Dilnavoz Yusupova. Buyuk do’stlik namunasi & Umid Bekmuhammad. O’n bir Jomiyning eng ulug’i

037 ноябрь — Шарқ адабиётининг буюк сиймоси Абдураҳмон Жомий таваллуд топган кун

Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийнинг дўстона муносабатлари алоҳида эътибор ва эътирофга молик ҳодиса ҳисобланади. “Хамса” достонларининг ҳар бирида Абдураҳмон Жомий учун алоҳида боб ажратилганлиги ҳамда “Хамсат ул-мутаҳаййирин” (Беш ҳайрат) асарининг мавлоно Жомийга бағишлаб битилганлиги буни яққол тасдиқлаб туради.

БУЮК ДЎСТЛИК НАМУНАСИ
Дилнавоз ЮСУПОВА
033

045 Форс-тожик адабиётининг буюк ва энг сўнгги классиги деб эътироф этиладиган Жомий бадиий ижодининг деярли барча соҳаларида форсий шоирлар эътирофини эмас, айнан Алишер Навоий фикрларини алоҳида эътиборга олган. “Ҳайрат ул-аброр” достонида Навоийнинг фахрия тарзида Жомий яратган асарларни олдин Навоий, кейин бошқалар кўришини ёзганлиги бунга ёрқин мисолдир:

Номағаким роқим этиб хомасин,
Кўрмади мен кўрмайин эл номасин.

Аслини олганда, мавлоно Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийнинг дўстона муносабатлари алоҳида эътибор ва эътирофга молик ҳодиса ҳисобланади. “Хамса” достонларининг ҳар бирида Абдураҳмон Жомий учун алоҳида боб ажратилганлиги ҳамда “Хамсат ул-мутаҳаййирин” (Беш ҳайрат) асарининг мавлоно Жомийга бағишлаб битилганлиги буни яққол тасдиқлаб туради. Алишер Навоий “Хамсат ул-мутаҳаййирин” асарининг кириш қисмида асар мундарижасини келтиради. Унга кўра, мазкур асар муқаддима, уч мақолат ва хотимадан иборат. Асарнинг ҳар бир қисми муайян мақсадни ёритишга мўлжалланган. Муқаддимада мавлоно Жомийнинг насл-насаби, тутган йўли ва ҳазрат Навоий у кишининг хизматига кирганлиги ҳақида гап боради. Биринчи мақолатда Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ўртасида бўлиб ўтган суҳбатлар ҳамда қизиқарли воқеалар, иккинчи мақолат мавлоно Жомий ва Алишер Навоийнинг ўзаро ёзишган хатлари, учинчи мақолатда мавлоно Жомийнинг ёзган асарлари, хотимада Алишер Навоийнинг Жомий ҳузурида ўқиган китоб, рисолалари ҳамда мавлоно Жомийнинг сўнгги йиллари тўғрисида маълумотлар берилган.

Асарда келтирилган қизиқарли воқеалардан бири қуйидагичадир: бир мажлисда Удий исмли ҳофиз Хожа Ҳасан Деҳлавийнинг ғазалини куйлайди. Шунда ғазалнинг:

Мисоли қатраи борон сиришки ман ҳам дур шуд,
Чунин асар диҳад, оре, тўлуи чун ту Суҳайле –

“Ёмғир томчиси каби менинг ҳам кўзёшларим дурга айланди, ҳақиқатан, сенинг суҳайл юлдузидай чиқишинг шундай таъсирлантиради” – байтига келганда мажлис аҳли мисрадаги “дур” сўзидан кўра кўзёшни қон (хун)га ўхшатиш бадиий таъсирчанликни оширади, дейишади. Ҳамма шундай фикр айтиб, Навоийнинг ҳам фикрини билишга қизиқадилар. Шоир ғазалдаги ифоданинг ўзи чиройли, лекин буни исботлаб беролмайман, келинглар, бир кишини ҳакам қиламиз, у тўғри фикрни айтсин, гаров ўйнаймиз, дейди. Ҳамма рози бўлади ва ғазал байти Абдураҳмон Жомийга юборилади. Байтдаги “дур” ёки “хун” (“қон”) сўзларининг қайси бири маъқул эканлигини сўрашади. Шунда Жомий:

Сухан дурр асту тааллуқ ба гўши шаҳ дорад –

“Сўз – дур, шоҳ қулоғига тааллуқи бор” мазмунидаги бир мисрани битиб юборади. Давра аҳли жавобнинг нозик ва қисқалигидан, Навоий ва Жомийнинг шу қадар ҳамфикр эканлигидан ҳайратга тушадилар. Бу воқеа бутун Ҳиротга тарқалиб кетади, мажлисларда узоқ вақт айтиб юрилади.

Яна бир воқеада бир қурилишга сарв дарахтлари кесилиб олиб кетилаётгани билан боғлиқ ҳолат тилга олинган. Аравада қурилишга сарв дарахтларининг олиб кетилаётганини кўрган Жомий аравакашдан сарв дарахти қолдими, нечта ёғоч олиб кетяпсан, деб мутойиба билан савол берса, аравакаш “бир юз тўртта” дейди. Шунда Навоий сарв ёрнинг қаддига қиёсдир, “қад” сўзининг адади ҳам бир юз тўртдир дейди. Чунки “қад” – “قد” сўзи абжад ҳисобида 104 рақамини ҳосил қилади. Бунда ﻖ – 100, ﺪ – 4 ни билдиради. Жомий Навоийнинг заковатига қойил қолади.

Юқорида айтилганидек, Алишер Навоий “Хамса” достонларининг ҳар бирида Абдураҳмон Жомийга алоҳида боб бағишлагани бежиз эмас. Буюк шоир ўз асарларини ёзиш учун пиридан маънавий мадад олиб турган. Хусусан, “Садди Искандарий” достони хотимасида шундай воқеа келтирилади:

Навоий ўз бешлиги китобхонлар томонидан қандай баҳоланишини билиш учун устози Абдураҳмон Жомийнинг ҳузурига боради ва унга “Хамса”ни тақдим этади. Жомий асарни бирма-бир варақлаб, шоирга лутф билан муносабатда бўлади ва бир қўлини шоирнинг елкасига қўяди. Устоз ва пир Жомийнинг қўли елкасига теккач, шоир бир лаҳза ҳушини йўқотади ва тахаййул оламига ғарқ бўлади: Навоий ажойиб бир гулистонда сайр қилиб юриб, бир гуруҳ суҳбатдошларни кўриб қолади. Улардан бири шоир томонга келиб, ўзини форс-тожик шоири Ҳасан Деҳлавий деб таништиради ва даврадагилар шоирни кўрмоқчи эканликларини айтади. Навоий ҳаяжон билан давра аҳлига яқинлашади. Ҳасан Деҳлавий даврадагиларни Навоийга таништиради. Ўртада Низомий Ганжавий, унинг икки ёнида Хусрав Деҳлавий ва Абдураҳмон Жомий, уларнинг атрофида ўтирганлар эса Фирдавсий, Унсурий, Саъдий, Саноий, Ҳоқоний ва Анварийлар эди:

“… Ўртодағи пири фаррухжамол
Ки, васфида келди хирад нутқи лол,

Эрур ҳазрати Шайх, огоҳ бўл!
Ниёз айлабон хоки даргоҳ бўл.

Ўнг илги сори анга пайравдурур,
Жаҳон офати – Мир Хусравдурур.

Яна бир ён устоду пиринг сенинг,
Рақамхони лавҳи замиринг сенинг

Чу Саъдию, Фирдавсию, Унсурий,
Саноию, Хоқонию, Анварий”…

Даврадагилар Навоийни кўришлари билан ўринларидан турадилар. Унинг бир қўлидан Хусрав Деҳлавий, иккинчи қўлидан Абдураҳмон Жомий тутиб, Низомийнинг ёнига ўтқазадилар. Навоий Низомийга таъзим бажо келтириб, унинг ёнига ўтиради. Низомий Навоийнинг “Хамса”сига юксак баҳо беради ва Жомийдан шоир ҳаққига дуо ўқишини сўрайди…

Шу онда Навоий тахаййул оламидан қайтиб қараса, Жомий қўлини унинг елкасидан олган ва унга қараб турган экан. Жомий Навоийни улуғ муддаога етишганлиги билан қутлаб, Тангрига шукрона келтиришга чорлайди.

Умуман олганда, XV асрнинг икки буюк намояндаси бўлмиш мавлоно Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийнинг ўзаро самимий муносабатлари ҳамма замонлар учун устоз-шогирдлик ва дўстликнинг чинакам намунаси бўла олади.

07

ЎН БИР ЖОМИЙНИНГ ЭНГ УЛУҒИ
Умид БЕКМУҲАММАД
033

Тарихда нафақат бир тахаллус билан ягона ижодкор, балки яна қанчалаб инсонларнинг илму-ижод билан шуғулланганининг исботи Жомийдир. Аксарият омма Жомий номи тилга олинганда, Навоийнинг замондоши Абдураҳмон Жомийнигина тушунади.Аммо, 12 асрда яшаган Аҳмади Жомий, Нишопурда яшаган Хўжа Қутбиддин Аҳё Жомий, Ҳиротда истиқомат қилган Мавлоно Муҳаммад Жомий, Ҳиндистонда умргузаронлик қилган Жалолиддин Жомий, 17 асрда Бухорода шуҳрат қозонган Жомий Ҳисорий, Қоратегинлик Камолиддин Жомий Соқий, ҳамда Жомий Соқий, Жомий Лоҳурий, Жомий Ардабилий, Жомий Гилонийлар номи тарихдан маълум.

092 Бироқ, улар ичида 1414 йил 7 ноябрда Нишопур яқинидаги Жом шаҳри Харжурд маҳалласида туғилган Абдураҳмон Жомийгина адабиёт тарихида муҳим из қолдиролди.Ота-боболари Даштлик бўлиб, қандайдир сабаб билан Жомда туриб қолишган,шоирлик эса Абдураҳмонга бобоси Мавлоно Муҳаммад, отаси Низомиддин Аҳмаддан ўтган ижодий таъсирланиш туфайли деса бўлади.Отасининг Ҳиротга шайх-ул машойих қилиб тайинланганидан сўнг уларнинг оиласи Хуросон пойтахтига келиб ўрнашиб қолади.Натижада Абдураҳмон Ҳиротдаги Низомия мадрасасида Хожа Алоуддин Али Самарқандий, Шаҳобиддин Муҳаммад Жожармий каби ўз даврининг фозил кишиларидан таҳсил олиб, замонасининг етук илмли шахсларидан бўлиб етишади.

Шу билан бирга у Самарқандга бориб, Улуғбекнинг мадрасасида Қозизода Румий, Улуғбек Мирзо, Али Қушчи, Фазлуллоҳ Абуллайслардан ҳам таълим олади.Хуросон-у Мовароуннаҳрда донг қозонган Нақшбандия тариқатининг пешволаридан Шайх Саъддидин Қошғарийга қўл бериб уни пири деб тан олади ва вақт ўтиб унинг қизига уйланади.

1469 йилда Хуросон тахтини Бойқаро эгаллагач, ўзи ҳам ижодкор бўлганидан Жомийни ўзига пир ва устоз дея эълон қилади.Натижада Жомийга нафақат Бойқаро, балки кўплаб мулкдорлар ҳам мурувват кўрсатадиган бўлади.Жомий эса ана шу даромадлардан ва ўзига тегишли мулкдан келган фойда эвазига Ҳиротда иккита мадраса ва хонақоҳ, Жомда бир масжид барпо этдиради.

Айни пайтда у ижодкор сифатида “Ҳафт авранг”, “Рисолаи мусиқий”, “Нафаҳот ул-унс”, “Лужжат ул асрор”, “Ашиат ул-ламаот”, “ Рисолаи муаммо”, “ Фотиҳат уш-шабоб”, “Воситат ул-иқд”, “ Хотимат ул-ҳаёт”, “Юсуф ва Зулайҳо”, “Лайли ва Мажнун”, “Саламон ва Абсол”, “Хирадномаи Искандарий” сингари бадиий баркамол асарлар яратди.Унинг асарлари ўша даврда шу қадар машҳур бўлганки, ҳаттоки Хуросонга яқин давлатлар ҳукмдорлари махсус элчилар йўллаб унинг асарларини олиш учун келишгани тарихий асарларда қайд этилган.

Гарчи Навоий ва Жомийнинг ёши орасидаги фарқ 27 йилни ташкил қилсада, Навоий Жомийни ўзига пир деб эълон қилган 1476 йилдан бошлаб ҳамиша яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.Ҳар иккала ижодкор, ҳар иккала ўз даврининг мулкдорлари, аҳли мусулмоннинг таянчи даражасига етишган Жомий ва Навоийлар Бойқаро салтанатининг барқарор ҳолда бошқарилишига, кўплаб низоларни бартараф этишга муваффақ бўлишган.

Жомийнинг Навоийдан фарқли ўлароқ томони унинг оила қургани ва ҳажга борганлигида эди. Жомийнинг замондошларидан Али Сафийнинг “Рашаҳот” китобида улуғ шоир ҳаж зиёратига борганда рўй берган эътиборли воқеани ёзиб ўтган.Унда қайд этилишича, Ҳиротлик бир олим ҳам Жомий билан Макка ва Мадинани тавоф қилишга борган экан.Буюк қадамжоларни зиёрат қилиш давомида Жомийнинг сафардоши бўлган олим касалланиб қолади.Бир неча кундан кейин Жомий сафардошини кўришга келади ва унга:
-Жуда узоқ ётиб қолдинг-ку!-дейди.

Хаста олим эса Жомийнинг байти билан жавоб қайтаради:

Гар бар сари бемори худ ойи бад иёдат,
Сад сал ба умеди тў бемор тавон буд.

Яъни,

Агар беморни ўзинг кўргани келадиган бўлсанг,
Келишинг умидида юз йил кутиб ётса арзийди.

Бундай жавобдан Жомий хушҳол бўлиб, кўзини юмганича, бир оз сукут сақлайди.Кўп ўтмай беморнинг пешонасидан тер томчилари оқа бошлайди.
-Ана энди бир оз ўраниб ёт! Шифо топасан!-дейди Жомий.

Бемор қаттиқ терлаб, дарддан фориғ бўлади ва уч кундан сўнг бутунлай тузалиб, Жомийнинг ҳузурига боради.

Ана шу қутлуғ сафарда бўлган бошқа бир олим ҳам қаттиқ касалга мубтало бўлади.Атрофидагилари ундан умидини узиб, кўмиш тадбирини кўра бошлайдилар.Ногоҳ шунда Жомий кириб келади.Беморнинг ўнг қўлидан тутиб, кўйлагини тирсагигача кўтариб, бир неча марта силайди ва кўзини юмган ҳолда сукутга кетади.Беморда қувват пайдо бўлади ва бир неча кундан сўнг эса батмом тузалиб кетади.

Шоирнинг замондошларидан Муҳаммад Раважий бир куни баҳор фаслида Жомий билан сув тўла Руди Молон анҳори қирғоғида ўтиришган экан.Шунда улар сувда бир тошбақа оқиб келаётганига гувоҳ бўлишади.Жомий тошбақани тутиб олади ва кафтини бир неча марта унинг устида юргизади.Тириклик асари бўлмаган тошбақа шунда аста-секин ҳаракатга келиб, қочиш ўрнига Жомийнинг қучоғига чиқиб ётади.Ўринларидан тургач,Жомий тошбақани ерга қўйиб жўнашади.Тошбақа эса анча жойгача Жомий орқасидан эргашиб боради ва отлар тезлашиб кетгач, орқада қолиб кетади.

Ҳа, замондошлари наздида шоир Жомий кучли биоқувватга ҳам эга бўлган.

Бир неча бор ҳажга борган шоир Ҳуросондан ташқари Бағдод, Нишопур,Тошкент, Бастом, Домғон, Қазвин, Ҳамадон, Карбало, Дамашқ, Ҳалаб, Табриз сингари шарқнинг машҳур шаҳарларига, у ердаги зиёратгоҳларга борган инсон ҳам эди.

Восифийнинг “Бадоеъ-ул вақое” асарида Жомийнинг ҳам Навоий сингари ғоятда камтарин инсон эканлигига оид бир воқеа келтирилади.Унга кўра, Навоий ва Жомий яшаган даврда Ҳиротда Мавлоно Наҳвий Ҳиравий деган кекса шоир бор бўлган.У қандайдир сабабга кўра, Сейистон ва сейистонликлардан хафа бўлганидан, қуйидаги байт билан бошланадиган бир ҳажв битади:

Саргаштатар зи ахтарам аз гардиши фалак,
Толеъ наекунад мададу бахт-ҳеч як.
Афтодаам ба хиттаи вайронае, ки хаст-
Бодаш самуми оташию хоки у камак…

Яъниким, Фалакнинг гардиши билан юлдуздан ҳам сарсонроқман, на толеим, на бахтим-ҳеч бири мадад қилмайди.Шундай бир хароб жойга тушдимки, шамоли-ўтли гармселу тупроғи-туздан иборат…

Шунда бундай йўсинда бошланувчи ҳажвга нисбатан Сейистонлик Қозизода деган шоир жавоб-қасида ёзадки, унда қуйидаги сатрлар бор эди:

Гар айбихоки поки Сеистон кунад касе,
Дарё палид менашавад аз даҳони саг…

Байтнинг мазмуни шу эдики, агар Сейистоннинг пок тупроғини биров айбласа (зарари йўқ), чунки ит тумшуғи теккан билан дарё ҳаром бўлиб қолмайди.

Алишербек бу жавоб-қасидани эшитиб, “Қозизода етук, фозил эканки, наҳот мен уни шу пайтгача кўрмабман, таниш эмас эканман”, дея афсусланади ва ҳузурига чорлайди.
Қозизода Навоий ҳузурига келгач:
-Мен Мавлоно Наҳвийнинг ҳажви ва сизнинг жавобингизни ўқидим.Ўзингиз айтинг-чи, буларнинг қайси бири яхшироқ чиққан?-дея сўрайди.
-Меники яхшироқ!,-дея жавоб қайтаради Қозизода ҳам.

Бундай жавобдан табиийки,Навоий таажжубланади.Чунки, ўзи камтар бўлганидан, у Қозизоданинг юксак иқтидорига асосланиб, ундан ҳам камтарликни кутган, жавобда ўзини паст тутиб, ёши улуғ бўлган Мавлоно Наҳвийникини яхшироқ дейишини кутган эди.Аммо…

— Жуда яхши, аммо нима учун сизники яхшироқ,-дея қайта сўрайди Навоий.
-Чунки,-дейди Қозизода,-Мавлоно Наҳвий Сейистон ва сейистонликларни ҳажв қилиб айтган ҳамма нарсаси рост, мен у кишига жавоб қилиб ва Сейистонни таърифлаб айтган ҳамма нарсаларим ёлғон ва хаёлий таърифдан иборат. “Акзаби ўст-аҳсани ў” ( энг ёлғон шеър-энг яхшидир) деганлар, шунинг учун меники яхшироқ..

Бунга қисқа изоҳ берадиган бўлсак, Навоий даврида шундай гап бор эдики, шеър ҳақида “ акзабуҳо-аҳсануҳо” яъни энг ёлғони, энг муболағалиси-энг яхшиси дейилар эди.Қозизоданинг жавоби мана шу нуқтаи назарга асосланганди.

Навоий ҳазратлари Қозизоданинг бундай оқилона ва шоирона жавобидан хурсанд бўлиб унга ҳадялар инъом қилади.Шундан сўнг кунларнинг бирида у Қозизода билан суҳбатидан ҳаяжонланганидан, ўзининг яқин маслакдоши, устози Жомий ҳузурига боради ва унга бу тўғрида гапириб беради.Шунда Жомий ҳам Навоийнинг Қозизода ҳақидаги таърифидан таъсирланиб,

— Афсуски, мен унинг манзилини билмайман, билсам унинг олдига борар эдим-дейди.

Навоий Жомий ҳузуридан қайтиб келгач, хизматкорларига Қозизода олдига бориб, уни Жомий олдига юборишларини топширади.Бўлмаса ул киши ўзи ахтариб чиқиб, уриниб қолиши мумкин, дея ўйлайди.

Бундай хабарни эшитганиданоқ Қозизода Жомийнинг уйига қараб йўл олади.Афсуски, унинг Ҳиротга биринчи келиши бўлиб, Жомийни эшитган, аммо кўрмаган эди.Жомийни бадавлат, ўз даврининг довруқли кишиси бўлгани учун, ўша замон одатига кўра, у одам катта салла ўраб, бир неча қават зарбоф ва ипак кийимлар кийиб юрса керак, деб тахмин қилганди.

Жомий ҳазратлари эса худди Навоийдек камтарин бўлиб, қишин ёзин бир серпахта чопон кийиб, белини ҳаммомчиларнинг фўтаси билан боғлаб юрар, фўтанинг учини осилтириб боғлар эди.Бошига эса убайдик тахияси ( гулсиз оқ Самарқанд тахияси-дўпписи) кияр, унинг устидан кичкина бир салла ўрар ва ўзидан бир қарич узун тол ёғоч ҳасса тутиб юрар эди.

Қозизода Жомийнинг ҳовлисига кирганида у ерда ҳеч ким йўқ экан.Сейистонлик Қозизода эшик олдидаги супа лабига оёғини осилтириб ўтиради ва кимдир чиқишини кутади.Шу пайтда Жомий юқорида айтилган оддий қиёфада чиқиб, меҳмонга салом беради.

Қозизода бу шахсни Жомийнинг ошпази ёки бир пастроқ даражали хизматкори бўлса керак, деб ўйлайди ва ўрнидан турмасдан ҳамда ҳурмат қилмасдан:
— Ҳазрати мулло уйдамилар?,-дея сўрайди.
— Шу пайтгача уйда эдилар,-дейди Жомий табассум қилиб.

-Ажабо! Бундай азизларнинг хизматида доим саволга тўғри жавоб беролмайдиган ва сабабсиз куладиган хизматкорлар бўлади,-дейди Қозизода ўзига-ўзи ва Жомийга қараб гапини давом этдиради:
— Эй гаранг! Кириб жаноби Махдумга Сейистонлик Қозизода зиёрат қилгали келибди десанг нима қилади.Агар марҳамат қилиб қадам ранжида қилсалар, ажаб эмас.
Жомий ўзини тутолмай қаттиқроқ кулади.Шунда Қозизода қизишиб:
-Баракалла, сизга кулгу жуда ярашаяпти-ми?-дейди.

Шу пайтда Ҳиротнинг улуғлариям Жомий ҳазратларини зиёрат қилгани келиб қолишади.Улар Жомийни эшиги олдида кўргач, ҳаммалари бирдан отдан тушиб, камоли эҳтиром билан қўлларини қовуштириб,Жомийга эгилиб салом берадилар.

Қозизода бу ҳолни кўриб, кўнглида “Субҳонолло, Жомий шунчалик улуғ одам эканки, замона улуғлари унинг энг паст хизматкорига бунчалик эҳтиром ва таъзим қилмоқдалар”, дея ўйлайди.

Хуллас, ҳамма меҳмонлар уйга киришади.Жомий одатда машваратларда барча меҳмонлардан қуйида ўтирар ва уларга шахсан ўзи хизмат қилар эди.Қозизода ҳам меҳмонлар қатори ўтирарди.Суҳбат ва музокара бошланади.Қозизода ёнида ўтирган Мир Атоуллоҳдан секингина сўрайди:
-Ҳазрати Махдумга олим ва шоирлар хизматига келганини нега билдиришмаяпти?

Мир Атоуллоҳ Қозизоданинг бу саволидан ажабланиб, секин қулоғига:
-Сиз бу ерлик эмасмисиз?-деб шивирлайди ва кўзи билан Жомийга имо қилиб,-ана шу киши ҳазрати Жомий бўладилар,-дейди.

Шунда Қозизода ўзини шарманда бўлган ҳисоблаб, ер ёрилсаю, ерга кирсам, дея бирдан ўрнидан сакраб туриб, даҳлизга чиқадида, кафшини киймасдан ҳам яланг оёқ қочмоқчи бўлади.
Бироқ у ўрнидан туриб даҳлизга чиқиши билан Жомий машварат пойгоҳида ўтирган йигитларга:
-У қочиб кетмоқчи, зинҳор ушлаб келинглар,-деб буюради.

Йигитлар Қозизодани ушлаб келишади.У бошини эгиб:
-“Ал-мусофиру-ка-л-ачмо” ( мусофир кўр сингаридир) , деб зорланади.

Жомий ҳазратлари эса:
-Худо ҳаққи, мен бутун умрим бўйи ҳеч кимнинг суҳбатидан бу қадар хурсанд бўлмаган эдим, сиз билан учрашганимдан шодман, -дейди ва унга илтифот ва меҳрибончилик қилиб, хурсанд қилади ва хижолатдан қутқаради.

Ҳа,Жомий ана шундай камтарин инсон бўлган.

Ҳижрий 898йил муҳаррамининг ўн олтинчисида, милодий 1492 йилнинг 7 ноябрида ана шундай ўз даврининг машҳур пешволаридан Абдураҳмон Жомий шамоллаш натижасида 72 ёшида вафот этади.Навоий ўз устозининг таъзиясида Жомийнинг ягона фарзанди Зиёвуддин Юсуф билан таъзияларни қабул қилади, пирининг вафотига атаб “Кашфи асрори илоҳ”( “Илоҳий сирлар кашфи”) деган марсия яратади.

Орадан бир йил ўтиб Жомийни хотирлаш маросимида унга бағоят ихлос қўйган Ҳусайн Бойқаро “ Кашфи асрори илоҳ”ни Ҳиротнинг энг машҳур воизларига шаҳарда баланд овозда ўқишни топширади.

Ҳа, Жомий ҳазратларини ҳаётлигида ҳам ардоқлаган Хуросон ҳукмдори ва мулкдорлари унинг вафотидан сўнг ҳам эъзозлашганди. Шунингдек, Навоий тавсияси билан Абдулвосеъ Низомий «Мақомоти Мавлавий Жомий» асарини яратади.Асарда Алишербекнинг Жомий маърака-маросимларини ўз зиммасига олиб ,ийдгоҳда халққа ош берганлиги, қабри устига тоқу равоқли ва гардуносо қуббали иморат барпо этилганлигиям ёзилган.

Аммо … афсуски, бир оз вақтдан сўнг, Бойқаро салтанати таназзулга учраб Хуросон олдинига Шайбонийхон, кейин Эрон шоҳи Исмоил Сафавий итоати остига ўтади.Шайбонийку Ҳиротдаги Бойқаро ҳарамини, бойликларини талаган бўлса, Исмоил Сафавий босқинчилиги ҳаммасидан устунлик қилди.Унинг қўшини масжиду мадрасалар,хонақоҳларни, Навоий, Гавҳаршодбегимлар дафн этилган Мусаллодаги мақбара безакларини ҳам талашдек пасткашликкача боришди.

Бундан ташқари шиа мазҳабидаги Сафавий “Ҳирот жилови қўлимга тегса, сунний Жомийни тирик тутсам оловда ёндираман, ўлган бўлса устухонини қабрдан чиқариб, ўтда ёқаман” дея ичган қасамига кўра, ваҳшийликка бориб Жомий… қабрини буздиради.Шиа Исмоилнинг қасамидан хабар топган ўғли Зиёвуддин Юсуф ва унинг дўстлари отаси Жомийнинг, пири ва қайнотаси Саъдиддин Қошғарийнинг устихонларини беркитишга улгуришганди.Аммо ичган қасамига кўра Сафавий ваҳшийлигига бориб Жомий қабрига ўт қўйдиради.

Шиа мазҳабидаги Сафавийнинг бундай даҳшатли онт ичишига сабаб,Бойқаро яширинча шиа мазҳабига эътиқод қилувчи хотини Хадичабегим таъсирида жума намозидаги хутбаларга шиаларнинг ўн икки имоми номларини қўшиб ўқитиш тўғрисида фармон тайёрланганди.Сунний мазҳабига амал қилувчи аҳли Хуросон эса бундан дарғазаб бўлади ва исёнга чорланади.Шунда Жомий ҳазратлари Бойқарога бу номувофиқ ишни тўхтатиб, фармонга имзо чекмасликни илтимос қилади.Абдураҳмон Жомийнинг бу сайъи ҳаракати Исмоил Савафийнинг қулоғига етиб боради ва у юқоридаги онтини ичади.

Ҳа, тарих не бир ёвузликларга ҳам гувоҳ бўлган “оқсоч бобо”дир.Гарчи қачондир ичган қасамига кўра 1510 йилда ваҳшиёналик билан Исмоил Сафавий Жомий қабрига ўт қўйдирган бўлсада, улуғ ижодкор асарларини йўқотиб юбораолмади.Чунки, Абдураҳмон Жомийнинг бадиий баркамол асарлари ўтда ёнмас, сувда чўкмас, маънавий юксак хазиналардир.

07

7 noyabr — Sharq adabiyotining buyuk siymosi Abdurahmon Jomiy tavallud topgan kun

Abdurahmon Jomiy va Alisher Navoiyning do’stona munosabatlari alohida e’tibor va e’tirofga molik hodisa hisoblanadi. “Xamsa” dostonlarining har birida Abdurahmon Jomiy uchun alohida bob ajratilganligi hamda “Xamsat ul-mutahayyirin” (Besh hayrat) asarining mavlono Jomiyga bag’ishlab bitilganligi buni yaqqol tasdiqlab turadi. 

BUYUK DO’STLIK NAMUNASI
Dilnavoz YUSUPOVA
033

045 Fors-tojik adabiyotining buyuk va eng so’nggi klassigi deb e’tirof etiladigan Jomiy badiiy ijodining deyarli barcha sohalarida forsiy shoirlar e’tirofini emas, aynan Alisher Navoiy fikrlarini alohida e’tiborga olgan. “Hayrat ul-abror” dostonida Navoiyning faxriya tarzida Jomiy yaratgan asarlarni oldin Navoiy, keyin boshqalar ko’rishini yozganligi bunga yorqin misoldir:

Nomag’akim roqim etib xomasin,
Ko’rmadi men ko’rmayin el nomasin.

Aslini olganda, mavlono Abdurahmon Jomiy va Alisher Navoiyning do’stona munosabatlari alohida e’tibor va e’tirofga molik hodisa hisoblanadi. “Xamsa” dostonlarining har birida Abdurahmon Jomiy uchun alohida bob ajratilganligi hamda “Xamsat ul-mutahayyirin” (Besh hayrat) asarining mavlono Jomiyga bag’ishlab bitilganligi buni yaqqol tasdiqlab turadi. Alisher Navoiy “Xamsat ul-mutahayyirin” asarining kirish qismida asar mundarijasini keltiradi. Unga ko’ra, mazkur asar muqaddima, uch maqolat va xotimadan iborat. Asarning har bir qismi muayyan maqsadni yoritishga mo’ljallangan. Muqaddimada mavlono Jomiyning nasl-nasabi, tutgan yo’li va hazrat Navoiy u kishining xizmatiga kirganligi haqida gap boradi. Birinchi maqolatda Abdurahmon Jomiy va Alisher Navoiy o’rtasida bo’lib o’tgan suhbatlar hamda qiziqarli voqealar, ikkinchi maqolat mavlono Jomiy va Alisher Navoiyning o’zaro yozishgan xatlari, uchinchi maqolatda mavlono Jomiyning yozgan asarlari, xotimada Alisher Navoiyning Jomiy huzurida o’qigan kitob, risolalari hamda mavlono Jomiyning so’nggi yillari to’g’risida ma’lumotlar berilgan.

Asarda keltirilgan qiziqarli voqealardan biri quyidagichadir: bir majlisda Udiy ismli hofiz Xoja Hasan Dehlaviyning g’azalini kuylaydi. Shunda g’azalning:

Misoli qatrai boron sirishki man ham dur shud,
Chunin asar dihad, ore, to’lui chun tu Suhayle –

“Yomg’ir tomchisi kabi mening ham ko’zyoshlarim durga aylandi, haqiqatan, sening suhayl yulduziday chiqishing shunday ta’sirlantiradi” – baytiga kelganda majlis ahli misradagi “dur” so’zidan ko’ra ko’zyoshni qon (xun)ga o’xshatish badiiy ta’sirchanlikni oshiradi, deyishadi. Hamma shunday fikr aytib, Navoiyning ham fikrini bilishga qiziqadilar. Shoir g’azaldagi ifodaning o’zi chiroyli, lekin buni isbotlab berolmayman, kelinglar, bir kishini hakam qilamiz, u to’g’ri fikrni aytsin, garov o’ynaymiz, deydi. Hamma rozi bo’ladi va g’azal bayti Abdurahmon Jomiyga yuboriladi. Baytdagi “dur” yoki “xun” (“qon”) so’zlarining qaysi biri ma’qul ekanligini so’rashadi. Shunda
Jomiy:

Suxan durr astu taalluq ba go’shi shah dorad –

“So’z – dur, shoh qulog’iga taalluqi bor” mazmunidagi bir misrani bitib yuboradi. Davra ahli javobning nozik va qisqaligidan, Navoiy va Jomiyning shu qadar hamfikr ekanligidan hayratga tushadilar. Bu voqea butun Hirotga tarqalib ketadi, majlislarda uzoq vaqt aytib yuriladi.

Yana bir voqeada bir qurilishga sarv daraxtlari kesilib olib ketilayotgani bilan bog’liq holat tilga olingan. Aravada qurilishga sarv daraxtlarining olib ketilayotganini ko’rgan Jomiy aravakashdan sarv daraxti qoldimi, nechta yog’och olib ketyapsan, deb mutoyiba bilan savol bersa, aravakash “bir yuz to’rtta” deydi. Shunda Navoiy sarv yorning qaddiga qiyosdir, “qad” so’zining adadi ham bir yuz to’rtdir deydi. Chunki “qad” – “قد” so’zi abjad hisobida 104 raqamini hosil qiladi. Bunda ? – 100, ? – 4 ni bildiradi. Jomiy Navoiyning zakovatiga qoyil qoladi.

Yuqorida aytilganidek, Alisher Navoiy “Xamsa” dostonlarining har birida Abdurahmon Jomiyga alohida bob bag’ishlagani bejiz emas. Buyuk shoir o’z asarlarini yozish uchun piridan ma’naviy madad olib turgan. Xususan, “Saddi Iskandariy” dostoni xotimasida shunday voqea keltiriladi:

Navoiy o’z beshligi kitobxonlar tomonidan qanday baholanishini bilish uchun ustozi Abdurahmon Jomiyning huzuriga boradi va unga “Xamsa”ni taqdim etadi. Jomiy asarni birma-bir varaqlab, shoirga lutf bilan munosabatda bo’ladi va bir qo’lini shoirning yelkasiga qo’yadi. Ustoz va pir Jomiyning qo’li yelkasiga tekkach, shoir bir lahza hushini yo’qotadi va taxayyul olamiga g’arq bo’ladi: Navoiy ajoyib bir gulistonda sayr qilib yurib, bir guruh suhbatdoshlarni ko’rib qoladi. Ulardan biri shoir tomonga kelib, o’zini fors-tojik shoiri Hasan Dehlaviy deb tanishtiradi va davradagilar shoirni ko’rmoqchi ekanliklarini aytadi. Navoiy hayajon bilan davra ahliga yaqinlashadi. Hasan Dehlaviy davradagilarni Navoiyga tanishtiradi. O’rtada Nizomiy Ganjaviy, uning ikki yonida Xusrav Dehlaviy va Abdurahmon Jomiy, ularning atrofida o’tirganlar esa Firdavsiy, Unsuriy, Sa’diy, Sanoiy, Hoqoniy va Anvariylar edi:

“… O’rtodag’i piri farruxjamol
Ki, vasfida keldi xirad nutqi lol,

Erur hazrati Shayx, ogoh bo’l!
Niyoz aylabon xoki dargoh bo’l.

O’ng ilgi sori anga payravdurur,
Jahon ofati – Mir Xusravdurur.

Yana bir yon ustodu piring sening,
Raqamxoni lavhi zamiring sening

Chu Sa’diyu, Firdavsiyu, Unsuriy,
Sanoiyu, Xoqoniyu, Anvariy”…

Davradagilar Navoiyni ko’rishlari bilan o’rinlaridan turadilar. Uning bir qo’lidan Xusrav Dehlaviy, ikkinchi qo’lidan Abdurahmon Jomiy tutib, Nizomiyning yoniga o’tqazadilar. Navoiy Nizomiyga ta’zim bajo keltirib, uning yoniga o’tiradi. Nizomiy Navoiyning “Xamsa”siga yuksak baho beradi va Jomiydan shoir haqqiga duo o’qishini so’raydi…

Shu onda Navoiy taxayyul olamidan qaytib qarasa, Jomiy qo’lini uning yelkasidan olgan va unga qarab turgan ekan. Jomiy Navoiyni ulug’ muddaoga yetishganligi bilan qutlab, Tangriga shukrona keltirishga chorlaydi.

Umuman olganda, XV asrning ikki buyuk namoyandasi bo’lmish mavlono Abdurahmon Jomiy va Alisher Navoiyning o’zaro samimiy munosabatlari hamma zamonlar uchun ustoz-shogirdlik va do’stlikning chinakam namunasi bo’la oladi.

045

O’N BIR JOMIYNING ENG ULUG’I
Umid BEKMUHAMMAD
033

Tarixda nafaqat bir taxallus bilan yagona ijodkor, balki yana qanchalab insonlarning ilmu-ijod bilan shug’ullanganining isboti Jomiydir. Aksariyat omma Jomiy nomi tilga olinganda, Navoiyning zamondoshi Abdurahmon Jomiynigina tushunadi.Ammo, 12 asrda yashagan Ahmadi Jomiy, Nishopurda yashagan Xo’ja Qutbiddin Ahyo Jomiy, Hirotda istiqomat qilgan Mavlono Muhammad Jomiy, Hindistonda umrguzaronlik qilgan Jaloliddin Jomiy, 17 asrda Buxoroda shuhrat qozongan Jomiy Hisoriy, Qorateginlik Kamoliddin Jomiy Soqiy, hamda Jomiy Soqiy, Jomiy Lohuriy, Jomiy Ardabiliy, Jomiy Giloniylar nomi tarixdan ma’lum.

092 Biroq, ular ichida 1414 yil 7 noyabrda Nishopur yaqinidagi Jom shahri Xarjurd mahallasida tug’ilgan Abdurahmon Jomiygina adabiyot tarixida muhim iz qoldiroldi.Ota-bobolari Dashtlik bo’lib, qandaydir sabab bilan Jomda turib qolishgan,shoirlik esa Abdurahmonga bobosi Mavlono Muhammad, otasi Nizomiddin Ahmaddan o’tgan ijodiy ta’sirlanish tufayli desa bo’ladi.Otasining Hirotga shayx-ul mashoyix qilib tayinlanganidan so’ng ularning oilasi Xuroson poytaxtiga kelib o’rnashib qoladi.Natijada Abdurahmon Hirotdagi Nizomiya madrasasida Xoja Alouddin Ali Samarqandiy, Shahobiddin Muhammad Jojarmiy kabi o’z davrining fozil kishilaridan tahsil olib, zamonasining yetuk ilmli shaxslaridan bo’lib yetishadi.

Shu bilan birga u Samarqandga borib, Ulug’bekning madrasasida Qozizoda Rumiy, Ulug’bek Mirzo, Ali Qushchi, Fazlulloh Abullayslardan ham ta’lim oladi.Xuroson-u Movarounnahrda dong qozongan Naqshbandiya tariqatining peshvolaridan Shayx Sa’ddidin Qoshg’ariyga qo’l berib uni piri deb tan oladi va vaqt o’tib uning qiziga uylanadi.

1469 yilda Xuroson taxtini Boyqaro egallagach, o’zi ham ijodkor bo’lganidan Jomiyni o’ziga pir va ustoz deya e’lon qiladi.Natijada Jomiyga nafaqat Boyqaro, balki ko’plab mulkdorlar ham muruvvat ko’rsatadigan bo’ladi.Jomiy esa ana shu daromadlardan va o’ziga tegishli mulkdan kelgan foyda evaziga Hirotda ikkita madrasa va xonaqoh, Jomda bir masjid barpo etdiradi.

Ayni paytda u ijodkor sifatida “Haft avrang”, “Risolai musiqiy”, “Nafahot ul-uns”, “Lujjat ul asror”, “Ashiat ul-lamaot”, “ Risolai muammo”, “ Fotihat ush-shabob”, “Vositat ul-iqd”, “ Xotimat ul-hayot”, “Yusuf va Zulayho”, “Layli va Majnun”, “Salamon va Absol”, “Xiradnomai Iskandariy” singari badiiy barkamol asarlar yaratdi.Uning asarlari o’sha davrda shu qadar mashhur bo’lganki, hattoki Xurosonga yaqin davlatlar hukmdorlari maxsus elchilar yo’llab uning asarlarini olish uchun kelishgani tarixiy asarlarda qayd etilgan.

Garchi Navoiy va Jomiyning yoshi orasidagi farq 27 yilni tashkil qilsada, Navoiy Jomiyni o’ziga pir deb e’lon qilgan 1476 yildan boshlab hamisha yaqin hamkorlik aloqalari o’rnatilgan.Har ikkala ijodkor, har ikkala o’z davrining mulkdorlari, ahli musulmonning tayanchi darajasiga yetishgan Jomiy va Navoiylar Boyqaro saltanatining barqaror holda boshqarilishiga, ko’plab nizolarni bartaraf etishga muvaffaq bo’lishgan.

Jomiyning Navoiydan farqli o’laroq tomoni uning oila qurgani va hajga borganligida edi. Jomiyning zamondoshlaridan Ali Safiyning “Rashahot” kitobida ulug’ shoir haj ziyoratiga borganda ro’y bergan e’tiborli voqeani yozib o’tgan.Unda qayd etilishicha, Hirotlik bir olim ham Jomiy bilan Makka va Madinani tavof qilishga borgan ekan.Buyuk qadamjolarni ziyorat qilish davomida Jomiyning safardoshi bo’lgan olim kasallanib qoladi.Bir necha kundan keyin Jomiy safardoshini ko’rishga keladi va unga:
-Juda uzoq yotib qolding-ku!-deydi.

Xasta olim esa Jomiyning bayti bilan javob qaytaradi:

Gar bar sari bemori xud oyi bad iyodat,
Sad sal ba umedi to’ bemor tavon bud.

Ya’ni,

Agar bemorni o’zing ko’rgani keladigan bo’lsang,
Kelishing umidida yuz yil kutib yotsa arziydi.

Bunday javobdan Jomiy xushhol bo’lib, ko’zini yumganicha, bir oz sukut saqlaydi.Ko’p o’tmay bemorning peshonasidan ter tomchilari oqa boshlaydi.
-Ana endi bir oz o’ranib yot! Shifo topasan!-deydi Jomiy.

Bemor qattiq terlab, darddan forig’ bo’ladi va uch kundan so’ng butunlay tuzalib, Jomiyning huzuriga boradi.

Ana shu qutlug’ safarda bo’lgan boshqa bir olim ham qattiq kasalga mubtalo bo’ladi.Atrofidagilari undan umidini uzib, ko’mish tadbirini ko’ra boshlaydilar.Nogoh shunda Jomiy kirib keladi.Bemorning o’ng qo’lidan tutib, ko’ylagini tirsagigacha ko’tarib, bir necha marta silaydi va ko’zini yumgan holda sukutga ketadi.Bemorda quvvat paydo bo’ladi va bir necha kundan so’ng esa batmom tuzalib ketadi.

Shoirning zamondoshlaridan Muhammad Ravajiy bir kuni bahor faslida Jomiy bilan suv to’la Rudi Molon anhori qirg’og’ida o’tirishgan ekan.Shunda ular suvda bir toshbaqa oqib kelayotganiga guvoh bo’lishadi.Jomiy toshbaqani tutib oladi va kaftini bir necha marta uning ustida yurgizadi.Tiriklik asari bo’lmagan toshbaqa shunda asta-sekin harakatga kelib, qochish o’rniga Jomiyning quchog’iga chiqib yotadi.O’rinlaridan turgach,Jomiy toshbaqani yerga qo’yib jo’nashadi.Toshbaqa esa ancha joygacha Jomiy orqasidan ergashib boradi va otlar tezlashib ketgach, orqada qolib ketadi.

Ha, zamondoshlari nazdida shoir Jomiy kuchli bioquvvatga ham ega bo’lgan.

Bir necha bor hajga borgan shoir Hurosondan tashqari Bag’dod, Nishopur,Toshkent, Bastom, Domg’on, Qazvin, Hamadon, Karbalo, Damashq, Halab, Tabriz singari sharqning mashhur shaharlariga, u yerdagi ziyoratgohlarga borgan inson ham edi.

Vosifiyning “Badoe’-ul vaqoe” asarida Jomiyning ham Navoiy singari g’oyatda kamtarin inson ekanligiga oid bir voqea keltiriladi.Unga ko’ra, Navoiy va Jomiy yashagan davrda Hirotda Mavlono Nahviy Hiraviy degan keksa shoir bor bo’lgan.U qandaydir sababga ko’ra, Seyiston va seyistonliklardan xafa bo’lganidan, quyidagi bayt bilan boshlanadigan bir hajv bitadi:

Sargashtatar zi axtaram az gardishi falak,
Tole’ naekunad madadu baxt-hech yak.
Aftodaam ba xittai vayronae, ki xast-
Bodash samumi otashiyu xoki u kamak…

Ya’nikim, Falakning gardishi bilan yulduzdan ham sarsonroqman, na toleim, na baxtim-hech biri madad qilmaydi.Shunday bir xarob joyga tushdimki, shamoli-o’tli garmselu tuprog’i-tuzdan iborat…

Shunda bunday yo’sinda boshlanuvchi hajvga nisbatan Seyistonlik Qozizoda degan shoir javob-qasida yozadki, unda quyidagi satrlar bor edi:

Gar aybixoki poki Seiston kunad kase,
Daryo palid menashavad az dahoni sag…

Baytning mazmuni shu ediki, agar Seyistonning pok tuprog’ini birov ayblasa (zarari yo’q), chunki it tumshug’i tekkan bilan daryo harom bo’lib qolmaydi.

Alisherbek bu javob-qasidani eshitib, “Qozizoda yetuk, fozil ekanki, nahot men uni shu paytgacha ko’rmabman, tanish emas ekanman”, deya afsuslanadi va huzuriga chorlaydi.
Qozizoda Navoiy huzuriga kelgach:
-Men Mavlono Nahviyning hajvi va sizning javobingizni o’qidim.O’zingiz ayting-chi, bularning qaysi biri yaxshiroq chiqqan?-deya so’raydi.
-Meniki yaxshiroq!,-deya javob qaytaradi Qozizoda ham.

Bunday javobdan tabiiyki,Navoiy taajjublanadi.Chunki, o’zi kamtar bo’lganidan, u Qozizodaning yuksak iqtidoriga asoslanib, undan ham kamtarlikni kutgan, javobda o’zini past tutib, yoshi ulug’ bo’lgan Mavlono Nahviynikini yaxshiroq deyishini kutgan edi.Ammo…

— Juda yaxshi, ammo nima uchun sizniki yaxshiroq,-deya qayta so’raydi Navoiy.
-Chunki,-deydi Qozizoda,-Mavlono Nahviy Seyiston va seyistonliklarni hajv qilib aytgan hamma narsasi rost, men u kishiga javob qilib va Seyistonni ta’riflab aytgan hamma narsalarim yolg’on va xayoliy ta’rifdan iborat. “Akzabi o’st-ahsani o’” ( eng yolg’on she’r-eng yaxshidir) deganlar, shuning uchun meniki yaxshiroq..

Bunga qisqa izoh beradigan bo’lsak, Navoiy davrida shunday gap bor ediki, she’r haqida “ akzabuho-ahsanuho” ya’ni eng yolg’oni, eng mubolag’alisi-eng yaxshisi deyilar edi.Qozizodaning javobi mana shu nuqtai nazarga asoslangandi.

Navoiy hazratlari Qozizodaning bunday oqilona va shoirona javobidan xursand bo’lib unga hadyalar in’om qiladi.Shundan so’ng kunlarning birida u Qozizoda bilan suhbatidan hayajonlanganidan, o’zining yaqin maslakdoshi, ustozi Jomiy huzuriga boradi va unga bu to’g’rida gapirib beradi.Shunda Jomiy ham Navoiyning Qozizoda haqidagi ta’rifidan ta’sirlanib,

— Afsuski, men uning manzilini bilmayman, bilsam uning oldiga borar edim-deydi.

Navoiy Jomiy huzuridan qaytib kelgach, xizmatkorlariga Qozizoda oldiga borib, uni Jomiy oldiga yuborishlarini topshiradi.Bo’lmasa ul kishi o’zi axtarib chiqib, urinib qolishi mumkin, deya o’ylaydi.

Bunday xabarni eshitganidanoq Qozizoda Jomiyning uyiga qarab yo’l oladi.Afsuski, uning Hirotga birinchi kelishi bo’lib, Jomiyni eshitgan, ammo ko’rmagan edi.Jomiyni badavlat, o’z davrining dovruqli kishisi bo’lgani uchun, o’sha zamon odatiga ko’ra, u odam katta salla o’rab, bir necha qavat zarbof va ipak kiyimlar kiyib yursa kerak, deb taxmin qilgandi.

Jomiy hazratlari esa xuddi Navoiydek kamtarin bo’lib, qishin yozin bir serpaxta chopon kiyib, belini hammomchilarning fo’tasi bilan bog’lab yurar, fo’taning uchini osiltirib bog’lar edi.Boshiga esa ubaydik taxiyasi ( gulsiz oq Samarqand taxiyasi-do’ppisi) kiyar, uning ustidan kichkina bir salla o’rar va o’zidan bir qarich uzun tol yog’och hassa tutib yurar edi.

Qozizoda Jomiyning hovlisiga kirganida u yerda hech kim yo’q ekan.Seyistonlik Qozizoda eshik oldidagi supa labiga oyog’ini osiltirib o’tiradi va kimdir chiqishini kutadi.Shu paytda Jomiy yuqorida aytilgan oddiy qiyofada chiqib, mehmonga salom beradi.

Qozizoda bu shaxsni Jomiyning oshpazi yoki bir pastroq darajali xizmatkori bo’lsa kerak, deb o’ylaydi va o’rnidan turmasdan hamda hurmat qilmasdan:
— Hazrati mullo uydamilar?,-deya so’raydi.
— Shu paytgacha uyda edilar,-deydi Jomiy tabassum qilib.

-Ajabo! Bunday azizlarning xizmatida doim savolga to’g’ri javob berolmaydigan va sababsiz kuladigan xizmatkorlar bo’ladi,-deydi Qozizoda o’ziga-o’zi va Jomiyga qarab gapini davom etdiradi:
— Ey garang! Kirib janobi Maxdumga Seyistonlik Qozizoda ziyorat qilgali kelibdi desang nima qiladi.Agar marhamat qilib qadam ranjida qilsalar, ajab emas.
Jomiy o’zini tutolmay qattiqroq kuladi.Shunda Qozizoda qizishib:
-Barakalla, sizga kulgu juda yarashayapti-mi?-deydi.

Shu paytda Hirotning ulug’lariyam Jomiy hazratlarini ziyorat qilgani kelib qolishadi.Ular Jomiyni eshigi oldida ko’rgach, hammalari birdan otdan tushib, kamoli ehtirom bilan qo’llarini qovushtirib,Jomiyga egilib salom beradilar.

Qozizoda bu holni ko’rib, ko’nglida “Subhonollo, Jomiy shunchalik ulug’ odam ekanki, zamona ulug’lari uning eng past xizmatkoriga bunchalik ehtirom va ta’zim qilmoqdalar”, deya o’ylaydi.

Xullas, hamma mehmonlar uyga kirishadi.Jomiy odatda mashvaratlarda barcha mehmonlardan quyida o’tirar va ularga shaxsan o’zi xizmat qilar edi.Qozizoda ham mehmonlar qatori o’tirardi.Suhbat va muzokara boshlanadi.Qozizoda yonida o’tirgan Mir Atoullohdan sekingina so’raydi:
-Hazrati Maxdumga olim va shoirlar xizmatiga kelganini nega bildirishmayapti?

Mir Atoulloh Qozizodaning bu savolidan ajablanib, sekin qulog’iga:
-Siz bu yerlik emasmisiz?-deb shivirlaydi va ko’zi bilan Jomiyga imo qilib,-ana shu kishi hazrati Jomiy bo’ladilar,-deydi.

Shunda Qozizoda o’zini sharmanda bo’lgan hisoblab, yer yorilsayu, yerga kirsam, deya birdan o’rnidan sakrab turib, dahlizga chiqadida, kafshini kiymasdan ham yalang oyoq qochmoqchi bo’ladi.
Biroq u o’rnidan turib dahlizga chiqishi bilan Jomiy mashvarat poygohida o’tirgan yigitlarga:
-U qochib ketmoqchi, zinhor ushlab kelinglar,-deb buyuradi.

Yigitlar Qozizodani ushlab kelishadi.U boshini egib:
-“Al-musofiru-ka-l-achmo” ( musofir ko’r singaridir) , deb zorlanadi.

Jomiy hazratlari esa:
-Xudo haqqi, men butun umrim bo’yi hech kimning suhbatidan bu qadar xursand bo’lmagan edim, siz bilan uchrashganimdan shodman, -deydi va unga iltifot va mehribonchilik qilib, xursand qiladi va xijolatdan qutqaradi.

Ha,Jomiy ana shunday kamtarin inson bo’lgan.

Hijriy 898yil muharramining o’n oltinchisida, milodiy 1492 yilning 7 noyabrida ana shunday o’z davrining mashhur peshvolaridan Abdurahmon Jomiy shamollash natijasida 72 yoshida vafot etadi.Navoiy o’z ustozining ta’ziyasida Jomiyning yagona farzandi Ziyovuddin Yusuf bilan ta’ziyalarni qabul qiladi, pirining vafotiga atab “Kashfi asrori iloh”( “Ilohiy sirlar kashfi”) degan marsiya yaratadi.

Oradan bir yil o’tib Jomiyni xotirlash marosimida unga bag’oyat ixlos qo’ygan Husayn Boyqaro “ Kashfi asrori iloh”ni Hirotning eng mashhur voizlariga shaharda baland ovozda o’qishni topshiradi.

Ha, Jomiy hazratlarini hayotligida ham ardoqlagan Xuroson hukmdori va mulkdorlari uning vafotidan so’ng ham e’zozlashgandi.Shuningdek, Navoiy tavsiyasi bilan Abdulvose’ Nizomiy «Maqomoti Mavlaviy Jomiy» asarini yaratadi.Asarda Alisherbekning Jomiy ma’raka-marosimlarini o’z zimmasiga olib ,iydgohda xalqqa osh berganligi, qabri ustiga toqu ravoqli va gardunoso qubbali imorat barpo etilganligiyam yozilgan.

Ammo … afsuski, bir oz vaqtdan so’ng, Boyqaro saltanati tanazzulga uchrab Xuroson oldiniga Shayboniyxon, keyin Eron shohi Ismoil Safaviy itoati ostiga o’tadi.Shayboniyku Hirotdagi Boyqaro haramini, boyliklarini talagan bo’lsa, Ismoil Safaviy bosqinchiligi hammasidan ustunlik qildi.Uning qo’shini masjidu madrasalar,xonaqohlarni, Navoiy, Gavharshodbegimlar dafn etilgan Musallodagi maqbara bezaklarini ham talashdek pastkashlikkacha borishdi.

Bundan tashqari shia mazhabidagi Safaviy “Hirot jilovi qo’limga tegsa, sunniy Jomiyni tirik tutsam olovda yondiraman, o’lgan bo’lsa ustuxonini qabrdan chiqarib, o’tda yoqaman” deya ichgan qasamiga ko’ra, vahshiylikka borib Jomiy… qabrini buzdiradi.Shia Ismoilning qasamidan xabar topgan o’g’li Ziyovuddin Yusuf va uning do’stlari otasi Jomiyning, piri va qaynotasi Sa’diddin Qoshg’ariyning ustixonlarini berkitishga ulgurishgandi.Ammo ichgan qasamiga ko’ra Safaviy vahshiyligiga borib Jomiy qabriga o’t qo’ydiradi.

Shia mazhabidagi Safaviyning bunday dahshatli ont ichishiga sabab,Boyqaro yashirincha shia mazhabiga e’tiqod qiluvchi xotini Xadichabegim ta’sirida juma namozidagi xutbalarga shialarning o’n ikki imomi nomlarini qo’shib o’qitish to’g’risida farmon tayyorlangandi.Sunniy mazhabiga amal qiluvchi ahli Xuroson esa bundan darg’azab bo’ladi va isyonga chorlanadi.Shunda Jomiy hazratlari Boyqaroga bu nomuvofiq ishni to’xtatib, farmonga imzo chekmaslikni iltimos qiladi.Abdurahmon Jomiyning bu say’i harakati Ismoil Savafiyning qulog’iga yetib boradi va u yuqoridagi ontini ichadi.

Ha, tarix ne bir yovuzliklarga ham guvoh bo’lgan “oqsoch bobo”dir.Garchi qachondir ichgan qasamiga ko’ra 1510 yilda vahshiyonalik bilan Ismoil Safaviy Jomiy qabriga o’t qo’ydirgan bo’lsa-da, ulug’ ijodkor asarlarini yo’qotib yuboraolmadi.Chunki, Abdurahmon Jomiyning badiiy barkamol asarlari o’tda yonmas, suvda cho’kmas, ma’naviy yuksak xazinalardir.

07

(Tashriflar: umumiy 254, bugungi 1)

Izoh qoldiring