Mirzo Abdulqodir Bedil. Shavqingni yod etib… (1)

bedil

Форс-тожик мумтоз шеъриятида Бедилнинг ўзигагина хос бўлган, заррада олам маъносини беришга интилган ва бунга кўпинча эришган шоирнинг кўпгина асарлари ҳар ўқилганида янги қирраларини кўрсатаверади, янгидан кашф этилаверади. Халқимизнинг бу буюк ватандошимизга бўлган меҳрини унга берилган «Абулмаоний» — «Маънолар отаси» деган фахрли лақабининг ўзи ҳам кўрсатиб турибди. Мумтоз Шарқ шеъриятининг биз катта ифтихор билан атайдиганимиз — Бедил чаманидаги анвойи гуллар дунё тургунича ўзининг тенги йўқ муаттар ҳидини сочиб тураверади, иншоолло!

888

Мирзо Абдулқодир БЕДИЛ
ШАВҚИНГНИ ЁД ЭТИБ
Ғазаллар ва рубоийлар

ДЕБОЧА

Мирзо Абдулқодир Бедил — қиёси йўқ шоир, мутафаккир ва жамиятшунос олим, ўзига хос файласуфона қарашлар соҳиби бўлган инсондир. Асли Шаҳрисабзнинг барлос уруғидан бўлган шоирнинг ота-боболари Ҳиндистонга кўчиб бориб, ўша ерда турғун яшаб қолишган. Ҳиндистоннинг Азимобод шаҳри яқинидаги Патнада 1644 йилда ҳарбий хизматчи оиласида таваллуд топган Бедил 1720 йилнинг 5 декабрида Деҳлида вафот этади.
Отасидан етим қолган Абдулқодир онасининг қўлида тарбияланади. Унинг билим олишга бўлган чанқоқлигини сезган амакиси Мирзо Қаландар билан тоғаси Мирзо Зарифнинг яқиндан ёрдами туфайли саводини оширади, араб тили грамматикасини, ҳинд ва урду тилларини, сўфиёна қарашларни ўзлаштиради. Унинг тинимсиз интилишлари ва изланишлари ҳатто ўн ёшида ёзган илк рубоийларида яққол сезилиб, атрофидагиларни ҳайратга солади. Олтмиш ёшга борганида ёзган «Чор унсур» асарида ўзининг ҳаётига, таржимаи ҳолига ва дунёқарашига оид фикрларини баён қилган.
Йигирма ёшида биринчи марта шеърларини жамлаган Бедил умри давомида кўп йўлларни босиб ўтди. Халқ ҳаётини яқиндан ўрганди, замон эврилишлари ва мунофиқликларини кўрди,буларни ўз ижодида акс эттиришга, инсонларни доимо юксакликда, иттифоқлик ва меҳр-мурувватлиликда бўлишга чақирди, бу туйғуларни гоҳ ошкор, гоҳ кинояли, гоҳ ташбеҳлар воситасида қалбларга етказишга ҳаракат қилди…
Ниҳоятда сермаҳсул, тинмас ва изланувчан шоир бўлган Бедил катта мерос қолдирди. Унинг «Куллиёт»ига киритилган асарларининг ўзи 130 минг мисра шеър ва 50 босма тобоқдан ортиқ насрни ташкил этади. «Тилсими ҳайрат», «Таркибот ва таржеот», «Муҳити аъзам», «Тури маърифат», «Ишорат ва ҳикоят», «Руқаъот», «Чор унсур», «Ирфон», «Нукот», «Ғазалиёт»,
«Рубоиёт» каби бир қанча асарлари мавжуд.  Энг долзарб жанр ҳисобланган рубоийлар ёзишда ҳам Мирзо Бедил катта меҳнат қилди. Унинг 3861 рубоий ёзиб қолдирганини айтадилар.
Форс-тожик мумтоз шеъриятида Бедилнинг ўзигагина хос бўлган, заррада олам маъносини беришга интилган ва бунга кўпинча эришган шоирнинг кўпгина асарлари ҳар ўқилганида янги қирраларини кўрсатаверади, янгидан кашф этилаверади. Халқимизнинг бу буюк ватандошимизга бўлган меҳрини унга берилган «Абулмаоний» — «Маънолар отаси» деган фахрли лақабининг ўзи ҳам кўрсатиб турибди. Мумтоз Шарқ шеъриятининг биз катта ифтихор билан атайдиганимиз — Бедил чаманидаги анвойи гуллар дунё тургунича ўзининг тенги йўқ муаттар ҳидини сочиб тураверади, иншоолло!

Жонибек Субҳон

999

333

ҒАЗАЛЛАР

* * *

Бўлибдир ғамга ошён маскани дил,
Шу боис ғам келур, сўрсам: қани, дил?

Кўзим мақсуди васлинг-у, қани кўз,
Дилим ёди ғаминг, аммо қани дил?

Адашган корвонга қўнғироқчам,
На куйлар куйламасдан нолани дил?

Киши йўқдир кишига зору муҳтож,
Вале дил тутганидир домани дил.

Қадам қўйганда хоки турбатимга
Бўл огоҳким, оёғинг босгани дил.

Агар-чи сувратим Бедилдир, аммо
Қилур бошдин-оёқашким мани дил.

* * *

Заҳм ўлди яна чашми пуроб ўлди, бизим дил,
Рангин қадаҳ ичра қон шароб ўлди, бизим дил.

Гулбоғу чаман фаслида тош ўлса у кўнгил,
Дашт узра ғубор ўлса-да, об ўлди, бизим дил.

Васл анжумани ичра ҳаё жом бўлибдур,
Об ўлса агар бодаи ноб ўлди, бизим дил.

Не ҳосил, аё нола, бул оташ нафасингдан,
Қон бўл, сени деб бўйла кабоб ўлди, бизим дил.

Бир чашма-ку тўфони хаёл ичра бу олам,
Бедил, на илож, эмди сароб ўлди, бизим дил.

* * *

Паришон хотирим деб ғам яралмиш,
Яна чашмим туфайли нам яралмиш.

Қилур мавж гавҳару оина жавҳар,
Ажаб, беорзу дил кам яралмиш.

Атарлар ғунча поймолини гул деб,
Не ҳол, шодлик аро мотам яралмиш.

Сабо тўзғитгудек бир кафт тупроқ
Қўшилгач қон ила, одам яралмиш.

Қошимга келса гар фармони таслим,
Эгилгум, қошим асли хам яралмиш.

Агар хешлик учун пайдо бу олам,
Менинг кўнглимга кўнглим ҳам яралмиш.

Дилнинг дардига йўқдир чора, Бедил,
Бўлиб соҳибмуҳр Ҳотам яралмиш.

* * *

Ишқ доғи каби нурга ниқобдир, юрагим,
Ойина каби дард ила софдир, юрагим.

Ҳар лаҳза бир ухлаб яна тез уйғонадур,
Ҳар дам иши роҳат ва азобдир, юрагим.

Мавжланганидан ким ани сарчашма демиш,
Сарчашма эмас, асли саробдир, юрагим.

Паймонаси лим тўлди бўлиб пайдо шаҳд,
Мулкингда умрдоши ҳубобдир, юрагим.

Кел!.. Ўт бер, алангамни томоша айла,
Лов ёнмаса, умри не ҳисобдир, юрагим.

Сен сўрадинг, бердим юлиб кўксимдан,
Лаълинг бу савол, унга жавобдир, юрагим.

Шабнам каби сув оламидандир гоҳи,
Гоҳ мисли қадаҳ ичра шаробдир, юрагим.

Умрим неча дам? Тинмай урар билмакка,
Чин касби саноқ, кори ҳисобдир, юрагим.

Умримни хаёл этсам, ҳеч йўқдир самари,
Ёнғин нафасим, шунга кабобдир, юрагим.

Кўз-кўз қиладир дарё пуфакларни неча,
Васл кўзгусиман, аммо ҳижобдир, юрагим.

Тош ойинаву, томчи гуҳар бўлди, бироқ
Афсус, ҳамон хонахаробдир юрагим.

Минг томир ила чирмади ғафлат, гарчи,
Бедил, неча ҳикматга китобдир, юрагим.

* * *

Ёд этиб шавқингни, синган хаста диллар шоддир,
Шиша дилларга бу чил-чиллар муборакбоддир.

Оҳ ва кўз ёшим эгиз, мен бир ажиб миробман,
Шу шамол, бу сув билан дард боғларим ободдир.

Ғафлат ичра мен ҳаётни меҳрибон билдим ғалат,
Ҳар дамим қўш тиғли ханжар, умр эса жаллоддир.

Ҳайратим оғзи метин, юмшоқдир ундан тоштухум,
Фолбоқар ойнам синиб, бунданки у зурёддир.

Умр қушим парвози тинди шиша кўнглим ичра, оҳ,
Тип-тиниқ ушбу қафаснинг соҳиби сайёддир.

Зору муҳтожмиз агар-чи, биз қаноат бир-ла бой,
Ташна дил қонғайму ҳеч, дунё саробободдир.

Бўлди булбул нозга тутқун, ҳолбуки, бир урса пар,
Кўркиданмас гул, ўзидан ҳам ўзи озоддир

Ақлу ҳуш жоми синиқ, ундан саломатлик оқар,
Телбалик роҳат яратмакда ажиб устоддир.

Васл оқшомида исфандлар не хуш чарсиллади,
Ишқни мадҳ айлаб куйибдурман, бу — бир исботдир.

Кўп улуғ тушларга лоқайдмиз, нечунким, ўнгда ҳам
Ухлагудек дамда бир дунё, ахир, бунёддир.

Биз Хито — нақш ўлкасин кезсак, оёқнинг излари
Мўйқаламдир гўиё, сурган ажиб Беҳзоддир.

Сурмалар бахтлар қаросиндан нишон киприкдаги,
Ишқни кокиллар сезиб тўлғанди — жим фарёддир.

Кекса бу жонимни ковлаб, бахт йўлин очдим, не бахт
Қомати ёй, чунки Бедил, тешаи Фарҳоддир.

* * *

То туғилдим, ҳар қулоғимга мудом афсун керак,
Дил тил олганча чўкиб ётмоқни истар — хун керак.

Ишқ балоси ҳусн бахтига ҳамиша зордир,
Лайлининг ноз базмига албатта бир Мажнун керак.

Эҳтиёж бор этди йўкликдан жаҳонни, дўстлар,
Қилгали жо дилга ҳиммат, янграган қонун керак.

Кетмагай дуд ҳеч ёлингдан, кулга гулхан дўнмайин,
Гўиё ювмоққа уст-бошим кирин, собун керак.

Ваҳмга таслим акл бор-йўқни фарқлаб билмагай,
Нокераклар кеча ўртаб, бўлдилар бул кун керак.

Тўкмасинларми юлиб маржонларин киприкларим,
Оҳ, ёшурмоққа наҳот шундай гўзал мазмун керак.

Тонг бу — борлиқнинг жаҳонда бир дамидир бедахл,
Бир нафас дийдор учун борлиққа бул гардун керак.

Эҳтиёж иншо этиб жаъм қилди тарқоқ сўзимиз,
Ҳарфи номавзунимиз, чун бўлмоғи мавзун керак.

Бенафасликка гирифтор Бедилинг қабр аҳлидек,
Чун ўлим занжирдур, занжир учун мажнун керак.

* * *

Ёниқ матлабларим бергай оловга достонларни,
Бўяр қонға мурод-мақсадларим барча баёнларни.

Асл манзилга етмасдан, қолиб кетдинг, бўлиб ман-ман,
Жаранглардан топиб киргай қароқчи корвонларни.

Шовуллаб турган ўрмон сирларинда, айт, не ҳасрат бор
Ки, қушлар кўзёши гирдобға берғай ошёнларни.

Юракдан гардларинг арт, то тириксан, интизом бахш эт,
Ахир, файзи бўлак тартибга солмоқнинг дўконларни.

Лабинг дилни олиб, мендан мийиқлар жон сўрайдирлар,
Ёмон ўргатди ўғринг порага бул посбонларни.

Сен олган ҳар заиф дамдан умр бўйи сўниб келди,
Мозорларга шаъм этма вақт елинда устихонларни.

Ютиб келмоқда сен турган қирғоқни аждаҳо тошқин,
Қайиқни синдиру, соғ кет, йўқотдинг бу маконларни.

Кўзингнинг ёшлари юлдузларин янчиб кунингни кўр,
Тегирмон айлаб айлантирди оҳинг осмонларни.

Ғазаб аҳлин тийиб турғил сеҳрлаб сен одоб бирлан,
Ки, ўқлар қошида кўр таъзим этган бул камонларни.

Жаҳондир хомхаёл ошхонаси, армонни еб тўйдим,
Нечун тинглай совуқтандирдан оққан бошқа нонларни.

Мен ожиз саждаман, айлаб тавоф, сўнг манглайим бирлан
Нақш қилдим шамолга хоки бирлан остонларни.

Қараб ёр, тинглай бир кун, етар, бас, жим бўл, эй Бедил,
Мен ойна бағрига жо айладим фарёд-фиғонларни.

* * *

Токи чаман томонидан бўйи баҳор, етиб келар,
Ўзни нетиб ёд этайин, номаи ёр, етиб келар.

Икки кўзу битта лабин жуфт этадир қаддима ёр,
Тўрт беадаб рақам билан минг ифтихор, етиб келар.

Шодлигу ғам доғларини масхара қилгали кулиб,
Бағрида доғ, ханда қилиб, у лолазор, етиб келар.

Очдим аза, йўқолди йўл дашти адам қучоғида,
Тонг, ёритиш учун йўлим, сийнафигор, етиб келар.

Куйди юрак сипанд бўлиб, чиқди нафас баланд бўлиб,
Сен йўнилиб, сўнгра қўлим сенга, дутор, етиб келар.

Жим ўқигил бу маърифат китобини, аё, азиз,
Қилсанг овозингни баланд, бошинга дор, етиб келар.

Танг бу тириклик ичра халқ юпанди сўзу соз билан,
Йўқ эса ҳар нафасда бу дилга фишор1, етиб келар.

Шодлигу бахтимизга қўл етмаги кўп қийин бизим,
Чиқса агар хумордан у, тағин хумор, етиб келар.

Дағдаға қилма қудрату ҳусну тароватингни ҳеч,
Тонггача шаъм сўнар, ахир, фахринга ор, етиб келар.

Синган оёқ қачонгача ҳақталабин қилар адо,
Икки кўзим юзимга, оҳ, топиб мадор, етиб келар.

Оҳи ҳазини қақратиб қўйса азизлар лабини,
Беринг хабар, ёш тўкибон Бедили зор, етиб келар.

* * *

Кўзларингга, тенгсизим, бўлсин фидо майхоналар,
Гоҳ қуриб, гоҳ тўлғуси имонг билан паймоналар.

Ошиқ ўз қалбини ёқмоқ пайти чақмоқ олди ўт —
Шаъм аланга олгани пайт куйдилар парвоналар.

Ишқ-жунун саҳросида эсди довуллар айланиб,
Сочларин бир ҳилпиратсинлар дебон девоналар.

Ишқимизнинг қадри йўқдилдан чиқиб бўлган баён,
Бой бериб ганжин, ҳувиллаб қолдилар вайроналар.

Меҳримиз берди оловга бир тароқдўконларин,
Сочларин қандоқтарар энди бизим жононалар?!

Шаъмга дил дардимни айтиб турганим пайт келдию,
Уйқу ухлаб қолди, тинглаб тонггача афсоналар.

Қаҳр қаҳ-қаҳлаб тишин қайрар ҳасадинг бетида,
Сабр этар тишсиз қилич жим-жит, бўлиб мардоналар.

Номувофиқ бўлса аҳли анжуман бўлгай хароб,
Жам эмаслиқдан сочилгайлар бошоқдан доналар.

Шарми бўлса, бир-бировга кўз олайтирмасди эл,
Суқ кириб, шатранж ўйин майдони бўлди хоналар.

Токи бор имкони, Бедил, қил замон аҳлини тарк,
Тутмагай одамни дўст ҳеч бу ҳаёбегоналар.

* * *

Зор қанот қоқсамки, бехудлик аён, бўлғусидир,
Бу билан исён эмас, ҳолим баён, бўлғусидир.

Бир қадам ҳам беҳуда кетмас агар ҳуш изласак,
Йўқса, тош, ғафлат босиб, биздан нишон, бўлғусидир.

Бўл фақир сен хокисорлик бирла, охир бир куни
Бир ҳовуч хокингга ел тахтиравон, бўлғусидир.

Гар худосизларга қолса ушбу уммонлар куни,
Парчаланган барча елкан, кема қон, бўлғусидир.

Ваҳму туҳмат ғам балоси бирла ҳар кўк барҳаёт,
Болу парнинг кўлкаси тоғ деб гумон, бўлғусидир.

Қанчалик ҳуркитмангиз, бахт қушлари мижжамдадир,
Минг қанот бир кипригим ичра ниҳон, бўлғусидир.

Гар аён айлай десам ожизлигим, ожиз тилим,
Кўзларим фарёд чекар, бу не фиғон, бўлғусидир.

Авжланиб ваҳшатли суҳбат бўлди ҳар тил бир олов,
Аҳли корвон ёққан ўт ҳам корвон бўлғусидир.

Мангу бир роҳат шудир, жаъм бўлса уммид-ихтиёр,
Тўпласа қуш парларин гар, ошён, бўлғусидир.

Ҳар недан кечмаюса, Бедил, арзигайдир ҳақ йўли,
Бир юкинг бўлса бу йўлда минг довон, бўлғусидир.

* * *

Эй фазлу камолоти аёнлар ва ниҳонлар,
Мани нафас маҳв этади, сўзни — забонлар.

Тузмакчи эдим шода қилиб гавҳари васлинг,
Шарт узди нафас торини ёнган у фиғонлар.

Хок бўлди, бироқ бўлмади ҳеч маҳрами дийдор,
Кўз кўзгусига тўлди шу боиски тўзонлар.

Ёҳу дея тўкмакчи эдим ўзни қадаҳга,
Лов ёнди нафас, қайнадилар қалбдаги қонлар.

Саждангни кўриб шиддат ила тўхтаган ўқман,
Отган эдилар, ҳолбуки қудратли камонлар.

Ҳар мўй бўлиб тил сенинг васфингни ўқир шод,
Ҳар ҳарфинг ила хатту савод чиққан ҳамонлар.

Йўқлик чангининг тошқинимиз, оби бақомас,
Сув лойқасимиз, бизни дегиш* олгани онлар.

Майдон уза не тилни тилиб елди қалам, айт,
Минг йўртса-да у, ноқис эрур барча баёнлар.

Учқун каби осмонга учиб сўндиму билдим,
Кенгликка само зор, фурсатга — замонлар.

Ёнғин нафасинг, Бедил, уни сотса бўлурми,
Ҳайратда қотиб, тахта бўлиб қолди дўконлар.

———————
* Дегиш — кучли сув оқимидан дарё ўнг қирғоғининг мутгасил ўпирилиб туриши.

* * *

Ёниқдил гавҳари ё қатра-қатра ноб, шабнамлар,
Ё кўзёшдек жаҳон сирри ниҳон, ноёб, шабнамлар.

Ки ғафлат зулматин огоҳлик нурига жам қилмас,
Саҳар бедор ёнар милт-милт, ютиб зардоб, шабнамлар.

Қаерга бормайин, кўзёшларим менга ватан бўлди,
Жаҳонни қатралардан айлади селоб, шабнамлар.

Ўзингдан кетма дардингга бўлиб мағрур, кўзим ёши,
Ки сутдек нурларин қилди бу тун маҳтоб, шабнамлар.

Ажабмас кўзёшим бўлса агар жононима манзур,
Не янглиғ, оҳ, чарақлар, кўрса гар офтоб, шабнамлар.

Тизилди минглаган кўз гавҳари рухсори ойимга,
Қаторлашган каби гулбарг уза шаффоф, шабнамлар.

Зулумот пардасин олғай сиғиб ҳадди, улардан тонг,
Мени дилхастани қилғай батар бетоб, шабнамлар.

Юзи гуллар висолида кўринмас бахт нишони ҳеч,
Шу боис лолалар бағридадир хуноб, шабнамлар.

Заифлик тавқи бўйнимда, ки юксакликка дахлим йўқ,
Оёқ остида минг юлдуз каби сероб, шабнамлар.

* * *

Сенсиз ташланса боғга, кўзёшли нигоҳ, сувда,
Мен бир ойина янглиғ… қолган каби боғ, сувда.

Ҳуснингдан ҳижоб айлаб кўзгу бўлмасам бўлмас,
Қуёшга боқиб бўлмас ул бўлмаса, оҳ, сувда.

Инжу-инжу тер терлар баҳор тонги чаманда,
Ютиб барин бош эгган гуллар бегуноҳ, сувда.

Табассум қилганигда ўғрилар кўрди лаълинг,
Лаълинг — Зуҳро, қўл етмас, шундан жигар доғ, сувда.

Эй омонлик истаган, олдингдадир минг офат,
Соҳилда ўт ловуллар, кеманг-чи қироғ — сувда.

Оламнинг ҳар ашёси бир дилга дўнсам дейди,
Ҳар қатра орзу айлар бир кун дур бўлмоғ, сувда.

Дунёдир чексиз уммон, дуррин жунбушда излар,
Билмаски дур ўзинда, билмаски дур, оҳ, сувда.

Истарсан даҳр ичинда лочин мисоли парвоз,
Кеч бу ҳавасдан, ғофил, сен бўккан бир зоғ, сувда.

Шарм аҳлининг фарёди келмакда қулоғингга,
Ниқоблари йиртилган пуфакдир, андоғ, сувда.

Руҳни ўлимдан ўзга поклантиргувчи йўкдир,
Шундан юлдузлар милт-милт, шундандир сабоҳ, сувда.

Надомат бирла терлаб бормоқдадирмиз олдга,
Мисли сувдек гоҳ ерда, мисли тўлқин гоҳ, сувда.

Ғафлат аҳли беқарор, феълинда ҳеч сабот йўқ,
Мисли шаъм толесидек алангада, ёғ, сувда.

Бедил, сени ўйламай ишққа ғарқ икки дунё,
Ким ҳам қайғурар тузни чўкиб борар чоғ, сувда.

* * *

Шарҳ этиб мавж борлиғин, дарёда туғён, ҳар нафас,
Жам руҳим фош, гўиё қўйнимда райҳон, ҳар нафас.

Чиқса гар қандай довон йўлингда, шарт ўтмак ошиб,
Айласин эртангни бу кун, майли, пайҳон, ҳар нафас.

Матлабингга етмаганлик дардидан сен тўкма ёш,
Тўксанг ҳам ҳаттоки тер, хижлатда, ул қон, ҳар нафас.

Ушбу борлиқ бир китоб, сен айла банд шерозасин,
Тонгга боқ, йўқликни жам айлади ҳар он, ҳар нафас.

Дард эрур ишқ, оташинда бир бўлак иксир бор,
Сен бу ўтда, борлиғим, бошдан-оёқ ён, ҳар нафас.

Сенга қурбон хоклар гар чексам оҳ, тўзғиб кетар,
Бир оёқ боссам фиғон тортгувчи минг жон, ҳар нафас.

Ўз-ўзингдин қилмайин ваҳм, журъат эт, ўтгил кечиб,
Сен ўзингга сен ўзингсан мисли уммон, ҳар нафас.

Гулларидан парларимга нусха гар олмас эсам,
Устидан учмоққа қўймас ушбу бўстон, ҳар нафас.

Беватан мажнун эрурман, бўлмишам саҳро аро,
Оҳуларнинг кўзи ичра зору сарсон, ҳар нафас.

Бор назокат, бор сеҳр биллур қадаҳ ичра ниҳон,

Қўй, халал берма тамошоларга, мужтон, ҳар нафас.

Дўндирар ўз кулфатин толега, Бедил, аҳли дард.
Сурма қилгум сенга дилдоғимни, жонон, ҳар нафас.

* * *

Ики кўз гаьҳарингдан ком олурман,
Ики дунёга жуфт бодом олурман.

Гадодирман ғаразсиз, шафқатингдан
Ялинмасдан тилиб, инъом олурман.

Сенинг базмингда ухлабман, бу ҳам бахт,
Оёқ қўй бошима, илҳом олурман.

Бўлиб мажнун машрабларга улфат,
Урарман тошга шиша, жом олурман.

Мусаффолик ҳар қатра терингдан
Саҳар шабнам каби андом олурман.

Айиқ нафсимни боғлаб, овлаб анқо,
Охир мен хомхаёл деб ном олурман.

Садоқат ва меҳр майдони ичра
Шаҳид бўлдим, абад… ором олурман.

Аёнсан, ҳеч қиё боқмайди олам,
Хавотир бундан ҳар айём олурман.

Солиб, Бедил, ўзимни билмаганга,
Ҳама васл истаса, пайғом олурман.

* * *

Фахр этарлар сажда айлаб шундайин остонага
Бош қўйиб манглай терин чин аҳли инсон тўксалар.

Йўқлик ҳамёнидан ҳеч тушмас умр нақди, далил —
Йитмагай, уйдан нени элтиб биёбон, тўксалар.

Чок-чок Бедилнинг ҳар чокин қилиб минг чок, не тонг,
Гулфурушлар субҳидам хандон-хандон тўксалар.

Ҳақ дебон дил макрин эл боринча имкон тўксалар,
Томчидек гавҳар учун, майлига, уммон тўксалар.

Жилвардгар тўрт фасл гулшан, агар булбуллари

Тинмай ҳар чаҳ-чаҳда бир-бир қатрадан қон тўксалар.

Тўлдириб ташлар тиканга интизорлик боғини
Ёш этиб киприкларинг гар аҳли ҳижрон тўксалар.

Лолалар қотил бўлиб туҳматга қолмай дейдилар,
Ҳар баҳорда сачратиб қонимни ҳар ён тўксалар.

Нега ишқ меъморлари таъмир этар дил қасрини,
Ўзлари қурган заҳот вайрон-вайрон тўксалар.

Аҳли ишқ бўлғай мусаффо ишқ ўти-ла, чўғларин
Гар этакларга ҳайиқмасдан-ки бир он тўксалар.

Айб бўлар айб этсангиз андишаси йўқларни гар
Ўзлари обрўсин айлаб абри найсон, тўксалар.

Саждагоҳдир ҳиммати аҳли фанонинг, бош қўйинг,
Ерга тупроқ айлаб ўзни, ҳар маҳал жон тўксалар.

Шабнамин бермас текин ушбу чаманда кўзларим,
Сарф бўлар минглаб нигоҳ, бир дурри ғалтон тўксалар.

Дард қушинг учди вужуддан, бош-оёқ ёнғин кўриб
Ўт қўйиб мисли қамишзорларга гирён тўксалар.

Қалтирар қўл тийғ тутишга қатл учун, бергай мадад
Қонларимни пирпираб ҳар битта мужгон, тўксалар.

Фахр этиш-чун қайда лойиқ бош, қўйиб остонига,
Ўтганида терларин гул юзли жонон тўксалар.

* * *

Чин камолот ихтиёр қилмоқчиман,
Яъни йўқлик ошкор қилмоқчиман.

Кўп чигал борлиқўриш-арқоқлари,
Мен нафас-ла тор-тор қилмоқчиман.

Ҳам олиб қанча сифр йўқликдан, оҳ,
Бир ўзимни, чун, ҳазор қилмоқчиман.

Ҳеч киши бермас жавоб, сўрсам савол,
Тоғ аро фарёди зор қилмоқчиман.

Дард доғидан баҳор бўлғайму деб
Лолазорга эътибор қилмоқчиман.

Ўтса ўтсин, майлига, гул фасли, ёр,
Бир қадаҳдан минг баҳор қилмоқчиман.

Топмагунча дилда муштоқлик камол,
Мен висолни интизор қилмоқчиман.

Фарқи йўқ, дўзахми-жаннат манзилим,
Ёд Сизни, гулъузор, қилмоқчиман.

Бир гуноҳим афв этишга арзимас,
Арзитай деб, қайта бор қилмоқчиман.

Ўтди юз қат осмондан орзу,
Унга ўзни мен дучор қилмоқчиман.

Бўлмаса ибрат далили даврамиз,
Шаъм ёқиб, сайри мозор қилмоқчиман.

Ўз таним тупроғини йўқяикка хат
Битгали мен бир ғубор қилмоқчиман.

Васл йўқ, чун, икки оламдан кечиб,
Энди узлатни қарор қилмоқчиман.

Осмон бир юзтубан бечорадир,
Мен не чОра; мен не кор қилмоқчиман.

Етди вақт, Бедил, ўзимдан мен қочиб,
Суҳбатимдан энди ор қилмоқчиман.

* * *

Ғамларимни оҳ, қилиб таъсир, равшан айлагай,
Шаъм торин тунлари тақдир, равшан айлагай.

Тонг шамолидан ёнибдур боғ аро юз минг чароғ,
Ҳар ярони шундайин шамшир, равшан айлагай.

Бу жаҳоннинг назму насрин ёритар тонг шуъласи,
Соч қаросини оқартиб пийр, равшан айлагай.

Мотам аҳлин давраси жим қаддин этган ҳалқадек
Шаъм чекиб дод, кўрсатиб занжир, равшан айлагай.

Аҳли ишқ ғавғо солиб ёққан баланд гулхан билан
Кўзларин ўрмон ичинда шер, равшан айлагай.

Мисли тўлқин йўқлиғимдан борлиғим бунёддир,
Маънилар вайрониман, таъмир, равшан айлагай.

Кечгил овнинг матлабиндан, чун умид саҳросини
Бил, чақин, кезсин дебон, нахжир*, равшан айлагай.

Чақнашинг, эй учқуним, соғлиқ-омонлиқ жилваси,
Борлиғим, борлиқтолиб тадбир, равшан айлагай.

Бул яро — фонусда йўқ, Бедил, омонлиқ нури ҳеч,
Шаъм — бошоқ ўқин этиб тақрир, равшан айлагай.

* Н а х ж и р — қулон, кийикнинг отга ўхшаш бир хили.

* * *

Кибр ила мардлик ғурурин юки барҳам бўлғуси,
Токи манманлик зиёд, шарму ҳаё кам бўлғуси.

Хом сут эмган, на илож, эл оғзига тутманг элак,
Мулзам этмак истаганлар элни, мулзам бўлғуси.

Ўтди айём, этмагай ор энди халқтақлиддан,
Сал қўйиб берсанг-чи, ҳар тош Исо, Марям бўлғуси.

Ниш урар мажнун хаёл, илдиз ёйиб найранг қилар,
Тортса бош буғдой агар жаннатдан, одам бўлғуси.

Шаъм ёниб куймак билан ҳам равшану ҳам доғдир,
Дилда ҳам шодлик ва ғам, тўй ҳамда мотам бўлғуси.

Изламанг ишқни қуруқ гап — сўздан ҳеч, огоҳ бўлинг,
Бирга туғён қилса жуфт дил, икки олам бўлғуси.

Тенг тарозудир адолат, эй фақир, қўл урмағил,
Ҳурматингга оғса бир ён, неъмати кам бўлғуси.

Мисли тасбиҳ шодасиман, кечса бир донам агар,
Бошқадонам ўтмагининг навбати ҳам бўлғуси.

Феъли поклар хислатин ўзгартар, айнитмас фано,
Пахта ҳам куйгач, жароҳатларга марҳам бўлғуси.

Ишқ аро дийдор ҳаёси бунчалар залворлидир,
Кўзлар очилган заҳоти, мижжалар хам бўлғуси.

Кўп ғанимат англабон гул васлини тонг дастидан,
Барча шабнам дод чекиб, кўз ёш каби нам бўлғуси.

Ҳақ-адолатдан кечиб, нафс йўлига кирган киши
Беҳуда ичган қасам бир кун келиб сам* бўлғуси.

Тиймасанг тилни, замон маддоҳларининг мадҳидек,
Бир совуқ ел тарзида, Бедил, сўзинг жам бўлғуси.

*С а м — заҳар.

* * *

Ишқ аҳли агар тасбиҳу зуннор, ёзурлар,
Ҳар дилни дебон дона, гирифтор, ёзурлар.

Ҳақ фаҳмини такрор қилиш шарт эмас асло,
Пуркабки олов сафҳага, якбор, ёзурлар.

Киприклар ила таҳрир этиб, бизга пинакда
Мактубларини, оҳ, неча дилдор, ёзурлар.

Чок-чок бу юрак шарҳини кескир у қаламлар
Бил, зор ёзурлар, ки не миқдор, ёзурлар.

Билмам, шошилиб дўстга не элтгуси чопарлар,
Кўзгумиди мактуб, нега дийдор, ёзурлар!

Минг мўъжизадан дафтар очар умри абадлар,
Ёр, сарви қадингдан токай рафтор, ёзурлар.

Зулфингдан умид мактубидир қон бу юракка
Хатларни тугун бирлаки, гулнор, ёзурлар.

Чун, ажзга паноҳ қанча заиф қомати бирла
Хок узра неча ҳарфни алифвор, ёзурлар.

Саҳфам-ку ғариб, унга шараф нақшини аммо
Ким ёзмадилар ҳам яна бисёр, ёзурлар.

Пештоқи парихонага манглай битигимни
Сир деб кўчириб, бунча улуғвор, ёзурлар.

Фарёди тиниб аҳди қафас учса фалакка
Минқорлар ила шарҳи дилин зор, ёзурлар.

Афв этгучи покиза қаламлар қилибон шарм
Не қилсам агар, они нигунсор, ёзурлар.

Дардимни баён айлагучи, айт бу не ҳужжат,
Қабримга менинг, деб, дили бемор, ёзурлар.

Тош остида миннат чекса ётгум то қиёмат,
Устимга агар сояи девор ёзурлар.

Тун мисли пешонанг қаро, Бедил, ки бу сирни

Бил, кун каби равшан дея, ошкор, ёзурлар.

* * *

Оҳ, жилвасини анинг ниқоб, сотар,
Бир роҳатга ўхшаган минг азоб, сотар.

Кўз-кўзлама кўлмак узра пуфагингни,
Киссамда денгиз бор менинг, ҳубобсотар.

Ҳадиксираб титрар шабнамлар милт-милт,
Боғ, уларни қилиб гулоб, сотар.

Кўзларим гоҳ ғафлат, гоҳ ҳайратдан юмуқ,
Бахт тўласанг, жаҳон изтироб, сотар.

Минг ҳунар бирла тўқиган ипакларимни
Олиб у, бир қатра шароб, обсотар.

Ёниб-ёниб турар ғамсевар бу юрак,
Кўп ташна бўлди харидоринг, обсотар.

Жигарлар доғи қадрини не ердан билурсан,
Бор, дўконингдан қолма, эй кабобсотар.

Мафтун бўлиб эрдим бир қуёшчеҳрага,
Мени ер қилиб ул, офтоб, сотар.

Бахтига қаро ранг сингиди Бедилнинг,
Бўёқфуруш унга сароб, сотар.

* * *

Жунун айт, қайдасан, вайрона қайда,
Қуруқ чўпман, бир оташхона, қайда.

Чарақлатдинг, ки, зорларнинг чароғин,
Қани, кул бўлғучи парвона, қайда.

Уялдинг ўзгадан, қўрқдинг ўзингдан,
Ўзингдан кеч… кейин бегона, қайда.

Қуруқ довруқ таратмиш ваҳм — чўпчак,
Ўзинг афсонасан, афсона, қайда.

Жаҳондир бир юмуртқа, мағз—ўзинда
Ани излашга ўзга хона, қайда.

Қафас кўксимда бир қуш бор, илож не,

Юракдан сув тутарман, дона, қайда.

Ўйингда манзилу, Бедил, йўлинг йўқ.
Хаёл қил, Каъбаю бутхона, қайда.

* * *

Фоний бўлсам-да бақо, шул ердадир,
Бахту кулфат мутлақо, шул ердадир.

Ўз дилимни тарк этиб кетгум қаён,
Бор умид: бор муддао, шул ердадир.

Ғам матоимдир, дўконим саждагоҳ,
Кетма саргардон, зиё, шул ердадир.

Бўлма ғофил йўлларингнинг чангидан,
Кўзларимга тўтиё, шул ердадир.

Ғунча дилни этма тарк, энг хушчирой,
Энг муаттар ошно, шул ердадир.

Покдил, хуррам яша борлиқ аро,
Гарчи ҳусни бевафо, шул ердадир.

Йўқ бунингдек фазлу нуқсон, изла минг,
Минг саодат, минг бало, шул ердадир.

Тонг ели тўзғитди хок… сен беҳуда
Бўлмагил мағрур, ҳаво, шул ердадир.

Зорман, дийдорга элтар корвон,
Қўнғироғидан садо, шул ердадир.

Кетди дўстлар, ўп оёғи изларин,
Ассалому алвидо, шул ердадир.

Етгали васлингга Бедил дод этар,
Додига етгил, нидо, шул ердадир.

* * *

Кўз ёшларимни мижжаларим шитоб, тўкар,
Ҳаё дарди юзимга менинг гулоб, тўкар.

Умр ўткинчидир, қолмабу сабоқдан бехабар,
Ҳар лаҳзада бир варағини бу китоб, тўкар.

Доғ бўлган дилнинг зорларидан ғам ема,

Сувларин нафасинг бу ойинага беҳисоб, тўкар.

Жаҳон жилваларин ғубор билган бир гул
Қонимни ғунча каби, кийиб ниқоб, тўкар.

Чаман гулбунлари уйқу аралаш боқиб гўё,
Хаёлимга нигоҳ — гулларини, бериб азоб, тўкар.

Чақноқ нигоҳу кўзёш ила баён бўлди ёнган дил,
Уммон яшин ҳамда ёмғирлари билан изтироб, тўкар.

Ўздан кетмак ила навбаҳор бўлур ошиқдили,
Кўринмай, тонг нурларини офтоб, тўкар.

Омонлиқ майини тама қилма фалак шишасидан,
Фитна тошларини ёғдирар, десанг сероб, тўкар.

Беқарорлиғимдан ўз борлиғим селиман ўзим,
Кўз ёш ҳам ўзини ўзи равону пуроб, тўкар.

Пуфакдек ёриларсан ўз нафасингдан ўзинг, Бедил.
Сўз айтмаслик гуноҳингни сенинг, бериб азоб, тўкар.

* * *

Ойина каби неча табу тобдир дилимиз,
Чун доғи жунун шуъланиқобдир, дилимиз.

Кўзгу каби бир умр хаёл базми ичинда
Ҳасрат кўзида бир мижа хобдир, дилимиз.

Бизмиз ва нафас мавжи фирибгардиру ботил,
Сарчашма* демангизки саробдир, дилимиз.

Паймонамиз тўлгуси ўшал лаҳзаки шодмиз,
Базмингда бир ҳамзарфи* ҳубобдир, дилимиз.

Оташ қўю бетоблигимизни кузатиб тур,
Куймакдин уза охир не бобдир, дилимиз.

Лаълинг чу жон олди, кўнгил кетди иликдан*,
Яъники саволингга жавобдир, дилимиз.

Саршор* олов соғарининг журъакашимиз*,
Сув оламида шабнаму софдир, дилимиз.

Недур бу нафас сўнги — саранжоми ниҳоят?
Бир умр тамомила ҳисобдир, дилимиз.

Беҳосил уринмак ила ҳасрат самарамиз,
Андоқки нафас куйди кабобдир, дилимиз.

Дарёки ҳубоб* бирла неча жилва сотарди,
Васл оинасимиз, ҳижобдир*, дилимиз.

Юз тош ўлиб ойина — ул юз қатра гуҳардир,
Афсуски ҳамон хонахаробдир, дилимиз.

Афсонанигордир то нафас торида титроқ,
Бедил, бу каманд домида хобдир, дилимиз.

* cарчашма — булоқбоши;
* ҳамзарф — идишдош, ҳамтовоқ;
* илик— қўл;
* саршор —лиммо-лим;
* журъакаш — қултиллатиб ичувчи;
* ҳубоб — сув юзидаги қўнғироқчалар, пуфакчалар (кўпик);
* ҳижоб —парда, тўсиқ, чиммат.

* * *

«Ул» демагимиз ҳам, мену ҳам сенга зарурдир,
Андиша қилиб юрма. У бул ўртада йўқдир.

Танҳизу* кадар* ойинаси, айт, нечук ўй бу?
Қай ерда бутун* мунфаил* ўлмишки, зуҳурдир*.

Афсоналаринг тутди ҳақиқатни билишдан,
Ғафлат ва жаҳолат асари — оташи Турдир.

Ёрлар, мени мажҳулнинг* талошидан қулингиз,
Ул мен ила, мен — дарбадар, оҳ, бу не шуурдир?

Ижод чамани субҳидами бирла қувонманг,
Зеро бу табассум уйи ҳангомаси шўрдир.

Ёрлар дами совуқлигини неча яширдик,
Дандонники совуқ урадир, ўртаси ўрдир.

Шахсдан неча тимсол ила сен топма тасалли,
Ранж чекмаса сайқалда агар, ойина кўрдир.

Хомуш эса ким — бош ила барг анда саломат,
Ҳар гаҳ агар тил бол ёзадир, ёнида мўрдир*.

Кўп кибр нечун? Неча бу таҳқиқу бу тақлид?
Бул ҳаммаси ҳеч ҳосили йўқ ишқи ғаюрдир.

Бедил, сенга йўл топмадик ҳеч кавну маконда,
Ойина сароб эрдики, тимсолинг чуқурдир.

* танҳиз — поклик, софлик;
* кадар, кудурат — хиралик, тийралик;
* бутун — яширин;
* мунфаил — хижолат, шармисор;
* зуҳур — ошкора;
* мажҳул — эътиборсиз;
* мўр — чумоли.

* * *

Қазо бош хатига уфқнингки қайси кун рақам урди,
Дедим: не манглайимга ёзилибдурки, қалам урди.

Оловдаги тақа нафасидан сиз ғофил ўлмангиз,
Қадамига, ки шамнинг бош то базм ичра қадам урди.

Нигоҳингга сенинг зулф сингари қаттиқтегиб қайтдим,
Бу боғ фаввораси ғалвирга мисли бир алам урди.

Бу шодлик сози иқбол мажлисида бўлди чилпарчин,
Таниш жомни фалак-да Жам бошига чинданам урди.

Аҳли дарвеш шоҳи бўлган бу хийра бизнинг нигоҳким,
Ҳаққоний кўз ўнги пайдоси — гардларга ҳашам урди.

Ҳеч такаллуфларга мастлар заҳматин бермагил, воиз,
Жом лаби истамас демакники, майдан қасам урди.

Юз шукрки, тонг каби ҳеч қилмадик исрофчилик биз,
Гарчи бизда ҳам нафас бор, лек оинага кам урди.

Жаҳонда бор ажиб уйқу, не ҳосилдир лекин бундан?
Қилди шундай дил жунун, то нафасники адам урди.

Фарёд-эй, бу дилга бир топингани йўл тополмасмиз,
Ҳама кўр эшигида, бошини дайру ҳарам урди.

Сомонидан ҳубобимнинг бўлибди жиққа ҳўл иқбол,
То кўс шуҳрат учун янграрки, бил, уятда нам урди.

Не роҳат деб дамидан пирни киприк боғлайин, ё Раб,
У девор гўшаси бесоядир, қийшайди — хам урди.

Надоматдан, Бедил, мужгонларингдан ўқни ёғдиргил,
Этагингдан тутай деб истаганлар қўлни ҳам урди.

* * *

Амал найранги бир гули бақо бўлди,
Баҳор умидлари чин муддао бўлди.

Эмас бизга эътибор маҳрами у кас,
Оинамиз хаёли бериё бўлди.

Ҳама жойда ҳайрат наво ёндирадир,
Оинамиз ва акси бир наво бўлди.

Шодман, чунки менинг шаҳид ғариблардан
Захмнинг кулгани-ку, хунбаҳо бўлди.

Оёғинг остига шундоқ тўкканим қон —
Ҳайратлардан ўзи поймол хино бўлди.

У рангни мен ошкоро излаган эдим,
Ғунчани пардадек тўсган ҳаё бўлди.

Бўлмади исботи таҳқиқнинг дилим ҳам,
Оина ўз акси билан ошно бўлди.

Бўлиб жилванг маҳрами гар юролмадим,
Нигоҳинг қултуми заифнамо бўлди.

Фарёд, бизнинг бисмилломиз файзи ила
Мавждаги бор интилиш норасо бўлди.

Ашкнинг гул сочишида қон иси мавжуд,
Хоки бу тасбиҳимнинг Карбало бўлди,

Бу ҳавас шарҳининг ҳар ҳарфида бордур,
Нимаки менда йўқ, дахли бажо бўлди.

Дунё муродининг бошидан, эй Бедил,
Киши топгинки, дегил: беасо бўлди.

* * *

Агарки дил маҳви муддао айлар,
Мақсудимизни-чи, дил даво айлар.

Дард тамаъси етса мақсадликка то,
Ҳумоликка ҳар чивин даъво айлар.

Зулфи асрорин унинг маҳв этгани
Гул томири доми муддао айлар.

Гар видо этгум деса ҳирсу ҳавас,
Гавҳарин дил тугуни адо айлар.

Ваҳм занжирин кузатса гар ҳавас,

Ҳама саҳрою тоғни ҳаво айлар.

Касалманд оҳимиз эҳроми бугун
Ҳавомиз гардини асо айлар.

Агар восвос солар бўлса тугунин,
Осуда дил домликни ҳатто, айлар.

Бедилимиз камоли барқ урар гар,
Ой гардишин юддузга ато айлар.

333

МУНДАРИЖА

Эркин  Воҳидов таржимаси

«Бўлибди ғамга ошён…»
«Заҳм ўлди яна чашми…»
«Паришон хотирим деб…»

Матназар Абдулҳаким таржимаси

«Ишқ доғи каби…»
«Ёд этиб шавқингни…»
«То туғилдим…»
«Ёниқ матлабларим бергай…»
«Токи чаман томонидан…»
«Кўзларингга, тенгсизим…»
«Зор қанот қоқсамки…»
«Эй фазлу камолоти…»
«Ёниқдил гавҳари…»
«Сенсиз ташланса боғга…»
«Шарҳ этиб мавж борлиғин…»
«Икки кўз гавҳарингдан…»
«Ҳақ дебон дил макрин…»
«Чин камолот ихтиёр қилмоқчиман…»
«Ғамларимни оҳ, қилиб таъсир…»
«Кибр ила мардлик ғурурин…»
«Ишқ аҳли агар…»
«Оҳ, жилвасини анинг…»
«Жунун, айт, қайдасан…»
«Фоний бўлсам-да бақо…»
«Кўз. ёшларимни мижжаларим…»

Асқар Маҳкам таржимаси

«Ойна каби неча…»
«Ул» демагимиз ҳам мену…»

Жонибек  Субҳон таржимаси

«Қазо бош хатига…»
«Амал найранги бор…»
«Агарки дил маҳви…»

888

(Tashriflar: umumiy 1 280, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring