Чўлпон ижодининг замини ва осмони – Ватан. У ҳур ва музаффар Туркистон куйчиси. Чўлпон ўзини юртнинг пок истакли шоири деб билган ва ҳеч қачон покиза истакларидан кечмаган. Чўлпон орзу-истакларининг мусаффолиги шундаки, шоир она Туркистон тупроғи келгинди ёвлар томонидан топталишига қарши муносабатини яширмаган. Беруний, Ибн Сино, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Мирзо Бобур авлодларининг тарихи, тили, маданияти, фан ва саньати бузғунлик, сиқувга гирифтор этилаётганини баралла сўзлай олган. Чўлпонни ана шунинг учун айблашган. Ҳеч бир замон Ватанни севмоқ Туронда гуноҳ ҳисобланганми? Ҳеч бир даврда бир халқ ва юртнинг фарзанди ўз миллатининг вакилини “ватанпараст”лиги учун бадбинликда айблаганми? Ватанни севмоқ, миллат дардида ёнмоқ бадбинлик бўлса, некбинлик нима? Ватанни сотмоқми? Чўлпонга отилган туҳмат тошлари, юртини Мажнун бўлиб суйган шоир шаънига тўқилган бўҳтон ва заҳарли айбномаларни табиий деб қараш ҳам мумкин. Чунки Чўлпоннинг изтиробли қалбида ўткинчи кимсаларга насиб этмаган ва ҳеч қачон насиб этмайдиган ЭЪТИҚОД юксаклиги бор эди. Бу юксакликдан замон ҳодисотларини баҳолаш учун журъат ва жасорат керак эди. Бу юксаклик даврдан жуда баланд эди.
Иброҳим Ҳаққул
ЎЛКА ҚАЙҒУСИ
“1938 йили Ғарбий Туркистоннинг буюк ўғлони Мустафо Камол Ота Турк вафот этди… Худди шу йилда Туркиядан мингларча чақирим узоқда – муқаддас Туркистон тупроғида икки қаҳрамон ўлдирилди. Бу мусибатни сезганлар, билганлар балки пинҳона йиғлаб кўз ёшларини ичларига тўккандилар. Эҳтимол, бошқа бирлари бўғилиб инграгандирлар… Билмаймиз буни, биз билмаймиз… Аммо уларнинг ҳар иккиси ҳам туркий дунёнинг буюк қалбли, теран фикрли, ишқ ила ёнган фарзандлари эди”, – деб ёзади Ҳусайн Ўзбой.
Турк олими ҳақ. Туркнинг ўша икки ўғлони ҳам фидойи эди. Зулмга қарши бош кўтарган қаҳрамон эди. Қуллик ва хўрликдан кўра ўлурға рози шоир эди. Улардан бири – ўзбекнинг улуғ шоири Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон. Иккинчиси – эрксевар қозоқ шоири Мағжон Жумабой ўғли. Мағжон Жумабой ўғлида шундай байт бор:
Туркистон икки дунё эшигиғўй,
Туркистон эр Туркнинг бешигиғўй.
Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Мағжон Жумабой ўғли, Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон сингари ёзувчи ва шоирлар туркнинг ана шу табаррук “бешиги” ва “эшиги”нинг муқаддаслиги, дахлсизлиги учун курашиб, ҳақсизлик қурбони бўлганлар.
Мустафо Камол Ота Туркнинг вафотига Туркия ва бутун турклар олами йиғлаган. Ота Турк ўлган кун барча турклар учун унутилмас мотам кунига айланган. Аммо Чўлпон ёки Мағжон Жумабой ўғли 1938 йилнинг қайси машъум кунида ўлдирилган? Қандай алам, қандай қийноқлар исканжасида жон таслим этган улар? Сўнгги сўзи, сўнгги хаёллари-чи? Балки уқубатли умрнинг охирги дақиқаларида ҳам “Эй, муқаддас Туронимнинг хаёли, кетмай тур… Мана мен, чин кўнгул билан сенинг йўлингда ўлурға рози… Мен сенинг учун тирилдим, сенинг учун яшарман, сенинг учун ўларман. Эй, туркларнинг муқаддас ўчоғи”, – дея ўзларича шивирлагандир улар. Буларни энди ҳеч қачон аниқ била олмаймиз. Тасаввур эса қийноқдан ўзга, армондан бошқа юпанч бермайди. Қарангки, Чўлпоннинг ўлим санаси ҳам сохталаштирилган. Демак, озодлик жаллодларига шоирнинг ўлими ҳам қўрқинч туюлган.
Чўлпон ижодининг замини ва осмони – Ватан. У ҳур ва музаффар Туркистон куйчиси. Чўлпон ўзини юртнинг пок истакли шоири деб билган ва ҳеч қачон покиза истакларидан кечмаган. Чўлпон орзу-истакларининг мусаффолиги шундаки, шоир она Туркистон тупроғи келгинди ёвлар томонидан топталишига қарши муносабатини яширмаган. Беруний, Ибн Сино, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Мирзо Бобур авлодларининг тарихи, тили, маданияти, фан ва саньати бузғунлик, сиқувга гирифтор этилаётганини баралла сўзлай олган. Чўлпонни ана шунинг учун айблашган. Ҳеч бир замон Ватанни севмоқ Туронда гуноҳ ҳисобланганми? Ҳеч бир даврда бир халқ ва юртнинг фарзанди ўз миллатининг вакилини “ватанпараст”лиги учун бадбинликда айблаганми? Ватанни севмоқ, миллат дардида ёнмоқ бадбинлик бўлса, некбинлик нима? Ватанни сотмоқми? Чўлпонга отилган туҳмат тошлари, юртини Мажнун бўлиб суйган шоир шаънига тўқилган бўҳтон ва заҳарли айбномаларни табиий деб қараш ҳам мумкин. Чунки Чўлпоннинг изтиробли қалбида ўткинчи кимсаларга насиб этмаган ва ҳеч қачон насиб этмайдиган ЭЪТИҚОД юксаклиги бор эди. Бу юксакликдан замон ҳодисотларини баҳолаш учун журъат ва жасорат керак эди. Бу юксаклик даврдан жуда баланд эди.
Маълумки, совет давлатининг илк босқичларидан бошлаб “коллектив фикр” тушунчасига алоҳида аҳамият берилганди. Натижада “коллектив фикр” қисқа муддатда шахснинг мустақил фикрини емириб ташлади. “Коллектив фикр”ни ривожлантиришдан кўзда тутилган яширин мақсад ҳам аслида мана шу эди. Шахсга сиғиниш йилларига келиб, эркин фикр қатағон қилинди ва миллион-миллион совет кишиларининг фикр-қарашлари давлат, сиёсат, партия раҳнамолари томонидан бошқарилди. Манқуртлик ахлоқи шакллантирилди. Сталинизм сиёсати инсоннинг миллий идроки, ватаний ахлоқи, тарих ва келажак олдидаги масъулиятини тамоман сўндирадиган машъум сиёсат эди. Бу сиёсат одамни ботинан одамдан узоқлаштирар, акага нисбатан ука кўнглида ишончсизлик, душманлик уруғларини сепар, барчани синфий манфаатлар ҳақида, “озодлик”, “тенглик”, “шодлик, бахтиёрлик” тўғрисида сайрашга мажбур этарди. Лекин Октябрь тўнтариши илк йилларидаёқ тарихга, маърифатга, динга ва халқларнинг асрий урф-одатларига қарши инқилоб тусини олганди.
Диндан ажратиш иймонсиз, диёнатсиз жаҳолат ичида яшашга ўргатди. Тарихни қоралаш эл-юрт ХОТИРАСИни зулматга чулғади. Миллий анъаналардан йироқлашиш ЎЗЛИК туйғуларини ер билан яксон этди. Улуғ Туркистон тарихида ҳам янгича қуллик, сотқинлик, риёкорлик замони бошланганди. Шунинг учун Чўлпон шеърларидан бирини “Бузилган ўлкага” дея атагандир. Албатта, бу шеърнинг ўз ўқувчилари, унда тасвирланган фикру туйғуларнинг тарафдорлари бўлган. Лекин оммавий қирғин-қабоҳатлар қаршисида улар ўзларини кучсиз сезишган. “Бузилган ўлкага”ни ёқлаш – ҳақиқатга тик қараш, бир пайтлар “тоғлари кўкларга салом берган зўр ўлка”нинг бузғун ва оғир аҳволини рўй-рост эътироф қилиш эди. Ўзбек зиёлиларига хос бир хусусият бор. Ҳақ сўз учун жазо берилмаслигига аниқ ишонч ҳосил этмагунча, уларнинг аксарияти ҳақиқатдан сўз очишмайди. Бугунги “ботир” ёзувчи, шоир, олимларимизнинг деярли барчаси “ёв” чекингандан кейин майдонга чиққан азаматлардир. Бир-икки йил муқаддам Чўлпоннинг номини эшитса эти жунжикадиган “даҳолар” энди Чўлпон яратган улуғ мактаб тўғрисида сўзлай бошлашди. Бу ҳам Чўлпон руҳини таҳкирлаш. Бундан уялмоқ керак… Узоқ йиллар давомида Чўлпон “миллатчи, ватанпараст, бадбин зиёлилар шоири”, “миллатчилар онаси”, “контрреволюционер”, “халқ душмани” сифатида айбланиб келинди. Чўлпон ижодиёти қораланган бирор-бир тадқиқот ёки мақола йўқки, “Бузилган ўлкага” шеъри четлаб ўтилган бўлсин. Нега шундай? “Чўлпоннинг “Булоқлар” тўплами “Бузилган ўлкага” достони билан бошланади, – дейди Иззат Султон. – Бу асар Совет Туркистонининг аҳволи ҳақида туҳматкорона сўзлар билан тўлгандир”. Наҳотки? Одамларни алдаш, чалғитиш туҳматкорона сўзлар тўқиш эмасми? Ахир, энг қалтис ва таҳликали шароитда ҳам Чўлпон “Совет Туркистонининг аҳволи ҳақида” реал гапни айтмаганмиди!..
“Шоир ўз тилини, ўз маданиятини севади. Ўз халқининг тарихи билан фахрланади. Бундай одам миллатчи бўлмаслиги мумкин эмас. Умуман, шоир миллатчи бўлмаслиги мумкин эмас…”, деб ёзади ҳақгўй бир шоиримиз. Мен бу фикрга қўшиламан. Миллатчи ўз миллатини бошқа миллатлардан устун кўядиган кимса эмас, балки уни ҳеч қайси улуғ миллатдан паст кўрмайдиган, тил, тарих ва маданиятининг камситилишига чидай олмайдиган ғурурли ШАХСдир. Миллатчи – миллат қалбини тушунувчи киши. Миллатчи – ўз тақдиридан миллат тақдирини беҳад баланд қўювчи одам. “Босмачи” сўзини ким ўйлаб топган? Қандай киши босмачи дейилади? Бу саволларга Ўзбекистон тарихига доир кўп жилдлик китоблардан ҳам тўғри жавоб топа олмайсиз. Худди шунга ўхшаб, ўтмиш асрларда аждодларимиз ишлатмаган “миллатчи” сўзи не мақсадда истеъмолга киритилган, нега у қўрқинч сўзга айлантирилган, қандай кишиларнинг номига “миллатчи” тамғаси босилган – булар ҳам ҳали ечимини тўла топмаган муаммолардир. Вақт хар қандай масаланинг мазмунига ўзгартириш киритиши мумкин.
Бошқа бир адабиётшунос эса “Бузилган ўлкага”ни “антисовет достони” деб ҳукм чиқаришдан аввал уни “миллатчи шоирлар”нинг “руслар билан ўзбеклар дўстлигига раҳна солиш”, “янги тузумни қоралаб, ўтмишни улуғлаш” мақсадини кўзлаб ёзилган асарлар тоифасига киритади. Аммо “антисовет достон”дан ҳатто бирор-бир байт далил келтирмайди.
“Ўзбек совет адабиёти тарихи” (I том, 1968) китобида таъкидланишича, “миллатчи шоир Чўлпон янги ҳаёт қурилишини кўргиси келмай, эски ҳаётнинг бузилишига ачиниб, “Бузилган ўлкага” деб шеър ёзган экан, унга қарши совет шоири Ғайратий “Тузалган ўлкага” шеърини ёзади, унинг додига қаттиқ зарба беради”.
Худди шундай, шунга яқин кўчирмаларни бошқа катта адиб ва адабиётшунослардан ҳам келтиришим мумкин. Лекин бу билан ўша пайтга хос фикр моҳияти ўзгармайди.
Ғайратий ижодининг тадқиқотчилари ҳам “миллатчи шоир” билан “совет шоири” ўртасидаги муросасиз кураш масаласини четлаб ўтишмаган.
Кетма-кет кўчирмалар, худди бир каллада туғилиб бир неча киши оғзидан янграётгандек таассурот уйғотадиган танқидий мулоҳазаларга диққатни қаратаверганимиз учун ўқувчилардан узримиз бор.
“Чўлпонни миллатчиликда айблаган одамлар асосий далил сифатида, – дейди Озод Шарафиддинов “Шарқ юлдузи” журналида (1990, 3сон) босилган мақоласида, – “Бузилган ўлкага” шеърини келтиришади. Салкам 70 йил мобайнида бу шеър ҳақида нималар дейилмади? Уни ҳатто “босмачилар гимни” деб аташгача боришди. Гўё шеърда инқилоб туфайли вайронага айланган Фарғона водийси тасвирланган-у Чўлпон совет воқелигини қора бўёқларда кўрсатган”. Шеърда “баландпарвоз оҳанглар, кўтаринки кайфиятлар, ҳайқириш ёхуд фахриялар” йўқлигини қайд этиб, мунаққид ундаги “ҳақсизликларга, адолатсизликларга қарши курашга ундовчи эҳтиросли мисралар”дан далиллар келтиради.
Тўғри, салкам 70 йил мобайнида “Бузилган ўлкага” шеъри ҳақида бир-бирига яқин кўп айбловлар тўқилган. Савол туғилади: Чўлпоннинг ушбу шеъри хусусида О.Шарафиддиновнинг ўзи нима деган? Наҳотки, таниқли ва пешқадам олимимиз ҳам ўша гапларни ўқиб, эшитиб жим тураверган? Йўк, жим турмаган. О.Шарафиддинов 1967 йили босилган “Йиллар ва йўллар” мақоласида “адабиётимизда миллатчилик идеологиясига қарши кураш турли формаларда амалга оширилганлигидан баҳс юритиб, шу формалардан бири баъзи шоирларнинг “миллатчилик кайфиятидаги айрим шеърларини олиб, ўша шеърнинг асосий ғояларига қарама-қарши ғояларни олға сурадиган баҳсли шеърлар” ёзиш бўлганлигини айтган. “Масалан, “Бузилган ўлкага” қарши, – дейди мунаққид, – Ғайратий “Тузалган ўлкага” шеърини ёзди. Агар Чўлпон шеърида тоғлари кўкларга салом берган ўлканинг бошида булут “кўланка” солаётганидан шикоят қилса, Ғайратий унга қарама-қарши ўлароқ революция туфайли қайнаб-тошаётган жўшқин ҳаёт манзарасини чизади”.
Дарҳақиқат, Ғайратийнинг шеьри “коммунистик мафкура назариясида туриб” Чўлпонга қарши ёзилган. Энди инсоф ва адолат юзасидан андак мубоҳаса юритайлик. Ғайратий шоир сифатида Чўлпоннинг “панжасига панжа урмоқ” лаёқатига эга эдими? Умуман, Чўлпон Ғайратийни ўзига ғоявий мухолиф деб билганми? Яхшиси, бу ҳақда Ғайратийнинг ўзига мурожаат этайлик: “Чўлпон ўзбек классик адабиётини ҳам, халқ оғзаки ижодини хам, рус ва жаҳон адабиётини ҳам пухта билган ёзувчи эди… Қизиғи шундаки, менинг Чўлпонга қарши ёзган шеърларимни унинг ўзи таҳрир қилиб берарди. Унинг шунака одати бор эди. “Биламан, сен менга қарши ёзаяпсан, Ғайратий, – дерди у. – Сен бошка, мен бошка. Кел, сенинг бошқа шеъринг чиқаверсин, менинг ҳам бошқа шеърим чиқаверсин”.
Ҳа, истеъдод йўналиши, давр зиддиятларини теран идрок этиш, маслак даражаси ва ҳаётий идеал нуқтаи назаридан Чўлпон Ғайратийдан “бошқа” шоир эди. У Ғайратий сингари ижодкорларнинг ҳолати ва шижоатини чуқур англар, шу боис улардан ўзгача ғоявий йўналишларда қалам юритишни талаб ҳам қилмаган. Ғайратийнинг “Тузалган ўлкага” шеъри Чўлпонга “қаттиқ зарба берди”, унинг “белини синдирган эди” сингари тантанавор ҳукмларнинг мағзи пучдир. Қандай шоир ўзига қарши ёзилган шеърларни “таҳрир қилиб” беришга куч топади? Ўзининг ҳақлигига инонган улкан саньаткоргина шундай ишни қила олади.
Чўлпоннинг 1921 йили ёзилган “Гўзал Фарғона” шеъри “Эй, гўзал Фарғона, қонли кўйлагингдан айланай” сатри билан бошланади. Унда тасвирланишича, Фарғона тупроғини “бир қора парда” қуршаб олган. Дилбар Фарғонанинг кўзлари сўлган. Фарзандларига у “ўлик руҳ” билан боқади. Фарғона “чечаклар водийсидан қонлар водийсига” айланган.
Биз бугун ожиз, заиф, бағри эзилган сен учун,
Бу қадар қонлар тўкилди ул дахлдор сен учун,
дейди шеьр қаҳрамони. “Бу қадар қонлар тўкилди ул дахлдор сен учун”. Бундай гапни фақатгина Фарғона эмас, балки бутун Туркистон хусусида ҳам айтиш мумкин эди. Бухорои Шарифнинг 1918–20-йиллар қисматини эсланг. Хева-чи?! Муаррихларнинг маълумотларига кўра, 1918 йил 31 январда берилган фармондан сўнг қизил қўшинлар арманларнинг Дашноқсутюм партияси аскарлари билан биргаликда Қўқон мухторияти ҳукуматини йўқотиш учун 5 февралдан бошлаб Қўқонга ҳужум қиладилар. Икки ўртадаги жанглар давомида Қўқон шаҳри уч кун ёнғин ичида қолади ва 10 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлади. “1918 йилнинг бошида Марғилон шаҳрида 7000га яқин, Андижон шаҳрида 6000, Наманган шаҳрида 2000, Бўзқўрғон ва Қўқонқишлоқ туманларида 4500га яқин туркистонли ўлдирилади”. Неча минглаб одамларнинг очликдан, ночорлик ва зўравонликдан жон таслим этганлари-чи? Ўша йилларда содир этилган ваҳшийлик ва хунхорликларга баъзан ақл бовар этмайди. “Коновалов Бозорқўрғондан кетар экан, – дейди Туркистонда инқилобий ҳаракатнинг таниқли арбоби бўлган Турор Рисқулов, – қўшни Никольское кишлоғидаги русларга Бозорқўрғонни босмачилардан тозалашни топширди ва бу қишлоқни уч ҳафта давомида обдон “тозалашди”. Аввалига, шунчаки талон-тарож қилишди, сўнг ҳеч нимани сўраб-суриштирмай отиб ташлай бошладилар: эркакларни босмачиларни қўллаб-қувватлагани учун, болаларни эса бир неча йилдан сўнг босмачи бўлиб етишади, дея ўлдирдилар…”.
Бундай мусибатли воқеалар учун революцияга “миннатдорлик туйғулари билан тўлган” шеърлар ёзиш керакмиди? “Бузилган ўлкага”нинг илк байтини ўқиймиз:
Эй, тоғлари кўкларга салом берган зўр ўлка,
Нима учун бошингда қуюқ булут кўланка?
Бу “қуюк булут кўланка” – зўрлик, қўрқинч, ўлка толеидаги қоронғулик тимсоли. Бу кулфатарнинг таъсири шу даражадаки, “Учмоҳларнинг кавсаридек покиза, Садафларнинг донасидек топ-тоза, Салқин сувлар тоғдан қуйи тушаркан”, йиғлар ҳолатда:
“Ёв борми?…” деб тўрт тарафни тинглайлар…
Табиатнинг ҳарорати ҳам сўнгандек. Коронғу тунлар қаъридан ҳазин илтижолар эшитилади. Кўм-кўк, гўзал ўтлоқлар босилган. “Устларида на пода бор, на йилқи”. Подачилар қайси дорга осилган? Жавоб бергувчи йўқ.
Туморчалар, ҳамойиллар тақинган,
Далаларда лола барги ёпинган,
Тоғ-тошларда ўйин қилган, чопинган
Гўзал қизлар, ёш келинлар қаерда?
На ердан, на кўкдан садо эшитилади. “Ҳароб бўлган эл”нинг ҳам овози ичга чўккан.
Ҳиндистоннинг қадимий китобларидан бирида худди шахс сингари халқнинг ҳам энг улуғ фазилати “абҳай”, яъни онг ва идрокдаги қўрқмаслик лаёқати деб битилган экан. Қўрқувнинг занжирлари кўп. Ҳақсизлик ва зулмдан қўрқув, амал ва амалдордан қўрқув, жаллод ва жосусдан қўрқув, ҳокимият ва ўлимдан қўрқув – шунга ўхшаш юзлаб қўрқув кишанларидан озод бўлмаган халқнинг қисмати аянчлидир. Бундай халққа “Қўрқманг!” дейиш қўрқувга ундаш билан баробар. Чўлпон “Бузилган ўлкага” шеърида эл эрки ва шижоатини емирувчи зўравонликка қарши чиққан. Бу шеърда ўлка “умидларининг ўлиши”, кўзларида оловларнинг сўниши, танларида “қамчиларнинг кулиши”га тоқат эта олмаган улуғ шоирнинг виждон овози янграгандир. Чўлпонни халқ душманига чиқариб, унинг оти бир умр қаро бўлиб қолишини истагувчи кимсалар бугун мана бу саволларга нима деб жавоб беришаркан:
От минганда қушлар каби учқучи,
Эркин-эркин ҳаволарни кучқучи,
От минганда учар қушни тутғучи,
Учар қушдай ёш йигитлар қаерда?
Ростдан ҳам қани ўша эркин ҳаволар? Қани ўша учқур ва ўктам доно йигитлар? Ваъда қилинган бахтиёр келажак, фаровон турмуш, осуда ҳаёт қани? Хотиржамликдан кўра нохотиржамлик, жасоратга қараганда жонсараклик, яшашга нисбатан ўлим имкониятлари кенгроқ-ку, бугун! Нега? Энг ёмони, бу “имконият”ларнинг кундан-кун кенгайиш ва кучайиш хавфидир. Инонинг, дунёнинг оқу қорасини чуқур англайдиган кишилар учун кўчага чиқиш исмсиз азоб ва ранжга айланиб қолган. Гоҳо одамлар гуруҳига эмас, адоват, нафрат, гумроҳлик оқимига дуч келасан. Халойиқ сийратида норозилик, нимадандир аламзадалик, ишончсизлик ҳислари хуруж қилиб ётибди. Бир-бировни авайлаш, андиша, кечирим, мурувват туйғулари соат сайин камайиб бораётгандек. Сал тортишув, озгина келишмовчиликдан дарҳол нафрат қайнайдики, бу биринчи галда, руҳониятсизлик, ахлоқ қуллигининг натижаси. Узоқ йиллар ёлғон ва алдовлар билан озиқлантирилган, қўрқув ичида қўрқмай турмуш кечирган оломоннинг ўзаро муносабати бошқача бўлиши мумкин эмас. Булар оқибат. Бундай фожиаларнинг сабаблари эса Чўлпон дард билан тасвирлаган вайронкорликлар, хунрезликлар ва забунликларга бориб тақалади.
Оламнинг бош фалсафаси – ЭРК. Бу дунёда ҳар бир халқ ўз юртига ўзи эга, ўзи ҳоким бўлмоғи шарт. Озодлик дегани – ИНСОН. Инсон она Ватанида ҳамма жиҳатдан ўзини озод ҳис қилмас экан, ЭРК тўғрисидаги ҳар қанақа гап қуруқ сафсата. Фақат ҳур элгина юртининг ҳурлигини муҳофаза эта олади. “Бузилган ўлкага” шеъри яратилган даврларда кўнгли “кишанлар бирла” дўстлашган одамларнинг сафи анча кенгайган эди. Эҳтимол, шунинг учун шоир бир қанча долзарб саволларга улуши “ёлғиз қон бўлмиш”, танлари таланган, “куч тангриси” иноятидан маҳрум бўлиб қолган ўлкадан жавоб эшитмоқ истайди ва дейди:
Сенинг эркин тупроғингда ҳеч ҳаққи йўқ хўжалар,
Нега сени бир қул каби қизғанмасдан янчалар?
Халқни “ҳақир кўрган” бу мустабид “хўжалар” кимлар? Нечун улар эркли кишиларнинг эркига тажовуз ўтказишни касб этишган? Ким уларга ўзгаларнинг ўлкасинн “бир қул каби қизғанмасдан” янчишга ҳуқуқ берган? Ахир, инқилоб номи билан шундай қабиҳ ишлар қилинган бўлса, бу жиноят-ку! Гап шундаки, Чўлпонни Октябрь инқилобининг ғаними деб эълон қилганлар ўзлари билиб-билмасдан зулм ва қулликни ёқлаганлар. Ҳақиқатнинг кўзига тик қарай олмасликдан кўп ҳақиқатсизликлар туғилади. Ўтмишни қўя турайлик. Шу яқин йилларда жумҳуриятимизда раҳбар ниқобида иш кўриб, шовинистик сиёсат юргизганлар кимларнинг ворислари? Афсуски, бундай “байналмилал”чиларнинг қаттолликлари туфайли Туркистонда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган қон тўкишлар, вайрон қилишлар бўлган. “Ҳар турли қулликларни сиғдирмаган ҳур ўлка”мизнинг Қўқон мухторияти тугатилишидан кейин кечган бир неча йиллик ниҳоятда қайғули тарихини мукаммал билмас эканмиз, Чўлпоннинг:
Кел, кўзингнинг ёшларини сўриб олай,
Кел, ярали танларингни кўриб олай, тўйиб олай…
дея Ватанга қилган илтижоларининг моҳиятини тўла тушуна олмаймиз.
О.Шарафиддинов “5 мисралик катта шеърнинг бирон жойида “Фарғона” деган сўз тилга олинган эмас. Бинобарин, шоир шеърда Фарғонани эмас, Шарқнинг бошқа бирон ўлкасини назарда тутган бўлиши мумкин”, – дейди. Албатта, “Бузилган ўлкага” шеърини Чўлпоннинг Шарқ мавзуидаги шеърларидан ажратиб бўлмайди. Чунки сарлавҳадан пастда “Шарқ учун” деб ёзиб ҳам қўйилган. Шоир бошқа бир шеърида дейди:
Шарқнинг қайси бурчагига қарасанг,
Йўқлик, ўлим, зулм, қарғиш кўрардинг…
Йигирманчи йилларда айни шундай манзара Бухоро, Хоразм, Тошкент, айниқса, Фарғона учун хос ҳаёт манзараси эди. Бундан кўз юммаслик керак. Зеро, тарихнинг нигоҳи очиқ. Бизнингча, “Бузилган ўлкага” шеъри ночор, қашшоқ, мазлум Шарқ қайғусини ифода этса-да, биринчи навбатда, “кўйлаги” қон, юраги қон, вужуди вайрон этилган Фарғона фожиаларининг моҳиятини очади. Шеър Фарғонада содир этилган бешафқат воқеалар, ижтимоий, сиёсий, ахлоқий жиноятлар ҳасратидан туғилгандир. “Гўзал Фарғона” шеъри билан “Бузилган ўлкага” шеъри орасидаги ғоявий-руҳий яқинлик, улардаги баъзи шеърий образ ва сатрларнинг фавқулодда ўхшашлиги ҳам бизнинг даъвомизга бир далил бўлмоғи мумкин. Масалан, “Гўзал Фарғона”да “Кўзларингда ҳеч кўринмас бир олов, бир ўт ёниш”, дейилса, “Бузилган ўлкага” шеърида айни шу маъно “Нима учун кўзларингда тутошгувчи олов йўқ” тарзида айтилган.
Нима учун ёвларингни бир замон
Йўқ қилгудай темирли ўч йўқ сенда!
Бу байт билан “Ул баланд зўр тоғларинг нега тўсолмас ёв йўлин? Йўқмидур ўткир қилич кесмакка ёвларинг қўлин?” сатрлари ўртасида ҳам моҳиятан жиддий тафовут йўқ.
“Ярим оч, ярим яланғоч миллат динга ҳам, санъатга ҳам эга бўла олмайди”, – деганди Маҳатма Ганди. Биз наинки моддий жиҳатдан, маърифатда ҳам оч ва яланғоч халқ бўлиб қолдик. Саводи йўқ кишига савод ўргатиш унча қийин эмас, албатта. Саводсиз китобларни ўқиб таълим олган кишиларни илмли, зиёли қилиш ниҳоятда қийин. Уларни тўғри сўзни эшитиш, чин ҳақиқатлар устида мушоҳада юритишга ўргатиш бундан-да мушкул. Тарихга доир китобларнинг аксарияти халқни тарихдан узоқлаштиради. Чўлпоннинг “Бузилган ўлкага” шеърига ўхшаш асарлар ана шу бўшлиқни тўлдиришга хизмат қилиши билан ҳам ниҳоятда аҳамиятлидир. Юрак қони билан битилган бундай шеърларни яратмоқ учун фақат шоир бўлиш етмаслигини унутмаслик керакдир.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати»,
1991 йил 9 август