Ismoil Gaspirali: Sultonlar suhbati — Mukolamai salotin & Timur ve Yıldırım Bayezid Arasındaki Mektuplaşmalar

Ashampoo_Snap_2018.03.27_00h07m46s_004_.pngҚалбимдаги турли туйғу ва ўйларга кўмилиб, бошим айланиб турганимда бирдан Саййид Барака ҳазратларининг қабри устидаги тош кўтарила бошлади. Қўрқиб, жон ҳавлида зина саҳнига отилдим ва бурчакка суянганимча қотиб қолдим… Тош кўтарилишда давом этди ва ортидан қордек оппоқ соқолли бир пир кўринди. Мақбаранинг ичи нурдан чароғон бўлди. Ё, Раб! Бу не ҳол?!

ИСМОИЛ ГАСПИРАЛИ
СУЛТОНЛАР СУҲБАТИ — МУКОЛАМАИ
САЛОТИН (РОСТИ РАСТИ)

001

033  Гаспринский (Гаспиралик, Гаспирали) Исмоилбек (1851.21.3, Боқчасарой яқинидаги Ажикўй қишлоғи —1914.11.9, Боқчасарой) — жадидчилик ҳаракатининг асосчиси, ёзувчи ва публицист. Унинг отаси Мустафо Гаспринский Россия ҳарбий дворяни (прапоршчик) бўлиб, Ялта шаҳри яқинидаги Гаспра қишлоғидан эди. Гаспринский қишлоқ мусулмон мактаби, Оқмачит (ҳоз. Симферополь) гимназияси ва Воронежда, Москва кадетлик корпусида ўқиди (1864—67). Қримга қайтгач, рус тили ўқитувчиси бўлиб ишлади (1867—70). Истанбул ва Сорбонна (Париж) университетларида ўқиди (1871—75). Жазоир, Тунис, Миср, Грецияда бўлди. Парижда француз социалистлари ва либералларига яқинлашди. Туркияда Ёш турклар ҳаракати раҳбарлари билан танишди (1875—77). Боқчасарой шаҳри мэри қилиб сайланди(1877). Гаспринский туркий халқлар тарихи ва адабиётини ўрганиб, Шарқ билан Ғарб оламини таққослаш имкониятига эга бўлди. У «Русия мусул монлиги» (Симферополь, 1881) илк рисоласида Европа цивилизациясидан кўр-кўрона андоза олишга қарши чиқиб, уни танқидий қабул қилишга, мусулмонларни илм-фанни эгаллашга, техника ютуқларидан фойдаланишга даъват этди.

«Оврупо маданиятига бир назар мувозини» (Истанбул, 1885) асарида эса социализм ғоялари билан баҳсга киришиб, унинг асосий тамойилларини шубҳа остига олди. Гаспринский Россия мустамлакасидаги барча мусулмон халқлар маорифини тубдан ислоҳ қилиш, дунёвий фанларни ўқитиш масаласига алоҳида эътибор берди. Боқчасаройда дастлабки «усули жадид» (янги усул) мактабини очди (1884). Туркистон генерал-губернатори Н. О. Розенбахга мусулмон мактабларини ислоҳ қилишга доир лойиҳасини юборди. Рад жавобини олгач, 1893 й. Туркистонга ўзи келди, Бухоро, Самарқанд, Тошкентда бўлиб, тараққийпарвар зиёлилар билан учрашувлар ўтказди. Гаспринский жадидчилик ғояларини кенгроқ ёйиш учун «Таржимон» (1883 й. 10 апрелидан), «Миллат» (1908), «Болалар олами» (1908—15), «Уйғониш» (Қоҳира,1908, араб тилида) газеталари, «Аёллар олами» журнали (1908—10), «Ха-ха-ха!» ҳажвий ҳафтаномасини чиқарди. Жадид мактаблари учун «Хўжаи сибён» («Болалар муаллими») дарслигини, «Раҳбари муаллимин ёки муаллимларга йўлдош» (1898) китобини ёзди. Гаспринский мусулмон миллий озодлик ҳаракатининг йўлбошчиси сифатида танилди. У Кавказ, Волгабўйи, Миср ва Ҳиндистонга бориб, умуммусулмонлар қурултойини чақиришга ҳаракат қилди. Бутун Россия мусулмонлари 3 та конгресси ишида фаол қатнашди (1905—06). Дастлабки умуммусулмон сиёсий партияси «Иттифоқ ул-муслимин»ни тузиш ташаббускорларидан бири бўлди (1906). «Дор ул-роҳат мусулмонлари» илмий- фантастик асари, «Юз йилдан сўнг. 2000- сана» бадиий-публицистик романи, «Туркистон уламоси» китобининг муаллифи.

001

-1-
«ТАРЖИМОН», 22 ДЕКАБР 1906. 144-СОН

0_16b324_caad9e8f_orig.jpgСамарқандда.
Самарқанд — илм ва адабнинг қуббаси!
 Қадимий шаҳарларнинг энг эскиси, энг гўзал шаҳарларнинг энг гўзали, машҳур шаҳарлар ичра энг машҳури, илм ўчоғи саналгувчи шаҳар, жаҳонгирларга бешик бўлган шаҳарларнинг энг буюги, дунёни ҳайратга солган улуғ балдаларнинг энг муаззами, салом, Самарқанд!

Машина пишқирди, вагонлар тўхтади, тушдим. Самарқандга етиб келган эдим. Икки кун шаҳарни айландим. Энг нафис ва энг латиф маҳорат билан бунёд қилинган қадимий иморатларни, мадраса, масжид ва турбаларни, чинни деворларга икки қулочлик рангоранг чинни нақшлар билан куфий ёзувида битилган оятларни сайр ва мутолаа қилдим. Шоҳи Зинда ёнидан Афросиёб обидасини томоша қилгандан сўнг Амир Темур мақбарасига келдим. Оқшом чўккан эди… Самарқандда нимаики кўрган бўлсам жуда гўзал, нимаики кўрган бўлсам жуда хароб. Масалан, Бибихоним мадрасаси ақлларни ҳайратга соладиган даражада латиф иморат. Шу билан бирга чинниларининг аҳволига инсоннинг йиғлагиси келади.

 Темур Шоҳ мақбараси… Нақадар таъсирли обида… Чин саддидан Оқденгизга қадар, қаҳратон Сибирдан жазирама Ҳиндга қадар чўзилган худудда яшаб келаётган туркий халқларни бир туғ остига жамлаган ва буюк бир туркий давлат қурган Темурнинг сўнгги маконидир бу обида… Анчагина унниқиб қолган, баъзи жойлари ўпирилган, баъзи тошлари кўчган, нақшин ёзувлари нураган, эшиклари очилиб, унутилишга юз тутган турбаи олия…

Фотиҳа ўқиб ичкарига кирдим. Бир неча поғона босиб пастга тушдим… Раҳбари руҳонийси (маънавий йўлбошчиси) Саййид Барака ҳазратлари ила ёнма-ён ётибди. Қабр тошларини зиёрат ва томоша қилар эканман, Амир Темурнинг тарихи ва замонасида рўй берган воқеалар силсилаи нуроний (нурли силсила) бўлиб кўз ўнгимдан ўта бошлади.

На қадар буюк ишлар… Нақадар буюк шахс… На қадар ажойиб даврон… Ва харобага айланган макон! Дунё асли  шундоқ экан!

02Қалбимдаги турли туйғу ва ўйларга кўмилиб, бошим айланиб турганимда бирдан Саййид Барака ҳазратларининг қабри устидаги тош кўтарила бошлади. Қўрқиб, жон ҳавлида зина саҳнига отилдим ва бурчакка суянганимча қотиб қолдим… Тош кўтарилишда давом этди ва ортидан қордек оппоқ соқолли бир пир кўринди. Мақбаранинг ичи нурдан чароғон бўлди. Ё, Раб! Бу не ҳол?!

Таажжуб шиддатидан ичимда қўрқувдан асар қолмади. Мен нимқоронғи жойда турган эдим. Порлаган нур мен турган жойга етиб келмас эди. Чиқиб кетиш ёки қолиш ҳақида ўйлашга қурбим етмас, турган жойимда қотиб қолган эдим.

Саййид Барака ҳазратлари Амир Темурнинг сағанасига қўлини қўйиб: “Ўғлим!” дейиши билан тош қимирлаб, пиридай оппоқ соқолда Амир Темур чиқиб келди. Икковлари ҳам ўз қабртошларининг устига ўтирдилар. Темур пирининг юзига боқди. Пир ҳам унга боқиб “Ўғлим, яна бир даврон келди!” дея сўз қотди.

Орага бир дақиқалик сукунат чўкди. Мақбаранинг ичи худди катта бир фонус ёритаётгандек чароғон эди. Шунга қарамай, мен турган жойдан мақбаранинг ҳар бурчи очиқ-равшан кўринмас эди. Хонада жуссадор бир зот ҳам пайдо бўлди. Унинг қаердан ва қай тарзда чиқиб келганлигини пайқамай қолдим. У қабр тошлар орасидан ўтиб Темурнинг қаршисига келиб тўхтади. Саййид Барака: “Султон Абдул Азизхон!” дея келган одамга юзланди. Темур боши билан маъқуллади ва ўтиришга жой кўрсатди. Унинг ортидан яна бир зот кўринди. Пир ҳазратлари: “Насриддиншоҳ” дея таништирган бўлди. Унга ҳам ўтиришга жой кўрсатилди. Яна бир зот намоён бўлди. Пир: “Амир Насруллохон!” дея таништирди. Шу тарзда Хидив Исмоил Пошо, Оталиқ Ғози Ёқубхон, Ҳўқанд хони Худоёрхонлар ҳам мақбарага ташриф буюришиб, кўрсатилган жойларга ўтиришди. Уларнинг ортидан кўринишидан уламога ўхшаш уч киши кириб келиб жойлашишди. Черкес папоқли кекса бир мўйсафид ҳам кириб келган онда пир ҳазратлари: “Шайх Шомил!” — деди. Амир Темур ўрнидан турди. Тўпланганлар ҳам ўринларидан туришди. Шайхга ўтириш учун жой кўрсатилди.

Амир Темур бошини эгиб ўтирарди. Султонлар ҳам маъюс бир ҳолда қараб туришарди. Баъзиларининг кўзларидан ёш қалқа бошлади. Мажлис тинч ва сукунатга ғарқ бўлган эди.

-2-
«ТАРЖИМОН», 25-ДЕКАБР 1906. 145-СОН

Султонлар мажлиси бир-икки дақиқа тинчлик ва сукунат ичра кечгандан сўнг мажлис хузурига марҳум уламодан Шайх Жамолиддин (Афғоний) ҳазратлари чиқиб келди ва қўлидаги қора қоғозга яшил рангда ёзилган китобни очди… Саййид Барака ҳазратлари “Хутбаи сиёсий!” деди. Шайх ўқий бошлади:

“Милодий ўн тўққизинчи аср ҳижрий ўн тўртинчи асрга тенг келади. Дунё маданиятида ва сиёсат оламида кўплаб инқилоб ва ўзгаришлар юз берди: параход, телеграф, темир йўл ва иш учун турли туман машиналар ихтиро қилинди. Китобат, ўқиш ва маориф дунёда мисли кўрилмаган даражада ёйилди. Давлат ва мамлакатни идора қилишнинг қонун-қоидалари тамоман ўзгарди. Ҳукмдорларнинг хоҳишига кўра бошқариш усули тўхтатилиб, миллатнинг истак ва хоҳишларига кўра бошқариш тизимига ўтила бошланди. Саноат ривожланиб саккиз-ўн минг ишчи меҳнат қиладиган фабрикалар ишга тушди. Ўқ ва қалқонлар унут бўлди. Бир километрдан туриб нишонга уриш мумкин бўлган қурол-яроғлар, тўрт-беш километр наридан туриб тошдан бино бўлган қалъаларни қулатиш, парчалаб ташлаш мумкин бўлган тўплар ихтиро қилинди. Аммо бу ўзгариш ва инқилобларни Овруполиклар яратмоқда. Шарқ ислом давлатлари эса эски ҳолда яшаб келмоқда. Фикр эски, силоҳ эски, бошқарув тизими эски, саноат ва тижорат эски, ҳарбий қонунлар эски, қалъа иморатлари эски, денгизда кемалар эски, хуллас, нимаики бўлса ҳаммаси эски, қолоқ… Шу сабабли Оврупо халқи ва бундан ўрнак олган руслар дунёни эгаллаб олишга киришди. Ислом мамлакатларини сел тошқинлари ва денгиз тўлқинлари каби домига юта бошлади. Саноат ва иқтисоди билан бизнинг мулкдорларни синдирди. Юртдан барака кетди. Интизомли қўшинлари билан бизнинг тартибсиз қўшинларимизни тору мор қилди. Қувватдан асар қолмади…”

Хутба бу нуқтага келганида Амир Темур қўл кўтарди. Нотиқ тўхтади. Соҳибқирон Султон Абдулазизхонга қараб:
-Рум султони, бу ҳолга қарши қандай тадбир кўрдингиз? – деди.
Сукут.

-Овруполикларнинг илм, иқтисод ва сиёсат бобида устун қилган сабабларга мурожаат қилиндими?
Сукут.

— Бир вақтлар Усмонли султонларининг ҳимоясини орзу қилган Оврупо ҳукмдорлари куч тўплаб, тараққиёт сари ҳаракат қилаётган пайтда Истанбул нима билан машғул эди?
Сукут.

-Султонлик даврингизда аҳвол қандай эди? Шахсан нималарни амалга оширдингиз?
-Ҳарбий соҳага эътибор бердим, флотни кучайтирдим.
— Булар билан қандай ишлар амалга оширилди?
Сукут.

— Бой берилган ерлар бўлдими?
— Белград қалъаси… Сибир, Руминия қўлдан кетди, Жабали Лубнонда (Ливиядаги бир вилоят) имтиёзли бошқарув тизизмига ўтилди.
— Румели кучсизлашган бўлса, Анадўлуда қандай тадбирлар олинди?
Сукут.

— Анадўлуни неча бор зиёрат қилдингиз?
Сукут.

— Бутун умрингизни Истанбулда ўтказдингизми?
— Ҳа.
Амир Темур шайхга қаради. Шайх хутбани давом эттирди.

— Асрнинг султонлари, замоннинг ўзгаришига қарши номига тақлидий ҳаракат билан чекландилар. Бу ҳаракат ишга ярамади. Масалан, Эрон ҳукмдори Насриддиншоҳ… Жами қирқ йил ҳузур-ҳаловат ичида ҳукмронлик қилди. Усмонли давлати каби муаммоларга дуч келмади. Аммо қирқ йилда на тўғри-дуруст қўшин барпо қилди, на халқни тараққиётга бошловчи қонун-қоидани йўлга қўя олди. У ўлган пайтда Эрон халқи инглиз ва рус истлочилари қаршисида нодон ва саргардон бўлиб қолди.

Амир Темур Насриддиншоҳга қаради. Боқди, аммо бир оғиз сўз айтмади. Шайхга кўз қирини ташлаб давом этишига ижозат берди.

— Бу асрда рус ҳукмдорлари бир томондан Истанбулга кўз тиккан бўлса, иккинчи томондан Туркистон ва Моварауннаҳрни қўлга киритиш пайига тушган эдилар. Туркистоннинг хон ва амирлари шу даражада ғофил ва бехабар эдилар-ки, рус тўплари бошида портлагандагина “Бу нима?!” деб хайрон бўлдилар. Лекин кеч бўлган эди. Рус қўшинлари саҳролар ошиб шаҳарларни истило этаётган пайтда хонлар бир-бирлари билан курашиб, мусулмон қонини тўкиш билан банд эдилар. Қорақуш (рус гербидаги икки бошли бургут назарда тутилган) келиб Тошкент ва Самарқанд минораларига қўнган пайтда уни ҳуркитадиган на бирон тўп, на да бир милтиқ топилди. Ҳозирги кунда бир началник бутун Туркистонни бир бармоғида ўйнатмоқда. Русларнинг душмани бўлган инглизлар хонларга қурол-яроғ ва ҳарбий маслаҳатчилар бермоқчи бўлдилар, аммо уни қабул қиладиган киши топилмади. Ҳатто Насруллохон Бухорий икки инглиз элчисини қатл қилдириб, замоннинг энг кучли ва энг бой давлатини хафа қилди, ўртага совуқлик солди.

Амир Темур Бухоро амири Насруллохонга қаради.

-3-
«ТАРЖИМОН», 8-ЯНВАР 1907. 3-СОН

Насруллохон буюк Амир Темурнинг назари диққатидан қаён қочишни билмай: “Тақсир… Тақсир… Бухорои шарифга фаранглардан, носаролардан киши қабул қилмоқни мақбул кўрмагандик…” деди.

— Эй, ўғил! Келганлар инглиз эди, улар сенга насронийликни таклиф қилгани эмас, маърифат, қурол-яроғ ва ёрдам таклифи билан келган эди-ку… Элчига ўлим йўқ деган гапни билмасмидинг?!
— Тақсир… Кўп хатолар қилдим. Тушундим… Аммо ўлгандан кейин тушуниб етдим. Умаро ва уламодан ҳеч ким менга тўғри йўлни кўрсатмади.
— Бу нима деганинг? Тўрт томонингга айғоқчиларни юбормаганмидинг? Бошқа ўлкаларда нима рўй бераётганидан хабардор эмасмидинг?
— Йўқ, тақсир… Баъзи ҳажга бориб келган ҳожилар бўларди холос.

Амир Темур шайх Жамолиддинга кўз ташлади. Ҳазрати шайх жавобан деди:
— Ҳижрий ўн учинчи асрнинг ҳукмдорларида умумий бир касаллик бор эди. Ҳаммалари дунёда бўлиб ўтаётган воқеалардан бехабар эдилар. Хабарни фақат лаганбардор ва мадҳиябозлардан олар эдилар. Улар эса ўз фойдаларини кўзлаб “Сиздай подшоҳ оламда йўқ!”, “Шавкатингизга тенг келадиган йўқ!”, “Сизни енгадиган ҳукмдор йўқ!”, “Бутун дунё барбод, фақат сизнинг диёрингиз дилшод!” каби мақтовлар билан ҳукмдорларнинг сиртини сийпар эдилар. Улар ҳам бундай мақтовларга қониб, ҳовучлаб эҳсонларни бераверарди. Аммо одил ва тўғрисўз бир сайёҳ чиқиб чет давлатлардаги турмуш ва маорифдан, ўлканинг куч-қудратидан хабар берса “Сен кофир юртини мақтамоқдасан” дея писанд қилмас эдилар. Ҳўқанд бойларидан бирининг Макаря (Нижний Новгород яқинидаги мавзе) ва Москвани кезиб русларнинг ҳарбий қудратини ва интизомини баён қилгани учун бошидан жудо қилингани маълум…

Амир Темур бошини қимирлатиб ишорат қилган эди ҳазрати шайх хутбасини давом эттирди:
— Аср султонлари орасида фидоий ва ҳиммати баланд Султон Маҳмуди мужаддид ва халқ орасидан етишиб чиққан Шайх Шомил Доғистоний ҳамда Оталиқ Ғозий Ёқубхон ҳам бор эди. Тараққийпарвар Фарангистоннинг ҳарбий усули ва давлат бошқарувининг мақбул томонларини ўзлаштирган ҳолда мамлакатнинг куч-қудратини янгилаган зот Султон Маҳмуд эди. Бу подшоҳ эҳтимол яна-да кўпроқ фойдали ишларни қила оларди. Аммо даврининг мутассиблари “Бизга Фаранг қонун-қоидалари керак эмас. Эски қиличимиз бор, тўп керакмас!” дегандек барча янгиликларга қарши чиқдилар. Шунингдек, Руслар билан уч Оврупа давлати биргалашиб Султон Маҳмудга қарши уруш очган эди. Жангу жадал ва балоларга тўла мураккаб замон бўлишига қарамай ҳам урушга ҳам мамлакатдаги қонунчилик ва бошқарув тизимини янгилашга куч топа олаётган эди.

Соҳибқирон Темур ўрнидан турди ва яна қайтиб жойига ўтирди. Султонлар ҳам ўрнидан туриб Султон Маҳмудга ҳурмат кўрсатдилар ва яна жойларига ўтирдилар.

Шайх Жамолиддин хутбасини давом эттирди.

— Ўз даврининг ягонаси Шайх Шомил эди. Бу одам шахсий ғайрати ва нотиқлик маҳорати билан, ўн тилни мукаммал билиши билан, Доғистоннинг тарқоқ халқини яквужут қилди. Асрнинг энг қудратли давлатларидан бири бўлган Россияга қарши эллик йил бетиним курашди. Оталиқ Ғозий Яқуббек эса беш-ўн отлиқ билан бирга Фарғонадан Кошғарга ўтиб Хитой ҳукумати зулмидан эзилган мусулмонларни ҳаракатга келтирди. Шарқий Туркистонни Хитой тасарруфидан озод қилиб, замонавий ҳарбий қўшин ташкил қилган эди. Хонлик эълон қилиб, Англия ва Усмонли давлатидан кўмак олиш йўлларини қидирди. Бироқ вафот этгач ишини давом эттирадиган ўзидек фарзандлари бўлмагани учун кўп ўтмай Хитой бу хонликни қўл остига олиб, ўғилларини Россияга қочишга мажбур қилди.

Аср тарихида исми битилган яна бир зот мисрлик Исмоил Пошо эди. Бу зот ғоят маърифатли, бир неча тилни биладиган, Фарангистонни ўз юрти қадар биладиган киши эди. Аммо феъли соғлом эмас эди. Бу зот бепоён Мисрни еб тамом қилди. Шу қадар исрофгар эдики, Мисрни бошдан оёқ Фарангистонга қарздор қилиб қўйди. Охири фоиз берилмас ҳолга келтирди. Мисрнинг Англия назоратига ўтишининг бош сабаби шу эди.

-4-
«ТАРЖИМОН», 22-ЯНВАР 1907. 7-СОН

Шайх Жамолиддин ҳазратлари хутбасини давом эттирди:
— Каттаю кичигида бир нав тамбаллик ва тушунчасизлик ва бохусус, сиёсий ғафлатга маҳкумлик касали мавжуд эди ва бу тарих саҳифаларига битилган. Агар ҳозирги замондан кўзларини олиб ўтмишга назар солсалар кўпгина ҳол ва хатолари аён бўлади.

Москва князи Иван Грозний ёки Даҳшатли Иван, Қозон хонлигига ҳужум қилган, Қозонни қамал қилган пайтда Қирим хони ёрдам қўлини узатмади. Ҳолбуки, Қирим хони агар номигагина бўлса ҳам Қирим, Курск, Тула томонларда бўй кўрсатганда эди, Грозний Қозонга ҳам Қиримга ҳам уруш очолмаган бўларди. Иван Грозний бу ҳолни билганидан Қозонга юришни бошламасдан олдин Қирим ва Қозон хонларининг орасига совуқликни солиб ўзи ташқаридан кузатиб турди.

Хонларнинг бу ғафлати сиёсийларининг натижасида Қозон истило қилиниб ер билан яксон қилинди. Масжид ва мадрасалар ёқилди. Диндорлар носаролаштирилди. Динидан қайтмаганлар бошини олиб болта кирмас ўрмонларга қочиб қутилди. Икки аср сўнгра Қирим хонлиги ҳам истило қилиниб, мислсиз қийноқларга мубтало бўлди. Буларнинг ғафлатларини кечириб бўлмайди, албатта. Аммо Истанбулнинг мудрашига на ақл на мантиқ жавоб бера олади! Иван Грозний Қозон хонлигига юриш қилган пайтда Усмонли давлатида шу қадар катта куч ва сиёсат бор эдики, агар бир бармоғини қимирлатса ҳам Грозний Қозонга қайтиб қарашга ҳам ботинолмайдиган болар эди.

Туркий халқларнинг энг олд қалъаси, энг муҳим нуқтаси Қозон истило қилинганда ёрдам берилмагани боис рус қўшинларига Истанбул ва Самарқанднинг йўли очиб берилган эди. Қозон Туркистон ва Рум диёрининг “қоравул қалъаси” эди. Фақат қадри ва аҳамияти билинмаган эди. Буюк султон ва шоҳларнинг…

Хутба шу ерга етганда Амир Темур ҳазратлари қўл ишорати билан нотиқни тўхтатиб, бошини яна-да пастроқ эгиб, теран ўйга толди. Мажлис аҳли ҳам қабристон сукунатига чўмган эди.

Маълум муддат шу зайлда ўтди. Сўнгра Амир Темур бошини кўтариб шундай деди:
— Эй, умарои киром, фузалои баном! Тарих ва миллат назарида менинг ҳам қабоҳат ва қусуротим бор. Аммо менинг замонам ва сиёсатим билинмай, англашилмай қолган эди. Ҳақимдаги гап-сўзлар туҳмат даражасига етиб борган эди. “Кўп жон қатл қилди. Кўплаб тахтларнинг кулини кўкка совурди. Россияни, Эронни, Туркияни, Ҳиндистонни босиб олди, қирғинбарот қилди. Ҳаддан зиёд зулм қилди…” дерлар. Лекин инсонлар тушунмайдилар. Ҳаққа аён, ҳаракатларим жаҳонгирлик, қонхўрлик, босқинчилик, шуҳратпарастлик учун эмас эди… Мендан муқаддам, неча асрлар баҳодир миллатим, ўлим ва қирғин ила битмас туркларим, ўзбекларим ноаҳллар қўл остида эзилмоқда, диёр диёрга айрилиб, вилоят вилоятга, қўшин қўшинга қарши душман бўлган эди… Идил қипчоқлари Озарбайжонни, улар эса Усмонлини, Кошғарликлар ўзбекларни ва ўзбеклар Хуросонийларни, яъни оға ўз инини, қардош қариндошини танимас ҳолга келган эди. Ёшлигимда Кеш тўқайларида бир кенагас беги бўлган пайтимда халқимнинг бу аҳволи кўнглимни доғлар, кўзимни ёшлар эди… Ҳукмронлик даврим, туркийларни бирлаштириш, буюк Туркистонни иншо қилишга сарф қилинган эди. Бунга бир қадар эришдим ҳам. Садди Чиндан Мармар денгизига қадар, музли Дашти қипчоқдан иссиқ Ҳинд денгизигача қўл остимга кирган эди. Туркистон беҳад буюк эди. Бир четидан бошқа четигача юз кунлик йўл эди. Буни ҳазм қилолмайдиган подшоҳ ва хонлар беҳисоб эди. Бу ҳолда, улкан давлат ва бирлашмаган халқни забт ва идора қилмоқ учун шиддатли тадбирлар мутлақ лозим эди. Менинг замонамда на телеграф бор эди на темир йўл. Осийларга берган жазоларим зулм эмас эди. Макон ва замонга мос тадбирлар эди. Аммо на фойда…

Сўз бу нуқтага келганида пири Саййид Барака ҳазратлари “Етар, ўғлим!” деди. Амир Темур ўрнидан туриб чуқур бир оҳ чекди. Мажлис аҳли довдираб дарҳол оёққа турди. Мен ҳам қўрқувдан нима қиларимни билмай мақбара ташқарисига югурдим.

Тинчлик… Сукунат… Оқшом охирлабди… Самарқанд осмонини минглаб юлдузлар қоплабди… Меҳмонхонага қайтдим. Ухлай олмадим. Тонг отгач яна мақбарага бордим.

Тошлар ўз жойида, тинчлик, сокинлик ҳукумрон эди…

Турк тилидан Маъруфжон Йўлдошев таржимаси

Манба: www.marufjonyuldashev.com

099ШАХСЛАР ҲАҚИДА ИЗОҲЛАР
Хуршид Даврон томонидан тайёрланган
011

Мақоланинг асл манбаи: Саййāх.̣Мукāламаи салāтин // Таржумāн. 1906. №144; 1906. №145; 1907. №3; 1907. №7.

Амир Темур, Темур, Темурбек (тўлиқ исми Амир Темур ибн Амир Тарағай ибн Амир Барқул) (1336-йил, 9-апрел, Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) шаҳри яқинидаги Хожа Илғор қишлоғи (ҳозирги Яккабоғ тумани) туғилган — 1405-йил, 18-феврал, Ўтрор шаҳрида вафот этган, Самарқандда дафн этилган) — ўрта асрнинг йирик давлат арбоби, буюк саркарда, кучли, марказлашган давлат асосчиси, илм-фан ва маданият ҳомийси.

Мир Саййид Барака (?— 1404) — Амир Темурнинг пири. Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, асли Макка шаҳридан бўлиб, Амир Темур билан дастлаб 1370 йилда Термизда учрашган. Макка ва Мадинанинг вақф (Макка ва Мадина шаҳарлари ислом оламида муқаддас шаҳарлар деб аталгани сабабли ислом давлатлари ҳукмдорлари ҳар йили бу шаҳарларга вақф маблағи, яъни белгиланган миқдордаги маблағни юбориб туришни шарафли бурч деб билганлар) ларини ундириш учун Балхга Амир Ҳусайн ҳузурига келган. Амир Ҳусайн  Мир Саййид Баракага илтифот  кўрсатмайди. У бундай совуқ муносабатдан хафа бўлиб Термизга қараб кетади ва Термиз яқинида Амир Темур билан учрашиб, унга ҳокимият рамзлари бўлмиш ноғора биланн байроқ тортиқ қилади. Амир Темур 1370 й. салтанатни қўлга олгач, Андхўй (Афғонистон) вилоятини барча қишлоқлари билан Мир Саййид Баракага «иқтоъ» тарзида инъом қилади. Мир Саййид Барака Соҳибқироннинг Мозандарон, Дашти қипчоқ ҳарбий юришларида унга ҳамроҳ бўлган, қўшиннинг руҳини кўтарган. Мир Саййид Барака ҳарбий сафарларга қатнашмаган пайтда Самарқанд ва Андхўйда яшаган. 1404 й. қишда Мир Саййид Барака оғир касалликдан сўнг вафот этади. Бу хабарни эшитган Амир Темур пирининг жасадини Андхўйда дафн этишни буюради. 1409 й. Шохрух Мирзо Мовароуннаҳр тахтини Халил Султондан тортиб олгач, Соҳибқирон васиятига амал қилиб Мир Саййид Бараканинг хокини Андхўйдан Самарқандга келтириб, Амир Темур мақбарасига дафн эттиради

Султон Абдул Азизхон, Султон Абдулазиз (Abdülaziz; 1830 –1876) Усмонлилар ҳукмдори ва 111 Ислом халифасидир. 1876 йилда тахтдан туширилган ва ўлдирилган.

Насриддиншоҳ (Насриддиншоҳ Кажар) – Эронда ҳукмронлик қилган турк – кажар сулоласидан бўлмиш тўртинчи шоҳ. Эрон тарихида салтанат тахтида энг узоқ – 47 йил ўтирган ҳукмдорлардан бири. Ёшлигидан фақат она тили бўлмиш озарбайжон тилида гапира олган Насриддиншоҳ тахтга ўтиргач форс ва француз тилларини ўрганади. 1873, 1878 ва 1889 йиллари Европа, шу жумладан Россия бўйлаб саёҳат қилади ва таассуротлари ҳақида китоб ёзади. 1896 йили уюштирилган суюқасд туфайли ўлдирилади.

Амир Насруллохон  (1806 — 1860)  — Манғитлар сулоласидан бўлган Бухоро амири. Отаси Амир Ҳайдар ҳукмронлиги даврида Қаршида ҳокимлик қилган. 1826-йили Амир Ҳайдар вафот этгач бир неча ой мобайнида Насруллонинг икки акаси — Ҳусайн ва Умар алмашинилди. Биринчиси заҳарланди, иккинчиси эса ўлдирилди. Шу йили (1826) Амир Ҳайдарнинг учинчи ўғли шавқатсизлиги учун “Амири қассоб” лақабини олган Насруллохон тахтга ўтирди. Акалари ўлимидан кейин тахтга ўтирган Насруллохон қисқа вақт ичида тахтга даъво қилиши мумкин бўлган авлодларидан барчасининг баҳридан ўтади.  Насруллохон давлат ҳокимятини мустаҳкамлаш мақсадида уруғ ва қавм бошлиқлари бўлган кўплаб амалдорларни қуйи табақалардан чиққан ёш ва ғайратли кишилар билан алмаштирди. 1837-йилда ҳарбий соҳада ислоҳатлар ўтказиб, ўз қўшининг жангавор ҳолатини яхшилайди. Ҳар бири 800 кишидан иборат 50 та сарбозлар булуклари ва 250 кишилик тўпчилар гуруҳи ташкил қилинган. Мунтазам пиёда қўшининг сони 40 минг кишидан ортиқ бўлган. Насруллохон Хива ва Қўқон хонликларини Бухоро атрофида бирлаштиришда урунган. Мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш учун 1840-42-йиллари Қўқон хонлари томонидан тортиб олинган Хўжанд, Ўратепа, Тошкент, Жиззах ва Зоминни Бухоро амирлигига қайтарди. Фарғона водийси уламоларининг талаби билан 1842-йили Қўқонга юриш қилиб хонлик ҳудудини эгаллаган Насруллохон Қўқон хони Муҳаммад Алихонни қатл қилиш билан чекланмасдан, унинг онаси (шоира Нодирабегим)ни ҳам ўлдиради. Насруллохон томонидан Қўқонга Иброҳим парвоначи манғитнинг ноиб қилиб қолдирилиши салбий оқибатларга ҳам олиб келган. Ноиб маҳаллий аҳолига зулм ўтказиб, солиқларни кўпайтирди. Натижада, тез орада Қўқон қўлдан кетади. 1843-йилда Насруллохон Марвни ҳам Бухорога бўйсунтиради. Шунингдек, Насруллохон қўшини 20 йилда олиб борган 32 та ҳарбий юришидан сўнг 1856-йилда Шаҳрисабзни узил-кесил эгаллаган. Шаҳрисабз марказий ҳокимятга бўйсунгач, у сулҳ рамзи сифатида маҳаллий ҳукмдор — Искандар Валломанинг синлиси Кенагасхонимга уйланган.

Хидив Исмоил Пошо (İsmail Paşa; 1830 — 1895) — Усмонлилар давлати таркибидаги Миср ҳукмдори (1863-1867 йиллар пошо, , 1876 дан кейин ҳедив,яъни ҳукмдор). 1875 йили Сувайш каналининг ўзига тегишли акцияларининг қарайиб ярмини Англияга сотган. Қолган ярми французлар қўлида бўлган. Мисрни хонавайрон этишда айбланган. Олган қарзларини тўлай ололмагани учун 1879 йили Европа давлатлари ва банклари талаби билан усмонлилар султони Абдулҳамид II томонидан ҳокимиятдан четлаштирилган. 1882 йили Англия қарзлар баҳона қилиб Мисрни ишғол этди.

Оталиқ Ғози Ёқубхон — (Муҳаммад Ёқуббек Бадавлат, Оталиқ ғозий) (1820, Пискент — 1877, Шарқий Туркистоннинг Кўрла ш.) — Қўқон хонлигининг ҳарбий ва давлат арбоби, Еттишаҳар Уйғур давлатининг ҳукмдори (1865—77). Отаси Пирмуҳаммад Мирзо Қўқон хонлигидаги Қурама қишлоғи қозиси, онаси пискентлик қози шайх Низомиддиннинг синглиси. Ёқуббек 1845 й. Тошкентда аскарликка чақирилган. Тоғаси Тошкент қозиси булиб тайинланиши ва синглисининг Тошкент ҳокимига турмушга чиқиши муносабати билан унинг мавқеи тез ўсган, хон ўрдасида маҳрам, кейинчалик элликбоши, юзбоши, понсод (бешюзбоши) бўлган, Чиноз ва Авлиёота (1846) га, Оқмачит (1847) га бек қилиб тайинланган. Ёқуббек Оқмачитда қушбеги лавозимига кўтарилиб, рус босқинчиларига қарши курашда жасур саркарда эканлигини кўрсатган. Тошкент ҳокими уни чақиртириб, ботурбоши этиб, Қўқон хони Худоёрхон эса, уни Хўжанд (1852) беги қилиб тайинлайди. Худоёрхонга қилган муваффақиятсиз фитнасидан кейин (1853) Бухорога крчган. Худоёрхон тахтдан ағдарилгандан сўнг Қўқонга қайтган (1858). 1864 й.да Шарқий Туркистонда Манжур империясининг зулмига қарши мустақиллик учун кураш бошланиб, бешта хонлик юзага келади. Кашқар хонлиги мамлакатни бирлаштириш мақсадида Қўқон хонлигидан Ёркент хонлигининг тахт ворисларидан бирини Шарқий Туркистонга юборишини илтимос қилган. Ёқуббек Бузрукхўжага қушбеги қилиб тайинланиб Қашқарга юборилган (1865). У Бузрукхўжанинг давлат ишларига қобилиятсизлигидан фойдаланиб, ҳокимиятни ўз қўлига олган. У бошда Бузрукхўжа ва б. хўжалар номидан иш юргизиб, Или султонлигидан ташқари (мазкур хонликни 1871 й. руслар босиб олган) 4 хонликни (Қашқар, Хўтан, Кучор, Урумчи хонликларини) бирлаштириб Еттишаҳар Уйғур давлатини тузган. Ёқуббек Еттишаҳарнинг равнақ топиши ва дунёга танитиш учун катта ишларни қилган. Ёқуббек давлатининг асосий таянчи маҳаллий ер эгалари ва руҳонийлар бўлган. Ёқуббек қатъий ташқи сиёсий йўналишга эга бўлмагани туфайли Буюк Британия, гоҳ Туркия, гоҳ Россиянинг кўмагидан умидвор бўлган, бунда уларнинг Ўрта Осиёдаги манфаатлари ўзаро зиддиятли эканлигидан фойдаланмоқчи бўлган. Туркистон генерал-губернатори К. П. Кауфман б-н чегара чизиғини белгилаш ҳақида музокаралар олиб борган. Ёқуббек хонлиги даврида кўплаб масжид, мадраса, карвонсарой қурилган. Ёқуббекни энг яқин кишиларидан бири, Хўтан беги Ниёз Ҳаким заҳар бериб ўлдирган. Унинг ўлимидан кейин тахт учун кураш бошланган. Оқибатда Хитой ички зиддиятлардан фойдаланиб, 1878 й.да Еттишаҳар давлатини тутатган. Шарқий Туркистонда Хитой ҳукмронлиги қайта тикланган.

Шайх Шомил — Имом Шомил (1799, Доғистоннинг Гимра овули — 1871.4.2, Мадина) — Доғистон ва Чеченистон тоғ халқларининг чор Россияси мустамлакачилари зулмига қарши муридийлик шиорлари остида ўтган миллий озодлик ҳаракат (1834—59) раҳбари. 20-й.ларда муридийликни тарғиб этган Ғози Муҳаммаднинг сафдошларидан бирига айланган. У билан, сўнгра Ҳамзатбек билан бирга тоғликларнинг рус подшоси қўшинларига қарши қурашига раҳбарлик қилган. 1834 йил Ҳамзатбек ўлдирилгач, Шомил имом деб эълон қилинган. 25 йил мобайнида Кавказдаги тоғ халқларининг курашини бошқарган Шомил ўзига хос диний давлат — имомлик (имомат) барпо этган, ундаги дунёвий ва диний ҳокимият имом қўлида бўлган. Шомил рус қўшинларига қарши кураш олиб борган ва 40-йилларда бир қанча йирик ғалабаларга эришган. 1859 йил 25 август да Шомил 400 муриди билан Гуниб овулида қамалда қолган ва 26 августда таслим бўлган. Шомил. Маккага кетаётганда (Мадинада) вафот этган, ал-Боқия қабристонида дафн қилинган.

Шайх Жамолиддин Афғоний — Муҳаммад ибн Сафдор Жамолиддин Афғоний, милодий 1839 йили туғилган. Афғонистонлик йирик диний-сиёсий арбоб. Кобулда ва Ҳиндистонда таҳсил олган. Ислом динини ислоҳ қилиш ва мусулмон дунёсини Ислом байроғи остида бирлашишга даъвати билан танилган. Миср, Ҳиндистон, Лондон, Парижда яшаган, Ироқ, Эрон, Россияда бўлган. Мисрлик дин арбоби Муҳаммад Абдуҳ билан миллий-инқилобий ҳаракатларга раҳбарлик қилган, газета нашр этган. Унинг «Моддиюнчиларга раддия», «Татиммат ал-байаш», «Афғонийнинг Ренанга жавоби», «Таълим ва таҳсил фойдаси» каби асарлари бор. 1897 йили Истанбулда вафот этган, ҳоки Кобулга олиб келинган.

Qalbimdagi turli tuyg‘u va o‘ylarga ko‘milib, boshim aylanib turganimda birdan Sayyid Baraka hazratlarining qabri ustidagi tosh ko‘tarila boshladi. Qo‘rqib, jon havlida zina sahniga otildim va burchakka suyanganimcha qotib qoldim… Tosh ko‘tarilishda davom etdi va ortidan qordek oppoq soqolli bir pir ko‘rindi. Maqbaraning ichi nurdan charog‘on bo‘ldi.

ISMOIL GASIRALI
SULTONLAR SUHBATI — MUKOLAMAI
SALOTIN (ROSTI RASTI)

001

250px-Ismail_Gaspirali.jpgGasprinskiy (Gaspiralik, Gaspirali) Ismoilbek (1851.21.3, Boqchasaroy yaqinidagi Ajiko’y qishlog’i —1914.11.9, Boqchasaroy) — jadidchilik harakatining asoschisi, yozuvchi va publitsist. Uning otasi Mustafo Gasprinskiy Rossiya harbiy dvoryani (praporshchik) bo’lib, Yalta shahri yaqinidagi Gaspra qishlog’idan edi. Gasprinskiy qishloq musulmon maktabi, Oqmachit (hoz. Simferopol) gimnaziyasi va Voronejda, Moskva kadetlik korpusida o’qidi (1864—67). Qrimga qaytgach, rus tili o’qituvchisi bo’lib ishladi (1867—70). Istanbul va Sorbonna (Parij) universitetlarida o’qidi (1871—75). Jazoir, Tunis, Misr, Gretsiyada bo’ldi. Parijda frantsuz sotsialistlari va liberallariga yaqinlashdi. Turkiyada Yosh turklar harakati rahbarlari bilan tanishdi (1875—77). Boqchasaroy shahri meri qilib saylandi(1877). Gasprinskiy turkiy xalqlar tarixi va adabiyotini o’rganib, Sharq bilan G’arb olamini taqqoslash imkoniyatiga ega bo’ldi. U «Rusiya musul monligi» (Simferopol, 1881) ilk risolasida Yevropa sivilizatsiyasidan ko’r-ko’rona andoza olishga qarshi chiqib, uni tanqidiy qabul qilishga, musulmonlarni ilm-fanni egallashga, texnika yutuqlaridan foydalanishga da’vat etdi.

«Ovrupo madaniyatiga bir nazar muvozini» (Istanbul, 1885) asarida esa sotsializm g’oyalari bilan bahsga kirishib, uning asosiy tamoyillarini shubha ostiga oldi. Gasprinskiy Rossiya mustamlakasidagi barcha musulmon xalqlar maorifini tubdan isloh qilish, dunyoviy fanlarni o’qitish masalasiga alohida e’tibor berdi. Boqchasaroyda dastlabki «usuli jadid» (yangi usul) maktabini ochdi (1884). Turkiston general-gubernatori N. O. Rozenbaxga musulmon maktablarini isloh qilishga doir loyihasini yubordi. Rad javobini olgach, 1893 y. Turkistonga o’zi keldi, Buxoro, Samarqand, Toshkentda bo’lib, taraqqiyparvar ziyolilar bilan uchrashuvlar o’tkazdi. Gasprinskiy jadidchilik g’oyalarini kengroq yoyish uchun «Tarjimon» (1883 y. 10 aprelidan), «Millat» (1908), «Bolalar olami» (1908—15), «Uyg’onish» (Qohira,1908, arab tilida) gazetalari, «Ayollar olami» jurnali (1908—10), «Xa-xa-xa!» hajviy haftanomasini chiqardi. Jadid maktablari uchun «Xo’jai sibyon» («Bolalar muallimi») darsligini, «Rahbari muallimin yoki muallimlarga yo’ldosh» (1898) kitobini yozdi. Gasprinskiy musulmon milliy ozodlik harakatining yo’lboshchisi sifatida tanildi. U Kavkaz, Volgabo’yi, Misr va Hindistonga borib, umummusulmonlar qurultoyini chaqirishga harakat qildi. Butun Rossiya musulmonlari 3 ta kongressi ishida faol qatnashdi (1905—06). Dastlabki umummusulmon siyosiy partiyasi «Ittifoq ul-muslimin»ni tuzish tashabbuskorlaridan biri bo’ldi (1906). «Dor ul-rohat musulmonlari» ilmiy- fantastik asari, «Yuz yildan so’ng. 2000- sana» badiiy-publitsistik romani, «Turkiston ulamosi» kitobining muallifi.

001

-1-
22 DEKABR 1906. 144-SON

Ashampoo_Snap_2018.03.22_16h19m10s_002_a.pngSamarqandda.
Samarqand — ilm va adabning qubbasi!

Qadimiy shaharlarning eng eskisi, eng go‘zal shaharlarning eng go‘zali, mashhur shaharlar ichra eng mashhuri, ilm o‘chog‘i sanalguvchi shahar, jahongirlarga beshik bo‘lgan shaharlarning eng buyugi, dunyoni hayratga solgan ulug‘ baldalarning eng muazzami, salom, Samarqand!

Mashina pishqirdi, vagonlar to‘xtadi, tushdim. Samarqandga yetib kelgan edim. Ikki kun shaharni aylandim. Eng nafis va eng latif mahorat bilan bunyod qilingan qadimiy imoratlarni, madrasa, masjid va turbalarni, chinni devorlarga ikki qulochlik rangorang chinni naqshlar bilan kufiy yozuvida bitilgan oyatlarni sayr va mutolaa qildim. Shohi Zinda yonidan Afrosiyob obidasini tomosha qilgandan so‘ng Amir Temur maqbarasiga keldim. Oqshom cho‘kkan edi… Samarqandda nimaiki ko‘rgan bo‘lsam juda go‘zal, nimaiki ko‘rgan bo‘lsam juda xarob. Masalan, Bibixonim madrasasi aqllarni hayratga soladigan darajada latif imorat. Shu bilan birga chinnilarining ahvoliga insonning yig‘lagisi keladi.

 Temur Shoh maqbarasi… Naqadar ta’sirli obida… Chin saddidan Oqdengizga qadar, qahraton Sibirdan jazirama Hindga qadar cho‘zilgan xududda yashab kelayotgan turkiy xalqlarni bir tug‘ ostiga jamlagan va buyuk bir turkiy davlat qurgan Temurning so‘nggi makonidir bu obida… Anchagina unniqib qolgan, ba’zi joylari o‘pirilgan, ba’zi toshlari ko‘chgan, naqshin yozuvlari nuragan, eshiklari ochilib, unutilishga yuz tutgan turbai oliya…

021Fotiha o‘qib ichkariga kirdim. Bir necha pog‘ona bosib pastga tushdim… Rahbari ruhoniysi (ma’naviy yo‘lboshchisi) Sayyid Baraka hazratlari ila yonma-yon yotibdi. Qabr toshlarini ziyorat va tomosha qilar ekanman, Amir Temurning tarixi va zamonasida ro‘y bergan voqealar silsilai nuroniy (nurli silsila) bo‘lib ko‘z o‘ngimdan o‘ta boshladi.

Na qadar buyuk ishlar… Naqadar buyuk shaxs… Na qadar ajoyib davron… Va xarobaga aylangan makon! Dunyo asli shundoq ekan!

Qalbimdagi turli tuyg‘u va o‘ylarga ko‘milib, boshim aylanib turganimda birdan Sayyid Baraka hazratlarining qabri ustidagi tosh ko‘tarila boshladi. Qo‘rqib, jon havlida zina sahniga otildim va burchakka suyanganimcha qotib qoldim… Tosh ko‘tarilishda davom etdi va ortidan qordek oppoq soqolli bir pir ko‘rindi. Maqbaraning ichi nurdan charog‘on bo‘ldi. Yo, Rab! Bu ne hol?!

Taajjub shiddatidan ichimda qo‘rquvdan asar qolmadi. Men nimqorong‘i joyda turgan edim. Porlagan nur men turgan joyga yetib kelmas edi. Chiqib ketish yoki qolish haqida o‘ylashga qurbim yetmas, turgan joyimda qotib qolgan edim.

Sayyid Baraka hazratlari Amir Temurning sag‘anasiga qo‘lini qo‘yib: “O‘g‘lim!” deyishi bilan tosh qimirlab, piriday oppoq soqolda Amir Temur chiqib keldi. Ikkovlari ham o‘z qabrtoshlarining ustiga o‘tirdilar. Temur pirining yuziga boqdi. Pir ham unga boqib “O‘g‘lim, yana bir davron keldi!” deya so‘z qotdi.

Oraga bir daqiqalik sukunat cho‘kdi. Maqbaraning ichi xuddi katta bir fonus yoritayotgandek charog‘on edi. Shunga qaramay, men turgan joydan maqbaraning har burchi ochiq-ravshan ko‘rinmas edi. Xonada jussador bir zot ham paydo bo‘ldi. Uning qayerdan va qay tarzda chiqib kelganligini payqamay qoldim. U qabr toshlar orasidan o‘tib Temurning qarshisiga kelib to‘xtadi. Sayyid Baraka: “Sulton Abdul Azizxon!” deya kelgan odamga yuzlandi. Temur boshi bilan ma’qulladi va o‘tirishga joy ko‘rsatdi. Uning ortidan yana bir zot ko‘rindi. Pir hazratlari: “Nasriddinshoh” deya tanishtirgan bo‘ldi. Unga ham o‘tirishga joy ko‘rsatildi. Yana bir zot namoyon bo‘ldi. Pir: “Amir Nasrulloxon!” deya tanishtirdi. Shu tarzda Xidiv Ismoil Posho, Otaliq G‘ozi Yoqubxon, Ho‘qand xoni Xudoyorxonlar ham maqbaraga tashrif buyurishib, ko‘rsatilgan joylarga o‘tirishdi. Ularning ortidan ko‘rinishidan ulamoga o‘xshash uch kishi kirib kelib joylashishdi. Cherkes papoqli keksa bir mo‘ysafid ham kirib kelgan onda pir hazratlari: “Shayx Shomil!” — dedi. Amir Temur o‘rnidan turdi. To‘planganlar ham o‘rinlaridan turishdi. Shayxga o‘tirish uchun joy ko‘rsatildi.

Amir Temur boshini egib o‘tirardi. Sultonlar ham ma’yus bir holda qarab turishardi. Ba’zilarining ko‘zlaridan yosh qalqa boshladi. Majlis tinch va sukunatga g‘arq bo‘lgan edi.

-2-
25-DEKABR 1906. 145-SON

Sultonlar majlisi bir-ikki daqiqa tinchlik va sukunat ichra kechgandan so‘ng majlis xuzuriga marhum ulamodan Shayx Jamoliddin (Afgʻoniy) hazratlari chiqib keldi va qoʻlidagi qora qogʻozga yashil rangda yozilgan kitobni ochdi… Sayyid Baraka hazratlari “Xutbai siyosiy!” dedi. Shayx oʻqiy boshladi:

“Milodiy oʻn toʻqqizinchi asr hijriy o‘n to‘rtinchi asrga teng keladi. Dunyo madaniyatida va siyosat olamida ko‘plab inqilob va o‘zgarishlar yuz berdi: paraxod, telegraf, temir yo‘l va ish uchun turli tuman mashinalar ixtiro qilindi. Kitobat, oʻqish va maorif dunyoda misli koʻrilmagan darajada yoyildi. Davlat va mamlakatni idora qilishning qonun-qoidalari tamoman oʻzgardi. Hukmdorlarning xohishiga koʻra boshqarish usuli toʻxtatilib, millatning istak va xohishlariga koʻra boshqarish tizimiga oʻtila boshlandi. Sanoat rivojlanib sakkiz-oʻn ming ishchi mehnat qiladigan fabrikalar ishga tushdi. Oʻq va qalqonlar unut boʻldi. Bir kilometrdan turib nishonga urish mumkin boʻlgan qurol-yarogʻlar, toʻrt-besh kilometr naridan turib toshdan bino boʻlgan qal’alarni qulatish, parchalab tashlash mumkin boʻlgan toʻplar ixtiro qilindi. Ammo bu oʻzgarish va inqiloblarni Ovrupoliklar yaratmoqda. Sharq islom davlatlari esa eski holda yashab kelmoqda. Fikr eski, siloh eski, boshqaruv tizimi eski, sanoat va tijorat eski, harbiy qonunlar eski, qal’a imoratlari eski, dengizda kemalar eski, xullas, nimaiki boʻlsa hammasi eski, qoloq… Shu sababli Ovrupo xalqi va bundan oʻrnak olgan ruslar dunyoni egallab olishga kirishdi. Islom mamlakatlarini sel toshqinlari va dengiz toʻlqinlari kabi domiga yuta boshladi. Sanoat va iqtisodi bilan bizning mulkdorlarni sindirdi. Yurtdan baraka ketdi. Intizomli qoʻshinlari bilan bizning tartibsiz qoʻshinlarimizni toru mor qildi. Quvvatdan asar qolmadi…”

Xutba bu nuqtaga kelganida Amir Temur qoʻl koʻtardi. Notiq toʻxtadi. Sohibqiron Sulton Abdulazizxonga qarab:

-Rum sultoni, bu holga qarshi qanday tadbir koʻrdingiz? – dedi.
Sukut.

-Ovrupoliklarning ilm, iqtisod va siyosat bobida ustun qilgan sabablarga murojaat qilindimi?
Sukut.

— Bir vaqtlar Usmonli sultonlarining himoyasini orzu qilgan Ovrupo hukmdorlari kuch toʻplab, taraqqiyot sari harakat qilayotgan paytda Istanbul nima bilan mashgʻul edi?
Sukut.

-Sultonlik davringizda ahvol qanday edi? Shaxsan nimalarni amalga oshirdingiz?
-Harbiy sohaga e’tibor berdim, flotni kuchaytirdim.
— Bular bilan qanday ishlar amalga oshirildi?
Sukut.

— Boy berilgan yerlar boʻldimi?
— Belgrad qal’asi… Sibir, Ruminya qoʻldan ketdi, Jabali Lubnonda (Liviyadagi bir viloyat) imtiyozli boshqaruv tizizmiga oʻtildi.
— Rumeli kuchsizlashgan boʻlsa, Anadoʻluda qanday tadbirlar olindi?
Sukut.

— Anadoʻluni necha bor ziyorat qildingiz?
Sukut.

— Butun umringizni Istanbulda oʻtkazdingizmi?
— Ha.

Amir Temur shayxga qaradi. Shayx xutbani davom ettirdi.

— Asrning sultonlari, zamonning oʻzgarishiga qarshi nomiga taqlidiy harakat bilan cheklandilar. Bu harakat ishga yaramadi. Masalan, Eron hukmdori Nasriddinshoh… Jami qirq yil huzur-halovat ichida hukmronlik qildi. Usmonli davlati kabi muammolarga duch kelmadi. Ammo qirq yilda na toʻgʻri-durust qoʻshin barpo qildi, na xalqni taraqqiyotga boshlovchi qonun-qoidani yoʻlga qoʻya oldi. U oʻlgan paytda Eron xalqi ingliz va rus istlochilari qarshisida nodon va sargardon bo’lib qoldi.

Amir Temur Nasriddinshohga qaradi. Boqdi ammo bir ogʻiz soʻz aytmadi. Shayxga koʻz qirini tashlab davom etishiga ijozat berdi.

— Bu asrda rus hukmdorlari bir tomondan Istanbulga koʻz tikkan boʻlsa, ikkinchi tomondan Turkiston va Movaraunnahrni qoʻlga kiritish payiga tushgan edilar. Turkistonning xon va amirlari shu darajada gʻofil va bexabar edilar-ki, rus toʻplari boshida portlagandagina “Bu nima?!” deb xayron boʻldilar. Lekin kech boʻlgan edi. Rus qoʻshinlari sahrolar oshib shaharlarni istilo etayotgan paytda xonlar bir-birlari bilan kurashib, musulmon qonini toʻkish bilan band edilar. Qoraqush (rus gerbidagi ikki boshli burgut nazarda tutilgan) kelib Toshkent va Samarqand minoralariga qoʻngan paytda uni hurkitadigan na biron toʻp, na da bir miltiq topildi. Hozirgi kunda bir nachalnik butun Turkistonni bir barmogʻida oʻynatmoqda. Ruslarning dushmani boʻlgan inglizlar xonlarga qurol-yarogʻ va harbiy maslahatchilar bermoqchi boʻldilar ammo uni qabul qiladigan kishi topilmadi. Hatto Nasrulloxon Buxoriy ikki ingliz elchisini qatl qildirib, zamonning eng kuchli va eng boy davlatini xafa qildi, oʻrtaga sovuqlik soldi.

Amir Temur Buxoro amiri Nasrulloxonga qaradi.

-3-
8-YANVAR 1907. 3-SON

Nasrulloxon buyuk Amir Temurning nazari diqqatidan qayon qochishni bilmay: “Taqsir… Taqsir… Buxoroi sharifga Faranglardan, nosarolardan kishi qabul qilmoqni maqbul ko‘rmagandik…” dedi.

— Ey, oʻgʻil! Kelganlar, ingliz edi, ular senga nasroniylikni taklif qilgani emas, ma’rifat, qurol-yarogʻ va yordam taklifi bilan kelgan edi-ku… Elchiga oʻlim yoʻq degan gapni bilmasmiding?!

— Taqsir… Ko‘p xatolar qildim. Tushundim… Ammo oʻlgandan keyin tushunib yetdim. Umaro va ulamodan hech kim menga toʻgʻri yoʻlni koʻrsatmadi.

— Bu nima deganing? Toʻrt tomoningga aygʻoqchilarni yubormaganmiding? Boshqa oʻlkalarda nima roʻy berayotganidan xabardor emasmiding?

— Yoʻq, taqsir… Ba’zi hajga borib kelgan hojilar boʻlardi xolos.

Amir Temur shayx Jamoliddinga koʻz tashladi. Hazrati shayx javoban dedi:

— Hijriy oʻn uchinchi asrning hukmdorlarida umumiy bir kasallik bor edi. Hammalari dunyoda boʻlib oʻtayotgan voqealardan bexabar edilar. Xabarni faqat laganbardor va madhiyabozlardan olar edilar. Ular esa oʻz foydalarini koʻzlab “Sizday podshoh olamda yoʻq!”, “Shavkatingizga teng keladigan yoʻq!”, “Sizni yengadigan hukmdor yoʻq!”, “Butun dunyo barbod, faqat sizning diyoringiz dilshod!” kabi maqtovlar bilan hukmdorlarning sirtini siypar edilar. Ular ham bunday maqtovlarga qonib, hovuchlab ehsonlarni beraverardi. Ammo odil va toʻgʻrisoʻz bir sayyoh chiqib chet davlatlardagi turmush va maorifdan, oʻlkaning kuch-qudratidan xabar bersa “Sen kofir yurtini maqtamoqdasan” deya pisand qilmas edilar. Hoʻqand boylaridan birining Makarya (Nijniy Novgorod yaqinidagi mavze) va Moskvani kezib ruslarning harbiy qudratini va intizomini bayon qilgani uchun boshidan judo qilingani ma’lum…

Amir Temur boshini qimirlatib ishorat qilgan edi hazrati shayx xutbasini davom ettirdi:

— Asr sultonlari orasida fidoiy va himmati baland Sulton Mahmudi mujaddid va xalq orasidan yetishib chiqqan Shayx Shomil Dogʻistoniy hamda Otaliq Gʻoziy Yoqubxon ham bor edi. Taraqqiyparvar Farangistonning harbiy usuli va davlat boshqaruvining maqbul tomonlarini oʻzlashtirgan holda mamlakatning kuch-qudratini yangilagan zot Sulton Mahmud edi. Bu podshoh ehtimol yana-da koʻproq foydali ishlarni qila olardi. Ammo davrining mutassiblari “Bizga Farang qonun-qoidalari kerak emas. Eski qilichimiz bor, toʻp kerakmas!” degandek barcha yangiliklarga qarshi chiqdilar. Shuningdek, Ruslar bilan uch Ovrupa davlati birgalashib Sulton Mahmudga qarshi urush ochgan edi. Jangu jadal va balolarga toʻla murakkab zamon boʻlishiga qaramay ham urushga ham mamlakatdagi qonunchilik va boshqaruv tizimini yangilashga kuch topa olayotgan edi.

Sohibqiron Temur oʻrnidan turdi va yana qaytib joyiga oʻtirdi. Sultonlar ham oʻrnidan turib Sulton Mahmudga hurmat koʻrsatdilar va yana joylariga oʻtirdilar.

Shayx Jamoliddin xutbasini davom ettirdi.

— Oʻz davrining yagonasi Shayx Shomil edi. Bu odam shaxsiy gʻayrati va notiqlik mahorati bilan, oʻn tilni mukammal bilishi bilan, Dogʻistonning tarqoq xalqini yakvujut qildi. Asrning eng qudratli davlatlaridan biri boʻlgan Rossiyaga qarshi ellik yil betinim kurashdi. Otaliq Gʻoziy Yaqubbek esa besh-oʻn otliq bilan birga Fargʻonadan Koshgʻarga oʻtib Xitoy hukumati zulmidan ezilgan musulmonlarni harakаtga keltirdi. Sharqiy Turkistonni Xitoy tasarrufidan ozod qilib, zamonaviy harbiy qoʻshin tashkil qilgan edi. Xonlik e’lon qilib Angliya va Usmonli davlatidan koʻmak olish yoʻllarini qidirdi. Biroq vafot etgach ishini davom ettiradigan oʻzidek farzandlari boʻlmagani uchun koʻp oʻtmay Xitoy bu xonlikni qoʻl ostiga olib oʻgʻillarini Rossiyaga qochishga majbur qildi.

Asr tarixida ismi bitilgan yana bir zot Misrlik Ismoil Posho edi. Bu zot gʻoyat ma’rifatli, bir necha tilni biladigan, Farangistonni oʻz yurti qadar biladigan kishi edi. Ammo fe’li sogʻlom emas edi. Bu zot bepoyon Misrni yeb tamom qildi. Shu qadar isrofgar ediki, Misrni boshdan oyoq Farangistonga qarzdor qilib qoʻydi. Oxiri foiz berilmas holga keltirdi. Misrning Angliya nazoratiga oʻtishining bosh sababi shu edi.

-4-
22-YANVAR 1907. 7-SON

Shayx Jamoliddin hazratlari xutbasini davom ettirdi:

— Kattayu kichigida bir nav tamballik va tushunchasizlik va boxusus, siyosiy gʻaflatga mahkumlik kasali mavjud edi va bu tarix sahifalariga bitilgan. Agar hozirgi zamondan koʻzlarini olib oʻtmishga nazar solsalar koʻpgina hol va xatolari ayon boʻladi.

Moskva knyazi Ivan Grozniy yoki Dahshatli Ivan, Qozon xonligiga hujum qilgan, Qozonni qamal qilgan paytda Qirim xoni yordam qoʻlini uzatmadi. Holbuki, Qirim xoni agar nomigagina boʻlsa ham Qirim, Kursk, Tula tomonlarda boʻy koʻrsatganda edi, Grozniy Qozonga ham Qirimga ham urush ocholmagan boʻlardi. Ivan Grozniy bu holni bilganidan Qozonga yurushni boshlamasdan oldin Qirim va Qozon xonlarining orasiga sovuqlikni solib oʻzi tashqaridan kuzatib turdi.

Xonlarning bu gʻaflati siyosiylarining natijasida Qozon istilo qilinib yer bilan yakson qilindi. Masjid va madrasalar yoqildi. Dindorlar nosarolashtirildi. Dinidan qaytmaganlar boshini olib bolta kirmas oʻrmonlarga qochib qutildi. Ikki asr soʻngra Qirim xonligi ham istilo qilinib, mislsiz qiynoqlarga mubtalo boʻldi. Bularning gʻaflatlarini kechirib boʻlmaydi, albatta. Ammo Istanbulning mudrashiga na aql na mantiq javob bera oladi! Ivan Grozniy Qozon xonligiga yurish qilgan paytda Usmonli davlatida shu qadar katta kuch va siyosat bor ediki, agar bir barmogʻini qimirlatsa ham Grozniy Qozonga qaytib qarashga ham botinolmaydigan bolar edi.

Turkiy xalqlarning eng old qal’asi, eng muhim nuqtasi Qozon istilo qilinganda yordam berilmagani bois Rus qoʻshinlariga Istanbul va Samarqandning yoʻli ochib berilgan edi. Qozon Turkiston va Rum diyorining “qoravul qal’asi” edi. Faqat qadri va ahamiyati bilinmagan edi. Buyuk sulton va shohlarning…

Xutba shu yerga yetganda Amir Temur hazratlari qoʻl ishorati bilan notiqni toʻxtatib, boshini yana-da pastroq egib, teran oʻyga toldi. Majlis ahli ham qabriston sukunatiga choʻmgan edi.

Ma’lum muddat shu zaylda oʻtdi. Soʻngra Amir Temur boshini koʻtarib shunday dedi:

— Ey, umaroi kirom, fuzaloi banom! Tarix va millat nazarida mening ham qabohat va qusurotim bor. Ammo mening zamonam va siyosatim bilinmay, anglashilmay qolgan edi. Haqimdagi gap-soʻzlar tuhmat darajasiga yetib borgan edi. “Koʻp jon qatl qildi. Koʻplab taxtlarning kulini koʻkka sovurdi. Rossiyani, Eronni, Turkiyani, Hindistonni bosib oldi, qirgʻinbarot qildi. Haddan ziyod zulm qildi…” derlar. Lekin insonlar tushunmaydilar. Haqqa ayon, harakatlarim  jahongirlik, qonxoʻrlik, bosqinchilik, shuhratparastlik uchun emas edi… Mendan muqaddam, necha asrlar bahodir millatim, oʻlim va qirgʻin ila bitmas turklarim, oʻzbeklarim noahllar qoʻl ostida ezilmoqda, diyor diyorga ayrilib, viloyat viloyatga, qoʻshin qoʻshinga qarshi dushman boʻlgan edi… Idil qipchoqlari Ozarbayjonni, ular esa Usmonlini, Koshgʻarliklar oʻzbeklarni va oʻzbeklar Xurosoniylarni, ya’ni ogʻa oʻz inini, qardosh qarindoshini tanimas holga kelgan edi. Yoshligimda Kesh toʻqaylarida bir kenagas  begi boʻlgan paytimda xalqimning bu ahvoli koʻnglimni dogʻlar, koʻzimni yoshlar edi… Hukmronlik davrim, turkiylarni birlashtirish, buyuk Turkistonni insho qilishga sarf qilingan edi. Bunga bir qadar erishdim ham. Saddi Chindan Marmar dengiziga qadar, muzli Dashti qipchoqdan issiq Hind dengizigacha qoʻl ostimga kirgan edi. Turkiston behad buyuk edi. Bir chetidan boshqa chetigacha yuz kunlik yoʻl edi. Buni hazm qilolmaydigan podshoh va xonlar behisob edi. Bu holda, ulkan davlat va birlashmagan xalqni zabt va idora qilmoq uchun shiddatli tadbirlar mutlaq lozim edi. Mening zamonamda na telegraf bor edi na temir yoʻl. Osiylarga bergan jazolarim zulm emas edi. Makon va zamonga mos tadbirlar edi. Ammo na foyda…

Soʻz bu nuqtaga kelganida piri Sayyid Baraka hazratlari “Yetar, oʻgʻlim!” dedi. Amir Temur oʻrnidan turib chuqur bir oh chekdi. Majlis ahli dovdirab darhol oyoqqa turdi. Men ham qoʻrquvdan nima qilarimni bilmay maqbara tashqarisiga yugurdim.

Tinchlik… Sukunat… Oqshom oxirlabdi… Samarqand osmonini minglab yulduzlar qoplabdi… Mehmonxonaga qaytdim. Uxlay olmadim. Tong otgach yana maqbaraga bordim.

Toshlar oʻz joyida, tinchlik, sokinlik hukumron edi…

Turk tilidan Ma’rufjon Yo’ldoshev tarjimasi
Manba: www.marufjonyuldashev.com

04SHAXSLAR HAQIDA IZOHLAR
Xurshid Davron tomonidan tayyorlangan
011

Maqolaning asl manbai: Sayyax. Mukalamai salatin // Tarjuman. 1906. №144; 1906. №145; 1907. №3; 1907. №7.

Amir Temur, Temur, Temurbek (to’liq ismi Amir Temur ibn Amir Tarag’ay ibn Amir Barqul) (1336-yil, 9-aprel, Kesh (hozirgi Shahrisabz) shahri yaqinidagi Xoja Ilg’or qishlog’i (hozirgi Yakkabog’ tumani) tug’ilgan — 1405-yil, 18-fevral, O’tror shahrida vafot etgan, Samarqandda dafn etilgan) — o’rta asrning yirik davlat arbobi, buyuk sarkarda, kuchli, markazlashgan davlat asoschisi, ilm-fan va madaniyat homiysi.

Mir Sayyid Baraka (?— 1404) — Amir Temurning piri. Sharafiddin Ali Yazdiyning yozishicha, asli Makka shahridan bo’lib, Amir Temur bilan dastlab 1370 yilda Termizda uchrashgan. Makka va Madinaning vaqf (Makka va Madina shaharlari islom olamida muqaddas shaharlar deb atalgani sababli islom davlatlari hukmdorlari har yili bu shaharlarga vaqf mablag’i, ya’ni belgilangan miqdordagi mablag’ni yuborib turishni sharafli burch deb bilganlar) larini undirish uchun Balxga Amir Husayn huzuriga kelgan. Amir Husayn Mir Sayyid Barakaga iltifot ko’rsatmaydi. U bunday sovuq munosabatdan xafa bo’lib Termizga qarab ketadi va Termiz yaqinida Amir Temur bilan uchrashib, unga hokimiyat ramzlari bo’lmish nog’ora bilann bayroq tortiq qiladi. Amir Temur 1370 y. saltanatni qo’lga olgach, Andxo’y (Afg’oniston) viloyatini barcha qishloqlari bilan Mir Sayyid Barakaga «iqto’» tarzida in’om qiladi. Mir Sayyid Baraka Sohibqironning Mozandaron, Dashti qipchoq harbiy yurishlarida unga hamroh bo’lgan, qo’shinning ruhini ko’targan. Mir Sayyid Baraka harbiy safarlarga qatnashmagan paytda Samarqand va Andxo’yda yashagan. 1404 y. qishda Mir Sayyid Baraka og’ir kasallikdan so’ng vafot etadi. Bu xabarni eshitgan Amir Temur pirining jasadini Andxo’yda dafn etishni buyuradi. 1409 y. Shoxrux Mirzo Movarounnahr taxtini Xalil Sultondan tortib olgach, Sohibqiron vasiyatiga amal qilib Mir Sayyid Barakaning xokini Andxo’ydan Samarqandga keltirib, Amir Temur maqbarasiga dafn ettiradi

Sulton Abdul Azizxon, Sulton Abdulaziz (Abdulaziz; 1830 –1876) Usmonlilar hukmdori va 111 Islom xalifasidir. 1876 yilda taxtdan tushirilgan va o’ldirilgan.

Nasriddinshoh (Nasriddinshoh Kajar) – Eronda hukmronlik qilgan turk – kajar sulolasidan bo’lmish to’rtinchi shoh. Eron tarixida saltanat taxtida eng uzoq – 47 yil o’tirgan hukmdorlardan biri. Yoshligidan faqat ona tili bo’lmish ozarbayjon tilida gapira olgan Nasriddinshoh taxtga o’tirgach fors va frantsuz tillarini o’rganadi. 1873, 1878 va 1889 yillari Yevropa, shu jumladan Rossiya bo’ylab sayohat qiladi va taassurotlari haqida kitob yozadi. 1896 yili uyushtirilgan suyuqasd tufayli o’ldiriladi.

Amir Nasrulloxon (1806 — 1860) — Mang’itlar sulolasidan bo’lgan Buxoro amiri. Otasi Amir Haydar hukmronligi davrida Qarshida hokimlik qilgan. 1826-yili Amir Haydar vafot etgach bir necha oy mobaynida Nasrulloning ikki akasi — Husayn va Umar almashinildi. Birinchisi zaharlandi, ikkinchisi esa o’ldirildi. Shu yili (1826) Amir Haydarning uchinchi o’g’li shavqatsizligi uchun “Amiri qassob” laqabini olgan Nasrulloxon taxtga o’tirdi. Akalari o’limidan keyin taxtga o’tirgan Nasrulloxon qisqa vaqt ichida taxtga da’vo qilishi mumkin bo’lgan avlodlaridan barchasining bahridan o’tadi. Nasrulloxon davlat hokimyatini mustahkamlash maqsadida urug’ va qavm boshliqlari bo’lgan ko’plab amaldorlarni quyi tabaqalardan chiqqan yosh va g’ayratli kishilar bilan almashtirdi. 1837-yilda harbiy sohada islohatlar o’tkazib, o’z qo’shining jangavor holatini yaxshilaydi. Har biri 800 kishidan iborat 50 ta sarbozlar buluklari va 250 kishilik to’pchilar guruhi tashkil qilingan. Muntazam piyoda qo’shining soni 40 ming kishidan ortiq bo’lgan. Nasrulloxon Xiva va Qo’qon xonliklarini Buxoro atrofida birlashtirishda urungan. Mamlakatning hududiy yaxlitligini tiklash uchun 1840-42-yillari Qo’qon xonlari tomonidan tortib olingan Xo’jand, O’ratepa, Toshkent, Jizzax va Zominni Buxoro amirligiga qaytardi. Farg’ona vodiysi ulamolarining talabi bilan 1842-yili Qo’qonga yurish qilib xonlik hududini egallagan Nasrulloxon Qo’qon xoni Muhammad Alixonni qatl qilish bilan cheklanmasdan, uning onasi (shoira Nodirabegim)ni ham o’ldiradi. Nasrulloxon tomonidan Qo’qonga Ibrohim parvonachi mang’itning noib qilib qoldirilishi salbiy oqibatlarga ham olib kelgan. Noib mahalliy aholiga zulm o’tkazib, soliqlarni ko’paytirdi. Natijada, tez orada Qo’qon qo’ldan ketadi. 1843-yilda Nasrulloxon Marvni ham Buxoroga  bo’ysuntiradi. Shuningdek, Nasrulloxon qo’shini 20 yilda olib borgan 32 ta harbiy yurishidan so’ng 1856-yilda Shahrisabzni uzil-kesil egallagan. Shahrisabz markaziy hokimyatga bo’ysungach, u sulh ramzi sifatida mahalliy hukmdor — Iskandar Vallomaning sinlisi Kenagasxonimga uylangan.

Xidiv Ismoil Posho (Ismail Pasa; 1830 — 1895) — Usmonlilar davlati tarkibidagi Misr hukmdori (1863-1867 yillar posho, , 1876 dan keyin hediv,ya’ni hukmdor). 1875 yili Suvaysh kanalining o’ziga tegishli aktsiyalarining qarayib yarmini Angliyaga sotgan. Qolgan yarmi frantsuzlar qo’lida bo’lgan. Misrni xonavayron etishda ayblangan. Olgan qarzlarini to’lay ololmagani uchun 1879 yili Yevropa davlatlari va banklari talabi bilan usmonlilar sultoni Abdulhamid II tomonidan hokimiyatdan chetlashtirilgan. 1882 yili Angliya qarzlar bahona qilib Misrni ishg’ol etdi.

Otaliq G’ozi Yoqubxon — (Muhammad Yoqubbek Badavlat, Otaliq g’oziy) (1820, Piskent — 1877, Sharqiy Turkistonning Ko’rla sh.) — Qo’qon xonligining harbiy va davlat arbobi, Yettishahar Uyg’ur davlatining hukmdori (1865—77). Otasi Pirmuhammad Mirzo Qo’qon xonligidagi Qurama qishlog’i qozisi, onasi piskentlik qozi shayx Nizomiddinning singlisi. Yoqubbek 1845 y. Toshkentda askarlikka chaqirilgan. Tog’asi Toshkent qozisi bulib tayinlanishi va singlisining Toshkent hokimiga turmushga chiqishi munosabati bilan uning mavqei tez o’sgan, xon o’rdasida mahram, keyinchalik ellikboshi, yuzboshi, ponsod (beshyuzboshi) bo’lgan, Chinoz va Avliyoota (1846) ga, Oqmachit (1847) ga bek qilib tayinlangan. Yoqubbek Oqmachitda qushbegi lavozimiga ko’tarilib, rus bosqinchilariga qarshi kurashda jasur sarkarda ekanligini ko’rsatgan. Toshkent hokimi uni chaqirtirib, boturboshi etib, Qo’qon xoni Xudoyorxon esa, uni Xo’jand (1852) begi qilib tayinlaydi. Xudoyorxonga qilgan muvaffaqiyatsiz fitnasidan keyin (1853) Buxoroga krchgan. Xudoyorxon taxtdan ag’darilgandan so’ng Qo’qonga qaytgan (1858). 1864 y.da Sharqiy Turkistonda Manjur imperiyasining zulmiga qarshi mustaqillik uchun kurash boshlanib, beshta xonlik yuzaga keladi. Kashqar xonligi mamlakatni birlashtirish maqsadida Qo’qon xonligidan Yorkent xonligining taxt vorislaridan birini Sharqiy Turkistonga yuborishini iltimos qilgan. Yoqubbek Buzrukxo’jaga qushbegi qilib tayinlanib Qashqarga yuborilgan (1865). U Buzrukxo’janing davlat ishlariga qobiliyatsizligidan foydalanib, hokimiyatni o’z qo’liga olgan. U boshda Buzrukxo’ja va b. xo’jalar nomidan ish yurgizib, Ili sultonligidan tashqari (mazkur xonlikni 1871 y. ruslar bosib olgan) 4 xonlikni (Qashqar, Xo’tan, Kuchor, Urumchi xonliklarini) birlashtirib Yettishahar Uyg’ur davlatini tuzgan. Yoqubbek Yettishaharning ravnaq topishi va dunyoga tanitish uchun katta ishlarni qilgan. Yoqubbek davlatining asosiy tayanchi mahalliy yer egalari va ruhoniylar bo’lgan. Yoqubbek qat’iy tashqi siyosiy yo’nalishga ega bo’lmagani tufayli Buyuk Britaniya, goh Turkiya, goh Rossiyaning ko’magidan umidvor bo’lgan, bunda ularning O’rta Osiyodagi manfaatlari o’zaro ziddiyatli ekanligidan foydalanmoqchi bo’lgan. Turkiston general-gubernatori K. P. Kaufman b-n chegara chizig’ini belgilash haqida muzokaralar olib borgan. Yoqubbek xonligi davrida ko’plab masjid, madrasa, karvonsaroy qurilgan. Yoqubbekni eng yaqin kishilaridan biri, Xo’tan begi Niyoz Hakim zahar berib o’ldirgan. Uning o’limidan keyin taxt uchun kurash boshlangan. Oqibatda Xitoy ichki ziddiyatlardan foydalanib, 1878 y.da Yettishahar davlatini tutatgan. Sharqiy Turkistonda Xitoy hukmronligi qayta tiklangan.

Shayx Shomil — Imom Shomil (1799, Dog’istonning Gimra ovuli — 1871.4.2, Madina) — Dog’iston va Checheniston tog’ xalqlarining chor Rossiyasi mustamlakachilari zulmiga qarshi muridiylik shiorlari ostida o’tgan milliy ozodlik harakat (1834—59) rahbari. 20-y.larda muridiylikni targ’ib etgan G’ozi Muhammadning safdoshlaridan biriga aylangan. U bilan, so’ngra Hamzatbek bilan birga tog’liklarning rus podshosi qo’shinlariga qarshi qurashiga rahbarlik qilgan. 1834 yil Hamzatbek o’ldirilgach, Shomil imom deb e’lon qilingan. 25 yil mobaynida Kavkazdagi tog’ xalqlarining kurashini boshqargan Shomil o’ziga xos diniy davlat — imomlik (imomat) barpo etgan, undagi dunyoviy va diniy hokimiyat imom qo’lida bo’lgan. Shomil rus qo’shinlariga qarshi kurash olib borgan va 40-yillarda bir qancha yirik g’alabalarga erishgan. 1859 yil 25 avgust da Shomil 400 muridi bilan Gunib ovulida qamalda qolgan va 26 avgustda taslim bo’lgan. Shomil. Makkaga ketayotganda (Madinada) vafot etgan, al-Boqiya qabristonida dafn qilingan.

Shayx Jamoliddin Afg’oniy — Muhammad ibn Safdor Jamoliddin Afg’oniy, milodiy 1839 yili tug’ilgan. Afg’onistonlik yirik diniy-siyosiy arbob. Kobulda va Hindistonda tahsil olgan. Islom dinini isloh qilish va musulmon dunyosini Islom bayrog’i ostida birlashishga da’vati bilan tanilgan. Misr, Hindiston, London, Parijda yashagan, Iroq, Eron, Rossiyada bo’lgan. Misrlik din arbobi Muhammad Abduh bilan milliy-inqilobiy harakatlarga rahbarlik qilgan, gazeta nashr etgan. Uning «Moddiyunchilarga raddiya», «Tatimmat al-bayash», «Afg’oniyning Renanga javobi», «Ta’lim va tahsil foydasi» kabi asarlari bor. 1897 yili Istanbulda vafot etgan, hoki Kobulga olib kelingan.

03

(Tashriflar: umumiy 7 348, bugungi 1)

2 izoh

  1. Тарихимизнинг огрикли нукталари таьсирчан ва жонли акс этибди. Таржимон ва севимли сайтимизга РАХМАТ!!!

  2. Жуда ҳам ажойиб асар хозирги кунда раҳбарлик лавозимида ўтирганлар бир ўқиб чиқиши керак, бажарган ишларига жавоби борлигини хис қилишса халқни ўйлайдиган ўз хамёнини камроқ ўйлайдиган бўлармиди

Izoh qoldiring