O’Genri. Evrilish

Ashampoo_Snap_2016.12.07_16h16m15s_001_.png Назоратчи этикдўзлик устахонасига келган пайтда Жимми Валентайн ҳафсала билан ултонга бигиз ураётган эди. Назоратчи уни турма девонхонасига бошлаб келди. Бу ерда турма бошлиғи унга губернатор имзолаган афв қоғозини тутқазди.

О’ ГЕНРИ
ЭВРИЛИШ
045

3295_3.jpg О’Генри (O’Henry) (тахаллуси; асл номи Уильям Сидни Портер) (1862.11.9, Гринсборо яқинида, Шим. Каролина —1910.5.6, Нью-Йорк) — америкалик ёзувчи. Аптекачи, сотувчи, китоб безакчиси, ношир ва б. касбларда ишлаган; асар, фельетонлар ёзишни машқ қилган (1896 й. гача), қамоқдалигида (1897-1901) ёзган ҳикояларини О’Генри тахаллуси б-н яширин чоп эттирган. 1904—10 й.ларда 9 новеллалар тўплами («Ёнаётган шам», «Ғарб қалби», «Ёқимтой ўғри» ва б.), вафотидан кейин яна 7 таси босилиб чиққан. «Қироллар ва карам» (1904) романи саргузашт-юмористик новеллалардан ташкил топган. О’Генри америка ҳикоячилигининг ўзига хос типини яратди. Юморнинг кучлилиги, киноя, қиёс, пародия каби усулларнинг кўп ишлатилганлиги, энг мухими, муаллифнинг оддий меҳнаткаш — «кичик инсон»га самимий муҳаббати, олижаноблик ва софдилликни мадҳ этиш ва б. О’Генри ҳикояларига оламшумул шуҳрат келтирди («Тўрт миллион», 1909). Асарлари ўзбек тилига таржима қилинган. Ғ. Ғулом («Менинг ўғригина болам»), А. Қахдор («Анор») ва б. ўзбек ҳикоячилигини О’Генри ижодининг илғор томонлари б-н бойитдилар (Ўзбекистон миллий энциклопедиясидан).

045

Назоратчи этикдўзлик устахонасига келган пайтда Жимми Валентайн ҳафсала билан ултонга бигиз ураётган эди. Назоратчи уни турма девонхонасига бошлаб келди. Бу ерда турма бошлиғи унга губернатор имзолаган афв қоғозини тутқазди.

Жимми нари борса уч ой ўтираман деб ўйлаганди, аммо тўрт йиллик жазо муддатининг қарийб ўн ойини ўташига тўғри келди. Ваҳоланки, Жимми Валентайннинг ташқаридаги дўстларининг имкониятлари инобатга олинса, унинг сочини тақир қилишга ҳам улгурмасликлари керак эди.

– Хўш, Валентайн, – деди назоратчи, – эртадан озодликка чиқасиз. Энди ўзингизни қўлга олинг ва инсон бўлинг. Аслида, юраги тоза йигитсиз. Сейфбузарликни йиғиштириб, буёғига ҳалол яшайсиз, деган умиддаман.

– Буни менга айтаяпсизми? – ажаблангандай сўради Жимми. – Мен ахир умрида бирон марта сейфни ўмарган одам бўлмасам…

– Ҳа-я, албатта, – кулди назоратчи. – Шунчаки айтдим-да. Ўзи Спрингфилддаги ўғирлик учун нега сизни қамашган эди? Менимча, сиз қандайдир олийнасаб хонимнинг шаънини ўйлаб ўзингизни оқлашга далил келтиролмагансиз? Тўғри топдимми? Ё бўлмаса суд маслаҳатчиларининг сизда хусумати бўлган, шундайми? Сиз каби айбсиз айбдорлар билан одатда шундай бўлади-ку.

– Нималар деяпсиз, жаноб?! – деди Жимми баттар таажжубланиб. – Мен ҳеч қачон Спрингфилдда бўлмаганман!

– Олиб кетинг уни, Кронин, – деди назоратчи ёрдамчисини чақириб. – Эрталаб еттида уни тартиб бўйича кийинтириб, чиқариб юборасизлар. Сиз эса, Валентайн, маслаҳатимни яна бир бор ўйлаб кўринг.

Эртаси куни эрталаб, соат етти-ю йигирмада турма девонхонасида давлат ихтиёрсиз меҳмонларини кузатаётиб берадиган беўхшов бичимли костюм ва оч жигарранг ғарчли этикдаги Жимми турарди.

Котиб қоидага кўра унга темирйўл чиптаси ва беш долларлик қоғоз пул берди. Унинг қўлини сиқиб қўйган назоратчи эса сигара билан сийлади.

Шундай қилиб, 9762-рақамли маҳбус Жимми Валентайннинг исм-фамилияси «Губернатор томони¬дан афв этилган»лар рўйхатига кўчирилаётган пайтда у хуррам бир кайфиятда турма дарвозасидан узоқлашиб бораётган эди.

Эндигина барг ёзган дарахтлар шохидаги қушларнинг чуғури, атрофни тутган анвойи гуллар ифори – буларнинг ҳеч бири Жиммининг эътиборини тортмади. У тўппа-тўғри ресторанга йўл солди. Бу ерда озодликнинг биринчи нашидасини тотиш учун қовурилган жўжа ва бир шиша оқ мусаллас билан ўзини сийлади. Кейинига назоратчи берган сигарадан кўра яхшироқ навдаги сигара тутатди. Ресторандан чиқиб, бамайлихотир темирйўл вокзалига қараб жўнади. Вокзал эшигида ўтирган сўқир тиланчига чорак доллар садақа бергач, жўнашга шайланган поездга илинди.

Уч соатдан кейин штат чегараси яқинидаги кичик бир шаҳарчада поезддан тушиб қолган Жимми қандайдир Майк Долан деган кимсанинг кафесига кириб борди.

– Буни олдинроқ қилолмаганимиз учун кечир, ўғлим Жимми, – деди у билан қўл сиқиб кўришар экан Долан. – Спрингфилддан протест киритишди, бунинг устига, губернаторнинг ўжарлиги тутиб қолди. Аҳволинг яхшими?

– Зўр, – деди Жимми. – Калитим сендами?

У калитни олиб тепа қаватга кўтарилди. Йўлак охиридаги хона эшигини очди. Ҳаммаси у кетаётганда қандай ҳолатда бўлса, шундайича турган эди. Полициячилар Жиммини тутиш учун ташланишгандаги олишув чоғида машҳур изқувар Бен Прайснинг кўйлагидан узилган ёқа тугмаси ҳалиям полда ётарди.

Жимми йиғма кароватни нари суриб, деворга қоқилган тахтакачлардан бирини жойидан кўчирди. Унинг орқасидан чанг босган чамадонни чиқариб олди.

Жимми шошилмай чамадонни очди ва шарқий штатлардаги энг зўр қулфочқичлар жамланмасини завқ билан кўздан кечириб чиқди. Бу махсус тобланган пўлатдан ишланган сўнгги намунадаги парма, кескичлар, парма тишлари, очқичлар, омбурлар ва яна Жиммининг ўзи ихтиро қилган аллақандай асбоблардан иборат жамланма эди. Буларни ясатиш унга тўққиз юз доллардан ҳам кўпга тушган эди.

Ярим соатлардан сўнг Жимми пастга тушди. Энди унинг эгнида ажойиб костюм, қўлида эса ялтиратиб тозаланган чамадонча бор эди.

– Бирон нима тамадди қиладиларми? – сўради Майк Долан.

– Менми? – ажаблангандай сўради Жимми. – Билмасам. Камина Нью-Йоркдаги уваланувчан нонқоқ ва янчилган буғдой компаниялари бирлашмаси вакилиман.

Бу гапдан завқи келган Майк шу заҳоти Жиммига сут қўшилган содали сув қуйиб узатди. У спиртли ичимликларни оғзига ҳам олмасди.

Ўша, 9762-рақамли маҳбус озодликка чиққан кундан бир ҳафта ўтиб, Индиананинг Ричмонд шаҳрида фавқулодда устомонлик билан ўғирлик содир этилди: сейфдан сак¬киз юз долларни ўмарган ўғри ўзидан ҳеч қандай из қолдирмаган. Икки ҳафтадан кейин эса Логанспорт банкидаги бир ярим минг доллар сақланаётган патентланган, такомиллаштирилган ва суғурталанган сейф осонгина тозалаб кетилди: ўғри қимматли қоғозлар ва кумушга тегмаган. Изқуварлар ишга киришгунга қадар Жефферсон-ситидаги эски банк сейфидан пуллар вулқондай отилиб, нақд беш минг доллар қоғоз пул учиб чиқиб кетди. Бошқа молия муассасалари ҳам жиддий зарар кўраётган эди. Бу иш билан шуғулланиш Бен Прайснинг зиммасига юкланди.

Солиштириш йўли билан барча ўғирликлар жудаям ўхшаш усулда амалга оширилгани аниқланди. Жиноят жойида ҳозир бўлган Бен Прайс ҳаммага эшиттириб гапирди:

– Бу Франт – Жимми Валентайн услуби. Демак, у яна эски ҳунарини бошлабди. Мана бу махфий қулфнинг осонгина, хамирдан қил суғургандай ситиб олинганига қаранг. Бунга имкон берадиган омбурлар фақат унда бор. Эътибор беринг, лўкидон ниҳоятда аниқлик билан тешилган. Жимми ҳеч қачон биттадан ортиқ тешмайди. Ҳа, буни жаноб Валентайндан бошқа одам қилмаган. Бу сафар у қанча керак бўлса, шунча ўтиради. Ҳеч қанақа афв ёки муддатидан олдин озод қилишга йўл қўйилмайди. Етар шунча майнабозчилик.

Спрингфилд иши бўйича тергов олиб борган Бен Прайс Жиммининг одатларидан хабардор эди. Муттасил кўчиб юриш, тезда ғойиб бўлиш, ёлғиз иш кўриш ва садоқатли улфатлар – буларнинг барчаси Жимми Валентайнга муқаррар жазодан қутулиб кетиш имконини берарди. Нима бўлгандаям, қўлга тушмас қулфбузарнинг изига Бен Прайснинг тушгани ҳақида эшитган пўлат сандиқ соҳиблари эркин нафас олишди.

Кунларнинг бирида қўлида ихчамгина чамадон кўтарган Жимми Валентайн Арканзас штатининг бир тупчагида, темирйўлдан беш мил узоқликда жойлашган Элморе деган шаҳарчада пайдо бўлди. Кўрган одам уни таътилда  уйига қайтган спортчи талаба деб ўйлаши тайин эди. Ёғоч тўшамали йўлакдан шаҳар марказидаги меҳмонхоналар томон кетаётганида кўчани кесиб ўтган ёшгина қиз Жиммининг эътиборини тортди.

Қиз ундан илдамлаб, пештоқига «Банк» деган ёзув илинган бинога кириб кетди. Қизнинг кўзларини тутишга улгурган Жимми кимлигини унутди. Гўё у бутунлай бошқа одамга айланди-қолди. Қиз ундан кўзларини олиб қочар экан, ёноқларига қизиллик югурди.

Элморе кичик шаҳар, бу ерда сумбати-ю юриш-туриши Жиммидақа йигитлар ҳар куниям учрайвермайди.

Жимми худди акционердай банк эшиги олдида серрайиб туриб қолди. Кейин шу ўртада ўралашиб юрган болакайдан шаҳар ҳақида суриштира бошлади. Берган ҳар бир бамаъни жавоби учун ўн сентлик чақа олаётган зумраша қувгина экан.

Кўп ўтмай бояги қиз банк эшиги олдида пайдо бўлди. Бу сафар у чамадон кўтарган пўрим йигитни атай кўрмасликка олиб ўтиб кетди.

– Менимча, бу Полли Симпсон хоним бўлса керак. Тўғрими? – сўради Жимми муғомбирлик билан.

–Йўғ-э, – деди болакай, – бу Аннабел Адамс-ку. Банкирнинг қизи. Сиз ўзи Элморега нима иш билан келгансиз? Тақиб олган занжирингиз тилладанми? Яқинда менга булдог совға қилишади. Сизда ўн сентликдан яна борми?¬

Жимми банк яқинидаги «Плантатор» отелига қўнадиган бўлди. Хона олаётганида ўзини Ральф Д.Спенсер деб таништирар экан, хизматчи сўрамаса-да, Элморега тижорат учун келгани, агар ишлари юришиб кетса, шаҳарчада муқим қолмоқчи экани ҳақида гап очди. Орада ундан бу ерда оёқкийим савдосининг ҳолати, шу борада қандай маслаҳат бера олишини ҳам сўраб қўйди.

Жиммининг кийиниши ўзини Элморенинг кам сонли «олтин ёшлари»дан сановчи отел хизматчисининг диққатини тортмай қолмади. Шу сабаб саволларга билганича жавоб бераётган йигитчанинг фикри-зикри кўпроқ Жиммининг галстугини қандай тукканини тушуниб олиш билан банд эди.

Унинг айтишича, оёқ-кийим савдоси билан шуғулланиб кўриш мумкин. Чунки, шаҳарчада оёқкийим сотадиган алоҳида дўкон йўқ, у билан универсал дўконлар ва баққоллар савдо қилар экан. Йигитча шаҳарча аҳолиси жудаям дилкаш ва одамшаванда эканини, агар мистер Спенсер Элморега кўчиб келса, ҳечам афсусланмаслигини айтишниям унутмади.

Бошида мистер Спенсер бу ерларни ўрганиб чиқиш учун бир неча кун қолмоқчи эди. Аммо гўё қақнусдай бехос муҳаббат оташига дуч келган Жимми Валентайннинг кулидан қайта яралган мистер Ральф Спенсер Элмореда узоқ қолиб кетди.

Бу ерда унинг омади чопди. Оёқкийим дўконини очиб, мижоз орттирди. Тез орада шаҳарчанинг нуфузли доираларида ҳам ўз ўрнига эга бўлиб олди. Таниш-билишлари кўпайди. Ниҳоят, астойдил интилган мақсадига ҳам етди: маҳбубаси Аннабел Адамс билан танишишга мушарраф  бўлди. Бора-бора буткул унинг асирига айланди.

Йил охирлаган бир пайтда мистер Ральф Спенсернинг ҳолати шундай эди: унинг жамотчилик орасидаги нуфузи баланд, тижорати гуркираган, икки ҳафтадан кейин эса у мисс Аннабел Адамсга уйланади. Провинциал банкирларнинг типик вакили бўлган мистер Адамс унга ана шундай илтифот кўрсатган эди. Аннабел-чи? Аннабел уни бениҳоя севар ва у билан фахрланарди. Спенсерни мистер Адамс хонадонида ҳам, Аннабелнинг турмушга чиққан опасининг хонадонида ҳам худди шу оила аъзоси сифатида қабул қилишар эди.

Ана шундай кунларнинг бирида Жимми ўз хонасига қамалиб олиб Сент-Луисдаги эски қадрдонларидан бирига мана бундай мазмунда мактуб ёзди:

«Қадрли дўстим! Сен билан келаси чоршанба кечки соат тўққизда Литл-Рокда, Салливанникида кўришишим керак. Мен учун баъзи бир ишларни якунлаб қўйишингга тўғри келаяпти. Бундан ташқари, сенга ўзимдаги асбоб-анжомлар жамланмасини совға қилмоқчиман. Бундан хурсанд бўлишингни биламан. Бунақасини минг долларга ҳам тополмаслигинг аниқ.

Биласанми, Билли, эски ҳунаримни ташлаганимга яқинда бир йил бўлади. Энди мен дўкон очиб, ҳалол тирикчилик қилаяпман. Бу дунёда ҳалол яшасаям бўлар экан. Буёғига миллион беришса ҳам бировнинг бир долларига хиёнат қилмайман. Икки ҳафтадан кейин дунёдаги энг яхши қизга уйланаман. Тўйдан кейин дўконимни сотиб ғарбга кетмоқчиман. У ерларда, ҳарқалай, эски қилмишларимнинг оқибатларидан бехавотир яшасам бўлар.
Билли, ишонсанг, у фариштанинг ўзгинаси. У менга ишонади, шунинг учун ҳам қаллобликка бошқа қўл урмоқчимасман.
Қисқаси, қандай бўлмасин Саллиникига етиб кел. Кўришишимиз керак. Асбобларни ўзим билан оволаман.
Эски оғайнинг Жимми».

Кейин хатни ишончли манзилга жўнатди.

Жимми ўша хатни ёзган куннинг эртасига, душанба куни кечқурун Бен Прайс ҳеч кимга сездирмасдан, ёлланган кабриолетда Элморега кириб келди. Шаҳарчада бамайлихотир айланиб юриб, керакли маълумотларни тўплашга киришди. Оёқкийим дўкони рўпарасидаги дорихона деразасидан Ральф Д.Спенсерни кузатар экан, «Банкирнинг қизига уйланишни истаб қолибсан-да, Жимми! Тўғриси, нимани режа қилганингни билолмаяпман», – деб қўйди ўзича.

Эртаси куни Жимми нонуштани Адамслар хонадонида қилди. У тўй костюмига буюртма бериш ва Аннабелга у-бу харид қилиш учун Литл-Рокка кетаётган эди. Бу унинг Элмореда қўним топганидан буён биринчи марта шаҳарчадан ташқарига чиқиши эди. Эски ҳунарини ташлаганига ҳам бир йил бўпқолди, унингча, энди бемалол юрса бўлар.

Нонуштадан кейин ҳаммалари – мистер Адамс, Аннабел, Жимми ва Аннабелнинг турмуш қурган опаси биргаликда шаҳар марказига қараб йўл олишди. Аннабелнинг опаси бири беш, бири тўққиз ёшдаги икки қизини ҳам эргаштириб олган эди. Улар Жимми ҳозиргача яшаб келаётган отел олдидан ўтаётганларида у ўзининг номерига чиқиб ўша чамадонини олиб тушди. Кейин яна йўлда давом этишди. Мистер Адамсга қарашли банк олдига етиб келишган пайтда Жиммини  темирйўл вокзалига элтиб қўйиш учун от қўшилган экипаж кутиб турарди.

Ҳаммалари баланд, нақшинкор эман тўсиқ ортидаги банк биносига кириб боришди. Мистер Адамснинг бўлажак куёви сифатида ҳамма жойда эҳтиром билан кутиб олина бошлаган Жимми ҳам бошқалар  қатори ичкарига кириб борди. Аннабел хонимга уйланаётган назокатли йигитнинг тавозе билан сўрашаётганидан ходимларнинг боши кўкка етди.

Жимми чамадонини ерга қўйди. Хурсандчилиги ичига сиғмай кетаётган Аннабел Жиммининг шляпасини бошига қўндириб, унинг чамадонини кўтариб олди.

– Мендан яхши коммивояжер чиқармикан? – деди Аннабел унга қараб, – Эй худо, мунча оғир бўлмаса бу? Олтин ёмбига тўлдириб олганмисиз дейман…
– Пойабзал учун никелланган қошиқчалар, – хотиржам тарзда жавоб берди Жимми. – Уларни эгасига қайтармоқчиман. Ортиқча харажат бўлмасин деб ўзим билан олиб кетаяпман. Шунақа тежамкор бўлиб бораяпман.

Банкка яқиндагина омонатлар сақланадиган янги сейф олиб келишган эди. Мистер Адамс бу билан жуда фахрланар, ҳаммани уни томоша қилишга мажбурларди гўё. Сейф унчалик катта бўлмасаям патентланган эшиги жуда мустаҳкам ишланган эди. Унга тутқичини бир марта бураш билан дарров қулфланиб қолувчи ва соат механизми ёрдамида очиладиган учта оғир пўлат лўкидон ўрнатилган эди. Мистер Адамс ним табассум билан бўлажак куёвига сейф механизмининг ишлашини тушунтира бошлади. Жимми унинг гапларига диққат билан қулоқ тутаётган бўлса-да, юзидан аслида ҳеч вақони тушунмаётгани кўриниб тургани унинг кулгисини қистаётган эди.

Бу антиқа пўлат сандиқ ғаройиб соати ва тугмачалари билан қизалоқлар Мей ва Агатани ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳайратга солган эди.

Ҳамма сейф билан овора бўлиб турган бир пайтда банкка бепарво юриш қилиб Бен Прайс кириб келди. Унинг йўлак панжарасига тирсагини қўйиб суяниб туришидан тасодифан келиб қолган деб ўйлаш мумкин эди. Бен ўзига савол назари билан қараган банк ходимига бир танишини кутиб турганини айтди.

Қўққисдан бинони аёл кишининг қаттиқ чинқириғи тутди. Югур-югур бошланди. Катталар гапга чалғиган пайтда тўққиз ёшли Мэй ўйин билиб Агатани сейфга қамаб қўйибди. У мистер Адамс томошаталабларга сейф эшигининг ишлаш механизмини кўрсатгандагидай лўкидонни суриб, комбинацияли қулф дастагини айлантирган.

Қари банкир сейф эшигига ўзини урди, уни тортқилай бошлади.

– Эшикни очиб бўлмайди, – деди у ҳансираб, – соати тўғриланмаган, боғловчи механизм ҳали ўрнатилмаган эди.

Агатанинг онаси жазавага тушиб чинқира бошлади.

– Жим! – деди мистер Адамс титраётган қўлларини юқори кўтариб. – Жим туринглар. Агата! – у овози борича чақирди. – Менга қулоқ сол!

Бир зумда чўккан жимликда қоронғи пўлат сандиқ ичидан қўрқувдан эсдан оғаёзган қизчанинг бақириғи зўрға етиб келаётган эди.

– Болагинам менинг! – ўкириб юборди онаси. – У қўрқиб ўлиб қолади! Очинглар эшикни! Синдирсаларинг-чи уни! Шунча эркак наҳотки бир нима қилолмасангиз?

– Бу эшикни оча оладиган одам фақат Литл-Рокда бор, яқин орада бошқа ҳеч ким йўқ, – деди Мистер Адамс бўшашиб. – Эй худо! Спенсер, нима қиламиз энди? Қизалоқ… кўп бардош беролмайди. Ҳаво етмай қолади, бунинг устига қўрқса унинг томири тортишиб қолади.

Агатанинг онаси эс-ҳушини йўқотиб, сейф эшигини муштлай бошлади. Чорасиз бир вазият. Кимдир ўйламай туриб «эшикни динамит билан портлатсак-чи?» деди.

Аннабел Жиммига ўгирилди. Унинг шаҳло кўзларини хавотир эгаллаган бўлса-да, ҳали умидсизликка тушмагани кўриниб турарди. Аёллар ҳамиша шундай: уларга ўзлари севган, топинган эркак учун уддасидан чиқиб бўлмайдиган, иложи йўқ нарсанинг ўзи йўқдай туюлади.

– Сиз ҳам ҳеч нима қилолмайсизми, Ральф? Бирон нима қилсангиз-чи!

У Аннабелга тикилиб қолди. Унинг юзига ёйилган ғалати, синиқ табассум  кўзларида ҳам акс этди.
– Аннабел, – деди у, – менга мана шу атиргулни совға қилинг…

Қиз тушуниб-тушунмай, кўйлаги ёқасига қадалган гулғунчани унга узатди. Жимми уни нимчаси чўнтагига қистириб қўйди. Кейин пиджагини ечиб, кўйлагининг енгларини шимара бошлади.

Ральф Д. Спенсер ғойиб бўлди. Унинг ўрнини Жимми Валентайн эгаллади.
– Ҳамма четга ўтсин, ҳамма! – унинг қисқагина буйруғига барча бирдай бўйсунди.

Жимми стол устига қўйган чамадонини очди. Шу ондан бошлаб у атрофдагиларни унутди. Одатига кўра ҳуштакни секин хиргойи қилиб, ажабтовур ялтироқ асбобларни тез-тез ва тартиб билан столга ёйиб чиқди. Атрофдагилар худди сеҳрлангандай, жимгина, жойидан ҳам жилмай уни кузатиб туришарди.

Бир дақиқадан сўнг Жиммининг севимли пармаси пўлатни бир маромда ўя бошлаган эди. Ўн дақиқадан кейин эса ўз рекордини янгилаган Жимми лўкидонни суриб, пўлат сандиқ эшигини очди. Беҳуш, лекин тирик ва бешикаст Агатани онасининг қўлига топширди.

Жимми Валентайн пиджагини елкасига ташлаб эшик томон йўл олган пайтда узоқдан, қачонлардир таниш бир овоз секингина «Ральф!» дея чақиргандай бўлди. Лекин у тўхтамади. Эшик олдида гавдали бир одам унинг йўлини тўсди.

– Салом, Бен! – деди Жимми ўша антиқа табассуми билан. – Барибир мени топиб келибсан-да! Нимаям дердим, кетдик. Буёғига энди менга барибир.

Аммо Бен Прайс ўзини ғалати тутди.
– Менимча, сиз адашдингиз, мистер Спенсер, – деди у. – Менимча, биз таниш эмасмиз. Сизни эса у ёқда экипаж кутиб турибди.

Бен Прайс шундай деб шартта бурилиб, кўчага чиқиб кетди.

Русчадан Шавкат ЁДГОРОВ таржимаси

d181d182d0b0d182d183d18f-d0be-d0b3d0b5d0bdd180d0b8.jpgO’ GENRI
EVRILISH
045

O’Genri (O’Henry) (taxallusi; asl nomi Uil`yam Sidni Porter) (1862.11.9, Grinsboro yaqinida, Shim. Karolina —1910.5.6, N`yu-York) — amerikalik yozuvchi. Aptekachi, sotuvchi, kitob bezakchisi, noshir va b. kasblarda ishlagan; asar, fel`etonlar yozishni mashq qilgan (1896 y. gacha), qamoqdaligida (1897-1901) yozgan hikoyalarini O’Genri taxallusi b-n yashirin chop ettirgan. 1904—10 y.larda 9 novellalar to’plami («Yonayotgan sham», «G’arb qalbi», «Yoqimtoy o’g’ri» va b.), vafotidan keyin yana 7 tasi bosilib chiqqan. «Qirollar va karam» (1904) romani sarguzasht-yumoristik novellalardan tashkil topgan. O’Genri amerika hikoyachiligining o’ziga xos tipini yaratdi. Yumorning kuchliligi, kinoya, qiyos, parodiya kabi usullarning ko’p ishlatilganligi, eng muximi, muallifning oddiy mehnatkash — «kichik inson»ga samimiy muhabbati, olijanoblik va sofdillikni madh etish va b. O’Genri hikoyalariga olamshumul shuhrat keltirdi («To’rt million», 1909). Asarlari o’zbek tiliga tarjima qilingan. G’. G’ulom («Mening o’g’rigina bolam»), A. Qaxdor («Anor») va b. o’zbek hikoyachiligini O’Genri ijodining ilg’or tomonlari b-n boyitdilar (O’zbekiston milliy entsiklopediyasidan).

045

Nazoratchi etikdo‘zlik ustaxonasiga kelgan paytda Jimmi Valentayn hafsala bilan ultonga bigiz urayotgan edi. Nazoratchi uni turma devonxonasiga boshlab keldi. Bu yerda turma boshlig‘i unga gubernator imzolagan afv qog‘ozini tutqazdi.

Jimmi nari borsa uch oy o‘tiraman deb o‘ylagandi, ammo to‘rt yillik jazo muddatining qariyb o‘n oyini o‘tashiga to‘g‘ri keldi. Vaholanki, Jimmi Valentaynning tashqaridagi do‘stlarining imkoniyatlari inobatga olinsa, uning sochini taqir qilishga ham ulgurmasliklari kerak edi.

– Xo‘sh, Valentayn, – dedi nazoratchi, – ertadan ozodlikka chiqasiz. Endi o‘zingizni qo‘lga oling va inson bo‘ling. Aslida, yuragi toza yigitsiz. Seyfbuzarlikni yig‘ishtirib, buyog‘iga halol yashaysiz, degan umiddaman.

– Buni menga aytayapsizmi? – ajablanganday so‘radi Jimmi. – Men axir umrida biron marta seyfni o‘margan odam bo‘lmasam…

– Ha-ya, albatta, – kuldi nazoratchi. – Shunchaki aytdim-da. O‘zi Springfilddagi o‘g‘irlik uchun nega sizni qamashgan edi? Menimcha, siz qandaydir oliynasab xonimning sha’nini o‘ylab o‘zingizni oqlashga dalil keltirolmagansiz? To‘g‘ri topdimmi? Yo bo‘lmasa sud maslahatchilarining sizda xusumati bo‘lgan, shundaymi? Siz kabi aybsiz aybdorlar bilan odatda shunday bo‘ladi-ku.

– Nimalar deyapsiz, janob?! – dedi Jimmi battar taajjublanib. – Men hech qachon Springfildda bo‘lmaganman!

– Olib keting uni, Kronin, – dedi nazoratchi yordamchisini chaqirib. – Ertalab yettida uni tartib bo‘yicha kiyintirib, chiqarib yuborasizlar. Siz esa, Valentayn, maslahatimni yana bir bor o‘ylab ko‘ring.

Ertasi kuni ertalab, soat yetti-yu yigirmada turma devonxonasida davlat ixtiyorsiz mehmonlarini kuzatayotib beradigan beo‘xshov bichimli kostyum va och jigarrang g‘archli etikdagi Jimmi turardi.

Kotib qoidaga ko‘ra unga temiryo‘l chiptasi va besh dollarlik qog‘oz pul berdi. Uning qo‘lini siqib qo‘ygan nazoratchi esa sigara bilan siyladi.

Shunday qilib, 9762-raqamli mahbus Jimmi Valentaynning ism-familiyasi «Gubernator tomoni¬dan afv etilgan»lar ro‘yxatiga ko‘chirilayotgan paytda u xurram bir kayfiyatda turma darvozasidan uzoqlashib borayotgan edi.

Endigina barg yozgan daraxtlar shoxidagi qushlarning chug‘uri, atrofni tutgan anvoyi gullar ifori – bularning hech biri Jimmining e’tiborini tortmadi. U to‘ppa-to‘g‘ri restoranga yo‘l soldi. Bu yerda ozodlikning birinchi nashidasini totish uchun qovurilgan jo‘ja va bir shisha oq musallas bilan o‘zini siyladi. Keyiniga nazoratchi bergan sigaradan ko‘ra yaxshiroq navdagi sigara tutatdi. Restorandan chiqib, bamaylixotir temiryo‘l vokzaliga qarab jo‘nadi. Vokzal eshigida o‘tirgan so‘qir tilanchiga chorak dollar sadaqa bergach, jo‘nashga shaylangan poyezdga ilindi.

Uch soatdan keyin shtat chegarasi yaqinidagi kichik bir shaharchada poyezddan tushib qolgan Jimmi qandaydir Mayk Dolan degan kimsaning kafesiga kirib bordi.

– Buni oldinroq qilolmaganimiz uchun kechir, o‘g‘lim Jimmi, – dedi u bilan qo‘l siqib ko‘rishar ekan Dolan. – Springfilddan protest kiritishdi, buning ustiga, gubernatorning o‘jarligi tutib qoldi. Ahvoling yaxshimi?

– Zo‘r, – dedi Jimmi. – Kalitim sendami?

U kalitni olib tepa qavatga ko‘tarildi. Yo‘lak oxiridagi xona eshigini ochdi. Hammasi u ketayotganda qanday holatda bo‘lsa, shundayicha turgan edi. Politsiyachilar Jimmini tutish uchun tashlanishgandagi olishuv chog‘ida mashhur izquvar Ben Praysning ko‘ylagidan uzilgan yoqa tugmasi haliyam polda yotardi.

Jimmi yig‘ma karovatni nari surib, devorga qoqilgan taxtakachlardan birini joyidan ko‘chirdi. Uning orqasidan chang bosgan chamadonni chiqarib oldi.

Jimmi shoshilmay chamadonni ochdi va sharqiy shtatlardagi eng zo‘r qulfochqichlar jamlanmasini zavq bilan ko‘zdan kechirib chiqdi. Bu maxsus toblangan po‘latdan ishlangan so‘nggi namunadagi parma, keskichlar, parma tishlari, ochqichlar, omburlar va yana Jimmining o‘zi ixtiro qilgan allaqanday asboblardan iborat jamlanma edi. Bularni yasatish unga to‘qqiz yuz dollardan ham ko‘pga tushgan edi.

Yarim soatlardan so‘ng Jimmi pastga tushdi. Endi uning egnida ajoyib kostyum, qo‘lida esa yaltiratib tozalangan chamadoncha bor edi.

– Biron nima tamaddi qiladilarmi? – so‘radi Mayk Dolan.

– Menmi? – ajablanganday so‘radi Jimmi. – Bilmasam. Kamina Nyu-Yorkdagi uvalanuvchan nonqoq va yanchilgan bug‘doy kompaniyalari birlashmasi vakiliman.

Bu gapdan zavqi kelgan Mayk shu zahoti Jimmiga sut qo‘shilgan sodali suv quyib uzatdi. U spirtli ichimliklarni og‘ziga ham olmasdi.

O‘sha, 9762-raqamli mahbus ozodlikka chiqqan kundan bir hafta o‘tib, Indiananing Richmond shahrida favqulodda ustomonlik bilan o‘g‘irlik sodir etildi: seyfdan sak¬kiz yuz dollarni o‘margan o‘g‘ri o‘zidan hech qanday iz qoldirmagan. Ikki haftadan keyin esa Logansport bankidagi bir yarim ming dollar saqlanayotgan patentlangan, takomillashtirilgan va sug‘urtalangan seyf osongina tozalab ketildi: o‘g‘ri qimmatli qog‘ozlar va kumushga tegmagan. Izquvarlar ishga kirishgunga qadar Jefferson-sitidagi eski bank seyfidan pullar vulqonday otilib, naqd besh ming dollar qog‘oz pul uchib chiqib ketdi. Boshqa moliya muassasalari ham jiddiy zarar ko‘rayotgan edi. Bu ish bilan shug‘ullanish Ben Praysning zimmasiga yuklandi.

Solishtirish yo‘li bilan barcha o‘g‘irliklar judayam o‘xshash usulda amalga oshirilgani aniqlandi. Jinoyat joyida hozir bo‘lgan Ben Prays hammaga eshittirib gapirdi:

– Bu Frant – Jimmi Valentayn uslubi. Demak, u yana eski hunarini boshlabdi. Mana bu maxfiy qulfning osongina, xamirdan qil sug‘urganday sitib olinganiga qarang. Bunga imkon beradigan omburlar faqat unda bor. E’tibor bering, lo‘kidon nihoyatda aniqlik bilan teshilgan. Jimmi hech qachon bittadan ortiq teshmaydi. Ha, buni janob Valentayndan boshqa odam qilmagan. Bu safar u qancha kerak bo‘lsa, shuncha o‘tiradi. Hech qanaqa afv yoki muddatidan oldin ozod qilishga yo‘l qo‘yilmaydi. Yetar shuncha maynabozchilik.

Springfild ishi bo‘yicha tergov olib borgan Ben Prays Jimmining odatlaridan xabardor edi. Muttasil ko‘chib yurish, tezda g‘oyib bo‘lish, yolg‘iz ish ko‘rish va sadoqatli ulfatlar – bularning barchasi Jimmi Valentaynga muqarrar jazodan qutulib ketish imkonini berardi. Nima bo‘lgandayam, qo‘lga tushmas qulfbuzarning iziga Ben Praysning tushgani haqida eshitgan po‘lat sandiq sohiblari erkin nafas olishdi.

Kunlarning birida qo‘lida ixchamgina chamadon ko‘targan Jimmi Valentayn Arkanzas shtatining bir tupchagida, temiryo‘ldan besh mil uzoqlikda joylashgan Elmore degan shaharchada paydo bo‘ldi. Ko‘rgan odam uni ta’tilda uyiga qaytgan sportchi talaba deb o‘ylashi tayin edi. Yog‘och to‘shamali yo‘lakdan shahar markazidagi mehmonxonalar tomon ketayotganida ko‘chani kesib o‘tgan yoshgina qiz Jimmining e’tiborini tortdi.

Qiz undan ildamlab, peshtoqiga «Bank» degan yozuv ilingan binoga kirib ketdi. Qizning ko‘zlarini tutishga ulgurgan Jimmi kimligini unutdi. Go‘yo u butunlay boshqa odamga aylandi-qoldi. Qiz undan ko‘zlarini olib qochar ekan, yonoqlariga qizillik yugurdi.

Elmore kichik shahar, bu yerda sumbati-yu yurish-turishi Jimmidaqa yigitlar har kuniyam uchrayvermaydi.

Jimmi xuddi aksionerday bank eshigi oldida serrayib turib qoldi. Keyin shu o‘rtada o‘ralashib yurgan bolakaydan shahar haqida surishtira boshladi. Bergan har bir bama’ni javobi uchun o‘n sentlik chaqa olayotgan zumrasha quvgina ekan.

Ko‘p o‘tmay boyagi qiz bank eshigi oldida paydo bo‘ldi. Bu safar u chamadon ko‘targan po‘rim yigitni atay ko‘rmaslikka olib o‘tib ketdi.

– Menimcha, bu Polli Simpson xonim bo‘lsa kerak. To‘g‘rimi? – so‘radi Jimmi mug‘ombirlik bilan.

–Yo‘g‘-e, – dedi bolakay, – bu Annabel Adams-ku. Bankirning qizi. Siz o‘zi Elmorega nima ish bilan kelgansiz? Taqib olgan zanjiringiz tilladanmi? Yaqinda menga buldog sovg‘a qilishadi. Sizda o‘n sentlikdan yana bormi?¬

Jimmi bank yaqinidagi «Plantator» oteliga qo‘nadigan bo‘ldi. Xona olayotganida o‘zini Ralf D.Spenser deb tanishtirar ekan, xizmatchi so‘ramasa-da, Elmorega tijorat uchun kelgani, agar ishlari yurishib ketsa, shaharchada muqim qolmoqchi ekani haqida gap ochdi. Orada undan bu yerda oyoqkiyim savdosining holati, shu borada qanday maslahat bera olishini ham so‘rab qo‘ydi.

Jimmining kiyinishi o‘zini Elmorening kam sonli «oltin yoshlari»dan sanovchi otel xizmatchisining diqqatini tortmay qolmadi. Shu sabab savollarga bilganicha javob berayotgan yigitchaning fikri-zikri ko‘proq Jimmining galstugini qanday tukkanini tushunib olish bilan band edi.

Uning aytishicha, oyoq-kiyim savdosi bilan shug‘ullanib ko‘rish mumkin. Chunki, shaharchada oyoqkiyim sotadigan alohida do‘kon yo‘q, u bilan universal do‘konlar va baqqollar savdo qilar ekan. Yigitcha shaharcha aholisi judayam dilkash va odamshavanda ekanini, agar mister Spenser Elmorega ko‘chib kelsa, hecham afsuslanmasligini aytishniyam unutmadi.

Boshida mister Spenser bu yerlarni o‘rganib chiqish uchun bir necha kun qolmoqchi edi. Ammo go‘yo qaqnusday bexos muhabbat otashiga duch kelgan Jimmi Valentaynning kulidan qayta yaralgan mister Ralf Spenser Elmoreda uzoq qolib ketdi.

Bu yerda uning omadi chopdi. Oyoqkiyim do‘konini ochib, mijoz orttirdi. Tez orada shaharchaning nufuzli doiralarida ham o‘z o‘rniga ega bo‘lib oldi. Tanish-bilishlari ko‘paydi. Nihoyat, astoydil intilgan maqsadiga ham yetdi: mahbubasi Annabel Adams bilan tanishishga musharraf bo‘ldi. Bora-bora butkul uning asiriga aylandi.

Yil oxirlagan bir paytda mister Ralf Spenserning holati shunday edi: uning jamotchilik orasidagi nufuzi baland, tijorati gurkiragan, ikki haftadan keyin esa u miss Annabel Adamsga uylanadi. Provinsial bankirlarning tipik vakili bo‘lgan mister Adams unga ana shunday iltifot ko‘rsatgan edi. Annabel-chi? Annabel uni benihoya sevar va u bilan faxrlanardi. Spenserni mister Adams xonadonida ham, Annabelning turmushga chiqqan opasining xonadonida ham xuddi shu oila a’zosi sifatida qabul qilishar edi.

Ana shunday kunlarning birida Jimmi o‘z xonasiga qamalib olib Sent-Luisdagi eski qadrdonlaridan biriga mana bunday mazmunda maktub yozdi:

«Qadrli do‘stim! Sen bilan kelasi chorshanba kechki soat to‘qqizda Litl-Rokda, Sallivannikida ko‘rishishim kerak. Men uchun ba’zi bir ishlarni yakunlab qo‘yishingga to‘g‘ri kelayapti. Bundan tashqari, senga o‘zimdagi asbob-anjomlar jamlanmasini sovg‘a qilmoqchiman. Bundan xursand bo‘lishingni bilaman. Bunaqasini ming dollarga ham topolmasliging aniq.

Bilasanmi, Billi, eski hunarimni tashlaganimga yaqinda bir yil bo‘ladi. Endi men do‘kon ochib, halol tirikchilik qilayapman. Bu dunyoda halol yashasayam bo‘lar ekan. Buyog‘iga million berishsa ham birovning bir dollariga xiyonat qilmayman. Ikki haftadan keyin dunyodagi eng yaxshi qizga uylanaman. To‘ydan keyin do‘konimni sotib g‘arbga ketmoqchiman. U yerlarda, harqalay, eski qilmishlarimning oqibatlaridan bexavotir yashasam bo‘lar.
Billi, ishonsang, u farishtaning o‘zginasi. U menga ishonadi, shuning uchun ham qalloblikka boshqa qo‘l urmoqchimasman.
Qisqasi, qanday bo‘lmasin Sallinikiga yetib kel. Ko‘rishishimiz kerak. Asboblarni o‘zim bilan ovolaman.
Eski og‘ayning Jimmi».

Keyin xatni ishonchli manzilga jo‘natdi.

Jimmi o‘sha xatni yozgan kunning ertasiga, dushanba kuni kechqurun Ben Prays hech kimga sezdirmasdan, yollangan kabrioletda Elmorega kirib keldi. Shaharchada bamaylixotir aylanib yurib, kerakli ma’lumotlarni to‘plashga kirishdi. Oyoqkiyim do‘koni ro‘parasidagi dorixona derazasidan Ralf D.Spenserni kuzatar ekan, «Bankirning qiziga uylanishni istab qolibsan-da, Jimmi! To‘g‘risi, nimani reja qilganingni bilolmayapman», – deb qo‘ydi o‘zicha.

Ertasi kuni Jimmi nonushtani Adamslar xonadonida qildi. U to‘y kostyumiga buyurtma berish va Annabelga u-bu xarid qilish uchun Litl-Rokka ketayotgan edi. Bu uning Elmoreda qo‘nim topganidan buyon birinchi marta shaharchadan tashqariga chiqishi edi. Eski hunarini tashlaganiga ham bir yil bo‘pqoldi, uningcha, endi bemalol yursa bo‘lar.

Nonushtadan keyin hammalari – mister Adams, Annabel, Jimmi va Annabelning turmush qurgan opasi birgalikda shahar markaziga qarab yo‘l olishdi. Annabelning opasi biri besh, biri to‘qqiz yoshdagi ikki qizini ham ergashtirib olgan edi. Ular Jimmi hozirgacha yashab kelayotgan otel oldidan o‘tayotganlarida u o‘zining nomeriga chiqib o‘sha chamadonini olib tushdi. Keyin yana yo‘lda davom etishdi. Mister Adamsga qarashli bank oldiga yetib kelishgan paytda Jimmini temiryo‘l vokzaliga eltib qo‘yish uchun ot qo‘shilgan ekipaj kutib turardi.

Hammalari baland, naqshinkor eman to‘siq ortidagi bank binosiga kirib borishdi. Mister Adamsning bo‘lajak kuyovi sifatida hamma joyda ehtirom bilan kutib olina boshlagan Jimmi ham boshqalar qatori ichkariga kirib bordi. Annabel xonimga uylanayotgan nazokatli yigitning tavoze bilan so‘rashayotganidan xodimlarning boshi ko‘kka yetdi.

Jimmi chamadonini yerga qo‘ydi. Xursandchiligi ichiga sig‘may ketayotgan Annabel Jimmining shlyapasini boshiga qo‘ndirib, uning chamadonini ko‘tarib oldi.

– Mendan yaxshi kommivoyajer chiqarmikan? – dedi Annabel unga qarab, – Ey xudo, muncha og‘ir bo‘lmasa bu? Oltin yombiga to‘ldirib olganmisiz deyman…
– Poyabzal uchun nikellangan qoshiqchalar, – xotirjam tarzda javob berdi Jimmi. – Ularni egasiga qaytarmoqchiman. Ortiqcha xarajat bo‘lmasin deb o‘zim bilan olib ketayapman. Shunaqa tejamkor bo‘lib borayapman.

Bankka yaqindagina omonatlar saqlanadigan yangi seyf olib kelishgan edi. Mister Adams bu bilan juda faxrlanar, hammani uni tomosha qilishga majburlardi go‘yo. Seyf unchalik katta bo‘lmasayam patentlangan eshigi juda mustahkam ishlangan edi. Unga tutqichini bir marta burash bilan darrov qulflanib qoluvchi va soat mexanizmi yordamida ochiladigan uchta og‘ir po‘lat lo‘kidon o‘rnatilgan edi. Mister Adams nim tabassum bilan bo‘lajak kuyoviga seyf mexanizmining ishlashini tushuntira boshladi. Jimmi uning gaplariga diqqat bilan quloq tutayotgan bo‘lsa-da, yuzidan aslida hech vaqoni tushunmayotgani ko‘rinib turgani uning kulgisini qistayotgan edi.

Bu antiqa po‘lat sandiq g‘aroyib soati va tugmachalari bilan qizaloqlar Mey va Agatani hammadan ham ko‘proq hayratga solgan edi.

Hamma seyf bilan ovora bo‘lib turgan bir paytda bankka beparvo yurish qilib Ben Prays kirib keldi. Uning yo‘lak panjarasiga tirsagini qo‘yib suyanib turishidan tasodifan kelib qolgan deb o‘ylash mumkin edi. Ben o‘ziga savol nazari bilan qaragan bank xodimiga bir tanishini kutib turganini aytdi.

Qo‘qqisdan binoni ayol kishining qattiq chinqirig‘i tutdi. Yugur-yugur boshlandi. Kattalar gapga chalg‘igan paytda to‘qqiz yoshli Mey o‘yin bilib Agatani seyfga qamab qo‘yibdi. U mister Adams tomoshatalablarga seyf eshigining ishlash mexanizmini ko‘rsatgandagiday lo‘kidonni surib, kombinatsiyali qulf dastagini aylantirgan.

Qari bankir seyf eshigiga o‘zini urdi, uni tortqilay boshladi.

– Eshikni ochib bo‘lmaydi, – dedi u hansirab, – soati to‘g‘rilanmagan, bog‘lovchi mexanizm hali o‘rnatilmagan edi.

Agataning onasi jazavaga tushib chinqira boshladi.

– Jim! – dedi mister Adams titrayotgan qo‘llarini yuqori ko‘tarib. – Jim turinglar. Agata! – u ovozi boricha chaqirdi. – Menga quloq sol!

Bir zumda cho‘kkan jimlikda qorong‘i po‘lat sandiq ichidan qo‘rquvdan esdan og‘ayozgan qizchaning baqirig‘i zo‘rg‘a yetib kelayotgan edi.

– Bolaginam mening! – o‘kirib yubordi onasi. – U qo‘rqib o‘lib qoladi! Ochinglar eshikni! Sindirsalaring-chi uni! Shuncha erkak nahotki bir nima qilolmasangiz?

– Bu eshikni ocha oladigan odam faqat Litl-Rokda bor, yaqin orada boshqa hech kim yo‘q, – dedi Mister Adams bo‘shashib. – Ey xudo! Spenser, nima qilamiz endi? Qizaloq… ko‘p bardosh berolmaydi. Havo yetmay qoladi, buning ustiga qo‘rqsa uning tomiri tortishib qoladi.

Agataning onasi es-hushini yo‘qotib, seyf eshigini mushtlay boshladi. Chorasiz bir vaziyat. Kimdir o‘ylamay turib «eshikni dinamit bilan portlatsak-chi?» dedi.

Annabel Jimmiga o‘girildi. Uning shahlo ko‘zlarini xavotir egallagan bo‘lsa-da, hali umidsizlikka tushmagani ko‘rinib turardi. Ayollar hamisha shunday: ularga o‘zlari sevgan, topingan erkak uchun uddasidan chiqib bo‘lmaydigan, iloji yo‘q narsaning o‘zi yo‘qday tuyuladi.

– Siz ham hech nima qilolmaysizmi, Ralf? Biron nima qilsangiz-chi!

U Annabelga tikilib qoldi. Uning yuziga yoyilgan g‘alati, siniq tabassum ko‘zlarida ham aks etdi.
– Annabel, – dedi u, – menga mana shu atirgulni sovg‘a qiling…

Qiz tushunib-tushunmay, ko‘ylagi yoqasiga qadalgan gulg‘unchani unga uzatdi. Jimmi uni nimchasi cho‘ntagiga qistirib qo‘ydi. Keyin pidjagini yechib, ko‘ylagining yenglarini shimara boshladi.

Ralf D. Spenser g‘oyib bo‘ldi. Uning o‘rnini Jimmi Valentayn egalladi.
– Hamma chetga o‘tsin, hamma! – uning qisqagina buyrug‘iga barcha birday bo‘ysundi.

Jimmi stol ustiga qo‘ygan chamadonini ochdi. Shu ondan boshlab u atrofdagilarni unutdi. Odatiga ko‘ra hushtakni sekin xirgoyi qilib, ajabtovur yaltiroq asboblarni tez-tez va tartib bilan stolga yoyib chiqdi. Atrofdagilar xuddi sehrlanganday, jimgina, joyidan ham jilmay uni kuzatib turishardi.

Bir daqiqadan so‘ng Jimmining sevimli parmasi po‘latni bir maromda o‘ya boshlagan edi. O‘n daqiqadan keyin esa o‘z rekordini yangilagan Jimmi lo‘kidonni surib, po‘lat sandiq eshigini ochdi. Behush, lekin tirik va beshikast Agatani onasining qo‘liga topshirdi.

Jimmi Valentayn pidjagini yelkasiga tashlab eshik tomon yo‘l olgan paytda uzoqdan, qachonlardir tanish bir ovoz sekingina «Ralf!» deya chaqirganday bo‘ldi. Lekin u to‘xtamadi. Eshik oldida gavdali bir odam uning yo‘lini to‘sdi.

– Salom, Ben! – dedi Jimmi o‘sha antiqa tabassumi bilan. – Baribir meni topib kelibsan-da! Nimayam derdim, ketdik. Buyog‘iga endi menga baribir.

Ammo Ben Prays o‘zini g‘alati tutdi.
– Menimcha, siz adashdingiz, mister Spenser, – dedi u. – Menimcha, biz tanish emasmiz. Sizni esa u yoqda ekipaj kutib turibdi.

Ben Prays shunday deb shartta burilib, ko‘chaga chiqib ketdi.

Ruschadan Shavkat Yodgorov  tarjimasi

07

(Tashriflar: umumiy 137, bugungi 1)

Izoh qoldiring