Hamidulla Boltaboev. «Masnaviyi sharif» ma’naviyati va davomchilari

02-48

Мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Маснавийи шарифи”дан маънан озуқа олган инсон борки, бу буюк асар сари талпинади, уни қайта-қайта ўқийди, уқмаган ўринларни шориҳларнинг шарҳ ва талқинларидан кўмак олиб тушунишга ҳаракат қилади.

098

Ҳамидулла Болтабоев
«МАСНАВИЙИ ШАРИФ» МАЪНАВИЯТИ ва ДАВОМЧИЛАРИ

Икки олам Яратувчиси бутун яралмишлар ичида «гуҳари шарифи» сифатида Инсонни яратди. Унга дунёни билиш, ўзлигини англаш салоҳиятини инъом этди. Ҳақни таниш сифати билан зийнатлади. Моддий олам гўзалликларини кўриш учун кўз берди, очиқ кўз билан кўриб бўлмас жиҳатларни тушуниш учун қалб ато қилди. Яна шунда ҳам бандайи ожиз Ҳақ йўлидан тоймаслиги учун ўз элчиси (Муҳаммад с.а.в.) орқали Сўз (Қуръони карим) нозил қилди ва бу Сўз мутолаасида ҳам Инсон ноқис қолмаслиги учун бир гуруҳ саҳобайи икром ва валийлар юбордики, улар Ҳақни таниш баробарида Инсонга иноят этсин, кўмак берсинлар. Зеро, «Сўзга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига (яъни нажотга элтувчи Ҳақ сўзга) эргашадиган зотларга хабар беринг! Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир! Ва ана ўшаларгина ақл эгаларидирлар!» (39:18)
Қуръони каримда айтилгани каби Ҳидоят йўлига бошловчилардан бири Мавлоно Жалолиддин Муҳаммад бинни Баҳоуддин Валад Балхий Румий (1207-1273) ҳазратларидир. У киши тавсифида сўз кетаркан, Абдураҳмон Жомийнинг аниқ ва қисқа таърифи ёдга келади:

Ман чи гўйам васфи он олийжаноб,
Нист пайғамбар вале дорад китоб
(Мен улуғ жаноб васфида не дей,
Пайғамбар эмас, лекин китоби бор).

Бу сўзларни Румийга муносиб кўриб, «китоб»ни муқаддас каломуллоҳ ўрнида қабул қилганлар уни «форсий Қуръон» деб атаганлар. Эҳтимол, бу билан буюк Яратувчи томонидан нозил қилинган илоҳий китобни яралмишларидан бири бўлган Мавлоно Жалолиддиннинг «Маснавий»сига менгзаш тўғри эмасдир. Лекин ислом оламида шарифлик рутбаси пайғамбаримизнинг Ҳадисларидан сўнг ушбу китобга нисбатан қўлланилганини эсга олсак, Махдуми Жомийнинг ушбу таърифи кўп ҳам ширк эмасдир деган хулосага келамиз. Боз устига «Маснавийи шариф»нинг машҳур шориҳларидан бири Обиддин Пошшо ўзининг «Таржима ва шарҳи «Маснавийи шариф»ининг бош варағига Жомийнинг юқоридаги сўзларини ёзиб қўйганини назарда тутсак, буни муболаға дейишдан ўзимизни тийиб, унга ишонишга ҳаракат қиламиз.
Мавлоно Румийнинг тасаввуф оламига кириб келиши Шайх Фаридиддин Атторнинг башорати билан бўлганини унинг илк тафсирчиларидан Ҳусомиддин Чалабийдан тортиб, Давлатшоҳ Самарқандийгача бир овоздан тасдиқлайдилар: Каъба зиёратига йўл олган Баҳоуддин Валад ва унинг ўғли Нишопурга етганидан хабар топган Шайх Аттор зиёратчиларнинг қаршисига чиқади. Ўспириннинг суҳбатидан мамнун бўлиб, унга ўзининг «Асрорнома» китобини тақдим этади ва отасига қарата «Ўғлингиз тез орада оламдаги барча куйганлар қалбига оташ солади» деб башорат қилади.
Ҳазрат Алишер Навоий эса, Жомийнинг далолатига таяниб, «Насойиму-л-муҳаббат»да Мавлонода жуда эрта валиълик зуҳур бўлганини қайидагича таърифлаган: «Жалолиддин Муҳаммад Балхий олти ёшида одина куни неча атфол ила бизинг уйларнинг томларида сайр қилур эрмишлар. Алардин бири яна бирига дебтурки, келинг бу томдин яна бир томға секрели. Ул дебтурки, бу ҳаракат ит ва мушук ишидир. Ҳайф бўлғайки, одами анга муртакиб бўлғай. Агар сизинг жонингизда қувате бўлса, осмон томиға секрели ва бу ҳолатда томдин ҳаво тутубтур. Ончаки, алар кўзидин ғойиб бўлубтур. Атфол изтиробдин қичқиришибтурлар ва йиғлабтурлар. Бир лаҳзадан сўнгра кўзи мутағаййир ва ранги ўзгача қайтиб, ҳамул томға тушубтур. Атфолға дебтурки, ул соатки сизга ул сўзни айтадур эрдим, кўрдумки, яшил кисватлиғлар мени сизинг орангиздин сирмадилар ва кўтариб осмонға элттилар ва малакут ажойибин манга кўргуздилар. Чун сизларнинг фиғон ва фарёдингиз чиқти, яна бу ерга тушурдилар». Ушбу ривоятнинг реал асосларини излашдан кўра, беш ёшли гўдакнинг «агар қуввате бўлса, осмонга секрели» деган жаҳдини тан олсак, кейинроқ ўзининг «Маснавий»сида «Учмоққа қанот йўқ вале учгаймен» деган азиматининг сабабларини ҳам англашга туртки топамиз.
Эрон олими Муҳаммад Истеъломийнинг қайд этишича, Жалолиддин отаси билан Хуросон, Бағдод, Ҳижоз ва Шомга қилган сафарларидан сўнг ниҳоят Кўниёда қўним топган. Отасининг 1232 йилда вафотидан сўнг 24 ёшида муфтий ва фақиҳ бўлган6. Аҳмад Афлокийнинг «Маноқибу-л-орифин» асарида зикр қилинишича, Дамашқда шаклланган Муҳйиддин ибн Арабий мактабининг давомчиси бўлди ва Кўниёга исломий билимлар алломаси сифатида қайтди. Мавлононинг Кўниёдалик ҳаёти ҳақида унинг ўғли (отасининг номидан Мавлавийлик тариқатини эълон қилган) Султон Валад «Валаднома» асарида ва Афлокийдан аввал Мавлононинг хизматида бўлган Фаридиддин Сипоҳсолор рисолаларида баён қилинган. Бу тафсилотлардан биз Радий Фишнинг «Жалолиддин Румий» асари ва унинг ўзбекча таржимаси орқали хабар топганмиз.
Жалолиддин Румийнинг тасаввуф адабиётидаги ўрнини белгилашда унинг тариқати ва фаолиятини Ҳаким Санойи ва Фаридиддин Атторнинг давомчиси сифатида тушуниш бор. Акад. Е.Э.Бертельс Мавлононинг

«Аттор руҳ буд ва Санойи ду чашми у,
Мо аз бе Санойи ва Аттор омадим»
(Аттор руҳ, Санойи унинг икки кўзи эди,
Биз Санойи ва Аттордан кейин келдик)

сўзларидан келиб чиқиб иш кўради 9. Эрон олими Тақий Пурномдориён эса, «Мавлавий шеърияти шакл, ҳажм, мавзу ва ирфоний маъно – мазмунлар кўлами жиҳатидан Санойи ва Аттор шеъриятидан устунроқдир» дея таъкидлайди.

«Маснавий»нинг ёзилиш тарихига доир далолатномаларда ҳам мана шу икки аллома таъсири ҳақида сўз боради. Турк олими Абдулбоқи Гулпинарли шарҳича, Мавлоно билан Ҳусомиддин Чалабий ўртасида Ҳаким Санойи ва Аттор фалсафаси ҳақида сўз кетаркан, шогирд устозига Санойининг «Ҳадиқату-л-ҳақойиқ» асарига ўхшаш асар ёзсангиз, дея маслаҳат беришга журъат қилади. Бошқа бир манбада эса, Аттор асарига ўхшаш асар ёзсангиз деган фикр келтирилади. Бизнингча, бу масалада ҳам Аҳмад Афлокийнинг далолатига таяниш мумкин: «Ғазал девонлари кўпайди. Уларнинг сирли нурлари денгиз ва уммонларнинг ҳар тарафини эгаллади. Тангрига ҳамду санолар бўлсинки, барча фикр соҳиблари ушбу сўзлар қаршисида бош эгдилар. Агар Ҳаким Санойининг «Илоҳийнома»си тарзида ва «Мантиқу-т-тайр» вазнида бир китоб ёзилса, бутун инсонларга улуғ бир хотира бўлур, ошиқ ва дардмандларнинг жон дўстига айланур ва бу инсонларга буюк бир марҳамат ва иноят бўлажакдир». Бунга жавобан Мавлоно салласининг бурчидан бир варақ олиб, Ҳусомиддинга тутқазади. Бу «Маснавий»га ибтидо бўлган 18 байтдан иборат дебоча эди. Ана шу 18 байтга мавлавийлар алоҳида аҳамият бериб, уни «Найнома» деб атайдилар. Чунки ҳужжатларнинг далолатига кўра, «Маснавийи шариф» аксарият шогирдлари иштирокида (Салоҳиддин Заркўб, Ҳусомиддид Чалабий ва ўғли Султон Валад) тартиб берилган, ёлғиз мана шу 18 байтгина Мавлоно томонидан ёзилгандир.

Бу буюк тафсир китоби ўн йиллар чамаси муддат оралиғида яратилиб, Мавлоно вафотидан тўрт йил аввал 1269 йилда ёзиб тамомланди. Бунга қадар ўтган ўн йил мобайнида узилишлар (ҳижрий 660-662 йиллар), уйқусиз тунлар (бу ҳақда 1-жилднинг 1807-1808 байтларида хабар бор), очин-тўқин ҳолига қарамай маънавий луқма билан кифояланиш (1-жилднинг 3990-3994 байтлари) каби ҳолатлар кузатилди ва машаққатли меҳнатнинг натижаси ўлароқ буюк асар дунёга келди. Араб-форс эпик достончилиги усули бўлган маснавий шаклида ёзилган бу асарни олимлар дидактик достон (Е.Э.Бертельс), ҳамосий (эпик) шеърлар мажмуаси (Т.Пурномдориён), ирфоний китоб (Р.Никольсон), тасаввуф қомуси (А.Шиммел) каби сифатлар билан атаб, унинг жанрий ўзига хослигини белгиламоқчи бўлдилар.

«Маснавийи шариф» шарҳида юзлаб китоблар яратилди. Султон Валад, Аҳмад Афлокий ва Фаридун Сипаҳсолор шарҳларидан сўнг Шамъий (ҳижрий 1000 йил), Сарварий (ҳижрий 1001 йил), Исмоил Анқаравий (XI аср) кабиларнинг турк тилидаги, Мавлоно Шиблий Нуъмоний (1326), «Баҳру-л-улум» лақабли Абдуали (XIII аср)нинг урду тилидаги ва Ҳанифа Абдулҳакимнинг урду ва инглиз тилларидаги шурҳлари эълон қилинди. Ғарб дунёсида «Маснавийи шариф» тафсири ва тадқиқи билан машғул бўлганлар орасида Р.Никольсон, Х.Риттер, Ж.К.Фербервагел, А.Шиммел, Е.А.Браун, Ҳ.Этне, Ҳ.Мессе, Б.Спулер каби олимларнинг ишлари маълумдир.
«Маснавийи шариф»ни форсийдан туркчага Сулаймон Наҳифий ўз вазнида (1150), Обиддин Пошо, Валад Узбудак, Митҳат Баҳори Байтур насрда изоҳли таржима қилди. Уни Ашрафу-л-улум ҳинд тилига(1392), Мунши Али (1241) урду тилига ўгирди, Юсуф Алишоҳ Чиштий эса урдуда ўз вазни билан таржима қилди. Европада эса дастлаб Жозеф Ҳаммер Пургстал, Фридрих Рукерт (айни шу таржима орқали Гегель «олий Румий»ни таниган), Герман Эте олмон тилига, Ж. Ретхаус, Р.Никольсон, А.Арберри инглиз тилига, Клемен Ҳуар эса фаранг тилига ўгирган.
Мавлоно Жалолиддин мероси ҳаммадан кўра кўпроқ Эрон ва Туркияда тадқиқ этилгандир. Бадиъуззамон Фурўзонфар, Абулҳасан Зарринкўб, Али Даштий, Жамол Ҳумоий, Шафиъ Кодканий, Муртазо Беҳиштий, Муҳаммад Истеъломий, Тақий Пурномдориён, Носириддин Соҳибзамоний ва Абдулкарим Сирўшнинг форс тилидаги тадқиқотлари, Фуод Кўпрулу, Меҳмет Али Айний, Абдулбоқи Гулпинарли ва бошқаларнинг турк тилидаги ишлари диққатга моликдир.

Рус тилида Ф.Корш, И.Сельвинский, М.Н.Османов таржималаридан ташқари В.В.Бартольд, А.Кримский, В.А.Гордлевский, Н.Мартинович, Е.Э.Бертельс, И.С.Брагинский, А.Мец каби олимларнинг турли муносабат билан ёзилган тадқиқотлари ва, ниҳоят, Радий Фишнинг китоби орқали Румий дунёсини тушунишга интилганлар.
Ўзбек тилида Ҳайдар Хоразмийнинг «Жавоҳиру-л-асрор»идан тортиб Машрабнинг «Мабдайи нур» асаригача «Маснавий» шарҳлари тарзида битилган бир неча китобларни келтириш мумкин. Абдураҳмон Жомий, Давлатшоҳ Самарқандий тазкираларининг ўзбекча таржималари ва 90-йилларга келиб, Ж.Жабборов таржима қилган бир неча ғазаллар, Жамол Камол таржимасидаги ривоят ва рубоийлар, Улуғбек Ҳамдам туркча орқали ўзбекчалаштирган «Фиҳи мо фиҳи»нинг «Ичиндаги ичиндадир» номи остидаги таржимаси эълон этилиши ўзбек китобхонларини Румий маънавиятидан баҳраманд бўлишга олиб келди. Ниҳоят, мавзуимизнинг боиси «Маънавий маснавий» дунё юзини кўрди.

«Маснавийи шариф»нинг шеърий таржимаси шарҳлари билан ўзбек китобхонига етиб келиши чиндан ҳам маънавий ҳаётимизда алоҳида воқеа. Бундан қувонган устоз Н.Комилов уни «ижодий ва тадқиқий иш» деб баҳолайди. Бундан таржимага нисбатан «ижодий» ва шарҳга нисбатан «тадқиқий» деб баҳоланибди-да деган хулоса чиқмаслиги керак. Асқар Маҳкам таржима жараёнида ҳам тадқиқий-қиёсий иш олиб борган, шарҳлаш жараёнида ҳам турк ва бошқа тиллардаги изоҳлардан самарали фойдаланган. «Маснавий»дан олинган форс тилидаги байт, унинг ўзбекча шеърий таржимаси, сўнгра «лисоний таржима» номи билан насрий баёни ҳамда шарҳнинг келтирилиши чиндан ҳам бу давомли ижодий-тадқиқий жараёндан хабар беради. Олти дафтар, 26840 байтдан иборат буюк асарнинг байтма-байт тадқиқи бир неча ўнлаб китобларга жой бўлишини олдиндан сезган ҳолда муаллиф жуда катта ишга қўл урган. Айниқса, ўзига қадар ўзбек тилидаги шеърий (Жамол Камол таржимасининг ҳам бир неча нашрлари бор) таржимани такрорламасликка ҳаракат қилган. Ҳамон йирик жиддий тадқиқий ишга қўл урган экан, табиийки, мутаржим Жамол Камол таржимасидан қониқмаган.

«Мавлоно Жалолиддин Румийнинг «Маснавий» китобига ёзган сўзи» асли арабча бўлиб, Обиддин Пошо шарҳида у «соҳиби «Маснавий» Жалолиддин Румий қаддаса сирраҳу исломи ҳазратларининг арабий ибора билан ёздиқлари дебоча» тарзида келтирилган. Ўзбек тилида биринчи марта эълон қилинаётган бу ўзига хос Муқаддима улуғ «Маснавий» ҳикматларини ҳам, таржимон машаққатларини ҳам тушунишга ёрдам беради: «Бу китоб дин усуллари усулининг усули (туркчада эса, дин асосларининг асоси), Ҳақ таъолога ва Ҳақиқатга етишиш сирларининг кашшофи. Бу буюк фиқҳ, Оллоҳ таъоло динининг очиқ-ошкор далили, бурҳони ва тақво китобидир». Гарчи бу сўзларни бевосита Румий томонидан айнан ёзилганига аниқ далолат бўлмаса-да, айни очқич орқали китобдаги кўпгина ривоят ва ҳикматларнинг руҳини англаш мумкин бўлади.

«Маснавий»

Бишнав аз най чун ҳикоят микўнад,
Аз жудойиҳо шикоят микўнад.

сўзлари билан бошланади. Буни Асқар Маҳкам

Тинглагил, най не ҳикоят айлагай,
Айрилиқлардан шикоят айлагай.

деб таржима қилади. Бундан ўн йиллар чамаси айни шу байтни Жамол Камол

Тингла, най андоқ ҳикоятлар қилур,
Айрилиқлардан шикоятлар қилур.

деб таржима қилган эди
.
Кейинроқ илк таржимадан кўнгли тўлмай шоир байтни қуйидагича ўзгартирган:

Тингла найдин, чун ҳикоят айлагай,
Айрилиқлардин шикоят айлагай.

Айни шу байтлар «Мабдайи нур»да

Англағил, най не ҳикоятлар қилур,
Ким жудолиғдин шикоятлар қилур.

деб берилган.

Асқар Маҳкам «бишнав»ни «тингла» деб бериш билан, китобхонни шарҳнинг мутолаасига даъват қилади: «Доимо ақл нури ва қуввати билан ҳар бир нарсадан кўплаб нарсаларни тинглайди, маълумотлар жамъ этади ва инсон қадрини зиёда айлайди»15. «Мабдайи нур»даги таржимада эса, бу сўзларнинг қулоқ билан тингланиши билан кифояланмай, найнинг ҳолини англашга ишорат бор. Чиндан қамишликдан айрилган най изтироби шарҳида кўплаб китоблар битилган. Ҳатто мавлавийлар илк сўз «бишнав»даги «бе»ни Қуръони карим «басмала»сига ёки Бақара сурасига ишорат маъносида ҳам талқин қиладилар.

Илоҳдан ажралган ва ўз аслига қараб интилаётган ориф тимсоли Найда мужассам топади. Илк байтдаёқ мана шу ҳолатни англатиш иштиёқи мутаржимларни байт устида қайта-қайта ўйлашга мажбур қилган. Бу ўринда Асқар Маҳкамнинг имконияти бошқалардан кўра мўлроқ. Дастлабки шеърий таржимада етказа олмаган маънини лисоний, яъни насрий таржима орқали анлатади. Шарҳда эса, ўзигача ўтган машҳур шориҳларнинг асарларидан фойдаланган ҳолда байтнинг талқинини чуқурлаштиради.
Иккинчи байтда кесилган қамиш – найнинг изтироблари, дардли англатилган. Учинчи байтда

Сийна хоҳам шарҳа-шарҳа аз фироқ,
То бигўям шарҳи дарди иштиёқ.

мисралари аслидан анча йироқ ҳолида, яъни

Сийна истармен фироқдин поралар,
Шавқ дардидан десам афсоналар.

деб таржима этилган. Асл маънони излаб Жамол Камол таржимасига мурожаат қиламиз:

Чок-чок этсин шу кўксимни фироқ,
Сўйлагаймен шарҳи дарди иштиёқ.

Икки таржимада бир моҳиятнинг икки жиҳати кўринади, яъни кўнгли чок-чок бўлган қамишнинг ўзига ҳамдард ахтариши. Асқар Маҳкам таржимасида «ўзга сийна ахтариш» биринчи ўринга чиқса, Жамол Камолни кўпроқ «кўкси фироқда чок-чок бўлган қамиш» ҳолатини беришга интилиш кучли. Иккинчи мисрадаги «афсона» сўзи билан Асқар Маҳкам бизни аслиятдан йироқлаштиради, Жамол Камолда эса, мисранинг ўзбекча маъноси айнига мос равишда қофияланади.
Кейинги байтларда Асқар Маҳкам таржимасида асл матнга нисбатан яқинлашиш сезилади, бунинг учун лисоний таржима ва шарҳ имкониятидан ҳам фойдаланади. Бироқ умумий ўзбекча матнга хос бир камчилик ўзбекча сўзлардан нисбатан камроқ фойдаланиш форсийни форсий билан шарҳлаш муаллиф ишида анча кенг учрайди. Масалан, бешинчи байтдаги «Жуфти хушҳолону бадҳолон шудам» нинг таржимаси «Ҳоли хуш ҳам ҳоли баднинг ёриман» тарзида келишида, аввало, форсча матндан мантиқий узоқлик, колаверса, мисрада биргина ўзбекча сўз «ёриман» ишлатиляптики, у ҳам асосан, «зориман»га қофиядошлик талаби билан келган.
Ўн еттинчи байтда «Ҳар ки берўзист, рўзаш дер шуд»нинг таржимаси «Кимки берўз рўз анга бегонадир» тарзида берилишини тушуниш учун, яъни таржимани ўқиш учун ҳам форс тилини билишлик талаб этилади.
Маълумки, ўн саккизинчи байт билан машҳур «Найнома» хотима топади, мазмунда ҳам «вассалом» сўзи бунга ишоратдир. Кейинги байтлар ўғилга мурожаат тарзида айтилади, бизнингча, худди шу ўринда муаллиф шарҳини тинглашга эҳтиёж бордай эди. Лекин негадир таржимон Яқуб Чархийнинг «Рисолайи ноийя»даги сўзларини таржима қилиб келтириш билан чекланади.

Таржимон – шориҳ танлаган йўл анча мураккаб бўлиб, аслида мақсадга секинлик билан бўлса-да, эришиш йўли эди. Лекин негадир «Подшоҳнинг канизакка ошиқ бўлиши ва уни сотиб олиши ҳақида ҳикоят»дан бошлаб (57-бет) лисоний таржима йўқолади ва бирдан кутилмаганда «Исмоил алайҳи-с-салом қиссаси»нинг қоқ ўртасида (142-бет) пайдо бўлади. Бу матбаа хатосими ёки таржимон услубининг ноқислигими англаш қийин. Юқоридаги ҳикоятдаги

Ла тукаллифний фаинний фил фана,
Куллат афҳамий фа ла уҳсий сана.

тарзида келган арабча байт шеърий таржима этилмасдан «Таржима» сарлавҳаси остида насрий баён ҳолида берилади. Шу ва

Қола атъимний фаинний файиъун,
Ваътажил фалуқоту сайфун қотиъун.

байтларининг шеърий таржимаси етишмагани каби уларнинг насрий таржимаси ҳам шарҳ услубида бериладики, бу муаллиф ўзи танлаган машаққатли йўлдан чекинганини кўрсатади.
Китоб охирида Алишер Навоийнинг «Аноният уйин бузмоқ бобидаким, фано зовиясин тузмакдур ва ўзин кам қилмоққа ўзин кўргизмак» сўзлари гўёки Румий асарининг бир қисми сифатида келтирилади. Эҳтимол, муаллиф шориҳ сифатида Румийнинг

Нур нури чашми худ нури дил аст,
Нури чашм аз нури дилҳо ҳосил аст.

байтини Навоий ёрдамида шарҳламоқчи бўлиб, бу жараёнда «Ғаройибу-с-сиғар» дебочасидаги бир қитъадан фойдаланаётгандир, бироқ Навоий сўзлари «Маснавий» матнига аралашиб кетганки, бу ҳол мутолаадаги навбатдаги муаммони туғдиради.
Китоб аввалида шарҳ муаллифлари сифатида Обиддин Пошо, Карим Замоний, Асқар Маҳкам келтирилади. Шарҳ илмий-тадқиқий иш бўлгани учун ҳам айни қайси шарҳлар кимга тааллуқли экани аниқ кўрсатилиши керак эди. Жуда кўп ўринларда Обиддин Пошо шарҳлари ўзгартирилган, унинг давомида Карим Замонийдан фойдаланилган, ҳар икки шориҳ матнлари ҳам таржимон томонидан ўзгартирилиб юборилган. Айрим ҳолларда, шарҳ матнни аниқлаштиришга, маънони тушунарли бўлишига эмас, балки китобхонни матндан узоқлаштиришга ҳам «хизмат» қилади.

«Маснавийи шариф» турли номлар билан талқин қилинганига қарамасдан, деярли барча манбаларда унинг яхлитлиги қайд этилган. Бизга ўзбек тилида тавсия этилган китобга эса, «Маънавий маснавий» сарлавҳасидан кейин «Куллиёт» деб аталган қўшимча сарлавҳа ҳам берилган. Мавлоно Румийнинг «Маснавий»дан ташқари «Девони кабир» ёки «Девони Шамс Табризий», «Фиҳи мо фиҳи» («Нимаики Ундандир, Ундадир») асарларигина етиб келган. Буларнинг ҳаммасини жамлаб, «Куллиёт» сўзи билан тавсия қилиш мумкиндир. Лекин «Маснавий» 1-жилдидан сўнг «Куллиёт» сўзи ортиқча бўлгани каби Биринчи дафтарнинг дастлабки қисмини «1-китоб» дея аталишнинг ўзи ҳам аслиятдан йироқлашишдир. Боз устига бу мўъжазгина парчани «Куллиёт» номи остида берилиши китобхонни яна бир жумбоққа гирифтор қилади.
Маълумки, «Маснавийи шариф»нинг китобга кирган қисми қуйидагича якунланади:

Лек, чун мавжи сухан дидй латийф,
Баҳри он дони, ки бошад ҳам шариф,
(Чун калом мавжини кўргайсан латиф,
Англагайсан ким унинг баҳри шариф)

байтлари билан якунланиб, «Сўз мавжини гўзал ва жозибали кўрсанг, унинг денгизи ҳам буюк эканини ҳис қилгайсен» тарзида сўзма-сўз таржимаси келтирилади.
Мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Маснавийи шарифи”дан маънан озуқа олган инсон борки, бу буюк асар сари талпинади, уни қайта-қайта ўқийди, уқмаган ўринларни шориҳларнинг шарҳ ва талқинларидан кўмак олиб тушунишга ҳаракат қилади. Бироқ мавлавийлик тариқати номи билан тасаввуф тарихига кирган улуғ мерос биргина “Маънавий маснавий”дан иборат эмас. Ҳазрати Мавлоно асос солган бу буюк тариқат Ҳусомиддин Чалабий, Султон Валад, Ориф Чалабий, Обид Чалабий, Вожид Чалабий …лар томонидан давом эттирилиб, ҳозирга қадар давом этмоқда. Бу буюк силсила устоз – шогирд, мурид – муршид, ота – ўғил нисбати билангина эмас, балки асардан асарга уланиб, ўзига хос бир китобий силсилани ҳам вужудга келтирган. Ана шу маънода Султон Валаднинг “Маориф” асари улуғ “Маснавийи шариф”нинг маънавий давоми ҳамдир.

Баҳоуддин Султон Валад Мавлоно Жалолиддин Румий ва самарқандлик шайх Шарафиддиннинг қизи Гавҳар Хотуннинг ўғлиидир. У 1226 йили Онадўли юртининг Қаҳрамон қасабасида туғилган. Маърифатли оилада тарбия кўриш билан чекланмай Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий, Шамсиддин Табризий, Салоҳиддин Зарўзбий ва Ҳусомиддин Чалабий каби устозлардан таълим олган. Мавлавийлик тарихининг мусаннифларидан Афлокийнинг “Маноқибу-л-орифин” асарида ёзилишича, Мавлоно Румий ўғлини дастлаб ўзининг буюк маслакдоши Шамсиддин Табризийга муридликка берган, сўнгра шайх вафотидан сўнг Ҳусомиддин Чалабийга шогирд тутинган, илму маърифатда фазлу карам эгаси бўлиб шаклланган. Отасининг таважжуҳини қозонган Шайх Салоҳиддин Заркўбнинг қизи Фотима Хотунга уйланган, Улуғ Ориф Чалабий, Обид Чалабий, Вожид Чалабий каби силсиланинг давомчиларига ота бўлган. Мавлавийлар Султон Валад шахсига кўп ҳурмат кўрсатиб, унинг ота муҳаббатини қозонганини, отасининг фарзандигина эмас, балки унинг давомчиси бўлганини таъкидлайдилар…

Адабиёт тарихчилари ва файласуфлар Султон Валаднинг йирик шоир ва мутафаккир эканини бир овоздан қайд этадилар. Султон Валад шоир сифатида 1267-1291 йиллар орасида форсий ва туркийда ёзилган шеърларини жамлаб, «Девон» тартиб берган. Жами 12750 байтдан иборат бу тўпламдан 925 ғазал ва 455 рубоий, Қилич Арслон, Тожиддин Ҳусайн, Амир Аломиддин Қайсар, Муиниддин Парвона, Соҳиб Фахриддин Али каби алломаларга бағишланган мадҳия ва марсиялар ўрин олган. “Девони Султон Валад” унвони билан 1925 йилда Валад Чалабий, 1941 йилда Фаридун Нофиз томонидан чоп этилган бу тўпламдаги туркий шеърларидан келиб чиқиб, мутахассислар уни Онадўлида илк туркий тилда асарлар битган адиб сифатида қадрлайдилар. В.Радлов, К.Залеман, М.Хартман каби Ғарб мусташриқлари адибнинг туркий тилдаги ижодига катта аҳамият қаратиб, турк адабиётининг илк муаллифларидан деб биладилар. Бундай хулосага келишда биргина “Девон” эмас, балки “Маснавиёти Валадиййа” номи билан қайд этилган 25450 байтдан иборат уч жилдлик маърифий асар ҳам ўз таъсирини ўтказган. Чунки унинг таркибига кирган “Ибтидонома”да 73, “Рубобнома”да 162 ва “Интиҳонома”да 26 туркий байтларнинг борлиги ҳам ушбу фикрни қувватлайди. Машҳур “Кашфу-з-зуннун” муаллифи Котиб Чалабий ушбу асарлар қаторига “Нафъифу-л-фуруъ” номли таълимий асарни ҳам қўшади. Кўринадики, Султон Валаднинг шоир ва адиб сифатидаги адабий мероси форс ва турк адабиётида саломоқли вазнни эгаллайди.
“Маориф” насрий тасаввуфий асари форс тилида ёзилган бўлиб, уни Туркия туркчасига Мелиҳа Тариқоҳйа таржима этган. Мутаржимнинг ёзишича, у асарнинг Кўниё Осори атиқалар музейида 2152 рақами остида сақланаётган қўлёзмасига ва Фаридун Нофиз нашрига таянган. Шунингдек, Кўниё шаҳри музейидаги 149 рақамли, Туркия Миллий таълим вазирлиги кутубхонасидаги 3 рақамли нусхалардан ҳам истифода этган.
“Маориф” асаридан беш фасл илк бор ўзбек тилида проф. Нажмиддин Комилов таржимасида чоп этилган (Баҳоуддин Султон Валад. Маориф / Комил инсон ҳақида тўрт рисола. Тошкент, “Маънавият”, 1998) эди. Албатта, бундай мураккаб тасаввуфий руҳдаги асарнинг таржимасига киришиш осон эмас: ундаги маънолар теранлигини англатиш учун лозим истилоҳ ва тамсиллар топиш, Қуръони карим оятлари ва Ҳадиси шариф намуналарини асар руҳиятини ёритадиган тарзда келтириш, энг асосийси, муаллиф услубини сақлаш мутаржимдан жиддий тайёргарликни талаб қилади.

(Tashriflar: umumiy 251, bugungi 1)

Izoh qoldiring