Shuhrat Sirojiddinov. Alisherning yoshlik yillari.

902

   Бу яқин йилларда мен улуғ мутафаккир бобомиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганишга бағишланган Шуҳрат Сирожиддиновнинг «Алишер Навоий. Манбаларнинг қиёсий-типологик,текстологик таҳлили» китобидек мукаммал илмий ишни ўқимаган эдим. Мутолаа давомида  китоб узоқ йиллик меҳнат машаққати самараси сифатида дунёга келганини англадим. Инчунин, адабиётшунослик илмида текстологик йўналишдек жуда узоқ вақт мобайнида чидам ва ирода,оғир меҳнатни талаб қиладиган бошқа бир йўналиш бўлмаса керак. Мен бундан бир неча йиллар олдин ёзган бир мақоламда улуғ шоир ижоди мавзуси «сақич чайнаш»  жараёнига айланиб қолгани, яқин юз йил  давомида Алишер Навоий ҳақидаги маълум гаплар доирасидан чиқмаётганлигимиз ҳақида ёзган эдим.  Хусусан, Иззат Султоннинг «Навоийнинг қалб дафтари»  китобидан кейин  Алишер Навоий ҳаётига (биографиясига)  оид бирон бир янгилик айтилмаганлиги, бобомиз меросини фақат адабиётшунослик, фақат ғазалшунослик  нуқтаи назаридангина эмас, бугунги янги илмий йўналишлар,хусусан, психологик услублар асосида шоирнинг руҳий дунёсини,феълу атворини ўрганиш зарурлиги ҳақида гапирган эдим.
Шуҳрат Сирожиддиновнинг китобидан (Китоб ҳақида мана бу саҳифада  ўқишингиз мумкин) қониқишимнинг  сабаби ҳам монографиянинг янги-янги фактлар,изоҳлар,кашфиётларга бойлиги туфайлидир. Бугун —  улуғ мутафаккир бобомизнинг  туғилган кунида китобдан олинган бир парча билан кутубхона ўқувчиларини   таништирар эканман, муаллифга яна бир қайта миннатдорлик сўзларимни изҳор қилмоқчиман,унинг янги асарларини интизорлик билан кутишимни айтмоқчиман.

Хуршид Даврон

Шуҳрат Сирожиддинов
АЛИШЕРНИНГ ЁШЛИК ЙИЛЛАРИ
(«Алишер Навоий. Манбаларнинг қиёсий-типологик,текстологик таҳлили» китобидан)
055

Оиласи

      Алишер Навоийнинг ўзи уруғ-аймоғи борасида деярли маълумот қолдирмаган. Фақат тоғлари Мир Саид Кобулий ва Муҳаммад Али Ғарибий, укаси Дарвишали ҳақида “Мажолис”да бир оз тўхталади, у ҳам бўлса, тазкира талаби нуқтаи-назардан жуда қисқа. Отаси тўғрисида эса мавзу талаб қилганда бир оз гапиришга мажбур бўлган жойлари мавжуд. Масалан, “Мажолис” да Мир Шоҳий номли шоир жасади Астрободдан ватани Сабзаворга олиб келинган пайтда отаси бу ерда ҳукумат ишларини бошқариб турганлигини айтиб ўтади. Унинг қанча пайт ҳокимлик қилгани ва Алишерлар оиласининг Сабзавордаги ҳаётига доир бошқа маълумот келтирмаган. “Бадоеъ ул-бидоя”да “отам бу остон хокбези, онам ҳам бу сарой бўстони канизи”, — деб уларнинг темурийлар хонадони хизматида бўлганликларини камтарона таъкидлаб ўтган. “Вақфия” асарида “бу хоксорнинг ота-бобоси ул ҳазратнинг (Султон Ҳусайн Бойқаронинг – Ш.С.) обо ва аждоди хизматларидаким ҳар бири салтанат конининг гавҳари ва шужоат бешасининг ғазанфари эрдилар – улуғ маротибқа сазовор ва бийик маносиқ комгор бўлғон эрдилар”, — дея ўзининг насл-насабига ишора этган. Аммо негадир бирон-бир асарида ота-онаси ҳақида аниқ маълумот қолдирмаган. Ҳатто уларнинг номини ҳеч қаерда тилга олмайди. Тарихчи Абдураззоқ Самарқандий “Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн” асарида шундай ёзади: “…Амир Алишердирким, қадим замонлардан унинг мукаррам боболари ва аждоди олий амирлар қаторидан жой олган эдилар. Умаршайх мирзо ибн Амир Темур даврида уларнинг ҳаёти лавҳига кўкалдошлик бахти эътибор қалами билан ёзиб қўйилган эди”. Ушбу асар ҳижрий 872 (мил.1467-1468) – 874 (1469-1470) йиллар орасида ёзиб тугатилган ва ҳижрий 875 (мил. 1470) йили муаллиф уни яна давом эттириб, ўша йилнинг сафар ойида (1470, август) рўй берган воқеаларни ҳам қўшган. Асарнинг навоийшунослик учун икки аҳамиятли жиҳати бор. Биринчидан, у Алишер Навоий номини тарихда биринчи бор ёзма қайд этган манба ҳисобланади. Шунинг учун ундаги Навоий ҳаётига алоқадор маълумотлар тарихий факт сифатида муҳим. Маълумотлар қисқача ахборот тарзида келтирилса ҳам улуғ мутафаккир ҳаётини ўрганишда катта аҳамиятга эга. Иккинчидан, асар Навоий назорати остида якунланган. Демак, Навоий ўзи ҳақидаги қайдларни кўрган. Маълумотнинг ниҳоятда қисқа берилишига қараганда, Навоийнинг ўзи шуни маъқул топган бўлиши мумкин. Балки шунинг учун ҳам ўша давр манбаларида, айниқса, Навоийнинг яқин шогирди, муаррих Хондамирнинг барча тарихий асарларида улар деярли айнан такрорланиб, ортиқча тафсилот билан бойитишга журъат этилмагандир.
Давлатшоҳ Самарқандий ҳам негадир ўз тазкирасида Навоийнинг отаси тўғрисида жуда қисқа тўхталади. “Навоийнинг отаси Абулқосим Бобурнинг ишончли кишиси Чиғатой улуси улуғларидан эди”, — дейиш билан кифояланади. Айни пайтда у Навоийнинг отаси ҳарбий бўлганини таъкидлаб ўтади.
Текширишлар натижасида Алишер Навоий даврида яратилган турли жанрларга мансуб асарларнинг бирортасида ҳам улуғ амирнинг отаси ҳақида етарли маълумот келтирмаганига ишонч ҳосил қилдик. Шуниси таажжублики, Навоий вафотигача яратилган барча асарларда Навоийнинг отаси борасида юқоридаги маълумотларга қўшимча бўладиган факт йўқ. Ҳатто “Равзат ус-сафо” асарида ҳам учрамайди. Навоийнинг ўз аждоди борасида қолдирган мавҳум маълумотлари ва кўкалдошлик манбаларини аниқ изоҳлаб кетмаганлиги унинг ниҳоятда камтарона йўл тутганлиги ва кибру ғурурга берилмаганлиги билан изоҳланар балки.
1501 йили Навоий вафот этади. Шундан кейинги давр манбаларида Навоий ҳақидаги қизиқарли маълумотларни кўриш мумкин. “Ҳабиб ус-сияр”да биринчи марта Навоий отасининг исми тилга олинади. Жумладан, Мирзо Иброҳим томонидан Абу Саъид мирзо ҳузурига элчи юборилганда уларга ҳамроҳлик қилиш Амир Алишернинг отаси Ғиёсиддин Кичкинага топширлганлиги айтилади.
Шу ўринда олимларнинг улуғ амир хислатлари ва фаолиятига бағишланган Хондамирнинг махсус асари – “Макорим ул-ахлоқ” шоир вафотидан сўнг ёзилган деган фикрини яна бир бор чуқур ўйлаб кўриш керакка ўхшайди. Шундай деб ҳисобланган тақдирда “Ҳабиб ус-сияр”да Навоийнинг отаси ҳақида қўшимча маълумот беришга журъат этган Хондамир “Макорим ул-ахлоқ”да ҳам эркин фикр юритиши мумкин эди. Лекин муаллиф Шоҳрух султон вафотидан сўнг Навоийнинг отаси бола-чақаси билан Шероз томонга йўл олганини айта туриб, унинг номини тилга олмайди. Балки, “Макорим ул-ахлоқ” Навоий вафотидан аввал ёзила бошлагандир. Шунинг учун ҳам Хондамир асарда устози белгилаб берган чегаралардан чиқмагандир? Қизиғи шундаки, “Равзат ус-сафо” да ҳам Навоий отасининг номи тилга олинмаган. Бу асар Навоийнинг ўз назорати остида ёзилгани манбаларда тасдиқланган. Демак, Навоий онгли равишда ота-онаси ҳақидаги тафсилотларнинг берилишини хоҳламаган кўринади. Садриддин Айний ёзади: “Шоҳрух мирзо салтанати давридаги катта амалдор ва донг чиқарган лашкарбошилар тарихий асарларда номма-ном қайд этилган. Агар Алишернинг отаси катта амалдорлар жумласидан бўлганда эди, у давр тарихчилари назаридан, хусусан, “Равзат ус-сафо” номли тарихий асарни ёзган Мирхонднинг назаридан четда қолмас эди”.
Фахрий Ҳиротийнинг “Латоифнома”сида ёзилади: “Мирнинг таржимаи ҳолидан хабардор мўйсафид тарихчилар ва тўғри сўзли дунё кўрганлар ўз асарларида шундай келтирадиларким, Мирга амирлик мансаби меросийдур. Унинг отаси Амир Кичкина султон Абу Саъиднинг хизматида эди. Гарчи муҳру мансаби бўлмаса ҳам, катта ҳурматга эга эди. Она томондан бобоси Амир Шайх Абу Саъид Чанг мирзо Бойқаро хонадонида амир ул-умаро эди. Мир ўн ёшлигидан Бобур мирзо хизматида бўлиб, (султон) уни фарзандидек кўрарди. Мир замон султони (Ҳусайн Бойқаро) билан мактабда ҳамсуҳбат ва ҳамсабоқ эди. Улар қачон бошларига бахт қуши қўнса, бир-бирларини унутмасликка аҳду-паймон боғлашган экан”. Фахрийнинг тазкираси Навоий вафотидан сўнг 1521-1522 йили яратилган. Тазкира муқаддимасидаги ишорага қараганда, у мазкур маълумотларда кимгадир суянган. Балки Фахрий бизга етиб келмаган қандайдир манбага асослангандир. Бу бизга қоронғи. Бироқ унинг Навоий билан шахсан таниш бўлганлиги ва мушораларида қатнашганлиги унинг маълумотлари ишончли эканига шубҳа туғдирмайди. Шунга қарамай, нега Навоийнинг она томонидан бобоси исмини кўрсатиб, ота томонига эътибор бермаганлиги таажжубланарли туюлмоқда. Бу эса Хондамир асарларидаги маълумотлар руҳиятига мантиқан боғланмайди. Гап шундаки, Фахрий Абу Саъид Чангни Бойқаро хонадонида амир ул-умаро эди, деб кўрсатар, унинг Навоийга она томондан бобо эканлигини таъкидлар эканми, Навоий ўз эътироф этган “ота-отадин етти пуштға дегинча бу рафиъ дудмоннинг бойири бандаси ва бу васиъ остоннинг мавруси туҳмаси, яъни бу хоназоданинг хонаводаси ва бу хонаводанинг хоназодаси” деган мулоҳазага биноан ота томони аждодлари ҳақида ҳам, албатта, маълумот бериб ўтиши жоиз эди. Бундай маълумотнинг йўқлиги Навоийнинг ота томонидан аждодлари ҳақида аниқ фикр юритишга имкон бермайди. Е.Э.Бертельс ёзади: “Алишернинг бобоси Абу Саъид Чанг Бойқаронинг Қандаҳордаги қисқа даврли ҳукумати пайтида унинг девонида амир эди. Унинг ўғли, яъни Навоийнинг отаси Ғиёсиддин Кичкина Мансурнинг кўкалдоши эди”. Бироқ шу ўринда Ғиёсиддин Кичкинанинг айнан Мансур билан эмикдоши бўлганлиги ҳақидаги Бертельс хулосаси тахмин эканлигини ҳам таъкидлаш зарур. Чунки фанга маълум Навоий даври манбаларининг бирортасида ҳам бу тарздаги маълумот учрамади.
Фахрийнинг Амир Кичкина ҳақидаги маълумотларидан икки муҳим хулоса чиқариш мумкин. Биринчиси, Фахрий бизга маълум манбаларнинг ичида биринчи бўлиб, Амир Кичкина Султон Абу Саъид мирзо саройида хизмат қилганини ёзиб қолдирган. Бу гапларда жон бор. Абулқосим Бобур вафот этиб, Хуросонда тўс-тўполон бошланганда шаҳзодалар бирин-кетин тахтга ўтиришар ва сал ўтмай бири иккинчисининг сиқувига бардош бера олмасдан Ҳиротни ташлаб қочар эди. Шундай шароитда тахтни Мирзо Иброҳим эгаллайди. У Ҳирот тахтини сақлаб қолиш мақсадида ўз атрофига салтанат улуғларини йиғади ва Абу Саъид билан иттифоқ тузишга уринади. Буни Ҳирот салтанатининг обрўли арбобларидан бир нечасини султон Абу Саъид қошига юборишида кўрамиз. Элчилар Шайх Нуриддин ибн Баҳоуддин Умар, Шайх Шамсиддин Жомий ва Амир Бурҳониддин бўлиб, уларни кузатиб борувчи ҳамроҳ сифатида Алишернинг отаси Ғиёсиддин Кичкина тайинланади. Абу Саъид уларни иззат-икром билан қабул қилади ва кузатиб қўяди. Демак, Абу Саъид мирзо Ғиёсиддин Кичкина билан мулоқотда бўлган. Тарихий йилномалардан маълумки, ўша йилиёқ Абу Саъид Ҳиротни эгаллайди. Иккинчиси, “Ҳабиб ус-сияр”да Ғиёсиддиннинг амирлик даври ҳақида гапирила туриб, расмий оҳангда Ғиёсиддин Кичкина деб кўрсатилиши Фахрий маълумотлари билан бирлаштирилганда бу лақабнинг улуғловчи сифатга эга бўлганлигини кўрсатади. Хондамир маълумоти руҳидан келиб чиқадиган бўлсак, Фахрий тўғри айтган. Абу Саъид Абулқосим Бобур амалдорларидан бир қанчасини ўз саройида қолдирганида Ғиёсиддин Кичкинани ҳам ҳамсуҳбат сифатида қолдирган бўлиши эҳтимолга яқин. Кўриниб турганидек, юқоридаги маълумотлар Айний фикрини инкор этади. Зотан, Шоҳрухнинг невараси Мирзо Иброҳим ўзи учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган муҳим вазифани фақат салтанатнинг энг ишончли кишисига топшириши мумкин эди. Шу ўринда Кичкина лақабининг келиб чиқиши ҳақида фикр юритиб кўриш мумкин. Навоий даври тарихий асарлари, жумладан, “Матлаи саъдайн…” ва “Равзат ус-сафо” каби энг салмоқли тарихий асарларда асосий эътибор “Навоийнинг бобоси Амир Темурнинг ўғли Умаршайхнинг хос мулозимларидан бўлиб, унинг пешонасига шаҳзодага кўкалдош бўлиш ёзилган эди” деган фикрга берилган. Бу икки асар Алишернинг амирлик даврида ёзиб тугатилгани ва унинг назаридан ўтганлиги ҳисобга олинса, ундаги маълумот шубҳа уйғотмайди. Айниқса, унда сезилмасдан қолаётган яна бир муҳим жиҳат бор. Бу кўкалдошлик белгисидан кўра Навоий бобосининг отаси Амир Темурнинг хос кишиларидан бўлганлиги ва онаси шаҳзодани, яъни Умаршайх мирзони ўз боласи билан қўшиб эмизиш каби ўта яқин алоқаларга эга кишилар эканига ишора қилинаётганига кўра белгиланади. Худди ана шу жиҳат Фахрий маълумотлари билан уйғунлашганда қанчалик изчиллик касб этиши сезилибгина қолмай, балки мантиқий хулосага ҳам олиб келади. Маълумки, Амир Темур вафоти пайтида марҳум Умаршайх ибн Темур Кўрагоннинг ўғли Бойқаро 12 ёшда эди. Демак, Умаршайхнинг кўкалдоши бўлган Абу Саъид Чанг бу пайтлари эллик ёшларда бўлган. Бойқаро 22 ёшга тўлганда Шоҳрух уни Қандаҳор вилоятига ҳоким этиб тайинлайди. Абу Саъид Чанг эса унинг ишончли кишиси сифатида “Амир ул-умаро” унвони билан тақдирланиб, унинг ноиби ва маслаҳатчиси ваколатига эга бўлади. Бу мансаб Бойқаронинг ўғли Ғиёсиддиннинг бирга тарбия топиши ва бирга ўсиб-улғайишини таъминлаганлиги ғайримантиқий эмас. Сарой аҳли эса уларнинг исмлари бир хил эканидан, амирнинг ўғлини фарқлаш учун Ғиёсиддин Кичкина деб атаган бўлишлари эҳтимолга яқин. Мазкур лақаб кўкалдошлик белгиси каби темурийларга яқинлигини изоҳлаб тургани учун бир умр унинг номига қўшиб айтилган бўлиши мумкин.
Фахрий маълумотларидан келиб чиқадиган яна бир муҳим мулоҳазага эътиборни қаратиш лозим. Ғиёсиддин Кичкинанинг Абу Саъид даврида тирик эканлиги замонавий навоийшуносликдаги “Навоийнинг отаси шоир ёшлигида (11-12 ёшларда) вафот этган” деган ақиданинг нотўғри эканлигини кўрсатади. Бу эса, Навоий ҳаёти талқини бўйича илгари сурилаётган “Абулқосим Бобур вафотидан сўнг Машҳадда қолган Навоий чор-ночор аҳвола кун кечирган” каби қарашларни ҳам инкор этади. Навоийнинг асарларида учрайдиган фақирлик мотивлари, гарчанд улар Машҳад билан боғлиқ бўлса-да, бошқа сабаблар асосида айтилган ва бу ҳақда ўз мавриди билан алоҳида тўхталамиз.
Фахрийнинг кичик замондоши Сом мирзо Сафавий қаламига мансуб “Туҳфаи Сомий” тазкирасида Фахрий маълумотлари деярли такрорланган. Бироқ, ундан фарқли равишда, Навоийнинг отаси Кичкина Баҳодир тарзида таништирилган. Тазкира ёзилган давр Навоий даврига нисбатан яқин бўлгани учун бу ўзгартиришда бирор маълумотга таянилган деб ўйлашга асос бор. “Темур тузуклари”да айтилишича, қайси амир мамлакат ё бир қўшинни енгса, унга биринчи навбатда, туғ бериб, баҳодирлик лақаби расмий равишда унинг номига қўшиб ёзилган. Сўнг чегара вилоятларидан бирига ҳоким этиб тайинланган. Ғиёсиддин Кичкинанинг бизга маълум фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, Сом мирзонинг маълумоти асослидек кўринади. Аммо унинг қандай ҳужжат таянганини аниқ кўрсатиш қийин.
Сом мирзо маълумотларида эътиборни тортадиган яна бир ўзига хос нуқта Фахрий тазкирасида келтирилган Абу Саъид Чанг номининг Абу Саъид Бек тарзида келтирилганлигидир. Бу Сом мирзо тузган асл нусхада шундайми ёки хаттотлар “хизмати”ми, ҳозирча аниқланиши керак бўлган вазифадир. Сом мирзо Хондамир, Камолиддин Беҳзод билан таниш эди. Шу нуқтаи назардан бу икки тазкиранинг асл нусхаларини чоғиштириш навоийшуносликка муҳим янгилик киритади деган фикрдамиз. Шундагина Сом мирзо қайдларининг аниқлик даражаси маълум бўларди.
Навоий ота-боболарининг зикр этилган номлари қўлёзма манбаларда турли талқинларга учраган. Иккиламчи манбалардаги айрим маълумотлар асл манбалардаги маълумотлардан фарқли. Аввалига улар бирор-бир манбага асослангандир деган фикрда эдим. Уларни топиш илинжида анча вақтим ва кучимни беҳуда сарф қилдим. Масалан, “Ҳабиб ус-сияр”да Ғиёсиддин Кичкинанинг лақаби Ганжкина (ёки Канжкина, Канжакина), Кижакина (ёки Кижакния) тарзида учраши ҳаттотлар томонидан нуқталар қўйилмай кетгани оқибатида юз берганига ишонч ҳосил этгунимча “Ҳабиб ус-сияр”нинг ўнлаб қўлёзма ва босма нусхаларини кўриб чиқишга тўғри келди. Тадқиқотнинг маълум босқичида улар китобат анъанасига хос умумий иллат эканлигига амин бўлдим ва иккиламчи манбалардаги Навоий отаси бўйича маълумотларнинг асл илк манбалардаги маълумотлар билан мувофиқлик даражасини ўрганишга киришдим.
Кейинги даврларда яратилган манбалардаги маълумотлар кўриб ўтилганлари каби муҳим ва оригинал эмас. Ҳатто баъзиларини адаштирувчи ва сохта маълумотлар сирасига қўшиш мумкин. тадқиқ объекти сифатида танлаб олинган XV асрдан ХХ асргача яратилган ўттизга яқин манбадаги маълумотлар гуруҳлаштирилганда Навоийнинг насаби ҳақида икки хил қараш мавжудлиги маълум бўлди. Бир гуруҳ муаллифлар “унинг ота-боболари темурийларнинг амирларидан бўлиб, оналари шаҳзодаларга энагалик қилганлар” десалар, иккинчи, нисбатан камчиликни ташкил этган гуруҳ “Алишернинг ота-боболари уйғур бахшиларидан бўлган” деб ҳисоблайди. Ушбу жиҳатни ўрганишнинг нечоғлик муҳим экани манбалар қиёсий таҳлилида чуқурлашганимиз сари янада яққолроқ аён бўла бошлади. Зеро, даврлар кечмиши мобайнида тазкиранавислик анъанаси ҳар иккала қарашни қабул қилгани, аралаштириб юборилган маълумотлар ўзидан кейин қатор “янги” маълумотларнинг туғилишига сабаб бўлгани сезилди. Аввалги гуруҳнинг мулоҳазалари, ўз-ўзидан равшанки, юқорида биз кўриб ўтган машҳур тарихий асарларга асосланган. Кейинги гуруҳга кирувчи манбалар ўзининг жуғрофий тарқалиш ҳудуди ва машҳурлиги жиҳатидан Мовароуннаҳр ҳудуди билангина чегараланган. Уларнинг энг олди ва, айтиш мумкинкм, кейинги авлод тазкиранависларига материал вазифасини ўтаган маълумотни тақдим этган манбав Мирзо Ҳайдар Дўғлотнинг “Тарихи Рашидий” асаридир. У, гарчи тарихий асар бўлса-да, Навоий ҳақидаги маълумотлар йўл-йўлакай анъанавий умумий таништирув-тазкиравий шаклда бериладиган маълумотлар сирасига киради. Жумладан, унда “Навоий асли уйғур бахшиларидан бўлиб, отаси Амир Кичкина оддий (ёки расмий) одам (марде буд ала аррасм) эди”, — деб ёзиб қўйилган. А.А.Семёнов ўз вақтида ёзган эди: “Мирзо Ҳайдар Дўғлотнинг гувоҳлик беришича, Алишернинг келиб чиқиши анъана бўйича темурийлар даврида уйғур тилида расмий иш қоғозларини битувчи бахшилар, яъни уйғур мунший ва котибларига боғланади. Насаб жиҳатидан у аслзодаларга ҳам, “кибор мулозимларга” ҳам эмас, балки Бартольд айтгандек, отамерос девон амалдорларига мансуб”. Шу нарсага эътибор қилиш керакки, бу маълумот Мирзо Ҳайдар асаридан бошқа XV-XVI аср бошида яратилган бирор-бир манбада учрамайди. Навоий билан шахсан таниш бўлган тарихчилар ва олиму-ижодкорларнинг бундай маълумот бермаганликлари туфайли Мирзо Ҳайдар маълумотига эҳтиёт бўлиб ёндашиш талаб этилади. Иккинчидан, Мирзо Ҳайдар Навоийнинг вафотидан сал илгарироқ, яъни ҳижрий 905/1499 – 1500 мил.) йили Тошкентда туғилган. Умрининг асосий қисми Кошғарда ва охири Ҳиндистонда ўтган. Унда Навоий хақидаги маълумотларни улуғ шоирни шахсан таниган кишилардан олиш имконияти йўқ эди. Ҳатто умрининг охирини бобурийлар саройида ўтказган Хондамир ҳам Мирзо Ҳайдарнинг Ҳиндга келишидан тахминан етти йилча илгари вафот этиб кетганди. Шундай бўлгач, Мирзо Ҳайдар баҳс этилаётган мавзу бўйича ўз ҳамасрлари Фахрий ва Сом мирзочалик ўз маълумотларини қайта текшириб кўриш имконига эга эмас эди. Учинчидан, тарихий асар яратилиш жараёнида муаллиф баъзида ёзма манбаларга эмас, балки узунқулоқ гапларга таяниб, уларни факт сифатида қайд этганлиги фанга маълум. Тарихчи олим Т.Султонов XV-XIX асрларда яратилган тарихий асарлар мазмунига бағишланган тадқиқотида таъкидлашича, Мирзо Ҳайдар ҳам кўпгина ўринларда шу йўлдан борган.
Хўш, бахшилар кимлар? Семёнов Навоий ва Ҳусайн Бойқаро муносабатларига доир мақоласида “бахшилар – девон, маҳкама ходимлари” деб қуруққина тушунтириш билан чекланса, Т.Султонов ўз тадқиқотида бошқа бир муносабат билан Абулғози Баҳодирхоннинг таърифи ва В.В. Бартольднинг хулосасига асосланиб, бахши-котиларнинг мавқеи ва вазифалари ҳақида анча тушунтириш беради: “…Уйғур халқи орасида саводхон кишилар кўп бўлган. Улар ёзув-чизувларни яхши олиб боришар ва девон ҳисоб-китобларини яхши билар эдилар. Чингизхон сулоласи даврида Мовароуннаҳр, Хуросон, Эронда девон ва маҳкама ходимларининг барчаси уйғурлардан эди. уйғур ҳарфи билан ҳужжат тўлдирадиган Туркистон хонларининг котиблари ва амалдорларига нисбатан асл маъноси будда руҳонийларини англатувчи “бахши” (санскритча “бҳикшу”) истилоҳи қўлланарди. В.В.Бартольднинг таъминича, “мазкур котиблар чиғатой хонлари даргоҳида мусулмон маданияти вакилларидан кўра тахтга яқинроқ турганлар ва тарихий воқеаларни зикр этиб бориш тамоман уларнинг қўлларида бўлган”. Тарихчи олим Чингизхон даврида бутпараст уйғурлар дини жиҳатидан мўғулларга, тили жиҳатидан эса Марказий Осиё халқларига яқин бўлганликлари учун мўғул хонлари улардан унумли фойдаланганлар ва, табиийки, уйғурлар мусулмонлардан кўра мўғулларга яқинроқ ҳисобланганлар, деб хулоса чиқаради. Мўғуллар истилосининг дастлабки даврларида балки шундай бўлгандир. Жаҳонгир Амир Темур Кўрагоннинг тарихи ёритилган “Зафарнома”да Шарафиддин Али Яздий ёзув-чизув ишларини олиб борувчи кишиларни “бахшиёни турк” деб атаган. Бундан маълум бўладики, Темур саройида ёзув-чизувларни асосан ўзбек котиблари олиб боришган. Бироқ котиб ўрнида “бахши” сўзини ишлатиш мўғул хонларидан анъана бўлиб қолгани сабабли ҳар икки истилоҳ бир маънода қўлланган. Демак, Темур даврида котибларнинг бахши номи билан аталишига анъана деб қарасак, унда Мирзо Ҳайдар Навоийни “уйғур бахшиларидан” деб атаётганида унинг миллатини эмас, балки аждоди сарой котибларидан демоқчилиги маълум бўлади.
Энди Мирзо Ҳайдарнинг Навоий насабини сарой котиларига олиб бориб тақаши қай даражада ҳақиқатни ифодалаши масаласига эътиборни қаратсак. “Темур тузуклари”да котиб-ёзувчилар ҳақида баъзи гаплар мавжуд. Масалан, Темур фарзандларига бир гуруҳ кишилардан иборат ёзувчилар тайинлашни, улар мажлисларда белгиланган ишлар, тадбирлар, муҳим масалаларни воқеа-тафсилотлари билан ёзиб боришларини, ҳукмдор чиқарган ҳукму-фармонларни батафсил қаламга олиб, султоннинг воқеа дафтарига ёзиб боришларини, салтанат ошхоналарининг ҳар бирида ёзувчилар бўлиб, кундалик кирим-чиқимларни ёзиб туришларини таъкидлайди.
Бундан шундай хулоса чиқариш мумкинки, котиблар саройда ўртамиёна вазифаларга эга бўлсалар-да, ҳукмдорнинг бевосита назорати остида, унга яқин бўлиш имкониятига эга эканлар. “Тарихи Рашидий”дан бўлак манбалар, хусусан, оригинал услубда яратилган “Бобурнома” ёки Навоий билан шахсан таниш, улуғ амирнинг ўзидан ва ҳамсуҳбатларидан аниқ маълумотлар олган Хондамир, Фахрий, Зайниддин Восифий, қолаверса, бизгача етиб келмаган манбаларга бой Ҳирот кутубхонасига эгалик қилган Сом мирзо Сафавий асарларида Навоий аждодининг темурийларга кўкалдошлиги, уларнинг амирлар сулоласидан эканлиги бир овоздан тасдиқланган. Сарой котиблари – бахшилар ҳукмдорнинг ишончли кишиларидан саналар экан, агар Навоий бу табақага мансуб бўлганида Ҳирот тарихчилари бу ҳақда ишора бериб ўтишлари лозим эди. Навоийнинг ўзи ота-боболари темурийлар салтанатида “улуғ маротибға сазовор ва бийик маносибға комгор бўлғон эрдилар” деган экан, биринчи навбатда, унинг ўзига ишонмоқ керак. Мирзо Ҳайдарнинг асоссиз хулосаси, афсуски, кейинги даврларда янада ривожлантириб юборилганини кўриш мумкин.
Кейинги асрларга тааллуқли манбаларнинг Навоий даври, яъни илк манбалардан анча фарқ қилувчи жиҳати, уларда текшириб кўрилмаган турли маълумотларни қўшиб баён этиш ҳолатининг устуворлигида кўринади. Масалан, Абдулмўминхоннинг “Том ут-таворих” (1598 йил, Бухоро) тўпламида келтирилган Навоийнинг таржимаи ҳоли шоир замондошларининг ёзиб қолдирган маълумотларига умуман мос келса-да, Давлатшоҳ Самарқандий қўллаган “отаси Чиғатой элининг машҳурларидан” иборасига Мирзо Ҳайдарда келтирилган “Кичкина” номини қўшиш ва бу икки иборадан сўнг “бахши” атамасини илдириш орқали кейинги давр манбаларига “янги” маълумотни тақдим этган. Шу қабилдаги маълумотлар Маҳмуд бин Валининг “Баҳр ул-асрор”, Фаҳмийнинг “Тазкират уш-шуаро” асарларида, Шарифжон Маҳдум Садр Зиёнинг баёзида ҳам учрайди. Биз қўлимиздаги манбаларни Навоий таржимаи ҳоли кўринишлари бўйича гуруҳлаштирганимизда маълум бўлдики, “Тарихи Рашидий”даги маълумотга суяниш фақат Ўрта Осиёда яратилган асарлардагина учрар экан. Эътибор беринг-а, “Баҳр ул-асрор” Балхда, “Том ут-таворих” Бухорода, Фаҳмий тазкираси Самарқандда, Садр Зиё асарлари Бухорода яратилган. Тарихчи Т.Султонов ҳам “Тарихи Рашидий”нинг Ўрта Осиё ва Шарқий Туркистондан ташқарида, хусусан, Яқин Шарқда тарқалмаганлигини алоҳида қайд этган. Бу эса Навоийнинг “бахши”лардан эканлиги ҳақидаги маълумот Мирзо Ҳайдарнинг ижоди эканлиги ва кейингидавр асарларида учраши ундан кўчириш оқибатида рўй берганлигини тасдиқлайди.
XVI-XIX асрларга тааллуқли манбаларда яна бир қусур учрайди. бу Навоий даври манбаларидаги маълумотларнинг ўзгартирилганида кўзга ташланади. Жумладан, Дарвиш Али Чангнинг 1572-1573 йиллари яратган “Туҳфат ус-сурур” ёки “Рисолаи мусиқий” номи билан машҳурлик тутган мусиқа назариясига оид асарида келтирилган Навоий таржимаи ҳолида “Алишернинг отаси заиф инсон бўлса-да, ўзи устида ишлашни қўймас эди” деган жумла мавжуд. Агар унга ишонилса, Ғиёсиддин Кичкина ҳақидаги тасаввуримиз бошқа йўналиш касб этиши мумкин. Аммо қиёсий текширишлар маълумотнинг Давлатшоҳдан олинганлигини кўрсатди. Муаллиф Давлатшоҳнинг “Сипоҳий бўлишига қарамай, фозилликни ташламади” иборасини ўз тушунчасига мувофиқ талқин қилганлиги равшанлашди. XVIII асрда Ҳиндистонда яшаб, ижод этган Вола Доғистонийнинг “Риёз уш-шуаро” тазкирасида “Навоий чиғатой султонзодаларидан” деб келтирилиши унинг Навоий даври манбаларидаги маълумотларнинг умумий руҳиятидан чиқарган шахсий мулоҳазаси дейиш мумкин. XIX асрда яратилган “Рўзи равшан” тазкирасида эса “Навоий чиғатой султонларидан” деб битилганлиги, ўз навбатида, Вола хулосасининг ўзгартирилган варианти эканлиги аниқланди. Бундай мисоллар кўп бўлиб, илк маълумотлар кейинги давр асарларида умумлаштириб борилаверган ва замонлар ўтгани сари Навоий даври манбаларидаги маълумотлар ўз аслиятидан анча узоқлашиб кетган.

Болалиги

Манбалар хронологиясига риоя қилинадиган бўлса, Алишернинг болалик даври ҳақидаги дастлабки маълумот Давлатшоҳ Самарқандий қаламига мансуб. Бироқ у жуда қисқа бўлиб, бўлажак шоирнинг Абулқосим Бобур саройидаги турмуши ва султон билан ораларидаги яқин алоқалар таъкидидан иборат. Хондамир “Макорим ул-аҳлоқ” асарида шоирнинг болалик даврини муайян даражада ёритган. Кейинчалик Фахрий Ҳиротий, Заҳириддин Бобур, Сом мирзо Навоийнинг Ҳусайн Бойқаро билан мактабдош бўлганлигини айтиб ўтганларида сўзсиз унинг асарига суянганлар. Шуни ҳисобга олиб, Давлатшоҳ ва Хондамир Навоий таржимаи ҳолининг умумий қолипини яратиб берган деб айтиш мумкин. Қолганлар ўша даврнинг ўзидаёқ озми-кўпми аниқлик киритиб борганлар. Жумладан, Фахрий Навоийнинг Абулқосим Бобур хизматига кирганда ўн ёшда бўлганлигини таъкидласа, Сом мирзо Алишернинг Абулқосим вафотидан сўнг Машҳадда қолиб илм орттирганлигини тасдиқлаган.
Қўшимча сифатида Навоийнинг Паҳлавон Муҳаммадга бағишланган “Ҳолот”ида уларнинг дўстлигига қирқ йилга яқин вақт бўлганлиги айтиб ўтилганини кўрсатиш мумкин. Агар асарнинг милодий 1493 йили ёзилганлигини эътиборга олсак, уларнинг дўстлиги тахминан милодий 1457 йилдан, яъни Алишернинг 16 – 17 яшарлигидан бошлангани ойдинлашади.
Давлатшоҳ Навоийнинг ёшлигидаёқ зуллисонайн ижодкор сифатида Абулқосим Бобурга манзур бўлганини қайд этган. Унинг маълумотига Фахрийнинг “Алишер ўн яшарлигида Абулқосим Бобур хизматига кирган” тарзидаги таъкидини қўшсак, Навоийнинг жуда эрта форсий ва туркий тилда бирдек ижод қилишга интилганлиги маълум бўлади. Навоийнинг Лутфий билан бўлган суҳбатида келтирилган “Оразин ёпғоч кўзумдин сочилур ҳар лаҳза ёш, Бўйлаким пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғоч қуёш” матлаъли ғазали шоирнинг ўспиринликда ёзган туркий тилдаги ижоди намунаси эканлиги Хондамирнинг “Макорим ул-ахлоқ” асари туфайли илмий истеъмолга киритилди. Афсуски, биз ҳозирги кунда унинг болалигида ёзган форсий шеърларидан намуналарга эга эмасмиз.
Албатта, унинг шеъриятга меҳр қўйиши ва ижодга кириб бориши масаласида, аввало, Алишер Навоийнинг ўзига мурожаат этиш мақсадга мувофиқ. Унинг асарларидан ёшлик даврига оид келтирилган маълумотларни топиб изчил тартибда саналаштирсак, болалик йиллари тасвирларидан энг олди сифатида катталар ҳузурида Қосим Анвор ғазалини ўқиб бергани ва бу пайтда 3-4 ёшларда экани маълум бўлади. Мазкур маълумотда шоир ушбу шеър биринчи ёд олган ғазали эканлигини эътироф этгани янада аҳамиятлидир. Кейингиси, Шоҳрух мирзо вафотидан сўнг Алишерлар оиласининг Ироққа (ҳозирги Эрон) кўчиши ва Тафт қишлоғида Шарафиддин Али Яздий билан учрашуви билан боғлиқ тафсилотлардир. Бу пайтда Навоий, ўз эътирофича, олти ёшда бўлган. Бошқа ўринларда болалигига тааллуқли ёш саналарини кўрсатмаган.

Йигитлик даври

Манбаларда келтирилишича, Навоий ёшлик даврининг бир муддатини Абулқосим Бобур саройида ўтказган. Абулқосим Бобур 1456 йили қишлаш учун Машҳадга кўчганда, Алишер ва Ҳусайн Бойқаро ҳам у билан кетишади. Ўша қиш (1457) Абулқосим Бобур вафот этади. Хондамир “Ҳабиб ус-сияр”да аниқ кўрсатишича, Алишер Навоий Абулқосим Бобур билан биргаликда Машҳадда бўлган ва султон вафотидан кейин шаҳарда қолиб, илм такомили билан шуғулланган. Бироқ у Навоийнинг Машҳадда қанча вақт яшаганлиги ҳақида на бу ва на бошқа асарларида ҳеч қанақа маълумот бериб ўтмаган. Умуман, бу ҳақда сўз юритган манбаларда унинг Ҳиротга қачон қайтгани айтилмаган.
Бартольд кўрсатишича, Алишер Ҳиротга 1464 йили қайтган. Олимнинг манбаларда кўрсатилмаган хронологияни бу қадар аниқ айтишидан мақсади, назаримизда, айнан шу санада Абу Саъид салтанатида кечган оғир сиёсий воқеаларга Навоийни бевосита алоқадор қилиш, шунинг натижасида Навоий ва Абу Саъид ихтилофига сиёсий тус бериш бўлганлиги эҳтимол. Айтиш керакки, Бартольд томонидан тарихий-сиёсий фактларнинг Навоий шахсияти атрофида боғланиши шу қадар табиий чиққанки, олимнинг фикрлаш тарзи кейинги навоийшунослик тадқиқотлари ривожига таъсир кўрсатмай қолмади. Барча тадқиқотларда бир овоздан Навоий Абулқосим Бобур вафот этгач, Машҳадда қолиб, 1464 йили Ҳиротга қайтгани битилади. Навоийнинг Машҳаддаги ҳаёти тафсилотлари шоирнинг ўз асарларида учраб турадиган хотиралари асосида тикланди. Жумладан, Алишернинг Машҳадда қолиб, илм такомили билан машғул бўлиши, Имом Ризо зиёратгоҳидаги ҳужрага жойлашиб, ўша ерда истиқомат қилиши ва кўпгина шоиру-илм аҳли билан мулоқотда бўлиши, ҳужрада бетоб бўлиб ётганида Камол Турбатий, Паҳлавон Муҳаммад билан танишиши мантиқан Абулқосим Бобур вафот этган 1457 йилдан 1464 йилгача ўтган етти йиллик давр билан боғлиқ таржимаи ҳолни қатъийлаштирди. Аммо олимларимиз томонидан мазкур хотираларнинг бирида келтирилган муҳим бир жиҳат эътиборга олинмаганлиги оқибатида шоир таржимаи ҳолининг бирмунча хиралашиб қолганлигини сезиш мумкин. Хусусан, Алишер Навоий “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” асаридаги Паҳлавон билан учрашуви зикрида ўзини Машҳадга “айни ифлосу фалокат ва сарнавишу ранжуриш” етаклаб келгани ва бу замонда Хуросон Абу Саъид мирзо қўлида бўлиб, Ҳирот аҳли Самарқанд аҳлига асир ва муте бўлганлигини кўрсатади. Диққат қилсангиз, Навоий айтмоқчи, уни Машҳадга тортган сабаблар, бу ифлослик, яъни ўрта асрларда бу калима чорасизлик маъносида ишлатилган; иккинчиси – фалокат, учинчиси эса сарнавишт, яъни тақдир, пешона ҳамда тўртинчиси – ранжуриш. Мазкур охирги калима ҳам форсий бўлиб, хафачилик маъносини билдиради. Демак, Алишер чорасизлик, фалокат, тақдир ва хафагарчилик оқибатида Машҳадга келган. Бу аламзада оҳангни биз билган Абулқосим Бобур даврига боғлаб бўлмайди. Алишер Абулқосим Бобурга фарзанд ўрнида ҳисобланарди (Давлатшоҳ Самарқандий) ва уни Машҳадга Бобур келтирган эди. Кўриниб турибдики, воқеа Абу Саъид замонасида рўй берган. Манбалардан маълумки, Абу Саъид Абулқосим Бобур вафот этган йилнинг ўзидаёқ Хуросонни эгаллайди.
Навоий 1464 йили эмас, балки илгарироқ Ҳиротга қайтган ҳам бўлиши мумкин. Санани аниқ кўрсатишнинг имкони йўқ, чунки манбаларда бу ҳақда маълумот йўқ. Аммо бир нарса аниқ. Алишер Абу Саъид мирзо даврида Ҳиротга қайтган. Бу ҳақда “Ҳабиб ус-сияр” асарида “Султон Абу Саъид замонида Ҳирот дор ус-салтанатига қайтиб, бир муддат ул иқболошиёлик остона хизматида бўлди” деган қайд мавжуд. Навоийнинг “Мажолис”да келтирилган Абу Саъид тарихини ёзаётган Мавлоно Абусамад Бадахший ва султоннинг хом мулозими Шайхимбек Суҳайлий билан яқин дўстлиги ҳақидаги хотиралари яна бир далилдир. Бундан маълум бўладики, Навоий Машҳадда икки марта муқим яшаган: бир марта Абулқосим Бобур билан бориб, илм такомили билан шуғулланган, иккинчи марта Абу Саъид Мирзо даврида чорасизлик, фалокат, тақдир ва хафагарчилик оқибатида Машҳадга келган. Демак, Абу Саъид тахтни эгаллаб, Хуросонда нисбатан осойишталик ўрнатилгач, Алишер Ҳиротга келган ва муайян бир муддатдан сўнг яна Машҳадга қайтган кўринади. Темурий султонларга улкан эҳтиром руҳида тарбияланган, бу улуғ хонадонга яқинлик ҳиссидан мағрур ва, энг асосийси, ижодий ғайрати мавж урган ёш шоирнинг султон ҳимоясига, пойтахт адабий муҳитига шошилиши мантиқ нуқтаи-назаридан табиий. Шоирнинг чуқур надомат билан Ҳиротнинг “Самарқанд аҳлига асир ва муте” эканлигини таъкидлаши унинг Абу Саъидга бўлган салбий муносабатини яққол намоён қилади. Демак, бизга ҳозирча номаълум воқеа туфайли Навоийнинг Абу Саъиддан кўнгли қолган дейиш мумкин. шундай бўлгач, Абу Саъид мирзонинг тазйиқ ўтказишидан хавфсираб Машҳадга қочган Навоийнинг 1464 йили яна Ҳиротга қайтиши мантиқан ишонарли эмас.
Юқоридаги мулоҳазалар замонавий навоийшуносликда қабул қилинган “Навоий Самарқандга айнан Ҳиротдан йўл олган” қабилидаги хулосани ҳам муайян маънода шубҳа остига қўяди. Навоий Самарқандга тўғри Машҳаддан йўл олган бўлиши ҳам мумкин. навоий ҳақидаги манбаларнинг бирортасида унинг Самарқандга айнан Ҳиротдан тўғри равона бўлгани айтилмайди. Мирхонд, Хондамир ва бошқа Навоий замондошлари бу сафарни “Хуросондан Самарқандга” тарзида ифодалаганлар. Машҳад ҳам Хуросон таркибида эканлиги ҳисобга олинса, замонавий навоийшуносликда Навоийнинг Самарқандга жўнаши тафсилотларида ноаниқликлар мавжудлиги равшанлашади. Навоийнинг Самарқандга кетиш олдидан Сайид Ҳасан Ардашерга йўллаган мактуби ҳам айнан Ҳиротдан ёзилганини тасдиқловчи бирорта манбавий маълумот йўқ.

Навоий ва Абу Саъид Мирзо муносабатлари

Навоийнинг Абу Саъид мирзога нисбатан қаҳр ва алами унинг асарларида очиқ намоён бўлган, аммо асл сабаблари маълум эмас. Е.Э.Бертельс ўзининг “Навоий” монографиясида мазкур масалада аниқ фикр билдирмаган: бир жойда “Алишер 1464 йили Машҳаддан Ҳиротга қайтди. 1466-1467 йили Бадахшонда Навоийнинг дўстлари томонидан кўтарилган қўзғолон Абу Саъид томонидан бостирилгач, у қочиб, Самарқандга кетди” деса, бошқа бир жойда Навоийнинг юқоридаги эътирофига диққатини қаратган шекилли, “у 1467 йили Абу Саъид томонидан Машҳадга сургун қилинди”, — деб кўрсатади.Олим негадир бу икки хил қарашни мантиқан далилламаган. Садриддин Айний Алишер Навоий ва Абу Саъид ўртасидаги ихтилоф Ҳусайн Бойқаронинг, Мир Саид Кобулий ва Муҳаммад Али Ғарибийнинг ҳамда Бадахшон бўлган деб кўрсатади. Ойбек ҳам шундай ҳисоблайди. Айний “Абу Саъид 1466 йилда Алишерни сургун қилишга ҳукм чиқарди ва Ҳиротни тарк этиб, Самарқандда яшашни буюрди. Аҳмад Ҳожибек Алишерни ўзи билан бирга олиб кетади. Чунки унга Султон Абу Саид томонидан Алишерни сақлаш топширилган эди” – дейди. Олим Шарафиддинов “Навоий Самарқандга 1465 йилда сургун қилинади ва уни Аҳмад Ҳожибек Ҳиротдан Самарқандга назорат қилиб боради” деган. В.В.Бартольд ёзади: “Хондамирга биноан, Мир Алишер Ҳиротга Абу Саъид ҳузурига келиб бир қанча вақт яшади. Ўзи кутган эътиборни сезмагач, Самарқандга кетди. Бобур сўзларига қараганда, Мир Алишер Самарқандга Абу Саъид томонидан қандайдир хато учун сургун этилган. Мир Алишернинг ўзи таҳсил учун борганлигини айтади. У пайтларда таҳсил учун Ҳиротдан Самарқандга бормас эдилар. Демак, унинг Ҳиротдан Самарқандга кетиши сургун сифатида қаралиши лозим”. Бартольд ўз тахминининг ишонарли чиқиши учун баъзи маълумотларни қасддан нотўғри шарҳлаганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Жумладан, у шундай ёзади: “Навоий ҳаётининг бу даврини ёритишда, балки унинг гўзал ва фасиҳ тилли, “қалбини асир этган” (кўнглумни басе сайд қилди) шайх Садриддин Ривосий ҳақидаги ҳикояси баъзи аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Унга ҳатто олий даражадаги шахслар ҳам (Бадахшон шоҳи ва подшоҳ ҳам) жазмат эдилар. Мир Алишернинг бадахшонликлар билан яқин алоқаси ҳ.871 йил воқеасидан сўнг унинг ҳаётига таъсирқилган бўлиши мумкин. Бунга султоннинг шайхни унинг дўстларидан рашк қилгани ҳам қўшилган бўлиши мумкин”.
Бертельс ҳам “Навоий” монографиясида Навоийнинг Самарқандга борганлигини сургун ҳисоблаб, бу пайтларда Самарқанд илм-фан маркази эмас эди, деб фикр билдиради. У Бартольд сингари Садриддин Ривосий масаласини кўрсатмаса-да аммо тоғалари ва бадашхонийлар фожеасидан кейин шоир қочишга мажбур бўлди, деб таъкидлайди. Бертельснинг мазкур тадқиқотда бундай юзаки ёндашувининг маълум сабаблари бор деб биламан. У ўта синчков манбашунос ва билимдон навоийшунос бўлса-да, Бартольд концепциясини бузмаслик учун унинг хулосалари билан манбалар орасидаги зиддиятли фикрларга аниқ чек қўймаган ва барчасини бир-бирига мослаштиришга мажбур бўлган. Шундай экан, “сургун” масаласини қайта кўриб чиқиш навоийшуносликнинг долзарб масаласига айланади.
Биз бу масалада нима дейишимиз мумкин? Манбаларда “сургун” маъносида қўлланиши мумкин бўлган “бадарға” ёки “ихрож қилиш” иборалари Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”сида ишлатилган. У Навоий ҳақида гапира туриб, “Билмон, не жарима била султон Абу Саъид мирзо   Ҳиротдан ихрож қилди. Самарқандга борди, неча йилким, Самарқандда эди” деган.
Бобур аслида “Абу Саъид Навоийни Самарқандга нега сургун қилди?” деб эмас, балки “Билмайман, қайси гуноҳи учун Ҳиротдан чиқариб юборди?” деган мазмунда гапирган. Мана шу фарқни тушунишнинг ўзиёқ шоир таржимаи ҳолидаги баъзи тўқималарни бекор қилади. Бобур Навоийнинг саройдан кетиши Абу Саъид билан боғлиқлигини билиб, шоҳнинг хатти-ҳаракатини қоралаган. Чунки шоирлар ва илм аҳлига ҳомийлик қилиш шоҳлик расми бўлган. Шоирлар ва илм аҳли сиёсатда бетараф бўлганлар. Улар бир подшоҳдан қанчалик мурувват кўрсалар, унинг вафотидан кейин унга мухолиф (ҳатто қотили) бўлган кейинги подшоҳлардан ҳам шунчалик мурувват кўрганлар. Шаҳардан бадарға қилиш шоир томонидан содир этилган жуда оғир жиноят учун раво кўрилиши мумкин. заҳириддин Бобур Навоий сиймосида мудҳиш жиноятчини кўрмагани учун ҳам шоҳнинг бу ишидан таажжубланган. Чунки шоирлар қадим-қадимдан салтанат безаги ҳисобланганлар, султон номини дунёга таратган, улуғворлигини тарих саҳифаларига нақш этганлар. Шоирлар ва илм аҳлига ҳомийлик қилиш барча султонларга обрў келтирган. Акс ҳолда, шоирларнинг ўткир ҳажвлари султонни етти иқлимга кулгу этишга ҳам қодир эди. Навоийнинг Ҳиротдан чиқиб кетишига сургун тусини бериш В.Бертольд учун нега зарур бўлгани тушунарли. У Бобурнинг фикри атрофида манбалардаги барча фактларни ўз йўлига мослаштирди. Жумладан, Навоийнинг Бадахшон шоҳларига ҳурмати, Ҳусайн Бойқаро билан дўстлиги ҳолатларини бўрттириш орқали Абу Саъиднинг уюшган мухолифларини “ташкил” этди. Яна бир қўшимча сифатида Шайх Садриддин Ревосий шахсини сиёсий саҳнага олиб чиқди. Бартольд сценарийси бўйича, Абу Саъид Садриддин Ревосийни рашк қилиб, Бадахшон шоҳини қатл эттиради. Ҳусайн Бойқаро жосуси Навоийни Самарқандга сургун қилади.
Алишернинг тоғалари шоиртабъ бўлсалар-да, асосий касблари сипоҳийлик эди. Уларнинг Бойқаро лашкарбошилари қаторида Абу Саъидга қарши жанг қилишлари ва шаҳид бўлишлари уруш қонуниятларига тааллуқли. Бадахшон шоҳи тақдири ҳам худди шундай. Шу боис Навоийнинг тоғалари ёки Бадахшон ҳокимининг Абу Саъид буйруғи билан қатл эттирилиши султон ва Навоийнинг бир-бирларига совуқ муносабатда бўлишларига асос бўла олмайди (Навоийнинг жияни Амир Ҳайдарнинг Ҳусайн Бойқаро томонидан қатлга буюрилиши каби). Қолаверса, Навоий Абу Саъид Мирзо замонида сиёсат билан шуғулланмаган ёш шоир эди. ҳусайн Бойқаро Абулқосим Бобур вафотидан сўнг Навоий билан кўришмаган. Навоий эса бу даврда Ҳиротда ҳам, Машҳадда юргани каби, шоирлар муҳитида, жўшқин ижод билан банд, сиёсатдан анча йироқ шоир сифатида тасаввур уйғотади. Ойбек ҳам Мир Алишернинг Султон Ҳусайн “қозоқ”ликларда юрганда у билан алоқаси бўлмагани ва Ҳиротда юз берган фитналарда унинг иштироки маълум эмаслигини қайд этган.
Агар Абу Саъиднинг Навоийга Ҳусайн Бойқаро туфайли хусумати бўлганда, унинг ўғли Мирзо Султон Аҳмад Ҳусайн Бойқарога қарши уруш очганда, Навоийни ўзи билан олиб кетмасди. Бу ҳақда “Равзат ус-сафо”да қуйидагича маълумот мавжуд:
“…аз Хуросон ба Самарқанд рафта дар хонақоҳи Хожа Жалолиддин Фазлуллоҳ сокин гашт… то дар ин айёмки, Мирзо Султон Аҳмад биног бар таважжуҳи хоқони мансур ба суби Хуросон аз оби Амуя гузашт амир Алишер низ ҳамроҳи урду равон шуда буд. Баъд аз таҳқиҳи хабари воқеаи Султон Абу Саъид ва истилои хоқони мансури музаффарливо бар балдаи фохираи Ҳирот аз амир Ҳожибек рухсат талабида ижозат ҳосил намуда ва рўй ба Ҳирот овард”.
(…Хуросондан Самарқандга кетиб, Хожа Жалолиддин Фазлуллоҳ (Абу Лайсий) хонақосида яшади. Бу ҳаёт шунгача давом этадики, Мирзо Султон Аҳмад Ҳусайн мирзога қарши Амудан кечиб, Хуросонга юриш қилганда Амир Алиўер ҳам унинг ўрдусида эди. Абу Саъид мирзо ўлими воқеаси ва Ҳусайн Бойқаронинг Ҳиротни истило этганлиги ҳақидаги хабар аниқлангандан сўнг Аҳмад Ҳожибекдан рухсат олиб Ҳиротга юзланди).
Бу эса Абу Саъид Навоийдан мутлақо хавфсирамаганлигини билдиради. Агар султон Навоийнинг Ҳусайн Бойқарога яқин қлоқаси борлиги учун душманона кайфиятда бўлганда эди, унда Абулқосим Бобурнинг амирларини ўз хизматига олганини қандай изоҳлаш мумкин? Уларнинг кўпчилиги Ҳусайннинг устозлари ва яқинлари бўлганлар. (Худди шундай: Султон Ҳусайн Бойқаро ҳам Абу Саъиднинг амирларини ўз хизматига олган). Темурий султонлар наздида кўкалдошлар ва амирлар қайси бир темурий султонга хизмат қилганига қараб эмас, балки, умуман, темурийлар сулоласи султонларига содиқликларига қараб қадрлаган. Шунинг учун ҳам султонлар ўзгараверсалар-да, кўпчилик амирлар иззат-ҳурматда қолаверганлар. Кўкалдошлар темурийларга яқин кишилар сифатида шу давлат ҳудудида хос эътиборга эга бўлганлар. Темур тузукларига биноан, ғаним тарафидан кимки ўз давлатидан умидини узиб, бошқа бир подшоҳ қошига келиб, хизматига кирса, бу подшоҳ уни азиз тутиши, унинг мухолиф подшога вафодорлигини унутиб, мартабасини улуғ қилиши лозим бўлган. Бу жиҳатдан ҳам тадқиқотларда айтилган Абу Саъиднинг Навоийга Ҳусайн билан бирга ўсганлиги учун ёмон муносабатда бўлиши ҳақиқатга тўғри келмайди. Ўрта асрлар шароити ва Навоийнинг улуғ султонлар табақасига муносабатини, хусусан, темурий султонларга юксак ҳурмат-эҳтиромини ҳисобга олсак, унинг Абу Саъидга қаратилган исёнкор сатрлари фақат қандайдир фожеа оқибатида пайдо бўлган чексиз адоват, нафрат натижасидагина отилиб чиқиши мумкин эди. Навоийшунос олим А.Ҳайитметов бу масалада тўғри фикрлаган деб ўйлаймиз. У ёзади: “Аслида Навоий расмий равишда сургун қилинмаган, балки ўз бошига тушиши муқаррар бўлган кулфатларнинг олдини олиб, зийраклик билан ўзига ўзи подшоҳнинг кўзидан узоқда туришга ҳукм чиқарган эди. Чунки Абу Саъид ва унинг одамлари Навоийга қаттиқ шикаст етказишлари, уни қамаб қўйиш ёки ўлдиришни ўйлаган бўлишлари мумкин”.
Хуллас, Навоийнинг Абу Саъид мирзога салбий муносабати унинг ўзигагина маълум сир бўлиб қолди. Масаланинг иккинчи томони муҳимроқ. Навоий Ҳиротдан чиқиб, Машҳадга борган экан, нега муайян вақт ўтиб, Самарқандга кетиш истаги туғилди экан? Ахир, Самарқанд шу пайтлари ҳам Абу Саъиднинг жиддий назорати остида эди-ку.
Шу ўринда қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим. Ҳижрий 869 (1464-1465) йили Ҳирот дор ус-салтанасининг ҳокими – Вафоий тахаллуси билан ажойиб шеърлар ёзган Аҳмад Ҳожибек Абу Саъид мирзонинг фармони билан шаҳзода Султон Аҳмад мирзонинг эшик оғаси сифатида унинг номидан ҳукуматни бошқариш учун Самарқандга юборилади. Агар Алишер Ҳиротда яшаб юрганида Абу Саъид тарихини ёзаётган Мавлоно Абусамад Бадахший ва султоннинг хос мулозими Шайхимбек Суҳайлий билан яқиндан ошнологи ҳисобга олинса, Аҳмад Ҳожибек билан ҳам яқин муносабатда бўлганлиги аниқ бўлади. Чунончи, “Мажолис ун-нафоис”да у ёзади: “…Вафоий тахаллус қилар. Сурати хуш ва сийрати дилкаш, ахлоқи ҳамида ва атвори писандида йигитдур. Хуросонда тарбият топти. Ҳирот дор ус-салтанатида ўн йилға яқин ҳукумат қилди. Самарқанд маҳфузасида ҳам муддате ҳоким эрди…”
Машҳадда синиқ кайфият билан юрган Алишер иложи борича узоқроққа кетишни истаган ва бунинг исботини “Илк девон” ғазаллари руҳиятида ҳам кўриш мумкин. Аҳмад Ҳожибек Самарқандда Навоийга қулай шароитлар яратиб бериши мумкин эди. Юқорида “Равзат ус-сафо”дан келтирилган иқтибосда Навоийнинг Аҳмад Ҳожибек билан суҳбатдош бўлганлиги ҳақидаги маълумот шундай хулосага олиб келади.
Эҳтимол, Алишер шоиртаъб, фозил ҳукмдорни қора тортиб Самарқандга боришни ихтиёр этган бўлса, ажаб эмас.

Навоий Самарқандда

Барча манбалар Алишер Навоийнинг Самарқанддаги ҳаётини таҳсил билан боғлайдилар. Дастлабки маълумот Абдураззоқ Самарқандийга тегишли. Мирхонд ҳам шундай фикрни билдиради. Аммо Самарқанд сафарининг сабаблари хусусида фарқ бор. Мирхонд Навоий Самарқандга Хуросонда “ўзига муносиб эътибор топмаганлиги” учун кетган деб ҳисоблайди. Хондамир “Хулосат ул-ахбор”да шоирнинг Самарқандга кетиш сабабларида чуқурлашмаган, аммо у диққатни Навоий “тақдир жафокорлиги оқибатида Ҳусайн Бойқародан узоқлашиб кетди” деган фикрга қаратади: “Ҳазрати султоннинг яқин кишиси (Навоий) гўдаклик чоғидан болалик тонгининг ниҳоясигача ул музаффар байроқли султоннинг ёнида бўлган ва жафокор тақдирнинг воситаси била бир қанча вақт унинг хизматидан узоқлашиб кетган бўлиб, Самарқанддан етиб келди”. Мазкур икки асарнинг ёзилган вақти Алишер Навоий қудратли подшоҳ Султон Ҳусайн Бойқаронинг яқин кишиси сифатида иззат ва икром соҳибига айланган бир вақтга тўғри келишини ҳисобга олсак, муаллифларда тарихчиларга хом маддоҳлик хусусиятини сезиш мумкин. Бироқ Хондамирнинг фикрини Абдураззоқ Самарқандий фикрига қарши факт сифатида қараш тўғри эмас. У таҳсил учун борилганини инкор этган эмас. Балки уларнинг дўстликларини яна бир карра таъриф-тавсифлаган ва икки дўстнинг анча пайт кўришмаганликларини уларнинг Ҳиротдан ташқарида юрган жудолик даврлари билан ифодалаган. Шундай эса-да, “Равзат ус-сафо”да ўзига муносиб эътибор топмаганлиги учун Самарқандга кетганлиги ҳақидаги таъкиддан Навоийнинг иқтидори Ҳиротда етарли баҳоланмагани ва унинг Ҳиротдан кетишига тўғри келганлигига амин бўлиш мумкин.
Мазкур маълумотларнинг мавҳум ва қисқа тарзда келтирилишининг сабаби шундаки, улар, аввало, Навоийга махсус бағишлаб эмас, балки йўл-йўлакай айтиб ўтилган маълумотлардир. Ушбу таъкидлар фақат тарихий асарларда қайд этилган, Султон Ҳусайн Бойқаронинг тахтга ўтириши муносабати билан келтирилган тафсилотлардир. “Тақдир жафокорлиги” иборасига келсак, Хондамир Навоийнинг пойтахтдан узоқлигини назарда тутган. У, эҳтимол, ихрож сабабларидан тўла бўлмаса-да, қисман хабардор бўлиши ҳам мумкин. Чунки Навоий вафотидан сўнг яратган “Ҳабиб ус-сияр” асарида худди шу воқеалар баёнига аниқлик киритиб: “Султон Абу Саъид замонида Ҳирот дор ус-салтанатига қайтиб, бир муддат ул иқболошиёнлик остона хизматида бўлди. Аммо ўз ҳолига яраша даража ва риоят топмагач, Хуросондан Самарқандга кетди” тарзида Абу Саъид номини очиқ-ойдин кўрсатиб ўтган. Демак, олдинги асарларида султоннинг номини очиқ кўрсатишга нимадир халал берган. Бизнингча, Амир Алишер “Хулосат ул-ахбор” ёзилаётган пайтда бу масалага алоҳида эътибор қаратилишини хоҳламаган, шекилли.
Буюк адибнинг ўзи Самарқанддаги ҳаёти ҳақида кам маълумот қолдирган. “Мажолис”даги қайдлар асосида унинг Улои Шоший, Мавлоно Юсуф билан танишуви, Фазлуллоҳ Абу Лайсий мадрасасида таълим ола бошлаши, Юсуф Бадеий билан ошно киришиши каби ижод аҳли билан муносабатини ёритиш мумкин. Мавлоно Мир Қаршийнинг саҳҳофлик дўконида ўтказиб туриладиган мушоараларда қатнашиб турганлиги, Мавлоно Риёзий билан шеър устида баҳс юритиши унинг Самарқанд фозиллари билан яқин алоқада бўлганлигини тасдиқлайди. Яна баъзи хотиралар борки, махсус кўрсатилмаган эса-да, улар Самарқанд даврига тааллуқли, деган фикрдамиз. Масалан, Навоий Мавлоно Риёзий фиқрасида қуйидаги воқеани эслайди:
Бу ғарро матлаъ анингдурким:
Ситораест дури гўши он ҳилолабрў,
Зи рўи ҳусн ба хуршед мезанад паҳлу.

Икки мисраъ орасида рабт жиҳатидин бир “ки” лафзи керак. фақир анга дедимки, бу навъ яхшироқ бўлғайки:

Зи рўи ҳусн дури гўши он ҳилолабрў,
Ситораестки, бо моҳ мезанад паҳлу.

Инсоф юзидин керакки, мусаллам тутса эрди, жадал бунёд қилди, фақир сокит бўлдим. Ўз ёронлари талоштилар ҳам қабул қилмади. Самарқандда фавт бўлди”.
Риёзийнинг ўринли танқидга эътироз билдиришидан бу воқеа Навоийнинг йигитлик даврида рўй берган дейиш мумкин. Зеро, Навоий ўрта ёшларда шунчалик машҳурлик тутган эдики, унинг маслаҳатларига, ҳатто Абдураҳмон Жомий қулоқ осар эди. Демак, Навоийнинг шоирлик маҳорати юксак эса-да, ҳали ёш йигит эканлиги сезилади. Воқеанинг Самарқандда содир бўлганига Риёзий “самарқандлиғдур” ва “Самарқандда вафот этди” дейиши далил бўлиши мумкин. Чунки “Мажолис”да қўлланган қурилма бўйича зикр этилган воқеа тавсифланмишнинг ўз ватанида юз берган эса, Навоий шоир ватанини тилга олиш билан кифояланган. Агар шоир бошқа жойга кўчиб борган бўлса, айни асар ёзилаётган даврда муқим турган жойи таъкидланган масалан, “Андижондиндур, сўнгра Самарқандға борди”). Шунга қараганда, Риёзийни самарқандлик дейиш асносида Навоий воқеа Самарқандда бўлганига ҳам ишора этган.
Навоий Самарқандда яшаш тарзи қандай бўгани борасидаги маълумотлар бир-бирига зид. Жумладан, Заҳириддин Бобур “Бобурнома” да Алишербекка Самарқанддда Аҳмад Ҳожибек мураббий ва муқаввий (ҳомий) бўлди дейишидан унинг ҳоким томонидан моддий қўллаб-қувватланганлигини билиш мумкин. Фахрий Ҳиротий негадир бу даврда шоир ночор аҳволда яшаган деган фикрни билдиради. Ҳар иккала муаллиф ҳам Навоийнинг кичик замондошлари ва эътиборга лойиқ фозиллар саналиши туфайли масаланинг ечими, табиийки, учинчи овозни, тарози палласидаги мулоҳазалар мувозанатини узил-кесил ҳал қилиши мумкин бўлган яна бир холис манба бўлишини тақозо этади. Афсуски, у йўқ. Ана шу муаммога дуч келган кўпгина навоийшунослар унинг ечимини буюк шоир ижодидан излаганлар Е.Э.Бертельс Навоийнинг Самарқандга келганидан сўнгги кайфиятини билдириш ниятида шоирнинг “Ҳайрат ул-аброр” достонидаги ўн биринчи мақолатда келтирилган ёш толиби илмларда тасвирланган каби камбағал сифатида келмаган бўлса ҳам, аммо бегона шаҳарда ёру-биродарсиз, кимсасизликдан ўзини йўқотиб қўйиш ҳоллари кам бўлмаган бўлса керак”, деб хулоса чиқаради. Худди шу шеър А.Абдуллаевнинг китобида ҳам, Иззат Султоннинг китобида ҳам келтирилади. В.Абдуллаев уни қашшоқлик ва муҳтожликка изоҳ сифатида келтирса, Иззат Султон муҳтожлик ва мағрурлик тасдиғи сифатида кўрсатган. Е.Э.Бертельс ҳам, умуман олганда, Навоийнинг Самарқанддаги ҳаётини қашшоқликда ўтган деб ҳисоблайди.
Тахминимизча, Заҳириддин Бобур ўз хулосасида Хондамирдан эшитганлари ва “Макорим ул-ахлоқ” асарида шоирнинг Самарқанддаги ҳаётидан келтирилган лавҳалар руҳиятидан келиб чиққан бўлса керак. фахрий эса Навоийнинг ўз оғзидан эшитганлари асосида “совуқ кечаларнинг бирида Алишернинг ҳаммомга бориш зарурати туғилгани ва ҳаммомчига ёнидаги жузвдонини гаровга қўймоқчи бўлса ҳам, у қабул қилмаганлиги” воқеасини келтириш билан унинг ҳаёти оғир кечганлигини таъкидламоқчи бўлган.
Самарқанд ҳокимининг қарамоғида бўлган шоирнинг ночор умр кечирганига ишониш қийин. Фахрийнинг маълумотига истисно сифатида қараш ҳам мумкин. Албатта, Фахрий келтирганча, шоир Самарқандда яшаган пайтида ўта камбағал эди дейиш унча тўғри бўлмас. Чунки Бобур таъкидлагани каби, ҳоким ўз суҳбатдоши – иқтидорли шоирга ҳеч бўлмаганда вақф пулларидан маош тайинлаши аниқ эди. Тайинлаганда ҳам Аҳмад Ҳожибекдек санъатсевар ва шоир киши Алишер учун етарли миқдорда маош бериши турган гап эди (худди Амир Алишер шоирларга вақф пулидан маош тайинлаганлиги каби). Табиийки, кейинроқ катта мулк эгасига айланган улуғ Амирнинг ўтмиши ҳақида гапирганда унинг Самарқанддаги ўртаҳол умргузаронлиги Фахрийга “аянчли, ночор” бўлиб кўринган. Бунинг тасдиғини қуйидаги маълумотни илова этганида ҳам кўриш мумкин: “Султон соҳибқирон (Ҳусайн Бойқаро) мазкур амирни (Алишерни) талаб қилиб Султон Аҳмад мирзога хат ёзган, (уни олиб келиш учун) киши юборган. (Султон Аҳмад мирзо) уни муносиб анжомлар билан Султон соҳибқирон ҳузурига жўнатди. Амир Ҳиротга қараб йўл олди ва хизмат қилиш давлатига муяссар бўлди”. Шу фактнинг ўзи ҳам унинг Самарқандда чор-ночор ва кимсасиз яшамаганлигига далолатдир. Гарчи у муайян лавозимда бўлмаган эса-да, ҳокимга яқин инсон мақомида бўлган кўринади, акс ҳолда, уни Ҳиротга келтириш учун Самарқанд ҳокимига махсус нома юборилмас эди.
Самарқанд Алишер Навоий ҳаётида алоҳида ўрин тутади. XV асрнинг иккинчи ярмида Самарқанд илм-фан маркази сифатида ўз аҳамиятини йўқотгани борасидаги рус олимларининг таъкидларини баҳс доирасига тортишнинг ҳожати йўқ. Чунки бундай қарашлар анча йиллар олдин акадеамик Воҳид Абдуллаев томонидан анча жиддий қораланган ва етарлича далиллар асосида унинг акси исботлаб берилган эди.
Бу даврда Самарқанд обод диёр бўлиб, Мирзо Улуғбек томонидан асос солинган жаҳоний илм-фан маркази анъаналари ҳали сўнмаган, исломий илмларнинг алломалари ҳануз ҳанафийлик таълимотини мукаммал ўқитиш билан банд эди.
Манбаларда Навоийнинг Самарқандда неча йил яшагани ҳақида аниқ бир фикр айтилмаган. Шоирнинг ўзи “Самарқандда икки йил Фазлуллоҳ Абу Лайсий қўлида таҳсил олдим”, — дейди. Бу – биринчи факт. Самарқандда яшаган ё яшамаганлиги ҳақида аниқ маълумот бермаган. Самарқандда, Аҳмад Ҳожибекнинг яқин суҳбатдоши сифатида саройда эътиборли зот бўлса-да, аммо расмий Аҳмад мирзо мулозими эмасди. Чунки Навоий бу даврдаги ҳаёти ҳақида “Вақфия”да шундай ёзиб қолдирган: “…бу ҳақир ҳеч навъ хизматқа ўз қобилиятимни ченамаган жиҳатдир ва ҳеч турлук машаққатқа ўз қувватимни англамағон сабабдин борча таманно эшигин юзумға мадрус ва жамъ муддаолар абвобин илайима масдуд қилиб эрдим”.
Бошқа манбаларда унинг бир неча йил яшаганлиги умумий тарзда қайд этилган, холос. Иккинчи қўлимиздаги аниқ факт, бу – Навоийнинг Самарқанддан Ҳиротга қайтиш санасидир ва у Султон Ҳусайннинг 1469 йили Ҳирот тахтига ўтириши билан боғлиқ. Шундан келиб чиқиб навоийшунослар Навоий Самарқанда тўрт йил, яъни 1465-1469 йиллари яшаган деб таъкилайдилар. Аммо нега айнан 1465 йил? Манбаларда Навоийнинг Самарқандга келиш санаси кўрсатилмаган. У, ўзи айтганча, икки йил таҳсил олган, Бобур тасдиқлаганидек, Аҳмад Ҳожибекнинг ҳомийлиги остида кун кечирган. Шундан бошқа аниқлаштирувчи маълумотлар манбаларда учрамади.
Шоирнинг Самарқанддаги ҳа ётини ойдинлаштирувчи айрим маълумотлар мавжуд. “Равзат ус-сафо”да қуйидагича ёзилади: “…аз Хуросон ба Самарқанд рафта дар хонақоҳи Хожа Жалолиддин Фазлуллоҳ сокин гашт ва аксар авқотро ба мутолаа масруф дошт. Гоҳи бо Амир Дарвиш Муҳаммад Тархон ва Амир Аҳмад Ҳоржибекки, соҳибихтиёри сари кори Мовароуннаҳр буданд, ихтилот менамуд то дар ин айёмки, Мирзо Султон Аҳмад бино бар таважжуҳи хоқони мансур ба суби Хуросон аз оби Амуя гузашт ва амир Алишер низ ҳамроҳи урду равон шуда буд. Баъд аз таҳқиқи хабари воқеаи Султон Абу Саъид ва истилои хоқони мансури музаффарливо бар балдаи фохираи Ҳирот аз амир Ҳожибек рухсат талабида ижозат ҳосил намуда ва рўй ба Ҳирот овард”. (…Хуросондан Самарқандга кетиб, Хожа Жалолиддин Фазлуллоҳ (Абу Лайсий) хонақосида яшади. Асосий вақтини мутолаа билан ўтказди. Гоҳида Мовароуннаҳр давлати ишларининг соҳибихтиёри Амир Дарвеш Муҳаммад Тархон ва Амир Аҳмад Ҳожибек билан суҳбат қурарди. Бу ҳаёт шунгача давом эттики, Мирзо Султон Аҳмад Ҳусайн мирзога қарши Амудан кечиб, Хуросонга юриш қилганда Амир Алишер ҳам унинг ўрдусида эди. Абу Саъид мирзо ўлими воқеаси ва Ҳусайн Бойқаронинг Ҳиротни истило этганлиги ҳақидаги хабар аниқлангандан сўнг Аҳмад Ҳожибекдан рухсат олиб Ҳиротга юзланди).

Манбаъ: Шуҳрат Сирожиддинов., Алишер Навоий: манбаларнинг қиёсий-типологик, текстологик таҳлили – Т.: Akademnashr, 2011. – 326 б.

001

Shuhrat Sirojiddinov
ALISHERNING YOSHLIK YILLARI
(«Alisher Navoiy. Manbalarning qiyosiy-tipologik,tekstologik tahlili» kitobidan)
055

Oilasi

Alisher Navoiyning o’zi urug’-aymog’i borasida deyarli ma’lumot qoldirmagan. Faqat tog’lari Mir Said Kobuliy va Muhammad Ali G’aribiy, ukasi Darvishali haqida “Majolis”da bir oz to’xtaladi, u ham bo’lsa, tazkira talabi nuqtai-nazardan juda qisqa. Otasi to’g’risida esa mavzu talab qilganda bir oz gapirishga majbur bo’lgan joylari mavjud. Masalan, “Majolis” da Mir Shohiy nomli shoir jasadi Astroboddan vatani Sabzavorga olib kelingan paytda otasi bu
yerda hukumat ishlarini boshqarib turganligini aytib o’tadi. Uning qancha payt hokimlik qilgani va Alisherlar oilasining Sabzavordagi hayotiga doir boshqa ma’lumot keltirmagan. “Badoe’ ul-bidoya”da “otam bu oston xokbezi, onam ham bu saroy bo’stoni kanizi”, — deb ularning temuriylar xonadoni xizmatida bo’lganliklarini kamtarona ta’kidlab o’tgan. “Vaqfiya” asarida “bu xoksorning ota-bobosi ul hazratning (Sulton Husayn Boyqaroning – SH.S.) obo va ajdodi xizmatlaridakim har biri saltanat konining gavhari va shujoat beshasining g’azanfari erdilar – ulug’ marotibqa sazovor va biyik manosiq komgor bo’lg’on erdilar”, — deya o’zining nasl-nasabiga ishora etgan. Ammo negadir biron-bir asarida ota-onasi haqida aniq ma’lumot qoldirmagan. Hatto ularning nomini hech qaerda tilga olmaydi. Tarixchi Abdurazzoq Samarqandiy “Matlai sa’dayn va majmai bahrayn” asarida shunday yozadi: “…Amir Alisherdirkim, qadim zamonlardan uning mukarram bobolari va ajdodi oliy amirlar qatoridan joy olgan edilar. Umarshayx mirzo ibn Amir Temur davrida ularning hayoti lavhiga ko’kaldoshlik baxti e’tibor qalami bilan yozib qo’yilgan edi”. Ushbu asar hijriy 872 (mil.1467-1468) – 874 (1469-1470) yillar orasida yozib tugatilgan va hijriy 875 (mil. 1470) yili muallif uni yana davom ettirib, o’sha yilning safar oyida (1470, avgust) ro’y bergan voqealarni ham qo’shgan. Asarning navoiyshunoslik uchun ikki ahamiyatli jihati bor. Birinchidan, u Alisher Navoiy nomini tarixda birinchi bor yozma qayd etgan manba hisoblanadi. Shuning uchun undagi Navoiy hayotiga aloqador ma’lumotlar tarixiy fakt sifatida muhim. Ma’lumotlar qisqacha axborot tarzida keltirilsa ham ulug’ mutafakkir hayotini o’rganishda katta ahamiyatga ega. Ikkinchidan, asar Navoiy nazorati ostida yakunlangan. Demak, Navoiy o’zi haqidagi qaydlarni ko’rgan. Ma’lumotning nihoyatda qisqa berilishiga qaraganda, Navoiyning o’zi shuni ma’qul topgan bo’lishi mumkin. Balki shuning uchun ham o’sha davr manbalarida, ayniqsa, Navoiyning yaqin shogirdi, muarrix Xondamirning  barcha tarixiy asarlarida ular deyarli aynan takrorlanib, ortiqcha tafsilot bilan boyitishga jur’at etilmagandir.
Davlatshoh Samarqandiy ham negadir o’z tazkirasida Navoiyning otasi to’g’risida juda qisqa to’xtaladi. “Navoiyning otasi Abulqosim Boburning ishonchli kishisi Chig’atoy ulusi ulug’laridan edi”, — deyish bilan kifoyalanadi. Ayni paytda u Navoiyning otasi harbiy bo’lganini ta’kidlab o’tadi.
Tekshirishlar natijasida Alisher Navoiy davrida yaratilgan turli janrlarga mansub asarlarning birortasida ham ulug’ amirning otasi haqida yetarli ma’lumot keltirmaganiga ishonch hosil qildik. Shunisi taajjubliki, Navoiy vafotigacha yaratilgan barcha asarlarda Navoiyning otasi borasida yuqoridagi ma’lumotlarga qo’shimcha bo’ladigan fakt yo’q. Hatto “Ravzat us-safo” asarida ham uchramaydi. Navoiyning o’z ajdodi borasida qoldirgan mavhum ma’lumotlari va ko’kaldoshlik manbalarini aniq izohlab ketmaganligi uning nihoyatda kamtarona yo’l tutganligi va kibru g’ururga berilmaganligi bilan izohlanar balki.
1501 yili Navoiy vafot etadi. Shundan keyingi davr manbalarida Navoiy haqidagi qiziqarli ma’lumotlarni ko’rish mumkin. “Habib us-siyar”da birinchi marta Navoiy otasining ismi tilga olinadi. Jumladan, Mirzo Ibrohim tomonidan Abu Sa’id mirzo huzuriga elchi yuborilganda ularga hamrohlik qilish Amir Alisherning otasi G’iyosiddin Kichkinaga topshirlganligi aytiladi.
Shu o’rinda olimlarning ulug’ amir xislatlari va faoliyatiga bag’ishlangan Xondamirning maxsus asari – “Makorim ul-axloq” shoir vafotidan so’ng yozilgan degan fikrini yana bir bor chuqur o’ylab ko’rish kerakka o’xshaydi. Shunday deb hisoblangan taqdirda “Habib us-siyar”da Navoiyning otasi haqida qo’shimcha ma’lumot berishga jur’at etgan Xondamir “Makorim ul-axloq”da ham erkin fikr yuritishi mumkin edi. Lekin muallif Shohrux sulton vafotidan so’ng Navoiyning otasi  bola-chaqasi bilan Sheroz tomonga yo’l olganini ayta turib, uning nomini tilga olmaydi. Balki, “Makorim ul-axloq” Navoiy vafotidan avval yozila boshlagandir.
Shuning uchun ham Xondamir asarda ustozi belgilab bergan chegaralardan chiqmagandir? Qizig’i shundaki, “Ravzat us-safo” da ham Navoiy otasining nomi tilga olinmagan. Bu asar Navoiyning o’z nazorati ostida yozilgani manbalarda tasdiqlangan. Demak, Navoiy ongli ravishda ota-onasi haqidagi tafsilotlarning  berilishini xohlamagan ko’rinadi. Sadriddin Ayniy yozadi: “Shohrux mirzo saltanati davridagi katta amaldor va dong chiqargan lashkarboshilar tarixiy asarlarda nomma-nom qayd etilgan. Agar Alisherning otasi katta amaldorlar jumlasidan bo’lganda edi, u davr tarixchilari nazaridan, xususan, “Ravzat us-safo” nomli tarixiy asarni yozgan Mirxondning nazaridan chetda qolmas edi”.
Faxriy Hirotiyning “Latoifnoma”sida yoziladi: “Mirning tarjimai holidan xabardor mo’ysafid tarixchilar va to’g’ri so’zli dunyo ko’rganlar o’z asarlarida shunday keltiradilarkim, Mirga amirlik mansabi merosiydur. Uning otasi Amir Kichkina sulton Abu Sa’idning xizmatida edi. Garchi muhru mansabi bo’lmasa ham, katta hurmatga ega edi. Ona tomondan bobosi Amir Shayx Abu Sa’id Chang mirzo Boyqaro xonadonida amir ul-umaro edi. Mir o’n yoshligidan Bobur mirzo xizmatida bo’lib, (sulton) uni farzandidek ko’rardi. Mir zamon sultoni (Husayn Boyqaro) bilan maktabda hamsuhbat va hamsaboq edi. Ular qachon boshlariga baxt qushi qo’nsa, bir-birlarini unutmaslikka ahdu-paymon bog’lashgan ekan”. Faxriyning tazkirasi Navoiy vafotidan so’ng 1521-1522 yili yaratilgan. Tazkira muqaddimasidagi ishoraga qaraganda, u mazkur ma’lumotlarda kimgadir suyangan. Balki Faxriy bizga yetib kelmagan qandaydir manbaga asoslangandir. Bu bizga qorong’i. Biroq uning Navoiy bilan shaxsan tanish bo’lganligi va mushoralarida qatnashganligi uning ma’lumotlari ishonchli ekaniga shubha tug’dirmaydi. Shunga qaramay, nega Navoiyning ona tomonidan bobosi ismini ko’rsatib, ota tomoniga e’tibor bermaganligi taajjublanarli tuyulmoqda. Bu esa Xondamir asarlaridagi ma’lumotlar ruhiyatiga mantiqan bog’lanmaydi. Gap shundaki, Faxriy Abu Sa’id Changni Boyqaro xonadonida amir ul-umaro edi, deb ko’rsatar, uning Navoiyga ona tomondan bobo ekanligini ta’kidlar ekanmi, Navoiy o’z e’tirof etgan “ota-otadin yetti pushtg’a degincha bu rafi’ dudmonning boyiri bandasi va bu vasi’ ostonning mavrusi tuhmasi, ya’ni bu xonazodaning xonavodasi va bu xonavodaning xonazodasi” degan mulohazaga binoan ota tomoni ajdodlari haqida ham, albatta, ma’lumot berib o’tishi joiz edi. Bunday ma’lumotning yo’qligi Navoiyning ota tomonidan ajdodlari haqida aniq fikr yuritishga imkon bermaydi. YE.E.Bertel`s yozadi: “Alisherning bobosi Abu Sa’id Chang Boyqaroning Qandahordagi qisqa davrli hukumati paytida uning devonida amir edi. Uning o’g’li, ya’ni Navoiyning   otasi G’iyosiddin Kichkina Mansurning ko’kaldoshi edi”. Biroq shu o’rinda G’iyosiddin Kichkinaning aynan Mansur bilan emikdoshi bo’lganligi haqidagi Bertel`s xulosasi taxmin ekanligini ham ta’kidlash zarur. Chunki fanga ma’lum Navoiy davri manbalarining birortasida ham bu tarzdagi ma’lumot uchramadi.
Faxriyning Amir Kichkina haqidagi ma’lumotlaridan ikki muhim xulosa chiqarish mumkin. Birinchisi, Faxriy bizga ma’lum manbalarning ichida birinchi bo’lib, Amir Kichkina Sulton Abu Sa’id mirzo saroyida xizmat qilganini yozib qoldirgan. Bu gaplarda jon bor. Abulqosim Bobur vafot etib, Xurosonda to’s-to’polon boshlanganda shahzodalar birin-ketin taxtga o’tirishar va sal o’tmay biri ikkinchisining siquviga bardosh bera olmasdan Hirotni tashlab qochar edi.
Shunday sharoitda taxtni Mirzo Ibrohim egallaydi. U Hirot taxtini saqlab qolish maqsadida o’z atrofiga saltanat ulug’larini yig’adi va Abu Sa’id bilan ittifoq tuzishga urinadi. Buni Hirot saltanatining obro’li arboblaridan bir nechasini sulton Abu Sa’id qoshiga yuborishida ko’ramiz. Elchilar Shayx Nuriddin ibn Bahouddin Umar, Shayx Shamsiddin Jomiy va Amir Burhoniddin bo’lib, ularni kuzatib boruvchi hamroh sifatida Alisherning otasi G’iyosiddin Kichkina  tayinlanadi. Abu Sa’id ularni izzat-ikrom bilan qabul qiladi va kuzatib qo’yadi. Demak, Abu Sa’id mirzo G’iyosiddin Kichkina bilan muloqotda bo’lgan. Tarixiy yilnomalardan ma’lumki, o’sha yiliyoq Abu Sa’id Hirotni egallaydi. Ikkinchisi, “Habib us-siyar”da G’iyosiddinning amirlik davri haqida gapirila turib, rasmiy ohangda G’iyosiddin Kichkina deb ko’rsatilishi Faxriy ma’lumotlari bilan birlashtirilganda bu laqabning ulug’lovchi sifatga ega bo’lganligini ko’rsatadi.
Xondamir ma’lumoti ruhidan kelib chiqadigan bo’lsak, Faxriy to’g’ri aytgan. Abu Sa’id Abulqosim Bobur amaldorlaridan bir qanchasini o’z saroyida qoldirganida G’iyosiddin Kichkinani ham hamsuhbat sifatida qoldirgan bo’lishi ehtimolga yaqin. Ko’rinib turganidek, yuqoridagi ma’lumotlar Ayniy fikrini inkor etadi. Zotan, Shohruxning nevarasi Mirzo Ibrohim o’zi uchun hal qiluvchi ahamiyatga ega bo’lgan muhim vazifani faqat saltanatning eng ishonchli kishisiga topshirishi mumkin edi. Shu o’rinda Kichkina laqabining kelib chiqishi haqida fikr yuritib ko’rish mumkin. Navoiy davri tarixiy asarlari, jumladan, “Matlai sa’dayn…” va “Ravzat us-safo” kabi eng salmoqli tarixiy asarlarda asosiy e’tibor “Navoiyning bobosi Amir Temurning o’g’li Umarshayxning xos mulozimlaridan bo’lib, uning peshonasiga shahzodaga ko’kaldosh bo’lish yozilgan edi” degan fikrga berilgan. Bu ikki asar Alisherning amirlik davrida yozib tugatilgani va uning nazaridan o’tganligi hisobga olinsa, undagi ma’lumot shubha uyg’otmaydi. Ayniqsa, unda sezilmasdan qolayotgan yana bir muhim jihat bor. Bu ko’kaldoshlik belgisidan ko’ra Navoiy bobosining otasi Amir Temurning xos kishilaridan bo’lganligi va onasi shahzodani, ya’ni Umarshayx mirzoni o’z bolasi bilan qo’shib emizish kabi o’ta yaqin aloqalarga ega kishilar ekaniga ishora qilinayotganiga ko’ra belgilanadi. Xuddi ana shu jihat Faxriy ma’lumotlari bilan uyg’unlashganda  qanchalik izchillik kasb etishi sezilibgina qolmay, balki mantiqiy xulosaga ham olib keladi. Ma’lumki, Amir Temur vafoti paytida marhum Umarshayx ibn Temur Ko’ragonning o’g’li Boyqaro 12 yoshda edi. Demak, Umarshayxning ko’kaldoshi bo’lgan Abu Sa’id Chang bu paytlari ellik yoshlarda bo’lgan. Boyqaro 22 yoshga to’lganda Shohrux uni Qandahor viloyatiga hokim etib tayinlaydi. Abu Sa’id Chang esa uning ishonchli kishisi sifatida “Amir ul-umaro” unvoni bilan taqdirlanib, uning  noibi va maslahatchisi vakolatiga ega bo’ladi. Bu mansab Boyqaroning o’g’li G’iyosiddinning birga tarbiya topishi va birga o’sib-ulg’ayishini ta’minlaganligi g’ayrimantiqiy emas. Saroy ahli esa ularning ismlari bir xil ekanidan, amirning o’g’lini farqlash uchun G’iyosiddin Kichkina deb atagan bo’lishlari ehtimolga yaqin.
Mazkur laqab ko’kaldoshlik belgisi kabi temuriylarga yaqinligini izohlab turgani uchun bir umr uning nomiga qo’shib aytilgan bo’lishi mumkin.
Faxriy ma’lumotlaridan kelib chiqadigan yana bir muhim mulohazaga e’tiborni qaratish lozim. G’iyosiddin Kichkinaning Abu Sa’id davrida tirik ekanligi zamonaviy navoiyshunoslikdagi “Navoiyning otasi shoir yoshligida (11-12 yoshlarda) vafot etgan” degan aqidaning noto’g’ri ekanligini ko’rsatadi. Bu esa, Navoiy hayoti talqini bo’yicha ilgari surilayotgan “Abulqosim Bobur vafotidan so’ng Mashhadda qolgan Navoiy chor-nochor ahvola kun kechirgan” kabi qarashlarni ham inkor etadi. Navoiyning asarlarida uchraydigan faqirlik motivlari, garchand ular Mashhad bilan bog’liq bo’lsa-da, boshqa sabablar asosida aytilgan va bu haqda o’z mavridi bilan alohida to’xtalamiz.
Faxriyning kichik zamondoshi Som mirzo Safaviy qalamiga mansub “Tuhfai Somiy” tazkirasida Faxriy ma’lumotlari deyarli takrorlangan. Biroq, undan farqli ravishda, Navoiyning otasi Kichkina Bahodir tarzida tanishtirilgan. Tazkira yozilgan davr Navoiy davriga nisbatan yaqin bo’lgani uchun bu o’zgartirishda biror ma’lumotga tayanilgan deb o’ylashga asos bor. “Temur tuzuklari”da aytilishicha, qaysi amir mamlakat yo bir qo’shinni yengsa, unga birinchi navbatda, tug’ berib, bahodirlik laqabi rasmiy ravishda uning nomiga qo’shib yozilgan. So’ng chegara viloyatlaridan biriga hokim etib tayinlangan. G’iyosiddin Kichkinaning bizga ma’lum faoliyatiga nazar tashlaydigan bo’lsak, Som mirzoning ma’lumoti asoslidek ko’rinadi. Ammo uning qanday hujjat tayanganini aniq ko’rsatish qiyin.
Som mirzo ma’lumotlarida e’tiborni tortadigan yana bir o’ziga xos nuqta Faxriy tazkirasida keltirilgan Abu Sa’id Chang nomining Abu Sa’id Bek tarzida keltirilganligidir. Bu Som mirzo tuzgan asl nusxada shundaymi yoki xattotlar “xizmati”mi, hozircha aniqlanishi kerak bo’lgan vazifadir. Som mirzo Xondamir, Kamoliddin Behzod bilan tanish edi. Shu nuqtai nazardan bu ikki tazkiraning asl nusxalarini chog’ishtirish navoiyshunoslikka muhim yangilik kiritadi
degan fikrdamiz. Shundagina Som mirzo qaydlarining aniqlik darajasi ma’lum bo’lardi.
Navoiy ota-bobolarining zikr etilgan nomlari qo’lyozma manbalarda turli talqinlarga uchragan. Ikkilamchi manbalardagi ayrim ma’lumotlar asl manbalardagi ma’lumotlardan farqli. Avvaliga ular biror-bir manbaga asoslangandir degan fikrda edim. Ularni topish ilinjida ancha vaqtim va kuchimni behuda sarf qildim. Masalan, “Habib us-siyar”da G’iyosiddin Kichkinaning laqabi Ganjkina (yoki Kanjkina, Kanjakina), Kijakina (yoki Kijakniya) tarzida uchrashi  hattotlar tomonidan nuqtalar qo’yilmay ketgani oqibatida yuz berganiga ishonch hosil etgunimcha “Habib us-siyar”ning o’nlab qo’lyozma va bosma nusxalarini ko’rib chiqishga to’g’ri keldi. Tadqiqotning ma’lum bosqichida ular kitobat an’anasiga xos umumiy illat ekanligiga amin bo’ldim va ikkilamchi manbalardagi Navoiy otasi bo’yicha ma’lumotlarning asl ilk manbalardagi ma’lumotlar bilan muvofiqlik darajasini o’rganishga kirishdim.
Keyingi davrlarda yaratilgan manbalardagi ma’lumotlar ko’rib o’tilganlari kabi muhim va original emas. Hatto ba’zilarini adashtiruvchi va soxta ma’lumotlar sirasiga qo’shish mumkin. tadqiq ob’ekti sifatida tanlab olingan XV asrdan XX asrgacha yaratilgan o’ttizga yaqin manbadagi ma’lumotlar guruhlashtirilganda Navoiyning nasabi haqida ikki xil qarash mavjudligi ma’lum bo’ldi. Bir guruh mualliflar “uning ota-bobolari temuriylarning amirlaridan bo’lib, onalari shahzodalarga enagalik qilganlar” desalar, ikkinchi, nisbatan kamchilikni tashkil etgan guruh “Alisherning ota-bobolari uyg’ur baxshilaridan bo’lgan” deb hisoblaydi. Ushbu jihatni o’rganishning nechog’lik muhim ekani manbalar qiyosiy tahlilida chuqurlashganimiz sari yanada yaqqolroq ayon bo’la boshladi. Zero, davrlar kechmishi mobaynida tazkiranavislik an’anasi har ikkala qarashni qabul qilgani, aralashtirib yuborilgan ma’lumotlar o’zidan keyin qator “yangi” ma’lumotlarning tug’ilishiga sabab bo’lgani sezildi. Avvalgi guruhning mulohazalari, o’z-o’zidan ravshanki, yuqorida biz ko’rib o’tgan mashhur tarixiy asarlarga asoslangan. Keyingi guruhga kiruvchi manbalar o’zining jug’rofiy tarqalish hududi va mashhurligi jihatidan Movarounnahr hududi bilangina chegaralangan. Ularning eng oldi va, aytish mumkinkm, keyingi avlod tazkiranavislariga material vazifasini o’tagan ma’lumotni taqdim etgan manbav Mirzo Haydar Do’g’lotning “Tarixi Rashidiy” asaridir. U, garchi tarixiy asar bo’lsa-da, Navoiy haqidagi ma’lumotlar yo’l-yo’lakay an’anaviy umumiy   tanishtiruv-tazkiraviy shaklda beriladigan ma’lumotlar sirasiga kiradi. Jumladan, unda “Navoiy asli uyg’ur baxshilaridan bo’lib, otasi Amir Kichkina oddiy (yoki rasmiy) odam (marde bud ala arrasm) edi”, — deb yozib qo’yilgan. A.A.Semyonov o’z vaqtida yozgan edi: “Mirzo Haydar Do’g’lotning guvohlik berishicha, Alisherning kelib chiqishi an’ana bo’yicha temuriylar davrida uyg’ur tilida rasmiy ish qog’ozlarini bituvchi baxshilar, ya’ni uyg’ur munshiy va kotiblariga bog’lanadi. Nasab
jihatidan u aslzodalarga ham, “kibor mulozimlarga” ham emas, balki Bartol`d aytgandek, otameros devon amaldorlariga mansub”. Shu narsaga e’tibor qilish kerakki, bu ma’lumot Mirzo Haydar asaridan boshqa XV-XVI asr boshida yaratilgan biror-bir manbada uchramaydi. Navoiy bilan shaxsan tanish bo’lgan tarixchilar va olimu-ijodkorlarning bunday ma’lumot bermaganliklari tufayli Mirzo Haydar ma’lumotiga ehtiyot bo’lib yondashish talab etiladi. Ikkinchidan, Mirzo Haydar Navoiyning vafotidan sal ilgariroq, ya’ni hijriy 905/1499 – 1500 mil.) yili Toshkentda tug’ilgan. Umrining asosiy qismi Koshg’arda va oxiri Hindistonda o’tgan. Unda Navoiy xaqidagi ma’lumotlarni ulug’ shoirni shaxsan tanigan kishilardan olish imkoniyati yo’q edi. Hatto umrining oxirini boburiylar saroyida o’tkazgan Xondamir ham Mirzo Haydarning Hindga kelishidan taxminan yetti yilcha ilgari vafot etib ketgandi. Shunday bo’lgach, Mirzo Haydar bahs etilayotgan mavzu bo’yicha o’z hamasrlari Faxriy va Som mirzochalik o’z ma’lumotlarini qayta tekshirib ko’rish imkoniga ega emas edi. Uchinchidan, tarixiy asar yaratilish jarayonida muallif ba’zida yozma manbalarga emas, balki uzunquloq gaplarga tayanib, ularni fakt sifatida qayd etganligi fanga ma’lum. Tarixchi olim T.Sultonov XV-XIX asrlarda yaratilgan tarixiy asarlar mazmuniga bag’ishlangan tadqiqotida ta’kidlashicha, Mirzo Haydar ham ko’pgina o’rinlarda shu yo’ldan borgan.
Xo’sh, baxshilar kimlar? Semyonov Navoiy va Husayn Boyqaro munosabatlariga doir maqolasida “baxshilar – devon, mahkama xodimlari” deb quruqqina tushuntirish bilan cheklansa, T.Sultonov o’z tadqiqotida boshqa bir munosabat bilan Abulg’ozi Bahodirxonning ta’rifi va V.V. Bartol`dning xulosasiga asoslanib, baxshi-kotilarning mavqei va vazifalari haqida ancha tushuntirish beradi: “…Uyg’ur xalqi orasida savodxon kishilar ko’p bo’lgan. Ular yozuv-chizuvlarni   yaxshi olib borishar va devon hisob-kitoblarini yaxshi bilar edilar. Chingizxon sulolasi davrida Movarounnahr, Xuroson, Eronda devon va mahkama xodimlarining barchasi uyg’urlardan edi. uyg’ur harfi bilan hujjat to’ldiradigan Turkiston xonlarining kotiblari va amaldorlariga nisbatan asl ma’nosi budda ruhoniylarini anglatuvchi “baxshi” (sanskritcha “bhikshu”) istilohi qo’llanardi. V.V.Bartol`dning ta’minicha, “mazkur kotiblar chig’atoy xonlari dargohida
musulmon madaniyati vakillaridan ko’ra taxtga yaqinroq turganlar va tarixiy voqealarni zikr etib borish tamoman ularning qo’llarida bo’lgan”. Tarixchi olim Chingizxon davrida butparast uyg’urlar dini jihatidan mo’g’ullarga, tili jihatidan esa Markaziy Osiyo xalqlariga yaqin bo’lganliklari uchun mo’g’ul xonlari ulardan unumli foydalanganlar va, tabiiyki, uyg’urlar musulmonlardan ko’ra mo’g’ullarga yaqinroq hisoblanganlar, deb xulosa chiqaradi. Mo’g’ullar istilosining  dastlabki davrlarida balki shunday bo’lgandir. Jahongir Amir Temur Ko’ragonning tarixi yoritilgan “Zafarnoma”da Sharafiddin Ali Yazdiy yozuv-chizuv ishlarini olib boruvchi kishilarni “baxshiyoni turk” deb atagan. Bundan ma’lum bo’ladiki, Temur saroyida yozuv-chizuvlarni asosan o’zbek kotiblari olib borishgan. Biroq kotib o’rnida “baxshi” so’zini ishlatish mo’g’ul xonlaridan an’ana bo’lib qolgani sababli har ikki istiloh bir ma’noda qo’llangan. Demak, Temur davrida
kotiblarning baxshi nomi bilan atalishiga an’ana deb qarasak, unda Mirzo Haydar Navoiyni “uyg’ur baxshilaridan” deb atayotganida uning millatini emas, balki ajdodi saroy kotiblaridan demoqchiligi ma’lum bo’ladi.
Endi Mirzo Haydarning Navoiy nasabini saroy kotilariga olib borib taqashi qay darajada haqiqatni ifodalashi masalasiga e’tiborni qaratsak. “Temur tuzuklari”da kotib-yozuvchilar haqida ba’zi gaplar mavjud. Masalan, Temur farzandlariga bir guruh kishilardan iborat yozuvchilar tayinlashni, ular majlislarda belgilangan ishlar, tadbirlar, muhim masalalarni voqea-tafsilotlari bilan yozib borishlarini, hukmdor chiqargan hukmu-farmonlarni batafsil qalamga olib, sultonning voqea daftariga yozib borishlarini, saltanat oshxonalarining har birida yozuvchilar bo’lib, kundalik kirim-chiqimlarni yozib turishlarini ta’kidlaydi.
Bundan shunday xulosa chiqarish mumkinki, kotiblar saroyda o’rtamiyona vazifalarga ega bo’lsalar-da, hukmdorning bevosita nazorati ostida, unga yaqin bo’lish imkoniyatiga ega ekanlar. “Tarixi Rashidiy”dan bo’lak manbalar, xususan, original uslubda yaratilgan “Boburnoma” yoki Navoiy bilan shaxsan tanish, ulug’ amirning o’zidan va hamsuhbatlaridan aniq ma’lumotlar olgan Xondamir, Faxriy, Zayniddin Vosifiy, qolaversa, bizgacha yetib kelmagan manbalarga boy Hirot   kutubxonasiga egalik qilgan Som mirzo Safaviy asarlarida Navoiy ajdodining temuriylarga ko’kaldoshligi, ularning amirlar sulolasidan ekanligi bir ovozdan tasdiqlangan. Saroy kotiblari – baxshilar hukmdorning ishonchli kishilaridan sanalar ekan, agar Navoiy bu tabaqaga mansub bo’lganida Hirot tarixchilari bu haqda ishora berib o’tishlari lozim edi. Navoiyning o’zi ota-bobolari temuriylar saltanatida “ulug’ marotibg’a sazovor va biyik manosibg’a komgor bo’lg’on
erdilar” degan ekan, birinchi navbatda, uning o’ziga ishonmoq kerak. Mirzo Haydarning asossiz xulosasi, afsuski, keyingi davrlarda yanada rivojlantirib yuborilganini ko’rish mumkin.
Keyingi asrlarga taalluqli manbalarning Navoiy davri, ya’ni ilk manbalardan ancha farq qiluvchi jihati, ularda tekshirib ko’rilmagan turli ma’lumotlarni qo’shib bayon etish holatining ustuvorligida ko’rinadi. Masalan, Abdulmo’minxonning “Tom ut-tavorix” (1598 yil, Buxoro) to’plamida keltirilgan Navoiyning tarjimai holi shoir zamondoshlarining yozib qoldirgan ma’lumotlariga umuman mos kelsa-da, Davlatshoh Samarqandiy qo’llagan “otasi Chig’atoy   elining mashhurlaridan” iborasiga Mirzo Haydarda keltirilgan “Kichkina” nomini qo’shish va bu ikki iboradan so’ng “baxshi” atamasini ildirish orqali keyingi davr manbalariga “yangi” ma’lumotni taqdim etgan. Shu qabildagi ma’lumotlar Mahmud bin Valining “Bahr ul-asror”, Fahmiyning “Tazkirat ush-shuaro” asarlarida, Sharifjon Mahdum Sadr Ziyoning bayozida ham uchraydi. Biz qo’limizdagi manbalarni Navoiy tarjimai holi ko’rinishlari bo’yicha guruhlashtirganimizda ma’lum bo’ldiki, “Tarixi Rashidiy”dagi ma’lumotga suyanish faqat O’rta Osiyoda yaratilgan asarlardagina uchrar ekan. E’tibor bering-a, “Bahr ul-asror” Balxda, “Tom ut-tavorix” Buxoroda, Fahmiy tazkirasi Samarqandda, Sadr Ziyo asarlari Buxoroda yaratilgan. Tarixchi T.Sultonov ham “Tarixi Rashidiy”ning O’rta Osiyo va Sharqiy Turkistondan tashqarida, xususan, Yaqin Sharqda tarqalmaganligini alohida qayd etgan. Bu esa Navoiyning “baxshi”lardan ekanligi haqidagi ma’lumot   Mirzo Haydarning ijodi ekanligi va keyingidavr asarlarida uchrashi undan ko’chirish oqibatida ro’y berganligini tasdiqlaydi.
XVI-XIX asrlarga taalluqli manbalarda yana bir qusur uchraydi. bu Navoiy davri manbalaridagi ma’lumotlarning o’zgartirilganida ko’zga tashlanadi. Jumladan, Darvish Ali Changning 1572-1573 yillari yaratgan “Tuhfat us-surur” yoki “Risolai musiqiy” nomi bilan mashhurlik tutgan musiqa nazariyasiga oid asarida keltirilgan Navoiy tarjimai holida “Alisherning otasi zaif inson bo’lsa-da, o’zi ustida ishlashni qo’ymas edi” degan jumla mavjud. Agar unga ishonilsa,   G’iyosiddin Kichkina haqidagi tasavvurimiz boshqa yo’nalish kasb etishi mumkin. Ammo qiyosiy tekshirishlar ma’lumotning Davlatshohdan olinganligini ko’rsatdi.
Muallif Davlatshohning “Sipohiy bo’lishiga qaramay, fozillikni tashlamadi” iborasini o’z tushunchasiga muvofiq talqin qilganligi ravshanlashdi. XVIII asrda Hindistonda yashab, ijod etgan Vola Dog’istoniyning “Riyoz ush-shuaro” tazkirasida “Navoiy chig’atoy sultonzodalaridan” deb keltirilishi uning Navoiy davri manbalaridagi ma’lumotlarning umumiy ruhiyatidan chiqargan shaxsiy mulohazasi deyish mumkin. XIX asrda yaratilgan “Ro’zi ravshan” tazkirasida esa “Navoiy   chig’atoy sultonlaridan” deb bitilganligi, o’z navbatida, Vola xulosasining o’zgartirilgan varianti ekanligi aniqlandi. Bunday misollar ko’p bo’lib, ilk ma’lumotlar keyingi davr asarlarida umumlashtirib borilavergan va zamonlar o’tgani sari Navoiy davri manbalaridagi ma’lumotlar o’z asliyatidan ancha uzoqlashib ketgan.

Bolaligi

Manbalar xronologiyasiga rioya qilinadigan bo’lsa, Alisherning bolalik davri haqidagi dastlabki ma’lumot Davlatshoh Samarqandiy qalamiga mansub. Biroq u juda qisqa bo’lib, bo’lajak shoirning Abulqosim Bobur saroyidagi turmushi va sulton bilan oralaridagi yaqin aloqalar ta’kididan iborat. Xondamir “Makorim ul-ahloq” asarida shoirning bolalik davrini muayyan darajada yoritgan. Keyinchalik Faxriy Hirotiy, Zahiriddin Bobur, Som mirzo Navoiyning Husayn   Boyqaro bilan maktabdosh bo’lganligini aytib o’tganlarida so’zsiz uning asariga suyanganlar. Shuni hisobga olib, Davlatshoh va Xondamir Navoiy tarjimai holining umumiy qolipini yaratib bergan deb aytish mumkin. Qolganlar o’sha davrning o’zidayoq ozmi-ko’pmi aniqlik kiritib borganlar. Jumladan, Faxriy Navoiyning Abulqosim Bobur xizmatiga kirganda o’n yoshda bo’lganligini ta’kidlasa, Som mirzo Alisherning Abulqosim vafotidan so’ng Mashhadda qolib ilm orttirganligini tasdiqlagan.
Qo’shimcha sifatida Navoiyning Pahlavon Muhammadga bag’ishlangan “Holot”ida ularning do’stligiga qirq yilga yaqin vaqt bo’lganligi aytib o’tilganini ko’rsatish mumkin. Agar asarning milodiy 1493 yili yozilganligini e’tiborga olsak, ularning do’stligi taxminan milodiy 1457 yildan, ya’ni Alisherning 16 – 17 yasharligidan boshlangani oydinlashadi.
Davlatshoh Navoiyning yoshligidayoq zullisonayn ijodkor sifatida Abulqosim Boburga manzur bo’lganini qayd etgan. Uning ma’lumotiga Faxriyning “Alisher o’n yasharligida Abulqosim Bobur xizmatiga kirgan” tarzidagi ta’kidini qo’shsak, Navoiyning juda erta forsiy va turkiy tilda birdek ijod qilishga intilganligi ma’lum bo’ladi. Navoiyning Lutfiy bilan bo’lgan suhbatida keltirilgan “Orazin yopg’och ko’zumdin sochilur har lahza yosh, Bo’ylakim paydo bo’lur yulduz, nihon bo’lg’och quyosh” matla’li g’azali shoirning o’spirinlikda yozgan turkiy tildagi ijodi namunasi ekanligi Xondamirning “Makorim ul-axloq” asari tufayli ilmiy iste’molga kiritildi. Afsuski, biz hozirgi kunda uning bolaligida yozgan forsiy she’rlaridan namunalarga ega emasmiz.
Albatta, uning she’riyatga mehr qo’yishi va ijodga kirib borishi masalasida, avvalo, Alisher Navoiyning o’ziga murojaat etish maqsadga muvofiq. Uning asarlaridan yoshlik davriga oid keltirilgan ma’lumotlarni topib izchil tartibda sanalashtirsak, bolalik yillari tasvirlaridan eng oldi sifatida kattalar huzurida Qosim Anvor g’azalini o’qib bergani va bu paytda 3-4 yoshlarda ekani ma’lum bo’ladi. Mazkur ma’lumotda shoir ushbu she’r birinchi yod olgan g’azali   ekanligini e’tirof etgani yanada ahamiyatlidir. Keyingisi, Shohrux mirzo vafotidan so’ng Alisherlar oilasining Iroqqa (hozirgi Eron) ko’chishi va Taft qishlog’ida Sharafiddin Ali Yazdiy bilan uchrashuvi bilan bog’liq tafsilotlardir. Bu paytda Navoiy, o’z e’tiroficha, olti yoshda bo’lgan. Boshqa o’rinlarda bolaligiga taalluqli yosh sanalarini ko’rsatmagan.

Yigitlik davri

Manbalarda keltirilishicha, Navoiy yoshlik davrining bir muddatini Abulqosim Bobur saroyida o’tkazgan. Abulqosim Bobur 1456 yili qishlash uchun Mashhadga ko’chganda, Alisher va Husayn Boyqaro ham u bilan ketishadi. O’sha qish (1457) Abulqosim Bobur vafot etadi. Xondamir “Habib us-siyar”da aniq ko’rsatishicha, Alisher Navoiy Abulqosim Bobur bilan birgalikda Mashhadda bo’lgan va sulton vafotidan keyin shaharda qolib, ilm takomili bilan shug’ullangan.
Biroq u Navoiyning Mashhadda qancha vaqt yashaganligi haqida na bu va na boshqa asarlarida hech qanaqa ma’lumot berib o’tmagan. Umuman, bu haqda so’z yuritgan manbalarda uning Hirotga qachon qaytgani aytilmagan.
Bartol`d ko’rsatishicha, Alisher Hirotga 1464 yili qaytgan. Olimning manbalarda ko’rsatilmagan xronologiyani bu qadar aniq aytishidan maqsadi, nazarimizda, aynan shu sanada Abu Sa’id saltanatida kechgan og’ir siyosiy voqealarga Navoiyni bevosita aloqador qilish, shuning natijasida Navoiy va Abu Sa’id ixtilofiga siyosiy tus berish bo’lganligi ehtimol. Aytish kerakki, Bartol`d tomonidan tarixiy-siyosiy faktlarning Navoiy shaxsiyati atrofida bog’lanishi shu   qadar tabiiy chiqqanki, olimning fikrlash tarzi keyingi navoiyshunoslik tadqiqotlari rivojiga ta’sir ko’rsatmay qolmadi. Barcha tadqiqotlarda bir ovozdan Navoiy Abulqosim Bobur vafot etgach, Mashhadda qolib, 1464 yili Hirotga qaytgani bitiladi. Navoiyning Mashhaddagi hayoti tafsilotlari shoirning o’z asarlarida uchrab turadigan xotiralari asosida tiklandi. Jumladan, Alisherning Mashhadda qolib, ilm takomili bilan mashg’ul bo’lishi, Imom Rizo ziyoratgohidagi hujraga joylashib, o’sha yerda istiqomat qilishi va ko’pgina shoiru-ilm ahli bilan muloqotda bo’lishi, hujrada betob bo’lib yotganida Kamol Turbatiy, Pahlavon Muhammad bilan tanishishi mantiqan Abulqosim Bobur vafot etgan 1457 yildan 1464 yilgacha o’tgan yetti yillik davr bilan bog’liq tarjimai holni qat’iylashtirdi. Ammo olimlarimiz tomonidan mazkur xotiralarning birida keltirilgan muhim bir jihat e’tiborga olinmaganligi oqibatida shoir tarjimai holining birmuncha xiralashib qolganligini sezish mumkin. Xususan, Alisher Navoiy “Holoti Pahlavon Muhammad” asaridagi Pahlavon bilan uchrashuvi zikrida o’zini Mashhadga “ayni iflosu falokat va sarnavishu ranjurish” yetaklab kelgani va bu zamonda Xuroson Abu Sa’id mirzo qo’lida bo’lib, Hirot ahli Samarqand ahliga asir va mute bo’lganligini ko’rsatadi. Diqqat qilsangiz, Navoiy aytmoqchi, uni Mashhadga tortgan sabablar, bu ifloslik, ya’ni o’rta asrlarda bu kalima chorasizlik ma’nosida ishlatilgan; ikkinchisi – falokat, uchinchisi esa sarnavisht, ya’ni taqdir, peshona hamda to’rtinchisi – ranjurish. Mazkur oxirgi kalima ham forsiy bo’lib, xafachilik ma’nosini bildiradi. Demak, Alisher chorasizlik, falokat, taqdir va xafagarchilik oqibatida Mashhadga kelgan. Bu alamzada ohangni biz bilgan Abulqosim Bobur davriga bog’lab bo’lmaydi. Alisher Abulqosim Boburga farzand o’rnida hisoblanardi (Davlatshoh Samarqandiy) va uni Mashhadga Bobur keltirgan edi. Ko’rinib turibdiki, voqea Abu Sa’id zamonasida ro’y bergan. Manbalardan ma’lumki, Abu Sa’id Abulqosim Bobur vafot etgan  yilning o’zidayoq Xurosonni egallaydi.
Navoiy 1464 yili emas, balki ilgariroq Hirotga qaytgan ham bo’lishi mumkin. Sanani aniq ko’rsatishning imkoni yo’q, chunki manbalarda bu haqda ma’lumot yo’q. Ammo bir narsa aniq. Alisher Abu Sa’id mirzo davrida Hirotga qaytgan. Bu haqda “Habib us-siyar” asarida “Sulton Abu Sa’id zamonida Hirot dor us-saltanatiga qaytib, bir muddat ul iqboloshiyolik ostona xizmatida bo’ldi” degan qayd mavjud. Navoiyning “Majolis”da keltirilgan Abu Sa’id tarixini yozayotgan Mavlono Abusamad Badaxshiy va sultonning xom mulozimi Shayximbek Suhayliy bilan yaqin do’stligi haqidagi xotiralari yana bir dalildir. Bundan ma’lum bo’ladiki, Navoiy Mashhadda ikki marta muqim yashagan: bir marta Abulqosim Bobur bilan borib, ilm takomili bilan shug’ullangan, ikkinchi marta Abu Sa’id Mirzo davrida chorasizlik, falokat, taqdir va xafagarchilik oqibatida Mashhadga kelgan. Demak, Abu Sa’id taxtni egallab, Xurosonda nisbatan osoyishtalik o’rnatilgach, Alisher Hirotga kelgan va muayyan bir muddatdan so’ng yana Mashhadga qaytgan ko’rinadi. Temuriy sultonlarga ulkan ehtirom ruhida   tarbiyalangan, bu ulug’ xonadonga yaqinlik hissidan mag’rur va, eng asosiysi, ijodiy g’ayrati mavj urgan yosh shoirning sulton himoyasiga, poytaxt adabiy muhitiga shoshilishi mantiq nuqtai-nazaridan tabiiy. Shoirning chuqur nadomat bilan Hirotning “Samarqand ahliga asir va mute” ekanligini ta’kidlashi uning Abu Sa’idga bo’lgan salbiy munosabatini yaqqol namoyon qiladi. Demak, bizga hozircha noma’lum voqea tufayli Navoiyning Abu Sa’iddan ko’ngli qolgan deyish   mumkin. shunday bo’lgach, Abu Sa’id mirzoning tazyiq o’tkazishidan xavfsirab Mashhadga qochgan Navoiyning 1464 yili yana Hirotga qaytishi mantiqan ishonarli emas.
Yuqoridagi mulohazalar zamonaviy navoiyshunoslikda qabul qilingan “Navoiy Samarqandga aynan Hirotdan yo’l olgan” qabilidagi xulosani ham muayyan ma’noda shubha ostiga qo’yadi. Navoiy Samarqandga to’g’ri Mashhaddan yo’l olgan bo’lishi ham mumkin. navoiy haqidagi manbalarning birortasida uning Samarqandga aynan Hirotdan to’g’ri ravona bo’lgani aytilmaydi. Mirxond, Xondamir va boshqa Navoiy zamondoshlari bu safarni “Xurosondan Samarqandga” tarzida  ifodalaganlar. Mashhad ham Xuroson tarkibida ekanligi hisobga olinsa, zamonaviy navoiyshunoslikda Navoiyning Samarqandga jo’nashi tafsilotlarida noaniqliklar mavjudligi ravshanlashadi. Navoiyning Samarqandga ketish oldidan Sayid Hasan Ardasherga yo’llagan maktubi ham aynan Hirotdan yozilganini tasdiqlovchi birorta manbaviy ma’lumot yo’q.

Navoiy va Abu Sa’id Mirzo munosabatlari

Navoiyning Abu Sa’id mirzoga nisbatan qahr va alami uning asarlarida ochiq namoyon bo’lgan, ammo asl sabablari ma’lum emas. YE.E.Bertel`s o’zining “Navoiy” monografiyasida mazkur masalada aniq fikr bildirmagan: bir joyda “Alisher 1464 yili Mashhaddan Hirotga qaytdi. 1466-1467 yili Badaxshonda Navoiyning do’stlari tomonidan ko’tarilgan qo’zg’olon Abu Sa’id tomonidan bostirilgach, u qochib, Samarqandga ketdi” desa, boshqa bir joyda Navoiyning yuqoridagi e’tirofiga diqqatini qaratgan shekilli, “u 1467 yili Abu Sa’id tomonidan Mashhadga surgun qilindi”, — deb ko’rsatadi.Olim negadir bu ikki xil qarashni mantiqan dalillamagan. Sadriddin Ayniy Alisher Navoiy va Abu Sa’id o’rtasidagi ixtilof Husayn Boyqaroning, Mir Said Kobuliy va Muhammad Ali G’aribiyning hamda Badaxshon bo’lgan deb ko’rsatadi. Oybek ham shunday hisoblaydi. Ayniy “Abu Sa’id 1466 yilda Alisherni surgun qilishga hukm chiqardi va Hirotni tark etib, Samarqandda yashashni buyurdi. Ahmad Hojibek Alisherni o’zi bilan birga olib ketadi. Chunki unga Sulton Abu Said tomonidan Alisherni
saqlash topshirilgan edi” – deydi. Olim Sharafiddinov “Navoiy Samarqandga 1465 yilda surgun qilinadi va uni Ahmad Hojibek Hirotdan Samarqandga nazorat qilib boradi” degan. V.V.Bartol`d yozadi: “Xondamirga binoan, Mir Alisher Hirotga Abu Sa’id huzuriga kelib bir qancha vaqt yashadi. O’zi kutgan e’tiborni sezmagach, Samarqandga ketdi. Bobur so’zlariga qaraganda, Mir Alisher Samarqandga Abu Sa’id tomonidan qandaydir xato uchun surgun etilgan. Mir Alisherning o’zi   tahsil uchun borganligini aytadi. U paytlarda tahsil uchun Hirotdan Samarqandga bormas edilar. Demak, uning Hirotdan Samarqandga ketishi surgun sifatida qaralishi lozim”. Bartol`d o’z taxminining ishonarli chiqishi uchun ba’zi ma’lumotlarni qasddan noto’g’ri sharhlaganidan ham ko’z yumib bo’lmaydi. Jumladan, u shunday yozadi: “Navoiy hayotining bu davrini yoritishda, balki uning go’zal va fasih tilli, “qalbini asir etgan” (ko’nglumni base sayd qildi) shayx Sadriddin Rivosiy haqidagi hikoyasi ba’zi ahamiyatga ega bo’lishi mumkin. Unga hatto oliy darajadagi shaxslar ham (Badaxshon shohi va podshoh ham) jazmat edilar. Mir Alisherning badaxshonliklar bilan yaqin aloqasi h.871 yil voqeasidan so’ng uning hayotiga ta’sirqilgan bo’lishi mumkin. Bunga sultonning shayxni uning do’stlaridan rashk qilgani ham qo’shilgan bo’lishi mumkin”.
Bertel`s ham “Navoiy” monografiyasida Navoiyning Samarqandga borganligini surgun hisoblab, bu paytlarda Samarqand ilm-fan markazi emas edi, deb fikr bildiradi. U Bartol`d singari Sadriddin Rivosiy masalasini ko’rsatmasa-da ammo tog’alari va badashxoniylar fojeasidan keyin shoir qochishga majbur bo’ldi, deb ta’kidlaydi. Bertel`sning mazkur tadqiqotda bunday yuzaki yondashuvining ma’lum sabablari bor deb bilaman. U o’ta sinchkov manbashunos va bilimdon  navoiyshunos bo’lsa-da, Bartol`d kontseptsiyasini buzmaslik uchun uning xulosalari bilan manbalar orasidagi ziddiyatli fikrlarga aniq chek qo’ymagan va barchasini bir-biriga moslashtirishga majbur bo’lgan. Shunday ekan, “surgun” masalasini qayta ko’rib chiqish navoiyshunoslikning dolzarb masalasiga aylanadi.
Biz bu masalada nima deyishimiz mumkin? Manbalarda “surgun” ma’nosida qo’llanishi mumkin bo’lgan “badarg’a” yoki “ixroj qilish” iboralari Zahiriddin Muhammad Boburning “Boburnoma”sida ishlatilgan. U Navoiy haqida gapira turib, “Bilmon, ne jarima bila sulton Abu Sa’id mirzo Hirotdan ixroj qildi. Samarqandga bordi, necha yilkim, Samarqandda edi” degan.
Bobur aslida “Abu Sa’id Navoiyni Samarqandga nega surgun qildi?” deb emas, balki “Bilmayman, qaysi gunohi uchun Hirotdan chiqarib yubordi?” degan mazmunda gapirgan. Mana shu farqni tushunishning o’ziyoq shoir tarjimai holidagi ba’zi to’qimalarni bekor qiladi. Bobur Navoiyning saroydan ketishi Abu Sa’id bilan bog’liqligini bilib, shohning xatti-harakatini qoralagan. Chunki shoirlar va ilm ahliga homiylik qilish shohlik rasmi bo’lgan. Shoirlar va ilm ahli   siyosatda betaraf bo’lganlar. Ular bir podshohdan qanchalik muruvvat ko’rsalar, uning vafotidan keyin unga muxolif (hatto qotili) bo’lgan keyingi podshohlardan ham shunchalik muruvvat ko’rganlar. Shahardan badarg’a qilish shoir tomonidan sodir etilgan juda og’ir jinoyat uchun ravo ko’rilishi mumkin. zahiriddin Bobur Navoiy siymosida mudhish jinoyatchini ko’rmagani uchun ham shohning bu ishidan taajjublangan. Chunki shoirlar qadim-qadimdan saltanat bezagi hisoblanganlar,  sulton nomini dunyoga taratgan, ulug’vorligini tarix sahifalariga naqsh etganlar. Shoirlar va ilm ahliga homiylik qilish barcha sultonlarga obro’ keltirgan. Aks holda, shoirlarning o’tkir hajvlari sultonni yetti iqlimga kulgu etishga ham qodir edi. Navoiyning Hirotdan chiqib ketishiga surgun tusini berish V.Bertol`d uchun nega zarur bo’lgani tushunarli. U Boburning fikri atrofida manbalardagi barcha faktlarni o’z yo’liga moslashtirdi. Jumladan, Navoiyning Badaxshon  shohlariga hurmati, Husayn Boyqaro bilan do’stligi holatlarini bo’rttirish orqali Abu Sa’idning uyushgan muxoliflarini “tashkil” etdi. Yana bir qo’shimcha sifatida Shayx Sadriddin Revosiy shaxsini siyosiy sahnaga olib chiqdi. Bartol`d stsenariysi bo’yicha, Abu Sa’id Sadriddin Revosiyni rashk qilib, Badaxshon shohini qatl ettiradi. Husayn Boyqaro josusi Navoiyni Samarqandga surgun qiladi.
Alisherning tog’alari shoirtab’ bo’lsalar-da, asosiy kasblari sipohiylik edi. Ularning Boyqaro lashkarboshilari qatorida Abu Sa’idga qarshi jang qilishlari va shahid bo’lishlari urush qonuniyatlariga taalluqli. Badaxshon shohi taqdiri ham xuddi shunday. Shu bois Navoiyning tog’alari yoki Badaxshon hokimining Abu Sa’id buyrug’i bilan qatl ettirilishi sulton va Navoiyning bir-birlariga sovuq munosabatda bo’lishlariga asos bo’la olmaydi (Navoiyning   jiyani Amir Haydarning Husayn Boyqaro tomonidan qatlga buyurilishi kabi). Qolaversa, Navoiy Abu Sa’id Mirzo zamonida siyosat bilan shug’ullanmagan yosh shoir edi. husayn Boyqaro Abulqosim Bobur vafotidan so’ng Navoiy bilan ko’rishmagan. Navoiy esa bu davrda Hirotda ham, Mashhadda yurgani kabi, shoirlar muhitida, jo’shqin ijod bilan band, siyosatdan ancha yiroq shoir sifatida tasavvur uyg’otadi. Oybek ham Mir Alisherning Sulton Husayn “qozoq”liklarda yurganda u bilan  aloqasi bo’lmagani va Hirotda yuz bergan fitnalarda uning ishtiroki ma’lum emasligini qayd etgan.
Agar Abu Sa’idning Navoiyga Husayn Boyqaro tufayli xusumati bo’lganda, uning o’g’li Mirzo Sulton Ahmad Husayn Boyqaroga qarshi urush ochganda, Navoiyni o’zi bilan olib ketmasdi. Bu haqda “Ravzat us-safo”da quyidagicha ma’lumot mavjud: “…az Xuroson ba Samarqand rafta dar xonaqohi Xoja Jaloliddin Fazlulloh sokin gasht… to dar in ayyomki, Mirzo Sulton Ahmad binog bar tavajjuhi xoqoni mansur ba subi Xuroson az obi Amuya guzasht amir Alisher niz hamrohi urdu ravon shuda bud. Ba’d az tahqihi xabari voqeai Sulton Abu Sa’id va istiloi xoqoni mansuri muzaffarlivo bar baldai foxirai Hirot az amir Hojibek ruxsat talabida ijozat hosil namuda va ro’y ba Hirot ovard”.
(…Xurosondan Samarqandga ketib, Xoja Jaloliddin Fazlulloh (Abu Laysiy) xonaqosida yashadi. Bu hayot shungacha davom etadiki, Mirzo Sulton Ahmad Husayn mirzoga qarshi Amudan kechib, Xurosonga yurish qilganda Amir Alio’er ham uning o’rdusida edi. Abu Sa’id mirzo o’limi voqeasi va Husayn Boyqaroning Hirotni istilo etganligi haqidagi xabar aniqlangandan so’ng Ahmad Hojibekdan ruxsat olib Hirotga yuzlandi).
Bu esa Abu Sa’id Navoiydan mutlaqo xavfsiramaganligini bildiradi. Agar sulton Navoiyning Husayn Boyqaroga yaqin qloqasi borligi uchun dushmanona kayfiyatda bo’lganda edi, unda Abulqosim Boburning amirlarini o’z xizmatiga olganini qanday izohlash mumkin? Ularning ko’pchiligi Husaynning ustozlari va yaqinlari bo’lganlar. (Xuddi shunday: Sulton Husayn Boyqaro ham Abu Sa’idning amirlarini o’z xizmatiga olgan). Temuriy sultonlar nazdida ko’kaldoshlar va   amirlar qaysi bir temuriy sultonga xizmat qilganiga qarab emas, balki, umuman, temuriylar sulolasi sultonlariga sodiqliklariga qarab qadrlagan. Shuning uchun ham sultonlar o’zgaraversalar-da, ko’pchilik amirlar izzat-hurmatda qolaverganlar. Ko’kaldoshlar temuriylarga yaqin kishilar sifatida shu davlat hududida xos e’tiborga ega bo’lganlar. Temur tuzuklariga binoan, g’anim tarafidan kimki o’z davlatidan umidini uzib, boshqa bir podshoh qoshiga kelib, xizmatiga kirsa, bu podshoh uni aziz tutishi, uning muxolif podshoga vafodorligini unutib, martabasini ulug’ qilishi lozim bo’lgan. Bu jihatdan ham tadqiqotlarda aytilgan Abu Sa’idning Navoiyga Husayn bilan birga o’sganligi uchun yomon munosabatda bo’lishi haqiqatga to’g’ri kelmaydi. O’rta asrlar sharoiti va Navoiyning ulug’ sultonlar tabaqasiga munosabatini, xususan, temuriy sultonlarga yuksak hurmat-ehtiromini hisobga olsak, uning Abu Sa’idga qaratilgan isyonkor satrlari faqat qandaydir fojea oqibatida paydo bo’lgan cheksiz adovat, nafrat natijasidagina otilib chiqishi mumkin edi. Navoiyshunos olim A.Hayitmetov bu masalada to’g’ri fikrlagan deb o’ylaymiz. U yozadi: “Aslida Navoiy rasmiy ravishda surgun qilinmagan, balki o’z boshiga tushishi muqarrar bo’lgan kulfatlarning oldini olib, ziyraklik  bilan o’ziga o’zi podshohning ko’zidan uzoqda turishga hukm chiqargan edi. Chunki Abu Sa’id va uning odamlari Navoiyga qattiq shikast yetkazishlari, uni qamab qo’yish yoki o’ldirishni o’ylagan bo’lishlari mumkin”.
Xullas, Navoiyning Abu Sa’id mirzoga salbiy munosabati uning o’zigagina ma’lum sir bo’lib qoldi. Masalaning ikkinchi tomoni muhimroq. Navoiy Hirotdan chiqib, Mashhadga borgan ekan, nega muayyan vaqt o’tib, Samarqandga ketish istagi tug’ildi ekan? Axir, Samarqand shu paytlari ham Abu Sa’idning jiddiy nazorati ostida edi-ku.
Shu o’rinda quyidagilarga e’tibor qaratish lozim. Hijriy 869 (1464-1465) yili Hirot dor us-saltanasining hokimi – Vafoiy taxallusi bilan ajoyib she’rlar yozgan Ahmad Hojibek Abu Sa’id mirzoning farmoni bilan shahzoda Sulton Ahmad mirzoning eshik og’asi sifatida uning nomidan hukumatni boshqarish uchun Samarqandga yuboriladi. Agar Alisher Hirotda yashab yurganida Abu Sa’id tarixini yozayotgan Mavlono Abusamad Badaxshiy va sultonning xos mulozimi Shayximbek Suhayliy bilan yaqindan oshnologi hisobga olinsa, Ahmad Hojibek bilan ham yaqin munosabatda bo’lganligi aniq bo’ladi. Chunonchi, “Majolis un-nafois”da u yozadi: “…Vafoiy taxallus qilar. Surati xush va siyrati dilkash, axloqi hamida va atvori pisandida yigitdur. Xurosonda tarbiyat topti. Hirot dor us-saltanatida o’n yilg’a yaqin hukumat qildi. Samarqand mahfuzasida ham muddate hokim erdi…”
Mashhadda siniq kayfiyat bilan yurgan Alisher iloji boricha uzoqroqqa ketishni istagan va buning isbotini “Ilk devon” g’azallari ruhiyatida ham ko’rish mumkin. Ahmad Hojibek Samarqandda Navoiyga qulay sharoitlar yaratib berishi mumkin edi. Yuqorida “Ravzat us-safo”dan keltirilgan iqtibosda Navoiyning Ahmad Hojibek bilan suhbatdosh bo’lganligi haqidagi ma’lumot shunday xulosaga olib keladi.
Ehtimol, Alisher shoirta’b, fozil hukmdorni qora tortib Samarqandga borishni ixtiyor etgan bo’lsa, ajab emas.

Navoiy Samarqandda

Barcha manbalar Alisher Navoiyning Samarqanddagi hayotini tahsil bilan bog’laydilar. Dastlabki ma’lumot Abdurazzoq Samarqandiyga tegishli.
Mirxond ham shunday fikrni bildiradi. Ammo Samarqand safarining sabablari xususida farq bor. Mirxond Navoiy Samarqandga Xurosonda “o’ziga munosib e’tibor topmaganligi” uchun ketgan deb hisoblaydi. Xondamir “Xulosat ul-axbor”da shoirning Samarqandga ketish sabablarida chuqurlashmagan, ammo u diqqatni Navoiy “taqdir jafokorligi oqibatida Husayn Boyqarodan uzoqlashib ketdi” degan fikrga qaratadi: “Hazrati sultonning yaqin kishisi (Navoiy) go’daklik chog’idan   bolalik tongining nihoyasigacha ul muzaffar bayroqli sultonning yonida bo’lgan va jafokor taqdirning vositasi bila bir qancha vaqt uning xizmatidan uzoqlashib ketgan bo’lib, Samarqanddan yetib keldi”. Mazkur ikki asarning yozilgan vaqti Alisher Navoiy qudratli podshoh Sulton Husayn Boyqaroning yaqin kishisi sifatida
izzat va ikrom sohibiga aylangan bir vaqtga to’g’ri kelishini hisobga olsak, mualliflarda tarixchilarga xom maddohlik xususiyatini sezish mumkin. Biroq Xondamirning fikrini Abdurazzoq Samarqandiy fikriga qarshi fakt sifatida qarash to’g’ri emas. U tahsil uchun borilganini inkor etgan emas. Balki ularning do’stliklarini yana bir karra ta’rif-tavsiflagan va ikki do’stning ancha payt ko’rishmaganliklarini ularning Hirotdan tashqarida yurgan judolik davrlari bilan  ifodalagan. Shunday esa-da, “Ravzat us-safo”da o’ziga munosib e’tibor topmaganligi uchun Samarqandga ketganligi haqidagi ta’kiddan Navoiyning iqtidori Hirotda yetarli baholanmagani va uning Hirotdan ketishiga to’g’ri kelganligiga amin bo’lish mumkin.
Mazkur ma’lumotlarning mavhum va qisqa tarzda keltirilishining sababi shundaki, ular, avvalo, Navoiyga maxsus bag’ishlab emas, balki yo’l-yo’lakay aytib o’tilgan ma’lumotlardir. Ushbu ta’kidlar faqat tarixiy asarlarda qayd etilgan, Sulton Husayn Boyqaroning taxtga o’tirishi munosabati bilan keltirilgan tafsilotlardir. “Taqdir jafokorligi” iborasiga kelsak, Xondamir Navoiyning poytaxtdan uzoqligini nazarda tutgan. U, ehtimol, ixroj sabablaridan to’la   bo’lmasa-da, qisman xabardor bo’lishi ham mumkin. Chunki Navoiy vafotidan so’ng yaratgan “Habib us-siyar” asarida xuddi shu voqealar bayoniga aniqlik kiritib: “Sulton Abu Sa’id zamonida Hirot dor us-saltanatiga qaytib, bir muddat ul iqboloshiyonlik ostona xizmatida bo’ldi. Ammo o’z holiga yarasha daraja va rioyat topmagach, Xurosondan Samarqandga ketdi” tarzida Abu Sa’id nomini ochiq-oydin ko’rsatib o’tgan. Demak, oldingi asarlarida sultonning nomini ochiq ko’rsatishga nimadir xalal bergan. Bizningcha, Amir Alisher “Xulosat ul-axbor” yozilayotgan paytda bu masalaga alohida e’tibor qaratilishini xohlamagan, shekilli.
Buyuk adibning o’zi Samarqanddagi hayoti haqida kam ma’lumot qoldirgan. “Majolis”dagi qaydlar asosida uning Uloi Shoshiy, Mavlono Yusuf bilan tanishuvi, Fazlulloh Abu Laysiy madrasasida ta’lim ola boshlashi, Yusuf Badeiy bilan oshno kirishishi kabi ijod ahli bilan munosabatini yoritish mumkin.
Mavlono Mir Qarshiyning sahhoflik do’konida o’tkazib turiladigan mushoaralarda qatnashib turganligi, Mavlono Riyoziy bilan she’r ustida bahs yuritishi uning Samarqand fozillari bilan yaqin aloqada bo’lganligini tasdiqlaydi. Yana ba’zi xotiralar borki, maxsus ko’rsatilmagan esa-da, ular Samarqand davriga taalluqli, degan fikrdamiz. Masalan, Navoiy Mavlono Riyoziy fiqrasida quyidagi voqeani eslaydi:
Bu g’arro matla’ aningdurkim:

Sitoraest duri go’shi on hilolabro’,
Zi ro’i husn ba xurshed mezanad pahlu.

Ikki misra’ orasida rabt jihatidin bir “ki” lafzi kerak. faqir anga dedimki, bu nav’ yaxshiroq bo’lg’ayki:

Zi ro’i husn duri go’shi on hilolabro’,
Sitoraestki, bo moh mezanad pahlu.

Insof yuzidin kerakki, musallam tutsa erdi, jadal bunyod qildi, faqir sokit bo’ldim. O’z yoronlari taloshtilar ham qabul qilmadi. Samarqandda favt bo’ldi”.
Riyoziyning o’rinli tanqidga e’tiroz bildirishidan bu voqea Navoiyning yigitlik davrida ro’y bergan deyish mumkin. Zero, Navoiy o’rta yoshlarda shunchalik mashhurlik tutgan ediki, uning maslahatlariga, hatto Abdurahmon Jomiy quloq osar edi. Demak, Navoiyning shoirlik mahorati yuksak esa-da, hali yosh yigit ekanligi seziladi. Voqeaning Samarqandda sodir bo’lganiga Riyoziy “samarqandlig’dur” va “Samarqandda vafot etdi” deyishi dalil bo’lishi mumkin. Chunki  “Majolis”da qo’llangan qurilma bo’yicha zikr etilgan voqea tavsiflanmishning o’z vatanida yuz bergan esa, Navoiy shoir vatanini tilga olish bilan kifoyalangan.
Agar shoir boshqa joyga ko’chib borgan bo’lsa, ayni asar yozilayotgan davrda muqim turgan joyi ta’kidlangan masalan, “Andijondindur, so’ngra Samarqandg’a bordi”).
Shunga qaraganda, Riyoziyni samarqandlik deyish asnosida Navoiy voqea Samarqandda bo’lganiga ham ishora etgan.
Navoiy Samarqandda yashash tarzi qanday bo’gani borasidagi ma’lumotlar bir-biriga zid. Jumladan, Zahiriddin Bobur “Boburnoma” da Alisherbekka Samarqanddda Ahmad Hojibek murabbiy va muqavviy (homiy) bo’ldi deyishidan uning hokim tomonidan moddiy qo’llab-quvvatlanganligini bilish mumkin. Faxriy Hirotiy negadir bu davrda shoir nochor ahvolda yashagan degan fikrni bildiradi. Har ikkala muallif ham Navoiyning kichik zamondoshlari va e’tiborga loyiq fozillar sanalishi tufayli masalaning yechimi, tabiiyki, uchinchi ovozni, tarozi pallasidagi mulohazalar muvozanatini uzil-kesil hal qilishi mumkin bo’lgan yana bir xolis manba bo’lishini taqozo etadi. Afsuski, u yo’q. Ana shu muammoga duch kelgan ko’pgina navoiyshunoslar uning yechimini buyuk shoir ijodidan izlaganlar YE.E.Bertel`s Navoiyning Samarqandga kelganidan so’nggi kayfiyatini bildirish niyatida shoirning “Hayrat ul-abror” dostonidagi o’n birinchi maqolatda keltirilgan yosh tolibi ilmlarda tasvirlangan kabi kambag’al sifatida kelmagan bo’lsa ham, ammo begona shaharda yoru-birodarsiz, kimsasizlikdan o’zini yo’qotib qo’yish hollari kam bo’lmagan bo’lsa kerak”, deb xulosa chiqaradi. Xuddi shu she’r A.Abdullaevning kitobida ham, Izzat Sultonning kitobida ham keltiriladi.
V.Abdullaev uni qashshoqlik va muhtojlikka izoh sifatida keltirsa, Izzat Sulton muhtojlik va mag’rurlik tasdig’i sifatida ko’rsatgan. YE.E.Bertel`s ham, umuman olganda, Navoiyning Samarqanddagi hayotini qashshoqlikda o’tgan deb hisoblaydi.
Taxminimizcha, Zahiriddin Bobur o’z xulosasida Xondamirdan eshitganlari va “Makorim ul-axloq” asarida shoirning Samarqanddagi hayotidan keltirilgan lavhalar ruhiyatidan kelib chiqqan bo’lsa kerak. faxriy esa Navoiyning o’z og’zidan eshitganlari asosida “sovuq kechalarning birida Alisherning hammomga borish   zarurati tug’ilgani va hammomchiga yonidagi juzvdonini garovga qo’ymoqchi bo’lsa ham, u qabul qilmaganligi” voqeasini keltirish bilan uning hayoti og’ir kechganligini ta’kidlamoqchi bo’lgan.
Samarqand hokimining qaramog’ida bo’lgan shoirning nochor umr kechirganiga ishonish qiyin. Faxriyning ma’lumotiga istisno sifatida qarash ham mumkin. Albatta, Faxriy keltirgancha, shoir Samarqandda yashagan paytida o’ta kambag’al edi deyish uncha to’g’ri bo’lmas. Chunki Bobur ta’kidlagani kabi, hokim o’z suhbatdoshi – iqtidorli shoirga hech bo’lmaganda vaqf pullaridan maosh tayinlashi aniq edi. Tayinlaganda ham Ahmad Hojibekdek san’atsevar va shoir kishi Alisher uchun yetarli miqdorda maosh berishi turgan gap edi (xuddi Amir Alisher shoirlarga vaqf pulidan maosh tayinlaganligi kabi). Tabiiyki, keyinroq katta mulk egasiga aylangan ulug’ Amirning o’tmishi haqida gapirganda uning Samarqanddagi o’rtahol umrguzaronligi Faxriyga “ayanchli, nochor” bo’lib ko’ringan. Buning tasdig’ini quyidagi ma’lumotni ilova etganida ham ko’rish mumkin: “Sulton sohibqiron (Husayn Boyqaro) mazkur amirni (Alisherni) talab qilib Sulton Ahmad mirzoga xat yozgan, (uni olib kelish uchun) kishi yuborgan. (Sulton Ahmad mirzo) uni munosib anjomlar bilan Sulton sohibqiron huzuriga jo’natdi. Amir Hirotga qarab yo’l oldi va xizmat qilish davlatiga muyassar bo’ldi”. Shu faktning o’zi ham uning Samarqandda chor-nochor va kimsasiz yashamaganligiga dalolatdir. Garchi u muayyan lavozimda bo’lmagan esa-da, hokimga yaqin inson maqomida bo’lgan ko’rinadi, aks holda, uni Hirotga keltirish uchun Samarqand hokimiga maxsus noma   yuborilmas edi.
Samarqand Alisher Navoiy hayotida alohida o’rin tutadi. XV asrning ikkinchi yarmida Samarqand ilm-fan markazi sifatida o’z ahamiyatini yo’qotgani borasidagi rus olimlarining ta’kidlarini bahs doirasiga tortishning hojati yo’q. Chunki bunday qarashlar ancha yillar oldin akadeamik Vohid Abdullaev tomonidan ancha jiddiy qoralangan va yetarlicha dalillar asosida uning aksi isbotlab berilgan edi.
Bu davrda Samarqand obod diyor bo’lib, Mirzo Ulug’bek tomonidan asos solingan jahoniy ilm-fan markazi an’analari hali so’nmagan, islomiy ilmlarning allomalari hanuz hanafiylik ta’limotini mukammal o’qitish bilan band edi.
Manbalarda Navoiyning Samarqandda necha yil yashagani haqida aniq bir fikr aytilmagan. Shoirning o’zi “Samarqandda ikki yil Fazlulloh Abu Laysiy qo’lida tahsil oldim”, — deydi. Bu – birinchi fakt. Samarqandda yashagan yo yashamaganligi haqida aniq ma’lumot bermagan. Samarqandda, Ahmad Hojibekning yaqin   suhbatdoshi sifatida saroyda e’tiborli zot bo’lsa-da, ammo rasmiy Ahmad mirzo mulozimi emasdi. Chunki Navoiy bu davrdagi hayoti haqida “Vaqfiya”da shunday yozib qoldirgan: “…bu haqir hech nav’ xizmatqa o’z qobiliyatimni chenamagan jihatdir va hech turluk mashaqqatqa o’z quvvatimni anglamag’on sababdin borcha tamanno eshigin yuzumg’a madrus va jam’ muddaolar abvobin ilayima masdud qilib erdim”.
Boshqa manbalarda uning bir necha yil yashaganligi umumiy tarzda qayd etilgan, xolos. Ikkinchi qo’limizdagi aniq fakt, bu – Navoiyning Samarqanddan Hirotga qaytish sanasidir va u Sulton Husaynning 1469 yili Hirot taxtiga o’tirishi bilan bog’liq. Shundan kelib chiqib navoiyshunoslar Navoiy Samarqanda to’rt yil, ya’ni 1465-1469 yillari yashagan deb ta’kilaydilar. Ammo nega aynan 1465 yil? Manbalarda Navoiyning Samarqandga kelish sanasi ko’rsatilmagan. U, o’zi
aytgancha, ikki yil tahsil olgan, Bobur tasdiqlaganidek, Ahmad Hojibekning homiyligi ostida kun kechirgan. Shundan boshqa aniqlashtiruvchi ma’lumotlar manbalarda uchramadi.
Shoirning Samarqanddagi ha yotini oydinlashtiruvchi ayrim ma’lumotlar mavjud. “Ravzat us-safo”da quyidagicha yoziladi: “…az Xuroson ba Samarqand rafta dar xonaqohi Xoja Jaloliddin Fazlulloh sokin gasht va aksar avqotro ba mutolaa masruf dosht. Gohi bo Amir Darvish Muhammad Tarxon va Amir Ahmad Horjibekki, sohibixtiyori sari kori Movarounnahr budand, ixtilot menamud to dar in ayyomki, Mirzo Sulton Ahmad bino bar tavajjuhi xoqoni mansur ba subi   Xuroson az obi Amuya guzasht va amir Alisher niz hamrohi urdu ravon shuda bud. Ba’d az tahqiqi xabari voqeai Sulton Abu Sa’id va istiloi xoqoni mansuri muzaffarlivo bar baldai foxirai Hirot az amir Hojibek ruxsat talabida ijozat hosil namuda va ro’y ba Hirot ovard”. (…Xurosondan Samarqandga ketib, Xoja Jaloliddin Fazlulloh (Abu Laysiy) xonaqosida yashadi. Asosiy vaqtini mutolaa bilan o’tkazdi. Gohida Movarounnahr davlati ishlarining sohibixtiyori Amir Darvesh Muhammad Tarxon va Amir Ahmad Hojibek bilan suhbat qurardi. Bu hayot shungacha davom ettiki, Mirzo Sulton Ahmad Husayn mirzoga qarshi Amudan kechib, Xurosonga yurish qilganda Amir Alisher ham uning o’rdusida edi. Abu Sa’id mirzo o’limi voqeasi va Husayn Boyqaroning Hirotni istilo etganligi haqidagi xabar aniqlangandan so’ng Ahmad Hojibekdan ruxsat olib Hirotga yuzlandi).

Manba’: Shuhrat Sirojiddinov., Alisher Navoiy: manbalarning qiyosiy-tipologik, tekstologik tahlili – T.: Akademnashr, 2011. – 326 b.

Shuhrat Sirojiddinov., Alisher Navoiy manbalarning qiyosiy-tipologik, tekstologik tahlili.pdf by Khurshid Davron on Scribd

009

(Tashriflar: umumiy 431, bugungi 1)

Izoh qoldiring