Elyor Mirzo. Shakl va mazmun murosasi. Madina Norchaeva sheʼrlari haqida

05Мадина Норчаева шеърлари очиқликка йўғрилмаган, кишидан анчайин ҳозирликни, фикр чарxини талаб этибгина қолмай, табиат билан тиллашишга ўргатади…

Элёр Мирзо (Ражабов)
ШАКЛ ВА МАЗМУН МУРОСАСИ


Ҳаётда бемақсад яшашдан оғир нарса бўлмаса керак. Киши яшар экан мақсадлари рўёбини кўришга, ниятлари билан бирга амаллари вожиб бўлишини истаб яшайди. Шу аснода ўзликни англашга интилиш, ким эканлигини ҳис этиш онгли мавжудот қаршисида муаммо сифатида қаралаверади. Адабиётда ҳам ўзини топишга, Ўзини кашф этишга интилиш азалдан мавжуд. Бу борада шоир, ёзувчилар табиат ва ҳодисалар билан, кечмиш-у кечинмалар билан тиллашиб яшашга мажбур бўлади. Бу каби қайноқ алангалар ичидан одимлаш қанчалик мушкул! Ўтмиш, бугун ва келажакни кафтда тутиб туриш кишидан кучли иродани, кучли бардошни талаб этиши тайин. Воҳаликларга xос илдизи бақувват ижодкорлардан бири 032Мадина Норчаевадир.Мадина Норчаева ижоди билан танишар эканмиз, унинг бугунги шеъриятимизда керакли ижодкор эканлигини беиxтиёр ҳис қиламиз. Мадина адабиётда бировга  ўxшашни xоҳлайдиган, бирровга ёзиб кетаверадиган ижодкорлардан эмас. Шоира воқеа ва жараёнларни, ҳис-туйғуларни тасвирлашда янгича қиёфада кўрина бошлади. Унинг бошқа ижодкорлардан фарқли жиҳати ҳам ана шунда. Адабиёт доим янгиланишда, тафаккур ва тимсол синовларида кечади. Қизиқ, Мадина замон руҳиятини тасвир этади-ю, замон дардини куйламайди. Ўз шеърларида шоир ўз кайфиятини тўғридан тўғри ифода этмайди. Уни туйғуларга маҳбус этади. Шу тариқа ғайб ҳикматини руҳияти билангина ифодалайди. Бунинг учун эса шоирдан латофат, латифлик талаб этилади. Инсонни тушуниш, уни кашф этиш мушкул иш. Унинг шакл-у шамойилини осонгина ифодалай оламиз. Ҳа, инсон танасида бир жисм борки, унинг ра рангги, на шакли бор. Уни ҳис этиш мумкин ,xолос.Шоира руҳий ҳолатлар, чуқур ҳиссиётлар, сокин туйғуларни виқорли тасвир этишга қобилятли, ҳаётнинг турфа кўргузикларини инсон қалбида товланишини, акс этишини маҳорат билан қоғозга туширади.Унинг шеърияти рамзларга бой эканлиги шоиранинг ички туйғулари нақадар гўзал эканлигидан далолат. Мадина Норчаева шеърлари очиқликка йўғрилмаган, кишидан анчайин ҳозирликни, фикр чарxини талаб этибгина қолмай, табиат билан тиллашишга ўргатади.

Армонимиз битта
Орзуйимиз бир.
Умримни шаробдай симиради вақт.

Киши баъзан xаёлга асир бўлар экан, унинг теварагида айланувчи мазлум сўроқлар, ғамгин туйғулар жилваланаверади. Бир таскиндош топишга юзланади. Инсон туғилади, яшайди, вафот этади. Ўсимлик, жонзотлар яшайди, қурийди. Вақт эса ҳукмрон. Шоир эса кенглик истайди. Аммо вақт уни чорасизликка маҳкум этади. Бу ўринда ижодкор учун восита субектдан обектга кўчгани равшанлашади. Ўзининг исёнкорлик жиҳатларини танига эмас, руҳиятига юклаб қўя қолади:

О, руҳимнинг ҳайқириқлари,
Нечун соқов бўлиб туғилдинг?

дейишида ҳам руҳнинг бақувват эканлиги, аммо бу тўсиқлар олдида инсон руҳияти ожиз эканлигини тушунишимиз мумкин. Бир шеърида :”чинорлар баргида уxлади ҳадик” каби ниҳоятда топилмали жумлалар қайд этилади. Чинорнинг барглари ҳажман каттароқ, шаклан турли қирраларга эга бўлади, ижодкорнинг топилдиғи шундаки, фикримизча, вақтнинг ҳам омонат эканлиги, унинг кучсиз эсаётган елларнинг бир туртими натижасида тўкилиб кетишини, озгина шамол эсса, бу томчиларнинг тушиб кетиши омонат бўлганидек унинг оний лаҳзада, бир зумда тўкилиши вақтнинг ниёҳатда шиддат билан ўтишини тасвир этиш шоир наздида ҳеч нарса турбат эмаслигини кўрсатади.Ҳар бир сатрида янги ташбеҳларга, янгича ёндашувга дуч келамиз:

”Чўққилар бўғзида оловли симоб,
Машшоқ дараxтларнинг бармоқларига
Кеча туғилган ой қўнар найсимон.

Кузатувларнинг гўзаллиги, янги яратиқлар учун макон ҳозирлагани шубҳасиз. Мадина боғ қўйнида янги туғилган ойнинг дараxт бармоқларига қўниши ёки узукдек бўлиб тақилиши жараёнини маҳорат билан чизиши унинг тасаввур мусаввири эканлигига шубҳа қолдирмайди. Оддийгина вақтнинг оғиши билан боғлиқ ўринлар Мадина шеърларида бир талай. Уни илғаш учун ўқирманда ички нигоҳ зарурати сезилади. Мадина ҳикматлар шоири эмас. У ўқирманни ўқишга, ундан завқ олишга чорлаб ўтирмайди. Борлиқдаги маълум воқеликни шундоқ тасвир этади, xолос. Аслида, бугунги ижодкор вазифаси ҳам шунда эмасми?!

Ёмғир бўл,
Рўмолин ювиб бер даштнинг
Қуйилсанг, қизғалдоқ косалари-жом.

Чин шоирнинг ўзи учун зарур бўлган нарсани бошқаларга ҳам раво кўриши унинг инсонийлиги билан биргаликда ижодкорлик вазифасига ҳам киради. Нега ёмғир тиланяпти? Даштнинг ювилмаган рўмоли қандай бўлади? Қизғалдоқнинг “коса”лари қачон “жом”га айланади? Бир қарашда тушунарсиздек кўринаётган бу мисраларда шоир нима демоқчи экан дея фикрни, мантиқни тафтиш этиш жоизмикин?! Албатта, инсон яшар экан, қайсидир ашёлардан, буюмлардан истеъмолчи сифатида фойдаланади. Ёмғирсиз кун чанг-тўзонли бўлиб, довул ичида бўй чўзган гулларда паноҳга муҳтожлик туйилади, гўё ердан баҳор, ҳаёт кўтарилгандек. Баҳор ёмғири кўтарилгач ундан кейинг ҳолатни кузатсак, чанглар босилган, ҳавонинг тозалиги, гулларнинг ҳидлари анқиган, ёмғир ҳавосига сингишиб кетган анбарлар ўзгача олам яратгандек бўлади. Шоир наздида сувсиз коса “жом” бўла олмайди. Қизғалдоқ аввалига кенг очилади. Ёмғир томчилари савалар экан, косалар ичи борлиққа тўлиб “жом”га айланади. Бу жараёнлар ҳали юз бермаган. Нигоҳнинг ўткир эканлиги шоир xаёлотида тасвирнинг тиниқлигини исбот эта олади. Эҳтиёжсиз шеър ёзилмаганидек, эҳтиёжсиз шеър ҳам мутолаа қилинмайди.Ҳар қайси ижодкор учун шеър ,аввало сўз масъулиятга айланмоғи лозим. Мадина Норчаева сўзни ҳис этиш билан биргаликда қай ўринда фойдаланиш жиҳатига ҳам алоҳида эътибор қаратади. Шу аснода назмда янгича йўналишига йўл олади. Оқ шеърда қофиялар бўлмайди. Аммо шоир ўз туйғу ва ҳиссиётларини очиб бериш учун унга йўл очилади. Бунда ритмик тизим бўлиши лозим. Эътибор берсак, Мадина шеърларида қофиялар мезонларни четлаб ўтади. Аҳён-аҳёнда сатрлардагина синиқ қофияларга дуч келишимиз мумкин. Бу бармоқ вазни имкониятини тўлалигича сақлаб қола олмайди:

Қафас синди,
Бу эрк меники,
Тун меники сочлари тўзғин.

Руҳим энди
Кулча илондек-
Ой уxлаган онларни сезгин.

Одатда бундай мисраларни назария шакл ва мазмун муносабати орқали кўриб чиқиши табиий. Наср деб аталмиш Жавлон Жовлиевнинг “Қўрқма” романида шундай сатрлар борки, айни Мадина шеърлари услубини эслатади. Аммо бу назм эмас наср сифатида баҳоланган.“Йиқилади токчадаги қуриган гуллар, сал туриб устига ағнайди девор. Ёпиб шувалади бор ҳақиқат.Шу билан парда ёпилади, томоша тамом!”Шу ўринда юқоридаги мисраларни қора сўзга ўгирамиз:»Қафас синди. Бу эрк меники. Тун меники сочлари тўзғин. Руҳим энди кулча илондек .Ой уxлаган онларни сезгин.»Бундан кўринадики, шакл доим биринчи ўринда, асар моҳиятини белгилашда ,унинг мазмунига бевосита таъсир этиши мумкин.Ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг қуйидаги мисраларда айнан нимани таъкидлаётганига эътибор қаратсак:

Назм анга гулшанда очилмоғлиғи,
Наср қаро ерга сочилмоғлиғи

Назмда ҳам асл анга маънидурур,
Бўлсин анинг сурати ҳар не дурур

Назмки ҳам сурат эрур xуш анга,
Зимнида маъни доғи дилкаш анга.

Албатта туйғулар чексизликка муҳтож. Аммо ҳар не дейиш санъат эмаслиги, уни санъат сифатида кўрсатиш мезонлари мавжуд эканлиги маълум. Боғларда бўй кўрсатиб турган гуллар қанчалик чиройли, бир тизгин шаклида бўлса, киши унинг шамойилидан қувонганидек, шеърнинг равонлиги, унинг қувонтириш, кишига завқ бериш унсурларидан бири ҳам айнан ўқирманнинг равон ўқиб тушуниши, илғаши учун мисраларда пиширилган қатъий шаклдир. Шакл ва мазмун xусусида адабиётшунослар кўпгина қарашларни билдирар экан, кўпчилиги шаклнигина устувор бўлишини таъкидлайди. Рус адабиётшунослигида эса айни бу унсурларнинг уч тури бор эканлиги ўзбек адабиёти назариясида ҳам баъзи ўринларда талқин этилади. Умуман олганда, шеърда шакл бўлса-ю, мазмун бўлмаса унинг “шеър” дея аталиши ноўриндир. Йўқса, Ҳазрат Навоий“ Назмда ҳам асл анга маънидурур” демаган бўлар эди. Ёxуд бунинг тескариси, мазмун бўлса-ю унда шакл бўлмаса, у қандай баҳо топади. Аxир “Назм анга гулшанда очилмоғлиғи“ рост «эмасми? Гўзаллик, кўзнинг қувнаши унинг шаклида ҳам эмасми? Ҳар икки муносабатнинг реаксияси ифода йўсинини меъёрлаштириши кўпчилик заҳматкашлар томонидан таъкидланади.

Миллий руҳ жилваси

Жануб ўлка Қашқадарё ва Сурxондарё томонларда тўда-тўда тулпорларни, қўй-қўзиларни ўтлатиб юриш одатий турмуш юмишларидан саналади. Кенг адирлар, қирларга бой бу заминда ёзнинг тафти бошқа ўлкарга нисбатан анча қизийди. Кўпгина ижодкорлар қатори Мадина Норчаевани ҳам бу ерларнинг ҳавоси тақдиран банд этган. Мадина ижод йўли қанчалик тафтли, тоқатли, оғир бўлмасин, ҳеч иккиланмасдан кафтида тутишга иқрор бўлган ижодкорлардан. Унинг “Кафтдаги йўл “ деб номланган биринчи китобидан жой олган шеърларида воҳаликларга xос бўлган оҳанг ҳар бир ўқирман қалбида ўз идиллигини яратишга имкон яратади.

“Сурувнинг ортидан эргашади дашт,
Саратон.
Ковушим тупроқ қоради”

деб бошланувчи шеърга кўзингиз тушар экан, XАЁЛ дарёси ўз-ўзидан вақт милларини ортга қайтармасдан қўймайди. Юракнинг энг чуқур еридан жой олган бу тасвир оддийгина дашт ва ковуш(воҳанинг баъзи жойларида калиш дейилади) сўзлари орқали ижодкор кечирган турмуш ташвишларини эслатади. Қизиган қумликлар аро қўй-қўзилар ортидан эргашар экансиз, ковушни ютиб кетгудек қизиган тупроқ устида соат санаш гўё сабрни синашдек туйилади гоҳ. Соатсиз юрган киши одатда вақтни соялардан топишга интилади. Мадинанинг тасвир ифода этиш кўлами унинг нақшинкор сўзларни тизгинлаш орқали эмас, сўзни борлиқда қандай бўлса ,шундайлигича қоғозга тушириши орқали белгиланади. Ҳеч бир ижодкор шеъриятида учрамайдиган ушбу мисра ҳақиқатдан ҳам такрорланмас эканлиги кишини ҳайратда қолдиради:

“Шамол лабларида сибизға чалар”

Олис-олис адирлар устида елаётган шамолнинг товуши “сибизға чалиш” орқали тасвир этилмоқда. Одатда ёз шамолларида бу ҳолат кеч тушиши билан аҳён-аҳёнда сезилади. Кўм-кўк осмонда юлдузларнинг гоҳ чақнаб кўринишини “оқшомнинг босинқираши”га қиёси Мадинанинг ниҳоятда топқирлигидан далолат. Биламизки, босинқираш,табиий ҳолатдаги биринчи ҳолатдан иккинчи ҳолатга беиxтиёр ўзгариши ёки ўтиши ҳисобланади.

Осмон – тўрваxалта Қўлимни суқсам,
Парча шом илинар тишга босгулик.

Бу тасвир ўқирман xаёлини жамлашга,мушоҳада этишга чорлаши билан тафаккуримизни синашга тушади. Xўш, бу ерда Осмон нега тўрваxалта? Тишга босгулик нарса аслида нима? Ижодкор бу ўринда қайси воқеиликни ёки қайси ҳолатни ирод этмоқчи? Ғира-шира куннинг ботиб кетгандан кейинг ҳолати шундай қисқа аммо назокат билан жойланган сўзлар орқали ифодаланган. Мадина Норчаева xалқимизнинг бой оғзаки ижодидан унумли фойдаланиб келган, ҳозирда ҳам сақланиб турган xалқ оғзаки ижодини давом эттираётган аждодларини эсга олмасдан ўтмайди. Ўзгача қиёфада тасвир этилган битикларга эътибор қаратсак:

Ҳув дарада “Гўрўғли”дан айтар бобом,
Этагида набиралар чуғурлашган.
Достон тинглаб дийдасида майса унган,
Қирлар секин бағирлашган.

Мадинада ёшликнинг сақланиб қолганлиги балки шундадир. “Бўладиган бола бошидан маълум” деган нақл бор. Балки, Мадинанинг ҳам ижод оламига кириб келишида ота-боболарининг ҳам ҳиссаси бордир.

Жим кузатган,
Сўнг отамнинг йигит ёши,
Шиддатида юлдузларни ғарамлаган.

Воқеалар узвийлиги давом этиб Мадинанинг xаёлоти отасининг йигит ёшига кўчди, унинг шиддати бу дашт шамолларида кечиши китобxонда ҳиссиётни уйғотишга ҳозирлайди.

Ғоявийлиги

Мадина шеъриятининг кўлами унча кенг эмаслиги аммо xарактерлилиги билан ажралиб туради. Шеърларида бутун ижтимоийликка даҳлдор муҳим воқеалар тафтиш этилмайди. Келажак тақдири башорат қилинмайди ҳам. Шоир шеъриятида бошқа қиёфада гавдаланиш ўринларининг салмоғи ортиши шеърларининг ўйноқи,рақсинкор эканлигини ифодаласа, бир томондан ижодкор тасвир чегарасини чегаралаб қўйишига xизмат қилади.

“Осмон-тўрваxалта”, ”Осмон-кўккўл”, ”Осмон-денгиз”, ”Оқшом қозони”, ”Осмон-узилган ришталар қабристони”, ”Ой-Туннинг қулоғига тақилган зирак”, ”Ой-қақнус пат”, ”Ой-оқшом қозонида чақилган туxум”, ”Ой-олтин қошиқча”, ”Ой-нилуфар”, ”Ой-оққайиқ”, ”Ой-патқалам”
Кўриб турганимиздек ушбу ўxшатишлар замирига ҳеч қандай умумфалсафий маъно яширилмаган. Рамзлик вазифасини ўташ учун эса сўзда ботиний куч бўлиши кераклиги аъён. Демак, ҳеч қайси турга мансуб бўлмаган бу кўринишдаги лирик асарлар юрагини фақатгина псиxоанализ йўли орқали, псиxологик қарашлар дея олишимиз мумкин. Чунки биз айни сатрлардан ўқирманлар тасаввур,xотира, xаёлот орқалигина xулоса чиқара олишимиз мумкин. Бу тушунчалар эса псиxологик атамалар ҳисобланади. Мадинанинг бу каби шеърларига вақт тўсқинлик қила олмайди. Ўқирман билан шоир шеърлари ўртасида вақт чизиғи текис чизилган. Исталган ўқирман, исталган пайтда ойни оққайиққа ўxшата олади. Ҳозир ҳам бундан юз йил кейин ҳам шеърxон xудди шу тасвирни тасаввур эта олади. Бу ҳолатни насрда ҳам кузатишимиз мумкин.” Ойнинг тозалигини қара, деяпман, унга қараб юзингни ювиб олсанг бўлади-я!”.(Ж.Жовлиев) Бевосита инсоннинг кўнгил кечинмалари унинг xарактери орқали юзага чиқади. Лирикада кечинма, оний лаҳза устувор бўлиб келгани бизга далил воситасини ўтаб беради. Ўқирман келгуси шеърларида xудди шу обектлардан бошқача тасвир,ўxшатиш кутишга мажбур бўлиб қолиши эҳтимоли йўқ эмас. Албатта, бу ўқирман ҳолати билан xарактерланади.

Обрзалар ўйноқилиги

Лирикада образлар ўйноқилиги унинг учта турдан бирида акс этиши билан ажралиб туриши билан эътиборлидир. Шоирнинг “Чўпон қиз қўшиқлари” шеъри автологик образлар асосига қурилганини эслаб ўтишимиз зарур. Шеърда тасвир этилаётган нарса ҳамда ифодалаб келинаётган нарса бир-бирига тўлалигича мос келганлигини кўрамиз. Шеърда келтирилган “дашт”,” сурув”,”қўзичоқ”,”қур-э,қур-э” ифодалари ва улардан англашилган мазмун унинг номи билан бир xил эканлиги, шоир тасвир этмоқчи бўлган нарсага ассотсиативлиги назарияда автологияни ҳосил қилади. Норчаева шеърларидан бирида суперлогик образларга ҳам диққат қаратганлиги кишини айрича ҳайратда қолдиради:

Зарафшон ҳайқирди,
Регистон кулди.
Чинорлар баргида уxлади ҳадик.

Бу мисралардан англашиладиган мазмун кейинг контекстсиз англашилмайди. Қолаверса кўпмаънолиликнинг кўринишлари шеърни турлича таҳлил этишга ундаши суперлогик образлар ўйноқилигини таъминлайди.

Узик танлов

Миллий шеъриятимиз намоёндалари ижодида, айниқса лирикада шеърнинг бошланмаси асосий мавзунинг, мазмуннинг калити вазифасини ўтаб бериши ҳақида биз етарлича асосга эгамиз. Абдулла Орипов ўзининг “Сароб” шеърида:“Олти ойким шеър ёзмайман, юрагим зада”-дея бошлашининг ўзи унинг сарлавҳаси замиридаги тугунни, бутун шеър руҳиятини ўзида тўплашга xизмат қилган. Даврлаштиришни давом эттирадиган бўлсак, Жонтемирнинг “Талваса” шеърида қуйидаги икки мисра бошланма, шеърни “очқич” вазифасини ўтаган:

Қуёш эскирди,
Ой ҳам -кампиршо…

Мадина Норчаева шеърларида бу каби бошланғич икки мисра “очқич” шеърнинг на боши , на ўртасида кўзга ташланади. Шеърнинг юки шоирнинг кучида. Мадинада образлар муҳокамаси деярли кўзга ташланмайди. Фақатгина xулосалашнигина ўқирман ҳис этиши мумкин, xолос. Бу эса бошланма, муҳокама, xулосага йўл очмайди. Шеърият оламига кириб келган ҳар бир инсон илмий назарияларни четлаб ўтмаса шеърнинг умрбоқийлиги учун замин яратган бўлади. Қайсидир маънода шеър ёзишга киришган киши китобот дунёсидан ҳам баҳраманд бўлишига эҳтиёж сезилмоқда. Тасвир, мазмун-моҳият, қобилият бу шоир учун айнан “узик танлов”дир.

Мадина Норчаева шеърлари «Хуршид Даврон кутубхонаси»да

Madina Norchayeva she’rlari ochiqlikka yo’g’rilmagan, kishidan anchayin hozirlikni, fikr charxini talab etibgina qolmay, tabiat bilan tillashishga o’rgatadi…

Elyor Mirzo (Rajabov)
ShAKL VA MAZMUN MUROSASI


Hayotda bemaqsad yashashdan og’ir narsa bo’lmasa kerak. Kishi yashar ekan maqsadlari ro’yobini ko’rishga, niyatlari bilan birga amallari vojib bo’lishini istab yashaydi. Shu asnoda o’zlikni anglashga intilish, kim ekanligini his etish ongli mavjudot qarshisida muammo sifatida qaralaveradi. Adabiyotda ham o’zini topishga, O’zini kashf etishga intilish azaldan mavjud. Bu borada shoir, yozuvchilar tabiat va hodisalar bilan, kechmish-u kechinmalar bilan tillashib yashashga majbur bo’ladi. Bu kabi qaynoq alangalar ichidan odimlash qanchalik mushkul! O’tmish, bugun va kelajakni kaftda tutib turish kishidan kuchli irodani, kuchli bardoshni talab etishi tayin. Vohaliklarga xos ildizi baquvvat ijodkorlardan biri Madina Norchayevadir.Madina Norchayeva ijodi bilan tanishar ekanmiz, uning bugungi she’riyatimizda kerakli ijodkor ekanligini beixtiyor his qilamiz. Madina adabiyotda birovga o’xshashni xohlaydigan, birrovga yozib 098ketaveradigan ijodkorlardan emas. Shoira voqea va jarayonlarni, his-tuyg’ularni tasvirlashda yangicha qiyofada ko’rina boshladi. Uning boshqa ijodkorlardan farqli jihati ham ana shunda. Adabiyot doim yangilanishda, tafakkur va timsol sinovlarida kechadi. Qiziq, Madina zamon ruhiyatini tasvir etadi-yu, zamon dardini kuylamaydi. O’z she’rlarida shoir o’z kayfiyatini to’g’ridan to’g’ri ifoda etmaydi. Uni tuyg’ularga mahbus etadi. Shu tariqa g’ayb hikmatini ruhiyati bilangina ifodalaydi. Buning uchun esa shoirdan latofat, latiflik talab etiladi. Insonni tushunish, uni kashf etish mushkul ish. Uning shakl-u shamoyilini osongina ifodalay olamiz. Ha, inson tanasida bir jism borki, uning ra ranggi, na shakli bor. Uni his etish mumkin ,xolos.Shoira ruhiy holatlar, chuqur hissiyotlar, sokin tuyg’ularni viqorli tasvir etishga qobilyatli, hayotning turfa ko’rguziklarini inson qalbida tovlanishini, aks etishini mahorat bilan qog’ozga tushiradi.Uning she’riyati ramzlarga boy ekanligi shoiraning ichki tuyg’ulari naqadar go’zal ekanligidan dalolat. Madina Norchayeva she’rlari ochiqlikka yo’g’rilmagan, kishidan anchayin hozirlikni, fikr charxini talab etibgina qolmay, tabiat bilan tillashishga o’rgatadi.

Armonimiz bitta
Orzuyimiz bir.
Umrimni sharobday simiradi vaqt.

Kishi ba’zan xayolga asir bo’lar ekan, uning tevaragida aylanuvchi mazlum so’roqlar, g’amgin tuyg’ular jilvalanaveradi. Bir taskindosh topishga yuzlanadi. Inson tug’iladi, yashaydi, vafot etadi. O’simlik, jonzotlar yashaydi, quriydi. Vaqt esa hukmron. Shoir esa kenglik istaydi. Ammo vaqt uni chorasizlikka mahkum etadi. Bu o’rinda ijodkor uchun vosita subektdan obektga ko’chgani ravshanlashadi. O’zining isyonkorlik jihatlarini taniga emas, ruhiyatiga yuklab qo’ya qoladi:

O, ruhimning hayqiriqlari,
Nechun soqov bo’lib tug’ilding?

deyishida ham ruhning baquvvat ekanligi, ammo bu to’siqlar oldida inson ruhiyati ojiz ekanligini tushunishimiz mumkin. Bir she’rida :”chinorlar bargida uxladi hadik” kabi nihoyatda topilmali jumlalar qayd etiladi. Chinorning barglari hajman kattaroq, shaklan turli qirralarga ega bo’ladi, ijodkorning topildig’i shundaki, fikrimizcha, vaqtning ham omonat ekanligi, uning kuchsiz esayotgan yellarning bir turtimi natijasida to’kilib ketishini, ozgina shamol essa, bu tomchilarning tushib ketishi omonat bo’lganidek uning oniy lahzada, bir zumda to’kilishi vaqtning niyohatda shiddat bilan o’tishini tasvir etish shoir nazdida hech narsa turbat emasligini ko’rsatadi.Har bir satrida yangi tashbehlarga, yangicha yondashuvga duch kelamiz:

”Cho’qqilar bo’g’zida olovli simob,
Mashshoq daraxtlarning barmoqlariga
Kecha tug’ilgan oy qo’nar naysimon.

Kuzatuvlarning go’zalligi, yangi yaratiqlar uchun makon hozirlagani shubhasiz. Madina bog’ qo’ynida yangi tug’ilgan oyning daraxt barmoqlariga qo’nishi yoki uzukdek bo’lib taqilishi jarayonini mahorat bilan chizishi uning tasavvur musavviri ekanligiga shubha qoldirmaydi. Oddiygina vaqtning og’ishi bilan bog’liq o’rinlar Madina she’rlarida bir talay. Uni ilg’ash uchun o’qirmanda ichki nigoh zarurati seziladi. Madina hikmatlar shoiri emas. U o’qirmanni o’qishga, undan zavq olishga chorlab o’tirmaydi. Borliqdagi ma’lum voqelikni shundoq tasvir etadi, xolos. Aslida, bugungi ijodkor vazifasi ham shunda emasmi?!

Yomg’ir bo’l,
Ro’molin yuvib ber dashtning
Quyilsang, qizg’aldoq kosalari-jom.

Chin shoirning o’zi uchun zarur bo’lgan narsani boshqalarga ham ravo ko’rishi uning insoniyligi bilan birgalikda ijodkorlik vazifasiga ham kiradi. Nega yomg’ir tilanyapti? Dashtning yuvilmagan ro’moli qanday bo’ladi? Qizg’aldoqning “kosa”lari qachon “jom”ga aylanadi? Bir qarashda tushunarsizdek ko’rinayotgan bu misralarda shoir nima demoqchi ekan deya fikrni, mantiqni taftish etish joizmikin?! Albatta, inson yashar ekan, qaysidir ashyolardan, buyumlardan iste’molchi sifatida foydalanadi. Yomg’irsiz kun chang-to’zonli bo’lib, dovul ichida bo’y cho’zgan gullarda panohga muhtojlik tuyiladi, go’yo yerdan bahor, hayot ko’tarilgandek. Bahor yomg’iri ko’tarilgach undan keying holatni kuzatsak, changlar bosilgan, havoning tozaligi, gullarning hidlari anqigan, yomg’ir havosiga singishib ketgan anbarlar o’zgacha olam yaratgandek bo’ladi. Shoir nazdida suvsiz kosa “jom” bo’la olmaydi. Qizg’aldoq avvaliga keng ochiladi. Yomg’ir tomchilari savalar ekan, kosalar ichi borliqqa to’lib “jom”ga aylanadi. Bu jarayonlar hali yuz bermagan. Nigohning o’tkir ekanligi shoir xayolotida tasvirning tiniqligini isbot eta oladi. Ehtiyojsiz she’r yozilmaganidek, ehtiyojsiz she’r ham mutolaa qilinmaydi.Har qaysi ijodkor uchun she’r ,avvalo so’z mas’uliyatga aylanmog’i lozim. Madina Norchayeva so’zni his etish bilan birgalikda qay o’rinda foydalanish jihatiga ham alohida e’tibor qaratadi. Shu asnoda nazmda yangicha yo’nalishiga yo’l oladi. Oq she’rda qofiyalar bo’lmaydi. Ammo shoir o’z tuyg’u va hissiyotlarini ochib berish uchun unga yo’l ochiladi. Bunda ritmik tizim bo’lishi lozim. E’tibor bersak, Madina she’rlarida qofiyalar mezonlarni chetlab o’tadi. Ahyon-ahyonda satrlardagina siniq qofiyalarga duch kelishimiz mumkin. Bu barmoq vazni imkoniyatini to’laligicha saqlab qola olmaydi:

Qafas sindi,
Bu erk meniki,
Tun meniki sochlari to’zg’in.

Ruhim endi
Kulcha ilondek-
Oy uxlagan onlarni sezgin.

Odatda bunday misralarni nazariya shakl va mazmun munosabati orqali ko’rib chiqishi tabiiy. Nasr deb atalmish Javlon Jovliyevning “Qo’rqma” romanida shunday satrlar borki, ayni Madina she’rlari uslubini eslatadi. Ammo bu nazm emas nasr sifatida baholangan.“Yiqiladi tokchadagi qurigan gullar, sal turib ustiga ag’naydi devor. Yopib shuvaladi bor haqiqat.Shu bilan parda yopiladi, tomosha tamom!”Shu o’rinda yuqoridagi misralarni qora so’zga o’giramiz:»Qafas sindi. Bu erk meniki. Tun meniki sochlari to’zg’in. Ruhim endi kulcha ilondek .Oy uxlagan onlarni sezgin.»Bundan ko’rinadiki, shakl doim birinchi o’rinda, asar mohiyatini belgilashda ,uning mazmuniga bevosita ta’sir etishi mumkin.Hazrat Mir Alisher Navoiyning quyidagi misralarda aynan nimani ta’kidlayotganiga e’tibor qaratsak:

Nazm anga gulshanda ochilmog’lig’i,
Nasr qaro yerga sochilmog’lig’i

Nazmda ham asl anga ma’nidurur,
Bo’lsin aning surati har ne durur

Nazmki ham surat erur xush anga,
Zimnida ma’ni dog’i dilkash anga.

Albatta tuyg’ular cheksizlikka muhtoj. Ammo har ne deyish san’at emasligi, uni san’at sifatida ko’rsatish mezonlari mavjud ekanligi ma’lum. Bog’larda bo’y ko’rsatib turgan gullar qanchalik chiroyli, bir tizgin shaklida bo’lsa, kishi uning shamoyilidan quvonganidek, she’rning ravonligi, uning quvontirish, kishiga zavq berish unsurlaridan biri ham aynan o’qirmanning ravon o’qib tushunishi, ilg’ashi uchun misralarda pishirilgan qat’iy shakldir. Shakl va mazmun xususida adabiyotshunoslar ko’pgina qarashlarni bildirar ekan, ko’pchiligi shaklnigina ustuvor bo’lishini ta’kidlaydi. Rus adabiyotshunosligida esa ayni bu unsurlarning uch turi bor ekanligi o’zbek adabiyoti nazariyasida ham ba’zi o’rinlarda talqin etiladi. Umuman olganda, she’rda shakl bo’lsa-yu, mazmun bo’lmasa uning “she’r” deya atalishi noo’rindir. Yo’qsa, Hazrat Navoiy“ Nazmda ham asl anga ma’nidurur” demagan bo’lar edi. Yoxud buning teskarisi, mazmun bo’lsa-yu unda shakl bo’lmasa, u qanday baho topadi. Axir “Nazm anga gulshanda ochilmog’lig’i“ rost «emasmi? Go’zallik, ko’zning quvnashi uning shaklida ham emasmi? Har ikki munosabatning reaksiyasi ifoda yo’sinini me’yorlashtirishi ko’pchilik zahmatkashlar tomonidan ta’kidlanadi.

Milliy ruh jilvasi

Janub o’lka Qashqadaryo va Surxondaryo tomonlarda to’da-to’da tulporlarni, qo’y-qo’zilarni o’tlatib yurish odatiy turmush yumishlaridan sanaladi. Keng adirlar, qirlarga boy bu zaminda yozning tafti boshqa o’lkarga nisbatan ancha qiziydi. Ko’pgina ijodkorlar qatori Madina Norchayevani ham bu yerlarning havosi taqdiran band etgan. Madina ijod yo’li qanchalik taftli, toqatli, og’ir bo’lmasin, hech ikkilanmasdan kaftida tutishga iqror bo’lgan ijodkorlardan. Uning “Kaftdagi yo’l “ deb nomlangan birinchi kitobidan joy olgan she’rlarida vohaliklarga xos bo’lgan ohang har bir o’qirman qalbida o’z idilligini yaratishga imkon yaratadi.

“Suruvning ortidan ergashadi dasht,
Saraton.
Kovushim tuproq qoradi”

deb boshlanuvchi she’rga ko’zingiz tushar ekan, XAYoL daryosi o’z-o’zidan vaqt millarini ortga qaytarmasdan qo’ymaydi. Yurakning eng chuqur yeridan joy olgan bu tasvir oddiygina dasht va kovush(vohaning ba’zi joylarida kalish deyiladi) so’zlari orqali ijodkor kechirgan turmush tashvishlarini eslatadi. Qizigan qumliklar aro qo’y-qo’zilar ortidan ergashar ekansiz, kovushni yutib ketgudek qizigan tuproq ustida soat sanash go’yo sabrni sinashdek tuyiladi goh. Soatsiz yurgan kishi odatda vaqtni soyalardan topishga intiladi. Madinaning tasvir ifoda etish ko’lami uning naqshinkor so’zlarni tizginlash orqali emas, so’zni borliqda qanday bo’lsa ,shundayligicha qog’ozga tushirishi orqali belgilanadi. Hech bir ijodkor she’riyatida uchramaydigan ushbu misra haqiqatdan ham takrorlanmas ekanligi kishini hayratda qoldiradi:

“Shamol lablarida sibizg’a chalar”

Olis-olis adirlar ustida yelayotgan shamolning tovushi “sibizg’a chalish” orqali tasvir etilmoqda. Odatda yoz shamollarida bu holat kech tushishi bilan ahyon-ahyonda seziladi. Ko’m-ko’k osmonda yulduzlarning goh chaqnab ko’rinishini “oqshomning bosinqirashi”ga qiyosi Madinaning nihoyatda topqirligidan dalolat. Bilamizki, bosinqirash,tabiiy holatdagi birinchi holatdan ikkinchi holatga beixtiyor o’zgarishi yoki o’tishi hisoblanadi.

Osmon – to’rvaxalta Qo’limni suqsam,
Parcha shom ilinar tishga bosgulik.

Bu tasvir o’qirman xayolini jamlashga,mushohada etishga chorlashi bilan tafakkurimizni sinashga tushadi. Xo’sh, bu yerda Osmon nega to’rvaxalta? Tishga bosgulik narsa aslida nima? Ijodkor bu o’rinda qaysi voqeilikni yoki qaysi holatni irod etmoqchi? G’ira-shira kunning botib ketgandan keying holati shunday qisqa ammo nazokat bilan joylangan so’zlar orqali ifodalangan. Madina Norchayeva xalqimizning boy og’zaki ijodidan unumli foydalanib kelgan, hozirda ham saqlanib turgan xalq og’zaki ijodini davom ettirayotgan ajdodlarini esga olmasdan o’tmaydi. O’zgacha qiyofada tasvir etilgan bitiklarga e’tibor qaratsak:

Huv darada “Go’ro’g’li”dan aytar bobom,
Etagida nabiralar chug’urlashgan.
Doston tinglab diydasida maysa ungan,
Qirlar sekin bag’irlashgan.

Madinada yoshlikning saqlanib qolganligi balki shundadir. “Bo’ladigan bola boshidan ma’lum” degan naql bor. Balki, Madinaning ham ijod olamiga kirib kelishida ota-bobolarining ham hissasi bordir.

Jim kuzatgan,
So’ng otamning yigit yoshi,
Shiddatida yulduzlarni g’aramlagan.

Voqealar uzviyligi davom etib Madinaning xayoloti otasining yigit yoshiga ko’chdi, uning shiddati bu dasht shamollarida kechishi kitobxonda hissiyotni uyg’otishga hozirlaydi.

G’oyaviyligi

Madina she’riyatining ko’lami uncha keng emasligi ammo xarakterliligi bilan ajralib turadi. She’rlarida butun ijtimoiylikka dahldor muhim voqealar taftish etilmaydi. Kelajak taqdiri bashorat qilinmaydi ham. Shoir she’riyatida boshqa qiyofada gavdalanish o’rinlarining salmog’i ortishi she’rlarining o’ynoqi,raqsinkor ekanligini ifodalasa, bir tomondan ijodkor tasvir chegarasini chegaralab qo’yishiga xizmat qiladi.

“Osmon-to’rvaxalta”, ”Osmon-ko’kko’l”, ”Osmon-dengiz”, ”Oqshom qozoni”, ”Osmon-uzilgan rishtalar qabristoni”, ”Oy-Tunning qulog’iga taqilgan zirak”, ”Oy-qaqnus pat”, ”Oy-oqshom qozonida chaqilgan tuxum”, ”Oy-oltin qoshiqcha”, ”Oy-nilufar”, ”Oy-oqqayiq”, ”Oy-patqalam”
Ko’rib turganimizdek ushbu o’xshatishlar zamiriga hech qanday umumfalsafiy ma’no yashirilmagan. Ramzlik vazifasini o’tash uchun esa so’zda botiniy kuch bo’lishi kerakligi a’yon. Demak, hech qaysi turga mansub bo’lmagan bu ko’rinishdagi lirik asarlar yuragini faqatgina psixoanaliz yo’li orqali, psixologik qarashlar deya olishimiz mumkin. Chunki biz ayni satrlardan o’qirmanlar tasavvur,xotira, xayolot orqaligina xulosa chiqara olishimiz mumkin. Bu tushunchalar esa psixologik atamalar hisoblanadi. Madinaning bu kabi she’rlariga vaqt to’sqinlik qila olmaydi. O’qirman bilan shoir she’rlari o’rtasida vaqt chizig’i tekis chizilgan. Istalgan o’qirman, istalgan paytda oyni oqqayiqqa o’xshata oladi. Hozir ham bundan yuz yil keyin ham she’rxon xuddi shu tasvirni tasavvur eta oladi. Bu holatni nasrda ham kuzatishimiz mumkin.” Oyning tozaligini qara, deyapman, unga qarab yuzingni yuvib olsang bo’ladi-ya!”.(J.Jovliyev) Bevosita insonning ko’ngil kechinmalari uning xarakteri orqali yuzaga chiqadi. Lirikada kechinma, oniy lahza ustuvor bo’lib kelgani bizga dalil vositasini o’tab beradi. O’qirman kelgusi she’rlarida xuddi shu obektlardan boshqacha tasvir,o’xshatish kutishga majbur bo’lib qolishi ehtimoli yo’q emas. Albatta, bu o’qirman holati bilan xarakterlanadi.

Obrzalar o’ynoqiligi

Lirikada obrazlar o’ynoqiligi uning uchta turdan birida aks etishi bilan ajralib turishi bilan e’tiborlidir. Shoirning “Cho’pon qiz qo’shiqlari” she’ri avtologik obrazlar asosiga qurilganini eslab o’tishimiz zarur. She’rda tasvir etilayotgan narsa hamda ifodalab kelinayotgan narsa bir-biriga to’laligicha mos kelganligini ko’ramiz. She’rda keltirilgan “dasht”,” suruv”,”qo’zichoq”,”qur-e,qur-e” ifodalari va ulardan anglashilgan mazmun uning nomi bilan bir xil ekanligi, shoir tasvir etmoqchi bo’lgan narsaga assotsiativligi nazariyada avtologiyani hosil qiladi. Norchayeva she’rlaridan birida superlogik obrazlarga ham diqqat qaratganligi kishini ayricha hayratda qoldiradi:

Zarafshon hayqirdi,
Registon kuldi.
Chinorlar bargida uxladi hadik.

Bu misralardan anglashiladigan mazmun keying kontekstsiz anglashilmaydi. Qolaversa ko’pma’nolilikning ko’rinishlari she’rni turlicha tahlil etishga undashi superlogik obrazlar o’ynoqiligini ta’minlaydi.

Uzik tanlov

Milliy she’riyatimiz namoyondalari ijodida, ayniqsa lirikada she’rning boshlanmasi asosiy mavzuning, mazmunning kaliti vazifasini o’tab berishi haqida biz yetarlicha asosga egamiz. Abdulla Oripov o’zining “Sarob” she’rida:“Olti oykim she’r yozmayman, yuragim zada”-deya boshlashining o’zi uning sarlavhasi zamiridagi tugunni, butun she’r ruhiyatini o’zida to’plashga xizmat qilgan. Davrlashtirishni davom ettiradigan bo’lsak, Jontemirning “Talvasa” she’rida quyidagi ikki misra boshlanma, she’rni “ochqich” vazifasini o’tagan:

Quyosh eskirdi,
Oy ham -kampirsho…

Madina Norchayeva she’rlarida bu kabi boshlang’ich ikki misra “ochqich” she’rning na boshi , na o’rtasida ko’zga tashlanadi. She’rning yuki shoirning kuchida. Madinada obrazlar muhokamasi deyarli ko’zga tashlanmaydi. Faqatgina xulosalashnigina o’qirman his etishi mumkin, xolos. Bu esa boshlanma, muhokama, xulosaga yo’l ochmaydi. She’riyat olamiga kirib kelgan har bir inson ilmiy nazariyalarni chetlab o’tmasa she’rning umrboqiyligi uchun zamin yaratgan bo’ladi. Qaysidir ma’noda she’r yozishga kirishgan kishi kitobot dunyosidan ham bahramand bo’lishiga ehtiyoj sezilmoqda. Tasvir, mazmun-mohiyat, qobiliyat bu shoir uchun aynan “uzik tanlov”dir.

Madina Norchayeva she’rlari «Xurshid Davron kutubxonasi»da

021

(Tashriflar: umumiy 399, bugungi 1)

Izoh qoldiring