Mirzo Abdulqodir Bedil. Shavqingni yod etib… (2)

бедил
Мирзо Бедилдан 3861 рубоий мерос қолганини айтадилар. Бу рубоийларда Бедилнинг ўзигагина хос бўлган, заррада олам маъносини бериш маҳорати ёрқин намоён бўлади,ҳар бир рубоий шоир фалсафасининг янги қирраларини кўрсатаверади, Бедил тафаккурининг етти пардага ўранган асрори янгидан кашф этилаверади.

777

РУБОИЙЛАР
Жамол Камол таржималари

1

Гардун ўзи — неча собиту сайёр эмиш,
Дарё ўзи — неча чашмаю анҳор эмиш.
Дунё ишидан ҳамиша воқиф бўлким,
Сен билганинг ул битта эмас, бисёр эмиш.

2

Ҳар кўзки, агар олмаса ибрат, кўрдир,
Ҳар луқма агар бермаса лаззат, шўрдир.
Ҳар тўн, агар ўзгармаса, тўнмас, у кафан,
Ҳар хонаки, бирдек тураверса, гўрдир…

3

Фарёдки, менга жафойи ғафлат ўтди,
Жомимга қиёмати хижолат ўтди.
Дедим неча кўз очиб шу дунёни кўрай,
Дунёни то кўрганимча муддат ўтди…

4

Не келса, сабр айла, тамошодир бу,
Май ички, кўнгил дардига даводир бу.
Қул эрсанг, ўзингга билгил оламни қафас,
Қўй, юрма бу андуҳ сари, саҳродир бу…

5

Дил созида нағмаю наволар кўпдир.
Айбу ҳунару рангу сафолар кўпдир.
Кўпик тилагингму ё гавҳарми мурод?
Дарёда баҳою бебаҳолар кўпдир…

6

Эй марди сабот, шикаста паймон бўлма.
Жам айла кўнгилнию паришон бўлма.
Ҳар неки зарур эрса, чуқур англа, тушун,
Янглиш тушуниб, кейин пушаймон бўлма…

7

Илдиз гулу боққа етказармиш ўзни,
Ҳам бода димоққа етказармиш ўзни.
Парвонани кўрки, талпиниб мисли ҳилол,
Охир чироққа етказармиш ўзни…

8

Ғампеша дилимга то назар солгайсен,
Оқкўнгил эсанг, кўнглим аро қолгайсен.
Оташ кўтариб ўтма яна биз сари, ҳой,
Нақ олти тарафдин ўт олиб, ёнгайсен…

9

Бедил, билармисанки, аҳли ҳиммат,
Қиммат этадир элга неча бир суврат:
Ғофилга насиҳату фуқарога дирам,
Ёшларга лутф, ёши улуққа хизмат…

10

Эй ойина, манзилинг муборак бўлгай,
Ул ҳусни муқобилинг муборак бўлгай,
Ёр қайтди сафарданки, дилим унда эди,
Бедил, сенга бу дилинг муборак бўлгай.

11

Сен кун била тун ҳолини афлокдин сўр,
Май бўлмаса хумда, сен уни токдин сўр.
Ким ўтдию ким кетди — сўрарсан токай?
Дўстлар бари шунда мунтазир, хокдин сўр…

12

Чун ойина беғубор кўргай ўзни,
Юз рангга дағи шикор кўргай ўзни.
Инсон мижози ила илм гул очмиш,
Тупроқ гаҳи гулбаҳор кўргай ўзни…

13

Шодлик бўлаверса, қайғуга уйқашдир,
Байрам сира битмаса, юраклар ғашдир.
Ҳар нарсада мезон ва меъёр керак,
Сув ошса бошингдан, сув эмас, оташдир…

14

Юз чарх бошимизда овора эмиш,
Юз субҳ бизни деб жигарпора эмиш.
Ой бирла қуёш шуъласи бизга не писанд,
Кўз ёши ўзи собиту сайёра эмиш…

15

Дерсанки мудом: мақоми дилдор қайда?
Кўзларга кўринмаган у рухсор қайда?
Кўзингга магар парда эмиш мужгонинг,
Офтоб уйида, дегилки, девор қайда?

16

Дунёки, парокандалиги асбоб эмиш,
Ором бу жаҳонда, ўйлаким, симоб эмиш.
Денгиз эмиш у, мавжи — паришонлигимиз,
Осуда кўнгил — бир гавҳари ноёб эмиш…

17

Фарёд ила ўйлаким нафаслар долдир,
Аммо нетайин, забони журъат лолдир.
Кўнгил ўти бирла мисли бир шамдирмен,
Ул нола лабимга етса гар — табхолдир .

18

Ҳар кимсаки то шикаста, дилхун бўлмас,
Ул мулки вафода қадри афзун бўлмас.
Дунёдаги ҳар тош бўлавермас ёқут,
Ҳар қатрайи сув гавҳари макнун бўлмас…

19

Муллоки мудом жадалга мойил бўлди,
Олим санади ўзини, жоҳил бўлди.
То ўртага тушди у, билим лофи ила,
Топган бари маънолари ботил бўлди…

20

Эсмоқда насими ёр, ёрим келгай,
Гул ҳиди таралди, интизорим келгай.
Вақт етдики, жилва, рангга мен етгаймен,
Ул ошиному ул баҳорим келгай…

21

Фойданг йиқитиб бизни, зиён бўлгусидир,
Ҳар чандки баҳор эрур, хазон бўлгусидир.
Ойинаку ул замон қўлингдин тушди,
Аксинг дағи кўзданам ниҳон бўлгусидир…

22

Шеърим менга неча юз забондин келадир,
Кўпдан бери, кўп вақту замондин келадир.
Таврот эмаски ул, то тахмин этсам:
Бир йўла магарки осмондин келадир.

23

Суҳбат туну сайри гул саҳар истар эмиш,
Ҳар соз таронаи дигар истар эмиш.
Пирликда гўзаллар лабидин кечмасмен,
Тишсиз киши шир ила шакар истар эмиш…

24

Гар фориғ эрур ушбу жаҳондин ҳавасим,
Йўқ ушбу жаҳон ичра тузоғу қафасим.
Ҳар онда чаман зийнати мен бирла эмиш,
Чун ранги таровати баҳордек нафасим…

25

Бул кеча кўнгил тўла сурур этгаймиз,
Дилдорга термулиб, ҳузур этгаймиз.
Кўз равшанимиз равшан ўлур, кам бўлмас,
Шаминг ила дийдаларни нур этгаймиз…

26

Сен кетдингу мен асири манзил қолдим,
Бу дарду ғаму аламга машғул қолдим.
Бедил эканимнн сал унутган эрдим,
Кўнгил сенга боз кечдию бедил қолдим…

27

Эй сенкн ваҳим ила мудом мажбурсен,
Гоҳ ўт тилагинг, гоҳи гадойи нурсен.
Устингда кийим била яланғочдирсен,
Маъзур эмассен, вале мағрурсен…

28

Кўрдим неча дарду ғам, давойим сен ўзинг,
Чекдим неча оҳ-воҳ, ҳавойим сен ўзинг.
Ашкимни фақат сенинг йўлингда тўкдим,
Ҳар нечаки чорладим, садойим сен ўзинг…

29

Охир дили ноумид музтар бўлди,
Бекаслигидин ерга баробар бўлди.
Мужгони бошимга соя солгайму, дедим,
Қайрилди, кўринг, сояси ҳам қайрилди…

30

Ул мадраса ичра печаним жам бўлмиш,
Билганмисен, нечун мукаррам бўлмиш.
Арқону тўқим ва жул истарди эшак,
Ночорлиги кор этмишу одам бўлмиш.

Манба: Мирзо Абдулқодир Бедил. “Шавқингни ёд этиб”.Тошкент,2005

(Tashriflar: umumiy 111, bugungi 1)

1 izoh

  1. Assalomu alaykum Jamol Kamol Janoblariga Kotta rahmat Olloh rozi bulsin u kishi juda kup hayrli ishlarni qilmoqdalar til ojiz Olloh umringizni zieda qilsin domla.

Izoh qoldiring