Oybek. Bola Alisher. Qissa

oybek

    Устоз Ойбекнинг «Болалик» ва «Бола Алишер» қиссалари менинг болаликда ўқиган ва бир умрга меҳр қўйган китобларимдир. Аввал «Болалик»ни ўқиганман, қайта-қайта мутолаа қилганман. Йиллар ўтиб «Бола Алишер»ни топганман. Бу икки асар болалигимнинг севимли китоблари Миркарим Осимнинг «Ўтрор»,Ананяннинг «Қоплон дара асирлари»,Ғафур Ғуломнинг «Шум бола» ва эртак тўпламлари қаторида эди.

ОЙБЕК
БОЛА АЛИШЕР
04

07Кафтига қуёш қўндирилгандай чарақлаган, кенг чорхари меҳмонхонада янги явмуд гилам устида тиғиз давра қурган қўноқлар, яқин дўстлар самимий суханварлик ила суҳбат қилурлар. Катта кашмирий шол дастурхон узра писта-бодом, мағиз, асал, хилма-хил ҳолвалар тўкилган. Меҳмонлар ошаб ичиш ила турли қизиқ воқеалардан гаплашурлар; мажлисда хуш суҳбат бир дам узилмас эди. Ғиёсиддин Кичкина — камтар, мулойим феълли, кўзлари ақлли, калта соқоли ўзига ярашган, жуссаси кичик киши. Кўпчилик уни Ғиёсиддин Кичкина дер, аммо яқин дўстлари кўпинча Кичик баҳодир дер эдилар.

Хуросон ўлкасида молия ишларида муҳим мансабни эгаллаган, Сабзавор ҳокими ҳам бўлган Ғиёсиддин Кичкина юксак мавқели беклардан эди. Ўлканинг турли вилоятларида юра-юра, ниҳоят, осмони гўзал мовий нурга чўмган, ўзининг севимли шаҳри Ҳиротдаги ҳовлисида истиқомат қилур эди. Ҳовли ҳам Ҳиротнинг шимоли шарқида, сердарахт, хуш бир манзилга қурилган эди.

Шарақлаб қайнаб турган, қорнида қуёш жилваси ўйнаган катта мис қумғонни кўтариб кирган мулозим чойнакка хўшбўй чойни дамлагач, тавозе ила хўжасига узатди-да, енгил юриб чиқиб кетди. Ғиёсиддин Кичкина пиёз пўсти каби юпқа нафис Хитой пиёлаларига чой сузиб, дўстларига бир-бир узатар эди.

Мажлис аҳлидан бири, етмишлардан ошиб, саксонларга борган қария, барлослардан эди. Қош-қовоғи осилган бу киши даставвал одати бўйича бир йўталиб олгач, сўзларини қўрғошин салмоқлиги ила доналаб гапира бошлади. Ёшлигида Темурнинг жасур жангчиларидан, севимли мард йигитларидан бўлган қари барлоснинг юзидаги қайғу кўлкасини шу тобда дўстлари очиқ кўрар, чуқур ҳис қилар эдилар.

— Туркистоннинг, Хуросон мамлакатининг аҳволига бир назар ташлангиз… Билмадим, оқибати не бўлур?! Ҳазрат Темур яратган давлат чил-чил бузилди. Темурдан сўнг хийла вақт шаҳзодаларнинғ боши жангдан чиқмади, ҳар бири ҳамиша муттасил, ўз нафсини ўйлайди, Сулаймон тахтини ёлғиз ўзига раво кўради. Ҳа, шундай шаҳзодаларнинг она сути ҳануз оғзида бўлган энг кичиги ҳам, отнинг олдинги оёғи ўзим бўламан, дейди. Муддаолари шу барчасининг. Ҳеч бир ақли комил соҳибнинг иши эмас бу. Давлатнинг илдизи бир бўлмаса, халқ жабр денгизига ботиб кетгуси муҳаққақ. Қаршимиздаги фоже аҳвол шулдир. Бу янглиғ андишалар каминанинг кўнглига кундан-кун андуҳ тўлдириб борур. Бутун жаҳонни титратган хоқон Темурнинг тантанасини кўрган биз каби қарияларнинг бундай фалокатга зарра қадар бардош бермоғи мутлақо қийиндир. Бунингдек даҳшатли фалокатни даф этмоқ тадбирини ахтариш — барчамизнинг бурчимиз.

Қуюқ туман каби ўртага чўккан сукунат бир неча дақиқа давом этди. Кекса барлоснинг айтганларидан таъсирланиб чуқур хаёлда ўтирган маъмурлардан бири совиб қолаёзган чойни тез-тез ҳўплади-да, пиёлани дастурхонга қўйди. Белида ханжар, бошида сувсар телпак, гавдаси миқти маъмур сийрак соқолини бир силаб олгач, қуюқ қошларини кўтариб, теран жойлашган кичик кўзларини кекса барлосга тикди:

— Айттанларингиз маъқул, тақсир, улуғ хоқонимиз Темур офтоб каби оламда ёлғиз эдилар, жаҳонни кўп қамраган эдилар. Ҳазрат Шоҳруҳ Хуросонда жанг бўрони, қон дарёси оқизиб ҳам бир нав тартиб жорий этолмадилар. Темур давлатининг этак-этаклари кесилди-да, қўлда қолгани қолди. Энди ҳазрат Шоҳруҳ кексайдилар. Шаҳзодалараро тағин низолар, жанг-қирғинлар алангаланиб кетмагай, деб гумон қилурмиз. Лекин амин бўлсинларки, Самарқанд тахтида ўлтирмиш Улуғбек ҳазрат бобосига муносиб илм-маърифат машъалини баланд кўтармиш олим хоқондир. Ортиқча иштибоҳлар ила беҳуда изтироб чекмагайсизлар.

Гап Улуғбек устига кўчганидан севиниб кегган Мирсаид сабрсизлик билан сўз кутарди. Маъмур гапига нуқта қўйиши билан Мирсаид дарҳол сўзини илиб олди. Ажойиб рангдор услуб эгаси, туркий шеърлар ила машҳур Қобулий тахаллусли, эллик ёшлардаги бу шоир Алишернинг тоғаси эди. Оппоқ чақнаган такясини бошида бир айлантириб олгач, кулимсираб, деди:

— Жаноблар, Улуғбек ҳазратлари жаҳонда илмнинг энг улкан кони дея минг дафъа фахрлансак ҳамки оздир. Расадхонаси бу оламда якка, мисли йўқ. Мен Самарқанд сафаримда расадхонани кўргач, ақл-ҳушимни йўқотдим.

088

«БОЛА АЛИШЕР» ҚИССАСИНИНГ ДАВОМИНИ
CALAMEO ДАСТУРИ ЁРДАМИДА
МУТОЛАА ҚИЛИНГ,
ПРИНТЕРДАН ЧИҚАРИНГ
ЁКИ ЮКЛАБ ОЛИНГ.

09

(Tashriflar: umumiy 88, bugungi 1)

Izoh qoldiring