o‘sha-o‘sha — unga tinchlik bermasdi. Imkoni bo‘lmasa-yu, vafot etsa-chi? U o‘z oldida nima degan odam bo‘ladi? Birozdan so‘ng Ernestinaning yoniga kirdi; xotini uxlab yotardi. Kasal boquvchi ayol uning tomir urishi yomonlashganini aytdi. Yana achina boshladi — lekin bu uzoqqa bormadi, xotini uyg‘ongach, ahvoli yengillashib qoldi.
Keyin u yemakxonaga chiqdi, nonushta qilayotgan kasal boquvchi ayol yoniga o‘tirdi — Ernestina yotib qolgandan beri unga odat bo‘lib qolgandi, so‘radi:
— Xo‘sh, bugun ahvoli qalay?
Shu kunlarda u bemor boquvchi ayol bilan nonushta qilardi. Ayol miss Filson xotirjam, bejirim, malla soch, ikki beti pushti rang, ko‘zlari zangori ediki, bunday ko‘zlar uni chetlab o‘tgan yoshlikka doir, muhabbatga moyil fikrlarni qo‘zg‘ardi.
Bugun miss Filson, ahvolning og‘irlashib qolishidan qo‘rqqanday, o‘ta jiddiy edi.
— Menimcha yomon emaslar, hatto yaxshiroq bo‘lib qolgandaylar,— dedi miss Filson unga achinganday qarab. Xeymeker hatto bu ayolning ham unga — yaqin orada yakka-yolg‘iz qoladigan qariyaga achinib qarayotganini sezib turardi. — Tomir urishi durust, tartibga tushib qoldi, yaxshi uxladilar. Soat to‘qqizda doktor Greynger bilan doktor Storm kelishadi, u yog‘iga nima qilishni hal qilishadi. Agar ahvolni yomonroq deyishsa, balki, qon quyishar, Donorni topib qo‘yishibdi. Doktor Storm miss uyg‘onganlarida qaynatma ichirishni buyurdi. Missis Elfrij tayyorlayapti. Xotiningizning ahvollari og‘ir bo‘lsayam, ishtahalari yengil, bu harholda, yaxshilik belgisi.
Xeymeker o‘siq qoshlari tagidan ayolga tikilib qaradi. U shunchalar charchagan, keyingi paytlarda umuman uxlay olmaganligi uchungina emas, balki, soat kapgiriday goh u tomonga, goh bu tomonga og‘ayotgan qarama-qarshi fikrlardan juda toliqqan edi. Nahotki, asti nima istashini hech qachon anglab yetolmasa? Nahotki, bu uning aql-zakovati va qalbi uchun hal etilmas muammo bo‘lsa? Nega endi u hamma qatori o‘ylab, his qilmasa, o‘zi bilan o‘zi murosa qila olmasa? Miss Filson umidsiz sanalgan, lekin sog‘ayib ketib, keyin uzoq yillar yashagan kasallar haqida nimalardir hikoya qildi; u tinglar va hayotining qanchalar g‘amnok, ma’nosiz o‘tganini, ko‘nglining qanchalar g‘ashligini o‘ylardi. Nega bunaqa? Qiziq: ba’zan u o‘zini yovuz deb, ba’zan esa, haddan tashqari yumshoq deb hisoblardi. O‘tgan kechasi to‘shakda cho‘zilib yotgan Ernestinaga qarar ekan va bugun ham: joni uzila qolsaydi, ishqilib yana erkin bo‘lsam edi, deb xayolidan o‘tkazgan, hozir ham shu o‘yda edi. Lekin bugun yana ko‘rganida va miss Filson qon quyish haqida so‘zlaganida, uning yana xotiniga rahmi kelib ketdi. Xotinining o‘limi unga nima beradi? Nega endi u xotiniga o‘lim tilaydi? Axir, mana shunday jinoyatkorona fikrlarning shu yoki narigi dunyoda qasosi bo‘lmasmikan? Birdan farzandlari payqab qolishsa-ya? Agar xotini rostdan ham vafot etsa — axir u shu bugun ertalab ham unga o‘lim tilagan edi-ya, — uning ahvoli nima kechadi? Ernestina, aslida, juda ham yomon emas. Axir u yaxshi rafiqa bo‘lish uchun urinmadimi? O‘zi hech nima qilolmadi, uni seva olmadi, vassalom. U dahshatli, shafqatsiz fikrlari uchun yana o‘zini koyiy boshladi.
Ikkala doktor bemorning ahvolini og‘ir deb topib, qon quyishning birinchi usuli — to‘g‘ridan-to‘g‘ri donor orqali yuborishni lozim ko‘rishdi; agar bemorning jismi qonni o‘zlashtirsa, oqibati yaxshi bo‘lishi mumkin. Ular qon quyishdan avval yana bir karra Xeymekerga murojaat qilishdi va u, benihoya gunohkorlarday bosh egib, o‘zining har qanday xarajatdan qochmasligini aytdi. Xotinining hayotiki xavf ostida ekan, dorilar har qancha qimmat turmasin, uni saqlab qolishga urinishlari kerak. Ernestinaning hayoti menga ham, farzandlarimga ham juda aziz, derdi u. Shunday qilib u, bittasidan istisno, talab qilingan bor imkoniyatlarni ishga soldi va hali ham o‘z irodasiga qarshi borib, uning shifo topib ketishini chin dildan tilayolmasdi. Odob va burch davrasiga mahkumligi, chambarchas bog‘langanligidan joni azobda qolgan edi. Agarda Ernestina o‘ziga kelib qolsa — shifokorlarning aytishicha, qon quyishning nafi tegar ekan — butunlay sog‘ayib ketgan taqdirda ham, yoz oylari toqqa olib chiqishi, to oyoqqa turib ketgunicha uzoq vaqt u bilan yuzma-yuz turishiga to‘g‘ri keladi. Hay, mayli, u nolib o‘tirmaydi. Buni qiladi albatta. Har vaqtdagiday, xo‘p ko‘ngli ketadida, uni qutqarish imkoni bo‘laturib, o‘lib ketishiga yo‘l qo‘yish odamgarchilikdan emasda! Xuddi shunday. Faqat…
U idoraga ketdi, orada Ernestinaga qon quyishdi, bu anchagina muvaffaqiyatli chiqdi chog‘i. Kunduzgi bemorga qarovchi ayol soat uchda unga qo‘ng‘iroq qildi va miss Ernestinaning ahvoli yaxshiligini xabar qildi. Keyin unga ortiq qo‘ng‘iroq qilishmadi, soat besh yarimlarda uyiga qaytgach, Ernestinani ko‘rgani kirdi — u yostiqqa yonboshlab yotar va bardam ko‘rinardi, anchadan beri ahvoli bunchalar yaxshi bo‘lmagandi.
Xeymekerning kayfiyati yana o‘zgardi. Qiziq, istaklari bunchalar tez o‘zgarib turmasa, kishi vujudidagi hayotiy harakatlar irodangdan tashqari ro‘y berganidan beixtiyor sodir bo‘ladi-da; bu esa, o‘zini yaxshi bilaman, degan Xeymeker uchun juda g‘alati tuyulardi; umuman, insonning o‘zi nima istashini hech biladimi? Endi u o‘lmaydi, hammasi eskicha davom etadi. Ha, albatta. Nima ham qilardi, yana tan bermoqqa, hayoti hayf ketgani haqidagi fikrga bo‘ysunmoqqa majbur. Endi u hech qachon erkin bo‘lolmaydi. Yana hammasi boyagi-boyagidek: ertagayam, indingayam o‘sha-o‘sha… Dahshat! Juda soz, uning tetiklashib qolgani yaxshi bo‘pti, albatta, oyoqqa turishiga umid uyg‘onganiyam yaxshi. Lekin harholda… hammasi bekor ketdi, endi abadul-abad yana u bilan bog‘liq. Xeymeker kechasi to‘shagida yotib o‘ylardi: «Endi u darhaqiqat shifo topadi. Hammasi eskicha davom etadi. Endi men hech qachon erkin bo‘lolmayman. Biron bir ozod, erkin kunim bo‘lmaydi! Hech qachon bo‘lmaydi».
Ertasiga ertalab u hayronlik va qo‘rquv ichida, balkim yashirincha xursandlik bilan xotinining ahvoli og‘irlashganini eshitdi va qora niyatlari uchun o‘zini koyidi. Mana shu fikr-o‘ylari bilan uni o‘zi o‘ldirayotgandir? Mana shu hadsiz-hisobsiz ikkilanishlari bilan? Balki yomon niyatlarining kuchi bordir? Uning qotildan nima farqi bor? Bundan keyin har doim, yomon niyatlar qilib uni o‘zim o‘ldirganman deb hisoblab yursa-ya? Axir bu juda og‘ir bo‘ladi-ku, u holda qanday yashaydi? Nega o‘zi shunaqa? Nega endi oddiy insoniy his-tuyg‘ular unga begona?
Soat to‘qqiz yarimda bemor boquvchi ayol telefonda chaqirgan doktor Storm keldi; doktor ayniqsa jiddiy edi va u endi ot qonini ishga solishini, ot qoni odam qonidan quyuq bo‘lajagi va zardob sifatida foydalanilsa jism yaxshi qabul qilishini aytdi. Vijdon azobi, yurak siqilishi, qo‘rquvdan Xeymekerning ruhi qiynalmoqda edi. Albatta, hammasiga u o‘zi o‘tgan kecha va umuman, so‘nggi kunlarda o‘ylab yurgan yovuz niyatlar sabab. Nahotki Xeymeker, dilida uni o‘ldirmoqni ko‘zlagan qotil, jinoyatkor bo‘lsa? Yana nima uchun? Nega u o‘tgan kecha xotiniga o‘lim tiladi? Ana, uning ahvoli yana og‘irlashgan ko‘rinadi.
— Qo‘lingizdan nima kelsa, hammasini qilinglar, — dedi u doktor Stormga.— Hali-hanuz uni qutqarishning iloji bor ekan — qutqaring, hech nimaning yuziga bormang.
— Albatta, mister Xeymeker,— achinib javob berdi mistor Storm.— Nimaiki zarur bo‘lsa, hammasini qilamiz. Ko‘nglingiz to‘q bo‘lsin. Kecha qonni kamroq quydik shekilli, undan tashqari, bu o‘rinda odam qoni suyuqlik qiladi. Qon quyganimiz bemorga ancha yordam qildi, lekin bu kamlik qiladi. Bugun yana bir ko‘ramiz.
Ishi ko‘pligi uchun Xeymeker ma’yus, dilxasta ahvolda idorasiga ketdi. U qachon qora niyatlar va istaklarga bormaslikka, har qanday qilib bo‘lsa ham ulardan qutulishga yana ahd qildi. Odamgarchilikdan emas-da bu. Axir bora-bora bularning bari qandaydir sirli yo‘l bilan o‘ziga qaytadi-ku. Ernestinani mana shu fikrlar halokatga yetaklayapti shekilli. Ilojini topsa, ishqilib xotini shifo topib ketsin, u bunga xalaqit bermaydi. Qancha og‘ir bo‘lmasin, yana o‘zini qurbon qiladi. Boshqacha yo‘l tutish Mumkin ham emas. Deyarli butun umri o‘tib ketgandan keyin shikoyatga o‘rin bormi? Yana bir necha yil o‘tsa nima qipti?
U ancha xotirjam uyiga qaytdi — qalbi xayrli niyatlarga to‘liq edi: bemor boquvchi soat uchlarda qo‘ng‘iroq qilib, xotinining ahvoli yaxshi ekanligini xabar qilgan edi. Ikkinchi bor qon quyilgach, bemorga darmon kirib, hatto o‘rnidan turib, biroz o‘tirdi ham. Soat beshda huzuriga kirganida xotinining rangi o‘chib, bo‘shashib yotardi-yu, lekin ko‘zlari chaqnab, ikki beti nimpushti tovlanardi va Ernestina eriga qarab sezilarsezilmas jilmaydi — ahvoli yaxshilanganligi shundoqqina ko‘rinib turardi. Doktor Storm qanday g‘amxo‘r-a! Ishqilib, xotini tuzalib ketsin-da! Xatar o‘tsin-da! Soat sakkizda doktor Storm yana keladi.
— Xo‘sh, ahvolingiz qalay, azizim? — so‘radi Ernestina erining qo‘lini qo‘liga olib, nazokat bilan unga boqarkan.
U engashdi va Ernestinaning peshonasidan o‘pdi, bu bo‘sa unga xoinlik bo‘lib tuyulmadi. Bugun u himmatli, muruvvatli — Ernestinaning shifo topib ketishini chin dildan istaydi.
— Mening ahvolim yaxshiku-ya, o‘zing-chi? Tashqarida ko‘klam. Tezroq tuzalgin, shundoq kunlarni betob o‘tkazish hayf.
— Yaqinda tuzalib qolaman, — ohista dedi Ernestina.— Ahvolim ancha durust. O‘zingizning ahvolingiz qanday? Yumushlaringiz yaxshi ketyaptimi?
U bosh irg‘adi, jilmaydi va xotiniga ba’zi yangiliklarni so‘zlab berdi.
— Etelberta qo‘ng‘iroq qilib, binafsha keltiraman, dedi. Soat oltida Uesli bilan Irma keladi. Tanishlar salomatligingni so‘rashdi.
«Qandoq qilib shunchalar toshyurak bo‘ldim-a? — deb so‘rardi u o‘zidan.— Nega unga o‘lim tiladim-a?..» Aslida Ernestina unaqa yomon ayol emas, hatto o‘ziga xos nazokatli, boshqalar uchun tengi topilmaydigan rafiqa bo‘lishi mumkin. Dunyoda yashash, hayot nash’asini surishga u ham Xeymekerday haqli. Bu ayol — farzandlarining onasi, yana shuncha yil birga yashashdi. Bu kun ajoyib kun bo‘ldi-da, mana hozir ham deraza ortida ajoyib may oqshomi. Havo shunday musaffo, osmon beg‘uborki!..
Telefon jiringladi, yana kimdir Ernestinaning ahvolini so‘rayapti. Oqsochning aytishicha, beto‘xtov qo‘ng‘iroq qilishyapti, ayniqsa shu bugun. U uzun ro‘yxat uzatdi: qiziq, o‘zidan ko‘ra Ernestinaning do‘stlari ko‘p ekan — shunchalik ochiq ko‘ngil, andishali, izzatli ayol. Nega endi unga yomonlik tilashi kerak?
U Etelberta va Uesli bilan xushchaqchaq suhbatlashib ovqatlandi: ko‘pdan beri o‘zini bunday yengil his etmagandi. Hadsiz-hisobsiz, qarama-qarshi fikrlar endi ortiq qiynamasdi, ko‘ngli xotirjam edi. Xeymeker farzandlaridan ularning qanday yashayotgani, nevaralarining ahovlini surishtirdi. Soat sakkiz yarimda yana doktor Storm keldi va miss Xeymekerning ahvoli ancha yaxshi bo‘lib qolganini aytdi.
— Butunlay sog‘ayib ketishiga umid bor, deb hisoblayman,— dedi Storm.— Agar bir-ikki kecha ahvoli og‘irlashmay, xotirjam kechsa, hammasi yaxshi bo‘lib ketadi. Quvvatiga quvvat qo‘shildi. Lekin xotirjam bo‘lishga hali vaqt erta. Bu — nihoyatda makkor dard. Bemorning ahvoli ertaga qanday bo‘lishini ko‘raylik-chi, balkim yana bir marta qon quyishga zarurat tug‘ilar.
Storm ketdi, soat to‘qqizga borib, Etelberta bilan Uesli ham, agar onalarining ahvoli og‘irlashsa qo‘ng‘iroq qilishni so‘rab jo‘nashdi. U yolg‘iz qoldi. Xeymeker o‘tirib xayolga toldi. Keyin bir necha daqiqaga xotini yoniga kirdi — boshqa kunlardagi kabi bugun ham doktor Etelbertaga osoyishtalikni ta’minlashni buyurgandi — so‘ng, uxlagani kirib ketdi. Soat o‘n bir edi. U juda charchagandi. Nopok vijdon, qarama-qarshi fikrlar uni abgor qilgan, o‘zini horg‘in his etardi: albatta uxlab olmog‘i kerak. O‘zi ham yomon odam emas, hayoti ham bir navi. U lozim ko‘rilganidek fikr yuritdi va shunday ish tutdi. O‘sha qora fikrlarga bormaslik kerak edi-da! Shundoq bo‘lsayam…
U karavotda derazaga qarab yotar, bog‘ning bir chekkasi ko‘rinib turardi: oyning kumush nuriga g‘arq holda kurtak yozgan daraxtlar, ko‘lning qirg‘og‘i… Bu yerda, shaharda har tup buta, har bir yashil burchak faqat davlatmandlargagina nasib etadigan noyob boylikdir. Yoshligida Xeymeker suvni yaxshi ko‘rardi, har bir ko‘l, ariq, irmoqni ko‘rganida dili yayrab ketardi. Yigitlik choqlari kechasi oydinda sayr qilishni sevardi. Bunday choqlarda u muhabbat va baxt haqida o‘y surar, unga yetishishni orzulardi-yu, lekin orzusi ushalmadi. Bir vaqtlar u yaxt-klub loyihasini tayyorladi, uning poydevoriga ustalik bilan tarashlangan tosh qadalgandi — naq qirg‘oqqa kelib urilgan to‘lqin poydevorni yalayotganday… Yana bir gal, uzoq yillar ilgari o‘zi va anavi uchun — qachondir erkin bo‘lsa, uni balki sevib qolishi mumkin bo‘lgan ajoyib go‘zal uchun — bog‘-uy qurmoqni ko‘zladi. Niyat qanchalar yaxshi edi-ya! Lekin hozir, mana shu soatda bu haqda o‘ylashning o‘ziyoq unga haqorat, shafqatsizlik, yovuzlik, xudbinlik, betavfiqlik bo‘lib ko‘rinardi… axir baribir, vaqt o‘tgan edi-da! U oy nuriga g‘arq bog‘dan ko‘z uzdi-da, xo‘rsinib qo‘ydi — uxlash kerak, qora va shu bilan birga shirin xayollarini quvdi.
Xeymeker mudrab ketdi va nazarida qandaydir favqulodda go‘zal ayol, go‘zallikning naq o‘zginasi, shu choqqacha u intilgan narsalar timsoli qo‘lidan tutganicha beti jimirlab turgan jilg‘alar, shaffof ko‘llar yoqalab, chekkasida ulug‘vor cherkov, minora, oq marmardan yasalgan haykallar qad qo‘targan, tikka o‘rlagan keng yo‘ldan qayoqqadir uzoq-uzoqlarga boshlab ketdi. U indamay bormoqda edi va nazdida, unga nimadir va’da qilingandi… Oldinda ko‘pdan intiq kutgani qandaydir nafosat kutardi… Faqat u borayotgan sirli diyor qorong‘i edi, oldinda qorong‘ilikning yastanganligi uchun ham ko‘ngli g‘ash va tashvishli edi. U go‘zallik qidirib yo‘lga tushgan va hamon uni izlar, izlardi-yu, lekin atrof qorong‘i edi, shunda birdan…
— Mister Xeymeker! Mister Xeymeker! — degan ovoz avvaliga sekin, sirli eshitildi, keyin bu ovoz tashvishliroq jaranglab, kimdir uni turtdi.— Tezroq turing! Missis Xeymeker…
U irg‘ib o‘rnidan turdi, bosh tarafiga ilig‘liq ko‘k shohi xalatini yelkasiga tashladi-da, yo‘l-yo‘lakay belbog‘ini bog‘ladi. Rangi o‘chgan, o‘zini yo‘qotgan missis Elfrid… Tushundi: eng dahshatli voqea sodir bo‘lgan. Mana uning yotog‘i. Xotini sokin, xotirjam, qandaydir mung‘ayib tirikdek yotardi; u xuddi uxlab yotganday ko‘rinar, yupqa lablari, ilgari o‘ylaganicha — sovuq lablari istehzoli jilmayayotganday edi… Balki bu tabassumning izidir. Xotinining yuzida shunday ifodani avvallari ham ko‘rgan: takabburona va dono tabassum, uning o‘zidan ham ko‘ra dono. Uzun, ingichka, nozik qo‘llari kafti ochiq, ikki yonida yotar, juda charchaganday barmoqlari xiyol yoyilgandi. Qovoqlari horg‘in. Ko‘zlarini abadiy yumgan. Ustiga yopilgan namat oriq gavdasi taxlitini namoyon etardi. Kechasi bemorga qaragan miss Filson bir necha daqiqagina mudrab ketganini va ko‘zini ochganida hammasi tamom bo‘lganligini sarosimada so‘zlab bermoqda edi. Ayol juda tushkun, xafa, doktor Stormdan hayiqib turgan bo‘lsa kerak.
Xeymeker chuqur iztirobda qarab turardi — kichkina Eluel vafotidan so‘ng hech narsa uni shunchalik larzaga solmagandi. Axir u yaxshi rafiqa bo‘lishlik uchun qo‘lidan kelgancha harakat qildi-ku… Necha yillar birga umrguzaronlik qilishdi — mana endi u yo‘q, Xeymekerning ko‘zi jiqqa yoshga to‘ldi, to‘shak tarafga ohista yurdi, qo‘liga tegib ketmaslik uchun ehtiyot bilan cho‘kkaladi.
— Erni, qadrdonim… Erni, nahotki endi yo‘qsan? — hazin dedi u, lekin o‘z ovozi unga soxta, munofiqona tuyuldi.
U xotinining qo‘lini oldi va ma’yuslik bilan labiga olib bordi; so‘ngra keyingi kunlardagi miyadan chiqmaydigan qarama-qarshi fikrlarni eslarkan, peshonasini xotinining chakkasiga qo‘ydi, missis Elfrid bilan bemor boquvchi ayol esa, ko‘z yoshlarini artib, unga qarab turishardi: unga, tanho qolgan qariyaga rahmlari kelmoqda edi!
Bir ozdan so‘ng uni o‘rnidan turishga ko‘ndirdilar: u ruhsiz bir alpozda o‘rnidan turdi va miss Elfrid bilan bemor boquvchi ayoldan hozircha bolalarini bezovta qilmaslikni so‘radi. Axir endi ular onalariga hech qanday yordam ko‘rsatolmaydilar. Ertalabgacha xotirjam uxlay qolsinlar. Keyin u o‘z xonasiga qaytib kirdi, to‘shagiga borib o‘tirdi va bir daqiqacha oyning kumush nuriga g‘arq boqqa qotib qolgan nazar-la qaradi, bog‘ hamon avvalgiday chiroyli edi. Dahshat. Shunday qilib, uning yomon niyatlari axiyri amalga oshipti-da! Xotinini nahotki uning yovuz niyati o‘ldirgan bo‘lsa? Shunday bo‘lishi mumkinmi? Nahotki, bu uning ovoz chiqarmay qilgan iltijolarining ijoboti bo‘lsa? Uning pinhon niyatlari qanday bo‘lganini xotini bilganmikan? O‘ylashning o‘zi qanchalar dahshat. Hozir u qaerda ekan?.. Bilsa, eri to‘g‘risida nima deb o‘ylayotgan ekan? Endi undan nafratlanib, ta’qib etib yurmasmikan? Hali tong otgani yo‘q, soat ikki yoki uch bo‘ldi, oy hamon yaraqlab nur sochib turibdi. Endi hayotdan butunlay ketgan xotinining jasadi esa qo‘shni xonada oppoq oqarib, sovib yotibdi.
Birozdan so‘ng u o‘rnidan turib mehmonxonaga chiqdi, bu yerda, deraza yonida o‘tirishni sevardi. Keyin xotinining yotog‘iga qaytdi. Balki mana shu yerda, yaqinginada u bor bo‘lgan, endi esa jonsiz yotgan xonada fikrini jamlay olar. Ko‘rayotganmikan yoki ko‘rmasmikan… bilarmikan yoki bilmasmikan… endi hammasi tamom. Baribir o‘zini gunohkor hisoblaydi. Ernestina shunchalar sadoqatli edi, u haqda, bolalar ustida shunchalar g‘amxo‘rlik qilardi, juda o‘rniga qo‘yardi buni. Mana shu so‘nggi kunlarda unga shafqat qilish, qora fikrlarga erk bermaslik kerak edi.
Uning tuyg‘ulari alg‘ov-dalg‘ov edi, sira tartibga sololmasdi. Lekin harholda o‘zining aybi nimadaligini bilib olishi, xotiniga nisbatan alamzadalik, adovat qaydan paydo bo‘lganini anglab yetishi kerak, aks holda tinch yurolmaydi. Albatta tushunib yetmog‘i kerak… Lekin qandoq? U miss Elfrid bilan kechasi doktor Stormni ham bezovta qilmaslikni kelishib oldi. Ular ertalabgacha biroz dam olishga qaror qilishdi. Keyin u deraza yonida o‘tirib bog‘ni tomosha qilish uchun sevimli xonasiga kirib ketdi. Balkim shu yerda u jumboqni hal qilar, hammasini oxirigacha o‘ylab olar, haqiqiy tuyg‘ulari qandayligini anglab yetar. Ha, u tilagan narsani tilash juda yomon. Xo‘sh, uning o‘zi qanday? O‘zining hayoti-chi?.. Tong yorishib kelmoqda edi, sharq tarafda osmon bo‘zara boshladi, xona yorishmoqda edi. Devorga qo‘ndirilgan ko‘zgudan oriq, bukchaygan, soqol-sochlari patila kishi horg‘in ko‘zlari bilan unga qaramoqda. Bular uning erkinlik, baxt haqidagi orzulariga aslo mos kelmasdi… Qanchalar dahshatli masxara! Qandayin bir halokat! Erkin bo‘lgan taqdirda ham, shu alpozga tushgan kimsaga baxt va muhabbatni orzu qilishni kim qo‘yipti! Oynaga qarab o‘ziga boqsa kifoya. Mana u — qari, sochlari oppoq — sharti ketib, parti qolgani ko‘rinib turipti. Buni allaqachonoq tushunmagani qiziq-a? Qanchalar bema’nilik! Bundayin puch orzularga berilganini-ya? Endi nimadan umid tutadi? Bironta chiroyli ayol unga qayrilib boqmadi, albatta qaramaydi. Yeshligining yarqiroq orzulari hech qachon ushalmaydi. Bu sarob edi, sharmandalik edi. Xotini hayotmi yoki vafot etganmi, uning uchun endi hech nima o‘zgarmaydi. Bari ikkilanishlari va taraddudlanishlariga qaramay endi u erkin. Lekin allaqachon qarigan, holdan toygan — odamovi, adoi tamom bo‘lgan kimsa.
Hayot qanchalik zolimlik, beshafqatlik bilan uni mazax qiladi, inson taqdiriga doimo birday loqayd… Dunyoga kelib nima ko‘rdi u? U o‘zining ko‘zgudagi ko‘zi atroflari va peshonasini ajin bosgan qorachadan kelgan betiga xomush qarardi; burishgan qora qo‘llar, axir bir paytlar qanday chiroyli edi-ya; epchillikdan mahrum bo‘lgan beo‘xshov oriq gavda. Bir paytlar nazarga yaqin edi; o‘ktam, baquvvat, serg‘ayrat… Endichi?.. U ko‘zgudan ko‘zini uzdi va yaproq yozgan daraxtlarga, ko‘lga, balandlab qolgan quyoshning zarrin nurlariga boqdi… Ha, shu topda u alohida mazmun kasb etgan: hali navqiron bo‘lganlar uchun sehrli yangi kunning tug‘ilishi… Yana o‘zining ko‘zgudagi aksiga qaradi. Endi nimani kutadi? Nimadan umid tutadi?
Shunda u anavi tushni — nimanidir izlagani va uni qayoqqadir boshlab ketayotganlari, oldinda unga ajoyib narsalar va’da qilingani, lekin o‘sha yoqdagi tumanlikni… yana esladi. Bu tushning ma’nosi nima? Balkim yetib bo‘lmas xilqatdir? Balki bu — uning butun umrining ramzidir? Balki… Balki…
— Erkinman! — dedi u nihoyat.— Erkin!.. Endi buning ma’nosini bilaman. Axiyri erkin bo‘ldim-a! Ha, erkinman… Erkinligim — dunyodan o‘tib ketishim!..
U shu ko‘yi, soqol-sochlarini tutamlab, deraza yonida xayolga tolgancha turardi.

Ruschadan Xolida Ahrorova tarjimasi
“Sharq yulduzi” jurnali, 1990 yil, 6-son

004

(Tashriflar: umumiy 2 248, bugungi 1)

2 izoh

  1. Бу ҳикояни бир неча йиллар олдин, ўқувчилик йилларимда ўқигандим. Ўшанда онгимда инқилоб ясаганди. Бугун сайтда кўриб эски қадрдонимни кўргандай хурсанд бўлиб кетдим.

  2. Ушбу хикояни биринчи марта » Шарк юлдузида»укиганимда Драйзернинг адиблик махорати канчалик улугвор ахамиятли эканлигини туйган эдим. Сайт ижодкорларига сара дурдоналарни такдим этаетганлари учун ташаккур!

Izoh qoldiring